Xurshid Davron. Menkim, Tangrining quli Temur…& «Temurnoma» videofilmidan (1996): 1-qism. Muqaddima & 5-qism. Sohibqironning tug’ilishi

Ashampoo_Snap_2018.03.13_21h24m39s_002_.png Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган куннинг 682 йиллиги
олдидан

     “Биласизми, мени ҳаммадан кўра нима кўпроқ ҳайратга солади, — деб сўраган экан бир донишманд суҳбатдошидан. — Зўравонлик куч-қудратининг яратувчиликка қодир эмаслиги! Дунёда фақат икки ҳоким бор — қилич ва ақл-идрок. Охир-оқибатда ҳар доим ақл-идрок қилич устидан ғалаба қозонади”.

Хуршид Даврон
МЕНКИМ, ТАНГРИНИНГ ҚУЛИ ТЕМУР…
(Қисқартма нусхаси)
091

Ashampoo_Snap_2016.04.01_16h14m06s_004_.pngКўпгина машҳур шахслар тақдирини қаламга олган буюк олмон адиби Стефан Свейг қаҳрамонларидан бири ҳақида ҳикоя қилар экан, шундай сўзларни ёзади: “Унинг ҳаёти тафсили ва умр жумбоғининг таҳлили нечоғли кўп бўлмасин, шунчалик чигал ҳамдир: уни гоҳ қаттол, гоҳ фаришта қилиб тасвирлайдилар. Энг қизиғи, бу инсон қиёфаси тасвиридаги турли хиллик етиб келган тарихий маълумотларнинг озлиги туфайли эмас, аксинча уларнинг ҳаддан ташқари кўплиги билан изоҳланади. Ўтган узоқ вақт мобайнида янгидан-янги кишилар бу шахсни ё қоралаб, ё оқлаб қоғоз тўлдирган — сақланиб қолган ҳужжатлар, солномалар, мактублару ахборотлар сони беҳисобдир. Аммо бу манбаларни зийраклик билан ўқиганинг сайин ҳар қандай тарихий ҳужжат демак, улар асосланиб тасвирланган қиёфа ҳам холислигига шунчалик шубҳа қила бошлайсан. Зеро, на ҳужжатнинг қадимийлиги, на унинг асллиги ва уни битган қўлнинг кимга мансублиги тарихий ва инсоний ҳақиқатнинг кафолати бўла олади. Бу шахс ҳаётида бўлиб ўтган биргина воқеа мисолида гувоҳ ва муаллифларнинг турли хулосалар чиқарганларини кўриб ҳайратга тушасан. Ҳар бир тарихий ҳужжатга асосланган “Ҳа”, албатта, бошқа бир тарихий ҳужжатга асосланган “Йўқ” билан рад этилади, ҳар бир айбномага, албатта, оқлов қарама-қарши турганини кўрасан. Боз устига тарихий маълумотлардаги чалкашликка муайян сиёсий мойиллик ёки миллий ватанпарварлик туйғуларига асосланган баҳолар ҳам қўшиладики, бундан қарама-қаршилик ортса, ортади — асло камаймайди. Инсон табиати ўзи шунақа бўлса, нима қиласан? Биз бир-бири билан баҳслашган ҳар қандай икки одам, икки ғоя ёки икки дунёқараш қаршисида қолганимизда, албатта, бир тарафга ўтамиз, албатта, бир тарафни ҳақ, иккинчи томонни ноҳақ ҳисоблаймиз, бир томонни қоралаб, қарши тарафни олқишлаймиз”.

Бу парчани келтириб, диққатни тортишдан мурод — ҳар гал бу сатрларни ўқиганимда онгимда, албатта, ялт этиб Амир Темур сиймоси гавдаланади, унинг кечмиши ҳақида сўз юритилган гувоҳликларни, солномаларни эслайман, уларнинг нечоғли қарама-қаршилигини кўриб, шунчалик ҳайратга тушаман.

Амир Темурнинг таваллуди, ҳаёти ва фаолияти, унинг ҳарбий салоҳияти ва жаҳонгирлик юришлари ҳақидаги ривоятларнинг хилма-хиллигидан Соҳибқирон шахсига қизиққан Шарқу Ғарб муаррихларининг унинг тарих саҳнасига чиқиши, умумжаҳон тарихи ва маданиятида тутган чинакам ўрни ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳам зиддиятлидир. Аммо бу қарама-қарши фикр-мулоҳазалар билан танишганинг сайин уларнинг ҳар бири тарихий ҳақиқатни англаш учун хизмат қилишини англайсан. Аниқроғи зиддиятда тарихий ҳақиқат мавжудлигини англайсан.

1

Ҳазрат Навоий “Мажолисун нафоис” тазкирасининг еттинчи мажлисида Амир Темурни назарда тутиб: “Агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеда ўқибтурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтқонча бор”, — деб ёзади ва жаҳонгир бобомизнинг буюк маънавият, хусусан, сўз ва назмни ҳис этиш иқтидори нечоғли юксак бўлганини шу тарзда эътироф қилади.

Буюк араб файласуфи ва муаррихи Валиуддин ибн Халдун эса Дамашқда Амир Темур билан бўлган учрашувидан сўнг ҳайратланиб ёзади: “Темур уларнинг (туркларнинг) энг кучли ва буюк подшоҳларидандур… У ўта ақлли, билимдон, фаросатли, кўп баҳслашадиган, билса ҳам, билмаса ҳам, сўзида қаттиқ турадиган кишидир”.

Соҳибқирон бобомизни кўришга муяссар бўлган Ибн Арабшоҳ ҳам йиллар ўтиб ёзади: “У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйинга-ю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи (сўзда) ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди… Унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, наҳбу ғорат қилиш ва ҳарам ҳақига ҳақорат гаплар бўлмасди. Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли кишиларни, довюрак ва мардларни ёқтирарди.У бировдан бир гап эшитганда далил талаб қиладиган, зимдан қараш ва кўз ишоратларини сезадиган идрокли киши эди. Ўз зийраклиги тажрибаси билан чин насиҳатгўйдан сохта насиҳатгўйни идрок этарди. Темур олимларга меҳрибон бўлиб, саййиду шарифларни ўзига яқин тутарди. Уламолар ва фозилларга тўла-тўкис иззат кўрсатиб, уларни ҳар қандай кимсадан батамом муқаддам кўрарди. Уларга нисбатан ўз муруввати бисотини ёйардики, бу муруввати унинг ҳайбати билан аралаш эди. Улар билан мазмунли баҳс ҳам юритар эдики, бу баҳсида инсофу ҳишмат бўларди. Унинг лутфи қаҳри ичига қорилган бўлиб, қўрслиги эзгулиги орасига қўшилган эди”.

Замонлар ўтиб, бу сўнгги сўзларни тасдиқлаб, рус олими Грановский ёзади: “Темурнинг қаҳрли юрагида, айтиш мумкинки, илмга ва илм аҳлига бўлган илоҳий ҳурмат ва эътибор яширин эди”.

“Темурни Искандар Мақдуний билан қиёсламоқ керак! — дея хитоб қилади  австриялик шарқшунос фон Ҳаммер (Joseph Freiherr von Hammer-Purgstall). —Ҳар иккаласини умри ва ҳаётий мавқеининг интиҳоси, инсонийликлари, забт этган ҳудудий миқёслари, жасоратлари ва меъёрга муносабатлари нуқтаи назаридан қиёсламоқ мумкин. Юнон ва форс маданияти гуллаган паллада улғайган Искандар Мақдуний Темурга нисбатан билимлироқ бўлган, аммо лекин саркардалик ва забт этилган мамлакат ва халқларга ҳукмронлик қилиш бобида Темур Искандар Мақдунийдан анча илгарилаб кетган. Агар Мақдуний тегманозик халқларни таслим этган бўлса, Темур энг жангари салтанатларни ағдарди. Юнон саркардаси тахтда туғилган бўлса, Темур кичик қўрғончада дунёга келди. Бундай тафовутлардан қатъи назар, умумжаҳон саҳнасига чиқиш, темирдай мустаҳкам барқарорлик, бемисл ирода ва хушёрлик Темурни қудрат чўққисига қадар юксалтирди ва ушбу фазилатлар сўнгги нафасигача уни тарк этмади”.

“Темур ўзига қарашли ўрдаларда қонхўрлик ва вахшийликка йўл очди, — деб ёзади  18 жилдлик «Бутунжаҳон тарихи»нинг муаллифи  Шлоссер (Friedrich Christoph Schlosse), — унинг йўлбарссифат навкарлари минглаб одамларни қирган”.

“Дунёни забт этиш ва унинг устидан ҳукмронликка эриши Темур шуҳрастпарастлигининг бош маслаги бўлган, — дейди Гиббон ( Edward Gibbon)  ишонч билан. — Унинг олижаноб қалби тўридан яширинган иккинчи орзуси — авлодлар ёди ва эъзозида яшаб қолиш эди. Унга таслим бўлган халқлар хўрликларга жавобан тубан ва заиф қаршилик кўрсатганлар, кўрсатган қаршиликлари ва норозиликлари ҳам мудом зафар ёр бўлмиш даҳо учун навбатдаги ғалаба келтираверган…”

Фаранг олими Альфонс де ла Мартин эса ҳайрат билан ёзади: “Дин, тиббиёт, тарих, ҳуқуқ ва астрономия соҳаларида Темур ўта билувчан эди. Кўп ўқиган, Осиёнинг энг унумли уч тили (турк, араб, форс тили)ни мукаммал билган, зарофат ва қудрат ила ёзғувчи бир ҳукмдор эди”.

“У ўта шафқатсиз эди! — дея хитоб қилади Вебер (Maximilian Carl Emil Weber; Max Weber), кейин эса тан бериб ёзади, — лекин саркарда, ҳукмрон қонун ўрнатувчи сифатида буюк истеъдод эгаси эди… ва кўнгли осуда, вазмин дамларда адолатли ҳакам, ижод ва илм аҳлларининг ҳомийсига айланарди”.

Темурни Аттила ва Чингизхон билан қиёслаган  Август Мюллер (Friedrich August Müller) эса уни қудратли саркарда сифатида эътироф этиб, “унинг номи юз йиллар мобайнида бутун Ғарб оламида даҳшат ва ҳайрат-ла тилга олинади”, —дейди ўзининг «Ислом тарихи»  асарида.

Амир Темурнинг саркардалик салоҳияти ҳақида усмонли туркларнинг XX асрдаги буюк вакили Мустафо Камол Отатурк шундай деган эди: “Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб-китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрарди. Масалан, у Анқара жангида қозонган ғалабасини Боязид Йилдирим билан унинг вассаллари ўртасига ихтилоф солиш билан олдиндан таъминлаган эди. У ғалабага ақли билан эришди”.

Мажористонлик шарқшунос Ҳерман Вамбери (Hermann  Vambery) ҳам Турон султони даҳосига нечоғли мафтун эканини асло яширмайди: “Темурни Чингиз ила бир сафга қўйиб, уни ваҳший, золим, қароқчи деб атаган кишиларнинг фикрлари икки мартаба хатодир. У аввало Осиё саркардаси эди. Ўзининг ғолиб аскарлари ва қуролларидан ўз замонасининг таомилича фойдаланган. Унинг фаолияти, хусусан, душманлари тарафидан гуноҳ ҳисобланган ишлари ва урушлари теранроқ қаралса, доимо бирор жиноятга жазо тарзида рўй берган. Тўғри, жазо қаттиқ, лекин адолатли бўлган… Осиёнинг ярмини титратиб турган, тахти остида қанча шоҳлик хонадонларини яксон қилган бу одам ўзининг сиёсий аҳдларини жуда содда иборалар билан бошлар эди: “Мен, Тангрининг қули Темур, шуни айтаманки…”

Амир Темур ҳақидаги бундай қарама-қарши, аммо ҳар бири ҳақиқатни инкишоф этадиган бундай фикр-мулоҳазаларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Тарихий солномаларнинг бирида бир даҳшатли нақлни ўқиганман. Бу нақлга асос бўлган воқеа эса мўғул қўшини забт этган навбатдаги шаҳар гувиллаб ёнаётган, қурбонлар оҳу фарёди кўкка ўрлаган, мўғул хони хизматидаги уламо-ю умарлар сафга тизилганча қароргоҳдаги чодир айвонидан Чингизхоннинг камонбозлик машқини кузатиш билан машғул бўлган бир пайтда содир бўлган.

Олтмиш олтин ёшни қоралаган Чингизхон қаерда бўлмасин, ҳеч қачон камонбозлик машқини канда қилмас, қариб қовжираб қолганига қарамай, ҳамон мўлжалга бехато урарди. Ҳар гал отган ўқи нишонга тегар экан, хондан кўра унинг машқини кузатиб турганлар кўпроқ мароқланишарди. Бу мароқланиш аслида қулларнинг итоаткорлик туйғусининг изҳори эди, эгасини кўрган итнинг думини ликиллатишидай бир гап эди.

Камонбозлик қилаётган Чингиз тўсатдан камонни пастга тушириб, уламо-ю умароларга ўгирилди. Хон бир зум уларга диққат билан тикилиб турди-да, қўлидаги камон билан ўқни мулозимга узатиб, чодир айвонидагиларга яқинлашди. Сўнг қисиқ кўзларини Хуросон фатҳидан сўнг шаҳзода Тўлуй билан қароргоҳга келган Қозий Ваҳиддин Фушанжийга қадаб сўради:
— Қани, айтчи, ўлимимдан сўнг одамлар мени эслашадими?

Ранги бўздек оқариб кетган Фушанжий бир лаҳза нима дейишини билмай саросимага тушди-ю, тезда ҳаяжонини босиб олди ва салладор бошини эгган қуйи оғиз очди:
— Агар ҳазрати ҳоқон бир қошиқ қонимдан кечсалар, мен бу ҳақда сўз айтай…
— Кечдим, гапир! — деди Чингизхон.

— Ҳазрати ҳоқон, ўлган одамнинг номи тирик одамлар бор жойда эсланади, — дея гап бошлади Фушанжий. — Навкарларингиз қиличи жабридан сизнинг номингизни эслайдиган одам қолармикан? Бу қон дарёсида тирик одамлар била баробар аларнинг хотираси ҳам чўкаётир-ку!

Фушанжийнинг сўнгги сўзи оғзида қолди — Чингизхон қўлида ушлаб турган қиличига қўл югуртирди. Аммо кейин бирдан шиддат билан орқага ўгирилди. У бир дам қўлларини белига тираганча ёнаётган шаҳарга қараб турди, сўнг яна кескин ўгирилиб, Фушанжийни еб қўйгудай даҳшатли кўзларидан ўт чақнаб, вишиллади:

— Шу пайтгача мен сени фаросатли ва оқил киши деб билардим. Аммо бу айтган сўзларингдан англадимки, хато ўйлабман. Сен бир калтабин ва ахмоқ одам экансан. Ҳа, ғирт нодон экансан! Сен шуни билгинки, навкарларимнинг қиличлари тўкилган қонлар билан менинг номимни абадият дафтарига битмоқдалар. Бу қиличлардан омон қолган вилояту мамлакатлар одамлари мени ҳеч қачон унутмаслар! Мен ўлгандан сўнг минг йиллар ўтар, аммо номимни улар тугул, уларнинг болалари ҳам қўрқув билан эслайдилар…

Гиббон ёзганидек, “авлодлар ёди ва эъзозида яшаб қолишни орзу қилган Амир Темур орзусининг рўёбга чиқиши қон тўкиш эвазига эмас, олийжаноблик ва яратувчилик мақоми туфайли бўлажагини теран англарди”. Шу сабабдан у Оқсаройдай юксак сарой деворига “Мин шакка фи вилоятино ва кароматино фанзур ило иморатино” — яъни “Агар қудратимиз ва кароматимизга шубҳа қилсанг, шак келтирсанг, биз тиклаган иморатга қара!” деган сўзларни нақшлатти, пири комили бўлмиш шайхулислом Зайнуддин Абубакр Таёбодий буюрган “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди” ҳикматига қаттиқ амал қилди. “Ёзма ёдгорликлардан ҳам маълумки, Темур амалдорлардан иш юритаётганда қонун ва адолатга бўйсунишни талаб қилган. Қамчи ва таёқ ишлатиш қатъий таъқиқланган, буни бажармаганлар ўлимга ҳукм қилинганлар. Қамчи ва таёқдан обрў топган одам ҳукмдор бўлишга арзимайди” — деб тез-тез такрорлаган Темур” (Д.Лагофет).

Дмитрий Лагофет “Бухоронинг дашту далаларида” асарида қаҳрамони тилидан яна шундай сўзларни айтади: “У (Темур) ярим дунёни забт этди Овруполик муаррихлар ваҳший, жоҳил деб тасвирлаган бу одам аслида ундай эмас эди. Овруполиклар Темурнинг Ўрта Осиёда давлат арбоби сифатидаги фаолият билан умуман танишмасдан, унинг ҳокимлигини ўта адолатсизлик билан тасвирлашган… Ахир у ўз халқини тараққиётнинг юқори босқичига олиб чиққан, ўз даврининг ўта маданиятли вакили эди… Оврупода конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлишмаган даврларда ана шу “ваҳший”нинг давлатида конституцион қонунлар мажмуаси — тузуклар мавжуд бўлган ва амалда бўлган… Жангдан сўнг қўлга олинган ўлжаларнинг энг қимматбаҳоси ва қадрлиси мусаввирлар ва олимлар деб ҳисобланган одамни ваҳший дейиш мумкинми?! У дунёда биринчи бўлиб хат-хабар етказишни — почта хизматини тўғри йўлга қўйди. Жангда асов ва қўрқмас бу одам бош эгиб келган душманларига нисбатан кечиримли, шафқатли бўлган. Унинг қўшини тўғри ҳарбий тузилишга эга бўлиб, ўша даврда дунёда энг кучли бўлган”.

“Темур жаҳонни забт этган энг машҳур фотиҳларнинг биридир, — деб айтади Жюль Верн қаҳрамонларидан бири. — Агар қўли остидаги иқлимларни жам этгудек бўлсак, унга тенг келадиган ҳоқон бўлган эмас. Бутун қитъа унинг юришлари театрига айланган эдию У биз билган Гензерик, Шекспир, Байрон, Вольтер, Скотт, Талейранлар каби оқсоқ эди. Аммо унинг чўлоқ оёғи ҳарбий юришларида ҳечам ҳалақит берган эмас”.

Тарихий ва бадиий асарларда Амир Темурга баҳо берилган бундай ўринлар жуда кўп. Юқорида ёзиб ўтганимиздек, муаллифларнинг айримлари Амир Темурни фариштага айлантириб мақтайдилар, баъзилари унга баҳо беришда олтин мезонни сақлашга имкони борича уринади, бошқалари Турон султони номига фақат таъна ва малоат тошларини ёғдиради. Энг қизиғи шундаки, уни энг қора бўёқлару сўзлар билан тасвирлаган айрим муаррихлар, Темур буюклиги олдида ожиз қолиб, уни ўз миллатларига мансуб киши тарзида кўрсатишдан қайтмайдилар. Чунончи арман муаррихи Хачатур Жугаеци  “Форс тарихи” асарининг тўққизинчи бобида шундай сўзларни тиқиштиради: “У катта Арманистоннинг Масис тоғига яқин Каговит вилоятида жойлашга Сартандан келиб чиққан”.

Бошқа бир арман муаррихи Товма Мецопеци ҳам ўзининг “Темурланг ва унинг авлодлари” китобида ҳам айнан мана шу даъвони такрорлайди.

Хуллас, Буюк Соҳибқирон ҳақидаги бундай зиддиятли мулоҳазаларни яна кўплаб келтириш мумкин. Қолаверса, ишончим комилки, нафақат бугунги, ҳатто келажак олимлари ҳам Амир Темур ҳақидаги қарашларни тартибга солажакларини башорат қилишга асос йўқ. 1898 йили Санкт-Петербургда Амир Темурга бағишланган “Икки тўлқин” китобининг Амир Темурга бағишланган иккинчи китобида Владимир Череванский шундай сўзларни битган эди: “Бўлажак ҳаммерлар, шлоссерлар, гиббонлар ва нуфузли тарихнависларнинг гултожлари бўлмиш ҳоказо олимлар ҳам Темур ҳақидаги қарашларни тартибга солажакларини башорат қилишга асос йўқ”. Ўтган юз йиллик вақт бу фикрнинг тўғрилигини исботлади. Юз йилдан кейин ҳам биз бу сўзларни айтишга мажбурмиз.

Шундай бўлишига қарамай, энг аввало, биз — Буюк Соҳибқирон авлодлари у ҳақда ўзимизнинг холис ва одил фикримизга, машҳури жаҳон ватандошимизнинг мураккаб шахсияти ва беқиёс фаолияти хусусида ўз миллий тарихий нуқтаи назаримизга эга бўлишимиз лозим. Буни биздан янги давр — истиқлол даври, миллий тикланиш ва ўзликни англаш даври талаб қилмоқда.

2

Амир Темур туркий ҳисобга кўра сичқон йилида, ҳижрий 736 йил шаъбон ойининг 25 куни — сешанбада, мелодий 1336 йилнинг 9 апрелида Қашқадарё воҳасидаги Кеш мавзусида оламга келди. Унинг отаси воҳада яшовчи барлос уруғи амирларидан бири Муҳаммад Тарағай, онаси, ривоятларга кўра, бухоролик садрлар хонадонига мансуб Такина Хотун эди. Унинг амакиси Ҳожи барлос ҳам нуфузли амирлардан бўлиб, ўша пайтда ғарбий вилоятларни ўз ичига қамраган Чиғатой улуси тахтининг хизматчиси эди.

Амир Темур мансуб бўлган барлос уруғи қадимий турк қавмларидан бўлиб, кўҳна луғатларнинг бирида ёзилишича, “барлос” калимаси “бургут” маъносини англатган.Кўпроқ чўпчакнамо тарзда битилган “Темурнома” муаллифи Салоҳиддин Тошкандийнинг ёзишига кўра эса “барлос маъноси “қилични қинга солмаганин айтурлар”. Кўҳна асотирлару бир қатор тадқиқотчиларнинг “турк” калимасини “қиличли одам” маъносида келишини айтганларини эътиборга олсак, барлосларнинг туркий қавмга мансублиги яна бир карра ойдинлашади. XIX асрда яшаган муаррих Рашидиддин Фазлуллоҳ Казвиний “Жоме ат-таворих” асарида туркий уруғлар ўзларини насабдор ва улуғ эканларини кўрсатиш учун Чингиз ва унинг уруғи мўғул бўлганлигига қараб, ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Жалойир, татар, уйрот, унгут, кераит, найман, тангут каби қабилалар ҳам қадимги вақтда мўғулларни тан олмаганлигига қарамасдан, энди мақтаниб ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари ўзларини қадимги вақтлардан бери мўғулларга қўшилиб келган деб хаёл қиладилар. Ҳолбуки, қадимги замонларда мўғулларнинг ўзлари ҳам чўлларда яшовчи туркий халқларнинг бир бўлаги бўлган холос”. Бу мулоҳаза барлос уруғига ҳам бевосита тегишлидир.

Туркий халқларнинг насл-насаби, уларнинг келиб чиқиши ҳақида фикр юритган улуғ боболаримиз Абулғозий “Шажарайи турк”, “Шажарайи тарокима”, Мирзо Улуғбек “Тарихи Арбаъи улус” асарларида мўғулларни туркий қавмга мансублиги ҳақидаги қайдларига эътибор берайлик. Ҳар икки муаллиф ҳам мўғулларни Абу Турк авлоди эканларини бир неча бор таъкидлайдилар. Кейнги мутафаккирлардан Ҳасан Ато Абуший “Туркий қавмлар тарихи” асарида ёзади: “Шарқ тарихлари манғул қавмини Тотор исмли шахс ила бир туғишғон Мўғул бир Абу Турк наслидан бўлмиш Олинчахон наслидин келмиш демишлар. Аммо, сўнгги ўғир-булғор-можарлар ва усмонли турклар каби икки турли қавм оросиндин ҳосил ўлмишдир, дейдилар”.

Ушбу сўнгги фикрга таяниб айтиш мумкинки, мўғуллар аслан туркий уруғдирлар, аммо кейинги асрларда уларнинг таркибига Чин сарҳадида яшовчи халқларнинг келиб қўшилуви Чингиз салтанатининг емирилишидан кейин бошланган таназзул оқибатида уларга манжурлар таъсирининг кучайиши юз бериб, мўғулларнинг туркийликдан узоқлашуви юзага чиққан. Бу ҳолнинг кейинчалик рўй берганини билмаган ёки тан олмаган овруполик олимларнинг саъйи-ҳаракати билан мўғуллар ва туркийларни бир-бири билан боғлиқ бўлмаган халқлар деб кўрсатиш тенденцияси кучайди.

Тарихдан маълумки, бугунги Мўғулистон ҳудуди қадимги замонларда туркий уруғлар шаклланган, кейинчалик илк туркий давлатлар — қоғонатлар таркибида бўлган.

Яна бир гап. Қадимда туркийлар бошқа халқлардан аввалроқ темирни эритиш, уни қайта ишлашни сирини эгаллаганлар ва бошқа халқлар томонидан “темирчилар” деб аталган. Агар Чингизхоннинг тахтга чиқишдан олдинги исми “Темучин”, яъни темирчи бўлганини эътиборга олсак, у асос солган салтанатда қадимий туркий одат ва маросимлар тадбиқ этилганини назардан қочирмасак, фикримиз янада ойдинлашади.

Хуллас, бу фикр-мулоҳазаларга диққатни тортишимиздан кўзланган мақсад шуки, овруполик олимлар томонидан тарих илмига Амир Темурнинг мўғул қавмига мансублиги ҳақидаги чўпчакни соқит этиб, аксинча Чингизнинг туркий қавмга мансублиги ҳақидаги тарихий далилларга кўпроқ эътибор бериш лозимлигини айтишдир. Менинг бу мулоҳазам янгилик эмас, у бир қатор жаҳон олимлари томонидан олға сурилгани ҳам маълум.

Амир Темур дунёга келган йили Чиғатой улуси тахтида Чангшихон, усмонли турклар тахтида давлат асосчиси Усмоннинг ўғли Ўрхон, Қорақурумдаги Чингизхоннинг олий тахтида Туған Темур, Эрондаги мўғуллар — ҳулакулар тахтида Арпахон, Русиянинг жануби ва Сибириянинг ғарбини қамраган Олтин Ўрда тахтида Ўзбекхон, Қипчоқ даштидаги Оқ Ўрда тахтида Муборакхўжа, Жанубий Эрондаги музаффарийлар давлати тахтида Муборизиддин Муҳаммад, Ироқ, Қурдистон ва Озарбайжонни ўз ичига олган янги салтанат — жалойирлар давлати тахтида сулоланинг биринчи ҳукмдори Тожиддин Ҳасан Бузург, Деҳли султонлари тахтида Ғиёсиддин Муҳаммадшоҳ иккинчи, Қоҳирадаги халифалик тахтида халифа ал-Мустақфий, Миср ва Суриядаги мамлуклар давлати тахтида ан-Носир Насриддин Муҳаммад, Сейистондаги саффорийлар тахтида Қутбиддин Муҳаммад, таркиб топаётган Рус давлатининг рамзий марказига айланаётган Москва князлиги тахтида Иван Калита, тарихда “юз йиллик уруш” деб номланган ўзаро жангу жадалга тайёргарлик кўраётган Франция тахтида Филипп XI Валуа, Англия тахтида Эдуард III ўтирарди.

Амир Темур болалигиданоқ барлос уруғи анъаналари руҳида тарбияланди. У энг аввало ўша давр жанговарлиги иқлимида шаклланди: бўлажак жангларга тайёрланиб, жисмоний машқлар билан шуғулланиб, ўзини чиниқтирди, отда юриш, қилич чопқилаш, найзабозлик, камончилик санъатни пухта эгаллади. Амир Темур ҳақида ёзган кўп муаррихлар Амир Темурнинг отни бағоят севганини ёзиб, бу меҳр унга эрта болаликданоқ хос бўлганини қайд этадилар.

Ривоятларга кўра, Темур етти ёшида мактабга боради, устозларидан қунт билан сабоқ олади. Тўққиз ёшида экан, мактабдан қайтгач, болаларни икки гуруҳга бўлиб, ҳар хил ўйинлар уюштиради. Икки ўртада низо чиққанида шахсан ўзи ҳакамлик қилади. 12 ёшга етганида унинг кўнглида катта умидлар куртакланади: у келажакда улуғ бир инсон бўлиб вояга етмоғини тасаввур эта бошлайди. Бу буюк хаёл ва орзу унга вазминлик, жиддийлик бахш эта бошлайди. Отаси Муҳаммад Тарағайнинг фарзандига аждодларининг ҳарбий қўмондонлар бўлганлигини хотирлатувчи ҳикоялари келажакда парчаланиб ётган Туркистонни ягона давлат туғи остига бирлаштирувчи буюк фаолият эгаси бўлиб етишган Амир Темурнинг онгида чуқур из қолдиргани шак-шубҳасиздир.

3

“Зафарномайи Соний” муаллифи Шарафиддин Али Яздий Соҳибқирон кечмиши ҳақида қалам сурар экан, ёзади: “Аллоҳ марҳамати сояси бўлган салтанатнинг нозик иши икки инсоний эзгу ҳиссиётга таянади: биринчиси — ўткир раъй, яъни тадбиркорлик ва етук фаҳму-фаросат, иккинчиси — комил шижоат… Даражасига кўра, раъй шижоатдан олдин туради ва афзалдур, тадбирнинг фойдалари шамшир ва тир кучидан устун юради ва мукаммалдир”. Ушбу ҳикмат Соҳибқиронга бағишланган китобда алоҳида урғу билан қайд этилишини эътиборга олсак, унинг бевосита Амир Темур шахсиятига тааллуқли эканлигини фаҳмлаш қийин эмас. Яздий тилга олган фазилатлар Амир Темур шахсиятида нечоғли хос бўлганини англаш учун бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлаб, жуда кўп далилларга гувоҳ бўламиз. Аммо биз фикримизнинг тасдиғи бўлиши мумкин бўлган биргина воқеани идрок этайлик.

Ҳижрий 767, мелодий 1365 йилнинг кузи. Ўша йилнинг баҳорида Самарқанд Конигилида тўкилган ноҳақ қон туфайли амир Ҳусайн билан Амир Темур рақобати тобора авж олиб бормоқда. Рақибининг турли уруғларни ўзига қарши қайраётганидан ғазабланган амир Темур қўшин билан юриш бошлаб, Бойсунда қўним топган. Ҳар икки томон иложи борича кўпроқ уруғ ва аймоқларни, уларнинг бошлиқларини ўзларига оғдириш пайида минг турли чора-тадбир қўллаб, саъи-ҳаракат қиладилар.

Бир пайтлар Ҳусайнни қўллаган ясавур уруғи амир Хизр Ясавурийнинг вафотидан сўнг Амир Темур тарафига ўтиб, итоат мақомида турди. Аммо рақибининг кучайиб бораётганидан хавотирга тушган амир Ҳусайн шошилинч тарзда ўғли Абдуллоҳ бошлиқ элчиларни аҳднома битилган мактуб билан Темур ҳузурига йўллаб сулҳ ва ярашмоқлик ниятида эканлигини маълум қилди. Аммо Ҳусайннинг неча маротаба Қуръон тутиб қилган аҳдларини бузганидан яхши хабардор Амир Темур бу пайғомдаги аҳдномага эътибор бермади.

Воқеалар давомини муаррих шундай тасвирлайди: “Аммо ясавурийлар элчиларнинг сўзлари (Амир Темурга) таъсир қилган бўлса-чи?, яъни Амир Темур билан ярашгач, Ҳусайн биздан ўч олмайдими? — деган қўрқув билан ўйланиб қолдилар ва зафарпаноҳ мавкабдан (Темур қароргоҳидан) чиқиб кетмоқчи бўлдилар. Шу пайт Баҳром жалойир билан Хўжандга кетган амир Жоқу ва амир Аббос қайтиб келишди. Улар, қолган амирлар билан бирга маслаҳатлашиб, душманликни ўйлаган ясавурийларнинг бошлиқларини ҳибсга олмоқчи бўлдилар. Аммо осмоний кўмак ила нурларнинг шуъласи — ҳар бир ишда яхшиликдан бошқа бирор қуёш каби ярқираб турган раъйи ул ишга розилик бермади. У давлат тили билан ушбу ўгитни қуйидаги мазмунда баён этди: “Бу тасодиф бизнинг саодат ва иқболимизнинг эрта тонгида, салтанат ва истиҳлолимиз баҳорининг дастлабки лаҳзаларида юз берди. Агар уларни банди қилсак, ёвузлик белгиси бўлган гард бизнинг аҳволимиз этагига ўтиради ва шундан сўнг, бошқалар бу даргоҳдан паноҳ изламаслар, натижада юрт сўрамоқ ва давлатни бошқармоқ иши изга тушмагай. Агар давлат кўшкини эзгу ишлар пойдевори устига қурсалар, унинг қадр-қиммати кунгуралари гардуннинг муқарнас тоқидан ҳам юксакка кўтарилгай, агар иқбол ниҳоли адолат ва эҳсон ариғидан сув ичса, ундан бўй чўзган шохлар бахтиёрлик мевасини тугади ва саодат соясини икки дунёга арзигулик қилиб таратгай”. Ушбу панд-насиҳатлардан сўнг ясавурийлар тарафдорларини меҳр-шафқат билан сийлаб, кетмоққа ижозат этди. Бошқа сипоҳларга ҳам қайтишга рухсат берди.
Ушбу мисолда Амир Темурнинг ҳам инсоний, ҳам давлат арбоби сифатидаги етуклиги, тузукларда қайд этилганидек, “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини” англаган Буюк Ҳукмдор сиймоси намоён бўлади.

Иккинчи мисолни кўрайлик. Бу воқеа амир Темурнинг қоравунос (мўғул) лашкарини Мовароуннаҳрдан ҳайдаб чиқариш ниятида шиддатли жанглар қилаётган бир пайтда юз берди. Жангларнинг бирида Темур аскарлари жуда кўп ўлжа ва асирларни қўлга олдилар. Енгилган қўшиннинг кўзга кўринган вакилларини жанг майдонидаёқ қатл этдилар. Кесилган каллаларни Соҳибқирон ҳузурига олиб келадилар. Шунда у душманга қўшилган, аммо бир пайтлар унга дўстлик мақомида бўлган Ўлжойту ва Пўлод исмли кишиларни таниб қолади. Темур бу ҳолнинг юз берганидан қаттиқ қайғуради, сўнг уларнинг жасадларини Кеш шаҳрига олиб боришни ва ул жойнинг уламо-ю солиҳлари уларга жаноза ўқиб, дафн этсинлар деб буюради. Бу ҳақда ҳикоя қилган муаррих: “Гарчи бу одамлардан душманлик ва исён зоҳир бўлган бўлса-да, бироқ собиқ дўстлик ҳаққи-ҳурматига ниҳоят даражада риоя қилинди”, — деб ёзади. Айнан мана шундай воқеаларни назарда тутган бўлса керакки, овруполиклар орасида биринчилардан бўлиб Соҳибқирон тарихини ўрганган Лангло ҳайрат билан ёзади: “Темур дўстликни бениҳоя қадрлар эди. Унинг дўстларига кўрсатган саховати беқиёсдир. Зеро, қўлидаги молу давлати ёлғиз лашкар йиғишга ёки тилёғлама кимсаларни сотиб олишга кифоя бўлишини англаган Темур дўстликка фақат дўстлик билан жавоб қилиш лозимлигини яхши биларди. Унинг имом Барака бўлган меҳр-оқибати, пайғамбар авлодидан бўлмиш бу муборак зотнинг вафот этганини эшитиб кўз ёши тўккани қудратли ҳукмдорнинг буюк инсоний фазилатлар эгаси бўлганини намоён этади”.

Амир Темурнинг шижоати шу даражада эдики, муаррих ёзганидек, “Соҳибқироннинг юксак талабига амирлар қалбининг қуввати ожизлик қиларди”. Унинг мардлиги ва шижоати ҳақида қалам сурган иккинчи муаррих эса хитоб қилади: “Бу Аллоҳнинг чексиз инояти ва поёнсиз марҳамати эрурки, бир кишини ўз лутфи ила сарафроз айлаб, унга шу қадар қувват ва шижоат ҳадя этадики, у Темур икки юз қирқ уч сипоҳ билан, мажбурий эмас, балки ўз ихтиёрича, ўн икки минг қонхўр ва қасоскор душман отлиқларига қарши чиқиб жанг қилмоқчи бўлади, етиб келгач икки кеча-кундуз ичида улардан қўрғонни тортиб олади, барчасини ўқ ёғдирувчи шамшир кучи билан тарқатиб, тўзитиб юборади, ўзи эса от солиб уларни таъқил қилади, баҳодирларини қулатади ва асир олади. Бу воқеий ҳикоядир. Унинг тўғрилигини қайта-қайта текширилган ва таҳрир мажлисида ул аҳволни ўз кўзлари билан кўрган баъзи кишилар ҳеч қандай тилёғламачилик қилмасдан тасдиқламоқдалар. Бу сўзлар Фирдавсий “Шоҳнома”сида баъзи бир кишиларга нисбатан шоирона муболаға ва нафис сўз учун келтирилган лоф ёки ёлғон қабилидан эмас”.

Мана шундай шижоат ва юқорида келитирилган воқеаларда намоён бўлган инсоний фазилатлари туфайли Амир жангчиларининг юксак ҳурмати ва беқиёс муҳаббатига сазовор бўлган эди. Навкарлари унга жонларини беришга тайёр эдилар. Биргина мисол билан фикримизни исботлайлик.

Ҳижрий 795, милодий 1392 йили Амир Темур музаффарийларнинг қўрқмас ҳукмдори Шоҳ Мансур билан тўқнашди. Айниқса Потил деган жойда юз берган жанг жуда қаттиқ бўлди. Шоҳ мансур ўз суворийлари билан баробар Туркистон қўшини сафларини ёриб ўтиб, арслон каби ҳаммани йиқиб, Темурнинг ёнига бориб етди. Узоқ хасталикдан сўнг жанггга кирган Темур ҳали бор қуввати билан жанг қилишга ожиз эди. Аммо шундай бўлса-да, у қиличини яланғочлаб ўзидан анча ёш рақиби устига ташланди. Аммо касаллик аломати бари бир сезилди. Жон аччиғида олишган Шоҳ Мансур, деб ҳикоя қилади Ғиёсиддин Али, уч марта ҳазрат ҳоқонга қилич солди, аммо Хумори ясавул билан Таваккул боварчи ҳар гал ўз танлари билан зарбаларни тўсдилар. Зарбаларнинг бири Ҳуморини ярадор қилди. Оддий навкарларнинг фидойилиги Амир Темурни ўлимдан сақлаб қолди.

* * *

Амир Темурнинг шонли ҳаёти ва фаолияти узоқ йиллик қатағон замонида қораланишга, унутилишга маҳкум этилди. Буюк Турон фарзанди номини ўзларининг шукуҳсиз тарихларидан уялган кимсалар томонидан янграган ҳақорат сўзлари, алдов сўзлари — ҳар биримизни манқурлик комига чорлаган уятсизлик ва беномуслик овозлари кўмиб ётарди. Аммо, ҳар қандай инсон қиёфасини маълум муддатгагина бузиб кўрсатиш мумкин, кун келиб бари бир тарих бағрига абадият қалами битган ҳар бир инсон мужассами юзага чиқади.

“Биласизми, мени ҳаммадан кўра нима кўпроқ ҳайратга солади, — деб сўраган экан бир донишманд суҳбатдошидан. — Зўравонлик куч-қудратининг яратувчиликка қодир эмаслиги! Дунёда фақат икки ҳоким бор — қилич ва ақл-идрок. Охир-оқибатда ҳар доим ақл-идрок қилич устидан ғалаба қозонади”.

Ҳар сафар Амир Темур ҳақида ўйлаганда, мана шу сўзлар хотирамдан ўтади. Бу сўзларда жо ҳақиқатни мулоҳаза қиламан. Дарҳақиқат, Амир Темур каби буюк жаҳонгир улкан ғалабаларга эришди. Ғарбу Шарқ тақдири ҳал этилган не-не даҳшатли жангларда қатнашди. Бугун бу юришлар чоғида юз минглаб тулпорлар туёқлари остидан кўтарилган чангу тўзонлар тинган, улар топтаб ўтган далаларда яна яшил чечаклар яшнайди. Бу даҳшатли жангларда бир-бирига урилган қиличлар жаранги йўқлик комига учган, тўкилган қонлар чечаклар томирида етти айланиб обиҳаёт шарбатига айланган. Ғалабалар шарафига чалинган буғулару ноғоралар овози тарих битикларига сингиб кетган. Аммо Амир Темур қудрати ва салоҳияти шарофати билан тикланган Самарқанд обидаларининг беқиёс гўзаллиги, бу юксак пештоқлару гумбазларда мужассам санъат, улардаги нақшларни чизган наққошларнинг энтиккан нафас жаҳонгирни улуғ ишларга йўллаган дуолар, унинг даргоҳида яшаб, ижод қилган шоиру муаррихларнинг қалами учидан қоғозга тўкилган сўзлар тирик ва барҳаётдир.

Бугун биз Амир Темур қиличини эмас, унинг тафаккури яратган ўгитларни шарафлашни олий бурчимиз деб биламиз. Шу бурч боис биз узоқ йиллик истибдод давомида нимаики унутилган бўлса — уни ёд этиш, нимаики хароб этилган бўлса — тиклаш, нимаики парчаланган бўлса — қайта бирлаштириш халқимизда бахту саодат рўёбига ишонч уйғотишни мақсад этганмиз. Мана шу эзгу мақсад билан яшаётган ҳар бир ватандошим юрагида Буюк Темур сиймоси борлигига ишонаман. Мен қишнинг совуқлари пасайган бир ажойиб тунда, баҳорнинг илк кечасида тоғларда бодом гуллашига ишонганимдек, Соҳибқирон руҳи келажак авлодларга ҳамнафас, ҳамзамон бўлишини биламан.

1996

Sohibqiron Amir Temur tavallud topgan kunning 682 yilligi oldidan

“Bilasizmi, meni hammadan ko‘ra nima ko‘proq hayratga soladi, — deb so‘ragan ekan bir donishmand suhbatdoshidan. — Zo‘ravonlik kuch-qudratining yaratuvchilikka qodir emasligi! Dunyoda faqat ikki hokim bor — qilich va aql-idrok. Oxir-oqibatda har doim aql-idrok qilich ustidan g‘alaba qozonadi”.

Xurshid  Davron
MENKIM, TANGRINING QULI TEMUR…
(Qisqartma nusxasi)
091

045Ko’pgina mashhur shaxslar taqdirini qalamga olgan buyuk olmon adibi Stefan Sveyg qahramonlaridan biri haqida hikoya qilar ekan, shunday so’zlarni yozadi: “Uning hayoti tafsili va umr jumbog’ining tahlili nechog’li ko’p bo’lmasin, shunchalik chigal hamdir: uni goh qattol, goh farishta qilib tasvirlaydilar. Eng qizig’i, bu inson qiyofasi tasviridagi turli xillik yetib kelgan tarixiy ma’lumotlarning ozligi tufayli emas, aksincha ularning haddan tashqari ko’pligi bilan izohlanadi.

O’tgan uzoq vaqt mobaynida yangidan-yangi kishilar bu shaxsni yo qoralab, yo oqlab qog’oz to’ldirgan — saqlanib qolgan hujjatlar, solnomalar, maktublaru axborotlar soni behisobdir. Ammo bu manbalarni ziyraklik bilan o’qiganing sayin har qanday tarixiy hujjat demak, ular asoslanib tasvirlangan qiyofa ham  xolisligiga shunchalik shubha qila boshlaysan. Zero, na hujjatning qadimiyligi, na uning aslligi va uni bitgan qo’lning kimga mansubligi tarixiy va insoniy haqiqatning kafolati bo’la oladi. Bu shaxs hayotida bo’lib o’tgan birgina voqea misolida guvoh va mualliflarning turli xulosalar chiqarganlarini ko’rib hayratga tushasan. Har bir tarixiy hujjatga asoslangan “Ha”, albatta, boshqa bir tarixiy hujjatga asoslangan “Yo’q” bilan rad etiladi, har bir aybnomaga, albatta, oqlov qarama-qarshi turganini ko’rasan. Boz ustiga tarixiy ma’lumotlardagi chalkashlikka muayyan siyosiy moyillik yoki milliy vatanparvarlik tuyg’ulariga asoslangan baholar ham qo’shiladiki, bundan qarama-qarshilik ortsa, ortadi — aslo kamaymaydi. Inson tabiati o’zi shunaqa bo’lsa, nima qilasan? Biz bir-biri bilan bahslashgan har qanday ikki odam, ikki g’oya yoki ikki dunyoqarash qarshisida qolganimizda, albatta, bir tarafga o’tamiz, albatta, bir tarafni haq, ikkinchi tomonni nohaq hisoblaymiz, bir tomonni qoralab, qarshi tarafni olqishlaymiz”.

Bu parchani keltirib, diqqatni tortishdan murod — har gal bu satrlarni o’qiganimda ongimda, albatta, yalt etib Amir Temur siymosi gavdalanadi, uning kechmishi haqida so’z yuritilgan guvohliklarni, solnomalarni eslayman, ularning nechog’li qarama-qarshiligini ko’rib, shunchalik hayratga tushaman.

Amir Temurning tavalludi, hayoti va faoliyati, uning harbiy salohiyatin va jahongirlik yurishlari haqidagi rivoyatlarning xilma-xilligidan Sohibqiron shaxsiga qiziqqan Sharqu G’arb muarrixlarining uning tarix sahnasiga chiqishi, umumjahon tarixi va madaniyatida tutgan chinakam o’rni haqidagi fikr-mulohazalari ham ziddiyatlidir. Ammo bu qarama-qarshi fikr-mulohazalar bilan tanishganing sayin ularning har biri tarixiy haqiqatni anglash uchun xizmat qilishini anglaysan. Aniqrog’i ziddiyatda tarixiy haqiqat mavjudligini anglaysan.

1

Hazrat Navoiy “Majolisun nafois” tazkirasining yettinchi majlisida Amir Temurni nazarda tutib: “Agarchi nazm aytmoqqa iltifot qilmaydurlar, ammo nazm va nasrni andoq xo’b mahal va mavqeda o’qibturlarkim, aningdek bir bayt o’qug’oni ming yaxshi bayt aytqoncha bor”, — deb yozadi va jahongir bobomizning buyuk  ma’naviyat, xususan, so’z va nazmni his etish iqtidori nechog’li yuksak bo’lganini shu tarzda e’tirof qiladi.
Buyuk arab faylasufi va muarrixi Valiuddin ibn Xaldun esa Damashqda Amir Temur bilan bo’lgan uchrashuvidan so’ng hayratlanib yozadi: “Temur ularning (turklarning) eng kuchli va buyuk podshohlaridandur… U o’ta aqlli, bilimdon, farosatli, ko’p bahslashadigan, bilsa ham, bilmasa ham, so’zida qattiq turadigan kishidir”.

Sohibqiron bobomizni ko’rishga muyassar bo’lgan Ibn Arabshoh ham yillar o’tib yozadi: “U hazil-mazax va yolg’onni yoqtirmas, o’yinga-yu ko’ngilxushlikka maylsiz, garchi (so’zda) o’ziga ozor yetadigan biron narsa bo’lsa hamki, sadoqat unga yoqar edi… Uning majlisida uyatsiz so’zlar, qon to’kish, asir olish, nahbu g’orat qilish va haram haqiga haqorat gaplar bo’lmasdi. Temur qo’rqmas, shijoatli, botir kishilarni itoat qildiruvchan bo’lib, jasoratli kishilarni, dovyurak va mardlarni yoqtirardi.U birovdan bir gap eshitganda dalil talab qiladigan, zimdan qarash va ko’z ishoratlarini sezadigan idrokli kishi edi. O’z ziyrakligi tajribasi bilan chin nasihatgo’ydan soxta nasihatgo’yni idrok etardi. Temur olimlarga mehribon bo’lib, sayyidu shariflarni o’ziga yaqin tutardi. Ulamolar va fozillarga to’la-to’kis izzat ko’rsatib, ularni har qanday kimsadan batamom muqaddam ko’rardi. Ularga nisbatan o’z muruvvati bisotini yoyardiki, bu muruvvati uning haybati bilan aralash edi. Ular bilan mazmunli bahs ham yuritar ediki, bu bahsida insofu hishmat bo’lardi. Uning lutfi qahri ichiga qorilgan bo’lib, qo’rsligi ezguligi orasiga  qo’shilgan edi”.

Zamonlar o’tib, bu so’nggi so’zlarni tasdiqlab, rus olimi Granovskiy yozadi: “Temurning qahrli yuragida, aytish mumkinki, ilmga va ilm ahliga bo’lgan ilohiy hurmat va e’tibor yashirin edi”.

“Temurni Iskandar Maqduniy bilan qiyoslamoq kerak! — deya xitob qiladi  avstriyalik sharqshunos fon Hammer (Joseph Freiherr von Hammer-Purgstall). —Har ikkalasini umri va hayotiy mavqeining intihosi, insoniyliklari, zabt etgan hududiy miqyoslari, jasoratlari va me’yorga munosabatlari nuqtai nazaridan qiyoslamoq mumkin. Yunon va fors madaniyati gullagan pallada ulg’aygan Iskandar Maqduniy Temurga nisbatan bilimliroq bo’lgan, ammo lekin sarkardalik va zabt etilgan mamlakat va xalqlarga hukmronlik qilish bobida Temur Iskandar Maqduniydan ancha ilgarilab ketgan. Agar Maqduniy tegmanozik xalqlarni taslim etgan bo’lsa, Temur eng jangari saltanatlarni ag’dardi. Yunon sarkardasi taxtda tug’ilgan bo’lsa, Temur kichik qo’rg’onchada dunyoga keldi. Bunday tafovutlardan qat’i nazar, umumjahon sahnasiga chiqish, temirday mustahkam barqarorlik, bemisl iroda va xushyorlik Temurni qudrat cho’qqisiga qadar yuksaltirdi va ushbu fazilatlar so’nggi nafasigacha uni tark etmadi”.

“Temur o’ziga qarashli o’rdalarda qonxo’rlik va vaxshiylikka yo’l ochdi, — deb yozadi  18 jildlik «Butunjahon tarixi»ning muallifi  Shlosser (Friedrich Christoph Schlosse), — uning yo’lbarssifat navkarlari minglab odamlarni qirgan”.

“Dunyoni zabt etish va uning ustidan hukmronlikka erishi Temur shuhrastparastligining bosh maslagi bo’lgan, — deydi Gibbon ( Edward Gibbon)  ishonch bilan. — Uning olijanob qalbi to’ridan yashiringan ikkinchi orzusi — avlodlar yodi va e’zozida yashab qolish edi. Unga taslim bo’lgan xalqlar xo’rliklarga javoban tuban va zaif qarshilik ko’rsatganlar, ko’rsatgan qarshiliklari va noroziliklari ham mudom zafar yor bo’lmish daho uchun navbatdagi g’alaba keltiravergan…”

Farang olimi Al`fons de la Martin esa hayrat bilan yozadi: “Din, tibbiyot, tarix, huquq va astronomiya sohalarida Temur o’ta biluvchan edi. Ko’p o’qigan, Osiyoning eng unumli uch tili (turk, arab, fors tili)ni mukammal bilgan, zarofat va qudrat ila yozg’uvchi bir hukmdor edi”.

“U o’ta shafqatsiz edi! — deya xitob qiladi Veber (Maximilian Carl Emil Weber; Max Weber), keyin esa tan berib yozadi, — lekin sarkarda, hukmron qonun o’rnatuvchi sifatida buyuk iste’dod egasi edi… va ko’ngli osuda, vazmin damlarda adolatli hakam, ijod va ilm ahllarining homiysiga aylanardi”.

Temurni Attila va Chingizxon bilan qiyoslagan  Avgust Myuller (Friedrich August Muller) esa uni qudratli sarkarda sifatida e’tirof etib, “uning nomi yuz yillar mobaynida butun G’arb olamida dahshat va hayrat-la tilga olinadi”, —deydi o’zining «Islom tarixi»  asarida.

Amir Temurning sarkardalik salohiyati haqida usmonli turklarning XX asrdagi buyuk vakili Mustafo Kamol Otaturk shunday degan edi: “Menimcha, jahonda o’tgan sarkardalarning eng ulug’i Temurdir. U hech qachon biror urushni ko’r-ko’rona, faqat harbiy omadga ishonib boshlamagan. U har bir harbiy yurishga jiddiy, puxta, aniq hisob-kitob asosida uzoq yillar davomida hozirlik ko’rardi. Masalan, u Anqara jangida qozongan g’alabasini Boyazid Yildirim bilan uning vassallari o’rtasiga ixtilof solish bilan oldindan ta’minlagan edi. U g’alabaga aqli bilan erishdi”.

Majoristonlik sharqshunos Herman Vamberi (Hermann  Vambery) ham Turon sultoni dahosiga nechog’li maftun ekanini aslo yashirmaydi: “Temurni Chingiz ila bir safga qo’yib, uni vahshiy, zolim, qaroqchi deb atagan kishilarning fikrlari ikki martaba xatodir. U avvalo Osiyo sarkardasi edi. O’zining g’olib askarlari va qurollaridan o’z zamonasining taomilicha foydalangan. Uning faoliyati, xususan, dushmanlari tarafidan gunoh hisoblangan ishlari va urushlari teranroq qaralsa, doimo biror jinoyatga jazo tarzida ro’y bergan. To’g’ri, jazo qattiq, lekin adolatli bo’lgan… Osiyoning yarmini titratib turgan, taxti ostida qancha shohlik xonadonlarini yakson qilgan bu odam o’zining siyosiy ahdlarini juda sodda iboralar bilan boshlar edi: “Men, Tangrining quli Temur, shuni aytamanki…”

Amir Temur haqidagi bunday qarama-qarshi, ammo har biri haqiqatni inkishof etadigan bunday fikr-mulohazalarni yana ko’plab keltirish mumkin.

Tarixiy solnomalarning birida bir dahshatli naqlni o’qiganman. Bu naqlga asos bo’lgan voqea esa mo’g’ul qo’shini zabt etgan navbatdagi shahar guvillab yonayotgan, qurbonlar ohu faryodi ko’kka o’rlagan, mo’g’ul xoni xizmatidagi ulamo-yu umarlar safga tizilgancha qarorgohdagi chodir ayvonidan Chingizxonning kamonbozlik mashqini kuzatish bilan mashg’ul bo’lgan bir paytda sodir bo’lgan.

Oltmish oltin yoshni qoralagan Chingizxon qaerda bo’lmasin, hech qachon kamonbozlik mashqini kanda qilmas, qarib qovjirab qolganiga qaramay, hamon mo’ljalga bexato urardi. Har gal otgan o’qi nishonga tegar ekan, xondan ko’ra uning mashqini kuzatib turganlar ko’proq maroqlanishardi. Bu maroqlanish aslida qullarning itoatkorlik tuyg’usining izhori edi, egasini ko’rgan itning dumini likillatishiday bir gap edi.

Kamonbozlik qilayotgan Chingiz to’satdan kamonni pastga tushirib, ulamo-yu umarolarga o’girildi. Xon bir zum ularga diqqat bilan tikilib turdi-da, qo’lidagi kamon bilan o’qni mulozimga uzatib, chodir ayvonidagilarga yaqinlashdi. So’ng qisiq ko’zlarini Xuroson fathidan so’ng shahzoda To’luy bilan qarorgohga kelgan Qoziy Vahiddin Fushanjiyga qadab so’radi:
— Qani, aytchi, o’limimdan so’ng odamlar meni eslashadimi?

Rangi bo’zdek oqarib ketgan Fushanjiy bir lahza nima deyishini bilmay sarosimaga tushdi-yu, tezda hayajonini bosib oldi va sallador boshini eggan quyi og’iz ochdi:
— Agar hazrati hoqon bir qoshiq qonimdan kechsalar, men bu haqda so’z aytay…
— Kechdim, gapir! — dedi Chingizxon.

— Hazrati hoqon, o’lgan odamning nomi tirik odamlar bor joyda eslanadi, — deya gap boshladi Fushanjiy. — Navkarlaringiz qilichi jabridan sizning nomingizni eslaydigan odam qolarmikan? Bu qon daryosida tirik odamlar bila barobar alarning xotirasi ham cho’kayotir-ku!

Fushanjiyning so’nggi so’zi og’zida qoldi — Chingizxon qo’lida ushlab turgan qilichiga qo’l yugurtirdi. Ammo keyin birdan shiddat bilan orqaga o’girildi. U bir dam qo’llarini beliga tiragancha yonayotgan shaharga qarab turdi, so’ng yana keskin o’girilib, Fushanjiyni yeb qo’yguday dahshatli ko’zlaridan o’t chaqnab, vishilladi:

— Shu paytgacha men seni farosatli va oqil kishi deb bilardim. Ammo bu aytgan so’zlaringdan angladimki, xato o’ylabman. Sen bir kaltabin va axmoq odam ekansan. Ha, g’irt nodon ekansan! Sen shuni bilginki, navkarlarimning qilichlari to’kilgan qonlar bilan mening nomimni abadiyat daftariga bitmoqdalar. Bu  qilichlardan omon qolgan viloyatu mamlakatlar odamlari meni hech qachon unutmaslar! Men o’lgandan so’ng ming yillar o’tar, ammo nomimni ular tugul, ularning bolalari ham qo’rquv bilan eslaydilar…

Gibbons (Hibbons) yozganidek, “avlodlar yodi va e’zozida yashab qolishni orzu qilgan Amir Temur orzusining ro’yobga chiqishi qon to’kish evaziga emas, oliyjanoblik va yaratuvchilik maqomi tufayli bo’lajagini teran anglardi”. Shu sababdan u Oqsaroyday yuksak saroy devoriga “Min shakka fi viloyatino va karomatino fanzur ilo imoratino” — ya’ni “Agar qudratimiz va karomatimizga shubha qilsang, shak keltirsang, biz tiklagan imoratga qara!” degan so’zlarni naqshlatti, piri komili bo’lmish shayxulislom Zaynuddin Abubakr Tayobodiy buyurgan “Mamlakat kufr bilan turishi mumkin, lekin zulm bor yerda turolmaydi” hikmatiga qattiq amal qildi.

“Yozma yodgorliklardan ham ma’lumki, Temur amaldorlardan ish yuritayotganda qonun va adolatga bo’ysunishni talab qilgan. Qamchi va tayoq ishlatish qat’iy ta’qiqlangan, buni bajarmaganlar o’limga hukm qilinganlar. Qamchi va tayoqdan obro’ topgan odam hukmdor bo’lishga arzimaydi” — deb tez-tez takrorlagan Temur” (D.Lagofet).

D.Lagofet “Buxoroning dashtu dalalarida” asarida qahramoni tilidan yana shunday so’zlarni aytadi: “U (Temur) yarim dunyoni zabt etdi Ovrupolik muarrixlar vahshiy, johil deb tasvirlagan bu odam aslida unday emas edi. Ovrupoliklar Temurning O’rta Osiyoda davlat arbobi sifatidagi faoliyat bilan umuman  tanishmasdan, uning hokimligini o’ta adolatsizlik bilan tasvirlashgan… Axir u o’z xalqini taraqqiyotning yuqori bosqichiga olib chiqqan, o’z davrining o’ta madaniyatli vakili edi… Ovrupoda konstitutsiya haqida oddiy tushunchaga ham ega bo’lishmagan davrlarda ana shu “vahshiy”ning davlatida konstitutsion qonunlar  majmuasi — tuzuklar mavjud bo’lgan va amalda bo’lgan… Jangdan so’ng qo’lga olingan o’ljalarning eng qimmatbahosi va qadrlisi musavvirlar va olimlar deb hisoblangan odamni vahshiy deyish mumkinmi?! U dunyoda birinchi bo’lib xat-xabar yetkazishni — pochta xizmatini to’g’ri yo’lga qo’ydi. Jangda asov va qo’rqmas bu odam bosh egib kelgan dushmanlariga nisbatan kechirimli, shafqatli bo’lgan. Uning qo’shini to’g’ri harbiy tuzilishga ega bo’lib, o’sha davrda dunyoda eng kuchli bo’lgan”.

“Temur jahonni zabt etgan eng mashhur fotihlarning biridir, — deb aytadi Jyul` Vern qahramonlaridan biri. — Agar qo’li ostidagi iqlimlarni jam etgudek bo’lsak, unga teng keladigan hoqon bo’lgan emas. Butun qit’a uning yurishlari teatriga aylangan ediyu U biz bilgan Genzerik, Shekspir, Bayron, Volter, Skott,  Taleyranlar kabi oqsoq edi. Ammo uning cho’loq oyog’i harbiy brishlarida hecham halaqit bergan emas”.

Tarixiy va badiiy asarlarda Amir Temurga baho berilgan bunday o’rinlar juda ko’p. Yuqorida yozib o’tganimizdek, mualliflarning ayrimlari Amir Temurni farishtaga aylantirib maqtaydilar, ba’zilari unga baho berishda oltin mezonni saqlashga imkoni boricha urinadi, boshqalari Turon sultoni nomiga faqat ta’na  va maloat toshlarini yog’diradi. Eng qizig’i shundaki, uni eng qora bo’yoqlaru so’zlar bilan tasvirlagan ayrim muarrixlar, Temur buyukligi oldida ojiz qolib, uni o’z millatlariga mansub kishi tarzida ko’rsatishdan qaytmaydilar. Chunonchi arman muarrixi Xachatur Jugaetsi “Fors tarixi” asarining to’qqizinchi bobida shunday so’zlarni tiqishtiradi: “U katta Armanistonning Masis tog’iga yaqin Kagovit viloyatida joylashga Sartandan kelib chiqqan”.

Boshqa bir arman muarrixi Tovma Metsopetsi ham o’zining “Temurlang va uning avlodlari” kitobida ham aynan mana shu da’voni takrorlaydi.

Xullas, Buyuk Sohibqiron haqidagi bunday ziddiyatli mulohazalarni yana ko’plab keltirish mumkin. Qolaversa, ishonchim komilki, nafaqat bugungi, hatto kelajak olimlari ham Amir Temur haqidagi qarashlarni tartibga solajaklarini bashorat qilishga asos yo’q. 1898 yili Sankt-Peterburgda Amir Temurga bag’ishlangan “Ikki to’lqin” kitobining Amir Temurga bag’ishlangan ikkinchi kitobida Vladimir Cherevanskiy shunday so’zlarni bitgan edi: “Bo’lajak Hammerlar, Shloserrlar, Gibonlar va nufuzli tarixnavislarning gultojlari bo’lmish hokazo olimlar ham Temur haqidagi qarashlarni tartibga solajaklarini bashorat qilishga asos yo’q”.
O’tgan yuz yillik vaqt bu fikrning to’g’riligini isbotladi. Yuz yildan keyin ham biz bu so’zlarni aytishga majburmiz.

Shunday bo’lishiga qaramay, eng avvalo, biz — Buyuk Sohibqiron avlodlari u haqda o’zimizning xolis va odil fikrimizga, mashhuri jahon vatandoshimizning murakkab shaxsiyati va beqiyos faoliyati xususida o’z milliy tarixiy nuqtai nazarimizga ega bo’lishimiz lozim. Buni bizdan yangi davr — istiqlol davri, milliy  tiklanish va o’zlikni anglash davri talab qilmoqda.

2

Amir Temur turkiy hisobga ko’ra sichqon yilida, hijriy 736 yil sha’bon oyining 25 kuni — seshanbada, melodiy 1336 yilning 9 aprelida Qashqadaryo vohasidagi Kesh mavzusida olamga keldi. Uning otasi vohada yashovchi barlos urug’i amirlaridan biri Muhammad Tarag’ay, onasi, rivoyatlarga ko’ra, buxorolik sadrlar  xonadoniga mansub Takina Xotun edi. Uning amakisi Hoji barlos ham nufuzli amirlardan bo’lib, o’sha paytda g’arbiy viloyatlarni o’z ichiga qamragan Chig’atoy ulusi taxtining xizmatchisi edi.

Amir Temur mansub bo’lgan barlos urug’i qadimiy turk qavmlaridan bo’lib, ko’hna lug’atlarning birida yozilishicha, “barlos” kalimasi “burgut” ma’nosini anglatgan.Ko’proq cho’pchaknamo tarzda bitilgan “Temurnoma” muallifi Salohiddin Toshkandiyning yozishiga ko’ra esa “barlos ma’nosi “qilichni qinga solmaganin ayturlar”. Ko’hna asotirlaru bir qator tadqiqotchilarning “turk” kalimasini “qilichli odam” ma’nosida kelishini aytganlarini e’tiborga olsak, barloslarning turkiy qavmga mansubligi yana bir karra oydinlashadi. XIX asrda yashagan muarrix Rashididdin Fazlulloh Kazviniy “Jome at-tavorix” asarida turkiy urug’lar o’zlarini nasabdor va ulug’ ekanlarini ko’rsatish uchun Chingiz va uning urug’i mo’g’ul bo’lganligiga qarab, o’zlarini mo’g’ullarga qo’shib ko’rsatadilar. Jaloyir, tatar, uyrot, ungut, kerait, nayman, tangut kabi qabilalar ham qadimgi vaqtda mo’g’ullarni tan olmaganligiga qaramasdan, endi maqtanib o’zlarini mo’g’ullarga qo’shib ko’rsatadilar. Ularning hozirgi avlodlari o’zlarini qadimgi vaqtlardan beri mo’g’ullarga qo’shilib kelgan deb xayol qiladilar. Holbuki, qadimgi zamonlarda mo’g’ullarning o’zlari ham cho’llarda yashovchi turkiy xalqlarning bir bo’lagi bo’lgan xolos”. Bu mulohaza barlos urug’iga ham bevosita tegishlidir.

Turkiy xalqlarning nasl-nasabi, ularning kelib chiqishi haqida fikr yuritgan ulug’ bobolarimiz Abulg’oziy “Shajarayi turk”, “Shajarayi tarokima”, Mirzo Ulug’bek “Tarixi Arba’i ulus” asarlarida mo’g’ullarni turkiy qavmga mansubligi haqidagi qaydlariga e’tibor beraylik. Har ikki muallif ham mo’g’ullarni Abu Turk avlodi ekanlarini bir necha bor ta’kidlaydilar. Keyngi mutafakkirlardan Hasan Ato Abushiy “Turkiy qavmlar tarixi” asarida yozadi: “Sharq tarixlari mang’ul qavmini Totor ismli shaxs ila bir tug’ishg’on Mo’g’ul bir Abu Turk naslidan bo’lmish Olinchaxon naslidin kelmish demishlar. Ammo, so’nggi o’g’ir-bulg’or-mojarlar va usmonli turklar kabi ikki turli qavm orosindin hosil o’lmishdir, deydilar”.

Ushbu so’nggi fikrga tayanib aytish mumkinki, mo’g’ullar aslan turkiy urug’dirlar, ammo keyingi asrlarda ularning tarkibiga Chin sarhadida yashovchi xalqlarning kelib qo’shiluvi Chingiz saltanatining yemirilishidan keyin boshlangan tanazzul oqibatida ularga manjurlar ta’sirining kuchayishi yuz berib, mo’g’ullarning turkiylikdan uzoqlashuvi yuzaga chiqqan. Bu holning keyinchalik ro’y berganini bilmagan yoki tan olmagan ovrupolik olimlarning sa’yi-harakati bilan mo’g’ullar va turkiylarni bir-biri bilan bog’liq bo’lmagan xalqlar deb ko’rsatish tendentsiyasi kuchaydi.

Tarixdan ma’lumki, bugungi Mo’g’uliston hududi qadimgi zamonlarda turkiy urug’lar shakllangan, keyinchalik ilk turkiy davlatlar — qog’onatlar tarkibida bo’lgan.

Yana bir gap. Qadimda turkiylar boshqa xalqlardan avvalroq temirni eritish, uni qayta ishlashni sirini egallaganlar va boshqa xalqlar tomonidan “temirchilar”
deb atalgan. Agar Chingizxonning taxtga chiqishdan oldingi ismi “Temuchin”, ya’ni temirchi bo’lganini e’tiborga olsak, u asos solgan saltanatda qadimiy turkiy odat va marosimlar tadbiq etilganini nazardan qochirmasak, fikrimiz yanada oydinlashadi.

Xullas, bu fikr-mulohazalarga diqqatni tortishimizdan ko’zlangan maqsad shuki, ovrupolik olimlar tomonidan tarix ilmiga Amir Temurning mo’g’ul qavmiga mansubligi haqidagi cho’pchakni soqit etib, aksincha Chingizning turkiy qavmga mansubligi haqidagi tarixiy dalillarga ko’proq e’tibor berish lozimligini aytishdir. Mening bu mulohazam yangilik emas, u bir qator jahon olimlari tomonidan olg’a surilgani ham ma’lum.

Amir Temur dunyoga kelgan yili Chig’atoy ulusi taxtida Changshixon, usmonli turklar taxtida davlat asoschisi Usmonning o’g’li O’rxon, Qoraqurumdagi Chingizxonning oliy taxtida Tug’an Temur, Erondagi mo’g’ullar — hulakular taxtida Arpaxon, Rusiyaning janubi va Sibiriyaning g’arbini qamragan Oltin O’rda taxtida O’zbekxon, Qipchoq dashtidagi Oq O’rda taxtida Muborakxo’ja, Janubiy Erondagi muzaffariylar davlati taxtida Muboriziddin Muhammad, Iroq, Qurdiston va Ozarbayjonni o’z ichiga olgan yangi saltanat — jaloyirlar davlati taxtida sulolaning birinchi hukmdori Tojiddin Hasan Buzurg, Dehli sultonlari taxtida G’iyosiddin Muhammadshoh ikkinchi, Qohiradagi xalifalik taxtida xalifa al-Mustaqfiy, Misr va Suriyadagi mamluklar davlati taxtida an-Nosir Nasriddin Muhammad, Seyistondagi safforiylar taxtida Qutbiddin Muhammad, tarkib topayotgan Rus davlatining ramziy markaziga aylanayotgan Moskva knyazligi taxtida Ivan Kalita, tarixda “yuz yillik urush” deb nomlangan o’zaro jangu jadalga tayyorgarlik ko’rayotgan Frantsiya taxtida Filipp XI Valua, Angliya taxtida Eduard III o’tirardi.

Amir Temur bolaligidanoq barlos urug’i an’analari ruhida tarbiyalandi. U eng avvalo o’sha davr jangovarligi iqlimida shakllandi: bo’lajak janglarga tayyorlanib, jismoniy mashqlar bilan shug’ullanib, o’zini chiniqtirdi, otda yurish, qilich chopqilash, nayzabozlik, kamonchilik san’atni puxta egalladi. Amir Temur haqida yozgan ko’p muarrixlar Amir Temurning otni bag’oyat sevganini yozib, bu mehr unga erta bolalikdanoq xos bo’lganini qayd etadilar.

Rivoyatlarga ko’ra, Temur yetti yoshida maktabga boradi, ustozlaridan qunt bilan saboq oladi. To’qqiz yoshida ekan, maktabdan qaytgach, bolalarni ikki guruhga bo’lib, har xil o’yinlar uyushtiradi. Ikki o’rtada nizo chiqqanida shaxsan o’zi hakamlik qiladi. 12 yoshga yetganida uning ko’nglida katta umidlar kurtaklanadi: u kelajakda ulug’ bir inson bo’lib voyaga yetmog’ini tasavvur eta boshlaydi. Bu buyuk xayol va orzu unga vazminlik, jiddiylik baxsh eta boshlaydi. Otasi Muhammad Tarag’ayning farzandiga ajdodlarining harbiy qo’mondonlar bo’lganligini xotirlatuvchi hikoyalari kelajakda parchalanib yotgan Turkistonni yagona davlat tug’i ostiga birlashtiruvchi buyuk faoliyat egasi bo’lib yetishgan Amir Temurning ongida chuqur iz qoldirgani shak-shubhasizdir.

3

“Zafarnomayi Soniy” muallifi Sharafiddin Ali Yazdiy Sohibqiron kechmishi haqida qalam surar ekan, yozadi: “Alloh marhamati soyasi bo’lgan saltanatning nozik ishi ikki insoniy ezgu hissiyotga tayanadi: birinchisi — o’tkir ra’y, ya’ni tadbirkorlik va yetuk fahmu-farosat, ikkinchisi — komil shijoat… Darajasiga ko’ra, ra’y shijoatdan oldin turadi va afzaldur, tadbirning foydalari shamshir va tir kuchidan ustun yuradi va mukammaldir”. Ushbu hikmat Sohibqironga bag’ishlangan kitobda alohida urg’u bilan qayd etilishini e’tiborga olsak, uning bevosita Amir Temur shaxsiyatiga taalluqli ekanligini fahmlash qiyin emas. Yazdiy tilga olgan fazilatlar Amir Temur shaxsiyatida nechog’li xos bo’lganini anglash uchun bobomizning hayoti va faoliyatiga nazar tashlab, juda ko’p dalillarga guvoh bo’lamiz. Ammo biz fikrimizning tasdig’i bo’lishi mumkin bo’lgan birgina voqeani idrok etaylik.

Hijriy 767, melodiy 1365 yilning kuzi. O’sha yilning bahorida Samarqand Konigilida to’kilgan nohaq qon tufayli amir Husayn bilan Amir Temur raqobati tobora avj olib bormoqda. Raqibining turli urug’larni o’ziga qarshi qayrayotganidan g’azablangan amir Temur qo’shin bilan yurish boshlab, Boysunda qo’nim topgan. Har ikki tomon iloji boricha ko’proq urug’ va aymoqlarni, ularning boshliqlarini o’zlariga og’dirish payida ming turli chora-tadbir qo’llab, sa’i-harakat qiladilar.

Bir paytlar Husaynni qo’llagan yasavur urug’i amir Xizr Yasavuriyning vafotidan so’ng Amir Temur tarafiga o’tib, itoat maqomida turdi. Ammo raqibining kuchayib borayotganidan xavotirga tushgan amir Husayn shoshilinch tarzda o’g’li Abdulloh boshliq elchilarni ahdnoma bitilgan maktub bilan Temur huzuriga yo’llab sulh va yarashmoqlik niyatida ekanligini ma’lum qildi. Ammo Husaynning necha marotaba Qur’on tutib qilgan ahdlarini buzganidan yaxshi xabardor Amir Temur bu payg’omdagi ahdnomaga e’tibor bermadi.

Voqealar davomini muarrix shunday tasvirlaydi: “Ammo yasavuriylar elchilarning so’zlari (Amir Temurga) ta’sir qilgan bo’lsa-chi?, ya’ni Amir Temur bilan yarashgach, Husayn bizdan o’ch olmaydimi? — degan qo’rquv bilan o’ylanib qoldilar va zafarpanoh mavkabdan (Temur qarorgohidan) chiqib ketmoqchi bo’ldilar. Shu payt Bahrom jaloyir bilan Xo’jandga ketgan amir Joqu va amir Abbos qaytib kelishdi. Ular, qolgan amirlar bilan birga maslahatlashib, dushmanlikni o’ylagan yasavuriylarning boshliqlarini hibsga olmoqchi bo’ldilar. Ammo osmoniy ko’mak ila nurlarning shu’lasi — har bir ishda yaxshilikdan boshqa biror quyosh kabi yarqirab turgan ra’yi ul ishga rozilik bermadi. U davlat tili bilan ushbu o’gitni quyidagi mazmunda bayon etdi: “Bu tasodif bizning saodat va iqbolimizning erta tongida, saltanat va istihlolimiz bahorining dastlabki lahzalarida yuz berdi. Agar ularni bandi qilsak, yovuzlik belgisi bo’lgan gard bizning ahvolimiz etagiga o’tiradi va shundan so’ng, boshqalar bu dargohdan panoh izlamaslar, natijada yurt so’ramoq va davlatni boshqarmoq ishi izga tushmagay. Agar davlat ko’shkini ezgu  ishlar poydevori ustiga qursalar, uning qadr-qimmati kunguralari gardunning muqarnas toqidan ham yuksakka ko’tarilgay, agar iqbol niholi adolat va ehson arig’idan suv ichsa, undan bo’y cho’zgan shoxlar baxtiyorlik mevasini tugadi va saodat soyasini ikki dunyoga arzigulik qilib taratgay”. Ushbu pand-nasihatlardan so’ng yasavuriylar tarafdorlarini mehr-shafqat bilan siylab, ketmoqqa ijozat etdi. Boshqa sipohlarga ham qaytishga ruxsat berdi.

Ushbu misolda Amir Temurning ham insoniy, ham davlat arbobi sifatidagi yetukligi, tuzuklarda qayd etilganidek, “davlat ishlarining to’qqiz ulushi kengash, tadbir va mashvarat, qolgan bir ulushi esa qilich bilan bajo keltirilishini” anglagan Buyuk Hukmdor siymosi namoyon bo’ladi.

Ikkinchi misolni ko’raylik. Bu voqea amir Temurning qoravunos (mo’g’ul) lashkarini Movarounnahrdan haydab chiqarish niyatida shiddatli janglar qilayotgan bir paytda yuz berdi. Janglarning birida Temur askarlari juda ko’p o’lja va asirlarni qo’lga oldilar. Yengilgan qo’shinning ko’zga ko’ringan vakillarini jang maydonidayoq qatl etdilar. Kesilgan kallalarni Sohibqiron huzuriga olib keladilar. Shunda u dushmanga qo’shilgan, ammo bir paytlar unga do’stlik maqomida bo’lgan O’ljoytu va Po’lod ismli kishilarni tanib qoladi. Temur bu holning yuz berganidan qattiq qayg’uradi, so’ng ularning jasadlarini Kesh shahriga olib borishni va ul joyning ulamo-yu solihlari ularga janoza o’qib, dafn etsinlar deb buyuradi. Bu haqda hikoya qilgan muarrix: “Garchi bu odamlardan dushmanlik va isyon zohir bo’lgan bo’lsa-da, biroq sobiq do’stlik haqqi-hurmatiga nihoyat darajada rioya qilindi”, — deb yozadi. Aynan mana shunday voqealarni nazarda tutgan bo’lsa kerakki, ovrupoliklar orasida birinchilardan bo’lib Sohibqiron tarixini o’rgangan Langlo hayrat bilan yozadi: “Temur do’stlikni benihoya qadrlar edi.

Uning do’stlariga ko’rsatgan saxovati beqiyosdir. Zero, qo’lidagi molu davlati yolg’iz lashkar yig’ishga yoki tilyog’lama kimsalarni sotib olishga kifoya bo’lishini anglagan Temur do’stlikka faqat do’stlik bilan javob qilish lozimligini yaxshi bilardi. Uning imom Baraka bo’lgan mehr-oqibati, payg’ambar avlodidan bo’lmish bu muborak zotning vafot etganini eshitib ko’z yoshi to’kkani qudratli hukmdorning buyuk insoniy fazilatlar egasi bo’lganini namoyon etadi”.

Amir Temurning shijoati shu darajada ediki, muarrix yozganidek, “Sohibqironning yuksak talabiga amirlar qalbining quvvati ojizlik qilardi”. Uning mardligi va shijoati haqida qalam surgan ikkinchi muarrix esa xitob qiladi: “Bu Allohning cheksiz inoyati va poyonsiz marhamati erurki, bir kishini o’z lutfi ila sarafroz aylab, unga shu qadar quvvat va shijoat hadya etadiki, u Temur ikki yuz qirq uch sipoh bilan, majburiy emas, balki o’z ixtiyoricha, o’n ikki ming qonxo’r va qasoskor dushman otliqlariga qarshi chiqib jang qilmoqchi bo’ladi, yetib kelgach ikki kecha-kunduz ichida ulardan qo’rg’onni tortib oladi, barchasini o’q yog’diruvchi shamshir kuchi bilan tarqatib, to’zitib yuboradi, o’zi esa ot solib ularni ta’qil qiladi, bahodirlarini qulatadi va asir oladi. Bu voqeiy hikoyadir. Uning to’g’riligini qayta-qayta tekshirilgan va tahrir majlisida ul ahvolni o’z ko’zlari bilan ko’rgan ba’zi kishilar hech qanday tilyog’lamachilik qilmasdan tasdiqlamoqdalar. Bu so’zlar Firdavsiy “Shohnoma”sida ba’zi bir kishilarga nisbatan shoirona mubolag’a va nafis so’z uchun keltirilgan lof yoki yolg’on qabilidan emas”.

Mana shunday shijoat va yuqorida kelitirilgan voqealarda namoyon bo’lgan insoniy fazilatlari tufayli Amir jangchilarining yuksak hurmati va beqiyos muhabbatiga sazovor bo’lgan edi. Navkarlari unga jonlarini berishga tayyor edilar. Birgina misol bilan fikrimizni isbotlaylik.

Hijriy 795, milodiy 1392 yili Amir Temur muzaffariylarning qo’rqmas hukmdori Shoh Mansur bilan to’qnashdi. Ayniqsa Potil degan joyda yuz bergan jang juda qattiq bo’ldi. Shoh mansur o’z suvoriylari bilan barobar Turkiston qo’shini saflarini yorib o’tib, arslon kabi hammani yiqib, Temurning yoniga borib yetdi.

Uzoq xastalikdan so’ng janggga kirgan Temur hali bor quvvati bilan jang qilishga ojiz edi. Ammo shunday bo’lsa-da, u qilichini yalang’ochlab o’zidan ancha yosh raqibi ustiga tashlandi. Ammo kasallik alomati bari bir sezildi. Jon achchig’ida olishgan Shoh Mansur, deb hikoya qiladi G’iyosiddin Ali, uch marta hazrat hoqonga qilich soldi, ammo Xumori yasavul bilan Tavakkul bovarchi har gal o’z tanlari bilan zarbalarni to’sdilar. Zarbalarning biri Humorini yarador qildi. Oddiy navkarlarning fidoyiligi Amir Temurni o’limdan saqlab qoldi.

* * *

Amir Temurning shonli hayoti va faoliyati uzoq yillik qatag’on zamonida qoralanishga, unutilishga mahkum etildi. Buyuk Turon farzandi nomini o’zlarining shukuhsiz tarixlaridan uyalgan kimsalar tomonidan yangragan haqorat so’zlari, aldov so’zlari — har birimizni manqurlik komiga chorlagan uyatsizlik va benomuslik ovozlari ko’mib yotardi. Ammo, har qanday inson qiyofasini ma’lum muddatgagina buzib ko’rsatish mumkin, kun kelib bari bir tarix bag’riga abadiyat qalami bitgan har bir inson mujassami yuzaga chiqadi.

“Bilasizmi, meni hammadan ko’ra nima ko’proq hayratga soladi, — deb so’ragan ekan bir donishmand suhbatdoshidan. — Zo’ravonlik kuch-qudratining yaratuvchilikka qodir emasligi! Dunyoda faqat ikki hokim bor — qilich va aql-idrok. Oxir-oqibatda har doim aql-idrok qilich ustidan g’alaba qozonadi”.

Har safar Amir Temur haqida o’ylaganda, mana shu so’zlar xotiramdan o’tadi. Bu so’zlarda jo haqiqatni mulohaza qilaman. Darhaqiqat, Amir Temur kabi buyuk jahongir ulkan g’alabalarga erishdi. G’arbu Sharq taqdiri hal etilgan ne-ne dahshatli janglarda qatnashdi. Bugun bu yurishlar chog’ida yuz minglab tulporlar tuyoqlari ostidan ko’tarilgan changu to’zonlar tingan, ular toptab o’tgan dalalarda yana yashil chechaklar yashnaydi. Bu dahshatli janglarda bir-biriga urilgan qilichlar jarangi yo’qlik komiga uchgan, to’kilgan qonlar chechaklar tomirida yetti aylanib obihayot sharbatiga aylangan. G’alabalar sharafiga chalingan bug’ularu nog’oralar ovozi tarix bitiklariga singib ketgan. Ammo Amir Temur qudrati va salohiyati sharofati bilan tiklangan Samarqand obidalarining beqiyos go’zalligi, bu yuksak peshtoqlaru gumbazlarda mujassam san’at, ulardagi naqshlarni chizgan naqqoshlarning entikkan nafas jahongirni ulug’ ishlarga yo’llagan duolar, uning dargohida yashab, ijod qilgan shoiru muarrixlarning qalami uchidan qog’ozga to’kilgan so’zlar tirik va barhayotdir.

Bugun biz Amir Temur qilichini emas, uning tafakkuri yaratgan o’gitlarni sharaflashni oliy burchimiz deb bilamiz. Shu burch bois biz uzoq yillik istibdod davomida nimaiki unutilgan bo’lsa — uni yod etish, nimaiki xarob etilgan bo’lsa — tiklash, nimaiki parchalangan bo’lsa — qayta birlashtirish xalqimizda baxtu saodat ro’yobiga ishonch uyg’otishni maqsad etganmiz. Mana shu ezgu maqsad bilan yashayotgan har bir vatandoshim yuragida Buyuk Temur siymosi borligiga ishonaman.

Men qishning sovuqlari pasaygan bir ajoyib tunda, bahorning ilk kechasida tog’larda bodom gullashiga ishonganimdek, Sohibqiron ruhi kelajak avlodlarga hamnafas, hamzamon bo’lishini bilaman.

1996

09

(Tashriflar: umumiy 2 035, bugungi 1)

3 izoh

  1. Тарихни, аждодларимизни, уларнинг жаҳоний мавқеини ўрганиш учун бизга мана шундай мақолалар керак. Раҳмат сизга.

  2. Ассалому алайкум! Хуршид Даврон кутубхонаси сайтидан жуда кўп фойдаланаман. Кутубхоналарда топилмаган, айниқса буюк аждодларимиз асарларини, улар ҳақида ёзилган тарихий ва бадиий асарларни қизиқиб ўқийман. Сайт яратувчиси ва ҳисса қўшаётган бошқа ижодкорларга соғлик, саломатлик, ижодда баркамоллик, хотиржамлик ва узоқ умр тилайман.

Izoh qoldiring