Ibratga aylangan maskan ( Xurshid Davron bilan suhbat) & Xurshid Davron. She’rlar

033     Маънавият сўзининг замирида маъно, моҳият тушунчалари ётади. Китоб ўқимоқчи бўлган одам ўзини маънога тўлдиради. Зиё билан йўлини ёритади. Шу маънода, китоб инсониятнинг энг юксак кашфиётларидан биридир. Дунёда ғилдирак ихтиро қилиниб, узоқ масофалар яқин бўлганидек, китоб баайни оламни бир-бирига қалбан яқинлаштирди. Дилларни бирлаштириб, ҳаётнинг, яшашнинг асл маъноси нелигини ифодалаб берди. Ахир, яхшилик дарахтини суғориб турадиган нарса ҳам китоб-ку! Мен ҳаётимни китобларсиз тасаввур қила олмайман.

ИБРАТГА АЙЛАНГАН МАСКАН
Шоир Хуршид Даврон билан суҳбат
Жавлон Жовлиев ёзиб олди
09

034Маънавият сўзининг замирида маъно, моҳият тушунчалари ётади. Китоб ўқимоқчи бўлган одам ўзини маънога тўлдиради. Зиё билан йўлини ёритади. Шу маънода, китоб инсониятнинг энг юксак кашфиётларидан биридир. Дунёда ғилдирак ихтиро қилиниб, узоқ масофалар яқин бўлганидек, китоб баайни оламни бир-бирига қалбан яқинлаштирди. Дилларни бирлаштириб, ҳаётнинг, яшашнинг асл маъноси нелигини ифодалаб берди. Ахир, яхшилик дарахтини суғориб турадиган нарса ҳам китоб-ку! Мен ҳаётимни китобларсиз тасаввур қила олмайман.

Болаликдан китоб ўқийдиган оила муҳитида ўсиб улғайганман. Ўша пайтларда кутубхонаси бўлган хонадонлар жуда кам эди. Борлари ҳам ночор. Мен бир токчага жой бўладиган китоблари бўлган Субиҳа холамнинг уйидан бери келмасдим. Кутубхонаси борлиги учун ҳам ўша уй менга сирли, қандайдир мўъжизали бўлиб кўринарди. Бу менинг кейинги ҳаётимга, ижодий ишларимга сезиларли таъсир ўтказган. Шунинг учун бу нодир яратиқларга қанча таҳсин айтсам кам.

Инсон китоб бор жойга, кутубхоналарга яқинлашган сайин улар онгида, юрагида ҳаёт нури равшанлашиб, фикрлари теранлашиб боради. Буни истаган пайтингизда ўз тажрибангизда синаб кўришингиз мумкин. Сиз, умуман кутмаган томондан ёруғлик келиб, қалбингизга мўралайди, маънавият томон йўл очади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига биринчи марта келган пайтларим ҳамон ёдимда. Бу илиқ таассуротлар талабалик даврим билан ошуфта ҳолатда хотирамда сақланади. Чунки талабалигимнинг асосий вақти ушбу кутубхонада ўтган. Бу ерда бизга нотаниш бўлган кўплаб китобларни илк марта интиқиш билан қўлга олганмиз ва завқ билан ўқиб чиққанмиз. Кимдандир етук асар, дея эшитган китобларни шу маскандан излаб топиб, ҳайратла мутолаа қилганмиз. Бугунги кунга келиб, олтин ёшлигимнинг асосий қисми мазкур кутубхонада кечганидан сира афсусланмайман. Аксинча, бундан чексиз бахтиёрман!

Кутубхона – ҳақиқий маъно излаганлар учун хазина. У ерда неча-неча асрлардан бери, аждодларимизнинг қалб қўри, сабр ва машаққатли меҳнатларининг натижаси ўлароқ яратилган минглаб нодир китоблар сақланади. Уларни ўқисангиз, сизга дўст тутинади, тилга кириб жонланади. Бир вақтлар, юртимиз чоризм томонидан босиб олингач, рус зобитларига берилган катта бир топшириқ ҳам халқнинг нодир китобларини йиғиб олиб, император кутубхонаси учун олиб кетиш бўлган. Бунинг учун халқнинг энг севимли китоблари қўрқитиш, алдов, арзимаган чақаларга сотиб олиш эвазига қоплаб эшелонларга жойланиб, олиб кетилган. Лекин ота-боболаримиз ҳар қандай даврда ҳам жасорат кўрсата олган. Бугун юртимизда сақланаётган нодир китоблар шу жасорат тимсолининг намунаси. Уларнинг аксарияти мазкур кутубхонада алоҳида эътиборда сақланаётганлиги бизни хурсанд қилади, чунки бу китоблар миллатнинг ўзлигини таъминловчи ва асрий маънодан дарак берувчи ноёб қўлёзма-манбалардир.

Азал-азалдан кутубхоналар миллат кўзгуси, унинг ривожидаги муҳим маскан ҳисобланган. Бу фикрни кўп бора ўз мақолаларим орқали ҳам ўртага ташлаганман. Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти ўша мамлакатда нечта кутубхона борлиги ва энг муҳими, у ердаги китобхонларнинг сони билан ўлчаниши керак. Мен шуни аниқ биламанки, бугун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бунга ёрқин мисол бўлади. Чунки замонавий талаблар асосида янгидан бунёд бўлган мазкур кутубхонада ҳар куни минглаб ёшлар китоб ўқишмоқда, соғлом ахборотга эга бўлишмоқда.

Бу ўринда ёшларга янада эътиборни ошириш лозим. Чунки кекса авлод шаклланиб бўлган, китоб ўқишга қизиққани юз ёшда ҳам ахтариб китоб ўқийди, қизиқмагани-чи? Мажбурласангиз ҳам китоб ўқимайди. Лекин ёшларнинг китоб ўқиш кўникмасини шакллантирсак бўлади. Китобнинг сеҳри ва ундан оладиган хазинаси улкан эканлигини уларга билдира олишимиз керак. Бунда ота-оналарнинг ҳиссаси жуда катта бўлади.

Қадим бир турк достонида қизига ҳадеб насиҳат қилиб ўтирган онага, сен фақат қизингга насиҳат қилиб ўтираверма, ундан кўра, ўша ишни ўзинг қилсанг, қизинг қилади, дея танбеҳ берилади. Ёки бўлмаса, «Қуш уясида кўрганини қилади», «Онасини кўриб, қизини ол» каби мақолларнинг таг замирида ҳам ибратнинг ўрни, тарбиянинг аҳамияти, огоҳликка даъват қилиш каби қат-қат маъно-лар бор. Ёшлар тарбиясига оид жуда муҳим фалсафа бор. Бу ҳақда жонли мисол келтирсам: Фарзандларим ҳали мактабга чиқмаган пайтларда, иш столимда ўтирар эканман, бирон-бир мусиқани, дутор, танбур, най оҳангларини эшитиб, ишни бошлардим. Вақти келиб улар мактабга чиқиб, уйга вазифаларини тайёрлашга келганда, мендан радио олиб беришимни сўрашган. Чунки улар ўқиш мусиқа билан ҳамоҳанг бўлар экан, деб тушунишган-да. Кўраяпсизми, фарзандларимиз бизларни қанчалик ўткир ва тиниқ кўзлар ила кузатишади. Айрим ота-оналар буни унутиб қўяётганлари ачинарли ҳол. Аввало, ота-оналар китоб ўқиб фарзандларига намуна бўлишлари керак. Китобдан олган ҳайратларини болалари билан ўртоқлашиши, бу ажиб қоғозлар мажмуи қандай таъсир ўтказа олиш кучига эга эканлигини болалар кўриши керак. Шу ўринда фарзандларнинг бурчи ҳақида гапириш ҳам ўринлидир. Шундай жигарбандлар борки, отаси қолдирган катта маънавий меросга беписанд. Унинг бой, шахсий кутубхонаси аллақачон омборхоналарга ташланган ёки шунчаки тарқатилган. Бир куни чиқиндихонада шундай манзарани кўриб, юрагим зирқираб кетди. Китобларни ушлаб кўрар эканман, унга муаллифлар томонидан ёзилган дастхатлардан бу китоблар кимнинг шахсий кутубхонасидан улоқтирилганлигини билдим. Унинг эгаси атоқли олимлардан бири эди. Ана, ноқобил фарзандларнинг аянчли қилмишига мисол. Ундан кўра, ўша китобларни кутубхоналарга берганида қанчадан-қанча инсонлар фойдаланган, ўша оилага раҳматлар ёғилган бўларди. Бу борада кутубхоналар ҳам огоҳ турмоғи, шундай китобларни сотиб олиб бўлса ҳам шахсий кутубхоналарни асраб қолиши зарур. Чунки чиқиндига ташланган китоблар орасида ноёб, қимматли, ҳали фанга маълум бўлмаган китоблар ҳам бўлиши мумкин эканлигини унутмайлик. Боя айтиб ўтганимиздек, бу китоблар бизнинг улкан бойлигимиздир.

Биз глобаллашув даврида яшаяпмиз. Бунинг яхши томони бўлгани каби, кўплаб ёмон томонлари ҳам бор. Баъзи шу сўзни байроқ қилиб олган одамлар, халқларнинг ўзига хослигини йўқотмоқчи, уларни ҳеч қанақа қуролларсиз ўзлигидан айирмоқчи бўлишмоқда. Чунки шу иллат уруғини ўйлаб топаётган мамлакатларнинг ўз илдизлари йўқ. Юртимиз эса, инсоният тамаддунининг бешикларидан биридир. Улар тарқатмоқчи бўлаётган жаҳолат уруғига қарши энг кучли жангчи китобдир.

Адабиётга, шеъриятга ошно бўлган одам қалби тиниқлашиб, ҳайратлари ортиб боради. Чунки шеърият – кўнгил иши. Баъзи ёш шоирларнинг баландпарвоз шеърлари ҳақида ўйлаганда бир нарсани уларга айтишни жуда истардим. Баландпарвоз сўзлар санъатнинг майдон томошаларидагина, халқнинг кенг оммаси қатнашган байрамларигагина ярашади. Шеъриятга эмас. Ортиқча дабдабабозлик шеъриятдан таъсирланишимизга тўсиқ бўлади. Баландпарвоз шеър, ёзганларни баландга олиб чиқиб, ўша баландликдан уларни ерга улоқтириш билан баробар. Ҳақиқий ижодкор эса, инсониятнинг кўнгил кечинмаларини ўзига хос тасвирлашга ҳаракат қилади. Бундан маъно, мазмун қидиришга уринади. У ёзганлари ўқувчиларга маъқул келса, чексиз шодланади, кўнглида чексиз рағбат ҳиссини туяди.

Инсон ҳам табиатнинг бошқа яратиқларига жуда ўхшайди. Гул мисоли ялт-ялт очилиб, оламни ўз ифори билан безайди ва хазонга айланиш жараёнларини бошдан кечиради. Инсон бу табиат қонун-қоидаларидан қочиб қутула олмайди. У доим ҳаракатда, фикрлашда, лекин ҳар бир инсон меҳрга ташна, эътиборга лойиқ бўлишни истайди. Айниқса, ижодкорлар. Шу мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, охирги пайтларда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар қилинаётганлиги, уларга катта эътибор берилаётганлиги жуда қувонарли ҳолат, чунки ўзлари севган адабиёт вакиллари билан учрашиш, кўнгил кечинмалари билан яқиндан танишиш китобхонлар учун қанчалик муҳим бўлса, ижодкорлар учун ҳам шунчалик катта аҳамиятга эга. Бир вақтлар ҳозирги эстрада хонандаларининг энг сарасига қанча одам кирса, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов билан бўлиб ўтадиган мушоираларга шунча одам кирарди. Бир кун келиб яна шундай манзараларни кўришга ишонаман, чунки миллат тараққиётини адабиётсиз тасаввур қилиш қийин. Боболаримиз энг улуғ нарса дея ибратни кўрсатадилар. Бу борада мазкур кутубхона олиб бораётган ишлар – катта бир ибрат. Бу маскан ибрат маскани ҳамдир.

Мен Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг кичик бир андозаси, яъни кутубхоначалар ҳар бир ўзбек хонадонида бўлишини истайман. Майли, токчада бўлса ҳам кутубхонаси бўлиши керак. Бу болаларимиз учун, келажагимиз учун жуда муҳим.

Манба: «ИНФОЛИБ» журнали, N 4

ХУРШИД ДАВРОН
КИТОБ, МУТОЛАА ВА ИЖОД
ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
09

***

Кун ботди –
Ботаётиб,
Деразам ойнасида
Акс этди чўғдай ёниб.

Оқшом.
Салом, дафтарим –
Икки оппоқ қанотин
Ёйиб ётган каптарим.

1982

ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.

Олис, чағир тошли йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.

Яна ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.

Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ҳаволарга,
Бўғриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга –

Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз “Ўтган кунлар”ни
Юрагимиз деразасидай.

1983

* * *

Қафасдаги ғамгин қушни
Озод этмоқ – шеър битмоқ.
Болаликда кўрган тушни
Эсламоқ ҳам – шеър битмоқ.

Ғазабингни яширолмай
Мисли сиртлон, мисли шер,
Тишларингни ёвга санчсанг –
Бу энг қутлуғ, улуғ шеър.

Қамоқдаги маҳбус кўзи
Қирқ йилдан сўнг эмса нур,
Дилдаги ўт – шеърнинг сўзи,
Қирқ йиллик нур – шеър эрур.

1979

ОЙБЕК

I

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак.
Ва сокин шивирни – оҳангни уқиб,
Ойбекми? Майсами? – деб толсин юрак.

Ойбекнинг шеърини бедазор аро
Сой саси аралаш тингламоқ зарур,
Билмай қолсин юрак сув узрами, ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек – бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек – бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек – бу улкан бир чорбоғ остида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек – бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар,
Барча ҳасратини, жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар.

II

Шеър – фақат қуш тили, деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър – юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.

III

Ғафур Ғулом кетди,
Шайхзода кетди,
Кетди Абдулла Қаҳҳор ҳам.

Дарахтларни олиб кетар чақмоқлар,
Довуллар олиб кетар кемаларни…

Ойбекни обкетди дўстлари…

1980-1982

* * *

Мен истайман шеъримда
Жарангласин ҳар сатр.
Худди қиз кулган каби
Ё тушган каби садр.

Мен истайман шеъримда
Сўз куйин, сўз рақсини,
Нон деган сўздан кейин
Анқиган нон исини.

Мен истайман шеъримда
Яра ҳақда куйласам,
Оқаётган қоннимас,
Оғриқни туйсин одам.

Мен истайман шеъримда
Бўлсин менинг нафасим,
Оғриғим, бахтим, дардим,
Ичимда қолган сасим

Ва баҳорга ташна қалб,
Қорлар босгач изини,
Менинг шеъримдан узиб
Ҳидласин “Гул” сўзини.

Ватан, сени севишим,
Халқим, сени севишим,
Гулим, сени севишим
Бўлсин менинг шеъримда.

1981

ХУАН ГОЙТИСОЛО МАВЗУИДА

–  Нега шоир бўлдинг? – дейман мен,–
Нега ялпиз тушимга кирди?
…Қўшним ўғли, менинг тенгдошим
Миршабликка ўқишга кирди…

– Нега шоир бўлдим? – дейман, оҳ…
Чўнтак қуруқ, келажак – жумбоқ.
Миршаб қўшним янги уй солди,
Сотиб олди қишлоқдан чорбоғ.

– Нега шоир бўлдим-а, – дейман,
Қоғозларни кўмиб ёшимга.
Ўзимни зўр шоир санардим,
Шеър ёзолсам қўшним бошига.

Фақат боши жуда қаттиқ-да,
Икки қўли икки милтиқдай.
Мен бир куни ўлишим тайин
Шу милтиқдан отилган ўқдан…

1982

* * *

Қадимий битикни варақлаб бир қур
Дуч келган ҳасратли сўзларга кўзим:
“Келур куз, кечар ёз, борар бу умур,
Тугатди умурни бу ёзим, кузим”.*

Саккиз асрлик дард бўғзимда қотди,
Ўгрилиб орқамга боқдим дафъатан.
Неча ёз, неча куз, неча қиш ўтди
Умр деб аталган шошқин сафардан.

Ялт этган нигоҳдек ўтди саратон,
Қуш бўлиб осмонга сингиб кетди куз.
Қор каби эриди кафтда қаҳратон,
Баҳорни-ку, илғаб-илғамади кўз.

Эй кўкат, эй дарахт, эй шамол, эй тош,
Эй замин – сиз бунча, о бунча шошқин!
Сиз дейсиз: — Кун бўйи порлади қуёш!
Мен дейман: — Зулматда чақнади чақин!

Куз недир, ёз недир, саратон недир –
Дам ўтди, он ўтди, кечди лаҳзалар.
Йилларга тенг эди, асрларга тенг
Улардан юракда қолган ларзалар.

Куз-ку куз, ёз-ку ёз, баҳор-ку баҳор –
Бахт ўтди, ғам ўтди, қолди сўроқлар.
Оппоқ совуқ қорга кўмилди алёр –
Болалик кунларим – момоқаймоқлар.

Саккиз асрлик дард бўғзимда қотди,
Ўгрилиб ортимга боқдим дафъатан.
Неча ёз, неча куз, неча қиш ўтди
Умр деб аталган оний сафардан

Ва унинг қордай оқ варақларида
Қолди ёз, қолди куз, қолди қаҳратон.
Баҳор қолди шеърим туроқларида,
Қолди бўғинларда қайғу, ҳаяжон.

Бу оқ варақларга кўздан сингиб нур,
Он келар, битурман энг сўнгги сўзим:
“Келур куз, кечар ёз, борар бу умур.
Тугатди умурни бу ёзим, кузим”.

  • Югнакий мисраси

1983

В. Г. ЯН ХОТИРАСИГА

Қипчоқ даштларида ёвшан сочган ис
Шероз боғларининг атридан эпкин.
Саҳродаги қудуқ бесарҳад, тубсиз
Денгизни бир ҳўплаб ютиши мумкин.

Ҳозиргача агар тунлар нафасинг
Ичга ютиб, зийрак қулоғинг тутсанг,
Сенга етиб келар тулпорлар саси,
Жаранглар қиличлар таратган оҳанг.

Агар кўзинг юмсанг оромдан кечиб,
Агар тасввуринг уйғотсанг —  шу он
Тулпорлар бўйнидан силқи қон ичиб,
Учган черикни ҳам кўрарсан аён.

Ушоқ тулпор минган айёр жаҳонгир
Ортидан дунёнинг ярми от қўяр,
Неки гўзаллик бор: китоб ё қаср,
Ўтрор ё Исфахон – йиқар, ўт қўяр.

Чунки улар билар, ёвшан сочган ис
Водий боғларининг атридан эпкин,
Саҳродаги қудуқ бесарҳад, тубсиз
Денгизни бир ҳўплаб ютиши мумкин.

Аммо улар билмас: ҳаёт боқийдир,
Ҳаёт қучоғида жон берар ўлим.
Кеча жангда қурбон бўлган баҳодир
Эртага гул бўлиб уйғонар балким.

Аммо улар билмас: тўкилган кўз ёш
Сувга айланади, дарё бўлажак,
Дарахтлар уйғонар, чарақлар қуёш,
Қурбонлар бўғзидан чиқар келажак.

1983

* * *

Юки оғир тўрва бордир елкамда –
Йўл юриб, сув кечиб, тоғу  тош ошиб
Қишлоқларга кириб бораман,
Йўлда
Учраган дарвоза зулфин ураман,
Сўз сўрайман,
“Сўз борми?” дейман.

Баъзан болалар,
Кўзлари қоп-қора болалар
Югуриб ичкарига кириб кетишар,
Сўнг чиқариб беришар ушоққина сўзни –
Ранжимайман,
Тўрвамга соламан…

Яна йўлга тушиб, йўлда учраган
Эшиклар зулфини қаттиқ қоқаман,
Эшик очганларга шодон боқаман,
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман.

Баъзан сўз ўрнига: “Сўзни сўраб нима қиласан?
Пул сўрагин, тўрвангни тўлдирайлик”, — дея
масхаралашар,
Аслида улар мени эмас,
сўзни масхаралашар…

Баъзан “Бу гадо нега
Сўз сўрайди? Бу шубҳали”, дейишади,
Оч калхатдек тикилишади,

Ҳар эҳтимолга кўра калтаклашади –
Ранжимайман,
Бурнимдан оқаётган,
Ёрилган лабимдан оқаётган
Қонни артиб йўлга тушаман.

Йўлимда учраган эшик зулфини
Икки-уч бор қаттиқ қоқаман,
Сўз сўрайман,
“Сўз борми?” дейман.

Баъзан эндигина туғилган чақалоқнинг
Сўзини чиқариб беришар,
Шунда, ў-ў-ў,
Ўзимга сиғмасдан хурсанд бўламан,
Чақалоқ сўзга ҳайратланиб боқаман,
Гўё ой нурида гулдек оқаман…

Сўзларни райҳондай ҳидлайман,
Сўзларни аёлдай қутлайман,
Сўзларнинг шивирин тинглайман,
Мен шунда англайман, англайман:
Юрагим бепоёнлашар бу оҳанглардан,
Юрагим тиниқлашар бу шан ранглардан!

…Оқшом мени қайда бағрига  олса.
Ўша овлоқларда сўзни пичирлаб.
Тўрвамни қучоқлаб ухлайман,
Тушларимда тўрвам йиртиғидан
Бошини чиқариб
Сўзлар майсалар билан гаплаша бошлар,
Сўзлар юлдузлар билан гаплаша бошлар.

Баъзан ярим тунда уйғониб, қарасам,
Сўзлар оппоқ саманларга айланиб
Ўтлаб юрган бўлар теварагимда…

Баъзан йўқотиб қўйган сўзни излаб
Тошларни кўчириб, кўриб қоламан –
Бойчечакни қучоқлаб ётган бўлар сўз.

Сўзларни бағримга босаман,
Гул ҳиди қолади димоғларимда,
Сўзлар кўксимдаги қорларни тешиб
Гул бўлиб очилар қучоқларимда.

Сўзлар менга афсоналар сўйлар,
Сўзлар  қадим қўшиқларни куйлар,
Сўзлар ёлғизликда мен билан ўйлар,
Сўзлар бола каби мен билан ўйнар…

Сўзлар соғинчимдан, ишқимдан бўзлар,
Сўзлар кўтарар ҳасратим тобутини,
Сўзлар хотирам қабрига гуллар ўтқазар.

Мени келажакка етказар сўзлар,
Мен қайтиб келмайман ҳеч қачон,
Сўзларим, албатта, қайтади.
Кетган юрак афсоналарин
Сўзлар келиб айтади…

Йўл юриб, сув кечиб, тоғу тош ошиб
Қишлоқларга кириб бораман,
Йўлда
Учраган эшикнинг зулфин қоқаман,
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман…

1983

* * *

“Девонул луғатит-турк”ни ўқийман…
Ва деразам Алпомиш тутган
Совут мисол товланар шомда…

Остонамнинг олдидан ерни
Титратганча, ғамни унутган
Алпомиш ўтади оппоқ отда…

Қоғозларнинг шитирлашимас,
Тўқайларнинг саси теграмда
Янграр – уни тинглар коинот.

Манжаниқлар харсанг отади,
Ҳилол чиқиб, қуёш ботади,
Юрагимда тинар коинот…

“Девонул луғатит-турк”ни
Маҳкам босиб кўксимга, ғуруб
Томон бўзлаб чопиб борурман.

Шопмўйловли бадмаст саллотлар
Тинмай қувиб келар ортимдан, —
“Девон”нимас, жонни берурман…

Бобом боқар қабридан туриб,
Чақмоқ порлар зулматни ёриб,
Варақлайман ҳар порлаганда.

Ва оний нур ёритган сўзни
Ўқирканман қадимий тилда,
Буюк бир ҳис уйғонар дилда…

1984

* * *

Бу одам уйида китоб асрамас,
Чунки у китобдан жуда қўрқади.
Бу одам китобнинг ўзидан эмас,
Китобда битилган Сўздан қўрқади.

Ҳамон тирноғининг остида лов-лов
Ёнган китобларнинг қора кули бор.
Қўлин иситади ҳамон ул олов –
О, қандай ёқимли бу илиқ ғубор.

Аммо ярим тунда,
Осмонда шодмон
Ой ўлчаб юрганда ерни қаричлаб,
Бола-чақасидан яширин, пинҳон,
Қўшқават эшикни занжирлаб, зичлаб.

Варақлари куйган китобни олиб
Ўқийди – кўзидан ёш оқа бошлар
Ва ҳасад тошлари бўғзига тўлиб
Ўқиган варағин оловга ташлар.

1986

СУЯМАН ҚАДИМИЙ КИТОБ ВАРАҒИ...

Суяман қадимий китоб варағи
Сокин шитирласа сукунат аро…
Уларда жо эрур ўтмиш дараги,
Уларда “қора”мас, ёзилар “қаро”.

Улардан даштларнинг иси келади,
Сўлган райҳонларнинг келар нафаси.
Улар сайроқ булбул яшаб, ғам чекиб
Кейин ташлаб кетган тилла қафасдир.

Суяман печакка ўхшаш имлони,
Уларда сир пинҳон, жумбоқлар бордек.
Улар дилдан суяр ёлғиз Оллоҳни,
Менинг дилимдаям шу меҳр бордек.

Суяман қадимий қўлёзмаларни
Варақлаб, олислаб кетмоқни, бироқ
Қаршимда ҳар сафар нақшин эшикдек
Ёпилар, келганда энг сўнгги вароқ…

1988

ҚАДИМ ҲИКМАТ ГУЛЛАРИ

Биз динсизмиз, дедилар,
Мачитларни ёндириб.
Китобларни ёқдилар,
Жоҳил дилни қондириб.

Мачитлар ёнмадилар,
Ёнди бизнинг дилимиз.
Китоблар ёнмадилар,
Ёнди онам тилимиз.

Мақбаралар бузилди,
Йиқитилди минорлар –
Она тарих кўксида
Ўсиб турган чинорлар.

Таланди мадрасалар,
Таланди хонадонлар –
Ўғирланган китобга
Тўлди Масков, Лондонлар.

Учди кўкка ёнғинда
Ёнган китоб куллари –
Боболар биз деб эккан
Қадим ҳикмат гуллари.

Ибн Сино ёқилди,
Ёқилда ал-Фаробий.
Ёлғон гаплар тўқилди,
“Нодон” бўлди халқ номи.

Улуғбек китобларин
Излаб юришар ҳамон –
Мен уларни ўйласам,
Дилимда минг дард-армон.

У китоблар энди йўқ,
Йўқ улар бу дунёда!
Оқиб кетган Оқдарё,
Оққан Қорадарёда.

Ўша олис,
Бир қарғаб
Лаънатлаган ўтмишда
Бизни ўйлаб боболар
Ҳикмат шамъин ёқишган.

Ҳатто Мирзо Улуғбек
Ўлдирилган чоғдаям,
У яратган китобни
Ёқишмаган, ўқишган.

Ахир буюк Қошғарий,
Буюк Ибн Синони –
Берган бу халқ китобда
Кўриб турган худони.

Ерга тушган ушоқдек
Хор бўлган ҳар вароқни
Халқим кўзига суртган
Туйиб дилда титроқни.

Фақат кейин,
Оҳ, кейин
Дилдан имон кетганда,
Жаҳолат-ла дўст бўлиб,
Қўлдан шайтон тутганда.

Янграганда ҳар ёқда
Ҳайвонга хос хитоблар,
Сувда оққан, кўмилган,
Ёқилган бу китоблар.

Кейин эса кўзи кўр,
Савобсиз деб ном олдик,
Мингта йўлнинг олдида,
Йўлни тополмай қолдик.

Уйғот, Халқим, мудраган
Ўғилларинг дилларин,
Эккин қайта уларга
Қадим ҳикмат гулларин…

1988

ҚЎЛЁЗМАЛАР ИНСТИТУТИ

Бу захкаш хоналар ичида сукут,
Одамлар нафаси уни илитмас.
Бу ерда китоблар ётибди унут,
Варақлар шитири қулоққа етмас.

Фақат кечалари,
Фақат тунлари
Қадим қўлёзмалар шитирлай бошлар,
Улар бир-бирига алам унларин,
Соғинч унларини шивирлай бошлар.

Уларда битилган ҳар бир дона ҳарф
Аёлга,
Болага,
Гулга айланар.
Боғларга айланар ва шу боғларда
Булбулга – ошифта дилга айланар.

Саҳифа жанггоҳга,
Сўзлар аскарга,
Сафларга айланар бунда сатрлар.
Ватанга айланар субҳи саҳарда
Бу қадим ҳикматга бой асотирлар.

О, кошки шу юртнинг даштлари аро
Бир чечакдай унсам,
Бир қушдай қўнсам –
Бўғзим куйдирарди ўтли бир садо,
Бўзлардим бир умр шу юртни қўмсаб.

Шу юртнинг баргхазон қучган боғлари,
Қор босган тоғлари ороми учун
Умримдан кечардим,
Сенга берардим,
Гарчи туймасам-да, меҳрингни, очун!

Шу юрт тупроғига сингиб кетган қон,
Кўз ёши ҳикматин англайин, дея
Сендан ҳам қўрқмасдим, ваҳший қатағон,
Умримни шу юртга қилардим ҳадя.

О, улар ҳасрати озорим бўлғай,
Уларнинг қувончи бўлғай аламим,
Улардан сўзларим нолалар қилғай,
Қиличга айлана бошлар қаламим.

Навоий кўчасин четидаги бу
Бинони зиёрат қилсам мен агар,
Не учун дилимда ортади қайғу,
Не учун дилимга ботади ханжар?!

Ва тунлар,
Қоп-қора зулматли тунлар
Қадим қўлёзмалар шитирлаган он
Ва бири-бирига ҳасратли унлар,
Соғинли унларни шивирлаган он.

Жаҳолат зулмати,
Совуқ қўрғошин
Каби оғир ҳаво қаъридан юриб,
Кўзимнинг ўнгида улкан бир қўшин
Саф торта бошлайди туғлар кўтариб.

Улар кутар бурғу садосин, аммо
Бурғуни тириклар чалмоғи лозим.
Асрлар ўтмоқда,
Йиллар ўтмоқда,
Қўшин эса кутар бурғу овозин…

1988

ШЕЪР ЁЗГАНДА…

Қоғознинг қорларини
Эритаман нафасим билан,
Униб кўзга кўрина бошлар
Қора рангли гул юрагимдан…

1988

БАСЁ КИТОБИНИНГ ВАРАҚЛАРИДА

Басё китобининг варақларида
Сарғайган япроқлар, алвон япроқлар,
Қадим ибодатгоҳ… Ундан нарида
Тоққа ўрмалаган дайди сўқмоқлар.

Улардан тепада,
Тоғлар бошида
Қор босган қоялар оқариб турар.
Ҳассага суянган сочи оқ дарвиш
Излаб тополмаган олхўри гуллар.

Ва совуқ гулларнинг дури осилган
Новдада ёлғиз бир қарға ўлтирар.
У чечаклари қор остида сўлган
Водийлар томонга лоқайд мўлтирар…

1988

ШОИР

Саҳро ўртасида кема ясаган
Нуҳ пайғамбар каби яшайман.

1988

ТАРИХ КИТОБЛАРИН КЎП ВАРАҚЛАДИМ

Тарих китобларин
Кўп варақладим,
Қонли сўқмоқларни айландим такрор.
Қоралаб йўл босдим,
Жарлар ҳатладим,
Кўзим хира тортди, сочим босди қор.

Боравердим тарих ичкарисига,
Нақшин эшикларни тақиллатдим жим.
Гоҳо қулоқ тутдим
Зафар сасига,
Гоҳо ёшга тўлди аламдан ичим.

Англадим: ҳеч қачон қутқаролмайман
На Қурбон момомни,
На Таробийни.
Англардим: қутқара оламан фақат
Ишончсиз ёғдуга тўлган қалбимни.

Гоҳо Афросиёб адирларида
Енгилган алп каби ётдим ўксиниб,
Абубакр мирзо сатрларида
Гоҳо от ёлига босдим кўксимни.

Искандар Мақдуний
Кўзига мағрур
Боқдим боболарим кўзлари билан,
Гоҳо ўз дилимни
Ўзим овутдим
Мавлонзоданинг сўзлари билан.

Гоҳо Ўтрор ила
Ёндим чўлларда,
Тошканд томларидан ёвга тош отдим,
Темур аскарлари
Ўтган йўлларда
Кўксим ерга бериб мен узоқ ётдим.

Зобит Искобел ўт сочган Намангон
Тутуни кўзимдан ёш оқизган дам,
Англадим:
Ёвга қул бўлиши осон
Унутса Ватан – эрк эканин одам.

Англадим: тили бир,
Дини бир бўлиб
Дили бир бўлмаса ўлар экан халқ.
Бир-бирин қул қилмоқ учун жанг қилиб
Охири ёвга қул бўлар экан халқ.

Англадим: ҳеч кимни қутқаролмайман,
На Бобон ботир, на Намоз ўғрини.
Англардим, қутқара оларман фақат
Зулматга тикилган ўйчан ўғлимни…

1988

“БОБУРНОМА”ГА БИР НИГОҲ

Шер оҳуни қувиб етар,
“Қарс” синади оҳу бўйни,
Оҳунинг қонин ичиб,
Оҳунинг гўштини еб
Шер оҳуга айланар,
Чангалзор томон қочар…
Овчи ўқ узади:
“У-у-у-у-у-у!”

1989

* * *

Зўр шоир дилида зўр умид яшар,
Кўр шоир дилида кўр умид яшар.
Ҳар умид тупроққа ташланган дондек
Бутун коинотдан нур кутиб яшар.

1989

Т. ҚОСИМБЕКОВНИНГ
“СИНГАН ҚИЛИЧ” КИТОБИГА БИТИК

Тундан қўрқма!
Тунни ич!
Ва мағрур боқ саҳарга.
Синган бўлса гар қилич,
Айланур у ханжарга.

1985

ШОИРЛИК

Сенинг ишинг умр кечирмоқ,
Менинг ишим сени кечирмоқ.

Сенинг ишинг қафас ясамоқ,
Менинг ишим эрк деб яшамоқ.

Сенинг ишинг қонунлар тузмоқ,
Менинг ишим уларни бузмоқ.

Сен қафасга қушни соларсан,
Соларсан-да, лаззат оларсан.

Мен қушларни озод қиларман
Ва ўзим ҳам озод бўларман…

1989

МУТОЛАА

Бу китоб мени узоқ ўқиди,
Ишонмасдан,
Қайта-қайта ўқиди.
Тўхтаб-тўхтаб,
бошқа ишга чалғимай,
Синчиклаб ўқиди.

Кейин секин четга қўйиб,
Йиғлаб юборди…

2015

09

IBRATGA AYLANGAN MASKAN
Shoir Xurshid Davron bilan suhbat
Javlon Jovliev yozib oldi
09

034Ma’naviyat so’zining zamirida ma’no, mohiyat
tushunchalari yotadi. Kitob o’qimoqchi bo’lgan odam o’zini ma’noga to’ldiradi. Ziyo bilan yo’lini yoritadi. Shu ma’noda, kitob insoniyatning eng yuksak kashfiyotlaridan biridir. Dunyoda g’ildirak ixtiro qilinib, uzoq masofalar yaqin bo’lganidek, kitob baayni olamni bir-biriga qalban yaqinlashtirdi. Dillarni birlashtirib, hayotning, yashashning asl ma’nosi neligini ifodalab berdi. Axir, yaxshilik daraxtini sug’orib turadigan narsa ham kitob-ku! Men hayotimni kitoblarsiz tasavvur qila olmayman.

Bolalikdan kitob o’qiydigan oila muhitida o’sib ulg’ayganman. O’sha paytlarda kutubxonasi bo’lgan xonadonlar juda kam edi. Borlari ham nochor. Men bir tokchaga joy bo’ladigan kitoblari bo’lgan Subiha xolamning uyidan beri kelmasdim. Kutubxonasi borligi uchun ham o’sha uy menga sirli, qandaydir mo»jizali bo’lib ko’rinardi. Bu mening keyingi hayotimga, ijodiy ishlarimga sezilarli ta’sir o’tkazgan. Shuning uchun bu nodir yaratiqlarga qancha tahsin aytsam kam.

Inson kitob bor joyga, kutubxonalarga yaqinlashgan sayin ular ongida, yuragida hayot nuri ravshanlashib, fikrlari teranlashib boradi. Buni istagan paytingizda o’z tajribangizda sinab ko’rishingiz mumkin. Siz, umuman kutmagan tomondan yorug’lik kelib, qalbingizga mo’ralaydi, ma’naviyat tomon yo’l ochadi.

Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasiga birinchi marta kelgan paytlarim hamon yodimda. Bu iliq taassurotlar talabalik davrim bilan oshufta holatda xotiramda saqlanadi. Chunki talabaligimning asosiy vaqti ushbu kutubxonada o’tgan. Bu yerda bizga notanish bo’lgan ko’plab kitoblarni ilk marta intiqish bilan qo’lga olganmiz va zavq bilan o’qib chiqqanmiz. Kimdandir yetuk asar, deya eshitgan kitoblarni shu maskandan izlab topib, hayratla mutolaa qilganmiz. Bugungi kunga kelib, oltin yoshligimning asosiy qismi mazkur kutubxonada kechganidan sira afsuslanmayman. Aksincha, bundan cheksiz baxtiyorman!

Kutubxona – haqiqiy ma’no izlaganlar uchun xazina. U yerda necha-necha asrlardan beri, ajdodlarimizning qalb qo’ri, sabr va mashaqqatli mehnatlarining natijasi o’laroq yaratilgan minglab nodir kitoblar saqlanadi. Ularni o’qisangiz, sizga do’st tutinadi, tilga kirib jonlanadi. Bir vaqtlar, yurtimiz chorizm tomonidan bosib olingach, rus zobitlariga berilgan katta bir topshiriq ham xalqning nodir kitoblarini yig’ib olib, imperator kutubxonasi uchun olib ketish bo’lgan. Buning uchun xalqning eng sevimli kitoblari qo’rqitish, aldov, arzimagan chaqalarga sotib olish evaziga qoplab eshelonlarga joylanib, olib ketilgan. Lekin ota-bobolarimiz har qanday davrda ham jasorat ko’rsata olgan. Bugun yurtimizda saqlanayotgan nodir kitoblar shu jasorat timsolining namunasi. Ularning aksariyati mazkur kutubxonada alohida e’tiborda saqlanayotganligi bizni xursand qiladi, chunki bu kitoblar millatning o’zligini ta’minlovchi va asriy ma’nodan darak beruvchi noyob qo’lyozma-manbalardir.

Azal-azaldan kutubxonalar millat ko’zgusi, uning rivojidagi muhim maskan hisoblangan. Bu fikrni ko’p bora o’z maqolalarim orqali ham o’rtaga tashlaganman. Har bir mamlakatning taraqqiyoti o’sha mamlakatda nechta kutubxona borligi va eng muhimi, u yerdagi kitobxonlarning soni bilan o’lchanishi kerak. Men shuni aniq bilamanki, bugun O’zbekiston Milliy kutubxonasi bunga yorqin misol bo’ladi. Chunki zamonaviy talablar asosida yangidan bunyod bo’lgan mazkur kutubxonada har kuni minglab yoshlar kitob o’qishmoqda, sog’lom axborotga ega bo’lishmoqda.

Bu o’rinda yoshlarga yanada e’tiborni oshirish lozim. Chunki keksa avlod shakllanib bo’lgan, kitob o’qishga qiziqqani yuz yoshda ham axtarib kitob o’qiydi, qiziqmagani-chi? Majburlasangiz ham kitob o’qimaydi. Lekin yoshlarning kitob o’qish ko’nikmasini shakllantirsak bo’ladi. Kitobning sehri va undan oladigan xazinasi ulkan ekanligini ularga bildira olishimiz kerak. Bunda ota-onalarning hissasi juda katta bo’ladi.

Qadim bir turk dostonida qiziga hadeb nasihat qilib o’tirgan onaga, sen faqat qizingga nasihat qilib o’tiraverma, undan ko’ra, o’sha ishni o’zing qilsang, qizing qiladi, deya tanbeh beriladi. Yoki bo’lmasa, «Qush uyasida ko’rganini qiladi», «Onasini ko’rib, qizini ol» kabi maqollarning tag zamirida ham ibratning o’rni, tarbiyaning ahamiyati, ogohlikka da’vat qilish kabi qat-qat ma’no-lar bor. Yoshlar tarbiyasiga oid juda muhim falsafa bor. Bu haqda jonli misol keltirsam: Farzandlarim hali maktabga chiqmagan paytlarda, ish stolimda o’tirar ekanman, biron-bir musiqani, dutor, tanbur, nay ohanglarini eshitib, ishni boshlardim. Vaqti kelib ular maktabga chiqib, uyga vazifalarini tayyorlashga kelganda, mendan radio olib berishimni so’rashgan. Chunki ular o’qish musiqa bilan hamohang bo’lar ekan, deb tushunishgan-da. Ko’rayapsizmi, farzandlarimiz bizlarni qanchalik o’tkir va tiniq ko’zlar ila kuzatishadi. Ayrim ota-onalar buni unutib qo’yayot-ganlari achinarli hol. Avvalo, ota-onalar kitob o’qib farzandlariga namuna bo’lishlari kerak. Kitobdan olgan hayratlarini bolalari bilan o’rtoqlashishi, bu ajib qog’ozlar majmui qanday ta’sir o’tkaza olish kuchiga ega ekanligini bolalar ko’rishi kerak. Shu o’rinda farzandlarning burchi haqida gapi-rish ham o’rinlidir. Shunday jigarbandlar borki, otasi qoldirgan katta ma’naviy merosga bepisand. Uning boy, shaxsiy kutubxonasi allaqachon omborxonalarga tashlangan yoki shunchaki tarqatilgan. Bir kuni chiqindixonada shunday manzarani ko’rib, yuragim zirqirab ketdi. Kitoblarni ushlab ko’rar ekanman, unga mualliflar tomonidan yozilgan dastxatlardan bu kitoblar kimning shax-siy kutubxonasidan uloqtirilganligini bil-dim. Uning egasi atoqli olimlardan biri edi. Ana, noqobil farzandlarning ayanchli qilmishiga misol. Undan ko’ra, o’sha kitoblarni kutubxonalarga berganida qanchadan-qancha insonlar foydalangan, o’sha oilaga rahmatlar yog’ilgan bo’lardi. Bu borada kutubxonalar ham ogoh turmog’i, shunday kitoblarni sotib olib bo’lsa ham shaxsiy kutubxonalarni asrab qolishi zarur. Chunki chiqindiga tash-langan kitoblar orasida noyob, qimmatli, hali fanga ma’lum bo’lmagan kitoblar ham bo’lishi mumkin ekanligini unutmaylik. Boya aytib o’tganimizdek, bu kitoblar bizning ulkan boyligimizdir.

Biz globallashuv davrida yashayapmiz. Buning yaxshi tomoni bo’lgani kabi, ko’plab yomon tomonlari ham bor. Ba’zi shu so’zni bayroq qilib olgan odamlar, xalqlarning o’ziga xosligini yo’qotmoqchi, ularni hech qanaqa qurollarsiz o’zligidan ayirmoqchi bo’lishmoqda. Chunki shu illat urug’ini o’ylab topayotgan mamlakatlarning o’z ildizlari yo’q. Yurtimiz esa, insoniyat tamaddunining beshiklaridan biridir. Ular tarqatmoqchi bo’layotgan jaholat urug’iga qarshi eng kuchli jangchi kitobdir.

Adabiyotga, she’riyatga oshno bo’lgan odam qalbi tiniqlashib, hayratlari ortib boradi. Chunki she’riyat – ko’ngil ishi. Ba’zi yosh shoirlarning balandparvoz she’rlari haqida o’ylaganda bir narsani ularga aytishni juda istardim. Balandparvoz so’zlar san’atning maydon tomoshalaridagina, xalqning keng ommasi qatnashgan bayramlarigagina yarashadi. She’riyatga emas. Ortiqcha dabdababozlik she’riyatdan ta’sirlanishimizga to’siq bo’ladi. Balandparvoz she’r, yozganlarni balandga olib chiqib, o’sha balandlikdan ularni yerga uloqtirish bilan barobar. Haqiqiy ijodkor esa, insoniyatning ko’ngil kechinmalarini o’ziga xos tasvirlashga harakat qiladi. Bundan ma’no, mazmun qidirishga urinadi. U yozganlari o’quvchilarga ma’qul kelsa, cheksiz shodlanadi, ko’nglida cheksiz rag’bat hissini tuyadi.

Inson ham tabiatning boshqa yaratiqlariga juda o’xshaydi. Gul misoli yalt-yalt ochilib, olamni o’z ifori bilan bezaydi va xazonga aylanish jarayonlarini boshdan kechiradi. Inson bu tabiat qonun-qoidalaridan qochib qutula olmaydi. U doim harakatda, fikrlashda, lekin har bir inson mehrga tashna, e’tiborga loyiq bo’lishni istaydi. Ayniqsa, ijodkorlar. Shu mulohazalardan kelib chiqqan holda, oxirgi paytlarda O’zbekiston Milliy kutubxonasida yozuvchi-shoirlar bilan uchrashuvlar qilinayotganligi, ularga katta e’tibor berilayotganligi juda quvonarli holat, chunki o’zlari sevgan adabiyot vakillari bilan uchrashish, ko’ngil kechinmalari bilan yaqindan tanishish kitobxonlar uchun qanchalik muhim bo’lsa, ijodkorlar uchun ham shunchalik katta ahamiyatga ega. Bir vaqtlar hozirgi estrada xonandalarining eng sarasiga qancha odam kirsa, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov bilan bo’lib o’tadigan mushoiralarga shuncha odam kirardi. Bir kun kelib yana shunday manzaralarni ko’rishga ishonaman, chunki millat taraqqiyotini adabiyotsiz tasavvur qilish qiyin. Bobolarimiz eng ulug’ narsa deya ibratni ko’rsatadilar. Bu borada mazkur kutubxona olib borayotgan ishlar – katta bir ibrat. Bu maskan ibrat maskani hamdir.

Men O’zbekiston Milliy kutubxonasining kichik bir andozasi, ya’ni kutubxonachalar har bir o’zbek xonadonida bo’lishini istayman. Mayli, tokchada bo’lsa ham kutubxonasi bo’lishi kerak. Bu
bolalarimiz uchun, kelaja-gimiz uchun juda muhim.

Manba: «INFOLIB» jurnali, N 4

XURSHID DAVRON
KITOB, MUTOLAA VA IJOD
HAQIDA SHE’RLAR
09

***

Kun botdi –
Botayotib,
Derazam oynasida
Aks etdi cho’g’day yonib.

Oqshom.
Salom, daftarim –
Ikki oppoq qanotin
Yoyib yotgan kaptarim.

1982

QODIRIYNI O’QIB

Yillar o’tib borsa-da, hamon
Qo’msab-qo’msab o’qiymiz sizni.
Siz bamisli zangori osmon,
Biz qo’msaymiz osmonimizni.

Olis, chag’ir toshli yo’llardan
Otda yelib o’tamiz birga,
Aylantirib Kumushning oddiy
So’zlarini bokira she’rga.

Yana ortga qaytamiz keyin,
Kelajakka boqamiz maftun.
Nimadandir ichikib, qiyin
O’ylar ichra qolamiz beun.

Keyin yana uy derazasin
Ochgan kabi sof havolarga,
Bo’g’riqqan, dim uy derazasin
Ochgan kabi sho’x navolarga –

Tuyib dilda mas’um unlarni,
Titrab-titrab dil larzasidan,
Biz ochamiz “O’tgan kunlar”ni
Yuragimiz derazasiday.

1983

* * *

Qafasdagi g’amgin qushni
Ozod etmoq – she’r bitmoq.
Bolalikda ko’rgan tushni
Eslamoq ham – she’r bitmoq.

G’azabingni yashirolmay
Misli sirtlon, misli sher,
Tishlaringni yovga sanchsang –
Bu eng qutlug’, ulug’ she’r.

Qamoqdagi mahbus ko’zi
Qirq yildan so’ng emsa nur,
Dildagi o’t – she’rning so’zi,
Qirq yillik nur – she’r erur.

1979

OYBEK

I

Oybekning she’rini dalaga chiqib,
Maysaga ag’anab o’qimoq kerak.
Va sokin shivirni – ohangni uqib,
Oybekmi? Maysami? – deb tolsin yurak.

Oybekning she’rini bedazor aro
Soy sasi aralash tinglamoq zarur,
Bilmay qolsin yurak suv uzrami, yo
Oybekning she’rida o’ynaydi bu nur?

Oybekning she’rlari bamisli nigoh,
Bu nigoh asrorin yo’qdir poyoni.
Xuddi bo’lmagandek maysaga izoh,
Yo’q Oybek she’rining to’la bayoni.

Oybek – bu maysaga cho’kkan bujur tosh,
Hayratdan yorilib-yorilib ketgan.
Oybek – bu daraxtzor ustida quyosh,
Nuri to chumoli ko’ziga yetgan.

Oybek – bu ulkan bir chorbog’ ostida
Yovvoyi uzumzor oralab, titroq
Quyosh tangalari o’ynab sirtida
Birdan yorug’likka chiqqan sho’x irmoq.

Oybek – bu og’riqni qari tol kabi
Yurakning tubida asragan so’zlar,
Barcha hasratini, jim turib labi,
Eng yaqin do’stiga so’zlagan ko’zlar.

II

She’r – faqat qush tili, degandi shoir
Quloq tutib quvnoq, sho’x tovushlarga.
Boshida rutubat qilganda qahr,
U tilin qaytarib berdi qushlarga.

She’r – yulduz kiprigi, degandi Oybek,
O’zi kiprik edi O’zbekistonga.
So’nggi dam boshida so’narkan osmon,
Shoir ko’zlarini berdi osmonga.

III

G’afur G’ulom ketdi,
Shayxzoda ketdi,
Ketdi Abdulla Qahhor ham.

Daraxtlarni olib ketar chaqmoqlar,
Dovullar olib ketar kemalarni…

Oybekni obketdi do’stlari…

1980-1982

* * *

Men istayman she’rimda
Jaranglasin har satr.
Xuddi qiz kulgan kabi
YO tushgan kabi sadr.

Men istayman she’rimda
So’z kuyin, so’z raqsini,
Non degan so’zdan keyin
Anqigan non isini.

Men istayman she’rimda
Yara haqda kuylasam,
Oqayotgan qonnimas,
Og’riqni tuysin odam.

Men istayman she’rimda
Bo’lsin mening nafasim,
Og’rig’im, baxtim, dardim,
Ichimda qolgan sasim

Va bahorga tashna qalb,
Qorlar bosgach izini,
Mening she’rimdan uzib
Hidlasin “Gul” so’zini.

Vatan, seni sevishim,
Xalqim, seni sevishim,
Gulim, seni sevishim
Bo’lsin mening she’rimda.

1981

XUAN GOYTISOLO MAVZUIDA

– Nega shoir bo’lding? – deyman men,–
Nega yalpiz tushimga kirdi?
…Qo’shnim o’g’li, mening tengdoshim
Mirshablikka o’qishga kirdi…

– Nega shoir bo’ldim? – deyman, oh…
Cho’ntak quruq, kelajak – jumboq.
Mirshab qo’shnim yangi uy soldi,
Sotib oldi qishloqdan chorbog’.

– Nega shoir bo’ldim-a, – deyman,
Qog’ozlarni ko’mib yoshimga.
O’zimni zo’r shoir sanardim,
She’r yozolsam qo’shnim boshiga.

Faqat boshi juda qattiq-da,
Ikki qo’li ikki miltiqday.
Men bir kuni o’lishim tayin
Shu miltiqdan otilgan o’qdan…

1982

* * *

Qadimiy bitikni varaqlab bir qur
Duch kelgan hasratli so’zlarga ko’zim:
“Kelur kuz, kechar yoz, borar bu umur,
Tugatdi umurni bu yozim, kuzim”.*

Sakkiz asrlik dard bo’g’zimda qotdi,
O’grilib orqamga boqdim daf’atan.
Necha yoz, necha kuz, necha qish o’tdi
Umr deb atalgan shoshqin safardan.

Yalt etgan nigohdek o’tdi saraton,
Qush bo’lib osmonga singib ketdi kuz.
Qor kabi eridi kaftda qahraton,
Bahorni-ku, ilg’ab-ilg’amadi ko’z.

Ey ko’kat, ey daraxt, ey shamol, ey tosh,
Ey zamin – siz buncha, o buncha shoshqin!
Siz deysiz: — Kun bo’yi porladi quyosh!
Men deyman: — Zulmatda chaqnadi chaqin!

Kuz nedir, yoz nedir, saraton nedir –
Dam o’tdi, on o’tdi, kechdi lahzalar.
Yillarga teng edi, asrlarga teng
Ulardan yurakda qolgan larzalar.

Kuz-ku kuz, yoz-ku yoz, bahor-ku bahor –
Baxt o’tdi, g’am o’tdi, qoldi so’roqlar.
Oppoq sovuq qorga ko’mildi alyor –
Bolalik kunlarim – momoqaymoqlar.

