Ravshan Fayz: Men yoshlikni tark etib ketdim…

Ashampoo_Snap_2016.12.28_22h47m34s_001_.pngРавшан Файз таваллудининг 55 йиллигига бағишланади

    Равшан Файзнинг китобларини мутолаа қилсангиз, унинг бадиий ўхшатишлар, ташбеҳлар ва ифодалаш санъати ўқувчини ҳаяжонлантиради. Бир мухлис сифатида китобларини варақлаб, шоирнинг она Ватанига, элига, табиатга бўлган муҳаббатини, юртининг гўзаллиги, қишлоқларнинг тароватини қалбида узоқ вақт яшириб юролмаганига, содда, беғубор, танти ва чапани халқи ҳақида бетакрор мисралар яратишга шошганига гувоҳ бўласиз.

«МЕН ЁШЛИКНИ ТАРК ЭТИБ КЕТДИМ…»
Азим Баҳодир
045

0 64.jpgЧинакам бадиий асар китоб шайдоларини бир-бирига боғлаб туради. Муаллиф ва ўқувчининг ғойибона танишувига, фикр алмашишига, ҳатто юзма-юз кўришмасдан туриб гўё узоқ йиллик қадрдонлардай бир-бирининг дардини ҳис этиш, кўнглидагини топиш учун кўприк — восита бўлиб хизмат қилади. Бунда ижодкор томонидан қўлланилган сўз, ифода санъати, асарларининг тили, бир сўз билан айтганда, унинг юксак бадиий маҳорати муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Очиғини айтиш керак, бундай салоҳият, иқтидор ҳар қандай ижодкорда ҳам бўлавермайди. Шундан бўлса керак, ҳамма шеър ё ҳикоя ёзганлар элга танилавермайди. Чинакам истеъдодлиларгина бундай бахтга мушарраф бўлади. Ўзининг бадиий пишиқ, дилбар шеърлари билан мухлислар эътиборини қозона олган дилкаш шоирларимиздан бири Равшан Файз эди.

   1959 йилнинг 1 январида Самар­қанд вилояти Қўш­работ туманининг Қўралос қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. Талабалик йилларидаёқ тенгқурлари қатори “Шуъла” адабий тўгарагининг фаол иштирокчисига айланди. Шеърият синоатларидан баҳра олди. Кейинчалик “Ёшлик” журналида иш бошлаган шоир шеърларининг самимийлиги, ортиқча эҳтирос ва зўракиликдан холи бўлгани учун тезда адабиёт дарғалари ва мухлислар эътиборига тушди. Аммо…

Русларнинг машҳур шоири Борис Пастернак ўз шогирдларига: “Ҳеч қачон ўлим ҳақида ёзманглар, чунки уни эслашингиз билан қошингизда пайдо бўлади”, деб тайинлаган экан. Равшан Файз “Ташриф” шеърий тўпламида ўлим ҳақида шундай ёзган эди:

Меники бўлади бир куни шу ер,
Қайтмас руҳим кутиб жим-жит ётаман,
Шунда дийдалари юмшайдир ернинг
Ва мен оғушига ботиб кетаман.
Минг афсус, шоир ёзганидай бўлди.

Шеъриятни қисмат деб билиш, шеър ёзишни севиш Равшан Файзга баракали ижод қилиши учун омил бўлгани рост. Ҳа, у оз, аммо мазмунли яшади. Бир неча китобларини нашр этишга улгурди. Шоирнинг 1989 йилда чоп этилган “Ухлаётган одам”, 1990 йилда нашрдан чиққан “Ташриф” ва 1992 йилда дунё юзини кўрган “Мен шамолни тутволдим” китоблари фикримиз тасдиғидир. Унинг вафотидан кейин ҳам эълон қилинмай қолган ижод намуналари жамланиб, (“Кел, эй кўнглим”, 1997 йил) китоб ҳолида муштарийларга етказилди.

Равшан Файзнинг юқорида санаб ўтилган китобларини мутолаа қилсангиз, унинг бадиий ўхшатишлар, ташбеҳлар ва ифодалаш санъати ўқувчини ҳаяжонлантиради. Бир мухлис сифатида китобларини варақлаб, шоирнинг она Ватанига, элига, табиатга бўлган муҳаббатини, юртининг гўзаллиги, қишлоқларнинг тароватини қалбида узоқ вақт яшириб юролмаганига, содда, беғубор, танти ва чапани халқи ҳақида бетакрор мисралар яратишга шошганига гувоҳ бўласиз. Чиндан ҳам у кўнглидаги ҳис-туйғуларини дўстлари, ўқувчилари билан баҳам кўриш учун тезда қоғоз қоралаган. “Кейинги пайтларда у шошиб яшади, — деб хотирлайди уни билганлар. — Ёзган шеърларини ҳам бизга ўқиб беришга шошилди. Кўча-кўйдами ё телефондами ўқиб бераверарди. Сўнгги бор учрашганимизда у қувониб “Мен ҳар куни шеър ёзаяпман. Ишонасизларми, баъзи кунларда иккита-учтадан ҳам битаяпман. Энди ўзимни бутунлай шеърга, ижодга бағишлайман”, деганди”.

Ҳа, Равшан Файз қисқа вақт ичида кўп ва хўб шеър ёзишни эплади. Эътиборлиси, унинг тез ишлаши ижодининг сифатига салбий таъсир кўрсатмаган. Аксинча, шоирнинг сўнгги шеър­ларида бадиий ифоданинг юқорилиги, халқ оғзаки ижодини яхши ўрганганини сезиш мумкин. Айниқса, ўзбек халқ достонларини пухта билгани яққол кўринади.

Яна бир муҳим жиҳат: Равшан Файз ёзганларини қайта-қайта ишлашдан, уларга мурожаат этишдан эринмаган. Айнан мана шу хислат унинг битганлари бир-биридан “ширали” бўлишига хизмат қилгандир, балки. Жумладан, “Қишлоқдан қайтиш” шеъридаги:

Кўксимга орзулар солган, ота юрт,
Олис-олисларда қолган, ота юрт.
Келиб қоларми деб ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда қолган, ота юрт.

мисралари бошқа бир ашъорда тўлдирилиб, мукаммалаштирган. Яъни:

Кўнглима орзулар солган қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим,
Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.

Шоирнинг ўзига хослиги шу эдики, у жамиятда, табиатда юз бераётган бирор ўзгаришни эътиборидан четда қолдирмасди. Улардан имкони борича асарларида фойдаланишга ҳаракат қилган. Бу айнан ижодкорларни бир-биридан ажратиб турувчи “мен”идир. Бир ўринда у тол дарахти ҳақида шундай мисра тузади: “Ойдинда толлар сочин тарашгайдир” ёки табиатда камдан-кам учрайдиган ой тутилишидан таъсирланиб: “Ой тутилди. Куйган ойни кўргин, эй ёр”, деб ёзади.

Аҳамиятлиси, бу каби сатрларни Равшан Файз ижодида кўплаб учратиш мумкин. Айнан ушбу жиҳат унинг шеърлари умрбоқий эканини англатади. Шоирнинг энг асосий ютуқларидан бири — асарларининг тилидир. Содда, халқона сай­қаллаштирилган мисраларни каттаю кичик бир хил тушунади. Бу хусусият унга болаларга мўлжалланган шеърларни ҳам ёзишига кенг йўл очган. Ваҳоланки, бола учун ижод қилиш ўта масъулиятли ва машаққатлидир. Шунга қарамай, Равшан Файзнинг бу ишга қўл уриши унинг соҳа билимдонлигидан далолат.

Равшан Файз
ШЕЪРЛАР
092

  Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Кўралос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). «Ухлаётган одам» (1989), «Ташриф» (1990), «Кел, эй кўнглим» (1997) каби асарлари нашр этилган. «Мен шамолни тутволдим» (1992) шеърий тўплами болаларга бағишланган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автохалокат туфайли) вафот этган.

092

ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ

cc5f0c5ce00463f63803c31d61bc7092.JPG
Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни,
Орзу-ҳавас деган танти эл
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.

Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим:
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.

Улангандим юрагим билан
Асли сенинг жону жисмингта.
Энди яна бу дунё бир кам –
Орзуйим йўқ, армоним мингта!

Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир,
Қояларга урилган чоғим.

Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой.
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!

* * *

Мана, соҳилингдан кетяпман мен,
Ортимда қоляпсан сарғайиб, синиб.
Энди сенга сўзим: юрагингни енг.
Энди суратимга яша исиниб.

Эрка ҳисларимни янчиб бу лаҳза,
Кетяпман, кетяпман тенг бўлиб тошга.
Сен ҳам жим кузатган… агар хоҳласанг,
Юзларингни ювма, жоним, кўз ёшга.

Майли, сир бўлиб қол, асрор бўлиб қол,
Саволлар яшасин мен билан бирга.
Токи кун кечирмай бефарқ, бемалол,
Сени ўрганайин бутун умрга.

Хат-хабар қилсанг-да, юраганг тўлиб,
Бари бир тилингга бўлолган собир.
Токи сен деганда кўнгал тўқ бўлиб,
Шаҳарда хиёнат бўлмасин содир.

Кара, ич-ичимдан кетмоқдаман зил,
Қара, елканларин кўтарди кема.
Сен қорам ўчишин кутгил, сабр қил,
Сен қорам ўчгунча «Севаман!» дема.

* * *

Шошманг, қишлоғимга кетарман бир кун,
Кетарман отамдан қолган юртимга.
Ёқавайрон бўлмай, бўлмасдан дилхун
Кетарман, мен бунда керакман кимга?!

Биламан, қўлимдан тортқилар шамол,
Оёгам қўйвормас бу теп-текис ер.
Бари бир кетарман бефарқ, бемалол,
Кетарман, кифтимга қанот бўлар шеър.

Биламан, кетма, деб йиғлайди осмон,
Учолмас ўшанда бирон тайёра.
Мен эса кетарман шунчалар осон,
Кетарман, қайрилмай энг сўнгга бора.

Уйғониб ҳайронлар қоларсиз бот-бот,
Хат ҳам қолдирмайман ҳатто ҳеч кимга.
Кунчил кўнглингизни этганча обод,
Кетарман, отамдан қолган юртимга.

* * *

Кўнглимга орзулар солган қишлоғим,
Олис-олисларда қолган қишлоғим.
Келиб қоларми, деб ҳар саҳар, ҳар шом
Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўкдир.
Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адога йўкдир.
Айтгbл, селмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.
Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлаган йўл.
Кўзлари йўлимда толган қишлоғим…

* * *

Сени деб билмасман тиним нима ул,
Тежаб-тергаганим сеники буткул.
Юрагамни ютиб топганим сенга,
Тийинни-тийинга уриб топганим сенга.

Боболарим ётган ерларим қолар,
Шамоллар шовури — шеърларим қолар.
Узилган кунидан насибам, ноним
Сенгадир шеър ёзиб орттирган ноним.

То умр ўткинчи экан — нетарман,
Эртами-кеч барин ташлаб кетарман.
Кетарман тупроққа тенг бўлиб, илло,
Бу-чи парвойингта келмайди аммо.

Бойиси, сен ўжар боламсан, дунё,
Бўғзимга сиғмаган ноламсан, дунё.
Зорларни билмаган золим, зўримсан,
Дунё, сен энг эрка меросхўримсан.

* * *

Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангаз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умуман.

Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сўнмоқдадир косагул, алёр.

Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.
Мен яхши кўряпман сизни тобора…

045

“MEN YOSHLIKNI TARK ETIB KETDIM…”
Azim Bahodir
045

9d08b255d795f73a10aed4b17308ffa8.jpgChinakam badiiy asar kitob shaydolarini bir-biriga bog‘lab turadi. Muallif va o‘quvchining g‘oyibona tanishuviga, fikr almashishiga, hatto yuzma-yuz ko‘rishmasdan turib go‘yo uzoq yillik qadrdonlarday bir-birining dardini his etish, ko‘nglidagini topish uchun ko‘prik — vosita bo‘lib xizmat qiladi. Bunda ijodkor tomonidan qo‘llanilgan so‘z, ifoda san’ati, asarlarining tili, bir so‘z bilan aytganda, uning yuksak badiiy mahorati muhim ahamiyat kasb etishi, shubhasiz.

Ochig‘ini aytish kerak, bunday salohiyat, iqtidor har qanday ijodkorda ham bo‘lavermaydi. Shundan bo‘lsa kerak, hamma she’r yo hikoya yozganlar elga tanilavermaydi. Chinakam iste’dodlilargina bunday baxtga musharraf bo‘ladi. O‘zining badiiy pishiq, dilbar she’rlari bilan muxlislar e’tiborini qozona olgan dilkash shoirlarimizdan biri Ravshan Fayz edi.

   1959 yilning 1 yanvarida Samar­qand viloyati Qo‘sh­rabot tumanining Qo‘ralos qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDU (hozirgi O‘zMU)ning o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. Talabalik yillaridayoq tengqurlari qatori “Shu’la” adabiy to‘garagining faol ishtirokchisiga aylandi. She’riyat sinoatlaridan bahra oldi. Keyinchalik “Yoshlik” jurnalida ish boshlagan shoir she’rlarining samimiyligi, ortiqcha ehtiros va zo‘rakilikdan xoli bo‘lgani uchun tezda adabiyot darg‘alari va muxlislar e’tiboriga tushdi. Ammo…
Ruslarning mashhur shoiri Boris Pasternak o‘z shogirdlariga: “Hyech qachon o‘lim haqida yozmanglar, chunki uni eslashingiz bilan qoshingizda paydo bo‘ladi”, deb tayinlagan ekan. Ravshan Fayz “Tashrif” she’riy to‘plamida o‘lim haqida shunday yozgan edi:

Meniki bo‘ladi bir kuni shu yer,
Qaytmas ruhim kutib jim-jit yotaman,
Shunda diydalari yumshaydir yerning
Va men og‘ushiga botib ketaman.
Ming afsus, shoir yozganiday bo‘ldi.

She’riyatni qismat deb bilish, she’r yozishni sevish Ravshan Fayzga barakali ijod qilishi uchun omil bo‘lgani rost. Ha, u oz, ammo mazmunli yashadi. Bir necha kitoblarini nashr etishga ulgurdi. Shoirning 1989 yilda chop etilgan “Uxlayotgan odam”, 1990 yilda nashrdan chiqqan “Tashrif” va 1992 yilda dunyo yuzini ko‘rgan “Men shamolni tutvoldim” kitoblari fikrimiz tasdig‘idir. Uning vafotidan keyin ham e’lon qilinmay qolgan ijod namunalari jamlanib, (“Kel, ey ko‘nglim”, 1997 yil) kitob holida mushtariylarga yetkazildi.

Ravshan Fayzning yuqorida sanab o‘tilgan kitoblarini mutolaa qilsangiz, uning badiiy o‘xshatishlar, tashbehlar va ifodalash san’ati o‘quvchini hayajonlantiradi. Bir muxlis sifatida kitoblarini varaqlab, shoirning ona Vataniga, eliga, tabiatga bo‘lgan muhabbatini, yurtining go‘zalligi, qishloqlarning tarovatini qalbida uzoq vaqt yashirib yurolmaganiga, sodda, beg‘ubor, tanti va chapani xalqi haqida betakror misralar yaratishga shoshganiga guvoh bo‘lasiz. Chindan ham u ko‘nglidagi his-tuyg‘ularini do‘stlari, o‘quvchilari bilan baham ko‘rish uchun tezda qog‘oz qoralagan. “Keyingi paytlarda u shoshib yashadi, — deb xotirlaydi uni bilganlar. — Yozgan she’rlarini ham bizga o‘qib berishga shoshildi. Ko‘cha-ko‘ydami yo telefondami o‘qib beraverardi. So‘nggi bor uchrashganimizda u quvonib “Men har kuni she’r yozayapman. Ishonasizlarmi, ba’zi kunlarda ikkita-uchtadan ham bitayapman. Endi o‘zimni butunlay she’rga, ijodga bag‘ishlayman”, degandi”.

Ha, Ravshan Fayz qisqa vaqt ichida ko‘p va xo‘b she’r yozishni epladi. E’tiborlisi, uning tez ishlashi ijodining sifatiga salbiy ta’sir ko‘rsatmagan. Aksincha, shoirning so‘nggi she’r­larida badiiy ifodaning yuqoriligi, xalq og‘zaki ijodini yaxshi o‘rganganini sezish mumkin. Ayniqsa, o‘zbek xalq dostonlarini puxta bilgani yaqqol ko‘rinadi.

Yana bir muhim jihat: Ravshan Fayz yozganlarini qayta-qayta ishlashdan, ularga murojaat etishdan erinmagan. Aynan mana shu xislat uning bitganlari bir-biridan “shirali” bo‘lishiga xizmat qilgandir, balki. Jumladan, “Qishloqdan qaytish” she’ridagi:

Ko‘ksimga orzular solgan, ota yurt,
Olis-olislarda qolgan, ota yurt.
Kelib qolarmi deb har sahar, har shom,
Ko‘zlari yo‘limda qolgan, ota yurt.

misralari boshqa bir ash’orda to‘ldirilib, mukammalashtirgan. Ya’ni:

Ko‘nglima orzular solgan qishlog‘im,
Olis-olislarda qolgan, qishlog‘im,
Kelib qolarmi deb, har sahar, har shom,
Ko‘zlari yo‘limda tolgan, qishlog‘im.

Shoirning o‘ziga xosligi shu ediki, u jamiyatda, tabiatda yuz berayotgan biror o‘zgarishni e’tiboridan chetda qoldirmasdi. Ulardan imkoni boricha asarlarida foydalanishga harakat qilgan. Bu aynan ijodkorlarni bir-biridan ajratib turuvchi “men”idir. Bir o‘rinda u tol daraxti haqida shunday misra tuzadi: “Oydinda tollar sochin tarashgaydir” yoki tabiatda kamdan-kam uchraydigan oy tutilishidan ta’sirlanib: “Oy tutildi. Kuygan oyni ko‘rgin, ey yor”, deb yozadi.

Ahamiyatlisi, bu kabi satrlarni Ravshan Fayz ijodida ko‘plab uchratish mumkin. Aynan ushbu jihat uning she’rlari umrboqiy ekanini anglatadi. Shoirning eng asosiy yutuqlaridan biri — asarlarining tilidir. Sodda, xalqona say­qallashtirilgan misralarni kattayu kichik bir xil tushunadi. Bu xususiyat unga bolalarga mo‘ljallangan she’rlarni ham yozishiga keng yo‘l ochgan. Vaholanki, bola uchun ijod qilish o‘ta mas’uliyatli va mashaqqatlidir. Shunga qaramay, Ravshan Fayzning bu ishga qo‘l urishi uning soha bilimdonligidan dalolat.

Манба: www.uzhurriyat.uz/

Ravshan Fayz
SHE’RLAR
092

04Ravshan Fayz 1959 yil 1 yanvarda Samarqand viloyatining Qo’shrabot tumanidagi Ko’ralos qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning o’zbek filologiyasi fakul`tetini tamomlagan (1986). «Uxlayotgan odam» (1989), «Tashrif» (1990), «Kel, ey ko’nglim» (1997) kabi asarlari nashr etilgan. «Men shamolni tutvoldim» (1992) she’riy to’plami bolalarga bag’ishlangan. 1995 yil 30 avgustda Toshkent shahrida (avtoxalokat tufayli) vafot etgan.

092

QISHLOQ SOG’INCHI

Ey ota yurt, ey tug’ishgan el,
Men bir o’smir, men bitta gulni,
Orzu-havas degan tanti el
Qay bir bahor bag’ringdan yuldi.

So’ng taqdirga rahmatlar aytib,
O’shal yuksak orzumga yetdim:
Tinim bilmas devona, daydi
Shamollarga aylanib ketdim.

Ulangandim yuragim bilan
Asli sening jonu jismingta.
Endi yana bu dunyo bir kam –
Orzuyim yo’q, armonim mingta!

Endi tunlar yuragim og’rir,
Sog’inaman seni qishlog’im,
Dashtlaringni eslayman og’ir,
Qoyalarga urilgan chog’im.

Turib-turib keladi ko’rgim,
Sen-chi, sen ham sado bergin, hoy.
Bilinarmi hali ham o’rnim,
Og’riydimi men yulingan joy?!

* * *

Mana, sohilingdan ketyapman men,
Ortimda qolyapsan sarg’ayib, sinib.
Endi senga so’zim: yuragingni yeng.
Endi suratimga yasha isinib.

Erka hislarimni yanchib bu lahza,
Ketyapman, ketyapman teng bo’lib toshga.
Sen ham jim kuzatgan… agar xohlasang,
Yuzlaringni yuvma, jonim, ko’z yoshga.

Mayli, sir bo’lib qol, asror bo’lib qol,
Savollar yashasin men bilan birga.
Toki kun kechirmay befarq, bemalol,
Seni o’rganayin butun umrga.

Xat-xabar qilsang-da, yuragang to’lib,
Bari bir tilingga bo’lolgan sobir.
Toki sen deganda ko’ngal to’q bo’lib,
Shaharda xiyonat bo’lmasin sodir.

Kara, ich-ichimdan ketmoqdaman zil,
Qara, yelkanlarin ko’tardi kema.
Sen qoram o’chishin kutgil, sabr qil,
Sen qoram o’chguncha «Sevaman!» dema.

* * *

Shoshmang, qishlog’imga ketarman bir kun,
Ketarman otamdan qolgan yurtimga.
Yoqavayron bo’lmay, bo’lmasdan dilxun
Ketarman, men bunda kerakman kimga?!

Bilaman, qo’limdan tortqilar shamol,
Oyogam qo’yvormas bu tep-tekis yer.
Bari bir ketarman befarq, bemalol,
Ketarman, kiftimga qanot bo’lar she’r.

Bilaman, ketma, deb yig’laydi osmon,
Ucholmas o’shanda biron tayyora.
Men esa ketarman shunchalar oson,
Ketarman, qayrilmay eng so’ngga bora.

Uyg’onib hayronlar qolarsiz bot-bot,
Xat ham qoldirmayman hatto hech kimga.
Kunchil ko’nglingizni etgancha obod,
Ketarman, otamdan qolgan yurtimga.

* * *

Ko’nglimga orzular solgan qishlog’im,
Olis-olislarda qolgan qishlog’im.
Kelib qolarmi, deb har sahar, har shom
Ko’zlari yo’limda tolgan qishlog’im.

Mening maqsadimdan ko’nglim ko’p to’qdir,
Armon nishoniga tegmagan o’kdir.
Orzuning izmida hamon hayotim,
Lekin bu yo’llarning adoga yo’kdir.
Aytgbl, selmasmidi men tanlagan yo’l,
Sayrga elmasmidi men tanlagan yo’l.
Olis-olislarda ovoradurman,
Borsa-kelmasmidi men tanlagan yo’l.
Ko’zlari yo’limda tolgan qishlog’im…

* * *

Seni deb bilmasman tinim nima ul,
Tejab-tergaganim seniki butkul.
Yuragamni yutib topganim senga,
Tiyinni-tiyinga urib topganim senga.

Bobolarim yotgan yerlarim qolar,
Shamollar shovuri — she’rlarim qolar.
Uzilgan kunidan nasibam, nonim
Sengadir she’r yozib orttirgan nonim.

To umr o’tkinchi ekan — netarman,
Ertami-kech barin tashlab ketarman.
Ketarman tuproqqa teng bo’lib, illo,
Bu-chi parvoyingta kelmaydi ammo.

Boyisi, sen o’jar bolamsan, dunyo,
Bo’g’zimga sig’magan nolamsan, dunyo.
Zorlarni bilmagan zolim, zo’rimsan,
Dunyo, sen eng erka merosxo’rimsan.

* * *

Men yaxshi ko’ryapman sizni tobora.
Tobora ko’zimdan yitmoqda tuman,
Qarangaz, qisqarib boryapti ora,
Orada to’siq yo’q endi umuman.

Men yaxshi ko’ryapman sizni kun sayin,
Kun sayin yaqindir diydoringiz, yor.
Yo’llar ko’p ravondir, havo ham mayin,
Mayin so’nmoqdadir kosagul, alyor.

Men yaxshi ko’ryapman sizni shunchalik,
Shunchalik muhimdir endi zor, dodim:
Xudoyim, ishqilib salomu alik
Umricha bo’lsa bas, qolgan hayotim.
Men yaxshi ko’ryapman sizni tobora…

Ravshan Fayz. Kel, ey ko’nglim by Khurshid Davron on Scribd

001

(Tashriflar: umumiy 333, bugungi 1)

Izoh qoldiring