…Юлдузлар, юлдузлар. Кўриб турганим, бу чексиз фалак қандай пайдо бўлган? Ким яратган уни? Мени-чи? Нега мен бу оламда мавжудман? Ахир, мавжуд бўлмаслигим ҳам мумкин эди-ку! Мавжудлигимдан маъно ва мақсад нима?.. Савол устига савол туғилавердими, бас, энди унинг ниҳояси бўлмайди. Чунки, савол ҳайратдан, ҳайрат тафаккурдан, тафаккур онгдан, онг эса коинотдан қувват олади…
Нажмиддин Комилов
ЮРАГИДА ИШТИЁҚ,ҲАВАС ВА ДАРДИ БОР
Дард инсонга йўл очади. Дунёдаги ҳар бир иш учун инсон юрагида иштиёқ, ҳавас ва дард бўлиши лозим, дейдилар Жалолиддин Румий ҳазратлари… Дарҳақиқат, шундай эмасми!.. Масалан, буғдой донаси токи ерга тушиб, лойга қоришмас, бағрини чок-чок қилмас экан, у ниш чиқара олмайди, демакки кўкармайди. Худди шу каби дунёда неки катта-кичик яратиқлар, кашфиётлар бор, барчаси дард маҳсулидир. Ҳатто инсоннинг ўзи ҳам…
Абдусалом Иброҳимов ғазаллари билан танишар эканман, кўнглимдан беихтиёр ана шундай ўйлар кечди. Абдусалом иккинчи гуруҳ ногирони, умуртқа поғонаси хасталиги билан оғриган. Ўн беш йилдан бери деярли тўшакда ётиб ижод қилади: куй басталайди, шеър ёзади, сурат чизади. У яратган ўнлаб қўшиқлар республика радиоси олтин фондидан ўрин олган. “Тушда кўринган лола” номли ҳикоялар ва шеърлар тўплами нашр этилган. Портрет, манзара, натюрморт ва графика жанридаги суратлари рассомлар томонидан юқори баҳоланган. Мақом ва халқ оғзаки ижодидан яхши хабардор. Унинг ғазалларига келсам… Яхшиси, уларни мутолаа қилинг ва ўзингиз баҳо беринг.
Абдусалом Иброҳимов
ҒАЗАЛЛАР
ИФОРИНГ ИСТАДИМ
Ифоринг истадим, эй гул, тикан заҳрига тоқат йўқ,
Қўниб шохингга бир булбул каби ёндим, ҳаловат йўқ.
Манам бедард эдим, ё Раб, кеза аҳли жаҳон ичра,
Бу кун изҳори ҳолимга қаламдин ҳам кафолат йўқ.
Тириклар ичра бежонман, хазон япроғи янглиғман,
Тириклик санъатин қўллаб яшарға ҳеч маҳорат йўқ.
Кима кун ичра юз неъмат, кима тун уйқуси роҳат,
Менга кундуз фароғат йўқ ва ё на тунда роҳат йўқ.
Сени бир кўргали ошиқ кечар ўз жонидан бешак,
Ки, ўлмай ўлса ҳар одам, анга ваҳми қиёмат йўқ.
Жамолинг кўргуз, эй Моҳим, куйиб афтодаҳол ўлдим,
Юрак ишқ сурасин куйлар, овоз айларга ҳожат йўқ.
Муножот айлабон ёздим ғазал Абдусалом, зеро,
Жаҳонда бунданам ортиқ менга бахт йўқ, саодат йўқ.
ИШҚУ ИЙМОНДАН ГАПИР
Ошу нонни қўй, биродар, менга инсондан гапир,
Нафс ишин бир лаҳза четлаб, ишқу иймондан гапир.
Рўзиғор ҳеч тўлмағай, ғор деб атарлар, бил они,
Ғорни қандоқ тўлғазурсан, илму урфондан гапир.
Бул вужуд туфроқ эрурким, жон қуши анга қўноқ,
Руҳга бу туфроқ керакмас, руҳга осмондан гапир.
Икки куч икки томон тортар эмиш ҳар кимсани,
Сўзи шайтондан ҳазарким, сўзи Раҳмондан гапир.
Ўтдилар шоҳу гадолар бирма бир бу саҳнадан,
Саҳнанинг ортида не гап – менга ул ёндан гапир.
Майли, эй Абдусалом, дунё ишин ҳам қўймағил,
Ишга қўл банд бўлса бўлсин, дилга жонондан гапир.
ИЙМОН АЗИЗ
Умримиз мангу эмаским, ҳар нафас, ҳар он азиз,
Яхшилик қилмоққа дўстлар ҳар на бор имкон азиз.
Бу саховат рамзидурким – тенг сочар нурин қуёш,
Ким қуёшдек меҳрибон, ул зотга ҳар инсон азиз.
Аҳли жоҳил ҳеч қачон оқилга улфат бўлмагай,
Чунки жоҳил кимсага ўзи каби нодон азиз.
Ҳамма ҳам қўймайди борин уйда меҳмон олдига,
Кимгадир меҳмон азизу ким учун ош-нон азиз.
Ким ибодат қилса доим, ким фақат еб, ухлагай,
Ер кифоят қилса кимга, ким дегай осмон азиз.
Ким агар йўлбошчи бўлса, ким анга йўлдош эрур,
Ҳеч йўловчи ортга қайтмас, бўлса гар сарбон азиз.
Муддаолар бир эмас, лек не ажаб, Абдусалом,
Жон азиз бўлса бировга, кимгадир иймон азиз.
СУКУТ
Аҳли жоҳил орасинда жонга қалқондир сукут,
Сўзни исроф этмаюрға яхши имкондир сукут.
Сўйламоқ даркор ҳамиша сўзни иймон аҳлига,
Беиймонлар теграсида илму иймондир сукут.
Бетамизлар етмағай сўз мағзиға ҳеч бир замон,
Бетамиз қилса ҳақорат, тарки шайтондир сукут.
Ким Худонинг марди эрса, бесабаб урмас калом,
Оғзини очганда номард, мардга меҳмондир сукут.
Авлиё сўз сўзламас то унга ҳожат бўлмагай,
Сўз керак бўлмас кишиға хайру эҳсондир сукут.
Сўз демай бўлмас қачонким, сўйламоқлик вақтидур,
Бир замон бўлғайки, ул он қадри арзондир сукут.
Сўз талош вақтида хотун ўйламай дам урса ҳам,
Эр агар оқил эса, бас, сенга осондир сукут.
Ғайри ҳолат келса, бир сўз айтма, эй Абдусалом,
Ҳақ учун хилватга кирсанг, роҳати жондир сукут..
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2008 йил 29 феврал сонидан олинди.