Mo Yan. Musallas mamlakati & Muhammadjon Xolbekov. Mo Yan haqida

01    2012 йил адабиёт йўналишида халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган ёзувчи Мо Ян (Mò Yán, 1955 йилда туғилган) ҳам ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётга кириб келган бўлиб, унинг ижоди, таъбир жоиз бўлса, икки адабий оқимга ҳам тегишли психологик роман ёхуд Европача модернизм прозаси услубини ўзида мужассамлантирган, десак тўғрироқ бўлади. Адибнинг Нобель мукофотига сазовор бўлган асари унинг сюрреалистик руҳда ёзилган “Мусаллас ўлкаси” (Цзю Го, 1992) романидир.

НОБЕЛЬ МУКОФОТИ СОҲИБИ МО ЯН
Муҳаммаджон Холбеков
филология фанлари доктори, профессор
02

003Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги Тошкент бўлинмаси бош мухбири Дун Лунцзян “Жаҳон адабиёти” журнали мухбири саволларига жавоб бераркан, ҳозирги замон хитой адабиёти хусусида шундай фикр билдиради: “Ўтган асрнинг иккинчи ярмида ошкоралик сиёсати ва иқтисодий ислоҳотлар муносабати билан хитой ёшларининг ҳаёт тарзида ўзгаришлар содир бўлди. Бир томондан чет эл адабиётини англаш учун барча тўсиқлар олиб ташланди, Ғарб адабиётидан таржималарга кенг йўл очилди. Ҳам хорижий, ҳам хитойлик муаллифлар асарларининг ниҳоятда кўп чоп этилиши Хитой ёзувчилари ижодига ижобий таъсир кўрсатди. Адабиётимиз икки гуруҳга ажради, бири “соф адабиёт” (чунь еэнсюэ), бошқаси “Оммабоп адабиёт” (тунсу вэнсюэ) деб аталади”.

Дарвоқе, 2012 йил адабиёт йўналишида халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган ёзувчи Мо Ян (Mò Yán, 1955 йилда туғилган) ҳам ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётга кириб келган бўлиб, унинг ижоди, таъбир жоиз бўлса, икки адабий оқимга ҳам тегишли психологик роман ёхуд Европача модернизм прозаси услубини ўзида мужассамлантирган, десак тўғрироқ бўлади. Адибнинг Нобель мукофотига сазовор бўлган асари унинг сюрреалистик руҳда ёзилган “Мусаллас ўлкаси” (Цзю Го, 1992) романидир. Роман 2000 йилда инглиз тилига таржима қилинганди. Нобель қўмитасининг расмий баёнотида “…ёзувчи ижодида халқ афсоналарини тарих ва бугунги кун билан бирлаштириб турадиган “галлюцинатор реализми” мавжудлиги” алоҳида таъкидланади. Тўғриси, “Мусаллас ўлкаси” романи – бу бир муқовага солинган моралите, рамзли ҳикоя, тарихий аллегория ва абсурд адабиётининг намунасидир. Айни пайтда романни ҳозирги хитой адабиётидаги энг ёрқин сатира ёхуд заҳарханда ҳажвий асар десак, муболаға бўлмайди. Аммо теран фалсафий ва сиёсий маънода бу роман фақат Хитой ҳақида ёки фақат хитой ўқувчисига мўлжалланган эмас, балки бутун инсониятга тегишли бўлган ўқимишли асардир. Шу маънода, муаллиф мухбирлар саволига жавоб бераркан, “модомики Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романи китобхон аҳлига хуш келган экан, менинг “Мусаллас ўлкаси” романим ҳам уларга маъқул бўлади деб ўйлайман”, деганди.

Энди, Мо Ян ижоди тадқиқотчилари фикрига тўхталадиган бўлсак, россиялик хитойшунос олима Н.К. Хузиятова ёзувчининг серқирра ижодини “илдиз (туб манба ва сарчашма)ни ахтарувчи сеҳрли реализм услубига тааллуқли адабиёт намунаси”, дея баҳолайди.

Хитойлик мунаққид Ин Лихуа ёзувчи ижоди хусусида холисона фикр билдираркан: “Мо Ян, шубҳасиз, замонавий хитой ёзувчилари орасида энг сермаҳсул ва изланувчан, мустақил фикрга эга ижодкор бўлиб, олдида турган мураккаб мавзуларга нисбатан ўзига хос тарзда ёндашади, мақсадига эришиш учун бор ижодий маҳоратини ишга солади. У расман эгаллаган лавозими (Мо Янь Хитой ёзувчилари уюшмаси раиси ўринбосари ҳамдир) билан эмас, балки қобилияти, ўз ақл ва заковати билан жамиятга сезиларли даражада таъсир кўрсатиб келяпти. Ёзувчининг бу улкан муваффақияти сири, унинг “… лирик кайфият, ҳиссий шод-хуррамликка эришиш мақсадида қўпол ва дағал, ўткинчи ва оддий нарсаларни ҳам гўзал ҳамда нафис ҳис-туйғуга айлантира олганидадир”, деб ёзади.

Америкалик хитойшунос олим, профессор Говард Голдблатт “… Мо Янни ҳар бир саводли хитойлик яхши билади”, дея таъкидлайди. Олим фикрини давом эттириб: “Мо Ян ўз асарларида яратган “митти ватан”ини америкалик адиб Уильям Фолкнернинг тафаккур маҳсули бўлмиш “роҳат-фароғатли турмуш тарзи ҳукмрон бўлган Йокнапатофа”си билан қиёсларкан, ёзувчи ўзининг бозорбоп романларида XX аср Хитой жамияти солномасини яратишга муваффақ бўлди”.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ўтган асрнинг 80-йилларида ўз ижодини бошлаган ёзувчи дастлаб замондошлари каби анъанавий реалистик услубда ижод қилди. Ўз устида тинимсиз ишларкан, Мо Ян аста-секин ўз услубини мураккаблаштира борди. Ғарб модерн ёзувчилари бадиий маҳоратини пухта ўзлаштирган адиб дастлаб ўзининг “Сирти қизил, ичи шаффоф шолғом” ҳикоялар тўплами билан ўқувчилар назарига тушди. Тўплам негизини ташкил қилувчи воқелар замирида табиат билан ҳамнафас яшаётган оддий одамлар турмуши шу муҳитда яшаб, улғаяётган болакай тилидан ҳикоя қилинади. Энг муҳими, бу ҳикоялар муаллиф овози билан уйғунлашиб, бутун бир воқеликни ўзида мужассам этади.

Бадиий ижодда ўз йўлини топишга, ҳикоя услубини сайқаллаштиришга тинимсиз интилган Мо Яннинг навбатдаги “Қизил гаолян” қиссаси йилнинг энг яхши прозаик асари сифатида тан олиниб, Хитой миллий мукофотига сазовор бўлади. Қисса асосида режиссёр Чжан Имоу суратга олган бадиий фильм эса жаҳон экранларида намойиш этилади ва муаллифга катта шуҳрат келтиради. Қисса 1993 йил инглиз тилига таржима қилинди. Асарда ўтган асрнинг 30-йилларида икки халқ бошига кулфат келтирган хитой-япон уруши бир оиланинг оғир ҳаёти мисолида ёрқин тасвирлаб берилганди.

Мо Ян ижодини чуқур таҳлил қилган мунаққид Ин Лихуанинг фик- рича, “Ёзувчининг эпик, яъни қаҳрамонлик ва улуғворликни тараннум этувчи романлари матнида халқ тили устувор бўлиб, персонажлар нутқи бепарда сўзларга бой; шаҳвоний зўравонлик, қасос ва ваҳшиёна кечинмалар билан тўлиб тошган хулқ-атворлар таърифланади. Тасвир жараёнида тил ва тафаккур тушунчаси онг оқими каби персонажлар руҳида ёпирилиб келади”. Бу ҳолатни биз “Сандал дарахти исканжасида” романи сюжетида кузатамиз. Ишқий мавзудаги бу романида муаллиф 1900 йилдаги халқ қўзғолони воқеаларини тасвирларкан, севишган икки қалб фожиасини даҳшатли манзаралар замирида ҳикоя қилиб беради.

Мо Яннинг XX аср ғарб адабиётидаги бадиий ижодда ақл-идрок ва тажриба ролини инкор этувчи сюрреализм оқими тамойилларига таянувчи “Мусаллас ўлкаси” романида амалдорларнинг овқат тановул қилиш одатлари, энг даҳшатлиси, уларнинг ичкиликбозлик ва одамхўрлик иллатига ружу қўйишлари кескин қораланади. Роман билан танишиб борарканмиз, унинг сюжети ўрта аср француз гуманизм адабиётининг асосчиси Франсуа Рабле қаламига мансуб “Гаргантюа ва Пантагрюэл” романининг сюжетига ўхшаб кетишини сезамиз. Рабле ўз романида ўрта аср Европа схоластикаси турмуш тарзини кескин сатира остига олган бўлса, Мо Янь ўтган асрнинг иккинчи ярмида Хитойда коммунист раҳбарларнинг зўравонлик замирида юзага келган шаҳвоний ҳаётини реалистик рангларда тасвирлаб беришга ҳаракат қилади. Дарвоқе, ёзувчининг ўзи иқрор бўлганидек, унинг ижодига ёшлигида кўп ўқиган Рабле, Фолкнер ва Гарсия Маркес асарлари катта таъсир кўрсатган.

Мо Ян асарларининг барчаси кетма-кет инглиз тилига таржима қилиниб келинган бўлса-да, бугунга қадар Говард Голдблатт, Ин Лихуа, Н.К. Хузиятоваларнинг инглиз ва рус тилларида чоп қилинган адабиёт энциклопедияларидаги мақолаларини ҳисобга олмаганда, ёзувчи ижодини кенг кўламда тадқиқ этувчи манбалар мавжуд эмас. Адибнинг “Мусаллас ўлкаси” романи яқинда рус тилига И. Егоров томонидан таржима қилиниб, нашр этилди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида Мо Ян ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқа репортаж, интервью ва кўрсатувлар мунтазам берилаётга- нига қарамасдан, улар асосан узуқ-юлуқ маълумотлар орқали хитойлик ёзувчининг ҳаёти, эришган мавқеи, хизмат поғоналарида обрў-эътибор қозонгани, ижод соҳасидаги фаолияти ҳақида бўлиб, унинг бадиий маҳорати, ёзиш услуби ҳақида кам гапириляпти. 57 ёшида Нобель муко- фотига сазовор бўлган ёзувчи қарийб 30 йиллик ижоди давомида ўндан ортиқ қисса ва романлар ёзди. Бу асарларнинг деярли барчаси инглиз тилида чоп этилди, ёзувчи номини инглиззабон китобхонлар орасида машҳур қилди.

Ёшлик чоғида бошдан кечирган машаққатлари, доимий ҳамроҳ бўлган муҳтожлик Мо Ян асарларида ўз аксини топган, десак, янглишмаган бўламиз. Бироқ улар ҳақида тўғридан-тўғри сўз юритилмайди, балки экзистенциализм, яъни фақат шахсий маънавий ҳаётни, инсон борлиғини тан олувчи ва объектив ҳаётнинг маъносизлигини ҳамда ижтимоий фаолиятнинг бефойдалигини исботлашга интилувчан кайфиятда ҳикоя қилиб берилади. Энг муҳими, ёзувчи ўз асарларида ёрқин тимсол, рамзий маъ- ноларни, теран фикрловчи, ҳаётга ўз муносабатини билдиришга қодир образларни яратишга ҳаракат килади. Адиб ҳикояларида, одатга кўра, Хитой ўтмиши ҳақидаги воқеа-ҳодисалар баёнини кузатиш мумкин. Улар шаклан ва мазмунан ҳажвия ёхуд адабий этюдлар, асосан дағал ҳазил- мутойибали матнда ўз аксини топади. Танқидчилар фикрича, Мо Ян “Хитой сеҳрли реализми” адабиётининг ёрқин намояндасига айланган.

Мо Ян бадиий ижод йўлида Ғарб томон секин-аста қадам ташлаб борди. Пировард натижада бу “суст ҳаракат” оламшумул эътирофга сазовор бўлди. Баъзи танқидчилар ёзувчи ижодига қаратилган бундай диққат-эътиборни Хитойнинг дунёдаги ривожланган мамлакатлар ора- сида етакчи ўринга интилаётгани, шу боис эндиликда Хитой адабиёти ва маданиятига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани билан изоҳлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Улар бу ҳолат кейинчалик Хитой адабиёти ва маданиятига қизиқиш борган сари ортиб бориши, хитой адабиётининг бошқа халқлар адабиётларига кириб боришига замин яратади, деган фикрга келмоқдалар. Бу вазиятни айрим адабиётшунослар ҳозирги кунга келиб Европа адабиётида камол топган анъанавий жанрларнинг чуқур инқирозга юз тутаётганлиги билан изоҳлайдилар. Хулоса қилиб айтганда, адабиётшунослар Мо Ян – “галлюцинатор аслида йўқ нарсаларнинг кўзга кўриниши, қулоққа чалиниши ва ҳ.к.)” реализм” асосчиси, деган якдил фикрга келишга уринмоқдалар.

Аслида 1982 йил Нобель мукофотига сазовор бўлган колумбиялик Габриэл Гарсия Маркес жаҳон адабиётида “сеҳрли реализм”нинг ёрқин намояндаси, шу билан бирга, замонавий прозани қадим анъаналар билан чамбарчас боғлашга интилувчан “галлюцинатор реализм” назариясини шакллантириб берган адиб саналади.

Фикримизча, Мо Яннинг ҳам асли келиб чиқиши қишлоқдан бўлганлиги сабаб, XX аср Хитой тарихида рўй берган қонли уруш-тўқнашувлар, кескин бурилишларнинг солномасини тузишга бўлган ҳаракати, қолаверса, кенг би- лимга эгалиги, жаҳон адабий жараёни моҳиятини чуқур англаши, энг муҳими, Ғарб ва Шарқ адабиётидаги қадимий анъаналарни чуқур ўзлаштирган ҳолда ижтимоий мавзуга эътибор қаратган ҳолда Хитой халқи тарихи тадрижининг циклик (даврий) характерини тушуна билиши, шу билан бирга адабий шакл ва услублардан моҳирона фойдаланиши – ёрқин, ўз сўзи ва услубига эга ёзувчини шакллантирди, десак муболаға бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, Мо Ян ижоди хусусида сермазмун, асосли фикр юргизиш мушкул масала. Адибга Нобель мукофотининг берилишига асосий сабаб бўлган “Мусаллас ўлкаси” романида реализм тамойиллари (масалан, Оноре де Бальзак ижодига яқинлик)га асосланган шафқатсизлик, золимлик, маиший саҳналарнинг дағаллиги мужассам этилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ зарур. Роман саҳифаларида “маотай” арағидан тўнғизларча маст бўлиш пайтида одамнинг психофизиологик ҳис-туйғулари бузилиши оқибатида қўрқув, баджаҳллик, ҳасад ва қаҳр- ғазаб уйғотувчи сабаблар моҳирона тасвирланган. Шунингдек, асарда ҳар нарсага қодир, ўзида чексиз куч-қудратни ҳис этган, ахлоқан заиф, маънавий қиёфаси бузуқ, айни пайтда, ақл бовар қилмас мўъжизакор қобилият соҳиби пакана Юй Ичи образида ифодаланган мифологик элементлар ўқувчи диққатини тортади. Романда ўткир ижтимоий мавзуга йўғрилган ҳажвий элементлар ҳам мавжуд бўлиб, улар сюжетда асосий ўрин эгаллайди.

Роман сюжетини кузатарканмиз, кўз ўнгимизда ғалати манзара на- моён бўлади: гедонизм, яъни ҳузур-ҳаловатда яшашга интилиш инсонга хос олий хислат дегувчи ахлоқий ақидага асосланган маишатпарастлик саҳналари кутилмаганда социалистик ишлаб чиқариш мавзусидаги романлардан олинган саҳналар, персонажларнинг қўпол, кўча тилига хос нутқи қадим хитой шеъриятидан олинган гўзал ва нафис мисралар билан галма-гал алмашиниб боради. Ушбу “галлюцинатор” қоришмани ташкил қилувчи элементларни бирма-бир санаб чиқиш қизиқарли ўйин (масалан, Ҳерман Ҳессенинг “Бисер ўйини”, Хулио Кортасарнинг “Сополак ўйини” романларидагидек)га айланади.

Худди шу анъана ўтган асрнинг етмишинчи йиллари собиқ Иттифоқда шаклланган постмодернизм адабиёти ва санъати йўналишларига мансуб “соц-арт” элементларида ҳам мавжуд эди. Аслида, соц-арт, яъни альтер- натив адабиёт ўша давр коммунистик мафкура ва совет оммавий мада- нияти удумларига қарши чиқиб, мазкур маданиятга қарама-қарши бузуқ тақлид шаклида пайдо бўлганди. Шўро адабиёти ва санъатининг тимсол ва образ, коммунистик мафкурани тарғиб қилувчи адабиётдаги ўткинчи сюжет, мазмунсиз ибора ва беўхшов қолиплардан фойдаланган ҳолда, соц-арт сўз ўйини орқали, кўпинча ҳайратга солувчи шаклда, уларнинг ҳақиқий маъносини фош қилиб, китобхонни мафкуравий бир тахлитдаги адабиётдан халос этишга ҳаракат қилганди. Истеҳзо, гротеск, аччиқ ҳазил-мутойиба, киноя ва қочиримлардан иборат сўз ва ибораларни ўз ўрнида ишлатиш, эклектик, яъни турлича қарашларни, назарияларни бир- бирига ўзбошимчалик билан қориштириб юборувчи бадиий услубнинг негизига айланди.

Айнан ушбу соц-арт элементлари “Мусаллас ўлкаси” романида сюр- реалистик руҳиятни шакллантирган. Масалан, кўмир завод дарвозаси пештоқига илинган қизил матога битилган “Иш пайтида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг!”, унинг ёнида эса “Биринчи Май байрами билан табриклаймиз!” каби хитой иероглифларига кўзимиз тушади. Кейинчалик завод цехларидаги оғир меҳнатни тасвирловчи саҳналар социалистик мажбуриятларнинг ошиғи билан бажарилганлигини мадҳ қилувчи баландпарвоз сатрларга алмашади. Сўнгра завод директори ва партия ташкилоти котибининг бир-бирига пешвоз чиқиб қўл бериб кўришиши саҳнасини кўрарканмиз, уларнинг қиёфаси, ташқи кўриниши бир-бирига шу қадар ўхшашлигини зимдан кузатган одамга худди кўзгудаги акс (галлюцинация)ни ёдига солади.

Беихтиёр савол туғилади: бу ўзининг тушунарсиз қонунлари билан яшаётган қандай мамлакат ўзи – тежаб-тергашни билмай, режасиз вино ишлаб чиқариш оқибатида раҳбарлари ҳам ичкиликка муккасидан кетган маишатпараст одамлар мамлакатими ёки социалистик мафкура асосида тарбияланган хаёлпарастлар мамлакатими? Бу “портловчи қоришма” Мо Ян романида хтония, яъни еростидаги жаҳаннам кучларини ифодаловчи шаклга айлана боради.

Аслида, хтонизм фоний ва боқий ҳаёт ғояси, замонлар алмашинувида, вақтнинг тўхтовсиз оқимида акс этувчи “ўлим ва туғилиш” тамойилида намоён бўлади. Баъзида антик давр мифологиясининг илк босқичлари хтонизм деб аталади, чунки унда Ер қаъридан чиққан баҳайбат махлуқ образлари мужассамланади. Масалан, Гарсия Маркес қаламига мансуб “Ёлғизликнинг юз йили” романи персонажларидан бири Ребекка бедаво руҳий хасталикка чалинган, у кучли ҳаяжон, руҳий изтироб пайтлари ерни ейиш билан машғул бўлади. Ёки ақлдан озган Аурелиано Буэндия хаёлида қачонлардир унга “мўъжиза”лар кўрсатган, қадим қўлёзмалардаги мангу яшаш сирини очишни васият қилиб кетган лўли Мелхиседек образи гавдаланаверади. Ёхуд маъсума Ремедиоснинг оппоқ чойшабларда осмонга кўтарилиши саҳнасини эслайлик. Уларнинг ҳаммаси “сеҳрли” ўлка – Макондода содир бўлади.

“Мусаллас ўлкаси”да эса муаллиф ушбу мавзуни бироз ўзгартириб, моҳирона ишлов берган кўйда янада ривожлантиради. Роман сюжети билан танишарканмиз, воқеаларнинг ғалати тарзда алмашинувини ҳам кузатамиз. Масалан, ёш ёзувчи Ли Идоунинг ўз устозига йўллаган таҳсинлар тўла мактублари шиддат билан ривожланувчи детектив сюжетни вақти-вақти билан бўлиб туради. Ли Идоу ҳам бу бепоён мамлакатни “Мусаллас ўлкаси” (Цзю Го) деб атайди. Бепоён юртнинг қоқ марказида ҳамма ичкиликбозликка берилган. Терговчи Дин Гоуэр телбасифат ҳайдовчи, аслида махфий жосус аёлга мусаллас ичиради. Аёл эса сўкиниб, унга эҳтиросли бўсалар ҳадя этади. Минбарни эгаллаган нотиқ аҳмоқона ваъз ўқиркан, мажлис залини тўлдирган тингловчиларга “галлюцинация”га ўхшаш шиорларни ёғдиради. Улар аслида шаклан соцреалистик, мазмунан эса гедонистик талқиндаги: “Бу қадар хушбўй мусаллас – заҳматли қўлларимиз ҳосилидир!”, “Мусалласимизни тотиб кўрсанг, барча ишларинг аъло битади!”, “Мусалласдан тўйиб ичсанг – бир ўтиришда тўнғизни паққос туширасан!” каби шиорларда намоён бўлади. Раҳбар тўсатдан заводга келган терговчи Дин Гоуэрнинг пинжига кириш учун тилёғламалик билан: “… мусаллас – солиқ тушумларнинг битмас- туганмас манбаи. Демак, мусалласни тўйиб ичсангиз, Сиз мамлакатимиз иқтисодиётига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз”, деб унинг ҳам миясини заҳарлайди.

Хулоса қилиб айтганда, роман персонажлари шараф билан тилга олган “Мусаллас ўлкаси” бошқа социалистик мамлакатлар, хусусан шўролар мамлакатининг ҳам хунук қиёфасини эслатиб туради. Чунки меҳнатдаги қаҳрамонлик, социалистик мажбуриятларни адоғи билан бажариш, “янги шаклдаги одам”ни тарбиялашга қаратилган ташвиқот, раҳбарларнинг қўпол ва бемаъни нутқлари, партия раҳнамоларининг ваъдабозлиги “совет халқи”нинг ҳам жонига тегиб кетганди.

Нима бўлганда ҳам, Мо Ян романида социалистик тузумнинг даҳшатли воқеликка йўғрилган, қўрқув ва ваҳимага тўла фожиали ҳаётида яшашга ҳаракат қилаётган оддий инсонларнинг “мавжуд”( existentia)лиги тасвирланган. Аммо муаллиф томонидан таклиф этилган, аниқроғи, матн ичида яширинган жавоб ундан-да даҳшатли жаранглайди. Адиб, ҳар бир инсон бу машъум жамиятда ўзини ўзи англаб олиши лозим, деган ғояни ўртага ташлайди.

Яна шу мавзуда:
Мо Ян. Қиссагўй. Нобел маърузаси
Эркин Мусурмонов. Нобел мукофоти лауреати Мо Ян & Хитой адабиёти тарихи

Мо Ян
МУСАЛЛАС МАМЛАКАТИ
02

Биринчи боб*

I

002Провинция прокуратурасининг махсус бўлими терговчиси Динг Гоуэр кўмир ташувчи юк машина кабинасида чайқалиб борарди. Текширув ўтказиш учун Лошан шахтасига йўл оларкан, ўйлар миясида ғужғон ўйнарди. Илгарилари лойиқ келган эллик саккиз ўлчамли жигарранг бейсбол кепкаси негадир ҳозир бошини қисқичдай қисарди. Охири бўлмади, шартта бош кийимини ечди, қараса, у жиққа терга ботибди. Димоғига бошқа аллақандай ҳид аралаш ёғли сочнинг бадбўй иси урилди. Намхуш ва муздек туюлган ҳид ниманики эканини тусмоллай олмай, ўқчиб, томоғидан ушлади.
Шахтагача қўл чўзса етгулик масофа қолганди, қоронғи йўлда ғадир-будур ва ўйдим-чуқур жойлар кўзга ташлана бошлади. Ўқдай учиб кетаётган юк машинаси тезлигини пасайтиришга тўғри келди. Улов бир у ёнга, бир бу ёнга чайқалар, Динг Гоуэрнинг боши эса тинимсиз кабина шифтига уриларди. Кўҳликкина ёш ҳайдовчи қиз йўлни ҳар қанча териб юришга уринмасин, бефойда эди, эркакчасига ғудраниб сўкинар ва бисотидаги барча ҳақорат сўзлар тилининг учида турарди. Терговчи беихтиёр қизга тикилиб қолди. Қиз ҳаворанг кийимда бўлиб, либос тагидан чиқиб турган пушти кўйлагининг ёқаси унинг оппоқ бўйнини яшириб турарди. Қоп-қора кўзлари чақнар, сочи калта қилиб қирқилган, қоралигидан ялт-юлт қиларди. Оқ қўлқопли қўли чамбарни маҳкам ушлаб олган, бутун диққати йўлда – ўйдим-чуқурлардан чаққон айланиб ўтишда эди. Машина чапга бурилганда қизнинг оғзи чапга, ўнгга юрса – ўнгга қараб қийшаярди. Хуллас, ҳайдовчи қиз нари бориб-бери келаётганди. Шўрликнинг бурнидан тер чиқиб, пешонасида тиришлар пайдо бўла бошлади. Манглайи энсизгина, ияги қаттиқ ва дум-думалоқ, қалин лаблари унинг оташин ва эҳтиросли эканини айтиб турарди. Юк машинаси қаттиқ чайқалди-ю, бехос иккисининг танаси бир-бирига тегиб кетди. Терговчида қизга яқин сурилиб, уни қўллари билан ушлаш истаги пайдо бўлди. Малакали, қирқ саккиз яшар терговчи учун бундай ҳис-туйғулар одатда ғалати туюлади, айни вақтда эса ёқимли эди. У бошини силтаб, қиздан кўзини олиб қочди.
Йўл эса тобора ёмонлашиб борарди. Машина бир чуқурдан иккинчисига тушар, ҳар гал у ёқдан-бу ёққа қаттиқ чайқалар ва ғичирларди. Бироқ у олдинга юришдан тўхтамас, худди панжалари ана-мана шилиниб тугайдиган баҳайбат махлуққа ўхшарди. Ниҳоят турнақатор юк машиналарининг охиридан келиб жой олди. Ҳолдан тойган қиз ўзини хотиржам ҳис этиб, оёқларини узатди, моторни ўчирди, қўлқопларини ечди, рул чамбарини туртиб қўйди-да, терговчига ёвқараш қилиб, деди:
– Онангни… яхшиямки, қорнимда болам йўқ!
Терговчи титраб тушди ва қизнинг кўнгли учун минғиллаб деди:
– Бола бўлгандаям аллақачон тушиб қоларди.
– Тушса тушиб ўлсин эди, – жиддий оҳангда эътироз билдирди ҳайдовчи қиз. – Бир ўлик болага икки минг юан беришади, – шундай дея у терговчига еб қўйгудек ўқрайди. Барибир ҳам, “Хўш, бунга нима дейсан?” – дегандек қараб турарди.
Динг Гоуэрни ёқимли қўрқув ва қизиқиш қамраб олганди. Озгина бемаза суҳбат давомида у бутун вужуди билан қизга боғланиб қолганди. Жинслар орасидаги парда аллақаерга ғойиб бўлган, иккиси ўртасида энди ҳеч қандай масофа йўқ эди. Ҳайдовчи қизнинг сўзлари замирида ундаги кечинмага нисбатан нимадир мавжудлигини ҳис этиб, бирдан юрагида шубҳа ва қўрқув пайдо бўлди. У қизга сергаклик билан қаради, қиз эса лабларини бурди. Буни кўриб, терговчининг ҳафсаласи пир бўлди. Ахир ҳозирги журъатли, бир сўзли, ғалати қиз қаёққа ғойиб бўлди? Аммо нафис дудоқларнинг бетакаллуф жилмайиши терговчининг кўнглига оғир ботди. Қизнинг юз ифодасидан ўзининг ҳеч ким эмаслиги, калтабинлиги, дардларини айтиб, бошини оғритишга арзимаслигини англади.
– Сен фарзанд кутяпсанми? – кутилмаганда сўради терговчи.
Танишувнинг барча қонун-қоидаларини бир четга суриб, қиз хиёл шармсизларча деди:
– Мен шўрхок ерман, ҳамма бало шунда.
“Сен тажрибали терговчисан, – ўйлади Динг. – Зиммангга катта масъулият юкланган, бироқ аёл зиммасидаги масъулият ҳаммасидан катта. – Тўсатдан у жамоага қандай кулги бўлгани ҳақида эслади: “Динг Гоуэрга ўхшаганлар ишни зумда очиб ташлайди”. – Катта кетганга яхшигина дашном”. У чўнтагидан мусалласли идишини олди, қопқоғини бураб очди, бир қултум ичиб, қизга узатди.
– Аслида қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассисман, хусусан, мелиорация бўйича.
Қиз зарб билан сигнални босди, бироқ жудаям паст, бўғиқ овоз эшитилди холос.
– Онангнинг киндигини боссанг бўларди! – деди ғазаб билан бошқа юк машинасидан тушиб, уларнинг олдига келган ҳайдовчи.
Қиз шишани олди, сифатини билмоқчидай ҳидлаб кўрди, сўнг бошини кўтарди-да, қулқуллатиб охиригача сипқорди. Динг Гоуэр уни мақтамоқчи бўлди, лекин мусаллас мамлакатида туриб мусалласнинг сифатига баҳо бериш қалай бўларкин, деб чурқ этмади. Терговчи оғзини артди ва қизнинг лўппи, мусалласдан намланган, қип-қизил лабидан кўзини узмай, дадиллик билан деди:
– Кел, лабларингдан битта бўса олай!
Қиз бирдан қип-қизариб кетди-да, шаллақилик билан бақира бошлади:
– Мендан эмас, бориб онангдан ол бўсани!
Эсанкираб қолган Динг Гоуэр шошиб атрофга қулоқ солди, нариги юк машинаси ҳайдовчиси аллақачон кабинага кириб олган, ҳеч кимнинг улар билан иши йўқ эди. Олдинда машиналар турнақатор бўлиб тизилган, орқада эшак қўшилган арава турибди, ундан кейин – тиркамали юк машинаси. Эшакнинг ясси пешонасидаги яп-янги, қип-қизил шокиласи зим-зиё тунни ёлқиндай ёритиб турарди гўё. Йўлнинг ҳар икки четида чўзилган зовур, ўсиб кетган йўсинлар орасидан пастак, таналари касалванд дарахтлар кўринади. Дарахт баргларию ўт-ўланлар чангдан қоп-қора тусга кирган. Кузнинг сўнгги кунлари: зовурларнинг нарёғида ястаниб ётган сарғиш-яшил анғизлар узра улуғвор сукунатга халал бермай ғиз-ғиз шамол эсади, манзарани қувончли деб ҳам, қайғули деб ҳам бўлмайди. Атрофда шахталар ўлкаси, сарғиш тутунлар орасида терриконлар қад кўтарган. Шахта қудуғи олдида чиғирлар тинимсиз айланади, бу сирли ва ғалати туюлди. Унинг ярми кўриниб турар, қолган ярми юк машинаси панасида эди.
Ҳайдовчи қиз пичинг қилиб: “Мен сенга бўса берайми? Ҳаҳ, онангдан олгин бориб!” – такрорлади жойидан қимир этмаганча. Унинг қичқириб айтган сўзлари ҳар қанча қўрқинчли бўлмасин, Динг Гоуэр қаҳ-қаҳ уриб кулиб, кўрсаткич бармоғи билан қизнинг кўксига нуқиди. Бу гўё “старт тугмачаси”ни босиш бўлди-ю, қиз унга ўзини ташлаб, бутун гавдаси билан ўзига тортди, муздек қўллари билан унинг бошидан чангаллади-да, лабларини чўзди. Дудоғи совуқ ва юмшоқ, эҳтироссиз, бамисоли момиқнинг ўзи. Терговчининг ҳафсаласи пир бўлиб, бирдан унга қизиқиши сўнди ва ўзидан нари итарди. Бироқ бу дарғазаб шервачча унга қайта-қайта ташланиб, тинмай бидирларди:
– Ҳой, онангни эмгур, эркакмисан ўзи, йўқми…
Терговчи қўл-оёқларини типирчилатганча ўзини олиб қочишга уринди. Жиноятчиларни тинчлантирадиган усул билангина қизни инсофга келтиришга муваффақ бўлди.
Иккиси ҳам оғир-оғир нафас оларди. Динг Гоуэр қизнинг билакларидан маҳкам тутганча, унинг қаршилигини енгишга ҳаракат қиларди. Қиз терговчининг қучоғидан қочиб чиқишга бор кучи билан уринар, бутун бадани пружинадек эшиларди. Бир нималар деб ғўлдираб, бузоққа ўхшаган овоз чиқарарди. Бундан терговчи яна кулиб юборди.
– Нимага куляпсан? – тўсатдан сўради қиз.
Қизнинг қўлларини қўйиб юбориб, терговчи чўнтагидан ташриф қоғози чиқарди:
– Мен кетдим, хонимча. Хоҳласанг, мени шу манзилдан топасан!
Қиз унга бошдан-оёқ разм солиб қаради, сўнг чегарачи сайёҳнинг пас­портига кўз солгандек, ташриф қоғозига қаради. Кейин яна бошқатдан тикилиб қолди.
Динг Гоуэр қизнинг бурнидан чимчилаб қўйди-да, чарм сумкасини қўлтиғига қистириб, машина эшиги тутқичидан ушлади:
– Хайр, қизалоқ. Шўрхок ербоп олий навли ўғитларим бор!
Машинадан энди тушган ҳам эдики, қиз унинг кийими четидан тутди. Қиз саросималаниб қараб тураркан, терговчи унинг ҳали ёш бола эканини, турмушга чиқмаган, ҳеч қачон эркак зоти билан ҳам бирга бўлмаганини англади. Маъсумлигидан ичи ачишди: Динг унинг қўлини силаб қўйди-да, самимийлик билан деди:
– Азизам, мен отанг қаториман-а.
– Ёлғончи! – пишқириб деди қиз жаҳл билан. – Машина устахонасигача дегандинг-ку!
– Деярли етиб келдик, – жилмайди терговчи.
– Жосус!
– Ҳа, бўлса бордир.
– Жосуслигингни билганимда, машинага чиқармаган бўлардим!
Динг Гоуэр бармоғини тиқиб сигарет тополмаган бўш қутини қизга томон ирғитди:
– Бўпти, жаҳлинг чиқмасин.
Қиз унинг мусаллас идишини зовурга улоқтирди:
– Тағин эркак эмиш, идиши қуриб ётибди-ку.
Динг Гоуэр йўл четига сакраб тушди, эшикни қарсиллатиб ёпди-да, олға одимлаб кетди.
– Ҳой, жосус! – ортидан қизнинг овози янгради. – Йўлда қанча фалокат рўй берганини билмайсанми, мабодо?
Динг Гоуэр орқасига ўгирилиб, қизнинг ойнадан бошини чиқариб турганини кўрди-да, мийиғида кулиб қўйди, аммо ҳеч нима демади. Қизнинг қулмоқ гулига ўхшаган чеҳраси бир дақиқагина сақланди холос, сўнг қадаҳга қуйилган пиво кўпикларидай йўқ бўлиб кетди. Кўмир конига олиб борувчи йўл ифлос ва тор, узуничакдай бир-бирига айқаш-уйқаш бўлиб ётарди. Юк машиналари, тракторлар, ҳўкиз қўшилган уловлар – барчаси ўз думини ўзи ғажиган даҳшатли махлуққа ўхшарди. Баъзи машиналар чироғи ўчирилган, баъзилариники эса йўқ. Олдинда трактор капотлари устига, орқада эса автомобилларнинг пастки қисмига ўрнатилган қувурлардан кўкиштон тутунлар паға-паға бўлиб чиқарди. Чала ёнган бензин ва сол­ярка жониворларнинг бадбўй ҳиди билан қоришиб, ҳавода осилганча нафасни бўғарди. Терговчи шахта томон ҳаракатланаркан, гоҳ машиналарга яқин бориб қолар, гоҳ пастак дарахтларнинг каллакланган шохларига ўзини уриб оларди. Кабинада ўтирган деярли барча ҳайдовчилару арава шотисига суяниб олган аравакашлар баравар мусалласхўрлик қиларди. Бу ерда рулдаги одамнинг ичиши тақиқланмагандек. “Буларнинг охири борми ёки йўқ?” – у ғазаб билан юқорига қаради: қазилаётган коннинг марказий қисмида ниҳоятда баланд кўтаргич хартумининг учдан икки қисми кўзга ташланарди. Кумуш рангли пўлат трос ғилдирак устидан текис ҳаракатланар, кўтаргичнинг ўзи эса ё занги сабабми ёки бўёқданми, қуёш нурида тўқ қизил ва исқирт кўринарди. Катта қора блок ҳам хунук кўринар, тўхтовсиз сирпанаётган трос жуда чақноқ бўлмаса-да, ваҳимали кумушранг учқунлар сачратарди ва шу туришида у заҳарли илонни эсга соларди.
Ранг ва жилваларнинг бу ўйинига монанд равишда айланаётган блокнинг ғичирлаши, таранг тортилган пўлат троснинг ғириллаши ва ерости портлашларнинг бўғиқ гув-гувлаши қулоқни қоматга келтирарди.
Кон ёнидаги суйри майдон ҳам машина ва араваларга лиқ тўла эди, йўл четидаги қатор қайинларни кўмир чанги қоплаган. Бошдан-оёғи ифлосланган барглардан чимдиш учунми ёки тумшуғини ишқалаб қашиш учунми, каштан шохлари орасига бош суққан от бирдан пишқириб юборди. Бир арава ёнида талай одам тўпланган эди. Юзлари офтобдан қорайган, бошларини қийиқча билан танғиган, кийимлари титилиб кетган, белларига камар ўрнига чилвир боғлаб олган эдилар. Аравага қўшилган от ясси тўқима саватдаги пичанни ғурт-ғурт чайнар, эгалари эса майхўрлик билан овора эдилар. Каттакон тўқ бинафшаранг шиша давра бўйлаб айланар ва ҳар ким унга ошкора суқ билан ёпишар эди. Барчалари навбати билан ёпқи устидаги катта оқ турупдан карсиллатиб узиб оларди. Ҳузур қилиб кавшагач, ўшандай карсиллатиб узиб олгани тағин интилишарди. Динг Гоуэрни ҳаммадан кўп ичади деб бўлмасди, лекин ичишни хуш кўрарди. Мусалласнинг қайси бири яхшию қайси ёмонлигини ажрата оларди, ҳавони тутган бадбўй ҳиддан англадики, мана бу шишадаги ичимлик у қадар мақтагулик эмас. Шолғомли арақ ҳиди, лоф эмаски, одам ели ҳидидан ҳам бадбўйроқ эди. Мусалласхўрларнинг кийимларию еб-ичаётган нарсалари уларнинг Жюгуо атрофидаги деҳқонлар эканини яққол билдирарди. Терговчи улар олдидан ўтиб кетаётганда, биттаси хирилдоқ овозда сўради:
– Соатинг неча бўлди, ўртоқ?
Соатига қараб, Динг Гоуэр жавоб берди.
Кўзлари қизил ва малларанг соқолли ёш деҳқон йигитнинг чеҳрасида шундай ғазабли ифода зоҳир эдики, терговчининг юраги шиғ этиб кетди ва у қадамларини жадаллатди.
– Дарвозани тезроқ оча қолишса бўлмайдими, қоврилиб кетдик-ку, – орқадан луқма ташлаб қолди деҳқон йигит.
Хўрликдан у ўзини йўқотай деди, аммо тан олиш керакки, бунинг учун асослар йўқ эмасди. Ўн бирдан чорак ўтибди-ю, аммо коннинг бақувват қулф урилган темир панжарали дарвозаси ҳамон ёпиқ эди – қулф ҳам нақ тошбақанинг косасидай келарди ўзиям. Дарвозанинг ўзига саккизта пўлат варақ қопланган эди. Уларга қизил бўёқда йирик-йирик иероглифлар билан ёзилган “Корхонада хавфсизликка риоя қилинг!” ва “Биринчи май байрами билан табриклаймиз!” сўзлари аллақачон унниқиб кетганди. Куз кунининг мафтункор ёғдусида кўп нарсалар тароватли кўринарди, қоп-қора кон узра кўм-кўк осмон янада кўркамроқ акс этарди. Жойнинг баланд-пастлигига қараб бир кўтарилиб-бир тушган кўйи ҳудуд атрофида одам бўйидан сал баландроқ кулранг ғиштин девор чувалиб кетган. Дарвоза табақасидаги эшик қия очиқ, унинг ортида каттакон малларанг кўппак эриниб ағанаб ётарди, унинг боши узра кузги япроқдек нимжон капалак қанот қоқарди.
Динг Гоуэр эшикни очмоқчи бўлган эди, кўппак ғазаб билан унга ташланди, сал бўлмаса нам тумшуғи билан кафтининг орқа томонига тегиб кетаёзди. Тўғрироғи, итнинг тумшуғи кафтига келиб тегди, чунки терговчи унинг салқинини аниқ ҳис этди; ранги билан у нофармон каракатица ёки личининг пўстлоғини эслатарди.
Бироқ қутурган кўппакнинг тажовузкорлиги шу заҳоти қўрқув билан алмашди. У йўлакдаги сояга ўзини отди, сўлиган софора буталари орасига сингиди ва ангиллаганча тўртбурчак бошини силкиди.
Динг Гоуэр лўкидонни сурди, эшикни итарди, орқаси билан муздек темирга тиранганча бирпас турди ва қўрқиб кетган кўппакка ачиниб қараганча ичкарига қадам қўйди. Қўлига қаради: суяклари ўйнаб, кўк томирлари бўртган; қонида алкоголь йўқ эмас, аммо унда на қувват, на айтарли нарса кўзга ташланарди. “Нега аввалига ташланиб, энди мендан қочаяпсан?” – деб сўрагиси келиб кетди унинг кўппакдан.
Ювиниш тоғорасидаги илиқ сув ҳавода чайқалиб ёйилди. Ранг-баранг ва ола-була шаршара. Шундай бир капалакки, у ёлғиз қолишни истамайди. Кўпик ва қуёш. Умид. Бир дақиқача бўйнидан сув оқди, сўнг шабада келиб урилди ва ҳаммаёқ салқин тортди. Кўп ўтмай кўзлари оғирлашди, оғзи арзон атир-упа таъмини берувчи шўр нарса билан тўлди. Шу заҳоти анчадан бери ювилмаган юз ҳиди ва бужмайган руҳий тажаллий уйғунлик касб этгандай туюлди. Шу лаҳзада кабинадаги ҳайдовчи қиз терговчининг хотирасидан қайтмас бўлиб ўчди. Увадага ўхшаган дудоқлар ҳам ғойиб бўлди… Бироқ кейин қўлида унинг ташриф қоғозини тутган аёл аниқ ва кескин равишда шуури юзасига қалқиб чиқди, гўё олис туманли тоғлар акс этган табиат манзараси чизилган сувратдай. “Итдан тарқаган!”
– Ўлгинг келдими, итдан тарқаган? – унинг олдида қўлларида тоғорача билан турган навбатчи жаҳл билан депсинди.
Динг Гоуэр бу билан унинг ўзига шама қилаётганини тушунди. Бошидан сув томчиларини силкиб ташлагач, кир дастрўмоли билан бўйнини артди, томоғини қириб, тупурди. Бу қийин аҳволдан чиқиш учун кўзларини пирпиратди, ўзининг асл ҳолатига қайтди ва навбатчига тешиб юборгудек тикилди. Турли катталикдаги, кўмирдай қоп-қора, ҳаёсиз, тўпори кўзлар, дўлана мевасига ўхшаш дум-думалоқ қизил бурун, кўкарган лаблар ва қайсарларча қисилган тишлар. Куйдиргувчи қандайдир тўлқин бамисоли илон ёки чувалчангдай эшилиб-тўлғониб аъзойи баданини силаб ўтди. Ғазаб туғён урди, унинг алангаси тобора авж олиб борарди, бош чаноғи ўчоқдаги писта кўмир ё яшин каби оппоқ тусга кирди ва кўксида орият ҳисси ғуфрон урди.
Худди итга ўхшаб, навбатчининг қаттиқ ва қора увадалари ҳар томонга қараб осилиб ётарди. Афт-ангори билан Динг Гоуэр унинг ўтакасини ёриб юборгани кўриниб турарди. Бурун катакларидан чиқиб турган туклар қалдирғоч думини эслатарди. “Бу лаънати қора қалдирғоч ўша ерда ин қурганга ўхшайди, – кўнглидан кечирди у. – Ин қурган, тухум қўйган, бола очган”. У ўша қалдирғочни нишонга олди ва тепкини босди. Яна босди. Яна.
Жарангдор ва тиниқ ўқ товушлари кон дарвозаси олдидаги сукунатни бузди. Ўқ товушлари каттакон малла кўппак ҳуришини босиб кетди ва деҳқонлар эътиборини тортди. Энди кабиналардан сархуш ҳайдовчилар сакраб-сакраб туша бошладилар. Эшакнинг юмшоқ лаблари қаттиқ қайин игналаридан жишга айланганди. Аравага қўшилган ҳўкиз вазмин бошини кўтарди-да, кавшашдан тўхтади. Аввалига ҳамма қотиб қолди, кейин эса воқеа содир бўлган жойга ёпирилиб келишди. Соат ўндан ўттиз беш дақиқа ўтганда Лошаннинг йўлак шахтаси навбатчиси бошини чангаллаганча ерга қулади. Оғзидан оппоқ кўпик чиқди, танаси жон талвасасида силкинар эди. Юзида кинояли табассум ўйнаган ва қўлида ялтироқ тўппонча тутган Динг Гоуэр Ҳимолай чўққисидек қаққайиб турарди. Милтиқ оғзидан чиқаётган кўкимтир тутун уни ўраб олмоқда эди.
Дарвозанинг темир панжараларидан тутганча оломон ҳангу манг қараб турарди. Чийиллаган овоз янграб улгургунча жуда кўп вақт ўтганга ўхшаб туюлди:
– Ўлдирдилар! Навбатчи Лао Люйни ўлдирдилар!
Мана бу кўкиш-қора Ҳимолай заранги, яъни Динг Гоуэр заҳархандалик билан тиржайди.
– Бу қари кўппак қилган ёмонликларнинг санаб саноғига етиб бўлмайди.
– Ошпазлик академиясига, махсус ошпазлик бўлимига сотиш керак!
– Уни пиширишнинг ўзи бўладими, қари кўппак-ку!
– Махсус ошхоналарга оппоққина, баррагина ўғил болаларни олишади, бу чандир кимга керак?!
– Ҳайвонот боғига бериш керак, бўриларга озуқа!
– Бунақа озуқа билан бўриларнинг кўнглини олиб бўлибсан.
– Унда махсус турдаги гиёҳлар учун тажриба ерлари бор-ку, қайта ишлаб, ўғит қилишсин!
Динг Гоуэр тўппончани ҳавода ўйнатди. Ялтироқ сирти кумуш кўзгудай чарақлаб кетди. Тўппончани илиб олиб, кафтига қўйганча уни дарвоза ортида турганларга кўрсатди. Ихчам, нафис, чиройли чизиқлар тортилган тўппонча револьверга ўхшарди.
– Ваҳимага тушманглар, дўстлар, – мийиғида кулди у. – Ахир бу болалар ўйинчоғи-ку!
Тугмачани босиб, у тўппончани иккига ажратди, унча катта бўлмаган, тўқ қизил дискни қаттиқ пластикдан суғуриб олди-да, йиғилганларга намойиш қила бошлади.
– Ҳар бир тиш қоғоз қобиқдаги мош донасидек келадиган ўқни қисиб қолади, – тушунтирди у. – Тепкини босасан, диск айланади, ўқ товуши янграйди. Бу ўйинчоқдан театрда бутафория реквизити, спорт мусобақаларида старт тўппонча сифатида фойдаланиш мумкин. Бунақалари ҳар бир универмагда сотилади. – Шу сўзларни айтиб, у барабан тарновига ўқ суқди ва тўппончани йиғиб, тепкини босди: пақ!!!
– Ана шунақа, – деди у мойфурушларга ўхшаб. – Ишонмасангиз, қаранг. – Шундай дея у тўппонча оғзини енгига олиб борди-да, яна тепкини босди.
– Ван Лян Жюй! – деди ҳайдовчилардан бири. Афтидан, у бир вақтлар “Намунали “Қизил фонус” пьесаси”ни кўрган эди.
– Бу ҳақиқий тўппонча эмас! – Динг Гоуэр қўлини кўтарди. – Қаранглар-а, агар ҳақиқий бўлганида, ўқ бу ёғидан кириб, у ёғидан тешиб чиқарди, тўғрими? – Унинг енгидаги сарғиш доғ қуёш нурида кўринди, ундан ўткир ўқ-дори ҳиди келарди.
Терговчи тўппончани чўнтагига жойлади, ерда йиқилиб ётган навбатчи олдига борди-да, уни бир тепди:
– Тур ўрнингдан, ошна, ўликка ўхшаб ётганингдан иш чиқмайди.
Ўша-ўша бошини чангаллаганча навбатчи ўрнидан турди. Унинг юзи обдон пиширилган нянгаога ўхшаб, касалмандлардай сарғайиб кетганди.
– Сени ўлдириб нима барака топардим, пўписа қилдим холос, – давом этди Динг Гоуэр. – Ҳокимиятни суиистеъмол қилиб бўлмайди. Соат ўн бир бўлди, дарвозани аллақачон очишинг керак эди!
Навбатчи қўлларини юзига олиб борди-да, сийпалай бошлади. Сўнг ишонмагандек, яна бошини туртиб кўрди, қўлларига яна бир карра қараб чиқди. Қон кўринмасди. Тириклигига ишонч ҳосил қилгач, у чуқур хўрсинди ва ҳамон ҳадикли овоз билан сўради:
– Сен-чи, сен бу ерда нима қилиб турибсан?
Динг Гоуэр айёрона жилмайди:
– Мен коннинг янги директориман, шаҳардан юборишди!
Навбатчи қоровулхонага ўқдай учиб кетди. Қўлида каттакон ялтироқ калит билан қайтиб келди-да, отнинг калласидай келадиган қулфни буради ва дарвозани ғийқиллатиб очди. Халқ шодон қийқириб юборди, ҳамма машиналар томон чопди, бир неча дақиқа ўтиб-ўтмай кўча моторларнинг гувиллашига тўлди.
Машиналар аста-секин, бир-бирига эргашиб, шарақ-шуруқ қилганча зич қатор билан дарвозадан кира бошлади: турган-битгани баҳайбат ва жирканч кўпоёқли занжир тасма. Динг Гоуэр шартта ўзини бир четга олди: юрагида тўсатдан англаб бўлмас ғашлик пайдо бўлди. Кейин тўғри ичаги шунақанги бурадики, томири лўқ-лўқ ура бошлади, оғриқ тутди ва тушундики, бавосил хуружи зўрая бошлади. “Яна ўша, оғриқ ва ичимдан қон кетиши”. Бироқ юрагидаги ғашлик анча босилди. Пешонангга битилганидан қочиб қутулиб бўлмайди. Бавосил муқаррар бўлганидек, тартибсизлик ҳам муқаррар, фақат илоҳийлик моҳиятининг барҳақлиги бор холос. Бу сафар эзгу моҳият нимада намоён бўларкин?
Навбатчи тўхтовсиз тавба қиларди, унинг юзида мутлақо ғайритабиий табассум жилла бўлса ҳам кўринмасди:
– Марҳамат, муҳтарам раҳбар, навбатчилар хонасига марҳамат қилинг, у ерда лоақал ўтиргани жой бор-ку.
Вазиятга қараб муносабатни ўзгартиришга суяги йўқ Динг Гоуэр нав­батчи орқасидан эргашди.
Кенг хона. Каравот. Қора адёл. Иккита металл термос. Баҳайбат буржайка печкаси. Катталиги итнинг бўйи баробар келадиган тошкўмир бўлаклари уюми. Деворда осиғлиқ янги йил сувратида унсиз кулганча оғзини очиб турган қип яланғоч, юзлари қизил, қўлларида умрбоқийлик рамзи бўлмиш шафтолини ушлаб олган гўдак тасвирланганди. Юраги бир тутам бўлди ва ичаги яна қаттиқ тортиб оғриди.
Хона ичи чидаб бўлмас даражада иссиқ эди. Печкадаги олов гуриллаб ёнарди, азбаройи оловнинг зўридан мўрининг ярми-ю печканинг бутун танаси чўққа айланганди. Иссиқ ҳаво оқимлари остида бурчакдаги ўргимчак тўри оҳиста чайқаларди. Шу заҳоти бадани қичишиб, бурни ачишди.
– Совуқми, ўртоқ директор? – хушомад қилиб унга қаради навбатчи.
– Даҳшатнинг ўзи! – ғижиниб тўнғиллади Динг Гоуэр.
– Ташвишланманг, ҳозир кўмирнинг хўрозидан ташлаймиз…
Эгилиб, навбатчи каравот остидан жигарранг-қизил сопли ўткир болтани олди. Терговчи қўлини беихтиёр белига олиб борди: у ерда ҳақиқий тўппонча яшириб қўйилганди. Навбатчи энкайганча печка ёнига борди, чўккалади ва ёстиқдай келадиган кўмир харсангни аста кўтарди. Уни бир қўли билан ушлаб туриб, болта билан солган эди, харсанг қоқ иккига бўлиниб кетди. Текис бўлинган бўлак ялт-юлт қиларди, бамисоли чеккалари симоб билан қоплаб чиқилгандай. Навбатчи харсангни уришда давом этар экан, ялтироқ кўмир парчалари ҳар томонга сачрарди. У печка эшикчасини очди ва худди шамол келиб теккандек у ердан гуриллаганча лаққа чўғлар отилиб чиқди. Терговчи юзларидан тер қуйилиб кўмирни ичкарига ташлаётган навбатчини кузатиб турди.
– Ҳозир ўт олади, – ўзича минғирлади навбатчи узр сўрагандек. – Бизда кўмир юмшоқ, тез ёнади, бетиним ташлаб туриш керак.
Динг Гоуэр ёқасига тақалиб турган тугмаларини ечди ва пешонасидаги реза терларни сидириб ташлади:
– Сентябрданоқ печка ёқасизларми?
– Совуқ, ўртоқ директор, совуқ… – навбатчининг овози титрарди. – Совуқ… кўмир эса кўп, ана, тоғ-тоғ бўлиб ётибди.
Унинг қуриган юзи бўғирсоққа ўхшарди ва Динг Гоуэр уни бир қўрқитмоқчи бўлди.
– Мен ҳеч қанақа директор-пиректор эмасман, – деди у. – Иш билан келганман. Шунинг учун дадилроқ ёқавер!
Девордаги гўдак тирикдай қиқир-қиқир кула бошлади. Қошини чимириб, Динг Гоуэр маъсум болакайга қараб қолди. Навбатчининг бирдан юзи ўзгарди ва болтага қўл чўзди:
– Ўзингни директор қилиб кўрсатасан-да, одамларни тўппончадан отиб ўлдирасан… Қани, юр-чи, ҳозир сени муҳофаза бўлимига олиб бораман.
– Борди-ю, ростданам директор бўлсам-чи, унда нима бўларди? – мийиғида кулди Динг Гоуэр.
Ҳайрон бўлиб қолган навбатчи бир неча марта жиддий оҳангда хихилаб кулди, болтани қайта каравот остига тиқди ва бирйўла у ердан бир шиша мусаллас олди. Ғадир-будур тишлари билан пўкакни суғуриб ташлади, ўзи ҳам яхши ўрнашиб ўтириб олди, кейин эса хушомадгўйларча шишани Динг Гоуэрга узатди. Мусалласда женьшеннинг оқ-сариқ илдизлари ва найзасиз, узун думли еттита қора чаён сузиб юрарди.
– Ичинг, ўртоқ директор, – синовчан таклиф қилди у. – Бу мусаллас етмиш икки дардга даво!
Динг Гоуэр ундан шишани олди-да, чайқади. Чаёнлар женьшен чўплари орасида айланди, шиша ичидан эса ғалати ҳид анқирди. Шиша бўйнига лабларини теккизиб қўйиб, уни навбатчига қайтарди.
Навбатчи нима қилишини билмай, унга синовчан тикилди:
– Ичмайсизми?
– Ичолмайман.
– Бундан чиқди, маҳаллий эмас экансиз-да?
Динг Гоуэр девордаги янги йил сувратига ишора қилди:
– Оппоққина, нозиккина гўдак эканми, а, бобой?
У навбатчининг юз ифодасини диққат билан кузатди. Навбатчи индамай яна бир қултум ичди ва тушунарсиз ғудранди:
– Буни қара-я, арзимаган кўмир ёниб битибди… Шугина нарса минг юан туришини кўриб, кулгинг қистайди.
Иссиқ тобора ёндирмоқда эди, Динг Гоуэр девордаги гўдак сувратига ачиниш билан қараб қўйди, эшикни очди ва қуёш нурига интилди. У ерда ёқимли шабада мунтазир эди ва терговчи ўзини анча яхши ҳис этди.
Динг Гоуэр 1941 йилда туғилган. Олтмиш бешинчи йилда уйланган. Уйланганидан кейин ҳаёти бир текис, равон кечди, хотини билан “қўш ҳўкиз” бўлди, битта ўғил фарзанд кўрди. Бирда меҳрибон, бирда “ит-мушук” ўйинини ёқтирувчи жазмани ҳам бор эди. Қуёш бўлиб чарақлаган, ойдек ярақлаган кунлари кўп бўлди. Бир қарасанг мушукдай мулойим, бир қарасанг қопағон ит. Гоҳ ажойиб мусаллас, гоҳ аччиқ-тахир дори. Хотини билан қўйди-чиқдиларгача борган, аммо яна бу ишидан қайтган. Жазмани билан ҳам худди шундай: бир қарасанг, муҳаббати аланга олган, бир қарасанг, совиган ошдек кўнгли қолган. Тоби қочиб қолганда, ҳар гал саратонга йўлиқдим деб ваҳима кўтаради, тоби қочишдан саратондан қўрққандек қўрқади. Ҳаётни ўлгудай севарди, аммо энди ҳаётининг ҳам путури кетиб бўлганди. Шунинг учун ўзини ўтга-чўққа ургани-урган, бир жойда қўним топгани тоқати йўқ. Гоҳо тўппончасини чаккасига тираган кунлар ҳам бўлган, аммо тепкини босишга журъати етмаган. Неча марталаб тўппончани кўкси ёки юрагига қадаб, иродасини синаб ҳам кўрган. Ҳаётда ягона қувончи – касби бўлиб қолаверган, бу иш сира жонига тегмайди. Прокуратурада у энг қобилиятли терговчи ҳисобланиб, уни турли ишларга қўйиш мумкин эди; юқоридаги бошлиқлардан баъзилари уни яхши биларди ҳам. Бўйи бир метру етмиш беш сантиметр, қотмадан келган, қорача, кўзлари ирғиб чиққан. Кашандалигига гап йўқ, ичишдан қочмайди, бироқ тез кайфи ошиб қолади. Тишлари нотекис. Билиб-билмай ишга кечикишни ҳам қотиради. Мўлжал олиши ҳар доим бирдек эмас: кайфияти жойидалигида ўқ нақ кўзлаган нуқтасига бориб тегади, кайфияти ночоғ маҳалларда эса – расвойи радди маърака. Жиндай иримчилиги ҳам йўқ эмас, омадга ишонади. Омади кулган вақтлар ҳам бўлган.
Прокуратура бошлиғи унга итқитган “Жунхуа” сигаретасидан биттасини суғуриб олган ўша тушликдан буён унча кўп вақт ўтганича йўқ эди. Чақмоқтошни ёқиб, Динг Гоуэр бошлиққа тутди, сўнг ўзи ҳам тутатди. Сигарета тутуни шунақанги хушбўй ва тотли эдики, ҳолвадай оғзида эриб кетмоқда эди. Бошлиғи сигарета чекишда нўноқ эди – ҳаммаёқни тутун қилиб юборарди. “Бобой сигарета чекишни билмайди, яхши сигареталар эса столда сарғайиб қолмайди”. Бошлиқ ғаладонни тортди, қандайдир хатжилд олди, у ёқ-бу ёғига қаради-да, Динг Гоуэрга узатди.
Бу фош этувчи хат бўлиб, ҳойнаҳой, ўнг қўлда эмас, чап қўлда ғоят хунук ва бепарволик билан ёзилганди. Динг Гоуэр уни тез ўқиб чиқди. “Имзо – Миншэн. Кўриниб турибдики бу – лақаб”. Хат мазмуни аввалига ҳанг-манг қилиб қўйди, кейин фикрини бир жойга тўплаб ўйлашга тўғри келди. У матнга яна бир бор тез кўз югуртирди. Бошлиқнинг ҳошияларда йирик-йирик қилиб ёзган кўрсатмаларини такрор ўқиб чиқди. У бошини кўтариб, бошлиққа қараганда, раҳбар дераза рахидаги ёсуман гулларини томоша қиларди. Оппоқ гуллардан билинар-билинмас бўй тараларди.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди Динг Гоуэр. У гўё ўзи билан ўзи гаплашмоқда эди. – Бунга қандай қўли борди? Буни қаранг-а, “гўдакларнинг гўштидан таом пишириб, едирилсин” эмиш!
– Котиб Ван терговга айнан сени жўнатишни тавсия этди, – атайлаб илиқ оҳангда минғирлаб деди бошлиқ.
Динг Гоуэр ич-ичидан суюнди, бироқ ташида деди:
– Бунақа ишлар билан нега биз, прокуратура, шуғулланар эканмиз? Жамоат хавфсизлиги вазирлигидагилар ухлаб қолганми, нима бало?
– Бу ерда – қўлимда машҳур Динг Гоуэр ишлаганидан кейин ким айбдор бўларди! – тиржайди бошлиқ.
– Қачондан ишга киришилар экан? – хиёл хижолат тортди терговчи.
– Ўзинг қара! Сен-чи, ажрашдингми-йўқми? Ажрашмаслик учун ҳам матонат керак бўлади. Биз, албатта, бу хатнинг бошдан-оёқ туҳмат эканига умид қиламиз. Ҳаммасини мутлақо сир сақлаш шарт. Ҳар қандай услубни қўллашга рухсат этилади, аммо қонун доирасида.
– Кетсам бўладими? – ўрнидан кўтарилди Динг Гоуэр.
Бошлиқ ҳам ўрнидан турди, очилмаган “Жунхуа” қутисини олди ва стол устидан унга томон суриб қўйди.
Динг Гоуэр қутини олди-да, эшик томон йўналди. Лифтга шошиб кирди. Кўчага чиқди. Ўғли кирган мактабга йўл олди. Қаршисида машҳур Ғалаба хиёбони ястанган эди. Ҳар икки йўналишда машиналар турнақатор югуради, кўчани кесиб ўтишнинг имкони йўқ. Кутишга тўғри келди. Нариги томонда, чапроқда катта йўлни бир гуруҳ боғча болалари кесиб ўта бошлади. Кунгабоқарларга ўхшаб, юзларини офтобга беткай тутган бари – қуёш нуридан йилт-йилт қилади. Болаларга яқинроқ бориш учун у шартта машиналар юрадиган қисм ёқалаб беихтиёр одимлаб кетди. Ёнгинасидан унга тегай-тегай деб велосипедчилар шувиллаб ўта бошлашди. Чарақлаган қуёш остида уларнинг юзлари кўринмасди – ҳаммаси бир текисда оппоқ кўланкалар эди холос. Болаларнинг бари яхши кийинган, лўппи юзлари оппоқ, маъсум кўзлари кулиб турибди. Худди тизимчадаги балиқлардек, барчалари қора чилвирдан ушлаб олган. Банди шохга маҳкам ёпишган ҳил-ҳил меваларга ўхшайди. Автомобиль тутунлари орасида қуёшнинг антрацитдай чақноқ нури остида улар иштаҳани қитиқловчи зираворлар билан қовурилган жўжаларни эслатарди. Болалар – ватанимиз келажаги, ҳаёт гули, дунёдаги бебаҳо ёмби. Уларни ким босиб кетгиси келарди? Машиналар юришини секинлаштиради, ғийқиллатиб тормоз беради ва тўхтайди. Гуруҳнинг бошида ва охирида оқ халат кийган иккита аёл одимлаб боради. Юзлари тўлган ойдек дум-думалоқ, лаблари чўғдек қип-қизил, ўткир оппоқ курак тишлари худди эгизак қизларга ўхшарди, уларнинг ҳар бири чилвирнинг икки учидан ушлаб олиб, бетакаллуфона қичқирар эдилар:
– Чилвирни маҳкам тутинг! Қўлларимизни қўйиб юбормаймиз!
Динг Гоуэр йўлка чеккасида, барглари сарғайган дарахт тагида турар экан, болалар катта йўлни эсон-омон кесиб ўтишди. Машиналар оқими тўлқин-тўлқин бўлиб олға интилди. Унинг олдига келганда болалар сафи чалкашиб кетди ва чумчуқ галаси каби улар чуғурлаша кетишди. Ҳар бирининг билаги қизил мато парчаси билан чилвирга боғлаб қўйилган, гарчи аралаш-қуралаш бўлиб кетишса-да, мато чилвирда қолаверди. Мураббийлар чилвир учларини тортиб қўйишгани ҳамон барча болалар яна сафга тизилишарди. Терговчи ҳозиргина “Чилвирни маҳкам тутинг! Қўлларимизни қўйиб юбормаймиз!” деган ҳайқириқни эслади ва ўзича қаҳри қайнаб: “Шуям иш бўлдими?! Боғлаб қўйилгандан кейин қўлини қандай бўшатиб олиш мумкин?” – деб дилидан ўтказди.
У деворга суянганча жиддий оҳангда чилвирнинг олдинги учидан тутган мураббийга мурожаат қилди:
– Уларни нега боғлаб қўйдинглар?
Мураббий тундлик билан жеркиб деди:
– Ким бўласан ўзи?
– Ким бўлишим билан ишингиз бўлмасин. Илтимос, саволимга жавоб беринг: болаларни битта қилиб боғлаш нимага керак бўлиб қолди?
– Тентак! – бўш келай демасди мураббия.
– Тен-так, тен-так! – унга қараб болалар жўрликда такрорлай кетишди.
Ҳар бўғинни улар чўзиб-чўзиб талаффуз қилишарди: ким билсин, ё уларда бундай қилиш одат тусига кирган ёки уларга шундай ўргатишган. Болаларнинг бу қадар тиниқ, нозик ва ёқимли овози – бунақа ёқимли сас ёруғ дунёда йўқ! – кўча узра шўх қушлар галасидай учиб ўтди. Болалар олға одимлаб кетишди. Терговчи чилвирнинг охирги учидан тутган мураббияга маъносиз жилмайиб қўйди, аммо мураббия унга қия боқиш у ёқда турсин, юзини тескари ўгириб олди. Динг Гоуэр болаларни нигоҳи билан кузатиб қолди, улар қадимий тор кўчалар – хутунлар ичига кириб ғойиб бўлишди, у ернинг ҳар икки томонида қизил бўёқ билан бўялган деворлар қад кўтариб турарди.
Бир амаллаб хиёбонни кесиб ўтгач, қандайдир бир уйғур унга ғаройиб бир лаҳжада қўй гўштидан кабоб таклиф эта бошлади. Динг Гоуэр рад этди. Ўша заҳоти бўйни узун, лаблари қалампирдай қип-қизил қизалоқ бир неча сих кабоб сотиб олди. У сихдаги гўштларни қутичадаги қалампирли мойга булаб-булаб олди-да, лабларини кулгили тарзда буриб, кабобни ея бошлади, афтидан, у лаб бўёғини чаплаб олишдан қўрқаётганди. Томоғини олов куйдириб ўтгандек бўлди ва терговчи тескари ўгирилиб, у ердан кетди.
Кейин у мактаб эшиги олдига бориб, ўғлини кута бошлади ва сигарета тутатди. Ўғли сумкасини елкасига ортмоқлаб, дарвозадан чопиб чиқди, ҳатто уни пайқамади ҳам. Юзида сиёҳ доғлари кўзга ташланарди – мактаб ўқувчисига хос аломат. Терговчи уни чақирди. Ўғил у билан ортиқча завқ-шавқсиз йўлга тушди. Динг Гоуэр иш билан Жюгуога кетаётганини айтган эди, ўғли шартта:
– Менга нима? – деди.
– “Менга нима?” деганинг нимаси?
– “Менга нима?” деганим – бу “менга нима” деганим, – жавоб берди ўғил. – Бундан бошқа нима дегани бўларди?
– “Менга нима”. Дарҳақиқат, “менга нима”, – такрорлади у ўғлининг сўзларини.
Хавфсизлик бўлимида Динг Гоуэрни сочи тақир қилиб олинган йигит кутиб олди. Баландлиги нақ шифтга етган каттакон шкафни очиб, у терговчига бир стакан мусаллас қуйди. Бу хонада ҳам печка ёниб турарди: навбатчининг уйчасидагидек иссиқ эмас-у, барибир иссиқ эди. Динг Гоуэр музқаймоқни афзал кўрар эди, бироқ тақирбош ўзбилармонлик билан мусаллас манзират қилди:
– Мусаллас ичинг. Ичсангиз, совқотмайсиз.
Астойдил таклиф қилаётгани кўриниб турарди ва Динг Гоуэр ортиқ таранг қилмади, стаканни олди-да, оз-оздан ҳўплай бошлади.
Эшик ва деразалар зич ёпиб қўйилганди, нинанинг кўзидай тирқиш йўқ: зичлаш борасида ҳаммаси жойида эди. Бадани қичишиб, манглайидан реза-реза тер думаларди.
– Ғам чекманг: кўнглимиз тинч бўлса, жонимизнинг ҳузури шунда, – тақирбошнинг дўстона овози янгради.
Қулоғида шанғиллаш. “Болари, – хаёлидан кечди. – Бол. Болда қайнатилган гўдак болалар. Вазифа ғоят масъулиятли, панжа орасидан қараш мумкин эмас”. Дераза ойнаси енгил дириллагандек бўлди. Ташқари баҳайбат ускуналар оҳиста ва сассиз сузар эди. “Ўзингни аквариумдаги балиқдай ҳис этасан. Бу ердаги техника ҳам қандайдир сарғишми-ей. Сариқ рангдан бошинг айланиб, сув ичгинг келаверади”. У шу машиналар гумбур-гумбурини эшитишга уринди, аммо беҳуда.
– Мен кон директори ва партия ташкилоти котибини кўрмоқчиман, – қулоғига ўзининг овози чалинди.
– Аввал ичсангиз-чи, биродар, – тағин манзират қилди тақирбош.
Унинг меҳрибонлигидан кўнгли ийиб, Динг Гоуэр стаканни кўтарди-да, бутунлай сипқорди.
У стаканни қўйишга ҳам улгурмай, қўриқчи идишни яна тўлдирди.
– Бас, бошқа ичмайман, мени директор ва партия котиби олдига олиб бор.
– Хотиржам бўлинг, хўжайин, ичинг, стаканни тўнкаринг – кейин кетамиз. Йўқса вазифамни бажармаётгандек бўлиб қоламан. Яхши ишни такрор қилиш савобга киради. Яна битта олинг.
Катталиги муштумдек келадиган “стаканча”га қараб қўйиб, Динг Гоуэр таваккал қилгиси келмади, бироқ ишни деб нималар қилмайсан, у шартта мусалласни охиригача сипқорди.
Стаканни қўйган ҳам эдики, тақирбош уни яна тўлатди.
– Мени мажбурлаяпти деб ўйламайсиз, хўжайин, бизнинг конда шунақа тартиб бор: “Уч марта кўтармагунингча жойингда ўтиролмайсан!” – деди у.
– Кўтаролмасам нима қилай? – ёлворди Динг Гоуэр. – Бўлди, бир томчи ҳам кетмайди!
Стаканни иккала қўли билан ушлаб, тақирбош йиғламсираганча уни Гоуэрнинг оғзига олиб борди:
– Илтимос, хўжайин, ичиб юборинг, бўлмаса жойимда ўтиролмай қоламан.
Унинг оқкўнгиллигидан Динг Гоуэр эриб кетди. Стаканни олиб, тагигача сипқорди.
– Бор экансиз-ку, э, баракалла! – жўшиб кетди тақирбош. – Яна икки-уч стакан кетадими?
– Йўқ, йўқ, кетмайди! – Динг Гоуэр стаканни қўли билан ёпди. – Мени тезроқ бошлиққа олиб бор!
Навбатчи қўлини кўтарди ва соатига қаради:
– Ҳали у билан кўришишга эртароқ.
– Иш шошилинч, – жиддий деди Динг Гоуэр, гувоҳномасини силкитиб. – Шунинг учун ортиқ йўлимни тўсмасанг бўларди.
– Кетдик! – иккиланиб бош ирғади посбон.
Динг Гоуэр охири кўринмас йўлак сари унинг ортидан эргашди. Қатор хоналар, исмлар ёзилган ёғоч лавҳали эшиклар.
– Партия ташкилоти бошлиғи билан директор бу ерда ишламайдими?
– Изимдан юринг. Сиз уч стакан мусалласимни ичдингиз, нима, мен сизни бекорга югуртиришим керакми? Уларни ичмаганингизда эди, партия котибасига ҳавола қилган бўлардим, вассалом.
Чиқаверишдаги хира ойнада терговчи ўз башарасини кўрди-ю, беихтиёр титраб кетди: чарчоқдан ранги кўкариб, ўзини танимади. Чиқаётганида пружина ўрнатилган эшик ғичирлаб келиб унинг орқасига урилди. Чайқалиб, сал бўлмаса ағдарилиб тушаёзди, бироқ бахтига тақирбош қўлини узатиб, уни ушлаб қолди. Кўз олувчи қуёш нурининг гўзаллигидан боши айланиб, кўз олди қоронғилашди, оёқлари пахтадай юмшаб, қулоқлари шанғиллади.
– Сал кайфим ошиб қолганга ўхшайманми? – мурожаат қилди у ҳамроҳига.
– Қанақа кайф, хўжайин! – қўлини силтади посбон. – Сиздай одамнинг кайфи ошармиди! Бизнинг бу ерларда ким бўкиб ичса, демак, у зиёли эмас, маданиятли одам эмас. “Қуёшли баҳорнинг оппоқ қори” бўлганлар бўкиб ичишмайди. Сиз ана шунақалардансиз – демак, маст эмассиз.
Равон, тагигача чуқур ўйлаб айтилган бу сўзларга ишонмай бўларканми? Тақирбош ортидан Динг Гоуэр думалоқ ёғочлар уйиб қўйилган ҳовлига чиқди. Ходалар йўғонлиги билан ҳам фарқ қиларди – диаметри икки метрлиги ҳам, икки цунлиги ҳам бор; тури ҳам ҳар хил: қайин дейсизми, қарағай дейсизми, эману қайрағоч дейсизми, баридан бор. Ҳатто одам тили келмайдиган номдагилари ҳам бор. Ботаникадан унинг билими ҳаминқадар: шуларни билгани ҳам катта гап. Ходаларнинг пўстлоғи ёрилиб, чирий бошлабди, улардан спирт ҳиди келарди; мастларга ўхшаб, ходалар оралиғида бир неча қалдирғоч айланиб юрарди. Терговчи жуда катта эман олдида тўхтади, бироқ ходанинг юқори четигача етолмади. У мушти билан тўқ қизил дарахт ҳалқасига аста уриб қўйди ва қўлида шира томчилари қолди.
– Дарахт эмас, паҳлавон бу! – хўрсинди у.
– Бултур узумдан мусаллас тайёрлайдиган бир хусусий мусалласпаз унга уч минг юан бераман деганди, – терговчининг гапини илиб кетди тақирбош. – Лекин биз сотмадик.
– Унга нимага керак экан бу?
– Меш ясашга! Меши эмандан бўлмаган мусалласни мусаллас деб бўлмайди.
– Шартта сотиб юбориш керак эди, тамом. Ўзи уч мингга арзимайди ҳам.
– Биз якка хўжайинларнинг тегирмонига сув қуймаймиз! – ғижиниб деди тақирбош. – Бизга деса чириб кетмайдими, аммо уларни қўлламаймиз.
Лошан конидаги жамоатчилик кайфиятидан Динг Гоуэрнинг дили тўлқинланиб кетди.
Ходалар ортида ҳолсиз чайқалганча икки ит худди ғирт мастдай бир-бирининг орқасидан чопарди. Худди боя кираверишдагига ўхшаган баҳайбат кўппак. Зеҳн солиб қарасанг, унга ўхшамайди ҳам.
Шу тариқа улар ходаларни бир-бир айланиб ўтиб, ўрмонни кесгани кетгандек, анча ичкарига бориб қолишди. Эманларнинг кенг ва қуюқ кўланкаси остида кўплаб чиройли замбуруғлар ўсиб ётарди, чириган япроқлар ва чўчқаёнғоқ қатламлари қоплаган ердан авровчи спирт ҳиди димоққа урарди. Ола-була, баҳайбат дарахт танасига худди ёш болалардай, ғовлаб кетган чўчқаёнғоқ новдалари тирмашиб олганди. Ҳаммаси пуштиранг, бурун ва кўзлари аниқ акс этиб турибди, терисидаги кўктомирлар ҳам бўртиқ-бўртиқ. Бунинг устига нуқул хода бутчалари орасидан кўриниб турувчи болалар. Бошини силкиб, Динг Гоуэр ҳушини йиғди. Миясига давлат аҳамиятидаги ва ўлгудай чалкаш иш ҳақидаги ваҳимали, сирли таассуротлар ўрнашиб олганди. У керак бўлмаган жойда шунча вақтни зое кетказгани учун ўзини сўкди, бироқ ўйлаб туриб, шундай тўхтамга келди: “Топшириқни йигирма соатдан сал кўпроқ вақт аввал беришди, бу боши берк кўчадан қандай қилиб чиқишни билиб олдим, минг айлантирганинг билан юқори самарадор кўрсаткич шу бўлмай, тағин нима бўлсин?” У тақирбош ортидан юрагига тош босиб одимлай кетди. “Кўрайлик-чи, у юриб-юриб мени қаерга олиб бораркин?”
Улар яна бир чоққина қайинзорни айланиб ўтган эдики, олдинда бепоён кунгабоқар даласи пайдо бўлди: қуёшга қараган бошлар тукдор пояли кунгабоқарларнинг ям-яшил таналари узра заррин доғлардай кўринарди. Терговчи қайиннинг ширин ҳидидан ютоқиб нафас олди ва куз манзарасини тўйиб томоша қилди. Қайиннинг оппоқ қобиғи ҳали қуримаган, силлиқ, ялтироқ ва нафис эди. Тана ҳали ўсишдан тўхтамаганди: ёриқдан янада ёшроқ пўст кўриниб турарди. Танага бинафшаранг-қизил тиллақўнғиз ўрнашиб олганди: катта, йўғон – шаппа тутиб олгинг келади.
– Ҳов анави ерда, кунгабоқарлар ортидаги томи қизил уйчаларни кўряпсизми, партия котиби билан директорни ўша ердан топасиз. – Пос­боннинг овозида фавқулодда хурсандлик сезиларди.
Афтидан, уйлардаги хоналар ўнтадан кам эмасди. Қалин ўсган кунгабоқарлар узра қизил том яққол ажралиб турарди. Кунгабоқар поялари йўғон-йўғон, япроқлари кенг – суюқ ўғитни аяшмаган кўринади. Қуёш нури остида у бошқача – тилларанг тусда товланади. Табиат манзараси ғоятда фусункор эди, бутун вужудни лаззат, хотиржамлик, теран ҳамда вазмин руҳ чулғаб олади. У ўзидан бу туйғуларни силкиб ҳайдаганда йўлбошловчи қорасини ўчириб бўлганди. Динг Гоуэр уни қидириб топишга уриниб кўрди, қайин дарахтига ирғиб чиқди – посбонни қутурган тўлқинлар орасидаги қайиқдай тасаввур қилди. Узоқда, баланд террикон узра ҳамон тутун буруқсир эди, аммо тонгдаги каби манзарадор эмасди. Кўмир кони устида, очиқ осмон остида одамлар қумурсқадай ғимирлар эди, пастда эса машина ва араваларнинг бутун бир галаси кўринарди. Одамларнинг овозлари ва жониворларнинг қичқириқлари элас-элас қулоққа чалинарди. Терговчи қулоғимга бир нима бўлганга ўхшайди, деб ўйлади: у билан борлиқ олам ўртасида гўё шаффоф девор кўтарилгандек эди. Кон чоҳи ёнида шошмасдан, аммо аниқ тарзда ҳалиги сариқ техниканинг қўллари ёйилиб ётарди. Терговчининг боши айланди, букилиб, ходага чўнқайди. У ўзини шиддатли тўлқинлар орасида чарх ураётгандек ҳис қилди. Тақирбош ростданам аллақаёққа ғойиб бўлганди. Динг Гоуэр қайиндан сирпаниб тушди-да, кунгабоқар даласи томон йўл олди.
Беихтиёр ўзининг феъл-атвори тўғрисида ўйлай бошлади. Олий раҳбарият ҳурмат қиладиган терговчи сувдан қўрққан лайчадек атрофга кўз солгани қайин ходаси устига чиқиб олаяпти. Ҳолбуки, унинг бу ҳаракатлари фавқулодда муҳим тергов ишининг бир қисми бўлиши муқаррар, борди-ю, далиллар исботини топса, бутун дунё ларзага келса, эҳтимол. Устига-устак фотосуратлар пайдо бўлса-чи? Халқ кулавериб ичаги узилиши турган гап. У барибир озгина кайфи борлигини ҳис этди. “Йўқ, бу тақирбошда бир гап бор. Тентак, ғирт тентак”. Шу заҳоти хаёлот қуши қанотларини кенг ёзиб парвоз қила кетди. “Ким билсин, балки у анави жиноятчилар – чақалоқхўрлардан биттасидир”. Ходалар орасидан чиқиб келар экан, Динг Гоуэр қайтиш йўлини чамалай бошлади: “Тузоқ тўла йўлга чиқариб қўйишди. Аммо менинг нималарга қодирлигимни билишмайди”.
У папкасини қўлтиғига қисди. Унинг ичида қандайдир қаттиқ ва залворлигина нарса бордек эди: папкада ҳужжатлардан ташқари яна битта тўппонча ётарди. Қурол одамда жасорат ва ишонч пайдо қилади. Терговчи афсус ила қайин, эман ва бошқа ходаларга – ўзининг ҳамкасбларига сўнгги бор назар ташлади. Йўғон, нақшдор кесиклар нишонга ўхшарди. Дарахт тўнкаларига қараб қандай отишларини тасаввур қилди, оёқлари эса кунгабоқар даласининг очиқ жойига олиб келганди.
Буни қарангки, шундоқ биқинда кон ишлаб турибди-да, шу ернинг ўзида овлоққина кишлоқ, демак, одамзоднинг қўлидан ҳар нарса келаркан-да. Бошини кўтариб кунгабоқарларга боққанча олға қараб кетди. Улар жилмайиб, гўё унга таъзим бажо келтирар эдилар, аммо зумрад-яшил ва оч сариқ юзларда мунофиқлик ва ғаддорлик акс этарди. Қулоқларида нафратомуз кулги жарангларди. Каттакон япроқлар шамолда шатир-шутур қилиб силкинарди. Папкани қаттиқроқ қисиб, бошини баланд кўтариб, кўкрагини ғоз тутганча қизил уйча томон одимлаб кетди. Терговчи уйчага қарар экан, кунгабоқарлардан қўрқинч ҳис этди. Муздек, оқ тукли.
Эшикни итариб очиб, Динг Гоуэр уйга кирди. Мана, ниҳоят шунча кечинмалару таассуротлардан кейин у кон директори ва партия қўмитаси котиби ҳузурида турибди. Ҳар иккала ишбоши ҳам эллик ёшлар атрофида. Бўғирсоқдай дум-думалоқ, қон югурган юзлари сояда қайнатилган тухумни эслатади, генералларга хос тарзда қорин қўйган. Эгниларида ихчам кулранг френч. Истарали, юзларида мавқеларига муносиб самимий табассум зоҳир. Уларнинг эгизаклар эканига шубҳа йўқ. Ҳар иккаласи терговчи билан қўл беришиб самимий сўрашди. Демак, қўл бериб кўришиш қоидасини ҳам тушунишади: бўш ҳам эмас, қуюқ ҳам, юмшоқ ҳам эмас, қаттиқ ҳам. У аъзойи-бадани худди печкадан ҳозир суғуриб олинган бататдай бозиллаб кетаётганини ҳис қилди. Шу чоқ папкасини тушириб юборди.
Ўқ овози янгради.
Папкадан кўкиш тутун буралиб чиқа бошлади, девор парчалари тўкилиб тушди. Қўрқувдан яна бавосил хуруж қилди. Отилган ўқ йўналишини кузатар экан, “Шарқий денгиздаги Нечжа жасоратлари” суратига кўзи тушди. Мусаввир оппоққина ва дўмбоққина болакай деб тасаввур қилган Нечжанинг нозик ерини ўқ юлиб ўтганди.
– Тўғри нишонга бориб тегди-я!
– Қушча бошини чиқарди-ю, асфаласофилинга учди-кетди.
Қаттиқ хижолат бўлиб Динг Гоуэр дарҳол папкани ердан олди, тўппончани чиқарди-да, сақлагич ичига жойлади.
– Ахир сақлагич ичига жойлаганим аниқ эди! – ғудранди у ҳар иккала бошлиққа мурожаат қилиб.
– Ўқсиз милтиқ ҳам йилда бир марта отилади, дейдилар-ку.
– Ишқибоз мерганларнинг отишма ўйинларини ҳар қадамда кўриш мумкин.
Директор ва партқўмита котиби унинг ёнини олиб гапиришларидан терговчи баттар хижолатдан ёнмоқда эди. Бу ерга келгандаги руҳланиш ва қаҳрамонликдан асар ҳам қолмаганди. У ҳатто “маъқул” дегандек бош ирғаб қўйди. Кейин шахсий гувоҳнома ва тавсияномани қидира бошлаган эди, бироқ мезбонлар қўл силкишди.
– Хуш кўрдик, ўртоқ Динг Гоуэр!
– Конга хуш келибсиз, ишимиз бўйича фармойишлар кутяпмиз!
Менинг келганимни қаердан биласизлар, деб сўраш ноқулай эди ва у хижолат ичида бурнини артди:
– Ўртоқлар, мен ёш болаларни ейиш ҳақидаги ишни тергов қилиш учун ўртоқ Н. фармойиши билан сизларнинг шахтангизга келдим, иш ниҳоятда муҳим ва махфий.
Ўн сонияча мезбонлар бир-бирига қараб қолишди, кейин эса чапак чалиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди:
– Бунга жиддий қарашингизни сўрайман! – хўмрайди Динг Гоуэр. – Жин Ганжуан, Жюгуо шаҳар қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғининг ҳозирги муовини, бу иш бўйича биринчи гумондор, ахир у сизларнинг шахтангиздан-ку.
– Тўғри, – директорми, котибми, маъқуллади. – Бўлим бошлиғи Жин бир вақтлар бизда бошланғич мактабда ўқитувчи бўлиб ишларди, ғоят қобилиятли ва тартибли эди, унақаси кам учрайди.
– Ана шу ўртоқ ҳақида гапириб беринг!
– Албатта-да, еб-ичиб, бир йўла гаплашиб ҳам оламиз.
Динг Гоуэр рад этишга улгурмади: уни зиёфатлар залига етаклаб кетишди.

II

Ассалому алайкум, муҳтарам устоз Мо Ян!
Келинг, танишайлик: мен – Ли Идоу.
Фан номзодиман. Жюгуо Мусалласпазлик академиясида тадқиқотлар билан шуғулланаман. Ли Идоу – менинг адабий тахаллусим, ҳақиқий исмимни айтмаганим учун кечиринг. Бугун сиз адабий доираларда таниқли одамсиз (мен муболаға қилмаяпман) ва менга тахаллус нега кераклигини сиздан бошқа ким ҳам биларди. Жисмим Жюгуоники бўлса, жоним адабиётники, унинг баҳри муҳитдай бепоён кенгликларида кетаётирман. Шу боисдан ҳам менинг илмий раҳбарим, шунингдек, хотинимнинг отаси, қайнонамнинг эри, қайнотам – “Тяншан тоғи” – агар кенг маънода айтса, агар шунчаки айтадиган бўлсам, “қайнота” вассалом – профессор Юан Шуанъюй кўпинча менга “сен ўз ишинг билан шуғулланмаяпсан”, деб таъна қилади, ҳатто қизим билан ажрашасан, деб пўписа қилади. Аммо мен қўрқмаяпман, адабиёт учун ўзимни жаҳаннамга ташлашга-да тайёрман, олов денгизидан ошиб ўтаман, унинг учун ўл десалар ўламан, қол десалар қоламан, халатим ҳаддан ташқари тор келиб қолганига ҳам ачинмайман.
Мен унга ҳар доим жавоб бераман: “Ўз ишингни қилмаяпсан деганингиз нимаси? Толстой ҳарбий эди, Горький новвойхонада ишлаган ва идиш-товоқ ювган, Го Можо шифокорликка ўқиган, Ван Мэн Янги демок­ратик ёшлар уюшмаси Пекин бўлими котибининг ўринбосари бўлган. Адабий ижод билан шуғулланиш учун уларнинг барчалари касбларидан воз кечмаганмилар? Қайнотам менга тушунтириш учун жонини жабборга берарди, мен эса Жуан Цзидан ибрат олиб, унга нафратомуз кўзимнинг қири билан қарардим. Фақат мен буни унчалик қойиллата олмайман, нигоҳимдаги ғазабни бутунлай яширолмайман. Аммо Лу Син ҳам буни қойиллатолмасди, тўғрими? Сиз ҳаммасини биласиз, мен Сизнинг бошингизни қотиряпман холос. Бу “Ҳикматлар”ни Конфуций эшиги олдида ёд олиш, қиличбозлик санъатини Гуан Юй қаршисида намойиш этиш ёки Жин Ганжуан олдида мусалласни қандай ичиш ҳақида сафсата сотиш билан баравар. Бироқ таомилдагидек, ўзимизнинг ҳикоямизга қайтайлик.
Муҳтарам устоз Мо Ян, мен Сизнинг барча буюк асарларингиз билан жиддий танишиб чиқдим. Қошингизда етти букилиб таъзим қиламан, илоҳий лаззат олдим, руҳим бу оламни тарк этиб, нирванага тушиб қолди. Бу Го Можонинг қандайдир “Қақнус нирванаси”, Горькийнинг “Менинг университетларим”ини эслатади. Ҳаммасидан ҳам Сизнинг мусалласдан ҳеч қачон маст бўлмайдиган илоҳдек кайфиятингиз мени кўпроқ ҳайратга солади. Мен Сизнинг ҳар бир эссенгизни ўқидим, унда Сиз “мусаллас бу – адабиёт”, “мусалласлар турини билмайдиган одам адабиёт ҳақида оғиз оча олмайди”, деб ёзасиз. Бу сўзлардан кўзим мошдай очилди, гўё кўз олдимни тўсиб турган парда йўқ бўлди. “Юрагингни оч ва “маотай” челаги билан суғор”.
Сайёрамизда мусалласнинг қандайлигини биладиган одам кўп деганда юзтача чиқар. Сизни истисно қилганда, албатта. Мусалласнинг тарихидан унинг тайёрланиши, таснифи, кимёвий таркиби ва табиий хоссасигача – буларнинг барини мен беш қўлдай биламан, шунинг учун ҳам адабиёт шайдосиман. Ўзимни адабий асарлар ёза оламан, деб биламан. Сизнинг мулоҳазаларингиз мен учун худди бир коса мусаллас. Ҳатояма ҳибсга олишидан олдин, Ли Юйхэ онаси – Ли холага берган мусалласга ўхшаб, кишига ишонч бағишлайди. Энди мураббий Мо Ян, Сизга бу мактубни нега ёзаётганимни тушунган бўлсангиз керак? Шогирдингиз етти букилиб таъзим бажо келтиради.
Яқинда Сизнинг асарларингиз асосида ишланган “Қизил гаолян” фильмини кўрдим, уни ишлашда Сиз ўзингиз ҳам иштирок этган экансиз. Томошадан кейин шунақанги ҳаяжонландимки, деярли бутун тун мижжа қоқмадим, мусалласни косалаб ичдим. Устоз, Сиздан шунчалик миннатдорманки, Сиз – Жюгуомизнинг фахрисиз! Шаҳар қўмитасининг барча раҳбарларига мактуб ёзишни ва улар Сизни шимоли-шарқий чуқурликдаги Гаомингиздан чиқариб олишларини талаб қилишни кўнглимга тугиб қўйдим – Сиз биз билан бирга бўлишингиз керак. Мен барча янгиликлардан Сизни хабардор қилиб тураман, устоз.
Муҳтарам мураббий Мо Ян, мен шу қадар ношуд ва нобакорманки, сизга ёзаётган мактубимда нималар дейишни ҳам билмайман. Бир ҳикоямни илова қиляпман, танқидий фикрлар айтиб, жўяли маслаҳатлар беришингизни сўрайман. Мен буни “Қизил гаолян”ни кўргач, тунда уйқум келмай битдим. Ичиб олиб ёзган эдим, қаламим қоғоз устида шамолдай шиддат билан ҳаракатланарди. Илтимос, устоз, ўқиб чиқсангиз, маъқул десангиз, эълон қилишга лойиқ деб топсангиз, унда Сиздан бу борада ёрдам беришингизни умид қилиб қоламан.
Битмас-туганмас ижодий илҳом соҳиби бўлмиш устозга чексиз ҳурмат ва беғубор истаклар билан
шогирдингиз Ли Идоу
P.S.: Борди-ю, Сизда мусаллас тахчил бўлса, билиб қўйишингизни истардим: шогирдингиз ўша заҳоти муҳайё қилгай.

III

Муҳтарам мусалласшунослик номзоди!
Хатингизни ва “Мусаллас руҳи” асарингизни олдим, ташвишланишга ҳожат йўқ.
Мен ўзим тузук-қуруқ маълумот олганим йўқ, шу боис университетларда таҳсил олганларни қаттиқ ҳурмат қиламан, фан номзодлари ва Сиздек тадқиқотчилар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Бизнинг кунларда адабиёт билан шуғулланиб, киши доно бўлиши амри маҳол. Касбимиз вакиллари бундан ортиқ ҳеч нима қила олмасликларини ўйлаб, уф тортадилар-да, олдинги ишини қилишдан бошқага ярамайдилар. Ли Ци деган бир одам “Мени ит дея кўрманглар” номи остида бир нима ёзган ва унда турли қаланғи-қасанғилар, безорилар ҳаётини тасвирлаган. Ана шунақа, одамларни йўлдан уриш ва лақиллатиш, ўғрилик қилиш ва бошқа ишлар билан шуғулланиш қўлларидан келмагач, улар ўйлаб қолишади: “Ҳм, биз ҳам ёзувчилик қилсак қалай бўларкин?” Ҳеч нарсага шама қилаётганим йўқ, аммо Сиз ҳам бу китобни топиб, ўқиб чиқсангиз ёмон бўлмасди.
Сиз фан номзодисиз, мусалласшунослик соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланасиз ва менинг Сизга қаттиқ ҳавасим келади. Ўйлашимча, Сизнинг ўрнингизда бўлганимда бу касбни ҳеч қачон алмисоқдан қолган адабиётга алмашмаган бўлардим. Наҳотки Хитойда, ҳар атрофни мусаллас ҳиди тутган заминда мусалласшунослик бўйича тадқиқотдан кўра истиқболлироқ, келажаги порлоқроқ амалий машғулот бор бўлса?! Илгари шундай дейишарди: “Китобларда олтин кошоналар сотиб оласан, китоблар сенга хирмон-хирмон дон беради, китобларда ой чеҳрали, чарос кўзли паризодларни кўрасан”.
Аммо ўтган асрларнинг оқсоч мозийи энди сондан чиққан. “Китоб” сўзини энди “мусаллас” сўзига алмаштириш керак. Лоақал Жин Ганжуан бўлим бошлиғининг муовинини олиб қаранг: бир денгиз мусалласни ичиб юбориш шарофати билан юлдузга айланиб, Жюгуо аҳолиси уни бошига кўтармаяптими? Инсоф билан айтинг-чи, қайси ёзувчи сизларнинг Жин – бўлим бошлиғининг муовини билан тенг келади? Шу боис, оғайни, Сизнинг қайнотангиз гапига қулоқ солишингизни, мусаллас ҳақидаги фан билан жонингизни бериб, жиддий шуғулланишингизни, ҳақ йўлдан тойилмаслигингизни ва навқиронлик дамларингизни хазон қилмаслигингизни сўрайман.
Сиз эссемни ўқиганингиздан кейин адабиётчи бўлишга қарор қилганингизни ёзибсиз. Узр, олдингизда қаттиқ гуноҳкорман. Қанақасига “мусаллас бу – адабиёт” бўларкан, қанақасига “мусалласлар навини билмаган одам адабиёт ҳақида оғиз очмасин” экан?! Хумор чоғида оғзимдан чиқиб кетган бўлса бордир ва бунга ишониш керак эмас. Акс ҳолда мендек нобакорнинг ростданам ёруғ оламда яшашга ҳаққим йўқ эди.
Сизнинг асарингизни диққат билан ўқиб чиқдим. Назарий тайёргарлигим ночорлигини тан оламан, гўзал нарсани ҳам тузукроқ ажратолмайман, шу боис бировларнинг ишига тумшуқ суқмоқчи эмасман. Сизнинг асарингизни “Фуқаро адабиёти” таҳририятига юбордим. У ерда бугунги Хитойдаги энг етук адабий муҳаррирлар тўпланган ва борди-ю, Сиз “минг чақиримни бир сакраб ўта оладиган чавандоз” бўлсангиз, ўйлайманки, Сизга ўз Бо Лэйингиз топилади.
Бу ерда мусаллас унча тахчил эмас, мени ўйлаб айтган гапларингиз учун миннатдорман.
Соғлик ва омонлик тилайман!
Мо Ян

IV

“Мусаллас руҳи”

– Қадрли дўстлар, қадрли талабалар, Мусалласпазлик академиясида маъруза ўқишга таклиф этилганимни билгач, бу беқиёс шараф, февраль изғирини ўртасидаги баҳор шабадаси каби менинг қип-қизил ўт пуфагимни, кўктомирли ичагим ва мовий ўпкамни, шунингдек, барча ишлар залворини итоаткорона зиммасига олган жигаримни чулғаб олди. Асосан уларнинг алоҳида қобилиятлари туфайли мен қарағай ва сарвдан ишланган, ранг-баранг садафлар билан безатилган мана бу илоҳий минбар ортида туриб, сизларга маъруза ўқиш имкониятига эга бўлиб турибман. Ўзингиз билганингиздек, танага келиб тушадиган алкоголнинг кўп қисми жигардан ўтаётиб парчаланади…
Салобатли сукунат қаърида Мусалласпазлик академияси катта умумий аудиториясининг баланд минбари ортида туриб Жин Ганжуан ўз бурчини адо этмоқда. Биринчи маърузасида у кўламдор ва чуқур маънога эга мавзу – “Мусаллас ва жамият” мавзусини очиб беради – ҳеч қандай аниқ маълумотларга таянмай, гўёки юқори лавозимдаги, таниқли раҳбарларга хос тарзда. Ҳаммага юқоридан қараб, гўё Яратган каби, оғзига келганини гапирар, ўтмишу келажак ҳақида сафсата сотарди. Маъруза ўқишга так­лиф этилган номдор мутахассис сифатида у маъруза мазмунини мутлақо рамкалар билан чегараламайди. У қанотли Пегас каби шиддат ила тутқич бермай фалакларда парвоз қила олади, аммо вақти-вақти билан ерга қайтишга мажбур. Миясига келган ҳамма нарсани гапирса-да, ҳар бир жумласи бевосита ва билвосита мавзуга дахлдор.
Академиянинг барча – тўққиз юз нафар талабаси, шунингдек, профессор-ўқитувчи, ассистентлари ва каллалари шишган институт раҳбарлари эс-ҳушидан айрилгандек унга бошдан-оёқ қараб турардилар – улкан ёритқич олдида митти юлдузчалар тургандек эди гўё. Бу ажойиб, қуёшли баҳор тонгида минбар ортида турган Жин Ганжуандан таралаётган шуъла олмос парма каби тешиб ўтмоқда, бундан кўзлар оғриб кетмоқда эди. Ана, тингловчилар орасида профессор Юан Шуанъюй ҳам бор. У олтмишни қоралаган. Ашаддий қайсарлик ила бошини баланд кўтариб олибди, оқ сочлари ҳилпирарди, ўзини кўркам тутарди. Сочининг ҳар бир толаси кумушдай товланар, юзлари қип-қизил, улуғвор қад-қоматли – у дао билимдонига ўхшарди ва дао билимининг буюк алломаси каби ёруғ дунё лаззатларидан воз кечган, “пуч булут”у “ёввойи турна”га ўхшарди.
Унинг кумушранг сочи бошқа бошлар орасида аниқ-тиниқ ажралиб турарди – худди қўй подасига кириб қолган туядай. Менинг илмий раҳбарим бўлмиш бу муҳтарам қариянинг ўзи билангина эмас, хотини билан ҳам таниш эдим. Кейинчалик мен унинг қизига ошиқ бўлиб қолдим, сўнг унга уйландим, шу тариқа у ва хотини, табиийки, менга қайнота ва қайнона бўлишди. Шу куни мен ҳам аудиторияда эдим: зеро мен фан номзоди, Мусалласпазлик академиясида тадқиқотлар ўтказаман, қайнотам эса менинг илмий раҳбарим. Мусалласнинг руҳи ва моҳияти – менинг ҳам руҳим, менинг ҳам моҳиятимдир, бу ушбу мақоланинг мавзуи ҳамдир. Адабиёт билан бўш вақтларимда шуғулланаман, чинакам адабиётчи мажбуриятларини зиммамга олмаганман ва қаламимга тўла эркинлик бериб қўйганман, ёзаётганимда ичишим ҳам мумкин. Зўр мусаллас! Ҳа, мусалласмисан-мусаллас-да! Мусалласжон мусаллас, олтин қўллар ясар, бас! Бизнинг мусалласдан ичмабсиз, бу дунёга келмабсиз! Ичинг бизнинг мусалласдан, доно бўлгайсиз бирпасда! Мусалласли қадаҳни локли баркаш устига қўяман ва атайлаб қилгандек, кўз олдимда катта аудитория суза бошлайди. Лабораторияда эса, шаффоф шишалар ичида қизил мусаллас ҳар хил рангда товланиб қуйила бошлайди. Кундуз чироқлари гувиллайди, мусаллас қонга оқиб киради, фикрлар вақт оқимига қарши оқади. Жин Ганжуаннинг энсиз, ғоят ҳаракатчан юзи қандайдир жозибали кўринади. У – Жюгуонинг шараф-шони ва фахри, ўқув юртимиз талабаларининг хушқомати. Ҳомиладорлар туғилажак фарзандлари Жин Ганжуан каби бўлишини истайдилар. Келинлар қайлиқларининг унга ўхшаган бўлишларини орзу қиладилар. Мусаллассиз зиёфат зиёфат эмас, Жин Ганжуансиз Жюгуо Жюгуо эмас. У катта қадаҳни охиригача сипқоради, ипакдай майин, нам лабларини шойи рўмолча билан одоб ила артади. Тиқинлаштириш факультетининг биринчи гўзали Ван Госян дунёдаги энг чиройли гулдор юбкада, ўрганиб қолган ҳаракатлари билан қадаҳни яна тўлдиради ва таклиф этилган профессорларнинг миннатдорона нигоҳи остида помидордай қизариб кетади – айтиш мумкинки, унинг қизил лунжида бахтнинг булут парчаси пайдо бўлади. Ишончим комилки, залдаги қизларнинг кўпчилиги рашк ўтида ёнарди, кўплар унга ҳасад қиларди, айримлари ғазабдан ҳатто тишини ғичирлатарди. Жин Ганжуаннинг овози жарангдор эди, сўзлар ўзи оқиб келаверарди, томоғини қиришига ҳам ҳожат қолмасди. Йўталиб олиш одати етук шахснинг арзимас камчилиги бўлиб, унинг тўкислигига асло путур етказмасди.
– Қадрли дўстлар, қадрли талабалар, – деди у. – Истеъдод олдида кўр-кўрона таъзим қилиш керак эмас. Истеъдод – бу машаққатли меҳнат ва фидойиликдир. Албатта, барча моддиюнчилар ҳам айрим одамларда баъзи аъзолар бошқаларидан кўра кўпроқ ривожланишини инкор этмайдилар. Аммо бу ҳали ҳеч нарсани билдирмайди. Фараз қилайлик, менда туғилганимданоқ алкоголни парчалаш имконияти анча баланд, борди-ю, бу истеъдодимни тинимсиз машқлар билан ривожлантирмаганимда, мен маст бўлмасдан туриб кўп ичиш маҳорати, санъатида бу қадар ажойиб даражага эришмас эдим.
– У камтар, ўзи ҳақиқий истеъдодли одамлар камтар бўлади, ўз истеъдоди билан мақтанадиганлар эса бу даражага етмайдилар. Сен хитой мусалласидан яна бир қадаҳни чиройли қилиб кўтарасан. Соқий хонимча эса ноз билан уни тўлдиради. Ҳорғин қўлим билан ўзимга қуяман. Ҳозир бўлганлар худди бир-бирини танигандай айёрона кулиб қўядилар. “Шоир Ли Боникида бир коса мусаллас юзта аъло шеърга тенг” .
Ли Бо мен билан тенг бўлар эканми, у пул олгани ҳамёнига қўл суқди. Менга бунинг зарурияти йўқ, хоҳласам, лабораториядаги мусалласдан ичавераман. Ли Бо – адабиёт арбоби, мен эса – ҳаваскор ва бўш вақтимдагина адабиёт билан шуғулланаман. Яхши билганларим ҳақида ёзишга мени Ёзувчилар уюшмасидаги бўлимимиз раисининг муовини кўндирди – тез-тез унга лаборатория мусалласидан обориб тураман. Бу мени лақиллатмайди. Хўш, у маърузасида нималарни келишиб олди? Келинглар, биз, Академиянинг барча тўққиз юз нафар талабаси, бунақа митти хўтикчаларнинг қулоғини динг қилиб, бир ёқадан бош чиқарайлик.
Митти хўтикчалар. Меҳмонимиз профессор, бўлим бошлиғи муовини Жин Ганжуан юз ифодаси ва ўзини тутиши билан улардан унча фарқ қилмасди. Минбар ортида туриб бошини айлантириб, думини силкитганда ҳаддан ташқари ювош кўриниб кетарди.
– Менинг мусаллас билан муносабатларим тарихини кузатиш учун қирқ йил ортга қайтиш керак, – давом этди у. – Қирқ йил олдин, чор атроф давлатимиз ташкил этилганини нишонлаётган бир пайтда мен энди онам қучоғида ўсиб келаётгандим. Бундан олдин маълум бўлишича, отам билан онам худди бошқалардай телбаларча суюнишган. Қувончли воқеаларнинг бу силсиласи вазиятга телбаларча муккасидан кетиш билан боғлиқ, ҳамма нарса кўкларга кўтарилган, чунки мен телбаларча қувонч маҳсулиман, унинг қўшимча маҳсулотиман. Касбдошлар, барчамиз мусаллас билан нечоғли телбаларча севинч боғлиқ эканини биламиз. Зеро карнавал мусаллас худоси байрами муносабати билан экани муҳим эмас, мусаллас худоси байрамида Нитше туғилганлигининг тўғрилиги ҳам муҳим эмас. Муҳими шундаки, ота-онам муҳаббати маҳсули бўлганим ва мана шу нарса мени мусаллас билан қисматим боғлиқлигини олдиндан белгилаб берган.
Унга ёзилган қоғозни очиб ва ўқиб бўлиб, мулойимлик билан деди:
– Мен партиянинг сиёсий ва мафкуравий ходимиман. Наҳотки мен идеализмни тарғиб этолсам? Мен – сочимдан товонимгача моддиюнчиман. “Модда бирламчи, онг иккиламчи” – бу сўзлар, мен ҳар доим баланд кўтарган ва бундан кейин ҳам кўтарадиган жанговар байроққа зар иплар билан тикилган. Инсон шаҳват устида ўзининг фоний жисмини тарк этиб, ҳамма жойда айланиб юрувчи пок руҳ бўла олармиди? Майли, қадрли касбдошлар, вақт бу – қимматбаҳо нарса, вақт – пул, вақт бу – ҳаётнинг ўзи ва бизнинг бундай бачкана нарсаларга ўралашиб юришимизга ҳожат йўқ, чунки бугун тушда базм, у ерда мен сармоядорлар ва биродарларга хизмат қилишим керак. Улар Маймун мусалласининг биринчи фестивалини қўллаб-қувватлайдилар, шу жумладан, келиб чиқиши хитой бўлган америкаликлар бор, Гонконг ва Макаодан қардошларимиз келишган, беодоблик билан уларни заррача хафа қилиб қўймаслигимиз керак.
Мен орқа қаторда ўтирардим, Жин Ганжуан Маймун мусалласи ҳақида сўз қотганида, қайнотамнинг бўйин томирлари тортишганини ва қип-қизариб кетганини кўрдим. Ярим умри давомида бу афсонавий, мўъжизакор мусаллас қарияга тинчлик бермай келарди. Маймун мусалласининг ишлаб чиқарила бошлаши, бу афсонавий ичимлик воқеликка айланиши, уни идишларга қуйиш мумкин бўлишдек қувончли воқеа Жюгуонинг икки миллионлик аҳолиси тушларигача кириб чиқарди. Бунинг учун махсус гуруҳ ташкил этилган, шаҳар ҳокимияти катта маблағ ажратган, қария шу гуруҳга бошчилик қилади, шундай бўлгач, ундан бошқа ким ҳам жон куйдирсин? Юзи кўринмаётганди, аммо унинг ял-ял ёнаётганини кўз олдимга келтира оламан.
– Қадрли талабалар, бир вақтлар фашистлар бошлиғи Гитлер ёш немисларни “този итдек чаққон, теридек майин ва пўлатдек қаттиқ” кўришни орзу қилган эди. Аммо йўқ, биргина, ҳатто энг яхши ўхшатишни икки марта такрорлаш мумкин эмас, боз устига уни ўйлаб топган одамдан ер юзидаги инсон зоти борки, ҳаммаси нафратланса. Аъло сифатли чет эл молидан кўра узоққа яроқсиз ва дағалроқ миллий маҳсулотни ишлатган маъқул. Бу масала жиддий, бунда заррача эҳтиётсизлик қилиш мумкин эмас. “Барча даражадаги раҳбар ходимлар ҳушёр бўлишлари ва ҳеч қачон бепарволикка йўл қўймасликлари керак”.
Ҳа, “Ҳар қанақа, энг рамзли ўхшатиш ҳам оқсайди” – бу Лениннинг сўзлари; “Ўхшатишсиз адабиёт бўлмайди” – Толстой шундай деганди. Биз мусалласни жононга қиёс қиламиз, бошқалар жононни мусалласга ўхшатишади. Бу шуни англатадики, мусаллас билан жонон ўртасида ҳақиқатан ҳам қандайдир умумийлик бор, умумийликдаги ўзига хослик мусаллас ва жонон ўртасидаги тафовутни белгилайди. Бироқ мусалласда жононнинг назокатини ҳақиқатан ҳам илғай оладиган одамлар жуда оз, бу шу қадар ноёбки, хоҳланг анқонинг уруғи денг, хоҳланг қақнуснинг пати.
Унинг нутқи ўша куни ҳаммани ларзага солди. Билимлари унча чуқур бўлмаган биз талабалару чаласавод аспирантлар улар ичган мусалласчалик ҳатто сув ҳам ичолмаган бўлардик.
– Ҳақиқий билим амалиётдан олинади, қадрли талабалар. Мерганнинг маҳорати отилган ўқларнинг миқдори билан ортади, ичкилик маҳорати – ичилган мусалласдан. Муваффақиятга олиб борадиган қисқа йўл йўқ ва фақат хатарларни писанд қилмаган ботирларгина нотекис тоғ сўқмоғидан юришда давом этаверадилар, баланд чўққиларга етиб борганларидан лаззат оладилар!
Биз ҳақиқат ёғдусига кўмилдик ва аудитория гулдурос қарсаклардан ларзага келди.
– Ҳамкасблар, болалигим қийинчиликларда ўтди. – Барча буюк инсонлар азоб-уқубатлар баҳри муҳитидан ошиб ўтганлар ва у ҳам истисно эмас. – Мен мусаллас ичгим келарди, аммо мусаллас йўқ эди.
У ўшандаги оғир шароитларда мусаллас ўрнига ичини тоблантириш учун техник спирт ичганини ҳикоя қилиб берди ва менда бу фавқулодда тажрибани соф адабий тилда тасвирлаш истаги пайдо бўлди. Мусалласни бир ҳўплаб, қадаҳни лок баркашга шарақлатиб қўяман. Тун чўкади, Жин Ганжуан қаердадир йўлнинг ярмида бўлим бошлиғи муовини билан қолиб кетганди. Эгнида йиртиқ ёмғирпўш, менга кетдик дегандай қўл силкитди-да, қадрдон жойларидан олиб кетди.
Совуқ қиш туни. Ой тўлиб қолай деган ва осмонни тўлдириб сочилган юлдузлар Жин Ганжуаннинг қишлоғидаги уй ва кўчаларни ёритарди, толларнинг шох ва барглари, олхўри гуллари қуриб битган. Яқинда кучли қор ёққанди, шундан кейин икки марта қуёш кўринди, унинг нурлари қорни эритиб юборди, уйларнинг похол бўғотларида биллур сумалаклар осилиб турарди. Юлдузларнинг ёрқин шуъласи сумалакларда элас-элас акс этар, том ва дарахтлардаги қорлар жимир-жимир қиларди. Бошлиқ муовини Жиннинг тасвирлаб беришича, бу қишки тун, афтидан, шамолсиз эди, чунки қаттиқ совуқ забтидан дарёдаги муз ёрила бошлаган, кеч тунда музларнинг қарсиллаб ёрилиши янада яққолроқ қулоққа чалинарди. Аста-секин чор атрофга сукунат чўкади. Олисдаги чекка шаҳарча бўлган Жюгуо қаттиқ уйқуда. Қачонлардир бошлиқ муовини Жиннинг “Фольксваген-сантана”сида ушбу муборак жойлар билан танишиш, ҳар бир тепалик, ҳар бир жилға, ҳар бир майса, ҳар бир дарахт шундай илиқ туйғу, шундай ҳузур уйғотадиган жойдаги муқаддас ёмбиларни кўриш имкони насиб этар. Буни қаранг-а, муҳтожлик ҳукм сурган бу абгор қишлоқчадан аста-секин Жюгуони нурга чулғаганча мусаллас машъали кўтарила бошлаганди. Унинг ўткир ёғдуси кўзни қамаштирарди, улар қайноқ ёшларга тўлади, юракни ғайриоддий ҳаяжон қамрайди: эски синиқ бешик ҳам бешик, уни ҳеч нима билан алмаштириб бўлмайди. Бугунги аҳволга қараб гапирадиган бўлсак, бошлиқ муовини Жин олдидаги истиқбол ниҳоятда порлоқ. Биз у билан сайр қилган вақтларимиз, энди эса у олий мартабали раҳбар, унинг жонажон қишлоғи Жуаншижун – олмос қишлоқнинг чанг ва ифлос кўчаларидан юриб борганимиз, у ердаги жилға қирғоғида сувнинг шилдирашларига қулоқ тутганимиз, ҳайқирган дарахтлар остидаги дарё тўғони бўйлаб шошмай одимлаб кетаётганимиз, оғилхоналар ва отхоналар ёнидан ўтиб кетаётганимиз… Унинг қалбини болалик йилларидаги ғам-алам ва қувончларга тўлдириб турган шу паллада кўнглидан яна нелар кечаётганийкин – севги ва орзуларми? Унинг одим ташлаши қандай? Юзидаги ифода-чи? Аввал қайси оёғини ташлайди – ўнгиними ё чапиними? Ўнг оёғини ташлаган вақтда унинг чап қўли қандай ҳаракатланади? Унинг оғзидан ниманинг ҳиди келади, қон босими қанақа? Юраги-чи, тез урадими, секинми? Жилмайганда тишлари кўринадими? Йиғлаганида бурни устида тиришлар пайдо бўладими? Яна кўп нарсаларни тасвирлаш ниятим бор эди, қани энди уларга сўз топилса. Қадаҳ кўтаришдан бошқа иложим йўқ. Қор қоплаган ва музлаган дарахт шохлари қирс-қирс қилади, муз қатлами уч жи келадиган қуриган қамишлар тиккайиб турибди. Тунги уйқуга кетган ёввойи ва хонаки ғозлар нимадандир уйғониб кетди-да, баланд овозда “ғақ-ғақ” қила бошлади. Совуқ ҳавода таралган бу овоз Еттинчи Амаки уйи томидан шарқий қанотга ҳам етиб борди. Жин Ганжуаннинг сўзларига қараганда, у ҳар куни шомда шу уйга келар ва кеч тунгача қолиб кетар экан. Уй ичи ним қоронғи эди, шарқий девор ёнидаги уч ғаладонли эски стол устида керосин чироқ ёнарди. Еттинчи Хола билан Еттинчи Амаки канда ўтиришарди.
Каннинг ёнгинасидан печкачи бола, дароз Лю, Фан Тўққизинчи ва омборчи Жан жойлашган. Мен каби уларнинг бари ҳар куни узоқ қиш оқшомларида вақт ўтказиш учун келар эдилар ва уларни на шамол, на қор тўхтата оларди. Улар кундузи нима иш қилганларини сўзлаб берардилар, атрофдаги қишлоқлар янгиликларидан сўзлардилар, шу қадар жонли ва мароқли ҳикоя қилардиларки, кўз олдингизда қишлоқ расм-русумлари яққол гавдаланарди. Мана адабиётчи дегани қаерларга борсин! Совуқ ёввойи мушукдай эшик тирқишларидан мўралар ва оёқдан тишлаб оларди. У вақтларда Жин Ганжуан бор-йўғи камбағалгина оиланинг боласи эди, бир жуфт пайпоқ олишга ҳам пули етмасди, қоп-қора қақроқ оёқларини қўғалардан тўқилган тор шиппакка тиқиб юришга мажбур бўларди, чунки тагчарми ва бармоқлари орасидан муздек тер чиқарди. Зим-зиё хонада керосин чироғи янада ёрқинроқ кўринарди, деразалардаги оқ қоғоз ялт-юлт қилар, ундаги тешиклардан муздек ҳаво кирар, чироқдан кўтарилган дуд шаклини неча бор ўзгартирганча шифтга етиб борарди.
Бурчакдаги ўринда Еттинчи Хола билан Еттинчи Амакининг иккита боласи ухларди; қизалоқ бир текис, бола эса гоҳ баланд, гоҳ паст овозда хуррак отарди, яна гўё тушида бегона болалар билан уришгандек бир нималар деб алаҳсирарди. Олий маълумотли Еттинчи Холанинг дунёқараши ғоят тиниқ, бироқ сурункали асаб ҳиқичоғидан азият чекарди, ҳиқичоғи анча баланд чиқарди. Еттинчи Амаки доим мудраб ўтирарди; юзи худди няньгаога ўхшаб, на шакли ва на ифодаси билан бирон қолипга тушмас эди.
У хира кўзларини чироқ алангасига тикканча ҳеч нима билан иши бўлмай тек ўтиргани-ўтирган эди. Аслида у ажабтовур одам бўлиб, бир вақтлар ғалати режа ишлаб чиққанди, шунинг шарофати билан Еттинчи Холага уйланиб олганди. У маълумотли аёл бўлиб, эридан ўн ёш кичик эди. Бу воқеа узоқ ва чигал бўлиб, икки оғиз қилиб айтиб бўлмайди. Ҳаваскор мол дўхтири Еттинчи Амаки чўчқанинг қулоғидаги кўктомирга укол қила олар, пеницилин ва глюкоза юборар, шунингдек, чўчқа, ит ва эшакларни бичишда ҳам қўли енгил эди. Қишлоқдаги барча эркаклар каби ичкилик жинниси эмасди. Ичишга нарсаси ҳам йўқ эди. Мусаллас олиш мумкин бўлган ҳамма нарсанинг таги қуриган, бирдан-бир энг муҳим масала егулик топиш эди.
– Узоқ қиш кечаларида очликдан қорнимиз қулдур-қулдур қиларди, – ҳикоясини давом эттирди Жин Ганжуан, – ва ўшанда ҳозиргидек бўлишимга ҳеч ким ишонмасди. Бу ҳам Худонинг марҳамати экан-да, ҳидни аниқ ажратардим, айниқса алкоголга келганда, бунинг устига ҳавоси бузилмаган қишлоқда. Совуқ оқшомларда энг турфа ҳидлар аниқ таралади, борди-ю, бир неча юз метрдаги уйда мусаллас ичишаётган бўлса, мен буни тезда билиб олардим.
Кеч тун эди, бир вақт шимоли-шарқий томондан мусаллас ҳиди димоғимга келиб урилди. Афтидан, восвосли ҳид келаётган жой анча яқиндек, лекин у билан орамизда уйнинг деворлари бор эди, ҳолбуки, ҳид уй томларидаги қор қатламидан ўтиши, муз ва қордан совут кийиб олган дарахтлар оша келиши, йўл-йўлакай товуқлар, ғозлар ва итларнинг кайфини ошириши керак эди. Итларнинг ҳуриши мусаллас шишасидек қандайдир силлиқлашиб қолган, атрофдаги ҳамма нарса сархушлик ила нафас оларди. Бу ҳиддан осмондаги собити сайёралар бахтдан милт-милт қилар, худди арғамчидаги шумтакадек у ёқдан-бу ёққа чайқала бошлар эди; ундан дарёдаги балиқлар сулайиб қолди: улар юмшоқ дарё йўсинлари устида ётиб, пуфакчалар чиқарарди. Шубҳасиз, совуқ тун ҳавосида мусаллас ҳидидан қушлар ҳам баҳра олар эди, шу жумладан, қалин патли бир жуфт бойўғли ҳам, ўзларининг ерости инларида ўт пояларини кемираётган кўрсичқонлар ҳам. Мана шу поёнсиз совуқдан қотган, аммо ҳаётга тўла кенгликда тирик жон борки, ҳаммаси инсон олиб келган нарсадан тотиб кўрди, мана шу муқаддас туйғу шундан келиб чиқди, бу маст этиш лаззати “кимларгадир қадимдаги султонлардан, ё И Дидан, ё Ду Кандан” мерос бўлиб қолди, у орқали Худолар билан мулоқот қилиш мумкин бўлди. Жон сақлайман деб биз нима учун аждодлар ҳақига мусаллас садақа қиламиз? Мен буни айнан ўша куни тунда англадим. Бу ваҳий келиш туни эди. Ўша тун менда ухлаб ётган руҳ уйғонди, Фалакнинг буюк сири очилди, бу сирни тасвирлашга тил ожиз, гўзал ва нафис, муҳаббат ва эзгуликка лиммо-лим, жонингга жон киргазади, юракни орзиқтиради, тароватли ва муаттар… биласизми?
У қўлини тингловчиларнинг бўйни чўзилган томонга узатди, биз эса кўзимиз ва оғзимизни катта-катта очганча, бу мўъжизали воситани бир кўришга интиқиб ўтирардик, кейин эса, гарчи ёнимизда ҳемири ҳам бўлмаса-да, ичиш илинжида эдик.
– Сенинг кўзларинг юракнинг туб-тубигача ёритган нур билан мунаввар, Худо билан гаплашган одамлардагина шундай бўлади. Сен бизлар хаёлимизга келтиролмайдиган қиёфаларни кўрасан, биз эшитмайдиган овозларни илғайсан, биз билмаган ҳидларни туясан – биз бошдан-оёқ ғамга тўлиқмиз! Лабларингдан тўкилаётган сўзлар мусиқага ўхшайди, бу ўз сувини равон оқизиб келган дарё, ҳавода рақс тушаётган ўргимчак қорнидан эшилиб чиқаётган ипак ришта; у ҳам дағал, ҳам нафис, худди товуқ тухумидек думалоқ ва силлиқ – ҳаммаси ҳаётдагидек. Биз шу мусиқадан сармастмиз, шу оқимда чайқаламиз, шу риштада рақс тушамиз, биз Худони кўриб турамиз. Аммо Уни кўришдан олдин бу оқим сувларида бизнинг жонсиз таналаримиз қандай сузишини кўрамиз…
Ўша куни тунда бойўғли сайроғи севишганларнинг майин ғулдирашига ўхшаганининг сабаби шу – ҳавони мусаллас ҳиди тутганди. Ёввойи ғозлар ҳам ўша тунда хонаки ғозлар билан бирин-кетин жуфтлашган эди, айни қирчиллама қишда ва никоҳсиз мавсумда, бунга ҳам сабаб шу – ҳавони мусаллас ҳиди босиб кетганди. Бурним қаттиқ-қаттиқ уча бошлади ва Фан Тўққизинчи қизиқсиниб сўради: “Нега бурнинг учади? Ё аксирмоқчимисан?” Унинг овози худди бочкадан чиқаётганга ўхшарди.
“Мусаллас, – дедим бидирлаб. – Мусаллас ҳиди келаяпти!”
Ҳамма бурнини кериб ҳидланарди. Еттинчи Амакининг бурни бутунлай жийрилиб кетганди: “Бу ерда мусаллас нима қилиб юрипти?” – “Аввал сиз бир ҳидлаб кўринг, ҳидлаб кўраверинг”. Сўзларим айқаш-уйқаш бўлиб кетди, юрагим отилиб чиқиб кетаёзди.
Улар кўзлари билан ҳаммаёқни, ҳар бир бурчакни титкилаб чиқишди. Еттинчи Амаки ҳам канда тўшалган бўйрани кўтариб кўрди, бундан Еттинчи Холанинг жон-пони чиқиб кетди: “Бу ёқда нега тимирскиланасан? Канда мусаллас пишириб қўйибдими? Ҳеч ақлим етмайди!”
Олдин айтганимдек, Еттинчи Хола зиёлилардан бўлиб, “ҳеч ақлим етмайди” дегани шундан. У шошилиб олдимизга кириб келди-да, гуручни кўп марта ювиб, витаминини кетказиб қўяр эканмиз, дея онажонимга танбеҳ беришга киришиб кетди. Гуручнинг бу “витамин”идан онажоним бўларича бўлди, жони нақ ҳиқилдоғига келди.
Мусаллас ҳидида протеин, липидлар, кислоталар, феноллар, шунингдек, кальций, фосфор, магний, натрий, калий, хлор, олтингугурт, темир, мис, марганец, рух, йод, кобальт каби элементлар бор. Яна A, B, C, D, E, F дори-дармонларию бошқа моддалар мавжуд. Мен бу ерда, Баня дарвозаси олдида болтани ўйнатганча мусаллас таркибидаги нарсаларни билишимдан фахрланиб турибман, айни вақтда сизнинг профессорингиз Юан Шуанъюй буларнинг барини ҳаммадан кўпроқ билади.
Жин Ганжуаннинг мақтовларидан қайнотам бўйнигача қизариб кетди. Қариянинг чеҳрасида ҳаяжон сезилмасди, у менга бутунлай кўринмас эди.
– Аммо мусаллас ҳидида қандайдир ғайриоддий нарсалар ҳиди учрайди, бу шундай бир руҳ, шундай бир иймон, муқаддас иймон борки, уни фақат ақл билан билиш мумкин. Аммо сўз билан ифода қилиб бўлмайди – ҳар қандай сўз қўполлик қилади, ҳар қандай ўхшатиш кемтик бўлади – иймон тўғри жоннинг ичига ёриб киради. Дўстларим, талабалар, наҳотки мусалласнинг фойдалими, зарарли эканини исботлаш учун яна асослар керак бўлса? Ҳе-йўқ, бунга ҳожат йўқ, мусаллас бу – қалдирғоч, қурбақа, қизилкўз ари, шиллиққурт, бу – “ёмонликнинг кушандаси, жонли руҳ!”
Бутун вужуди билан, куйиб-пишиб, қўлларини қаттиқ-қаттиқ силкитар экан, тутақиб кетган Гитлернинг ўзи бўлди-қўйди.
– “Еттинчи Амаки, – ҳикоясини давом эттирди, – қаранг, мусаллас руҳи деразадан, шифтдан, барча тешигу тирқишлардан кириб келяпти…” “Ҳаҳ, тирранча-ей, мияси мундайроқ бўлиб қолмаганми, – ўзича минғирлаб деди Фан Тўққизинчи. – Ҳеч жаҳонда ҳиднинг ҳам ранги бўларканми? Уни кўз билан кўриш мумкинми? Ақлдан озгани шу-да!..” Улар бирин-кетин менга разм солиб қарай бошлашди, қарашлари шубҳали, гўё мен ростдан ақлдан озганман. Аммо менинг улар билан ишим йўқ! Мен оёғимни қўлимга олиб чопдим, мусаллас ҳиди анқиб турган рангдор кўприк бўйлаб чопардим, ҳа, учиб борардим… Шунда мўъжиза рўй берди, азиз ҳамкасабалар, мўъжиза рўй берди!
Ҳис-ҳаяжоннинг оғирлигидан Жин Ганжуаннинг боши эгилди. Мусалласпазлик академияси умумий аудиториясидаги минбар ортида турганча у хирқираган, аммо ўта жозибали тарзда давом этди:
– Миямнинг бир пучмоғида қорли тун ўртасидаги базми жамшид манзараси ўрнашиб қолган. Чарақлаган газ чироғи. Саккиз кишилик эски стол. Стол устида тос, ундан буғ эшилиб чиқяпти. Столда тўртовлон ўтирибди ва ҳар бирининг қўлидаги мусалласли паймона тонг нурлари билан тўлиб-тошади. Чеҳралар кўзга унча аниқ ташланмайди. Оббо сен-эй! Улар аниқ кўрина бошлашди ва мен ҳаммасини танидим… Партия ячейкаси котиби, катта ишлаб чиқариш бригадаси ҳисобчиси, халқ милицияси рота командири, хотин-қизлар уюшмаси раиси… Ҳар бирининг қўлида қайнатилган қўй оёғи, улар уни сояли қайла ва кунжут мойида ивитилган саримсоқли зирвага ботириб оладилар… Уларни бармоғим билан кўрсатиб, мен Еттинчи Амаки ва шерикларига мурожаат қиларканман, худди шарҳловчидек гапирдим. Кўз олдимни туман босди, Еттинчи Амаки ва бошқаларнинг юзлари аниқ кўринмаётганди ва мен манзара ғойиб бўлишидан қўрқиб, кўзимни тортиб ололмадим… Еттинчи Амаки қўлимдан тутди-да, ғазаб билан силкиди: “Сяо Юйэр! Сяо Юйэр! Нима бўлди сенга, тобинг қочдими?”
Чап қўли билан у қўлимни силкиди, ўнг қўли билан елкамга туширди. Бамисоли мажақланган ғишт бўлаклари қўлтиқнинг ойнадай силлиқ сиртига сочилди, бошим ғувилларди, томчилар ҳар томонга қараб сачради, доира тўлқинчалар бирининг устига бири чиқиб, сув сатҳи лойқаланди ва манзарадан кўз ўнгимизда бўм-бўш жой қолди.
“Нега ундай қиласиз?! – гарангсиб қичқирдим мен. – Бундай қилишингиз яхшими?” Ҳамма ташвиш ичида менга қарарди. “Туш-муш кўрмаётганмидинг, мабодо, болажоним?” – деди Еттинчи Амаки. “Бу ҳечам туш эмас. Мен партия қўмитаси котиби, ҳисобчи, хотин-қизлар уюшмаси раиси ва халқ милицияси рота командири мусаллас ичаётганларини кўрдим. Ҳар бирида биттадан қўй оёғи, уларни туйилган саримсоқпиёзга ботириб-ботириб олмоқдалар, газ чироғи ёниб турибди, ўзлари эса тўртбурчак стол атрофида ўтиришибди”. “Кўзига кўринган”, – оғзини бор бўйича катта очиб эснади Еттинчи Хола. “Лекин мен ҳаммасини ўнгимда кўрдим-ку!” “Тушда сув олиб келгани дарёга тушгандим, – гап қотди Дароз Лю, – ростданам хотин-қизлар уюшмаси раиси иккита аёл билан муздаги ўйиқ олдида қўй гўштини юваётганди”.
– Сен ҳам жа олдинг-да! – учирим қилди унга Еттинчи Хола.
– Бу тўғри ҳам!
– Қанақасига тўғри бўларкан?
– Қарасам, овқатнинг чангини чиқариб ураяпсизлар, бош кўтармайсизлар! – чийиллади Еттинчи Хола.
– Гап талашишни бас қилинглар, – мунгли оҳангда деди печкачи бола. – Ўзим бориб билиб келаман.
– Тентак бўлма! – ўшқириб берди Еттинчи Хола. – Сен ҳам бу чўпчакларга ишониб ўтирибсанми?
– Сиз шу ердан қимирламанг, – қўшимча қилди печкачи бола, – мен эса кўз очиб-юмгунча бораману қайтаман.
– Тағин қўлга тушиб қолиб, гўштингни нимталаб ташламасин, – ташвиш билан деди Еттинчи Амаки.
Бироқ печкачи бола чиқиб кетиб бўлганди, ичкарига кирган шамол сал бўлмаса чироқни ўчириб юбораёзди.
Бола ҳансираб қайтиб келганида совуқ шамол эпкинидан чироқ яна ўчаёзди. У менга арвоҳни кўргандай лол тикилиб қолди.
– Хўш, нималар кўрдинг у ерда? – кинояли жилмайди Еттинчи Хола.
– Мўъжиза, ҳақиқий мўъжиза! – унга томон бурилди печкачи бола. – Сяо Юйэр ростданам фаришта экан, ғойибдан кўрар экан!
Унинг сўзлари бўйича, кўрган нарсалари мен тасвирлаб берганларнинг айнан ўзи эди. Базми жамшид партия котибининг уйида ўтмоқда эди. Уйи олдидаги девор унча баланд бўлмай, болакай ундан осонгина сакраб ўтибди. “Бўлиши мумкин эмас!” – оҳ тортиб юборди Еттинчи Хола. Кўчага чиқиб, печкачи бола тошдай музлаб қайтганди, қўлларида қўй калласини ушлаб олган. У каллани кўтариб, Еттинчи Холага кўрсатди. Холанинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди, унинг ҳатто ҳиқичоғи тўхтаб қолганди.
Ўша куни кечқурун қўй калласини апил-тапил ювдик-да, қайнатгани қозонга солдик. У ёқда калла қайнаяпти-ю, бу ёқда ҳамманинг хаёлида мусаллас. Охири Еттинчи Холанинг ўзи муддаога ўтиб қўя қолди: спирт ичса нима қилибди.
Чинакам ветеринар сифатида Еттинчи Амакининг дезинфекция учун олиб қўйган бир шиша спирти бор эди. Албатта, биз унга сув аралаштирдик. Шу тариқа тобланишнинг осон бўлмаган жараёни бошланди. Ветеринария спиртида суяги қотган одам учун бошқа ҳар қандай алкогол ҳеч нарсага арзимайди! Фақат печкачи бола билан Еттинчи Амакининг кўр бўлиб қолгани чакки бўлди-да.
Қўлини кўтариб, Жин Ганжуан соатига қаради:
– Қадрли талабалар, шу билан бугунги маърузамиз ниҳоясига етди.

Иккинчи боб

I

Шахта директори ва партия котиби бир-бирига юзма-юз турарди: ҳар иккаласининг чап қўли кўкси олдида эгик, ўнг қўли олдинга чўзилган. Кафтлари типпа-тик – интизомга ўргатилган йўл полициячиларининг худди ўзгинаси. Юзлари шунақанги ўхшашки, бамисоли ойнадаги аксидек. Уларни бир-биридан, чароғон йўлакнинг у бошидан бу бошигача тўшалган эни бир метр пояндоз ажратиб турарди. Иззат-икромнинг бу самимий изҳори олдида Динг Гоуэрнинг бутун жанговарлик кайфиятидан асар ҳам қолмади ва у олдинга қадам ташлаймикан ё йўқми дея икки раҳбар олдида нима қилишини билмай туриб қолди. Улар чеҳрасини қоплаган хушнудлик ёпишқоқ ёғ моддасига ўхшаб кетарди, модда ҳеч қаёққа ғойиб бўлмаётганди ва Динг Гоуэрнинг иккиланиши ортгандан ортиб бормоқда эди холос. Худолар гапирмайдилар, бу бор гап, улар сукут сақлайдилар, аммо уларнинг туришлари ҳар қандай ширин нутқдан ҳам кучлироқ таъсир қилади, қаршилик кўрсатишнинг иложи қолмайди. Бир тарафдан чорасизлик, яна бир томонда миннатдорлик сабаб Динг Гоуэр олдинга бир қадам ташлади. Шахта директори ва партия котиби тенг томонли учбурчак ҳосил қилиб, унинг ортидан йўлга тушишди. Йўлакнинг охири кўринмасди ва терговчининг кўнглида шубҳалар ғимирлай бошлади. У аниқ эслади: уй тўрт томондан кунгабоқар билан ўраб олинган, унда камида ўнта хона бор – акс ҳолда бундай узун йўлакка на ҳожат? Сутдай оппоқ гулқоғоз ёпиштирилган деворларда ҳар икки томондан ҳар уч қадамда бир-бирига тўғри қилиб машъал шаклидаги қизил рангли жуфт чироқдонлар ўрнатилган. Бу қизил машъалларни ушлаб турган темир қўллар ялт-юлт қилар ва жонлига ўхшаб кўринарди, афтидан, уларни деворнинг нариги томонидан ўтказиб ўрнатишган бўлса керак. Ҳар бир чироқдон ёнида девор ортидан барваста чўянкелбат паҳлавон турганини тасаввур қилиб, унинг юраги шув этиб кетди ва қизил пояндоз бўйлаб ҳаракат қилиш қуролларини шай тутган посбонлар орасидан юриб ўтиш билан баравар эди. “Энди мен – жиноятчиман, партия котиби ва директор – менинг қўриқчиларим”. Даҳшатдан юраги ўйнаб кетди ва миясида дарзлар вужудга келди, улардан фаросатнинг бир қанча совуқ оқими сизиб кирди. У ўзининг муҳим вазифаси, муқаддас бурчи ҳақида ўйлади. Қиз билан ўйнаш бўлишдек муқаддас бурчни бажариш халақит бермайди, аммо мана бу мусаллас халал бериши тайин. Қиз билан ўйнаб бўлгач, бошинг тиниқлашади, мусалласдан кейин эса ғум бўлади. У тўхтади:
– Мен ичгани эмас, тергов ўтказгани келганман.
Унча силлиқ чиқмади. Директор ва партия котиби бир-бирига ўхшаш кўзлари билан бир-бирларига қараб қўйишди, уларда ҳеч қандай ўзгариш сезилмади ва овозлари аввалгидек тиниқ ва қувноқ жарангларди:
– Биламиз, биламиз. Қанақа ичкилик – ҳеч ким сизни ичишга мажбурлаётгани йўқ.
Динг Гоуэр барибир бу эгизак ака-укаларнинг қайси бири партия котибию қайси бири директор эканини билолмади, бироқ хафа қилишдан қўрқиб, сўрашга журъат этмади. Чалкашлик ўшандай қолаверди: барибир бу иккаласи бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш, партия котиби ва директор лавозими ҳам бир-биридан кўп-да фарқ қилмасди.
– Марҳамат, марҳамат, ичишни истамасангиз, ул-бул ерсиз?
Динг Гоуэрнинг йўлда давом этишдан бошқа чораси қолмаганди, ҳолбуки, учбурчак шаклидаги мана бу саф унинг нафратини қўзғатаётганди: биттаси олдинда, иккитаси орқада – гўё йўлак зиёфатхонага эмас, суд танобийсига олиб бораётгандек. Улар билан тенглашиш ниятида у одимларини секинлатди. Аммо уриниши беҳуда эди: одимларини секинлатди дегунча унга эргашиб келаётган жуфтлик ҳам ўша заҳоти секинлаб қолди. Учбурчак шакли сақлаб қолинарди ва у қўриқдаги маҳбус ҳолига тушиб қолаверарди.
Йўлак бирдан бурилди, қизил пояндоз пастга қараб кетди, машъал чироқдонлар янада ёрқинроқ чарақлади, уларни тутиб турган қўллар эса янада қўрқинчлироқ кўрина бошлади, гўё ростданам тирикка ўхшарди. Миясида минг хил алоқ-чалоқ фикрлар пашшадек ғужғон ўйнарди ва терговчи савқи табиий ила ҳужжатлар солинган папкани қўлтиғига маҳкамроқ қисиб олди. Қаттиқ пўлат қобирғаларига қадалмоқда ва шундан кўнгли бироз хотиржам тортмоқда эди. “Яна икки сония ва тўппонча оғзини мана бу нусхаларнинг кўксига тирасам бўлади! У ёғи хоҳ жаҳаннамга тушай, хоҳ гўрга кирай, сенлардан қўрқмайман, итдан тарқаганлар”.
Йўлак энди ерга кириб бораётгани маълум бўлди. Чироқдонлар ва пояндоз ҳамон ўшандай ёрқинлигича қолган эди, аммо совуқ бўлмаса-да, қандайдир рутубат сезиларди.
Йўлак охирида уларни чақноқ кўзли, тишлари оппоқ, чўғдай қизил либосдаги ва қоқ миясига пилотка қўндирган официант қиз қарши олди. Юзидаги енгил табассум – катта амалиёт натижаси – ва сочларидан таралиб турган хушбўй ҳид терговчининг асабларига ижобий таъсир кўрсатди. Унинг сочини силаш хоҳиши пайдо бўлиб, у ўз-ўзини чуқур танқид ва ўзини англаш ҳолати билан машғул бўлди. Қиз зангламайдиган пўлатдан ясалган қулинг ўргилсин дастакни тутди-да, уларнинг истиқболига “Марҳамат қилсинлар, ўртоқ раҳбарлар” сўзлари ёзилган эшикни ланг очди. Учбурчак, ниҳоят, тарқалди ва Динг Гоуэр енгил нафас олди.
Уларнинг рўпарасида ҳашаматли зиёфатхона пайдо бўлди. Нафис ранглар уйғунлиги, беозор ёниб турган чироқлар – булар бари муҳаббат ва бахт ҳақида ўйлашга туртки бўлиши керак эди, аммо ҳавода осилиб турган ғалати ҳид буни йўққа чиқарарди. Кўзлари маккорона чақнаб, Динг Гоуэр табиий чарм қопланган оқ сарғиш диванга, тоза шойидан тикилган оч сариқ дераза пардаларига, гуллар тасвирланган оппоқ шифтга ва оппоқ дастурхон ёзилган столга бирма-бир разм солиб чиқди. Шифт­нинг ўртасида осиғлиқ каттакон қандилнинг жимжимадор шишалари ва минглаб дурлари орасидан ёғду тараларди. Ялтироқ фаршнинг ойнадан фарқи йўқ эди, худди ҳозир сайқалдан чиққандай одам акси бемалол кўринарди. Бурчакдаги рангли телевизорнинг каттакон экранида караоке титрлари югурар, майин шаҳвоний оҳанг таралар, чўмилиш кийимидаги қиз кўнгилни суст кетказадиган қиёфаларга кирарди. У хонага синчиклаб кўз югуртирар экан, партия котиби ва директор унга синовчан қараб туришарди: меҳмоннинг мақсади бу ғалати ҳид қаердан келаётганини билиш экани уларнинг хаёлига ҳам келгани йўқ эди.
– Кулбаи вайронамизга хуш келибсиз!
– Ғарибона жиҳозланган, олдингизда хижолатдамиз.
Динг Гоуэрнинг нигоҳи танобий бўйлаб кезишда давом этди: уч ҳадли баҳайбат думалоқ ресторан столи: биринчи ҳадда бақалоқ пиво стаканлари, мусаллас учун узун оёқли шиша қадаҳлар, оёқлари сал узунроқ спиртли ичимлик қадаҳлари, чой ичиладиган қопқоқли сопол пиёлалар, ғилофчалардаги фил суягидан ясалган овқат ейиш чўплари, турли катталикдаги ликобчалар, катта ва кичик косалар, зангламайдиган пичоқ ва санчқилар, “Жунхуа” ва “Янь-инь”, Америка “Мальборо”, инглиз “555” сигареталари, филиппин сигаралари, рангдор қутичали катта қизил бошли буюртма гугуртлар, тилла суви юритилган газ чақмоқтоши ва думини ёйиб турган товус кўринишидаги сунъий биллур кулдон териб қўйилганди. Иккинчи ҳадда саккизта таом муҳайё эди: тухумли ва “хайми” қопланган креветкали угра, қалампирли аччиқ мол гўшти бўлаклари, карри қайласи солинган гулкарам, бодринг парраклари, совитилган ўрдак панжалари, шакар сепилган нилуфар илдизлари, ошкўк илдизлари, обдон қовурилган чаёнлар. Кўпни кўрган Динг Гоуэрнинг кўзига бу газакларда айтарли фавқулодда нарса ташланмади – барчаси таомилдагидек эди. Учинчи ҳадда фақат тувакка солинган, ниналари қалин кактус турарди. Кактусга бир қарагандаёқ бадани қичиша бошлади ва ўзини ғалати ҳис қилди. “Нега янги узилган гуллар қўйилмабди?”
Ўтиришаётганда барчалари бир-бирига энг қулай жойни кўрсатиб ҳурмат изҳор этдилар. Динг Гоуэрнинг фикрича, думалоқ столда “юқори” ёки “паст” деган жойлар бўлмайди, бироқ партия котиби ва директор дераза олдидаги жой энг тўри ҳисобланади деб туриб олишди. Динг Гоуэр ўша ерга ўтиришга мажбур бўлди, уй эгалари эса унинг ҳар икки томонидан унга ёпишиброқ ўтиришди.
Танобийда худди байроқлардай ол либосдаги хизматчи қизлар у ёқдан-бу ёққа зир югурар, улардан салқин ҳаво тўлқинлари тараларди. Қизлар бутун танобий бўйлаб бу ғалати ҳидни тарқатар эдилар, табиийки, бу ис улар юзидаги упа ҳиди, қўлтиқларидан чиқадиган ачимсиқ тер ва бошқа жойларидан чиқувчи хушбўй ҳид билан қоришиб кетарди. Бора-бора бу қоришиқ ис димоққа камроқ урилиб, Динг Гоуэр эътиборини бошқа нарсага қаратди.
Уларнинг шундоқ рўпарасида шафтоли рангидаги унча катта бўлмаган сочиқ пайдо бўлди. У зангламайдиган эндор қисқичларга осиб қўйилганди ва ундан буғ тараларди. Кутилмаган ҳолдан чўчиб тушган Динг Гоуэр сочиқни қабул қилди, аммо унга қўлини артмади, аввал қисқичлар пайдо бўлган томонга кўз ташлади ва жажжигина, оппоқ қўлчани, думалоқ юзни ва киприклари узун қора кўзларни кўрди. Қизнинг қовоқлари қатлам-қатлам бўлиб юмилди ва гўё унинг кўзида ё чандиқ, ё қўтир бордек нохуш таассурот туғиларди, ҳолбуки, аслида бундай эмаслиги маълум бўлди. Қараб олгач, у иссиқ сочиқ билан юз ва қўлларини артди: сочиқдан чирик олма ҳиди аралаш қандайдир атир ҳиди анқирди. У бу паст сифатли бўйга қўшиб, яна кечаги маний бадбўйини ҳам туйди. Динг Гоуэр юз ва қўлларини артиб бўлган ҳам эдики, ҳалиги қисқичлар сочиқни қайта олиб кетди.
Партия котиби лутф билан сигарета таклиф қилди, директор эса чақмоқтош ёқди.
Ўткир ичимлик қадаҳларига “маотай”, мусаллас қадаҳларига “ванчао”, стаканларга эса “чиндао” тўлдириб қуйилганди.
– Бизлар ватанпарвармиз, чет эл мусалласларидан воз кечамиз, – деди партия котиби, ё директор.
– Айтдим-ку, мен ичмайман, – деди Динг Гоуэр.
– Ўртоқ Динг, дўстим, сиз узоқдан келгансиз, агар ичмасангиз, биз хафа бўламиз. Бу расмий учрашув эмас, шунчаки уйдаги меҳмондорчилик, агар ичмасангиз, юқори билан қуйи ўртасидаги дўстона муносабатларни қандай ифода этамиз? Мусаллас – солиқ тушумларининг муҳим манбаи, бундан келиб чиқадики, мусаллас ичганингда мамлакат ғазнасига ҳисса қўшган бўласан. Ичинг, озгина ичинг, акс ҳолда биз сизнинг кўзингизга қандай қараймиз?
Шу сўзларни айтиб, ҳар иккаласи арақли рюмкани баланд кўтарди ва Динг Гоуэрнинг юзи олдига олиб келди. Топ-тоза ва тиниқ алкогол хиёл титрарди, ундан ёқимли ҳид келиб, димоқни қитиқларди. Томоғи қичишди, оғзи сўлакка тўлди. Тилини қимирлатолмай оғиз бўшлиғи намланди.
– Шунча нарсаларга ҳожат бормиди… Нима қилиб қўйибманки… – дудуқланиб минғирлади у.
– Қанақа нарсалар, ўртоқ Динг, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тос! Конимиз унча катта эмас, тайёргарлик суст ва шароитлар ўртача. Емак-ичмагимиз ҳам шунга яраша. Сиз эса катта шаҳардан келгансиз, жаҳон бўйлаб кезгансиз, ажойиб ичимликлар дейсизми, машҳур мусалласлар дейсизми, ҳаммасидан татиб кўргансиз! Қўйинг, устимиздан кулманг, – эътироз билдирди ё партия котиби ёки директор. – Илтимос, дастурхонга қараб ўтиринг. Бизлар, кадр ходимлари, шаҳар қўмитасининг “белни маҳкам боғлаб яшамоқ керак” деган даъватига “лаббай, хўп бўлади” деб жавоб беришимизга тўғри келади. Сиз, ахир, буни тушунасиз ва бизни маъзур тутасиз деб ўйлаймиз.
Иккови тўхтовсиз гапирар, баланд кўтарилган арақли қадаҳ эса тобора Динг Гоуэрнинг оғзига яқинлашарди. У оғзида тўпланиб қолган сўлакни базўр ютди, ўзининг қадаҳига қўл чўзди ва уни оларкан, қадаҳ ўзи кичкина бўлса ҳам ичидаги алкогол зилдай эканини пайқади, партия котиби ва директорнинг қадаҳлари билан жаранглаб тўқнашди. Қўли титраб кетди, бош ва кўрсаткич бармоқлари орасига бир неча томчи тўкилди ва ёқимли салқинликни ҳис этди. Шуларни ҳис этиб, таҳаммул қилгунича ҳар икки томондан хитоблар янгради:
– Энг аввал ҳурматли меҳмон учун, ҳурматли меҳмон учун!
Қадаҳларини сипқориб, партия котиби ва директор бир томчи ҳам қолмади дегандек уларни тўнкариб кўрсатишди. Ҳатто бир томчи қолса ҳам учта жарима қадаҳи ичишга мажбурлигини Динг Гоуэр биларди. У қадаҳни ярмигача ичди ва оғзини ажойиб хушбўйлик қоплади. Ҳар икки биқинида ўтирганлардан бир оғиз ҳам ўпка-гина сўзлари эшитмади, улар унинг рўпарасида охиригача олинган қадаҳларини тутиб туришарди холос. Намуна кучига гап йўқ – Динг Гоуэр ҳам шартта кўтариб юборди.
Ҳар учала қадаҳ яна зумда тўлдирилди.
– Бошқа ичмайман. Мусаллас ишнинг заволи, – деди Динг Гоуэр.
– Яхши ишни такрорлаш – савоб!
У қадаҳни қўли билан ёпди:
– Бас, етарли!
– Даврага келиб ўтирдингми, уч қадаҳ оласан – бизда қоида шунақа.
Уч қадаҳдан кейин боши айланди, гуруч уграсидан татиб кўриш учун чўпларни қўлга олди. Угра сирпаниб тушиб кетар, сира эпга келмасди. Партия котиби ва директор дўстона ёрдам қўлини чўзишди, чўплари билан бироз уградан қисиб, унинг оғзига олиб боришди, кейин эса баланд овозда буюришди:
– Ичингизга тортинг!
Динг Гоуэр куч билан ҳавони ичига тортди ва титраб турган угра “шилқ” этиб оғзига келиб тушди. Хизматчи қизлардан бири кафти билан оғзини тўсиб, ҳиринглаб кулиб юборди. “Қизлар қиқирлаганда, эркак ўша заҳоти жонланади”, – шу тариқа даврада кайфият бирдан кўтарилди.
Қадаҳлар яна тўлдирилди ва партия котиби ёки директор ўз қадаҳини кўтарди:
– Тергов ўтказиш учун камтарона конимизга олий тоифали терговчи Динг Гоуэрнинг қадам ранжида қилиши биз учун катта шарафдир. Шу боис эски ходимлар ва ишчилар номидан сиз улар учун уч қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан. Борди-ю, рад этгудек бўлсангиз, бу бизнинг ишчи синфимизга, исқирт кончиларимизга нафратингизни билдиради.
Ҳаяжондан нотиқнинг оқ юзи қизариб кетганини кўриб, қадаҳ сўзининг маъносини чақиб ва бу ўзига хос аҳамиятга эга эканини ўйлаб, Динг Гоуэр инкор этолмади. Назарида, минглаб кончилар унга тик қараб тургандек туюлди – каска кийган, камарларини тортиб боғлаган, бошдан-оёқ қоп-қора, фақат тишлари ярқирарди. Нима бўлса бўлар, деди-да, у мамнуният билан қаторасига уч қадаҳни сипқорди.
Бир қадаҳ сўзи айтувчининг ўрнини ўша заҳоти бошқаси эгалларди. Ўзининг саксон тўрт ёшли онаси номидан у Динг Гоуэрга мустаҳкам соғлиқ ва руҳий бардамлик тилади. Динг Гоуэр ичишдан бош тортганда, у шундай деди:
– Ўртоқ Динг, ҳаммамизни онамиз туғиб катта қилган, тўғрими? Нақлда айтадилар-ку, етмиш уч ёшда ва саксон тўрт ёшда Янло-ван ҳузурига чорлайди, деб биласиз-а? Бошқача айтганда, мана шу ёшда онаизорларимиз ёруғ дунёни тарк этишлари мумкин бўларкан. Наҳотки, бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрда бўлган волидаи муҳтарамамиз номидан ичмасак?
Динг Гоуэр ҳам сочлари оппоқ онаизорини киндик қони тўкилган жойда қолдириб келганди. Худди унинг ўзи каби эл-юрт ичида ҳурматли бўлган ўғилнинг илтимосини менсимаслик инсофданми? Шуни ўйлаб, ҳатто юраги сирқираб кетди. Шундай онанинг ўғли учун ичмаслик қандай бўлади? Ўғиллик ҳурмати кучлилик қилиб, у қадаҳни олди-да, бир кўтаришда сипқорди.
Кетма-кет отилган тўққиз қадаҳ арақ қурсоққа келиб тушгандан кейин тана билан ҳуш бир-биридан ажрала бошлади. Ажрала бошлади эмас, ростини айтсак, ҳуш бир чиройли капалакка айлангандек бўлди. У ҳали қанотларини ёйганича йўқ, аммо қанотларини ёйиш унинг қисматига ёзилган ва айнан ҳозир у бош чаноғининг марказий нуқтасидан чиқиб келмоқда. Ҳуш тарк этган қобиқ қурт тарк этган пилладек еп-енгил бўлиб қолади.
Энди бировлар учун барча “олинг-олинг”лар ортда қолиб, гўё қудуқни тўлдириш учун қадаҳ кетидан қадаҳ кўтаришга навбат келганди. Мана шу ичкиликбозлик давомида қизил либосдаги уч нафар қиз алангадек гуриллаб, у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб турди. Худди тўсатдан чақнаган чақмоқ каби бирининг кетидан бири буғи кўтарилиб, иштаҳани қитиқлайдиган ажойиб мазали таомларни олиб кирардилар. У нақ шапалоқдай келадиган крабни паққос туширганини, аччиқ қизил қайладаги йўғон креветкадан татиб кўрганини, косаси яшилтоб, ниқобдаги янги русум танкага ўхшаб кетадиган ва ошкўкли яшил шўрвада сузиб турган катта тошбақанинг чангини чиқарганини, кўзлари юмуқ ва заррин пўстлоқли “тилларанг товуқ”ни бир ёқли қилганини, ёғлари сўлқиллаган, ҳали ҳам оғзини каппа-каппа очиб турган карини жиғилдонга урганини аранг эслади. Жуфт-жуфт қилиб пиширилган, эҳром шаклида тахлаб қўйилган моллюскалар, ҳозир томорқадан кавлаб келинган, чайнаганда карс-курс қиладиган қизил редискаларни танглайида айлантириб, ширин ва ёғлиқни, сирпанчиқ ва ёпишқоқни, нордон ва тахирни, аччиқни, чучукни, шўрни, чучмални туйди. Вужуди хилма-хил сезгиларга тўлиб-тошди, кўзлари айланиб кўтарилаётган хушбўй буғ узра нари бориб-бери келарди, онгнинг ҳавода муаллақ сузиб юрган кўзи ҳар бир рангни бехато илғаб оларди, ҳиднинг хилма-хил шакл-шамойилдаги зарралари унинг назаридан четда қолмаётганди, улар бепоён кенгликда сарҳад билмай ҳаракат қилар эди. Улар ҳаммаси биргаликда зиёфатхона бағрига ўхшаган ҳандасавий жисмни вужудга келтирганди, айримлари эса, албатта, гулқоғозларга, дарпардаларга, диван ғилофларига, чироқдонларга, қизил либосли қизларнинг мижжаларига, партия котиби ва директорнинг салқи манглайига, илгари шаклсиз бўлган, энди эса шаклга эга бу барча нур оқимларига ўтириб, ўрнашиб қолганди, бу нурлар гоҳ эгилар, гоҳ тебранар эди…
Кейин саккизоёққа ўхшаган кўппанжали қўл унга қизил мусаллас таклиф қилгандек эди. Қадаҳ ҳам бир қанча қисмларга бўлинар эди, гўё нафис эҳром ёки махсус техника билан олинган фотосуратдек, нисбатан барқарор ва тиниқ оч қизил ранг устига оқ қизғиш тутун сузиб чиққандай бўлади. Бу мусаллас қадаҳи эмас, уфқ ортидан кўринувчи қуёш, ўзининг сокин гўзаллиги билан улуғворлик касб этувчи олов зўлдир, севимли инсонингнинг қалби… Анави стакандаги пиво ҳам энди пиво эмас, балки ойдир – у ҳозиргина осмонда осилиб турганди, энди эса зиёфатхонага кириб олибди, сарғиш-жигарранг, думалоқ – ҳаддан ташқари катта бўлиб шишган қурум супурги, сон-саноқсиз юмшоқ игналарга қўнган сариқ пуфак, майин тукдор алвасти тулки… Унинг ҳуши нафратомуз заҳархандалик билан шифт тагида осилиб қолганди: у охири кондиционердан келаётган муздек ҳаво моддасига ёриб кирди, модда энг юқори нуқтагача етишга халақит беради; ҳуш аста-секин совиди ва унда гуллари беқиёс даражада чиройли қанотлар пайдо бўлди, у фоний жисмдан чиқиб қанотларини ёйди-да, парвоз қила кетди. У деразадаги шойи пардаларга тегиб кетди – албатта, унинг қанотлари юпқароқ, ёрқинроқ эди – қандиллардаги шиша шокилаларга, қизларнинг олчадай қип-қизил лабларига, сийналарига тўкилар эди, бошқа, янада дилбар, янада пинҳон жойларигача бориб етар эди. У теккан жойдаги нишонлар ҳамма жойда манаман деб турарди: чой ичиладиган кружкаларда, мусаллас шишаларида, полдаги тахталар туташган жойларда, соч толалари орасида, “Жунхуа” сигарети ғовакларида… Мулкларида санқиб юрган махлуқ боласидай у ўз ҳидини қолдиради. У қанотларини кенг ёйди ва чегара-пегарани писанд этмасди: шаклга эга бўлган ва эга бўлмаган ҳолда қандил осиғлиқ занжирнинг бир ҳалқасидан бошқасига осонгина ўтиб оларди. Кўнгилга келса бўлди, бир қарасанг, истаган томонида айланиб юради, бир қарасанг, у ёқ-бу ёққа бориб келаверади ва бемалол истаган ёққа кетиб қолаверади. Аммо бу эрмаклар унинг жонига тегади.
Ол рангли либосдаги қиз қаттиқ чучкурди ва Динг Гоуэрнинг ҳуши бир томонга, тўғри зиёфат столининг учинчи ҳадида турган кактусга ўқдай отилди. Қарши ҳаракат кучи уни орқага отиб юборди, гўё кактус тиканли кафти билан унга шапалоқ туширгандай бўлди.
Динг Гоуэрнинг боши тарс ёрилай дер, қорни бураб оғрирди, худди кўплаб кўпикдор шаршаралар вужудга келгандек, нуқул қулдир-қулдир қиларди, аъзойи-бадани қичишиб, худди қизилча бўлгандек, олачипорлашиб кетганди.
Ҳиқ-ҳиқ қилиб йиғлаганча дам олиш, нафасини ростлаш учун ҳуш унинг бошига келиб тушди. Ҳушнинг кўзи хиралашди, Динг Гоуэрнинг кўзлари яна кўриш қобилиятини тиклади ва унинг қаршисида партия котиби ва директор қадаҳ кўтариб туришарди. Улар унга тепадан эгилиб қарар ва овозлари қутурган тўлқиндек гумбурлаб садо берар, қирғоққа келиб урилган тўлқинлар каби ҳар томонга сочилиб, тўртала девордан акс садо қайтарарди ва чўққида туриб олиб, олис тоғларга ёйилиб кетган отарини тўплашга ҳаракат қилаётган чўпон бола овози бўлиб қулоққа чалинарди.
– Ўртоқ Динг, отагинам, аслида бизлар битта оиламиз, бир қориндан талашиб тушган оға-инилармиз, қадрдон оға-инилар эса хоҳлаганча ичишлари керак. Маза қилиб яшаш керак, қувониб яшаш керак, қабрга ҳам ўйнаб-кулиб, шодон бориш керак… Қани, яна битта олинг-чи… Ўттиз чирпит… Бўлим бошлиғи муовини Жин номидан… Ўттиз чирпит сен учун… Ич, ичавер… Ичмаган – эркак эмас… Жин, Жин, Жин… Жин Ганжуан ичишни билади… У ҳурматли одам, бутун бир денгизни ичиб юбора олади… Тўхтовсиз, ҳад-чегара билмайди…
Жин Ганжуан! Бу исм Динг Гоуэрнинг юрагини олмос пармадай тешиб ўтди, санчиб оғриганидан оғзи қийшайди ва лойқа суюқлик оқими билан бирга қўрқинчли сўзлар сачраб чиқа бошлади:
– Анави бўривой… – ўқчиб, яна қусади. – Гўдакларни ейди… – Яна қусади. – Бўри!
Ҳуш ҳуркиб кетган палапондай инига учиб кирди; қорнидаги ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетди – оғриқки, таърифга сиғмайди. Орқасидан астагина иккита мушт туртди, унинг кўнгли яна ағдарилди… Мусаллас… Шиллиқ, кўз ёшлари ва мишиқлар, чўзилувчан ва охири йўқ оғриқ, кўз олдида эса ям-яшил сув товланади.
– Сал дурустмисиз, ўртоқ Динг Гоуэр?
– Ўртоқ Динг Гоуэр, сал бўлса ҳам дурустмисиз?
– Қани, келинг, яна бир кучанинг, мана шу аччиғи охиригача чиқиб кетсин!
– Қусиш, қусиш керак, бу соғлиқ учун фойдали.
Ҳар икки томондан суяб, партия котиби ва директор унинг орқасидан дуп-дуп урар, қулоғига таскин сўзлари қуяр, сув ютиб қолган болани қутқарган қишлоқ фельдшери, тўғри йўлдан озган болага насиҳат қилган ёш ўқитувчи каби алдаб-сулдар, юпатар эдилар.
Динг Гоуэр бироз яшилтоб суюқликни чиқариб ташлаганидан кейин ол ранг либосли бир хизматчи қиз унинг оғзига бир пиёла “лунцзин” кўк чойидан қуйди; бошқаси сариқ дамлама – шансий сиркаси билан сийлади; партия котибими ё директорми унинг оғзига чақмоқ қандли нилуфардан солди; партия котибими ё директорми унинг бурни тагига асалга солинган “қорча” – нок бўлагини келтириб ҳидлатди.
Қип-қизил кийимли бир қиз тетиклантирувчи ялпиз мойи ва тўйинтирилган патли сочиқ билан унинг юзини артди; яна бири ердаги ахлатни тозалади, учинчи бири атирли шойи момиқ билан қолдиқларни артди; тўртинчиси эса столдан ишлатилган ликобча ва қадаҳларни йиғиштириб олди, бешинчиси янги идишларни териб қўйди.
Яшин тезлигида хизмат кўрсатишнинг бу усули Динг Гоуэрга шунчалик таъсир қилдики, ҳозиргина мусаллас билан бирга отилиб чиққан кескин сўзлар туфайли ич-ичидан афсус қилди ва одоб билан кечирим сўрайман деб турганида узоқдан ё партия котибининг ё директорнинг овози қулоғига чалинди:
– Ўртоқ Динг, отагинам, хизматчи қизларимиз сизга ёқдими?
Хижолат ичида Динг Гоуэр қизларнинг ғунча каби нозик юзларига кўз солди ва мақтов сўзларини тизиб ташлади:
– Ажойиб қизлар! Ғоятда зўр! Қойил!
Афтидан кўравериб кўзлари пишган ол либосдаги қизлар худди оч кучукваччалар тўдаси ёки фахрли меҳмонларга гул олиб келаётган ёш кашшофлар дастаси каби ёппасига столга ёпирилишди. Столнинг барча ҳадида бўш қадаҳлар тўлиб ётарди ва қизлар биттадан қадаҳ олиб – бири каттасидан, бири кичигидан – ким қизил мусаллас билан, ким сариқ гуручли мусаллас билан, ким арақ билан, ким лиммо-лим қилиб, ким тагидан қилиб қуйди-да, кимлар баланд, кимлар паст овозда жўр бўлиб Динг Гоуэрнинг шарафига қадаҳ сўзи айта бошлади.
Қадаҳ сўзи эгасининг эса аъзойи-баданини ёпишқоқ тер қоплаганди, лаблари қотиб, тили айланмаётганди. У бир оғиз ҳам сўз айтолмади, фақат тишларини қисиб ва кўзларининг пахтасини чиқариб, ўз устидан мана бу кайф берувчи заҳарни қуйиб юбориш қолган эди холос. “Саркарда ҳам гўзалнинг пистирмасига бас келолмайди”, деб тўғри айтишган. Кўзни чирт юмиб, шартта…
Яна унинг мазаси қочди: бош чаноғида қутқучи иблис яна ғивирлаб қолди ва қон миясидаги тешикча орқали қисиб кела бошлади. “Кўнгил жойида эмас” дегани худди шу бўлади. Ҳозир жон шифтнинг аллақаерида осилиб туриши ҳақидаги азобли фикр чинакам даҳшат уйғотди, азоб бераётган жой – бош чаноғини қўллари билан енгмоқчи бўлди. Аммо бошни чангаллаш одобдан эмас, шу заҳоти ўшанда, юк машинасида ҳайдовчи қизга боплаб панд бергани хаёлидан йилт этиб ўтди. Бейсболка, ҳужжатлар солинган папка ва ундаги тўппончани эсга солди, қўлтиғи жиққа терлаб кетгани шундан эди. У атрофга олазарак қарай бошлади, бу фаросатли бир қизнинг эътиборини тортмай қолмади ва папкани аллақаердан олиб келди. Папкани олиб пайпаслаб кўргач, темир дўсти аввалгидек жойида эканига амин бўлди ва шу заҳоти тер чиқиши тўхтади. Бейсболка йўқ эди. Дарвоза олдидаги қўриқчи кўппакни аниқ-тиниқ эслади. Кираверишдаги навбатчи, хавфсизлик бўлимидаги ёш йигит, кесилган дарахтлар омбори, кунгабоқарлар – булар барчаси ҳув олис-олисларда қолиб кетганди ва булар барини у ўнгида кўрганмиди ё тушдами, билмасди. У жуда катта ҳушёрлик билан хоинлик ва худди қочиш режасини тузган руҳ амри билан бўлгандек тиззалари билан папкасини қисди, кўз олдида ёғду бир чарақлаб, бир ўча бошлади, бундан теварак-атроф бир аниқ кўринса, бир хиралашарди. Тиззаларида эса у кўплаб ёғ доғларини ва ифлос изларни кўрди, улар гоҳ Хитойнинг оппоқ ёритилган харитасига, гоҳ Яванинг қорайтирилган шаклига ўхшаб кетарди. Гарчи нимадир нотўғри тасвирланган бўлса-да, у ҳаммасини жой-жойига қўйиб чиқишга чиранди. У Хитой харитаси доим ёрқин ва аниқ, Ява харитаси эса қора ва пала-партиш бўлишини хоҳларди.
Жюгуо шаҳар қўмитаси тарғибот бўлими бошлиғининг муовини Жин Ганжуан келгунига қадар Динг Гоуэрнинг қорни ҳазилакам оғримади. Ичида қандайдир англаб бўлмас тарзда бир нарса буралар ва ҳали у жойига, ҳали бу жойига кўчар эди: нимадир санчиларди – санчилганда ҳам қанақа денг! – нимадир ёпишарди – ёпишганда ҳам қанақа денг! – қандайдир бир-бири билан чалкашиб, чатишиб кетган нарсалар чўзилар ва судраларди, бу ҳам етмагандай ўйиб-ўйиб оларди. Худди заҳарли илонлар кулча бўлиб олганми дейсиз. Ҳаммаси равшан: ичакларга бир нима бўлган. Бу ёқда яна ҳуши турли бало-баттарларни тасаввурига келтириб ётибди: гуриллаган олов, чўлтоқ супурги, ошқозоннинг ғичирлаб тозаланаётган деворлари худди қалин ахлат билан қопланган гулдор тунги тувакка ўхшайди. “Вой ойижоним-а! – ўзича оҳ тортиб юборди терговчи.
Бунга қандай чидайман энди, шунчалик ҳам омадсиз бўламанми! Бу конга келиб қанақа тузоққа илиндим ўзи? Зиёфату мусалласдан қилинган тузоқ! Гўзал чеҳралардан қилинган тузоқ!”
Қаттиқ букчайиб, Динг Гоуэр ўрнидан турди, аммо оёқларини сезмади ва шу боисдан уни қайта ўтиришга нима мажбур қилганини айтиш қийин эди. Оёқларми ё миясими? Ол либосдаги қизалоқларнинг чақноқ нигоҳларими? Ёки партия котиби билан директор унинг елкасидан босиб тушишдими?
Стулга ўзини ташлар экан, қулоғига гўё олисдан, бир нима чўзиқ ғийтиллагандек бўлди. Ол либосдаги қизлар оғизларини кафтлари билан ёпиб, ҳиринглаб кулиб юборди. У қичқириб бермоқчи бўлди, аммо кучи етмади: бадани жон билан хайр-маъзур қилиб бўлганди, балки яна ўша эски дарди хуруж қилаётгандир – хоинлик ҳуши уни тағин тарк этмоқчи бўлаётгандир? Мана шу машаққатли ва ноқулай пайтда зиёфатхонанинг овоз ютувчи қора-қўчқил сунъий чарм қопламали эшиги очилди ва Жин Ганжуан кириб келди. Олмосдек чарақлаб ва атрофга пулнинг ҳидини таратиб, у бамисоли баҳор нафасидек, қуёш нуридек, олий мақсад тажассумидек, порлоқ умиддек пайдо бўлди.
Кўриниши кўркам, ўрта ёшларда, қорачадан келган, энсиз юзли, ўркач бурунли бир киши. Кумуш камончали тўқ жигарранг шиша линзали кўзойнаги ортидан қандилларнинг ёрқин нурида иккита тубсиз қудуқдек кўзлар кўринарди. Ўртабўй, эгнида яп-янги тўқ кўк костюм, оппоқ кўйлак, оқ-кўк йўл-йўл галстук таққан, қора чарм туфлилари ялтиратиб чўткаланган, сочи тождай ўзига ярашган – жуда пахмайган ҳам эмас, жуда силлиқ қилиб ҳам таралмаган – оғзида битта мис, балки тилла тиш ярақлаб кўринарди. Жин Ганжуан деганлари, гапнинг индаллосини айтганда, ана шунақа одам эди.
Бирдан карахтликдан чиққан Динг Гоуэр англади: “Бу – тақдир, мана ҳақиқий рақиб”.
Партия котиби ва директор шиддат билан ўрнидан туришди, стол қиррасига урилиб кетай дейишди. Кимдир шошганидан енги билан пиволи стаканни ағдариб юборди-ю, тўқ сариқ суюқлик дастурхонга тўкилиб, тиззаларга тушди. Улар бунга эътибор беришмади. Стулларни суриб, улар столнинг ҳар икки томонидан меҳмонга пешвоз чиққани отилишди. Пиво тўкилишидан сал олдин уларнинг қувноқ қичқириқлари янгради: “Бўлим бошлиғи Жин келди!”
Меҳмоннинг жарангдор кулгиси тўлқин-тўлқин бўлиб таралди, танобий ҳавоси қисилди, Динг Гоуэрнинг бошидаги чиройли капалак ҳам қисилди. Турмоқчи эмас эди-ю, барибир турди. Жилмаймоқчи ҳам эмасди, аммо юзида чуқур жилмайиш пайдо бўлди. Ана шу табассум билан Динг Гоуэр янги келганнинг истиқболига пешвоз чиққани ўрнидан турди.
– Танишинг: шаҳар қўмитаси тарғибот бўлими бошлиғи Жин, бу эса провинция прокуратурасининг махсус муҳим ишлар бўйича терговчиси Динг Гоуэр, – партия котиби ва директор уларни бир-бирига жўрликда таништиришди.
– Ҳаяллаганим учун кечирим сўрайман, – беҳаёларча табассум билан деди Жин Ганжуан, эскичасига муштумини кўксига қўйиб саломлашаркан.
У қўлини Динг Гоуэрга узатди. У қўл бериб саломлашмоқчи эмасди, аммо узатилган қўлни сиқиб қўйди. “Гўдакларнинг гўштини ейдиган бу иблислар раҳнамосининг панжаси муздай совуқ бўлиши керак эди, – ичидан таажжубланди у. – Қизиқ, унинг қўли юмшоқ ва иссиқ, нега? Намчил ва ёқимли…”
– Хуш келибсиз, хуш келибсиз! – қулоғига чалинди Жин Ганжуаннинг унга қаратилган илтифоти. – Бу учрашувни интиқлик ва интизорлик билан кутаётган эдик, сиз тўғрингизда кўп эшитганман.
Ҳамма бошқатдан жой-жойига ўтиргач, Динг Гоуэр тишларини қисди. “Ўзимни ҳушёр тутишим керак, бир қадаҳ ҳам ичмаслигим лозим. Энди ишни бошла!” – буйруқ берди у ўзига.
Энди у Жин Ганжуан билан ёнма-ён ўтирарди ва ўзини ҳаддан ташқари ҳушёр тутаётганди. “Эҳ Жин Ганжуан, Жин Ганжуан, ҳар қанча қоядек мустаҳкам бўлма, илдизинг ҳар қанча чуқур бўлмасин, арқонни ҳар қанча узун ташлама, бир марта қўлимга тушсанг бас, қутулиб бўпсан мендан. Борди-ю, ишим кўнгилдагидек чиқмаса, бошқалар ҳам оладиганини олади!”
Жин Ганжуан ташаббусни ўзига олди:
– Модомики кечикдимми, менга ўттиз қадаҳ жарима!
Қулоқларига ишонмаган Динг Гоуэр ё партия котибига, ё директорга бурилиб қаради. У тушунганнамо жилмайди. Ол либосли қизалоқ баркашда ялтираган қадаҳларнинг янгиларини олиб келди ва Жин Ганжуаннинг олдига қўйди. Иккинчи қизнинг қўлида арақли графин бор эди, нозли ҳаракатлар билан қадаҳларни тўлдириб чиқди. Унинг тажрибасига гап йўқ: у бир томчи ҳам тўкмай, дадил, аниқ ва шиддат билан қуярди. Сўнгги қадаҳга қуяётганида биринчисидаги майда инжу пуфакчалар ҳали ғойиб бўлмаганди. Гўё Жин Ганжуаннинг рўпарасида ғаройиб гуллар барқ уриб очилгандек. Динг Гоуэр бутунлай ҳаяжонда эди. Аввалига хизматчи қизнинг ноёб ва мислсиз маҳоратига қойил қолган бўлса, қолаверса, Жин Ганжуаннинг йигитларча ботирлигига лол қолди. Ростданам олмос пармасиз чиннига яқин йўлама: қўлингдан келмаса, йиғиштир, тамом.
Жин Ганжуан пиджагини ечди, уни ўша заҳоти қизалоқлардан бири олиб кетди ва Жин терговчига мурожаат қилди:
– Ўртоқ Динг, дўстим, нима деб ўйлайсиз, мана шу ўттизта қадаҳдаги маъданли сувми ё арақми?
Динг Гоуэр ҳидлаб кўрди, аммо димоғи ўлгандек эди.
– Ноннинг таъмини билмоқ учун ундан тотиб кўриш керак, ҳақиқий арақми ё ҳақиқий эмаслигини билмоқ учун ичиб кўриш керак. Илтимос, шу қадаҳлардан учтасини танланг.
Иш ашёларидан Динг Гоуэр билардики, Жин Ганжуанга бу борада ҳеч ким бас келолмайди, бироқ таваккал қилиб ҳам бўлмасди, бунинг устига ҳар икки томонда ўтирганлар “олинг-олинг” қилиб, қизиқтирмоқда эди. Шу боис у мана шу ўттиз қадаҳ орасидан учтасини танлаб олди-да, тилининг учини текизиб-текизиб, ичидагини текшириб кўрди. “Хушбўйгина, аччиққина – бундан чиқди алдашмаётган экан”.
– Бу учала қадаҳни ичишингизга тўғри келади, ўртоқ Динг, отагинам! – деди Жин Ганжуан.
– Тотиб кўргандан кейин ичилади, қоидаси шу, – бир томондагиси таъкидлади.
– Ичган – айб эмас, тўкиб қўйган – айб эмас, аммо бундай неъматни ташлаб юбориш – турган-битгани увол, – қўшимча бўлди иккинчи томондан.
Динг Гоуэрнинг учала қадаҳни бўшатишдан бошқа иложи қолмади.
– Раҳмат, катта раҳмат, – ташаккур билдирди Жин Ганжуан. – Энди навбат меники!
У қадаҳни кўтарди-да, унсиз симирди. Лабини ҳўл қилмади ва лабини теккизиб тотиб ҳам кўрмади, бир томчи томизмади ва бир томчи қолдирмади ҳам, виждонан, чиройли ва бежирим ичди. Шундоқ кўриниб турибди: ичиш бўйича тенги йўқ уста. Ҳар бир қадаҳдан кейин суръат ортиб борарди, аммо ҳаракатлар ўшандай аниқ, тўғри ва бир хил эди. Охирги қадаҳни кўтаргач, у шошмай кўкси олдида гўё камонча билан скрипка пардалари устидан юргизиб ўтгандек, чиройли ёйни чизиб кўрсатди. Зиёфатхонадан назокатли паст овозлар қуйилиб келди-да, Динг Гоуэрнинг томирлари бўйлаб оқа кетди. Ҳушёрлик бироз бўшашгандек эди ва жилға чеккасидаги муздан биринчи баҳор майсаси ёриб чиққанга ўхшаб, кўнглида Жин Ганжуанга нисбатан илиқ туйғулар униб чиқди. У сўнгги қадаҳни лабларига олиб борганда, унинг тиниқ, қора кўзларида қайғу милтиллади. Атрофга енгил, нафосатли ва гўзал қайғу нафасини таратар экан, бу одам оқкўнгил ва сахий бўлиб қолганди. Мунгли наволар тарала бошлади, салқин куз шабадаси тўкилган заррин япроқларни ўйнарди, сағаналар олдида майда оқ гуллар очилганди. Динг Гоуэрнинг кўзлари намланади, гўё бу қадаҳда у қоялар ичидан отилиб чиққан ва чуқур ложувард кўлга келиб тушадиган мусаффо чашмани кўргандек бўлди. У бу одамни яхши кўриб қола бошлаган эди.
Партия котиби ва директор чапак чалар ва олқиш сўзлар айтар эдилар. Бой шеърий таассуротларга тўлиб-тошган Динг Гоуэр бир оғиз ҳам сўз айтмади. Бирмунча вақт орага жимлик чўкди. Ол либосдаги тўрт нафар хизматчи қиз қулоқ солаётгандай қимир этмай турарди, гўё чуқур хаёлга толган, бир-бирига ўхшамайдиган канна гулларининг ўзгинаси.
Кондиционернинг ғалати гувиллашигина сукунатни бузарди. Партия котиби ва директор баланд овозда Жинга яна ўттиз қадаҳ арақ ичишни таклиф қила бошлади, аммо у бошини чайқаб деди:
– Йўқ, мен бундай қилмайман, асалнинг ози яхши, дейдилар. Аммо ўртоқ Динг билан биринчи учрашувни нишонламаса бўларканми – учтадан уч марта.
Ҳамма нарсани унутиб, Динг Гоуэр шу одамга қараб қолди: ўттиз қадаҳ арақни паққос урса ҳам лоақал афти буришмади-я. У Жиннинг хатти-ҳаракатига шу қадар маҳлиё бўлиб қолган, ёқимли овозига шунчалик мафтун бўлиб қолган, унинг мис ё тилла тишининг енгил товланишидан шунчалик таъсирланган эдики, уч карра уч тўққиз бўлишини дарҳол англаб етмади.
Унинг олдига тўққизта тўлдирилган қадаҳни қўйишди. Жин Ганжуаннинг олдига ҳам ўшанча. Бу одамга бўлган эҳтиромига қарши тургани унинг мажоли қолмаганди, тана ва ҳуш бир-биридан айро эди: “Ичма!” – қўл эса шартта қадаҳни оғзига тўнкаради.
Тўққиз қадаҳ меъдага қуйиб бўлинганда, унинг кўзларига ёш қалқди. “Ие, нима бўлди ўзи, тағин зиёфатда-я? Ҳеч ким урмаган, ҳеч ким сўкмаган бўлса, нега йиғлаяпман? Қаёқданам йиғлардим. Сени қара-ю, бир гал ёш чиқса, дарров йиғлаган бўлаверадими?” Бироқ кўз ёшлари тобора тошиб келмоқда эди ва кўп ўтмай ёмғирдан кейинги япроқ каби бутун юзи жиққа ҳўл бўлди.
– Гуруч беринглар, ўртоқ Динг овқатланиб бўлгандан кейин дам олсин, – қулоққа чалинарди Жин Ганжуаннинг овози.
– Ҳали асосий таом берилгани йўқ!
– Э-ҳа… – Жин Ганжуан ўйланиб қолди. – Бўпти, тезроқ беринглар!
Ол кийимдаги хизматчи қиз кактусни олиб келди. Бошқа иккитаси каттакон тилла суви югуртирилган айлана баркашни олиб кирди, баркашда чордона қуриб бир ўғил болача ўтирарди; ундан ажойиб бўй тараларди, тилларанг-сариқ баданидан эса ёғ томарди.

II

Муҳтарам мураббий Мо Ян!
Хатингизни олдим. Шахсан жавоб қайтаришга вақт топганингиз, шунингдек, ҳикоямни “Фуқаро адабиёти”га шунчалик тез тавсия этганингиз учун Сиздан беҳад-беҳад миннатдорман. Кайфи ошиб, алжираяпти деманг – эҳтимол, бу яхшимасдир – аммо ушбу ҳикоя ижодий янгилик руҳига, мусаллас моҳияти руҳига тўла, инқилобий руҳга тўла ва борди-ю, “Фуқаро адабиёти” уни эълон қилмас экан, демак, муҳаррирлари кўр экан.
Жаноб Ли Цининг Сиз тавсия қилган “Мени ит қаторига қўя кўрманг” китобчасини ўқиб чиқдим. Расвои радди бало экан-ку бу ит. Тўғрисини айтсам, у менинг чапараста жаҳлимни чиқарди. Бу Ли Ци дегани аъло, муқаддас адабиётни уятсизларча поймол қилади, модомики, бунақага сабр қилиш керак бўлса, унда сабр қилмайдигани қанақа бўлади?! Қачон бўлмасин, у билан учрашиб қолгудек бўлсам, шундай баҳслашаманки, ё нари, ё бери бўлади – ўрта йўл йўқ! Шунақанги эътирозларни билдираманки, етти тешигидан қонлар тизиллаб отилсин, баданида кўкармаган, ёрилмаган жойи қолмасин, онасини нақ учқўрғондан кўрсин. На ўлиги, на тириги билинмай қолгунча дўппослайман, “бир буддавий дунёга келса, бошқаси нирванага кетади” деган гапни қиламан ўшанда.
Мураббий, мутахассисликни расамади билан ўрганиш менга Жюгуода порлоқ келажак ваъда қилади, деб ёзганингизда Сиз мутлақо ҳақсиз: еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда бўлади, уйлик бўласиз, мартабангиз ортади, пул ва сулув аёллар бисотингизда. Аммо мен ёш йигитман, менинг ўз орзуларим бор ва бир умр мусалласда ачиб ўтиш хоҳишим йўқ. Мен Лу Синга ўхшагим келади, у адабиётни деб шифокорлик касбидан воз кечди. Мен мусалласни ташлаб, адабиёт билан шуғулланишни, унинг ёрдамида тоғни сурган Юй Гунга ўхшаб жамиятни ўзгартиришни, хитойликларнинг миллий онгини ҳам бошқа ўзанга солиб юборишни ўзимга мақсад қилганман. Мана шу олий мақсадни деб мен бошимни кундага қўйишга ва қон тўкишга тайёрман. Модомики, бошимни кундага қўйишга тайёр эканман, бошқа нарса тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади!
Мураббий, мен адабиёт билан шуғулланишга азму қарор қилдим, мени бу мақсаддан ҳатто ўнлаб қудратли суворий ҳам қайтаролмайди, айтишади-ку, “бозорчи хотин тарози тошини ютиб юбориб, темирдай мустаҳкам бўлди” деб, бинобарин, мени аҳдимдан қайтишга уринишнинг кераги йўқ. Борди-ю, Сиз шунга бел боғлагудек бўлсангиз, менинг Сизга бўлган меҳрим нафратга айлангусидир. Адабиёт – халқ иши, наҳотки кимларгадир у билан шуғулланиш мумкин-у, менга мумкин эмас?! Маркс олдиндан кўра билганидек, коммунизмнинг муҳим мақсадларидан бири санъатнинг меҳнат билан ва меҳнатнинг санъат билан қўшилиб кетишидир ва биз коммунизмга етганимизда, ҳамма ёзувчи бўлади. Албатта, биз ҳозир бошланғич палладамиз, бироқ бошланғич палла қонунларида мусалласшунослик номзодларининг романлар ёзишига рухсат этилмаслиги ҳақида лом-мим дейилмайди. Сиз, мураббий, ҳеч қачон бу ярамас ҳаромзодалардан ибрат олмаслигингиз керак, улар ном қозониб оладилар-да, адабиёт олами устидан яккаҳоким бўлиб олишга ҳаракат қиладилар. Бошқалар ҳам ёзаётганига кўзлари тушиши ҳамоноқ ғазабга минадилар. Халқ ҳикматларида бундай дейилади: “Янцзидаги бир долға бошқасига жой бергани каби, оқимдаги бир тўлқин ўрнига бошқаси келгани каби, ўрмонда эски япроқлар янгилари билан алмашгани каби, ёшлар ҳам пировард-оқибатда кекса авлод устидан ғолиб келадилар”. Униб келаётган кучларни босишга ҳаракат қилган ҳар қандай аксилинқилобчи аравани тўхтатиб қолишга чиранган бешиктерватарга ўхшайди.
Мураббий, бизнинг лабораториямизда бир аёл маълумотнома ҳужжатларига мутасаддилик қилади. Унинг исми Лю Ян ва у ўзини сизнинг шогирдингиз деб билади. Сиз кичик зобит таркибининг Баодин билим юртида сиёсий йўриқчи бўлганингизда, Сизнинг машғулотларингизга қатнашганини айтганди. Мен ундан кўп қизиқ нарсаларни билиб олдим ва натижада менда Сиз тўғрингизда тўлароқ тасаввур юзага келди. У Сизнинг машҳур ёзувчимиз Ван Мэннинг тингловчилари олдида қандай салом берганингизни айтиб берди, у Сизнинг сўзларингизга қараганда, “Жонггуо синнян бао” (“Хитой ёшлар газетаси”) рўзномасининг ҳафталик иловасида Ван Мэн ёш муаллифларни улар танлаган йўлдан четлатишга чақирибди, ҳолбуки, бу йўл шусиз ҳам гавжум бўлган. Аёлнинг эслашича, ўшанда сиз ғазаб билан унга ўшқириб берибсиз: “Адабиётда битта Ван Мэн ҳукмронлик қилиши мумкинми? Овқат борида ҳамма овқат ейди, кийим борида ҳамма кийинади. Менга чекинишни таклиф қилишади, мен эса олға боришни истайман!”
Мураббий, сиз билан боғлиқ бу ажойиб воқеадан дарак топгач, мен бир дафъадаёқ ярим литр узум мусалласини паққос урдим. Бундан шунақанги тўлқинланиб кетдимки, ўнта бармоғим баравар титраб кетди, томирларимдаги қон биқирлаб қайнади, қулоқларим саллагул япроғидай қип-қизил бўлиб ёнди. Сўзларингиз бамисоли сурнинг жарангдор овозидек, гувиллаб эсган шамолдек вужудимда жанговар руҳни уйғотиб юборди. Бир вақтлар Сизда бўлганидек шох-шабба устида ухлашни, кўзларимдан учқун сачраши учун зардоб ялашни, ўзимни харига соч толаси билан боғлаб қўйишни ва оёғимга болға билан уришни, “қаламдан қурол ясаш”ни истайман.
Ўлсам ўламанки, ортга чекинмайман, муваффақиятга эришмасам-да, ғоя учун қурбон бўламан.
Мураббий, Лю Яннинг ўшанда Сиз қанақа бўлганингиз ҳақидаги ҳикоясини тинглаганимда ва Сизнинг хатингизни қайта-қайта ўқиганимда, вужудимни қайғу ва тушкунлик чулғаб оларди: ахир Сизнинг ўз вақтида Ван Мэн ёш адибларга (шу жумладан Сизга ҳам) маслаҳат берган нарсага даъват этмаяпсизми? Бундан жуда даҳшатли аҳволга тушиб қолдим. Мураббий, ҳой мураббий, ёлбораман, анови беҳаё нусхаларга ўхшаб ит талаган гадойнинг таёғини олиб отиш ва бошқа гадойларга ташланиш ярашмаган иш. Ўтмишда, мураббий, Сиз ҳам, менимча, маймундай озиб-тўзиб юргансиз, очликдан ичакларингиз кўкариб кўриниб турган, Сиз ҳам адабиёт йўлида қийинчиликлар ва муҳтожликларни тотгансиз. Шу боис бошдан кечирган азоб-уқубатлар ҳақида унутмаслик керак, чунки Сиз нафақат менинг муҳаббатим ва ҳурматим, балки минглаб ёш адиблар меҳру муҳаббатидан маҳрум бўлишингиз мумкин.
Мураббий, кеча кечқурун яна битта нарса ёздим – “Гўшт болалар” деган. Менинг назаримда бу ҳикояда мен Лу Синнинг услубига анча яқинлашганман ва қўлимдаги қалам ўткир йўнғичга айланган, у билан чириган ахлоқдан “маънавий тамаддун” деган жозибадор қобиқни олиб ташлаяпман ҳамда унинг ваҳшиёна моҳиятини фош қилаяпман. Бу ҳикоя “аёвсиз реализм” тоифасига киради. Мен уни бугунги “кўнгилочар адабиёт”га қасдма-қасд ёзганман, халқ оммаси тажрибаси сари боришга сўз билан даъват қилганман. Мен бу ерда, Жюгуода жир боғлаган бизнинг барча мана бу сотқин амалдорларга даҳшатли зарба беришни ўйлаганман ва бу ҳикоя, шубҳасиз, “зулматли салтанатдаги ёғду”, бугунги “Телбанинг кундаликлари”дир.
Борди-ю, уни босиб чиқарадиган нашриёт топилса, у, албатта, ажойиб самара беради, кўпларнинг кўзини очади. Хат билан қўшиб, ҳикояни ҳам жўнатаяпман ва уни ҳар томонлама танқидга дучор қилинг. “Ҳақиқий моддиюн ҳеч нарсадан қўрқмайди”, шу боис, мураббий, худди аёлларга қилинганидек ҳеч қанақанги такаллуфнинг кераги йўқ ёки ўзингизни ўтга-чўққа уришингизнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўз нуқтаи назарингизни тўғри айтаверинг, мажмағиллик ҳам қилманг, гапни айлантириб ҳам ўтирманг, бировга тегиб кетаман деб қўрқманг ҳам – атрофга олазарак қараманг, кўнгилда борини чиқариб ташланг, ахир, айтадилар-ку, чумчуқдан қўрққан тариқ экмас, деб; бу бизнинг партиямизнинг жонли анъаналаридан бири.
Мабодо, “Гўшт болалар”ни ўқиб бўлиб, Сиз ҳикоя даражасини чоп этишга муносиб деб билсангиз, илтимос, уни нашр қиладиган жойни ҳам топсангиз. Албатта, алоқалар бугун кераклигини мен тушунаман, марҳумни куйдиргани ўчоққа жўнатишяпти-ку, ҳикояни босмахонага бериш нима бўлибди? Шунинг учун, мураббий, уялманг ва шартта уларни бир ёқлик қилинг. Борди-ю, бировни ресторанга олиб бориш ёки совға қилиш керак бўлиб қолса, харажатлар тўланади (чипта олишни унутманг).
Мураббий, “Гўшт болалар” – менинг катта саъй-ҳаракатларим меваси, мен бу ҳикояга бор қалбимни берганман, шунинг учун уни “Фуқаро адабиёти”га олиб бориш маъқул. Бундай дейишимдан мақсад: биринчидан, “Фуқаро адабиёти” – Хитой адабий доираларининг етакчи нашри, у барча адабий оқимларни белгилайди ва у ерда бирон нарсани чиқариш вилоят ёки шаҳар нашриётларидан икки баравар қимматга тушади. Иккинчидан, “Фуқаро адабиёти”ни, бу мустаҳкам қалъани ҳужум билан олиш учун мен тактикага амал қиламан, яъни бошқасига парво ҳам қилмай, битта нуқтага уравераман!
Ҳурмат ва яхши ниятлар ила тинчлик ва хотиржамлик тилаб шогирдингиз
Ли Идоу

P.S.: Мураббий, бир ошнам иш билан Пекинга кетаяпти, ундан Сизга деб бир қути (ўн икки шиша) бизнинг Жюгуодаги энг аъло мусалласдан олиб бориб беришини илтимос қилдим, бу – “Люй и чун де” бўлиб, уни ишлашда ўзим иштирок этганман. Илтимос, татиб кўринг.

III

Муҳтарам мусалласшунослик фанлари номзоди, ассалому алайкум!
Олиб келинган “Люй и чун де” учун ташаккур: ранги ҳам, ҳиди ҳам, таъми ҳам ажойиб. Фақат бир нарса тишга тегади, аёлдагига ўхшаб, қандайдир умумий уйғунлик йўқ, аёлнинг юзи шундай бежирим қилиб яратилганки, гўзал эмас деёлмайсан, шунга ўхшаган қандайдир ифода этиб бўлмайдиган фусун йўқ. Менинг киндик қоним тўкилган жойларда ҳам яхшигина мусаллас тайёрлашади. Аммо уни сизларнинг Жюгуодагингиз билан тенглаштириб бўлмайди. Отамнинг ҳикоя қилишича, юзтача аҳоли истиқомат қиладиган мўъжазгина қишлоқчамизда иккита мусалласхона бўларкан, у ерда гаоляндан мусаллас қилишган, ҳар икковининг русуми бўлак-бўлак. Бир мусалласхонанинг номи “Жунжи”, иккинчисиники “Жюйюан” бўлганди. Уларда ўнлаб ишчилар ишлашган, ҳўкизлар ҳам, отлар ҳам, хуллас, йўқ нарсанинг ўзи йўқ бўлган. Тариқдан сариқ мусаллас тайёрлашга келсак, бу билан деярли бутун қишлоқ шуғулланаркан, ҳақиқатан ҳам “ҳар бир уйда мусаллас бўйи, ҳар бир ҳовлида ширин булоқ бор”.
Отамнинг амаки укаларидан бири ўша вақтларда мусалласхоналарда мусалласни қандай қилишларини ва уларни қандай бошқаришларини батафсил гапириб берганди: отам “Жунжи”да ўн йилдан ортиқ ишлаганди. Мен “Гаолян мусалласи” қиссаси устида ишлаганимда унинг тажрибаси энг қимматли ашё бўлиб хизмат қилганди. Қадрдон қишлоғим узра унинг тарихидаги барча замонларда айланиб юрган бу мусаллас бўйи менга илҳом берган эди.
Мусаллас мавзуси менга ғоят мароқли туюлади, бунинг устига мен мусаллас ва маданият ўртасидаги алоқа масаласи билан жиддий шуғулланяпман. Изланишларим натижалари озми-кўпми даражада “Гаолян мусалласи”да акс эттирилган. Ҳозир мен мусаллас ҳақидаги романни ўйлаб қолдим ва буни қарангки, Сиз, мусалласшунослик номзоди билан рўбарў турибман. Буни омад деса бўлади, бунақасини етти ухлаб тушимда кўрмаганман. Энди, ҳойнаҳой, насиҳат беринг деб Сизга мурожаат қиламан, шекилли, шу боис, умид қиламанки, Сиз мени ортиқ мураббий деб атамайсиз.
Сизнинг хатингиз ва “Гўшт болалар” ҳикоянгизни ўқиб чиқдим ва шу муносабат билан пайдо бўлган кўпдан-кўп мулоҳазаларимни ўртоқлашсам дегандим. Аввал Сизнинг хатингиз борасида:
1. Ўйлайманки, тентаклик ва оқиллик сингари инсоний зуҳурлар айни вақтда бир-бирига зид келса, бир-бири билан боғлиқдир ҳам, шу боис, нима яхши-ю нима ёмон эканини айтиш қийин. Аслида ким тентак бўлса, ҳаётда ғоят оқил бўлиши мумкин; ақлли бўлиб кўринган одам эса юрагининг ич-ичидан зўр тентак ҳам бўлиши мумкин. Шундай одамлар борки, баъзи ҳолларда ўзларини ғирт жиннидай тутади, яна бир жойда кўрсангиз, ҳаддан ташқари сипо, оғир-вазмин. Ғирт жинни ва муттасил оғир-вазмин бўлиб юриш ўзи йўқ нарса. Сизнинг, азизим, “маст жинни”нгизга келсак, бу кўпроқ кимёвий реакция натижаси ва сиздан ўпка-гина қилишга асло ҳаққимиз йўқ. Ичилган мусалласдан кейин сенинг улуғвор ҳис-туйғуларингга қойил қоламан, ичгандан кейин эса сен бир неча бор “Фуқаро адабиёти” манзили бўйлаб юриб ўтдинг, бу ҳам менга маълум бўлган ҳеч қандай қоидага хилоф келмайди, боз устига, сен уларни онадан олиб сўкмадинг, фақат бир гапни айтдинг: “агар журнал чоп этмаса, муҳаррирлар кўр экан”, дединг.
2. Худди шундай роман ёзган Ли Цининг бу борада ўз фикрлари бор ва агарда сенга ёқмаса, китобни ёп-да, бир четга қўйиб қўй, уни ўқима. Агар бир замонлар уни учратиб қолсанг, бир жуфт “Люй и чун де”дан келтириб бериб, ундан қутул ва кўзига кўринма. Сўнг зинҳор-базинҳор инқилобий романтизмга муккадан кетма, ҳеч қачон ва ҳеч қанақанги “жонга жону қонга қон” қабилидаги баҳсга кириша кўрма. Бунинг устига, муштлашиб барака ҳам топмайсан. Бу жинқарча багуацюан усулларидан бохабар, жиноят дунёси билан чамбарчас боғлиқ, у ёвуз ниятли ва шафқатсиз одам, ҳеч нарсадан қайтмайди. Айтишларича, Пекинда бир парти кетиб, шарти қолган адабий мунаққид қилар иши йўқлигидан мақола ёзибди, унда Ли Цининг ижодини роса танқид қилибди. Бу мақола босилиб чиққанидан уч кун ўтар-ўтмас Ли Ци шу мунаққиднинг хотинини шерик-периклари билан қўшиб Тайланддаги бир фоҳишахонага сотиб юборибди. Шу боис, ёлвораман, эсинг борида этагингни йиғ. Бу ёруғ оламда ҳатто Арши аълонинг ҳукмдорини ҳам аямайдиган одамлар тўлиб-тошиб ётибди. Ли Ци ўшандайлардан биттаси.
Борди-ю, сен адабиёт билан шуғулланишга чиндан азму қарор этсанг, борди-ю, “бозорчи хотин тарози тошини ютиб юборган” бўлса, гумроҳ ўғил сингари сени олдинги йўлга қайтгин деб кўндиришга ортиқ жазм этмайман, мени ёмон кўриб қолишингни истамайман ҳам. Борди-ю, беихтиёр кимгадир қарши қайраётган бўлсанг, унда иложим йўқ, аммо бунга атайлаб қўл уриш, эл айтганидек, ойнага қараб туриб, кўзнинг пахтасини чиқармоқ бўлади. Бусиз ҳам тасқараи тараққосман, тағин кўзимнинг пахтасини чиқарганим нимаси?
“Адабиёт оламига яккаҳоким бўлиш”ни хоҳлаётган мана бу “ярамас ҳаромзодалар”ни нега беҳуда яшираётганинг менинг парвойимга келмайди. Борди-ю, улар ичидан кимдир ростданам шуни ўйлаган бўлса, сенга қўшиб уни ҳам сўкаман.
Ўн йилдан кўпроқ вақт муқаддам Баодин ҳарбий билим юртида дарс берганимга келсак, мен машғулотларимга бир неча юз курсант келганини эшитдим ва Ли Ян исмли иккита курсант қиз борлиги элас-элас эсимда: бири оппоқ юзли, кўзлари чақчайган, иккинчиси қорачадан келган, семиз ва бақалоқ – сен билан қайси бири ишлашини билмайман.
Аммо аудиторияда Ван Мэнни сўкканимни эслолмайман. Ҳа-я, ёш адибларнинг ўзларига холисона баҳо бериш борасидаги таклифим баён этилган унинг мақоласини, янглишмасам, ўқиганман ва ўша вақтларда бундай мақолани юрагимга яқин олган бўлсам бордир ва ич-ичимдан изтироб чеккандирман. Бироқ маъруза чоғида Ван Мэнни сўкишим, тағин коммунизм тарғиботи билан шуғулланиб турганимда сўкишим – бунақаси икки дунёда бўлмаган ва бўлмайди ҳам.
Аслида мен ҳалигача “гадойнинг ҳассаси”ни олиб отганим йўқ ва ўйлайманки, борди-ю, қачондир отишимга тўғри келганда ҳам “бошқа гадойга ташланиш” ниятим йўқ. Албатта, бунга кафолат беролмайман, чунки инсон ўзгаряпти ва бу ўзгаришлар кўпинча унга боғлиқ бўлмайди.
Энди Сизнинг асарингиз хусусида:
1. Сиз уни “шафқатсиз реализм” деб таърифлаяпсиз. Ушбу “изм” нимадан иборатлигини тушунтириб беролмайсизми? Гарчи умумий маъноси равшан бўлса-да, бунинг нима эканини мен охиригача тушунмадим. Ҳикоядаги воқеалар тавсифидан ақл шошиб қолади, яхшиямки, бу бор-йўғи адабий асар экан. “Далил адабиёти” жанрида Сиз ул-бул ёзгудек бўлсангиз борми, нақ бошингиз балога қоларди.
2. Асар чоп қилишга арзийдими ёки йўқми деган масалага келгунга қадар одатда иккита мезон қўлланади: сиёсат нуқтаи назаридан ва санъат нуқтаи назаридан. Ҳар иккала ёндашувни ҳам тушунмайман. Бу ерда ўзи ҳаммаси тушунарсиз. Шу боис мен “ғайриоддий нарса”нинг ўзини кўрмаяпман. “Фуқаро адабиёти”да жуда кўп истеъдодлар тўпланган ва Сиз уларнинг танқидий жавобларига диққат билан қулоқ солсангиз бўлар экан.
Сизнинг асарингизни журнал таҳририятига жўнатиб юборганман. Ресторанга таклиф ва тортиқлар қилишга келсак, бу бутун бир илм-ку, менинг бунга тишим ўтмайди. Бундай ёндашув “Фуқаро адабиёти” сингари йирик нашриётларга нисбатан фойдалими, йўқми эканини англаш, афтидан, ўзингнинг зиммангдаги ишга ўхшайди.
Омад тилаб қоламан!
Мо Ян

IV

“Гўшт болалар”

Куз. Эрта тонг. Осмонда ой кўринди ва Ғарб томонда ярми эриган, четлари хира муз парчасида осилиб қолди. Чуқур уйқуда ётган Жюсянжун қишлоғи муздек ойдинга кўмилади.
Худди чуқур ер остидан келаётгандек кимнингдир қўндоғидан хўрознинг қичқириғи бўғиқ янграйди.
Бу товушдан Жиннинг хотини Юанбао қаттиқ чўчиб тушди. У адёлга ўраниб ўтириб олди-да, уйқусираганча атрофга ташвишли аланглади. Деразадан яшилтоп-оқ ойдин нури тушиб турар ва қора адёл устида кўплаб чорси шакллар ўлик тусда оқариб кўринарди. Ўнг томонда эрининг муздек оёқлари чиқиб ётарди. Адёлнинг бурчагини кўтариб, у эрининг устини ёпиб қўйди. Чап томонда ғужанак бўлиб ётган Сяо Бао бир маромда хуррак отарди.
Хўроз яна қичқирди, бу янада узоқдан, янада қулоққа бўғиқроқ чалинди: аёл қунишди, шошиб ўрнидан турди, адёлни тортиб қўйди ва ҳовлига чиқиб, бошини осмонга кўтарди. Ғарбда учта юлдуз чарақларди, Шарқда Етти Опа-сингил тўп бўлиб турарди, ҳадемай тонг отади.
У эрини турткилай бошлади:
– Туринг энди, тезроқ, Етти Опа-сингил чиқиб бўлибди.
Эри хуррак отишдан тўхтади, бир неча марта лабини яланди-да, туриб-ўтириб, талмовсираганча атрофга қаради:
– Нима, тонг отдими?
– Ҳадемай отади. Олдингидай бўлмаслиги учун сал эртароқ йўлга тушинг – қуруқ бориб-келиб юравермай.
Эр енгил курткасини шошмай кийди, ўрнининг бош томонида ётган тамакидонига қўл чўзди, трубкани олиб тамаки тўлдирди-да, оғзига суқди. Кейин чақмоқтош, ёнилғи, кукун олди-да, ўт олдира бошлади. Катта-катта учқунлар сачради, учқунлардан битта-иккитаси кукунга тушди, у лабини чўччайтириб пуфлай бошлади. Қоронғиликда оловнинг қип-қизил тили ялтиради. Трубкани ўт олдириб, икки марта тез-тез тортди-да, оловни ўчиришга шайланди, аммо хотини уни тўхтатди:
– Чироқни ёқмайсизми?
– Керакмикан?
– Ёқинг. Озгина керосин кетгани билан камбағал бўлиб қолмаймиз.
Кўкрагини ҳавога тўлдириб, у кукунга узоқ пуфлади, кукун тобора яллиғланиб борарди, охири у росманасига аланга олиб ёна бошлади. Хотини чироқни олиб келди, ёқиб, деворга осиб қўйди. Уй ичи хира яшилтоп ёғдуга тўлди. Эр ва хотиннинг кўзлари тўқнаш келди ва дарҳол кўзларини олиб қочишди. Ухлаб ётган болаларидан бири уйқусида гапира бошлади, гапирганда ҳам нақ наъра тортиб гапирди. Бошқа бири қўлини чўзиб, қурум босган деворда айлантира бошлади. Учинчиси ҳиқ этиб қўйди. Эр боланинг қўлини адёл тагига суқиб қўйди ва айни вақтда асабий тарзда ҳиқиллаганнинг сочидан силади:
– Нега инграяпсан, зараркунандагинам?
– Сув иситайми? – хўрсинди хотин.
– Исит, – рози бўлди эр. – Икки чўмич, ортиғи керакмас.
– Бу сафар уч чўмич исита қолай, – ўйлаб туриб таклиф қилди хотин.
– Қанча тоза ювса, шунча ёқар.
Эр ҳеч нима деб жавоб бермади, фақат трубкасини олди-да, эҳтиёткорона ширин уйқуни ураётган болакай ётган ўриннинг бурчагига яна қараб қўйди.
Хотин ёруғ ҳар икки хонага тушсин деб чироқни эшик устига кўчирди. Қозонни ювди, уч чўмич сув қуйди, қопқоқни ёпди, бир тутам похол тутантириқни чироқдан ўт олдириб, ўчоққа суқди. Похол гуриллаб ёна бошлади, хотин яна похол ташлади, оловнинг сариқ тиллари ўчоқ чеккаларини ялашга тушди, оловдан хотиннинг юзи ёришди. Эр ўрин яқинидаги пастак курсичага чўнқайди ва худди ёшариб қолганга ўхшаган хотинига маъносиз тикилди.
Қозонда сув жиғиллашга тушди ва хотин ўчоққа яна похол ташлади. Эр трубкасини ўрин чеккасига итқитди-да, йўталиб, сўник оҳангда деди:
– Қишлоқ кунчиқаридаги Сўйлоқ Суннинг хотини тағин бўйида бўлиб қолибди, олдингисини ҳали кўкракдан ажратгани ҳам йўқ эди.
– Ҳаммада бир хил бўлаверадими? – эрини маъқуллади хотини. – Ҳар йили биттадан бола туғишга ким йўқ дейди! Бунинг устига уч эгизак!
– Занғар Сўйлоқ жа йўлини топиб олган, қайниси борлигидан яхши фойдаланаяпти, сифат назоратчиси: одамлардан олмайди, бундан эса – марҳамат. Уникининг иккинчи нав эканини овсар ҳам билади, лекин доим олий навга ўтказади.
– Азалдан шундай бўлиб келган, бой бойга боқар, сув сойга оқар, – маъқуллади хотин.
– Аммо бизнинг Сяо Баони биринчи навга баҳолашади, мана мени айтди дерсан. Ҳеч ким болага шунча пул сарфламаган, – давом этди эр. – Ахир сен юз жин нўхат нонни, ўнталаб карасни, тўрт юз жин редискани паққос ургансан…
– Мен паққос урган эканманми? Қорнимга келиб тушганини айтмаса, ҳаммаси сутга айланиб, мана шу боламиз битта қўймай сўриб олди-ку!
Суҳбат асносида қозондаги сув қайнади, қопқоқ остидан паға-паға буғ кўтарила бошлади. Буғ юқорига кўтарилгани сайин чироқ оловнинг қизил ловияга ўхшаш тилчаси туманли ҳавода элас-элас кўзга чалинарди.
Хотин бошқа похол ташламади, эрига амр қилди:
– Тоғорани олиб келинг!
Эр жавобан нимадир деб тўнғиллади, ичкари эшикни очди, ҳовлига чиқди ва чеккалари кўчган, қора рангдаги катта тоғорани кўтариб қайтиб келди. Тоғоранинг тубидаги қолдиқ сувни юпқа муз қоплаганди.
Хотин қозондан қопқоқни олди, бирдан кўтарилган буғ сал бўлмаса чироқни ўчириб қўяёзди, кади чўмич билан қайноқ сувни тоғорага қўя бошлади.
– Озгина совуқ сув солмайсанми? – сўради эр.
Хотин қўлини сувга солиб кўрди.
– Йўқ, ўзи яхши. Олиб келинг ановини.
Эр қўшни уйга ўтди ва эгилиб, уйқуда хуррак отаётган болани қўлига олди. Бола инграб қўйди.
– Ўзимнинг гавҳарим, Сяо Бао, – эркалатиб деди Жин Юанбао, унинг кетига шапатилаб. – Йиғлама, ҳозир даданг сени чўмилтириб қўяди.
Хотин эридан болани олди. Бола қоринчасини дўппайтириб, чучук тилда гапирганча унинг сийнасига интилди:
– Қорним оч, ойи… Қорним оч, ойи…
Хотин ноилож ерга чўкди-да, нимчаси тугмаларини ечди. Сяо Бао оғзини тўғри кўкракка олиб борди-да, ҳузур қилиб чўлп-чўлп эма кетди. Худди боланинг юки босгандек, она қаддини эгди.
Эр тоғорадаги сувни чапиллатиб урганча, хотинини шоширди:
– Эмизма, сув совийди.
Хотин гўдакнинг кетига шапатилаб деди:
– Болажоним, бўлди қила қол, айланай. Бир томчи ҳам қолдирмай эмиб бўлдинг-ку. Кел, ювинтирайлик сени. Сени оппоқ қилиб чўмилтирамиз-да, шаҳарга жўнатамиз, у ерда ҳаммадан яхши, тўқ яшайсан.
Она куч билан уни ўзидан ажратди, бироқ бола кўкракдан тишлаб қўйиб юбормаётганди, худди қайишқоқлигини йўқотган эски резинадай, унинг қуруқшаган озғин сийнаси олдинга чўзилди.
Жин Юанбао силтаб болани ўзига тортди ва хотини “вой” деб юборди, бола эса чинқириб йиғлай бошлади. Ота унга бир тарсаки туширди-да, жаҳл билан ўшқирди:
– Чинқирма! Дунёни бошига кўтараман дейди-я!
– Оғирроқ бўлсангиз-чи, жа қўлингиз югурик бўлиб қолибди, – хафа бўлди хотин. – У ер-бу ери кўкариб қолса, яна сифатини пасайтиришади.
Эр шартта боланинг кийимини ечди-да, бир четга улоқтирди, сувга қўлини солиб кўрди ва минғирлаб: “Иссиқроқ, шуниси маъқул, кири яхши кетади”, – деди-да, қип-яланғоч болани тоғорага солди. Бола чинқириб юборди. Олдинги чинқириши ҳам чинқириш бўлибдими, буниси нақ дунёни бузиб юбораёзди. Оёқчаларини қисиб, у тоғорадан чиқишга жон-жаҳди билан уринарди, Жин Юанбао эса уни тоғорага ботиришга ҳаракат қиларди. Иссиқ сув хотиннинг бетига сачради, у болани иккала қўли билан маҳкам ушлаб, аста деди:
– Отаси, жуда иссиқ экан-да, бадани қизариб, яна сифати бузилиб қолмасин.
– Чинқиришини кўрмаяпсанми бу шумтаканинг, худди бу менга керакдай, – тўнғиллади эр. – Бу иссиқ ҳам унга совуқ ҳали. Бўпти, ярим чўмич совуқ сувдан қуя қол.
Хотин шошиб ўрнидан турди, осилиб турган сийнасини яширишга ҳам улгурмади, нимчасининг узун барлари ивиган байроқдай оёқлари орасида осилиб ётарди. У ярим чўмич совуқ сув олиб, тоғорага қуйди ва қўли билан тез-тез айлантириб, сувни човуштирди:
– Яхши, энди ўзига келди. Йиғлама, жавоҳирим менинг, йиғлама.
Сяо Бао энди олдингидай чинқириб йиғламаётганди, аммо оёқ ва қўлларини типирчилатишдан тўхтамаётганди: у чўзилишни зинҳор истамаётганди. Жин Юанбао ўжарлик билан уни тоғорага олишга уринарди. Қўлида чўмич тутганча унинг ёнида миқ этмай турган хотинига ўшқириб берди:
– Нега ўликдай жим турибсан? Бундоқ ёрдамлашсанг-чи!
Уйғониб кетгандай хотин чўмични қўлидан тушириб юборди. Тоғора олдида чўнқайиб ўтириб олди-да, болага сув чалпиб, думба ва оёқларини юва бошлади. Нариги уйдан уларнинг тўнғичи – етти-саккиз ёшлардаги жажжи қизалоқ чиқиб келди, у оёқяланг, тиззадан келадиган қопсимон қизил иштонда эди, сочлари тўзғин. Бошини елкаси ичига тортганча уйқусираб кўзини ишқалади:
– Дада, ойи, уни нега чўмилтираяпсизлар? Тушликка қовуриб бермоқчимисизлар?
– Бор, ётиб ухла! – уришиб берди уни Жин Юанбао.
Опасига кўзи тушиши билан Сяо Бао баттар ўкириб йиғлаб, уни ёрдамга чақирди. Опаси эса нафаси ичига тушиб, жимгина яна хонаси томон кетди, бўсағада тўхтаб, ота-оналарини кузата бошлади.
Сяо Бао йиғлайвериб, бўғилиб қолди, энди у тўхтовсиз қичқириб йиғларди, ора-чора кўз ёши тўхтаб, ҳиқ-ҳиқ қиларди. Иссиқ сувдан бола баданидаги кир ювилиб, сирпанчиқ ва ёғли бўлиб кетган, тоғорадаги сув эса қоп-қора бўтанага айланганди.
– Ишқалагич билан атир совунни опке, – буюрди эр.
Хотин ўчоқ ортидан унисини ҳам, бунисини ҳам олиб келди.
– Энди уни ушлаб тур, – қўшимча қилди эр, – мен эса ювинтираман.
Улар жой алмашишди.
Жин Юанбао ишқалагични тоғорага ботирди, косадаги сувга бироз совун солиб аралаштирди ва боланинг бўйни, думбаси ва ҳатто бармоқлари орасини ишқалади. Совун кўпигига кўмилган Сяо Бао яна овозининг борича чинқириб йиғлай бошлади ва уй ичи даҳшатли бадбўйга тўлди.
– Ҳой отаси, бунча ҳовлиқмасангиз, – раҳми келиб деди хотин. – Терисини шилиб олдингиз-ку.
– Ҳечқиси йўқ, чойқоғоз эмас, – деди Жин Юанбао бепарволик билан. – Сал ишқалаганимга шунчаликми? Сен бу назоратчиларнинг қувлигини билмайсан-да: ҳатто боланинг думбасини очиб қарашади. Мошдай кирга кўзлари тушгудай бўлса, тамом, сифати ёмон деб туриб олишади, бир улуш сифат эса ўн юандан ортиқ туради.
Ниҳоят она болани чўмилтириб бўлди. Жин Юанбао ўғилчасини ушлаб турди, хотин эса тоза патли сочиқ билан арта бошлади. Чироқ ёғдусида эрнинг қизариб кетгани кўриниб турарди, ундан тоза баданнинг хушбўй ҳиди анқирди. Хотин боланинг янги кийимлари тўпламини чиқарди-да, йўл-йўлакай эри қўлидан дўндиқчасини олди. Сяо Бао яна оғзи билан кўкрак қидира бошлади ва онаси унга қидирганини берди.
Жин Юанбао қўлларини артди, трубкани тўлдирди ва эшик устидаги чироқдан уни ўт олдирди.
– Анави ифлоснинг дастидан бутунлай ивиб қолибди, – ғудранди у, паға-паға тутун пуфларкан.
Сяо Бао эмиб-эмиб ухлаб қолди. Алла айтаётган она эса у билан ажрашишни истамаётганди.
– Бу ёққа ол, ҳали қанча йўл юришим керак пойи-пиёда! – амрона деди Жин Юанбао.
Хотин кўкрагини суғурди. Гўдаккина гўё сийна ҳали ҳам оғзидадек нуқул тамшанарди.
Бир қўлида қоғоз фонус ва иккинчи қўлида болани кўтарганча Жин Юанбао уйдан кўчага чиқди, кейин эса катта кўчага қараб бурилди. Шахдам одимлаб борар экан, у бўсағада қараб турган хотинининг нигоҳини кўз ўнгига келтириб, юраги бир тутам бўлди. Бироқ катта кўчага бурилган ҳам эдики, бу туйғу ном-нишонсиз ғойиб бўлди.
Ой ҳали ботиб улгурмаганди. Кулранг кўча-кўйларда теракларнинг япроқлари учиб юрарди, тераклар дароз бўйли азамат йигитлардай саф тортганди ва уларнинг шохлари яшилтоп оқ рангда товланарди. Тунги ҳавода сукунат ва ажал чарх урарди, эр беихтиёр жунжикди. Фонуснинг илиқ сариқ ранги кўчага чайқалиб турувчи каттакон кўланка ташлаб турарди. Кимнингдир ҳовлисидан эринибгина ит бир неча бор акиллаб қўйди. У ҳам ортиқча қизиқишсиз итнинг қорайиб кўринган кўланкасига қараган бўлди, кейин эса қулоғига итнинг сомонни шитир-шитир босиб, ғарам орасига кириб кетгани чалинди. Қишлоқдан энди чиқай деб турганида орқадан бола йиғиси эшитилди. Бошини кўтариб, бир қанча уйларнинг деразаларидан сарғиш ёруғлик тушиб турганини кўрди ва бу уйларда ҳам одамлар у хотини билан қилган юмушлар ила банд эканини англади. У бошқалардан ўзибди – шуни ўйлаб, юраги енгил тортди.
Қишлоқ чеккасидаги паноҳкор маъбуд эҳромига етиб келгач, у қўлтиғи остидан маросим пуллар ўрамини чиқарди, фонус алангасида ўт олдирди ва эҳром олдидаги манқалдонга қўйди. Олов қоғозга кичкина илончадай ўрмалай кетди, Жин Юанбао эса нигоҳини меҳробда савлат тўкиб ўтирган мангу ўлмас маъбуд ва унинг қўшалоқ хотинига олди. Уларнинг чеҳраларида муздек табассум қотиб қолганди. Маъбудни ҳам, иккала хотинини ҳам ҳайкалтарош Ван йўнган эди: маъбудни – қора тошдан, хотинларни эса – оқ тошдан. Маъбуднинг гавдаси аёлларнинг биргаликдаги гавдасидан ҳам каттароқ эди ва у икки болали отага ўхшаб кўринарди. Ван ўзи уста ҳайкалтарош бўлмагани учун ҳайкалларнинг башараси жуда хунук чиқар эди. Ёзда эҳромни сув босарди, шунинг учун тош ҳайкалларни тўс қоплаб, яшил пат қатламлари товланарди. Қоғоз ёниб бўлиб, қанотларини тез йиғиб олган капалакка ўхшаган кулга айланди. Устида титраб турган қизил олов йўл ҳам тезда сўнди-да, эшитилар-эшитилмас шитирлаб, сочилиб кетди.
Фонус ва болани ерга қўйиб, Жин Юанбао чўк тушди-да, маъбуд ва унинг қўш хотинига таъзим бажо этди.
Шу тариқа болани турар жойидаги ҳисобдан ўчириб, у ўрнидан турди, бир қўлига болани, иккинчи қўлига фонусни олиб, шошиб йўлдан юриб кетди.
Тоғ ортидан қуёш чиқиб келганида у Яншуйхэга етиб келди. Қирғоқдаги саксовул шишага ўхшарди, дарёдаги сув эса қизил рангда. У фонусни пуфлаб ўчирди-да, қирғоқ бўйидаги буталар орасига яширди, кечув олдига келиб, нариги қирғоқдан қайиқ келишини кута бошлади.
Бола уйғониб йиғлашга тушди. Қичқириб, озиб қолишидан қўрқиб, Жин Юанбао ўша заҳоти қандай қилиб бўлмасин, болани овутишга тутинди. Боланинг оёқлари чиқиб, юрадиган бўлиб қолганди ва ота уни қумлоқ соҳилга олиб борди, ўзи эса пайтдан фойдаланиб, чека бошлади. Трубка тутган қўли шишиб, сирқираб оғрирди.
Бола қум устида югуриб юрган қора чумолиларни бутоқ билан саваларди. Бутоқни кўтарганда у мувозанатни йўқотиб, ҳар томонга чайқалиб кетарди. Қуёшнинг қизғиш нури фақат дарё соҳилинигина эмас, балки боланинг юзини ҳам ёритарди. Жин Юанбао болани ўйнасин деб ўз ҳолига қўйиб қўйганди. Дарё бу ерда тахминан ярим лигача кўтарилиб, бўтана сувлари улуғвор оқарди. Тонгнинг илк нурлари унга тушиб, яшил бахмал чодир узра қад кўтарган баҳайбат устунни эсга соларди. Бундай дарёга кўприк қуриш ҳеч кимнинг миясига келмаса керак.
Нариги ёқдаги қумлоқ соҳилда боғлаб қўйилган қайиқ ҳамон саёзликда чайқалиб турар ва жуда кичкина кўринарди. Қайиқ ҳақиқатан ҳам ихчам эди, у бу қайиқда кўп бор сузиб ўтган. Қайиқчи қулоғи кар чол эди, у дарё ёнидаги ертўлада яшарди. Ертўладан мовий тутун эшилиб чиқа бошлаганди: афтидан, бу қуриган тўнка нонушта тайёрламоқда. Жин Юанбао сабр билан кута бошлади.
Бирмунча вақтдан кейин кечувга яна бир нечта одам келди. Ёшлари бир жойга бориб қолган эр-хотин, ўсмир йигит ва ўрта ёшли, қўлида бола кўтарган аёл. Қариялар ёнма-ён ўтиришар, худди шишадан ясалган хира кўзларини лойқа сувга тикиб олишганди. Биргина кўк иштон кийиб олган бола оёқяланг. Териси оппоқ оқариб кетган, балиқ тангачаларига ўхшаб, танасини қасмоқ босган. Сувнинг олдига югуриб бориб, болакай пешоб қилди, кейин Жин Юанбао ўғлининг олдига бориб, унинг бутоқлари зарбидан қора чумолиларнинг қумга қоришишини томоша қила бошлади. У яна Сяо Баога бир-икки оғиз тушуниб бўлмас сўзларни айтди ва исқирт бола худди бир нарсани тушунгандек оппоқ сут тишларини кўрсатиб кулиб қўйди. Аёлнинг чеҳраси касалга ўхшаб рангпар эди; тароқ тегмаган патила-патила сочини оқ тасма билан боғлаб олибди. Эгнида тозагина кўк кофта ва қора шим. У болани тўсгани ўтқизганда Жин Юанбао ҳайратдан донг қотиб қолди – ўғил бола экан-ку! Яна битта рақиб. Бироқ синчиклаб қараб англадики, бола Сяо Баодан кўра анча ориқ, ранги қора, сочи сарғимтир, бир қулоғида эса оқ “ортиғи” бор. “Бу Сяо Баонинг тукига ҳам арзимайди”, деб ўйлади ва кўнглини тўқ қилишга ҳаракат қилди.
– Сиз ҳам ўша ёққами, синглим? – сўз қотди у.
Аёл унга шубҳали қараб қўйди-да, болани бағрига маҳкамроқ босди. Унинг лаблари титраб кетди, аммо чурқ этмади.
Ундан ҳафсаласи пир бўлиб, Жин Юанбао бир четга кетди ва дарёнинг нарёғига кўз тика бошлади.
Қуёш яна бир найза бўйи кўтарилди ва сув сариқдан заррин шишарангга кирди. Қарши томондаги қирғоқ бўйида қайиқ ҳамон жим чайқалар эди. Ертўла томи устида ҳам тутун кўтарилди, аммо қайиқчи қорасини кўрсатай демасди.
Сяо Бао билан қасмоқли бола қўл ушлашиб сув четидан аллаёққа қараб кета бошлади ва ташвишланган Жин Юанбао уларнинг ортидан чопди. У Сяо Баонинг қўлидан тутди, қасмоқли бола эса кўзларини катта-катта очганча ҳеч нарсани тушунмай унга тикилиб қолди. Сяо Бао инжиқланиб ерга тушириб қўйишини талаб этганча типирчилай бошлади.
– Йиғламасанг-чи, нега йиғлайсан? – уни овутишга ҳаракат қилди ота. – Қара. Ана, қайиқчи бобо қайиғини биз томонга қараб ҳайдаяпти!
Нариги қирғоққа назар ташлаб, у қайиқнинг олдига ростданам бир одам яқинлашганини кўрди, у одам камалакнинг етти рангида товланарди. Бу орада кечувга яна бир нечта одам шошиб яқинлаша бошлади.
Жин Юанбао ўғлини бошқа қўйиб юбормасликка аҳд қилди, бола бироз тархашлик қилиб, тинчиди, йиғидан тўхтади ва овқат ейман деб туриб олди.
Қўлтиғини кавлаб, бир сиқим нўхат топди-да, Жин Юанбао уни чайнаб, ўғлининг оғзига тиқди. Бола яна овозининг борича чинқира бошлади, афтидан, бу нарса унга хуш ёқмади, бироқ барибир ютиб юборди.
Қайиқ дарёнинг ярмига келиб қолди, шу пайт саксовул буталари орасидан бир болали баланд бўйли серсоқол одам шошиб чиқиб келди ва кечув олдида кутиб ўтирганларга келиб қўшилди.
Ташвиши ортган Жин Юанбао соқолли одамга кўз қири билан қараб қўйди ва нимагадир юрагини қўрқув қамради. Ҳалиги одам қирғоқда ўтирганларга ёвузларча разм солди. Катта-катта қора кўзли, ўткир учли қайрилма бурун. Қўлидаги ўғил бола бўлиб, яп-янги, заррин ёқали қизил костюмча кийдирилган. Кийими билан у бошқалар ичида яққол ажралиб турарди ва гарчи бошини елкаси ичига тортиб олган бўлса-да, ҳаммани ўзига қаратарди. Сочи қалин ва жингалак, бадани оппоқ, нозик, аммо теварак-атрофни кузатиб чиқаётган кичкина-кичкина кўзлари чолнинг кўзларига ўхшар ва қараши мутлақо катталардек эди. Қулоқлари ҳам ғалати – катта-катта ва гўштдор. Гарчи соқолли одамнинг қўлида ўзини ювош тутиб, индамаётган бўлса-да, атрофдагиларнинг қизиқишини уйғотмай қолмаётганди.
Яқинлашиб келаётган қайиқ оқимга қарши бурилмоқда эди. Ундан кўзини узмай қараб турганларнинг тоқати тоқ бўлганди.
Саёзликка етиб келгач, қайиқчи кар чол эшкакни қўйди-да, ғаров таёқни қўлига олди. Тонг ёғдусидан қизарган сувни кесганча қайиқнинг тумшуғи ниҳоят қирғоққа тўқнашди. Етти нафар хилма-хил йўловчи қайиқ тубидаги бўйинли кадига кира ҳақини ташлаб, ерга тушди. Қўлида таёқ тутган чол дарё сувининг шарққа қараб чопишини томоша қиларди.
Ҳамма ўтиб бўлгач, кутиб турганлар қайиққа ташланишди. Жин Юанбао биринчи бўлиши мумкин эди, бироқ соқоллининг чиқишини пойлаб, бироз тўхтаб турди ва ундан кейин қайиққа оёқ қўйди. Унинг ортидан қўлида бола тутган хотин ва жуфт қария чиқишди. Қарияларга қасмоқли бола қарашиб юборди. У аввал қайиққа кампирни, кейин унинг эрини олиб ўтди, шундан кейингина енгил сакраб тумшуққа чиқди-да, ўша ерда дадил туриб қолди.
Жин Юанбао келиб-келиб соқоллининг шундоқ қаршисида жойлашди, унинг тубсиз қоп-қора кўзларидан суст тортиб, қунишиб ўтирарди. Боланинг чимирилиб қарашидан баттар қўрқиб кетмоқда эди. “Оббо исқирт-эй, бола эмас, ғирт иблисваччанинг ўзи, ўлай агар”. Бундай тикилиб қарашга Жин Юанбао бардош беролмади. У ёқ-бу ёққа қимирлаб, қайиқни чайқатиб юбора бошлади. Қайиқчи чол ёмон эшитса-да, кўзлари жойида эди.
– Қайиқни чайқатма! – аста қичқирди у.
Митти иблисвачча нигоҳига тўқнашмаслик учун Жин Юанбао дарёга, қуёшга, сув узра ёлғиз парвоз қилаётган кўк чағалайга қарай бошлади. Аммо бу ёрдам бермади, бадани кетма-кет жимирлаб кетди ва беихтиёр кўзини қайиқчининг яланғоч баданига олишга мажбур бўлди. Йиллар чолнинг қаддини дол қилган бўлса-да, аммо мушаклари ўша-ўша бақувват эди, териси эса узоқ йиллар сув билан бақамти бўлганидан обдон сайқалланган мис тангага ўхшарди. Унинг тангасига қараб, Жин Юанбао қандайдир илиқликни, руҳ қудратини ҳис этди, ундан кўзини узгиси келмай қолди. Қария қўлидаги катта эшкакни бир маромда ва енгил эшарди, лаппак сувда худди орқадан сузиб келаётган катта жигарранг балиқдай сирпанар ва гоҳ у, гоҳ бу томонга бурилар эди. Эшкакнинг чарм маҳкамлагичлари шитирлаши, сувнинг қайиқ тумшуғига чалпиллаб урилиши ва қариянинг кучаниб олган нафаси – ҳаммаси биргаликда аллага айланган-у, аммо юпатишнинг иложи йўқдай туюлмоқда эди. Сяо Бао тўсатдан чинқириб юборди ва бир нарсадан қўрқиб кетгандай бор кучи билан бошини унинг кўксига урди. Жин Юанбао бошини кўтарди ва худди болға билан ургандай, кичик иблисваччанинг қарашидан гангиб қолди. Аъзойи-баданидан совуқ тер чиқиб, у бутун гавдаси билан эгилди-да, болани бағрига маҳкам босиб, тескари ўгирилди.
Қайиқ қирғоққа етиб келиши ҳамон у тердан ҳўл бўлиб кетган ўн юанлик қоғоз пулни кадига тиқди, чайқалиб кетди, нам қумга сакраб тушди, болани қучоқлаб кўтарди-да, қирғоқ ёқалаб йўрғалаб кетди. Дамбага тармашиб чиқиб, шаҳарга борадиган шоссега етиб келди ва ўша йўлдан ўқдай учиб кетди. Манзилга тезроқ етиб олгиси ва ҳаммадан ҳам – қизил кийимдаги анави муштдай иблисваччадан халос бўлгиси келмоқда эди.
Кенг ва текис йўлнинг охири йўққа ўхшарди. Йўл чеккасидаги тарвақайлаб ўсган теракларнинг сарғайган барглари ҳали тўкилмаганди; чумчуқларнинг чуғур-чуғури, қарғаларнинг қағиллашлари эшитиларди. Кеч куз ўз ҳукмини ўтказмоқда эди: баланд осмон ва тоза ҳаво, қаёққа қарама бир парча булут кўринмайди. Аммо Жин Юанбаонинг кўнглига гўзаллик сиғмаётганди, у олдинда бўрига тутқич бермай қочаётган қуёндай йўлни кўриб турарди холос.
Шаҳарга у туш оққанда кириб келди. Оғзи қуруқшаб кетган, Сяо Бао эса алангаи оташ бўлиб ёнарди. Бир нечта майда чақа топди-да, Жин Юанбао пивохонага кирди, бурчакдаги стулга ўтирди ва бир пиёла ўткир бўлмаган мусаллас буюрди. Озгинасини боланинг оғзига қуйди, қолганини ўзи тинчитди. Сяо Баонинг боши атрофида пашшалар айланиб ғинғилларди ва ота уларни ҳайдаш учун қўлини кўтарди, худди яшин ургандек, у қўлини шу кўтарганча қотиб қолди.
Нариги бурчакда соқолли ўтирарди, стол устида эса қўлида стакан ушлаб, Жин Юанбаонинг юрагини олиб қўйган ҳалиги иблисвачча ўтирибди. Бу исқирт мусалласдан кетма-кет, шунақанги хотиржамлик ва ишонч билан ҳўплар эдики, гўё у бунақа жойларнинг ҳар доимги, кунда-шунда мижозидай. Гавдасининг катталиги унинг на ҳаракатларига, на юз ифодасига мос келарди ва бу шунақанги ғалати туюлардики, пивохонадаги ҳамма официантларнинг ҳам, мижозларнинг ҳам кўзи унда эди. Афтидан, девқомат соқолли дунёни сел босса тўпиғига чиқмайдиган хилидан, унинг фикру зикрию эс-марги “Тоу пин сан ли сян” корхонасининг аъло мусалласидан қулқуллатиб ютишда бўлиб, бошқаси бекор эди.
Жин Юанбао пиёладаги мусалласини бир қултум қилиб ютди-да, столчага овоз чиқармай тангаларни ташлади, Сяо Баони ушлади ва ияги кўкрагига теккудек бошини солинтирганча кўчага отилди.
Сяо Баони кўтариб олган Жин Юанбао махсус харидор бўлими – Ошпазлик академиясининг мустақил тузилмаси эшиги олдида пайдо бўлганида кун қиёмига етиб қолган эди. Томи қуббали ва “ой” дарвозали қизил ғиштин девор билан ўралган ўртача катталикдаги оппоқ бино. Ҳовлида анвойи гуллар ва буталар барқ уриб ўсиб ётибди. Ўртада – катта ҳовуз, кўтарма тепалик ва қийғос очилгану тўкилишга-да улгураётган қўқонгул кўринишидаги фаввора. Фавворадан ҳовуз бетига сув шариллаб келиб тушар, ҳовузда эса косаси нақшиндор тошбақалар ва семиз, қўпол тиллабалиқчалар сузиб юрарди. Жин Юанбао бу ерда олдин ҳам бўлган эди, бироқ ҳар гал Арши аъло эшиги олдида тургандек ҳаяжонланар ва бахтдан терисига сиғмай кетарди.
Навбатни тартибга солиб турувчи махсус темир тўсиқлар ичкарисида ўттиздан ортиқ одам тўпланиб бўлганди ва Жин Юанбао уларга қўшилгани шошилди. Унинг шундоқ рўпарасида яна ҳалиги соқолли қизил кийинган иблисвачча билан пайдо бўлсами. Бу исқирт барзангининг елкаси оша бошини чўзиб, ҳар томонга тунд нигоҳи билан ваҳшийларча кўз соларди.
Жин Юанбао қичқирмоқчи бўлиб оғзини очди-ю, аммо қичқиришга журъати етмади.
Икки соатлик тинкани қуритувчи кутишдан сўнг бино ичидан қўнғироқ овози эшитилди. Навбатда туриб ҳолдан тойганлар шайланди, ҳамма ўрнидан туриб, болаларнинг юзи ва мишиқларини артар, кийимларини тўғриларди. Хотинлар момиқ олиб, болаларнинг юзига упа суртар, кафтларига тупуриб, лаббўёқни ивитиб, болаларнинг юзини бўяб қизартирар эдилар. Жин Юанбао енги билан Сяо Баонинг юзидан терни сириб ташлади ва қўпол бармоқлари билан сочидан силаб қўйди. Фақат соқоллигина пинагини бузмаётганди, унинг қўлларида ғужанак бўлиб ётган иблисвачча нуқул атрофга аланг-жаланг қилиб қарар, одамларни ғайриоддий совуққонлик билан кузатарди.
Тўсиққа олиб борадиган пўлат эшик ғичирлаб очилди ва ортидан ёп-ёруғ ва кенг хона пайдо бўлди. Харид бошланди ва вақти-вақти билан сукунатни болаларнинг биғиллаб йиғлашигина бузарди. Харидорлар сотувчилар билан паст овозда музокаралар олиб борар ва чор атрофда ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабат ҳукмрондек бўлиб кўринарди. Иблисвачча билан кўзи тўқнаш келмаслигига ҳаракат қилиб, Жин Юанбао ундан сал нарига бориб турди. Барибир тўсиқ энсиз бўлиб, ундан фақатгина болали битта одам ўта оларди, орқадан ҳеч ким қисиб келмасди. Фавворадан тинимсиз отилиб турган сувнинг шариллаган овози бир кўтарилиб бир тушарди, дарахтларда қушлар жўрликда ёқимли сайрар эди.
Эшикдан боласини сотган хотин чиқиб келди ва суҳбатга иблисваччани олиб барзанги кирди. Жин Юанбао ўғли билан улардан уч метрча берида турарди.
У ерда босиқ овозда нималар ҳақида суҳбат бўлаётганини билиб бўлмасди, аммо Жин Юанбао қўрққанига қарамай воқеаларни кузатиб бормоқда эди. Эгнига оқ халат, бошига қизил ҳошияли, айвончали оқ қалпоқча кийган бир эркак соқоллининг қўлидан муштдеккина иблисваччани олди. Иблисваччанинг жиддий юзида бирдан кинояли табассум пайдо бўлди. Бу табассумни кўриб, Жин Юанбаонинг томирларида қон тўхтаб қолаёзди, аммо қабул қилувчига бу чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. Иблисваччанинг эгнидан кийимини ечиб, у шиша таёқча билан кўкрагига туртиб қўйди ва жажжи иблисвачча қиқирлаб кулди. Бирмунча вақтдан кейин барзангининг ўкириги янгради:
– Иккинчи нав? Кимни лақиллатмоқчи бўлаяпсанлар?
Қабул қилувчи ҳам овозини хиёл кўтариб деди:
– Менга қара, ошна, агар молнинг фарқига бормасанг, ҳеч бўлмаганда бошқаларга солиштириб кўргин! Болангни енгил деёлмайман-у, аммо териси қалин, эти қаттиқроқ, бунинг устига агар ёқимли кулишини айтмаса, умуман, у учинчи навдан бошқасига ярамайди!
Соқолли тўнғиллаб яна бир-икки марта ёмон сўкинди, узатилган қоғоз пулларни олди, тез-тез санаб чиқди, қўлтиғига суқди ва бошини эгиб, туртина-суртина тўсиқ ортига ўта бошлади. Шу пайт Жин Юанбаонинг қулоғига “иккинчи нав” ёрлиғи ёпиштирилган митти исқиртвойнинг барзанги ортидан қичқириб айтган сўзлари чалинди:
– Онангни…, қотил! Кўчага чиқишинг билан юк машина тагида қолгур, лаънати!
Овоз ингичка ва хирилдоқ эди, бунинг устига мана бундай овозда айтилган болохонадор сўкишлар ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган болакайдан чиққанига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. “Жимитгина жаллоднинг ўзи”, ўйлади Жин Юанбао, ҳозиргина кулиб турган, бирданига ғазабдан қийшайиб кетган башарага, чуқур-чуқур ажин қоплаган манглайга қарар экан. Барча харидор қўрқувдан гезарган ва бир лаҳза нима қилишини билмай қолган ҳолда жон ҳалпида сакраб турди. Бир ёни билан турган иблисвачча улар томонга оғзидаги ҳамма сўлакайни варақлатиб тупурди ва алпон-талпон юриб, ёрлиқ ёпиштирилган болалар тўдасига бориб қўшилди.
Бешала харидор ҳам қотиб қолди, кейин бир-бири билан кўз уриштириб олди-да, тасалли оҳангида дейишди: “Ҳеч нима бўлгани йўқ-ку, тўғрими? Ҳа-да, ҳаммаси жойида”.
Шу тариқа ишни давом эттиришди. Столда ўтирган ўрта ёшлардаги, айвонли қалпоқ кийган, қизил юз ва очиққина киши Жин Юанбаога қўл силкиди. У шошиб олға қадам ташлади. Юраги кўксидан чиқиб кетгудек қаттиқ урарди. Бола чинқириб йиғлар, ота дудуқланиб уни юпатишга ҳаракат қиларди, ўтган гал бўлган воқеа эсига тушди: ўшанда у кеч қолган, болалардан керакли миқдорда олиб бўлишган эди. Умуман, қабул қилувчиларни кўндирса бўларди, бироқ Сяо Бао шунақанги қичқириб йиғлардики, унинг энка-тенкасини чиқариб юборди.
– Яхши бола, йиғлама, – ёлворарди ота. – Одамлар йиғлаган болани ёмон кўришади.
– Бу бола алоҳида харидор бўлиши учун махсус туғилган, шундайми? – босиқ овозда мурожаат қилди унга харидор.
Жин Юанбаонинг томоғи қуриб, сўзлар тиқилиб қолаётганди, товуши ҳам ўзиники эмасди.
– Демак, бу бола одам эмас, тўғрими? – давом этди харидор.
– Демак, сен махсус маҳсулотни сотаяпсан, болани эмас, шундайми?
– Шундай.
– Сен бизга мол берасан, биз унга пул тўлаймиз; сен сотишни истайсан, биз сотиб олишни, бу адолатли олди-берди бўлади. Олди-берди амалга ошгандан кейин ҳеч қанақа даъво инобатга олинмайди, шундайми?
– Шундай.
– Жуда соз, мана бу ерга бармоғингни бос! – Харидор стол оша машинкада терилган ҳужжатни ва шахсий муҳрлар учун қизил бўёқли ёстиқчани олди.
– Ўртоқ, мен ўқишни билмайман, – иқрор бўлди Жин Юанбао. – Бу ерда нималар деб ёзилган?
– Ҳозир сен билан мен гаплашган гаплар ёзилган.
Жин Юанбао кўрсатилган жойга бармоғини босиб, катта из қолдирди.
Катта ишни амалга оширгандай, юраги тўлқинланиб кетди.
Қабул қилувчи аёл келиб, Сяо Баони унинг қўлидан олди. Бола ҳамон чинқириб йиғларди, бироқ аёл унинг бўйнидан бир бўққан эди, бола жим бўлди-қолди. Жин Юанбао аёл Сяо Баонинг кийимларини қандай ечаётганини кўриш учун бутун гавдаси билан энгашди; у болани бошдан-оёқ тез, аммо синчиклаб кўздан кечирди: ҳатто думбаларини йириб қаради, чукчаси учидаги терини йириб, бошчани чиқариб кўрди.
Чапак чалиб, аёл столда ўтирганга сўз қотди:
– Олий нав!
Суюнганидан Жин Юанбао сакраб тушаёзди, кўзларига ёш қалқди.
Бошқа бир қабул қилувчи киши Сяо Баони тарозига қўйди ва босиқ оҳангда деди:
– Йигирма бир жин тўрт лян.
Харидор кичиккина машинка тугмачасини босди ва у ғижирлаб бир варақ қоғозни лип этиб чиқариб берди. У қўли билан имлаб Жин Юанбао­ни чақирди, бир қадам яқинлашганда унинг қулоғига чалинди:
– Олий нав – бир жинига юз юан, йигирма бир жин тўрт лян икки минг бир юз қирқ юан бўлади.
У Жин Юанбаога бир даста пул ва варақ бериб, деди:
– Сана.
Жин Юанбаонинг қўллари азбаройи титраганидан пулни олиб зўрға санаб чиқди. Миясида фикрлар айқаш-уйқаш бўлиб кетганди.
– Булар бари менгами? – такрор сўради у титроқ овозда, пулларга ёпишиб.
Харидор бош ирғади.
– Кетсам бўладими?
Харидор яна бош ирғади.

Хитой ва рус тилларидан Амир Файзулла, Севара Алижонова таржимаси
Манба: «Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 10-сон
___________
* Журнал варианти

mo_yan_nobel.jpg
NOBEL MUKOFOTI SOHIBI MO YAN

Muhammadjon Xolbekov
filologiya fanlari doktori, professor
02

Xitoyning “Sinxua” axborot agentligi Toshkent bo’linmasi bosh muxbiri Dun Luntszyan “Jahon adabiyoti” jurnali muxbiri savollariga javob berarkan, hozirgi zamon xitoy adabiyoti xususida shunday fikr bildiradi: “O’tgan asrning ikkinchi yarmida oshkoralik siyosati va iqtisodiy islohotlar munosabati bilan xitoy yoshlarining hayot tarzida o’zgarishlar sodir bo’ldi. Bir tomondan chet el adabiyotini anglash uchun barcha to’siqlar olib tashlandi, G’arb adabiyotidan tarjimalarga keng yo’l ochildi. Ham xorijiy, ham xitoylik mualliflar asarlarining nihoyatda ko’p chop etilishi Xitoy yozuvchilari ijodiga ijobiy ta’sir ko’rsatdi. Adabiyotimiz ikki guruhga ajradi, biri “sof adabiyot” (chun` yeensyue), boshqasi “Ommabop adabiyot” (tunsu vensyue) deb ataladi”.

Darvoqe, 2012 yil adabiyot yo’nalishida xalqaro Nobel` mukofotiga sazovor bo’lgan yozuvchi Mo Yan (Mo Yan, 1955 yilda tug’ilgan) ham o’tgan asrning 80-yillarida adabiyotga kirib kelgan bo’lib, uning ijodi, ta’bir joiz bo’lsa, ikki adabiy oqimga ham tegishli psixologik roman yoxud Yevropacha modernizm prozasi uslubini o’zida mujassamlantirgan, desak to’g’riroq bo’ladi. Adibning Nobel` mukofotiga sazovor bo’lgan asari uning syurrealistik ruhda yozilgan “Musallas o’lkasi” (Szyu Go, 1992) romanidir. Roman 2000 yilda ingliz tiliga tarjima qilingandi. Nobel` qo’mitasining rasmiy bayonotida “…yozuvchi ijodida xalq afsonalarini tarix va bugungi kun bilan birlashtirib turadigan “gallyutsinator realizmi” mavjudligi” alohida ta’kidlanadi. To’g’risi, “Musallas o’lkasi” romani – bu bir muqovaga solingan moralite, ramzli hikoya, tarixiy allegoriya va absurd adabiyotining namunasidir. Ayni paytda romanni hozirgi xitoy adabiyotidagi eng yorqin satira yoxud zaharxanda hajviy asar desak, mubolag’a bo’lmaydi. Ammo teran falsafiy va siyosiy ma’noda bu roman faqat Xitoy haqida yoki faqat xitoy o’quvchisiga mo’ljallangan emas, balki butun insoniyatga tegishli bo’lgan o’qimishli asardir. Shu ma’noda, muallif muxbirlar savoliga javob berarkan, “modomiki Bulgakovning “Usta va Margarita” romani kitobxon ahliga xush kelgan ekan, mening “Musallas o’lkasi” romanim ham ularga ma’qul bo’ladi deb o’ylayman”, degandi.

Endi, Mo Yan ijodi tadqiqotchilari fikriga to’xtaladigan bo’lsak, rossiyalik xitoyshunos olima N.K. Xuziyatova yozuvchining serqirra ijodini “ildiz (tub manba va sarchashma)ni axtaruvchi sehrli realizm uslubiga taalluqli adabiyot namunasi”, deya baholaydi.

009Xitoylik munaqqid In Lixua yozuvchi ijodi xususida xolisona fikr bildirarkan: “Mo Yan, shubhasiz, zamonaviy xitoy yozuvchilari orasida eng sermahsul va izlanuvchan, mustaqil fikrga ega ijodkor bo’lib, oldida turgan murakkab mavzularga nisbatan o’ziga xos tarzda yondashadi, maqsadiga erishish uchun bor ijodiy mahoratini ishga soladi. U rasman egallagan lavozimi (Mo Yan` Xitoy yozuvchilari uyushmasi raisi o’rinbosari hamdir) bilan emas, balki qobiliyati, o’z aql va zakovati bilan jamiyatga sezilarli darajada ta’sir ko’rsatib kelyapti. Yozuvchining bu ulkan muvaffaqiyati siri, uning “… lirik kayfiyat, hissiy shod-xurramlikka erishish maqsadida qo’pol va dag’al, o’tkinchi va oddiy narsalarni ham go’zal hamda nafis his-tuyg’uga aylantira olganidadir”, deb yozadi.

Amerikalik xitoyshunos olim, professor Govard Goldblatt “… Mo Yanni har bir savodli xitoylik yaxshi biladi”, deya ta’kidlaydi. Olim fikrini davom ettirib: “Mo Yan o’z asarlarida yaratgan “mitti vatan”ini amerikalik adib Uil`yam Folknerning tafakkur mahsuli bo’lmish “rohat-farog’atli turmush tarzi hukmron bo’lgan Yoknapatofa”si bilan qiyoslarkan, yozuvchi o’zining bozorbop romanlarida XX asr Xitoy jamiyati solnomasini yaratishga muvaffaq bo’ldi”.

Yuqorida ta’kidlaganimizdek, o’tgan asrning 80-yillarida o’z ijodini boshlagan yozuvchi dastlab zamondoshlari kabi an’anaviy realistik uslubda ijod qildi. O’z ustida tinimsiz ishlarkan, Mo Yan asta-sekin o’z uslubini murakkablashtira bordi. G’arb modern yozuvchilari badiiy mahoratini puxta o’zlashtirgan adib dastlab o’zining “Sirti qizil, ichi shaffof sholg’om” hikoyalar to’plami bilan o’quvchilar nazariga tushdi. To’plam negizini tashkil qiluvchi voqelar zamirida tabiat bilan hamnafas yashayotgan oddiy odamlar turmushi shu muhitda yashab, ulg’ayayotgan bolakay tilidan hikoya qilinadi. Eng muhimi, bu hikoyalar muallif ovozi bilan uyg’unlashib, butun bir voqelikni o’zida mujassam etadi.

Badiiy ijodda o’z yo’lini topishga, hikoya uslubini sayqallashtirishga tinimsiz intilgan Mo Yanning navbatdagi “Qizil gaolyan” qissasi yilning eng yaxshi prozaik asari sifatida tan olinib, Xitoy milliy mukofotiga sazovor bo’ladi. Qissa asosida rejissyor Chjan Imou suratga olgan badiiy fil`m esa jahon ekranlarida namoyish etiladi va muallifga katta shuhrat keltiradi. Qissa 1993 yil ingliz tiliga tarjima qilindi. Asarda o’tgan asrning 30-yillarida ikki xalq boshiga kulfat keltirgan xitoy-yapon urushi bir oilaning og’ir hayoti misolida yorqin tasvirlab berilgandi.

Mo Yan ijodini chuqur tahlil qilgan munaqqid In Lixuaning fik- richa, “Yozuvchining epik, ya’ni qahramonlik va ulug’vorlikni tarannum etuvchi romanlari matnida xalq tili ustuvor bo’lib, personajlar nutqi beparda so’zlarga boy; shahvoniy zo’ravonlik, qasos va vahshiyona kechinmalar bilan to’lib toshgan xulq-atvorlar ta’riflanadi. Tasvir jarayonida til va tafakkur tushunchasi ong oqimi kabi personajlar ruhida yopirilib keladi”. Bu holatni biz “Sandal daraxti iskanjasida” romani syujetida kuzatamiz. Ishqiy mavzudagi bu romanida muallif 1900 yildagi xalq qo’zg’oloni voqealarini tasvirlarkan, sevishgan ikki qalb fojiasini dahshatli manzaralar zamirida hikoya qilib beradi.

Mo Yanning XX asr g’arb adabiyotidagi badiiy ijodda aql-idrok va tajriba rolini inkor etuvchi syurrealizm oqimi tamoyillariga tayanuvchi “Musallas o’lkasi” romanida amaldorlarning ovqat tanovul qilish odatlari, eng dahshatlisi, ularning ichkilikbozlik va odamxo’rlik illatiga ruju qo’yishlari keskin qoralanadi. Roman bilan tanishib borarkanmiz, uning syujeti o’rta asr frantsuz gumanizm adabiyotining asoschisi Fransua Rable qalamiga mansub “Gargantyua va Pantagryuel” romanining syujetiga o’xshab ketishini sezamiz. Rable o’z romanida o’rta asr Yevropa sxolastikasi turmush tarzini keskin satira ostiga olgan bo’lsa, Mo Yan` o’tgan asrning ikkinchi yarmida Xitoyda kommunist rahbarlarning zo’ravonlik zamirida yuzaga kelgan shahvoniy hayotini realistik ranglarda tasvirlab berishga harakat qiladi. Darvoqe, yozuvchining o’zi iqror bo’lganidek, uning ijodiga yoshligida ko’p o’qigan Rable, Folkner va Garsiya Markes asarlari katta ta’sir ko’rsatgan.

Mo Yan asarlarining barchasi ketma-ket ingliz tiliga tarjima qilinib kelingan bo’lsa-da, bugunga qadar Govard Goldblatt, In Lixua, N.K. Xuziyatovalarning ingliz va rus tillarida chop qilingan adabiyot entsiklopediyalaridagi maqolalarini hisobga olmaganda, yozuvchi ijodini keng ko’lamda tadqiq etuvchi manbalar mavjud emas. Adibning “Musallas o’lkasi” romani yaqinda rus tiliga I. Yegorov tomonidan tarjima qilinib, nashr etildi.

Bugungi kunda ommaviy axborot vositalarida Mo Yan hayoti va ijodi haqida qisqa reportaj, interv`yu va ko’rsatuvlar muntazam berilayotga- niga qaramasdan, ular asosan uzuq-yuluq ma’lumotlar orqali xitoylik yozuvchining hayoti, erishgan mavqei, xizmat pog’onalarida obro’-e’tibor qozongani, ijod sohasidagi faoliyati haqida bo’lib, uning badiiy mahorati, yozish uslubi haqida kam gapirilyapti. 57 yoshida Nobel` muko- fotiga sazovor bo’lgan yozuvchi qariyb 30 yillik ijodi davomida o’ndan ortiq qissa va romanlar yozdi. Bu asarlarning deyarli barchasi ingliz tilida chop etildi, yozuvchi nomini inglizzabon kitobxonlar orasida mashhur qildi.

Yoshlik chog’ida boshdan kechirgan mashaqqatlari, doimiy hamroh bo’lgan muhtojlik Mo Yan asarlarida o’z aksini topgan, desak, yanglishmagan bo’lamiz. Biroq ular haqida to’g’ridan-to’g’ri so’z yuritilmaydi, balki ekzistentsializm, ya’ni faqat shaxsiy ma’naviy hayotni, inson borlig’ini tan oluvchi va ob’ektiv hayotning ma’nosizligini hamda ijtimoiy faoliyatning befoydaligini isbotlashga intiluvchan kayfiyatda hikoya qilib beriladi. Eng muhimi, yozuvchi o’z asarlarida yorqin timsol, ramziy ma’- nolarni, teran fikrlovchi, hayotga o’z munosabatini bildirishga qodir obrazlarni yaratishga harakat kiladi. Adib hikoyalarida, odatga ko’ra, Xitoy o’tmishi haqidagi voqea-hodisalar bayonini kuzatish mumkin. Ular shaklan va mazmunan hajviya yoxud adabiy etyudlar, asosan dag’al hazil- mutoyibali matnda o’z aksini topadi. Tanqidchilar fikricha, Mo Yan “Xitoy sehrli realizmi” adabiyotining yorqin namoyandasiga aylangan.

Mo Yan badiiy ijod yo’lida G’arb tomon sekin-asta qadam tashlab bordi. Pirovard natijada bu “sust harakat” olamshumul e’tirofga sazovor bo’ldi. Ba’zi tanqidchilar yozuvchi ijodiga qaratilgan bunday diqqat-e’tiborni Xitoyning dunyodagi rivojlangan mamlakatlar ora- sida yetakchi o’ringa intilayotgani, shu bois endilikda Xitoy adabiyoti va madaniyatiga bo’lgan qiziqishning ortib borayotgani bilan izohlashga harakat qilmoqdalar.

Ular bu holat keyinchalik Xitoy adabiyoti va madaniyatiga qiziqish borgan sari ortib borishi, xitoy adabiyotining boshqa xalqlar adabiyotlariga kirib borishiga zamin yaratadi, degan fikrga kelmoqdalar. Bu vaziyatni ayrim adabiyotshunoslar hozirgi kunga kelib Yevropa adabiyotida kamol topgan an’anaviy janrlarning chuqur inqirozga yuz tutayotganligi bilan izohlaydilar. Xulosa qilib aytganda, adabiyotshunoslar Mo Yan – “gallyutsinator aslida yo’q narsalarning ko’zga ko’rinishi, quloqqa chalinishi va h.k.)” realizm” asoschisi, degan yakdil fikrga kelishga urinmoqdalar.

Aslida 1982 yil Nobel` mukofotiga sazovor bo’lgan kolumbiyalik Gabriel Garsiya Markes jahon adabiyotida “sehrli realizm”ning yorqin namoyandasi, shu bilan birga, zamonaviy prozani qadim an’analar bilan chambarchas bog’lashga intiluvchan “gallyutsinator realizm” nazariyasini shakllantirib bergan adib sanaladi.

Fikrimizcha, Mo Yanning ham asli kelib chiqishi qishloqdan bo’lganligi sabab, XX asr Xitoy tarixida ro’y bergan qonli urush-to’qnashuvlar, keskin burilishlarning solnomasini tuzishga bo’lgan harakati, qolaversa, keng bi- limga egaligi, jahon adabiy jarayoni mohiyatini chuqur anglashi, eng muhimi, G’arb va Sharq adabiyotidagi qadimiy an’analarni chuqur o’zlashtirgan holda ijtimoiy mavzuga e’tibor qaratgan holda Xitoy xalqi tarixi tadrijining siklik (davriy) xarakterini tushuna bilishi, shu bilan birga adabiy shakl va uslublardan mohirona foydalanishi – yorqin, o’z so’zi va uslubiga ega yozuvchini shakllantirdi, desak mubolag’a bo’lmaydi.

Nima bo’lganda ham, Mo Yan ijodi xususida sermazmun, asosli fikr yurgizish mushkul masala. Adibga Nobel` mukofotining berilishiga asosiy sabab bo’lgan “Musallas o’lkasi” romanida realizm tamoyillari (masalan, Onore de Bal`zak ijodiga yaqinlik)ga asoslangan shafqatsizlik, zolimlik, maishiy sahnalarning dag’alligi mujassam etilishini alohida ta’kidlab o’tmoq zarur. Roman sahifalarida “maotay” arag’idan to’ng’izlarcha mast bo’lish paytida odamning psixofiziologik his-tuyg’ulari buzilishi oqibatida qo’rquv, badjahllik, hasad va qahr- g’azab uyg’otuvchi sabablar mohirona tasvirlangan. Shuningdek, asarda har narsaga qodir, o’zida cheksiz kuch-qudratni his etgan, axloqan zaif, ma’naviy qiyofasi buzuq, ayni paytda, aql bovar qilmas mo»jizakor qobiliyat sohibi pakana Yuy Ichi obrazida ifodalangan mifologik elementlar o’quvchi diqqatini tortadi. Romanda o’tkir ijtimoiy mavzuga yo’g’rilgan hajviy elementlar ham mavjud bo’lib, ular syujetda asosiy o’rin egallaydi.

Roman syujetini kuzatarkanmiz, ko’z o’ngimizda g’alati manzara na- moyon bo’ladi: gedonizm, ya’ni huzur-halovatda yashashga intilish insonga xos oliy xislat deguvchi axloqiy aqidaga asoslanganmaishatparastlik sahnalari kutilmaganda sotsialistik ishlab chiqarish mavzusidagi romanlardan olingan sahnalar, personajlarning qo’pol, ko’cha tiliga xos nutqi qadim xitoy she’riyatidan olingan go’zal va nafis misralar bilan galma-gal almashinib boradi. Ushbu “gallyutsinator” qorishmani tashkil qiluvchi elementlarni birma-bir sanab chiqish qiziqarli o’yin (masalan, Herman Hessening “Biser o’yini”, Xulio Kortasarning “Sopolak o’yini” romanlaridagidek)ga aylanadi.

Xuddi shu an’ana o’tgan asrning yetmishinchi yillari sobiq Ittifoqda shakllangan postmodernizm adabiyoti va san’ati yo’nalishlariga mansub “sots-art” elementlarida ham mavjud edi. Aslida, sots-art, ya’ni al`ter- nativ adabiyot o’sha davr kommunistik mafkura va sovet ommaviy mada- niyati udumlariga qarshi chiqib, mazkur madaniyatga qarama-qarshi buzuq taqlid shaklida paydo bo’lgandi. Sho’ro adabiyoti va san’atining timsol va obraz, kommunistik mafkurani targ’ib qiluvchi adabiyotdagi o’tkinchi syujet, mazmunsiz ibora va beo’xshov qoliplardan foydalangan holda, sots-art so’z o’yini orqali, ko’pincha hayratga soluvchi shaklda, ularning haqiqiy ma’nosini fosh qilib, kitobxonni mafkuraviy bir taxlitdagi adabiyotdan xalos etishga harakat qilgandi. Istehzo, grotesk, achchiq hazil-mutoyiba, kinoya va qochirimlardan iborat so’z va iboralarni o’z o’rnida ishlatish, eklektik, ya’ni turlicha qarashlarni, nazariyalarni bir- biriga o’zboshimchalik bilan qorishtirib yuboruvchi badiiy uslubning negiziga aylandi.

Aynan ushbu sots-art elementlari “Musallas o’lkasi” romanida syur- realistik ruhiyatni shakllantirgan. Masalan, ko’mir zavod darvozasi peshtoqiga ilingan qizil matoga bitilgan “Ish paytida texnika xavfsizligi qoidalariga rioya qiling!”, uning yonida esa “Birinchi May bayrami bilan tabriklaymiz!” kabi xitoy ierogliflariga ko’zimiz tushadi. Keyinchalik zavod sexlaridagi og’ir mehnatni tasvirlovchi sahnalar sotsialistik majburiyatlarning oshig’i bilan bajarilganligini madh qiluvchi balandparvoz satrlarga almashadi. So’ngra zavod direktori va partiya tashkiloti kotibining bir-biriga peshvoz chiqib qo’l berib ko’rishishi sahnasini ko’rarkanmiz, ularning qiyofasi, tashqi ko’rinishi bir-biriga shu qadar o’xshashligini zimdan kuzatgan odamga xuddi ko’zgudagi aks (gallyutsinatsiya)ni yodiga soladi.

Beixtiyor savol tug’iladi: bu o’zining tushunarsiz qonunlari bilan yashayotgan qanday mamlakat o’zi – tejab-tergashni bilmay, rejasiz vino ishlab chiqarish oqibatida rahbarlari ham ichkilikka mukkasidan ketgan maishatparast odamlar mamlakatimi yoki sotsialistik mafkura asosida tarbiyalangan xayolparastlar mamlakatimi? Bu “portlovchi qorishma” Mo Yan romanida xtoniya, ya’ni yerostidagi jahannam kuchlarini ifodalovchi shaklga aylana boradi.

Aslida, xtonizm foniy va boqiy hayot g’oyasi, zamonlar almashinuvida, vaqtning to’xtovsiz oqimida aks etuvchi “o’lim va tug’ilish” tamoyilida namoyon bo’ladi. Ba’zida antik davr mifologiyasining ilk bosqichlari xtonizm deb ataladi, chunki unda Yer qa’ridan chiqqan bahaybat maxluq obrazlari mujassamlanadi. Masalan, Garsiya Markes qalamiga mansub “Yolg’izlikning yuz yili” romani personajlaridan biri Rebekka bedavo ruhiy xastalikka chalingan, u kuchli hayajon, ruhiy iztirob paytlari yerni yeyish bilan mashg’ul bo’ladi. Yoki aqldan ozgan Aureliano Buendiya xayolida qachonlardir unga “mo»jiza”lar ko’rsatgan, qadim qo’lyozmalardagi mangu yashash sirini ochishni vasiyat qilib ketgan lo’li Melxisedek obrazi gavdalanaveradi. Yoxud ma’suma Remediosning oppoq choyshablarda osmonga ko’tarilishi sahnasini eslaylik. Ularning hammasi “sehrli” o’lka – Makondoda sodir bo’ladi.

“Musallas o’lkasi”da esa muallif ushbu mavzuni biroz o’zgartirib, mohirona ishlov bergan ko’yda yanada rivojlantiradi. Roman syujeti bilan tanisharkanmiz, voqealarning g’alati tarzda almashinuvini ham kuzatamiz. Masalan, yosh yozuvchi Li Idouning o’z ustoziga yo’llagan tahsinlar to’la maktublari shiddat bilan rivojlanuvchi detektiv syujetni vaqti-vaqti bilan bo’lib turadi. Li Idou ham bu bepoyon mamlakatni “Musallas o’lkasi” (Szyu Go) deb ataydi. Bepoyon yurtning qoq markazida hamma ichkilikbozlikka berilgan. Tergovchi Din Gouer telbasifat haydovchi, aslida maxfiy josus ayolga musallas ichiradi. Ayol esa so’kinib, unga ehtirosli bo’salar hadya etadi. Minbarni egallagan notiq ahmoqona va’z o’qirkan, majlis zalini to’ldirgan tinglovchilarga “gallyutsinatsiya”ga o’xshash shiorlarni yog’diradi. Ular aslida shaklan sotsrealistik, mazmunan esa gedonistik talqindagi: “Bu qadar xushbo’y musallas – zahmatli qo’llarimiz hosilidir!”, “Musallasimizni totib ko’rsang, barcha ishlaring a’lo bitadi!”, “Musallasdan to’yib ichsang – bir o’tirishda to’ng’izni paqqos tushirasan!” kabi shiorlarda namoyon bo’ladi. Rahbar to’satdan zavodga kelgan tergovchi Din Gouerning pinjiga kirish uchun tilyog’lamalik bilan: “… musallas – soliq tushumlarning bitmas- tuganmas manbai. Demak, musallasni to’yib ichsangiz, Siz mamlakatimiz iqtisodiyotiga o’z hissangizni qo’shgan bo’lasiz”, deb uning ham miyasini zaharlaydi.

Xulosa qilib aytganda, roman personajlari sharaf bilan tilga olgan “Musallas o’lkasi” boshqa sotsialistik mamlakatlar, xususan sho’rolar mamlakatining ham xunuk qiyofasini eslatib turadi. Chunki mehnatdagi qahramonlik, sotsialistik majburiyatlarni adog’i bilan bajarish, “yangi shakldagi odam”ni tarbiyalashga qaratilgan tashviqot, rahbarlarning qo’pol va bema’ni nutqlari, partiya rahnamolarining va’dabozligi “sovet xalqi”ning ham joniga tegib ketgandi.

Nima bo’lganda ham, Mo Yan romanida sotsialistik tuzumning dahshatli voqelikka yo’g’rilgan, qo’rquv va vahimaga to’la fojiali hayotida yashashga harakat qilayotgan oddiy insonlarning “mavjud”( existentia)ligi tasvirlangan. Ammo muallif tomonidan taklif etilgan, aniqrog’i, matn ichida yashiringan javob undan-da dahshatli jaranglaydi. Adib, har bir inson bu mash’um jamiyatda o’zini o’zi anglab olishi lozim, degan g’oyani o’rtaga tashlaydi.

Yana shu mavzuda:
Mo Yan. Qissago‘y. Nobel ma’ruzasi
Erkin Musurmonov. Nobel mukofoti laureati Mo Yan & Xitoy adabiyoti tarixi

Asarni lotin alifbosida mutolaa qiling

088

(Tashriflar: umumiy 3 182, bugungi 1)

Izoh qoldiring