Oydin Hojiyeva. Kun tug’ilar yorqin,maroqli.

Ashampoo_Snap_2017.01.05_18h43m28s_004_.png 22 апрел — Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева таваллуд топган кун.

   Намозшом ёмғир қуйди. Кечаси билан тинмади. Елинлари тўлиб, лорсиллаб булут кезади. Ёмғир шивалайди елинларидан. Шаҳар шовқини ёмғирга қўшилиб, шар-шараклар товушига ўхшайди. Юрагим булутлардай оби ҳаётга тўлиб, қоғоз саҳросига илҳом ва фикр дўлларини ёғдирадир. Юрагим қизийдир, ҳапқирадир. Баҳорнинг эпкинлари димоғимга уриладир…

«ЧИН БАХШИ СЎЗ АЙТСА ЁЛҒОНИ БЎЛМАС»
Ҳакимжон Каримов
филология фанлари доктори

033

fdc5a293499fcd0e6497fe2f20f4e5df.png Ҳа, бу айни ҳақиқат. Чунки чин бахши-шоир ҳақиқатни айтибгина қўймай, уни фалсафий идрок қилиб киши дардини енгиллатадиган, шу­у­рига шуур қўшадиган муаммо ва масалани инкишоф этади. Жараённинг моҳиятини очиб беради. Маълумки, моҳият ифодаланганда ижодкор нияти рўёбга чиқади. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева ана шундай шоира. Унинг достон ва қасидаларини кўздан кечирган одам бунга ишонч ҳосил қилади.

Инсоннинг ўз юрти табиатидан, тароватидан, халқидан завқланиши чинакам меҳр билан йўғрилгандагина бошқалар қалбида ҳам меҳр туйғусини уйғотади, вужудини шукуҳга тўлдиради. Шоира «Элим» дос­тонида бунга эриша олган. Табиат гўзаллиги киши туйғусини тарбиялайди, сажиясини белгилайди. Айниқса, баҳор фасли шундай хусусиятга эга. Шарқ халқларининг азалий байрами бўлган Наврўз шу фаслга тўғри келади. Бу байрам бизнинг ўлкамизда ўзгача кечади. Яйраган қалбда эзгулик куртаклари унади, чунки у деҳқон еридек юмшайди. Юмшаган қалбда адоват, қабоҳат туйғуси йўқолади. Шоира ёзади:

Баҳор либосин кийди шаҳривайрон тепалар,
Наврўз нағмаларидан кўнгли ҳайрон тепалар.
Мажнунтолдай соч силкиб қизалоқлар ўтади,
Ўртачўлни кўрпадай қизғалдоқлар тутади.
Сўфитўрғай чулдираб уйғотганда тошларни,
Табиат ошиқ қилар ҳатто етмиш ёшларни.

Тарих келажакнинг хамиртуруши. Унинг қаърига қанчалик чуқур кириб борсак, бугунги кунимизга шунчалик шукроналик келтирамиз. Ботинимизда истиқлол қадрига етишга даъват пайдо бўлади. Шоиранинг «Бухоро таронаси» достонини ўқиган одам бунга ишонч ҳосил қилади. Унда Бухоро тарихига, ўтмишда унинг бошига тушган кўргуликларга мурожаат қилинади. Неча Чингиз, неча Яъжуж чопқинлари туфайли юртнинг вайрон бўлиши, руслар босқини боис Бухоро қисматидаги қора кунлардан сўзлайди.
Шоира ёзади:

Не қиёмат, не аросат — билолмай, вой,
Гумбазларнинг жилғасида йиғлайди ой.
Шаҳид бошлар ётар тўп-тўп, лошлар ётар,
Ватан деб қон қусган қаламқошлар ётар.
Арк устида қизил байроқ сочар зулмат,
Билиб-билмай сажда қилар унга миллат.

Бу ҳолатлар ўтмиш тарихини шунчаки қайд қилиш эмас, улар маълум бир мақсадга хизмат қилдирилади. Яъни шоира истиқлол ўз-ўзидан келиб қолмаган, бунинг учун ота-боболаримизнинг қанчадан-қанча қонлари тўкилган демоқчи.

Қадимда яшаган юнон шоири Гесиод ўзининг «Меҳнат ва кунлар» достонида ер юзида яшаган одамларни беш авлодга бўлади. Уларнинг яшаш тарихи аста-секин разолатга юз тутишдан иборат, яъни энг биринчи авлод ер тарихининг олтин даврида яшайди. Улар меҳнат ва азоб-уқубат нималигини билмайдилар, туну кунлари ўйин-кулгида, фароғатда ўтади, ҳаётнинг бутун ноз-неъматларини бахтиёр одамларга табиатнинг ўзи етказиб беради, улар бир-бирларига ёмонлик қилмасдан тотувлик билан ҳаёт кечирадилар, ўлганларида ҳам бамисоли уйқуга кетгандек дунёдан ўтадилар. Олтин даврнинг ўрнини кумуш давр эгаллайди. Бу даврда яшаган авлодлар олдингилар цингари бахтиёр бўлмасдан бебош бўладилар. Кумуш даврдан кейин мис давр бошланади. Бу даврда яшаган одамлар сира ҳам олдингиларга ўхшамаганлар, меҳр-шаф­қатдан бехабар, қон тўкишдан бошқа ишни билмаган кишилар бўлади… Гесиод ўз замонасини ярамас эҳтирослар, пасткашлар, зулм ҳамда адолатсизликлар авж олган бешинчи даврга киритади ва бу даврни темир даври деб атайди.

Ойдин Ҳожиеванинг етти афсонадан иборат «Нажот» номли лиро-эпик достонида худди шу мавзу ўзининг тарихий ифодасини топган. Яъни етти афсонада яқин ўтмиш воқеалари тасвирланади.

Достоннинг, «Қирқинчи қути тилсими» деб номланган қисмида ёзилади:

Ўз акасини сотди бир тўйда
Ука — имон-иродаси берч.
Деди: — Улар замондан ношод,
Қўмсар ўтмиш овозларини.
Йиғилишиб ўқишар бот-бот
Авлиёлар баёзларини.

Масжидлар вайрон қилинди, киши қалбида меҳр-шафқат туйғусини уйғотадиган китоблар куйдирилди. Кўп нарса йўқ қилинди. Маърифатга ҳужум жаҳолат тегирмонига сув қуймоқликдир. Бунинг натижаси «Элдан чиққан бало» номли қисмда акс эттирилган.

Қуръонда шундай дейилади: «Кимга Оллоҳ нур(иймон) бермаса, бас, унинг(учун) ҳеч қандай нури бўлмас»(Нур сураси, 40-оят). Оллоҳ нуридан маҳрумлар жоҳил кимсалардир. Улар ҳаётда жазо топади. Достонда Тўлов образида шу ҳаётий ҳақиқатни акс эттириш билан шоира маърифатнинг ҳақиқатидан огоҳ этади.

Ўша қилмишидан кейин Тўловнинг иши ор­қага кетади:

Валийларга кўтарганда қўл.
Қайга кўчиб борса, баттолни
Инсу жинслар қувди қасдма-қасд
Ва топшириб қамчи, амални,
Товба қилди бир кун хору хас.
Боғбон бўлиб экканди ниҳол,
Қуриб қолди авжи жавзода.
Чўпон бўлиб қўй боқди увол
Маликчўлда — мулки худода.
Айни совлиқ қўзилар мавсум
Сурувига дориди ўлат.
Корида ҳеч бўлмади унум.

Ҳаётдан кетганда уни ер ҳам қабул қилмайди. Достонга кириб борган сари кечаги тузумнинг аччиқ манзараларига дуч келамиз. «Аросат»да тўйда «келин салом» бўлаётганда ланг очиқ дарвозадан уч киши кириб келади. Улар Норбўта раисга юзланиб сўз қотди:

— Хўш, ўртоқ фирқа! Авомни йиғиб, фикрини бузиб, худони тарғиб қилиб, диний қўшиқ айтиб турганингни биласанми?
—  Мен эл-юрт таомилини қилдим! Ота-бобомдан қолган удумни фирқа таъқиқлаган эмас, — дейди раис уларга жавобан.
—  Керакли жойда айтишади, фирқага кириб олган ёт унсур, — дейди кириб келганлар.

Ҳа, «керакли жойда» гаплашилди. Фирқадан ўчиришди, ишдан олишди, оиласи билан сургун қилишди. Кейин оқланди, лекин у қайтиб фирқа сафига кирмади. Ғиждувон томонларда яшаб, катта боғ барпо қилди. Бу ерда эзгулик ниҳолларини кўкартирди. Ундан қолган боғни халқ «Руҳи жонон» деб атади.

Достондаги воқеалар замирида ва ундан кейинги фасоналарда — «Ҳамид Сулаймон ҳасрати», Муродбахш бобо ҳикояти», Хатар водийсидан фасона»да учта фикр ётади. Биринчиси, халқ бошига тушган фожиалар мус­тақиллик моҳиятини англашга хизмат қилса, иккинчисида кишилик олами яхшиликдан ёмонлик сари кетишининг туб илдизи очиб берилади. Учинчисида, киши яхшиликка, яхши ҳаётга, яхши аъмоллар орқали эришади, деган фикр илгари сурилади. Бу жуда тўғри ва олижаноб ғоядир. Чунки Оллоҳ яхши амал қилганларни севади ва мағрифат кўрсатади. Достонни «Нажот» деб аталиши, унинг маънавият ва адабиёт оламида тутган ўрни ҳам шундадир. Қайсики асарда ҳаёт турфа ранглари билан ва инсон қисмати бутун борлиғи ила акс эттирилса, унинг руҳий дунёси, маънавий олами ўз ифодасини топса, у қандай жанрда — ҳикоями, қиссами, романми, достонми бўлишидан қатъи назар, кишининг шуурига шуур қўшади, маънавиятини бойитади. Бундай асарнинг умри узоқ ва ўқишли бўлади.

Ойдин Ҳожиева
КУН ТУҒИЛАР ЁРҚИН,МАРОҚЛИ
09

Намозшом ёмғир қуйди. Кечаси билан тинмади. Елинлари тўлиб, лорсиллаб булут кезади. Ёмғир шивалайди елинларидан. Шаҳар шовқини ёмғирга қўшилиб, шар-шараклар товушига ўхшайди. Юрагим булутлардай оби ҳаётга тўлиб, қоғоз саҳросига илҳом ва фикр дўлларини ёғдирадир. Юрагим қизийдир, ҳапқирадир. Баҳорнинг эпкинлари димоғимга уриладир. Сарғайиб, қовжираб кетган баргларини ерга силкитиб улгурмаган чинорлар танаси пўрсиллаб тургандай. Тераклар танасига яшиллик югурган. Тол эса куртаклари бўртиб қолган. Ҳадемай кучала ташласак керак. Саккизинчи қават айвонидаги бозбарак пириллаб айланади. Олам бағри юмшаган. Осмон кўпчиган. Бинолар томларидаги ёмғир кўлмаклари ялтираб кўринадир.
Баҳор келаётир. Умрнинг янги кўклами. Янги гул фасли. Табиат беҳад сахий, куйчи, раққоса, сеҳргар бўладиган мавсум. Юрагимда шеър шивирлай бошлайди, шеър…

09
*  *  *

Мовий осмон,Аджиметов-К.-Про-музыку-осени.-1990.jpg
Булутлар — хирмон,
Палахса-палахса қайнайди.
Чағалайлар чарх уриб шодон,
Басма-басга “чағ-чағ” сайрайди.

Тувакларда минг турфа гуллар
Кўпиради мисли аланга.
Канал қизи — нилуфар гуллар
Кўзни олар нақ кумуш танга.

Кемаларнинг лангарларига
Бош уради бебош шамоллар.
Ҳақнинг бахмал ангорларида
Кавш қайтариб, мудрайди моллар.

Чарчамайди шамол — тегирмон,
Парраклари ётар айланиб.
Болакайлар орзуси — осмон,
Арғимчоқда кўкка шайланиб.

Кўкда чақмоқ чақар гулдираб,
Ёмғир момо келар извошда.
Соябонлар гулдай ярқираб,
Гумбаз каби кўринар бошда.

Энди гавжум кўчалар бўм-бўш,
Эгилгандир гуллар “салла”си.
Чағиллайди ҳамон чорлоқ қуш,
Саратоннинг намхуш палласи

* * *

Малоҳатнинг боғчасида гуллари кўп,
Жаннатда ҳам топилмагич хиллари кўп.
Чиннигуллар гулибеор, ёронгуллар,
Шафақ билан ранг талашган алвон гуллар.

Манов гуллар маликаси — атир гулим,
Муҳаббатли юракларга татир гулим.
Гулзорми бу, гулга дўнган нафосат бу?
Япроғига меҳр битган малоҳат бу?

Мўъжизадан баҳра олган чаман бўлмиш,
Камалаклар ранг олгувчи ватан бўлмиш!

2.07.2012.

МУҲАББАТГА

Етуклик остонасига етдинг,
Қанча синовлардан ўтдинг,
Омад қўлидан тутдинг,
Ҳаётда олдирмадинг, ютдинг,
Муҳаббат!

Буён танлаганинг — илм сўқмоғи,
Игна билан қудуқ қазасан.
Кўзларингда ҳур ёшлик чақмоғи,
Ўз тақдирингни ўзинг ёзасан,
Муҳаббат!

Орзуларнинг тошқин денгизида
Сузасан — матонат елканинг бўлсин!
Ҳар битта қадаминг меҳр кўзимда,
Тангри ўзи қўллаб, иқболинг кулсин,
Муҳаббат!

* * *

Ўзинг кимсан, ўйлаб кўргин, кўпирма,
Тил — суяксиз, тишинг — қўрғон, гапирма!
Ғийбат донин сочма тилинг остига,
Тегирмонда тортиб, унин шопирма!

Бил, ўзингга ўқ бўлади сўзинг ҳам,
Тегирмонда янчиласан ўзинг ҳам!
Бир қоп унни қора қилар қорамуғ,
Қора бўлар охир икки юзинг ҳам!

3.07.2012.

