Mirkarim Osim. To’maris. Tarixiy qissa

007 Ёзувчи ва таржимон Миркарим Осим таваллудининг 100 йиллиги олдидан

   Ўғли билан келинига қараб Тўмариснииг севинчи ичига сиғмас эди. Бироқ ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғи, деб бекорга айтмаганлар. Бахт осмонида бир парча булут пайдо бўлиб, чўл маликасининг юрагини ғаш қила бошлади. Мамлакат чегарасидан келган чопарлар унинг ҳузурига Эрон шоҳининг элчиси келаётганидан дарак берган эдилар…

Миркарим ОСИМ
ТЎМАРИС
Тарихий қисса
034

09Миркарим Осим 1907 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1944), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Москвадаги Бубнов номидаги педагогика институтини тутатган (1926—30).
«Янги ариқ» илк қиссаси (1925) Қўқон хонлигини идеаллаштирган асар сифатида босилмай қолган. Дастлабки йирик асари — «Астробод» тарихий қиссаси Алишер Навоий ҳаётига бағишланган. Шундан кейин у Навоий ҳақида туркум қисса ва ҳикоялар ёзган (1937—40). «Тўмарис», «Широқ», «Искандар ва Спитамен», «Темур Малик», «Маҳмуд Торобий», «Ўтрор» каби қиссалар муаллифи. Унинг «Зулмат ичра нур», «Аждодлар қиссаси», «Жайҳун устида булутлар», «Алжабрнинг туғилиши», «Ибн Сино қиссаси», «Синган сетор» сингари асарлари ўзбек тарихий қиссачилигининг юксак намуналаридандир.
М. Шолоховнинг «Тинч оқар Дон» (2-китоб), С. Бородиннинг «Елдирим Боязид» романлари ва Л. Г. Батнинг «Ҳаёт бўстони» қиссаси на бошқа асарларни ўзбек тилига таржима қилган.
Миркарим Осим 1984 йил Тошкент шаҳрида вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).

034

I

001Чўл баҳор келинчаги оёғи остига чечаклар билан безалган яшил пояндозини ёйиб ташлаган. Тўрғайлар ҳавода пириллаб кўкламга мадҳия ўқимоқда. Ранго-ранг капалаклар чечакларнинг хушбўй ҳидидан маст. Аллақандай узун оёқли қушлар ўтлар орасида думларини ликиллатиб, катта-катта босиб юради, тошбақалар буришиб кетган хунук бўйинларини ўтларга чўзади, қўнғизлар эса орқаларига қараб юриб, тезакдан ясаган қумалоқларини аллақаёққа юмалатади. Қизғиш-қўнғир бир илон ўт орасидан ўрмалаб келиб, атрофни томоша қилаётгандек қаққайиб қолган юмронқозиққа ташланади, қушларга ўхшаб чирқиллаб турган калтакесаклар қўрқиб кетиб оёқлари билан қумлоқ ерни икки ёнларига чиқариб, тупроқ остига яширинади. Баъзан овуллар яқинидан кўкраклари оппоқ сайғоқлар гала-гала бўлиб чопиб ўтади, ер гумбурлаб кетади.

Орол денгизининг жанубидаги шу бепоён чўлларнинг соҳиби бўлган кўчманчи массагетлар (1) келин кутмоқда. Уларнинг қароргоҳи байрам тусини олган. Ҳар ер-ҳар ерга гулхан қаланган, кийик ва қўй гўшти пишаётган мис қозонлар гўё меҳмонларни сабрсизлик билан кутаётгандек шақир-шақир қайнамоқда.

Қабила бошлиғи Тўмарис ўғли Сипарангизни шак (2) уруғидан Зарина деган бир қизга уйлантирмоқда. Массагетлар келинни олиб келадиган меҳмонларни кутиб олиш тараддудида.

Ёшлар меҳмонларга жой ҳозирламоқда, аёллар овқат пиширмоқда, янгалар ўтов хизматини ўтайдиган узун соябон араваларни безатмоқда…

Чарчаб гулхан ёнида ўтирган ёшлар узоқдан от чоптириб келаётган чопарни кўриб, ўринларидан сакраб туриб кетдилар.
— Келин… келин келаётир,— деб бақирди у ҳарсиллаб.— Қариялар олдинда… дарҳол кутиб олинглар.

Чопар сакраб эгардан тушди-ю, отини қозиққа боғлаб, бир чеккадаги катта гулхан яқинидаги чоллар олдига бориб ўтирди.

Бутун қароргоҳ оёққа қалқиб, азиз меҳмонларни кутишга ҳозирланди. Орадан кўп ўтмай узоқда учи ингичка намат қалпоқ кийган отлиқлар кўринди. Массагет ёшлари шакларга пешвоз чиқиб:
— Хуш келибсизлар, қўноқлар, пойқадамларингизга ҳасанот,— дедилар ва отларини жиловидан ушлаб, эгардан тушишларига ёрдам бердилар.

Шаклар отдан тушиб, массагет қариялари билан кўришганларидан кейин атрофи соябон аравалар билан қуршалган сайҳон жойга, гулдор наматлар устига чордана қуриб ўтирдилар. Мезбонлар қўй терисидан қилинган супраларда пиширилган гўшт, мешларда қимиз келтира бошладилар.

Кун ботгандан кейин келин ва унинг дугоналари тушган узун соябон аравалар етиб келди. Ҳар ер-ҳар ерга қаланган гулханларнинг олови гуриллаб, осмонни ёритиб юборди, ашулаларнинг авжи фалакка кўтарилди. Келин билан келган қизлар ва йигитларнинг ялласи, болаларнинг қий-чуви, хурсандликдан терисига сиғмай қолган кишиларнинг шовқинига қўшилиб кетди. Осмон баравар кўтарилган гулханларнинг ёруғида ўйин-кулги, зиёфат бошланди.

Вақт алла-палла бўлганда куёв билан келинни улар учун белгиланган соябон аравага чиқариш олдидан кураштириб кўришди (3).

Бўйчан, буғдойранг, сочлари тимқора, кўзлари чақнаб турган Зарина ўзининг саҳройи гўзаллиги билан бошқа аёллардан ажралиб турарди. У гулханлар ёруғида давра қуриб ўтирган йигит-қизларга бир қараб олди-да, тўрда, обрўли кампирлар ва чоллар қуршовида савлат тўкиб ўтирган Тўмарисга таъзим қилди, сўнгра қаршисида курашга шайланиб турган чўзинчоқ юзли, кўзлари катта-катта Сипарангизга тикилди. Қиз сочларини рўмолча билан маҳкам танғиб, белини камар билан боғлаб олган эди. У бехосдан келиб, йигитни белидан олди-да, чирпирак қилиб улоқтириб юборди, йигит анча ергача гандираклаб бориб тиззалаб қолди. Келин томондан келган йигит-қизлар хурсанд бўлиб қийқириб юбордилар.

Куёв билан келин пайт пойлаб, бир-бирларининг атрофида анчагача айланиб юришди. Зарина эпчиллик билан Сипарангизга чанг солиб уни чалиб юборди, йигит ёнбоши билан қаттиқ йиқилди-ю, лекин орқаси ерга тегмади, дарҳол сакраб туриб яна олиша кетди.

Бир-бирларини йиқита олмагандан кейин улар ўзларини совутиш учун айланиб юришди. Сипарангиз тетиклангандан кейин тўсатдан қизнинг ўнг қўлига ёпишди-ю, бир силтаб тортиб, хипча белидан маҳкам қисганича кўкрагига кўтариб олди. Қиз чап томонга ташлайди, деб мўлжаллаб турган эди, йигит унинг кўнглидаги гапни англагандай, тиззаси билан қайириб, ўнг томонга ташлади. Шу маҳалгача нафаслари ичларига тушиб кетган куёв томон йигитлари қийқириб юбордилар. Қизнинг яғрини ерга теккан эди, у қизариб-бўзариб ўрнидан тургач, янгалар «Яраш-яраш»,— деб бақириб, келин билан куёвни аравага чиқариб қўйдилар.

Эртаси куни тонготар пайтида ҳаво айниб, қум бўрони бошланди. Ҳамма жониворлар саҳродан келган қум уюрмаларидан ўзларини сақлаш учун ин-инларига беркинди, чўл ҳувиллаб қолди. Қум тўзонидан осмон қоронғилашди, кўчманчилар араваларининг ҳаммаёғини беркитиб олдилар. Бўрон бир соат давом этди, сўнгра қандай бехосдан бошланган бўлса, шундай тез тинди. Соябон араваларнинг олди очилди, одамлар намат устига ёйилган қумларни қоқиб тушира бошладилар. Тўрғайлар ҳеч нарса бўлмагандек, яна чулдираб қўшиқларини айтишга киришди. Офтоб яна жилмайиб, чўл келинчаги устидан яна олтин тангалар соча бошлади. Баҳор наққоши яна қўлига мўйқаламини олиб, табиат қўйнига зебо нақшлар сола бошлади.

Ўғли билан келинига қараб Тўмариснииг севинчи ичига сиғмас эди. Бироқ ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғи, деб бекорга айтмаганлар. Бахт осмонида бир парча булут пайдо бўлиб, чўл маликасининг юрагини ғаш қила бошлади. Мамлакат чегарасидан келган чопарлар унинг ҳузурига Эрон шоҳининг элчиси келаётганидан дарак берган эдилар. Кайхисравнинг (4) элчиси ўз мулозимлари билан Ўкузнинг (5) ўнг қирғоғига ўтиб, икки кун йўл юргандан кейин Тўмарис ҳузурига етиб келди. У отини секин юргизиб, устига оқ намат қоплапган катта соябон арава олдида тўхтатди. Шу пайт эгнига ярғоқ теридан камзул кийган, қамарига қилич ва  ўқ-ёй осган намат қалпоқли бир паҳлавон йигит келиб, отнинг жиловидан ушлади ва элчи эгардан тушгунча бир қўли билан олтин узангини ушлаб турди. Худди ўша йигитга ўхшаб қуролланган икки аёл арава ёнига шолча солиб, таъзим қилганларича қотиб қолдилар. Ёши қирқларга бориб қолган, чиройликкина бир аёл араванинг орқасидаги пардани кўтарди-да, белидаги олтин камарга тақилган қиличини авайлаб ушлаган ҳолда палос устига сакраб тушди. Бу аёл массагетлар маликаси Тўмарис эди. Ярқироқ мис болта ушлагаи икки қиз унинг икки ёнига келиб  турди. Элчи Тўмарисни кўргач, икки қўлини ерга қўйиб, ер ўпди-ю, ўрнидан туриб таъзим қилди:

— Шаҳаншоҳи Эрон аълоҳазратлари сен улуғ маликага беҳад салом ва совғалар юбордилар,— деди у баланд овоз билан.— Сенга соғлиқ, туман бойлик ва узоқ умр тилаб қолдилар.

У тумтароқли сўзлар билан Тўмарисни қутлуғлар экан, мулозимлари тилладўз чопон ва ҳарир кўйлаклар тугилган зарбоф бўғчани малика оёғи остига қўйдилар.

Тўмарис совғалар учун миннатдорчилик билдириб, Эрон шоҳининг соғлигини сўради ва элчининг йўлда қандай келганинн суриштирди, сўнгра шолча устига ташланган йўлбарс терисига ўтиришни таклиф қилди. Элчи ва унинг мулозимлари ҳам қатор қилиб солинган пўстаклар устига ўтирдилар. Орадан кўп ўтмай, мезбонлар улар олдига чарм супра ёзиб, пиширилган қўй гўшти, балиқ, ғоз, ўрдак кабоб келтириб қўйдилар. Элчи билан ёнма-ён ўтириб, уни гапга солаётган Тўмарис овқатга манзират қилди.

Элчи овқат еб ўтирар экан, доимий овул ва шаҳарлари бўлмаган массагетларнинг қўй ва йилқилар орасида жуда ибтидоий ҳаёт кечиришига, аёлларнинг эркаклардек қуролланганига, маликанинг оддий одамлар қаторида ўтиришига ҳайрон қолар ва унинг турмушини сернақш кошоналарда, зеб-зийнат ичида яшовчи Эрон шоҳининг ҳаёти билан солиштирарди: «Шуям малика бўлди-ю, — деб  ўйларди у:— ўз фуқаролари билан ёнма-ён ўтириб овқат ейди, сочлари ўсиб елкасига тушган йилқичилар қўл чўзиб, унинг олдидан ёғлиқ гўштни олиб ейдилар, на остида олтин тахти бор ва на бошида тожи. Аёлларнинг эркаклар билан ёнма-ён ўтириб, бир-бирларига гап отиб, гўшт чайнашларини қаранг. Бу хотинларнинг эрлари рашк нима эканинп билмасалар керак. Тавба, аёл киши ҳам қурол тақадими? Буларда на қул бор ва на хизматкор, ҳаммалари топганларини ўртада баҳам кўрадилар. Ёввойи халқ-да! Қул бўлишдан бошқа нарсага ярамайди булар!»

Кайхисрав элчисини юбораётганда унга: «Агар Тўмарисни хотин қилиб олсам, унинг фуқароси ўз-ўзидан мснга қарам бўлиб қолади, урушиб ўтиришга ҳожат қолмайди. Сенинг вазифанг  менинг шу режамни рўёбга чиқаришга ёрдам беришдан иборатдир, тушундингми?» — деган эди.

Элчи ҳозир ўз подшоҳининг топшириғини бажариш учун бутун айёрлигини ишга солар, тилёғламалик қилиб, Тўмарисни мақтаб кўкларга кўтарар эди:
— Оламда шу маҳалгача ҳеч бир заифа шундог улуғ мамлакатга ҳукмдор бўлмаган, ер юзи сендек адолатли маликани кўрмаган,— дерди у кекирдагини чўзпб.— Офтоб тангриси сенга ҳам ҳусн берибдур, ҳам шон-шавкат. Агар сен ўз тақдирингни бизнинг шаҳаншоҳ тақдири билан боғласанг, дунёда ҳеч бир подшоҳ бизга бас келолмайдур. — Шу зайлдаги тумтароқли гаплардаи кейнн ўз мақсадинн очиқ баён этди: — Мен ёлғиз элчи эмас, совчи ҳам бўлиб келдим. Шаҳапшоҳи олам сенга ғойибона ошиқ бўлганлар.

Тўмарис овқат сйишдан тўхтаб қолди.
— Не дединг? Совчи бўлиб?

У Эрон шоҳининг қандай ниятда зканини энди тушуниб олган эди.
— Ҳа, совчи бўлиб,— такрорлади элчи бош эгиб. — Эринг ўлганига бир йилдан ошди, ҳали ёшсан, гўзалсан. Фақат шаҳаншоҳи олам Кайхисрав каби улуғ ҳукмдорга муносиб қаллиқдурсан.

— Нима, унинг хотинлари ўлиб, ўзи сўққабош бўлиб қолдими?
— Йўқ, хотинларинииг ҳаммаси соғ-саломат. Ул кишига куёвга чиқсанг, сен бош  хотин, барча хотинлари сенинг чўринг бўладилар.

Тўмарис қошларини чимириб, ўйга толди. Агар у шоҳнинг совғаларини ва таклифини қабул қилса, халқининг бошига қандай кунлар келишини кўз олдига ке.ттириб, даҳшатга тушди.

— Шаҳаншоҳ менга эмас, менинг юртимга, бойлигимга ошиқ бўлгандир,— деди Тўмарис заҳарханда қилиб. Мен эмас, шу сербарака юртим унга керак бўлиб қолган. Сиз, элчи жаноблари, ўз тождорингизга бориб айтинг: мен унинг таклифини қатъий рад этаман. Мен унга қаллиқ бўлишни, ўз элимни унга қул қилиб топширишни истамайман.

— Шаҳаншоҳнинг таклифларига рад жавоб боришдан аввал саркардалар ва улуғ оқсоқолларингнинг маслаҳатини олишинг, ўйлашиб кўришинг керак эди,— деди элчи Тўмариснинг  ўнг қўлида ўтирган намат қалпоқли, яргоқ теридан камзул кийган кишиларга истеҳзо аралаш назар ташлаб.

— Бу тўғрида ўйлаб бош қотиришнинг ҳожати йўқ,— деди уруғ оқсоқолларидан бири. — Юртимизнинг улуғи рост гапни айтди. Ҳукмдорингга бориб: «Тўмарис сенга хотин, улуси қул бўлишни истамас эмиш», деб айт. Агар шаҳашноҳ бизга мсҳмон бўлиб келса, яхшилаб зиёфат қиламиз, оёғига қирқ қўчқор сўямиз. Аммо қилич билан келса, бари аскарларини қириб ташлаб, уларнинг қонини ўзига ичирамиз.
 

— Улуғ шаҳаншоҳи Эроннинг шаъниларига ярашмайдиган гап бўлди,— деди элчи бўғриқиб кетиб. У қаттиқроқ бир гап айтмоқчи эди-ю, аммо ғазаб билан тикилиб тургаи чеҳраларни кўриб, тилини тишлаб қолди.— Улуғ тождор мени яхши ният билан юборган эдилар. Сизлар улуғ шаҳаншоҳнинг эзгу ниятларини пайқамадингиз. Бунинг оқибати сиз учун хайрли бўлмас.

— Агар элчи бўлмаганингизда, шул гапни айтган оғзингизни қум билан тўлдирар эдим. Қаерда эканлигингизни унутманг, жаноб! Орқа-ўнгингизга қараб гапиринг. Шаҳаншоҳи Эроннинг нияти бизга маълум бўлди,— деди ҳамон жаҳлдан тушмаган Тўмарис.— Бошимиздае зар сочганларингда ҳам биз эрқинликни қулликка алиштирмаймиз.

  Дастурхон атрофида ўтирганлар:
— Рост гап!
— Ватандош аёлларимизнинг гапи бундай бўлади.— деб Тўмариснинг сўзини маъқулладилар.

Шу пайт узокдан от дупури ва йигит-қизларнинг қийқириғи эшитилиб қолди. Элчи хавотирланиб, чанг-тўзон кўтарилган томонга қаради.
— Қўрқманг, ўғлим Сипарангиз ўз қайлиғи ва дўстлари билан шикордан қайтиб келаётир,— деб элчини тинчитди Тўмарис.— Яхшики бояги гапларингизни ўғлим эшитмади, йўқса, терингизга сомон тиққан бўлур эди! Қизиққон, ғайратли йигит у.

Бир лаҳзадан сўнг чўл шамолидан юзлари бир оз қорайгап, кўзлари чақнаган, қора сочли уч чиройли қиз  билан уч барваста йигит отларидан сакраб тушдилар ва Тўмариснинг олдига икки 0қ қуйруқ кийикни келтириб қўйдилар. Қизларнинг ҳам, йигитларнинг ҳам белларида ўқ-ёй ва садоқларида ўқлари бор эди.

Элчи ўрнидан туриб, юзлари чўзинчоқ, кўзлари катта, новчадан келган Сипарангизга таъзим қилди ва тумтароқли сўзлар билан  ўзининг кимлигини эълон қилиб, унинг соғлигини сўради. Сипарангиз у билап сўрашиб бўлгандан кейин, қайлиғи билан элчининг сўл томонига, йўлбарс териси устига ўтирди.

Тўй куни Сипарангиздан йиқилгани учун унга итоатгўй бўлиб қолган Зарина эрининг ёнида одоб сақлаб, унинг сўзларига қулоқ солиб ўтирар, ундан олдин гап бошлашни ўзига эп кўрмас эди.

Сипарангиз элчининг йўлда қандай келганлигини сўради, элчининг батафсил ҳикоясини тинглагандан кейин такаллуфсизлик билаи Эрон шаҳаншоҳининг бойлиги, унинг қанча мулозим ҳам қуллари, неча хотини борлиги на ҳоказоларни суриштира бошлади. Элчи хинага бўялган соқолини сийпаб кулимсираркан, саволларга батафсил жавоб бериб, шоҳнинг саройидаги урф-одатлар билан уни таништирди. Ёшлар Эрон шоҳининг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган зеб-зийнат ичида яшаши, ичкилик базмлари тўғрисидаги ҳикоясини завқ билан тинглаб ўтирдилар.

— Шаҳаншоҳ зиёфатига таклиф этилган зардўз чопонли аъён-амалдорлар, ҳарир кийим кийган меҳмонлар, бегона юрт элчилари аввал олтин тахт устида ўтирган шоҳи оламга таъзим қилиб, ўзларига кўрсатилган ерга ўтирадурлар. Этакларини бар урган эпчил баковуллар ош тортар экан, белларига қирқтадан қўнғироқ таққан ёш соқийлар уларга олтин пиёлаларда шароб тутадилар, Бир тарафда созандалар…

Элчининг гапига диққат билан қулоқ солиб ўтирган бир йигит унинг сўзини охиригача тинглаб:
— Сиз шароб деган сўзни ишлатдингиз, бу нима, бизга тушунтириб беринг,— деди.

— Шароб узум сувидаи тайёрланадиган ажойиб ичимлик, ўзи хуштаъм, бир коса уриб олсангиз, вақтингиз чоғ бўлиб, кулаверасиз.
— Ажойиб нарса экан,— деди бояги йигит сўлакайини оқизиб.

Тўмарис қовоғини солиб ўтирар, ёшлар элчининг ҳикоясини завқ билан тинглаётганига ғаши келарди. Сипарангиз Тўмариснинг авзойига қараб, ўзи йўқлигида онасининг кайфини бузган бир гап ўтганини пайқади.

Эртасига у нима бўлганини сўраб-суриштириб билиб олди. У шоҳнинг таклифинп онаси қатъиян рад этганини эшитиб, хурсаид бўлган эса-да, бироқ элчига нисбатан қаттиқ чора кўрилмаганига ҳайрон қолди.

— Элчининг қулоқ-бурнини кесиб жўнатиш керак, — деди у қатъий қилиб.
— Бундай қилиш ярамайди. Элчида айб йўқ. У ўз қулоғига қуйиб қўйилган гапларни гапирди, холос. Яхшиси, келтирган совға-саломини қўлига бериб жўнатамиз, шунинг ўзи шоҳга тарсаки бўлиб тушади,— деди Тўмарис.

II

055Марғиёнани, Сўғдияни  (6) ишғол қилган Кайхисрав ўз қўшини билан Ўкузнинг чап қирғоғига келиб чодир қурган эди. У Тўмарис ҳузуридан қайтиб келган элчисининг маърузасини тинглаб, макр-ҳийла билан массагетларни асорат занжирига тушириш мумкин эмаслигини пайқади ва қурол кучи билан уларни итоатга келтиришга аҳд қилди.

Орадан кўп ўтмай, Тўмариснинг айғоқчилари, Кайхисравнинг катта қўшини Ўкуздан ўтиш тараддудида, эронийлар ёғоч ва қамишлардан соллар ясамоқдалар, деб дарак топиб келдилар. Тўмарис жанг кўрган доно чоллар, аёлларни чақириб кенгаш ўтказди. Чоллардан бири дарҳол ўқ-ёй билан қуролланган мерганларни дарё бўйига юбориб, кўприк қураётган эронийларни ўққа тутишни, ўнг қирғоққа ўтишларига имкон бермасликни маслаҳат берди. Сипарангиз бу таклифга қарши чиқди:

— Бундай қилсак, хоразмийлар, Яксартнинг (8) нарёғидагн шаклар нима дейдилар, биласизми? Массагетлар эронийлар билан тўқнашишдан қўрқиб, уларни дарёдан ўтказмадилар, узоқдан уларни ўққа тутиб, кўприкларни, солларни бузиб ташладилар, деб айюоҳанонс урадилар. Бундан сўнг биз нима деган одам бўламиз, қандай қилиб бош кўтариб юргаймиз. Яхшиси, эронийларга элчи юбориб, биз кўприк қуриб, дарёнинг бу бетига ўтишингизга тўсқинлик қилмаймиз, ўтиб олганингпздан кейин сиз билан жанг қилишга тайёрмиз, дейишимиз керак.

— Гапнинг ўғил боласи мана бундоқ бўлади,— деб унинг сўзини қувватлади ёшроқ бир йигит.

Тўмарис ҳам жанговар массагет элининг обрўсини сақлаб қолиш мақсадида ўғлининг гапини маъқуллаб, чолнинг таклифини рад этди.

Шундан сўнг Амунинг ўнг қирғоғидаги бепоён чўлистонда биридан бири даҳшатли воқеалар юз бера бошлади. Жанговар йигитларнинг тантилиги уларга жуда қимматга тушиб кетди.

Кайхисрав ўзининг отлиқлари ва оғир қуролли пиёдаларини  дарёдан монесиз олиб ўтгач, дарҳол массагетлар устига юриш бошлади, лекин бир ҳафта юрса ҳам уларни учратолмади. Кўчманчиларнинг эронийларни бепоёп чўллар ичига олиб кириб, уларни сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдириб, тор-мор қилиш ниятида эканликлари маълум бўлиб қолди. Ёз бошланиб, кунлар исиб кетган, майсалар қовжираб, сарғайиб қолган эди.

Кайхисрав кенгаш чақириб, тажрибали чолларнинг маслаҳатини эшитмоқчи бўлди.

—  Балиқ дарёда ўзини қандай сезса, бу лаънати кўчманчилар ҳам шу сувсиз чўлларда ўзларини шундай сезадилар, — деди кекса жангчилардан бири.— Чўл-биёбои уларнинг ўз бағрида ўстирган меҳрибон онаси, биз учун эса ўгай онадан баттар. Массагетлар қаерда булоқ, қаерда қудуқ бор, яхши биладилар…

— Хўш, уларни тор-мор қилмоқ учун қандай чоралар кўришни тавсия этасиз?— деди ипак чодирнинг тўрида ўтирган Кайхисрав нохушланиб. Унинг эгнида подшолик аломати бўлган тўқ қизил кимхоб чопон, қўлида жавоҳирлар билан безалган асо, бир мулозим узун елпиғич билан тинмай елпиб турарди.

— Уларни тор-мор қилмоқ учун шундай бир найранг ишлатмоқ керак. Қўшинимизни учга бўлиб, бир қисмини орқада қолдирсак ва уларни озиқ-овқат, шароб-ноб билан мўл кўл таъмин этсак… Қолган икки қисм билан юришни давом эттирсак.

Эрон шоҳи кўпни кўрган кекса жангчининг макр-ҳийладан иборат бўлган режасини завқ билан тинглаб ўтирди. Соддадил массагетлар дарёдан ўтишимизга монелик қилмай, мардлик кўрсатди-ю, бизлар ҳийла ишлатиб, номардлик қиламизми?»— деган фикр кўнглининг кўчасига ҳам келмасди. Ироқ ва Мисрни, Ўрта Осиёнинг жанубий қисмини қурол ва олтин, макр-ҳийла билан босиб олиб, буюк Эрон (Аҳмонийлар. ХДК изоҳи) давлатини барпо этган бу шуҳратпараст шоҳ мақсадига эришиш йўлида ҳар қанақа номардликлардан тап тортмасди.

У аскариннг учдан икки қисмини бошлаб илгарилаб кетди, орқароқда қолган жангчилари худди зиёфатга тайёрланаётгандай ипак чодирлар қуриб, ер ўчоқлар қазий бошладилар. Ўз айғоқчилари орқали бундан хабар топган Тўмарис асосий қўшиндан ажралиб орқада қолган душман қисмини тор-мор этиш пайига тушди. У аскарларининг учдан бир қисмини ўғли Сипарангизга топшириб, буюрди:

— Сен уларни тўзғитиб юборгандан кейин ҳаялламай, дарҳол Кайхисравга орқа томондан от сол, биз манглайидан урамиз. Қуёш тангриси бизни ёрлақаса, шаҳаншоҳи Эрон аскарлари қуршовда қолган жайронлардай, қочгани жой тополмай қолгайлар. Уқдингми?

— Уқдим,— деди ўғли ва уққанини кўрсатиш учун онасининг айтган гапларини такрорлади.

— Бор, ўғлим, Қуёш тангриси мададкоринг бўлсин.

Массагет отлиқ аскарлари орқада қолдирилган эронийлар қароргоҳига бостириб кирганларида улар энди овқатларини сузиб, шароб тўла мешларни дастурхон ёнига келтириб қўйган эдилар. Қисқа жангдан сўнг эронийлар орқаларига қарамай қочдилар. Уларнинг бир қисми қиличдан ўтқазилди, бир қисми қўлга туширилди.

Асир тушган бир эроний сўроқ вақтида Сипарангизга шундай деди:
— Улуғ саркарда экансиз, бизни ғафлатда қолдириб, устимизга бало-қазодай бостириб келиб қолдингиз. Биз энди базми жамшид бошлаган эдик. — У шароб тўла мешларга ва заррин косаларга, овқат сузилган товоқларга ишора қилди.— Булар бизга эмас, сизларга насиб қилган экан.

— Овқатларингиз, шаробларингиз ўзингизга буюрсин, бизнинг зиёфат емоққа вақтимиз йўқ, — деди Сипарангиз шароб сузилган косаларга қараб, аммо ўзининг бир тотиб кўргиси келиб турарди.

— Йигитлар йўл юриб, жанг қилиб чарчади, отлар ҳам толиқди, уларга бир оз дам бермоқ керак,— деди ёш сардорнинг йигитларидан бири. — Тамадди қилиб, сўнг дарҳол отланамиз.

— Тўғри, озроқ дам олайлик, тамадди қилайлик,— дейишди қорни очган йигитлар дастурхонлардаги ноз- неъматларга қараб.

Сипарангиз иккиланиб қолди, кейин:
— Ҳой, чол,— деди асир эронийга қараб.— Бошинг учун рост сўйла, овқат ва шаробларга заҳар солинган эмасми?

— Ўзимиз емоқчи бўлган овқатга нега заҳар солайлик? Нима, ўзимизга ўзимиз душманмизми? Барча худоларнинг худоси Аҳурамаздани (9)  шафе келтириб қасамёд  этаманки, биз бу ноз-неьматларга заҳри қотил солганимиз йўқ.
— Сўзларингнинг тўғрилигини исботлаш учун булардан еб-ичиб кўр-чи!

Асир шароб ичиб, товокдаги гўштдан еб кўрсатди. Қўлга туширилган бошқа эронийларга ҳам шароб ичириб, овқат едириб, уларнинг эаҳарланмаганига қаноат ҳосил қилгандан сўнг, йигитлар дастурхонлар  ёнига ўтирдилар-да, шаробларни нўш этиб, пишириб қўйилган  гўштларни тушира кетдилар. Ўткир шароб умрида ичкилик ичмаган ёшларга дарров таъсир қила қолди. Улар ҳиринглашиб, бир-бирлари билан аския қила бошладилар. Қоровулга қўйилган отлиқлар ҳам бенасиб  қолмасинлар, деб уларга овқат ва май обориб бердилар. Бир оз овқатланиб отланмоқчи бўлган йигитлар оғизларига ичкилик тегиши билап хурсандчиликка берилиб, қанча вақт ўтганини билмай қолган эдилар.

Кайхусравнинг муддаоси ҳам шу эди. Массагетлардан қочпб қутулган эрои отлиқларидан баъзилари Кайхисрав ҳузурига етиб бориб, қароргоқда рўй берган ҳодисалардан уни воқиф қилгач, у отининг бошини орқага бурди, анқаниб қолган юмронқозиқ устига ташланган илондек Сипарангиз қўшинига бирдан ҳужум қилди. Қоровул бўлиб турган ширакайф аскарлар эронийларнинг етиб келганларини пайқамай қолдилар. Қисқа жангдан сўнг душман уларни қириб ташлади. Базм қуриб ўтирган йигитларнинг баъзилари жанг суронини эшитгач, ўринларидан тураман деб, гандираклаб йиқилиб тушди, отларига етиб олганлар қиличларини қинидан суғуришга улгуролмадилар. Баъзи ёшлар жанг кўрган аскарларнинг сўзига кирмай, отларига дам бериш учун айилни бўшатиб қўйишган эди, шу сабабдан отларига минишлари билан эгар қийшайиб, отларнинг қорнига келиб, ўзлари бошлари билан ерга санчилишди. Хуллас, душманнинг найрангига учиб, ҳушёрликни қўлдан берган Сипарангиз ўзининг бир неча йигити билан асир тушиб қолди. Уларнинг оёқларига кишан солиб, қўлларини орқаларига боғлаб Кайхисравнинг рўпарасига турғизиб қўйишди. Шоҳ истеҳзоли илжайиб, асирларни кўздан кечирди.

— Ҳа, қўлга тушдннгми?— деди у Сипарапгизга бош ирғаб.— Ҳолинг шу-ку, мен билан жанг-жадал қилмоқчимидинг, она сути оғзидан кетмаган тирмизак!

Тириклайин қўлга тушмаслик учун душман билан тоза олишиб, у ер-бу ери тирналган ёш сардорнинг мастлиги тарқаб, ҳушёр тортиб қолган эди. У бошини виқор билап кўтариб, шаҳашноҳга нафрат кўзи билан қаради-да:

— Ҳа, сен билан жанг-жадал қилмоқчи эдим, аммо бу бахт менга муяссар бўлмади,— деди. — Сен очиқ ерда расмана жанг қилишдан қўрқиб, ҳийла-макр билаи бизни қўлга туширдинг. Афсуски, ёшлик қилиб, қилич дастасини ушлаган қўлимга манфур шароб косасини олдим ва тузоққа илиндим. Агар сен номардлардек…

Шоҳни ҳақорат қилишга ўтган Сипарангизнинг товушини ўчириш учун аскарбошилардан бири:
— Бас қил, аҳмоқ!— деб унинг юзига қўлидаги пиёладан сув сепиб юборди. Йигит бехосдан сесканиб кетган эди, унинг гаплари нарёқ-берёғидан ўтиб кетган Кайхисрав кулиб юборди, ёнидаги аъён ва саркардалар ҳам шоҳларига таассуб қилиб, кўзларидан ёш чиққунча хахолаб кулишди.

— Кулинг-а, кулинг,— деди Сипарангиз уларга жирканиб қараб,— кўп ўтмай йиғлайсиз, қон йиғлайсиз. Ҳийла ва макрларингиз энди иш бормайди, арслон терисипи ёпинган тулкилар…

Ҳалиги аскарбоши уни гапиртирмаслик учун юзига яна сув сепиб юборди. Кайхисрав бу сафар зўрма-зўраки илжайиб қўйди, ёни-беридагилар хахолаб кулишга журъат этмай, тиржайиб қўйишди.

— Биз қаҳр-ғазаб қилишни ҳам биламиз, лутфу-карам қилишни  ҳам,— деди Эрон шоҳи Сипарангизга қараб.— Хусусан, биз сен каби болаларга шафқатлимиз. Эҳтимол, онангни соғингандирсан, истасанг, сени қўйиб юборамиз.

Сипарангиз заҳарга айланган тупугини қулт этиб ютиб ўйлади: «Қўшинимизнинг учдан бирини  мен нобуд қилдим. Сафдошларимнинг қирилиб кетишига мен сабабчи бўлдим. Агар энди бўшатиб юборсалар ҳам ўз элатимга қайтиб кстмайман. Онамнинг олдига қайси юз билан бораман?»

— Қўлимни ечиб қўйинглар,— деб илтимос қилди у.

Кайхисрав бир мулозимига ишора қилган эди, у югуриб бориб йигитнинг қўлини ечди-да, ўз жойига бориб турди. Шу он Сипарангиз қўйнидан кичкинагина ялтироқ ханжар олиб, ўзининг кўксига санчди-ю, мукка тушиб жон таслим қилди.

— Мард йигит экан,— деди Кайхисрав бир оздан кейин. — Ўлимни номусдан афзал кўрди. Ўлмаганда, эҳтимол, улуғ саркарда бўлар эди. Майли, бўлар иш бўлди, энди мана буларни ҳам,— у асир йигитларга ишора қилди,— ўз саркардаси ортидан нариги дунёга жўнатинглар.

III

003Сипарангиз ва унинг сафдошлари ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги хабар Тўмариснинг ва барча аёлларнинг юракларини ўқдек тешиб ўтди. Руҳий азобнинг зўрлигидан уларнинг кўзларига ёш ҳам келмай қолди. Бирмунча вақтдан кейин соябон араваларнинг ичидан хотинларнинг дод-фарёди эшитила бошлади. Хусусан, Сипарангизнинг қайлиғи сочларини юлиб йиғлаб, ҳамманинг юрак-бағрини эзиб юборди, аммо Тўмарис қайғусининг зўридан йиғлай олмасди. У эси оғиб қолгандек бир нуқтага тикилганича қотган, лаблари бир нима деб пичирлар эди.

Қайғу-ҳасратнинг давоси душмандан ўч олиш эди. Даҳшатли хабар келган куннинг эртасига Тўмарис тажрибали уруғдошларини тўплаб, кенгаш ўтказди.

Давра қуриб мункайиб ўтирган кексаларга, кампирларга, душмандан ўч олиш истаги билан ёнган ёшларга бир-бир кўз югуртириб, титроқ овоз билан:

— Оталар, оналар, укалар, аҳволимиз танг, фалокат бойқушлари тепамизда учиб юрибдур,— деди.— Ёвуз душман навқирон йигитларимизни макр билан қириб ташлади. Биз уларнннг ўчини олмоғимиз, бор кучимизни тўплаб, ёвни юртимиздан ҳайдаб чиқармоғимиз керак. Шу тўғрида сизнинг маслаҳатингизни олмоқчимиз.

Тўрда ўтиргап оппоқ соқолли, кулча юзи қип-қизил, ўткир кўзли бир чол томоғини қириб гап бошлади:
— Бепарво бўлганимиз, ғафлат боснб бемаслаҳат ип қилганимиз учун бизни Миҳра (10)  жазолади. Агар биз юборган қўшинга Сипарангнз эмас, кўп жангларда суяги қотган, зҳтиёткор бир киши бошчилик қилганда навқирон йигитларимиздан ажралиб қолмас эдик. Сипарангиз мард бўлса-да, аммо кўп жанг кўрмаган, тажрибаснз йигит эдн. Кейинчалик у зўр саркарда бўлиб етишарди, афсуски, умри қисқа экан.

— Рост айтасиз,— деб унинг сўзини бўлди Тўмарнс.— Мен суяги қотмаган ўғлнмни бу қўшинга бемаслаҳат бош қилиб юбордим ва манманликнинг жазосини тортдим.

— Йигтлар орасида қизлар, аёллар бўлганида бу фалокат бошимизга келмас эди,— деди бир кампир тутақиб. — Миҳра аёлларни куч-қувватга тўлган вақтида, фаҳму фаросат ёрдамида яратган. Сипарангпз қўшинида қизлар бўлганида йигитларнинг қўлидан май косасини уриб туширар эди…

— Бўлар иш бўлди, отилган ўқни қайтариб бўлмас, — деди бояги чол унинг гапини оғзидан олиб,— Биз энди бундоқ қилсак: барча қариялар ва болаларни моллар билан орқага юбориб, барча эр-хотин, йигит-қизларни қуроллантирсак ва душманни чўл ичига алдаб олиб кириб, ўша ерда қириб ташласак…

Кўпни кўрган чол қаергача чекиниш ва душман билан қайси жойда жанг қилиш кераклигини батафсил гапириб берди. Кенгашдагилар  унинг режасини маъқуллаб, баъзи тузатишлар киритдилар.

Ўша куниёқ Тўмарис, урушга ярамайдиганлар панароқ жойга юборилсин, дсб буйруқ берди, кейин отларининг жиловидан ушлаб саф тортиб турган эркак ва аёлларнинг қурол-яроғлари, уст-бошлари, оёқ кийимларини кўздап кечирди. Уларнинг пухталигига қаноат ҳосил қилгандан кейин бир арғумоқни қурбонликка сўйдириб, Қуёш тангрисига илтижо қилиш учун бир тепалик устига чикди, белидаги олтин камарига осилган қиличи ва қалқонини ерга қўйиб, массагетлар наздида худоларнинг худоси бўлган Миҳрага сиғина бошлади:

— Эй, бутун мавжудотни — еру кўкни, сув ва ўтни яратган Қуёш тангриси! Сен кўзингни очсанг — олам нурга тўлади; кўзингни юмсанг — ер юзини қоронғилик лашкари босади. Одамларга ўт берган ҳам сен, дарёларни тоширган, экинзор ва ўтлоқларга сув берган ҳам сен! Қўй ва кийикларни кўпайтирган, дон-дунга барака берган ҳам сен! Эй, улуғ Қуёш тангриси, бизни эронийларга хор қилма, дилимизга ғайрат, билагимизга қувват ато қил, юрагимизга ўч оловини сол! Қиличимизни ўткир қил, токи, юртимизни оёқ ости қилган маккор душманни тор-мор айлаб, қуллик балосидан халос бўлайлик!

У нажот сўраб Миҳрага ёлвораркан, кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетди. Бир лаҳза ерга қараб турди-да, ўзини тутиб олгандан сўнг қилич-қалқонини тақиб олиб, пастга тушди, ўйноқлаб турган оқ отига миниб, қуролланган халққа мурожаат қилди. Юртнинг бошига тушган фалокат тўғрисида гапириб, сўзининг охирида шундай деди:

— Опа-сингиллар, ака-укалар, қаерга кетаётганингизни ҳаммангиз биласиз. Шу кетганимизча ё ҳаммамиз битта қолгунча қирилиб, ўз қонимиз билан шаънимизга тушган доғни ювиб ташлаймиз ёки душманни қириб юбориб, ғалаба билан қайтамиз. Ишонаман: орамизда Эрон шоҳи олдида тиз чўкадиган номард йўқ. Биз албатта енгамиз! Шафқатсизликни бизлардан кўрсин Эрон шоҳи!

— Бизни жангга бошла, онахои! Душмандан интиқом олиб, дудини димоғидан чиқарайлик!

Офтоб нури Тўмариснинг елкасига тушиб турар, гўё Миҳра нурли қўллари билан уни сийпаб, олқишлаётгандек бўлар эди.

— Эл-юрт аёл кишининг фотиҳасини олди, ғалаба бизга ёр бўлгай,—деди соқоли кўксига тушган бир чол.

Шу пайт тип-тиниқ осмонда бир бургут қанотларини кенг ёйиб, улар устида айлана бошлади. Қуролли йигит- қизлар бошларини кўтариб, унинг парвозини томона қилдилар. Ҳамма кўзлар чақнаб, юзлар ёришиб кетди, чунки уларнинг эътиқодида бу яхшилик, аломати эди…

Тўмарис тиш-тирноғигача қуролланган ва ҳали чарчамаган Эрон қўшини билан ҳозир жанг қилса, оқибати. хунук бўлишини яхши биларди. Энг олдин душманни  чўлларда сарсон қилиб, унинг тинкасини қуритиш, қулай  вақт ва жой топиб туриб, жанг қилиш керак эди.

Енгил ғалабадан ҳаволанган Эрон қўшини Тўмариснинг чекинаётганини эшитиб, зудлик билан уни таъқиб эта бошлади. Кайхисрав осонгина зафар қозониб, ўлжа олишга шошилаётган қўшинини тўхтатиб қолишдан ожиз эди. Массагетлар эса бир тепалик остида ўзлари учун қулай жой ишғол қилиб, саф тортиб турдилар. Биринчи сафда ўқ-ёй билан қуролланган енгил аслаҳали мерганлар, улар орқасида оғир қуролли аскарлар турар эди, Кайхисрав аскарлари секин-аста яқинлашиб келавердилар. Массагет мерганлари тўсатдан уларни ўққа тутдилар, садоқлар бўшаб қолгач, узун дастали мис болталар, калта найзаларни ишга солдилар. Қўшиннинг икки ёни ва орқа томонини ҳимоя қилиб турган отлиқлар сувлиғини чайнаб, тилла ўмилдириқларини офтобда ярқиратиб турган сабрсиз арғумоқларнинг бошини қўйиб юбордилар. Сафлар бир-бирига аралашиб кетди. Қилич ва найзаларнинг бир-бирига тарақлаб тегиши, жангчиларнинг сурони, отларнинг кишнаши, ярадорларнинг инграши бирга қўшилиб, қиёмат-қойим бўлиб кетди. Одамлар ғуж бўлиб олиб, бир-бирига найза санчар, болта билан бошига туширар, қилич билан чопар эди. Жанг шу зайлда кечгача давом этди. Ўз ерларини ёвдан тозалаш ва ўч олиш иштиёқи билан  ёнган массагетлар жонбозлик кўрсатиб ёв билае мардларча олишишди, ииҳоят, зафар уларга ёр бўлиб, душманни орқага сура бошлашди. Зарина бошчилигидаги отлиқ қўшин душманнинг чап қанотини синдириб, орқага ўтиб олди. Бир тепалик устида жангни кузатиб турган Кайхисрав қилич яланғочлаб, ўз навкарлари билан жангга шошилди, бироқ у биринчи тўқнашишдаёқ ҳалок бўлди. Кайхисравнинг ўлганини билиб, эронийларнинг руҳи тушиб, юракларидаги ўт сўна бошлади. Душманнинг бир қисми чекиниб, яқин ўртадаги тўқайларга яширинмоқчи бўлди. Бироқ Тўмарис бошчилигидаги эркак ва аёл суворийлар уларнинг олдини тўсиб чиқиб, қилпчдан ўтказа бошладилар. Массагетлар эронийлар устидан тўла ғалаба қозониб, бир талай асир олишди.

— Кайхисравнинг… калласини кесиб олиб келинглар!— деб буюрди ҳали ҳам нафасини ростлаб ололмаган Тўмарис. Унинг ёнида туриб, душман билан олишган келини уч-тўрт аёл жангчи билан шаҳаншоҳ аскарларининг жасадига тўлган майдонга от сурди. Кўп ўтмай, Зарина Кайхисравнинг жасадини топди ва унинг калласини  кесиб олиб, Тўмарисга келтириб борди.

— Энди бир мешга қон тўлдириб келинглар!

Жангчилар дарҳол маликанинг буйруғини бажо келтирдилар.

Тўмарис соч ва соқолига қон ёпишиб қотиб қолган, кўзлари юмуқ, даҳшатли каллани қўлига олиб, унга қаради-да:

— Эй Кайхисрав, умр бўйи жанг қилиб одам қонига тўймадинг, мана энди тўйгунингча ич! — деб уни меш ичига солди-да, меш оғзини чилвир билан маҳкам боғлаб қўйди.

Яна шу мавзуда ўқинг:
Хуршид Даврон. Массагетлар маликаси ва форслар подшоҳи

Саҳифа қуйисида Миркарим Осимнинг «Карвон йўлларида» (Сайланма) китобини мутолаа қилинг
007

Mirkarim OSIM
TO’MARIS
Tarixiy qissa
034

09Mirkarim Osim 1907 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan o’qituvchi (1944), O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1977). Moskvadagi Bubnov nomidagi pedagogika institutini tutatgan (1926—30).
«Yangi ariq» ilk qissasi (1925) Qo’qon xonligini ideallashtirgan asar sifatida bosilmay qolgan. Dastlabki yirik asari — «Astrobod» tarixiy qissasi Alisher Navoiy hayotiga bag’ishlangan. Shundan keyin u Navoiy haqida turkum qissa va hikoyalar yozgan (1937—40). «To’maris», «Shiroq», «Iskandar va Spitamen», «Temur Malik», «Mahmud Torobiy», «O’tror» kabi qissalar muallifi. Uning «Zulmat ichra nur», «Ajdodlar qissasi», «Jayhun ustida bulutlar», «Aljabrning tug’ilishi», «Ibn Sino qissasi», «Singan setor» singari asarlari o’zbek tarixiy qissachiligining yuksak namunalaridandir.
M. Sholoxovning «Tinch oqar Don» (2-kitob), S. Borodinning «Yeldirim Boyazid» romanlari va L. G. Batning «Hayot bo’stoni» qissasi na boshqa asarlarni o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Mirkarim Osim 1984 yil Toshkent shahrida vafot etgan. Vafotidan so’ng «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan mukofotlangan (2002).

034

I

001Cho’l bahor kelinchagi oyog’i ostiga chechaklar bilan bezalgan yashil poyandozini yoyib tashlagan. To’rg’aylar havoda pirillab ko’klamga madhiya o’qimoqda. Rango-rang kapalaklar chechaklarning xushbo’y hididan mast. Allaqanday uzun oyoqli qushlar o’tlar orasida dumlarini likillatib, katta-katta bosib yuradi, toshbaqalar burishib ketgan xunuk bo’yinlarini o’tlarga cho’zadi, qo’ng’izlar esa orqalariga qarab yurib, tezakdan yasagan qumaloqlarini allaqayoqqa yumalatadi. Qizg’ish-qo’ng’ir bir ilon o’t orasidan o’rmalab kelib, atrofni tomosha qilayotgandek qaqqayib qolgan yumronqoziqqa tashlanadi, qushlarga o’xshab chirqillab turgan kaltakesaklar qo’rqib ketib oyoqlari bilan qumloq yerni ikki yonlariga chiqarib, tuproq ostiga yashirinadi. Ba’zan ovullar yaqinidan ko’kraklari oppoq sayg’oqlar gala-gala bo’lib chopib o’tadi, yer gumburlab ketadi.

Orol dengizining janubidagi shu bepoyon cho’llarning sohibi bo’lgan ko’chmanchi massagetlar (1) kelin kutmoqda. Ularning qarorgohi bayram tusini olgan. Har yer-har yerga gulxan qalangan, kiyik va qo’y go’shti pishayotgan mis qozonlar go’yo mehmonlarni sabrsizlik bilan kutayotgandek shaqir-shaqir qaynamoqda.

Qabila boshlig’i To’maris o’g’li Siparangizni shak (2) urug’idan Zarina degan bir qizga uylantirmoqda. Massagetlar kelinni olib keladigan mehmonlarni kutib olish taraddudida.

Yoshlar mehmonlarga joy hozirlamoqda, ayollar ovqat pishirmoqda, yangalar o’tov xizmatini o’taydigan uzun soyabon aravalarni bezatmoqda…

Charchab gulxan yonida o’tirgan yoshlar uzoqdan ot choptirib kelayotgan choparni ko’rib, o’rinlaridan sakrab turib ketdilar.
— Kelin… kelin kelayotir,— deb baqirdi u harsillab.— Qariyalar oldinda… darhol kutib olinglar.

Chopar sakrab egardan tushdi-yu, otini qoziqqa bog’lab, bir chekkadagi katta gulxan yaqinidagi chollar oldiga borib o’tirdi.

Butun qarorgoh oyoqqa qalqib, aziz mehmonlarni kutishga hozirlandi. Oradan ko’p o’tmay uzoqda uchi ingichka namat qalpoq kiygan otliqlar ko’rindi. Massaget yoshlari shaklarga peshvoz chiqib:
— Xush kelibsizlar, qo’noqlar, poyqadamlaringizga hasanot,— dedilar va otlarini jilovidan ushlab, egardan tushishlariga yordam berdilar.

Shaklar otdan tushib, massaget qariyalari bilan ko’rishganlaridan keyin atrofi soyabon aravalar bilan qurshalgan sayhon joyga, guldor namatlar ustiga chordana qurib o’tirdilar. Mezbonlar qo’y terisidan qilingan supralarda pishirilgan go’sht, meshlarda qimiz keltira boshladilar.

Kun botgandan keyin kelin va uning dugonalari tushgan uzun soyabon aravalar yetib keldi. Har yer-har yerga qalangan gulxanlarning olovi gurillab, osmonni yoritib yubordi, ashulalarning avji falakka ko’tarildi. Kelin bilan kelgan qizlar va yigitlarning yallasi, bolalarning qiy-chuvi, xursandlikdan terisiga sig’may qolgan kishilarning shovqiniga qo’shilib ketdi. Osmon baravar ko’tarilgan gulxanlarning yorug’ida o’yin-kulgi, ziyofat boshlandi.

Vaqt alla-palla bo’lganda kuyov bilan kelinni ular uchun belgilangan soyabon aravaga chiqarish oldidan kurashtirib ko’rishdi (3).

Bo’ychan, bug’doyrang, sochlari timqora, ko’zlari chaqnab turgan Zarina o’zining sahroyi go’zalligi bilan boshqa ayollardan ajralib turardi. U gulxanlar yorug’ida davra qurib o’tirgan yigit-qizlarga bir qarab oldi-da, to’rda, obro’li kampirlar va chollar qurshovida savlat to’kib o’tirgan To’marisga ta’zim qildi, so’ngra qarshisida kurashga shaylanib turgan cho’zinchoq yuzli, ko’zlari katta-katta Siparangizga tikildi. Qiz sochlarini ro’molcha bilan mahkam tang’ib, belini kamar bilan bog’lab olgan edi. U bexosdan kelib, yigitni belidan oldi-da, chirpirak qilib uloqtirib yubordi, yigit ancha yergacha gandiraklab borib tizzalab qoldi. Kelin tomondan kelgan yigit-qizlar xursand bo’lib qiyqirib yubordilar.

Kuyov bilan kelin payt poylab, bir-birlarining atrofida anchagacha aylanib yurishdi. Zarina epchillik bilan Siparangizga chang solib uni chalib yubordi, yigit yonboshi bilan qattiq yiqildi-yu, lekin orqasi yerga tegmadi, darhol sakrab turib yana olisha ketdi.

Bir-birlarini yiqita olmagandan keyin ular o’zlarini sovutish uchun aylanib yurishdi. Siparangiz tetiklangandan keyin to’satdan qizning o’ng qo’liga yopishdi-yu, bir siltab tortib, xipcha belidan mahkam qisganicha ko’kragiga ko’tarib oldi. Qiz chap tomonga tashlaydi, deb mo’ljallab turgan edi, yigit uning ko’nglidagi gapni anglaganday, tizzasi bilan qayirib, o’ng tomonga tashladi. Shu mahalgacha nafaslari ichlariga tushib ketgan kuyov tomon yigitlari qiyqirib yubordilar. Qizning yag’rini yerga tekkan edi, u qizarib-bo’zarib o’rnidan turgach, yangalar «Yarash-yarash»,— deb baqirib, kelin bilan kuyovni aravaga chiqarib qo’ydilar.

Ertasi kuni tongotar paytida havo aynib, qum bo’roni boshlandi. Hamma jonivorlar sahrodan kelgan qum uyurmalaridan o’zlarini saqlash uchun in-inlariga berkindi, cho’l huvillab qoldi. Qum to’zonidan osmon qorong’ilashdi, ko’chmanchilar aravalarining hammayog’ini berkitib oldilar. Bo’ron bir soat davom etdi, so’ngra qanday bexosdan boshlangan bo’lsa, shunday tez tindi. Soyabon aravalarning oldi ochildi, odamlar namat ustiga yoyilgan qumlarni qoqib tushira boshladilar. To’rg’aylar hech narsa bo’lmagandek, yana chuldirab qo’shiqlarini aytishga kirishdi. Oftob yana jilmayib, cho’l kelinchagi ustidan yana oltin tangalar socha boshladi. Bahor naqqoshi yana qo’liga mo’yqalamini olib, tabiat qo’yniga zebo naqshlar sola boshladi.

O’g’li bilan keliniga qarab To’marisniig sevinchi ichiga sig’mas edi. Biroq oyning o’n beshi yorug’ bo’lsa, o’n beshi qorong’i, deb bekorga aytmaganlar. Baxt osmonida bir parcha bulut paydo bo’lib, cho’l malikasining yuragini g’ash qila boshladi. Mamlakat chegarasidan kelgan choparlar uning huzuriga Eron shohining elchisi kelayotganidan darak bergan edilar. Kayxisravning (4) elchisi o’z mulozimlari bilan O’kuzning (5) o’ng qirg’og’iga o’tib, ikki kun yo’l yurgandan keyin To’maris huzuriga yetib keldi. U otini sekin yurgizib, ustiga oq namat qoplapgan katta soyabon arava oldida to’xtatdi. Shu payt egniga yarg’oq teridan kamzul kiygan, qamariga qilich va o’q-yoy osgan namat qalpoqli bir pahlavon yigit kelib, otning jilovidan ushladi va elchi egardan tushguncha bir qo’li bilan oltin uzangini ushlab turdi. Xuddi o’sha yigitga o’xshab qurollangan ikki ayol arava yoniga sholcha solib, ta’zim qilganlaricha qotib qoldilar. Yoshi qirqlarga borib qolgan, chiroylikkina bir ayol aravaning orqasidagi pardani ko’tardi-da, belidagi oltin kamarga taqilgan qilichini avaylab ushlagan holda palos ustiga sakrab tushdi. Bu ayol massagetlar malikasi To’maris edi. Yarqiroq mis bolta ushlagai ikki qiz uning ikki yoniga kelib turdi. Elchi To’marisni ko’rgach, ikki qo’lini yerga qo’yib, yer o’pdi-yu, o’rnidan turib ta’zim qildi:

— Shahanshohi Eron a’lohazratlari sen ulug’ malikaga behad salom va sovg’alar yubordilar,— dedi u baland ovoz bilan.— Senga sog’liq, tuman boylik va uzoq umr tilab qoldilar.

U tumtaroqli so’zlar bilan To’marisni qutlug’lar ekan, mulozimlari tillado’z chopon va harir ko’ylaklar tugilgan zarbof bo’g’chani malika oyog’i ostiga qo’ydilar.

To’maris sovg’alar uchun minnatdorchilik bildirib, Eron shohining sog’ligini so’radi va elchining yo’lda qanday kelganinn surishtirdi, so’ngra sholcha ustiga tashlangan yo’lbars terisiga o’tirishni taklif qildi. Elchi va uning mulozimlari ham qator qilib solingan po’staklar ustiga o’tirdilar. Oradan ko’p o’tmay, mezbonlar ular oldiga charm supra yozib, pishirilgan qo’y go’shti, baliq, g’oz, o’rdak kabob keltirib qo’ydilar. Elchi bilan yonma-yon o’tirib, uni gapga solayotgan To’maris ovqatga manzirat qildi.

Elchi ovqat yeb o’tirar ekan, doimiy ovul va shaharlari bo’lmagan massagetlarning qo’y va yilqilar orasida juda ibtidoiy hayot kechirishiga, ayollarning erkaklardek qurollanganiga, malikaning oddiy odamlar qatorida o’tirishiga hayron qolar va uning turmushini sernaqsh koshonalarda, zeb-ziynat ichida yashovchi Eron shohining hayoti bilan solishtirardi: «Shuyam malika bo’ldi-yu, — deb o’ylardi u:— o’z fuqarolari bilan yonma-yon o’tirib ovqat yeydi, sochlari o’sib yelkasiga tushgan yilqichilar qo’l cho’zib, uning oldidan yog’liq go’shtni olib yeydilar, na ostida oltin taxti bor va na boshida toji. Ayollarning erkaklar bilan yonma-yon o’tirib, bir-birlariga gap otib, go’sht chaynashlarini qarang. Bu xotinlarning erlari rashk nima ekaninp bilmasalar kerak. Tavba, ayol kishi ham qurol taqadimi? Bularda na qul bor va na xizmatkor, hammalari topganlarini o’rtada baham ko’radilar. Yovvoyi xalq-da! Qul bo’lishdan boshqa narsaga yaramaydi bular!»

Kayxisrav elchisini yuborayotganda unga: «Agar To’marisni xotin qilib olsam, uning fuqarosi o’z-o’zidan msnga qaram bo’lib qoladi, urushib o’tirishga hojat qolmaydi. Sening vazifang mening shu rejamni ro’yobga chiqarishga yordam berishdan iboratdir, tushundingmi?» — degan edi.

Elchi hozir o’z podshohining topshirig’ini bajarish uchun butun ayyorligini ishga solar, tilyog’lamalik qilib, To’marisni maqtab ko’klarga ko’tarar edi:
— Olamda shu mahalgacha hech bir zaifa shundog ulug’ mamlakatga hukmdor bo’lmagan, yer yuzi sendek adolatli malikani ko’rmagan,— derdi u kekirdagini cho’zpb.— Oftob tangrisi senga ham husn beribdur, ham shon-shavkat. Agar sen o’z taqdiringni bizning shahanshoh taqdiri bilan bog’lasang, dunyoda hech bir podshoh bizga bas kelolmaydur. — Shu zayldagi tumtaroqli gaplardai keynn o’z maqsadinn ochiq bayon etdi: — Men yolg’iz elchi emas, sovchi ham bo’lib keldim. Shahapshohi olam senga g’oyibona oshiq bo’lganlar.

To’maris ovqat syishdan to’xtab qoldi.
— Ne deding? Sovchi bo’lib?

U Eron shohining qanday niyatda zkanini endi tushunib olgan edi.
— Ha, sovchi bo’lib,— takrorladi elchi bosh egib. — Ering o’lganiga bir yildan oshdi, hali yoshsan, go’zalsan. Faqat shahanshohi olam Kayxisrav kabi ulug’ hukmdorga munosib qalliqdursan.

— Nima, uning xotinlari o’lib, o’zi so’qqabosh bo’lib qoldimi?
— Yo’q, xotinlariniig hammasi sog’-salomat. Ul kishiga kuyovga chiqsang, sen bosh xotin, barcha xotinlari sening cho’ring bo’ladilar.

To’maris qoshlarini chimirib, o’yga toldi. Agar u shohning sovg’alarini va taklifini qabul qilsa, xalqining boshiga qanday kunlar kelishini ko’z oldiga ke.ttirib, dahshatga tushdi.

— Shahanshoh menga emas, mening yurtimga, boyligimga oshiq bo’lgandir,— dedi To’maris zaharxanda qilib. Men emas, shu serbaraka yurtim unga kerak bo’lib qolgan. Siz, elchi janoblari, o’z tojdoringizga borib ayting: men uning taklifini qat’iy rad etaman. Men unga qalliq bo’lishni, o’z elimni unga qul qilib topshirishni istamayman.

— Shahanshohning takliflariga rad javob borishdan avval sarkardalar va ulug’ oqsoqollaringning maslahatini olishing, o’ylashib ko’rishing kerak edi,— dedi elchi To’marisning o’ng qo’lida o’tirgan namat qalpoqli, yargoq teridan kamzul kiygan kishilarga istehzo aralash nazar tashlab.

— Bu to’g’rida o’ylab bosh qotirishning hojati yo’q,— dedi urug’ oqsoqollaridan biri. — Yurtimizning ulug’i rost gapni aytdi. Hukmdoringga borib: «To’maris senga xotin, ulusi qul bo’lishni istamas emish», deb ayt. Agar shahashnoh bizga ms’hmon bo’lib kelsa, yaxshilab ziyofat qilamiz, oyog’iga qirq qo’chqor so’yamiz. Ammo qilich bilan kelsa, bari askarlarini qirib tashlab, ularning qonini o’ziga ichiramiz.

— Ulug’ shahanshohi Eronning sha’nilariga yarashmaydigan gap bo’ldi,— dedi elchi bo’g’riqib ketib. U qattiqroq bir gap aytmoqchi edi-yu, ammo g’azab bilan tikilib turgai chehralarni ko’rib, tilini tishlab qoldi.— Ulug’ tojdor meni yaxshi niyat bilan yuborgan edilar. Sizlar ulug’ shahanshohning ezgu niyatlarini payqamadingiz. Buning oqibati siz uchun xayrli bo’lmas.

— Agar elchi bo’lmaganingizda, shul gapni aytgan og’zingizni qum bilan to’ldirar edim. Qaerda ekanligingizni unutmang, janob! Orqa-o’ngingizga qarab gapiring. Shahanshohi Eronning niyati bizga ma’lum bo’ldi,— dedi hamon jahldan tushmagan To’maris.— Boshimizdae zar sochganlaringda ham biz erqinlikni qullikka alishtirmaymiz.

Dasturxon atrofida o’tirganlar:
— Rost gap!
— Vatandosh ayollarimizning gapi bunday bo’ladi.— deb To’marisning so’zini ma’qulladilar.

Shu payt uzokdan ot dupuri va yigit-qizlarning qiyqirig’i eshitilib qoldi. Elchi xavotirlanib, chang-to’zon ko’tarilgan tomonga qaradi.
— Qo’rqmang, o’g’lim Siparangiz o’z qaylig’i va do’stlari bilan shikordan qaytib kelayotir,— deb elchini tinchitdi To’maris.— Yaxshiki boyagi gaplaringizni o’g’lim eshitmadi, yo’qsa, teringizga somon tiqqan bo’lur edi! Qiziqqon, g’ayratli yigit u.

Bir lahzadan so’ng cho’l shamolidan yuzlari bir oz qoraygap, ko’zlari chaqnagan, qora sochli uch chiroyli qiz bilan uch barvasta yigit otlaridan sakrab tushdilar va To’marisning oldiga ikki 0q quyruq kiyikni keltirib qo’ydilar. Qizlarning ham, yigitlarning ham bellarida o’q-yoy va sadoqlarida o’qlari bor edi.

Elchi o’rnidan turib, yuzlari cho’zinchoq, ko’zlari katta, novchadan kelgan Siparangizga ta’zim qildi va tumtaroqli so’zlar bilan o’zining kimligini e’lon qilib, uning sog’ligini so’radi. Siparangiz u bilap so’rashib bo’lgandan keyin, qaylig’i bilan elchining so’l tomoniga, yo’lbars terisi ustiga o’tirdi.

To’y kuni Siparangizdan yiqilgani uchun unga itoatgo’y bo’lib qolgan Zarina erining yonida odob saqlab, uning so’zlariga quloq solib o’tirar, undan oldin gap boshlashni o’ziga ep ko’rmas edi.

Siparangiz elchining yo’lda qanday kelganligini so’radi, elchining batafsil hikoyasini tinglagandan keyin takallufsizlik bilai Eron shahanshohining boyligi, uning qancha mulozim ham qullari, necha xotini borligi na hokazolarni surishtira boshladi. Elchi xinaga bo’yalgan soqolini siypab kulimsirarkan, savollarga batafsil javob berib, shohning saroyidagi urf-odatlar bilan uni tanishtirdi. Yoshlar Eron shohining ko’z ko’rmagan, quloq eshitmagan zeb-ziynat ichida yashashi, ichkilik bazmlari to’g’risidagi hikoyasini zavq bilan tinglab o’tirdilar.

— Shahanshoh ziyofatiga taklif etilgan zardo’z choponli a’yon-amaldorlar, harir kiyim kiygan mehmonlar, begona yurt elchilari avval oltin taxt ustida o’tirgan shohi olamga ta’zim qilib, o’zlariga ko’rsatilgan yerga o’tiradurlar. Etaklarini bar urgan epchil bakovullar osh tortar ekan, bellariga qirqtadan qo’ng’iroq taqqan yosh soqiylar ularga oltin piyolalarda sharob tutadilar, Bir tarafda sozandalar…

Elchining gapiga diqqat bilan quloq solib o’tirgan bir yigit uning so’zini oxirigacha tinglab:
— Siz sharob degan so’zni ishlatdingiz, bu nima, bizga tushuntirib bering,— dedi.

— Sharob uzum suvidai tayyorlanadigan ajoyib ichimlik, o’zi xushta’m, bir kosa urib olsangiz, vaqtingiz chog’ bo’lib, kulaverasiz.
— Ajoyib narsa ekan,— dedi boyagi yigit so’lakayini oqizib.

To’maris qovog’ini solib o’tirar, yoshlar elchining hikoyasini zavq bilan tinglayotganiga g’ashi kelardi. Siparangiz To’marisning avzoyiga qarab, o’zi yo’qligida onasining kayfini buzgan bir gap o’tganini payqadi.

Ertasiga u nima bo’lganini so’rab-surishtirib bilib oldi. U shohning taklifinp onasi qat’iyan rad etganini eshitib, xursaid bo’lgan esa-da, biroq elchiga nisbatan qattiq chora ko’rilmaganiga hayron qoldi.

— Elchining quloq-burnini kesib jo’natish kerak, — dedi u qat’iy qilib.
— Bunday qilish yaramaydi. Elchida ayb yo’q. U o’z qulog’iga quyib qo’yilgan gaplarni gapirdi, xolos. Yaxshisi, keltirgan sovg’a-salomini qo’liga berib jo’natamiz, shuning o’zi shohga tarsaki bo’lib tushadi,— dedi To’maris.

II

055Marg’iyonani, So’g’diyani (6) ishg’ol qilgan Kayxisrav o’z qo’shini bilan O’kuzning chap qirg’og’iga kelib chodir qurgan edi. U To’maris huzuridan qaytib kelgan elchisining ma’ruzasini tinglab, makr-hiyla bilan massagetlarni asorat zanjiriga tushirish mumkin emasligini payqadi va qurol kuchi bilan ularni itoatga keltirishga ahd qildi.

Oradan ko’p o’tmay, To’marisning ayg’oqchilari, Kayxisravning katta qo’shini O’kuzdan o’tish taraddudida, eroniylar yog’och va qamishlardan sollar yasamoqdalar, deb darak topib keldilar. To’maris jang ko’rgan dono chollar, ayollarni chaqirib kengash o’tkazdi. Chollardan biri darhol o’q-yoy bilan qurollangan merganlarni daryo bo’yiga yuborib, ko’prik qurayotgan eroniylarni o’qqa tutishni, o’ng qirg’oqqa o’tishlariga imkon bermaslikni maslahat berdi. Siparangiz bu taklifga qarshi chiqdi:

— Bunday qilsak, xorazmiylar, Yaksartning (8) naryog’idagn shaklar nima deydilar, bilasizmi? Massagetlar eroniylar bilan to’qnashishdan qo’rqib, ularni daryodan o’tkazmadilar, uzoqdan ularni o’qqa tutib, ko’priklarni, sollarni buzib tashladilar, deb ayyuohanons uradilar. Bundan so’ng biz nima degan odam bo’lamiz, qanday qilib bosh ko’tarib yurgaymiz. Yaxshisi, eroniylarga elchi yuborib, biz ko’prik qurib, daryoning bu betiga o’tishingizga to’sqinlik qilmaymiz, o’tib olganingpzdan keyin siz bilan jang qilishga tayyormiz, deyishimiz kerak.

— Gapning o’g’il bolasi mana bundoq bo’ladi,— deb uning so’zini quvvatladi yoshroq bir yigit.

To’maris ham jangovar massaget elining obro’sini saqlab qolish maqsadida o’g’lining gapini ma’qullab, cholning taklifini rad etdi.

Shundan so’ng Amuning o’ng qirg’og’idagi bepoyon cho’listonda biridan biri dahshatli voqealar yuz bera boshladi. Jangovar yigitlarning tantiligi ularga juda qimmatga tushib ketdi.

Kayxisrav o’zining otliqlari va og’ir qurolli piyodalarini daryodan monesiz olib o’tgach, darhol massagetlar ustiga yurish boshladi, lekin bir hafta yursa ham ularni uchratolmadi. Ko’chmanchilarning eroniylarni bepoyop cho’llar ichiga olib kirib, ularni suvsiz, oziq-ovqatsiz qoldirib, tor-mor qilish niyatida ekanliklari ma’lum bo’lib qoldi. Yoz boshlanib, kunlar isib ketgan, maysalar qovjirab, sarg’ayib qolgan edi.

Kayxisrav kengash chaqirib, tajribali chollarning maslahatini eshitmoqchi bo’ldi.

— Baliq daryoda o’zini qanday sezsa, bu la’nati ko’chmanchilar ham shu suvsiz cho’llarda o’zlarini shunday sezadilar, — dedi keksa jangchilardan biri.— Cho’l-biyoboi ularning o’z bag’rida o’stirgan mehribon onasi, biz uchun esa o’gay onadan battar. Massagetlar qaerda buloq, qaerda quduq bor, yaxshi biladilar…

— Xo’sh, ularni tor-mor qilmoq uchun qanday choralar ko’rishni tavsiya etasiz?— dedi ipak chodirning to’rida o’tirgan Kayxisrav noxushlanib. Uning egnida podsholik alomati bo’lgan to’q qizil kimxob chopon, qo’lida javohirlar bilan bezalgan aso, bir mulozim uzun yelpig’ich bilan tinmay yelpib turardi.

— Ularni tor-mor qilmoq uchun shunday bir nayrang ishlatmoq kerak. Qo’shinimizni uchga bo’lib, bir qismini orqada qoldirsak va ularni oziq-ovqat, sharob-nob bilan mo’l ko’l ta’min etsak… Qolgan ikki qism bilan yurishni davom ettirsak.

Eron shohi ko’pni ko’rgan keksa jangchining makr-hiyladan iborat bo’lgan rejasini zavq bilan tinglab o’tirdi. Soddadil massagetlar daryodan o’tishimizga monelik qilmay, mardlik ko’rsatdi-yu, bizlar hiyla ishlatib, nomardlik qilamizmi?»— degan fikr ko’nglining ko’chasiga ham kelmasdi. Iroq va Misrni, O’rta Osiyoning janubiy qismini qurol va oltin, makr-hiyla bilan bosib olib, buyuk Eron (Ahmoniylar. XDK izohi) davlatini barpo etgan bu shuhratparast shoh maqsadiga erishish yo’lida har qanaqa nomardliklardan tap tortmasdi.

U askarinng uchdan ikki qismini boshlab ilgarilab ketdi, orqaroqda qolgan jangchilari xuddi ziyofatga tayyorlanayotganday ipak chodirlar qurib, yer o’choqlar qaziy boshladilar. O’z ayg’oqchilari orqali bundan xabar topgan To’maris asosiy qo’shindan ajralib orqada qolgan dushman qismini tor-mor etish payiga tushdi. U askarlarining uchdan bir qismini o’g’li Siparangizga topshirib, buyurdi:

— Sen ularni to’zg’itib yuborgandan keyin hayallamay, darhol Kayxisravga orqa tomondan ot sol, biz manglayidan uramiz. Quyosh tangrisi bizni yorlaqasa, shahanshohi Eron askarlari qurshovda qolgan jayronlarday, qochgani joy topolmay qolgaylar. Uqdingmi?

— Uqdim,— dedi o’g’li va uqqanini ko’rsatish uchun onasining aytgan gaplarini takrorladi.

— Bor, o’g’lim, Quyosh tangrisi madadkoring bo’lsin.

Massaget otliq askarlari orqada qoldirilgan eroniylar qarorgohiga bostirib kirganlarida ular endi ovqatlarini suzib, sharob to’la meshlarni dasturxon yoniga keltirib qo’ygan edilar. Qisqa jangdan so’ng eroniylar orqalariga qaramay qochdilar. Ularning bir qismi qilichdan o’tqazildi, bir qismi qo’lga tushirildi.

Asir tushgan bir eroniy so’roq vaqtida Siparangizga shunday dedi:
— Ulug’ sarkarda ekansiz, bizni g’aflatda qoldirib, ustimizga balo-qazoday bostirib kelib qoldingiz. Biz endi bazmi jamshid boshlagan edik. — U sharob to’la meshlarga va zarrin kosalarga, ovqat suzilgan tovoqlarga ishora qildi.— Bular bizga emas, sizlarga nasib qilgan ekan.

— Ovqatlaringiz, sharoblaringiz o’zingizga buyursin, bizning ziyofat yemoqqa vaqtimiz yo’q, — dedi Siparangiz sharob suzilgan kosalarga qarab, ammo o’zining bir totib ko’rgisi kelib turardi.

— Yigitlar yo’l yurib, jang qilib charchadi, otlar ham toliqdi, ularga bir oz dam bermoq kerak,— dedi yosh sardorning yigitlaridan biri. — Tamaddi qilib, so’ng darhol otlanamiz.

— To’g’ri, ozroq dam olaylik, tamaddi qilaylik,— deyishdi qorni ochgan yigitlar dasturxonlardagi noz- ne’matlarga qarab.

Siparangiz ikkilanib qoldi, keyin:
— Hoy, chol,— dedi asir eroniyga qarab.— Boshing uchun rost so’yla, ovqat va sharoblarga zahar solingan emasmi?

— O’zimiz yemoqchi bo’lgan ovqatga nega zahar solaylik? Nima, o’zimizga o’zimiz dushmanmizmi? Barcha xudolarning xudosi Ahuramazdani (9) shafe keltirib qasamyod etamanki, biz bu noz-ne`matlarga zahri qotil solganimiz yo’q.
— So’zlaringning to’g’riligini isbotlash uchun bulardan yeb-ichib ko’r-chi!

Asir sharob ichib, tovokdagi go’shtdan yeb ko’rsatdi. Qo’lga tushirilgan boshqa eroniylarga ham sharob ichirib, ovqat yedirib, ularning eaharlanmaganiga qanoat hosil qilgandan so’ng, yigitlar dasturxonlar yoniga o’tirdilar-da, sharoblarni no’sh etib, pishirib qo’yilgan go’shtlarni tushira ketdilar. O’tkir sharob umrida ichkilik ichmagan yoshlarga darrov ta’sir qila qoldi. Ular hiringlashib, bir-birlari bilan askiya qila boshladilar. Qorovulga qo’yilgan otliqlar ham benasib qolmasinlar, deb ularga ovqat va may oborib berdilar. Bir oz ovqatlanib otlanmoqchi bo’lgan yigitlar og’izlariga ichkilik tegishi bilap xursandchilikka berilib, qancha vaqt o’tganini bilmay qolgan edilar.

Kayxusravning muddaosi ham shu edi. Massagetlardan qochpb qutulgan eroi otliqlaridan ba’zilari Kayxisrav huzuriga yetib borib, qarorgoqda ro’y bergan hodisalardan uni voqif qilgach, u otining boshini orqaga burdi, anqanib qolgan yumronqoziq ustiga tashlangan ilondek Siparangiz qo’shiniga birdan hujum qildi. Qorovul bo’lib turgan shirakayf askarlar eroniylarning yetib kelganlarini payqamay qoldilar. Qisqa jangdan so’ng
dushman ularni qirib tashladi. Bazm qurib o’tirgan yigitlarning ba’zilari jang suronini eshitgach, o’rinlaridan turaman deb, gandiraklab yiqilib tushdi, otlariga yetib olganlar qilichlarini qinidan sug’urishga ulgurolmadilar. Ba’zi yoshlar jang ko’rgan askarlarning so’ziga kirmay, otlariga dam berish uchun ayilni bo’shatib qo’yishgan edi, shu sababdan otlariga minishlari bilan egar qiyshayib, otlarning qorniga kelib, o’zlari boshlari bilan yerga sanchilishdi. Xullas, dushmanning nayrangiga uchib, hushyorlikni qo’ldan bergan Siparangiz o’zining bir necha yigiti bilan asir tushib qoldi. Ularning oyoqlariga kishan solib, qo’llarini orqalariga bog’lab Kayxisravning ro’parasiga turg’izib qo’yishdi. Shoh istehzoli iljayib, asirlarni ko’zdan kechirdi.

— Ha, qo’lga tushdnngmi?— dedi u Siparapgizga bosh irg’ab.— Holing shu-ku, men bilan jang-jadal qilmoqchimiding, ona suti og’zidan ketmagan tirmizak!

Tiriklayin qo’lga tushmaslik uchun dushman bilan toza olishib, u yer-bu yeri tirnalgan yosh sardorning mastligi tarqab, hushyor tortib qolgan edi. U boshini viqor bilap ko’tarib, shahashnohga nafrat ko’zi bilan qaradi-da:

— Ha, sen bilan jang-jadal qilmoqchi edim, ammo bu baxt menga muyassar bo’lmadi,— dedi. — Sen ochiq yerda rasmana jang qilishdan qo’rqib, hiyla-makr bilai bizni qo’lga tushirding. Afsuski, yoshlik qilib, qilich dastasini ushlagan qo’limga manfur sharob kosasini oldim va tuzoqqa ilindim. Agar sen nomardlardek…

Shohni haqorat qilishga o’tgan Siparangizning tovushini o’chirish uchun askarboshilardan biri:
— Bas qil, ahmoq!— deb uning yuziga qo’lidagi piyoladan suv sepib yubordi. Yigit bexosdan seskanib ketgan edi, uning gaplari naryoq-beryog’idan o’tib ketgan Kayxisrav kulib yubordi, yonidagi a’yon va sarkardalar ham shohlariga taassub qilib, ko’zlaridan yosh chiqquncha xaxolab kulishdi.

— Kuling-a, kuling,— dedi Siparangiz ularga jirkanib qarab,— ko’p o’tmay yig’laysiz, qon yig’laysiz. Hiyla va makrlaringiz endi ish bormaydi, arslon terisipi yopingan tulkilar…

Haligi askarboshi uni gapirtirmaslik uchun yuziga yana suv sepib yubordi. Kayxisrav bu safar zo’rma-zo’raki iljayib qo’ydi, yoni-beridagilar xaxolab kulishga jur’at etmay, tirjayib qo’yishdi.

— Biz qahr-g’azab qilishni ham bilamiz, lutfu-karam qilishni ham,— dedi Eron shohi Siparangizga qarab.— Xususan, biz sen kabi bolalarga shafqatlimiz. Ehtimol, onangni sog’ingandirsan, istasang, seni qo’yib yuboramiz.

Siparangiz zaharga aylangan tupugini qult etib yutib o’yladi: «Qo’shinimizning uchdan birini men nobud qildim. Safdoshlarimning qirilib ketishiga men sababchi bo’ldim. Agar endi bo’shatib yuborsalar ham o’z elatimga qaytib kstmayman. Onamning oldiga qaysi yuz bilan boraman?»

— Qo’limni yechib qo’yinglar,— deb iltimos qildi u.

Kayxisrav bir mulozimiga ishora qilgan edi, u yugurib borib yigitning qo’lini yechdi-da, o’z joyiga borib turdi. Shu on Siparangiz qo’ynidan kichkinagina yaltiroq xanjar olib, o’zining ko’ksiga sanchdi-yu, mukka tushib jon taslim qildi.

— Mard yigit ekan,— dedi Kayxisrav bir ozdan keyin. — O’limni nomusdan afzal ko’rdi. O’lmaganda, ehtimol, ulug’ sarkarda bo’lar edi. Mayli, bo’lar ish bo’ldi, endi mana bularni ham,— u asir yigitlarga ishora qildi,— o’z sarkardasi ortidan narigi dunyoga jo’natinglar.

III

003Siparangiz va uning safdoshlari halok bo’lganligi to’g’risidagi xabar To’marisning va barcha ayollarning yuraklarini o’qdek teshib o’tdi. Ruhiy azobning zo’rligidan ularning ko’zlariga yosh ham kelmay qoldi. Birmuncha vaqtdan keyin soyabon aravalarning ichidan xotinlarning dod-faryodi eshitila boshladi. Xususan, Siparangizning qaylig’i sochlarini yulib yig’lab, hammaning yurak-bag’rini ezib yubordi, ammo To’maris qayg’usining zo’ridan yig’lay olmasdi. U esi og’ib qolgandek bir nuqtaga tikilganicha qotgan, lablari bir nima deb pichirlar edi.

Qayg’u-hasratning davosi dushmandan o’ch olish edi. Dahshatli xabar kelgan kunning ertasiga To’maris tajribali urug’doshlarini to’plab, kengash o’tkazdi.

Davra qurib munkayib o’tirgan keksalarga, kampirlarga, dushmandan o’ch olish istagi bilan yongan yoshlarga bir-bir ko’z yugurtirib, titroq ovoz bilan:

— Otalar, onalar, ukalar, ahvolimiz tang, falokat boyqushlari tepamizda uchib yuribdur,— dedi.— Yovuz dushman navqiron yigitlarimizni makr bilan qirib tashladi. Biz ularnnng o’chini olmog’imiz, bor kuchimizni to’plab, yovni yurtimizdan haydab chiqarmog’imiz kerak. Shu to’g’rida sizning maslahatingizni olmoqchimiz.

To’rda o’tirgap oppoq soqolli, kulcha yuzi qip-qizil, o’tkir ko’zli bir chol tomog’ini qirib gap boshladi:
— Beparvo bo’lganimiz, g’aflat bosnb bemaslahat ip qilganimiz uchun bizni Mihra (10) jazoladi. Agar biz yuborgan qo’shinga Siparangnz emas, ko’p janglarda suyagi qotgan, zhtiyotkor bir kishi boshchilik qilganda navqiron yigitlarimizdan ajralib qolmas edik. Siparangiz mard bo’lsa-da, ammo ko’p jang ko’rmagan, tajribasnz yigit edn. Keyinchalik u zo’r sarkarda bo’lib yetishardi, afsuski, umri qisqa ekan.

— Rost aytasiz,— deb uning so’zini bo’ldi To’marns.— Men suyagi qotmagan o’g’lnmni bu qo’shinga bemaslahat bosh qilib yubordim va manmanlikning jazosini tortdim.

— Yigtlar orasida qizlar, ayollar bo’lganida bu falokat boshimizga kelmas edi,— dedi bir kampir tutaqib. — Mihra ayollarni kuch-quvvatga to’lgan vaqtida, fahmu farosat yordamida yaratgan. Siparangpz qo’shinida qizlar bo’lganida yigitlarning qo’lidan may kosasini urib tushirar edi…

— Bo’lar ish bo’ldi, otilgan o’qni qaytarib bo’lmas, — dedi boyagi chol uning gapini og’zidan olib,— Biz endi bundoq qilsak: barcha qariyalar va bolalarni mollar bilan orqaga yuborib, barcha er-xotin, yigit-qizlarni qurollantirsak va dushmanni cho’l ichiga aldab olib kirib, o’sha yerda qirib tashlasak…

Ko’pni ko’rgan chol qaergacha chekinish va dushman bilan qaysi joyda jang qilish kerakligini batafsil gapirib berdi. Kengashdagilar uning rejasini ma’qullab, ba’zi tuzatishlar kiritdilar.

O’sha kuniyoq To’maris, urushga yaramaydiganlar panaroq joyga yuborilsin, dsb buyruq berdi, keyin otlarining jilovidan ushlab saf tortib turgan erkak va ayollarning qurol-yarog’lari, ust-boshlari, oyoq kiyimlarini ko’zdap kechirdi. Ularning puxtaligiga qanoat hosil qilgandan keyin bir arg’umoqni qurbonlikka so’ydirib, Quyosh tangrisiga iltijo qilish uchun bir tepalik ustiga chikdi, belidagi oltin kamariga osilgan qilichi va qalqonini yerga qo’yib, massagetlar nazdida xudolarning xudosi bo’lgan Mihraga sig’ina boshladi:

— Ey, butun mavjudotni — yeru ko’kni, suv va o’tni yaratgan Quyosh tangrisi! Sen ko’zingni ochsang — olam nurga to’ladi; ko’zingni yumsang — yer yuzini qorong’ilik lashkari bosadi. Odamlarga o’t bergan ham sen, daryolarni toshirgan, ekinzor va o’tloqlarga suv bergan ham sen! Qo’y va kiyiklarni ko’paytirgan, don-dunga baraka bergan ham sen! Ey, ulug’ Quyosh tangrisi, bizni eroniylarga xor qilma, dilimizga g’ayrat, bilagimizga quvvat ato qil, yuragimizga o’ch olovini sol! Qilichimizni o’tkir qil, toki, yurtimizni oyoq osti qilgan makkor dushmanni tor-mor aylab, qullik balosidan xalos bo’laylik!

U najot so’rab Mihraga yolvorarkan, ko’zlaridan duvillab yosh oqib ketdi. Bir lahza yerga qarab turdi-da, o’zini tutib olgandan so’ng qilich-qalqonini taqib olib, pastga tushdi, o’ynoqlab turgan oq otiga minib, qurollangan xalqqa murojaat qildi. Yurtning boshiga tushgan falokat to’g’risida gapirib, so’zining oxirida shunday dedi:

— Opa-singillar, aka-ukalar, qaerga ketayotganingizni hammangiz bilasiz. Shu ketganimizcha yo hammamiz bitta qolguncha qirilib, o’z qonimiz bilan sha’nimizga tushgan dog’ni yuvib tashlaymiz yoki dushmanni qirib yuborib, g’alaba bilan qaytamiz. Ishonaman: oramizda Eron shohi oldida tiz cho’kadigan nomard yo’q. Biz albatta yengamiz! Shafqatsizlikni bizlardan ko’rsin Eron shohi!

— Bizni jangga boshla, onaxoi! Dushmandan intiqom olib, dudini dimog’idan chiqaraylik!

Oftob nuri To’marisning yelkasiga tushib turar, go’yo Mihra nurli qo’llari bilan uni siypab, olqishlayotgandek bo’lar edi.

— El-yurt ayol kishining fotihasini oldi, g’alaba bizga yor bo’lgay,—dedi soqoli ko’ksiga tushgan bir chol.

Shu payt tip-tiniq osmonda bir burgut qanotlarini keng yoyib, ular ustida aylana boshladi. Qurolli yigit- qizlar boshlarini ko’tarib, uning parvozini tomona qildilar. Hamma ko’zlar chaqnab, yuzlar yorishib ketdi, chunki ularning e’tiqodida bu yaxshilik, alomati edi…

To’maris tish-tirnog’igacha qurollangan va hali charchamagan Eron qo’shini bilan hozir jang qilsa, oqibati. xunuk bo’lishini yaxshi bilardi. Eng oldin dushmanni cho’llarda sarson qilib, uning tinkasini quritish, qulay vaqt va joy topib turib, jang qilish kerak edi.

Yengil g’alabadan havolangan Eron qo’shini To’marisning chekinayotganini eshitib, zudlik bilan uni ta’qib eta boshladi. Kayxisrav osongina zafar qozonib, o’lja olishga shoshilayotgan qo’shinini to’xtatib qolishdan ojiz edi. Massagetlar esa bir tepalik ostida o’zlari uchun qulay joy ishg’ol qilib, saf tortib turdilar. Birinchi safda o’q-yoy bilan qurollangan yengil aslahali merganlar, ular orqasida og’ir qurolli askarlar turar edi, Kayxisrav askarlari sekin-asta yaqinlashib kelaverdilar. Massaget merganlari to’satdan ularni o’qqa tutdilar, sadoqlar bo’shab qolgach, uzun dastali mis boltalar, kalta nayzalarni ishga soldilar. Qo’shinning ikki yoni va orqa tomonini himoya qilib turgan otliqlar suvlig’ini chaynab, tilla o’mildiriqlarini oftobda yarqiratib turgan sabrsiz arg’umoqlarning boshini qo’yib yubordilar. Saflar bir-biriga aralashib ketdi. Qilich va nayzalarning bir-biriga taraqlab tegishi, jangchilarning suroni, otlarning kishnashi, yaradorlarning ingrashi birga qo’shilib, qiyomat-qoyim bo’lib ketdi. Odamlar g’uj bo’lib olib, bir-biriga nayza sanchar, bolta bilan boshiga tushirar, qilich bilan chopar edi. Jang shu zaylda kechgacha davom etdi. O’z yerlarini yovdan tozalash va o’ch olish ishtiyoqi bilan yongan massagetlar jonbozlik ko’rsatib yov bilae mardlarcha olishishdi, iihoyat, zafar ularga yor bo’lib, dushmanni orqaga sura boshlashdi. Zarina boshchiligidagi otliq qo’shin dushmanning chap qanotini sindirib, orqaga o’tib oldi. Bir tepalik ustida jangni kuzatib turgan Kayxisrav qilich yalang’ochlab, o’z navkarlari bilan jangga shoshildi, biroq u birinchi to’qnashishdayoq halok bo’ldi. Kayxisravning o’lganini bilib, eroniylarning ruhi tushib, yuraklaridagi o’t so’na boshladi. Dushmanning bir qismi chekinib, yaqin o’rtadagi to’qaylarga yashirinmoqchi bo’ldi. Biroq To’maris boshchiligidagi erkak va ayol suvoriylar ularning oldini to’sib chiqib, qilpchdan o’tkaza boshladilar. Massagetlar eroniylar ustidan to’la g’alaba qozonib, bir talay asir olishdi.

— Kayxisravning… kallasini kesib olib kelinglar!— deb buyurdi hali ham nafasini rostlab ololmagan To’maris. Uning yonida turib, dushman bilan olishgan kelini uch-to’rt ayol jangchi bilan shahanshoh askarlarining jasadiga to’lgan maydonga ot surdi. Ko’p o’tmay, Zarina Kayxisravning jasadini topdi va uning kallasini kesib olib, To’marisga keltirib bordi.

— Endi bir meshga qon to’ldirib kelinglar!

Jangchilar darhol malikaning buyrug’ini bajo keltirdilar.

To’maris soch va soqoliga qon yopishib qotib qolgan, ko’zlari yumuq, dahshatli kallani qo’liga olib, unga qaradi-da:

— Ey Kayxisrav, umr bo’yi jang qilib odam qoniga to’ymading, mana endi to’yguningcha ich! — deb uni mesh ichiga soldi-da, mesh og’zini chilvir bilan mahkam bog’lab qo’ydi.

Yana shu mavzuda o’qing:
Xurshid Davron. Massagetlar malikasi va forslar podshohi

Mirkarim Osim. Saylanma

007

(Tashriflar: umumiy 18 672, bugungi 1)

Izoh qoldiring