Leonid Andreev. Yahudo Iskariot. Qissa. VII-IX boblar

066    Исо кўрдики, бу гапдан мудҳиш издиҳом ғулғулага тушиб, ҳаракатга келди. Кариотлик Яҳудо бўлса мағрур салобати билан нақ ажалнинг ўзига ўхшаб тил-забонсиз, жиддий турар; аммо унинг ичида минглаб асов садолар алангаи оташ бўлиб нола қилар, гулдирар, фарёд кўтарарди: “Ҳа! Муҳаббат бўсалари ила сотамиз биз сени! Муҳаббат бўсалари ила таҳқир, жабру ситам ва ўлимнинг қўлларига топширамиз сени! Муҳаббат нидолари ила зимистон инларидан жаллодларни чорлаймиз ва хоч қойим айлаймиз – ўша хочга чормихланган муҳаббатни заминнинг энг юксак жойида муҳаббат ила сарафроз этамиз”.

Леонид Андреев
ЯҲУДО ИСКАРИОТ
Рус тилидан Нодира АФОҚОВА таржимаси
98

YII

033Ой кўтарилди. Бу маҳалда Исо ўзининг сўнгги тунларини ўтказган Елеон тоғига жўнаш учун тадорик кўраётган эди. Аммо у негадир имиллар, издошлар йўлга тайёр бўлиб, уни шошилтирар эдилар. Шу чоғ у дафъатан шундай деди:
— Кимда тўрва бўлса, ўзи билан олсин; бинобарин халталарингизни ҳам олинглар. Кимдаки бу нарсалар бўлмаса, кийимини сотиб, қилич олсин. Чунки, билиб қўйинглар, менинг қисматим муқаррар, ирсолда келган мана бу ҳол ҳам содир бўлмоғи лозим: “Бу бадкирдорларга ҳам дахлдор”.
Издошлар таажжубланиб ва саросимага тушиб бир-бирларига қарадилар. Пётр жавоб берди:
— Роббим! Мана иккита қилич бор.
Исо уларнинг мунис чеҳраларига синовчан боқди, бошини қуйи солиб, секингина деди:
— Етарли.
Издошлар тор кўчаларда акс-садо қайтарган ўз қадамларининг гурс-гурсидан ҳам, ой шуъласидан ёришиб ётган оппоқ деворларда ўйнаган ўз сояларидан ҳам ваҳимага тушдилар. Улар ором олаётган Қуддусдан жимжит ўтдилар. Мана, шаҳар дарвозаси ҳам ортда қолди. Сирли тарзда қотиб турган кўлкалар билан қопланган чуқур жарликда Кедрон оқими намоён бўлди. Энди ҳамма нарса уларнинг юрагига қўрқинч сола бошлади. Сувнинг осойишта шилдираши ва шалоплаши яширинча пойлаб ётган одамларнинг овозидек туюлар; чўққилар ва дарахтларнинг йўлни тўсиб турган беўхшов сояси олачипор бўлиб ваҳима уйғотар, тун қўйнида ҳаракатсиз ҳаракатда каби эди. Аммо тоққа чиқиб, Ҳефсиман боғига – қанча тунларни осойиш ва бехавотир ўтказган жойларига яқинлашганларида қўрқинч нисбатан узоқлашди. Ойнинг ойдин шуълаларига чўмилиб ётган Қуддусга ўқтин-ўқтин назар солиб, улар ўтиб кетган ваҳима хусусида ўзаро гаплашиб кетдилар. Ортдан келаётганларнинг қулоғига Исонинг секин айтган сўзлари узуқ-юлуқ чалиниб қоларди. У ҳамма уни ташлаб кетиши ҳақида гапирар эди.
Улар боғ бошланадиган жойда тўхтадилар. Кўпчилик шу ерда қолиб, оҳиста-оҳиста гаплашган куйи, ой ёғдулари ва тўр-тўр соялар узра ёпинчиқларини ёйиб, ухламоққа ҳозирлик кўра бошлади. Безовталик ич-этини тирнаб турган Исо ўзига яқин тўрт издоши билан боғнинг хилватига кириб кетди. Улар ҳали кундузги жазирама тафти кетмаган ерга ўтирдилар. Исо гапирмасди, Пётр ва Иван эса эринчоқлик билан бир-бирларига маънисига етиш қийин бўлган бир-икки оғиз сўз қотдилар. Чарчоқдан эснаб, туннинг совуқлиги, Қуддусда гўштнинг қимматлиги, балиқни эса қимматлигидан умуман олиб бўлмаслиги ҳақида гапиришдилар. Улар айёмда шаҳарда йиғиладиган зиёратчиларнинг аниқ сонини муайянлаштирмоқчи бўлишар, Пётр эсноқ аралаш чўзиб-чўзиб “йигирма минг” деса, Иван ва унинг акаси Якоб ҳам ўшандоқ ланжлик билан “ўн мингдан ошмайди”, деб ишонтирмоқчи бўлардилар. Дафъатан Исо ўрнидан турди.
— Юрагим қаттиқ сиқилиб кетяпти. Шу ерда бўлиб туринглар, ухламай туринглар, — шундай дея у шитоб билан чакалакзорга қараб кетди ҳамда зум ўтмай ҳаракатсиз тек қотган нур ва соялар ичра ғойиб бўлди.
— У қаёққа кетди? – сўради Иван тирсагига суяниб қўзғаларкан.
Пётр бошини Исо кетган томонга буриб, толғин жавоб берди:
— Билмадим.
Шундай деб яна бир карра баланд эснади, ёнбошига ағдарилди ва жимиб қолди. Бошқалар ҳам тинчиб, ҳориб-толган вужудлар қаттиқ уйқуга кетди. Пётр чуқур мудроқ ичра ўз устига эгилган нимадир оқиш нарсани ғира-шира илғади, кимнингдир овози эшитилди ва бир зумда унинг туманли шуурида из қолдирмай ўчди.
— Симон, ухлаяпсанми?
Яна дарҳол ухлаб қолди, яна бировнинг сокин овози қулоғига чалинди ва боягидек изсиз ўчди:
— Шундай қилиб, сизлар бир соат ҳам мен билан уйғоқ ўтира олмадиларингми?
“Оҳ, Роббим, қанчалик уйқум келаётганини билсайдинг” – уйқу аралаш шундай ўйлар эди у, аммо бу сўзларни овоз чиқариб айтгандек туюлди ўзига. Тағин ухлаб кетди. Ногаҳон унинг ёнгинасида Исонинг сумбати ростланганда, орадан олам-замон фурсат ўтгандек бўлди – унинг жарангдор овози бир сонияда уни ҳам, бошқаларни ҳам ғафлатдан уйғотди:
— Сизлар ҳали ухлаяпсизларми? Албатта, фурсати етди – мана ҳозир одамзод ўғли осийлар қўлига топширилажак.
Издошлар шитоб билан оёққа қалқдилар, ногаҳоний уйғотилиш ва совуқдан этлари қалтираб саросима аралаш ёпинчиқларига ёпишдилар. Чакалаклар оралаб ва уларни югурик машъаллар билан ёритиб, шовқин ва отларнинг дукур-дукури, қуроллар жаранги ва синиб тушаётган шохларнинг қарс-қарси билан сипоҳлар ва руҳонийлар тўдаси яқинлашиб келмоқда эди. Иккинчи тарафдан эса салқиндан жунжиккан издошлар ваҳимага тушган, уйқусираган қиёфада нима гаплигига тушунмай югуриб келар, ошиғич сўрар эдилар:
— Нима бўляпти ўзи? Ким булар машъал кўтарганлар?
Ранги оппоқ оқарган Фома, текис мўйлаби ёнбошга қийшайиб, тишларини такирлатди ва Пётрга:
— Чамаси, булар бизга келишган, — деди.
Сипоҳлар тўдаси уларни ўраб, машъалларнинг тутунли ва ваҳимали ёғдусини четга, ойнинг сокин шуълаларини эса тепага томон суриб юборди. Сипоҳлар олдида кариотлик Яҳудо ошиғич келар, жонли кўзини ўйнатиб, Исони изларди. Топди, нигоҳини унинг баланд ва нозик қоматида бир сонияга тўхтатиб, руҳонийларга тез шипшиди:
— Мен кимни ўпсам, бу – ўша бўлади. Уни қўлга олинглар ва авайлаб олиб кетинглар. Фақатгина авайлаб, эшитдингизларми?
Кейин уни индамай кутиб турган Исонинг ёнига тез борди унинг осойишта, хира тортган кўзларига ўзининг типпа-тик ва ўткир нигоҳини ханжардай санчди.
— Омон бўл, равви ! – деди у баланд овозда одатдаги саломлашувга қандайдир ғайриоддий ва қўрқинч бир маъно юклаб.
Аммо Исо жим тураверди. Издошлар инсон қалби шу даражадаги ёвузликни ўз ичига қандай сиғдиришини идрок этолмай, хоинга даҳшат билан қараб турдилар. Искариот ўқдай назар билан уларнинг саросимага тушган сафини кўздан кечирди; бу сафда қўрқувнинг бемисл қалтироғига айланишга тайёр титроқни, қув ўчган рангларни, маънисиз табассумларни, қўлларнинг темир қўлкишан билан қаттиқ сиқилган каби шалвираган ҳаракатини пайқади. Ва унинг кўксида қақшатғич ғам-алам гулхани аланга олди – бу шундан олдин Исо туйган қақашатғич ғам-аламнинг ўзгинаси эди. Юзлаб қаттиқ жаранглаган ва бўзлаган торларга осилиб узалгандай, у тезгина Исога отилди-ю, унинг совуқ ёноғидан авайлаб ўпди. Шундай оҳиста, авайлаб, бағирни ўртагувчи соғинч ва муҳаббат ўпдики, агар Исо банди нозик гул бўлганда эди, бу ўпич у гулни заррача тебратмаган, бежирим япроқларидаги биллур шудрингларни бир томчи ҳам тўкмаган бўларди.
— Яҳудо, — деди Исо, шу сонияда унинг нигоҳлари чақини Искариотнинг қалби аталмиш зулмат қўриқлайдиган даҳшатли уюмни ёритиб юборди; ёритди-ю, аммо унинг тубсиз тубига ёриб киролмади. – Яҳудо! Сен одамзод ўғлини бўса ила сотасанми?
Исо кўрдики, бу гапдан мудҳиш издиҳом ғулғулага тушиб, ҳаракатга келди. Кариотлик Яҳудо бўлса мағрур салобати билан нақ ажалнинг ўзига ўхшаб тил-забонсиз, жиддий турар; аммо унинг ичида минглаб асов садолар алангаи оташ бўлиб нола қилар, гулдирар, фарёд кўтарарди: “Ҳа! Муҳаббат бўсалари ила сотамиз биз сени! Муҳаббат бўсалари ила таҳқир, жабру ситам ва ўлимнинг қўлларига топширамиз сени! Муҳаббат нидолари ила зимистон инларидан жаллодларни чорлаймиз ва хоч қойим айлаймиз – ўша хочга чормихланган муҳаббатни заминнинг энг юксак жойида муҳаббат ила сарафроз этамиз”.
Яҳудо худди ана шу тахлит ажалдай совуқ ва ажалдай тил-забонсиз тураверди; унинг қалб нидоларига эса Исонинг теграсида кўтарилган ғала-ғовур ва дод-фарёдлар садо қайтарди гўё. Аскарлар қуролланган бўлатуриб, мақсад нималигини тўла англаб етмаганларидан, тараддудланиброқ – улар ўзларидаги бу тараддудни қаршиликка, дилларидаги қўрқувни уларни масхара ва майна қилишганга йўйиб – аллақачон уни қўлларидан чангаллаганча, бесўнақай ва қўпол тарзда қаёққадир судраклар эдилар. Издошлар қўрқувга тушган қўзичоқлардай ғуж бўлдилар, ҳеч нимага тўсқинлик қилмасалар-да, ҳаммага, ҳатто ўз-ўзларига халал бермоқда эдилар. Фақат айримлари бир-икки қадам ташлашга, бошқалардан айри ҳаракат қилишга юрак ютдилар. Ҳамма тарафдан урилиб-сурилган Пётр Симонов тинка-мадори қуриб машаққат билан қилични қиндан чиқарди ва суст ҳаракат билан руҳонийлардан бирининг бошига қиялаб солди – аммо жароҳат зарар етказолмади. Буни кўриб қолган Исо қиличга ҳожат йўқлигини, уни ташлашни буюрди. Бу темир матоҳ шу заҳотиёқ ҳамманинг кўз ўнгида ажал қуроли сифатидаги кучидан жудо бўларак, заиф жаранглаб оёқлар остига тушди, қайтиб уни қўлга олиш ҳеч кимнинг калласига келмади. У шу тахлит оёқлар остида ағанаб ётди, бир неча кундан кейин уни ўйнаб юрган болалар топиб олдилар ва ўйинчоққа айлантирдилар.
Аскарлар издошлар сафини ёрганча йўл очар, издошлар эса тағин тўда бўлиб, йўл бермасдилар. Бу ҳол аскарларнинг қаттиқ ғазабга келгунига қадар давом этди. Мана, улардан бири қошларини чимириб, бақир-чақир қилаётган Иванга яқин борди; яна бири нималарнидир уқтираётган Фоманинг қўлини елкасидан силтаб ташлади ва ўзининг каттакон муштини нақ унинг тик боқгувчи шаффоф кўзларига ўқталди – Иван ҳам, Фома ва Якоб ҳам қочиб қолишди; ҳамма издошлар – шу ерда ҳозир бўлганларнинг бари Исони ташлаб қочиб қолишди. Қўрқув ва ваҳима ҳайдаб солган издошлар ёпинчиқларига ҳам қарамай, дарахтларга урилиб, тошларга қоқилиб, йиқилиб-сурилганча тоққа қараб қочиб кетдилар; ойдин тун сукунатида ер кўпсонли оёқларнинг тапир-тупиридан ларзага келди. Тўшакдан эндигина турган бўлса керак, нотаниш бир кимса – у адёлга ўралиб олган эди – асабий тарзда аскарлар ва руҳонийлар тўдаси ичида бўзчининг мокисидай югурарди. Қўлга олмоқчи бўлиб, адёлдан ушлашлари билан, у қўрққанидан бақириб юборди ва бошқалар сингари устидагини аскарлар қўлида қолдириб, жуфтакни ростлади. Бу кимса деярли шир яланғоч ҳолда ноилож ҳаккалаб чопар, унинг урён танаси ой нурларида ажабтовур лип-лип қилиб борарди.
Исони олиб кетишлари билан, дарахтлар орасига бекинган Пётр чиқиб келди ва ўз Муаллимининг изидан тушди. Ўзидан сал олдинда индамай кетаётган бировни кўриб, уни Иван деб ўйлади ва:
— Иван, сенмисан? – деб сўради.
— Бу сенмисан, Пётр? – жавобан деди у биров ҳам тўхтаб. Пётр хиёнаткорни овозидан таниди. – Нима учун, Пётр, сен ҳам бошқалар билан бирга қочиб кетмадинг?
Пётр ҳам тўхтади, нафрат ва ҳазар ила деди:
— Даф бўл, эй иблис!
Яҳудо кулиб қўйди, Пётрга бошқа эътибор ҳам бермай, машъаллар тутун чиқариб ярқираётган ёққа қараб йўлида давом этди; қуролнинг жаранг-журунги қадамларнинг аниқ-таниқ гурс-гурси билан аралашиб кетди. Пётр ҳам эҳтиёткорлик билан унинг кетидан кетаверди. Улар қарийб бир вақтнинг ўзида попнинг ҳовлисига кириб боришди ва гулхан атрофида исиниб ўтирган руҳонийлар тўдасига қўшилишди. Яҳудо хўмрайган куйи суякдор қўлларини оловда иситар экан, орқасидан Пётрнинг баланд овозда шундай деганини эшитди:
— Йўқ, мен уни танимайман.
Бироқ у ерда “сен унинг издошларидансан” дея қистамоқда эдилар, шекилли, Пётр янаям баландроқ овозда қайтарди:
— Йўғ-а, нималар деяпсиз ўзи, тушунмаяпман.
Ўгирилмай туриб ва истар-истамас кулимсираб Яҳудо тасдиқ ишорасида бошини ирғаб, пўнғиллади:
— Худди шундай, Пётр! Исонинг ёнидаги жойингни ҳеч кимга беракўрма!
Ваҳимага тушган Пётр кўзга бошқа ташланмаслик учун ҳовлидан кетиб юборди – Яҳудо буни кўрмай қолди. Умуман, шу оқшомдан кейин то ҳалок бўлгунига қадар Исонинг ёнида унинг бирорта издошини кўрмади. Бутун шу издиҳом аро ўлим сониясигача бир-биридан ажралмаган, изтиробларининг умумийлиги билан ғайритабиий тарзда бир-бирига боғланган икковлонгина бор эдилар, холос – ўша: қийноғу таҳқирланмоқ учун сотилган ва уни сотган икковлон. Бу икковлон – хиёнат қурбони ва хоин – ягона азоб қадаҳидан худди оға-ини каби бирга сипқордилар; ва оловли бу шароб қудсий ва макруҳ икки жуфт лабни баб-баравар куйдириб юборди.
Оёқ-қўлларининг сумбати нур ва соялар ўйинида чалкашиб кетаётган Яҳудо гулханнинг кўзларини куйдириб юборгудек бўлаётган алангасига қаттиқ термулиб ва дароз қўлларини оловга тутиб хириллаганча шикоятомиз минғилларди:
— Мунча совуқ бўлмаса! Худойим-эй, мунча совуқ!
Тунда балиқчилар бурқисиган гулханни қолдириб жўнаб кетганларида, денгизнинг зимистон тубларидан чиқиб келган маҳлуқ гулханга томон ўрмалаб ва чўғларга диққат билан, таажжубланиб қараб, бутун аъзои бадани билан оловга узалганча, хирилдоқ овозда шикоятомиз худди шундай пўнғилласа керак:
— Мунча совуқ бўлмаса! Худойим-эй, мунча совуқ!
Ногаҳон Яҳудонинг орқасида қаттиқ-қаттиқ товушлар, аскарларнинг қийқириқ ва Яҳудога таниш бахилларча карахт бир адоватга қорилган кулгилари ҳамда тирик танага қисқа-қисқа урилган қамчи товуши эшитилди.
Бутун аъзои бадани, бутун сўнгаклари оний оғриқдан зинғиллаб ўгирилиб қаради – Исони урар эдилар.
Мана шунақа!
У аскарлар Исони қоровулхонага олиб кетганларини кўрди. Тун ўтиб борарди. Гулханлар ўчиб, кул билан қопланди. Қоровулхонадан эса ҳамон бўғиқ қичқириқлар, кулги ва сўкинишлар эшитилиб турарди. Исони урар эдилар. Худди адашиб қолган каби Яҳудо кимсасиз ҳовлида зир югурар, зарб билан тўхтар, бошини кўтарар, гулханларга, деворларга тўқинганидан ажабланиб, яна югуриб кетарди. Кейин қоровулхона деворига қапишди, чўзилиб, ичкарида нима бўлаётанини билиш учун эшик- деразаларнинг тирқишларига ёпишиб пойлади. Тиқилинч ва дим, дунёдаги жамийки қоровулхоналарнинг энг ифлоси бўлмиш бир хонани кўрди. Полнинг ҳаммаёғига тупуриб ташланган, мой бўлиб кетган деворлари худди одамлар юрган ва ағанаган каби доғ-дуғ. Ва хонада роса урилаётган ўша одамни кўрди. Уни юзидан, бошидан урар, юмшоқ бўғча каби хонанинг у четидан бу четига ирғитар эдилар. У бақирмас, қаршилик кўрсатмасди. Бир муддат яхшилаб қаралса, чиндан уни тирик одам эмас, суяги, қони бўлмаган қандайдир латта қўғирчоқ, деб ўйлаб қоларди киши. Тош полга боши урилар экан, у худди қўғирчоқ каби ғайритабиий қайрилар; қаттиқ нарса қаттиқ нарсага эмас, юмшоқ нарса ҳеч бир оғриқ бермай урилган каби бўларди Янаям узоқроқ қараб турса, аллақандай ғалати, ниҳояси йўқ ўйинга, баъзан эса қарийб ёлғонга ўхшаб кетарди. Кучли бир зарбадан кейин ўша одам, ёки қўғирчоқ равон-оҳиста ҳаракат билан ўтирган аскарнинг тиззасига келиб тушди, у аскар ўз навбатида уни итариб юборди. У чаппа бўлиб кейингисига ўтди, кейингиси ҳам итарди, тағин ва тағин… Кучли хахолаш эшитилди, Яҳудо ҳам кулди – кимнингдир кучли қўллари темир панжалари билан унинг оғзини йиртиб юборди гўё. Яҳудонинг оғзи ҳам алданган эди.
Тун чўзилгандан чўзилди, гулханлар ҳамон бурқсирди. Яҳудо девордан тушди, имиллаб гулханлардан бирининг олдига борди, чўғни ковлаб чиқарди, уни тўғрилаб қўйди ва энди совуқни ҳис этмаётган бўлса-да, енгил титраб турган қўлини оловга тутди. Паришонлик билан ғудурлади:
— Оҳ-оҳ, оғрияпти, болажоним, жудаям оғрияпти, болажоним-а, болажоним.
Сўнг тағин қора панжара ортидан хира сариқ нур ташлаб турган дераза олдига борди ва тағин Исони қандай уришларига қарай бошлади. Бир гал унинг қорамағиз, одам деб бўлмайдиган чеҳраси, чакалакдай чигаллашган сочлари Яҳудонинг нақ кўзлари олдидан лип этиб ўтиб кетди. Кимнингдир қўллари бу сочларни чангаллади, одамни ерга босди ва бошни бир меъёрда у ёқдан-бу ёққа судраб, унинг юзи билан тупукдан ифлос бўлиб кетган полни арта бошлади. Нақ деразанинг остида оппоқ тишли оғзини очганча, бир аскар ухлаб ётарди; кимдир йўғон ва очиқ бўйни, кенг-мўл орқаси билан деразани тўсиб қўйди ва ҳеч нарса кўринмай қўйди. Бирдан ҳамма ёқ тинчиб қолди.
Нима бўлди? Нега улар жимиб қолишди? Бирдан билиб қолган бўлишса-я? Бир сонияда Яҳудонинг боши, унинг барча бўлаклари шовқин, қичқириқ, минглаб қутурган фикрларнинг гув-гуви билан тўлди. Улар билиб қолишдими? У энг олижаноб инсон, бу шунчалик оддий, шоён ҳақиқат – улар буни тушуниб етишдими? Энди у ерда нималар бўляпти? Унинг олдида тиз чўкиб, оёқларини ўпиб, унсиз кўз ёш тўкишяптими? Ҳозир у бу ерга чиқиб келади, унинг кетидан бош эгиб бошқалар ҳам судралиб чиқишади. У Яҳудонинг олдига музаффар бўлиб, эр киши бўлиб, ҳақиқат ҳукмдори бўлиб, худо бўлиб чиқиб келади…
— Яҳудони ким алдайди? Ким ҳақ?
Таассуфки, ундай эмас. Тағин бақир-чақир ва шовқин. Тушунмадилар, билиб қолмадилар ва қаттиқроқ ура бошладилар, баттар азоб беравердилар. Гулханлар эса кул босиб, ўча бошлади; улардан чиқаётган тутун ҳаводай кўм-кўк; осмон ҳам ой каби ёруғ. Кун бошланаётир.
— Кун нима дегани? – сўрайди Яҳудо.
Мана, ҳамма нарса порлаб, ялтирай бошлади, борлиқ янгидан туғилгандай бўлди, тепада сузаётган тутун ҳам энди кўк эмас, қирмизи тус олди. Қуёш чиқиб келаётир.
— Қуёш нима дегани? – сўрайди Яҳудо.

YIII

Яҳудони бармоқ ўқталиб кўрсата бошладилар: кимдир ҳазар қилиб, кимдир нафрат билан, кимдир қўрқиб. Одамлар шундай дердилар:
— Қаранглар: бу Яҳудо хоин!
Унинг шармандали шуҳрати бошланган эди – бу шуҳратга у ўзини ўзи мангуга маҳкум этди. Минглаб йиллар ўтади, халқлар халқлар ила алмашинади, аммо ҳавода ёвузлар ҳам, олижаноб инсонлар ҳам нафрат ва қўрқув билан такрорлайдиган сўзлар янграб тураверади:
— Яҳудо хоин… Яҳудо хоин!
Аммо ўзи ҳақда нима демасинлар, у ҳамма нарсадан ғолиб келгувчи қизғин қизиқсиниш билан лоқайд эшитиб кетаверарди. Эрталабдан, калтакланган Исони қоровулхонадан олиб чиқишлари биланоқ, Яҳудо унинг кетидан тушди ва ғалатики, энди у на сиқилиш, на азоб, на шодлик ҳис этмас, ёлғиз ҳаммасини кўриш-билиш истаги бор эди, холос. Туни билан кўз юммаган бўлса-да, у ўзини енгил ҳис этарди. Сиқиб, уни олдга ўтишга қўймаган эдилар, одамларни туртиб-итариб эпчиллик билан биринчи қаторда туриб олди. Унинг ҳаёт асарига эга ягона кўзи ҳам мудом ўйноқлаб турди. Исо Каифа томонидан сўроқ қилинган маҳалда эса бирор сўзни ўтказиб юбормаслик учун қулоғини қўли билан диккайтириб, ғудурлаганча, бошини маъқуллаганнамо ирғаб турди:
— Шундоғ! Шундоғ! Сен эшитяпсан, Исо!
Аммо унда ипга боғлаб қўйилган пашшадай бир бандилик бор эди: чивин ғинғиллаб у ёққа, бу ёққа учади, лекин қайсар ип уни бир лаҳза ҳам қўйиб юбормайди. Тошдай оғир ўй-хаёллар Яҳудонинг бўғзига тиқилиб, бу хаёлларга ўзи тегмаса ҳам, уларни доимий равишда ҳис этиб турди. Вақти-вақти билан улар дафъатан Яҳудога ташланар, уни сиқиб, фавқулодда залвори билан босиб келар, тош мағора кўчган янглиғ оҳиста ва қўрқинч тарзда унинг бошига ёғиларди. Шунда у юрагини чангаллар, совқотган каби бутун гавдасини силкитар, кўзини бошқа ёққа олиб қочар ва яна бошқа тарафга қараб оларди. Исони Каифанинг олдидан олиб чиққанларида, унинг чўкиб қолган кўзларини жуда яқидан кўрди ва ҳеч бир мулоҳаза қилмай бир неча бор калласини дўстона ирғаб қўйди.
— Мен шу ердаман, болажоним, шу ердаман! – ғудурлади у ошиғич ва йўл бермаган қандайдир бир меровнинг орқасидан аччиқ билан итарди. Энди бақириб-чақирган бу оломон Пилат томонга – охирги сўроқ ва судни томоша қилишга йўналди. Ўша тийиқсиз қизиқиш билан Яҳудо тез ва адоват билан одамларнинг юзига қаради. Жуда кўпчилик нотаниш, Яҳудо уларни ҳеч қачон кўрмаганди. Айни пайтда Исони “Осанна!” деб олқишлаганлар ҳам бор эди. Ҳар бир қадамда халқ кўпайиб бораётгандек эди худди.
“Шундоғ, шундоғ! – тез ўйлади Яҳудо шароб ичган каби боши айланиб. – Ҳаммаси тугади. Ҳозир улар қичқиришади: у бизники, бу Исо бизники, нима қиляпсизлар сизлар? Ҳамма тушуниб қолади ва…”
Аммо имон келтирганлар индамай кетиб боришарди. Айримлар худдики бу нараларнинг уларга дахли йўқ каби мунофиқларча кулиб қўядилар, бошқалар эҳтиёт бўлиб ниманидир гаплашар, бироқ бу оҳиста айтилган гап-сўзлар оломон қадамларининг шовқинида, Исо душманларининг жарангдор ва дарғазаб қичқириқларида чўкиб ғойиб бўлиб кетмоқда эди. Яҳудога тағин енгил тортди. Бирдан у унча узоқ бўлмаган жойда одамлар сафини эҳтиёткорлик билан ёриб ўтаётган Фомани кўриб қолди. Тезда бир қарорга келиб, унга қараб юрди. Хиёнаткорга кўзи тушб, Фома қўрқиб кетди ва бекинмоқчи бўлди. Аммо торгина исқирт кўчада икки девор ўртасида Яҳудо уни қувиб етди.
— Фома! Тўхтасанг-чи!
Фома тўхтади, иккала қўлини олдинга чўзиб, тантанавор деди:
— Нари кет, шайтон.
Искариот шошилиб қўлларини силкитди.
— Қанақа аҳмоқсан, Фома, мен сени ҳаммадан ақлли деб юрибман. Шайтон! Шайтон! Буни исботлаш керак.
Фома қўлларини тушириб, таажжуб ичра:
— Муаллимни сотган сен эмасми? Сипоҳларни бошлаб келганинг ва уларга Исони кўрсатганингни ўз кўзларим билан кўрдим-ку. Шу нарса хиёнат бўлмаса, унда нимани хиёнат дейиш керак?
— Бошқа нарса, бошқа нарса, — гапиргани қўймади Яҳудо. – Қулоқ сол. Сизлар бу ерда кўпчиликсизлар. Ҳамма йиғилиб, иттифоқликда “Исони қўйворинглар, у бизники” деб қаттиқ талаб қилишинглар керак. Сизларга рад жавоб беришолмайди, қўрқадилар. Улар ўзлари тушунишади…
— Нималар деяпсан? Нималар деяпсан? – Фома қўлини қатъий силтади. – Бу ерда қанча қуролланган аскар, қанча руҳоний борлигини, наҳот, кўрмаган бўлсанг? Бундан ташқари, ҳали суд бўлгани йўқ. Биз судга тўсқинлик қилишимиз керак эмас. Наҳот, суднинг ўзи Исонинг бегуноҳлигини билмаса; наҳот, уни ҳаялламай уни озод қилишни буюрмаса?
— Сен ҳам шундай ўйлайсанми? – ўйчан ҳолда сўради Яҳудо. – Фома, Фома, мабодо, бу бирданига ҳақиқат бўлиб чиқса-чи? Унда нима бўлади? Ким ҳақ? Ким Яҳудони алдади?
— Биз бутун бу оқшом гаплашиб чиқдик ва шундай қарорга келдик: суд гуноҳкор бўлмаган кишини жазога тортиши мумкин эмас. Башарти, жазога тортса…
— Хўш? – бетоқат бўлди Яҳудо.
— …унда у суд бўлмайди. Ҳақиқий Ҳакамнинг олдида жавоб бериш фурсати келади ва шунда уларнинг ўзига жуда ёмон бўлади.
— Ҳақиқий Ҳакам олдида! Ҳали “ҳақиқий”си бор! – кулимсиради Яҳудо.
— Бизникилар ҳаммаси сени лаънатладилар. Сен қандай қилиб айта оласанки, сотқин мен эмасман, деб. Ўйлайманки, аслида сени суд қилиш лозим эди…
Охиригача эшитмай, Яҳудо кескин бурилди ва узоқлашиб бораётган издиҳомни қоралаб кичкина кўчадан пастга қараб кетди.
Бироқ қадамлари тезда сустлашди. “Халқ қачонки кўп бўлса, аста-секин юради, ёлғиз ўзи кетиб бораётган киши дарҳол унга етиб олади” – у шу хил ўйлаб, шошилмай кета бошлади.
Пилат Исони саройидан олиб чиқиб, халқнинг рўпарасига тикка қилиб қўйганда, аскарларнинг оғир гавдаси билан устунга қисиб қўйилган Яҳудо ялтираб турган икки дубулға орасидан ниманидир кўриб қолиш учун бошини кескин айлантирган ҳолда, дафъатан энди ҳаммаси тугагани ҳис этди. Оломоннинг боши узра, офтоб тиғида у қонига бўялган, ранги оқарган, қирралари манглайига ботган тиканли чамбар кийдирилган Исони кўрди. У бошидан офтобда куйган кичкина оёқларигача намоён бўлиб тепаликнинг қирғоғида шундай осойишта кутиб турар, унинг маъсум ва покдомонлиги шундай аниқ эдики, фақат ҳатто қуёшни ҳам кўрмайдиган сўқиргина буни кўрмаслиги, фақат овсаргина буни тушунмаслиги мумкин эди. Халқ шундай чуқур сукутда эдики, Яҳудо олдида турган аскарнинг нафас олишини ҳам, ҳар бир нафас олганида унинг қаеригадир тақилган қайишнинг ғижирлашини ҳам эшитиб турди.
“Ҳа, ҳаммаси тугади. Ҳозир улар тушуниб етадилар”, — ўйлади Яҳудо. Шу сонияда жуда ғалати – бениҳоя юксак чўққидан мовий ёғдулар товланган жарликка тушиб кетганга ўхшаш ақлни оладиган қувончли бир нима унинг юрагини тўхтатиб қўйди.
Лабларини қирилган думалоқ иягига томон жирканч тарзда чўзиб, Пилат халққа қарата қуруқ, қисқа сўзлар воситаси ила нутқ ирод қилмоқда эди – суякни оч итлар тўдасига уларнинг иссиқ қон ва дириллаб турган гўштга иштиёқини алдаш мақсадида худди ана шу тарзда ташлайдилар.
— Сизлар бу кимсани менинг ёнимга халқни йўлдан оздираётган одам сифатида олиб келдингиз. Мен сизларнинг ҳузурингизда уни текшириб кўрдим ва уни сиз айблаётган ишда мутлақо айбдор эмас деб топдим…
Яҳудо кўзини юмиб олди. Кутиб турди. Бутун оломон қичқирди, дод-вой солди, минглаб инсоний ва ҳайвоний товушларда увиллади:
— Унга ўлим! Чормихга торт уни! Чормихга торт!
Ўша оломон баайни ўз-ўзининг устидан кулгандай, баайни тўхтамай тубан кетмоқ, телбалик ва шармандаликни бир сониянинг ўзида синаб кўрмоқчи бўлгандай қичқирар, дод-вой солар, минглаб инсоний ва ҳайвоний товушларда бақириб талаб қиларди:
— Биз Варрава ни озод қилишингни сўраймиз! Буни эса чормихга торт! Чормихга торт!
Аммо римлик ҳали ўзининг ҳал қилувчи охирги сўзини айтиб бўлгани йўқ: унинг соқоли олинган кибор чеҳрасида нафрат ва ғазаб тўлқин урмоқда эди. У тушунади, у тушунди! Ҳозир у ўз ходимларига буни айтади, аммо унинг овози ғала-ғовурда эшитилмаяпти. Нима деди у? Қўлга қилич олиб, бу телбалар галасини чопмоққами амр қилди?
— Сув олиб келинглар.
Сув дедими? Қанақа сув? Нега?
Мана, у қўлларини юва бошлади – негадир ўзининг оппоқ, топ-тоза, узук тақилган қўлларини юва бошлади ва бирданига ўша қўлларини кўтарганча дарғазаб бўлиб ҳайрона қотган халққа қарата қичқирди:
— Тақводор бу кишининг хуни менинг бўйнимда эмас. Ҳаммангиз қаранглар!
Унинг бармоқларидан мармар плиталарга сув оқиб тушди. Шу чоғ юмшоқ бир нимадир Пилатнинг оёқлари остига узала бўлиб ётди, қайноқ ва қуруқшаган лаблар унинг заифгина монелик кўрсатаётган қўлларини ўпа бошлади – бу лаблар унинг қўлларига саккизоёқнинг қисқичларидай ёпишиб олган, қонини сўрар, тишлагудай бўларди. Пилат ҳазарланиб ва қўрқинч билан пастга қаради; у ерда у тўлғаниб ётган баҳайбат жасадни, икки тарафи ғайритабиий равишда икки хил бўлган башарани, бир-бирига умуман ўхшамаган иккита балқайма кўзни кўрди. Гўёки битта одам эмас, жуда кўпчилик унинг қўл ва оёқларига тирмашиб олгандай бўлди. Ва қайноқ, узуқ-юлуқ, заҳардай шивирлашни эшитди:
— Сен доносан!.. Сен марҳаматлисан!.. Сен доносан, доно!..
Чинакамига шайтоний бу ёвуз башара шодумонликдан порлар, Пилат эса қичқирганча уни оёқлари билан итараркан, Яҳудо чалқанчасига йиқилди. Ағдарилиб тушган иблис мисоли тош плиталар узра чўзилиб ётаркан, Яҳудо кетиб бораётган Пилатга томон қўлларини чўзиб ҳамон эҳтиросли ошиқдай қичқирарди:
— Сен доносан! Сен доносан! Сен марҳаматлисан!
Кейин солдатларнинг хахолашлари остида чаққон ўрнидан турди ва чопди. Ахир, ҳали ҳаммаси тугаган эмас. Улар хочни кўрган пайтда, михларни кўрган пайтда… ўша пайтда тушуниб етишади, ўшанда… Нима ўшанда? Довдираб қолган Фоманинг башараси лип этиб кўзига чалинди, унга негадир тинчитганнамо бош ирғаб, қатлга олиб кетилаётган Исонинг ортидан югуриб кетди. Юриш қийин, майда тошлар оёқни тийғантиради; тўсатдан Яҳудо чарчаб қолганини сезди. У бутун кучини бериб, оёғини майда тошларга сирпанмайдиган тарзда босишга уринди. Хиралашган нигоҳлари билан гир атрофга аланглаб, уввос тортиб кетаётган Мария Магдалинани, уввос тортаётган кўплаб аёлларни – нозик аёл қалбининг қарғишга жо этилган; паришон сочлар, қонталош кўзлар, қийшайган лабларда воқеланган ҳадду поёнсиз ғам-андуҳини кўрди. Иттифоқо, руҳланиб, пайт пойлаб Исонинг олдига югуриб борди:
— Мен ёнингдаман, — шипшиди у шошқин.
Аскарлар уни дарра билан уриб ҳайдадилар, у зарб емаслик учун ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб, аскарларга тишларини иржайтириб яна шошқин уқтирди:
— Мен сен билан кетяпман. Ўша ёққа. Тушуняпсанми, ўша ёққа.
Юзидан қонларни сидириб, уни бошқаларга кўрсатиб кулганча афтини ўгирган аскарга муштини дўлайтирди. Негадир Фомани ахтарди, бироқ кузатиб кетаётганлар ичида на у, на бошқа издошлар кўринмади. Яна чарчоқ туйди, сочилиб ётган қиррадор, оппоқ тошчаларга разм солиб, оёқларини базўр кўтариб боса бошлади.
…Дарахтга Исонинг чап қўлини михлаш учун болға кўтарилган онда Яҳудо кўзини зич юмди, олам-замон нафас олмади, ҳаёт уни тарк этди, ҳеч нарсани кўрмади, фақат эшитиб турди, холос. Мана, темир темирга ғачир-ғучир қилиб урилди, шундан кейин мунтазам зарбалар эшитилиб турди – бамисоли ўткир мих дарахт танасини йириб, унга юмшоққина кириб борар эди.
Битта қўли михланди. Ҳалиям кеч эмас.
Иккинчи қўли. Ҳалиям кеч эмас.
Оёғи, кейингиси… – наҳотки ҳаммаси тугаган бўлса? Юрак бетламай кўзини очди: чормихнинг чайқалиб, ўра узра кўтарилаётганини кўрди. Исонинг қўллари қаттиқ зириллаб, қийноқдан чўзилиб кетганини, жароҳатларининг кенгайиб, қўққисдан қорнининг ич-ичга кириб кетганини кўрди. Қўллари чўзилгандан чўзилиб борди, ингичкалашиб, оқариб, ахийри елкасида буралиб қолди; мих қоқилган жойларидаги жароҳатлар қизарди, йирилди… ҳозир узилиб тушади… Йўқ, тўхтади. Ҳамма нарса тўхтади. Фақат қовурғалари қисқа ва чуқур нафасдан кўтарилиб-тушиб турди.
Заминнинг энг зимистон ерида хоч тикланиб турибди, унда Исо чормихланган. Яҳудонинг орзуси ҳам, уни даҳшатга солган нарса ҳам рўёбга чиқди – негадир тиззалаб қолибди у; турди, теварагига совуқ назар солди. Шафқатсиз ғолиб – қалбининг туб-тубларида буткул вайрон этмоқ ва маҳв айламоқ иштиёқида ёнган; обод, ҳали гавжум ва ҳаёт нафасига тўла, аммо ажалнинг совуқ қўли муқаррар узалган бегона шаҳарни сўнгги бор кўздан кечираётган шафқатсиз ғолибгина мана шундай назар солади. Ва Яҳудога баногоҳ шундай кўриндики, ўзининг мудҳиш музаффарияти сингари ўлим ҳам машъум тарзда омонат. Аниқ-таниқ кўринди. Иттифоқо, тушуниб қолишса-чи? Ҳалиям кеч эмас. Исо ҳали тирик. Ҳув ана, ҳасратга тўла кўзлари билан чорлаб турибди у…
Одамларнинг кўзини тутган жуда ҳарир парданинг йиртилишига нима монелик қилиши мумкин – шу қадар ҳарирки, йўқ даражада? Бирдан улар тушуниб етишмасмикан? Бирдан эрлар, аёллар ва болаларнинг бутун ғазабнок оммаси индамай туриб олдинга интилмас; аскарларни силкалаб ва қулоғигача ўз қонига чўмилтириб, лаънати хочни ердан суғуриб олмас ҳамда тирик қолган сарбаст Исони зулматлар узра баланд кўтаришмасмикан? Осанна! Осанна!
Осанна? Йўқ, яхшиси Яҳудо ерга ётади. Йўқ, яхшиси, ерга ётиб ва ит каби тишларини ғажиб, шу кўтарилишни кузатиб ва уни кутиб ётади. Лекин вақтга нима бўлди? У гоҳ худди тўхтаб қолгандек бўлади; уни танбал эшшак мисоли қўллари билан ниқтагиси, оёғи билан тепкилагиси, қамчилагиси келади одамнинг. Гоҳ эса қандайдир тоғлардан шувиллаб учиб келиб, бўғзингдан шундай оладики, қўлларинг таянч излаб, бенаф тимирскиланади. Мана, Мария Магдалина йиғлаётир. Исонинг онаси йиғлаётир. Майли, йиғлайверишсин. Шу паллада уларнинг кўзёши, барча оналарнинг, дунёдаги барча аёлларнинг кўз ёши бирор нимага арзирмиди?
— Кўз ёш тўкиш нима дегани ўзи? – сўрайди Яҳудо ва танбал Вақтни ғазаб билан куткилайди, қулни калтаклагандай муштлари билан уради. У бегона хилқат ва шунинг учун бизга қулоқ солмайди. О, қанийди у Яҳудоники бўлсайди – дариғоки, у худди бозорда бўлгани каби йиғлаётган, кулаётган, гап сотаётганларнинг барчасиники ҳам; у қуёшга, хочга ва уришдан оҳиста тўхтаётган Исонинг юрагига ҳам тегишлидир.
Яҳудонинг юраги нақадар тубан! У юрагини қўли билан ушлайди, у эса “Осанна!” деб шундай қаттиқ қичқирадики, ҳамма эшитади. Яҳудо уни ерга қўяди, у эса муқаддас сирларни ҳамма ерда дастурхон қилиб кетаверадиган вайсақидай “Осанна! Осанна!” деб қичқираверади… Жим бўл! Ўч!
Бирдан қаттиқ йиғи товуши, бўғиқ қичқириқлар эшитилди, хоч томонга югуриб қолишди. Нима бўлди? Тушуниб етишдими?
Йўқ, Исо кўз юммоқда эди. Шундай бўлиши мумкинми? Ҳа, Исо жон таслим қилмоқда эди. Оқариб кетган қўллари ҳаракатсиз, лекин чеҳраси, кўкраги ва оёғи пириллаб учиб турибди. Шундай бўлиши мумкинми? Ҳа, жон беряпти. Нафаси сийраклашди. Нафас олиш тўхтади… Йўқ, нафас чиқарди, Исо ҳали ҳаёт. Тағинми? Йўқ… Йўқ… Йўқ… Исо жон берди.
Ҳукм ижро бўлди. Осанна! Осанна!
Орзулар ҳам, даҳшатга солган нарса ҳам рўй берди. Бу ғалабани Искариотнинг қўлидан энди ким тортиб ола олади? Ҳукм ижро бўлди. Майли, рўйи заминда мавжуд бўлган жамийки халқлар Ғулқофга оқиб келишсин, миллион овозда биргаликда фарёд кўтарсинлар: “Осанна! Осанна!”; унинг пойида қон ва кўз ёшларини денгиз қилсинлар – шармандали хоч ва жонсиз Исодан бошқасини тополмайдилар.
Яҳудо марҳумга совуқ, осойишта назар ила қаради, кечагина ўзи видо бўсасини олган ёноққа бир сония тикилиб қолди, кейин секин узоқлашди. Энди бутун Вақт уники – у шошилмай боради; энди бутун рўйи замин уники – у қаттиқ қадам босади; худдики ҳукмдор янглиғ, худдики шоҳ янглиғ; бу дунёда ёлғиз эканлигидан қувончи ичига сиғмаган кимса янглиғ. Исонинг онасини кўриб қолди ва унга бешафқат шундай деди:
— Йиғлаяпсанми, онажон? Йиғла, йиғла, ҳали сен блан бирга дунёнинг жамийки оналари узоқ вақт кўз ёш тўкадилар. Биз – мен билан Исо биргаликда қайтиб, ўлимни барбод этгунимизга довур.
Нима, у жинними ёинки масхара қиляптими, бу хиёнаткор? Йўқ, у жиддий турибди, чеҳрасида ҳам қатъият бор, кўзи ҳам илгаригидек телбаларча ўйноқлаётгани йўқ. У тўхтади ва совуқ диққат билан янги, кичкинагина Заминни кузатди. Замин кичрайиб қолган, уни бутун борлиги билан оёқлари остида ҳис этиб турибди. У қуёшнинг сўнгги ёғдуларида алвон тус олган кичкина тоғларга қарайди, тоғлар ҳам оёқлари остида ётгандек туюлади; кўм-кўк оғзини очиб ётган осмонга, куйдирмоққаю кўзларни қамаштиришга беҳуда уриниб ётган жажжи қуёшга қарайди – ва осмон ҳам, қуёш ҳам оёқлари остида ётгандек туюлди. У чеки йўқ ёлғизликдан юраги ёрилгудай бўлиб, бу оламда мавжуд барча кучларнинг кучсизлигини такаббурона ҳис этди ва уларнинг барчасини тубсиз жарликка отиб юборди. Шундан сўнг у осойишта ва қатъий қадамлар билан юриб кетди. Вақт олдинда ҳам, орқада ҳам эмас, ўзининг кўзга кўринмас бутун ҳайбати унга сомеъ бўлиб борарди.
Ҳукм ижро бўлди.

IX

Кариотлик Яҳудо – ўша хоин, эски каззоб йўталиб, хушомадгўёна тиржайиб синедрионга келди. Бу Исо қатлининг эртаси куни, пешинга яқин эди. Бу ерда ўша ҳакамлар ҳам, қотиллар ҳам – ҳамма йиғилган эди: қари Анна ва унинг отасига ўхшаган бадқовоқ, жирканч ўғиллари, иззатталаб Каифа, унинг куёви ва синедрионнинг ўз исми шарифини инсоният хотирасидан ўзи ўчирган бошқа аъзолари – бой-бадавлат ва машҳур, ўз куч-қудрати ва қонундонлигидан кибрга берилган саддукейлар. Улар Хоинни бир сўз демай қарши олишди, мунофиқона башаралари ит-да кириб келмаган каби қилт ҳам этмади. Ҳатто улардан энг кичкина, ўтирганларнинг бирортаси бир пулга олмайдиган энг нуфузи пасти ҳам қушбашара юзини тепага кўтариб, ҳеч ким кирмагандай қараб қўйди. Иуда уч карра қуллуқ қилди, улар эса қараб турар ва бир сўз демасдилар: худдики одам эмас, кўзга кўринмас бир қумурсқа кириб келган эди. Аммо кариотлик Иуда довдираб қоладиганлар хилидан эмасди – улар гапирмай ўтиришибди, у ўз-ўзига таъзим қилди ва ўйлаяпти: нима қилибди, агар оқшомгача таъзим қилиш лозим бўлса, оқшомгача таъзим қилади. Ахийри, сабри тугаган Каифа сўради:
— Сенга нима керак?
Яҳудо яна бир карра таъзим бажо айлади ва баланд овозда:
— Бу мен – кариотлик Яҳудо, сизларга Исо Назаретлини тутиб берган кишиман.
— Хўш, нима бўлибди? Сен ҳаққингни олдинг. Жўна! – буйруқ берди Анна. Аммо Яҳудо бу буйруқни эшитмагандай таъзимдадавом этди. Каифа унга қаради-ю, Аннадан сўради:
— Унга қанча бердингизлар?
— Ўттиз кумуш танга.
Каифа истеҳзоли кулди, оқсоч Анна ҳам шундай тиржайди ва ҳамманинг ялтоқланган юзида шўх кулги ёйилди; ҳатто қушбашара ҳам илжайди. Ранги сезиларли қув ўчиб, Яҳудо ўз сўзларидан шаппа ушлаб олди:
— Шундоғ, шундоғ. Албатта, жуда оз. Наҳотки Яҳудо мени тўнаб кетишди деб бақираётган бўлса, норози бўлса? У рози. Ахир, у муқаддас ишга хизмат қилмадими? Муқаддас ишга. Энди энг доною оқиллар ҳам Яҳудони тинглаб, у бизники, кариотлик Яҳудо бизники деб ўйламайдиларми? Хоин? Наҳотки, Анна тиз чўкиб, Яҳудонинг қўлларини ўпишни истамаса? Аммо Яҳудо қўлларини бермайди. У қўрқоқ, қўлини тишлаб олишларидан қўрқади.
Каифа:
— Бу кўппакни ҳайдаб юбор. У нима деб аккиллаяпти? – деди.
— Жўна бу ердан. Сенинг сафсаталарингни тинглашга бизнинг вақтимиз йўқ, — лоқайд деди Анна.
Яҳудо қаддини кўтарди, кўзини юмди. Бутун умр унинг содиқ йўлдоши бўлган муғомбирлик баногоҳ оғир юкка айланди, Яҳудо бир киприк ҳаракати билан уни отиб юборди. Анна унга қайтиб қараган фурсатда унинг нигоҳи жуда оддий, тип-тик, балқиб турган ҳақиқати билан қўрқинч эди. Аммо ўтирганлар бунга аҳамият бермадилар.
— Калтак билан қувиб солишларини хоҳлаяпсанми? – бақириб берди Каифа.
Яҳудо ўзи ҳакамларнинг бошига отиб юбормоқчи бўлган бўлган мудҳиш сўзларни тобора юқорига кўтариб ва уларнинг оғирлигидан нафаи сиқилиб, хирилдоқ товушда деди:
— Сизлар биласизларми… биласизларми… ким эди у, ўша – кеча сизлар жинояткор деб топган ва чормихлаган?
— Биламиз! Даф бўл!
Ҳозир у битта сўз билан уларнинг кўзини тўсиб турган ҳарир пардани йиртиб ташлайди – ва бутун Ер шафқатсиз ҳақиқат залворидан ларзага келади! Уларда қалб бор – бу ҳақиқат уларни ундан мосуво этади; ҳаёт бор – ундан жудо бўладилар; кўзларида нур бор – уларни абадиян зулмат ва даҳшат қоплайди. Осанна! Осанна!
Мана, ўша қўрқинчли, томоқни куйдираётган сўзлар янгради:
— У алдоқчи эмас эди. У гуноҳи йўқ ва покдомон эди. Эшитяпсизларми? Яҳудо сизларни алдади. У сизларга бир бегуноҳни сотди.
Шундай деб кутиб турди. Ва Аннанинг кексаларга хос, лоқайд овозини эшитди:
— Шуми айтмоқчи бўлган ҳамма гапинг.
— Мени тушунмадингизлар, шекилли, — ўз иззатини сақлаб деди Яҳудо ранги қув ўчиб. – Яҳудо сизларни алдади. У бегуноҳ эди. Сизлар бегуноҳ кишини қатл қилдиларингиз.
Қушбашара тиржайди. Аммо Анна лоқайд ўтираверди, Анна зерика бошлади, Анна эснади. Ундан юқиб, Каифа ҳам эснади ва ҳорғин деди:
— Кариотлик Исонинг эс-ҳуши тўғрисида менга нима дегандингизлар? У шунчаки аҳмоқ, жуда бемаза аҳмоқ.
— Нима! – бақириб юборди Яҳудо қутурган итдай. – Ўзларингиз-чи? Ақллимисизлар? Яҳудо сизларни алдади – эшитиб ўтирдинглар. Яҳудо уни сотмади, сизларни – доноларни; сизларни – кучлиларни ўлим билан-да ювилмайдиган абадий иснодга сотди. Ўттиз танга! Шундоғ, шундоғ. Лекин бу сизларнинг хунингиз баҳоси, аёллар уйидан ташқарига чиқариб тўкадиган ювиндидай ифлос қонларингиз баҳоси. Эҳ Анна, қарриган, мўйсафид, аҳмоқ Анна, сен қонуннинг юзига тупурдинг – лекин нима учун биргина ҳам обол ортиқ бермадинг? Ахир, сенинг абадиятдаги баҳойинг-ку бу!
— Даф бўл! – бақирди лавлагидай қизарган Каифа. Анна уни қўл ҳаракати билан тўхтатди ва ўша-ўша лоқайдлик билан Яҳудодан сўради:
— Бўлдими?
— Агар мен чўлга бориб, ҳайвонларга: эй, махлуқлар, эшитдингизларми, одамлар ўз Исосини неча пулга баҳолади, деб бақирсам, биласизми, ҳайвонлар нима қилади? Улар инларидан ўрмалаб чиқишади, ғазабдан увиллайди, одамдан қўрқишни ҳам эсдан чиқариб, сизларни ғажиб ташлаш учун бу ерга келадилар! Агар мен денгизга: эй денгиз, биласанми, одамлар ўз Исосини неча пулга баҳолади, десам; агар мен тоғларга: эй тоғлар, биласизми, одамлар ўз Исосини неча пулга баҳолади, десам, денгиз ҳам, тоғлар ҳам ўзларининг азалий маконларини ташлаб шу ёққа келишади ва сизларнинг бошингизга қулаб тушадилар!
— Яҳудо мабодо пайғамбар бўлишни хоҳламайдими? У шунчалар баландпарвоз сўзлаётир! – истеҳзо билан деди бир нимани сезиб қолган қушбашара ва Каифага ялтоқиларча қараб қўйди.
— Мен бугун ранглари бўзарган қуёшни кўрдим. У Ерга даҳшат билан қаради ва шундай деди: одам қаерда, ахир? Мен бугун чаённи кўрдим. У тош устида ўтириб кулар ва шундай деярди: одам қаерда, ахир? Мен яқин бориб, унинг кўзларига қарадим. У яна кулди ва сўради: одам қаерда, ахир, айтинглар, мен одамни кўрмаяпман. Ёки Яҳудо, кариотлик боёқиш Яҳудо кўр бўлиб қолдими?
Яҳудо шундай дея, ҳўнграб йиғлаб юборди. Шу сонияда у жинни каби эди. Каифа орқасини ўгириб, жиркангандай қўлини силтади. Анна бўлса бироз ўйланиб туриб, деди:
— Мен тушундим сени, Яҳудо. Ҳақиқатан ҳам кам олибсан сен, сени мана шу қийнаяпти. Мана сенга қўшимча пул, ол, болаларингга сарфла.
У ниманидир отиб юборди, қаттиқ жарангос эшитилди. Аммо бу жаранг бир янграб тўхтамади, бошқаси – худди шунга ўхшаган товуш уни давом эттирди: энди Яҳудо кумуш пуллар ва оболларни ҳовучлаб поп ва ҳакамларнинг юзига отар, Исо учун тўланган бадални қайтарар эди. Танга пуллар қиялаб ёққан ёмғир мисоли учар, юзларга урилар, стол устига тушар, полда ғилдирар эди. Бирмунча ҳакамлар кафтларини тескари қилиб юзларини паналадилар, бошқалари ўринларидан сакраб туриб қичқира ва сўкина кетдилар. Яҳудо дағиллаган қўллари билан халтасини узоқ тимирскилаб сўнгги тангани олди ва Аннани мўлжалга олиб отди, ғазаб билан тупурди ва чиқиб кетди.
— Шундоғ, шундоғ! – ғудурлади у тор кўчалардан тез ўтиб борар ва шиддати билан болаларни чўчитар экан. – Йиғладингми, Яҳудо? Наҳотки, кариотлик Яҳудо аҳмоқ деб айтган Каифа чиндан ҳақ бўлса? Буюк интиқом кунида ким ҳам йиғлайди – у бунга арзимайди, шуни биласанми, Яҳудо? Кўзларингни сени алдашига йўл қўйма, юрагингга ёлғонлашга йўл берма, оловни кўз ёшга чўмдирма, кариотлик Яҳудо!
Исонинг издошлари қайғули сукутда ўтирар, ташқарида нималар бўлаётганига қулоқ тутардилар. Хавф ҳамон аримаган, Исога душман бўлганларнинг интиқоми Исони ўлдириш билан ниҳоя топмаган, издошлар соқчилар ҳужумидан, бинобарин, янги қатллардан эмин бўлолмаётган эдилар. Иваннинг яқинида – Исонинг ўлими энг севимли издош сифатида унга ўта оғир зарба бўлиб тушганди – Мария Магдалина ва Матфей ўтирар, шивирлаб унга тасалли берардилар. Юзлари йиғидан шишиб кетган Мария унинг қуюқ, тўлқин-тўлқин сочларини силар, Матфей насиҳат қилгандай Сулаймоннинг сўзларини айтарди:
— Сабри комил кимса довюрак кишидан яхшироқ; ўзини идора этиш шаҳарни забт этишдан яхшироқ.
Шу онда эшикни тарақлатиб очиб Яҳудо Искариот кириб келди. Барчалари қўрқувдан сакраб турдилар, аввалига ҳатто бунинг кимлигини фаҳм этолмадилар, аммо жирканч башарани, дўнгалак малла бошни таниб қолгач, қичқириб юбордилар. Пётр иккала қўлини кўтариб, бақирди:
— Кет бу ердан! Хоин! Кет, бўлмаса ўлдириб қўяман сени!
Лекин хоиннинг юзи ва кўзига разм солиб, даҳшат билан шундай шивирладилар ва ўчдилар:
— Қўйинглар! Қўйинглар уни! Унга шайтон ўрнашиб олибди.
Яҳудо тинчишини кутиб турди ва гулдираб хитоб қилди:
— Шодланинг, кариотлик Яҳудонинг кўзлари! Сизлар ҳозир совуққон қотилларни кўрдингиз! Мана, қўрқоқ хоинлар сизнинг қаршингизда! Исо қаерда? Сизлардан сўраяпман: Исо қаерда?
Искариотнинг хирилдоқ товушида қандайдир амирона нимадир бор эди, Фома итоаткорона жавоб берди:
— Ўзинг биласан-ку, Яҳудо, кеча кечқурун Муаллимимизни чормих қилдилар.
— Бунга сизлар қандай йўл қўйдингизлар? Сизларнинг унга бўлган муҳаббатларингиз қаерда эди? Сен – суюкли издош, сен – тош, дўстингизни дарахтга чормихлаган чоғларида сизлар қаерда эдинглар?
— Биз нима ҳам қила олардик, ўзинг ўйлаб кўр, — қўлларини ёйиб деди Фома.
— Буни сен сўраяпсанми, Фома? Шундоғ, шундоғ! – кариотлик Яҳудо бошини ёнбошга эгди ва қўққисдан ғазабнок портлади: — Кимки севса, нима қилиш керак деб сўраб ўтирмайди! У боради ва ҳамма ишни қилади. У уввос солади, тишлайди, душманни бўғиб ўлдиради ва суякларини синдиради унинг! Ким севади! Ўғлинг чўкиб кетаётган пайтда, наҳотки, шаҳарга бориб, йўловчилардан: “Нима қилай? Ўғлим чўкиб кетяпти” деб ўтирсанг? Ўзингни сувга отиб, ўғлинг билан бирга чўкиб кетмайсанми? Ким севса, шундай қилади!
Пётр Яҳудонинг жазавали ваъзига хўмрайиб туриб шундай жавоб қилди:
— Мен қилич яланғочладим, аммо унинг ўзи шарт эмас деди.
— Шарт эмас? Сен қулоқ солиб ўтирдингми? – кулди Яҳудо. – Пётр, Пётр, унга қулоқ солиш керакмиди? У одамлар ҳақида, кураш ҳақида нимани ҳам биларди?
— Ким унга бўйсунмаса, оловли жаҳаннамга кетади.
— Нимага ўша оловли дўзахга кетмадинг? Нимага кетмадинг, Пётр? Оловли жаҳаннам? Нима у жаҳаннам? Майли, кетавер эди; ахир, хоҳлаган пайтингда оловга ота билмасанг, қалб сенга нима учун берилган?
— Жим бўл! – қичиқирди Иван ўрнидан туриб. – Бу қурбонликни унинг ўзи хоҳлади. Унинг қурбонлиги жуда гўзал!
— Қурбонлик ҳам гўзал бўладими? Нималар деяпсан, севимли издош? Қаердаки қурбонлик бўлса, у ерда жаллод ҳам бўлади, хоинлар ҳам бўлади! Қурбонлик – бир кишининг изтироби ва қолган барчанинг шармандалиги. Хоинлар, хоинлар, Ерни нима қилиб қўйдинглар? Энди унга тепадан ва пастдан қарайдилар, хохолаб куладилар ва қичқирадилар: бу Ерга қаранглар, унда Исони чормихлаганлар! Ва унга тупурадилар – худди мендек!
Яҳудо ғазаб билан ерга тупурди.
— У одамларнинг жамийки гуноҳини ўз гарданига олди. Унинг қурбонлиги гўзал! – таъкидлади Иван.
— Йўқ, барча гуноҳларни сизлар бўйнингизга олдингиз. Суюкли издош! Ҳолбуки, хоинлар насли, юраксизлар ва ёлғончилар насли сендан бошланмайдими? Кўр сўқирлар, Ерни нима қилиб қўйдинглар? Сизлар уни ҳалок қилмак истадинглар; сизлар тез орада Исо чормихланган хочни ўпасизлар! Шундоғ, шундоғ – бунга Яҳудо кафолат беради!
— Яҳудо, ҳақорат қилма! – ўкирди Пётр алангадай қизариб. – Биз унинг ҳамма душманларини қандай қилиб ўлдирар эдик? Улар жуда кўп эди-ку!
— Қизиқмисан, Пётр! – аччиқ билан хитоб қилди Иван. – Кўрмаяпсанми, унга шайтон ўрнашиб олган-ку! Кет бу ердан, йўлдан оздирма! Сен алдов билан тўлгансан! Муаллим ўлдиришга буюрган эмас.
— У сизларга ўлишни ҳам манъ қилганми? Нима учун у ўлган ҳолда, сизлар тириксизлар? У ўлган, юролмас ва тил-забонсиз экан, нега сизларнинг оёқларингиз юради, тилларингиз сафсата сотади, кўзларингиз ёпилиб-очилади? Иван, унинг ёноқлари қонсиз бўлгани ҳолда, сеники қизил бўлишига уялмайсанми? Пётр, у сукутга кетгани ҳолда, сен қичқиришга қандай ботинасан? Нима қилиш керак, деб Яҳудодан сўрайсизларми? Яҳудо сизга жавоб айтади, кариотлик кўркам ва жасур Яҳудо: ўлмоқ! Сизлар йўлда ётиб олишингиз, солдатларнинг қўлидан, қиличидан ушлаб олмоғингиз лозим эди. Уларни ўз қонлари дарёсида ғарқ этиб, ўлмоқ лозим эди, ўлмоқ! Сизлар барчангиз у ерга кирганингизни кўриб, майли, унинг Отасининг ўзи даҳшатдан бақириб юборсин эди!
Яҳудо қўлини кўтариб жим бўлди. Ва тўсатдан стол устида овқат қолдиқларини кўриб қолди. Овқатни умрида биринчи марта кўргандай беҳад таажжубланиб, беҳад қизиқсиниб, унга қаради ва оҳиста сўради:
— Нима бу? Овқатландингларми? Эҳтимол, ухлагандирсизлар ҳам?
— Мен ухладим, — бошини қуйи солиб юввош жавоб берди Пётр. У аллақачон Яҳудонинг қиёфасида кимдир борлигини, унга ким буйруқ бераётганини ҳис этиб. – Ухладим ва овқатландим.
Фома қатъиян ва қаттиқ қилиб шундай деди:
— Бу гапларинг тўғри эмас, Яҳудо. Ўйлаб кўр: ҳамма ўлиб кетганда, Исо ҳақида ким гапириб берарди? Ҳамма ўлиб кетганда – Пётр ҳам, Иван ҳам, мен ҳам – унинг таълимотини одамларга ким етказарди?
— Хоинлар оғзидан чиққан ҳақиқат нима дегани ўзи? Ахир, у ёлғонга айланмайдими? Фома, Фома, наҳот, сен тушунмасанг, сен бундан буён ўлган ҳақиқат тобутининг қўриқчисисан, холос. Қўриқчи ухлайди, ўғри келади ва ҳақиқатни ўзи билан олиб кетади – айт, ҳақиқат қаерда? Лаънат сенга, Фома! Сен абадиян қашшоқ ва наслсиз ўтурсан; у билан бирга сизлар ҳам, малъунлар!
— Сенга лаънат бўлсин, шайтон! – қичқирди Иван. Якоб, Матфей ва бошқа издошлар ҳам унинг хитобини қайтардилар. Фақат Пётр сукут сақлади.
— Мен унинг олдига кетаман! – Яҳудо шаҳодат бармоғини юқорига кўтариб шундай деди. – Ким Искариотнинг кетидан Исонинг олдига кетади?
— Мен! Мен сен билан кетаман! – қичқирди Пётр тураётиб Лекин Иван ва бошқалар даҳшат ичра уни тўхтатдилар:
— Тентак! Ахир, эсингдан чиқдими, у Муаллимни душманларга сотди-ку!
Пётр кўксига муштлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди:
— Қаёққа борай мен? Роббим! Қаёққа борайин?
Яҳудо аллақачон – ёлғиз ўзи сайр қилиб юрган кезлардаёқ Исонинг вафотидан кейин ўзини ўлдирмоққа жой танлаб қўйган эди. Бу жой Қуддусдан баландда – тоғда бўлиб, у ерда биттагина – тўрт тарафдан эсган шамоллар ҳамма ёғини ялмаган, ярмиси қуриган қийшиқ дарахт бор эди. У синиб эгри ўсган шохларидан бирини Қуддус томонга сунган – бунда дуои фотиҳа бермоқ ёхуд таҳдидга ўхшаш бир маъно бордай эди – яъни, Яҳудо ўшани сиртмоқ осиш учун танлаб қўйган эди. Дарахт жуда узоқда, йўл машаққатли, шунинг учун кариотлик Яҳудо қаттиқ чарчади. Кичкина қиррадор тошлар ҳамон унинг оёлари остида сочилиб ётар, қадамларини орқага тортар, тоғ эса жуда баланд, шамоллар ялаб ўтган, ўшшайган ва қаҳрли эди. Яҳудо дам олиш учун бир неча бор ўтирди, ҳарсиллади, орқадан эса тоғ дараси совуқ уфурарди.
— Сен етмай турувдинг ўзи, лаънати! – деди Яҳудо нафрат билан, чуқур нафас олиб, бутун идроку шуури тош бўлиб босгандай оғирлашган бошини чайқади. Сўнг эса бошини туйқус кўтариб, қотиб қолган кўзларини катта очди, аччиқ билан ғўлдиради:
— Йўқ, улар Яҳудога арзимайдилар. Мени эшитяпсанми, Исо? Менга энди ишонасанми? Мен сенинг ёнингга бораман. Мен чарчадим, меҳр билан кутиб ол мени. Ортиқ даражада чарчадим. Кейин сен билан биргаликда, бир-биримизни худди оға-инидек қучиб Ерга қайтиб келамиз. Майлими?
Тағин тош қотган бошини чайқаб, кўзини катта очди ва минғиллади:
— Лекин, сенинг, эҳтимол, ўша ерда ҳам кариотлик Яҳудодан жаҳлинг чиқар? Унга инонмассан? Мени жаҳаннамга жўнатарсан? Нимаям қилардим? Мен жаҳаннамга кетаман! Сенинг ўша жаҳаннаминг алангасида темирни қиздираман ва осмонингни вайрон қиламан. Майлими? Ўшанда менга ишонасанми? Ўшанда мен билан биргаликда Ерга қайтасанми, Исо?
Ниҳоят, Яҳудо тоғ тепасига чиқди, эгри ўсган дарахт ёнига келди. Бу ерда уни шамол қийнаб ташлади. Яҳудо уни койиб берган эди, шамол осойишта ва мулойим куйлай бошлади, қаёққадир учиб кетди ва видолашди.
— Яхши, яхши! Улар бари ит! – жавоб берди унга Яҳудо сиртмоқни илиб. Арқон ҳам уни алдаши, узилиб кетиши мумкин; Яҳудо шундан хитланиб уни нақ жарлик устида созлади. Арқон узилиб кетса ҳам, у тошларда ўлим топади. Оёғини қоя қирғоғидан узиш ва ўзини осишдан олдин кариотлик Яҳудо Исони яна бир карра меҳрибонлик ила огоҳлантирди:
— Мени меҳр билан кутиб ол, мен ортиқ даражада чарчадим, Исо.
Ниҳоят сакради. Арқон чўзилди, бироқ узилмади. Яҳудонинг бўйни ингичкалашди, оёқ ва қўллари чангак бўлди ва дорга ёйилган кирдай осилиб қолди. Жони узилди. Икки кунда бири иккинчисининг кетидан Исо Назаретли ва кариотлик Яҳудо-хоин Заминни тарк этишди.
Тун бўйи Яҳудо Қуддус узра баҳайбат мевадай чайқалиб, шамол унинг бетини гоҳ шаҳарга, гоҳ саҳрога юзлантириб айлантириб турди – у гўёки Яҳудони шаҳарга ҳам, саҳрога ҳам кўрсатмоққа қасд қилгандек эди. Аммо шамол жасадни қаёққа ўгирмасин, ўлим туфайли ўзгариб кетган башара ҳам, эндиликда оға-ини мисоли бир хил кўриниш олган қонқуйма бир жуфт кўз ҳам яккаш самога тикилган эдилар. Тонг маҳали кўзи ўткир биров шаҳар узра осилган Яҳудони кўриб қолди ва қўрққанидан бақириб юборди. Одамлар келдилар, жасадни ечиб олдилар, кимлигини билгач эса ўлган отлар, мушуклар, ҳар турли ўлаксалар ташлаб юбориладиган чуқур жарликка отвордилар.
Ўша оқшом барча издошлар Хоиннинг даҳшатли ўлимидан хабар топдилар. Эртаси куни эса бу ҳақда бутун Қуддус билди, тошлоқ Иудея ҳам, ям-яшил Галилея ҳам бу ҳақда эшитди. Хоиннинг ўлими ҳақидаги хабар Ўртаер денгизидан Ўлик денгизгача бўлган жойларга ва ундан нариларга ҳам учиб борди. Бу хабар тез ҳам эмас, секин ҳам эмас – Вақт билан баб-баравар юриб кетаверди. Вақтнинг охири бўлмагани каби Яҳудонинг хиёнати ва мудҳиш ўлими ҳақидаги ҳикояларнинг ҳам охири бўлмайди. Барча одамлар – олижаноблари ҳам, ёвузлари ҳам – баб-баравар унинг иснодга қорилган малъун номини авлодларга етказаверадилар, барча ўтган ва мавжуд халқлар тарихида ўзининг шафқатсиз қисмати билан ягона бўлиб қолаверади у – кариотлик Яҳудо, Хоин.

24 февраль 1907 йил
Капри шаҳри

ИЗОҲЛАР

Ушбу таржима жараёнида ўз қимматли вақтлари ва маслаҳатларини аямаган профессор Дилмурод Қуронов домлага, адабиётшунос ва шоир Раҳимжон Раҳматга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Фарисейлар — қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Саддукейлар – қадимги Иудеядаги уч асосий диний-сиёсий мактабдан бирининг вакили.
Обол – танга пул.
Мирро – хушбўй модда олинадиган дарахт. Қадимдан муқаддас ҳисобланган.
Осанна – қадимги ивритча сўз. “Нажот бер, мадад бер, сенга сиғинамиз” каби маъноларда. Қисса муаллифи бу сўзни айнан қўллагани учун, таржимада ҳам шундай қолдирилди.
Кедрон – Қуддус ва Елеон тоғи ўртасидан оқиб ўтувчи дарё. Ўлик денгизга қуйилади.
Равви – айнан устоз, муаллим маъносида. Яҳудийлар машҳур муаллим-пешволар, қонуншуносларни шундай аташган.
Варава – қадимги Римда Понтий Пилат томонидан байрами муносабати билан озод қилинган жиноятчи.

099

Leonid Andreev
YAHUDO ISKARIOT
Rus tilidan Nodira AFOQOVA tarjimasi
98

YII

033Oy ko’tarildi. Bu mahalda Iso  o’zining so’nggi tunlarini o’tkazgan Yeleon tog’iga jo’nash uchun tadorik ko’rayotgan edi. Ammo u negadir imillar, izdoshlar yo’lga tayyor bo’lib, uni shoshiltirar edilar. Shu chog’ u daf’atan shunday dedi:
— Kimda to’rva bo’lsa, o’zi bilan olsin; binobarin xaltalaringizni ham olinglar. Kimdaki bu narsalar bo’lmasa, kiyimini sotib, qilich olsin. Chunki, bilib qo’yinglar, mening qismatim muqarrar, irsolda kelgan mana bu hol ham sodir bo’lmog’i lozim: “Bu badkirdorlarga ham daxldor”.
Izdoshlar taajjublanib va sarosimaga tushib bir-birlariga qaradilar. Pyotr javob berdi:
— Robbim! Mana ikkita qilich bor.
Iso ularning munis chehralariga sinovchan boqdi, boshini quyi solib, sekingina dedi:
— Yetarli.
Izdoshlar tor ko’chalarda aks-sado qaytargan o’z qadamlarining gurs-gursidan ham, oy shu’lasidan yorishib yotgan oppoq devorlarda o’ynagan o’z soyalaridan ham vahimaga tushdilar. Ular orom olayotgan Quddusdan jimjit o’tdilar. Mana, shahar darvozasi ham ortda qoldi. Sirli tarzda qotib turgan ko’lkalar bilan qoplangan chuqur jarlikda Kedron oqimi namoyon bo’ldi. Endi hamma narsa ularning yuragiga qo’rqinch sola boshladi. Suvning osoyishta shildirashi va shaloplashi yashirincha poylab yotgan odamlarning ovozidek tuyular; cho’qqilar va daraxtlarning yo’lni to’sib turgan beo’xshov soyasi olachipor bo’lib vahima uyg’otar, tun qo’ynida harakatsiz harakatda kabi edi. Ammo toqqa chiqib, Hefsiman bog’iga – qancha tunlarni osoyish va bexavotir o’tkazgan joylariga yaqinlashganlarida qo’rqinch nisbatan uzoqlashdi. Oyning oydin shu’lalariga cho’milib yotgan Quddusga o’qtin-o’qtin nazar solib, ular o’tib ketgan vahima xususida o’zaro gaplashib ketdilar. Ortdan kelayotganlarning qulog’iga Isoning sekin aytgan so’zlari uzuq-yuluq chalinib qolardi. U hamma uni tashlab ketishi haqida gapirar edi.
Ular bog’ boshlanadigan joyda to’xtadilar. Ko’pchilik shu yerda qolib, ohista-ohista gaplashgan kuyi, oy yog’dulari va to’r-to’r soyalar uzra yopinchiqlarini yoyib, uxlamoqqa hozirlik ko’ra boshladi. Bezovtalik ich-etini tirnab turgan Iso o’ziga yaqin to’rt izdoshi bilan bog’ning xilvatiga kirib ketdi. Ular hali kunduzgi jazirama tafti ketmagan yerga o’tirdilar. Iso gapirmasdi, Pyotr va Ivan esa erinchoqlik bilan bir-birlariga ma’nisiga yetish qiyin bo’lgan bir-ikki og’iz so’z qotdilar. Charchoqdan esnab, tunning sovuqligi, Quddusda go’shtning qimmatligi, baliqni esa qimmatligidan umuman olib bo’lmasligi haqida gapirishdilar. Ular ayyomda shaharda yig’iladigan ziyoratchilarning aniq sonini muayyanlashtirmoqchi bo’lishar, Pyotr esnoq aralash cho’zib-cho’zib “yigirma ming” desa, Ivan va uning akasi Yakob ham o’shandoq lanjlik bilan “o’n mingdan oshmaydi”, deb ishontirmoqchi bo’lardilar. Daf’atan Iso o’rnidan turdi.
— Yuragim qattiq siqilib ketyapti. Shu yerda bo’lib turinglar, uxlamay turinglar, — shunday deya u shitob bilan chakalakzorga qarab ketdi hamda zum o’tmay harakatsiz tek qotgan nur va soyalar ichra g’oyib bo’ldi.
— U qayoqqa ketdi? – so’radi Ivan tirsagiga suyanib qo’zg’alarkan.
Pyotr boshini Iso ketgan tomonga burib, tolg’in javob berdi:
— Bilmadim.
Shunday deb yana bir karra baland esnadi, yonboshiga ag’darildi va jimib qoldi. Boshqalar ham tinchib, horib-tolgan vujudlar qattiq uyquga ketdi. Pyotr chuqur mudroq ichra o’z ustiga egilgan nimadir oqish narsani g’ira-shira ilg’adi, kimningdir ovozi eshitildi va bir zumda uning tumanli shuurida iz qoldirmay o’chdi.
— Simon, uxlayapsanmi?
Yana darhol uxlab qoldi, yana birovning sokin ovozi qulog’iga chalindi va boyagidek izsiz o’chdi:
— Shunday qilib, sizlar bir soat ham men bilan uyg’oq o’tira olmadilaringmi?
“Oh, Robbim, qanchalik uyqum kelayotganini bilsayding” – uyqu aralash shunday o’ylar edi u, ammo bu so’zlarni ovoz chiqarib aytgandek tuyuldi o’ziga. Tag’in uxlab ketdi. Nogahon uning yonginasida Isoning sumbati rostlanganda, oradan olam-zamon fursat o’tgandek bo’ldi – uning jarangdor ovozi bir soniyada uni ham, boshqalarni ham g’aflatdan uyg’otdi:
— Sizlar hali uxlayapsizlarmi? Albatta, fursati yetdi – mana hozir odamzod o’g’li osiylar qo’liga topshirilajak.
Izdoshlar shitob bilan oyoqqa qalqdilar, nogahoniy uyg’otilish va sovuqdan etlari qaltirab sarosima aralash yopinchiqlariga yopishdilar. Chakalaklar oralab va ularni yugurik mash’allar bilan yoritib, shovqin va otlarning dukur-dukuri, qurollar jarangi va sinib tushayotgan shoxlarning qars-qarsi bilan sipohlar va ruhoniylar to’dasi yaqinlashib kelmoqda edi. Ikkinchi tarafdan esa salqindan junjikkan izdoshlar vahimaga tushgan, uyqusiragan qiyofada nima gapligiga tushunmay yugurib kelar, oshig’ich so’rar edilar:
— Nima bo’lyapti o’zi? Kim bular mash’al ko’targanlar?
Rangi oppoq oqargan Foma, tekis mo’ylabi yonboshga qiyshayib, tishlarini takirlatdi va Pyotrga:
— Chamasi, bular bizga kelishgan, — dedi.
Sipohlar to’dasi ularni o’rab, mash’allarning tutunli va vahimali yog’dusini chetga, oyning sokin shu’lalarini esa tepaga tomon surib yubordi. Sipohlar oldida kariotlik Yahudo oshig’ich kelar, jonli ko’zini o’ynatib, Isoni izlardi. Topdi, nigohini uning baland va nozik qomatida bir soniyaga to’xtatib, ruhoniylarga tez shipshidi:
— Men kimni o’psam, bu – o’sha bo’ladi. Uni qo’lga olinglar va avaylab olib ketinglar. Faqatgina avaylab, eshitdingizlarmi?
Keyin uni indamay kutib turgan Isoning yoniga tez bordi uning osoyishta, xira tortgan ko’zlariga o’zining tippa-tik va o’tkir nigohini xanjarday sanchdi.
— Omon bo’l, ravvi ! – dedi u baland ovozda odatdagi salomlashuvga qandaydir g’ayrioddiy va qo’rqinch bir ma’no yuklab.
Ammo Iso jim turaverdi. Izdoshlar inson qalbi shu darajadagi yovuzlikni o’z ichiga qanday sig’dirishini idrok etolmay, xoinga dahshat bilan qarab turdilar. Iskariot o’qday nazar bilan ularning sarosimaga tushgan safini ko’zdan kechirdi; bu safda qo’rquvning bemisl qaltirog’iga aylanishga tayyor titroqni, quv o’chgan ranglarni, ma’nisiz tabassumlarni, qo’llarning temir qo’lkishan bilan qattiq siqilgan kabi shalviragan harakatini payqadi. Va uning ko’ksida qaqshatg’ich g’am-alam gulxani alanga oldi – bu shundan oldin Iso tuygan qaqashatg’ich g’am-alamning o’zginasi edi. Yuzlab qattiq jaranglagan va bo’zlagan torlarga osilib uzalganday, u tezgina Isoga otildi-yu, uning sovuq yonog’idan avaylab o’pdi. Shunday ohista, avaylab, bag’irni o’rtaguvchi sog’inch va muhabbat o’pdiki, agar Iso bandi nozik gul bo’lganda edi, bu o’pich u gulni zarracha tebratmagan, bejirim yaproqlaridagi billur shudringlarni bir tomchi ham to’kmagan bo’lardi.
— Yahudo, — dedi Iso, shu soniyada uning nigohlari chaqini Iskariotning qalbi atalmish zulmat qo’riqlaydigan dahshatli uyumni yoritib yubordi; yoritdi-yu, ammo uning tubsiz tubiga yorib kirolmadi. – Yahudo! Sen odamzod o’g’lini bo’sa ila sotasanmi?
Iso ko’rdiki, bu gapdan mudhish izdihom g’ulg’ulaga tushib, harakatga keldi. Kariotlik Yahudo bo’lsa mag’rur salobati bilan naq ajalning o’ziga o’xshab til-zabonsiz, jiddiy turar; ammo uning ichida minglab asov sadolar alangai otash bo’lib nola qilar, guldirar, faryod ko’tarardi: “Ha! Muhabbat bo’salari ila sotamiz biz seni! Muhabbat bo’salari ila tahqir, jabru sitam va o’limning qo’llariga topshiramiz seni! Muhabbat nidolari ila zimiston inlaridan jallodlarni chorlaymiz va xoch qoyim aylaymiz – o’sha xochga chormixlangan muhabbatni zaminning eng yuksak joyida muhabbat ila sarafroz etamiz”.
Yahudo xuddi ana shu taxlit ajalday sovuq va ajalday til-zabonsiz turaverdi; uning qalb nidolariga esa Isoning tegrasida ko’tarilgan g’ala-g’ovur va dod-faryodlar sado qaytardi go’yo. Askarlar qurollangan bo’laturib, maqsad nimaligini to’la anglab yetmaganlaridan, taraddudlanibroq – ular o’zlaridagi bu taraddudni qarshilikka, dillaridagi qo’rquvni ularni masxara va mayna qilishganga yo’yib – allaqachon uni qo’llaridan changallagancha, beso’naqay va qo’pol tarzda qayoqqadir sudraklar edilar. Izdoshlar qo’rquvga tushgan qo’zichoqlarday g’uj bo’ldilar, hech nimaga to’sqinlik qilmasalar-da, hammaga, hatto o’z-o’zlariga xalal bermoqda edilar. Faqat ayrimlari bir-ikki qadam tashlashga, boshqalardan ayri harakat qilishga yurak yutdilar. Hamma tarafdan urilib-surilgan Pyotr Simonov tinka-madori qurib mashaqqat bilan qilichni qindan chiqardi va sust harakat bilan ruhoniylardan birining boshiga qiyalab soldi – ammo jarohat zarar yetkazolmadi. Buni ko’rib qolgan Iso qilichga hojat yo’qligini, uni tashlashni buyurdi. Bu temir matoh shu zahotiyoq hammaning ko’z o’ngida ajal quroli sifatidagi kuchidan judo bo’larak, zaif jaranglab oyoqlar ostiga tushdi, qaytib uni qo’lga olish hech kimning kallasiga kelmadi. U shu taxlit oyoqlar ostida ag’anab yotdi, bir necha kundan keyin uni o’ynab yurgan bolalar topib oldilar va o’yinchoqqa aylantirdilar.
Askarlar izdoshlar safini yorgancha yo’l ochar, izdoshlar esa tag’in to’da bo’lib, yo’l bermasdilar. Bu hol askarlarning qattiq g’azabga kelguniga qadar davom etdi. Mana, ulardan biri qoshlarini chimirib, baqir-chaqir qilayotgan Ivanga yaqin bordi; yana biri nimalarnidir uqtirayotgan Fomaning qo’lini yelkasidan siltab tashladi va o’zining kattakon mushtini naq uning tik boqguvchi shaffof ko’zlariga o’qtaldi – Ivan ham, Foma va Yakob ham qochib qolishdi; hamma izdoshlar – shu yerda hozir bo’lganlarning bari Isoni tashlab qochib qolishdi. Qo’rquv va vahima haydab solgan izdoshlar yopinchiqlariga ham qaramay, daraxtlarga urilib, toshlarga qoqilib, yiqilib-surilgancha toqqa qarab qochib ketdilar; oydin tun sukunatida yer ko’psonli oyoqlarning tapir-tupiridan larzaga keldi. To’shakdan endigina turgan bo’lsa kerak, notanish bir kimsa – u adyolga o’ralib olgan edi – asabiy tarzda askarlar va ruhoniylar to’dasi ichida bo’zchining mokisiday yugurardi. Qo’lga olmoqchi bo’lib, adyoldan ushlashlari bilan, u qo’rqqanidan baqirib yubordi va boshqalar singari ustidagini askarlar qo’lida qoldirib, juftakni rostladi. Bu kimsa deyarli shir yalang’och holda noiloj hakkalab chopar, uning uryon tanasi oy nurlarida ajabtovur lip-lip qilib borardi.
Isoni olib ketishlari bilan, daraxtlar orasiga bekingan Pyotr chiqib keldi va o’z Muallimining izidan tushdi. O’zidan sal oldinda indamay ketayotgan birovni ko’rib, uni Ivan deb o’yladi va:
— Ivan, senmisan? – deb so’radi.
— Bu senmisan, Pyotr? – javoban dedi u birov ham to’xtab. Pyotr xiyonatkorni ovozidan tanidi. – Nima uchun, Pyotr, sen ham boshqalar bilan birga qochib ketmading?
Pyotr ham to’xtadi, nafrat va hazar ila dedi:
— Daf bo’l, ey iblis!
Yahudo kulib qo’ydi, Pyotrga boshqa e’tibor ham bermay, mash’allar tutun chiqarib yarqirayotgan yoqqa qarab yo’lida davom etdi; qurolning jarang-jurungi qadamlarning aniq-taniq gurs-gursi bilan aralashib ketdi. Pyotr ham ehtiyotkorlik bilan uning ketidan ketaverdi. Ular qariyb bir vaqtning o’zida popning hovlisiga kirib borishdi va gulxan atrofida isinib o’tirgan ruhoniylar to’dasiga qo’shilishdi. Yahudo xo’mraygan kuyi suyakdor qo’llarini olovda isitar ekan, orqasidan Pyotrning baland ovozda shunday deganini eshitdi:
— Yo’q, men uni tanimayman.
Biroq u yerda “sen uning izdoshlaridansan” deya qistamoqda edilar, shekilli, Pyotr yanayam balandroq ovozda qaytardi:
— Yo’g’-a, nimalar deyapsiz o’zi, tushunmayapman.
O’girilmay turib va istar-istamas kulimsirab Yahudo tasdiq ishorasida boshini irg’ab, po’ng’illadi:
— Xuddi shunday, Pyotr! Isoning yonidagi joyingni hech kimga berako’rma!
Vahimaga tushgan Pyotr ko’zga boshqa tashlanmaslik uchun hovlidan ketib yubordi – Yahudo buni ko’rmay qoldi. Umuman, shu oqshomdan keyin to halok bo’lguniga qadar Isoning yonida uning birorta izdoshini ko’rmadi. Butun shu izdihom aro o’lim soniyasigacha bir-biridan ajralmagan, iztiroblarining umumiyligi bilan g’ayritabiiy tarzda bir-biriga bog’langan ikkovlongina bor edilar, xolos – o’sha: qiynog’u tahqirlanmoq uchun sotilgan va uni sotgan ikkovlon. Bu ikkovlon – xiyonat qurboni va xoin – yagona azob qadahidan xuddi og’a-ini kabi birga sipqordilar; va olovli bu sharob qudsiy va makruh ikki juft labni bab-baravar kuydirib yubordi.
Oyoq-qo’llarining sumbati nur va soyalar o’yinida chalkashib ketayotgan Yahudo gulxanning ko’zlarini kuydirib yuborgudek bo’layotgan alangasiga qattiq termulib va daroz qo’llarini olovga tutib xirillagancha shikoyatomiz ming’illardi:
— Muncha sovuq bo’lmasa! Xudoyim-ey, muncha sovuq!
Tunda baliqchilar burqisigan gulxanni qoldirib jo’nab ketganlarida, dengizning zimiston tublaridan chiqib kelgan mahluq gulxanga tomon o’rmalab va cho’g’larga diqqat bilan, taajjublanib qarab, butun a’zoi badani bilan olovga uzalgancha, xirildoq ovozda shikoyatomiz xuddi shunday po’ng’illasa kerak:
— Muncha sovuq bo’lmasa! Xudoyim-ey, muncha sovuq!
Nogahon Yahudoning orqasida qattiq-qattiq tovushlar, askarlarning qiyqiriq va Yahudoga tanish baxillarcha karaxt bir adovatga qorilgan kulgilari hamda tirik tanaga qisqa-qisqa urilgan qamchi tovushi eshitildi.
Butun a’zoi badani, butun so’ngaklari oniy og’riqdan zing’illab o’girilib qaradi – Isoni urar edilar.
Mana shunaqa!
U askarlar Isoni qorovulxonaga olib ketganlarini ko’rdi. Tun o’tib borardi. Gulxanlar o’chib, kul bilan qoplandi. Qorovulxonadan esa hamon bo’g’iq qichqiriqlar, kulgi va so’kinishlar eshitilib turardi. Isoni urar edilar. Xuddi adashib qolgan kabi Yahudo kimsasiz hovlida zir yugurar, zarb bilan to’xtar, boshini ko’tarar, gulxanlarga, devorlarga to’qinganidan ajablanib, yana yugurib ketardi. Keyin qorovulxona devoriga qapishdi, cho’zilib, ichkarida nima bo’layotanini bilish uchun eshik- derazalarningtirqishlariga yopishib poyladi. Tiqilinch va dim, dunyodagi jamiyki qorovulxonalarning eng iflosi bo’lmish bir xonani ko’rdi. Polning hammayog’iga tupurib tashlangan, moy bo’lib ketgan devorlari xuddi odamlar yurgan va ag’anagan kabi dog’-dug’. Va xonada rosa urilayotgan o’sha odamni ko’rdi. Uni yuzidan, boshidan urar, yumshoq bo’g’cha kabi xonaning u chetidan bu chetiga irg’itar edilar. U baqirmas, qarshilik ko’rsatmasdi. Bir muddat yaxshilab qaralsa, chindan uni tirik odam emas, suyagi, qoni bo’lmagan qandaydir latta qo’g’irchoq, deb o’ylab qolardi kishi. Tosh polga boshi urilar ekan, u xuddi qo’g’irchoq kabi g’ayritabiiy qayrilar; qattiq narsa qattiq narsaga emas, yumshoq narsa hech bir og’riq bermay urilgan kabi bo’lardi Yanayam uzoqroq qarab tursa, allaqanday g’alati, nihoyasi yo’q o’yinga, ba’zan esa qariyb yolg’onga o’xshab ketardi. Kuchli bir zarbadan keyin o’sha odam, yoki qo’g’irchoq ravon-ohista harakat bilan o’tirgan askarning tizzasiga kelib tushdi, u askar o’z navbatida uni itarib yubordi. U chappa bo’lib keyingisiga o’tdi, keyingisi ham itardi, tag’in va tag’in… Kuchli xaxolash eshitildi, Yahudo ham kuldi – kimningdir kuchli qo’llari temir panjalari bilan uning og’zini yirtib yubordi go’yo. Yahudoning og’zi ham aldangan edi.
Tun cho’zilgandan cho’zildi, gulxanlar hamon burqsirdi. Yahudo devordan tushdi, imillab gulxanlardan birining oldiga bordi, cho’g’ni kovlab chiqardi, uni to’g’rilab qo’ydi va endi sovuqni his etmayotgan bo’lsa-da, yengil titrab turgan qo’lini olovga tutdi. Parishonlik bilan g’udurladi:
— Oh-oh, og’riyapti, bolajonim, judayam og’riyapti, bolajonim-a, bolajonim.
So’ng tag’in qora panjara ortidan xira sariq nur tashlab turgan deraza oldiga bordi va tag’in Isoni qanday urishlariga qaray boshladi. Bir gal uning qoramag’iz, odam deb bo’lmaydigan chehrasi, chakalakday chigallashgan sochlari Yahudoning naq ko’zlari oldidan lip etib o’tib ketdi. Kimningdir qo’llari bu sochlarni changalladi, odamni yerga bosdi va boshni bir me’yorda u yoqdan-bu yoqqa sudrab, uning yuzi bilan tupukdan iflos bo’lib ketgan polni arta boshladi. Naq derazaning ostida oppoq tishli og’zini ochgancha, bir askar uxlab yotardi; kimdir yo’g’on va ochiq bo’yni, keng-mo’l orqasi bilan derazani to’sib qo’ydi va hech narsa ko’rinmay qo’ydi. Birdan hamma yoq tinchib qoldi.
Nima bo’ldi? Nega ular jimib qolishdi? Birdan bilib qolgan bo’lishsa-ya? Bir soniyada Yahudoning boshi, uning barcha bo’laklari shovqin, qichqiriq, minglab quturgan fikrlarning guv-guvi bilan to’ldi. Ular bilib qolishdimi? U eng olijanob inson, bu shunchalik oddiy, shoyon haqiqat – ular buni tushunib yetishdimi? Endi u yerda nimalar bo’lyapti? Uning oldida tiz cho’kib, oyoqlarini o’pib, unsiz ko’z yosh to’kishyaptimi? Hozir u bu yerga chiqib keladi, uning ketidan bosh egib boshqalar ham sudralib chiqishadi. U Yahudoning oldiga muzaffar bo’lib, er kishi bo’lib, haqiqat hukmdori bo’lib, xudo bo’lib chiqib keladi…
— Yahudoni kim aldaydi? Kim haq?
Taassufki, unday emas. Tag’in baqir-chaqir va shovqin. Tushunmadilar, bilib qolmadilar va qattiqroq ura boshladilar, battar azob beraverdilar. Gulxanlar esa kul bosib, o’cha boshladi; ulardan chiqayotgan tutun havoday ko’m-ko’k; osmon ham oy kabi yorug’. Kun boshlanayotir.
— Kun nima degani? – so’raydi Yahudo.
Mana, hamma narsa porlab, yaltiray boshladi, borliq yangidan tug’ilganday bo’ldi, tepada suzayotgan tutun ham endi ko’k emas, qirmizi tus oldi. Quyosh chiqib kelayotir.
— Quyosh nima degani? – so’raydi Yahudo.

YIII

Yahudoni barmoq o’qtalib ko’rsata boshladilar: kimdir hazar qilib, kimdir nafrat bilan, kimdir qo’rqib. Odamlar shunday derdilar:
— Qaranglar: bu Yahudo xoin!
Uning sharmandali shuhrati boshlangan edi – bu shuhratga u o’zini o’zi manguga mahkum etdi. Minglab yillar o’tadi, xalqlar xalqlar ila almashinadi, ammo havoda yovuzlar ham, olijanob insonlar ham nafrat va qo’rquv bilan takrorlaydigan so’zlar yangrab turaveradi:
— Yahudo xoin… Yahudo xoin!
Ammo o’zi haqda nima demasinlar, u hamma narsadan g’olib kelguvchi qizg’in qiziqsinish bilan loqayd eshitib ketaverardi. Ertalabdan, kaltaklangan Isoni qorovulxonadan olib chiqishlari bilanoq, Yahudo uning ketidan tushdi va g’alatiki, endi u na siqilish, na azob, na shodlik his etmas, yolg’iz hammasini ko’rish-bilish istagi bor edi, xolos. Tuni bilan ko’z yummagan bo’lsa-da, u o’zini yengil his etardi. Siqib, uni oldga o’tishga qo’ymagan edilar, odamlarni turtib-itarib epchillik bilan birinchi qatorda turib oldi. Uning hayot asariga ega yagona ko’zi ham mudom o’ynoqlab turdi. Iso Kaifa tomonidan so’roq qilingan mahalda esa biror so’zni o’tkazib yubormaslik uchun qulog’ini qo’li bilan dikkaytirib, g’udurlagancha, boshini ma’qullagannamo irg’ab turdi:
— Shundog’! Shundog’! Sen eshityapsan, Iso!
Ammo unda ipga bog’lab qo’yilgan pashshaday bir bandilik bor edi: chivin g’ing’illab u yoqqa, bu yoqqa uchadi, lekin qaysar ip uni bir lahza ham qo’yib yubormaydi. Toshday og’ir o’y-xayollar Yahudoning bo’g’ziga tiqilib, bu xayollarga o’zi tegmasa ham, ularni doimiy ravishda his etib turdi. Vaqti-vaqti bilan ular daf’atan Yahudoga tashlanar, uni siqib, favqulodda zalvori bilan bosib kelar, tosh mag’ora ko’chgan yanglig’ ohista va qo’rqinch tarzda uning boshiga yog’ilardi. Shunda u yuragini changallar, sovqotgan kabi butun gavdasini silkitar, ko’zini boshqa yoqqa olib qochar va yana boshqa tarafga qarab olardi. Isoni Kaifaning oldidan olib chiqqanlarida, uning cho’kib qolgan ko’zlarini juda yaqidan ko’rdi va hech bir mulohaza qilmay bir necha bor kallasini do’stona irg’ab qo’ydi.
— Men shu yerdaman, bolajonim, shu yerdaman! – g’udurladi u oshig’ich va yo’l bermagan qandaydir bir merovning orqasidan achchiq bilan itardi. Endi baqirib-chaqirgan bu olomon Pilat tomonga – oxirgi so’roq va sudni tomosha qilishga yo’naldi. O’sha tiyiqsiz qiziqish bilan Yahudo tez va adovat bilan odamlarning yuziga qaradi. Juda ko’pchilik notanish, Yahudo ularni hech qachon ko’rmagandi. Ayni paytda Isoni “Osanna!” deb olqishlaganlar ham bor edi. Har bir qadamda xalq ko’payib borayotgandek edi xuddi.
“Shundog’, shundog’! – tez o’yladi Yahudo sharob ichgan kabi boshi aylanib. – Hammasi tugadi. Hozir ular qichqirishadi: u bizniki, bu Iso bizniki, nima qilyapsizlar sizlar? Hamma tushunib qoladi va…”
Ammo imon keltirganlar indamay ketib borishardi. Ayrimlar xuddiki bu naralarning ularga daxli yo’q kabi munofiqlarcha kulib qo’yadilar, boshqalar ehtiyot bo’lib nimanidir gaplashar, biroq bu ohista aytilgan gap-so’zlar olomon qadamlarining shovqinida, Iso dushmanlarining jarangdor va darg’azab qichqiriqlarida cho’kib g’oyib bo’lib ketmoqda edi. Yahudoga tag’in yengil tortdi. Birdan u uncha uzoq bo’lmagan joyda odamlar safini ehtiyotkorlik bilan yorib o’tayotgan Fomani ko’rib qoldi. Tezda bir qarorga kelib, unga qarab yurdi. Xiyonatkorga ko’zi tushb, Foma qo’rqib ketdi va bekinmoqchi bo’ldi. Ammo torgina isqirt ko’chada ikki devor o’rtasida Yahudo uni quvib yetdi.
— Foma! To’xtasang-chi!
Foma to’xtadi, ikkala qo’lini oldinga cho’zib, tantanavor dedi:
— Nari ket, shayton.
Iskariot shoshilib qo’llarini silkitdi.
— Qanaqa ahmoqsan, Foma, men seni hammadan aqlli deb yuribman. Shayton! Shayton! Buni isbotlash kerak.
Foma qo’llarini tushirib, taajjub ichra:
— Muallimni sotgan sen emasmi? Sipohlarni boshlab kelganing va ularga Isoni ko’rsatganingni o’z ko’zlarim bilan ko’rdim-ku. Shu narsa xiyonat bo’lmasa, unda nimani xiyonat deyish kerak?
— Boshqa narsa, boshqa narsa, — gapirgani qo’ymadi Yahudo. – Quloq sol. Sizlar bu yerda ko’pchiliksizlar. Hamma yig’ilib, ittifoqlikda “Isoni qo’yvoringlar, u bizniki” deb qattiq talab qilishinglar kerak. Sizlarga rad javob berisholmaydi, qo’rqadilar. Ular o’zlari tushunishadi…
— Nimalar deyapsan? Nimalar deyapsan? – Foma qo’lini qat’iy siltadi. – Bu yerda qancha qurollangan askar, qancha ruhoniy borligini, nahot, ko’rmagan bo’lsang? Bundan tashqari, hali sud bo’lgani yo’q. Biz sudga to’sqinlik qilishimiz kerak emas. Nahot, sudning o’zi Isoning begunohligini bilmasa; nahot, uni hayallamay uni ozod qilishni buyurmasa?
— Sen ham shunday o’ylaysanmi? – o’ychan holda so’radi Yahudo. – Foma, Foma, mabodo, bu birdaniga haqiqat bo’lib chiqsa-chi? Unda nima bo’ladi? Kim haq? Kim Yahudoni aldadi?
— Biz butun bu oqshom gaplashib chiqdik va shunday qarorga keldik: sud gunohkor bo’lmagan kishini jazoga tortishi mumkin emas. Basharti, jazoga tortsa…
— Xo’sh? – betoqat bo’ldi Yahudo.
— …unda u sud bo’lmaydi. Haqiqiy Hakamning oldida javob berish fursati keladi va shunda ularning o’ziga juda yomon bo’ladi.
— Haqiqiy Hakam oldida! Hali “haqiqiy”si bor! – kulimsiradi Yahudo.
— Biznikilar hammasi seni la’natladilar. Sen qanday qilib ayta olasanki, sotqin men emasman, deb. O’ylaymanki, aslida seni sud qilish lozim edi…
Oxirigacha eshitmay, Yahudo keskin burildi va uzoqlashib borayotgan izdihomni qoralab kichkina ko’chadan pastga qarab ketdi.
Biroq qadamlari tezda sustlashdi. “Xalq qachonki ko’p bo’lsa, asta-sekin yuradi, yolg’iz o’zi ketib borayotgan kishi darhol unga yetib oladi” – u shu xil o’ylab, shoshilmay keta boshladi.
Pilat Isoni saroyidan olib chiqib, xalqning ro’parasiga tikka qilib qo’yganda, askarlarning og’ir gavdasi bilan ustunga qisib qo’yilgan Yahudo yaltirab turgan ikki dubulg’a orasidan nimanidir ko’rib qolish uchun boshini keskin aylantirgan holda, daf’atan endi hammasi tugagani his etdi. Olomonning boshi uzra, oftob tig’ida u qoniga bo’yalgan, rangi oqargan, qirralari manglayiga botgan tikanli chambar kiydirilgan Isoni ko’rdi. U boshidan oftobda kuygan kichkina oyoqlarigacha namoyon bo’lib tepalikning qirg’og’ida shunday osoyishta kutib turar, uning ma’sum va pokdomonligi shunday aniq ediki, faqat hatto quyoshni ham ko’rmaydigan so’qirgina buni ko’rmasligi, faqat ovsargina buni tushunmasligi mumkin edi. Xalq shunday chuqur sukutda ediki, Yahudo oldida turgan askarning nafas olishini ham, har bir nafas olganida uning qaerigadir taqilgan qayishning g’ijirlashini ham eshitib turdi.
“Ha, hammasi tugadi. Hozir ular tushunib yetadilar”, — o’yladi Yahudo. Shu soniyada juda g’alati – benihoya yuksak cho’qqidan moviy yog’dular tovlangan jarlikka tushib ketganga o’xshash aqlni oladigan quvonchli bir nima uning yuragini to’xtatib qo’ydi.
Lablarini qirilgan dumaloq iyagiga tomon jirkanch tarzda cho’zib, Pilat xalqqa qarata quruq, qisqa so’zlar vositasi ila nutq irod qilmoqda edi – suyakni och itlar to’dasiga ularning issiq qon va dirillab turgan go’shtga ishtiyoqini aldash maqsadida xuddi ana shu tarzda tashlaydilar.
— Sizlar bu kimsani mening yonimga xalqni yo’ldan ozdirayotgan odam sifatida olib keldingiz. Men sizlarning huzuringizda uni tekshirib ko’rdim va uni siz ayblayotgan ishda mutlaqo aybdor emas deb topdim…
Yahudo ko’zini yumib oldi. Kutib turdi. Butun olomon qichqirdi, dod-voy soldi, minglab insoniy va hayvoniy tovushlarda uvilladi:
— Unga o’lim! Chormixga tort uni! Chormixga tort!
O’sha olomon baayni o’z-o’zining ustidan kulganday, baayni to’xtamay tuban ketmoq, telbalik va sharmandalikni bir soniyaning o’zida sinab ko’rmoqchi bo’lganday qichqirar, dod-voy solar, minglab insoniy va hayvoniy tovushlarda baqirib talab qilardi:
— Biz Varrava ni ozod qilishingni so’raymiz! Buni esa chormixga tort! Chormixga tort!
Ammo rimlik hali o’zining hal qiluvchi oxirgi so’zini aytib bo’lgani yo’q: uning soqoli olingan kibor chehrasida nafrat va g’azab to’lqin urmoqda edi. U tushunadi, u tushundi! Hozir u o’z xodimlariga buni aytadi, ammo uning ovozi g’ala-g’ovurda eshitilmayapti. Nima dedi u? Qo’lga qilich olib, bu telbalar galasini chopmoqqami amr qildi?
— Suv olib kelinglar.
Suv dedimi? Qanaqa suv? Nega?
Mana, u qo’llarini yuva boshladi – negadir o’zining oppoq, top-toza, uzuk taqilgan qo’llarini yuva boshladi va birdaniga o’sha qo’llarini ko’targancha darg’azab bo’lib hayrona qotgan xalqqa qarata qichqirdi:
— Taqvodor bu kishining xuni mening bo’ynimda emas. Hammangiz qaranglar!
Uning barmoqlaridan marmar plitalarga suv oqib tushdi. Shu chog’ yumshoq bir nimadir Pilatning oyoqlari ostiga uzala bo’lib yotdi, qaynoq va quruqshagan lablar uning zaifgina monelik ko’rsatayotgan qo’llarini o’pa boshladi – bu lablar uning qo’llariga sakkizoyoqning qisqichlariday yopishib olgan, qonini so’rar, tishlaguday bo’lardi. Pilat hazarlanib va qo’rqinch bilan pastga qaradi; u yerda u to’lg’anib yotgan bahaybat jasadni, ikki tarafi g’ayritabiiy ravishda ikki xil bo’lgan basharani, bir-biriga umuman o’xshamagan ikkita balqayma ko’zni ko’rdi. Go’yoki bitta odam emas, juda ko’pchilik uning qo’l va oyoqlariga tirmashib olganday bo’ldi. Va qaynoq, uzuq-yuluq, zaharday shivirlashni eshitdi:
— Sen donosan!.. Sen marhamatlisan!.. Sen donosan, dono!..
Chinakamiga shaytoniy bu yovuz bashara shodumonlikdan porlar, Pilat esa qichqirgancha uni oyoqlari bilan itararkan, Yahudo chalqanchasiga yiqildi. Ag’darilib tushgan iblis misoli tosh plitalar uzra cho’zilib yotarkan, Yahudo ketib borayotgan Pilatga tomon qo’llarini cho’zib hamon ehtirosli oshiqday qichqirardi:
— Sen donosan! Sen donosan! Sen marhamatlisan!
Keyin soldatlarning xaxolashlari ostida chaqqon o’rnidan turdi va chopdi. Axir, hali hammasi tugagan emas. Ular xochni ko’rgan paytda, mixlarni ko’rgan paytda… o’sha paytda tushunib yetishadi, o’shanda… Nima o’shanda? Dovdirab qolgan Fomaning basharasi lip etib ko’ziga chalindi, unga negadir tinchitgannamo bosh irg’ab, qatlga olib ketilayotgan Isoning ortidan yugurib ketdi. Yurish qiyin, mayda toshlar oyoqni tiyg’antiradi; to’satdan Yahudo charchab qolganini sezdi. U butun kuchini berib, oyog’ini mayda toshlarga sirpanmaydigan tarzda bosishga urindi. Xiralashgan nigohlari bilan gir atrofga alanglab, uvvos tortib ketayotgan Mariya Magdalinani, uvvos tortayotgan ko’plab ayollarni – nozik ayol qalbining qarg’ishga jo etilgan; parishon sochlar, qontalosh ko’zlar, qiyshaygan lablarda voqelangan haddu poyonsiz g’am-anduhini ko’rdi. Ittifoqo, ruhlanib, payt poylab Isoning oldiga yugurib bordi:
— Men yoningdaman, — shipshidi u shoshqin.
Askarlar uni darra bilan urib haydadilar, u zarb yemaslik uchun o’zini u yoq-bu yoqqa tashlab, askarlarga tishlarini irjaytirib yana shoshqin uqtirdi:
— Men sen bilan ketyapman. O’sha yoqqa. Tushunyapsanmi, o’sha yoqqa.
Yuzidan qonlarni sidirib, uni boshqalarga ko’rsatib kulgancha aftini o’girgan askarga mushtini do’laytirdi. Negadir Fomani axtardi, biroq kuzatib ketayotganlar ichida na u, na boshqa izdoshlar ko’rinmadi. Yana charchoq tuydi, sochilib yotgan qirrador, oppoq toshchalarga razm solib, oyoqlarini bazo’r ko’tarib bosa boshladi.
…Daraxtga Isoning chap qo’lini mixlash uchun bolg’a ko’tarilgan onda Yahudo ko’zini zich yumdi, olam-zamon nafas olmadi, hayot uni tark etdi, hech narsani ko’rmadi, faqat eshitib turdi, xolos. Mana, temir temirga g’achir-g’uchir qilib urildi, shundan keyin muntazam zarbalar eshitilib turdi – bamisoli o’tkir mix daraxt tanasini yirib, unga yumshoqqina kirib borar edi.
Bitta qo’li mixlandi. Haliyam kech emas.
Ikkinchi qo’li. Haliyam kech emas.
Oyog’i, keyingisi… – nahotki hammasi tugagan bo’lsa? Yurak betlamay ko’zini ochdi: chormixning chayqalib, o’ra uzra ko’tarilayotganini ko’rdi. Isoning qo’llari qattiq zirillab, qiynoqdan cho’zilib ketganini, jarohatlarining kengayib, qo’qqisdan qornining ich-ichga kirib ketganini ko’rdi. Qo’llari cho’zilgandan cho’zilib bordi, ingichkalashib, oqarib, axiyri yelkasida buralib qoldi; mix qoqilgan joylaridagi jarohatlar qizardi, yirildi… hozir uzilib tushadi… Yo’q, to’xtadi. Hamma narsa to’xtadi. Faqat qovurg’alari qisqa va chuqur nafasdan ko’tarilib-tushib turdi.
Zaminning eng zimiston yerida xoch tiklanib turibdi, unda Iso chormixlangan. Yahudoning orzusi ham, uni dahshatga solgan narsa ham ro’yobga chiqdi – negadir tizzalab qolibdi u; turdi, tevaragiga sovuq nazar soldi. Shafqatsiz g’olib – qalbining tub-tublarida butkul vayron etmoq va mahv aylamoq ishtiyoqida yongan; obod, hali gavjum va hayot nafasiga to’la, ammo ajalning sovuq qo’li muqarrar uzalgan begona shaharni so’nggi bor ko’zdan kechirayotgan shafqatsiz g’olibgina mana shunday nazar soladi. Va Yahudoga banogoh shunday ko’rindiki, o’zining mudhish muzaffariyati singari o’lim ham mash’um tarzda omonat. Aniq-taniq ko’rindi. Ittifoqo, tushunib qolishsa-chi? Haliyam kech emas. Iso hali tirik. Huv ana, hasratga to’la ko’zlari bilan chorlab turibdi u…
Odamlarning ko’zini tutgan juda harir pardaning yirtilishiga nima monelik qilishi mumkin – shu qadar harirki, yo’q darajada? Birdan ular tushunib yetishmasmikan? Birdan erlar, ayollar va bolalarning butun g’azabnok ommasi indamay turib oldinga intilmas; askarlarni silkalab va qulog’igacha o’z qoniga cho’miltirib, la’nati xochni yerdan sug’urib olmas hamda tirik qolgan sarbast Isoni zulmatlar uzra baland ko’tarishmasmikan? Osanna! Osanna!
Osanna? Yo’q, yaxshisi Yahudo yerga yotadi. Yo’q, yaxshisi, yerga yotib va it kabi tishlarini g’ajib, shu ko’tarilishni kuzatib va uni kutib yotadi. Lekin vaqtga nima bo’ldi? U goh xuddi to’xtab qolgandek bo’ladi; uni tanbal eshshak misoli qo’llari bilan niqtagisi, oyog’i bilan tepkilagisi, qamchilagisi keladi odamning. Goh esa qandaydir tog’lardan shuvillab uchib kelib, bo’g’zingdan shunday oladiki, qo’llaring tayanch izlab, benaf timirskilanadi. Mana, Mariya Magdalina yig’layotir. Isoning onasi yig’layotir. Mayli, yig’layverishsin. Shu pallada ularning ko’zyoshi, barcha onalarning, dunyodagi barcha ayollarning ko’z yoshi biror nimaga arzirmidi?
— Ko’z yosh to’kish nima degani o’zi? – so’raydi Yahudo va tanbal Vaqtni g’azab bilan kutkilaydi, qulni kaltaklaganday mushtlari bilan uradi. U begona xilqat va shuning uchun bizga quloq solmaydi. O, qaniydi u Yahudoniki bo’lsaydi – darig’oki, u xuddi bozorda bo’lgani kabi yig’layotgan, kulayotgan, gap sotayotganlarning barchasiniki ham; u quyoshga, xochga va urishdan ohista to’xtayotgan Isoning yuragiga ham tegishlidir.
Yahudoning yuragi naqadar tuban! U yuragini qo’li bilan ushlaydi, u esa “Osanna!” deb shunday qattiq qichqiradiki, hamma eshitadi. Yahudo uni yerga qo’yadi, u esa muqaddas sirlarni hamma yerda dasturxon qilib ketaveradigan vaysaqiday “Osanna! Osanna!” deb qichqiraveradi… Jim bo’l! O’ch!
Birdan qattiq yig’i tovushi, bo’g’iq qichqiriqlar eshitildi, xoch tomonga yugurib qolishdi. Nima bo’ldi? Tushunib yetishdimi?
Yo’q, Iso ko’z yummoqda edi. Shunday bo’lishi mumkinmi? Ha, Iso jon taslim qilmoqda edi. Oqarib ketgan qo’llari harakatsiz, lekin chehrasi, ko’kragi va oyog’i pirillab uchib turibdi. Shunday bo’lishi mumkinmi? Ha, jon beryapti. Nafasi siyraklashdi. Nafas olish to’xtadi… Yo’q, nafas chiqardi, Iso hali hayot. Tag’inmi? Yo’q… Yo’q… Yo’q… Iso jon berdi.
Hukm ijro bo’ldi. Osanna! Osanna!
Orzular ham, dahshatga solgan narsa ham ro’y berdi. Bu g’alabani Iskariotning qo’lidan endi kim tortib ola oladi? Hukm ijro bo’ldi. Mayli, ro’yi zaminda mavjud bo’lgan jamiyki xalqlar G’ulqofga oqib kelishsin, million ovozda birgalikda faryod ko’tarsinlar: “Osanna! Osanna!”; uning poyida qon va ko’z yoshlarini dengiz qilsinlar – sharmandali xoch va jonsiz Isodan boshqasini topolmaydilar.
Yahudo marhumga sovuq, osoyishta nazar ila qaradi, kechagina o’zi vido bo’sasini olgan yonoqqa bir soniya tikilib qoldi, keyin sekin uzoqlashdi. Endi butun Vaqt uniki – u shoshilmay boradi; endi butun ro’yi zamin uniki – u qattiq qadam bosadi; xuddiki hukmdor yanglig’, xuddiki shoh yanglig’; bu dunyoda yolg’iz ekanligidan quvonchi ichiga sig’magan kimsa yanglig’. Isoning onasini ko’rib qoldi va unga beshafqat shunday dedi:
— Yig’layapsanmi, onajon? Yig’la, yig’la, hali sen blan birga dunyoning jamiyki onalari uzoq vaqt ko’z yosh to’kadilar. Biz – men bilan Iso birgalikda qaytib, o’limni barbod etgunimizga dovur.
Nima, u jinnimi yoinki masxara qilyaptimi, bu xiyonatkor? Yo’q, u jiddiy turibdi, chehrasida ham qat’iyat bor, ko’zi ham ilgarigidek telbalarcha o’ynoqlayotgani yo’q. U to’xtadi va sovuq diqqat bilan yangi, kichkinagina Zaminni kuzatdi. Zamin kichrayib qolgan, uni butun borligi bilan oyoqlari ostida his etib turibdi. U quyoshning so’nggi yog’dularida alvon tus olgan kichkina tog’larga qaraydi, tog’lar ham oyoqlari ostida yotgandek tuyuladi; ko’m-ko’k og’zini ochib yotgan osmonga, kuydirmoqqayu ko’zlarni qamashtirishga behuda urinib yotgan jajji quyoshga qaraydi – va osmon ham, quyosh ham oyoqlari ostida yotgandek tuyuldi. U cheki yo’q yolg’izlikdan yuragi yorilguday bo’lib, bu olamda mavjud barcha kuchlarning kuchsizligini takabburona his etdi va ularning barchasini tubsiz jarlikka otib yubordi. Shundan so’ng u osoyishta va qat’iy qadamlar bilan yurib ketdi. Vaqt oldinda ham, orqada ham emas, o’zining ko’zga ko’rinmas butun haybati unga some’ bo’lib borardi.
Hukm ijro bo’ldi.

IX

Kariotlik Yahudo – o’sha xoin, eski kazzob yo’talib, xushomadgo’yona tirjayib sinedrionga keldi. Bu Iso qatlining ertasi kuni, peshinga yaqin edi. Bu yerda o’sha hakamlar ham, qotillar ham – hamma yig’ilgan edi: qari Anna va uning otasiga o’xshagan badqovoq, jirkanch o’g’illari, izzattalab Kaifa, uning kuyovi va sinedrionning o’z ismi sharifini insoniyat xotirasidan o’zi o’chirgan boshqa a’zolari – boy-badavlat va mashhur, o’z kuch-qudrati va qonundonligidan kibrga berilgan saddukeylar. Ular Xoinni bir so’z demay qarshi olishdi, munofiqona basharalari it-da kirib kelmagan kabi qilt ham etmadi. Hatto ulardan eng kichkina, o’tirganlarning birortasi bir pulga olmaydigan eng nufuzi pasti ham qushbashara yuzini tepaga ko’tarib, hech kim kirmaganday qarab qo’ydi. Iuda uch karra qulluq qildi, ular esa qarab turar va bir so’z demasdilar: xuddiki odam emas, ko’zga ko’rinmas bir qumursqa kirib kelgan edi. Ammo kariotlik Iuda dovdirab qoladiganlar xilidan emasdi – ular gapirmay o’tirishibdi, u o’z-o’ziga ta’zim qildi va o’ylayapti: nima qilibdi, agar oqshomgacha ta’zim qilish lozim bo’lsa, oqshomgacha ta’zim qiladi. Axiyri, sabri tugagan Kaifa so’radi:
— Senga nima kerak?
Yahudo yana bir karra ta’zim bajo ayladi va baland ovozda:
— Bu men – kariotlik Yahudo, sizlarga Iso Nazaretlini tutib bergan kishiman.
— Xo’sh, nima bo’libdi? Sen haqqingni olding. Jo’na! – buyruq berdi Anna. Ammo Yahudo bu buyruqni eshitmaganday ta’zimdadavom etdi. Kaifa unga qaradi-yu, Annadan so’radi:
— Unga qancha berdingizlar?
— O’ttiz kumush tanga.
Kaifa istehzoli kuldi, oqsoch Anna ham shunday tirjaydi va hammaning yaltoqlangan yuzida sho’x kulgi yoyildi; hatto qushbashara ham iljaydi. Rangi sezilarli quv o’chib, Yahudo o’z so’zlaridan shappa ushlab oldi:
— Shundog’, shundog’. Albatta, juda oz. Nahotki Yahudo meni to’nab ketishdi deb baqirayotgan bo’lsa, norozi bo’lsa? U rozi. Axir, u muqaddas ishga xizmat qilmadimi? Muqaddas ishga. Endi eng donoyu oqillar ham Yahudoni tinglab, u bizniki, kariotlik Yahudo bizniki deb o’ylamaydilarmi? Xoin? Nahotki, Anna tiz cho’kib, Yahudoning qo’llarini o’pishni istamasa? Ammo Yahudo qo’llarini bermaydi. U qo’rqoq, qo’lini tishlab olishlaridan qo’rqadi.
Kaifa:
— Bu ko’ppakni haydab yubor. U nima deb akkillayapti? – dedi.
— Jo’na bu yerdan. Sening safsatalaringni tinglashga bizning vaqtimiz yo’q, — loqayd dedi Anna.
Yahudo qaddini ko’tardi, ko’zini yumdi. Butun umr uning sodiq yo’ldoshi bo’lgan mug’ombirlik banogoh og’ir yukka aylandi, Yahudo bir kiprik harakati bilan uni otib yubordi. Anna unga qaytib qaragan fursatda uning nigohi juda oddiy, tip-tik, balqib turgan haqiqati bilan qo’rqinch edi. Ammo o’tirganlar bunga ahamiyat bermadilar.
— Kaltak bilan quvib solishlarini xohlayapsanmi? – baqirib berdi Kaifa.
Yahudo o’zi hakamlarning boshiga otib yubormoqchi bo’lgan bo’lgan mudhish so’zlarni tobora yuqoriga ko’tarib va ularning og’irligidan nafai siqilib, xirildoq tovushda dedi:
— Sizlar bilasizlarmi… bilasizlarmi… kim edi u, o’sha – kecha sizlar jinoyatkor deb topgan va chormixlagan?
— Bilamiz! Daf bo’l!
Hozir u bitta so’z bilan ularning ko’zini to’sib turgan harir pardani yirtib tashlaydi – va butun Yer shafqatsiz haqiqat zalvoridan larzaga keladi! Ularda qalb bor – bu haqiqat ularni undan mosuvo etadi; hayot bor – undan judo bo’ladilar; ko’zlarida nur bor – ularni abadiyan zulmat va dahshat qoplaydi. Osanna! Osanna!
Mana, o’sha qo’rqinchli, tomoqni kuydirayotgan so’zlar yangradi:
— U aldoqchi emas edi. U gunohi yo’q va pokdomon edi. Eshityapsizlarmi? Yahudo sizlarni aldadi. U sizlarga bir begunohni sotdi.
Shunday deb kutib turdi. Va Annaning keksalarga xos, loqayd ovozini eshitdi:
— Shumi aytmoqchi bo’lgan hamma gaping.
— Meni tushunmadingizlar, shekilli, — o’z izzatini saqlab dedi Yahudo rangi quv o’chib. – Yahudo sizlarni aldadi. U begunoh edi. Sizlar begunoh kishini qatl qildilaringiz.
Qushbashara tirjaydi. Ammo Anna loqayd o’tiraverdi, Anna zerika boshladi, Anna esnadi. Undan yuqib, Kaifa ham esnadi va horg’in dedi:
— Kariotlik Isoning es-hushi to’g’risida menga nima degandingizlar? U shunchaki ahmoq, juda bemaza ahmoq.
— Nima! – baqirib yubordi Yahudo quturgan itday. – O’zlaringiz-chi? Aqllimisizlar? Yahudo sizlarni aldadi – eshitib o’tirdinglar. Yahudo uni sotmadi, sizlarni – donolarni; sizlarni – kuchlilarni o’lim bilan-da yuvilmaydigan abadiy isnodga sotdi. O’ttiz tanga! Shundog’, shundog’. Lekin bu sizlarning xuningiz bahosi, ayollar uyidan tashqariga chiqarib to’kadigan yuvindiday iflos qonlaringiz bahosi. Eh Anna, qarrigan, mo’ysafid, ahmoq Anna, sen qonunning yuziga tupurding – lekin nima uchun birgina ham obol ortiq bermading? Axir, sening abadiyatdagi bahoying-ku bu!
— Daf bo’l! – baqirdi lavlagiday qizargan Kaifa. Anna uni qo’l harakati bilan to’xtatdi va o’sha-o’sha loqaydlik bilan Yahudodan so’radi:
— Bo’ldimi?
— Agar men cho’lga borib, hayvonlarga: ey, maxluqlar, eshitdingizlarmi, odamlar o’z Isosini necha pulga baholadi, deb baqirsam, bilasizmi, hayvonlar nima qiladi? Ular inlaridan o’rmalab chiqishadi, g’azabdan uvillaydi, odamdan qo’rqishni ham esdan chiqarib, sizlarni g’ajib tashlash uchun bu yerga keladilar! Agar men dengizga: ey dengiz, bilasanmi, odamlar o’z Isosini necha pulga baholadi, desam; agar men tog’larga: ey tog’lar, bilasizmi, odamlar o’z Isosini necha pulga baholadi, desam, dengiz ham, tog’lar ham o’zlarining azaliy makonlarini tashlab shu yoqqa kelishadi va sizlarning boshingizga qulab tushadilar!
— Yahudo mabodo payg’ambar bo’lishni xohlamaydimi? U shunchalar balandparvoz so’zlayotir! – istehzo bilan dedi bir nimani sezib qolgan qushbashara va Kaifaga yaltoqilarcha qarab qo’ydi.
— Men bugun ranglari bo’zargan quyoshni ko’rdim. U Yerga dahshat bilan qaradi va shunday dedi: odam qaerda, axir? Men bugun chayonni ko’rdim. U tosh ustida o’tirib kular va shunday deyardi: odam qaerda, axir? Men yaqin borib, uning ko’zlariga qaradim. U yana kuldi va so’radi: odam qaerda, axir, aytinglar, men odamni ko’rmayapman. Yoki Yahudo, kariotlik boyoqish Yahudo ko’r bo’lib qoldimi?
Yahudo shunday deya, ho’ngrab yig’lab yubordi. Shu soniyada u jinni kabi edi. Kaifa orqasini o’girib, jirkanganday qo’lini siltadi. Anna bo’lsa biroz o’ylanib turib, dedi:
— Men tushundim seni, Yahudo. Haqiqatan ham kam olibsan sen, seni mana shu qiynayapti. Mana senga qo’shimcha pul, ol, bolalaringga sarfla.
U nimanidir otib yubordi, qattiq jarangos eshitildi. Ammo bu jarang bir yangrab to’xtamadi, boshqasi – xuddi shunga o’xshagan tovush uni davom ettirdi: endi Yahudo kumush pullar va obollarni hovuchlab pop va hakamlarning yuziga otar, Iso uchun to’langan badalni qaytarar edi. Tanga pullar qiyalab yoqqan yomg’ir misoli uchar, yuzlarga urilar, stol ustiga tushar, polda g’ildirar edi. Birmuncha hakamlar kaftlarini teskari qilib yuzlarini panaladilar, boshqalari o’rinlaridan sakrab turib qichqira va so’kina ketdilar. Yahudo dag’illagan qo’llari bilan xaltasini uzoq timirskilab so’nggi tangani oldi va Annani mo’ljalga olib otdi, g’azab bilan tupurdi va chiqib ketdi.
— Shundog’, shundog’! – g’udurladi u tor ko’chalardan tez o’tib borar va shiddati bilan bolalarni cho’chitar ekan. – Yig’ladingmi, Yahudo? Nahotki, kariotlik Yahudo ahmoq deb aytgan Kaifa chindan haq bo’lsa? Buyuk intiqom
kunida kim ham yig’laydi – u bunga arzimaydi, shuni bilasanmi, Yahudo? Ko’zlaringni seni aldashiga yo’l qo’yma, yuragingga yolg’onlashga yo’l berma, olovni ko’z yoshga cho’mdirma, kariotlik Yahudo!

Isoning izdoshlari qayg’uli sukutda o’tirar, tashqarida nimalar bo’layotganiga quloq tutardilar. Xavf hamon arimagan, Isoga dushman bo’lganlarning intiqomi Isoni o’ldirish bilan nihoya topmagan, izdoshlar soqchilar hujumidan, binobarin, yangi qatllardan emin bo’lolmayotgan edilar. Ivanning yaqinida – Isoning o’limi eng sevimli izdosh sifatida unga o’ta og’ir zarba bo’lib tushgandi – Mariya Magdalina va Matfey o’tirar, shivirlab unga tasalli berardilar. Yuzlari yig’idan shishib ketgan Mariya uning quyuq, to’lqin-to’lqin sochlarini silar, Matfey nasihat qilganday Sulaymonning so’zlarini aytardi:
— Sabri komil kimsa dovyurak kishidan yaxshiroq; o’zini idora etish shaharni zabt etishdan yaxshiroq.
Shu onda eshikni taraqlatib ochib Yahudo Iskariot kirib keldi. Barchalari qo’rquvdan sakrab turdilar, avvaliga hatto buning kimligini fahm etolmadilar, ammo jirkanch basharani, do’ngalak malla boshni tanib qolgach, qichqirib yubordilar. Pyotr ikkala qo’lini ko’tarib, baqirdi:
— Ket bu yerdan! Xoin! Ket, bo’lmasa o’ldirib qo’yaman seni!
Lekin xoinning yuzi va ko’ziga razm solib, dahshat bilan shunday shivirladilar va o’chdilar:
— Qo’yinglar! Qo’yinglar uni! Unga shayton o’rnashib olibdi.
Yahudo tinchishini kutib turdi va guldirab xitob qildi:
— Shodlaning, kariotlik Yahudoning ko’zlari! Sizlar hozir sovuqqon qotillarni ko’rdingiz! Mana, qo’rqoq xoinlar sizning qarshingizda! Iso qaerda? Sizlardan so’rayapman: Iso qaerda?
Iskariotning xirildoq tovushida qandaydir amirona nimadir bor edi, Foma itoatkorona javob berdi:
— O’zing bilasan-ku, Yahudo, kecha kechqurun Muallimimizni chormix qildilar.
— Bunga sizlar qanday yo’l qo’ydingizlar? Sizlarning unga bo’lgan muhabbatlaringiz qaerda edi? Sen – suyukli izdosh, sen – tosh, do’stingizni daraxtga chormixlagan chog’larida sizlar qaerda edinglar?
— Biz nima ham qila olardik, o’zing o’ylab ko’r, — qo’llarini yoyib dedi Foma.
— Buni sen so’rayapsanmi, Foma? Shundog’, shundog’! – kariotlik Yahudo boshini yonboshga egdi va qo’qqisdan g’azabnok portladi: — Kimki sevsa, nima qilish kerak deb so’rab o’tirmaydi! U boradi va hamma ishni qiladi. U uvvos soladi, tishlaydi, dushmanni bo’g’ib o’ldiradi va suyaklarini sindiradi uning! Kim sevadi! O’g’ling cho’kib ketayotgan paytda, nahotki, shaharga borib, yo’lovchilardan: “Nima qilay? O’g’lim cho’kib ketyapti” deb o’tirsang? O’zingni suvga otib, o’g’ling bilan birga cho’kib ketmaysanmi? Kim sevsa, shunday qiladi!
Pyotr Yahudoning jazavali va’ziga xo’mrayib turib shunday javob qildi:
— Men qilich yalang’ochladim, ammo uning o’zi shart emas dedi.
— Shart emas? Sen quloq solib o’tirdingmi? – kuldi Yahudo. – Pyotr, Pyotr, unga quloq solish kerakmidi? U odamlar haqida, kurash haqida nimani ham bilardi?
— Kim unga bo’ysunmasa, olovli jahannamga ketadi.
— Nimaga o’sha olovli do’zaxga ketmading? Nimaga ketmading, Pyotr? Olovli jahannam? Nima u jahannam? Mayli, ketaver edi; axir, xohlagan paytingda olovga ota bilmasang, qalb senga nima uchun berilgan?
— Jim bo’l! – qichiqirdi Ivan o’rnidan turib. – Bu qurbonlikni uning o’zi xohladi. Uning qurbonligi juda go’zal!
— Qurbonlik ham go’zal bo’ladimi? Nimalar deyapsan, sevimli izdosh? Qaerdaki qurbonlik bo’lsa, u yerda jallod ham bo’ladi, xoinlar ham bo’ladi! Qurbonlik – bir kishining iztirobi va qolgan barchaning sharmandaligi. Xoinlar, xoinlar, Yerni nima qilib qo’ydinglar? Endi unga tepadan va pastdan qaraydilar, xoxolab kuladilar va qichqiradilar: bu Yerga qaranglar, unda Isoni chormixlaganlar! Va unga tupuradilar – xuddi mendek!
Yahudo g’azab bilan yerga tupurdi.
— U odamlarning jamiyki gunohini o’z gardaniga oldi. Uning qurbonligi go’zal! – ta’kidladi Ivan.
— Yo’q, barcha gunohlarni sizlar bo’yningizga oldingiz. Suyukli izdosh! Holbuki, xoinlar nasli, yuraksizlar va yolg’onchilar nasli sendan boshlanmaydimi? Ko’r so’qirlar, Yerni nima qilib qo’ydinglar? Sizlar uni halok qilmak istadinglar; sizlar tez orada Iso chormixlangan xochni o’pasizlar! Shundog’, shundog’ – bunga Yahudo kafolat beradi!
— Yahudo, haqorat qilma! – o’kirdi Pyotr alangaday qizarib. – Biz uning hamma dushmanlarini qanday qilib o’ldirar edik? Ular juda ko’p edi-ku!
— Qiziqmisan, Pyotr! – achchiq bilan xitob qildi Ivan. – Ko’rmayapsanmi, unga shayton o’rnashib olgan-ku! Ket bu yerdan, yo’ldan ozdirma! Sen aldov bilan to’lgansan! Muallim o’ldirishga buyurgan emas.
— U sizlarga o’lishni ham man’ qilganmi? Nima uchun u o’lgan holda, sizlar tiriksizlar? U o’lgan, yurolmas va til-zabonsiz ekan, nega sizlarning oyoqlaringiz yuradi, tillaringiz safsata sotadi, ko’zlaringiz yopilib-ochiladi? Ivan, uning yonoqlari qonsiz bo’lgani holda, seniki qizil bo’lishiga uyalmaysanmi? Pyotr, u sukutga ketgani holda, sen qichqirishga qanday botinasan? Nima qilish kerak, deb Yahudodan so’raysizlarmi? Yahudo sizga javob aytadi, kariotlik ko’rkam va jasur Yahudo: o’lmoq! Sizlar yo’lda yotib olishingiz, soldatlarning qo’lidan, qilichidan ushlab olmog’ingiz lozim edi. Ularni o’z qonlari daryosida g’arq etib, o’lmoq lozim edi, o’lmoq! Sizlar barchangiz u yerga kirganingizni ko’rib, mayli, uning Otasining o’zi dahshatdan baqirib yuborsin edi!
Yahudo qo’lini ko’tarib jim bo’ldi. Va to’satdan stol ustida ovqat qoldiqlarini ko’rib qoldi. Ovqatni umrida birinchi marta ko’rganday behad taajjublanib, behad qiziqsinib, unga qaradi va ohista so’radi:
— Nima bu? Ovqatlandinglarmi? Ehtimol, uxlagandirsizlar ham?
— Men uxladim, — boshini quyi solib yuvvosh javob berdi Pyotr. U allaqachon Yahudoning qiyofasida kimdir borligini, unga kim buyruq berayotganini his etib. – Uxladim va ovqatlandim.
Foma qat’iyan va qattiq qilib shunday dedi:
— Bu gaplaring to’g’ri emas, Yahudo. O’ylab ko’r: hamma o’lib ketganda, Iso haqida kim gapirib berardi? Hamma o’lib ketganda – Pyotr ham, Ivan ham, men ham – uning ta’limotini odamlarga kim yetkazardi?
— Xoinlar og’zidan chiqqan haqiqat nima degani o’zi? Axir, u yolg’onga aylanmaydimi? Foma, Foma, nahot, sen tushunmasang, sen bundan buyon o’lgan haqiqat tobutining qo’riqchisisan, xolos. Qo’riqchi uxlaydi, o’g’ri keladi va haqiqatni o’zi bilan olib ketadi – ayt, haqiqat qaerda? La’nat senga, Foma! Sen abadiyan qashshoq va naslsiz o’tursan; u bilan birga sizlar ham, mal’unlar!
— Senga la’nat bo’lsin, shayton! – qichqirdi Ivan. Yakob, Matfey va boshqa izdoshlar ham uning xitobini qaytardilar. Faqat Pyotr sukut saqladi.
— Men uning oldiga ketaman! – Yahudo shahodat barmog’ini yuqoriga ko’tarib shunday dedi. – Kim Iskariotning ketidan Isoning oldiga ketadi?
— Men! Men sen bilan ketaman! – qichqirdi Pyotr turayotib Lekin Ivan va boshqalar dahshat ichra uni to’xtatdilar:
— Tentak! Axir, esingdan chiqdimi, u Muallimni dushmanlarga sotdi-ku!
Pyotr ko’ksiga mushtlab, ho’ngrab yig’lab yubordi:
— Qayoqqa boray men? Robbim! Qayoqqa borayin?
Yahudo allaqachon – yolg’iz o’zi sayr qilib yurgan kezlardayoq Isoning vafotidan keyin o’zini o’ldirmoqqa joy tanlab qo’ygan edi. Bu joy Quddusdan balandda – tog’da bo’lib, u yerda bittagina – to’rt tarafdan esgan shamollar hamma yog’ini yalmagan, yarmisi qurigan qiyshiq daraxt bor edi. U sinib egri o’sgan shoxlaridan birini Quddus tomonga sungan – bunda duoi fotiha bermoq yoxud tahdidga o’xshash bir ma’no borday edi – ya’ni, Yahudo o’shani sirtmoq osish uchun tanlab qo’ygan edi. Daraxt juda uzoqda, yo’l mashaqqatli, shuning uchun kariotlik Yahudo qattiq charchadi. Kichkina qirrador toshlar hamon uning oyolari ostida sochilib yotar, qadamlarini orqaga tortar, tog’ esa juda baland, shamollar yalab o’tgan, o’shshaygan va qahrli edi. Yahudo dam olish uchun bir necha bor o’tirdi, harsilladi, orqadan esa tog’ darasi sovuq ufurardi.
— Sen yetmay turuvding o’zi, la’nati! – dedi Yahudo nafrat bilan, chuqur nafas olib, butun idroku shuuri tosh bo’lib bosganday og’irlashgan boshini chayqadi. So’ng esa boshini tuyqus ko’tarib, qotib qolgan ko’zlarini katta ochdi, achchiq bilan g’o’ldiradi:
— Yo’q, ular Yahudoga arzimaydilar. Meni eshityapsanmi, Iso? Menga endi ishonasanmi? Men sening yoningga boraman. Men charchadim, mehr bilan kutib ol meni. Ortiq darajada charchadim. Keyin sen bilan birgalikda, bir-birimizni xuddi og’a-inidek quchib Yerga qaytib kelamiz. Maylimi?
Tag’in tosh qotgan boshini chayqab, ko’zini katta ochdi va ming’illadi:
— Lekin, sening, ehtimol, o’sha yerda ham kariotlik Yahudodan jahling chiqar? Unga inonmassan? Meni jahannamga jo’natarsan? Nimayam qilardim? Men jahannamga ketaman! Sening o’sha jahannaming alangasida temirni qizdiraman va osmoningni vayron qilaman. Maylimi? O’shanda menga ishonasanmi? O’shanda men bilan birgalikda Yerga qaytasanmi, Iso?
Nihoyat, Yahudo tog’ tepasiga chiqdi, egri o’sgan daraxt yoniga keldi. Bu yerda uni shamol qiynab tashladi. Yahudo uni koyib bergan edi, shamol osoyishta va muloyim kuylay boshladi, qayoqqadir uchib ketdi va vidolashdi.
— Yaxshi, yaxshi! Ular bari it! – javob berdi unga Yahudo sirtmoqni ilib. Arqon ham uni aldashi, uzilib ketishi mumkin; Yahudo shundan xitlanib uni naq jarlik ustida sozladi. Arqon uzilib ketsa ham, u toshlarda o’lim topadi. Oyog’ini qoya qirg’og’idan uzish va o’zini osishdan oldin kariotlik Yahudo Isoni yana bir karra mehribonlik ila ogohlantirdi:
— Meni mehr bilan kutib ol, men ortiq darajada charchadim, Iso.
021 Nihoyat sakradi. Arqon cho’zildi, biroq uzilmadi. Yahudoning bo’yni ingichkalashdi, oyoq va qo’llari changak bo’ldi va dorga yoyilgan kirday osilib qoldi. Joni uzildi. Ikki kunda biri ikkinchisining ketidan Iso Nazaretli va kariotlik Yahudo-xoin Zaminni tark etishdi.
Tun bo’yi Yahudo Quddus uzra bahaybat mevaday chayqalib, shamol uning betini goh shaharga, goh sahroga yuzlantirib aylantirib turdi – u go’yoki Yahudoni shaharga ham, sahroga ham ko’rsatmoqqa qasd qilgandek edi. Ammo shamol jasadni qayoqqa o’girmasin, o’lim tufayli o’zgarib ketgan bashara ham, endilikda og’a-ini misoli bir xil ko’rinish olgan qonquyma bir juft ko’z ham yakkash samoga tikilgan edilar. Tong mahali ko’zi o’tkir birov shahar uzra osilgan Yahudoni ko’rib qoldi va qo’rqqanidan baqirib yubordi. Odamlar keldilar, jasadni yechib oldilar, kimligini bilgach esa o’lgan otlar, mushuklar, har turli o’laksalar tashlab yuboriladigan chuqur jarlikka otvordilar.
O’sha oqshom barcha izdoshlar Xoinning dahshatli o’limidan xabar topdilar. Ertasi kuni esa bu haqda butun Quddus bildi, toshloq Iudeya ham, yam-yashil Galileya ham bu haqda eshitdi. Xoinning o’limi haqidagi xabar O’rtaer dengizidan O’lik dengizgacha bo’lgan joylarga va undan narilarga ham uchib bordi. Bu xabar tez ham emas, sekin ham emas – Vaqt bilan bab-baravar yurib ketaverdi. Vaqtning oxiri bo’lmagani kabi Yahudoning xiyonati va mudhish o’limi haqidagi hikoyalarning ham oxiri bo’lmaydi. Barcha odamlar – olijanoblari ham, yovuzlari ham – bab-baravar uning isnodga qorilgan mal’un nomini avlodlarga yetkazaveradilar, barcha o’tgan va mavjud xalqlar tarixida o’zining shafqatsiz qismati bilan yagona bo’lib qolaveradi u – kariotlik Yahudo, Xoin.

24 fevral` 1907 yil
Kapri shahri

IZOHLAR

Ushbu tarjima jarayonida o’z qimmatli vaqtlari va maslahatlarini ayamagan professor Dilmurod Quronov domlaga, adabiyotshunos va shoir Rahimjon Rahmatga o’z minnatdorchiligimni bildiraman.
Fariseylar — qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Saddukeylar – qadimgi Iudeyadagi uch asosiy diniy-siyosiy maktabdan birining vakili.
Obol – tanga pul.
Mirro – xushbo’y modda olinadigan daraxt. Qadimdan muqaddas hisoblangan.
Osanna – qadimgi ivritcha so’z. “Najot ber, madad ber, senga sig’inamiz” kabi ma’nolarda. Qissa muallifi bu so’zni aynan qo’llagani uchun, tarjimada ham shunday qoldirildi.
Kedron – Quddus va Yeleon tog’i o’rtasidan oqib o’tuvchi daryo. O’lik dengizga quyiladi.
Ravvi – aynan ustoz, muallim ma’nosida. Yahudiylar mashhur muallim-peshvolar, qonunshunoslarni shunday atashgan.
Varava – qadimgi Rimda Pontiy Pilat tomonidan bayrami munosabati bilan ozod qilingan jinoyatchi.

099

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring