Mirzakalon Ismoiliy. Odamiylik qissasi — Tohir Malik. Hanuz armondaman…

077

15 октябрда Мирзакалон Исмоилий таваллудига 105 йил тўлади.

Таниқли адиб ва моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йил 15 октябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида дунёга келди. У дастлаб қишлоқ мактабида ўқиди, кейин шаҳар мактаб- интернатида тарбия олди. Тошкентга келиб, ўзбек эрлар билим юртида таълим олди. 1928 – 1930 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетида ўқиди, ўқитувчилик қилди.
Мирзакалон Исмоилийнинг дастлабки ижоди “Саккизинчи март хотин-қизлар озодлиги” номли кичик пьесадан бошланган. Ушбу пьеса 1927 йилда нашр этилди. У Ўзбекистон Давлат нашриётида (1932 – 1937), Тошкент киностудиясида (1937 – 1938), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1939), “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1948 –1949) ва “Шарқ юлдузи” журналида (1949 – 1950) ишлади.

Адиб иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. У 1942 йилда фронтга жўнаб, 1947 йилгача ҳарбий хизматда бўлди. “Қизил Армия” номли фронт газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, ҳарбий мухбир бўлиб ишлади. Ёзувчи ва жанговар журналист сифатида фаолият кўрсатди. Урушдан кейинги йилларда ҳам адиб самарали ижод қилди. Жумладан, “Озод инсон ҳақида қўшиқ” номли новеллалар тўплами, одоб-ахлоқ бобида “Инсон ҳусни” номли китобчани нашр эттирди. Шунингдек, у “Кенг майдонлар” пьесасининг (1948), қатор очеркларнинг муаллифи ҳамдир. Жумладан, “Ватанга муҳаббат”, “Гвардиячи”, “Гулхан ёнида”, “Ёрқин кунлар сари”, “Зифо”, “Икки кеча-ю, икки кундуз”, “Озодлик гулини ҳидлаган киши”, “Сенинг амринг” каби очерклари диққатга сазовор.

Маълумотларга кўра, Мирзакалон Исмоилий 1950 йил 30 ноябрда қатағонга учраб ҳибсга олинган. 1955 йил ноябрда гуноҳсиз топилиб озодликка чиқарилган. Мирзакалон Исмоилий озодликдан маҳрум чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб халқи учун меҳнат қилди. Жумладан, “Фарғона тонг отгунча” романини ёзди ва озодликка чиққач, романга сайқал бериб, нашрга тайёрлади. Романда Октябрь тўнтариши арафасидаги ўзбек меҳнаткашларининг ҳаёти ва маърифат сари интилишини тасвирлаган. Роман ўзининг ғоявий-бадиий хусусиятлари билан 60-йиллар ўзбек насри равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Мирзакалон Исмоилий ёшлар ҳаётини акс эттирувчи “Бизнинг роман” (1963), маънавият ёғдуларини шарафловчи “Одамийлик қиссаси” (1965) каби пухта, гўзал насрий асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди.

“Одамийлик қиссаси”да ёзувчи одоб, ахлоқ тўғрисида ҳикоя қилади.Муаллиф асарда ёшларни ҳамиша қизиқтириб келган гўзаллик, ишқ-муҳаббат тушунчаларига аниқ ва равшан таърифлар беради, ажойиб ҳикматлар келтиради. Безакларга ўринсиз ҳавас қўйиб, одамийлик фазилатларини унутаёзган айрим латтафаҳм ёшларга қарата: “… сен ҳар қанча ясаниб- тусанмагин, лабларингни, киприк-қошларингни, бетларингни ҳар хил ранглар билан бўямагин, турли-туман тақинчоқлар тақмагин, бари бир, инсоний фазилатинг бўлмагандан кейин сен хунуксан, сен жирканчсан, сен ногиронсан! Билиб қўй, сенга инсон ҳуснини берадиган, номингни пок, бедоғ сақлайдиган нарса юзингга сурадиган бўёқлар, қуюшқондан чиқиб кетган бачкана кийимлар, турли зебу зийнатлар эмас, йўқ, асло булар эмас! Сенга бу ҳуснни чиройли ахлоқ, одоб, маданият, яхши фазилат беради!” – дейди ва уларни инсофга чақириб, ўринли панду насиҳат қилади. Чиндан ҳам, улкан ёзувчимиз айтганидек, одам боласи умумбашар йўлида сира чарчамай, ҳеч эринмай курашиши керак. Чунки одамга ҳақиқий ҳуснни инсоний хулқ- атвор, инсоний фазилат беради. Ҳа, бундай гўзаллик инсон тириклигида ҳам, дунёдан ўтганида ҳам унинг айнимайдиган ҳусни, абадий сиймоси бўлиб қолади.
Одамийлик тўғрисида гап борганда, адиб чароғон ҳаётимиз, маънавий ахлоқимиз ҳар бир кишидан ҳалолликни, адолатпарварликни, ростгўйликни талаб қилишин уқтиради: “Ҳаром бор жойда – разиллик, адолатсизлик бор жойда – жабр, ёлғон бор жойда – туҳмат тантана қилади. Одамлар орасидаги пок муносабатларга путур етказадиган бу иллат жамиятни орқага, фақат орқага судрайди… Фосиқларнинг югурганлари сомонхонгача бўлса ҳам, лекин уларнинг бир кунлик умри жамиятга жуда қиммат тушади”, дея таъкидлайди ва ўтмишнинг бундай иллатларига ўт очишга, ҳар қаерда ва ҳар қачон аёвсиз кураш олиб боришга даъват этади.
“Одамийлик қиссаси”да инсонга оид жуда кўп фазилатлар бирма-бир санаб, таърифлаб ўтилади: меҳнатсеварлик, маданийлик, ширинсуҳанлик, кўнгилхонлик, оқкўнгиллик, юз чиройи, ишқ-муҳаббат, иффат, ҳаё, одоб, хулқ-атвор, фарзанд бурчи, ота-онадан лозими ва бошқалар тартиби билан тизилади ва халқ адабий тилида тушунтирилади. Қиссадаги ҳар бир воқеа, келтирилган далил ва фикр шундай моҳирлик билан тасвирланганки, гўё адиб китобхон билан юзма-юз суҳбат қуради, чин юракдан сўзлашади, орамизда учраб турадиган ва сира инкор қилиб бўлмайдиган иллатларни баралла очиб ташлайди, уларга барҳам бериш зарур эканини исботлайди.
Мирзакалон Исмоилий “Қизлар дафтарига” (1980), “Ўзингдан кўр” (1986), “Инсон ҳусни” (1989) каби асарларида ҳам ёшлар ахлоқи, оилада тотувлик ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида фикр юритади.
Жумладан, “Қизлар дафтарига” китоби аёл-қизларга ўзгача таъсир этади. Асардаги Саодат буви атрофига тўпланган қизлар – Турсуной, Нигора, Муқаддас, Ёрқиной… ларда Ўзбекистон қизлари гавдалантирилади.

Мирзакалон Исмоилий дастлаб Лев Толстойнинг “Тирилиш” романини 1938 йилда, кейинчалик шу ёзувчининг “Анна Каренина” романини ўзбекчага ўгирди. Ёзувчи қатағондан сўнг озодликка чиққач, иккинчи жаҳон урушидан илгари бошлаган хайрли ишларини давом эттириб, қатор асарлар таржимасига киришди. Жумладан, М.Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Н.Островскийнинг “Бўрон болалари”, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Сервантеснинг “Дон Кихот” каби асарларини ўзбек китобхонларига туҳфа этди. Адиб жаҳон адабиётининг 200 дан ортиқ намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.
Мирзакалон Исмоилий Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983) унвонига сазовор бўлган.
Таниқли адиб, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1986 йил 5 майда вафот этган.

09

Тоҳир Малик
ҲАНУЗ АРМОНДАМАН
«Озод инсон ҳақида қўшиқ ёхуд Мирзакалон Исмоилийнинг сўнгги нафаси» ҳужжатли қиссасидан парча

Орадан йиллар ўтяпти. Одамзот ҳар қандай айрилиқ, ҳар қандай ҳижронга чидайди. Кунлар ўтгани билан хотиралар хира тортмай, аксинча, тиниқлашиб, юракни қон қақшатиб бир ўксик уйғотади. Суянган тоғингиз, ишонган одамингиз, доно маслаҳатгўйингизнинг бу дунёни ташлаб кетганига ишонгингиз келмайди. Сўнгги суҳбатлар қулоқ остида қайта-қайта жаранглаб, сўнгги дийдор кўришувлар ва ниҳоят, энг охирги учрашув кўз олдингиздан кетмас экан…
Ҳануз армондаман…
Мирзакалон Исмоилий… Бу одамнинг истарали сиймоси, кулиб турувчи кўзлари уни кўрган, билганлар хотирасидан ҳали ўчмади. Бу одамнинг номи адабиётга кўнгил қўйганлар тилидан тушганича йўқ. Мирзакалон Исмоилий менга ҳам тоға, ҳас устоз эдилар. Шу сабабли мен учун улуғ бир зотга айланган одамнинг бу дуёндан кетганига ишонгим келмайди.
Маъзур тутинг, қўлга қалам олмоқдан мақсадим бўлак эди. Муддао ҳасрат эшигини очиш эмас, балки умрини фақат эзгуликка бағишлаган одам ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш. Халқимиз Мирзакалон Исмоилийнинг ёзган асарларинигина билади. У муҳтарам зотнинг шаҳсий ҳаёти, асарларининг дунёга келиши тарихи кўпчилик учун сир. Шунинг учун ёзувчининг асарларига қайта тартиб бериш чоғида ана шу сирни ошкор қилишга журъат этдим.
Ҳануз армондаман…
Эрталаб келиш нияти билан кетган эдим…Уйимга кеч соат ўн бирдан кейин қайтдим. Остона ҳатлашим биланоқ бўғзимга йиғи келди. Аҳли аёлим буни сезиб “ўтдиларми?” деб сўради ҳавотир билан. “Йўқ” деган маънода бош чайқадим. Аммо бу савол йиғи йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Аҳли аёлим мени юпатишни ҳам, бирон нима деб кўнглимга далда беришни ҳам билмай иккиланиб тураверди. Дадам билан аям ухлаб қолишганди.
-Оғирлашиб қолдилар, қайтиб бормасам бўлмайди,-дедим.
-Аямни уйғотайми?
-Йўқ. Бу аҳволда ётишларини кўрсалар юраклари кўтара олмаслиги мумкин…
Бу ҳам оғриқли армон бўлиб қолди. Акаларининг оғир хаста эканликларини яширмаслигим керак эди. Тирикликларида олиб боришим керак эди… “Тоғангни кўряпсанми, яхшимилар?” деб сўраганларида “Яхши юрибдилар”, дердим. Алдамаслигим керак экан…
Аямни уйғотиб юбормаслик учун автомашинанинг моторини ўт олдирмай, кўчага итариб чиқардик. Дархонга йўл олдим. Беш қаватли уй олдида тоғамнинг набиралари Равшанни кўрдим. Юрагим “жиз” этиб кетди: кечикибман! Бу уйдан чиқиб, қайтиб келгунимча узоғи билан қирқ дақиқа ўтгандир. Кейин ўйласам, уйимга кириб бораётганимда бўғзимга бекор йиғи келмаган экан. Ўша онда жон таслим қилган эканлар.
Уйга кирдим… Гўё ширин уйқуга кетганлар. Танани жон тарк этган бўлса-да, юзларидан нур ёғилиб турарди. Қамоқ асорати беиз кетмаган, юз-қўлларига оқ доғлар тошган эди. Тиб аҳли қанча уринмасин, бу хасталик чорасини топмади. Тоғамнинг тўй-ҳашам, турли анжуманлардан ўзларини тортишларига ҳам шу доғлар сабабчи эди. Бу доғлар гўё қамоқхонанинг тамғаси бўлиб қолган эди. Жон чиқиши билан бу доғлар ҳам йўқолибди…
Мен шу онга қадар ўзимни қариндошлар орасида ёш йигит фаҳмлаб, маслаҳат бериш ҳуқуқига ҳали етишмаганман, деб ҳисоблардим. Чунки, ёшлари мендан анча улуғ яқин қариндошларимиз кўп эди.
Йиғи-сиғидан сўнг дафн маросимини ўтказиш маслаҳати бошланди.
-Қайси театрга қўйилади?-деган саволга “марҳумнинг жасади “Ҳамза” театрига ё Муқимий номидаги театр биноси қўйилиши керак, Навоий театри биносига қўйилса яна ҳам яхши”, деган таклиф айтилди. Муҳокамага қўшилмай, индамай ўтирган эдим, савол назари билан менга қарашди, кейин:
-Ҳукумат катталарига хабар қилиш керак,-дейишди.
-Эрталабга қадар раҳбарларга хабар беролмаймиз. Уларни топиб айтгунимизча, шундай ётадиларми? Умуман, ҳафа бўлманглар-у, бирон жойга қўйишга мен қаршиман. Мусулмонларда бунақа одат йўқ. Агар тоғам коммунист бўлганларида бошқа гап эди. Майитни томошага қўйиш яхши эмас, ювиб, кафанлангандан кейин бировнинг назари тушмаслиги керак,-дедим.
Қариндошлар, айниқса тоғамнинг оилалари мусулмонларга ҳос одатларни яхши билишмасди. Шу боис, гапимни тасдиқлашни ҳам, инкор этишни ҳам билмай бир-бирларига қараб қолишди.
-Унда Чиғатойдаги коммунистлар мозорига қўйилмайдиларми?-деб сўрашди.
-Тоғам ўзларини қаматган, хорлаганлар билан ёнма-ён ётишлари керакми?-дедим ғашланиб. Мен бундай демаслигим керак эди. Хиёнаткорларни тоғам кечирган эканлар, мен таъна қилишга ҳақли эмасдим. Бу гап мотам туфайли эзилган юракда беҳос туғилиб, иҳтиёрсиз равишда юзага чиққан эди.
Чиғатой қабристонига қўймаслик ҳақидаги гапимни ўйлаб туришганда хаёлим бирдан ёришиб кетди. Тоғам томонидан бир мартагина айтилган, кейин узоқ йиллар давомида унутиб юборганим васиятни эсладим! Беш йил муқаддам тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака бедаво касалликка чалиниб, аввал икки оёқлари кесилган, сўнг вафот этган эдилар. Тоғам бошқа шифохонда даволанаётган эдилар. Врачлар жанозага келишга ижозат беришмади. Даволаниб чиққанларидан кейин тоғамни “Минор” қабристонга олиб бордим. Йиғладилар. Дуо қилдилар… Сўнг қабр атрофига кўз югуртириб, ниманидир чамаладилар:
-Яхши жойга қўйибсизлар. Қарагин, ёнида яна икки кишилик жой бор экан…-дедилар.
Бу гапнинг ўзига хос васият эканини айрилиқ кечаси эсладим-да, қариндошларга айтиб, яна илова қилдим:
-Опоқ дадам ҳам, Ойзуҳра опам, Фаррух акамлар ҳам ўша қабристондалар… бирга ётишни истаганлар… Бу истакни ўзгартириш мумкинмас…
Масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Айримлар марҳум билан хайрлашиш учун жасадни бирон театр биносига қўйиш фикридан воз кечмай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига қўнғироқ қила бошладилар. Лекин ҳеч ким бу қўнғироқларга жавоб қилмади. Шу кечанинг ўзида жамланган қариндошлар дафн маросимига тегишли нимаики масала бўлса негадир менга мурожаат қила бошладилар. Шу кеча ўзимни анча улғайиб қолган ҳис қилдим.
Ўша йили комфирқа раҳбарияти диний урф-одатларга қарши курашни авж олдирган эди. Коммунистнинг ўзи ёки бирон яқини вафот этса жаноза ўқитилмас, айрим довюраклари яширинча ўқитиб қўйишарди. Мозорларда қуръон тиловат қилинмасин, деб ҳатто ўриндиқларни суғуртириб ташлашганди. Ана шундай шароитда атоқли адибнинг қандай равишда дафн этилиши масаласини ҳал этиш осон эмасди. Эрталаб, раҳбарлар уйғонишгач, каттами ё кичикми ғавғо уйғониши мумкинлигини ўйлаб, майитни кечасиёқ ювиб, кафанлаб қўйиш керак, деган тўхтамга келиб ҳаракатни бошладик.
Ёзувчилар уюшмаси партия ташкилотининг раҳбари хабар олгани келганда тўпланган жамоа “коммунистчасига дафн этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас”, деган кайфиятда эди. Ҳайрият, ортиқча гап-сўз чиқмади. “Бодомзор” масжидининг имоми жанозани “Минор” қабристонида ўқийдиган бўлди. Тобут қабристон ҳовлисига қўйилгач, ёши катта ёзувчилар, тоғамнинг тенгдошлари “Мотам митинги қиламиз”, дейишди. Имом буни эшитиб гарангсиб қолди. Бу таклифга монелик қилса балога қолишини билиб, жамоадан нажот кутгандек жавдирай бошлади.
-Митинг шарт эмас, ҳозир жаноза ўқилади, бошланг тақсир,-дедим. Камина коммунист бўлмаганим сабабли шундай дейишга журъат қилдим шекилли.
Тоғам менга кўп насиҳатлар қилардилар, кўп гапларини қулоққа олардим. Лекин икки насиҳатларини бажаришни истамадим. Биринчиси – “Диссертация ёқлаб ол, қариганингда асқотади”, дердилар. Олимларнинг маошлари кўпроқлигини назарда тутиб, илмга даъват қилардилар. Мен илмдан кўра ижодни маъқул кўрардим, диссертация ёзишдан кўра, унинг атрофидаги кераксиз ҳаракатлар, ташвишлар, югур-югурларга тоқатим йўқ эди. Шу ишга куч сарфламай тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Иккинчиси — “Партияга ўт”, деб қистайверардилар. “Партиясиз бўлсанг юқори мансабларга эриша олмайсан”, дердилар. Навбатдаги даъватдан кейин: “Сиз уруш пайтида ўтган экансиз, қамалиб чиққанларнинг кўпчилиги партия аъзолигига қайта тикландилар. Сиз нима учун тикланмадингиз?” деб сўрадим. Саволим тоғамга ёқмади. Қошларини чимириб: “Мени қамоққа тиққан партияга яна аъзо бўлишни истамадим”, десам кўнглинг жойига тушадими?” дедилар. Мен кулимсирадим. “Нега тиржайяпсан?” дедилар, кескин оҳангда. “Жавобни ўзингиз айтдингиз: тоғамни қаматган партияга аъзо бўлишни истамайман”,-дедим. “Бу баҳонанг ўтмайди,-дедилар энди юмшоқроқ оҳангда,-менинг тақдирим бошқа, сеники бошқа”. “Унда бошқа баҳонам бор,-дедим ҳазил оҳангида.-Партияга аъзолик бадали тўлашни ёқтирмайман”. “Бу баҳонанг ўринли”, дедилар жилмайиб. Шундан сўнг бу мавзуда гап бўлмади. Тоғамнинг гапларига кирмаганим учун ҳозирга қадар ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб қўяман.
Ким билади, агар мен ҳам урф-одатларни бўғаётган партияга аъзо бўлганимда тоғамни ёғоч қутига солдириб кўмдирармидим… Астағфируллаҳ!
Имом жанозага сафланишни буюрганда жамоа бирдан иккига бўлинди. Бир гуруҳ ҳудди адашган сел оқими сингари тобутдан узоқлашди. Бир гуруҳ жанозага сафланди…
Бу тасодифий ҳол эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқатининг амалдаги кўриниши эди. Кундалик тирикчилик ташвиши билан банд бўлган одамлар ҳудди бир оқимда юраётгандай бўладилар. Аслида эса ундай эмас…
Вафотларидан икки йил кейин, инсоф ва адолат юзасидан қаралса, саксон йиллик тўйлари тантана билан нишонланиши керак эди. Лекин Ёзувчилар союзи бу қутлуғ санани унутгандай юраверди. Марказқўм раҳбариятига мурожаат қилингандан кейин, уларнинг кўрсатмаси билан юбилей маросими, енгил-елпи бўлса-да, ўтказилгандай бўлди. Ўша пайтда Марказқўмда ғоявий масалалар билан шуғулланган раҳбар узоқ йиллар Москвада яшаган эди. “Ёзувчиларни билармикин ё йўқми?” деган шубҳа билан Мирзакалон Исмоилий туғилган кунига саксон йил тўлгани айтилганда унинг кўзлари чарақлаб кетди.
-Мен бу устозни жуда яхши биламан. Москвада юриб ўзбек тилини унутиб юбормаслик учун “Фарғона тонг отгунча” романини қайта-қайта ўқирдим.
У кишининг айтганлари биз учун катта баҳо бўлди.
Булоқбошиликларнинг ташаббуси билан тўқсон йиллик тўйлари она қишлоқларида ўтказилди.
Бу йил туғилганларига юз йил тўлади. Эътиборингизга ҳавола этилаётган бу баёнимизни шу қутлуғ санага атадик. Аслида бу асарни анча илгари ёзишим керак эди. Асар аввалидаги санага эътибор берган бўлсангиз, ёзишни ўн йил аввал бошлаганман. Унга қадар неча йил турли фикр-мулоҳаза билан қўлга қалам олишга журъатим етмади. Таъбир жоиз бўлса, бу энг узоқ ёзилган асар бўлди. Асарга ёзувчи ҳаётидаги энг оғир дамлар асос қилиб олинди. Қамоқдан кейинги ҳаётлари кам тилга олинди. Эҳтимол, бу мавзу алоҳида бир асарга кўчар, валлоҳи аълам! Ардоқли ёшларимиз баёнимиздаги дўстлар ва уларнинг хиёнатига эътибор беришса фойдали бўларди. Зеро, асарни ёзишдан мақсад, фақатгина ёзувчи ҳаётидан бир-икки лавҳа ҳикоя қилишгина эмас. Баён қилинувчи лавҳалар бизларга ибрат бўлиши керак. Шу ўринда Аллоҳ ёшларимизни садоқатли дўстлар билан сийласин, деб дуо қиламиз. Садоқатли дўстдан фақат бир ёки икки киши манфаат кўрмайди. Садоқатли дўст – жамиятнинг қудрати ҳисобланади.
Ҳужжатли қисса доирасига кирмай қолган айрим воқеа, фикр ва мулоҳазаларни хотима бобида бўлса ҳам айтиб ўтиш зарурга ўхшаб қолди.
Мирзакалон Исмоилийнинг номини элга машҳур қилган асар – “Фарғона тонг отгунча” романи. Адибнинг мўлжалича, асар уч китобдан иборат – трилогия бўлиши керак эди. Романнинг икки китоби ёзилди. Учинчиси қоғозга кўчмади. Ёзувчига “Роман қандай ёзилди, учинчи китоб қачон битади?” деган саволлар жавобсиз қоларди. Радиода ишлаб юрган давримда, бир куни “Одамлар романнинг ёзилиш тарихи билан қизиқишяпти”, деганимда, тоғам маъюсгина жилмайиб: “Қандай жавоб бераман, китобни қамоқдалигимда ёзганимни айтганим билан эълон қила олишмайди-ку?”-дедилар.
“Фарғона тонг отгунча” романи навбатдаги қайта нашрга тайёрланаётган кунларда тоғам мендан: “Асқар Қосимов деган йигитни танийсанми?” деб сўраб қолдилар. Асқар билан яқин дўст эканимни айтганимдан кейин қувониб: “Ажойиб йигит экан, Чўлпонни ёддан билар экан!” деб хитоб қилдилар. Ўша кунлари романнинг муҳаррирлиги топширилгани учун Асқар асарни синчиклаб ўқиб чиқибди-да, тоғамга Чўлпон услубида ёзилганини айтибди. У пайтларда мен “Кеча ва кундуз”ни ўқимаган эдим. Асқар лотин ҳарфларидаги нашрини қаердандир топиб ўқиган экан. Шеърларини ҳам ёд олган экан. Асқарнинг руҳиятида ҳам, шеърларида ҳам Чўлпон нафаси сезилиб турарди. Шу туфайли ҳам тоғам уни ёқтириб қолган эдилар.
Романнинг қамоқхонада ёзилгани рост. Қўлёзмаларини мен кўз қорачиғидай сақлаяпман. Юз йилликларига бағишланган тадбирлардан кейин бу қўлёзмаларни, турли мактубларни Адабиёт музейига топшириш ниятим бор. Шулардан бири қўқонлик китобхон Носиржон Поччабоевга ёзилган. Мактубда асар тарихига доир сатрлар мавжудлиги учун танишиб чиқсак зарар қилмас:
“Ассалому алайкум, ҳурматли Носиржон ака!
Кейинги вақтларда Сизни тез-тез эслар, катта ғамхўрлик билан ёзиб турган мактубларингиз узилиб қолганидан ховатирланар эдим. Худога шукр, саломат экансиз, биз ғарибларни эслаб, хат орқали йўқлаш илтифотида бўлибсиз. Бунинг учун минг-минг раҳмат!
Носиржон ака, “Фарғона тонг отгунча” романимнинг иккинчи китоби Сизга кўп манзур бўлганини ҳаяжон билан ёзиб, ундаги мактублар, шеърлар, айрим сўзлар, умуман, китобда мавжуд яхши-ёмон гаплар ўзим ўйлаб топган гапларми ё архивлардан, эски манбаълардан йиғиштириб олинган термаларми, деб сўрабсиз. Нима дейин? Инсон қалби бамисоли денгиз –таги-туги йўқ бир нарса бўлар экан. Кўрган-билганларимиз, эшитган-ўқиганларимиз қанчалик катта, қанчалик ҳаяжонли ё аянчли бўлмасин, қалб денгизи ўзига сиғдирар, асрар, бетиним мавжи билан бизни тўлқинлантириб турар экан! Биз эсак керагида бу бемисл денгиз тубидан фикрат дурларини терар, шу дурлар туфайли ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қувонтириш, ҳаяжонлантириш, ўйлантириш бахтига муяссар бўлар эканмиз. Шундоғ, Носиржон ака, агар ҳазрати Навоийдан ва бошқа донои замонлардан қиртишлаган баъзи шеърлар, ҳикматли такбирлар ҳисобга олинмаса, китобнинг бошидан охиригача ҳамма шеър, мактуб, ҳикматли гап – ҳаммаси камина қулингизнинг ғариб қаламига мансуб ожиз фикрлардир.
О, Носиржон ака-я, китобнинг ёзилиш тарихини сўрабсиз! Буни мендан эмас, китобдаги кўзёшларидан сўранг эди! Сиз “Китобни ўқиб туриб ҳўнграб йиғлаб юбордим”, дейсиз. Неажаб, ерга қандай уруғ ташласангиз, ҳосили шундай бўлади. Носиржон ака, мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!
Носиржон ака, мактубимнинг охири кўзёшига айланмай туриб гапни тамом қилай, кечиринг мени. Энди мактубингизнинг иккинчи қисмига ўтайлик. У масала (учинчи китоб назарда тутиляпти.Т.М.) очиқлигича турибди. Ёш бўлса олтмиш саккизга етиб қолди. Худо саломат қилса, ҳадемай етмиш-да! Уёғи бир гап бўлар…”
Мазкур мактубдаги ифода гўзаллигига эътибор қилайлик. Адиб матбуот учун ёзаётгани йўқ, оддий ишчига қалбини очяпти. Носир ака 24 июнда йўллаган хатида “Сизнинг менга йўллаган жавоб мактубингизни олмадим. Чунки мен иккинчи қаватда истиқомат қиламан. Почта қутиси эса пастда, биринчи қават деворига михланган. Ҳар куни 15-16 бола худди шу ерда тўпланиб ўтиради. Шундай шўх ва ёмон болалар кўпки, келган хат ва газеталарни ўз вақтида оломаймиз. Яқинда почтачи хотин мени кўриб: “Сизга Тошкентдан хат келган эди, бир ёзувчидан. Конвертдаги адрес машинкада ёзилган эди, шу хатни олдингизми?” деб сўради. Мен сизнинг у хатингизни олмаган эдим”. Ёзувчи бу ҳолдан ғашланмасдан “Хатим қўлингизга тегмагани ҳақидаги мактубингизни олиб, ўзимда қолган нусҳасидан бошқалатдан кўчириб юбордим. Буниси тегар, а?” деб 30 июн куни жўнатганлар.
Роман, гарчи қамоқда ёзилган бўлса-да, унинг муҳокамаси ёзувчи озодликка чиққанларидан кейин Ёзувчилар союзида бўлиб ўтган, салбий баҳо берилиб, нашрга тавсия этилмаган эди. 1956 йили 15 октябр, ёзувчи қирқ саккиз ёшга тўлган куни Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига хат билан мурожаат қилади. Рус тилида битилган аризада бу сатрларни ўқишимиз мумкин:
