Shuhrat Rizo. Bahodir Yo‘ldoshev siyratiga bir nazar.

065

7 сентябрь куни  Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев 68 ёшга тўлади. Мен гурунгдош дўстларим,мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида яшайдиган театр ва Баҳодир Йўлдошевнинг ихлосмандлари номидан акани  муборак кун билан чин юракдан табриклайман ва яна узоқ йиллар бизга ҳамнафас бўлиб юришларини тилайман.

001

Шуҳрат Ризо
БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ СИЙРАТИГА БИР НАЗАР

I

1974 йили йигирма саккиз ёшли йигит Ўзбекистоннинг энг нуфузли театри — Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрига бош режиссёр этиб тайинлаганида кўпчилик бу ҳолга хийлагина истеҳзо билан қараган эди.
Чунки Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Обид Жалилов, Лутфулла Нарзуллаев, Тошхўжа Хўжаев каби машҳур санъат арбоблари ишлаган, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Зайнаб Садриева цингари улуғ санъаткорлар фаолият кўрсатиб турган театрга ёш бир йигитнинг бош режиссёр бўлиб етакчилик қилиши фавқулодда бир ҳодиса эди. Аммо ҳар қанча истеҳзо ва ҳайрат уйғотмасин, бу ҳол рўй берган, реалликка айланган эди. Тақдирнинг ҳикматини қарангки, бу йигитнинг номи бежиз Баҳодир деб қўйилмаган экан…

Санъакторлик унинг насабида бор эди. Отаси Турсунбой Йўлдошев ўша кезлари театрда созанда бўлиб ишлаган, онаси Ширинхон Мелиева эса актриса бўлган. Баҳодир Йўлдошевнинг ижодий камолотида бу муҳит ҳал қилувчи омил бўлгани аниқ.

Баҳодир дунёга келгандан бери театр билан ҳамнафас. Туғилибдики, театрда кўкрак эмиб, театрда тетепоя бўлиб, театрда улғайди. Айниқса, уч ёшга тўлар-тўлмас онаси Ширин Мелиева Каттақўрғон театрига директор этиб тайинлангач, ётар-турар жойи театр бўлиб қолди. Секин-аста ёш болалар образи бўлган спектаклларда рол ижро эта бошлади.

Ўша кезлари Зиннат Фатхуллиннинг «Ғунчалар» песаси анча довруқ қозонган эди. Шу асарда персонажлардан бири гўдагини қутига ташлаб кетади. Каттақўрғон театридаги спекталда ана шу «ташландиқ бола» ролини Баҳодир Йўлдошев ижро этди.

Унинг илк «режиссёр»лиги ҳам болалигидан бошланган. Баҳодир аканинг ўзи беш-олти ёшларида жажжи томошалар қўйганини эслайди. Аммо унинг режиссура ва актёрлик билан чинакамига шуғулланиши еттинчи синфларда ўқиб юрган кезларига тўғри келади. Каттақўрғон шаҳар «Маданият уйи» қошида очилган театр студиясида илк бор Михаил Лермонтовнинг «Маскарад» шеърий драмасини саҳналаштирди. Ўша кезлари Баҳодирнинг «Маскарад»дан кейин фикр-хаёлини банд этган ва сўнгра бутун умри давомида тарк этмаган асар Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси бўлди. Орадан чамаси қирқ йилча вақт ўтгач, Баҳодир Йўлдошев «Ҳамлет»га садоқатини бундай ифодалаган эди: «Ҳамлет — менинг дўстим. Мен ҳар тонг унинг ёди билан уйғонаман, у билан бирга дунёдан нафратланаман ва у билан бирга шу дунёни севаман» («Дунё наҳот шунчалар гўзал!..» Наим Каримов билан суҳбат. «Тафаккур» журнали, 1995, 1-сон).

Алалхусус, Ҳамлет ва шу каби мураккаб образлар дунёсида ўзлигини излаётган йигитча мактабни тугатиб, Тошкентга келади. Театр ва рассомлик институтида Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаевдан сабоқ олади. Ўқиш билан бирга Ҳамза номидаги академик театрда (ҳозирги Миллий академик театр) режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлайди. Устозларининг «Олтин девор» (Т.Хўжаев), «Бухоро» (А.Гинзбург) спектаклларида ассистентлик қилади. 1970 йилдан бошлаб режиссёр сифатида фаолият юритади. Ўша кезлари академик театрнинг бош режиссёри бўлган А.Гинзбург «Сенинг завқу ғайратга тўлиқ ёшлигинг менинг тажрибаларим билан қўшилса, театр учун фойдали нимадир чиқар» деган фикрда унга мустақил ишлаш учун имконият яратади. Бундай бағрикенгликдан руҳланган ёш режиссёр кетма-кет спектакллар саҳналаштириб, аста-секин тилга туша бошлайди. 1974 йили не-не улуғлар ишлаган ва ишлаб турган отахон театрга бош режиссёр этиб тайинланишининг сабаби ҳам ундаги билим ва салоҳият эди. Бу катта ишонч эди. Аммо ҳалол меҳнат ва юксак истеъдод туфайли қозонилган ишонч эди. Унинг дастлабки самараси Фридрих Шиллернинг «Қароқчилар» песаси асосидаги спектаклда намоён бўлди. Чунки бу айни ўтган асрнинг 60-йиллар адоғи — 70-йиллар бошларида театрга кириб келган ниҳоятда умидли ва ғоят истеъдодли бир авлоднинг дастурий спектакли эди.

Ноҳақлик дунёсига қарши исён кўтарган бош қаҳрамон Карл Моор озод бир мамлакат барпо этишни орзу қилади. Бироқ номарғуб йўллар билан, талон-тарож, қароқчилик усуллари билан юксак ниятга эришиб бўлмайди. Гуноҳларини ювмоққа чоғланган қаҳрамон охир-оқибат фожиага юз тутади.

Шўролар салтанати бутун дунёга таҳдид солиб, эрк ва озодлик ғояларини бўғиб турган ўша замонда исён руҳини, эрксеварлик ғояларини тарғиб этиш катта жасорат эди. Инчунун, кечагина бош режиссёр бўлган Баҳодир Йўлдошев ёки республиканинг бош театрига қабул қилинган унинг маслакдошлари — ёш актёрларнинг бундай жасорати «кечирилмаслиги» ҳам мумкин эди. Ана шундай ижтимоий вазиятда «Қароқчилар»нинг саҳналаштирилиши катта ҳодиса бўлди.

«Қароқчилар»дан сўнг Баҳодир Йўлдошев ўн йил давомида Ҳамза театри ва хориж театр саҳналарида ўттизга яқин спектакллар қўйди. Бу асарлар ўз вақтида турлича талқин ва баҳоларга сабаб бўлди. Эътироф этилди, инкор қилинди. Олқиш ва тазйиқларга учради. Бироқ, нима бўлганда ҳам, ўзбек театр санъатининг, бош академик миллий театримизнинг мавқеи ва нуфузини сақлади. Бошқа театрлар учун ибрат ва ижодий маёқ вазифасини ўтади. Буларнинг ичида Б.Василев асари асосидаги «Рўйхатларда йўқ» ва Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» песаси асосидаги спектаклларни алоҳида таъкидламоқ лозим.

Беғубор кулгу, қуйма миллий образ ва топилмалар, бири биридан жонли ва пухта саҳналар, бир нафас ҳам томошабинни бефарқ қолдирмайдиган ҳаракат ҳамда актёрлар ижросининг узлуксиз динамикаси «Келинлар қўзғолони» спектаклининг асосий фазилатлари эди. Барча актёрларнинг юксак ижро маҳорати ҳамда энг аввало, буюк актриса Зайнаб Садриеванинг саҳнадаги беназир етакчилик салоҳияти спектакл муваффақиятининг бош омили бўлди…

Собиқ шўролар тузуми даврида санъат мафкуравий қурол сифатида доимий назоратда ва исканжада эди. Цензура — ё ҳаёт, ё мамот масаласини ҳал этгувчи нозир, бир гуруҳ қўғирчоқ «мутахассислар» эса соғлом фикрни бўғишга фатво тўқиб бергувчи ҳакам бўлгани ёдимизда. Баҳодир Йўлдошев ўн бир йил академик театрга бош режиссёрлик қилиб, ҳақиқат йўлида не-не қалтис вазиятларга тушмади, кимлар билан олишиб-талашмади дейсиз… Гоҳ келишиб, ён беришга мажбур бўлди, масала ўта кескин бўлганида эса мулоҳазага бормай курашди. 1983 йили Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида шу номда спектакл қўйганида, темурийзода Заҳириддин Бобур сиймосини саҳнага олиб чиққани учун Марказқўмдаги «Мафкурахоним»нинг қанчалар жазавага тушиб, спектаклни тақиқлагани ва бу асар Баҳодир Йўлдошевнинг отахон театр саҳнасидаги сўнгги спектаклларидан бўлиб қолгани кўпчиликка аён. Марказқўм «сопини ҳам ўзидан чиқариш»га одатланган эди. Бинобарин, Баҳодир ака бир суҳбатда таъкидлаганидек, «Олтмиш кишилик театр труппасида доим ўн беш киши фаол ишлайди. Балога қоладиган ҳам шулар». Қолганлари эса кузатувчи. Вақт ўтган сари кузатувчилик аламга айлана боради. Аламзадаларга озгина туртки берилса бас — ғийбат билан бошланган норозилик даҳанаки жанг, фитна ва оммавий хатбозликлар билан авж даражасига кўтарилади. «Юқори»га ҳам бўйсунмас, саркаш бош режиссёрдан қутулиш учун шунинг ўзи кифоя. Санъат тақдири билан боғлиқ масала шу қадар жўн ва ақлсизлик билан ҳал этилар эди. Шундай вазият тақозоси ўлароқ труппадаги маънавий муҳит кескин бузилди. Ғийбату фитна-фасод республика матбуотига чиқиб, театр юзидан парда кўтарилди. Баҳодир Йўлдошевнинг театрни тарк этишдан бошқа чораси қолмади. У фирқа мажлисига тупурганича, темурона залвор ва маҳобат билан театрдан чиқиб кетди…

1983 йили Ҳамза театридан Баҳодир Йўлдошев, унинг ортидан рассом Георгий Брим ва яна 25 нафар таниқли актёрнинг кетиши бу академик театр труппасининг иккига бўлинишигина эмас эди. Айни чоқда ўзбек театр санъатининг путурдан кетиши, таназзул томон илк қадами эди. Чунки Ҳамза театри Ўзбекистон театрлари учун маънавий етакчи, ижодий барометр эди. Ижодий мезонлар белгиланган-да, мазкур театр спектаклларининг савияси ва ижро усуллари назарда тутилар, уларга таассуб қилинар, ҳамиша юксак мақомда кўрилар эди. Бирданига шуларнинг барчасига дарз кетди.

Ўзбек театр санъати шундай қисматга онгли равишда дучор этилди…

Баҳодир Йўлдошев ана шу қисмат учун ҳам бутун масъулиятни ўз зиммасига олади. Ўз-ўзини айбдор ҳис қилади: «Бош режиссёр ё актёрларини енгиб яшаши керак, ё емиш бўлиб қолиши керак. Вақт ўтиб, биляпман — Ҳамза театри қисмати учун мен айбдор. Охиригача бош режиссёр бўлиб қололмадим. Кесмадим. Бош режиссёрнинг оддий режиссёрдан фарқи — шафқатсизроқ бўлиши керак экан».

Баҳодир бош режиссёрлик рутбаси ва масъулиятини теранроқ англаб, шу мавқеда янгидан иш бошлаганида, яна не-не фитна ва хиёнатларга дуч келишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Аммо энди бу бўлак бир тарих…

II

Баҳодир Йўлдошев 1984 йили «Ёш гвардия» театрига бош режиссёр этиб тайинланганида, қарийб йигирма йиллик тарихга эга, ўз йўли ва йўналишини белгилаб олган, дурустгина режиссёрларни кўрган ва айни чоқда истеъдодли актёрлар гуруҳи йиғилган жамоага етакчи бўлаётганини яхши билар эди. Билар эди-ю, аммо бу унинг театри эмаслигини ҳам қалбининг туб-тубида ҳис қилар эди. Бироқ не бўлмасин, ҳар қандай театрнинг бор-йўқлигини кўрсатадиган омил, қувғинга учраган режиссёрнинг ҳақлигини исботлаш воситаси спектакл экани аён. Шуни яхши англагани учун ҳам у парда орти «ўйинлари»га қўл силтаб, бирин-кетин Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Чакана савдо», А.Гелманнинг «Зенуля», «Саркофаг» песаларини, Ҳамзанинг «Майсаранинг иши» асарини завқу шавқ билан саҳналаштирди. Унинг янги театрга ўтиб, ўзини тўлақонли намоён этган илк спектакли «Майсаранинг иши» бўлди десак, хато бўлмас. Чунки бу спектаклнинг ижодий тақдири ҳам том маънода «баҳодирона» кечган эди.

Режиссёр халқ театри анъаналарини оврупоча профессионал театр талаблари билан уйғунлаштириб, томоша санъатининг янгидан жонланиши, ўзбек театр эстетикасининг яна бир янги йўналиш кашф этиб, бойиши ва ривожланиши учун замин ҳозирлаган эди. Аслида «Келинлар қўзғолони» спектаклида илк бор бўй кўрсатган бу тажриба «Майсаранинг иши»да тўлиқ намоён бўлди. Ҳар қандай янгиликнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб, яшаб кетиши осон кечмаганидек, «Майсаранинг иши» спектакли ҳам яна расмий доираларнинг тазйиқига, таъқиб-таъналарига дучор бўлди. Спектакл майдон томошалари каби халқ ичида, томошабинни фаол иштирокчига айлантирган ҳолда бошланади. Халқона куй-қўшиқлар асносида, миллий удумларимизга кўра, ҳар хил бало-қазо, ёмон кўзлардан асрасин дея исириқ тутатилади. Сўнг Майсаранинг қувноқ саргузаштларига ўтилади. Томоша шодон қаҳқаҳа ва тинимсиз олқишлар билан давом этади. Мукаммал режиссура, актёрлар маҳорати, томошабин фаоллиги — бари спектаклнинг фавқулодда муваффақиятини таъмин этади. Баҳодир Йўлдошевни академик театрдан қувғин қилиб синдиролмаган мавқедор амалдорлар жўяли асос топа олмагач, исириқни баҳона қилиб, режиссёрни диний сарқитларни тарғиб қиляпти, деган важ-корсонлар билан айблашга уринади. Бироқ шукрки, жамиятда батамом янги қарашлар ва ўзгаришлар шабадаси эса бошлаган эди.

