Aleksandr Blok. She’rlar

033

28 ноябрь — атоқли рус шоири Александр Блок таваллуд топган куннинг 135 йиллиги.

    Улуғ рус шоири Александр Блок (1880-1921) ўзининг қисқа умрида бошидан Россиянинг муҳим воқеаларини кечирди ва бу унинг ўтли шеърида ўз аксини топди. Шоирнинг ота-онаси эрта ажрашиб кетишган бўлишса-да, Блок ҳамиша отасининг «қони»ни сезиб яшади. Шоирнинг онаси Александра Андреевна Бекетова ажойиб адиба эди. Онаси билан ўртасидаги руҳий ва маънавий яқинлик, меҳр — муҳаббат болалигидан то умрининг охиригача юрагидан ўчмади. У Бекетовлар оиласида ўсди. Бу уйнинг энг яқин дўстлари, меҳмонлари — Гоголь, Некрасов, Тургенев, Салтиков-Шедрин, Достоевский кабилар бўлиб, Бекетовлар оиласи том маънода илм, адабиёт ва санъат билан яшашарди. Ёш Блок болаликдан то умрининг охиригача ёзув столидан айрилмади. Шоирнинг бобоси — Андрей Николаевич Бекетов Петербург университети ректори, машҳур ботаник олим ёз мавсумида гербарийлар йиғиш билан машғул бўлар, бу ишда кичик Блок бажонидил, ғурур ҳисси билан ёрдамлашарди.
Блок ҳаётида Россиянинг шимолий пойтахти Петербургдаги уйлари ва Москвадан унчалик узоқда бўлмаган Шахматова қишлоғи муҳим ўрин тутади. Ёш Блок ҳамиша қиш кунларини Петербургда, ёзни Шахматовада ўтказар, унинг энг гўзал асарлари, шеърлари осойишта Шахматова қишлоғида дунёга келарди. Классик адабиёт руҳида тарбияланган Александр Блокда «янги адабиёт» таъсири кучли кечади. У бутунлай янги, қудратли сўз санъаткорига айланади.
Блок ҳаёти унинг нозик юрагини муҳаббат ва садоқат туйғулари билан тўлдирган севгилиси, кейинчалик бир умрлик рафиқасига айланган Любовь Дмитреевна Менделеева —  улуғ кимёгар олим Дмитрий Мендеелевнинг қизи номи билан чамбарчас боғлиқ. Улар бир-бирларини севиб, ардоқлаб, тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшадилар.
Блок қолдирган улкан адабий мерос теранлиги билан умумбашарий аҳамият касб этади.

Александр Блок
ШЕЪРЛАР
Ойгул Суюндиқова таржимаси
021

***

03

Черковнинг хорида қўшиқ айтди қиз
Ўзга юртда жондан тўйганлар ҳақда.
Кемаларни қайтиб бермаган денгиз,
Севинчни унутиб қўйганлар ҳақда.

Овози гумбазлар узра сайр этди,
Нурда товлантирар елкасин малак.
Ҳар ким қоронғуда кўрди, эшитди
Қандай куйлаганин нурда оқ кўйлак.

Барчага туюлди — шодлик бўлажак,
Жойидан қўзғалар ул кемалар ҳам.
Ёру ҳаёт ила бахтга тўлажак
Бегона элларда ҳориган одам.

Ширин эди овоз, нафис эди нур,
Фақат йироқларда сирли уфқ бор.
Ҳақнинг эшигида гўдак йиғлайдур —
Ҳеч ким қайтиб келмас деган қўшиқ бор.

ЁЛҒИЗЛИК

Шамол. Музлаб боради дарё,
Дарё бўйлаб увлайди шамол.
Баҳор яқин, тошлардан садо
Сизиб келар бамисли хаёл.

Тош ёнида ўй суради у
Юрагида аччиқ изтироб.
Қачонлардир бургутсимон бу
Нигоҳларда бугун кул-сароб.

Қалқиб кетди кеч тушар чоғи
Кўз ўнгида жонланди ўтмиш.
Унут бўлмас ғамнинг қирғоғин
Бесас соя, шарпалар тутмиш.

Мутлоқ ёлғиз, у мутлоқ ғариб,
Уни олам унутган гўё.
Қариб борар, боради қариб,
Ҳасрат адо қилади, адо…

Кўринади туби йўқ зулмат,
Иблис ёвлар қилишмас шафқат.
Қайда умид, қайда ҳарорат,
Қайда дўстлар, қайда муҳаббат?!

Наҳот ташлаб кетди бариси,
Наҳот қисмат эди бу қайу?
Наҳот қалбда армон нафаси
Ва тонгларни кутмоқ беуйқу?

Қайга оқди орзулар? Ненинг
Қаршисида ўзни йўқотди?
Эслар экан югурик умрин
Ўтмиш ўйлар уни уйғотди…

Ширин эди бу дам ҳорғинлик,
Енгил қувонч кезар руҳида.
Хуш ёқарди дилга сокинлик,
Ғам сезинмас шамол уҳида.

На хушомад, на шуҳрат даркор,
Унутгиси келади ишқни.
Хотиралар ҳамиша бедор
Булутлардай қучади уфқни.

Тўлди минор бағрига садо,
Гўзал ва кенг шаҳар йўллари.
Оқди кулранг ва олис само
Остидаги ўтли йиллари…

Сизиб чиқар тошлардан садо,
Яна дилни чулғайди хаёл.
Шамол.Музлаб боради дарё,
Баҳор чоғи увлайди шамол…

***

Шўрлик, хушомадгўй бадбахтлар…
Лир

Деразанинг ортида ёвқур,
Телбаланиб бўкирар бўрон.
Булутларни ҳайдайди ёмғир,
Шамол тинмас тилсиз, беомон.

Даҳшатли тун! Бундайин тунда
Ачинаман юраксизларга.
Надоматлар айтаман чиндан
Балчиқда ҳам кераксизларга.

Жафокашнинг толеси — зулмат ,
Ё ёмғирла олишмоқ. Ё, раб!
Деразанинг ортида фақат
Бўкиради шамоллар инграб!

***

Еламиз,еламиз, ҳур гўдакларим,
Азиз юрт сари!
Табиат куйлайди, соф юракларим,
Бизники бари!

Кенгликда — кўз илаб бўлмас фалаклар,
Тутун ва чанглик!
Еламиз, табиат ҳур гўдаклари,
Дала ва кенглик!

Елишар, елишар… Ғарамдан ошиб,
Чор -атроф —  дала.
Бепоён уфқни бағрига босиб,
Ер титрар палла.

Елишар қошига қуёшнинг, майнинг.
Озод паллалар
Иссиқ қучоғига босмоқда замин
Ўз болаларин…

Меҳрибон она ер чақалоқларин
Эркалаб қучди.
Баҳорий уфқда қўнғироқларнинг
Куйлари учди…

Уларни имлайди қоронғу тунлар,
Энг совуқ тунлар.
Уларга кўринар тезоқар кунлар,
Саноқсиз кунлар…

***

О, одамзод насли, сенга алвидо!
Туманда денгизлар сузар паришон.
Қизил денгиз ичра энг совуқ ҳаво,
Туманни тарк этдим. Салом, янги тонг!

Халқлар, яна халқлар кўзига боқсам,
Гоҳо кўринмайди на ўт, шон, бироқ
Шу музни юракда эритиб оқсам,
Қуёшнинг нурида тонг отса оппоқ!

***

Дераза ортида кезинмас шамол,
Ичкарида эса шамларим ўчди.
Кимдир кириб келди бесас, бемаҳал
Менга яқинлашди, елкамдан қучди.

Қайрилиб қарадим. Фақат осмонга
Шундай тикиламан руҳимда титроқ.
Бурилиб боқади у мен томонга,
Олисдан кўринар вазмин ва қувноқ.

На рўё, на туман эди у дилбар,
Нени англамадим, ё англаб етдим.
У ёнимга келди атай бу сафар —
Ўшал сирларимиз шивирлаб кетди…

***

Ойпараст мисоли хаёллар сурсам:
Она тупроқ ўлим билмаса, дейман.
Лоқайд, риёкорлар инсофга кирса,
Қурбимиз етмас иш бўлмаса, дейман.

Гарчанг оғир тушлар бўғар умрни,
Гарчанд димиртирар бу туш беомон.
Эҳтимол, қайсидир шўх йигит сирни
Очади — мен ҳақда сўйлайди оқ тонг.

Агар ғамғин тортса унинг кўзлари,
Қудратли юраги ғуссага ботса,
Гуноҳидан ўтинг! Не тонг, сўзлари
Дилларда эзгулик ва нур уйғотса!

НОМАЪЛУМ ҚИЗ

Димиққан шом. Майхона узра
Ёввойироқ ҳаво кезинар.
Сархуш оққан товушларда ҳам
Баҳор ўйи, ўти сезинар.

Олисларда — дала ҳовлининг
Тўзонларга тўлар кўчаси.
Иссиқ ҳиди келади ноннинг,
Гўдак йиғлар унда кечаси.

Ғарамларнинг ортида ҳар кеч
Санқий бошлар масхарабозлар.
Хонимлар-ла харобазорда
Сайр этишар, ҳатто соз созлар.

Сузар музли ҳалқалар кўлда,
Аёл додлар, ҳеч кимнинг иши
Йўқдай! Кўкда беҳис, бепарво
Эврилади ойнинг гардиши.

Кўринади ҳар шом ёлғиз дўст
Қўлимдаги жом ичра фақат.
Сирли, аччиқ таъмли нафасдан
Менинг каби чайқалар карахт.

Ёнимдаги қўшни столда
Мудроқ малай қаққайиб турар.
Қуён кўзли майхўр аёллар
Гуноҳини ёлғиз Ҳақ билар.

Ҳар оқшомда айнан бир пайтда
(Ё тушимга кирармикан бу?)
Деразадан сирғалар туман,
Шоҳиларга ўралганча У —

Майхурларни оралаб ўтар,
Ҳар вақт ёлғиз, ҳар вақт оҳиста.
Туман, атир ҳиди уринар,
Деразанинг ёнига аста

Ўлтиради. Шоҳи кўйлаклар
Товланади боққаним сари.
Тилло узук, тилло балдоқлар,
Занжирлайди мени ул пари…

Занжирлайди мени тобора,
Юзидаги қайғу ортидан
Кўринади — беқиёс кенглик,
Ажиб қирғоқ унинг ортида…

Очилмаган сирлар очилди,
Қўлларимда — ненинг оташи?
Юрагимга санчилди ёмон
Ўткир майнинг ҳасратли ёши.

Учаётган парлар сингари
Хаёлларим сархуш ва уйғоқ.
Тубсиз, мовий кўзларнинг юрти —
Олисларда шовуллар қирғоқ.

Юракдаги сирларим билан
Шароб ичра тўкиламан жим.
О, сархушлик, сархушлик, ҳақсан!
Гуноҳимни билар худойим…

***

Шамол билан келди олисдан
Кўкламги қўшиқлар муждаси.
Очилди кўкнинг қай бурчида
Энг ёруғ ва тубсиз парчаси.

Ва жилвагар баҳор шомида
Бошдан учиб кетгандай ҳушлар
Кўз ёш тўкди қиш бўронлари,
Зар сочилди – юлдузли тушлар.

Бўзладилар кўринмас қора
Ранг ичида ҳуркак торларим.
Шамол олиб келди олисдан
Қўшиқларинг – тиниқ зорларинг…

***

Уйғонаман туманли тонгда,
Юзларимга урилар қуёш.
Зиналардан кўтарилаётган
Соғинганим, сенмидинг, оташ?

Ланг очилар оғир дарвоза!
Деразада анқир еллар ҳам!
Кўп куттириб қўйишган эди
Қўшиқларки, қувноқ ва хуррам!

Юзларимга туманли тонгда
Урилади қуёш ва шамол!
Улар билан кўтарилади
Зиналарга ул соҳибжамол!

***

Тушларимда – шодон хаёллар,
Тушларимда – эмасман ёлғиз…
Тонгга яқин уйғотди шовқин,
Парчаланиб кетаётган муз.

Хаёлимдан кечди мўъжиза…
У томонда – болталар чархлаб,
Хурсанд, қони қайноқ одамлар
Гулхан ёқди ҳангоматалаб,

Қатрон суриб оғир қайиққа…
Дарё куйлар ортиб ҳаваси,
Қучоида муз, мовий тўлқин,
Ва эшкакнинг синган парчаси…

Бундай бахтли дамларда сархуш
Каби юрак тўлиқар чексиз…
Айрилмайди мендан энг ажиб
Хаёлларим – эмассан ёлғиз…

ФАБРИКА

Деразаси заҳил қўшни уй.
Кеч тушарда оғир ва оғир
Урилади болтлар, одамлар
Дарвозага келади бир – бир.

Зич ёпилар темир эшиклар,
Ва деворда кимдир кўринар.
Қимирламас қоп-қора соя
Одамларни жимгина санар.

Баланд жойда туриб тинглайман:
Минғир овоз чорлаган дамлар
Пастдан эгик яғир елкасин
Кўтарганча чиқар одамлар.

Тўпланишар, тарқалар белга
Маҳкам боғлаб қуллик, ярани.
Кузатади заҳил дераза
Кула –кула умри қорани.

КУЗ ЭРКИ

Йўлга чиқдим, очиқ юз шамол
Қайиради шохларни қувноқ.
Қияликда майда – майда тош,
Сарғиш тортиб боради тупроқ.

Водийларда – намхуш куз ҳиди,
Очилар ер қабристонлари.
Қишлоқларда қизғиш тус олар
Четанзорлар хиёбонлари.
Шўх рақсини бошлар қувончим,
Буталар соз чалаётир, соз!
Силкинади гулдор кўйлагинг
Енгларидан учаётган ноз…

Ким чорлади мени бу йўлга,
Турма ойнасида таниш истеҳзо?
Тошли йўллар бўйида ғариб
Куйлаётган псалмами ё?

Йўлга чиқдим чорловсиз, тупроқ
На енгилдир! Чалинар сархуш
Рус овози ! Майхона томи
Остида жим учаётган ҳуш –

Майга оқиб кетган ёшлигим…
Куйлатади армонли сурур –
Бўзлатади толлар қайуси,
Кенгликларинг севдим бир умр…

***

Баҳор йўлларида қанотли еллар
Кўшкларга, уйларга узатар қўллар,
Яйраб кетар тиниқ овоздан диллар.
Кўтаролмай ердан бошини бу кез
Зиналар ёнида кутар эди қиз,

Эшик ҳалқасини тутар эди қиз.
Олис-олисларга йўл олди дилдор,
Қайдаки,шовуллар ям-яшил толзор,
Қайдаки, ўрмонлар узра учар зор.

Улкан қайинзорнинг қуюқ бағрига
Кўз ташлар сеҳргар нари – берида,
Қизни имлай кетди ўтлоқ қаърига.

Ҳайқирдим тўнкалар устида адл:
« Гўзалим, севгимсан, севгилимсан, бил!
Соғинчим, ёнимга, ёнимга, қайт, кел!»

Уни дағал қўллар мендан беркитди,
Улар майсазорга, кенгликка етди,
Ўрмон туманлари кўтарди – кетди.

Шундайин бир соғинч борлиқни тутди,
Шом чоғи шамоллар хушхабар кутди –
Баҳор ва афсунгар никоҳдан ўтди.

РУСЬ

Бетакрорсан тушларимда ҳам,
Қўлим етмас этакларингга.
Етолмайман уйқуда ҳам, Русь,
Сирларингга, эртакларингга.

Русь, белингни боғлаб дарёлар,
Қуюқ ўрмон, чангалзор сўзлар.
Ботқоқликлар, ҳатто турналар,
Милтиллайди афсунгар кўзлар.

Ўлкалардан ўлкаларгача
Қатор халқлар тунни орқалаб,
Куйлаб ўтди тонг шафаида
Ёнаётган қишлоқ оралаб.

Ялангликда алвасти, жинлар
Далаларга сочади сомон.
Қорли йўлда, симёғочларда
Дил хушлайди ажина, шайтон.

Том устида бўрон увлайди,
Зир – зир титрар ғарибгина уй.
Қор остида бевафо дўстга
Бир қиз йўллар ҳамон ўтли куй.

Айри йўллар, кесишган йўллар
Эгри ҳасса каби ҳорғин, жим.
Сувсиз ҳовуз. Чинқирар қуюн,
Ривоятлар ёдланар қадим…

Тушимда ҳам кезиниб юрар
Қадим Руснинг оч – ночорлари.
Мен яшириб қўяман пахмоқ
Қуроқларга аччиқ зорларим.

Тунги ёлғиз ғамғин сўқмоқни
Эзиб ўтдим мозорга қадар.
Қабристонда тунадим, олис
Қўшиқ айтдим, айтдим бекадар.

Билолмадим бу қўшиғимни
Бағишладим кимга? Ё имон
Келтирдим мен қайси худога?
Ё ишқ ўти куйдирмиш ёмон…

Сингиб кетди кенгликларингга
Тирик қалбим ва тирик сезгим.
Сенга очдим, сенга бахшида
Ғубори йўқ биринчи севгим.

Етолмайман уйқуда ҳам , Русь,
Сирларингга, эртакларингга.
Бетакрорсан тушларимда ҳам,
Қўлим етмас этакларингга.

***

Баҳорни куйлади малика хушнуд
Наволар, оҳанглар учган маҳали.
«Унутма, малика, — дедим, — унутма,
Мени эслаб кўз ёш тўкарсан ҳали».

Шунда елкам қучди нозик қўллари,
Овоз жаранглади: « Кечиргил мени.
Қўлингга қилич ол. Жангга кир, отлан,
Йўлларингда омон сақлайман сени.

Олдга юр. Олдга юр. Қайтурсан уйга
Юрагингда олиб бурч ва садоқат.
Биллур кўшкларимда ҳаттоки совуқ,
Ҳаттоки музларга қилурман тоқат.

Ул кун нигоҳларга кўчади қувонч,
Сокин оқиб ўтар йилларки, сулув.
Қасримни тарк этмас сирли ғулувлар,
Тубсизликда эса оқар тиниқ сув.

Мен ўшал дамларни кутаман интиқ,
Қўлим узатаман синдириб ғамни.
Сен ўша жанглардан олиб келурсан
Мен ҳам кутаётган эрка кўкламни».

Олис – олисларда яллиғланар уфқ,
Ёнаётир қаср, минорлар тикка.
Кетаяпман ўтли баҳор изидан,
Йўлим узоқ, мени кечир , малика…

***

Қулоимни ерга тутдим, титрадим
Ернинг изтиробли товушларида.
Кўксимга урилди бўғиқ зорлар жим
Ҳад билмас зимистон оғушларида.

Ай, ўрнингдан тур-да, ёлқинлан ва ёқ!
Ай, баландроқ кўтар болғаларингни!
Парчала зулматнинг қора, чинқироқ
Ютаман деб турган долғаларини!

Ковлайди, ковлайди ерни кўрсичқон,
Зўриққан нафаслар кўчади оғир.
Шошил. Қара, заиф бошоқлар ҳамон
Ойболта учида учади бир – бир…

Буғдой уруғидай тупроққа сингиб,
Майсаларга айлан,ерга бер салом.
Кутилмаган омад ортидан синиб,
Судралиб келмоқда рутубатли шом.

Кириб келаётган янги баҳорнинг
Нурларида эри, ардоқла, куйла.
Қонларингдан оқиб чиққан сахарнинг
Гуллаётган оташ ишқидан бўйла.

***

Аза тутган тонг пайти тунги
Сўқмоқларга ёйилар нурлар.
Келаётир мазлумлар қалқиб,
Изларидан қолмас қонҳўрлар.

Бу ариблар ўй, ташвишини
Чулаб олар соя, шарпалар.
Силласини қуритар баттар
Қорни тўқлар, оғзи катталар.

Кемаларни бераҳм гирдоб
Елканлари билан ютади.
Бели йўғон долғалардан ким,
Қандай қилиб шафқат кутади!

Кўпчиб турган тунд башарани
Кўрмай десанг – кўмгил қабрга!
Шундай ҳукм бергуси тақдир
Етказгуси олиб сабрга!

Улоқтириб ташла елкадан
Чириётган тобутларни ҳам!
Шунда нурли қуёш остида
Зулматларга берурсан барҳам!

***

Най навоси кўприк устида,
Гулга кирди олмалар оппоқ.
Фаришталар кўкка кўтарди
Яшил рангли юлдуз ярқироқ.

Нақадар соз кўприк устидан
Кўз ташламоқ тубсизлик қадар –
Бу сув бунча тиниқ, тезоқар!

Чўпон, қани ҳайда отарни…
Най куйлайди, юлдуз порлади.
Унут дунё ташвишларини,
Тезоқар сув кимни чорлайди…

Сен ҳеч қачон англамагансан –
Тубсизликки, дилбар, беғубор!
Сен ҳеч қачон тингламагансан –
Бундай теран сукут қайда бор!…

Сувда оқар хаёл сурдингми,
Ёки ажиб бир туш кўрдингми?…

РОССИЯ

Қайтиб келган каби олтин даврлар
Ҳилпирайди уч от абзали, пилта
Ниналар болайди эски арава
Ғилдирак изларин битта ва битта…

Россия, о, шўрлик Россия! Менга
Кўз ёши кабидар илк муҳаббатнинг
Энг ғариб, энг кулранг кулбаринг-да,
Шамолларнинг куйи – куйи ҳайратнинг!

Қўлимдан келмайди сенга ачинмоқ,
Авайлаб – асрайман ҳочимни абад…
Майли , бериб юбор афсунгарларга
Хаёл қароқчиси – чиройинг беҳад!

Сени буколмаслар, йўқотолмаслар
Жодуларнинг макри,алдовлар майли.
Фақат ташвишларим, ғамим туманли
Бетакрор , мафтункор ҳуснинг туфайли…

Нима бўпти, дерсан ? Ҳақсан, қайғунгда,
Томчи кўз ёшингда – дарё, анҳорлар.
Сен ҳамон ўшасан – ўрмон, далалар,
Кўз — қошингга қадар тоғлар, чинорлар.

Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ гўё,
Бу йўллар тупроғи енгил, баногоҳ
Ярқираб кетади бир лаҳза олис
Чодирлар баридан оташин нигоҳ.

Тинмайди, жаранглар соғинч ва оғриқ —
Куйлаб кетаётир извошчи бўғиқ!…

КУЗ КУНИ

Кетаяпмиз анғиз бўйлаб жим,
Сенинг билан ёнма – ён , дўстим.
Ёзилади кўнгиллар бу кез
Черковида қишлоқнинг ёлғиз.

Виқорли кун – куз куни сокин,
Эшитилар қарғалар бетин
Дўстларини чорлайди бир – бир,
Ўҳтин –ўҳтин йўталар кампир.

Ғаллаларга энади ҳаво,
Кўзга сингиб боради само
Тизим – тизим турна изида,
Бўғиқ овоз, видо бўғзида…

Учар, учар арғамчи каби
Йилаб борар йўлбошчи қалби.
Бу не товуш, ниманинг иси,
Қайдан келди кузнинг йиғиси?

Пастак уйли қишло-лар ичра,
Қучиб бўлмас ўтлоқлар ичра
Қора тортиб борган олис кун
Ловуллайди зўр гулхан беун…

Ёлғизлардан ёлғизим, юртим,
Юрагимга энг яқин этдим!
Шўрликкинам, аёлим менинг,
Бунча аччиқ кўз ёшинг сенинг!…

***

Қўл силтаб шаҳарнинг ташвишларига,
Зерикарли шовқин – сурондан кечиб,
Кетаман дил бериб товушларига
Зимистон бўшлиқнинг бўронин ичиб.

Хаёл риштасини узаман бирдан,
Унутилар нима ва қандай бари…
Оппоқ қор, трамвай, уйлар ва нурдан
Йироқда кўринар зулумот қаъри…

Сеҳрланган каби ўзим ҳам билмай
Узиб юборсаму хаёл риштасин,
Қайтиб келар бўлсам ғамлари ўлмай,
Кечирар эдингми мен – ишқ хастасин?

Билгувчисан олий мақсад онларин,
Кўргувчисан маёқ каби ҳайратни.
Кечирдингми қалбим бўронларини,
Адашган хаёлим, шеърим, фурқатни?

Уйғот, қўнғироғинг чал, уйғот, илло,
Улар фориғ этсин оғир дардимдан.
Шунда мени олиб кетолмас асло
Туннинг дайдилари уйим, юртимдан…

***

Олик ва эрксизлик ичра на бир кун,
На бир йил ўзига ўхшамай қолар.
Буғдой далалари шовуллар,беун
Хўрланган халқ қачон тинч нафас олар?

Гоҳо қад ростлайди, гоҳида эгик
Зулматда шитирлар ёзги хаёллар.
Тонгга қадар гиёҳ, дон – дунга битик
Битиб чиқар гўё сирли шамоллар.

Замин рангларининг гултожи – халқ, бу –
Рангин севинчларга сочади ёғду.
Қадамлари қутлуғ ёз билмас уйқу,
Бизга ҳам тутади энг хушбахт туйғу.

МОСКВАДА ТОНГ

Ёқимлидир эрта тонг турмоқ,
Қумларда жим ва енгил юрмоқ.
Ёқимлидир эсламоқ сени,
Ёнимдасан, дилбарим менинг.

Сени яхши кўраман, гўзал,
Қайғуси йўқ ёшлигим азал.
Кремлнинг нури мафтункор,
Сендай ажиб бу тонг қайда бор!

***

У томонда ёруғ осмонли ўлка
Димиққан доғларни боради ёриб.
У томонда ғозлар елкама — елка
Куйлашар оловли чоғларни қориб.

Эркин ва хушнудман, кучли ва ботир,
Қадрдон водийлар севимли, азиз.
Тинглайман олисдан келади соҳир
Дамлардан бир товуш, унда оқдик биз.

У томонда шомнинг сиёҳи майин
Кузни бўяб борар кенг уфқ томон.
У томонда болта урилган сайин
Сийраклашиб борар кексайган ўрмон.

***

Менга илҳом шундай амр этмиш шитоб,
Қанотлари учқур хаёлларим ҳам.
Ёпишиб боради ҳўрлик ва азоб,
Зулмат ва ночорлик қаърига бу дам.

Даҳшатли оламни севдим мен, гўё
Ортидан кўринар чин заргар дунё –
Орзумдаги дунё, ажойиб рўё,
Энг оддий дунё бу, сеҳргар дунё.

Агар ўрмас бўлсанг, экмас бўлсанг ё
Билгинки, аталдинг – «шунчаки одам».
Қўлингдан келарми бу телба дунё
Хорлик – зорлигига бермоқлик барҳам?

Сени –да қачондир ўнгда ё тушда
Хўрлаганми очлик, беморлик, ўкинч?
Ғарибларни кўприк остида қишда,
Париж болаларин кўрганмисан ҳеч?

Ҳаётнинг қоронғу даҳшати тилка –
Тилка қилмай туриб, тезроқ очил, кўз.
Токи бу довулда сен севган ўлка
Сурилиб кетмасин қолдирмасдан из.

Агар алам кучли, нафратинг мағрур,
Яксон этсин қаҳри қаттиқ золимни.
Лекин ғаним эккан бу оғу қурғур
Бесамар кетмади, ёрди дилимни.

Гарчанд бу ҳаётда бағрингни очиб,
Дил бермадинг қорни тўқларга, фақат
Кўрсичқондаё қўрқиб, ёруғдан қочиб,
Ерга кириб кетдинг, маконинг – зулмат.

Гарчанд умр бўйи ғазаб ўтида
Дунёни лаънатлаб яшади, сўқир
Кўзлари кўрмади зулмат ортидан
Қалқиб келаётир тўлқинлар, ахир!

ТУШЛАР

Ором чоғи, тўкилар тинчим,
Кўзларимга уйқу келмайди.
От елади, тебратма курсим,
Отда елгим келар – билмайди!

Чироқ нури туманда, илло,
Бир – икки! Бир – икки! Бир…! Кўринмас
Чавандозлар учади, аммо
Энаганинг эртаги тинмас…

Кириб бордим қадимдан қадим
Баҳодирлар эртагига ҳам.
Денгиз сари одимма – одим
Кетдим сизни излаб, маликам…

Бир – икки! Бир – икки! … Бари зиҳрли,
Чавандозлар отин елдирар.
Чорлар мени йўллар сеҳрли,
Ва ортидан елдай елдирар…

Денгиз ошиб, уммонлар томон
Имлашади елгандан елиб.
Мовий туман ичида ҳамон
Ухлар гўзал малика кулиб…

Ухлар биллур ўринда сокин,
Ўтса ҳамки юзлаб олис тун…
Мовий нурли чироқ бетутун,
Юз – кўзини ёритар беун…

Кимбоҳларга ўралиб ётар,
Аллалайди тушлар оҳанги.
Деворларга урилиб кетар
Синаётган қилич жарангги.

Етти кеча – кундуз тип – тикка
Ул чавандоз ким-ла олишар?
Еттинчи тун гўзал малика
Боши узра ёруғ нур тўшар…

Мудраётган пардадан секин
Ёғилади майин – майин нур.
Тамбаланган турма эшигин
Жаранглатар калитлар бир – бир…

Босиб келар ширин бир мудроқ.
Мудрадингми? – Оромга сингдим.
Мовий нурлар, эй, мовий чироқ,
Сизни севдим, сизларга индим!…

***

З.Н.Гиппиусга

Қулоғи беркилган йиллар туғилган
Борки, эслай олмас ўз йўлини ҳеч.
Биз – Руснинг даҳшатли йиллар боласи,
Сақлагаймиз барин эрта – кеч.

Ёниб, кули кўкка соврилган йиллар!
Телбалик ё умид келтирмиш хабар?
Уруш кўрган кунлар, эрк истар кунлар –
Юзда акс этади қонли шуълалар.

Гунглик, соқовликда наъра шовқини
Тилларни боғлади, оғизни ёпди.
Қачондир туйғуси тошқин қалбларда
Маъшум ва шум бўшлиқ чин макон топди.

Қузғунлар бошимиз узра чарх уриб,
Ўлим соясини ташласин, майли, —
Кимки бу шарафга лойиқдир, ё раб,
Ўша жаннатга йўл бошласин, майли!

ПУШКИН УЙИГА

Пушкин номли Фанлар академияси! –
Яқин, дилга яқин товуш нақадар!
Бу – улуғ дарёда жарангдор шовуш,
Кемадан – кемага кўчгувчи хабар.

Бу — қадимий Сфинкс, нигоҳи олис
Тўлқинлар изини қучади енгил.
Енгилмас мис отлиқ, темир чавандоз
Гўёки тулпорда учади минг йил.

Гарчанд сузиб ўтди ўтли қайғулар
Нева боши узра сирли ва беун.
Кутиб олдик гўё оғир сукутда
Қоронғу кунларни оловли оқ тун.

Алвон водийларни туҳфадай тутган
Бу дарё бизни-да этмишдир асир.
Гарчанд бу – биз кутган кун эмас асло,
Гарчанд кутганимиз – келажак аср.

Четлаб ўтиб умри қисқа алдовни,
Чириб бораётган кунларни бир – бир.
Тиниқлашди мовий – пуштиранг туман,
Келаётган янги кунга инди нур.

Сенинг товушларинг эмасми жўшқин
Ҳаяжонга солган бедор йилларни?
Сенинг севинчларинг эмасми, Пушкин,
Қанот каби ёзган бизнинг қўлларни?

Шундандир – бу товуш ҳар битта қалбда
Ҳамиша қадрдон, ҳамиша яқин.
Пушкин номли Фанлар академияси–
Товушки, мафтункор! Товушки, чақин!

Шундандир – кун ботар чоғи ол ранглар
Тунга сингиб борар гўёки изсиз.
Мен эса Сенатнинг оқ майдонида
Унга таъзим бажо айлайман сўзсиз!

***

Ташвиш ҳам уйқуга чўмар тунлари,
Шаҳарни қуршайди зулмат — қора ранг.
О, шунда оҳанглар оқар илоҳий,
Она еримизни чулғайди оҳанг!

Ҳаёт бўронлари нимадир – гулинг
Гулласа, ёндирса юрагим менинг!
Кўз ёшлар нимадир – олис уфқда
Оловланиб кетса юрагинг сенинг!

Қабул эт, мен каби гуноҳкор банданг
Қўлидан, эй, бутун борлиқ эгаси,
Қон кечиб, ғам ютиб, қабрлар ичра
Куя – куя қотган изтироб сасин!

ххх

Осмон яллиғланди. Тун жим-жит, бежон.
Мени ўраб олар бу улкан ўрмон
Дарахтлари, олис, кўз илғай олмас
Шаҳар томонлардан келар тиниқ сас.

Қатор уйлар оғир, тим қора боғлар
Тош девор ортида тош қотган чоғлар.
Миноралар, совуқ боққан истеҳком,
Минг асрлик қалъа мағрур, мустаҳкам.

Асрлар қаъридан ойдин ва чанқоқ
Қалқиб уйғонади хаёллар уйғоқ —
Кул бўлган шаҳарлар унут шонлари,
Ва қайта тирилган ҳаёт қонлари.

БУЛУТДАГИ ТОВУШ

Бизни денгиз олиб келди оний туш,
Бу ёввойи ерга, хилватга охир.
Денгиз узра шамол – шиддатли товуш,
Тубсизлик дилларга солар хавотир.

Ҳорғин, бемор танга ўт солди бедор
Денгиздаги хушнуд момоқалдироқ.
Дарбадар тун боқди ҳиссиз ва беор
Қорайган юз, дардманд кўзларга узоқ.

Шамол – ла олишдик, олишдик ҳалол,
Зулматда, ниҳоят, сўқмоққа тушдик.
Ўсаётган бўрон элчиси мисол
Бир даҳо товушга уриндик, жўшдик.

Тошли тик жарликлар, лаҳзалик сукут,
Кўринди зарворли қиялик, қўрқоқ,
Парчаланиб кетган қоп — қора булут,
Шўх қўшиқ бошлади момоқалдироқ:

« О, ғамғин одамлар, толғин одамлар,
Уйғонинг, билингки, яқиндир севинч!
Денгиз мўъжизалар куйлар хуш дамлар
У томон йўл олар маёқлар ҳар кеч!

У излар иштиёқ, ҳавас йўлларда,
Ўрткир нурлари-ла ёруғ бу макон.
Соатлаб тикилар олис эллардан
Келаётган катта кемалар томон!

Кенгайиб боради нурлар йўлаги,
Оқим жўшар кўпик қайнаган сари!
Денгиз – тантанавор! Туннинг юраги,
Бўронда – сирена чинқириқлари! »

Баландда қалқиди, эҳтимол, кўйлак,
Уфқ гумбурлади, силкинди чақин
Қўл каби … адашган умидвор юрак
Англади – ғойибдан келар Бахт яқин!

Уфқни уйғотган шуълалар куйи
Шаҳардан узоқда ловуллар, ортга
Қайтолмас оловли қушдай тун бўйи
Поездлар учишди, уринди портга.

Ғувиллайди уммон, кема ва маёқ
Жулдур кўпикларни итқитар ҳамон.
Сирена ингранди узун ва узоқ:
Балиқчи кемани тутибди бўрон.

Сизга самолардан келтирдим хабар,
Само зулматига барин боғладим.
Орзумда — қаҳрамон. Лекин болталар.-
Қайиқда. Шу ерга қаттиқ боғландим.

Қайиқ ўриндиғи қонталаш, тонгда
Кўрдим қиймаланган орзу қонини.
Бироқ ҳар битта уй, ҳар томчи қонда
Излайман безавол ҳусн шонини.

Фаришта қизларнинг кўзи кўр – бунда,
Йигит нигоҳида ёнмайди олов.
Ортга ! Зулмат сари! Сағана – унда!
Сизга қилич даркор, сизга болта – ёв!

Сиз – ла хайрлашаман баридан кечиб,
Кўзингиз тушади бир кун дафъатан
Димиққан тоғларнинг ортида учиб
Кетарман оловли булутлар билан!

034

28 noyabr` — atoqli rus shoiri Aleksandr Blok tavallud topgan kunning 135 yilligi.

Ulug’ rus shoiri Aleksandr Blok (1880-1921) o’zining qisqa umrida boshidan Rossiyaning muhim voqealarini kechirdi va bu uning o’tli she’rida o’z aksini topdi. Shoirning ota-onasi erta ajrashib ketishgan bo’lishsa-da, Blok hamisha otasining «qoni»ni sezib yashadi. Shoirning onasi Aleksandra Andreevna Beketova ajoyib adiba edi. Onasi bilan o’rtasidagi ruhiy va ma’naviy yaqinlik, mehr — muhabbat bolaligidan to umrining oxirigacha yuragidan o’chmadi. U Beketovlar oilasida o’sdi.Bu uyning eng yaqin do’stlari, mehmonlari — Gogol`, Nekrasov, Turgenev, Saltikov-Shedrin, Dostoevskiy kabilar bo’lib, Beketovlar oilasi tom ma’noda ilm, adabiyot va san’at bilan yashashardi. Yosh Blok bolalikdan to umrining oxirigacha yozuv stolidan ayrilmadi. Shoirning bobosi — Andrey Nikolaevich Beketov Peterburg universiteti rektori, mashhur botanik olim yoz mavsumida gerbariylar yig’ish bilan mashg’ul bo’lar, bu ishda kichik Blok bajonidil, g’urur hissi bilan yordamlashardi.
Blok hayotida Rossiyaning shimoliy poytaxti Peterburgdagi uylari va Moskvadan unchalik uzoqda bo’lmagan Shaxmatova qishlog’i muhim o’rin tutadi. Yosh Blok hamisha qish kunlarini Peterburgda, yozni Shaxmatovada o’tkazar, uning eng go’zal asarlari, she’rlari osoyishta Shaxmatova qishlog’ida dunyoga kelardi. Klassik adabiyot ruhida tarbiyalangan Aleksandr Blokda «yangi adabiyot» ta’siri kuchli kechadi. U butunlay yangi, qudratli so’z san’atkoriga aylanadi. Blok hayoti uning nozik yuragini muhabbat va sadoqat tuyg’ulari bilan to’ldirgan sevgilisi, keyinchalik bir umrlik rafiqasiga aylangan Lyubov` Dmitreevna Mendeleeva — ulug’ kimyogar olim Dmitriy Mendeelevning qizi nomi bilan chambarchas bog’liq. Ular bir-birlarini sevib, ardoqlab, tushunib, qo’llab?quvvatlab yashadilar.
Blok qoldirgan ulkan adabiy meros teranligi bilan umumbashariy ahamiyat kasb etadi.

Aleksandr Blok
SHE’RLAR
Oygul Suyundiqova tarjimasi
021

***

03

Cherkovning xorida qo’shiq aytdi qiz
O’zga yurtda jondan to’yganlar haqda.
Kemalarni qaytib bermagan dengiz,
Sevinchni unutib qo’yganlar haqda.

Ovozi gumbazlar uzra sayr etdi,
Nurda tovlantirar yelkasin malak.
Har kim qorong’uda ko’rdi, eshitdi
Qanday kuylaganin nurda oq ko’ylak.

Barchaga tuyuldi — shodlik bo’lajak,
Joyidan qo’zg’alar ul kemalar ham.
Yoru hayot ila baxtga to’lajak
Begona ellarda horigan odam.

Shirin edi ovoz, nafis edi nur,
Faqat yiroqlarda sirli ufq bor.
Haqning eshigida go’dak yig’laydur —
Hech kim qaytib kelmas degan qo’shiq bor.

YOLG’IZLIK

Shamol. Muzlab boradi daryo,
Daryo bo’ylab uvlaydi shamol.
Bahor yaqin, toshlardan sado
Sizib kelar bamisli xayol.

Tosh yonida o’y suradi u
Yuragida achchiq iztirob.
Qachonlardir burgutsimon bu
Nigohlarda bugun kul-sarob.

Qalqib ketdi kech tushar chog’i
Ko’z o’ngida jonlandi o’tmish.
Unut bo’lmas g’amning qirg’og’in
Besas soya, sharpalar tutmish.

Mutloq yolg’iz, u mutloq g’arib,
Uni olam unutgan go’yo.
Qarib borar, boradi qarib,
Hasrat ado qiladi, ado…

Ko’rinadi tubi yo’q zulmat,
Iblis yovlar qilishmas shafqat.
Qayda umid, qayda harorat,
Qayda do’stlar, qayda muhabbat?!

Nahot tashlab ketdi barisi,
Nahot qismat edi bu qayu?
Nahot qalbda armon nafasi
Va tonglarni kutmoq beuyqu?

Qayga oqdi orzular? Nening
Qarshisida o’zni yo’qotdi?
Eslar ekan yugurik umrin
O’tmish o’ylar uni uyg’otdi…

Shirin edi bu dam horg’inlik,
Yengil quvonch kezar ruhida.
Xush yoqardi dilga sokinlik,
G’am sezinmas shamol uhida.

Na xushomad, na shuhrat darkor,
Unutgisi keladi ishqni.
Xotiralar hamisha bedor
Bulutlarday quchadi ufqni.

To’ldi minor bag’riga sado,
Go’zal va keng shahar yo’llari.
Oqdi kulrang va olis samo
Ostidagi o’tli yillari…

Sizib chiqar toshlardan sado,
Yana dilni chulg’aydi xayol.
Shamol.Muzlab boradi daryo,
Bahor chog’i uvlaydi shamol…

***

Sho’rlik, xushomadgo’y badbaxtlar…
Lir

Derazaning ortida yovqur,
Telbalanib bo’kirar bo’ron.
Bulutlarni haydaydi yomg’ir,
Shamol tinmas tilsiz, beomon.

Dahshatli tun! Bundayin tunda
Achinaman yuraksizlarga.
Nadomatlar aytaman chindan
Balchiqda ham keraksizlarga.

Jafokashning tolesi — zulmat ,
YO yomg’ir?la olishmoq. YO, rab!
Derazaning ortida faqat
Bo’kiradi shamollar ingrab!

***

Yelamiz,yelamiz, hur go’daklarim,
Aziz yurt sari!
Tabiat kuylaydi, sof yuraklarim,
Bizniki bari!

Kenglikda — ko’z ilab bo’lmas falaklar,
Tutun va changlik!
Yelamiz, tabiat hur go’daklari,
Dala va kenglik!

Yelishar, yelishar… G’aramdan oshib,
Chor -atrof — dala.
Bepoyon ufqni bag’riga bosib,
Yer titrar palla.

Yelishar qoshiga quyoshning, mayning.
Ozod pallalar
Issiq quchog’iga bosmoqda zamin
O’z bolalarin…

Mehribon ona yer chaqaloqlarin
Erkalab quchdi.
Bahoriy ufqda qo’ng’iroqlarning
Kuylari uchdi…

Ularni imlaydi qorong’u tunlar,
Eng sovuq tunlar.
Ularga ko’rinar tezoqar kunlar,
Sanoqsiz kunlar…

***

O, odamzod nasli, senga alvido!
Tumanda dengizlar suzar parishon.
Qizil dengiz ichra eng sovuq havo,
Tumanni tark etdim. Salom, yangi tong!

Xalqlar, yana xalqlar ko’ziga boqsam,
Goho ko’rinmaydi na o’t, shon, biroq
Shu muzni yurakda eritib oqsam,
Quyoshning nurida tong otsa oppoq!

***

Deraza ortida kezinmas shamol,
Ichkarida esa shamlarim o’chdi.
Kimdir kirib keldi besas, bemahal
Menga yaqinlashdi, yelkamdan quchdi.

Qayrilib qaradim. Faqat osmonga
Shunday tikilaman ruhimda titroq.
Burilib boqadi u men tomonga,
Olisdan ko’rinar vazmin va quvnoq.

Na ro’yo, na tuman edi u dilbar,
Neni anglamadim, yo anglab yetdim.
U yonimga keldi atay bu safar —
O’shal sirlarimiz shivirlab ketdi…

***

Oyparast misoli xayollar sursam:
Ona tuproq o’lim bilmasa, deyman.
Loqayd, riyokorlar insofga kirsa,
Qurbimiz yetmas ish bo’lmasa, deyman.

Garchang og’ir tushlar bo’g’ar umrni,
Garchand dimirtirar bu tush beomon.
Ehtimol, qaysidir sho’x yigit sirni
Ochadi — men haqda so’ylaydi oq tong.

Agar g’amg’in tortsa uning ko’zlari,
Qudratli yuragi g’ussaga botsa,
Gunohidan o’ting! Ne tong, so’zlari
Dillarda ezgulik va nur uyg’otsa!

NOMA’LUM QIZ

Dimiqqan shom. Mayxona uzra
Yovvoyiroq havo kezinar.
Sarxush oqqan tovushlarda ham
Bahor o’yi, o’ti sezinar.

Olislarda — dala hovlining
To’zonlarga to’lar ko’chasi.
Issiq hidi keladi nonning,
Go’dak yig’lar unda kechasi.

G’aramlarning ortida har kech
Sanqiy boshlar masxarabozlar.
Xonimlar-la xarobazorda
Sayr etishar, hatto soz sozlar.

Suzar muzli halqalar ko’lda,
Ayol dodlar, hech kimning ishi
Yo’qday! Ko’kda behis, beparvo
Evriladi oyning gardishi.

Ko’rinadi har shom yolg’iz do’st
Qo’limdagi jom ichra faqat.
Sirli, achchiq ta’mli nafasdan
Mening kabi chayqalar karaxt.

Yonimdagi qo’shni stolda
Mudroq malay qaqqayib turar.
Quyon ko’zli mayxo’r ayollar
Gunohini yolg’iz Haq bilar.

Har oqshomda aynan bir paytda
(YO tushimga kirarmikan bu?)
Derazadan sirg’alar tuman,
Shohilarga o’ralgancha U —

Mayxurlarni oralab o’tar,
Har vaqt yolg’iz, har vaqt ohista.
Tuman, atir hidi urinar,
Derazaning yoniga asta

O’ltiradi. Shohi ko’ylaklar
Tovlanadi boqqanim sari.
Tillo uzuk, tillo baldoqlar,
Zanjirlaydi meni ul pari…

Zanjirlaydi meni tobora,
Yuzidagi qayg’u ortidan
Ko’rinadi — beqiyos kenglik,
Ajib qirg’oq uning ortida…

Ochilmagan sirlar ochildi,
Qo’llarimda — nening otashi?
Yuragimga sanchildi yomon
O’tkir mayning hasratli yoshi.

Uchayotgan parlar singari
Xayollarim sarxush va uyg’oq.
Tubsiz, moviy ko’zlarning yurti —
Olislarda shovullar qirg’oq.

Yurakdagi sirlarim bilan
Sharob ichra to’kilaman jim.
O, sarxushlik, sarxushlik, haqsan!
Gunohimni bilar xudoyim…

***

Shamol bilan keldi olisdan
Ko’klamgi qo’shiqlar mujdasi.
Ochildi ko’kning qay burchida
Eng yorug’ va tubsiz parchasi.

Va jilvagar bahor shomida
Boshdan uchib ketganday hushlar
Ko’z yosh to’kdi qish bo’ronlari,
Zar sochildi – yulduzli tushlar.

Bo’zladilar ko’rinmas qora
Rang ichida hurkak torlarim.
Shamol olib keldi olisdan
Qo’shiqlaring – tiniq zorlaring…

***

Uyg’onaman tumanli tongda,
Yuzlarimga urilar quyosh.
Zinalardan ko’tarilayotgan
Sog’inganim, senmiding, otash?

Lang ochilar og’ir darvoza!
Derazada anqir yellar ham!
Ko’p kuttirib qo’yishgan edi
Qo’shiqlarki, quvnoq va xurram!

Yuzlarimga tumanli tongda
Uriladi quyosh va shamol!
Ular bilan ko’tariladi
Zinalarga ul sohibjamol!

***

Tushlarimda – shodon xayollar,
Tushlarimda – emasman yolg’iz…
Tongga yaqin uyg’otdi shovqin,
Parchalanib ketayotgan muz.

Xayolimdan kechdi mo»jiza…
U tomonda – boltalar charxlab,
Xursand, qoni qaynoq odamlar
Gulxan yoqdi hangomatalab,

Qatron surib og’ir qayiqqa…
Daryo kuylar ortib havasi,
Quchoida muz, moviy to’lqin,
Va eshkakning singan parchasi…

Bunday baxtli damlarda sarxush
Kabi yurak to’liqar cheksiz…
Ayrilmaydi mendan eng ajib
Xayollarim – emassan yolg’iz…

FABRIKA

Derazasi zahil qo’shni uy.
Kech tusharda og’ir va og’ir
Uriladi boltlar, odamlar
Darvozaga keladi bir – bir.

Zich yopilar temir eshiklar,
Va devorda kimdir ko’rinar.
Qimirlamas qop-qora soya
Odamlarni jimgina sanar.

Baland joyda turib tinglayman:
Ming’ir ovoz chorlagan damlar
Pastdan egik yag’ir yelkasin
Ko’targancha chiqar odamlar.

To’planishar, tarqalar belga
Mahkam bog’lab qullik, yarani.
Kuzatadi zahil deraza
Kula –kula umri qorani.

KUZ ERKI

Yo’lga chiqdim, ochiq yuz shamol
Qayiradi shoxlarni quvnoq.
Qiyalikda mayda – mayda tosh,
Sarg’ish tortib boradi tuproq.

Vodiylarda – namxush kuz hidi,
Ochilar yer qabristonlari.
Qishloqlarda qizg’ish tus olar
Chetanzorlar xiyobonlari.
Sho’x raqsini boshlar quvonchim,
Butalar soz chalayotir, soz!
Silkinadi guldor ko’ylaging
Yenglaridan uchayotgan noz…

Kim chorladi meni bu yo’lga,
Turma oynasida tanish istehzo?
Toshli yo’llar bo’yida g’arib
Kuylayotgan psalmami yo?

Yo’lga chiqdim chorlovsiz, tuproq
Na yengildir! Chalinar sarxush
Rus ovozi ! Mayxona tomi
Ostida jim uchayotgan hush –

Mayga oqib ketgan yoshligim…
Kuylatadi armonli surur –
Bo’zlatadi tollar qayusi,
Kengliklaring sevdim bir umr…

***

Bahor yo’llarida qanotli yellar
Ko’shklarga, uylarga uzatar qo’llar,
Yayrab ketar tiniq ovozdan dillar.
Ko’tarolmay yerdan boshini bu kez
Zinalar yonida kutar edi qiz,

Eshik halqasini tutar edi qiz.
Olis-olislarga yo’l oldi dildor,
Qaydaki,shovullar yam-yashil tolzor,
Qaydaki, o’rmonlar uzra uchar zor.

Ulkan qayinzorning quyuq bag’riga
Ko’z tashlar sehrgar nari – berida,
Qizni imlay ketdi o’tloq qa’riga.

Hayqirdim to’nkalar ustida adl:
« Go’zalim, sevgimsan, sevgilimsan, bil!
Sog’inchim, yonimga, yonimga, qayt, kel!»

Uni dag’al qo’llar mendan berkitdi,
Ular maysazorga, kenglikka yetdi,
O’rmon tumanlari ko’tardi – ketdi.

Shundayin bir sog’inch borliqni tutdi,
Shom chog’i shamollar xushxabar kutdi –
Bahor va afsungar nikohdan o’tdi.

RUS`

Betakrorsan tushlarimda ham,
Qo’lim yetmas etaklaringga.
Yetolmayman uyquda ham, Rus`,
Sirlaringga, ertaklaringga.

Rus`, belingni bog’lab daryolar,
Quyuq o’rmon, changalzor so’zlar.
Botqoqliklar, hatto turnalar,
Miltillaydi afsungar ko’zlar.

O’lkalardan o’lkalargacha
Qator xalqlar tunni orqalab,
Kuylab o’tdi tong shafaida
Yonayotgan qishloq oralab.

Yalanglikda alvasti, jinlar
Dalalarga sochadi somon.
Qorli yo’lda, simyog’ochlarda
Dil xushlaydi ajina, shayton.

Tom ustida bo’ron uvlaydi,
Zir – zir titrar g’aribgina uy.
Qor ostida bevafo do’stga
Bir qiz yo’llar hamon o’tli kuy.

Ayri yo’llar, kesishgan yo’llar
Egri hassa kabi horg’in, jim.
Suvsiz hovuz. Chinqirar quyun,
Rivoyatlar yodlanar qadim…

Tushimda ham kezinib yurar
Qadim Rusning och – nochorlari.
Men yashirib qo’yaman paxmoq
Quroqlarga achchiq zorlarim.

Tungi yolg’iz g’amg’in so’qmoqni
Ezib o’tdim mozorga qadar.
Qabristonda tunadim, olis
Qo’shiq aytdim, aytdim bekadar.

Bilolmadim bu qo’shig’imni
Bag’ishladim kimga? YO imon
Keltirdim men qaysi xudoga?
YO ishq o’ti kuydirmish yomon…

Singib ketdi kengliklaringga
Tirik qalbim va tirik sezgim.
Senga ochdim, senga baxshida
G’ubori yo’q birinchi sevgim.

Yetolmayman uyquda ham , Rus`,
Sirlaringga, ertaklaringga.
Betakrorsan tushlarimda ham,
Qo’lim yetmas etaklaringga.

***

Bahorni kuyladi malika xushnud
Navolar, ohanglar uchgan mahali.
«Unutma, malika, — dedim, — unutma,
Meni eslab ko’z yosh to’karsan hali».

Shunda yelkam quchdi nozik qo’llari,
Ovoz jarangladi: « Kechirgil meni.
Qo’lingga qilich ol. Jangga kir, otlan,
Yo’llaringda omon saqlayman seni.

Oldga yur. Oldga yur. Qaytursan uyga
Yuragingda olib burch va sadoqat.
Billur ko’shklarimda hattoki sovuq,
Hattoki muzlarga qilurman toqat.

Ul kun nigohlarga ko’chadi quvonch,
Sokin oqib o’tar yillarki, suluv.
Qasrimni tark etmas sirli g’uluvlar,
Tubsizlikda esa oqar tiniq suv.

Men o’shal damlarni kutaman intiq,
Qo’lim uzataman sindirib g’amni.
Sen o’sha janglardan olib kelursan
Men ham kutayotgan erka ko’klamni».

Olis – olislarda yallig’lanar ufq,
Yonayotir qasr, minorlar tikka.
Ketayapman o’tli bahor izidan,
Yo’lim uzoq, meni kechir , malika…

***

Quloimni yerga tutdim, titradim
Yerning iztirobli tovushlarida.
Ko’ksimga urildi bo’g’iq zorlar jim
Had bilmas zimiston og’ushlarida.

Ay, o’rningdan tur-da, yolqinlan va yoq!
Ay, balandroq ko’tar bolg’alaringni!
Parchala zulmatning qora, chinqiroq
Yutaman deb turgan dolg’alarini!

Kovlaydi, kovlaydi yerni ko’rsichqon,
Zo’riqqan nafaslar ko’chadi og’ir.
Shoshil. Qara, zaif boshoqlar hamon
Oybolta uchida uchadi bir – bir…

Bug’doy urug’iday tuproqqa singib,
Maysalarga aylan,yerga ber salom.
Kutilmagan omad ortidan sinib,
Sudralib kelmoqda rutubatli shom.

Kirib kelayotgan yangi bahorning
Nurlarida eri, ardoqla, kuyla.
Qonlaringdan oqib chiqqan saxarning
Gullayotgan otash ishqidan bo’yla.

***

Aza tutgan tong payti tungi
So’qmoqlarga yoyilar nurlar.
Kelayotir mazlumlar qalqib,
Izlaridan qolmas qonho’rlar.

Bu ariblar o’y, tashvishini
Chulab olar soya, sharpalar.
Sillasini quritar battar
Qorni to’qlar, og’zi kattalar.

Kemalarni berahm girdob
Yelkanlari bilan yutadi.
Beli yo’g’on dolg’alardan kim,
Qanday qilib shafqat kutadi!

Ko’pchib turgan tund basharani
Ko’rmay desang – ko’mgil qabrga!
Shunday hukm bergusi taqdir
Yetkazgusi olib sabrga!

Uloqtirib tashla yelkadan
Chiriyotgan tobutlarni ham!
Shunda nurli quyosh ostida
Zulmatlarga berursan barham!

***

Nay navosi ko’prik ustida,
Gulga kirdi olmalar oppoq.
Farishtalar ko’kka ko’tardi
Yashil rangli yulduz yarqiroq.

Naqadar soz ko’prik ustidan
Ko’z tashlamoq tubsizlik qadar –
Bu suv buncha tiniq, tezoqar!

Cho’pon, qani hayda otarni…
Nay kuylaydi, yulduz porladi.
Unut dunyo tashvishlarini,
Tezoqar suv kimni chorlaydi…

Sen hech qachon anglamagansan –
Tubsizlikki, dilbar, beg’ubor!
Sen hech qachon tinglamagansan –
Bunday teran sukut qayda bor!…

Suvda oqar xayol surdingmi,
Yoki ajib bir tush ko’rdingmi?…

ROSSIYA

Qaytib kelgan kabi oltin davrlar
Hilpiraydi uch ot abzali, pilta
Ninalar bolaydi eski arava
G’ildirak izlarin bitta va bitta…

Rossiya, o, sho’rlik Rossiya! Menga
Ko’z yoshi kabidar ilk muhabbatning
Eng g’arib, eng kulrang kulbaring-da,
Shamollarning kuyi – kuyi hayratning!

Qo’limdan kelmaydi senga achinmoq,
Avaylab – asrayman hochimni abad…
Mayli , berib yubor afsungarlarga
Xayol qaroqchisi – chiroying behad!

Seni bukolmaslar, yo’qotolmaslar
Jodularning makri,aldovlar mayli.
Faqat tashvishlarim, g’amim tumanli
Betakror , maftunkor husning tufayli…

Nima bo’pti, dersan ? Haqsan, qayg’ungda,
Tomchi ko’z yoshingda – daryo, anhorlar.
Sen hamon o’shasan – o’rmon, dalalar,
Ko’z — qoshingga qadar tog’lar, chinorlar.

Imkonsiz narsaning o’zi yo’q go’yo,
Bu yo’llar tuprog’i yengil, banogoh
Yarqirab ketadi bir lahza olis
Chodirlar baridan otashin nigoh.

Tinmaydi, jaranglar sog’inch va og’riq —
Kuylab ketayotir izvoshchi bo’g’iq!…

KUZ KUNI

Ketayapmiz ang’iz bo’ylab jim,
Sening bilan yonma – yon , do’stim.
Yoziladi ko’ngillar bu kez
Cherkovida qishloqning yolg’iz.

Viqorli kun – kuz kuni sokin,
Eshitilar qarg’alar betin
Do’stlarini chorlaydi bir – bir,
O’htin –o’htin yo’talar kampir.

G’allalarga enadi havo,
Ko’zga singib boradi samo
Tizim – tizim turna izida,
Bo’g’iq ovoz, vido bo’g’zida…

Uchar, uchar arg’amchi kabi
Yilab borar yo’lboshchi qalbi.
Bu ne tovush, nimaning isi,
Qaydan keldi kuzning yig’isi?

Pastak uyli qishlo-lar ichra,
Quchib bo’lmas o’tloqlar ichra
Qora tortib borgan olis kun
Lovullaydi zo’r gulxan beun…

Yolg’izlardan yolg’izim, yurtim,
Yuragimga eng yaqin etdim!
Sho’rlikkinam, ayolim mening,
Buncha achchiq ko’z yoshing sening!…

***

Qo’l siltab shaharning tashvishlariga,
Zerikarli shovqin – surondan kechib,
Ketaman dil berib tovushlariga
Zimiston bo’shliqning bo’ronin ichib.

Xayol rishtasini uzaman birdan,
Unutilar nima va qanday bari…
Oppoq qor, tramvay, uylar va nurdan
Yiroqda ko’rinar zulumot qa’ri…

Sehrlangan kabi o’zim ham bilmay
Uzib yuborsamu xayol rishtasin,
Qaytib kelar bo’lsam g’amlari o’lmay,
Kechirar edingmi men – ishq xastasin?

Bilguvchisan oliy maqsad onlarin,
Ko’rguvchisan mayoq kabi hayratni.
Kechirdingmi qalbim bo’ronlarini,
Adashgan xayolim, she’rim, furqatni?

Uyg’ot, qo’ng’irog’ing chal, uyg’ot, illo,
Ular forig’ etsin og’ir dardimdan.
Shunda meni olib ketolmas aslo
Tunning daydilari uyim, yurtimdan…

***

Olik va erksizlik ichra na bir kun,
Na bir yil o’ziga o’xshamay qolar.
Bug’doy dalalari shovullar,beun
Xo’rlangan xalq qachon tinch nafas olar?

Goho qad rostlaydi, gohida egik
Zulmatda shitirlar yozgi xayollar.
Tongga qadar giyoh, don – dunga bitik
Bitib chiqar go’yo sirli shamollar.

Zamin ranglarining gultoji – xalq, bu –
Rangin sevinchlarga sochadi yog’du.
Qadamlari qutlug’ yoz bilmas uyqu,
Bizga ham tutadi eng xushbaxt tuyg’u.

MOSKVADA TONG

Yoqimlidir erta tong turmoq,
Qumlarda jim va yengil yurmoq.
Yoqimlidir eslamoq seni,
Yonimdasan, dilbarim mening.

Seni yaxshi ko’raman, go’zal,
Qayg’usi yo’q yoshligim azal.
Kremlning nuri maftunkor,
Senday ajib bu tong qayda bor!

***

U tomonda yorug’ osmonli o’lka
Dimiqqan dog’larni boradi yorib.
U tomonda g’ozlar yelkama — yelka
Kuylashar olovli chog’larni qorib.

Erkin va xushnudman, kuchli va botir,
Qadrdon vodiylar sevimli, aziz.
Tinglayman olisdan keladi sohir
Damlardan bir tovush, unda oqdik biz.

U tomonda shomning siyohi mayin
Kuzni bo’yab borar keng ufq tomon.
U tomonda bolta urilgan sayin
Siyraklashib borar keksaygan o’rmon.

***

Menga ilhom shunday amr etmish shitob,
Qanotlari uchqur xayollarim ham.
Yopishib boradi ho’rlik va azob,
Zulmat va nochorlik qa’riga bu dam.

Dahshatli olamni sevdim men, go’yo
Ortidan ko’rinar chin zargar dunyo –
Orzumdagi dunyo, ajoyib ro’yo,
Eng oddiy dunyo bu, sehrgar dunyo.

Agar o’rmas bo’lsang, ekmas bo’lsang yo
Bilginki, atalding – «shunchaki odam».
Qo’lingdan kelarmi bu telba dunyo
Xorlik – zorligiga bermoqlik barham?

Seni –da qachondir o’ngda yo tushda
Xo’rlaganmi ochlik, bemorlik, o’kinch?
G’ariblarni ko’prik ostida qishda,
Parij bolalarin ko’rganmisan hech?

Hayotning qorong’u dahshati tilka –
Tilka qilmay turib, tezroq ochil, ko’z.
Toki bu dovulda sen sevgan o’lka
Surilib ketmasin qoldirmasdan iz.

Agar alam kuchli, nafrating mag’rur,
Yakson etsin qahri qattiq zolimni.
Lekin g’anim ekkan bu og’u qurg’ur
Besamar ketmadi, yordi dilimni.

Garchand bu hayotda bag’ringni ochib,
Dil bermading qorni to’qlarga, faqat
Ko’rsichqondayo qo’rqib, yorug’dan qochib,
Yerga kirib ketding, makoning – zulmat.

Garchand umr bo’yi g’azab o’tida
Dunyoni la’natlab yashadi, so’qir
Ko’zlari ko’rmadi zulmat ortidan
Qalqib kelayotir to’lqinlar, axir!

TUSHLAR

Orom chog’i, to’kilar tinchim,
Ko’zlarimga uyqu kelmaydi.
Ot yeladi, tebratma kursim,
Otda yelgim kelar – bilmaydi!

Chiroq nuri tumanda, illo,
Bir – ikki! Bir – ikki! Bir…! Ko’rinmas
Chavandozlar uchadi, ammo
Enaganing ertagi tinmas…

Kirib bordim qadimdan qadim
Bahodirlar ertagiga ham.
Dengiz sari odimma – odim
Ketdim sizni izlab, malikam…

Bir – ikki! Bir – ikki! … Bari zihrli,
Chavandozlar otin yeldirar.
Chorlar meni yo’llar sehrli,
Va ortidan yelday yeldirar…

Dengiz oshib, ummonlar tomon
Imlashadi yelgandan yelib.
Moviy tuman ichida hamon
Uxlar go’zal malika kulib…

Uxlar billur o’rinda sokin,
O’tsa hamki yuzlab olis tun…
Moviy nurli chiroq betutun,
Yuz – ko’zini yoritar beun…

Kimbohlarga o’ralib yotar,
Allalaydi tushlar ohangi.
Devorlarga urilib ketar
Sinayotgan qilich jaranggi.

Yetti kecha – kunduz tip – tikka
Ul chavandoz kim-la olishar?
Yettinchi tun go’zal malika
Boshi uzra yorug’ nur to’shar…

Mudrayotgan pardadan sekin
Yog’iladi mayin – mayin nur.
Tambalangan turma eshigin
Jaranglatar kalitlar bir – bir…

Bosib kelar shirin bir mudroq.
Mudradingmi? – Oromga singdim.
Moviy nurlar, ey, moviy chiroq,
Sizni sevdim, sizlarga indim!…

***

Z.N.Gippiusga

Qulog’i berkilgan yillar tug’ilgan
Borki, eslay olmas o’z yo’lini hech.
Biz – Rusning dahshatli yillar bolasi,
Saqlagaymiz barin erta – kech.

Yonib, kuli ko’kka sovrilgan yillar!
Telbalik yo umid keltirmish xabar?
Urush ko’rgan kunlar, erk istar kunlar –
Yuzda aks etadi qonli shu’lalar.

Gunglik, soqovlikda na’ra shovqini
Tillarni bog’ladi, og’izni yopdi.
Qachondir tuyg’usi toshqin qalblarda
Ma’shum va shum bo’shliq chin makon topdi.

Quzg’unlar boshimiz uzra charx urib,
O’lim soyasini tashlasin, mayli, —
Kimki bu sharafga loyiqdir, yo rab,
O’sha jannatga yo’l boshlasin, mayli!

PUSHKIN UYIGA

Pushkin nomli Fanlar akademiyasi! –
Yaqin, dilga yaqin tovush naqadar!
Bu – ulug’ daryoda jarangdor shovush,
Kemadan – kemaga ko’chguvchi xabar.

Bu — qadimiy Sfinks, nigohi olis
To’lqinlar izini quchadi yengil.
Yengilmas mis otliq, temir chavandoz
Go’yoki tulporda uchadi ming yil.

Garchand suzib o’tdi o’tli qayg’ular
Neva boshi uzra sirli va beun.
Kutib oldik go’yo og’ir sukutda
Qorong’u kunlarni olovli oq tun.

Alvon vodiylarni tuhfaday tutgan
Bu daryo bizni-da etmishdir asir.
Garchand bu – biz kutgan kun emas aslo,
Garchand kutganimiz – kelajak asr.

Chetlab o’tib umri qisqa aldovni,
Chirib borayotgan kunlarni bir – bir.
Tiniqlashdi moviy – pushtirang tuman,
Kelayotgan yangi kunga indi nur.

Sening tovushlaring emasmi jo’shqin
Hayajonga solgan bedor yillarni?
Sening sevinchlaring emasmi, Pushkin,
Qanot kabi yozgan bizning qo’llarni?

Shundandir – bu tovush har bitta qalbda
Hamisha qadrdon, hamisha yaqin.
Pushkin nomli Fanlar akademiyasi–
Tovushki, maftunkor! Tovushki, chaqin!

Shundandir – kun botar chog’i ol ranglar
Tunga singib borar go’yoki izsiz.
Men esa Senatning oq maydonida
Unga ta’zim bajo aylayman so’zsiz!

***

Tashvish ham uyquga cho’mar tunlari,
Shaharni qurshaydi zulmat — qora rang.
O, shunda ohanglar oqar ilohiy,
Ona yerimizni chulg’aydi ohang!

Hayot bo’ronlari nimadir – guling
Gullasa, yondirsa yuragim mening!
Ko’z yoshlar nimadir – olis ufqda
Olovlanib ketsa yuraging sening!

Qabul et, men kabi gunohkor bandang
Qo’lidan, ey, butun borliq egasi,
Qon kechib, g’am yutib, qabrlar ichra
Kuya – kuya qotgan iztirob sasin!

xxx

Osmon yallig’landi. Tun jim-jit, bejon.
Meni o’rab olar bu ulkan o’rmon
Daraxtlari, olis, ko’z ilg’ay olmas
Shahar tomonlardan kelar tiniq sas.

Qator uylar og’ir, tim qora bog’lar
Tosh devor ortida tosh qotgan chog’lar.
Minoralar, sovuq boqqan istehkom,
Ming asrlik qal’a mag’rur, mustahkam.

Asrlar qa’ridan oydin va chanqoq
Qalqib uyg’onadi xayollar uyg’oq —
Kul bo’lgan shaharlar unut shonlari,
Va qayta tirilgan hayot qonlari.

BULUTDAGI TOVUSH

Bizni dengiz olib keldi oniy tush,
Bu yovvoyi yerga, xilvatga oxir.
Dengiz uzra shamol – shiddatli tovush,
Tubsizlik dillarga solar xavotir.

Horg’in, bemor tanga o’t soldi bedor
Dengizdagi xushnud momoqaldiroq.
Darbadar tun boqdi hissiz va beor
Qoraygan yuz, dardmand ko’zlarga uzoq.

Shamol – la olishdik, olishdik halol,
Zulmatda, nihoyat, so’qmoqqa tushdik.
O’sayotgan bo’ron elchisi misol
Bir daho tovushga urindik, jo’shdik.

Toshli tik jarliklar, lahzalik sukut,
Ko’rindi zarvorli qiyalik, qo’rqoq,
Parchalanib ketgan qop — qora bulut,
Sho’x qo’shiq boshladi momoqaldiroq:

« O, g’amg’in odamlar, tolg’in odamlar,
Uyg’oning, bilingki, yaqindir sevinch!
Dengiz mo»jizalar kuylar xush damlar
U tomon yo’l olar mayoqlar har kech!

U izlar ishtiyoq, havas yo’llarda,
O’rtkir nurlari-la yorug’ bu makon.
Soatlab tikilar olis ellardan
Kelayotgan katta kemalar tomon!

Kengayib boradi nurlar yo’lagi,
Oqim jo’shar ko’pik qaynagan sari!
Dengiz – tantanavor! Tunning yuragi,
Bo’ronda – sirena chinqiriqlari! »

Balandda qalqidi, ehtimol, ko’ylak,
Ufq gumburladi, silkindi chaqin
Qo’l kabi … adashgan umidvor yurak
Angladi – g’oyibdan kelar Baxt yaqin!

Ufqni uyg’otgan shu’lalar kuyi
Shahardan uzoqda lovullar, ortga
Qaytolmas olovli qushday tun bo’yi
Poezdlar uchishdi, urindi portga.

G’uvillaydi ummon, kema va mayoq
Juldur ko’piklarni itqitar hamon.
Sirena ingrandi uzun va uzoq:
Baliqchi kemani tutibdi bo’ron.

Sizga samolardan keltirdim xabar,
Samo zulmatiga barin bog’ladim.
Orzumda — qahramon. Lekin boltalar.-
Qayiqda. Shu yerga qattiq bog’landim.

Qayiq o’rindig’i qontalash, tongda
Ko’rdim qiymalangan orzu qonini.
Biroq har bitta uy, har tomchi qonda
Izlayman bezavol husn shonini.

Farishta qizlarning ko’zi ko’r – bunda,
Yigit nigohida yonmaydi olov.
Ortga ! Zulmat sari! Sag’ana – unda!
Sizga qilich darkor, sizga bolta – yov!

Siz – la xayrlashaman baridan kechib,
Ko’zingiz tushadi bir kun daf’atan
Dimiqqan tog’larning ortida uchib
Ketarman olovli bulutlar bilan!

034

(Tashriflar: umumiy 2 593, bugungi 2)

Izoh qoldiring