“Ўзларингизга маълумки, мен узоқ йиллар рус ва ҳориж буюк адибларининг, жумладан, совет ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш иши билан шуғулланиб келдим. Бу иш то шахсга сажданинг малъун туҳматчилари қурбони бўлгунимга қадар давом этди. Бериянинг мустабидлари мени озодликдан маҳрум қилишди, аммо Ватанга муҳаббат ҳақида гап кетганда ҳар қандай қуролдан аълороқ, ўткирроқ ишловчи адибнинг қаламини тортиб олишолмади. Ҳибсда эканимда мен хаёлан йирик асар устида иш бошладим. Мўлжалим бўйича, бу асар ўзбек халқининг 1905 йилдан то бугунги кунга қадар босиб ўтган тарихий йўлини кўрсатиши керак эди. Ёлғизликда, маҳрумликда ўтган кунларим, йилларимни беҳуда совурмадим. Мен лагерда ўйлаб қўйганим уч китоб-трилогиянинг асосий йўналишларини миридан сиригача хаёлимда пишитдим. Ижод билан шуғулланиш ман этилганига қарамай, мен яширинча қоғоз парчаларига трилогиянинг бир қисмини ёздим. Дунёга келаётган асаримни уч йил бадалида туну кун қалбим тўрида асрадим, энг ардоқли, энг севимли фарзанддек суюб, эркалаб, вояга етказдим. Шу зайлда мен озодликка “Фарғона тонг отгунча” трилогиясининг биринчи қисми билан биргаликда чиқдим.
1955 йил июнининг бошларида мен китоб қўлёзмасини (22 босма табоқ ҳажмида) Ўзбекистон совет ёзувчилари президиумининг собиқ раиси ўртоқ Абдулла Қаҳҳоровга муҳокама учун топширдим. Қаҳҳоров ва Яшин ўртоқлар китоб билан танишиб, унинг камчиликларини кўрсатдилар ва фойдали маслаҳатлар бердилар. Китобда камчиликлар бўлиши табиий. Чунки у ташқи оламдан узилган ҳолда, ўтмиш воқеалари, далиллари яхши ўрганилмаган тарзда, аҳли қаламнинг доно гурунгларидан бебаҳра бир ҳолда ёзилди. Мен Фарғона водийсини кезиб чиқмай, асарда акс этган воқеаларнинг гувоҳи бўлган ёки билган одамлар билан мулоқатда бўлмай туриб, иш хонамда ўтириб олиб китобни меёрига етказа олмайман. Аммо озодликка чиққанимдан кейинги моддий муҳтожлигим мени, таъбир жоиз бўлса, оёқ-қўлларимни кишанлаб қўйди.
Жонажон адабиётимизга хизмат қилиш иштиёқи мени Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига мурожаат этиб, юқорида зикр этилган китобни якунлаш учун ёрдам сўрашга мажбур қилди. Мен Фарғона водийсига бориш учун икки ой муддатли ижодий отпуск беришингизни ҳамда китобни маромига етказиш, издан чиққан сиҳатимни даволаш учун Москва атрофидаги ижод уйига уч ой муддатга йўлланма ажратишингизни сўрайман”.
Романнинг муҳокамасида бўлган гаплар, бу гапларга ёзувчининг муносабати бизга қоронғи. (Тоғам бу ҳақда менга ҳеч оғиз очмаганлар. Яна бир армоним ҳам айнан шунда: тоғамнинг яраларини янгиламай, деб ўтмишдан сўз очишга, нималарнидир сўраб, аниқлаб олишга истиҳола қилардим). Лекин бир нарса аниқки, муҳокама холис бўлмаган. Чунки яқиндагина қамоқдан чиққан ёзувчи ҳали шубҳалар чодиридан буткул қутилмаган эди. Ўша йиллари роман ёзган адиб энг юқори мартабага етган ҳисобланарди. Чунки ёзилган романлар саналадиган бўлса, бармоқлар ортиб қоларди. Ундан ташқари ўзбек адабиётида ҳали ҳеч ким трилогия ёзмаган эди. Жаҳон адабиёти тарихида ҳам бундай ёзувчилар кўп эмасди. Қамоқдан чиқиб келган адибнинг бу маррани эгаллаши бошқа “устун”ларга эриш туюлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар ҳолда ўртада шайтон бор, унинг “ҳасад” деган кучли қуроли бор. Ажабки, чумчуқ, мусичанинг… бойқушнинг ҳам қаноти бор, лекин қушларнинг ҳеч бири бургут ёки лочин каби учолмайди ёки бўрон қуши каби ўзини тўлқинларга уролмайди… Нима бўлганда ҳам Мирзакалон Исмоилий Ёзувчилар союзига раҳбарият ўзгаргандан кейин илтимос билан мурожаат этяпти. Муҳокама билан бу ариза орасида бир йилдан ортиқ вақт ўтган. Муҳокамадаги ҳар қандай танқид ижодкорга оғир таъсир қилади. Айримларни бир неча ойлаб, хатто йиллаб ижоддан совутади. Тоғамда ҳам бу ҳол юз берган бўлиши мумкин. Лекин танқидларни бутунлай инкор этиб, асарни шу ҳолда нашр этишни талаб қилмаганлар. Сайқал бериш истагида бўлганлар. Романнинг биринчи китоби дастлабки кўринишда, аризада айтилганидай, 22 босма табоқ бўлса, босилиб чиққанда 26 босма табоқни ташкил қилган эди. Демак, ёзувчи енгил-елпи таҳрир билан чекланмай, кўп қўшимчалар киритган. Асарни яхшилашга қаратилган фикрларни тоғам тартиб билан қоғозга туширган эканлар: юздан ортиқ таклиф!
“1-саҳифа. Бағишлов керак эмас ёки бошқача (жиддийроқ) бўлсин. Бошдаги табиат тасвири узун. 15- саҳифа. Иккинчи боб биринчи боб “кайфияти”ни такрорлайди, қисқартиш керак. 34-саҳифа. “Бир кўзда ҳам ўйин, ҳам ташвиш…” Жумла, тасвир содда, аниқ эмас. Мураккаблик тасвирга ёрдам бермайди. 47-саҳифа. Кулгулик учун ҳақиқатни бузиш: домла қози ҳоким олдига салласиз боролмайди. Тўхтаб, ўзи олиши керак. 108-саҳифа. Қудратни кейинроқ таниймизми? Ҳозирги гапларда ишонтириш кучи йўқ. 109-саҳифа. Яна замонавий ифода: “ўйнаб турган қарталарини…” Айниқса қори айтиши мумкин эмас. Қорининг узун исботи, далили энди ўқувчи учун ортиқча. Умуман қорининг тили ортиқча замонавий. 429-саҳифа. Кераксиз патетика: “Ғаффор нима учун йиғлади?” саволига автордан жавоб… Ғулом охирида кўринсин, ёнаётган бой уйига тикилиб қолсин. Жўрахон билан Тўрахон бирлаштирилсин…”
Ёзувчи муҳокамада билдирилган мулоҳазалар билан кифояланиб қолмаганлар. Душанбеда яшовчи Водуд Маҳмуддан фикр билдиришларини сўраганлар. 1958 йилнинг 9 август куни ёзган хатларида бу сатрлар бор:
“Ассалому алайкум, муҳтарам Водуд ака!
Сизнинг 3 август тарихли мактубингизни олиб ниҳоятда қувондим. Шунчалик илтифот қилганингиз учун миннатдорман.
Сиз мактубингизда санаб ўтган камчиликларни Тошкентдаги бир араб тили ва ислом дини олими ҳам айтган эди. Сизнинг мактубингиз у кишининг мулоҳазаларини тасдиқлаб тушди. Китоб шаклида чиқадиган роман қўлёзмаси нашриётга, яъни босмахонага тушиб кетган, шунинг учун зарур тузатишларни биринчи корректурада киргизишга тўғри келади. Биринчи корректура сентябрсиз чиқмас деб ўйлайман. Унгача яна бошқа мулоҳазаларингиз билан ҳам оғалик қиласиз, деб ишонаман.
Водуд ака, сизга эриш туюлган форсча, арабча сўзларни албатта тузатаман, бу жиҳатдан кўнглингиз тўқ бўлсин. Оятларнинг тўғри ёзилишига, “анбиё”ни “саҳоба” билан алиштириш зарурлигига, иккита гувоҳни тўрттага чиқариш, Ғуломжонни олим ва фозилликдан тушириш кераклигига алоҳида эътибор бераман. Аммо 49-бетдаги шеър сатрларидан биридаги 12 ҳижони қандай қилиб 11га туширишимга ҳайронман. Сиз-ку, танилган шоирсиз, балки ўша фикрни 11 ҳижо билан ифода этишга ёрдам қиларсиз? Менинг бу муомалам салом бериб ўтаётган бир бечоранинг аравасига сўрамасдан чиқиб олган сурбет кишининг одобига ўхшаса ҳам, ҳар ҳолда яна шунга журъат қилдим.
Бир ерда “ҳамшўр” деган сўзга тушунмаганингизни айтибсиз. Наҳотки? “Ҳамдард” қабилидаги сўзлардан бири-ку? Балки ноўрин ишлатилгандиру, Сизга англашилмай қолгандир.
Водуд ака, журналда босилаётган қисмларини номерма-номер ўқиб борсангиз-да, иложингиз ва фурсатингиз бўлса, фикр ва мулоҳазаларингиз билан мени хабардор қилиб турсангиз. Улгурганимизни тузатиб юборардик, бу эса романнинг ҳам маданий, ҳам адабий палласига тош босар эди. Бу бир илтимос. Иккинчи илтимос шуки, агар роман Сизнинг дидингизга ёққан бўлса, уни тожикчага таржима қилиш заҳматини устингизга олсангиз, негаки таржима маҳалида ундаги камчиликларни тузатиб юборишда катта ёрдамингиз тегар эди. Зеро, романда баҳс этилган шахсий ва ижтимоий бахтсизликлар тожик меҳнаткашининг ҳам бошида бор эди.
Салом ва эҳтиром билан Мирзонгиз”.
Устоз қаторида меҳрибонлик қилган Водуд Маҳмуд танбеҳ берган ғазал 11 ҳижога туширилган. Ғуломжоннинг “дилидан ўпирилган фарёд”нинг қоғозга кўчган сатрлари қамоқхонада туғилгани учунми, мен унда ошиқ йигитнинг эмас, маҳкумнинг зорини эшитгандай бўламан:

Кўнгил, йиғла, фиғонинг кўкка чиқсин!
Ўтинг олсин фалакни, осмонни йиқсин!
Ёвуз тақдир тиғ урди қалбима, дод!
Нетай энди тугалди сабрим, ҳайҳот!
Дилим дардли, тилимда оҳу-зорим,
Қарорди толеимдин рўзгорим.
Сафолат бошимни ерга қаратди,
Ширин орзу-умидларни таратди.
Қаён урсам фиғон бирлан бошимни?
Қаён борсам тўкиб кўздан ёшимни?
Севарга севдириб, Тангрим қилиб хор,
Очиқ кетгизмагил кўзимни зинҳор!

Агар аруз санъати талабларига кўра назар солсак, ғазал анча саёз кўринади. Лекин буни комил ва нуктадон шоир эмас, назмга ҳавасигина бор Ғуломжон ёзганини эътиборга олсак, бу даъводан воз кечишимизга тўғри келади.
Асарнинг ёзилиш тарихини ўйлаганимда ёзувчининг иродасига қойил қоламан. Кичкина жуссали бу одамнинг қудратидан ҳайратга тушаман. Тоғамнинг жанггоҳда ёзилган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деган воқеий ҳикоялари бор. Фронт газетасида эълон қилинган бошқа лавҳа ва ҳикояларида ҳам асосан озодлик ҳақида фикр юритилади. Фашизм – қуллик демак. Қул бўлиб яшагунча озод инсон сифатида ўлмоқ афзал, деган ғояни ўзларига байроқ қилиб олганлар. Шундай одам, озодликни ҳамма нарсадан афзал билан одамнинг ўзи бу неъматдан бебаҳра бўлса?! Озодликдан маҳрум бўлган чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб она халқи учун меҳнат қилса. Халқнинг озодликка чанқоқлиги, озодлик истаги ва йўли ҳақида асар битса?! Энди ўзингиз ўйланг-а, шундай одам халқнинг душмани бўлиши мумкинми? “Мен ноҳақ қамалдим, мен бесабаб жабр кўряпман”, деб жамиятдан нафратланмай, аксинча, қўлига қалам олиши жасорат эмасми? Баъзан одам машаққатга дуч келса, айниқса ноҳақлик, адолатсизликдан азоб чекса, ўзини йўқотиб қўяди. Тўғри йўл топа олмайди. Онги хира тортади. Аммо Мирзакалон Исмоилий бундай тушкунликка банди бўлиб қолмаган.
Ёзувчи озодликка чиққач, романга сайқал бериш, нашрга тайёрлаш баробарида урушдан илгари бошланган хайрли ишни давом эттирдилар – Лев Толстой асарларининг таржимаси билан шуғулландилар. Урушдан аввал “Тирилиш”ни таржима қилган адиб энди “Анна Каренина” романини ўзбек тилига ўгирдилар. Чехов ва Горкий ҳикояларини, сўнг “Чолиқуши”ни таржима қилдилар. “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби, сўнг ахлоқий қиссалар, мақолалар… Ёзувчи иродасининг мустаҳкамлиги, меҳнаткашлигининг исботи учун яна қандай мисол керак? Энди: “Хўш, шундай меҳнаткаш одам нима учун романнинг учинчи китобини ёзмади?” деган савол туғилиши табиий. Тоғам бу саволга тайинли жавоб бермаганлар. Лекин суҳбатларидан, қариндошлар орасидаги гап-сўзлардан бир-икки нарсани англаганманким, булар билан китобхонларни ҳам таништириш мумкин, деб ўйлайман.
Аввало, биринчи китобни қамоқда ёзган бўлсалар-да, қолганларини ҳам хаёлда пишитиб чиққанлар. Иккинчи китобнинг охирида келадиган Тўтининг Дилшодга мактуби айнан қамоқхона дафтарига, яна сиёсий машғулот дафтарига ёзилган. 1969 йил, Ёзувчининг олтмиш йиллик тўйларига тайёргарлик арафасида “Гулистон” журнали учинчи китобдан парча эълон қилган. (Юбилей номаълум сабабга кўра бир йил кечикиб ўтказилган.) Мухлислар учинчи китоб билан қизиқаверишгандан кейин 1972 йил 19 мартда Республика радиосига ҳам бир парча бериб мана бу кириш сўзини ҳам илова этганлар:
“Иккита китобни беришга бериб қўйиб, учинчисига келганда сусткашлик қилиш – ёзувчига ярашадиган гапми?”-деб ёзибди китобхонларимдан бири, менга юборган мактубида.
Дарҳақиқат, аввалги икки китобда бир ёқлик бўлмаган, бири у аҳволда, бири бу аҳволда қолган қаҳрамонларнинг тақдирлари китобхонни қизиқтирмай қўймайди албатта. Ёзувчи ҳам қарийб чорак асрдан бери игна билан қазиб келаётган қудуғининг тагига етолмаётганидан доғда. На чора, мева вақти-соати келганда пишар экан. Бадиий асар ҳам шунақадир-да… иқрор бўлишим керак, учинчи китобнинг тезроқ тугалишига ўзим ҳам интизорман. Лекин фақат вақти-соати келгандагина пишадиган бизнинг мевамиз ранг олиб, пишиб қолаёзган бўлса ҳам, минг афсус, ҳали дастурхонга тузалгани йўқ. Шунинг учун ҳурматли китобхонларимга яна бир оз қаноат тилаб, уларга янги китобимдан бир бобини ўқиб эшиттиришларини илтимос қиламан”.
1965 йил 6 октябр куни шогирдлари, таниқли ёзувчи Рустам Раҳмонга Москвадан йўллаган мактубларида бу сатрлар бор:
“…лекин қарибманми, илгариги вақтлардагидек кўп ишлаёлмай қолдим. Тез чарчайман, бошим оғрийди. Лекин, бунга қарамай, кўп иш қилиб қўйдим. Иккинчи китобни тамом қўлдан чиқариб, журналга юбордим. Китобнинг учинчи қисмини бошқалатдан ишладим. Энди яхши бўлди. Тўтиқизнинг Тешабой харамидан ёзган шеърий мактуби ҳам қўшилди. Шу сафаримда учинчи китобнинг ярмини қоралаб кетаман, деган ҳаракатдаман. Декабрда қайтиб борсам, уйда оққа кўчираман. Унгача босиб ишлаш биздан, куч тилаш – дўстлардан…”
Бошқа бир мактубларида бу сатрларни ўқиймиз:
“Ассалому алайкум, Рустамжон, азизим!
Сиздан иккита хат олиб, катта қарзга ботиб қолдим. Вақтида жавоб қила олмаганим учун маъзур кўрасиз. Ростини айтсам, Сиздан хат эмас-у, ҳамиша кулимсираб турган ёқимли чеҳрангиз келди. Худди ўзингизни кўргандай қувондим. Қувонч катта бўлса, уни ҳазм қилиш учун вақт ҳам керак экан.
Телефонда хабар қилганимдек, ишимни шу ой охирларида тугатиш умидида эдим. Лекин ўртада афсус ейдиган бир иш чиқиб қолди. Ой бошларида Ўзбекистон ёзувчилар союзининг илтимоси билан Вильнюсга, Литва адабиёти классиги Доналайтиснинг 250 йиллик тантанасига бориб, бир неча ғанимат кунлардан ажралдим. Бунинг устига Вильнюсдан қайтганимдан кейин, иш суст кета бошлади. Бу ҳам сабабсиз эмас, албатта. Аввало, қаттиқ чарчаганман, қолаверса, қайтар куним яқинлашгани сиқилган юрагимни ўйнатиб қўйди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, темир йўл билети чўнтагингда бўлса, 28 январда жонажон шаҳрингда севгили болаларинг, азиз дўстларинг даврасида ўтириш бахти турса, қанақа иш юришади? Келинг, чаласи Тошкентда битар…”
Биринчи китоб қўлёзмасининг муҳокамасидан то китоб дунё юзини кўргунига қадар уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Асар энг кам нусҳада – 15 мингта босилди. Ҳолбуки, бошқа асарлар муҳокама қилинган йилиёқ 60 минг нусҳада босиларди. Гарчи кам нусҳада босилган бўлса-да, шуҳрати ҳавас қиладиган даражага етди. Китоб муҳибларининг айтишларича, “Ўтган кунлар” романидан кейин ҳеч бир асар бу каби суюб ўқилмаган экан. Демак, учинчи китобнинг ёзилмаслигига бошқалардан хафалик сабаб бўлган, деган тахминни рад этсак ҳам бўлади. Тўғри, хафаликлар ҳам бўлган. Масалан, Мирзакалон Исмоилий ҳаёт эканларида асарлари
мажмуасини нашр эттириш орзуси билан яшаганлар. Кимларнинг кўп тўмликлари чиқмади, дейсиз? Аммо Мирзакалон Исмоилий учун бу йўл тақа-тақ берк эди. Ёзувчи мукофотлар олиш ёки унвонга эга бўлишни орзу қилмасди.
1983 йилда адиб Ёзувчилар союзига мурожаат этишни лозим кўриб, аризани ёза бошлаганлар:
“Мана, ниҳоят, шу йил октябрнинг ўн бешида 75 ёшга тўламан. Шу муносабат билан юбилейим қилинса, бадиий асарларим “Танланма” ё “Тўпланма” шаклида махсус нашр этилса, шундай ёруғ кунни қаноат билан кутиб келаётган мен каби мушфиқ оқсоқолга катта илтифот бўлармикин, деб ўйлайман. Агар элликка, олтмишга, борингки, етмишга тўлганимда ҳам менинг на “Танланма” ва на “Тўпланма” асарим нашр этилмаганини ҳисобга олинса, бошим осмонга етар эди.
Мен истардим, асарларим беш томда чоп этилса…”
Ариза шу ерда тўхтатилган, сана ҳам қўйилмаган, имзо ҳам чекилмаган. Ёзишни бошлашга бошлаб қўйиб, аввалги муомалалар эсларига тушган бўлса, умид юлдузлари сўниб қўя қолгандир. Вафотларидан бир неча ой олдин қўлтиқларига кириб, нашриётга бошлаб бордим. “Кўп томлик масаласида неча йиллардан бери мени алдаб келасизлар. Олдин Рашидовдан қўрқардинглар, унинг ўтганига ҳам анча бўлди. Энди кимдан қўрқасизлар? Саволимга жавоб излаб овора бўлманглар. Сизларни қийнамаёқ қўя қолай. Сизлардан битта ўтинчим бор: мен таржима қилган “Тирилиш” романи қамоқдалигимда бошқа кишининг номида нашр этилган. Шу хато тузатиб, ўзимнинг номимни тиклаб чиқариб берсанглар, ўлсам ҳам кўзим очиқ кетмасди…”
Шу гапдан кейин ҳам адолат тикланмади. Ёзувчининг илтимоси ерда қолди. Ўша куни нашриёт даҳлизида Шароф Рашидовнинг укаси Асил Рашидовни учратдик. Тоғам у киши билан кўришиб, “орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, таъзиямни қабул қилинг, акангиз жуда яхши одам эдилар”, дедилар. Назаримда Рашидов тоғамга қаршилик қилмаган бўлса керак. Етмишинчи йилларнинг охирида эди шекилли, уйларига борсам, Рашидовга хат ёзиб ўтирибдилар. “Кеча бир мажлисда Рашидов тепада, мен пастда эдим. Менга кўзи тушиб “Мирза ака қариб қолибдилар, аҳволларидан хабар олиб туринглар” , дебди. Яшин шу хатни ёзинг, деб маслаҳат берди. Ўз қўлига етказиб бераркан”, дедилар. Бу хат ёзилгандан кейин бир неча йил вақт ўтди. Акс-садо бўлмади. Кейин маълум бўлишича, Яшин хатни столи ғаладонига ташлаб қўя қолган экан. У киши ишдан кетгач, янги раис тоғамни йўқлаб чақирдилар. Оқибатда “Санъат арбоби” деган унвон берилди…
Бир куни уйимизда учинчи китоб ҳақида сўз очилганда аямнинг “Тоғанг учинчи китобни ёзмайман, шунча меҳнат қилиб рўшнолик кўрмадим”, дедилар. Тоғангинг иродасини уруш буколмаган эди, қамоқ буколмаган эди, хорлик, қадрсизлик букди”, деганларини эшитиб, бунга ишонган эдим. Қадрсизликни инкор этмаганимиз ҳолда, буни учинчи китобни ёзмаганларига сабаб, деган тахминдан юз ўгирамиз. Чунки бу ёзувчи аразлайдиган тоифадан, бошқача айтсак, “бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирадиган”лардан эмасдилар.
Олтмишинчи йилларнинг бошларида Республка радиосининг “Ёшлик” таҳририятида Рустам Раҳмон, Саъдулла Сиёев ишлашарди. Улар Мирзакалон Исмоилийни таҳририят ишларига тортишди. Шу тариқа ёзувчининг ахлоқ-одоб мавзуидаги суҳбатлари бошланиб, бу эшиттиришлар катта шуҳрат қозонди. Мактуб кўп келарди. Тоғам хат ёзишга улгуролмас эдилар. Ёзув столлари доно маслаҳатга муҳтожларнинг мактублари билан тўла бўларди. Бу мактубларнинг айримларини кулиб, баъзиларини ғазабга тўлиб ўқиб берардилар. Халққа одоб мавзуида гап айтиш учун киши аввало маънавий ҳуқуққа эга бўлиши лозим экан. Покизалик ҳақида гапирувчи одамнинг ўзи покиза бўлибгина қолмай, ифлосликка қарши кураша олувчи қудрат соҳиби бўлиши керак экан. Бирор кимсага “Сен виждонли бўл!” демоқдан аввал ўз виждонига қараб олмоғи лозим экан. Бирон бир ёшга “Тўғри йўлдан юр”, дейишдан олдин ўзи босиб ўтган йўлга қараб олиши зарур экан. Кишига ана шундай маънавий ҳуқуқ зарурлигини ўзим ҳам кейинроқ англаб етдим.
Радио орқали олиб борилган ахлоқ мавзуидаги туркум суҳбатлар ноширларда китоб чиқариш фикрини туғдирди. “Ўзбекистон” нашриётининг таклифи билан “Инсон ҳусни” деган китобча юзага келди. Китобча жуда тез тарқалди, ўқувчилар эътиборини қозонди. Орадан кўп ўтмай, бу мавзу тўлдирилиб, “Одамийлик қиссаси” юзага келди. Мухлислар орасида тоғамни “маънавий отам” деб ардоқловчилар кўпайди. Тоғамнинг вафотларидан икки ой ўтгач, бир аёл менга учрашиб, қаерга дафн этилганларини сўради. “Мирзакалон Исмоилийнинг ўзларини кўрмаганман, лекин китоблари орқали мен у кишини ўзимнинг “маънавий отам”, деганман. Вафотларидан энди хабар топиб, келяпман. Вақтида билганимда қизлари қаторида туриб видолашган бўлардим”, дегач, уни қабристонга ўзим бошлаб бордим. Аёл қабристон дарвозасидан ўтибоқ йиғлаб юборди. Худди ўз отасиинг зиёратига бораётгандай бўзларди. Қабр тепасида ҳам шундай бўлди…
Тоғам ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилиб кетдилар. Радиодаги суҳбатлар, матбуотдаги чиқишлардан ташқари мактуб йўллаган мухлисларига иложи борича жавоб қайтаришга уринардилар. Мухлисларнинг айримлари ёрдам сўрарди ёки маслаҳатга муҳтожлигини айтарди. Ёрдамга муҳтожларнинг ё отаси-онасига, ё ўзи ўқийдиган факультет деганига… хат ёзардилар, ёшларнинг мушкулини осон қилишларини сўрардилар. 1976 йили Ўш вилоятининг Жалолобод шаҳридан бу хат йўлланган:
“Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Бу хатни қўлингизга олганда ҳар бир нотанишнинг хати сингари таажжубланаётгандирсиз? Ҳа, таажжубланишга ҳақлисиз, албатта. Чунки мен бирон маротаба ё хат орқали ё тик сиз билан учрашмаганман. Мен фақат сиз билан китобларингиз орқалигина танишман. Ҳурматли домла, китоблар ичида сизнинг “Одамийлик қиссаси” китобингиз барча китоб шинавандалари сингари менга ёқди. Мен сизнинг шу китобингизни ўқиганимдан кейин, баъзи бир дугоналарим билан биргаликда бир қанча ҳаётий саволларга тўхталдик ва шуларни ҳам билмоқчи бўлдик. Бу хатда буни сизга маълум қилмадик, чунки шу хатимизга жавоб ёзиб, оз бўлса-да, бизга вақт ажрата олишингизни маълум қилсангиз, биз кейинги хатимизда батафсил, тутилмайроқ ёзишга келишдик. Барча тенгдошларим номидан завод ишчиси Алишерова Майрамхон”.
“Қизим Майрамхон, ассалому алайкум!
Қаранг, шу йил 14 майда юборган хатингиз ёзувчилар союзида ётиб қолибди. Бугун олдиму жавоб ёзишга ўтирдим. Майрамхон, китобим Сизга, дугоналарингизга ёққан бўлса, бу менинг учун катта мукофот. Демак, узоқ вақтлар тинмай қилган меҳнатим зойи кетмабди. Қаранг-а, Майрамхон, июннинг 21-22 кунлари Сизнинг гўзал Жалолободингизда, бир қариндошимизникида эдим. Билсак ўша ерда кўришар, саволларни ҳам бирга-бирга ҳал қилишар эканмиз. Аттанг! Шундоғ бўлсин, Майрамхон қизим, қанча, қанақа саволлар туғилган бўлса ёзинг. Ҳаммасига қадри ҳол жавоб бераман. М.Исмоилий. 30.06.76”.
Яна бир хат алоҳида эътиборга молик экани учун, узунроқ бўлса ҳам тўла баён этишни лозим кўрдик:
“Ассалому алайкум, сиз ҳурматли шоиримиз Мирзакалон Исмоилий!
Мен сизнинг ёзган китобларингизни зўр қизиқиш билан ўқиб келмоқдаман. Яқинда “Одамийлик қиссаси” деган китобингизни олиб ўқиб, хурсанд бўлдик. Сиз тўғри ёзибсиз шу китобни. Шу китобда бизларнинг номимиз ҳам бор экан, раҳмат сизга. Мен бу китоб асосида хат йўллайман. Сиз Тошмурод бобо тўғрисида кўп фикр ёзибсиз. Мен шу бобо тўғрисида озгина бўлса ҳам ёзиб юбормоқни лозим топдим. Тошмурод бобо 1950 йиллари Оқдарё қишлоғига иш ахтариб келган эди. Шу пайтда ёши 85га кирган бўлса ҳам у киши бардам-бақувват эди. Тошмурод бобо томорқамизда ишлаб икки халта дон олди. Сўнг отам билан маслаҳатлашиб, қишлоғимизга кўчиб келиб Мусаллам хола, қизи Муқаддас ва 7-8 ёшли Қаршивой ўғли билан бирга бир кулбада яшай бошлади. Қиш чиқиб,кўклам келгач, Абдулла акамлар ертўла қазиб, кулбахона қилиб беришди. Улар кўп йиллар кулбахонада яшашди. Сўнг ўзлари ғишт қуйдириб, янги уй қуриб олишди. Бобо оиласини боқиш учун ўтинфурушлик, чўпонлик қилар эди. Болалари улғайиб, вояга етишди. Қизлари турмушга чиқиб кетишди. Қаршивойга хотин олиб беришди. Тошмурод бобо йилдан йилга қариб, кўзи ўтмай, ўзи нимжон бўлиб қолди. Муқаддам ва Қаршивой бошқа отадан экан. Қаршивой отани менсимас эди. Бир куни бобо чой ичиш маҳали унга ҳазил гап айтдилар. Қаршивой ҳазилга жавобан отасига бир олайиб қараб: “сенинг кўзингга кўрсатаман!” деди. Қаршивой қиморвозлик қиларди, отасига қарамас эди. Бир куни борган она-бола менга “бобонг сизларникига меҳмонга бормоқчилар, яхшилаб меҳмон қил”, дейишди. Мен у пайт ҳали уйланмаган эдим. Бобо бизникида уч ой турдилар. Кўкламга чиқиб, “бобо келсинларми?” десам, “Йўқ!” дейишди. 1964 йили мен ҳарбий хизматга кетдим.Уч йил деганда қайтдим. Рўза пайти эди. Бобо юз ёшга етган бўлса ҳам рўза тутаркан. Бир куни бобо таҳорат оламан, деб ҳовлига чиқиб, уйга қайтолмай адашиб, оқ иштон, оқ кўйлакда кўчага чиқиб кетибди. Қаҳратон қиш эди. Овозларини эшитиб, у кишини уйга қайтардик. Қаршивой чиқиб хабар ҳам олмади. Бобо юз уч ёшга кирган пайти эди. Рўзани очаман, деб бир қултум сувни юта олмай, юраги уришдан тўхтабди. Муллахўжа қишлоғи халқи 4-5 сўмдан пул йиғиб, Тошмурод бобони дафн қилди. Қаршивой ҳаялламай, уйни сотиб, кўчиб кетди. Онаси билан кичик синглисини ташлаб кетди. Сиз ёзган Тошмурод бобо тақдири шундай тугади.
Ҳурматли редактор ходимлар, менинг бу арзимас хатимни Мирзакалон Исмоилийга йўллангизлар, деб илтимос қиламан. Шоназар Саломов, Самарқанд область, Оқдарё район, Ленин номидаги колхоз, 11-бригада”.
“Ҳурматли иним Шоназар, ассалому алайкум!
Шу йил август ойида менга бир мактуб йўллаган экансиз. Кўп раҳмат. Лекин мактубингиз шу бугун қўлимга тегса-я!
“Одамийлик қиссаси” номли китобимни ўқиб, Тошмурод бобо, Абдулла ака, Эркин Ҳожиқурбоновлар ҳақида, ўзингиз ҳақингизда ҳам батафсил хат йўллаганингиз бошимни осмонга етказди. Ёзувчи бирон одамни қаламга олса, уни ҳеч қачон эсдан чиқармайди, тақдирига ҳам бефарқ қолмайди. Мен Қаршивойнинг бетамизлиги, Тошмурод бобонинг шўри-андуҳи ҳақида бирон хабар эшитсам, деб орзу қилар эдим. Мактуб қанчалик оғир бўлса ҳам Сиз мени бир мунча тинчитдингиз, раҳмат.
Иним Шоназар, қани энди Қаршивой сингари бетамиз ўғиллар, қари отасига қарашдан қочган номардлар, текинхўр аблаҳлар уруғи қуриб, юздан ошса ҳам ўз номини меҳнатдан топган марҳум Тошмурод бобо сингари ҳалол инсонларгина қолса дунёда! Яхшилар орзу қилган ана шундай пайт ҳам келар бир кун. Лекин ўзи келмайди у пайт. Уни келтириш керак. Келтириш учун эса юзи қора, худбин, батарин қаршивойларга қарши тинмай курашмоқ лозим!
Шоназаржон, Тошмурод бобо ҳаётлигида унга ёрдам қўлини чўзган, вафот этгандан кейин эса дафнига қадрҳол кўмакда бўлган ҳамқишлоқларингизга, у олижаноб инсонларга мендан беҳад миннатдорлик билдириб, Абдуллажон, Эркинбой ва бошқа яхшиларга саломимни етказсангиз. Менга ғойибона таниш ҳамқишлоқларингиз, қариганда жафо чекиб ўтган Тошмурод бобо тақдири ҳақида батафсил мактуб ёзишдан эринмаганингиз учун ўзингизга раҳматлар айтаман. Фарзандларингизга, умр йўлдошингизга, ўзингизга сиҳат-саломатлик, фақат бахт, қувноқлик тилаб қоламан.
Салом ва эҳтиром билан, М.Исмоилий.
Тошкент, 1975 йил,12 октябр”.
Мухлислар ёзувчининг турар жойини билмаганлари учун мактубларини ё таҳририятга ёки ёзувчилар уюшмасига йўллардилар. Табиийки, турли сабаб билан мактублар ёзувчининг қўлига вақида етиб келмас эди. Шу боис, жавоб хатларининг охирида адиб турар жойларини, ҳатто телефонлари рақамларини аниқ кўрсатишдан эринмас эдилар. Бу муҳлисларга бўлган ишонч ва муҳаббатларининг рамзи эди, десак, янглишмаймиз.
Ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилганлариданми, йирик асар ёзиш фикридан узоқлашдилар. Мен дамба-дам романнинг учинчи китобини эслатардим. Аммо тайинли жавоб ололмас эдим. Ёрдам берай, бирга ёзайлик, дейишга журъат этмасдим…
Учинчи китоб ҳақида яна сўз очганимда “Тўхта, бошқа нарса хаёлимга келди. “Бизнинг роман”ни давом эттирсам-чи?” деб қолдилар. Тоғамнинг ўсмирлар тарбияси муаммолари жиддий равишда ташвишга солаётган эди. Бунга кичик тоғамнинг азамат ўғлини ўртоқлари уриб ўлдириб қўйиши сабаб бўлса керак. Жиян бўлмишнинг дафн маросимида ёзувчининг фарёдлари, суд жараёнидаги изтироблари ҳали-ҳали ёдимда. Сиҳатларининг нобоплигига қарамай, ишга киришдилар. Болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колониясига бордилар. Биз ҳар куни ё кўришардик ё телефонда гаплашардик. Тоғам эринмай ҳисоб берардилар: “Шунча бет ёздим, шунчасини машинкада кўчирдим. Шундай яхши фикр келди хаёлимга, эртага қоғозга тушираман…” Иш билан банд эканликларида хасталик узоқлашгандай бўлди. Орадан ойлар ўтиб, “Ўзингдан кўр” деган ахлоқий қисса юзага келди. Бу ёзувчининг сўнгги асари эди. Тоғам бу китобларини кўролмай кетдилар.
Асар якунига етиб, нашрга топширилгач, касаллик яна тез-тез хуруж қила бошлади. Шунда “Фарғона тонг отгунча”нинг учинчи китоби ҳақида сўз очиб, таклифимни айтдим. “Ҳа, шунақа қарзим бор. Сен ёрдам берсанг ёзаман… Фақат биринчи, иккинчи китобларни топиб кел. Кўп нарсалар хаёлимдан кўтарилди”, дедилар. Иккита китобни топиб, олиб бордим. Ҳеч унутолмайман: тоғам китобларни худди синиб кетадиган нозик чиннидай эҳтиётлаб олиб, стол устига қўйдилар. Кейин мадорсиз қўллари билан худди гўдак бошини авайлаб силагандай, китоб юзини силадилар. Менга қараб-қараб қўйдилар-да, кейин “Шуни мен ёзганманми, а?” дедилар. Бу савол замирида ҳам фахр, ҳам ўкинч бор эди. Ўшанда тоғамнинг кўзлари намланганини сездим. Кейин-кейин ўйлаб қарасам, “йиғлаб-йиғлаб топган болалари” билан видолашаётган эканлар. Мен нодоннинг бу ҳақиқатга ўша пайтда ақлим етмабди…
Мен сафарга, тоғам тўрт йил жанг билан борган шаҳарга – Берлинга жўнашим керак эди. “Қайтгунимча ўқиб қўйсангиз, ишни бошлаб юборардик”, дедим. Мўлжалим: тоғам асосий воқеалар баёнини берсалар, қолганини қўлимдан келганича қоғозга туширмоқчи эдим. Воқеа содир бўладиган жой аниқ – Фарғона водийси, асосан Андижон атрофлари. Вақт аниқ – ўн еттинчи йилнинг феврал ва октябр тўнтаришлари оралиғидаги саккиз ой. Қаҳрамонлар ҳам аниқ. Ўша даврни, олатасир замонни ҳам яхши ўрганганман. Мана шулар менга далда берди.
Аммо ўйлаганларим рўёбга чиқмади. Қайтгач, тоғамни шифохонада ҳушсиз кўрдим.
Учинчи китобнинг ёзилмаганига яна бир асосий сабаб бор, деб гумон қилардим. Мустақиллик офтоби қалбларни ёритгач, гумоним ҳақиқатга айлангандай бўлди. Асар, Асқар Қосимов тўғри таъкидлаганидай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таъсирида ёзилган. Буни ёзувчининг ўзлари ҳам инкор этган эмаслар. Унга “Фарғона тонг отгунча” яъни “Кеча…” мазмунида ном қўйилиши ҳам шундандир. Романнинг дастлабки саҳифаларини эслайлик: ёзувчи Қорабулоқ манзараларини қандай меҳр билан тасвир этади. Сўнг қаҳрамони Ғуломжон номидан: “Жаннат, жаннат дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикин?” дейди. Энди тасаввур этайлик: қамоқ азобида турган ҳолда болалик дамлари ўтган Андижоннинг Булоқбошисини қандай қўмсаш билан ёздилар экан бу тасвирларни…
Ёзувчи ўн еттинчи йил арафасидаги Фарғона вилояти ҳаётини тўғри акс эттирганлар. Ҳозирги кунда тарихни қайта кўриш жараёнида баъзан бирёқламаликка йўл қўйиляпти. Яъни, “ўн еттинчи йилгача ҳаёт яхши эди, кейин ёмон бўлди”, деган фикрлар ҳам учраяпти. Тарихни қоралаш касалидан қутилиш қийин кечяпти. Ахир яхшими, ёмонми ўтмиш – бизники, ўтмиш – ота-боболаримиз ҳаёти демак. Шундай экан, ҳуда-беҳудага қоралайвермасдан холис баҳо беришни ўзимиз учун қоида қилиб олсак чакки бўлмас эди.
Йигирманчи аср бошларида меҳнаткашнинг аҳволи оғир эдими? Ҳа, оғир эди. Ўша даврда яшаб, ижод этган зиёлиларнинг, маърифатпарварларнинг асарларини эслайлик. Йиғлаб ёзилган сатрларни яна бир қайта ўқийлик. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларида тасвир этилган фитна-фасодлар бу даврга келиб авж олмадими? Халқ жоҳиллик ва камбағаллик ботқоғида азоб чекмадими? Зиёлилар халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун ҳаракат қилмадиларми? “Фарғона тонг отгунча” шулар ҳақида эди. Аммо ёзувчи аввало қамоқ шароитида, сўнгра давом этган таъқиблар даврида барча ҳақиқатни очиқ ёза олмас эдилар.
Бир куни тоғам “Сен жадидлар ҳақида каттароқ асар ёзсанг бўларди”, дедилар. Мен “Бу ҳақда ёзганим билан чиқаришармикин?” деганимда ўйга толиб: “Сен уларнинг ҳаётларини ўрганавер. Ёзадиган, нашр этадиган вақт келади”, деган эдилар.
Ўзлари вақтида айтолмаган гапларини менга вазифа қилиб қўйганларини кейинроқ тушундим. Асар чиққан пайтда ёлғонлиги унча сезилмаган саҳифалар, хусусан, рус ишчилар синфи вакилларининг ўзбек меҳнаткашлари синфий онгининг шаклланишидаги хизматлари баён этилган саҳифалар энди ўқувчи ғашига тегиши мумкин эди. “Виждон қули, ирода беги бўл!” деган ўз ақидасига содиқ яшаган ёзувчи асарнинг шу ўринларида чекинганмилар? Иродалари заифлашганми? Балки… тирик жон… бегуноҳ – Парвардигор… Лекин тушуниш керак: бу баёнлар бўлмаса асар нашр этилмас эди. Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” романлари бошига ҳам шудай кун тушган экан. Асар қўлёзмаси муҳокамасида ёзувчи рус ишчилари образини тасвир этмаганликда айбланган экан. Шундан сўнг Йўлчини тарбия этувчи рус ишчиси образи пайдо бўлган экан. Мирзакалон Исмоилийнинг вафотларидан сўнг “Фарғона тонг отгунча” “ХХ аср ўзбек романи” туркумида қайта нашр этиладиган бўлганда мажбуран қўшилган саҳифаларни қисқартириш нияти туғилди. Кейин ўйлаб қолдим: бу иш аввало ёзувчи меҳнатига беҳурматлик бўлади. Қолаверса, доно, фаросатли ўқувчи қаер чин, қаер ёлғон – ўзи ажратиб олади, деган тўхтамга келдим. Бундан ташқари, зийрак китобхон асар ёзишдаги ёзувчининг заҳматини хис қила олади.
Хуллас, феврал ва октябр тўнтаришлари орасидаги воқеалар тасвирида энг кўп ёлғон ишлатиши лозим бўларди. Чунки совет тарихчилари айни шу даврни уйдирмалар билан безаб-бежашган эди. Тоғам эса бу даврни ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Биринчи ва иккинчи китобда мажбуран ёзилган саҳифалар сонини оширишни лозим кўрмай, ишни давом эттирмаганлар. Агар ёзувчи бугунги кунларимизда яшаганларида, шубҳам йўқки, учинчи китоб ёзиларди. Ёзилганида ҳам ҳақиқат йўлида, ажойиб тарзда ёзиларди.
Тоғамнинг вафотларидан кейин зиммамда бир қарз сезиб “учинчи китобни ўзим ёзишга ҳаракат қилсаммикин?” деб устоз Пиримқул Қодировдан маслаҳат сўрадим. “Ёзманг, лозим топсалар Мирза акамнинг ўзлари ёзган бўлардилар”, дедилар. Тўғри маслаҳат берган эканлар. Ёзишга уннаб кўрган тақдиримда ҳам, воқеалар баёнини улай олганимда ҳам улуғ адибнинг услубини сақлай олмасдим, айниқса тил гўзаллигини беришда қаламим ожизлик қилиши тайин эди.
Дарвоқе, тил… Бу борадаги маҳоратларини кўпчилик Абдулла Қодирий, Чўлпондан кейинги сафга қўярди. Чиндан ҳам ифодадаги гўзаллик бетакрор эди. Лекин, иккинчи китоб чиққанда бир-икки ёш адабиётшунослар айнан шу гўзал ифодаларни “бекорчи жим-жима”га йўйиб танқид қилдилар. Улар жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намуналарини эмас, совет ишчи-ёзувчиларининг хом-хатала асарларини ўқиб илм олган бўлсалар керак. Цвейгни, Диккенсни, Толстойни, Тҳакурни ўқиган одам қаҳрамон руҳиятини очишдаги бадиий тасвирни инкор этмаган бўларди. Ўрни келганда шу тасвирлардан баҳраманд бўлайлик:
“Ғуломжон онасининг нимага йиғлаётганини, нимага бетоб бўлганини билади. О, бола шўри нақадар даҳшатли зарбаки онага! Жигаргўшасининг бахти қоралигини кўрганда – она дили ҳамиша қон, юзи заъфарон! Мана, иззат тўшагида пийрона чеҳрасидан бахт нурларини тўкиб ўтириш ўрнига мусибат кўрпасини дилпора бўлиб ётибди!..
