Nodir Normatov. Mangu lahzalar.

033 Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев  таваллуд топган куннинг 85 йиллиги олдидан

      Атоқли рассом, академик  Раҳим Аҳмедов ёзганидек: “Рўзи Чориев изланишлари кўœлами кенг. Рассомнинг турли жанрлардаги асарларининг композицион ечими ранг-баранг, техникаси ва услуби турлича бўлишига қарамай, уларни бирдан таниб олиш мумкин”.

Нодир Норматов
МАНГУ ЛАҲЗАЛАР
002

005Тасвирий санъат инсон тарихининг илк даврларидаёқ пайдо бўлган. Унинг аҳамияти, кишилик жамиятида тутган ўрни ҳақида кўп баҳслар бўлган ва бўлиб келмоқда. Қуйида биз рассом Рўзи Чориев ижоди ҳақида гап бошлар эканмиз, аввало бу ҳақда унинг фикрини келтириш жоиз: «Ер юзида яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён туради, – деди у, – Одамларда яхшилик, эзгуликка, эзгуликка меҳр ва муҳаббат ва айни вақтда адолатсизликка нафрат уйғотишда санъат, шу жумладан, рассомлик катта куч, деб биламан…» Ҳа, чиндан ҳам катта куч. Ижод манбаи – ҳаётнинг ўзи деб бежиз айтишмаган. Буни биз ХХ аср ўзбек тасвирий санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиги Рўзи Чориев ижодида ҳам кўришимиз мумкин.

Рўзи Чориев 1931 йил 28 августда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Пошхурд қишлоғида туғилди. Ёшликдан ота-онасидан етим қолди. Бир неча йилдан сўнг уларнинг узоқроқ бир қариндоши Шерободда интернат очилганини эшитиб, акаси Очилни, кейин эса Рўзини у ерга топширди. Рўзи Шеробод ва Термизда, бир неча ой эса Бойсун болалар уйида бўлди. Мактабда у аъло ўқиди. Мактабдалик чоғидаёқ рангли қалам ва бўёқларга ўта меҳр қўйганди.

…Бу орада Рўзи мактабни ҳам тугатиб олган эди. У бир амаллаб Тошкентга етиб келди. Унинг моддий жиҳатдан ёрдам берувчи кишиси йўқлигидан, ёзда турли хил ишларда ишлаб, бир оз пул топган эди. Катта шаҳар ҳам унинг қувончларига шерик бўлди. Рўзи Беньков номидаги рассомлик билим юртига муваффақият билан имтиҳон топширди. Аммо биринчи курсдаёқ армия сафига чақирилди. Шундай қийинчиликларга қарамай, бўш вақтлари ҳам, расм чизиш, моҳир классик рассомларнинг асарларидан кўчирма олиш билан машғул бўлди. Хизмат бурчини ўтаб қайтган Рўзи билим юртига ўзи ишлаган бир қанча жангчиларнинг портретларини олиб келди. Маҳорат ва қунт билан ишланган портретлар педагог рассомларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ёш йигитчани бирданига 2-курсга қабул қилишди.

Изланишлар, илк сабоқлар бошланди. Ёз ойлари ҳам у дам олмай Бухоро, Хива, Сурхондарё томонларга жўнаб кетар, тинмай расм чизарди. 1959 йилда унинг ижодида унутилмас воқеа юз берди: «Бухоро бозорида» асари Москвада ўтказилган «Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси кунлари» да кўргазмада намойиш қилинди. Ўзи эса Репин номидаги тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва архитектура институти талабаси бўлишга муваффақ бўлди. СССР халқ рассоми, профессор Юрий Непринцев қўлида таҳсил олар экан, Рўзи ўз билим уфқини кенгайтириб борди. Энг муҳими ранглар сеҳрини мушоҳада қилишни ўрганишга интилди. Третьяков галереяси ва Эрмитаждаги умрбоқий асарлар билан танишди. Репин, Ван Гог, Пикассо каби улкан рассомлар ижодини ўрганди. Соатлаб уларнинг мафтуни бўлди.

