Begali Qosimov. Mahmudxo’ja Behbudiy.

09-1

    Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бонийсидир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида 20-йилларда маҳаллий матбуотда Садриддин Айний, Ҳожи Муин ибн Шукрулло, Лазиз Азиззода каби замондошлари томонидан бир қатор мақола, хотиралар эълон қилинган. Кейинги йилларда, хусусан, мустақилликка эришилгандан сўнг жадидлар фаолиятини ўрганишга қизиқиш кучайиши билан Беҳбудий ҳам қайта кашф этила бошланди.

9е

Бегали Қосимов
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ
(1875 — 1919)

Ҳаёт йўли

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бонийсидир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида 20-йилларда маҳаллий матбуотда Садриддин Айний, Ҳожи Муин ибн Шукрулло, Лазиз Азиззода каби замондошлари томонидан бир қатор мақола, хотиралар эълон қилинган. Кейинги йилларда, хусусан, мустақилликка эришилгандан сўнг жадидлар фаолиятини ўрганишга қизиқиш кучайиши билан Беҳбудий ҳам қайта кашф этила бошланди. Беҳбудий таржимаи ҳолини ёритишда Ҳожи Муиннинг 1922-23 йилларда ўзи муҳаррирлик қилган “Меҳнаткашлар товуши” (1922), “Зарафшон” (1923) газеталарида чоп этган мақолалари муҳим аҳамиятга эга. Беҳбудий ҳақида 70-йиллардан бугунги кунгача эълон қилиниб келаётган Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Наим Каримов, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев ва бугунги ёш тадқиқотчилар Ҳалим Саййид, Нормурод Авазов, Зебо Аҳророва ишларининг барчасида мана шу Ҳожи Муин маълумотлари асос қилиб олинади.

Унинг келтиришича, Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида (ҳижрий 1291 10-зулҳижжа) Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780-1785) Самарқандга келиб қолган.

1894 йилда отаси, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқнинг тарбия ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Одилдан ўрганади. 18 ёшидан қозихонада мирзалик қила бошлайди. Дарвоқеъ, Беҳбудийнинг мактаб-мадраса ҳаёти ҳақида ҳам маълумотлар ниҳоятда кам. У дастлаб Самарқанд мадрасасида, сўнгроқ Бухорода яхшигина таҳсил, кўрган. Анъанавий мадраса илмини пухта эгаллаган Беҳбудий 1915 йилда этнограф Г.Андреев саволларига жавоб берар экан, мадраса таҳсилини алоҳида тилга олгани маълум. Хуллас, анаъанавий таҳсил, сўнг эса ўз устида қунт ва сабот билан ишлаш орқали у шариатнинг юксак мақомлари-қози, муфти даражасигача кўтарилади.

1899-1900 йилларда Беҳбудий бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига чиқади.

“1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кавказ йўли ила Истамбул ва Миср ал-Қоҳира воситаси-ла бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилуб эди”, — ёзади Беҳбудий бу ҳақда. Дунё кўриши изсиз кетмайди. Сафар янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди. Унинг ташаббуси ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи (С.Сиддиқий), Ражабамин (А.Шакурий) қишлоқларида янги мактаблар ташкил топади. Адиб ушбу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Кетма-кет унинг “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофияи Русий” (1905), “Китобат-ул атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китоблари пайдо бўлади. Маҳмудхўжа 1903-1904 йилларда Москва, Петербургга боради, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади. Булар саёҳат эмас, хизмат сафари эди. Масалан, Нижний Новгородда 1906 йилнинг 23 августида Русия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммоларига бағишланган қурултой чақирилади. Беҳбудий бу қурултойда Туркистонлилар гуруҳини бошқаради ва катта нутқ сўзлайди.

25 кунга чўзилган бу сафар ҳақида Беҳбудий сўнгроқ шундай маълумот берган эди: “1325 санаи ҳижриясинда Русия мусулмонларининг муҳтарам зиёли ва акобирларининг Нижни Ёрминкасинда миллий ишлар тўғрисинда машварат қила турган мажлисға мушарраф бўлмоқ учун Ўрунбург йўли ила Маскуф, Петербург, Қозон воситаси-ла Нижни Новгўруд бориб эдим”.
Театр керак

Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмасди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ,миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ керак эди. Бинобарин, миллат учун шундай ойна керак эдики, унда у ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуот сари бошлади. “Падаркуш” шу тариқа майдонга келди. Бироқ унинг дунё кўриши осон кечмади. Бунга сабаб: биринчидан, чор ҳукумати мустамлака Туркистонининг маърифат йўлига кириб, ўз ҳуқуқини танишидан манфаатдор эмас эди; 1916 йилдаги Туркистон генерал-губернатори Н.Р.Куропаткиннинг ўз кундалигида ёзган ва бугун жуда машҳур бўлиб кетган “Биз тубжой халқни тараққиётдан, мактабдан, рус ҳаётидан 50 йил четда тутдик”, деган сўзларини эслаш кифоя. Иккинчидан, турғунлик ва тутқунлик туфайли авж олган жаҳолат, мутаассиблик.“Кимики саҳнада кўрсанг они жасорати бу” деб ёзган эди шоир Тавалло. Бу бежиз эмас. Хуллас, 1911 йилда ёзилган “Падаркуш” драмаси 1913 йилдагина босилиб чиқади. Китоб жилдидаги “Бородино жангги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади” деган ёзув ва унинг Тифлис цензурасининг рухсати билан чоп этилиши шуни кўрсатадики, иш осон кўчмаган. Пьеса босилиб чиққандан кейин ҳам уни саҳнага қўйиш учун яқин бир йил вақт кетди. Муаллиф бу ҳақдаги хатларга жавобан кинояомуз: “Туркистонда бекор одам йўқки, халқ учун ишласа. Бекор киши йўқки, театру саҳнасига чиқиб, “масхарабозлик” қилса”, деб ёзган эди.

“Падаркуш”- ўзбек драмачилигининг ҳамма якдил эътироф этган биринчи намунасидир. Мутахассислар уни ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар сифатида баҳолайдилар. Муаллиф “Миллий фожиа” атаган, 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман жуда ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн. У жаҳолат ва нодонлик, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади. Орқа-олдини ўйламаган бойнинг Тошмурод исмли ўғли бор. Ўғли ўқимаган. Бой атрофдагиларнинг гапига кирмайди, ўғлини ўқитмайди, оқибатда у кўча безориларига қўшилади. Ресторанда маишатга пули етмай, шерикларини тунда уйига бошлаб келади. Бой уйғониб, уларни сезиб қолади. Лекин бойни ўлдириб, пулини олиб кетадилар.

Хулоса: жаҳолат ва нодонлик отанинг ҳам, боланинг ҳам бошига етади. Агар бутун миллат шу аҳволга тушса-чи?!.. “Падаркуш” дастлаб Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилди. “Халқ ниҳоят кўп келиб, белат етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди” деб ёзади маҳаллий матбуот.

Яна ўша ерда ўқиймиз: “Белатлар бир-икки кун аввал ёшларни ғайрати илан сотилиб тамом бўлуб эди. Баъзи кишилар белатларини икки баҳоға фоидаси илан бошқаға сотдилар. Соат еттидан минглаб халқ ибратхонаға ҳужум қилган. Аммо белат йўқ. Уч сўм бериб, тикка турмоқға ҳам рози, яна ер йўқ…”

Спектакл ўз маишатига ўралиб дунёни унутган миллатдошларга чақмоқдек таъсир этди. Унда бой ролини Абдусалом Абдураҳим ўғли ўйнаган эди, “Бойни ҳамбоза (хуррак) ва уйқуси ҳамда ҳаракатидан аҳоли ихтиёрсиз ва фосиласиз куларди”, ёзади тақризчи. “Домла (Мардонқул Шомаҳмуд ўғли) ва зиёли (Мирза Нўъмон Мулла Фозил муфти ўғли)ни насиҳати халойиқни кўнглиға таъсир этарди, ҳатто ваъзу пандга йиғлаганлар бор эди”, — ўқиймиз тақризда. Айниқса, бойнинг ўз ўғли ёрдамида ўлдирилиб, мол-дунёсининг фаҳшу ишрат учун олиб кетилиши воқеалари кишиларни ларзага солган. “Бу фажеъ ва аламлик манзарани парда ёпар. Халқға ҳаддан зиёда таъсир. Баъзи кишилар фожиадан кўз юмарлар…”

Чамаси, асарнинг ижроси ҳам баланд савияда бўлган. Тақриздаги “Рус, яҳудий ва мусулмонлар таҳсин этарди. Ҳатто 20 йилдан бери театр маъмуриятиндаги одамлар таъриф қилурди… Аҳолидаги олқиш ибратхонани гумбирлатур…” деган жумлалар шунга ишора қилади.

Тошкентда 1914 йилнинг 27 февралида қўйилди. Авлонийнинг “Турон” труппаси Колизей (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да ўз фаолиятини мана шу “Падаркуш” билан бошлаган эди. Спектакл олдидан машҳур Мунавварқори театрнинг жамият ҳаётидаги роли ва ўрни ҳақида нутқ сўзлайди. Бой ролини Абдулла Авлонийнинг ўзи ижро этади. Маҳаллий матбуот бу кунни “тарихий кун” деб ёзади.

“Турон” труппаси 1914-16 йилларда бу спектакл билан бутун Фарғона водийсини айланиб чиқди. “Падаркуш” Туркистонни жунбушга келтирган қирғинбарот инқилоб йилларида ҳам саҳнадан тушмади. Бир томондан, миллатни маърифат ва тараққиёт сари ундашда буюк роль ўйнаган бўлса, иккинчи ёқдан, профессионал ўзбек театри ва драмачилигининг майдонга келиши ҳамда тараққиётида муҳим хизмат қилди.

Бу асарнинг ўз даврида адабий ҳаракатчиликка етказган таъсири ҳақида қайдлар кўп. Бунинг шоҳиди сифатида Абдулла Қодирийнинг машҳур “1913 йилларда чиққан “Падаркуш” пьесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим”, деган эътирофини эслаш кифоя. 1916 йилда Тошкентга келиб Колизейда “Турон”нинг қатор спектаклларини кўрган А.Н.Самойлович ёзади: “Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди… Янги адабиётнинг маркази-Самарқанд… Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдир”.

Драманинг биргина ўзбек эмас, татар, озарбайжон театрчилигига ҳам таъсири ҳақида гапириш мумкин. Туркистонда шу йиллари Заки Боязидский, Алиасқар Асқаров, Сидқий Руҳилло, Илёсбек Ошқозорский каби кўплаб қардош режиссиёрлар фаолият кўрсатганини хотирга олайлик.

Беҳбудий ва матбуот

1913 йидан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланади. Апрелдан “Самарқанд” газетасини чиқаради. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45 та сонидан кейин моддий танқислик туфайли чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан у “Ойна” журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик мажалла асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб бориларди… “Бошда ҳафтада бир марта ва иккинчи йилдан эътиборан 15 кунда бир қатла чиқиб, йигирма ой чамаси давом қилди… Кафказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркиягача тарқалар эди… Жадидларнинг севикли журналлари эди. Шунинг учун улар томонидан ҳурматланди, севилиб ўқилди”, деб ёзган эди Зиё Саид. Журнал редакцияси муҳаррирнинг Янги шаҳардаги уйида (Решетников, З; ҳозир Мирсаид Барака, I, алоқа ходимлари касаба уюшмасининг вилоят ташкилоти биноси) жойлашган.

Беҳбудий шу йиллари нашр ишлари билан қизғин шуғулланди. “Нашриёти Беҳбудия” номи билан ўз хусусий нашриётини очди. Фитратнинг “Баёноти сайёҳи ҳинди” асарини 1913 йилда русчага таржима қилдириб, нашр этди. Туркистон харитасини тузиб босмадан чиқарди. Кутубхонани йўлга қўйди. Ўша давр вақтли матбуотида “Беҳбудий кутубхонаси”ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келасиз.

1914 йилнинг 29 майида Беҳбудий иккинчи бор араб мамлакатларига саёҳатга отланади.

Муаллиф саёҳати арафасидаги кайфиятни шундай ифодалайди. “7 санадан бери икки дафъа Бухоро ва бир дафъа Фарғонани зиёратидан бошқа сафарга чиққаним йўқ эди. Азбаски, тириклик касалиға мубталолик, рўзғор қайдиға гирифторлик саёҳат неъматидан маҳрум этар. Етти йиллик хонанишинлик, дигар тарафдан алойиқи рўзғор, тижорат ва 7-8 рисолалар таҳрир ва нашри, дорулқазо ишлари, хусусан, бир санадан бери собиқ “Самарқанд” жаридаси ва ҳозирги “Ойна” идорасининг ишлари руҳан ва жисман заиф этди. Аъзоу ҳавосларға касолат пайдо бўлди. Сингир (асаб)… ғайри мунтазам ишлайдур. Атиббо истироҳат ва саёҳатға машварат берарлар. Табиат у қадар ноқобил ва бузуқки, саёҳатдан ҳам нафрат этар, истамаз”.

Шунга қарамасдан, сафарга чиқмаса, бўлмайди. Аввало, “Кутубхонаи Беҳбудия” учун Истанбул, Миср, Қрим, Кафказ, Қозон, Русия ва хорижиянинг манзаралари, иморатлари, кишиларнинг суратлари, турли-туман қолип (клише)лар ва яна бошқа жуда кўп нарсалар керак. Хуллас, бормаса бўлмайди. Маршрут: Кавказ, Қрим, Истанбул, Юнонистон, Байрут, Миср Қоҳираси ва яна орқага-Истанбулга қайтиб, темир йўл билан Булғористон, Австрия ва Берлин орқали Русияга, ундан Туркистонга келиш. Муддати икки ой. Биринчи июнга қолмай йўлга тушиш керак. Беҳбудий Петербургда бўладиган Миллий мажлис маслаҳатига таклиф қилинган эди. Саволларга жавобини ёзиб юборади, узрини айтади. Хуллас, 29 майда йўлга тушади. Поездга ўтириб Байрамали орқали Ашхободга ўтади. Красноводскдан пароход билан Бокуга боради. 2 июнда Минералние Води-Кисловодск-Пятигорск, Железноводск-Ростов-Одессани кезиб, 8 июнда Истанбулга кириб келади. Ундан Адирнага саёҳат қилади. Яна Истанбулга қайтиб, 21 июнда сув йўли билан Қуддусга йўл олади. Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Порт Саид, Шом шаҳарларини томоша қилади. Саёҳат июлнинг бошларида ҳам давом этади…

Саёҳат хотиралари ҳар жиҳатдан ғоят муҳим бўлиб, Беҳбудий уларни ўз журнали “Ойна”нинг 1914 йил сонларида мазкур ном остида пешма-пеш бериб боради (ҳозирча 18 сонда учратдик).

“Саёҳат хотиралари”нинг биринчи қисми журналнинг 14 июнь 34-сонидан чоп этилган. Муаллиф унга “31 май, Баҳри Ҳазар, Маҳмудхўжа” деб имзо чекади. Рақамлаш ва сана ҳамда ёзилган жойини кўрсатишга биринчи олти сонидагина риоя қилинган. Бу “Хотиралар” ҳам маърифий, ҳам адабий-эстетик жиҳатдан ниҳоят муҳим. Улар адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанрининг ХХ аср бошидаги ўзига хос намунасидир. Муаллиф бу мемуарларда йўл таассуротларига, машҳур ёхуд оддий кишилари билан учрашувларининг ибратли томонларига кенг ўрин беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди, турли-туман миллатлар, уларнинг урф-удумлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Қишлоқлардаги деҳқончиликдан тортиб, шаҳарлардаги эскалатор (“осонсур”) гача унинг эътиборидан четда қолмайди. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради. Қадимий муқаддас обидалар, Расулуллоҳ пойқадами теккан қутлуғ даргоҳлар,хусусан, Қуддуси шарифдаги машҳур Масжид-ал-Ақсо зиёратидан ниҳоясиз завқ-шавққа тўлади. Саждага бош қўяркан, дилининг туб-тубидан Оллоҳ иштиёқи қалқиб чиқади. “Оҳ, на руҳоний ҳолатлар, на лазиз важдангиз убудиятлари, на ашкрез ноз-ниёзлар… Нуроний, фусункор, порлоқ мозийким, анинг асари қудсият самари минг бу қадар сана сўнгра бизни маҳвият даражасинда келтурар”,-деб ёзади у.

Муаллиф Оллоҳга нидо қилади: “Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизға басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер… Эй Оллоҳи азим-уш шон. Бу магар сенинг ғазабингмидур. Авф эт, биз инсонларни. Ҳидоят эт. Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният, омин…”

“ЎАС”ҳафталиги Ингеборг Балдауфнинг мазкур хотираларнинг олмонча таржимаси муносабати билан ёзилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда” ( 1993, № 21) мақоласини эълон қилди. Муаллиф унда Беҳбудий кузатишларининг ўзига хослиги ҳақида ёзган, адиб қалбини ўртаган энг катта дард-эрк ва маърифат эканлигини айтган. Дарҳақиқат “ Хотиралар” даги маърифий руҳ, изтироб тўла фикр-мулоҳазалар, муаллифнинг ташна нигоҳи сизни бефарқ қолдирмайди. Хусусан, Ватан туйғуси ифодас учун бугун сиз билан бизга ҳаддан ташқари яқин қилиб қўяди. У Қуддуси шарифдаги Ҳазрати Довуд мақбарасини, Биби Марям ва Ҳазрати Исо калисоларини зиёрат қилар экан, тошкентлик ёш бир атторга дуч келади. “Дўкониға бироз ўлтурдик,-ёзади Беҳбудий,- мамлакатдан сўради. Қўлиға бир неча нусха “Ойна” ва Туркистон харитасини» бердим. Аҳли савод экан. Тошканд шаҳрини кўрсатдим. Беихтиёр харита устиндаги Тошкандни ўпиб, кўзиға суртди.(“Ҳуббул ватани мин ал-иймон”). Хусусан, ватан ва аҳли диёрни қадри мусофиратга маълум бўлур. Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак”. “Ойна” журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига тил-адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Айниқса, тил масалалари муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида бўлган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисобларди. Масалан, журналнинг 1913 йил август, биринчи- нишона сонидаёқ, “Икки эмас, тўрт тил лозим” деган мақола билан чиққан эди.

Фитратнинг журналда босилган мақолаларидан бири “Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдур” деб номланган. “Тушундигим замон кўнглум ёнар, йиғламоқ истарман, кўзёшларим келмайдур”, деб бошланар эди мақола. Адиб тараққиёт ва турмушда Овруподан ер ва осмон қадар узилиб қолган Туркистоннинг фожеали аҳволидан сўз очган эди. (1915 й. 7-сон). “С.А.” имзоли кишининг “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар”(1914 й. 35-сон) мақоласида бошқа тилларни ўрганиш қаторида ҳар бир миллат ўз тилининг муҳофазаси билан шуғулланиши шарт, деган фикр жуда кўп далиллар билан исбот қилиб берилади. “Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўша берсак, бир оз замонда тил ва миллиятимизни йўқотурмиз. Миллиятимизни йўқотганда диёнатимиз ўз-ўзи ила албатта, йўқолур”, деб ёзади муаллиф ва “Бас, бизға тилимизни ажнабий сўзлардан муҳофаза қилмоқлик энг биринчи муҳим бир вазифадур”, деб хулоса чиқаради. Журналнинг 1915 йил 11-12- сонларида босилган Беҳбудийнинг “Тил масаласи” мақоласида тилларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги баҳс давом этади. Улуғ маърифатчи тилларнинг бир-биридан ўринли луғат олишини табиий жараён деб қарайди. Энг бой тиллардан бўлган инглизчанинг ҳам “ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини” далил қилиб кўрасатади ва масаланинг бошқа жиҳатига-ягона адабий тил, тил бирлигига диққатни қаратади.

Беҳбудий адабий-танқидга катта эътибор берди. Навоийдан кейинги бир неча асрлик сукунатдан сўнг бу соҳанинг хос хусусиятларини тайин этиб, адабиётда унинг тенгҳуқуқлиги масаласини ўртага қўйди. “Танқид сараламоқдур” ( 1914 й., 27-сон) деб номланган эди унинг ушбу мавзуга бағишланган жиддий мақолаларидан бири.

Туркистон забт этилгач, руслар маҳаллий халққа “сартлар” деб ном бердилар Н.Остроумовнинг бир китоби худди шундай номланганлиги ҳаммага маълум. Бу сўз, аслида турли вақтда турли этник қатламга, гоҳо социал қатламга нисбатан айтилган. 10-йилларда бу сўз атрофида яна баҳс кетди. Чунончи, Бухоро амирининг русчага таржимони Баҳромбек 1911 йилда “Шўро” журналига “Биз, Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлиб туруб… на учун сарт атайдурлар?” деган савол билан мурожат қилади. Журналнинг 19-сонида Беҳбудийнинг “Сарт сўзи мажҳулдур” деган жавоби босилади. 24-сонида эса самарқандлик Бақохўжа “Сарт сўзи аслсиздур” деган мақола билан чиқади. Бу билан баҳс босилгандай бўлади. Бироқ орадан 2-3 йил ўтиб, “Садойи Фарғона”нинг 1914 йил 30-сонида Мулла Абдуллабек деган кишининг “Сарт сўзи маълумдир” деган мақоласи босилади. Табиийки, Беҳбудий ундан қаноатланмайди, чунки унга мавзуга доир бирор янги гап айтилмагани ҳолда, “маълум” деб даъво қилинган эди. Шу сабабли Беҳбудий “Сарт сўзи маълум бўлмади” деган мақола ёзиб, “Садойи Фарғона”га юборади. Бироқ газета мақолани босмайди. Шундан сўнг муаллиф мақолани ўз журналида (1914 й. 39-сон) беришга мажбур бўлади. Журналда Беҳбудийнинг “Сарт сўзи мажҳулдур” мақоласи ҳам қайта босилган. Мақола ҳажман салмоқли, журналнинг бир неча сонида давом этган. Адиб ушбу калиманинг халқона этимологиясидан тортиб, Алишер Навоий, Бобур, Муҳаммад Солиҳ, Абулғози Баҳодирхоннинг асарларигача, Н.Остроумов китобидан Д.Г. Логофетнинг “Бухоро хонлиги”ю Л.М.Будагов луғатларигача, И.И.Гейер “Саёҳатнома”ларидан А.Вамбери “Кундаликлар”игача, жадидчилик ҳаракатининг Аҳмад Заки Валидийдан Исмоилбек Гаспринскийгача бўлган намояндаларининг бу соҳадаги кузатишларини тўплаб, хулосалайди.

Адибнинг барча тарихий-илмий мавзудаги мақолалари сингари бу ҳам ўтмишга камоли эҳтиром ва эътиқод билан ёзилган. “Қабиласини(нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни “қул” — ”марқуқ” дерлар (1914 йил 23-сон, 340-бет) деб ёзади у. Бу сўз Ч.Айтматов туфайли “манқурт” бўлиб, янги умрини бошлади. Беҳбудий, миллат ўзини англагандагина ижтимоий-сиёсий масалаларга бошқалар билан тенг аралаша олади, деган фикрда бўлди. Шунинг учун ҳам тарихга алоҳида эътибор берди. “Ҳаёт ва мамот масалалари қадар муҳим бўлган неча масалалар кўзимиз олдиға турган ҳолда аларни эҳмол этуб, фақат сарт сўзи ила шуғулланиб, фурсатларни бўшқа ўткармоқлик яхши эмас”, деб ёзади у. “Лекин,-давом этади,-ёвруполилар қошида миллият масаласидан муҳим ва муқаддас тутилган бир замонда бизлар ҳам миллият масаласидан саналган “сарт” ҳақида гоҳ-гоҳ баҳс этуб, миллиятимизни хотирлаб турганда, зарар кўрмасмиз”. Умуман, Беҳбудийнинг публицист сифатидаги фаолияти адиб истеъдодининг жуда ёрқин бир қиррасини ташкил этади. У ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзди. Ўзининг Миллат ва Ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Баъзилар унинг мақолалари ададини 200, бошқалар 500 деб белгилайдилар. Унинг барча ёзганлари ҳисоблаб чиқилмаган, ҳатто аниқланмаганлари қанча. Муаллифлар ўзларининг исми-шарифларини ўз газета-журналларида кўп-да қўявермаганлар. Ҳар қандай ҳолда ҳам Беҳбудий ғоят сермаҳсул қаламкаш эди. Муҳими шундаки, у ХХ аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбоби эди. Унинг Миллат ва Ватан тақдири ҳақидаги барча қарашлари, аввало, мана шу мақолаларида акс этган эди. Бу жиҳатдан унинг 1906 йил 10 октябрда “Хуршид” газетасида (6-сон) босилган “Хайрул умури авсатуҳо” (Ишларнинг яхшиси ўртачасидур) мақоласи характерли. Бу мақола узоқ йиллар Совет тарих фани нуқтаи назаридан баҳоланиб, Беҳбудийни қоралаш учун нишон бўлиб келди. Гап шундаки, Беҳбудий ўша 1906 йилдаёқ социалистик таълимотни ва уни Русияда амалга оширишга бел боғлаган Ленин партиясини кескин рад этган Русия мусулмонлари иттифоқи «Иттифоқи муслимин»ни, қарашларида маълум яқинлик бўлган Кадетлар партиясини қўллайди. Унинг бу хусусдаги фикрлари устози Исмоилбек Гаспринскийнинг “Мазҳаби иштирокиюн”ни қаттиқ танқид қилган “Оврупо маданиятига бир назари мувозана” рисоласи ва “Дорул роҳат мусулмонлари” романидаги мулоҳазаларга таянар эди. Беҳбудий ҳам ўз устози каби социализмни зўравонлик ҳисоблади, ижтимоий тенгликни адолатсизлик деб билди. Шахс манфаатдорлигида, миллат равнақида тараққиётнинг буюк омилини кўрди. Худди шу эътиқод уни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга етаклади.

Беҳбудий дарсликлари

Беҳбудий бир қатор дарсликлар ёзди. ЎзСЭ даги “Беҳбудий” мақоласи муаллифи марҳум С. Қосимов адибнинг 6 та дарслигини қайд этади: “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”), “Китобатул атфол” (“Болалар мактублари”) “Мухтасари тарихи ислом” (“Исломнинг қисқача тарихи”), “Мадхали жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”), Мухтасар жуғрофияи Русий” (“Русиянинг қисқача географияси”). Шулардан биттасига-”Мунтахаби жуғрофияи умумий”га тўхтаймиз. Асарнинг тўла номи “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия”. 1905 йил 24 августда Санкт-Петербург цензурасидан рухсат олиниб, 1906 йил Самарқандда Г.И.Демуров матбаасида чоп этилган. 106 саҳифадан ташкил топган. Муаллиф бу “қадим фан”га тааллуқли “туркий, арабий, форсий русий луғатларга тасниф бўлган ўттуз қадар қадим ва жадид қутуб ва расоили жуғрофия, ҳайъати риёзий, тарихий, табиий”лардан ва яна жуда кўп турли-туман маълумот-манбалардан фойдаланиб ёзганини қайд қилади (1-бет)

“Жуғрофия деган сўз юноний, луғати арабийға таърифи ард маъносиға, яъни ер ва туфроқни баён қилатурғон илмни айтилур”,-изоҳ беради муаллиф. Сўнг Беҳбудий унинг турларига тўхтайди.

Китобнинг дастлабки саҳифаларида жуғрофиянинг фан сифатида майдонга келиш тарихи, қадим Туркистон олимларининг бу соҳадаги хизматлари ёритилади, асарлари келтирилади. Муаллиф Шамсиддинбек Сомийнинг (1850-1904) 6 жилдлик машҳур «Қомус ул аълом» ва Исмоилбек Гаспринскийнинг “Туркистон уламоси” китобларидаги ҳужжат ва далилларга суяниб фикр юритган.

Бобларнинг бири: “Жуғрофияни ўқумоқ мусулмонларға лозимдур” деб аталган. Унда Ер ҳақидаги хурофий тушунчалар танқид қилинган. Чунончи: “Аммо ҳозирги жуғрофия илми, тажриба ва рўяти бошлариндан билинадурки, Ер курравий-юмалоқ, остиға ҳўкуз, балиғ йўқ, атрофиға девори йўқ ва Ер айланадур, ҳавоға муаллақ турадур. Бизни назаримизға сокин ва аммо ҳақиқатда айланадур” (14-бет).

“Эски ва янги донишмандлар” фаслида қадим Батлимус (Птоломей)дан қолган геоцентризм ва унга қарама-қарши гелиоцентризм ҳақида гап кетади. Илми ҳайъатдаги “сабъайи сайёр”, “тўққуз осмон” иборалари изоҳланади.

“Аҳли ҳайъати жадида, яъни янги хукамолар айтадурки, Офтоб дунёни ўртасиға халқ бўлубдурки, Аторуддан бошлаб қадима беш сайёра ва янги топилган икки сайёра ва кўз ила кўрилмай, янгидан дурбин ила топилган уч юзға яқин сайёралар ва буларни ичиға биз устида турғон Еримиз Офтобни атрофиға ҳар бири ўзиға тегишли доира — айланасиға айланиб юрадурлар. Еримиз Офтобға нисбатан учланчи сайёра-юргувчи юлдуздур! Юргувчи юлдузларни ҳаммаси бенур ва ёруғликни офтобдан оладур” (22-бет) ўқиймиз китобда.

Муаллиф, шу тариқа, жуда содда қилиб осмон жисмларининг жойлашиш ва ҳаракатини тушунтириб беради. Буларнинг айримлари Қуръон ва Ҳадис хабарига рост келмаслигини ҳам айтади. Шунга қарамасдан, “Янги ҳукамолар осмондаги юлдузларни аҳволидин эскилардин кўра яхшироқ огоҳ бўлубтурлар”,-деб ёзади. Чунончи, Ой, Миррих (Марс) ҳақидаги замондошлари маълумотларини жамлаб ва уларнинг Қадим ҳукамога насиб этмаган аниқ ва пухта замонавий асбоблар ёрдамида тўпланганини таъкидлаб, “…ҳукм қиладурларки, албатта, Миррихда одам бор ва илм бизлардан зиёдадур!”деган фикрни илгари суради. “Мартабаи инсониятға ноил ўлмакға, ҳар бир инсонни жамияти инсониятға ва дини илоҳияға эҳтиёжи бор,-ёзади муаллиф. — Ушбу сабабдандурки, инсонлар комил инсонларни қўл остиға жамияти башарияни барпо қиладурлар. Олло таоло анбиё воситаси ила қонуни шариат, хавфу қалбу рижо юборибдурки, анго дохил ва солик бўлмоқ лозим ва вожибдур. Динсиз дунёда яшамоқ инсоният ва маданиятдан эмас, ҳайвонийликдур. Динсиз мутамаддун (маданиятли) бўлмоқ муҳол (қийин)дур. Жамияти башарияни барқарор турмоқиға дин, шаръ (шариат), низом ва буларни бошқарувчиларга биринчи сабабдур. Бас, жамият илм, инсоф ва ҳунар сабаблари ила уч хил бўлинадурки, ваҳшоният, бадавият, маданият аталган. Ва буларни(нг) ҳар бирини яна бир неча синфға тақсим қилмоқ одамларни аҳволиға қараб мумкин бўладур”.

Маърифатдан сиёсатга

Беҳбудий замонасидаги мавжуд идора усуллари ҳақида фикр юритиб, уларни учга бўлади:

1. Идораи мустақалла (идораи мутлақа-монархия)
2. Идораи машрута (конститутсияли парламентли ҳокимият).
3. Идораи жумҳурият (Республика).

Лекин миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди. Бу Беҳбудий келган биринчи хулоса эди. Унинг “Вақт” газетасида чоп этилган мақолаларидан бирида шундай мулоҳазаларни учратамиз:

“Бир мадрасага 20 талаба гапи ила бир ноаҳил мударрис сайланур. Бир волостда 40 нафар эл бошлариндан 21 нафарни садоси ила бир жоҳил қози сайланур ва Русия маъмурларина-да маъқул ўлур. Бир минг фақирнинг радду мудохаласи мўътабар ўлмаз ва сўзлари эшитилмас. Ишта бизим Туркистон шаҳарларининг бу кунги қози, муфти ва мударрис ҳам имом ва ўзга руҳонийларининг юздан саксони, саҳро ва қарияларда ўланларининг ўндан тўққизи шўйла номуносиб кишилардан иборатдир”. Шу газетанинг ўша йили 4 ноябрда босилган “Дума ва Туркистон мусулмонлари” мақоласида эса чор мустамлакачилик сиёсати, хусусан, ўлкадан етмиш минг русдан олти депутат бўлгани ҳолда етти миллион мусулмонга беш ўрин ажратилган ошкора танқид қилинади. Шуларга қарамасдан, Беҳбудий, истиқлол ҳақида фикр юритар экан, ҳар қандай зўравонликни рад этади. Унингча, зўравонлик ғайриахлоқий, бинобарин, ғайринсонийдир. Умуман олганда эса мустақиллик учун кураш олиб борган боболаримиз, жумладан, жадидлар келажак ҳақида фикр юритар эканлар, истиқлолга эришиш борасида бир-бирларидан фарқ қилувчи уч йўлдан бордилар:

1. Русияга тобеликдан зўрлик йўли билан қутулиш, куч билан истиқлол олиш (Дукчи эшон қўзғалони, 1916 йил воқеалари, “босмачилик”).
2. Муроса йўли. Руслар ёрдамида маърифатга эришиш. Маърифат масалаларида ҳақ-ҳуқуқ олиш,миллий хусусиятларни тиклаш (Исмоилбек Гаспрали, Маҳмудхўжа Беҳбудий).
3. Ҳамкорлик йўли. Чор маъмурлари, сўнг эса Шўро ҳукумати билан бирга уларнинг программаларида қатнашиш ва имкон бўлиши билан мустақилликни қўлга олиш. Бунинг учун маълум тайёргарлик кўриб бориш (Мунавварқори, Ҳамза, Авлоний).

Беҳбудий ҳамиша халқ билан бирга бўлди.
Ватан тақдири кун тартибига қўйилган 1917 йилнинг 16-23 апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 150 вакили иштирок этган ўлка қурултойида ҳаяжонли нутқ сўзлади. Миллатни ўзаро ихтилофлардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, иттифоқ бўлишга чақирди. Худди шу ихтилофимиз сабабли “мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар” деб очиқ айтди.

У ҳақ эди. Мустамлакачилар “50 йил илм-маърифатдан четда сақлаб келган”лари (Куропаткин) Туркистонни осонлик билан қўлдан чиқармас эдилар. Фитна ва иғво тинимсиз давом этар эди. Шундайлардан бири 1917 йилнинг баҳорида Бухорода юз берган эди. Амир феврал ўзгаришларини ҳисобга олиб, рус элчихонасининг маслаҳати билан ислоҳот эълон қиладиган бўлади. Ва бу фармонни ушбу элчихонанинг бошлиғи жаноб Миллер тайёрлайди. Ҳар хил англашилмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида собиқ генерал-губернатор, эндиликда Русия Муваққат ҳукуматининг Туркистон комиссари Куропаткин топшириғига кўра Самарқанд ижроия қўмитаси Бухорога бир неча кишилик ҳайъат юборди. Улар орасида Беҳбудий ҳам бор эди. 7 апрель ислоҳот эълони олдиндан мўлжалланганидек тантанага, тантана эса фожиага айланади. Амир ва ёшлар, муллалар ва жадидлар ўртасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо бўлади. Миллер бунинг айбини Беҳбудийга қўяди. Фақат Миллер эмас, Тошкентда 9 апрелда бошланган Туркистон ишчи ва солдат депутатлари советларининг биринчи ўлка съездида айрим рус депутатлари Бухоро фожиасининг сабабини Самарқанддан “ўз ихтиёрлари илан” борган депутатларга тўнкайдилар. Миллатни ич-ичидан қайраш ва низо чиқариш изчил давом этади. Беҳбудий мазкур съездда минбарга чиқиб бор воқеани тушунтириб берган ва бу ҳақда “Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат” (“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил 1 май) деган махсус мақола ёзган эди. Шу йил ноябрнинг 26 сида Қўқонда ўлка мусулмонларининг 1У фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси “Туркистон мухторияти” эълон қилинди. Бу мустамлакадан мустақиллик томон қўйилган жиддий ва жасоратли қадам эди. Унинг маънавий отаси, шубҳасиз, Беҳбудий эди. “27 ноябрда Қўқонда Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлушдан ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!” — деб ёзган эди Беҳбудий.

Муаллиф бу қадим оталар юртини унда яшаб турган барча қон-қариндош миллатларнинг бирлиги, ҳамкорлиги билангина сақлаб қолиш мумкинлигини теран англайди. Бутун вужуди билан Туркистонни бирликка чорлайди. “Бовурлар! — деб ёзади қозоқ биродарларига очиқ хатида, -билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларнинг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар.Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар. Бул, албатта шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур… Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳамда мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишига саъй ва эҳтимол этмоғимиз лозимдур…

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан,серблар, италянлар,арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар ҳатто дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб,ютилуб, ҳатто тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқликдур. Турк томуриға болта урмоқликдур”.

Мухторият бой берилди. Уни оталаримиз сақлаб қололмадилар. У Советлар томонидан хоинона бостирилди. 19-20 февраль кунлари шаҳар тўпга тутилди. 10 мингта туркистонлик ўлдирилди, 180 та қишлоққа ўт қўйилди.

Беҳбудий изтироб билан майнинг бошида Самарқандга қайтади. У ерда тура олмай, Тошкентга келади. Туркистон рус совет ҳукумати раҳбарлари билан музокаралар натижа бермайди.

Орзулари чил-чил бўлган Беҳбудий 1919 йилнинг баҳорида-25 мартда Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли бир тусда Қарши шаҳрида қатл қилинади. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахтимиз Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутади. Ўнлаб марсиялар ёзилади. “Беҳбудийнинг сағанасини изладим” деб аталар эди Фитратнинг бир шеъри. Айнийда бир эмас, уч шеър бор.

Сани мундин буён Турон, кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму тополмасму?

-деб бошланарди унинг шеърларидан бири.

Машҳур Чўлпон ҳам Беҳбудийнинг фожиали ўлдирилганига бағишлаб шеърлар ёзади.

Қайғурингиз,кишанларни ясовчи усталар,
Бошқаларни тубанлар деб атовчи хўжалар!
Сизлар учун ёз бошининг қоридек

Эрур кунлар келадур!
Сизлар учун алвастининг зоридек
Йиғлар кунлар келадур!

-деб ёзган эди у.

Қарши шаҳри 1926-37 йилларда 11 йил Беҳбудий номи билан юритилди. Бироқ унинг асл қиёфаси халқдан сир сақланди. Адиб номининг адабийлаштирилиши шунчаки бир ниқоб эди. Қарши шаҳрига унинг номи қўйилган ўша 1926 йилдаёқ у мансуб бўлган жадидчиликни аксилинқилобий, аксилшўровий ҳаракат сифатида қоралаш кампанияси бошлаб юборилган эди.

Б.А.Пясковский 1922 йилдаги “Инқилоб” журнали саҳифаларида эълон қилган “Ўзбек театри тарихи” мақоласида унинг майдонга келиши тарихи ҳақида фикр юритар экан, “Ўзбек театрининг асосини қўйиб берувчи Самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудийдир” деб ёзади. Таниқли археолог Вяткиннинг далолатига суяниб, “Падаркуш”ни ёзишда Фонвизиннинг “Фаҳмсиз” (“Недоролось”)идан таъсирланганини қайд этади. Адиб номида Тошкентда маориф клуби, Самарқандда кутубхона ва драмтруппа, Туркистоннинг деярли ҳамма шаҳарларида унинг номига очилган мактаблар, Бухорода эса марказий босмахона борлигини таъкидлайди.

1929 йилда Қозонда босилиб чиққан “Ўзбек адабиёти” китобида эса “Ўзбек миллий адабиётининг негиз тошини Беҳбудий билан Фитрат қўйиб берди” (8-бет) деган эътирофга дуч келамиз.
Бу гаплар ҳақиқат эди

Манбаъ: Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти.Тошкент, «Маънавият». 2004

(Tashriflar: umumiy 311, bugungi 1)

Izoh qoldiring