Dilmurod Quronov. Qalblarni larzaga solgan xirgoyi

09     3 февраль — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллуд топган кун.

«Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди. Асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият – буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бир суҳбатда асар хусусида сўз бориб, «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми?» деган саволни ўртага қўйган эдим.

ҚАЛБЛАРНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ХИРГОЙИ
Дилмурод Қуронов
088

  Тоғай Муродни шахсан таниш, ҳамсуҳбат бўлиш насиб этмаган, лекин уни ёзувчи сифатида таниганимга анча бўлди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини ўқиганимда исмсиз бир таассурот ичида қолганимни эслайман: мазза қилиб ўқиганим рост-у, бировга айтиб бергудек воқеаси йўқдек эди-да!.. Қаҳрамонлари ҳам бинойидек-у, иншо ёзганингда «Фалончига ўхшагим келади» дейдиган эмас-да!..

Бу янглиғ таассуротнинг сабабини кейинроқ англадим: адабиётимиз янгиланаётган пайт экан, Тоғай Мурод шу янгиланишни бошлаганлардан бири, бизнинг адабиёт ҳақидаги тасаввурларимизни янгилаган авлоднинг илғорида борган вакилларидан экан…

I

«Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди. Асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият – буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бир суҳбатда асар хусусида сўз бориб, «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми?» деган саволни ўртага қўйган эдим. Ҳа, жанрнинг рисоладаги талабларидан келиб чиқилса, бу саволни қўйиш асослидек. Зеро, роман марказида инсон тақдири турган ҳолда у тугал мақсад эмас, романий қаҳрамон дунёни бадиий идрок этиш, дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсепцияни шакллантириш ва ифодалаш воситаси, холос. Шунга кўра, одатда, романий қаҳрамон – ўз муҳитига сиғмаётган, муҳит билан зиддиятга киришган, изланаётган шахс сифатида намоён бўлади.

Деҳқонқулда эса бу хусусиятлар кўрилмайди, у – кечаги кунини муҳит измида сассизгина яшаб ўтган, энди кечмишини мушоҳада қилаётган одам. Деҳқонқулнинг тўлақонли романий қаҳрамон сифатида бўй кўрсатишига ривоянинг биринчи шахс тилидан берилгани монелик қилган, айни чоғда, худди шу нарса асарда лирик ибтидони кучайтиргани ҳам яққол кўринади: асарнинг кўп ўринларида воқеани тасвирлаш эмас, уларга муносабат билдириш мақсади етакчилик қилади. Буларнинг натижаси ўлароқ, асарда лирик ибтидо салмоқли, бадиий жиҳатдан белгиловчи ўрин тутадики, «Отамдан қолган далалар» насрда битилган романик характердаги «поема»дек, «достон»дек таассурот қолдиради. Асардаги ифода йўсини ҳамда воқеликни бадиий идрок этиш усулининг халқ достонларига эшлиги унинг муваффақиятини таъминлаган қўшимча омил эмасмикин?!

* * *

…романнинг мақсади дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсепцияни шакллантириш ва ифодалаш, романий қаҳрамон шунинг воситаси дедик. Шунга таяниб, «Отамдан қолган далалар» жанрнинг рисолавий талабларига жавоб беришига шубҳа ҳам билдирдик. Бошқа томони, ахир, унда воқеликни қалбидан ўтказиб, унинг таъсирида туғилган кечинмаларини, муносабатини ифодалаётган лирик қаҳрамон — Тоғай Муроднинг ўзи бор-ку?!. Дунё билан зиддиятдаги, насиб этган тақдиридан имкони кенгроқ бўлганидан муҳитга сиғмаётган, аниқроғи, элининг бир асрдан зиёд муҳит — мустамлака тузумига сиғмай келганини ўзида намоён этиб турган Тоғай Муроднинг ўзи рисоладаги романий қаҳрамон эмасми?!.

* * *

«Отамдан қолган далалар»ни реалистик асар деганимиз ҳолда, унда реалистик шартлилик даражасининг юқорилиги ва бу нарса қатъий реализм талабларидан жиддий чекинишларга олиб келганлигини эътироф этишга тўғри келади. Бу нималарда кўринади? Аввало, вақтнинг шартлилиги: 20-йилларда эс таниган болакай 60-йилларда ҳам болалигича қолади. Бугина эмас, умуман асарда тасвирланган (ёки эслатилган, ишора қилинган) воқеалар, тафсилотлар реал хронологияга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ундаги қатор образлар (масалан, идеология, киночилар, мустамлакачилар…) реалистик образлар сифатида эмас, кўпроқ шартли, рамзий «маска» сифатида бўй кўрсатади. Шунга ўхшаш, асарда ҳақиқий фамилиялари остида ҳаракатланувчи шўро ҳукуматининг таниқли арбоблари (Полторатский, Колесов, Успенский…), мураккаб тақдир эгаси полковник Чанишевларнинг битта ҳаётий ҳолат – Ақраб қўрбошининг қўлга олиниши доирасида тасвирлангани ҳам шартлиликдан ўзга эмас. Булардан кўринадики, асарда мустабид тузумнинг том маънодаги реалистик образи эмас, унинг шартли образи яратилади: ўқувчининг кўз олдида инсонийликдан буткул маҳрум ёвузлик тимсоли гавдалантирилади. Асарнинг умумий руҳини, «хийла кескин – тендентсиоз» руҳини белгилаган бу каби усулнинг (ёвузлик лагерининг ўта шартлилигию эзгулик лагерининг ҳаётий тасвирланиши) илдизи ҳам аслида халқ оғзаки ижодидан озиқланади…

* * *

…меъёрдан ортган тендентсиозлик – қусур, унинг реализмга хос эмаслиги исбот талаб қилмайдиган айни ҳақиқат. Аммо «Отамдан қолган далалар» – даврнинг бадиий ҳужжати, унда жамиятнинг мустамлакачилик барҳам топиб, истиқлол неъматига ноил бўлган пайтдаги руҳияти акслангани ҳам бундан асло кам бўлмаган ҳақиқат. Зеро, унда ҳаммамизнинг – «деҳқон» («деҳқон» – ер эгаси демак эмасми?!) бўла туриб «қул»ликда умргузаронлик қилган сизу бизнинг кайфиятимиз, парчаланган занжирлар устида турганча кечмишимизга соғлом назар солган, мустабид тузумни яниб турган ҳолатимиз аксланган. Донишмандлардан бири «Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади» деган экан. Асар ёзилган пайтда на Тоғай Мурод, на сизу биз ўтмиш билан кулиб, кулиш қайда, хотиржам хайрлашишга ҳам қодир эмасмиз, негаки, истибдод занжирлари қолдирган яралардан ҳали қон сизиб турганди. Шу маънода, «Отамдан қолган далалар» – узоқ йиллар йиғилган дарднинг мисоли вулқондай отилиши, мустамлака билан хайрлашаётган халқнинг йиғи – йўқлови. Йўқ, мустамлакага куйиб эмас, топталган қадри, ғурурини ўйлаб чеккан ноласи; юракни эзадиган, руҳни туширадиган эмас, аксинча, киши руҳини юксалтирадиган, қаддини тиклайдиган нола…

* * *

«Отамдан қолган далалар»нинг, умуман, Тоғай Мурод насрининг тили ўзига хос, услуби ўзига хос. Сираси, кўникиб олмагунча ғалат кўринса ҳам, эҳтимол. Эҳтимоли нимаси, асли ҳам шундай-да!.. «Отамдан қолган далалар»ни ўқиганда раҳматли бобомнинг Сўфи Оллоёрни ўқиши, ўқиши эмас, хиргойи қилишини эслайман, беихтиёр хиргойи қилишга ўтаман… Сиз ҳам уриниб кўринг-а, тилнинг нечоғли жозиб эканини ҳис қиласиз… Ҳа, дарвоқе, тилингиз хиргойи қилганида, қалбингиз сомеъ бўлсин: чанқовуз, най нолалари ортидан элас-элас жанг ноғоралари – довул сасини илғайсиз, борган сари бу сас кучайиб боради…

* * *

…ҳозирча «Отамдан қолган далалар» танқидчиликда кўпроқ ғоявий-мазмуний жиҳатларидан келиб чиқиб баҳоланди, унинг поетик хусусиятлари, бадиий ўзига хослигини атрофлича ўрганиш, асарнинг жозибасини таъмин этган омилларни очиб бериш бугун ва эртанинг вазифаси бўлиб турибди. Шунга қарамай, бир гапни дадил айтиш мумкин: «Отамдан қолган далалар»нинг жанрини роман деймизми ё бошқами, унда воқелик реалистик тасвирланган деймизми ё нореалистик, ёзувчи муносабатини тендентсиоз деймизми ва ё обЪектив – булардан қатъи назар, у юртимиз тарихининг муайян босқичида вужудга келган бадиий феномен, яхши ва бетакрор асарлигича қолаверади.

II

…адабиётимизни янгилаган авлод деб айтдик. Бу янгиланиш, аввало, инсонга муносабатда юз кўрсатди. Энди инсонни «буюк ғоя»га алоқаси ё унга қилган хизматидан келиб чиқиб баҳолаш эмас, уни бир инсон сифатида англаш, дарду қувончи, орзую армонларини кўрсатишга интилиш кучайди. Қарасак, атрофимизда елиб-ёниб ё ғивирсиб-тутаб юрган одамки бор, бари ИНСОН экан – ҳар қайсиси олам ичра бир олам экан. Тоғай Мурод шу оддий ҳақиқатни кўпчилигимиздан аввалроқ англаган, кал чавандоз ёки бефарзанд қарияларнинг ўй-ташвишлари, дард-армонлари, туйғу-кечинмалари анча-мунчадан қолишмайди, «кичик одам»ларда-да катта қалб бўлади, деган ақида билан ижод майдонига кирган экан…

* * *

Ботир фирқани кўпчилик «қизил» деб сўкади, унинг фахри бўлган орденларини улоқтиришни, эътиқод қилиб, яшаб ўтган умрининг мазмуни сифатида ҳар вақт ёнида ифтихор билан олиб юрган партбилетини ёқишни талаб қилишади…

«Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи худди шундай – минглаб «ботир фирқалар» оёқ қўйган замин бирдан йўқолиб, ўтмиш ва келажак орасида муаллақ туриб қолган бир даврда ёзилган…
Тоғай Муроднинг ҳеч бир асарида «қизиллик» кўрилмаган? У ҳеч вақт «қизил» бўлган эмас. Шундай экан, у ҳам кўп қатори Ботир фирқани ерпарчин қилса, бундан ўз вақтида мўмайгина «сиёсий дивиденд» ола қолса бўлмасмиди? Бўлмас эканки, Ботир фирқада бир инсон фожиасини кўришга интилган-да… чинакам санъаткор учун ғоя эмас, инсон бирламчи деган эътиқод билан қалам тебратган-да, ахир…

* * *

…«Олдин баҳор – охир хазон бўлди», нима бўлганда ҳам, Ботир фирқа умрини яшаб ўтди: Ботир қўшчи эди – «Ботир фирқа» бўлди, сўнгра «ўртоқ Эсонов» бўлиб давр сурди: кимгадир яхшилик қилди, кимгадир ёмонлик; нимадир қурди, ниманидир бузди… – барини элга хизмат қиляпман, эл учун қиляпман, эл саодати учун қиляпман деган ишончда қилди. Кун келиб, хизматлари бир пул бўлди: ёв қочган, кўпайган ботирлар уни «қизил» дедилар, миллатнинг душмани, дедилар…

Ахир, «Сиз кимнинг зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми?» дея эшонзодалар фожиасига куйган ҳам, «Шугина бир… гўдакни боқиб бўлмай қолдими?» дея эл аҳволидан юраги сел бўлган ҳам, «Азиз зотларни беваси, жуда табаррук зотларни зурриёти», дея уларни НКВДчилардан тилаб олган ҳам Ботир фирқа эмасми?! Қаранг-а, Саидхўжа эшон ҳонақоси бузилганида, «Эл-юрт нафас ютди. Эл-юрт сув сепмишдек жим-жит бўлди. Эл-юрт аза тутди», холос… Ботир фирқа бир тадбир қилмоқчи бўлганида, «фаол зоти бор – ўзини олиб қочди» – бежиз эмас. Ботир фирқа «яккаш ўзи ўйлади. Бир эскича, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади» ва «юрак ютиб… бир ишга қўл урди»: ҳонақонинг «мумтоз усталар» ясаган дарвоза-деразаларини ўтинхонага яширди…

«Ўзингиз қандай бўлсангиз, сизга шундоқ амирлар қўйилур», дейилади муқаддас битикларда. Яшириб нима қилдик, ёв қочгач, ҳаммамиз-да ботирландик ва… борки кулфатлар учун айбни кечаги куннинг юрт оғаларига юкладик-қўйдик… Ўзни айбдор ҳис қилиш оғир, ўзгани айблаш осон – кўнгилни хотиржам этдик гўё. Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмади, кўнолмади…

* * *

Бежиз эмас, дедик… бежиз демадик…

Ботир фирқа очликдан нобуд бўлган ҳамқишлоқлари ҳақига дуо қилишга чоғланди ва шу он ёнида НКВДчилар борлигини эслаб, сезиб қолишмадими, дея ҳадикда қолди… Ботир фирқа очарчиликка қарши ғаройиб кураш усулини кўриб, «Ўз эл-юртингиз эмасми, одамга пича ботар экан. Унча-мунча малол келар экан», дея ожизгина эътироз қилди, дилидагининг озроғини тилига чиқарди. Бироқ НКВДчилар бу «Совет ҳукуматининг буйруғи! Совет ҳукуматининг хоҳиш-иродаси! Ёки совет ҳукуматидан норозимисиз?» дея уни дарҳол ўзига келтиришди: «Ана шунда, Ботир фирқа бир сесканиб олди»…

Сескангани гуноҳми? Дарҳол ўзини ўнглаб, қаддини тик тутганича «Яшасин, Шўро ҳукумати!» — дея тантанавор ҳайқиргани айбми?.. Айблашга ҳақлимизми?.. Дадил бир нарса дейиш қийин: бу ўринда ҳар кимнинг ҳукми ўзича тўғри, балки?!.
Тоғай Мурод қаҳрамонига эврилиб кўрди, Тоғай Мурод қаҳрамонига ёғилган таъна-маломатларни ўз танасида синаб кўрди… Тоғай Мурод тахминан шундай ўйлади, шу боисгина бизнинг ўй-мушоҳадаларимизни ҳам шу ўзанга солди, сола билди…

* * *

Қабристонларни зиёрат қилиб туриш буюрилган бизга. Бежиз эмас. Қабристон – ўтмиш билан келажакни туташтирган жой: ҳаммамизнинг аждодларимиз шунда, ҳаммамизнинг борар жойимиз – шу. Қабристон дунёнинг фонийлигини, инсон умри жуда қисқалигини, киши ўз амаллари учун ҳам ўтмиш, ҳам келажак олдида бирдек масъуллигини эслатиб туради…
Ботир фирқа руҳиятидаги бурилиш, янгиланишда қабристон зиёратлари ҳал қилувчи туртки бўлди… Жанозасиз кўмилган «райком Тўрақулов» қабри бошидаги беўхшов тиловати, «ҳунг-ҳунг йиғлаб қўя бергани… ўкириб-ўкириб йиғлаб қўя бергани» – Ботир фирқанинг тазарруси, қўлидан келганча амаллаган тавбаси.

Тиловат асноси «ўртоқ Ягода қиличларидан айланиб ўтган, Ежов ўқларига чап берган, Берия қамоқларидан эсон-омон ўтган» Ботир фирқа «уруш-уруш» ўйнаган болаларни КГБ фаҳмлаб даҳшатга тушди… Бежиз эмас: «Илон чаққан киши ола арқондан қўрқади»… Зарб излари калтакланган танадан кетар-у, калтакланган руҳдан асло кетмайди. Ботир фирқа муттасил қўрқувда яшади, шу қўрқув уни дилидаги норозиликни ўлдириб яшашга кўниктирди. Собиқ райком Тўрақуловни партиявий дафн этиш ҳақида партиявий топшириқ олганида, кўнгли бунга осонгина кўнган эмас: туни билан ухлаёлмай чиқади, лекин… эртаси марҳумни жанозасиз кўмдиради…
Инсонда танлов имконияти ҳамиша бор… Айтайлик, Ботир фирқада муттасил қўрқув остида яшаш ёки тик туриб ўлиш имконлари мавжуд эди. Фирқа биринчи имконни танлади. Тоғай Мурод танлаш унинг ҳаққи деб билади, қораламайди – тасвирлаб кўрсатади: ўқувчиси қаршисида танлов имкониятини яратиб, эътиқодига содиқлигича шаҳидлик йўлини тутганлар кўпайса дея умидланади…

…маъни деганлари жуда серқирра нарса: қай тарафдан қарама, унинг қатор қирралари нигоҳингдан пинҳон; қай томондан қарасанг, шунга мос қирралари кўз олдингда намоён: ҳамма қирраларни бирдан ва бирдек кўра олиш одам боласининг чекига тушмабди. Роман финалини ўзимча англадим, ўзимча мағзини чаққан бўлдим…

Ботир фирқа эккан чинорлар қўпориб ташланди, Ботир фирқа яратган боғ ўрнидан Буюк ипак йўли ўтар бўлди… Умр беиз кетди — умр беиз кетмади… Эл ўша чинорлар соясидан баҳра олган, боғ меваларидан элнинг оғзи чучиган… Э-воҳ, соя ўткинчи, тот ўткинчи… — умр беиз кетдими? Алҳазар… бунақада нафақат Ботир фирқа, умуман, инсон умри маънисиз, бенаф бўлиб чиқмайдими?! Йўқ, Ботир фирқа бунга кўнмайди… аниқроғи, Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмайди, кўнолмайди — у жавоб излайди, ўртаниб жавоб излайди, юраги ёниб, жизғанак бўлиб жавоб излайди… Излаган — топади: Ботир фирқа ҳам жавоб топди, тўғрироғи, унинг воситасида Тоғай Мурод жавоб топди.

Руҳий изтироблари адоғида ўзи излаган маънига яқинлашган Ботир фирқанинг ҳолатини кўринг:
«жони ачиди… тани куйди» — «тан-жони… шодланди»,
«ичи куйди» — «ичи кулди»,
«кўзларида қайғу бўлди» — «кўзларида байрам бўлди».

Ботир фирқа ўзи учун «Биз эккан чинорлар… Буюк ипак йўли бўлди» деган ҳақиқатни кашф этди, «Биз энди Буюк ипак йўлида юрамиз», дея фахр этди. Аввалги биз бошқа, кейингиси бошқа. Аввал у ўзини тамом ортиқча сезган, ўзини элдан ажратган эди — энди қўшиляпти, уни «қизил» дея чиқитга чиқармоқ бўлишганди — чиқаролмадилар: «Одамнинг чиқити бўлмайди»; уни сонга қўшдилар — у қайта тирилди…

Ҳа, ҳар қандай амал… эзгу ният билан қилинган амал-да ўткинчи, унинг маҳсули-да ўткинчи, фақат ЭЗГУ НИЯТнинг ўзигина собит, шунинг ўзигина боқий. Эзгу ният — авлодлар орасидаги кўринмас занжир, эзгу ният ўтмиш билан бугун ва эртани бирлаштиради — ҳаммамизни, ҳеч бир «чиқит»сиз битта томирга мансуб этади. Эзгу ният элни халқ, халқни миллат қилади, эзгу ният атрофида бирлашсагина Буюк ипак йўлида миллатнинг йўли унади… Тоғай Мурод англаган маъни — шу, тўғрироғи, унинг каминага аён бўлган қирраси — шу.

III

Тоғай Мурод эзгу ниятларни дилига тутиб ижод қилди…
Тоғай Мурод эзгулик мавқеида мустақим бўлишга интилди…
Тоғай Мурод эзгулик уруғларини қалбларимизга сочиб кетди…
Ўзида полвонларга хос тантилик, шоирларга хос инжалик, дарвешларга хос ғаройиблик, эл-юртига нисбатан беғараз муҳаббатни жам этган Ўзбекнинг катта адиби таваллуди 60 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

«Ҳуррият» газетасида босилган

021

QALBLARNI LARZAGA SOLGAN XIRGOYI
Dilmurod Quronov
090

Tog‘ay Murodni shaxsan tanish, hamsuhbat bo‘lish nasib etmagan, lekin uni yozuvchi sifatida taniganimga ancha bo‘ldi. «Oydinda yurgan odamlar» qissasini o‘qiganimda ismsiz bir taassurot ichida qolganimni eslayman: mazza qilib o‘qiganim rost-u, birovga aytib bergudek voqeasi yo‘qdek edi-da!.. Qahramonlari ham binoyidek-u, insho yozganingda «Falonchiga o‘xshagim keladi» deydigan emas-da!..
Bu yanglig‘ taassurotning sababini keyinroq angladim: adabiyotimiz yangilanayotgan payt ekan, Tog‘ay Murod shu yangilanishni boshlaganlardan biri, bizning adabiyot haqidagi tasavvurlarimizni yangilagan avlodning ilg‘orida borgan vakillaridan ekan…

I

«Otamdan qolgan dalalar» nafaqat dolzarb mavzusi, balki badiiy jihatlari bilan-da adabiyotimizda jiddiy voqea bo‘ldi. Asarning o‘ziga xos qurilishi, betakror ifoda yo‘sini, tildagi jozib ohang, samimiyat – bularning bari uning muvaffaqiyatini ta’minlagan asosiy omillardir. Bir suhbatda asar xususida so‘z borib, «Otamdan qolgan dalalar» janr e’tibori bilan romanmi?» degan savolni o‘rtaga qo‘ygan edim. Ha, janrning risoladagi talablaridan kelib chiqilsa, bu savolni qo‘yish asoslidek. Zero, roman markazida inson taqdiri turgan holda u tugal maqsad emas, romaniy qahramon dunyoni badiiy idrok etish, dunyo haqidagi, uning joriy holati haqidagi yaxlit badiiy kontseptsiyani shakllantirish va ifodalash vositasi, xolos. Shunga ko‘ra, odatda, romaniy qahramon – o‘z muhitiga sig‘mayotgan, muhit bilan ziddiyatga kirishgan, izlanayotgan shaxs sifatida namoyon bo‘ladi. Dehqonqulda esa bu xususiyatlar ko‘rilmaydi, u – kechagi kunini muhit izmida sassizgina yashab o‘tgan, endi kechmishini mushohada qilayotgan odam. Dehqonqulning to‘laqonli romaniy qahramon sifatida bo‘y ko‘rsatishiga rivoyaning birinchi shaxs tilidan berilgani monelik qilgan, ayni chog‘da, xuddi shu narsa asarda lirik ibtidoni kuchaytirgani ham yaqqol ko‘rinadi: asarning ko‘p o‘rinlarida voqeani tasvirlash emas, ularga munosabat bildirish maqsadi yetakchilik qiladi. Bularning natijasi o‘laroq, asarda lirik ibtido salmoqli, badiiy jihatdan belgilovchi o‘rin tutadiki, «Otamdan qolgan dalalar» nasrda bitilgan romanik xarakterdagi «poema»dek, «doston»dek taassurot qoldiradi. Asardagi ifoda yo‘sini hamda voqelikni badiiy idrok etish usulining xalq dostonlariga eshligi uning muvaffaqiyatini ta’minlagan qo‘shimcha omil emasmikin?!

* * *

…romanning maqsadi dunyo haqidagi, uning joriy holati haqidagi yaxlit badiiy kontseptsiyani shakllantirish va ifodalash, romaniy qahramon shuning vositasi dedik. Shunga tayanib, «Otamdan qolgan dalalar» janrning risolaviy talablariga javob berishiga shubha ham bildirdik. Boshqa tomoni, axir, unda voqelikni qalbidan o‘tkazib, uning ta’sirida tug‘ilgan kechinmalarini, munosabatini ifodalayotgan lirik qahramon — Tog‘ay Murodning o‘zi bor-ku?!. Dunyo bilan ziddiyatdagi, nasib etgan taqdiridan imkoni kengroq bo‘lganidan muhitga sig‘mayotgan, aniqrog‘i, elining bir asrdan ziyod muhit — mustamlaka tuzumiga sig‘may kelganini o‘zida namoyon etib turgan Tog‘ay Murodning o‘zi risoladagi romaniy qahramon emasmi?!.

* * *

«Otamdan qolgan dalalar»ni realistik asar deganimiz holda, unda realistik shartlilik darajasining yuqoriligi va bu narsa qat’iy realizm talablaridan jiddiy chekinishlarga olib kelganligini e’tirof etishga to‘g‘ri keladi. Bu nimalarda ko‘rinadi? Avvalo, vaqtning shartliligi: 20-yillarda es tanigan bolakay 60-yillarda ham bolaligicha qoladi. Bugina emas, umuman asarda tasvirlangan (yoki eslatilgan, ishora qilingan) voqealar, tafsilotlar real xronologiyaga doim ham muvofiq kelavermaydi. Undagi qator obrazlar (masalan, ideologiya, kinochilar, mustamlakachilar…) realistik obrazlar sifatida emas, ko‘proq shartli, ramziy «maska» sifatida bo‘y ko‘rsatadi. Shunga o‘xshash, asarda haqiqiy familiyalari ostida harakatlanuvchi sho‘ro hukumatining taniqli arboblari (Poltoratskiy, Kolesov, Uspenskiy…), murakkab taqdir egasi polkovnik Chanishevlarning bitta hayotiy holat – Aqrab qo‘rboshining qo‘lga olinishi doirasida tasvirlangani ham shartlilikdan o‘zga emas. Bulardan ko‘rinadiki, asarda mustabid tuzumning tom ma’nodagi realistik obrazi emas, uning shartli obrazi yaratiladi: o‘quvchining ko‘z oldida insoniylikdan butkul mahrum yovuzlik timsoli gavdalantiriladi. Asarning umumiy ruhini, «xiyla keskin – tendentsioz» ruhini belgilagan bu kabi usulning (yovuzlik lagerining o‘ta shartliligiyu ezgulik lagerining hayotiy tasvirlanishi) ildizi ham aslida xalq og‘zaki ijodidan oziqlanadi…

* * *

…me’yordan ortgan tendentsiozlik – qusur, uning realizmga xos emasligi isbot talab qilmaydigan ayni haqiqat. Ammo «Otamdan qolgan dalalar» – davrning badiiy hujjati, unda jamiyatning mustamlakachilik barham topib, istiqlol ne’matiga noil bo‘lgan paytdagi ruhiyati akslangani ham bundan aslo kam bo‘lmagan haqiqat. Zero, unda hammamizning – «dehqon» («dehqon» – yer egasi demak emasmi?!) bo‘la turib «qul»likda umrguzaronlik qilgan sizu bizning kayfiyatimiz, parchalangan zanjirlar ustida turgancha kechmishimizga sog‘lom nazar solgan, mustabid tuzumni yanib turgan holatimiz akslangan. Donishmandlardan biri «Insoniyat o‘z o‘tmishi bilan kulib xayrlashadi» degan ekan. Asar yozilgan paytda na Tog‘ay Murod, na sizu biz o‘tmish bilan kulib, kulish qayda, xotirjam xayrlashishga ham qodir emasmiz, negaki, istibdod zanjirlari qoldirgan yaralardan hali qon sizib turgandi. Shu ma’noda, «Otamdan qolgan dalalar» – uzoq yillar yig‘ilgan dardning misoli vulqonday otilishi, mustamlaka bilan xayrlashayotgan xalqning yig‘i – yo‘qlovi. Yo‘q, mustamlakaga kuyib emas, toptalgan qadri, g‘ururini o‘ylab chekkan nolasi; yurakni ezadigan, ruhni tushiradigan emas, aksincha, kishi ruhini yuksaltiradigan, qaddini tiklaydigan nola…

* * *

«Otamdan qolgan dalalar»ning, umuman, Tog‘ay Murod nasrining tili o‘ziga xos, uslubi o‘ziga xos. Sirasi, ko‘nikib olmaguncha g‘alat ko‘rinsa ham, ehtimol. Ehtimoli nimasi, asli ham shunday-da!.. «Otamdan qolgan dalalar»ni o‘qiganda rahmatli bobomning So‘fi Olloyorni o‘qishi, o‘qishi emas, xirgoyi qilishini eslayman, beixtiyor xirgoyi qilishga o‘taman… Siz ham urinib ko‘ring-a, tilning nechog‘li jozib ekanini his qilasiz… Ha, darvoqe, tilingiz xirgoyi qilganida, qalbingiz some’ bo‘lsin: chanqovuz, nay nolalari ortidan elas-elas jang nog‘oralari – dovul sasini ilg‘aysiz, borgan sari bu sas kuchayib boradi…

* * *

…hozircha «Otamdan qolgan dalalar» tanqidchilikda ko‘proq g‘oyaviy-mazmuniy jihatlaridan kelib chiqib baholandi, uning poetik xususiyatlari, badiiy o‘ziga xosligini atroflicha o‘rganish, asarning jozibasini ta’min etgan omillarni ochib berish bugun va ertaning vazifasi bo‘lib turibdi. Shunga qaramay, bir gapni dadil aytish mumkin: «Otamdan qolgan dalalar»ning janrini roman deymizmi yo boshqami, unda voqelik realistik tasvirlangan deymizmi yo norealistik, yozuvchi munosabatini tendentsioz deymizmi va yo ob’ektiv – bulardan qat’i nazar, u yurtimiz tarixining muayyan bosqichida vujudga kelgan badiiy fenomen, yaxshi va betakror asarligicha qolaveradi.

II

…adabiyotimizni yangilagan avlod deb aytdik. Bu yangilanish, avvalo, insonga munosabatda yuz ko‘rsatdi. Endi insonni «buyuk g‘oya»ga aloqasi yo unga qilgan xizmatidan kelib chiqib baholash emas, uni bir inson sifatida anglash, dardu quvonchi, orzuyu armonlarini ko‘rsatishga intilish kuchaydi. Qarasak, atrofimizda yelib-yonib yo g‘ivirsib-tutab yurgan odamki bor, bari INSON ekan – har qaysisi olam ichra bir olam ekan. Tog‘ay Murod shu oddiy haqiqatni ko‘pchiligimizdan avvalroq anglagan, kal chavandoz yoki befarzand qariyalarning o‘y-tashvishlari, dard-armonlari, tuyg‘u-kechinmalari ancha-munchadan qolishmaydi, «kichik odam»larda-da katta qalb bo‘ladi, degan aqida bilan ijod maydoniga kirgan ekan…

* * *

Botir firqani ko‘pchilik «qizil» deb so‘kadi, uning faxri bo‘lgan ordenlarini uloqtirishni, e’tiqod qilib, yashab o‘tgan umrining mazmuni sifatida har vaqt yonida iftixor bilan olib yurgan partbiletini yoqishni talab qilishadi…
«Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi» romani xuddi shunday – minglab «botir firqalar» oyoq qo‘ygan zamin birdan yo‘qolib, o‘tmish va kelajak orasida muallaq turib qolgan bir davrda yozilgan…
Tog‘ay Murodning hech bir asarida «qizillik» ko‘rilmagan? U hech vaqt «qizil» bo‘lgan emas. Shunday ekan, u ham ko‘p qatori Botir firqani yerparchin qilsa, bundan o‘z vaqtida mo‘maygina «siyosiy dividend» ola qolsa bo‘lmasmidi? Bo‘lmas ekanki, Botir firqada bir inson fojiasini ko‘rishga intilgan-da… chinakam san’atkor uchun g‘oya emas, inson birlamchi degan e’tiqod bilan qalam tebratgan-da, axir…

* * *

…«Oldin bahor – oxir xazon bo‘ldi», nima bo‘lganda ham, Botir firqa umrini yashab o‘tdi: Botir qo‘shchi edi – «Botir firqa» bo‘ldi, so‘ngra «o‘rtoq Esonov» bo‘lib davr surdi: kimgadir yaxshilik qildi, kimgadir yomonlik; nimadir qurdi, nimanidir buzdi… – barini elga xizmat qilyapman, el uchun qilyapman, el saodati uchun qilyapman degan ishonchda qildi. Kun kelib, xizmatlari bir pul bo‘ldi: yov qochgan, ko‘paygan botirlar uni «qizil» dedilar, millatning dushmani, dedilar…
Axir, «Siz kimning zurriyotini bozorga olib chiqqaningizni bilyapsizmi?» deya eshonzodalar fojiasiga kuygan ham, «Shugina bir… go‘dakni boqib bo‘lmay qoldimi?» deya el ahvolidan yuragi sel bo‘lgan ham, «Aziz zotlarni bevasi, juda tabarruk zotlarni zurriyoti», deya ularni NKVDchilardan tilab olgan ham Botir firqa emasmi?! Qarang-a, Saidxo‘ja eshon honaqosi buzilganida, «El-yurt nafas yutdi. El-yurt suv sepmishdek jim-jit bo‘ldi. El-yurt aza tutdi», xolos… Botir firqa bir tadbir qilmoqchi bo‘lganida, «faol zoti bor – o‘zini olib qochdi» – bejiz emas. Botir firqa «yakkash o‘zi o‘yladi. Bir eskicha, bir yangicha o‘yladi. Eskicha bilan yangichani qo‘shib o‘yladi» va «yurak yutib… bir ishga qo‘l urdi»: honaqoning «mumtoz ustalar» yasagan darvoza-derazalarini o‘tinxonaga yashirdi…
«O‘zingiz qanday bo‘lsangiz, sizga shundoq amirlar qo‘yilur», deyiladi muqaddas bitiklarda. Yashirib nima qildik, yov qochgach, hammamiz-da botirlandik va… borki kulfatlar uchun aybni kechagi kunning yurt og‘alariga yukladik-qo‘ydik… O‘zni aybdor his qilish og‘ir, o‘zgani ayblash oson – ko‘ngilni xotirjam etdik go‘yo. Tog‘ay Murodning bezovta qalbi bunga ko‘nmadi, ko‘nolmadi…

* * *

Bejiz emas, dedik… bejiz demadik…
Botir firqa ochlikdan nobud bo‘lgan hamqishloqlari haqiga duo qilishga chog‘landi va shu on yonida NKVDchilar borligini eslab, sezib qolishmadimi, deya hadikda qoldi… Botir firqa ocharchilikka qarshi g‘aroyib kurash usulini ko‘rib, «O‘z el-yurtingiz emasmi, odamga picha botar ekan. Uncha-muncha malol kelar ekan», deya ojizgina e’tiroz qildi, dilidagining ozrog‘ini tiliga chiqardi. Biroq NKVDchilar bu «Sovet hukumatining buyrug‘i! Sovet hukumatining xohish-irodasi! Yoki sovet hukumatidan norozimisiz?» deya uni darhol o‘ziga keltirishdi: «Ana shunda, Botir firqa bir seskanib oldi»…
Seskangani gunohmi? Darhol o‘zini o‘nglab, qaddini tik tutganicha «Yashasin, Sho‘ro hukumati!» — deya tantanavor hayqirgani aybmi?.. Ayblashga haqlimizmi?.. Dadil bir narsa deyish qiyin: bu o‘rinda har kimning hukmi o‘zicha to‘g‘ri, balki?!.
Tog‘ay Murod qahramoniga evrilib ko‘rdi, Tog‘ay Murod qahramoniga yog‘ilgan ta’na-malomatlarni o‘z tanasida sinab ko‘rdi… Tog‘ay Murod taxminan shunday o‘yladi, shu boisgina bizning o‘y-mushohadalarimizni ham shu o‘zanga soldi, sola bildi…

* * *

Qabristonlarni ziyorat qilib turish buyurilgan bizga. Bejiz emas. Qabriston – o‘tmish bilan kelajakni tutashtirgan joy: hammamizning ajdodlarimiz shunda, hammamizning borar joyimiz – shu. Qabriston dunyoning foniyligini, inson umri juda qisqaligini, kishi o‘z amallari uchun ham o‘tmish, ham kelajak oldida birdek mas’ulligini eslatib turadi…
Botir firqa ruhiyatidagi burilish, yangilanishda qabriston ziyoratlari hal qiluvchi turtki bo‘ldi… Janozasiz ko‘milgan «raykom To‘raqulov» qabri boshidagi beo‘xshov tilovati, «hung-hung yig‘lab qo‘ya bergani… o‘kirib-o‘kirib yig‘lab qo‘ya bergani» – Botir firqaning tazarrusi, qo‘lidan kelgancha amallagan tavbasi.
Tilovat asnosi «o‘rtoq Yagoda qilichlaridan aylanib o‘tgan, Yejov o‘qlariga chap bergan, Beriya qamoqlaridan eson-omon o‘tgan» Botir firqa «urush-urush» o‘ynagan bolalarni KGB fahmlab dahshatga tushdi… Bejiz emas: «Ilon chaqqan kishi ola arqondan qo‘rqadi»… Zarb izlari kaltaklangan tanadan ketar-u, kaltaklangan ruhdan aslo ketmaydi. Botir firqa muttasil qo‘rquvda yashadi, shu qo‘rquv uni dilidagi norozilikni o‘ldirib yashashga ko‘niktirdi. Sobiq raykom To‘raqulovni partiyaviy dafn etish haqida partiyaviy topshiriq olganida, ko‘ngli bunga osongina ko‘ngan emas: tuni bilan uxlayolmay chiqadi, lekin… ertasi marhumni janozasiz ko‘mdiradi…
Insonda tanlov imkoniyati hamisha bor… Aytaylik, Botir firqada muttasil qo‘rquv ostida yashash yoki tik turib o‘lish imkonlari mavjud edi. Firqa birinchi imkonni tanladi. Tog‘ay Murod tanlash uning haqqi deb biladi, qoralamaydi – tasvirlab ko‘rsatadi: o‘quvchisi qarshisida tanlov imkoniyatini yaratib, e’tiqodiga sodiqligicha shahidlik yo‘lini tutganlar ko‘paysa deya umidlanadi…
…ma’ni deganlari juda serqirra narsa: qay tarafdan qarama, uning qator qirralari nigohingdan pinhon; qay tomondan qarasang, shunga mos qirralari ko‘z oldingda namoyon: hamma qirralarni birdan va birdek ko‘ra olish odam bolasining chekiga tushmabdi. Roman finalini o‘zimcha angladim, o‘zimcha mag‘zini chaqqan bo‘ldim…
Botir firqa ekkan chinorlar qo‘porib tashlandi, Botir firqa yaratgan bog‘ o‘rnidan Buyuk ipak yo‘li o‘tar bo‘ldi… Umr beiz ketdi — umr beiz ketmadi… El o‘sha chinorlar soyasidan bahra olgan, bog‘ mevalaridan elning og‘zi chuchigan… E-voh, soya o‘tkinchi, tot o‘tkinchi… — umr beiz ketdimi? Alhazar… bunaqada nafaqat Botir firqa, umuman, inson umri ma’nisiz, benaf bo‘lib chiqmaydimi?! Yo‘q, Botir firqa bunga ko‘nmaydi… aniqrog‘i, Tog‘ay Murodning bezovta qalbi bunga ko‘nmaydi, ko‘nolmaydi — u javob izlaydi, o‘rtanib javob izlaydi, yuragi yonib, jizg‘anak bo‘lib javob izlaydi… Izlagan — topadi: Botir firqa ham javob topdi, to‘g‘rirog‘i, uning vositasida Tog‘ay Murod javob topdi. Ruhiy iztiroblari adog‘ida o‘zi izlagan ma’niga yaqinlashgan Botir firqaning holatini ko‘ring:
«joni achidi… tani kuydi» — «tan-joni… shodlandi»,
«ichi kuydi» — «ichi kuldi»,
«ko‘zlarida qayg‘u bo‘ldi» — «ko‘zlarida bayram bo‘ldi».
Botir firqa o‘zi uchun «Biz ekkan chinorlar… Buyuk ipak yo‘li bo‘ldi» degan haqiqatni kashf etdi, «Biz endi Buyuk ipak yo‘lida yuramiz», deya faxr etdi. Avvalgi biz boshqa, keyingisi boshqa. Avval u o‘zini tamom ortiqcha sezgan, o‘zini eldan ajratgan edi — endi qo‘shilyapti, uni «qizil» deya chiqitga chiqarmoq bo‘lishgandi — chiqarolmadilar: «Odamning chiqiti bo‘lmaydi»; uni songa qo‘shdilar — u qayta tirildi…
Ha, har qanday amal… ezgu niyat bilan qilingan amal-da o‘tkinchi, uning mahsuli-da o‘tkinchi, faqat EZGU NIYaTning o‘zigina sobit, shuning o‘zigina boqiy. Ezgu niyat — avlodlar orasidagi ko‘rinmas zanjir, ezgu niyat o‘tmish bilan bugun va ertani birlashtiradi — hammamizni, hech bir «chiqit»siz bitta tomirga mansub etadi. Ezgu niyat elni xalq, xalqni millat qiladi, ezgu niyat atrofida birlashsagina Buyuk ipak yo‘lida millatning yo‘li unadi… Tog‘ay Murod anglagan ma’ni — shu, to‘g‘rirog‘i, uning kaminaga ayon bo‘lgan qirrasi — shu.

III

Tog‘ay Murod ezgu niyatlarni diliga tutib ijod qildi…
Tog‘ay Murod ezgulik mavqeida mustaqim bo‘lishga intildi…
Tog‘ay Murod ezgulik urug‘larini qalblarimizga sochib ketdi…
O‘zida polvonlarga xos tantilik, shoirlarga xos injalik, darveshlarga xos g‘aroyiblik, el-yurtiga nisbatan beg‘araz muhabbatni jam etgan O‘zbekning katta adibi tavalludi 60 yilligi barchamizga muborak bo‘lsin!

«Hurriyat» gazetasidan olindi.

056

(Tashriflar: umumiy 3 039, bugungi 1)

Izoh qoldiring