Usmon Azim. Tong otgan taraflarda. Dramatik doston

00313 август – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллуд топган кун.   

     Бу асар, — деган эди Усмон Азим учрашувдаги суҳбатларимиздан бирида, — “Ватанни қандай севиш керак?” деган саволга менинг жавобим. Янада очиқроқ айтсам, васиятимдир. Шу сабабдан асардаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз шу ғояга бўйсундирилган (Матлуба Фозилованинг «Усмон Азим ижодида «Алпомиш» достони мотивлари» мақоласидан).

Усмон АЗИМ
ТОНГ ОТГАН ТАРАФЛАРДА
Драматик достон
045

Онам Менглихол Холиёр қизига бағишлайман.

06ҚАТНАШУВЧИЛАР:

МАНГУҚУТ – олтмиш беш-етмиш ёшларда.
ТОНГЁРУҒ – биринчи қисмда йигирма-йигирма беш,
иккинчи қисмда қирқ-қирқ беш ёшларда.
КУНЁРУҒ – биринчи қисмда йигирма-йигирма беш,
иккинчи қисмда қирқ-қирқ беш ёшларда.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН – Тонгёруғнинг ўғли. Ўн саккиз ёшда.
МАНГУҲАЁТ – Кунёруғнинг қизи. Ўн саккиз ёшда.
АЛПОМИШ
БАРЧИНОЙ
ЁДГОР
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ
БЎЛГАН КАЛ
ҲУДАЙЧИ

Воқеалар саси ҳамон қонимизда овоз берадиган олис мозийда кечади.

МУҚАДДИМА

Саҳна қоронғи. Сибизиқ қадимги бир куйни нола қиляпти. Сибизиқнинг бир ўзи бу нолага кучи етмаслигини билиб, унга чанқовуз қўшилади. Сўнг уларга дўмбира жўр бўлади. Дўмбирани жўшиб чалаётган бахшининг ичи тошиб, “Э-ҳа-а!”, “Ҳа-а-я-а!” деган авжланишлари эшитилади. Саҳна ним ёрийди. Ёғду зиндонда тик турган Алпомишни ёритади. Унинг қўлида ғоз.

АЛПОМИШ: Ғоз! Жонивор! Сен ярадор бўлиб, менинг зиндонимга йиқилдинг. Мен умидларим билан ярангга малҳам босдим, сен билан суҳбатлашиб кўнглимни ёздим. Тангри қудрати билан қанотингга куч кирди. Қанотларинг ҳолсизликдан уйғониб, учиш завқини туйиб – тўлғониб турибди. Мен ҳам ўзимни умидга чоғладим, қанотингга “Бойсун-Қўнғиротга етказгин” деб хат боғладим. Шу хатни юртимга етказ! Баланд уч, ўқ тегмасин, кўринмай уч, кўз тегмасин! Ҳорисанг, қорли-қорли тоғларга қўн, тошли-тошли сойларга қўн – одамлардан холи жойларга қўн. Ўзингни эҳтиёт қил! Сен омон қолсанг, Алпомиш ҳам омон қолади. Хатим етса, Қўнғиротдан мени излаб келадиган одам топилар, ёмонликнинг бўйни чопилар. Мен бу чоҳдан чиқсам, Бойсун Бойсун бўлади, Қўнғирот Қўнғирот бўлади, юрт обод бўлади. Ёвларнинг ранги сомон бўлади, бу кунларимиз достон бўлади! Уч, жонивор уч! Одамларнинг кўзига тушма! Одамларнинг назаридан нари уч! (У ғозни осмонга отади. Ғоз ғағиллаганча, фалакка кўтарилади) Уч, жонивор! Уч! Эҳтиёт бўл! Одамларнинг кўзига тушма!.. Эҳтиёт бўл!

Саҳна қоронғилашиб…

1

…ёришганда, дунё чарх каби айланаяпти. Унинг бир четида бир капа – худди мангулик каби “қилт” этмай турибди. Капанинг ёнида ўчоқ. Ўчоқда қозон. Олислардан ғағиллаётган ғоз овози эшитилади. Ичкаридан Ёлғиз мерган чиқади. У ғознинг овозига бироз қулоқ солиб туради. Саҳнага Тонгёруғ кириб келади. У ғайрат билан юриб кел¬япти. Бу аёл ҳамиша шу ғайратда – илдам юради. Бошида пўта, юриш осон бўлиши учун қўнғирот аёлларининг тарзида белини боғлаган: бир қўлида таёқ, бир қўлида сув тўла кади. Кадидаги сувни ўтов олдидаги ўчоққа ўрнатилган қозонга ағдаради. Сўнг ичкарига илдам киради. Бир зумдан кейин ўтовнинг эшиги олдида кўринади.

ТОНГЁРУҒ: Қатиқли овқат қилсам, ичаверасанми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (олислардан келаётган ғоз овозига бутун вужуди билан қулоқ тутиб): Эна, шу ғағиллаётган ғозми?
ТОНГЁРУҒ (эшитмагандай): Қатиқли овқат ичасанми, деяпман?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, шу ғағиллаётган ғозми?
ТОНГЁРУҒ: Мен эшитаётганим йўқ.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Нега эшитмайсиз? (Қулоқ тутиб) Ана… Ана…
ТОНГЁРУҒ: Эшитмаяпман… Бу тоғда саратоннинг ўртасида ғоз нима қилади? Баҳор бўлса, қиш бўлса, бошқа гап – кўчманчи учишларида бир қўниб, ўтиб кетишаверади.

Ёлғиз Мерган ўтовнинг ичига шошиб киради-да, парли ўқ-ёй олиб чиқади ва ёй қайишининг таранглигини синаб кўраркан:

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, ғознинг ғағиллашини танимай ўлдимми? Қулоқ солинг!.. Ана!.. Қулоқ солинг!
ТОНГЁРУҒ (қулоқ солиб): Эшитмаяпман…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Э Худойим! Тоғнинг нариги тарафида бир майса қимирласа эшитасиз-ку… (Ўқларни садоғидан чиқариб, кўздан кечиради. Ўқлар тиғини шу ердаги харсанг тошга қайрай бошлайди)
ТОНГЁРУҒ: Эшитмасам, нима қилай? Эшитдим дейинми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Бир яхшилаб тинглаб кўринг! Жон эна!..
ТОНГЁРУҒ (қулоқ тутган бўлиб): Эшитилмаяпти… Сен, бола, ўқу ёйингни қўлингга бекор олдинг! Уйда бир ойлик гўшту ёғни ғамлагансан…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Уф! Нима бўлди сизга, эна? Мен овчиман-ку. Худо берган шакаман мерганман. Бу тоғларга дунё бир айланганда келадиган қуш, менга эшиттириб ғағиллаб турса-ю, қараб тураманми?
ТОНГЁРУҒ: Э, қулоғингга бир гап бўлган! Ғоз-поз йўқ!… (Яна қулоқ тутган бўлиб) Қарғанинг қағиллаши ҳам эшитилмаяпти.

Ҳақиқатдан ҳам ғознинг овози тинган.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН (роса қулоқ солиб, ҳафсаласи пир бўлади): Ҳа, эшитилмаяпти. Овози ўчди. Лекин эшитганим рост! Зўр қушнинг овози эди! Кўкрагини тўлдириб ғоғолади! Қўшиқнинг зўри нолишидан, қушнинг зўри товушидан билинади деб кўп айтгансиз…
ТОНГЁРУҒ: Сен зўрини отиб ташлайверасан-да! Зўр бу дунёда кун кўрмаслиги керак-да!.. А?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, гапни бурманг-да энди!
ТОНГЁРУҒ: Э, бурсам, бурмасам шу! Бу дунёда зўр яшамайди! Отилади! Сўйилади! Қувғинди қилинади!..
Тонгёруғ ўғлининг ёйини, ўқ солинган садоғини ўтовнинг ичига олиб киради.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна!..
ТОНГЁРУҒ (ўтовдан чиқиб): Сенга гапим бор. Тангрига минг шукур, елкамга дунёлардан ортиқ юк бўлган гапни энди сенга айтиш мавриди етди.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Қандай гап?
ТОНГЁРУҒ: Шошма-да, болам!.. Аввал қутлай! Бугун ўн саккизга кирдинг! Ўн саккиз йил Тангри сени балолардан асради. Ўз эркингда кездинг. Бировга қул бўлмадинг. Одамларнинг кўзидан холи – омонхона жойларда яшадинг. Билагингга куч кирди, юрагингга ғужур. Энди сўрай: нимага бу ерларда сарсон-саргардон бўлиб одамлардан яшириниб юрганимизни биласанми? Нега қуш қувгандай дарбадар кўчиб юрганимизни тушунасанми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Айтгансиз… Биламан… “Бу тоғлар сеҳрли тоғлар! Агар айтганимга кўниб, йўриғимни бажариб яшасанг, ўн саккиз ёшингда сенга қутлуғ бир гапни айтаман”, дегансиз! Бошқа ҳеч нарса демагансиз!
ТОНГЁРУҒ: Чунки норасида эдинг… Эшитадиган гапларингнинг юкидан синиб кетасан, деб қўрқдим. Бир лаҳзада ҳасратдан қариб-қартайиб қоласан деб чўчидим…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, айтадиган гапларингиз шунча… даҳшатлими?
ТОНГЁРУҒ: Даҳшат, ўғлим! Одам кўтаролмайдиган даражада оғир! Энди мендан сўра: “Отам қани, туғишганларим қани”, дегин! “Элим қани? Юртим қани”, дегин.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Отам қани? Туғишганларим қани? Элим қани? Юртим қани?
ТОНГЁРУҒ: Улар йўқ, болам!.. Уларни бу аждарҳо дунё домига тортган! Отанг, туғишганларинг, элу юртинг мана шу қора тупроқнинг тагида ётибди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўз… ажаллари биланми?
ТОНГЁРУҒ: Ўз ажали билан ҳам бир бутун эл йўқликнинг қаърига тушиб кетадими?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, айтсангиз-чи, уларга нима бўлган?
ТОНГЁРУҒ: Олтойдан Ҳазаргача от сурган элинг бор эди, Ёлғиз Мерган. Қишловдан яйловдан кўчса, йилқиларнинг туёғи тагида қолиб кетмайлик деб бошқа улуслар кўз кўринмас жойларга ўзларини оларди. Элингнинг бағрикенг, қудратининг чеки йўқ – давлатининг шавкатига етти иқлимнинг подшоҳлари таъзим қилар эди! Шундай эл йўқ бўлди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (бесабр): Нега йўқ бўлади?
ТОНГЁРУҒ: Биз бахтли – бировнинг ҳимматига қараб қолмаган эл эдик. Барча элларни ўзимизга тенг кўриб, кенг дунё барчага баробар деб ўйлардик. Аммо элимизнинг бахту тахтини кўролмайдиганлар топилди. Бу шону шавкатга, бу молу давлатга эгалик этмоқчи бўлдилар. Дўст деб билганларимиз душман чиқди. Улар биздан яширин тил бириктириб, теграмизни ҳалқадай ўраб олдилар-да, мўр-малахдай ёпирилиб келдилар. Ғафлатда қолдик! Етти йил жанг-жадал бўлди. Етти йил! Не-не арслон йигитлар жангда ҳалок бўлди. Не-не мардлар “воҳ, юртим” деб жон берди. Душман ҳеч кимни аямади. Кексаларни қиличдан ўтказди, аёлларни чопди, болаларни қўйдай бўғизлади. Бешикдаги гўдакларгача қиличлади. Қаерда биров омон қолган бўлса, қувиб етди. Бўрилардай ўртага олиб, тилка-пора қилди. Эл йўқ бўлди! Юрт йўқ бўлди! Бир элдан отанг бош бўлиб олти киши қолдик.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Отам ким эди?
ТОНГЁРУҒ: Отанг алп Элтуғу. У биз омон қолишимиз учун бизларни қувиб келаётган душманлар билан бир ўзи уч кеча-кундуз жанг қилди. Биз тоғлардан ошиб, изларимизни шамол учириб кетгунча савашди. Қўлимизда икки ёшлик сену аммангнинг бир яримга кирган қизи бор эди. Қолганларимиз – бобонг, амманг, мен – сизларни асраб қолиш учун одам оёғи тегмаган жойларга бош олиб кетдик…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Отам балки омон қолгандир?
ТОНГЁРУҒ: Йўқ. Омон қолмаган. Отанг бизнинг боримизни минг кунлик йўл нарисидан ҳам билар эди. Ўлмаса, топиб келар эди-да! У бу дунёда иккаламизни тентиратиб қўярмиди?.. Воҳ! Ичим ёниб кетяпти! Куйиб кетдим! Бир тутам тутун бўлиб, бу дунёда юрибман!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна!..
ТОНГЁРУҒ: Менга бу дунё тақдир эмас, оловхона берди! Жизғанак бўлиб кетдим! Парвардигор! Отам қани! Онам қани! Қани қавму қариндош! Элу юртим қани! Уларга шундай кенг дунёдан бир парча ер топилмади! Шундай катта эл, шундай улуғ юрт ерга ботиб кетди!.. Душманлик ҳам шундай бўладими? Бешафқатлик шундай кучлими? Қани бахт?! Қани эрк?!.. Менинг ҳатто ўлишга ҳам ҳаққим йўқ!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Нималар деяпсиз? Ҳеч гапирмаган гаплар тилингизга келяпти… Эна!..
ТОНГЁРУҒ: Эшит! Эшит!.. Биз бир ой юриб, ёвдан халос бўлганимизни сезганимиздан кейин яна фалокат юз берди. Бобонг – отангнинг отаси Мангуқут жон берди. У менга ва аммангга ўлими олдидан васият қилди…

Яна сибизға бўзлайди. Саҳна тескари айланади. Кунлар ва тунлар алмашади… Бўлиб ўтган воқеалар жонлана бошлайди.

2

Тоғлардаги бир унгур. Мангуқут харсангга суяниб аранг турибди. Тонгёруғ ва Кунёруғларнинг қўлларида чақалоқлари, унинг қаршисида тик қотишган.

МАНГУҚУТ: Эна қизларим! Менга жонимни топширадиган дамлар етганга ўхшайди. Энди йиғламасдан, яхшилаб тингланглар!
КУНЁРУҒ (йиғлар экан): Йиғламаймиз!… Йиғламаймиз!
ТОНГЁРУҒ (изиллаб): Ҳеч йиғламаймиз! Ҳеч қачон…
КУНЁРУҒ: Фақат сиз ётиб олинг! Ярадорсиз… Оёқда аранг турибсиз…
МАНГУҚУТ: Ҳозир айтадиган гапим жуда иззат-ҳурматли лафз. Тик туриб айтмасам, бўлмайди… Биз неча киши қолдик?
ТОНГЁРУҒ: Олти киши…
КУНЁРУҒ: Акам етиб келса, олти киши…
МАНГУҚУТ: Аканг етиб келмайди…

Оғир сукунат чўкади. Фақат сибизғами, чанқовузми, ёки дўмбирами, хуллас, аллақандай дард бўзлайди.

Кунёруғ, аканг етиб келмайди… Тонгёруғ келиним, сен ҳам Элтуғудан умидингни уз! У ортимиздан тушган ёв йўлида – бизга қалқон бўлиб, ҳалок бўлган.
ТОНГЁРУҒ: Қаердан билдингиз?
МАНГУҚУТ: Биз бу ерда тирик юрибмиз-ку! У фидо бўлмаганда, тирик юрармидик. Ёв аллақачон бизга етиб олган бўлар эди…

Яна сукунат. Яна тош дунёларни эритиб, мусиқа нола қилади.

ТОНГЁРУҒ: Балки…
МАНГУҚУТ: Ўзингни алдама. Бу дунё ўзларини алдайдиганларни кечирмайди. Бунинг устига, эшитдим! “Отажон” деган жоначчиқ ноласини шамол кўнглимга учириб етгандай бўлди… Хуллас, жон топшираримда, сизларга васиятим бор. Мен ҳозир ўламан. Мени дафн этганларингдан сўнг, тез хайрлашинглар. Тонгёруғ, сен ўғлингни олиб кунботарга қирқ кун юр. Сен, Кунёруғ, кунчиқар тарафга қирқ кун юр. Ўша тарафларда кун кўринглар… Бир жойда кўп қолманглар. Одамларнинг кўзига кўринманглар! Болаларингни асранглар…
КУНЁРУҒ: Отажон, нега бирга бўлмаслигимиз керак?
МАНГУҚУТ: Дунёни кўриб турибсан-ку! У шафқатни билмайди. Атроф ёв. Агар фалокат юз бериб, душман икковларингни баробар босқин этса, Тонгли халқидан ҳеч ким қолмайди. Бу оламдан шону шавкатимиз, ғуруримиз, бору йўғимиз – қаро ернинг тагига кириб кетади. Мен бу халқ омон қолишини истайман. Бу жувонмарг халқни сақлаб қолиш масъулияти энди сизнинг зиммангизда қолди. Фарзандларинг ўн саккиз ёшга тўлганда, бундан олти ойлик йўл наридаги Бойсун-Қўнғиротнинг Асқар тоғида учрашасизлар. Фарзандларингни “ўзингдан кўпайиб, бир халқ бўл” деб яхши ният билан бир-бирига уйланглар. Сизлар эса ҳозир, токи фарзандларингни ўн саккиз ёшида учраштирмагунча, бошларингга осмон йиқилса ҳам, ўлмасликка ваъда беринглар!
ТОНГЁРУҒ: Ваъда бераман!
КУНЁРУҒ: Ваъда бераман!
МАНГУҚУТ: Қаттиқроқ айтинглар, бу бағри тош дунё эшитсин! Қаттиқроқ айтинг¬лар!..
ТОНГЁРУҒ: Дунё, эшит!
КУНЁРУҒ: Ўзингни карликка олиб турма! Эшит!
ТОНГЁРУҒ: Мен Тонгли элининг қизи, Тонгёруғ, болаларимиз ўн саккиз ёшида кўришгунча ўлмасликка қасам ичаман!
КУНЁРУҒ: Мен Тонгли элининг қизи, Кунёруғ, отам васиятини адо этмагунча ўлмайман деб қасам ичаман!
МАНГУҚУТ: Энди охирги васиятим! Ўлсам, устимга шох-шабба ташланглар-да, бу ердан тез кетинглар! Бу гапим ҳам васият! Ёв етиб қолиши мумкин!.. Тангрим! Шу қирғин бўлган элни ўзинг ёрлақа! Шу икки норасида илдизларини асра! Улар кўкарсин! Дарахт бўлсин! Боғ бўлсин! Бир улуғ халқ яна дунёни тутсин! Мана бу икки жафокаш аёлга ҳам сабру тоқат бер! Кўк Тангрим! Мени эшитяпсанми, Кўк Тангрим!.. Кўк Танг¬рим!.. Тангрим деяпман!..
Мангуқут ўқ теккандай йиқилади. Яна одми чолғулар инсоннинг мангу дардини айта бўзлайди. Икки аёл йиғлай-йиғлай, чақалоқларни бир четга авайлаб қўядилар-да, марҳумнинг устига дарахтларнинг новдаларини ташлай бошлайдилар. Бу ишларни бажариб, бир-бирларининг қаршиларига келиб тўхтайдилар.

ТОНГЁРУҒ: Тонгли элининг Кунёруғ қизи! Бошимда соя бўлган алп Эртуғунинг синг-лиси! Жигарим! Бу дунёларда ёлғиз қолган ёлғизим! Энди мен кетаман!..
КУНЁРУҒ: Тонгли элининг Тонгёруғ қизи! Акамдай эрнинг кўнгли топган покиза гул! Айрилиқларда эслаб юрадиган ёлғиз қариндошим! Энди мен ҳам кетаман!..
ТОНГЁРУҒ: Ўн саккиз ёз, ўн саккиз қиш ўтгунча хайр!
КУНЁРУҒ: Ўн саккиз кўклам, ўн саккиз хазон ўтса, албатта, кўришамиз!..
ТОНГЁРУҒ: Айрилиққа чидаймиз!
КУНЁРУҒ: Бошимизга тош ёғса ҳам сабр қиламиз!
ТОНГЁРУҒ: Фақат элимизнинг бу икки илдизини омонликда қўкартирсак, бас.
КУНЁРУҒ: Ҳали улар дарахт бўлади!
ТОНГЁРУҒ: Дарахтлар боққа айланади!..
КУНЁРУҒ: Олтой тоғларидан Ҳазар денгизигача Тонгли эли ўрмондай шовуллаб туради.
ТОНГЁРУҒ: Элимизнинг шону шавкати оламни тутади.
КУНЁРУҒ: Энди кўришгунча йиғламаймиз ҳам!
ТОНГЁРУҒ: Энди ўн саккиз йил ёш тўкмай яшаймиз.
КУНЁРУҒ: Тошдай яшаймиз.
ТОНГЁРУҒ: Тошга айланган икки томчи ёшдай яшаймиз.
КУНЁРУҒ: Омон боринг!
ТОНГЁРУҒ: Омон бўлинг!

Улар икки томонга юрадилар. Тўхтайдилар.

КУНЁРУҒ: Тонгли элининг Тонгёруғ қизи!
ТОНГЁРУҒ: Тонгли элининг Кунёруғ қизи!
КУНЁРУҒ (овози йиғидан қалтираб): Элимдан қолган ёдгорим!
ТОНГЁРУҒ (бетовуш йиғлар экан): Мен… кейин… йиғламайман!.. Сабрим қолмади! Охирги марта! Охирги марта!..
КУНЁРУҒ: Янга…
ТУНЁРУҒ: Қиз! Эгачим!..

Улар ҳўнграганча, бир-бирларини бағрига босадилар. Шу пайт мусиқа ҳам кўнгил бўлиб ҳўнграйди. Чақалоқлар ҳам безовталаниб, йиғлашга тушадилар. Икки она югуриб бориб, чақалоқларини оладилар ва… бир мажбур юришда, бир-бирларига қарай-қарай, дунёнинг икки тарафига қараб кетадилар.

3

Яна Ёлғиз Мерган ва Тонгёруғ. Улар суҳбатларини давом эттиряптилар.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН (ажиб бир сурурли оҳангда, сўзнинг мазасидан роҳатланиб): Тонгли… Тонгли…
ТОНГЁРУҒ (нохос бахтдан чўчиб тушгандай): А? Қайтар… Яна айт!.. Қайтар!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Тонгли…
ТОНГЁРУҒ: Тонгли… Тонгли! Яна айт, болам, айт!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Тонгли!.. Тонгли!..
ТОНГЁРУҒ: Эшитар кун бор экан-ку! Тонгли, номинг ўчмаган экан-ку! Мана, ўғлим айтиб турибди… Менинг ўғлим номингни айтаяпти. Айт, болам, айт! Қаттиқроқ айт! Дунё эсига тушсин! Тонгли деган халқ тириклигини эшитсин! Баралла айт! Бақириб айт! Бу кар дунё тингласин!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Тонгли!.. Тонгли!.. Тонгли!..
ТОНГЁРУҒ: Ёлғизим! Ёлғиз мерганим! Сен омон бўлсанг, Тонгли бу дунёда илдиз отади. Биз Асқар тоғдамиз. Амманг Кунёруғ фарзандини олиб бу томонга жўнаган. Келиб қолишади. Келишса, аммангнинг қизини сенга унаштираман! Тўрталамиз – барча Тонгли улуси йиғилиб – катта тўй қиламиз! Сизлар ўн ўғил кўрасизлар! Ўн қизли бўласизлар! Ўн келин оласан! Ўн куёвли бўласан!.. Мен, ҳув, чўққига чиқиб, атрофга қарайман. Келишаётган бўлса, кўзлари тушар…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мен бора қолай… Зув этиб бориб, зув этиб келаман.
ТОНГЁРУҒ: Йўқ, улар эркакни кўришса чўчишади…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Нега?
ТОНГЁРУҒ: Эркакларнинг бағри тош… Одамларнинг мана шу тошмеҳр дунёсини улар қурган!.. (Ташқарига йўналади) Мен ҳозир келаман… Ҳозир!..

Шу пайт яна ғознинг ғағалаши эшитилади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН (дунёни унутиб): О, товушингдан! Яна келдингми?.. Худо сени менга буюрган! Кўнглим сезиб турибди! Ажалинг қувиб, ёнимга келяпсан!… (Ичкарига югуриб киради-да, ўқ-ёйини олиб чиқади). Ҳозир бораман! Чақиришингни қара!
ТОНГЁРУҒ: Ўғлим! Ҳеч қанақа ғоз йўқ!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Э, эна бир ғознинг тарафини шунча оласизми? Нега эшитиб туриб, “эшитмадим”, дейсиз!
ТОНГЁРУҒ: Болажоним, шу ишингни қўй! Ғознинг овози эмас…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Э, эна-я! Сочингизга оқ тушганда алдамчи бўлиб қолдингизми? Ана, учиб келиб нақ пешонамизга – Кўктошнинг устига қўнди. Қаранг!.. Қаранг!
ТОНГЁРУҒ (сукут сақлаб): Кўрдим, болам, кўрдим!.. Аммо шу ғозга тегинма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Нимага? Нимага? Мен овчиман! Тангри жами жониворларни овлаш учун яратган!
ТОНГЁРУҒ: Биламан… Болам, биламан… Аммо шу ғозга омонлик бер! Шу ғоз омон қолсин!.. Ана, учиб кетди!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мени аҳмоқ қиляптими бу қуш? Бир пайдо бўлади, бир йўқ бўлади…
ТОНГЁРУҒ: Дилтанг бўлаверма! Фойдаси йўқ. Учиб кетди – бўлди-да!.. Мабодо қайтиб келса ҳам, унга тегинма! Мен эса ҳозир югуриб бораман-да, ҳўв, чўққидан атрофга бир қараб қайтаман… Амманг Асқар тоққа етдим деганда, адашиб овора бўлиб юрмасин! (Ташқарига йўналади.)
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна…
ТОНГЁРУҒ: (тўхтаб): Нима дейсан?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (зўриқиб): Эна…
ТОНГЁРУҒ: Сўрайвер, нима гапинг бор?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Аммамнинг қизини исми нима?
ТОНГЁРУҒ (негадир қувониб): Айтмадимми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Йўқ… Айтганингиз йўқ…
ТОНГЁРУҒ: Аммангнинг қизининг исми… жуда чиройли! Мангуҳаёт!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мангуҳаёт?..
ТОНГЁРУҒ: Ҳа, Мангуҳаёт!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ҳақиқатдан чиройли экан!
ТОНГЁРУҒ: Исми ҳам чиройли, ўзи ҳам чиройли!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Уни кўрмагансиз-ку… Қаердан биласиз?
ТОНГЁРУҒ: Билиб қўй, ўғлим, дунёдаги энг чиройли халқ Тонгли халқидир. Чунки Тонгли халқи хиёнатни билмайди. Бу халқ хиёнатни билмагани учун қаро ерга кирди. Тонглиларнинг эркаклари мард, паҳлавон; аёллари дунёдаги энг гўзал аёллардир. Билиб қўй! Ҳеч қачон унутма! Энг чиройли халқ Тонгли халқидир! Чунки у хиёнатни билмайди!.. Мен кетдим, болам. Ҳозир келаман…

У югургилаб чиқиб кетади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мангуҳаёт… Мангу…ҳаёт!

Ёлғиз мерган бу исмни такрорларкан, дунё аллақандай ўзгаради. Аёлнинг соғинч ва ғулуга тўла сўзсиз қўшиғи қайлардандир эшитилади. Унга эркакнинг, эҳтимол Ёлғиз Мерганнинг овози жўр бўлади. Ёлғизликнинг кўйида дард билан тўлган товушлар… Шу пайт яна ғоз ғоғолаб қолади.

(Ғознинг овозини эшитмай) Мангуҳаёт… Бунча чиройли! Мангуҳаёт!… Яна ғоз сайрайди. (Ногоҳ эшитиб тўхтайди). Ғоз сайради! (Қулоқ тутади.) Сув қуйилгандай ҳамма жой жим-жит!.. Аммо ғоз сайради. Аниқ эшитдим… Тавба, мени биров синаётгандай. Бутун вужудим титраб кетяпти. Кўнглим ўлжани сезди. Даҳшатли ўлжа! Худди тақдирдай катта ўлжага ўхшаяпти… Ана, яна сайради!.. Бу ғоз мени масхара қиляпти! Овчи эмассан деяпти! Отолмайсан деяпти! Ёлғиз мерган минг қадамдан учган қушнинг кўзидан уришини ҳали билмайди!.. Яна сайради! Э, тоқатимни тоқ қилдинг! (У отилиб чайлага киради-да, ўқ-ёйни олиб чиқади.) Қаердасан? Ғоз, қаердасан? Менга сени Тангри таоло рўбарў этяпти! (Атрофга синчиклаб назар ташлайди.) Билиб қўй! Мен Ёлғиз Мерганман! Етти ёшимдан буён отган ўқим хато кетмаган! Мўлжалга бехато урганман!.. Бехато уришимни билмайсан! О, яна сайрадинг! Мен билан бекор ўйнашаяпсан! Бекор!.. (У атрофга айланиб қараб, ғозни излайди.) Воҳ, қудратингдан! Тангрим! Бу ғоз жуда ўзидан кетди! Ана, газадан ошиб, тикка мен томонга учиб келяпти! Мени ўйнатаяпти! Нақ манглайимга келиб қўнганини қаранг! Менинг кимлигимни билмайди бу жонивор… (Ёйни олиб, ўқни садоғидан олади.) Кимлигимни билмайди! Билмайди…
ТОНГЁРУҒ (олисдан): Отма! Болам, отма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (мўлжалга олишга ҳозирланиб): Учиб кетма! Жойингда тур! Жо¬йингда тур!
ТОНГЁРУҒ (овози энди яқиндан эшитилади): Отма деяпман сенга! Отма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Энамни нима иши бор бу ғоз билан! Сен энамнинг гапига қулоқ тутма!.. Жойгинангда тур! Мана, ҳозир! Мана, ҳозир!.. (У мўлжалга олиб, ўқ тиралган ёйнинг тасмасини торта бошлайди.) Саҳнага Тонгёруғ отилиб киради.
ТОНГЁРУҒ: Отма! Отма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Халақит берманг! Халақит берманг! Ўзи келди! Ўзи талаб қилиб, учиб келди! Отиб олмасам, ўлиб қоламан! Ўлиб қоламан!..
ТОНГЁРУҒ: Отма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, шу ғоз ўғлингиздан азизми? Тарафини олманг! Мен сизга “шу ғозни отиб олмасам, ўлиб қоламан” деяпман! Ўлиб қоламан.
ТОНГЁРУҒ: Отма, деяпман, боласи тушмагур! Отма!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна!..
ТОНГЁРУҒ: (ғоз қўнган тарафга қараб): Ҳо, киш!.. Киш!.. Қуш бўлмай ўлгур, учсанг-чи! Тошдай тураверасанми? Киш!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мен ўлиб қоламан деяпман! Ўлиб қоламан! Мендан бирор жонивор қочиб ҳам, учиб ҳам қутулмаган!.. Қутулса, ўлганим!…
ТОНГЁРУҒ: Киш!.. Киш!..

Ёлғиз мерган ёйни тортади. Айни ўқ отиладиган пайти Тонгёруғ ўғлининг қўлига туртиб юборади. Ғознинг чўчиб, ғоғиллагани эшитилади. Унинг овози борган сари олислаб боради. Сукунат чўкади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН (ҳолсизланиб): Эна… Ўқим тегмади…
ТОНГЁРУҒ (қувонганидан ўғлига эътибор бермай): Тегмади!.. Ғоз омон қолди!.. Омон қолди! Элчи ғоз омон қолди!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна… Қанақа элчи ғоз?..
ТОНГЁРУҒ: “Мени душманга қолдирма, Бойсун-Қўнғиротгача қанотимни толдирма”, деб учиб кетди? Учиб кетди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, деяпман! Қанақа элчи ғоз?..
ТОНГЁРУҒ: Бу жойлар, мана шу Асқар тоғ – Бойсун-Қўнғиротнинг ерлари, болам! Алпомиш зиндонга тушиб, элу юрти ултонтозларга қолиб кетди! Эл Алпомишни ўлган деб ўйлайди. Бу ғоз Алпомишдан юртига нома олиб кетаётган элчи қуш. Қанотига нома боғланган! Элчига ўлим йўқ!.. Энди Алпомиш қайтади! Қўнғирот озод бўлади!.. Бу дун-ёда бир элу юрт тахту бахтли яшайди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Сиз қаердан биласиз бу гапларни?
ТОНГЁРУҒ: Ҳасратда яшаган одам нималарни билмайди, болам! Бу гапларни қушлардан эшитдим! Ҳасратдан ҳимиллаб турган ҳаволар айтди. Қайғудан энгашиб қолган осмон сўзлади! Ёлғизлигимиз жами тирикликнинг тилини англашни ўргатди менга!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (тобора ҳолсизланиб): Эна, энди менга нима бўлади?
ТОНГЁРУҒ (ўғлига эътибор бериб қарар экан): Сенга… Сенга… Нима бўлди?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мен ғозни отолмадим!.. Ғоз учиб кетди!
ТОНГЁРУҒ: Айтдим-ку, бу ғоз…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Сиз менга чўпчак айтаяпсиз… Менинг эса, бу дунёда тургилигим қолмади… Ўзингиз айтгансиз: “Эр кишининг ўқи хато кетгани, ўлгани”, дегансиз…
ТОНГЁРУҒ: Айтганман… Ҳа, айтганман!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўқим хато кетди… Ичимдаги ўқ томирим узилди, эна!.. Эна!.. (у ҳолсизланиб, харсангга суянади.) Эна…
ТОНГЁРУҒ (ўғлининг қошига югуриб боради. Юз айланиб, минг ўргилади): Ундай дема! Ундай дема, жоним болам! Ёлғизим менинг!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мендан бир ғозни энамки авло билди, паймонам тўлган экан, гулим очилмай сўлган экан… Воҳ! Ғоз учиб кетди! Қайтиб келмайдиган бўлиб кетди! Ўлганим яхши!..
ТОНГЁРУҒ (жонҳолатда каловланиб): Нима деяпсан? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон ўлмайсан!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Воҳ, жоним! Эна, бутун вужудим эзилиб кетди!
ТОНГЁРУҒ: Тўшакка юр… Тўшакка юр!.. (Ўғлини суяганча, капа тарафга бошлайди.)
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (судралиб қадам ташлайди): Ҳолим қолмади! Ҳолим қолмади! Ғоз учиб кетди!
ТОНГЁРУҒ: У ғоз…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: (чўккалаб қолади). Бир ғозни мендан аядингиз… Эна, мен энди одам бўлмасам керак.
ТОНГЁРУҒ: Болам! Болам!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна… Дунё кўзимга қоронғи бўляпти!..

Ёлғиз Мерган қадди букилиб, аста ерга йиқилади. Тонгёруғ югуриб бориб, ўғлининг бошини тиззасига олади:

Болам!.. Кўзингни оч! Кўзингни оч! Сен ўлмаслигинг керак! Эшитяпсанми, болам, сен ўлмаслигин керак!.. Воҳ, Тангрим менга ёрдам бер! Бир халқдан қолган ёдгорга ёрдам бер! Уни қаро ерга киргизма! У бу оламдан кетса, Тонгли улуси изи билан бу дунёдан ўчади! Тангрим!..

Саҳна қоронғи тортади…

4

…Дунёда кун-тун алмашяпти. Туну кун оралаб, саҳнадан Тонгёруғ пириллабгина юриб ўтиб кетяпти, ўтиб кетяпти… Кун-тун алмашяпти. Саҳнанинг бир тарафидан қўлида узун ирғай таёқ ушлаб олган Бўлган Кал, бир тарафидан Тонгёруғ ҳаллослаб кириб келяпти.

БЎЛГАН КАЛ (саҳнага кирибоқ): Қайт! Эгачим, қайт! Мен фол очишни ташлаганман. Келган изингга қайт деяпман! Қайт!
ТОНГЁРУҒ: Бўлган иним! Минг афсунга тўлган иним! Ўғлим олти ойдан буён касал бўлиб, кўзини очолмай ётибди. Шамолдай елдим, олти ойлик йўлни олти нафасда босиб келдим! Боламнинг дардига даво излаб, биядай бўзлаб қошингга етдим!..
БЎЛГАН КАЛ: Ҳолингдан хабарим бор! Ҳолингдан хабарим бўлмаса, бу дунёда нега Бўлган Кал номимни ўртага қўйиб фол очиб юрибман! Аммо яқинимга келма! Ловуллаб ёнаяпсан! Мен ҳам оловингга қўшилиб ёниб кетаман! Ёнимга келма!.. Қайт!
ТОНГЁРУҒ: Қайт, дема! Жонимни олсанг, ол! Молимни олсанг, ол!…
БЎЛГАН КАЛ: Эгачим, молингни ололмайман – талончи эмасман, жонингни ололмайман – Кўк Тангри эмасман! Яқинимга келма! Мен фол очишни ташлаганман! Очган фолим тескари чиқяпти! Фақат Тангридан умид кут!
ТОНГЁРУҒ: Тангридан шу боламнинг умрини сўраб берадиган одам керак. Менинг зоримни Тангрим эшитмаяпти… Ҳеч бўлмаса, бир сирни айт, Бўлган иним, мен Танг¬рига нима ёмонлик қилдимки, ёлғиз боламни, кўзимнинг оқу қаросини бедаво дардга дучор қилди?..
БЎЛГАН КАЛ: Тангрининг равиши фақат ўзига маълум…
ТОНГЁРУҒ: Илоё, дунё тургунча тургин! Мени марҳаматингдан нари тутма! Тушун, ўғлим Тонгли улусининг сўнгги илдизчаси! Мен уни ўн саккиз йил асраб-авайладим. У жувонмарг бўлса, бус-бутун эл қайта кўкармайди – дунёдан беиз йўқолади. Қаро ерга кириб кетади!..
БЎЛГАН КАЛ: Йиғлатма-да мени!.. Бу қисматни билмасам, фолчиман деб бу дунёда лоф уриб юраманми?
ТОНГЁРУҒ: Иним, сен яна бир гапни биласан…
БЎЛГАН КАЛ: Эгачим, сенга худойимнинг синови тугамаганга ўхшайди! Мендан сўраб нима қиласан? Сен фидокорнинг ишини қилдинг. Ўғлингнинг жонини жабборга бериб, элчи ғозни учирдинг! Ана, Қўнғирот элида неча ойки, тўй! Бахту тахти қайтиб келган… Сен улуғ одамсан! Бир халққа озодлик бердинг! Ғозга айланиб, учиб кетаётган эркнинг кўксини ўқ туйраб ўтмади. Озодликнинг йўли кесилмади. Алпомиш қайтиб, Бойсун-Қўнғирот бахтини топди! Эгачим, бутун дунё билган гапни қайта айтай: сен фидокорлик қилдинг. Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир! Қайси фидокорнинг манглайи ярқираб, бу дунёдан ўтди? Сен бу дунёни мард деб ўйлама! Кет, эгачим! Кет! Мендан нажот кутма! Мен кимманки, сенга ёрдам берай!
ТОНГЁРУҒ (сўнгги умид билан, кўз ёшларини тиёлмай): Ҳеч ёрдам беролмайсанми?
БЎЛГАН КАЛ: Эгачим, мени қийнаяпсан. Кет!..
ТОНГЁРУҒ: Иним! Қаршимда қаро кунларимдаги бир ситим ёруғ бўлиб турибсан! Мени кўп қақшатма! Биргина фол оч!
БЎЛГАН КАЛ: Очолмайман…
ТОНГЁРУҒ: Сени умрим бўйи олқайман! Ёлвораман! Шу боламга фол оч!
БЎЛГАН КАЛ: Эгачим!..
ТОНГЁРУҒ: Мени қақшатма!..
БЎЛГАН КАЛ: Очадиган фолимни ўйласам, қўрқиб кетяпман. Туришингни қара! Сен ҳеч нарсадан қайтмайсан! Сен жонингни аямайсан! Эгачим! Жони сабил қолган одамсан! Билиб қўй, сен ҳам осмонни кўтариб турган одамсан!
ТОНГЁРУҒ: Қанақа осмон?
БЎЛГАН КАЛ: Бу дунёнинг осмони кўп. Бирини сен кўтариб турибсан.
ТОНГЁРУҒ: Аллақайдаги гапларни гапирма! Худо қарғаган халқнинг Худо қарғаган бир муштипари бўлсам…
БЎЛГАН КАЛ: Ундай дема! Ундай дема!.. Сен энг улуғ одамсан!
ТОНГЁРУҒ: Иним, менинг ўлишга ҳаққим йўқ. Бўлмаса…
БЎЛГАН КАЛ: Энди кет! Дунё билан гаплашишимга халақит беряпсан. Кўнглимни бўшаштириб юборяпсан. Сенга қараб, юрагим эзилиб кетяпти… Дунё билан гаплашишда қаттиқ бўлмасанг, бўлмайди. Бўшашсанг, бу дунё эзиб ташлайди. Сен буни биласан…
ТОНГЁРУҒ: Биламан. Ўн саккиз йил ёлғиз бошим билан дунёга сир бермадим. Тикка гаплашдим. Бошқа иложим йўқ эди.
БЎЛГАН КАЛ: Энди ҳам бўшашма! Аввалгидай кўзига тик қараб ишингни қилавер! Энди бор…
ТОНГЁРУҒ (қақшаб): Болам… Ёлғизим нима бўлади?
БЎЛГАН КАЛ: Воҳ, ўзини ўйламаган, эгачим!.. Тангрининг айтгани бўлади! Тангрининг айтгани бўлади! Кет!.. Мени қийнама!..
ТОНГЁРУҒ (кета бошлайди): Кўк Тангрим! Ўзинг нажот бер! Нажот бер! Ёлғизгина боламни хазон қилма! Ахир, унга бир гап бўлса, бир халқ бу дунёдан беиз йўқолади! Қайси гуноҳимиз учун бизни бу дунёнгдан ҳайдаб юборяпсан!.. Синовингни кўтаролмаяпман! Ерга киргизиб юборяпти мени синовларинг! Чидаёлмаяпман! Саб¬рим тугаяпти! Тангрим! Тангрим! Овоз берсанг-чи! Нега жимсан? Ахир, бундан ортиқ хору зорлик бўладими? Тангрим! Озгина нажот бер!..

Тонгёруғ йиғлай-йиғлай чиқиб кетади. Бўлган Кал унинг фиғонларига тоқат қилолмай қотиб турибди.

БЎЛГАН КАЛ: Тангрим! Қойилман, Тангрим! Қандай бандаларингни яратгансан! Қандай ғаройиб бандаларинг бор!.. Ё қудратингдан! Ё қудратингдан! Қандай бандаларинг бор!.. Қойилман…

Саҳнага қоронғилик тушади…

5

…ёришганда, сибизға йиғлаб, дўмбира бўзлаб, Ёлғиз Мерганнинг ҳолидан яна баён этиб турибди. Кападан судралиб, қийналиб, инграниб чиқаётган Ёлғиз Мерган кўринади. У бир дам судралгач, беҳолликдан тўхтаб қолади. Ё қимирлашга мажоли етмаяпти ёхуд бу дам ҳушидан кетган… Ёлғиз ўзига келиб, яна инграганча, судралади. Охир саҳнанинг тўридаги харсанг тошга минг азобда етиб боради. Унга кўксини ердан узиб, суяниши ҳам минг азобда кечади. Ана, Ёлғиз Мерган харсангга суянганча, дунёни томоша қиляпти. Дам осмонга, дам тоғларга қарайди, дам ёнидаги майсани суйган одамининг сочини силагандай силайди… Тонгёруғ киради. Ўғлини ташқарида ўтирганини кўриб, тўхтаб қолади.

ТОНГЁРУҒ: Ташқарига… қандай қилиб чиқдинг?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Чиқдим. Эмаклаб, судралиб…
ТОНГЁРУҒ: Сен… Сенинг тобинг йўқ. Тўшакда ётишинг лозим. Гапимга кирмайсан…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Капа қафасга ўхшади. Дунёни бир кўрай деб чиқдим.
ТОНГЁРУҒ: Болажоним! Нималар деяпсан? Ҳали бу дунёни кўп кўрасан!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (унинг гапини эшитмагандай): Дунё бошқача экан…
ТОНГЁРУҒ (бирдан тутоқиб): Мен дунёни биламан! У… ўлжасини таъқиб этаётган бўрига ўхшайди. Халқимизни ёв бетўхтов босқин этгандан буён у бизни таъқиб этади… Ҳозир менга етиб келган! Тишлари бўғзимга ботиб кетаётганини ҳис қилиб турибман…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Сен айтаётганинг бошқа дунё…
ТОНГЁРУҒ: Дунё битта! Бошқа дунё йўқ. Тонгли элини қирган, лак-лак одамларнинг қонини дарё-дарё оқизган, болалару аёлларни қўйдай сўйган дунё…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Бошқа дунё бор… Масалан, сиз бошқа дунёсиз!..
ТОНГЁРУҒ: Мен?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ҳа… Мен бемажолликда ётиб, ўйлайвериб-ўйлайвериб топдим. Сиз бошқа дунёсиз…
ТОНГЁРУҒ: Қанақа дунёман?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Сиз ўзингиздан кўра бошқаларни кўпроқ ўйлайдиган одамсиз. Бу дунёда бошқалар ҳам эмин-эркин – ўзининг бахту тахти билан яшашини хоҳлайсиз…
ТОНГЁРУҒ: Шу ишим ёмонми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Яхши… Аммо бир ғозни ўғлингиздан аядингиз…
ТОНГЁРУҒ: Болам! Болажоним!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Менга эса одамларнинг кўзига кўринма, улар қирғин ва ўлим олиб келади, деб ўргатдингиз…
ТОНГЁРУҒ: Бошқа иложим йўқ. Сен элингнинг ичида яшаёлмаяпсан-да! На суянчинг бор, на таянчинг! Ҳаводасану учишга қанотинг йўқдай… Одамлар ёлғизу кучсизни аяб ўтирмайди! Сени асраб қолиш учун бу гапларни айтишга мажбур бўлганман. Чунки сенга бир гап бўлса, элимиз йўқ бўлади.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мени хато қилишга ҳаққим йўқлигини, ҳар отган ўқим мўлжалга аниқ тегиши кераклигини уқтиргансиз. Тинмай машқ қилдиргансиз! Хато қилиш йигит учун ўлим дегансиз.
ТОНГЁРУҒ: Ҳа, ҳа!.. Айтганман! Айтганман, болажоним! Сен бир халқдан қолган ягона эркак бўлганинг учун бошқа нима дейин? Хато қилсанг, тузатадиганинг йўқ – ёвга ем бўласан…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Фақат жонингни асра дегансиз…
ТОНГЁРУҒ: Бошқа нима дейин? Сен Тонгли улусини қайта яратгувчисан!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (бемажол ўртаниб): Эна! Эна…
ТОНГЁРУҒ (фарзандига гиргиттон бўлиб): Жон!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Барибир… Бошқа дунё бор экан. Ор-номус тирикликдан баланд экан, эна!..
ТОНГЁРУҒ: Болажоним! Номусу орлим!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Хато қилдим… Ғоз учиб кетди! Яшашга кучим етмаяпти!..
ТОНГЁРУҒ: Шунча орсизлар дунёда яшаб юрибди-ку!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Уларнинг дунёси кенг бўлса керак! Менинг дунём эса торгина – ҳадеб ўзимга дуч келавераман. Ўзимга қарайман-да, қора ерларга кириб кетаман. Бир ғозни отолмаган ношуд, бир элни қандай яратсин!
ТОНГЁРУҒ: Болам!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўлганим яхши, эна! Аммо бошқа дунё! Қандай гўзал! Осмонни қаранг! Шунчалар чексиз! Рангларининг тозалигини! Ҳар кун кўрадиганим анов арчани қаранг! Ҳаётни уфуриб, шамолда ғувуллайди!.. Бунча чиройли!.. Қараб тўймаяпман, эна!
ТОНГЁРУҒ: Ҳали кўп қарайсан! Ҳали қанча дарахтларни кўрмагансан! Ҳаммасини томоша қиласан! Ў, сен Тонгли улусининг осмонини кўрмагансан! Осмонимиз шундай баланд эдики!.. (Армонли, сурурли сукут чўкади.) Энди, болам, ичкари кириб бир мизғиб ол! Мен Луқмони Ҳакимнинг олдига бориб келаман!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, овора бўлманг. Дардимга даво йўқ…
ТОНГЁРУҒ: Шу гапларингни қўй. Дардингга даво топмасам, энанг бўлиб нима қилдим…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: “Дори” деб берганингизни едим, “ич” деганингизни ичдим… Фойдаси йўқ… “Луқмони Ҳаким олти ойлик йўл нарида”, деётган эдингиз, эна! Сиз қайтиб келгунча…
ТОНГЁРУҒ: Худо хоҳласа, мен қайтиб келгунча, ҳамма нарса омон-омонликда бўлади. Олти ойлик йўлни олти нафасда босаман!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Фойдаси йўқ…
ТОНГЁРУҒ: Ҳамма нарсага шак келтираверма. Касал борки, давоси бор! Луқмони Ҳаким билмаган даво борми?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг давоси бор…
ТОНГЁРУҒ (чўчиб тушиб): Нима? (Ўтириб қолади. Ҳўнграб йиғлайди.) Мен сени бу ёруғ дунёдан қўйиб юбормайман! Эшитяпсанми? Қўйиб юбормайман…

Қоронғилик тушади…

…Дунёда кун-тун алмашаяпти. Туну кун оралаб, саҳнадан Тонгёруғ пириллабгина юриб ўтиб кетяпти, ўтиб кетаяпти… Кун-тун алмашаяпти. Ниҳоят, Тонгёруғ саҳнага киради-да, таққа тўхтаб қолади. Саҳнанинг нарига тарафидан Луқмони Ҳаким, кўзи тушган жониворлару ўт-ўланлар билан гаплашган кўйи, кириб келаяпти. Соқоли кўксига тушган, кўрганнинг ақли учган – ўз ақлидан ўзи тошиб, ҳар нақлидан сўзи тошиб келаяпти.

ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Сен, жирғаноқ, шарбат бўласан… Қариқиз, сен беморларни терлатасан… Юлғун, писмиқ, нега яширинасан? Ариларга асални ким беради, тентак?.. Афсонак, заҳарлиман деб хафамисан? Заҳаринг ҳам дори-ку! Ўсавермайсанми? Дўлана, тоққа чиқиб кетма! Пастроқ туш! Ё қадрингни синаяпсанми? Майли, кўнглинг тўлсин! “Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда”, деб қўя қоламиз…
ТОНГЁРУҒ (икки букилиб салом беради): Ассалому алайкум!
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ (тўхтаб): Ваалайкум ассалом!.. (Аёлга разм солиб.) Нега менга таъзим қилдинг, одамларнинг улуғи?
ТОНГЁРУҒ: Одамларни не-не хасталикдан фориғ этган сиздай донишманд зотга таъзим қилмай, кимга таъзим қиламан?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Мен сенга таъзим этишим лозим, Тонгли элининг улуғ фарзанди! Мен мингта, ҳа ана, мақтансам, ўн мингта одамнинг ҳаётини сақлаб қолгандирман. Сен эса… Э-ҳе!.. (У икки қўлини ёйиб, дунёни қамраб кўрсатади.)
ТОНГЁРУҒ: Мен қандай улуғ бўлай, Луқмони Ҳаким отажон! Бир боламнинг дардига даво топмасам…
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Бойсун-Қўнғиротдай достон юртга дориломонлик берган зот улуғ бўлмай, мен улуғ бўлайми? Эзгулик йўлида ҳатто фарзандингни ҳам аямадинг, одамларнинг улуғи! Фарзандингни ҳам!.. Қандай улуғ зотсан!..
ТОНГЁРУҒ: Бу кўргиликларни қаердан эшитдингиз?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Оламга достон бўлдинг-ку! Учиб келган қушлар айтди, югуриб ўтган ҳайвонлар айтди, ғувуллаб ўтган шамоллар айтди. Сен ҳақингда ўт-ўланлар шамолда тебраниб қўшиқлар айтганини бир эшитсанг эди.
ТОНГЁРУҒ: Сиз уларни тилини қайдан биласиз?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Мен сирларни билишга интилдим, Тангри эса сирларини очди… Интилганга Худо ёр!
ТОНГЁРУҒ: Яна бир урининг, Луқмони Ҳаким ота! Илоё, бу дунёнинг ёмонидан ёмон яшай! Илоё, минг дарднинг минг бир оғриғида тўлғонай! Фақат болам армонда кетмасин!..
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Сен, Тонгли элининг ёлғиз қизи, олам кўрмаган фидойилик кўрсатдинг!.. Энди чидамоқдан бошқа йўл йўқ… Чида! Неки бошга тушса, қаноат эт!.. Э, фалак! Э, дунё!..
ТОНГЁРУҒ: Ўғлим бу оламни тарк этса, Тонгли улуси беиз йўқолади… Бутун бир халқ беиз кетади!.. Садағанг кетай, Луқмони Ҳаким ота!.. Худо назари тушган одамсиз! Фарзандим ўн гулидан бир гули очилмасдан, хазон бўлмасин! Бу гулдан ҳали қанча гуллар илдиз олиши керак!.. Ҳали ундан қанча дарахтлар ўсиб чиқади!.. Бу йигит ҳали боғ бўлади!.. Тонгли эли дунёда қайта туғилади. Олтойдан Ҳазаргача от суриб, довруқ солади!.. Фарзандимни ўлимга топширолмайман! Мен ваъда берганман!.. (Луқмони Ҳакимнинг пойига ўзини ташлаб) Луқмони Ҳаким отажон! Худо сийлаган зот! Шу ўғлимнинг умрини Тангридан сўраб беринг!..
Аёлнинг зориллашларини Луқмони Ҳаким бош эгиб, ўртаниб эшитяпти.

ЛУҚМОНИ ҲАКИМ (сокин): Одамларнинг улуғи, ўзингни босиб ол! Ғамга сирингни берма!.. Тур ўрнингдан! Бу ёққа келишингда, ўғлинг – Ёлғиз Мерган нима деди? Охирги гапини эсла…
ТОНГЁРУҒ (ўзини тутиб олишга уринар экан): У.. У… “ўлимдан бошқа… ҳамма ишнинг… давоси бор…” деди.
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Ақлли йигит экан… (Сукунат. Луқмони Ҳаким оғир ўйга чўмган. Ниҳоят бош кўтариб) Ўғлинг тузалади.
ТОНГЁРУҒ (қулоқларига ишонмай): Нима? Нима дедингиз?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Ўғлинг тузалади!
ТОНГЁРУҒ: Луқмони Ҳаким отажоним! Тилларингиздан айланай, нима дедингиз? Яна биргина қайтаринг?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Ўғлинг тузалади. Фақат… (У иложсиз бир гапни айтаётгандай гапдан тўхтайди.)
ТОНГЁРУҒ: Ўғлим тузалади!.. Ўғлим тузалади!..
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Одамларнинг улуғи, қулоқ тут!..
ТОНГЁРУҒ: (бу хушхабарни барбод этадиган бирор бир нарса бўлиб қолишидан чўчигандай) Тузалса, бўлди!.. Тузалса, бўлди! Энди мен борай! Умид берган тилларингизга жоним садаға! Энди бориб, ўғлимга бу хушхабарни етказай!.. (Луқмони Ҳакимга таъзим қилиб.) Қуллуқ, ҳакимларнинг ҳакими! Қуллуқ, донишмандларнинг донишманди!..
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Эшит! Одамларнинг улуғи, эшит! Ўғлинг тузалади. Фақат… (Тонгёруғ уни маъқуллаб туради.) фақат ўша ғозни отиб олса…
ТОНГЁРУҒ: Ўша… ғозни… отиб олса… тузалиб кетади?.. Шундайми?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Шундай, одамларнинг улуғи, шундай.
ТОНГЁРУҒ: У ғоз қаерда?
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Худо билади! Бир келган, кетган-да!
ТОНГЁРУҒ: Ҳа.. Худо билади… Бир келган… кетган… Уни… қандай топаман?!
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Тангридан сўра!
ТОНГЁРУҒ: Тангрим! Шу ғозни қайтариб юбор! Асқар тоққа қўндир! Болам ўрнидан туриб кетсин! Ахир, у бир илдиз! Кўкариши керак! Кўкариши керак!..
ЛУҚМОНИ ҲАКИМ: Э фалак!.. Э кажрафтор!..

Саҳна қоронғилашади…

6

…ёришганда, ҳануз сибизға йиғлаб, дўмбира бўзлаганча, Тонгёруғу Ёлғиз мерганнинг ҳолидан баён этаяпти. Уларнинг ёлғиз капаси ҳам қунишибгина турибди.

ТОНГЁРУҒ (ташқаридан): Киш! Киш! Кет деяпман! Қанотинг сингур, бошқа жойда айлан! Бу ердан кет! Киш! Киш!..

Ўтин орқалаган Тонгёруғ киради. У бир қўли билан елкасидаги ўтиннинг боғини ушлаган, бир қўли билан осмондаги нимагадир таҳдид қиляпти.

Кет бу ердан! Киш! Киш! (ўтинни ўчоқбошига ташлаб, қўлларини силкитганича, қузғунни ҳайдайди.) Осмонда бошқа жой қуриб қолганми?! Бу жойга соянг ҳам тушмасин! Мияси айниган қузғин экансан! (Ердан тош олиб, осмонга отади.) Бу ерда нима бор? Нимага кетмайсан? Ахир, менинг болам соппа-соғ! Ҳозир капада ухлаб ётибди! Киш! Киш! Бу ерда ўлим йўқ! Эшитиб ол, бу жойда ўлим йўқ! Мен бор эканман, бу ерга ўлим келолмайди! Киш!.. Киш!.. (Яна осмонга тош отади.) Осмон ўйилиб, осмонсиз қолгур, киш! Киш!.. Бу жойга ўлим келолмайди! Яхшилаб эшитиб ол, ўлим келолмайди! Илоё, ўлимни соғинган кўзларинг ўйилиб тушсин!.. Киш! Киш!.. Кетсанг-чи!.. О, хайрият кетди!.. Кетди!.. Болам! Ёлғиз Мерганим! Қузғун кетди!. (Чопқилаб, капанинг ичига киради. Ичкаридан овози эшитилиб турибди.) Болам! Кўзларингни биргина оч! Бир оғиз сўз, де! “Эна” деган товушингни соғиндим! Чақалоқдай нафас олиб ётибсан! Қузғун кетди! (Ёлғиз мерган билан суҳбатини давом эттира, кападан чиқади. Қозон атрофида куймаланар экан, ўғли билан гаплашишда давом этади.) Қузғун бу жойларга адашиб келган! Бу ерда ўлим нима қилади? Бу жойларга ўлим келолмайди! Ҳеч бўлмаса, уялади! Бир халқдан биргина йигит омон қолсаю, у қайси юз билан унга рўбарў келади. Кейин, ҳар иш навбат билан-да! Мени ютмасдан, боламга ўлим ўтиб кетолмайди! (Бирдан тиз чўкиб, нола қилади.) Тангрим! Қандай кунларга қолдим! Бизларга раҳминг келсин! Шафқат қил!.. Шу ғозни қайтариб кел! Бойсун-Қўнғиротга раҳмат нурингни сочдинг-ку! Тонгли элидан қолган биргина норасидага ҳам шафқат эт! Шу ғозни қайтариб юбор! Тангрим!.. Қайтариб юбор! Тангрим!..
У ҳўнграб йиғлайди. Қаддини кўтаролмай йиғлайди. Қаро ерни муштлаб, йиғлайди. Аммо бирдан йиғидан тўхтаб, сукунатга қулоқ тутади. Олислардан ғознинг сайраши аввал элас-элас эшитилади.

Ғоз!.. Ғоз!.. Ғоз келди!.. Келди!.. (Энди у қувониб, беовоз титраниб, кўзёш тўкади.) Тангрим! Тангрим! Зоримни эшитдингми? Дунёни тўлдириб сайрайвер! Сайрайвер! (У қувончидан рақс тушаётганга ўхшаш бир ҳаракатлар қилади.) Ғоз келди!

Капанинг эшигида ўмганлаганча, судралиб келаётган Ёлғиз Мерган пайдо бўлади. У бўсағада кўксини кўтариб, капанинг кесакиси – ёғочга осилиб, суяниб – қаддини ростлайди.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна!..
ТОНГЁРУҒ (ўғлига энди кўзи тушиб, беқиёс қувончда): Ёлғизим!.. Ёлғиз мерганим! Вой, ўзингга келдингми? Ўрнингдан турдингми? Тангрига минг шукур! Келган дард, кетади деб, момомларим айтар эди… Айтганлари бўлди!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ғоз келдими?
ТОНГЁРУҒ: Келди, Ёлғизим! Келди! Отиб олавер! Энди елкангга бўридай ёпишган хасталикни, бошингдан айлантириб от! Одам етмас чўлларга тушсин, қайтиши йўқ йўлларга тушсин!.. Эшит! Эшит!.. Сайраяпти! Ғоз сайраяпти! Эшит!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна… Сайрамаяпти…
ТОНГЁРУҒ(қулоқ тутиб): Ҳа… сайрамаяпти.

Чиндан ҳам ғознинг товуши тинган.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўзи.. сайраган эдими?
ТОНГЁРУҒ: Ўзим эшитдим! Мана шу қулоқларим билан эшитдим!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мен ҳам эшитгандай бўлдим… Бирдан қимирламай, зил бўлиб ётган танамга мадор кирди. Кўзларимни очишга ҳам кучим етди… Ғоз келди деб ўйлабман!..
ТОНГЁРУҒ: Келди! Келди! Сенга ўзим эшитдим, деб айтаяпман-ку!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Агар келган бўлса, яна овоз берар… А, эна?…
ТОНГЁРУҒ: Овоз беради! Овоз бермай, қаёққа боради? У бизни интизор қилаяпти фақат!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Агар келадиган бўлса… Мени ана у харсангга суяб ётқизинг! Мен тайёр турай! Мен!..
ТОНГЁРУҒ: Ҳозир… Ҳозир!.. Тангрим! Ўзингга шукур! Ноламни эшитганингга шукур!

Ўғлини минг машаққатда харсангга суяб ўтқазади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Энди ўқу ёйимни олиб чиқинг…

ТОНГЁРУҒ (югургилаб борар экан): Ҳозир олиб келаман… Ҳозир… Тангрим! Ғозинг овоз берсин! Овоз берсин! (Кападан ўқ-ёйни олиб чиқади.)
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, энди ўқ-ёйни қўлимга ушлатиб қўйинг…

Ёлғиз Мерганнинг қўлига Тонгёруғ ўқу ёйни тутқазади.

(Қўлларида ёйни сезиб) Эна, баданимга титроқ кирди. Билагимга ғужур…
ТОНГЁРУҒ: Эркакнинг қўлини Кўк Тангри ўқ-ёй ушласин, деб яратган. Ўқ – эркак қўлининг давоми… Қўлинг бутунлигини сездинг, болам!..

Сукунат чўкади. Фақат дунё қадимги чолғуларда бир интизорлик мусиқасини чалаяпти. Тонгёруғ ўғлининг ёнига тиз чўкади. Иккаласи ғознинг сайрашини кутишмоқда.

ТОНГЁРУҒ (тинглар экан): Ана, сайради!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Йўқ, сайрамади. Кўктошдан наридаги қари тол шамолда овоз берди!
ТОНГЁРУҒ: Худди ғознинг овозини ўзи… Қуримагур қари тол, мени ўйнатади-я!..

Яна сукунат чўкади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, сайрамадими? Нимадир овоз берди…
ТОНГЁРУҒ: Йў-ў-ўқ… Сукунат жаранглаяпти.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Келмайди… Шу ғоз келмайди… Бу ғоз мен ўлгандан кейин келади.
ТОНГЁРУҒ: Нималар деб алжираяпсан? Келади! Нимага келмас экан? Келади!.. Сен, бола, оғзингга келганини гапираверма!

Шу пайт ғоз сайрайди.

(Тантана қилиб) Ана!.. Ана!.. Келди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна! Ўқ етмайдиган жойдан сайраяпти! Мен боришим керак! Яқинроқ боришим керак!
ТОНГЁРУҒ: Боришинг керак! Боришинг керак!.. Тур, ўғлим! Тур, қарчиғайим!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Йўқ, мен эмаклаб бораман! Ғоз ҳушёр қуш! Иккаламизнинг бу талпанглаб юришимизда учиб кетади! Учиб кетмасин!.. Учиб кетмасин!..
ТОНГЁРУҒ: Болам!.. (Ғоз овози келаётган тарафни кўрсатиб) Қара!.. Қара! Ғоз тикка биз тарафга учиб келаяпти!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ҳа, ана! Кўктошдан ҳам учиб ўтди.
ТОНГЁРУҒ: Кўклам газанинг белига қўнди!.. Болам, ҳаракатингни кўр!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ҳозир!.. Ҳозир!..

Ўқ-ёйни қўлига олади. Мўлжалга келтириб, ёйни тортади). Шу пайт ғоз сайраб қолади. Ғознинг товуши энди аниқ – яққол эшитилади. Мерган ёйни ўша ҳолида тутган кўйи қушнинг сайрашига қулоқ тутади ва ҳафсаласи пир бўлиб, ёйни бўшаштиради.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН Эна…
ТОНГЁРУҒ: От, болам! От! Нега бўшашдинг! Тезроқ бўл!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна… бу ғоз…
ТОНГЁРУҒ: Нима деяпсан? Кўнглингни бўлмасдан, от! Отсанг-чи!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Бу ғоз бошқа ғоз…
ТОНГЁРУҒ: Тилингни тий! Бошқа ғоз эмас! Ўшани ўзи! Тезроқ от! Учиб кетади! Кетади! Тезроқ.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эшитиб кўринг!.. Ана, яна сайради! Яхшилаб қулоқ солинг!

Иккаласи ҳам ғознинг товушига қулоқ тутади.

ТОНГЁРУҒ: Ўша ғоз… эмасми?.. А?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: У эмас…
ТОНГЁРУҒ: Болам, яхшилаб эшитайлик… Балки адашаётгандирмиз? Балки ўша ғознинг овози ўзгарган…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, биз хато қилмаслигимиз лозим. Биз ўлаётганда ҳам ҳалол бўлишимиз керак. Унутманг, биз ҳалол, мард ва бир сўз Тонгли элининг фарзандларимиз.
ТОНГЁРУҒ: Тўғри айтасан…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Ўзингизнинг ўгитларингизни қайтардим.
ТОНГЁРУҒ: Сен ҳақсан… (Сукунат чўкади.) Ҳа, бу қуш ўша ғоз эмас…

Ниҳоятда оғир, суякларни сирқиратадиган сукунат чўкади. Охири мусиқа чидай олмайди, аввал дўмбира, сўнг сибизға бўзлаб чўкади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН (оғир нафас олиб): Эна…
ТОНГЁРУҒ: Нима дейсан, жоним болам?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Совуқ бир шамол баданимга ўтиб, томирларимга югурди… Назаримда, ўлим келганга ўхшайди… У шу атрофда юрибди… Сездингизми?
ТОНГЁРУҒ: Сездим. У шу атрофда юрибди. Аммо сен унга сир берма.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: У кучли экан, эна. Пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди.
ТОНГЁРУҒ: Маҳкам бўл! Ўзингни қаттиқ тут! У бўшашганни бир дамда ямлайди!
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, қараб турганим йўқ! Курашаяпман!..
ТОНГЁРУҒ: Жоним болам!.. Жоним болам!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мен яшаш қийин деб юрган эканман… Жон топшириш даҳшатли кўринаяпти кўзимга.
ТОНГЁРУҒ: Чида, болам!.. Тишингни тишингга қўй!.. Кураш!.. Сен кучлисан! Сен ўлмаслигинг керак! Ҳали сенинг фарзандларинг бир эл бўлади. Олтойдан Ҳазаргача от суриб юрадиган эл бўлади! Довруғи оламни тутади.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, чидаяпман!..
ТОНГЁРУҒ (бирдан ўрнидан сакраб туради): Болажоним! Эркатойим! Сенинг қўлингдан ҳар иш келади. Сен ўлимни ҳам енгасан!.. Мен зув этиб Бойсун-Қўнғиротга бориб келаман. Алп Алпомишдан кўмак сўрайман! Бир ёрдами тегар!.. Ахир, тўқсон минг уйли улуснинг бийи! Бахшиларнинг тилида достон бўлган зот!.. Ҳеч бўлмаса, бирор йўл кўрсатар… Сен эса чида! Сабр қил!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Хавотир олманг!.. Келгунингизча, ўлим билан жон талашиб тураман. Енгилмайман!..
ТОНГЁРУҒ: Енгилма!.. (Кета туриб, минг илтижо билан ўғлига бурилиб қарайди.) Енгилмайсан-а? Ўзингни ҳушёр тут. Ҳушингдан кетма! Ўлимнинг, ҳушдан кетказиб, онгда келадиган одати бор… Ҳушёр бўл!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Эна, тезроқ боринг! Ўлим жуда кучли! Тезроқ…

Тонгёруғ пилдираганича, чиқиб кетади. Қоронғилик тушади…

7

…Дунёда кун-тун алмашаяпти. Туну кун оралаб, Тонгёруғ пириллабгина юриб ўтиб кетаяпти, ўтиб кетаяпти… Мана, у охир Бойсун-Қўнғиротга етган – Алпомиш ва Барчиной билан гаплашиб турибди.

АЛПОМИШ: Ўзимнинг эгачим! Мард эгачим! Элимни эл, юртимни юрт қилган эгачим! Хуш келибсиз! Мана бу тожу давлат, мана бу шону шавкат аслида сизники! Бойсун-Қўнғирот то дунё тургунча, сизни алқаб ўтади! Хуш келибсиз!
ТОНГЁРУҒ: Бойсун-Қўнғиротнинг улуғ бийи – алп Алпомиш! Алпомиш кўнглининг қаноти бувиш Ойбарчин! Қошларингга бир хизмат билан келдим…
БАРЧИНОЙ: Хизмат бўлса қочмас. Аввал меҳмон бўлинг! Кўнглингизни очинг. Эгачим, қирқин қиз бир базм қилсин. Чанқовуз чалиб, муқом қилсин; дўмбирани чертиб, кўнгилдан айтсин!
АЛПОМИШ: Сиз юртимизга тақдиру иқбол берган муҳтарам зотсиз! Сизга қанча қилсак арзийди! Азиз меҳмонимиз бўлинг!
ТОНГЁРУҒ: Қуллуқ, алп Алпомиш! Қуллуқ! Қуллуқ, бувиш Ойбарчин! Мен сизга ортиқ хизмат қилганим йўқ! Азбаройи тўғрилигимдан, тақдир ғозини ўлимдан асраб қолдим! Энди сенга бир хизматим бор…
АЛПОМИШ: Бир эмас, минг хизматингиз бош устига!
ТОНГЁРУҒ: Тақдир ғозини отолмаган мергангина ёлғиз болам ор-номусда қоврилиб, бу дунёдан соврилиб кетаяпти. Шу боламнинг дардига даво топиб беринглар деб, бўсағаларингга бош уриб келдим…
БАРЧИНОЙ: Тавба! Сиздай одамни ҳам қисмат сарсон қилдими?
ТОНГЁРУҒ: Сарсон қилди! Аммо майли, умрим сарсон-саргардонликда ўтаверсин! Майли!.. Фақат болам омон қолса бўлди!
АЛПОМИШ: Мушкул гапни айтдинг-ку, эгачим! Жуда оғир гапни айтдинг! Мен бор-йўғи Қўнғиротнинг бийиман, аммо оламнинг яратгувчиси Кўк Тангридан қуйиман!..
ТОНГЁРУҒ: Ундай дема! Ундай дема! Эшитгансан! Тонгли элини ёв қирғин қилди! Мен шу элдан қолган бир бебахт япроқман. Ўғлим эса бу элнинг норасида бир илдизгинаси. Охирги илдизи! У омон қолиб кўкарса, дарахт бўлади! Дарахт ниҳол тараб, боққа айланади. Боғ эса кўпайиб, кўпайиб, бир кунмас бир кун ўрмонга айланади… Тонгли эли яна Олтойдан Ҳазаргача ўрмондай шовуллаб туради…
АЛПОМИШ: Воҳ, одамнинг фариштаси! Воҳ, одамнинг улуғи!
БАРЧИНОЙ: Тонгёруғ опа, бир қаранг, бу дунёнинг баланд тоғлари белингиздан ҳам келмай турибди!..
АЛПОМИШ: Қўнғиротнинг сурув-сурув қўйлари, отар-отар моллари сизники!
ТОНГЁРУҒ: Қуллуқ. Элингга буюрсин, бий, элингга буюрсин.
АЛПОМИШ: Отар-отар йилқилари ҳам сизга тортиқ, эгачим!
ТОНГЁРУҒ: Қуллуқ. Юртингга буюрсин, алп, юртингга!..
АЛПОМИШ: Лак-лак қўшинларим ҳам сизники, эгачим!
ТОНГЁРУҒ: Қуллуқ. Шону шавкатингга буюрсин!
АЛПОМИШ: Хазинадаги жами жавоҳиру тиллаларимни олинг!
ТОНГЁРУҒ: Қуллуқ. Тўйларингга буюрсин!
АЛПОМИШ: Тожу тахтимни олинг!
ТОНГЁРУҒ: Азиз бошингга буюрсин!
АЛПОМИШ: Нима қилай? Бошқа ҳеч нарсам қолмади…
ТОНГЁРУҒ: Мен боламнинг омонлигини сўраб келганман… Умрини сўраб келганман…(Сукунат чўкади.)
БАРЧИНОЙ: (Йиғлай деб юбораётган сукунатни енгиб): Бий бобомнинг ули… Бир иложини топинг!..
АЛПОМИШ: Нима қилай?
БАРЧИНОЙ: Бир иложини топинг…

Яна сукунат чўкади. Безабон бу иложсизликнинг дардини гоҳ чанқовуз, гоҳ дўмбира, гоҳ сибизға айтиб йиғлаяпти.

АЛПОМИШ: Агар жоним керак бўлса, бераман…

Яна сукунат. Дорга бораётганлар эшитадиган сукунат.

БАРЧИНОЙ: Шу ерда…
АЛПОМИШ: Нима?
БАРЧИНОЙ: Бўлган Кал фолчи тоғдан тушиб, шу ерда юрибди.
АЛПОМИШ: Унинг шу жойдалигидан нима фойда бор?
БАРЧИНОЙ: Бир фол очирсак… бўлмайдими? Шу Калга ҳам худо берган – айтгани тўппа-тўғри чиқади.
АЛПОМИШ: Э, Кўк Тангри!.. Ҳа, майли! Ҳа, деган туяга мадор!.. Эй, ҳудайчи!

Ўтовга ҳудайчи кириб, таъзим қилади.

Бўлган Калга кўзинг тушмадими?
ҲУДАЙЧИ: Ташқарида… Қирқин қизга фол очиб, ҳиринглаб ўтирибди.
АЛПОМИШ: Бу ёққа бошлаб кел!

Ҳудайчи чиқиб кетади.

(Тонгёруққа) Жонингизга раҳмингиз келсин! Йиғлайвериб, адо бўлиб кетманг. Ўлимдан бошқа нарсанинг иложи бор.
ТОНГЁРУҒ: Ўлим? Қўнғиротнинг бийи, ўлим келган! Болам Асқар тоғида ўлим билан жон талашиб ётибди… Ўлим келган…
БАРЧИНОЙ: Қаердан биласиз?
ТОНГЁРУҒ: Бу дунё менга фақат ўлимни рўбарў қилди. Кўз олдимда бус-бутун Тонгли эли жон берди. Мен ўлимни яхши танийман. У шундай ёнимдан, ўғлим тарафга ўтиб кетди! Уни тўхтатиб қолишга кучим етмаяпти! Алпомиш бўлсанг, ўғлимни жонини сўраб бер! Биргина болам омон қолсин!

Шу пайт ҳудайчи Бўлган Кални судраб олиб кира бошлайди.

БЎЛГАН КАЛ (ортига тисланиб): Э, мен ўз эркидаги одамман! Алпомишингнинг олдида нима қиламан. Подшоҳ бўлса ўзига! Мен ҳам ўзимга подшоҳман! Қўйиб юбор! Ҳудайчиман деб судраб келаверасанми?
ҲУДАЙЧИ: Улуснинг бийи чақирди, нодон! Бий Алпомиш чақирди!..
БЎЛГАН КАЛ: Алпомиш бўлса ўзига! Бий бўлса, юртига бий! Мен шамолдай бир эркин одамман!..
АЛПОМИШ: Ҳай, ҳай, Бўлган ака! Сизга бир ишимиз тушди-да! Одамга одамнинг иши тушади!..
БЎЛГАН КАЛ: Ана шу гапинг ёқди менга!.. Барчамиз одаммиз! Кўк Тангрининг бандаларимиз! Барчани икки қўли икки оёғи, биргина боши бор!.. Айт, кимнинг икки боши бор, Алпомиш? Подшоҳнинг боши иккитами?
АЛПОМИШ: Калта қайтинг, Бўлган ака! Калта қайтинг! Шайтонга ҳай беринг!
БЎЛГАН КАЛ: Йўқ, аввал айт, подшоҳнинг боши иккитами?
АЛПОМИШ: Подшоҳнинг боши битта, ака! Битта!..
БЎЛГАН КАЛ: Баракалла! Ҳаммамизнинг бошимиз биттадан бўладиган бўлса, бу шотирларингга айт, фолимнинг қизиқ жойидан бузиб, қирқин қизнинг ширин суҳбатидан узиб, мени бий олдига судраб келмасин! Мен эркин одамман! Шамолдай хоҳлаган тарафимга эсаман, билиб қўй!
АЛПОМИШ: Билдик, ака, билдик! Энди бир илтимосимиз бор… Шу Асқар тоғидан Тонготар эгачимиз келган экан…
БАРЧИНОЙ: Шу опамга бир фол очиб қўймайсизми?
БЎЛГАН КАЛ (овозини секинлатиб, эркалатиб): Келдими? Шу ердами? (Тонгёруққа кўзи тушиб) Ассалому алайкум, осмонни кўтариб турган инсон! Ассалому алайкум!..
ТОНГЁРУҒ: Ваалайкум ассалом!
БЎЛГАН КАЛ: Сен… Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? Мен сенга нима деган эдим, одамларнинг улуғи!.. Бор, фарзандингнинг қошига бор! У арслоннинг бир ўзи ўлим билан олишиб ётибди!..
ТОНГЁРУҒ: Ўғлим менга ваъда берган! Мен боргунча ўлимга ён бермайди.
БЎЛГАН КАЛ: Ўлим кучли!
ТОНГЁРУҒ: У Тонгли элининг фарзанди! Айтганининг устидан чиқади.
АЛПОМИШ: Шу эгачимизнинг мушкулидан бир фол очинг.
БЎЛГАН КАЛ: Йўқ, мен Тонгли элининг шу қизига айтганман, бу мушкулотдан фол очмайман.
БАРЧИНОЙ: Бўлган оға, йўқ деманг! Биз сизнинг ҳеч бир гапингизни икки қилмаганмиз! “Бўлган ака шамолдай одам, ким унинг йўлини тўсса, Бойсун-Қўнғиротнинг душмани” деб, бий бобомнинг ули бутун оламга эълон этган!
БЎЛГАН КАЛ: Алпомиш! Ойбарчин! Мен шу фолни очмай!
АЛПОМИШ: Очинг, ака…
БАРЧИНОЙ: Барака топгур, фол очинг!
ТОНГЁРУҒ: Менга озгина илинж беринг. Озгина…
БЎЛГАН КАЛ: Фолимга чиққан нарсани кўтаролмайсизлар-да!..
АЛПОМИШ: Мен шу эгачим учун дунё бошимга тушса ҳам, кўтараман, Бўлган ака!
БЎЛГАН КАЛ: Сен осон ўйлама!.. Яхшиси, мен кетдим! Шамол одамман! Бўғилиб кетдим! Бу эгачимга (Тонгёруғни кўрсатиб) фол очишни ташлаганман, деб айтганман! Яна мени мажбур қилманглар! Нафасим ичимга сиғмай қоляпти!..
БАРЧИНОЙ: Бўлган оға, қанча оғир бўлса ҳам бир фол очинг!
БЎЛГАН КАЛ: Айланай Барчиной, сен аралашма! Бойсарининг қизи, бу фолга чиқадиган гап аёл кўтарадиган гап эмас! Сен аралашма!..
ТОНГЁРУҒ: Менинг болам ўлиб кетаверсинми, Бўлган ака! Ўлиб кетаверсинми?
БЎЛГАН КАЛ: Оббо!.. Мени қийнаяпсизлар!.. Руҳимни танимдан айирмай, дўзахга ташлаяпсизлар!..
АЛПОМИШ: Бўлинг, ака! Фол очинг!
БЎЛГАН КАЛ: Қўймадинглар, қўймадинглар… Энди Алпомиш, ўзларингдан кўринглар!..
АЛПОМИШ: Биз доим ўзимиздан кўрганмиз, ака!
БЎЛГАН КАЛ: Шу гапинг менга ёқди. Энди эшитинглар!.. Агар ўша ўқ тегмаган ғоз қайтиб келса, Ёлғиз Мерган уни отиб олса, ҳеч нарса кўрмагандай, касалдан халос бўлади. Ўйнаб-кулиб кетади…
АЛПОМИШ: У ғоз қаерда?
БЎЛГАН КАЛ: Тангрининг ғози-да!.. Бир келгану кетган!
БАРЧИНОЙ: Қаерга кетган?
БЎЛГАН КАЛ: Айтаяпман-ку, ғоз Кўк Тангрининг ғози – қаердалиги фақат унга аён…
ТОНГЁРУҒ: У ғоз йўқ! У ғоз йўқ! Бор бўлса, мен топмасмидим…
АЛПОМИШ: Бу мушкулни ечишнинг бошқа йўли йўқми?
БЎЛГАН КАЛ: Бор.
АЛПОМИШ: Айтинг, Бўлган ака!
ТОНГЁРУҒ: Айтинг, ҳаялламай айтинг. Болам жон талашаяпти, ахир! Тезроқ айтинг!
БЎЛГАН КАЛ: Барчин бувиш, айтаверайми?
БАРЧИНОЙ: Айтинг! Тонгёруғ опамни зориллатманг, барака топгур! Тезроқ айтинг!
БЎЛГАН КАЛ: Айтсам, айтдим!.. Алпомиш! Барчин бувиш! Қўнғирот эрларининг сараси, кўзларингнинг оқу қораси – яккаю ёлғиз фарзандларинг алп Ёдгорни Кўк Тангри йўлида қурбонликка топширасизлар! Шунда Тонгёруғнинг ўғли Ёлғиз Мерган хасталикдан фориғ бўлади, кўзларига дунё ёруғ бўлади!

Жимлик чўкади.

Фол оч дейсизлар, фол оч дейсизлар…
АЛПОМИШ: Нима дединг?.. Ёдгорни…
БЎЛГАН КАЛ: Худди шундай, Алпомиш, Ёдгорни… Шу ишни қилсаларинг, Ёлғиз мерган омон қолади, Тонгли эли дунёга сиғмайдиган халқ бўлади!..
БАРЧИНОЙ: Шундай бўлади де, тилингга тескан чиққур!.. Шундай бўлади де…
АЛПОМИШ: Ойбарчин! Бувишим!.. Ўзингни бос! (Узоқ тин олиб) Бойсун-Қўнғиротдан ҳеч ким ноумид кетмаган. Биз учун ўғлини ўлимга топшираётган шу эгачимиз ҳам но-умид кетмасин. Муродига етсин!.. Биз ҳамиша мардга мард бўлганмиз! (Барчинга) Сен нима дейсан, бувишим?…
ТОНГЁРУҒ: Нима деяпсизлар! Нима деяпсизлар! Ойбарчин! Қўнғиротнинг лочин қизи! Ҳеч қачон “хўп” дема! Ҳеч қачон!..
АЛПОМИШ: Бувишим…
БАРЧИНОЙ: Биз ҳамиша мардга мард бўлганмиз, а?
АЛПОМИШ: Ҳа, бувишим! Ҳа!..
БАРЧИНОЙ: Бий бобомнинг ули… Бий бобомнинг ули, сиз Бойсун-Қўнғиротнинг элининг бийисиз, юртнинг ор-номусисиз… Нима десангиз шу!.. Нима десангиз шу!..
АЛПОМИШ: Ҳудайчи, алп Ёдгорга бўладиган гапни тушунтириб, бу ёққа олиб келинглар!

Ҳудайчи чиқиб кетади. Жимлик. Тонгёруғ ер билан битта бўлиб ётибди. Фақат йиғи зарбидан вужуди титранади. Ойбарчин тик турганча оламга қараб турибди, фақат аҳён-аҳён кўзёшларини артиб қўяди.
Алпомиш ерга қараган. Шамолда қолган дарахтдай тебранади, баъзан чидайолмай, “А-а!.. И-им-м!..” дея инграб қўяди.

БАРЧИНОЙ (оҳиста): Бий бобомнинг ўғли…
АЛПОМИШ: Нима дейсан, бувишим? Нима дейсан…
БАРЧИНОЙ: Ўзингизни йиғиштириб олинг… “Оҳ”ингизни олам эшитмасин.
АЛПОМИШ: Қуллуқ, бувишим, қуллуқ…

Яна жимлик. Яна Барчин дунёга тик қараб, аҳён-аҳён ёшини артиб турибди, Тонгёруғ ерга қапишиб беовоз йиғлаяпти. Алпомиш шамолда қолган дарахтдай тебранади…

БЎЛАР КАЛ (тоқати тоқ бўлиб): Э дунё! Одамларингни бунча қийнайсан! Шу ситамларнинг нима кераги бор? Яшагим келмай қоляпти! Нега шамол бўлай десам, қўймайсан? Нега?

Ёдгор киради.

ЁДГОР: Келдим, ота.
АЛПОМИШ: Сенга айтишдими?
ЁДГОР: Айтишди, ота.
АЛПОМИШ: Нима дейсан?
ЁДГОР: Марднинг ўғли мард бўлади.
АЛПОМИШ: Баракалла, Ёдгорбек (Тонгёруққа.) Эгачим, сиз туфайли юртимда доруломонлик бўлди. Дилингизда армон қолмасин! Боламни – Ёдгоримни хайри худо йўлига буюрдим!..
ТОНГЁРУҒ: Йўқ, йўқ!..
АЛПОМИШ: Ёдгор ғоз қўнган газа устига чиқиб, ўзини қурбон қилади. Ўғлингиз эса, Кўк Тангрининг инояти билан хасталикдан халос бўлади!..
ТОНГЁРУҒ (Ўзини босиб, ўрнидан туради. Қаддини тик тутиб, ниҳоятда сокин овозда гапиради): Алпомишбек, Ойбарчин бувиш! Мен муштипар бир аёл бўлсам ҳам, сиз айтган йўлга юролмайман. Фарзанд доғи нима эканлигини мен бечора билмасам, ким билади! Ёдгорбекни тинч қўйинглар, Барчиннинг бахтига соғ-омон яшайверсин! Фақат бир илтимосим бор. Ҳозир ҳаммангиз чин кўнгилдан Тангридан сўрангки, менинг, ҳеч бўлмаса, биргина зорим Яратганнинг қулоғига етсин! Чин кўнгилдан сўранг!..
АЛПОМИШ (қўлларини фалакка чўзиб): Кўк Тангри, шу эгачимизнинг биргина зорини эшит!
БАРЧИНОЙ (у ҳам Алпомишнинг ҳаракатини такрорлаб): Биргина зорини ижобат эт!
БЎЛГАН КАЛ (қўлларини баланд кўтариб): Эй, Кўк Тангрим, шу аёлнинг зорини эшитмасанг, кимнинг зорини эшитасан! Унга шафқат қил! Биргина истагини муродига етказ!
Ҳамма қўлларини баланд кўтарганча, тиз чўкади. Саҳна қоронғилашади…

8

…Саҳна ёришганда, Тонгёруғ капага рўбарў бир газада ўтирибди. У капага кўз тикканча, Худога муножот этмоқда.

ТОНГЁРУҒ: Тангрим! Менинг ноламга ҳам бир қулоқ сол! Умрим элу юртимни қисматини ўйлаб ўтди. Бир фарзанд ўстирдим. Бир ғозни – тақдир қушини ўлимдан сақлаб қолдим! Энди, ана, фарзандим чайлада ўлим билан олишиб ётибди. Бу газадан пастга тушолмай турибман. Қўрқаманки, бенажот қайтганимни кўрган болагинамнинг бу дунёда қарори қолмайди! Шу билан Тонгли улуси оламдан беиз йўқолади!.. Кўк Тангрим! Ўзинг қўллагин! Раҳмат нурини бошимга соч! Мени ғозга айлантир-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер! Тангрим! Тангрим! Мени ғозга айлантир!…

Бирдан саҳнада шамол гувуллайди. Чақмоқ чақади. Оламни қоронғилик босади. Тонгёруғ қоронғиликка ва шамолга гўё аралашиб кетади.

(Қоронғидан овози эшитилади.) Тангрим! Тангрим! Мен ғозга айланиб боряпман! Ғозга айланиб боряпман! Ноламни эшитганинг учун қуллуқ, Тангрим! Мен ўша ғозга айланиб боряпман! Болам, қара, мен ғозга айландим!
Бирдан унинг товуши ғознинг ғоғолашига алмашади. Саҳнада Тонгёруғнинг ўрнига ғира-шира ўша ғоз кўринади. У қанотларини қоқиб, сайраб турибди. Капанинг ичидан қўлида ўқ-ёй кўтариб, ўлим билан олишавериб адо бўлган Ёлғиз Мерган гандираклаганича чиқади. У капанинг кесагасига – ёғочга суяниб, атрофга қарайди. Ниҳоят, ғозга кўзи тушади.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: О, келар экансан-ку! Келар экансан-ку, телба дунёнинг ажалберди ғози! Мени ор-номусда ўлдирган ғоз! Ўлим, бўғзимдан тутганда етдинг-а? Ҳозир… Ҳозир… (У ўқни ёйнинг тасмасига қўймоқчи бўлади. Аммо ёғочдан қўлини олгач, гандираклаб йиқилиб тушади. Туришга уринади – бу иш унинг учун жуда мушкул). Ажал, шошма!.. Шошмай тур!.. Бир ўқ узишга қурбим етса, бўлди – мендан енгиласан! Енгиласан! ( У минг азобда ўмганини кўтаради. Сўнг ўзини мадорсизлиги билан кураша-кураша чўккалайди.) Ҳозир… Ҳозир… Ғоз, сени отиб олсам, ажал мендан арслондан қуён қочгандай қочади! Ҳозир… Ҳозир… (У бир амаллаб, ўқни ёйнинг тасмасига қўяди. Ёйни тортиб, мўлжалга олади.) Ё, Тангрим ўзинг қўлла! Ё тангрим!.. (Ўқ учиб кетади. Ғознинг жон аччиқ чинқириши эшитилади. Ғоз қанотини бир силкиб, қунишиб қолади. Ёлғиз Мерган бирдан касалликни унутиб, ўрнидан сакраб туради. Югуриб ғознинг ёнига боради.) Эна! Қаердасиз? Ғозни отдим!.. Эна… Соғайиб кетдим!.. Ўлимни енгдим! Эна!.. Соғайиб кетдим! (Ёлғиз Мерган бориб ғознинг кўзига термилади. Негадир овози пасаяди, хавотир пайдо бўлади.) Эна… Эна… Энажон… (У ниманидир тушунади ва жон-жаҳди билан қичқиради.) Эна!.. Эна!…

Саҳна қоронғилашади…

9

…Бу воқеалардан неча кунлардир ўтган. Ёлғиз Мерган капаси ёнида танҳо – бош эгганча, ўзига чўкиб ўтирибди. У энди бу дунёда ёлғиз. Қадим дунёнинг қадим чолғулари унинг дардидан айтиб, тоғу даштда изиллаб юрибди. Саҳнага Мангуҳаёт киради. У чўчиб, атрофга олазарак боқиб, минг бир хавотирда келяпти. У Ёлғиз Мерганни кўриб, тўхтайди. Ёлғиз Мерганнинг ҳам унга кўзи тушади.

МАНГУҲАЁТ (қимтиниб): Келдим.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (ўрнидан қўзғалиб, тик туради): Келинг… (Негадир жуда авайлаб) Мен Мангуқутнинг невараси, алп Элтуғунинг ўғли Ёлғиз Мерганман. Тонгли улусининг фарзандиман…
МАНГУҲАЁТ: Мен Жонқобилбийнинг невараси Элмурод ботирнинг фарзанди Мангуҳаётман. Тонгли улусининг фарзандиман.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН (қувониб, лаззатланиб такрорлайди): Тонгли!..
МАНГУҲАЁТ (у ҳам қувониб): Ҳа, Тонгли!.. Тонгли!..
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Исмингиз ҳам чиройли экан… Мангуҳаёт!.. Ўзингиз ҳам чиройли экансиз!..
МАНГУҲАЁТ: Қаердан биласиз?
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Энам – Тонгли элининг қизи Тонгёруғ айтганлар. Айтганларки, Тонгли эли дунёдаги энг чиройли халқ…
МАНГУҲАЁТ: Чунки у хиёнатни билмайди.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Шунинг учун ҳам у хиёнатнинг қурбони бўлди.
МАНГУҲАЁТ: Шунинг учун ҳам у қаро ер тагида ётибди…

Улар жим қоладилар.

ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Бу гапларни… сенга ким айтди?
МАНГУҲАЁТ: Энам… Тонгли халқининг Кунёруғ деган қизи.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Аммам! Аммам!…
МАНГУҲАЁТ: Ҳа, аммангиз…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Аммам… қанилар?
МАНГУҲАЁТ: Аммангиз… келолмайдилар. Овчилар, одамларни асир олиб, қулликка сотадиган каслар бизни таъқиб қилишди. Энам менга Асқартоққа борадиган йўлни кўрсатди-да, Тангрига илтижо этиб, кийикка айланди. Сўнг овчиларни ортидан эргаштириб, тоғма-тоғ югургилаб кетди. Уч кун ўтиб, шамоллар айтдиларки, энам – Кунёруғ бу дунёдан кетган…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Менинг энам эса ғозга айланди…

Яна жим қоладилар.

МАНГУҲАЁТ (қимтиниб): Хуллас, келдим…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Хуш келибсиз… (Бир нозик жимлик чўкади.) Энам Тонгёруғ… “эгачиларим келса, катта тўй қиламиз”, дер эдилар.
МАНГУҲАЁТ (овози титраб): “Тўртовимиз йиғилсак, дунёларга сиғмайдиган тўй бўлади” дер эди аммангиз…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Энди улар йўқ…
МАНГУҲАЁТ: Бу ёруғ дунёда бир улусдан фақат иккаламиз қолдик.
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Энди бутун Тонгли улуси – иккаламиз йиғилиб, тўй қиламиз!.. Мен сенинг… қўлингни ва кўнглингни сўрамоқчиман. Ишон, Тангри гувоҳлигида ваъда бераман: менга кўнгил берсанг, бир умр кокилларингни тарайдиган шамолинг, кунларингни ёритадиган офтобинг бўламан; кечалари осмонингда юлдуздай порлайман; ўртансанг “оҳ”инг, кулсанг кулгинг бўламан; кўнглингда орзу, жонингда ғулу бўламан. Ёв сенга етмайди, ғам сенга етмайди – умринг бўйи ёнингда қалқонинг бўламан!..
МАНГУҲАЁТ: Бошингга кулфат тушса, ғаминг сингийдиган тупроғинг, кулсанг кулгинг ўрлайдиган осмонинг бўламан; қозонингда овқатинг, елкангда кийиминг бўламан; кетсанг ўйинг, қайтсанг уйинг бўламан. Мен сенга ўн ўғил, ўн қиз туғиб бераман! Ўнта келин оламиз, ўнта куёвимиз бўлади…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Икки ёлғиз илдиз қўшилиб дарахт бўламиз…
МАНГУҲАЁТ: Дарахт боққа айланади…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Боғ ўрмонга…
МАНГУҲАЁТ: Шамолларда дунёга сиғмай шовуллаймиз…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Тонгли улуси Олтойдан то Ҳазаргача от суради…
МАНГУҲАЁТ: Ҳа, Олтойдан Ҳазаргача…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мангуҳаёт…
МАНГУҲАЁТ: Ёлғиз… Ёлғизим…
ЁЛҒИЗ МЕРГАН: Мангуҳаёт…

Улар бир-бирларига тикилиб қоладилар. Сўнг оҳиста юриб яқин келадилар. Қўлларнинг бармоқлари беихтиёр бир-бирларини топади ва парда туша бошлайди.

ТАМОМ

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон

045
Usmon AZIM
TONG OTGAN TARAFLARDA
Dramatik doston
045

Onam Menglixol Xoliyor qiziga bag‘ishlayman.

055QATNASHUVCHILAR:

MANGUQUT – oltmish besh-etmish yoshlarda.
TONGYORUG‘ – birinchi qismda yigirma-yigirma besh, ikkinchi qismda qirq-qirq besh yoshlarda.
KUNYORUG‘ – birinchi qismda yigirma-yigirma besh, ikkinchi qismda qirq-qirq besh yoshlarda.
YOLG‘IZ MERGAN – Tongyorug‘ning o‘g‘li. O‘n sakkiz yoshda.
MANGUHAYOT – Kunyorug‘ning qizi. O‘n sakkiz yoshda.
ALPOMISH
BARCHINOY
YODGOR
LUQMONI HAKIM
BO‘LGAN KAL
HUDAYCHI

Voqealar sasi hamon qonimizda ovoz beradigan olis moziyda kechadi.

MUQADDIMA

Sahna qorong‘i. Sibiziq qadimgi bir kuyni nola qilyapti. Sibiziqning bir o‘zi bu nolaga kuchi yetmasligini bilib, unga chanqovuz qo‘shiladi. So‘ng ularga do‘mbira jo‘r bo‘ladi. Do‘mbirani jo‘shib chalayotgan baxshining ichi toshib, “E-ha-a!”, “Ha-a-ya-a!” degan avjlanishlari eshitiladi. Sahna nim yoriydi. Yog‘du zindonda tik turgan Alpomishni yoritadi. Uning qo‘lida g‘oz.

ALPOMISH: G‘oz! Jonivor! Sen yarador bo‘lib, mening zindonimga yiqilding. Men umidlarim bilan yarangga malham bosdim, sen bilan suhbatlashib ko‘nglimni yozdim. Tangri qudrati bilan qanotingga kuch kirdi. Qanotlaring holsizlikdan uyg‘onib, uchish zavqini tuyib – to‘lg‘onib turibdi. Men ham o‘zimni umidga chog‘ladim, qanotingga “Boysun-Qo‘ng‘irotga yetkazgin” deb xat bog‘ladim. Shu xatni yurtimga yetkaz! Baland uch, o‘q tegmasin, ko‘rinmay uch, ko‘z tegmasin! Horisang, qorli-qorli tog‘larga qo‘n, toshli-toshli soylarga qo‘n – odamlardan xoli joylarga qo‘n. O‘zingni ehtiyot qil! Sen omon qolsang, Alpomish ham omon qoladi. Xatim yetsa, Qo‘ng‘irotdan meni izlab keladigan odam topilar, yomonlikning bo‘yni chopilar. Men bu chohdan chiqsam, Boysun Boysun bo‘ladi, Qo‘ng‘irot Qo‘ng‘irot bo‘ladi, yurt obod bo‘ladi. Yovlarning rangi somon bo‘ladi, bu kunlarimiz doston bo‘ladi! Uch, jonivor uch! Odamlarning ko‘ziga tushma! Odamlarning nazaridan nari uch! (U g‘ozni osmonga otadi. G‘oz g‘ag‘illagancha, falakka ko‘tariladi) Uch, jonivor! Uch! Ehtiyot bo‘l! Odamlarning ko‘ziga tushma!.. Ehtiyot bo‘l!

Sahna qorong‘ilashib…

1

…yorishganda, dunyo charx kabi aylanayapti. Uning bir chetida bir kapa – xuddi mangulik kabi “qilt” etmay turibdi. Kapaning yonida o‘choq. O‘choqda qozon. Olislardan g‘ag‘illayotgan g‘oz ovozi eshitiladi. Ichkaridan Yolg‘iz mergan chiqadi. U g‘ozning ovoziga biroz quloq solib turadi. Sahnaga Tongyorug‘ kirib keladi. U g‘ayrat bilan yurib kel­yapti. Bu ayol hamisha shu g‘ayratda – ildam yuradi. Boshida po‘ta, yurish oson bo‘lishi uchun qo‘ng‘irot ayollarining tarzida belini bog‘lagan: bir qo‘lida tayoq, bir qo‘lida suv to‘la kadi. Kadidagi suvni o‘tov oldidagi o‘choqqa o‘rnatilgan qozonga ag‘daradi. So‘ng ichkariga ildam kiradi. Bir zumdan keyin o‘tovning eshigi oldida ko‘rinadi.

TONGYORUG‘: Qatiqli ovqat qilsam, ichaverasanmi?
YOLG‘IZ MERGAN (olislardan kelayotgan g‘oz ovoziga butun vujudi bilan quloq tutib): Ena, shu g‘ag‘illayotgan g‘ozmi?
TONGYORUG‘ (eshitmaganday): Qatiqli ovqat ichasanmi, deyapman?
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, shu g‘ag‘illayotgan g‘ozmi?
TONGYORUG‘: Men eshitayotganim yo‘q.
YOLG‘IZ MERGAN: Nega eshitmaysiz? (Quloq tutib) Ana… Ana…
TONGYORUG‘: Eshitmayapman… Bu tog‘da saratonning o‘rtasida g‘oz nima qiladi? Bahor bo‘lsa, qish bo‘lsa, boshqa gap – ko‘chmanchi uchishlarida bir qo‘nib, o‘tib ketishaveradi.

Yolg‘iz Mergan o‘tovning ichiga shoshib kiradi-da, parli o‘q-yoy olib chiqadi va yoy qayishining tarangligini sinab ko‘rarkan:

YOLG‘IZ MERGAN: Ena, g‘ozning g‘ag‘illashini tanimay o‘ldimmi? Quloq soling!.. Ana!.. Quloq soling!
TONGYORUG‘ (quloq solib): Eshitmayapman…
YOLG‘IZ MERGAN: E Xudoyim! Tog‘ning narigi tarafida bir maysa qimirlasa eshitasiz-ku… (O‘qlarni sadog‘idan chiqarib, ko‘zdan kechiradi. O‘qlar tig‘ini shu yerdagi xarsang toshga qayray boshlaydi)
TONGYORUG‘: Eshitmasam, nima qilay? Eshitdim deyinmi?
YOLG‘IZ MERGAN: Bir yaxshilab tinglab ko‘ring! Jon ena!..
TONGYORUG‘ (quloq tutgan bo‘lib): Eshitilmayapti… Sen, bola, o‘qu yoyingni qo‘lingga bekor olding! Uyda bir oylik go‘shtu yog‘ni g‘amlagansan…
YOLG‘IZ MERGAN: Uf! Nima bo‘ldi sizga, ena? Men ovchiman-ku. Xudo bergan shakaman merganman. Bu tog‘larga dunyo bir aylanganda keladigan qush, menga eshittirib g‘ag‘illab tursa-yu, qarab turamanmi?
TONGYORUG‘: E, qulog‘ingga bir gap bo‘lgan! G‘oz-poz yo‘q!… (Yana quloq tutgan bo‘lib) Qarg‘aning qag‘illashi ham eshitilmayapti.

Haqiqatdan ham g‘ozning ovozi tingan.

YOLG‘IZ MERGAN (rosa quloq solib, hafsalasi pir bo‘ladi): Ha, eshitilmayapti. Ovozi o‘chdi. Lekin eshitganim rost! Zo‘r qushning ovozi edi! Ko‘kragini to‘ldirib g‘og‘oladi! Qo‘shiqning zo‘ri nolishidan, qushning zo‘ri tovushidan bilinadi deb ko‘p aytgansiz…
TONGYORUG‘: Sen zo‘rini otib tashlayverasan-da! Zo‘r bu dunyoda kun ko‘rmasligi kerak-da!.. A?
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, gapni burmang-da endi!
TONGYORUG‘: E, bursam, burmasam shu! Bu dunyoda zo‘r yashamaydi! Otiladi! So‘yiladi! Quvg‘indi qilinadi!..
Tongyorug‘ o‘g‘lining yoyini, o‘q solingan sadog‘ini o‘tovning ichiga olib kiradi.
YOLG‘IZ MERGAN: Ena!..
TONGYORUG‘ (o‘tovdan chiqib): Senga gapim bor. Tangriga ming shukur, yelkamga dunyolardan ortiq yuk bo‘lgan gapni endi senga aytish mavridi yetdi.
YOLG‘IZ MERGAN: Qanday gap?
TONGYORUG‘: Shoshma-da, bolam!.. Avval qutlay! Bugun o‘n sakkizga kirding! O‘n sakkiz yil Tangri seni balolardan asradi. O‘z erkingda kezding. Birovga qul bo‘lmading. Odamlarning ko‘zidan xoli – omonxona joylarda yashading. Bilagingga kuch kirdi, yuragingga g‘ujur. Endi so‘ray: nimaga bu yerlarda sarson-sargardon bo‘lib odamlardan yashirinib yurganimizni bilasanmi? Nega qush quvganday darbadar ko‘chib yurganimizni tushunasanmi?
YOLG‘IZ MERGAN: Aytgansiz… Bilaman… “Bu tog‘lar sehrli tog‘lar! Agar aytganimga ko‘nib, yo‘rig‘imni bajarib yashasang, o‘n sakkiz yoshingda senga qutlug‘ bir gapni aytaman”, degansiz! Boshqa hech narsa demagansiz!
TONGYORUG‘: Chunki norasida eding… Eshitadigan gaplaringning yukidan sinib ketasan, deb qo‘rqdim. Bir lahzada hasratdan qarib-qartayib qolasan deb cho‘chidim…
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, aytadigan gaplaringiz shuncha… dahshatlimi?
TONGYORUG‘: Dahshat, o‘g‘lim! Odam ko‘tarolmaydigan darajada og‘ir! Endi mendan so‘ra: “Otam qani, tug‘ishganlarim qani”, degin! “Elim qani? Yurtim qani”, degin.
YOLG‘IZ MERGAN: Otam qani? Tug‘ishganlarim qani? Elim qani? Yurtim qani?
TONGYORUG‘: Ular yo‘q, bolam!.. Ularni bu ajdarho dunyo domiga tortgan! Otang, tug‘ishganlaring, elu yurting mana shu qora tuproqning tagida yotibdi!
YOLG‘IZ MERGAN: O‘z… ajallari bilanmi?
TONGYORUG‘: O‘z ajali bilan ham bir butun el yo‘qlikning qa’riga tushib ketadimi?
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, aytsangiz-chi, ularga nima bo‘lgan?
TONGYORUG‘: Oltoydan Hazargacha ot surgan eling bor edi, Yolg‘iz Mergan. Qishlovdan yaylovdan ko‘chsa, yilqilarning tuyog‘i tagida qolib ketmaylik deb boshqa uluslar ko‘z ko‘rinmas joylarga o‘zlarini olardi. Elingning bag‘rikeng, qudratining cheki yo‘q – davlatining shavkatiga yetti iqlimning podshohlari ta’zim qilar edi! Shunday el yo‘q bo‘ldi!
YOLG‘IZ MERGAN (besabr): Nega yo‘q bo‘ladi?
TONGYORUG‘: Biz baxtli – birovning himmatiga qarab qolmagan el edik. Barcha ellarni o‘zimizga teng ko‘rib, keng dunyo barchaga barobar deb o‘ylardik. Ammo elimizning baxtu taxtini ko‘rolmaydiganlar topildi. Bu shonu shavkatga, bu molu davlatga egalik etmoqchi bo‘ldilar. Do‘st deb bilganlarimiz dushman chiqdi. Ular bizdan yashirin til biriktirib, tegramizni halqaday o‘rab oldilar-da, mo‘r-malaxday yopirilib keldilar. G‘aflatda qoldik! Yetti yil jang-jadal bo‘ldi. Yetti yil! Ne-ne arslon yigitlar jangda halok bo‘ldi. Ne-ne mardlar “voh, yurtim” deb jon berdi. Dushman hech kimni ayamadi. Keksalarni qilichdan o‘tkazdi, ayollarni chopdi, bolalarni qo‘yday bo‘g‘izladi. Beshikdagi go‘daklargacha qilichladi. Qaerda birov omon qolgan bo‘lsa, quvib yetdi. Bo‘rilarday o‘rtaga olib, tilka-pora qildi. El yo‘q bo‘ldi! Yurt yo‘q bo‘ldi! Bir eldan otang bosh bo‘lib olti kishi qoldik.
YOLG‘IZ MERGAN: Otam kim edi?
TONGYORUG‘: Otang alp Eltug‘u. U biz omon qolishimiz uchun bizlarni quvib kelayotgan dushmanlar bilan bir o‘zi uch kecha-kunduz jang qildi. Biz tog‘lardan oshib, izlarimizni shamol uchirib ketguncha savashdi. Qo‘limizda ikki yoshlik senu ammangning bir yarimga kirgan qizi bor edi. Qolganlarimiz – bobong, ammang, men – sizlarni asrab qolish uchun odam oyog‘i tegmagan joylarga bosh olib ketdik…
YOLG‘IZ MERGAN: Otam balki omon qolgandir?
TONGYORUG‘: Yo‘q. Omon qolmagan. Otang bizning borimizni ming kunlik yo‘l narisidan ham bilar edi. O‘lmasa, topib kelar edi-da! U bu dunyoda ikkalamizni tentiratib qo‘yarmidi?.. Voh! Ichim yonib ketyapti! Kuyib ketdim! Bir tutam tutun bo‘lib, bu dunyoda yuribman!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena!..
TONGYORUG‘: Menga bu dunyo taqdir emas, olovxona berdi! Jizg‘anak bo‘lib ketdim! Parvardigor! Otam qani! Onam qani! Qani qavmu qarindosh! Elu yurtim qani! Ularga shunday keng dunyodan bir parcha yer topilmadi! Shunday katta el, shunday ulug‘ yurt yerga botib ketdi!.. Dushmanlik ham shunday bo‘ladimi? Beshafqatlik shunday kuchlimi? Qani baxt?! Qani erk?!.. Mening hatto o‘lishga ham haqqim yo‘q!..
YOLG‘IZ MERGAN: Nimalar deyapsiz? Hech gapirmagan gaplar tilingizga kelyapti… Ena!..
TONGYORUG‘: Eshit! Eshit!.. Biz bir oy yurib, yovdan xalos bo‘lganimizni sezganimizdan keyin yana falokat yuz berdi. Bobong – otangning otasi Manguqut jon berdi. U menga va ammangga o‘limi oldidan vasiyat qildi…

Yana sibizg‘a bo‘zlaydi. Sahna teskari aylanadi. Kunlar va tunlar almashadi… Bo‘lib o‘tgan voqealar jonlana boshlaydi.

2

Tog‘lardagi bir ungur. Manguqut xarsangga suyanib arang turibdi. Tongyorug‘ va Kunyorug‘larning qo‘llarida chaqaloqlari, uning qarshisida tik qotishgan.

MANGUQUT: Ena qizlarim! Menga jonimni topshiradigan damlar yetganga o‘xshaydi. Endi yig‘lamasdan, yaxshilab tinglanglar!
KUNYORUG‘ (yig‘lar ekan): Yig‘lamaymiz!… Yig‘lamaymiz!
TONGYORUG‘ (izillab): Hech yig‘lamaymiz! Hech qachon…
KUNYORUG‘: Faqat siz yotib oling! Yaradorsiz… Oyoqda arang turibsiz…
MANGUQUT: Hozir aytadigan gapim juda izzat-hurmatli lafz. Tik turib aytmasam, bo‘lmaydi… Biz necha kishi qoldik?
TONGYORUG‘: Olti kishi…
KUNYORUG‘: Akam yetib kelsa, olti kishi…
MANGUQUT: Akang yetib kelmaydi…

Og‘ir sukunat cho‘kadi. Faqat sibizg‘ami, chanqovuzmi, yoki do‘mbirami, xullas, allaqanday dard bo‘zlaydi.

Kunyorug‘, akang yetib kelmaydi… Tongyorug‘ kelinim, sen ham Eltug‘udan umidingni uz! U ortimizdan tushgan yov yo‘lida – bizga qalqon bo‘lib, halok bo‘lgan.
TONGYORUG‘: Qaerdan bildingiz?
MANGUQUT: Biz bu yerda tirik yuribmiz-ku! U fido bo‘lmaganda, tirik yurarmidik. Yov allaqachon bizga yetib olgan bo‘lar edi…

Yana sukunat. Yana tosh dunyolarni eritib, musiqa nola qiladi.

TONGYORUG‘: Balki…
MANGUQUT: O‘zingni aldama. Bu dunyo o‘zlarini aldaydiganlarni kechirmaydi. Buning ustiga, eshitdim! “Otajon” degan jonachchiq nolasini shamol ko‘nglimga uchirib yetganday bo‘ldi… Xullas, jon topshirarimda, sizlarga vasiyatim bor. Men hozir o‘laman. Meni dafn etganlaringdan so‘ng, tez xayrlashinglar. Tongyorug‘, sen o‘g‘lingni olib kunbotarga qirq kun yur. Sen, Kunyorug‘, kunchiqar tarafga qirq kun yur. O‘sha taraflarda kun ko‘ringlar… Bir joyda ko‘p qolmanglar. Odamlarning ko‘ziga ko‘rinmanglar! Bolalaringni asranglar…
KUNYORUG‘: Otajon, nega birga bo‘lmasligimiz kerak?
MANGUQUT: Dunyoni ko‘rib turibsan-ku! U shafqatni bilmaydi. Atrof yov. Agar falokat yuz berib, dushman ikkovlaringni barobar bosqin etsa, Tongli xalqidan hech kim qolmaydi. Bu olamdan shonu shavkatimiz, g‘ururimiz, boru yo‘g‘imiz – qaro yerning tagiga kirib ketadi. Men bu xalq omon qolishini istayman. Bu juvonmarg xalqni saqlab qolish mas’uliyati endi sizning zimmangizda qoldi. Farzandlaring o‘n sakkiz yoshga to‘lganda, bundan olti oylik yo‘l naridagi Boysun-Qo‘ng‘irotning Asqar tog‘ida uchrashasizlar. Farzandlaringni “o‘zingdan ko‘payib, bir xalq bo‘l” deb yaxshi niyat bilan bir-biriga uylanglar. Sizlar esa hozir, toki farzandlaringni o‘n sakkiz yoshida uchrashtirmaguncha, boshlaringga osmon yiqilsa ham, o‘lmaslikka va’da beringlar!
TONGYORUG‘: Va’da beraman!
KUNYORUG‘: Va’da beraman!
MANGUQUT: Qattiqroq aytinglar, bu bag‘ri tosh dunyo eshitsin! Qattiqroq ayting­lar!..
TONGYORUG‘: Dunyo, eshit!
KUNYORUG‘: O‘zingni karlikka olib turma! Eshit!
TONGYORUG‘: Men Tongli elining qizi, Tongyorug‘, bolalarimiz o‘n sakkiz yoshida ko‘rishguncha o‘lmaslikka qasam ichaman!
KUNYORUG‘: Men Tongli elining qizi, Kunyorug‘, otam vasiyatini ado etmaguncha o‘lmayman deb qasam ichaman!
MANGUQUT: Endi oxirgi vasiyatim! O‘lsam, ustimga shox-shabba tashlanglar-da, bu yerdan tez ketinglar! Bu gapim ham vasiyat! Yov yetib qolishi mumkin!.. Tangrim! Shu qirg‘in bo‘lgan elni o‘zing yorlaqa! Shu ikki norasida ildizlarini asra! Ular ko‘karsin! Daraxt bo‘lsin! Bog‘ bo‘lsin! Bir ulug‘ xalq yana dunyoni tutsin! Mana bu ikki jafokash ayolga ham sabru toqat ber! Ko‘k Tangrim! Meni eshityapsanmi, Ko‘k Tangrim!.. Ko‘k Tang­rim!.. Tangrim deyapman!..
Manguqut o‘q tekkanday yiqiladi. Yana odmi cholg‘ular insonning mangu dardini ayta bo‘zlaydi. Ikki ayol yig‘lay-yig‘lay, chaqaloqlarni bir chetga avaylab qo‘yadilar-da, marhumning ustiga daraxtlarning novdalarini tashlay boshlaydilar. Bu ishlarni bajarib, bir-birlarining qarshilariga kelib to‘xtaydilar.

TONGYORUG‘: Tongli elining Kunyorug‘ qizi! Boshimda soya bo‘lgan alp Ertug‘uning sing­lisi! Jigarim! Bu dunyolarda yolg‘iz qolgan yolg‘izim! Endi men ketaman!..
KUNYORUG‘: Tongli elining Tongyorug‘ qizi! Akamday erning ko‘ngli topgan pokiza gul! Ayriliqlarda eslab yuradigan yolg‘iz qarindoshim! Endi men ham ketaman!..
TONGYORUG‘: O‘n sakkiz yoz, o‘n sakkiz qish o‘tguncha xayr!
KUNYORUG‘: O‘n sakkiz ko‘klam, o‘n sakkiz xazon o‘tsa, albatta, ko‘rishamiz!..
TONGYORUG‘: Ayriliqqa chidaymiz!
KUNYORUG‘: Boshimizga tosh yog‘sa ham sabr qilamiz!
TONGYORUG‘: Faqat elimizning bu ikki ildizini omonlikda qo‘kartirsak, bas.
KUNYORUG‘: Hali ular daraxt bo‘ladi!
TONGYORUG‘: Daraxtlar boqqa aylanadi!..
KUNYORUG‘: Oltoy tog‘laridan Hazar dengizigacha Tongli eli o‘rmonday shovullab turadi.
TONGYORUG‘: Elimizning shonu shavkati olamni tutadi.
KUNYORUG‘: Endi ko‘rishguncha yig‘lamaymiz ham!
TONGYORUG‘: Endi o‘n sakkiz yil yosh to‘kmay yashaymiz.
KUNYORUG‘: Toshday yashaymiz.
TONGYORUG‘: Toshga aylangan ikki tomchi yoshday yashaymiz.
KUNYORUG‘: Omon boring!
TONGYORUG‘: Omon bo‘ling!

Ular ikki tomonga yuradilar. To‘xtaydilar.

KUNYORUG‘: Tongli elining Tongyorug‘ qizi!
TONGYORUG‘: Tongli elining Kunyorug‘ qizi!
KUNYORUG‘ (ovozi yig‘idan qaltirab): Elimdan qolgan yodgorim!
TONGYORUG‘ (betovush yig‘lar ekan): Men… keyin… yig‘lamayman!.. Sabrim qolmadi! Oxirgi marta! Oxirgi marta!..
KUNYORUG‘: Yanga…
TUNYoRUG‘: Qiz! Egachim!..

Ular ho‘ngragancha, bir-birlarini bag‘riga bosadilar. Shu payt musiqa ham ko‘ngil bo‘lib ho‘ngraydi. Chaqaloqlar ham bezovtalanib, yig‘lashga tushadilar. Ikki ona yugurib borib, chaqaloqlarini oladilar va… bir majbur yurishda, bir-birlariga qaray-qaray, dunyoning ikki tarafiga qarab ketadilar.

3

Yana Yolg‘iz Mergan va Tongyorug‘. Ular suhbatlarini davom ettiryaptilar.

YOLG‘IZ MERGAN (ajib bir sururli ohangda, so‘zning mazasidan rohatlanib): Tongli… Tongli…
TONGYORUG‘ (noxos baxtdan cho‘chib tushganday): A? Qaytar… Yana ayt!.. Qaytar!..
YOLG‘IZ MERGAN: Tongli…
TONGYORUG‘: Tongli… Tongli! Yana ayt, bolam, ayt!
YOLG‘IZ MERGAN: Tongli!.. Tongli!..
TONGYORUG‘: Eshitar kun bor ekan-ku! Tongli, noming o‘chmagan ekan-ku! Mana, o‘g‘lim aytib turibdi… Mening o‘g‘lim nomingni aytayapti. Ayt, bolam, ayt! Qattiqroq ayt! Dunyo esiga tushsin! Tongli degan xalq tirikligini eshitsin! Baralla ayt! Baqirib ayt! Bu kar dunyo tinglasin!
YOLG‘IZ MERGAN: Tongli!.. Tongli!.. Tongli!..
TONGYORUG‘: Yolg‘izim! Yolg‘iz merganim! Sen omon bo‘lsang, Tongli bu dunyoda ildiz otadi. Biz Asqar tog‘damiz. Ammang Kunyorug‘ farzandini olib bu tomonga jo‘nagan. Kelib qolishadi. Kelishsa, ammangning qizini senga unashtiraman! To‘rtalamiz – barcha Tongli ulusi yig‘ilib – katta to‘y qilamiz! Sizlar o‘n o‘g‘il ko‘rasizlar! O‘n qizli bo‘lasizlar! O‘n kelin olasan! O‘n kuyovli bo‘lasan!.. Men, huv, cho‘qqiga chiqib, atrofga qarayman. Kelishayotgan bo‘lsa, ko‘zlari tushar…
YOLG‘IZ MERGAN: Men bora qolay… Zuv etib borib, zuv etib kelaman.
TONGYORUG‘: Yo‘q, ular erkakni ko‘rishsa cho‘chishadi…
YOLG‘IZ MERGAN: Nega?
TONGYORUG‘: Erkaklarning bag‘ri tosh… Odamlarning mana shu toshmehr dunyosini ular qurgan!.. (Tashqariga yo‘naladi) Men hozir kelaman… Hozir!..

Shu payt yana g‘ozning g‘ag‘alashi eshitiladi.

YOLG‘IZ MERGAN (dunyoni unutib): O, tovushingdan! Yana keldingmi?.. Xudo seni menga buyurgan! Ko‘nglim sezib turibdi! Ajaling quvib, yonimga kelyapsan!… (Ichkariga yugurib kiradi-da, o‘q-yoyini olib chiqadi). Hozir boraman! Chaqirishingni qara!
TONGYORUG‘: O‘g‘lim! Hech qanaqa g‘oz yo‘q!
YOLG‘IZ MERGAN: E, ena bir g‘ozning tarafini shuncha olasizmi? Nega eshitib turib, “eshitmadim”, deysiz!
TONGYORUG‘: Bolajonim, shu ishingni qo‘y! G‘ozning ovozi emas…
YOLG‘IZ MERGAN: E, ena-ya! Sochingizga oq tushganda aldamchi bo‘lib qoldingizmi? Ana, uchib kelib naq peshonamizga – Ko‘ktoshning ustiga qo‘ndi. Qarang!.. Qarang!
TONGYORUG‘ (sukut saqlab): Ko‘rdim, bolam, ko‘rdim!.. Ammo shu g‘ozga teginma!
YOLG‘IZ MERGAN: Nimaga? Nimaga? Men ovchiman! Tangri jami jonivorlarni ovlash uchun yaratgan!
TONGYORUG‘: Bilaman… Bolam, bilaman… Ammo shu g‘ozga omonlik ber! Shu g‘oz omon qolsin!.. Ana, uchib ketdi!..
YOLG‘IZ MERGAN: Meni ahmoq qilyaptimi bu qush? Bir paydo bo‘ladi, bir yo‘q bo‘ladi…
TONGYORUG‘: Diltang bo‘laverma! Foydasi yo‘q. Uchib ketdi – bo‘ldi-da!.. Mabodo qaytib kelsa ham, unga teginma! Men esa hozir yugurib boraman-da, ho‘v, cho‘qqidan atrofga bir qarab qaytaman… Ammang Asqar toqqa yetdim deganda, adashib ovora bo‘lib yurmasin! (Tashqariga yo‘naladi.)
YOLG‘IZ MERGAN: Ena…
TONGYORUG‘: (to‘xtab): Nima deysan?
YOLG‘IZ MERGAN (zo‘riqib): Ena…
TONGYORUG‘: So‘rayver, nima gaping bor?
YOLG‘IZ MERGAN: Ammamning qizini ismi nima?
TONGYORUG‘ (negadir quvonib): Aytmadimmi?
YOLG‘IZ MERGAN: Yo‘q… Aytganingiz yo‘q…
TONGYORUG‘: Ammangning qizining ismi… juda chiroyli! Manguhayot!
YOLG‘IZ MERGAN: Manguhayot?..
TONGYORUG‘: Ha, Manguhayot!
YOLG‘IZ MERGAN: Haqiqatdan chiroyli ekan!
TONGYORUG‘: Ismi ham chiroyli, o‘zi ham chiroyli!..
YOLG‘IZ MERGAN: Uni ko‘rmagansiz-ku… Qaerdan bilasiz?
TONGYORUG‘: Bilib qo‘y, o‘g‘lim, dunyodagi eng chiroyli xalq Tongli xalqidir. Chunki Tongli xalqi xiyonatni bilmaydi. Bu xalq xiyonatni bilmagani uchun qaro yerga kirdi. Tonglilarning erkaklari mard, pahlavon; ayollari dunyodagi eng go‘zal ayollardir. Bilib qo‘y! Hech qachon unutma! Eng chiroyli xalq Tongli xalqidir! Chunki u xiyonatni bilmaydi!.. Men ketdim, bolam. Hozir kelaman…

U yugurgilab chiqib ketadi.

YOLG‘IZ MERGAN: Manguhayot… Mangu…hayot!

Yolg‘iz mergan bu ismni takrorlarkan, dunyo allaqanday o‘zgaradi. Ayolning sog‘inch va g‘uluga to‘la so‘zsiz qo‘shig‘i qaylardandir eshitiladi. Unga erkakning, ehtimol Yolg‘iz Merganning ovozi jo‘r bo‘ladi. Yolg‘izlikning ko‘yida dard bilan to‘lgan tovushlar… Shu payt yana g‘oz g‘og‘olab qoladi.

(G‘ozning ovozini eshitmay) Manguhayot… Buncha chiroyli! Manguhayot!… Yana g‘oz sayraydi. (Nogoh eshitib to‘xtaydi). G‘oz sayradi! (Quloq tutadi.) Suv quyilganday hamma joy jim-jit!.. Ammo g‘oz sayradi. Aniq eshitdim… Tavba, meni birov sinayotganday. Butun vujudim titrab ketyapti. Ko‘nglim o‘ljani sezdi. Dahshatli o‘lja! Xuddi taqdirday katta o‘ljaga o‘xshayapti… Ana, yana sayradi!.. Bu g‘oz meni masxara qilyapti! Ovchi emassan deyapti! Otolmaysan deyapti! Yolg‘iz mergan ming qadamdan uchgan qushning ko‘zidan urishini hali bilmaydi!.. Yana sayradi! E, toqatimni toq qilding! (U otilib chaylaga kiradi-da, o‘q-yoyni olib chiqadi.) Qaerdasan? G‘oz, qaerdasan? Menga seni Tangri taolo ro‘baro‘ etyapti! (Atrofga sinchiklab nazar tashlaydi.) Bilib qo‘y! Men Yolg‘iz Merganman! Yetti yoshimdan buyon otgan o‘qim xato ketmagan! Mo‘ljalga bexato urganman!.. Bexato urishimni bilmaysan! O, yana sayrading! Men bilan bekor o‘ynashayapsan! Bekor!.. (U atrofga aylanib qarab, g‘ozni izlaydi.) Voh, qudratingdan! Tangrim! Bu g‘oz juda o‘zidan ketdi! Ana, gazadan oshib, tikka men tomonga uchib kelyapti! Meni o‘ynatayapti! Naq manglayimga kelib qo‘nganini qarang! Mening kimligimni bilmaydi bu jonivor… (Yoyni olib, o‘qni sadog‘idan oladi.) Kimligimni bilmaydi! Bilmaydi…
TONGYORUG‘ (olisdan): Otma! Bolam, otma!
YOLG‘IZ MERGAN (mo‘ljalga olishga hozirlanib): Uchib ketma! Joyingda tur! Jo­yingda tur!
TONGYORUG‘ (ovozi endi yaqindan eshitiladi): Otma deyapman senga! Otma!
YOLG‘IZ MERGAN: Enamni nima ishi bor bu g‘oz bilan! Sen enamning gapiga quloq tutma!.. Joyginangda tur! Mana, hozir! Mana, hozir!.. (U mo‘ljalga olib, o‘q tiralgan yoyning tasmasini torta boshlaydi.) Sahnaga Tongyorug‘ otilib kiradi.
TONGYORUG‘: Otma! Otma!
YOLG‘IZ MERGAN: Xalaqit bermang! Xalaqit bermang! O‘zi keldi! O‘zi talab qilib, uchib keldi! Otib olmasam, o‘lib qolaman! O‘lib qolaman!..
TONGYORUG‘: Otma!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, shu g‘oz o‘g‘lingizdan azizmi? Tarafini olmang! Men sizga “shu g‘ozni otib olmasam, o‘lib qolaman” deyapman! O‘lib qolaman.
TONGYORUG‘: Otma, deyapman, bolasi tushmagur! Otma!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena!..
TONGYORUG‘: (g‘oz qo‘ngan tarafga qarab): Ho, kish!.. Kish!.. Qush bo‘lmay o‘lgur, uchsang-chi! Toshday turaverasanmi? Kish!..
YOLG‘IZ MERGAN: Men o‘lib qolaman deyapman! O‘lib qolaman! Mendan biror jonivor qochib ham, uchib ham qutulmagan!.. Qutulsa, o‘lganim!…
TONGYORUG‘: Kish!.. Kish!..

Yolg‘iz mergan yoyni tortadi. Ayni o‘q otiladigan payti Tongyorug‘ o‘g‘lining qo‘liga turtib yuboradi. G‘ozning cho‘chib, g‘og‘illagani eshitiladi. Uning ovozi borgan sari olislab boradi. Sukunat cho‘kadi.

YOLG‘IZ MERGAN (holsizlanib): Ena… O‘qim tegmadi…
TONGYORUG‘ (quvonganidan o‘g‘liga e’tibor bermay): Tegmadi!.. G‘oz omon qoldi!.. Omon qoldi! Elchi g‘oz omon qoldi!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ena… Qanaqa elchi g‘oz?..
TONGYORUG‘: “Meni dushmanga qoldirma, Boysun-Qo‘ng‘irotgacha qanotimni toldirma”, deb uchib ketdi? Uchib ketdi!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, deyapman! Qanaqa elchi g‘oz?..
TONGYORUG‘: Bu joylar, mana shu Asqar tog‘ – Boysun-Qo‘ng‘irotning yerlari, bolam! Alpomish zindonga tushib, elu yurti ultontozlarga qolib ketdi! El Alpomishni o‘lgan deb o‘ylaydi. Bu g‘oz Alpomishdan yurtiga noma olib ketayotgan elchi qush. Qanotiga noma bog‘langan! Elchiga o‘lim yo‘q!.. Endi Alpomish qaytadi! Qo‘ng‘irot ozod bo‘ladi!.. Bu dun­yoda bir elu yurt taxtu baxtli yashaydi!
YOLG‘IZ MERGAN: Siz qaerdan bilasiz bu gaplarni?
TONGYORUG‘: Hasratda yashagan odam nimalarni bilmaydi, bolam! Bu gaplarni qushlardan eshitdim! Hasratdan himillab turgan havolar aytdi. Qayg‘udan engashib qolgan osmon so‘zladi! Yolg‘izligimiz jami tiriklikning tilini anglashni o‘rgatdi menga!
YOLG‘IZ MERGAN (tobora holsizlanib): Ena, endi menga nima bo‘ladi?
TONGYORUG‘ (o‘g‘liga e’tibor berib qarar ekan): Senga… Senga… Nima bo‘ldi?
YOLG‘IZ MERGAN: Men g‘ozni otolmadim!.. G‘oz uchib ketdi!
TONGYORUG‘: Aytdim-ku, bu g‘oz…
YOLG‘IZ MERGAN: Siz menga cho‘pchak aytayapsiz… Mening esa, bu dunyoda turgiligim qolmadi… O‘zingiz aytgansiz: “Er kishining o‘qi xato ketgani, o‘lgani”, degansiz…
TONGYORUG‘: Aytganman… Ha, aytganman!
YOLG‘IZ MERGAN: O‘qim xato ketdi… Ichimdagi o‘q tomirim uzildi, ena!.. Ena!.. (u holsizlanib, xarsangga suyanadi.) Ena…
TONGYORUG‘ (o‘g‘lining qoshiga yugurib boradi. Yuz aylanib, ming o‘rgiladi): Unday dema! Unday dema, jonim bolam! Yolg‘izim mening!
YOLG‘IZ MERGAN: Mendan bir g‘ozni enamki avlo bildi, paymonam to‘lgan ekan, gulim ochilmay so‘lgan ekan… Voh! G‘oz uchib ketdi! Qaytib kelmaydigan bo‘lib ketdi! O‘lganim yaxshi!..
TONGYORUG‘ (jonholatda kalovlanib): Nima deyapsan? Hech qachon! Hech qachon o‘lmaysan!..
YOLG‘IZ MERGAN: Voh, jonim! Ena, butun vujudim ezilib ketdi!
TONGYORUG‘: To‘shakka yur… To‘shakka yur!.. (O‘g‘lini suyagancha, kapa tarafga boshlaydi.)
YOLG‘IZ MERGAN (sudralib qadam tashlaydi): Holim qolmadi! Holim qolmadi! G‘oz uchib ketdi!
TONGYORUG‘: U g‘oz…
YOLG‘IZ MERGAN: (cho‘kkalab qoladi). Bir g‘ozni mendan ayadingiz… Ena, men endi odam bo‘lmasam kerak.
TONGYORUG‘: Bolam! Bolam!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ena… Dunyo ko‘zimga qorong‘i bo‘lyapti!..

Yolg‘iz Mergan qaddi bukilib, asta yerga yiqiladi. Tongyorug‘ yugurib borib, o‘g‘lining boshini tizzasiga oladi:

Bolam!.. Ko‘zingni och! Ko‘zingni och! Sen o‘lmasliging kerak! Eshityapsanmi, bolam, sen o‘lmasligin kerak!.. Voh, Tangrim menga yordam ber! Bir xalqdan qolgan yodgorga yordam ber! Uni qaro yerga kirgizma! U bu olamdan ketsa, Tongli ulusi izi bilan bu dunyodan o‘chadi! Tangrim!..

Sahna qorong‘i tortadi…

4

…Dunyoda kun-tun almashyapti. Tunu kun oralab, sahnadan Tongyorug‘ pirillabgina yurib o‘tib ketyapti, o‘tib ketyapti… Kun-tun almashyapti. Sahnaning bir tarafidan qo‘lida uzun irg‘ay tayoq ushlab olgan Bo‘lgan Kal, bir tarafidan Tongyorug‘ halloslab kirib kelyapti.

BO‘LGAN KAL (sahnaga kiriboq): Qayt! Egachim, qayt! Men fol ochishni tashlaganman. Kelgan izingga qayt deyapman! Qayt!
TONGYORUG‘: Bo‘lgan inim! Ming afsunga to‘lgan inim! O‘g‘lim olti oydan buyon kasal bo‘lib, ko‘zini ocholmay yotibdi. Shamolday yeldim, olti oylik yo‘lni olti nafasda bosib keldim! Bolamning dardiga davo izlab, biyaday bo‘zlab qoshingga yetdim!..
BO‘LGAN KAL: Holingdan xabarim bor! Holingdan xabarim bo‘lmasa, bu dunyoda nega Bo‘lgan Kal nomimni o‘rtaga qo‘yib fol ochib yuribman! Ammo yaqinimga kelma! Lovullab yonayapsan! Men ham olovingga qo‘shilib yonib ketaman! Yonimga kelma!.. Qayt!
TONGYORUG‘: Qayt, dema! Jonimni olsang, ol! Molimni olsang, ol!…
BO‘LGAN KAL: Egachim, molingni ololmayman – talonchi emasman, joningni ololmayman – Ko‘k Tangri emasman! Yaqinimga kelma! Men fol ochishni tashlaganman! Ochgan folim teskari chiqyapti! Faqat Tangridan umid kut!
TONGYORUG‘: Tangridan shu bolamning umrini so‘rab beradigan odam kerak. Mening zorimni Tangrim eshitmayapti… Hech bo‘lmasa, bir sirni ayt, Bo‘lgan inim, men Tang­riga nima yomonlik qildimki, yolg‘iz bolamni, ko‘zimning oqu qarosini bedavo dardga duchor qildi?..
BO‘LGAN KAL: Tangrining ravishi faqat o‘ziga ma’lum…
TONGYORUG‘: Iloyo, dunyo turguncha turgin! Meni marhamatingdan nari tutma! Tushun, o‘g‘lim Tongli ulusining so‘nggi ildizchasi! Men uni o‘n sakkiz yil asrab-avayladim. U juvonmarg bo‘lsa, bus-butun el qayta ko‘karmaydi – dunyodan beiz yo‘qoladi. Qaro yerga kirib ketadi!..
BO‘LGAN KAL: Yig‘latma-da meni!.. Bu qismatni bilmasam, folchiman deb bu dunyoda lof urib yuramanmi?
TONGYORUG‘: Inim, sen yana bir gapni bilasan…
BO‘LGAN KAL: Egachim, senga xudoyimning sinovi tugamaganga o‘xshaydi! Mendan so‘rab nima qilasan? Sen fidokorning ishini qilding. O‘g‘lingning jonini jabborga berib, elchi g‘ozni uchirding! Ana, Qo‘ng‘irot elida necha oyki, to‘y! Baxtu taxti qaytib kelgan… Sen ulug‘ odamsan! Bir xalqqa ozodlik berding! G‘ozga aylanib, uchib ketayotgan erkning ko‘ksini o‘q tuyrab o‘tmadi. Ozodlikning yo‘li kesilmadi. Alpomish qaytib, Boysun-Qo‘ng‘irot baxtini topdi! Egachim, butun dunyo bilgan gapni qayta aytay: sen fidokorlik qilding. Bu dunyoda fidokorning ishi og‘irdir! Qaysi fidokorning manglayi yarqirab, bu dunyodan o‘tdi? Sen bu dunyoni mard deb o‘ylama! Ket, egachim! Ket! Mendan najot kutma! Men kimmanki, senga yordam beray!
TONGYORUG‘ (so‘nggi umid bilan, ko‘z yoshlarini tiyolmay): Hech yordam berolmaysanmi?
BO‘LGAN KAL: Egachim, meni qiynayapsan. Ket!..
TONGYORUG‘: Inim! Qarshimda qaro kunlarimdagi bir sitim yorug‘ bo‘lib turibsan! Meni ko‘p qaqshatma! Birgina fol och!
BO‘LGAN KAL: Ocholmayman…
TONGYORUG‘: Seni umrim bo‘yi olqayman! Yolvoraman! Shu bolamga fol och!
BO‘LGAN KAL: Egachim!..
TONGYORUG‘: Meni qaqshatma!..
BO‘LGAN KAL: Ochadigan folimni o‘ylasam, qo‘rqib ketyapman. Turishingni qara! Sen hech narsadan qaytmaysan! Sen joningni ayamaysan! Egachim! Joni sabil qolgan odamsan! Bilib qo‘y, sen ham osmonni ko‘tarib turgan odamsan!
TONGYORUG‘: Qanaqa osmon?
BO‘LGAN KAL: Bu dunyoning osmoni ko‘p. Birini sen ko‘tarib turibsan.
TONGYORUG‘: Allaqaydagi gaplarni gapirma! Xudo qarg‘agan xalqning Xudo qarg‘agan bir mushtipari bo‘lsam…
BO‘LGAN KAL: Unday dema! Unday dema!.. Sen eng ulug‘ odamsan!
TONGYORUG‘: Inim, mening o‘lishga haqqim yo‘q. Bo‘lmasa…
BO‘LGAN KAL: Endi ket! Dunyo bilan gaplashishimga xalaqit beryapsan. Ko‘nglimni bo‘shashtirib yuboryapsan. Senga qarab, yuragim ezilib ketyapti… Dunyo bilan gaplashishda qattiq bo‘lmasang, bo‘lmaydi. Bo‘shashsang, bu dunyo ezib tashlaydi. Sen buni bilasan…
TONGYORUG‘: Bilaman. O‘n sakkiz yil yolg‘iz boshim bilan dunyoga sir bermadim. Tikka gaplashdim. Boshqa ilojim yo‘q edi.
BO‘LGAN KAL: Endi ham bo‘shashma! Avvalgiday ko‘ziga tik qarab ishingni qilaver! Endi bor…
TONGYORUG‘ (qaqshab): Bolam… Yolg‘izim nima bo‘ladi?
BO‘LGAN KAL: Voh, o‘zini o‘ylamagan, egachim!.. Tangrining aytgani bo‘ladi! Tangrining aytgani bo‘ladi! Ket!.. Meni qiynama!..
TONGYORUG‘ (keta boshlaydi): Ko‘k Tangrim! O‘zing najot ber! Najot ber! Yolg‘izgina bolamni xazon qilma! Axir, unga bir gap bo‘lsa, bir xalq bu dunyodan beiz yo‘qoladi! Qaysi gunohimiz uchun bizni bu dunyongdan haydab yuboryapsan!.. Sinovingni ko‘tarolmayapman! Yerga kirgizib yuboryapti meni sinovlaring! Chidayolmayapman! Sab­rim tugayapti! Tangrim! Tangrim! Ovoz bersang-chi! Nega jimsan? Axir, bundan ortiq xoru zorlik bo‘ladimi? Tangrim! Ozgina najot ber!..

Tongyorug‘ yig‘lay-yig‘lay chiqib ketadi. Bo‘lgan Kal uning fig‘onlariga toqat qilolmay qotib turibdi.

BO‘LGAN KAL: Tangrim! Qoyilman, Tangrim! Qanday bandalaringni yaratgansan! Qanday g‘aroyib bandalaring bor!.. Yo qudratingdan! Yo qudratingdan! Qanday bandalaring bor!.. Qoyilman…

Sahnaga qorong‘ilik tushadi…

5

…yorishganda, sibizg‘a yig‘lab, do‘mbira bo‘zlab, Yolg‘iz Merganning holidan yana bayon etib turibdi. Kapadan sudralib, qiynalib, ingranib chiqayotgan Yolg‘iz Mergan ko‘rinadi. U bir dam sudralgach, behollikdan to‘xtab qoladi. Yo qimirlashga majoli yetmayapti yoxud bu dam hushidan ketgan… Yolg‘iz o‘ziga kelib, yana ingragancha, sudraladi. Oxir sahnaning to‘ridagi xarsang toshga ming azobda yetib boradi. Unga ko‘ksini yerdan uzib, suyanishi ham ming azobda kechadi. Ana, Yolg‘iz Mergan xarsangga suyangancha, dunyoni tomosha qilyapti. Dam osmonga, dam tog‘larga qaraydi, dam yonidagi maysani suygan odamining sochini silaganday silaydi… Tongyorug‘ kiradi. O‘g‘lini tashqarida o‘tirganini ko‘rib, to‘xtab qoladi.

TONGYORUG‘: Tashqariga… qanday qilib chiqding?
YOLG‘IZ MERGAN: Chiqdim. Emaklab, sudralib…
TONGYORUG‘: Sen… Sening tobing yo‘q. To‘shakda yotishing lozim. Gapimga kirmaysan…
YOLG‘IZ MERGAN: Kapa qafasga o‘xshadi. Dunyoni bir ko‘ray deb chiqdim.
TONGYORUG‘: Bolajonim! Nimalar deyapsan? Hali bu dunyoni ko‘p ko‘rasan!
YOLG‘IZ MERGAN (uning gapini eshitmaganday): Dunyo boshqacha ekan…
TONGYORUG‘ (birdan tutoqib): Men dunyoni bilaman! U… o‘ljasini ta’qib etayotgan bo‘riga o‘xshaydi. Xalqimizni yov beto‘xtov bosqin etgandan buyon u bizni ta’qib etadi… Hozir menga yetib kelgan! Tishlari bo‘g‘zimga botib ketayotganini his qilib turibman…
YOLG‘IZ MERGAN: Sen aytayotganing boshqa dunyo…
TONGYORUG‘: Dunyo bitta! Boshqa dunyo yo‘q. Tongli elini qirgan, lak-lak odamlarning qonini daryo-daryo oqizgan, bolalaru ayollarni qo‘yday so‘ygan dunyo…
YOLG‘IZ MERGAN: Boshqa dunyo bor… Masalan, siz boshqa dunyosiz!..
TONGYORUG‘: Men?
YOLG‘IZ MERGAN: Ha… Men bemajollikda yotib, o‘ylayverib-o‘ylayverib topdim. Siz boshqa dunyosiz…
TONGYORUG‘: Qanaqa dunyoman?
YOLG‘IZ MERGAN: Siz o‘zingizdan ko‘ra boshqalarni ko‘proq o‘ylaydigan odamsiz. Bu dunyoda boshqalar ham emin-erkin – o‘zining baxtu taxti bilan yashashini xohlaysiz…
TONGYORUG‘: Shu ishim yomonmi?
YOLG‘IZ MERGAN: Yaxshi… Ammo bir g‘ozni o‘g‘lingizdan ayadingiz…
TONGYORUG‘: Bolam! Bolajonim!..
YOLG‘IZ MERGAN: Menga esa odamlarning ko‘ziga ko‘rinma, ular qirg‘in va o‘lim olib keladi, deb o‘rgatdingiz…
TONGYORUG‘: Boshqa ilojim yo‘q. Sen elingning ichida yashayolmayapsan-da! Na suyanching bor, na tayanching! Havodasanu uchishga qanoting yo‘qday… Odamlar yolg‘izu kuchsizni ayab o‘tirmaydi! Seni asrab qolish uchun bu gaplarni aytishga majbur bo‘lganman. Chunki senga bir gap bo‘lsa, elimiz yo‘q bo‘ladi.
YOLG‘IZ MERGAN: Meni xato qilishga haqqim yo‘qligini, har otgan o‘qim mo‘ljalga aniq tegishi kerakligini uqtirgansiz. Tinmay mashq qildirgansiz! Xato qilish yigit uchun o‘lim degansiz.
TONGYORUG‘: Ha, ha!.. Aytganman! Aytganman, bolajonim! Sen bir xalqdan qolgan yagona erkak bo‘lganing uchun boshqa nima deyin? Xato qilsang, tuzatadiganing yo‘q – yovga yem bo‘lasan…
YOLG‘IZ MERGAN: Faqat joningni asra degansiz…
TONGYORUG‘: Boshqa nima deyin? Sen Tongli ulusini qayta yaratguvchisan!..
YOLG‘IZ MERGAN (bemajol o‘rtanib): Ena! Ena…
TONGYORUG‘ (farzandiga girgitton bo‘lib): Jon!..
YOLG‘IZ MERGAN: Baribir… Boshqa dunyo bor ekan. Or-nomus tiriklikdan baland ekan, ena!..
TONGYORUG‘: Bolajonim! Nomusu orlim!..
YOLG‘IZ MERGAN: Xato qildim… G‘oz uchib ketdi! Yashashga kuchim yetmayapti!..
TONGYORUG‘: Shuncha orsizlar dunyoda yashab yuribdi-ku!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ularning dunyosi keng bo‘lsa kerak! Mening dunyom esa torgina – hadeb o‘zimga duch kelaveraman. O‘zimga qarayman-da, qora yerlarga kirib ketaman. Bir g‘ozni otolmagan noshud, bir elni qanday yaratsin!
TONGYORUG‘: Bolam!
YOLG‘IZ MERGAN: O‘lganim yaxshi, ena! Ammo boshqa dunyo! Qanday go‘zal! Osmonni qarang! Shunchalar cheksiz! Ranglarining tozaligini! Har kun ko‘radiganim anov archani qarang! Hayotni ufurib, shamolda g‘uvullaydi!.. Buncha chiroyli!.. Qarab to‘ymayapman, ena!
TONGYORUG‘: Hali ko‘p qaraysan! Hali qancha daraxtlarni ko‘rmagansan! Hammasini tomosha qilasan! O‘, sen Tongli ulusining osmonini ko‘rmagansan! Osmonimiz shunday baland ediki!.. (Armonli, sururli sukut cho‘kadi.) Endi, bolam, ichkari kirib bir mizg‘ib ol! Men Luqmoni Hakimning oldiga borib kelaman!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, ovora bo‘lmang. Dardimga davo yo‘q…
TONGYORUG‘: Shu gaplaringni qo‘y. Dardingga davo topmasam, enang bo‘lib nima qildim…
YOLG‘IZ MERGAN: “Dori” deb berganingizni yedim, “ich” deganingizni ichdim… Foydasi yo‘q… “Luqmoni Hakim olti oylik yo‘l narida”, deyotgan edingiz, ena! Siz qaytib kelguncha…
TONGYORUG‘: Xudo xohlasa, men qaytib kelguncha, hamma narsa omon-omonlikda bo‘ladi. Olti oylik yo‘lni olti nafasda bosaman!
YOLG‘IZ MERGAN: Foydasi yo‘q…
TONGYORUG‘: Hamma narsaga shak keltiraverma. Kasal borki, davosi bor! Luqmoni Hakim bilmagan davo bormi?
YOLG‘IZ MERGAN: O‘limdan boshqa hamma narsaning davosi bor…
TONGYORUG‘ (cho‘chib tushib): Nima? (O‘tirib qoladi. Ho‘ngrab yig‘laydi.) Men seni bu yorug‘ dunyodan qo‘yib yubormayman! Eshityapsanmi? Qo‘yib yubormayman…

Qorong‘ilik tushadi…

…Dunyoda kun-tun almashayapti. Tunu kun oralab, sahnadan Tongyorug‘ pirillabgina yurib o‘tib ketyapti, o‘tib ketayapti… Kun-tun almashayapti. Nihoyat, Tongyorug‘ sahnaga kiradi-da, taqqa to‘xtab qoladi. Sahnaning nariga tarafidan Luqmoni Hakim, ko‘zi tushgan jonivorlaru o‘t-o‘lanlar bilan gaplashgan ko‘yi, kirib kelayapti. Soqoli ko‘ksiga tushgan, ko‘rganning aqli uchgan – o‘z aqlidan o‘zi toshib, har naqlidan so‘zi toshib kelayapti.

LUQMONI HAKIM: Sen, jirg‘anoq, sharbat bo‘lasan… Qariqiz, sen bemorlarni terlatasan… Yulg‘un, pismiq, nega yashirinasan? Arilarga asalni kim beradi, tentak?.. Afsonak, zaharliman deb xafamisan? Zaharing ham dori-ku! O‘savermaysanmi? Do‘lana, toqqa chiqib ketma! Pastroq tush! Yo qadringni sinayapsanmi? Mayli, ko‘ngling to‘lsin! “Toqqa chiqmasang, do‘lona qayda”, deb qo‘ya qolamiz…
TONGYORUG‘ (ikki bukilib salom beradi): Assalomu alaykum!
LUQMONI HAKIM (to‘xtab): Vaalaykum assalom!.. (Ayolga razm solib.) Nega menga ta’zim qilding, odamlarning ulug‘i?
TONGYORUG‘: Odamlarni ne-ne xastalikdan forig‘ etgan sizday donishmand zotga ta’zim qilmay, kimga ta’zim qilaman?
LUQMONI HAKIM: Men senga ta’zim etishim lozim, Tongli elining ulug‘ farzandi! Men mingta, ha ana, maqtansam, o‘n mingta odamning hayotini saqlab qolgandirman. Sen esa… E-he!.. (U ikki qo‘lini yoyib, dunyoni qamrab ko‘rsatadi.)
TONGYORUG‘: Men qanday ulug‘ bo‘lay, Luqmoni Hakim otajon! Bir bolamning dardiga davo topmasam…
LUQMONI HAKIM: Boysun-Qo‘ng‘irotday doston yurtga dorilomonlik bergan zot ulug‘ bo‘lmay, men ulug‘ bo‘laymi? Ezgulik yo‘lida hatto farzandingni ham ayamading, odamlarning ulug‘i! Farzandingni ham!.. Qanday ulug‘ zotsan!..
TONGYORUG‘: Bu ko‘rgiliklarni qaerdan eshitdingiz?
LUQMONI HAKIM: Olamga doston bo‘lding-ku! Uchib kelgan qushlar aytdi, yugurib o‘tgan hayvonlar aytdi, g‘uvullab o‘tgan shamollar aytdi. Sen haqingda o‘t-o‘lanlar shamolda tebranib qo‘shiqlar aytganini bir eshitsang edi.
TONGYORUG‘: Siz ularni tilini qaydan bilasiz?
LUQMONI HAKIM: Men sirlarni bilishga intildim, Tangri esa sirlarini ochdi… Intilganga Xudo yor!
TONGYORUG‘: Yana bir urining, Luqmoni Hakim ota! Iloyo, bu dunyoning yomonidan yomon yashay! Iloyo, ming dardning ming bir og‘rig‘ida to‘lg‘onay! Faqat bolam armonda ketmasin!..
LUQMONI HAKIM: Sen, Tongli elining yolg‘iz qizi, olam ko‘rmagan fidoyilik ko‘rsatding!.. Endi chidamoqdan boshqa yo‘l yo‘q… Chida! Neki boshga tushsa, qanoat et!.. E, falak! E, dunyo!..
TONGYORUG‘: O‘g‘lim bu olamni tark etsa, Tongli ulusi beiz yo‘qoladi… Butun bir xalq beiz ketadi!.. Sadag‘ang ketay, Luqmoni Hakim ota!.. Xudo nazari tushgan odamsiz! Farzandim o‘n gulidan bir guli ochilmasdan, xazon bo‘lmasin! Bu guldan hali qancha gullar ildiz olishi kerak!.. Hali undan qancha daraxtlar o‘sib chiqadi!.. Bu yigit hali bog‘ bo‘ladi!.. Tongli eli dunyoda qayta tug‘iladi. Oltoydan Hazargacha ot surib, dovruq soladi!.. Farzandimni o‘limga topshirolmayman! Men va’da berganman!.. (Luqmoni Hakimning poyiga o‘zini tashlab) Luqmoni Hakim otajon! Xudo siylagan zot! Shu o‘g‘limning umrini Tangridan so‘rab bering!..
Ayolning zorillashlarini Luqmoni Hakim bosh egib, o‘rtanib eshityapti.

LUQMONI HAKIM (sokin): Odamlarning ulug‘i, o‘zingni bosib ol! G‘amga siringni berma!.. Tur o‘rningdan! Bu yoqqa kelishingda, o‘g‘ling – Yolg‘iz Mergan nima dedi? Oxirgi gapini esla…
TONGYORUG‘ (o‘zini tutib olishga urinar ekan): U.. U… “o‘limdan boshqa… hamma ishning… davosi bor…” dedi.
LUQMONI HAKIM: Aqlli yigit ekan… (Sukunat. Luqmoni Hakim og‘ir o‘yga cho‘mgan. Nihoyat bosh ko‘tarib) O‘g‘ling tuzaladi.
TONGYORUG‘ (quloqlariga ishonmay): Nima? Nima dedingiz?
LUQMONI HAKIM: O‘g‘ling tuzaladi!
TONGYORUG‘: Luqmoni Hakim otajonim! Tillaringizdan aylanay, nima dedingiz? Yana birgina qaytaring?
LUQMONI HAKIM: O‘g‘ling tuzaladi. Faqat… (U ilojsiz bir gapni aytayotganday gapdan to‘xtaydi.)
TONGYORUG‘: O‘g‘lim tuzaladi!.. O‘g‘lim tuzaladi!..
LUQMONI HAKIM: Odamlarning ulug‘i, quloq tut!..
TONGYORUG‘: (bu xushxabarni barbod etadigan biror bir narsa bo‘lib qolishidan cho‘chiganday) Tuzalsa, bo‘ldi!.. Tuzalsa, bo‘ldi! Endi men boray! Umid bergan tillaringizga jonim sadag‘a! Endi borib, o‘g‘limga bu xushxabarni yetkazay!.. (Luqmoni Hakimga ta’zim qilib.) Qulluq, hakimlarning hakimi! Qulluq, donishmandlarning donishmandi!..
LUQMONI HAKIM: Eshit! Odamlarning ulug‘i, eshit! O‘g‘ling tuzaladi. Faqat… (Tongyorug‘ uni ma’qullab turadi.) faqat o‘sha g‘ozni otib olsa…
TONGYORUG‘: O‘sha… g‘ozni… otib olsa… tuzalib ketadi?.. Shundaymi?
LUQMONI HAKIM: Shunday, odamlarning ulug‘i, shunday.
TONGYORUG‘: U g‘oz qaerda?
LUQMONI HAKIM: Xudo biladi! Bir kelgan, ketgan-da!
TONGYORUG‘: Ha.. Xudo biladi… Bir kelgan… ketgan… Uni… qanday topaman?!
LUQMONI HAKIM: Tangridan so‘ra!
TONGYORUG‘: Tangrim! Shu g‘ozni qaytarib yubor! Asqar toqqa qo‘ndir! Bolam o‘rnidan turib ketsin! Axir, u bir ildiz! Ko‘karishi kerak! Ko‘karishi kerak!..
LUQMONI HAKIM: E falak!.. E kajraftor!..

Sahna qorong‘ilashadi…

6

…yorishganda, hanuz sibizg‘a yig‘lab, do‘mbira bo‘zlagancha, Tongyorug‘u Yolg‘iz merganning holidan bayon etayapti. Ularning yolg‘iz kapasi ham qunishibgina turibdi.

TONGYORUG‘ (tashqaridan): Kish! Kish! Ket deyapman! Qanoting singur, boshqa joyda aylan! Bu yerdan ket! Kish! Kish!..

O‘tin orqalagan Tongyorug‘ kiradi. U bir qo‘li bilan yelkasidagi o‘tinning bog‘ini ushlagan, bir qo‘li bilan osmondagi nimagadir tahdid qilyapti.

Ket bu yerdan! Kish! Kish! (o‘tinni o‘choqboshiga tashlab, qo‘llarini silkitganicha, quzg‘unni haydaydi.) Osmonda boshqa joy qurib qolganmi?! Bu joyga soyang ham tushmasin! Miyasi aynigan quzg‘in ekansan! (Yerdan tosh olib, osmonga otadi.) Bu yerda nima bor? Nimaga ketmaysan? Axir, mening bolam soppa-sog‘! Hozir kapada uxlab yotibdi! Kish! Kish! Bu yerda o‘lim yo‘q! Eshitib ol, bu joyda o‘lim yo‘q! Men bor ekanman, bu yerga o‘lim kelolmaydi! Kish!.. Kish!.. (Yana osmonga tosh otadi.) Osmon o‘yilib, osmonsiz qolgur, kish! Kish!.. Bu joyga o‘lim kelolmaydi! Yaxshilab eshitib ol, o‘lim kelolmaydi! Iloyo, o‘limni sog‘ingan ko‘zlaring o‘yilib tushsin!.. Kish! Kish!.. Ketsang-chi!.. O, xayriyat ketdi!.. Ketdi!.. Bolam! Yolg‘iz Merganim! Quzg‘un ketdi!. (Chopqilab, kapaning ichiga kiradi. Ichkaridan ovozi eshitilib turibdi.) Bolam! Ko‘zlaringni birgina och! Bir og‘iz so‘z, de! “Ena” degan tovushingni sog‘indim! Chaqaloqday nafas olib yotibsan! Quzg‘un ketdi! (Yolg‘iz mergan bilan suhbatini davom ettira, kapadan chiqadi. Qozon atrofida kuymalanar ekan, o‘g‘li bilan gaplashishda davom etadi.) Quzg‘un bu joylarga adashib kelgan! Bu yerda o‘lim nima qiladi? Bu joylarga o‘lim kelolmaydi! Hech bo‘lmasa, uyaladi! Bir xalqdan birgina yigit omon qolsayu, u qaysi yuz bilan unga ro‘baro‘ keladi. Keyin, har ish navbat bilan-da! Meni yutmasdan, bolamga o‘lim o‘tib ketolmaydi! (Birdan tiz cho‘kib, nola qiladi.) Tangrim! Qanday kunlarga qoldim! Bizlarga rahming kelsin! Shafqat qil!.. Shu g‘ozni qaytarib kel! Boysun-Qo‘ng‘irotga rahmat nuringni sochding-ku! Tongli elidan qolgan birgina norasidaga ham shafqat et! Shu g‘ozni qaytarib yubor! Tangrim!.. Qaytarib yubor! Tangrim!..
U ho‘ngrab yig‘laydi. Qaddini ko‘tarolmay yig‘laydi. Qaro yerni mushtlab, yig‘laydi. Ammo birdan yig‘idan to‘xtab, sukunatga quloq tutadi. Olislardan g‘ozning sayrashi avval elas-elas eshitiladi.

G‘oz!.. G‘oz!.. G‘oz keldi!.. Keldi!.. (Endi u quvonib, beovoz titranib, ko‘zyosh to‘kadi.) Tangrim! Tangrim! Zorimni eshitdingmi? Dunyoni to‘ldirib sayrayver! Sayrayver! (U quvonchidan raqs tushayotganga o‘xshash bir harakatlar qiladi.) G‘oz keldi!

Kapaning eshigida o‘mganlagancha, sudralib kelayotgan Yolg‘iz Mergan paydo bo‘ladi. U bo‘sag‘ada ko‘ksini ko‘tarib, kapaning kesakisi – yog‘ochga osilib, suyanib – qaddini rostlaydi.

YOLG‘IZ MERGAN: Ena!..
TONGYORUG‘ (o‘g‘liga endi ko‘zi tushib, beqiyos quvonchda): Yolg‘izim!.. Yolg‘iz merganim! Voy, o‘zingga keldingmi? O‘rningdan turdingmi? Tangriga ming shukur! Kelgan dard, ketadi deb, momomlarim aytar edi… Aytganlari bo‘ldi!..
YOLG‘IZ MERGAN: G‘oz keldimi?
TONGYORUG‘: Keldi, Yolg‘izim! Keldi! Otib olaver! Endi yelkangga bo‘riday yopishgan xastalikni, boshingdan aylantirib ot! Odam yetmas cho‘llarga tushsin, qaytishi yo‘q yo‘llarga tushsin!.. Eshit! Eshit!.. Sayrayapti! G‘oz sayrayapti! Eshit!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ena… Sayramayapti…
TONGYORUG‘(quloq tutib): Ha… sayramayapti.

Chindan ham g‘ozning tovushi tingan.

YOLG‘IZ MERGAN: O‘zi.. sayragan edimi?
TONGYORUG‘: O‘zim eshitdim! Mana shu quloqlarim bilan eshitdim!
YOLG‘IZ MERGAN: Men ham eshitganday bo‘ldim… Birdan qimirlamay, zil bo‘lib yotgan tanamga mador kirdi. Ko‘zlarimni ochishga ham kuchim yetdi… G‘oz keldi deb o‘ylabman!..
TONGYORUG‘: Keldi! Keldi! Senga o‘zim eshitdim, deb aytayapman-ku!
YOLG‘IZ MERGAN: Agar kelgan bo‘lsa, yana ovoz berar… A, ena?…
TONGYORUG‘: Ovoz beradi! Ovoz bermay, qayoqqa boradi? U bizni intizor qilayapti faqat!
YOLG‘IZ MERGAN: Agar keladigan bo‘lsa… Meni ana u xarsangga suyab yotqizing! Men tayyor turay! Men!..
TONGYORUG‘: Hozir… Hozir!.. Tangrim! O‘zingga shukur! Nolamni eshitganingga shukur!

O‘g‘lini ming mashaqqatda xarsangga suyab o‘tqazadi.

YOLG‘IZ MERGAN: Endi o‘qu yoyimni olib chiqing…

TONGYORUG‘ (yugurgilab borar ekan): Hozir olib kelaman… Hozir… Tangrim! G‘ozing ovoz bersin! Ovoz bersin! (Kapadan o‘q-yoyni olib chiqadi.)
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, endi o‘q-yoyni qo‘limga ushlatib qo‘ying…

Yolg‘iz Merganning qo‘liga Tongyorug‘ o‘qu yoyni tutqazadi.

(Qo‘llarida yoyni sezib) Ena, badanimga titroq kirdi. Bilagimga g‘ujur…
TONGYORUG‘: Erkakning qo‘lini Ko‘k Tangri o‘q-yoy ushlasin, deb yaratgan. O‘q – erkak qo‘lining davomi… Qo‘ling butunligini sezding, bolam!..

Sukunat cho‘kadi. Faqat dunyo qadimgi cholg‘ularda bir intizorlik musiqasini chalayapti. Tongyorug‘ o‘g‘lining yoniga tiz cho‘kadi. Ikkalasi g‘ozning sayrashini kutishmoqda.

TONGYORUG‘ (tinglar ekan): Ana, sayradi!..
YOLG‘IZ MERGAN: Yo‘q, sayramadi. Ko‘ktoshdan naridagi qari tol shamolda ovoz berdi!
TONGYORUG‘: Xuddi g‘ozning ovozini o‘zi… Qurimagur qari tol, meni o‘ynatadi-ya!..

Yana sukunat cho‘kadi.

YOLG‘IZ MERGAN: Ena, sayramadimi? Nimadir ovoz berdi…
TONGYORUG‘: Yo‘-o‘-o‘q… Sukunat jaranglayapti.
YOLG‘IZ MERGAN: Kelmaydi… Shu g‘oz kelmaydi… Bu g‘oz men o‘lgandan keyin keladi.
TONGYORUG‘: Nimalar deb aljirayapsan? Keladi! Nimaga kelmas ekan? Keladi!.. Sen, bola, og‘zingga kelganini gapiraverma!

Shu payt g‘oz sayraydi.

(Tantana qilib) Ana!.. Ana!.. Keldi!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena! O‘q yetmaydigan joydan sayrayapti! Men borishim kerak! Yaqinroq borishim kerak!
TONGYORUG‘: Borishing kerak! Borishing kerak!.. Tur, o‘g‘lim! Tur, qarchig‘ayim!..
YOLG‘IZ MERGAN: Yo‘q, men emaklab boraman! G‘oz hushyor qush! Ikkalamizning bu talpanglab yurishimizda uchib ketadi! Uchib ketmasin!.. Uchib ketmasin!..
TONGYORUG‘: Bolam!.. (G‘oz ovozi kelayotgan tarafni ko‘rsatib) Qara!.. Qara! G‘oz tikka biz tarafga uchib kelayapti!
YOLG‘IZ MERGAN: Ha, ana! Ko‘ktoshdan ham uchib o‘tdi.
TONGYORUG‘: Ko‘klam gazaning beliga qo‘ndi!.. Bolam, harakatingni ko‘r!..
YOLG‘IZ MERGAN: Hozir!.. Hozir!..

O‘q-yoyni qo‘liga oladi. Mo‘ljalga keltirib, yoyni tortadi). Shu payt g‘oz sayrab qoladi. G‘ozning tovushi endi aniq – yaqqol eshitiladi. Mergan yoyni o‘sha holida tutgan ko‘yi qushning sayrashiga quloq tutadi va hafsalasi pir bo‘lib, yoyni bo‘shashtiradi.
YOLG‘IZ MERGAN Ena…
TONGYORUG‘: Ot, bolam! Ot! Nega bo‘shashding! Tezroq bo‘l!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena… bu g‘oz…
TONGYORUG‘: Nima deyapsan? Ko‘nglingni bo‘lmasdan, ot! Otsang-chi!..
YOLG‘IZ MERGAN: Bu g‘oz boshqa g‘oz…
TONGYORUG‘: Tilingni tiy! Boshqa g‘oz emas! O‘shani o‘zi! Tezroq ot! Uchib ketadi! Ketadi! Tezroq.
YOLG‘IZ MERGAN: Eshitib ko‘ring!.. Ana, yana sayradi! Yaxshilab quloq soling!

Ikkalasi ham g‘ozning tovushiga quloq tutadi.

TONGYORUG‘: O‘sha g‘oz… emasmi?.. A?
YOLG‘IZ MERGAN: U emas…
TONGYORUG‘: Bolam, yaxshilab eshitaylik… Balki adashayotgandirmiz? Balki o‘sha g‘ozning ovozi o‘zgargan…
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, biz xato qilmasligimiz lozim. Biz o‘layotganda ham halol bo‘lishimiz kerak. Unutmang, biz halol, mard va bir so‘z Tongli elining farzandlarimiz.
TONGYORUG‘: To‘g‘ri aytasan…
YOLG‘IZ MERGAN: O‘zingizning o‘gitlaringizni qaytardim.
TONGYORUG‘: Sen haqsan… (Sukunat cho‘kadi.) Ha, bu qush o‘sha g‘oz emas…

Nihoyatda og‘ir, suyaklarni sirqiratadigan sukunat cho‘kadi. Oxiri musiqa chiday olmaydi, avval do‘mbira, so‘ng sibizg‘a bo‘zlab cho‘kadi.

YOLG‘IZ MERGAN (og‘ir nafas olib): Ena…
TONGYORUG‘: Nima deysan, jonim bolam?
YOLG‘IZ MERGAN: Sovuq bir shamol badanimga o‘tib, tomirlarimga yugurdi… Nazarimda, o‘lim kelganga o‘xshaydi… U shu atrofda yuribdi… Sezdingizmi?
TONGYORUG‘: Sezdim. U shu atrofda yuribdi. Ammo sen unga sir berma.
YOLG‘IZ MERGAN: U kuchli ekan, ena. Peshonamdan sovuq ter chiqib ketdi.
TONGYORUG‘: Mahkam bo‘l! O‘zingni qattiq tut! U bo‘shashganni bir damda yamlaydi!
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, qarab turganim yo‘q! Kurashayapman!..
TONGYORUG‘: Jonim bolam!.. Jonim bolam!..
YOLG‘IZ MERGAN: Men yashash qiyin deb yurgan ekanman… Jon topshirish dahshatli ko‘rinayapti ko‘zimga.
TONGYORUG‘: Chida, bolam!.. Tishingni tishingga qo‘y!.. Kurash!.. Sen kuchlisan! Sen o‘lmasliging kerak! Hali sening farzandlaring bir el bo‘ladi. Oltoydan Hazargacha ot surib yuradigan el bo‘ladi! Dovrug‘i olamni tutadi.
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, chidayapman!..
TONGYORUG‘ (birdan o‘rnidan sakrab turadi): Bolajonim! Erkatoyim! Sening qo‘lingdan har ish keladi. Sen o‘limni ham yengasan!.. Men zuv etib Boysun-Qo‘ng‘irotga borib kelaman. Alp Alpomishdan ko‘mak so‘rayman! Bir yordami tegar!.. Axir, to‘qson ming uyli ulusning biyi! Baxshilarning tilida doston bo‘lgan zot!.. Hech bo‘lmasa, biror yo‘l ko‘rsatar… Sen esa chida! Sabr qil!..
YOLG‘IZ MERGAN: Xavotir olmang!.. Kelguningizcha, o‘lim bilan jon talashib turaman. Yengilmayman!..
TONGYORUG‘: Yengilma!.. (Keta turib, ming iltijo bilan o‘g‘liga burilib qaraydi.) Yengilmaysan-a? O‘zingni hushyor tut. Hushingdan ketma! O‘limning, hushdan ketkazib, ongda keladigan odati bor… Hushyor bo‘l!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ena, tezroq boring! O‘lim juda kuchli! Tezroq…

Tongyorug‘ pildiraganicha, chiqib ketadi. Qorong‘ilik tushadi…

7

…Dunyoda kun-tun almashayapti. Tunu kun oralab, Tongyorug‘ pirillabgina yurib o‘tib ketayapti, o‘tib ketayapti… Mana, u oxir Boysun-Qo‘ng‘irotga yetgan – Alpomish va Barchinoy bilan gaplashib turibdi.

ALPOMISH: O‘zimning egachim! Mard egachim! Elimni el, yurtimni yurt qilgan egachim! Xush kelibsiz! Mana bu toju davlat, mana bu shonu shavkat aslida sizniki! Boysun-Qo‘ng‘irot to dunyo turguncha, sizni alqab o‘tadi! Xush kelibsiz!
TONGYORUG‘: Boysun-Qo‘ng‘irotning ulug‘ biyi – alp Alpomish! Alpomish ko‘nglining qanoti buvish Oybarchin! Qoshlaringga bir xizmat bilan keldim…
BARCHINOY: Xizmat bo‘lsa qochmas. Avval mehmon bo‘ling! Ko‘nglingizni oching. Egachim, qirqin qiz bir bazm qilsin. Chanqovuz chalib, muqom qilsin; do‘mbirani chertib, ko‘ngildan aytsin!
ALPOMISH: Siz yurtimizga taqdiru iqbol bergan muhtaram zotsiz! Sizga qancha qilsak arziydi! Aziz mehmonimiz bo‘ling!
TONGYORUG‘: Qulluq, alp Alpomish! Qulluq! Qulluq, buvish Oybarchin! Men sizga ortiq xizmat qilganim yo‘q! Azbaroyi to‘g‘riligimdan, taqdir g‘ozini o‘limdan asrab qoldim! Endi senga bir xizmatim bor…
ALPOMISH: Bir emas, ming xizmatingiz bosh ustiga!
TONGYORUG‘: Taqdir g‘ozini otolmagan mergangina yolg‘iz bolam or-nomusda qovrilib, bu dunyodan sovrilib ketayapti. Shu bolamning dardiga davo topib beringlar deb, bo‘sag‘alaringga bosh urib keldim…
BARCHINOY: Tavba! Sizday odamni ham qismat sarson qildimi?
TONGYORUG‘: Sarson qildi! Ammo mayli, umrim sarson-sargardonlikda o‘taversin! Mayli!.. Faqat bolam omon qolsa bo‘ldi!
ALPOMISH: Mushkul gapni aytding-ku, egachim! Juda og‘ir gapni aytding! Men bor-yo‘g‘i Qo‘ng‘irotning biyiman, ammo olamning yaratguvchisi Ko‘k Tangridan quyiman!..
TONGYORUG‘: Unday dema! Unday dema! Eshitgansan! Tongli elini yov qirg‘in qildi! Men shu eldan qolgan bir bebaxt yaproqman. O‘g‘lim esa bu elning norasida bir ildizginasi. Oxirgi ildizi! U omon qolib ko‘karsa, daraxt bo‘ladi! Daraxt nihol tarab, boqqa aylanadi. Bog‘ esa ko‘payib, ko‘payib, bir kunmas bir kun o‘rmonga aylanadi… Tongli eli yana Oltoydan Hazargacha o‘rmonday shovullab turadi…
ALPOMISH: Voh, odamning farishtasi! Voh, odamning ulug‘i!
BARCHINOY: Tongyorug‘ opa, bir qarang, bu dunyoning baland tog‘lari belingizdan ham kelmay turibdi!..
ALPOMISH: Qo‘ng‘irotning suruv-suruv qo‘ylari, otar-otar mollari sizniki!
TONGYORUG‘: Qulluq. Elingga buyursin, biy, elingga buyursin.
ALPOMISH: Otar-otar yilqilari ham sizga tortiq, egachim!
TONGYORUG‘: Qulluq. Yurtingga buyursin, alp, yurtingga!..
ALPOMISH: Lak-lak qo‘shinlarim ham sizniki, egachim!
TONGYORUG‘: Qulluq. Shonu shavkatingga buyursin!
ALPOMISH: Xazinadagi jami javohiru tillalarimni oling!
TONGYORUG‘: Qulluq. To‘ylaringga buyursin!
ALPOMISH: Toju taxtimni oling!
TONGYORUG‘: Aziz boshingga buyursin!
ALPOMISH: Nima qilay? Boshqa hech narsam qolmadi…
TONGYORUG‘: Men bolamning omonligini so‘rab kelganman… Umrini so‘rab kelganman…(Sukunat cho‘kadi.)
BARCHINOY: (Yig‘lay deb yuborayotgan sukunatni yengib): Biy bobomning uli… Bir ilojini toping!..
ALPOMISH: Nima qilay?
BARCHINOY: Bir ilojini toping…

Yana sukunat cho‘kadi. Bezabon bu ilojsizlikning dardini goh chanqovuz, goh do‘mbira, goh sibizg‘a aytib yig‘layapti.

ALPOMISH: Agar jonim kerak bo‘lsa, beraman…

Yana sukunat. Dorga borayotganlar eshitadigan sukunat.

BARCHINOY: Shu yerda…
ALPOMISH: Nima?
BARCHINOY: Bo‘lgan Kal folchi tog‘dan tushib, shu yerda yuribdi.
ALPOMISH: Uning shu joydaligidan nima foyda bor?
BARCHINOY: Bir fol ochirsak… bo‘lmaydimi? Shu Kalga ham xudo bergan – aytgani to‘ppa-to‘g‘ri chiqadi.
ALPOMISH: E, Ko‘k Tangri!.. Ha, mayli! Ha, degan tuyaga mador!.. Ey, hudaychi!

O‘tovga hudaychi kirib, ta’zim qiladi.

Bo‘lgan Kalga ko‘zing tushmadimi?
HUDAYCHI: Tashqarida… Qirqin qizga fol ochib, hiringlab o‘tiribdi.
ALPOMISH: Bu yoqqa boshlab kel!

Hudaychi chiqib ketadi.

(Tongyoruqqa) Joningizga rahmingiz kelsin! Yig‘layverib, ado bo‘lib ketmang. O‘limdan boshqa narsaning iloji bor.
TONGYORUG‘: O‘lim? Qo‘ng‘irotning biyi, o‘lim kelgan! Bolam Asqar tog‘ida o‘lim bilan jon talashib yotibdi… O‘lim kelgan…
BARCHINOY: Qaerdan bilasiz?
TONGYORUG‘: Bu dunyo menga faqat o‘limni ro‘baro‘ qildi. Ko‘z oldimda bus-butun Tongli eli jon berdi. Men o‘limni yaxshi taniyman. U shunday yonimdan, o‘g‘lim tarafga o‘tib ketdi! Uni to‘xtatib qolishga kuchim yetmayapti! Alpomish bo‘lsang, o‘g‘limni jonini so‘rab ber! Birgina bolam omon qolsin!

Shu payt hudaychi Bo‘lgan Kalni sudrab olib kira boshlaydi.

BO‘LGAN KAL (ortiga tislanib): E, men o‘z erkidagi odamman! Alpomishingning oldida nima qilaman. Podshoh bo‘lsa o‘ziga! Men ham o‘zimga podshohman! Qo‘yib yubor! Hudaychiman deb sudrab kelaverasanmi?
HUDAYCHI: Ulusning biyi chaqirdi, nodon! Biy Alpomish chaqirdi!..
BO‘LGAN KAL: Alpomish bo‘lsa o‘ziga! Biy bo‘lsa, yurtiga biy! Men shamolday bir erkin odamman!..
ALPOMISH: Hay, hay, Bo‘lgan aka! Sizga bir ishimiz tushdi-da! Odamga odamning ishi tushadi!..
BO‘LGAN KAL: Ana shu gaping yoqdi menga!.. Barchamiz odammiz! Ko‘k Tangrining bandalarimiz! Barchani ikki qo‘li ikki oyog‘i, birgina boshi bor!.. Ayt, kimning ikki boshi bor, Alpomish? Podshohning boshi ikkitami?
ALPOMISH: Kalta qayting, Bo‘lgan aka! Kalta qayting! Shaytonga hay bering!
BO‘LGAN KAL: Yo‘q, avval ayt, podshohning boshi ikkitami?
ALPOMISH: Podshohning boshi bitta, aka! Bitta!..
BO‘LGAN KAL: Barakalla! Hammamizning boshimiz bittadan bo‘ladigan bo‘lsa, bu shotirlaringga ayt, folimning qiziq joyidan buzib, qirqin qizning shirin suhbatidan uzib, meni biy oldiga sudrab kelmasin! Men erkin odamman! Shamolday xohlagan tarafimga esaman, bilib qo‘y!
ALPOMISH: Bildik, aka, bildik! Endi bir iltimosimiz bor… Shu Asqar tog‘idan Tongotar egachimiz kelgan ekan…
BARCHINOY: Shu opamga bir fol ochib qo‘ymaysizmi?
BO‘LGAN KAL (ovozini sekinlatib, erkalatib): Keldimi? Shu yerdami? (Tongyoruqqa ko‘zi tushib) Assalomu alaykum, osmonni ko‘tarib turgan inson! Assalomu alaykum!..
TONGYORUG‘: Vaalaykum assalom!
BO‘LGAN KAL: Sen… Sen bu yerda nima qilib yuribsan? Men senga nima degan edim, odamlarning ulug‘i!.. Bor, farzandingning qoshiga bor! U arslonning bir o‘zi o‘lim bilan olishib yotibdi!..
TONGYORUG‘: O‘g‘lim menga va’da bergan! Men borguncha o‘limga yon bermaydi.
BO‘LGAN KAL: O‘lim kuchli!
TONGYORUG‘: U Tongli elining farzandi! Aytganining ustidan chiqadi.
ALPOMISH: Shu egachimizning mushkulidan bir fol oching.
BO‘LGAN KAL: Yo‘q, men Tongli elining shu qiziga aytganman, bu mushkulotdan fol ochmayman.
BARCHINOY: Bo‘lgan og‘a, yo‘q demang! Biz sizning hech bir gapingizni ikki qilmaganmiz! “Bo‘lgan aka shamolday odam, kim uning yo‘lini to‘ssa, Boysun-Qo‘ng‘irotning dushmani” deb, biy bobomning uli butun olamga e’lon etgan!
BO‘LGAN KAL: Alpomish! Oybarchin! Men shu folni ochmay!
ALPOMISH: Oching, aka…
BARCHINOY: Baraka topgur, fol oching!
TONGYORUG‘: Menga ozgina ilinj bering. Ozgina…
BO‘LGAN KAL: Folimga chiqqan narsani ko‘tarolmaysizlar-da!..
ALPOMISH: Men shu egachim uchun dunyo boshimga tushsa ham, ko‘taraman, Bo‘lgan aka!
BO‘LGAN KAL: Sen oson o‘ylama!.. Yaxshisi, men ketdim! Shamol odamman! Bo‘g‘ilib ketdim! Bu egachimga (Tongyorug‘ni ko‘rsatib) fol ochishni tashlaganman, deb aytganman! Yana meni majbur qilmanglar! Nafasim ichimga sig‘may qolyapti!..
BARCHINOY: Bo‘lgan og‘a, qancha og‘ir bo‘lsa ham bir fol oching!
BO‘LGAN KAL: Aylanay Barchinoy, sen aralashma! Boysarining qizi, bu folga chiqadigan gap ayol ko‘taradigan gap emas! Sen aralashma!..
TONGYORUG‘: Mening bolam o‘lib ketaversinmi, Bo‘lgan aka! O‘lib ketaversinmi?
BO‘LGAN KAL: Obbo!.. Meni qiynayapsizlar!.. Ruhimni tanimdan ayirmay, do‘zaxga tashlayapsizlar!..
ALPOMISH: Bo‘ling, aka! Fol oching!
BO‘LGAN KAL: Qo‘ymadinglar, qo‘ymadinglar… Endi Alpomish, o‘zlaringdan ko‘ringlar!..
ALPOMISH: Biz doim o‘zimizdan ko‘rganmiz, aka!
BO‘LGAN KAL: Shu gaping menga yoqdi. Endi eshitinglar!.. Agar o‘sha o‘q tegmagan g‘oz qaytib kelsa, Yolg‘iz Mergan uni otib olsa, hech narsa ko‘rmaganday, kasaldan xalos bo‘ladi. O‘ynab-kulib ketadi…
ALPOMISH: U g‘oz qaerda?
BO‘LGAN KAL: Tangrining g‘ozi-da!.. Bir kelganu ketgan!
BARCHINOY: Qaerga ketgan?
BO‘LGAN KAL: Aytayapman-ku, g‘oz Ko‘k Tangrining g‘ozi – qaerdaligi faqat unga ayon…
TONGYORUG‘: U g‘oz yo‘q! U g‘oz yo‘q! Bor bo‘lsa, men topmasmidim…
ALPOMISH: Bu mushkulni yechishning boshqa yo‘li yo‘qmi?
BO‘LGAN KAL: Bor.
ALPOMISH: Ayting, Bo‘lgan aka!
TONGYORUG‘: Ayting, hayallamay ayting. Bolam jon talashayapti, axir! Tezroq ayting!
BO‘LGAN KAL: Barchin buvish, aytaveraymi?
BARCHINOY: Ayting! Tongyorug‘ opamni zorillatmang, baraka topgur! Tezroq ayting!
BO‘LGAN KAL: Aytsam, aytdim!.. Alpomish! Barchin buvish! Qo‘ng‘irot erlarining sarasi, ko‘zlaringning oqu qorasi – yakkayu yolg‘iz farzandlaring alp Yodgorni Ko‘k Tangri yo‘lida qurbonlikka topshirasizlar! Shunda Tongyorug‘ning o‘g‘li Yolg‘iz Mergan xastalikdan forig‘ bo‘ladi, ko‘zlariga dunyo yorug‘ bo‘ladi!

Jimlik cho‘kadi.

Fol och deysizlar, fol och deysizlar…
ALPOMISH: Nima deding?.. Yodgorni…
BO‘LGAN KAL: Xuddi shunday, Alpomish, Yodgorni… Shu ishni qilsalaring, Yolg‘iz mergan omon qoladi, Tongli eli dunyoga sig‘maydigan xalq bo‘ladi!..
BARCHINOY: Shunday bo‘ladi de, tilingga teskan chiqqur!.. Shunday bo‘ladi de…
ALPOMISH: Oybarchin! Buvishim!.. O‘zingni bos! (Uzoq tin olib) Boysun-Qo‘ng‘irotdan hech kim noumid ketmagan. Biz uchun o‘g‘lini o‘limga topshirayotgan shu egachimiz ham no­umid ketmasin. Murodiga yetsin!.. Biz hamisha mardga mard bo‘lganmiz! (Barchinga) Sen nima deysan, buvishim?…
TONGYORUG‘: Nima deyapsizlar! Nima deyapsizlar! Oybarchin! Qo‘ng‘irotning lochin qizi! Hech qachon “xo‘p” dema! Hech qachon!..
ALPOMISH: Buvishim…
BARCHINOY: Biz hamisha mardga mard bo‘lganmiz, a?
ALPOMISH: Ha, buvishim! Ha!..
BARCHINOY: Biy bobomning uli… Biy bobomning uli, siz Boysun-Qo‘ng‘irotning elining biyisiz, yurtning or-nomusisiz… Nima desangiz shu!.. Nima desangiz shu!..
ALPOMISH: Hudaychi, alp Yodgorga bo‘ladigan gapni tushuntirib, bu yoqqa olib kelinglar!

Hudaychi chiqib ketadi. Jimlik. Tongyorug‘ yer bilan bitta bo‘lib yotibdi. Faqat yig‘i zarbidan vujudi titranadi. Oybarchin tik turgancha olamga qarab turibdi, faqat ahyon-ahyon ko‘zyoshlarini artib qo‘yadi.
Alpomish yerga qaragan. Shamolda qolgan daraxtday tebranadi, ba’zan chidayolmay, “A-a!.. I-im-m!..” deya ingrab qo‘yadi.

BARCHINOY (ohista): Biy bobomning o‘g‘li…
ALPOMISH: Nima deysan, buvishim? Nima deysan…
BARCHINOY: O‘zingizni yig‘ishtirib oling… “Oh”ingizni olam eshitmasin.
ALPOMISH: Qulluq, buvishim, qulluq…

Yana jimlik. Yana Barchin dunyoga tik qarab, ahyon-ahyon yoshini artib turibdi, Tongyorug‘ yerga qapishib beovoz yig‘layapti. Alpomish shamolda qolgan daraxtday tebranadi…

BO‘LAR KAL (toqati toq bo‘lib): E dunyo! Odamlaringni buncha qiynaysan! Shu sitamlarning nima keragi bor? Yashagim kelmay qolyapti! Nega shamol bo‘lay desam, qo‘ymaysan? Nega?

Yodgor kiradi.

YODGOR: Keldim, ota.
ALPOMISH: Senga aytishdimi?
YODGOR: Aytishdi, ota.
ALPOMISH: Nima deysan?
YODGOR: Mardning o‘g‘li mard bo‘ladi.
ALPOMISH: Barakalla, Yodgorbek (Tongyoruqqa.) Egachim, siz tufayli yurtimda dorulomonlik bo‘ldi. Dilingizda armon qolmasin! Bolamni – Yodgorimni xayri xudo yo‘liga buyurdim!..
TONGYORUG‘: Yo‘q, yo‘q!..
ALPOMISH: Yodgor g‘oz qo‘ngan gaza ustiga chiqib, o‘zini qurbon qiladi. O‘g‘lingiz esa, Ko‘k Tangrining inoyati bilan xastalikdan xalos bo‘ladi!..
TONGYORUG‘ (O‘zini bosib, o‘rnidan turadi. Qaddini tik tutib, nihoyatda sokin ovozda gapiradi): Alpomishbek, Oybarchin buvish! Men mushtipar bir ayol bo‘lsam ham, siz aytgan yo‘lga yurolmayman. Farzand dog‘i nima ekanligini men bechora bilmasam, kim biladi! Yodgorbekni tinch qo‘yinglar, Barchinning baxtiga sog‘-omon yashayversin! Faqat bir iltimosim bor. Hozir hammangiz chin ko‘ngildan Tangridan so‘rangki, mening, hech bo‘lmasa, birgina zorim Yaratganning qulog‘iga yetsin! Chin ko‘ngildan so‘rang!..
ALPOMISH (qo‘llarini falakka cho‘zib): Ko‘k Tangri, shu egachimizning birgina zorini eshit!
BARCHINOY (u ham Alpomishning harakatini takrorlab): Birgina zorini ijobat et!
BO‘LGAN KAL (qo‘llarini baland ko‘tarib): Ey, Ko‘k Tangrim, shu ayolning zorini eshitmasang, kimning zorini eshitasan! Unga shafqat qil! Birgina istagini murodiga yetkaz!
Hamma qo‘llarini baland ko‘targancha, tiz cho‘kadi. Sahna qorong‘ilashadi…

8

…Sahna yorishganda, Tongyorug‘ kapaga ro‘baro‘ bir gazada o‘tiribdi. U kapaga ko‘z tikkancha, Xudoga munojot etmoqda.

TONGYORUG‘: Tangrim! Mening nolamga ham bir quloq sol! Umrim elu yurtimni qismatini o‘ylab o‘tdi. Bir farzand o‘stirdim. Bir g‘ozni – taqdir qushini o‘limdan saqlab qoldim! Endi, ana, farzandim chaylada o‘lim bilan olishib yotibdi. Bu gazadan pastga tusholmay turibman. Qo‘rqamanki, benajot qaytganimni ko‘rgan bolaginamning bu dunyoda qarori qolmaydi! Shu bilan Tongli ulusi olamdan beiz yo‘qoladi!.. Ko‘k Tangrim! O‘zing qo‘llagin! Rahmat nurini boshimga soch! Meni g‘ozga aylantir-da, keyin inon-ixtiyorimni o‘zimga ber! Tangrim! Tangrim! Meni g‘ozga aylantir!…

Birdan sahnada shamol guvullaydi. Chaqmoq chaqadi. Olamni qorong‘ilik bosadi. Tongyorug‘ qorong‘ilikka va shamolga go‘yo aralashib ketadi.

(Qorong‘idan ovozi eshitiladi.) Tangrim! Tangrim! Men g‘ozga aylanib boryapman! G‘ozga aylanib boryapman! Nolamni eshitganing uchun qulluq, Tangrim! Men o‘sha g‘ozga aylanib boryapman! Bolam, qara, men g‘ozga aylandim!
Birdan uning tovushi g‘ozning g‘og‘olashiga almashadi. Sahnada Tongyorug‘ning o‘rniga g‘ira-shira o‘sha g‘oz ko‘rinadi. U qanotlarini qoqib, sayrab turibdi. Kapaning ichidan qo‘lida o‘q-yoy ko‘tarib, o‘lim bilan olishaverib ado bo‘lgan Yolg‘iz Mergan gandiraklaganicha chiqadi. U kapaning kesagasiga – yog‘ochga suyanib, atrofga qaraydi. Nihoyat, g‘ozga ko‘zi tushadi.

YOLG‘IZ MERGAN: O, kelar ekansan-ku! Kelar ekansan-ku, telba dunyoning ajalberdi g‘ozi! Meni or-nomusda o‘ldirgan g‘oz! O‘lim, bo‘g‘zimdan tutganda yetding-a? Hozir… Hozir… (U o‘qni yoyning tasmasiga qo‘ymoqchi bo‘ladi. Ammo yog‘ochdan qo‘lini olgach, gandiraklab yiqilib tushadi. Turishga urinadi – bu ish uning uchun juda mushkul). Ajal, shoshma!.. Shoshmay tur!.. Bir o‘q uzishga qurbim yetsa, bo‘ldi – mendan yengilasan! Yengilasan! ( U ming azobda o‘mganini ko‘taradi. So‘ng o‘zini madorsizligi bilan kurasha-kurasha cho‘kkalaydi.) Hozir… Hozir… G‘oz, seni otib olsam, ajal mendan arslondan quyon qochganday qochadi! Hozir… Hozir… (U bir amallab, o‘qni yoyning tasmasiga qo‘yadi. Yoyni tortib, mo‘ljalga oladi.) Yo, Tangrim o‘zing qo‘lla! Yo tangrim!.. (O‘q uchib ketadi. G‘ozning jon achchiq chinqirishi eshitiladi. G‘oz qanotini bir silkib, qunishib qoladi. Yolg‘iz Mergan birdan kasallikni unutib, o‘rnidan sakrab turadi. Yugurib g‘ozning yoniga boradi.) Ena! Qaerdasiz? G‘ozni otdim!.. Ena… Sog‘ayib ketdim!.. O‘limni yengdim! Ena!.. Sog‘ayib ketdim! (Yolg‘iz Mergan borib g‘ozning ko‘ziga termiladi. Negadir ovozi pasayadi, xavotir paydo bo‘ladi.) Ena… Ena… Enajon… (U nimanidir tushunadi va jon-jahdi bilan qichqiradi.) Ena!.. Ena!…

Sahna qorong‘ilashadi…

9

…Bu voqealardan necha kunlardir o‘tgan. Yolg‘iz Mergan kapasi yonida tanho – bosh eggancha, o‘ziga cho‘kib o‘tiribdi. U endi bu dunyoda yolg‘iz. Qadim dunyoning qadim cholg‘ulari uning dardidan aytib, tog‘u dashtda izillab yuribdi. Sahnaga Manguhayot kiradi. U cho‘chib, atrofga olazarak boqib, ming bir xavotirda kelyapti. U Yolg‘iz Merganni ko‘rib, to‘xtaydi. Yolg‘iz Merganning ham unga ko‘zi tushadi.

MANGUHAYOT (qimtinib): Keldim.
YOLG‘IZ MERGAN (o‘rnidan qo‘zg‘alib, tik turadi): Keling… (Negadir juda avaylab) Men Manguqutning nevarasi, alp Eltug‘uning o‘g‘li Yolg‘iz Merganman. Tongli ulusining farzandiman…
MANGUHAYOT: Men Jonqobilbiyning nevarasi Elmurod botirning farzandi Manguhayotman. Tongli ulusining farzandiman.
YOLG‘IZ MERGAN (quvonib, lazzatlanib takrorlaydi): Tongli!..
MANGUHAYOT (u ham quvonib): Ha, Tongli!.. Tongli!..
YOLG‘IZ MERGAN: Ismingiz ham chiroyli ekan… Manguhayot!.. O‘zingiz ham chiroyli ekansiz!..
MANGUHAYOT: Qaerdan bilasiz?
YOLG‘IZ MERGAN: Enam – Tongli elining qizi Tongyorug‘ aytganlar. Aytganlarki, Tongli eli dunyodagi eng chiroyli xalq…
MANGUHAYOT: Chunki u xiyonatni bilmaydi.
YOLG‘IZ MERGAN: Shuning uchun ham u xiyonatning qurboni bo‘ldi.
MANGUHAYOT: Shuning uchun ham u qaro yer tagida yotibdi…

Ular jim qoladilar.

YOLG‘IZ MERGAN: Bu gaplarni… senga kim aytdi?
MANGUHAYOT: Enam… Tongli xalqining Kunyorug‘ degan qizi.
YOLG‘IZ MERGAN: Ammam! Ammam!…
MANGUHAYOT: Ha, ammangiz…
YOLG‘IZ MERGAN: Ammam… qanilar?
MANGUHAYOT: Ammangiz… kelolmaydilar. Ovchilar, odamlarni asir olib, qullikka sotadigan kaslar bizni ta’qib qilishdi. Enam menga Asqartoqqa boradigan yo‘lni ko‘rsatdi-da, Tangriga iltijo etib, kiyikka aylandi. So‘ng ovchilarni ortidan ergashtirib, tog‘ma-tog‘ yugurgilab ketdi. Uch kun o‘tib, shamollar aytdilarki, enam – Kunyorug‘ bu dunyodan ketgan…
YOLG‘IZ MERGAN: Mening enam esa g‘ozga aylandi…

Yana jim qoladilar.

MANGUHAYOT (qimtinib): Xullas, keldim…
YOLG‘IZ MERGAN: Xush kelibsiz… (Bir nozik jimlik cho‘kadi.) Enam Tongyorug‘… “egachilarim kelsa, katta to‘y qilamiz”, der edilar.
MANGUHAYOT (ovozi titrab): “To‘rtovimiz yig‘ilsak, dunyolarga sig‘maydigan to‘y bo‘ladi” der edi ammangiz…
YOLG‘IZ MERGAN: Endi ular yo‘q…
MANGUHAYOT: Bu yorug‘ dunyoda bir ulusdan faqat ikkalamiz qoldik.
YOLG‘IZ MERGAN: Endi butun Tongli ulusi – ikkalamiz yig‘ilib, to‘y qilamiz!.. Men sening… qo‘lingni va ko‘nglingni so‘ramoqchiman. Ishon, Tangri guvohligida va’da beraman: menga ko‘ngil bersang, bir umr kokillaringni taraydigan shamoling, kunlaringni yoritadigan oftobing bo‘laman; kechalari osmoningda yulduzday porlayman; o‘rtansang “oh”ing, kulsang kulging bo‘laman; ko‘nglingda orzu, joningda g‘ulu bo‘laman. Yov senga yetmaydi, g‘am senga yetmaydi – umring bo‘yi yoningda qalqoning bo‘laman!..
MANGUHAYOT: Boshingga kulfat tushsa, g‘aming singiydigan tuprog‘ing, kulsang kulging o‘rlaydigan osmoning bo‘laman; qozoningda ovqating, yelkangda kiyiming bo‘laman; ketsang o‘ying, qaytsang uying bo‘laman. Men senga o‘n o‘g‘il, o‘n qiz tug‘ib beraman! O‘nta kelin olamiz, o‘nta kuyovimiz bo‘ladi…
YOLG‘IZ MERGAN: Ikki yolg‘iz ildiz qo‘shilib daraxt bo‘lamiz…
MANGUHAYOT: Daraxt boqqa aylanadi…
YOLG‘IZ MERGAN: Bog‘ o‘rmonga…
MANGUHAYOT: Shamollarda dunyoga sig‘may shovullaymiz…
YOLG‘IZ MERGAN: Tongli ulusi Oltoydan to Hazargacha ot suradi…
MANGUHAYOT: Ha, Oltoydan Hazargacha…
YOLG‘IZ MERGAN: Manguhayot…
MANGUHAYOT: Yolg‘iz… Yolg‘izim…
YOLG‘IZ MERGAN: Manguhayot…

Ular bir-birlariga tikilib qoladilar. So‘ng ohista yurib yaqin keladilar. Qo‘llarning barmoqlari beixtiyor bir-birlarini topadi va parda tusha boshlaydi.

TAMOM

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2014 yil, 1-son

034

(Tashriflar: umumiy 1 848, bugungi 1)

Izoh qoldiring