Dilorom Karimova: “San’at yolg’izligingga arzimaydimi?”

007    Санъаткор ким? Санъаткор ўз кўксига инсоният қалбини сиғдира олган инсон, дейман мен. Бу фикрга мени ҳамиша саркаш, ҳамиша ўйчан, ҳамиша мағрур Дилором Каримованинг бедор дунёси олиб келди.

САНЪАТ ЁЛҒИЗЛИГИНГГА АРЗИМАЙДИМИ?
Актриса ва режиссёр Дилором Каримова билан суҳбат
067

056Санъаткор ким? Санъаткор ўз кўксига инсоният қалбини сиғдира олган инсон, дейман мен. Бу фикрга мени ҳамиша саркаш, ҳамиша ўйчан, ҳамиша мағрур Дилором Каримованинг бедор дунёси олиб келди. Бундай инсонларга бор йўғи қўлингни тутасан-у, улар сенинг юрагингни ҳис қила бошлайди. Эҳтимол, сизга фикрларим ҳавойи бўлиб туюлар, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Тўмарис, Жанна д`Арк, Қурбонжан додхоҳ, Мария Стюарт ҳақидаги афсоналарнинг афсона эмаслигига, буларнинг бари ҳақиқатлигига бўлган ишончимни мана шу санъаткор аёл шахсияти асраб келяпти. Лекин актриса айнан мана шу шахсияти ўзига кўп халал берганини айтади. Эҳтимол, қуйидаги иқрорлар, ўйлар тугунни ечишимиз учун, унинг нега камнамолигини тушунишимиз учун ёрдам берар…

Илк саволлар

Нимага одам насиҳатлару китобдаги ўгитлар билан чекланиб қолмайди. Нега? Ахир, ундаги кўрсатмаларга амал қилса унинг бу ҳаётда яшаши енгилроқ кечармиди?.. Лекин ўша ҳақиқатларга сен фақат қалб азоби билан, яъни хатоларинг орқали етиб бораркансан. Ҳа, албатта, шу ақидалар орқасида ҳаёт ҳақиқатини топганлар ҳам бор. Бироқ бу ақллилик ортида худбин вужуд ётмасмикин? Ўзганинг дарди ўзгалигича қолаверади. Уларнинг наздида дард чекаётганлар гуноҳкор, холос. Чунки хато қилган. Барибир мен хатолар орқали, азоблар орқали ҳақиқатни таниган одамни кўпроқ қадрлайман. Масалан, мени ўзимни ҳам бир пайтлар жуда осмонга кўтаришарди: одобли, аълочи, ота-онасининг ҳурматини жойига қўяди, устозларини айтганини қилади, жамоат ишларида фаол, хуллас, рисоладагидек. Лекин мен бу сиполикни ҳазм қилолмадим. Қайтанга нотўкис одамга ўхшаб қолаётгандек ҳис қилардим, ўзимни. Дунёда шунча бахтсизликлар бўла туриб нега менинг юрагим тинч? Нима учун йиғлай олмайман? Бу менинг илк саволларим эди… “Рисоладагидек” яшаб, силлиқ қиёфа билан ҳеч қачон ўзим истаган туйғуларни англаб етолмаслигимни сеза бошладим. Ўша буюк муҳаббатни… инсон азобини — бахтини… Биламанки, муҳаббат хатоликлардан иборат…

Кўчган оғриқ

Онамни эрка, ҳаётнинг кўп шароитларини тан олмайдиган, ўз хаёллари билан яшайдиган аёл, деб билардим. Кўзлари кўрмай қолганда бу ҳолни шу даражада мардонавор қабул қилдиларки, ҳеч нолимадилар. Фақат кулиб туриб: “майли, бир кун очилар, ҳеч нарса қилмайди”, деб қўйдилар холос. Дунёни радио орқали била бошладилар. Бир куни олдиларига борсам, маъюсгина бўлиб: “Қизим, бугун бир куй эшитдим… Шунақа йиғладим-ей, шунақа йиғладим-ей… ”, деб яна йиғлаб юбордилар. …Мен бу ҳолатни тушундим. Куйда, ушалмаган орзу — армонлар, ўтиб кетган умр — ҳамма-ҳамма нарса бор эди. Онам ҳам ўйлаган нарсаларига эришолмай кетдилар. Ўзларича қизларини кўркам шаҳзодаларга бермоқчийдилар… бойвучча хоним бўлмоқчийдилар. Уларнинг хаёлий дунёлари билан реал ҳаёт ҳеч тўғри келмади. Сўнгги нафасларигача турмушнинг муштини ҳеч тан олмадилар, ўз хаёллари билан кетдилар. Отам эса бу ҳаётнинг одами эдилар. Ўйлаётган ўйлари қуруқ хаёл бўлмасдан ҳаётий бўлгани учун ҳам кўпроқ отамни тушунардим. Бироқ кунлар кунларингни инкор қиларкан… Энди эса онам фожиасини яққолроқ ҳис қиламан. Оналик муҳаббати билан бизни қийнаганларини тушунгандек бўламан. Ота-онам тақдирига қараб шуни англадимки, дунёдаги фожиаларнинг энг залворлиси икки қалб бир-бирини тушунмаслиги экан. Иккаласининг ҳам ўз ҳаётий ҳақиқати бор. Мана шу икки хил ҳақиқат билан бир-бирини қийнайди. Мен шунақа оилада улғайганман. Онам Тургенев, Толстойлар дунёсида юрадиган ҳассос қалб, гўзал аёл бўлса, Отам — ҳаёт қийинчиликларига бардош бериб, умрининг охиригача покизалигини сақлаб қолган инсон. Мен шу икки қадрдон инсонлар орасида гирдикапалак бўлиб, улар азобини тушунган, икки томон тушунмовчилигидан қийналган фарзандман. Эҳтимол, шу учун ҳам фикрчан бўлиб қолгандирман. Отам ўлганида ҳам ўзимни саволлар билан қийнаганман. Нега бу қадар эрта? Нега саратон? Азоб билан-ку яшади, нега яна азобли якун? Кейин ўзимча жавоб топдим: балки Оллоҳ суйган бандасини оиладаги кўнгилсизликлар ва дунёдаги ўзгаришлардан аяш учун ҳам у кишининг жонини эрта олгандир. Ҳатто, ўз вақтида ўлган эканлар, деган таскин ҳам пайдо бўлди менда.

Иброҳимбой ҳожининг (Иброҳимҳожи Каримбоев, Абдулла Қодирий “Тошканд бойлари” мақоласида бу инсонга ҳам тўхталиб ўтган, — И.Қ) ўғли бўлсалар ҳам шу қадар советлар партиясига ишонган одам эдиларки, билмадим, бу эътиқодлари сароб бўлиб чиққанини тушунганларида, бу ғояларнинг бари сафсата эканини кўрганларида, ўзларини катта бир ёлғонда кўзи боғлиқ ҳолда иштирок этганларини англаганларида қай аҳволга тушардилар? Оилада эса тилаб олган ёлғиз ўғиллари хасталаниб қолганини кўрганларида не ҳолга тушардилар? Отам укамнинг келажагига жуда катта умид қилгандилар. Ўғилларини етук композитор бўлишига ишонардилар. Ҳатто, бир қанча асарлар ҳам ёзганди, бугун улар кимларнинг қўлида эканлигини на ўзи билади, на биз… Хулласи, қалбимнинг энг катта дарди отам бўлиб қолди. Олаётган ҳар бир нафасим отамнинг хаёлисиз кечмайди. Ўйлаб қоламан, агар узоқ умр кўриб, фарзандлар эътиборида пиру бадавлат бўлиб яшаганларида шу даражада юрагимнинг оғриғига айланиб қолармидилар?.. Тўғри, отамга бўлган муҳаббатим бўларди, лекин кўксимдаги оғриқ, ота деганда кўзимдан оқаётган шашқатор ёш бўлмасди. Дунёнинг номукамаллигидан ҳайрон бўлиб, кўзларини катта-катта очганча ўтиб кетдилар. Катта-катта чиройли кўзлар врачларга жовдираб қарарди. Бу жовдирашда ўлимдан қўрқиш эмас, асло! Фақат: “Мен болаларимни ташлаб кетяпман-ку!” деган ўкинч бор эди. Чунки ҳаётга мослашмаган онам отамнинг яна бир эрка, инжиқ боласи эдилар.

Кун кунларни, йил йилларни инкор қилади… Ўша ўтган йиллар ортидан бугун отам ёлғизлигини теранроқ ҳис қиламан. Эслайман… Кечки маҳал ҳовлидаги каравотда ёлғиз ўтирибдилар… дардкашлари пиёладаги қип-қизил шароб… Ҳамма ўз юмуши билан овора. Хаёлларга эрк берилган… маъюс нигоҳ қорайган осмонга қадалган. Енгил эсаётган шамол сийраклашиб қолган сочларини ҳилпиратади. Шу туришлари Дон Кихотни эслатарди. Ана шундай лаҳзаларнинг бирида “Мунира, Мунира” деган шивирни эшитгандек бўлганман. Қарасам, отамнинг кўзларида ёш. Мунира билан техникумда бирга ўқиган эканлар. Улар ўртасида жуда катта дўстлик бўлган. Мунира адамни севган… У кўнгиллилар сафида урушга ҳамшира бўлиб кетганча қайтиб келмаган. Жуда ёлғиз ҳис қилган дамларида ўзларини қаттиқ севган қалбни қўмсаб йиғларканлар. Демак, биз отамни ёлғизлатиб қўйганмиз…

Онам фарзандларини ғалати бир ёввойи муҳаббат билан севарди. Бу севги бизни азобларди. Врач бўлганлари учунми, у киши учун дунё микробдан иборат эди. Бизни эса ўзларича ҳамиша мана шу ёвуз душмандан ҳимоя қилардилар. Биласиз бизнинг давримизда пахта сиёсат даражасига кўтарилган. Бўйин товлаш мутлақ мумкин эмас. Мактабда-ку минг бир томошалар билан пахтадан қолардим. Шундай дамларда ўзимни қаёққа қўйишни, атрофдагиларга нима деб тушунтиришни билмасдим. Барибир айтганларини қилдирардилар. Институтга кирдим. Яна пахта мавсуми бошланди. Онам: “мени қизим сил”, деганча, машинанинг олдини тўсиб олганлар. Мени кўнглим қанчалик вайрон бўлса, атрофдагилар шунчалик ҳайрон. Шундай дамда менга фақат домлам Нина Ивановнанинг гапи далда бўлди: “Диля, у ОНА, cен уни кейин тушунасан!” Гўёки мен шармандаликдан қутулгандай эдим. Домлалар ойимни бир амаллаб кўндирди. Машина йўлга отланяпти. Ўшанда ойим томонга қарасам, у киши қизларини пахтага эмас, урушга жўнатяптилар. Хавотир тўла нигоҳлари ёшга ғарқ бўлган…. мен билан видолашаётгандек… Йиллар онамнинг оғриғини менга кўчирди. Ўша ўз вақтида малол келган онам муҳаббати бугун менга етмаяпти.

Санъат ёлғизлигингга арзимайдими?!

Санъатга кириб келаётганимда унинг барча аёвсиз шартларини билиб, шу шартларига рози бўлганман. Масалан, япон ва ҳинд театрларида актёрлар турмуш қурмаслиги, бутун ҳаётини шу санъатга бахшида этиши шарт. Тўғриси, мен ҳам шу ҳаётни орзу қилганман. Ўзимни қурбон қилишга руҳан тайёр эдим. Бироқ… Театрдаги фаолиятимнинг дастлабки йилларида ортга қарасам ҳеч нарса йўқ, олти-етти йилим елдек ўтибди-кетибди. Шу тарзда умримни қўш қўллаб совуриб юборишим ҳеч гап эмас. 27 ёшда турмушга чиқдим. Энди оилам театрга бермоқчи бўлган ҳаётимнинг ярмидан кўпига эга бўлди. Россия телеканалидаги қайсидир бир кўрсатувда машҳур актрисалардан бири “Ҳеч қачон ёлғиз ўтган актрисанинг “мен ҳаётимдан розиман” деган гапига ишонманг! У барибир бутун ҳаётимни санъат ўғирлади, деб ич-ичидан афсусланади,“ деди. Бунга жавобан ҳанузгача гўзал, ҳанузгача ақлли, ҳанузгача ўзининг миссиясини унутмаган, санъатда нима учун яшаётганини билган яна бир актриса Элена Быстрицкая ҳамкасабасининг фикрини ички ишонч билан рад этди: “Cанъат шу қурбонликка арзимайдими? Наҳотки, у cени ёлғизлигингга арзимаса?!” Худога шукр, уч фарзанднинг онасиман, суюкли невараларим бор. Уларнинг бахти билан яшайман. Шундай бўлса-да, агар Быстрицкаянинг ҳаёти менда бўлганда, мен ҳам ўтган умримга ҳеч ачинмасдим. Санъат шу қадар буюкки, унга ўзингни ҳар қанча қурбон қилсанг арзийди. У тарқатаётган эзгулик қаршисида сени ёлғизлигинг ҳеч нарса эмас. Шунинг учун ҳам актёр номини ерга уриб, ҳавойи шон-шуҳрату ҳашамга берилаётганларни кўрсам ичим ўртаниб кетади. Чунки актёр дард таниган, дардли ҳаётдан таскин излаган инсон. Ҳар томонлама бекаму кўст дардсиз одам актёр бўлолмайди. Чарли Чаплину Ален Делонларнинг таржимаи ҳолига бир қаранг, бахтсиз болалигининг ўзи энг катта ҳаёт мактаби-ку! Оғриб турган юраккина умринг давомида сени эмоциялар билан таъминлаб турадиган қувват манбаи бўлиши мумкин. Тўғри, инсон санъаткор бўлиши учун албатта бахтсиз бўлиши шарт эмас. Аслзода бойлар, тўкис оилалар орасидан ҳам қанча актёрлар чиққан. Улар ўзларининг кибор муҳитини ёриб чиқиб, “вой, артис бўлипти”, қабилидаги таъна дашномларни писанд этмай, қалбларини интеллект йўли билан бойитганлар. Дардга ошно бўлиш учун ҳам барча масхараомуз гапларга чидаган. Тўғрисини айтсак, кўпчиликнинг артист халқига чинакам ҳурмати йўқ. Бу касб уларнинг кўнгилхушлиги учун керакдай тушунилади. Актёрнинг чиройли суратини деворларга осиб, унинг спектаклларию премераларига бориб гул беришади-ю, лекин уни қариндош сифатида тасаввур қилишолмайди. Тушинаман буларнинг бари занжирсифат ҳолат… Шахсан ўзим ҳам санъатни пулга сотиб, шуҳратпарастлик касалига чалинган, ўзини минг кўйга солаётганларни кўрсам, шубҳаланиб қоламан. Жуда ачиниб қарайман. Мен ҳам ҳурмат қилмаган бўлардим, уларни. Шу боис, бошқалардан ҳам ҳурмат талаб қилишга ҳақимиз йўқ. Лекин бир ҳаётий ҳақиқатга етиб келдимки, агар сен ўз касбингни ҳурмат қилолсанг, ўз қадрингни билсанг атроф ҳам барибир сенга паст назар билан қаролмайди. Устозларимиз сени юриш-туришингни кўрган одам ё врач, ёки ўқитувчи келяпти, деб ўйлашсин дерди. Тассаввур қил, сен саҳнада бу дунёи дун нобопликларидан толиққан Увайсий ё Нодира монологларини ўқийсан-у, тўйда эса мутлақ бошқа ишни қиляпсан. Қандай қилиб томошабинда ишонч уйғота оласан? Бу ўша санъаткор ўзининг миссиясини унутганини билдиради.

Мен шу замонни кутаман…

Айтиш керак, кино соҳасида ёш режиссёрлар кўп ишлар қилишяпти. Ҳавасим келади. Бугунги авлодда танлаш имконияти бор. Бизда йўқ эди. Яъни излансанг ижод қилишинг учун йўллар топасан, таваккал қилиш мумкин. Илгари омадинг чопса чопди, бўлмаса йўқ! Лекин ачинарлиси шуки, пул топиляпти, фильм олиняпти-ю, фақат чинакам санъат асари жуда кам. Шунча меҳнат экранни бузишга сарф қилиняпти. Бу ҳолнинг устига қайсидир бир тележурналист чиқади-да: “Мана бу — зўр фильм! Ижодкорларга шуҳрат келтирган йилнинг муваффақиятли фильми!” деб мақтайди. Бу ҳолни кўрган ўспирин, “демак, мана шунақа фильмлар яхши экан-де”, деган жўн тасаввурга келади. Дид ўлди! Бояқиш қалб ички интуициялар билан бошқа нарса деб турган бўлса ҳам, ҳурматли журналистларнинг бунақа чиқишидан сўнг ичидагини ўлдиради.

Фильм яратишни ният қилганларга, шуни айтгим келади: сен аввал ўзингни англа, нигоҳингни қалбингга қарат. Одамларга нима демоқчисан? Қай бир дард ҳақида сўйламоқчисан? Балки гўзал бир муҳаббат ҳақида гапирмоқчидирсан. Балки бахтсиз болалик, эҳтимол, гиёҳвандлик балоси қалбингни қаттиқ жумбушга келтирар. Ахир, дунёда қанча муаммо бор. Наҳотки, булар қалбингда ҳеч қанақа акс садо уйғотмаса! Қайсидир шеърда шунга ўхшаш мисра бор эди: “Мен шу замонни кутаман, инсон инсон учун тўка олса ёш”. Бундай қалбларни кўпайишида ва уларни гардсиз асраб қолишда фақатгина санъатнинг хизмати катта. Шу ўринда бир нақл ёдимга тушди: Эмишки, дўзахда қотил билан ёзувчи бирга тушганмиш. Жазо муддати тугагач, қотил чиқиб кетибдию ёзувчи қолибди. Шунда ёзувчи “Ахир, мен нима қилдим? Одам ўлдирмаган бўлсам”, деса, унга “Сен қалбларни ўлдиргансан,” деб жавоб бўлган экан.

“Ақллилик” балоси…

Марказий газеталардан бирида чоп этилган мақоладаги фикрларни эслаяпсиз. Яъни муаллиф фикрича, отасининг бетига тик қараб “оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайверман” деган қизнинг ҳолати тарбиясизлик, бу билан кино ижодкорлар нимани тарғиб қиляпти, дейилган. Ўзбек қизи бундай демаслиги керак… Бунақа бола оқпадар бўлади. Хуллас, шунга ўхшаш минғир-синғир гаплар. Сиз эса, агар шундай бўлса, Қодирийнинг Раъносини қандай тушуниш мумкин, деяпсиз. Нафақат, “Меҳробдан чаён”, умуман, қайси бадиий асар борки, унда ишқ дардига чалинган фарзандни ота-она ёки жамият олқишлайди: “Ҳа, яхши иш қилипсан-да, яша!” деб. Ёки ҳаётдами? Муҳаббат, бу — касаллик. Касалликни таҳлил қилиб бўлмайди. Бу ҳолатда ота-онадан воз кечилади. Қолаверса, бутун меросдан, жамиятдаги мавқеингиздан юз ўгирасиз. Табиийки, бу борада аллақачонлар бу дарддан халос бўлган соппа-соғ катталардан босиқлик талаб қилинади. Ва шу вазиятда қандай йўсинда бўлмасин, ижодкор қаҳрамонининг руҳий ҳолатини чиқариб бериши керак-ку! Айниқса, санъат бизга бу борада қуруқ ҳукм чиқармасликка, инсоннинг нозик руҳий оламини тадқиқ қилишга ундайди. Биласизми, сиз назарда тутган мақола муаллифи боши ва охири йўқ ўша биргина жумлага нега ёпишиб олган? Буни сабаби фақат фикрсизлик деб биламан. Баъзида газета-журналлардаги ажабтовур мақолаларга кўзим тушганда, шу бояқиш журналист жаҳон адабиётидан хабари борми, деб ўйлаб қоламан. Шу соҳада ишлаяпсан, бирор бир мавзуга қўл уришинг учун маънавий ҳақинг бўлиши керак-ку! Мутолаадаги одам бунақа саёз фикр юритмайди. Бунақа “ақллилик” тор ақидачилик ичида бурканиб қолган одамдан чиқади. Иккинчи томондан бунақа юзаки фикрлар ортида қанқангидир майда манфаатлар бекиниб ётган бўлиши керак…

Телба муҳит…

“Қуёши ботмайдиган юрт” видеофильмидаги телба аёл образи Нормурод Норқобиловнинг асарида йўқ эди. Бош қаҳрамон Маликанинг яшашига илож қолдирмаслик, ҳаётини чигаллаштириш учун телба аёлни киритган эдим. Бу образ қаҳрамонларимни ич-ичимдан ҳис қилганимнинг маҳсули. Биласизми, буларнинг шунақанги даҳшатли фожиавий қалби борки, телбалар икки дунё оворалари. Рўё ва борлиқда яшайди. Бу икки дунё бир-бирини мутлақ тан олмайди. Агар ҳаётга кўчиб қолса ўзини нақадар бахтсиз эканлигини ҳис қилади. Телбаликка кўчганда бу дунёни буткул унутадида ўзининг хаёли билан яшаб, борлиқни ўзининг ўлчовлари билан ўлчайверади. Телба аёл образи орқали яна шу гапни айтмоқчи бўлганмизки, одамларнинг шафқатсизликка лоқайдлиги инсон ҳаётини мушкул аҳволга солиб қўяди. Қизининг номуссизлигидан, аёлнинг бахтсизлигидан ҳузурланиб кулаётган қўшнилар уларнинг дардига томошабин холос. Менинг қаҳрамонимни аслида телба қилган мана шу ҳиссиз жоҳил муҳит. Муҳитнинг барча телбалиги шу аёлда мужассам. Томошабинлардан бири қаҳрамонингизни ўлдирмасдан тузатсангиз бўлмасмиди, деган эди. Ахир, қандай қилиб? Муҳитни, бераҳм тўдани тузатишнинг иложи борми? Қолаверса, бу ерда сўз билан ифодлаб бўлмайдиган шундай ҳаётий сир борки, Маликанинг ҳаёти ўзгариши учун ҳам хаста онанинг ўлими керак эди. Бўлмаса шу қоронғу ҳаёт давом этаверарди…

Саҳна соғинчи…

Ўзимга нисбатан танқид ҳамиша кучли бўлган. Лекин бу ҳолат ишончсизликка, бора-бора ижоддан воз кечишга олиб келаркан. Шундай бўлса-да, касбдан бутунлай кетмаслигимга сабаб, бу — томошабин. Телевидениега ўтиб кетаётганимда “Энди сизни саҳнада кўрмаймизми”, деб турган томошабинлар нигоҳида ўз ўрнимни ҳис килгандек бўлгандим. Собиқ Ҳамза, бугунги Миллий театрдан кетишим принцип билан боғлиқ ҳаракат бўлган. Агар қолганимда мен ўзимнинг ўйлаган ўйларимга қарши чиққан, ўзимни ҳурмат қилмай қўйган бўлардим. Бундан ҳеч афсус чекмайман. Ўша пайтларда ижодий турғунлик сезила бошлагандики, режиссура ва актёрлик ижросида янгиланиш зарур эди. Буни ёшлар, шулар жумласидан мен ҳам аниқ ҳис қилардим. Лекин маълум бир гуруҳ театр анъаналари бузиляпти, саҳна эксприментлар майдонига айланиб қолди, деб режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ижодий йўналишига қарши чиқди. Кечирасиз-у, бу ўзгаришларсиз, эксприментсиз санъат яшай оладими? Хоҳ режиссура соҳаси бўлсин, хоҳ актёрлик ижроси, хуллас, санъатнинг ҳар бир турида изланишлар бўлиши шарт-ку! Агар мендан бугунги театр қандай бўлмаслиги керак, деб сўрасангиз, мен сизга мисол сифатида Миллий театрни айтган бўлардим. Аср нафасини сезиш йўқ. На ижрода, на режиссурада. Чунки бу театрда айнан изланиш, экспримент етишмаяпти. Ва бу манзара битта режиссёрнинг ортидан кетган йигирма етти актёрнинг исёни (уларнинг кўпчилиги яна қайтган бўлса ҳам) ҳақ эканлигини тасдиқлади, деб ўйлайман. Фақат афсусланаман ўйлаган режаларимиз рўёбга чиқмаганига… Бу бир мураккаб жараён эди. Икки театр актёрларининг тақдири қаршисида режиссёрнинг оғир масъулияти бор эди. Академик театрдан борган жамоа билан ўша дамдаги “Ёш гвардия” театри актёрлари баб-баравар нигоҳини Баҳодирга тикиб турган эди. Қолаверса, театрнинг бўлинишига йўл қўйиб қўйган бир қанча гуруҳлар ҳам Баҳодир Йўлдошевнинг ҳар бир қадамини кузатиб турарди. Ва бу режиссёр учун ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо бўлиб қолди. Хуллас, бунинг ўзи алоҳида мавзу.

Театрдан кетишимга яна бир сабаб, турғун ижодий жараённи ёриб чиқадиган ирода менда йўқ эди. Атроф мутлақ бошқача ўйнаб турганда, ролимни қандай ижро этиш кераклигини билсам-да, ансамблдан чиқиб кетолмасдим. Улуғ рус актёри Михаил Чехов менда йўқ иродаси ва фавқулотда истеъдоди орқали умумий жараённи ўзининг ижросига бўйсундирган. Мен учун эса ҳамфикр режиссёр керак эди. Мен таъзим қиладиган ва менга ёрдам бериши мумкин бўлган устоз режиссёрлар Тошхўжа Хўжаев ва Александр Гинзбург бевақт ўтиб кетган эди. Шунинг учун мен Баҳодир Йўлдошевга ишондим. Фақат шу режиссёрнинг гапи мени ҳаяжонлантириб, илҳомлантира оларди.

Театрдан кетганимдан сўнг 12 йил давомида театр остонасига қадам қўймадим. Ўзимни бу ҳолатимни шунга ўхшатаман: севган одамингдан воз кечиш қанчалик оғир? Иложи бўлса уни умуман кўрмасликка, у ҳақда эшитмасликка ҳаракат қиласан. Уни эслатиб турадиган барча ришталарни узиб ташлагинг келади. Худди Отелло “Сева туриб… ўлдираман” деганидек. Энди театрга қайтдим, фақат томошабин бўлиб… Ўзбек давлат драма театрида “Медея” спектаклини кўрганимдан сўнг, яна саҳнага қайтгим келди. Қанийди мени қабул қиладиган режиссёр бўлсаю яна ишласам… Театрни шу даражада соғинганман… шу даражада соғинганман… Лекин ким билан ишлайман? Ўзимдан теранроқ фикр юритадиган одам қўлида ишлашни хоҳлардим.

Улуғбекни англаш…

Улуғбекнинг сўнгги бир кунидан ҳикоя қилувчи “Алғул” телеспектаклида (телеспектакл билан мана бу саҳифада танишинг) мен айтмоқчи бўлган гап нима эди? Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ўқиганимдаёқ тушинган эдим. Яхши шоҳнинг ҳам ёмон шоҳнинг ҳам қисмати бир хил якун топади. Сиёвуш сингари халқ учун ҳар қанча эзгу ишлар қилма, барибир, сенга қарши кучлар топилаверар экан. Заҳкок каби илон шоҳ ҳам халқнинг исёни билан мағлуб бўлади. Қайтанга бу узоқроқ яшайди. Чунки зулмга қарши куч топиш ҳаммавақт қийин. Улуғбекнинг шоҳлик даврида Самарқанд дунё илм марказига айланди. Алломанинг жаҳон астрономлари қаторида тургани расмларда ҳам муҳрланиб қолган. XV асрда қурилган расадхона лойиҳасига ХХI аср ақли ҳам тан беради. Лекин менинг қаршимда кўндаланг турган савол шу эдики, қандай шоҳ ютади? Қаттиққўл, шафқатсиз шоҳми ёки халқни севувчи маърифатпарвар зиёли шоҳми? Ўйлаб жавоб тополмайсиз… Улуғбек нимага мағлуб бўлди?

Хуршид Давроннинг бу асарига қўл урмасимдан олдин, аёллар иштирокидаги баъзи йиғинларда бўлишимга тўғри келди, чунки ишдан кетгандим. Шунда сездимки, мен шу пайтгача ҳаётнинг ҳақиқий ажабтовур манзарасидан бехабар эканман. Кўр-кўрона хатти-ҳаракатлару маҳдудликка дуч келгач, миллатнинг фожиаси нимада эканлигини тушунгандай бўлдим. Мусичаи беозор қиёфалар ортида қанчалар жаҳолат бекиниб ётибди?! Руҳнинг биқиқлиги, фикрий қолоқлик қанчадан-қанча чиройли фикрларнинг ўсиб унишига йўл қўймас экан. Энг қизиғи, авомлик фикр тароватини сезиб, унга тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Ўзининг табиатига тўғри келмайдими, уни йўқ қилиши керак, тамом вассалом! Мана шулар ҳам Улуғбек фожиасини тушунишимга ёрдам берди. Иш баҳона менга Улуғбек дунёсига мўралаш имкони пайдо бўлди. Унга ҚАЛБИ халақит берган экан. Ўзи билиб туриб ҳалокатини бўйнига олди. Агар Амир Темур бўлганда, салтанат учун, эҳтимол, халқининг осойишталиги учун ўғлидан воз кеча оларди. Қанча инсоний нозик туйғулар шоҳда кўп экан, унинг мағлубияти ҳам шунчалик яқин. Бундай инсонлар мустабид бўлолмайди. У отаси борлиги учун салтанатни узоқ йиллар ушлаб, илм билан шуғулланди. Шохруҳ мирзо ўлгандан кейин, кўп ўтмасдан Улуғбек фожиаси ҳам бошланади. Негаки, Улуғбекнинг илми, маърифати, ҚАЛБИ жаҳолат дунёсига керак эмас эди.

Мен илгариям шу фикрда эдим, бугун бунга яна ишондим. Санъат яхшини ёмон, ёмонни яхши қилолмас экан. У фақат эзгуликка мойил, яхшиликка ишонувчан, нозик қалбларга далда бўла олиши мумкин экан. Боланинг кўзларига қаранг, қандай масъум! Одам бу ҳаётга бахтли бўламан, севаман-севиламан, деган чиройли ниятлар билан кириб келади. Лекин бора-бора бу нигоҳлар сўнади, хунуклашади… муҳаббат тўла нигоҳлар ўз ўрнини аламга бўшатиб беради… Санъат бизга эзгуликка бўлган ишончимизни сақлаб қолишимиз, қалбимизни, ҳеч қурса хаёлларимизни асраб қолишимиз учун ҳам керак.

Иқбол ҚЎШШАЕВА ёзиб олди

Манба: “ЖаннатМакон” журнали, 2010 йил

San’atkor kim? San’atkor o’z ko’ksiga insoniyat qalbini sig’dira olgan inson, deyman men. Bu fikrga meni hamisha sarkash, hamisha o’ychan, hamisha mag’rur Dilorom Karimovaning bedor dunyosi olib keldi.

SAN’AT YOLG’IZLIGINGGA ARZIMAYDIMI?
Aktrisa va rejissyor Dilorom Karimova bilan suhbat
067

056San’atkor kim? San’atkor o’z ko’ksiga insoniyat qalbini sig’dira olgan inson, deyman men. Bu fikrga meni hamisha sarkash, hamisha o’ychan, hamisha mag’rur Dilorom Karimovaning bedor dunyosi olib keldi. Bunday insonlarga bor yo’g’i qo’lingni tutasan-u, ular sening yuragingni his qila boshlaydi. Ehtimol, sizga fikrlarim havoyi bo’lib tuyular, xoh ishoning, xoh ishonmang, To’maris, Janna d`Ark, Qurbonjan dodxoh, Mariya Styuart haqidagi afsonalarning afsona emasligiga, bularning bari haqiqatligiga bo’lgan ishonchimni mana shu san’atkor ayol shaxsiyati asrab kelyapti. Lekin aktrisa aynan mana shu shaxsiyati o’ziga ko’p xalal berganini aytadi. Ehtimol, quyidagi iqrorlar, o’ylar tugunni yechishimiz uchun, uning nega kamnamoligini tushunishimiz uchun yordam berar…

Ilk savollar

Nimaga odam nasihatlaru kitobdagi o’gitlar bilan cheklanib qolmaydi. Nega? Axir, undagi ko’rsatmalarga amal qilsa uning bu hayotda yashashi yengilroq kecharmidi?.. Lekin o’sha haqiqatlarga sen faqat qalb azobi bilan, ya’ni xatolaring orqali yetib borarkansan. Ha, albatta, shu aqidalar orqasida hayot haqiqatini topganlar ham bor. Biroq bu aqllilik ortida xudbin vujud yotmasmikin? O’zganing dardi o’zgaligicha qolaveradi. Ularning nazdida dard chekayotganlar gunohkor, xolos. Chunki xato qilgan. Baribir men xatolar orqali, azoblar orqali haqiqatni tanigan odamni ko’proq qadrlayman. Masalan, meni o’zimni ham bir paytlar juda osmonga ko’tarishardi: odobli, a’lochi, ota-onasining hurmatini joyiga qo’yadi, ustozlarini aytganini qiladi, jamoat ishlarida faol, xullas, risoladagidek. Lekin men bu sipolikni hazm qilolmadim. Qaytanga noto’kis odamga o’xshab qolayotgandek his qilardim, o’zimni. Dunyoda shuncha baxtsizliklar bo’la turib nega mening yuragim tinch? Nima uchun yig’lay olmayman? Bu mening ilk savollarim edi… “Risoladagidek” yashab, silliq qiyofa bilan hech qachon o’zim istagan tuyg’ularni anglab yetolmasligimni seza boshladim. O’sha buyuk muhabbatni… inson azobini — baxtini… Bilamanki, muhabbat xatoliklardan iborat…

Ko’chgan og’riq

Onamni erka, hayotning ko’p sharoitlarini tan olmaydigan, o’z xayollari bilan yashaydigan ayol, deb bilardim. Ko’zlari ko’rmay qolganda bu holni shu darajada mardonavor qabul qildilarki, hech nolimadilar. Faqat kulib turib: “mayli, bir kun ochilar, hech narsa qilmaydi”, deb qo’ydilar xolos. Dunyoni radio orqali bila boshladilar. Bir kuni oldilariga borsam, ma’yusgina bo’lib: “Qizim, bugun bir kuy eshitdim… Shunaqa yig’ladim-yey, shunaqa yig’ladim-yey… ”, deb yana yig’lab yubordilar. …Men bu holatni tushundim. Kuyda, ushalmagan orzu — armonlar, o’tib ketgan umr — hamma-hamma narsa bor edi. Onam ham o’ylagan narsalariga erisholmay ketdilar. O’zlaricha qizlarini ko’rkam shahzodalarga bermoqchiydilar… boyvuchcha xonim bo’lmoqchiydilar. Ularning xayoliy dunyolari bilan real hayot hech to’g’ri kelmadi. So’nggi nafaslarigacha turmushning mushtini hech tan olmadilar, o’z xayollari bilan ketdilar. Otam esa bu hayotning odami edilar. O’ylayotgan o’ylari quruq xayol bo’lmasdan hayotiy bo’lgani uchun ham ko’proq otamni tushunardim. Biroq kunlar kunlaringni inkor qilarkan… Endi esa onam fojiasini yaqqolroq his qilaman. Onalik muhabbati bilan bizni qiynaganlarini tushungandek bo’laman. Ota-onam taqdiriga qarab shuni angladimki, dunyodagi fojialarning eng zalvorlisi ikki qalb bir-birini tushunmasligi ekan. Ikkalasining ham o’z hayotiy haqiqati bor. Mana shu ikki xil haqiqat bilan bir-birini qiynaydi. Men shunaqa oilada ulg’ayganman. Onam Turgenev, Tolstoylar dunyosida yuradigan hassos qalb, go’zal ayol bo’lsa, Otam — hayot qiyinchiliklariga bardosh berib, umrining oxirigacha pokizaligini saqlab qolgan inson. Men shu ikki qadrdon insonlar orasida girdikapalak bo’lib, ular azobini tushungan, ikki tomon tushunmovchiligidan qiynalgan farzandman. Ehtimol, shu uchun ham fikrchan bo’lib qolgandirman. Otam o’lganida ham o’zimni savollar bilan qiynaganman. Nega bu qadar erta? Nega saraton? Azob bilan-ku yashadi, nega yana azobli yakun? Keyin o’zimcha javob topdim: balki Olloh suygan bandasini oiladagi ko’ngilsizliklar va dunyodagi o’zgarishlardan ayash uchun ham u kishining jonini erta olgandir. Hatto, o’z vaqtida o’lgan ekanlar, degan taskin ham paydo bo’ldi menda.

Ibrohimboy hojining (Ibrohimhoji Karimboev, Abdulla Qodiriy “Toshkand boylari” maqolasida bu insonga ham to’xtalib o’tgan, — I.Q) o’g’li bo’lsalar ham shu qadar sovetlar partiyasiga ishongan odam edilarki, bilmadim, bu e’tiqodlari sarob bo’lib chiqqanini tushunganlarida, bu g’oyalarning bari safsata ekanini ko’rganlarida, o’zlarini katta bir yolg’onda ko’zi bog’liq holda ishtirok etganlarini anglaganlarida qay ahvolga tushardilar? Oilada esa tilab olgan yolg’iz o’g’illari xastalanib qolganini ko’rganlarida ne holga tushardilar? Otam ukamning kelajagiga juda katta umid qilgandilar. O’g’illarini yetuk kompozitor bo’lishiga ishonardilar. Hatto, bir qancha asarlar ham yozgandi, bugun ular kimlarning qo’lida ekanligini na o’zi biladi, na biz… Xullasi, qalbimning eng katta dardi otam bo’lib qoldi. Olayotgan har bir nafasim otamning xayolisiz kechmaydi. O’ylab qolaman, agar uzoq umr ko’rib, farzandlar e’tiborida piru badavlat bo’lib yashaganlarida shu darajada yuragimning og’rig’iga aylanib qolarmidilar?.. To’g’ri, otamga bo’lgan muhabbatim bo’lardi, lekin ko’ksimdagi og’riq, ota deganda ko’zimdan oqayotgan shashqator yosh bo’lmasdi. Dunyoning nomukamalligidan hayron bo’lib, ko’zlarini katta-katta ochgancha o’tib ketdilar. Katta-katta chiroyli ko’zlar vrachlarga jovdirab qarardi. Bu jovdirashda o’limdan qo’rqish emas, aslo! Faqat: “Men bolalarimni tashlab ketyapman-ku!” degan o’kinch bor edi. Chunki hayotga moslashmagan onam otamning yana bir erka, injiq bolasi edilar.

Kun kunlarni, yil yillarni inkor qiladi… O’sha o’tgan yillar ortidan bugun otam yolg’izligini teranroq his qilaman. Eslayman… Kechki mahal hovlidagi karavotda yolg’iz o’tiribdilar… dardkashlari piyoladagi qip-qizil sharob… Hamma o’z yumushi bilan ovora. Xayollarga erk berilgan… ma’yus nigoh qoraygan osmonga qadalgan. Yengil esayotgan shamol siyraklashib qolgan sochlarini hilpiratadi. Shu turishlari Don Kixotni eslatardi. Ana shunday lahzalarning birida “Munira, Munira” degan shivirni eshitgandek bo’lganman. Qarasam, otamning ko’zlarida yosh. Munira bilan texnikumda birga o’qigan ekanlar. Ular o’rtasida juda katta do’stlik bo’lgan. Munira adamni sevgan… U ko’ngillilar safida urushga hamshira bo’lib ketgancha qaytib kelmagan. Juda yolg’iz his qilgan damlarida o’zlarini qattiq sevgan qalbni qo’msab yig’larkanlar. Demak, biz otamni yolg’izlatib qo’yganmiz…

Onam farzandlarini g’alati bir yovvoyi muhabbat bilan sevardi. Bu sevgi bizni azoblardi. Vrach bo’lganlari uchunmi, u kishi uchun dunyo mikrobdan iborat edi. Bizni esa o’zlaricha hamisha mana shu yovuz dushmandan himoya qilardilar. Bilasiz bizning davrimizda paxta siyosat darajasiga ko’tarilgan. Bo’yin tovlash mutlaq mumkin emas. Maktabda-ku ming bir tomoshalar bilan paxtadan qolardim. Shunday damlarda o’zimni qayoqqa qo’yishni, atrofdagilarga nima deb tushuntirishni bilmasdim. Baribir aytganlarini qildirardilar. Institutga kirdim. Yana paxta mavsumi boshlandi. Onam: “meni qizim sil”, degancha, mashinaning oldini to’sib olganlar. Meni ko’nglim qanchalik vayron bo’lsa, atrofdagilar shunchalik hayron. Shunday damda menga faqat domlam Nina Ivanovnaning gapi dalda bo’ldi: “Dilya, u ONA, cen uni keyin tushunasan!” Go’yoki men sharmandalikdan qutulganday edim. Domlalar oyimni bir amallab ko’ndirdi. Mashina yo’lga otlanyapti. O’shanda oyim tomonga qarasam, u kishi qizlarini paxtaga emas, urushga jo’natyaptilar. Xavotir to’la nigohlari yoshga g’arq bo’lgan…. men bilan vidolashayotgandek… Yillar onamning og’rig’ini menga ko’chirdi. O’sha o’z vaqtida malol kelgan onam muhabbati bugun menga yetmayapti.

San’at yolg’izligingga arzimaydimi?!

San’atga kirib kelayotganimda uning barcha ayovsiz shartlarini bilib, shu shartlariga rozi bo’lganman. Masalan, yapon va hind teatrlarida aktyorlar turmush qurmasligi, butun hayotini shu san’atga baxshida etishi shart. To’g’risi, men ham shu hayotni orzu qilganman. O’zimni qurbon qilishga ruhan tayyor edim. Biroq… Teatrdagi faoliyatimning dastlabki yillarida ortga qarasam hech narsa yo’q, olti-yetti yilim yeldek o’tibdi-ketibdi. Shu tarzda umrimni qo’sh qo’llab sovurib yuborishim hech gap emas. 27 yoshda turmushga chiqdim. Endi oilam teatrga bermoqchi bo’lgan hayotimning yarmidan ko’piga ega bo’ldi. Rossiya telekanalidagi qaysidir bir ko’rsatuvda mashhur aktrisalardan biri “Hech qachon yolg’iz o’tgan aktrisaning “men hayotimdan roziman” degan gapiga ishonmang! U baribir butun hayotimni san’at o’g’irladi, deb ich-ichidan afsuslanadi,“ dedi. Bunga javoban hanuzgacha go’zal, hanuzgacha aqlli, hanuzgacha o’zining missiyasini unutmagan, san’atda nima uchun yashayotganini bilgan yana bir aktrisa Elena Bistritskaya hamkasabasining fikrini ichki ishonch bilan rad etdi: “Can’at shu qurbonlikka arzimaydimi? Nahotki, u ceni yolg’izligingga arzimasa?!” Xudoga shukr, uch farzandning onasiman, suyukli nevaralarim bor. Ularning baxti bilan yashayman. Shunday bo’lsa-da, agar Bistritskayaning hayoti menda bo’lganda, men ham o’tgan umrimga hech achinmasdim. San’at shu qadar buyukki, unga o’zingni har qancha qurbon qilsang arziydi. U tarqatayotgan ezgulik qarshisida seni yolg’izliging hech narsa emas. Shuning uchun ham aktyor nomini yerga urib, havoyi shon-shuhratu hashamga berilayotganlarni ko’rsam ichim o’rtanib ketadi. Chunki aktyor dard tanigan, dardli hayotdan taskin izlagan inson. Har tomonlama bekamu ko’st dardsiz odam aktyor bo’lolmaydi. Charli Chaplinu Alen Delonlarning tarjimai holiga bir qarang, baxtsiz bolaligining o’zi eng katta hayot maktabi-ku! Og’rib turgan yurakkina umring davomida seni emotsiyalar bilan ta’minlab turadigan quvvat manbai bo’lishi mumkin. To’g’ri, inson san’atkor bo’lishi uchun albatta baxtsiz bo’lishi shart emas. Aslzoda boylar, to’kis oilalar orasidan ham qancha aktyorlar chiqqan. Ular o’zlarining kibor muhitini yorib chiqib, “voy, artis bo’lipti”, qabilidagi ta’na dashnomlarni pisand etmay, qalblarini intellekt yo’li bilan boyitganlar. Dardga oshno bo’lish uchun ham barcha masxaraomuz gaplarga chidagan. To’g’risini aytsak, ko’pchilikning artist xalqiga chinakam hurmati yo’q. Bu kasb ularning ko’ngilxushligi uchun kerakday tushuniladi. Aktyorning chiroyli suratini devorlarga osib, uning spektakllariyu premeralariga borib gul berishadi-yu, lekin uni qarindosh sifatida tasavvur qilisholmaydi. Tushinaman bularning bari zanjirsifat holat… Shaxsan o’zim ham san’atni pulga sotib, shuhratparastlik kasaliga chalingan, o’zini ming ko’yga solayotganlarni ko’rsam, shubhalanib qolaman. Juda achinib qarayman. Men ham hurmat qilmagan bo’lardim, ularni. Shu bois, boshqalardan ham hurmat talab qilishga haqimiz yo’q. Lekin bir hayotiy haqiqatga yetib keldimki, agar sen o’z kasbingni hurmat qilolsang, o’z qadringni bilsang atrof ham baribir senga past nazar bilan qarolmaydi. Ustozlarimiz seni yurish-turishingni ko’rgan odam yo vrach, yoki o’qituvchi kelyapti, deb o’ylashsin derdi. Tassavvur qil, sen sahnada bu dunyoi dun nobopliklaridan toliqqan Uvaysiy yo Nodira monologlarini o’qiysan-u, to’yda esa mutlaq boshqa ishni qilyapsan. Qanday qilib tomoshabinda ishonch uyg’ota olasan? Bu o’sha san’atkor o’zining missiyasini unutganini bildiradi.

Men shu zamonni kutaman…

Aytish kerak, kino sohasida yosh rejissyorlar ko’p ishlar qilishyapti. Havasim keladi. Bugungi avlodda tanlash imkoniyati bor. Bizda yo’q edi. Ya’ni izlansang ijod qilishing uchun yo’llar topasan, tavakkal qilish mumkin. Ilgari omading chopsa chopdi, bo’lmasa yo’q! Lekin achinarlisi shuki, pul topilyapti, fil`m olinyapti-yu, faqat chinakam san’at asari juda kam. Shuncha mehnat ekranni buzishga sarf qilinyapti. Bu holning ustiga qaysidir bir telejurnalist chiqadi-da: “Mana bu — zo’r fil`m! Ijodkorlarga shuhrat keltirgan yilning muvaffaqiyatli fil`mi!” deb maqtaydi. Bu holni ko’rgan o’spirin, “demak, mana shunaqa fil`mlar yaxshi ekan-de”, degan jo’n tasavvurga keladi. Did o’ldi! Boyaqish qalb ichki intuitsiyalar bilan boshqa narsa deb turgan bo’lsa ham, hurmatli jurnalistlarning bunaqa chiqishidan so’ng ichidagini o’ldiradi.
Fil`m yaratishni niyat qilganlarga, shuni aytgim keladi: sen avval o’zingni angla, nigohingni qalbingga qarat. Odamlarga nima demoqchisan? Qay bir dard haqida so’ylamoqchisan? Balki go’zal bir muhabbat haqida gapirmoqchidirsan. Balki baxtsiz bolalik, ehtimol, giyohvandlik balosi qalbingni qattiq jumbushga keltirar. Axir, dunyoda qancha muammo bor. Nahotki, bular qalbingda hech qanaqa aks sado uyg’otmasa! Qaysidir she’rda shunga o’xshash misra bor edi: “Men shu zamonni kutaman, inson inson uchun to’ka olsa yosh”. Bunday qalblarni ko’payishida va ularni gardsiz asrab qolishda faqatgina san’atning xizmati katta. Shu o’rinda bir naql yodimga tushdi: Emishki, do’zaxda qotil bilan yozuvchi birga tushganmish. Jazo muddati tugagach, qotil chiqib ketibdiyu yozuvchi qolibdi. Shunda yozuvchi “Axir, men nima qildim? Odam o’ldirmagan bo’lsam”, desa, unga “Sen qalblarni o’ldirgansan,” deb javob bo’lgan ekan.

“Aqllilik” balosi…

Markaziy gazetalardan birida chop etilgan maqoladagi fikrlarni eslayapsiz. Ya’ni muallif fikricha, otasining betiga tik qarab “oq fotihangizsiz ham yashayverman” degan qizning holati tarbiyasizlik, bu bilan kino ijodkorlar nimani targ’ib qilyapti, deyilgan. O’zbek qizi bunday demasligi kerak… Bunaqa bola oqpadar bo’ladi. Xullas, shunga o’xshash ming’ir-sing’ir gaplar. Siz esa, agar shunday bo’lsa, Qodiriyning Ra’nosini qanday tushunish mumkin, deyapsiz. Nafaqat, “Mehrobdan chayon”, umuman, qaysi badiiy asar borki, unda ishq dardiga chalingan farzandni ota-ona yoki jamiyat olqishlaydi: “Ha, yaxshi ish qilipsan-da, yasha!” deb. Yoki hayotdami? Muhabbat, bu — kasallik. Kasallikni tahlil qilib bo’lmaydi. Bu holatda ota-onadan voz kechiladi. Qolaversa, butun merosdan, jamiyatdagi mavqeingizdan yuz o’girasiz. Tabiiyki, bu borada allaqachonlar bu darddan xalos bo’lgan soppa-sog’ kattalardan bosiqlik talab qilinadi. Va shu vaziyatda qanday yo’sinda bo’lmasin, ijodkor qahramonining ruhiy holatini chiqarib berishi kerak-ku! Ayniqsa, san’at bizga bu borada quruq hukm chiqarmaslikka, insonning nozik ruhiy olamini tadqiq qilishga undaydi. Bilasizmi, siz nazarda tutgan maqola muallifi boshi va oxiri yo’q o’sha birgina jumlaga nega yopishib olgan? Buni sababi faqat fikrsizlik deb bilaman. Ba’zida gazeta-jurnallardagi ajabtovur maqolalarga ko’zim tushganda, shu boyaqish jurnalist jahon adabiyotidan xabari bormi, deb o’ylab qolaman. Shu sohada ishlayapsan, biror bir mavzuga qo’l urishing uchun ma’naviy haqing bo’lishi kerak-ku! Mutolaadagi odam bunaqa sayoz fikr yuritmaydi. Bunaqa “aqllilik” tor aqidachilik ichida burkanib qolgan odamdan chiqadi. Ikkinchi tomondan bunaqa yuzaki fikrlar ortida qanqangidir mayda manfaatlar bekinib yotgan bo’lishi kerak…

Telba muhit…

“Quyoshi botmaydigan yurt” videofil`midagi telba ayol obrazi Normurod Norqobilovning asarida yo’q edi. Bosh qahramon Malikaning yashashiga iloj qoldirmaslik, hayotini chigallashtirish uchun telbaayolni kiritgan edim. Bu obraz qahramonlarimni ich-ichimdan his qilganimning mahsuli. Bilasizmi, bularning shunaqangi dahshatli fojiaviy qalbi borki, telbalar ikki dunyo ovoralari. Ro’yo va borliqda yashaydi. Bu ikki dunyo bir-birini mutlaq tan olmaydi. Agar hayotga ko’chib qolsa o’zini naqadar baxtsiz ekanligini his qiladi. Telbalikka ko’chganda bu dunyoni butkul unutadida o’zining xayoli bilan yashab, borliqni o’zining o’lchovlari bilan o’lchayveradi. Telba ayol obrazi orqali yana shu gapni aytmoqchi bo’lganmizki, odamlarning shafqatsizlikka loqaydligi inson hayotini mushkul ahvolga solib qo’yadi. Qizining nomussizligidan, ayolning baxtsizligidan huzurlanib kulayotgan qo’shnilar ularning dardiga tomoshabin xolos. Mening qahramonimni aslida telba qilgan mana shu hissiz johil muhit. Muhitning barcha telbaligi shu ayolda mujassam. Tomoshabinlardan biri qahramoningizni o’ldirmasdan tuzatsangiz bo’lmasmidi, degan edi. Axir, qanday qilib? Muhitni, berahm to’dani tuzatishning iloji bormi? Qolaversa, bu yerda so’z bilan ifodlab bo’lmaydigan shunday hayotiy sir borki, Malikaning hayoti o’zgarishi uchun ham xasta onaning o’limi kerak edi. Bo’lmasa shu qorong’u hayot davom
etaverardi…

Sahna sog’inchi…

O’zimga nisbatan tanqid hamisha kuchli bo’lgan. Lekin bu holat ishonchsizlikka, bora-bora ijoddan voz kechishga olib kelarkan. Shunday bo’lsa-da, kasbdan butunlay ketmasligimga sabab, bu — tomoshabin. Televideniega o’tib ketayotganimda “Endi sizni sahnada ko’rmaymizmi”, deb turgan tomoshabinlar nigohida o’z o’rnimni his kilgandek bo’lgandim. Sobiq Hamza, bugungi Milliy teatrdan ketishim printsip bilan bog’liq harakat bo’lgan. Agar qolganimda men o’zimning o’ylagan o’ylarimga qarshi chiqqan, o’zimni hurmat qilmay qo’ygan bo’lardim. Bundan hech afsus chekmayman. O’sha paytlarda ijodiy turg’unlik sezila boshlagandiki, rejissura va aktyorlik ijrosida yangilanish zarur edi. Buni yoshlar, shular jumlasidan men ham aniq his qilardim. Lekin ma’lum bir guruh teatr an’analari buzilyapti, sahna eksprimentlar maydoniga aylanib qoldi, deb rejissyor Bahodir Yo’ldoshevning ijodiy yo’nalishiga qarshi chiqdi. Kechirasiz-u, bu o’zgarishlarsiz, eksprimentsiz san’at yashay oladimi? Xoh rejissura sohasi bo’lsin, xoh aktyorlik ijrosi, xullas, san’atning har bir turida izlanishlar bo’lishi shart-ku! Agar mendan bugungi teatr qanday bo’lmasligi kerak, deb so’rasangiz, men sizga misol sifatida Milliy teatrni aytgan bo’lardim. Asr nafasini sezish yo’q. Na ijroda, na rejissurada. Chunki bu teatrda aynan izlanish, ekspriment yetishmayapti. Va bu manzara bitta rejissyorning ortidan ketgan yigirma yetti aktyorning isyoni (ularning ko’pchiligi yana qaytgan bo’lsa ham) haq ekanligini tasdiqladi, deb o’ylayman. Faqat afsuslanaman o’ylagan rejalarimiz ro’yobga chiqmaganiga… Bu bir murakkab jarayon edi. Ikki teatr aktyorlarining taqdiri qarshisida rejissyorning og’ir mas’uliyati bor edi. Akademik teatrdan borgan jamoa bilan o’sha damdagi “Yosh gvardiya” teatri aktyorlari bab-baravar nigohini Bahodirga tikib turgan edi. Qolaversa, teatrning bo’linishiga yo’l qo’yib qo’ygan bir qancha guruhlar ham Bahodir Yo’ldoshevning har bir qadamini kuzatib turardi. Va bu rejissyor uchun hal qilib bo’lmaydigan muammo bo’lib qoldi. Xullas, buning o’zi alohida mavzu.

Teatrdan ketishimga yana bir sabab, turg’un ijodiy jarayonni yorib chiqadigan iroda menda yo’q edi. Atrof mutlaq boshqacha o’ynab turganda, rolimni qanday ijro etish kerakligini bilsam-da, ansambldan chiqib ketolmasdim. Ulug’ rus aktyori Mixail Chexov menda yo’q irodasi va favqulotda iste’dodi orqali umumiy jarayonni o’zining ijrosiga bo’ysundirgan. Men uchun esa hamfikr rejissyor kerak edi. Men ta’zim qiladigan va menga yordam berishi mumkin bo’lgan ustoz rejissyorlar Toshxo’ja Xo’jaev va Aleksandr Ginzburg bevaqt o’tib ketgan edi. Shuning uchun men Bahodir Yo’ldoshevga ishondim. Faqat shu rejissyorning gapi meni hayajonlantirib, ilhomlantira olardi.

Teatrdan ketganimdan so’ng 12 yil davomida teatr ostonasiga qadam qo’ymadim. O’zimni bu holatimni shunga o’xshataman: sevgan odamingdan voz kechish qanchalik og’ir? Iloji bo’lsa uni umuman ko’rmaslikka, u haqda eshitmaslikka harakat qilasan. Uni eslatib turadigan barcha rishtalarni uzib tashlaging keladi. Xuddi Otello “Seva turib… o’ldiraman” deganidek. Endi teatrga qaytdim, faqat tomoshabin bo’lib… O’zbek davlat drama teatrida “Medeya” spektaklini ko’rganimdan so’ng, yana sahnaga qaytgim keldi. Qaniydi meni qabul qiladigan rejissyor bo’lsayu yana ishlasam… Teatrni shu darajada sog’inganman… shu darajada sog’inganman… Lekin kim bilan ishlayman? O’zimdan teranroq fikr yuritadigan odam qo’lida ishlashni xohlardim.

Ulug’bekni anglash…

Ulug’bekning so’nggi bir kunidan hikoya qiluvchi “Alg’ul” telespektaklida (telespektakl bilan mana bu sahifada tanishing) men aytmoqchi bo’lgan gap nima edi? Firdavsiyning “Shohnoma”sini o’qiganimdayoq tushingan edim. Yaxshi shohning ham yomon shohning ham qismati bir xil yakun topadi. Siyovush singari xalq uchun har qancha ezgu ishlar qilma, baribir, senga qarshi kuchlar topilaverar ekan. Zahkok kabi ilon shoh ham xalqning isyoni bilan mag’lub bo’ladi. Qaytanga bu uzoqroq yashaydi. Chunki zulmga qarshi kuch topish hammavaqt qiyin. Ulug’bekning shohlik davrida Samarqand dunyo ilm markaziga aylandi. Allomaning jahon astronomlari qatorida turgani rasmlarda ham muhrlanib qolgan. XV asrda qurilgan rasadxona loyihasiga XXI asr aqli ham tan beradi. Lekin mening qarshimda ko’ndalang turgan savol shu ediki, qanday shoh yutadi? Qattiqqo’l, shafqatsiz shohmi yoki xalqni sevuvchi ma’rifatparvar ziyoli shohmi? O’ylab javob topolmaysiz… Ulug’bek nimaga mag’lub bo’ldi?

Xurshid Davronning bu asariga qo’l urmasimdan oldin, ayollar ishtirokidagi ba’zi yig’inlarda bo’lishimga to’g’ri keldi, chunki ishdan ketgandim. Shunda sezdimki, men shu paytgacha hayotning haqiqiy ajabtovur manzarasidan bexabar ekanman. Ko’r-ko’rona xatti-harakatlaru mahdudlikka duch kelgach, millatning fojiasi nimada ekanligini tushunganday bo’ldim. Musichai beozor qiyofalar ortida qanchalar jaholat bekinib yotibdi?! Ruhning biqiqligi, fikriy qoloqlik qanchadan-qancha chiroyli fikrlarning o’sib unishiga yo’l qo’ymas ekan. Eng qizig’i, avomlik fikr tarovatini sezib, unga tish-tirnog’i bilan qarshi chiqadi. O’zining tabiatiga to’g’ri kelmaydimi, uni yo’q qilishi kerak, tamom vassalom! Mana shular ham Ulug’bek fojiasini tushunishimga yordam berdi. Ish bahona menga Ulug’bek dunyosiga mo’ralash imkoni paydo bo’ldi. Unga QALBI xalaqit bergan ekan. O’zi bilib turib halokatini bo’yniga oldi. Agar Amir Temur bo’lganda, saltanat uchun, ehtimol, xalqining osoyishtaligi uchun o’g’lidan voz kecha olardi. Qancha insoniy nozik tuyg’ular shohda ko’p ekan, uning mag’lubiyati ham shunchalik yaqin. Bunday insonlar mustabid bo’lolmaydi. U otasi borligi uchun saltanatni uzoq yillar ushlab, ilm bilan shug’ullandi. Shoxruh mirzo o’lgandan keyin, ko’p o’tmasdan Ulug’bek fojiasi ham boshlanadi. Negaki, Ulug’bekning ilmi, ma’rifati, QALBI jaholat dunyosiga kerak emas edi.

Men ilgariyam shu fikrda edim, bugun bunga yana ishondim. San’at yaxshini yomon, yomonni yaxshi qilolmas ekan. U faqat ezgulikka moyil, yaxshilikka ishonuvchan, nozik qalblarga dalda bo’la olishi mumkin ekan. Bolaning ko’zlariga qarang, qanday mas’um! Odam bu hayotga baxtli bo’laman, sevaman-sevilaman, degan chiroyli niyatlar bilan kirib keladi. Lekin bora-bora bu nigohlar so’nadi, xunuklashadi… muhabbat to’la nigohlar o’z o’rnini alamga bo’shatib beradi… San’at bizga ezgulikka bo’lgan ishonchimizni saqlab qolishimiz, qalbimizni, hech qursa xayollarimizni asrab qolishimiz uchun ham kerak.

Iqbol QO’SHSHAEVA yozib oldi

Manba: “JannatMakon” jurnali, 2010 yil

055

(Tashriflar: umumiy 948, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум. Хуршид ака, катта раҳмат. Илоҳим, саломат бўлинг.

Izoh qoldiring