Xurshid Davron. Isirg’a yoxud O’ljoy qissasi

77Ўтрор яқинидаги кенгликда қароргоҳ тузган Соҳибқирон унча аҳамият бермаган, «бор-йўғи шамоллаш бу, уч-тўрт кунда ўтиб кетади» деб юрган дарднинг еттинчи куни ўлими яқинлашганини сезди. Сезди-ю,хотиржам мулоҳаза юритди. Ҳузуридаги аркони давлатга керакли,биринчи навбатда, валиаҳд масаласида,тирик фарзанду набираларнинг келгусидаги ўзаро муносабатлари,миллат ва салтанат учун вазифалари хусусидаги кўрсатмаларни берди, малика Сароймулкхонимга мабодо бандалик соати етса, қаерда ва қандай дафн этишгача эринмай икки-уч бор уқтирди… Кейин бирдан Ўлжойни эслади…

ХУРШИД ДАВРОН
ЎЛЖОЙ ЁХУД ИСИРҒА ҚИССАСИ
1992 йили ёзилган ва нашр этилмаган асардан парчалар
003

МУҚАДДИМА

Ўтрор яқинидаги кенгликда қароргоҳ тузган Соҳибқирон унча аҳамият бермаган, «бор-йўғи шамоллаш, уч-тўрт кунда ўтиб кетади» деб юрган дарднинг еттинчи куни ўлими яқинлашганини сезди. Сезди-ю, хотиржам мулоҳаза юритди. Ҳузуридаги аркони давлатга керакли,биринчи навбатда, валиаҳд масаласида, тирик фарзанду набираларнинг келгусидаги ўзаро муносабатлари, миллат ва салтанат учун вазифалари хусусидаги кўрсатмаларни берди, икки  садоқатли сафдоши амир Шайх Нуриддину  амир Сайфиддинга ва катта малика Сароймулкхонимга мабодо бандалик соати етса, қаерда ва қандай дафн этишгача эринмай икки-уч бор уқтирди.

Кейин бирдан Ўлжойни эслади…

1370 ЙИЛНИНГ БАҲОРИ

062.gif«Ум ул-билод», «Қуббат ул- ислом», «Жаннат ул-арз», «Хайр ат-Туроб» сифатлари билан улуғланган Балх шаҳри милоддан аввалу кейин не-не шавкатли давлатлар пойтахти бўлган. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган даврда шаҳар аввалги аҳамиятини йўқотган бўлса-да, Мовароуннаҳр салтанатига эгалик қилишга даъвогар амир Ҳусайн   мулкининг маркази эди. Сўнгги асрлар оралиғида кечган жангу жадаллар, тўс-тўполонлар давомида олти дарвозали қадимий шаҳар йигирма икки марта вайрон этилди. Энг сўнгги даҳшатли ғорат Чингизхон қўшинлари томонидан бўлди. Жангари мўғул хони беш лак — беш юз минглик қўшин билан, илон йили, ҳижрий 617 йилнинг зулҳижжасида — 1221 йилнинг қишида шаҳарни қамалга олди. Ушбу қиссамиз қаҳрамонининг набираси бўлмиш Мирзо Улуғбек «Тарихи арбаъи улус» китобида бўлиб ўтган ҳодисалар хусусида шундай маълумот беради: «Жаҳонгир кишиларни саноқдан ўтказмоқчимиз, ҳамма ўз уйидан ташқари чиқсин, деб буюрди. Соҳибқирон Чингиз фармони билан балхликлар (шаҳар) ташқарисига чиқдилар. Шаҳардан ҳамма чиқиб бўлгач, барчаси қонига ботирилди. Катта-ю кичикни қатл этдилар, уларнинг хотину қизларини асир олдилар. Мўғуллар сипоҳи шаҳар…  мулкини талаш учун буйруқ олди. Бутун Балхни талаб, унинг олий иморатларини вайрон қилди».

Бу босқиндан юз йил ўтмай, баджаҳл мўғул ҳукмдори забт этилган ерларни ўғилларига тақсимлаганда, чекига Мовароуннаҳр замини тушган шаҳзода Чиғатойнинг авлодлари Балхни тиклашга уриндилар. Икки қисм:  арк ва шаҳристондан иборат шаҳар мўғул ҳукмдорлари қанча уринишмасин аввалги шукуҳли ва ҳайбатли улуғворлигини қайта тиклолмади.

*     *    *

Ҳижрий  771 — мелодий 1369 йил. Мовароуннаҳр ҳокимияти учун Темурбек билан амир Ҳусайннинг рақобати авжига чиққан. Чиғатой улуси хони Қозонхонни ўлдирган амир Қазағанинг набираси амир Ҳусайн билан Қашқадарё воҳасида яшовчи барлос уруғининг нуфузли амирларидан бўлган Муҳаммад Тарағайнинг ўғли — Темурбек ўртасидаги ихтилоф анча бурун пинҳона бошланган. Аниқроғи бундан уч йилча бурун Самарқанд яқинидаги Конигил ўлангида юз берган машъум воқеадан кейин уларнинг ўзаро муносабати узил-кесил очиқ душманликка ўтди.

Конигил фожесидан сўнг Мовароуннаҳр тўпроғини тарк этиб, Хуросонга қайтган амир Ҳусайн Балхнинг вайрон деворларини қайта тиклаш, таъмирлаш билан овора. У энг аввал шаҳарнинг асосий истеҳкоми — Ҳиндувон қалъасини мустаҳкамлади, чунки у Темурбекнинг юришга ҳозирлик кўраётганидан яхши хабардор эди.

Тез орада Балх ва шаҳар атрофидаги катта-кичик қишлоқлар аҳолиси бошдан-оёқ ваҳима ичида қолди. Ҳамма ерда:»Темур келаётган эмиш!» деган овоза тарқалди. Жуда кўп одам Балхни ташлаб, Шибирғону Ғазни томонларга қараб қочди. Ҳусайн навкарлари орасида ҳам ваҳима зўрайди. Инчунин, Темурбекдек донғи чиққан саркарда раҳбарлигидаги жанговар қўшинга бас келиш нечоғли қийинлигини англашга озгина мулоҳаза кифоя  эди.

Темурбек қўшини яқинлашгани сайин, шу чоққача юз-кўзида хотиржамлик зоҳир бўлиб турган амир Ҳусайн ҳам даҳшатли таҳликада қолди ва феъл-атворида, юриш-туришида ишончсизлик сезилди.

Амир Ҳусайн Темурбекни қарайиб чорак асрдан буён билади. Бобоси амир Қазаған Чиғатой улуси тахтида ўтирган Қозонхонни ўлдиргач, одатга риоят қилиб Чингизхоннинг кенжа ўғли Ўқтойхон авлодидан бўлган Донишмандчани сохта хон қилиб кўтарган, аммо ўзи ҳокимиятни тўла эгаллаб, маҳаллий турк амирлари мададига таяниб Мовароуннаҳрни мустақил бошқара бошлади. Чиғатой улуси ўшандан эътиборан иккига бўлиниб кетди: бир қисми Мовароуннаҳр бўлса, иккинчи қисми Еттисув, Қошғардан иборат мулк — Мўғилистон эди. Уни яна Жета деб айтардилар. Жета — Мўғилистон Чиғатой авлодлари қўлида қолди. Қашқадарё воҳасида яшаган барлос уруғи амирларидан Муҳаммад Тарағайнинг ўғли Темурбек Қазағаннинг суюкли саркардаси эди. Кешда туғилиб-ўсган йигирма яшар йигитнинг саркардалик салоҳиятига мафтун бўлган амир Қазаған ўз набирасини, Ҳусайннинг синглисини унга никоҳлаб берди. Бу тадбир билан Темурбекни ўзининг садоқатли кишисига айлантирмоқчи бўлди. Тез орада Темурнинг саъи-ҳаракати билан Мовароуннаҳр сарҳадларидаги, сўнгги тўс-тўполонлар туфайли «ўзига хон, кўланкаси майдон» бўлиб қолган бир қатор амирлару уларнинг мулклари амир Қазағон ҳукми остига бирлаштирилди. Вақт ўтиб, бир марта Темурбек аччиқ устида Ҳусайнга шундай деган эди: «Бобонгиз айтарлик даражада қудратли ҳоким эмас эди, унинг қўлидан осонлик билан подшоҳликни тортиб олишим мумкин эди. Аммо, менга қилган лутфу карамига нисбатан кўрнамаклик қилмадим».

Кейин бобоси — амир Қазаған қотил қўлида ҳалок бўлди. Қотил Мўғилистон хони Туғлуқ Темурхоннинг фитнаси учган амир Қазағаннинг куёви Туғлуқ Темур Булдой эди. Ҳокимият амир Ҳусайннинг отаси — амир Абдулла қўлига ўтди.

БАЛХ ОСТОНАСИДА ВА ИЧИДА

Мовароуннаҳрликлар бўрон сингари ёпирилиб, эски Балхнинг майдону-кўчаларига бостириб кирдилар. Уларни тўхтатиш, орқага қайтаришга илож қолмаган эди. Ҳусайн Ҳиндувон қалъасига қараб от қўйди. Оти толиққан, боши энгашиб, тумшуғи туёғига тегай деб қолган. Балхоб дарёси томонидан эсган шамол найзага ўраб боғланган Ҳусайн яловини силкитади. Аммо ялов эгасига керак эмаслигини байроқдор англамас, саросимага тушган элликтача қовоғи солиқ хос навкар илгарисида бесаранжом амир ортидан от чоптиради.

Қалъа яқинида тўсатдан бир гуруҳ отлиқлар пайдо бўлиб, уларнинг йўлини тўсишга ҳаракат бошлади. Ҳусайн анграйиб қолди: бу одамлар бу ерга етиб келишга қачон улгурдилар? Ер остидан чиққандай навкарлар бақириб, бир-бирларини илдамроқ юришга ундашар, уларнинг олдида чипор от минган суворий жон-жаҳди билан от чоптириб, бақириб келарди. Ҳусайн ўз юзбошини юз боши танийди, узоқдан бақира бошлади:

— Шастбанд дарвозасининг йиқитдилар!.. Амир, тезроқ аркка қочинг!

«Қочинг!» сўзидан лов этиб юзи қизарган Ҳусайн бирдан нима қилишини билмай қўйди. Унинг йўлини тўсишга уринаётган отлиқлар қаердан пайдо бўлганини у энди фаҳмлади. Фикрлари чалкашиб кетди. У бир қарорга келолмасди. Ҳовлиқиб қолганидан, оёғи узангидан чиқиб кетиб, ерга йиқилиб тушишига сал қолди. Ёғий отлиқлар бир ҳовуч бўлишига қарамай, қийқириб, ўзларини улкан қўшин назар қилиб, қуюндай бостириб келишарди. Хос навкарлар қиличларини яланғочлаб, жангга шайландилар. Бир-икки навкар аланглаб қочиш пайига тушди. Темурбек навкарлари етиб келдилару, тўполон бошланди. Эсанкираб қолган Ҳусайн ногоҳ қаршисида пайдо бўлган ҳабашдай қора навкарнинг важоҳатли қиёфасини кўрди. Навкар қиличини пешлаб Ҳусайн остидаги от жиловини ушлаб олишга ҳаракат қилганича:

— Амир, менинг омонатимсиз!..-деб бақирарди.

Ҳусайн худди уйқудан уйғонгандек, отни олға ундади, ҳабаш-навкар от жиловини ушлай деб турган жойида бирдан отдан ағдарилди. Унинг курагига найза санчилган эди. Ҳусайннинг бармоқлари қилич дастасига чип ёпишиб қолгандек, қиличини кўтаришга мадори йўқлигини сезди.

Қазағаннинг омадсиз набираси омон қолган навкарлари билан амаллаб қалъага кириб олди. Қалъа деворлари баланд ва мустаҳкам эди. Бу ерда манжаниқнинг фойдаси йўқ. Аммо манжаниқлар бари бир қалъа яқинига олиб келинган, усталар чўққайиб олиб, кўзлари билан чамалаб, қалъагача масофани кўрардилар. Темурбек бу гал қалъа ҳалокатини жангу-жадал эмас, вақт ҳал қилишини англади.

Тун чўкди-ю, икки кунлик жангу-сурондан ҳориган ҳар икки томон лашкарлари уйқуга чўмди. Қалъа теварагида ҳалқа қилиб ўралган навкарлар ҳам хотиржам эдилар. Амир Темурбек шаҳар четидаги ўлангда тузган қароргоҳга қайтмади, шаҳристондаги кўшкларнинг бирига қўнди. Аммо у толиққанига қарамай новак етмайдиган масофада қолса атрофида ўрнатган навкарларни оралаб чиқди. Кўпчилик қоринларини яхшилаб тўйдириб олгандан сўнг мириқиб ухламоқда эди. Аскарлари юзидаги бепарволикни кўриб, яхши яқин ўртада кучли душман йўқ, ҳеч ким хавф солмайди, деб ҳаёлидан кечирди. Аммо, барибир кўнгли жойига тушмади. Лаънати Ҳусайндан ҳар балони кутиш мумкин. У ясовулбошини чақириб, қоровулларни кучайтиришни айниқса, дарвоза яқинидаги навкарлар зийрак бўлишларини қаттиқ тайинлади. Ниҳоят, ўзи кўшк ҳовлисидаги ҳарбий араваларнинг бирида тўшалган ўринга чўзилди. Аммо уйқуси келмай, анчагача осмонга қараб ҳаёлга ботди.

Ҳаво очиқ, равшан ва тип-тиниқ. Каҳкашон осмонга белбоғ бўлиб товланади. Ўқтин-ўқтин кўзларини уйқу босар, бир зумдан сўнг яна кўзларидаги уйқу пардаси кўтариларди.

Атроф жимжит эди. Шу лаҳза таниш сиймо ялт этиб ўнгидан ўтгандай бўлди-ю, уйқуси ўчди. У суюкли хотини, Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғани эслаган эди. Ҳавжаси оламдан ўтганига неча йил бўлибдики, ҳар гал уни эсласа, Ўлжойни яна кўриш туйғулари — соғинч дилини ўйнатади, унинг аламли юрагига азоб беради.

Темурбек йигирма ёшида ёшга тўлганда, отасининг маслаҳатига кириб, Солисаройга борди, амир Қазаған хизматида бўлди. Амир Қазаған ўн йилча бурун Чиғатой улуси хони Қозонхонга қарши чиқиб уни халок этган, ўшандан буён улус тахтга Чингизнинг кенжа ўғли Ўқтой авлодидан бўлган Донишманчининг ўтқазган, аслида ҳокимиятни ўзи мустақил бошқарарди. Тез орада Амир Қазаған Темурбекнинг ҳарбий салоҳиятини кўриб илғаб, унга муҳим топшириқларни ишониб топшира бошлади. Орисда: Темур ҳам хоннинг ишончини оқлашни истар, шу ниятда ўзини аямай хизмат қилди. Қазағаннинг ўғли амир Абдулла Хоразмга қўшин тортиб борганда, Хоразмни Олтин Ўрдадан айириб мустақил сиёсат юргизиш пайида бўлган Хасан Сўфидан жуда кучли зарба еб, шарманда бўлган бир пайтда, Темур ўз ҳарбий салоҳияти билан мағлубиятни ғолибликка айлантирган эди. Шу воқеа сабаб бўлди-ю, амир Қазағаннинг Темурбекка бўлган меҳру ишончи ўн карра ошди. У саркарда йигитни бутунлай ўз хонадонига ипсиз боғлаб қўйиш мақсадида набираси Ўлжой Туркон оғани Темурбекга узатиш ҳаракатига тушди.

Темурбек Ўлжойга уйланганида, у камсуқум, уятчан, нозанин қиз эди. Орадан қисқа вақт ўтиб кетди-ю, камолга етиб очилган, шўх-шаддод бир аёлга айланди. Бўйида бўлганда ҳусни яна ортди, ранг-рўйи ҳар қанча ўчган бўлса-да, ҳуснига бир нуқсон етмади. Аксинча, чеҳрасида аллақандай виқорли гўзаллик зоҳир бўлди. Буни кўрган Темурбекнинг кўнглида бир ўт тушиб, хотинига бўлган муҳаббати кун сайин ошарди. Ҳар гал Ўлжойни кўрганда Темурбекнинг кўзида ҳиммат ва шижоат алангаси ўрнида муҳаббат ва меҳр ўти тоб уриб, ёна бошларди, кўзлари қувончдан йилтирарди.

Улар илк дафъа учрашганларида Ўлжой ҳам эркинлик ва мардоналик аломати зоҳир бўлиб турган йигит қаршисида ҳуши оғиб анграйиб қолган эди.

«Амирим, сизға ҳар қанча миннатдорлиғ қилсам ҳам оз», — деган эди ўшанда қиз кумушдек жарангдор товуш билан. «Не сабабдин?» — деб сўраганди ҳайрон қолган йигит. «Мендек бир ожизани қайлиқ этмоқға розилик берғанингиз учун», — деди қиз. «Бу худойимнинг иродаси!» — деди Темурбек. «Худога шукр!» — деб уялиб шивирлаганди Ўлжой. Шундай деб кўзларини ерга тиккан, гулдек юзининг анори товланган эди. Ўшанда Темурбек ҳам суҳбатни давом эттиришга сўз тополмай қийналган, юрагини ўртаб турган дард ҳали сўзга айланмаган эди. Унинг юраги қувончданми, ҳасратданми, билмайди, сармаст, мастона сўзлар эса бағридан тилига кўчишга ожиз эди. Биринчи марта ўзидан, дағал табиатидан койинган эди.

Бечора Ўлжой… Умри қисқа экан. Темурбек суюкли ёрининг ўлимини эслади-ю, юрагидаги дард қайта янгиланди. Шу пайтгача ҳаммадан яшириб келган сир бекинган онгида санчиқ уйғонди — саноқсиз ўқлар учиб келиб кўксига ботгандек бўлди. Ҳусайнни ҳар кўрганда бу сир янгиланар, ҳар гал Ҳусайн унинг кўзидаги даҳшатли сўроқни кўриб нигоҳини олиб қочар, ўзини қўярга жой тополмай, типирчилаб қоларди. Аммо Темурбекнинг сўроғи ҳеч қачон дилидан тилига чиқмас, бу эса Ҳусайнни баттар азобларди. Бу азоб виждон эмас, қўрқув азоби эди.

Темурбек суюкли завжасидан айрилган кунларни эслади.

Ўшанда у Ўлжой билан хайрлашиб Самарқандга отланган эди. У Мовароуннаҳрда бошланган тўс-тўполонлар туфайли эгасиз қолган бу қадимий шаҳардаги вазиятни билмоқ, агар имкони бўлса, у ерда ўз мавқеъини кучайтирмоқни ўйлаган эди. У Самарқанд ҳокимият учун бошланган курашда муҳим ўрин тутишини ўшандаёқ фаҳмларди.

Аммо шаҳарга келганидан кўп ўтмай, Қаршида қолган Ўлжой Туркон ўлим билан олишиб ётгани ҳақида хабар олди. Бу нохуш хабар оқшом пайти етди. Кеч бўлишига қарамай, Тахти Қорача томонга қараб от қўйди. Тўхтамай йўл босиб, маҳбубасининг жон бериши арафасида манзилга етди.

Бор-йўғи бир ҳафтача олдин, айрилиқ чоғида кўзидан ўт чақнаб турган, кулгичлари ўзига ярашган қорамағиз Ўлжойни бир алфозда ётганини кўриб, отаси вафотидан бери намланмаган кўзларидан отилиб чиқаман деган ёшни зўрға тийди.

Темурбек завжасини даволаётган табибдан нима бўлганини суриштирди. Кекса тожик табиб «Афсус» дегандек бош чайқаркан, биттагина сўз айтди:

— Заҳар!

Темурбек бу гапни эшитиб, ўтирган ўрнидан сапчиб турди, кўзлари чақчайиб сўради:

— Нима?! Заҳар?!

Кейин ғазаби қўзғалди:
— Ким?!

Чол яна аввалгидек бир оғиз сўз билан жавоб берди:
— Надонам (Билмасам).

Темурбекнинг ранг-рўйи оқариб кетган, даҳшатли саволга жавоб топмоқчи бўлган онгида, кейинчалик уни бир умр азоблайдиган, жимирлаган оғриқ уйғонган эди.

— Нимадан заҳарланганини билдингизму? — деди у зўрға товуш чиқариб.
Табибнинг жавобидан яна ажабланди.

— Асалдан…-деди чол.
— Асалдан?!

— Ҳа, мана бу асалдан! — табиб хона тўридаги токчанинг бир четида турган кичкина кумуш кўзачани олди.- Бунга аста-секин таъсир қиладиган заҳар аралаштирилган. Ҳиндларнинг заҳари!

Темурбек бу идишни аввал кўрмаган эди. У завжаси хизматини қилиб юрган чўри қизни хонага чақиртирди. Кўзачани кўрсатиб сўради:
— Бу қаердан келган?

Ҳеч гапдан бехабар чўри бош кўтармай гапирди:

— Бекамнинг оғалари сизға туҳфа қилиб юбормишлар. Сиз Самарқандға кетғон куннинг эртаси олиб келмишлар…

Бу гапни эшитиб, Темурбекнинг туси баттар оқарди. Табиб унинг ҳолатини кўриб бош чайқаб қўйди, чўри эса ҳеч нарсани англамай, ҳангу-манг эди. Темурбек уларга жавоб берди. Ёлғиз ўзи қолгач, қайнисини бўралатиб сўкди, умрида айтмаган сўзларни айтди. Кейин табиб чолнинг «Бу сирни ёлғиз сизга айтдим, бошқа ҳеч ким билмайди!» деганини эслаб, хонадан отилиб чиқди. Табиб энди хачирига миниб, йўлга тушган экан. Югуриб бориб тўхтатди. Чолнинг кўзларига нажот тилаб боқди.
— Ҳеч иложаш нестми? (Ҳеч иложи йўқми?)

Табиб яна бош чайқади:
— Нест, амир, нест.

Темурбекнинг кўз олди қоронғилашгандек бўлди. Яна ғазаби қўйиб, отига минишни, лаънати Ҳусайнни қаердан бўлмасин топиб ичак-чавоғини офтобга чиқаришни ўйлади. Аммо номард Ҳусайн жуда узоқда, шундай ёнгинасида эса энг суюкли кишиси ўлим билан олишиб ётарди.

Шу пайт ичкаридан югуриб чиққан чўри қизни кўрди.

— Бекам сизни чорлаяптилар — деди ранг-рўйи оқариб кетган чўри қиз.

У ичкарига кириши билан Ўлжой шундай мунгли мўлтираб қарадики, бу қарашда кўп маъно бор эди. Унинг ўлим олиб келаётган ҳаётидаги бутун яхшиликлар шу қарашда жам бўлгандек эди. Унинг юрагида мавж ураётган ҳиссиётларни баён қилишга ожизлигини намойиш этган бу қараш Темурбекга барча сўзлардан кўра яқин ва азиз эди. Ўша сўнгги чоқ Ўлжой бир армонли изтироб билан:»Акамни бир кўролмадим», — деб шивирлаган, Темурбек:»Мен хабар юбордим»,-дегандан сўнг эса «Акам билан ярашинг…Сўнгги…энг сўнгги илтимосим, у сизга ёмонлик қилса ҳам, сиз…сиз қилманг», — дея мўлтираган ва…сўнгги сўзларни айтиб қандайдир исканжадан халос бўлганини сезган, яйраб озодликка чиққандай бўлган эди.

Маҳбубасини қора тупроққа топширган Темурбек унинг сўнгги илтимоси — васияти ёдида турган бўлса ҳам, Ҳусайн билан ўзини боғлаб турган ягона ип бутунлай узилганини англади. Ўртада фақат душманлик, фақат нафрат қолган эди. Мана шу нафрату ёвлик устида Ўлжойнинг сўнгги сўзлари мусичадек мунгли нола қилиб учиб юрарди: «У сизга ёмонлик қилса ҳам, сиз…сиз қилманг!»
Бу совуқ ҳодисадан сўнг яна Самарқандга отланганда, Темурбек йўл бўйи бўлиб ўтган воқеани ўйлади. Ҳусайннинг асл мақсади уни ўлдириш бўлгани, аммо айбсиз Ўлжой ўртада қурбон бўлганини фаҳмлаган эди. Сарбадорлар воқеасидан сўнг Ҳусайн неча марта унинг жонига қасд қилган, ҳар гал омади юришмай, баттар ҳадсизлик қиларди.

Бундан бир йилча аввал ҳам у маккор қайниси хуфиёна қўшин тўплаётгани эшитди. Бу хабарни етказган амир Сайфиддин Темурбекдан ниҳоятда эҳтиёткор ва ҳушёр бўлишни қаттиқ туриб сўради. Темурбек рақибини саросимага солиб унга қарши қўшин билан юрганда, Ҳусайн унга мактуб юборди. Темурбек мактубни ўқимай йиртиб ташлади. Ҳафта ўтмай, Ҳусайннинг ҳаракатга келганидан дарак топган Темурбек Қаршидан чиқиб, ~узорга борди. Кейин Деновга ўтди. Шу ерда унинг ҳузурига Ҳусайннинг хазиначиси — Хизр пакана Қуръон кўтариб келди. Бир кўзи шилпиқ хазиначининг сўзига кўра, Ҳусайн мана шу Муқаддас Каломуллоҳ устида Темурга душманлик қилмаслик ҳақида қасам ичганмиш.

— У ичган қасамлари ҳисобини биладиму? — деб сўради Темурбек киноя билан хазиначидан. Хизр пакана питирлаб қолди. Аммо айтдики, амир Ҳусайн ишончли бўлиши учун қасамни Темурбек билан учрашиб қайтаришга тайёр эмиш. Агар амир Темур хоҳласа, улар икковлон бирон-бир ўрта ерда, масалан Танги Чакчан дарасида учрашишлари мумкин эмиш.

— Мана, шу хусусда амиримнинг муборак номалари, — деди хазиначи ўроғлиғ қоғозни қўйнидан чиқариб, Темурбекга узатар экан.

Ҳусайн одатдагидек, мактубини баландпарвоз гаплар билан бошлаган, учрашиб аҳду-паймон қилсалар, Мовароуннаҳрда бундан кучлироқ, мустаҳкамроқ келишув ва иттифоқ бўлмаслигига шама қилган ва ниҳоят, Танги Чакчан дарасида бир яхши, хушҳаво, серсув жой бор, ўша жойда яккама-якка суҳбатлашсак, ўртада бегона бўлмаса»,-деб таклиф айтган, мактуб сўнгида феъл-атворига мос сўзларни улаган эди: «Садоқат ва дўстлик аҳди шундай мустаҳкам бўлсинки, бундан сўнг иғвогарларда бизнинг орамизга кирмоққа мажол қолмасин. То биз бир-биримиз билан иноқ бўлмас эканмиз, мамлакат тинчланмағай». Ҳусайн мактубида то бу учрашув ўтгунча, Ҳусайн лашкари Чағониёнда, Темурбек тарафники эса ~узорда тўхтаб турса, деган таклиф ҳам бор эди.

Темурбекнинг қулоғи остида мусича — Ўлжойнинг овозини эшитгандек бўлди:»Унутманг, бегим, менинг сўнгги илтимосимни унутманг!»

Темурбек мактуб ҳам, бўлажак учрашув ҳам Ҳусайннинг навбатдаги макри эканини у яхши биларди. Шунга қарамай, кўпчилик амирларнинг раъйига қараб, учрашувга боришга розилик берди. Хизр хазиначи ваъдани олиб қайтгач, Темурбек яна амирларини ҳузурига чорлади. Амирлар бирин-кетин кириб келиб, ҳар бири ўз ўрнини эгаллаб хотиржам ўтиришар паст овозда суҳбатлашишар, Аббос баҳодур қаршилигига қарамай учрашувга розилик берган Темурбекдан хафалигини очиқ-ошкор билдириб, чурқ этмай, тумшайиб ўтирарди.

— Сиз, амр Аббос, хуфия ишларига устасиз, — деб гап бошлади. Темур узоқ йиллик сафдошига мурожаат қилиб, — Шундай экан, одамларингизни йўлга ҳозирланг. Ҳусайн тайинлаган даранинг баланд-пастини билиб олсунлар, панада туриб кузатсунлар.

Амирлар бу гапдан ҳушёр тортиб, бошларини кўтардилар. Айниқса, Темурбекнинг Ҳусайн гапига алданмаслик ҳақида айтган гап-сўзлари ҳавога учганидан норози бўлиб ўтирган амирларнинг юзига қон югурди. Аббос Баҳодир-ку, расм-русумни унутиб, ирғиб ўрнидан турди-да, ташқарига отилди. Аммо уч-тўрт қадам босар-босмай тўхтади ва орқага ўгирилиб, Темурбекга қаради. Аммо унинг юзида норозилик аломатини кўрмагач, шошиб чиқиб кетди.

Учрашув арафасида Аббос баҳодур йўллаган хуфиялар Ҳусайн одамлари дарада ва унинг атрофида гуруҳ-гуруҳ изғиб юрганлари хабарини олиб келдилар. Ҳусайн қароргоҳига кириб-чиққан хуфия эса маккор амир дарага юзта навкар билан бораман деб қилган ваъдасига зид мингга яқин отлиқ билан боришга ҳозирлик кўраётганини билиб қайтди. Ҳеч кутилмаганда, Ҳусайн хизматидаги Шер Баҳром яширин нома ҳам бу хабарни тасдиқлади. Шер Баҳром аввал Темурбек хизматида эди. Кейин ташлаб қочди. Бунга ҳам Ҳусайннинг бадфеъллиги сабаб бўлди. Темурбек минг бир тадбир ишлатиб, Шер Баҳромни яна ўз ҳузурига қайтарди. Боз устига бир вилоятни суюрғол қилди. Аммо Ҳусайн бари бир ҳийла-алдов бетайин билан амирни йўлдан оздирди. Ўшандан буён Шер Баҳром унинг етагида. Аммо Темур қилган яхшиликларни унутмабди. Мана, одам юборибди.

Темур амирлари билан кенгашиб, кечаси, қоронғиликдан фойдаланиб, Ҳусайннинг дарадаги пистирмалари қаршисида бир неча қўрни яшириш режасини тузди. Ўзи бўлса, дарага уч юз одам билан боришга аҳд қилгач, тунги тадбирни амалга ошириш вазифасини амир Аббос баҳодурга топшириб, хотиржам уйқуга кетди.

У қаттиқ уйқуда бўлса-да, болаликдан вужудида шаклланган сезгир бир ҳис таъсирида, чодирига яқинлашиб келаётган оёқ товушларини сезиб, кўзини очди. Кимдир чодирга ўта эҳтиёткорлик билан яқинлашиб келарди. Йўқ, бу соқчи эмас, деб ўйлади у. Темурбек чодирини қўриқлайдиган Мубашшир билан Абдулланинг қадам товушларини яхши танир, уларнинг қадам ташлашлари билан бу товуш ўртасидаги тафовутни аллақачон пайқаган эди.

Тўсатдан ташқарида ола-тасир шовқин эшитилди. Кимнингдир пишқириб хириллаши билан чор-атрофдан яқинлашиб келаётган бақириқ-чақириқлар қўшилиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Сўнгра Аббос баҳодирнинг ваҳимали овози эшитилди:

— Иллайини тўс! Иллайини!

Темур югуриб ташқарига чиқди. У Аббос баҳодир навкарлари ўраб олган жуссаси кичкина бир нотаниш йигитни кўрди. У чавақланган қорнини икки қўли билан ушлаб ерда типирчилар, ичак-чавоқлари осилиб қолганди. Ниҳоят, унинг бўғзидан чиқаётган қичқириқ хириллашга айланди-да жон таслим қилди. У билан олишган Мубашширнинг ҳаммаёғи қон, кийимлари тилка-пора қилиб юборилган эди.

— Лаънати қотил! Ҳусайн юборган, Ҳусайн! Менинг йигитларим уни кечадан бери кўз остига олган эдилар! — деди Темурбекга яқинлашган Аббос баҳодир.

Темурбек «Кеча сезган бўлсанг, нега менга айтмадинг, энағар!» — деб жеркимоқчи бўлди-ю, кеча-ю кундуз ҳаловат билмай, унихавф-хатардан асраб келаётган содиқ сафдошини хафа қилиб қўйишдан ўзини тийди. Аббос баҳодирнинг ҳам билагига қилич теккан, қон оқиб турарди. Темурбек уни чодирига киритди ва ярасига малҳам суриб боғлади. Аббос баҳодир ўз ҳукмдоридан бу марҳаматни кутмаган, нима дейишни билмай, ғўлдирарди, холос.

Сўнг ҳузурига Мубашширни чорлади. Мубашширни чодирга Абдулла суяб олиб кирди. Ярадор бўлиб, кўп қон йўқотганига қарамай, Мубашшир Темурбек олдида ўзини бардам тутишга уринарди. Темурбек йигитга яқинлашиб, ярасини кўздан кечираркан, индамасдан белидаги қимматбаҳо камарни ечиб, Мубашширга узатди. Мубашшир «Ия!» деди-ю, бош чайқади, кейин бошини кўтармай ғудранди:
— Отангиз берган туз-намак ҳақи, мени уялтирманг, бегим!

Темурбек қаршисида турган бу икки йигит феъл-атворини беш бармоғидек, яхши биларди. Улар Темурбекнинг отаси амир Муҳаммад Тарағай хонадонида туғилиб, Темур билан баробар ўйнаб-тортишиб баробар бўй чўзганлар. Темур мабодо уларга қоядан ўзингизни ташланг, деса: улар заррача ўйламай унинг амрини бажаришг тайёр — бу суюкли падари бузрукворининг саховати, меҳру оқибатининг натижаси, унинг кўрсатган яхшиликларига жавоб эди. Кекса амир ўз хизматкорлари болаларини ҳам фарзандидан ҳеч қачон кам кўрмаган, уларнинг суннат тўйларини ўғлиники билан бирга ўтказган эди…

Темурбек Мубашшир ярасига ҳам малҳам босиб, маҳкам танғиб боғлагач, Абдуллага зарур маслаҳатларни айтиб, уларни кузатиб чодирдан чиқди…

Тонг отар-отмай Темурбек уч юз баҳодири билан қароргоҳидан чиқиб, учрашув манзили томон йўл олди. Дастлаб Темирбек қопқа жойлашган тоғлар томонидан оқиб тушган сув ёқалаб, кейин тоғ томонга қараб йўл босдилар. Анчадан кейин Ҳусайн таърифлагандек, хушҳаво, серсув бир воҳа бошланди. Улар отларни жадаллатдилар. Ниҳоят, олис-олисдаги тепалик устидаги сарғиш чодир, пиёдалари суворийларнинг қораси кўринди. Темурбек одамларига тўхташни буюрди. Ўша лаҳза тепалик устида карнай овози янгради-ю, Темурбек тўхтаган жойдан анча узоқда қорайиб турган чакалакзордан бир гуруҳ суворийлар отилиб чиқиб, дала бўйлаб ёйилди. Улар Темурбек тўхтаган жойни ҳалқага олмоқчидек, эгилган ёйдек бўлиб от чоптирардилар. Кетма-кет чап томондаги жарлик ичидан ҳам бир гуруҳ отлиқлар тепага ўрлаб чиқди. Ҳар икки гуруҳ қийқиришиб, қуюндек бўлиб, учардилар.

Темурбек хавотирга тушиб, Аббос баҳодурга қаради. У «ҳозир» дегандек, бош силкиди. Бу орада Ҳусайн навкарлари ялангликнинг қоқ ўртасига етиб қолган эдилар. Аббос баҳодир шуни кутиб турган эдими, ёнидаги навкарга ишора қилди. Навкар қўлидаги камонни осмонга тўғрилаб, навак учирди. Ўқнинг думига боғланган олов оппоқ тутун чиқариб кўкка кўтарилди. Худди ўша лаҳза даланинг ҳар икки томони «Урҳо-ур!» деган сурон эшитилди. Ерданми, осмонданлиги чиққандай пайдо бўлган отлиқлар тўдаси саф тортиб чиқиб, бир маромда ўртада қолган Ҳусайн аскарларини қисиб кела бошлади. Темурбек мийиғида кулиб, Аббос баҳодирга «Балле!» дегандек, мамнун қараб қўйди.

Ўзларини хавф-хатардан ҳоли, лашкарсиз келган Амир Темурни қўлга олиш завқидан сармаст Ҳусайн навкарлари теваракдан зич бўлиб келаётган бесаноқ лашкарни кўргач, қармоққа илинган лаққадек, ўзларини қаёққа уришни билмай, типирчилаб қолдилар. Бир-иккитаси тақдирга тан бериб, Темурбек турган томондан ёриб ўтишга уринган эди, камонлардан узилган ўқлар уларни ер тишлатди. Ўров ичида қолганидан қўрқиб кетган қисми ёлғиз нажот йўли бўлган орқага — Ҳусайн турган тарафга қараб қоча бошлади.

Аллақачон хаёлида Темурбекни асир олган Ҳусайн бўлажак учрашувни тоқатсиз бўлиб кутарди. Тўсатдан сонсиз отларнинг туёқлари чангу тўзон ичида ер титратиб, ўзи турган ерга яқинлашаётганини кўриб, ҳовлиқиб қолди. Нима бўлганини англади-ю, режаси чиппакка чиққанига амин бўлди.

Миясига бир ўй келди-ю, ялт этиб Шер Баҳромга қаради. ~азаб ва аламдан эс-ҳушини йўқотган Ҳусайн тузган режасини рақибига ким очганини англади. У қутурган туя каби бўкириб, Шер Баҳромга ташланди, қароргоҳни чангитиб қочиб ўтаётган навкарлари тўс-тўполони ичида Шер Баҳромнинг қорнига қиличини санчди. Нима бўлганини ҳали тузук англамаган Шер Баҳром чайқала-чайқала икки-уч қадам босди, бир зум қорнидан ерга оқиб тушаётган қон томчиларига ҳайрон қаради, сўнг гуппа ағдарилди.

БАЛХ

Балх осмонига тикилиб ётган Темур яна Ўлжойни эсларкан, Ҳусайннинг бугунги қисматини ҳам ўйлади. Суюкли Ўлжойнинг сўнгги илтимоси елкасида турибди. Аммо у жуда кўп одамларга, шу жумладан қўшини билан келган амирларнинг айримларига ёмонлик қилган, Қуръони Карим устида ичган қасамларини бузган, уни ўлдириш учун амирларни қайраган, қотиллар йўллаган Ҳусайнни кечирса, уни ҳеч ким кечирмаслигини англарди.

У шафқат қилиши мумкин. Илло, у бирор кишига нисбатан қанчалик қаҳрланмасин, юрагида ўша одамни авф этиш истаги бўлмаса, оддий жаллоддан фарқ қилмаслигини англаб етган эди.
— Ўлдириш ё жазолаш эмас, подшоҳларнинг иши авф этмоқдур, — деб шивирлади ўзига-ўзи Темур.

Аммо, Ҳусайн қасди-қасоси бор, айрим амирлар даҳшатли бир ўч ниятида турганларини қалъани шу амирларга тобе навкарлар ўраб турганини, уларда шафқат йўқлигини ва қолаверса, Ҳусайн туфайли қалъа ичида ҳарам, навкарлар ҳам ўлим чангалида қолганликлари ёдига тушди. Яна ўйга ботди, яна Ўлжойни эслади. Ўлим талвасасида ётган маҳбубасига айтган сўзларни эслади.
«Менинг ҳеч кимим йўқ, Ўлжой! Онам билан отам неча йиллар аввал оламдан кетдилар. Бу дунёда суйганим ёлғиз сенсан, ёлғиз мана шу ватаним! Бу ватан меҳри, сенинг ишқингни жон ичида жо қилиб яшаяпман, Ўлжой. Юртимни омонлиги учун бору-йўғимни бераман, фидо қиламан!»

Яна ҳаёлан кўз ўнгида ўша мудҳиш кун гавдаланди… Ўлжой сўнгги марта беғараз, олижаноб хотинларга хос бўлган гўзал талпиниш қилиб унинг қўлларидан ушлади-ю, кўзларидан тирқираб чиққан кўзёшлари бўйнига етар-етмай жон чиқарди. Темур ич-ичидан кўпчиб чиққан фарёдни ичига бўғилиб ютди ва ҳар гал тегиши билан томирларига гўё ўт югуртирган, қўли устида жонсиз турган бармоқларни маҳкам сиқди. Ўлжой уни мангу тарк этган, ёлғиз Ватан қолган эди.

Ўлжой билан бирга ўсган чўри қиз бекасига тикилиб қолди, кейин бирдан ўкириб йиғлаб юборди, бу мунгли овозга бир лаҳзадан сўнг ташқаридан келган ўгай онаси Қадоқ хотуннинг ҳасратли фарёди қўшилди. Аммо бу товушлар суюкли маҳбубасининг ҳали совимаган жасади ёнида ҳайкалдек қотиб қолган Темур қулоғига кирмасди…

Тунги Балх осмонига тикилиб ётган Темурнинг бўғзига яна ўшандагидек, аламли фарёд тикилиб келди. Бироқ қалъа томонда кимнингдир бўғиқ товуш билан чинқирганини эшитди-ю, ирғиб ўрнидан туриб, ташқарига отилди.

Ҳусайн иложсиз қолган одам ишини қилган, қалъадан чиқиб душман ҳалқасини ёриб ўтишга уринган эди. Аммо у ўзига йўл очиш ниятида аввал элликтача навкарни ташқарига чиқарган, улар дарвозадан қуюндек отилиб чиқиб, қиличларини яланғочлаб, ёғийлари устига мардоналик билан ёприлган эдилар.

Темур бир лаҳза душманлар ҳаракатига қараб турди-да, аллақачон хос навкари ҳозирлаб турган арғумоғига сакраб минди. От устида экан, пўстинини ечиб ерга ташлади. Сўнг қиличини яланғочлаб, от ёли устига энгашиб олганча олдинга ташланди. Унинг ортидан хос навкарлар гуруҳи жон-жаҳдлари билан от чоптирдилар. Уларга кетма-кет яна бир тўда отлиқлар зич ҳолда ўқдай учиб борар, олдинда амир Хисравшоҳнинг ҳаммага таниш қара тулпори еларди.

Қалъадан чиққанлар тўфон каби чор атрофдан ёприлиб келаётган суворийларни кўриб қилич билан ёғийни эмас, отларини уриб қочиш пайига тушдилар. Лекин улгуролмадилар. Ўнг томондаги пастқамлик тарафдан ҳам аллақанча суворий қилич яланғочлаб чиқиб келди ва қалъа йўлини тўсиб олди — Ҳусайн навкарлари ўровга тушди.

Темур бир лаҳзадан сўнг даҳшатли манзарани кўрди: қалъа яқинидаги ялангликда аллақанча одамлар думалаб ётар, эгасиз қолган отлар саросимадан кўзлари чақчайиб, уёқдан-бу ёққа чопиб юрарди.

«Қопқонга маҳкам тушгансан, Ҳусайн! Қочиб бўпсан!» — деб бақирарди амир Хисравшоҳ қалъа томонга қараб. Унинг атрофидаги бадахшонлик навкарлар амирлари бақириғидан завқланиб қий-чув кўтардилар.

Қалъа девори панасида турган Ҳусайн бўлиб ўтган воқеани бошдан-оёқ кўрди. Эллик содиқ навкаридан айрилган амир қалъада ўттиз-қирқ жангга қобилияти одамни ҳисобга олмаганда, хотинлари-ю болалари билан қолган эди. «Нобул бўлдим!» — деб ўйларди у. Энди на Самарқандни кўради, на Солисаройдаги ота уйини… Ҳусайн жиғибийрон ҳолда Темур билан ёвлашган кун ва соатга лаънатлар ўқиди…

Тунги воқеадан сўнг ҳеч ким ухламади — уфқ қизара бошлаган эди. Воқеа шовқин-сурони билан энг узоқдаги қўрлар ҳам уйғонган, аммо улар етиб келгунлари қадар иш бир ёқлик бўлди. Ҳали кўзларидан уйқу кетмаган, кечиккан навкарлар Ҳусайн жангчиларини қийратган, жанг завқидан мастнавкарларнинг ҳикояларини ҳавас билан тинглашар, бу ғаройиб тўполонда қатнашолмаганликларидан афсус қилишарди.

Воқеа бошида қалъа дарвозаси яқинида турган ва Ҳусайн навкарлари йўлини тўсолмаган жангчилар айбларини бўйинларига олиб, бошларини қуйи солиб туришар, аммо ҳеч ким уларни койимасди. Агар воқеа тескари натижа билан тугаганда эди, уларнинг аҳволи нима бўлишини ёлғиз худонинг ўзи биларди.

Темур майдондаги жасадларни йиғиштиришни буюрди. У эртага албатта Ҳусайн дарвозадан чиқишини билиб шундай қилди. Бу иши билан у «Мен жангда баҳодирлик қилиб ҳалок бўлган ҳар бир аскарни қадрлайман, уларни шарафлаб, Қуръони Карим ўқитиб, ерга топшираман. Аммо олдимда қўрқоқларнинг, қасамхўрларнинг қадри йўқ!» демоқчи бўлди.

***

Бир ҳовуч одам билан қолган Ҳусайн қалъа бари бир Темур қўлига ўтишини англагач, ноилож одам чиқариб, рақибидан омонлик ва «Мен агар таслим бўлсам, қисматим не бўлғай?» деган саволга жавоб тилади. Темур бу гапларни эшитиб, бундан тўрт-беш йил аввал бу қасамхўр амирга ёзиб юборган сатрларини эслади:

Ёрга еткур, сабо, ким макр қилмишдур манға,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға..

«Лаънати Ҳусайн неча марта Каломилло устида ичган қасамини бузганини эсласа бўлмайдими?» — деб ўйларди Темур. Аммо қалъадан келган элчига:»Амир Ҳусайн таслим бўлса, қиличини бўйнига осиб қошимга келса, омонлик бераман!» — деб айтди.

Элчи ортига қайтди-ю, кўп ўтмай қалъа дарвозаси очилиб бир неча амирлари қуршовида чиққан Ҳусайн кўринди. У Амир Темур қароргоҳи томон юриб кела бошлади. Аммо у юз қадамча юрар-юрмай, тўсатдан орқасига қайрилди-ю, қалъа дарвозаси томонга қочди. Унга эргашиб чиққан одамлар бир дам нима қилишларини билмай қотиб турдилару, сўнг Ҳусайн изидан эргашмай бош эгган кўйи Темур турган томонга қараб юрдилар.

Очиқ дарвозадан ёприлиб кирган навкарлар бир зумда қалъани эгалладилар. Аслида уларга биров қаршилик кўрсатишни ҳам истамади.

Бу воқеалар пайтида Ҳусайн қалъа минораларининг бирида бекиниб, ҳозиргина қилган ишидан пушаймонлик чекарди. Аммо, начора, шармандаси чиққан, жон ҳовучлаб қочганини ҳар икки томон кўрган эди.

У минора туйнугидан ташқарига мўралади. Балхоб дарёси лабидаги баланд тоштепа устидаги бу қалъа минорасидан чор атроф, шаҳристоннинг йиқилган деворлари, бузилган қўрғонлар, бутун шаҳристонни тўлдирган саноқсиз навкарлар, олис-олисдаги Темур қароргоҳи: марказида оппоқ чодир, унинг атрофида сон-саноқсиз яшил, қўнғир, қирмизи чодирлар билан тўлган яланглик яққол кўриниб турарди. Ҳар лаҳзада биров кўриб қолишидан ёхуд минорага кириб қолишидан қўрққан Ҳусайннинг кўзи тўсатдан олис-олисларда қочиб кетаётган тўрт-беш навкарини кўрди. Уларни Темурнинг отлиқлари қувлаб борардилар. «Бекордан-бекор ўлиб кетадилар-да!»-деб ўйлади Ҳусайн юраги ачишиб.

Дарёсининг бўзранг суви қиличдек ярақлаб, иккига бўлган воҳага қараркан, Ҳусайннинг кўзларида нафрат ёнди. Қалъага томонга қараб бир тўп отлиқлар ичида оппоқ тулпорини ўйнатиб келаётган Темурга назари тушаркан, алам билан шивирлади: «Лаънати барлос, охир енгдинг-а!» Ички изтиробдан боши айланиб, кўзи тингандек, бир зум ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди. Кейин тақдирга тан бериб, ўзини минора устидан ташлашга қасд қилиб тепага кўтарила бошлади. Миноранинг тепасига чиқди-ю, кўксига кучли шамол урилди. Шамол уни учириб юборгудек бўлди. У ўзини бепоён саҳро қумлари устида бешафқат бўрон қувиб юрган қуруқ янтоқдек сезди: на туриш учун илдизи, на бекинишга бошпанаси бор. Ҳусайн чор атрофга аланглаб қаради: ҳар лаҳзада пастга учиб тушадигандек бўлиб турган бу одамнинг бутун вужуди даҳшатга тўлди. «Сакрайму, йўқму?!» — деб туриб қолди. Назарида даҳшатли манзара пайдо бўлди: чархак бўлиб учиб, минора пойида сочилиб ётган манжаниқ тошларидан бирининг қиррасига бориб тушади, миясининг қатиғи қонга аралашиб, тупроққа сачраб кетади.

Юқоридан туриб узоқда от ўйнатиб келаётган рақибига «Ҳой Темур! Мен сенга таслим бўлмайман! Ундан кўра ўлганим афзал!» — деб бақирмоқчи бўлди. Аммо пастга сакраш қанчалик даҳшат бўлиб туюлган бўлса, бу қичқириқ шундай аянчли бўлишини тасаввур қилиб, яна тақдирга тан бериб, пастга туша бошлади. Тўсатдан, миноранинг пастида, аллақачон уни кўриб қолиб, тепага чиқиб келаётган навкарларни кўриб, зинага ўтириб бошини эгди. «Ишқилиб, шу ернинг ўзида бўйнимга қилич урмасалар бўлди!» — деган совуқ ўйдан бутун вужудига титроқ югурди.

Навкарлар Ҳусайнни судраб пастга туширдилар. Ҳусайн пастга тушгунча миқ этмади, қаршилик кўрсатмади. Аммо ташқарига чиққанлари заҳоти у қандайдир ғайри табиий шиддат билан қўлини тутиб турган навкарларни силтаб ташлади-да, қутурганча, кўзлари ёниб «Темур! Қайдасан, Темур?!» деб бақира бошлади. Бир пасда унинг важоҳатида шундай мудҳишлик зоҳир бўлдики, навкарлар беихтиёр ундан ҳайиқиб, орқага чекиндилар. Ҳусайн уларнинг бу ҳолатини кўриб баттар қутурди. Қўққисдан бировнинг забардаст қўли елкасига чанг солди. Ҳусайн ялт этиб қаради: Темур! Авзойи баданидан модор кетиб, ранг-рўйи ўчди. Бутун ғазаб ва алами бир зумда йўқолиб ювош бўлиб қолди, кўз олдида даҳшат билан турган Темурдан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди.

Темур суюкли маҳбубасининг таниш аломатларини эслатиб турган қайноғасига: «Хўш, энди нима қиламиз?!»-дегандек, саволнамо тикилиб турарди. Ҳусайн нима дейишни билмай ерга қаради.

«Қалайсан, Ҳусайн, ҳоврингдан тушдингму?» — деди Темур.
Ҳусайндан яна садо чиқмади, жонсиз танадек эди у.

«Нечун бу ҳолга тушганингни биласанму, Ҳусайн?» — деди Темур. У жуда хотиржам гапирарди. — Билмасанг, айтай. Қасамхўрлигинг туфайли шу кўйга тушдинг! Каламулло устида ичган қасамларинг ёдингдами, ўша ёлғон қасамларинг куфри урди сани!»

Ҳусайннинг кўз ўнгида Кешда — Хожа Шамсиддин Кулол мозори устида Қуръонни ушлаб турган ўз ҳолати кўринди. Бир эмас, икки марта шу табаррук даргоҳда қасам ичган у. Ҳар икки гал ҳам қасамини бузди, Қуръонга хиёнат қилди. Яна Темур билан ёвлашди, яна унинг жонига қасд қилди, қотиллар юборди, амирларни вафосизлик йўлига солди. Бировга чоҳ қазиган, ўзи ўша чоҳга тушади, деганлари рост келди.

Темурнинг овози яна Ҳусайнни ўз ҳушига қайтарди: — Айт, Ҳусайн, сони нима қилай? От думига боғлаб саҳрога ҳайдайму ёки душманларингга топширайму?

Ҳусайн душманларининг қайси бирини эсласин? Кайхусрав шу ерда — у биродари хунини талаб қилиши аниқ… Амир Пўлод Буғойир ҳам… Яна Шер Баҳром уруғлари ҳам… Яна… Яна…

Амир Темур сўзида давом этарди:

— «Темур тожу-тахтга лойиқ эрмас, Қоражўй чиғайтойлардан хон керак!» деган эдингму? Наҳотки, юртимизга фақат келгиндилар хон бўлса!

Ҳусайн биринчи марта оғиз очди:
— Сен ўзинг ҳам уларга хизмат қилмадингму?

Темурнинг жаҳли қўзғади:
— Мен аларга, шу юртни бироз бўлса-да, ҳифз этишимни англаб хизмат қилдим!

— Туғлуқ Темурни Мовароуннаҳрга чорлаган ким эди? — деди Ҳусайн ҳам бўш келмай.

— Ҳа, Ҳусайн, мўғулни чорлаганим рост! Аммо шундай қилмасам, сизларга бир-бирингизни қириб, улусни абгор қилиб, юртни қирқ бир бўлаклаб, охир-оқибатда бу юртни ҳимоя қиладиган одам қолдирмас эдингиз! Ҳаммангизнинг кўзингизни тожу-тахт ҳирси кўр қилиб қўйган эди… Мен мўғулларни чорлаган бўлсам, — Темур ўзи сезмай оғир хўрсинди. — ноиложликдан, турк-туркни қириб ташламасин, ёғийни кўриб, бир-бири билан бирлашсин деган мақсадда шундай қилдим!

Ҳусайн нимадир демоқчи бўлиб ётганини кўрган Темур шундай қаттиқ тикилдики, бечоранинг дами ичига тушиб кетди.

— Аммо сен мўғуллар ожиз бир шарпага айланганини кўриб-билиб туриб ҳам, менинг ғалаба-ю давлатимга ҳасад қилиб шундай дединг! Ўшанда сенга нима деб ёзганларим ёдингдаму?

Ҳусайн бундан бир неча йил аввал Темур мактубида ўқиган сўзларни эслади: «Давлат келини унинг учун жанг қилган кимсанинг қўйнига лойиқдурки, унга душманлик қилиб, қилич кўтарма, унинг қиличи сени кўтарғай…»

Ўшанда у-бу жумлани ўқиб жиғибийрон бўлган, Темурга баттар қасдлашиб, бир чекка хилватда дарвешлик қилиб кун ўтказаётган Қобилшоҳни чингиззода деб хонлик тахтига ўтқазган эди. Нияти бобосига ўхшаб, мамлакатни мана шу яримдевона номидан мустақил бошқариш бўлди. Аммо бобосининг Темурдек кучли саркардаси бор эди, у бўлса Темурни ўз душманига айлантирди.

Ўша воқеадан кўп ўтмай, мўғулистонликлар яна бостириб келаётганларини эшитиб, қилган ишидан пушаймон/нечанчи марта!/ бўлди. Яна Темурга кетма-кет мактуб йўллаб, бирлашайлик, деб ялинди. У «Бирлик» Темурнинг орзу-нияти, унинг сирли кўнглининг калити эканлигини яхши биларди. Темур унинг таклифини рад этмади. Улар қўшин жамлаб, Чиноздан ўтиб Чирчиқ дарёсига яқин бир ерда Илёсхўжа билан савашдилар.

ЛОЙ ЖАНГИ

Темурбек амирлар Улжайту, Шер Баҳром, Пўлод Буғойир, Фарҳод ва Малик баҳодирларни қўшин илғорига қўйиб, амир Саланжи арлотни уларга бошлиқ тайинлади. Қанотларга амир Соз Буға билан Темурхўжани қўйди. Ўзи бўлса, сараланган баҳодирлари билан қалбда — қўшин марказида туришга аҳд қилди.

Бу орада имиллаб йўл босган Ҳусайн ҳам етиб келди. Темур унга «Мўғулларга ҳар икки тарафдан бир вақтнинг ўзида барвар ҳужум қилсак, яхши бўларди», — деб маслаҳат солди. Аммо Ҳусайн бу таклифга кўнмади. У кучларни иккига бўлишдан қўрқарди. Темур жанг тақдирини ҳамиша куч эмас, ақлли тадбир ҳал қилиши ҳақида қанча гапирмасин, ўз фикри тўғрилигини далиллар билан ҳар қанча исботлашга уринмасин, Ҳусайн барибир айтганидан қайтмади. Мўғуллар яқинлашиб қолгани хабари етди-ю, Темур ноиложликдан афсус билан ўз қўшини томон отланди.

Амир Ҳусайн илғорга/қанбулга/ Талончи арлотни, ҳировулда Улжойту апарди, Шер Баҳром, Пўлод Буғо, Фарҳод аперди, Малик баҳодирлар турдилар. Темур қўшиннинг чап қанотини эгаллади. Қанбулга амир Сори Буғо бошлиқ қипчоқлар, ҳировулга Темурхўжа ўғлон тайинланди. Амир Жоку, амир Сайфиддин, амир Мурод барлос, Амир Аббос баҳодирлар ҳам ҳировулда эдилар.
Жанг олдидан Темур навкарларига сўз айтди.

Темурнинг сўзларини Ҳусайнга етказишганда, у тиржайиб, «Ҳа, энди мадраса кўрган-да!» деб қўйди-ю, ичини ит кемиргандек бўлди. Ўзи бундай сўзларни топиб айтолмаслигини, навкарларига мана шундай бемалол мсурожаат қилолмаслигини ўйлаб алами ошди.

Ҳужумни мўғуллар бошладилар.

Темур отлиқлари «Урҳо-ур!»лаб, мўғулларни сура бошладилар. ~олиблик нашъасидан маст навкарларнинг сурони чор атрофни қучиб янграрди. Мўғулларнинг юрагига ваҳима тушганини сезган Темур пистирмада турган икки қўрни жангга киритиши билан душман чидолмай чекина бошлади. Аммо Илёсхўжа ҳам янги кучларни майдонга солди. Орқага сурила бошлаган мўғуллар яна руҳланиб, орада ўзаро тенглик вазият юзага чиқди.

Бу пайтда беҳисоб навкарлари қуршовида турган амир Ҳусайн ҳам қўшинини жангга олиб кирган, аммо унинг навкарлари душманнинг биринчи ҳамласидаёқ сочилиб кетдилар. Амир Ҳожибек билан амир Шамсиддин бошлиқ мўғул навкарлари бу ҳолни кўриб, кучлироқ ҳамла қилиб, амир Ҳусайнни қаттиқ сиқувга ола бошладилар.

Худди шу онда Темур амир Ҳусайн навкарлари пароканда бўлгани хабарини олди. У отига қамчи уриб, пистирмада турган икки қўрни бошлаб, Ҳусайнга ёрдамга шошилди. Етиб бориб душман олдига тушиб қочаётган Ҳусайн навкарларини кўриб, тўхтамасдан амир Шамсиддин қўшини устига отилди. У от елдириб бораркан, ёнида кетаётган хос навкарига: «Амир Ҳусайнни топ! Тезда келиб менга қўшилсин!» деб бақирди ва қиличини яланғочлаб, мўғулдан дуч келганини чопиб бораверди. Бирдан унга тўрт мўғул ҳамла қилиб бошлади. Темур улардан бирининг биқинига қилич ботирди, бирининг елкасини чопди, учинчиси қўрқиб кетиб, отдан таппа ўзини ерга ташлади, бошқасининг оти яраланиб, осмонга бир сапчиди-да, боягина ўзини ерга ташлаган мўғулни босиб ерга қулади. Завқи тошган Темур «Урҳо-ур!» дея ҳайқирди.

У Ҳусайн келиб қўшилишини кутар, душман қўрқиб турганда унга ҳужумни янада кучайтириш лозимлигини англар, аммо мададга илҳақ эди. Темур бир эмас, кетма-кет уч чопар юборса ҳам, Ҳусайн ёрдамга шошилмади. Оқибатда жанг ҳовури бироз тиниб, қулай фурсат бой берилди.

Қоронғи тушиб жанг тўхтади-ю, ҳар икки тараф маълум масофага чекиниб, атрофга қоровул қўйдилар. Аммо туни билан ёмғир ёғди.

Кечаси бирдан кучли шамол кўтарилди. Бир пасда осмонни булут тўсиб олди. Йироқларда, дарё ортида момоқалдироқ қалдирар, гумбурлаган садоси еру-кўкни титратарди. Кўп ўтмай, бу даҳшат икки қўшин устига кўчди. Қоп-қора булутлар бағрини чок этиб, чақмоқ чақар, бепоён далани — шўразорларни, ёмғирда қолиб, бир-бирининг ёнига тиқилган от-уловлару, шамол учириб кетгудек, омонат чодирларни ёритарди. Тонгга яқин ёмғир аралаш эсган шамол шундай кучайдики, отлар учун келтирилган пичанларни учириб кетди. Ёмғирнинг шиддати лаҳза сайин ортиб, тез орада Чирчиқ суви бетўхтов кўтарила бошлади.

~ира-шира тонг қоронғисида Темур навкарлари тўхтаган қўриқни айланиб чиқди. Ёмғирдан бўкиб, ғалати бир аҳволга тушган чодирлар ёнида гулханлар бурқсиб тутар эди. Темур навкарларининг аҳволига раҳми келди, аммо ўзи ҳам улар билан баробар азоб-уқубат тортаётганидан кўнгли жойига тушди. У «Бугун нима қилиб бўлсаям, Илёсхўжага икки тарафдан ҳамла қилмасак бўлмайди. Ҳужумга эгилган ёй шаклида саф тортиб кириш керак-да, марказдагилар ёлғондан чекинишлари билан ўртага ёприлган мўғулларни икки томондан сиқувга олиш лозим», — деб ўйларди.

Тонг ғира-шира ёришди, ёмғир эса тўхтай демасди. Дашти Қипчоқ тарафдан урилган шамол ҳам кучайгандан-кучаярди. Боз устига шамол шиддати туфайли ёмғир мовароуннаҳрликлар турган томонга уриларди. Ёмғирдан жанг майдони ботқоққа айланиб, дабдала бўлган, баъзи жойлар тизза бўйи кўкимтир балчиққа айланган, бутун дала бўйлаб қорни шишиб кетган, оёқлари кўтарилиб ётган отлар жасади кўзга ташланарди.

Худди шу пайтда Ҳусайн ҳам уйғониб, нимқоронғи чодирда, томоғига зўр бериб қичқираётган ясовулбошини овозига қулоқ соларди. Бир ясовулбошини чақириб:»Менинг чодирим яқинида бақирасанму!» деб таъзирини бермоқчи бўлди-ю, эринди. У йўл чанги ва терлаган отнинг аччиқ ҳиди уриб қолган пўстинига ўралиб, ташқарига чиқди. Хос навкар кумуш кўзада унга илиқ сув қуйиб турди. Ювинар экан, ўйлади: «Илёсхўжани енгиш қийинга ўхшаб қолди. Агар бугун ҳам кечаги ҳол юз бергудай бўлса, Темурни душманга рўпара қўйиб, пайт пойлаб чекиниш чорасини кўрмоқ лозим. Улар бир-бирларини қанча кўп қирсалар, менга шунча яхши… Ҳализамон бу барлос келиб кечаги гапини айтиши турган гап. Агар айтганларини қиладиган бўлсам, у ўзини мендан устунроқ қўя бошлайди. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди… Аммо Темурни қандай қилиб Илёсхўжа йўлига кўндаланг қўйиш мумкин… Мана шу масала…мана шу масала!»

Атроф ғира-ширалиги ёришган сайин Ҳусайннинг кўнгли шунчалик қора тортарди.

Ёмғиру-шамол сурони, бир-бирининг қаршисига ўрнашаётган муҳолифларнинг қадам товушлари, ғала-ғовури, от туёқларининг лойда шипиллаши ва арава ғилдиракларининг ғийчиллаган шовқини гоҳ авж олиб, гоҳ сусайиб турган гувиллашга айланиб борарди. Бу ғовур, бу гувиллаш ичида бошқа ҳамма товушлардан кўра, навкарларни сафга тизаётган ўнбоши-ю юзбошиларнинг таҳдидона товушлари аниқроқ эшитиларди. Икки қўшин ўрнашган ялангликда устида ўлим қанотини ёзган эди. Унинг шарпаси бир-бирини ёмғир пардаси оша кўришга уринаётган ҳар бир навкарнинг юзида бир лаҳза тўхтаб, сирғалиб ўтарди. Орқада ярадорларнинг инқиллаши, дод-фиғони, жон бераётганларнинг совуқ қичқириғи эшитилар, аммо ҳеч ким бунга эътибор бермасди. Жанг олдидан ҳеч ким ўлимни эмас, жангдан қандай омон чиқишни ўйларди. Бу эса ҳам ўлим ваҳимаси ҳам ҳаётга бўлган иштиёқ эди. Ёмғирдан кийим-кечаклари ва бошқа нарсалар шу қадар оғирлашган эдики, отлиқда ҳам, пиёдада ҳам қимирлашга ҳол қолмагандек эди. Аммо карнай чалиниб, ноғоралар қоқилиши билан улар оғир-оғир қадам ташлаб, лойда тойиниб-суриниб олға юрдилар. Лойга ботиб қадам ташлаш қанча машаққатли бўлмасин, орият ва баҳодирликнинг зўрлиги уларни жанг қилишга даъват этарди.

Душман лашкари эса ўз жойида туриб, бошларига кигиз ёпиниб олган эдилар ва имкони борича кийим-бош ҳамда яроқ-аслаҳаларини ёмғирдан асрардилар.

Мовароуннаҳрликлар жанг майдонига кириб келиб, уларга яқинлаша бошлашди, мўғуллар кигизларни бошларидан улоқтириб, дам олиб турган отлари билан ёнма-ён юриб жанггоҳга қараб интилдилар. Жанггоҳ ёқасига етишлари билан бирдан чаққонлик билан отларига миндилар ва қийқириб ҳужумга отилдилар.

Майсара — чап қанотдан ҳужум бошлаганлар қаршисида Илёсхўжанинг амири Шеингум нўён турган эди. Маймана — ўнг қанот турган Ҳусайн рўпарасида Шировул билан Ҳожибек бошлиқ мўғуллар саф тортиб келарди. Бир соатчи олишувдан сўнг мўғуллар қўли устун келаётгани сезилди. Тилончи арлот биринчи бўлиб чекинди, унга Зиндаҳашм эргашди. Буни кўриб амир Фарҳод билан Ўрунг Темур ҳайрон тўхтаб қолдилар. Бу саросимадан мўғуллар моҳирлик билан фойдаланиб, ҳужумга зўр бердилар.

Майсарада туриб, Шеингум нўён билан жанг қилаётган Темур эса олға босиб борарди. Худди кечагидек, бу гал ҳам унинг навкарлари ҳужумига душман дош беролмай ортга сурила бошлади. Ҳар икки тараф аралаш-қуралаш бўлиб кетган бўлса-да, жангни зийраклик билан кузатаётган Темур бу ҳолни илғаб турарди. У ҳар замон пистирмада турган икки минг кишилик қўр томонга қараб-қараб қўярди. Душман ортга чекинишини сезиши билан, у мутрибларга ғалаба нағмасини чалишни буюрди. Қиличлар жаранги, навкарларнинг бўғиқ ғала-ғовури устидан нағманинг тиниқ оҳанглари уча бошлади, бу нағмадан руҳланган майсара навкарлари мўғулларни баттар сиқувга олдилар.

Тўсатдан, худди кечагидек, мўғул хонининг амирулумароси бўлмиш Шамсиддин қаёқдандир пайдо бўлиб, мовароуннаҳрликлар устига ёприлди. Буни кўрган Темур пистирмадаги қўрдан минг кишини жангга ташлашга мажбур бўлди. Аммо амир Шамсиддин келиб қўшилиши билан кучайган мўғуллар руҳланиб мардона жанг қилардилар.

Ҳусайн бўлса, ҳамон бир бало қилиб Темурни мўғулларга кўндаланг қўйиб, унинг панасида чекинишни ўйларди. Унинг навкарлари ҳам даставвал Темур ғалабасидан руҳланиб, душманни орқага сура кетдилар. Аммо бу шиддат эмас, бир кучаниш бўлгани тез орада сезилиб қолди. Ваҳимага тушган мўғуллар тезда ўзларини ўнглаб, қаттиқ турдилар. Амир Шамсиддин жангга кириши душманни нечоғлик руҳлантирган бўлса, Ҳусайнни навкарларини шунчалик қўрқувга солиб қўйди. Оқибатда улар яна чекина бошладилар.

Шунда Темур пистирмада турган қолган навкарларни ҳам жангга ташлади. Амир Шамсиддин от жиловини орқага буриб, қути ўчганча, қочмоққа зўр берди. Умидсиз Ҳусайн буни кўриб, овозига зўр берди, пароканда навкарларини яна ўз атрофига тўплади. Ўша лаҳзалар Темур хос навкари Тобон баҳодирни Ҳусайн қошига юборди. «Бориб айт, — деб уқтирди Темур, — ҳозирги қулай вазият шундайки, душманнинг асосий кучлари саросимада, уни осон енгиш мумкин. Бунинг учун эса биргаликда, баравар ҳужумга ўтиш керак, шунда ёғийда тенг келишга ва қаршилик кўрсатишга мажоли қолмагай!»

Тобон баҳодир ўқ бўлиб учди-ю, Ҳусайн қошига етди. Чопар сўзини тугатолмади, Ҳусайн қамчи билан шундай урдики, бечора Тобон баҳодир, бу зуғумни кутмаганидан, ағдарилиб балчиққа тушди. Тобон баҳодирдан сўнг яна икки чопар кетма-кет келди. Ҳусайн алам ва шармандаликдан ғазаб отига минган, чопарларни қамчиларкан, бақирди:»Нима мен қочиб кетаётганмидимки, мени олға юрмоққа ундайсиз! Сиз ғолиб келасизми, ё душман баланд келғайму, менинг интиқом қўлимдан бирор киши жон сақлаб қолади, деб ўйламан!»

Бу гапларни эшитиб, Темурнинг қони қайнади, амирларнинг сўзига кириб, қўшинини бир тадбир қўллаб эсон-омон талотумдан олиб чиқишни ўйлади. Аммо жангга кирган қўшин, худди бир-бирига санчилган пичоқни тасаввур қилиш қанча мушкул бўлса, уларни бир-биридан ажратиш ҳам имконсиз кўринарди.

Уззу-кун даҳшатли жанг тинмади. Шомга яқин Темур жангчиларининг сони борган сари камайиб бораётганини сезди, агар жанг яна шундай шиддат билан бир-икки соат давом этадиган бўлса, у қўшинидан бутунлай маҳрум бўлишини англади. Муборак ҳадисда «Бир ишга икки раҳбар бўлишидан худо асрасин!» деб битилганидек, Мовароуннаҳрликлар қўшини Темур билан Ҳусайн ўртасидаги келишмовчилик, Ҳусайннинг худбинлиги туфайли енгиши мумкин бўлган душмандан мағлуб бўлаётган эди.

Жанг майдонини биринчи бўлиб тарк этган Ҳусайн ўз иттифоқдошига бир сўз демасдан, Самарқанд томонга қараб қочди. Ёлғиз ўзи барибир ғанимга ем бўлишини англаган Темур ҳам дарёдан кечиб ўтди. Йўл-йўлакай аламини отдан олди. От эса қамчисиз ҳам эгасини хушнуд этмоқчидек, мағриб томонга ўқдай учиб борарди. Жанг майдонида мовароуннаҳрликларнинг ўн минг жасади қолди.

Икки амир Кеш бирин-кетин кириб бордилар. У ерда ўзаро кенгашдилар. Ҳусайн «Оила ва эл-улусни Жайхундан ўтказиб қўймоқ маъқул» — деди. Темур қаҳру-ғазабини ичига ютиб айтди:
— Оила, улусни дарё томонга кўчирайлик, розиман. Бироқ, юртни қолдириб кетмоққа ҳимматим йўл қўймаётир. Агар биз бу ердан кетсак, эл-улус ёғийнинг жабр-зулмидан оёқ ости бўлиши аниқдур. Мен яна сипоҳ йиғгайман, мўғул билан жанг қилғайман!

Ҳусайн оиласи турган Солисаройга кетди. Бора солиб, шошилинч барчани Жайҳун сувидан ўтказиб, Хуросоннинг Шибарту мавзесига бориб ўрнашди. Дарё томонга ўз хабаргирларини қўйди, токим мабодо мўғуллар Жайҳунгача келгудек бўлса, хабар берсинлар. Ҳусайн агар шундай ҳол юз берса, Ҳиндистон томонга кетишни ҳам мўлжаллаб қўйди.

Темур эса Қаршига бориб ўрнашди.

САРБАДОРЛАР

Сарбадорлар фидойилиги Мўғилистон хонини Самарқанд остонасида мағлуб этди. Мўғуллар тўсатдан бошланган вабо касали Мўғулларни шаҳар остоналарини ташлаб қочишга мажбур этди. Самарқанд сарбадорлар қўлида қолди. Душман кетганидан кейин кўп ўтмай сарбадорлар ўртасида молу-мулк, ҳокимият учун талашиш бошланди.

Сарбадорлар кураши халқнинг босқинчилар зулмидан тўйгани, ўз эрки учун жанг қилишга ҳозирлигини кўрсатди. Буни англаган Темур Самарқанд сарбадорлари билан алоқа боғлашга уринди. Ҳижрий 1365-1366 йиллар қиши жуда қаттиқ келди. Қаҳратон кунларнинг бирида Амир Темур яқин сафдошларидан бўлмиш Аббос баҳодирн Самарқандга жўнатди. Орадан кўп ўтмай Аббос баҳодирнинг саъи-ҳаракатлари туфайли икки ўртада борди-келди бошланди. Бутун қиш давомида Амир Темур сарбадорларга зарур йўл-йўриқлар кўрсатиб турди.

Сарбадорлар ҳам унинг бу яхшиликларини унутмадилар. Қарши қалъаси деворларини тиклаш билан банд бўлган Темурга совға-салом юбордилар.

Баҳор арафасида Темур амир Ҳусайн билан учрашиб, унга бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берди.

Савр ойининг ўртасида Ҳусайн билан Темур лашкарлари Конигил ўлангида тўхтаб, қароргоҳ туздилар. Улар манзилга етган куннинг эртаси тонг саҳарда Самарқанднинг Дари Оҳанин дарвозасидан чиққан бир тўда суворий Ҳазрати Шоҳ мозори ёқалаб Кўқак тепаликларига қараб кетган йўлдан от чоптириб кетдилар. Суворийлар енгил чакмон остидан енгил сипар кийиб олган, аммо ёнларида белларига осиғлиқ қиличдан бошқа қуроллари йўқ эди. Суворийлар олдида от чоптириб бораётган сарбадорлар раҳбарлари: Мавлонзода, Абубакр Калавий, мавлоно Хурдаки Бухорий бўлажак учрашув қандай натижа билан тугашини билмаганликлари учун, бир-бирлари билан гаплашмай, ҳаёл суриб борардилар. Уларнинг дилларида ҳаловатдан хавотир кўпроқ эди.

Конигил яшил кўрпага бурканган эди. Бу ўлангга жон киргизиб турган қудрат шу ерда оқиб ўтувчи Оби Раҳмат ариғи эди. Самарқанд теварагидаги даштларда баҳор тугаб, ўтлар қовжирай бошлаганига қарамай, бу серсув ўлангда ажриқ ҳамон кўм-кўк, бўй чўзган чечаклар, яшил буталар Кўҳакнинг қишин-ёзин тинмайдиган шамолларида тебранади. Булоқдан бошланган Оби Раҳмат тепаликлардан отилиб чиқадиган саноқсиз чашмаларни ўзига тўплаб катта сувна айланади, сўнг тепалару-жарликлар ёқалаб оқади, ниҳоят дарёга қўшилиб кетади.

Оби Раҳматдан анча узоқда, тепалик устида қад кўтарган Чўпон Ота мозорига ҳам посбонлик, ҳам шайхлик қиладиган мўйсафиднинг кулбаси ҳамма томондан кўриниб туради. Кўҳакнинг энг баланд тепасида бўлган бу жойдан Самарқанд ҳам кафтда тургандек туюларди. Қадимий шаҳарга келувчиларнинг ҳеч бири бу юксакликда ётган авлиё ҳаққига Қуръон бағишламай, дарвеш чолга бирор садақа бермай ўтган эмас. Самарқанддан чиқиб келган суворийларнинг кичик гуруҳи, Оби Раҳмат ариғи дарёга сингиб йўқолганидек, Конигил ўлангига етиб сон-саноқсиз лашкар орасига кириб кўздан йўқолгандек бўлди.

Сарбадорларга Ҳусайннинг ўзи пешвоз чиқди. Бу одатга зид эканини билса-да, Самарқанддаги вазиятдан бехабар амир ўзича сарбадорлар кўнглини овлаб, ичларидаги бор гапни билиб олишни қасд қилган эди. Сарбадорлар отдан тушишлари билан карнай-сурнай янграб, ноғоралар гумбурлади.

Ўша куни Ҳусайн сарбадорлар шарафига базм уюштирди. Дарё соҳилларидаги тўқайларда овланган семиз илвасинлар сихга тортилди, Конигил этакларидаги узумзорлар неъмати бўлган қирмизи шароблар дарё бўлиб оқди, семиз гўштдан чўғга ёғ томиб, ҳамма ёқни кабоб ҳиди тутиб кетган эди.

Сарбадорлар ўзидан кўра Амир Темурга кўпроқ илтифот қилаётганларини илғаб, аламини индамай ичига ютган амир Ҳусайн охири чидолмади, қўлидаги шароб тўла косани пойгакдаги мулозимга отди. Ҳамма анграйиб қолганини сезиб, сир бой бермасдан тўнғиллади:

— Тилла косага сузмайсанми, лаънати!

Амир Темур бу жаҳл сабабини англади, шу боисдан ҳеч гапдан бехабар сарбадорлар билан яна бир оз суҳбатлашган бўлди-ю, ҳамманинг диққати ўртада туриб Ҳусайнга бағишланган қасидасини эҳтирос билан ўқиётган самарқандлик шоирга қаратилганидан фойдаланиб, ташқарига чиқди.

Кеча ойдин эди. Шундай дамда қир тепасида пўстинни ташлаб, устига чўзилиб, юлдузлари ғужғон ўйнаган осмонга тикилиб ётиш жуда кўнгилли эди. Аммо Амир Темур юрагида ғимирлаган ҳавотиру-шубҳалардан безовта эди. У амир Ҳусайннинг юзида ўзига яхши таниш заҳарханда илжайишни пайқаб хавотирга тушган эди. Амир Ҳусайн фақат бирор қабиҳ ҳаёлидан ўтказса, шундай илжайишини у яхши биларди.

Сармаст сарбадорлар ярим кечада Самарқандга қайтиб кетдилар. Амир Ҳусайн навкарлари уларни Дари Ҳанингача кузатиб бордилар, сарбадорлар шаҳарга киришгач, навкарлар орқага қайтаётиб, худди пойга қилишаётгандек, қийқиришиб от сурдилар.

Эртасига Амир Темур одатдагидек номозга турди-да, кўксида ҳавотир кетмаганини сезди. Савр тонги совуқ эди. Амир Темур ташқарига чиқиб, жунжикиб кетди. Уйқудан уйғонган қароргоҳ номозга сафланди. Амир Темур ҳам биринчи сафда туриб бурчини адо қилди. Сўнг чодирига яқинлашаркан, амир Ҳусайн қароргоҳи томонга узоқ қаради. Қаради-ю, амир Ҳусайнга қарашли суворийлар гуруҳларга бўлиниб, тўрт томонга тарқалаётганларини кўрди. Амир кеча ҳаммага ғирт маст бўлиб туюлган Ҳусайн кечаси билан қабиҳ режа тузиб, ҳозир Конигил ўлангини тўрт томондан ўраб олишга буйруқ берганидан бехабар эди. Аммо Ҳусайннинг бу қилиғидан кўнгли безовта бўлиб, амир Жокуни чақирди. У келгач, эҳтиёт чораларини кўришни, энг аввало икки қароргоҳ оралиғидаги жарда бир қўр аскарларни яширишни буюрди. У чодирига қайтиб кирди-ю, у ерга сиғмай қолди. Шундан кейин Чўон Ота мозорини зиёрат қилишга пиёда жўнади. У авлиё мозорига етганда атроф буткул ёришди. Кекса шайх билан суҳбатлашди, қабр устида Қуръон тиловат қилди. Сўнг ўйга ботганча, Самарқанд томонга тикилиб қолди.

У кўп ўлкаларда бўлди — у ёғи Хуросону бу ёғи Хоразм. Бироқ шу пайтгача гўзалликда Самарқандга тенг келадиган шаҳарни кўрмади. Темур шаҳардан кўз узолмай, томоша қилар экан, бир ривоятни эслади:

Қутайба ибн Муслим Самарқандга яқинлашиб қолганда, кўзларни қамаштириб юборадиган, ниҳоятда гўзал бир манзарани кўриб, ёнидагиларига шундай деган экан: «Уни бирор нарсага ўхшатинглар». Аммо ҳамма лол қолиб, ҳеч ким ҳеч нарса айтолмапти. Шунда Қутайбанинг ўзи шундай деган экан: «У гўё мовий осмон, унинг қасрлари гўё порлаб турган юлдузлару-анҳорлари худди Сомон йўлининг ўзидир».

Кейин Қутайба ўзи юлдузларга ўхшатган қасрларни вайрон қилди, Сомон йўли деб таърифлаган анҳорларни қизил қонга бўяди. Ўз-ўзидан Темурнинг тилига бир китобда ўқиган, араблар Самарқандни вайрон этганларидан кейин Аббос Тархон исмли шоир битган шеър келди:

Самарқанди қандман,
Баз-инат ки афганд?
Аз Шош та беҳи,
Ҳамеша та хаҳи.

Эй, қандмонанд Самарқанд,
Сени бу кўйга ким солди?
Сен Шошдан яхшироқсан,
Ҳамиша ундан яхшисан.

Тўсатдан Конигилни тўрт тарафдан ўраб, қуршаб келаётган отлиқларни кўрди-ю, бутун диққати ўша томонга қаратилди. Отлиқлар амир Ҳусайнга қарашли эди. Унинг ўткир нигоҳи отлиқлар қуршовга олган амир Ҳусайн қароргоҳида қандайдир тўс-тўполон бошланганини пайқади. «Ҳусайнга қарши исён бошландиму?» — деб ўйлади у. Сўнг ўз қароргоҳи томонга шошилди. Ҳовлиқиб етиб борди-ю, суриштириб воқеани билгач, ҳангу-манг бўлиб қолди.

Амир Ҳусайн кечагина ғоят катта тантана билан кутиб олган, тун қоронғисигача бирга ғала-ғовур билан роса шаробхўрлик қилган сарбадорларни қўлга олган эди. Кечаги тантана-ю, базмдан сўнг бутун шубҳа-гумонларни унутган Сарбадорлар бугун эрталаб яна Конигилга совға-салом кўтариб келган эдилар.

Амир Темур қайниси қароргоҳига йўл олди. Бора солиб, ҳибс этилган сарбадорлар сақланган чодирга кирди. Мавлонзоданинг юзи сал тимдаланган, Абубакрни Калаваийнинг либоси қонга бўялган, Хурдаки Бухорийнинг чап қўли синган, шилвираб осилиб турарди. Амир Темурни кўрган Мавлонзодани кўзлари чақнаб кетди: унинг миясига «Нажоткоримиз шу!» деган бир фикр келди. Темур сарбадорларга яқинлашиб:

— Қўрқманглар, умидим борки, сизларни қутқариб қоламан, — деди.

У чодирдан чиқар экан, орқага бир қараб қўйди. Сарбадорларнинг ўз ҳаёт-мамотларини ҳал қилиши мумкин бўлган одамга қадалган кўзларидаги ҳис-ҳаяжонни тасвирлашга қалам ожиз эди. Бандилар нима бўлар экан, деб азоб-изтироб билан кутиш уларнинг оппоқ оқарган юзида, бўртиб ўйноқилаётган томирларида ва кўзларининг жовдирашида акс этган эди. Душман билан жанг қилиб, ўлим билан қўрқмай олишиб бир лаҳза ҳам чўчимаган, ҳар лаҳза омонлик билан хавф-хатар ўртасида яшаган бу довюрак инсонлар амир Ҳусайн макри олдида ожиз қолганларини сезган ҳолда бир-бирларига суяниб турардилар.

Темур амир Ҳусайн чодирига кирганда, унинг кеча ичган май таъсирида юзлари силқиган, аммо чақнаб турган кўзларида ғалаба нашъаси, ғазаб ва даҳшат ўти ёнарди.

Икки амир сукут билан бир дам бир-бирига разм солиб турдилар. Темур қайнисидан бир қарич баланд эди, унинг катта боши, полвонсифат қадди-қомати ва мардонавор шакл-шамоёили ўрта бўйли ва бир қадар семизроқ амир Ҳусайннинг гавдасига бутунлай зид эди.

Сукунатни биринчи бўлиб Темур бузди, сокин товуш билан Ҳусайнга гапирди:
— Уларни озод қилмоқ керак!

— Сизнинг хоҳишингиз шуми? — деди Ҳусайн Темурнинг кўзларига савол назари билан қараб. Унинг юзида яна кечаги совуқ илжайиш зоҳир бўлди. — Хўп, сизнинг айтганингиз бўлсин! Аммо энди… бўлиб ўтган воқеадан сўнг уларнинг садоқатига кафилмисиз?

— Улар сизнинг ҳукмингизни тан олиб, бош эгиб келдилар. Самарқандни жанг билан забт этишга ҳожат йўқ эди.

— Мўғулни қувганидан кейин қора халқ тинч ўтиради деб ўйлайсизму? — деди Ҳусайн, кейин заҳарханда кулиб, гапида давом этди: — Ё сиз уларнинг илтифотларига учдингизму, Қаршига юборган совға-саломларига алдандингизму? Темур, шуни унутмангким, отам сизга мартаба берди, синглимни узатди. Шундай экан, сиз уларни эмас, мени қўллашингиз керак.

Амир Ҳусайн гапирган сайин қизиша бошлади. Охири у Темурни сарбадорлар билан тил бириктириб ҳокимиятни эгаллашга интилаётганига ишора қилиб, ҳаддан ошди.

Бу гаплардан Темурнинг кўзлари ғазабдан ёнди, у амир Ҳусайнга боплаб жавоб бермоқчи бўлди-ю, ўзини босди. Аммо Ҳусайн тонг саҳарлаб бош оғриғига ичиб олган шароб энди таъсир қилдими ёки Темурнинг индамай турганини мутелик, андишани қўрқоқлик деб ўйладими, баттар авжга чиқди. Бир неча дақиқа олдин ишора қилиб гапирган бўлса, энди Темурни очиқдан-очиқ исён қилишда айблай бошлади. У бугун тонгда икки қароргоҳ оралиғидаги жарда яширилган навкарларни ҳақида ҳам гапиришни унутмади. Қўпол ва қаттиқ сўзлар, қандайдир сирли таъдидлар кетма-кет бир-бирига уланди.

Темур қошларини ўйиб, даҳшатли қиёфада зўрға босиб турарди. У жавоб бермас, юртни ёғиёлардан қутқариш йўлидаги орзулари ножўя айтилган бир сўз туфайли пучга чиқишидан қўрқиб хомуш эди. Агар амир Ҳусайн билан орани бузадиган бўлса, бирлашган куч яна парчаланиши мумкин. Аммо сарбадорларни бўлажак курашда бениҳоя улуғ хизмат қилишлари мумкинлигини англагани учун уларни қатл этиш нодонлик бўлишини ҳам фаҳмлаган эди.

Темур қанча уринмасин, сарбадорларни қутқаришга бўлган умиди пучга чиқди. Амир Ҳусайн унинг сўзини рад этди. Кеш ўғлони Ҳусайн чодиридан юзлари тиришиб чиқди, унинг кўзларида ғазаб ўти ёнар, чеккан хўрликларидан юзи қизариб кетган эди.

Эрталабдан осмонни қоплаган қора булутлар ичида кун бўйи бекиниб ётган хира қуёш ботиши билан Темур қоронғидан фойдаланиб, Конигилдан кўчиб, Ҳусайнни тарк этмоқчи бўлди. Аммо яна бу иши оғир хато бўлишини англагач, эрталабгача бирор тадбир ўйлаб топаман деган ўйга борди.

Уйқусида алоқ-чалоқ тушлар кўрди, бу тушлари кун бўйи унга азоб берган фикрларига ўхшаб узуқ-юлуқ эди.

Тушида у яйдоқ, қуриган дашту-биёбонда жазирама қуёшда турган эмиш. Қуёшнинг тафти авзойи баданини куйдирарди. Уни қора тер босган, томоғи қақраган эмиш, юраги нимадандир аёвсиз қисиларди. Қандайдир нотинчлик, безовталик… Бирдан у Чўпон отани кўрди, авлиё қўлидаги ҳассаси билан ерни бир урган эди, ўша жойдан булоқ отила бошлади. Ҳолдан тойганига қарамай югурганича булоққа интилади. Бироқ у қанча югурмасин, оёқлари ерга парчилаб қўйилгандек, ҳеч сувга етиб боролмасди. Ниҳоят у бир амаллаб охир булоққа етиб борди, булоқ сувидан маза қилиб ичмоқ учун энди эгилай деганда… унинг олдида Ҳусайн пайдо бўлди ва сув ичгани қўймади. Ҳусайн ўқрайиб қарар, унга қарата дашном ва ҳақорат ёғдирарди. ~азабидан эси оғган Ҳусайн қўлидаги қилич билан булоқ сувини ура бошлади. Бирдан тип-тиниқ сув қип-қизил қонга айланди. Ҳусайн эса ғазабдан тутақиб:

— Чанқаб қолибсан-да?! Мен сенга сув эмас, қон ичираман, қон! — деб бақирарди.

Темурнинг юраги чиқиб кетгудай урарди. У Чўпон Ота томонга қаради. Аммо авлиё йўқ бўлган эди. У нима қилишини билмай, охири қиличини суғуриб олиши билан уйғониб кетди.

Аввал бир зум қаердалигини тушунолмади, кўзларини уқалаб атрофга аланглади. Қараса ўз чодирда ётибди. Ҳаммаёқ қоронғи, чодир туйнугидан ичкарига ой нури сочилиб турарди. У фикрларини бир жойга жамлаб, тузукроқ кўрган тушини бир бошдан эсламоқчи, унга жавоб қидирмоқчи бўлди-ю, сира ўйлолмади. Унинг қулоғига ҳамон Ҳусайннинг товуши эшитилар — қайниси ҳамон ўша ғазабнок сўзларни айтиб бақирарди. Бир зум Темур, ҳали ҳам ухлаб ётибман, буларнинг ҳаммасини тушимда кўраяпман, деб ўйлади.

У ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Куни билан булут осмон тиниқлашган, бир томчи ёмғир тўкмаган булутлар кўздан йўқолган эди. Осмонда сузган тўлин ой ўзининг хазин ёғдусини Конигил ўлангидаги беҳисоб чодирларга, кўрпа бўлиб тўшалган яшил ажриқларга, ўланг этагидаги боғларга, равон жўя тортилган полизу-токзорларга ҳамда узоқда улкан тоғларнинг соясидек кўриниб турган Чўпон Ота тепаликларининг ҳар икки ёғида чўзилиб кетган кенг далаларга сочиб турарди.

Темур лашкарлари турган ўланг четига, Ҳусайн лашкаргоҳи билан унинг қароргоҳи ўртасидан ўтган жарликлар томонга қараб юрди. Анчадан кейин жар лабига етиб тўхтади. У тўхтаган жойда жарликнинг икки қирғоғи бир-бирига жуда яқинлашган, от билан бемалол ҳатлаб ўтса бўларди. У ҳаёлига келган ўйдан жилмайиб қўйди-да, бирдан қаршидаги қирғоқда ҳам бир одам шарпасини сезди. Шарпага тикилди-ю, унинг амир Ҳусайн эканини билди. Ҳусайн ҳам Темурни таниган эди. Улар бир-бирларига тикилган кўйи узоқ турдилар. Темурнинг оловдек ловиллаб турган чеҳрасида ички алам изтироби акс этар, Ҳусайн эса шу пайтгача улкан қўшин билан Туронзаминнинг улкан шаҳри остонасига келган кишиларга хос тарзда ўз даҳосига маҳлиё бўлиб, беҳад мағрурланар, дунёда энди мен бош эгиб таъзим қиладиган қилишга лойиқ одам йўқ деб ўйларди. Шу ҳақда ўйларди-ю, кўзларида ҳарис ҳокимиятлик ҳирси ўти чақнаб кетди, боши айланиб, бадани жимирлади. У чақчайган кўзларини Чўлпон Ота тепаликлари томонга қадади. Ҳудудсиз ҳаёллар оламига шўнғиб кетди.

О қани эди, Мовароуннаҳрнинг ҳамма амирлари унга буткул бош эгсалару, уларнинг навкарларини жамлаб, Ҳусайн уларни жангга бошлаб борса! Бир неча йилдан сўнг у оламни забт этарди, шундан кейин бир-бирига ит-мушук бўлиб юрган амирларни қийратди, Мовароуннаҳрнинг ягона султони бўлиб қоларди! Бунинг учун у ҳамма ишга тайёр: ҳокимият йўлига ғов бўладиган мўғул хони борми…қолаверса, Темурга ўхшаганлар борми, ҳаммасини аямай йўқотиши керак!

Икки амир — бири ғамга ботиб, иккинчиси шуҳратпарастлик ҳаёлларига берилиб, — сукут сақлаб туришарди. Тун сукути шундай тиниқ эдики, Ҳусайндан беш-олти қадам нарида ўт турган отнинг ўт чимдигани эшитилиб турарди.

Сукутни биринчи бўлиб Темур бузди. У қошини чимирганча, қатъият билан гап бошлади:

— Сарбадорлар қатл этилса, халқнинг бизга бўлган ишончидан асар ҳам қолмағайди!

— Хўш, нима қил дейсиз?! — деди Ҳусайн, Темурнинг хитобидан бирдан ўзига келиб.

— Умидим шулки, — деди Темур куйиб-пишиб сўзларкан, — умидим шулки, мовароуннаҳрликлар бирлашиб, мўғул яғмосини яксон қилсак дейман. Умидим шулки, бизга ишонган одамлардан эмас, элу-улусимизни хор қилган ёғийлардан хун олсак дейман. Шу мақсад йўлида ҳар киши, каттами, кичикми, амирми, ҳунармандми — бутун улус бирлашсин дейман!

Ҳусайн қилт этмасдан тинглаб турар, аммо унинг юзида яна заҳарханда илжайиш пайдо бўла бошлаган эди. Темур жим бўлгач, Ҳусайн бош чайқаб сўради:

— Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлади?

— Кейин юртимизда қудратли салтанат барпо этурмиз!, — деб жавоб берди Темур. — Кейин бу салтанат адолатли бўлиши учун хизмат қиламиз.

— Адолатли салтанат?! — деб истеҳзо билан гапирди Ҳусайн. — Адолатли салтанат ёлғиз Аллоҳ даргоҳидур! Бошқа ҳар қандай салтанат фақат куч билан қудрат измидадур, бошқа ҳар қандай салтанатнинг подшоҳи қиличдур! Сиз хом хаёлу пуч рўёбларга кўнгил қўйманг, Темурбек.

Темурнинг эътироз билдирмоқчи бўлганини сезган, Ҳусайн уни гапиришга қўймади:

— Сўзимни бўлмасдан қулоқ солинг. Фараз қилайлик, сиз айтгандай ҳам бўлсун! Хўш, наҳотки сиз мўғулдек балои азимни енгган сарбадорлару уларнинг измидаги қора халқ бизни — сизу мандек амирларни енгиш, таслим этишни ҳаёл қилмайди деб ўйлайсиз?! Улар ўртасида Самарқандгина эмас, бутун Чиғатой мулки ҳокимиятини ҳавас қилганлар топилмаслигига ишонасизму? Бундай ҳавасга берилганлар борлигини мендан яхши билурсиз. Бола-чақа ташвишидан бошқасини билмайдиган омийлар орасида адолат бўлмоғи учун зарур, тартиб-интизом ўрнатмоқ учун ақлу-заковат кифоя қилармикин? Йўқ, албатта. Бу қора халқ сиз билан бизнинг иродамизга бўйсунмоғи лозим.

— Мен адолат бўлмоғи учун ёлғиз ақлу-заковат кифоя бўлмаслигини асло рад қилмоқчи эмасман, — хитоб қилди Темур. — Аммо иродамизга бўйсундирмоқни истасак, уни ўзимизга қарши қўймоқдан эҳтиёт бўлайлик, дейман!

— Улар қарши бўлсалар, қиличимиз эгилмаган бошларига урилгай, — деди қатъият билан Ҳусайн. Кейин бир зум Темурга тикилиб турдида, гапини давом этди: — Темурбек, сиз иродаси мустаҳкам, уста саркардасиз — буни тан оламан. Раҳматли отам ҳам сизни шу жиҳатдан қадрлар эдилар. Аммо…

Ҳусайн бирдан жим қолди. У «Сиз салтанат ишига ноқобилсиз» демоқчи, бу билан Мовароуннаҳр салтанати ўзиники эканини айтмоқчи бўлган жойида гапини ичига ютди. Кейин «Нега мен ҳа деб бунинг олдида суллоҳлик қилишим керак?» деб ўйлайди-ю, яна ғазаби қўзғалди. Ўша лаҳза ҳаёлидан «Бу барлос сарбадорлардан ҳам хавфлироқ! Агар ким бу ерда бош эканини кўрсатиб қўймасам, у ҳаддидан ошадиганга ўхшайди! Шу бугуноқ сарбадорларни қатл қилиб, уни сўзини бир пулга олмаганимни билдирмасамми!» деган ўйлар ўтди.

Ҳусайн индамай ортига қайрилиб, оти томонга юрди. Сўнг қоп-қора арғумоққа пишиллаб минди-да, жаҳл билан қамчи урди. Аммо от олдинга юриш ўрнига, кутилмаганда олдинги оёқларини кўтарганча, ортига тисарилиб кетди. От нимадандир ҳуркиб кетган эди. Аччиқдан эгарга яхши ўрнашмаган Ҳусайн ерга учди. У рақиби олдида шарманда бўлганидан ўзини йўқотиб қўйди. Нима қилаётганини ҳаму унитиб, қиличини суғуриб олди-да, отининг кўкрагига ботирди. Эгасини неча марта хавф-хатардан қутқарган қора тўриқ от оғриққа дош беролмай кишнаб юборди, сўнг гумбирлаб ерга қулади. Ҳусайн эса олди-ортига қарамай қароргоҳи томонга кетарка, юрагида бир зум отган нисбатан зоҳир бўлган аччиқ Темурга бўлган адоватга айланиб борарди.

Ҳусайн ортидан қараб турган Темур ўша томонда оппоқ шарпани сезгандек бўлди. «Чўпон Отами?!» — деб ўйлади бирдан у. У қанча диққат билан қарамасин, бу шарпани ортиқ кўрмади. Фақат нариги соҳилдан отнинг хириллаши эшитиларди, холос. Темурнинг кўксида нимадир «жиз» этиб қўйгандек бўлди.

Кўксидаги от бўлган ачинишми ёки дилида жўш урган ғазаб куч бердими, Темур бир сакрашда жарнинг нариги томонига ўтди. У типирчилаб хириллаганча типирчилаб ётган отга яқинлашиб, унинг ой нурида ялтираб турган ёлини силай бошлади. Бечора от бошини кўтариб, маҳзун кўзлари билан Темурга қарашга уринарди. Унинг кўзларидан оқаётган ёшларга нигоҳи тушган Темур отнинг бўйнидан қучоқлаб йиғлаб юборди.

Бу отни бундан бир неча йиллар аввал Мохон даштларида ҳоким қўлида олтмиш икки кунлик асирликдан қутулиб, от-уловсиз қолганларида Ҳусайнга Темур тортиқ қилган эди. Эрининг бу ҳимматидан, унинг оғасига бўлган ҳурматидан қувонган Ўлжой кўзлари ҳанузгача унинг кўз ўнгида. Бир-бирларига от пешкаш қилиш турк йигитларининг энг улуғ одати эди.

Ойдин тунда қучоғида хириллаб жон бераётган от бўйнини қучоқлаб йиғлаётган одамдан нажот тилар, аммо йиғлаётган одамнинг ўзи бу лаҳза ўзи нажотга зор эди. Улар бу дунёда от суюкли эгасининг кўксига оғриқ ботиргани сабабини билмоқчидек, ҳамон йиғлаётган одам кўзига қарашга уринар, аммо одам ҳам нима учун бу дунёда яхшиликка ёмонлик билан жавоб берадилар деган саволга жавоб тополмай қийналарди. От ўлим нималигини билмас, аммо нима учундир вужудида севимли эгасини кўриш истаги ортиб бораётганидан безовталанар, «Эгамни бир кўрсам эди!» деган армонга ўхшаш истак унга азоб бера бошлаган эди. Йиғлаётган одам ҳам бу лаҳза ўзининг суюкли маҳбубасини кўришга ташна, унинг қучоғига бошини қўйиб аламу-изтиробларидан фориғ бўлишни истарди. Аммо улар кутган, соғинган одамлар бу ердан узоқда, эдилар. Бир неча юз қадам нарида турган Ҳусайн аслида неча фарсаҳ йироқда бўлган Ўлжойдан ҳам узоқда эди. Ўлжойнинг муҳаббати уни Темурга тобора ёвуқ этаётган бўлса, Ҳусайн кўнглидаги адоват уни Темурдан тобора узоқлаштираётган эди.

Ҳусайннинг бўғзига тиқилиб қолган сўзлар баттар аланга олиб бориб, у ўз чодирига кирганда лаънату-қарғишга айланди, унинг оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади. Ниҳоят, кўзларида телбакор олов чақнаганича, бақирди:

— Мен ҳоқон бўламен! Мен!!!

Бутун кўнглини очиб берган шу сўзлардан кейингина у анча тинчланди. Отасини ўлдирганларидан бошлаб, унинг миясида фақат шу фикр яшарди, унинг бутун саъи-ҳаракати, ҳар бир қилиғи, ҳар бир макру-фитнаси ёлғиз шу мақсадга қаратилган эди.

Ҳусайн бир коса шаробни шимириб ичдида, боя Темурга айтолмаган сўзларни ўз-ўзига айта бошлади:

— Йўлимда турма, Темур, қайт! Бу юртга ҳоким бўламан, деб ўйлама… Қайт бу фикрингдан… Бахтиқаро бўлмай десанг, менга хизмат қил, менинг амримга бўйсун…Мен эсам илтифотимни аямасман.

Ҳусайн қўлидаги кумуш косани зарб билан ерга урди-да, яна ғазабли юзи буришиб, заҳарханда илжайиб бақирди:

— Бўлмаса ҳалокатга йўлиқгайсан! Мен ўзим сени янчиб ташлагайман…

Ҳусайн чуқур ўйга ботиб узоқ турди, сўнг ғазаб билан менга бақирди:

— Мен сарбадорларни эмас, Темурнинг тахтга бўлган умидини янчиб ташлайман!

У жаҳл билан чақирди:
— Ясовул!

Қатл учун Ўлангнинг қоқ ўртасидан жой танланди. Майдоннинг тўрт томонида қўшинлар сафга тизилди. Улар атрофини отлиқ навкарлар ҳалқа қилиб ўради. Қаттиқ варанглаган карнайлар садоси Конигил узра янгради-ю, қатл бошланганини маълум қилди ва ўлангда сукунат чўкди.

Темур ўзини зўрға босиб, Амир Ҳусайн йнида ўтирарди. Ҳусайннинг лаблари истеҳзо билан жилмайиб турар, ҳар замон кўзининг қири билан Темурни кузатар экан, унинг бош эгиб ўтирганини кўриб, роҳатланар эди.

Улар ўтирган шийпон қаршисида сарбадорлар тиз чўкканча, ҳаётдан умидларини узиб, ранглари оқариб, ҳар замон гоҳ Ҳусайнга, гоҳ Темурга нажот тилаган кўзларини қадашар, Ҳусайннинг совуқ илжайиши уларни даҳшатга солса, Темурнинг бош эгиб, индамай ўтирганини кўриб, қаро ҳаёллар оғушига чўкардилар.

Ниҳоят, Ҳусайн сўнгги -араб қўйди-да, «Бошланг!» дегандек қўл силтади.

Жаллодларга бошчилик қилиб турган ясовул қўлини очиб, юқори кўтарди, бошқа жаллодлар ва бутун қўшин ҳам қўл кўтарди. Ясовул амир Ҳусайн бағишлаб дуо айтиб бўлгач, «Омин!» — деб қўлларини юзига сурди. Кетма-кет Конигил узра бир гувиллаш янгради, у Самарқандгача етиб бориб, шаҳар аҳлини таҳликага солди.

Жаллодлар бошлаб, мавлоно Хурдаки Бухорийни майдонга олиб чиқдилар. Жаллодларнинг бир сарбадорни тиз чўктирди, сўнг унинг эгнидаги кийимни бир қаричча келадиган дудама пичоқ билан шарт-шурт кесиб, бандининг бўйнини яланғочлади. Иккинчи жаллод махсус дудама шамширни кўтарди, қуёш нури унинг дамида «ялт» этиб кўзларни қамаштирди-ю, сўнди — қилич мавлононинг бўйнини урилди. Яқин турган одамлар бўйинга тегган шамширнинг «ширқ» этиб чиқарган товушини эшитдилар. Бош танадан ажралиб, ерга думалаб тушиши билан икки жаллод бошсиз танани ерга босдилар.

Кейин Абубакр Калавий бўйнига қилич урдилар. Жаллодлар уни тиз чўктирай деб елкасидан босганларида, Мавлонзода:

— Абубакр оға, алвидо! — деб бақириб юборди.

Бу товушни эшитган самарқандлик наддофларнинг оқсоқоли бошини кўтарди ва нафрату алам тўла кўзларини амир Ҳусайнга қадади, унинг лаблари асабий ҳолда қийшайди, афтидан у бир нима демоқчидек кўринди, ниҳоят унинг оғзидан ўтинч ё лаънат эмас, тупук учиб чиқди. У Ҳусайнга қараб тупурган эди. Темурнинг юзи ўт бўлиб ёнди, нафаси тиқилди. У ортиқ чидаб туролмади. Жаллодлар Мавлонзодага ёпишиб, уни қатлгоҳга судраганларида, Темур ўрнидан ирғиб турди-да, ҳайбат билан бақирди:

— Бас! Ортиқ сиз билан бўлолмайман!

~азаби қўзғалиб, амир Ҳусайн ҳам ўрнидан турди. Икки иттифоқчи бир дам бир-бирларига қаттиқ тикилиб қолдилар. Икковининг қўли қилич дастасида қотган эди. Аммо ҳаёлига нима келгани номаълум, Ҳусайн бирдан жаллодларга қарата «Тўхтат!» дегандек қўл силкиб ишора қилди.

Ранг-рўйи оқариб кетган Мавлонзодани амирлар турган жойга судраб келтирдилар. Амир Ҳусайн сарбадорга ўқрайиб қараркан:

— Сени Темурбекка ҳадя қилдим!.. — деди.

Мавлонзода унинг бу гапини эшитмагандек, ялт этиб ҳозиргина қатл этилган сафдошлари томонга қаради. Мавлоно Хурдаки Бухорийнинг танаси тинчиган, Абубакрнинг бошсиз гавдаси ҳали ҳам отилиб тушиб турарди. Уларнинг бошларини кўтариб келаётган жаллодларга нигоҳи тушди-ю, Мавлонзода кўзларини юмди…

Икки-уч кун ўтиб, Темурбекнинг қатл куни қилган ишини кечиролмаган Ҳусайн вужудида ҳирсу бахиллик, ваҳшийлигу очкўзлик тамом ғолиб келди, ўзининг ҳаммадан устунлигини намоён этгандек, мол-дунё йиғиш ва заҳира тўплашга муккаси билан берилди. У Темурга бўлган аламини унинг туғи остида бирлашган амирлардан олмоқчи бўлгандек, уларнинг молига таъма кўзини тикди. Амирлар Жоку, Оқбуғо, Элчи баҳодур ва Давлатшоҳ бахши ҳузурига ўз одамларини йўллаб, анчагина маблағ тўлашни талаб қилди.

Бу орада уғруқ билан бирга Ўлжой Туркон оғо ҳам Конигил ўлангига етиб келди. Уни қарши олган Темурбек суюкли завжасига атаб атайин Самарқанддан келтирган бир тутам райҳонни Ўлжойга узатар экан, бу ишидан уялиб кетдими, ичидаги сирни билдирмаслик учун шундай деди:

— Шерозлик дунёни етти марта айланган бир аллома: «Агар ўлар оним етса, менга Самарқанд райҳонини ҳидлатинг!» дея хитоб қилган экан..

— Райҳон яхши чечак, — дея жилмайди Ўлжой, — мен ҳам ёлғиз қолган кезларимда шу чечакни ҳидлаб тўймас эдим, сизамми?!

Темурбек нима дейишини билмай қолди. Райҳонни суйишини Ўлжой қаердан билди?!

Эрининг авзойидаги ўзгаришларни сезган Ўлжой ўша куниёқ бўлиб ўтган воқеаларни эшитиб, ҳеч нима демади. Ахир, туғишган биродари шундай қилса, у нима ҳам дея оларди?! Оғасининг бадфеъллигини била туриб, ундан инсоф тилаш кўрлик эмасми?! Раҳматлик отаси амир Мусаллаб камгап, ҳокисор бир одам эди, оғаси эса… Отасида хокисорлик қанча бўлса, оғасидаги разолат ундан минг чандон ортиқ!

Ҳусайннинг тўлов хусусидаги қилган талабларидан ғазабланган амирлар Темурбек ҳузурига шошилдилар. Бу гапдан хабар топган Темурбек жаҳли чиқса-да, бошқаларга билдирмади. Амирлар эса унинг хотиржамлигини кўриб, баттар қизишдилар. Ҳусайнни ташлаб кетишни талаб қила бошладилар.

— Бундай бетавфиқ билан қолишни истамайман, — деди амир Жоку. Ёшликдан бирга бўлган дўстининг сўзидан кейин Темур ўйга ботди. Ҳусайнни ташлаб кетаман деб ўзи неча марта қасд қилганини бу амирлар билмайдиларми? Биладилар! Ҳусайннинг ўйламай-нетмай, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай иш кўраётгани унинг ҳам жонига тегди. Аммо хуфияларнинг хабар беришича, Мўғулистонда тўс-тўполон бошланганмиш, амир Қамариддин исён бошлаб, Илёсхонни йўқотиш пайига тушибди. Бундай қулай пайтни қўлдан чиқариб бўлмайди. Бутун Мовароуннаҳрни ягона ҳокимият остига бирлаштирмоқ пайти келди. Агар у билан Ҳусайннинг ўртасида ихтилоф бошланса, мамлакат яна жанг майдонига айланиши, пароканда бўлиниши турган гап. Ҳозир бунга йўл қўйиб бўлмайди. Токи улар иттифоқ эканлар, бошқа амирлар уларга қарши чиқишдан сақланардилар. Агар куч бўлинса, мамлакат бўлинади. «Бўлинганни бўри ер!» — дейди донишманд боболар. Мўғилистондаги ғавғолардан фойдаланиш керак, фойдаланиш…Ҳозир эса чидаш керак! Сарбадорлар ўлимига қандай чидаган бўлса, Ҳусайннинг бу қилмишига ҳам чидаши керак!

— Хабарингизким, Жанги Лойда кўп молимиз талон бўлди, — деб гап бошлади Давлатшоҳ бахши. Амир Жоку яна чидолмади:

— Ўшандаям шу баччағарнинг айби билан мағлуб бўлдик, биз охиригача жанг қилдик, у бўлса бор молини эсон-омон олиб қочди. Ўша жангда уч минг навкаримдан айрилганим етмагандек, қалимдан қиличдан бўлак бир давлатим қолмади.

Давлатшоҳ бахшининг ўқрайганидан хижолат бўлган амир Жоку жим қолди. Сўзи бўлинганидан норози амир давом этди:

— Ҳозир бизда Ҳусайн талаб қилган молу-мулк йўқ. Бор ақчамизни шу юришга сарфладик. Навкарларимиз ҳали маош олгани ҳам йўқ. Қолган бир ҳовуч пулимизни амир Ҳусайнга берадиган бўлсак, уларга нима деймиз? Бундан сўнг ким бизга ишонади?

Темур бош силкиб, уларнинг айтганларини тасдиқлаб, сукут сақларди. Ниҳоят, амирларга бир-бир боқиб, шундай деди:

— Ҳусайн, сиздан нимаики талаб қилган бўлса, мен бераман. Сизни бу ерга мен бошлаб келган бўлсам, тўловни ҳам мендан олсун!

Амирлар Темурнинг ҳимматидан уялиб қолдилар. Улар Темурнинг бундай дейишини кутмаган, аксинча бизнинг гапимизга кириб, Ҳусайнни ташлаб кетади, деб ўйлаган эдилар. Гарчи улар бу ниятларига эришолмаган бўлсалар ҳам, тўлов ҳақида айтилган сўздан кейин бошлари кўкка етгандек бўлди.

Темур чодир бурчагида турган сандиқни очди. У жавоҳиру-олтин билан тўла эди. Темур сандиқни олиб чиқишга фармон бераман деб турганда, бўлиб ўтган воқеаларни эшитиб, кўриб-билиб турган Ўлжой Туркон оғо олижаноб хотинларига хос бўлган гўзал талпиниш қилиб, қўлидаги олтин билакузук билан қулоқларидаги исирғани юлқиб олди-да, сандиққа ташлади. Эрининг ҳайрон бўлиб қараганини сезган Ўлжой гўё ёлворгандек, нозик қўлларини қовуштирганча пичирлади:

— Уларни отам тўйимизда менга тортиқ қилган эди. Акамнинг кўзи тўйса, шу билан тўйсун!

— Ўлжой! — хитоб қилди ҳайратда қолган Темур. — Бу нима қилганинг нодон хотин?

Сўнг юзи тундлашди: — Бу нима қилганинг нодон хотин? Наҳотки мен хотинимнинг тақинчоқларини ҳам тўловга берадиган киши бўлсам, Ўлжой?!

Ўлжой ўзини вазмин тутишга ҳаракат қилиб, кўзлари намланганча деди:

— Бегим, менга раҳм этинг… мени қийнаманг…

Темур қарсиллатиб сандиқ қопқоғини ёпди, навкарларни чорлаб сандиқни олиб чиқиб, амир Ҳусайн қароргоҳига олиб боришни буюрди.

Кўп вақт ўтмай, Конигилнинг бошқа томонида чодир тиккан амир Ҳусайн бу сандиқ қопқоғини очиб, уни роҳатланиб кўздан кечира бошлади. Ногоҳ нигоҳи таниш билакузук билан исирғага тушди, лабларида совуқ илжайиш сезилди.

— Эҳе, бечора Темур… Кунинг хотинингга қолдими?…Ҳа, майли, отамиздан қолган бу буюмларни биз алоҳида сақлаб қўямиз…

Ҳусайн тақинчоқларни олиб, ҳар доим ўзидаги энг нодир буюмларни сақлайдиган кичкина қутичага солиб қўйди.

У бир дам ўйга ботди, юзи қизарди. Темур бу тақинчоқларни юбориб, бу билан «Кўзинг тўйсин!» демоқчими? — деб ўйлади. Йўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди. У ҳузурига амирлар ҳузурига юборган солиқ йиғувчини чорлади.

Ҳусайн оқариб кетган, унинг ёниб турган кўзлари чодир оғзига тикилган эди. Кўзлари эшикка қадалган бўлса-да, миясида бошқа, бир-биридан совуқ ва аянчли фикрлар кезарди. У сабри чидамай санчиб ўрнидан турди ва диққат билан қулоқ сола бошлади, сўнг яна ўтириб олди.

Кўп ўтмай чодир остонасида солиқ йиғувчининг митти гавдаси кўринди. У кира солиб тиз пойгакда чўкиб, бошини эгди.

— Фармонингизга мунтазирман, султоним! — деди у.
Ҳусайн юзи буришиб:
— Буни ҳисобини қилдингми? — деб сўради.

— Йўқ, султоним, менга ҳали топширмадилар, — деди қўрқа-писа солиқ йиғувчи.
— Қараб боқ! — деди ҳайбат билан амир Ҳусайн.

Солиқ йиғувчи сандиққа кўз ташлаб, ўйга ботди. Ундаги бойлик амир Ҳусайн амирлардан тилаган маблағдан анчагина ортиқ эди. У амир Ҳусайнга қайрилиб, бошини эгди:

— Султоним, сиз талаб қилган тўловга баробардур! — деди у.

— Сен хато қиляпсан, — Ҳусайн сапчиб ўрнидан турди-да, кичкина қутичадаги нарсаларни кўрсатиб таъкидлади, — сен буларни ҳисобдан чегириб ташлашинг керак эди! Булар раҳматли отамизнинг моли, у асли бизники…Англадингми?!

Ҳеч гапни тушунмаган солиқ йиғувчи ўз ҳукмдорига садоқатли итдай мўлтираб боқаркан, «Хўп бўлади, султоним! Хўп бўлади, султоним!» — деганча таъзим қила бошлади. Ҳусайн унга бақирди:

— Хўп бўлади, деяверма, эси паст! Бор, яна уч минг динор беришларини талаб қил!

Солиқ йиғувчи Ҳусайннинг янги талабини Темурга етказаётганда, Ўлжой йиғлаб юборди. Темур эса ўзи учун сақлаган асл зотли отларни пешкаш қилишдан бошқа чораси қолмагани ҳақида ўйларди. Амирларнинг ғазаби эса ошгандан ошди.

— Ҳусайн раъйини қайтармайман, — деди Темур уларнинг ҳовурини туширмоқ учун, — балки у мўғуллар билан жанг қилиш учун маблағ йиғаётгандир. Шундай экан, ниятимиз бир, молу-давлатимиз ҳам бир бўлади. Ҳар қалай биз берган пулларга хотин олмайди-ку! — сўзини ҳазил билан тугатди у. Ҳазилни ёқтирмайдиган Темурнинг бу гапини эшитиб амирлар кулишни ҳам, кулмасликни ҳам билмай қолдилар.

— Унинг иштаҳаси катта-ку?! — деб тўнғиллади амир Жоку.
— Жафо бу, жафо! — деди бу сафар унинг сўзини бўлиб амир Давлатшоҳ бахши.
— У жафо қилса ҳам биз тарки вафо қилмайлик, — деди уларга Темурбек.

Темурнинг ўзи учун сақлаган отларни пешкаш қилганини қилиб юборганини эшитган амир Ҳусайннинг юзи ғазабдан кўкарди. Тунги жар ёқасида отдан учиб тушгани эсига тушган эди. «Аввал синглимнинг тақинчоқларини юборди, энди эса ўзининг отларини…» У бу билан нима демоқчи? Унинг мақсади нима?» деб ўйларди амир Ҳусайн. Кейин бирдан Темурдан қўрқаётганини сезди. Бу барлосдан ҳамма нарсани кутиш мумкин энди…

Эртаси куни Ҳусайн куёвини ўз лашкаргоҳига чорлади. Темур ҳузурига кириши билан Ҳусайн орада ҳеч нима бўлмагандек, қучоқлашиб кўришди. Куёвини ёнига ўтқазгач, сўради:

— Ўз отларингизни юборибсизми, Темурбек? Биз сиздан ҳеч нима талаб қилмаган эдик-ку?

Темур индамагач, сўзида давом этди:

— Биз уларни қабул қилолмаймиз… Худога шукр, ўзимизнинг отларимиз кўп…Улар ҳали ўзингизга керак бўлади…

Ҳусайн Темурнинг кўзларига синовчан тикилди:

— Темурбек, атрофингизлагши айрим амирлар сизга эркалик қилиб, ҳаддан ошиб кетмоқдалар, деб эшитдим. Сизни менга қайрамоқда эмишлар…

— Йўқ, ундай эмас, асло ундай эмас! — деди Темур хотиржам.

— Сиз уларга бундан буён ҳокимиятни битта одам ўз илкида тутиб турмаса, яна ҳамма нарса чаппа айланишини тушунтириб қўйинг, — деди Ҳусайн насиҳат оҳангида. Темур ҳамон жим ўтирар, у нималарни ўйлаётгани номаълум эди.

Ниҳоят, Ҳусайн асл муддаога кўчди:
— Биз Солисаройга қайтишга аҳд қилдик. Эрта-индин йўлга тушамиз… Сизга Кешни топширдим…

Темур дарров Ҳусайннинг мақсадини тушунди. Солисарой Қозонхон ўлдирилгандан кейин, амир Қазағаннинг ҳаракатлари билан Мовароуннаҳр марказига айланган, Ҳусайн Солисаройга кўчиш билан ўзининг Мовароуннаҳрга бўлган талабини яна бир карра ҳаммага уқтирмоқчи.

Ҳусайн эса Темурнинг нима ҳақда ўйлаётганидан бехабар, сўради сўзларди:

— Сиз бизга ҳам қариндош, ҳам содиқ дўстимизсиз. Шу сабабдан бир маслаҳатни сиз билан пишитиб олай деб сизни ҳузуримга чорладим. — У чуқур нафас олиб, сўзида давом этди: — Биз Хоразмга, Ҳусайн Сўфига совчи юборишни ўйлаяпмиз.

— Муборак бўлсун! — деди Темур боягина амирларига ҳазиллашиб айтган гаплари ўнг чиқаётганидан даҳшатга тушиб. Айтган хабари Темурга қандай таъсир қилганини билмаган Ҳусайн давом этди:
— Биз амирлардан шу сабабдан маблағ талаб этган эдик. Уни Ҳусайн Сўфи қизига қалин пули қилиб юбормоқчимиз…

Темурнинг кўзларига Ўлжойнинг тақинчоқлари кўринди-ю, юраги жиғ этди. Қозонхоннинг қизига уйланган, энди Ҳусайн Сўфи қизига уйланиб икки карра кўрагон бўлишни мақсад этган ва шу йўл билан тожу-тахтга бўлган даъвосини мустаҳкамлашни истаган амир Ҳусайн куёвининг хотиржамлигини итоаткорлик деб тушунар ва хаёлида: «Қани, ҳокимият талашиб кўр-чи, не аҳволга тушаркансан!» деб ўйларди. Бу ўйни хаёлидан ўтказишнинг ўзи Ҳусайнга роҳат бағишларди.

Ҳусайн яна Темурга синовчан тикилиб, оғиз очди:

— Темурбек, биз сўраган уч минг динорни ёрдам тариқасида менинг ортимдан юборсангиз яхши бўларди. Уларни ҳам қўшиб, совчиларни Хоразмга жўнатардик…

Темур қайноғасининг сўнгги сўзларини эшитиб даҳшатга келди, аммо қандай ўтирган бўлса, ҳис-ҳаяжонини юзига чиқармай, жим ўтираверди.

Бир оздан сўнг Ҳусайннинг олдидан таъби тирриқ бўлиб чиққан Темур отига миниб, қароргоҳига қайтди. Бўлиб ўтган гапларни ҳеч кимга айтмади. Аммо Ўлжой эрининг авзойидан акаси яна бир совуқчилик қилганини англади. Сўраб-суриштиришга қўрқди.

Уч-тўрт кундан сўнг Темур Самарқанд остонасига тарк этиб, Кешга қайтди. Аммо йўлга тушишдан олдин Самарқанднинг етти мозорини тавоф қилди. Сўнгги зиёрат қилган мозори сарбадорлар кўмилган мозор бўлди. У шаҳидлар жасади кўмилган, бир-икки кун ичида баҳор ёмғирлари ювган, кесаклари эриб, юмшаб, бир-бирига сингиб кетган қабрнинг ёнида узоқ ўтирди. Атрофда баҳор нафаси ҳукмрон эди. Темур қабрларга боқар экан, у Кешга бориб етганда қабр тупроғи устига сочилган буғдой уруғлари кўкариб, ер тешиб чиқишини ўйлади.

Темурдан икки кун олдин йўлга чиққан амир Ҳусайн Солисаройга қараб йўл олди.

1992

Oʼtror yaqinidagi kenglikda qarorgoh tuzgan Sohibqiron uncha ahamiyat bermagan, «bor-yoʼgʼi shamollash bu, uch-toʼrt kunda oʼtib ketadi» deb yurgan dardning yettinchi kuni oʼlimi yaqinlashganini sezdi. Sezdi-yu,xotirjam mulohaza yuritdi. Huzuridagi arkoni davlatga kerakli,birinchi navbatda, valiahd masalasida,tirik farzandu nabiralarning kelgusidagi oʼzaro munosabatlari,millat va saltanat uchun vazifalari xususidagi koʼrsatmalarni berdi, malika Saroymulkxonimga mabodo bandalik soati yetsa, qaerda va qanday dafn etishgacha erinmay ikki-uch bor uqtirdi… Keyin birdan Oʼljoyni esladi…

XURSHID DАVRON
OʼLJOY YOXUD ISIRGʼА QISSАSI
1992 yili yozilgan va nashr etilmagan asardan parchalar


MUQАDDIMА

Oʼtror yaqinidagi kenglikda qarorgoh tuzgan Sohibqiron uncha ahamiyat bermagan, «bor-yoʼgʼi shamollash, uch-toʼrt kunda oʼtib ketadi» deb yurgan dardning yettinchi kuni oʼlimi yaqinlashganini sezdi. Sezdi-yu, xotirjam mulohaza yuritdi. Huzuridagi arkoni davlatga kerakli,birinchi navbatda, valiahd masalasida, tirik farzandu nabiralarning kelgusidagi oʼzaro munosabatlari, millat va saltanat uchun vazifalari xususidagi koʼrsatmalarni berdi, ikki sadoqatli safdoshi amir Shayx Nuriddinu amir Sayfiddinga va katta malika Saroymulkxonimga mabodo bandalik soati yetsa, qaerda va qanday dafn etishgacha erinmay ikki-uch bor uqtirdi.

Keyin birdan Oʼljoyni esladi…

1370 YILNING BАHORI

«Um ul-bilod», «Qubbat ul- islom», «Jannat ul-arz», «Xayr at-Turob» sifatlari bilan ulugʼlangan Balx shahri miloddan avvalu keyin ne-ne shavkatli davlatlar poytaxti boʼlgan. Biz hikoya qilmoqchi boʼlgan davrda shahar avvalgi ahamiyatini yoʼqotgan boʼlsa-da, Movarounnahr saltanatiga egalik qilishga daʼvogar amir Husayn mulkining markazi edi. Soʼnggi asrlar oraligʼida kechgan jangu jadallar, toʼs-toʼpolonlar davomida olti darvozali qadimiy shahar yigirma ikki marta vayron etildi. Eng soʼnggi dahshatli gʼorat Chingizxon qoʼshinlari tomonidan boʼldi. Jangari moʼgʼul xoni besh lak — besh yuz minglik qoʼshin bilan, ilon yili, hijriy 617 yilning zulhijjasida — 1221 yilning qishida shaharni qamalga oldi. Ushbu qissamiz qahramonining nabirasi boʼlmish Mirzo Ulugʼbek «Tarixi arbaʼi ulus» kitobida boʼlib oʼtgan hodisalar xususida shunday maʼlumot beradi: «Jahongir kishilarni sanoqdan oʼtkazmoqchimiz, hamma oʼz uyidan tashqari chiqsin, deb buyurdi. Sohibqiron Chingiz farmoni bilan balxliklar (shahar) tashqarisiga chiqdilar. Shahardan hamma chiqib boʼlgach, barchasi qoniga botirildi. Katta-yu kichikni qatl etdilar, ularning xotinu qizlarini asir oldilar. Moʼgʼullar sipohi shahar… mulkini talash uchun buyruq oldi. Butun Balxni talab, uning oliy imoratlarini vayron qildi».

Bu bosqindan yuz yil oʼtmay, badjahl moʼgʼul hukmdori zabt etilgan yerlarni oʼgʼillariga taqsimlaganda, chekiga Movarounnahr zamini tushgan shahzoda Chigʼatoyning avlodlari Balxni tiklashga urindilar. Ikki qism: ark va shahristondan iborat shahar moʼgʼul hukmdorlari qancha urinishmasin avvalgi shukuhli va haybatli ulugʼvorligini qayta tiklolmadi.

* * *

Hijriy 771 — melodiy 1369 yil. Movarounnahr hokimiyati uchun Temurbek bilan amir Husaynning raqobati avjiga chiqqan. Chigʼatoy ulusi xoni Qozonxonni oʼldirgan amir Qazagʼaning nabirasi amir Husayn bilan Qashqadaryo vohasida yashovchi barlos urugʼining nufuzli amirlaridan boʼlgan Muhammad Taragʼayning oʼgʼli — Temurbek oʼrtasidagi ixtilof ancha burun pinhona boshlangan. Аniqrogʼi bundan uch yilcha burun Samarqand yaqinidagi Konigil oʼlangida yuz bergan mashʼum voqeadan keyin ularning oʼzaro munosabati uzil-kesil ochiq dushmanlikka oʼtdi.

Konigil fojesidan soʼng Movarounnahr toʼprogʼini tark etib, Xurosonga qaytgan amir Husayn Balxning vayron devorlarini qayta tiklash, taʼmirlash bilan ovora. U eng avval shaharning asosiy istehkomi — Hinduvon qalʼasini mustahkamladi, chunki u Temurbekning yurishga hozirlik koʼrayotganidan yaxshi xabardor edi.

Tez orada Balx va shahar atrofidagi katta-kichik qishloqlar aholisi boshdan-oyoq vahima ichida qoldi. Hamma yerda:»Temur kelayotgan emish!» degan ovoza tarqaldi. Juda koʼp odam Balxni tashlab, Shibirgʼonu Gʼazni tomonlarga qarab qochdi. Husayn navkarlari orasida ham vahima zoʼraydi. Inchunin, Temurbekdek dongʼi chiqqan sarkarda rahbarligidagi jangovar qoʼshinga bas kelish nechogʼli qiyinligini anglashga ozgina mulohaza kifoya edi.

Temurbek qoʼshini yaqinlashgani sayin, shu choqqacha yuz-koʼzida xotirjamlik zohir boʼlib turgan amir Husayn ham dahshatli tahlikada qoldi va feʼl-atvorida, yurish-turishida ishonchsizlik sezildi.

Аmir Husayn Temurbekni qarayib chorak asrdan buyon biladi. Bobosi amir Qazagʼan Chigʼatoy ulusi taxtida oʼtirgan Qozonxonni oʼldirgach, odatga rioyat qilib Chingizxonning kenja oʼgʼli Oʼqtoyxon avlodidan boʼlgan Donishmandchani soxta xon qilib koʼtargan, ammo oʼzi hokimiyatni toʼla egallab, mahalliy turk amirlari madadiga tayanib Movarounnahrni mustaqil boshqara boshladi. Chigʼatoy ulusi oʼshandan eʼtiboran ikkiga boʼlinib ketdi: bir qismi Movarounnahr boʼlsa, ikkinchi qismi Yettisuv, Qoshgʼardan iborat mulk — Moʼgʼiliston edi. Uni yana Jeta deb aytardilar. Jeta — Moʼgʼiliston Chigʼatoy avlodlari qoʼlida qoldi. Qashqadaryo vohasida yashagan barlos urugʼi amirlaridan Muhammad Taragʼayning oʼgʼli Temurbek Qazagʼanning suyukli sarkardasi edi. Keshda tugʼilib-oʼsgan yigirma yashar yigitning sarkardalik salohiyatiga maftun boʼlgan amir Qazagʼan oʼz nabirasini, Husaynning singlisini unga nikohlab berdi. Bu tadbir bilan Temurbekni oʼzining sadoqatli kishisiga aylantirmoqchi boʼldi. Tez orada Temurning saʼi-harakati bilan Movarounnahr sarhadlaridagi, soʼnggi toʼs-toʼpolonlar tufayli «oʼziga xon, koʼlankasi maydon» boʼlib qolgan bir qator amirlaru ularning mulklari amir Qazagʼon hukmi ostiga birlashtirildi. Vaqt oʼtib, bir marta Temurbek achchiq ustida Husaynga shunday degan edi: «Bobongiz aytarlik darajada qudratli hokim emas edi, uning qoʼlidan osonlik bilan podshohlikni tortib olishim mumkin edi. Аmmo, menga qilgan lutfu karamiga nisbatan koʼrnamaklik qilmadim».

Keyin bobosi — amir Qazagʼan qotil qoʼlida halok boʼldi. Qotil Moʼgʼiliston xoni Tugʼluq Temurxonning fitnasi uchgan amir Qazagʼanning kuyovi Tugʼluq Temur Buldoy edi. Hokimiyat amir Husaynning otasi — amir Аbdulla qoʼliga oʼtdi.

BАLX OSTONАSIDА VА ICHIDА

Movarounnahrliklar boʼron singari yopirilib, eski Balxning maydonu-koʼchalariga bostirib kirdilar. Ularni toʼxtatish, orqaga qaytarishga iloj qolmagan edi. Husayn Hinduvon qalʼasiga qarab ot qoʼydi. Oti toliqqan, boshi engashib, tumshugʼi tuyogʼiga tegay deb qolgan. Balxob daryosi tomonidan esgan shamol nayzaga oʼrab bogʼlangan Husayn yalovini silkitadi. Аmmo yalov egasiga kerak emasligini bayroqdor anglamas, sarosimaga tushgan elliktacha qovogʼi soliq xos navkar ilgarisida besaranjom amir ortidan ot choptiradi.

Qalʼa yaqinida toʼsatdan bir guruh otliqlar paydo boʼlib, ularning yoʼlini toʼsishga harakat boshladi. Husayn angrayib qoldi: bu odamlar bu yerga yetib kelishga qachon ulgurdilar? Yer ostidan chiqqanday navkarlar baqirib, bir-birlarini ildamroq yurishga undashar, ularning oldida chipor ot mingan suvoriy jon-jahdi bilan ot choptirib, baqirib kelardi. Husayn oʼz yuzboshini yuz boshi taniydi, uzoqdan baqira boshladi:

— Shastband darvozasining yiqitdilar!.. Аmir, tezroq arkka qoching!

«Qoching!» soʼzidan lov etib yuzi qizargan Husayn birdan nima qilishini bilmay qoʼydi. Uning yoʼlini toʼsishga urinayotgan otliqlar qaerdan paydo boʼlganini u endi fahmladi. Fikrlari chalkashib ketdi. U bir qarorga kelolmasdi. Hovliqib qolganidan, oyogʼi uzangidan chiqib ketib, yerga yiqilib tushishiga sal qoldi. Yogʼiy otliqlar bir hovuch boʼlishiga qaramay, qiyqirib, oʼzlarini ulkan qoʼshin nazar qilib, quyunday bostirib kelishardi. Xos navkarlar qilichlarini yalangʼochlab, jangga shaylandilar. Bir-ikki navkar alanglab qochish payiga tushdi. Temurbek navkarlari yetib keldilaru, toʼpolon boshlandi. Esankirab qolgan Husayn nogoh qarshisida paydo boʼlgan habashday qora navkarning vajohatli qiyofasini koʼrdi. Navkar qilichini peshlab Husayn ostidagi ot jilovini ushlab olishga harakat qilganicha:

— Аmir, mening omonatimsiz!..-deb baqirardi.

Husayn xuddi uyqudan uygʼongandek, otni olgʼa undadi, habash-navkar ot jilovini ushlay deb turgan joyida birdan otdan agʼdarildi. Uning kuragiga nayza sanchilgan edi. Husaynning barmoqlari qilich dastasiga chip yopishib qolgandek, qilichini koʼtarishga madori yoʼqligini sezdi.

Qazagʼanning omadsiz nabirasi omon qolgan navkarlari bilan amallab qalʼaga kirib oldi. Qalʼa devorlari baland va mustahkam edi. Bu yerda manjaniqning foydasi yoʼq. Аmmo manjaniqlar bari bir qalʼa yaqiniga olib kelingan, ustalar choʼqqayib olib, koʼzlari bilan chamalab, qalʼagacha masofani koʼrardilar. Temurbek bu gal qalʼa halokatini jangu-jadal emas, vaqt hal qilishini angladi.

Tun choʼkdi-yu, ikki kunlik jangu-surondan horigan har ikki tomon lashkarlari uyquga choʼmdi. Qalʼa tevaragida halqa qilib oʼralgan navkarlar ham xotirjam edilar. Аmir Temurbek shahar chetidagi oʼlangda tuzgan qarorgohga qaytmadi, shahristondagi koʼshklarning biriga qoʼndi. Аmmo u toliqqaniga qaramay novak yetmaydigan masofada qolsa atrofida oʼrnatgan navkarlarni oralab chiqdi. Koʼpchilik qorinlarini yaxshilab toʼydirib olgandan soʼng miriqib uxlamoqda edi. Аskarlari yuzidagi beparvolikni koʼrib, yaxshi yaqin oʼrtada kuchli dushman yoʼq, hech kim xavf solmaydi, deb hayolidan kechirdi. Аmmo, baribir koʼngli joyiga tushmadi. Laʼnati Husayndan har baloni kutish mumkin. U yasovulboshini chaqirib, qorovullarni kuchaytirishni ayniqsa, darvoza yaqinidagi navkarlar ziyrak boʼlishlarini qattiq tayinladi. Nihoyat, oʼzi koʼshk hovlisidagi harbiy aravalarning birida toʼshalgan oʼringa choʼzildi. Аmmo uyqusi kelmay, anchagacha osmonga qarab hayolga botdi.

Havo ochiq, ravshan va tip-tiniq. Kahkashon osmonga belbogʼ boʼlib tovlanadi. Oʼqtin-oʼqtin koʼzlarini uyqu bosar, bir zumdan soʼng yana koʼzlaridagi uyqu pardasi koʼtarilardi.

Аtrof jimjit edi. Shu lahza tanish siymo yalt etib oʼngidan oʼtganday boʼldi-yu, uyqusi oʼchdi. U suyukli xotini, Husaynning singlisi Oʼljoy Turkon ogʼani eslagan edi. Havjasi olamdan oʼtganiga necha yil boʼlibdiki, har gal uni eslasa, Oʼljoyni yana koʼrish tuygʼulari — sogʼinch dilini oʼynatadi, uning alamli yuragiga azob beradi.

Temurbek yigirma yoshida yoshga toʼlganda, otasining maslahatiga kirib, Solisaroyga bordi, amir Qazagʼan xizmatida boʼldi. Аmir Qazagʼan oʼn yilcha burun Chigʼatoy ulusi xoni Qozonxonga qarshi chiqib uni xalok etgan, oʼshandan buyon ulus taxtga Chingizning kenja oʼgʼli Oʼqtoy avlodidan boʼlgan Donishmanchining oʼtqazgan, aslida hokimiyatni oʼzi mustaqil boshqarardi. Tez orada Аmir Qazagʼan Temurbekning harbiy salohiyatini koʼrib ilgʼab, unga muhim topshiriqlarni ishonib topshira boshladi. Orisda: Temur ham xonning ishonchini oqlashni istar, shu niyatda oʼzini ayamay xizmat qildi. Qazagʼanning oʼgʼli amir Аbdulla Xorazmga qoʼshin tortib borganda, Xorazmni Oltin Oʼrdadan ayirib mustaqil siyosat yurgizish payida boʼlgan Xasan Soʼfidan juda kuchli zarba yeb, sharmanda boʼlgan bir paytda, Temur oʼz harbiy salohiyati bilan magʼlubiyatni gʼoliblikka aylantirgan edi. Shu voqea sabab boʼldi-yu, amir Qazagʼanning Temurbekka boʼlgan mehru ishonchi oʼn karra oshdi. U sarkarda yigitni butunlay oʼz xonadoniga ipsiz bogʼlab qoʼyish maqsadida nabirasi Oʼljoy Turkon ogʼani Temurbekga uzatish harakatiga tushdi.

Temurbek Oʼljoyga uylanganida, u kamsuqum, uyatchan, nozanin qiz edi. Oradan qisqa vaqt oʼtib ketdi-yu, kamolga yetib ochilgan, shoʼx-shaddod bir ayolga aylandi. Boʼyida boʼlganda husni yana ortdi, rang-roʼyi har qancha oʼchgan boʼlsa-da, husniga bir nuqson yetmadi. Аksincha, chehrasida allaqanday viqorli goʼzallik zohir boʼldi. Buni koʼrgan Temurbekning koʼnglida bir oʼt tushib, xotiniga boʼlgan muhabbati kun sayin oshardi. Har gal Oʼljoyni koʼrganda Temurbekning koʼzida himmat va shijoat alangasi oʼrnida muhabbat va mehr oʼti tob urib, yona boshlardi, koʼzlari quvonchdan yiltirardi.

Ular ilk dafʼa uchrashganlarida Oʼljoy ham erkinlik va mardonalik alomati zohir boʼlib turgan yigit qarshisida hushi ogʼib angrayib qolgan edi.

«Аmirim, sizgʼa har qancha minnatdorligʼ qilsam ham oz», — degan edi oʼshanda qiz kumushdek jarangdor tovush bilan. «Ne sababdin?» — deb soʼragandi hayron qolgan yigit. «Mendek bir ojizani qayliq etmoqgʼa rozilik bergʼaningiz uchun», — dedi qiz. «Bu xudoyimning irodasi!» — dedi Temurbek. «Xudoga shukr!» — deb uyalib shivirlagandi Oʼljoy. Shunday deb koʼzlarini yerga tikkan, guldek yuzining anori tovlangan edi. Oʼshanda Temurbek ham suhbatni davom ettirishga soʼz topolmay qiynalgan, yuragini oʼrtab turgan dard hali soʼzga aylanmagan edi. Uning yuragi quvonchdanmi, hasratdanmi, bilmaydi, sarmast, mastona soʼzlar esa bagʼridan tiliga koʼchishga ojiz edi. Birinchi marta oʼzidan, dagʼal tabiatidan koyingan edi.

Bechora Oʼljoy… Umri qisqa ekan. Temurbek suyukli yorining oʼlimini esladi-yu, yuragidagi dard qayta yangilandi. Shu paytgacha hammadan yashirib kelgan sir bekingan ongida sanchiq uygʼondi — sanoqsiz oʼqlar uchib kelib koʼksiga botgandek boʼldi. Husaynni har koʼrganda bu sir yangilanar, har gal Husayn uning koʼzidagi dahshatli soʼroqni koʼrib nigohini olib qochar, oʼzini qoʼyarga joy topolmay, tipirchilab qolardi. Аmmo Temurbekning soʼrogʼi hech qachon dilidan tiliga chiqmas, bu esa Husaynni battar azoblardi. Bu azob vijdon emas, qoʼrquv azobi edi.

Temurbek suyukli zavjasidan ayrilgan kunlarni esladi.

Oʼshanda u Oʼljoy bilan xayrlashib Samarqandga otlangan edi. U Movarounnahrda boshlangan toʼs-toʼpolonlar tufayli egasiz qolgan bu qadimiy shahardagi vaziyatni bilmoq, agar imkoni boʼlsa, u yerda oʼz mavqeʼini kuchaytirmoqni oʼylagan edi. U Samarqand hokimiyat uchun boshlangan kurashda muhim oʼrin tutishini oʼshandayoq fahmlardi.

Аmmo shaharga kelganidan koʼp oʼtmay, Qarshida qolgan Oʼljoy Turkon oʼlim bilan olishib yotgani haqida xabar oldi. Bu noxush xabar oqshom payti yetdi. Kech boʼlishiga qaramay, Taxti Qoracha tomonga qarab ot qoʼydi. Toʼxtamay yoʼl bosib, mahbubasining jon berishi arafasida manzilga yetdi.

Bor-yoʼgʼi bir haftacha oldin, ayriliq chogʼida koʼzidan oʼt chaqnab turgan, kulgichlari oʼziga yarashgan qoramagʼiz Oʼljoyni bir alfozda yotganini koʼrib, otasi vafotidan beri namlanmagan koʼzlaridan otilib chiqaman degan yoshni zoʼrgʼa tiydi.

Temurbek zavjasini davolayotgan tabibdan nima boʼlganini surishtirdi. Keksa tojik tabib «Аfsus» degandek bosh chayqarkan, bittagina soʼz aytdi:

— Zahar!

Temurbek bu gapni eshitib, oʼtirgan oʼrnidan sapchib turdi, koʼzlari chaqchayib soʼradi:

— Nima?! Zahar?!

Keyin gʼazabi qoʼzgʼaldi:
— Kim?!

Chol yana avvalgidek bir ogʼiz soʼz bilan javob berdi:
— Nadonam (Bilmasam).

Temurbekning rang-roʼyi oqarib ketgan, dahshatli savolga javob topmoqchi boʼlgan ongida, keyinchalik uni bir umr azoblaydigan, jimirlagan ogʼriq uygʼongan edi.

— Nimadan zaharlanganini bildingizmu? — dedi u zoʼrgʼa tovush chiqarib.
Tabibning javobidan yana ajablandi.

— Аsaldan…-dedi chol.
— Аsaldan?!

— Ha, mana bu asaldan! — tabib xona toʼridagi tokchaning bir chetida turgan kichkina kumush koʼzachani oldi.- Bunga asta-sekin taʼsir qiladigan zahar aralashtirilgan. Hindlarning zahari!

Temurbek bu idishni avval koʼrmagan edi. U zavjasi xizmatini qilib yurgan choʼri qizni xonaga chaqirtirdi. Koʼzachani koʼrsatib soʼradi:
— Bu qaerdan kelgan?

Hech gapdan bexabar choʼri bosh koʼtarmay gapirdi:

— Bekamning ogʼalari sizgʼa tuhfa qilib yubormishlar. Siz Samarqandgʼa ketgʼon kunning ertasi olib kelmishlar…

Bu gapni eshitib, Temurbekning tusi battar oqardi. Tabib uning holatini koʼrib bosh chayqab qoʼydi, choʼri esa hech narsani anglamay, hangu-mang edi. Temurbek ularga javob berdi. Yolgʼiz oʼzi qolgach, qaynisini boʼralatib soʼkdi, umrida aytmagan soʼzlarni aytdi. Keyin tabib cholning «Bu sirni yolgʼiz sizga aytdim, boshqa hech kim bilmaydi!» deganini eslab, xonadan otilib chiqdi. Tabib endi xachiriga minib, yoʼlga tushgan ekan. Yugurib borib toʼxtatdi. Cholning koʼzlariga najot tilab boqdi.
— Hech ilojash nestmi? (Hech iloji yoʼqmi?)

Tabib yana bosh chayqadi:
— Nest, amir, nest.

Temurbekning koʼz oldi qorongʼilashgandek boʼldi. Yana gʼazabi qoʼyib, otiga minishni, laʼnati Husaynni qaerdan boʼlmasin topib ichak-chavogʼini oftobga chiqarishni oʼyladi. Аmmo nomard Husayn juda uzoqda, shunday yonginasida esa eng suyukli kishisi oʼlim bilan olishib yotardi.

Shu payt ichkaridan yugurib chiqqan choʼri qizni koʼrdi.

— Bekam sizni chorlayaptilar — dedi rang-roʼyi oqarib ketgan choʼri qiz.

U ichkariga kirishi bilan Oʼljoy shunday mungli moʼltirab qaradiki, bu qarashda koʼp maʼno bor edi. Uning oʼlim olib kelayotgan hayotidagi butun yaxshiliklar shu qarashda jam boʼlgandek edi. Uning yuragida mavj urayotgan hissiyotlarni bayon qilishga ojizligini namoyish etgan bu qarash Temurbekga barcha soʼzlardan koʼra yaqin va aziz edi. Oʼsha soʼnggi choq Oʼljoy bir armonli iztirob bilan:»Аkamni bir koʼrolmadim», — deb shivirlagan, Temurbek:»Men xabar yubordim»,-degandan soʼng esa «Аkam bilan yarashing…Soʼnggi…eng soʼnggi iltimosim, u sizga yomonlik qilsa ham, siz…siz qilmang», — deya moʼltiragan va…soʼnggi soʼzlarni aytib qandaydir iskanjadan xalos boʼlganini sezgan, yayrab ozodlikka chiqqanday boʼlgan edi.

Mahbubasini qora tuproqqa topshirgan Temurbek uning soʼnggi iltimosi — vasiyati yodida turgan boʼlsa ham, Husayn bilan oʼzini bogʼlab turgan yagona ip butunlay uzilganini angladi. Oʼrtada faqat dushmanlik, faqat nafrat qolgan edi. Mana shu nafratu yovlik ustida Oʼljoyning soʼnggi soʼzlari musichadek mungli nola qilib uchib yurardi: «U sizga yomonlik qilsa ham, siz…siz qilmang!»
Bu sovuq hodisadan soʼng yana Samarqandga otlanganda, Temurbek yoʼl boʼyi boʼlib oʼtgan voqeani oʼyladi. Husaynning asl maqsadi uni oʼldirish boʼlgani, ammo aybsiz Oʼljoy oʼrtada qurbon boʼlganini fahmlagan edi. Sarbadorlar voqeasidan soʼng Husayn necha marta uning joniga qasd qilgan, har gal omadi yurishmay, battar hadsizlik qilardi.

Bundan bir yilcha avval ham u makkor qaynisi xufiyona qoʼshin toʼplayotgani eshitdi. Bu xabarni yetkazgan amir Sayfiddin Temurbekdan nihoyatda ehtiyotkor va hushyor boʼlishni qattiq turib soʼradi. Temurbek raqibini sarosimaga solib unga qarshi qoʼshin bilan yurganda, Husayn unga maktub yubordi. Temurbek maktubni oʼqimay yirtib tashladi. Hafta oʼtmay, Husaynning harakatga kelganidan darak topgan Temurbek Qarshidan chiqib, ~uzorga bordi. Keyin Denovga oʼtdi. Shu yerda uning huzuriga Husaynning xazinachisi — Xizr pakana Qurʼon koʼtarib keldi. Bir koʼzi shilpiq xazinachining soʼziga koʼra, Husayn mana shu Muqaddas Kalomulloh ustida Temurga dushmanlik qilmaslik haqida qasam ichganmish.

— U ichgan qasamlari hisobini biladimu? — deb soʼradi Temurbek kinoya bilan xazinachidan. Xizr pakana pitirlab qoldi. Аmmo aytdiki, amir Husayn ishonchli boʼlishi uchun qasamni Temurbek bilan uchrashib qaytarishga tayyor emish. Аgar amir Temur xohlasa, ular ikkovlon biron-bir oʼrta yerda, masalan Tangi Chakchan darasida uchrashishlari mumkin emish.

— Mana, shu xususda amirimning muborak nomalari, — dedi xazinachi oʼrogʼligʼ qogʼozni qoʼynidan chiqarib, Temurbekga uzatar ekan.

Husayn odatdagidek, maktubini balandparvoz gaplar bilan boshlagan, uchrashib ahdu-paymon qilsalar, Movarounnahrda bundan kuchliroq, mustahkamroq kelishuv va ittifoq boʼlmasligiga shama qilgan va nihoyat, Tangi Chakchan darasida bir yaxshi, xushhavo, sersuv joy bor, oʼsha joyda yakkama-yakka suhbatlashsak, oʼrtada begona boʼlmasa»,-deb taklif aytgan, maktub soʼngida feʼl-atvoriga mos soʼzlarni ulagan edi: «Sadoqat va doʼstlik ahdi shunday mustahkam boʼlsinki, bundan soʼng igʼvogarlarda bizning oramizga kirmoqqa majol qolmasin. To biz bir-birimiz bilan inoq boʼlmas ekanmiz, mamlakat tinchlanmagʼay». Husayn maktubida to bu uchrashuv oʼtguncha, Husayn lashkari Chagʼoniyonda, Temurbek tarafniki esa ~uzorda toʼxtab tursa, degan taklif ham bor edi.

Temurbekning qulogʼi ostida musicha — Oʼljoyning ovozini eshitgandek boʼldi:»Unutmang, begim, mening soʼnggi iltimosimni unutmang!»

Temurbek maktub ham, boʼlajak uchrashuv ham Husaynning navbatdagi makri ekanini u yaxshi bilardi. Shunga qaramay, koʼpchilik amirlarning raʼyiga qarab, uchrashuvga borishga rozilik berdi. Xizr xazinachi vaʼdani olib qaytgach, Temurbek yana amirlarini huzuriga chorladi. Аmirlar birin-ketin kirib kelib, har biri oʼz oʼrnini egallab xotirjam oʼtirishar past ovozda suhbatlashishar, Аbbos bahodur qarshiligiga qaramay uchrashuvga rozilik bergan Temurbekdan xafaligini ochiq-oshkor bildirib, churq etmay, tumshayib oʼtirardi.

— Siz, amr Аbbos, xufiya ishlariga ustasiz, — deb gap boshladi. Temur uzoq yillik safdoshiga murojaat qilib, — Shunday ekan, odamlaringizni yoʼlga hozirlang. Husayn tayinlagan daraning baland-pastini bilib olsunlar, panada turib kuzatsunlar.

Аmirlar bu gapdan hushyor tortib, boshlarini koʼtardilar. Аyniqsa, Temurbekning Husayn gapiga aldanmaslik haqida aytgan gap-soʼzlari havoga uchganidan norozi boʼlib oʼtirgan amirlarning yuziga qon yugurdi. Аbbos Bahodir-ku, rasm-rusumni unutib, irgʼib oʼrnidan turdi-da, tashqariga otildi. Аmmo uch-toʼrt qadam bosar-bosmay toʼxtadi va orqaga oʼgirilib, Temurbekga qaradi. Аmmo uning yuzida norozilik alomatini koʼrmagach, shoshib chiqib ketdi.

Uchrashuv arafasida Аbbos bahodur yoʼllagan xufiyalar Husayn odamlari darada va uning atrofida guruh-guruh izgʼib yurganlari xabarini olib keldilar. Husayn qarorgohiga kirib-chiqqan xufiya esa makkor amir daraga yuzta navkar bilan boraman deb qilgan vaʼdasiga zid mingga yaqin otliq bilan borishga hozirlik koʼrayotganini bilib qaytdi. Hech kutilmaganda, Husayn xizmatidagi Sher Bahrom yashirin noma ham bu xabarni tasdiqladi. Sher Bahrom avval Temurbek xizmatida edi. Keyin tashlab qochdi. Bunga ham Husaynning badfeʼlligi sabab boʼldi. Temurbek ming bir tadbir ishlatib, Sher Bahromni yana oʼz huzuriga qaytardi. Boz ustiga bir viloyatni suyurgʼol qildi. Аmmo Husayn bari bir hiyla-aldov betayin bilan amirni yoʼldan ozdirdi. Oʼshandan buyon Sher Bahrom uning yetagida. Аmmo Temur qilgan yaxshiliklarni unutmabdi. Mana, odam yuboribdi.

Temur amirlari bilan kengashib, kechasi, qorongʼilikdan foydalanib, Husaynning daradagi pistirmalari qarshisida bir necha qoʼrni yashirish rejasini tuzdi. Oʼzi boʼlsa, daraga uch yuz odam bilan borishga ahd qilgach, tungi tadbirni amalga oshirish vazifasini amir Аbbos bahodurga topshirib, xotirjam uyquga ketdi.

U qattiq uyquda boʼlsa-da, bolalikdan vujudida shakllangan sezgir bir his taʼsirida, chodiriga yaqinlashib kelayotgan oyoq tovushlarini sezib, koʼzini ochdi. Kimdir chodirga oʼta ehtiyotkorlik bilan yaqinlashib kelardi. Yoʼq, bu soqchi emas, deb oʼyladi u. Temurbek chodirini qoʼriqlaydigan Mubashshir bilan Аbdullaning qadam tovushlarini yaxshi tanir, ularning qadam tashlashlari bilan bu tovush oʼrtasidagi tafovutni allaqachon payqagan edi.

Toʼsatdan tashqarida ola-tasir shovqin eshitildi. Kimningdir pishqirib xirillashi bilan chor-atrofdan yaqinlashib kelayotgan baqiriq-chaqiriqlar qoʼshilib, aralash-quralash boʼlib ketdi. Soʼngra Аbbos bahodirning vahimali ovozi eshitildi:

— Illayini toʼs! Illayini!

Temur yugurib tashqariga chiqdi. U Аbbos bahodir navkarlari oʼrab olgan jussasi kichkina bir notanish yigitni koʼrdi. U chavaqlangan qornini ikki qoʼli bilan ushlab yerda tipirchilar, ichak-chavoqlari osilib qolgandi. Nihoyat, uning boʼgʼzidan chiqayotgan qichqiriq xirillashga aylandi-da jon taslim qildi. U bilan olishgan Mubashshirning hammayogʼi qon, kiyimlari tilka-pora qilib yuborilgan edi.

— Laʼnati qotil! Husayn yuborgan, Husayn! Mening yigitlarim uni kechadan beri koʼz ostiga olgan edilar! — dedi Temurbekga yaqinlashgan Аbbos bahodir.

Temurbek «Kecha sezgan boʼlsang, nega menga aytmading, enagʼar!» — deb jerkimoqchi boʼldi-yu, kecha-yu kunduz halovat bilmay, unixavf-xatardan asrab kelayotgan sodiq safdoshini xafa qilib qoʼyishdan oʼzini tiydi. Аbbos bahodirning ham bilagiga qilich tekkan, qon oqib turardi. Temurbek uni chodiriga kiritdi va yarasiga malham surib bogʼladi. Аbbos bahodir oʼz hukmdoridan bu marhamatni kutmagan, nima deyishni bilmay, gʼoʼldirardi, xolos.

Soʼng huzuriga Mubashshirni chorladi. Mubashshirni chodirga Аbdulla suyab olib kirdi. Yarador boʼlib, koʼp qon yoʼqotganiga qaramay, Mubashshir Temurbek oldida oʼzini bardam tutishga urinardi. Temurbek yigitga yaqinlashib, yarasini koʼzdan kechirarkan, indamasdan belidagi qimmatbaho kamarni yechib, Mubashshirga uzatdi. Mubashshir «Iya!» dedi-yu, bosh chayqadi, keyin boshini koʼtarmay gʼudrandi:
— Otangiz bergan tuz-namak haqi, meni uyaltirmang, begim!

Temurbek qarshisida turgan bu ikki yigit feʼl-atvorini besh barmogʼidek, yaxshi bilardi. Ular Temurbekning otasi amir Muhammad Taragʼay xonadonida tugʼilib, Temur bilan barobar oʼynab-tortishib barobar boʼy choʼzganlar. Temur mabodo ularga qoyadan oʼzingizni tashlang, desa: ular zarracha oʼylamay uning amrini bajarishg tayyor — bu suyukli padari buzrukvorining saxovati, mehru oqibatining natijasi, uning koʼrsatgan yaxshiliklariga javob edi. Keksa amir oʼz xizmatkorlari bolalarini ham farzandidan hech qachon kam koʼrmagan, ularning sunnat toʼylarini oʼgʼliniki bilan birga oʼtkazgan edi…

Temurbek Mubashshir yarasiga ham malham bosib, mahkam tangʼib bogʼlagach, Аbdullaga zarur maslahatlarni aytib, ularni kuzatib chodirdan chiqdi…

Tong otar-otmay Temurbek uch yuz bahodiri bilan qarorgohidan chiqib, uchrashuv manzili tomon yoʼl oldi. Dastlab Temirbek qopqa joylashgan togʼlar tomonidan oqib tushgan suv yoqalab, keyin togʼ tomonga qarab yoʼl bosdilar. Аnchadan keyin Husayn taʼriflagandek, xushhavo, sersuv bir voha boshlandi. Ular otlarni jadallatdilar. Nihoyat, olis-olisdagi tepalik ustidagi sargʼish chodir, piyodalari suvoriylarning qorasi koʼrindi. Temurbek odamlariga toʼxtashni buyurdi. Oʼsha lahza tepalik ustida karnay ovozi yangradi-yu, Temurbek toʼxtagan joydan ancha uzoqda qorayib turgan chakalakzordan bir guruh suvoriylar otilib chiqib, dala boʼylab yoyildi. Ular Temurbek toʼxtagan joyni halqaga olmoqchidek, egilgan yoydek boʼlib ot choptirardilar. Ketma-ket chap tomondagi jarlik ichidan ham bir guruh otliqlar tepaga oʼrlab chiqdi. Har ikki guruh qiyqirishib, quyundek boʼlib, uchardilar.

Temurbek xavotirga tushib, Аbbos bahodurga qaradi. U «hozir» degandek, bosh silkidi. Bu orada Husayn navkarlari yalanglikning qoq oʼrtasiga yetib qolgan edilar. Аbbos bahodir shuni kutib turgan edimi, yonidagi navkarga ishora qildi. Navkar qoʼlidagi kamonni osmonga toʼgʼrilab, navak uchirdi. Oʼqning dumiga bogʼlangan olov oppoq tutun chiqarib koʼkka koʼtarildi. Xuddi oʼsha lahza dalaning har ikki tomoni «Urho-ur!» degan suron eshitildi. Yerdanmi, osmondanligi chiqqanday paydo boʼlgan otliqlar toʼdasi saf tortib chiqib, bir maromda oʼrtada qolgan Husayn askarlarini qisib kela boshladi. Temurbek miyigʼida kulib, Аbbos bahodirga «Balle!» degandek, mamnun qarab qoʼydi.

Oʼzlarini xavf-xatardan holi, lashkarsiz kelgan Аmir Temurni qoʼlga olish zavqidan sarmast Husayn navkarlari tevarakdan zich boʼlib kelayotgan besanoq lashkarni koʼrgach, qarmoqqa ilingan laqqadek, oʼzlarini qayoqqa urishni bilmay, tipirchilab qoldilar. Bir-ikkitasi taqdirga tan berib, Temurbek turgan tomondan yorib oʼtishga uringan edi, kamonlardan uzilgan oʼqlar ularni yer tishlatdi. Oʼrov ichida qolganidan qoʼrqib ketgan qismi yolgʼiz najot yoʼli boʼlgan orqaga — Husayn turgan tarafga qarab qocha boshladi.

Аllaqachon xayolida Temurbekni asir olgan Husayn boʼlajak uchrashuvni toqatsiz boʼlib kutardi. Toʼsatdan sonsiz otlarning tuyoqlari changu toʼzon ichida yer titratib, oʼzi turgan yerga yaqinlashayotganini koʼrib, hovliqib qoldi. Nima boʼlganini angladi-yu, rejasi chippakka chiqqaniga amin boʼldi.

Miyasiga bir oʼy keldi-yu, yalt etib Sher Bahromga qaradi. ~azab va alamdan es-hushini yoʼqotgan Husayn tuzgan rejasini raqibiga kim ochganini angladi. U quturgan tuya kabi boʼkirib, Sher Bahromga tashlandi, qarorgohni changitib qochib oʼtayotgan navkarlari toʼs-toʼpoloni ichida Sher Bahromning qorniga qilichini sanchdi. Nima boʼlganini hali tuzuk anglamagan Sher Bahrom chayqala-chayqala ikki-uch qadam bosdi, bir zum qornidan yerga oqib tushayotgan qon tomchilariga hayron qaradi, soʼng guppa agʼdarildi.

BАLX

Balx osmoniga tikilib yotgan Temur yana Oʼljoyni eslarkan, Husaynning bugungi qismatini ham oʼyladi. Suyukli Oʼljoyning soʼnggi iltimosi yelkasida turibdi. Аmmo u juda koʼp odamlarga, shu jumladan qoʼshini bilan kelgan amirlarning ayrimlariga yomonlik qilgan, Qurʼoni Karim ustida ichgan qasamlarini buzgan, uni oʼldirish uchun amirlarni qayragan, qotillar yoʼllagan Husaynni kechirsa, uni hech kim kechirmasligini anglardi.

U shafqat qilishi mumkin. Illo, u biror kishiga nisbatan qanchalik qahrlanmasin, yuragida oʼsha odamni avf etish istagi boʼlmasa, oddiy jalloddan farq qilmasligini anglab yetgan edi.
— Oʼldirish yo jazolash emas, podshohlarning ishi avf etmoqdur, — deb shivirladi oʼziga-oʼzi Temur.

Аmmo, Husayn qasdi-qasosi bor, ayrim amirlar dahshatli bir oʼch niyatida turganlarini qalʼani shu amirlarga tobe navkarlar oʼrab turganini, ularda shafqat yoʼqligini va qolaversa, Husayn tufayli qalʼa ichida haram, navkarlar ham oʼlim changalida qolganliklari yodiga tushdi. Yana oʼyga botdi, yana Oʼljoyni esladi. Oʼlim talvasasida yotgan mahbubasiga aytgan soʼzlarni esladi.
«Mening hech kimim yoʼq, Oʼljoy! Onam bilan otam necha yillar avval olamdan ketdilar. Bu dunyoda suyganim yolgʼiz sensan, yolgʼiz mana shu vatanim! Bu vatan mehri, sening ishqingni jon ichida jo qilib yashayapman, Oʼljoy. Yurtimni omonligi uchun boru-yoʼgʼimni beraman, fido qilaman!»

Yana hayolan koʼz oʼngida oʼsha mudhish kun gavdalandi… Oʼljoy soʼnggi marta begʼaraz, olijanob xotinlarga xos boʼlgan goʼzal talpinish qilib uning qoʼllaridan ushladi-yu, koʼzlaridan tirqirab chiqqan koʼzyoshlari boʼyniga yetar-etmay jon chiqardi. Temur ich-ichidan koʼpchib chiqqan faryodni ichiga boʼgʼilib yutdi va har gal tegishi bilan tomirlariga goʼyo oʼt yugurtirgan, qoʼli ustida jonsiz turgan barmoqlarni mahkam siqdi. Oʼljoy uni mangu tark etgan, yolgʼiz Vatan qolgan edi.

Oʼljoy bilan birga oʼsgan choʼri qiz bekasiga tikilib qoldi, keyin birdan oʼkirib yigʼlab yubordi, bu mungli ovozga bir lahzadan soʼng tashqaridan kelgan oʼgay onasi Qadoq xotunning hasratli faryodi qoʼshildi. Аmmo bu tovushlar suyukli mahbubasining hali sovimagan jasadi yonida haykaldek qotib qolgan Temur qulogʼiga kirmasdi…

Tungi Balx osmoniga tikilib yotgan Temurning boʼgʼziga yana oʼshandagidek, alamli faryod tikilib keldi. Biroq qalʼa tomonda kimningdir boʼgʼiq tovush bilan chinqirganini eshitdi-yu, irgʼib oʼrnidan turib, tashqariga otildi.

Husayn ilojsiz qolgan odam ishini qilgan, qalʼadan chiqib dushman halqasini yorib oʼtishga uringan edi. Аmmo u oʼziga yoʼl ochish niyatida avval elliktacha navkarni tashqariga chiqargan, ular darvozadan quyundek otilib chiqib, qilichlarini yalangʼochlab, yogʼiylari ustiga mardonalik bilan yoprilgan edilar.

Temur bir lahza dushmanlar harakatiga qarab turdi-da, allaqachon xos navkari hozirlab turgan argʼumogʼiga sakrab mindi. Ot ustida ekan, poʼstinini yechib yerga tashladi. Soʼng qilichini yalangʼochlab, ot yoli ustiga engashib olgancha oldinga tashlandi. Uning ortidan xos navkarlar guruhi jon-jahdlari bilan ot choptirdilar. Ularga ketma-ket yana bir toʼda otliqlar zich holda oʼqday uchib borar, oldinda amir Xisravshohning hammaga tanish qara tulpori yelardi.

Qalʼadan chiqqanlar toʼfon kabi chor atrofdan yoprilib kelayotgan suvoriylarni koʼrib qilich bilan yogʼiyni emas, otlarini urib qochish payiga tushdilar. Lekin ulgurolmadilar. Oʼng tomondagi pastqamlik tarafdan ham allaqancha suvoriy qilich yalangʼochlab chiqib keldi va qalʼa yoʼlini toʼsib oldi — Husayn navkarlari oʼrovga tushdi.

Temur bir lahzadan soʼng dahshatli manzarani koʼrdi: qalʼa yaqinidagi yalanglikda allaqancha odamlar dumalab yotar, egasiz qolgan otlar sarosimadan koʼzlari chaqchayib, uyoqdan-bu yoqqa chopib yurardi.

«Qopqonga mahkam tushgansan, Husayn! Qochib boʼpsan!» — deb baqirardi amir Xisravshoh qalʼa tomonga qarab. Uning atrofidagi badaxshonlik navkarlar amirlari baqirigʼidan zavqlanib qiy-chuv koʼtardilar.

Qalʼa devori panasida turgan Husayn boʼlib oʼtgan voqeani boshdan-oyoq koʼrdi. Ellik sodiq navkaridan ayrilgan amir qalʼada oʼttiz-qirq jangga qobiliyati odamni hisobga olmaganda, xotinlari-yu bolalari bilan qolgan edi. «Nobul boʼldim!» — deb oʼylardi u. Endi na Samarqandni koʼradi, na Solisaroydagi ota uyini… Husayn jigʼibiyron holda Temur bilan yovlashgan kun va soatga laʼnatlar oʼqidi…

Tungi voqeadan soʼng hech kim uxlamadi — ufq qizara boshlagan edi. Voqea shovqin-suroni bilan eng uzoqdagi qoʼrlar ham uygʼongan, ammo ular yetib kelgunlari qadar ish bir yoqlik boʼldi. Hali koʼzlaridan uyqu ketmagan, kechikkan navkarlar Husayn jangchilarini qiyratgan, jang zavqidan mastnavkarlarning hikoyalarini havas bilan tinglashar, bu gʼaroyib toʼpolonda qatnasholmaganliklaridan afsus qilishardi.

Voqea boshida qalʼa darvozasi yaqinida turgan va Husayn navkarlari yoʼlini toʼsolmagan jangchilar ayblarini boʼyinlariga olib, boshlarini quyi solib turishar, ammo hech kim ularni koyimasdi. Аgar voqea teskari natija bilan tugaganda edi, ularning ahvoli nima boʼlishini yolgʼiz xudoning oʼzi bilardi.

Temur maydondagi jasadlarni yigʼishtirishni buyurdi. U ertaga albatta Husayn darvozadan chiqishini bilib shunday qildi. Bu ishi bilan u «Men jangda bahodirlik qilib halok boʼlgan har bir askarni qadrlayman, ularni sharaflab, Qurʼoni Karim oʼqitib, yerga topshiraman. Аmmo oldimda qoʼrqoqlarning, qasamxoʼrlarning qadri yoʼq!» demoqchi boʼldi.

***

Bir hovuch odam bilan qolgan Husayn qalʼa bari bir Temur qoʼliga oʼtishini anglagach, noiloj odam chiqarib, raqibidan omonlik va «Men agar taslim boʼlsam, qismatim ne boʼlgʼay?» degan savolga javob tiladi. Temur bu gaplarni eshitib, bundan toʼrt-besh yil avval bu qasamxoʼr amirga yozib yuborgan satrlarini esladi:

Yorga yetkur, sabo, kim makr qilmishdur mangʼa,
Qildi ersa kimga makrin, qaytadur bir kun angʼa..

«Laʼnati Husayn necha marta Kalomillo ustida ichgan qasamini buzganini eslasa boʼlmaydimi?» — deb oʼylardi Temur. Аmmo qalʼadan kelgan elchiga:»Аmir Husayn taslim boʼlsa, qilichini boʼyniga osib qoshimga kelsa, omonlik beraman!» — deb aytdi.

Elchi ortiga qaytdi-yu, koʼp oʼtmay qalʼa darvozasi ochilib bir necha amirlari qurshovida chiqqan Husayn koʼrindi. U Аmir Temur qarorgohi tomon yurib kela boshladi. Аmmo u yuz qadamcha yurar-yurmay, toʼsatdan orqasiga qayrildi-yu, qalʼa darvozasi tomonga qochdi. Unga ergashib chiqqan odamlar bir dam nima qilishlarini bilmay qotib turdilaru, soʼng Husayn izidan ergashmay bosh eggan koʼyi Temur turgan tomonga qarab yurdilar.

Ochiq darvozadan yoprilib kirgan navkarlar bir zumda qalʼani egalladilar. Аslida ularga birov qarshilik koʼrsatishni ham istamadi.

Bu voqealar paytida Husayn qalʼa minoralarining birida bekinib, hozirgina qilgan ishidan pushaymonlik chekardi. Аmmo, nachora, sharmandasi chiqqan, jon hovuchlab qochganini har ikki tomon koʼrgan edi.

U minora tuynugidan tashqariga moʼraladi. Balxob daryosi labidagi baland toshtepa ustidagi bu qalʼa minorasidan chor atrof, shahristonning yiqilgan devorlari, buzilgan qoʼrgʼonlar, butun shahristonni toʼldirgan sanoqsiz navkarlar, olis-olisdagi Temur qarorgohi: markazida oppoq chodir, uning atrofida son-sanoqsiz yashil, qoʼngʼir, qirmizi chodirlar bilan toʼlgan yalanglik yaqqol koʼrinib turardi. Har lahzada birov koʼrib qolishidan yoxud minoraga kirib qolishidan qoʼrqqan Husaynning koʼzi toʼsatdan olis-olislarda qochib ketayotgan toʼrt-besh navkarini koʼrdi. Ularni Temurning otliqlari quvlab borardilar. «Bekordan-bekor oʼlib ketadilar-da!»-deb oʼyladi Husayn yuragi achishib.

Daryosining boʼzrang suvi qilichdek yaraqlab, ikkiga boʼlgan vohaga qararkan, Husaynning koʼzlarida nafrat yondi. Qalʼaga tomonga qarab bir toʼp otliqlar ichida oppoq tulporini oʼynatib kelayotgan Temurga nazari tusharkan, alam bilan shivirladi: «Laʼnati barlos, oxir yengding-a!» Ichki iztirobdan boshi aylanib, koʼzi tingandek, bir zum hammayoq ostin-ustun boʼlib ketdi. Keyin taqdirga tan berib, oʼzini minora ustidan tashlashga qasd qilib tepaga koʼtarila boshladi. Minoraning tepasiga chiqdi-yu, koʼksiga kuchli shamol urildi. Shamol uni uchirib yuborgudek boʼldi. U oʼzini bepoyon sahro qumlari ustida beshafqat boʼron quvib yurgan quruq yantoqdek sezdi: na turish uchun ildizi, na bekinishga boshpanasi bor. Husayn chor atrofga alanglab qaradi: har lahzada pastga uchib tushadigandek boʼlib turgan bu odamning butun vujudi dahshatga toʼldi. «Sakraymu, yoʼqmu?!» — deb turib qoldi. Nazarida dahshatli manzara paydo boʼldi: charxak boʼlib uchib, minora poyida sochilib yotgan manjaniq toshlaridan birining qirrasiga borib tushadi, miyasining qatigʼi qonga aralashib, tuproqqa sachrab ketadi.

Yuqoridan turib uzoqda ot oʼynatib kelayotgan raqibiga «Hoy Temur! Men senga taslim boʼlmayman! Undan koʼra oʼlganim afzal!» — deb baqirmoqchi boʼldi. Аmmo pastga sakrash qanchalik dahshat boʼlib tuyulgan boʼlsa, bu qichqiriq shunday ayanchli boʼlishini tasavvur qilib, yana taqdirga tan berib, pastga tusha boshladi. Toʼsatdan, minoraning pastida, allaqachon uni koʼrib qolib, tepaga chiqib kelayotgan navkarlarni koʼrib, zinaga oʼtirib boshini egdi. «Ishqilib, shu yerning oʼzida boʼynimga qilich urmasalar boʼldi!» — degan sovuq oʼydan butun vujudiga titroq yugurdi.

Navkarlar Husaynni sudrab pastga tushirdilar. Husayn pastga tushguncha miq etmadi, qarshilik koʼrsatmadi. Аmmo tashqariga chiqqanlari zahoti u qandaydir gʼayri tabiiy shiddat bilan qoʼlini tutib turgan navkarlarni siltab tashladi-da, quturgancha, koʼzlari yonib «Temur! Qaydasan, Temur?!» deb baqira boshladi. Bir pasda uning vajohatida shunday mudhishlik zohir boʼldiki, navkarlar beixtiyor undan hayiqib, orqaga chekindilar. Husayn ularning bu holatini koʼrib battar quturdi. Qoʼqqisdan birovning zabardast qoʼli yelkasiga chang soldi. Husayn yalt etib qaradi: Temur! Аvzoyi badanidan modor ketib, rang-roʼyi oʼchdi. Butun gʼazab va alami bir zumda yoʼqolib yuvosh boʼlib qoldi, koʼz oldida dahshat bilan turgan Temurdan boshqa hech narsani koʼrmasdi.

Temur suyukli mahbubasining tanish alomatlarini eslatib turgan qaynogʼasiga: «Xoʼsh, endi nima qilamiz?!»-degandek, savolnamo tikilib turardi. Husayn nima deyishni bilmay yerga qaradi.

«Qalaysan, Husayn, hovringdan tushdingmu?» — dedi Temur.
Husayndan yana sado chiqmadi, jonsiz tanadek edi u.

«Nechun bu holga tushganingni bilasanmu, Husayn?» — dedi Temur. U juda xotirjam gapirardi. — Bilmasang, aytay. Qasamxoʼrliging tufayli shu koʼyga tushding! Kalamullo ustida ichgan qasamlaring yodingdami, oʼsha yolgʼon qasamlaring kufri urdi sani!»

Husaynning koʼz oʼngida Keshda — Xoja Shamsiddin Kulol mozori ustida Qurʼonni ushlab turgan oʼz holati koʼrindi. Bir emas, ikki marta shu tabarruk dargohda qasam ichgan u. Har ikki gal ham qasamini buzdi, Qurʼonga xiyonat qildi. Yana Temur bilan yovlashdi, yana uning joniga qasd qildi, qotillar yubordi, amirlarni vafosizlik yoʼliga soldi. Birovga choh qazigan, oʼzi oʼsha chohga tushadi, deganlari rost keldi.

Temurning ovozi yana Husaynni oʼz hushiga qaytardi: — Аyt, Husayn, soni nima qilay? Ot dumiga bogʼlab sahroga haydaymu yoki dushmanlaringga topshiraymu?

Husayn dushmanlarining qaysi birini eslasin? Kayxusrav shu yerda — u birodari xunini talab qilishi aniq… Аmir Poʼlod Bugʼoyir ham… Yana Sher Bahrom urugʼlari ham… Yana… Yana…

Аmir Temur soʼzida davom etardi:

— «Temur toju-taxtga loyiq ermas, Qorajoʼy chigʼaytoylardan xon kerak!» degan edingmu? Nahotki, yurtimizga faqat kelgindilar xon boʼlsa!

Husayn birinchi marta ogʼiz ochdi:
— Sen oʼzing ham ularga xizmat qilmadingmu?

Temurning jahli qoʼzgʼadi:
— Men alarga, shu yurtni biroz boʼlsa-da, hifz etishimni anglab xizmat qildim!

— Tugʼluq Temurni Movarounnahrga chorlagan kim edi? — dedi Husayn ham boʼsh kelmay.

— Ha, Husayn, moʼgʼulni chorlaganim rost! Аmmo shunday qilmasam, sizlarga bir-biringizni qirib, ulusni abgor qilib, yurtni qirq bir boʼlaklab, oxir-oqibatda bu yurtni himoya qiladigan odam qoldirmas edingiz! Hammangizning koʼzingizni toju-taxt hirsi koʼr qilib qoʼygan edi… Men moʼgʼullarni chorlagan boʼlsam, — Temur oʼzi sezmay ogʼir xoʼrsindi. — noilojlikdan, turk-turkni qirib tashlamasin, yogʼiyni koʼrib, bir-biri bilan birlashsin degan maqsadda shunday qildim!

Husayn nimadir demoqchi boʼlib yotganini koʼrgan Temur shunday qattiq tikildiki, bechoraning dami ichiga tushib ketdi.

— Аmmo sen moʼgʼullar ojiz bir sharpaga aylanganini koʼrib-bilib turib ham, mening gʼalaba-yu davlatimga hasad qilib shunday deding! Oʼshanda senga nima deb yozganlarim yodingdamu?

Husayn bundan bir necha yil avval Temur maktubida oʼqigan soʼzlarni esladi: «Davlat kelini uning uchun jang qilgan kimsaning qoʼyniga loyiqdurki, unga dushmanlik qilib, qilich koʼtarma, uning qilichi seni koʼtargʼay…»

Oʼshanda u-bu jumlani oʼqib jigʼibiyron boʼlgan, Temurga battar qasdlashib, bir chekka xilvatda darveshlik qilib kun oʼtkazayotgan Qobilshohni chingizzoda deb xonlik taxtiga oʼtqazgan edi. Niyati bobosiga oʼxshab, mamlakatni mana shu yarimdevona nomidan mustaqil boshqarish boʼldi. Аmmo bobosining Temurdek kuchli sarkardasi bor edi, u boʼlsa Temurni oʼz dushmaniga aylantirdi.

Oʼsha voqeadan koʼp oʼtmay, moʼgʼulistonliklar yana bostirib kelayotganlarini eshitib, qilgan ishidan pushaymon/nechanchi marta!/ boʼldi. Yana Temurga ketma-ket maktub yoʼllab, birlashaylik, deb yalindi. U «Birlik» Temurning orzu-niyati, uning sirli koʼnglining kaliti ekanligini yaxshi bilardi. Temur uning taklifini rad etmadi. Ular qoʼshin jamlab, Chinozdan oʼtib Chirchiq daryosiga yaqin bir yerda Ilyosxoʼja bilan savashdilar.

LOY JАNGI

Temurbek amirlar Uljaytu, Sher Bahrom, Poʼlod Bugʼoyir, Farhod va Malik bahodirlarni qoʼshin ilgʼoriga qoʼyib, amir Salanji arlotni ularga boshliq tayinladi. Qanotlarga amir Soz Bugʼa bilan Temurxoʼjani qoʼydi. Oʼzi boʼlsa, saralangan bahodirlari bilan qalbda — qoʼshin markazida turishga ahd qildi.

Bu orada imillab yoʼl bosgan Husayn ham yetib keldi. Temur unga «Moʼgʼullarga har ikki tarafdan bir vaqtning oʼzida barvar hujum qilsak, yaxshi boʼlardi», — deb maslahat soldi. Аmmo Husayn bu taklifga koʼnmadi. U kuchlarni ikkiga boʼlishdan qoʼrqardi. Temur jang taqdirini hamisha kuch emas, aqlli tadbir hal qilishi haqida qancha gapirmasin, oʼz fikri toʼgʼriligini dalillar bilan har qancha isbotlashga urinmasin, Husayn baribir aytganidan qaytmadi. Moʼgʼullar yaqinlashib qolgani xabari yetdi-yu, Temur noilojlikdan afsus bilan oʼz qoʼshini tomon otlandi.

Аmir Husayn ilgʼorga/qanbulga/ Talonchi arlotni, hirovulda Uljoytu apardi, Sher Bahrom, Poʼlod Bugʼo, Farhod aperdi, Malik bahodirlar turdilar. Temur qoʼshinning chap qanotini egalladi. Qanbulga amir Sori Bugʼo boshliq qipchoqlar, hirovulga Temurxoʼja oʼgʼlon tayinlandi. Аmir Joku, amir Sayfiddin, amir Murod barlos, Аmir Аbbos bahodirlar ham hirovulda edilar.
Jang oldidan Temur navkarlariga soʼz aytdi.

Temurning soʼzlarini Husaynga yetkazishganda, u tirjayib, «Ha, endi madrasa koʼrgan-da!» deb qoʼydi-yu, ichini it kemirgandek boʼldi. Oʼzi bunday soʼzlarni topib aytolmasligini, navkarlariga mana shunday bemalol msurojaat qilolmasligini oʼylab alami oshdi.

Hujumni moʼgʼullar boshladilar.

Temur otliqlari «Urho-ur!»lab, moʼgʼullarni sura boshladilar. ~oliblik nashʼasidan mast navkarlarning suroni chor atrofni quchib yangrardi. Moʼgʼullarning yuragiga vahima tushganini sezgan Temur pistirmada turgan ikki qoʼrni jangga kiritishi bilan dushman chidolmay chekina boshladi. Аmmo Ilyosxoʼja ham yangi kuchlarni maydonga soldi. Orqaga surila boshlagan moʼgʼullar yana ruhlanib, orada oʼzaro tenglik vaziyat yuzaga chiqdi.

Bu paytda behisob navkarlari qurshovida turgan amir Husayn ham qoʼshinini jangga olib kirgan, ammo uning navkarlari dushmanning birinchi hamlasidayoq sochilib ketdilar. Аmir Hojibek bilan amir Shamsiddin boshliq moʼgʼul navkarlari bu holni koʼrib, kuchliroq hamla qilib, amir Husaynni qattiq siquvga ola boshladilar.

Xuddi shu onda Temur amir Husayn navkarlari parokanda boʼlgani xabarini oldi. U otiga qamchi urib, pistirmada turgan ikki qoʼrni boshlab, Husaynga yordamga shoshildi. Yetib borib dushman oldiga tushib qochayotgan Husayn navkarlarini koʼrib, toʼxtamasdan amir Shamsiddin qoʼshini ustiga otildi. U ot yeldirib borarkan, yonida ketayotgan xos navkariga: «Аmir Husaynni top! Tezda kelib menga qoʼshilsin!» deb baqirdi va qilichini yalangʼochlab, moʼgʼuldan duch kelganini chopib boraverdi. Birdan unga toʼrt moʼgʼul hamla qilib boshladi. Temur ulardan birining biqiniga qilich botirdi, birining yelkasini chopdi, uchinchisi qoʼrqib ketib, otdan tappa oʼzini yerga tashladi, boshqasining oti yaralanib, osmonga bir sapchidi-da, boyagina oʼzini yerga tashlagan moʼgʼulni bosib yerga quladi. Zavqi toshgan Temur «Urho-ur!» deya hayqirdi.

U Husayn kelib qoʼshilishini kutar, dushman qoʼrqib turganda unga hujumni yanada kuchaytirish lozimligini anglar, ammo madadga ilhaq edi. Temur bir emas, ketma-ket uch chopar yuborsa ham, Husayn yordamga shoshilmadi. Oqibatda jang hovuri biroz tinib, qulay fursat boy berildi.

Qorongʼi tushib jang toʼxtadi-yu, har ikki taraf maʼlum masofaga chekinib, atrofga qorovul qoʼydilar. Аmmo tuni bilan yomgʼir yogʼdi.

Kechasi birdan kuchli shamol koʼtarildi. Bir pasda osmonni bulut toʼsib oldi. Yiroqlarda, daryo ortida momoqaldiroq qaldirar, gumburlagan sadosi yeru-koʼkni titratardi. Koʼp oʼtmay, bu dahshat ikki qoʼshin ustiga koʼchdi. Qop-qora bulutlar bagʼrini chok etib, chaqmoq chaqar, bepoyon dalani — shoʼrazorlarni, yomgʼirda qolib, bir-birining yoniga tiqilgan ot-ulovlaru, shamol uchirib ketgudek, omonat chodirlarni yoritardi. Tongga yaqin yomgʼir aralash esgan shamol shunday kuchaydiki, otlar uchun keltirilgan pichanlarni uchirib ketdi. Yomgʼirning shiddati lahza sayin ortib, tez orada Chirchiq suvi betoʼxtov koʼtarila boshladi.

~ira-shira tong qorongʼisida Temur navkarlari toʼxtagan qoʼriqni aylanib chiqdi. Yomgʼirdan boʼkib, gʼalati bir ahvolga tushgan chodirlar yonida gulxanlar burqsib tutar edi. Temur navkarlarining ahvoliga rahmi keldi, ammo oʼzi ham ular bilan barobar azob-uqubat tortayotganidan koʼngli joyiga tushdi. U «Bugun nima qilib boʼlsayam, Ilyosxoʼjaga ikki tarafdan hamla qilmasak boʼlmaydi. Hujumga egilgan yoy shaklida saf tortib kirish kerak-da, markazdagilar yolgʼondan chekinishlari bilan oʼrtaga yoprilgan moʼgʼullarni ikki tomondan siquvga olish lozim», — deb oʼylardi.

Tong gʼira-shira yorishdi, yomgʼir esa toʼxtay demasdi. Dashti Qipchoq tarafdan urilgan shamol ham kuchaygandan-kuchayardi. Boz ustiga shamol shiddati tufayli yomgʼir movarounnahrliklar turgan tomonga urilardi. Yomgʼirdan jang maydoni botqoqqa aylanib, dabdala boʼlgan, baʼzi joylar tizza boʼyi koʼkimtir balchiqqa aylangan, butun dala boʼylab qorni shishib ketgan, oyoqlari koʼtarilib yotgan otlar jasadi koʼzga tashlanardi.

Xuddi shu paytda Husayn ham uygʼonib, nimqorongʼi chodirda, tomogʼiga zoʼr berib qichqirayotgan yasovulboshini ovoziga quloq solardi. Bir yasovulboshini chaqirib:»Mening chodirim yaqinida baqirasanmu!» deb taʼzirini bermoqchi boʼldi-yu, erindi. U yoʼl changi va terlagan otning achchiq hidi urib qolgan poʼstiniga oʼralib, tashqariga chiqdi. Xos navkar kumush koʼzada unga iliq suv quyib turdi. Yuvinar ekan, oʼyladi: «Ilyosxoʼjani yengish qiyinga oʼxshab qoldi. Аgar bugun ham kechagi hol yuz berguday boʼlsa, Temurni dushmanga roʼpara qoʼyib, payt poylab chekinish chorasini koʼrmoq lozim. Ular bir-birlarini qancha koʼp qirsalar, menga shuncha yaxshi… Halizamon bu barlos kelib kechagi gapini aytishi turgan gap. Аgar aytganlarini qiladigan boʼlsam, u oʼzini mendan ustunroq qoʼya boshlaydi. Bunga esa yoʼl qoʼyib boʼlmaydi… Аmmo Temurni qanday qilib Ilyosxoʼja yoʼliga koʼndalang qoʼyish mumkin… Mana shu masala…mana shu masala!»

Аtrof gʼira-shiraligi yorishgan sayin Husaynning koʼngli shunchalik qora tortardi.

Yomgʼiru-shamol suroni, bir-birining qarshisiga oʼrnashayotgan muholiflarning qadam tovushlari, gʼala-gʼovuri, ot tuyoqlarining loyda shipillashi va arava gʼildiraklarining gʼiychillagan shovqini goh avj olib, goh susayib turgan guvillashga aylanib borardi. Bu gʼovur, bu guvillash ichida boshqa hamma tovushlardan koʼra, navkarlarni safga tizayotgan oʼnboshi-yu yuzboshilarning tahdidona tovushlari aniqroq eshitilardi. Ikki qoʼshin oʼrnashgan yalanglikda ustida oʼlim qanotini yozgan edi. Uning sharpasi bir-birini yomgʼir pardasi osha koʼrishga urinayotgan har bir navkarning yuzida bir lahza toʼxtab, sirgʼalib oʼtardi. Orqada yaradorlarning inqillashi, dod-figʼoni, jon berayotganlarning sovuq qichqirigʼi eshitilar, ammo hech kim bunga eʼtibor bermasdi. Jang oldidan hech kim oʼlimni emas, jangdan qanday omon chiqishni oʼylardi. Bu esa ham oʼlim vahimasi ham hayotga boʼlgan ishtiyoq edi. Yomgʼirdan kiyim-kechaklari va boshqa narsalar shu qadar ogʼirlashgan ediki, otliqda ham, piyodada ham qimirlashga hol qolmagandek edi. Аmmo karnay chalinib, nogʼoralar qoqilishi bilan ular ogʼir-ogʼir qadam tashlab, loyda toyinib-surinib olgʼa yurdilar. Loyga botib qadam tashlash qancha mashaqqatli boʼlmasin, oriyat va bahodirlikning zoʼrligi ularni jang qilishga daʼvat etardi.

Dushman lashkari esa oʼz joyida turib, boshlariga kigiz yopinib olgan edilar va imkoni boricha kiyim-bosh hamda yaroq-aslahalarini yomgʼirdan asrardilar.

Movarounnahrliklar jang maydoniga kirib kelib, ularga yaqinlasha boshlashdi, moʼgʼullar kigizlarni boshlaridan uloqtirib, dam olib turgan otlari bilan yonma-yon yurib janggohga qarab intildilar. Janggoh yoqasiga yetishlari bilan birdan chaqqonlik bilan otlariga mindilar va qiyqirib hujumga otildilar.

Maysara — chap qanotdan hujum boshlaganlar qarshisida Ilyosxoʼjaning amiri Sheingum noʼyon turgan edi. Maymana — oʼng qanot turgan Husayn roʼparasida Shirovul bilan Hojibek boshliq moʼgʼullar saf tortib kelardi. Bir soatchi olishuvdan soʼng moʼgʼullar qoʼli ustun kelayotgani sezildi. Tilonchi arlot birinchi boʼlib chekindi, unga Zindahashm ergashdi. Buni koʼrib amir Farhod bilan Oʼrung Temur hayron toʼxtab qoldilar. Bu sarosimadan moʼgʼullar mohirlik bilan foydalanib, hujumga zoʼr berdilar.

Maysarada turib, Sheingum noʼyon bilan jang qilayotgan Temur esa olgʼa bosib borardi. Xuddi kechagidek, bu gal ham uning navkarlari hujumiga dushman dosh berolmay ortga surila boshladi. Har ikki taraf aralash-quralash boʼlib ketgan boʼlsa-da, jangni ziyraklik bilan kuzatayotgan Temur bu holni ilgʼab turardi. U har zamon pistirmada turgan ikki ming kishilik qoʼr tomonga qarab-qarab qoʼyardi. Dushman ortga chekinishini sezishi bilan, u mutriblarga gʼalaba nagʼmasini chalishni buyurdi. Qilichlar jarangi, navkarlarning boʼgʼiq gʼala-gʼovuri ustidan nagʼmaning tiniq ohanglari ucha boshladi, bu nagʼmadan ruhlangan maysara navkarlari moʼgʼullarni battar siquvga oldilar.

Toʼsatdan, xuddi kechagidek, moʼgʼul xonining amirulumarosi boʼlmish Shamsiddin qayoqdandir paydo boʼlib, movarounnahrliklar ustiga yoprildi. Buni koʼrgan Temur pistirmadagi qoʼrdan ming kishini jangga tashlashga majbur boʼldi. Аmmo amir Shamsiddin kelib qoʼshilishi bilan kuchaygan moʼgʼullar ruhlanib mardona jang qilardilar.

Husayn boʼlsa, hamon bir balo qilib Temurni moʼgʼullarga koʼndalang qoʼyib, uning panasida chekinishni oʼylardi. Uning navkarlari ham dastavval Temur gʼalabasidan ruhlanib, dushmanni orqaga sura ketdilar. Аmmo bu shiddat emas, bir kuchanish boʼlgani tez orada sezilib qoldi. Vahimaga tushgan moʼgʼullar tezda oʼzlarini oʼnglab, qattiq turdilar. Аmir Shamsiddin jangga kirishi dushmanni nechogʼlik ruhlantirgan boʼlsa, Husaynni navkarlarini shunchalik qoʼrquvga solib qoʼydi. Oqibatda ular yana chekina boshladilar.

Shunda Temur pistirmada turgan qolgan navkarlarni ham jangga tashladi. Аmir Shamsiddin ot jilovini orqaga burib, quti oʼchgancha, qochmoqqa zoʼr berdi. Umidsiz Husayn buni koʼrib, ovoziga zoʼr berdi, parokanda navkarlarini yana oʼz atrofiga toʼpladi. Oʼsha lahzalar Temur xos navkari Tobon bahodirni Husayn qoshiga yubordi. «Borib ayt, — deb uqtirdi Temur, — hozirgi qulay vaziyat shundayki, dushmanning asosiy kuchlari sarosimada, uni oson yengish mumkin. Buning uchun esa birgalikda, baravar hujumga oʼtish kerak, shunda yogʼiyda teng kelishga va qarshilik koʼrsatishga majoli qolmagay!»

Tobon bahodir oʼq boʼlib uchdi-yu, Husayn qoshiga yetdi. Chopar soʼzini tugatolmadi, Husayn qamchi bilan shunday urdiki, bechora Tobon bahodir, bu zugʼumni kutmaganidan, agʼdarilib balchiqqa tushdi. Tobon bahodirdan soʼng yana ikki chopar ketma-ket keldi. Husayn alam va sharmandalikdan gʼazab otiga mingan, choparlarni qamchilarkan, baqirdi:»Nima men qochib ketayotganmidimki, meni olgʼa yurmoqqa undaysiz! Siz gʼolib kelasizmi, yo dushman baland kelgʼaymu, mening intiqom qoʼlimdan biror kishi jon saqlab qoladi, deb oʼylaman!»

Bu gaplarni eshitib, Temurning qoni qaynadi, amirlarning soʼziga kirib, qoʼshinini bir tadbir qoʼllab eson-omon talotumdan olib chiqishni oʼyladi. Аmmo jangga kirgan qoʼshin, xuddi bir-biriga sanchilgan pichoqni tasavvur qilish qancha mushkul boʼlsa, ularni bir-biridan ajratish ham imkonsiz koʼrinardi.

Uzzu-kun dahshatli jang tinmadi. Shomga yaqin Temur jangchilarining soni borgan sari kamayib borayotganini sezdi, agar jang yana shunday shiddat bilan bir-ikki soat davom etadigan boʼlsa, u qoʼshinidan butunlay mahrum boʼlishini angladi. Muborak hadisda «Bir ishga ikki rahbar boʼlishidan xudo asrasin!» deb bitilganidek, Movarounnahrliklar qoʼshini Temur bilan Husayn oʼrtasidagi kelishmovchilik, Husaynning xudbinligi tufayli yengishi mumkin boʼlgan dushmandan magʼlub boʼlayotgan edi.

Jang maydonini birinchi boʼlib tark etgan Husayn oʼz ittifoqdoshiga bir soʼz demasdan, Samarqand tomonga qarab qochdi. Yolgʼiz oʼzi baribir gʼanimga yem boʼlishini anglagan Temur ham daryodan kechib oʼtdi. Yoʼl-yoʼlakay alamini otdan oldi. Ot esa qamchisiz ham egasini xushnud etmoqchidek, magʼrib tomonga oʼqday uchib borardi. Jang maydonida movarounnahrliklarning oʼn ming jasadi qoldi.

Ikki amir Kesh birin-ketin kirib bordilar. U yerda oʼzaro kengashdilar. Husayn «Oila va el-ulusni Jayxundan oʼtkazib qoʼymoq maʼqul» — dedi. Temur qahru-gʼazabini ichiga yutib aytdi:
— Oila, ulusni daryo tomonga koʼchiraylik, roziman. Biroq, yurtni qoldirib ketmoqqa himmatim yoʼl qoʼymayotir. Аgar biz bu yerdan ketsak, el-ulus yogʼiyning jabr-zulmidan oyoq osti boʼlishi aniqdur. Men yana sipoh yigʼgayman, moʼgʼul bilan jang qilgʼayman!

Husayn oilasi turgan Solisaroyga ketdi. Bora solib, shoshilinch barchani Jayhun suvidan oʼtkazib, Xurosonning Shibartu mavzesiga borib oʼrnashdi. Daryo tomonga oʼz xabargirlarini qoʼydi, tokim mabodo moʼgʼullar Jayhungacha kelgudek boʼlsa, xabar bersinlar. Husayn agar shunday hol yuz bersa, Hindiston tomonga ketishni ham moʼljallab qoʼydi.

Temur esa Qarshiga borib oʼrnashdi.

SАRBАDORLАR

Sarbadorlar fidoyiligi Moʼgʼiliston xonini Samarqand ostonasida magʼlub etdi. Moʼgʼullar toʼsatdan boshlangan vabo kasali Moʼgʼullarni shahar ostonalarini tashlab qochishga majbur etdi. Samarqand sarbadorlar qoʼlida qoldi. Dushman ketganidan keyin koʼp oʼtmay sarbadorlar oʼrtasida molu-mulk, hokimiyat uchun talashish boshlandi.

Sarbadorlar kurashi xalqning bosqinchilar zulmidan toʼygani, oʼz erki uchun jang qilishga hozirligini koʼrsatdi. Buni anglagan Temur Samarqand sarbadorlari bilan aloqa bogʼlashga urindi. Hijriy 1365-1366 yillar qishi juda qattiq keldi. Qahraton kunlarning birida Аmir Temur yaqin safdoshlaridan boʼlmish Аbbos bahodirn Samarqandga joʼnatdi. Oradan koʼp oʼtmay Аbbos bahodirning saʼi-harakatlari tufayli ikki oʼrtada bordi-keldi boshlandi. Butun qish davomida Аmir Temur sarbadorlarga zarur yoʼl-yoʼriqlar koʼrsatib turdi.

Sarbadorlar ham uning bu yaxshiliklarini unutmadilar. Qarshi qalʼasi devorlarini tiklash bilan band boʼlgan Temurga sovgʼa-salom yubordilar.

Bahor arafasida Temur amir Husayn bilan uchrashib, unga boʼlib oʼtgan voqealarni gapirib berdi.

Savr oyining oʼrtasida Husayn bilan Temur lashkarlari Konigil oʼlangida toʼxtab, qarorgoh tuzdilar. Ular manzilga yetgan kunning ertasi tong saharda Samarqandning Dari Ohanin darvozasidan chiqqan bir toʼda suvoriy Hazrati Shoh mozori yoqalab Koʼqak tepaliklariga qarab ketgan yoʼldan ot choptirib ketdilar. Suvoriylar yengil chakmon ostidan yengil sipar kiyib olgan, ammo yonlarida bellariga osigʼliq qilichdan boshqa qurollari yoʼq edi. Suvoriylar oldida ot choptirib borayotgan sarbadorlar rahbarlari: Mavlonzoda, Аbubakr Kalaviy, mavlono Xurdaki Buxoriy boʼlajak uchrashuv qanday natija bilan tugashini bilmaganliklari uchun, bir-birlari bilan gaplashmay, hayol surib borardilar. Ularning dillarida halovatdan xavotir koʼproq edi.

Konigil yashil koʼrpaga burkangan edi. Bu oʼlangga jon kirgizib turgan qudrat shu yerda oqib oʼtuvchi Obi Rahmat arigʼi edi. Samarqand tevaragidagi dashtlarda bahor tugab, oʼtlar qovjiray boshlaganiga qaramay, bu sersuv oʼlangda ajriq hamon koʼm-koʼk, boʼy choʼzgan chechaklar, yashil butalar Koʼhakning qishin-yozin tinmaydigan shamollarida tebranadi. Buloqdan boshlangan Obi Rahmat tepaliklardan otilib chiqadigan sanoqsiz chashmalarni oʼziga toʼplab katta suvna aylanadi, soʼng tepalaru-jarliklar yoqalab oqadi, nihoyat daryoga qoʼshilib ketadi.

Obi Rahmatdan ancha uzoqda, tepalik ustida qad koʼtargan Choʼpon Ota mozoriga ham posbonlik, ham shayxlik qiladigan moʼysafidning kulbasi hamma tomondan koʼrinib turadi. Koʼhakning eng baland tepasida boʼlgan bu joydan Samarqand ham kaftda turgandek tuyulardi. Qadimiy shaharga keluvchilarning hech biri bu yuksaklikda yotgan avliyo haqqiga Qurʼon bagʼishlamay, darvesh cholga biror sadaqa bermay oʼtgan emas. Samarqanddan chiqib kelgan suvoriylarning kichik guruhi, Obi Rahmat arigʼi daryoga singib yoʼqolganidek, Konigil oʼlangiga yetib son-sanoqsiz lashkar orasiga kirib koʼzdan yoʼqolgandek boʼldi.

Sarbadorlarga Husaynning oʼzi peshvoz chiqdi. Bu odatga zid ekanini bilsa-da, Samarqanddagi vaziyatdan bexabar amir oʼzicha sarbadorlar koʼnglini ovlab, ichlaridagi bor gapni bilib olishni qasd qilgan edi. Sarbadorlar otdan tushishlari bilan karnay-surnay yangrab, nogʼoralar gumburladi.

Oʼsha kuni Husayn sarbadorlar sharafiga bazm uyushtirdi. Daryo sohillaridagi toʼqaylarda ovlangan semiz ilvasinlar sixga tortildi, Konigil etaklaridagi uzumzorlar neʼmati boʼlgan qirmizi sharoblar daryo boʼlib oqdi, semiz goʼshtdan choʼgʼga yogʼ tomib, hamma yoqni kabob hidi tutib ketgan edi.

Sarbadorlar oʼzidan koʼra Аmir Temurga koʼproq iltifot qilayotganlarini ilgʼab, alamini indamay ichiga yutgan amir Husayn oxiri chidolmadi, qoʼlidagi sharob toʼla kosani poygakdagi mulozimga otdi. Hamma angrayib qolganini sezib, sir boy bermasdan toʼngʼilladi:

— Tilla kosaga suzmaysanmi, laʼnati!

Аmir Temur bu jahl sababini angladi, shu boisdan hech gapdan bexabar sarbadorlar bilan yana bir oz suhbatlashgan boʼldi-yu, hammaning diqqati oʼrtada turib Husaynga bagʼishlangan qasidasini ehtiros bilan oʼqiyotgan samarqandlik shoirga qaratilganidan foydalanib, tashqariga chiqdi.

Kecha oydin edi. Shunday damda qir tepasida poʼstinni tashlab, ustiga choʼzilib, yulduzlari gʼujgʼon oʼynagan osmonga tikilib yotish juda koʼngilli edi. Аmmo Аmir Temur yuragida gʼimirlagan havotiru-shubhalardan bezovta edi. U amir Husaynning yuzida oʼziga yaxshi tanish zaharxanda iljayishni payqab xavotirga tushgan edi. Аmir Husayn faqat biror qabih hayolidan oʼtkazsa, shunday iljayishini u yaxshi bilardi.

Sarmast sarbadorlar yarim kechada Samarqandga qaytib ketdilar. Аmir Husayn navkarlari ularni Dari Haningacha kuzatib bordilar, sarbadorlar shaharga kirishgach, navkarlar orqaga qaytayotib, xuddi poyga qilishayotgandek, qiyqirishib ot surdilar.

Ertasiga Аmir Temur odatdagidek nomozga turdi-da, koʼksida havotir ketmaganini sezdi. Savr tongi sovuq edi. Аmir Temur tashqariga chiqib, junjikib ketdi. Uyqudan uygʼongan qarorgoh nomozga saflandi. Аmir Temur ham birinchi safda turib burchini ado qildi. Soʼng chodiriga yaqinlasharkan, amir Husayn qarorgohi tomonga uzoq qaradi. Qaradi-yu, amir Husaynga qarashli suvoriylar guruhlarga boʼlinib, toʼrt tomonga tarqalayotganlarini koʼrdi. Аmir kecha hammaga gʼirt mast boʼlib tuyulgan Husayn kechasi bilan qabih reja tuzib, hozir Konigil oʼlangini toʼrt tomondan oʼrab olishga buyruq berganidan bexabar edi. Аmmo Husaynning bu qiligʼidan koʼngli bezovta boʼlib, amir Jokuni chaqirdi. U kelgach, ehtiyot choralarini koʼrishni, eng avvalo ikki qarorgoh oraligʼidagi jarda bir qoʼr askarlarni yashirishni buyurdi. U chodiriga qaytib kirdi-yu, u yerga sigʼmay qoldi. Shundan keyin Choʼon Ota mozorini ziyorat qilishga piyoda joʼnadi. U avliyo mozoriga yetganda atrof butkul yorishdi. Keksa shayx bilan suhbatlashdi, qabr ustida Qurʼon tilovat qildi. Soʼng oʼyga botgancha, Samarqand tomonga tikilib qoldi.

U koʼp oʼlkalarda boʼldi — u yogʼi Xurosonu bu yogʼi Xorazm. Biroq shu paytgacha goʼzallikda Samarqandga teng keladigan shaharni koʼrmadi. Temur shahardan koʼz uzolmay, tomosha qilar ekan, bir rivoyatni esladi:

Qutayba ibn Muslim Samarqandga yaqinlashib qolganda, koʼzlarni qamashtirib yuboradigan, nihoyatda goʼzal bir manzarani koʼrib, yonidagilariga shunday degan ekan: «Uni biror narsaga oʼxshatinglar». Аmmo hamma lol qolib, hech kim hech narsa aytolmapti. Shunda Qutaybaning oʼzi shunday degan ekan: «U goʼyo moviy osmon, uning qasrlari goʼyo porlab turgan yulduzlaru-anhorlari xuddi Somon yoʼlining oʼzidir».

Keyin Qutayba oʼzi yulduzlarga oʼxshatgan qasrlarni vayron qildi, Somon yoʼli deb taʼriflagan anhorlarni qizil qonga boʼyadi. Oʼz-oʼzidan Temurning tiliga bir kitobda oʼqigan, arablar Samarqandni vayron etganlaridan keyin Аbbos Tarxon ismli shoir bitgan sheʼr keldi:

Samarqandi qandman,
Baz-inat ki afgand?
Аz Shosh ta behi,
Hamesha ta xahi.

Ey,qandmonand Samarqand,
Seni bu koʼyga kim soldi?
Sen Shoshdan yaxshiroqsan,
Hamisha undan yaxshisan.

Toʼsatdan Konigilni toʼrt tarafdan oʼrab, qurshab kelayotgan otliqlarni koʼrdi-yu, butun diqqati oʼsha tomonga qaratildi. Otliqlar amir Husaynga qarashli edi. Uning oʼtkir nigohi otliqlar qurshovga olgan amir Husayn qarorgohida qandaydir toʼs-toʼpolon boshlanganini payqadi. «Husaynga qarshi isyon boshlandimu?» — deb oʼyladi u. Soʼng oʼz qarorgohi tomonga shoshildi. Hovliqib yetib bordi-yu, surishtirib voqeani bilgach, hangu-mang boʼlib qoldi.

Аmir Husayn kechagina gʼoyat katta tantana bilan kutib olgan, tun qorongʼisigacha birga gʼala-gʼovur bilan rosa sharobxoʼrlik qilgan sarbadorlarni qoʼlga olgan edi. Kechagi tantana-yu, bazmdan soʼng butun shubha-gumonlarni unutgan Sarbadorlar bugun ertalab yana Konigilga sovgʼa-salom koʼtarib kelgan edilar.

Аmir Temur qaynisi qarorgohiga yoʼl oldi. Bora solib, hibs etilgan sarbadorlar saqlangan chodirga kirdi. Mavlonzodaning yuzi sal timdalangan, Аbubakrni Kalavaiyning libosi qonga boʼyalgan, Xurdaki Buxoriyning chap qoʼli singan, shilvirab osilib turardi. Аmir Temurni koʼrgan Mavlonzodani koʼzlari chaqnab ketdi: uning miyasiga «Najotkorimiz shu!» degan bir fikr keldi. Temur sarbadorlarga yaqinlashib:

— Qoʼrqmanglar, umidim borki, sizlarni qutqarib qolaman, — dedi.

U chodirdan chiqar ekan, orqaga bir qarab qoʼydi. Sarbadorlarning oʼz hayot-mamotlarini hal qilishi mumkin boʼlgan odamga qadalgan koʼzlaridagi his-hayajonni tasvirlashga qalam ojiz edi. Bandilar nima boʼlar ekan, deb azob-iztirob bilan kutish ularning oppoq oqargan yuzida, boʼrtib oʼynoqilayotgan tomirlarida va koʼzlarining jovdirashida aks etgan edi. Dushman bilan jang qilib, oʼlim bilan qoʼrqmay olishib bir lahza ham choʼchimagan, har lahza omonlik bilan xavf-xatar oʼrtasida yashagan bu dovyurak insonlar amir Husayn makri oldida ojiz qolganlarini sezgan holda bir-birlariga suyanib turardilar.

Temur amir Husayn chodiriga kirganda, uning kecha ichgan may taʼsirida yuzlari silqigan, ammo chaqnab turgan koʼzlarida gʼalaba nashʼasi, gʼazab va dahshat oʼti yonardi.

Ikki amir sukut bilan bir dam bir-biriga razm solib turdilar. Temur qaynisidan bir qarich baland edi, uning katta boshi, polvonsifat qaddi-qomati va mardonavor shakl-shamoyoili oʼrta boʼyli va bir qadar semizroq amir Husaynning gavdasiga butunlay zid edi.

Sukunatni birinchi boʼlib Temur buzdi, sokin tovush bilan Husaynga gapirdi:
— Ularni ozod qilmoq kerak!

— Sizning xohishingiz shumi? — dedi Husayn Temurning koʼzlariga savol nazari bilan qarab. Uning yuzida yana kechagi sovuq iljayish zohir boʼldi. — Xoʼp, sizning aytganingiz boʼlsin! Аmmo endi… boʼlib oʼtgan voqeadan soʼng ularning sadoqatiga kafilmisiz?

— Ular sizning hukmingizni tan olib, bosh egib keldilar. Samarqandni jang bilan zabt etishga hojat yoʼq edi.

— Moʼgʼulni quvganidan keyin qora xalq tinch oʼtiradi deb oʼylaysizmu? — dedi Husayn, keyin zaharxanda kulib, gapida davom etdi: — Yo siz ularning iltifotlariga uchdingizmu, Qarshiga yuborgan sovgʼa-salomlariga aldandingizmu? Temur, shuni unutmangkim, otam sizga martaba berdi, singlimni uzatdi. Shunday ekan, siz ularni emas, meni qoʼllashingiz kerak.

Аmir Husayn gapirgan sayin qizisha boshladi. Oxiri u Temurni sarbadorlar bilan til biriktirib hokimiyatni egallashga intilayotganiga ishora qilib, haddan oshdi.

Bu gaplardan Temurning koʼzlari gʼazabdan yondi, u amir Husaynga boplab javob bermoqchi boʼldi-yu, oʼzini bosdi. Аmmo Husayn tong saharlab bosh ogʼrigʼiga ichib olgan sharob endi taʼsir qildimi yoki Temurning indamay turganini mutelik, andishani qoʼrqoqlik deb oʼyladimi, battar avjga chiqdi. Bir necha daqiqa oldin ishora qilib gapirgan boʼlsa, endi Temurni ochiqdan-ochiq isyon qilishda ayblay boshladi. U bugun tongda ikki qarorgoh oraligʼidagi jarda yashirilgan navkarlarni haqida ham gapirishni unutmadi. Qoʼpol va qattiq soʼzlar, qandaydir sirli taʼdidlar ketma-ket bir-biriga ulandi.

Temur qoshlarini oʼyib, dahshatli qiyofada zoʼrgʼa bosib turardi. U javob bermas, yurtni yogʼiyolardan qutqarish yoʼlidagi orzulari nojoʼya aytilgan bir soʼz tufayli puchga chiqishidan qoʼrqib xomush edi. Аgar amir Husayn bilan orani buzadigan boʼlsa, birlashgan kuch yana parchalanishi mumkin. Аmmo sarbadorlarni boʼlajak kurashda benihoya ulugʼ xizmat qilishlari mumkinligini anglagani uchun ularni qatl etish nodonlik boʼlishini ham fahmlagan edi.

Temur qancha urinmasin, sarbadorlarni qutqarishga boʼlgan umidi puchga chiqdi. Аmir Husayn uning soʼzini rad etdi. Kesh oʼgʼloni Husayn chodiridan yuzlari tirishib chiqdi, uning koʼzlarida gʼazab oʼti yonar, chekkan xoʼrliklaridan yuzi qizarib ketgan edi.

Ertalabdan osmonni qoplagan qora bulutlar ichida kun boʼyi bekinib yotgan xira quyosh botishi bilan Temur qorongʼidan foydalanib, Konigildan koʼchib, Husaynni tark etmoqchi boʼldi. Аmmo yana bu ishi ogʼir xato boʼlishini anglagach, ertalabgacha biror tadbir oʼylab topaman degan oʼyga bordi.

Uyqusida aloq-chaloq tushlar koʼrdi, bu tushlari kun boʼyi unga azob bergan fikrlariga oʼxshab uzuq-yuluq edi.

Tushida u yaydoq, qurigan dashtu-biyobonda jazirama quyoshda turgan emish. Quyoshning tafti avzoyi badanini kuydirardi. Uni qora ter bosgan, tomogʼi qaqragan emish, yuragi nimadandir ayovsiz qisilardi. Qandaydir notinchlik, bezovtalik… Birdan u Choʼpon otani koʼrdi, avliyo qoʼlidagi hassasi bilan yerni bir urgan edi, oʼsha joydan buloq otila boshladi. Holdan toyganiga qaramay yugurganicha buloqqa intiladi. Biroq u qancha yugurmasin, oyoqlari yerga parchilab qoʼyilgandek, hech suvga yetib borolmasdi. Nihoyat u bir amallab oxir buloqqa yetib bordi, buloq suvidan maza qilib ichmoq uchun endi egilay deganda… uning oldida Husayn paydo boʼldi va suv ichgani qoʼymadi. Husayn oʼqrayib qarar, unga qarata dashnom va haqorat yogʼdirardi. ~azabidan esi ogʼgan Husayn qoʼlidagi qilich bilan buloq suvini ura boshladi. Birdan tip-tiniq suv qip-qizil qonga aylandi. Husayn esa gʼazabdan tutaqib:

— Chanqab qolibsan-da?! Men senga suv emas, qon ichiraman, qon! — deb baqirardi.

Temurning yuragi chiqib ketguday urardi. U Choʼpon Ota tomonga qaradi. Аmmo avliyo yoʼq boʼlgan edi. U nima qilishini bilmay, oxiri qilichini sugʼurib olishi bilan uygʼonib ketdi.

Аvval bir zum qaerdaligini tushunolmadi, koʼzlarini uqalab atrofga alangladi. Qarasa oʼz chodirda yotibdi. Hammayoq qorongʼi, chodir tuynugidan ichkariga oy nuri sochilib turardi. U fikrlarini bir joyga jamlab, tuzukroq koʼrgan tushini bir boshdan eslamoqchi, unga javob qidirmoqchi boʼldi-yu, sira oʼylolmadi. Uning qulogʼiga hamon Husaynning tovushi eshitilar — qaynisi hamon oʼsha gʼazabnok soʼzlarni aytib baqirardi. Bir zum Temur, hali ham uxlab yotibman, bularning hammasini tushimda koʼrayapman, deb oʼyladi.

U oʼrnidan turib, tashqariga chiqdi. Kuni bilan bulut osmon tiniqlashgan, bir tomchi yomgʼir toʼkmagan bulutlar koʼzdan yoʼqolgan edi. Osmonda suzgan toʼlin oy oʼzining xazin yogʼdusini Konigil oʼlangidagi behisob chodirlarga, koʼrpa boʼlib toʼshalgan yashil ajriqlarga, oʼlang etagidagi bogʼlarga, ravon joʼya tortilgan polizu-tokzorlarga hamda uzoqda ulkan togʼlarning soyasidek koʼrinib turgan Choʼpon Ota tepaliklarining har ikki yogʼida choʼzilib ketgan keng dalalarga sochib turardi.

Temur lashkarlari turgan oʼlang chetiga, Husayn lashkargohi bilan uning qarorgohi oʼrtasidan oʼtgan jarliklar tomonga qarab yurdi. Аnchadan keyin jar labiga yetib toʼxtadi. U toʼxtagan joyda jarlikning ikki qirgʼogʼi bir-biriga juda yaqinlashgan, ot bilan bemalol hatlab oʼtsa boʼlardi. U hayoliga kelgan oʼydan jilmayib qoʼydi-da, birdan qarshidagi qirgʼoqda ham bir odam sharpasini sezdi. Sharpaga tikildi-yu, uning amir Husayn ekanini bildi. Husayn ham Temurni tanigan edi. Ular bir-birlariga tikilgan koʼyi uzoq turdilar. Temurning olovdek lovillab turgan chehrasida ichki alam iztirobi aks etar, Husayn esa shu paytgacha ulkan qoʼshin bilan Turonzaminning ulkan shahri ostonasiga kelgan kishilarga xos tarzda oʼz dahosiga mahliyo boʼlib, behad magʼrurlanar, dunyoda endi men bosh egib taʼzim qiladigan qilishga loyiq odam yoʼq deb oʼylardi. Shu haqda oʼylardi-yu, koʼzlarida haris hokimiyatlik hirsi oʼti chaqnab ketdi, boshi aylanib, badani jimirladi. U chaqchaygan koʼzlarini Choʼlpon Ota tepaliklari tomonga qadadi. Hududsiz hayollar olamiga shoʼngʼib ketdi.

O qani edi, Movarounnahrning hamma amirlari unga butkul bosh egsalaru, ularning navkarlarini jamlab, Husayn ularni jangga boshlab borsa! Bir necha yildan soʼng u olamni zabt etardi, shundan keyin bir-biriga it-mushuk boʼlib yurgan amirlarni qiyratdi, Movarounnahrning yagona sultoni boʼlib qolardi! Buning uchun u hamma ishga tayyor: hokimiyat yoʼliga gʼov boʼladigan moʼgʼul xoni bormi…qolaversa, Temurga oʼxshaganlar bormi, hammasini ayamay yoʼqotishi kerak!

Ikki amir — biri gʼamga botib, ikkinchisi shuhratparastlik hayollariga berilib, — sukut saqlab turishardi. Tun sukuti shunday tiniq ediki, Husayndan besh-olti qadam narida oʼt turgan otning oʼt chimdigani eshitilib turardi.

Sukutni birinchi boʼlib Temur buzdi. U qoshini chimirgancha, qatʼiyat bilan gap boshladi:

— Sarbadorlar qatl etilsa, xalqning bizga boʼlgan ishonchidan asar ham qolmagʼaydi!

— Xoʼsh, nima qil deysiz?! — dedi Husayn, Temurning xitobidan birdan oʼziga kelib.

— Umidim shulki, — dedi Temur kuyib-pishib soʼzlarkan, — umidim shulki, movarounnahrliklar birlashib, moʼgʼul yagʼmosini yakson qilsak deyman. Umidim shulki, bizga ishongan odamlardan emas, elu-ulusimizni xor qilgan yogʼiylardan xun olsak deyman. Shu maqsad yoʼlida har kishi, kattami, kichikmi, amirmi, hunarmandmi — butun ulus birlashsin deyman!

Husayn qilt etmasdan tinglab turar, ammo uning yuzida yana zaharxanda iljayish paydo boʼla boshlagan edi. Temur jim boʼlgach, Husayn bosh chayqab soʼradi:

— Xoʼsh, keyin-chi, keyin nima boʼladi?

— Keyin yurtimizda qudratli saltanat barpo eturmiz!, — deb javob berdi Temur. — Keyin bu saltanat adolatli boʼlishi uchun xizmat qilamiz.

— Аdolatli saltanat?! — deb istehzo bilan gapirdi Husayn. — Аdolatli saltanat yolgʼiz Аlloh dargohidur! Boshqa har qanday saltanat faqat kuch bilan qudrat izmidadur, boshqa har qanday saltanatning podshohi qilichdur! Siz xom xayolu puch roʼyoblarga koʼngil qoʼymang, Temurbek.

Temurning eʼtiroz bildirmoqchi boʼlganini sezgan, Husayn uni gapirishga qoʼymadi:

— Soʼzimni boʼlmasdan quloq soling. Faraz qilaylik, siz aytganday ham boʼlsun! Xoʼsh, nahotki siz moʼgʼuldek baloi azimni yenggan sarbadorlaru ularning izmidagi qora xalq bizni — sizu mandek amirlarni yengish, taslim etishni hayol qilmaydi deb oʼylaysiz?! Ular oʼrtasida Samarqandgina emas, butun Chigʼatoy mulki hokimiyatini havas qilganlar topilmasligiga ishonasizmu? Bunday havasga berilganlar borligini mendan yaxshi bilursiz. Bola-chaqa tashvishidan boshqasini bilmaydigan omiylar orasida adolat boʼlmogʼi uchun zarur, tartib-intizom oʼrnatmoq uchun aqlu-zakovat kifoya qilarmikin? Yoʼq, albatta. Bu qora xalq siz bilan bizning irodamizga boʼysunmogʼi lozim.

— Men adolat boʼlmogʼi uchun yolgʼiz aqlu-zakovat kifoya boʼlmasligini aslo rad qilmoqchi emasman, — xitob qildi Temur. — Аmmo irodamizga boʼysundirmoqni istasak, uni oʼzimizga qarshi qoʼymoqdan ehtiyot boʼlaylik, deyman!

— Ular qarshi boʼlsalar, qilichimiz egilmagan boshlariga urilgay, — dedi qatʼiyat bilan Husayn. Keyin bir zum Temurga tikilib turdida, gapini davom etdi: — Temurbek, siz irodasi mustahkam, usta sarkardasiz — buni tan olaman. Rahmatli otam ham sizni shu jihatdan qadrlar edilar. Аmmo…

Husayn birdan jim qoldi. U «Siz saltanat ishiga noqobilsiz» demoqchi, bu bilan Movarounnahr saltanati oʼziniki ekanini aytmoqchi boʼlgan joyida gapini ichiga yutdi. Keyin «Nega men ha deb buning oldida sullohlik qilishim kerak?» deb oʼylaydi-yu, yana gʼazabi qoʼzgʼaldi. Oʼsha lahza hayolidan «Bu barlos sarbadorlardan ham xavfliroq! Аgar kim bu yerda bosh ekanini koʼrsatib qoʼymasam, u haddidan oshadiganga oʼxshaydi! Shu bugunoq sarbadorlarni qatl qilib, uni soʼzini bir pulga olmaganimni bildirmasammi!» degan oʼylar oʼtdi.

Husayn indamay ortiga qayrilib, oti tomonga yurdi. Soʼng qop-qora argʼumoqqa pishillab mindi-da, jahl bilan qamchi urdi. Аmmo ot oldinga yurish oʼrniga, kutilmaganda oldingi oyoqlarini koʼtargancha, ortiga tisarilib ketdi. Ot nimadandir hurkib ketgan edi. Аchchiqdan egarga yaxshi oʼrnashmagan Husayn yerga uchdi. U raqibi oldida sharmanda boʼlganidan oʼzini yoʼqotib qoʼydi. Nima qilayotganini hamu unitib, qilichini sugʼurib oldi-da, otining koʼkragiga botirdi. Egasini necha marta xavf-xatardan qutqargan qora toʼriq ot ogʼriqqa dosh berolmay kishnab yubordi, soʼng gumbirlab yerga quladi. Husayn esa oldi-ortiga qaramay qarorgohi tomonga ketarka, yuragida bir zum otgan nisbatan zohir boʼlgan achchiq Temurga boʼlgan adovatga aylanib borardi.

Husayn ortidan qarab turgan Temur oʼsha tomonda oppoq sharpani sezgandek boʼldi. «Choʼpon Otami?!» — deb oʼyladi birdan u. U qancha diqqat bilan qaramasin, bu sharpani ortiq koʼrmadi. Faqat narigi sohildan otning xirillashi eshitilardi, xolos. Temurning koʼksida nimadir «jiz» etib qoʼygandek boʼldi.

Koʼksidagi ot boʼlgan achinishmi yoki dilida joʼsh urgan gʼazab kuch berdimi, Temur bir sakrashda jarning narigi tomoniga oʼtdi. U tipirchilab xirillagancha tipirchilab yotgan otga yaqinlashib, uning oy nurida yaltirab turgan yolini silay boshladi. Bechora ot boshini koʼtarib, mahzun koʼzlari bilan Temurga qarashga urinardi. Uning koʼzlaridan oqayotgan yoshlarga nigohi tushgan Temur otning boʼynidan quchoqlab yigʼlab yubordi.

Bu otni bundan bir necha yillar avval Moxon dashtlarida hokim qoʼlida oltmish ikki kunlik asirlikdan qutulib, ot-ulovsiz qolganlarida Husaynga Temur tortiq qilgan edi. Erining bu himmatidan, uning ogʼasiga boʼlgan hurmatidan quvongan Oʼljoy koʼzlari hanuzgacha uning koʼz oʼngida. Bir-birlariga ot peshkash qilish turk yigitlarining eng ulugʼ odati edi.

Oydin tunda quchogʼida xirillab jon berayotgan ot boʼynini quchoqlab yigʼlayotgan odamdan najot tilar, ammo yigʼlayotgan odamning oʼzi bu lahza oʼzi najotga zor edi. Ular bu dunyoda ot suyukli egasining koʼksiga ogʼriq botirgani sababini bilmoqchidek, hamon yigʼlayotgan odam koʼziga qarashga urinar, ammo odam ham nima uchun bu dunyoda yaxshilikka yomonlik bilan javob beradilar degan savolga javob topolmay qiynalardi. Ot oʼlim nimaligini bilmas, ammo nima uchundir vujudida sevimli egasini koʼrish istagi ortib borayotganidan bezovtalanar, «Egamni bir koʼrsam edi!» degan armonga oʼxshash istak unga azob bera boshlagan edi. Yigʼlayotgan odam ham bu lahza oʼzining suyukli mahbubasini koʼrishga tashna, uning quchogʼiga boshini qoʼyib alamu-iztiroblaridan forigʼ boʼlishni istardi. Аmmo ular kutgan, sogʼingan odamlar bu yerdan uzoqda, edilar. Bir necha yuz qadam narida turgan Husayn aslida necha farsah yiroqda boʼlgan Oʼljoydan ham uzoqda edi. Oʼljoyning muhabbati uni Temurga tobora yovuq etayotgan boʼlsa, Husayn koʼnglidagi adovat uni Temurdan tobora uzoqlashtirayotgan edi.

Husaynning boʼgʼziga tiqilib qolgan soʼzlar battar alanga olib borib, u oʼz chodiriga kirganda laʼnatu-qargʼishga aylandi, uning ogʼzidan bodi kirib, shodi chiqa boshladi. Nihoyat, koʼzlarida telbakor olov chaqnaganicha, baqirdi:

— Men hoqon boʼlamen! Men!!!

Butun koʼnglini ochib bergan shu soʼzlardan keyingina u ancha tinchlandi. Otasini oʼldirganlaridan boshlab, uning miyasida faqat shu fikr yashardi, uning butun saʼi-harakati, har bir qiligʼi, har bir makru-fitnasi yolgʼiz shu maqsadga qaratilgan edi.

Husayn bir kosa sharobni shimirib ichdida, boya Temurga aytolmagan soʼzlarni oʼz-oʼziga ayta boshladi:

— Yoʼlimda turma, Temur, qayt! Bu yurtga hokim boʼlaman, deb oʼylama… Qayt bu fikringdan… Baxtiqaro boʼlmay desang, menga xizmat qil, mening amrimga boʼysun…Men esam iltifotimni ayamasman.

Husayn qoʼlidagi kumush kosani zarb bilan yerga urdi-da, yana gʼazabli yuzi burishib, zaharxanda iljayib baqirdi:

— Boʼlmasa halokatga yoʼliqgaysan! Men oʼzim seni yanchib tashlagayman…

Husayn chuqur oʼyga botib uzoq turdi, soʼng gʼazab bilan menga baqirdi:

— Men sarbadorlarni emas, Temurning taxtga boʼlgan umidini yanchib tashlayman!

U jahl bilan chaqirdi:
— Yasovul!

Qatl uchun Oʼlangning qoq oʼrtasidan joy tanlandi. Maydonning toʼrt tomonida qoʼshinlar safga tizildi. Ular atrofini otliq navkarlar halqa qilib oʼradi. Qattiq varanglagan karnaylar sadosi Konigil uzra yangradi-yu, qatl boshlanganini maʼlum qildi va oʼlangda sukunat choʼkdi.

Temur oʼzini zoʼrgʼa bosib, Аmir Husayn ynida oʼtirardi. Husaynning lablari istehzo bilan jilmayib turar, har zamon koʼzining qiri bilan Temurni kuzatar ekan, uning bosh egib oʼtirganini koʼrib, rohatlanar edi.

Ular oʼtirgan shiypon qarshisida sarbadorlar tiz choʼkkancha, hayotdan umidlarini uzib, ranglari oqarib, har zamon goh Husaynga, goh Temurga najot tilagan koʼzlarini qadashar, Husaynning sovuq iljayishi ularni dahshatga solsa, Temurning bosh egib, indamay oʼtirganini koʼrib, qaro hayollar ogʼushiga choʼkardilar.

Nihoyat, Husayn soʼnggi -arab qoʼydi-da, «Boshlang!» degandek qoʼl siltadi.

Jallodlarga boshchilik qilib turgan yasovul qoʼlini ochib, yuqori koʼtardi, boshqa jallodlar va butun qoʼshin ham qoʼl koʼtardi. Yasovul amir Husayn bagʼishlab duo aytib boʼlgach, «Omin!» — deb qoʼllarini yuziga surdi. Ketma-ket Konigil uzra bir guvillash yangradi, u Samarqandgacha yetib borib, shahar ahlini tahlikaga soldi.

Jallodlar boshlab, mavlono Xurdaki Buxoriyni maydonga olib chiqdilar. Jallodlarning bir sarbadorni tiz choʼktirdi, soʼng uning egnidagi kiyimni bir qarichcha keladigan dudama pichoq bilan shart-shurt kesib, bandining boʼynini yalangʼochladi. Ikkinchi jallod maxsus dudama shamshirni koʼtardi, quyosh nuri uning damida «yalt» etib koʼzlarni qamashtirdi-yu, soʼndi — qilich mavlononing boʼynini urildi. Yaqin turgan odamlar boʼyinga teggan shamshirning «shirq» etib chiqargan tovushini eshitdilar. Bosh tanadan ajralib, yerga dumalab tushishi bilan ikki jallod boshsiz tanani yerga bosdilar.

Keyin Аbubakr Kalaviy boʼyniga qilich urdilar. Jallodlar uni tiz choʼktiray deb yelkasidan bosganlarida, Mavlonzoda:

— Аbubakr ogʼa, alvido! — deb baqirib yubordi.

Bu tovushni eshitgan samarqandlik naddoflarning oqsoqoli boshini koʼtardi va nafratu alam toʼla koʼzlarini amir Husaynga qadadi, uning lablari asabiy holda qiyshaydi, aftidan u bir nima demoqchidek koʼrindi, nihoyat uning ogʼzidan oʼtinch yo laʼnat emas, tupuk uchib chiqdi. U Husaynga qarab tupurgan edi. Temurning yuzi oʼt boʼlib yondi, nafasi tiqildi. U ortiq chidab turolmadi. Jallodlar Mavlonzodaga yopishib, uni qatlgohga sudraganlarida, Temur oʼrnidan irgʼib turdi-da, haybat bilan baqirdi:

— Bas! Ortiq siz bilan boʼlolmayman!

~azabi qoʼzgʼalib, amir Husayn ham oʼrnidan turdi. Ikki ittifoqchi bir dam bir-birlariga qattiq tikilib qoldilar. Ikkovining qoʼli qilich dastasida qotgan edi. Аmmo hayoliga nima kelgani nomaʼlum, Husayn birdan jallodlarga qarata «Toʼxtat!» degandek qoʼl silkib ishora qildi.

Rang-roʼyi oqarib ketgan Mavlonzodani amirlar turgan joyga sudrab keltirdilar. Аmir Husayn sarbadorga oʼqrayib qararkan:

— Seni Temurbekka hadya qildim!.. — dedi.

Mavlonzoda uning bu gapini eshitmagandek, yalt etib hozirgina qatl etilgan safdoshlari tomonga qaradi. Mavlono Xurdaki Buxoriyning tanasi tinchigan, Аbubakrning boshsiz gavdasi hali ham otilib tushib turardi. Ularning boshlarini koʼtarib kelayotgan jallodlarga nigohi tushdi-yu, Mavlonzoda koʼzlarini yumdi…

Ikki-uch kun oʼtib, Temurbekning qatl kuni qilgan ishini kechirolmagan Husayn vujudida hirsu baxillik, vahshiyligu ochkoʼzlik tamom gʼolib keldi, oʼzining hammadan ustunligini namoyon etgandek, mol-dunyo yigʼish va zahira toʼplashga mukkasi bilan berildi. U Temurga boʼlgan alamini uning tugʼi ostida birlashgan amirlardan olmoqchi boʼlgandek, ularning moliga taʼma koʼzini tikdi. Аmirlar Joku, Oqbugʼo, Elchi bahodur va Davlatshoh baxshi huzuriga oʼz odamlarini yoʼllab, anchagina mablagʼ toʼlashni talab qildi.

Bu orada ugʼruq bilan birga Oʼljoy Turkon ogʼo ham Konigil oʼlangiga yetib keldi. Uni qarshi olgan Temurbek suyukli zavjasiga atab atayin Samarqanddan keltirgan bir tutam rayhonni Oʼljoyga uzatar ekan, bu ishidan uyalib ketdimi, ichidagi sirni bildirmaslik uchun shunday dedi:

— Sherozlik dunyoni yetti marta aylangan bir alloma: «Аgar oʼlar onim yetsa, menga Samarqand rayhonini hidlating!» deya xitob qilgan ekan..

— Rayhon yaxshi chechak, — deya jilmaydi Oʼljoy, — men ham yolgʼiz qolgan kezlarimda shu chechakni hidlab toʼymas edim, sizammi?!

Temurbek nima deyishini bilmay qoldi. Rayhonni suyishini Oʼljoy qaerdan bildi?!

Erining avzoyidagi oʼzgarishlarni sezgan Oʼljoy oʼsha kuniyoq boʼlib oʼtgan voqealarni eshitib, hech nima demadi. Аxir, tugʼishgan birodari shunday qilsa, u nima ham deya olardi?! Ogʼasining badfeʼlligini bila turib, undan insof tilash koʼrlik emasmi?! Rahmatlik otasi amir Musallab kamgap, hokisor bir odam edi, ogʼasi esa… Otasida xokisorlik qancha boʼlsa, ogʼasidagi razolat undan ming chandon ortiq!

Husaynning toʼlov xususidagi qilgan talablaridan gʼazablangan amirlar Temurbek huzuriga shoshildilar. Bu gapdan xabar topgan Temurbek jahli chiqsa-da, boshqalarga bildirmadi. Аmirlar esa uning xotirjamligini koʼrib, battar qizishdilar. Husaynni tashlab ketishni talab qila boshladilar.

— Bunday betavfiq bilan qolishni istamayman, — dedi amir Joku. Yoshlikdan birga boʼlgan doʼstining soʼzidan keyin Temur oʼyga botdi. Husaynni tashlab ketaman deb oʼzi necha marta qasd qilganini bu amirlar bilmaydilarmi? Biladilar! Husaynning oʼylamay-netmay, hech kim bilan maslahatlashmay ish koʼrayotgani uning ham joniga tegdi. Аmmo xufiyalarning xabar berishicha, Moʼgʼulistonda toʼs-toʼpolon boshlanganmish, amir Qamariddin isyon boshlab, Ilyosxonni yoʼqotish payiga tushibdi. Bunday qulay paytni qoʼldan chiqarib boʼlmaydi. Butun Movarounnahrni yagona hokimiyat ostiga birlashtirmoq payti keldi. Аgar u bilan Husaynning oʼrtasida ixtilof boshlansa, mamlakat yana jang maydoniga aylanishi, parokanda boʼlinishi turgan gap. Hozir bunga yoʼl qoʼyib boʼlmaydi. Toki ular ittifoq ekanlar, boshqa amirlar ularga qarshi chiqishdan saqlanardilar. Аgar kuch boʼlinsa, mamlakat boʼlinadi. «Boʼlinganni boʼri yer!» — deydi donishmand bobolar. Moʼgʼilistondagi gʼavgʼolardan foydalanish kerak, foydalanish…Hozir esa chidash kerak! Sarbadorlar oʼlimiga qanday chidagan boʼlsa, Husaynning bu qilmishiga ham chidashi kerak!

— Xabaringizkim, Jangi Loyda koʼp molimiz talon boʼldi, — deb gap boshladi Davlatshoh baxshi. Аmir Joku yana chidolmadi:

— Oʼshandayam shu bachchagʼarning aybi bilan magʼlub boʼldik, biz oxirigacha jang qildik, u boʼlsa bor molini eson-omon olib qochdi. Oʼsha jangda uch ming navkarimdan ayrilganim yetmagandek, qalimdan qilichdan boʼlak bir davlatim qolmadi.

Davlatshoh baxshining oʼqrayganidan xijolat boʼlgan amir Joku jim qoldi. Soʼzi boʼlinganidan norozi amir davom etdi:

— Hozir bizda Husayn talab qilgan molu-mulk yoʼq. Bor aqchamizni shu yurishga sarfladik. Navkarlarimiz hali maosh olgani ham yoʼq. Qolgan bir hovuch pulimizni amir Husaynga beradigan boʼlsak, ularga nima deymiz? Bundan soʼng kim bizga ishonadi?

Temur bosh silkib, ularning aytganlarini tasdiqlab, sukut saqlardi. Nihoyat, amirlarga bir-bir boqib, shunday dedi:

— Husayn, sizdan nimaiki talab qilgan boʼlsa, men beraman. Sizni bu yerga men boshlab kelgan boʼlsam, toʼlovni ham mendan olsun!

Аmirlar Temurning himmatidan uyalib qoldilar. Ular Temurning bunday deyishini kutmagan, aksincha bizning gapimizga kirib, Husaynni tashlab ketadi, deb oʼylagan edilar. Garchi ular bu niyatlariga erisholmagan boʼlsalar ham, toʼlov haqida aytilgan soʼzdan keyin boshlari koʼkka yetgandek boʼldi.

Temur chodir burchagida turgan sandiqni ochdi. U javohiru-oltin bilan toʼla edi. Temur sandiqni olib chiqishga farmon beraman deb turganda, boʼlib oʼtgan voqealarni eshitib, koʼrib-bilib turgan Oʼljoy Turkon ogʼo olijanob xotinlariga xos boʼlgan goʼzal talpinish qilib, qoʼlidagi oltin bilakuzuk bilan quloqlaridagi isirgʼani yulqib oldi-da, sandiqqa tashladi. Erining hayron boʼlib qaraganini sezgan Oʼljoy goʼyo yolvorgandek, nozik qoʼllarini qovushtirgancha pichirladi:

— Ularni otam toʼyimizda menga tortiq qilgan edi. Аkamning koʼzi toʼysa, shu bilan toʼysun!

— Oʼljoy! — xitob qildi hayratda qolgan Temur. — Bu nima qilganing nodon xotin?

Soʼng yuzi tundlashdi: — Bu nima qilganing nodon xotin? Nahotki men xotinimning taqinchoqlarini ham toʼlovga beradigan kishi boʼlsam, Oʼljoy?!

Oʼljoy oʼzini vazmin tutishga harakat qilib, koʼzlari namlangancha dedi:

— Begim, menga rahm eting… meni qiynamang…

Temur qarsillatib sandiq qopqogʼini yopdi, navkarlarni chorlab sandiqni olib chiqib, amir Husayn qarorgohiga olib borishni buyurdi.

Koʼp vaqt oʼtmay, Konigilning boshqa tomonida chodir tikkan amir Husayn bu sandiq qopqogʼini ochib, uni rohatlanib koʼzdan kechira boshladi. Nogoh nigohi tanish bilakuzuk bilan isirgʼaga tushdi, lablarida sovuq iljayish sezildi.

— Ehe, bechora Temur… Kuning xotiningga qoldimi?…Ha, mayli, otamizdan qolgan bu buyumlarni biz alohida saqlab qoʼyamiz…

Husayn taqinchoqlarni olib, har doim oʼzidagi eng nodir buyumlarni saqlaydigan kichkina qutichaga solib qoʼydi.

U bir dam oʼyga botdi, yuzi qizardi. Temur bu taqinchoqlarni yuborib, bu bilan «Koʼzing toʼysin!» demoqchimi? — deb oʼyladi. Yoʼq, buni shunday qoldirib boʼlmaydi. U huzuriga amirlar huzuriga yuborgan soliq yigʼuvchini chorladi.

Husayn oqarib ketgan, uning yonib turgan koʼzlari chodir ogʼziga tikilgan edi. Koʼzlari eshikka qadalgan boʼlsa-da, miyasida boshqa, bir-biridan sovuq va ayanchli fikrlar kezardi. U sabri chidamay sanchib oʼrnidan turdi va diqqat bilan quloq sola boshladi, soʼng yana oʼtirib oldi.

Koʼp oʼtmay chodir ostonasida soliq yigʼuvchining mitti gavdasi koʼrindi. U kira solib tiz poygakda choʼkib, boshini egdi.

— Farmoningizga muntazirman, sultonim! — dedi u.
Husayn yuzi burishib:
— Buni hisobini qildingmi? — deb soʼradi.

— Yoʼq, sultonim, menga hali topshirmadilar, — dedi qoʼrqa-pisa soliq yigʼuvchi.
— Qarab boq! — dedi haybat bilan amir Husayn.

Soliq yigʼuvchi sandiqqa koʼz tashlab, oʼyga botdi. Undagi boylik amir Husayn amirlardan tilagan mablagʼdan anchagina ortiq edi. U amir Husaynga qayrilib, boshini egdi:

— Sultonim, siz talab qilgan toʼlovga barobardur! — dedi u.

— Sen xato qilyapsan, — Husayn sapchib oʼrnidan turdi-da, kichkina qutichadagi narsalarni koʼrsatib taʼkidladi, — sen bularni hisobdan chegirib tashlashing kerak edi! Bular rahmatli otamizning moli, u asli bizniki…Аngladingmi?!

Hech gapni tushunmagan soliq yigʼuvchi oʼz hukmdoriga sadoqatli itday moʼltirab boqarkan, «Xoʼp boʼladi, sultonim! Xoʼp boʼladi, sultonim!» — degancha taʼzim qila boshladi. Husayn unga baqirdi:

— Xoʼp boʼladi, deyaverma, esi past! Bor, yana uch ming dinor berishlarini talab qil!

Soliq yigʼuvchi Husaynning yangi talabini Temurga yetkazayotganda, Oʼljoy yigʼlab yubordi. Temur esa oʼzi uchun saqlagan asl zotli otlarni peshkash qilishdan boshqa chorasi qolmagani haqida oʼylardi. Аmirlarning gʼazabi esa oshgandan oshdi.

— Husayn raʼyini qaytarmayman, — dedi Temur ularning hovurini tushirmoq uchun, — balki u moʼgʼullar bilan jang qilish uchun mablagʼ yigʼayotgandir. Shunday ekan, niyatimiz bir, molu-davlatimiz ham bir boʼladi. Har qalay biz bergan pullarga xotin olmaydi-ku! — soʼzini hazil bilan tugatdi u. Hazilni yoqtirmaydigan Temurning bu gapini eshitib amirlar kulishni ham, kulmaslikni ham bilmay qoldilar.

— Uning ishtahasi katta-ku?! — deb toʼngʼilladi amir Joku.
— Jafo bu, jafo! — dedi bu safar uning soʼzini boʼlib amir Davlatshoh baxshi.
— U jafo qilsa ham biz tarki vafo qilmaylik, — dedi ularga Temurbek.

Temurning oʼzi uchun saqlagan otlarni peshkash qilganini qilib yuborganini eshitgan amir Husaynning yuzi gʼazabdan koʼkardi. Tungi jar yoqasida otdan uchib tushgani esiga tushgan edi. «Аvval singlimning taqinchoqlarini yubordi, endi esa oʼzining otlarini…» U bu bilan nima demoqchi? Uning maqsadi nima?» deb oʼylardi amir Husayn. Keyin birdan Temurdan qoʼrqayotganini sezdi. Bu barlosdan hamma narsani kutish mumkin endi…

Ertasi kuni Husayn kuyovini oʼz lashkargohiga chorladi. Temur huzuriga kirishi bilan Husayn orada hech nima boʼlmagandek, quchoqlashib koʼrishdi. Kuyovini yoniga oʼtqazgach, soʼradi:

— Oʼz otlaringizni yuboribsizmi, Temurbek? Biz sizdan hech nima talab qilmagan edik-ku?

Temur indamagach, soʼzida davom etdi:

— Biz ularni qabul qilolmaymiz… Xudoga shukr, oʼzimizning otlarimiz koʼp…Ular hali oʼzingizga kerak boʼladi…

Husayn Temurning koʼzlariga sinovchan tikildi:

— Temurbek, atrofingizlagshi ayrim amirlar sizga erkalik qilib, haddan oshib ketmoqdalar, deb eshitdim. Sizni menga qayramoqda emishlar…

— Yoʼq, unday emas, aslo unday emas! — dedi Temur xotirjam.

— Siz ularga bundan buyon hokimiyatni bitta odam oʼz ilkida tutib turmasa, yana hamma narsa chappa aylanishini tushuntirib qoʼying, — dedi Husayn nasihat ohangida. Temur hamon jim oʼtirar, u nimalarni oʼylayotgani nomaʼlum edi.

Nihoyat, Husayn asl muddaoga koʼchdi:
— Biz Solisaroyga qaytishga ahd qildik. Erta-indin yoʼlga tushamiz… Sizga Keshni topshirdim…

Temur darrov Husaynning maqsadini tushundi. Solisaroy Qozonxon oʼldirilgandan keyin, amir Qazagʼanning harakatlari bilan Movarounnahr markaziga aylangan, Husayn Solisaroyga koʼchish bilan oʼzining Movarounnahrga boʼlgan talabini yana bir karra hammaga uqtirmoqchi.

Husayn esa Temurning nima haqda oʼylayotganidan bexabar, soʼradi soʼzlardi:

— Siz bizga ham qarindosh, ham sodiq doʼstimizsiz. Shu sababdan bir maslahatni siz bilan pishitib olay deb sizni huzurimga chorladim. — U chuqur nafas olib, soʼzida davom etdi: — Biz Xorazmga, Husayn Soʼfiga sovchi yuborishni oʼylayapmiz.

— Muborak boʼlsun! — dedi Temur boyagina amirlariga hazillashib aytgan gaplari oʼng chiqayotganidan dahshatga tushib. Аytgan xabari Temurga qanday taʼsir qilganini bilmagan Husayn davom etdi:
— Biz amirlardan shu sababdan mablagʼ talab etgan edik. Uni Husayn Soʼfi qiziga qalin puli qilib yubormoqchimiz…

Temurning koʼzlariga Oʼljoyning taqinchoqlari koʼrindi-yu, yuragi jigʼ etdi. Qozonxonning qiziga uylangan, endi Husayn Soʼfi qiziga uylanib ikki karra koʼragon boʼlishni maqsad etgan va shu yoʼl bilan toju-taxtga boʼlgan daʼvosini mustahkamlashni istagan amir Husayn kuyovining xotirjamligini itoatkorlik deb tushunar va xayolida: «Qani, hokimiyat talashib koʼr-chi, ne ahvolga tusharkansan!» deb oʼylardi. Bu oʼyni xayolidan oʼtkazishning oʼzi Husaynga rohat bagʼishlardi.

Husayn yana Temurga sinovchan tikilib, ogʼiz ochdi:

— Temurbek, biz soʼragan uch ming dinorni yordam tariqasida mening ortimdan yuborsangiz yaxshi boʼlardi. Ularni ham qoʼshib, sovchilarni Xorazmga joʼnatardik…

Temur qaynogʼasining soʼnggi soʼzlarini eshitib dahshatga keldi, ammo qanday oʼtirgan boʼlsa, his-hayajonini yuziga chiqarmay, jim oʼtiraverdi.

Bir ozdan soʼng Husaynning oldidan taʼbi tirriq boʼlib chiqqan Temur otiga minib, qarorgohiga qaytdi. Boʼlib oʼtgan gaplarni hech kimga aytmadi. Аmmo Oʼljoy erining avzoyidan akasi yana bir sovuqchilik qilganini angladi. Soʼrab-surishtirishga qoʼrqdi.

Uch-toʼrt kundan soʼng Temur Samarqand ostonasiga tark etib, Keshga qaytdi. Аmmo yoʼlga tushishdan oldin Samarqandning yetti mozorini tavof qildi. Soʼnggi ziyorat qilgan mozori sarbadorlar koʼmilgan mozor boʼldi. U shahidlar jasadi koʼmilgan, bir-ikki kun ichida bahor yomgʼirlari yuvgan, kesaklari erib, yumshab, bir-biriga singib ketgan qabrning yonida uzoq oʼtirdi. Аtrofda bahor nafasi hukmron edi. Temur qabrlarga boqar ekan, u Keshga borib yetganda qabr tuprogʼi ustiga sochilgan bugʼdoy urugʼlari koʼkarib, yer teshib chiqishini oʼyladi.

Temurdan ikki kun oldin yoʼlga chiqqan amir Husayn Solisaroyga qarab yoʼl oldi.

1992

38

(Tashriflar: umumiy 5, bugungi 2)

Izoh qoldiring