Ўша кезлари Олмаота шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон театрларининг нуфузли «Наврўз» фестивали ўтказиладиган бўлиб, мустақил экспертлар гуруҳи фестивалга Ўзбекистондан айнан «Майсаранинг иши» спектаклини танлайди. Фестивал ташкилотчилари спектаклнинг услуби ва йўналишини тўғри англаб, декорацияни Мухтор Авезов номидаги Қозоқ Академик театр биноси олдидаги майдонга қуришни таклиф этади. Натижа кутилганидан ҳам аълороқ чиқади. Спектакл чинакам майдон томошаси, замонавий режиссура санъатининг янги изланишлари намойиши сифатида томошабинларнинг ҳам, ҳакамлар ҳайъатининг ҳам якдил эътирофига сазовор бўлади, фестивалнинг бош соврини билан тақдирланади. Ана шу муваффақиятдан кейингина спектакл атрофидаги «икир-чикир» гаплар барҳам топади. Баҳодир Йўлдошев замонавий ўзбек театр режиссурасининг дарғаси сифатида тан олинади. Ҳамза номидаги академик театрнинг Баҳодир Йўлдошевга маслакдош йигирма беш нафар актёри ёшлар театрига ўтиб, бу театр энди буюк актёр Аброр Ҳидоятов номи билан юритила бошлайди. Ҳар жиҳатдан қувват олган ижодий жамоа ХХ аср ўзбек театри тарихига кирган бир қатор спектаклларни яратади. «Келинлар қўзғолони» (янгидан тикланган вариант), «Қора камар», «Фармонбиби аразлади», «Зиёфат», «Маъмура кампир», «Алвидо, ҳаёт», «Қитмир», «Бухорои шариф» кабилар фикримизнинг ёрқин исботидир. Бу спектакллар театрни ҳам, Баҳодир Йўлдошевни ҳам шон-шуҳратга кўмди. Турли мукофот ва ёрлиқларга сазовор қилди. Шукур Холмирзаевнинг «Қора камар» песаси асосидаги спектакл учун Баҳодир Йўлдошев бошчилигидаги бир гуруҳ санъаткор республика Давлат мукофоти билан тақдирланди. Дарҳақиқат, бу спектакл шундай юксак эътиборга арзигулик жиддий ижтимоий-маданий ҳодиса бўлган эди.

Собиқ шўролар даврида босмачилик ҳаракати ҳақида бесаноқ китоблар ёзилгани ва уларнинг бари бу ҳаракатнинг «ёвуз моҳияти»ни очиб, батамом қоралашга урингани барчага аён. Бироқ бу ҳаракат оддийгина қароқчилик ё зўравонлик бўлса, нега шу қадар кенг миқёс касб этди, деган савол ижтимоий ҳаётимизда илк маротаба бор мураккаблиги ва залвори билан «Қора камар» спектаклида кўтарилди десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Ана шундай асарлар сабаб бўлиб, тарихимизга янгича, ҳаққоний ёндашмоғимиз лозимлигини ҳис эта бошладик. Халқ тарихи ортида инсон — шахс тарихи ётганини, демакки, ўтмиш аждодларимизнинг ҳар бир вакили қисматига, тақдирига алоҳида эътибор қилмоғимиз зарурлигини англадик. Шунинг учун ҳам «Қора камар» спектакли нафақат маданий жабҳада, ижтимоий ҳаётимизда ҳам жиддий воқеа бўлиб қолди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари жамиятимиздаги буюк ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг мустақиллиги эълон қилиниб, тамомила янги сиёсий тузум барпо этиш учун курашлар даври бўлди. Инсониятнинг маданият тарихидан маълумки, буюк ўзгаришлар замонида адабиёт ва санъатнинг ҳам юксак намуналари яратилади. Ҳеч шубҳасиз, Баҳодир Йўлдошевнинг рассом Георгий Брим билан бирга 90-йилларда яратган спектакллари ва майдон томошаларини шу сирага киритиш мумкин. «Паранжи сирлари», «Искандар», «Фаридун», «Малика», «Бир эшак ҳангомаси», «Нодирабегим» спектакллари, Мирзо Улуғбек, Амир Темур юбилей саналари муносабати билан ҳамда «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивали доирасида қадимий Самарқанднинг улуғвор Регистон майдонида қўйилган «Буюк ипак йўли», «Шашмақом» оммавий майдон томошалари фикримиз тасдиғидир.

«Хамса» асари ҳазрат Алишер Навоий даҳосининг ўлмас обидаси, улуғ мутафаккир ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашларининг юксак бадиий ифодасидир. «Ҳайрат ул-аброр»да дастлаб адабий эскизлар сифатида учрайдиган воқеа-ҳодисалар, ўй-мушоҳадалар «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» достонларида батафсил бадиий таҳлил ва бағоят теран талқинлар билан ҳикоя қилина бориб, «Садди Искандарий»да бадиий-фалсафий умумлашмалар тарзида мужассамлашади ва яхлитлик касб этади. Шу боис ҳам «Хамса» беш достондан иборат ягона ва яхлит асардир. Зоҳиран кўпчиликка ноаён бу ҳақиқат «Искандар» спектаклида ўзининг ажиб рамзий ва ҳаётий ифодасини топади. Тахтнинг тобутга айланиши, ҳукмдорлик рутбасининг моҳиятан жаллод ва ниҳояси абадият сари бўм-бўш қўллар билан рихлат қилиш экани фавқулодда таъсирчан лавҳалар ҳамда мизансаҳналарда, сокин ва соҳир оҳанглар жўрлигида, пештоқига Қуръон оятлари битилган масжидлар тасвири фонида намойиш этилади. Ҳазрат Навоий бугунги томошабин кўз ўнгида ҳам инсон, ҳам умумбашарий бир сиймо сифатида намоён бўлади. Қадим мумтоз мақомлар билан Иоганн Себастян Бах басталаган орган мусиқа оҳанглари узвийлигида томошабинни илоҳий туйғулар оғушига чорлайдиган сирли маънавий муҳит барпо этилади. Бир ярим соат давомида ана шу муҳит муқим сақланади. Бирор кимса томоша залини бетаъсир, ҳиссиз, фикрсиз тарк этолмайди.

Ўзбек томошабини дастлаб Аброр Ҳидоятов, сўнгра Олим Хўжаев ва Раззоқ Ҳамроевлар талқинида Алишер Навоий сиймосини етиб бўлмас кжсакликда таниган, англаган эди. Баҳодир Йўлдошев актёр Афзал Рафиқовни ҳар бир инсон юрагида кечадиган туйғулар, изтироблар ҳамда ўй-мушоҳадаларга бегона бўлмаган, қалбан яқин Алишер Навоий образида жонлантириб, анъанавий тасаввурларни ўзгартирди. Ҳазратни замона оқилларига ошно этиб, замондошимизга айлантирди. Бу миллий санъатимизнинг том маънодаги катта муваффақияти эди.

1994 йил бошларида Франция элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистонга франтсуз театр актёри Француа Шато ташриф буюрди. Мақсад — ўзбек театри билан ҳамкорлик қилиш. Бу ҳамкорлик «Искандар» спектакли мисолида ўзининг гўзал ва бетакрор самарасини берди. Француа Шато фаранг тилида Алишер Навоий ва Арасту сиймосини, ўзбек актёрлари эса она тилларида Искандар ва бошқа ролларни ижро этди. Баҳодир Йўлдошев фаранг актёри билан ҳижжалаб, устоз-шогирддек ишлагани йўқ. Уни Алишер Навоий даври, асарлари билан таништирди. Навоийшунос олимлар билан учраштирди. Қисқаси, уни Навоий дунёсига олиб кирди. Инсонйят бадиий тафаккурининг энг баланд чўққиси Шекспир деб юрган актёр Навоий даҳосини англаб, асарларини ўзлаштира боргани сари қарашлари ўзгарди. Ана шундай тушунчалар билан рол ижросига киришди. Пировардида томошабинни ҳай-ратларга эш қилган яна бир кашфиёт рўй берди. Тил тўсиқларини тамомила унутган, Навоий сиймосидаги актёрнинг пурвиқор қиёфаси, эҳтиросли ижроси ва саҳна маданияти барчани маҳлиё этди. Баҳодир Йўлдошев Француанинг салоҳиятли, профессионал актёр эканини, спектаклда актёрлар ансамблига етакчилик қила оладиган иқтидори борлигини дастлабки танишув ва суҳбатларидаёқ англаган эди. Натижа кутилгандан аълороқ бўлди. Бу ҳодиса Баҳодир Йўлдошев режиссурасининг улкан имкониятларини яна бир карра намоён этди.

Баҳодир Йўлдошев Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирган ҳар бир спектакл театр санъати ривожига, янги изланиш ва тажрибаларга йўл очди. Олимжон Салимов, Наби Абдураҳмонов каби режиссёрларнинг эътироф ва шуҳрат топган бир қатор спектакллари яратилишига ижодий туртки берди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ва чет эл театр жамоаларининг ҳамкорлигига замин яратди.

Баҳодир Йўлдошев Америка Қўшма Штатлари, Лаос, Франция, Тожикистонда спектакллар қўйди. Юртимиздаги турли йўналишдаги театрларда, жумладан, Алишер Навоий номидаги Академик катта опера ва балет театрида «Алишер Навоий» операсини, рус драма театри ва Абдулҳамид Мажидий номли Каттақўрғон театрида «Келинлар қўзғалони» спектаклини, Олим Хўжаев номидаги Сирдарё давлат театрида «Дардимни кимга айтай?», «Маъмура кампир» спектаклларини саҳналаштирди. Айниқса, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида намойиш этилган «Нодирабегим» спектакли ҳамкорликнинг сара намуналаридан бўлиб қолди.Тарихимизнинг «энг кир ва қора» даври — ХИХ аср ўрталарида уч хонлик орасидаги ўзаро зиддиятлар, майда гина-кудурат ва ер талашишлар оқибатида жаҳолат ғолиб келиб, эзгулик ғорат этилаётган кезлари шоираи даврон, Қўқон маликаси Нодирабегимнинг мамлакат бирлиги ва давлат мустаҳкамлиги учун курашлари акс этган спектакл мусиқали театр ҳаётида муҳим ҳодиса бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова талқинида Нодирабегим — мамлакат маликаси, демакки, юрт онаси сифатида халқ дарди билан яшаётган, гоҳ ҳукмдор ўғлининг хатоларидан изтироб чекаётган, эл-улус осойиши ва равнақи ҳақида ўйлаётган оқила бир аёл. Фарзандини хатолару хатарлардан асраш ниятида ихтиёрсиз сиёсатга аралашган Нодирабегим, дунё ишларидан безиб чарчаганида, суюкли ёри Амир Умархон руҳидан қувват олади, нафосат мажлислари, назм мушоираларидан таскин топади. Спектаклда ана шу ҳолатлар мумтоз мусиқа ва хореографик композициялар билан йўғрилган рамзий-хаёлий, гўзал мизансаҳналарда ўз ифодасини топган.

Томошабин давлат юки билан оналик туйғулари ўртасида, сиёсат билан нафосат орасида мувозанат тополмаётган жафокаш аёлнинг ёзғириш ва азобларидан мутаассир бўлади. Спектакл сўнгидаги қатл саҳнасида режиссёр топган рамзий фожеий лавҳадан ларзага тушади. Ўзига хос катарсис — тозариш ҳиссини туяди. Бу ҳам Баҳодир Йўлдошев режиссурасининг мусиқий театр йўналишидаги катта муваффақияти эди. Таъкидлаш жоизки, Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган миллатимизннг атоқли тарихий шахслари — Бобур, Зебуннисо, сўнгроқ Алишер Навоий ҳақидаги спектаклларда ва ниҳоят «Нодирабегим»да яққол намоён бўлган шартли-мажозий кўтаринки услуб режиссёрнинг кейинги ижодий фаолиятида устувор хусусият бўлиб қолди.Ўтган асрнинг 80-90-йиллари Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик санъатининг юксалиш йиллари бўлди. Расмий, норасмий эътирофлар, унвону нишонлар, чет эл сафарлари — хуллас, бир инсон орзу қилса арзигулик қисмат. Аммо бу ютуқлар қанчадан-қанча ички ва ташқи курашлар, зиддиятлар, баҳсу мунозаралар билан кечгани фақат унинг ўзигаю яқинларига аён. Театрда «манман»лик муайян ролда маромига етказиб ўйналса ёмон эмас, бироқ «мен зўр — сен пачоқ, мен буюк — сен ўртамиёна» қабилидаги калондимоғлик, мавқеталаблик авж олса, ана бу — фожиа. «Санъатдаги ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни сев» деган эди улуғ Станиславский. Мен учун фалон спектакл қўйилиши, мен фалон қаҳрамонлар ролини ўйнашим керак, чунки шуни деб академик театрни ташлаб, бу ерга келганман, дея «жасорати»ни писанда қилган актёр бор-йўғи худбиндир. Ўз ҳаётий ақидалари, ўз «мен»и бўлмаган актёр оддийгина тақлидчи-муқаллид, холос. Дарҳақиқат, субутсизлик, беқарорлик инсонни ҳам, ҳар қандай жамоани ҳам путурдан кетказади. Шу маънода бош режиссёр Баҳодир Йўлдошев ниҳоятда қатъиятли ва «бешафқат» раҳбар. У ўз труппасидан кимгадир меҳрибонроқ, кимгадир эътиборсизроқ бўлиши, хизмат тақозоси билан кимгадир мурувватлирвқ, кимгадир аччиқроқ гапириши мумкин. Аммо театрдаги интизомга риоя қилмаса, репетиция ёки спектаклларга кечикиб келса, тамом, бу актёр ўша кундан эътиборан Баҳодир Йўлдошев учун бегона, у театрдан кетиши шарт. 2001 йилга келиб эса бош режиссёр жамоанинг салкам ярми билан «хайрлашиш»га мажбур бўла бошлади. Театрнинг ўзгармас қатъий низомлари маиший манфаатлар исканжасида емирилаётган эди. Баҳодир Йўлдошев курашдан кўра ён беришни, чекинишни афзал билди. Бош режиссёрлик курсисини топширди. Зеро, санъаткорлик ақидаси ва қолаверса, соғлиги шуни тақозо этмоқда эди. Бу билан у қай бир маънода яна театрдан кетди. Бу кетиш ихтиёрий — мажбурий тарзда рўй берди.

III

Истиқлол йиллари Ўзбекистонда энг ривож топган санъат турларидан бири майдон томоша санъати бўлди. Тинчлик ва бунёдкорлик бош шиори бўлган мамлакатда, шўро замонидагидек, ҳарбий қудратни англатувчи аскарлар ва ўлим ваҳшатини солувчи даҳшатли қуроллар паради эмас, ҳаёт, гўзаллик, яратувчилик рамзи бўлган санъат тантанасини намойиш этувчи театрлаштирилган томошалар анъанага айланди.

Санъатнинг бу тури Баҳодир Йўлдошевдек режиссёрлар бадиий тафаккури маҳсули ўлароқ янгиланди, миллийлашди. Ўтган ўн беш йил ичида у Мирзо Улуғбекнинг 600, Амир Темурнинг 660, Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик юбилейлари, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари тантаналарини саҳналаштирди. Буларнинг ҳар бири ўзича алоҳида тадқиқот мавзуи. Чунки уларни оддий контсерт ё шунчаки бир хореографик композиция деб бўлмайди. Билъакс мусиқа, рақс, қўшиқ санъати жанрлари узвийликда фаол қўлланган, бир ғоявий мақсад атрофига жамланиб, очиқ осмон остида ижро этилган теран фалсафий мазмундаги театрлаштирилган маҳобатли томоша санъати намунасидир. Мазкур фикрдан келиб чиқиб, улардан айримларини, жумладан, 1994 йили буюк мунажжим, мутафаккир ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги шарафига уюштирилган томошани ёдга олайлик. Тўғри, «Майсаранинг иши» спектаклини майдон томошаси шаклида ҳам қўйиб, муваффақият қозонган режиссёр учун бу янгилик эмас эди. Бироқ тадбирнинг нафақат маданий жабҳада, эндигина тетапоя бўлаётган мустақил давлатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этганини, ЮНЕСКО ҳомийлигида истиқлол йиллари ўтаётган дастлабки халқаро тадбирлардан бўлганини ҳам назарда тутсак, томошани саҳналаштириш масъулияти нақадар жиддий бўлганини тасаввур этиш қийин эмас. Қолаверса, улуғ аждодларимиз орасида Мирзо Улуғбек номи ва асарлари жаҳон илм-фан аҳлига бошқалардан кўра кўпроқ маълум ва машҳур эди. Бинобарин, барчага маъқул монументал майдон томошасини саҳналаштириш осон иш эмас эди. Баҳодир Йўлдошев рассом Брим билан бамаслаҳат ишга киришди. Улар томоша ғояси ва бадиий эскизлари устида анча изланди. Томоша учун саҳна — пурвиқор Регистон майдони белгиланди. Бу табиий саҳна ҳар қандай томоша муваффақиятининг дастлаб-ки омилидир. Ундан оқилона фойдаланиш, бу саҳнани бор ҳайбати ва бетакрорлиги билан кўрсата олиш ҳам осон эмас эди. Режиссёр ва рассом бунинг уддасидан чикди. Майдон узра ўрта асрлар Мовароуннаҳр давлатининг бор салобатини англатувчи манзара жонлантирилди. Ҳар тарафда узун залворли чўян фонуслар. Фонусларда чор атрофга шуъла ва тафт бериб, гулхан ёнади. Саҳнага асъасаю дабдаба билан сарой маликалари кириб келади. Марказда гўё мурғак Улуғбек ётган бешик пайдо бўлади ва сокин-соҳир «алла» таралади. Алла карнаю ноғора, катта издиҳом ва йиғинларга чорлагувчи ҳайбатли литаврлар шовқинларига уланиб кетади. Сокин куйдан кейинги гулдурос оҳанглар томошабин вужудини тўлиқ қамраб олади. Уни беихтиёр воқеалар иштирокчисига айлантириб қўяди. Майдонга янги туғилган набирани муборакбод этгани бобо — Соҳибқирон Амир Темур оқ от миниб кириб келади. У ҳали дубулғасини ҳам ечмаган, катта бир муҳорабадан зафар қучиб келмоқда. Соҳибқирон набирани қўлга олиб, бир муддат термулади-да, бекларнинг беги, улуғи бўлсин дея, чақалоққа Улуғбек исмини бериб, манглайидан ўпиб чиқиб кетади. Шўх тарона янада авжланади. Шу тахлит саҳна кўринишлари алмашиниб, оммавий хореографик ҳаракатлар асносида Улуғбекнинг илм олами, шоҳлик шукуҳи, хорижлик элчилар билан мулоқот-муносабатлари ва ниҳоят фарзанди Абдулатиф билан боғлиқ изтироблари, фожиаси кўрсатилади. Бу саҳ-налар Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» трагедиясидан беназир санъаткор Шукур Бурҳонов ижросидаги монологлар, Хуршид Даврон қаламига мансуб Убай Бурҳонов ва Афзал Рафиқов ўқиган матнлар жўрлигида томошабин қалбида ҳаяжон ва завқ, тафаккурида ҳайрат ва ибрат уйғотади. Яқиндагина мустақиллигини қўлга киритган мамлакатда маънавий мезонлар белгиланаётган бир даврда шундай ибрат зарур эди. Бу фикрнинг яна бир исботи ўлароқ орадан кўп вақт ўтмай, улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллик тантаналари нишонланди. Бу байрамнинг ҳам асосий томошасини Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирди.

Амир Темур номи беқиёс асъасаю дабдаба, етиб бўлмас маҳобат, даҳшатли жангу муҳорабалар, осмонўпар ложувард гумбазлари ила ажиб сир ва салобат касб этган юксак меъморий обидалар билан уйғун ҳолда хаёлга келади. Режиссёр Амир Темур қиёфасини бирор актёр ижросида жонлантиришдан кўра, у ҳакдаги ўша хаёлий тасаввурларни гўзал бадиий-хореографик томоша воситасида мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Соҳибқирон сиймосини имкон қадар кам кўрсатиб, унинг қудратини англатувчи ҳодисаларни пластик ифода йўсинида акс эттиришга интилди.

Бинобарин, миллат қаҳрамонини миллат тимсолига айланган актёр ижро этиши керак эди. Келбатига қараб бир актёрни танлай деса, у тўйма-тўй юриб, нораво қилиқлар қилиб турса, овозининг ўктамлигига қараб сайлай деса, бу овоз қурғур ҳар куни саҳардан тунга қадар гоҳ радио, гоҳ телевизор экранидан ҳар турли эшиттириш ва кўрсатувларда жаранглайвериб, меъдага теккан бўлса, хўш, нима қилиш керак? Албатта, бундай ҳолда ягона чора — аниқ қиёфани жонлантиришдан имкон қадар қочиш эди. У шундай йўл тутди. Соҳибқирон қиёфасини умумий кўринишларда хиёл жонлантириб, томошабинда хаёлий тасаввурларнинг тўлиқ сақланиб қолишига эришди…

1997 йилдан бошлаб мамлакатимизда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Ҳозирга қадар фестивал беш маротаба ўтказилди. Икки йилда бир бўладиган бу мусиқа байрамининг очилиш маросимида улуғвор Регистон майдонида театрлаштирилган катта оммавий томоша қўйиш ҳам урф бўлиб, уни саҳналаштириш муттасил Баҳодир Йўлдошев зиммасига юкланмоқда. Бу маросимлар шунчаки бир томоша эмас. Ҳар сафарги томоша бири-бирини такрорламайдиган, маҳобатли спектакллардир. Ана шу спектакллардан иккитасини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Улардан бири 2001 йили саҳналаштирилган «Буюк ипак йўли» томошаси. Кейингиси эса 2003 йилги «Шашмақом» дея шартли номланган бадиий хореографик композициядир.

«Буюк ипак йўли» қадим-қадимдан Ғарбу Шарқни бир-бирига боғлаган, моддий неъматлар билан бир қаторда маънавий юксалишга ҳам беқиёс хизмат қилган ҳаёт йўлидир. Унинг аҳамиятини бутун дунё эътироф этади, ўрганади, илмий-амалий анжуманлар, адабий-бадиий тадбирлар ўтказилади. Хуллас, томоша учун бир дунё манба ва адоқсиз мавзулар…

Энг муҳими, режиссёр бош ғояни топди: «Дунё турфа ранг ва мазмундан иборат ягона бир маскан. Инсоният турли тилларда сўзлашса-да, турли ақида ва одатларга суянса-да, бир ота ва онанинг фарзанди, қалби, ўй-интилишлари муштарак». Ана шу ғоянинг инкишофи ўлароқ «Буюк ипак йўли» бўйлаб кетаётган карвоннинг шартли-мажозий образи жонланади. Бу карвон йўлида учраган элларнинг урф-одати, кийим-безаклари, куй-қўшиқлари акс этган алоҳида хореографик лавҳалар намойиш этиб борилади ва у охир-оқибат ягона композиция-бутунликда кўзда тутилган бош ғояни ифода этади. Томошабин гоҳ Оврупо майин-мусиқий оҳанглари оғушида, гоҳ «Кармен» операси учун ёзилган эҳтиросли испан куйлари шиддатида, гоҳ ҳинд сето ва таблалари жаранглаган нафосат оламида, қозоқ, тожик, туркман, корейс ва хитой мусиқаси садолари янграган дунёларда тўлқинланиб, сурурланиб ўтиради. Айниқса, ўзбек миллий куй ва рақслари, «Шашмақом»нинг сокин ва сеҳрли наволари таралгач, гўёки узоқ сафардан сўнг юртига қайтган карвон шодлиги ҳаволарни тутади. Тирикликнинг, яшамоқнинг нақадар улуғ неъмат эканини, дунёнинг шунчалар инжа ва гўзаллигини ҳис этган юракларда алёр янграйди, ҳайратлар уммонида руҳ юксалади. Шундай туйғуларни ҳадя этган ижодкорларга, санъаткорларга ич-ичидан тасаннолар айтилади.

Орадан икки йил ўтиб, ана шу майдонда намойиш этилган «Шашмақом» деб шартли номланган томоша аввалги таассуротларни уйғотиб, яна чексиз ҳайратларга чулғади. Миллий қўшиқ, рақс ва либосларимизнинг бутун палитрасини намоён этди. «Шашмақом» — минглаб йиллар билан белгиланадиган қадим наволаримиз. Унда халқнинг дарди, орзу-умидлари, ташвишлари, илму маърифати, урф-одати, касб-ҳунари, қувонч-шодликлари — бари мужассам. Энг муҳими, уни томошабин-тингловчи қалби ва онгига етказа билишда. Режиссёр миллийлигимиз ва қадим юксак маданиятимиз ифодаси сифатида «Шашмақом»нинг бор жозибаси, моҳият-мазмунини имкон қадар тўлиқроқ намоён этиш учун жонли ижро усулини танлади. Очиқ осмон остидаги маҳобатли саҳнада бундай усулни қўллаш катта жасорат ва журъат талаб этади. У аниқ хаёлий тарх асосида майдоннинг марказию бор атрофини, асосий саҳна ва мизан саҳналарни пухта ўйлаб, реаллаштирди. Абдуҳошим Исмоиловнинг мусиқий истеъдодига суяниб, «Шашмақом» тартиби, ижро йўллари, ички динамикаси ва ижрочилар имкониятларини назарда тутиб, томошанинг ҳар жиҳатдан мутаносиб, яхлит композициясини шакллантирди. Албатта, режиссёр идроки ва у тузган мукаммал конструкция ижрочиларнинг маҳорати билан уйғунлашсагина тўлиқ муваффақият қозониши мумкин. Шу маънода, бу томошада икки ака-ука бола ҳофизларнинг тиниқ наволаридан то ака-ука халқ ҳофизлари Исроилжон ва Исмоилжон Ваҳобовларнинг доирага усул бериб, унга ҳамоҳанг куйлаб майдонга кириб келишларигача, Сойибжон Ниёзовнинг қалб торларини чертгувчи «Дуторим» қўшиғидан то беназир созанда Абдуҳошим Исмоиловнинг ғижжакдаги «Чўли ироқ» ноласию Матлуба Дадабоеванинг «Самарқанд ушшоғи»даги бетакрор авжигача — бари Баҳодир Йўлдошев режиссурасида бағоят табиий узвийлик касб этди. «Шашмақом» хонишларининг ўрни билан Хоразм мақоми ва «Лазги»сига, қорақалпоқ қизларининг нозли ўйинлари, Бойсун фолклор қўшиқ ва рақсларига омухта этилиши томошабин руҳиятининг дардчил, тушкун ҳиссиётлардан некбин туйғуларга уланиб кетишини таъминлади. Раққосаларнинг завқу шавққа тўлиб, маҳобатли саҳнани тўлдириб хиром этишлари ёруғлик ва ҳаёт тантанасининг муқаррарлигидан мужда берди. Баҳодир ака ана шундай томошаларга тайёргарлик жараёнида бир фикрни айтган эди: «Ҳар қандай қовушимсиз ижрони жойини топиб, ўз табиий тартибида кўрсата билсанг, уни одамлар қабул қилади, керакли, ёқимли ҳодисага айланади. Бу майдон томошалари режиссурасининг энг асосий хусусиятларидан». Дарҳақиқат, уйғунликда гап кўп… «Шашмақом» майдон спектаклининг якунида яна бир мизансаҳна намойиш этилди. Саҳнанинг томошабинга яқин томонларида турли миллий ҳунармандчилик дов-дастгоҳлари ўрнатилди. Улар шунчаки декорация эмас, балки ўз вазифасига кўра ҳаракатга солинган ашё-ускуналар эди. Қаторда бир қанча тандирлар ҳам қурилган бўлиб, томоша бошланишида уларга ўт қалаб, қизитиб турилди. Томоша давомида унга росмана нонлар ёпилиб, ниҳоясида тандирдан иссиқ-иссиқ узиб, томошабин-меҳмонларга патнису ликопчаларда қанд-қурс, писта-бодом, пашмак-парварда, майизу туршак, олма-узумларга қўшиб тортиқ этилди. Бу манзара, бу ўзбекона лутфдан томоша таассуротида ҳаприқиб турган халойиқ энди ростакам қийқириб юборди. Олқишу алёр ҳаволарни узоқ вақт тўлдириб турди. Бу Баҳодир ака назарда тутган уйғунликнинг мумтоз намунаси эди…

Баҳодир Йўлдошев ҳам жисмонан, ҳам руҳан ниҳоятда кучли шахс… «Эди» деган сўзни сира қўшгим келмаяпти. Чунки ҳамиша ёнингда, ҳамқадам, қадрдон, азиз инсон ҳақида ўтган замон феълини қўшиб айтиш жуда ёқимсиз. Бироқ ҳақиқат туйғуси шундай дейишга мажбур этади…

Унинг жисмонан кучлилиги рост гап. Баҳодир Йўлдошев спектаклларининг репетиция жараёнларини кузатганлар буни яхши билади. Бир чойнак кўк чой ва бир пачка сигаретни столга қўйиб олиб, 15-16 соатлаб узлуксиз ишлаганини, ҳатто 40 даража тана ҳарорати билан «Искандар» спектаклини премерага тайёрлаганини, гоҳида ўзидан анчагина бақувват бузғунчиларни бир зарб билан қулатиб ташлаганини кўрганлар сўзларимиз лоф эмаслигини тасдиқлар. Айни чокда унинг руҳан нақадар қувватли эканини не-не фитна ва маломатларга бас келиб, курашларда ғолиб бўлгани етарлича исбот этар. Баҳодир аканинг куч-қудрати ҳақида ўтган замонда гапиришимиз боиси шундаки, у ёши элликдан ўтганида ҳаётининг том маънода тиргаклари бўлган энг азиз кишиларидан бирин-кетин жудо бўла бошлади. Дастлаб Турсунбой ота, 2001 йили онаси Ширинхон Мелиева оламдан кўз юмди. Турсунбой ота ҳам, Ширин ая ҳам ёшларини яшаб, барча орзу-ҳавасларини кўриб, ҳатто ўғилларининг 50-йиллигини ўзларининг 85 ва 75 йиллик қутлуғ саналари билан бирга Каттақўрғон театрида тантанали нишонлаб, дунёйи охиратга йўл олдилар. Гарчи Баҳодир ака уларнинг вафотини ниҳоятда оғир қабул қилган бўлса-да, табиат қонунига кўникмай илож йўқ эди. Қизиқ, Турсунбой ота феъли мулойим, файласуфсифат инсон эди. Ширин ая эса ҳукмфармо аёл бўлиб, сўнгги кунларигача ғурурли, ўктам феълини ҳам, қиёфасини ҳам сақлаб қолди. Баҳодир ака Каттақўрғонга тез-тез бориб, улардан хабар олиб турса-да, у ердан ҳам тезда қайтиб келарди. Ўғил соч-соқолига қиров тушса-да, она учун фарзанд, доимий тергаб-текшириб, назоратда тутиладиган ўспириндек эди гўё. Оламшумул маънавий муаммоларнинг саҳна талқини ташвишлари билан фикри-зикри банд ўғилга гоҳо бу назорат малол келар, ишдан ташқари барча нарсани номуҳим деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ҳам Баҳодир аканинг Каттақўрғон сафарлари узоқ давом этмасди. Бироқ бирор кун йўқ эдики, онасига қўнғироқ қилмаса, бирор дақиқа йўқ эдики, онаси хаёлидан ўтмаса!.. Шу боис ҳам у онаси вафотидан сўнг анчайин чўккандек бўлди. Уни кўриб, билиб юрганлар наздида улғайгансифат таассурот бера бошлади. Йўқ, бу изтироб саксон ёшида фоний дунёни тарк этган онадан жудолик қайғусигина эмас эди. Баҳодир Йўлдошев файласуф санъаткор сифатида фаною бақо нима эканини теран англаган ва буни бадиий кашфиётлар билан ўзгаларга ҳам англата билган шахс. Аммо афсуски, бундан аввалроқ жудоликнинг аёвсиз бир зарбасига дучор бўлган одам бунисига дош бериши ўта душвор эди. 1999 йили Германияда буюк мусаввир Георгий Брим вафот этди. Дунёйи дунда 65 йил яшаб, хасталик нималигини билмаган, ҳамиша йигитлардек чапдаст, ғайратли, меҳнаткаш-заҳматкаш Брим юрт жудолигини кўтара олмади. Туркманистонда туғилиб ўсиб, Тошкентда илдиз отган немис фарзанди қарийб 40 йил ўзбек миллий театри учун ўта ҳалол ва холис хизмат қилди. Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург ва асосан Баҳодир Йўлдошевнинг деярли барча спектаклларида саҳна безакларини яратди. Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик феноменининг юзага келишида кашшофлик ва камарбасталик қилди. У миллий хусусиятларимизни идрок этиш ва рангу шаклларда ифодалашда шунчалар камол касб этган эдики, ҳамма уни ўзбекларнинг ўзбеги деб атар эди.

90-йиллар адоғида Брим нуроний онаси ва жондан азиз набирасининг ўз тарихий ватанига кўчиб кетишларига монелик қила олмай, уларнинг ортидан боришга мажбур бўлди. Чунки унинг ўзига ҳам кексалик рутубати соя ташлаётган, умр хазонини ёлғизликда ўтказиш азобидан хавотирга тушаётган эди. Қанчалар оғир бўлмасин — кетди. Кетди-ю орадан кўп фурсат ўтмай илдизидан ажралган чинор мисоли қулади. Уни соғинч, қадрдон юрт соғинчи, дўст соғинчи қулатди. Жисмонан бақувват, бўз йигитдек ғайратли инсоннинг ногоҳ ўлими сабабларини фақат шундай изоҳлаш мумкин!..

Шум хабар етган кунлар кўпчилик учун қайғули бўлди, уни билган ва суйган, ҳурматлаган кўпчилик учун… Аммо Баҳодир Йўлдошев учун бу машъум хабар ҳақиқий мотам бўлди. Аллақачонлар дунёга файласуфона кўз билан қарашга одатланган санъаткор учун бу сўнгсиз армон бўлди. Шу кунлари уни кўрган яқинлари, таъзия изҳор қилиб келган дўст-ёрлари инсоннинг соқол-мўйи кўзёшларидан шунчалар нам тортиши мумкинлигига шоҳид бўлди… У барча имкониятини ишга солиб, олис Германияга отланди. Юртдан бир кафт тупроқ олиб, ўша мамлакатнинг қандайдир байрами туфайли кўмилишга рухсат бўлмай, музхонада музлатиб қўйилган қадрдонининг жасадини ерга топшириб келди. Келди-ю, қайтиб бирор жиддийроқ ижодий иш билан шуғулланишга куч-қувват топмади. Орадан бир-икки сана ўтиб онасини ҳам тупроққа берди… Буларни юрак кўтара олмади. Хасталикка йўликди. Санъаткор юрагичалик яралангувчи юрак йўқ!.. Инсон руҳиятининг, куч-қувватининг сўниши учун бунданда ортиқроқ дард бўлмас!
..

Георгий Брим Баҳодир билан «Ёш гвардия» театрига ўтгач, «Ҳамлет» спектакли учун декорация ишлай бошлаган эди. Назаримда, бир вақтлар Ҳамза театрига бош режиссёр этиб тайинланганидан кейин Баҳодир Йўлдошев Шекспирнинг «Қароқчилар» трагедиясини қўйиб, гўёки ўз тенгдошлари, ўз авлоднинг ҳаётий дастурини эълон қилганидек, ёшлар театрининг ҳам дастурий спектакли бўлиши керак деган мулоҳазадан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Ҳамлетнинг «Мени ёнғоқ ичига солиб қўйиб «Сен озодсан!» десангиз, мен ўзимни бутун дунёнинг хоқони деб сезаман» ёки «давр издан чикди, уни изига солмоқ менинг зиммамга тушди» деган сўзларини Баҳодир ака бот-бот эслаб туриши ҳам шундан далолат… Декорация тайёр бўлди, Бримнинг умумбашарий миқёслардан туриб чизган суратлари ақлларни лол этди. Энди унга мос спектакл яратиш лозим эди. Таассуфки, бу спектакл яратилмади. Ҳануз яратилмаяпти… Ким билсин, миллат тимсоли бўла оладиган актёр туғилмаяптими ёхуд яна бир бошқа баҳонаи сабаб…

Баҳодир Йўлдошев ўспиринлигидаёқ Ҳамлет билан «дўст» тутиниб, кейинроқ бу дўстлик армонга айлангани, армон эса таскин исташи, таскин эса «ақлли баҳоналар»дан туғилишини айтиб ўтган эдик. Ҳақрост, шундай! Баҳодир аканинг театрдан ташқаридаги ҳаёти, фаолияти ҳар қанча зарур, зўр ва шарафли бўлмасин, катта-катта анжуман ва тадбирлардаги бадиий томошалар — майдон томошалари қанчалар куч-ғайрат, топқирлик, юрак қўри талаб этмасин ва улар унча-мунча театр спектаклларидан муҳимроқ ва мураккаброқ бўлмасин, барибир улар Баҳодир Йўлдошевнинг таскинлари, «ақлли баҳоналар»и. У «театр ҳар хил бўлиши керак — майдон, камер театри ва асосийси, халқ учун доим зарур театр бўлиши керак» дея беҳуда умр ўтказмаётганини таъкидласа-да, барибир ҳаётий аъмоли театр эканини бир нафас бўлса-да, ёдидан чиқармайди.

Театр билан ришталар узилмасин, жараённинг ичида бўлай деб Маданият институтида ўқувчи ўн-ўн беш нафар шогирдга Аброр Ҳидоятов театрида нималарнидир ўргатмоқчи бўлади. Улардан ё режиссёр, ё актёр тайёрлайман, деган дастлабки фикридан эндиликда воз кечиб, улар ҳеч бўлмаса, яхши томошабин бўлиб шакллансин, дея умид қилади. Майдон томошаси қўйишга чоғи келадиган беш-олти режиссёр тарбиялаш керак деб, турли амалдорга ўз талабларини маъқуллатиб, театр студияси, ўқув курслари каби не бир тараддудлар билан яна қисматдан чалғиб, аниқроғи, унга чап бермоқчи бўлди. Тасалли — педагогика билан «жиддий» шуғулланиш гўё. Аммо бир нарса аниқ- педагогика бу ҳамиша дидактика, панду ўгит. Баҳодир Йўлдошевнинг эса феъл-атвори ҳам, туриш-турмушию ўй-кечмиши ҳам, ўзи яратган театр дунёси ҳам панду ўгитдан йироқ. У ҳамиша фикрни ёндириб, тафаккур ёлқинларини ёқиб яшаган. Ўй-мушоҳададан, бадиият жозибасидан лаззат олган ва ўзгаларни ҳам шунга даъват этган.
Унинг спектаклларидан ҳеч бир то-мошабин насиҳат эшитиб чиққан эмас. Тўлиб-тўлиб йиғлаган, тўйиб-тўйиб кулган, изтиробланиб, азобланиб чиққан ва барини фикратига жо қилиб, хаёлларида ғалаён, қалбида туғён билан томоша залини тарк этган. Алалхусус, бугун бутун миллат тафаккури ёниқ фикрга, мулоҳаза-мушоҳадага, ўзимизни танидикми, ҳақу ноҳақ қаерда, тўғри не-ю, эгри нима, қаердамизу қаерга кетяпмиз, иймон-эътиқодимизга, диду савиямизга не бўлди, деган оғриқ саволларга муҳтож. Бу саволлар адабиёт ва санъатни азалдан ўйлантирган. Кишиларни гўзаллик, ҳайрат ила саодатга йўллаган… Умид улки, шояд, Баҳодир Йўлдошев Яратганнинг ўзи битган қисматида қойим бўлса! Бир кетганга бир қайтиш ҳам бор, дейдилар-ку машойихлар…

«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 2-сонидан олинди

0777
Суратда: Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва  режиссёрнинг узоқ йиллик маслакдошлари: машҳур театр рассоми Георгий Брим, шоир Хуршид Даврон. Самарқанд,1996 йил.

001

Shuhrat Rizo
BAHODIR SIYRATIGA BIR NAZAR

I

1974 yili yigirma sakkiz yoshli yigit O’zbekistonning eng nufuzli teatri — Hamza nomidagi O’zbek davlat akademik drama teatriga bosh rejissyor etib tayinlaganida ko‘pchilik bu holga xiylagina istehzo bilan qaragan edi.
Chunki Mannon Uyg‘ur, Yetim Bobojonov, Abror Hidoyatov, Obid Jalilov, Lutfulla Narzullaev, Toshxo‘ja Xo‘jaev kabi mashhur san’at arboblari ishlagan, Shukur Burhonov, Olim Xo‘jaev, Sora Eshonto‘raeva, Nabi Rahimov, Zaynab Sadrieva singari ulug‘ san’atkorlar faoliyat ko‘rsatib turgan teatrga yosh bir yigitning bosh rejissyor bo‘lib yetakchilik qilishi favqulodda bir hodisa edi. Ammo har qancha istehzo va hayrat uyg‘otmasin, bu hol ro‘y bergan, reallikka aylangan edi. Taqdirning hikmatini qarangki, bu yigitning nomi bejiz Bahodir deb qo‘yilmagan ekan…

San’aktorlik uning nasabida bor edi. Otasi Tursunboy Yo‘ldoshev o‘sha kezlari teatrda sozanda bo‘lib ishlagan, onasi Shirinxon Melieva esa aktrisa bo‘lgan. Bahodir Yo‘ldoshevning ijodiy kamolotida bu muhit hal qiluvchi omil bo‘lgani aniq.

Bahodir dunyoga kelgandan beri teatr bilan hamnafas. Tug‘ilibdiki, teatrda ko‘krak emib, teatrda tetepoya bo‘lib, teatrda ulg‘aydi. Ayniqsa, uch yoshga to‘lar-to‘lmas onasi Shirin Melieva Kattaqo‘rg‘on teatriga direktor etib tayinlangach, yotar-turar joyi teatr bo‘lib qoldi. Sekin-asta yosh bolalar obrazi bo‘lgan spektakllarda rol ijro eta boshladi.

O’sha kezlari Zinnat Fatxullinning «G’unchalar» pesasi ancha dovruq qozongan edi. Shu asarda personajlardan biri go‘dagini qutiga tashlab ketadi. Kattaqo‘rg‘on teatridagi spektalda ana shu «tashlandiq bola» rolini Bahodir Yo‘ldoshev ijro etdi.

Uning ilk «rejissyor»ligi ham bolaligidan boshlangan. Bahodir akaning o‘zi besh-olti yoshlarida jajji tomoshalar qo‘yganini eslaydi. Ammo uning rejissura va aktyorlik bilan chinakamiga shug‘ullanishi yettinchi sinflarda o‘qib yurgan kezlariga to‘g‘ri keladi. Kattaqo‘rg‘on shahar «Madaniyat uyi» qoshida ochilgan teatr studiyasida ilk bor Mixail Lermontovning «Maskarad» she’riy dramasini sahnalashtirdi. O’sha kezlari Bahodirning «Maskarad»dan keyin fikr-xayolini band etgan va so‘ngra butun umri davomida tark etmagan asar Shekspirning «Hamlet» tragediyasi bo‘ldi. Oradan chamasi qirq yilcha vaqt o‘tgach, Bahodir Yo‘ldoshev «Hamlet»ga sadoqatini bunday ifodalagan edi: «Hamlet — mening do‘stim. Men har tong uning yodi bilan uyg‘onaman, u bilan birga dunyodan nafratlanaman va u bilan birga shu dunyoni sevaman» («Dunyo nahot shunchalar go‘zal!..» Naim Karimov bilan suhbat. «Tafakkur» jurnali, 1995, 1-son).

Alalxusus, Hamlet va shu kabi murakkab obrazlar dunyosida o‘zligini izlayotgan yigitcha maktabni tugatib, Toshkentga keladi. Teatr va rassomlik institutida O’zbekiston xalq artisti Toshxo‘ja Xo‘jaevdan saboq oladi. O’qish bilan birga Hamza nomidagi akademik teatrda (hozirgi Milliy akademik teatr) rejissyor yordamchisi bo‘lib ishlay boshlaydi. Ustozlarining «Oltin devor» (T.Xo‘jaev), «Buxoro» (A.Ginzburg) spektakllarida assistentlik qiladi. 1970 yildan boshlab rejissyor sifatida faoliyat yuritadi. O’sha kezlari akademik teatrning bosh rejissyori bo‘lgan A.Ginzburg «Sening zavqu g‘ayratga to‘liq yoshliging mening tajribalarim bilan qo‘shilsa, teatr uchun foydali nimadir chiqar» degan fikrda unga mustaqil ishlash uchun imkoniyat yaratadi. Bunday bag‘rikenglikdan ruhlangan yosh rejissyor ketma-ket spektakllar sahnalashtirib, asta-sekin tilga tusha boshlaydi. 1974 yili ne-ne ulug‘lar ishlagan va ishlab turgan otaxon teatrga bosh rejissyor etib tayinlanishining sababi ham undagi bilim va salohiyat edi. Bu katta ishonch edi. Ammo halol mehnat va yuksak iste’dod tufayli qozonilgan ishonch edi. Uning dastlabki samarasi Fridrix Shillerning «Qaroqchilar» pesasi asosidagi spektaklda namoyon bo‘ldi. Chunki bu ayni o‘tgan asrning 60-yillar adog‘i — 70-yillar boshlarida teatrga kirib kelgan nihoyatda umidli va g‘oyat iste’dodli bir avlodning dasturiy spektakli edi.

Nohaqlik dunyosiga qarshi isyon ko‘targan bosh qahramon Karl Moor ozod bir mamlakat barpo etishni orzu qiladi. Biroq nomarg‘ub yo‘llar bilan, talon-taroj, qaroqchilik usullari bilan yuksak niyatga erishib bo‘lmaydi. Gunohlarini yuvmoqqa chog‘langan qahramon oxir-oqibat fojiaga yuz tutadi.

Sho‘rolar saltanati butun dunyoga tahdid solib, erk va ozodlik g‘oyalarini bo‘g‘ib turgan o‘sha zamonda isyon ruhini, erksevarlik g‘oyalarini targ‘ib etish katta jasorat edi. Inchunun, kechagina bosh rejissyor bo‘lgan Bahodir Yo‘ldoshev yoki respublikaning bosh teatriga qabul qilingan uning maslakdoshlari — yosh aktyorlarning bunday jasorati «kechirilmasligi» ham mumkin edi. Ana shunday ijtimoiy vaziyatda «Qaroqchilar»ning sahnalashtirilishi katta hodisa bo‘ldi.

«Qaroqchilar»dan so‘ng Bahodir Yo‘ldoshev o‘n yil davomida Hamza teatri va xorij teatr sahnalarida o‘ttizga yaqin spektakllar qo‘ydi. Bu asarlar o‘z vaqtida turlicha talqin va baholarga sabab bo‘ldi. E’tirof etildi, inkor qilindi. Olqish va tazyiqlarga uchradi. Biroq, nima bo‘lganda ham, o‘zbek teatr san’atining, bosh akademik milliy teatrimizning mavqei va nufuzini saqladi. Boshqa teatrlar uchun ibrat va ijodiy mayoq vazifasini o‘tadi. Bularning ichida B.Vasilev asari asosidagi «Ro‘yxatlarda yo‘q» va Said Ahmadning «Kelinlar qo‘zg‘oloni» pesasi asosidagi spektakllarni alohida ta’kidlamoq lozim.

Beg‘ubor kulgu, quyma milliy obraz va topilmalar, biri biridan jonli va puxta sahnalar, bir nafas ham tomoshabinni befarq qoldirmaydigan harakat hamda aktyorlar ijrosining uzluksiz dinamikasi «Kelinlar qo‘zg‘oloni» spektaklining asosiy fazilatlari edi. Barcha aktyorlarning yuksak ijro mahorati hamda eng avvalo, buyuk aktrisa Zaynab Sadrievaning sahnadagi benazir yetakchilik salohiyati spektakl muvaffaqiyatining bosh omili bo‘ldi…

Sobiq sho‘rolar tuzumi davrida san’at mafkuraviy qurol sifatida doimiy nazoratda va iskanjada edi. Senzura — yo hayot, yo mamot masalasini hal etguvchi nozir, bir guruh qo‘g‘irchoq «mutaxassislar» esa sog‘lom fikrni bo‘g‘ishga fatvo to‘qib berguvchi hakam bo‘lgani yodimizda. Bahodir Yo‘ldoshev o‘n bir yil akademik teatrga bosh rejissyorlik qilib, haqiqat yo‘lida ne-ne qaltis vaziyatlarga tushmadi, kimlar bilan olishib-talashmadi deysiz… Goh kelishib, yon berishga majbur bo‘ldi, masala o‘ta keskin bo‘lganida esa mulohazaga bormay kurashdi. 1983 yili Pirimqul Qodirovning «Yulduzli tunlar» romani asosida shu nomda spektakl qo‘yganida, temuriyzoda Zahiriddin Bobur siymosini sahnaga olib chiqqani uchun Markazqo‘mdagi «Mafkuraxonim»ning qanchalar jazavaga tushib, spektaklni taqiqlagani va bu asar Bahodir Yo‘ldoshevning otaxon teatr sahnasidagi so‘nggi spektakllaridan bo‘lib qolgani ko‘pchilikka ayon. Markazqo‘m «sopini ham o‘zidan chiqarish»ga odatlangan edi. Binobarin, Bahodir aka bir suhbatda ta’kidlaganidek, «Oltmish kishilik teatr truppasida doim o‘n besh kishi faol ishlaydi. Baloga qoladigan ham shular». Qolganlari esa kuzatuvchi. Vaqt o‘tgan sari kuzatuvchilik alamga aylana boradi. Alamzadalarga ozgina turtki berilsa bas — g‘iybat bilan boshlangan norozilik dahanaki jang, fitna va ommaviy xatbozliklar bilan avj darajasiga ko‘tariladi. «Yuqori»ga ham bo‘ysunmas, sarkash bosh rejissyordan qutulish uchun shuning o‘zi kifoya. San’at taqdiri bilan bog‘liq masala shu qadar jo‘n va aqlsizlik bilan hal etilar edi. Shunday vaziyat taqozosi o‘laroq truppadagi ma’naviy muhit keskin buzildi. G’iybatu fitna-fasod respublika matbuotiga chiqib, teatr yuzidan parda ko‘tarildi. Bahodir Yo‘ldoshevning teatrni tark etishdan boshqa chorasi qolmadi. U firqa majlisiga tupurganicha, temurona zalvor va mahobat bilan teatrdan chiqib ketdi…

1983 yili Hamza teatridan Bahodir Yo‘ldoshev, uning ortidan rassom Georgiy Brim va yana 25 nafar taniqli aktyorning ketishi bu akademik teatr truppasining ikkiga bo‘linishigina emas edi. Ayni choqda o‘zbek teatr san’atining puturdan ketishi, tanazzul tomon ilk qadami edi. Chunki Hamza teatri O’zbekiston teatrlari uchun ma’naviy yetakchi, ijodiy barometr edi. Ijodiy mezonlar belgilangan-da, mazkur teatr spektakllarining saviyasi va ijro usullari nazarda tutilar, ularga taassub qilinar, hamisha yuksak maqomda ko‘rilar edi. Birdaniga shularning barchasiga darz ketdi.

O’zbek teatr san’ati shunday qismatga ongli ravishda duchor etildi…

Bahodir Yo‘ldoshev ana shu qismat uchun ham butun mas’uliyatni o‘z zimmasiga oladi. O’z-o‘zini aybdor his qiladi: «Bosh rejissyor yo aktyorlarini yengib yashashi kerak, yo yemish bo‘lib qolishi kerak. Vaqt o‘tib, bilyapman — Hamza teatri qismati uchun men aybdor. Oxirigacha bosh rejissyor bo‘lib qololmadim. Kesmadim. Bosh rejissyorning oddiy rejissyordan farqi — shafqatsizroq bo‘lishi kerak ekan».

Bahodir bosh rejissyorlik rutbasi va mas’uliyatini teranroq anglab, shu mavqeda yangidan ish boshlaganida, yana ne-ne fitna va xiyonatlarga duch kelishini xayoliga ham keltirmagan edi. Ammo endi bu bo‘lak bir tarix…

II

Bahodir Yo‘ldoshev 1984 yili «Yosh gvardiya» teatriga bosh rejissyor etib tayinlanganida, qariyb yigirma yillik tarixga ega, o‘z yo‘li va yo‘nalishini belgilab olgan, durustgina rejissyorlarni ko‘rgan va ayni choqda iste’dodli aktyorlar guruhi yig‘ilgan jamoaga yetakchi bo‘layotganini yaxshi bilar edi. Bilar edi-yu, ammo bu uning teatri emasligini ham qalbining tub-tubida his qilar edi. Biroq ne bo‘lmasin, har qanday teatrning bor-yo‘qligini ko‘rsatadigan omil, quvg‘inga uchragan rejissyorning haqligini isbotlash vositasi spektakl ekani ayon. Shuni yaxshi anglagani uchun ham u parda orti «o‘yinlari»ga qo‘l siltab, birin-ketin Abduqahhor Ibrohimovning «Chakana savdo», A.Gelmanning «Zenulya», «Sarkofag» pesalarini, Hamzaning «Maysaraning ishi» asarini zavqu shavq bilan sahnalashtirdi. Uning yangi teatrga o‘tib, o‘zini to‘laqonli namoyon etgan ilk spektakli «Maysaraning ishi» bo‘ldi desak, xato bo‘lmas. Chunki bu spektaklning ijodiy taqdiri ham tom ma’noda «bahodirona» kechgan edi.

Rejissyor xalq teatri an’analarini ovrupocha professional teatr talablari bilan uyg‘unlashtirib, tomosha san’atining yangidan jonlanishi, o‘zbek teatr estetikasining yana bir yangi yo‘nalish kashf etib, boyishi va rivojlanishi uchun zamin hozirlagan edi. Aslida «Kelinlar qo‘zg‘oloni» spektaklida ilk bor bo‘y ko‘rsatgan bu tajriba «Maysaraning ishi»da to‘liq namoyon bo‘ldi. Har qanday yangilikning hayotda o‘z o‘rnini topib, yashab ketishi oson kechmaganidek, «Maysaraning ishi» spektakli ham yana rasmiy doiralarning tazyiqiga, ta’qib-ta’nalariga duchor bo‘ldi. Spektakl maydon tomoshalari kabi xalq ichida, tomoshabinni faol ishtirokchiga aylantirgan holda boshlanadi. Xalqona kuy-qo‘shiqlar asnosida, milliy udumlarimizga ko‘ra, har xil balo-qazo, yomon ko‘zlardan asrasin deya isiriq tutatiladi. So‘ng Maysaraning quvnoq sarguzashtlariga o‘tiladi. Tomosha shodon qahqaha va tinimsiz olqishlar bilan davom etadi. Mukammal rejissura, aktyorlar mahorati, tomoshabin faolligi — bari spektaklning favqulodda muvaffaqiyatini ta’min etadi. Bahodir Yo‘ldoshevni akademik teatrdan quvg‘in qilib sindirolmagan mavqedor amaldorlar jo‘yali asos topa olmagach, isiriqni bahona qilib, rejissyorni diniy sarqitlarni targ‘ib qilyapti, degan vaj-korsonlar bilan ayblashga urinadi. Biroq shukrki, jamiyatda batamom yangi qarashlar va o‘zgarishlar shabadasi esa boshlagan edi.

O’sha kezlari Olmaota shahrida O’rta Osiyo va Qozog‘iston teatrlarining nufuzli «Navro‘z» festivali o‘tkaziladigan bo‘lib, mustaqil ekspertlar guruhi festivalga O’zbekistondan aynan «Maysaraning ishi» spektaklini tanlaydi. Festival tashkilotchilari spektaklning uslubi va yo‘nalishini to‘g‘ri anglab, dekoratsiyani Muxtor Avezov nomidagi Qozoq Akademik teatr binosi oldidagi maydonga qurishni taklif etadi. Natija kutilganidan ham a’loroq chiqadi. Spektakl chinakam maydon tomoshasi, zamonaviy rejissura san’atining yangi izlanishlari namoyishi sifatida tomoshabinlarning ham, hakamlar hay’atining ham yakdil e’tirofiga sazovor bo‘ladi, festivalning bosh sovrini bilan taqdirlanadi. Ana shu muvaffaqiyatdan keyingina spektakl atrofidagi «ikir-chikir» gaplar barham topadi. Bahodir Yo‘ldoshev zamonaviy o‘zbek teatr rejissurasining darg‘asi sifatida tan olinadi. Hamza nomidagi akademik teatrning Bahodir Yo‘ldoshevga maslakdosh yigirma besh nafar aktyori yoshlar teatriga o‘tib, bu teatr endi buyuk aktyor Abror Hidoyatov nomi bilan yuritila boshlaydi. Har jihatdan quvvat olgan ijodiy jamoa XX asr o‘zbek teatri tarixiga kirgan bir qator spektakllarni yaratadi. «Kelinlar qo‘zg‘oloni» (yangidan tiklangan variant), «Qora kamar», «Farmonbibi arazladi», «Ziyofat», «Ma’mura kampir», «Alvido, hayot», «Qitmir», «Buxoroi sharif» kabilar fikrimizning yorqin isbotidir. Bu spektakllar teatrni ham, Bahodir Yo‘ldoshevni ham shon-shuhratga ko‘mdi. Turli mukofot va yorliqlarga sazovor qildi. Shukur Xolmirzaevning «Qora kamar» pesasi asosidagi spektakl uchun Bahodir Yo‘ldoshev boshchiligidagi bir guruh san’atkor respublika Davlat mukofoti bilan taqdirlandi. Darhaqiqat, bu spektakl shunday yuksak e’tiborga arzigulik jiddiy ijtimoiy-madaniy hodisa bo‘lgan edi.

Sobiq sho‘rolar davrida bosmachilik harakati haqida besanoq kitoblar yozilgani va ularning bari bu harakatning «yovuz mohiyati»ni ochib, batamom qoralashga uringani barchaga ayon. Biroq bu harakat oddiygina qaroqchilik yo zo‘ravonlik bo‘lsa, nega shu qadar keng miqyos kasb etdi, degan savol ijtimoiy hayotimizda ilk marotaba bor murakkabligi va zalvori bilan «Qora kamar» spektaklida ko‘tarildi desak, haqiqatni aytgan bo‘lamiz. Ana shunday asarlar sabab bo‘lib, tariximizga yangicha, haqqoniy yondashmog‘imiz lozimligini his eta boshladik. Xalq tarixi ortida inson — shaxs tarixi yotganini, demakki, o‘tmish ajdodlarimizning har bir vakili qismatiga, taqdiriga alohida e’tibor qilmog‘imiz zarurligini angladik. Shuning uchun ham «Qora kamar» spektakli nafaqat madaniy jabhada, ijtimoiy hayotimizda ham jiddiy voqea bo‘lib qoldi.

O’tgan asrning 90-yillari jamiyatimizdagi buyuk o‘zgarishlar, O’zbekistonning mustaqilligi e’lon qilinib, tamomila yangi siyosiy tuzum barpo etish uchun kurashlar davri bo‘ldi. Insoniyatning madaniyat tarixidan ma’lumki, buyuk o‘zgarishlar zamonida adabiyot va san’atning ham yuksak namunalari yaratiladi. Hech shubhasiz, Bahodir Yo‘ldoshevning rassom Georgiy Brim bilan birga 90-yillarda yaratgan spektakllari va maydon tomoshalarini shu siraga kiritish mumkin. «Paranji sirlari», «Iskandar», «Faridun», «Malika», «Bir eshak hangomasi», «Nodirabegim» spektakllari, Mirzo Ulug‘bek, Amir Temur yubiley sanalari munosabati bilan hamda «Sharq taronalari» Xalqaro musiqa festivali doirasida qadimiy Samarqandning ulug‘vor Registon maydonida qo‘yilgan «Buyuk ipak yo‘li», «Shashmaqom» ommaviy maydon tomoshalari fikrimiz tasdig‘idir.

«Xamsa» asari hazrat Alisher Navoiy dahosining o‘lmas obidasi, ulug‘ mutafakkir ijtimoiy-siyosiy va falsafiy qarashlarining yuksak badiiy ifodasidir. «Hayrat ul-abror»da dastlab adabiy eskizlar sifatida uchraydigan voqea-hodisalar, o‘y-mushohadalar «Farhod va Shirin», «Layli va Majnun», «Sab’ai sayyor» dostonlarida batafsil badiiy tahlil va bag‘oyat teran talqinlar bilan hikoya qilina borib, «Saddi Iskandariy»da badiiy-falsafiy umumlashmalar tarzida mujassamlashadi va yaxlitlik kasb etadi. Shu bois ham «Xamsa» besh dostondan iborat yagona va yaxlit asardir. Zohiran ko‘pchilikka noayon bu haqiqat «Iskandar» spektaklida o‘zining ajib ramziy va hayotiy ifodasini topadi. Taxtning tobutga aylanishi, hukmdorlik rutbasining mohiyatan jallod va nihoyasi abadiyat sari bo‘m-bo‘sh qo‘llar bilan rixlat qilish ekani favqulodda ta’sirchan lavhalar hamda mizansahnalarda, sokin va sohir ohanglar jo‘rligida, peshtoqiga Qur’on oyatlari bitilgan masjidlar tasviri fonida namoyish etiladi. Hazrat Navoiy bugungi tomoshabin ko‘z o‘ngida ham inson, ham umumbashariy bir siymo sifatida namoyon bo‘ladi. Qadim mumtoz maqomlar bilan Iogann Sebastyan Bax bastalagan organ musiqa ohanglari uzviyligida tomoshabinni ilohiy tuyg‘ular og‘ushiga chorlaydigan sirli ma’naviy muhit barpo etiladi. Bir yarim soat davomida ana shu muhit muqim saqlanadi. Biror kimsa tomosha zalini beta’sir, hissiz, fikrsiz tark etolmaydi.

O’zbek tomoshabini dastlab Abror Hidoyatov, so‘ngra Olim Xo‘jaev va Razzoq Hamroevlar talqinida Alisher Navoiy siymosini yetib bo‘lmas kjsaklikda tanigan, anglagan edi. Bahodir Yo‘ldoshev aktyor Afzal Rafiqovni har bir inson yuragida kechadigan tuyg‘ular, iztiroblar hamda o‘y-mushohadalarga begona bo‘lmagan, qalban yaqin Alisher Navoiy obrazida jonlantirib, an’anaviy tasavvurlarni o‘zgartirdi. Hazratni zamona oqillariga oshno etib, zamondoshimizga aylantirdi. Bu milliy san’atimizning tom ma’nodagi katta muvaffaqiyati edi.

1994 yil boshlarida Frantsiya elchixonasi tashabbusi bilan O’zbekistonga frantsuz teatr aktyori Fransua Shato tashrif buyurdi. Maqsad — o‘zbek teatri bilan hamkorlik qilish. Bu hamkorlik «Iskandar» spektakli misolida o‘zining go‘zal va betakror samarasini berdi. Fransua Shato farang tilida Alisher Navoiy va Arastu siymosini, o‘zbek aktyorlari esa ona tillarida Iskandar va boshqa rollarni ijro etdi. Bahodir Yo‘ldoshev farang aktyori bilan hijjalab, ustoz-shogirddek ishlagani yo‘q. Uni Alisher Navoiy davri, asarlari bilan tanishtirdi. Navoiyshunos olimlar bilan uchrashtirdi. Qisqasi, uni Navoiy dunyosiga olib kirdi. Insonyyat badiiy tafakkurining eng baland cho‘qqisi Shekspir deb yurgan aktyor Navoiy dahosini anglab, asarlarini o‘zlashtira borgani sari qarashlari o‘zgardi. Ana shunday tushunchalar bilan rol ijrosiga kirishdi. Pirovardida tomoshabinni hay-ratlarga esh qilgan yana bir kashfiyot ro‘y berdi. Til to‘siqlarini tamomila unutgan, Navoiy siymosidagi aktyorning purviqor qiyofasi, ehtirosli ijrosi va sahna madaniyati barchani mahliyo etdi. Bahodir Yo‘ldoshev Fransuaning salohiyatli, professional aktyor ekanini, spektaklda aktyorlar ansambliga yetakchilik qila oladigan iqtidori borligini dastlabki tanishuv va suhbatlaridayoq anglagan edi. Natija kutilgandan a’loroq bo‘ldi. Bu hodisa Bahodir Yo‘ldoshev rejissurasining ulkan imkoniyatlarini yana bir karra namoyon etdi.

Bahodir Yo‘ldoshev Abror Hidoyatov nomidagi teatrda sahnalashtirgan har bir spektakl teatr san’ati rivojiga, yangi izlanish va tajribalarga yo‘l ochdi. Olimjon Salimov, Nabi Abdurahmonov kabi rejissyorlarning e’tirof va shuhrat topgan bir qator spektakllari yaratilishiga ijodiy turtki berdi. Shu bilan birga, mamlakatimiz va chet el teatr jamoalarining hamkorligiga zamin yaratdi.

Bahodir Yo‘ldoshev Amerika Qo‘shma Shtatlari, Laos, Frantsiya, Tojikistonda spektakllar qo‘ydi. Yurtimizdagi turli yo‘nalishdagi teatrlarda, jumladan, Alisher Navoiy nomidagi Akademik katta opera va balet teatrida «Alisher Navoiy» operasini, rus drama teatri va Abdulhamid Majidiy nomli Kattaqo‘rg‘on teatrida «Kelinlar qo‘zg‘aloni» spektaklini, Olim Xo‘jaev nomidagi Sirdaryo davlat teatrida «Dardimni kimga aytay?», «Ma’mura kampir» spektakllarini sahnalashtirdi. Ayniqsa, Muqimiy nomidagi o‘zbek davlat musiqiy teatrida namoyish etilgan «Nodirabegim» spektakli hamkorlikning sara namunalaridan bo‘lib qoldi.

Tariximizning «eng kir va qora» davri — XIX asr o‘rtalarida uch xonlik orasidagi o‘zaro ziddiyatlar, mayda gina-kudurat va yer talashishlar oqibatida jaholat g‘olib kelib, ezgulik g‘orat etilayotgan kezlari shoirai davron, Qo‘qon malikasi Nodirabegimning mamlakat birligi va davlat mustahkamligi uchun kurashlari aks etgan spektakl musiqali teatr hayotida muhim hodisa bo‘ldi. O’zbekiston xalq artisti Zulayho Boyxonova talqinida Nodirabegim — mamlakat malikasi, demakki, yurt onasi sifatida xalq dardi bilan yashayotgan, goh hukmdor o‘g‘lining xatolaridan iztirob chekayotgan, el-ulus osoyishi va ravnaqi haqida o‘ylayotgan oqila bir ayol. Farzandini xatolaru xatarlardan asrash niyatida ixtiyorsiz siyosatga aralashgan Nodirabegim, dunyo ishlaridan bezib charchaganida, suyukli yori Amir Umarxon ruhidan quvvat oladi, nafosat majlislari, nazm mushoiralaridan taskin topadi. Spektaklda ana shu holatlar mumtoz musiqa va xoreografik kompozitsiyalar bilan yo‘g‘rilgan ramziy-xayoliy, go‘zal mizansahnalarda o‘z ifodasini topgan. Tomoshabin davlat yuki bilan onalik tuyg‘ulari o‘rtasida, siyosat bilan nafosat orasida muvozanat topolmayotgan jafokash ayolning yozg‘irish va azoblaridan mutaassir bo‘ladi. Spektakl so‘ngidagi qatl sahnasida rejissyor topgan ramziy fojeiy lavhadan larzaga tushadi. O’ziga xos katarsis — tozarish hissini tuyadi. Bu ham Bahodir Yo‘ldoshev rejissurasining musiqiy teatr yo‘nalishidagi katta muvaffaqiyati edi. Ta’kidlash joizki, Bahodir Yo‘ldoshev sahnalashtirgan millatimiznng atoqli tarixiy shaxslari — Bobur, Zebunniso, so‘ngroq Alisher Navoiy haqidagi spektakllarda va nihoyat «Nodirabegim»da yaqqol namoyon bo‘lgan shartli-majoziy ko‘tarinki uslub rejissyorning keyingi ijodiy faoliyatida ustuvor xususiyat bo‘lib qoldi.

O’tgan asrning 80-90-yillari Bahodir Yo‘ldoshev rejissyorlik san’atining yuksalish yillari bo‘ldi. Rasmiy, norasmiy e’tiroflar, unvonu nishonlar, chet el safarlari — xullas, bir inson orzu qilsa arzigulik qismat. Ammo bu yutuqlar qanchadan-qancha ichki va tashqi kurashlar, ziddiyatlar, bahsu munozaralar bilan kechgani faqat uning o‘zigayu yaqinlariga ayon. Teatrda «manman»lik muayyan rolda maromiga yetkazib o‘ynalsa yomon emas, biroq «men zo‘r — sen pachoq, men buyuk — sen o‘rtamiyona» qabilidagi kalondimog‘lik, mavqetalablik avj olsa, ana bu — fojia. «San’atdagi o‘zingni emas, o‘zingdagi san’atni sev» degan edi ulug‘ Stanislavskiy. Men uchun falon spektakl qo‘yilishi, men falon qahramonlar rolini o‘ynashim kerak, chunki shuni deb akademik teatrni tashlab, bu yerga kelganman, deya «jasorati»ni pisanda qilgan aktyor bor-yo‘g‘i xudbindir. O’z hayotiy aqidalari, o‘z «men»i bo‘lmagan aktyor oddiygina taqlidchi-muqallid, xolos. Darhaqiqat, subutsizlik, beqarorlik insonni ham, har qanday jamoani ham puturdan ketkazadi. Shu ma’noda bosh rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev nihoyatda qat’iyatli va «beshafqat» rahbar. U o‘z truppasidan kimgadir mehribonroq, kimgadir e’tiborsizroq bo‘lishi, xizmat taqozosi bilan kimgadir muruvvatlirvq, kimgadir achchiqroq gapirishi mumkin. Ammo teatrdagi intizomga rioya qilmasa, repetitsiya yoki spektakllarga kechikib kelsa, tamom, bu aktyor o‘sha kundan e’tiboran Bahodir Yo‘ldoshev uchun begona, u teatrdan ketishi shart. 2001 yilga kelib esa bosh rejissyor jamoaning salkam yarmi bilan «xayrlashish»ga majbur bo‘la boshladi. Teatrning o‘zgarmas qat’iy nizomlari maishiy manfaatlar iskanjasida yemirilayotgan edi. Bahodir Yo‘ldoshev kurashdan ko‘ra yon berishni, chekinishni afzal bildi. Bosh rejissyorlik kursisini topshirdi. Zero, san’atkorlik aqidasi va qolaversa, sog‘ligi shuni taqozo etmoqda edi. Bu bilan u qay bir ma’noda yana teatrdan ketdi. Bu ketish ixtiyoriy — majburiy tarzda ro‘y berdi.

III

Istiqlol yillari O’zbekistonda eng rivoj topgan san’at turlaridan biri maydon tomosha san’ati bo‘ldi. Tinchlik va bunyodkorlik bosh shiori bo‘lgan mamlakatda, sho‘ro zamonidagidek, harbiy qudratni anglatuvchi askarlar va o‘lim vahshatini soluvchi dahshatli qurollar paradi emas, hayot, go‘zallik, yaratuvchilik ramzi bo‘lgan san’at tantanasini namoyish etuvchi teatrlashtirilgan tomoshalar an’anaga aylandi.

San’atning bu turi Bahodir Yo‘ldoshevdek rejissyorlar badiiy tafakkuri mahsuli o‘laroq yangilandi, milliylashdi. O’tgan o‘n besh yil ichida u Mirzo Ulug‘bekning 600, Amir Temurning 660, Buxoro shahrining 2500 yillik yubileylari, «Sharq taronalari» xalqaro musiqa festivali, Navro‘z va Mustaqillik bayramlari tantanalarini sahnalashtirdi. Bularning har biri o‘zicha alohida tadqiqot mavzui. Chunki ularni oddiy kontsert yo shunchaki bir xoreografik kompozitsiya deb bo‘lmaydi. Bil’aks musiqa, raqs, qo‘shiq san’ati janrlari uzviylikda faol qo‘llangan, bir g‘oyaviy maqsad atrofiga jamlanib, ochiq osmon ostida ijro etilgan teran falsafiy mazmundagi teatrlashtirilgan mahobatli tomosha san’ati namunasidir. Mazkur fikrdan kelib chiqib, ulardan ayrimlarini, jumladan, 1994 yili buyuk munajjim, mutafakkir va davlat arbobi Mirzo Ulug‘bek tavalludining 600 yilligi sharafiga uyushtirilgan tomoshani yodga olaylik. To‘g‘ri, «Maysaraning ishi» spektaklini maydon tomoshasi shaklida ham qo‘yib, muvaffaqiyat qozongan rejissyor uchun bu yangilik emas edi. Biroq tadbirning nafaqat madaniy jabhada, endigina tetapoya bo‘layotgan mustaqil davlatimiz siyosiy-ijtimoiy hayotida muhim ahamiyat kasb etganini, YuNYeSKO homiyligida istiqlol yillari o‘tayotgan dastlabki xalqaro tadbirlardan bo‘lganini ham nazarda tutsak, tomoshani sahnalashtirish mas’uliyati naqadar jiddiy bo‘lganini tasavvur etish qiyin emas. Qolaversa, ulug‘ ajdodlarimiz orasida Mirzo Ulug‘bek nomi va asarlari jahon ilm-fan ahliga boshqalardan ko‘ra ko‘proq ma’lum va mashhur edi. Binobarin, barchaga ma’qul monumental maydon tomoshasini sahnalashtirish oson ish emas edi. Bahodir Yo‘ldoshev rassom Brim bilan bamaslahat ishga kirishdi. Ular tomosha g‘oyasi va badiiy eskizlari ustida ancha izlandi. Tomosha uchun sahna — purviqor Registon maydoni belgilandi. Bu tabiiy sahna har qanday tomosha muvaffaqiyatining dastlab-ki omilidir. Undan oqilona foydalanish, bu sahnani bor haybati va betakrorligi bilan ko‘rsata olish ham oson emas edi. Rejissyor va rassom buning uddasidan chikdi. Maydon uzra o‘rta asrlar Movarounnahr davlatining bor salobatini anglatuvchi manzara jonlantirildi. Har tarafda uzun zalvorli cho‘yan fonuslar. Fonuslarda chor atrofga shu’la va taft berib, gulxan yonadi. Sahnaga as’asayu dabdaba bilan saroy malikalari kirib keladi. Markazda go‘yo murg‘ak Ulug‘bek yotgan beshik paydo bo‘ladi va sokin-sohir «alla» taraladi. Alla karnayu nog‘ora, katta izdihom va yig‘inlarga chorlaguvchi haybatli litavrlar shovqinlariga ulanib ketadi. Sokin kuydan keyingi gulduros ohanglar tomoshabin vujudini to‘liq qamrab oladi. Uni beixtiyor voqealar ishtirokchisiga aylantirib qo‘yadi. Maydonga yangi tug‘ilgan nabirani muborakbod etgani bobo — Sohibqiron Amir Temur oq ot minib kirib keladi. U hali dubulg‘asini ham yechmagan, katta bir muhorabadan zafar quchib kelmoqda. Sohibqiron nabirani qo‘lga olib, bir muddat termuladi-da, beklarning begi, ulug‘i bo‘lsin deya, chaqaloqqa Ulug‘bek ismini berib, manglayidan o‘pib chiqib ketadi. Sho‘x tarona yanada avjlanadi. Shu taxlit sahna ko‘ri-«nishlari almashinib, ommaviy xoreografik harakatlar asnosida Ulug‘bekning ilm olami, shohlik shukuhi, xorijlik elchilar bilan muloqot-munosabatlari va nihoyat farzandi Abdulatif bilan bog‘liq iztiroblari, fojiasi ko‘rsatiladi. Bu sah-nalar Maqsud Shayxzodaning «Mirzo Ulug‘bek» tragediyasidan benazir san’atkor Shukur Burhonov ijrosidagi monologlar, Xurshid Davron qalamiga mansub Ubay Burhonov va Afzal Rafiqov o‘qigan matnlar jo‘rligida tomoshabin qalbida hayajon va zavq, tafakkurida hayrat va ibrat uyg‘otadi. Yaqindagina mustaqilligini qo‘lga kiritgan mamlakatda ma’naviy mezonlar belgilanayotgan bir davrda shunday ibrat zarur edi. Bu fikrning yana bir isboti o‘laroq oradan ko‘p vaqt o‘tmay, ulug‘ bobomiz Sohibqiron Amir Temur tavalludining 660 yillik tantanalari nishonlandi. Bu bayramning ham asosiy tomoshasini Bahodir Yo‘ldoshev sahnalashtirdi.

Amir Temur nomi beqiyos as’asayu dabdaba, yetib bo‘lmas mahobat, dahshatli jangu muhorabalar, osmono‘par lojuvard gumbazlari ila ajib sir va salobat kasb etgan yuksak me’moriy obidalar bilan uyg‘un holda xayolga keladi. Rejissyor Amir Temur qiyofasini biror aktyor ijrosida jonlantirishdan ko‘ra, u hakdagi o‘sha xayoliy tasavvurlarni go‘zal badiiy-xoreografik tomosha vositasida mustahkamlashga harakat qildi. Sohibqiron siymosini imkon qadar kam ko‘rsatib, uning qudratini anglatuvchi hodisalarni plastik ifoda yo‘sinida aks ettirishga intildi.

Binobarin, millat qahramonini mil-lat timsoliga aylangan aktyor ijro etishi kerak edi. Kelbatiga qarab bir aktyorni tanlay desa, u to‘yma-to‘y yurib, noravo qiliqlar qilib tursa, ovozining o‘ktamligiga qarab saylay desa, bu ovoz qurg‘ur har kuni sahardan tunga qadar goh radio, goh televizor ekranidan har turli eshittirish va ko‘rsatuvlarda jaranglayverib, me’daga tekkan bo‘lsa, xo‘sh, nima qilish kerak? Albatta, bunday holda yagona chora — aniq qiyofani jonlantirishdan imkon qadar qochish edi. U shunday yo‘l tutdi. Sohibqiron qiyofasini umumiy ko‘rinishlarda xiyol jonlantirib, tomoshabinda xayoliy tasavvurlarning to‘liq saqlanib qolishiga erishdi…

1997 yildan boshlab mamlakatimizda «Sharq taronalari» xalqaro musiqa festivalini o‘tkazish yaxshi an’anaga aylanib qoldi. Hozirga qadar festival besh marotaba o‘tkazildi. Ikki yilda bir bo‘ladigan bu musiqa bayramining ochilish marosimida ulug‘vor Registon maydonida teatrlashtirilgan katta ommaviy tomosha qo‘yish ham urf bo‘lib, uni sahnalashtirish muttasil Bahodir Yo‘ldoshev zimmasiga yuklanmoqda. Bu marosimlar shunchaki bir tomosha emas. Har safargi tomosha biri-birini takrorlamaydigan, mahobatli spektakllardir. Ana shu spektakllardan ikkitasini alohida ajratib ko‘rsatish mumkin. Ulardan biri 2001 yili sahnalashtirilgan «Buyuk ipak yo‘li» tomoshasi. Keyingisi esa 2003 yilgi «Shashmaqom» deya shartli nomlangan badiiy xoreografik kompozitsiyadir.

«Buyuk ipak yo‘li» qadim-qadimdan G’arbu Sharqni bir-biriga bog‘lagan, moddiy ne’matlar bilan bir qatorda ma’naviy yuksalishga ham beqiyos xizmat qilgan hayot yo‘lidir. Uning ahamiyatini butun dunyo e’tirof etadi, o‘rganadi, ilmiy-amaliy anjumanlar, adabiy-badiiy tadbirlar o‘tkaziladi. Xullas, tomosha uchun bir dunyo manba va adoqsiz mavzular…

Eng muhimi, rejissyor bosh g‘oyani topdi: «Dunyo turfa rang va mazmundan iborat yagona bir maskan. Insoniyat turli tillarda so‘zlashsa-da, turli aqida va odatlarga suyansa-da, bir ota va onaning farzandi, qalbi, o‘y-intilishlari mushtarak». Ana shu g‘oyaning inkishofi o‘laroq «Buyuk ipak yo‘li» bo‘ylab ketayotgan karvonning shartli-majoziy obrazi jonlanadi. Bu karvon yo‘lida uchragan ellarning urf-odati, kiyim-bezaklari, kuy-qo‘shiqlari aks etgan alohida xoreografik lavhalar namoyish etib boriladi va u oxir-oqibat yagona kompozitsiya-butunlikda ko‘zda tutilgan bosh g‘oyani ifoda etadi. Tomoshabin goh Ovrupo mayin-musiqiy ohanglari og‘ushida, goh «Karmen» operasi uchun yozilgan ehtirosli ispan kuylari shiddatida, goh hind seto va tablalari jaranglagan nafosat olamida, qozoq, tojik, turkman, koreys va xitoy musiqasi sadolari yangragan dunyolarda to‘lqinlanib, sururlanib o‘tiradi. Ayniqsa, o‘zbek milliy kuy va raqslari, «Shashmaqom»ning sokin va sehrli navolari taralgach, go‘yoki uzoq safardan so‘ng yurtiga qaytgan karvon shodligi havolarni tutadi. Tiriklikning, yashamoqning naqadar ulug‘ ne’mat ekanini, dunyoning shunchalar inja va go‘zalligini his etgan yuraklarda alyor yangraydi, hayratlar ummonida ruh yuksaladi. Shunday tuyg‘ularni hadya etgan ijodkorlarga, san’atkorlarga ich-ichidan tasannolar aytiladi.

Oradan ikki yil o‘tib, ana shu maydonda namoyish etilgan «Shashmaqom» deb shartli nomlangan tomosha avvalgi taassurotlarni uyg‘otib, yana cheksiz hayratlarga chulg‘adi. Milliy qo‘shiq, raqs va liboslarimizning butun palitrasini namoyon etdi. «Shashmaqom» — minglab yillar bilan belgilanadigan qadim navolarimiz. Unda xalqning dardi, orzu-umidlari, tashvishlari, ilmu ma’rifati, urf-odati, kasb-hunari, quvonch-shodliklari — bari mujassam. Eng muhimi, uni tomoshabin-tinglovchi qalbi va ongiga yetkaza bilishda. Rejissyor milliyligimiz va qadim yuksak madaniyatimiz ifodasi sifatida «Shashmaqom»ning bor jozibasi, mohiyat-mazmunini imkon qadar to‘liqroq namoyon etish uchun jonli ijro usulini tanladi. Ochiq osmon ostidagi mahobatli sahnada bunday usulni qo‘llash katta jasorat va jur’at talab etadi. U aniq xayoliy tarx asosida maydonning markaziyu bor atrofini, asosiy sahna va mizan sahnalarni puxta o‘ylab, reallashtirdi. Abduhoshim Ismoilovning musiqiy iste’dodiga suyanib, «Shashmaqom» tartibi, ijro yo‘llari, ichki dinamikasi va ijrochilar imkoniyatlarini nazarda tutib, tomoshaning har jihatdan mutanosib, yaxlit kompozitsiyasini shakllantirdi. Albatta, rejissyor idroki va u tuzgan mukammal konstruktsiya ijrochilarning mahorati bilan uyg‘unlashsagina to‘liq muvaffaqiyat qozonishi mumkin. Shu ma’noda, bu tomoshada ikki aka-uka bola hofizlarning tiniq navolaridan to aka-uka xalq hofizlari Isroiljon va Ismoiljon Vahobovlarning doiraga usul berib, unga hamohang kuylab maydonga kirib kelishlarigacha, Soyibjon Niyozovning qalb torlarini chertguvchi «Dutorim» qo‘shig‘idan to benazir sozanda Abduhoshim Ismoilovning g‘ijjakdagi «Cho‘li iroq» nolasiyu Matluba Dadaboevaning «Samarqand ushshog‘i»dagi betakror avjigacha — bari Bahodir Yo‘ldoshev rejissurasida bag‘oyat tabiiy uzviylik kasb etdi. «Shashmaqom» xonishlarining o‘rni bilan Xorazm maqomi va «Lazgi»siga, qoraqalpoq qizlarining nozli o‘yinlari, Boysun folklor qo‘shiq va raqslariga omuxta etilishi tomoshabin ruhiyatining dardchil, tushkun hissiyotlardan nekbin tuyg‘ularga ulanib ketishini ta’minladi. Raqqosalarning zavqu shavqqa to‘lib, mahobatli sahnani to‘ldirib xirom etishlari yorug‘lik va hayot tantanasining muqarrarligidan mujda berdi. Bahodir aka ana shunday tomoshalarga tayyorgarlik jarayonida bir fikrni aytgan edi: «Har qanday qovushimsiz ijroni joyini topib, o‘z tabiiy tartibida ko‘rsata bilsang, uni odamlar qabul qiladi, kerakli, yoqimli hodisaga aylanadi. Bu maydon tomoshalari rejissurasining eng asosiy xususiyatlaridan». Darhaqiqat, uyg‘unlikda gap ko‘p… «Shashmaqom» maydon spektaklining yakunida yana bir mizansahna namoyish etildi. Sahnaning tomoshabinga yaqin tomonlarida turli milliy hunarmandchilik dov-dastgohlari o‘rnatildi. Ular shunchaki dekoratsiya emas, balki o‘z vazifasiga ko‘ra harakatga solingan ashyo-uskunalar edi. Qa-torda bir qancha tandirlar ham qurilgan bo‘lib, tomosha boshlanishida ularga o‘t qalab, qizitib turildi. Tomosha davomida unga rosmana nonlar yopilib, nihoyasida tandirdan issiq-issiq uzib, tomoshabin-mehmonlarga patnisu likopchalarda qand-qurs, pista-bodom, pashmak-parvarda, mayizu turshak, olma-uzumlarga qo‘shib tortiq etildi. Bu manzara, bu o‘zbekona lutfdan tomosha taassurotida hapriqib turgan xaloyiq endi rostakam qiyqirib yubordi. Olqishu alyor havolarni uzoq vaqt to‘ldirib turdi. Bu Bahodir aka nazarda tutgan uyg‘unlikning mumtoz namunasi edi…

Bahodir Yo‘ldoshev ham jismonan, ham ruhan nihoyatda kuchli shaxs… «Edi» degan so‘zni sira qo‘shgim kelmayapti. Chunki hamisha yoningda, hamqadam, qadrdon, aziz inson haqida o‘tgan zamon fe’lini qo‘shib aytish juda yoqimsiz. Biroq haqiqat tuyg‘usi shunday deyishga majbur etadi…

Uning jismonan kuchliligi rost gap. Bahodir Yo‘ldoshev spektakllarining repetitsiya jarayonlarini kuzatganlar buni yaxshi biladi. Bir choynak ko‘k choy va bir pachka sigaretni stolga qo‘yib olib, 15-16 soatlab uzluksiz ishlaganini, hatto 40 daraja tana harorati bilan «Iskandar» spektaklini premeraga tayyorlaganini, gohida o‘zidan anchagina baquvvat buzg‘unchilarni bir zarb bilan qulatib tashlaganini ko‘rganlar so‘zlarimiz lof emasligini tasdiqlar. Ayni chokda uning ruhan naqadar quvvatli ekanini ne-ne fitna va malomatlarga bas kelib, kurashlarda g‘olib bo‘lgani yetarlicha isbot etar. Bahodir akaning kuch-qudrati haqida o‘tgan zamonda gapirishimiz boisi shundaki, u yoshi ellikdan o‘tganida hayotining tom ma’noda tirgaklari bo‘lgan eng aziz kishilaridan birin-ketin judo bo‘la boshladi. Dastlab Tursunboy ota, 2001 yili onasi Shirinxon Melieva olamdan ko‘z yumdi. Tursunboy ota ham, Shirin aya ham yoshlarini yashab, barcha orzu-havaslarini ko‘rib, hatto o‘g‘illarining 50-yilligini o‘zlarining 85 va 75 yillik qutlug‘ sanalari bilan birga Kattaqo‘rg‘on teatrida tantanali nishonlab, dunyoyi oxiratga yo‘l oldilar. Garchi Bahodir aka ularning vafotini nihoyatda og‘ir qabul qilgan bo‘lsa-da, tabiat qonuniga ko‘nikmay iloj yo‘q edi. Qiziq, Tursunboy ota fe’li muloyim, faylasufsifat inson edi. Shirin aya esa hukmfarmo ayol bo‘lib, so‘nggi kunlarigacha g‘ururli, o‘ktam fe’lini ham, qiyofasini ham saqlab qoldi. Bahodir aka Kattaqo‘rg‘onga tez-tez borib, ulardan xabar olib tursa-da, u yerdan ham tezda qaytib kelardi. O’g‘il soch-soqoliga qirov tushsa-da, ona uchun farzand, doimiy tergab-tekshirib, nazoratda tutiladigan o‘spirindek edi go‘yo. Olamshumul ma’naviy muammolarning sahna talqini tashvishlari bilan fikri-zikri band o‘g‘ilga goho bu nazorat malol kelar, ishdan tashqari barcha narsani nomuhim deb hisoblar edi. Shuning uchun ham Bahodir akaning Kattaqo‘rg‘on safarlari uzoq davom etmasdi. Biroq biror kun yo‘q ediki, onasiga qo‘ng‘iroq qilmasa, biror daqiqa yo‘q ediki, onasi xayolidan o‘tmasa!.. Shu bois ham u onasi vafotidan so‘ng anchayin cho‘kkandek bo‘ldi. Uni ko‘rib, bilib yurganlar nazdida ulg‘aygansifat taassurot bera boshladi. Yo‘q, bu iztirob sakson yoshida foniy dunyoni tark etgan onadan judolik qayg‘usigina emas edi. Bahodir Yo‘ldoshev faylasuf san’atkor sifatida fanoyu baqo nima ekanini teran anglagan va buni badiiy kashfiyotlar bilan o‘zgalarga ham anglata bilgan shaxs. Ammo afsuski, bundan avvalroq judolikning ayovsiz bir zarbasiga duchor bo‘lgan odam bunisiga dosh berishi o‘ta dushvor edi. 1999 yili Germaniyada buyuk musavvir Georgiy Brim vafot etdi. Dunyoyi dunda 65 yil yashab, xastalik nimaligini bilmagan, hamisha yigitlardek chapdast, g‘ayratli, mehnatkash-zahmatkash Brim yurt judoligini ko‘tara olmadi. Turkmanistonda tug‘ilib o‘sib, Toshkentda ildiz otgan nemis farzandi qariyb 40 yil o‘zbek milliy teatri uchun o‘ta halol va xolis xizmat qildi. Toshxo‘ja Xo‘jaev, Aleksandr Ginzburg va asosan Bahodir Yo‘ldoshevning deyarli barcha spektakllarida sahna bezaklarini yaratdi. Bahodir Yo‘ldoshev rejissyorlik fenomenining yuzaga kelishida kashshoflik va kamarbastalik qildi. U milliy xususiyatlarimizni idrok etish va rangu shakllarda ifodalashda shunchalar kamol kasb etgan ediki, hamma uni o‘zbeklarning o‘zbegi deb atar edi.

90-yillar adog‘ida Brim nuroniy onasi va jondan aziz nabirasining o‘z tarixiy vataniga ko‘chib ketishlariga monelik qila olmay, ularning ortidan borishga majbur bo‘ldi. Chunki uning o‘ziga ham keksalik rutubati soya tashlayotgan, umr xazonini yolg‘izlikda o‘tkazish azobidan xavotirga tushayotgan edi. Qanchalar og‘ir bo‘lmasin — ketdi. Ketdi-yu oradan ko‘p fursat o‘tmay ildizidan ajralgan chinor misoli quladi. Uni sog‘inch, qadrdon yurt sog‘inchi, do‘st sog‘inchi qulatdi. Jismonan baquvvat, bo‘z yigitdek g‘ayratli insonning nogoh o‘limi sabablarini faqat shunday izohlash mumkin!..

Shum xabar yetgan kunlar ko‘pchilik uchun qayg‘uli bo‘ldi, uni bilgan va suygan, hurmatlagan ko‘pchilik uchun… Ammo Bahodir Yo‘ldoshev uchun bu mash’um xabar haqiqiy motam bo‘ldi. Allaqachonlar dunyoga faylasufona ko‘z bilan qarashga odatlangan san’atkor uchun bu so‘ngsiz armon bo‘ldi. Shu kunlari uni ko‘rgan yaqinlari, ta’ziya izhor qilib kelgan do‘st-yorlari insonning soqol-mo‘yi ko‘zyoshlaridan shunchalar nam tortishi mumkinligiga shohid bo‘ldi… U barcha imkoniyatini ishga solib, olis Germaniyaga otlandi. Yurtdan bir kaft tuproq olib, o‘sha mamlakatning qandaydir bayrami tufayli ko‘milishga ruxsat bo‘lmay, muzxonada muzlatib qo‘yilgan qadrdonining jasadini yerga topshirib keldi. Keldi-yu, qaytib biror jiddiyroq ijodiy ish bilan shug‘ullanishga kuch-quvvat topmadi. Oradan bir-ikki sana o‘tib onasini ham tuproqqa berdi… Bularni yurak ko‘tara olmadi. Xastalikka yo‘likdi. San’atkor yuragichalik yaralanguvchi yurak yo‘q!.. Inson ruhiyatining, kuch-quvvatining so‘nishi uchun bundanda ortiqroq dard bo‘lmas!..

Georgiy Brim Bahodir bilan «Yosh gvardiya» teatriga o‘tgach, «Hamlet» spektakli uchun dekoratsiya ishlay boshlagan edi. Nazarimda, bir vaqtlar Hamza teatriga bosh rejissyor etib tayinlanganidan keyin Bahodir Yo‘ldoshev Shekspirning «Qaroqchilar» tragediyasini qo‘yib, go‘yoki o‘z tengdoshlari, o‘z avlodning hayotiy dasturini e’lon qilganidek, yoshlar teatrining ham dasturiy spektakli bo‘lishi kerak degan mulohazadan kelib chiqqan bo‘lsa, ajab emas. Hamletning «Meni yong‘oq ichiga solib qo‘yib «Sen ozodsan!» desangiz, men o‘zimni butun dunyoning xoqoni deb sezaman» yoki «davr izdan chikdi, uni iziga solmoq mening zimmamga tushdi» degan so‘zlarini Bahodir aka bot-bot eslab turishi ham shundan dalolat… Dekoratsiya tayyor bo‘ldi, Brimning umumbashariy miqyoslardan turib chizgan suratlari aqllarni lol etdi. Endi unga mos spektakl yaratish lozim edi. Taassufki, bu spektakl yaratilmadi. Hanuz yaratilmayapti… Kim bilsin, millat timsoli bo‘la oladigan aktyor tug‘ilmayaptimi yoxud yana bir boshqa bahonai sabab…

Bahodir Yo‘ldoshev o‘spirinligidayoq Hamlet bilan «do‘st» tutinib, keyinroq bu do‘stlik armonga aylangani, armon esa taskin istashi, taskin esa «aqlli bahonalar»dan tug‘ilishini aytib o‘tgan edik. Haqrost, shunday! Bahodir akaning teatrdan tashqaridagi hayoti, faoliyati har qancha zarur, zo‘r va sharafli bo‘lmasin, katta-katta anjuman va tadbirlardagi badiiy tomoshalar — maydon tomoshalari qanchalar kuch-g‘ayrat, topqirlik, yurak qo‘ri talab etmasin va ular uncha-muncha teatr spektakllaridan muhimroq va murakkabroq bo‘lmasin, baribir ular Bahodir Yo‘ldoshevning taskinlari, «aqlli bahonalar»i. U «teatr har xil bo‘lishi kerak — maydon, kamer teatri va asosiysi, xalq uchun doim zarur teatr bo‘lishi kerak» deya behuda umr o‘tkazmayotganini ta’kidlasa-da, baribir hayotiy a’moli teatr ekanini bir nafas bo‘lsa-da, yodidan chiqarmaydi.

Teatr bilan rishtalar uzilmasin, jarayonning ichida bo‘lay deb Madaniyat institutida o‘quvchi o‘n-o‘n besh nafar shogirdga Abror Hidoyatov teatrida nimalarnidir o‘rgatmoqchi bo‘ladi. Ulardan yo rejissyor, yo aktyor tayyorlayman, degan dastlabki fikridan endilikda voz kechib, ular hech bo‘lmasa, yaxshi tomoshabin bo‘lib shakllansin, deya umid qiladi. Maydon tomoshasi qo‘yishga chog‘i keladigan besh-olti rejissyor tarbiyalash kerak deb, turli amaldorga o‘z talablarini ma’qullatib, teatr studiyasi, o‘quv kurslari kabi ne bir taraddudlar bilan yana qismatdan chalg‘ib, aniqrog‘i, unga chap bermoqchi bo‘ldi. Tasalli — pedagogika bilan «jiddiy» shug‘ullanish go‘yo. Ammo bir narsa aniq- pedagogika bu hamisha didaktika, pandu o‘git. Bahodir Yo‘ldoshevning esa fe’l-atvori ham, turish-turmushiyu o‘y-kechmishi ham, o‘zi yaratgan teatr dunyosi ham pandu o‘gitdan yiroq. U hamisha fikrni yondirib, tafakkur yolqinlarini yoqib yashagan. O’y-mushohadadan, badiiyat jozibasidan lazzat olgan va o‘zgalarni ham shunga da’vat etgan. Uning spektakllaridan hech bir to-moshabin nasihat eshitib chiqqan emas. To‘lib-to‘lib yig‘lagan, to‘yib-to‘yib kulgan, iztiroblanib, azoblanib chiqqan va barini fikratiga jo qilib, xayollarida g‘alayon, qalbida tug‘yon bilan tomosha zalini tark etgan. Alalxusus, bugun butun millat tafakkuri yoniq fikrga, mulohaza-mushohadaga, o‘zimizni tanidikmi, haqu nohaq qaerda, to‘g‘ri ne-yu, egri nima, qaerdamizu qaerga ketyapmiz, iymon-e’tiqodimizga, didu saviyamizga ne bo‘ldi, degan og‘riq savollarga muhtoj. Bu savollar adabiyot va san’atni azaldan o‘ylantirgan. Kishilarni go‘zallik, hayrat ila saodatga yo‘llagan… Umid ulki, shoyad, Bahodir Yo‘ldoshev Yaratganning o‘zi bitgan qismatida qoyim bo‘lsa! Bir ketganga bir qaytish ham bor, deydilar-ku mashoyixlar…

«Tafakkur» jurnalining 2007 yil, 2-sonidan olindi

0111
Суратда: Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Исматова ва шоир Хуршид Даврон. Самарқанд,1996.

(Tashriflar: umumiy 1 012, bugungi 1)

Izoh qoldiring