Leonid Andreev. Yahudo Iskariot. Qissa. I-III boblar

022    Рус ёзувчиси Леонид Андреевнинг “Яҳудо Искариот” қиссаси нашр этилиши билан жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган асар. Бир гуруҳ фикр билдирганлар асарни осмонга кўтарсалар, иккинчи гуруҳи уни аёвсиз равишда ерга урардилар. Энг қизиғи, ёзиганига 100 йилдан ошганига қарамай бу баҳс ҳали-ҳануз тўхтагани йўқ.

Хуршид Даврон
ЛЕОНИД АНДРЕЕВ ВА ҚИССАСИ ҲАҚИДА
98

 045  Сизга тақдим этилаётган асар муаллифи — таниқли рус адиби Леонид Андреев 1871 йилнинг 9 августида Россиянинг Орёл шаҳрида туғилган.  У 11 ёшида Орёлдаги гимназияга қабул қилинади. 1891 йили Москва университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тугаллаган ва  тақдирини суд тизими билан боғлашни мақсад қилган ёш йигитни кутилмаганда  бир таниш адвокат  «Московский вестник» газетасининг суд жараёнларини ёритувчи репортёри бўлишга кўндиради. Тез орада Леонид Андреев моҳир репортёр сифатида танилади. Айни ўша йиллардан бошлаб унинг ёзувчиликка бўлган қизиқиши бошланади,  матбуотда суд очерклари билан ҳикоялари ҳам пайдо бўла бошлайди.

Ўз даврида анчагина машҳур бўлган ёзувчи ижодида яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат, жаҳолат ва комиллик ўртасида кечган кураш мавзулари марказий ўринни эгаллайди. Унинг асарларида насронийлик тарихи, Инжил ривоятлари ва улардаги шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ мулоҳазалар ифодаси жуда кўп учрайди.

Шундай асарларнинг бири «Яҳудо Искариот» қиссасидир. Асар ёзувчи бир муддат яшаган Капри оролида 1907 йилнинг февралида икки кун мобайнида ёзилган. Аммо,  адибнинг  Яҳудо тақдирига қизиқиши анча аввал бошлангани маълум. Асар ёзилишидан бир йилча аввал у  ёзувчи Серафимовичга йўллаган мактубида «Мен хиёнат табиатига бағишланган асар ёзишни ўйлаб юрибман» деб ёзади. Асар ёзилгунга қадар ёзувчи Исо Масиҳ ва Яҳудо ҳаёти, уларнинг ўзаро муносабатларига, бошқа ҳаворийларга оид жуда кўп тарихий ва илмий асарларни ўқиб чиқади.

“Яҳудо Искариот” қиссаси нашр этилиши билан жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган асар. Бир гуруҳ фикр билдирганлар асарни осмонга кўтарсалар, иккинчи гуруҳ уни аёвсиз равишда ерга урарди. Энг қизиғи, ёзиганига 100 йилдан ошганига қарамай бу баҳс ҳали-ҳануз тўхтагани йўқ.

Айтиш лозимки, Леонид Андреев насронийликка танқидий қараган шахс эди. Айни шунинг учун қиссада бундай қарашнинг сояси яққол кўриниб туради. Қолаверса, асарнинг мазмунига Россияда айни ўша йилларда кечган ижтимоий жараёнларнинг, энг аввало, рус тарихида «Қонли январ» деб аталган воқеанинг жиддий таъсирини кўрамиз. 1905 йилнинг 9 январида насроний руҳоний, поп Гапон бошчилигида намойишга чиққан ишчилар рус императори томонидан бешафқат равишда ўққа тутилган эди. Оқибатда улкан империянинг турли ўлкаларида, ҳатто ҳарбий қисмларда ғалаёнлар бошланган эди. 1905-07 йилларда кечган бу жараён кейинчалик биринчи рус инқилоби номини олди. Поп Гапон эса рус ички ишлар вазирлиги хавфсизлик хизматининг айғоқчиси сифатида ишчилар намойишини сотган кимса бўлиб тарихда қолди.

Леонид Андреев учун Яҳудо Искариот ўз  раҳнамосини  арзимас, бир қул баҳосига тенг 30 чақага сотган пасткаш одамдир. Унинг қиссаси айни шу сотқинлик ҳақида ҳикоя қилади. Қиссадаги  хиёнат талқини, табиий равишда,  бу мавзуда ёзилган бошқа асарлар талқинидан фарқ қилади.  Яна айтиш лозимки, қиссада  Андреевнинг бутун ижодига хос қирра:  воқеаларни қора рангларда акс эттириш  ҳам яққол кўзга ташланади. 

Асрлар давомида хиёнату сотқинликнинг тимсолига айланган Яҳудо қисмати ҳақида Андреевдан олдин ҳам юзлаб ёзувчилар асарлар ёзишган. Фердинандо Петруччелли делла Гаттинанинг «Иуда хотиралари» (1867), М. Е. Салтиков-Щедриннинг «Масиҳо кечаси» (1886) ва қисман «Жаноб Головлёвлар» (1880),  Т. Гедбергнинг «Иуда. Бир изтироб тарихи» (1886),  Н. И. Головановнинг «Искариот» (1905),  Л. Украинканинг  «Қон даласида» (1909), А. Ремизовнинг  «Иуда — сотқин»  (1903) ва «Искариот шаҳзодаси Иуда фожиаси» (1919) ва бошқа жуда кўп асарларни тилга олиш мумкин.  Бу мавзу ёритилган замонавий асарлар   қаторида Ю. Нагибиннинг  «Суюкли шогирд», Н. Мейлернинг «Масиҳо Инжили»,  П. Буало и Т. Нарсежак «Биродарим Иуда», В. Биковнинг  «Сотников», М. А. Астуриаснинг «Муқаддас жума»,  Р. Редлихнинг  «Сотқин» (1981), ака-ука А. ва Б. Стругацкийларнинг «Ёвузлик ёки Қирқ йилдан кейин», Юрий Домбровскийнинг  «Кераксиз буюмлар факултети», (1978),  К. Еськовнинг  «Афранийнинг муқаддас  китоби» (1996) и Ж. Сарамагонинг «Масиҳо Инжили»  (1998)  асарлари диққатга сазовор.

Инжилга кўра, Яҳудо (Иуда) Исо Масиҳнинг дастлаб шогирди, кейинчалик ҳаворий(апостол)ларидан бири, хазиначиси, бугунги тилда айтсак, кассири бўлган. Исо Масиҳ шогирдларидан икки кишининг исми Яҳудо бўлгани учун, хазиначи Яҳудони туғилган шаҳри Кариотга нисбат бериб   Искариот атамасини  қўшишган  (Бошқача талқинлар ҳам мавжуд).

Насронийликнинг муқаддас китобларида, унинг тарихига бағишланган асарларда Исо Масиҳ ҳаворийларидан бири бўлмиш  Яҳудо Искариот ҳақидаги маълумотлар турлича ва мураккабдир. Энг аввало, улар ҳаддан ортиқ бир–бирига қарама–қарши маълумотлардан иборат.   Бугун, яъни сизу биз яшаб турган XXI асрда Яҳудо шахсига бутунлай бошқача қараш, янги топилган диний асотирлар асосида  уни оқлашга уринишлар ҳам мавжуд. Исо Масиҳнинг шогирдлари, унинг ҳаворийлари: Матфей, Марк, Лука, Иоаанлардан қолган нақлларга кўра,   Яҳудонинг хиёнати унга топширилган пулларни қўлга киритиш ниятида ёки Исо Масиҳни ёмон кўргани учун эмас, аслида Исо Масиҳ,  Яҳудо назарида,  уни бошқа ҳаворийларига нисбатан  унчалик яхши кўрмагани учун норози бўлгани туфайли юз берган.   Бошқа бир тадқиқотчилар (Феофилакт, Д. Лайтфут, Нимейер, Л. Н. Андреев, Х. Л. Борхес ва бошқ.) Яҳудо бу қилмиши билан  Исо Масиҳнинг сусткаш шогирду ҳаворийларини фаол ишлар бошлашга ундамоқчи бўлган, ҳатто мамлакатда Рим империяси  зулмига  қарши  исён бошлашни мақсад қилган. Яна бир гуруҳ тадқиқотчилар, Яҳудо Рим империясининг айғоқчиси бўлгани учун ҳам Исо Масиҳни тутиб берган (( М. А. Булгаков, A. M. Пиджаренко., К. Ю. Еськов).

   Ёзувчининг ўзи асарини “сотқинлик писихлогиясини очишга уриниш ва тажрибадир”, деб баҳолайди.  Айни шунинг учун, менинг назаримда, асар Исо Масиҳ ва унинг шогирди Яҳудо муносабатлари, Яҳудонинг хиёнати ҳақидагина эмас, аслида бир инсоннинг  иккинчи бир инсонга қилган қабоҳати, инсон табиатидаги эзгулик ва ёвузлик ўртасида кечган муҳораба ҳақидадир.

Леонид Андреев
ЯҲУДО ИСКАРИОТ
  Нодира Афоқова таржимаси
98

Ушбу таржима қалбимнинг садоқатли дўсти САИДАга бағишланади.
Таржимон.

I

077Исо Масиҳни неча маротабалаб огоҳлантирган эдиларки, кариотлик Яҳудо донғи чиққан ярамасдир ва ундан эҳтиёт бўлишлик лозим. Исонинг Иудеяда бўлган айрим издошлари Яҳудони шахсан жуда яхши билишарди, бошқалари ҳам одамлардан кўп ва хўп эшитган эдилар – хулласи калом, у ҳақда ёлғизгина бўлса-да, илиқ сўз айтадиган биттаям одам топилмасди. Агарда олижаноб одамлар уни “Яҳудо очкўз, маккор доғули, риё ва алдовдан тоймайдиган нусха” дея койисалар; энг ярамас кишилардан суриштирилганда, ўшалар ҳам қаттиқ ҳақоратдан ўзини тийиб қололмасди: “У доим бизни бир-биримизга гиж-гижлайди, — дерди улар тупуриб, – ўзича бир хил фитналар ўйлаб топиб, уйга чаёндай писиллаб сассиз кирадию, ортидан дод-фарёд қолдириб чиқиб кетади. Ўғрининг ҳам дўсти, қароқчининг ҳам ўртоғи, каззобнинг ҳам хотини бор – улар ҳеч бўлмаса ўшаларга ишнинг ҳақиқатини айтадилар; Яҳудо бўлса, ўғрининг ҳам, тўғрининг ҳам устидан кулади – ҳолбуки, унинг ўзи ўғриларнинг ўғриси, Иудея аҳли аро афти-ангори бундан-да бемазаси топилмайди ҳам. Йўқ, кариотлик бу малла Яҳудо бизнинг одам эмас”, — деярди ўша ярамаслар ҳам яхши ва софдил кишиларни ҳайрон қолдириб – негаки, яхшилар наздида бу ярамас ҳам, иудеядаги бошқа фосиқлар ҳам бир гўр эди.
Яна шунга ўхшаган гаплар юрардики, Яҳудо аллақачон хотинини ташлаб кетганмиш, у хотин бир бурда нон топиш учун беҳудага уриниб, бахтсиз ва оч-наҳор кун кечирармиш. Яҳудонинг ўзи бўлса халқ ичида мақсадсиз-несиз дайдигани-дайдиган; Ўлик денгиздан Ўртаер денгизигача бўлган ерларда ва ундан нариларда ҳам изғимаган кунжи-каваги қолмаган; нуқул ёлғон гапиради, қийшанглайди, ўғриёна кўзи билан сергак пойлайди ва ҳамма нарсага бурнини суқаверадиган, муғамбир, ёвуз биркўз шайтонга ўхшаб кетидан алланечук кўнгилсизлик ва низо-жанжал қолдириб қўққис ғойиб бўлади. У бефарзанд ҳам эдиким, бу яна бир карра Худойим ҳам Яҳудодай ношоиста кимсанинг уруғини кўпайтирмасликни хоҳлаганини кўрсатарди.
Иудеялик бу малла-мариқ, беўхшов нусха Исонинг атрофида қачондан, қай тарз айланишиб қолганини издошлардан бирортаси ҳам сезмай қолди. Ваҳоланки, у анчадан бери улар билан изма-из борар, гап-сўзларига аралашар, у-бу ишларга қарашиб қўяр, тиржаяр, ялтоқиланарди. Бир қараса, толиққан нигоҳларни алдаб, аллақачондан синаштадай кўринар; бир қараса, қонларни қайнатиб, мислсиз бадбашара, алдоқчи ва жирканч махлуқ каби туюларди. Шунда уни аччиқ уришиб-сўкиб ҳайдашар, у бирпасга кўздан нари бўлиб турарди-ю, яна бирпасда сездирмайгина бир кўзли иблис каби айёрларча ялтоқиланиб, хизматга ҳозиру нозир бўлиб турарди. У Исога қандайдир яширин қасд, ёвуз ва маккорона муайян ҳисоб-китоб билан ўралашмоқда эди – айрим издошлар бунга ҳеч бир шубҳа қилишмасди.
Аммо Исо уларнинг маслаҳатига чандон эътибор қилмади, уларнинг башоратомиз огоҳлантиришлари қулоғига кирмади. Исо мардуд ва номаҳбубларни ҳам шиддат билан маҳлиё этган ана шу олижаноб зиддиятлилиги орқасида Яҳудони ўз атрофидаги дўсту анислари қаторига узил-кесил киритди. Издошлар ташвишга тушдилар, эвини қилиб норозилик билдирдилар; Исо эса ботиб бораётган қуёшга термулганча, ўй-хаёлларга мустағриқ бўлиб уларни эшитар; эҳтимол, қулоғига бошқа товушлар кирмоқда, эшитмас эди. Ўн кундан буён шамол эсмас, шаффоф ҳаво туйғун ва таъсирчан, ҳеч бир ўзгаришсиз беҳаракат қотган. Ҳаво мана шу шаффофлигининг чуқур қаватларида одамлар, ҳайвонлар ва қушларнинг айни шу кеча-кундуздаги кўз ёшлари, йиғи ва шодлик қўшиқларини, ибодат ва қарғишларини жамлагандай, шиша каби қотиб қолган мана шу овозлардан оғирлашиб, безовталанган ва кўринмас бир ҳаётдан қуюқлашган каби эди гўё. Мана, яна бир карра қуёш ботди. У осмонни ҳам, ўзига юзланган жамийки нарсаларни – Исонинг қорамағиз чеҳрасидан тортиб уйларнинг деворларию дарахтларнинг баргларигача – барисини алангага чулғаб, оловли шар каби пастга юмалаб кетди. Унга юзланганларнинг бариси мазкур олис ва ўйчан шуълаларни итоаткорлик билан ўзида акс эттирмоқда. Шундан оппоқ девор энди асло оппоқ эмас, қизил тоғдаги алвон шаҳар ҳам бошқача тус олди.
Мана, Яҳудо ҳам келди.
Беўхшов дўнгалак бошини эҳтиётлаб ва қўрқа-писа олдинга чўзганча икки букилиб қуллуқ қилди – одамлар уни айнан мана шундай тасвирлашади. У озғин, бўйчангина. Шу туришида юрган йўлида ўй-фикрга ботганидан бироз эгилиб юрадиган ва шу боис бўйи боридан пастроқ кўринадиган Исони эслатади. Кўриниши бақувватгина, аммо ўзини касалманд ва заифдай тутади. Овози ҳам турланиб туради: дам мардонавор ва дадил янграйди, дам эрини қарғаётган қарри аёлдай шанғиллайди – шу қадар ёқимсизки, қулоғингдан суғуриб, отворгинг келади – бамисоли ириб-чириган зирапчани бармоғингдан суғуриб отгандай. Калта малла сочлари унинг бош тузилишидаги антиқаликни ёпиб-яширолмаган: гарданидан қилич билан икки чопишда бўлаклаб кейин яна жамлангандай нақ тўртта қисмдан иборатки, шу тузилишида бу калла юракларга ишончсизлик ва ҳатто даҳшат солади, “унда ҳеч вақт ҳаловат ва итоат бўлмайди, бундай калладан ҳамиша қонли ва шафқатсиз жангларнинг шовқини эшитилиб туради”, дея ўйлаб қоласан киши. Башараси ҳам иккига бўлингандай: ўткир боқгувчи қоп-қора кўзи жойлашган тарафи жонли ва серҳаракат, серажин. Иккинчи ёғи эса ажинларсиз теп-текис, ҳаёт асари йўқ, балқайиб турган сўқир кўзи туфайли юзнинг биринчи ёғидан ҳажман катта кўринади. Оқиш ғубор билан қопланган бу кўз туну-кун ёпилмайди, ёруғлигу зулматни бирдай қаршилайди; шундай бўлса-да, ёнма-ён турган ўйноқи ва айёр иккинчи кўзга қараб бунинг ҳам буткул сўқирлигига ишонгинг келмайди. Қўрқув ёки ҳаяжондан талвасага тушган кезларида Яҳудо соғ кўзини ёпиб олар, бошини чайқатар, шунда сўқир кўз ҳам бош билан ҳамоҳанг чайқалиб, мўлтираб қараб турарди. Шундайки, ўта зийрак бўлмаган одам ҳам Искариотга қараб туриб бунақа кимса бехосият, касофат бўлишини ҳис этиши аниқ. Исо бўлса уни ўз яқинлари сафига қўшиб ва ҳатто ўз ёнига ўтқазтиришгача борди.
Исо айрича яхши кўрган Иван ҳазар қилгандай Яҳудодан нари сурилди. Қолганлар эса бу ишни маъқулламаган каби бошларини қуйи солиб олишди. Яҳудо ўтирволиб бошини у ёқ-бу ёққа ташлаганча ингичка овозда хасталигидан шикоят бошлади. Эмишки, кечасилари унинг кўкрагида оғриқ турармиш; тоққа чиқса нафаси сиқармиш; жар лабида турса боши айланиб, ўзини пастга ташлаб юборишдай бемаъни хоҳишдан ўзини зўрға тутиб турармиш. Ва яна бирталай куфрона ўйдирмалар. У дард одамга беҳуда келмаслиги, билъакс, илоҳий ўгитларга амал қилмасликнинг жавоби эканини худдики билмагандай тутарди ўзини. Япалоқ кафти билан кўкрагини сийпалар, ҳамма ерга қараб жимгина ўтирар экан, ёлғондакам йўталиб қўярди бу кариотлик Яҳудо деганлари.
Иван Исога – Муаллимга қарамай туриб дўсти Петр Симоновдан оҳиста сўради:
– Бу ўйдирмалар жонингга тегмадими? Мен ортиқ чидолмайман, кетаман бу ердан.
Петр Исога қаради, кўзи кўзига тушиб тезгина қўзғалди.
– Тўхта! – деди у дўстига. Яна бир карра Исога қараб олди-да, тоғдан отилиб тушган тош шиддати билан Яҳудо Искариотга томон сурилди. Шоён бир очиқюзлик билан баланд товушда унга гап қотди:
– Мана, Яҳудо, сафимизга қўшилиб ҳам олдинг.
Пётр қўли билан букчайиб ўтирган Яҳудонинг орқасини сийпалаб, Муаллимга қарамаса-да, унинг нигоҳини ҳис этарак, баланд овозда – худди сув ҳавони сиқиб чиқаргани каби бирор-бир эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда қатъиян қўшиб қўйди:
– Сенинг башаранг ажабтовур, бу ҳам майли, зеро, бизнинг тўрларимизга баъзан тасқара махлуқлар ҳам илиниб туради, лекин мазасига гап йўқ бўлади. Бизга ўхшаб пешанасига балиқчилик ёзилганлар тўрга илгани игнабалиқ ёки биркўзли бўлгани учун уни ташлаб юбормайди. Мен бир гал Тирда ўша ерлик балиқчиларнинг саккизоёқ овлаганларини кўрганман. Шу даражада қўрқдимки, қочиб кетишимга сал қолди. Улар менинг устимдан кулишди. Тивериадалик балиқчининг устидан-а! “Еб кўр” дейишди кейин. Бу шунчалар ширин гўшт эдики, сўнграси ўзим яна сўраб олиб едим. Эслайсанми, Устоз, мен бу ҳақда сенга гапириб берганман. Кулиб қўйгандинг ўшанда. Сен ҳам, Яҳудо, саккизоёққа ўхшайсан – фақат бир жиҳатдан.
Сўзлагувчи ўз ҳазили нашъа қилган каби хахолаб кулди. У – гапириш услуби шундай – сўзларни худди мих билан қоқиб чиққандай қатъий гапиради. Пётр бирор иш қилиш тугул, шунчаки сал қимирлаб қўйса ҳам шовқини олисларгача эшитилар, энг қурч буюмларда ҳам садо қайтар: тош пол оёқлари остида гумиллар, эшиклар зириллаб ёпилар, гўёки ҳавонинг ўзи ҳам қўрққанидан дириллаб-гувиллагандай бўларди. Тоғ дараларида унинг овози бўғиқ акс-садо берар, тонг паллаларда балиқ овига чиққанда эса, у товуш ҳали уйқусираб ётган ялтир-юлтир сув устида ғилдираб юраркан, қуёшнинг илк заиф шуълаларини уйғотарди гўё. Офтобнинг ўзи ҳам Пётрни худдики айни шу сабабдан – жамийки мавжудотни ҳали тун кўлкаси чулғаб ётаркан, бу одамнинг каттакон боши ва яланғоч кенг кўкраги, чалиштирилган қўллари тонг шафағида ярқираб кўринганидан – яхши кўрарди.
Унинг Исога ҳам маъқул тушган сўзлари, чамаси, таранг вазиятни юмшатди. Лекин айримларни, хусусан, денгизда бўлган ва саккизоёқни кўрган кишиларни Пётрнинг янги сафдошни ўйламай-нетмай ўша махлуққа таққослагани хижолатга солди. Саккизоёқнинг балқайган кўзлари, ўнлаб ҳарис пайпаслагичлари кўзлари олдидан сузиб ўтди. Хусусан, унинг сохта осойишталиги… Секи-ин ушлайди, қаттиқ ўраб олади, мажақлайди ва ҳоппа! мижжа ҳам қоқмасдан ютиб юборади! Нима бу? Бироқ Исо бир сўз демай жим ўтирди, Исо жилмайди, саккизоёқ ҳақидаги ўз ҳикоясини шавқ ила давом эттираётган Пётрга зимдан мунис табассум билан қаради. Ўзларини ноқулай сезган издошлар бирин-кетин Яҳудонинг олдига келишди ва бир-икки яхши сўз айтишди. Айтишга айтишдию, лекин ўнғайсизланиб дарҳол нари кетишди.
Фақат Иван Зеведеев сукут сақлаб турди; Фома ҳам бўлган ҳолат-ҳодисалар тўғрисида фикрлаб кўрди, шекилли, сўз қотмасликни маъқул билди. У ёнма-ён ўлтиришган Исо ва Яҳудога син солиб қаради: илоҳий жамил сиймонинг бу қўрқинчли махлуқ билан, беозор нигоҳлар соҳибининг балқайма, ҳаракатсиз ҳарис боққувчи саккизоёқ билан ажабтовур яқинлиги унинг идрокини ечилмас жумбоқ вартасига ташлади. “Бу иккисини худди шундай таносубиятда кўрган маъқул” деб ўйлади у ва шу заҳоти хаёлий бир манзарадан теп-текис манглайи тиришиб, кўзлари қисилиб кетди: худдики Яҳудода ростдан ҳам тинимсиз ҳаракатланиб турган саккизта оёқ ўсиб чиққандай бўлди. Албатта, бу шунчаки хаёл эди. Фома буни англадию, тағин разм солиб қаради. Яҳудо бўлса жонланиб қолди: қўлларини қанотдай кенг ёйди, пешанасини тириштириб турган мушакларини бўшаштирди, эҳтиёткорлик билан дўнгалак бошини баландроқ кўтариб намойиш қилди. Шу пайтгача ҳам барчага баралойина кўриниб турган бўлса-да, Яҳудога ўз боши қандайдир кўринмас қалин парда билан одамлар нигоҳидан айёрона тўсиб қўйилгандек туюлди. Шу боис у худди ўрадан чиққан каби аввал ажабтовур бошини, кейин кўзларини, бирпас туриб қолди-ю кейин бутун юзини намойиш қилди. Ҳеч нима содир бўлмади. Пётр қаёққадир кетди. Исо бошини қўлларига тираганча офтобда куйган оёқларини ликиллатиб ўйчан ўтираверди. Издошлар ўзаро чақчалашишарди. Фақат Фомагина унга ўлчов олаётган сидқидил тикувчи янглиғ диққат билан жиддий тикиларди. Яҳудо илжайди – Фома жавоб қайтармади, аммо, чамаси, буни ҳам ҳисобга олиб қўйди-ю, кузатишда давом этди. Яҳудо сўл тарафида ўзига ёқмаётган ниманидир савқи табиий ила ҳис этди-ю, безовталик билан ўгирилиб қаради: Иван – келишган, софдил, виждонига ҳеч вақт доғ туширмаган ўша Иван қоп-қоронғу бурчакдан шаҳло кўзлари билан унга совуқ боқиб турарди. Яҳудо – рисоладагидай юраётган бўлса-да, ўзини худдики жазоланиб, ерда судралиб бораётган ит каби ҳис этарак – Иванга яқин борди:
– Нечук жимиб қолдинг, Иван? Сўзларинг худдики ярқиллаб турган нуқра идишдаги олтин олмаларга ўхшайди, улардан бирини қашшоқ Яҳудога туҳфа қилсанг-чи.
Иван бақрайиб турган беҳаракат кўзга ўқрайиб қаради-ю, ҳеч нима демади. Яҳудо сургаланиб чиқар экан, Иван унинг иккиланганнамо имиллаши ва яланг очиқ эшикни қоплаган зулмат пардасига бурканишини кузатиб турди.
Тўлин ой кўтарилди. Бирмунча кишилар сайр қилгани чиқиб кетишди. Исо ҳам улар билан кетди. Иван Яҳудо ётоқжойини тўшаб олган пастаккина томдан кетаётганларни кузатиб турди. Сумбати оқариб кўринаётган одамларнинг жуссаси ой шуъласида сабукбор туюлар, улар шошилмай боришаркан, юраётганга эмас – соялари олдидан сирғалиб кетаётганга ўхшардилар. Гоҳ улар қоронғуликка қоришиб йўқолар, шунда овозлари эшитилиб қолар; бу одамлар қайтиб ой ёғдусида пайдо бўлишаркан, оппоқ девор янглиғ, сим-сиёҳ кўлка янглиғ, шаффоф ва ғира-шира тун янглиғ тағин сукутга кетардилар.
Яҳудо тунги сайрдан қайтган Исонинг сокин овозини эшитганда, қарийб ҳамма ухлаб ётарди. Уйда ҳам, ташқарида ҳам сукунат ҳукмрон эди. Хўроз ранжигандай қаттиқ қичқирди; қайдадир уйғониб кетган эшак худди кундузгидагидек ҳангради-да, секин-аста овози ўчди. Яҳудо ухламас, бекитиқча пойлаб ётарди. Ой унинг юзининг ярмини ёритди-ю, музлаган кўлда акслангандай унинг катта очилган кўзида ажабтовур аксланди.
Бирдан Яҳудонинг хотирига нимадир келди. Кимдир биров ухламаётгандай ва унинг ўй-хаёлларини билиб олаётгандай туюлиб кетди: кафти билан кенг, жундор кўкрагини силаб йўталиб қўйди.

II

Секин-асталик билан Яҳудога кўникиб, бемаза-матралигига эътибор қилмай қўйишди. Исо пулқутини унга топширди. Ўз-ўзидан хўжалик юритиш ҳам унинг зиммасига ўтди: Яҳудо энди зарурий емак ва кийимлар сотиб олар, хайрияларни тақсимлар, саёҳатлар маҳали қўноқ ва тунаш учун жой тайин этарди. У бу каби юмушларда шундай чапдаст эдики, тез орада кўпларнинг меҳрини қозонди. Яҳудо доимий ёлғон гапирса-да, атрофдагилар бунга ҳам кўникиб қолишди. Улар бу алдовлар ортидаги бемаънигарчиликларни сезишмас, билъакс, бу ёлғонлар Яҳудонинг гап-сўзларию ҳикояларига ўзгача қизиқиш уйғотар, ҳаётни кулгили, баъзан эса қўрқинч эртак тусига киргизарди.
Яҳудонинг ҳикояларидан шу нарса англашилардики, гўё у ҳамма-ҳаммани жуда яхши билади; гўё у билган кишиларнинг ҳар бири ҳаётда бирор айб иш ва ҳаттоки жиноят қилиб қўйишган. Унингча, ўз қилмишларию фикр-ўйларини пардалаб билганларгина яхши одамлардир. Ва аммо ўша яхшиларни ҳам бағрингга боссанг ёки астойдил сўров қилсанг, ўшалардан ҳам ёрилган ярадан оққандай йиринг ва фасод, турли-турли алдов ва қабиҳлик бурқирайди. У баъзан ёлғон гапиришига иқрор, аммо қасам ичиши мумкин: бошқалар ундан-да алдамчироқ; оламда алдов қурбони бўлган икки киши бўлса, бири – шу Яҳудо; битта бўлса ҳам шу Яҳудодир.
Эмишки, бир бойвачча тўранинг хазинабони унга ўзи тан олибди: бу хазинабон ўн йилчадан буён хўжасининг унга топширилган бисотини ўмаришни хаёл қиларкану, хўжасидан қўрқаркан, виждони ҳам йўл бермаскан. Яҳудо унга ишонибди. Лекин бир куни бу хазинабон ўғирлик қилибди-ю, айтганлари ёлғон бўлиб чиқибди. Яҳудо шунда ҳам унга ишониб турса, у дафъатан ўғирлаганларини хўжасига қайтариб, яна Яҳудони алдабди. Ҳатто жониворлар ҳам мени алдашади, дейди у. Қачонки итни эркаласа, қўлини тишлайди; таёқ билан туширса, унинг оёғини ялаб, кўзларига мўлтираб қараб туради. У бу кучукни ўлдирибди, чуқурга кўмиб ташлабди, ҳатто устига харсанг бостириб қўйибди. Ким билади лекин, эҳтимол, бу алдоқчи итга у ўлдиргандан кейин қайта жон кириб, у ўрада ётмасдан, ўз қавми билан думини шодон ликиллатиб юргандир?
Яҳудонинг бу ҳикояси ҳаммани кулдирди. Ҳикоячининг ўзи ҳам соғ кўзини қисганча яйралиб хохолади; кулатуриб, андак ёлғонлаганини, ўша кучукбаччани ҳеч қачон ўлдирмаганини бўйнига олди. Айни пайтда у алдоқчига айланиб қолмаслик учун ҳам итни ҳозироқ топиб, ҳозироқ ўлдиришга тайёр – Яҳудонинг бу гапи кулгини янаям авж олдирди.
Аммо-лекин у баъзан ҳақиқат чегараларидан чиқиб кетади. Одамларга шундай нафсоний майлларни тақадики, ҳатто ҳайвон ҳам бу даража бўлмас; одамларга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шундай айблар ёпиштирадики, бунақаси бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Унинг бу тахлит ҳикоялари жуда баобрў одамларнинг номи билан боғланади – бундан айримларнинг қаҳри қўзиб, айримлар эса масхараомиз сўрашади:
– Хўш, ўзингнинг ота ва онанг-чи? Улар ҳам яхши одамлармасмиди?
Яҳудо кўзини қисиб, илжайди, қўлларини ёйди. Бошини чайқаркан, унинг катта очилган пажмурда кўзи ҳам чайқалиб, мискин қаради.
– Хўш, менинг падарим – ким эди? У балки мени калтак билан ургандир; ким билади, у эҳтимол иблисдир, така ёки хўроз бўлгандир? Онаси тўшагига кимни тортганини Яҳудо қайдан билсин? Яҳудонинг отаси кўп, сизлар қайси бирини айтяпсизлар?
Шу жойига келганда, ота-онасини иззатлайдиган ҳар бир киши қаҳру ғазабга тўлди; муқаддас китобларни кўп ўқиган Матфей чидаб туролмай, Сулаймоннинг сўзларини келтирди:
– Ўз отаси ва онасини ёмонлаган кимсанинг шамъи қуюқ зулматда ўчгусидир.
Иван, ўша Зеведеев димоғдорлик билан луқма ташлади:
– Биз-чи? Биз ҳақимизда нима бўлмағур нарсалар ўйлаб топасан, кариотлик Яҳудо?
Яҳудо шу заҳотиёқ ўзини қўрққанга солиб, қўлларини силкалади, йўловчилардан садақа сўраётган гадойдай эгилиб-букчайиб, зорланди:
– Оҳҳ, шўринг қурғур Яҳудони йўлдан оздиришяпти! Яҳудони масхара қилишяпти, содда-гумроҳ шўрликкинани туширишмоқчи!
Бу ҳазиллардан башарасининг бир тарафи буришиб-тиришса, иккинчи тарафи жиддий ва сипо чайқалар, ҳеч вақт юмилмайдиган кўзи бақрайиб қараб турарди.
Яҳудонинг бу масхарабозликларидан ҳаммадан кўп Пётр Симонов хохолаб куларди. Аммо кунларнинг бирида у дафъатан хўмрайди, бир муддат жимиб қолди-ю, кейин маъюс тортиб Яҳудонинг енгидан чангаллаб четга тортди:
– Хўш, Исо-чи? Исо ҳақида нима деб ўйлайсан? – У суҳбатдошига энгашиб, қаттиқ шивирлади. – Масхарабозлик қилма фақат, илтимос.
Яҳудо Пётрга хусумат билан қаради:
– Хўш, ўзинг-чи, ўзинг нима деб ўйлайсан?
Пётр андак қўрқув билан, аммо шодумонлик ила пичирлади:
– Мен уни Худонинг ўғли деб биламан.
– Унда нега мендан сўрайсан? Такадан тўраган Яҳудо сенга нима дейиши мумкин?
– Айт-чи, уни яхши кўрасанми? Сен бировни яхши кўрадиганга ўхшамайсан, Яҳудо.
Искариот яна ўша хусуматкорлик билан дона-дона қилиб қўрс жавоб берди:
– Яхши кўраман.
Шу суҳбатдан кейин икки кун Пётр Яҳудони “саккизоёқ дўстим” деб барала айтиб юрди. Яҳудо эса ундан тағин ўшандай хусуматкорона, лаванглик билан қочишга уриниб, қоп-қоронғу бурчакка тиқилиб олар, қовоғини уюб ўтираркан, қоронғуликда унинг юмилмайдиган кўзи оқариб кўринарди.
Биргина Фома Яҳудони жиддий тингларди: у ҳазилни ҳам, ёлғон ва алдоқни ҳам билмас, сўз ва фикр ўйинларидан ҳамма вақт асос ва яхшилик ахтарарди. Шунинг учун ҳам Яҳудонинг бўлмағур одамлар ва бўлмағур қилғиликлар ҳақидаги ҳикояларини шартта кесиб, танбеҳ берарди:
– Бу исбот талаб қилади. Буни ўз қулоқларинг билан эшитганмисан? У ерда сендан бўлак яна ким бор эди? Ким ўша?
Яҳудо аччиқланар, ҳаммасини ўзи кўргани ва эшитганини айтиб чинқирарди. Қайсар Фома ҳам қўйвормас, Яҳудо алдаганини тан олмагунга ёхуд янги ёлғон тўқимагунга довур суриштирувни давом эттирарди. Навбатдаги бу ёлғон ҳақиқатга мувофиқ кўриниб, Фомани узоқ ўйлантириб қўяр, у бир асос топгач, яна бу масхарабозни бемалол фош қиларди. Умуман олганда эса, Яҳудо унда бир тур қизиқсиниш уйғотган ва бу қизиқсиниш улар ўртасида бир тарафдан бақир-чақир, кулги ва сўкишишга; иккинчи тарафдан эса жавобсиз қолдириб бўлмайдиган жиддий саволларга қоришиқ дўстлик туғдирганди. Яҳудо ўқтин-ўқтин ўзининг бу ғалати ўртоғига нисбатан қаттиқ нафрат ҳис этар, унга ўқдек нигоҳ ташлаб зардали, айни пайтда ёлворгандай дерди:
– Мендан нима истайсан ўзи? Сенга ҳаммасини айтиб бўлдим, ҳаммасини.
Фома эса ўша бепарволик, ўша қатъият билан сўроқ қилар ва жавоб кутарди:
– Йўқ, сен исбот этишингни хоҳлайман: қандай қилиб така сенинг отанг бўлиши мумкин?
Бир гал шунақанги сўроқдан кейин Яҳудо бирдан жимиб қолди ва Фоманинг бошидан оёғигача ҳайрат билан тикилди: типпа-тик, баланд қадди-қоматни, қорамтир чеҳра ва тик боқувчи шаффоф кўзларни, бурундан дағал ва текис соқолга қараб кетган икки чуқур ажинни кўрди. Шуларни кўрди-ю, шубҳага ўрин қолдирмайдиган қилиб:
– Қанақа тентаксан, Фома? – деди. – Нималарни туш кўрдинг? Оғочними? Деворними? Эшакними?
Фома бўлса негадир хижолат тортиб, эътироз билдиролмай қолди. Тунда Яҳудо ҳаёт асарига эга яккаю-ёлғиз кўзини юмиб уйқуга кетар экан – улар иккаласи томда бирга ётишарди – Фома ётган жойидан баланд овозда:
– Сен ноҳақсан, Яҳудо, — деди. – Мен бўлмағур тушлар кўраман. Қандай ўйлайсан: одам кўрган туши учун жавоб берадими?
– Нима, тушларни ўша одамнинг ўзи эмас, бошқа биров кўрадими?
Фома хўрсиниб, ўйга толди. Яҳудо нафрат билан кулимсираб қўйди; ўғрисумол кўзини зич юмиб, миясини ачитадиган исёнкорона тушлар, мудҳиш алаҳсираш ва телбанамо ҳиссиётлар қўйнига сингиб кетди.
Исонинг Иудея бўйлаб кезишлари пайтида улар қандай бўлмасин бирор қишлоққа яқинлашишса, Искариот жойлик аҳоли ҳақида бўлмағур гапларни айтар, албатта бирор фалокатни башорат қиларди. Аммо ҳар гал Яҳудо лой чаплаган кишилар Исо ва унинг йўлдошларини шод-хуррамлик ила қарши олар, уларга эътибор ва меҳр кўрсатар, иймонга келар, Яҳудонинг пулқитиси эса шунчалик тўлиб-тошардики, зўрға кўтариб кетишга тўғри келарди. Шунда Яҳудонинг башорати устидан ҳамма кулар, у қўлларини итоаткорона кенг ёйиб:
– Шундоғ! Шундоғ! Яҳудо уларни ёмон деб ўйлаган эди, лекин улар яхши бўлиб чиқдилар, бизга ишонишди, пуллар беришди. Демакки, Яҳудони яна алдашди, кариотлик бечорагина, соддагина Яҳудони! – дерди.
Бир гал эса уларни қувонч билан қаршилаган қишлоқдан анча узоқлашганларидан сўнг Фома Яҳудо билан қаттиқ баҳслашиб қолди. Бу баҳсга аниқ ечим топиш учун улар икков ортга қайтдилар. Фақат эртаси кунигина улар Исо ва издошларга етиб олишди. Фома қандайдир хижолатомуз ва маъюс, Яҳудо эса шундай мағрур эдики, гўё ҳозир ҳамма уни олқиш ва ташаккурларга кўмиб ташлайдигандек тутарди ўзини. Фома Муаллимга қатъиян шундай деди:
– Роббим, Яҳудо ҳақ бўлиб чиқди. Улар жуда ёвуз ва ҳамоқат одамлар экан. Сенинг сўзларинг ҳам ҳавога учибди-кетибди.
Шундан сўнг Фома қишлоқда нима бўлганини бир-бир сўзлади. Исо ва издошлар қишлоқдан кетишлари билан қари бир аёл ёшгина, оппоқина эчкисини ўғирлаб кетишганини айтиб бақира бошлабди. У ҳалиги йўловчиларни айблабди. Аввалига унга ишонмабдилар, аммо у қайсарлик билан бу иш Исодан бошқа кишига ҳожат эмаслигини айтиб исботлар келтира бошлабди. Эчкича бутазорда адашиб қолган экан – тезгина топила қолибди, аммо барибир ҳамма Исо алдоқчи, ҳатто ўғри деган хулосага келибди.
– Шунақами ҳали! – Пётр шундай бақирдики, бурун катаклари керилиб кетди. – Роббим, изн бер, қайтиб бориб бу тентакларга кўрсатиб қўяй. Тағин…
Бироқ ҳамиша сукут сақлайдиган Исо унга шундай кескин нигоҳ ташладики, Пётр тилини тийиб ўртоқларининг ортига қандай бекинганини ўзи ҳам билмай қолди. Шундан сўнг бу ҳақда бошқа ҳеч ким оғиз очмади, худдики ҳеч нарса содир бўлмаган ва худдики Яҳудо ҳечам ҳақ бўлиб чиқмагандай эди. Яҳудо ваҳшиёна айри, қирғийбурун юзига камтарона тус беришга уриниб, бекордан-бекорга ўзини турли тарафлардан намойиш қиларди. Бирор киши унинг юзига қарамас, қараганларида ҳам рўйхуш бермай, ҳатто гўёки нафрат билан боқардилар. Шу кундан эътиборан унга Исонинг муносабати-да ғалати тарзда ўзгарди. Илгарилари ҳам гарчанд Яҳудо ҳеч қачон Исо билан бевосита мулоқот қилмас, Исо ҳам унга тўғридан-тўғри мурожаат этмас, бироқ унга меҳрли нигоҳ ташлар, айрим ҳазилларига кулиб қўяр, узоқроқ кўзга кўринмай қолса: “Яҳудо қаёқда?” деб сўроқлаб қоларрди. Энди бўлса, ҳар сафар издошларига ёинки халққа нутқ ирод этаркан, кўзлари билан уни худди аввалгидай, ҳатто аввалгидан ҳам қаттиқроқ излай бошлар, қараб турса-да, уни кўрмасди. Баъзан Яҳудога орқа ўгириб ўтирар, гўё сўзларни бошидан ошириб унга томон отар ва айни пайтда ўзини худди бу ерда Яҳудо умуман бўлмаган каби тутарди.
У нима демасин – бугун бир хил, эртага бошқа хил; ҳатто айни Яҳудо ўйлаб турган гапни айтса-да, нуқул Яҳудога қарши сўзлаётгандай туюларди. У ҳамма учун гўзал ва нафис гул, муаттар Ливан атиргули каби ҳид сочарди. Биргина Яҳудога – худдики у қалбсиз бир кимса; худдики бу гулни кўрадиган кўз ҳам, бўйини сезадиган димоғ ҳам йўқ унда; худдики у бу латиф ва мукаммал гуляпроқларнинг гўзаллигини бошқалар каби ҳис этолмайди – ўткир тиканакларини раво кўрарди.
– Фома! Сен қорамағиз чеҳраси ва тим қора кўзлари тоғ кийигиникига ўхшаган олтинранг Ливан атиргулини яхши кўрасанми? – сўради бир кун у ўз ўртоғидан.
– Атиргулни? Ҳа, ҳидини яхши кўраман. Лекин мен атиргулда тоғ кийигиники каби қорамағиз чеҳра ва тим қора кўзлар бўлишлигини эшитмаган эканман, – бепарво жавоб қилди Фома.
– Қанақасига? Кўпқўлли кактусни ҳам билмайсанми? Кеча сенинг кийимингни йиртиб юборган биттагина гули ва биттагина кўзи бор ўша кактусни?
Кеча кактус ҳақиқатда кийимига илашиб, парча-парча қилиб юборган бўлса-да, Фома ҳақиқатда бунақа кактусни билмасди. Бу Фома деганлари ҳаммасини обдан суриштириб олган бўлса ҳам, шаффоф ва ўткир кўзлари билан тикка қараб турган бўлса ҳам ҳақиқатда бунақасини билмасди. Ваҳоланки, унинг кўзлари финикия шишаси каби орқасидаги девор ва унга боғланган хомуш эшакни ҳам шоён кўрадиган даражада шаффоф ва ўткир эди.
Орадан бирмунча муддат ўтди. Яҳудонинг ҳақ эканлигини исботлайдиган яна бир воқеа содир бўлди. У аҳолисининг ёмонлигидан эмин бўлолмай, қишлоқлардан бирини айланиб ўтиб кетишни маслаҳат берди. Чиндан у ерда Исони душманона кайфиятда кутиб олишди. Исо ваъз қилиб, риёкор ва мунофиқларни қоралади. Одамлар ғазабга келиб, воизни ҳам, унинг йўлдошларини ҳам тошбўрон қилмоққа шайландилар. Улар кўпчилик эдилар, агар кариотлик Яҳудо бўлмаганда, шубҳасиз, ҳалокат содир бўлурди. Исони дея телбаларча қўрқув домига тушган, устига-устак унинг оппоқ кўйлагида қон доғини кўрган Иуда ҳеч нарсага қарамай қаҳру ғазаб билан оломонга ташланди. У дағдаға қилар, бақирар, ялиниб-ёлворар, ёлғон гапларни гапириб ташлар – хуллас, Исо ва издошларнинг кетиб қолишларига имкон яратаётир эди. Ўнлаб оёғи бор каби ажабтовур эпчиллик билан югураркан, ғазаб ва илтижоларида ҳам кулгили, ҳам ваҳимали кўринарди у. Изтиробдан қутургандай тўрт тарафга зир чопар, оломонни сеҳр-жоду қиларди гўё. “Назаретли шайтоннинг малайи эмас, у шунчаки алдоқчи! У пулни яхши кўрадиган ўғри! Издошлари ҳам ўғри! Яҳудонинг ўзи ҳам ўғри!” – бақирарди у. Бақираркан, ҳадеб пулқутини қоқар, қийшангланар, ерга ётволиб илтижо қиларди. Секин-аста оломоннинг қаҳри кулги ва нафрат билан алмашинди, тош кўтарган қўллар пастга тушди. “Ҳалол-пок одамлар қўлида жон беришга лойиқ эмас бу кимсалар”, — айримлар мана шундай дейишди. Айримлар эса қочиб қолаётган Яҳудони ўйчанлик билан кузатиб турдилар.
Яҳудо бу гал ҳам олқишлар, мақтов ва миннатдорчиликлар кутди; пора-пора бўлган кийимини намойишкорона ечиб олди; “роса дўппослашди” деди ёлғондан; бу гал ҳам у негадир ўзини алданган ҳисобларди. Қаҳру ғазабга тўлган Исо катта-катта одим отиб борар, ҳеч нима демас, яқин боришга ҳатто Иван ва Пётрнинг ҳам ҳадди сиғмаётганди. Яҳудонинг тилка-пора бўлган кийими, бахтиёрлик, ҳаяжон ва андак қўрқув бирваракайига акс этиб турган чеҳрасини кўрган киши борки, уни қисқа ва ғазабнок хитоблар билан ўзидан нари сурди. Худдики Яҳудо уларнинг ўзини ҳам, шунчалар муҳаббат қўйган Муаллимларини ҳам қутқариб қолмаган каби эди.
– Аҳмоқларни кўришни хоҳлайсанми? – орқадан ўйчан келаётган Фомага шундай мурожаат қилди у. – Қара: улар худди қўйлар подасига ўхшаб йўлни чангитиб кетишяпти. Сен эса, Фома, ақллисан, кейинда боряпсан. Мен ҳам – олижаноб, ажойиб Яҳудо ҳам худди хўжасига яқин туришга ҳаққи йўқ муфлис қул сингари орқада-ан кетяпман.
– Нима учун сен ўзингни ажойиб деб ҳисоблайсан? – ҳайрон бўлиб сўради Фома.
– Чунки мен келишган, кўркамман, — ишонч билан жавоб қайтарди Яҳудо. Кейин эса Исонинг душманларини қандай алдагани, уларнинг устидан ҳам, аҳмоқона тошбўронлари устидан ҳам қандай кулганини қўшиб-чатиб ҳикоя қила кетди.
– Сен уларга ёлғон гапиргансан! – деди Фома.
– Албатта ёлғон гапирдим, — бемалол жавоб берди Искариот. – Нимани хоҳлаган бўлсалар, уларга шуни бердим; нимани хоҳлаган бўлсам, менга шуни қайтаришди. Хўш, айт-чи, менинг ақллигим, ёлғон ўзи нима дегани? Ахир, энг катта ёлғон Исонинг ҳалокати бўлмасмиди?
– Яхши иш қилмадинг сен. Сен иблисдан тўрагансан – энди бунга ишондим. Сенга ўша дарс беради, Яҳудо.
Искариотнинг юзи девордай оқариб кетди, туйқус шитоб-ла Фомага яқин келди. Улкан оқ булут йўлни ҳам, Исони ҳам тўсиб қўйгандай туюлди Фомага. Яҳудо мулойимлик билан уни ўзига тортди, қимирлатмайдиган даражада қаттиқ қучоқлаб, қулоғига пичирлади:
– Демак, иблис сабоқ беради менга? Шундоғ, шундоғ, Фома. Мен эса Исони қутқардим. Демак, Исони иблис яхши кўради; демак, Исо иблисга керак, шуми ҳақиқат? Шундоғ, шундоғ, Фома. Иблис эмас менинг отам лекигин, така у. Балким, Исо такага ҳам керакдир? Ҳей? Сизларга эса у керак эмас. Ҳақиқатда керак эмасми?
Аччиқланган, андак чўчиб кетган Фома Яҳудонинг суллоҳона қучоғидан зўрға ажралиб чиқиб, жадал олдинга кетди. Бирпасдан кейин эса барчасини қайтадан ўйлаб-фикрлаб олмак учун қадамини секинлаштирди.
Яҳудо бўлса имиллаб кетаверди, бирмунча ортда қолди. Мана, кетаётганлар сал нарироқда олачипор бўлиб аралашиб кетишди, уларнинг орасидан Исонинг мўъжаз сумбатини ажратиб бўлмай қолди. Мана, Фома ҳам кичрайиб, кулранг нуқтага айланди. Ва ҳаммалари бирданига қайрилишда ғойиб бўлдилар. Яҳудо у ёқ-бу ёғига қарадию, йўлдан четга чиқди. Сакраб-сакраб тошлоқ жарлик тубига туша бошлади. Тез-тез ва шиддат ила сакраганидан унинг кўйлаги шишиб, иккала қўли парвозга шайлангансимон тепага ёйилди. Мана, энди жарлик четида сирғалишга бошлади ва кулранг юмалоқ гувалчага мисоли ҳаммаёғи тошларда шилинганча тубанга томон ғилдираб кетди. Сапчиб турди ва тоққа мушт ўқталиб, дарғазаб ўшқирди:
– Эй сен, лаънати!
Баногоҳ шиддати пасайди, ҳаракатлари сусайди. Диққатини жамлаб, хўмрайганча шошмасдан катта бир тошнинг ёнидан жой танлаб ўтирди. Қулайроқ бўлиши учун ўгирилиб, иккала қўлини кафти билан бўз тошга қўйди. Бошини тошга оғир суяди. Шу ҳолда икки соатча қимир этмай шундай ўтирдики, қушлар ҳам чўчимай қўйдилар ундан. Суянгани бўзрангли тош каби тошқотганча бўзариб ўтираверди. Ортидан ҳам, олдидан ҳам – ҳамма томондан, ложувард осмоннинг бир бўлагига ўткир ҳошия тортарак жарлик деворлари юксалиб туради. Ҳаммаёқда заминга қадалганча улкан бўз тошлар қад кўтарган – бу маконларда қачонлардир тошёмғир ёққану, унинг зилдай томчилари чексиз-чексиз ўй-хаёллар гирдобида тошқотиб қолгандай гўёки. Одам оёғи етмаган бу шип-шийдам жарлик ҳам шарт кесиб, ағдариб қўйилган каллага ўхшайди, ҳар бир харсанг унда тўнгиб қолган фикрлар каби, улар жуда кўп, уларнинг ҳар бири ўйга чўмган – зил-замбил, чек-чегарасиз, қайсар ўйларга…
Яҳудонинг қимир этмай туришига алданган чаён ликиллаб турадиган оёқларида судралиб қўрқмай унга яқин келди. Яҳудо бошини тошдан олмай туриб чаёнга қаради. Унинг кўзлари – иккаласи ҳам ҳаракатсиз, иккаласи ҳам ғалати оқиш ғубор билан қопланган, иккаласи ҳам шак-шубҳасиз сўқир ва иккаласи ҳам қўрқинч тарзда ўткир кўзлари нимагаямдир тикилиб беҳаракат қотди. Мана, заминдан, тошлардан, дарадан туннинг осойишта зулмати ўса бошлади. Бу зулмат Яҳудони ўраб олгач, бўзранг шуъладор осмонга қараб ўрмалай бошлади. Тун кирди – тушлар, ўй-хаёллар макони ва фурсати бўлмиш тун.
Бу оқшом Яҳудо қўналғага қайтмади. Ейиш-ичиш қайғуси билан алахсиган издошлар пичир-пичир қилиб унинг боқибеғамлигини гапиришиб ётдилар.

III

Бир куни тушга яқин Исо ва унинг издошлари соядан асар ҳам бўлмаган тошлоқ тоғ йўлидан кетиб борардилар. Беш соатдан зиёд юрилгач, Исо чарчоқдан шикоят қилиб қолди. Тўхтадилар. Пётр ва Иван – икки ўртоқ ўзларининг ва бошқаларнинг ёпинчиғини олиб, бир нечасини ерга тўшадилар, бир нечасини икки баланд тошга томдай ёпиб, Муаллим учун ўзига хос чодир тикладилар. Исо офтоб тиғидан паналаниб, чодирда чўзилди. Қолганлар ўйин-кулги ва ҳазилга берилдилар. Бироқ Исонинг ҳордиғига халақит бераётганларини сезиб – улар чарчоқ ва жазирамага жуда таъсирчан эмасдилар – нари кетдилар ва ҳар ким ўз юмуши билан банд бўлди. Биров тоғ ёнбағирларидаги тошлар орасидан егулик илдизлар топиб Исога олиб келди. Кимдир минг азоб билан юқорига ва яна юқорига чиқиб, хаёлга чўмганча, фируза кенгликлар чегарасини ахтарди; тополмай чўққилар сари янаям юксаклаб кетди. Иван тошлар орасидан кўкимтир калтакесак топиб, жилмайганча, қўлида авайлаб Исога олиб келди. Калтакеак сирли ва бўртиқ кўзлари билан унинг кўзларига қараб турарди. Кейин эса совуқ жуссаси билан Иваннинг иссиққина қўлида шошқин сирғалиб, тушиб кетди, ўзининг ингичка ва титраб турган думини тезгина қаёққадир яширди.
Кўнгилочар бундай сокин ўйинларга тоби йўқ Пётр Филипп билан куч синашиб, катта-катта харсангларни тоғдан пастга думалатарди. Улар қаттиқ хахолаб, қолганларнинг ҳам диққатини жалб этдилар. Ҳамма бирин-бирин қизиқиб келиб, ўйинга қўшилди. Тошотарлар чандон зўр билан ерга қапишиб кетган катта харсангни қўпордилар, икки қўллаб баланд кўтарганча қияликдан думалатиб юбордилар. Харсанг кўп оғир эди, ерга тўпиллаб урилиб, ўйланиб қолган каби биргина сонияга туриб қолди-ю, базўр бир сакради – кейин эса ҳар бир марта ерга текканидан куч ва шиддат оларак тобора енгил, тобора ваҳший, тобора вайронкор бўла борди. Энди у сакрамас, тишларини иржайтирган каби учиб борар, ҳаво ҳам шувиллаб унинг баҳайбат тўмтоқ жасадига йўл берарди гўё. Тош йўл четига келиб ўз ҳаракати маромида охирги марта юқорига кўтарилди ва мана, ниҳоят, оғир ўйчанлик билан жарликнинг кўз илғамас туби сари охирги парвозини амалга оширди.
– Қани, яна биттасини! – қичқирди Пётр. Тўсдай қоп-қора соқол-мўйлови орасидан унинг оппоқ тишлари ярқираб кетди, кенг кўкраги, қўлларини очди. Тумтайиб ётган кўҳна харсанглар уларни ердан узган қудратдан ҳайронлар қолиб бирин-кетин итоаткорлик билан тубсизлик қаърига учдилар. Рамақижон Иван ҳам кичикроқ тошларни олиб отди. Исо сокингина жилмайиб, бу эрмак ўйинни томоша қиларди.
– Нима қилди, Яҳудо? Сен нега ўйнамаяпмсан? Роса зўр кетяпти-ку, — деди Фома бир маҳал антиқа ўртоғини улкан бўзранг харсанг устида қимир этмай ўтирганини кўриб.
– Нимагадир кўксим санчиб турибди. Мени чақиришганиям йўқ.
– Нима, чақириш керакми сени? Хўп-хўп, ана мен сени чақирдим, юрақол. Қара, Пётр қанақа тошларни олиб отяпти.
Яҳудо унга қиялаб қаради, шу асно Фома илк марта кариотлик Яҳудонинг юзи икки хил эканини пайқаб қолди. Аммо Фома бу ҳолни тўла идрок этиб улгурмай, Яҳудо ўзининг истеҳзоли ва ялтоқиларча оҳангида гап қотиб қолди:
– Пётрдан кучлироқ одамни топиб бўлармиди? Қачонки у қичқирса, Қуддусдаги жамийки эшаклар халоскоримиз келди деб ўйлашади. Шундай ўйлаб улар ҳам шовқин-сурон солишади. Сен уларнинг ҳангиллаганини ҳеч эшитганмисан, Фома?
Яҳудо очиқ юзлик билан жилмайиб ва фатила-фатила малла жун босган кўкрагининг ҳидидан хижолат бўлиб, ўйнаётганларга қўшилди. Ҳаммалари шундай хурсанд эдиларки, Яҳудони ҳам мамнунлик ва ҳазил-мазах билан даврага тортдилар. Яҳудо норозиланиб, ясама оҳ-воҳ билан катта бир харсангга ёпишаркан, ҳатто Иван ҳам унга илтифот-ла жилмайиб қаради. Мана, Яҳудо ўша катта харсангни енгилгина кўтарди-да, ўшандай енгиллик билан отворди. Унинг сўқир ва балқайган кўзи чайқалиб Пётрга қадалиб қолди, муғамбир ва шўх иккинчиси эса кулгидан қисилиб кетди.
— Йўқ-йўқ, яна бир марта ташла! – деди Пётр алами келиб. Икковлари ҳам бирин-кетин улкан харсангларни адл кўтариб олиб, отавердилар. Тўпланганлар ҳар икковини ҳайрат ила кузатишарди. Пётр қанча катта тошни танласа, Иуда ундан каттароғини олиб отарди. Пётрнинг қовоғини уйилиб, диққати жамланди. У ғазаб билан қоянинг узилиб тушган катта бир бўлагини суриб, гандираклаганча даст кўтарди-ю, пастга юмалатиб юборди. Яҳудо илжайишини қўймай, ундан-да каттароғини кўзи билан излаб топди. Узун-узун бармоқлари билан силаб-сийпаганча маҳкам ушлаб, тошни қучоқлаб олди. Ўзи ҳам харсанг билан баб-баравар тебранаркан, ранглари бироз оқариб, уни жарлик тубига юмалатиб юборди. Пётр тошни думалатди-ю, гавдасини сал орқага ташлаб, унинг тушишига қараб турди. Яҳудо эса, худдики ўзи ҳам харсанг ортидан пастга қараб учмоқчи бўлган каби, қалтираб турган қўлларини олдга узатиб, ўзи ҳам олдинга энгашди. Ниҳоят, ҳар иккалалари – аввал-бошлаб Пётр, ундан кейин Яҳудо – бўзранг кўҳна бир харсангга ёпишдилар. Лекин на буниси, на униси тошни қўзғатолмади. Пётр қип-қизариб, шаҳд билан Исога яқинлашди ва қаттиқ овозда деди:
— Ё Роббим! Яҳудо мендан кучли бўлишини хоҳламайман! Менга мадад бер, ўша тошни кўтариб отайин!
Исо унга оҳисталик билан нимадир деди. Пётр норозиланиб елкасини қисди, аммо эътироз билдиришга журъат қилмади. Тўдага қайтиб келди:
— У шундай деди: “Искариотга-чи, унга ким ёрдам беради?”
Шу сўзларни айта туриб, Пётр ҳансираб ва тишларини қаттиқ қисиб ҳануз тошга ёпишиб ётган Яҳудога қаради, шўх-шодон кулди:
— Касал бу, касал! Қаранглар, бу боёқиш телба Яҳудо нималар қиляпти!
Кутмаганда фош бўлган каби Яҳудонинг ўзи ҳам, қолганлар ҳам кулиб юборишди. Фоманинг лаби устига осилиб тушган оқиш мўйловлари кулгидан қимирлаб кетди ҳатто. Ҳаммалари шу тарзда дўстона чақчақлашиб, кулишиб йўлда давом этдилар. Яҳудонинг ғолиблигига астойдил иқрор бўлган Пётр ҳам дам-бадам унинг биқинидан мушти билан туртиб, қаттиқ хахоларди:
— Мана шунақанги касал бу!
Ҳаммалари Яҳудони мақташди, уни ғолиб деб тан олишди. Ҳаммалари у билан хуш-хандон гаплашиб кетишди. Лекин Исо, фақатгина Исо уни мақтаб қўйишни бу гал ҳам ўзига эп кўрмади. У узилган ўт поясини тишлаганча, индамайгина олдинда кетиб бораркан, издошлар ҳам бирин-сирин кулгини бас қилиб, унинг ёнига ўтиб олишди. Охири тағин шундай манзара пайдо бўлдики, Исо ва издошлар қалин тўда бўлиб олдинда боришар, Яҳудо бўлса – ўша музаффар Яҳудо, ҳаммадан кучли Яҳудо – чангларни ютганча орқадан бир ўзи келарди.
Мана, улар тўхташди. Исо қўлини Пётрнинг кифтига қўйиб, олисга ишора қилди. У ёқдан тутун ичида Қуддус шаҳри кўринарди. Пётр офтобда куйган нозик бу қўлни кенг, забардаст елкаларида авайлаб тутиб турарди.
Тунаш учун Вифанияга, Лазарнинг уйига қўндилар. Ҳамма суҳбат учун йиғилганда, Яҳудо яна унинг муваффақияти ҳақида гапиришларидан умидвор бўлиб, уларга яқин ўтирди. Бироқ издошлар аллақандай сўзсиз ва ўйчан эдилар. Мияларида босиб ўтилган йўл манзаралари: қуёш, харсанг, узилган ўтлар, чодирда ётган Исо – буларнинг барчаси сокин тахайюлни уфурганча, офтоб шуълалари остидаги аллақандай мангу бир ҳаракат ҳақида мавҳум, аммо ширин ўйлар туғдириб сузиб юрарди. Ширин ҳордиқ олаётган чарчоқ вужудлар қандайдир жумбоқли мўъжизани, улкан бир нимани қўмсаётган эди. Ҳеч ким Яҳудони эсламади.
У ташқари чиқди, бирпас туриб қайтиб кирди. Исо сўзлар, издошлари уни жимгина тингламоқда эдилар. Исонинг оёқ тарафида тош санамдай ҳаракатсиз ўтирган Мария бошини сал орқага ташлаб, унинг юзларига тикилиб турарди. Иван Исога яқин сурилиб, қўлларини Муаллимни безовта қилмайдиган тарзда унинг кийимига теккизиб туришга уринарди. Мана, қўлини теккизди-ю, тек қотди. Пётр эса худди Исонинг сўзларини маъқуллагандай қаттиқ нафас олди.
Искариот бўсағада тўхтади, йиғилганларни нафрат билан кўздан кечириб, алангали нигоҳини Исога тикди. Нигоҳларидаги ўт Исони шундай ёритдики, бошқа ҳамма нарса қуюқ зулмат ва сукунат пардаси ичига чекинди, фақат қўллари кўтарилган Исогина равшанлашиб турарди. Дафъатан у ҳавога кўтарилгандек, эриб кетгандек бўлди; у кўл узра ёйилган, ботаётган ой ёғдулари сизиб ўтаётган туман тусини олди. Майин гуфтори ҳам жуда-жуда олислардан жаранглаб келаётир эди гўё. Яҳудо қалқиб турган хаёлий шарпага тикилиб, олис хаёлий сўзлар мусиқасига сомеъ бўлганча, худдики юрагини темирдай қаттиқ қўлига олди ва унинг ҳудудсиз зулматида жудаям улкан бир нарсани жимгина ростлай бошлади. Қуюқ зимистонда у шошилмай тоғларга ўхшаш баҳайбат нималарнидир тиклади, равонлик билан бирини иккинчиси устига қўйди. Яна тиклади, яна устма-уст қўйди. Қоронғулик қўйнида нимадир ўсиб чиқди, чегараларни суриб, сассиз кенгайди. У ўз бошини гумбаздай ҳис этди, бу гумбазнинг қуюқ зулматида ҳам ҳайбатли нимарсалар ростлана бошлади. Кимдир жимжит ишлар, тоғлардай азим нарсаларни тиклар, бирининг устига иккинчисини қўяр, яна тиклай бошларди… Қаердандир жуда олислардан хаёлий нафис-нозик сўзлар эшитилади.
Яҳудо шундай – тўс қора ва баҳайбат бўлиб эшикни тўсиб турар, Исо ваъз ўқир, Пётрнинг узуқ-узуқ, оғир нафаси бу сўзларни гўё маъқуллаб турарди. Исо сўзини охирига етказмай тўсатдан жимиб қолди. Пётр ҳам туйқус уйқудан уйғонгандай ҳаяжон билан хитоб қилди:
— Ё Роббим! Боқий ҳаёт сирлари сенгагина аён!
Аммо Исо ҳеч нима демади, бир ёққа қаттиқ тикилди. Ҳамма у тикилган тарафга қаради – эшик олдида кўзлари қотиб қолган Яҳудо оғзини катта очиб турарди. Улар нима гаплигини билмай кулиб юбордилар. Муқаддас китоблардан хабардор Матфей эса Яҳудонинг кифтига туртиб, Сулаймонинг сўзларини қайтарди:
— Мўмин-қобил боққувчилар – афв этилгуси; қопқада учрашиб қолганлар бошқаларни сиқиб қўяди.
Яҳудо қалтираб кетди, ҳатто қўрқувдан оҳиста қичқириб юборди. Одамни кўриб қолган жонивор каби талмовсираб қолди. Исо тўппа-тўғри Яҳудога қараб юрди, нимадир деди, ёнидан ўтди ва энди Яҳудо тўсмаётган очиқ эшикдан ташқарига чиқди.
Ярим тунда Фома безовта бўлиб Яҳудо ётган жойга келди, чўккалаб ўтирди. “Йиғлаяпсанми, Яҳудо?” деди.
— Йўқ. Нари тур, Фома.
— Унда нега инграяпсан? Нега тишларингни ғажияпсан? Тобинг қочдими?
Яҳудо жим турди-ю, бирданига ҳасрат ва қаҳр билан йўғрилган сўзларни ёғдириб ташлади:
— У нега мени яхши кўрмайди? Нега уларни яхши кўради? Ахир, мен улардан кўркамроқ, яхшироқ, кучлироқмасманми? Улар қўрқоқ лайчаларга ўхшаб думларини қисиб қочиб қолишганда, унинг ҳаётини сақлаб қолган менмасмидим?
— Боёқиш дўстим! Сен мутлақ ҳақсан деёлмайман. Чиройли эмассан, гапиришинг ҳам юзингдай ёқимсиз. Ёлғон сўзлайсан, фисқу фасод қиласан ҳамиша. Тағин қанақасига Исо сени яхши кўрсин?
Аммо Яҳудо уни мутлақо эшитмагандай, қоронғуликда оғир қўзғалиб, давом этди:
— У нега Яҳудо билан эмасу уни севмаганлар билан? Иван унга калтакесак топиб келди – мен эса унга заҳарли илонни олиб келган бўлардим. Пётр тошларни юмалатди – мен эса унинг учун тоғларни талқон қилардим! Заҳарли илон нима деган гап? Тишини суғуриб олишадию, бўйинда маржон бўлиб осилиб туришдан бошқасига ярамайди. Тоғ-чи? Уни ҳам қўл билан текислаб, оёқ билан топташ мумкин. Мен унга Яҳудони – нақ гўзал ва жасур Яҳудони туҳфа қилган бўлардим унга! Энди эса у ҳалок бўлади, у билан бирга Яҳудо ҳам ҳалок бўлади.
— Ғалати гапларни гапирасан-а, Яҳудо!
— Қуриган анжир дарахтини табар билан чопиб ташлаш керак – бу менман, у буни мен ҳақимда айтди. Нега унинг ўзи чопиб ташламайди? Журъати етмайди, Фома. Мен уни биламан: у Яҳудодан қўрқади! У диловар ва кучли, гўзал Яҳудодан яшириниб юради. У мияси йўқ эсипастларни, сотқин ва каззобларни яхши кўради. Алдоқчи Фома, сен бу хусусда эшитганмисан?
Фома ҳайрон-ҳайрон бўлиб қолди, эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, Яҳудонинг жанжаллашишидан қўрқиб, қоронғида бошини тебратиб қўяқолди. Яҳудонинг дили баттар сиқилди, у нолиш қилиб, тишларини ғичирлатди. Кўрпа остида унинг баҳайбат гавдаси қандай тўлғонгани ҳам эшитилиб турди.
— Хўш, Яҳудони нима бунча азоблайди? Уни алангаи оташга ташлаган ким? У ўз ўғлини итларга ем қилади! Ўз қизини қароқчиларга таҳқирлатиб қўяди, қаллиғини сотади… Яҳудонинг қалби шунчалар тошми? Кет, Фома, кет, тентак. Майли, кучли, жасур ва гўзал Яҳудо ёлғизланиб қолаверсин!

044

Xurshid Davron
LEONID ANDREEV VA QISSASI HAQIDA
98

045 Sizga taqdim etilayotgan asar muallifi — taniqli rus adibi Leonid Andreev 1871 yilning 9 avgustida Rossiyaning Oryol shahrida tug’ilgan. U 11 yoshida Oryoldagi gimnaziyaga qabul qilinadi. 1891 yili Moskva universitetining huquqshunoslik fakultetini tugallagan va taqdirini sud tizimi bilan bog’lashni maqsad qilgan yosh yigitni kutilmaganda bir tanish advokat «Moskovskiy vestnik» gazetasining sud jarayonlarini yorituvchi reportyori bo’lishga ko’ndiradi. Tez orada Leonid Andreev mohir reportyor sifatida taniladi. Ayni o’sha yillardan boshlab uning yozuvchilikka bo’lgan qiziqishi boshlanadi, matbuotda sud ocherklari bilan hikoyalari ham paydo bo’la boshlaydi.

O’z davrida anchagina mashhur bo’lgan yozuvchi ijodida yaxshilik va yomonlik, ezgulik va yovuzlik, muhabbat va nafrat, jaholat va komillik o’rtasida kechgan kurash mavzulari markaziy o’rinni egallaydi. Uning asarlarida nasroniylik tarixi, Injil rivoyatlari va ulardagi shaxslarning hayoti bilan bog’liq mulohazalar ifodasi juda ko’p uchraydi.

Shunday asarlarning biri «Yahudo Iskariot» qissasidir. Asar yozuvchi bir muddat yashagan Kapri orolida 1907 yilning fevralida ikki kun mobaynida yozilgan. Ammo, adibning Yahudo taqdiriga qiziqishi ancha avval boshlangani ma’lum. Asar yozilishidan bir yilcha avval u yozuvchi Serafimovichga yo’llagan maktubida «Men xiyonat tabiatiga bag’ishlangan asar yozishni o’ylab yuribman» deb yozadi. Asar yozilgunga qadar yozuvchi Iso Masih va Yahudo hayoti, ularning o’zaro munosabatlariga, boshqa havoriylarga oid juda ko’p tarixiy va ilmiy asarlarni o’qib chiqadi.

“Yahudo Iskariot” qissasi nashr etilishi bilan juda ko’p bahslarga sabab bo’lgan asar. Bir guruh fikr bildirganlar asarni osmonga ko’tarsalar, ikkinchi guruh uni ayovsiz ravishda yerga urardi. Eng qizig’i, yoziganiga 100 yildan oshganiga qaramay bu bahs hali-hanuz to’xtagani yo’q.

Aytish lozimki, Leonid Andreev nasroniylikka tanqidiy qaragan shaxs edi. Ayni shuning uchun qissada bunday qarashning soyasi yaqqol ko’rinib turadi. Qolaversa, asarning mazmuniga Rossiyada ayni o’sha yillarda kechgan ijtimoiy jarayonlarning, eng avvalo, rus tarixida «Qonli yanvar» deb atalgan voqeaning jiddiy ta’sirini ko’ramiz. 1905 yilning 9 yanvarida nasroniy ruhoniy, pop Gapon boshchiligida namoyishga chiqqan ishchilar rus imperatori tomonidan beshafqat ravishda o’qqa tutilgan edi. Oqibatda ulkan imperiyaning turli o’lkalarida, hatto harbiy qismlarda g’alayonlar boshlangan edi. 1905-07 yillarda kechgan bu jarayon keyinchalik birinchi rus inqilobi nomini oldi. Pop Gapon esa rus ichki ishlar vazirligi xavfsizlik xizmatining ayg’oqchisi sifatida ishchilar namoyishini sotgan kimsa bo’lib tarixda qoldi.

Leonid Andreev uchun Yahudo Iskariot o’z rahnamosini arzimas, bir qul bahosiga teng 30 chaqaga sotgan pastkash odamdir. Uning qissasi ayni shu sotqinlik haqida hikoya qiladi. Qissadagi xiyonat talqini, tabiiy ravishda, bu mavzuda yozilgan boshqa asarlar talqinidan farq qiladi. Yana aytish lozimki, qissada Andreevning butun ijodiga xos qirra: voqealarni qora ranglarda aks ettirish ham yaqqol ko’zga tashlanadi.

Asrlar davomida xiyonatu sotqinlikning timsoliga aylangan Yahudo qismati haqida Andreevdan oldin ham yuzlab yozuvchilar asarlar yozishgan. Ferdinando Petruchchelli della Gattinaning «Iuda xotiralari» (1867), M. YE. Saltikov-Shedrinning «Masiho kechasi» (1886) va qisman «Janob Golovlyovlar» (1880), T. Gedbergning «Iuda. Bir iztirob tarixi» (1886), N. I. Golovanovning «Iskariot» (1905), L. Ukrainkaning «Qon dalasida» (1909), A. Remizovning «Iuda — sotqin» (1903) va «Iskariot shahzodasi Iuda fojiasi» (1919) va boshqa juda ko’p asarlarni tilga olish mumkin. Bu mavzu yoritilgan zamonaviy asarlar qatorida Y. Nagibinning «Suyukli shogird», N. Meylerning «Masiho Injili», P. Bualo i T. Narsejak «Birodarim Iuda», V. Bikovning «Sotnikov», M. A. Asturiasning «Muqaddas juma», R. Redlixning «Sotqin» (1981), aka-uka A. va B. Strugatskiylarning «Yovuzlik yoki Qirq yildan keyin», Yuriy Dombrovskiyning «Keraksiz buyumlar fakulteti», (1978), K.Yeskovning «Afraniyning muqaddas kitobi» (1996) i J. Saramagoning «Masiho Injili» (1998) asarlari diqqatga sazovor.

Injilga ko’ra, Yahudo (Iuda) Iso Masihning dastlab shogirdi, keyinchalik havoriy(apostol)laridan biri, xazinachisi, bugungi tilda aytsak, kassiri bo’lgan. Iso Masih shogirdlaridan ikki kishining ismi Yahudo bo’lgani uchun, xazinachi Yahudoni tug’ilgan shahri Kariotga nisbat berib Iskariot atamasini qo’shishgan (Boshqacha talqinlar ham mavjud).

Nasroniylikning muqaddas kitoblarida, uning tarixiga bag’ishlangan asarlarda Iso Masih havoriylaridan biri bo’lmish Yahudo Iskariot haqidagi ma’lumotlar turlicha va murakkabdir. Eng avvalo, ular haddan ortiq bir–biriga qarama–qarshi ma’lumotlardan iborat. Bugun, ya’ni sizu biz yashab turgan XXI asrda Yahudo shaxsiga butunlay boshqacha qarash, yangi topilgan diniy asotirlar asosida uni oqlashga urinishlar ham mavjud. Iso Masihning shogirdlari, uning havoriylari: Matfey, Mark, Luka, Ioaanlardan qolgan naqllarga ko’ra, Yahudoning xiyonati unga topshirilgan pullarni qo’lga kiritish niyatida yoki Iso Masihni yomon ko’rgani uchun emas, aslida Iso Masih, Yahudo nazarida, uni boshqa havoriylariga nisbatan unchalik yaxshi ko’rmagani uchun norozi bo’lgani tufayli yuz bergan. Boshqa bir tadqiqotchilar (Feofilakt, D. Laytfut, Nimeyer, L. N. Andreev, X. L. Borxes va boshq.) Yahudo bu qilmishi bilan Iso Masihning sustkash shogirdu havoriylarini faol ishlar boshlashga undamoqchi bo’lgan, hatto mamlakatda Rim imperiyasi zulmiga qarshi isyon boshlashni maqsad qilgan. Yana bir guruh tadqiqotchilar, Yahudo Rim imperiyasining ayg’oqchisi bo’lgani uchun ham Iso Masihni tutib bergan (( M. A. Bulgakov, A. M. Pidjarenko., K. YU. Yes`kov).

Yozuvchining o’zi asarini “sotqinlik pisixlogiyasini ochishga urinish va tajribadir”, deb baholaydi. Ayni shuning uchun, mening nazarimda, asar Iso Masih va uning shogirdi Yahudo munosabatlari, Yahudoning xiyonati haqidagina emas, aslida bir insonning ikkinchi bir insonga qilgan qabohati, inson tabiatidagi ezgulik va yovuzlik o’rtasida kechgan muhoraba haqidadir.

Leonid Andreev
YAHUDO ISKARIOT
Nodira Afoqova tarjimasi
98

Ushbu tarjima qalbimning sadoqatli do’sti SAIDAga bag’ishlanadi.
Tarjimon.

I

077Iso Masihni necha marotabalab ogohlantirgan edilarki, kariotlik Yahudo dong’i chiqqan yaramasdir va undan ehtiyot bo’lishlik lozim. Isoning Iudeyada bo’lgan ayrim izdoshlari Yahudoni shaxsan juda yaxshi bilishardi, boshqalari ham odamlardan ko’p va xo’p eshitgan edilar – xullasi kalom, u haqda yolg’izgina bo’lsa-da, iliq so’z aytadigan bittayam odam topilmasdi. Agarda olijanob odamlar uni “Yahudo ochko’z, makkor dog’uli, riyo va aldovdan toymaydigan nusxa” deya koyisalar; eng yaramas kishilardan surishtirilganda, o’shalar ham qattiq haqoratdan o’zini tiyib qololmasdi: “U doim bizni bir-birimizga gij-gijlaydi, — derdi ular tupurib, – o’zicha bir xil fitnalar o’ylab topib, uyga chayonday pisillab sassiz kiradiyu, ortidan dod-faryod qoldirib chiqib ketadi. O’g’rining ham do’sti, qaroqchining ham o’rtog’i, kazzobning ham xotini bor – ular hech bo’lmasa o’shalarga ishning haqiqatini aytadilar; Yahudo bo’lsa, o’g’rining ham, to’g’rining ham ustidan kuladi – holbuki, uning o’zi o’g’rilarning o’g’risi, Iudeya ahli aro afti-angori bundan-da bemazasi topilmaydi ham. Yo’q, kariotlik bu malla Yahudo bizning odam emas”, — deyardi o’sha yaramaslar ham yaxshi va sofdil kishilarni hayron qoldirib – negaki, yaxshilar nazdida bu yaramas ham, iudeyadagi boshqa fosiqlar ham bir go’r edi.
Yana shunga o’xshagan gaplar yurardiki, Yahudo allaqachon xotinini tashlab ketganmish, u xotin bir burda non topish uchun behudaga urinib, baxtsiz va och-nahor kun kechirarmish. Yahudoning o’zi bo’lsa xalq ichida maqsadsiz-nesiz daydigani-daydigan; O’lik dengizdan O’rtaer dengizigacha bo’lgan yerlarda va undan narilarda ham izg’imagan kunji-kavagi qolmagan; nuqul yolg’on gapiradi, qiyshanglaydi, o’g’riyona ko’zi bilan sergak poylaydi va hamma narsaga burnini suqaveradigan, mug’ambir, yovuz birko’z shaytonga o’xshab ketidan allanechuk ko’ngilsizlik va nizo-janjal qoldirib qo’qqis g’oyib bo’ladi. U befarzand ham edikim, bu yana bir karra Xudoyim ham Yahudoday noshoista kimsaning urug’ini ko’paytirmaslikni xohlaganini ko’rsatardi.
Iudeyalik bu malla-mariq, beo’xshov nusxa Isoning atrofida qachondan, qay tarz aylanishib qolganini izdoshlardan birortasi ham sezmay qoldi. Vaholanki, u anchadan beri ular bilan izma-iz borar, gap-so’zlariga aralashar, u-bu ishlarga qarashib qo’yar, tirjayar, yaltoqilanardi. Bir qarasa, toliqqan nigohlarni aldab, allaqachondan sinashtaday ko’rinar; bir qarasa, qonlarni qaynatib, mislsiz badbashara, aldoqchi va jirkanch maxluq kabi tuyulardi. Shunda uni achchiq urishib-so’kib haydashar, u birpasga ko’zdan nari bo’lib turardi-yu, yana birpasda sezdirmaygina bir ko’zli iblis kabi ayyorlarcha yaltoqilanib, xizmatga hoziru nozir bo’lib turardi. U Isoga qandaydir yashirin qasd, yovuz va makkorona muayyan hisob-kitob bilan o’ralashmoqda edi – ayrim izdoshlar bunga hech bir shubha qilishmasdi.
Ammo Iso ularning maslahatiga chandon e’tibor qilmadi, ularning bashoratomiz ogohlantirishlari qulog’iga kirmadi. Iso mardud va nomahbublarni ham shiddat bilan mahliyo etgan ana shu olijanob ziddiyatliligi orqasida Yahudoni o’z atrofidagi do’stu anislari qatoriga uzil-kesil kiritdi. Izdoshlar tashvishga tushdilar, evini qilib norozilik bildirdilar; Iso esa botib borayotgan quyoshga termulgancha, o’y-xayollarga mustag’riq bo’lib ularni eshitar; ehtimol, qulog’iga boshqa tovushlar kirmoqda, eshitmas edi. O’n kundan buyon shamol esmas, shaffof havo tuyg’un va ta’sirchan, hech bir o’zgarishsiz beharakat qotgan. Havo mana shu shaffofligining chuqur qavatlarida odamlar, hayvonlar va qushlarning ayni shu kecha-kunduzdagi ko’z yoshlari, yig’i va shodlik qo’shiqlarini, ibodat va qarg’ishlarini jamlaganday, shisha kabi qotib qolgan mana shu ovozlardan og’irlashib, bezovtalangan va ko’rinmas bir hayotdan quyuqlashgan kabi edi go’yo. Mana, yana bir karra quyosh botdi. U osmonni ham, o’ziga yuzlangan jamiyki narsalarni – Isoning qoramag’iz chehrasidan tortib uylarning devorlariyu daraxtlarning barglarigacha – barisini alangaga chulg’ab, olovli shar kabi pastga yumalab ketdi. Unga yuzlanganlarning barisi mazkur olis va o’ychan shu’lalarni itoatkorlik bilan o’zida aks ettirmoqda. Shundan oppoq devor endi aslo oppoq emas, qizil tog’dagi alvon shahar ham boshqacha tus oldi.
Mana, Yahudo ham keldi.
Beo’xshov do’ngalak boshini ehtiyotlab va qo’rqa-pisa oldinga cho’zgancha ikki bukilib qulluq qildi – odamlar uni aynan mana shunday tasvirlashadi. U ozg’in, bo’ychangina. Shu turishida yurgan yo’lida o’y-fikrga botganidan biroz egilib yuradigan va shu bois bo’yi boridan pastroq ko’rinadigan Isoni eslatadi. Ko’rinishi baquvvatgina, ammo o’zini kasalmand va zaifday tutadi. Ovozi ham turlanib turadi: dam mardonavor va dadil yangraydi, dam erini qarg’ayotgan qarri ayolday shang’illaydi – shu qadar yoqimsizki, qulog’ingdan sug’urib, otvorging keladi – bamisoli irib-chirigan zirapchani barmog’ingdan sug’urib otganday. Kalta malla sochlari uning bosh tuzilishidagi antiqalikni yopib-yashirolmagan: gardanidan qilich bilan ikki chopishda bo’laklab keyin yana jamlanganday naq to’rtta qismdan iboratki, shu tuzilishida bu kalla yuraklarga ishonchsizlik va hatto dahshat soladi, “unda hech vaqt halovat va itoat bo’lmaydi, bunday kalladan hamisha qonli va shafqatsiz janglarning shovqini eshitilib turadi”, deya o’ylab qolasan kishi. Basharasi ham ikkiga bo’linganday: o’tkir boqguvchi qop-qora ko’zi joylashgan tarafi jonli va serharakat, serajin. Ikkinchi yog’i esa ajinlarsiz tep-tekis, hayot asari yo’q, balqayib turgan so’qir ko’zi tufayli yuzning birinchi yog’idan hajman katta ko’rinadi. Oqish g’ubor bilan qoplangan bu ko’z tunu-kun yopilmaydi, yorug’ligu zulmatni birday qarshilaydi; shunday bo’lsa-da, yonma-yon turgan o’ynoqi va ayyor ikkinchi ko’zga qarab buning ham butkul so’qirligiga ishonging kelmaydi. Qo’rquv yoki hayajondan talvasaga tushgan kezlarida Yahudo sog’ ko’zini yopib olar, boshini chayqatar, shunda so’qir ko’z ham bosh bilan hamohang chayqalib, mo’ltirab qarab turardi. Shundayki, o’ta ziyrak bo’lmagan odam ham Iskariotga qarab turib bunaqa kimsa bexosiyat, kasofat bo’lishini his etishi aniq. Iso bo’lsa uni o’z yaqinlari safiga qo’shib va hatto o’z yoniga o’tqaztirishgacha bordi.
Iso ayricha yaxshi ko’rgan Ivan hazar qilganday Yahudodan nari surildi. Qolganlar esa bu ishni ma’qullamagan kabi boshlarini quyi solib olishdi. Yahudo o’tirvolib boshini u yoq-bu yoqqa tashlagancha ingichka ovozda xastaligidan shikoyat boshladi. Emishki, kechasilari uning ko’kragida og’riq turarmish; toqqa chiqsa nafasi siqarmish; jar labida tursa boshi aylanib, o’zini pastga tashlab yuborishday bema’ni xohishdan o’zini zo’rg’a tutib turarmish. Va yana birtalay kufrona o’ydirmalar. U dard odamga behuda kelmasligi, bil’aks, ilohiy o’gitlarga amal qilmaslikning javobi ekanini xuddiki bilmaganday tutardi o’zini. Yapaloq kafti bilan ko’kragini siypalar, hamma yerga qarab jimgina o’tirar ekan, yolg’ondakam yo’talib qo’yardi bu kariotlik Yahudo deganlari.
Ivan Isoga – Muallimga qaramay turib do’sti Petr Simonovdan ohista so’radi:
– Bu o’ydirmalar joningga tegmadimi? Men ortiq chidolmayman, ketaman bu yerdan.
Petr Isoga qaradi, ko’zi ko’ziga tushib tezgina qo’zg’aldi.
– To’xta! – dedi u do’stiga. Yana bir karra Isoga qarab oldi-da, tog’dan otilib tushgan tosh shiddati bilan Yahudo Iskariotga tomon surildi. Shoyon bir ochiqyuzlik bilan baland tovushda unga gap qotdi:
– Mana, Yahudo, safimizga qo’shilib ham olding.
Pyotr qo’li bilan bukchayib o’tirgan Yahudoning orqasini siypalab, Muallimga qaramasa-da, uning nigohini his etarak, baland ovozda – xuddi suv havoni siqib chiqargani kabi biror-bir e’tirozga o’rin qoldirmaydigan tarzda qat’iyan qo’shib qo’ydi:
– Sening basharang ajabtovur, bu ham mayli, zero, bizning to’rlarimizga ba’zan tasqara maxluqlar ham ilinib turadi, lekin mazasiga gap yo’q bo’ladi. Bizga o’xshab peshanasiga baliqchilik yozilganlar to’rga ilgani ignabaliq yoki birko’zli bo’lgani uchun uni tashlab yubormaydi. Men bir gal Tirda o’sha yerlik baliqchilarning sakkizoyoq ovlaganlarini ko’rganman. Shu darajada qo’rqdimki, qochib ketishimga sal qoldi. Ular mening ustimdan kulishdi. Tiveriadalik baliqchining ustidan-a! “Eb ko’r” deyishdi keyin. Bu shunchalar shirin go’sht ediki, so’ngrasi o’zim yana so’rab olib yedim. Eslaysanmi, Ustoz, men bu haqda senga gapirib berganman. Kulib qo’yganding o’shanda. Sen ham, Yahudo, sakkizoyoqqa o’xshaysan – faqat bir jihatdan.
So’zlaguvchi o’z hazili nash’a qilgan kabi xaxolab kuldi. U – gapirish uslubi shunday – so’zlarni xuddi mix bilan qoqib chiqqanday qat’iy gapiradi. Pyotr biror ish qilish tugul, shunchaki sal qimirlab qo’ysa ham shovqini olislargacha eshitilar, eng qurch buyumlarda ham sado qaytar: tosh pol oyoqlari ostida gumillar, eshiklar zirillab yopilar, go’yoki havoning o’zi ham qo’rqqanidan dirillab-guvillaganday bo’lardi. Tog’ daralarida uning ovozi bo’g’iq aks-sado berar, tong pallalarda baliq oviga chiqqanda esa, u tovush hali uyqusirab yotgan yaltir-yultir suv ustida g’ildirab yurarkan, quyoshning ilk zaif shu’lalarini uyg’otardi go’yo. Oftobning o’zi ham Pyotrni xuddiki ayni shu sababdan – jamiyki mavjudotni hali tun ko’lkasi chulg’ab yotarkan, bu odamning kattakon boshi va yalang’och keng ko’kragi, chalishtirilgan qo’llari tong shafag’ida yarqirab ko’ringanidan – yaxshi ko’rardi.
Uning Isoga ham ma’qul tushgan so’zlari, chamasi, tarang vaziyatni yumshatdi. Lekin ayrimlarni, xususan, dengizda bo’lgan va sakkizoyoqni ko’rgan kishilarni Pyotrning yangi safdoshni o’ylamay-netmay o’sha maxluqqa taqqoslagani xijolatga soldi. Sakkizoyoqning balqaygan ko’zlari, o’nlab haris paypaslagichlari ko’zlari oldidan suzib o’tdi. Xususan, uning soxta osoyishtaligi… Seki-in ushlaydi, qattiq o’rab oladi, majaqlaydi va hoppa! mijja ham qoqmasdan yutib yuboradi! Nima bu? Biroq Iso bir so’z demay jim o’tirdi, Iso jilmaydi, sakkizoyoq haqidagi o’z hikoyasini shavq ila davom ettirayotgan Pyotrga zimdan munis tabassum bilan qaradi. O’zlarini noqulay sezgan izdoshlar birin-ketin Yahudoning oldiga kelishdi va bir-ikki yaxshi so’z aytishdi. Aytishga aytishdiyu, lekin o’ng’aysizlanib darhol nari ketishdi.
Faqat Ivan Zevedeev sukut saqlab turdi; Foma ham bo’lgan holat-hodisalar to’g’risida fikrlab ko’rdi, shekilli, so’z qotmaslikni ma’qul bildi. U yonma-yon o’ltirishgan Iso va Yahudoga sin solib qaradi: ilohiy jamil siymoning bu qo’rqinchli maxluq bilan, beozor nigohlar sohibining balqayma, harakatsiz haris boqquvchi sakkizoyoq bilan ajabtovur yaqinligi uning idrokini yechilmas jumboq vartasiga tashladi. “Bu ikkisini xuddi shunday tanosubiyatda ko’rgan ma’qul” deb o’yladi u va shu zahoti xayoliy bir manzaradan tep-tekis manglayi tirishib, ko’zlari qisilib ketdi: xuddiki Yahudoda rostdan ham tinimsiz harakatlanib turgan sakkizta oyoq o’sib chiqqanday bo’ldi. Albatta, bu shunchaki xayol edi. Foma buni angladiyu, tag’in razm solib qaradi. Yahudo bo’lsa jonlanib qoldi: qo’llarini qanotday keng yoydi, peshanasini tirishtirib turgan mushaklarini bo’shashtirdi, ehtiyotkorlik bilan do’ngalak boshini balandroq ko’tarib namoyish qildi. Shu paytgacha ham barchaga baraloyina ko’rinib turgan bo’lsa-da, Yahudoga o’z boshi qandaydir ko’rinmas qalin parda bilan odamlar nigohidan ayyorona to’sib qo’yilgandek tuyuldi. Shu bois u xuddi o’radan chiqqan kabi avval ajabtovur boshini, keyin ko’zlarini, birpas turib qoldi-yu keyin butun yuzini namoyish qildi. Hech nima sodir bo’lmadi. Pyotr qayoqqadir ketdi. Iso boshini qo’llariga tiragancha oftobda kuygan oyoqlarini likillatib o’ychan o’tiraverdi. Izdoshlar o’zaro chaqchalashishardi. Faqat Fomagina unga o’lchov olayotgan sidqidil tikuvchi yanglig’ diqqat bilan jiddiy tikilardi. Yahudo iljaydi – Foma javob qaytarmadi, ammo, chamasi, buni ham hisobga olib qo’ydi-yu, kuzatishda davom etdi. Yahudo so’l tarafida o’ziga yoqmayotgan nimanidir savqi tabiiy ila his etdi-yu, bezovtalik bilan o’girilib qaradi: Ivan – kelishgan, sofdil, vijdoniga hech vaqt dog’ tushirmagan o’sha Ivan qop-qorong’u burchakdan shahlo ko’zlari bilan unga sovuq boqib turardi. Yahudo – risoladagiday yurayotgan bo’lsa-da, o’zini xuddiki jazolanib, yerda sudralib borayotgan it kabi his etarak – Ivanga yaqin bordi:
– Nechuk jimib qolding, Ivan? So’zlaring xuddiki yarqillab turgan nuqra idishdagi oltin olmalarga o’xshaydi, ulardan birini qashshoq Yahudoga tuhfa qilsang-chi.
Ivan baqrayib turgan beharakat ko’zga o’qrayib qaradi-yu, hech nima demadi. Yahudo surgalanib chiqar ekan, Ivan uning ikkilangannamo imillashi va yalang ochiq eshikni qoplagan zulmat pardasiga burkanishini kuzatib turdi.
To’lin oy ko’tarildi. Birmuncha kishilar sayr qilgani chiqib ketishdi. Iso ham ular bilan ketdi. Ivan Yahudo yotoqjoyini to’shab olgan pastakkina tomdan ketayotganlarni kuzatib turdi. Sumbati oqarib ko’rinayotgan odamlarning jussasi oy shu’lasida sabukbor tuyular, ular shoshilmay borisharkan, yurayotganga emas – soyalari oldidan sirg’alib ketayotganga o’xshardilar. Goh ular qorong’ulikka qorishib yo’qolar, shunda ovozlari eshitilib qolar; bu odamlar qaytib oy yog’dusida paydo bo’lisharkan, oppoq devor yanglig’, sim-siyoh ko’lka yanglig’, shaffof va g’ira-shira tun yanglig’ tag’in sukutga ketardilar.
Yahudo tungi sayrdan qaytgan Isoning sokin ovozini eshitganda, qariyb hamma uxlab yotardi. Uyda ham, tashqarida ham sukunat hukmron edi. Xo’roz ranjiganday qattiq qichqirdi; qaydadir uyg’onib ketgan eshak xuddi kunduzgidagidek hangradi-da, sekin-asta ovozi o’chdi. Yahudo uxlamas, bekitiqcha poylab yotardi. Oy uning yuzining yarmini yoritdi-yu, muzlagan ko’lda akslanganday uning katta ochilgan ko’zida ajabtovur akslandi.
Birdan Yahudoning xotiriga nimadir keldi. Kimdir birov uxlamayotganday va uning o’y-xayollarini bilib olayotganday tuyulib ketdi: kafti bilan keng, jundor ko’kragini silab yo’talib qo’ydi.

II

Sekin-astalik bilan Yahudoga ko’nikib, bemaza-matraligiga e’tibor qilmay qo’yishdi. Iso pulqutini unga topshirdi. O’z-o’zidan xo’jalik yuritish ham uning zimmasiga o’tdi: Yahudo endi zaruriy yemak va kiyimlar sotib olar, xayriyalarni taqsimlar, sayohatlar mahali qo’noq va tunash uchun joy tayin etardi. U bu kabi yumushlarda shunday chapdast ediki, tez orada ko’plarning mehrini qozondi. Yahudo doimiy yolg’on gapirsa-da, atrofdagilar bunga ham ko’nikib qolishdi. Ular bu aldovlar ortidagi bema’nigarchiliklarni sezishmas, bil’aks, bu yolg’onlar Yahudoning gap-so’zlariyu hikoyalariga o’zgacha qiziqish uyg’otar, hayotni kulgili, ba’zan esa qo’rqinch ertak tusiga kirgizardi.
Yahudoning hikoyalaridan shu narsa anglashilardiki, go’yo u hamma-hammani juda yaxshi biladi; go’yo u bilgan kishilarning har biri hayotda biror ayb ish va hattoki jinoyat qilib qo’yishgan. Uningcha, o’z qilmishlariyu fikr-o’ylarini pardalab bilganlargina yaxshi odamlardir. Va ammo o’sha yaxshilarni ham bag’ringga bossang yoki astoydil so’rov qilsang, o’shalardan ham yorilgan yaradan oqqanday yiring va fasod, turli-turli aldov va qabihlik burqiraydi. U ba’zan yolg’on gapirishiga iqror, ammo qasam ichishi mumkin: boshqalar undan-da aldamchiroq; olamda aldov qurboni bo’lgan ikki kishi bo’lsa, biri – shu Yahudo; bitta bo’lsa ham shu Yahudodir.
Emishki, bir boyvachcha to’raning xazinaboni unga o’zi tan olibdi: bu xazinabon o’n yilchadan buyon xo’jasining unga topshirilgan bisotini o’marishni xayol qilarkanu, xo’jasidan qo’rqarkan, vijdoni ham yo’l bermaskan. Yahudo unga ishonibdi. Lekin bir kuni bu xazinabon o’g’irlik qilibdi-yu, aytganlari yolg’on bo’lib chiqibdi. Yahudo shunda ham unga ishonib tursa, u daf’atan o’g’irlaganlarini xo’jasiga qaytarib, yana Yahudoni aldabdi. Hatto jonivorlar ham meni aldashadi, deydi u. Qachonki itni erkalasa, qo’lini tishlaydi; tayoq bilan tushirsa, uning oyog’ini yalab, ko’zlariga mo’ltirab qarab turadi. U bu kuchukni o’ldiribdi, chuqurga ko’mib tashlabdi, hatto ustiga xarsang bostirib qo’yibdi. Kim biladi lekin, ehtimol, bu aldoqchi itga u o’ldirgandan keyin qayta jon kirib, u o’rada yotmasdan, o’z qavmi bilan dumini shodon likillatib yurgandir?
Yahudoning bu hikoyasi hammani kuldirdi. Hikoyachining o’zi ham sog’ ko’zini qisgancha yayralib xoxoladi; kulaturib, andak yolg’onlaganini, o’sha kuchukbachchani hech qachon o’ldirmaganini bo’yniga oldi. Ayni paytda u aldoqchiga aylanib qolmaslik uchun ham itni hoziroq topib, hoziroq o’ldirishga tayyor – Yahudoning bu gapi kulgini yanayam avj oldirdi.
Ammo-lekin u ba’zan haqiqat chegaralaridan chiqib ketadi. Odamlarga shunday nafsoniy mayllarni taqadiki, hatto hayvon ham bu daraja bo’lmas; odamlarga ko’z ko’rib, quloq eshitmagan shunday ayblar yopishtiradiki, bunaqasi bo’lmagan va bo’lishi ham mumkin emas. Uning bu taxlit hikoyalari juda baobro’ odamlarning nomi bilan bog’lanadi – bundan ayrimlarning qahri qo’zib, ayrimlar esa masxaraomiz so’rashadi:
– Xo’sh, o’zingning ota va onang-chi? Ular ham yaxshi odamlarmasmidi?
Yahudo ko’zini qisib, iljaydi, qo’llarini yoydi. Boshini chayqarkan, uning katta ochilgan pajmurda ko’zi ham chayqalib, miskin qaradi.
– Xo’sh, mening padarim – kim edi? U balki meni kaltak bilan urgandir; kim biladi, u ehtimol iblisdir, taka yoki xo’roz bo’lgandir? Onasi to’shagiga kimni tortganini Yahudo qaydan bilsin? Yahudoning otasi ko’p, sizlar qaysi birini aytyapsizlar?
Shu joyiga kelganda, ota-onasini izzatlaydigan har bir kishi qahru g’azabga to’ldi; muqaddas kitoblarni ko’p o’qigan Matfey chidab turolmay, Sulaymonning so’zlarini keltirdi:
– O’z otasi va onasini yomonlagan kimsaning sham’i quyuq zulmatda o’chgusidir.
Ivan, o’sha Zevedeev dimog’dorlik bilan luqma tashladi:
– Biz-chi? Biz haqimizda nima bo’lmag’ur narsalar o’ylab topasan, kariotlik Yahudo?
Yahudo shu zahotiyoq o’zini qo’rqqanga solib, qo’llarini silkaladi, yo’lovchilardan sadaqa so’rayotgan gadoyday egilib-bukchayib, zorlandi:
– Ohh, sho’ring qurg’ur Yahudoni yo’ldan ozdirishyapti! Yahudoni masxara qilishyapti, sodda-gumroh sho’rlikkinani tushirishmoqchi!
Bu hazillardan basharasining bir tarafi burishib-tirishsa, ikkinchi tarafi jiddiy va sipo chayqalar, hech vaqt yumilmaydigan ko’zi baqrayib qarab turardi.
Yahudoning bu masxarabozliklaridan hammadan ko’p Pyotr Simonov xoxolab kulardi. Ammo kunlarning birida u daf’atan xo’mraydi, bir muddat jimib qoldi-yu, keyin ma’yus tortib Yahudoning yengidan changallab chetga tortdi:
– Xo’sh, Iso-chi? Iso haqida nima deb o’ylaysan? – U suhbatdoshiga engashib, qattiq shivirladi. – Masxarabozlik qilma faqat, iltimos.
Yahudo Pyotrga xusumat bilan qaradi:
– Xo’sh, o’zing-chi, o’zing nima deb o’ylaysan?
Pyotr andak qo’rquv bilan, ammo shodumonlik ila pichirladi:
– Men uni Xudoning o’g’li deb bilaman.
– Unda nega mendan so’raysan? Takadan to’ragan Yahudo senga nima deyishi mumkin?
– Ayt-chi, uni yaxshi ko’rasanmi? Sen birovni yaxshi ko’radiganga o’xshamaysan, Yahudo.
Iskariot yana o’sha xusumatkorlik bilan dona-dona qilib qo’rs javob berdi:
– Yaxshi ko’raman.
Shu suhbatdan keyin ikki kun Pyotr Yahudoni “sakkizoyoq do’stim” deb barala aytib yurdi. Yahudo esa undan tag’in o’shanday xusumatkorona, lavanglik bilan qochishga urinib, qop-qorong’u burchakka tiqilib olar, qovog’ini uyub o’tirarkan, qorong’ulikda uning yumilmaydigan ko’zi oqarib ko’rinardi.
Birgina Foma Yahudoni jiddiy tinglardi: u hazilni ham, yolg’on va aldoqni ham bilmas, so’z va fikr o’yinlaridan hamma vaqt asos va yaxshilik axtarardi. Shuning uchun ham Yahudoning bo’lmag’ur odamlar va bo’lmag’ur
qilg’iliklar haqidagi hikoyalarini shartta kesib, tanbeh berardi:

– Bu isbot talab qiladi. Buni o’z quloqlaring bilan eshitganmisan? U yerda sendan bo’lak yana kim bor edi? Kim o’sha?
Yahudo achchiqlanar, hammasini o’zi ko’rgani va eshitganini aytib chinqirardi. Qaysar Foma ham qo’yvormas, Yahudo aldaganini tan olmagunga yoxud yangi yolg’on to’qimagunga dovur surishtiruvni davom ettirardi. Navbatdagi bu yolg’on haqiqatga muvofiq ko’rinib, Fomani uzoq o’ylantirib qo’yar, u bir asos topgach, yana bu masxarabozni bemalol fosh qilardi. Umuman olganda esa, Yahudo unda bir tur qiziqsinish uyg’otgan va bu qiziqsinish ular o’rtasida bir tarafdan baqir-chaqir, kulgi va so’kishishga; ikkinchi tarafdan esa javobsiz qoldirib bo’lmaydigan jiddiy savollarga qorishiq do’stlik tug’dirgandi. Yahudo o’qtin-o’qtin o’zining bu g’alati o’rtog’iga nisbatan qattiq nafrat his etar, unga o’qdek nigoh tashlab zardali, ayni paytda yolvorganday derdi:
– Mendan nima istaysan o’zi? Senga hammasini aytib bo’ldim, hammasini.
Foma esa o’sha beparvolik, o’sha qat’iyat bilan so’roq qilar va javob kutardi:
– Yo’q, sen isbot etishingni xohlayman: qanday qilib taka sening otang bo’lishi mumkin?
Bir gal shunaqangi so’roqdan keyin Yahudo birdan jimib qoldi va Fomaning boshidan oyog’igacha hayrat bilan tikildi: tippa-tik, baland qaddi-qomatni, qoramtir chehra va tik boquvchi shaffof ko’zlarni, burundan dag’al va tekis soqolga qarab ketgan ikki chuqur ajinni ko’rdi. Shularni ko’rdi-yu, shubhaga o’rin qoldirmaydigan qilib:
– Qanaqa tentaksan, Foma? – dedi. – Nimalarni tush ko’rding? Og’ochnimi? Devornimi? Eshaknimi?
Foma bo’lsa negadir xijolat tortib, e’tiroz bildirolmay qoldi. Tunda Yahudo hayot asariga ega yakkayu-yolg’iz ko’zini yumib uyquga ketar ekan – ular ikkalasi tomda birga yotishardi – Foma yotgan joyidan baland ovozda:
– Sen nohaqsan, Yahudo, — dedi. – Men bo’lmag’ur tushlar ko’raman. Qanday o’ylaysan: odam ko’rgan tushi uchun javob beradimi?
– Nima, tushlarni o’sha odamning o’zi emas, boshqa birov ko’radimi?
Foma xo’rsinib, o’yga toldi. Yahudo nafrat bilan kulimsirab qo’ydi; o’g’risumol ko’zini zich yumib, miyasini achitadigan isyonkorona tushlar, mudhish alahsirash va telbanamo hissiyotlar qo’yniga singib ketdi.
Isoning Iudeya bo’ylab kezishlari paytida ular qanday bo’lmasin biror qishloqqa yaqinlashishsa, Iskariot joylik aholi haqida bo’lmag’ur gaplarni aytar, albatta biror falokatni bashorat qilardi. Ammo har gal Yahudo loy chaplagan kishilar Iso va uning yo’ldoshlarini shod-xurramlik ila qarshi olar, ularga e’tibor va mehr ko’rsatar, iymonga kelar, Yahudoning pulqitisi esa shunchalik to’lib-toshardiki, zo’rg’a ko’tarib ketishga to’g’ri kelardi. Shunda Yahudoning bashorati ustidan hamma kular, u qo’llarini itoatkorona keng yoyib:
– Shundog’! Shundog’! Yahudo ularni yomon deb o’ylagan edi, lekin ular yaxshi bo’lib chiqdilar, bizga ishonishdi, pullar berishdi. Demakki, Yahudoni yana aldashdi, kariotlik bechoragina, soddagina Yahudoni! – derdi.
Bir gal esa ularni quvonch bilan qarshilagan qishloqdan ancha uzoqlashganlaridan so’ng Foma Yahudo bilan qattiq bahslashib qoldi. Bu bahsga aniq yechim topish uchun ular ikkov ortga qaytdilar. Faqat ertasi kunigina ular Iso va izdoshlarga yetib olishdi. Foma qandaydir xijolatomuz va ma’yus, Yahudo esa shunday mag’rur ediki, go’yo hozir hamma uni olqish va tashakkurlarga ko’mib tashlaydigandek tutardi o’zini. Foma Muallimga qat’iyan shunday dedi:
– Robbim, Yahudo haq bo’lib chiqdi. Ular juda yovuz va hamoqat odamlar ekan. Sening so’zlaring ham havoga uchibdi-ketibdi.
Shundan so’ng Foma qishloqda nima bo’lganini bir-bir so’zladi. Iso va izdoshlar qishloqdan ketishlari bilan qari bir ayol yoshgina, oppoqina echkisini o’g’irlab ketishganini aytib baqira boshlabdi. U haligi yo’lovchilarni ayblabdi. Avvaliga unga ishonmabdilar, ammo u qaysarlik bilan bu ish Isodan boshqa kishiga hojat emasligini aytib isbotlar keltira boshlabdi. Echkicha butazorda adashib qolgan ekan – tezgina topila qolibdi, ammo baribir hamma Iso aldoqchi, hatto o’g’ri degan xulosaga kelibdi.
– Shunaqami hali! – Pyotr shunday baqirdiki, burun kataklari kerilib ketdi. – Robbim, izn ber, qaytib borib bu tentaklarga ko’rsatib qo’yay. Tag’in…
Biroq hamisha sukut saqlaydigan Iso unga shunday keskin nigoh tashladiki, Pyotr tilini tiyib o’rtoqlarining ortiga qanday bekinganini o’zi ham bilmay qoldi. Shundan so’ng bu haqda boshqa hech kim og’iz ochmadi, xuddiki hech narsa sodir bo’lmagan va xuddiki Yahudo hecham haq bo’lib chiqmaganday edi. Yahudo vahshiyona ayri, qirg’iyburun yuziga kamtarona tus berishga urinib, bekordan-bekorga o’zini turli taraflardan namoyish qilardi. Biror kishi uning yuziga qaramas, qaraganlarida ham ro’yxush bermay, hatto go’yoki nafrat bilan boqardilar. Shu kundan e’tiboran unga Isoning munosabati-da g’alati tarzda o’zgardi. Ilgarilari ham garchand Yahudo hech qachon Iso bilan bevosita muloqot qilmas, Iso ham unga to’g’ridan-to’g’ri murojaat etmas, biroq unga mehrli nigoh tashlar, ayrim hazillariga kulib qo’yar, uzoqroq ko’zga ko’rinmay qolsa: “Yahudo qayoqda?” deb so’roqlab qolarrdi. Endi bo’lsa, har safar izdoshlariga yoinki xalqqa nutq irod etarkan, ko’zlari bilan uni xuddi avvalgiday, hatto avvalgidan ham qattiqroq izlay boshlar, qarab tursa-da, uni ko’rmasdi. Ba’zan Yahudoga orqa o’girib o’tirar, go’yo so’zlarni boshidan oshirib unga tomon otar va ayni paytda o’zini xuddi bu yerda Yahudo umuman bo’lmagan kabi tutardi.
U nima demasin – bugun bir xil, ertaga boshqa xil; hatto ayni Yahudo o’ylab turgan gapni aytsa-da, nuqul Yahudoga qarshi so’zlayotganday tuyulardi. U hamma uchun go’zal va nafis gul, muattar Livan atirguli kabi hid sochardi. Birgina Yahudoga – xuddiki u qalbsiz bir kimsa; xuddiki bu gulni ko’radigan ko’z ham, bo’yini sezadigan dimog’ ham yo’q unda; xuddiki u bu latif va mukammal gulyaproqlarning go’zalligini boshqalar kabi his etolmaydi – o’tkir tikanaklarini ravo ko’rardi.
– Foma! Sen qoramag’iz chehrasi va tim qora ko’zlari tog’ kiyiginikiga o’xshagan oltinrang Livan atirgulini yaxshi ko’rasanmi? – so’radi bir kun u o’z o’rtog’idan.
– Atirgulni? Ha, hidini yaxshi ko’raman. Lekin men atirgulda tog’ kiyiginiki kabi qoramag’iz chehra va tim qora ko’zlar bo’lishligini eshitmagan ekanman, – beparvo javob qildi Foma.
– Qanaqasiga? Ko’pqo’lli kaktusni ham bilmaysanmi? Kecha sening kiyimingni yirtib yuborgan bittagina guli va bittagina ko’zi bor o’sha kaktusni?
Kecha kaktus haqiqatda kiyimiga ilashib, parcha-parcha qilib yuborgan bo’lsa-da, Foma haqiqatda bunaqa kaktusni bilmasdi. Bu Foma deganlari hammasini obdan surishtirib olgan bo’lsa ham, shaffof va o’tkir ko’zlari bilan tikka qarab turgan bo’lsa ham haqiqatda bunaqasini bilmasdi. Vaholanki, uning ko’zlari finikiya shishasi kabi orqasidagi devor va unga bog’langan xomush eshakni ham shoyon ko’radigan darajada shaffof va o’tkir edi.
Oradan birmuncha muddat o’tdi. Yahudoning haq ekanligini isbotlaydigan yana bir voqea sodir bo’ldi. U aholisining yomonligidan emin bo’lolmay, qishloqlardan birini aylanib o’tib ketishni maslahat berdi. Chindan u yerda Isoni dushmanona kayfiyatda kutib olishdi. Iso va’z qilib, riyokor va munofiqlarni qoraladi. Odamlar g’azabga kelib, voizni ham, uning yo’ldoshlarini ham toshbo’ron qilmoqqa shaylandilar. Ular ko’pchilik edilar, agar kariotlik Yahudo bo’lmaganda, shubhasiz, halokat sodir bo’lurdi. Isoni deya telbalarcha qo’rquv domiga tushgan, ustiga-ustak uning oppoq ko’ylagida qon dog’ini ko’rgan Iuda hech narsaga qaramay qahru g’azab bilan olomonga tashlandi. U dag’dag’a qilar, baqirar, yalinib-yolvorar, yolg’on gaplarni gapirib tashlar – xullas, Iso va izdoshlarning ketib qolishlariga imkon yaratayotir edi. O’nlab oyog’i bor kabi ajabtovur epchillik bilan yugurarkan, g’azab va iltijolarida ham kulgili, ham vahimali ko’rinardi u. Iztirobdan quturganday to’rt tarafga zir chopar, olomonni sehr-jodu qilardi go’yo. “Nazaretli shaytonning malayi emas, u shunchaki aldoqchi! U pulni yaxshi ko’radigan o’g’ri! Izdoshlari ham o’g’ri! Yahudoning o’zi ham o’g’ri!” – baqirardi u. Baqirarkan, hadeb pulqutini qoqar, qiyshanglanar, yerga yotvolib iltijo qilardi. Sekin-asta olomonning qahri kulgi va nafrat bilan almashindi, tosh ko’targan qo’llar pastga tushdi. “Halol-pok odamlar qo’lida jon berishga loyiq emas bu kimsalar”, — ayrimlar mana shunday deyishdi. Ayrimlar esa qochib qolayotgan Yahudoni o’ychanlik bilan kuzatib turdilar.
Yahudo bu gal ham olqishlar, maqtov va minnatdorchiliklar kutdi; pora-pora bo’lgan kiyimini namoyishkorona yechib oldi; “rosa do’pposlashdi” dedi yolg’ondan; bu gal ham u negadir o’zini aldangan hisoblardi. Qahru g’azabga to’lgan Iso katta-katta odim otib borar, hech nima demas, yaqin borishga hatto Ivan va Pyotrning ham haddi sig’mayotgandi. Yahudoning tilka-pora bo’lgan kiyimi, baxtiyorlik, hayajon va andak qo’rquv birvarakayiga aks etib turgan chehrasini ko’rgan kishi borki, uni qisqa va g’azabnok xitoblar bilan o’zidan nari surdi. Xuddiki Yahudo ularning o’zini ham, shunchalar muhabbat qo’ygan Muallimlarini ham qutqarib qolmagan kabi edi.
– Ahmoqlarni ko’rishni xohlaysanmi? – orqadan o’ychan kelayotgan Fomaga shunday murojaat qildi u. – Qara: ular xuddi qo’ylar podasiga o’xshab yo’lni changitib ketishyapti. Sen esa, Foma, aqllisan, keyinda boryapsan. Men ham – olijanob, ajoyib Yahudo ham xuddi xo’jasiga yaqin turishga haqqi yo’q muflis qul singari orqada-an ketyapman.
– Nima uchun sen o’zingni ajoyib deb hisoblaysan? – hayron bo’lib so’radi Foma.
– Chunki men kelishgan, ko’rkamman, — ishonch bilan javob qaytardi Yahudo. Keyin esa Isoning dushmanlarini qanday aldagani, ularning ustidan ham, ahmoqona toshbo’ronlari ustidan ham qanday kulganini qo’shib-chatib hikoya qila ketdi.
– Sen ularga yolg’on gapirgansan! – dedi Foma.
– Albatta yolg’on gapirdim, — bemalol javob berdi Iskariot. – Nimani xohlagan bo’lsalar, ularga shuni berdim; nimani xohlagan bo’lsam, menga shuni qaytarishdi. Xo’sh, ayt-chi, mening aqlligim, yolg’on o’zi nima degani? Axir, eng katta yolg’on Isoning halokati bo’lmasmidi?
– Yaxshi ish qilmading sen. Sen iblisdan to’ragansan – endi bunga ishondim. Senga o’sha dars beradi, Yahudo.
Iskariotning yuzi devorday oqarib ketdi, tuyqus shitob-la Fomaga yaqin keldi. Ulkan oq bulut yo’lni ham, Isoni ham to’sib qo’yganday tuyuldi Fomaga. Yahudo muloyimlik bilan uni o’ziga tortdi, qimirlatmaydigan darajada qattiq quchoqlab, qulog’iga pichirladi:
– Demak, iblis saboq beradi menga? Shundog’, shundog’, Foma. Men esa Isoni qutqardim. Demak, Isoni iblis yaxshi ko’radi; demak, Iso iblisga kerak, shumi haqiqat? Shundog’, shundog’, Foma. Iblis emas mening otam lekigin, taka u. Balkim, Iso takaga ham kerakdir? Hey? Sizlarga esa u kerak emas. Haqiqatda kerak emasmi?
Achchiqlangan, andak cho’chib ketgan Foma Yahudoning sullohona quchog’idan zo’rg’a ajralib chiqib, jadal oldinga ketdi. Birpasdan keyin esa barchasini qaytadan o’ylab-fikrlab olmak uchun qadamini sekinlashtirdi.
Yahudo bo’lsa imillab ketaverdi, birmuncha ortda qoldi. Mana, ketayotganlar sal nariroqda olachipor bo’lib aralashib ketishdi, ularning orasidan Isoning mo»jaz sumbatini ajratib bo’lmay qoldi. Mana, Foma ham kichrayib, kulrang nuqtaga aylandi. Va hammalari birdaniga qayrilishda g’oyib bo’ldilar. Yahudo u yoq-bu yog’iga qaradiyu, yo’ldan chetga chiqdi. Sakrab-sakrab toshloq jarlik tubiga tusha boshladi. Tez-tez va shiddat ila sakraganidan uning ko’ylagi shishib, ikkala qo’li parvozga shaylangansimon tepaga yoyildi. Mana, endi jarlik chetida sirg’alishga boshladi va kulrang yumaloq guvalchaga misoli hammayog’i toshlarda shilingancha tubanga tomon g’ildirab ketdi. Sapchib turdi va toqqa musht o’qtalib, darg’azab o’shqirdi:
– Ey sen, la’nati!
Banogoh shiddati pasaydi, harakatlari susaydi. Diqqatini jamlab, xo’mraygancha shoshmasdan katta bir toshning yonidan joy tanlab o’tirdi. Qulayroq bo’lishi uchun o’girilib, ikkala qo’lini kafti bilan bo’z toshga qo’ydi. Boshini toshga og’ir suyadi. Shu holda ikki soatcha qimir etmay shunday o’tirdiki, qushlar ham cho’chimay qo’ydilar undan. Suyangani bo’zrangli tosh kabi toshqotgancha bo’zarib o’tiraverdi. Ortidan ham, oldidan ham – hamma tomondan, lojuvard osmonning bir bo’lagiga o’tkir hoshiya tortarak jarlik devorlari yuksalib turadi. Hammayoqda zaminga qadalgancha ulkan bo’z toshlar qad ko’targan – bu makonlarda qachonlardir toshyomg’ir yoqqanu, uning zilday tomchilari cheksiz-cheksiz o’y-xayollar girdobida toshqotib qolganday go’yoki. Odam oyog’i yetmagan bu ship-shiydam jarlik ham shart kesib, ag’darib qo’yilgan kallaga o’xshaydi, har bir xarsang unda to’ngib qolgan fikrlar kabi, ular juda ko’p, ularning har biri o’yga cho’mgan – zil-zambil, chek-chegarasiz, qaysar o’ylarga…
Yahudoning qimir etmay turishiga aldangan chayon likillab turadigan oyoqlarida sudralib qo’rqmay unga yaqin keldi. Yahudo boshini toshdan olmay turib chayonga qaradi. Uning ko’zlari – ikkalasi ham harakatsiz, ikkalasi ham g’alati oqish g’ubor bilan qoplangan, ikkalasi ham shak-shubhasiz so’qir va ikkalasi ham qo’rqinch tarzda o’tkir ko’zlari nimagayamdir tikilib beharakat qotdi. Mana, zamindan, toshlardan, daradan tunning osoyishta zulmati o’sa boshladi. Bu zulmat Yahudoni o’rab olgach, bo’zrang shu’lador osmonga qarab o’rmalay boshladi. Tun kirdi – tushlar, o’y-xayollar makoni va fursati bo’lmish tun.
Bu oqshom Yahudo qo’nalg’aga qaytmadi. Yeyish-ichish qayg’usi bilan alaxsigan izdoshlar pichir-pichir qilib uning boqibeg’amligini gapirishib yotdilar.

III

Bir kuni tushga yaqin Iso va uning izdoshlari soyadan asar ham bo’lmagan toshloq tog’ yo’lidan ketib borardilar. Besh soatdan ziyod yurilgach, Iso charchoqdan shikoyat qilib qoldi. To’xtadilar. Pyotr va Ivan – ikki o’rtoq o’zlarining va boshqalarning yopinchig’ini olib, bir nechasini yerga to’shadilar, bir nechasini ikki baland toshga tomday yopib, Muallim uchun o’ziga xos chodir tikladilar. Iso oftob tig’idan panalanib, chodirda cho’zildi. Qolganlar o’yin-kulgi va hazilga berildilar. Biroq Isoning hordig’iga xalaqit berayotganlarini sezib – ular charchoq va jaziramaga juda ta’sirchan emasdilar – nari ketdilar va har kim o’z yumushi bilan band bo’ldi. Birov tog’ yonbag’irlaridagi toshlar orasidan yegulik ildizlar topib Isoga olib keldi. Kimdir ming azob bilan yuqoriga va yana yuqoriga chiqib, xayolga cho’mgancha, firuza kengliklar chegarasini axtardi; topolmay cho’qqilar sari yanayam yuksaklab ketdi. Ivan toshlar orasidan ko’kimtir kaltakesak topib, jilmaygancha, qo’lida avaylab Isoga olib keldi. Kaltakeak sirli va bo’rtiq ko’zlari bilan uning ko’zlariga qarab turardi. Keyin esa sovuq jussasi bilan Ivanning issiqqina qo’lida shoshqin sirg’alib, tushib ketdi, o’zining ingichka va titrab turgan dumini tezgina qayoqqadir yashirdi.
Ko’ngilochar bunday sokin o’yinlarga tobi yo’q Pyotr Filipp bilan kuch sinashib, katta-katta xarsanglarni tog’dan pastga dumalatardi. Ular qattiq xaxolab, qolganlarning ham diqqatini jalb etdilar. Hamma birin-birin qiziqib kelib, o’yinga qo’shildi. Toshotarlar chandon zo’r bilan yerga qapishib ketgan katta xarsangni qo’pordilar, ikki qo’llab baland ko’targancha qiyalikdan dumalatib yubordilar. Xarsang ko’p og’ir edi, yerga to’pillab urilib, o’ylanib qolgan kabi birgina soniyaga turib qoldi-yu, bazo’r bir sakradi – keyin esa har bir marta yerga tekkanidan kuch va shiddat olarak tobora yengil, tobora vahshiy, tobora vayronkor bo’la bordi. Endi u sakramas, tishlarini irjaytirgan kabi uchib borar, havo ham shuvillab uning bahaybat to’mtoq jasadiga yo’l berardi go’yo. Tosh yo’l chetiga kelib o’z harakati maromida oxirgi marta yuqoriga ko’tarildi va mana, nihoyat, og’ir o’ychanlik bilan jarlikning ko’z ilg’amas tubi sari oxirgi parvozini amalga oshirdi.
– Qani, yana bittasini! – qichqirdi Pyotr. To’sday qop-qora soqol-mo’ylovi orasidan uning oppoq tishlari yarqirab ketdi, keng ko’kragi, qo’llarini ochdi. Tumtayib yotgan ko’hna xarsanglar ularni yerdan uzgan qudratdan hayronlar qolib birin-ketin itoatkorlik bilan tubsizlik qa’riga uchdilar. Ramaqijon Ivan ham kichikroq toshlarni olib otdi. Iso sokingina jilmayib, bu ermak o’yinni tomosha qilardi.
– Nima qildi, Yahudo? Sen nega o’ynamayapmsan? Rosa zo’r ketyapti-ku, — dedi Foma bir mahal antiqa o’rtog’ini ulkan bo’zrang xarsang ustida qimir etmay o’tirganini ko’rib.
– Nimagadir ko’ksim sanchib turibdi. Meni chaqirishganiyam yo’q.
– Nima, chaqirish kerakmi seni? Xo’p-xo’p, ana men seni chaqirdim, yuraqol. Qara, Pyotr qanaqa toshlarni olib otyapti.
Yahudo unga qiyalab qaradi, shu asno Foma ilk marta kariotlik Yahudoning yuzi ikki xil ekanini payqab qoldi. Ammo Foma bu holni to’la idrok etib ulgurmay, Yahudo o’zining istehzoli va yaltoqilarcha ohangida gap qotib qoldi:
– Pyotrdan kuchliroq odamni topib bo’larmidi? Qachonki u qichqirsa, Quddusdagi jamiyki eshaklar xaloskorimiz keldi deb o’ylashadi. Shunday o’ylab ular ham shovqin-suron solishadi. Sen ularning hangillaganini hech eshitganmisan, Foma?
Yahudo ochiq yuzlik bilan jilmayib va fatila-fatila malla jun bosgan ko’kragining hididan xijolat bo’lib, o’ynayotganlarga qo’shildi. Hammalari shunday xursand edilarki, Yahudoni ham mamnunlik va hazil-mazax bilan davraga tortdilar. Yahudo norozilanib, yasama oh-voh bilan katta bir xarsangga yopisharkan, hatto Ivan ham unga iltifot-la jilmayib qaradi. Mana, Yahudo o’sha katta xarsangni yengilgina ko’tardi-da, o’shanday yengillik bilan otvordi. Uning so’qir va balqaygan ko’zi chayqalib Pyotrga qadalib qoldi, mug’ambir va sho’x ikkinchisi esa kulgidan qisilib ketdi.
— Yo’q-yo’q, yana bir marta tashla! – dedi Pyotr alami kelib. Ikkovlari ham birin-ketin ulkan xarsanglarni adl ko’tarib olib, otaverdilar. To’planganlar har ikkovini hayrat ila kuzatishardi. Pyotr qancha katta toshni tanlasa, Iuda undan kattarog’ini olib otardi. Pyotrning qovog’ini uyilib, diqqati jamlandi. U g’azab bilan qoyaning uzilib tushgan katta bir bo’lagini surib, gandiraklagancha dast ko’tardi-yu, pastga yumalatib yubordi. Yahudo iljayishini qo’ymay, undan-da kattarog’ini ko’zi bilan izlab topdi. Uzun-uzun barmoqlari bilan silab-siypagancha mahkam ushlab, toshni quchoqlab oldi. O’zi ham xarsang bilan bab-baravar tebranarkan, ranglari biroz oqarib, uni jarlik tubiga yumalatib yubordi. Pyotr toshni dumalatdi-yu, gavdasini sal orqaga tashlab, uning tushishiga qarab turdi. Yahudo esa, xuddiki o’zi ham xarsang ortidan pastga qarab uchmoqchi bo’lgan kabi, qaltirab turgan qo’llarini oldga uzatib, o’zi ham oldinga engashdi. Nihoyat, har ikkalalari – avval-boshlab Pyotr, undan keyin Yahudo – bo’zrang ko’hna bir xarsangga yopishdilar. Lekin na bunisi, na unisi toshni qo’zg’atolmadi. Pyotr qip-qizarib, shahd bilan Isoga yaqinlashdi va qattiq ovozda dedi:
— YO Robbim! Yahudo mendan kuchli bo’lishini xohlamayman! Menga madad ber, o’sha toshni ko’tarib otayin!
Iso unga ohistalik bilan nimadir dedi. Pyotr norozilanib yelkasini qisdi, ammo e’tiroz bildirishga jur’at qilmadi. To’daga qaytib keldi:
— U shunday dedi: “Iskariotga-chi, unga kim yordam beradi?”
Shu so’zlarni ayta turib, Pyotr hansirab va tishlarini qattiq qisib hanuz toshga yopishib yotgan Yahudoga qaradi, sho’x-shodon kuldi:
— Kasal bu, kasal! Qaranglar, bu boyoqish telba Yahudo nimalar qilyapti!
Kutmaganda fosh bo’lgan kabi Yahudoning o’zi ham, qolganlar ham kulib yuborishdi. Fomaning labi ustiga osilib tushgan oqish mo’ylovlari kulgidan qimirlab ketdi hatto. Hammalari shu tarzda do’stona chaqchaqlashib, kulishib yo’lda davom etdilar. Yahudoning g’olibligiga astoydil iqror bo’lgan Pyotr ham dam-badam uning biqinidan mushti bilan turtib, qattiq xaxolardi:
— Mana shunaqangi kasal bu!
Hammalari Yahudoni maqtashdi, uni g’olib deb tan olishdi. Hammalari u bilan xush-xandon gaplashib ketishdi. Lekin Iso, faqatgina Iso uni maqtab qo’yishni bu gal ham o’ziga ep ko’rmadi. U uzilgan o’t poyasini tishlagancha, indamaygina oldinda ketib borarkan, izdoshlar ham birin-sirin kulgini bas qilib, uning yoniga o’tib olishdi. Oxiri tag’in shunday manzara paydo bo’ldiki, Iso va izdoshlar qalin to’da bo’lib oldinda borishar, Yahudo bo’lsa – o’sha muzaffar Yahudo, hammadan kuchli Yahudo – changlarni yutgancha orqadan bir o’zi kelardi.
Mana, ular to’xtashdi. Iso qo’lini Pyotrning kiftiga qo’yib, olisga ishora qildi. U yoqdan tutun ichida Quddus shahri ko’rinardi. Pyotr oftobda kuygan nozik bu qo’lni keng, zabardast yelkalarida avaylab tutib turardi.
Tunash uchun Vifaniyaga, Lazarning uyiga qo’ndilar. Hamma suhbat uchun yig’ilganda, Yahudo yana uning muvaffaqiyati haqida gapirishlaridan umidvor bo’lib, ularga yaqin o’tirdi. Biroq izdoshlar allaqanday so’zsiz va o’ychan edilar. Miyalarida bosib o’tilgan yo’l manzaralari: quyosh, xarsang, uzilgan o’tlar, chodirda yotgan Iso – bularning barchasi sokin taxayyulni ufurgancha, oftob shu’lalari ostidagi allaqanday mangu bir harakat haqida mavhum, ammo shirin o’ylar tug’dirib suzib yurardi. Shirin hordiq olayotgan charchoq vujudlar qandaydir jumboqli mo»jizani, ulkan bir nimani qo’msayotgan edi. Hech kim Yahudoni eslamadi.
U tashqari chiqdi, birpas turib qaytib kirdi. Iso so’zlar, izdoshlari uni jimgina tinglamoqda edilar. Isoning oyoq tarafida tosh sanamday harakatsiz o’tirgan Mariya boshini sal orqaga tashlab, uning yuzlariga tikilib turardi. Ivan Isoga yaqin surilib, qo’llarini Muallimni bezovta qilmaydigan tarzda uning kiyimiga tekkizib turishga urinardi. Mana, qo’lini tekkizdi-yu, tek qotdi. Pyotr esa xuddi Isoning so’zlarini ma’qullaganday qattiq nafas oldi.
Iskariot bo’sag’ada to’xtadi, yig’ilganlarni nafrat bilan ko’zdan kechirib, alangali nigohini Isoga tikdi. Nigohlaridagi o’t Isoni shunday yoritdiki, boshqa hamma narsa quyuq zulmat va sukunat pardasi ichiga chekindi, faqat qo’llari ko’tarilgan Isogina ravshanlashib turardi. Daf’atan u havoga ko’tarilgandek, erib ketgandek bo’ldi; u ko’l uzra yoyilgan, botayotgan oy yog’dulari sizib o’tayotgan tuman tusini oldi. Mayin guftori ham juda-juda olislardan jaranglab kelayotir edi go’yo. Yahudo qalqib turgan xayoliy sharpaga tikilib, olis xayoliy so’zlar musiqasiga some’ bo’lgancha, xuddiki yuragini temirday qattiq qo’liga oldi va uning hududsiz zulmatida judayam ulkan bir narsani jimgina rostlay boshladi. Quyuq zimistonda u shoshilmay tog’larga o’xshash bahaybat nimalarnidir tikladi, ravonlik bilan birini ikkinchisi ustiga qo’ydi. Yana tikladi, yana ustma-ust qo’ydi. Qorong’ulik qo’ynida nimadir o’sib chiqdi, chegaralarni surib, sassiz kengaydi. U o’z boshini gumbazday his etdi, bu gumbazning quyuq zulmatida ham haybatli nimarsalar rostlana boshladi. Kimdir jimjit ishlar, tog’larday azim narsalarni tiklar, birining ustiga ikkinchisini qo’yar, yana tiklay boshlardi… Qaerdandir juda olislardan xayoliy nafis-nozik so’zlar eshitiladi.
Yahudo shunday – to’s qora va bahaybat bo’lib eshikni to’sib turar, Iso va’z o’qir, Pyotrning uzuq-uzuq, og’ir nafasi bu so’zlarni go’yo ma’qullab turardi. Iso so’zini oxiriga yetkazmay to’satdan jimib qoldi. Pyotr ham tuyqus uyqudan uyg’onganday hayajon bilan xitob qildi:
— YO Robbim! Boqiy hayot sirlari sengagina ayon!
Ammo Iso hech nima demadi, bir yoqqa qattiq tikildi. Hamma u tikilgan tarafga qaradi – eshik oldida ko’zlari qotib qolgan Yahudo og’zini katta ochib turardi. Ular nima gapligini bilmay kulib yubordilar. Muqaddas kitoblardan xabardor Matfey esa Yahudoning kiftiga turtib, Sulaymoning so’zlarini qaytardi:
— Mo’min-qobil boqquvchilar – afv etilgusi; qopqada uchrashib qolganlar boshqalarni siqib qo’yadi.
Yahudo qaltirab ketdi, hatto qo’rquvdan ohista qichqirib yubordi. Odamni ko’rib qolgan jonivor kabi talmovsirab qoldi. Iso to’ppa-to’g’ri Yahudoga qarab yurdi, nimadir dedi, yonidan o’tdi va endi Yahudo to’smayotgan ochiq eshikdan tashqariga chiqdi.
Yarim tunda Foma bezovta bo’lib Yahudo yotgan joyga keldi, cho’kkalab o’tirdi. “Yig’layapsanmi, Yahudo?” dedi.
— Yo’q. Nari tur, Foma.
— Unda nega ingrayapsan? Nega tishlaringni g’ajiyapsan? Tobing qochdimi?
Yahudo jim turdi-yu, birdaniga hasrat va qahr bilan yo’g’rilgan so’zlarni yog’dirib tashladi:
— U nega meni yaxshi ko’rmaydi? Nega ularni yaxshi ko’radi? Axir, men ulardan ko’rkamroq, yaxshiroq, kuchliroqmasmanmi? Ular qo’rqoq laychalarga o’xshab dumlarini qisib qochib qolishganda, uning hayotini saqlab qolgan menmasmidim?
— Boyoqish do’stim! Sen mutlaq haqsan deyolmayman. Chiroyli emassan, gapirishing ham yuzingday yoqimsiz. Yolg’on so’zlaysan, fisqu fasod qilasan hamisha. Tag’in qanaqasiga Iso seni yaxshi ko’rsin?
Ammo Yahudo uni mutlaqo eshitmaganday, qorong’ulikda og’ir qo’zg’alib, davom etdi:
— U nega Yahudo bilan emasu uni sevmaganlar bilan? Ivan unga kaltakesak topib keldi – men esa unga zaharli ilonni olib kelgan bo’lardim. Pyotr toshlarni yumalatdi – men esa uning uchun tog’larni talqon qilardim! Zaharli ilon nima degan gap? Tishini sug’urib olishadiyu, bo’yinda marjon bo’lib osilib turishdan boshqasiga yaramaydi. Tog’-chi? Uni ham qo’l bilan tekislab, oyoq bilan toptash mumkin. Men unga Yahudoni – naq go’zal va jasur Yahudoni tuhfa qilgan bo’lardim unga! Endi esa u halok bo’ladi, u bilan birga Yahudo ham halok bo’ladi.
— G’alati gaplarni gapirasan-a, Yahudo!
— Qurigan anjir daraxtini tabar bilan chopib tashlash kerak – bu menman, u buni men haqimda aytdi. Nega uning o’zi chopib tashlamaydi? Jur’ati yetmaydi, Foma. Men uni bilaman: u Yahudodan qo’rqadi! U dilovar va kuchli, go’zal Yahudodan yashirinib yuradi. U miyasi yo’q esipastlarni, sotqin va kazzoblarni yaxshi ko’radi. Aldoqchi Foma, sen bu xususda eshitganmisan?
Foma hayron-hayron bo’lib qoldi, e’tiroz bildirmoqchi bo’ldi-yu, Yahudoning janjallashishidan qo’rqib, qorong’ida boshini tebratib qo’yaqoldi. Yahudoning dili battar siqildi, u nolish qilib, tishlarini g’ichirlatdi. Ko’rpa ostida uning bahaybat gavdasi qanday to’lg’ongani ham eshitilib turdi.
— Xo’sh, Yahudoni nima buncha azoblaydi? Uni alangai otashga tashlagan kim? U o’z o’g’lini itlarga yem qiladi! O’z qizini qaroqchilarga tahqirlatib qo’yadi, qallig’ini sotadi… Yahudoning qalbi shunchalar toshmi? Ket, Foma, ket, tentak. Mayli, kuchli, jasur va go’zal Yahudo yolg’izlanib qolaversin!

044

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring