«…Мен тоғдаги ирмоқман, – деб ёзади Расул Ҳамзатов. – Мен ўз манбаимни, ўз булоғимни, ўзимнинг тошлоқ ўзанимни яхши кўраман. Мен сувларим ўтиб келадиган дараларни, кумуш шалола билан тўкиладиган қояларни, сокин текисликларни яхши кўраман”.
Баҳодир Раҳмонов
ТОҒЛАР ЮРТИНИНГ ТОҒДЕК ШОИРИ
Ҳар бир миллатнинг жаҳонга танилиши турлича йўсинда намоён топади. Лекин бадиий ижод ва илмий тафаккур қурбати билан танилган миллатнинг нуфузи янада мустаҳкам бўлади. Чунки тафаккур қудрати мангуликка дахлдор. У ҳар бир даврда ўз таъсирини кўрсатиб туради ва талантларни вояга етказади. Шундай талантлардан бири авар шоири Расул Ҳамзатовдир. Бу ном кичик бир ўлка – Доғистонни дунёга танитди.
Расул Ҳамзатов шеърияти ўз Ватанини, ўз миллатини улуғловчи шеъриятдир.
“…Мен тоғдаги ирмоқман, – деб ёзади Расул Ҳамзатов. – Мен ўз манбаимни, ўз булоғимни, ўзимнинг тошлоқ ўзанимни яхши кўраман. Мен сувларим ўтиб келадиган дараларни, кумуш шалола билан тўкиладиган қояларни, сокин текисликларни яхши кўраман”. Доғистон – тоғлар ўлкаси. Шунинг учун у ўзининг тоғдаги ирмоққа ўхшатяпти. Ирмоқни тоғдан ажратиш мумкинми? Яна у ўз манбаини, ўз булоғини, тошлоқ ўзанини яхши кўрса нима учун у ўз муҳаббатини чўллардаги қумларга кўмиб қўйиши керак. Чин муҳаббатгина инсонга жасорат бағишлайди. Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” китоби ана шундай қайноқ муҳаббат заминида яратилган.
Шоир ижодидаги Ватан ва ватанпарлик тушунчаси муҳаббат билан йўғрилиб кетган. Бири иккинчисиз яшай олмайди. Ватанда табиийлик бор, муҳаббатда эса самимийлик. Бу икки куч “Доғистоним”ни қора булутлардан асраб қолди. Асраб қолдигина эмас, ўзига хос ҳам наср, ҳам назм, жанрлар ҳам, хусусиятлар ҳам бир-бирига қоришиб кетган яхлит ва тугал бу асар Расул Ҳамзатовнинг ижодининг ўсувини намоён этади.
Шоирнинг Ватан ҳақидаги шеърларида дард бор, армон бор:
Доғистоним, ахир, мен сенга
Сиғинмайми, севмайинми, айт?
Турналаринг сафидан нега
Хайрлашиб кетган қуш бўлай?
Одамлар не берса, Доғистон,
Барин сен-ла кўрурман баҳам,
Этурман мен тоғингга нишон
Барча орден, медалимни ҳам.
Бахш этурман жарангдор гимн
Ва шеър бўлган сўзларни сенга,
Сен берсанг, бас, ўрмон чакмонин,
Қорли чўққи қалпоғинг менга!
Аввало, бу шеър жонлантириш санъати асосида яратилган. Ватан жонлантириляпти. Турналар – метафора, яъни, истиора. Шу Ватаннинг кишилари, фарзандлари. Уларнинг бари ўз Ватанларини севишади. Шоир мана шу севувчиларнинг сафидан кетмай, доимо сиғиниб, севиб яшаш истагида. Меҳнати натижаси, шон-шуҳрати белгиси бўлган орден ва медалларини ҳам тоғларга тақиб қўймоқчи. Давлат рамзи бўлган гимн ва шеърларни бахш этмоқчи. Хуллас, ҳамма нарсани беришга тайёр. Буларнинг ўрнига эса, Ватаннинг ўрмон чакмонини ва қорли чўққи қалпоғини сўраяпти, холос. Шунинг ўзи унга етарли. Нега, айни шу икки нарса. Чунки булар Доғистоннинг ўзига хос қиёфасини белгилайди. Чакмон – ёпинадиган кийим. Қалпоқ – қор билан қопланган чўққи. Бу билан шоирнинг мақсади нима? Ватан билан бирлашиб кетиш, ватан қиёфасига айланиш, Ватан қиёфасида бўлиш, бу – бахт. Лекин дардли бахт – ғам ичингда, армон ичингда:
Қушқанотли, ҳой, карвон,
Қандай яшар Доғистон?
Аёл, эркак қай ҳолда,
Бола ҳақда не достон?
Қушқанотли, ҳой, карвон,
Тўхта!.. Туман-ку уён!
У-чи, учар қурқурлар:
“Доғи-доғи-Доғистон…”
Сезгир китобхон гап нима ҳақида кетаётганлигидан дарров пайқайди. Фақат “туман” сўзини кўчма маънода ишлатилганлигини ва шоир нимага ишора қилаётганлигини билиб олиш етарли.
Расул Ҳамзатов ижодида Ватани, халқи, тили, озодлик учун курашчан қаҳрамонлар ҳақидаги шеърлар кўплаб учрайди. “Ватан ҳақида”, “Доғистонимга”, “Кичик халқим севаман сени”, “Аймоқларим ҳақида”, “Лаклар”, “Тоғдан кўчган тоғликларга”, “Тоғлик кексалар”, “Шомил”, “Ҳожимуроднинг беш қўшиғи” каби шулар жумласидандир.
Маълумки, ҳар бир халқнинг ўз миллий қаҳрамонлари бўлади. Улар мардлик ва жасурлик кўрсатиб афсонага айланадилар. Шомил ва Ҳожимурод Доғистон халқларининг ана шундай миллий-афсонавий қаҳрамонларидир.
Шоир шеъриятида мардлик ва жасурлик Ватан ва халқ тақдири билан боғланади ва инсонлардаги муҳим ҳамда зарур фазилатлардан бири сифатида улуғланади. “Тоғдан кўчган тоғликларга” шеърида:
Тоғлик удумингиз олиб кетинглар,
Тоғ иси, мардлигу дўстлик бўлсин ёр, –
дейилади. Мардлик тоғликларга хос хусусият. Айниқса, дейилганда мард ва жасоратли инсон тушунилади. Шоир хулоса қилгандай у: “Ўлолгай озодлик учун ҳар қачон”. Демак қўрқоқлар эса ҳеч қачон бундай қилолмайди, аксинча, сотқин ва ҳиёнаткор бўладилар. Шунинг учун ҳам бу каби кимсаларга шоир ўзининг “Қўрқоқ” шеърида кескин ҳукм чиқаради:
Онажоним, мени яширгин,
Ваҳмдан муз кирди қонимга.
Нима қилай, маслаҳат беринг,
Раҳминг келсин менинг жонимга?
– Шамширни ва папоқни ташла,
Мўйлабингни, ўғлим, қирдиргин,
Рўмолимни ўраб ол бошга,
Тўғри бориб қабрга киргин.
Йигит учун, эркак учун бундан ортиқ жазо борми? Агар у она томонидан берилса-чи?! Бир қарашда ишончсиздай туюлади. Чунки “қабрга кирмоқ” бу – ўлимга ишора. Оналар ҳар қандай дамда, ҳатто шунга лойиқ бўлса ҳам ўз жигарбандининг ўлимини истамайдилар. Мана шу истамаслик – оналик меҳр-муҳаббатидир. Шоирнинг бу улуғ туйғуни ифодаловчи “Бемор ўғил бошида она айтган қўшиқ” номли шеъри бор. Уна она: “Майли, менга раҳминг келмасин, майли, олис юртларга кет, майли, менга хатлар ёзмагин, майли, қайси қизга хоҳласанг уйлан ё бевалар билан билганингни қил. Майли, ич, лаънати тамакини чак, фақат тезроқ соғай, соғайгин болам!” дейди. Она ўғлининг тирик қолиши учун ҳамма нарсага рози, энди, қўрқоқ ўғлнинг онаси-чи? Унда оналик меҳри-муҳаббати йўқми?! Ёки шоир ўз мақсадини нотабиий ҳолда ифода этдими? Йўқ, аксинча, шоир бу она тимсолини табиий ҳолда, янада юксак даражага кўтарган. Қўрқоқ ўғлнинг онаси номини олишдек иснодга чидай олмайди. Жигарбандига эса меҳру муҳаббати… Мана шундай драматик ҳолат – икки йўл: биринчиси, оналик меҳри билан уни яшириш, иккинчиси, қўрқоққа ўлим. Шоирнинг маҳорати шундаки, она икки йўлдан баравар боради. Дастлаб, шамшир ва папоқни ташлаш, мўйлабни қирдириш, рўмол ўраш – эркакликдан яшириш бўлса, бу ҳам ўлим билан баробар. Сўнг қабрга яшириш –бу ҳам ўлим. Демак шоир шеъридаги она оналигича қолади, қўрқоқнинг жазоси ҳам табиий.
Расул Ҳамзатов ижодида она ва оналарга, аёлларга бағишланган бир қатор шеърлар учрайдики, уларда самимийлик кучли, гўзал қалбнинг нозик туйғулари ифодаланади, миллий хусусиятлар очилади, умуминсоний ғоялар сингдирилади, қолаверса, фарзанднинг онага бўлган меҳри, унинг олдидаги бурчи, алам ва армонлари юракдан сўл олиб тўкилади. Айниқса, шоирнинг ўз онасига бағишлаб ёзган шеърларида ички кечинмалар таъсирли ифодаланади:
Иккаламиз, танҳомиз, мана,
Қалбимда йўқ ғам-ғашдан нишон.
Сенинг юмшоқ кафтингга яна
Оқсоч бошим қўяй онажон.
Ҳаёт бу дам бўлиб гирдобдай,
Олиб кетар комига солиб.
Дил сиқилур яна пайдар-пай,
Онам, сени унутдимми, деб?
Сен бўлсанг-чи, қилмасдан таъна,
Кўз ташлайсан ҳавотирланиб.
Хўрсиниб гоҳ, билдирмай она,
Артасан кўз ёшинг ўртаниб.
“Дурустгина сенга эътибор қилмадим”, дейди шоир. Унинг шеърларида “Онамни ўйлайман…” деган сатрлар такрор учрайди. Бу ўйларда она айтган аллаю қўшиқлар ҳам, болаликнинг меҳрга чўмилган ширин дамлари ҳам, алам, изтироб, армон, айрилиқ,… – ҳамма- ҳаммаси бор. Улар сатрлар тарзида шоир шеъриятига сочилиб кетган: “Менинг юрагимга жўр бўлган ашъор – Она қўшиғидан не бор гўзалроқ?” “Онам деразада шам қўяр ёқиб, адашмасин деб қайтар чоғимда”. “Оҳ, тирик бўлганда мунисим, онам, йўламас эди-ку менгаям фироқ”.
Синчков китобхон яна бир жиҳатни илғаб олади. Шоир она билан боғланган ҳар бир нарсани муқаддас ҳисоблаб, қадрлайди. Она замин, она Ватан, она қишлоқ, она халқ, она тили… Булар шоир шеъриятининг ўзаги.
Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.
Майли, қашшоқ бўлсин, майли, беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам
Она тилим менга муқаддас, буюк.
Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини,
Наҳот, таржимада ўқир авлодим?!
Наҳот, мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!
…Юртдошларим туриб қабр олдида
Кўрсатсин: “Аварнинг шоири шул”, деб.
Элим ёдга олсин она тилида:
“Ҳамзат Цадасининг ўғли Расул деб!”
Бу шеър авар тили ҳақида, кутилаётган фожеа ва унинг олдини олишга қаратилган бир шоир қалбининг дардли нидосидир. Лекин унга тақдирдош бўлган бир қатор тиллалар учун ҳам бу шеър огоҳлантирувчи ҳайқириқ сифатида ҳизмат қилиб келади.
Расул Ҳамзатов шеърияти ранг-баранг товланувчи ижод маҳсулидир. Шаклий жиҳатдан олганда, ҳам насрий, ҳам шеърий; жанг хусусиятига кўра, достонлардан тортиб, то байтгача: сонетлар, саккизликлар, тўртликлар, эпиграммалар, ҳатто, “Битиклар” деб номланган алоҳида хусусиятга эга бўлган туркум шеърлар ҳам бор. Олинган мавзулар эса, сиз ва биз илғай олмайдиган, лекин инсон учун муҳим қилиб қўйилиши керак бўлган кичик масалалардан бошлаб, умуминсоний, умумбашарий масалаларгача тегишли. Бу ранг-барангликнинг ҳар бирида шоирнинг ўзига хос услуби ва маҳорати очиқ кўриниб туради. Масалан, сонет жанридаги шеърларига эътибор қилсак, уларда қофия йўқ. Бу авар шеърияти хос қадимий анъанавий хусусият. Шоир уни сонет жанрида давом эттирди ва янгилади. Саккизликлар ҳам шоир ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. “Расул Ҳамзатовнинг саккизликлари адиб шеъриятида бир мустақил шакл бошланишига сабаб бўлди., – деб қайд қилади Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов. – тўғри адабиётда учлик, тўртлик, бешлик, олтилик ва ҳоказолар чексиз равишда учраши мумкин. Лекин саккизликнинг кўпчилик томонидан севиб қарши олинишини Р. Ҳамзатовнинг қудратли истеъдоди тақдим этади.” У шу кичик жанр орқали ҳам даврнинг катта муаммоларини, йирик жанрларда илгари суриладиган ғояларни, инсон қалбининг юксаклигини янги топилмалар ва такрорланмас бадият билан намойиш эта олади.
Ҳиндларнинг нақлига ўра, энг аввал,
Оламда илонлар пайдо бўлгандир.
Тоғликларга қолса, улар ҳар маҳал,
Энг аввал, лочинлар пайдо бўлоган, дер.
Мен эса ўйлайман: ушбу оламда
Одамлар бунёдга келган илгари.
Кейин, қай бирлари лочин бўлган-да,
Илонга айланган қайси бирлари.
Нега хулоса шу қадар ёқимсиз. Оллоҳ томонидан энг олий жонзот қилиб яратилган инсонга нисбатан беҳурматлик эмасми, бу? Йўқ. Аввало, бу нақлнинг таъсирида ёзилган. Қолаверса, лочин – лочин мағрурлик, мардлик, курашчанлик, илон эса донолик тимсоли. Буни ижобий жиҳатдан ҳам қабул қилса бўлади. Албатта, шукроналик билан. Нима учун?! Чунки оламда қанчадан-қанча йиртқич ҳайвон ва қушлар бор. Ҳинд нақлича , балки қанча йиртқичлар ҳозир ичимизда одам шаклида юргандир. Қанчадан-қанча одамлар озор чекаётгандир. Агар шоир хулосасича бўлган эди, одамлик хусусиятини йўқотган кимсалар ўзига мос бир йиртқичга айланиб борарди-да, бу дунёда фақат биз истаган яхши инсонларгина яшаб қоларди. Балки биз шоир айтмоқчи бўлган фикрдан четга чиқиб кетгандирмиз. Лекин ҳақиқий шеър китобхонларни ҳар хил фикрлашга ўргатади. Шоирнинг бадиий қурботи ҳам шундадир.
Умуман, Расул Ҳамзатов фикр уйғотувчи шеърият соҳиби. Фикр эса, унинг ижодида юксак бадият ва норзик билан уйғунлашган ҳолда берилади. Шунинг учун ҳам шоир шеърларини ўқиганингизда, таъсирдан қалбингиз жимирлайди, гўзалликдан ҳайратланасиз ақлингиз янги, кутилмаган фикр билан бойийди. Ниҳоят, юрагингиз ларзага келади. Шеърнинг кучи юракдан бошланиб, яна юракка қайтади. Камдан-кам ижодкорга насиб қилади. Яна шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, Расул Ҳамзатов айрим адабиётшунослар таъкидлаганидек, дунё шеъриятига тоғликлар руҳиятини биринчилардан бўлиб олиб киради. Бу чин маънодаги миллийлик дегани. Аммо, умуминсоний юксакликка кўтарилган миллийликдир. Шоир шеърияти билан ошно бўлган ҳар бир миллат ўқувчиси ўзини англашга ҳаракат қилади, халқини ўйлашга, унинг дарди билан яшашни истаб қолади, ўз қадр-қимматини тоғлар сингари юксак тутишга ўрганади.
Шоир ёган эди:
Бола эканимда сен она эдинг,
Улғайгач сен бўлдинг севимли дилдор.
Кексайсам бўларсан қиздай меҳрибон,
Ўлсам хоким узра қолурсан ёдгор.
Шубҳасиз, Расул Ҳамзатовдан қолган бадиий ёдгорлик абадиятга юз буриб улгурди.
Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2010 йил, 2-сон.
Rasul Hamzatov ijodi barcha sharq xalqlarining ma’naviy boyligidir lekin bugun shunday shoirning ijod namunasini kitob do’konlaridan topish qiyin bo’lib qoldi !