* * *

Жоним пилигини шам қилиб ёқма,
Парвонани ҳамдам қилиб ёқма,
Ўзи байрамларим танқис ҳаётда,
Ҳайит кунимни гардкам қилиб ёқма.

Қанча ниҳолимдан унди биттаси,
Кундаков қилма, ситам қилиб ёқма
Машъаладай отма тандирга умрни,
Жафони анга ҳакам қилиб ёқма.

Жоним пилигини шам қилиб ёқма.

2012 йил, 6 март.

ИРОДА

Очарчилик. Илдиз еб ўлмаган отам,
Қаттол хазонларда сўлмаган онам,
Тутдай тўкилган-у ўлмаган одам —
Ердан оёғи тойиб кетмаган.

Ерга тушган чигит офтобдай чарақлади,
Омоч тортди опам — омоч ойдай ярақлади.
Зимистон кечада Эрк булбули чаҳ-чаҳлади,
Ердан оёғи тойиб кетмади.

Шодлик — анқога шафеъ, ҳар кун — қорахат,
Кулгу, роҳат — қаҳат, уйқулар — қаҳат.
Адл теракларга айланиб фақат
Ердан оёғи тойиб кетмади.

Қудуқ бўлди қалби — дарвиш-шамоллар
Етти иқлимдан сўйлаб сир-синоат.
Саҳаргача авраб-асради фақат,
Ердан оёғи тойиб кетмади.

Бундоқ қараса — кунботардан кунчиқаргача,
Жаннат остонасидан нақ маҳшаргача
Юрагида илдиз ёйиб, ҳар гиёҳ парча,
Ерга туташиб кетибди Инсон.

* * *

От бир жаннатий жонзот,
Унинг деви бўлади.
Парвоз учун туғилиб,
Кўкни севиб ўлади.

От тепкиси ёмондир,
От севгиси — умрбод.
Қўлтиғида яширин
Аллоҳ берган қирқ қанот!

Уни ерга михламанг,
Солманг қўш ҳайдамоққа.
От умрининг баёни
Кўзидаги чақмоқда…

* * *

Элни суйган бахши бўлар, Қутлижон,
Улусининг нақши бўлар, Қутлижон.
Ангорингда ўсган чақиртикан ҳам
Атиргулдан яхши бўлар, Қутлижон.
Юрагини чақмоқларга тутар ким,
Эътиқодин байроқ қилиб ўтар ким,
Миллатини қўриқлаган арслондай
Посбон бўлиб, остонада ётар ким —
Элни суйган бахши бўлар, Қутлижон!

13.02.2012 й.

СИЗГА

Сизга мендай меҳрибон йўқ,
Менга Сиздай — соябон.
Сизга мендай вафодор йўқ,
Менга сиздай — ҳаводор.

Кўксингизга отилса ўқ,
Мендайин балогардон йўқ.
Кўнгил айтар: то ўлгунча
Биздай дўсти қадрдон йўқ.

Менга Сиздай ҳабиб йўқдир,
Сизга мендай табиб йўқ.

* * *

Булутларни қўшоқлаб ҳайдаб,
Қиш момо “хўш-хўш”лаб соғяпти,
Бу қорлар тупроққа, ё қайдам
Менинг боғларимга ёғяпти?

Замин бешигида токлар ухлайди,
Олмалар сийнасин ўпар аёзлар.
Ариқлар “мурти”да сувлоқ сўзлайди.
Жилдираб сув тўқир яшил баёзлар.

Хазонлар тагида мудроқ лолалар
“Болалаб” ётади ер кўрпасида.
Сочларимга қўнган юлдуз-толалар
Ўтган кунларимга маҳзун қасида.

Сукунат, бостириб кирма боғимга
Мен ҳали қалдироқ бўрон бўламан.
Ўт истаб киради қиш қучоғимга,
Куч топиб, саратон бўламан.

* * *

Тўққизинчи қават.
Дим хона
Кунботарда қилдими торлик?
Сойлар билан, сайр-баҳона,
Қилгинг келар шакаргуфторлик.

Чинорларнинг япроқларидан
Ёғилади илҳом жаранглаб.
Ажриқ ўпар оёқларингдан,
Ой чиқади кўкка даранглаб.

Меҳмонларин кузатган уйдай
Бўм-бўш турар яшил хиёбон
Курсиларда жимлик чалар най,
Арғимчоқлар ҳорғин, паришон.

Анҳор сенинг қалбингга кўчар,
Шовуллаган сирлари билан.
Юрагингдан Дунё сув ичар
Мансуранинг дурлари билан.

Эргашади изингдан толлар,
Гулзордаги ҳар бута, ҳар гул.
Кузатади пари хаёллар,
Бола очар фикрингда булбул…

15.01.12 й.

Манба: «Hurriyat» ва “Китоб дунёси” газеталари

1d707f217bcdf480404c40230788d9fd.jpg«CHIN BAXSHI SO‘Z AYTSA YOLG‘ONI BO‘LMAS»
Hakimjon Karimov
filologiya fanlari doktori

033

 Ha, bu ayni haqiqat. Chunki chin baxshi-shoir haqiqatni aytibgina qo‘ymay, uni falsafiy idrok qilib kishi dardini yengillatadigan, shu­u­riga shuur qo‘shadigan muammo va masalani inkishof etadi. Jarayonning mohiyatini ochib beradi. Ma’lumki, mohiyat ifodalanganda ijodkor niyati ro‘yobga chiqadi. O‘zbekiston xalq shoiri Oydin Hojiyeva ana shunday shoira. Uning doston va qasidalarini ko‘zdan kechirgan odam bunga ishonch hosil qiladi.

Insonning o‘z yurti tabiatidan, tarovatidan, xalqidan zavqlanishi chinakam mehr bilan yo‘g‘rilgandagina boshqalar qalbida ham mehr tuyg‘usini uyg‘otadi, vujudini shukuhga to‘ldiradi. Shoira «Elim» dos­tonida bunga erisha olgan. Tabiat go‘zalligi kishi tuyg‘usini tarbiyalaydi, sajiyasini belgilaydi. Ayniqsa, bahor fasli shunday xususiyatga ega. Sharq xalqlarining azaliy bayrami bo‘lgan Navro‘z shu faslga to‘g‘ri keladi. Bu bayram bizning o‘lkamizda o‘zgacha kechadi. Yayragan qalbda ezgulik kurtaklari unadi, chunki u dehqon yeridek yumshaydi. Yumshagan qalbda adovat, qabohat tuyg‘usi yo‘qoladi. Shoira yozadi:

Bahor libosin kiydi shahrivayron tepalar,
Navro‘z nag‘malaridan ko‘ngli hayron tepalar.
Majnuntolday soch silkib qizaloqlar o‘tadi,
O‘rtacho‘lni ko‘rpaday qizg‘aldoqlar tutadi.
So‘fito‘rg‘ay chuldirab uyg‘otganda toshlarni,
Tabiat oshiq qilar hatto yetmish yoshlarni.

Tarix kelajakning xamirturushi. Uning qa’riga qanchalik chuqur kirib borsak, bugungi kunimizga shunchalik shukronalik keltiramiz. Botinimizda istiqlol qadriga yetishga da’vat paydo bo‘ladi. Shoiraning «Buxoro taronasi» dostonini o‘qigan odam bunga ishonch hosil qiladi. Unda Buxoro tarixiga, o‘tmishda uning boshiga tushgan ko‘rguliklarga murojaat qilinadi. Necha Chingiz, necha Ya’juj chopqinlari tufayli yurtning vayron bo‘lishi, ruslar bosqini bois Buxoro qismatidagi qora kunlardan so‘zlaydi.
Shoira yozadi:

Ne qiyomat, ne arosat — bilolmay, voy,
Gumbazlarning jilg‘asida yig‘laydi oy.
Shahid boshlar yotar to‘p-to‘p, loshlar yotar,
Vatan deb qon qusgan qalamqoshlar yotar.
Ark ustida qizil bayroq sochar zulmat,
Bilib-bilmay sajda qilar unga millat.

Bu holatlar o‘tmish tarixini shunchaki qayd qilish emas, ular ma’lum bir maqsadga xizmat qildiriladi. Ya’ni shoira istiqlol o‘z-o‘zidan kelib qolmagan, buning uchun ota-bobolarimizning qanchadan-qancha qonlari to‘kilgan demoqchi.

Qadimda yashagan yunon shoiri Gesiod o‘zining «Mehnat va kunlar» dostonida yer yuzida yashagan odamlarni besh avlodga bo‘ladi. Ularning yashash tarixi asta-sekin razolatga yuz tutishdan iborat, ya’ni eng birinchi avlod yer tarixining oltin davrida yashaydi. Ular mehnat va azob-uqubat nimaligini bilmaydilar, tunu kunlari o‘yin-kulgida, farog‘atda o‘tadi, hayotning butun noz-ne’matlarini baxtiyor odamlarga tabiatning o‘zi yetkazib beradi, ular bir-birlariga yomonlik qilmasdan totuvlik bilan hayot kechiradilar, o‘lganlarida ham bamisoli uyquga ketgandek dunyodan o‘tadilar. Oltin davrning o‘rnini kumush davr egallaydi. Bu davrda yashagan avlodlar oldingilar singari baxtiyor bo‘lmasdan bebosh bo‘ladilar. Kumush davrdan keyin mis davr boshlanadi. Bu davrda yashagan odamlar sira ham oldingilarga o‘xshamaganlar, mehr-shaf­qatdan bexabar, qon to‘kishdan boshqa ishni bilmagan kishilar bo‘ladi… Gesiod o‘z zamonasini yaramas ehtiroslar, pastkashlar, zulm hamda adolatsizliklar avj olgan beshinchi davrga kiritadi va bu davrni temir davri deb ataydi.

Oydin Hojiyevaning yetti afsonadan iborat «Najot» nomli liro-epik dostonida xuddi shu mavzu o‘zining tarixiy ifodasini topgan. Ya’ni yetti afsonada yaqin o‘tmish voqealari tasvirlanadi.

Dostonning, «Qirqinchi quti tilsimi» deb nomlangan qismida yoziladi:

O‘z akasini sotdi bir to‘yda
Uka — imon-irodasi berch.
Dedi: — Ular zamondan noshod,
Qo‘msar o‘tmish ovozlarini.
Yig‘ilishib o‘qishar bot-bot
Avliyolar bayozlarini.

Masjidlar vayron qilindi, kishi qalbida mehr-shafqat tuyg‘usini uyg‘otadigan kitoblar kuydirildi. Ko‘p narsa yo‘q qilindi. Ma’rifatga hujum jaholat tegirmoniga suv quymoqlikdir. Buning natijasi «Eldan chiqqan balo» nomli qismda aks ettirilgan.

Qur’onda shunday deyiladi: «Kimga Olloh nur(iymon) bermasa, bas, uning(uchun) hech qanday nuri bo‘lmas»(Nur surasi, 40-oyat). Olloh nuridan mahrumlar johil kimsalardir. Ular hayotda jazo topadi. Dostonda To‘lov obrazida shu hayotiy haqiqatni aks ettirish bilan shoira ma’rifatning haqiqatidan ogoh etadi.

O‘sha qilmishidan keyin To‘lovning ishi or­qaga ketadi:

Valiylarga ko‘targanda qo‘l.
Qayga ko‘chib borsa, battolni
Insu jinslar quvdi qasdma-qasd
Va topshirib qamchi, amalni,
Tovba qildi bir kun xoru xas.
Bog‘bon bo‘lib ekkandi nihol,
Qurib qoldi avji javzoda.
Cho‘pon bo‘lib qo‘y boqdi uvol
Malikcho‘lda — mulki xudoda.
Ayni sovliq qo‘zilar mavsum
Suruviga doridi o‘lat.
Korida hech bo‘lmadi unum.

Hayotdan ketganda uni yer ham qabul qilmaydi. Dostonga kirib borgan sari kechagi tuzumning achchiq manzaralariga duch kelamiz. «Arosat»da to‘yda «kelin salom» bo‘layotganda lang ochiq darvozadan uch kishi kirib keladi. Ular Norbo‘ta raisga yuzlanib so‘z qotdi:

— Xo‘sh, o‘rtoq firqa! Avomni yig‘ib, fikrini buzib, xudoni targ‘ib qilib, diniy qo‘shiq aytib turganingni bilasanmi?
— Men el-yurt taomilini qildim! Ota-bobomdan qolgan udumni firqa ta’qiqlagan emas, — deydi rais ularga javoban.
— Kerakli joyda aytishadi, firqaga kirib olgan yot unsur, — deydi kirib kelganlar.

Ha, «kerakli joyda» gaplashildi. Firqadan o‘chirishdi, ishdan olishdi, oilasi bilan surgun qilishdi. Keyin oqlandi, lekin u qaytib firqa safiga kirmadi. G‘ijduvon tomonlarda yashab, katta bog‘ barpo qildi. Bu yerda ezgulik nihollarini ko‘kartirdi. Undan qolgan bog‘ni xalq «Ruhi jonon» deb atadi.

Dostondagi voqealar zamirida va undan keyingi fasonalarda — «Hamid Sulaymon hasrati», Murodbaxsh bobo hikoyati», Xatar vodiysidan fasona»da uchta fikr yotadi. Birinchisi, xalq boshiga tushgan fojialar mus­taqillik mohiyatini anglashga xizmat qilsa, ikkinchisida kishilik olami yaxshilikdan yomonlik sari ketishining tub ildizi ochib beriladi. Uchinchisida, kishi yaxshilikka, yaxshi hayotga, yaxshi a’mollar orqali erishadi, degan fikr ilgari suriladi. Bu juda to‘g‘ri va olijanob g‘oyadir. Chunki Olloh yaxshi amal qilganlarni sevadi va mag‘rifat ko‘rsatadi. Dostonni «Najot» deb atalishi, uning ma’naviyat va adabiyot olamida tutgan o‘rni ham shundadir. Qaysiki asarda hayot turfa ranglari bilan va inson qismati butun borlig‘i ila aks ettirilsa, uning ruhiy dunyosi, ma’naviy olami o‘z ifodasini topsa, u qanday janrda — hikoyami, qissami, romanmi, dostonmi bo‘lishidan qat’i nazar, kishining shuuriga shuur qo‘shadi, ma’naviyatini boyitadi. Bunday asarning umri uzoq va o‘qishli bo‘ladi.

Oydin Hojiyeva
KUN TUG‘ILAR YORQIN,MAROQLI
09

Namozshom yomg‘ir quydi. Kechasi bilan tinmadi. Yelinlari to‘lib, lorsillab bulut kezadi. Yomg‘ir shivalaydi yelinlaridan. Shahar shovqini yomg‘irga qo‘shilib, shar-sharaklar tovushiga o‘xshaydi. Yuragim bulutlarday obi hayotga to‘lib, qog‘oz sahrosiga ilhom va fikr do‘llarini yog‘diradir. Yuragim qiziydir, hapqiradir. Bahorning epkinlari dimog‘imga uriladir. Sarg‘ayib, qovjirab ketgan barglarini yerga silkitib ulgurmagan chinorlar tanasi po‘rsillab turganday. Teraklar tanasiga yashillik yugurgan. Tol esa kurtaklari bo‘rtib qolgan. Hademay kuchala tashlasak kerak. Sakkizinchi qavat ayvonidagi bozbarak pirillab aylanadi. Olam bag‘ri yumshagan. Osmon ko‘pchigan. Binolar tomlaridagi yomg‘ir ko‘lmaklari yaltirab ko‘rinadir.
Bahor kelayotir. Umrning yangi ko‘klami. Yangi gul fasli. Tabiat behad saxiy, kuychi, raqqosa, sehrgar bo‘ladigan mavsum. Yuragimda she’r shivirlay boshlaydi, she’r…

09
* * *

Moviy osmon,Ойдин-Ҳожиева.jpg
Bulutlar — xirmon,
Palaxsa-palaxsa qaynaydi.
Chag‘alaylar charx urib shodon,
Basma-basga “chag‘-chag‘” sayraydi.

Tuvaklarda ming turfa gullar
Ko‘piradi misli alanga.
Kanal qizi — nilufar gullar
Ko‘zni olar naq kumush tanga.

Kemalarning langarlariga
Bosh uradi bebosh shamollar.
Haqning baxmal angorlarida
Kavsh qaytarib, mudraydi mollar.

Charchamaydi shamol — tegirmon,
Parraklari yotar aylanib.
Bolakaylar orzusi — osmon,
Arg‘imchoqda ko‘kka shaylanib.

Ko‘kda chaqmoq chaqar guldirab,
Yomg‘ir momo kelar izvoshda.
Soyabonlar gulday yarqirab,
Gumbaz kabi ko‘rinar boshda.

Endi gavjum ko‘chalar bo‘m-bo‘sh,
Egilgandir gullar “salla”si.
Chag‘illaydi hamon chorloq qush,
Saratonning namxush pallasi

* * *

Malohatning bog‘chasida gullari ko‘p,
Jannatda ham topilmagich xillari ko‘p.
Chinnigullar gulibeor, yorongullar,
Shafaq bilan rang talashgan alvon gullar.

Manov gullar malikasi — atir gulim,
Muhabbatli yuraklarga tatir gulim.
Gulzormi bu, gulga do‘ngan nafosat bu?
Yaprog‘iga mehr bitgan malohat bu?

Mo‘’jizadan bahra olgan chaman bo‘lmish,
Kamalaklar rang olguvchi vatan bo‘lmish!

2.07.2012.

MUHABBATGA

Yetuklik ostonasiga yetding,
Qancha sinovlardan o‘tding,
Omad qo‘lidan tutding,
Hayotda oldirmading, yutding,
Muhabbat!

Buyon tanlaganing — ilm so‘qmog‘i,
Igna bilan quduq qazasan.
Ko‘zlaringda hur yoshlik chaqmog‘i,
O‘z taqdiringni o‘zing yozasan,
Muhabbat!

Orzularning toshqin dengizida
Suzasan — matonat yelkaning bo‘lsin!
Har bitta qadaming mehr ko‘zimda,
Tangri o‘zi qo‘llab, iqboling kulsin,
Muhabbat!

* * *

O‘zing kimsan, o‘ylab ko‘rgin, ko‘pirma,
Til — suyaksiz, tishing — qo‘rg‘on, gapirma!
G‘iybat donin sochma tiling ostiga,
Tegirmonda tortib, unin shopirma!

Bil, o‘zingga o‘q bo‘ladi so‘zing ham,
Tegirmonda yanchilasan o‘zing ham!
Bir qop unni qora qilar qoramug‘,
Qora bo‘lar oxir ikki yuzing ham!

3.07.2012.

* * *

Jonim piligini sham qilib yoqma,
Parvonani hamdam qilib yoqma,
O‘zi bayramlarim tanqis hayotda,
Hayit kunimni gardkam qilib yoqma.

Qancha niholimdan undi bittasi,
Kundakov qilma, sitam qilib yoqma
Mash’aladay otma tandirga umrni,
Jafoni anga hakam qilib yoqma.

Jonim piligini sham qilib yoqma.

2012 yil, 6 mart.

IRODA

Ocharchilik. Ildiz yeb o‘lmagan otam,
Qattol xazonlarda so‘lmagan onam,
Tutday to‘kilgan-u o‘lmagan odam —
Yerdan oyog‘i toyib ketmagan.

Yerga tushgan chigit oftobday charaqladi,
Omoch tortdi opam — omoch oyday yaraqladi.
Zimiston kechada Erk bulbuli chah-chahladi,
Yerdan oyog‘i toyib ketmadi.

Shodlik — anqoga shafe’, har kun — qoraxat,
Kulgu, rohat — qahat, uyqular — qahat.
Adl teraklarga aylanib faqat
Yerdan oyog‘i toyib ketmadi.

Quduq bo‘ldi qalbi — darvish-shamollar
Yetti iqlimdan so‘ylab sir-sinoat.
Sahargacha avrab-asradi faqat,
Yerdan oyog‘i toyib ketmadi.

Bundoq qarasa — kunbotardan kunchiqargacha,
Jannat ostonasidan naq mahshargacha
Yuragida ildiz yoyib, har giyoh parcha,
Yerga tutashib ketibdi Inson.

* * *

Ot bir jannatiy jonzot,
Uning devi bo‘ladi.
Parvoz uchun tug‘ilib,
Ko‘kni sevib o‘ladi.

Ot tepkisi yomondir,
Ot sevgisi — umrbod.
Qo‘ltig‘ida yashirin
Alloh bergan qirq qanot!

Uni yerga mixlamang,
Solmang qo‘sh haydamoqqa.
Ot umrining bayoni
Ko‘zidagi chaqmoqda…

* * *

Elni suygan baxshi bo‘lar, Qutlijon,
Ulusining naqshi bo‘lar, Qutlijon.
Angoringda o‘sgan chaqirtikan ham
Atirguldan yaxshi bo‘lar, Qutlijon.
Yuragini chaqmoqlarga tutar kim,
E’tiqodin bayroq qilib o‘tar kim,
Millatini qo‘riqlagan arslonday
Posbon bo‘lib, ostonada yotar kim —
Elni suygan baxshi bo‘lar, Qutlijon!

13.02.2012 y.

SIZGA

Sizga menday mehribon yo‘q,
Menga Sizday — soyabon.
Sizga menday vafodor yo‘q,
Menga sizday — havodor.

Ko‘ksingizga otilsa o‘q,
Mendayin balogardon yo‘q.
Ko‘ngil aytar: to o‘lguncha
Bizday do‘sti qadrdon yo‘q.

Menga Sizday habib yo‘qdir,
Sizga menday tabib yo‘q.

* * *

Bulutlarni qo‘shoqlab haydab,
Qish momo “xo‘sh-xo‘sh”lab sog‘yapti,
Bu qorlar tuproqqa, yo qaydam
Mening bog‘larimga yog‘yapti?

Zamin beshigida toklar uxlaydi,
Olmalar siynasin o‘par ayozlar.
Ariqlar “murti”da suvloq so‘zlaydi.
Jildirab suv to‘qir yashil bayozlar.

Xazonlar tagida mudroq lolalar
“Bolalab” yotadi yer ko‘rpasida.
Sochlarimga qo‘ngan yulduz-tolalar
O‘tgan kunlarimga mahzun qasida.

Sukunat, bostirib kirma bog‘imga
Men hali qaldiroq bo‘ron bo‘laman.
O‘t istab kiradi qish quchog‘imga,
Kuch topib, saraton bo‘laman.

* * *

To‘qqizinchi qavat.
Dim xona
Kunbotarda qildimi torlik?
Soylar bilan, sayr-bahona,
Qilging kelar shakarguftorlik.

Chinorlarning yaproqlaridan
Yog‘iladi ilhom jaranglab.
Ajriq o‘par oyoqlaringdan,
Oy chiqadi ko‘kka daranglab.

Mehmonlarin kuzatgan uyday
Bo‘m-bo‘sh turar yashil xiyobon
Kursilarda jimlik chalar nay,
Arg‘imchoqlar horg‘in, parishon.

Anhor sening qalbingga ko‘char,
Shovullagan sirlari bilan.
Yuragingdan Dunyo suv ichar
Mansuraning durlari bilan.

Ergashadi izingdan tollar,
Gulzordagi har buta, har gul.
Kuzatadi pari xayollar,
Bola ochar fikringda bulbul…

15.01.12 y.

Manba: “Hurriyat” va “Kitob dunyosi” gazetalari

024

(Tashriflar: umumiy 533, bugungi 1)

Izoh qoldiring