Nodira Afoqova. Mutolaa: Leonid Andreyev. Yahudo Iskariot

Ashampoo_Snap_2017.06.02_15h48m28s_002_.png    Ўқувчи китобни эмас, китоб ўқувчини танлайди. Менга шундай туюлади. Китоб хаос қайнагандай бўлиб кўринган дунё сайилгоҳида ўз ўқувчисини адашмай топиб, унинг олдига қўл тегса титилиб кетадиган капалакдай учиб боради. Унинг оёқлари остида гулкосаси ҳали очилмаган, гулбарглари биллурдай шаффоф, банди жуда нозик гул каби ўсиб чиқади.

————-

Нодира Афоқованинг атоқли рус адиби Леонид Андреевнинг «Яҳудо Искариот» қиссасини таржима қилиш, асарни қайта-қайта ўқиш жараёни мобайнида кечган ички кечинмаларига бағишланган эссесини мутолаа қилишдан олдин мазкур саҳифалардаги рус адиби ва қиссаси ҳақида маълумотни, асар таржимасини ўқиб чиқишингизни маслаҳат берамиз:
Хуршид Даврон. Леонид Андреев ва қиссаси ҳақида.
Леонид Андреев. Яҳудо Искариот. I-III боблар

Леонид Андреев. Яҳудо Искариот. IV-VI боблар
Леонид Андреев. Яҳудо Искариот. VII-IX боблар

Нодира АФОҚОВА
МУТОЛАА:
ЛЕОНИД АНДРЕЕВ. ЯҲУДО ИСКАРИОТ

09

    Адабиётшунос олима ва шоира Нодира Афоқова  Бухорода туғилган. Филология фанлари доктори. Бир неча шеърий ва таржима тўпламлари нашр этилган. «Жадид лирикасида мусаммат», «Жадид ғазалиёти», ХХ аср ўзбек адабиётида рубоий ва қитъа», » Шавкат Раҳмон олами» (ҳамкорликда) ва бошқа бир қатор илмий-адабий китоблар муаллифи.

09

I

006Ўқувчи китобни эмас, китоб ўқувчини танлайди. Менга шундай туюлади. Китоб хаос қайнагандай бўлиб кўринган дунё сайилгоҳида ўз ўқувчисини адашмай топиб, унинг олдига қўл тегса титилиб кетадиган капалакдай учиб боради. Унинг оёқлари остида гулкосаси ҳали очилмаган, гулбарглари биллурдай шаффоф, банди жуда нозик гул каби ўсиб чиқади. Агар Тангри сизни суймаган бўлса, қаттиқ йўталасиз ва кифтингизга қўнган капалак қайтиб учиб кетади. Оёғингиз остидаги гулни кўрмай, босиб оласиз ва у ғуж гулбаргчалари пиёласидаги шудрингларга қорилиб, мажақланиб кетади. Уни босиб олмайдиган бошқа бировнинг оёқлари остида очилиш учун кетади. Бунга китоб эмас, Сиз айбдорсиз. Чунки Сиз у китобга жуда ўхшайсиз – у шунинг учун Сизни топиб келган бўлади. Аммо Сиз сайилгоҳдаги бошқа нарсаларга анграйиб, юзингизга тутилган қисмат кўзгусидан чиртта юз бурасиз.. Аксинча бўлса, сизлар бамисли ошиқ-маъшуққа айланасизлар…

Бу китоб мени худди шундай топиб олди. Мен қисматнинг ногаҳоний савдолари – балки зарурийдир – бағримни тилим-тилим қилиб ётган кунларда унинг жимжилоғимча ҳам келмайдиган бўйини, соч толасидай нозик бастини оёқларим остида кўриб қолдим. Елкам тарафдан қоқилган қанотларнинг инсон сезгиси илғамайдиган даражадаги майин шитирлаши эшитилди, ёноғимга беҳишт чаманларидан келгандай (воажаб! мен буни қайдан биламан?) жонфизо эпкин урилди. У мени ахтариб келганди. Мен уни узмадим. Уни яхшироқ кўрмоқ, муаттар бўйларидан роҳатланмоқ, гулкосачасини авайлаб ҳовучимга олмоқ учун эгилдим. Бутун бўйимни ўнлаб карра қатлаб эгилдим. Чўк тушдим. Шунда мўъжиза рўй берди: мен аввал гулга айландим, кейин бу гул капалакка эврилди-ю, Жатсамоний*  боғи томон учиб кетди…

*  Кўҳна юнон манбаларида Зайтун тоғининг ғарбий этагида  ва  Қуддуси Шарифнинг шарқида жойлашган Гефсимания деб аталган манзилдаги боғ Шарқ манбаларида шундай аталади (ХДК изоҳи).

II

Мен бу китобни ўқиб чиқдиму, ўзим ўзимнинг ўлиб қолмаганимга таажжубландим. Мен бу китобни ўқирканман, қалбим тинимсиз замзамага келиб турди. У туфайли тўпланиб қолган саволлар кўринарли-моддий тус олиб, қалбим қийналар эди, чунки қалбим ҳамма вақт ўз саволларини кўздан яшириб келган. Саволлар олов дарёсига айланиб ичимдан бўғзимга, тилимга, кўзимга томон оқиб, гулиқаҳқаҳдай даста-даста қилиб қонранг гуллар ота бошлади.

Муҳаббатдан разолат ҳам ибтидо олиши мумкин экан-да?

Инсон фожиаларининг поёни борми?

Йўқотмиш ва топмишлар, топмиш ва йўқотмишлар тарозиси ҳамиша мувозанатдами?

Нега кимлардир бахтли-ю, кимлардир бахтсиз? Ёки ҳамма айни бир хилу, бахтлилар ўз бахсизлигини сезмайди ва бахтсизлар ўз бахтлилигини сезмайдими?

Жинояти қисматнинг амри бўлмиш Яҳудо уни абадиян изтироб вартасига ташлаган музаффарияти билан бахтлимиди, бахтсизмиди?

Инсон ўз севгани билан жаннатда бирга бўлади – буни муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. Яҳудо-чи?

Инсон муҳаббатдан қутулишга, уни ўлдириб озод бўлишга интилади ҳамми?

Муҳаббат ботқоқ ҳамми? Юк ҳамми? Жавобгарлик ҳамми? – балки, инсон шунинг учун ундан озод бўлувни хоҳлаб қолар?

Наҳотки, муҳаббатда касофат, хиёнатда саодат, фожиада шарофат бўлса?

Нима муҳимроқ: муҳаббатми, ғалабами, озодликми?

Озодлик муҳаббатдан ҳам, ҳақиқатдан ҳам, инсон ҳаётидан ҳам юксакми?

III

Ҳақиқатни билганлар уни айтишдан қўрқадилар.
Ҳақиқат инсон ҳаётига қаршимики, ўз ҳаётларини сақлаш учун уни айтмайдилар.

Наҳотки, ҳақиқат инсон ҳаётига қарши бўлса?
Наҳотки, инсон ҳаёти ҳақиқатдан ҳам баланд турадиган қадрият бўлса?

Наҳотки, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш учун барала-ошкор айтилган ҳақиқат уни айтганларнинг ҳам ҳаётини ўз гирдобига ўраб ғарқ қилса? Унда уни айтмаслик тўғри бўлиб чиқмайдими?

Одамларни тутиб ўлимнинг қўлига топширадиган ҳақиқат керакми? Унда у ҳақиқатми?

Бу саволларнинг жавоби қандай бўлишига қараб ё ҳақиқат, ё одамлар айбдор бўлиб чиқадилар.

Бутун дунё одамлари иккига бўлиниб, бирлари устидан иккинчилари ҳукм чиқараверсалар, охири нима бўлади?

Маҳкумлар қирилиб кетиб, фақат ҳокимлар қолса…

Шунда қолганлар иттифоқ бўлиб яшай оладиларми?

Нега одамларга эзгу сўзли ва эзгу ишли Исолар эмас, жинояткор Варавалар кўпроқ ёқади?

Ахир, улар Исони чормихлаб, Варавани озод этишни сўрамадиларми?

Бу ўша одамларнинг ҳар биттаси ичида битта жиноятчи Варава ўтирганлиги учундир балким?

Улар онг ҳудудларидан хорижда Варава қиёфасида ўз жиноятларини оқлашни, ўз кирдикорларини қонун воситасида тасдиқлатиб олишни истарлар?

Улар эзгу сўзли ва эзгу ишли Исо каби бўлолмаганларидан, уни бу дунёдан бадарға қилиб, нисбат ва қиёс балосидан қутулиб эмин-эркин яшамоқчи бўларлар?

Шу дунё Исодан ортиб сизларга қолса, тўясизларми?

Наҳот, одамнинг ичидаги расвойи раддибало униб чиқадиган уруғларни парваришлаб, асраб-авайлаб камолга етказувчи мусибату фожиалар узлуксиз рўй бераверса, инсоният тарихи шу силсиладан иборат бўлса?

Ҳаётинг ўртага тикилган лаҳзаларда ҳам эзгу қалбли бўлиб қолиш инсоният тарихида неча кишининг қўлидан келган?

Инсоннинг маънавий фазилатлари шунчалик заифмики, ҳаётингни сақлаб қолиш инстинкти олдида устидан пашша учиб ўтган қоқигулдек тўзғиб кетади?

Бу инсонда биологик бошланғич пешқадамлик қилади, дегани бўлмайди?

IV

Мавжуд тартиблар – тўғрими-нотўғрими – бир ўрнатилгач, бутун бошли омма унинг қачон бўлса ҳам ўзгаришидан ваҳимага тушади. Танбалларча уни ўзгартиришни истамайди. Шуниси маъқул, деб туриб олади. Чунки янгилик ҳар қанча яхши бўлмасин, мавҳумиёти туфайли, синаб кўрилмаганлиги туфайли одамлар уни қабул қилишни истамайди. Эскилик мустабид бўлади. Синалмаган яхши ёмон, синалган ёмон яхшидир ҳамма вақт. Одамзод ўз ҳаётини ўзгартиришни, янги-янги яхшиликларни қабул қилишни хоҳламайди. Ҳамма вақт бошқалар қилишини кутиб туради.

Одамзод бир зайилликни яхши кўради. Дафъатанлик ҳамиша уни ҳуркитади. Пишиб етилиб келган ҳар қандай ўзгаришни ҳам, у илоҳий қонунларга биноан келса-да, дафъатанлик каби қабул қилади. Чунки у пишиб етилиш унинг нақ ўзида, ўзи сабабли содир бўлганини кўрмайди.

Узоқ йўл босиб келган буюк инқилоблар дафъатанлик кўринишида содир бўлади.

Инсоният тарихидаги барча ўзгаришларнинг қўли қон.
Ҳар қандай пайғамбарнинг рисолати инқилобдай кутиб олинган.

Охирги инқилоб содир бўлганига ҳам ўн асрдан ошди. Одамзод ҳануз уни қабул қилишдан бош тортади. Ундан чўчийди.

Наҳот, дунёни ўзгартиришга уриниш буюк фожиаларга йўлдош бўлса? Буюк қурбонлар берилиб ҳам ўзгармаса? Дунёни ўзгартириш – жон олиб, жон бериш савдосидир. Бу савдо ҳеч қачон пишмайди.

“Ҳамма шундай, шунинг учун мен ҳам шундайман”.
“Ҳамма қилган иш тўғри”.
“Кўпчилик ҳамиша ҳақ”.

“Мен кўпчиликдан ажралиб қолишни истамайман”.
“Бу кўпчиликнинг хоҳиш-иродаси”.
“Менинг ҳақ-ҳуқуқларим чегарасиздир”…

Инсоният мана шу шиорлар отини қамчилаб қиёматга томон нурдай учиб бормоқда.

Шўрлик Фома. Шўрлик ҳаворийлар…

“Суд гуноҳкор бўлмаган кишини жазога тортмайди…”

Водариғ! Халқ дейишга арзимайдиган, оқни қора деб туриб оладиган гумроҳлар тўдасининг талаби билан иш кўргувчи судга ишонган шўрликлар!..

Бизнинг дунёда одил ҳукм чиқарадиган бирорта судни биласанми, Фома?
Умуман, ҳукм чиқариш тепадагининггина тасарруфи эмасми, Фома?

Қаҳрли оломон Исонинг бегуноҳлигига амин бўлиб, сўнгги қарорни айтиш ҳуқуқи соҳиби саналмиш Понтий Пилатга “Уни чормихла! Варавани озод қил!” дея ҳўкиздай бўкирган ўша издиҳомда сен ҳам бирор нима деб бақирганмидинг, Фома?

Барибир Пилат эшитмасди, дейсанми?
Барибир айтсанг бўлмасмиди, Фома!
Одамлар ёмонлик қилишни бунча яхши кўришади, Фома?

Одамлар қилган ёмонликларини чексиз марҳамат деб тақдим қилишни бунча уддалашади, Фома?

Одамлар ҳўкиздай бўкиб олгач, овқатни сенинг оч қорнингни ўйлаб еганларига ишонтиришни бунча уддалашади, Фома?

Ўша машъум ҳукм минглаб – ўзига ўхшаган ва айни пайтда ўхшамаган бир банданинг устидан ҳукм чиқаришга ўзини тўла ҳақдор сезган жоҳил овозларни ўзида жо этгандир.

Аммо беҳисоб овозлардан ҳам Қудратлироқ Куч бор. Шунинг учун Исо ўлмади, Фома!

V

Мени топиб келган бу китоб одамзод ўғиллари бўлмиш Исо ва Яҳудо ҳақида эмас, Исо ва Яҳудо ҳақидаги китоб бошқача бўлиши керак, дедим ўзимча. Улар бу китобда шунчаки дастак, холос.

Бу китоб, шубҳасиз, ўз муаллифи бошига тушган овоз ҳақида.

Бу китоб, шубҳасиз, менинг бошимга тушиб, сочларимни оққа бўяган чақмоқ ҳақида.

Бу китоб инсон қалби зиддияти, яратилиш сирру асрори, исённи туққан итоат ва итоатни маҳв этган исён ҳақида.

Бу китоб фожиани ўз ичида ардоқлаб вояга еткаргувчи инсон аталмиш махлуқот ҳақида.

Бу нолалар китоби, маҳрумият ва муяссарият китоби эди.

У мени топиб келди. Мен ҳам Исо ва Яҳудо юриб келган йўлдан юриб келган эдим.

Мен Исо ҳам, Яҳудо ҳам эмас эдим.

Мен, чамамда, осмонга улкан кўздай термулиб ётган, унинг нақ қорачиғига баҳайбат харсанглар юмалаб тушган камсуқум жарлик эдим.

Мен жазирама еру самони жаздай эритган пешинда малул ва ҳорғин Исонинг устига ошиқ-ошиқ соялар солган ёпинчиқ эдим.

Мен хиёнат тунида юлдузлар-ла ўйнашган тўлқинлари билан ҳаворийлар кўксига ғулғула солган азим дарё эдим… Қўлларим қип-қизил қон эди. Ногаҳон эшигим шарақлаб очилиб, тор ва ночор жиҳозланган уйимга жаҳолатдан эсини йўқотган қаҳрли оломон ёприлди, уларнинг кетидан  Кедрон оқимлари отилиб кирди-ю, машъум издиҳомни аллақаёқларга оқизиб кетди. Сув гувиллар, шалоплар эди. Мен қўлларимни дарё сувига чайдим. Сувнинг ўша қисмидан қизғиш бир қушча учиб чиқди-ю, деразамдан эгилиб кирган акас шохларига қўнди.

— Асраб қололмадик! Асраб қололмадик! Асраб қололмадик! – мунгли-мунгли чирқирар эди у, унинг жажжи тумшуқлари ичидан гул баргига монанд қирмизи тилчасини кўриб қолдим…

Мен ўша балокаш тун қўйнидан чиқиб келаётган эдим. Хўроз уч марта қичқириши биланоқ, дош беролмай тонгни ташлаб қочган эдим…

У мени топиб келди. Мен унда ўзимни кўрдим. Исо ва Яҳудо билан бирга, уларга кўринмай босиб ўтганим йўлни кўрдим.

Зеро, ҳар бир алоҳида инсон бутун инсоният босиб ўтажак йўлни босиб ўтишга маҳкумдир.

VI

Уни ўқирдиму, ўша лаҳзаларда:  “Тангрим! — деб узун-узун нола тортардим юрак-бағрим ўртаниб. — Ердаги халифанг бўлмиш Одам Ато фарзандларини қандоқ сунъ билан яратдинг?

Уларни бу дунёда азоб-уқубат чекмоққа, бу дунёда бахтсиз бўлмоққами яратдинг?

Фисқу фужур, хиёнат ва риё, даъво ва манфаат ўзининг чиркин қўллари билан чангаллаб турган бу дунёда Сен кўрсатган йўллардан юрмоқ учун қўрқув, изтироб, очлик-яланғочлик, сотқинлик, қийноғу мусибатларга дош бермоққами яратдинг?

Муҳаббат ҳаққи, рад этилиш ҳаққи ўз маҳбубини азобу таҳқирлар вартасига ташламоқ, уни беқадр қилиб душманларга сотмоққами яратдинг?

Ўзи учун бебаҳо қимматликни уч пулга арзитиш… – бундан қониққан нафсоният дўзахдаги тегирмон тошидай янчгувчи изтиробларга бадал бўла оладими?

Нима бу – ўчми? Таскин-тасаллими? Нафсоният ва муҳаббат жангими? Муҳаббатдай яратувчи туйғудан туғилиб, маҳвиятнинг тубан чўққиларида айш суриб қон бўлгувчи рашк демишларининг вайрона тантанасими?

Нима бу – муҳаббатнинг ғалабаси, нафсониятнинг мағлубиятими?
Ёхуд нафсониятнинг ғалабаси, муҳаббатнинг мағлубиятими?

Ёки бир йўла нафсоният ва муҳаббатнинг ғалабасими?
Ёинки муҳаббат ва нафсониятнинг бирваракай мағлубиятими?

Муҳаббат ҳам нафсоният эмасми?
Муҳаббат ва нафсоният бир-бирига мардуд эмасми?

“Менга йўқми – бошқаларга ҳам бўлмайди” – олий, олий дея бонг урганимиз муҳаббат шу худбинлик қонунининг маҳкумими? Муҳаббат шунчалик ўзпараст ҳиссиётми?

Нега инсоний туйғулар бунча мураккаб, бунча чалкаш, ўз ичида ўзига бунчалар қарши?
Нега ўхшашликлар ҳамиша бир-биридан итарилади? Бу қонуниятми?

Ёки Сенинг ўзинг истаган мўмингагина очадиган мукаррам асроринг, ўзинг суйган бандангга шоён этадиган мўъжизангми?

Мен Сенинг тажаллийингман, Сенинг зотинг намоёниман, мен Сенман, эй бутун моддий ва номоддий борлиқларнинг Соҳиби!

Қуёшдан узилиб, ерга урилиб қайтган нур толасидай Сендан узилиб, Сенга қайтгувчингман.

Тупроқдан бино бўлиб, тупроққа айлангувчингманд.

Мени қандай яратдинг, Тангрим – Сендан бошланган жилғадай нега Сендан узоқлаб кетавераман?

Сендан ибтидо олиб, сен туфайли пировардида азим-азим дарёларга айлансам-да, нега ортимга қарамайман?

Сен мени қуёшдан узилган нур толасидай яшил-яшил ўтлоқлар, ҳосилдор боғлар барпо этмоққа созламадингми?

Сен мени покиза қорлардан бошланиб, асов дарёларга дўнажак жилғадай сирли унгурлар аро, раҳматингдай ясланган кенгликлар узра, қақраб-қақшаб ётган қум чўллар қўйнидан оқиб ўтиб, сенинг азиматингдан дарак берарак, у ерларда ҳаётни уйғотмоққа яратмадингми?

Мен Сенинг амру фармонингни ижро эта олдимми?

Мени кечир, Аллоҳим!

Осмонингдаги юлдузлар қадар мўл-кўл гуноҳлар қилдим.
Ҳамиша очиб қўйганинг тавба эшикларига қарамай ўтдим.

Ўн саккиз минг олам ичра фақат мени сийлаб, фақат менгагина берган моддий ва маънавий неъматларинг шукронасини унутдим.

Гўзал-гўзал ҳамдлар, тавба ва шукроналар учун яратганинг тилимни ёлғон ва ғийбатлар айтмоққа тебратганим учун мени афв эт, эй Буюк Каломни йўллаган Зот!

Мени ўзгалар мусибатидан шодлангувчилардан қилма – қанчалар тубанлик бу. Ўз мусибатида Айюб сабрида қойим тургувчилардан қилгил.

“Нега?” деганим учун Сендан истиғфор сўрайман; мени ҳам, менга ўхшаган барча бандаларингни ҳам мағфират айла, эй Буюк Ғаффор!

Эй қудратлар эгаси, эй улуғ Холиқ, мени қандоқ яратган бўлсанг, шунга мусалламман!

Эй, беҳад муаззам оламларнинг Бинокори, Сенинг йўлингга мусалламман!

Жамийки замонлар ва маконларнинг, борлиқларнинг парвардигори, Сенга мусалламлик ила кибрланишдан мени асра!

Риёдан асра!

Залолат йўлларида улоқишдан мени ўзинг асра, эй буюк Ҳодий!

Бошимга келган синов ва мусибатларни Сенинг менга бўлган муҳаббатинг, манзилида саодатли толе кутиб турган йўл билиб, итоатда қабул қилишим учун куч ва ирода бер, эй раҳмати бепоён бўлган Зот!”

VII

Инсоният ҳаётига оид буюк асарларнинг бу дунёга дахлдор қисми ҳамиша фожиа билан тугайди. Унда мурод-мақсадларига етмайдилар, чунки йўл ҳали тугамаган бўлади. Агар асарлар бошқача тугаса, ишонманглар.

Мени излаб келган китоб ҳам худди шундай. Ва бу илоҳий ҳақиқатга мувофиқ. Фожиадан қўрқманг, ундан қўрқиш – ҳақиқатдан қўрқиш демак.

Бу ҳаётнинг боқий дунёда кечадиган қисмидагина чинакам саодатга эришилади. Фақат ўша томонда адолат қарор топади, сотқинлар жазога муҳаққақ бўладилар.

Барча йўқотиш ва кулфатларга чидаб юриб келганлар, синов ва мусибатни Унинг муҳаббати деб мусаллам бўлганларнинг юзлари ёруғ бўлади.

Гуноҳ қилиб, кейинида тавба қилиб ва тағин гуноҳ қилишдан қўрққанларнинг юзлари ёруғ бўлади – одамийлик йўли ана шу.

Инсоннинг бошидан бу дунёда кечган савдолардан сўзлагувчи асарлар фожиа билан тугамаса, қўрқинг. Негаки, бу ёлғон ва у китоблар Сизни алдайди. Илоё, бизни бундай китоблар излаб келмасин.

Аксинча бўлса, қўрқманг ва кутинг. Унда айни ҳақиқат ёзилган бўлади. Аммо ҳали олдинда давоми бўлади. Саодатли толе кутаётган сўнгги манзил. Унга эса тайёрланмоқ керак.

Сизни ҳамиша ҳақиқат сўйланган китоблар излаб келсин, азизим!

22-23. 03. 2016.

Wallpaper03_favourite_book.jpgNodira Afoqovaning atoqli rus adibi Leonid Andreyevning “Yahudo Iskariot” qissasini tarjima qilish, asarni qayta-qayta o‘qish jarayoni mobaynida kechgan ichki kechinmalariga bag‘ishlangan essesini mutolaa qilishdan oldin mazkur sahifalardagi rus adibi va qissasi haqida ma’lumotni, asar tarjimasini o‘qib chiqishingizni maslahat beramiz:
Xurshid Davron. Leonid Andreyev va qissasi haqida.
Leonid Andreyev. Yahudo Iskariot. I-III boblar

Leonid Andreyev. Yahudo Iskariot. IV-VI boblar
Leonid Andreyev. Yahudo Iskariot. VII-IX boblar

Nodira AFOQOVA
MUTOLAA:
LЕONID ANDRЕYEV. YAHUDO ISKARIOT
09

Adabiyotshunos olima va shoira Nodira Afoqova Buxoroda tug‘ilgan. Filologiya fanlari doktori. Bir necha she’riy va tarjima to‘plamlari nashr etilgan. «Jadid lirikasida musammat», «Jadid g‘azaliyoti», XX asr o‘zbek adabiyotida ruboiy va qit’a», » Shavkat Rahmon olami» (hamkorlikda) va boshqa bir qator ilmiy-adabiy kitoblar muallifi.

09

I

7c8d87920b6057add1ff3c5d9b323944-225x202.jpgO‘quvchi kitobni emas, kitob o‘quvchini tanlaydi. Menga shunday tuyuladi. Kitob xaos qaynaganday bo‘lib ko‘ringan dunyo sayilgohida o‘z o‘quvchisini adashmay topib, uning oldiga qo‘l tegsa titilib ketadigan kapalakday uchib boradi. Uning oyoqlari ostida gulkosasi hali ochilmagan, gulbarglari billurday shaffof, bandi juda nozik gul kabi o‘sib chiqadi. Agar Tangri sizni suymagan bo‘lsa, qattiq yo‘talasiz va kiftingizga qo‘ngan kapalak qaytib uchib ketadi. Oyog‘ingiz ostidagi gulni ko‘rmay, bosib olasiz va u g‘uj gulbargchalari piyolasidagi shudringlarga qorilib, majaqlanib ketadi. Uni bosib olmaydigan boshqa birovning oyoqlari ostida ochilish uchun ketadi. Bunga kitob emas, Siz aybdorsiz. Chunki Siz u kitobga juda o‘xshaysiz – u shuning uchun Sizni topib kelgan bo‘ladi. Ammo Siz sayilgohdagi boshqa narsalarga angrayib, yuzingizga tutilgan qismat ko‘zgusidan chirtta yuz burasiz.. Aksincha bo‘lsa, sizlar bamisli oshiq-ma’shuqqa aylanasizlar…

Bu kitob meni xuddi shunday topib oldi. Men qismatning nogahoniy savdolari – balki zaruriydir – bag‘rimni tilim-tilim qilib yotgan kunlarda uning jimjilog‘imcha ham kelmaydigan bo‘yini, soch tolasiday nozik bastini oyoqlarim ostida ko‘rib qoldim. Yelkam tarafdan qoqilgan qanotlarning inson sezgisi ilg‘amaydigan darajadagi mayin shitirlashi eshitildi, yonog‘imga behisht chamanlaridan kelganday (voajab! men buni qaydan bilaman?) jonfizo epkin urildi. U meni axtarib kelgandi. Men uni uzmadim. Uni yaxshiroq ko‘rmoq, muattar bo‘ylaridan rohatlanmoq, gulkosachasini avaylab hovuchimga olmoq uchun egildim. Butun bo‘yimni o‘nlab karra qatlab egildim. Cho‘k tushdim. Shunda mo‘’jiza ro‘y berdi: men avval gulga aylandim, keyin bu gul kapalakka evrildi-yu, Jatsamoniy* bog‘i tomon uchib ketdi…

* Ko‘hna yunon manbalarida Zaytun tog‘ining g‘arbiy etagida va Quddusi Sharifning sharqida joylashgan Gefsimaniya deb atalgan manzildagi bog‘ Sharq manbalarida shunday ataladi (XDK izohi).

II

Men bu kitobni o‘qib chiqdimu, o‘zim o‘zimning o‘lib qolmaganimga taajjublandim. Men bu kitobni o‘qirkanman, qalbim tinimsiz zamzamaga kelib turdi. U tufayli to‘planib qolgan savollar ko‘rinarli-moddiy tus olib, qalbim qiynalar edi, chunki qalbim hamma vaqt o‘z savollarini ko‘zdan yashirib kelgan. Savollar olov daryosiga aylanib ichimdan bo‘g‘zimga, tilimga, ko‘zimga tomon oqib, guliqahqahday dasta-dasta qilib qonrang gullar ota boshladi.

Muhabbatdan razolat ham ibtido olishi mumkin ekan-da?

Inson fojialarining poyoni bormi?

Yo‘qotmish va topmishlar, topmish va yo‘qotmishlar tarozisi hamisha muvozanatdami?

Nega kimlardir baxtli-yu, kimlardir baxtsiz? Yoki hamma ayni bir xilu, baxtlilar o‘z baxsizligini sezmaydi va baxtsizlar o‘z baxtliligini sezmaydimi?

Jinoyati qismatning amri bo‘lmish Yahudo uni abadiyan iztirob vartasiga tashlagan muzaffariyati bilan baxtlimidi, baxtsizmidi?

Inson o‘z sevgani bilan jannatda birga bo‘ladi – buni muhokama qilishga haqqimiz yo‘q. Yahudo-chi?

Inson muhabbatdan qutulishga, uni o‘ldirib ozod bo‘lishga intiladi hammi?

Muhabbat botqoq hammi? Yuk hammi? Javobgarlik hammi? – balki, inson shuning uchun undan ozod bo‘luvni xohlab qolar?

Nahotki, muhabbatda kasofat, xiyonatda saodat, fojiada sharofat bo‘lsa?

Nima muhimroq: muhabbatmi, g‘alabami, ozodlikmi?

Ozodlik muhabbatdan ham, haqiqatdan ham, inson hayotidan ham yuksakmi?

III

Haqiqatni bilganlar uni aytishdan qo‘rqadilar.
Haqiqat inson hayotiga qarshimiki, o‘z hayotlarini saqlash uchun uni aytmaydilar.

Nahotki, haqiqat inson hayotiga qarshi bo‘lsa?
Nahotki, inson hayoti haqiqatdan ham baland turadigan qadriyat bo‘lsa?

Nahotki, kimningdir hayotini saqlab qolish uchun barala-oshkor aytilgan haqiqat uni aytganlarning ham hayotini o‘z girdobiga o‘rab g‘arq qilsa? Unda uni aytmaslik to‘g‘ri bo‘lib chiqmaydimi?

Odamlarni tutib o‘limning qo‘liga topshiradigan haqiqat kerakmi? Unda u haqiqatmi?

Bu savollarning javobi qanday bo‘lishiga qarab yo haqiqat, yo odamlar aybdor bo‘lib chiqadilar.

Butun dunyo odamlari ikkiga bo‘linib, birlari ustidan ikkinchilari hukm chiqaraversalar, oxiri nima bo‘ladi?

Mahkumlar qirilib ketib, faqat hokimlar qolsa…

Shunda qolganlar ittifoq bo‘lib yashay oladilarmi?

Nega odamlarga ezgu so‘zli va ezgu ishli Isolar emas, jinoyatkor Varavalar ko‘proq yoqadi?

Axir, ular Isoni chormixlab, Varavani ozod etishni so‘ramadilarmi?

Bu o‘sha odamlarning har bittasi ichida bitta jinoyatchi Varava o‘tirganligi uchundir balkim?

Ular ong hududlaridan xorijda Varava qiyofasida o‘z jinoyatlarini oqlashni, o‘z kirdikorlarini qonun vositasida tasdiqlatib olishni istarlar?

Ular ezgu so‘zli va ezgu ishli Iso kabi bo‘lolmaganlaridan, uni bu dunyodan badarg‘a qilib, nisbat va qiyos balosidan qutulib emin-erkin yashamoqchi bo‘larlar?

Shu dunyo Isodan ortib sizlarga qolsa, to‘yasizlarmi?

Nahot, odamning ichidagi rasvoyi raddibalo unib chiqadigan urug‘larni parvarishlab, asrab-avaylab kamolga yetkazuvchi musibatu fojialar uzluksiz ro‘y beraversa, insoniyat tarixi shu silsiladan iborat bo‘lsa?

Hayoting o‘rtaga tikilgan lahzalarda ham ezgu qalbli bo‘lib qolish insoniyat tarixida necha kishining qo‘lidan kelgan?

Insonning ma’naviy fazilatlari shunchalik zaifmiki, hayotingni saqlab qolish instinkti oldida ustidan pashsha uchib o‘tgan qoqiguldek to‘zg‘ib ketadi?

Bu insonda biologik boshlang‘ich peshqadamlik qiladi, degani bo‘lmaydi?

IV

Mavjud tartiblar – to‘g‘rimi-noto‘g‘rimi – bir o‘rnatilgach, butun boshli omma uning qachon bo‘lsa ham o‘zgarishidan vahimaga tushadi. Tanballarcha uni o‘zgartirishni istamaydi. Shunisi ma’qul, deb turib oladi. Chunki yangilik har qancha yaxshi bo‘lmasin, mavhumiyoti tufayli, sinab ko‘rilmaganligi tufayli odamlar uni qabul qilishni istamaydi. Eskilik mustabid bo‘ladi. Sinalmagan yaxshi yomon, sinalgan yomon yaxshidir hamma vaqt. Odamzod o‘z hayotini o‘zgartirishni, yangi-yangi yaxshiliklarni qabul qilishni xohlamaydi. Hamma vaqt boshqalar qilishini kutib turadi.

Odamzod bir zayillikni yaxshi ko‘radi. Daf’atanlik hamisha uni hurkitadi. Pishib yetilib kelgan har qanday o‘zgarishni ham, u ilohiy qonunlarga binoan kelsa-da, daf’atanlik kabi qabul qiladi. Chunki u pishib yetilish uning naq o‘zida, o‘zi sababli sodir bo‘lganini ko‘rmaydi.

Uzoq yo‘l bosib kelgan buyuk inqiloblar daf’atanlik ko‘rinishida sodir bo‘ladi.

Insoniyat tarixidagi barcha o‘zgarishlarning qo‘li qon.
Har qanday payg‘ambarning risolati inqilobday kutib olingan.

Oxirgi inqilob sodir bo‘lganiga ham o‘n asrdan oshdi. Odamzod hanuz uni qabul qilishdan bosh tortadi. Undan cho‘chiydi.

Nahot, dunyoni o‘zgartirishga urinish buyuk fojialarga yo‘ldosh bo‘lsa? Buyuk qurbonlar berilib ham o‘zgarmasa? Dunyoni o‘zgartirish – jon olib, jon berish savdosidir. Bu savdo hech qachon pishmaydi.

“Hamma shunday, shuning uchun men ham shundayman”.
“Hamma qilgan ish to‘g‘ri”.
“Ko‘pchilik hamisha haq”.

“Men ko‘pchilikdan ajralib qolishni istamayman”.
“Bu ko‘pchilikning xohish-irodasi”.
“Mening haq-huquqlarim chegarasizdir”…

Insoniyat mana shu shiorlar otini qamchilab qiyomatga tomon nurday uchib bormoqda.

Sho‘rlik Foma. Sho‘rlik havoriylar…

“Sud gunohkor bo‘lmagan kishini jazoga tortmaydi…”

Vodarig‘! Xalq deyishga arzimaydigan, oqni qora deb turib oladigan gumrohlar to‘dasining talabi bilan ish ko‘rguvchi sudga ishongan sho‘rliklar!..

Bizning dunyoda odil hukm chiqaradigan birorta sudni bilasanmi, Foma?
Umuman, hukm chiqarish tepadagininggina tasarrufi emasmi, Foma?

Qahrli olomon Isoning begunohligiga amin bo‘lib, so‘nggi qarorni aytish huquqi sohibi sanalmish Pontiy Pilatga “Uni chormixla! Varavani ozod qil!” deya ho‘kizday bo‘kirgan o‘sha izdihomda sen ham biror nima deb baqirganmiding, Foma?

Baribir Pilat eshitmasdi, deysanmi?
Baribir aytsang bo‘lmasmidi, Foma!
Odamlar yomonlik qilishni buncha yaxshi ko‘rishadi, Foma?

Odamlar qilgan yomonliklarini cheksiz marhamat deb taqdim qilishni buncha uddalashadi, Foma?

Odamlar ho‘kizday bo‘kib olgach, ovqatni sening och qorningni o‘ylab yeganlariga ishontirishni buncha uddalashadi, Foma?

O‘sha mash’um hukm minglab – o‘ziga o‘xshagan va ayni paytda o‘xshamagan bir bandaning ustidan hukm chiqarishga o‘zini to‘la haqdor sezgan johil ovozlarni o‘zida jo etgandir.

Ammo behisob ovozlardan ham Qudratliroq Kuch bor. Shuning uchun Iso o‘lmadi, Foma!

V

Meni topib kelgan bu kitob odamzod o‘g‘illari bo‘lmish Iso va Yahudo haqida emas, Iso va Yahudo haqidagi kitob boshqacha bo‘lishi kerak, dedim o‘zimcha. Ular bu kitobda shunchaki dastak, xolos.

Bu kitob, shubhasiz, o‘z muallifi boshiga tushgan ovoz haqida.

Bu kitob, shubhasiz, mening boshimga tushib, sochlarimni oqqa bo‘yagan chaqmoq haqida.

Bu kitob inson qalbi ziddiyati, yaratilish sirru asrori, isyonni tuqqan itoat va itoatni mahv etgan isyon haqida.

Bu kitob fojiani o‘z ichida ardoqlab voyaga yetkarguvchi inson atalmish maxluqot haqida.

Bu nolalar kitobi, mahrumiyat va muyassariyat kitobi edi.

U meni topib keldi. Men ham Iso va Yahudo yurib kelgan yo‘ldan yurib kelgan edim.

Men Iso ham, Yahudo ham emas edim.

Men, chamamda, osmonga ulkan ko‘zday termulib yotgan, uning naq qorachig‘iga bahaybat xarsanglar yumalab tushgan kamsuqum jarlik edim.

Men jazirama yeru samoni jazday eritgan peshinda malul va horg‘in Isoning ustiga oshiq-oshiq soyalar solgan yopinchiq edim.

Men xiyonat tunida yulduzlar-la o‘ynashgan to‘lqinlari bilan havoriylar ko‘ksiga g‘ulg‘ula solgan azim daryo edim… Qo‘llarim qip-qizil qon edi. Nogahon eshigim sharaqlab ochilib, tor va nochor jihozlangan uyimga jaholatdan esini yo‘qotgan qahrli olomon yoprildi, ularning ketidan Kedron oqimlari otilib kirdi-yu, mash’um izdihomni allaqayoqlarga oqizib ketdi. Suv guvillar, shaloplar edi. Men qo‘llarimni daryo suviga chaydim. Suvning o‘sha qismidan qizg‘ish bir qushcha uchib chiqdi-yu, derazamdan egilib kirgan akas shoxlariga qo‘ndi.

— Asrab qololmadik! Asrab qololmadik! Asrab qololmadik! – mungli-mungli chirqirar edi u, uning jajji tumshuqlari ichidan gul bargiga monand qirmizi tilchasini ko‘rib qoldim…

Men o‘sha balokash tun qo‘ynidan chiqib kelayotgan edim. Xo‘roz uch marta qichqirishi bilanoq, dosh berolmay tongni tashlab qochgan edim…

U meni topib keldi. Men unda o‘zimni ko‘rdim. Iso va Yahudo bilan birga, ularga ko‘rinmay bosib o‘tganim yo‘lni ko‘rdim.

Zero, har bir alohida inson butun insoniyat bosib o‘tajak yo‘lni bosib o‘tishga mahkumdir.

VI

Uni o‘qirdimu, o‘sha lahzalarda: “Tangrim! — deb uzun-uzun nola tortardim yurak-bag‘rim o‘rtanib. — Yerdagi xalifang bo‘lmish Odam Ato farzandlarini qandoq sun’ bilan yaratding?

Ularni bu dunyoda azob-uqubat chekmoqqa, bu dunyoda baxtsiz bo‘lmoqqami yaratding?

Fisqu fujur, xiyonat va riyo, da’vo va manfaat o‘zining chirkin qo‘llari bilan changallab turgan bu dunyoda Sen ko‘rsatgan yo‘llardan yurmoq uchun qo‘rquv, iztirob, ochlik-yalang‘ochlik, sotqinlik, qiynog‘u musibatlarga dosh bermoqqami yaratding?

Muhabbat haqqi, rad etilish haqqi o‘z mahbubini azobu tahqirlar vartasiga tashlamoq, uni beqadr qilib dushmanlarga sotmoqqami yaratding?

O‘zi uchun bebaho qimmatlikni uch pulga arzitish… – bundan qoniqqan nafsoniyat do‘zaxdagi tegirmon toshiday yanchguvchi iztiroblarga badal bo‘la oladimi?

Nima bu – o‘chmi? Taskin-tasallimi? Nafsoniyat va muhabbat jangimi? Muhabbatday yaratuvchi tuyg‘udan tug‘ilib, mahviyatning tuban cho‘qqilarida aysh surib qon bo‘lguvchi rashk demishlarining vayrona tantanasimi?

Nima bu – muhabbatning g‘alabasi, nafsoniyatning mag‘lubiyatimi?
Yoxud nafsoniyatning g‘alabasi, muhabbatning mag‘lubiyatimi?

Yoki bir yo‘la nafsoniyat va muhabbatning g‘alabasimi?
Yoinki muhabbat va nafsoniyatning birvarakay mag‘lubiyatimi?

Muhabbat ham nafsoniyat emasmi?
Muhabbat va nafsoniyat bir-biriga mardud emasmi?

“Menga yo‘qmi – boshqalarga ham bo‘lmaydi” – oliy, oliy deya bong urganimiz muhabbat shu xudbinlik qonunining mahkumimi? Muhabbat shunchalik o‘zparast hissiyotmi?

Nega insoniy tuyg‘ular buncha murakkab, buncha chalkash, o‘z ichida o‘ziga bunchalar qarshi?
Nega o‘xshashliklar hamisha bir-biridan itariladi? Bu qonuniyatmi?

Yoki Sening o‘zing istagan mo‘mingagina ochadigan mukarram asroring, o‘zing suygan bandangga shoyon etadigan mo‘’jizangmi?

Men Sening tajalliyingman, Sening zoting namoyoniman, men Senman, ey butun moddiy va nomoddiy borliqlarning Sohibi!

Quyoshdan uzilib, yerga urilib qaytgan nur tolasiday Sendan uzilib, Senga qaytguvchingman.

Tuproqdan bino bo‘lib, tuproqqa aylanguvchingmand.

Meni qanday yaratding, Tangrim – Sendan boshlangan jilg‘aday nega Sendan uzoqlab ketaveraman?

Sendan ibtido olib, sen tufayli pirovardida azim-azim daryolarga aylansam-da, nega ortimga qaramayman?

Sen meni quyoshdan uzilgan nur tolasiday yashil-yashil o‘tloqlar, hosildor bog‘lar barpo etmoqqa sozlamadingmi?

Sen meni pokiza qorlardan boshlanib, asov daryolarga do‘najak jilg‘aday sirli ungurlar aro, rahmatingday yaslangan kengliklar uzra, qaqrab-qaqshab yotgan qum cho‘llar qo‘ynidan oqib o‘tib, sening azimatingdan darak berarak, u yerlarda hayotni uyg‘otmoqqa yaratmadingmi?

Men Sening amru farmoningni ijro eta oldimmi?

Meni kechir, Allohim!

Osmoningdagi yulduzlar qadar mo‘l-ko‘l gunohlar qildim.
Hamisha ochib qo‘yganing tavba eshiklariga qaramay o‘tdim.

O‘n sakkiz ming olam ichra faqat meni siylab, faqat mengagina bergan moddiy va ma’naviy ne’matlaring shukronasini unutdim.

Go‘zal-go‘zal hamdlar, tavba va shukronalar uchun yaratganing tilimni yolg‘on va g‘iybatlar aytmoqqa tebratganim uchun meni afv et, ey Buyuk Kalomni yo‘llagan Zot!

Meni o‘zgalar musibatidan shodlanguvchilardan qilma – qanchalar tubanlik bu. O‘z musibatida Ayyub sabrida qoyim turguvchilardan qilgil.

“Nega?” deganim uchun Sendan istig‘for so‘rayman; meni ham, menga o‘xshagan barcha bandalaringni ham mag‘firat ayla, ey Buyuk G‘affor!

Ey qudratlar egasi, ey ulug‘ Xoliq, meni qandoq yaratgan bo‘lsang, shunga musallamman!

Ey, behad muazzam olamlarning Binokori, Sening yo‘lingga musallamman!

Jamiyki zamonlar va makonlarning, borliqlarning parvardigori, Senga musallamlik ila kibrlanishdan meni asra!

Riyodan asra!

Zalolat yo‘llarida uloqishdan meni o‘zing asra, ey buyuk Hodiy!

Boshimga kelgan sinov va musibatlarni Sening menga bo‘lgan muhabbating, manzilida saodatli tole kutib turgan yo‘l bilib, itoatda qabul qilishim uchun kuch va iroda ber, ey rahmati bepoyon bo‘lgan Zot!”

VII

Insoniyat hayotiga oid buyuk asarlarning bu dunyoga daxldor qismi hamisha fojia bilan tugaydi. Unda murod-maqsadlariga yetmaydilar, chunki yo‘l hali tugamagan bo‘ladi. Agar asarlar boshqacha tugasa, ishonmanglar.

Meni izlab kelgan kitob ham xuddi shunday. Va bu ilohiy haqiqatga muvofiq. Fojiadan qo‘rqmang, undan qo‘rqish – haqiqatdan qo‘rqish demak.

Bu hayotning boqiy dunyoda kechadigan qismidagina chinakam saodatga erishiladi. Faqat o‘sha tomonda adolat qaror topadi, sotqinlar jazoga muhaqqaq bo‘ladilar.

Barcha yo‘qotish va kulfatlarga chidab yurib kelganlar, sinov va musibatni Uning muhabbati deb musallam bo‘lganlarning yuzlari yorug‘ bo‘ladi.

Gunoh qilib, keyinida tavba qilib va tag‘in gunoh qilishdan qo‘rqqanlarning yuzlari yorug‘ bo‘ladi – odamiylik yo‘li ana shu.

Insonning boshidan bu dunyoda kechgan savdolardan so‘zlaguvchi asarlar fojia bilan tugamasa, qo‘rqing. Negaki, bu yolg‘on va u kitoblar Sizni aldaydi. Iloyo, bizni bunday kitoblar izlab kelmasin.

Aksincha bo‘lsa, qo‘rqmang va kuting. Unda ayni haqiqat yozilgan bo‘ladi. Ammo hali oldinda davomi bo‘ladi. Saodatli tole kutayotgan so‘nggi manzil. Unga esa tayyorlanmoq kerak.

Sizni hamisha haqiqat so‘ylangan kitoblar izlab kelsin, azizim!

22-23. 03. 2016.

07

(Tashriflar: umumiy 86, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring