3 апрел — шоир Мамарасул Бобоев таваллуд топган кун.
Мамарасул Бобоев (1911.3.4, Каттақўрғон — 1969.23.7, Тошкент) — ўзбек шоири. Тошкент педагогика институтини тугатган (1938). 2-жаҳон уруши иштирокчиси (1941—46). Республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган (1947—68). «Жанубий нуқтада» (1953), «Эрон дафтари» (1952), «Садоқат ҳақида» (1954) шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган. «Ёшлик чоғим — олтин чоғим» (1959), «Гўзаллик истаб» (1963) каби драмалари бор. У рус (Михаил Лермонтов, Николай Некрасов, Тарас Шевченко, Николай Тихонов, Константин Симонов), татар (Муса Жалил), авар (Расул Ҳамзатов) шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Мамарасул Бобоев
ШЕЪРЛАР
Шоир ва умр
Хона..
Ашёларда тартиб ва низом,
Шам ёниб, қолганди қандилда андак.
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан бахор тутар ранг-баранг чечак.
Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга.
Манглайида ажин — йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.
Ҳар ишни қайтадан бошламоқ мумкин,
Азиз умргина бунга бўйсунмас!
Лекин шоир унинг нафас, минутин
Қадрига етади, елга учирмас!
Умрин қиёс этар эди у шамдан,
(У хам шам-ку: онган халқнинг ўйида)
Шу халқ деб эзилди ғамдан-аламдан,
Содиқдир у ҳамон, умр сўнггида.
Шу зайлда тунлар, юлдуздай бедор —
Кўзлари тонггача тўкади нурин,
Тархи тоза бўлсин, деб қилмас такрор,
Асл ипга тизар шеърият дурин.
Шеър деб, кечди у кайфу сафодан,
Элтмади ҳаётнинг ҳою ҳаваси:
Не олиб кетади киши дунёдан,
Ҳайкал яратмаса ҳар бир нафаси?..
Умр шошар гўё дарё ёки ел,
Шоир жондан севар диёру ёрни.
Талай хизмат кутар ҳали — қондош эл.
Кўрмак истар яна неча наҳорни.
Ҳаётни севади, севади дилдан,
Халқ хам умр тилар билониҳоя,
Аммо излашарди разиллар зимдан —
Шу умрни кесмоқ учун бир чора.
Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга,
Манглайида тахлоғ йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.
Хона. Ашёларда тартиб ва низом.
Килкиллаб ёнар шам, қолганди андак,
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан баҳор тутар ранг-баранс чечак.
Нариги ҳужрада бир шум, доғули…
Илондай тўлғаниб шу кун у ғаддор:’.
Шоир таомига қўшиб оғуни,
Қулай фурсат кутиб ётарди бедор…
Шоир дам ёзади, дам сурар хаёл,
Чуқур «уҳ!..» тортади у гоҳи гоҳи,
Хонтахтада қоғоз…
Ташқарида тонг.
Юракдан қуйилар янги рубоий:
«Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз;
Ҳар неники севмак ондин ортиқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз».
Тонг пайтида…
Кўрганмисиз, тонг пайтида
Ғунчалар кулишини,
Сўнг ҳеч нарса бўлмагандай,
Жимгина туришини.?
Шу саҳарда туморини
Энди очган ғунчалар,
Нозу фироқ ва сеҳрни
Қайдан олди бунчалар?
Ёш қизлардай уялишар,
Сир беришмас бизларга,
Ўгрилдингми, кулишади,
Қўшишади сўзларга…
Лабларига ҳали кирмай
Баҳору болнинг таъми,
Юзларидан ҳали учмай
Салқин тонгнинг шабнами,
Ел-елпинга силкинишу
Сабрсизлик, шўхликлар,
Гоҳ қаҳқаҳа, гоҳ чинқириқ.
Янграр гоҳо қўшиқлар.
Кўрганмисиз тонг пайтида
Ғунчалар кулишини,
Илк баҳорда юзин очиб
Ҳуснга тўлишини?
Билмайсизми, мен биламан
Улар нега кулишар?
Булбул куйин маъносини
Илк бор туйган билишар…
Бўтакўз
Киприкларинг нозик ва узун,
Кўзларингнинг оташи зилол.
Худди сенга ўхшаган сузгун,
Хумор кўздан менда рашк, хиёл.
Ўтганларга ташлайсан назар,
Борлиғингда шўхлик ва ҳусн.
Улар нима ўйлар, алҳазар,
Сен билмайсан, ўйлари қурсин…
Хуморимга ўхшайсан, чечак,
Кўрдим кўзинг келганда тўқнаш.
Булбул шундан қиларми “чах-чах”
Наволари навомга ўхшаш…
Жилва
Сурнай нусха намозшомгуллар
Чаман ичра кечки салқинда,
Сокингина порлайди улар
Савсар ёниб яшил ёлқинда…
Холдай кичик шу нуқта билан
Камол топган боғда бу лавҳа,
Бир ғазалки, ўқиб тўймайсан,
“Узоқ умр” – лойиқ сарлавҳа.
Лавҳадаги нафис бу жилва,
Табассумдай ёнувчи бу ранг,
Бир нигоҳки, қилади телба,
Афсус, бир шом яшайди аранг.
Эрта яна бошқа ҳар жило,
Ва ҳар лавҳа – ҳаммаси оний.
Шундан балки, гўзал, дилрабо,
Бу боғларнинг тонгги, оқшоми.
Арғувон
Жон арғувон,
Она арғувон,
Гулинг эмар миллион болари.
Тўлганда хуш бўйингга жаҳон,
Бири кетмас бағрингдан нари.
Бу ям-яшил бағринг – чодиринг
Меҳр тўла,
Ҳузурга тўла.
Кун тиғидан кучлидир меҳринг,
Тенглашолмас офтоб сен ила.
Ёз ўтмоқда.
Узоқ инларида –
Ариларинг йиғар энди бол.
Ҳосил тўйи –
Ширин кунларида
Сени аммо қилишмас хаёл.
Узоқларга мунча қарайсан,
Бири қайтмас гулсиз бағрингга.
Ўзинг борсан, қайга сиққайсан,
Ҳамма сиғар сенинг бағригга.
Жон арғувон, она арғувон!
Жоним
Ширин сўзлим, “Салом!”инг ҳам
Бу қалбимга даво, жоним,
Табассумли юзинг, асли,
Шу қалбда муддао, жоним.
Сени кўрган “Гўзал!” дебдир,
“Қора кўзли ғизол!” дебдир,
Мен айтдим: “Бемисол!” – Бу ҳам,
Эмас сўнгги баҳо, жоним.
Агар мафтунлигим сирин
Ўзингга ошкор айтсам,
Кўзинг шаҳло, сўзинг маъно,
Юзинг гулгун ҳаё, жоним.
Кўзинг тушган замин гуллар,
Тану жоним тайин гуллар.
Бу гулшанга, баҳор янглиғ,
Изинг кўрсанг раво, жоним.
Ва нутқинг тинглаган оқил
Тили лолу ўзи ҳайрон:
Гўзаллик бобида не дебди у,
Топди хато, хато жоним.
Бу ишқ осмони кўрган йўқ
Сенингдек нурли Зуҳрони,
Замин фахр этди чеҳрангдан
Сочиб ойга зиё жоним.
Севиш бизда саодатдир,
Саодат – завқу роҳатдир
Ва, лек, ҳиссизлар “ишқи” –
Бошларига бир бало, жоним!
Дамлар
Лов этиб ёнасан, ўтинг ёлқини
Борлиғим ўртайди…
Қолмас ҳаловат.
Мени мафтун этган у кўзлар, қани,
Қани, у гул юзлар, содда тароват?
Ноҳақ бўлсанг ҳамки, куламан, майли,
Дам ғанимат, жоним дийдор ғанимат!
Сен кетгач
Поезд кетди ва ола кетди
Сени…
Ёз тез ўтгандай бунча.
Хиёбон кўрки ҳам битди,
О, ҳувиллар сен юрган кўча.
* * *
Баҳор айёми ўлкам сийнаси гулларга кон бўлгач:
Нечун кулмай, очилмай мен, севинчим арғумон бўлгач,
Тўлишган толеимнинг мислини кўрдим шу кўкламда —
Кезиб, боғлар ва бўстонларда гуллашдан нишон бўлгач.
Баҳор булбуллари шўх мадҳини бахтимга айтмишлар,
Азиз бошим саодат қушларига ошиён бўлгач.
Демайман: ишқ билан ўсдим — муҳаббат танда қонимдир,
Юрак ҳар депсинишда ушбу достони аён бўлгач.
Нетайки, мафтун ўлмай, дилбарим, ақлу жамолингга,
Кўзинг шамъий фаросат, ҳуснинг офтоби жаҳон бўлгач.
Сеиингдек меҳнатимнинг лаззатин кўнглимга ком этдим,
Унинг-чун катта имкон, сен каби оромижон бўлгач,
Вафо расмини касб этди фалак, жабрини маҳв айлаб,
Баайни янги барглар чиқди, эскиси хазон бўлгач.
Азиз юртим талаб этса, агар тутсам қуролимни,
Зафар бўлгай, ёнимда сен каби қоши камон бўлгач.
Тилим одат этиб мадҳингни шеърим ҳар ҳижосида,
Чалай меҳрим билан торимни илҳомим равон бўлгач!
МАМАРАСУЛ БОБОЕВ ТАРЖИМАЛАРИ
Муса Жалил
ИШОНМА
Сенга мендан хабар берсалар,
“У йиқилди чарчаб”, — десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, яқин кўрсалар.
Байроғимга қон билан ёзган
Онтим ундар олға боришга!
Ҳаққим борми ҳеч қоқилишга,
Ҳаққим борми чарчаб-ҳоришга?
Сенга мендан хабар берсалар,
“У Ватанни сотди”, — десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, мени севсалар.
Юртдан кетдим юртни, сени деб,
Мен курашдим қонли ҳар дамда.
Юртни, сени қўлимдан берсам,
Нима қолар менга оламда?
Сенга мендан хабар берсалар,
“Муса ўлди энди”, — десалар.
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, мени севсалар.
Тупроқ кўмар танни, кўмолмас
Ўтли қўшиқ тўлган кўнглимни,
“Ўлим” дейиш мумкинми ахир,
Енгиб ўлган бундай ўлимни?
Расул Ҳамзатов
ШЕЪРЛАР
ТОКИ БУ ЕР АЙЛАНАР ЭКАН…
Қуёш ичдим сувдек, ташналаб,
Йиллар оша ташларкан қадам:
Тонгда ёниб чиққандан бошлаб,
Оқшом ёниб ботганга қадар.
Одамлари серғайрат, бардам
Ва тоғлари мағрур ўлкамда
Тиниқ ирмоқ, муз чашмалардан
Юлдузларни ичдим қадамда.
Кўкнинг зумрад пиёласидан
Водийларда кўксимни кериб —
Оромбахш тоғ ҳаволаридан
Тўйгунимча ичдим симириб.
Сўқмоқлардан ўтаркан, тоғда —
Чўкка тушиб каппаладим қор.
Меҳр билан мен ўпган чоғда
Йўлларимда эриб кетди қор.
Баҳорларни ичдим мен болдай,
Кўмилганда гулларга ҳар ёқ.
Қирчиллаган совуқ Шимолда
Аёз ичдим мисоли арақ.
Тоғлар аро бамисоли май
Ичганимда момагулдурак,
Худди рангин қадаҳ зеҳидай
Товланарди олтин камалак.
Наъматаклар чечаклар отиб,
Қоялардан хмель чўзса даст,
Шу тик қоя устида ётиб,
Ҳидларйдан бўлар эдим маст.
Мафтунман ер гўзаллигига,
Олқишлайман, қиламан қуллуқ.
Шайдосиман, жон фидо унга,
Қўшиқ ичдим — айтгандай қўшиқ.
Инсон қалби мураккаб нарса,
Ўтирганда мен дўстлар аро,
Хурсандликда ичдим бол бўза,
Хафаликда ичдим талх шароб.
Эрмак учун ичган эмасман,
Боис бўлган шодлик вэ ё ғам.
Хиросима кулин кўрганман,
Фестиваллар кулгисини ҳам.
Кўпиклардан пиво юзини
Пуфлаб ўзин ичмоқ одатдир.
Шундай ичдим ҳаёт мағзини,
Ҳаёт мағзи — бу ҳақиқатдир.
Севиб, кулиб ҳамда авайлаб,
Ҳар кунимни ичаман оппоқ,
Эртага мен яна ташналаб,
Шудир ҳаёт қонуни, ўртоқ.
Бу дунёдан бир кун кетаман
Ташналигим қонмай, ғашликда,
Токи бу ер айланар экан,
Яшар инсон шу ташналикда.
ОНАМГА
Тоғда ўсдим, шумтакалигим
Билар эди яқину йироқ,
Қайсар эдим, бас келмас ҳеч ким,
Сўзларингга осмасдим қулоқ.
Бироқ йиллар ўтди… ўтди ўт ёшлик,
Ҳеч нарсани писанд қилмасдим.
Энди бўлса ҳузурингда тек,
Бир гўдакдек сезаман ўзим.
Иккаламиз танҳомиз, мана
Қалбимда йўқ ғам-ғашдан нишон.
Сенинг юмшоқ кафтингга яна
Оқ соч бошим қўяй, онажон.
Дил ўртанур, дилимда ғаш бор,
Бошбошдоқлик қилгандир асир.
Дурустгина сенга эътибор —
Қилолмадим, бу эмасдир сир.
Ҳаёт бу дам бўлиб гирдобдай,
Олиб кетур комига солиб.
Дил сиқилур яна пайдар-пай,
Онам, сени унутдимми деб.
Сен бўлсанг-чи, қилмасдан таъна,
Кўз ташлайсан хавотирланиб.
Хўрсиниб гоҳ, билдирмай она,
Артасан кўз ёшинг ўртаниб.
Юлдуз сўнгги манзили томон
Учиб борар солиб кўкка из.
Уғлинг келиб қўяр, онажон,
Оқ соч бошин кафтингга бу кез.
АЛВИДО, ИСТАМБУЛ
Босфорга тушмоқда оқшом елкани,
Сўнгги шафақ нури қўнар денгизга.
Тинкаси қуриган, хор Туркияни
Муаззинлар чорлар кечки намозга.
Алвидо, пештоқи гўзал, нақшинкор —
Сулаймон мачити, кўҳна Истамбул,
Ва султон саройи ёнида зор-зор
Ҳар бир ўткинчига узатилган қўл.
Алвидо, ғойибдан иона кутган
Эй қайсар қиморбоз!—Қаҳвахўр уя.
Эй, сен қаҳвахона ташида ётган,—
Титраган, хўрсинган ўксик Туркия.
Алвидо, эй боши эгик, қадди дол
Мусулмон бандилар, сизга алвидо.
Не учун қанчалик сиғинманг ҳалол,
Сизни муҳтожликда сақлайди худо?
Алвидо, сенга ҳам, югурдак, ғулом,—
Этик тозаловчи яланғоч бола!..
Мана денгиз уза тушди қора шом,
Истамбул шамлари ёнди шу палла.
Унутмайман сени Доғистонда ҳам,
Баъзида қалбимни ўртайди алам.
Турк қизлари чеккан фиғон жонланур
Булутлар кўз ёши тўкиб ўтган дам.
* * *
Шошилмай ёздилар боболар қадим
Ханжарлар юзига ханжарлар билан.
Мен зўрға қийналиб ёзаман ҳадеб
Уни қалам билан, бўш сўзлар билан.
Жангга от сурдилар боболар қадим
Хайрлашиб севган ерлари билан,
Менинг сиёҳ билан зўрға ёзганим
Тошга ёзди улар қонлари билан.
* * *
Баъзи ёш новдалар ўзин унутар,
Дерлар рашк соламиз кўп юракларга.
Дўл қуймоқчи бўлиб турган булутлар
Истеҳзоли кулар ғўр куртакларга.
Шундай думбуллар бор, кибрланиб дер:
«Яшаймиз бахтиёр, фароғатда биз!»
Бахт эса уларга раҳми келиб дер:
«Болалар сингари бунча соддасиз!»
ХАНЖАРЛАРДАГИ ЁЗУВЛАР
Душманларча қўл урсанг,
Тиғим сенга, эй одам!
Дўстона қўлинг чўзсанг,
Мана, ушла дастамдан.
* * *
Ханжарни қўлга ол-у, аммо ўзингдан кетма,
Ханжар учун яхши жой қин эканин унутма!
* * *
Ханжарим бор деб хурсанд
Кўрсатма ўзинг чаққон,
Битта ўзинг эмассан
Бунақа ханжар таққан.
* * *
Қиздирса ҳам қуёш минг карра,
Қон қотмайди дамида зарра.
* * *
Ханжар аҳмоқда бўлса,
Тинчлик бўлмайди ҳеч ҳам.
Ханжар оқилда турса,
Бўла бергин хотиржам.
* * *
Мўйловга устара бор, эманга болта тайёр,
Тоғлиқ дўстим, ханжаринг қиндан чиқарма бекор!
* * *
Сурнай эмас у, лекин
Унда бор икки оҳанг.
Бир куйи — ўлим экан,
Бир куйи — эрк учун жанг.
* * *
Занглар боссин юзимни,
Кимни ўлдирган бўлсам.
Лаънатлайман ўзимни
Қотил қўлида кўрсам.