«Ўтмишга қараб иш тутиш, мозийни салмоқлаб кўриш кўп савоб ишдир», деганди атоқли ёзувчи Абдулла Қодирий. Рўзи Ленинградда таҳсил кўрган йиллари тарихни ўрганишга ҳаракат қилди. Таътил ва амалиёт пайтларида Бухорога келиб, диплом иши учун материал тўплашга киришди. У аниқ бир фикрга, «Бухоро амирлигининг емирилиши» деган катта полотно ишлашга қарор қилганди. Бухоро бозори ёнида мольбертини қўйиб, ўзига керакли одамлардан бир оз тўхтаб туришни илтимос қилганликлари, амирлик давридаги кийим ва аслаҳаларини синчиклаб ўрганганликлари беиз кетмади. 1965 йилда институт педагоглари «Бухоро амирлигининг емирилиши» диплом иши картинасини юксак баҳоладилар. Тўғри, унгача рассом Александр Пантилеев ҳам «Бухоронинг емирилиши» картинасини яратганди. Рўзи Чориев бу картинани кўрмаган эди. Бу ҳақда ўзига айтганимда, рассом жуда қизиқиб: «Кўришим керак», – деди ҳовлиқиб. Аммо унинг картинаси мутлақо ўзгача эканлигини кўриб хотиржам бўлди. унинг картинаси Пантилеев картинасидан қолишмаслигини, ҳатто баъзи жиҳатлардан устун ҳам эканлигига амин бўлди. Рўзи Чориев асарида республикамиздаги остин-устун қилган воқеалар, халқнинг яшаш тарзи нозик бўёқларда юксак маҳорат билан чизилганди.

Мен рассомнинг баъзи асарлари ҳақида гапириб бермоқчи бўлар эканман, аввало унинг ижоди, унинг шахсияти, феъли билан боғлиқ эканлигини таъкидламоқчиман. Мана бир мисол. Кеч, қиш оқшомлари эди. Ташқари совуқ, қор. Эшик тақиллаб, шляпа кийган, бўғиққан, асабий, санъатшунос Рафаил Тоқтош кириб келди. Кўринишдан навбатдаги» даҳанаки жанг» лардан қайтганди, шекилли. Рўзи ака унга курси қўйди-да, гапини ҳам эшитмасдан унинг портретини чизишга киришиб кетди. Тоқтош унга нималарнидир тушунтирмоқчи бўларди. Рассом унинг асабий гапларини тинглаш билан бирга, унинг қиёфасини шоша-пиша чизаверди. Шу тариқа «Санъатшунос» портрети пайдо бўлди. Портрет рассомлар союзидаги арбобларга ҳам, санъат мухлисларига ҳам ёқди. Ёки «қўшиқчи Ботир Зокиров» портретини олайлик. У бу образни яратиш учун неча йиллар мобайнида тинимсиз кузатишлар қилганидан хабардорман. У табиийликдан, оний лаҳзалардан инсон ички дунёсини, психологиясини яратишда ҳамиша усталик билан фойдалана оларди. У картиналарини ҳамма вақт ҳам ана шундай вазиятда ишларди демоқчи эмасман, албатта. Лекин бу мисоллар унинг жўшқин характеридан бир шарҳ.

Рассомнинг айрим картиналарига боқсангиз, улар ҳаётдан олинган шунчаки лавҳаларга ўхшаб кўринади. Аммо чуқур идрок этилганда бунинг аксини кўрасиз. Рассом ҳаёт лаҳзаларидан ажиб бир қўшиқлар излайди, сизга ҳам улар ҳақида сўзлаб бермоқчи бўлади. Бу қўшиқлар баъзан ички, кучли туғён билан таралади, баъзан ранглар оқими фикр ифодасини босиб қўяди.

Рассом қандай асар яратмасин, у ҳамиша атрофга, одамларга, табиатга ўз муносабатини билдириб келди.

006

2-Жаҳон уруши қатнашчиси, шифокор Ёқуб Маҳмудов портрети яқиндагина яратилган. Рассом саломатлик посбони бўлган врачнинг ички дунёсини, фикр-эътиборини тасвирлашга интилган. Оғир уруш йилларидан муҳр бўлиб қолган ажинлар врач қиёфасида, қўлларида акс этган. Картина фонида фонниндоскоп бор. Аммо қаҳрамон кўзларида инсонни фақат фонниндоскоп билан билиб бўлмайди, бунинг учун қалб кўзи билан қараш лозим, деган маънони ўқиймиз. Врачнинг ўзини кўрганимда, унинг кўзлари қисиқроқ эканлигини пайқаб, рассомга айтдим. У: «докторнинг бемор кўраётган пайтини кўрганмисиз? Ўшанда кўзлари катталашади, ўткир нур билан чарақлаб туради», – деган эди. Демак, инсоннинг энг характерли ҳолатлари картинада гавдаланиши муҳим экан.

Биз бундай ҳолатларни рассом ижодида кўплаб кўрамиз. Рассом ижодида Сурхон воҳаси, унинг одамлари салмоқли ўрин тутади. Унинг «Сурхондарё одамлари» туркумидаги қатор суратлари бунинг исботидир. Тўра Қувватов ва унинг турмуш ўртоғи Улаш Тўраева портетларига эътибор беринг-а. Бу икки портрет сиймосида бир-бирига ўхшаш нимадир борлигини, айни пайтда иккаласида ҳам бетакрор, гўзал бир олам борлигини кўрасиз.

Бу эр-хотин йигирманчи йилларда биринчи колхоз ташкил қилганлардан. Томошабин портретларга боқар экан, ҳеч қандай изоҳ сиз ҳам уларнинг ҳаёти шиддатли курашлар билан ўтганлигини пайқайди. Уларнинг матонатли қиёфаларига мафтун боқади. Рассом чизган манзараларда ҳамиша инсон қалбидаги, яратувчанлик ҳиссини сезамиз. «Наманган. Боғларда ёз» каби манзараси фикримизнинг далилидир. Боғларнинг каҳрабо тусга кираётган бир пайти. Ана, дарахтлар нафас олишаётир. Уларнинг тароватли ҳаётларида бир қўшиқ – ёз қўшиғи айтиляпти. Рассомнинг ҳар бир картинасида ҳаётнинг уйғунлашган бўёқларини, сўнмас жозибасини, мангу лаҳзаларини кўрамиз. Айтайлик, унинг “Шўрчида тўй” (1981) асарини олайлик. Бу асарда реал одамлар йўқ. Унда тўйга келган хотин-халаж, болаларнинг ғира-шира шарпалари, сояларини кўриш мумкин. Асар асосан илиқ рангларнинг қоришувида, қора ва кўк, яшил доғларга нисбати ажиб бир манзара ҳосил қилади. Улардаги ранглар инсон қалби ва шуурига ёқимли ёруғ туйғу олиб киради.

“Қаҳрамон она” портрети (1981) да Сурхон аёлининг дашт аёлларига хос ҳаёти манзараси саратонга хос илиқ ранглар, ёрқин ва ўткир бўёқларда ифода этилган. Унинг қиёфаси қизил чаман гуллар муқоясида яратилади. Бу жозибали аёл Пол Гогеннинг қизғиш рангда чизилган жувонига ўхшаб кетади. Аммо у миллий либосда яна ҳам тароватли, виқорли, бир қадар жиддий кўринади. Унинг дадил нигоҳи ҳаётнинг долғали тўлқинларида курашиб, чиниққан аёл руҳиятини намоён этади.

Р.Чориев ижодий йўналишларининг эътиборли томони шундаки, уларда кишиларнинг табиатга, санъатга, меҳнатга муносабатлари кўзга ташланади. Айтайлик Қумқўрғон олмалари” картинасида вояга етган ёш қизларнинг қайсимизнинг олмамиз чиройли деган мулоқотлари, уларнинг табиатга, гўœзалликка интилишлари акс этади. Томошабин хаёлида халқ ижодининг гœўзал намунаси бўлмиш “Наманганнинг олмаси” қўшиғи янграб, у Чориев қўллаган ранглар тилида жаранглагандек бўлади.

