Shoir Eshqobil Shukur bilan tilsizlik, ma’naviyatsizlik, vatansizlik haqida suhbat

045Дунё катта ўрмон. Умумий маконда умумий ва шахсий чегарани белгилаб олиш муҳим. Чегара унутилган жойда мавҳумлик бошланади. Тафаккур эса аъмол ва қиёфамизни, мақсад ва маслагимизни, уфқимизни равшанлаштириб туради. Илдизини ҳис қилган инсон бугунги манзаралар олдида келажак оғриқларини туйиши тайин. Oyina.uz мухбири шоир Эшқобил Шукур билан умумий макондаги умумий ва шахсий бурчлар ҳақида суҳбат қурди.

Эркинлик бошқа, бошбошдоқлик бошқа;
фикр бошқа, маҳмаданагарчилик бошқа…


– Бозорга борган одам пулига қараб нарса танлайди. Интернет фойдаланувчисида бу қонуният ўзгачароқ. Ахборот уммонига ҳар қандай инсон ҳам ғарқ бўлиши мумкин. Бугунги манзара олдида кўнглингиздан нималар ўтади?

– Мирзо Бедилнинг “Кўринмаган сувга қўлингни ювма” деган мисраси бор. Ҳозир айнан кўринмаган сувга қўл ювиш урф бўлди. Шовқин-сурон кўп, сокин мулоҳаза йўқ. Гап кўп, фикр йўқ. Ҳолбуки, бир вагон гапдан кўра бир чимдим фикр авло. Шунинг учун ўйлаб-нетиб ўтирмай, дуч келган нарсанинг изидан лўкиллаб югуриб кетавериш, ҳовлиқмалик, фаросатсизлик авжга чиқяпти. Эркинлик бошқа, бошбошдоқлик бошқа, фикр бошқа, маҳмаданагарчилик бошқа. Одамнинг дунёга, умуман ҳамма нарсага муносабатини унинг ички маданияти белгилаб беради. Аслан маданиятли одам зулматдан ҳам нур ахтаради, бундан мосуволар эса ҳар нарсадан, жумладан, интернетдан ҳам, иллат, фисқу фужур топади.

ХХ асрда кино дунёни забт эта бошлаганида Ғарб файласуфларидан бири “Кино бизни кўришга ўргатди, лекин қарашдан жудо қилди”, деган эди (ҳолбуки, ўша пайтдаги фильмлар ҳозиргидан кўра анча тузук бўлган). Дарҳақиқат, кўриш ва қараш бошқа-бошқа тушунча. Бир кунда минг-минглаб нарсаларни кўрамиз, лекин шундан бор-йўғи уч-тўрттасига қараймиз. Қарашда дунёқараш, фикр, ички муносабат, ҳатто туйғу иштирок этади, кўришда эса ундай эмас. Дунёнинг машҳур кинокомпаниялари Габриэл Гарсиа Маркесга “Юз йил ёлғизликда” романи асосида бадиий фильм ишланиши учун рухсат маъносидаги биттагина “хўп” сўзи учун миллионлаб доллар ваъда қилишганда адиб, эҳтимол, айни кўриш ва қараш орасидаги тафовутни ҳисобга олиб, “Йўқ!” дегандир.

Қуёшнинг чиқиши ва ботишини, далаларни оппоқ қор қоплаганини, осмонда порлаган юлдузларни одам кўрса-ю, ҳеч нарсани ҳис қилмаса, бу навбатдаги кўрликнинг бир тури эмасми? Аввалги замонда одамларни қарашга эмас, кўришга мослаштирадиган восита битта кино бўлган бўлса, бугун уларнинг ҳисоби йўқ. Ахборот очкўзлиги даврида қараш бутунлай инқироз гирдобига кирди. Бугун қалбий сезги емирилиб боряпти.

Бунинг устига, интернетда саводсизлик, она тилимизга ҳурматсизлик авжга миняпти. Баъзи буюкликка даъвогарларнинг отини тўғри ёзиши амри маҳол. “Youtube”даги бир соату қирқ минутлик кўрсатувнинг сарлавҳасига қаранг: “Интернетни ёғлатган бухоролик қизалоқ оила”. Шўрлик жумла, бечора тил. Ёғлаш билан йиғлашнинг фарқига бормаган одам қандай қилиб журналистлик ё блогерлик қила олади? “Бухоролик қизалоқ оила” деганини айтмайсизми? Интернет қандай йиғлайди ахир? Афсуски, ўзбек интернет сегментида ўзбек тилига бу каби ҳурматсизликлар сон мингта. Аввал ўқиш-ёзишни ўрган-да, кейин ўртага чиқ, оғайни, дейдиган одам йўқ.

“Нима бўпти, шунга ота гўри қозихонами, бадхатлик билан бўлса-да, айтадиган гапини амал-тақал қилиб тушунтирса бўлди-да”, дегувчилар ҳам топилади. Лекин бу ҳол минглаб ёшларнинг савиясини, дидини бузиши ҳақида ўйлашмайди. Шу ўринда бир афсонани эслаб ўтиш жоиз. Урушда қаҳрамон жангчи душмандан енгилади, бу мағлубиятга тақачи унинг оти тақасига битта михни кам ургани сабаб бўлади. Миллий тафаккурда ҳам баъзан битта кичик хато ўша урилмай қолган михдай нохуш оқибатга олиб келиши мумкин.

– Илгари инсонларда андиша деган муҳим парда бўлган. Бошқаларга имкон қадар шу парда ортидан кўринишга ҳаракат қилинган. Атрофни кузата туриб, замондошларимизнинг маънан яланғочлашиб, маънан қашшоқлашиб бораётганига гувоҳ бўлaмиз. Сизга ҳам шундай туюладими?

– Мени андиша туйғуси кўп ўйлантиради. Ҳозир бу туйғунинг отини чаппа қўяётганлар бисёр. Бири “қўрқоқ” деса, бири “ночор”, “ожиз” дейди. Устидан куладиганлар ҳам кўп. Менга андиша энг мазлум туйғу бўлиб кўринади. Унинг ғамгин ҳолатини ҳис этаман. Одамзот андишага ўз синглисига қарагандай авайлаб муносабат қилиши керак. Йўқса, кўп нарсадан жудо бўлади.

Мунчалар маъюссан синглим, Андиша,
Ғамгин кўзларингда маржон-маржон ёш.
Лабларинг пирпираб турар ҳамиша,
Икки жаҳон аро бир жонинг талош.

Шамолдаги шамдай титраб турасан,
Маъсума кўнглингда оташин оҳлар.
Билмам, қай меҳробга бошинг урасан,
Ортингда таъқиблар, олдингда чоҳлар.

Бошқа туйғулар ҳам хатарда қолган. Шунинг учун қуруқлашиш, сохталашиш, маънавий яланғочлашиш кучайиб боряпти. Қадимги xитойликларнинг бир насиҳати бор: “Минг йил соя бўлиб юрма-да, бир кун одам бўл!” Инсонни инсон сифатида тутиб турган куч туйғулардир. Чунки улар ботинимизни худо билан боғлаб туради.

Мен бу ҳақда, яъни туйғулар ҳалокати ҳақида шеър ёзганман. Унда шундай сатрлар бор:

Бу йўллар ястанар мангу кўнгилдай,
Ундан ўтиб борар қанча куз, баҳор.
Борар боши эгик ака-сингилдай,
Маъюс қўл ушлашган Номус билан Ор.

Унда ҳодисалар тошиб боради,
Кимдир жонин берса, кимдир олар жон.
Бу йўлдан қайгадир шошиб боради,
Бир гала ит қувган ҳокисор Виждон.

Қадрдон туйғулар Ҳаё ва Иймон,
Оқибат, Қаноат, Диёнат, Ғурур.
Бу кўҳна йўллардан борурлар қаён,
Ҳар бирин юзида ҳовуч-ҳовуч нур.

Кўриб қолганимда уларни ҳар гал,
Отамни, онамни, болам, синглимни,
Кўргандай бўламан Абад ва Азал
Йўллари устида ҳайрон кўнглимни.

Баъзан, йўқ, баъзан эмас, кўпинча самимийлик билан маҳмаданагарчиликнинг фарқига бормай қоляпмиз. Натижада ким кўп лаққилласа, ўшани ҳаммадан ақлли деб ўйлаяпмиз. Ғавсул Аъзам “Менинг сукутимни англамаган одам сўзимни англамайди”, деб бекорга айтмаган.

– Давлатимиз раҳбарининг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган эътирофи бор. Бугунги маънавиятли инсон деганда кимни тушунасиз, унинг бурчи нималардан иборат?

– Мен бу борада боболарим ва момоларимни эслайман. Бугун ўйлаб қарасам, аслида улар ҳақиқий маънавият тарғиботчилари бўлишган экан. Қойил қоладиган жиҳати шундаки, улар маънавият ҳақида кўп гапирмай, бизга маънавиятни сингдирган, Ватан ҳақида маъруза қилмай, Ватан туйғусини сингдирган. Сувга, Ерга, Элга, ўтмишга, ҳаётга қандай қараш кераклигини, уят ва андиша нима, номус ва ор нима, буларни ўзларининг амаллари, хатти-ҳаракатлари билан аста-секин қон-қонимизга сингдириб борган. Бу донишмандона усул. Бугунги маънавият тарғиботчиси маънавиятни қизил ва қуруқ, бақироқ сўзга айлантириб қўйишдан сақланиши керак. Маънавият унинг ичидаги дарди бўлиши керак. Дардки, боласига васиятдай ўтадиган дард. Дардки, ҳаётининг маъносига айланган дард. Маънавият ҳақида гапирилаётганда уч хил ҳолат кўриниш беряпти: самимийлик, бефарқлик, маҳмаданагарчилик. Ҳамма гап худди шу самимиятда.

Яна бир нарсани айтиб ўтишни истардим. ХХI асрга келиб, ватан ҳақидаги қарашлар ҳам глобаллашяпти, жўнлашяпти. Дарахтларнинг илдизлари ўзлари билан. Одамларнинг илдизлари қабристонда. Ота-боболари, қариндош-уруғлари ётган жойда. Қишлоғим қабристонига зиёратга борганимда ўз илдизларимни ҳис этаман. Бу нарса Ватан тушунчасининг муҳим бир қисмидир. Бугунги кунда урчиб кетаётган “Қаерда яшаш яхши бўлса, маишат яхши бўлса, ўша ер Ватанинг” деган мулоҳаза ҳақида ўйлаганимда шу гаплар кўнглимга келади. Буни замонавий қараш дегувчилар ҳам бор. Йўқ, бу замонавийлик эмас, хоинлик бу!

– “Бобосўз изидан” китобингиз маънавий бисотимизга катта мерос бўлиб қўшилди. Тилимиз қайғуси бўлганки, шу мавзуга қўл ургансиз. Мустақилликка эришганимизга ўттиз йилдан ошди, мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан ўнгланиб олди, лекин бу борада қашшоқлашиб боришимизга нималар сабаб деб ўйлайсиз? Бугун ҳам она тилимиз учун кўнгилдагидек ғамхўрлик қиляпмизми?

– “Бобосўз изидан”, бу – менинг изтиробим. Анча олдинроқ тилимиз ғариблашиб кетаётганини сезганман. Хусусан, ёшлар тили қуруқ ва ҳиссиз ҳолга тушиб, жўнлашиб қолган. На ранг бор, на жозиба? Илгариям айтганман, яна минг марта қайтариб айтишга тайёрман, битта сўз ё мақолнинг яралиши учун минг йиллар керак бўлган, уни йўқотиш учун эса ҳозир ўн йил кифоя қилади. Танангизга бир ўйлаб кўринг, бир неча минг йиллар давомида йиғилган хазиналарни бир неча ўн йилда бой бериш… бу нима дегани? Минглаб қадимий сўз ва ибораларни жимгина гўрга тиқиб кетаверамизми? Она тили учун кураш бу – миллат учун кураш, Ватан учун курашдир. Она тилининг ҳолати қандай бўлса, халқнинг ҳам, Ватаннинг ҳам ҳоли шундай бўлади.

Ғарб таъсири ўзаро суҳбатларимизга ҳам шиддат билан кириб келди. Буни биргина мисол билан кўрсатиб ўтишим мумкин. Масалан, чет эл киноларида, китобларида фавқулодда ҳолатда ҳам, бўлар-бўлмас вақтда ҳам, ҳатто қоқилиб кетганда ҳам “Жин урсин” иборасини қўллайдилар. Бизда эса бундай вақтларда одатда “Ё, Худо!” дейишади. Муҳим фарқимизни кўрсатадиган ҳолат бу! Аммо кейинги пайтлари кундалик муомаламизда кино ва сериаллар таъсирида “жин урсин” ибораси жуда фаоллашиб кетди. Аждодларимиз баъзи ибораларни ирим қилиб тилга олишмаган. Лекин шу иримда ҳам маданият ва ният бўлганини пайқаш қийин эмас. Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

– Адабиёт майдонида кўпдан бери фавқулодда ҳолат олдидаги жимлик ҳукм сураётгандай, аммо ҳеч нарса “содир” бўлмаяпти. Ўқувчининг диди ўсиб кетдими ёки чинакам ҳайратлантирувчи асарлар яратилмаяптими?

– Ўқилмаяпти. Яхши китоблар ёзиляпти, ўқилмаяпти. Ўқилмагандан кейин дурдона ҳам очилмайди. Бизнинг ёшлигимизда билмасвойлар ҳам ўқирди. Бунинг устига, интернет дидсизликни кучайтириб юборди. Тилла билан тезакнинг фарқига бормайдиган одамлар урчиб кетяпти. Хоҳлаган одам хоҳлаган тутуриқсиз нарсасини шеър деб, ҳикоя, роман деб эълон қилаверади. Натижада савиясиз чапаквозлар кўпаяди ва улар Абдулла Орипов билан жўқивойнинг фарқига боролмайди. Иккисини битта шоҳсупада деб билиш фаросатнинг уйи куйгани эмасми? Катта адабиётнинг пайдо бўлиши учун катта ўқувчилар ҳам керак.

– Адабиётга катта овоз билан кириб келган истеъдодлар кейинчалик ой ботгандек дунёга сингиб кетяпти. Йўлнинг охиригача боришга уларга нима халал беряпти ёки устоз ижодкорлар бажарган қайси шартларни уддалолмаяпти?

– Энг қийини шу – йўлнинг охиригача бориш. 1980-йилларда биз 50 дан ортиқ ижодкор ёшлар ҳайқириб майдонга кириб келганмиз. Бугун қарасанг, 4-5 киши қолибди. Пушкин айтганидай: “Ҳар хил йўллар билан кетдик биз бу ҳаётда”. Умр бўйи давом этадиган жараён бу. Ҳар кун ишга бориб ишлаб келишдай фақат ақлнинг ўзи билан битадиган иш эмас. Кўнгил ва муҳаббат билан боғлиқ жараён. Истеъдоднинг жони – муҳаббатдир!

– Барча санъат турлари битта илдизга – фольклорга бориб бирлашади. Халқ оғзаки ижодининг бугунги қадри, ўрни Сизни қониқтирадими? Фольклорсиз ҳаёт нималардан маҳрум бўлади?

– Сув уч хил шаклда: суюқ, буғ ва муз кўринишида намоён бўлади. Уч хил ҳолатида ҳам гўзалдир. Менимча, бунга сабаб сувнинг моҳияти гўзаллигидир. Ҳамма нарсада моҳият гўзал бўлдими, бас, ҳар қандай тарзда гўзал бўлади. Райҳоннинг ҳатто ўлиги ҳам, чириги ҳам хушбўй, чунки у жаннати деб ёзганимда айни шуни назарда тутганман.

Халқ оғзаки ижоди ҳам шу сувга ўхшайди. Ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда моҳияти гўзал. Фольклорсиз ҳаёт илдизсиз дарахтдай гап. Буни биргина алла мисолида кўришимиз мумкин. Бешикда сингдирилган алла одамга тобутига қадар руҳан ҳамроҳлик қилади.

– Атрофдаги муаммо, оғриқлар ижодкорнинг қалбини уйғотиб туради. Бугунги қалам аҳлининг аъмоли нималар бўлиши керак?

Ҳамманинг кўзи тошга айланганда ҳам, шоирнинг кўзида ёш туради. Бу менинг кейинги йилларда келган хулосаларимдан бири. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Сиз айтаётган аъмоллар ўша кўздаги ёш билан, дард ва изтироб, инсон ва дунё муаммолари билан боғлиқ. Румий айтганидай: “Дард бўлмаса, Исо туғилмас эди”. Суҳбатимизни Бедил билан бошладик, Бедил билан тугатайлик. Мирзо Бедил ёзган: “Буғдойдан сўрадим: Нега ҳамиша кўзинг юмуқ? Буғдой деди: Не қилайки, кўзимни очсам, қошимда тегирмон кўринса…” Бу ҳикмат мени мудом ўйлантиради. Дунёнинг ўзи шу-да! Мен айни дақиқаларда юмуқ кўзлар ва уларнинг қаршисида турган буюк тегирмонни тасаввур қиляпман.

Наргиза ОДИНАЕВА,

Манба: Оyina.uz

Dunyo katta o‘rmon. Umumiy makonda umumiy va shaxsiy chegarani belgilab olish muhim. Chegara unutilgan joyda mavhumlik boshlanadi. Tafakkur esa a’mol va qiyofamizni, maqsad va maslagimizni, ufqimizni ravshanlashtirib turadi. Ildizini his qilgan inson bugungi manzaralar oldida kelajak og‘riqlarini tuyishi tayin. Oyina.uz muxbiri shoir Eshqobil Shukur bilan umumiy makondagi umumiy va shaxsiy burchlar haqida suhbat qurdi.

Erkinlik boshqa, boshboshdoqlik boshqa;
fikr boshqa, mahmadanagarchilik boshqa…


– Bozorga borgan odam puliga qarab narsa tanlaydi. Internet foydalanuvchisida bu qonuniyat o‘zgacharoq. Axborot ummoniga har qanday inson ham g‘arq bo‘lishi mumkin. Bugungi manzara oldida ko‘nglingizdan nimalar o‘tadi?

– Mirzo Bedilning “Ko‘rinmagan suvga qo‘lingni yuvma” degan misrasi bor. Hozir aynan ko‘rinmagan suvga qo‘l yuvish urf bo‘ldi. Shovqin-suron ko‘p, sokin mulohaza yo‘q. Gap ko‘p, fikr yo‘q. Holbuki, bir vagon gapdan ko‘ra bir chimdim fikr avlo. Shuning uchun o‘ylab-netib o‘tirmay, duch kelgan narsaning izidan lo‘killab yugurib ketaverish, hovliqmalik, farosatsizlik avjga chiqyapti. Erkinlik boshqa, boshboshdoqlik boshqa, fikr boshqa, mahmadanagarchilik boshqa. Odamning dunyoga, umuman hamma narsaga munosabatini uning ichki madaniyati belgilab beradi. Aslan madaniyatli odam zulmatdan ham nur axtaradi, bundan mosuvolar esa har narsadan, jumladan, internetdan ham, illat, fisq-u fujur topadi.

XX asrda kino dunyoni zabt eta boshlaganida G‘arb faylasuflaridan biri “Kino bizni ko‘rishga o‘rgatdi, lekin qarashdan judo qildi”, degan edi (holbuki, o‘sha paytdagi filmlar hozirgidan ko‘ra ancha tuzuk bo‘lgan). Darhaqiqat, ko‘rish va qarash boshqa-boshqa tushuncha. Bir kunda ming-minglab narsalarni ko‘ramiz, lekin shundan bor-yo‘g‘i uch-to‘rttasiga qaraymiz. Qarashda dunyoqarash, fikr, ichki munosabat, hatto tuyg‘u ishtirok etadi, ko‘rishda esa unday emas. Dunyoning mashhur kinokompaniyalari Gabriyel Garsia Markesga “Yuz yil yolg‘izlikda” romani asosida badiiy film ishlanishi uchun ruxsat ma’nosidagi bittagina “xo‘p” so‘zi uchun millionlab dollar va’da qilishganda adib, ehtimol, ayni ko‘rish va qarash orasidagi tafovutni hisobga olib, “Yo‘q!” degandir.

Quyoshning chiqishi va botishini, dalalarni oppoq qor qoplaganini, osmonda porlagan yulduzlarni odam ko‘rsa-yu, hech narsani his qilmasa, bu navbatdagi ko‘rlikning bir turi emasmi? Avvalgi zamonda odamlarni qarashga emas, ko‘rishga moslashtiradigan vosita bitta kino bo‘lgan bo‘lsa, bugun ularning hisobi yo‘q. Axborot ochko‘zligi davrida qarash butunlay inqiroz girdobiga kirdi. Bugun qalbiy sezgi yemirilib boryapti.

Buning ustiga, internetda savodsizlik, ona tilimizga hurmatsizlik avjga minyapti. Ba’zi buyuklikka da’vogarlarning otini to‘g‘ri yozishi amri mahol. “Youtube”dagi bir soat-u qirq minutlik ko‘rsatuvning sarlavhasiga qarang: “Internetni yog‘latgan buxorolik qizaloq oila”. Sho‘rlik jumla, bechora til. Yog‘lash bilan yig‘lashning farqiga bormagan odam qanday qilib jurnalistlik yo blogerlik qila oladi? “Buxorolik qizaloq oila” deganini aytmaysizmi? Internet qanday yig‘laydi axir? Afsuski, o‘zbek internet segmentida o‘zbek tiliga bu kabi hurmatsizliklar son mingta. Avval o‘qish-yozishni o‘rgan-da, keyin o‘rtaga chiq, og‘ayni, deydigan odam yo‘q.

“Nima bo‘pti, shunga ota go‘ri qozixonami, badxatlik bilan bo‘lsa-da, aytadigan gapini amal-taqal qilib tushuntirsa bo‘ldi-da”, deguvchilar ham topiladi. Lekin bu hol minglab yoshlarning saviyasini, didini buzishi haqida o‘ylashmaydi. Shu o‘rinda bir afsonani eslab o‘tish joiz. Urushda qahramon jangchi dushmandan yengiladi, bu mag‘lubiyatga taqachi uning oti taqasiga bitta mixni kam urgani sabab bo‘ladi. Milliy tafakkurda ham ba’zan bitta kichik xato o‘sha urilmay qolgan mixday noxush oqibatga olib kelishi mumkin.

– Ilgari insonlarda andisha degan muhim parda bo‘lgan. Boshqalarga imkon qadar shu parda ortidan ko‘rinishga harakat qilingan. Atrofni kuzata turib, zamondoshlarimizning ma’nan yalang‘ochlashib, ma’nan qashshoqlashib borayotganiga guvoh bo‘lamiz. Sizga ham shunday tuyuladimi?

– Meni andisha tuyg‘usi ko‘p o‘ylantiradi. Hozir bu tuyg‘uning otini chappa qo‘yayotganlar bisyor. Biri “qo‘rqoq” desa, biri “nochor”, “ojiz” deydi. Ustidan kuladiganlar ham ko‘p. Menga andisha eng mazlum tuyg‘u bo‘lib ko‘rinadi. Uning g‘amgin holatini his etaman. Odamzot andishaga o‘z singlisiga qaraganday avaylab munosabat qilishi kerak. Yo‘qsa, ko‘p narsadan judo bo‘ladi.

Munchalar ma’yussan singlim, Andisha,
G‘amgin ko‘zlaringda marjon-marjon yosh.
Lablaring pirpirab turar hamisha,
Ikki jahon aro bir joning talosh.

Shamoldagi shamday titrab turasan,
Ma’suma ko‘nglingda otashin ohlar.
Bilmam, qay mehrobga boshing urasan,
Ortingda ta’qiblar, oldingda chohlar.

Boshqa tuyg‘ular ham xatarda qolgan. Shuning uchun quruqlashish, soxtalashish, ma’naviy yalang‘ochlashish kuchayib boryapti. Qadimgi xitoyliklarning bir nasihati bor: “Ming yil soya bo‘lib yurma-da, bir kun odam bo‘l!” Insonni inson sifatida tutib turgan kuch tuyg‘ulardir. Chunki ular botinimizni xudo bilan bog‘lab turadi.

Men bu haqda, ya’ni tuyg‘ular halokati haqida she’r yozganman. Unda shunday satrlar bor:

Bu yo‘llar yastanar mangu ko‘ngilday,
Undan o‘tib borar qancha kuz, bahor.
Borar boshi egik aka-singilday,
Ma’yus qo‘l ushlashgan Nomus bilan Or.

Unda hodisalar toshib boradi,
Kimdir jonin bersa, kimdir olar jon.
Bu yo‘ldan qaygadir shoshib boradi,
Bir gala it quvgan hokisor Vijdon.

Qadrdon tuyg‘ular Hayo va Iymon,
Oqibat, Qanoat, Diyonat, G‘urur.
Bu ko‘hna yo‘llardan borurlar qayon,
Har birin yuzida hovuch-hovuch nur.

Ko‘rib qolganimda ularni har gal,
Otamni, onamni, bolam, singlimni,
Ko‘rganday bo‘laman Abad va Azal
Yo‘llari ustida hayron ko‘nglimni.

Ba’zan, yo‘q, ba’zan emas, ko‘pincha samimiylik bilan mahmadanagarchilikning farqiga bormay qolyapmiz. Natijada kim ko‘p laqqillasa, o‘shani hammadan aqlli deb o‘ylayapmiz. G‘avsul A’zam “Mening sukutimni anglamagan odam so‘zimni anglamaydi”, deb bekorga aytmagan.

– Davlatimiz rahbarining “Jamiyat hayotining tanasi iqtisodiyot bo‘lsa, uning joni va ruhi ma’naviyatdir”, degan e’tirofi bor. Bugungi ma’naviyatli inson deganda kimni tushunasiz, uning burchi nimalardan iborat?

– Men bu borada bobolarim va momolarimni eslayman. Bugun o‘ylab qarasam, aslida ular haqiqiy ma’naviyat targ‘ibotchilari bo‘lishgan ekan. Qoyil qoladigan jihati shundaki, ular ma’naviyat haqida ko‘p gapirmay, bizga ma’naviyatni singdirgan, Vatan haqida ma’ruza qilmay, Vatan tuyg‘usini singdirgan. Suvga, Yerga, Elga, o‘tmishga, hayotga qanday qarash kerakligini, uyat va andisha nima, nomus va or nima, bularni o‘zlarining amallari, xatti-harakatlari bilan asta-sekin qon-qonimizga singdirib borgan. Bu donishmandona usul. Bugungi ma’naviyat targ‘ibotchisi ma’naviyatni qizil va quruq, baqiroq so‘zga aylantirib qo‘yishdan saqlanishi kerak. Ma’naviyat uning ichidagi dardi bo‘lishi kerak. Dardki, bolasiga vasiyatday o‘tadigan dard. Dardki, hayotining ma’nosiga aylangan dard. Ma’naviyat haqida gapirilayotganda uch xil holat ko‘rinish beryapti: samimiylik, befarqlik, mahmadanagarchilik. Hamma gap xuddi shu samimiyatda.

Yana bir narsani aytib o‘tishni istardim. XXI asrga kelib, vatan haqidagi qarashlar ham globallashyapti, jo‘nlashyapti. Daraxtlarning ildizlari o‘zlari bilan. Odamlarning ildizlari qabristonda. Ota-bobolari, qarindosh-urug‘lari yotgan joyda. Qishlog‘im qabristoniga ziyoratga borganimda o‘z ildizlarimni his etaman. Bu narsa Vatan tushunchasining muhim bir qismidir. Bugungi kunda urchib ketayotgan “Qayerda yashash yaxshi bo‘lsa, maishat yaxshi bo‘lsa, o‘sha yer Vataning” degan mulohaza haqida o‘ylaganimda shu gaplar ko‘nglimga keladi. Buni zamonaviy qarash deguvchilar ham bor. Yo‘q, bu zamonaviylik emas, xoinlik bu!

– “Boboso‘z izidan” kitobingiz ma’naviy bisotimizga katta meros bo‘lib qo‘shildi. Tilimiz qayg‘usi bo‘lganki, shu mavzuga qo‘l urgansiz. Mustaqillikka erishganimizga o‘ttiz yildan oshdi, mamlakatimiz iqtisodiy jihatdan o‘nglanib oldi, lekin bu borada qashshoqlashib borishimizga nimalar sabab deb o‘ylaysiz? Bugun ham ona tilimiz uchun ko‘ngildagidek g‘amxo‘rlik qilyapmizmi?

– “Boboso‘z izidan”, bu – mening iztirobim. Ancha oldinroq tilimiz g‘ariblashib ketayotganini sezganman. Xususan, yoshlar tili quruq va hissiz holga tushib, jo‘nlashib qolgan. Na rang bor, na joziba? Ilgariyam aytganman, yana ming marta qaytarib aytishga tayyorman, bitta so‘z yo maqolning yaralishi uchun ming yillar kerak bo‘lgan, uni yo‘qotish uchun esa hozir o‘n yil kifoya qiladi. Tanangizga bir o‘ylab ko‘ring, bir necha ming yillar davomida yig‘ilgan xazinalarni bir necha o‘n yilda boy berish… bu nima degani? Minglab qadimiy so‘z va iboralarni jimgina go‘rga tiqib ketaveramizmi? Ona tili uchun kurash bu – millat uchun kurash, Vatan uchun kurashdir. Ona tilining holati qanday bo‘lsa, xalqning ham, Vatanning ham holi shunday bo‘ladi.

G‘arb ta’siri o‘zaro suhbatlarimizga ham shiddat bilan kirib keldi. Buni birgina misol bilan ko‘rsatib o‘tishim mumkin. Masalan, chet el kinolarida, kitoblarida favqulodda holatda ham, bo‘lar-bo‘lmas vaqtda ham, hatto qoqilib ketganda ham “Jin ursin” iborasini qo‘llaydilar. Bizda esa bunday vaqtlarda odatda “Yo, Xudo!” deyishadi. Muhim farqimizni ko‘rsatadigan holat bu! Ammo keyingi paytlari kundalik muomalamizda kino va seriallar ta’sirida “jin ursin” iborasi juda faollashib ketdi. Ajdodlarimiz ba’zi iboralarni irim qilib tilga olishmagan. Lekin shu irimda ham madaniyat va niyat bo‘lganini payqash qiyin emas. Bunday misollarni yuzlab keltirish mumkin.

– Adabiyot maydonida ko‘pdan beri favqulodda holat oldidagi jimlik hukm surayotganday, ammo hech narsa “sodir” bo‘lmayapti. O‘quvchining didi o‘sib ketdimi yoki chinakam hayratlantiruvchi asarlar yaratilmayaptimi?

– O‘qilmayapti. Yaxshi kitoblar yozilyapti, o‘qilmayapti. O‘qilmagandan keyin durdona ham ochilmaydi. Bizning yoshligimizda bilmasvoylar ham o‘qirdi. Buning ustiga, internet didsizlikni kuchaytirib yubordi. Tilla bilan tezakning farqiga bormaydigan odamlar urchib ketyapti. Xohlagan odam xohlagan tuturiqsiz narsasini she’r deb, hikoya, roman deb e’lon qilaveradi. Natijada saviyasiz chapakvozlar ko‘payadi va ular Abdulla Oripov bilan jo‘qivoyning farqiga borolmaydi. Ikkisini bitta shohsupada deb bilish farosatning uyi kuygani emasmi? Katta adabiyotning paydo bo‘lishi uchun katta o‘quvchilar ham kerak.

– Adabiyotga katta ovoz bilan kirib kelgan iste’dodlar keyinchalik oy botgandek dunyoga singib ketyapti. Yo‘lning oxirigacha borishga ularga nima xalal beryapti yoki ustoz ijodkorlar bajargan qaysi shartlarni uddalolmayapti?

– Eng qiyini shu – yo‘lning oxirigacha borish. 1980-yillarda biz 50 dan ortiq ijodkor yoshlar hayqirib maydonga kirib kelganmiz. Bugun qarasang, 4-5 kishi qolibdi. Pushkin aytganiday: “Har xil yo‘llar bilan ketdik biz bu hayotda”. Umr bo‘yi davom etadigan jarayon bu. Har kun ishga borib ishlab kelishday faqat aqlning o‘zi bilan bitadigan ish emas. Ko‘ngil va muhabbat bilan bog‘liq jarayon. Iste’dodning joni – muhabbatdir!

– Barcha san’at turlari bitta ildizga – folklorga borib birlashadi. Xalq og‘zaki ijodining bugungi qadri, o‘rni Sizni qoniqtiradimi? Folklorsiz hayot nimalardan mahrum bo‘ladi?

– Suv uch xil shaklda: suyuq, bug‘ va muz ko‘rinishida namoyon bo‘ladi. Uch xil holatida ham go‘zaldir. Menimcha, bunga sabab suvning mohiyati go‘zalligidir. Hamma narsada mohiyat go‘zal bo‘ldimi, bas, har qanday tarzda go‘zal bo‘ladi. Rayhonning hatto o‘ligi ham, chirigi ham xushbo‘y, chunki u jannati deb yozganimda ayni shuni nazarda tutganman.

Xalq og‘zaki ijodi ham shu suvga o‘xshaydi. Hamisha, har qanday holatda mohiyati go‘zal. Folklorsiz hayot ildizsiz daraxtday gap. Buni birgina alla misolida ko‘rishimiz mumkin. Beshikda singdirilgan alla odamga tobutiga qadar ruhan hamrohlik qiladi.

– Atrofdagi muammo, og‘riqlar ijodkorning qalbini uyg‘otib turadi. Bugungi qalam ahlining a’moli nimalar bo‘lishi kerak?

Hammaning ko‘zi toshga aylanganda ham, shoirning ko‘zida yosh turadi. Bu mening keyingi yillarda kelgan xulosalarimdan biri. Aslida ham shunday bo‘lishi kerak. Siz aytayotgan a’mollar o‘sha ko‘zdagi yosh bilan, dard va iztirob, inson va dunyo muammolari bilan bog‘liq. Rumiy aytganiday: “Dard bo‘lmasa, Iso tug‘ilmas edi”. Suhbatimizni Bedil bilan boshladik, Bedil bilan tugataylik. Mirzo Bedil yozgan: “Bug‘doydan so‘radim: Nega hamisha ko‘zing yumuq? Bug‘doy dedi: Ne qilayki, ko‘zimni ochsam, qoshimda tegirmon ko‘rinsa…” Bu hikmat meni mudom o‘ylantiradi. Dunyoning o‘zi shu-da! Men ayni daqiqalarda yumuq ko‘zlar va ularning qarshisida turgan buyuk tegirmonni tasavvur qilyapman.

Nargiza ODINAYEVA,

Manba: Oyina.uz

021

(Tashriflar: umumiy 92, bugungi 1)

Izoh qoldiring