Mamadiyor Allayorov. 1916 yil Jizzax qo’zg’oloni

045     Халқ қўзғолонининг 100 йиллиги олдидан

Бу ҳужжатларнинг ўз тарихи бор. Даврлар кечиши билан саҳифалари сарғайиб кетган учта қўлёзма китоб. Оддий катак дафтарларга битилган хотиралар жамланиб, картон билан муқоваланган. Айниқса, учинчи қўлёзмани варақлаб туриб, одам даҳшатга тушиб кетади.

МАМАДИЁР АЛЛАЁРОВНИНГ
«ЖИЗЗАХ ҚЎЗҒОЛОНИ»

МАТЕРИАЛЛАРИ ҲАҚИДА
Бегали Қосимов, Сотимжон Холбоев
034

Бу ҳужжатларнинг ўз тарихи бор. Уни бизга муаллифнинг набираси — ТошДУ доценти Дилбархон Тўрабекова келтириб берди. Даврлар кечиши билан саҳифалари сарғайиб кетган учта қўлёзма китоб. Оддий катак дафтарларга битилган хотиралар жамланиб, картон билан муқоваланган. Айниқса, учинчи қўлёзмани варақлаб туриб, одам даҳшатга тушиб кетади. Бунисига муаллиф Жиззах қўзғолони ҳақида ёзмоқчи бўлган асарига тўплаган ҳужжатлар ва ўзи гувоҳ бўлган воқеалар хусусидаги хотираларини жамлаган. Ўша қўзғолоннинг қандай ўт олишию чор аскарлари томонидан қанчалик шафқатсизлик-ла бостирилиши бутун даҳшати билан яққол кўз олдингизга келади-қўяди.

Энди муаллиф Мамадиёр Аллаёров ҳақида. У Совет ҳукуматини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга сидқидилдан хизмат қилиш давомида дунёқараши ўзгариб борган ва мана шу ўзлари жон фидо этиб курашган ҳукумат қўлида қатл этилганлардан биттаси. Унинг қисқача таржимаи ҳоли бундай: 1896 йилнинг 30 мартида Зоминнинг Ём қишлоғида туғилган. Дастлаб эски мактабда, сўнг Зоминда рус мактабида ўқиган. 1916 йилда мардикорликка олинган. 1917 йилда юртига қайтгач, ўқитувчилик қилади. 1919 йилда партияга ўтади. 1923 йилда Жиззах шаҳар фирқа қўмитасида тарғибот-ташвиқот бўлими мудири бўлиб ишлайди. Шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимига кўтарилади. 1924 йилда вилоят фирқа қўмитаси Ўратепадаги «босмачилик»ни тугатишга вакил қилиб юборади. 1925 йилда чақириб олиниб, «Қўшчи» союзининг вилоят қўмитаси раиси қилиб тайинланади. Қейинроқ фирқа топшириғи билан Туркманистонда ишлайди. 1923 йилда Туркистон КП МҚ   томонидан Ўратепа вилоят ижроия қўмитаси маъмурий бўлими мудири этиб тайинланади. Сўнг шаҳар халқ суди раиси бўлиб ишлайди. 1923 йилнинг мартида Тожикистоннинг Қўрғонтепа вилояти фирқа котиби, шу йилнинг сентябридан Тожикистон Олий суди аъзоси бўлган.

1929 йили ЎзКП МҚ  М. Аллаёровни чақириб олади ва Самарқанд округ суди аъзоси қилиб тайинлайди. 1930 йилдан шаҳар оқловчилари коллегиясида хизмат қила бошлайди. Оммавий қатағонларга тайёргарлик кўрилаётган 1935 йилда у оқловчиларнинг жумҳурият коллегиясида хизмат қилар эди. Уни ўша йиллари фирқада ўтказилган «тозалаш»да «ёт унсур» сифатида фирқадан чиқарадилар. 1938 йилнинг 27 июлида эса аксилинқилобий «Миллий иттиҳод»нинг аъзоси сифатида қамоққа олинади.

М. Аллаёровнинг «айби» шундан иборат эдики, у Туркистонни озод, мустақил кўришни орзу қилди. Юртдошларини маърифатга, маданиятга ундади. У ўзбек халқини кўҳна тарихга, бой маданиятга эга, узоқ асрлар давомида ўз ақли, барҳаёт анъаналари билан яшаб келган ва бундан кейин ҳам яшай олади, деб ҳисоблайди. Бир миллатнинг иккинчиси ерини босиб олиб, моддий бойликларини талон-торож этилишини, маънавиятини оёқости қилинишини энг катта адолатсизлик деб билди. Тўғри, М. Аллаёров жадидчилик ҳаракатининг катта бир вакили эмас. Аммо у бу ҳаракатнинг ғоя ва мақсади билан таниш, унга хайрихоҳ кишилардан эди. Фаолиятида шунга амал қилишга уринди. У олий таҳсил кўрган эмас, бирор жойда мунтазам ўқимаган, бироқ умри давомида мутолаа билан билимини ошириб борган. Ундан қолган қўлёзмалар шундан далолат берпб турибди.

Мана, муаллиф ўзи бевосита гувоҳ бўлган ва қоғозга туширган хотираларидан бир шингили.

045«13 июлда (гап 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида кетяпти — Б. Қ., С. X.) Ём, Зомин халқи таёқ, ўроқ, қилич, милтиқлар билан яроғланиб, босқинчиларга қарши отландилар. Ём бўлисида тўполончилар бошлуғи Қирқ қишлоқли Қарим деган киши эди. Тўполончилар ҳужум қилиб, темир йўлларни(нг) баъзи жойини буздилар. Истансадаги иморатларға ўт қўйдилар. Бу орада Зомин фристуфи (пристави. ХДК изоҳи)  50 яшар Соболев деган чолни қирғизлардан Қорабой деган отиб ўлдурди. Зоминда машҳур Холмуҳаммад деган бойни тўполончилар кўпкари қилиб чоптилар. Бўлак Зомин маъмурлари ҳар тарафға кеттилар. 14 июлда тўполончилар ҳаммаси Зоминға йиғилиб келиб, зоминлик Қосимхўжани ва қирғизлардан Дониёлбекни бек кўтардилар. 15 июлда истансадан 10 дона аскар кечаси Зоминға кирди. Тўполончилар билан салдатлар ўртасида зўр уруш бўлди. Ўндан ортиқ киши ўлди. Қазоқ аскарлардан 2 киши ўлди. Охири салдатлар мағлуб бўлиб қочдилар. Кечалаб истансаға бориб, воқеани улуғлариға билдурдилар. Андин кейин 50 чоғли салдат шитоб билан бориб, Зоминни пўлимўт ва замбарак билан ерга яксон қилмоққа амр берилди. Қиёмат қоим бошланди. Тўполончилар тоқат қилолмай, тоғларга қочдилар. Аларни орқасидан халқ хотин, бола-чақалари билан пойи пиёда, қумурсқадек тоққа юзландилар. Уйда анжомлари қолиб кетди. Мол-мулкларини олмоққа фурсат бўлмади. Баъзи уйларда кўрпа-ёстуқ тўшалганича қолди. Бу вақт 5—6 рус хотунларини тўполончилардан асраб қолғон салла-тўнлик, қўнғур юзли, лаби қалинроқ, қўлида оқ ялов, ранги ўчиб, туси қочқон ҳолда Қўқандбой Нормат ўғли салдатларға кўриниш қилди. Рус хотунларини тўполондан сақлаб қолғонини, подшоҳ учун шаҳид бўлғон акасини (нг) гўшти тўполончилар томонидан бурда-бурда бўлганини арз қилди. Салдатлар андин жуда рози бўлиб «саники яхши адам» дейишди. Салдатлар Қўқандбойни йўлбошчилиги билан шошилиб Зоминга ораладилар. Эгасиз уйлар таланди. Мазлума хотин-қизлар раҳмсиз равишда салдатларға аёғости бўлдилар. Зоминни салдатлар хўп талагандан кейин бир бошидан ўт қўйилди. Уй ичида қолғон бир неча хотинлар қўйнида боласи билан ўт ичида қолиб кабоб бўлдилар. Ўққа учиб ва оловға (қолиб) ўлганлар бениҳоя эди. Инсон гавдалари кўчаларда хор бўлиб ётар(ди). Олов ўн кунлар ёниб турди. Мусулмонларни куни қаро бўлди. Тоғларға қочиб чиққан кишиларни кўби очликдан ўлди… Ота ўғулга, қиз онаға боқмади. Ҳар ким ўз дардиға йиғладилар. Салдатлар ҳануз тоғлардаги бегуноҳларни тутиб, завқ билан ўлдурмоқда. Баъзи чиройли хотин-қизларни камандирлар тоғларда бир неча ҳафта зўрлаб олиб юрдилар… Зоминда рус қони тўкулгани учун 600 десат ер подшолиқ қилинди. Қўқандбойға русларни асраб қолгани учун бўлислиқ инъом қилинди ва мундан бошқа бир қулоч ташаккурнома билан бир «винтовка» милтиқ ҳам подшо номидан «падарка» қилинди…»

Қейинги йилларда тарихимиз юзидан пардалар олина бошлагач, гоҳ у-гоҳ бу минтақада ўтмишда юз берган хунрезликлардан огоҳ бўлмоқдамиз. У ҳақда бизга номаълум янги-янги ҳужжатлар дунё юзини қўрмоқда. Юқоридаги хотиралар ҳам шуларнинг биттасидир. Адолатсизлик қачон, қаерда ва ким томонидан юз бермасин, феъли сажияси бир хил — зўрнинг ожизни оёқости қилмоғидир. Ва у ҳамиша ҳақсизлик билан ёндош юради. 1916 йил ҳам бундан мустасно эмас. Совет тарих фани холис баҳолаши мумкин бўлмаган бу қўзғолон, биринчидан, ўзбек халқинннг қадим эркпарвар руҳини уйғотган омиллардан бири бўлса, иккинчидан, ҳарбий кучларининг маълум қисмини банд этиш, ҳукуматга катта ташвиш орттириш орқали Жаҳон урушининг боришига муайян таъсир кўрсатди. Заки Валидий қайд этганидек, чоризмнинг Шарққа силжишини, Жанубнинг иссиқ денгизларига, Ҳинду Эронга бўлган сўнгсиз иштаҳасини пасайтирди. Бинобарин, 1916 йилги ‘Туркистон қўзғолонининг ҳар бир саҳифаси тарих учун қадрлидир.

012

Мамадиёр Аллаёров
1916 ЙИЛ ЖИЗЗАХ ҚЎЗҒОЛОНИ
034

045Мардикор хусусидаги сафарбарлик мусулмонлар учун жуда оғир тушди. Рамазонда халқ ўртасида «ҳукумат одам олар эмиш» деган овоза тарқалди. Маслаҳатлар бўлди…

Биринчи июл жума куни намоздан сўнг жамоани тўплаб, уезд ҳокими Рукин деди: «Эшитишимга қараганда, орангизда қаршилик қилмоқчи бўлганлар бор. Шунинг учун сизга танбиҳ қилиб айтаманки, агарда ҳукуматга қаршилик кўрсатсангиз, мол-жойингиз билан бутунлай теп-текис қилдираман. Бундан кейин Сизнинг олдингизда турганларни рўйхатга олдираман», деб 13 нафар оқсоқолларнинг номини битиб олди. Бундан кейин шов-шув кўтарилди. «Тошкент билан Самарқанд одам бермайдур», деган сўзлар тарқалди.

Амалдорлар бойларни қўйиб камбағалларни хатлай бошладилар. Камбағаллар Самарқанд ва Тошкентга бировни юбориб, воқеани билмоқчи бўлганда Назирхўжа Абдусаломхўжа ўғли «Мен бориб биламан», — деб Тошкентга кетди. 12 июлда рўйхатни Тошкент пристуфи кўздан кечириб, навбат иккинчи хатга келганида Тошкентдан келган Назирхўжа «Тошкент тинч, одам бергани йўқ,» — деди.

Халқ шул кечаси билан ухламай катта мажлис қилиб рўйхатни тортиб олишга қарор қилади. Эртаси куни 13 июлда халқ жиддий тўполон билан соат 7 да даҳа истаршини маҳкамасига келдилар. Унда ғўддайиб, бадқовоқлик қилган Мирзаёр рўйхат истаршин оқсоқолдалигини билдиргач, Мирзаёрнн етаклаб, йўлда ўлдириб ташлайдилар. Кейин истаршин маҳкамасига ҳужум қиладилар. Бу маҳкама рўйхатчилари янги шаҳарга қочиб кетган эди. Бундаги дафтар, қоғоз, китоблар куйдирилади. Назирхўжа қўзғолончиларга бек бўлиб сайланди.

Бекнинг фармойиши билан халқ янги шаҳарга пиёда, отлиқ юриш қилдилар. Ҳамма қора калтакли, милтиқли жуда кам эди. Полициялар ҳам Мирзаёр ўлдирилганидан кейин янги шаҳарга қочган…

Аскар Тупроққўрғондан (русларнинг ҳарбий қалъаси. ХДК изоҳи) ўқ ёғдиргач, Зомин (Дониёллик қирғиз), Сангзор, Боғдон (Абдураҳмон жевачи) районлари, айрим беклар бирлашдилар. Бир-бирига элчи юбориб, алоқа қилдилар.

Орадан неча кун ўтгандан сўнг Иванов (1) қўмандаси билан темир йўлни тузатиб Жиззахга аскар олиб келди. Қимни кўрса ўлдурди. Иморат ва қишлоқларни ёндурди. Халқ даҳшатга чидай олмай тоғ, чўл, қумлар орасига қоча бошлади. Рукин ўрнига полковник Иванов, унга таржимон бўлиб Абдужабборов тайин бўлди. Абдужабборов ўз қишлоғини талаш ва ёндиришдан қутқарди… Урушнинг учинчи куни эди. Халқни гуноҳини тиламоқ учун борган тараққийпарвар Қори Зиё ва Нуриддинхўжа Мағруфхўжа ўғли ва Абдусамад махзум деганларни (2) Иванов осдириб юборди . Назирхўжа ўз аскари билан Боғдон районига ўтди. Бундан сўнг жасоратли Абдураҳмон жевачи билан бирлашиб, Иванов аскари билан уруш қилдилар.

Халқ қўзғолончилар ва Абдураҳмон жевачи, Назирхўжага ёрдам бера бошлади, таъминот ҳам яхшиланди. Бешинчи кун Ивановга ҳужум бўлди. Тоғдан туриб қўзғолончилар ўқ отди, аммо қутурган ҳукумат аскарлари босиб келиб кўп қишлоқларни яксон қилди. Урушнинг олтинчи куни Иванов томонидан куйдирилмаган қишлоқлар қолмади. Абдураҳмон ва Назирхўжалар енгилиб, аскарларини (3) тарқатиб юборди.

Ниҳоят, 20 кундан кейин Абдураҳмон жевачи ва Назирхўжалар ҳарбий полевой суднинг ҳукми билан Жиззахда осилдилар. Зоминда ҳам қўзғолон тарқатилди. Ҳукуматнинг ваҳшийлиги то июл охиригача давом этди. Халқни 20-30 талаб уйга қамаб устидан ўт қўядилар. Бу вақт аскарлар ўт ичидагиларнинг фиғонини эшитиб, папирос чекиб кайфландилар. Охири  Куропаткин (Туркистон ҳарбий губернатори. ХДК изоҳи)  авфи умумий эълон қилиб, халқни ўз ватанига чақирди.

Ҳукумат оқ яловга амонлиқ деб эълон қилгани учун ҳамма оқ ялов билан келабошладилар. Учинчи августда бутун халқ йиғилганида пулимўт билан ўраб олди. Лекин бу вақт бир салдат хат ушлаб келди. Уни ўқигандан кейин Иванов «ҳаммангизни ўлдирмоқчи эдим, лекин губир (губернатор) ҳазратлари бўлак фармойиш қилибдурлар. Ҳаммангиз энди подшони фуқароси эмас, боринг, кетинг, шаҳарни ўз эгаси келар», деди. Бир бўлак халқ Учтепага, иккинчи бўлак тоғ томонга ҳайдалди…

20 августда генерал Куропаткин Тошкентдан келди. Кўп сўзлаб, Рукин ўлдирилган жойдан 800 десатина (4) ер подшолик бўлди. Бу ерлар бўшатилиши лозимлигини айтди. Рукин ўлган жойдан ўтган халқ отдан тушиб ўтишга мажбур қилинди. Экинлар йўқ бўлиб, қимматчилик, қаҳатчилик бўлди.

1. Павел Павлович Иванов Жиззах қўзғолонининг бош жаллоди. У 1916 йил 13 июлда Жиззах уезди бошлиғи халқ томонидан ўлдирилгач, унинг ўрнига тайинланади. Хотира муаллифи М. Аллаёровнинг кўрсатишича, Жиззах жазо отряди бошлиғи, кейинчалик Фарғона ҳарбий губернатори, инқилобдан сўнг Сибирда Колчак ҳукуматининг   ҳарбий вазири бўлган. Ўша йиллари фамилиясини Иванов-Ринов деб ўзгартирган.  Ундан кейин чет элга қочиб кетган.
2. Булар жадид ёки жадидларга яқин кишилар эди.

3. Яъни, қўзғолончиларни.
4. Десатина — аслида десятина, яъни ботмон, бир ботмон — 1,09 гектар. Шунча ер подшолик ихтиёрига тортиб олинади.

ҲУКМ
М. Аллаёров ёзмоқчи бўлган асардан парча.

002

091Бу кун душанба, 29 нчи август. Исённи(нг) 47-куни. Кун қизиган сайин ҳавони тиниқ юзи чанг билан ғуборланмоқда.

Работ қишлоғидан чанг аралаш келаётган бир тўда отлиқ аскарлар ҳарбий интизом билан юриш қила-қила темир йўлдан ўтиб шаҳарга яқинлашдилар. Уларнинг кейинроғидан келаётган 32 нафар, қўллари боғлиқ тутқунларни 12 отлиқ аскарлар иҳота қилган. Айниқса, бу намойиш Жиззахни(нг) янги шаҳарига келганда яна жонлироқ бўлиб, музаффарият ашуласи айтила бошлади. Ҳарбий ашулани эшитган (урус) амалдорлар ва ойимлар кўчага чиқиб, қўлга тушган тутқунларни томоша қилдилар, шодландилар, тутқунлар ҳақида нималарнидур сўзлашиб кулишар эдилар.

Бу қадар исёнчиларни қўлга туширган «қаҳрамон» солдатларга офаринлар ўқилди. Шундай тантаналар билан солдатлар тўғри бориб тутқунларни турмахонага топшурдилар-да, яна одам овлаш учун қишлоққа шошиб кетишдилар. Солдатлар турма ёнидан жўнаганига 10 дақиқа ўтганда турмага қараб бир извош келаберди. Извош ёнида икки истарожник (қўриқчи демоқчи. ХДК изоҳи) ҳам ҳовлиқиб от чопиб келаётир…

Турма олдида тўхтаган ҳалиги извош ичидан пак-пакана, кўп йўғон, полковник формасини кийган бир киши тушиб, ўрдак юриш қила-қила турманинг ичкарисига кирди. Ичкарида назоратчилар, «Ана, уезд ҳокими Сковорский!» (2),  ( Бу зот шундан кейин Шковорский деб ёзилган.  Аслида Сковорский бўлса керак. Б.Қ., С.Х.) дейишиб, шошиб, типирчилашиб қолишдилар ва «час» (честь) берганларича қотиб турар эдилар. Ҳоким «час» берганларга жавоб ишорасини бериб, суд мажлиси бўлаётган залга киради.

Мажлис расман ёпиқ бўлса-да, лекин Сковорский кабилар учун доим эшик очиқ эди.

Бу кун турма ичида ҳарбий интизом жуда кучайган. Зални ичига ҳозиргина кириб келган Сковорский суднинг ҳурмати учун бошидан шапкасини олиб махсус бир курсига ўтирди. Зал ичида деворлар подшо ва унинг оиласининг суратлари билан безалган. Подшо суратини юқорисида «Подшо ҳазратларига қарши тиғ кўтарганларга ўлим!» деган ҳайбатли шиор катта ҳарфлар билан русча ёзилган…

Суд ҳайъатининг рўпарўсидаги тирноғигача қуролланган 22 нафар казак аскарлар ўртасида 24 нафар салла, тўнли қўл-оёқлари кишан билан банд ва ҳаммалари узун бир занжир билан бўйинларидан боғланган маҳаллий исёнчилар ўлтирадир. Темир таъсири билан баданларидан оққан қон чопон, кўйлакни қип-қизил қилса ҳам, улар тинч ўлтирадилар. Гўёки улар темир зарбасини сезмайдилар. Айбдорлар ичида оқ соқолли чоллар бўлганидек, 17—18 ёшли йигитчалар ҳам кўринадур. Мулла- эшонлар ҳам бор, бироқ қўли қабарган, салла-тўнли камбағал деҳқонлар кўпчилик эди.

Демак, икки кундан буён исёнчилар бошлиғи Абдураҳмон жевачи ва Назирхўжаларни судлари бўлаётир. Тарафайнларнинг сўзи тамом бўлиб, энди охирги сўз айбдорларга берилмоқда.. Раиснинг сўзини бир татар аскар таржима қилди.

— Сенга последний сўз берила!

Бўйнидаги занжир бўғиб юбордими ёки тилмочни(нг) тилини тушинмадими, ўрнидан турган ёш айбдор гапирмай, бўзариб тураберди.

Тилмоч қайта-қайта тушунтиргач, «Мен ҳеч нима билмайман, эчки боғиб журган жеримдан тутиб, қўл-оёғимни боғлаб келтирдилар», деди. 

—  Син ни дисинғ?! (Сен нима дейсан?!  ХДК изоҳи)

— Мен бегуноҳ, улуғум! Камбағалман!  Тўртта ёш болаларим  бор. Менга раҳм қилинг, тақсир,— деди яна бир деҳқон.

— Син?

— Мен нима қилғонимни билмайман.

Айбдорларнинг сўзи юқоридагидек, бир-бирига ўхшаш бўлиб,  бироқ:
— Мен подшо ҳазратларига қарши тиғ тортдим! Оммавий ғазот эълон қилдим! Уезд ҳокимини ўлдиртирдим! Охири кўчманчи  давлатманд қозоқларни(нг) воситаси билан қўлга тушиб, сизларга топшурулдум. Энди каллапоччамни нима қилиш сизнинг ихтиёрингиздадур! Майли, бундай ишлар мард кишини бошига тушади, тақсирлар!— деди кескин оҳанг билан Назирхўжа ва ўтирди.

Ўрнидан турган Абдураҳмон жевачи:
— Менинг ҳеч гапим йўқ,— дея яна ўтирди.

Суд раиси йўғон ва хириллоқ овоз билан:
— Охирги сўзлар тамом бўлди. Энди суд ҳукм чиқариш учун маслаҳат уйига киражак,— деб хитоб қилди.

Комендантни(нг)   амри билан бандилар машаққат чекиб оёққа турдилар…

Маслаҳат уйидан ёзилиб чиққан ҳукмномани бир қўлига ушлаган раис тепада ёнган давра лампани нурига яқинлашиб баланд  ва хириллоқ овоз билан «адолат» ҳукмни ўқиб юборди:

— «…Бул гуноҳкорлар подшои аъзам император ҳазратлари ва хонадон олийларн учун хавфлик ва зарарликдур. Шу сабабли жиноят қонунларини 51-100-13, 262-268-1459-17-15 ва 250-нчи моддаларига амал қилиб, военний суд қуйидагича ҳукм қиладур:

1. Назирхўжа Абсалом ўғли, сарт, 41 ёшар, эшон.
2. Ўлмас Норқул ўғли, 18 ёш, ўзбек.
3.  Карим Хайруллин, 22 ёш, татар.
4. Турдиқул Султон ўғли, 41 ёш, ўзбек.
5. Самар Берди ўғли, 23 ёш, ўзбек.
6. Нуриддин Ҳожи Маъруфхўжа ўғли, сарт, 67 ёш (Бу ўринда сарт атамасини шаҳарлик деб тушуниш керак. ХДК изоҳи).
7. Зиёқори Абдулло ўғли, сарт, 43 ёш.
8. Абдуҳамид Йўлдош ўғли, сарт, 66 ёш.
9. Мулла Мамадраҳим мулла Абдураҳим ўғли, имом, 29 ёш, сарт.
10. Ўқиб бўлмади, ўчирилган (Б. Қ., С. X.)
11. Тошпўлат Ёқубов, сарт, 42 ёш, жиззахли.
12. Юсуф Абдулло ўғли, сарт, 60 ёш.
13.  Ғафур мулла Султон ўғли, сарт, 33 ёш.
14 .  Эшонқулов Ҳошим ўғли, сарт, 33 ёш.
15.  Ашурмат Холмат ўғли, сарт, 39 ёш.
16.  Уста Раҳмон Алибой ўғли, 57 ёш, тожик.
17. Насриддин Ҳасан ўғли, 53 ёш, сарт.
18. Турдимурод Қозоқбой ўғли, 36 ёш, сарт.
19. Одилбой Нормат махсум ўғли, 37 ёш, ўзбек.
20. Турсунбой Абдураҳим ўғли, 34 ёш, сарт.
21. Файзимурод Юсуфжон ўғли, 33 ёш, сарт.
22. Абдураҳмон ҳожи Абдужаббор ўғли, жевачи, 68 ёш, ўзбек.
23. Жайноқ Абдурасул ўғли, 45 ёш, ўзбек.

Ушбу гуноҳкорларни Русия подшосига қурол билан қарши чиққанлари, рус кишиларини ваҳшиёна равишда ўлдирганлари, ҳукумат мулкига ўт қўйганлари, темир йўл ва телеграфни бузганлари, айниқса, подшо(и) аъзам император ҳазратларининг фармон(и) олийларига қарши чиқиб, Русия ҳукуматини бўлиш мақсади билан қуролли ғавғо чиқарганлари учун ҳаммаларини бутун ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўлим жазоси билан жазолаб, осиб ўлдирилсин.

24. Раҳмат Отамурод ўғли, 26 ёш, ўзбекни бутун ҳуқуқдан маҳрум этиб, то ўлгунча Сибирия мамлакатига қаттиқ сургун қилинсин. Ҳукм қатъий. Норозилик аризаси бериш мумкин эмас.  Аммо ҳукм аввал баланд даражалик Туркистон генерал(и) Қуропаткин жанобларини мулоҳазаларидан ўткандан сўнг ижро қилинажак.

Далил-ашё:  8 милтиқ, 3 болта, 8 ўроқ, 11 теша, 6 пичоқ, 2 шашбарларнп ҳукумат фойдасига мусодара қилинсин.

Раис: Закоми(н)ский.  Аъзолар: И. Соколов  2. Жит… (Ўқиб бўлмади — Б. Қ., С. X.)

Русча ўқилган бу ҳукмнома жуда қисқа таржима қилинди…

***

ЖИЗЗАХ ОТРЯДИГА ИВАНОВ ТАРАФИДАН БЕРИЛГАН  2-НЧИ СОН БУЙРУҚ
Копия. 1916 йил 17-нчи июл, соат 8 да.

033Жиззах стансаси. Шошилинч муҳофаза қилишни, шаҳарни бутунлай қўлга олишни талаб қиламан. Кундуз куни кучайтирилган наряд билан шаҳарни айланиб, қўзғолон кўтарган аҳолининг кўчада юришига йўл қўйилмасин. Кўчаларга пистирма қўйиш, хуфиялар қолдириш лозим. Ҳеч бир ҳужумни кутиб ўлтирмай, ҳужум ясангиз. Жамоат жойларида, оломон орасида қўзғолон кўтариш аҳмоқлик эканини  кўрсатиб қўйинг. Кишиларнинг кечалари уйларига қайтишларига йўл берманг, оч қолдиринг, тоғларда ва чўлларда очликда ўлишга мажбур қилингиз! Хотиржамлик, кескинликни талаб қиламан. Бир рус солдатининг эски этиги тагчарми сарт даюсларнинг миигтасидан афзал туражаги тўғрисида ўзингиз ва солдатларга билдиришингизни қатъий равишда буюраман. Довруқлик қаҳрамон саратовчилар уч минг кишилик шайкани (қўзғолончиларни —Б. Қ., С. X.) тумтарақай қувиб буни исбот қилдилар. Сапёрлар взводи полковник Владислав ихтиёрида қолди. Мен билан Ломакин истансаси орқали алоқа қиларсиз. Полковник Иванов.

ТУРКИСТОН ГУБЕРНАТОРИГА ЖИЗЗАХ УЕЗДИ БОШЛИҒИНИНГ АХБОРОТИ
1916 йил, 10 август.

Соқчилар аҳоли таниган маҳаллий исёнчиларни тўда-тўда қилиб ҳайдаб кетишмоқда. Уларнинг бошлиқларн қамоққа олиниб, ишлари терговга топширилаётир. Марҳум Рукинга биринчи бўлиб қилич урган асосий айбдор Ашур Иноятуллаев эканлиги аниқланди. Уни бир рус аёли таниб қолган экан. Қамоқхона маҳбуслар уйи бўлиб кетди, маҳбуслар илгари ҳарбий офитсерлар жойлашган собиқ лазарет (касалхона)га ўтказилди. Жаноби олийларига ушбуни маълум қиламан.

Ҳарбий губернатор, генерал-майор Ликошин.

* * *

Туркистон генерал-губернаторига Самарқанд вилояти волостной (аслида военний  бўлиши керак. ХДК изоҳи)  губернатори генерал-майор Ликошин 1916 йил 23 июлда 543-рақамли маълумотнома билан Жиззах воқеаси ҳақида тубандаги маълумотни берадур: «Жиззахнинг муваққат уезд бошлиғи подполковник Афанасйевни(нг) 20 июл 7208-нчи рақамли рапортига мувофиқ хабар қиламан. 13-нчи июл чоршанба куни соат 9 да Жиззахни(нг) эски шаҳарида қўзғолон бўлганлиги ҳақида уезд бошлиғига хабар келган. Бу хабарни эшитиб, уезд бошлиғи Рукин, старший оқсоқол, пристав Комил ва соҳиб (аслида соқчи бўлса керак. ХДК изоҳи) йигитлар шошилиб эски шаҳарга извошга тушиб жўнашган. Соқчи қўмандани оркадан тез етиб боришини буюриб жўнаган. Соқчи қўманда улардан 10-15 минут кейинроқ  жўнаган. Қоровул қўманда билан оломон ўртасида то соат 2-3 гача тўқнашиш бўлган. Туб жой(ли)лардан 10 киши отиб ўлдирилди. Соқчилар оломонга чидаб туролмай жилишга мажбур бўлдилар. Уезд ҳокимини ҳам қуткариб қололмадилар. Худди шул чоршанба куни пешин вақтида Чернов стансасидан Жиззахга бир эшелон (поезд) келиб қолди. Эшелондаги ҳарбий аскарлар Кавказ муҳораба майдонига кетадургон бўлиб, беанжом 100 нафар отлиқ аскарлар экан. Мазкур аскарлар прапоршик Григоревни қўмандаси остида эди. Фронтга боришдан тўхтаб, Григорев ўз аскарларини 35 нафарини қуролли қилиб шошилинч билан эски шаҳарга кирди. Рукинни излади. Қўзғолонни бўғмоқ бўлди. Икки чақирим юриб ҳеч кимни кўрмаган. Лекин эски шаҳарни яқинида 4 нафар мурдага дуч келади. Мурдаларни текширганида ууезд началниги, пристав Комил эканликлари маълум бўлади. Улар қўзғолончилар томонидан жуда азоблаб ўл(дирил)ган экан. Мурдаларни дарҳол бир арабага солиб янги  шаҳарга юборган. Воқеа жойида қонли камон, таёқ, бир неча пичоқлар ётадур…

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ҲАРБИЙ ГУБЕРНАТОРИНИНГ
ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРИНИНГ 5993-РАКАМЛИ СУРОВИГА
1916 ЙИЛ 20 АВГУСТДАГИ 759-РАҚАМЛИ ЖАВОБИ

Туркистон генерал-губернаторига Жиззах отряди бошлиғи шу йил 15 августдаги 405-рақамли хабарномасида маҳаллий аҳолининг қуйидаги қишлоқ ва овуллари вайрон қилинганлиги ва ёндирилганини хабар беради.

1. Жиззах тумани
Жиззахнинг эски шаҳар маркази атрофидаги Қили, Қора қили ва Сассиқ қишлоқлари ёндирилган.

2. Зомин тумани
Ёндирилган: Зомин (қарийб ҳаммаси), Қайирма (ярмидан  кўпи), Қора серкали (ярмидан озроғи), Қўриқ (ярми), Қурғазак (22 ҳовлидан 8 таси), Чўнқайма (ярмидан озроғи), Бўйинтуруқ (учдан бир қисми), Ломакин станцияси (20 та дўкон ва карвонсарой), Оқбўйра (ҳаммаси), Қорабош (15 дан ярмининг озроғи), Тешик қулоқ (20 дан ярмининг озроғи), Чол қишлоқ (50 дан учдан бири), Қарайши (90 дан уч ҳовли), Қобил Мозор (40 дан ярмидан  озроғи), Четариқ (90 дан учдан бири), Пешоғар (қарийб ҳаммаси), Қўштол ва Чамбул (бир неча уйлар), Работ (ярмидан ортиқроғи).

3.  Боғдон тумани
Қоратош ота, Ямчи, Янги қишлоқ, Сафар ота ва Саримсоқ қишлоқлари ёндирилган.

4.  Сангзор тумани
Милютин станцияси яқинидаги катта қишлоқ (тўртдан бир қисми), Қаро (ҳаммаси), Тўртепа, Катта қорамозор, Тошкесган, Шайбек (ҳаммаси), Жаздиқ (иккидан бири), Қирқ, Тожик, Сангзор, Қора сув (иккидан бири), Сўфи, Жетти Булоқ (ҳаммаси), Оқ мулла (2 уй), Қичик Қорашақшақ, Катта Қорашақшақ, Гуралас (иккидан бири).

Ҳарбий губернатор, генерал-майор Ликошин»

***

Уезд ҳокими Сковорский кўзини қисиб истеҳзо билан бандиларга ит қараши қилгач, суд раиси билан илжайиб кўришди ва турмада тўлиб-тошиб ётган бандиларни ҳам тезда суд қилишни сўзлади. Худди шу пайтда шошиб эшикдан кирган бир исторожник  уезд ҳокимига изтироб билан «темир йўлни муҳофизот қилғувчи аскарларимизга номаълум ўқ отилиб икки солдат ўлди ва тўртг киши оғир ярадор бўлди, қоронғуда ўқ отувчиларни тополмадук, шу воқеани Сизга хабар беришга югуриб келдим, тақсир,»  деди. Сковорский жуда шошилиб суд раиси билан хайрлашди-да, дарвозада кутиб турган пайтун(арава)га миниб, темир йўлга қараб жўнади.

Уезд ҳокими турмадан чиқиб пойтунга тушиш пайтида уч адвокат(лар) суд раисидан ижозатнома олиб ажалхонадаги маҳбуслар олдига кирдилар ва оқ подшога авф сўраб телеграмм ёзиш учун маҳкумлардан 5000 сўм талаб қилдилар. Маҳкумларга ўлим жазосидан ҳам бундай талаб оғирроқ тушди…

Биринчи сентябрда юқоридаги ҳукм Туркистон генерал-губернатори Қуропаткин томонидан тасдиқ қилингани ҳақида телеграм олинди. (Баъзи айбдорларни ўлим жазоси 10 йил сургун билан  ўзгартирилган эди,  улар феврал инқилобидан сўнг озод бўлиб кетди(лар).

05Эртаси, кун чиқиш вақти эди… Ичкаридан ўлим жазосига маҳкум бўлган айбдорлар чиқарилдилар. Уларнинг кўзига кенг дунё жуда тор ва қоронғу бўлиб кўринди. Шундай бўлса-да, улар арғамчиси илондек осилган дор томонига ўз оёқлари билан юриб бормоқда. Маҳкумлар ёнида турган домла-имом Очилди қори„ уларга калима ўргатмоқ у ёқда турсин, ўзининг ҳам тили калимага келмай қолди…

Кафан кийдирилгандан сўнг маҳбусларни навбатма-навбат оса бошладилар. Бу ҳолни кўриб, кўзи қисилиб, оғзи илжайган уезд ҳокими Сковорский «Вот вам газовот, вот вам мусулманобод» деб масхара қилди. Уни(нг) ёнидаги қузғунлар ҳам бу гапдан завқланиб кулишдилар. Осилган гавдалар 10 минут ичида қимирлаб, типирлаб бўшашар эди. Жонсиз гавдаларни қорнига қулоқ солиб, қўлтомирларини кўрган чол дўхтур ўликларни тирноғига игна суқуб кўргандан сўнг Сковорскийга қараб «итваччалар ўлиб қолдилар», деди.

Шу билан золимлар ҳукми чин маъноси билан бажарилиб, айбдорлар ҳам ер тагида абадий ухлай бошладилар.

Кейинги бўлган марофалар ( суд жараёни) Самарқанд шаҳринда бўлиб, маҳаллий айбдорлар 50-лаб, 100-лаб осилишга маҳкум бўлар эдилар (1).

М. Аллаёров.

  1. Суд жараёнини М. Аллаёров ўз кўзлари билан кўрган.

ҚЎШИМЧА

МУЗАФФАР ҚОДИРОВДАН ОЛИНГАН МАЪЛУМОТ (1).
(16-йил ҳақида)

…Одамлар йиғилиб қурол йиғилди, одам 5000 дан ошиқ. Бир берданка (милтиқ номи — Б. Қ., С. X.) бор, ўқлайдурғон мерган қўрбоши ўзим, 36 мерганимиз (бор), подшо (Абдураҳмон жевачи назарда тутилмоқда — Б. Қ., С. X.) бир берданкани 4 казак билан менга берди. Бўлак мерганларда шоҳ милтиқ, ов милтиқ бор. Ниҳоят ғазо(вот), белда қизил рўмол, бошда қизил рўмол — шаҳидҳлик аломати, «ўлсак шаҳид, ўлдирсак — ғози» биз. Уруш майдонига юриш қилиб, Жиззахга бораётирмиз.

Шул жойда Назирхўжага қўшилдик. «500 сўм пул бир барзанги ўрис ўлдирган азаматга бераман» деб подшо ваъз айтади. Қизил рўмол тоқди менга.

Подшо (қўзғолон раҳбари) белгилаш маросими.

Бир қоқма гиламга солиб Абдураҳмон жевачини уч маротаба кўтардук, бек бўлди. Подшо наъра тортди, «ол, қўйма, аскар томонга юриш қилинг».

Рус аскарлари ўқ отиб, кўпни ўлдирди. 36 киши ўлди. Бизлар аскарни иҳота қилдик, 4-5-ини отдик. Ярадор бўлиб, отим ўлди. Кун иссиқ, отни(нг) ёлига мани босиб бир азамат қутқарди, ўқ тегмади. 40 кишини уйга қамаб куйдирганини кўрдик. Боғдондан хабар келдики, ўруслар қудуқларга заҳар ташлаб кетган экан, сув ичиб, бирдан ўлмангиз. Солдатлардан (қўзғолончилардан демоқчи.— Б. Қ., С. X.) 4 киши ўлди. Қиз-хотун ярадор. Қиёмат аросат бўлди…

1. Музаффар Қодиров — Бу киши Абдураҳмон жевачи бошчилигидаги халқнинг қуролли қўзғолонида бевосита катнашгани унинг ҳикоясидан маълум бўлиб турибди. Биз бу ерда ундан айрим парчаларнигина олишни лозим топдик. (Б. Қ., С. X.)

ЖАР

«Бозордаги одамлар, боғда битган бодомлар, бир гапим бор, бир манга қаранглар. Абдураҳмон жевачи Абдужаббор тўқсоба ўғли отасини қиличини ният(и) ғазо билан ёнига осди. Ҳозир душманга қарши урушга 7 ёшдан 70 ёшгача чиқсун, агар чиқмаса, боши ўлимда, моли талонда», деб Боғдон бозорида қичқирди жарчи Жўра.

09

MAMADIYOR ALLAYOROVNING
«JIZZAX QO’ZG’OLONI»

MATERIALLARI HAQIDA
Begali Qosimov, Sotimjon Xolboev
034

Bu hujjatlarning o’z tarixi bor. Uni bizga muallifning nabirasi — ToshDU dotsenti Dilbarxon To’rabekova keltirib berdi. Davrlar kechishi bilan sahifalari sarg’ayib ketgan uchta qo’lyozma kitob. Oddiy katak daftarlarga bitilgan xotiralar jamlanib, karton bilan muqovalangan. Ayniqsa, uchinchi qo’lyozmani varaqlab turib, odam dahshatga tushib ketadi. Bunisiga muallif Jizzax qo’zg’oloni haqida yozmoqchi bo’lgan asariga to’plagan hujjatlar va o’zi guvoh bo’lgan voqealar xususidagi xotiralarini jamlagan. O’sha qo’zg’olonning qanday o’t olishiyu chor askarlari tomonidan qanchalik shafqatsizlik-la bostirilishi butun dahshati bilan yaqqol ko’z oldingizga keladi-qo’yadi.

Endi muallif Mamadiyor Allayorov haqida. U Sovet hukumatini o’rnatish va mustahkamlashga sidqidildan xizmat qilish davomida dunyoqarashi o’zgarib borgan va mana shu o’zlari jon fido etib kurashgan hukumat qo’lida qatl etilganlardan bittasi. Uning qisqacha tarjimai holi bunday: 1896 yilning 30 martida Zominning Yom qishlog’ida tug’ilgan. Dastlab eski maktabda, so’ng Zominda rus maktabida o’qigan. 1916 yilda mardikorlikka olingan. 1917 yilda yurtiga qaytgach, o’qituvchilik qiladi. 1919 yilda partiyaga o’tadi. 1923 yilda Jizzax shahar firqa qo’mitasida targ’ibot-tashviqot bo’limi mudiri bo’lib ishlaydi. Shahar ijroiya qo’mitasi raisi lavozimiga ko’tariladi. 1924 yilda viloyat firqa qo’mitasi O’ratepadagi «bosmachilik»ni tugatishga vakil qilib yuboradi. 1925 yilda chaqirib olinib, «Qo’shchi» soyuzining viloyat qo’mitasi raisi qilib tayinlanadi. Qeyinroq firqa topshirig’i bilan Turkmanistonda ishlaydi. 1923 yilda Turkiston KP MQ tomonidan O’ratepa viloyat ijroiya qo’mitasi ma’muriy bo’limi mudiri etib tayinlanadi. So’ng shahar xalq sudi raisi bo’lib ishlaydi. 1923 yilning martida Tojikistonning Qo’rg’ontepa viloyati firqa kotibi, shu yilning sentyabridan Tojikiston Oliy sudi a’zosi bo’lgan.

1929 yili O’zKP MQ M. Allayorovni chaqirib oladi va Samarqand okrug sudi a’zosi qilib tayinlaydi. 1930 yildan shahar oqlovchilari kollegiyasida xizmat qila boshlaydi. Ommaviy qatag’onlarga tayyorgarlik ko’rilayotgan 1935 yilda u oqlovchilarning jumhuriyat kollegiyasida xizmat qilar edi. Uni o’sha yillari firqada o’tkazilgan «tozalash»da «yot unsur» sifatida firqadan chiqaradilar. 1938 yilning 27 iyulida esa aksilinqilobiy «Milliy ittihod»ning a’zosi sifatida qamoqqa olinadi.

M. Allayorovning «aybi» shundan iborat ediki, u Turkistonni ozod, mustaqil ko’rishni orzu qildi. Yurtdoshlarini ma’rifatga, madaniyatga undadi. U o’zbek xalqini ko’hna tarixga, boy madaniyatga ega, uzoq asrlar davomida o’z aqli, barhayot an’analari bilan yashab kelgan va bundan keyin ham yashay oladi, deb hisoblaydi. Bir millatning ikkinchisi yerini bosib olib, moddiy boyliklarini talon-toroj etilishini, ma’naviyatini oyoqosti qilinishini eng katta adolatsizlik deb bildi. To’g’ri, M. Allayorov jadidchilik harakatining katta bir vakili emas. Ammo u bu harakatning g’oya va maqsadi bilan tanish, unga xayrixoh kishilardan edi. Faoliyatida shunga amal qilishga urindi. U oliy tahsil ko’rgan emas, biror joyda muntazam o’qimagan, biroq umri davomida mutolaa bilan bilimini oshirib borgan. Undan qolgan qo’lyozmalar shundan dalolat berpb turibdi.

Mana, muallif o’zi bevosita guvoh bo’lgan va qog’ozga tushirgan xotiralaridan bir shingili.

045«13 iyulda (gap 1916 yilgi Jizzax qo’zg’oloni haqida ketyapti — B. Q., S. X.) Yom, Zomin xalqi tayoq, o’roq, qilich, miltiqlar bilan yarog’lanib, bosqinchilarga qarshi otlandilar. Yom bo’lisida to’polonchilar boshlug’i Qirq qishloqli Qarim degan kishi edi. To’polonchilar hujum qilib, temir yo’llarni(ng) ba’zi joyinibuzdilar. Istansadagi imoratlarg’a o’t qo’ydilar. Bu orada Zomin fristufi (pristavi. XDK izohi) 50 yashar Sobolev degan cholni qirg’izlardan Qoraboy degan otib o’ldurdi. Zominda mashhur Xolmuhammad degan boyni to’polonchilar ko’pkari qilib choptilar. Bo’lak Zomin ma’murlari har tarafg’a kettilar. 14 iyulda to’polonchilar hammasi Zoming’a yig’ilib kelib, zominlik Qosimxo’jani va qirg’izlardan Doniyolbekni bek ko’tardilar. 15 iyulda istansadan 10 dona askar kechasi Zoming’a kirdi. To’polonchilar bilan saldatlar o’rtasida zo’r urush bo’ldi. O’ndan ortiq kishi o’ldi. Qazoq askarlardan 2 kishi o’ldi. Oxiri saldatlar mag’lub bo’lib qochdilar. Kechalab istansag’a borib, voqeani ulug’larig’a bildurdilar. Andin keyin 50 chog’li saldat shitob bilan borib, Zominni po’limo’t va zambarak bilan yerga yakson qilmoqqa amr berildi. Qiyomat qoim boshlandi. To’polonchilar toqat qilolmay, tog’larga qochdilar. Alarni orqasidan xalq xotin, bola-chaqalari bilan poyi piyoda, qumursqadek toqqa yuzlandilar. Uyda anjomlari qolib ketdi. Mol-mulklarini olmoqqa fursat bo’lmadi. Ba’zi uylarda ko’rpa-yostuq to’shalganicha qoldi. Bu vaqt 5—6 rus xotunlarini to’polonchilardan asrab qolg’on salla-to’nlik, qo’ng’ur yuzli, labi qalinroq, qo’lida oq yalov, rangi o’chib, tusi qochqon holda Qo’qandboy Normat o’g’li saldatlarg’a ko’rinish qildi. Rus xotunlarini to’polondan saqlab qolg’onini, podshoh uchun shahid bo’lg’on akasini (ng) go’shti to’polonchilar tomonidan burda-burda bo’lganini arz qildi. Saldatlar andin juda rozi bo’lib «saniki yaxshi adam» deyishdi. Saldatlar Qo’qandboyni yo’lboshchiligi bilan shoshilib Zominga oraladilar. Egasiz uylar talandi. Mazluma xotin-qizlar rahmsiz ravishda saldatlarg’a ayog’osti bo’ldilar. Zominni saldatlar xo’p talagandan keyin bir boshidan o’t qo’yildi. Uy ichida qolg’on bir necha xotinlar qo’ynida bolasi bilan o’t ichida qolib kabob bo’ldilar. O’qqa uchib va olovg’a (qolib) o’lganlar benihoya edi. Inson gavdalari ko’chalarda xor bo’lib yotar(di). Olov o’n kunlar yonib turdi. Musulmonlarni kuni qaro bo’ldi. Tog’larg’a qochib chiqqan kishilarni ko’bi ochlikdan o’ldi… Ota o’g’ulga, qiz onag’a boqmadi. Har kim o’z dardig’a yig’ladilar. Saldatlar hanuz tog’lardagi begunohlarni tutib, zavq bilan o’ldurmoqda. Ba’zi chiroyli xotin-qizlarni kamandirlar tog’larda bir necha hafta zo’rlab olib yurdilar… Zominda rus qoni to’kulgani uchun 600 desat yer podsholiq qilindi. Qo’qandboyg’a ruslarni asrab qolgani uchun bo’lisliq in’om qilindi va mundan boshqa bir quloch tashakkurnoma bilan bir «vintovka» miltiq ham podsho nomidan «padarka» qilindi…»

Qeyingi yillarda tariximiz yuzidan pardalar olina boshlagach, goh u-goh bu mintaqada o’tmishda yuz bergan xunrezliklardan ogoh bo’lmoqdamiz. U haqda bizga noma’lum yangi-yangi hujjatlar dunyo yuzini qo’rmoqda. Yuqoridagi xotiralar ham shularning bittasidir. Adolatsizlik qachon, qaerda va kim tomonidan yuz bermasin, fe’li sajiyasi bir xil — zo’rning ojizni oyoqosti qilmog’idir. Va u hamisha haqsizlik bilan yondosh yuradi. 1916 yil ham bundan mustasno emas. Sovet tarix fani xolis baholashi mumkin bo’lmagan bu qo’zg’olon, birinchidan, o’zbek xalqinnng qadim erkparvar ruhini uyg’otgan omillardan biri bo’lsa, ikkinchidan, harbiy kuchlarining ma’lum qismini band etish, hukumatga katta tashvish orttirish orqali Jahon urushining borishiga muayyan ta’sir ko’rsatdi. Zaki Validiy qayd etganidek, chorizmning Sharqqa siljishini, Janubning issiq dengizlariga, Hindu Eronga bo’lgan so’ngsiz ishtahasini pasaytirdi. Binobarin, 1916 yilgi ‘Turkiston qo’zg’olonining har bir sahifasi tarix uchun qadrlidir.

Mamadiyor Allayorov
1916 YIL JIZZAX QO’ZG’OLONI
034

045Mardikor xususidagi safarbarlik musulmonlar uchun juda og’ir tushdi. Ramazonda xalq o’rtasida «hukumat odam olar emish» degan ovoza tarqaldi. Maslahatlar bo’ldi…

Birinchi iyul juma kuni namozdan so’ng jamoani to’plab, uezd hokimi Rukin dedi: «Eshitishimga qaraganda, orangizda qarshilik qilmoqchi bo’lganlar bor. Shuning uchun sizga tanbih qilib aytamanki, agarda hukumatga qarshilik ko’rsatsangiz, mol-joyingiz bilan butunlay tep-tekis qildiraman. Bundan keyin Sizning oldingizda turganlarni ro’yxatga oldiraman», deb 13 nafar oqsoqollarning nomini bitib oldi. Bundan keyin shov-shuv ko’tarildi. «Toshkent bilan Samarqand odam bermaydur», degan so’zlar tarqaldi.

Amaldorlar boylarni qo’yib kambag’allarni xatlay boshladilar. Kambag’allar Samarqand va Toshkentga birovni yuborib, voqeani bilmoqchi bo’lganda Nazirxo’ja Abdusalomxo’ja o’g’li «Men borib bilaman», — deb Toshkentga ketdi. 12 iyulda ro’yxatni Toshkent pristufi ko’zdan kechirib, navbat ikkinchi xatga kelganida Toshkentdan kelgan Nazirxo’ja «Toshkent tinch, odam bergani yo’q,» — dedi.

Xalq shul kechasi bilan uxlamay katta majlis qilib ro’yxatni tortib olishga qaror qiladi. Ertasi kuni 13 iyulda xalq jiddiy to’polon bilan soat 7 da daha istarshini mahkamasiga keldilar. Unda g’o’ddayib, badqovoqlik qilgan Mirzayor ro’yxat istarshin oqsoqoldaligini bildirgach, Mirzayornn yetaklab, yo’lda o’ldirib tashlaydilar. Keyin istarshin mahkamasiga hujum qiladilar. Bu mahkama ro’yxatchilari yangi shaharga qochib ketgan edi. Bundagi daftar, qog’oz, kitoblar kuydiriladi. Nazirxo’ja qo’zg’olonchilarga bek bo’lib saylandi.

Bekning farmoyishi bilan xalq yangi shaharga piyoda, otliq yurish qildilar. Hamma qora kaltakli, miltiqli juda kam edi. Politsiyalar ham Mirzayor o’ldirilganidan keyin yangi shaharga qochgan…

Askar Tuproqqo’rg’ondan (ruslarning harbiy qal’asi. XDK izohi) o’q yog’dirgach, Zomin (Doniyollik qirg’iz), Sangzor, Bog’don (Abdurahmon jevachi) rayonlari, ayrim beklar birlashdilar. Bir-biriga elchi yuborib, aloqa qildilar.

Oradan necha kun o’tgandan so’ng Ivanov (1) qo’mandasi bilan temir yo’lni tuzatib Jizzaxga askar olib keldi. Qimni ko’rsa o’ldurdi. Imorat va qishloqlarni yondurdi. Xalq dahshatga chiday olmay tog’, cho’l, qumlar orasiga qocha boshladi. Rukin o’rniga polkovnik Ivanov, unga tarjimon bo’lib Abdujabborov tayin bo’ldi. Abdujabborov o’z qishlog’ini talash va yondirishdan qutqardi… Urushning uchinchi kuni edi. Xalqni gunohini tilamoq uchun borgan taraqqiyparvar Qori Ziyo va Nuriddinxo’ja Mag’rufxo’ja o’g’li va Abdusamad maxzum deganlarni (2) Ivanov osdirib yubordi . Nazirxo’ja o’z askari bilan Bog’don rayoniga o’tdi. Bundan so’ng jasoratli Abdurahmon jevachi bilan birlashib, Ivanov askari bilan urushqildilar.

Xalq qo’zg’olonchilar va Abdurahmon jevachi, Nazirxo’jaga yordam bera boshladi, ta’minot ham yaxshilandi. Beshinchi kun Ivanovga hujum bo’ldi. Tog’dan turib qo’zg’olonchilar o’q otdi, ammo quturgan hukumat askarlari bosib kelib ko’p qishloqlarni yakson qildi. Urushning oltinchi kuni Ivanov tomonidan kuydirilmagan qishloqlar qolmadi. Abdurahmon va Nazirxo’jalar yengilib, askarlarini (3) tarqatib yubordi.

Nihoyat, 20 kundan keyin Abdurahmon jevachi va Nazirxo’jalar harbiy polevoy sudning hukmi bilan Jizzaxda osildilar. Zominda ham qo’zg’olon tarqatildi. Hukumatning vahshiyligi to iyul oxirigacha davom etdi. Xalqni 20-30 talab uyga qamab ustidan o’t qo’yadilar. Bu vaqt askarlar o’t ichidagilarning fig’onini eshitib, papiros chekib kayflandilar. Oxiri Kuropatkin (Turkiston harbiy gubernatori. XDK izohi) avfi umumiy e’lon qilib, xalqni o’z vataniga chaqirdi.

Hukumat oq yalovga amonliq deb e’lon qilgani uchun hamma oq yalov bilan kelaboshladilar. Uchinchi avgustda butun xalq yig’ilganida pulimo’t bilan o’rab oldi. Lekin bu vaqt bir saldat xat ushlab keldi. Uni o’qigandan keyin Ivanov «hammangizni o’ldirmoqchi edim, lekin gubir (gubernator) hazratlari bo’lak farmoyish qilibdurlar. Hammangiz endi podshoni fuqarosi emas, boring, keting, shaharni o’z egasi kelar», dedi. Bir bo’lak xalq Uchtepaga, ikkinchi bo’lak tog’ tomonga haydaldi…

20 avgustda general Kuropatkin Toshkentdan keldi. Ko’p so’zlab, Rukin o’ldirilgan joydan 800 desatina (4) yer podsholik bo’ldi. Bu yerlar bo’shatilishi lozimligini aytdi. Rukin o’lgan joydan o’tgan xalq otdan tushib o’tishga majbur qilindi. Ekinlar yo’q bo’lib, qimmatchilik, qahatchilik bo’ldi.

1. Ivanov Jizzax qo’zg’olonining bosh jallodi. U 1916 yil, 13 iyulda Jizzax uezdi boshlig’i xalq tomonidan o’ldirilgach, uning o’rniga tayinlanadi. Xotira muallifi M. Allayorovning ko’rsatishicha, Jizzax jazo otryadi boshlig’i, keyinchalik Farg’ona harbiy gubernatori, inqilobdan so’ng Sibirda Kolchak hukumatining harbiy vaziri bo’lgan. Undan keyin chet elga qochib ketgan.
2. Bular jadid yoki jadidlarga yaqin kishilar edi.

3. Ya’ni, qo’zg’olonchilarni.
4. Desatina — aslida desyatina, ya’ni botmon, bir botmon — 1,09 gektar. Shuncha yer podsholik ixtiyoriga tortib olinadi.

HUKM
M. Allayorov yozmoqchi bo’lgan asardan parcha.

011

Bu kun dushanba, 29 nchi avgust. Isyonni(ng) 47-kuni. Kun qizigan sayin havoni tiniq yuzi chang bilan g’uborlanmoqda.

Rabot qishlog’idan chang aralash kelayotgan bir to’da otliq askarlar harbiy intizom bilan yurish qila-qila temir yo’ldan o’tib shaharga yaqinlashdilar. Ularning keyinrog’idan kelayotgan 32 nafar, qo’llari bog’liq tutqunlarni 12 otliq askarlar ihota qilgan. Ayniqsa, bu namoyish Jizzaxni(ng) yangi shahariga kelganda yana jonliroq bo’lib, muzaffariyat ashulasi aytila boshladi. Harbiy ashulani eshitgan (urus) amaldorlar va oyimlar ko’chaga chiqib, qo’lga tushgan tutqunlarni tomosha qildilar, shodlandilar, tutqunlar haqida nimalarnidur so’zlashib kulishar edilar.

Bu qadar isyonchilarni qo’lga tushirgan «qahramon» soldatlarga ofarinlar o’qildi. Shunday tantanalar bilan soldatlar to’g’ri borib tutqunlarni turmaxonaga topshurdilar-da, yana odam ovlash uchun qishloqqa shoshib ketishdilar. Soldatlar turma yonidan jo’naganiga 10 daqiqa o’tganda turmaga qarab bir izvosh kelaberdi. Izvosh yonida ikki istarojnik (qo’riqchi demoqchi. XDK izohi) ham hovliqib ot chopib kelayotir…

Turma oldida to’xtagan haligi izvosh ichidan pak-pakana, ko’p yo’g’on, polkovnik formasini kiygan bir kishi tushib, o’rdak yurish qila-qila turmaning ichkarisiga kirdi. Ichkarida nazoratchilar, «Ana, uezd hokimi Skovorskiy!» (2), ( Bu zot shundan keyin Shkovorskiy deb yozilgan. Aslida Skovorskiy bo’lsa kerak. B.Q., S.X.) deyishib, shoshib, tipirchilashib qolishdilar va «chas» (chest`) berganlaricha qotib turar edilar. Hokim «chas» berganlarga javob ishorasini berib, sud majlisi bo’layotgan zalga kiradi.

Majlis rasman yopiq bo’lsa-da, lekin Skovorskiy kabilar uchun doim eshik ochiq edi.

Bu kun turma ichida harbiy intizom juda kuchaygan. Zalni ichiga hozirgina kirib kelgan Skovorskiy sudning hurmati uchun boshidan shapkasini olib maxsus bir kursiga o’tirdi. Zal ichida devorlar podsho va uning oilasining suratlari bilan bezalgan. Podsho suratini yuqorisida «Podsho hazratlariga qarshi tig’ ko’targanlarga o’lim!» degan haybatli shior katta harflar bilan ruscha yozilgan…

Sud hay’atining ro’paro’sidagi tirnog’igacha qurollangan 22 nafar kazak askarlar o’rtasida 24 nafar salla, to’nli qo’l-oyoqlari kishan bilan band va hammalari uzun bir zanjir bilan bo’yinlaridan bog’langan mahalliy isyonchilar o’ltiradir. Temir ta’siri bilan badanlaridan oqqan qon chopon, ko’ylakni qip-qizil qilsa ham, ular tinch o’ltiradilar. Go’yoki ular temir zarbasini sezmaydilar. Aybdorlar ichida oq soqolli chollar bo’lganidek, 17—18 yoshli yigitchalar ham ko’rinadur. Mulla- eshonlar ham bor, biroq qo’li qabargan, salla-to’nli kambag’al dehqonlar ko’pchilik edi.

Demak, ikki kundan buyon isyonchilar boshlig’i Abdurahmon jevachi va Nazirxo’jalarni sudlari bo’layotir. Tarafaynlarning so’zi tamom bo’lib, endi oxirgi so’z aybdorlarga berilmoqda.. Raisning so’zini bir tatar askar tarjima qildi.

— Senga posledniy so’z berila!

Bo’ynidagi zanjir bo’g’ib yubordimi yoki tilmochni(ng) tilini tushinmadimi, o’rnidan turgan yosh aybdor gapirmay, bo’zarib turaberdi.

Tilmoch qayta-qayta tushuntirgach, «Men hech nima bilmayman, echki bog’ib jurgan jerimdan tutib, qo’l-oyog’imni bog’lab keltirdilar», dedi.

— Sin ni dising’?! (Sen nima deysan?! XDK izohi)

— Men begunoh, ulug’um! Kambag’alman! To’rtta yosh bolalarim bor. Menga rahm qiling, taqsir,— dedi yana bir dehqon.

— Sin?

— Men nima qilg’onimni bilmayman.

Aybdorlarning so’zi yuqoridagidek, bir-biriga o’xshash bo’lib, biroq:
— Men podsho hazratlariga qarshi tig’ tortdim! Ommaviy g’azot e’lon qildim! Uezd hokimini o’ldirtirdim! Oxiri ko’chmanchi davlatmand qozoqlarni(ng) vositasi bilan qo’lga tushib, sizlarga topshuruldum. Endi kallapochchamni nima qilish sizning ixtiyoringizdadur! Mayli, bunday ishlar mard kishini boshiga tushadi, taqsirlar!— dedi keskin ohang bilan Nazirxo’ja va o’tirdi.

O’rnidan turgan Abdurahmon jevachi:
— Mening hech gapim yo’q,— deya yana o’tirdi.

Sud raisi yo’g’on va xirilloq ovoz bilan:
— Oxirgi so’zlar tamom bo’ldi. Endi sud hukm chiqarish uchun maslahat uyiga kirajak,— deb xitob qildi.

Komendantni(ng) amri bilan bandilar mashaqqat chekib oyoqqa turdilar…

Maslahat uyidan yozilib chiqqan hukmnomani bir qo’liga ushlagan rais tepada yongan davra lampani nuriga yaqinlashib baland va xirilloq ovoz bilan «adolat» hukmni o’qib yubordi:

— «…Bul gunohkorlar podshoi a’zam imperator hazratlari va xonadon oliylarn uchun xavflik va zararlikdur. Shu sababli jinoyat qonunlarini 51-100-13, 262-268-1459-17-15 va 250-nchi moddalariga amal qilib, voenniy sud quyidagicha hukm qiladur:

1. Nazirxo’ja Absalom o’g’li, sart, 41 yoshar, eshon.
2. O’lmas Norqul o’g’li, 18 yosh, o’zbek.
3. Karim Xayrullin, 22 yosh, tatar.
4. Turdiqul Sulton o’g’li, 41 yosh, o’zbek.
5. Samar Berdi o’g’li, 23 yosh, o’zbek.
6. Nuriddin Hoji Ma’rufxo’ja o’g’li, sart, 67 yosh (Bu o’rinda sart atamasini shaharlik deb tushunish kerak. XDK izohi).
7. Ziyoqori Abdullo o’g’li, sart, 43 yosh.
8. Abduhamid Yo’ldosh o’g’li, sart, 66 yosh.
9. Mulla Mamadrahim mulla Abdurahim o’g’li, imom, 29 yosh, sart.
10. O’qib bo’lmadi, o’chirilgan (B. Q., S. X.)
11. Toshpo’lat Yoqubov, sart, 42 yosh, jizzaxli.
12. Yusuf Abdullo o’g’li, sart, 60 yosh.
13. G’afur mulla Sulton o’g’li, sart, 33 yosh.
14 . Eshonqulov Hoshim o’g’li, sart, 33 yosh.
15. Ashurmat Xolmat o’g’li, sart, 39 yosh.
16. Usta Rahmon Aliboy o’g’li, 57 yosh, tojik.
17. Nasriddin Hasan o’g’li, 53 yosh, sart.
18. Turdimurod Qozoqboy o’g’li, 36 yosh, sart.
19. Odilboy Normat maxsum o’g’li, 37 yosh, o’zbek.
20. Tursunboy Abdurahim o’g’li, 34 yosh, sart.
21. Fayzimurod Yusufjon o’g’li, 33 yosh, sart.
22. Abdurahmon hoji Abdujabbor o’g’li, jevachi, 68 yosh, o’zbek.
23. Jaynoq Abdurasul o’g’li, 45 yosh, o’zbek.

Ushbu gunohkorlarni Rusiya podshosiga qurol bilan qarshi chiqqanlari, rus kishilarini vahshiyona ravishda o’ldirganlari, hukumat mulkiga o’t qo’yganlari, temir yo’l va telegrafni buzganlari, ayniqsa, podsho(i) a’zam imperator hazratlarining farmon(i) oliylariga qarshi chiqib, Rusiya hukumatini bo’lish maqsadi bilan qurolli g’avg’o chiqarganlari uchun hammalarini butun huquqdan mahrum qilib, o’lim jazosi bilan jazolab, osib o’ldirilsin.

24. Rahmat Otamurod o’g’li, 26 yosh, o’zbekni butun huquqdan mahrum etib, to o’lguncha Sibiriya mamlakatiga qattiq surgun qilinsin. Hukm qat’iy. Norozilik arizasi berish mumkin emas. Ammo hukm avval baland darajalik Turkiston general(i) Quropatkin janoblarini mulohazalaridan o’tkandan so’ng ijro qilinajak.

Dalil-ashyo: 8 miltiq, 3 bolta, 8 o’roq, 11 tesha, 6 pichoq, 2 shashbarlarnp hukumat foydasiga musodara qilinsin.

Rais: Zakomi(n)skiy. A’zolar: I. Sokolov 2. Jit… (O’qib bo’lmadi — B. Q., S. X.)

Ruscha o’qilgan bu hukmnoma juda qisqa tarjima qilindi…

***

JIZZAX OTRYADIGA IVANOV TARAFIDAN BERILGAN 2-NCHI SON BUYRUQ
Kopiya. 1916 yil 17-nchi iyul, soat 8 da.

Jizzax stansasi. Shoshilinch muhofaza qilishni, shaharni butunlay qo’lga olishni talab qilaman. Kunduz kuni kuchaytirilgan naryad bilan shaharni aylanib, qo’zg’olon ko’targan aholining ko’chada yurishiga yo’l qo’yilmasin. Ko’chalarga pistirma qo’yish, xufiyalar qoldirish lozim. Hech bir hujumni kutib o’ltirmay, hujum yasangiz. Jamoat joylarida, olomon orasida qo’zg’olon ko’tarish ahmoqlik ekanini ko’rsatib qo’ying. Kishilarning kechalari uylariga qaytishlariga yo’l bermang, och qoldiring, tog’larda va cho’llarda ochlikda o’lishga majbur qilingiz! Xotirjamlik, keskinlikni talab qilaman. Bir rus soldatining eski etigi tagcharmi sart dayuslarning miigtasidan afzal turajagi to’g’risida o’zingiz va soldatlarga bildirishingizni qat’iy ravishda buyuraman. Dovruqlik qahramon saratovchilar uch ming kishilik shaykani (qo’zg’olonchilarni —B. Q., S. X.) tumtaraqay quvib buni isbot qildilar. Sapyorlar vzvodi polkovnik Vladislav ixtiyorida qoldi. Men bilan Lomakin istansasi orqali aloqa qilarsiz. Polkovnik Ivanov.

TURKISTON GUBERNATORIGA JIZZAX UEZDI BOSHLIG’INING AXBOROTI
1916 yil, 10 avgust.

Soqchilar aholi tanigan mahalliy isyonchilarni to’da-to’da qilib haydab ketishmoqda. Ularning boshliqlarn qamoqqa olinib, ishlari tergovga topshirilayotir. Marhum Rukinga birinchi bo’lib qilich urgan asosiy aybdor Ashur Inoyatullaev ekanligi aniqlandi. Uni bir rus ayoli tanib qolgan ekan. Qamoqxona mahbuslar uyi bo’lib ketdi, mahbuslar ilgari harbiy ofitserlar joylashgan sobiq lazaret (kasalxona)ga o’tkazildi. Janobi oliylariga ushbuni ma’lum qilaman.

Harbiy gubernator, general-mayor Likoshin.

* * *

Turkiston general-gubernatoriga Samarqand viloyati volostnoy (aslida voenniy bo’lishi kerak. XDK izohi) gubernatori general-mayor Likoshin 1916 yil 23 iyulda 543-raqamli ma’lumotnoma bilan Jizzax voqeasi haqida tubandagi ma’lumotni beradur: «Jizzaxning muvaqqat uezd boshlig’i podpolkovnik Afanasyevni(ng) 20 iyul 7208-nchi raqamli raportiga muvofiq xabar qilaman. 13-nchi iyul chorshanba kuni soat 9 da Jizzaxni(ng) eski shaharida qo’zg’olon bo’lganligi haqida uezd boshlig’iga xabar kelgan. Bu xabarni eshitib, uezd boshlig’i Rukin, starshiy oqsoqol, pristav Komil va sohib (aslida soqchi bo’lsa kerak. XDK izohi) yigitlar shoshilib eski shaharga izvoshga tushib jo’nashgan. Soqchi qo’mandani orkadan tez yetib borishini buyurib jo’nagan. Soqchi qo’manda ulardan 10-15 minut keyinroq jo’nagan. Qorovul qo’manda bilan olomon o’rtasida to soat 2-3 gacha to’qnashish bo’lgan. Tub joy(li)lardan 10 kishi otib o’ldirildi. Soqchilar olomonga chidab turolmay jilishga majbur bo’ldilar. Uezd hokimini ham qutkarib qololmadilar. Xuddi shul chorshanba kuni peshin vaqtida Chernov stansasidan Jizzaxga bir eshelon (poezd) kelib qoldi. Eshelondagi harbiy askarlar Kavkaz muhoraba maydoniga ketadurgon bo’lib, beanjom 100 nafar otliq askarlar ekan. Mazkur askarlar praporshik Grigorevni qo’mandasi ostida edi. Frontga borishdan to’xtab, Grigorev o’z askarlarini 35 nafarini qurolli qilib shoshilinch bilan eski shaharga kirdi. Rukinni izladi. Qo’zg’olonni bo’g’moq bo’ldi. Ikki chaqirim yurib hech kimni ko’rmagan. Lekin eski shaharni yaqinida 4 nafar murdaga duch keladi. Murdalarni tekshirganida uuezd nachalnigi, pristav Komil ekanliklari ma’lum bo’ladi. Ular qo’zg’olonchilar tomonidan juda azoblab o’l(diril)gan ekan. Murdalarni darhol bir arabaga solib yangi shaharga yuborgan. Voqea joyida qonli kamon, tayoq, bir necha pichoqlar yotadur…

SAMARQAND VILOYATI HARBIY GUBERNATORINING
TURKISTON GENERAL-GUBERNATORINING 5993-RAKAMLI SUROVIGA
1916 YIL 20 AVGUSTDAGI 759-RAQAMLI JAVOBI

Turkiston general-gubernatoriga Jizzax otryadi boshlig’i shu yil 15 avgustdagi 405-raqamli xabarnomasida mahalliy aholining quyidagi qishloq va ovullari vayron qilinganligi va yondirilganini xabar beradi.

1. Jizzax tumani
Jizzaxning eski shahar markazi atrofidagi Qili, Qora qili va Sassiq qishloqlari yondirilgan.

2. Zomin tumani
Yondirilgan: Zomin (qariyb hammasi), Qayirma (yarmidan ko’pi), Qora serkali (yarmidan ozrog’i), Qo’riq (yarmi), Qurg’azak (22 hovlidan 8 tasi), Cho’nqayma (yarmidan ozrog’i), Bo’yinturuq (uchdan bir qismi), Lomakin stantsiyasi (20 ta do’kon va karvonsaroy), Oqbo’yra (hammasi), Qorabosh (15 dan yarmining ozrog’i), Teshik quloq (20 dan yarmining ozrog’i), Chol qishloq (50 dan uchdan biri), Qarayshi (90 dan uch hovli), Qobil Mozor (40 dan yarmidan ozrog’i), Chetariq (90 dan uchdan biri), Peshog’ar (qariyb hammasi), Qo’shtol va Chambul (bir necha uylar), Rabot (yarmidan ortiqrog’i).

3. Bog’don tumani
Qoratosh ota, Yamchi, Yangi qishloq, Safar ota va Sarimsoq qishloqlari yondirilgan.

4. Sangzor tumani
Milyutin stantsiyasi yaqinidagi katta qishloq (to’rtdan bir qismi), Qaro (hammasi), To’rtepa, Katta qoramozor, Toshkesgan, Shaybek (hammasi), Jazdiq (ikkidan biri), Qirq, Tojik, Sangzor, Qora suv (ikkidan biri), So’fi, Jetti Buloq (hammasi), Oq mulla (2 uy), Qichik Qorashaqshaq, Katta Qorashaqshaq, Guralas (ikkidan biri).

Harbiy gubernator, general-mayor Likoshin»

***

Uezd hokimi Skovorskiy ko’zini qisib istehzo bilan bandilarga it qarashi qilgach, sud raisi bilan iljayib ko’rishdi va turmada to’lib-toshib yotgan bandilarni ham tezda sud qilishni so’zladi. Xuddi shu paytda shoshib eshikdan kirgan bir istorojnik uezd hokimiga iztirob bilan «temir yo’lni muhofizot qilg’uvchi askarlarimizga noma’lum o’q otilib ikki soldat o’ldi va to’rtg kishi og’ir yarador bo’ldi, qorong’uda o’q otuvchilarni topolmaduk, shu voqeani Sizga xabar berishga yugurib keldim, taqsir,» dedi. Skovorskiy juda shoshilib sud raisi bilan xayrlashdi-da, darvozada kutib turgan paytun(arava)ga minib, temir yo’lga qarab jo’nadi.

Uezd hokimi turmadan chiqib poytunga tushish paytida uch advokat(lar) sud raisidan ijozatnoma olib ajalxonadagi mahbuslar oldiga kirdilar va oq podshoga avf so’rab telegramm yozish uchun mahkumlardan 5000 so’m talab qildilar. Mahkumlarga o’lim jazosidan ham bunday talab og’irroq tushdi…

Birinchi sentyabrda yuqoridagi hukm Turkiston general-gubernatori Quropatkin tomonidan tasdiq qilingani haqida telegram olindi. (Ba’zi aybdorlarni o’lim jazosi 10 yil surgun bilan o’zgartirilgan edi, ular fevral inqilobidan so’ng ozod bo’lib ketdi(lar).

05Ertasi, kun chiqish vaqti edi… Ichkaridan o’lim jazosiga mahkum bo’lgan aybdorlar chiqarildilar. Ularning ko’ziga keng dunyo juda tor va qorong’u bo’lib ko’rindi. Shunday bo’lsa-da, ular arg’amchisi ilondek osilgan dor tomoniga o’z oyoqlari bilan yurib bormoqda. Mahkumlar yonida turgan domla-imom Ochildi qori„ ularga kalima o’rgatmoq u yoqda tursin, o’zining ham tili kalimaga kelmay qoldi…

Kafan kiydirilgandan so’ng mahbuslarni navbatma-navbat osa boshladilar. Bu holni ko’rib, ko’zi qisilib, og’zi iljaygan uezd hokimi Skovorskiy «Vot vam gazovot, vot vam musulmanobod» deb masxara qildi. Uni(ng) yonidagi quzg’unlar ham bu gapdan zavqlanib kulishdilar. Osilgan gavdalar 10 minut ichida qimirlab, tipirlab bo’shashar edi. Jonsiz gavdalarni qorniga quloq solib, qo’ltomirlarini ko’rgan chol do’xtur o’liklarni tirnog’iga igna suqub ko’rgandan so’ng Skovorskiyga qarab «itvachchalar o’lib qoldilar», dedi.

Shu bilan zolimlar hukmi chin ma’nosi bilan bajarilib, aybdorlar ham yer tagida abadiy uxlay boshladilar.

Keyingi bo’lgan marofalar ( sud jarayoni) Samarqand shahrinda bo’lib, mahalliy aybdorlar 50-lab, 100-lab osilishga mahkum bo’lar edilar (1).

M. Allayorov.

  1. Sud jarayonini M. Allayorov o’z ko’zlari bilan ko’rgan.

QO’SHIMCHA

MUZAFFAR QODIROVDAN OLINGAN MA’LUMOT (1).
(16-yil haqida)

…Odamlar yig’ilib qurol yig’ildi, odam 5000 dan oshiq. Bir berdanka (miltiq nomi — B. Q., S. X.) bor, o’qlaydurg’on mergan qo’rboshi o’zim, 36 merganimiz (bor), podsho (Abdurahmon jevachi nazarda tutilmoqda — B. Q., S. X.) bir berdankani 4 kazak bilan menga berdi. Bo’lak merganlarda shoh miltiq, ov miltiq bor. Nihoyat g’azo(vot), belda qizil ro’mol, boshda qizil ro’mol — shahidhlik alomati, «o’lsak shahid, o’ldirsak — g’ozi» biz. Urush maydoniga yurish qilib, Jizzaxga borayotirmiz.

Shul joyda Nazirxo’jaga qo’shildik. «500 so’m pul bir barzangi o’ris o’ldirgan azamatga beraman» deb podsho va’z aytadi. Qizil ro’mol toqdi menga.

Podsho (qo’zg’olon rahbari) belgilash marosimi.

Bir qoqma gilamga solib Abdurahmon jevachini uch marotaba ko’tarduk, bek bo’ldi. Podsho na’ra tortdi, «ol, qo’yma, askar tomonga yurish qiling».

Rus askarlari o’q otib, ko’pni o’ldirdi. 36 kishi o’ldi. Bizlar askarni ihota qildik, 4-5-ini otdik. Yarador bo’lib, otim o’ldi. Kun issiq, otni(ng) yoliga mani bosib bir azamat qutqardi, o’q tegmadi. 40 kishini uyga qamab kuydirganini ko’rdik. Bog’dondan xabar keldiki, o’ruslar quduqlarga zahar tashlab ketgan ekan, suv ichib, birdan o’lmangiz. Soldatlardan (qo’zg’olonchilardan demoqchi.— B. Q., S. X.) 4 kishi o’ldi. Qiz-xotun yarador. Qiyomat arosat bo’ldi…

1. Muzaffar Qodirov — Bu kishi Abdurahmon jevachi boshchiligidagi xalqning qurolli qo’zg’olonida bevosita katnashgani uning hikoyasidan ma’lum bo’lib turibdi. Biz bu yerda undan ayrim
parchalarnigina olishni lozim topdik. (B. Q., S. X.)

JAR

«Bozordagi odamlar, bog’da bitgan bodomlar, bir gapim bor, bir manga qaranglar. Abdurahmon jevachi Abdujabbor to’qsoba o’g’li otasini qilichini niyat(i) g’azo bilan yoniga osdi. Hozir dushmanga qarshi urushga 7 yoshdan 70 yoshgacha chiqsun, agar chiqmasa, boshi o’limda, moli talonda», deb Bog’don bozorida qichqirdi jarchi Jo’ra.

09

(Tashriflar: umumiy 5 497, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring