Abdulla Sher. She’rlar

0455  август — Таниқли шоир Абдулла Шер 70 ёшга тўлди. Қутлаймиз!

   Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди. Ўрта мактабни 1960 йил тугатиб, дастлаб бошланғич мактаб ўқитувчиси, кейин туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлади. 1962-65 йилларда Шарқий Олмонияда ҳарбий хизматни ўтади. 1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. 1969 йилдан бошлаб “Гулистон” журналининг адабий ҳодими, бўлим мудири, масъул котиби, Ўзбекистон Физкультурачиси газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлади. 1970-81 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида ўқиди.    1981 йилдан бошлаб “Ёшлик” журналининг масъул котиби 1984 йиллар мобайнида “Ёшлик” журналининг масъул котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биринчи котиби ўринбосари, Ёзувчилар Уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг масъул котиби лавозимида ишлади. 1984-89 йилгача эркин ижодкор, 1989 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети Этика ва эстетика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида ишлади. 2011 йилдан ҳозирги пайтгача эркин ижодкор. У 1975 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, 1977 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. 2000 йилдан Олий таълим аълочиси.
У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.
Ҳозирги пайтда у эркин ижодкор сифатида бир қатор бадиий ва фалсафий асарлар устида иш олиб бормоқда.

 

Абдулла Шер
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
04

* * *

001

Китобхонимга

Тўрт–беш сўзга бериб атай зеб,
Гап тополмай сизга айтарлик:
«Шеър ёзаман ўзим учун!», — деб,
Мен қилмайман сохта камтарлик.

Рад этаркан тилсиз оғизни,
Мен шивирни урмайман ерга.
Қийқириқдан йиртиб бўғизни,
Юкламайман ёлғонни Шеърга.

Шоирликни ўртага қўйиб,
Сўзбозорда бўлмайман даллол.
Мен ёзаман сиз учун суйиб
Эй шўх йигит, гўзал қиз, аёл

Мен кузакнинг, ҳой-ҳуйларига
Парво қилмай елиб ўтаман:
Дарахтларнинг қайғуларига
Шерик бўлган яшил бутаман.

Дафтаримда гуллар унади
Баҳорлардан сўйласа байтим .
Кенг елкамга бургут қўнади
Ватанимни куйлаган пайтим;

Тарихимдан йиртиб олинган
Варақларни тикларканман боз,
Юз йилдан сўнг ёдга солинган
Ғурур бўлиб жаранглар қоғоз.

Сўз мулкини танладим, нетай,
Бу дунёнинг озу кўпидан….
Келинг, сизни мен олиб кетай
Қайиқ ясаб гулнинг чўпидан.

Сиз ҳам дадил Шеърга қўл беринг:
Деразангиз чорласин ойни,
Хаёлингиз билан тўлдиринг
Варағимда қолган оқ жойни.

Таъзим қилиб самимиятга,
Хушомадни минг бор қоралаб,
Биз лаҳзадан абадиятга
Тикилайлик замон оралаб.

Шундан кейин сиз бўлиб рози,
Дуо қилинг шоирингизни;
Юртни тутган Эркнинг овози
Жаранглатсин тақдиримизни.

СОВҚОТГАН ОДАМ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Ташқарида қиш кезар мағрур,
Изғиринда кукунланар қор.
Деразадан тушиб турган нур
Бамисоли бир қучоқ баҳор.

Йўл четидан совқотган одам
Тикилади келиб ҳаваси:
Ичкарида иссиқ ёш олам –
Эр-хотиннинг бахтли давраси.

Тикилар-у бир муддат, сўнгра
Бирдан тизза чўкар у қорга
Ва боладек ўкиниб, ҳўнграб,
Кўзёшини тўкар у қорга.

Дераза-чи, сочганича нур
Кўз-кўз қилар оила тафтин.
Ёлғиз одам эса беҳузур
Юзга босар иккала кафтин.

Сўнг довдираб кетар у беҳол
Дала бўйлаб, унутиб йўлни.
Тортқилайди бешафқат шамол
Ҳўл юзларни беркитган қўлни.

ЭРТАКДАГИ БОТИР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Ҳеч чиқмайди эсимдан
Ўқувчилик вақтларим;
Қўрқиб эга-кесимдан,
Ғамга ботган бахтларим;

Қўшув билан олувда
Хато қилиб ҳисобни,
Кўпайтирув, бўлувда
Отганларим китобни;

Эртасига бўзариб,
Турганларим дакки еб,
Гур кулгидан қизариб,
«Дафтар уйда қопти», деб.

Гоҳ «икки», гоҳ «беш», гоҳ «уч», –
Кунлар ўтди бесурур.
Йиғиб борди, лекин, куч
Аста ёниқ тасаввур:

Гўрўғлига юкиниб,
Кўнгил бердим достонга;
Шеър деган отга миниб,
Чиқиб кетдим осмонга.

Баҳорни оралаб гоҳ,
Далаларни бўйлардим,
Гоҳо дилдан қўпиб оҳ,
Юрак бўлиб сўйлардим,

Дўстлардан ажраб оз-оз,
Шовқиндан безиб бордим.
Бир куни титраб бехос,
Гўзал қизга дил ёрдим.

Аммо бош олиб кетдим
Дилим ёрилган кўйи:
Қишлоғимни тарк этдим, –
Ўтсин деб менсиз тўйи.

Умрбод деган севгим
Баҳордаги қор экан.
Бу дунёни кенг девдим,
Феъли жуда тор экан.

Торликда кенг бўлай деб,
Оламни кезиб кетдим.
Тотни яхши сезай деб,
Шириндан безиб кетдим.

Навоий бобом мерос
Қолдирган сўзни севдим;
Чақмоққа қўйиб ихлос,
Ялт этган ўзни севдим.

Сўнг оқай деб, оқмадим
Дарёси йўқ ўзанда;
Хўрсиндим-у, боқмадим
Бахт менга қўл чўзганда…

Бугун бари узоқда,
Орзулар ҳам ўзгарди:
Турмуш деган тузоқда
Ҳар кимнинг бор ўз дарди.

Барини Шеър эслайди,
Бугун жонли хотирман;
Қилич бор-у, кесмайди, –
Эртакдаги ботирман.

* * *

Қор ёғади. Осмон оқлиги
Ёйилади қора тупроққа.
Чумчуқларнинг уринчоқлиги
Малол келар яйдоқ бутоққа.

Қарғаларнинг қора қувончи
Зумда тутар оппоқ оламни.
Чет пайкалда бахтли қуёнча
Кемиради сўнгги карамни.

Ҳовлиларда жуфт-жуфт мусича
Бир-бирини тинмай сизлайди.
Ҳар бир бола тулпор ўзича, –
Чанасига арқон излайди.

Юм-юмалоқ оппоқ умидлар
Бормаса ҳам етиб нишонга,
Қизларга қор отар йигитлар
Раҳмат айтиб бундай хуш онга.

Хаммаёқда руҳан ўзгариш,
Кўринг қорнинг шарофатини:
Ташқарига олиб чиқар қиш
Юракларнинг ҳароратини.

ТУҒИЛГАН ВАҚТИМ

Туғилганимда замон қанақа бўлганини сўраган ёш қўшнимга

Даҳшатли замонда кўз очдим илк бор,
Йиғим сезилмади фарёдлар аро.
Тириклар ўларди, ўлик эса хор,
Аёллар эгнида фақат кўк мато:

Замонки, урушнинг замони эди,
Ёмғирдек ёғарди ерга қайғулар;
Осмонки, қорахат осмони эди,
Қушларнинг ўрнига учарди улар.

Дарахтлар ўларди одамлар каби –
Айланиб қўндоққа, ёғочоёққа.
Очликдан кўкарган гўдаклар лаби
Мадор тополмасди ҳатто титроққа.

Жабҳага ортилмай, пайкалда қолиб, –
Музлаган шолғомни топган болакай
Ўзни ҳис қиларди совринни олиб,
Уйга қайтаётган бахтли полвондай.

Қари-қартанглару қизлар бошида
Шамол ҳам инграрди – қамчи тушганда.
Урушнинг бужмайган зунг қуёшида
Гўё бордек эди бир захарханда.

Портлаган Ғарбдаги қиррали тўзон
Қумдек тиқиларди Шарқдаги кўзга.
Барча бўйсунарди қул каби сўзон
Уруш деб аталган биргина сўзга…

Гар бугун қулмасман, ҳурман юртимда,
Лекин сал эгилиб яшайман, қўшни:
Туғилган вақтим деб мен бошпуртимда
Кўтариб юраман ўша урушни.

ЧЎПЧАК ВА ТАРИХ

Чўпчакни тинглайман – ҳар ён кўклам, ёз,
Ёвузлик майда-ю, эзгулик – йирик.
Тарихни тинглайман – қувонч жуда оз,
Орзулар чириг-у, армонлар тирик.

Чўпчакни тинглайман – учаман кўкка:
Меҳр бор ҳаттоки тоғлар тошида!
Тарихни тинглайман – тушаман чўкка
Ерларга қоришган осмон қошида.

Бунчалар мураккаб бўлмаса ҳаёт,
Бунча турланмаса қасам билан аҳд!
Чўпчакдан тарихга қувғин бўлмиш дод,
Тарихдан чўпчакка қочиб кетмиш бахт.

Чўпчакдан жўшар-у гоҳида инсон,
Тарихдан айтмоқчи бўлар сўзини.
Шунда тарихдаги мангу қатағон,
Чўпчак қилиб қўяр унинг ўзини!

ҚАҲРАМОН

Замоннинг етовида юрганлар эмас, уни етаклашга ҳаракат қилганларгина
ҳақиқий қаҳрамонлардир.

Ҳикмат

Замон билан қўрқмай курашди
Нафратланиб худпарастликдан
Ва замондан бир баҳя ошди
Кўтарилиб умумпастликдан.

Бу ғурурми, кибрми – нима?
Йўқ, оқимни этмади инкор!
Фақат бўлди хасмас, бир кема –
Бўронларни чорлаб шиддаткор.

Майли, кимдир айтгандек «жўшди»:
Қуёш кулсин, синсин жинчироқ!
Ўз қонини замонга қўшди, –
Бўлсин дея замон рангинроқ.

Шундай ўтаб ҳаёт жангини,
Сўнг ўзига разм солди у –
Ва баногоҳ замон рангини
Юрагида кўриб қолди у.

* * *

Шеър ёзиш қийинми? Жуда ҳам осон,
Шеър ёзиш осонми? Жуда ҳам қийин:
Йиғилинг илҳому имон учовлон,
Шоирлик бошланар ўшандан кейин!

Шеър ёзиш қийинми? Жуда ҳам осон,
Шеър ёзиш осонми? Жуда ҳам қийин:
Агарда ёнингга тушмаса осмон,
Ерни улуғлашдан шу онда тийин!

Шеър ёзиш қийинми? Жуда ҳам осон,
Шеър ёзиш осонми? Жуда ҳам қийин:
Томирни тор каби чертолмаса қон,
Қичқириб, кетказма товушнинг сийин!

Шеър ёзиш қийинми? Жуда ҳам осон,
Шеър ёзиш осонми? Жуда ҳам қийин:
Таранг тортилмаса қалб деган камон,
Бебаҳо бўлса-да нишон – бир тийин!

Шеър ёзиш қийинми? Жуда ҳам осон,
Шеър ёзиш осонми? Жуда ҳам қийин:
Сўзни эгарла-ю, лекин шоиржон,
Уни эшак эмас, тулпор қилиб мин!

ОИЛА

Оғримай қўяди эски яралар,
Ноқулай сезилмас бужмайган изи.
Олисда қоларлар қувноқ давралар,
Энди маст қилади келиннинг иси.

Гўёки киприкка қўнгандек қуёш
Фақат ёруғликни кўрар кўзларинг.
Уфқ ёш, олам ёш, сен ёшсан, у ёш,
Яшариб кетади ҳатто сўзларинг.

Тунлари тўшакда ёнган қўш гулхан
Кундузги дунёни ёритар бирга.
Шундай пайдо бўлар кичик бир ватан
Йўғрилиб муқаддас қадимий нурга.

* * *

Маъруф Жалил хотирасига

Сен фақат сўз йиғдинг, мол-мулк йиғмадинг,
Сўз узра бош эгдинг, гоҳо йиғладинг,
Бу дунё тор экан, лекин, дўстгинам:
Сўзларинг сиғди-ю, ўзинг сиғмадинг.

* * *

Биз чайқалган қайиқлардамиз,
Йўқотганмиз елканларни ҳам.
Пешонани тинмай артамиз:
Эй Худойим, Ўзинг бер чидам!

Ҳаёт деган бу сирли дарё
Ўз измига солади бизни.
Биз кўрамиз чўнг мавжлар аро
Қалтираган сувратимизни.

Кенгликларда бормикан ҳамроҳ? —
Эшкак излар қўлимиз тинмай.
Шунда Олий амр ила ногоҳ
Кафтимизга қушдек қўнар най –

Бир сеҳрли куйлаб юборар
У лабларга тегар–тегмасдан.
Кўкда қуёш жўр бўлиб борар,
Жўр бўлади мовий сув пастдан.

Бўй бермаймиз ғам–қайғумизга,
Керак эмас энди эшкак ҳам
Ва чайқалган қайиғимизга
Йўловчидек мингашар олам.

* * *

Мен кўпларга ачиндим,
Менга ачинган борми?
Мен сўз бўлиб сочилдим,
Мендек сочилган борми?

Саволларим кўпдир, ман –
Кимга берай уларни?
Балки ўзим чўпдирман, –
Шарафлайман гулларни!

ҚЎШНИ ҚИЗ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кели туяр қўшни қиз
Ҳовлига бериб чирой.
Юрагимда тошган ҳис
Тилимга чиқар: «Вой, вой!»

Нозик белга ярашиб,
Қўш ўрими чўлғанар.
Нимчадан жой талашиб,
Икки кўкрак тўлғонар.

Қошига берар ғурур
Тонгда қўйган ўсмаси
(Эҳ, келисоп қурмағур
Мунча кўзни тўсмаса!)

Нураган пахса девор
Ўртамизда пардадир.
Ҳар бир зарбда маъно бор,
Эҳтимол бу зардадир.

Бўса билмаган дудоқ
Ҳар зарбда ним очилар.
Сўрашга қўймас титроқ:
«Қачон борсин совчилар?» –

Нима қилай, тортинчоқ
Хаёлпараст боламан.
Қандай бўлмасин, бироқ,
Шу қизни мен оламан!..

Лекин бир кун у ногоҳ
Қанот қоқди қуш бўлиб.
Энди келади гоҳ-гоҳ
Тунда ширин туш бўлиб.

Энди ўша гулдек вақт
Хаёлимни тарк этмас:
Қочиб кетди мендан бахт,
Тутай десам қўл етмас!..

ЭРТАКДАГИ БОТИР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Ҳеч чиқмайди эсимдан
Ўқувчилик вақтларим;
Қўрқиб эга-кесимдан,
Ғамга ботган бахтларим;

Қўшув билан олувда
Хато қилиб ҳисобни,
Кўпайтирув, бўлувда
Отганларим китобни;

Эртасига бўзариб,
Турганларим дакки еб,
Гур кулгидан қизариб,
«Дафтар уйда қопти», деб.

Гоҳ «икки», гоҳ «беш», гоҳ «уч», –
Кунлар ўтди бесурур.
Йиғиб борди, лекин, куч
Аста ёниқ тасаввур:

Гўрўғлига юкиниб,
Кўнгил бердим достонга;
Шеър деган отга миниб,
Чиқиб кетдим осмонга.

Баҳорни оралаб гоҳ,
Далаларни бўйлардим,
Гоҳо дилдан қўпиб оҳ,
Юрак бўлиб сўйлардим,

Дўстлардан ажраб оз-оз,
Шовқиндан безиб бордим.
Бир куни титраб бехос,
Гўзал қизга дил ёрдим.

Аммо бош олиб кетдим
Дилим ёрилган кўйи:
Қишлоғимни тарк этдим, –
Ўтсин деб менсиз тўйи.

Умрбод деган севгим
Баҳордаги қор экан.
Бу дунёни кенг девдим,
Феъли жуда тор экан.

Торликда кенг бўлай деб,
Оламни кезиб кетдим.
Тотни яхши сезай деб,
Шириндан безиб кетдим.

Навоий бобом мерос
Қолдирган сўзни севдим;
Чақмоққа қўйиб ихлос,
Ялт этган ўзни севдим.

Сўнг оқай деб, оқмадим
Дарёси йўқ ўзанда;
Хўрсиндим-у, боқмадим
Бахт менга қўл чўзганда…

Бугун бари узоқда,
Орзулар ҳам ўзгарди:
Турмуш деган тузоқда
Ҳар кимнинг бор ўз дарди.

Барини Шеър эслайди,
Бугун жонли хотирман;
Қилич бор-у, кесмайди, –
Эртакдаги ботирман.

* * *

Қағиллайди қарғалар нохуш
Баҳор йўлин тўсмоқчи бўлиб.
Қор бағрини ёрар бетовуш
Бойчечаклар ўсмоқчи бўлиб.

Дарахтларни силкитар шамол
Куртакларнинг номини айтиб.
Гоҳ тунидан адашган ҳилол
Кўкни кезар кундузи дайдиб.

Бахш этади сеҳрли бир тафт
Ўйимдаги оловли нигоҳ
Ва ул тафтдан майинлашган кафт
Сочларингни қўмсайди ногоҳ.

Ўз–ўзича, бўлиб ғазалхон,
Пичирлайди тентак лабларим:
«Қани бирга бўлсак учовлон –
Баҳору мен ва сен, дилбарим!»

* * *

Бир кун,
Мен бош силкитмаганим учун
Соянг билан жой талашиб,
Дединг:
«Тузимни единг,
Лекин дўстлик қилмадинг менга,
Қўлламадинг!»

Мен ўртаниб кетдим ўшанда.
Шу-шу еган тузим
Ичимни ўртаб юборар доим
Кўзим сенга тушганда…

Жуда оғир экан туз емоқ…

* * *

Энг буюк билимдон санаб ўзингни,
Куясан оламда йўқ дея тартиб:
Хира кўзойнакка жойлаб кўзингни
Атрофга қарайсан тупуклаб артиб.

Қўланса ҳид сезиб доим ҳавода,
Қуёшни айбдор дея биласан.
Тўкилса бир тола сочинг мабодо,
Дунёни кал дея эълон қиласан.

Манба: ijod.uz

09

Abdulla Sher
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
04

098 Abdulla Sher 1943 yil 5 avgustda Toshkent viloyati Chinoz tumanining Yo’ltushgan qishlog’ida hunarmand-misgar oilasida tug’ildi. O’rta maktabni 1960 yil tugatib, dastlab boshlang’ich maktab o’qituvchisi, keyin tuman gazetasida adabiy xodim bo’lib ishladi. 1962-65 yillarda Sharqiy Olmoniyada harbiy xizmatni o’tadi. 1965-70 yillarda Toshkent Davlat Universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetida o’qidi. 1969 yildan boshlab “Guliston” jurnalining adabiy hodimi, bo’lim mudiri, mas’ul kotibi, O’zbekiston Fizkul`turachisi gazetasi muharriri o’rinbosari lavozimida ishladi. 1970-81 yillarda Moskvada Oliy adabiyot kursida o’qidi. 1981 yildan boshlab “Yoshlik” jurnalining mas’ul kotibi 1984 yillar mobaynida “Yoshlik” jurnalining mas’ul kotibi, O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi birinchi kotibi o’rinbosari, Yozuvchilar Uyushmasi Toshkent viloyati bo’limining mas’ul kotibi lavozimida ishladi. 1984-89 yilgacha erkin ijodkor, 1989 yildan 2011 yilgacha O’zbekiston Milliy universiteti Falsafa fakul`teti Etika va estetika kafedrasida katta o’qituvchi, dotsent va kafedra mudiri lavozimlarida ishladi. 2011 yildan hozirgi paytgacha erkin ijodkor. U 1975 yildan buyon O’zbekiston Jurnalistlar uyushmasining, 1977 yildan O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi a’zosi. 2000 yildan Oliy ta’lim a’lochisi.
U 1958 yildan boshlab badiiy ijod bilan shug’ullanadi. 1959 yili ilk marta she’ri matbuotda e’lon qilingan. Uning birinchi she’rlar to’plami “Ko’klam tabassumi” 1973 yili chop etilgan. Shundan keyin u “Alyor” (1977), “Atirgul soyasi” (1979), “Roz” (1980), “Kuz hiloli” (1983), “Qadimgi kuy” (1987), “Nuqtadan so’ng” (1989), “Toqat” (1997), “Yonayotgan yo’l” (2007), “Yomg’irlar oralab” (2009), “Sarbast qo’shiqlar” (2010), “Sevgi olmoshi” (2010), “Sevilmagan mening sevgilim” (2010), “Gul yillar, bulbul yillar” (Saylanma, 2012) she’riy kitoblarining va “Asrlarning asraganlari” nasriy to’plamining muallifi. Shuningdek, u Bayronning Don Juan, H. Haynening “Qo’shiqlar kitobi” olmon tilidan tarjima qilgan. Rus tilidan Pushkin, Lermontov, Nekrasov, Axmatova, Charents, Tvardovskiy shoirlar asarlarini ham o’zbek tiliga o’girgan. Uning she’rlar va dostonlari rus, litva, ingliz, ispan, ozarbayjon, turk, qozoq, qrim tatar va boshqa tillarga tarjima qilingan.
Ayni paytda Abdulla Sher faylasuf olim sifatida ham mashhur. U “Axloqshunoslik”, “Estetika” fanlaridan o’quv qo’llanmalar va darsliklar muallifi. Hozirgi paytda u erkin ijodkor sifatida bir qator badiiy va falsafiy asarlar ustida ish olib bormoqda.

04

* * *

Kitobxonimga

To’rt–besh so’zga berib atay zeb,
Gap topolmay sizga aytarlik:
«She’r yozaman o’zim uchun!», — deb,
Men qilmayman soxta kamtarlik.

Rad etarkan tilsiz og’izni,
Men shivirni urmayman yerga.
Qiyqiriqdan yirtib bo’g’izni,
Yuklamayman yolg’onni She’rga.

Shoirlikni o’rtaga qo’yib,
So’zbozorda bo’lmayman dallol.
Men yozaman siz uchun suyib
Ey sho’x yigit, go’zal qiz, ayol

Men kuzakning, hoy-huylariga
Parvo qilmay yelib o’taman:
Daraxtlarning qayg’ulariga
Sherik bo’lgan yashil butaman.

Daftarimda gullar unadi
Bahorlardan so’ylasa baytim .
Keng yelkamga burgut qo’nadi
Vatanimni kuylagan paytim;

Tariximdan yirtib olingan
Varaqlarni tiklarkanman boz,
Yuz yildan so’ng yodga solingan
G’urur bo’lib jaranglar qog’oz.

So’z mulkini tanladim, netay,
Bu dunyoning ozu ko’pidan….
Keling, sizni men olib ketay
Qayiq yasab gulning cho’pidan.

Siz ham dadil She’rga qo’l bering:
Derazangiz chorlasin oyni,
Xayolingiz bilan to’ldiring
Varag’imda qolgan oq joyni.

Ta’zim qilib samimiyatga,
Xushomadni ming bor qoralab,
Biz lahzadan abadiyatga
Tikilaylik zamon oralab.

Shundan keyin siz bo’lib rozi,
Duo qiling shoiringizni;
Yurtni tutgan Erkning ovozi
Jaranglatsin taqdirimizni.

SOVQOTGAN ODAM HAQIDA BALLADA

Tashqarida qish kezar mag’rur,
Izg’irinda kukunlanar qor.
Derazadan tushib turgan nur
Bamisoli bir quchoq bahor.

Yo’l chetidan sovqotgan odam
Tikiladi kelib havasi:
Ichkarida issiq yosh olam –
Er-xotinning baxtli davrasi.

Tikilar-u bir muddat, so’ngra
Birdan tizza cho’kar u qorga
Va boladek o’kinib, ho’ngrab,
Ko’zyoshini to’kar u qorga.

Deraza-chi, sochganicha nur
Ko’z-ko’z qilar oila taftin.
Yolg’iz odam esa behuzur
Yuzga bosar ikkala kaftin.

So’ng dovdirab ketar u behol
Dala bo’ylab, unutib yo’lni.
Tortqilaydi beshafqat shamol
Ho’l yuzlarni berkitgan qo’lni.

ERTAKDAGI BOTIR HAQIDA BALLADA

Hech chiqmaydi esimdan
O’quvchilik vaqtlarim;
Qo’rqib ega-kesimdan,
G’amga botgan baxtlarim;

Qo’shuv bilan oluvda
Xato qilib hisobni,
Ko’paytiruv, bo’luvda
Otganlarim kitobni;

Ertasiga bo’zarib,
Turganlarim dakki yeb,
Gur kulgidan qizarib,
«Daftar uyda qopti», deb.

Goh «ikki», goh «besh», goh «uch», –
Kunlar o’tdi besurur.
Yig’ib bordi, lekin, kuch
Asta yoniq tasavvur:

Go’ro’g’liga yukinib,
Ko’ngil berdim dostonga;
She’r degan otga minib,
Chiqib ketdim osmonga.

Bahorni oralab goh,
Dalalarni bo’ylardim,
Goho dildan qo’pib oh,
Yurak bo’lib so’ylardim,

Do’stlardan ajrab oz-oz,
Shovqindan bezib bordim.
Bir kuni titrab bexos,
Go’zal qizga dil yordim.

Ammo bosh olib ketdim
Dilim yorilgan ko’yi:
Qishlog’imni tark etdim, –
O’tsin deb mensiz to’yi.

Umrbod degan sevgim
Bahordagi qor ekan.
Bu dunyoni keng devdim,
Fe’li juda tor ekan.

Torlikda keng bo’lay deb,
Olamni kezib ketdim.
Totni yaxshi sezay deb,
Shirindan bezib ketdim.

Navoiy bobom meros
Qoldirgan so’zni sevdim;
Chaqmoqqa qo’yib ixlos,
Yalt etgan o’zni sevdim.

So’ng oqay deb, oqmadim
Daryosi yo’q o’zanda;
Xo’rsindim-u, boqmadim
Baxt menga qo’l cho’zganda…

Bugun bari uzoqda,
Orzular ham o’zgardi:
Turmush degan tuzoqda
Har kimning bor o’z dardi.

Barini She’r eslaydi,
Bugun jonli xotirman;
Qilich bor-u, kesmaydi, –
Ertakdagi botirman.

* * *

Qor yog’adi. Osmon oqligi
Yoyiladi qora tuproqqa.
Chumchuqlarning urinchoqligi
Malol kelar yaydoq butoqqa.

Qarg’alarning qora quvonchi
Zumda tutar oppoq olamni.
Chet paykalda baxtli quyoncha
Kemiradi so’nggi karamni.

Hovlilarda juft-juft musicha
Bir-birini tinmay sizlaydi.
Har bir bola tulpor o’zicha, –
Chanasiga arqon izlaydi.

Yum-yumaloq oppoq umidlar
Bormasa ham yetib nishonga,
Qizlarga qor otar yigitlar
Rahmat aytib bunday xush onga.

Xammayoqda ruhan o’zgarish,
Ko’ring qorning sharofatini:
Tashqariga olib chiqar qish
Yuraklarning haroratini.

TUG’ILGAN VAQTIM

Tug’ilganimda zamon qanaqa bo’lganini so’ragan yosh qo’shnimga

Dahshatli zamonda ko’z ochdim ilk bor,
Yig’im sezilmadi faryodlar aro.
Tiriklar o’lardi, o’lik esa xor,
Ayollar egnida faqat ko’k mato:

Zamonki, urushning zamoni edi,
Yomg’irdek yog’ardi yerga qayg’ular;
Osmonki, qoraxat osmoni edi,
Qushlarning o’rniga uchardi ular.

Daraxtlar o’lardi odamlar kabi –
Aylanib qo’ndoqqa, yog’ochoyoqqa.
Ochlikdan ko’kargan go’daklar labi
Mador topolmasdi hatto titroqqa.

Jabhaga ortilmay, paykalda qolib, –
Muzlagan sholg’omni topgan bolakay
O’zni his qilardi sovrinni olib,
Uyga qaytayotgan baxtli polvonday.

Qari-qartanglaru qizlar boshida
Shamol ham ingrardi – qamchi tushganda.
Urushning bujmaygan zung quyoshida
Go’yo bordek edi bir zaxarxanda.

Portlagan G’arbdagi qirrali to’zon
Qumdek tiqilardi Sharqdagi ko’zga.
Barcha bo’ysunardi qul kabi so’zon
Urush deb atalgan birgina so’zga…

Gar bugun qulmasman, hurman yurtimda,
Lekin sal egilib yashayman, qo’shni:
Tug’ilgan vaqtim deb men boshpurtimda
Ko’tarib yuraman o’sha urushni.

CHO’PCHAK VA TARIX

Cho’pchakni tinglayman – har yon ko’klam, yoz,
Yovuzlik mayda-yu, ezgulik – yirik.
Tarixni tinglayman – quvonch juda oz,
Orzular chirig-u, armonlar tirik.

Cho’pchakni tinglayman – uchaman ko’kka:
Mehr bor hattoki tog’lar toshida!
Tarixni tinglayman – tushaman cho’kka
Yerlarga qorishgan osmon qoshida.

Bunchalar murakkab bo’lmasa hayot,
Buncha turlanmasa qasam bilan ahd!
Cho’pchakdan tarixga quvg’in bo’lmish dod,
Tarixdan cho’pchakka qochib ketmish baxt.

Cho’pchakdan jo’shar-u gohida inson,
Tarixdan aytmoqchi bo’lar so’zini.
Shunda tarixdagi mangu qatag’on,
Cho’pchak qilib qo’yar uning o’zini!

QAHRAMON

Zamonning yetovida yurganlar emas, uni yetaklashga harakat qilganlargina
haqiqiy qahramonlardir.

Hikmat

Zamon bilan qo’rqmay kurashdi
Nafratlanib xudparastlikdan
Va zamondan bir bahya oshdi
Ko’tarilib umumpastlikdan.

Bu g’ururmi, kibrmi – nima?
Yo’q, oqimni etmadi inkor!
Faqat bo’ldi xasmas, bir kema –
Bo’ronlarni chorlab shiddatkor.

Mayli, kimdir aytgandek «jo’shdi»:
Quyosh kulsin, sinsin jinchiroq!
O’z qonini zamonga qo’shdi, –
Bo’lsin deya zamon ranginroq.

Shunday o’tab hayot jangini,
So’ng o’ziga razm soldi u –
Va banogoh zamon rangini
Yuragida ko’rib qoldi u.

* * *

She’r yozish qiyinmi? Juda ham oson,
She’r yozish osonmi? Juda ham qiyin:
Yig’iling ilhomu imon uchovlon,
Shoirlik boshlanar o’shandan keyin!

She’r yozish qiyinmi? Juda ham oson,
She’r yozish osonmi? Juda ham qiyin:
Agarda yoningga tushmasa osmon,
Yerni ulug’lashdan shu onda tiyin!

She’r yozish qiyinmi? Juda ham oson,
She’r yozish osonmi? Juda ham qiyin:
Tomirni tor kabi chertolmasa qon,
Qichqirib, ketkazma tovushning siyin!

She’r yozish qiyinmi? Juda ham oson,
She’r yozish osonmi? Juda ham qiyin:
Tarang tortilmasa qalb degan kamon,
Bebaho bo’lsa-da nishon – bir tiyin!

She’r yozish qiyinmi? Juda ham oson,
She’r yozish osonmi? Juda ham qiyin:
So’zni egarla-yu, lekin shoirjon,
Uni eshak emas, tulpor qilib min!

OILA

Og’rimay qo’yadi eski yaralar,
Noqulay sezilmas bujmaygan izi.
Olisda qolarlar quvnoq davralar,
Endi mast qiladi kelinning isi.

Go’yoki kiprikka qo’ngandek quyosh
Faqat yorug’likni ko’rar ko’zlaring.
Ufq yosh, olam yosh, sen yoshsan, u yosh,
Yasharib ketadi hatto so’zlaring.

Tunlari to’shakda yongan qo’sh gulxan
Kunduzgi dunyoni yoritar birga.
Shunday paydo bo’lar kichik bir vatan
Yo’g’rilib muqaddas qadimiy nurga.

* * *

Ma’ruf Jalil xotirasiga

Sen faqat so’z yig’ding, mol-mulk yig’mading,
So’z uzra bosh egding, goho yig’lading,
Bu dunyo tor ekan, lekin, do’stginam:
So’zlaring sig’di-yu, o’zing sig’mading.

* * *

Biz chayqalgan qayiqlardamiz,
Yo’qotganmiz yelkanlarni ham.
Peshonani tinmay artamiz:
Ey Xudoyim, O’zing ber chidam!

Hayot degan bu sirli daryo
O’z izmiga soladi bizni.
Biz ko’ramiz cho’ng mavjlar aro
Qaltiragan suvratimizni.

Kengliklarda bormikan hamroh? —
Eshkak izlar qo’limiz tinmay.
Shunda Oliy amr ila nogoh
Kaftimizga qushdek qo’nar nay –

Bir sehrli kuylab yuborar
U lablarga tegar–tegmasdan.
Ko’kda quyosh jo’r bo’lib borar,
Jo’r bo’ladi moviy suv pastdan.

Bo’y bermaymiz g’am–qayg’umizga,
Kerak emas endi eshkak ham
Va chayqalgan qayig’imizga
Yo’lovchidek mingashar olam.

* * *

Men ko’plarga achindim,
Menga achingan bormi?
Men so’z bo’lib sochildim,
Mendek sochilgan bormi?

Savollarim ko’pdir, man –
Kimga beray ularni?
Balki o’zim cho’pdirman, –
Sharaflayman gullarni!

QO’SHNI QIZ HAQIDA BALLADA

Keli tuyar qo’shni qiz
Hovliga berib chiroy.
Yuragimda toshgan his
Tilimga chiqar: «Voy, voy!»

Nozik belga yarashib,
Qo’sh o’rimi cho’lg’anar.
Nimchadan joy talashib,
Ikki ko’krak to’lg’onar.

Qoshiga berar g’urur
Tongda qo’ygan o’smasi
(Eh, kelisop qurmag’ur
Muncha ko’zni to’smasa!)

Nuragan paxsa devor
O’rtamizda pardadir.
Har bir zarbda ma’no bor,
Ehtimol bu zardadir.

Bo’sa bilmagan dudoq
Har zarbda nim ochilar.
So’rashga qo’ymas titroq:
«Qachon borsin sovchilar?» –

Nima qilay, tortinchoq
Xayolparast bolaman.
Qanday bo’lmasin, biroq,
Shu qizni men olaman!..

Lekin bir kun u nogoh
Qanot qoqdi qush bo’lib.
Endi keladi goh-goh
Tunda shirin tush bo’lib.

Endi o’sha guldek vaqt
Xayolimni tark etmas:
Qochib ketdi mendan baxt,
Tutay desam qo’l yetmas!..

ERTAKDAGI BOTIR HAQIDA BALLADA

Hech chiqmaydi esimdan
O’quvchilik vaqtlarim;
Qo’rqib ega-kesimdan,
G’amga botgan baxtlarim;

Qo’shuv bilan oluvda
Xato qilib hisobni,
Ko’paytiruv, bo’luvda
Otganlarim kitobni;

Ertasiga bo’zarib,
Turganlarim dakki yeb,
Gur kulgidan qizarib,
«Daftar uyda qopti», deb.

Goh «ikki», goh «besh», goh «uch», –
Kunlar o’tdi besurur.
Yig’ib bordi, lekin, kuch
Asta yoniq tasavvur:

Go’ro’g’liga yukinib,
Ko’ngil berdim dostonga;
She’r degan otga minib,
Chiqib ketdim osmonga.

Bahorni oralab goh,
Dalalarni bo’ylardim,
Goho dildan qo’pib oh,
Yurak bo’lib so’ylardim,

Do’stlardan ajrab oz-oz,
Shovqindan bezib bordim.
Bir kuni titrab bexos,
Go’zal qizga dil yordim.

Ammo bosh olib ketdim
Dilim yorilgan ko’yi:
Qishlog’imni tark etdim, –
O’tsin deb mensiz to’yi.

Umrbod degan sevgim
Bahordagi qor ekan.
Bu dunyoni keng devdim,
Fe’li juda tor ekan.

Torlikda keng bo’lay deb,
Olamni kezib ketdim.
Totni yaxshi sezay deb,
Shirindan bezib ketdim.

Navoiy bobom meros
Qoldirgan so’zni sevdim;
Chaqmoqqa qo’yib ixlos,
Yalt etgan o’zni sevdim.

So’ng oqay deb, oqmadim
Daryosi yo’q o’zanda;
Xo’rsindim-u, boqmadim
Baxt menga qo’l cho’zganda…

Bugun bari uzoqda,
Orzular ham o’zgardi:
Turmush degan tuzoqda
Har kimning bor o’z dardi.

Barini She’r eslaydi,
Bugun jonli xotirman;
Qilich bor-u, kesmaydi, –
Ertakdagi botirman.

* * *

Qag’illaydi qarg’alar noxush
Bahor yo’lin to’smoqchi bo’lib.
Qor bag’rini yorar betovush
Boychechaklar o’smoqchi bo’lib.

Daraxtlarni silkitar shamol
Kurtaklarning nomini aytib.
Goh tunidan adashgan hilol
Ko’kni kezar kunduzi daydib.

Baxsh etadi sehrli bir taft
O’yimdagi olovli nigoh
Va ul taftdan mayinlashgan kaft
Sochlaringni qo’msaydi nogoh.

O’z–o’zicha, bo’lib g’azalxon,
Pichirlaydi tentak lablarim:
«Qani birga bo’lsak uchovlon –
Bahoru men va sen, dilbarim!»

* * *

Bir kun,
Men bosh silkitmaganim uchun
Soyang bilan joy talashib,
Deding:
«Tuzimni yeding,
Lekin do’stlik qilmading menga,
Qo’llamading!»

Men o’rtanib ketdim o’shanda.
Shu-shu yegan tuzim
Ichimni o’rtab yuborar doim
Ko’zim senga tushganda…

Juda og’ir ekan tuz yemoq…

* * *

Eng buyuk bilimdon sanab o’zingni,
Kuyasan olamda yo’q deya tartib:
Xira ko’zoynakka joylab ko’zingni
Atrofga qaraysan tupuklab artib.

Qo’lansa hid sezib doim havoda,
Quyoshni aybdor deya bilasan.
To’kilsa bir tola soching mabodo,
Dunyoni kal deya e’lon qilasan.

Manba: ijod.uz

09

(Tashriflar: umumiy 364, bugungi 1)

Izoh qoldiring