Иброҳим Мўминов 1908 йил 7 сентябрда шу азиз юртда—Шофиркон туманига қарашли Тезгузар қишлоғида таваллуд топди. Болалигиданоқ дунё воқеаларидан хабардор бўлиб улғайди. Кўпроқ мутолаа ва мушоҳадага берилди. Бўлажак олимнинг биринчи ўқитувчиси тезгузарлик Мулла Обиднинг хотирлашича, Иброҳим ёшлигиданоқ арабчада ёзиш-чизишни эгаллаган, Ҳадиси шарифдан кўплаб намуналарни ёд билган (Аҳад Ҳасаннинг «Иброҳим Мўминов сабоқлари» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада).
Мўминов Иброҳим Мўминович (1908.7.9, ҳоз. Шофиркон тумани Тезгузар қишлоғи — 1974.22.7, Тошкент) — файласуф олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон ФА акад. (1956), Ўзбекистон-да хизмат кўрсатган фан арбоби (1959), фалсафа фанлари д-ри (1950), проф. (1950). Бухоро билим юртида ўқиган (1925—27). Самарқанд Педакадемиясининг ижтимоий-иктисодий ф-тини тугатган (1931), шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлади. Педакадемия Ўзбекистон ун- тига айлантирилгач, филол., кейинчалик тарих ф-ти декани, кафедра мудири (1933—55). 1955— 56 й.ларда Ўзбекистон ФА Тарих ва археология ин-ти директори. 1956 й.дан академиянинг вице- президенти. Айни вақтда Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҳуқук ин-ти директори (1958—59), Ўзбекистон «Билим» жамияти бошкаруви раиси (1958 й.дан), Ўзбек совет энциклопедиясининг биринчи бош муҳаррири (1968 й.дан).
Иброҳим Мўминовнинг илмий фаолиятига шўролар мустабид тузуми ўз таъсирини кўрсатган бўлсада, бироқ, унинг тадқиқотлари марказида Шарқ, хусусан, Марказий Осиё халқларининг ижтимоий-фалсафий қамда илмий-табиий фикрлари муаммолари турганлиги натижасида, аллома фалсафанинг ўта сиёсийлашувини, уни ҳукмрон мафкура хизматига тамомила бўйсундириш хуружларини четлаб ўтиш имкониятига эга бўлди. У Навоийдан тортиб, Аҳмад Донишгача бўлган йирик мутафаккирлар ижодини таҳлил килди. Айниқса, Бедил ижодини чукур ўрганиб, унинг меросини тушунишни анча енгиллаштирди. Иброҳим Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» асари (1968), умуман Амир Темур шахсини илмий ўрганиш ташаббуси б-н чиқиши олимнинг илмий жасорат ва юксак ватанпарварлик фазилатининг ёрқин ифодаси бўлди. Олим Ғарб фалсафасини, рус мутафаккирлари ижодини ҳам ўрганди. Гегель диалектикасининг рационал мағзини кўрсатиб берди.
Иброҳим Мўминов Ўзбекистонда илм-фаннинг йирик ташкилотчиси. У, айникса, ижтимоий фанларни ривожлантиришга — янги тадқиқот муассасаларини ташкил этиш, илмий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди, унинг раҳбарлигида турли фан соҳалари бўйича йирик асарлар нашр этилди. У Ўзбекистонда фалсафа мактабига асос солди.Иброҳим Мўминов Беруний номидаги Узбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967).
Тошкентдаги кўчалардан бирига, Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҳуқуқ интига, Бухоро ва Шофиркон ш.ларидаги кўчалар, мактаблар, Шофиркон туманидаги ширкат хўжалигига Иброҳим Мўминов номи берилган. Мустақиллик йилларида «Буюк хизматлари учун» ордени б-н мукофотланган (2003).
* * *
Иброҳим Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» номли рисоласи 1968 йили нашр этилади. Рисолада Темурнинг мустақил марказлашган давлат тузиш йўлидаги кураши, Мовароуннаҳрни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган зодагонлар — оқсуяклар каби кучлар ва бирлашишга зид ҳаракатларга, ўзаро урушларга ундовчиларга қарши олиб борилган курашлар ҳақида фикр боради. Темурнинг ҳарбий юришлари, мамлакат осойишталиги, унинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маданий юксалиши ҳақидаги илмий хулосалар баён этилади. Унинг илм-фан, маънавият-маданият соҳаси вакилларига катта эътибор бергани ҳам таъкидланган. Асарда келтирилганидек, Темур Ўрта Осиёда шаҳарларнинг қурилишига, илм-фан, дин аҳлига эътибор берди. Савдо-сотиқ, ҳунармандчиликка кенг йўл очди, бошқа давлатлар билан алоқаларни кенгайтирди, мамлакатни бошқариш учун «Темур тузуклари»ни яратди. Армияни мустаҳкамлади, иқтисодий ва сиёсий бақувват давлат тузумини вужудга келтирди, буюк ва жасур саркарда, моҳир давлат арбоби бўлиб танилди.
Муаллиф ушбу рисолани яратишда Шарафиддин Али Яздий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳерманн Вамбери асарлари, испан элчиси Клавихонинг кундаликлари ва «Темур тузуклари» каби тарихий манбалардан фойдаланганлигини таъкидлаган. Шу ўринда айтиш керак, И. Мўминов бир кун келиб Амир Темур номи улуғ кишилар қаторидан жой олишига ишонган ва «сиз кўрасиз, шундай вақтлар келадики, Амир Темурни кўкларга кўтариб, буюк шахс сифатида қадрлайдилар» деб таъкидлаган. Қарангки, бугунги кунда ушбу орзулар рўёбга чиқди. Амир Темурнинг улуғвор ва буюк қадр-қиммати ўрнига қўйилди. Уни буюк шахс, ватанпарвар, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида таъриф эта бошладик, у биз орзу қилгандек, халқнинг фахр-ифтихорига айланди.