Dilorom Karimova. Hamon bizdan o’ch olyapti…

05     Тошхўжа Хўжаев — буюк ўзбек режиссёри. Мен бевосита ундан сабоқ олмаганман, лекин саҳна асарларини кўриб улғайдим, шаклландим… Мен унинг режиссёрлигида биронта роль ижро этмаганман, (армон билан ўтдим) лекин уни устозим деб билдим…

Дилором Каримова
ҲАМОН БИЗДАН ЎЧ ОЛЯПТИ…
045

Муқаддима

077Тошхўжа Хўжаев — буюк ўзбек режиссёри. Мен бевосита ундан сабоқ олмаганман, лекин саҳна асарларини кўриб улғайдим, шаклландим…

Мен унинг режиссёрлигида биронта роль ижро этмаганман, (армон билан ўтдим) лекин уни устозим деб билдим…

Мен унинг “Ҳамза” театрига (ҳозирги Миллий театр) олиб кирган энг охирги актрисаси эдим, устоздан менга мени лол ва мажнун қилган саҳна асарлари-ю камёб суҳбатларидан эшитиб қолган уч-тўртта ҳикматли сўзлари ва гўдакники каби маъсум, беғубор, аммо ўрни келганда ҳам қаҳрли, ҳам аламли катта-катта кўзларию ҳамда… Ўша даҳшатли мажлис бутун умримга етгулик хотира бўлиб қолди …

I

“Яхшиямки, унутиш бахти берилган одамга! Яхшиямки, инсон хотираси унутишга мойил. Акс ҳолда ота-онанг ўлимини ёхуд бошқа йўқотишлар аламини ҳар лаҳза ҳис этиб туриш азобига қандай чидай оларди одам?!” Бу гапни Тўла аканинг (биз уни шундай атардик) ўзидан эшитгандим. Афсуски, у ишонган “унутиш бахти” керагида ўзига ёрдам беролмади, аксинча юрагини поралади, ақлини яралади, натижада вужуд ҳалокатга учради…

Бор ақли шуури, иқтидори ва кучини бахш этган театри, “юлдуз” даражасига кўтарган шогирдлари нонкўрлик қилганда унинг гўдакники каби яраланувчи, ҳимоясиз қалби бу хиёнатни кечиролмади, унутолмади, тўғриси, унутишга вақт ҳам, куч ҳам тополмади. У ижоди айни кучга кирган паллада — 49 ёшида ҳаёти мазмунига айланган театрини тарк этишга мажбур бўлди. 53 ёшида эса бу бевафо дунёни ҳам қўл силтаб ташлаб кетди…

1953- 55 йиллар… 3-4 ёшимдан ота-онам мени ўзлари билан бирга театрларга, кўпинча Ҳамза номидаги театр томошаларига олиб боришар эди. Эсимда, қишин-ёзин театр биноси ва майдони томошабинлар билан тўла бўлар эди. Ҳордиқ чиқаришнинг ва дардлашишнинг энг асосий маскани эди театр! Лекин 1960-65 йилларда томошабин қочгандек бўлди. Ҳатто “Ҳамлет” спектакли бўлса-да, бош ролни ўша-ўша машҳур актёр Олим Хўжаев ижро этаётганига қарамай залда жуда кам одам ўтирарди. Театрдан файз кетиб қолганди. Лекин яна бироз вақт ўтиб-ўтмай саҳна шу даражада гурилладики, довруғи ташқарига ҳам чиқа бошлади. “Қутлуғ қон”, “ Аяжонларим”, “Парвона”, “Ўлимдан кучли”, “Ўғирланган умр”, “Қирол Лир” “Сўнгги қурбон”, “Бой ила хизматчи”, “Олтин девор”, “Замон драмаси” каби ҳам миллий, ҳам жаҳон драматургияси асарлари кетма-кет томошабинларга тақдим этила бошланди, ҳувиллаб ётган театр чиптахоналари тирбанд бўлди. Бу юксалиш палласи бадиий раҳбарликни, яъни бош режиссёрликни Тошхўжа Хўжаев қўлига олган даврга тўғри келади. Ва бу аҳвол Хўжаев театрдан бошини олиб чиқиб кетган пайтгача давом этади…

II

“Олтин девор” асари устида ишлаётган пайтларида у кишидан яна бир гапни эшитган эдим: “Ўн олти, ўн етти яшар бокира қиз образини тўрт-беш марта эрга тегиб чиққан актриса қандай қилиб ижро этиши мумкин? Бу ёлғон бўлади-ку!”

Тўла ака миллий руҳни ҳис қилолмайдиган, ўзбек театрига ишлаб туриб, миллий қадриятларимизни унча писанд қилмайдиган “олий табақа” актёрлардан ўзбекона ролларни қизғанар эди. Ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам ёлғонни ёмон кўрадиган режиссёр, томошабин олдидаги ижодкор масъулиятини биринчи ўринга қўярди. Буни қаранг-ки, бу олий хислат (эндиликда батамом унутилган) кейинчалик унга “гуруҳвозлик”ка йўл қўйган деган айбни бўйнига осиб қўйишга сабаб бўлди.

Т. Хўжаев миллий драматургия ривожига жуда катта ҳисса қўшган режиссёрдир. У Ойбек, Сарвар Азимов, Уйғун, Иззат Султон, Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, айниқса, Абдулла Қаҳҳор каби забардаст ёзувчилар асарларини саҳна тилига ўгирди. Шу билан бирга ўзбек саҳнасида жаҳон классикасига ҳам кенг ўрин ажратган эди. (Жумладан, “Сарвиқомат дилбарим” — Чингиз Айтматов, “Сўнгги қурбон” — А. Островский, “Ўлимдан кучли” —  Эмануэл Роблес, “Ўғирланган умр” — Моримото Каору) Шунга қарамай, унга классика билан иши бўлмаяпти, деган асоссиз айбловни ҳам тиркаб қўйишади. Шоир “Иллат излаганга иллатдир дунё” деб бежизга айтмаган экан. Унинг ҳам ҳар бир эзгу ишидан иллат қидира бошладилар. Нега? Бу саволнинг жавоби сал кейинроқ очилади…

1970-1971 йилларда Тошхўжа Хўжаевга қарши кайфият очиқ сезила бошлади. Институтни тамомлаб эндигина ишлай бошлаган кезларим… Кишини ҳайрат ва ҳаяжонга соладиган асарлар ижодкорини, ҳайбати ва салобати хоҳлаган бир одамни довдиратиб қўядиган бу инсонни бурчак-бурчакда ғийбатини қилиб юриш, ёмон отлиқ қилишга уриниш жуда ҳайрон қолдирар эди. Тўла ака саҳна ортидан сизиб чиқаётган бу адоватни сезмай иложи йўқ эди. Кўз ўнгимда устознинг сокин ва меҳрибон кўзлари аста-секин таҳлика ва иддаога тўла бошлади. Шуни билдимки, у гўдакдек ишонувчан ва алданганини билса тезда аразлаб қолгувчи инсон экан. Афсуски, унинг бу хусусиятидан кўплар фойдаланар эди. Бир шиша ароқни қўйниларига солиб, театрдаги иғволарни, деди-дедиларни айтиб, бошини қотиришар, уни майда-чуйда гап-сўзлардан асраш ўрнига, ўзларини яхши кўрсатиш илинжида бошқаларни ёмонлаб, дилига озор беришар, ҳамкасбларига бўлган ишончига рахна солишар эди. Бу дардкашларнинг “яхшилиги” ўз ишини қилди. Тўла ака, ҳамма нарсага шубҳа билан қарай бошлади. “Нима учун?” деган саволга жавоб тополмай баъзан аламини ичкиликдан оларди.

III

“— Инсон қачон ва нега йиғлайди?”

Тўла ака Сарвар Азимовнинг “Замон драмаси” пьесаси устида иш олиб бораётган кунлардан бирида қаршисида тизилишиб ўтирган актёрларга қараб шу саволни берган эди. Ҳар ким ўз билганича жавоб беради: алам қилганида, жони оғриганда, хўрланганида, алданганда, айрилиқдан ва ҳоказо. Тўла ака эса ҳеч бир жавобни тасдиқламай, жилмайганча:

— Инсон ўзига ачинганидан йиғлайди!..

Бир қарашда жўнгина туюлган бу гапда инсон руҳиятига шўнғиш, уни тафтиш қилиш ҳолати мавжуд эди. Ҳақиқатан ҳам инсон хўрланганини, ёлғизлигини, севган кишисидан жудо бўлганини ё алданганини англаб етган ҳамоно “нега энди мен?!” деган савол пайдо бўлади. Ва фалакнинг унга кўрсатган адолатсизлигидан хўрланиб, ўзига ачиниб кетганидан йиғлайди. Бу Тўла Хўжаевнинг мураббий, режиссёр, тадқиқотчи сифатида актёрнинг саҳнада тўғри ва табиий ҳаракат қилишига, унга берилган ролда “яшашига” (Константин Станиславскийнинг “агарда мен бўлсам” деган сеҳрли сабоғи каби) имкон берадиган яна бир қимматли кўрсатмаларидан бири эди. Саҳнада инсон руҳиятини ёритишдек ниҳоятда оғир жараёнда актёр психотехникасини яратиш борасида Тошхўжа Хўжаев ҳам Константин Станиславский, Всеволод Мейерхольд, Евгений Вахтангов ва Михаил Чеховдек даҳолар каби изланишлар олиб борар эди. Минг афсуски, жуда кўп қимматли фикрлар қўл ёзма ҳолида қолиб кетиб, йўқолиб кетган бўлса ҳам керак.

1970-71 йиллар Тошхўжа Хўжаевга қарши “ўйин” авжига чиқади. Унинг ўрни қачонлардир омад истаб Москвага ( Т. Хўжаев айтганидек, “театрни оғир аҳволга ташлаб…”) кетиб қолган ва у ерда иши юришмаганидан сўнг, яна иссиқ ўрнига қайтиб келишни хоҳлаган Александр Гинзбургга керак бўлиб қолди. (Тан олиш керакки, А. Гинзбург ҳам ўз вақтида яхши спектакллар билан ўзбек театр санъати ривожига ҳисса қўшган талантли режисёрлардан, ўз ишига жуда масъулиятли шахс бўлган.) Кутилмаганда туғилган ушбу вазият Тўла акани хуш кўрмайдиган, унинг аёли Ирода Алиевада хусумати бор одамларга қўл келди. Александр Осиповични “Ҳамза” театрига одатдаги режиссёр эмас, айнан Бош режиссёр сифатида олиб келиш учун (ана ўшандагина Хўжаевдан буткул қутулиш мумкин) ҳар томондан ҳаракат бошланди. Агар Гинзбург қачонлардир машҳур бўлган, (ўша пайтда «Огонёк» журналининг бош муҳаррири бўлган. ХДК изоҳи) лекин эндиликда Москва театрлари йўлатмай қўйган ўртамиёна ёзувчи Анатолий Софроновнинг асарини Академик театрда қўйса, бу яхшилиги учун  москвалик ёзувчи  тошкентлик қадрдони Назир Сафаровдан Гинзбург масаласини юқори давраларда кўриб чиқишни илтимос қилади. Сафаровнинг яқин қадрдони эса давлат раҳбарларидан бири. Бироқ раҳбариятни ишонтириш учун аниқ далиллар керак. Тошхўжа Хўжаевнинг театрдаги ишлари эса яхши. Бир-биридан гўзал спектакллар қўйилиб турибди. Хўш, нима қилмоқ керак?!

Театр айни ривож палласида турган бир пайтда “Театрда инқироз” деган маънода юқорига — Марказий Қўмитага  хат чиқрилади. Хат муаллифи ўша пайтларда ҳар бир гап-сўзи эътиборли ҳисобланган театршунос Александр Рибник (Рыбник) эди. Театрнинг ички ҳаётида эса “Тўла ака ичкиликка берилиб кетди, театр билан иши бўлмай қўйди” деган гап чуваланарди. Бу қуруқ гап эди, холос. Уни исботлаш керак. Тезда шундай имконият туғилди ҳам: Тўла ака уйидан сиқилиб чиқиб (бу ҳаммада ҳам бўлади) театрда, ўз хонасида тунаб қолади. Бундан дарров қулоқлари динг “керакли” одамлар хабар топади. Эрта тонгданоқ эшикни тақиллатиб, худди жиноятчини жиноят устида тутиб олгандек театр маъмурияти ва актёрлардан иборат 4-5 одам ичкарига ёпирилиб киришади. Чойнакни шамадан тозалаб чой қўяётган Тўла ака бу “босқин”дан довдираб қолади. Шу куниёқ театр бўйлаб “Тўла хонада ичиб, ҳаммаёқни булғаб, ухлаб қолибди” деган гап тарқалади. Санъаткор тақдири шу тарзда ҳеч қандай тўсиқсиз, осонгина ҳал бўлади… Театр раҳбарияти эса ғамхўрлик ва меҳрибонлик билан “Сиз касалсиз, толиққансиз, даволанишингиз, дам олишигиз керак”, деб уни касалхонага ётқизишга кўндиришади. Касалхонада эканлигида эса ўйлаб қўйилган режа амалга оширилади.

“Инсон ўзига ачинганида йиғлайди…” Унга сўнгги ҳукм ўқилганида хонасини қандай тарк этди экан? Қоронғи кулисни (саҳна орқасидаги йўлак) кесиб ўтаётганида орқасида мунғайиб қолаётган саҳнага сўнгги бор қаролганмикин ё йўқми, билмайман. Лекин номардларча ижро этилган бу “ўйин” юрагини ўртаб юборганини, томоғига аччиқ нарса тиқилганини ва катта-катта кўзларидан йирик ёшлар халқаланиб тушганини тассаввур қиламан. Кечагина унга таъзим қилиб турганлар, биргина нигоҳини илиб олишга шай турганлар бири бугунги томошанинг ташкилотчиси, яна бири томошабини бўлиб турибди. У бу таҳқир ва адолатсизликдан лолу ҳайрон. Четга итарилган ва ёлғиз қолган Тўла ака шу дамда ўзига жуда раҳми келиб кетган ва кечаги фикри шууридан лип этиб ўтиб, кашфиёти қанчалик тўғрилигига тан берган бўлса керак.

IV

Тўла Хўжаевнинг театрдан батамом кетиш ҳақидаги аризасига тезда қўл қўйилганидан сўнг аёли Ўзбекистон халқ артисти Ирода Алиева ҳам ўз аризасини ёзади. Негадир унинг аризасини кўриб чиқиш умумий мажлисга қўйилади. (Бу мажлис Т. Хўжаевдан “қутулиш” воқеасининг авж палласи бўлди!) Ахир, умр йўлдоши ҳурматсизланган даргоҳда қандай ишлайди, сотқин юзларга қай кўз билан қарасин, аёл?! Эрининг орқасидан кетмоқчи экан, кетаверсин, ахир, бу унинг ҳаққи, қўй ўз ҳолига! Нега буни умуммажлисга қўйиб оммавий ҳукмга айлантириш керак? Э, ҳа, бу сиёсат-ку! Қатағон йилларидан мерос бўлиб қолган сиёсат. Қатлни кўпчилик талаби билан, “халқ” номидан адо этиш керак. Ана шунда бу қотиллик бўлмайди. Адолат бўлади! Ўша куни минбарга чиқиб олиб, жон куйдириб, қизариб-бўзариб сўзлаганлар нуқси билан 1930 йиларда “халқ душманлари”ни фош этган “фидойи” нотиқларнинг бўғриққан башаралари орасида нима фарқ бор? Унвонли, таниқли актёрлардан тортиб театрнинг оддий ходимигача сўзга чиқди. Фақат айтилаётган гапларнинг кўпи бичиб-тўқилганини билганларгина, бу “ўйин”га қатнашишни истамаганларгина сўзга чиқишмади. Бошларини хам қилиб ўтиришди. Тўла акани устоз, отам; аёлини дугонам, онам деганларнинг биронтаси улар учун бир оғиз гап айтолмади. Қўрқишди. Уларнинг сукути эвазига ҳам айбнома бир овоздан тасдиқланди. Ҳамма биргина гапни қайтарарди: “Тўла ака адо бўлган. Уни хотини хароб қилди. Уни ичирган, касал қилган, уйидан ҳайдаган, театрдан кетишга ундаган ҳам шу. Бу кўйга тушишига фақат Ирода сабабчи…” Сўзга чиқмаган, лекин ўтирган жойида усталик билан мажлисни керакли томонга йўналтириб турган, ҳанузгача ўзини Тўла аканинг энг вафодор шогирди деб даъво қиладиган кимса Ирода Алиевани баланд овозда ўрисча қилиб сўкиб ҳам қўйди. Кейин залга ўгирилиб “қалай бопладимми?” дегандек бизларга ғурурланиб қараб қўйди. Мардлик қобиғига усталик билан ўралган ўша сотқин нигоҳ хотирамда муҳрланиб қолди. Бир бурчакда карахт бўлиб қолган, актёрлар “Ира, Ирода опажоним” деб талпинган актриса барча надоматларни елкасига ортиб, сассиз чиқиб кетганча, театр остонасига бошқа қадам босмади.

Лекин бир савол узоқ йиллар ечилмаган тугун бўлиб миямда турарди. Нега Ирода Алиева шафқатисизларча “тошбўрон” қилинди. Ахир, яхшими, ёмонми у устознинг рафиқаси. Уни ҳақорат қилиш устозни ҳақорат қилиш билан баробар эмасми? Тўла акага “ишлайверинг, ким сизни театрдан ҳайдаяпти, Бош режиссёрлик оғирлик қилиб қолгани учун бироз дамингизни олинг деяпмиз холос,” деган гаплар риёдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини, Тўла Хўжаев учун энди театр эшиклари батамом бекитилгани шу куни исботланган эди.

Театрдаги кейинги тақдиримга жуда қаттиқ таъсир қилган бу мажлис йиллар оша хотирада дамба-дам жонланиб яна бир ҳақиқатни очгандай бўлди. Ўша шармандали воқеа ўз манфаатларидан воз кечолмаган кўнгилларнинг айюҳанноси ва… ва хиёнатни оқлаш учун қилинган виждон жазаваси эди.

V

Йиллар ўтди. Театр Тошхўжа Хўжаевсиз ҳам яшай бошлади. Сиртдан қараганда  ҳаммаси рисоладагидек. Режиссёрлар келиб кетаверади, лекин саҳна қолади, деган нақл тўғри экан. Мана, Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Тошхўжа Хўжаев, кейинчалик унинг шогирди Баҳодир Йўлдошевни кетказиб юборгандик, ўшаларсиз ҳам театр кунини биб-бинойидек ўтқазиб юрибди-ку. Лекин яқинда Ўзбекистон Халқ артисти Яйра Абдуллаевадан навбатдаги спектакллардан бирининг ишлаш жараёнини эшитдим-у, асл ҳақиқат юзини очгандек бўлди. Мен актрисадан эшитган гапларимни айнан қоғозга туширишга ҳаракат қиламан.

“Я. Абдуллаева(режиссёрга):
— Фалончихон, мен тушунолмаяпман… Шу гап билан нима демоқчи бўлаяпман, яъни…

Режиссёр (таажжубланиб): — Нега тушунмайсиз! Пьесада ҳаммаси ёзиб қўйилган-ку.

“Бундай жавобдан кейин бошқа саволга ҳожат ҳам қолмади”, деб гапида давом этади, Яйра опа. — Жим қоламан… Партнёрларимга секин қарайман. Бири ўзича нимадир қилишга ҳаркат қилиб ерга ётиб оладими-ей, ҳар хил муқомлар қилишга тушадими-ей… Қараб туриб бир кўришда қизиқ туюлган бу қилиқларни асарга нима алоқаси бор экан, деб ҳайрон қоламан. Яна бошқаларни кузатишга тушаман. Ёш актрисалардан бири “ўзиники” қилиб олинмаган “бегона” матнни ўқиб бераяпти, холос. Тажрибалироғи эса сўзларига оҳанг бериб ўзини яхши актриса эканига атрофдагиларни ишонтириш билан овора. Хуллас, фикрсиз, маъносиз бўшлиқни ҳар ким ўз билганича тўлдирмоқчи бўлади. Фақат, мен нотавон, партнёрларимга ҳайрон қарайман, саҳнада нима бўлаётганини, нима қилишаётганини тушунолмай кечагина саҳнага қадам қўйган қизалоқдай кўзларимни жовдиратиб ўтирибман… Ўзимни шу қадар ожиз ҳис қиламанки, саҳнадан қочиб чиқиб кетгим келади”.

Саҳна санъати гавҳарларидан бирининг бу иқрори кишини даҳшатга солади. Умри давомида қанчадан-қанча етук режиссёрларни кўрган, юзлаб бетакрор, ёдда қолувчи образлар ярата олган актриса бугун ўзини нотавон ҳис қиляпти. Нодонлик ва манманлик қаршисида ақл- иқтидор ҳам кўз ёш тўкади.

Нега бу ҳолга келиб қолдик? Исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат шуки, биз ўз пайтида улуғ режиссёрларимизнинг қадрига етмадик. Маънавий дунёмизнинг шаклланишида, бойишида беқиёс хизмат қилган Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Тўла Хўжаев, Баҳодир Йўлдошев, қолаверса, Эргаш Масофаевларни бирин-кетин бой бердик. Уларни шахсий манфаатларимиз, ғаразларимиз ва жуда бўлмаганда лоқайдлигимиз, қўрқоқлигимиз қурбонига айлантирдик. Актёрлар ҳар куни туғилади, лекин Тошхўжа Хўжаевдек режиссёрлар 50-100 йилда бир туғилади. Биз ана шу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етолмадик. Оқибатда, бугунги театр ва кино санъатига устоз кўрмаган саводсиз, дидсиз, санъатни давлат орттириш майдонига айлантирмоқчи бўлган чала муллалар кириб келмоқда.

Хотима

Йиллар ўтди… Театр оламида ҳали ҳеч кўрилмаган воқеа юз берди. 1987 йилда “Ҳамза” театри бўлинди. Талантли режиссёрларидан ажралавериб чарчаган актёрлар жамоасининг ярми исён сифатида сал олдин  театрдан  кетган Баҳодир Йўлдошев ортидан орденли, академик театр даргоҳидан мавқеи ва даражаси анча кичик бўлган “Ёш гвардия” (ҳозирги Ўзбек Давлат драма театри) театрига ўтиб кетишди. Бу воқеа ўзининг фавқулотдалиги билан собиқ иттифоқ, ҳатто чет эл матбуотида  (фақат ўзимизда эмас) ёритилган эди. Ана ўшанда Баҳодир: “Мен устозимнинг ўчини олдим”, деганди. Шундаймикан? Балки Устоз ҳануз биздан ўчини олаётгандир?!

Манба: “ЖаннатМакон”, 2013

033

09Таниқли театр режиссёри ва актёри Тошхўжа Хўжаев 1922 йилда Тошкентда туғилган. У 1951 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Тошхўжа Хўжаев 1950—1960 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида режиссёр, бош режиссёр, 1957—1970 йилларда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагог сифатида фаолият кўрсатпан. 1970—1975 йилларда «Ўзбекфильм»да актёрлар студиясига раҳбар вазифасида ишлайди. Бир қанча фильмларда роллар ижро этади. Тошхўжа Хўжаев илк бор Мольернинг «Скапеннинг найранглари» асарини саҳналаштиради. Сўнгра А.Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана» (А.Гинзбург билан ҳамкорликда), Б.Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», А.Штейннинг «Шахсий иш», Ойбекнинг «Қутлуғ қон» (инсценировка муаллифи Т.Хўжаев), Э.Воҳидовнинг «Олтин девор», Уйғуннинг «Ҳуррият» каби ўттизга яқин спектаклларга режиссёрлик қилади. Бу спектаклларда замонавий режиссурага хос ўта аниқлик, ҳар бир деталь ва хатти-ҳаракатни реалистик символ даражасига кўтариш услубини кўрамиз. Т.Хўжаевнинг Ҳамза театрида саҳналаштирилган бирорта спектаклидан томошабин ранжиган эмас, аксинча уни ҳамиша самимий кутиб олган. Чунки драматик асарга (агар у яхши ёзилган бўлса) саҳнада ҳаёт бағишловчи ҳам, актёрлар салоҳиятига мос роллар танлаб, уларни кашф этувчи ҳам режиссёр истеъдодидир. Шунингдек, кўп актёрларни кенг жамоатчиликка яқиндан танитишда ҳам Т.Хўжаевнинг хизматлари беқиёс бўлган. Аксарият актёрларнинг Т.Хўжаевни устозим дея тилдан туширмасликларининг боиси ҳам шунда.
Тошхўжа Хўжаев фақат Ҳамза театридагина эмас, балки республикамизнинг турли театрларида ҳамда чет эл мамлакатларида бир неча спектаклларни саҳналаштирган. У М.Горький номидаги Тошкент Давлат рус академик драма театрида Нозим Ҳикматнинг «Байрамнинг биринчи куни», Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида А.Бобожон қаламига мансуб «Ғазал фожиаси» ва бошқа спектаклларни саҳнага қўяди. Т.Хўжаев Ч.Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» асарини Татаристон театрида муваффақиятли саҳналаштиргани учун 1966 йилда Абдулла Тўқай номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Т.Хўжаев ўзи саҳнага қўйган бир неча спектаклларда қатор образлар ҳам яратган эди. Тошхўжа Хўжаев режиссёрлик ва актёрликни педагогик фаолият билан моҳирона боғлаб олиб борган иқтидорли устоздир. У кўп йиллар Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагоглик қилиб, истеъдодли театр ва кино актёрларини тарбиялаб вояга етказди. Таниқли режиссёр, актёр ва педагог Тошхўжа Хўжаев фаолияти муносиб тақдирланди. 1959 йилда унга «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони берилди. 1970 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Тошхўжа Хўжаев 1975 йилда Тошкентда вафот этди. Тошхўжа Хўжаев Ҳамза ва бошқа театрлар саҳнасида «Юрак сирлари», «Қутлуғ қон», «Олтин девор», «Йўлчи юлдуз», «Сарвиқомат дилбарим» каби қатор спектаклларни моҳирона саҳналаштирган профессионал театр режиссёри сифатида ўзбек театри тарихида муносиб ўрин тутади.

022

Dilorom Karimova
HAMON BIZDAN O’CH OLYAPTI…
045

Muqaddima

077Toshxo’ja Xo’jaev — buyuk o’zbek rejissyori. Men bevosita undan saboq olmaganman, lekin sahna asarlarini ko’rib ulg’aydim, shakllandim…

Men uning rejissyorligida bironta rol` ijro etmaganman, (armon bilan o’tdim) lekin uni ustozim deb bildim…

Men uning “Hamza” teatriga (hozirgi Milliy teatr) olib kirgan eng oxirgi aktrisasi edim, ustozdan menga meni lol va majnun qilgan sahna asarlari-yu kamyob suhbatlaridan eshitib qolgan uch-to’rtta hikmatli so’zlari va go’dakniki kabi ma’sum, beg’ubor, ammo o’rni kelganda ham qahrli, ham alamli katta-katta ko’zlariyu hamda… O’sha dahshatli majlis butun umrimga yetgulik xotira bo’lib qoldi …

I

“Yaxshiyamki, unutish baxti berilgan odamga! Yaxshiyamki, inson xotirasi unutishga moyil. Aks holda ota-onang o’limini yoxud boshqa yo’qotishlar alamini har lahza his etib turish azobiga qanday chiday olardi odam?!” Bu gapni To’la akaning (biz uni shunday atardik) o’zidan eshitgandim. Afsuski, u ishongan “unutish baxti” keragida o’ziga yordam berolmadi, aksincha yuragini poraladi, aqlini yaraladi, natijada vujud halokatga uchradi…

Bor aqli shuuri, iqtidori va kuchini baxsh etgan teatri, “yulduz” darajasiga ko’targan shogirdlari nonko’rlik qilganda uning go’dakniki kabi yaralanuvchi, himoyasiz qalbi bu xiyonatni kechirolmadi, unutolmadi, to’g’risi, unutishga vaqt ham, kuch ham topolmadi. U ijodi ayni kuchga kirgan pallada — 49 yoshida hayoti mazmuniga aylangan teatrini tark etishga majbur bo’ldi. 53 yoshida esa bu bevafo dunyoni ham qo’l siltab tashlab ketdi…

1953- 55 yillar… 3-4 yoshimdan ota-onam meni o’zlari bilan birga teatrlarga, ko’pincha Hamza nomidagi teatr tomoshalariga olib borishar edi. Esimda, qishin-yozin teatr binosi va maydoni tomoshabinlar bilan to’la bo’lar edi. Hordiq chiqarishning va dardlashishning eng asosiy maskani edi teatr! Lekin 1960-65 yillarda tomoshabin qochgandek bo’ldi. Hatto “Hamlet” spektakli bo’lsa-da, bosh rolni o’sha-o’sha mashhur aktyor Olim Xo’jaev ijro etayotganiga qaramay zalda juda kam odam o’tirardi. Teatrdan fayz ketib qolgandi. Lekin yana biroz vaqt o’tib-o’tmay sahna shu darajada gurilladiki, dovrug’i tashqariga ham chiqa boshladi. “Qutlug’ qon”, “ Ayajonlarim”, “Parvona”, “O’limdan kuchli”, “O’g’irlangan umr”, “Qirol Lir” “So’nggi qurbon”, “Boy ila xizmatchi”, “Oltin devor”, “Zamon dramasi” kabi ham milliy, ham jahon dramaturgiyasi asarlari ketma-ket tomoshabinlarga taqdim etila boshlandi, huvillab yotgan teatr chiptaxonalari tirband bo’ldi. Bu yuksalish pallasi badiiy rahbarlikni, ya’ni bosh rejissyorlikni Toshxo’ja Xo’jaev qo’liga olgan davrga to’g’ri keladi. Va bu ahvol Xo’jaev teatrdan boshini olib chiqib ketgan paytgacha davom etadi…

II

“Oltin devor” asari ustida ishlayotgan paytlarida u kishidan yana bir gapni eshitgan edim: “O’n olti, o’n yetti yashar bokira qiz obrazini to’rt-besh marta erga tegib chiqqan aktrisa qanday qilib ijro etishi mumkin? Bu yolg’on bo’ladi-ku!”

To’la aka milliy ruhni his qilolmaydigan, o’zbek teatriga ishlab turib, milliy qadriyatlarimizni uncha pisand qilmaydigan “oliy tabaqa” aktyorlardan o’zbekona rollarni qizg’anar edi. Hayotda ham, sahnada ham yolg’onni yomon ko’radigan rejissyor, tomoshabin oldidagi ijodkor mas’uliyatini birinchi o’ringa qo’yardi. Buni qarang-ki, bu oliy xislat (endilikda batamom unutilgan) keyinchalik unga “guruhvozlik”ka yo’l qo’ygan degan aybni bo’yniga osib qo’yishga sabab bo’ldi. T. Xo’jaev milliy dramaturgiya rivojiga juda katta hissa qo’shgan rejissyordir. U Oybek, Sarvar Azimov, Uyg’un, Izzat Sulton, Maqsud Shayxzoda, Erkin Vohidov, ayniqsa, Abdulla Qahhor kabi zabardast yozuvchilar asarlarini sahna tiliga o’girdi. Shu bilan birga o’zbek sahnasida jahon klassikasiga ham keng o’rin ajratgan edi. (Jumladan, “Sarviqomat dilbarim” Chingiz Aytmatov, “So’nggi qurbon” A. Ostrovskiy, “O’limdan kuchli” Emanuel Robles, “O’g’irlangan umr” Morimoto Kaoru) Shunga qaramay, unga klassika bilan ishi bo’lmayapti, degan asossiz ayblovni ham tirkab qo’yishadi. Shoir “Illat izlaganga illatdir dunyo” deb bejizga aytmagan ekan. Uning ham har bir ezgu ishidan illat qidira boshladilar. Nega? Bu savolning javobi sal keyinroq ochiladi…

1970-1971 yillarda Toshxo’ja Xo’jaevga qarshi kayfiyat ochiq sezila boshladi. Institutni tamomlab endigina ishlay boshlagan kezlarim… Kishini hayrat va hayajonga soladigan asarlar ijodkorini, haybati va salobati xohlagan bir odamni dovdiratib qo’yadigan bu insonni burchak-burchakda g’iybatini qilib yurish, yomon otliq qilishga urinish juda hayron qoldirar edi. To’la aka sahna ortidan sizib chiqayotgan bu adovatni sezmay iloji yo’q edi. Ko’z o’ngimda ustozning sokin va mehribon ko’zlari asta-sekin tahlika va iddaoga to’la boshladi. Shuni bildimki, u go’dakdek ishonuvchan va aldanganini bilsa tezda arazlab qolguvchi inson ekan. Afsuski, uning bu xususiyatidan ko’plar foydalanar edi. Bir shisha aroqni qo’ynilariga solib, teatrdagi ig’volarni, dedi-dedilarni aytib, boshini qotirishar, uni mayda-chuyda gap-so’zlardan asrash o’rniga, o’zlarini yaxshi ko’rsatish ilinjida boshqalarni yomonlab, diliga ozor berishar, hamkasblariga bo’lgan ishonchiga raxna solishar edi. Bu dardkashlarning “yaxshiligi” o’z ishini qildi. To’la aka, hamma narsaga shubha bilan qaray boshladi. “Nima uchun?” degan savolga javob topolmay ba’zan alamini ichkilikdan olardi.

III

“— Inson qachon va nega yig’laydi?” To’la aka Sarvar Azimovning “Zamon dramasi” p`esasi ustida ish olib borayotgan kunlardan birida qarshisida tizilishib o’tirgan aktyorlarga qarab shu savolni bergan edi. Har kim o’z bilganicha javob beradi: alam qilganida, joni og’riganda, xo’rlanganida, aldanganda, ayriliqdan va hokazo. To’la aka esa hech bir javobni tasdiqlamay, jilmaygancha:
— Inson o’ziga achinganidan yig’laydi!..

Bir qarashda jo’ngina tuyulgan bu gapda inson ruhiyatiga sho’ng’ish, uni taftish qilish holati mavjud edi. Haqiqatan ham inson xo’rlanganini, yolg’izligini, sevgan kishisidan judo bo’lganini yo aldanganini anglab yetgan hamono “nega endi men?!” degan savol paydo bo’ladi. Va falakning unga ko’rsatgan adolatsizligidan xo’rlanib, o’ziga achinib ketganidan yig’laydi. Bu To’la Xo’jaevning murabbiy, rejissyor, tadqiqotchi sifatida aktyorning sahnada to’g’ri va tabiiy harakat qilishiga, unga berilgan rolda “yashashiga” (Konstantin Stanislavskyning “agarda men bo’lsam” degan sehrli sabog’i kabi) imkon beradigan yana bir qimmatli ko’rsatmalaridan biri edi. Sahnada inson ruhiyatini yoritishdek nihoyatda og’ir jarayonda aktyor psixotexnikasini yaratish borasida Toshxo’ja Xo’jaev ham Konstantin Stanislavskiy, Vsevolod Meyerxol`d, Yevgeniy Vaxtangov va Mixail Chexovdek daholar kabi izlanishlar olib borar edi. Ming afsuski, juda ko’p qimmatli fikrlar qo’l yozma holida qolib ketib, yo’qolib ketgan bo’lsa ham kerak.

1970-71 yillar Toshxo’ja Xo’jaevga qarshi “o’yin” avjiga chiqadi. Uning o’rni qachonlardir omad istab Moskvaga (“teatrni og’ir ahvolga tashlab…” T. Xo’jaev jumlasi) ketib qolgan va u yerda ishi yurishmaganidan so’ng, yana issiq o’rniga qaytib kelishni xohlagan Aleksandr Ginzburgga kerak bo’lib qoldi. (Tan olish kerakki, A. Ginzburg ham o’z vaqtida yaxshi spektakllar bilan o’zbek teatr san’ati rivojiga hissa qo’shgan talantli rejisyorlardan, o’z ishiga juda mas’uliyatli shaxs bo’lgan.) Kutilmaganda tug’ilgan ushbu vaziyat To’la akani xush ko’rmaydigan, ayoli Iroda Alievada xusumati bor odamlarga qo’l keldi. Aleksandr Osipovichni “Hamza” teatriga odatdagi rejissyor emas, aynan Bosh rejissyor sifatida olib kelish uchun (ana o’shandagina Xo’jaevdan butkul qutulish mumkin) har tomondan harakat boshlandi. Agar Ginzburg qachonlardir mashhur bo’lgan, lekin endilikda Moskva teatrlari yo’latmay qo’ygan dramaturg Anatoliy Sofronovning asarini Akademik teatrda qo’ysa, bu yaxshiligi uchun dramaturg toshkentlik do’sti Nazir Safarovdan Ginzburg masalasini yuqori davralarda ko’rib chiqishni iltimos qiladi. Yozuvchining yaqin qadrdoni esa davlat rahbarlaridan biri. Biroq rahbariyatni ishontirish uchun aniq dalillar kerak. Toshxo’ja Xo’jaevning teatrdagi ishlari esa yaxshi. Bir-biridan go’zal spektakllar qo’yilib turibdi. Xo’sh, nima qilmoq kerak?!

Teatr ayni rivoj pallasida turgan bir paytda “Teatrda inqiroz” degan ma’noda MQga xat chiqriladi. Xat muallifi o’sha paytlarda har bir gap-so’zi e’tiborli hisoblangan teatrshunos Aleksandr Ribnik edi. Teatrning ichki hayotida esa “To’la aka ichkilikka berilib ketdi, teatr bilan ishi bo’lmay qo’ydi” degan gap chuvalanardi. Bu quruq gap edi, xolos. Uni isbotlash kerak. Tezda shunday imkoniyat tug’ildi ham: To’la aka uyidan siqilib chiqib (bu hammada ham bo’ladi) teatrda, o’z xonasida tunab qoladi. Bundan darrov quloqlari ding “kerakli” odamlar xabar topadi. Erta tongdanoq eshikni taqillatib, xuddi jinoyatchini jinoyat ustida tutib olgandek teatr ma’muriyati va aktyorlardan iborat 4-5 odam ichkariga yopirilib kirishadi. Choynakni shamadan tozalab choy qo’yayotgan To’la aka bu “bosqin”dan dovdirab qoladi. Shu kuniyoq teatr bo’ylab “To’la xonada ichib, hammayoqni bulg’ab, uxlab qolibdi” degan gap tarqaladi. San’atkor taqdiri shu tarzda hech qanday to’siqsiz, osongina hal bo’ladi… Teatr rahbariyati esa g’amxo’rlik va mehribonlik bilan “Siz kasalsiz, toliqqansiz, davolanishingiz, dam olishigiz kerak”, deb uni kasalxonaga yotqizishga ko’ndirishadi. Kasalxonada ekanligida esa o’ylab qo’yilgan reja amalga oshiriladi.

“Inson o’ziga achinganida yig’laydi…” Unga so’nggi hukm o’qilganida xonasini qanday tark etdiykin? Qorong’i kulisni (sahna orqasidagi yo’lak) kesib o’tayotganida orqasida mung’ayib qolayotgan sahnaga so’nggi bor qarolganmikin yo yo’qmi, bilmayman. Lekin nomardlarcha ijro etilgan bu “o’yin” yuragini o’rtab yuborganini, tomog’iga achchiq narsa tiqilganini va katta-katta ko’zlaridan yirik yoshlar xalqalanib tushganini tassavvur qilaman. Kechagina unga ta’zim qilib turganlar, birgina nigohini ilib olishga shay turganlar biri bugungi tomoshaning tashkilotchisi, yana biri tomoshabini bo’lib turibdi. U bu tahqir va adolatsizlikdan lolu hayron. Itarilgan va yolg’iz qolgan To’la aka shu damda o’ziga juda rahmi kelib ketgan va kechagi fikri shuuridan lip etib o’tib, kashfiyoti qanchalik to’g’riligiga tan bergan bo’lsa kerak.

IV

To’la Xo’jaevning teatrdan batamom ketish haqidagi arizasiga tezda qo’l qo’yilganidan so’ng ayoli O’zbekiston xalq artisti Iroda Alieva ham o’z arizasini yozadi. Negadir uning arizasini ko’rib chiqish umumiy majlisga qo’yiladi. (Bu majlis T. Xo’jaevdan “qutulish” voqeasining avj pallasi bo’ldi!) Axir, umr yo’ldoshi hurmatsizlangan dargohda qanday ishlaydi, sotqin yuzlarga qay ko’z bilan qarasin, ayol?! Erining orqasidan ketmoqchi ekan, ketaversin, axir, bu uning haqqi, qo’y o’z holiga! Nega buni umummajlisga qo’yib ommaviy hukmga aylantirish kerak? E, ha, bu siyosat-ku! Qatag’on yillaridan meros bo’lib qolgan siyosat. Qatlni ko’pchilik talabi bilan, “xalq” nomidan ado etish kerak. Ana shunda bu qotillik bo’lmaydi. Adolat bo’ladi! O’sha kuni minbarga chiqib olib, jon kuydirib, qizarib-bo’zarib so’zlaganlar nuqsi bilan 1930 yilarda “xalq dushmanlari”ni fosh etgan “fidoyi” notiqlarning bo’g’riqqan basharalari orasida nima farq bor? Unvonli, taniqli aktyorlardan tortib teatrning oddiy xodimigacha so’zga chiqdi. Faqat aytilayotgan gaplarning ko’pi bichib-to’qilganini bilganlargina, bu “o’yin”ga qatnashishni istamaganlargina so’zga chiqishmadi. Boshlarini xam qilib o’tirishdi. To’la akani ustoz, otam; ayolini dugonam, onam deganlarning birontasi ular uchun bir og’iz gap aytolmadi. Qo’rqishdi. Ularning sukuti evaziga ham aybnoma bir ovozdan tasdiqlandi. Hamma birgina gapni qaytarardi: “To’la aka ado bo’lgan. Uni xotini xarob qildi. Uni ichirgan, kasal qilgan, uyidan haydagan, teatrdan ketishga undagan ham shu. Bu ko’yga tushishiga faqat Iroda sababchi…” So’zga chiqmagan, lekin o’tirgan joyida ustalik bilan majlisni kerakli tomonga yo’naltirib turgan, hanuzgacha o’zini To’la akaning eng vafodor shogirdi deb da’vo qiladigan kimsa Iroda Alievani baland ovozda o’rischa qilib so’kib ham qo’ydi. Keyin zalga o’girilib “qalay bopladimmi?” degandek bizlarga g’ururlanib qarab qo’ydi. Mardlik qobig’iga ustalik bilan o’ralgan o’sha sotqin nigoh xotiramda muhrlanib qoldi. Bir burchakda karaxt bo’lib qolgan, aktyorlar “Ira, Iroda opajonim” deb talpingan aktrisa barcha nadomatlarni yelkasiga ortib, sassiz chiqib ketgancha, teatr ostonasiga boshqa qadam bosmadi.

Lekin bir savol uzoq yillar yechilmagan tugun bo’lib miyamda turardi. Nega Iroda Alieva shafqatiszlarcha “toshbo’ron” qilindi. Axir, yaxshimi, yomonmi u ustozning rafiqasi. Uni haqorat qilish ustozni haqorat qilish bilan barobar emasmi? To’la akaga “ishlayvering, kim sizni teatrdan haydayapti, Bosh rejissyorlik og’irlik qilib qolgani uchun biroz damingizni oling deyapmiz xolos,” degan gaplar riyodan boshqa hech narsa emasligini, To’la Xo’jaev uchun endi teatr eshiklari batamom bekitilgani shu kuni isbotlangan edi.

Teatrdagi keyingi taqdirimga juda qattiq ta’sir qilgan bu majlis yillar osha xotirada damba-dam jonlanib yana bir haqiqatni ochganday bo’ldi. O’sha sharmandali voqea o’z manfaatlaridan voz kecholmagan ko’ngillarning ayyuhannosi va… va xiyonatni oqlash uchun qilingan vijdon jazavasi edi.

V

Yillar o’tdi. Teatr Toshxo’ja Xo’jaevsiz ham yashay boshladi. Sirtdan hammasi risoladagidek. Rejissyorlar kelib ketaveradi, lekin sahna qoladi, degan naql to’g’ri ekan. Mana, Mannon Uyg’ur, Yetim Bobojonov, Toshxo’ja Xo’jaev, keyinchalik uning shogirdi Bahodir Yo’ldoshevni ketkazib yuborgandik, o’shalarsiz ham teatr kunini bib-binoyidek o’tqazib yuribdi-ku. Lekin yaqinda O’zbekiston Xalq artisti Yayra Abdullaevadan navbatdagi spektakllardan birining ishlash jarayonini eshitdim-u, asl haqiqat yuzini ochgandek bo’ldi. Men aktrisadan eshitgan gaplarimni aynan qog’ozga tushirishga harakat qilaman.

“YA. Abdullaeva(rejissyorga):
— Falonchixon, men tushunolmayapman… Shu gap bilan nima demoqchi bo’layapman, ya’ni…

Rejissyor (taajjublanib): — Nega tushunmaysiz! P`esada hammasi yozib qo’yilgan-ku.

“Bunday javobdan keyin boshqa savolga hojat ham qolmadi”, deb gapida davom etadi, Yayra opa. — Jim qolaman… Partnyorlarimga sekin qarayman. Biri o’zicha nimadir qilishga harkat qilib yerga yotib oladimi-yey, har xil muqomlar qilishga tushadimi-yey… Qarab turib bir ko’rishda qiziq tuyulgan bu qiliqlarni asarga nima aloqasi bor ekan, deb hayron qolaman. Yana boshqalarni kuzatishga tushaman. Yosh aktrisalardan biri “o’ziniki” qilib olinmagan “begona” matnni o’qib berayapti, xolos. Tajribalirog’i esa so’zlariga ohang berib o’zini yaxshi aktrisa ekaniga atrofdagilarni ishontirish bilan ovora. Xullas, fikrsiz, ma’nosiz bo’shliqni har kim o’z bilganicha to’ldirmoqchi bo’ladi. Faqat, men notavon, partnyorlarimga hayron qarayman, sahnada nima bo’layotganini, nima qilishayotganini tushunolmay kechagina sahnaga qadam qo’ygan qizaloqday ko’zlarimni jovdiratib o’tiribman… O’zimni shu qadar ojiz his qilamanki, sahnadan qochib chiqib ketgim keladi”.

Sahna san’ati gavharlaridan birining bu iqrori kishini dahshatga soladi. Umri davomida qanchadan-qancha yetuk rejissyorlarni ko’rgan, yuzlab betakror, yodda qoluvchi obrazlar yarata olgan aktrisa bugun o’zini notavon his qilyapti. Nodonlik va manmanlik qarshisida aql- iqtidor ham ko’z yosh to’kadi.

Nega bu holga kelib qoldik? Isbot talab qilmaydigan haqiqat shuki, biz o’z paytida ulug’ rejissyorlarimizning qadriga yetmadik. Ma’naviy dunyomizning shakllanishida, boyishida beqiyos xizmat qilgan Mannon Uyg’ur, Yetim Bobojonov, To’la Xo’jaev, Bahodir Yo’ldoshev, qolaversa, Ergash Masofaevlarni birin-ketin boy berdik. Ularni shaxsiy manfaatlarimiz, g’arazlarimiz va juda bo’lmaganda loqaydligimiz, qo’rqoqligimiz qurboniga aylantirdik. Aktyorlar har kuni tug’iladi, lekin Toshxo’ja Xo’jaevdek rejissyorlar 50-100 yilda bir tug’iladi. Biz ana shu haqiqatni o’z vaqtida anglab yetolmadik. Oqibatda, bugungi teatr va kino san’atiga ustoz ko’rmagan savodsiz, didsiz, san’atni davlat orttirish maydoniga aylantirmoqchi bo’lgan chala mullalar kirib kelmoqda.

Xotima

Yillar o’tdi… Teatr olamida hali hech ko’rilmagan voqea yuz berdi. 1987 yilda “Hamza” teatri bo’lindi. Talantli rejissyorlaridan ajralaverib charchagan aktyorlar jamoasining yarmi isyon sifatida sal odin ketgan Bahodir Yo’ldoshev ortidan ordenli, akademik teatr dargohidan mavqei va darajasi ancha kichik bo’lgan “Yosh gvardiya” (hozirgi O’zbek Davlat drama teatri) teatriga o’tib ketishdi. Bu voqea o’zining favqulotdaligi bilan sobiq ittifoq, hatto chet el matbuotida(faqat o’zimizda emas) yoritilgan edi. Ana o’shanda Bahodir: “Men ustozimning o’chini oldim”, degandi. Shundaymikan? Balki Ustoz hanuz bizdan o’chini olayotgandir?!

Manba: “JannatMakon”, 2013

033

09Taniqli teatr rejissyori va aktyori Toshxo’ja Xo’jaev 1922 yilda Toshkentda tug’ilgan. U 1951 yilda A.Ostrovskiy nomidagi Toshkent teatr va rassomlik san’ati institutini tugatgan. Toshxo’ja Xo’jaev 1950—1960 yillarda Hamza nomidagi O’zbek Davlat akademik drama teatrida rejissyor, bosh rejissyor, 1957—1970 yillarda A.Ostrovskiy nomidagi Toshkent teatr va rassomlik san’ati institutida pedagog sifatida faoliyat ko’rsatpan. 1970—1975 yillarda «O’zbekfil`m»da aktyorlar studiyasiga rahbar vazifasida ishlaydi. Bir qancha fil`mlarda rollar ijro etadi. Toshxo’ja Xo’jaev ilk bor Mol`erning «Skapenning nayranglari» asarini sahnalashtiradi. So’ngra A.Qahhorning «Shohi so’zana» (A.Ginzburg bilan hamkorlikda), B.Rahmonovning «Yurak sirlari», A.Shteynning «Shaxsiy ish», Oybekning
«Qutlug’ qon» (instsenirovka muallifi T.Xo’jaev), E.Vohidovning «Oltin devor», Uyg’unning «Hurriyat» kabi o’ttizga yaqin spektakllarga rejissyorlik qiladi. Bu spektakllarda zamonaviy rejissuraga xos o’ta aniqlik, har bir detal` va xatti-harakatni realistik simvol darajasiga ko’tarish uslubini ko’ramiz. T.Xo’jaevning Hamza teatrida sahnalashtirilgan birorta spektaklidan tomoshabin ranjigan emas, aksincha uni hamisha samimiy kutib olgan. Chunki dramatik asarga (agar u yaxshi yozilgan bo’lsa) sahnada hayot bag’ishlovchi ham, aktyorlar salohiyatiga mos rollar tanlab, ularni kashf etuvchi ham rejissyor iste’dodidir. Shuningdek, ko’p aktyorlarni keng jamoatchilikka yaqindan tanitishda ham T.Xo’jaevning xizmatlari beqiyos bo’lgan.
Toshxo’ja Xo’jaev faqat Hamza teatridagina emas, balki respublikamizning turli teatrlarida hamda chet el mamlakatlarida bir necha spektakllarni sahnalashtirgan. U M.Gor`kiy nomidagi Toshkent Davlat rus akademik drama teatrida Nozim Hikmatning «Bayramning birinchi kuni», Muqimiy nomidagi musiqali drama va komediya teatrida A.Bobojon qalamiga mansub «G’azal fojiasi» va boshqa spektakllarni sahnaga qo’yadi. T.Xo’jaev CH.Aytmatovning «Sarviqomat dilbarim» asarini Tatariston teatrida muvaffaqiyatli sahnalashtirgani uchun 1966 yilda Abdulla To’qay nomidagi Davlat mukofoti bilan taqdirlangan. T.Xo’jaev o’zi sahnaga qo’ygan bir necha spektakllarda qator obrazlar ham yaratgan edi. Toshxo’ja Xo’jaev rejissyorlik va aktyorlikni pedagogik faoliyat bilan mohirona bog’lab olib borgan iqtidorli ustozdir. U ko’p yillar Toshkent teatr va rassomlik san’ati institutida pedagoglik qilib, iste’dodli teatr va kino aktyorlarini tarbiyalab voyaga yetkazdi. Taniqli rejissyor, aktyor va pedagog Toshxo’ja Xo’jaev faoliyati munosib taqdirlandi. 1959 yilda unga «O’zbekiston xalq artisti» faxriy unvoni berildi. 1970 yilda Respublika Davlat mukofotiga sazovor bo’ldi. Toshxo’ja Xo’jaev 1975 yilda Toshkentda vafot etdi. Toshxo’ja Xo’jaev Hamza va boshqa teatrlar sahnasida «Yurak sirlari», «Qutlug’ qon», «Oltin devor», «Yo’lchi yulduz», «Sarviqomat dilbarim» kabi qator spektakllarni mohirona sahnalashtirgan professional teatr rejissyori sifatida o’zbek teatri tarixida munosib o’rin tutadi.

022

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

2 izoh

  1. Odamni o’qib yuragi titrb ketadi .Dilorom opaga bo’lgan hurmatim yanayam oshib ketdi .Shu aktrisa ro’llarini Iqbol Qo’shayeva bilan bo’lgan suhbatni o’qigach qayta ,qayta ko’ryapman .Zulfiqor Musoqovning <> filmidagi ro’llari ham go’zal …

  2. Тошхўжа Хўжаев ҳақида сиртдан билардим. Дилором Каримованинг юракни ларзага келтирувчи бу номасини ўқиб, ушбу улуғ режиссёрнинг ботиний сурати тасаввуримда жонланди, сийратини қалбан ҳис этдим. Режиссёрни ўзимга дарддош, фикрдош, мааслакдош деб билдим. Унга нисбатан кўнглимда катта ҳурмат ва эътиқодга яқин бир туйғу уйғонди. Хўжаевнинг биргина «Инсон ўзига ачинганидан йиғлайди» ибораси нақадар чин ва софлигини, дилнинг тубидан таралиб чиқаётганига ва уни ҳеч бир ёлғон ва разолат олови куйдира олмаслигига, даврлар шамоли ҳам сўндира олмаслигига амин бўлдим. Ахир ҳақиқат ғубор тортгани билан, унинг юзасига гард қўниб, хира тортгани билан барибир у кўмилиб ё чўкиб йўқолиб кетмайди.Ҳеч бир куч ҳақиқатни синдира олмайди, сўндиролмайди. Чунки энг сўнгги умид ва куч -хотира уни қутқариш учун келади. Хотиралар бизга фақат ҳақиқатдан сўзлашига яна бир бор имон келтирдим. Тошхўжа Хўжаев ҳақидаги хотиралар гарчанд мунгли, киши юрагини ларзага келтирадиган даражада ғамгин бўлсада , тотли. Кўнглида дарди бор, изтироблар ила тирик, дарду изтироб мисоли ҳаводек бўлган инсонлар учун ҳар қандай ғамгин, қайғули ўй-у хотирлар азиз бўлиб қолаверади. Дилором опага эса шундай улуғ, кўнгил кишиси билан бизни янада таништиргани ва унинг оламига олиб киргани учун раҳмат. Устозга ҳам раҳмат.

Izoh qoldiring