Leonid Andreev. Yahudo Iskariot. Qissa. IV-VI boblar

044    Яҳудо бир неча динорни пинҳон қилди. Бу қанча пул беришганини тасодифан кўриб қолган Фома туфайли фош бўлди. Эҳтимол қилиш мумкинки, бу Яҳудонинг биринчи ўғрилиги эмас. Ҳамма қаҳру ғазабга тўлди. Ғазабланган Пётр Яҳудони ёқасидан чангаллаганча, қарийб судраб Исонинг олдига олиб келди. Қўрқиб кетган, ранги қув ўчган Яҳудо қаршилик қилиб ўтирмади.

Леонид Андреев
ЯҲУДО ИСКАРИОТ
Нодира Афоқова таржимаси
98

IV

066Яҳудо бир неча динорни пинҳон қилди. Бу қанча пул беришганини тасодифан кўриб қолган Фома туфайли фош бўлди. Эҳтимол қилиш мумкинки, бу Яҳудонинг биринчи ўғрилиги эмас. Ҳамма қаҳру ғазабга тўлди. Ғазабланган Пётр Яҳудони ёқасидан чангаллаганча, қарийб судраб Исонинг олдига олиб келди. Қўрқиб кетган, ранги қув ўчган Яҳудо қаршилик қилиб ўтирмади.
— Муаллим, қара! Мана – ҳазилкаш! Мана – ўғри! Сен унга ишондинг, у эса бизнинг пулларимизни ўғирлаяпти. Ўғри! Ярамас! Изн бер, мен ўзим уни…
Исо миқ этмади. Пётрга диққат билан тикилди, Пётр қип-қизариб, Яҳудонинг ёқасини қўйворди. Яҳудо хижолатпазлик билан у ёқ-бу ёғини тузатди, Пётрга ёнламаси қараб, надомат чекаётган гуноҳкор кимсанинг итоаткор-мазлум қиёфасига кирди.
— Мана шунақа! – қизишиб деди Пётр ва эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Ҳамма норози бўлиб, ҳарна бўлганда ҳам, энди Яҳудони сафимизда қолдирмаймиз, дейишди. Аммо Иван ўзича нималарнидир тезгина ҳисоб-китоб қилди-ю, лип этиб эшикдан кириб кетди. Эшик ортидан Исонинг осойишта, ҳатто эркалаганнамо овози эшитилмоқда эди. Бирмунча вақт ўтиб, Иван у ердан ранги оқарган ҳолда чиқиб келди; ҳозиргина йиғлагандай қизарган кўзлари ерга тикилган эди.
— Муаллим айтди… Муаллим Яҳудога айтдики, қанча хоҳласанг, шунча пул олишинг мумкин.
Пётр аччиғланиб кулди. Иван унга тезгина, таънали қараб қўйди. Қараб қўйди-ю, дафъатан ловиллаб кетиб, қаҳру ғазаб ва завқу шавқдан кўзларига ёш қуйилиб, жарангос билан деди:
— Яҳудо қанча пул олганини ҳисоб-китоб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. У бизнинг биродаримиз, бу пуллар бизники ва уники ҳам. Башарти унга кўп пул керак бўлса, ҳеч кимга айтмасдан, ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан кўпроқ олаверсин. Яҳудо бизнинг биродаримиз, сизлар уни қаттиқ хафа қилдиларинг – Муаллим шундай деди. Уят бизга, биродарлар!
Эшикда ранги оқарган, лабларини қийшайтириб илжайган Яҳудо турарди. Иван енгил ҳаракат билан унга яқин борди ва уч марта ўпди. Унинг кетидан бир-бирлари билан кўз уриштириб, Якоб, Филипп ва бошқалар ҳам хижолатлик билан Яҳудога яқин боришди – ҳар бир киши ўпгандан кейин Яҳудо оғзини артар, аммо қаттиқ чўлпиллатар, худдики айни шу чўлпиллаш унга лаззат бағишларди. Энг охирида Пётр келди.
— Бизлар ҳаммамиз аҳмоқ, бизлар ҳаммамиз сўқирмиз. Яҳудо – биргина у кўради, у ақлли. Сени ўпсам бўладими?
— Нимага бўлмас экан? Ўпақол! – рози бўлди Яҳудо.
Пётр уни қаттиқ ўпди ва бошқалар ҳам эшитарли қилиб қулоғига шундай деди:
— Сени бўғиб ўлдиришимга сал қолди! Улар-ку шунчаки… Мен бўлсам бўғзингдан олибман! Қаттиқ оғримадими?
— Сал-пал.
— Ҳозир унинг олдига бораман, ҳаммасини айтиб бераман. Ахир, унга ҳам жаҳл қилдим-ку, — маъюс ҳолда деди Пётр ғичирлатмасдан эшикни очишга уриниб.
— Сен-чи, Фома? – жиддий сўради издошларнинг хатти-ҳаракати ва гап-сўзларини кузатиб турган Иван.
— Ҳозирча билмадим. Ўйлаб кўришим керак.
У узоқ ўйлади. Уззукун.
Ҳамма иш-ишига тарқаб кетди. Пётр қаёқдандир, девор ортидан баланд овозда, шодон қичқирган маҳалда ҳам у ҳамон фикрга чўмган эди. У-ку, тезроқ бир қарорга келарди-я, бироқ Яҳудо бирмунча халақит берди. Яҳудо тиржайган куйи изма-из юрар, ора-сира жиддий тарзда сўраб қоларди:
— Хўш, қалай, Фома? Ишлар қандай кетяпти?
Кейин Яҳудо пулқутини олиб келди, пулларни қаттиқ жаранглатиб ва айни пайтда атай Фома томонга қарамай санай бошлади:
— Йигирма бир, йигирма икки, йигирма уч… Қара, Фома, яна қалбаки танга. Одамлар шунчалик фирибгар бўлиб кетишганки, ҳатто қалбаки пулларни хайр-эҳсон қилишади… Йигирма тўрт… Сўғин яна Яҳудо ўғирлади, дейишади… Йигирма беш, йигирма олти…
Фома қатъий қарорга келиб унга яқинлашди – бу пайтда оқшом тушган эди – ва шундай деди:
— У ҳақ, Яҳудо. Кел, сени бир ўпиб қўяй.
— Вой, шунақами? Йигирма тўққиз, ўттиз. Фойдаси йўқ. Мен яна ўғирлайман. Ўттиз бир…
— Қачонки бу пуллар на ўзингники, на бошқаники бўлмаса, қандай қилиб ўғирлаш мумкин. Сен шунчаки олишинг мумкин, холос, қанча зарур бўлса, шунча оласан.
— Фақат Унинг сўзларини такрорлаб айтиш учун сенга қанча муддат лозим бўлди? Вақтнинг қадрига етмайсан, доно Фома.
— Устимдан куляпсанми, биродар?
— Ўйлаб кўр, қимматли Фома, унинг сўзларини такрорлаб тўғри қиляпсанми? Ахир у “ўз” деди, буни айтган сен эмассан. Мени ўпган ҳам у – сизлар бўлса менинг даҳанимни мурдор қилдиларинг. Сизларнинг намчил лабларингизни лабларимда ҳозиргача ҳис қилиб турибман. Бу шундай ёқимсизки, марҳаматли Фома. Ўттиз саккиз, ўттиз тўққиз, қирқ. Қирқ динор, Фома, текшириб кўрмайсанми?
— Ахир, у бизнинг Муаллимимиз-ку. Муаллимнинг сўзларини такрорламай бўладими?
— Яҳудонинг ёқаси йиртилди – шундайми? Энди у қип-яланғочу, унда чангаллайдиган ёқа йўқ – шундайми? Муаллим уйдан кетади-ю, Яҳудо тағин билмасдан уч динорни ўғирлаб қўяди, наҳот, шунда тағин унинг ёқасидан олмайсизлар сизлар?
— Билиб олдик энди, Яҳудо. Биз тушундик.
— Ҳамма ўқувчиларнинг хотираси чатоқ эмасми? Ҳамма муаллимларни алдаган уларнинг ўқувчилари эмасми? Муаллим калтакни кўтариши билан ўқувчилар “биламиз, биламиз, устоз!” деб қичқиришади. Муаллим ухлагани кетиши билан ўқувчилар издошлар “устознинг ўзи бизни шунга ўргатмадими?” дейишади. Бу ерда ҳам худди шундай. Бугун эрталаб сен мени ўғри деб атадинг. Худди шу куни оқшомда биродар деяпсан. Эртага-чи, эртага қандай атайсан?
Яҳудо кулиб қўйди, оғир, жингиллаб турган пулқутини енгилгина кўтариб, давом этди:
— Қачонки шамол қаттиқ эсса, супуриндиларни баландга кўтаради. Эсипаст одамлар бўлса унга боқиб, шамол турди, дейишади. Бу атиги ахлат, азизим Фома; эшшакнинг оёқлар остида дабдала бўлган тезаги, холос. Бирор тўсиққа дуч келиши билан у ўша тўсиқ пойига тушиб қолади, шамол эса давоман учиб кетаверади, учиб кетаверади, азизим Фома!
Яҳудо сертакаллуфлик ила деворнинг нариги тарафига ишора қилди ва илжайиб қўйди.
— Димоғинг чоғлигидан хурсандман, — деди Фома. – Афсус-афсус, сенинг вақтичоғлигингда ҳам ёвузлик кўп.
— Мени шунча кўп ўпишди, жуда фойдали инсонман – нега ҳам вақтичоғ бўлмай? Мен ўша уч динорни ўғирламаганимда, Иван завқ-шавқ нималигини билармиди? Нарсаларни офтоблатиш учун осиб қўйиладиган илгак бўлиш ёқимли эмасми – Иван заҳ босган саховатини, Фома эса куя еган ақлини осадиган илгак?
— Кетсам яхши бўларди.
— Ҳазиллашяпман-у. Ҳазиллашяпман, азизим Фома – шунчаки билгим келяпти, холос; сен ростдан ҳам қари ва бемаза, уч динорни ўғирлаб фоҳишага берган Яҳудони ўпишни хоҳлаяпсанми-йўқми.
— Фоҳишага? – ҳайрон бўлди Фома. – Сен буни Муаллимга айтдингми?
— Яна иштибоҳга бериляпсан, Фома. Ҳа, фоҳишага. Унинг қанчалик бахтсиз аёл эканлигини билганингда эди, Фома. У икки кун мобайнида оғзига увоқ ҳам солмаган…
— Сени буни билармидинг?
— Албатта билардим. Мен ўзим икки кун у билан бирга бўлдим, у ҳеч нарса емайди, қизил шароб ичади, холос. У озиб-тўзиб, силласи қуриганидан гандираклаб қолди. Мен ҳам у билан баравар йиқилдим…
Фома ўрнидан шитоб қўзғалди, бир неча одим узоқлашиб, Яҳудога деди:
— Афтидан, ичингга иблис кириб олган, Яҳудо.
Кетаётиб, қўнаётган шом ғира-ширасида Фоманинг қулоғига оғир пулқутининг Яҳудонинг қўлларида қандай мунгли жаранглагани эшитилди. Баайни Яҳудо кулгандай бўлди.
Эртаси куниёқ Фомага Яҳудо масаласида адашганини тан олишга тўғри келди: шунчалар оддий, шунчалар ҳалим, айни пайтда шунчалар жиддий эди бу Искариот. У қийшангламас, аччиқ ҳазил-мазах қилмас, қуллуқ ҳам қилмас, ҳеч кимни таҳқирламас, жимгина хўжалик ишларини юритарди. У ҳар доимги каби шундай эпчил эдики, мисоли унинг икки эмас, ўнлаб оёқлари бор. Аммо у сас чиқармай чопиб юрар, илгаригидек сиртлоннинг кулгисига ўхшаган чийиллаган, бақирган овозлар чиқармасди. Исо сўз бошлаши билан эса қўл-оёқларини йиғиб бурчакка ўтириб олар, катта-катта кўзлари билан шундай термулардики, бу ҳол кўпчиликнинг назаридан четда қолмади. У одамлар ҳақида ҳам бемаза гапларни валақламай қўйди, кўпроқ сукут сақларди. Ҳатто сертақво Матфей ҳам уни Сулаймоннинг сўзлари билан рағбатлантириб қўйишни лозим топди:
— Ақли ноқис кимса ўз яқинига нафратини ошкор қилади, оқил эса сукут сақлайди.
Шундай деятуриб, Яҳудонинг олдинги истеҳзоларига ишора қилган каби бармоғини кўтарди. Тез орада Яҳудодаги ўзгариш ҳаммага шоён бўлиб, улар бундай ўзгаришдан мамнун бўлишди. Фақат Исогина, Яҳудога нисбатан ўз кўнгилсизлигига тўғридан-тўғри белги бермаса-да, ҳамон унга ётларча муносабат тутарди. Ҳатто Иваннинг – Исонинг суюмли издоши сифатида ва уч динор билан боғлиқ воқеада уни ҳимоя қилгани учун Яҳудо энди уни қаттиқ ҳурмат қила бошлаганди – унга бўлган муносабати анча юмшади. У баъзан Яҳудо билан бир-икки оғиз гаплашиб қўйишни ҳам лозим кўрарди.
— Қандай ўйлайсан, Яҳудо, — деди у бир куни илтифот билан, — жаннатга қайси биримиз Исо билан ёнма-ён биринчи бўлиб кирамиз – менми, Пётрми?
Яҳудо ўйлаб турди-ю:
— Менимча, сен кирасан, — деди.
— Пётр эса аксинча ўйлайди, — кулимсиради Иван.
— Йўқ. Пётр ҳамма фаришталарни ўз бақир-чақири билан ҳуркитиб юборади – унинг қанақа қичқиришини эшитганмисан? Албатта, у сен билан баҳслашади ва биринчи бўлиб Исонинг ёнидан жой эгаллашга уринади, Исога бўлган муҳаббатига ишонтирмоқчи бўлади. Лекин у қариган, сен эса ёшсан. У зўрға қимирлайди, сен эса тез югурасан. Шунга кўра жаннатга Исо билан сен биринчи кирасан. Шундай эмасми?
— Албатта, мен Исони унга қолдирмайман, — мамнун бўлди Иван.
Шу куниёқ ўша савол билан Пётр ҳам Яҳудога мурожаат қилди. Аммо овозини бошқалар эшитиб қолмаслиги учун Яҳудони уйнинг орқасига, узоқроққа олиб кетди.
— Сенинг фикринг қандай? – ташвиш билан сўради у. – Сен доносан, Муаллим ҳам сенинг ақлли эканингни таъкидлайди доим, сен тўғрисини ҳам айтасан.
— Албатта, сен-да, — деди ҳеч бир иккиланмасдан Искариот. Пётр эса қаҳр билан қичқирди:
— Мен унга айтдим-а!
— Аммо-лекин, у, шубҳасиз, биринчиликни қўлга олишга ҳаракат қилади.
— Шубҳасиз.
— Сен у жойни биринчи бўлиб эгаллаб олганингдан кейин нима ҳам қила оларди? Ахир, у ерга биринчи бўлиб Исо билан сен борасизлар. Сен Исони ёлғиз қолдирмайсан-ку. У тош деб сени атамаганмиди?
Пётр қўлини Яҳудонинг елкасига қўйди ва қизғин деди:
— Яҳудо, ичимизда сен энг ақллисан. Лекин нега сен бу қадар бадхоҳ, бу қадар бировларнинг устидан кулишни яхши кўрасан? Устоз эса буни суймайди. Ваҳоланки, сен Ивандан қолишмайсан – Муаллимнинг севимли издошларидан бўлишинг мумкин. Лекин сенга, – Пётр қўлини таҳдидли тарзда кўтарди, — Исонинг олдидаги ўз жойимни ҳеч қачон бермайман – на ерда, на кўкда! Эшитдингми?
Яҳудо шу тарзда барчага ёқишга уринарди, айни пайтда у ўзича нималарнидир бичиб-тикмоқда ҳам эди. У ўзини ҳамон ўшандоқ камтар, сипо ва камсуқум тутар, ҳар бир кишига ёқиб кетадиган сўзларни айтишни ҳам уддаларди. Инчунин, Фомага дерди:
— Аҳмоқ ҳамма гапга ишониб кетаверади, оқил эса ҳамма вақт ҳушёрдир.
Серхўр ва бундан хижолат бўлиб юрадиган Матфейга эса донишманд ва Матфейнинг ўзи ёқтирадиган Сулаймоннинг сўзлари билан:
— Тақводор одам тўйгунича ейди, ҳуқуқи бўлмаганларнинг қорни эса маҳрумиятга чидашга мажбур, — дерди.
Бироқ у кўнгилга хуш келгувчи сўзларни – худди шу билан бундай сўзларга алоҳида қиммат бахш этгандай – аҳёнда айтарди. Кўпроқ эса сукут сақлар, ҳамма нарсани диққат-эътибор билан тинглар, нималарнидир ўйлаб қоларди. Яҳудо ҳарқанча фикрчан бўлмасин, унинг афт-ангори ёқимсиз, тасқара ва айни пайтда кишининг юрагига ваҳима солгич эди. Ҳаёт асарига эга қув кўзи ўйноқлаб тураркан, Яҳудо содда ва олижаноб бўлиб кўринар; аммо ҳар иккала кўзи ҳаракатсиз қотиб, дўнгалак пешонасида ҳар хил ажабтовур ажин ва бўртиқлар пайдо бўларкан, бу мияда чарх урган ўзига хос ўй-фикрлар билан боғлиқ нохуш фаразлар ҳам уйғона бошларди кишида. Бутунлай ёт, бутунлай ғалати, ҳеч қачон тилга кўчмайдиган бу ўй-фикрлар хаёл суриб турган Искариотни сир-асрорларнинг гунг сукути билан шундай чулғаб олардики, унинг тезроқ гапиришини, тезроқ қимирлашини, ҳатто алдамчилик қилишини истаб қоларди киши. Негаки, тирик одамнинг оғзидан чиққан ёлғон ҳам бу умидсиз-соқов ва тошқотган сукут олдида ҳақиқат ва ёғдуга ўхшаб кўринарди.
— Яна ўй суриб қолдингми, Яҳудо? – қичқирди Пётр тиниқ овоз билан Яҳудо хаёлларининг гунг-соқов сукутини бузарак, бу хаёлларни қаёққадир зулмат бир кунжакка ҳайдаб. – Нима ҳақда ўйлаяпсан?
— Кўп нарсани, — осойишта жилмайиб жавоб қайтарди Яҳудо. Ўзининг жимжит ўтириши бошқаларга ғалати таъсир қилишини сезиб қолиб, шундан кейин тез-тез бошқалардан ўзини олиб қочадиган, кўп вақтини ёлғиз ўзи сайр қилиб ўтказадиган ёхуд текис томга чиқволиб индамай ўтирадиган бўлиб қолди. Фома бир неча бор қоронғуликда қандайдир кулранг уюмга туйқус тўқиниб, қўрқиб кетди – бу уюмдан Яҳудонинг қўл ва оёқлари чиқиб келар, шўхчан овози ҳам эшитилиб қоларди. Фақат бир куни Искариот жуда кескин ва ажабтовур тарзда ўша илгариги Яҳудони эслатиб юборди. Бу айнан ўша жаннат ҳақидаги суҳбат асноси рўй берди. Муаллимнинг ҳузурида Пётр ва Иван Исонинг олдидаги ўз ўринлари ҳақида қаттиқ баҳслашиб, бир-бирлари билан айтишиб қолишди: уларнинг ҳар бири ўз хизматларини саноққа солар, Исога бўлган муҳаббатини қиёслар, қизишар, бақириб-чақирар, ўзларини тутолмай сўкинар эдилар. Қаҳру ғазабдан лавлагидай қизариб кетган Пётр шанғиллар; ранги бўздай оқарган, осойишта Иван қўллари дағиллаб, гап билан ғажир эди. Уларнинг мубоҳасаси ахлоқ доирасидан чиқиб кетди ва Муаллимнинг пешанаси тириша бошлади. Тасодифан Пётрнинг кўзи Яҳудога тушди-ю, мағрурона қаҳқаҳа отди. Иван ҳам Яҳудога қараб кулиб юборди. Ҳар иккаласининг эсига бу ҳақда доно Яҳудо айтган гап тушган эди. Улар қўл чўзса етгудай тантана исини олдиндан туйиб, Яҳудони иттифоқона ҳакамликка чорлашди.
— Қани-қани, доно Яҳудо! Айт-чи, ким биринчи бўлиб Исонинг ёнида бўлади? – қичқирди Пётр. – Уми ёки мен?
Бироқ Яҳудо миқ этмади, оғир хўрсинди ва Исонинг осойишта-теран нигоҳларидан кўзлари билан ненидир ўтиниб сўради.
— Ҳа, — такаллуф билан тасдиқлади Иван ҳам, — Исонинг олдида биринчи бўлиб ким туришини унга айт.
Яҳудо кўзларини Исодан узмай секин ўрнидан турди, виқор билан паст овозда деди:
— Мен!
Исо нигоҳларини оҳиста ерга тикди. Искариот эса суякдор қўллари билан кўксига астагина уриб тантанавор ва қатъий қилиб такрорлади:
-Мен! Мен бўламан Исонинг ёнида!
Шундай дея чиқиб кетди у. Унинг вазиятдан бундай силлиқ чиқиб кетганидан лол-мол бўлган издошлар жимиб қолишди. Пётргина нимадир эсига тушиб Фомага секин шивирлади:
— Қара-я, у нималарни ўйлайди?.. Эшитдингми?

V

Айни мана шу пайтда Яҳудо Искариот хиёнатга томон биринчи, қатъий қадамини қўйди: у махфий равишда поп Аннанинг олдига борди. Уни хушламай қарши олишди, аммо Яҳудо эсанкираб қолмади, билъакс, юзма-юз гапирадиган гапи борлигини айтди. Осилиб тушган оғир қовоқлари остидан ўткир тикилиб турган қоқсуяк ва баджаҳл чол билан яккама-якка қолгач, айтдики, у – яъни художўй бир инсон бўлмиш Яҳудо Исо Назаретлига ягона мақсадда – қаллобни фош қилиш ва уни қонун қўлига топшириш мақсадида издош тушгандир.
— Ким у ўзи Назартели? – худдики Исонинг исмини биринчи марта эшитгандай менсимай сўради Анна.
Яҳудо ҳам попнинг шунчалик бехабарлигига ишонгандай тутди ўзини. Шунга кўра Исонинг мавъизалари ва мўъжизалари хусусида, унинг фарисей лар ва ибодатхонага бўлган нафрати хусусида, доимий қонунбузарликлари хусусида ва ниҳоят, унинг ҳокимиятни руҳонийлар қўлидан тортиб олиб, янги салтанат тузиш нияти хусусида бафуржа сўзлаб берди. У ҳақиқат ва ёлғонни шундай маҳорат билан аралаштириб ташладики, Анна унга синчковлик билан тикилди ва ҳафсаласизлик билан деди:
— Иудеяда ёлғончи-каззоб ва жиннилар озми?
— Йўқ, у жуда хавфли одам, — қизишиб эътироз билдирди Яҳудо, — у қонунларни бузади. Бутун халқ ҳалок бўлгандан кўра, бир кишининг ҳалок бўлгани яхши.
Анна маъқуллаб бош ирғади.
— Унинг издошлари кўп бўлса керак?
— Ҳа, кўп.
— Улар, эҳтимол, уни жуда яхши кўришар?
— Ҳа, улар уни жуда яхши кўришади. Жуда, ҳатто ўзларидан ортиқроқ севишади.
— Уни қўлга олмоқчи бўлсак, улар ҳимоя қилишмайдими? Қўзғолон кўтаришмайдими?
Яҳудо яйралиб заҳарханда билан кулди:
— Улар? Қўрқоқ ит улар. Тош олишга энгашишинг билан қочиб қоладиган ит улар!
— Улар шунчалик аҳмоқми? – совуққонлик билан сўради Анна.
— Наҳотки, яхшилар аҳмоқлардан эмас, аҳмоқлар яхшилардан қочиб қолишса? Ҳе! Улар яхши одамлар, шунинг учун қочиб қолишади. Улар яхши одамлар, шунинг учун яшириниб олишади. Улар яхши одамлар, шунинг учун Исони тобутга тиқиш фурсатида пайдо бўлишади. Сен қатлни амалга оширсанг бўлди, тобутга тиқишни ўзлари уддалайдилар.
— Улар уни яхши кўрадилар – шундайми? Буни сен ўзинг айтдинг-ку, ахир.
— Ўз Муаллимларини улар ҳамма вақт яхши кўрадилар, аммо ўлиги тиригидан кўра кўпроқ ёқади уларга. Негаки, Муаллим барҳаёт бўлса, уларни имтиҳон қилиб туради, бу улар учун ёмон, албатта. Муаллим ўлса, уларнинг ўзлари муаллимга айланишади ва шунда бошқаларга ёмон бўлади! Ҳе!
Анна хиёнаткорга қаттиқ тикилди, унинг қурушқоқ лаблари тиришди – бу унинг жилмайганидан далолат эди.
— Улар сени хафа қилишганми? Кўриниб турибди, сен аламзадасан.
— Сенинг синчков нигоҳингдан бирор-бир нарсани яшириб бўлармиди, доно Анна? Сен Яҳудо қалбининг энг тубига туша олдинг. Ҳа. Улар шўрлик Яҳудони хафа қилишди. Улар Яҳудони уч динор ўғирлаганликда айблашди – худдики Яҳудо Исроилдаги энг ҳалол одам эмасдай!
Улар Исо ҳақида, унинг издошлари ҳақида, унинг Исроил халқига ҳалокатли таъсири ҳақида узоқ гапиришдилар – аммо эҳтиёткор ва айёр Анна дарҳол қатъий жавоб айтмади. У аллақачонлардан бери Яҳудони таъқиб этар, қариндош-уруғлари ва дўстлари билан, бошлиқлар ва саддукейлар билан бўладиган махфий машваратларда аллақачон Галилеядан чиққан пайғамбар қисматини ҳал қилиб қўйган эди. Аммо у Яҳудога ишонмади. У Яҳудонинг ярамас ва каззоб одам эканлиги ҳақида илгаридан эшитган, шунга кўра унинг издошлар ва халқни қўрқоқ деганига ишонмади, бундан келиб чиқадиган умидларини пуч деб топди. Ҳолбуки, Анна ўзининг кучига ишонар, бироқ хунрезликдан, Қуддуснинг бўйсунмас ва баджаҳл аҳолиси берилган мудҳиш исёндан ва ниҳоят, Рим ҳукуматининг шафқатсиз аралашувидан ҳайиқмоқда эди. Халқнинг нимагаки томса, ўшанга ҳаёт бахш айлагувчи алвон қони сингиган монеликлардан куч олажак бидъат ўзининг қайишқоқ ҳалқаларида Аннани ҳам, ҳокимиятни ҳам, унинг барча дўстларини ҳам бўғиб ташлаши тайин. Шу боис Искариот иккинчи марта эшик қоқиб келганда, руҳан эмин бўлолмаган Анна уни қабул қилмади. Аммо Искариот ҳам қўйвормади – учинчи, тўртинчи маротаба – кундузи ҳам, тунда ҳам ёпиқ эшикка ўзини уриб, унинг тешик-тирқишларида шувиллайдиган шамол сингари сабот билан қайта-қайта келаверди.
— Кўриб турибман, доно Анна нимадандир ҳайиқяпти, — деди ниҳоят попнинг қабулига мушарраф бўлган Яҳудо.
— Ҳеч нарсадан қўрқмасликка менинг довим етарли, — деди калондимоғлик билан Анна. Искариот бўлса қўлларини қовуштириб, қулларча таъзим қилди. – Нима истайсан ўзи?
— Мен Назаретлини сизларга тутиб бермоқчиман.
— У бизларга керак эмас.
Яҳудо таъзим бажо айлади ва нигоҳини попга итоаткорона қадаб кутиб турди.
— Жўна.
— Мен яна келишим лозим – шундайми муҳтарам Анна?
— Сени бу ерга киритишмайди. Жўна.
Аммо Кариотлик Яҳудо қайта ва қайта эшик қоқиб келаверди ва ахийри, уни қария Анна ҳузурига киритишди.
Қоқсуяк ва баджаҳл, ўйла-фикрдан ҳориган Анна хиёнаткорга гўёки унинг дўнгалак бошидаги соч толаларини битталаб санаётган каби индамайгина тикилди. Яҳудо ҳам худди попнинг оқарган сийрак соқолини санаб чиқаётгандек лом-мим демай ўтираверди.
— Хўш? Яна келдингми? – Яҳудонинг бошига тупургандай такаббурона бақирди ғазабланган Анна.
— Мен сизларга Назартелини тутиб бермоқчиман.
Иккалови ҳам бир-бирини диққат билан кузатиб яна мум тишлашди.
Бироқ Искариот осойишта боқар, Аннага эса аччиқ қаҳру ғазаб қишнинг аёзли саҳарларида тушган қиров сингари санчила бошлаганди.
— Сен ўша Исонг учун қанча сўрайсан?
— Сизлар қанча бермоқчисизлар?
Анна роҳатланиб таҳқиромиз деди:
— Сенлар ҳамманг товламачисан. Ўттиз кумуш танга – мана қанча берамиз сенларга.
Яҳудонинг титраб-қақшаганини, типирчилаб, иккита эмас, ўнта оёғи бор каби зир югургилаб қолганини кўрган Анна зимдан лаззат туйди
— Ўттиз танга? Исо учун-а? – у Аннага янаям кайф берган ёввойи ҳайронлик билан қичқирди. – Исо Назаретли учун-а? Сизлар Исони ўттиз тангага сотиб олмоқчимисизлар? Наҳот, ўйлайсизларки, Исони сизга ўттиз тангага сотишади?
Яҳудо шитоб билан деворга юз ўгирди, узун қўлларини тепага ўқталиб, теп-текис оппоқ деворга қараб хахолади:
— Эшитяпсанми? Ўттиз танга! Исо учун!
Анна ўша-ўша ёвуз шодумонлик билан лоқайд қистириб ўтди:
— Истамасанг, жўнаб қол. Биз бундан ҳам арзонроққа сотадиганни топамиз.
Ва икковлон расвойи-раддибало майдонда жулдур-жулдур увадаларни қўлма-қўл қилганча бақириб-чақириб, қасамхўрлик қилиб, сўкиниб алмисоқдан қолган кийим-кечак билан савдо қиладиган эскифурушларга ўхшаб шиддатли ва жазавали тарзда савдолашишга тушиб кетдилар. Ғалати бир завқ-шавқдан илҳомланган Яҳудо югурар, гир айланар, қичқирганча ўзи сотмоқчи бўлган кимсанинг фазилатларини бармоғида санаб кўрсатарди.
— У олижаноб одам, хасталарни тузатади – нима, сизнингча, бу ҳеч нимага арзимайдими? А, арзимайдими? Йўқ-йўқ, виждонли одамдай гапиринг!
— Агарда сен… – қистириб ўтишга уринарди Яҳудонинг жўшқин сўзларидан қаҳру ғазаб музлари тез илиб, сал-пал қизара бошлаган Анна. Аммо Яҳудо унинг сўзини беҳаёларча кесди:
— Унинг сарон наргиси сингари, водий лоласи янглиғ навқирон ва гўзал эканлиги-чи? А? Бу ҳеч нимага арзимайдими? Сиз, эҳтимол, у қариб-чуриган, ҳеч нимага ярамайди, Яҳудо қарри хўрозни сотяпти, деб ўйлаётгандирсиз? А?
— Агарда сен… – бақиришга ҳаракат қилди Анна, аммо Яҳудонинг қутурган бўрондай гувиллаши унинг кексаларга хос нимжон овозини шамолда тўзғиган пат мисоли учириб юборди.
— Ўттиз танга! Унинг бир томчи қони учун бир обол ҳам эмасми? Тўкадиган кўз ёшлари учун ярим обол ҳам эмасми? Инграши чорак обол ҳам эмасми? Қичқириқлари-чи! Талвасалари-чи! Унинг юраги тўхташи учун-чи? Унинг кўзлари юмилиши учун-чи? Нима, булар беҳудагами? – айюҳаннос соларди Искариот попга ташланганча, уни қўл ва панжаларининг телбаларча ҳаракати билан, чийратма сўзлар билан ғарқ қилишга уриниб.
— Ҳаммаси учун! Ҳаммаси учун! – диққати ошди Аннанинг.
— Сиз ўзингиз-чи? Ўзингиз қанча орттирасиз бу иш кетидан? Ҳе! Сиз Яҳудони талон-тарож этмоқ истайсизми? Болаларининг ризқини кесмоқ истайсизми? Мен ундай қилолмайман! Мен майдонга бориб дод-вой соламан: “Анна шўрлик Яҳудони талаяпти! Қутқаринглар!” дейман.
Толиққан, бутунлай гангиган Анна ғазабнок ҳолда юмшоқ пойафзали билан полни тапирлатиб, қўлини ўқталди:
— Жўна йўқол!.. Даф бўл!..
Бироқ Яҳудо дабдурустдан тавозе билан қуллуқ қилиб, қўлларини ёйди:
— Шунақа бўладиган бўлса… Нега боёқиш Иудадан аччиғланасан? У фақат болаларини ўйлаяпти, холос. Сенинг ҳам болаларинг бор-ку, ахир. Навқирон, ажойиб болаларинг…
— Биз бу ҳақда эмас… Бу бошқа масала… Даф бўл!
— Наҳотки, мен: тамом, ён бермайман деган бўлсам? Наҳотки, мен сизга ишонмасам? Сизнинг олдингизга бошқаси келиб, Исони ўн беш оболга тутиб беришига ишонмасам? Икки оболга, бир оболга…
Яҳудо боши ерга теккудай қуллуқ қилиб, тўлғаниб, ялтоқиланиб, ахийри, итоатга келди – ваъда қилинган пулга рози бўлди. Унча-мунча қизарган Анна қалтираб турган қоқсуяк қўллари билан унга пулни узатди. Узатди-ю, тескари ўгирилиб, лабларини ямлаганча, Яҳудонинг кумуш тангаларнинг ҳар бирини тишида тишлаб, ҳақиқий-қалбакилигини текширишини индамай кутиб турди. У аҳён-аҳёнда Яҳудога қараб қўяр ва худди чув тушган каби юзини шифтга буриб, лабларини янаям қаттиқроқ ямларди.
— Ҳозир қалбаки пуллар кўпайиб кетган, — бепарвогина тушунтириш берди Яҳудо.
— Бу пулларни ибодатхонага ҳалол-покиза одамлар хайрия қилишган, — деди Анна Яҳудога тез ўгирилиб қараб ва ундан ҳам тезроқ қирмизи тақир энсасини Яҳудонинг кўзларига тиқиштириб.
— Ҳалол-покиза одамлар, наҳот, қалбаки пулни ҳақиқийсидан фарқлаб билса? Бу фақат товламачиларнинг қўлидан келади.
Яҳудо пулни уйига олиб бормади, шаҳар ташқарисига чиқиб уларни тош тагига яшириб қўйди. У ортига секин қайтди. Қадамлари оғир ва суст, шафқатсиз ва ҳалокатли олишувдан сўнг ўзининг қоп-қоронғу инига томон зўрға судралиб бораётган ярадор махлуққа ўхшар эди у. Бироқ Яҳудонинг ўз ини йўқ, уй бор эди ва бу уйда у Исога дуч келди. Ҳорғин, озиб-тўзиган; фарисейлар билан, ҳар кун-ҳар кун ибодатхонада уни қуршаган мухолиф муртадлар сафи билан олиб бориладиган курашлар натижасида беҳад ҳолдан тойган Исо ғадир-будир деворга юзини босиб ўтирар, афтидан, шу ҳолда қаттиқ ухлаб қолган эди. Очиқ дераза орқали шаҳар тарафдан ҳар хил товушлар учиб кирмакда, деворнинг нарёғида овқатга ҳозирлик кўраётган Пётр столни тақарлатганча, галилеяча бир қўшиқни оҳиста хиргойи қилмакда эди – аммо Исо ҳеч нарсани эшитмас, осойишта ва қаттиқ ухлаб ётарди. Бу ўша – душманлар ўттиз танга баҳосида сотиб олган ўша Исо эди.
Яҳудо сас чиқармасликка ҳаракат қилиб, хаста жужуғининг оромини бузишдан қўрққан онанинг ҳалим эҳтиёткорлиги билан, қандайдир оқ-оппоқ гулдан ажабланиб инидан чиққан жониворнинг ҳайронлиги билан қўлини Исонинг майин сочларига оҳиста теккизди ва шу заҳотиёқ тортиб олди. Тағин бир бор теккизди-ю, сассиз-садосиз судралиб чиқиб кетди.
— Ё Роббим! –деди у. – Роббим!
Ҳожатхонага чиқиб, узоқ-узоқ йиғлади. Силкиниб-силкиниб, тўлғаниб, кўксини тирноқлаб, елкаларини тишлаб узоқ йиғлади. Ўзича Исонинг сочларини хаёлан силаб-сийпалади. Ғалати ва эркалаганнамо нималарнидир шивирлаб, тишларини ғичирлатиб ўтирди. Кейин эса туйқус йиғлашна бас қилди, нолишлари тинди, тишларини ғажимай қўйди. Ҳўл юзини бир четга буриб, махфий гап ўғирлаётган кимсадек чуқур ўйга толди. Шу тахлит узоқ ўтирди – худди қисмат янглиғ оғир ва кескин, худди қисмат янглиғ барчага бегона.
… Яҳудо шўрлик Исони қисқа ҳаётининг шу сўнгги кунларида сокин бир муҳаббат, инжа эътибор ва меҳр билан ўради. У илк бора севиб қолган уятчан ва ҳуркак қизнинг туйғунлиги, зийраклиги билан Исонинг изҳор этилмаган хоҳиш-истакларини ҳам сезар; унинг туйғулари, оний “ярқ” этиб ўзидан нишона берадиган ҳасрат-андуҳ ва толғинлигининг теран қаърига шўнғий оларди. Яҳудо туфайли Исо оёғини қаерга қўйса – равонлик, нигоҳини қайга тикса – гўзал манзара муайян эди. Искариот илгарилари Мария Магдалинани ҳам, Исонинг атрофидаги бошқа аёлларни ҳам хушламас, уларнинг устидан кулиб, бир қитмирлик қилиб турарди – энди эса у бу аёлларнинг дўстига, кулгини қистатадиган лаванг ҳамкорига айланди. У бу аёллар билан Исонинг ажойиб одатлари ҳақида – кичкина бўлса ҳам – катта иштиёқ билан сўзлашар, бир нарсани қайта-қайта сўрайверар; аёлларнинг қўлига, олишмаса ҳам, мажбурлаб яшириқча пул тиқиштирар, аёллар эса бу пулга Исонинг оёқларини ювгали у беҳад ёқтирадиган қимматбаҳо муаттар мирро дарахти бўлакларини ҳамда мушки анбар сотиб олардилар. Яҳудонинг ўзи Исо учун, қаттиқ савдолашиб, энг қимматли шароблардан сотиб олар, кейин эса уларнинг қарийб ҳаммаси шаробнинг аслиятини ҳеч вақт баҳолай олмаган Пётрнинг жиғилдонига урилганини кўриб роса алами келарди. У гулу гиёҳлар, дарахтлар деярли ўсмайдиган ҳаммаёғи тош-тақир Қуддусда қаёқларданам жажжи баҳор гулларини ёинки зумуррад ўт-ўланларни топиб келар ва уни ўша аёллар орқали Исога тақдим этарди. Кичкина болачани кўчаданми, бир ёқдан топиб, йиғламасин учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам болани ўпиб, умрида биринчи бор қўлида бола кўтариб Исога олиб келар; шундай бўлардики – кичкина, қоп-қорагина, сочлари қўнғироқ-қўнғироқ, бурунчаси оқиб турган гўдак тўсатдан ўйга чўмиб ўтирган Исонинг тиззасида пайдо бўлиб, ғимирлаганча она меҳру-муҳаббатини излаб қоларди. Яҳудонинг ўзи бири эркалаб ва бири эркаланиб ётган Исо ҳамда гўдакнинг атрофида айланиб юрар, шу фурсатда у кўклам чоғи маҳбус камерасига капалакнинг учиб киришига йўл қўйиб бергану, кейин яна ўзи тартибларнинг бузилаётганидан шикоят қилиб ёлғондакам вайсаётган шафқатсиз турма назоратчисига ўхшаб кетарди.
Оқшомлари – зулмат ва ваҳима деразаларга худди қўриқчи мисол қўнган маҳалда Искариот атайлаб суҳбат ўзанини Галилеяга – ўзига бутунлай ёт-бегона, аммо Исога қадрдон бўлмиш Галилея томонга, унинг сокин сувлари, нилий қирғоқлари томонга буриб юборарди. У оғиркарвон Пётрни қўзғар – ҳамма нарса беҳад оҳангдор, ярқироқ, ҳадди аълосида бўлган ёрқин манзараларга дахлдор, аммо сўниб бораётган хотиралари уйғонгунга довур; Галилеядаги дилкаш ҳаёт нигоҳлар қаршисида порлаб, қулоқларда жарангос бермагунча уни қистайверарди. Исо унинг узуқ-юлуқ, дилтортар ва шўх-шодон ҳикояларини боладай оғзи ним очилиб, олдиндан кўзлари порлаб шоён эътибор билан тинглар, Пётрнинг ҳазилларига гоҳо шундай қаҳқаҳа отардики, ҳикоя бир неча сонияга узилиб қоларди. Пётрникидан ҳам кўра Иваннинг ҳикоялари мароқли эди. У кулгили ва кутилмаган нарсаларни айтмаса-да, сўйлаб берганлари шундай хаёлчан, дилбар ва аломат эдики, Исо маҳзун хўрсинар, кўзларига ёш қалқар, Яҳудо бўлса Мария Магдалинанинг биқинига туртиб:
— Бунча ажойиб! Эшитяпсанми? – деб шивирлади завқини яширолмай.
— Эшитяпман албатта.
— Йўқ, яхшилаб эшит. Сиз аёллар ҳеч вақт астойдил тингламайсизлар.
Кейин ҳамма ухлагани тарқади. Исо, азбаройи миннатдор бўлганидан, Иванни меҳрибонлик билан ўпиб, новча Пётрнинг елкасидан эркалагансумол сийпалаб қўйди.
Яҳудо бу илтифотларга ҳеч бир ҳасад қилмай, такаббурона қараб тураверди. Зеро, бу ҳикоялар, бу ўпич, бу хўрсиниқлар кариотлик Яҳудо – шу малла-мариқ, тошлар орасида туғилиб-ўсган бемаза жуҳуд билган нарса олдида нима деган гап, ахир!

ИЗОҲЛАР

Ушбу таржима жараёнида ўз қимматли вақтлари ва маслаҳатларини аямаган профессор Дилмурод Қуронов домлага, адабиётшунос ва шоир Раҳимжон Раҳматга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Фарисейлар — қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Саддукейлар – қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Обол – танга пул.
Мирро – хушбўй модда олинадиган дарахт. Қадимдан муқаддас ҳисобланган.
Осанна – қадимги ивритча сўз. “Нажот бер, мадад бер, сенга сиғинамиз” каби маъноларда. Қисса муаллифи бу сўзни айнан қўллагани учун, таржимада ҳам шундай қолдирилди.
Кедрон – Қуддус ва Елеон тоғи ўртасидан оқиб ўтувчи дарё. Ўлик денгизга қуйилади.
Равви – айнан устоз, муаллим маъносида. Яҳудийлар машҳур муаллим-пешволар, қонуншуносларни шундай аташган.
Варава – қадимги Римда Понтий Пилат томонидан байрами муносабати билан озод қилинган жиноятчи.

YI

Яҳудо бир томондан Исони сотиб, иккинчи томондан зўр бериб ўз режасини барбод қилишга чора изларди. Аёллар Қуддусга қилинажак хавф-хатарга тўла сўнгги сафардан Исони қайтаришга уриндилар. Яҳудо эса ҳеч нарса демади, билъакс, у Исонинг нусратга тўла эришмоқ учун Қуддус сафарини зарурият деб билган қариндошлари, издошлари томонида турди. Лекин хавф катталигидан қайта-қайта огоҳлантираверди, фарисейларнинг Исога бўлган қаҳру ғазабини, уларнинг жиноятдан ҳам тоймасликлари, Галилеядан чиққан пайғамбарни яширин ёхуд очиқдан-очиқ ўлдириб қўйишлари мумкинлигини аниқ-таниқ манзаралари ила чизиб берди. У бу гапларни ҳар кун, ҳар соатда такрорларди. Исога мусаллам бўлганлардан ҳеч бир кимса йўқ эдики, Яҳудо қўлини таҳдидона кўтариб:
— Исони асраб қолмоқ лозим! Исони асраб қолмоқ лозим! Ўша фурсат келганда, Исога қалқон бўлмоқ лозим! — дея ўта жиддий огоҳлантирмаган бўлсин.
Бироқ издошларда ўз Муаллимининг мўъжизавий куч-қудратига бўлган ишонч шу даражада комил эдими, ўз йўлининг ҳақлигига шунча аминмиди улар ёхуд шунчаки ғафлат босдими – Яҳудонинг ваҳмали сўзларини кулибгина қарши олишди, ҳатто унинг тўхтовсиз даъватлари уларда норозилик уйғотди ҳам. Яҳудо қаёқдандир иккита қилич топиб келди, унинг бу иши фақат Пётргагина маъқул келди. У Яҳудони ҳам, қиличларни ҳам мақтаб қўйди. Бошқалар эса:
— Нима, бизлар жангчими қилич билан қуролланиб оладиган? Нима, Исо саркардами, пайғамбар эмасми у?
— Башарти, улар уни ўлдиришни мўлжаллаётган бўлишса-чи?
— Бутун халқ у тарафга ўтганини кўрсалар, бу ишга юраклари бетламайди.
— Юраклари бетласа-чи? Унда нима бўлади?
— Муаллимни бир сен яхши кўрасан, шекилли-а, Яҳудо, — деди Иван менсимаслик билан.
Аммо Яҳудо, Иваннинг оҳангидан ҳеч бир хафа бўлмай, ўз айтганида туриб олди ва шошмасдан, қизишиб ва ўжарлик билан давом этди:
— Сизлар уни севасизлар, тўғрими?
Исога эътиқод қилганлардан ҳеч бир киши йўқ эдики, Яҳудо қайта-қайта шундай деб сўрамаган бўлсин:
— Сен уни яхши кўрасанми? Қаттиқ яхши кўрасанми?
У кўпинча Фома билан гаплашиб ўтирар, ўсиб кетган кир тирноқли чайир бармоғини кўтариб, сирли тарзда шундай огоҳлантирарди:
— Қарагин, Фома, мудҳиш сония яқинлашмоқда. Сизлар бунга тайёрми? Мен топиб келган қилични нега олмадинг, Фома?
Фома мулоҳаза қилиб кўриб, деди:
— Биз қурол ишлатишни билмайдиган одамлармиз. Биз римлик сипоҳлар билан жангга киришадиган бўлсак, яксон этиламиз. Бундан ташқари топиб келганинг ниҳояти иккита қилич бўлса, у билан нима ҳам қилиб бўларди?
— Яна топса бўлади, — бетоқат бўлиб эътироз қилди Яҳудо. – Сипоҳлардан олса бўлади.
Бу гапдан ҳатто ҳазилни билмайдиган Фома ҳам осилиб тушган тип-тик мўйлаби остидан жилмайиб қўйди:
— Эҳ, Яҳудо, Яҳудо! Қиличларни қаердан олдинг ўзи? Улар римлик жангчиларнинг қиличига ўхшайди-ю.
— Ўғирлаб олдим. Яна ўмаришим мумкин эди-ю, қий-чув кўтаришди. Қочиб қолдим.
Фома бирпас ўйланиб турди, сўнг ғамгин деди:
— Тағин яхши иш қилмабсан, Яҳудо. Нимага ўғирлик қилдинг?
— Ахир, бирор нарсани ўз ва ўзганики деб айирма қилиш мумкин эмасди-ку!
— Тўғри, лекин эртага жангчилардан, қиличинг қани деб сўрайдилар. Топилмагач, уларга жазо берадилар.
Оқибат шуки, орадан фурсатлар ўтиб – Исонинг ўлимидан сўнг издошлар Яҳудонинг мана шу гапларини хўп эсладилар ва шундай хулоса қилдилар: Яҳудонинг нияти – кучлар тенг бўлмаган ҳалокатли жангга даъват қилиб, барчаларини нобуд этмоқ бўлган. Ва хоиннинг, кариотлик Яҳудонинг жирканч номига яна нечанчи карра лаънатлар ёғилди.
Яҳудо бўлса мана шундай суҳбатлардан кейин ҳар гал жаҳлдан ўзини қаёққа қўйишни билмас, аёлларнинг ёнига бориб обидийда қилар, улар бу ғалати одамни бажонудил тинглардилар. Яҳудонинг Исога бўлган севгисида нечукдир бир инжалик, аёлларга хос нимадир бор эди; ана шу нимадир, ана шу инжалик уни аёлларга яқинлаштирди, Яҳудони уларнинг кўз ўнгида – гарчанд илгари унга илтифотсизроқ муносабатда бўлган эсалар-да – жуда оддий, кўнгилга яқин ва ҳатто кўркам бир инсонга айлантириб қўйди.
— Одамми энди шулар ҳам? – аччиқланарди у издошлардан ўзининг сўқир ва ҳаракатсиз кўзи билан Марияга мўлтираб. – Одам эмас улар! Уларнинг томиридаги қон бир оболга ҳам арзимайди!
— Ўзинг доим одамларни ёмонлаб юрасан-ку — эътироз билдирди Мария.
— Наҳотки, мен бирор пайт одамларни ёмонлаган бўлсам? – ҳайрон бўлди Яҳудо. – Хўп, майли, мен ёмонладим ҳам дейлик, лекин, наҳот, уларнинг ўзлари салгина яхши бўлолмайдилар? Эҳ, Мария, тентак Мария, нега сен эр киши эмассан, нега қилич кўтара олмайсан?
— Қилич жудаям оғир, мен уни кўтара олмайман, — жилмайди Мария.
— Эркаклар шунақа ношуд бўлгач, кўтаришингга тўғри келади… Сен мен тоғдан қидириб топган лолаларни Исога бердингми? Мен бугун ўша лолаларни топиш учун жуда эрта уйғондим, тонгда қуёш қип-қизил эди, Мария! У бундан хурсанд бўлдими? Табассум қилдими у?
— Албатта хурсанд бўлди. У айтдики, ўша гулдан Галилеянинг ҳиди келармиш.
— Сен бу гулларни Яҳудо, кариотлик Яҳудо берди, демаган бўлсанг керак?
— Ўзинг айтма дединг-ку.
— Йўқ, шарт эмас, албатта, шарт эмас, — хўрсинди Яҳудо. – Аммо сен сирни очиб қўйишинг мумкин эди, негаки, аёллар оғзи бўш бўлишади. Албатта, сен оғзингдан гулламаган бўлсанг керак? Қаттиқ турдингми? Шунақа, Мария, сен яхши аёлсан. Биласан, қаердадир менинг ҳам хотиним яшаяпти. Ҳозир уни кўргим келяпти. Эҳтимол, у ҳам ёмон аёл эмасдир. Билмадим. У “Яҳудо алдоқчи, Яҳудо Симонов ёмон одам” деди. Мен уни ташлаб кетдим. Лекин у, эҳтимол, яхши аёл бўлгандир, мабодо, сен билмайсанми?
— Хотинингни бир марта ҳам кўрмаган бўлсам, мен қаёқдан биламан?
— Шунақа, шунақа, Мария. Хўш, сен қандоқ ўйлайсан, ўттиз кумуш танга – бу катта пулми? Ё унча катта пул эмасми?
— Менимча, унча катта эмас.
— Шубҳасиз, шубҳасиз. Сен фоҳиша бўлиб юрганингда, қанча олар эдинг? Беш тангами ёки ўн тангами? Сенинг баҳойинг баландмиди?
Мария Магдалина қизариб кетди, бошини шундай қуйи солдики, олтинранг қуюқ сочлари чеҳрасини буткул беркитди, оппоқ думалоқ энгагигина кўриниб турарди, холос.
— Қанақа бетамизсан, Яҳудо. Мен буни эсдан чиқаришни истайман, сен эса юзимга солаверасан.
— Йўқ, буни унутиш керак эмас, Мария. Нимага дейсанми? Майли, бошқалар сенинг фоҳиша бўлганингни унутаверишсин, ўзинг эса ёддан чиқарма. Буни бошқалар тезроқ унутишсин, сен эмас. Нимага дейсанми?
— Гуноҳ-ку, ахир, ўша иш.
— Кимки ҳали гуноҳга қўл урмаган бўлса, ўша қўрқаверсин. Гуноҳни қилиб бўлган одам нимадан қўрқиши керак? Наҳотки, ўлимдан тириклар эмас, марҳумлар қўрқишса? Марҳумлар тириклар ва уларнинг қўрқуви устидан кулишади.
Улар икки дўст каби ана шундай узоқ чақчақлашиб ўтирдилар – ёши ўтган, қоқсуяк, бадбашара, дўнгалак бош, юзи ажабтовур икки хил бўлган Яҳудо ва навқирон, уятчан, нозик, бутун борлиғидан эртак ёки тушга ўхшаган мавҳумиятни ҳам мафтун этар даражада ҳаёт уфуриб турган Мария.
Вақт эса бепарво ўтиб борар, ўттиз кумуш танга ҳамон беркитилган куйи тош остида ётар, ҳукми ўқилган хиёнат юз беражак мудҳиш кун яқинлашмоқда эди. Мана, Исо Қуддусга эшакда кириб борди, кийимларини унинг йўлига тўшаган халқ шодиёна қийқириқлар билан олқишлади:
— Осанна ! Осанна! Худонинг расули!
Шоду хуррамлик шу даражада беҳаду бепоён эдики, уни шу даражада шиддатли муҳаббат садоларига кўмиб ташладиларки, Исо йиғлаб юборди. Издошлари эса ифтихор билан:
— Бизнинг сафимиздаги бу зот Худонинг ўғли эмасми? – деяр эдилар. Шундай дер ва уларнинг ўзлари ҳам тантана билан қийқирардилар:
— Осанна! Осанна! Худонинг расули!
Шу оқшом халқ билан бўлган бу тантанавор, шодиёна учрашувни эслаб анчагача ҳеч кимнинг уйқуси келмади. Пётр бўлса шодлик ва ифтихордан, ажина чалгандай, эсини йўқотган эди. У шердай наъра тортиб бошқаларнинг гап-сўзини эшиттирмас, ҳамманинг бошини гиж қилиб хахолаб кулар; Иванни, Якобни, ҳатто Яҳудони ҳам ўпарди. Шу орада шовқин солиб иқрор этардики, Исодан жуда қўрқибди, энди эса қўрқиш керак эмас, кўрди: халқ Исони беҳад севади. Таажжубланган Искариот ҳаёт асарига эга ўша ягона ўткир кўзи билан тўрт тарафга аланглар, ўйланиб қолар, яна гап-сўзларга қулоқ осарди. Кейин Фомани бир четга тортиб, нигоҳлари билан уни деворга михлаб қўйгандай, талмовсираганча қўрқув ва қандайдир мавҳум умидворлик билан:
— Фома! У ҳақ бўлса-чи? – деди. – Унинг оёғи остида тошлар, меникида эса фақатгина қум бўлса-чи? Унда нима бўлади?
— Ким ҳақида гапиряпсан? – аниқлик киритмоқчи бўлди Фома.
— Унда кариотлик Яҳудога нима бўлади? Унда ҳақиқат тантанаси учун мен ўзим уни бўғиб ўлдиришимга тўғри келади. Яҳудони ким алдайди: сизларми ёхуд Яҳудонинг ўзими? Ким ҳақ?
— Гапларингга тушуниб бўлмаяпти, Яҳудо. Жудаям тушунарсиз гапиряпсан. Яҳудони ким алдайди? Ким ҳақ?
У бошини чайқаб, акс-садодек қайтарди:
— Яҳудони ким алдайди? Ким ҳақ?
Бошқаси куни Яҳудонинг қайириб кўтарган бош бармоғида, Фомага аллатовур қарашида ҳам ўша ғалати савол садо бергандай бўлди:
— Яҳудони ким алдайди? Ким ҳақ?
Бир кечаси Фома Яҳудонинг жаранглаган баланд овозини – у ҳатто хурсанд каби эди – эшитиб янаям кўпроқ таажжубга тушди, ҳатто ташвишланиб қолди:
— У пайтда кариотлик Яҳудо бўлмайди. У пайтда Исо бўлмайди. У пайтда… Фома, тентак Фома! Сенинг бирор марта Ерни қўлингга олиб кўтаргинг келганми? Эҳтимол, кейин ташлаб юбориш учун.
— Бу мумкин бўлмаган иш. Нималар деяпсан, Яҳудо?
— Мумкин, — комил ишонч билан деди Яҳудо. – Биз уни қачондир албатта кўтарамиз. Унда сен ухлаб ётган бўласан, тентак Фома. Ухла! Мен хурсанд бўлиб кетяпман, Фома! Ухлаган пайтингда, сен бурнинг билан галилея сибизғасини чаласан. Ухла!
Мана, ниҳоят, имон келтирганлар Қуддус бўйлаб тарқалиб, уйларга, деворлар орқасига яшириниб олишди. Йўловчиларнинг чеҳраси ажабтовур сирли тус олди. Шод-хуррамлик шамлари сўнди. Қандайдир ковак-тирқишларда хавфу хатарга оид нотинч миш-мишлар ўрмалаб қолди. Кўнгли ғаш бўлган Пётр Яҳудо берган қилични сермаб кўрди. Исонинг чеҳрасида қандайдир қайғу, қатъият зоҳир эди. Вақт шамолдай тез учиб, мудҳиш хиёнат куни қазову қадардай яқинлаша бошлади. Мана, қайғу-ҳасрат ва ноаниқ ваҳимага йўғрилган сўнгги оқшом ҳам ўтиб бўлди. Ва ниҳоят, Исонинг унга хиёнат қилгучи кимса ҳақидаги мубҳам сўзлари ҳам янгради.
— Уни ким сотади – сен биласанми? – деб сўради Фома Яҳудога шаффоф ва ўткир нигоҳини тикиб.
— Ҳа, биламан, — жавоб берди Яҳудо. У ғазабнок, кескин эди. – Уни, Фома, сен сотасан. Лекин унинг ўзи ўзи айтаётган гапларга ишонмайди! Фурсати етди! Фурсати етди! Нега у жасур ва гўзал Яҳудони ўз олдига чорламаяпти?
… Шафқатсиз Вақт энди кунлар билан эмас, зувиллаб учаётган соатлар билан ўлчанмоқда эди. Ҳасрат-андуҳга тўла оғир бир товуш янграган маҳалда оқшом эди, ҳаммаёқ сукунатга ғарқ эди, ерга узун-узун соялар – яқинлашиб келаётган буюк жанг тунининг илк кескир найзалари санчилиб ётарди. Бу товуш шундай дер эди:
— Мен ҳозир қаёққа кетишимни биласанми, Роббим? Мен сени душманлар қўлига тутиб бергали кетаман.
Оқшом сукунатга мустағриқ экан, қиррадор, қора соялар қўйнида ҳам жавобсиз узоқ жимлик ҳукм сурди.
— Индамайсанми, Роббим? Мени кетишга буюрасанми?
Яна жимлик.
— Менга қолишга ижозат бер. Қўлингдан келмайдими? Ёхуд журъат қилмайсанми? Ёинки хоҳламайсанми?
Яна сукут, абадиятнинг кўзлари сингари баҳайбат сукут.
— Мен сени севишимни ўзинг биласан-ку. Сен ҳаммасини биласан. Яҳудога нега бундай қарайсан? Сенинг гўзал кўзларинг сирру-асрори беҳад муаззам, меники-чи, ундан камми? Амру фармон бер: мен қолайин!.. Нега сукут сақлайсан, нечун ҳамон сукутдасан? Роббим, Роббим! Бутун умр қайғу-ҳасрат ва уқубатлар гирдобида жон чекиб мен Сени шунинг учун ахтардимми? Ахтардим ва топдим! Мени халос қил! Мени бу юкдан халос қил! Бу юкнинг залвори қўрғошин-да, тоғлардан-да оғир! Бу залвор остида кариотлик Яҳудонинг юраги қандай гурсиллаётганин, наҳотки, эшитмаётган бўлсанг?
Ва яна сўнгги сукут – абадиятнинг сўнгги нигоҳи каби тубсиз сукут.
— Мен кетдим.
Оқшом сукунати пинагини ҳам бузмади. Қичқирмадиям, йиғламадиям, нафис биллурини жавобан жиринглатиб ҳам қўймади – олислашиб бораётган қадамлар товуши шунчалар заиф эди. Заиф гурсиллади ва тинди. Оқшом сукунати эса ўйланиб қолди, узун-узун кўлкалар ила ясланди, янаям қоронғулашди. Ва туйқус силкинган япроқларнинг маъюс шитир-шитири билан хўрсинди; хўрсинди ва тунни қаршилаб тек қотди.
Энди оқшом қўйнига бошқа товушлар итарилиб кириб, дукиллаб, қарсиллай бошлади – худди кимдир жарангдор овозлар тўла қопни ағдаргану, улар битта-иккиталаб, кейин эса уюм-уюм бўлиб ерга тўкилган каби эди. Издошлар гапирмоқда эдилар. Ва бу овозларнинг ҳаммасини босиб, дарахтлар, деворларга урилиб ва яна ўзига қайтиб Пётрнинг овози кескин амру фармондай гумбурлади – у ўз Муаллимини ҳеч қачон ташлаб кетмасликка қасам ичар эди:
— Роббим! – дер эди у ҳасрат ва ғазаб билан. – Роббим! Сен билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам бирга кетишга тайёрман!
Ва кимнингдир узоқлашиб бораётган енгил одимлари бу қасамга акс-садо янглиғ шафқатсиз жавоб қайтарди:
— Сенга айтяпман, Пётр, бугун саҳарда хўроз қичқирмай туриб, сен мендан уч карра тонасан.

ИЗОҲЛАР

Ушбу таржима жараёнида ўз қимматли вақтлари ва маслаҳатларини аямаган профессор Дилмурод Қуронов домлага, адабиётшунос ва шоир Раҳимжон Раҳматга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Фарисейлар — қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Саддукейлар – қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Обол – танга пул.
Мирро – хушбўй модда олинадиган дарахт. Қадимдан муқаддас ҳисобланган.
Осанна – қадимги ивритча сўз. “Нажот бер, мадад бер, сенга сиғинамиз” каби маъноларда. Қисса муаллифи бу сўзни айнан қўллагани учун, таржимада ҳам шундай қолдирилди.
Кедрон – Қуддус ва Елеон тоғи ўртасидан оқиб ўтувчи дарё. Ўлик денгизга қуйилади.
Равви – айнан устоз, муаллим маъносида. Яҳудийлар машҳур муаллим-пешволар, қонуншуносларни шундай аташган.
Варава – қадимги Римда Понтий Пилат томонидан байрами муносабати билан озод қилинган жиноятчи.

044

Leonid Andreev
YAHUDO ISKARIOT
Nodira Afoqova tarjimasi
98

IV

033Yahudo bir necha dinorni pinhon qildi. Bu qancha pul berishganini tasodifan ko’rib qolgan Foma tufayli fosh bo’ldi. Ehtimol qilish mumkinki, bu Yahudoning birinchi o’g’riligi emas. Hamma qahru g’azabga to’ldi. G’azablangan Pyotr Yahudoni yoqasidan changallagancha, qariyb sudrab Isoning oldiga olib keldi. Qo’rqib ketgan, rangi quv o’chgan Yahudo qarshilik qilib o’tirmadi.
— Muallim, qara! Mana – hazilkash! Mana – o’g’ri! Sen unga ishonding, u esa bizning pullarimizni o’g’irlayapti. O’g’ri! Yaramas! Izn ber, men o’zim uni…
Iso miq etmadi. Pyotrga diqqat bilan tikildi, Pyotr qip-qizarib, Yahudoning yoqasini qo’yvordi. Yahudo xijolatpazlik bilan u yoq-bu yog’ini tuzatdi, Pyotrga yonlamasi qarab, nadomat chekayotgan gunohkor kimsaning itoatkor-mazlum qiyofasiga kirdi.
— Mana shunaqa! – qizishib dedi Pyotr va eshikni qarsillatib yopib chiqib ketdi. Hamma norozi bo’lib, harna bo’lganda ham, endi Yahudoni safimizda qoldirmaymiz, deyishdi. Ammo Ivan o’zicha nimalarnidir tezgina hisob-kitob qildi-yu, lip etib eshikdan kirib ketdi. Eshik ortidan Isoning osoyishta, hatto erkalagannamo ovozi eshitilmoqda edi. Birmuncha vaqt o’tib, Ivan u yerdan rangi oqargan holda chiqib keldi; hozirgina yig’laganday qizargan ko’zlari yerga tikilgan edi.
— Muallim aytdi… Muallim Yahudoga aytdiki, qancha xohlasang, shuncha pul olishing mumkin.
Pyotr achchig’lanib kuldi. Ivan unga tezgina, ta’nali qarab qo’ydi. Qarab qo’ydi-yu, daf’atan lovillab ketib, qahru g’azab va zavqu shavqdan ko’zlariga yosh quyilib, jarangos bilan dedi:
— Yahudo qancha pul olganini hisob-kitob qilishga hech kimning haqi yo’q. U bizning birodarimiz, bu pullar bizniki va uniki ham. Basharti unga ko’p pul kerak bo’lsa, hech kimga aytmasdan, hech kim bilan maslahatlashmasdan ko’proq olaversin. Yahudo bizning birodarimiz, sizlar uni qattiq xafa qildilaring – Muallim shunday dedi. Uyat bizga, birodarlar!
Eshikda rangi oqargan, lablarini qiyshaytirib iljaygan Yahudo turardi. Ivan yengil harakat bilan unga yaqin bordi va uch marta o’pdi. Uning ketidan bir-birlari bilan ko’z urishtirib, Yakob, Filipp va boshqalar ham xijolatlik bilan Yahudoga yaqin borishdi – har bir kishi o’pgandan keyin Yahudo og’zini artar, ammo qattiq cho’lpillatar, xuddiki ayni shu cho’lpillash unga lazzat bag’ishlardi. Eng oxirida Pyotr keldi.
— Bizlar hammamiz ahmoq, bizlar hammamiz so’qirmiz. Yahudo – birgina u ko’radi, u aqlli. Seni o’psam bo’ladimi?
— Nimaga bo’lmas ekan? O’paqol! – rozi bo’ldi Yahudo.
Pyotr uni qattiq o’pdi va boshqalar ham eshitarli qilib qulog’iga shunday dedi:
— Seni bo’g’ib o’ldirishimga sal qoldi! Ular-ku shunchaki… Men bo’lsam bo’g’zingdan olibman! Qattiq og’rimadimi?
— Sal-pal.
— Hozir uning oldiga boraman, hammasini aytib beraman. Axir, unga ham jahl qildim-ku, — ma’yus holda dedi Pyotr g’ichirlatmasdan eshikni ochishga urinib.
— Sen-chi, Foma? – jiddiy so’radi izdoshlarning xatti-harakati va gap-so’zlarini kuzatib turgan Ivan.
— Hozircha bilmadim. O’ylab ko’rishim kerak.
U uzoq o’yladi. Uzzukun.
Hamma ish-ishiga tarqab ketdi. Pyotr qayoqdandir, devor ortidan baland ovozda, shodon qichqirgan mahalda ham u hamon fikrga cho’mgan edi. U-ku, tezroq bir qarorga kelardi-ya, biroq Yahudo birmuncha xalaqit berdi. Yahudo tirjaygan kuyi izma-iz yurar, ora-sira jiddiy tarzda so’rab qolardi:
— Xo’sh, qalay, Foma? Ishlar qanday ketyapti?
Keyin Yahudo pulqutini olib keldi, pullarni qattiq jaranglatib va ayni paytda atay Foma tomonga qaramay sanay boshladi:
— Yigirma bir, yigirma ikki, yigirma uch… Qara, Foma, yana qalbaki tanga. Odamlar shunchalik firibgar bo’lib ketishganki, hatto qalbaki pullarni xayr-ehson qilishadi… Yigirma to’rt… So’g’in yana Yahudo o’g’irladi, deyishadi… Yigirma besh, yigirma olti…
Foma qat’iy qarorga kelib unga yaqinlashdi – bu paytda oqshom tushgan edi – va shunday dedi:
— U haq, Yahudo. Kel, seni bir o’pib qo’yay.
— Voy, shunaqami? Yigirma to’qqiz, o’ttiz. Foydasi yo’q. Men yana o’g’irlayman. O’ttiz bir…
— Qachonki bu pullar na o’zingniki, na boshqaniki bo’lmasa, qanday qilib o’g’irlash mumkin. Sen shunchaki olishing mumkin, xolos, qancha zarur bo’lsa, shuncha olasan.
— Faqat Uning so’zlarini takrorlab aytish uchun senga qancha muddat lozim bo’ldi? Vaqtning qadriga yetmaysan, dono Foma.
— Ustimdan kulyapsanmi, birodar?
— O’ylab ko’r, qimmatli Foma, uning so’zlarini takrorlab to’g’ri qilyapsanmi? Axir u “o’z” dedi, buni aytgan sen emassan. Meni o’pgan ham u – sizlar bo’lsa mening dahanimni murdor qildilaring. Sizlarning namchil lablaringizni lablarimda hozirgacha his qilib turibman. Bu shunday yoqimsizki, marhamatli Foma. O’ttiz sakkiz, o’ttiz to’qqiz, qirq. Qirq dinor, Foma, tekshirib ko’rmaysanmi?
— Axir, u bizning Muallimimiz-ku. Muallimning so’zlarini takrorlamay bo’ladimi?
— Yahudoning yoqasi yirtildi – shundaymi? Endi u qip-yalang’ochu, unda changallaydigan yoqa yo’q – shundaymi? Muallim uydan ketadi-yu, Yahudo tag’in bilmasdan uch dinorni o’g’irlab qo’yadi, nahot, shunda tag’in uning yoqasidan olmaysizlar sizlar?
— Bilib oldik endi, Yahudo. Biz tushundik.
— Hamma o’quvchilarning xotirasi chatoq emasmi? Hamma muallimlarni aldagan ularning o’quvchilari emasmi? Muallim kaltakni ko’tarishi bilan o’quvchilar “bilamiz, bilamiz, ustoz!” deb qichqirishadi. Muallim uxlagani ketishi bilan o’quvchilar izdoshlar “ustozning o’zi bizni shunga o’rgatmadimi?” deyishadi. Bu yerda ham xuddi shunday. Bugun ertalab sen meni o’g’ri deb atading. Xuddi shu kuni oqshomda birodar deyapsan. Ertaga-chi, ertaga qanday ataysan?

Yahudo kulib qo’ydi, og’ir, jingillab turgan pulqutini yengilgina ko’tarib, davom etdi:
— Qachonki shamol qattiq essa, supurindilarni balandga ko’taradi. Esipast odamlar bo’lsa unga boqib, shamol turdi, deyishadi. Bu atigi axlat, azizim Foma; eshshakning oyoqlar ostida dabdala bo’lgan tezagi, xolos. Biror to’siqqa duch kelishi bilan u o’sha to’siq poyiga tushib qoladi, shamol esa davoman uchib ketaveradi, uchib ketaveradi, azizim Foma!
Yahudo sertakalluflik ila devorning narigi tarafiga ishora qildi va iljayib qo’ydi.
— Dimog’ing chog’ligidan xursandman, — dedi Foma. – Afsus-afsus, sening vaqtichog’ligingda ham yovuzlik ko’p.
— Meni shuncha ko’p o’pishdi, juda foydali insonman – nega ham vaqtichog’ bo’lmay? Men o’sha uch dinorni o’g’irlamaganimda, Ivan zavq-shavq nimaligini bilarmidi? Narsalarni oftoblatish uchun osib qo’yiladigan ilgak bo’lish yoqimli emasmi – Ivan zah bosgan saxovatini, Foma esa kuya yegan aqlini osadigan ilgak?
— Ketsam yaxshi bo’lardi.
— Hazillashyapman-u. Hazillashyapman, azizim Foma – shunchaki bilgim kelyapti, xolos; sen rostdan ham qari va bemaza, uch dinorni o’g’irlab fohishaga bergan Yahudoni o’pishni xohlayapsanmi-yo’qmi.
— Fohishaga? – hayron bo’ldi Foma. – Sen buni Muallimga aytdingmi?
— Yana ishtibohga berilyapsan, Foma. Ha, fohishaga. Uning qanchalik baxtsiz ayol ekanligini bilganingda edi, Foma. U ikki kun mobaynida og’ziga uvoq ham solmagan…
— Seni buni bilarmiding?
— Albatta bilardim. Men o’zim ikki kun u bilan birga bo’ldim, u hech narsa yemaydi, qizil sharob ichadi, xolos. U ozib-to’zib, sillasi quriganidan gandiraklab qoldi. Men ham u bilan baravar yiqildim…
Foma o’rnidan shitob qo’zg’aldi, bir necha odim uzoqlashib, Yahudoga dedi:
— Aftidan, ichingga iblis kirib olgan, Yahudo.
Ketayotib, qo’nayotgan shom g’ira-shirasida Fomaning qulog’iga og’ir pulqutining Yahudoning qo’llarida qanday mungli jaranglagani eshitildi. Baayni Yahudo kulganday bo’ldi.
Ertasi kuniyoq Fomaga Yahudo masalasida adashganini tan olishga to’g’ri keldi: shunchalar oddiy, shunchalar halim, ayni paytda shunchalar jiddiy edi bu Iskariot. U qiyshanglamas, achchiq hazil-mazax qilmas, qulluq ham qilmas, hech kimni tahqirlamas, jimgina xo’jalik ishlarini yuritardi. U har doimgi kabi shunday epchil ediki, misoli uning ikki emas, o’nlab oyoqlari bor. Ammo u sas chiqarmay chopib yurar, ilgarigidek sirtlonning kulgisiga o’xshagan chiyillagan, baqirgan ovozlar chiqarmasdi. Iso so’z boshlashi bilan esa qo’l-oyoqlarini yig’ib burchakka o’tirib olar, katta-katta ko’zlari bilan shunday termulardiki, bu hol ko’pchilikning nazaridan chetda qolmadi. U odamlar haqida ham bemaza gaplarni valaqlamay qo’ydi, ko’proq sukut saqlardi. Hatto sertaqvo Matfey ham uni Sulaymonning so’zlari bilan rag’batlantirib qo’yishni lozim topdi:
— Aqli noqis kimsa o’z yaqiniga nafratini oshkor qiladi, oqil esa sukut saqlaydi.
Shunday deyaturib, Yahudoning oldingi istehzolariga ishora qilgan kabi barmog’ini ko’tardi. Tez orada Yahudodagi o’zgarish hammaga shoyon bo’lib, ular bunday o’zgarishdan mamnun bo’lishdi. Faqat Isogina, Yahudoga nisbatan o’z ko’ngilsizligiga to’g’ridan-to’g’ri belgi bermasa-da, hamon unga yotlarcha munosabat tutardi. Hatto Ivanning – Isoning suyumli izdoshi sifatida va uch dinor bilan bog’liq voqeada uni himoya qilgani uchun Yahudo endi uni qattiq hurmat qila boshlagandi – unga bo’lgan munosabati ancha yumshadi. U ba’zan Yahudo bilan bir-ikki og’iz gaplashib qo’yishni ham lozim ko’rardi.
— Qanday o’ylaysan, Yahudo, — dedi u bir kuni iltifot bilan, — jannatga qaysi birimiz Iso bilan yonma-yon birinchi bo’lib kiramiz – menmi, Pyotrmi?
Yahudo o’ylab turdi-yu:
— Menimcha, sen kirasan, — dedi.
— Pyotr esa aksincha o’ylaydi, — kulimsiradi Ivan.
— Yo’q. Pyotr hamma farishtalarni o’z baqir-chaqiri bilan hurkitib yuboradi – uning qanaqa qichqirishini eshitganmisan? Albatta, u sen bilan bahslashadi va birinchi bo’lib Isoning yonidan joy egallashga urinadi, Isoga bo’lgan muhabbatiga ishontirmoqchi bo’ladi. Lekin u qarigan, sen esa yoshsan. U zo’rg’a qimirlaydi, sen esa tez yugurasan. Shunga ko’ra jannatga Iso bilan sen birinchi kirasan. Shunday emasmi?
— Albatta, men Isoni unga qoldirmayman, — mamnun bo’ldi Ivan.
Shu kuniyoq o’sha savol bilan Pyotr ham Yahudoga murojaat qildi. Ammo ovozini boshqalar eshitib qolmasligi uchun Yahudoni uyning orqasiga, uzoqroqqa olib ketdi.
— Sening fikring qanday? – tashvish bilan so’radi u. – Sen donosan, Muallim ham sening aqlli ekaningni ta’kidlaydi doim, sen to’g’risini ham aytasan.
— Albatta, sen-da, — dedi hech bir ikkilanmasdan Iskariot. Pyotr esa qahr bilan qichqirdi:
— Men unga aytdim-a!
— Ammo-lekin, u, shubhasiz, birinchilikni qo’lga olishga harakat qiladi.
— Shubhasiz.
— Sen u joyni birinchi bo’lib egallab olganingdan keyin nima ham qila olardi? Axir, u yerga birinchi bo’lib Iso bilan sen borasizlar. Sen Isoni yolg’iz qoldirmaysan-ku. U tosh deb seni atamaganmidi?
Pyotr qo’lini Yahudoning yelkasiga qo’ydi va qizg’in dedi:
— Yahudo, ichimizda sen eng aqllisan. Lekin nega sen bu qadar badxoh, bu qadar birovlarning ustidan kulishni yaxshi ko’rasan? Ustoz esa buni suymaydi. Vaholanki, sen Ivandan qolishmaysan – Muallimning sevimli izdoshlaridan bo’lishing mumkin. Lekin senga, – Pyotr qo’lini tahdidli tarzda ko’tardi, — Isoning oldidagi o’z joyimni hech qachon bermayman – na yerda, na ko’kda! Eshitdingmi?
Yahudo shu tarzda barchaga yoqishga urinardi, ayni paytda u o’zicha nimalarnidir bichib-tikmoqda ham edi. U o’zini hamon o’shandoq kamtar, sipo va kamsuqum tutar, har bir kishiga yoqib ketadigan so’zlarni aytishni ham uddalardi. Inchunin, Fomaga derdi:
— Ahmoq hamma gapga ishonib ketaveradi, oqil esa hamma vaqt hushyordir.
Serxo’r va bundan xijolat bo’lib yuradigan Matfeyga esa donishmand va Matfeyning o’zi yoqtiradigan Sulaymonning so’zlari bilan:
— Taqvodor odam to’ygunicha yeydi, huquqi bo’lmaganlarning qorni esa mahrumiyatga chidashga majbur, — derdi.
Biroq u ko’ngilga xush kelguvchi so’zlarni – xuddi shu bilan bunday so’zlarga alohida qimmat baxsh etganday – ahyonda aytardi. Ko’proq esa sukut saqlar, hamma narsani diqqat-e’tibor bilan tinglar, nimalarnidir o’ylab qolardi. Yahudo harqancha fikrchan bo’lmasin, uning aft-angori yoqimsiz, tasqara va ayni paytda kishining yuragiga vahima solgich edi. Hayot asariga ega quv ko’zi o’ynoqlab turarkan, Yahudo sodda va olijanob bo’lib ko’rinar; ammo har ikkala ko’zi harakatsiz qotib, do’ngalak peshonasida har xil ajabtovur ajin va bo’rtiqlar paydo bo’larkan, bu miyada charx urgan o’ziga xos o’y-fikrlar bilan bog’liq noxush farazlar ham uyg’ona boshlardi kishida. Butunlay yot, butunlay g’alati, hech qachon tilga ko’chmaydigan bu o’y-fikrlar xayol surib turgan Iskariotni sir-asrorlarning gung sukuti bilan shunday chulg’ab olardiki, uning tezroq gapirishini, tezroq qimirlashini, hatto aldamchilik qilishini istab qolardi kishi. Negaki, tirik odamning og’zidan chiqqan yolg’on ham bu umidsiz-soqov va toshqotgan sukut oldida haqiqat va yog’duga o’xshab ko’rinardi.
— Yana o’y surib qoldingmi, Yahudo? – qichqirdi Pyotr tiniq ovoz bilan Yahudo xayollarining gung-soqov sukutini buzarak, bu xayollarni qayoqqadir zulmat bir kunjakka haydab. – Nima haqda o’ylayapsan?
— Ko’p narsani, — osoyishta jilmayib javob qaytardi Yahudo. O’zining jimjit o’tirishi boshqalarga g’alati ta’sir qilishini sezib qolib, shundan keyin tez-tez boshqalardan o’zini olib qochadigan, ko’p vaqtini yolg’iz o’zi sayr qilib o’tkazadigan yoxud tekis tomga chiqvolib indamay o’tiradigan bo’lib qoldi. Foma bir necha bor qorong’ulikda qandaydir kulrang uyumga tuyqus to’qinib, qo’rqib ketdi – bu uyumdan Yahudoning qo’l va oyoqlari chiqib kelar, sho’xchan ovozi ham eshitilib qolardi. Faqat bir kuni Iskariot juda keskin va ajabtovur tarzda o’sha ilgarigi Yahudoni eslatib yubordi. Bu aynan o’sha jannat haqidagi suhbat asnosi ro’y berdi. Muallimning huzurida Pyotr va Ivan Isoning oldidagi o’z o’rinlari haqida qattiq bahslashib, bir-birlari bilan aytishib qolishdi: ularning har biri o’z xizmatlarini sanoqqa solar, Isoga bo’lgan muhabbatini qiyoslar, qizishar, baqirib-chaqirar, o’zlarini tutolmay so’kinar edilar. Qahru g’azabdan lavlagiday qizarib ketgan Pyotr shang’illar; rangi bo’zday oqargan, osoyishta Ivan qo’llari dag’illab, gap bilan g’ajir edi. Ularning mubohasasi axloq doirasidan chiqib ketdi va Muallimning peshanasi tirisha boshladi. Tasodifan Pyotrning ko’zi Yahudoga tushdi-yu, mag’rurona qahqaha otdi. Ivan ham Yahudoga qarab kulib yubordi. Har ikkalasining esiga bu haqda dono Yahudo aytgan gap tushgan edi. Ular qo’l cho’zsa yetguday tantana isini oldindan tuyib, Yahudoni ittifoqona hakamlikka chorlashdi.
— Qani-qani, dono Yahudo! Ayt-chi, kim birinchi bo’lib Isoning yonida bo’ladi? – qichqirdi Pyotr. – Umi yoki men?
Biroq Yahudo miq etmadi, og’ir xo’rsindi va Isoning osoyishta-teran nigohlaridan ko’zlari bilan nenidir o’tinib so’radi.
— Ha, — takalluf bilan tasdiqladi Ivan ham, — Isoning oldida birinchi bo’lib kim turishini unga ayt.
Yahudo ko’zlarini Isodan uzmay sekin o’rnidan turdi, viqor bilan past ovozda dedi:
— Men!
Iso nigohlarini ohista yerga tikdi. Iskariot esa suyakdor qo’llari bilan ko’ksiga astagina urib tantanavor va qat’iy qilib takrorladi:
-Men! Men bo’laman Isoning yonida!
Shunday deya chiqib ketdi u. Uning vaziyatdan bunday silliq chiqib ketganidan lol-mol bo’lgan izdoshlar jimib qolishdi. Pyotrgina nimadir esiga tushib Fomaga sekin shivirladi:
— Qara-ya, u nimalarni o’ylaydi?.. Eshitdingmi?

V

Ayni mana shu paytda Yahudo Iskariot xiyonatga tomon birinchi, qat’iy qadamini qo’ydi: u maxfiy ravishda pop Annaning oldiga bordi. Uni xushlamay qarshi olishdi, ammo Yahudo esankirab qolmadi, bil’aks, yuzma-yuz gapiradigan gapi borligini aytdi. Osilib tushgan og’ir qovoqlari ostidan o’tkir tikilib turgan qoqsuyak va badjahl chol bilan yakkama-yakka qolgach, aytdiki, u – ya’ni xudojo’y bir inson bo’lmish Yahudo Iso Nazaretliga yagona maqsadda – qallobni fosh qilish va uni qonun qo’liga topshirish maqsadida izdosh tushgandir.
— Kim u o’zi Nazarteli? – xuddiki Isoning ismini birinchi marta eshitganday mensimay so’radi Anna.
Yahudo ham popning shunchalik bexabarligiga ishonganday tutdi o’zini. Shunga ko’ra Isoning mav’izalari va mo»jizalari xususida, uning farisey lar va ibodatxonaga bo’lgan nafrati xususida, doimiy qonunbuzarliklari xususida va nihoyat, uning hokimiyatni ruhoniylar qo’lidan tortib olib, yangi saltanat tuzish niyati xususida bafurja so’zlab berdi. U haqiqat va yolg’onni shunday mahorat bilan aralashtirib tashladiki, Anna unga sinchkovlik bilan tikildi va hafsalasizlik bilan dedi:
— Iudeyada yolg’onchi-kazzob va jinnilar ozmi?
— Yo’q, u juda xavfli odam, — qizishib e’tiroz bildirdi Yahudo, — u qonunlarni buzadi. Butun xalq halok bo’lgandan ko’ra, bir kishining halok bo’lgani yaxshi.
Anna ma’qullab bosh irg’adi.
— Uning izdoshlari ko’p bo’lsa kerak?
— Ha, ko’p.
— Ular, ehtimol, uni juda yaxshi ko’rishar?
— Ha, ular uni juda yaxshi ko’rishadi. Juda, hatto o’zlaridan ortiqroq sevishadi.
— Uni qo’lga olmoqchi bo’lsak, ular himoya qilishmaydimi? Qo’zg’olon ko’tarishmaydimi?
Yahudo yayralib zaharxanda bilan kuldi:
— Ular? Qo’rqoq it ular. Tosh olishga engashishing bilan qochib qoladigan it ular!
— Ular shunchalik ahmoqmi? – sovuqqonlik bilan so’radi Anna.
— Nahotki, yaxshilar ahmoqlardan emas, ahmoqlar yaxshilardan qochib qolishsa? He! Ular yaxshi odamlar, shuning uchun qochib qolishadi. Ular yaxshi odamlar, shuning uchun yashirinib olishadi. Ular yaxshi odamlar, shuning uchun Isoni tobutga tiqish fursatida paydo bo’lishadi. Sen qatlni amalga oshirsang bo’ldi, tobutga tiqishni o’zlari uddalaydilar.
— Ular uni yaxshi ko’radilar – shundaymi? Buni sen o’zing aytding-ku, axir.
— O’z Muallimlarini ular hamma vaqt yaxshi ko’radilar, ammo o’ligi tirigidan ko’ra ko’proq yoqadi ularga. Negaki, Muallim barhayot bo’lsa, ularni imtihon qilib turadi, bu ular uchun yomon, albatta. Muallim o’lsa, ularning o’zlari muallimga aylanishadi va shunda boshqalarga yomon bo’ladi! He!
Anna xiyonatkorga qattiq tikildi, uning qurushqoq lablari tirishdi – bu uning jilmayganidan dalolat edi.
— Ular seni xafa qilishganmi? Ko’rinib turibdi, sen alamzadasan.
— Sening sinchkov nigohingdan biror-bir narsani yashirib bo’larmidi, dono Anna? Sen Yahudo qalbining eng tubiga tusha olding. Ha. Ular sho’rlik Yahudoni xafa qilishdi. Ular Yahudoni uch dinor o’g’irlaganlikda ayblashdi – xuddiki Yahudo Isroildagi eng halol odam emasday!
Ular Iso haqida, uning izdoshlari haqida, uning Isroil xalqiga halokatli ta’siri haqida uzoq gapirishdilar – ammo ehtiyotkor va ayyor Anna darhol qat’iy javob aytmadi. U allaqachonlardan beri Yahudoni ta’qib etar, qarindosh-urug’lari va do’stlari bilan, boshliqlar va saddukeylar bilan bo’ladigan maxfiy mashvaratlarda allaqachon Galileyadan chiqqan payg’ambar qismatini hal qilib qo’ygan edi. Ammo u Yahudoga ishonmadi. U Yahudoning yaramas va kazzob odam ekanligi haqida ilgaridan eshitgan, shunga ko’ra uning izdoshlar va xalqni qo’rqoq deganiga ishonmadi, bundan kelib chiqadigan umidlarini puch deb topdi. Holbuki, Anna o’zining kuchiga ishonar, biroq xunrezlikdan, Quddusning bo’ysunmas va badjahl aholisi berilgan mudhish isyondan va nihoyat, Rim hukumatining shafqatsiz aralashuvidan hayiqmoqda edi. Xalqning nimagaki tomsa, o’shanga hayot baxsh aylaguvchi alvon qoni singigan moneliklardan kuch olajak bid’at o’zining qayishqoq halqalarida Annani ham, hokimiyatni ham, uning barcha do’stlarini ham bo’g’ib tashlashi tayin. Shu bois Iskariot ikkinchi marta eshik qoqib kelganda, ruhan emin bo’lolmagan Anna uni qabul qilmadi. Ammo Iskariot ham qo’yvormadi – uchinchi, to’rtinchi marotaba – kunduzi ham, tunda ham yopiq eshikka o’zini urib, uning teshik-tirqishlarida shuvillaydigan shamol singari sabot bilan qayta-qayta kelaverdi.
— Ko’rib turibman, dono Anna nimadandir hayiqyapti, — dedi nihoyat popning qabuliga musharraf bo’lgan Yahudo.
— Hech narsadan qo’rqmaslikka mening dovim yetarli, — dedi kalondimog’lik bilan Anna. Iskariot bo’lsa qo’llarini qovushtirib, qullarcha ta’zim qildi. – Nima istaysan o’zi?
— Men Nazaretlini sizlarga tutib bermoqchiman.
— U bizlarga kerak emas.
Yahudo ta’zim bajo ayladi va nigohini popga itoatkorona qadab kutib turdi.
— Jo’na.
— Men yana kelishim lozim – shundaymi muhtaram Anna?
— Seni bu yerga kiritishmaydi. Jo’na.
Ammo Kariotlik Yahudo qayta va qayta eshik qoqib kelaverdi va axiyri, uni qariya Anna huzuriga kiritishdi.
Qoqsuyak va badjahl, o’yla-fikrdan horigan Anna xiyonatkorga go’yoki uning do’ngalak boshidagi soch tolalarini bittalab sanayotgan kabi indamaygina tikildi. Yahudo ham xuddi popning oqargan siyrak soqolini sanab chiqayotgandek lom-mim demay o’tiraverdi.
— Xo’sh? Yana keldingmi? – Yahudoning boshiga tupurganday takabburona baqirdi g’azablangan Anna.
— Men sizlarga Nazartelini tutib bermoqchiman.
Ikkalovi ham bir-birini diqqat bilan kuzatib yana mum tishlashdi.
Biroq Iskariot osoyishta boqar, Annaga esa achchiq qahru g’azab qishning ayozli saharlarida tushgan qirov singari sanchila boshlagandi.
— Sen o’sha Isong uchun qancha so’raysan?
— Sizlar qancha bermoqchisizlar?
Anna rohatlanib tahqiromiz dedi:
— Senlar hammang tovlamachisan. O’ttiz kumush tanga – mana qancha beramiz senlarga.
Yahudoning titrab-qaqshaganini, tipirchilab, ikkita emas, o’nta oyog’i bor kabi zir yugurgilab qolganini ko’rgan Anna zimdan lazzat tuydi
— O’ttiz tanga? Iso uchun-a? – u Annaga yanayam kayf bergan yovvoyi hayronlik bilan qichqirdi. – Iso Nazaretli uchun-a? Sizlar Isoni o’ttiz tangaga sotib olmoqchimisizlar? Nahot, o’ylaysizlarki, Isoni sizga o’ttiz tangaga sotishadi?
Yahudo shitob bilan devorga yuz o’girdi, uzun qo’llarini tepaga o’qtalib, tep-tekis oppoq devorga qarab xaxoladi:
— Eshityapsanmi? O’ttiz tanga! Iso uchun!
Anna o’sha-o’sha yovuz shodumonlik bilan loqayd qistirib o’tdi:
— Istamasang, jo’nab qol. Biz bundan ham arzonroqqa sotadiganni topamiz.
Va ikkovlon rasvoyi-raddibalo maydonda juldur-juldur uvadalarni qo’lma-qo’l qilgancha baqirib-chaqirib, qasamxo’rlik qilib, so’kinib almisoqdan qolgan kiyim-kechak bilan savdo qiladigan eskifurushlarga o’xshab shiddatli va jazavali tarzda savdolashishga tushib ketdilar. G’alati bir zavq-shavqdan ilhomlangan Yahudo yugurar, gir aylanar, qichqirgancha o’zi sotmoqchi bo’lgan kimsaning fazilatlarini barmog’ida sanab ko’rsatardi.
— U olijanob odam, xastalarni tuzatadi – nima, sizningcha, bu hech nimaga arzimaydimi? A, arzimaydimi? Yo’q-yo’q, vijdonli odamday gapiring!
— Agarda sen… – qistirib o’tishga urinardi Yahudoning jo’shqin so’zlaridan qahru g’azab muzlari tez ilib, sal-pal qizara boshlagan Anna. Ammo Yahudo uning so’zini behayolarcha kesdi:
— Uning saron nargisi singari, vodiy lolasi yanglig’ navqiron va go’zal ekanligi-chi? A? Bu hech nimaga arzimaydimi? Siz, ehtimol, u qarib-churigan, hech nimaga yaramaydi, Yahudo qarri xo’rozni sotyapti, deb o’ylayotgandirsiz? A?
— Agarda sen… – baqirishga harakat qildi Anna, ammo Yahudoning quturgan bo’ronday guvillashi uning keksalarga xos nimjon ovozini shamolda to’zg’igan pat misoli uchirib yubordi.
— O’ttiz tanga! Uning bir tomchi qoni uchun bir obol ham emasmi? To’kadigan ko’z yoshlari uchun yarim obol ham emasmi? Ingrashi chorak obol ham emasmi? Qichqiriqlari-chi! Talvasalari-chi! Uning yuragi to’xtashi uchun-chi? Uning ko’zlari yumilishi uchun-chi? Nima, bular behudagami? – ayyuhannos solardi Iskariot popga tashlangancha, uni qo’l va panjalarining telbalarcha harakati bilan, chiyratma so’zlar bilan g’arq qilishga urinib.
— Hammasi uchun! Hammasi uchun! – diqqati oshdi Annaning.
— Siz o’zingiz-chi? O’zingiz qancha orttirasiz bu ish ketidan? He! Siz Yahudoni talon-taroj etmoq istaysizmi? Bolalarining rizqini kesmoq istaysizmi? Men unday qilolmayman! Men maydonga borib dod-voy solaman: “Anna sho’rlik Yahudoni talayapti! Qutqaringlar!” deyman.
Toliqqan, butunlay gangigan Anna g’azabnok holda yumshoq poyafzali bilan polni tapirlatib, qo’lini o’qtaldi:
— Jo’na yo’qol!.. Daf bo’l!..
Biroq Yahudo dabdurustdan tavoze bilan qulluq qilib, qo’llarini yoydi:
— Shunaqa bo’ladigan bo’lsa… Nega boyoqish Iudadan achchig’lanasan? U faqat bolalarini o’ylayapti, xolos. Sening ham bolalaring bor-ku, axir. Navqiron, ajoyib bolalaring…
— Biz bu haqda emas… Bu boshqa masala… Daf bo’l!
— Nahotki, men: tamom, yon bermayman degan bo’lsam? Nahotki, men sizga ishonmasam? Sizning oldingizga boshqasi kelib, Isoni o’n besh obolga tutib berishiga ishonmasam? Ikki obolga, bir obolga…
Yahudo boshi yerga tekkuday qulluq qilib, to’lg’anib, yaltoqilanib, axiyri, itoatga keldi – va’da qilingan pulga rozi bo’ldi. Uncha-muncha qizargan Anna qaltirab turgan qoqsuyak qo’llari bilan unga pulni uzatdi. Uzatdi-yu, teskari o’girilib, lablarini yamlagancha, Yahudoning kumush tangalarning har birini tishida tishlab, haqiqiy-qalbakiligini tekshirishini indamay kutib turdi. U ahyon-ahyonda Yahudoga qarab qo’yar va xuddi chuv tushgan kabi yuzini shiftga burib, lablarini yanayam qattiqroq yamlardi.
— Hozir qalbaki pullar ko’payib ketgan, — beparvogina tushuntirish berdi Yahudo.
— Bu pullarni ibodatxonaga halol-pokiza odamlar xayriya qilishgan, — dedi Anna Yahudoga tez o’girilib qarab va undan ham tezroq qirmizi taqir ensasini Yahudoning ko’zlariga tiqishtirib.
— Halol-pokiza odamlar, nahot, qalbaki pulni haqiqiysidan farqlab bilsa? Bu faqat tovlamachilarning qo’lidan keladi.
Yahudo pulni uyiga olib bormadi, shahar tashqarisiga chiqib ularni tosh tagiga yashirib qo’ydi. U ortiga sekin qaytdi. Qadamlari og’ir va sust, shafqatsiz va halokatli olishuvdan so’ng o’zining qop-qorong’u iniga tomon zo’rg’a sudralib borayotgan yarador maxluqqa o’xshar edi u. Biroq Yahudoning o’z ini yo’q, uy bor edi va bu uyda u Isoga duch keldi. Horg’in, ozib-to’zigan; fariseylar bilan, har kun-har kun ibodatxonada uni qurshagan muxolif murtadlar safi bilan olib boriladigan kurashlar natijasida behad holdan toygan Iso g’adir-budir devorga yuzini bosib o’tirar, aftidan, shu holda qattiq uxlab qolgan edi. Ochiq deraza orqali shahar tarafdan har xil tovushlar uchib kirmakda, devorning naryog’ida ovqatga hozirlik ko’rayotgan Pyotr stolni taqarlatgancha, galileyacha bir qo’shiqni ohista xirgoyi qilmakda edi – ammo Iso hech narsani eshitmas, osoyishta va qattiq uxlab yotardi. Bu o’sha – dushmanlar o’ttiz tanga bahosida sotib olgan o’sha Iso edi.
Yahudo sas chiqarmaslikka harakat qilib, xasta jujug’ining oromini buzishdan qo’rqqan onaning halim ehtiyotkorligi bilan, qandaydir oq-oppoq guldan ajablanib inidan chiqqan jonivorning hayronligi bilan qo’lini Isoning mayin sochlariga ohista tekkizdi va shu zahotiyoq tortib oldi. Tag’in bir bor tekkizdi-yu, sassiz-sadosiz sudralib chiqib ketdi.
— YO Robbim! –dedi u. – Robbim!
Hojatxonaga chiqib, uzoq-uzoq yig’ladi. Silkinib-silkinib, to’lg’anib, ko’ksini tirnoqlab, yelkalarini tishlab uzoq yig’ladi. O’zicha Isoning sochlarini xayolan silab-siypaladi. G’alati va erkalagannamo nimalarnidir shivirlab, tishlarini g’ichirlatib o’tirdi. Keyin esa tuyqus yig’lashna bas qildi, nolishlari tindi, tishlarini g’ajimay qo’ydi. Ho’l yuzini bir chetga burib, maxfiy gap o’g’irlayotgan kimsadek chuqur o’yga toldi. Shu taxlit uzoq o’tirdi – xuddi qismat yanglig’ og’ir va keskin, xuddi qismat yanglig’ barchaga begona.
… Yahudo sho’rlik Isoni qisqa hayotining shu so’nggi kunlarida sokin bir muhabbat, inja e’tibor va mehr bilan o’radi. U ilk bora sevib qolgan uyatchan va hurkak qizning tuyg’unligi, ziyrakligi bilan Isoning izhor etilmagan xohish-istaklarini ham sezar; uning tuyg’ulari, oniy “yarq” etib o’zidan nishona beradigan hasrat-anduh va tolg’inligining teran qa’riga sho’ng’iy olardi. Yahudo tufayli Iso oyog’ini qaerga qo’ysa – ravonlik, nigohini qayga tiksa – go’zal manzara muayyan edi. Iskariot ilgarilari Mariya Magdalinani ham, Isoning atrofidagi boshqa ayollarni ham xushlamas, ularning ustidan kulib, bir qitmirlik qilib turardi – endi esa u bu ayollarning do’stiga, kulgini qistatadigan lavang hamkoriga aylandi. U bu ayollar bilan Isoning ajoyib odatlari haqida – kichkina bo’lsa ham – katta ishtiyoq bilan so’zlashar, bir narsani qayta-qayta so’rayverar; ayollarning qo’liga, olishmasa ham, majburlab yashiriqcha pul tiqishtirar, ayollar esa bu pulga Isoning oyoqlarini yuvgali u behad yoqtiradigan qimmatbaho muattar mirro daraxti bo’laklarini hamda mushki anbar sotib olardilar. Yahudoning o’zi Iso uchun, qattiq savdolashib, eng qimmatli sharoblardan sotib olar, keyin esa ularning qariyb hammasi sharobning asliyatini hech vaqt baholay olmagan Pyotrning jig’ildoniga urilganini ko’rib rosa alami kelardi. U gulu giyohlar, daraxtlar deyarli o’smaydigan hammayog’i tosh-taqir Quddusda qayoqlardanam jajji bahor gullarini yoinki zumurrad o’t-o’lanlarni topib kelar va uni o’sha ayollar orqali Isoga taqdim etardi. Kichkina bolachani ko’chadanmi, bir yoqdan topib, yig’lamasin uchun o’zini zo’rlab bo’lsa ham bolani o’pib, umrida birinchi bor qo’lida bola ko’tarib Isoga olib kelar; shunday bo’lardiki – kichkina, qop-qoragina, sochlari qo’ng’iroq-qo’ng’iroq, burunchasi oqib turgan go’dak to’satdan o’yga cho’mib o’tirgan Isoning tizzasida paydo bo’lib, g’imirlagancha ona mehru-muhabbatini izlab qolardi. Yahudoning o’zi biri erkalab va biri erkalanib yotgan Iso hamda go’dakning atrofida aylanib yurar, shu fursatda u ko’klam chog’i mahbus kamerasiga kapalakning uchib kirishiga yo’l qo’yib berganu, keyin yana o’zi tartiblarning buzilayotganidan shikoyat qilib yolg’ondakam vaysayotgan shafqatsiz turma nazoratchisiga o’xshab ketardi.
Oqshomlari – zulmat va vahima derazalarga xuddi qo’riqchi misol qo’ngan mahalda Iskariot ataylab suhbat o’zanini Galileyaga – o’ziga butunlay yot-begona, ammo Isoga qadrdon bo’lmish Galileya tomonga, uning sokin suvlari, niliy qirg’oqlari tomonga burib yuborardi. U og’irkarvon Pyotrni qo’zg’ar – hamma narsa behad ohangdor, yarqiroq, haddi a’losida bo’lgan yorqin manzaralarga daxldor, ammo so’nib borayotgan xotiralari uyg’ongunga dovur; Galileyadagi dilkash hayot nigohlar qarshisida porlab, quloqlarda jarangos bermaguncha uni qistayverardi. Iso uning uzuq-yuluq, diltortar va sho’x-shodon hikoyalarini boladay og’zi nim ochilib, oldindan ko’zlari porlab shoyon e’tibor bilan tinglar, Pyotrning hazillariga goho shunday qahqaha otardiki, hikoya bir necha soniyaga uzilib qolardi. Pyotrnikidan ham ko’ra Ivanning hikoyalari maroqli edi. U kulgili va kutilmagan narsalarni aytmasa-da, so’ylab berganlari shunday xayolchan, dilbar va alomat ediki, Iso mahzun xo’rsinar, ko’zlariga yosh qalqar, Yahudo bo’lsa Mariya Magdalinaning biqiniga turtib:
— Buncha ajoyib! Eshityapsanmi? – deb shivirladi zavqini yashirolmay.
— Eshityapman albatta.
— Yo’q, yaxshilab eshit. Siz ayollar hech vaqt astoydil tinglamaysizlar.
Keyin hamma uxlagani tarqadi. Iso, azbaroyi minnatdor bo’lganidan, Ivanni mehribonlik bilan o’pib, novcha Pyotrning yelkasidan erkalagansumol siypalab qo’ydi.
Yahudo bu iltifotlarga hech bir hasad qilmay, takabburona qarab turaverdi. Zero, bu hikoyalar, bu o’pich, bu xo’rsiniqlar kariotlik Yahudo – shu malla-mariq, toshlar orasida tug’ilib-o’sgan bemaza juhud bilgan narsa oldida nima degan gap, axir!

IZOHLAR

Ushbu tarjima jarayonida o’z qimmatli vaqtlari va maslahatlarini ayamagan professor Dilmurod Quronov domlaga, adabiyotshunos va shoir Rahimjon Rahmatga o’z minnatdorchiligimni bildiraman.
Fariseylar — qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Saddukeylar – qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Obol – tanga pul.
Mirro – xushbo’y modda olinadigan daraxt. Qadimdan muqaddas hisoblangan.
Osanna – qadimgi ivritcha so’z. “Najot ber, madad ber, senga sig’inamiz” kabi ma’nolarda. Qissa muallifi bu so’zni aynan qo’llagani uchun, tarjimada ham shunday qoldirildi.
Kedron – Quddus va Yeleon tog’i o’rtasidan oqib o’tuvchi daryo. O’lik dengizga quyiladi.
Ravvi – aynan ustoz, muallim ma’nosida. Yahudiylar mashhur muallim-peshvolar, qonunshunoslarni shunday atashgan.
Varava – qadimgi Rimda Pontiy Pilat tomonidan bayrami munosabati bilan ozod qilingan jinoyatchi.

YI

Yahudo bir tomondan Isoni sotib, ikkinchi tomondan zo’r berib o’z rejasini barbod qilishga chora izlardi. Ayollar Quddusga qilinajak xavf-xatarga to’la so’nggi safardan Isoni qaytarishga urindilar. Yahudo esa hech narsa demadi, bil’aks, u Isoning nusratga to’la erishmoq uchun Quddus safarini zaruriyat deb bilgan qarindoshlari, izdoshlari tomonida turdi. Lekin xavf kattaligidan qayta-qayta ogohlantiraverdi, fariseylarning Isoga bo’lgan qahru g’azabini, ularning jinoyatdan ham toymasliklari, Galileyadan chiqqan payg’ambarni yashirin yoxud ochiqdan-ochiq o’ldirib qo’yishlari mumkinligini aniq-taniq manzaralari ila chizib berdi. U bu gaplarni har kun, har soatda takrorlardi. Isoga musallam bo’lganlardan hech bir kimsa yo’q ediki, Yahudo qo’lini tahdidona ko’tarib:
— Isoni asrab qolmoq lozim! Isoni asrab qolmoq lozim! O’sha fursat kelganda, Isoga qalqon bo’lmoq lozim! — deya o’ta jiddiy ogohlantirmagan bo’lsin.
Biroq izdoshlarda o’z Muallimining mo»jizaviy kuch-qudratiga bo’lgan ishonch shu darajada komil edimi, o’z yo’lining haqligiga shuncha aminmidi ular yoxud shunchaki g’aflat bosdimi – Yahudoning vahmali so’zlarini kulibgina qarshi olishdi, hatto uning to’xtovsiz da’vatlari ularda norozilik uyg’otdi ham. Yahudo qayoqdandir ikkita qilich topib keldi, uning bu ishi faqat Pyotrgagina ma’qul keldi. U Yahudoni ham, qilichlarni ham maqtab qo’ydi. Boshqalar esa:
— Nima, bizlar jangchimi qilich bilan qurollanib oladigan? Nima, Iso sarkardami, payg’ambar emasmi u?
— Basharti, ular uni o’ldirishni mo’ljallayotgan bo’lishsa-chi?
— Butun xalq u tarafga o’tganini ko’rsalar, bu ishga yuraklari betlamaydi.
— Yuraklari betlasa-chi? Unda nima bo’ladi?
— Muallimni bir sen yaxshi ko’rasan, shekilli-a, Yahudo, — dedi Ivan mensimaslik bilan.
Ammo Yahudo, Ivanning ohangidan hech bir xafa bo’lmay, o’z aytganida turib oldi va shoshmasdan, qizishib va o’jarlik bilan davom etdi:
— Sizlar uni sevasizlar, to’g’rimi?
Isoga e’tiqod qilganlardan hech bir kishi yo’q ediki, Yahudo qayta-qayta shunday deb so’ramagan bo’lsin:
— Sen uni yaxshi ko’rasanmi? Qattiq yaxshi ko’rasanmi?
U ko’pincha Foma bilan gaplashib o’tirar, o’sib ketgan kir tirnoqli chayir barmog’ini ko’tarib, sirli tarzda shunday ogohlantirardi:
— Qaragin, Foma, mudhish soniya yaqinlashmoqda. Sizlar bunga tayyormi? Men topib kelgan qilichni nega olmading, Foma?
Foma mulohaza qilib ko’rib, dedi:
— Biz qurol ishlatishni bilmaydigan odamlarmiz. Biz rimlik sipohlar bilan jangga kirishadigan bo’lsak, yakson etilamiz. Bundan tashqari topib kelganing nihoyati ikkita qilich bo’lsa, u bilan nima ham qilib bo’lardi?
— Yana topsa bo’ladi, — betoqat bo’lib e’tiroz qildi Yahudo. – Sipohlardan olsa bo’ladi.
Bu gapdan hatto hazilni bilmaydigan Foma ham osilib tushgan tip-tik mo’ylabi ostidan jilmayib qo’ydi:
— Eh, Yahudo, Yahudo! Qilichlarni qaerdan olding o’zi? Ular rimlik jangchilarning qilichiga o’xshaydi-yu.
— O’g’irlab oldim. Yana o’marishim mumkin edi-yu, qiy-chuv ko’tarishdi. Qochib qoldim.
Foma birpas o’ylanib turdi, so’ng g’amgin dedi:
— Tag’in yaxshi ish qilmabsan, Yahudo. Nimaga o’g’irlik qilding?
— Axir, biror narsani o’z va o’zganiki deb ayirma qilish mumkin emasdi-ku!
— To’g’ri, lekin ertaga jangchilardan, qiliching qani deb so’raydilar. Topilmagach, ularga jazo beradilar.
Oqibat shuki, oradan fursatlar o’tib – Isoning o’limidan so’ng izdoshlar Yahudoning mana shu gaplarini xo’p esladilar va shunday xulosa qildilar: Yahudoning niyati – kuchlar teng bo’lmagan halokatli jangga da’vat qilib, barchalarini nobud etmoq bo’lgan. Va xoinning, kariotlik Yahudoning jirkanch nomiga yana nechanchi karra la’natlar yog’ildi.
Yahudo bo’lsa mana shunday suhbatlardan keyin har gal jahldan o’zini qayoqqa qo’yishni bilmas, ayollarning yoniga borib obidiyda qilar, ular bu g’alati odamni bajonudil tinglardilar. Yahudoning Isoga bo’lgan sevgisida nechukdir bir injalik, ayollarga xos nimadir bor edi; ana shu nimadir, ana shu injalik uni ayollarga yaqinlashtirdi, Yahudoni ularning ko’z o’ngida – garchand ilgari unga iltifotsizroq munosabatda bo’lgan esalar-da – juda oddiy, ko’ngilga yaqin va hatto ko’rkam bir insonga aylantirib qo’ydi.
— Odammi endi shular ham? – achchiqlanardi u izdoshlardan o’zining so’qir va harakatsiz ko’zi bilan Mariyaga mo’ltirab. – Odam emas ular! Ularning tomiridagi qon bir obolga ham arzimaydi!
— O’zing doim odamlarni yomonlab yurasan-ku — e’tiroz bildirdi Mariya.
— Nahotki, men biror payt odamlarni yomonlagan bo’lsam? – hayron bo’ldi Yahudo. – Xo’p, mayli, men yomonladim ham deylik, lekin, nahot, ularning o’zlari salgina yaxshi bo’lolmaydilar? Eh, Mariya, tentak Mariya, nega sen er kishi emassan, nega qilich ko’tara olmaysan?
— Qilich judayam og’ir, men uni ko’tara olmayman, — jilmaydi Mariya.
— Erkaklar shunaqa noshud bo’lgach, ko’tarishingga to’g’ri keladi… Sen men tog’dan qidirib topgan lolalarni Isoga berdingmi? Men bugun o’sha lolalarni topish uchun juda erta uyg’ondim, tongda quyosh qip-qizil edi, Mariya! U bundan xursand bo’ldimi? Tabassum qildimi u?
— Albatta xursand bo’ldi. U aytdiki, o’sha guldan Galileyaning hidi kelarmish.
— Sen bu gullarni Yahudo, kariotlik Yahudo berdi, demagan bo’lsang kerak?
— O’zing aytma deding-ku.
— Yo’q, shart emas, albatta, shart emas, — xo’rsindi Yahudo. – Ammo sen sirni ochib qo’yishing mumkin edi, negaki, ayollar og’zi bo’sh bo’lishadi. Albatta, sen og’zingdan gullamagan bo’lsang kerak? Qattiq turdingmi? Shunaqa, Mariya, sen yaxshi ayolsan. Bilasan, qaerdadir mening ham xotinim yashayapti. Hozir uni ko’rgim kelyapti. Ehtimol, u ham yomon ayol emasdir. Bilmadim. U “Yahudo aldoqchi, Yahudo Simonov yomon odam” dedi. Men uni tashlab ketdim. Lekin u, ehtimol, yaxshi ayol bo’lgandir, mabodo, sen bilmaysanmi?
— Xotiningni bir marta ham ko’rmagan bo’lsam, men qayoqdan bilaman?
— Shunaqa, shunaqa, Mariya. Xo’sh, sen qandoq o’ylaysan, o’ttiz kumush tanga – bu katta pulmi? YO uncha katta pul emasmi?
— Menimcha, uncha katta emas.
— Shubhasiz, shubhasiz. Sen fohisha bo’lib yurganingda, qancha olar eding? Besh tangami yoki o’n tangami? Sening bahoying balandmidi?
Mariya Magdalina qizarib ketdi, boshini shunday quyi soldiki, oltinrang quyuq sochlari chehrasini butkul berkitdi, oppoq dumaloq engagigina ko’rinib turardi, xolos.
— Qanaqa betamizsan, Yahudo. Men buni esdan chiqarishni istayman, sen esa yuzimga solaverasan.
— Yo’q, buni unutish kerak emas, Mariya. Nimaga deysanmi? Mayli, boshqalar sening fohisha bo’lganingni unutaverishsin, o’zing esa yoddan chiqarma. Buni boshqalar tezroq unutishsin, sen emas. Nimaga deysanmi?
— Gunoh-ku, axir, o’sha ish.
— Kimki hali gunohga qo’l urmagan bo’lsa, o’sha qo’rqaversin. Gunohni qilib bo’lgan odam nimadan qo’rqishi kerak? Nahotki, o’limdan tiriklar emas, marhumlar qo’rqishsa? Marhumlar tiriklar va ularning qo’rquvi ustidan kulishadi.
Ular ikki do’st kabi ana shunday uzoq chaqchaqlashib o’tirdilar – yoshi o’tgan, qoqsuyak, badbashara, do’ngalak bosh, yuzi ajabtovur ikki xil bo’lgan Yahudo va navqiron, uyatchan, nozik, butun borlig’idan ertak yoki tushga o’xshagan mavhumiyatni ham maftun etar darajada hayot ufurib turgan Mariya.
Vaqt esa beparvo o’tib borar, o’ttiz kumush tanga hamon berkitilgan kuyi tosh ostida yotar, hukmi o’qilgan xiyonat yuz berajak mudhish kun yaqinlashmoqda edi. Mana, Iso Quddusga eshakda kirib bordi, kiyimlarini uning yo’liga to’shagan xalq shodiyona qiyqiriqlar bilan olqishladi:
— Osanna ! Osanna! Xudoning rasuli!
Shodu xurramlik shu darajada behadu bepoyon ediki, uni shu darajada shiddatli muhabbat sadolariga ko’mib tashladilarki, Iso yig’lab yubordi. Izdoshlari esa iftixor bilan:
— Bizning safimizdagi bu zot Xudoning o’g’li emasmi? – deyar edilar. Shunday der va ularning o’zlari ham tantana bilan qiyqirardilar:
— Osanna! Osanna! Xudoning rasuli!
Shu oqshom xalq bilan bo’lgan bu tantanavor, shodiyona uchrashuvni eslab anchagacha hech kimning uyqusi kelmadi. Pyotr bo’lsa shodlik va iftixordan, ajina chalganday, esini yo’qotgan edi. U sherday na’ra tortib boshqalarning gap-so’zini eshittirmas, hammaning boshini gij qilib xaxolab kular; Ivanni, Yakobni, hatto Yahudoni ham o’pardi. Shu orada shovqin solib iqror etardiki, Isodan juda qo’rqibdi, endi esa qo’rqish kerak emas, ko’rdi: xalq Isoni behad sevadi. Taajjublangan Iskariot hayot asariga ega o’sha yagona o’tkir ko’zi bilan to’rt tarafga alanglar, o’ylanib qolar, yana gap-so’zlarga quloq osardi. Keyin Fomani bir chetga tortib, nigohlari bilan uni devorga mixlab qo’yganday, talmovsiragancha qo’rquv va qandaydir mavhum umidvorlikbilan:
— Foma! U haq bo’lsa-chi? – dedi. – Uning oyog’i ostida toshlar, menikida esa faqatgina qum bo’lsa-chi? Unda nima bo’ladi?
— Kim haqida gapiryapsan? – aniqlik kiritmoqchi bo’ldi Foma.
— Unda kariotlik Yahudoga nima bo’ladi? Unda haqiqat tantanasi uchun men o’zim uni bo’g’ib o’ldirishimga to’g’ri keladi. Yahudoni kim aldaydi: sizlarmi yoxud Yahudoning o’zimi? Kim haq?
— Gaplaringga tushunib bo’lmayapti, Yahudo. Judayam tushunarsiz gapiryapsan. Yahudoni kim aldaydi? Kim haq?
U boshini chayqab, aks-sadodek qaytardi:
— Yahudoni kim aldaydi? Kim haq?
Boshqasi kuni Yahudoning qayirib ko’targan bosh barmog’ida, Fomaga allatovur qarashida ham o’sha g’alati savol sado berganday bo’ldi:
— Yahudoni kim aldaydi? Kim haq?
Bir kechasi Foma Yahudoning jaranglagan baland ovozini – u hatto xursand kabi edi – eshitib yanayam ko’proq taajjubga tushdi, hatto tashvishlanib qoldi:
— U paytda kariotlik Yahudo bo’lmaydi. U paytda Iso bo’lmaydi. U paytda… Foma, tentak Foma! Sening biror marta Yerni qo’lingga olib ko’targing kelganmi? Ehtimol, keyin tashlab yuborish uchun.
— Bu mumkin bo’lmagan ish. Nimalar deyapsan, Yahudo?
— Mumkin, — komil ishonch bilan dedi Yahudo. – Biz uni qachondir albatta ko’taramiz. Unda sen uxlab yotgan bo’lasan, tentak Foma. Uxla! Men xursand bo’lib ketyapman, Foma! Uxlagan paytingda, sen burning bilan galileya sibizg’asini chalasan. Uxla!
Mana, nihoyat, imon keltirganlar Quddus bo’ylab tarqalib, uylarga, devorlar orqasiga yashirinib olishdi. Yo’lovchilarning chehrasi ajabtovur sirli tus oldi. Shod-xurramlik shamlari so’ndi. Qandaydir kovak-tirqishlarda xavfu xatarga oid notinch mish-mishlar o’rmalab qoldi. Ko’ngli g’ash bo’lgan Pyotr Yahudo bergan qilichni sermab ko’rdi. Isoning chehrasida qandaydir qayg’u, qat’iyat zohir edi. Vaqt shamolday tez uchib, mudhish xiyonat kuni qazovu qadarday yaqinlasha boshladi. Mana, qayg’u-hasrat va noaniq vahimaga yo’g’rilgan so’nggi oqshom ham o’tib bo’ldi. Va nihoyat, Isoning unga xiyonat qilguchi kimsa haqidagi mubham so’zlari ham yangradi.
— Uni kim sotadi – sen bilasanmi? – deb so’radi Foma Yahudoga shaffof va o’tkir nigohini tikib.
— Ha, bilaman, — javob berdi Yahudo. U g’azabnok, keskin edi. – Uni, Foma, sen sotasan. Lekin uning o’zi o’zi aytayotgan gaplarga ishonmaydi! Fursati yetdi! Fursati yetdi! Nega u jasur va go’zal Yahudoni o’z oldiga chorlamayapti?
… Shafqatsiz Vaqt endi kunlar bilan emas, zuvillab uchayotgan soatlar bilan o’lchanmoqda edi. Hasrat-anduhga to’la og’ir bir tovush yangragan mahalda oqshom edi, hammayoq sukunatga g’arq edi, yerga uzun-uzun soyalar – yaqinlashib kelayotgan buyuk jang tunining ilk keskir nayzalari sanchilib yotardi. Bu tovush shunday der edi:
— Men hozir qayoqqa ketishimni bilasanmi, Robbim? Men seni dushmanlar qo’liga tutib bergali ketaman.
Oqshom sukunatga mustag’riq ekan, qirrador, qora soyalar qo’ynida ham javobsiz uzoq jimlik hukm surdi.
— Indamaysanmi, Robbim? Meni ketishga buyurasanmi?
Yana jimlik.
— Menga qolishga ijozat ber. Qo’lingdan kelmaydimi? Yoxud jur’at qilmaysanmi? Yoinki xohlamaysanmi?
Yana sukut, abadiyatning ko’zlari singari bahaybat sukut.
— Men seni sevishimni o’zing bilasan-ku. Sen hammasini bilasan. Yahudoga nega bunday qaraysan? Sening go’zal ko’zlaring sirru-asrori behad muazzam, meniki-chi, undan kammi? Amru farmon ber: men qolayin!.. Nega sukut saqlaysan, nechun hamon sukutdasan? Robbim, Robbim! Butun umr qayg’u-hasrat va uqubatlar girdobida jon chekib men Seni shuning uchun axtardimmi? Axtardim va topdim! Meni xalos qil! Meni bu yukdan xalos qil! Bu yukning zalvori qo’rg’oshin-da, tog’lardan-da og’ir! Bu zalvor ostida kariotlik Yahudoning yuragi qanday gursillayotganin, nahotki, eshitmayotgan bo’lsang?
Va yana so’nggi sukut – abadiyatning so’nggi nigohi kabi tubsiz sukut.
— Men ketdim.
Oqshom sukunati pinagini ham buzmadi. Qichqirmadiyam, yig’lamadiyam, nafis billurini javoban jiringlatib ham qo’ymadi – olislashib borayotgan qadamlar tovushi shunchalar zaif edi. Zaif gursilladi va tindi. Oqshom sukunati esa o’ylanib qoldi, uzun-uzun ko’lkalar ila yaslandi, yanayam qorong’ulashdi. Va tuyqus silkingan yaproqlarning ma’yus shitir-shitiri bilan xo’rsindi; xo’rsindi va tunni qarshilab tek qotdi.
Endi oqshom qo’yniga boshqa tovushlar itarilib kirib, dukillab, qarsillay boshladi – xuddi kimdir jarangdor ovozlar to’la qopni ag’darganu, ular bitta-ikkitalab, keyin esa uyum-uyum bo’lib yerga to’kilgan kabi edi. Izdoshlar gapirmoqda edilar. Va bu ovozlarning hammasini bosib, daraxtlar, devorlarga urilib va yana o’ziga qaytib Pyotrning ovozi keskin amru farmonday gumburladi – u o’z Muallimini hech qachon tashlab ketmaslikka qasam ichar edi:
— Robbim! – der edi u hasrat va g’azab bilan. – Robbim! Sen bilan zindonga ham, o’limga ham birga ketishga tayyorman!
Va kimningdir uzoqlashib borayotgan yengil odimlari bu qasamga aks-sado yanglig’ shafqatsiz javob qaytardi:
— Senga aytyapman, Pyotr, bugun saharda xo’roz qichqirmay turib, sen mendan uch karra tonasan.

IZOHLAR

Ushbu tarjima jarayonida o’z qimmatli vaqtlari va maslahatlarini ayamagan professor Dilmurod Quronov domlaga, adabiyotshunos va shoir Rahimjon Rahmatga o’z minnatdorchiligimni bildiraman.
Fariseylar — qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Saddukeylar – qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Obol – tanga pul.
Mirro – xushbo’y modda olinadigan daraxt. Qadimdan muqaddas hisoblangan.
Osanna – qadimgi ivritcha so’z. “Najot ber, madad ber, senga sig’inamiz” kabi ma’nolarda. Qissa muallifi bu so’zni aynan qo’llagani uchun, tarjimada ham shunday qoldirildi.
Kedron – Quddus va Yeleon tog’i o’rtasidan oqib o’tuvchi daryo. O’lik dengizga quyiladi.
Ravvi – aynan ustoz, muallim ma’nosida. Yahudiylar mashhur muallim-peshvolar, qonunshunoslarni shunday atashgan.
Varava – qadimgi Rimda Pontiy Pilat tomonidan bayrami munosabati bilan ozod qilingan jinoyatchi.

044

(Tashriflar: umumiy 55, bugungi 1)

Izoh qoldiring