Orziqul Ergash. Ikki hikoya & Yozuvchi asari asosida » Dala o’rtasidagi daraxt» vedeofilm

0_164faf_c1f6a5ea_orig.png14 январ — Ёзувчи Орзиқул Эргаш таваллудининг 65 йиллиги

  Орзиқул жўра, туғилган кунингиз, 65 ёшингиз қутлуғ бўлсин. Сизга Яратган Эгамдан сиҳат-саломатлик, хотиржамлик, ижодий янгиликлар тилаб қоламиз.

Орзиқул ЭРГАШ
ИККИ ҲИКОЯ
05

Орзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй» (1983), «Дунёнинг бир чеккаси» (1984), «Болалигим кўчаларида» (1986), «Шохсанам» (1988), «Дархон қиссалари» (1990), «Сенинг бу дунёда борлигинг» (2008) каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган.

05

ЎГАЙ ОНА

Бу безовталик кеча тушдан кейин бошланди.

У ошхонада эди, мактабдан қайтган қизи пайқамади, шекилли, тўғри отасининг олдига ўтиб кетди. Ота ҳовли юзидаги ишкомни хомток қилаётганди.

– Ассалом, дадажон, ҳорманг.

– Ваалайкум ассалом. Яхши келдингми, она қизим?

– Дадажон, нега менинг отимни Маъмура қўйгансизлар?

– Ҳа, онам, тинчликми, отинг ёқмай қолдими?

– Йўқ, ёқади, яхши. Лекин аямларнинг ҳам отлари Маъмура-ку?!

Бу гап-сўзларни эшитиб турганг онанинг юраги бир қалқиб тушди. Қўлидаги юмушини қўйиб, ота-боланинг суҳбатига қулоқ тутди.

– Бугун Инобат опамиз иншомиз баҳосини айтдилар.

– Хўш, хўш, неччи опсан, қизим?

– Беш қўйибдилар-ку, лекин битта нарса сўрадилар, жавоб беролмадим…

***

Муаллима иншо баҳоларини эълон қилиб, ҳар бирини қисқача изоҳлаб бораркан, унинг қизил муқовали дафтарини қўлига олгач, бир зум жим қолди. Кейин мийиғида кулди. Маъмуранинг кўнгли хиёл ўрнига тушди: “Демак, ёқибди. Айтмоқчи нималар ёзгандим?”

Шошилинчда эслолмади.

– Маъмура қизим, сен жуда эркин фикрлагансан. Ишинг ҳар галгидай пухта, менга ёқди. Фақат, – муаллима ненидир мулоҳазасига бориб, бир лаҳза сўзидан тўхтади. – Фақат, йўқ, бу камчилик ҳам эмас-ку, озгина янглишибсан чоғи. Аянгнинг исмларини ҳам Маъмура деб юборибсан.

– Опа, янглишганим йўқ, ўзи отлари шунақа.

Муаллима: “Ростданми? Унда тўғри экан, кечиргин” – деди-ю, лекин қизнинг ўзи ўйланиб қолди. “Наҳотки, янглишган бўлсам?!”

– Дадажон, ўзи ростданам аямнинг отлари шунақами ёки менинг отим билан чақирасизми? Шунақа одатлар ҳам бор экан-ку айрим жойларда.

– Бор, қизим, илгари ўзимизда ҳам шунақайди. Кейин-кейин замонавийлашиб кетиб, анча-мунча нарсани эсдан чиқазиб қўйганмиз.

– Унақада аяжоним иккимиз адашмиз, шундайми?

– Шундай, отдош. Хўп, қизим, аянг қанақа аёл?

– Жуда яхшилар, жудаям!..

– Ундай бўлса, билиб қўй, сен ҳам аянгдай бўлиб юргин деб, отингни Маъмура қўйганмиз. Уқдингми, қизим?!

Ота-бола суҳбатининг бу тарзда хайрли якунланганидан онанинг кўнгли хиёл тинчланди. Аммо бу муваққат тинчлик эди… Наҳотки, Маъмура шу пайтгача билмаган бўлса, ҳақиқатдан бехабар бўлса?

Ва айнан ана шу бехабарликдан хавотирга тушди. Шу пайтгача бехабар келган қизи энди бўйга етганда билмай қолмас. Бировдан бўлмаса бировдан эшитар. Лекин қай йўсинда етказишади унга? Тушуниб, тушунмай гангиб, йиғлаб юрмасмикан?! Ўксинмасмикан?!

Онада бошланган безовталикни пайқагандай ёнига эри кириб келди.

– Эшитдингми қизингнинг гапларини?

Она жавоб беришга мажоли етмай ўтирғичга чўкди.

***

Кечга томон уларнинг катта қизи Машҳура кириб келди. Эшикдан кириши билан кетаман, деб учиб-қўнадиган жувон бугун жуда бамайлихотир эди. Не маҳалгача бир уй бўлиб гурунглашиб ўтиришди. Уйқу маҳали етганда Машҳураси “ая, хўп десангиз, бу кеч Маъмурангиз билан ётсам, кўпдан бери опа-сингил ачомлашиб ётмаганмиз”, деди.

Она бу марҳаматдан боши кўкка етган бўлиб, “вой, жуда яхши-да, кошкийди, тез-тез шунақа ачомлашиб ётгани келиб турсанг”, деди. Деди-ю, ўйлаб топишган бу кичкина ҳийлаларидан ўзи дув қизарди. Ва шунинг баробари кўнгли қаттиқ орзиқди: Маъмураси мана қанчалик хушу хандон кириб кетди ётоғига, эртага у ердан қандай ҳолатда чиқиб келаркин?!

***

…Ўшанда дунёдан буткул совиган, эридан ажраб, уйига келиб ўтирарди. Дўхтирлар хулосаси бўйича камчилик унинг ўзида – у она бўлолмас экан. Шу сабаб эрини ҳам қисматига шерик қилишни истамади, талоқ хатини олиб, ота уйига қайтди. Қайта турмуш қуриш, бахтини яна бир синаб кўриш деган хаёлларни бошидан буткул ҳайдади. Энди фақат ота уйида сиғинди бўлмаса, ака-укалари кўкрагидан итаришмаса бас. Уйда ўтирмай, бирор бир ишнинг бошини тутмоқчи бўлиб юрган кунлари совчи келди.

Икки маҳалла наридан Ботир ака деган киши сўраттирибди. Заводда ишларкан. Бунинг устига қўли гул уста экан, деворга нақш солишми, ёғоч уймакорлигими, эшик-дераза ясаш… барини уддаларкан. Айниқса, боғбонлиги ҳаммасидан ўтиб тушармиш: ҳовлисида йўқ меванинг ўзи йўқ, туман марказида яшашса ҳам, кенг-мўл қишлоқлардан ҳам уларникидек тўкин-сочинли ҳовлини топиб бўлмас эмиш. Ва яна бу кишининг бешовгина ўғли, иккитагина қизи бор эмиш…

Хўш… яна айтишларича, болагиналарнинг олди дастёр бўлиб қолган, унга оғирлиги тушмасмиш. Уларга фақат бир бош керакмиш – она меҳри керакмиш…

Э, йўқ, бунақасини Маъмура тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Битта эмас, иккита эмас, еттита-я! Ўзига бермагач, бировнинг боласи вафо қилармиди? Вафо қилиш, қилмаслиги майли-ку, бир гап бўлар, лекин гулдай онаси ўлиб кетиб, бегона аёлнинг уйларига эгалик қилиб ўтириши гўдакларга ёқармиди?! Кўпининг ақли кириб қолган экан, онаси ўлиб кетганига худди у айбдордай унга таънали тикилишади. Таънали нигоҳлар вужудига санчилгандай эти сесканди жувоннинг. Йўқ, йўқ, бўлмайди!

Қолаверса, уларга оналик меҳри керак, дейишяпти. Бунда меҳр қолдими! Беш йилдан бери кутавериб, орзулари кул бўлди-ку!..

***

Такдир ҳукмидан қочиб бўлмас экан.

Бир куни маҳалла аёллари билан маъракадан қайтишаётганида шу хонадон олдидан ўтадиган бўлишди. Унинг оёғи тортиб-тортмай кейинда борди. Шинамгина ҳовли дарвозасида қорашойи рўмол ёпинган, жуссаси чоғроққина бир кампир турарди. Аёллар у билан бирма-бир елка қоқиб кўришишди. Маъмура ҳам ердан кўз узмаган кўйи хиёл эгилиб, кифтини тутди. Салом берди.

Кампир, барака топинг, қизим, омон бўлинг, деди-да, кейин алланечук илтижоли ва шошқин алфозда қўшиб қўйди.

– Сизда бир оғизгина гапим бор эди…

Маъмура шу тобда қўлидан тутиб, ичкарига судрашадигандек, ўзини орқага олди.

– Вой, опа, мен шошиб турибман.

– Қизим, кўп тутмайман, бирпасгина.

Маҳалла аёллари кампирнинг жонига ора киришди.

– Маъмурахон, қаёққа шошасиз, қолаверинг, – дейишди.

У ноилож шерикларидан ажралиб кейинда қолди. Кампирнинг олдида ҳуркак оҳудек тураркан, ичида қатъий аҳд қилиб олган эди: “Барибир кўнмайман, бўлмайди, дейман!..”

– Қизим, ичкарига кирайлик.

– Йўқ, опажон, мен шошиб турибман!

– Бирпастгинага, қизим. Эшик олдида яхши эмас.

Маъюс ва ўтинчли нигоҳ Маъмурани измига олди. Кампир нақшин дарвоза дарчасини очиб, аввал ўзи ичкарига кирди, кейин Маъмурани таклиф қилди.

Худди кечагидек ёдида: ҳовлига кирган заҳоти димоғига муаттар райҳон ҳиди урилган эди. Кейин уни ажаблантирган нарса ҳовлининг жуда саришта ва жимжитлиги эди. Етти боласи бор, дейишарди-ку, бозор бўлиб ётмайдими унақа жой?

Ҳовлининг олд тарафида дарвозахонага қарата кўтарилган баланд ишком. Ишком ортида тўрт-беш туп дарахт: олма, ўриклар. Этакроқда бир туп бўйдор арча. Арча тагидаги водопровод жумрагидан сув жилдирайди. Шу ердан бошланиб, ҳовлини кесиб ўтган ариқча четларида садарайҳонлар.

Кутилмаганда кампир овоз бериб қолди:

– Маъмура, Зокир, бу ёққа қаранглар. Мана, аяжонларингни олиб келдим. Чопинглар, қоқиндиқлар!..

Ҳалиги садарайҳонлар ортидан икки бола сапчиб турди. Яна бир қизалоқнинг боши кўринди. Этакдаги арча рўпарасидаги эшикдан бир қиз, икки ўсмир бола, ундан кейинги эшикдан яна бир бола ҳовлиқиб чиқди. Райҳон ортидан бош кўтарган болаларнинг дўмбоққинаси аяжон, деб қийқирди-да, ариқ ёқалаб кўндалангига чопди. Лекин охиригача боришга сабри чидамай, ўсик райҳонлар устидан сакраб ўтиб, унга томон югурди.

– Аяжон! – бу нидодан Маъмура қалқиб кетди. Бола отилиб келяпти. Нима қилсин? Ташқарига қочиб чиққиси келди, аммо оёқларига тош боғлангандек қимирлаёлмади.

Болакай кела-кела жувоннинг тиззаларига ёпишди, юзларини босди. “Аяжон, аяжон”, дея суйкала бошлади. Маъмура карахт эди.

– Эгилсанг-чи, қизим, олсанг-чи!

Кампир айтдими ё ғойибдан келдими бу овоз… беихтиёр ўтириб, болани бағрига босди. Ҳалиги райҳон бўйидан ҳам муаттар бир бўй димоғига уриб, уни гангитди. Шу маҳал кампирнинг овози уни ўзига келтирди.

– Маъмуражон, кел, оппоғим, чоп, чоп, дўмбоқчам! Ана аянг, аяжонинг!..

Жувон бош кўтардию, жудаям кичкина қизча, тимқора сочларига оппоқ лента боғлаган жимитдай қизалоқ атак-чечак қилиб чопқиллаб келаётганини кўрди.

– Ая, ая, – дейди қизча чуғурлаб. Оёқчалари чалишиб-чалишиб кетади. қиқир-қиқир кулади. Қўлчаларини чўзиб олган…

Жувон қаддини ростлади. Қизча томон юрай деса, оёғига бола ёпишган. Қизалоқни ҳеч ким олмаяпти. Ҳамма сеҳрланиб қолгандай. Қизалоқ ҳамон югуради. Югурадию, йўли унмайди. Унга етишига беш-олти қадам қолганида туйқусдан умбалоқ ошиб кетди.

– Вой! – деб юборди жувон беихтиёр ва оёқларини боладан ажратиб, унга отилди. Бола буткул қўйиб юбормаган экан, ортидан судралиб, ерга йиқилди. Жувон, вой, ўлай, деб ортига қайтди-да, уни кўтариб олиб, яна қизча томон югурди. Арча ёнида турган қиз ҳам югурган экан, иккалови баравар етиб келишди. Маъмура қизалоқни иккинчи қўлига кўтариб олди. Қизча “аяжон, аяжон”, деб аёлнинг кўксига бош қўйди-ю, жим бўлди. Шунча бесаранжом жон бирдан тинчиди. У билан бирга бутун борлиқ тинчиди, тин олди…

Бир зум ўтиб қизалоқ бошини кўтарди. Унинг кўзига тикилди. Кейин индамай юзини юзига босиб, суйкала бошлади. Жувоннинг иккинчи қўлидаги болани кимдир олди. Қизалоқ яна бошини кўтарди-да, ўз-ўзидан чулдирай кетди. Дам билагидаги соатчасини, дам қулоғидаги сирғасини, дам эгнидаги чўғдай кўйлакчасини юлқилаб кўрсатар, чамаси мақтарди. Жувон сархуш бир ҳолатда, шу пайтгача ҳис этмаган, истаган чоғида ҳам ҳис этолмаган бир туйғулар оғушида қолган эди.

Бир маҳал ён бошида нимадир туйди. Қараса, ҳали сингилчаси йиқилганда чопиб келган қиз. Унинг пинжига суқилиб, ҳуркибгина суйкалиб турибди.

Кампир айланиб, ўргилиб уни ишком тагидаги сўрига бошлади.

Дастурхон ёзилди.

Жувоннинг бир тиззасида қизалоқ, бирида дўмбоқ бола.

Неварасининг чулдирашини кампир ўгириб, изоҳлаб ўтирибди.

Оиланинг катта қизи бир ўрим билакдай сочини ярми ечилиб, орқасини тутганча чопиб-чопқилаб хизмат қилади. Ора-сирада сўри чеккасига келиб ўтиради. Аясини “топиб олган” укачаларига гап қотади. Зимдан жувоннинг юзларига қараб-қараб олади. Секин-аста йигитчалар ҳам каравотга яқинлаша бошладилар.

Қизим, бугун қола қолинг, кечаси она-бола ҳангома қилиб ётамиз. Ботиржон… акангиз бугун кечки исменда, – деди.
Йўғ-е, бормасам бўлмайди, она, – деди Маъмура бўшашиб, – аям хавотир оладилар.
Ана тилепон бор, қизим, Бир оғиз айтиб қўя қўйинг, – деди кампир жонланиб. – Буларни қандай ташлаб кетасиз. Мени еб қўйишади-ку! – ўпкаси тўлиб, кўзида ёш йилтиллади кампирнинг…

***

Шу кеча сўзланмаган сўз, айтилмаган дард қолмади.

Маъмура тонг азонда, болалар уйқудалигида чиқиб кетишни мўлжаллаган эди. Саҳарда уйғонса, қизалоқ бўйнидан маҳкам қучиб ётибди. Сирғалмоқчи эди, қўлчалар қаттиқроқ чирмашди. Шу маҳал хиёл нарида ўзига термилиб ўтирган болакайни кўрди. Унга кўзи тушиши билан болакай жилмайиб қўйди-да суюнчли бир ҳаракат билан тўшагига кириб кетди.

Шундан сўнг жувон ҳам бошини буркаб олди-да, юзини ёстиққа босганча, митти қизалоқни қаттиқ қучиб, юм-юм йиғлайверди…

***

…Ўша митти қизалоқ, бугунга келиб, шу олис тунда ҳамма сирдан воқиф бўлади. Ўн еттига кириб билмаган сирни бугун унга айтишади. Бошида Машҳура ҳам кўнмади. Мен қандай айтаман, юрагини ёриб юбораман-ку! Шу пайтгача билмабди, билмай қўяқолсин, жон ая, деб йиғлаб берди. Маъмура сўзида туриб олди. Тушунтирди ва бир амаллаб кўндирди. Кўндирди-ю, юраги тўкилди.

Мана энди тун бўйи тўшаги чақиб, тўлғаниб ётибди. Бир амаллаб мизғиб олса эди… Йўқ, йўқ, у айнан шундан – кўзи уйқуга кетиб, бир зумда тонг отиб қолишидан чўчиётган эди. Маъмураси унга қандай кўриниш бераркан?

Барибир бўлмади, хаёлга алаҳсиб, бир зумгина кўзи илинди. Шу орада туш ҳам кўрди: тонг саҳарлаб уйғониб, уйига қочмоқчи бўлармишу қизалоғи чиппа ёпишганча қўйвормасмиш. Ҳар қанча уринмасин, қўлларини бўшата олмасмиш. Хиёл нарида дўмбоққина болакай ёстиғига ўтириб олганча, сингилчасининг қилиғига қиқир-қиқир кулармиш…

Она шу алфозда уйғониб кетди-ю, ўзини Маъмурасининг қучоғида кўрди. Навниҳолдай сулув қиз ҳув ўша бир пайтлардагидай унинг бўйнидан қаттиқ қучганча, қоп-қора кокиллари ёстиққа ёйилиб, ширингина ухлаб ётарди…

БОЛИБЕК АМАКИ
“Болалигим кўчаларида” туркумидан

Тўртовлон қишлоқдан чиқаверишдаги пахтахона олдида тизилишиб турибмиз, Сайим айтгандек, Фармон биргаднинг фармонини кутиб…

Кеча тўрттовимиз ҳам тўққизинчи синфнинг сўнгги имтиҳонини топшириб, ўнга кўчганмиз. Сайимнинг каромат қилишича, энди ошиғимиз олчи бўлиши керак. Биринчидан, катта бир майдонни ўзимизга бериб қўйишади. Ҳаш-паш дегунча эгатларга сув тараб чиқамиз-да, сой бўйида салқинлаб ётаверамиз. Тол шохидаги транзистор “Сувчи йигит” қўшиғини айтиб туради. Иккинчидан, табелчи Амин сариқ, йўқ, Фармон биргаднинг ўзи хизматимизда бўлади. Кўнглимиз тусаган овқатни муҳайё қилиб туради. Хуллас, ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам бизди бошимизга чиқади. Фармон биргадди ўзи саҳармардондан уйма-уй юриб, “полвонларим, азаматларим” деб ишга айтиб чиқиши ҳали бу бошланиши эмиш…

Умуман, Сайим лофчининг гапида, озроққина бўлса-да, жон бор. Чунки, бу йил мактабни битираётган қизларни билмадиму йигитлар бариси сўзсиз ўқишга жўнайди. Ўқишга киролмаса ҳам шаҳарда қолади. Шундай бўлгач, Фармон биргаднинг ишонгани, суянгани биз бўлиб қоламиз, муроса қилмай иложи йўқ.

Ниҳоят, Фармон биргад пахтахонадан чиқиб, тез-тез, юриб олдимизга келди. Бизга бир-бир синовчан қараб чиқиб:

– Энди кичкина мажлис қип оламиз, – деди. – Хўп, гапти лўндаси, тўрт азамат, бу йил бир ишлаб берасизлар. Сувга қўяман. Энди бола эмассизлар, хотин олсаларинг бемалол… ҳмм… демоқчиманки, энди бемалол ишонса бўлади сувчиликни. Кейин, сувди пули яхши, биласизлар. Чопиқдан яхши-да ҳар тугул. Хўп, гап шу бўлмаса… Сен Бурҳон, Эрйигит иккаланг ўн саккиз гектарликка борасизлар. У ерда Сувонқул бор. Сен Сайимбой, Розиқ билан Рўзининг ёнига борасан. Ўшалар нима деса бажарасан… Бўптими?

– Бўпти, биргад амаки! Малик-чи, у ҳам борсин.

– Йўқ, шошма. Маликбой ўн олтига боради… Болибек амакисининг ёнига…

Сайим кулиб юборди. Менинг қовоғим осилди.

– Ўн олтига бормайман, – дедим тўнғиллаб, – бошқа жойга юборинг, чопиққа бўлсаям майли.

– Амаки, бунга қулоқ солсангиз, нималар демайди, – деди Сайим қитмирлик билан.

– Бунақа гапни қўй, Маликбой, ҳарбийга борсанг кўрасан. Топшириқ берилдими, “есть” деб туришинг шарт. “Э-бе” деб ўтиролмайсан.

– Яшанг, амаки, – уни қувватлади Сайим.

– Қани энди боринглар, шер йигитлар. Ҳаммангга меҳнат дафтарча очтираман, стаж бўлади. Ўқишга нафи бор…

– Биргад амаки, манашияғини ёзиб берсангиз ҳам бир дунё стаж бўлади. Тишимиз пахтангизда чиққан, – деди Сайим. У жуда гапдон бола-да. Адабиёт муаллимимиз икки гапнинг бирида унга: “Сен сўзга бойсан, шоир бўласан, – деб қўяди. Ҳаммаси майли-ку, Фармон биргад яхши иш қилмади. Бу Болибек деган инжиқ билан қандай ишлайман…

Сайим иккимиз икки чети тутқатор тош кўчадан келяпмиз. Қуёш кўтарилиб, кун ҳалитдан дам қайтаряпти.

Сайим жиғимга тега бошлади:

– Малик, сен лекин зўр одамга шерик бўлдинг-да. Ҳозир бориб кўрамиз, амакинг, ҳойнаҳой, қозиқча йўниб ўтирибди. Кейин тушгача қоғоз қирқасизлар, сояда ўтири-иб, майда-майда гап қилиб. Уни амакинг пулдек тахини келтириб халтага жойлайди. Пешиндан кейин ер-осмон тандирдай қизиверади, сизлар бутун бошли дала ўқариғини…

– Бас қил энди! Сен ҳам жонга тегдинг.

– Э, жўра, мен сенга ачинганимдан гапиряпман. Ачиниб боряпману, лекин илож қанча. Кўрдинг-ку командирни, топшириқ берилдими, есть қилиш керак. Хўш, ҳали нимайди, ҳа, бутун бошли дала ўқариғини ремонт қип чиқиб, эрта пешин оғибми, худо билади, жилдиратиб бошлайсизлар. Э, бизни акалар маладес, аллақачон бир тегирмон сув бошқариб, икки-уч қулоқ тараб ташлагандир. Болибек амакинг бўлса на ўзи ёлчийди, на бировни ёлчитади.

Индамадим. Нима ҳам дердим Сайим тўғри айтяпти. Ҳали уч ой ёз ўтиб кетади, бир сўм ҳам орттиролмайман чоғи. Фақат унинг писмиқ гапини эшитиб, офтобда куйганим қолади.

Кўксой кўпригидан ўтишимиз билан Сайим шарақлаб кулиб юборди: Болибек амаки тол соясида шох қирқиб, қозиқча йўниб ўтирарди.

– Ассалому алайкў-ўм, амаки. Мана сизга шерик. Фармон биргад айтди, эзиб ишлатар экансиз, – деди Сайим.

Болибек амаки унга эътибор қилмади.

– Абдумалик, бу ёққа кел, жиян, – деб менга ёнидан жой кўрсатди. Сайим: “Бўпти, жўра, соғ-омон юз кўришайлик”, – деб кўз қисиб қўйди-да, хуштак чалиб йўлга тушди.

– Аянг, укаларинг тузукми?

Болибек амакининг сўрашгани шу бўлди. Яна ишини давом эттирди. У шу туришда деҳқонга эмас, кўпроқ дурадгор устага ўхшаб кетарди: ёнида дастарра, қўлида теша, сал нарироқда ялтираб турган кетмони ёнида болғача, уч қиррали эгов.

У қозиқчаларни уч бўлак қилиб, сим билан боғлади. Кейин менга буюрди.

– Анави қоғозларни бу ёққа обкел.

Тол тагида турган бўш селитра қопларнинг бир боғламини кўтариб келдим. У битта қопни қайрилма пичоғи билан аввал узунасига иккига бўлди. Кейин ҳар бўлагини яна буклаб, текислаб кесиб чиқди ва дафтар варағича қолган қоғозларни тахлаб, бўш қопга жойлади.

– Энди сен ҳам, Малик, анави биттасини шундай кесиб чиқ. Пичоғинг борми?.. Ма, буни ол.

У пичоқни менга берди-да, ўзи тол айрисига ташлаб қўйилган хуржунидан ўроқ олди.

Кун қизиди. Биз қоғоз кесиб ўтирибмиз. Ўроқ, пичоқнинг “шиғ-шиғ” овозидан тишларим зириллаб, ғашим келади. Иккимиз ҳам жим. Ҳув нарида арқонланган эшак ҳар замонда ҳанграб қўяди. Ўзини гуп этиб иссиқ тупроққа ташлайди-да, ағанаб чангитади. Пахтазордан ҳовур кўтарилади.

Ҳали-бери иш бошлайдиганга ўхшамаймиз. Бу одамга ботиниб бир нима деб бўлмаса, сал гап билан кўнглингни сиёҳ қилади. Менга-ку, ҳали унақа қилмаган-а, лекин орқаворотдан эшитаман, у катта-кичик демай, бетингда кўзинг борми, демай гапириб юборавераркан.

Шунинг учун ҳар дамим ичимда ўтирибман. Зерикканимдан уйқу ғалва қилади.

Ниҳоят, қоғоз қопларни бўлаклаб, тахлаб, биттасига жойладик. Энди бошласак керак, деб тургандим, у:

– Ана болғача, кетмонингни ўткирлаб олгин, – деди.

Бир-икки болға уриб, бўлди қилдим. Сезмабман, у кузатиб турган экан. Қўлимдан олди-да, индамай ўзи обдон пешлаб қайтиб берди. Ниҳоят, ўзининг лаълидек кетмонини елкасига қўйди.

– Қоғозларди олмаймизми?

– Кейин…

Шу куни кечгача трактор қазиган ўқариқларнинг кам-кўстини тузатиш, ёрдамчи ариқчалар олиш билан умримиз ўтди.

Эртаси куни саҳар чоғи далага етиб келганимда, Болибек амаки бир боғлам кечаги қозиқчаларни кўтариб, майдон ўртасидаги ўқариқ томон кетаётган эди. Иккинчи боғламни олиб унга эргашдим. Сўнг шох-шабба, мойли қоғоз, қирқилган қоғозларни ташиб олиб бордик.

Ўқариқ охирини кетмонлаб, кўтариброқ беркитдик-да, ариқ ёқалаб эллик-олтмиш қадамча ичкарига юрдик. Тўхтаган еримизда Болибек амаки ариққа тушиб, қозиқларни қоқди. Шох-шаббани кўндаланг босди. Кейин устидан тупроқ ташлаб кўмдик. Болибек амаки тупроқни тепкилаб зичлади. Шундан сўнггина катта чашма ариғи дамбасига бориб, озгина сув очиб келди. Сув биз ташлаган бандга дуч келиб, қирғоқ билан тенглашгач, Болибек амаки ундан қулоқ очиб, ёрдамчи ариққа бошқарди. Ёрдамчи ариқ ҳам тўлгач, дафтар варағича қилиб қирқилган қоғоздан олиб, биринчи жўякка сув очди. У: “Мана шунақа қилинади”, деб ўргатмай, чурқ этмай ишлар, мен унинг ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб, такрорлаб борардим.

Жўякка сув тарайман, у бир қур кўз ташлайди, ёқмаса, қоғозимни юлиб ташлаб, янгисини қўяди. Юрагим безиллаб туради: ҳозир бир ачитмасайди?

Бора-бора қўлим келишиб қолди шекилли, у менинг эгатларимга қўл урмай қўйди. Машғулотга берилиб кетганимдан куннинг тиғини ҳам сезмасдим.

Тушликдан қайтгач, негадир мени дарров чарчоқ босди. Ҳар жўяк бошида ўтириб тураверганимдан белим, оёқларим қотиб кетди. Тупроқ тимдалайвериб тирноқларим ости зирқирай бошлади. Офтоб тафтига олиб, яланғоч елкаларим, бўйнимни ачитади. Болаларнинг қий-чуви келаётган Кўксой томонга бот-бот тикилиб қоламан. Тўрт-бешта қип-яланғоч болакай йўл устидаги қайноқ қумга ётиб олган, бир нечтаси қувлашмачоқ ўйнаяпти. Бир-бирини қувлаб, гоҳ қирғоқ бўйлаб югуради, гоҳ толларга чиқиб кетади, гоҳ сувга калла ташлайди.

Юрагим орзиқади: яқиндагина бизлар ҳам шунақа эдик, авжи саратонларда Кўксойдан чиқмасдик. Ҳов юқоридан тушиб олардик-да, чалқанча ётиб олиб оқиб кетаверардик, оқиб кетаверардик.

Эҳ, чопиқда юрганларимиз ҳам хўп даврлар экан… Эрйигит, Сайим, мен қизчалар билан ёнма-ён тушиб олганмиз. Сайимнинг жағи тинмайди. Йўқ ердаги гаплар билан қизалоқларни оғзига қаратиб олган. Ҳаммасини ичагини узгудек кулдириб борди-да, тўсатдан Назира дегани билан қирпичоқ уришиб қолди. Назира роса саннади. Сайим тиржайиб тураверди, юқтирмади. Қизча йиғлашга тушди. “Йиғла, қизим, йиғлагин, кўзинг қаро бўлади, жонга бало бўлади”, деди Сайим бепарво, кейин чопиққа тушди. Қизалоқнинг ўтириб олиб ҳун-ҳун йиғлаётганидан Эрйигитнинг кўнгли бузилди. Қалин қошлари уюлиб, озғин юзлари оқариб Сайимга яқинлашди.

– Яхши иш қилмадинг, – деди босиқлик билан “адабий қилиб”. (У кўп китоб ўқийди). Сайим кетмонига суяниб, унга ҳайрон тикилди.

– Шунақа дегин… Бўлмаса сен яхши иш қил. Бориб уни юпатгин, – деди кулиб юбормаслик учун тескари қараб. Эрйигит унга янада яқин келди.

– Яхши иш қилмадинг, ундан узр сўра, – деди дона-дона қилиб. Сайим унинг елкасига дўстона қўл ташлади:

– Қизиқмисан, Эрйигит, шу читтакдан кечирим сўрайманми?!

Эрйигит унинг қўлини силтаб ташлаб:

– Сенга нима дедим, – дея қаттиқ шивирлади. Хавотирда уларга яқинлашдим. Атрофимиздаги қизчалар шовир-шувир қилиб, безовталаниб қолишди. Назира олдимизга чопиб келди.

– Менга қаранглар, уришманглар, керак эмас, – деди йиғламсираб. Сайим қовоқ уюб тўнғиллади:

– Сен йиғлайверсанг уришамиз-да.

– Бўлди, йиғламайман, э, ўл сен, – дея қизча ортига қайтиб кетди.

– Ана, Эрйигит, эшитдинг-а, йиғламас экан, сен ҳам жаҳлингдан тушақол энди, – деди Сайим пиқ этиб кулиб. Эрйигит ноилож жилмайди, юзига қон югурди. Бошқалар ҳам кулиб юборди. Дилхиралик тарқаб, ҳазил-ҳузул билан ана ишга тушдик.

Илгарилаб борганимиз сари дала ўртасидаги шотут улканлашаверади. Шу кунларда у ғарқ пишган. Ҳали туш пайти маза қиламиз.

Шотутнинг бағри кенг, ўнлаб бола устида юрса ҳам четдан қараган кишига кўринмайди. Танасига иккитамизнинг қулочимиз аранг етади. Заранг, чайир шохлари ҳар ёққа тарвақайлаб кетган, уларнинг энг учига чиқиб борганда ҳам бемалол кўтариб, оҳиста тебраниб тураверади. Балх ёки марвартак тутдан бир ҳовуч есак, шираси томоқни олади. Бундан бўлса еб тўймаймиз.

Шотутдан ҳайиқамиз. Сабаби: “Фармон биргад шотут устида сариқ қизча кўрган…” “Саттор тракторчини шотутти деви уриб ўлдирган”… “Парда гунг шотутти шохини кесиб гунг бўлган”… деган гаплар эшитганмиз. Лекин кўпчилик бўлиб келганимизда бу гапларни унутиб қўямиз. Шотут бўлса барча шўхликларимизни кечиради, тутиб олмайди.

Ярим соатча шотут ости-устини бозор қилгач, Кўксой бўйига жўнаймиз. Аввал оёқларимиз жазиллаб куяди, кейин кифтларимиз чимиллайди. Беихтиёр чопа бошлаймиз. Чопганимиз сари шотут ҳам орқамиздан изма-из келаётгандай, Кўксой эса олислаб бораётгандай туюлади. Чопамиз, чопамиз. Жиққа терга тушиб кетамиз. Йўл-йўлакай кўйлакларимизни ечиб оламиз-да, етиб келиш баравари сувга калла ташлаймиз. На қўл, на оёқларимизни қимирлатиб, жимгина оқабошлаймиз. Орқадан югурган шотутни, тандирдай қизиган далани, сал ўтмай шу далага чопиққа тушишимизни унутамиз. Чалқанча ётганча, тол япроқлари оралаб тушаётган нур тангачалардан кўзимиз қамашиб оқаверамиз, оқаверамиз…

Булар ҳаммаси ўтиб кетдими-а, бунча тез?! Ҳаммамизни ҳар ёққа тарқатиб юборишди. Қизалоқлар ҳам бизларсиз роса зерикиб қолишгандир. Ҳозир улар “Шотутли”да чопиқ қилишяпти.

Эҳ, қанийди озгина дам олсак. Сувга бир шўнғиб чиқардим-да, қуюқ сояда беш минут бўлсаям, мизғиб олардим. Лекин қайсар шеригим буни хаёлига келтирмайди. Бир зайлда шошилмай ишлайди. Пешонаси қийиқча билан танғилган, эгнида костюм. Ҳаво кун оққани сайин димиқиб бораяпти-ю, юзида йилт этган нам кўринмайди. Менинг ҳар мўйимдан тер қуюляпти.

Қуёш, ниҳоят, олисдан оқариб кўринган дайравот чангалзорлари ортига ўтди. Енгил шабада қўзғалди. Атроф қоронғулашди.

Болибек амаки ариққа чўнқайиб кетмонини юваётганда сездимки, ишни тўхтатамиз. Дарҳол ёнига ўтиб, кетмонимни чая бошладим.

– Амаки, анча-мунча тараб қўйдик, чоғи-а? – дедим уни гапга солиш учун.

– Ҳа, бир гектарча, ундан ҳам озроқ, – деди у, кейин кетмонини кўтариб, йиғма каравотларимиз томон йўл олди. Руҳим тушиб, ҳафа бўлиб кетдим. Кун бўйи тин олмай бир гектарга етказолмасак, шунча ерни қачон тугаллаймиз? Ҳаммасиям майли-ку, бунчалик ичимдан топ экан бу одам. Ҳайронман, жуда бурро дейишарди, тили заҳар дейишарди. Ўшандай бўлса ҳам майлийди, бир-икки сасиса, шу баҳонада жўнаворардим. Бу нима юриш, икки кундан бери биргамизу бетма-бет келиб гаплашмаймиз. Очиқ-ойдин бир иш буюрмайди ҳам, ўргатмайди ҳам.

Қумғонга олов ёқдим. У анҳор бўйидан бир боғ ўт ўриб чиқди. Шу пайт қишлоқдан худди унинг ўзидек сариқроқ, жиккаккина ўғли – Бозор овқат келтириб қолди. У кунбўйи офтобда қоқ бўлган эшакка миниб, дадаси ўриб қўйган ўтни олдига ўнгарди-да, қоронғиликда ғойиб бўлди. Бу митти болакайнинг отасидан бўлак одам эплолмайдиган асов эшакни мингани, қоронғида қўрқмай юриши мени ҳайратга солди.

Болибек амакининг уйдан келган мошкичиридан тузук еёлмадим, қаттиқ толиқибман. Овқатдан сўнг, Болибек амаки яна пайкалга кирди. Арқонлаб судрагандек унга эргашдим. У: “Сен бормай қўяқол” деганди, шартта изимга қайтдим-да, каравотимни ёйиб, ётиб олдим. Фонус кўтариб ариқ ёқалаб юрган Болибек амакига термулиб ётиб, ухлаб қолибман. Тушимда нуқул у билан ғижиллашиб чиқдим. Эрталаб турганимда бошим лўқиллар, аъзои баданим қақшаб оғрир эди.

Орадан ҳафта ўтди. Ўн олти гектарнинг ҳаммасига сув тараб чиққанмиз. Ишимиз енгиллашган. Фақат сув таралган жўяклардан хабар олиб юрамиз. Бунгача-ку, тиним билмадик. Ҳатто кечаси ой ёруғида ҳам ишладик. Фармон биргад бир нарсадан ҳам мамнун, ҳам ниҳоятда таажжубда эди:

– Бу одамови билан қандоқ чиқишиб кетдинг, ҳайронман. Ҳар ҳолда, муғомбир экансан, кўнглини топдинг, ука, – дерди.

Унга ҳеч нарса демасдиму, бироқ ўзим ҳам тушунмасдим: унинг кўнглини топадиган нима иш қилдимки… кейин бошқаларга қилгандек аччиқ тизиқ гапирмадиям менга, ким билсин нега бундай?

Кеча туш пайти Сайимнинг олдига бориб келгандим. У майдон чеккасидаги балх тут соясида, каравотда чўзилиб ётган кўйи қўл узатиб:

– Келсинлар, келсинлар, сувчи йигит, – деди ишшайиб.

У билан бир пас ҳангомалашиш, кейин бирга чўмилиш ниятида келгандим. Афтимга тикилиб, беярашиқ кулиб туриши ғашимни келтирди. Феълим айнаб кирпидек ҳурпайиб олдим.

– Яхши юрибсанми? – дедим хушламай.

– Ёмонмас, ҳўш, ўзингдан сўрасак. Қани, бўёққа ўтирчи, амакингдан гапир. Қалай, айтганларим тўғри чиқдими-а? Тўғримикан?

– Амакимга нима қилибди, ҳамма қатори одам у ҳам.

– Бўлди, бўлди, тушунарли.

– Нима тушунарли?!

– Топишибсизлар. Гап бор-ку, ўхшатмасдан учратмас, деб. Мана, сенгаям юқибди ундан.

– Менга қара, сенга ким қўйибди ўзи отанг тенги одамни гап қилишни?!

– Хўп, бўпти, бўпти, ана гапирмадик. Ишдан гапир, жўра, “Қўйқўтон” бўлдими? Ёки яна бир ой юрасизларми?

– Нега бир ой, индинга ташлаймиз сувни. Шерикларинг қани?

– Улар аллақачон “Шотутли”да. Уч кун бўлди. Чала ерларга сув ҳайдаб қўйдим, кечдан бўғиб, ўша ёққа кетаман.

Бу ерда тамом бошқача аҳволни кўрдим. Пайкалнинг дастлаб сув олинган бўлаги аллақачон оқариб қолган. Ўртадаги сув қўллаган нишаблик ялтираб турибди. Сайим бўлса бир ариқ сувни элликтача эгатга қоғозсиз, ўлчовсиз бошқариб қўйибди. Бунақа суғоришлар ҳам бўларкану. Унинг шу қилиғини Болибек амаки кўрсами, кетмон билан солиб қолиши ҳеч гап эмас.

Улар йигирма уч гектарликни тугаллаб, “Шотутли”га ўтишибди, дегандим, Болибек амаки буни: “Биз қачон тугатамиз?” деган маънода тушунди шекилли, менга нохуш тикилди. “Жуда чала суғоришибди” дедим дарров.

Чойга ўт ёқиб турувдим, табелчи Амин сариқ шалоқ велосипедини ғийқиллатиб келиб: “Ҳозир шийпонга боринглар, мажлис бор, чойни ўша ерда ичасизлар”, деб тайинлаб кетди.

Мажлисга тракторчи, сувчи, чопиқчиларнинг ҳаммаси келган. Қизил алвон ёпилган столда раис, агроном, бригадир ўтирди. Агроном тушгача ўтказилган текширув ҳақида ҳисоб берди. Гал суғориш масаласига келганда, Сувонқул аканинг группасини сусткашликда айблаб ўтди. Розиқ акаларни мақтади. Бизлар эсига ҳам келмадик. Йиғилиш сўнгида икки чопиқчи аёлга бир кийимлик духоба, тракторчиларнинг биттасига эллик сўм, Розиқ акаларнинг группасига юз сўм пул мукофоти берилди.

Менга жуда алам қилди. Болибек амакининг хотиржамлиги эса баттар жаҳлимни қўзғарди. Сой ёқалаб, иш жойига қайтаётганимизда, биринчи марта ботиниб унга ёрилдим.

– Амаки, нимага ҳақингизни талаб қилмайсиз. Ўшалардан қаерингиз кам? Улар алдам-қалдам ишлашади, пулни кўп олишади. Боз устига, уларни мақташади.

У индамай борди-да, бирдан жеркиб берди.

– Бас қил! Нима, сениям мақташсинми? Қорнинг тўядими шунда?!

Анчагача жим кетдик. Тумшайиб олганимгами, яна ўзи гап бошлади.

– Ўғлим, қўявер! Ҳали келгусингда бунақа ишларни кўп кўрасан. Лекин нокасларди олдида сира паст тушма. Шунақа иш қилки, биров тилингни қисиб қўймасин. Буларди ишини қара. Бу ғўзалар одам бўладими энди?! Ахир, бутун қишлоқ бола-бақра бўлиб кўз тиккан бу ерга. Кузда нима оламиз?! Шўрлик хотинлар бу заранг ерларни чопиқдан чиқаргунча, ичаклари буралиб кетмайдими?! Қўлинг синсин, топганинг боққанингга буюрмасин демайдими?!

У жимиб қолди. Мендан ҳам садо чиқмасди. Бу пайтда “Шотутли” чеккасидан ўтаётгандик. Далада зоғ кўринмас, Розиқ акалар шийпонда биздан кейин ҳам ўтириб қолган эди. Ўқариққа кўзим тушиб, ҳайрон қолдим: суви қуриб қолибдими? Разм солиб қараб, аҳволни тушундим. Суви қуримаган, балки ариқ тубидан катта тезлик билан оқиб кетаяпти. Демак, қайси бир банддан урган. Югуриб сой бўйидаги тепаликка чиқдим-да, пайкал этагига тикилдим. “Ўҳ-ҳў, ойдинкўл-ку!” Негадир қувониб кетдим.

– Амаки, – дедим ўша ердан туриб, – мукофот олганларди аҳволини қаранг.

Хаёлланиб бораётган Болибек амаки ҳушёр тортди.

– Нима гап?

– Ўқариқни уриб кетибди, ҳаммаёқ Ойдинкўл. Аграном билан раис бобо бир кўрсайди.

– Югур!

– Нима? – анграйиб у кишига қарадим.

– Югур кетмонга, тез бўл!

– Э, қўяверинг, амаки, ўзлари бир терласин.

– Чоп, дедим, ҳайвон!

Увоққина одамнинг бунчалик бақиришини сира кутмовдим. Зипиллаб қолдим. Кетмонларни олиб қайтганимда, у ўқариқ бошида тош қотиб турар, ранги бўздек оқариб кетган эди. Ўз кетмоним билан дуч келган ерни ўйиб, сувга ташлайвердим.

– Тўхта!

Болибек амаки костюми билан этигини ечди-да, кўйлак, шимда ариққа кўндаланг ётиб олди. Сув бир қалқиб тўхтади-да, сўнг унинг устидан ошиб, йўлида давом этди. Қўрқиб кетдим: “Бу одам нима қилаяпти?”

– Энди ташла! – деб бақирди у.

Ҳовлиқиб Болибек амакининг усти оша тупроқ ташлай бошладим. Шошилинчда ишим унмасди, тупроқ кўпаймас, сув ўз йўлига кўндаланг тушган одамни кўмиб, жаҳл билан олдинга интилар эди. Дала ўртасида ёлғиз шотут қаққайиб турар, яқин атрофда бирор жонзот йўқ, оёғим остида эса Болибек амаки бақирарди:

– Нуқул бир ердан олма, ўйиб юбординг. ўўзани тагидан олма! Ариқди лабидан ол, ана шу ердан, тез-тез!

Ҳар тупроқ ташлаганимда, сув лойқа аралаш унинг юзларига шалоплаб уриларди. “Дамба” олдида тупроқ кўпайиб, ариқ тўсилди. Сув дамланиб, қулоқлардан ёрдамчи ариқларга қўйилди. Улардан жўякларга тарқала бошлади. Болибек амаки мени ҳамон тинчитмасди. Тупроқ билан унинг ярим танасини кўмиб юборибман, қўлини кўтариб “Торт”, дегач, лой орасидан базўр турғазиб олдим. У ариқ лабига ўтириб нафас ростлади-да: “Юқорини кўриб чиққин, ҳамма эгатларга сув чиқаяптими, йўқми?” – деди. Сўнгра юзини чайиб ҳорғин қўзғалди. Кетмони, костюмини елкасига, этигини қўлига олиб, тамоми эгни бошидан лойоб чакиллаб, этакка юриб кетди. Ёши бир ерга бориб қолган одамнинг (қизиқ, неча ёшда экан?) шу куйда юрганига ачиндим.

Юқоридан хабар олиб қайтганимда, Болибек амаки сўкиниб, тизза бўйи сув кечиб юрар, тўпланиб қолган сувни йўл топиб қочирмоқчи бўларди. Аммо бу ер чуқурлик бўлганидан сувни чиқариб юборишнинг иложи йўқ эди. Мен етиб келишим билан у олдимга чиқиб, уватга ҳорғин чўкди. ўўзаларга ачинганиданми, ё бошқа нарса ёдига тушганми, кўзлари жиққа ёш эди. Боя мени ҳақорат қилгани эсимга келмайди, қайтага ўз қилиғимдан хижолат тортиб, унга хавотирли қараб қўяман. У қулоғигача сувга ботган ғўзалардан кўз узмайди. ўўзалар чўкаётган одамлардек: “Қутқаринглар”, деб илтижо қилаётганга ўхшайди.

Анчадан сўнг кетмонларимизни олиб йўлга тушдик. Анҳорга етгандик ҳамки, олдимизга ҳаворанг “Волга” келиб тўхтади. Машинадан кулимсираб раис, орқасидан аграном, Фармон ака, Розиқ акалар тушдилар.

– Ҳа, Болибек, чўмилибсанми, тағин кўйлак-иштон билан-а?

– Ҳа, жуда иссиқ, куйиб кетдим, раис бобо! – деди Болибек амаки зардали. Сўнг ювингани сойга тушди.

Раис ўша кулимсираган кўйи ҳамроҳларига, улар илжайишиб, менга қарашди. Ўзимни тиёлмадим.

– Розиқ аканинг ойдин кўлида чўмилдилар, – дедим ўйлаб ўтирмай.

Раис “нима деяпсан?” дегандек нохуш тикилди. Сўнг гапнинг тагига етди шекилли, Розиқ акага ўқрайди. У ранги ўчиб, питирлаб қолди. Қўлимдан кетмонни юлиб олди-ю, уват бўйлаб чопиб кетди. Раис аграном билан бригадирни ҳам шу ерда қолдириб, Болибек амаки иккимизни машинасида қишлоққа олиб кетди. Уйда кийимларимни алмаштириб қайтиб борсам, Болибек амаки аллақачон пайкал оралаб юрарди. Эгнида иссиқ пахталик.

– Келгин, Абдумалик, – деди у очилиб. – Бугун роса чарчадинг-а? Ҳа, майли, эрта насиб бўлса, сувни ташлаймиз, кейин бир-икки кун дам оласан.

У ўқариқ ёқалаб, мен этакдан юриб, далани кўздан ўтказа бошладик. Сувга қонган жўякларни бўғиб, адоғига етмаганларининг сувини кўпайтириброқ қўйдик. Шу зайлда шомга қадар бутун пайкални кўриб чиқдик.

Шу кеча Болибек амаки иккимиз биринчи марта хотиржам, очилиб сухбатлашдик.

У етим ўтган болалиги, фронтдан яраланиб, бунинг устига, ўпкаси шамоллаб, яримта бўлиб қайтгани ҳақида гапирди. Дадам билан дўстлиги, иккаласи доим ҳазил-ҳузул қилиб юриши, лекин дадам ҳазилни эплай олмай, бир неча бор чуви чиқиб қолганларини кула-кула сўзлаб берди.

Бир куни дадам ярим тунда келиб, уни каравоти билан судраб сувли ўқариққа туширибди, каравотдаги одам: “Ким у, нима қиляпсан?” деб сапчиб туриши билан дадам қочиб қолибди. Чунки, Болибек деб ҳазиллашган одами колхоз раиси бўлиб чиқибди-да. Райондан қайтаётган раис шофёрига обком вакилини шаҳарга ташлаб келишни тайинлаб, ўзи сувдан хабар олиш баҳонасида машинадан тушибди. У кун бўйи жуда чарчаганидан Болибекнинг ўрин-тўшагида мизғиб олмоқчи бўлган экан. Бироқ кўзи илиниши билан кимдир каравотни судраб қолибди…

Болибек амаки: “Даданг халққа ғамхўр эди, Фармон ҳам ёмон одаммас-у, бўшангроқ, уни Розиқлар ўйнатишаяпти, – деди. – Даданг каллали одам эди, лекин ўқий олмади. Сен ўқигин. Ўқиб келсанг, кўрмагандек бўлиб кетасизлар, – деб насиҳат қилди. – Менам ажалга сабр берса, Бозорбекни ўқитаман. Қизларнинг йўриғи бошқа. Эгаси чиқдими, бериб юбориш керак. Ишқилиб соғ бўлишсин…”

***

Юзимни алланима сийпаб ўтгандай бўлди. Кўз очиб, дастлаб тиниқ зангори осмонни кўрдим. Жуда баландда қалдирғочлар чарх урар, уларнинг шўх вижир-вижири атрофни тутиб кетганди. Осмон кунчиқар томонга оқаринқираб бориб, уфқ-қорли тоғлар орти эса кумушдек ярқираб кетганди. Сал ўтиб, олтинранг тус олабошлади. Энг юксак чўққи ортидан қуёшнинг бир чеккаси кўринди.

Бу гўзал манзарани биринчи бор кўраётгандай маҳлиё бўлиб қолдим. Секин аста юқорилаб бораётган қуёшга бутун вужудим билан тикилардим. Унинг нури кўзларимни қамаштирмас, балки юзларимни сийпалаб, ўзи томонга чорларди. Гўё ҳозир қуёш чўққи ортидан кўтарилиб олган заҳоти, бутун борлиқ жаранггос бир оҳангга тўлиб кетадигандай эди.

Шу маҳал ёнгинамда шарпа туюб диққатим бўлинди. Қарасам, Сайим. У Болибек амакининг бўш каравотида омонатгина бош эгиб ўтирар, ёнида кетмони, каттагина тугунчаги бор эди. Менга кўзи тушиши блан алланечук ночор, гуноҳкор йўсинда кулимсиради…

Болибек амакини излаб, далага кўз югуртирдим. У ярқироқ кетмони елкасида, кўм-кўк, бўлиқ пахтазор оралаб кунчиқар тарафга, назаримда ўша юксак тоғлар сари одимлаб борарди.

1985

14 YANVAR — YOZUVCHI ORZIQUL ERGASH TAVALLUD TOPGAN KUN

    Orziqul jo‘ra, tug‘ilgan kuningiz, 65 yoshingiz qutlug‘ bo‘lsin. Sizga Yaratgan Egamdan sihat-salomatlik, xotirjamlik, ijodiy yangiliklar tilab qolamiz.

Orziqul ERGASH
IKKI HIKOYA
05

  Orziqul Ergash 1953 yil 14 yanvarda Samarqand yaqinidagi Darxon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetini tamomlagan (1975). «To‘y» (1983), «Dunyoning bir chekkasi» (1984), «Bolaligim ko‘chalarida» (1986), «Shoxsanam» (1988), «Darxon qissalari» (1990), «Sening bu dunyoda borliging» (2008) kabi qissa va hikoyalar kitoblari nashr etilgan.

05

O‘GAY ONA

Bu bezovtalik kecha tushdan keyin boshlandi.

U oshxonada edi, maktabdan qaytgan qizi payqamadi, shekilli, to‘g‘ri otasining oldiga o‘tib ketdi. Ota hovli yuzidagi ishkomni xomtok qilayotgandi.

– Assalom, dadajon, hormang.

– Vaalaykum assalom. Yaxshi keldingmi, ona qizim?

– Dadajon, nega mening otimni Ma’mura qo‘ygansizlar?

– Ha, onam, tinchlikmi, oting yoqmay qoldimi?

– Yo‘q, yoqadi, yaxshi. Lekin ayamlarning ham otlari Ma’mura-ku?!

Bu gap-so‘zlarni eshitib turgang onaning yuragi bir qalqib tushdi. Qo‘lidagi yumushini qo‘yib, ota-bolaning suhbatiga quloq tutdi.

– Bugun Inobat opamiz inshomiz bahosini aytdilar.

– Xo‘sh, xo‘sh, nechchi opsan, qizim?

– Besh qo‘yibdilar-ku, lekin bitta narsa so‘radilar, javob berolmadim…

***

Muallima insho baholarini e’lon qilib, har birini qisqacha izohlab borarkan, uning qizil muqovali daftarini qo‘liga olgach, bir zum jim qoldi. Keyin miyig‘ida kuldi. Ma’muraning ko‘ngli xiyol o‘rniga tushdi: “Demak, yoqibdi. Aytmoqchi nimalar yozgandim?”

Shoshilinchda eslolmadi.

– Ma’mura qizim, sen juda erkin fikrlagansan. Ishing har galgiday puxta, menga yoqdi. Faqat, – muallima nenidir mulohazasiga borib, bir lahza so‘zidan to‘xtadi. – Faqat, yo‘q, bu kamchilik ham emas-ku, ozgina yanglishibsan chog‘i. Ayangning ismlarini ham Ma’mura deb yuboribsan.

– Opa, yanglishganim yo‘q, o‘zi otlari shunaqa.

Muallima: “Rostdanmi? Unda to‘g‘ri ekan, kechirgin” – dedi-yu, lekin qizning o‘zi o‘ylanib qoldi. “Nahotki, yanglishgan bo‘lsam?!”

– Dadajon, o‘zi rostdanam ayamning otlari shunaqami yoki mening otim bilan chaqirasizmi? Shunaqa odatlar ham bor ekan-ku ayrim joylarda.

– Bor, qizim, ilgari o‘zimizda ham shunaqaydi. Keyin-keyin zamonaviylashib ketib, ancha-muncha narsani esdan chiqazib qo‘yganmiz.

– Unaqada ayajonim ikkimiz adashmiz, shundaymi?

– Shunday, otdosh. Xo‘p, qizim, ayang qanaqa ayol?

– Juda yaxshilar, judayam!..

– Unday bo‘lsa, bilib qo‘y, sen ham ayangday bo‘lib yurgin deb, otingni Ma’mura qo‘yganmiz. Uqdingmi, qizim?!

Ota-bola suhbatining bu tarzda xayrli yakunlanganidan onaning ko‘ngli xiyol tinchlandi. Ammo bu muvaqqat tinchlik edi… Nahotki, Ma’mura shu paytgacha bilmagan bo‘lsa, haqiqatdan bexabar bo‘lsa?

Va aynan ana shu bexabarlikdan xavotirga tushdi. Shu paytgacha bexabar kelgan qizi endi bo‘yga yetganda bilmay qolmas. Birovdan bo‘lmasa birovdan eshitar. Lekin qay yo‘sinda yetkazishadi unga? Tushunib, tushunmay gangib, yig‘lab yurmasmikan?! O‘ksinmasmikan?!

Onada boshlangan bezovtalikni payqaganday yoniga eri kirib keldi.

– Eshitdingmi qizingning gaplarini?

Ona javob berishga majoli yetmay o‘tirg‘ichga cho‘kdi.

***

Kechga tomon ularning katta qizi Mashhura kirib keldi. Eshikdan kirishi bilan ketaman, deb uchib-qo‘nadigan juvon bugun juda bamaylixotir edi. Ne mahalgacha bir uy bo‘lib gurunglashib o‘tirishdi. Uyqu mahali yetganda Mashhurasi “aya, xo‘p desangiz, bu kech Ma’murangiz bilan yotsam, ko‘pdan beri opa-singil achomlashib yotmaganmiz”, dedi.

Ona bu marhamatdan boshi ko‘kka yetgan bo‘lib, “voy, juda yaxshi-da, koshkiydi, tez-tez shunaqa achomlashib yotgani kelib tursang”, dedi. Dedi-yu, o‘ylab topishgan bu kichkina hiylalaridan o‘zi duv qizardi. Va shuning barobari ko‘ngli qattiq orziqdi: Ma’murasi mana qanchalik xushu xandon kirib ketdi yotog‘iga, ertaga u yerdan qanday holatda chiqib kelarkin?!

***

…O‘shanda dunyodan butkul sovigan, eridan ajrab, uyiga kelib o‘tirardi. Do‘xtirlar xulosasi bo‘yicha kamchilik uning o‘zida – u ona bo‘lolmas ekan. Shu sabab erini ham qismatiga sherik qilishni istamadi, taloq xatini olib, ota uyiga qaytdi. Qayta turmush qurish, baxtini yana bir sinab ko‘rish degan xayollarni boshidan butkul haydadi. Endi faqat ota uyida sig‘indi bo‘lmasa, aka-ukalari ko‘kragidan itarishmasa bas. Uyda o‘tirmay, biror bir ishning boshini tutmoqchi bo‘lib yurgan kunlari sovchi keldi.

Ikki mahalla naridan Botir aka degan kishi so‘rattiribdi. Zavodda ishlarkan. Buning ustiga qo‘li gul usta ekan, devorga naqsh solishmi, yog‘och uymakorligimi, eshik-deraza yasash… barini uddalarkan. Ayniqsa, bog‘bonligi hammasidan o‘tib tusharmish: hovlisida yo‘q mevaning o‘zi yo‘q, tuman markazida yashashsa ham, keng-mo‘l qishloqlardan ham ularnikidek to‘kin-sochinli hovlini topib bo‘lmas emish. Va yana bu kishining beshovgina o‘g‘li, ikkitagina qizi bor emish…

Xo‘sh… yana aytishlaricha, bolaginalarning oldi dastyor bo‘lib qolgan, unga og‘irligi tushmasmish. Ularga faqat bir bosh kerakmish – ona mehri kerakmish…

E, yo‘q, bunaqasini Ma’mura tasavvuriga ham sig‘dirolmaydi. Bitta emas, ikkita emas, yettita-ya! O‘ziga bermagach, birovning bolasi vafo qilarmidi? Vafo qilish, qilmasligi mayli-ku, bir gap bo‘lar, lekin gulday onasi o‘lib ketib, begona ayolning uylariga egalik qilib o‘tirishi go‘daklarga yoqarmidi?! Ko‘pining aqli kirib qolgan ekan, onasi o‘lib ketganiga xuddi u aybdorday unga ta’nali tikilishadi. Ta’nali nigohlar vujudiga sanchilganday eti seskandi juvonning. Yo‘q, yo‘q, bo‘lmaydi!

Qolaversa, ularga onalik mehri kerak, deyishyapti. Bunda mehr qoldimi! Besh yildan beri kutaverib, orzulari kul bo‘ldi-ku!..

***

Takdir hukmidan qochib bo‘lmas ekan.

Bir kuni mahalla ayollari bilan ma’rakadan qaytishayotganida shu xonadon oldidan o‘tadigan bo‘lishdi. Uning oyog‘i tortib-tortmay keyinda bordi. Shinamgina hovli darvozasida qorashoyi ro‘mol yopingan, jussasi chog‘roqqina bir kampir turardi. Ayollar u bilan birma-bir yelka qoqib ko‘rishishdi. Ma’mura ham yerdan ko‘z uzmagan ko‘yi xiyol egilib, kiftini tutdi. Salom berdi.

Kampir, baraka toping, qizim, omon bo‘ling, dedi-da, keyin allanechuk iltijoli va shoshqin alfozda qo‘shib qo‘ydi.

– Sizda bir og‘izgina gapim bor edi…

Ma’mura shu tobda qo‘lidan tutib, ichkariga sudrashadigandek, o‘zini orqaga oldi.

– Voy, opa, men shoshib turibman.

– Qizim, ko‘p tutmayman, birpasgina.

Mahalla ayollari kampirning joniga ora kirishdi.

– Ma’muraxon, qayoqqa shoshasiz, qolavering, – deyishdi.

U noiloj sheriklaridan ajralib keyinda qoldi. Kampirning oldida hurkak ohudek turarkan, ichida qat’iy ahd qilib olgan edi: “Baribir ko‘nmayman, bo‘lmaydi, deyman!..”

– Qizim, ichkariga kiraylik.

– Yo‘q, opajon, men shoshib turibman!

– Birpastginaga, qizim. Eshik oldida yaxshi emas.

Ma’yus va o‘tinchli nigoh Ma’murani izmiga oldi. Kampir naqshin darvoza darchasini ochib, avval o‘zi ichkariga kirdi, keyin Ma’murani taklif qildi.

Xuddi kechagidek yodida: hovliga kirgan zahoti dimog‘iga muattar rayhon hidi urilgan edi. Keyin uni ajablantirgan narsa hovlining juda sarishta va jimjitligi edi. Yetti bolasi bor, deyishardi-ku, bozor bo‘lib yotmaydimi unaqa joy?

Hovlining old tarafida darvozaxonaga qarata ko‘tarilgan baland ishkom. Ishkom ortida to‘rt-besh tup daraxt: olma, o‘riklar. Etakroqda bir tup bo‘ydor archa. Archa tagidagi vodoprovod jumragidan suv jildiraydi. Shu yerdan boshlanib, hovlini kesib o‘tgan ariqcha chetlarida sadarayhonlar.

Kutilmaganda kampir ovoz berib qoldi:

– Ma’mura, Zokir, bu yoqqa qaranglar. Mana, ayajonlaringni olib keldim. Chopinglar, qoqindiqlar!..

Haligi sadarayhonlar ortidan ikki bola sapchib turdi. Yana bir qizaloqning boshi ko‘rindi. Etakdagi archa ro‘parasidagi eshikdan bir qiz, ikki o‘smir bola, undan keyingi eshikdan yana bir bola hovliqib chiqdi. Rayhon ortidan bosh ko‘targan bolalarning do‘mboqqinasi ayajon, deb qiyqirdi-da, ariq yoqalab ko‘ndalangiga chopdi. Lekin oxirigacha borishga sabri chidamay, o‘sik rayhonlar ustidan sakrab o‘tib, unga tomon yugurdi.

– Ayajon! – bu nidodan Ma’mura qalqib ketdi. Bola otilib kelyapti. Nima qilsin? Tashqariga qochib chiqqisi keldi, ammo oyoqlariga tosh bog‘langandek qimirlayolmadi.

Bolakay kela-kela juvonning tizzalariga yopishdi, yuzlarini bosdi. “Ayajon, ayajon”, deya suykala boshladi. Ma’mura karaxt edi.

– Egilsang-chi, qizim, olsang-chi!

Kampir aytdimi yo g‘oyibdan keldimi bu ovoz… beixtiyor o‘tirib, bolani bag‘riga bosdi. Haligi rayhon bo‘yidan ham muattar bir bo‘y dimog‘iga urib, uni gangitdi. Shu mahal kampirning ovozi uni o‘ziga keltirdi.

– Ma’murajon, kel, oppog‘im, chop, chop, do‘mboqcham! Ana ayang, ayajoning!..

Juvon bosh ko‘tardiyu, judayam kichkina qizcha, timqora sochlariga oppoq lenta bog‘lagan jimitday qizaloq atak-chechak qilib chopqillab kelayotganini ko‘rdi.

– Aya, aya, – deydi qizcha chug‘urlab. Oyoqchalari chalishib-chalishib ketadi. qiqir-qiqir kuladi. Qo‘lchalarini cho‘zib olgan…

Juvon qaddini rostladi. Qizcha tomon yuray desa, oyog‘iga bola yopishgan. Qizaloqni hech kim olmayapti. Hamma sehrlanib qolganday. Qizaloq hamon yuguradi. Yuguradiyu, yo‘li unmaydi. Unga yetishiga besh-olti qadam qolganida tuyqusdan umbaloq oshib ketdi.

– Voy! – deb yubordi juvon beixtiyor va oyoqlarini boladan ajratib, unga otildi. Bola butkul qo‘yib yubormagan ekan, ortidan sudralib, yerga yiqildi. Juvon, voy, o‘lay, deb ortiga qaytdi-da, uni ko‘tarib olib, yana qizcha tomon yugurdi. Archa yonida turgan qiz ham yugurgan ekan, ikkalovi baravar yetib kelishdi. Ma’mura qizaloqni ikkinchi qo‘liga ko‘tarib oldi. Qizcha “ayajon, ayajon”, deb ayolning ko‘ksiga bosh qo‘ydi-yu, jim bo‘ldi. Shuncha besaranjom jon birdan tinchidi. U bilan birga butun borliq tinchidi, tin oldi…

Bir zum o‘tib qizaloq boshini ko‘tardi. Uning ko‘ziga tikildi. Keyin indamay yuzini yuziga bosib, suykala boshladi. Juvonning ikkinchi qo‘lidagi bolani kimdir oldi. Qizaloq yana boshini ko‘tardi-da, o‘z-o‘zidan chuldiray ketdi. Dam bilagidagi soatchasini, dam qulog‘idagi sirg‘asini, dam egnidagi cho‘g‘day ko‘ylakchasini yulqilab ko‘rsatar, chamasi maqtardi. Juvon sarxush bir holatda, shu paytgacha his etmagan, istagan chog‘ida ham his etolmagan bir tuyg‘ular og‘ushida qolgan edi.

Bir mahal yon boshida nimadir tuydi. Qarasa, hali singilchasi yiqilganda chopib kelgan qiz. Uning pinjiga suqilib, hurkibgina suykalib turibdi.

Kampir aylanib, o‘rgilib uni ishkom tagidagi so‘riga boshladi.

Dasturxon yozildi.

Juvonning bir tizzasida qizaloq, birida do‘mboq bola.

Nevarasining chuldirashini kampir o‘girib, izohlab o‘tiribdi.

Oilaning katta qizi bir o‘rim bilakday sochini yarmi yechilib, orqasini tutgancha chopib-chopqilab xizmat qiladi. Ora-sirada so‘ri chekkasiga kelib o‘tiradi. Ayasini “topib olgan” ukachalariga gap qotadi. Zimdan juvonning yuzlariga qarab-qarab oladi. Sekin-asta yigitchalar ham karavotga yaqinlasha boshladilar.

Qizim, bugun qola qoling, kechasi ona-bola hangoma qilib yotamiz. Botirjon… akangiz bugun kechki ismenda, – dedi.
Yo‘g‘-ye, bormasam bo‘lmaydi, ona, – dedi Ma’mura bo‘shashib, – ayam xavotir oladilar.
Ana tilepon bor, qizim, Bir og‘iz aytib qo‘ya qo‘ying, – dedi kampir jonlanib. – Bularni qanday tashlab ketasiz. Meni yeb qo‘yishadi-ku! – o‘pkasi to‘lib, ko‘zida yosh yiltilladi kampirning…

***

Shu kecha so‘zlanmagan so‘z, aytilmagan dard qolmadi.

Ma’mura tong azonda, bolalar uyqudaligida chiqib ketishni mo‘ljallagan edi. Saharda uyg‘onsa, qizaloq bo‘ynidan mahkam quchib yotibdi. Sirg‘almoqchi edi, qo‘lchalar qattiqroq chirmashdi. Shu mahal xiyol narida o‘ziga termilib o‘tirgan bolakayni ko‘rdi. Unga ko‘zi tushishi bilan bolakay jilmayib qo‘ydi-da suyunchli bir harakat bilan to‘shagiga kirib ketdi.

Shundan so‘ng juvon ham boshini burkab oldi-da, yuzini yostiqqa bosgancha, mitti qizaloqni qattiq quchib, yum-yum yig‘layverdi…

***

…O‘sha mitti qizaloq, bugunga kelib, shu olis tunda hamma sirdan voqif bo‘ladi. O‘n yettiga kirib bilmagan sirni bugun unga aytishadi. Boshida Mashhura ham ko‘nmadi. Men qanday aytaman, yuragini yorib yuboraman-ku! Shu paytgacha bilmabdi, bilmay qo‘yaqolsin, jon aya, deb yig‘lab berdi. Ma’mura so‘zida turib oldi. Tushuntirdi va bir amallab ko‘ndirdi. Ko‘ndirdi-yu, yuragi to‘kildi.

Mana endi tun bo‘yi to‘shagi chaqib, to‘lg‘anib yotibdi. Bir amallab mizg‘ib olsa edi… Yo‘q, yo‘q, u aynan shundan – ko‘zi uyquga ketib, bir zumda tong otib qolishidan cho‘chiyotgan edi. Ma’murasi unga qanday ko‘rinish berarkan?

Baribir bo‘lmadi, xayolga alahsib, bir zumgina ko‘zi ilindi. Shu orada tush ham ko‘rdi: tong saharlab uyg‘onib, uyiga qochmoqchi bo‘larmishu qizalog‘i chippa yopishgancha qo‘yvormasmish. Har qancha urinmasin, qo‘llarini bo‘shata olmasmish. Xiyol narida do‘mboqqina bolakay yostig‘iga o‘tirib olgancha, singilchasining qilig‘iga qiqir-qiqir kularmish…

Ona shu alfozda uyg‘onib ketdi-yu, o‘zini Ma’murasining quchog‘ida ko‘rdi. Navniholday suluv qiz huv o‘sha bir paytlardagiday uning bo‘ynidan qattiq quchgancha, qop-qora kokillari yostiqqa yoyilib, shiringina uxlab yotardi…

BOLIBЕK AMAKI
“Bolaligim ko‘chalarida” turkumidan

To‘rtovlon qishloqdan chiqaverishdagi paxtaxona oldida tizilishib turibmiz, Sayim aytgandek, Farmon birgadning farmonini kutib…

Kecha to‘rttovimiz ham to‘qqizinchi sinfning so‘nggi imtihonini topshirib, o‘nga ko‘chganmiz. Sayimning karomat qilishicha, endi oshig‘imiz olchi bo‘lishi kerak. Birinchidan, katta bir maydonni o‘zimizga berib qo‘yishadi. Hash-pash deguncha egatlarga suv tarab chiqamiz-da, soy bo‘yida salqinlab yotaveramiz. Tol shoxidagi tranzistor “Suvchi yigit” qo‘shig‘ini aytib turadi. Ikkinchidan, tabelchi Amin sariq, yo‘q, Farmon birgadning o‘zi xizmatimizda bo‘ladi. Ko‘nglimiz tusagan ovqatni muhayyo qilib turadi. Xullas, oy chiqsa ham, kun chiqsa ham bizdi boshimizga chiqadi. Farmon birgaddi o‘zi saharmardondan uyma-uy yurib, “polvonlarim, azamatlarim” deb ishga aytib chiqishi hali bu boshlanishi emish…

Umuman, Sayim lofchining gapida, ozroqqina bo‘lsa-da, jon bor. Chunki, bu yil maktabni bitirayotgan qizlarni bilmadimu yigitlar barisi so‘zsiz o‘qishga jo‘naydi. O‘qishga kirolmasa ham shaharda qoladi. Shunday bo‘lgach, Farmon birgadning ishongani, suyangani biz bo‘lib qolamiz, murosa qilmay iloji yo‘q.

Nihoyat, Farmon birgad paxtaxonadan chiqib, tez-tez, yurib oldimizga keldi. Bizga bir-bir sinovchan qarab chiqib:

– Endi kichkina majlis qip olamiz, – dedi. – Xo‘p, gapti lo‘ndasi, to‘rt azamat, bu yil bir ishlab berasizlar. Suvga qo‘yaman. Endi bola emassizlar, xotin olsalaring bemalol… hmm… demoqchimanki, endi bemalol ishonsa bo‘ladi suvchilikni. Keyin, suvdi puli yaxshi, bilasizlar. Chopiqdan yaxshi-da har tugul. Xo‘p, gap shu bo‘lmasa… Sen Burhon, Eryigit ikkalang o‘n sakkiz gektarlikka borasizlar. U yerda Suvonqul bor. Sen Sayimboy, Roziq bilan Ro‘zining yoniga borasan. O‘shalar nima desa bajarasan… Bo‘ptimi?

– Bo‘pti, birgad amaki! Malik-chi, u ham borsin.

– Yo‘q, shoshma. Malikboy o‘n oltiga boradi… Bolibek amakisining yoniga…

Sayim kulib yubordi. Mening qovog‘im osildi.

– O‘n oltiga bormayman, – dedim to‘ng‘illab, – boshqa joyga yuboring, chopiqqa bo‘lsayam mayli.

– Amaki, bunga quloq solsangiz, nimalar demaydi, – dedi Sayim qitmirlik bilan.

– Bunaqa gapni qo‘y, Malikboy, harbiyga borsang ko‘rasan. Topshiriq berildimi, “yest” deb turishing shart. “E-be” deb o‘tirolmaysan.

– Yashang, amaki, – uni quvvatladi Sayim.

– Qani endi boringlar, sher yigitlar. Hammangga mehnat daftarcha ochtiraman, staj bo‘ladi. O‘qishga nafi bor…

– Birgad amaki, manashiyag‘ini yozib bersangiz ham bir dunyo staj bo‘ladi. Tishimiz paxtangizda chiqqan, – dedi Sayim. U juda gapdon bola-da. Adabiyot muallimimiz ikki gapning birida unga: “Sen so‘zga boysan, shoir bo‘lasan, – deb qo‘yadi. Hammasi mayli-ku, Farmon birgad yaxshi ish qilmadi. Bu Bolibek degan injiq bilan qanday ishlayman…

Sayim ikkimiz ikki cheti tutqator tosh ko‘chadan kelyapmiz. Quyosh ko‘tarilib, kun halitdan dam qaytaryapti.

Sayim jig‘imga tega boshladi:

– Malik, sen lekin zo‘r odamga sherik bo‘lding-da. Hozir borib ko‘ramiz, amaking, hoynahoy, qoziqcha yo‘nib o‘tiribdi. Keyin tushgacha qog‘oz qirqasizlar, soyada o‘tiri-ib, mayda-mayda gap qilib. Uni amaking puldek taxini keltirib xaltaga joylaydi. Peshindan keyin yer-osmon tandirday qiziveradi, sizlar butun boshli dala o‘qarig‘ini…

– Bas qil endi! Sen ham jonga tegding.

– E, jo‘ra, men senga achinganimdan gapiryapman. Achinib boryapmanu, lekin iloj qancha. Ko‘rding-ku komandirni, topshiriq berildimi, yest qilish kerak. Xo‘sh, hali nimaydi, ha, butun boshli dala o‘qarig‘ini remont qip chiqib, erta peshin og‘ibmi, xudo biladi, jildiratib boshlaysizlar. E, bizni akalar malades, allaqachon bir tegirmon suv boshqarib, ikki-uch quloq tarab tashlagandir. Bolibek amaking bo‘lsa na o‘zi yolchiydi, na birovni yolchitadi.

Indamadim. Nima ham derdim Sayim to‘g‘ri aytyapti. Hali uch oy yoz o‘tib ketadi, bir so‘m ham orttirolmayman chog‘i. Faqat uning pismiq gapini eshitib, oftobda kuyganim qoladi.

Ko‘ksoy ko‘prigidan o‘tishimiz bilan Sayim sharaqlab kulib yubordi: Bolibek amaki tol soyasida shox qirqib, qoziqcha yo‘nib o‘tirardi.

– Assalomu alayko‘-o‘m, amaki. Mana sizga sherik. Farmon birgad aytdi, ezib ishlatar ekansiz, – dedi Sayim.

Bolibek amaki unga e’tibor qilmadi.

– Abdumalik, bu yoqqa kel, jiyan, – deb menga yonidan joy ko‘rsatdi. Sayim: “Bo‘pti, jo‘ra, sog‘-omon yuz ko‘rishaylik”, – deb ko‘z qisib qo‘ydi-da, xushtak chalib yo‘lga tushdi.

– Ayang, ukalaring tuzukmi?

Bolibek amakining so‘rashgani shu bo‘ldi. Yana ishini davom ettirdi. U shu turishda dehqonga emas, ko‘proq duradgor ustaga o‘xshab ketardi: yonida dastarra, qo‘lida tesha, sal nariroqda yaltirab turgan ketmoni yonida bolg‘acha, uch qirrali egov.

U qoziqchalarni uch bo‘lak qilib, sim bilan bog‘ladi. Keyin menga buyurdi.

– Anavi qog‘ozlarni bu yoqqa obkel.

Tol tagida turgan bo‘sh selitra qoplarning bir bog‘lamini ko‘tarib keldim. U bitta qopni qayrilma pichog‘i bilan avval uzunasiga ikkiga bo‘ldi. Keyin har bo‘lagini yana buklab, tekislab kesib chiqdi va daftar varag‘icha qolgan qog‘ozlarni taxlab, bo‘sh qopga joyladi.

– Endi sen ham, Malik, anavi bittasini shunday kesib chiq. Pichog‘ing bormi?.. Ma, buni ol.

U pichoqni menga berdi-da, o‘zi tol ayrisiga tashlab qo‘yilgan xurjunidan o‘roq oldi.

Kun qizidi. Biz qog‘oz kesib o‘tiribmiz. O‘roq, pichoqning “shig‘-shig‘” ovozidan tishlarim zirillab, g‘ashim keladi. Ikkimiz ham jim. Huv narida arqonlangan eshak har zamonda hangrab qo‘yadi. O‘zini gup etib issiq tuproqqa tashlaydi-da, ag‘anab changitadi. Paxtazordan hovur ko‘tariladi.

Hali-beri ish boshlaydiganga o‘xshamaymiz. Bu odamga botinib bir nima deb bo‘lmasa, sal gap bilan ko‘nglingni siyoh qiladi. Menga-ku, hali unaqa qilmagan-a, lekin orqavorotdan eshitaman, u katta-kichik demay, betingda ko‘zing bormi, demay gapirib yuboraverarkan.

Shuning uchun har damim ichimda o‘tiribman. Zerikkanimdan uyqu g‘alva qiladi.

Nihoyat, qog‘oz qoplarni bo‘laklab, taxlab, bittasiga joyladik. Endi boshlasak kerak, deb turgandim, u:

– Ana bolg‘acha, ketmoningni o‘tkirlab olgin, – dedi.

Bir-ikki bolg‘a urib, bo‘ldi qildim. Sezmabman, u kuzatib turgan ekan. Qo‘limdan oldi-da, indamay o‘zi obdon peshlab qaytib berdi. Nihoyat, o‘zining la’lidek ketmonini yelkasiga qo‘ydi.

– Qog‘ozlardi olmaymizmi?

– Keyin…

Shu kuni kechgacha traktor qazigan o‘qariqlarning kam-ko‘stini tuzatish, yordamchi ariqchalar olish bilan umrimiz o‘tdi.

Ertasi kuni sahar chog‘i dalaga yetib kelganimda, Bolibek amaki bir bog‘lam kechagi qoziqchalarni ko‘tarib, maydon o‘rtasidagi o‘qariq tomon ketayotgan edi. Ikkinchi bog‘lamni olib unga ergashdim. So‘ng shox-shabba, moyli qog‘oz, qirqilgan qog‘ozlarni tashib olib bordik.

O‘qariq oxirini ketmonlab, ko‘taribroq berkitdik-da, ariq yoqalab ellik-oltmish qadamcha ichkariga yurdik. To‘xtagan yerimizda Bolibek amaki ariqqa tushib, qoziqlarni qoqdi. Shox-shabbani ko‘ndalang bosdi. Keyin ustidan tuproq tashlab ko‘mdik. Bolibek amaki tuproqni tepkilab zichladi. Shundan so‘nggina katta chashma arig‘i dambasiga borib, ozgina suv ochib keldi. Suv biz tashlagan bandga duch kelib, qirg‘oq bilan tenglashgach, Bolibek amaki undan quloq ochib, yordamchi ariqqa boshqardi. Yordamchi ariq ham to‘lgach, daftar varag‘icha qilib qirqilgan qog‘ozdan olib, birinchi jo‘yakka suv ochdi. U: “Mana shunaqa qilinadi”, deb o‘rgatmay, churq etmay ishlar, men uning harakatlarini sinchkovlik bilan kuzatib, takrorlab borardim.

Jo‘yakka suv tarayman, u bir qur ko‘z tashlaydi, yoqmasa, qog‘ozimni yulib tashlab, yangisini qo‘yadi. Yuragim bezillab turadi: hozir bir achitmasaydi?

Bora-bora qo‘lim kelishib qoldi shekilli, u mening egatlarimga qo‘l urmay qo‘ydi. Mashg‘ulotga berilib ketganimdan kunning tig‘ini ham sezmasdim.

Tushlikdan qaytgach, negadir meni darrov charchoq bosdi. Har jo‘yak boshida o‘tirib turaverganimdan belim, oyoqlarim qotib ketdi. Tuproq timdalayverib tirnoqlarim osti zirqiray boshladi. Oftob taftiga olib, yalang‘och yelkalarim, bo‘ynimni achitadi. Bolalarning qiy-chuvi kelayotgan Ko‘ksoy tomonga bot-bot tikilib qolaman. To‘rt-beshta qip-yalang‘och bolakay yo‘l ustidagi qaynoq qumga yotib olgan, bir nechtasi quvlashmachoq o‘ynayapti. Bir-birini quvlab, goh qirg‘oq bo‘ylab yuguradi, goh tollarga chiqib ketadi, goh suvga kalla tashlaydi.

Yuragim orziqadi: yaqindagina bizlar ham shunaqa edik, avji saratonlarda Ko‘ksoydan chiqmasdik. Hov yuqoridan tushib olardik-da, chalqancha yotib olib oqib ketaverardik, oqib ketaverardik.

Eh, chopiqda yurganlarimiz ham xo‘p davrlar ekan… Eryigit, Sayim, men qizchalar bilan yonma-yon tushib olganmiz. Sayimning jag‘i tinmaydi. Yo‘q yerdagi gaplar bilan qizaloqlarni og‘ziga qaratib olgan. Hammasini ichagini uzgudek kuldirib bordi-da, to‘satdan Nazira degani bilan qirpichoq urishib qoldi. Nazira rosa sannadi. Sayim tirjayib turaverdi, yuqtirmadi. Qizcha yig‘lashga tushdi. “Yig‘la, qizim, yig‘lagin, ko‘zing qaro bo‘ladi, jonga balo bo‘ladi”, dedi Sayim beparvo, keyin chopiqqa tushdi. Qizaloqning o‘tirib olib hun-hun yig‘layotganidan Eryigitning ko‘ngli buzildi. Qalin qoshlari uyulib, ozg‘in yuzlari oqarib Sayimga yaqinlashdi.

– Yaxshi ish qilmading, – dedi bosiqlik bilan “adabiy qilib”. (U ko‘p kitob o‘qiydi). Sayim ketmoniga suyanib, unga hayron tikildi.

– Shunaqa degin… Bo‘lmasa sen yaxshi ish qil. Borib uni yupatgin, – dedi kulib yubormaslik uchun teskari qarab. Eryigit unga yanada yaqin keldi.

– Yaxshi ish qilmading, undan uzr so‘ra, – dedi dona-dona qilib. Sayim uning yelkasiga do‘stona qo‘l tashladi:

– Qiziqmisan, Eryigit, shu chittakdan kechirim so‘raymanmi?!

Eryigit uning qo‘lini siltab tashlab:

– Senga nima dedim, – deya qattiq shivirladi. Xavotirda ularga yaqinlashdim. Atrofimizdagi qizchalar shovir-shuvir qilib, bezovtalanib qolishdi. Nazira oldimizga chopib keldi.

– Menga qaranglar, urishmanglar, kerak emas, – dedi yig‘lamsirab. Sayim qovoq uyub to‘ng‘illadi:

– Sen yig‘layversang urishamiz-da.

– Bo‘ldi, yig‘lamayman, e, o‘l sen, – deya qizcha ortiga qaytib ketdi.

– Ana, Eryigit, eshitding-a, yig‘lamas ekan, sen ham jahlingdan tushaqol endi, – dedi Sayim piq etib kulib. Eryigit noiloj jilmaydi, yuziga qon yugurdi. Boshqalar ham kulib yubordi. Dilxiralik tarqab, hazil-huzul bilan ana ishga tushdik.

Ilgarilab borganimiz sari dala o‘rtasidagi shotut ulkanlashaveradi. Shu kunlarda u g‘arq pishgan. Hali tush payti maza qilamiz.

Shotutning bag‘ri keng, o‘nlab bola ustida yursa ham chetdan qaragan kishiga ko‘rinmaydi. Tanasiga ikkitamizning qulochimiz arang yetadi. Zarang, chayir shoxlari har yoqqa tarvaqaylab ketgan, ularning eng uchiga chiqib borganda ham bemalol ko‘tarib, ohista tebranib turaveradi. Balx yoki marvartak tutdan bir hovuch yesak, shirasi tomoqni oladi. Bundan bo‘lsa yeb to‘ymaymiz.

Shotutdan hayiqamiz. Sababi: “Farmon birgad shotut ustida sariq qizcha ko‘rgan…” “Sattor traktorchini shotutti devi urib o‘ldirgan”… “Parda gung shotutti shoxini kesib gung bo‘lgan”… degan gaplar eshitganmiz. Lekin ko‘pchilik bo‘lib kelganimizda bu gaplarni unutib qo‘yamiz. Shotut bo‘lsa barcha sho‘xliklarimizni kechiradi, tutib olmaydi.

Yarim soatcha shotut osti-ustini bozor qilgach, Ko‘ksoy bo‘yiga jo‘naymiz. Avval oyoqlarimiz jazillab kuyadi, keyin kiftlarimiz chimillaydi. Beixtiyor chopa boshlaymiz. Chopganimiz sari shotut ham orqamizdan izma-iz kelayotganday, Ko‘ksoy esa olislab borayotganday tuyuladi. Chopamiz, chopamiz. Jiqqa terga tushib ketamiz. Yo‘l-yo‘lakay ko‘ylaklarimizni yechib olamiz-da, yetib kelish baravari suvga kalla tashlaymiz. Na qo‘l, na oyoqlarimizni qimirlatib, jimgina oqaboshlaymiz. Orqadan yugurgan shotutni, tandirday qizigan dalani, sal o‘tmay shu dalaga chopiqqa tushishimizni unutamiz. Chalqancha yotgancha, tol yaproqlari oralab tushayotgan nur tangachalardan ko‘zimiz qamashib oqaveramiz, oqaveramiz…

Bular hammasi o‘tib ketdimi-a, buncha tez?! Hammamizni har yoqqa tarqatib yuborishdi. Qizaloqlar ham bizlarsiz rosa zerikib qolishgandir. Hozir ular “Shotutli”da chopiq qilishyapti.

Eh, qaniydi ozgina dam olsak. Suvga bir sho‘ng‘ib chiqardim-da, quyuq soyada besh minut bo‘lsayam, mizg‘ib olardim. Lekin qaysar sherigim buni xayoliga keltirmaydi. Bir zaylda shoshilmay ishlaydi. Peshonasi qiyiqcha bilan tang‘ilgan, egnida kostyum. Havo kun oqqani sayin dimiqib borayapti-yu, yuzida yilt etgan nam ko‘rinmaydi. Mening har mo‘yimdan ter quyulyapti.

Quyosh, nihoyat, olisdan oqarib ko‘ringan dayravot changalzorlari ortiga o‘tdi. Yengil shabada qo‘zg‘aldi. Atrof qorong‘ulashdi.

Bolibek amaki ariqqa cho‘nqayib ketmonini yuvayotganda sezdimki, ishni to‘xtatamiz. Darhol yoniga o‘tib, ketmonimni chaya boshladim.

– Amaki, ancha-muncha tarab qo‘ydik, chog‘i-a? – dedim uni gapga solish uchun.

– Ha, bir gektarcha, undan ham ozroq, – dedi u, keyin ketmonini ko‘tarib, yig‘ma karavotlarimiz tomon yo‘l oldi. Ruhim tushib, hafa bo‘lib ketdim. Kun bo‘yi tin olmay bir gektarga yetkazolmasak, shuncha yerni qachon tugallaymiz? Hammasiyam mayli-ku, bunchalik ichimdan top ekan bu odam. Hayronman, juda burro deyishardi, tili zahar deyishardi. O‘shanday bo‘lsa ham mayliydi, bir-ikki sasisa, shu bahonada jo‘navorardim. Bu nima yurish, ikki kundan beri birgamizu betma-bet kelib gaplashmaymiz. Ochiq-oydin bir ish buyurmaydi ham, o‘rgatmaydi ham.

Qumg‘onga olov yoqdim. U anhor bo‘yidan bir bog‘ o‘t o‘rib chiqdi. Shu payt qishloqdan xuddi uning o‘zidek sariqroq, jikkakkina o‘g‘li – Bozor ovqat keltirib qoldi. U kunbo‘yi oftobda qoq bo‘lgan eshakka minib, dadasi o‘rib qo‘ygan o‘tni oldiga o‘ngardi-da, qorong‘ilikda g‘oyib bo‘ldi. Bu mitti bolakayning otasidan bo‘lak odam eplolmaydigan asov eshakni mingani, qorong‘ida qo‘rqmay yurishi meni hayratga soldi.

Bolibek amakining uydan kelgan moshkichiridan tuzuk yeyolmadim, qattiq toliqibman. Ovqatdan so‘ng, Bolibek amaki yana paykalga kirdi. Arqonlab sudragandek unga ergashdim. U: “Sen bormay qo‘yaqol” degandi, shartta izimga qaytdim-da, karavotimni yoyib, yotib oldim. Fonus ko‘tarib ariq yoqalab yurgan Bolibek amakiga termulib yotib, uxlab qolibman. Tushimda nuqul u bilan g‘ijillashib chiqdim. Ertalab turganimda boshim lo‘qillar, a’zoi badanim qaqshab og‘rir edi.

Oradan hafta o‘tdi. O‘n olti gektarning hammasiga suv tarab chiqqanmiz. Ishimiz yengillashgan. Faqat suv taralgan jo‘yaklardan xabar olib yuramiz. Bungacha-ku, tinim bilmadik. Hatto kechasi oy yorug‘ida ham ishladik. Farmon birgad bir narsadan ham mamnun, ham nihoyatda taajjubda edi:

– Bu odamovi bilan qandoq chiqishib ketding, hayronman. Har holda, mug‘ombir ekansan, ko‘nglini topding, uka, – derdi.

Unga hech narsa demasdimu, biroq o‘zim ham tushunmasdim: uning ko‘nglini topadigan nima ish qildimki… keyin boshqalarga qilgandek achchiq tiziq gapirmadiyam menga, kim bilsin nega bunday?

Kecha tush payti Sayimning oldiga borib kelgandim. U maydon chekkasidagi balx tut soyasida, karavotda cho‘zilib yotgan ko‘yi qo‘l uzatib:

– Kelsinlar, kelsinlar, suvchi yigit, – dedi ishshayib.

U bilan bir pas hangomalashish, keyin birga cho‘milish niyatida kelgandim. Aftimga tikilib, beyarashiq kulib turishi g‘ashimni keltirdi. Fe’lim aynab kirpidek hurpayib oldim.

– Yaxshi yuribsanmi? – dedim xushlamay.

– Yomonmas, ho‘sh, o‘zingdan so‘rasak. Qani, bo‘yoqqa o‘tirchi, amakingdan gapir. Qalay, aytganlarim to‘g‘ri chiqdimi-a? To‘g‘rimikan?

– Amakimga nima qilibdi, hamma qatori odam u ham.

– Bo‘ldi, bo‘ldi, tushunarli.

– Nima tushunarli?!

– Topishibsizlar. Gap bor-ku, o‘xshatmasdan uchratmas, deb. Mana, sengayam yuqibdi undan.

– Menga qara, senga kim qo‘yibdi o‘zi otang tengi odamni gap qilishni?!

– Xo‘p, bo‘pti, bo‘pti, ana gapirmadik. Ishdan gapir, jo‘ra, “Qo‘yqo‘ton” bo‘ldimi? Yoki yana bir oy yurasizlarmi?

– Nega bir oy, indinga tashlaymiz suvni. Sheriklaring qani?

– Ular allaqachon “Shotutli”da. Uch kun bo‘ldi. Chala yerlarga suv haydab qo‘ydim, kechdan bo‘g‘ib, o‘sha yoqqa ketaman.

Bu yerda tamom boshqacha ahvolni ko‘rdim. Paykalning dastlab suv olingan bo‘lagi allaqachon oqarib qolgan. O‘rtadagi suv qo‘llagan nishablik yaltirab turibdi. Sayim bo‘lsa bir ariq suvni elliktacha egatga qog‘ozsiz, o‘lchovsiz boshqarib qo‘yibdi. Bunaqa sug‘orishlar ham bo‘larkanu. Uning shu qilig‘ini Bolibek amaki ko‘rsami, ketmon bilan solib qolishi hech gap emas.

Ular yigirma uch gektarlikni tugallab, “Shotutli”ga o‘tishibdi, degandim, Bolibek amaki buni: “Biz qachon tugatamiz?” degan ma’noda tushundi shekilli, menga noxush tikildi. “Juda chala sug‘orishibdi” dedim darrov.

Choyga o‘t yoqib turuvdim, tabelchi Amin sariq shaloq velosipedini g‘iyqillatib kelib: “Hozir shiyponga boringlar, majlis bor, choyni o‘sha yerda ichasizlar”, deb tayinlab ketdi.

Majlisga traktorchi, suvchi, chopiqchilarning hammasi kelgan. Qizil alvon yopilgan stolda rais, agronom, brigadir o‘tirdi. Agronom tushgacha o‘tkazilgan tekshiruv haqida hisob berdi. Gal sug‘orish masalasiga kelganda, Suvonqul akaning gruppasini sustkashlikda ayblab o‘tdi. Roziq akalarni maqtadi. Bizlar esiga ham kelmadik. Yig‘ilish so‘ngida ikki chopiqchi ayolga bir kiyimlik duxoba, traktorchilarning bittasiga ellik so‘m, Roziq akalarning gruppasiga yuz so‘m pul mukofoti berildi.

Menga juda alam qildi. Bolibek amakining xotirjamligi esa battar jahlimni qo‘zg‘ardi. Soy yoqalab, ish joyiga qaytayotganimizda, birinchi marta botinib unga yorildim.

– Amaki, nimaga haqingizni talab qilmaysiz. O‘shalardan qayeringiz kam? Ular aldam-qaldam ishlashadi, pulni ko‘p olishadi. Boz ustiga, ularni maqtashadi.

U indamay bordi-da, birdan jerkib berdi.

– Bas qil! Nima, seniyam maqtashsinmi? Qorning to‘yadimi shunda?!

Anchagacha jim ketdik. Tumshayib olganimgami, yana o‘zi gap boshladi.

– O‘g‘lim, qo‘yaver! Hali kelgusingda bunaqa ishlarni ko‘p ko‘rasan. Lekin nokaslardi oldida sira past tushma. Shunaqa ish qilki, birov tilingni qisib qo‘ymasin. Bulardi ishini qara. Bu g‘o‘zalar odam bo‘ladimi endi?! Axir, butun qishloq bola-baqra bo‘lib ko‘z tikkan bu yerga. Kuzda nima olamiz?! Sho‘rlik xotinlar bu zarang yerlarni chopiqdan chiqarguncha, ichaklari buralib ketmaydimi?! Qo‘ling sinsin, topganing boqqaningga buyurmasin demaydimi?!

U jimib qoldi. Mendan ham sado chiqmasdi. Bu paytda “Shotutli” chekkasidan o‘tayotgandik. Dalada zog‘ ko‘rinmas, Roziq akalar shiyponda bizdan keyin ham o‘tirib qolgan edi. O‘qariqqa ko‘zim tushib, hayron qoldim: suvi qurib qolibdimi? Razm solib qarab, ahvolni tushundim. Suvi qurimagan, balki ariq tubidan katta tezlik bilan oqib ketayapti. Demak, qaysi bir banddan urgan. Yugurib soy bo‘yidagi tepalikka chiqdim-da, paykal etagiga tikildim. “O‘h-ho‘, oydinko‘l-ku!” Negadir quvonib ketdim.

– Amaki, – dedim o‘sha yerdan turib, – mukofot olganlardi ahvolini qarang.

Xayollanib borayotgan Bolibek amaki hushyor tortdi.

– Nima gap?

– O‘qariqni urib ketibdi, hammayoq Oydinko‘l. Agranom bilan rais bobo bir ko‘rsaydi.

– Yugur!

– Nima? – angrayib u kishiga qaradim.

– Yugur ketmonga, tez bo‘l!

– E, qo‘yavering, amaki, o‘zlari bir terlasin.

– Chop, dedim, hayvon!

Uvoqqina odamning bunchalik baqirishini sira kutmovdim. Zipillab qoldim. Ketmonlarni olib qaytganimda, u o‘qariq boshida tosh qotib turar, rangi bo‘zdek oqarib ketgan edi. O‘z ketmonim bilan duch kelgan yerni o‘yib, suvga tashlayverdim.

– To‘xta!

Bolibek amaki kostyumi bilan etigini yechdi-da, ko‘ylak, shimda ariqqa ko‘ndalang yotib oldi. Suv bir qalqib to‘xtadi-da, so‘ng uning ustidan oshib, yo‘lida davom etdi. Qo‘rqib ketdim: “Bu odam nima qilayapti?”

– Endi tashla! – deb baqirdi u.

Hovliqib Bolibek amakining usti osha tuproq tashlay boshladim. Shoshilinchda ishim unmasdi, tuproq ko‘paymas, suv o‘z yo‘liga ko‘ndalang tushgan odamni ko‘mib, jahl bilan oldinga intilar edi. Dala o‘rtasida yolg‘iz shotut qaqqayib turar, yaqin atrofda biror jonzot yo‘q, oyog‘im ostida esa Bolibek amaki baqirardi:

– Nuqul bir yerdan olma, o‘yib yubording. o‘o‘zani tagidan olma! Ariqdi labidan ol, ana shu yerdan, tez-tez!

Har tuproq tashlaganimda, suv loyqa aralash uning yuzlariga shaloplab urilardi. “Damba” oldida tuproq ko‘payib, ariq to‘sildi. Suv damlanib, quloqlardan yordamchi ariqlarga qo‘yildi. Ulardan jo‘yaklarga tarqala boshladi. Bolibek amaki meni hamon tinchitmasdi. Tuproq bilan uning yarim tanasini ko‘mib yuboribman, qo‘lini ko‘tarib “Tort”, degach, loy orasidan bazo‘r turg‘azib oldim. U ariq labiga o‘tirib nafas rostladi-da: “Yuqorini ko‘rib chiqqin, hamma egatlarga suv chiqayaptimi, yo‘qmi?” – dedi. So‘ngra yuzini chayib horg‘in qo‘zg‘aldi. Ketmoni, kostyumini yelkasiga, etigini qo‘liga olib, tamomi egni boshidan loyob chakillab, etakka yurib ketdi. Yoshi bir yerga borib qolgan odamning (qiziq, necha yoshda ekan?) shu kuyda yurganiga achindim.

Yuqoridan xabar olib qaytganimda, Bolibek amaki so‘kinib, tizza bo‘yi suv kechib yurar, to‘planib qolgan suvni yo‘l topib qochirmoqchi bo‘lardi. Ammo bu yer chuqurlik bo‘lganidan suvni chiqarib yuborishning iloji yo‘q edi. Men yetib kelishim bilan u oldimga chiqib, uvatga horg‘in cho‘kdi. o‘o‘zalarga achinganidanmi, yo boshqa narsa yodiga tushganmi, ko‘zlari jiqqa yosh edi. Boya meni haqorat qilgani esimga kelmaydi, qaytaga o‘z qilig‘imdan xijolat tortib, unga xavotirli qarab qo‘yaman. U qulog‘igacha suvga botgan g‘o‘zalardan ko‘z uzmaydi. o‘o‘zalar cho‘kayotgan odamlardek: “Qutqaringlar”, deb iltijo qilayotganga o‘xshaydi.

Anchadan so‘ng ketmonlarimizni olib yo‘lga tushdik. Anhorga yetgandik hamki, oldimizga havorang “Volga” kelib to‘xtadi. Mashinadan kulimsirab rais, orqasidan agranom, Farmon aka, Roziq akalar tushdilar.

– Ha, Bolibek, cho‘milibsanmi, tag‘in ko‘ylak-ishton bilan-a?

– Ha, juda issiq, kuyib ketdim, rais bobo! – dedi Bolibek amaki zardali. So‘ng yuvingani soyga tushdi.

Rais o‘sha kulimsiragan ko‘yi hamrohlariga, ular iljayishib, menga qarashdi. O‘zimni tiyolmadim.

– Roziq akaning oydin ko‘lida cho‘mildilar, – dedim o‘ylab o‘tirmay.

Rais “nima deyapsan?” degandek noxush tikildi. So‘ng gapning tagiga yetdi shekilli, Roziq akaga o‘qraydi. U rangi o‘chib, pitirlab qoldi. Qo‘limdan ketmonni yulib oldi-yu, uvat bo‘ylab chopib ketdi. Rais agranom bilan brigadirni ham shu yerda qoldirib, Bolibek amaki ikkimizni mashinasida qishloqqa olib ketdi. Uyda kiyimlarimni almashtirib qaytib borsam, Bolibek amaki allaqachon paykal oralab yurardi. Egnida issiq paxtalik.

– Kelgin, Abdumalik, – dedi u ochilib. – Bugun rosa charchading-a? Ha, mayli, erta nasib bo‘lsa, suvni tashlaymiz, keyin bir-ikki kun dam olasan.

U o‘qariq yoqalab, men etakdan yurib, dalani ko‘zdan o‘tkaza boshladik. Suvga qongan jo‘yaklarni bo‘g‘ib, adog‘iga yetmaganlarining suvini ko‘paytiribroq qo‘ydik. Shu zaylda shomga qadar butun paykalni ko‘rib chiqdik.

Shu kecha Bolibek amaki ikkimiz birinchi marta xotirjam, ochilib suxbatlashdik.

U yetim o‘tgan bolaligi, frontdan yaralanib, buning ustiga, o‘pkasi shamollab, yarimta bo‘lib qaytgani haqida gapirdi. Dadam bilan do‘stligi, ikkalasi doim hazil-huzul qilib yurishi, lekin dadam hazilni eplay olmay, bir necha bor chuvi chiqib qolganlarini kula-kula so‘zlab berdi.

Bir kuni dadam yarim tunda kelib, uni karavoti bilan sudrab suvli o‘qariqqa tushiribdi, karavotdagi odam: “Kim u, nima qilyapsan?” deb sapchib turishi bilan dadam qochib qolibdi. Chunki, Bolibek deb hazillashgan odami kolxoz raisi bo‘lib chiqibdi-da. Rayondan qaytayotgan rais shofyoriga obkom vakilini shaharga tashlab kelishni tayinlab, o‘zi suvdan xabar olish bahonasida mashinadan tushibdi. U kun bo‘yi juda charchaganidan Bolibekning o‘rin-to‘shagida mizg‘ib olmoqchi bo‘lgan ekan. Biroq ko‘zi ilinishi bilan kimdir karavotni sudrab qolibdi…

Bolibek amaki: “Dadang xalqqa g‘amxo‘r edi, Farmon ham yomon odammas-u, bo‘shangroq, uni Roziqlar o‘ynatishayapti, – dedi. – Dadang kallali odam edi, lekin o‘qiy olmadi. Sen o‘qigin. O‘qib kelsang, ko‘rmagandek bo‘lib ketasizlar, – deb nasihat qildi. – Menam ajalga sabr bersa, Bozorbekni o‘qitaman. Qizlarning yo‘rig‘i boshqa. Egasi chiqdimi, berib yuborish kerak. Ishqilib sog‘ bo‘lishsin…”

***

Yuzimni allanima siypab o‘tganday bo‘ldi. Ko‘z ochib, dastlab tiniq zangori osmonni ko‘rdim. Juda balandda qaldirg‘ochlar charx urar, ularning sho‘x vijir-vijiri atrofni tutib ketgandi. Osmon kunchiqar tomonga oqarinqirab borib, ufq-qorli tog‘lar orti esa kumushdek yarqirab ketgandi. Sal o‘tib, oltinrang tus olaboshladi. Eng yuksak cho‘qqi ortidan quyoshning bir chekkasi ko‘rindi.

Bu go‘zal manzarani birinchi bor ko‘rayotganday mahliyo bo‘lib qoldim. Sekin asta yuqorilab borayotgan quyoshga butun vujudim bilan tikilardim. Uning nuri ko‘zlarimni qamashtirmas, balki yuzlarimni siypalab, o‘zi tomonga chorlardi. Go‘yo hozir quyosh cho‘qqi ortidan ko‘tarilib olgan zahoti, butun borliq jaranggos bir ohangga to‘lib ketadiganday edi.

Shu mahal yonginamda sharpa tuyub diqqatim bo‘lindi. Qarasam, Sayim. U Bolibek amakining bo‘sh karavotida omonatgina bosh egib o‘tirar, yonida ketmoni, kattagina tugunchagi bor edi. Menga ko‘zi tushishi blan allanechuk nochor, gunohkor yo‘sinda kulimsiradi…

Bolibek amakini izlab, dalaga ko‘z yugurtirdim. U yarqiroq ketmoni yelkasida, ko‘m-ko‘k, bo‘liq paxtazor oralab kunchiqar tarafga, nazarimda o‘sha yuksak tog‘lar sari odimlab borardi.

1985

045

(Tashriflar: umumiy 289, bugungi 1)

Izoh qoldiring