5 avgust — O’zbekiston xalq yozuvchisi O’tkir Hoshimov tavallud topgan kun.

022
Менга энг кўп таъсир қилган ёзувчи Абдулла Қодирий бўлган. Билвосита, бевосита эмас. Тил маҳоратини аввало Қодирийдан, қолаверса, Абдулла Қаҳҳор билан Саид Аҳмад акадан ўрганганман. Тасвирлашни, туйғуни ифодалашни, юморни Саид Аҳмаддан ўрганиш керак. Кўпчилик истеъдодли ёзувчиларда жиддийлик билан юмор мужассам бўлади. Бир китобини ўқисангиз йиғлайсиз, битта китобини ўқисангиз куласиз.

090

Учинчи курсда ўқиётганимизда домла Ўткир Ҳошимов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) адабиёт назариясидан дарсга кирганди. Кўп эмас, тўрт-беш соат. Шу пайтгача бу машҳур ёзувчини яқиндан кўрмаган ҳам эдим. Дарслар анчайин жонли ўтган. Суҳбат тарзида, баҳс-мунозара тарзида. Талабаликнинг кўр ғурури сабаб, домлани бир довдиратайлик, жавоб беролмай қолсин деган мақсадда у кишининг асарларини анчагина қаттиқ танқид қилганмиз. Адҳам Усмонов деган яқин курсдошим иккаламиз бир дарсни тўласича домла билан баҳслашиб ўтказганмиз. Лекин энди эслаб, ўзимизнинг қўполлигимиздан уяламан, домланинг оғир-босиқлигига қойил қоламан.
Танқид ҳеч кимга ёқмайди, ҳатто “Мен танқидни ижобий қабул қиламан”, дейдиган одамга ҳам. Лекин Ўткир Ҳошимов – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, эл севган адиб – оддий бир талабанинг гап-сўзларини эътибор бериб эшитган, ўзининг далил-фикрларини мулойимлик билан тушунтирган эди. Шу дарслар таъсирида Худо суйган, бағрикенг, кенгфеъл бу инсон ҳақиқатан ҳам ҳурмат-эътиромга лойиқ экан деган хулосага келганман.
Дарсларимиздан бири ижод, ёзувчилик, устоз-шогирдлик каби масалаларга бағишланди. Ўша дарсда Адҳамжон ўртоғим танқидчини синчига ўхшатди. Бу ўхшатиш домлага анчайин таъсир қилди, у кишининг кўзларида мамнуният, болаларга хос тоза севинч учқунлари чақнаганини аниқ-тиниқ эслайман. Шу дарсдаги суҳбатимизни қоғозга тушириб, домланинг рухсати билан газетага бердик. Бугун шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этяпман.
Бағрикенглиги, камтарлиги ва самимияти билан бизга катта сабоқ берган домламизни Аллоҳ раҳмат қилсин. Омин!

066

“ТИЛ – ЧИҒАНОҚ ИЧИДАГИ ГАВҲАР”
Суҳбатдошлар — Ориф Толиб,Адҳам Аъзам

-Суҳбатимиз бошида сўз ҳақида гаплашсак…

-Ҳар қандай бинонинг қурилиш материали бўлади. Дейлик, мана шу биз ўтирган бино беш юз мингта ғиштдан қурилган. Агар ўнта ғиштни кўчирсак тешик бўлиб қолади, йигирматасини у ёқ-бу ёққа олиб ўтсак ҳусни бузилади, элликтасини олиб ташласак бино қулаб тушиши мумкин. Адабиётда ҳам шундай. Адабиётнинг иш материали – сўз. Афсус, шунақа асарлар бор, юзта сўзини олиб ташласангиз ҳам, элликта сўзининг ўрнини алмаштирсангиз ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. У бинога эмас, вайронага ўхшайди! Ўзини ҳурмат қиладиган ижодкор асар тилига эътибор бериши шарт.

Абдулла Қаҳҳор айтганди: «Мен сўзни тонналаб олиб, граммлаб сотаман». Лекин ҳаммаям шунақамас.

Тил, сўз дегани жуда жиддий қурол. Тил – чиғаноқ ичидаги гавҳар. Тил – қин ичидаги ханжар. Уни ҳуда-беҳудага намойиш қилиш шарт эмас.

-Фикрни қандай ифодалаш керак? «Қин ичидаги ханжар»ни қайси ҳолатда намойиш этиш зарур?

-Сўз дегани, тил дегани – мулоқот, фикр алмашув воситаси. Лекин шундай соҳа вакиллари борки, уларда сўз шунчаки алоқа воситаси эмас. У бутунлай бошқа, қудратли куч. Булар шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, сухандонлар, нотиқлар, актёрлар… Уларда сўз фақат фикрни ифодалаб қолмайди. Сўзда ранг, оҳанг, туйғу мужассам бўлади.

Бундан анча йил илгари Қора денгиз бўйига борганимда узоққа қатнайдиган кема капитанининг ёрдамчиси билан танишиб қолдим. Ғалати одати бор эди. Денгиз ичкарисига сузиб борарди-да, чалқанча ётганча соатлаб газета ўқирди. «Денгиз – менинг уйим, бўронда ҳам чўкмаслигим керак, чунки мен денгизчиман», дер эди. Ёзувчи ҳам сўз уммонида яхши сузмоғи керак. Қаҳрамон руҳиятидан келиб чиқиб, ҳатто битта манзара ҳам турлича тасвирланиши мумкин. Масалан, «Шабада эсди, дераза ортидаги терак япроқлари эркаланиб рақсга тушди». Бу битта манзара. «Тўсатдан қаттиқ шамол турди, дераза ортидаги бир туп терак япроқлари жонсарак қалтираб қолди». Бу бутунлай бошқа манзара. Ҳар икки манзара бошқа-бошқа маъно ташийди.

-Сўз бойлигини кўпайтириш учун нима қилиш керак?

-Кўп ўқиш керак. Лекин фақат китоб ўқиш билангина сўз бойлигини ошириш мумкин эмас. Сўзни одамларнинг ўзидан олиш керак. Фақат ўзбек тилидагина аския деган жанр бор. Бошқа бирорта халқда учратмаймиз. Бунда битта сўзнинг тагига ўнта маъно яширинади.

Яна бир хазинаси – бозор. Ғафур Ғулом бозордан бери келмаган. «Шум бола»да шунақа бир тасвир бор. Шум бола бозорга боради, ҳар хил масхарабозлар томоша кўрсатяпти, биттаси сурнай чаляпти. Кўксултон деган нордонгина мева бўлади. Шум бола кўксултон чайнаганча, сурнайчининг олдига томошага боради. Шунда бирдан сурнай «ғийқ» этиб овози чиқмай қолади. «Тур-э, кўзимдан йўқол!» деб қувади сурнайчи. Кўксултон нордон, уни кўриб сурнайчининг тиши қамашиб, сўлаги оқиб кетган. Буни фақат кўрибгина тасвирлаш мумкин.

Бадиий тил адабий тилдан бой бўлади. Чунки адабий тил маълум қолипга, меъёрга солинган бўлади. Уни топ-тоза қилиб ювиб қўйилган идишга ўхшатиш мумкин. Бадиий тилда эса шеваям, касб-ҳунарга оид сўзлар ҳам, қарғиш ҳам, сўкиш ҳам бўлиши мумкин. Уларниям яшашга ҳаққи бор, уларни образ қилиб асарга олиб киришга ёзувчининг ҳаққи бор.

-Абдулла Қаҳҳор ўз атрофига истеъдодли ёшларни тўплагани, уларга тўғри йўл кўрсатгани ва айни пайтда ҳимоя ҳам қилганини яхши биламиз. Ўша ёшларнинг аксари машҳур шоир, ёзувчи бўлиб етишди. Сиз ҳам атоқли адибнинг шогирдларидансиз. Абдулла Қаҳҳорнинг айнан шу ишини шогирдларидан бирортаси давом эттира олдими?

-Қаҳҳор домла талабчан, қаттиққўл, шу билан бирга жуда ҳақгўй эди. Шу жиҳатдан у кишини ёқтирмайдиган одамлар ҳам, албатта, бор эди. Тасаввур қилинг, кимдир пешанаси тиришиб роман ёзган бўлса-ю Абдулла Қаҳҳорга олиб келиб кўрсатса, «Асаринг икки пулга қиммат» деган жавобни эшитса, икки-уч йиллик меҳнати ҳақида айтилгандан бундай гап алам қилади, албатта. Ўзининг айбини кўрмайди-да, домладан хафа бўлади. Қаҳҳор домла керак бўлса: «Сиз бошқа тирикчилик қилинг, адабиётни овора қилманг», деб айта олган. Аммо керак пайтда яхши ёзувчини етарлича ҳимоя ҳам қила билган. Саид Аҳмад ва Озод Шарафуддиновлар ҳам лозим бўлса койиб, керак пайтда ҳимоя қилишарди. Аслида, танқидсиз, танқидчиликсиз адабиёт ривожланмайди. Чунки танқид бўлмаса, баҳолаш мезонининг ўзи қолмайди.

Танқидчилик бугунги кунда, афсуски, ўзининг вазифасини етарли даражада бажармаяпти. Шунақа «асар»лар бор, улар нашр қилиш тугул ўқишга ҳам арзимайди. Бунақа нарсалар адабиётга ихлосни сўндиради. Ҳурматли фан арбоблари, фан номзодлари шу ҳақда ёзсанглар бўлмайдими десак, «Бунақа китоблар танқиддан тубан» , деб жавоб беришади. Танқиддан тубан деб ёзинг бўлмаса, десангиз кўнишмайди.

-Ҳозир бир марталик «ижод намуналари» кўпайиб кетяпти. Шу ҳақида…

-Ҳақиқатан ҳам, бир марта ўқиладиган китоб, бир марта кўришга арзийдиган кино, бир марта эшитишга ярайдиган қўшиқ оз эмас. Булар бир марта ишлатиладиган шприцга ўхшайди. Шприц-ку фойдаси бор. Биз айтаётган асарлар одамни касал қилади, маънавиятини сийқалаштиради. Ижод эркинлиги деган тушунча бор. Аммо ижод эркинлиги экан деб ҳамма нарсага қарсак чалавериш ҳам тўғри келмайди. Илгари телевидениеда битта қўшиқ эфирга кетадиган бўлса, ҳам матни, ҳам мусиқаси, ҳам ижроси синовдан ўтказиларди. Махсус бадиий кенгаш кўриб чиқарди (Бу цензура маъносида эмас). Ўша қўшиқни миллионлаб одамлар эшитади-ку! Ҳозир мусиқасиниям, сўзиниям ўзи ёзади, ўзи айтади, ўйнаб ҳам беради керак бўлса. Санъатми шу? Адабиётда ҳам шунақа ҳолатни кузатиш мумкин.

-Оғзаки адабиётда ўқиганмиз, қадимда синчи деган касб эгаси бўлган. У бўладиган отни, зотдор отни бир кўришдаёқ фаҳмлаган, қандай қудратга эга эканини айта олган. Танқидчиларни худди шу синчига ўхшатиш мумкин. Бугун танқидчиларнинг кўзи қаёқда?

-Мана шу «синчи» деган ибора учун сизга раҳмат. «Танқидчи» дегани русча «критик» сўзидан таржима қилинган. Аслида, синчи дейиш керак. Қозоқлар шунақа дейишади. Синчи – синовчи дегани. «Алпомиш»да бор: отнинг неча қулоч қаноти борлигини, зоти қанақалигини синчи топиб беради.

Танқидчи холис бўлиши керак. Агар аввал-бошданоқ асардан хато қидириб, хато топишга уринса прокурорга, ёки аксинча, китобни, шунинг муаллифи яхши жойда ишлайди, фойдаси тегиб қолар деб ўқий бошласа адвокатга айланиб қолади. Танқидчининг прокурор бўлишгаям, адвокат бўлишга ҳам ҳаққи йўқ. Танқидчи аслида синчи бўлиши керак.

-Ёзувчининг гапи танқидчиникидан кўра залворлироқ, таъсирлироқ бўлади. Чунки ёзувчи ўқувчилар қалбига чуқурроқ кириб боради, эл орасида кўпроқ машҳур бўлади. У қанақадир фикр айтса, дарров эътибор беришади. Шу маънода, нега Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб сиз ҳам танқидчилик қилмайсиз?

-Маълум ҳуқуқларга эга комитетлар тузиш керак. Унинг ичида шоир ҳам, ёзувчи ҳам, санъатшунос, бастакор, адабиётшунос ҳам бўлсин. Уларнинг хулосаларига қараб чора кўрилса, фикрлар инобатга олинса, яхши натижага эришиш мумкин. Бундай ҳолат фақат бизда эмас. Яқинда қайсидир бир рус газетасида ўқиб қолдим. «Хонандалар эмас, пул қўшиқ айтяпти», деб ёзишибди. Афсус, бу бор гап!

Яна шунақанги бетутруқ «асар»лар орқасидан эргашиб кетилса, билмадим, охири нима бўлади.

-Абдулла Қаҳҳор «Биринчи домлам» мақоласида дастлабки сабоқни Гоголдан олганини, яна бир мақоласида Чехов муборак кўзойнагини тақиб қўйгач, дунёни бошқачароқ кўриб, англай бошлагани ҳақида ёзади. Шу маънода, сиз дастлабки сабоқни кимдан олгансиз, ким сизга пенснесини тақиб қўйган?

-Ёзувчиларда устоз- шогирдлик бошқалардан фарқ қилади. Масалан, шогирдига актёр қанақа рол ўйнаш кераклигини гапириб, ўша ҳаракатни ўзи бажариб ўргатиши мумкин. Рассом қўлига қалам олиб чизиб кўрсатади, тикувчи машинанинг қулоғини қанақа бурашни, тепкини қандай босишни ўргатиб қўйиши мумкин. Ёзувчиликда бунақа бўлмайди. Фалондақа ёзгин деб айтилмайди, фалондақа ёзмагин деб огоҳлантириш мумкин. Менга энг кўп таъсир қилган ёзувчи Абдулла Қодирий бўлган. Билвосита, бевосита эмас. Тил маҳоратини аввало Қодирийдан, қолаверса, Абдулла Қаҳҳор билан Саид Аҳмад акадан ўрганганман. Тасвирлашни, туйғуни ифодалашни, юморни Саид Аҳмаддан ўрганиш керак. Кўпчилик истеъдодли ёзувчиларда жиддийлик билан юмор мужассам бўлади. Бир китобини ўқисангиз йиғлайсиз, битта китобини ўқисангиз куласиз.

-Ўткир Ҳошимов бугун нималар билан банд?

-Ҳозир «Шарқ» НМАКда танланган асарларим нашрга тайёрланяпти. Сайланмаларда роман ҳам, ҳикоя ҳам, драматургия ҳам, юмористик асарлар ҳам бўлиши зарур. Чунки ўқувчи бир хилликдан зерикиб қолмаслиги даркор. Қайси асарларни киритиш, қайси асарларни киритмасликни жуда жиддий ўйлаш керак. Чунки танланган асарлар ўз номи билан танланган, сараланган бўлиши лозим. Бу эса анчайин осон юмуш эмас.

-Суҳбатингиз учун раҳмат.

“Овоза” газетасининг 2008 йил сонида чоп этилган.
Манба: Ориф Толиб веб-сайти

066

«ТАЛАБАЛИГИМ ОЛТИН ДАВР БЎЛМАГАН!»
Суҳбатдош — Наргиза Усанбоева

Аждодларим билан фахрланаман

Ҳар кимнинг аждодлари орасида улуғ инсонлар бўлиши мумкин. Мен ҳам тарихда эзгу ишлар билан ном қолдирган бобокалонларим билан фахрланаман ва бу ҳақида айтсам газетхонлар тўғри тушунади, деган умиддаман.
Тошкентда, Олий Мажлис биноси ёнида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғида қадимий мадраса бор — Абулқосимхон мадрасаси. Бу мадрасани 1850 йили бунёд этган зоти шариф — Абулқосимхон эшон менинг бабокалоним бўлган эканлар. Абулқосимхон эшон 1865 йилда Чор Россияси Тошкентни истило қилганида, шаҳар ҳимоячилари сафида бўлган.

Ўша пайтда чиқадиган «Туркистон вилояти газети»нинг муҳаррири, тарихчи олим Николай Остроумов ўзининг бир қанча китобларида Тошкентдаги ёрқин сиймолар, жумладан, Абулқосимхон эшон ҳақида ғалати ва қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. У 1885 йили Абулқосимхон эшон билан қилган суҳбати ҳақида бундай деб ёзади: «Мен у киши билан турли масалалар ҳиқида икки соат суҳбатлашдим. Ўзи олим киши бўлгани учун ўқувчиларга тарбия бериш ниятида ўз ёнидан ўттиз минг сўмга яқин пул сарфлаб, Бешёғоч даҳасидаги ҳовлиси ёнида пишиқ ғиштдан мадраса бино этган. Мадрасада баъзан юз, баъзан эллик талаба ўқиши учун йилига икки минг сўм сарфлайди. Мен Туркистон генерал-губернаторининг ижозат билан 1885 йил 22 июнда ўлкада дарахтлар ва гулларни яхши парвариш қилиш борасида кўргазма уюштираётганимизни айтганимда Абулқосимхон эшон «Дарвоқе, деҳқончиликка машғул бўлмоқ Худойи таолонинг кароматидур. Марҳум қиблагоҳимдан менга пул қолган эмас. Мазкур мадрасани ва анда бўладурғон тамомий харажатларни деҳқончиликдан ҳосил қилиб турибман», деб бизга жавоб қайтарди…»

Остроумов у зоти шарифнинг яна бир ибратли фикрини ёзиб қолдиради: «Одамзотнинг нафси таомсиз ўлганидек, илмсиз одамнинг дили ўликдир!»
1892 йили Тошкентда вабо касали тарқалади. Муттасил кўпайиб бораётган солиқлардан тинкаси қуриган, истилолар зўравонлигидан тоқати тоқ бўлган халққа вабо ортиқча эди. Шунданми, халқ оёққа туради. Шу тариқа «Вабо қўзғолони» номи билан тарихга кирган миллий озодлик ҳаракати бошланади. Чор лашкарлари Эски шаҳарга бостириб киради. Шунда Абулқосимхон эшон муқаррар ўлимни бўйнига олиб, генерал-губернатор Вревскийга жуда мантиқли ариза ёзиб, қабулига киради. Унга бу икки томон учун ҳам фожеага олиб келишини англатади. Шу тариқа чор аскарлари шаҳардан олиб чиқилади.

Яна бир ибратли воқеа. 1892 йил 30 июн куни Абулқосимхон эшон Хўжа Аҳрор Жоме масжидида минг-минглаб одамлар олдида «Тарихда Шоҳ Бобур ўғли Ҳумоюн ўлимини Аллоҳдан тилаб олади. Мен Аллоҳдан вабо балосини ўзимга тилаб олмоқчиман», дейди.
Бу ҳайратомуз ҳодиса Н.Остроумовнинг «Фон Кауфман — Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси» китобида шундай тасвирланади: «Мункиллаган ёшда сўнгги кунлардаги воқелардан («Вабо қўзғолони»дан, демоқчи) қаттиқ ларзага тушган муҳтарам Абулқосимхон шундан сўнг тезда — 4 июлда вабо касаллигидан вафот этди. Қизиқарлиси шундаки, шундан кейин вабо барҳам топганини тошкентлик сартлар унинг вафотига нисбат беришди…»
Худога шукр, Истиқлол шарофати билан мадраса атрофи чинакам сайлгоҳга айлантирилди. Бу ерда буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкали бунёд этилгани, Миллий боғ яратилгани қалбимизни қувончга тўлдиради.

Бир умрлик сабоқ

Урушдан кейинги авлоднинг болалиги қанақа ўтган бўлса меники ҳам шундай ўтган. Мен ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган оилада вояга етганман. Ота-онам ҳаромдан ва ёлғондан ҳазар қилишни ўргатишган. Ҳалиям шу шиор билан яшайман. Фарзандларимга ҳам шуни уқтираман.
Болалигимдаги бир воқеани айтиб берай. Уйимиз ёнида жийдазор бўларди. У ерда мен тенгдош ўртоқларим билан сигир боқардим. Ўша пайтда сигирни ёғоч қозиқ билан арқонлаб қўярдик. Ёғоч қозиқнинг ёмон томони шундаки, қоқаверсангиз, синиб кетади. Бир куни жийдазордан темир қозиқ топиб олдим, озгина арқони билан. Қозиқни сигиримизнинг арқонига боғлаб, уйга келдим. Ярим кечаси адам уйғотди. Қўлида темир қозиқ. «Қозиқни қаердан олдинг?» деди. «Топиб олдим», деб жавоб қайтардим. «Қаердан?» «Қийшиқ жийданинг тагидан!» «Жийданинг тўғриси бўлмайди. Ҳаммаси қийшиқ бўлади», деди адам жаҳл билан ва «Қаердан олган бўлсанг, худди ўша жойга олиб бориб ташла, ҳозироқ!» деди. Ёш боламан, ярим тун бўлса, чакалакзор. Яна Дарҳон анҳорининг лопиллаб турган кўпригидан ўтиш керак… Албатта қўрқдим! Энди чиқиб кетаётгандим, менга раҳми келиб, акам эргашмоқчи бўлди. «Ўзи ташлаб келади!» деди адам қатъият билан. Амаллаб кўприқдан ўтиб, чакалакзор томонга қозиқни улоқтириб, қайтиб келдим. Лабимга учуқ тошганини ҳисобга олмаганда ҳеч нарса бўлмади. Лекин уч-тўрт кундан кейин адам яна ёнига чақириб олди-да, бундай деди: «Сен топиб олган қозиққа биров молини бойлагани аниқ. Агар ўша молни кимдир ўғирлаган ёки мол адашиб кетиб қолган бўлса-ю, қозиқ бизнинг уйдан чиқиб, ўша одам сени ўғри гумон қилса нима бўлади? Биз нима деган одам бўламиз?» Мана шу воқеа менга бир умрлик сабоқ бўлди.

«Худо кўнглига солмагунча…»

Асар ёзиш фарзанд кўришга ўхшайди. Ҳақиқий асар ёзилмайди, туғилади. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Яна битта шиорим бор: «Худо кўнглига солмагунча, ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди».

«Диплом иши ёзмаганман!»

Талабалик — олтин даврим, дейишади. Менинг талабалигим олтин давр бўлган эмас! Трамвайнинг майдончасида ўтган. Сабаби, ишлайдиган газета таҳририяти Навоий театрининг, факультетим эса ўша пайтдаги Ҳамза театрининг ёнидаги бинода эди. Тушгача ишласам, пешиндан кейин трамвайга ўтириб, ўқишга югурардим. Ёки тушгача ўқишга борсам, тушдан сўнг ишга чопардим.
Талабалигим ҳам ўқиб, ҳам ишлаб ўтганидан афсусланмайман. Чунки, талабаликда ишлаганларнинг тажрибаси бошқалардан олдинроқ шаклланади. Шуям сабаб бўлса керак учинчи курсда ўқиётган пайтимдаёқ биринчи китобим чиққан. Яна бир фойдали томони — у пайтда университетни битираётган талаба ҳам диплом иши ёзиши, ҳам давлат имтиҳони топшириши керак эди. Мен диплом ишига мавзу сўраганимда Воҳид Абдуллаев деган домламиз «Сизнинг китобингиз чиққан-ку, шунинг ўзи диплом иши! Биз нима учун талабаларни ўқитамиз, китоб ёзишларингиз учун-да!» деган. Шу билан китобимнинг ўзи диплом иши бўлган.

Муҳаббат ҳақида

Мен муҳаббатнинг муқаддас ва буюк туйғу эканлигига қаттиқ ишонаман. Агар муҳаббат бўлмаса одамзот аллақачон ҳайвонга айланиб кетарди. Шу боисдан севги туйғусига, муҳаббатга эҳтиромим баланд. Ўзим ҳам севиб турмуш қурганман.

Ойнинг ўн беши…

Инсон ҳаёти шаҳмат тахтасидаги пиёданинг юришига ўхшайди. Оқ катакдан ҳам, қора катакдан ҳам ўтиши мумкин. Одам қийинчиликдан қочмаслиги лозим. Чунки ҳар бир одамнинг ҳаётида ёруғ дамлар ҳам, сояли паллалар ҳам бўлади.

Носвой ва атир ҳиди

Мен ҳамма устозларимни бирдай ҳурмат қиламан. Мактабда дарс берган ўқитувчимдан тортиб, университетда сабоқ берган домлаларимни, биринчи асаримни чоп этган устозларим-у, қўлимга биринчи маошимни тутқазган кишини… Лекин устозларим ичида уч кишини алоҳида эҳтиром билан тилга оламан. Булар — Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов. Улар ҳамиша менга тўғри йўл кўрсатишган, хатоларимни тузатишган, ютуғимдан қувонишган.
Бу устозларимнинг ҳаммаси билан қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Саид Аҳмад ака билан-ку, Ўзбекистоннинг ҳамма туманларида бўлганмиз. Ота-боладек қадрдон эдик. У киши юрган йўлда этагидан кулгу тўкиларди. Қайси даврага борса, хушчақчақ кайфият уйғонарди…
Бу ҳақда «Саид Аҳмад сафарда» номли асар ҳам ёзганман. Яқин кунларда балки «Даракчи»га берарман. Шундан биттасини айтиб берай. Қайси вилоятга бормайлик, албатта учрашувга чақиришарди. Фарғонага борганимизда тағин бир катта учрашув бўлди. Мухлислар Саид Аҳмад акага савол беришди: «Энг яхши кўрган шогирдингиз ким?» Устоз айтдики, «ҳамма шогирдларимни яхши кўраман. Аммо мана буниси (мени кўрсатди) билан юриш айниқса «удобний». «Нега?» деб сўрашган эди, устоз ғоят «жиддий» сабабини айтди: «Ўткир оналар, чол-кампирлар ҳақида кўп ёзади. Мен эса ёшлар, йигит-қизлар ҳақида ёзаман. Шунинг учун қаерга борсак, учрашув тугаши билан Ўткирни кампир ва чоллар, мени эса чиройли-чиройли қизлар ўраб олади. Бир соатдан кейин Ўткирдан носвой ҳиди келса, мендан атир ҳиди келиб туради. Ишонмасанглар, бир пасдан кейин ҳидлаб кўринглар».

«Фарзандларим — фахрим»

Бир шиорим бор: «Ота-онаси билан фахрланган фарзанд — бахтли фарзанд. Фарзандлари билан фахрланган ота-она — ўн ҳисса бахтли». Чунки ҳар бир ота-она фарзандлари ўзидан кўра комилроқ, яхшироқ бўлишини орзу қилади. Фарзандларимга доим бир гапни такрорлайман: «Иложи бўлса мен қилган савобли ишлардан битта кўпроқ эзгу иш қил, мен қилган хатолардан битта камроқ хато қил!»
Менимча, фарзандаларим шу ўгитга амал қилиб келяпти. Бир ўғил, бир қизим, бешта неварам бор. Ҳозирча улар ҳақида бирон ёмон гап эшитганим йўқ.

«Менинг бойлигим…»

Ёзувчи учун энг катта бойлик — китобхон меҳри. Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, пул бериб сотиб олиб ҳам бўлмайди. Худо шундан бегона қилмасин.

Бугун…

Инсон маълум ёшга боргандан кейин босиб ўтган йўли ҳақида ўйлашга мажбур бўлади. Бу табиий. Мен ҳам шу пайтгача ёзган асарларимни «Танланган асарлар»га (ёки «Сайланма» деймизми) тўплаш билан бандман. Улар орасида қирқ йил олдин ёзилган бўлса ҳам ҳалигача китобхонни ўйлашга, ҳаяжонланишга ундайдиган асарларим бор деб умид қиламан. «Дунёнинг ишлари», «Баҳор қайтмайди», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар», «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» шундай китоблар бўлса ажаб эмас.

Касал қилар асарлар…

Ижодкор учун аввало, Худо берган истеъдод керак.
Ҳозир адабиётга кўплаб ёш қаламкашлар кириб келяпти. Шеъриятда ҳам, насрда ҳам яхши асарлар яратиляпти. Бундан қувонмоқ керак.
Лекин мени жиндай иштибоҳга соладиган ҳолат ҳам бор. Афсуски, бугунги кунда бир марта ўқишга арзийдиган китоблар, бир марта кўришга арзийдиган спектакллар, фильмлар кўпайиб кетяпти. Бунақа асарлар бир марта ишлатиладиган шприцга ўхшайди. Бир марталик шприцнинг фойдаси бор — касални даволайди. Бунақа асарлар эса одамни касал қилади, ўзини эмас-ку, дидини.
Янги замон тафаккури билан қалам тебратаётган укаларим ва сингилларимга ижодкорлик инсон қисмати эканини, зиммага жуда катта масъулият юклашини айтгим ва уларга омад тилагим келади.

(Tashriflar: umumiy 260, bugungi 1)

Izoh qoldiring