…Ғуломжон тилга олинмаган, лекин ҳаммалари тушуниб турган даҳшатли зарбанинг оғир юкини ҳужрасига кўтариб кирди…”
“Жамолиддин мулойим кулди. Бу кулгида ҳам Фосиҳ афандининг юзига тортилган шапати қарси бор эди”.
“Илон тилида заҳар бўлмаса, уни ҳамма севиб қўлга олган бўларди. Афсуски, пўстининг ялтироқлиги ҳеч кимни илитмайди…”
Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Эҳтимол, ёзувчи айрим сатрларда бўёқни қуюқлаштириб юборгандир. Тоғамнинг асарлари камчиликлардан мутлақо ҳоли, деган даъводан узоқман. Бадиий асарга нисбатан кишиларнинг диди бир ҳил эмас. Кимгадир жимжима ифодалар ёқади, кимгадир қуруқ тафсилот. Бу жиҳатдан баҳслашиш ноўрин. Лекин, менингча, сувоқ қилинмаган хонада ўтиргандан кўра, нақшлар билан безтилган уйда яшаган ёқимлироқ бўлса керак.
Бу кунларда ёшлар ижодига кўзимиз тушганда ифодаларида сеҳр-тароватни кўрмай бир оз афсусланамиз. Қаҳрамоннинг ички дунёси, табиат тасвирлари уларнинг диққатидан четда қолиб, фақат воқеалар баёнига бериладиган бўлиб боряптилар. Илгарилари “адабиёт” атамасига “нафис” сифати қўшиб айтиларди. Афсуски, ҳозир шу нафисликдан узоқлашяптилар. Бунинг асосий сабаби шошма-шошарлик, тезроқ китобни чиқариш ҳаракати бўлса, иккинчиси ўша адабиётшуносларнинг ҳамфикрлари кўпайиб қолгани натижасидир. Бизнинг халқимиз лутфни, нафисликни, гўзал ифодаларни севади. Булардан бебаҳра, таъбир жоиз бўлса, “қуруқ” асарларнинг умри қисқа бўлади. Агар ёшларга насиҳат қилишга ҳаққим бўлса, Қодирий, Чўлпон, Исмоилийга ҳос гўзал ифодаларни қунт билан ўрганиб, ўрганганларингизни асарларингизга олиб киринг, деган бўлардим.
Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларни ҳажв қиладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.
Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар. Ёзув столларида биргина чала иш қолди. Аниқроғи, бу иш ҳали бошланмаган эди. “Қизлар дафтарига” китоби чиққач, яна хатлар олдилар. Шундан сўнг бир куни “Йигитларга ҳам айтадиган гапларим кўп экан”, деб “Буниси сизларга, йигитлар!” деган китоб ёзиш ниятлари бор эканини айтдилар.
Ахлоқий қиссаларга, мақолаларга, суҳбатларга кўп ҳолларда мактублар асос бўларди. Ахлоқий китоблардаги воқеалар тўқиб чиқарилган эмас. Ундаги айрим воқеаларга мен ҳам гувоҳ бўлганман. Қариндошлар, таниш-билишлар оилавий можароларни тоғамсиз ҳал этишмас эди. Бу можароларга аралашиш, муросага келтириш ёзувчига руҳий азоб берарди. Қариндошлардан бирининг қизи аразлаб, қайтиб келган экан. Узоқ йўл юриб бориб, жияннинг қайнотасига учрадик. Қайнота ичишни яхши кўраркан. Биз борганимизда ҳам ширакайф эди. Келиндан, яъни тоғамнинг жиянларидан нолиб, уни ёмонлаб, “кийимларимни ювиб бермайди”, деб, даъвосининг исботи учун иркит кўрпача остидан иштонини олиб, тоғамнинг олдига ташлади. Тоғамнинг баъзан ўзларини тутолмай, кескин гапириб юбориш одатлари ҳам бор эди. Мен бу нодон қайнотанинг кўнглини оғритиб, масалани янада чигаллаштириб қўймасалар эди, деб ҳавотирландим. Лекин ўзларини тутдилар. Кўзларини мўлтиллатиб, худди “бу аҳмоқдан қутқар”, дегандай менга қарадилар. Бунақа одамни фақат дўппослаб уриб, тинчитиш мумкин эди. У тинмай жаврайверди. Тоғам сабр билан ўтиравердилар, аммо менинг тоқатим етмади. Чиқиб кетдим. Ярим соатлардан кейин қайнота тоғамни кузатиб чиқди. Сал кайфи тарқаган шекилли, гапи оҳанги ҳам ўзгарибди. “Келиним ёмон бўлса ҳам сизнинг ҳурматингиз бор, ўғлимга айтаман, бугун бориб олиб келади”, деб ваъда берди. Ўзи майхўр, қилиқлари хунук бўлса ҳам, тоғамга берган ваъдасини бажарди.
Жияннинг бу бахти ниманинг эвазига қўлга киритилганини менгина биламан. Бундай ва бунданда баттар ҳоллар тез-тез бўлмаса ҳам учраб турарди. Хотини кетиб қолган бир ёш ёзувчи қайнонасига тоғам билан Шуҳрат домлани рўпара қилибди. У хотин буларнинг ёзувчилиги у ёқда турсин, оппоқ сочларини ҳам ҳурмат қилмай, ҳайдаб солибди…
Бундай можаролардан кейин тоғамнинг аччиқланганларини сезиб турардим. Аммо бу оддий аччиқланиш эмас, юракни темир тирноқларида тирновчи азоб экан. Бундай пайтларда тоғамни чалғитишга ҳаракат қилардим. Тоғамнинг нимага қизиқишларини яхши билардим. У киши боғбонликни хуш кўрардилар. Қибрайдаги қаровсиз, тошлоқ жойнинг бир бўлаги тоғамга ҳам дала-ҳовли учун берилганди. Тошлоқда бир туп гул ўстириш ҳам мумкин эмасди. Тоғам тупроқ тўкдириб, шу ерларни обод қилдилар. У ерга одам олиб чиқиб ишлатганларини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Қариликларига қарамай у ёққа йўловчи автобусларда борардилар, ўзлари ишлардилар. Бир термосда чой билан нон ҳамроҳлари бўларди…
Бирон можаро таъсиридан ранжиб ўтирганларида мен ўша боғдан гап очардим. Шунда тоғам бутунлай ўзгарардилар. Эккан дарахтларини таърифлаб кетардилар. Вафотларидан икки-уч йил олдин ярим асрдан ошиқ умрлари ўтган Дархондаги уйлари бузиладиган бўлди. У ерга ҳар куни борардилар. Йиғлаб-йиғлаб қайтардилар. Айниқса, пайхон бўлаётган дарахтларга ачинардилар. Бу жойларга кўп қаватли турар-жой қурилгач, шаҳарнинг қоқ марказидаги тўрт хонали шинам уйларини топшириб, шу ердаги уч хонали уйга кўчиб келдилар. Уй янги бўлгани билан ҳаражатлари кўп эди. Шу кунларда Ёзувчилар союзига раис бўлиб сайланган Ўлмас Умарбеков тоғамнинг аҳволларини суриштириб, “бу йил ёзувчиларга ажратилган “Волга” автомашинасини Мирза акамга бермоқчимиз”, дедилар. Мен тоғамнинг машина сўраб ариза ёзганларини, навбатда турганларини эшитмаган эдим. “Навбатда турганлар сизни замбаракдан ўққа тутворишмайдими?” деб ҳазиллашдим. Ўша йиллари айниқса “Волга”ни талашиб, айрим ёзувчилар бир-бирининг устидан мағзава ағдаришга ҳам тайёр турардилар. Ўлмас ака гапларида туриб, қарор чиқардилар. Мен ёрдамчиларини тоғамникига бошлаб бордим. Улар хушхабарни айтишди. Тоғам раҳмат айтиб, кулимсираб қўя қолдилар. Улар кетишгач, қувонмаганлари сабабини сўрадим.
-Сенинг ёшингда бўлсам қувонсам ярашарди, мен бу машинани нима қиламан? Ҳар ҳолда машинани текинга беришмаса керак. “Тоғамнинг “Волга” сотиб олишга етадиган пули бор”, деб ўйлайсанми?
“Волга” олиш масаласи оила даврасида ҳам муҳокама қилинганда тоғам ўжарлик билан рад этаверганлар шекилли, улар менга мурожаат қилиб, кўндириб беришимни сўрашди. Оилавий маслаҳатга кўра, машина қарзга олиниб, сўнг сотилиб, фойдасига уй таъмирланиши керак эди. Мен бу режани айтиб, балога қолдим.
-Сенам шу аҳмақона фикрдамисан? Қариганимда “машина чайқовчиси” деган лаънат олиб юрайинми?-деб Ўлмас акага телефон қилиб, эътиборлари учун раҳмат айтгач, “шу машинага муҳтожлиги бор истеъдодли ёзувчилардан бирини қувонтиринг, катта ўғлимнинг “Москвич”и бор, кунимизга шу асқотиб турибди”, дедилар.
Тоғам футболга бениҳоя қизиқар эдилар. Мен кайфиятлари йўқлигини сезсам, ташвишли фикрлардан чалғитиб, гапга солиш учун сўзни футбол янгиликларига бурардим. Агар “Пахтакор”нинг аҳволи дуруст бўлса хўп-хўп, йўқса худди мен тренер ёки етакчи ўйинчиман-у, ютқизиқ менинг айбим билан бўлгандай сўкиш эшитардим. Футболни спорт эмас, ижод деб билардилар. Талабни ҳам шу асосга қурардилар.
Шахматни ҳам яхши кўрардилар. Таъкид жоизки, унча-бунча одам тоғам билан беллаша олмасди. Баъзан мен ҳам шахмат ўйнашни таклиф этардим. Аҳволим ўзимга маълум, дурангни ҳам орзу қилмасам-да, тоғамни чалғитиш учун дона сурардим. Тоғам буни сезсалар ҳам билмаганга олар эканлар.
Тоғам табиатан содда, камтарин, меҳнаткаш одам эдилар. Иродалари мустаҳкам, ўжарликлари ҳам бор эди. Кимдир менга “Ёзувчи камтар бўларди, танлаган таҳаллусини қаранг, “Мирза Калон” — “Катта мирза” эмиш”, деб таъна қилган эди. Бу бўлмаган даъво. “Мирзакалон” таҳаллус эмас, бобомнинг қўйган исмлари. Тоғамнинг “Мен ёзувчиман!” деб керилганларини ёки бировга дўқ қилганларини эслолмайман.
Менга фақат бир нарса таскин беради: Мирзакалон Исмоилий бировларга қуллиқ қилиб яшамадилар. Ўз халқининг содиқ ва виждонли фарзанди сифатида барча уқубатлардан юқори турдилар, виждонларига хилоф иш қилмадилар. Ижодкорнинг энг буюк бахти шу. Бу бахтга эришган ёзувчи барҳаёт бўлиб қолади.
Мирзакалон Исмоилий шундай ёзувчи эди.
Йиллар бу ҳақиқатни ҳали кўп марталаб исбот этади.

Тоҳир Маликнинг ҳужжатли қиссасини тўлиқ ҳолда адибнинг шахсий вебсайтининг мана бу саҳифасида ўқишингиз мумкин.

calameo

МИРЗАКАЛОН ИСМОИЛИЙ  АСАРИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИШ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШ, ЮКЛАБ ОЛИШ ИМКОНИЯТИГА ЭГАСИЗ.

(Tashriflar: umumiy 5 432, bugungi 2)

3 izoh

  1. Жуда зўр китобларни шундоқ кириб ўқиш имконияти осонроқ қилинса яхши бўларди

  2. Менга асарларини ўқиб чиқиш қизиқ бўлиб қолди, ёзувчинг Артур деган қахрамони борми

Izoh qoldiring