Таниқли шоир Шел Силверстайн «Катталардан кўра, болаларга ёзишни яхши кўраман», деб ёзган эди. Дарҳақиқат, болалар учун ҳам шеър ёзишни, ҳам бу шеърларга илова тарзида расмлар чизишни яхши кўрган шоир шеърлари айни шу муҳаббати туфайли болалар ва катталарга баб-баробар севимли бўлиб қолмоқда.
Шел Силверстайн
ШЕЪРЛАР
Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржималари
Шел Силверстайн (ингл. Sheldon Alan ‘Shel’ Silverstein; 1930 – 1999) – машҳур америкалик шоир, бастакор, муғанний, хонанда ва рассомдир. Болаларга атаб чоп этилган қатор китобларини ўзи безаган. Нозик қочиримларга бой шеърлар ёзган. Шеърларини кўча тилига яқинлаштирган. Болаларга аталган назмида – катталарга хос оқиллик, кулгуси замирида ойдин ҳасрат яшириндир.
НАБИРА ВА БОБО
Бола дер: «Қўлдан гоҳ тушар қошиғим».
Бобо жавоб қилар: «Менинг ҳам, ушоғим».
Бола дер: «Иштоним ҳўл бўлар гоҳо».
«Меники ҳам», – дея жилмаяр бобо.
Бола дер: «Мен тез-тез тураман йиғлаб».
Чол дер: «Мен овозсиз юраман йиғлаб».
«Энг ёмони, – дейди гўдак, – эрта-кеч
Мени эслашмайди, эътибор йўқ ҳеч».
Невара бошини оҳиста силаб:
«Биламан…» – дейди чол овози титраб.
АЙТИНГ МЕНГА…
Айтинг менга оқиллигимни,
Жуда доно эканим айтинг.
Ҳаддан зиёд истеъдодли ва
Ўта зебо эканим айтинг.
Сўзланг ҳисли, шафиқ эканим,
Айтинг менда бор назокатни.
Сўзланг тўкис, баркамоллигим,
Айтинг, ахир, бор ҳақиқатни!
ВУЖУД СУҲБАТЛАРИ
«Рақс тушамиз», – товон тиланар.
«Овқат ейман», – сўрайди оғиз.
«Китоб ўқи», – миям эланар.
«Термуламиз», – зорланади кўз.
«Сайр қилайлик», – шошар оёқлар.
«Юрмагин, уч!», – нолир белларим.
«Ўтирамиз, – чўрт кесар думба, –
Жонга тегиб кетдинг-ку баринг!»
МЕНИНГ ҚОИДАЛАРИМ
Гар хотиним бўлмоқчи бўлсанг,
Гўштсиз шўрва қилишни ўрган.
Билгин йиртиқ пайпоқ ямашни,
Ковушни пок этишни ўрган.
Қийин кунга тушсам, ачингин,
Уқалаб қўй эгик белимни.
Остонадан хазонни йўқот,
Тозалаб қўй юрар йўлимни,
Кеч – эшик ёп, тонгда – очасан…
Эй, тўхтагин, нега қочасан?
АЙТОЛМАГАНЛАРИМ
У кийимин жойлар жомадонига
Мен айта олмадим: «Кетмагин, гулим»,
Айтолмадим шартта: «Қайтгин ортингга,
Кел, бошқатдан яшай бошла, севгилим».
Мени севганмидинг, деб сўраганда,
Тилимни тишладим, турдим гунгу кар.
Ёрим кетди. Энди айтолмаганим
Тилимнинг учида осилиб турар.
Айтолмадим: «Кечир мени, жонгинам,
Ҳаммасига ўзим эдим гуноҳкор».
Айтолмадим: «Барин тузатмоқ мумкин,
Бизга фақат бироз муҳаббат даркор,
Яна даркор бизга бирозгина вақт».
Айтдим: «Гар бизларни ажратса замон,
Кетақол, бахтингга қилмайин зарар».
Ёрим кетди. Энди айтолмаганим
Тилимнинг учида осилиб турар.
Айтолмадим: «Қани, кийимингни еч,
Ўтир, сўзла бирор нарсани, эй гул».
Айтолмадим: «Кетар йўл – жуда узоқ
Видо йўли – олис, поёни йўқ йўл».
Сўзладим: «Алвидо, тилайман омад,
Тангри ёринг бўлсин». Қайтармадим-да…
Ёрим кетди. Энди айтолмаганим
Осилиб турибди тилнинг учинда.
Ҳатто сўнгги онда узатмадим қўл,
Унинг кўз ёшини арта олмадим.
«Сенсиз ҳаёт – бахтмас, дўзахдир», – дея
Айтсам бўлар эди, айта олмадим.
Ўйладим – ниҳоят, орзумга етдим,
Энди эркин зотман, шодман нақадар.
Ёрим кетди. Энди айтмаганларим
Юрагим ичига қондай томчилар…
МИЖҒОВ ДИЛГИРНИНГ ХИРГОЙИСИ
Бу дунёда бари ғалати,
Барча – аблаҳ, ҳамма – ярамас!
Тунлар ўта зерикарлидир,
Кун нурига кўзинг чидамас,
Ҳаддан зиёд шамоли тездир,
Булутлари эринчоқ, бездир.
Ўт-ўланлар ҳаддан зиёд кўк,
Барглар бунча силлиқ, жони йўқ.
Замин чангу ғуборга тўлган,
Керилган ой, унга не бўлган?!
Юлдузлар ҳам ёрқин, қаттиққўл,
Сувлар бунча хаддин зиёд ҳўл.
Жуда қуруқ бу қумлар, ахир,
Тошлар нечун бунчалар оғир.
Чивинлардан қаноти енгил,
Болалари жанжалкаш, савил,
Пойафзали қисар оёқни,
Одамлари жуда ўйноқи –
Қўшиқ айтар, рақс тушар гоҳи.
Ачинаман, улар – сармастлар –
Дунё ғалатлигин билмаслар.
ҒАЛАТИ ҚУШЧА
Қаҳратон қиш, изғирин, бўрон –
Қушлар учди жанубга томон.
Фақат битта қушча қолибди,
Қорли кўприк узра турибди –
Бошин силкир гоҳо раққосдай,
Сакрар, учар, қўнар бехосдан,
Қанотини гоҳ очар, ёпар.
Совуқ шамол ичин титратар.
Чумдуклари титраб, чуғурлар:
– Менга ҳам ҳеч ёқмас изғирин,
Чидаб бўлмас совуқ – зўр душман,
Лекин дилга беради таскин –
Мен шаҳарда ягона қушман.
БЕМОР
“Боролмайман мактабга, воҳ-эй, –
Нола қилар Пэгги Энн Маккей. –
Яхши эмас соғлиғим буткул
Чиқди тепки, қизамиқ, қизил,
Тошма тошди, яра – ҳамма ёқ.
Оғиз – ҳўлдир, қуриган – томоқ,
Томоқ бези тошдай, шишгандир,
Эшитмайди чап қулоқ қурғур,
Ўнг кўз бехос бўлиб қолди кўр,
Ўн олти бор чиқди сувчечак,
Вой, у яна босди-ку бешак!
Кўряпсизми, рангларим кўм-кўк,
Кўзим чиқиб, чақчаяр лўқ-лўқ.
Воҳ оёғим, қандоқ юраман,
Йўталаман, акса ураман,
Оломайман бир ютум нафас,
Ютганим ҳам ичимдан чиқмас.
Яна қаттиқ шамоллаганман –
Иягимни ушласам, ахир,
Оёққача сирқираб оғрир.
Оёқ синган, оққан илигим,
Эвоҳ, ичга кирган киндигим.
Ўнг тўпиғим чиққан, қилт этмас,
Вужудимга, эҳ, кальций етмас.
Ва, ажабо, ёмғирда бешак –
Оғриқ берар аблаҳ кўричак.
Бурунгинам музлаб ётгандир,
Бармоқларим сезмас, қотгандир.
Бўйинларим бурилмай қолди.
Эшитилмас, овоз йўқолди,
Тилим шишди, сиғмас оғзимга.
Сочим тушди, жоним бўғзимда,
Умуртқамда оғриқлар юздир.
Иссиғим ҳам ўттиз тўққиздир!
Боз устига, миям ўтирган.
Қулоғимга зирапча кирган.
Қақшаб турар орқам, курагим,
Нафас олсам, санчар юрагим…
Нима-нима? Нима дедингиз?
Эшитмадим, такрорланг, ахир,
Дарслар – бекор, бошланди ўйин?
Тўхтанг, чопиб бораман ҳозир!
ТАНГРИНИНГ ТИЗГИНИ
Бир кун менга жилмайиб Тангри,
Савол берди тўғридан-тўғри:
“Эй йигитча, тизгинни берсам,
Истармидинг, ўрнимда турсанг?”
– Майли, қани уриниб кўрай.
– Қайга борай? Қай ерда турай?
– Манзилимиз қайси томонда?
– Қачон ухлай, тушлик – қай онда?
– Қачон чиқса бўлар таътилга?
“Етар, қайтар тизгинни менга,
Бунда на дам, на-да таътил бор,
На уйқу бор, мен мудом ҳушёр, –
Деди Тангри оғир хўрсиниб, –
Бандам, ҳали эмассан тайёр…”
ОСМОНДАГИ ЖАНГ
Кун эмасди –тун ҳам эмасди шу тоб,
Самода учрашди ой билан офтоб,
Одатдаги ишлар– лек, буни қаранг,
Тортишди иккиси – бошланди-ку жанг.
Сўз кетидан сўзлар – бу ёғи жанжал:
Ким – ёрқин, ким – чақноқ, ҳаммадан гўзал?!
Ойни нурлари-ла куйдирди офтоб,
Ой ҳам жим турмади, айлади жавоб.
Ой қаттиқ тармашиб, ўжар жинқарча,
Ўроғини суқиб узди бир парча,
Оловли жанг кечди уфқда шафқатсиз,
Кузатиб тургандик уни барчамиз.
Тирналаб, ёндириб оташ-оловни,
Ташлашди юлишиб биров-бировни,
Ойнинг юзи куйган, жон талаш эди,
Офтобнинг яраси қонталаш эди.
Охири тугади уфқнинг шафағи –
Ойнинг чеҳраси оқ, қизғиш сиёғи.
Қуёшнинг қобоғи бироз кўкарди,
Охир у уялиб заминга кирди.
Шу тунни тўшакда ўтказганди ой,
Қуёш ҳам тушдан сўнг чиқди, ҳойнаҳой…
ТУЙҒУЛАР
Оғиз сўзлар эди Бурун ва Кўзга,
Шу атрофда ўтиб борарди Қулоқ.
Нозик сезгиси-ла эшитди барин,
Ўтинди: «Кечиринг, эшитдим, бироқ –
Атай пойламадим сизларни махсус,
Овозингиз баланд экан-да, афсус…»
Ярим сўзда Оғиз қотиб қолди донг,
Бурун ҳам жийрилди аламдан ҳайрон,
Уялиб назарин Кўз ҳам олди-ку,
Лекин хафалигин билдирмади у.
Оғир сукут чўкди – лол бўлиб шу чоқ,
Қайгадир йўл олди бечора Қулоқ.
РАНГЛАР
Менинг терим асли шоколадрангдир,
ёноғимда сарғиш-оқиш-гулранг бор,
кўзларим – яшилдир, бироз мовийранг,
тунлари – тўқ сариқ бўлади маккор.
Сочим – оқ аралаш сариқ, жигари,
агар сал ҳўлланса, у кумушдайдир.
Бу ташқи рангларим, ичим рангини –
Санаб адоғига етиб бўлмайдир…
САВДОЙИ ТУШ
Кеча оқшом ажаб бир туш кўрибман:
Досканинг олдида мағрур турибман,
Парталардан боқар ўқитувчилар,
Улар, во ажабо – зўр ўқувчилар.
Юзта китобни бир кунда ёдлашни
Топширдим уй иши – улар додлашди,
Туришар мунғайиб, бошни паст қилиб,
Ўқиш осон ишмас – қўйишсин билиб.
Уларни жўнатдим Муғулистонга,
Гоби саҳросида сувсиз юришсин,
Улар бир кеча ва яна бир тунда
Магнолия эксин ва ўстиришсин.
Сўрадим, қанақа бизни йиғлатмоқ?1
Барига кетма-кет “икки” қўяман?
Агарда жавобсиз қолса гар сўроқ,
Қулоғин тортаман, кўзин уяман.
Талабим – дарс пайти сукунат бўлсин,
Пиқ этиб гапирса, терисин шилдим,
Уйғондим ўкинчли қаттиқ йиғидан…
Лек оқшом тушимда бир мазза қилдим.
Shel Silverstayn
SHE’RLAR
Ingliz tilidan Karim Bahriev tarjimalari
Shel Silverstayn (ingl. Sheldon Alan ‘Shel’ Silverstein; 1930 – 1999) – mashhur amerikalik shoir, bastakor, mug’anniy, xonanda va rassomdir. Bolalarga atab chop etilgan qator kitoblarini o’zi bezagan. Nozik qochirimlarga boy she’rlar yozgan. She’rlarini ko’cha tiliga yaqinlashtirgan. Bolalarga atalgan nazmida – kattalarga xos oqillik, kulgusi zamirida oydin hasrat yashirindir.
NABIRA VA BOBO
Bola der: «Qo’ldan goh tushar qoshig’im».
Bobo javob qilar: «Mening ham, ushog’im».
Bola der: «Ishtonim ho’l bo’lar goho».
«Meniki ham», – deya jilmayar bobo.
Bola der: «Men tez-tez turaman yig’lab».
Chol der: «Men ovozsiz yuraman yig’lab».
«Eng yomoni, – deydi go’dak, – erta-kech
Meni eslashmaydi, e’tibor yo’q hech».
Nevara boshini ohista silab:
«Bilaman…» – deydi chol ovozi titrab.
AYTING MENGA…
Ayting menga oqilligimni,
Juda dono ekanim ayting.
Haddan ziyod iste’dodli va
O’ta zebo ekanim ayting.
So’zlang hisli, shafiq ekanim,
Ayting menda bor nazokatni.
So’zlang to’kis, barkamolligim,
Ayting, axir, bor haqiqatni!
VUJUD SUHBATLARI
«Raqs tushamiz», – tovon tilanar.
«Ovqat yeyman», – so’raydi og’iz.
«Kitob o’qi», – miyam elanar.
«Termulamiz», – zorlanadi ko’z.
«Sayr qilaylik», – shoshar oyoqlar.
«Yurmagin, uch!», – nolir bellarim.
«O’tiramiz, – cho’rt kesar dumba, –
Jonga tegib ketding-ku baring!»
MENING QOIDALARIM
Gar xotinim bo’lmoqchi bo’lsang,
Go’shtsiz sho’rva qilishni o’rgan.
Bilgin yirtiq paypoq yamashni,
Kovushni pok etishni o’rgan.
Qiyin kunga tushsam, achingin,
Uqalab qo’y egik belimni.
Ostonadan xazonni yo’qot,
Tozalab qo’y yurar yo’limni,
Kech – eshik yop, tongda – ochasan…
Ey, to’xtagin, nega qochasan?
AYTOLMAGANLARIM
U kiyimin joylar jomadoniga
Men ayta olmadim: «Ketmagin, gulim»,
Aytolmadim shartta: «Qaytgin ortingga,
Kel, boshqatdan yashay boshla, sevgilim».
Meni sevganmiding, deb so’raganda,
Tilimni tishladim, turdim gungu kar.
Yorim ketdi. Endi aytolmaganim
Tilimning uchida osilib turar.
Aytolmadim: «Kechir meni, jonginam,
Hammasiga o’zim edim gunohkor».
Aytolmadim: «Barin tuzatmoq mumkin,
Bizga faqat biroz muhabbat darkor,
Yana darkor bizga birozgina vaqt».
Aytdim: «Gar bizlarni ajratsa zamon,
Ketaqol, baxtingga qilmayin zarar».
Yorim ketdi. Endi aytolmaganim
Tilimning uchida osilib turar.
Aytolmadim: «Qani, kiyimingni yech,
O’tir, so’zla biror narsani, ey gul».
Aytolmadim: «Ketar yo’l – juda uzoq
Vido yo’li – olis, poyoni yo’q yo’l».
So’zladim: «Alvido, tilayman omad,
Tangri yoring bo’lsin». Qaytarmadim-da…
Yorim ketdi. Endi aytolmaganim
Osilib turibdi tilning uchinda.
Hatto so’nggi onda uzatmadim qo’l,
Uning ko’z yoshini arta olmadim.
«Sensiz hayot – baxtmas, do’zaxdir», – deya
Aytsam bo’lar edi, ayta olmadim.
O’yladim – nihoyat, orzumga yetdim,
Endi erkin zotman, shodman naqadar.
Yorim ketdi. Endi aytmaganlarim
Yuragim ichiga qonday tomchilar…
MIJG’OV DILGIRNING XIRGOYISI
Bu dunyoda bari g’alati,
Barcha – ablah, hamma – yaramas!
Tunlar o’ta zerikarlidir,
Kun nuriga ko’zing chidamas,
Haddan ziyod shamoli tezdir,
Bulutlari erinchoq, bezdir.
O’t-o’lanlar haddan ziyod ko’k,
Barglar buncha silliq, joni yo’q.
Zamin changu g’uborga to’lgan,
Kerilgan oy, unga ne bo’lgan?!
Yulduzlar ham yorqin, qattiqqo’l,
Suvlar buncha xaddin ziyod ho’l.
Juda quruq bu qumlar, axir,
Toshlar nechun bunchalar og’ir.
Chivinlardan qanoti yengil,
Bolalari janjalkash, savil,
Poyafzali qisar oyoqni,
Odamlari juda o’ynoqi –
Qo’shiq aytar, raqs tushar gohi.
Achinaman, ular – sarmastlar –
Dunyo g’alatligin bilmaslar.
G’ALATI QUSHCHA
Qahraton qish, izg’irin, bo’ron –
Qushlar uchdi janubga tomon.
Faqat bitta qushcha qolibdi,
Qorli ko’prik uzra turibdi –
Boshin silkir goho raqqosday,
Sakrar, uchar, qo’nar bexosdan,
Qanotini goh ochar, yopar.
Sovuq shamol ichin titratar.
Chumduklari titrab, chug’urlar:
– Menga ham hech yoqmas izg’irin,
Chidab bo’lmas sovuq – zo’r dushman,
Lekin dilga beradi taskin –
Men shaharda yagona qushman.
BEMOR
“Borolmayman maktabga, voh-ey, –
Nola qilar Peggi Enn Makkey. –
Yaxshi emas sog’lig’im butkul
Chiqdi tepki, qizamiq, qizil,
Toshma toshdi, yara – hamma yoq.
Og’iz – ho’ldir, qurigan – tomoq,
Tomoq bezi toshday, shishgandir,
Eshitmaydi chap quloq qurg’ur,
O’ng ko’z bexos bo’lib qoldi ko’r,
O’n olti bor chiqdi suvchechak,
Voy, u yana bosdi-ku beshak!
Ko’ryapsizmi, ranglarim ko’m-ko’k,
Ko’zim chiqib, chaqchayar lo’q-lo’q.
Voh oyog’im, qandoq yuraman,
Yo’talaman, aksa uraman,
Olomayman bir yutum nafas,
Yutganim ham ichimdan chiqmas.
Yana qattiq shamollaganman –
Iyagimni ushlasam, axir,
Oyoqqacha sirqirab og’rir.
Oyoq singan, oqqan iligim,
Evoh, ichga kirgan kindigim.
O’ng to’pig’im chiqqan, qilt etmas,
Vujudimga, eh, kal`tsiy yetmas.
Va, ajabo, yomg’irda beshak –
Og’riq berar ablah ko’richak.
Burunginam muzlab yotgandir,
Barmoqlarim sezmas, qotgandir.
Bo’yinlarim burilmay qoldi.
Eshitilmas, ovoz yo’qoldi,
Tilim shishdi, sig’mas og’zimga.
Sochim tushdi, jonim bo’g’zimda,
Umurtqamda og’riqlar yuzdir.
Issig’im ham o’ttiz to’qqizdir!
Boz ustiga, miyam o’tirgan.
Qulog’imga zirapcha kirgan.
Qaqshab turar orqam, kuragim,
Nafas olsam, sanchar yuragim…
Nima-nima? Nima dedingiz?
Eshitmadim, takrorlang, axir,
Darslar – bekor, boshlandi o’yin?
To’xtang, chopib boraman hozir!
TANGRINING TIZGINI
Bir kun menga jilmayib Tangri,
Savol berdi to’g’ridan-to’g’ri:
“Ey yigitcha, tizginni bersam,
Istarmiding, o’rnimda tursang?”
– Mayli, qani urinib ko’ray.
– Qayga boray? Qay yerda turay?
– Manzilimiz qaysi tomonda?
– Qachon uxlay, tushlik – qay onda?
– Qachon chiqsa bo’lar ta’tilga?
“Etar, qaytar tizginni menga,
Bunda na dam, na-da ta’til bor,
Na uyqu bor, men mudom hushyor, –
Dedi Tangri og’ir xo’rsinib, –
Bandam, hali emassan tayyor…”
OSMONDAGI JANG
Kun emasdi –tun ham emasdi shu tob,
Samoda uchrashdi oy bilan oftob,
Odatdagi ishlar– lek, buni qarang,
Tortishdi ikkisi – boshlandi-ku jang.
So’z ketidan so’zlar – bu yog’i janjal:
Kim – yorqin, kim – chaqnoq, hammadan go’zal?!
Oyni nurlari-la kuydirdi oftob,
Oy ham jim turmadi, ayladi javob.
Oy qattiq tarmashib, o’jar jinqarcha,
O’rog’ini suqib uzdi bir parcha,
Olovli jang kechdi ufqda shafqatsiz,
Kuzatib turgandik uni barchamiz.
Tirnalab, yondirib otash-olovni,
Tashlashdi yulishib birov-birovni,
Oyning yuzi kuygan, jon talash edi,
Oftobning yarasi qontalash edi.
Oxiri tugadi ufqning shafag’i –
Oyning chehrasi oq, qizg’ish siyog’i.
Quyoshning qobog’i biroz ko’kardi,
Oxir u uyalib zaminga kirdi.
Shu tunni to’shakda o’tkazgandi oy,
Quyosh ham tushdan so’ng chiqdi, hoynahoy…
TUYG’ULAR
Og’iz so’zlar edi Burun va Ko’zga,
Shu atrofda o’tib borardi Quloq.
Nozik sezgisi-la eshitdi barin,
O’tindi: «Kechiring, eshitdim, biroq –
Atay poylamadim sizlarni maxsus,
Ovozingiz baland ekan-da, afsus…»
Yarim so’zda Og’iz qotib qoldi dong,
Burun ham jiyrildi alamdan hayron,
Uyalib nazarin Ko’z ham oldi-ku,
Lekin xafaligin bildirmadi u.
Og’ir sukut cho’kdi – lol bo’lib shu choq,
Qaygadir yo’l oldi bechora Quloq.
RANGLAR
Mening terim asli shokoladrangdir,
yonog’imda sarg’ish-oqish-gulrang bor,
ko’zlarim – yashildir, biroz moviyrang,
tunlari – to’q sariq bo’ladi makkor.
Sochim – oq aralash sariq, jigari,
agar sal ho’llansa, u kumushdaydir.
Bu tashqi ranglarim, ichim rangini –
Sanab adog’iga yetib bo’lmaydir…
SAVDOYI TUSH
Kecha oqshom ajab bir tush ko’ribman:
Doskaning oldida mag’rur turibman,
Partalardan boqar o’qituvchilar,
Ular, vo ajabo – zo’r o’quvchilar.
Yuzta kitobni bir kunda yodlashni
Topshirdim uy ishi – ular dodlashdi,
Turishar mung’ayib, boshni past qilib,
O’qish oson ishmas – qo’yishsin bilib.
Ularni jo’natdim Mug’ulistonga,
Gobi sahrosida suvsiz yurishsin,
Ular bir kecha va yana bir tunda
Magnoliya eksin va o’stirishsin.
So’radim, qanaqa bizni yig’latmoq?1
Bariga ketma-ket “ikki” qo’yaman?
Agarda javobsiz qolsa gar so’roq,
Qulog’in tortaman, ko’zin uyaman.
Talabim – dars payti sukunat bo’lsin,
Piq etib gapirsa, terisin shildim,
Uyg’ondim o’kinchli qattiq yig’idan…
Lek oqshom tushimda bir mazza qildim.