Sakkiz asrlik dard bo’g’zimda qotdi,
O’grilib ortimga boqdim daf’atan.
Necha yoz, necha kuz, necha qish o’tdi
Umr deb atalgan oniy safardan

Va uning qorday oq varaqlarida
Qoldi yoz, qoldi kuz, qoldi qahraton.
Bahor qoldi she’rim turoqlarida,
Qoldi bo’g’inlarda qayg’u, hayajon.

Bu oq varaqlarga ko’zdan singib nur,
On kelar, biturman eng so’nggi so’zim:
“Kelur kuz, kechar yoz, borar bu umur.
Tugatdi umurni bu yozim, kuzim”.

  • Yugnakiy misrasi

1983

V. G. YAN XOTIRASIGA

Qipchoq dashtlarida yovshan sochgan is
Sheroz bog’larining atridan epkin.
Sahrodagi quduq besarhad, tubsiz
Dengizni bir ho’plab yutishi mumkin.

Hozirgacha agar tunlar nafasing
Ichga yutib, ziyrak qulog’ing tutsang,
Senga yetib kelar tulporlar sasi,
Jaranglar qilichlar taratgan ohang.

Agar ko’zing yumsang oromdan kechib,
Agar tasvvuring uyg’otsang — shu on
Tulporlar bo’ynidan silqi qon ichib,
Uchgan cherikni ham ko’rarsan ayon.

Ushoq tulpor mingan ayyor jahongir
Ortidan dunyoning yarmi ot qo’yar,
Neki go’zallik bor: kitob yo qasr,
O’tror yo Isfaxon – yiqar, o’t qo’yar.

Chunki ular bilar, yovshan sochgan is
Vodiy bog’larining atridan epkin,
Sahrodagi quduq besarhad, tubsiz
Dengizni bir ho’plab yutishi mumkin.

Ammo ular bilmas: hayot boqiydir,
Hayot quchog’ida jon berar o’lim.
Kecha jangda qurbon bo’lgan bahodir
Ertaga gul bo’lib uyg’onar balkim.

Ammo ular bilmas: to’kilgan ko’z yosh
Suvga aylanadi, daryo bo’lajak,
Daraxtlar uyg’onar, charaqlar quyosh,
Qurbonlar bo’g’zidan chiqar kelajak.

1983

* * *

Yuki og’ir to’rva bordir yelkamda –
Yo’l yurib, suv kechib, tog’u tosh oshib
Qishloqlarga kirib boraman,
Yo’lda
Uchragan darvoza zulfin uraman,
So’z so’rayman,
“So’z bormi?” deyman.

Ba’zan bolalar,
Ko’zlari qop-qora bolalar
Yugurib ichkariga kirib ketishar,
So’ng chiqarib berishar ushoqqina so’zni –
Ranjimayman,
To’rvamga solaman…

Yana yo’lga tushib, yo’lda uchragan
Eshiklar zulfini qattiq qoqaman,
Eshik ochganlarga shodon  boqaman,
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman.

Ba’zan so’z o’rniga: “So’zni so’rab nima qilasan?
Pul so’ragin, to’rvangni to’ldiraylik”, — deya
masxaralashar,
Aslida ular meni emas,
so’zni masxaralashar…

Ba’zan “Bu gado nega
So’z so’raydi? Bu shubhali”, deyishadi,
Och kalxatdek tikilishadi,

Har ehtimolga ko’ra kaltaklashadi –
Ranjimayman,
Burnimdan oqayotgan,
Yorilgan labimdan oqayotgan
Qonni artib yo’lga tushaman.

Yo’limda uchragan eshik zulfini
Ikki-uch bor qattiq qoqaman,
So’z so’rayman,
“So’z bormi?” deyman.

Ba’zan endigina tug’ilgan chaqaloqning
So’zini chiqarib berishar,
Shunda, o’-o’-o’,
O’zimga sig’masdan xursand bo’laman,
Chaqaloq so’zga hayratlanib boqaman,
Go’yo oy nurida guldek oqaman…

So’zlarni rayhonday hidlayman,
So’zlarni ayolday qutlayman,
So’zlarning shivirin tinglayman,
Men shunda anglayman, anglayman:
Yuragim bepoyonlashar bu ohanglardan,
Yuragim tiniqlashar bu shan ranglardan!

…Oqshom meni qayda bag’riga olsa.
O’sha ovloqlarda so’zni pichirlab.
To’rvamni quchoqlab uxlayman,
Tushlarimda to’rvam yirtig’idan
Boshini chiqarib
So’zlar maysalar bilan gaplasha boshlar,
So’zlar yulduzlar bilan gaplasha boshlar.

Ba’zan yarim tunda uyg’onib, qarasam,
So’zlar oppoq samanlarga aylanib
O’tlab yurgan bo’lar tevaragimda…

Ba’zan yo’qotib qo’ygan so’zni izlab
Toshlarni ko’chirib, ko’rib qolaman –
Boychechakni quchoqlab yotgan bo’lar so’z.

So’zlarni bag’rimga bosaman,
Gul hidi qoladi dimog’larimda,
So’zlar ko’ksimdagi qorlarni teshib
Gul bo’lib ochilar quchoqlarimda.

So’zlar menga afsonalar so’ylar,
So’zlar qadim qo’shiqlarni kuylar,
So’zlar yolg’izlikda men bilan o’ylar,
So’zlar bola kabi men bilan o’ynar…

So’zlar sog’inchimdan, ishqimdan bo’zlar,
So’zlar ko’tarar hasratim tobutini,
So’zlar xotiram qabriga gullar o’tqazar.

Meni kelajakka yetkazar so’zlar,
Men qaytib kelmayman hech qachon,
So’zlarim, albatta, qaytadi.
Ketgan yurak afsonalarin
So’zlar kelib aytadi…

Yo’l yurib, suv kechib, tog’u tosh oshib
Qishloqlarga kirib boraman,
Yo’lda
Uchragan eshikning zulfin qoqaman,
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman…

1983

* * *

“Devonul lug’atit-turk”ni o’qiyman…
Va derazam Alpomish tutgan
Sovut misol tovlanar shomda…

Ostonamning oldidan yerni
Titratgancha, g’amni unutgan
Alpomish o’tadi oppoq otda…

Qog’ozlarning shitirlashimas,
To’qaylarning sasi tegramda
Yangrar – uni tinglar koinot.

Manjaniqlar xarsang otadi,
Hilol chiqib, quyosh botadi,
Yuragimda tinar koinot…

“Devonul lug’atit-turk”ni
Mahkam bosib ko’ksimga, g’urub
Tomon bo’zlab chopib borurman.

Shopmo’ylovli badmast sallotlar
Tinmay quvib kelar ortimdan, —
“Devon”nimas, jonni berurman…

Bobom boqar qabridan turib,
Chaqmoq porlar zulmatni yorib,
Varaqlayman har porlaganda.

Va oniy nur yoritgan so’zni
O’qirkanman qadimiy tilda,
Buyuk bir his uyg’onar dilda…

1984

* * *

Bu odam uyida kitob asramas,
Chunki u kitobdan juda qo’rqadi.
Bu odam kitobning o’zidan emas,
Kitobda bitilgan So’zdan qo’rqadi.

Hamon tirnog’ining ostida lov-lov
Yongan kitoblarning qora kuli bor.
Qo’lin isitadi hamon ul olov –
O, qanday yoqimli bu iliq g’ubor.

Ammo yarim tunda,
Osmonda shodmon
Oy o’lchab yurganda yerni qarichlab,
Bola-chaqasidan yashirin, pinhon,
Qo’shqavat eshikni zanjirlab, zichlab.

Varaqlari kuygan kitobni olib
O’qiydi – ko’zidan yosh oqa boshlar
Va hasad toshlari bo’g’ziga to’lib
O’qigan varag’in olovga tashlar.

1986

SUYAMAN QADIMIY KITOB VARAG’I...

Suyaman qadimiy kitob varag’i
Sokin shitirlasa sukunat aro…
Ularda jo erur o’tmish daragi,
Ularda “qora”mas, yozilar “qaro”.

Ulardan dashtlarning isi keladi,
So’lgan rayhonlarning kelar nafasi.
Ular sayroq bulbul yashab, g’am chekib
Keyin tashlab ketgan tilla qafasdir.

Suyaman pechakka o’xshash imloni,
Ularda sir pinhon, jumboqlar bordek.
Ular dildan suyar yolg’iz Ollohni,
Mening dilimdayam shu mehr bordek.

Suyaman qadimiy qo’lyozmalarni
Varaqlab, olislab ketmoqni, biroq
Qarshimda har safar naqshin eshikdek
Yopilar, kelganda eng so’nggi varoq…

1988

QADIM HIKMAT GULLARI

Biz dinsizmiz, dedilar,
Machitlarni yondirib.
Kitoblarni yoqdilar,
Johil dilni qondirib.

Machitlar yonmadilar,
Yondi bizning dilimiz.
Kitoblar yonmadilar,
Yondi onam tilimiz.

Maqbaralar buzildi,
Yiqitildi minorlar –
Ona tarix ko’ksida
O’sib turgan chinorlar.

Talandi madrasalar,
Talandi xonadonlar –
O’g’irlangan kitobga
To’ldi Maskov, Londonlar.

Uchdi ko’kka yong’inda
Yongan kitob kullari –
Bobolar biz deb ekkan
Qadim hikmat gullari.

Ibn Sino yoqildi,
Yoqilda al-Farobiy.
Yolg’on gaplar to’qildi,
“Nodon” bo’ldi xalq nomi.

Ulug’bek kitoblarin
Izlab yurishar hamon –
Men ularni o’ylasam,
Dilimda ming dard-armon.

U kitoblar endi yo’q,
Yo’q ular bu dunyoda!
Oqib ketgan Oqdaryo,
Oqqan Qoradaryoda.

O’sha olis,
Bir qarg’ab
La’natlagan o’tmishda
Bizni o’ylab bobolar
Hikmat sham’in yoqishgan.

Hatto Mirzo Ulug’bek
O’ldirilgan chog’dayam,
U yaratgan kitobni
Yoqishmagan, o’qishgan.

Axir buyuk Qoshg’ariy,
Buyuk Ibn Sinoni –
Bergan bu xalq kitobda
Ko’rib turgan xudoni.

Yerga tushgan ushoqdek
Xor bo’lgan har varoqni
Xalqim ko’ziga surtgan
Tuyib dilda titroqni.

Faqat keyin,
Oh, keyin
Dildan imon ketganda,
Jaholat-la do’st bo’lib,
Qo’ldan shayton tutganda.

Yangraganda har yoqda
Hayvonga xos xitoblar,
Suvda oqqan, ko’milgan,
Yoqilgan bu kitoblar.

Keyin esa ko’zi ko’r,
Savobsiz deb nom oldik,
Mingta yo’lning oldida,
Yo’lni topolmay qoldik.

Uyg’ot, Xalqim, mudragan
O’g’illaring dillarin,
Ekkin qayta ularga
Qadim hikmat gullarin…

1988

QO’LYOZMALAR INSTITUTI

Bu zaxkash xonalar ichida sukut,
Odamlar nafasi uni ilitmas.
Bu yerda kitoblar yotibdi unut,
Varaqlar shitiri quloqqa yetmas.

Faqat kechalari,
Faqat tunlari
Qadim qo’lyozmalar shitirlay boshlar,
Ular bir-biriga alam unlarin,
Sog’inch unlarini shivirlay boshlar.

Ularda bitilgan har bir dona harf
Ayolga,
Bolaga,
Gulga aylanar.
Bog’larga aylanar va shu bog’larda
Bulbulga – oshifta dilga aylanar.

Sahifa janggohga,
So’zlar askarga,
Saflarga aylanar bunda satrlar.
Vatanga aylanar subhi saharda
Bu qadim hikmatga boy asotirlar.

O, koshki shu yurtning dashtlari aro
Bir chechakday unsam,
Bir qushday qo’nsam –
Bo’g’zim kuydirardi o’tli bir sado,
Bo’zlardim bir umr shu yurtni qo’msab.

Shu yurtning bargxazon quchgan bog’lari,
Qor bosgan tog’lari oromi uchun
Umrimdan kechardim,
Senga berardim,
Garchi tuymasam-da, mehringni, ochun!

Shu yurt tuprog’iga singib ketgan qon,
Ko’z yoshi hikmatin anglayin, deya
Sendan ham qo’rqmasdim, vahshiy qatag’on,
Umrimni shu yurtga qilardim hadya.

O, ular hasrati ozorim bo’lg’ay,
Ularning quvonchi bo’lg’ay alamim,
Ulardan so’zlarim nolalar qilg’ay,
Qilichga aylana boshlar qalamim.

Navoiy ko’chasin chetidagi bu
Binoni ziyorat qilsam men agar,
Ne uchun dilimda ortadi qayg’u,
Ne uchun dilimga botadi xanjar?!

Va tunlar,
Qop-qora zulmatli tunlar
Qadim qo’lyozmalar shitirlagan on
Va biri-biriga hasratli unlar,
Sog’inli unlarni shivirlagan on.

Jaholat zulmati,
Sovuq qo’rg’oshin
Kabi og’ir havo qa’ridan yurib,
Ko’zimning o’ngida ulkan bir qo’shin
Saf torta boshlaydi tug’lar ko’tarib.

Ular kutar burg’u sadosin, ammo
Burg’uni tiriklar chalmog’i lozim.
Asrlar o’tmoqda,
Yillar o’tmoqda,
Qo’shin esa kutar burg’u ovozin…

1988

SHE’R YOZGANDA…

Qog’ozning qorlarini
Eritaman nafasim bilan,
Unib ko’zga ko’rina boshlar
Qora rangli gul yuragimdan…

1988

BASYO KITOBINING VARAQLARIDA

Basyo kitobining varaqlarida
Sarg’aygan yaproqlar, alvon yaproqlar,
Qadim ibodatgoh… Undan narida
Toqqa o’rmalagan daydi so’qmoqlar.

Ulardan tepada,
Tog’lar boshida
Qor bosgan qoyalar oqarib turar.
Hassaga suyangan sochi oq darvish
Izlab topolmagan olxo’ri gullar.

Va sovuq gullarning duri osilgan
Novdada yolg’iz bir qarg’a o’ltirar.
U chechaklari qor ostida so’lgan
Vodiylar tomonga loqayd mo’ltirar…

1988

SHOIR

Sahro o’rtasida kema yasagan
Nuh payg’ambar kabi yashayman.

1988

TARIX KITOBLARIN KO’P VARAQLADIM

Tarix kitoblarin
Ko’p varaqladim,
Qonli so’qmoqlarni aylandim takror.
Qoralab yo’l bosdim,
Jarlar hatladim,
Ko’zim xira tortdi, sochim bosdi qor.

Boraverdim tarix ichkarisiga,
Naqshin eshiklarni taqillatdim jim.
Goho quloq tutdim
Zafar sasiga,
Goho yoshga to’ldi alamdan ichim.

Angladim: hech qachon qutqarolmayman
Na Qurbon momomni,
Na Tarobiyni.
Anglardim: qutqara olaman faqat
Ishonchsiz yog’duga to’lgan qalbimni.

Goho Afrosiyob adirlarida
Yengilgan alp kabi yotdim o’ksinib,
Abubakr mirzo satrlarida
Goho ot yoliga bosdim ko’ksimni.

Iskandar Maqduniy
Ko’ziga mag’rur
Boqdim bobolarim ko’zlari bilan,
Goho o’z dilimni
O’zim ovutdim
Mavlonzodaning so’zlari bilan.

Goho O’tror ila
Yondim cho’llarda,
Toshkand tomlaridan yovga tosh otdim,
Temur askarlari
O’tgan yo’llarda
Ko’ksim yerga berib men uzoq yotdim.

Zobit Iskobel o’t sochgan Namangon
Tutuni ko’zimdan yosh oqizgan dam,
Angladim:
Yovga qul bo’lishi oson
Unutsa Vatan – erk ekanin odam.

Angladim: tili bir,
Dini bir bo’lib
Dili bir bo’lmasa o’lar ekan xalq.
Bir-birin qul qilmoq uchun jang qilib
Oxiri yovga qul bo’lar ekan xalq.

Angladim: hech kimni qutqarolmayman,
Na Bobon botir, na Namoz o’g’rini.
Anglardim, qutqara olarman faqat
Zulmatga tikilgan o’ychan o’g’limni…

1988

“BOBURNOMA”GA BIR NIGOH

Sher ohuni quvib yetar,
“Qars” sinadi ohu bo’yni,
Ohuning qonin ichib,
Ohuning go’shtini yeb
Sher ohuga aylanar,
Changalzor tomon qochar…
Ovchi o’q uzadi:
“U-u-u-u-u-u!”

1989

* * *

Zo’r shoir dilida zo’r umid yashar,
Ko’r shoir dilida ko’r umid yashar.
Har umid tuproqqa tashlangan dondek
Butun koinotdan nur kutib yashar.

1989

T. QOSIMBEKOVNING
“SINGAN QILICH” KITOBIGA BITIK

Tundan qo’rqma!
Tunni ich!
Va mag’rur boq saharga.
Singan bo’lsa gar qilich,
Aylanur u xanjarga.

1985

SHOIRLIK

Sening ishing umr kechirmoq,
Mening ishim seni kechirmoq.

Sening ishing qafas yasamoq,
Mening ishim erk deb yashamoq.

Sening ishing qonunlar tuzmoq,
Mening ishim ularni buzmoq.

Sen qafasga qushni solarsan,
Solarsan-da, lazzat olarsan.

Men qushlarni ozod qilarman
Va o’zim ham ozod bo’larman…

1989

MUTOLAA

Bu kitob meni uzoq o’qidi,
Ishonmasdan,
Qayta-qayta o’qidi.
To’xtab-to’xtab,
boshqa ishga chalg’imay,
Sinchiklab o’qidi.

Keyin sekin chetga qo’yib,
Yig’lab yubordi…

2015

09

(Tashriflar: umumiy 853, bugungi 1)

Izoh qoldiring