Рассом айни пайтда экспрессив ҳолатларни илғашга, унга янада жўшқинлик хислатларини қўшишга кўпроқ интилади. Шу боисдан ҳам рассом бир суҳбатида шундай деб ёзганди: “ҳатто этюд ишлаганимда ҳам ўз фантазиямни қўшиб чизаман. Баъзи кишилар буни тушунмай, аслига ўœхшамай қолибди-ку, деб таъна қилишади”. У академик услубни бутунлай инкор қšилмади. Бу хусусият айниқса, унинг тематик картиналари ва портретларида кўринди. Хусусан, “Марсия” (“Реквием”) учлиги, “Биринчилар”, “Қиз боланинг туғилиши” каби жанрли ва учликда ишланган портретларида ушбу тамойиллар янада аниқроқ сезилади.

Чориев қариялар ва кекса аёллар портретларини яратишни яхши кўрарди. Улар билан учрашиш ва суҳбатлашиш рассомга катта таъсир кўрсатади. Бағрикенглик ва вазминлик, эркинлик ва очиқ кўнгиллик ва меҳр-оқибат тимсолларини чекка, хилват жойларда яшовчи ана шу содда, оддий одамлар қиёфасида, уларнинг яшаш тарзида, анъаналарида кўра олади.

Р.Чориев ўз атрофини қуршаб турган муҳитдан санъат оламига лойиқ муҳим унсурларни, керакли фазилатларни олиб кирди. Мусаввир ҳаётдаги олижаноблик ва гўзалликни кўра олиш, улардан ҳайратланиш ва завқланиш орқали асар яратди.

07

“Отамнинг дўсти портрети” ни (1970) Р.Чориевнинг 70-йиллар бошида яратилган баркамол асарларидан бири дейиш мумкин. Унда Сурхондарё қишлоқларидан бирида яшовчи šқария қиёфаси акс этган. Чолнинг энди оқ қоралаган қора узун соқоли, бошидаги оқсалла, жануб қуёшида қизарган юзи, унинг Сурхон миллий либоси — йўл-йўл қизил-сариқ яктаги, ундаги майда каштали жияклар саратон рангига уйғунлаштирилган табиат манзара, рассомнинг ёрқин ва бир-бирига зид бўёқлардан усталик билан фойдалана олганлигини кўрсатади. Қариянинг олис хотиралар ва бугунги ҳаёт шиддатини ўзида мужассам этган нигоҳи ўткир ва маъюс. Унинг либосига фақат этнография ёки ранглар товланиши учунгина эътибор берилган эмас, балки тасвирланувчининг руҳий олами, яшаш тарзини кўрсатиш мақсадида диққат қаратилган.

Р.Чориевнинг айрим асарларида маҳобатли хусусиятлар ҳам кўзга ташланади. Бу аслида Афросиёб, Варахша деворий суратларига бўлган муҳаббат, уларнинг услубини янгича талқин этишга бўœлган иштиёқ туфайли туғилган. (“Қумқўрғон олмалари”, “Қиз боланинг туғилиши” картиналари). Академик рассом Раҳим Аҳмедов ёзганидек: “Рўзи Чориев изланишлари кўœлами кенг. Рассомнинг турли жанрлардаги асарларининг композицион ечими ранг-баранг, техникаси ва услуби турлича бўлишига қарамай, уларни бирдан таниб олиш мумкин”.

044Рўзи Чориев табиатан хушчақчақ, ғайратли, куюнчак инсон эди. Унинг бу кайфияти ижодига ҳам таъсир этмай қолмаган, албатта. Мусаввир илиқ рангларга бой серқуёш Сурхондарё ва унинг одамларини меҳр билан тасвирлади.

2000 йилнинг кеч кузида Туркиянинг Истамбул шаҳрида рассомнинг кўœргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазма ўтаётган айни пайтларда мусаввирнинг “Кўрфаз”, “Денгиз сири”, “¡Қирғоқда” сингари қатор манзаралари вужудга келди.

Рассом ҳамиша изланишда бўлар, у қайси бир шаклда чизсам экан деб ўйлаб ўтирмас эди.. Кўнгли буюрганини қиларди. Кўнгил — Рўзи Чориев учун улуғ нарса эди. “Санъаткор қалби ҳамиша ёш бўлиши керак”,- деган эди буюк рассом.

09

Nodir Normatov
MANGU LAHZALAR
002

005Tasviriy san’at inson tarixining ilk davrlaridayoq paydo bo’lgan. Uning ahamiyati, kishilik jamiyatida tutgan o’rni haqida ko’p bahslar bo’lgan va bo’lib kelmoqda. Quyida biz rassom Ro’zi Choriev ijodi haqida gap boshlar ekanmiz, avvalo bu haqda uning fikrini keltirish joiz: «Yer yuzida yaxshilik va yomonlik yonma-yon turadi, – dedi u, – Odamlarda yaxshilik, ezgulikka, ezgulikka mehr va muhabbat va ayni vaqtda adolatsizlikka nafrat uyg’otishda san’at, shu jumladan, rassomlik katta kuch, deb bilaman…» Ha, chindan ham katta kuch. Ijod manbai – hayotning o’zi deb bejiz aytishmagan. Buni biz XX asr o’zbek tasviriy san’atining yirik namoyandasi, O’zbekiston xalq rassomi, O’zbekiston Badiiy Akademiyasining akademigi Ro’zi Choriev ijodida ham ko’rishimiz mumkin.

Ro’zi Choriev 1931 yil 28 avgustda Surxondaryo viloyatining Sherobod tumanidagi Poshxurd qishlog’ida tug’ildi. Yoshlikdan ota-onasidan yetim qoldi. Bir necha yildan so’ng ularning uzoqroq bir qarindoshi Sherobodda internat ochilganini eshitib, akasi Ochilni, keyin esa Ro’zini u yerga topshirdi. Ro’zi Sherobod va Termizda, bir necha oy esa Boysun bolalar uyida bo’ldi. Maktabda u a’lo o’qidi. Maktabdalik chog’idayoq rangli qalam va bo’yoqlarga o’ta mehr qo’ygandi.

…Bu orada Ro’zi maktabni ham tugatib olgan edi. U bir amallab Toshkentga yetib keldi. Uning moddiy jihatdan yordam beruvchi kishisi yo’qligidan, yozda turli xil ishlarda ishlab, bir oz pul topgan edi. Katta shahar ham uning quvonchlariga sherik bo’ldi. Ro’zi Ben`kov nomidagi rassomlik bilim yurtiga muvaffaqiyat bilan imtihon topshirdi. Ammo birinchi kursdayoq armiya safiga chaqirildi. Shunday qiyinchiliklarga qaramay, bo’sh vaqtlari ham, rasm chizish, mohir klassik rassomlarning asarlaridan ko’chirma olish bilan mashg’ul bo’ldi. Xizmat burchini o’tab qaytgan Ro’zi bilim yurtiga o’zi ishlagan bir qancha jangchilarning portretlarini olib keldi. Mahorat va qunt bilan ishlangan portretlar pedagog rassomlarning tahsiniga sazovor bo’ldi. Yosh yigitchani birdaniga 2-kursga qabul qilishdi.

Izlanishlar, ilk saboqlar boshlandi. Yoz oylari ham u dam olmay Buxoro, Xiva, Surxondaryo tomonlarga jo’nab ketar, tinmay rasm chizardi. 1959 yilda uning ijodida unutilmas voqea yuz berdi: «Buxoro bozorida» asari Moskvada o’tkazilgan «O’zbek adabiyoti va san’ati dekadasi kunlari» da ko’rgazmada namoyish qilindi. O’zi esa Repin nomidagi tasviriy san’at, haykaltaroshlik va arxitektura instituti talabasi bo’lishga muvaffaq bo’ldi. SSSR xalq rassomi, professor Yuriy Neprintsev qo’lida tahsil olar ekan, Ro’zi o’z bilim ufqini kengaytirib bordi. Eng muhimi ranglar sehrini mushohada qilishni o’rganishga intildi. Tret`yakov galereyasi va Ermitajdagi umrboqiy asarlar bilan tanishdi. Repin, Van Gog, Pikasso kabi ulkan rassomlar ijodini o’rgandi. Soatlab ularning maftuni bo’ldi.

«O’tmishga qarab ish tutish, moziyni salmoqlab ko’rish ko’p savob ishdir», degandi atoqli yozuvchi Abdulla Qodiriy. Ro’zi Leningradda tahsil ko’rgan yillari tarixni o’rganishga harakat qildi. Ta’til va amaliyot paytlarida Buxoroga kelib, diplom ishi uchun material to’plashga kirishdi. U aniq bir fikrga, «Buxoro amirligining yemirilishi» degan katta polotno ishlashga qaror qilgandi. Buxoro bozori yonida mol`bertini qo’yib, o’ziga kerakli odamlardan bir oz to’xtab turishni iltimos qilganliklari, amirlik davridagi kiyim va aslahalarini sinchiklab o’rganganliklari beiz ketmadi. 1965 yilda institut pedagoglari «Buxoro amirligining yemirilishi» diplom ishi kartinasini yuksak baholadilar. To’g’ri, ungacha rassom Aleksandr Pantileev ham «Buxoroning yemirilishi» kartinasini yaratgandi. Ro’zi Choriev bu kartinani ko’rmagan edi. Bu haqda o’ziga aytganimda, rassom juda qiziqib: «Ko’rishim kerak», – dedi hovliqib. Ammo uning kartinasi mutlaqo o’zgacha ekanligini ko’rib xotirjam bo’ldi. uning kartinasi Pantileev kartinasidan qolishmasligini, hatto ba’zi jihatlardan ustun ham ekanligiga amin bo’ldi. Ro’zi Choriev asarida respublikamizdagi ostin-ustun qilgan voqealar, xalqning yashash tarzi nozik bo’yoqlarda yuksak mahorat bilan chizilgandi.

Men rassomning ba’zi asarlari haqida gapirib bermoqchi bo’lar ekanman, avvalo uning ijodi, uning shaxsiyati, fe’li bilan bog’liq ekanligini ta’kidlamoqchiman. Mana bir misol. Kech, qish oqshomlari edi. Tashqari sovuq, qor. Eshik taqillab, shlyapa kiygan, bo’g’iqqan, asabiy, san’atshunos Rafail Toqtosh kirib keldi. Ko’rinishdan navbatdagi» dahanaki jang» lardan qaytgandi, shekilli. Ro’zi aka unga kursi qo’ydi-da, gapini ham eshitmasdan uning portretini chizishga kirishib ketdi. Toqtosh unga nimalarnidir tushuntirmoqchi bo’lardi. Rassom uning asabiy gaplarini tinglash bilan birga, uning qiyofasini shosha-pisha chizaverdi. Shu tariqa «San’atshunos» portreti paydo bo’ldi. Portret rassomlar soyuzidagi arboblarga ham, san’at muxlislariga ham yoqdi. Yoki «qo’shiqchi Botir Zokirov» portretini olaylik. U bu obrazni yaratish uchun necha yillar mobaynida tinimsiz kuzatishlar qilganidan xabardorman. U tabiiylikdan, oniy lahzalardan inson ichki dunyosini, psixologiyasini yaratishda hamisha ustalik bilan foydalana olardi. U kartinalarini hamma vaqt ham ana shunday vaziyatda ishlardi demoqchi emasman, albatta. Lekin bu misollar uning jo’shqin xarakteridan bir sharh.

Rassomning ayrim kartinalariga boqsangiz, ular hayotdan olingan shunchaki lavhalarga o’xshab ko’rinadi. Ammo chuqur idrok etilganda buning aksini ko’rasiz. Rassom hayot lahzalaridan ajib bir qo’shiqlar izlaydi, sizga ham ular haqida so’zlab bermoqchi bo’ladi. Bu qo’shiqlar ba’zan ichki, kuchli tug’yon bilan taraladi, ba’zan ranglar oqimi fikr ifodasini bosib qo’yadi.

Rassom qanday asar yaratmasin, u hamisha atrofga, odamlarga, tabiatga o’z munosabatini bildirib keldi.

006

2-Jahon urushi qatnashchisi, shifokor Yoqub Mahmudov portreti yaqindagina yaratilgan. Rassom salomatlik posboni bo’lgan vrachning ichki dunyosini, fikr-e’tiborini tasvirlashga intilgan. Og’ir urush yillaridan muhr bo’lib qolgan ajinlar vrach qiyofasida, qo’llarida aks etgan. Kartina fonida fonnindoskop bor. Ammo qahramon ko’zlarida insonni faqat fonnindoskop bilan bilib bo’lmaydi, buning uchun qalb ko’zi bilan qarash lozim, degan ma’noni o’qiymiz. Vrachning o’zini ko’rganimda, uning ko’zlari qisiqroq ekanligini payqab, rassomga aytdim. U: «doktorning bemor ko’rayotgan paytini ko’rganmisiz? O’shanda ko’zlari kattalashadi, o’tkir nur bilan charaqlab turadi», – degan edi. Demak, insonning eng xarakterli holatlari kartinada gavdalanishi muhim ekan.

Biz bunday holatlarni rassom ijodida ko’plab ko’ramiz. Rassom ijodida Surxon vohasi, uning odamlari salmoqli o’rin tutadi. Uning «Surxondaryo odamlari» turkumidagi qator suratlari buning isbotidir. To’ra Quvvatov va uning turmush o’rtog’i Ulash To’raeva portetlariga e’tibor bering-a. Bu ikki portret siymosida bir-biriga o’xshash nimadir borligini, ayni paytda ikkalasida ham betakror, go’zal bir olam borligini ko’rasiz.

Bu er-xotin yigirmanchi yillarda birinchi kolxoz tashkil qilganlardan. Tomoshabin portretlarga boqar ekan, hech qanday izoh siz ham ularning hayoti shiddatli kurashlar bilan o’tganligini payqaydi. Ularning matonatli qiyofalariga maftun boqadi. Rassom chizgan manzaralarda hamisha inson qalbidagi, yaratuvchanlik hissini sezamiz. «Namangan. Bog’larda yoz» kabi manzarasi fikrimizning dalilidir. Bog’larning kahrabo tusga kirayotgan bir payti. Ana, daraxtlar nafas olishayotir. Ularning tarovatli hayotlarida bir qo’shiq – yoz qo’shig’i aytilyapti. Rassomning har bir kartinasida hayotning uyg’unlashgan bo’yoqlarini, so’nmas jozibasini, mangu lahzalarini ko’ramiz. Aytaylik, uning “Sho’rchida to’y” (1981) asarini olaylik. Bu asarda real odamlar yo’q. Unda to’yga kelgan xotin-xalaj, bolalarning g’ira-shira sharpalari, soyalarini ko’rish mumkin. Asar asosan iliq ranglarning qorishuvida, qora va ko’k, yashil dog’larga nisbati ajib bir manzara hosil qiladi. Ulardagi ranglar inson qalbi va shuuriga yoqimli yorug’ tuyg’u olib kiradi.

“Qahramon ona” portreti (1981) da Surxon ayolining dasht ayollariga xos hayoti manzarasi saratonga xos iliq ranglar, yorqin va o’tkir bo’yoqlarda ifoda etilgan. Uning qiyofasi qizil chaman gullar muqoyasida yaratiladi. Bu jozibali ayol Pol Gogenning qizg’ish rangda chizilgan juvoniga o’xshab ketadi. Ammo u milliy libosda yana ham tarovatli, viqorli, bir qadar jiddiy ko’rinadi. Uning dadil nigohi hayotning dolg’ali to’lqinlarida kurashib, chiniqqan ayol ruhiyatini namoyon etadi.

R.Choriev ijodiy yo’nalishlarining e’tiborli tomoni shundaki, ularda kishilarning tabiatga, san’atga, mehnatga munosabatlari ko’zga tashlanadi. Aytaylik Qumqo’rg’on olmalari” kartinasida voyaga yetgan yosh qizlarning qaysimizning olmamiz chiroyli degan muloqotlari, ularning tabiatga, go’?zallikka intilishlari aks etadi. Tomoshabin xayolida xalq ijodining g?o’zal namunasi bo’lmish “Namanganning olmasi” qo’shig’i yangrab, u Choriev qo’llagan ranglar tilida jaranglagandek bo’ladi.

Rassom ayni paytda ekspressiv holatlarni ilg’ashga, unga yanada jo’shqinlik xislatlarini qo’shishga ko’proq intiladi. Shu boisdan ham rassom bir suhbatida shunday deb yozgandi: “hatto etyud ishlaganimda ham o’z fantaziyamni qo’shib chizaman. Ba’zi kishilar buni tushunmay, asliga o’?xshamay qolibdi-ku, deb ta’na qilishadi”. U akademik uslubni butunlay inkor qsilmadi. Bu xususiyat ayniqsa, uning tematik kartinalari va portretlarida ko’rindi. Xususan, “Marsiya” (“Rekviem”) uchligi, “Birinchilar”, “Qiz bolaning tug’ilishi” kabi janrli va uchlikda ishlangan portretlarida ushbu tamoyillar yanada aniqroq seziladi.

Choriev qariyalar va keksa ayollar portretlarini yaratishni yaxshi ko’rardi. Ular bilan uchrashish va suhbatlashish rassomga katta ta’sir ko’rsatadi. Bag’rikenglik va vazminlik, erkinlik va ochiq ko’ngillik va mehr-oqibat timsollarini chekka, xilvat joylarda yashovchi ana shu sodda, oddiy odamlar qiyofasida, ularning yashash tarzida, an’analarida ko’ra oladi.

R.Choriev o’z atrofini qurshab turgan muhitdan san’at olamiga loyiq muhim unsurlarni, kerakli fazilatlarni olib kirdi. Musavvir hayotdagi olijanoblik va go’zallikni ko’ra olish, ulardan hayratlanish va zavqlanish orqali asar yaratdi.

07

“Otamning do’sti portreti” ni (1970) R.Chorievning 70-yillar boshida yaratilgan barkamol asarlaridan biri deyish mumkin. Unda Surxondaryo qishloqlaridan birida yashovchi sqariya qiyofasi aks etgan. Cholning endi oq qoralagan qora uzun soqoli, boshidagi oqsalla, janub quyoshida qizargan yuzi, uning Surxon milliy libosi — yo’l-yo’l qizil-sariq yaktagi, undagi mayda kashtali jiyaklar saraton rangiga uyg’unlashtirilgan tabiat manzara, rassomning yorqin va bir-biriga zid bo’yoqlardan ustalik bilan foydalana olganligini ko’rsatadi. Qariyaning olis xotiralar va bugungi hayot shiddatini o’zida mujassam etgan nigohi o’tkir va ma’yus. Uning libosiga faqat etnografiya yoki ranglar tovlanishi uchungina e’tibor berilgan emas, balki tasvirlanuvchining ruhiy olami, yashash tarzini ko’rsatish maqsadida diqqat qaratilgan.

R.Chorievning ayrim asarlarida mahobatli xususiyatlar ham ko’zga tashlanadi. Bu aslida Afrosiyob, Varaxsha devoriy suratlariga bo’lgan muhabbat, ularning uslubini yangicha talqin etishga bo’lgan ishtiyoq tufayli tug’ilgan. (“Qumqo’rg’on olmalari”, “Qiz bolaning tug’ilishi” kartinalari). Akademik rassom Rahim Ahmedov yozganidek: “Ro’zi Choriev izlanishlari ko’?lami keng. Rassomning turli janrlardagi asarlarining kompozitsion yechimi rang-barang, texnikasi va uslubi turlicha bo’lishiga qaramay, ularni birdan tanib olish mumkin”.

Ro’zi Choriev tabiatan xushchaqchaq, g’ayratli, kuyunchak inson edi. Uning bu kayfiyati ijodiga ham ta’sir etmay qolmagan, albatta. Musavvir iliq ranglarga boy serquyosh Surxondaryo va uning odamlarini mehr bilan tasvirladi.

2000 yilning kech kuzida Turkiyaning Istambul shahrida rassomning ko’rgazmasi bo’lib o’tdi. Ko’rgazma o’tayotgan ayni paytlarda musavvirning “Ko’rfaz”, “Dengiz siri”, “?Qirg’oqda” singari qator manzaralari vujudga keldi.

Rassom hamisha izlanishda bo’lar, u qaysi bir shaklda chizsam ekan deb o’ylab o’tirmas edi.. Ko’ngli buyurganini qilardi. Ko’ngil — Ro’zi Choriev uchun ulug’ narsa edi. “San’atkor qalbi hamisha yosh bo’lishi kerak”,- degan edi buyuk rassom.

077

(Tashriflar: umumiy 1 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring