Zulfiya Qurolboy qizi. Kasal qush. Hikoya.

033
Бугун истеъдодли ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи таваллуд топган кун. Адиба 1966 йилнинг 15 сентябрида Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.
Саҳифамиз номидан адибани таваллуд куни билан самимий табриклаймиз ва оилавий бахт, ижодий ютуқлар тилаймиз.

090

Зулфия Қуролбой қизи
КАСАЛ ҚУШ
Ҳикоя

“Бугун ҳам кечгача сенинг қўнғироғингни кутдим.
Сиҳатгоҳга келганимга олти ой бўлди, шу вақт ичида деярли ҳар куни хабар кутаман, лекин сен жимсан.
Бу аҳволда ақлдан озиш ҳеч гапмас. Бўлди, энди кутмайман, дейман-у, қўл телефонимни отиб юбориб, ҳамшира Ойдинойнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, ҳовлига чиқиб кетаман. “Ҳаво совуқ, ташқарига чиқишингиз мумкин эмас!” дейди Ойдиной ортимдан югуриб келиб. Мен ҳечқиси йўқ, дегандай кулиб қўйиб йўлимда давом этаман. “Дўхтир мени ўлдиради!” деб қолади у ваҳима ичида. Ойдиной тўладан келган, очиқ юз, жонсарак жувон. Унга ачинаман. Оғир хаста эканликларига қарамай бурчак-бурчакка биқиниб олиб гоҳ чекаётган, гоҳ шаробхўрлик қилаётган ёки уйларига қочиб кетишга уринаётган “қулоқсиз” беморларнинг кетидан югуриб юриш ҳамшираларга ҳам осонмас. Ахир улар… маошига қўшимча ҳақ тўлангани сабаб бу сиҳатгоҳда ишлашга рози бўлишган. Лекин бизникилар жуда антиқа-да ўзи, касалхонага оҳ-воҳ қилиб келишади-да, аҳволлари сал ўнгланса бас, дўхтирларнинг кўзини шамғалат қилиб, уйларига жўнаб қолиш пайида бўлишади. Оқибатини ўйлашмайди. Фақат қари-қартанг беморларгина ташқарига чиқишмайди, хоналарига қамалиб олишган, уларга барибир энди, баъзилари уззукун қув-қув йўталишади, баъзилари иситмадан алаҳлаб ётишади, бундай ҳаётнинг бир лаҳзасига қараб, унинг давомини, эртасини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қариялардан биргина Усмон чол дегани сал бардам. Ёки ўзини бардам кўрсатади. Юзи шунчалик озғинки, бир қўлнинг кафтига жо бўлгудек, вужуди гўё ўз гўштини еб жонини сақлаб тургандай юпқа, сарғимтир териси устихонига ёпишиб кетган рамақижон, нақ тирик арвоҳ дейсиз, лекин у ҳам менга ўхшаб ҳар куни сиҳатгоҳ ҳовлисига чиқмаса туролмайдиганлардан.

Чол унчалик қув эмас, аммо сергаплиги одамнинг тез жонига тегади.

– Биззи дардимиз дунёдаги дардлар ичида энг безиёни аслида, – деб мақтанишни яхши кўради чол. – Мана, ўзингиз ўйланг, сариқ касал ҳам, сахарнийлар ҳам бир умр диета қилиб ўтишга мажбур. Спиртни-ку бир грамм ҳам оғизга олиш мумкинмас! Бу энг оғир жазо-да одам учун. Кўнглинг тусаган нарса олдингда турсаю сен ея олмасанг, ича олмасанг! – чол нурсиз, сарғайган кўзларини суҳбатдошига тикиб бир неча сония жим туриб қолади, кейин яна ўзининг дардини ардоқлай бошлайди: – Аммо бизники миравой касал! Истаган нарсангни ейсан-ичасан, парҳез-марҳез деган нарсани билмайсан!

Усмон чол сиҳатгоҳга мендан олдинроқ келган. Мана, ярим йилдан ошдики, бирорта қариндоши йўқлаганини кўрмадим. Ҳамшираларнинг гапига қараганда, унинг ўғил-қизлари бор эмиш, катта-катта жойларда ишлармиш. Ора-сира қўнғироқ қилишиб, чолнинг аҳволини сўраб туришармиш. Ҳатто азбаройи оталарининг ҳурмати ва яна сиҳатгоҳ маъмуриятининг илтимосига кўра, гоҳ-гоҳида ўзларининг мурувватли қўлларини узатиб ҳам туришаркан. Шунинг учун ҳамшираю дўхтирлар олдида чолнинг ҳурмати баланд. Ёлғиз ўзига алоҳида хона берилган. Чол ўз уйида яшаётгандай яшайди. Аммо ўғиллари негадир уни кўргани келишмайди. Чол бўлса буни сездирмайди. Худди ҳеч кимни кўришга зор эмасдай тутади ўзини. Янглишмасам, икки ҳафта бўлиб қолди-ёв, бош дўхтир чолнинг ўғилларига қўнғироқ қилиб, уни уйларига олиб кетишлари мумкинлигини айтибди. Ўғиллардан эса дарак бўлмабди. Бош дўхтир қув одам, ўйлаб кўриб, ҳийла ишлатибди: “Отангизни нари борса уч ҳафталик умри қолди, келиб олиб кетсангиз яхши бўларди, ҳар қалай сўнгги дамда одам яқинлари қуршовида оёғини узатгани маъқул.” Эртаси куниёқ баҳайбат машиналарда чолнинг ўғиллари етиб келишди. Миннатдорчилик ифодаси бўлса керак, улар сиҳатгоҳ маъмурияти ва беморларга каттагина зиёфат беришди. Концерт уюштиришди. Шу куни айниқса беморларнинг роса бити тўкилди. Ҳатто хоналарига қамалиб олган қари-қартанглар ҳам зиёфатда қўр тўкиб ўтиришди. Ўйин-кулгига иштиёқ одамзоднинг қонида борлиги рост. Ўзлари ўлим остонасида туришибди-ю… Чолнинг олдида гапиришмаса-да, орқаворатдан унинг ўғилларини бемеҳрликда айблаб юрганлар энди уларга ҳурмат, айрича эҳтиром билан қарардилар. Зиёфат ва концертдан кейин ўғиллари олиб келган янги уст-бошларни чолга кийдиришиб, олиб кетишга тараддудланишди. Бироқ! Бироқ қайсар чол кетмайман, деб туриб олса де! Ўғиллари бир нималар деб ялиниб-ёлворишди, қаттиқроқ гапиришди ҳам, аммо ўжар чол барибир кўнмади.

Шу куни кечаси юрагим сиқилиб, йўлакка чиқсам… дераза олдида Усмон чол ташқарига қараганча ўй суриб турибди. Мени пайқамадиям…

Эртаси куни чол анча ҳардамхаёл бўлиб юрди. Негадир мақтанмади ҳам. Аммо кечга яқин дўнглик устига чиқиб, ёнимга ўтираркан чуқур хўрсиниб қўйди-да:

– Бу дунё шунақа экан-да, – деди.

Чолнинг ҳасратлашгиси келганини тушундим.

– Бир умр пахта зовутда, чанг-тўзон ичида ишладим, – дея давом этди у бир пасдан кейин. – Яхши тўлашарди… Хотиним раҳматли неча марта айтди, ўпкангиз микробга тўлиб кетди-ку деб. Аммо парво қилмадим… – чол бир лаҳза жимиб қолди, кейин мақтангандай бўлиб яна давом этди: – Катта ўғлимни банкка ишга жойлаш учун ўн минг сарфлаганман вақтида. Кичигини корхона директорлигига ўтқазиш учун ҳам шу атрофда харажат қилдим. Мен бу пулларни ўпкамга ўтирган чанг зарраларидай мисқоллаб йиққанман. Мана, ҳозир ўғилларимнинг пичоғи мой устида. Улар учун ўн минг ҳеч нарсамас! Аммо… мендан ирганишади уйда бўлсам. Болаларини яқинимга йўлатишмайди. Келинларим уйда ниқоб тутиб юришади…

Бирдан чол ҳўнграб юборди. Худди ёш боладай қоқсуяк елкалари силкиниб, ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

Ўрнимдан туриб хонамга кириб кетдим. Чолга тассалли беролмадим. Шунча кўнгилсизликлар ва кўргуликлардан кейин ҳам унинг шу оламда яшаб юргани ўзи катта гап.

Тунов куни эса… сиҳатгоҳдан қочиб чиққан ёш жувонни ярим йўлда тутволишиб, қайтариб келишди. Жувон эри билан тўрт йил яшаган, фарзанд кўришмаган, бу камлик қилгандай эри автоҳалокатга учраб оламдан ўтган, аёл кўп ўтмай юқумли касалликка чалинган. Бу ерга келганидан кейин жувон ўзини анча яхши ҳис қилган, аммо қариндошлари уни уйга олиб кетишга шошилмаётганмиш, яна бир оз даволансин, деб ташлаб кетишганмиш. Дарвоқе, яна бир гап, аёл ҳомиладор экан. Шу ерда даволанаётган бемор йигитлардан бири билан учрашиб юргани ҳақида у-бу қулоғимга чалинганди. Дўхтирларни билмадим-у, аммо ҳамшираларнинг ҳам бу сирдан хабари бўлган, лекин қатъий чора кўришмаган, фақат… жувонга ҳомиладор бўлиб қолишдан сақланиши лозимлигини тайинлашган, холос.

Кечанинг ўзидаёқ жувонни аборт қилишди. Ҳомиладорлик аёлнинг касалини ривожлантириб юборармиш.

Албатта, аёлнинг бу қилиғи яхшимас. Ўзбекчиликка тўғри келмайди. Лекин аёлнинг икки йилдан буён шу ерда яшаши, яқинлари хабар олмай қўйгани ва энг даҳшатлиси, ўлимга маҳкумлигини ўйлаб, унинг бу дунёдан ном-нишонсиз кетмаслиги учун қилган ҳаракатини тушунса бўлади.

Операциядан кейин жувонни кўрмагандим, аммо эрталаб йўлакдан ўтаётиб ёпиқ эшик ортидан унинг йиғисини эшитдим. Бу сўнгги илинжидан ҳам айрилиб қисматга бош эгган аёлнинг таслимият йиғиси эди.

Ҳовлидаги ўриндиқда юзи қордай оқарган йигит ўтирарди.

Мен ундан жувоннинг аҳволини сўрадим.

– Билмадим, хонасига ҳеч кимни киритмаяпти, – деди йигит ўйчан оҳангда. – Кейинги вақтда ундан бахтиёр одам йўқ эди. Энди нима бўлади?..

– Дўхтирлар учун унинг ҳаёти муҳим, – дедим бошқа бирор бир таскин берувчи сўз тополмаганимдан қийналиб.

– Ҳа, – деди йигит кимгадир жаҳл қилгандай бўлиб. – Кимдир яшаши учун кимдир ўз ўрнини бўшатиб бериши керак, шекилли. Ҳатто туғилмай туриб…

Начора… ҳаёт ҳамиша бечораҳол кишилар устидан ғалаба қозониб келган. Лекин барибир одамга алам қилади, қисматнинг нима ҳаққи бор одамни бунчалик азобларга солишга?..

Айтганча, бу ерда жуда ажойиб ёш жуфтлик бор. Қараб одамнинг ҳаваси келади, айтишларича, жувон дарди бедавонинг оғир формаси билан оғригани маълум бўлгач, турган гапки, бу ёққа юборилган. Орадан икки ҳафта ўтиб… унинг эри келган ва ўша кундан буён улар бирга эмишлар. Энг қизиғи, йигит бу ерга келмасидан аввал мутлақо соғлом бўлган.

Йигитнинг қилиғи кўпчиликни ҳам ҳайрон қолдирди, ҳам ғашини келтирди. Айниқса Усмон чолнинг қаттиқ жаҳли чиқди.

– Ҳаётнинг қадрига етмаган тентак! – дерди у ҳар гал йигитни кўрганда.

Битта аёлни деб ўзидан кечиш… ҳақиқатан ҳам ажабланарли. Айниқса дўхтирларнинг жаҳллари чиққанини кўрсангиз эди! Улар бир неча марта йигитни ҳайдаб чиқаришди, ҳатто жувоннинг ўзи ҳам эрининг бу ерда бўлишини истамай, уни хонасига киритмасди; бечора йигит касалхона ташқарисида, темир панжаралар атрофини айланиб юриш билан кунни ўтказар, лекин кечки обходдан кейин врачларнинг ҳам, қоровулнинг ҳам кўзини шамғалат қилиб, панжарадан ошиб ўтиб ичкарига кириб келаверарди. Қизиқ, бу ерда соғлом одамнинг юқумли дардга чалиниб, яримжон бўлиб қолиши икки карра иккидай маълум-ку. Йигит кейинчалик афсусланмасмикин?

Тез орада кутилган нохушлик рўй берди: бебош йигит ҳам дардга чалинди.

– Иккаламиз ҳам етимхонада катта бўлганмиз. Тарбиячимнинг гапига қараганда, иккаламизни бир кунда етимхонага ташлаб кетишган экан. Бирга катта бўлдик, муштдай бошимиздан ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотдик. Лекин хасталик биринчи бўлиб уни танлади. Мен шундан хафа эдим. Мана, энди иккаламиз ҳам тенгмиз, – деди у бир куни кечки пайт ҳовлида дуч келиб қолганимизда менга. – Тўғрисини айтсам, шу вақтгача хотиним олдида хижолатда эдим…

Йигит самимий сўзлади. Шубҳаларим тарқаб кетди. Ахир бундай одамлар ҳеч қачон афсусланмайдилар. Аммо Усмон чолнинг йигитга муносабати барибир ўзгармади:

– Олифта қуруқ!

Фақат ҳамшира Ойдиной йигитга айрича ҳурмат билан қарарди.

– Менимча улар ҳеч қачон ўзларини ёлғиз ҳис қилмасалар керак. Ҳатто сўнгги дақиқада ҳам, – дейди у эрталаблари боғда айланиб юрган эр-хотинга ҳавас билан боқиб. Кейин бирдан маҳзун тортиб қолади.

Ҳа, Ойдиной ҳақ. Тақдир тузалмас дард ҳамда ўлимни рўкач қилиб, инсонни маҳв этишга шай турганда ҳам ёшлик ва муҳаббатнинг кўзига ҳар қандай хавф-хатар ажабтовур саргузаштдай туюлаверади… Афсуски менинг ҳаётим унчалик ҳавас қилгудай эмас. Бунинг устига ёш ҳам, кекса ҳам эмасман, ичмайман, чекмайман, қарта ҳам ўйнамайман. Касалликка таслим ҳам бўлмоқчимасман. Тўғри, дастлабки кунлар сиқилиб кетганимдан ҳаммасига қўл силтаб, узоқ-узоқларга кетворишни ўйлаганман, ахир бегона жойда биринчи кунни ўтказиш ҳаммага ҳам оғир бўлади, афсуски, журъатим етмади. Ахир қаергаям борардим? Энди мен шунчаки касалга чалинган одам эмас, нақ касалликнинг ўзи эдим. Тасаввур қил-а, шаҳар-қишлоқлар бўйлаб уйма уй бош суқиб юрган тирик вирусни!

Энди менга соғлом одамлар орасида яшаш мумкин эмас!

Шунинг учун ҳам сиқилиб кетган вақтларимда қадам ташлашга ҳолим келса бас, ҳаво соғлиғимга тўғри келадими-йўқми, ташқарига чиқиб кетавераман. “Сиз сиҳатгоҳдаги энг беозор беморсиз”, дейишади ҳамширалар. Беозор эмиш. Қартабозлару қочоқларга нисбатан бўлса керак-да!

Дарвоқе, қартабозлар…

Биласанми, хоҳ ишон, хоҳ ишонма, бу ерда қартабозлик шунақанги авжига чиққан! Уларни алоҳида бир гуруҳ деса ҳам бўлади. Бор-йўғи беш киши. Қолганлар шунчаки томошабин.

Кечки обходдан кейин дўхтиру ҳамширалар ўз катакларига даф бўлгач, Миркомил деганининг палатаси одамга тўлиб кетади.

Қартабозлар эса ўртадаги стол атрофида ўтиришади.

Аввалига ўйин шунчаки эрмакдай бошланади. Мақсад бойлик тўплаш ва фойда кўриш эмас, асло. Шунчаки вақт ўтказиш. Ахир бу ерда беморлар учун ҳамма нарса текин. Бироқ аста-секин ўйин кескинлаша бошлайди. Буни ўйинчиларнинг қиёфасидан билса ҳам бўлади. Ўйинчиларнинг сарғайган юзлари аввалига бўғриқади, қизаради, кейин қарашлари ўзгаради. Ўйин ўртасига етганида бир-бирларига шундай важоҳат билан қарашадики, уларни совуққонлик билан кузатиб турган ҳар қандай одамнинг ҳам жазаваси қўзиб кетади.

– Миркомил, бос! Туз сенда, билиб турибмиз, туз сенда!

– Саидғани, ўлиб қолдингми, нима бало!

– Э, лапашанг…

Томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари ўйинчиларни қутуртириб юборади. Улар энди шунчаки вақт ўтказиш учун эмас, кўпроқ пул ютиб олиш ҳаракатига тушиб қолишади. Ўзларининг хаста эканликларини ҳам унутиб юборишади.

Азалдан бир-биридан нималарнидир тортиб олиш истаги, одамзоднинг қонида бор деган гап тўғри-да, шекилли.

Билмадим, бу ўйиннинг ҳам ўзига яраша сир-асрори борми, қанчалик диққат билан тикилмайин тагига етолмадим, лекин ҳар гал Миркомил деганининг қўли баланд келиши рост.

– Бор, ҳамширадан спирт опке, – деб буюради Миркомил ўйин ниҳоясига етгач ёнидаги ҳамхоналаридан бирига. – Мени айтди десанг, тозасидан беради.

Томоғи тақиллаб турганлар секингина қийқириб юборишади.

Кейин маишат бошланади.

Миркомил ўзи жиккаккина, қуриб қолган тарашадай бир одам, аммо дами баланд. Айтишларича, ҳатто дўхтирлар ҳам унга қаттиқ гапиришга ботинишмас экан. Лекин тезда маст бўлиб қолади.

Ана шундан кейин унинг ҳўнг-ҳўнг йиғлашини кўринг.

– Туз ҳамиша менда бўлган… Мен ҳамиша ютиб келганман! Лекин бу пулларни нима қиламан? – дейди у йиғламсираганча стол устида сочилиб ётган пулларга қараб. – Нима қиламан? Бу пуллар аллақачон чириб бошлаган ўпкамни тузатиб юборармиди!.. Эҳ, онасини… бу дунёни. Қуй! – Миркомил шериклари тўлдирган қадаҳни бир кўтаришда бўшатгач, чуқур уҳ тортиб қўяди-да, энди йиғламасдан, аммо ажабланган кўйи гапини давом эттиради: – Ўпкам узилиб тушадигандай қаттиқроқ йўталишгаям қўрқаман, лекин барибир ичавераман, шунча ичсам ҳам ҳайронман, нима учун худо мени асраяпти! Энди менинг ҳеч кимга керагим йўқ-ку…

Эртасига унинг аҳволи оғирлашиб қолганини эшитаман, уч-тўрт кун кўринмай қолади, аммо ҳафта-ўн кундан кейин қарасам, яна унинг палатасига одам тўплана бошлайди…

Одатда, эрталабки уколдан кейин икки-уч соат тўшакда ётишим керак, лекин қанчалик “беозор” бўлишимга қарамай, бунга риоя қилмайман. Тўғри, аҳволим унчалик яхши эмас, дарди бедаво билан топишиб, қадрдонлашиб қолганимдан буён у мени сира ўз ҳолимга қўймайди. Печакдай ёпишиб олган. Ўтган йили аҳволим пича дуруст эди. Ҳар қалай ўзимизнинг туман касалхонасида бир-икки ой даволаниб чиқиб, яна ишлаб юргандим. Бироқ… ким ўйлабди, қадрдон “дўстим” мендан айрилишни истамай, бутун борлиғимни эгаллаб, болалаб-урчиб кетганини! Кейинги вақтларда вужудим гўё ўзини ўзи кемириб-еяётгандай этим устихонимга ёпишиб, озиб кетгандим, бунинг устига иситма, йўтал… Туман касалхонасида ётиб даволаниб бир оз ўзимга келгандай бўлдим, аммо дўхтирлардан соғлом одамлар орасида яшашим сира мумкин эмаслигини, акс ҳолда уларни ҳам хароб қилиб қўйишим мумкинлигини, иложи бўлса, бирорта сиҳатгоҳда узоқ вақт даволанишим (аслида умримнинг қолган қисмини ўша ерда ўтказишим лозимлигини эшитиб дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. Мен ўзимни ташлаб юбормаслик учун базўр оёқда турардим. Рости, бу ёғи.. бунчалик тезлашиб кетади деб ўйламагандим. Аммо барибир дош беролмадим, совуқ хабар неча йиллардан буён дард билан олиша-олиша толиққан вужудим ва азоб чеккан қалбимни тўсатдан, кутилмаганда поралаб юбордики, натижада қаерда эканлигимни ҳам унутиб, бор-йўғидан айрилган одамдай ўтириб қолдим. “Узоққа бормай, шу атрофдаги бирорта сиҳатгоҳда даволансам бўлмайдими?” деб сўрадим бир оздан кейин ўзимни тутиб, аммо дўхтир дарҳол рад этди бу фикримни. Хотиним ҳам шоша-пиша уни қувватлади: “Харажатини ўйламанг, ҳаммасини ўзим тўғрилайман, сиз фақат рози бўлсангиз, бас!” Ялт этиб қарадим хотинимга. У лабини тишлаганча нари кетди. Майли, кетиш керак бўлса, кетамиз-да. Хотинимга ҳам осонмас, уни тушунишга ҳаракат қилдим, ахир қачонгача… кийимидан тортиб қўл артадиган сочиғигача бошқа-бошқа бўлган одам билан юрак ҳовучлаб яшайди. Ҳар куни идиш-товоғу хона полидан тортиб, эшик-деразаларгача ўн фоизлик хлорли сув билан артавериш унинг ҳам жонига теккандир. Мен хотинимнинг хлорли сувда обдон пишган, оқариб, пўст ташлай бошлаган қўллари шилиниб қонаб кетганида ҳатто пиёлани ҳам ушлай олмаганини, шу ҳолида ҳам ўз бурчини сидқидилдан адо этганини, болаларидан ёрдам кутмаганини қадрлайман. Ахир юқумли дард болаларга ҳам ўтиб кетиши мумкин-ку. Хотиним болаларни ўйлаб мени тезроқ сиҳатгоҳга кетишимни истади чоғи. Ўйлаб кўргач, бу фикр ўзимга ҳам маъқул тушди. Ҳар қалай сиҳатгоҳда ўзингга ўхшаган одамлар билан бирга бўласан, ҳатто ҳамшираю дўхтирлар ҳам касалинг юқиб қолишидан чўчимайди, улар жуда боадаб ва хушмуомала бўлганларидан юз-кўзларидаги ҳадик аломатлари унчалик сезилмайди, сезилганда нима, улар хизматлари эвазига мўмайгина ҳақ олишади, шунинг учун ҳам хавотир, андиша юрагингни эзмайди. Ниқоб ҳам тутмайсан ўз уйингдаги каби… Ёлғиз қолганда йиғлагинг ҳам келмайди…

Хуллас, келганимга ҳам олти ой бўлибди.

Олти ой ичида хотиним билан олти марта телефонда гаплашдим. “Санаторийга кетиб яхши қилдингиз, биз ҳар куни буғдой совуряпмиз, ҳамма ёқ чанг!” Кулиб қўйдим. Менимча санаторийга кетиб эмас, уйдан кетиб тўғри қилдим. “Бирор нарса керак бўлса, айтинг…” “Овора бўлма… Шароит зўр. Алоҳида палатада ётибман, ҳамма нарса етарли!” Рост-да, энди менга нимаям керак бўларди?.. Хотиним мени кўргани (болаларни юбормаслигини ўзим қаттиқ тайинлаганман унга) бу ерга келади деб ўйлагандим. Ҳеч бўлмаса болаларим… Келишларини қанчалик таъқиқлаган бўлмайин, мен уларни кутардим. Лекин… Йўқ, хотинимдан гина қилмаслигим керак, болаларга бош-қош бўлиш, – гарчи ҳаммаси аллақачон уйлик-жойлик бўлса-да, энди унинг гарданига тушди ва бу “юк”ни кўтариш унга осон бўлмайди.

Аммо сендан андак гинам бор. Наҳотки нотаниш манзилга бир умрлик бадарға қилинганимни эшитмаган бўлсанг? Кўнглинг ҳам ҳеч қандай нотинчликни сезмадими? Илгарилари ора-чора қўнғироқ қилиб турардинг. Уч-тўрт дақиқалик суҳбатдан кейин: “Сиз эсламасангиз ҳам ўзим қўнғироқ қилдим, кўнглим ғаш бўлаверди”, дердинг. Мен бўлсам: “Шу одатингни яхши кўраман”, дердим. “Ҳа, сурбетлик билан ҳар қандай қалъани забт этса бўлади”, дердинг хижолатли кулиб. Мен бу гал жавоб бермасдим, аммо жон қулоғим билан кулгинг товушини эшитардим.

Кейин яна анча вақт жим бўлиб кетардинг.

Мен бўлсам хавотир олмасдим, узоқ вақт жим бўлиб кетишларингга ўрганиб қолгандим, бир кунмас бир кун яна кутилмаган вақтда қўнғироқ қилишингга ишонардим-да, аммо ҳозир ана шу ишонч мени тарк этган. Назаримда ўзимни ўзим бошқаролмай қолаётгандайман. Куни кеча эса… тушимда нуроний бир қарияни кўрдим: қаттиқ йўтал тутиб, иҳраб ётган эканман, тепамга келиб оғзимга беш томчи сув томизди. Эрталаб ҳеч қачон касал бўлмаган одамдай тетик, бардам уйғондим. Ахир сув – ҳаёт рамзи, насибам узилмаган шекилли, яна соғайиб кетаман, деган ишонч туғилди қалбимда, зеро дунёда мўъжиза деган нарса ҳам бор, бироқ кечга яқин барибир яна кайфиятим бузилди, ахир беш томчи сув – беш кунлик умр деган маънони бериши ҳам мумкин-ку!

Яна умидсизлик, яна дилгирлик…

Тунда чироқни ўчиришдан қўрқиб қолдим, назаримда зимистон қоронғиликка аста-секин сингиб, йўқ бўлиб кетадигандай бўлавераман. Аллақандай шарпа дераза ортида пусиб тургандай, кўзимни юмишим билан ташланиб қоладигандай… Бошвоқсиз оғир ўйлар бостириб келаверади, атрофимни қуршаган ҳамма нарсада, ҳатто кафтимда чуқур ботган чизиқларда ҳам ўлим аксини кўргандай бўлавераман ва… отилиб ташқарига чиқиб кетаман.

Сиҳатгоҳ катта майдонни эгаллаган. Кўринишидан касалхонага ўхшамайди-ю, аммо тартиб-қоидалари, озодалиги ва яна зилдай оғир кайфият ҳукмронлиги билан касалхонадан ҳечам фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам ҳаво қандай бўлишидан қатъий назар, кўп вақтимни сиҳатгоҳ ҳовлисидаги тепалик устида ўтказаман. Назаримда бу ерда мендан бошқа ҳамма тақдирга тан бериб, тинч, хотиржам яшаётгандай, гўё ҳамманинг ўлимга маҳкумлиги ҳаммага аллақандай ички таскин бераётгандай… Гўё ўлим ҳаётдаги бошқа воқеларга ўхшаш жўн ҳодиса, ўлимдан кейин яна бошқа воқеа ўз навбати билан рўй бераверадигандай… беморлар ўзларини шу қадар хотиржам тутишардики, ҳеч қачон адолатсизлик юз бермаган, дунёдаги ҳамма нарса ўз мароми ва меъёрида ташкил топган, шунинг учун ҳам қисмат ҳукмига бўйсуниш керакдай!

Мени фақат табиат қисмат билан муросага келтиргандай бўлади. Куз эмасми, бутун борлиқдан маҳзунлик ёғилиб тургандай, бир қарасанг, осмонни зил-замбил булут қоплаб, ёмғир томчилайди, аччиқ изғиринли шамол эсади, дарахт шохларида дийдираб турган япроқлар шамол ҳар дапқир ҳамла қилганида ҳаётга видо айтиб, битта-битта узилиб тушади, ҳаво совиб кетади; бир қарасанг, қуёш чарақлайди, ҳаво беназир бўлади.

Нима бўлганда ҳам ичкарида шифтга тикилиб, кун санаб ётгандан кўра, бу ер – дўнглик устида ўтириш анча яхши.

Сиҳатгоҳ шаҳардан анча олисда, овлоқ бир масканда жойлашган. Соғлом одамлар яшайдиган манзилдан йироқ бўлгани ҳам тузук. Одамнинг сал-пал иззат-нафси азият чекади, лекин бу фикр кимдан чиққан бўлса ҳам жуда тўғри ўйлаган. Шарт-шароит зўр. Тирикчиликни ўйламайсан, ош-овқатни ўйламайсан, ҳамма нарса текин. Айниқса бу ернинг ошпазлари зўр, беморларни яхши боқишади. Сира эринчоқлик қилишмайди, истаган вақтда беморларнинг кўнгли тусаган овқатни пишириб бераверишади. Бир китобда ўқиганим, ўлимга ҳукм қилинган маҳбусни қатл олдидан тансиқ таом билан сийлашгандай… Ваҳоланки… бу ерда осон ўлим топиш учун бизни тайёрлашади, ҳар куни неча марталаб ниналар баданимизга кириб чиқади, ҳапдорилар ютамиз, аммо юборилган дорилар вужудимизга ин қуриб олган вирусларни қуритиб, йўқ қилиб юбормайди, энди кеч, фақат унинг “шижоати”ни секинлаштиради, холос. Шунинг учун ҳам ўзимизни соғаяётгандай ҳис қиламиз, аслида руҳ қувват йиғиш учун вужудимизни кемириб, танадан чиқиб кетишга тайёрланаётганини, ҳаёт эса аста-секин чекиниб бораётганини пайқамаймиз… Айтганча, яна бир гап, сиҳатгоҳнинг атрофи баланд панжаралар билан ўраб қўйилгани ҳам одамга сал бошқача таъсир қиларкан: панжаранинг нариги томонида, бир неча чақирим нарида жўшқин ҳаёт қайнайди, одамлар ҳеч қачон касал бўлмайдигандай, ўлмайдигандек яшайдилар, ишлайдилар, севадилар; бу томонида эса… нафас олаётганингни ҳис қилишнинг ўзи улкан бахт!

Бу ерга келганлар сиҳатгоҳ ҳовлисида истаганча сайр қилишлари мумкин, лекин панжаранинг нариги томонига ўтишлари таъқиқланган. Тушга яқин ҳаво бир оз илигач, юришга ҳоли етадиган беморлар ҳовлига чиқишиб, сув танқислиги боис ёздаёқ қурий бошлаган дарахтлар орасида кезиб юришади. Худди қамоқхона ҳовлисидаги маҳбуслар янглиғ. Лекин бу ер қамоқхона, айланиб юрувчилар эса маҳбуслар эмас! Шунчаки… тирик арвоҳлар, холос. Панжаранинг нариги ёғи – теварак-атроф тақир яланглик, гўё қаттол касаллик ўт-ўланлару дарахтларга ҳам ҳамла қилиб, еб-ютиб юборгандай, ҳатто саксовуллар ҳам қуриб ётипти. Сал нарида тўрт-бешта қабр дўппайиб турган ғарибгина, хилват ва сокин қабристон ҳам бор… Кичик бўлса-да қабристон-да, ундан мудом мангуликнинг маъюс оҳанглари таралиб туради. Эгасиз мурдалар маҳтал бўлиб қолмайди, буям жуда тўғри ўйланган. Ҳаёт ва ўлимни ажратиб турувчи чизиқ – қабристондан нарида кўк тоқига бош тираган қорли тоғлар бошланади. Эрталабки қуёш нурида чўққилар ял-ял ёнади. Шу тоғларни қоқ иккига бўлиб, йўл-йўлакай учраган тепаликларни оралаб, кумуш тасмадай гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай темир йўл ўтган. Ҳар ой, ҳафта-ўн кунда шу темир излардан елиб келадиган поезд сиҳатгоҳ рўпарасига келганда бир дам тўхтайди, ана шунда вагонлардан ранглари сарғайган, беҳол, рамақижон беморлар ҳансираб тушадилар ва толхивичдай қўлларини пешонасига соябон қилганча қўққайиб турган сиҳатгоҳ томонга қараб бир зум туриб қоладилар, афтидан: “Охир етиб келган манзилим шу ер бўлдими?” деган афсус-надоматли ўй ўтса керак хаёлларидан. Кейин ёнидаги меҳрибон шеригининг мададига суянганча сиҳатгоҳ томон юрадилар. Ичкарига кириб, ташрифнинг барча расмий томонлари ҳал бўлгач, бемор истар истамай ўз кулбасини эгаллайди, меҳрибон шерик эса… бу ердан тезроқ даф бўлишга шошилади.

– Болаларга эҳтиёт бўл… – тайинлайди бемор. – Томорқани қаровсиз қолдирма… Томнинг шиферида дарз кетган ери бор, шуни бутлаб қўйиш эсингдан чиқмасин…

– Э, бўлди, ишни ўйламанг энди, – йўл-йўлакай жавоб беради меҳрибон шерик. – Сиз ўзингизни ўйланг. Соғлиғингизни, тезроқ тузалиб кетишни ўйланг. Мен тез-тез келиб тураман!

Кейин ёв қувгандай шошиб темир йўл томон юради. “…тез-тез келиб турармиш!”

Поезд эса… ҳаёт абгор қилиб, яроқсиз ҳолга келтирган одамларни сўнгги манзилга ташлайди-ю, соғлом одамларни ёрқин келажак сари олиб кетади.

Назаримда аллақандай кўринмас зот масхаромуз қаҳқаҳа урганча одамларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратаётгандай туюлади. Ёки ғўзани ягана қилаётган уста деҳқон каби ортиқча, кераксиз ўсимликни суғуриб олиб итқитиб ташлаётгандай…

Яхшиям худо битта, агар қадим замонлардагидай худолар кўп бўлганда шўрлик одамзоднинг ҳоли не кечарди, дейман ўзимга ўзим.

Бу ерга келувчиларнинг ҳаммаси ҳам бемор эмас албатта, баъзилари яқин қариндошини кўргани келаётган бўлади, ёки Ойдинойнинг эрига ўхшаб хотинининг маошини олиб кетиш учун йўлга чиққан… Нима бўлганда ҳам шу куни сиҳатгоҳ ҳар кунгидан гавжум, сершовқин ва бесаранжом бўлиб қолади. Қаёққа қараманг, одам.

Аммо Ойдинойнинг эри ичкарига кирмайди. Хотини билан панжара ортида туриб гаплашади.

Бир оз гангур-гунгур қилишганидан кейин Ойдиной дарҳол:

– Бу сафар маошим сал камроқ, – деганча эрига қўшқўллаб топганини тутади. – Йиғ-йиғ кўп бўлди. Болалар мени роса соғинишгандир? Транспорт қулайроқ бўлганида уйдан қатнаб ишласам ҳам бўларди.

Эрнинг икки кўзи пулда. Лекин:

– Майли, борига барака, – дейди ўзини хокисор тутиб. У тўладан келган, биққи, икки юзи ялтираб кетган киши.

– Ҳа, ҳа, албатта… – дейди Ойдиной шоша-пиша.

– Менам иш топгандайман, худо хоҳласа, рўзғорга барака кириб қолади.

– Иш топдингизми?

– Ҳа, суҳбатдан ўтсам бас…

– Дадаси, – эрининг гапини кесади Ойдиной, – иложи бўлса тезроқ ишга киринг. Кейин мен бу ердан бўшайман!

– Ие, эсингни едингми? – эрнинг овози бирдан ўзгаради. – Даромадли ишдан бўшаволиб, кейин шаҳардаги ҳамкасбларингга ўхшаб мирқуруқ бўлиб юрмоқчимисан?

– Шаҳарда ҳар қалай бехавотир…

Эр уни гапиртиргани қўймайди:

– Шаҳарда иш топа олсанг ҳам катта гап! Биласанми, у ерда ҳозир ҳамширалар иш тополмай, кўча чангитиб юришганини! Эҳ, сен ишсизлик нималигини қаёқданам билардинг!.. –дея чуқур хўрсинади.

– Ҳар доим шу гап… Ҳар доим шу гап…

Ойдиной ҳиққиллайди.

Беихтиёр дилгир бўлиб қоламан. Одамзод тақдир қўлидан озгина маош олади-ю, аммо юз минглик иш қиладиган ишчига ўхшайди. Тақдир эса ўз манфаатларига нисбатан маънан қашшоқ бўлиб қолган кимсаларни топиб, ишлата биладиган моҳир ишбилармон!

Дарвоқе, сиҳатгоҳ ходимларининг бир одати менга унча ёқинқирамади: улар эскириб қолган, яроқсиз дориларни узоқларга эмас, шундоқ сиҳатгоҳ ҳовлиси этагидаги чуқурга ташлар эканлар. Тўғри, бу ерда бола-бақра йўқ, аммо қушлар бор-ку. Ишонасанми, бир гала қушлар ҳар куни эски дорилар ташланадиган чуқурни титкилашгани-титкилашган. Мен уларни ҳар куни кўраман, ҳатто таниб ҳам қолганман. Ўтган куни шу қушларни кузатиб ўтиргандим, бир маҳал, улар “қушлар базми”ни бошлаб юборишди: ғалати оҳангда куйлашар, рақс тушишар, ора-чора бир лаҳза тек қотиб, тумшуқларини бир-бирларига тираганча туриб қолишар, кейин гўё қаттиқ уйқудан уйғонгандек, бирдан бутун оламни бошларига кўтарганча чуғурлашарди. Фақат озғин, патлари туллаган бир қуш шерикларига қўшилмас, чуқурча ёнидаги дарахт шохида ўтирганча узоқ-узоқларга тикиларди. Худди бировни кутаётгандай. Мен унга қараб хаёлан: ”Оғайни, кутма, учратишни истаганингни ҳеч қачон учратолмайсан”, дейман. Аммо қуш парво қилмайди, у менинг қараб турганимни ҳам, шерикларининг чуғур-чуғурини ҳам пайқамагандай, қилт этмай тураверади. Ора-сира учишга аҳд қилгандай бир-икки қанотларини силкитиб қўяди-да яна ҳурпайиб олади. Бир маҳал тўсатдан шовқин тиниб, қушлар гуриллаганча осмонга кўтарилишди ва зум ўтмай… уч-тўрттаси “тап-тап” этиб пастга қулади. Осмондаги қушлар шу заҳоти қайта ерга қўнишиб, чунонам фарёд кўтаришдики… Ичкарига кирарканман, йўлакда турган дўхтирдан қушлар ўлимининг сабабини сўрагандим, у кулиб бамайлихотир жавоб берди: “Бу қушлар ўзимизники. Улар ёз-қиш шу ерда. Ҳеч қаёққа кетишмайди. Қиш кунлари очликка чидолмай, эски дориларни пок-покиза туширишган, мана энди жаззаларини тортишяпти. Улар ҳам касал!”

Ғалати бўлиб кетдим. Наҳотки бу ернинг қушлари ҳам касал бўлса? Шунинг учун узоққа кетмай, шу атрофда айланиб юришаркан-да!

Қизиқ, қушларга ҳам ўзига хос ақл-идрок берилган экан-да. Ва улар одамлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳаётлари тартибларига собитдирки, ўзларига ато этилган ақл-идрокни бу тартибни бузишга ишлатмайдилар.

Шу куни мен ҳам охирги дамга довур бу ердан кетмасликка қарор қилдим. Бемор одам учун қачон, қаерда ўлишнинг нима аҳамияти бор? Қолаверса, аросатда ўтган умрни якунламоқ, қайта яшаш насиб қилмайдиган дунё билан хайрлашмоқ учун бу ягона ва сўнгги имконият, тўғрими? Оилам учун оталик, эрлик бурчини бажарганман, ҳар қалай бу томондан ҳам кўнглим сал бўлса-да хотиржам, аммо… сен учун нима қилдим?

Сиҳатгоҳга келганимдан буён шу ҳақда кўп ўйлайман. Қўлимдан келгани… яроқсиз бир аҳволда қолганимдан кейингина сен ҳақингда тинимсиз ўйлай бошладим. Ўзимча қўнғироғингни кутаман яна. Бунга ҳақим бормикин? Бу саволга жавоб беролмайман.

Аммо мен барибир кутавераман. Эҳтимол, ўзимнинг бепарволигим ва ношудлигим туфайли шу тахлит жазо олаётгандирман, кейин изтироблардан – касалликдан эмас – фориғ бўларман. Соғлом одамлар орасида яшаб оғир дардга чалиндим, аммо энди дардмандлар билан яшаб соғаярман, тозарарман… Жилла қурса ўлим олдидан!

Бу ерга келганимдан буён фақат Сен ҳақингдаги одам оёғи етмаган чўққилар учига ёққан қордек топ-тоза ўйларгина мени чалғитади, илиқ хотиралар қуруқшаган қалбимга дунёнинг шодлигини қайтадан жо қилгандай бўлади. Ер остидаги қимматбаҳо хазинадай қалбим қаърида пинҳон бўлган ҳиссиётларим юзага қалқийди…

Эҳтимол, ким учундир шунчаки бир одам, шафқатга муҳтож, ташландиқ бемордирсан, аммо ким учундир бутун дунё эканлигингни ҳис қилиш…

Биламан, ич-ичингда мендан хафасан. Бир вақтлар, ҳали жуда ҳам ёш (ўн олти ёшли қизалоқ – менинг назаримда гўдак!) чоғингда беғубор муҳаббатингни англай олмаганим учун ҳали-ҳамон кечиролмайсан. Лекин унутмайсан… Мениям худди кечагидай кўз олдимда қаршимда бош эгиб турганинг: “Эртаю кеч фақат сиз ҳақингизда ўйлайман… Билмайман, менга нима бўлган…” “Бунақа гапларни гапиришга ҳали ёшлик қиласан!” “Энди бир умр тоқ ўтаман!” Кейин гўё ҳозиргина айтган гапларингдан хижолат бўлгандай, тескари қараганча йиғлаб юборганинг… “Аёл йиғиси дунёдаги энг ишончли, самимий иқрор”. Ўшанда сенга, йиғлаётган аёлга боқиб шундай ўйлаганим рост, бироқ… бағритошлик қилганим учун арши аълода афу этилиш-этилмаслик ҳақида ўйламаганман, ким билсин, эҳтимол, ўша вақтларда сенинг бокира туйғуларингга бепарво қарагандирман… Йўқ! Энди ўзни оқлашдан, нималарнидир тан олмасликдан фойда йўқ, шундай экан, ҳозир ҳақиқатни баралла айтишим шарт: ўшанда ўзимни шундай тутмасам ҳам бўлмасди-да, ахир мен муаллиминг эдим, яна оилали одам, унчалик ёш ҳам эмас, бунинг устига дардманд эдим, шунинг учун бир қарорга кела олмаганим рост. Бироқ аслида… Оҳ, у кунларнинг изтироблари! Неча марталаб хаёлан сенинг ортингдан борганларим, сен билан учрашганларим, неча марталаб сенга ҳаётимнинг мазмуни деб билган нарсани ҳимоя қилишга сўз берганларим… бироқ негадир ҳар гал ўз уйимдан, оиламдан узоқлашишим кўпга чўзилмасди, мени ҳамиша вақт ва касаллик қўрқувга соларди-ю орзуларим туманли масофалар ичра ғойиб бўларди. Кейин бўккунимча ичволиб, одамзод вақтни бўлакларга бўлиб, парчалаб ташламаганида ва вақт ҳамон зулумотдан отилиб чиқиб, зулумотга қуйиладиган учқур оқимдай яхлит ҳолида қолганида эди, бизнинг ёшимизда ҳеч қачон фарқ бўлмасди, эҳтимол шунда касаллик ҳам мени четлаб ўтарди, дея телбаларча ўйлаганларим, ёзғирганларим… Бурч, масъулият, тирикчилик ташвишлари сингари фақат инсонларгагина тегишли бўлган нарсалардан нафратланганларим… Номаълум хавотир, ҳадик ва иккиланишлар… Бироқ мана энди ўлим остонасида турганимда ҳаммаси ойдинлашди, вақт ҳам, касаллик ҳам ўз аҳамиятини йўқотди, фақат бошимда ғужғон ўйнаётган хаёллар ва қалбимни ларзага солган ҳиссиётларгина қолди. Мен энди сенга ўзимнинг муносабатимни баралла айта оламан: мен ёлғиз сени севаман, ҳатто ҳеч қачон кўришмасак ҳам, сен дунёнинг у бошида, мен бу бошида бўлсак-да, барибир умримнинг охиригача сени севаман!

(Ниҳоят, мен ўзимни ўзим фош қилдим. Ўзим бекинган қалъадан ташқарига чиқдим. Бироқ, ҳайронман, буни аввалроқ тан олиш шунчалик қийинмиди? Нега бунчалик қўрқиб яшадим?! Иссиқ ўрнимни, ўрганиб қолган тўшагимни совутгим келмадими ёки ўзимга қўшиб сени ҳам хароб қилиб қўйишдан чўчидимми?)

Аммо сенинг муносабатинг, жимлигинг мени ташвишга соляпти. Қўрқяпман. Нега жимсан?! Наҳотки мени унутган бўлсанг? Ёки сен ҳам касал қушдан ҳазар қиласанми? Тўғрисини, кўнглингда борини очиқ айтиб, қўнғироқ қилсанг-чи! Ахир шусиз ҳам умримизнинг кўп вақтини сукут сақлаб ўтказдик. Вақт намланган совун каби қўлдан сирғалиб тушиб кетмоқда. Менда ютқазадиган ҳеч нарса қолмади! Шошиляпман. Аммо сен барибир жимсан…

Бу аҳволда хотиржам кўз юма олмайман, ахир!

Менгача нима бўлган эдию мендан кейин нима бўлади, деган ўй тинчлик бермайди сира.

Кимсасиз, қоронғи хонада бокира муҳаббатидан ягона мерос қолган мактубни бағрига босганча, ўз ўйларию армонларига ғарқ бўлиб ўтирган ёлғиз ва мотамсаро аёлни кўз олдимга келтирганимда юрагим қанчалар ўртаниб кетади.

“Иқрор ва тазарру учун энди кеч эмасми?” дея кимдир таъна қилаётгандай туюлади. Дунё торайиб, тўрт девор орасида қолгандай бўламан. Ўзимни қанчалар ёмон кўриб кетаман. Агар мен бўлмаганимда, бу дунёда яшамаганимда ва бизлар учрашмаганимизда, Сен албатта бахтли бўлардинг! Ҳозиргидай қоронғи хонада ёлғиздан ёлғиз, умрингни кимнидир кутиш билан эмас, бир гала болаларинг қуршовида аёллик, оналик бахтидан маст бўлиб ўтказган бўлардинг.

Худбинлик ҳам шунчалик бўладими? Умр елдай ўтиб кетаётганини ўйлаб ўзимга ачинибман-у, сенга бирор марта: “Мени бундай жазолама, қачондир, кимнидир севган бўлсанг севгандирсан, энди ҳаммасини унут, ахир Сен ҳам бахтли бўлишга ҳақлисан, мени кутма, мени ўйлама энди”, демабман. Вақт учқур от, шошилмасанг, ҳеч нарсага улгуролмайсан, десам бўларди-ку. Ана шунда… келажаги йўқ муҳаббат қурбони мен бўлардим. Азоблардан пора-пора бўлиш менга насиб айларди. Асло сенга эмас!

Аммо ҳозир фақат сени кўришни, олисдан бўлса ҳам кўришни истайман, жилла қурса, мактуб ёз, қўнғироқ қил, гаплаш, мени деб дунёдан тоқ ўтаётганинг учун таънаю маломатларга кўмиб ташла; шунда мен гўшакдан келаётган овозинг (қанчалар аламли бўлса-да) сеҳрига берилиб, ҳаяжон ичида ундаги ҳар бир сўзингга, кулгингга (ана, сен куляпсан, кулгинг товушини эшитдим, чунки… табассуминг шарпаси лабларимга қўнди) асир бўламан, сўзларинг ва кулгингни тинглайман, илиқ нафасингни, чиндан-да мавжудлигингни, ҳароратингни ҳис қиламан; йиллар тез ўтгани, кўп нарсани бой бериб қўйганимни, ажал эшик ортида пойлаб тургани, ҳаётнинг боқий эмаслиги ҳақидаги ваҳимали ўйлар ҳам нари кетади, охир-оқибат қўрқувдан халос бўламан.

Мана, қоронғи ҳам тушди, – мен аллақачон хонамга қамалганман, чунки шудринг тушгач, дўнглик устида ўтириб бўлмай қолди, – ичкарига кирдим-у, қўлтелефонимни кўздан кечирдим, йўқ, қўнғироқ қилмабсан. Энди орзиқиб эртани кутаман, кутавераман. Фурсат оз бўлса-да, энди кутиш менинг галим. Аммо ишон, ҳеч қачон сенинг бокира туйғуларингдан шубҳаланмайман, гарчи баъзан шундай таассурот пайдо бўлса-да – дарвоқе, у тез-тез пайдо бўлиб туради – бу хасталикдан, лекин шундай бўлса-да, юрак ниманинг илинжида уриб турганини яхши билади. Шунинг учун ҳам барча-барчасига: айрилиққа-да, тушкунликка-да, хасталикка-да, Сенинг жимлигингга-да чидай оламан. Охир-оқибат, энг нурафшон, энг порлоқ, бошқа кунларга ўхшамайдиган, соғлом қушлар осмонда парвоз қилиб юрган ажойиб бир кунда сени ҳаётни қучгандай қучиб, кўзларингга термилиш насиб этишига ишонаман! Ана шунда, бор-йўғи бир неча кун ёки дақиқа ичида биз бутун бир умрни яшаб ўтамиз ва бахтиёр бўламиз. Ахир айтишади-ку, сўнгги лаҳза абадиятга дахлдор, деб. Сен албатта мени кўргани келасан, тўғрими? Сен энг даҳшатли вирусдан ҳам қўрқмайсан. Сен бокира муҳаббатига содиқ қолган ягона жасур аёлсан! Аммо бу мўъжиза қачон – эртага эрталабми ёки кечқурун, балки бутунлай бошқа куни – рўй беришини билмайман. Шунинг учун олдиндан айтиб қўймоқчиман, кечга яқин йўлга тушсанг, биз кўришолмай қолишимиз мумкин. Чунки бу ерда оқшом тушганидан кейин беморлар билан учрашув таъқиқланган. Мабодо… сен келган кунинг қуёш ботиб, атрофни қоронғилик чулғаган бўлса, учрашувдан умидингни узиб, қайтиб кетиб қолма, илтимос. Хафа ҳам бўлма.

Қуёш ботса, нима бўпти? Ахир у эртага яна оламни мунаввар этиш учун уфқдан бош кўтарди!..

Сенинг муаллиминг”

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2013 йил, 1-сон

(Tashriflar: umumiy 1 930, bugungi 1)

Izoh qoldiring