Vatan» de…. Bolamning qoniga. Shoir Usmon Azim bilan suhbat

045      Инсон дунёга келгач эшитиши лозим бўлган ўша табаррук сўз нима, ким ҳақида бўлиши керак? Балки «она»дир? Балки «ота»? Ёки «нон»микин? Йўқ, «Барчиннинг сочини силаб, эсон-омонлик тилаб, тасалли бериб сўзларини авайлаб териб турган Алпомиш ёрига бошқа сўзни айтади…

«ВАТАН» ДЕ… БОЛАМНИНГ ҚОНИГА
Шоир Усмон Азим билан суҳбат
Суҳбатдош — Қулмон Очил
041

090«Алпомиш Қалмоққа кетадиган бўлди.

Барчиннинг бўйида уч ойлик гумонаси бор эди. Барчин Алпомишнинг кетарин билиб қимтиниб, уялиб, керагага суяниб, бир сўз деб турган эди:

Сени зор кутарман дилпора.
Ҳижронда ошиқлар бечора.
Айтиб кет, султоним, фарзандинг
Қай сўзни эшитсин илк бора?»

— Гўдак учун илк бор қандай сўз эшитишдан кўра, қандай овқат ейиш, қандай ухлаш, қандай ўйинлар ўйнаши муҳимроқ эмасми? Ахир, гўдак гўдак-да, бари бир ҳали сўзнинг маъносига тушунмайди.

— Бу ўринда қандай овқат ейиш билан илк бор қандай сўз эшитиш ўртасида зиддият йўқ. Ҳозир маълум бўляптики, биз фарзандларимизга «қандай овқат ейишдан» тортиб, «илк бор қандай сўз эшитиш»гача — кўп ишларни чала ўргатган ёки умуман ўргатмаган эканмиз. Фарзандларимиз ҳақиқий фаол фуқаро, ватанпарвар бўлиб улғайишлари учун лозим бўлган илк сўзларни эса ёлғоннинг лаганига сузиб, уларнинг олдига қўйган эканмиз. Улардан ҳақиқатни яшириб, яна яхши одам бўлинглар, деб ўзимиз ҳам ишонқирамай насиҳат қилган эканмиз. Энг ёмони шундаки, ота-боболаримиз муқаддас санаган ўша илк сўзларни унутиб қўйган эканмиз ёки тил учида ҳақиқий юзимизни яшириш учунгина гуриллатиб айтиб юраверган эканмиз. Сўзлар маъноларини йўқотиб, ваъзхонликнинг безагига айланиб қолган экан. «Ватан», «халқ», «ҳақиқат» каби «илк сўзлар» кўпчилик учун оҳори тўкилган буюмдай қадрсиз бўлиб қолганидан хабардормиз. Бу сўзлар, ҳатто баъзиларнинг ғашини келтирарди.

Айримларни «ҳақиқатчи» деб сўкишганларининг ҳам гувоҳи бўлганман.

Энди бир нақл бор: Ойбек домла неварали бўлганларида, чақалоқнинг қулоғига Навоий ғазалларидан ўқитган эканлар…

Хуллас, бугунги кунда фарзандларимизга айтадиган сўзларимизнинг маъносини ўзимиз чуқур англаб етмоғимиз зарур.

Инсон дунёга келгач эшитиши лозим бўлган ўша табаррук сўз нима, ким ҳақида бўлиши керак? Балки «она»дир? Балки «ота»? Ёки «нон»микин? Йўқ, «Барчиннинг сочини силаб, эсон-омонлик тилаб, тасалли бериб сўзларини авайлаб териб турган Алпомиш ёрига бошқа сўзни айтади:

... Оламда кўп эрур ибора,
Бир сўз бор оғриқдан иборат.
У — Ватан! Барчиним, у — Ватан!
Боламга «Ватан» де илк бора.

Сўзлагин энг юксак тилакдан,
Бўтадай бўзлаган юракдан.
«Ватан» де…. Боламнинг қонига
Оқиблар кирсин у кўкракдан.

—Усмон ака, инсон дунёга келиб эшитиши лозим бўлган биринчи сўз нега «Ватан» бўлиши керак? Сизнингча, Ватан нима ўзи? Нега у «оғриқдан иборат»?

— «Киндик қонинг тўкилган тупроқ», дейишади. «Киндик қоним теккан тупроққа бориб ўлсам, армоним йўқ», дейишади… Булар беҳуда гаплар эмас. Киндик қони тўкилган тупроқ билан инсон тақдири ҳали биз англаб етмаган қандайдир бир табиат қонуни орқали чамбарчас боғланган бўлса керак…

Инсон дунёга келиб эшитиши лозим бўлган биринчи сўз «Ватан» бўлмоғи эса — менинг орзум. Ҳамма нарсани пулга сотиб олса бўлади, деб ўйладиган кимсаларга нисбатан бу менинг ягона исёнимдир. “Ватан” сўзи болаларимиз бешиги бошида тез-тез жаранглаб туриши лозим деб ўйлайман. Балки бу Сўз, аввало, ота-оналар учун кўпроқ зарурдир… Ҳар бир қарич она еримизга жонимиз оғриши, уни жиноятчи, калтабин кимсаларнинг маҳрига топшириб қўймаслигимиз, ўтмишдаги мудҳиш воқеалар қайтиб келмаслиги учун бу Сўзни такрор-такрор, тушуниб-тушуниб, шиддату жасорат билан айтмоғимиз лозим.

Ватан… Нима ўзи?

Қандай қийин савол!

Дарахтни тасаввур қилинг. Унинг илдизи — Ватан. Осмонга интилаётган шохи ҳам — Ватан. Хазонларда учаётган барглари, қурт тушган, қуриган шохлари ҳам — Ватан. Ҳали шаклланмаган куртаклари хаёлидаги мевалари ҳам — Ватан…

Илдизсиз Ватан йўқ.

Мевасиз, уруғсиз ҳам… Шунинг учун ҳам у «оғриқдан иборат». Биз Ватанимиз Ўзбекистонни мукаммал кўргимиз келади. Унинг мукаммаллиги эса бизга — шу юрт фарзандларига боғлиқ. Аммо бизнинг ўзимиз мукаммалликдан ҳали нақадар йироқмиз…

Алпомиш тилакларини айтаверди. Фарзандим ўзининг, элининг кимлигини билсин, туғилган тупроғини унутмасин, деди:

Ақлинг ҳеч бўлмасин фаромуш,
Боламни қил яхши парвариш,
Барчиним, боламга яна айт
Отаси — Алпомиш!.. Алпомиш!

Елдайин, селдайин бу ҳаёт,
Сафардан қайтмасам умрбод.
Барчиним, аллага қўшиб айт:
Элининг отидир Қўнғирот.

Ой чиқса бўлади ойдин, де,
Лочиндай қанотинг ёйгин, де,
Барчиним, суйганда сўйиб айт:
Туғилган тупроғинг Бойсун де.

—Ёшларимизни тарихни билмасликда айблашади. Бунинг сабаби нимада? Ахир биз тарихни мактабнинг иккинчи синфидан ўргана бошлаймиз?

— Бунда фақат ёшларимизнигина айблаш катта хато бўлур эди. Рост, биз ўз тарихимизни яхши билмаймиз. Бунинг сабаблари кўп.

Ўтган даврда адабиёт тарихга жуда кам мурожаат қилди. Чунки яқинга қадар тарихий мавзуда ёзиш, беозор қилиб айтганда, ҳеч кимга раҳмат келтирмади. Ўзбекистон тарихига Сталиннинг шахсга сиғиниш давридаги қараш шу кунга қадар ҳукмронлик қилди десак, хато бўлмайди. Тарихчилар ўзларининг мозий олдидаги масъулиятларини кўп ўринларда унутгандек бўлдилар. «Тарихни қайта ёзиб бўлмайди», деган оддий ҳақиқат ҳам эсдан чиқиб кетди. Тарихчи олимлар орасида у ёки бу масалада очиқ-ойдин баҳс-мунозара бўлганини хотирлай олмаймиз. Иккинчи синфдан тарихни ўргана бошлаган болаларимиз Спитамендан кўра Европадаги салбчилар юришидан яхшироқ маълумот олдилар. Умуман, тарихни бир қолипга солиш, оддий арифметика билан ҳисоблаш, бир томонлама изоҳлаш услубидан тамоман воз кечмоқ зарур. Бу ўтмишда айрим шахслар ўзини доҳий қилиб кўрсатиш йўлида яратган услуб эди.

Бу — биринчидан.

Иккинчидан, тарихимизни ўрганиш учун майдон жуда тор. Биз тарих билан бировнинг «ёрдами»сиз гаплаша олмаймиз. Бунда эски ўзбек ёзувини билмаслигимиз халақит беради. Баъзилар бу ёзув динга йўл очиб беради деб гўдакларча фикрлайдилар. Аммо бу ёзувда Ибн Сино, Беруний, Форобий, Хоразмий, Улуғбек, Навоий каби кўплаб аллома ва адибларимизнинг асарлари ҳам қоғозга тушганини унутиб қўйядилар. Юз минглаб қадимий қўлёзмаларимиз ҳам шу ёзувда бизгача етиб келганини ҳисобга оладиган бўлсак, эски ўзбек ёзувини ўрганиш зарурат эканлигини ҳис қиласиз. Тарихни, ўтмиш маданиятини бир гуруҳ мутахассислар ўрганганда эмас, омма ўзлаштирган ҳолдагина, у келажакни яратиш қуролига айланади.

— Жуда тўғри, Усмон ака. Тарихдан узилиш оқибатида айрим ёшларимизнинг «оммавий маданият»га берилаётганлиги ҳам бор гап. Бугунги ёшлар — 80-йилларнинг йигит-қизлари «Шашмақом»дан кўра рок-музикани дурустроқ «тушунадиган» бўлиб қолишган. Бугунги Барчинойларимиз орасида кутилмаган хавфли иллат — ичиш, чекиш одат тусига кира бошлаганлиги ҳам беҳад аянчли. Яна шуниси алам қиладики, бу тоифага мансуб ёшларнинг кўпи ўзларини «ўта маданиятли», «ўта замонавий» деб биладилар.

— Бу дунёқарашнинг торлиги — билим саёзлигининг оқибатидир. Бу миллий тарбияни тан олмаганимиз, ўтмиш маданиятимизга, тарихимизга ҳадиксираб, уялиб, ҳатто… жирканиб қарашимиз, интернационализмни кулгили даражада жўнлаштирганимиз, уни билиб-билмай миллийликка қарши қўйганимиз, ўзимизнинг кимлигимизни фарзандларимизга ҳам тушунтириб беришга қурбимиз, билимимиз етмаганлигининг натижасидир. Сиз айтаётган «ўта маданиятлилик»ка интилиш ўттизинчи йиллардаёқ бошланган жараён эди. Ҳозирги «ўта маданиятлилар» «Ўтган кунлар» каби асарларни йўқ қилмоқчи бўлганларнинг набираларидир. Улар «Шашмақом»ни бир пайтлар сарой музикаси деб эълон қилган нигилистлар. Улар фақат ичиш ва чекиш билан чекланиб қолаётганлари йўқ.

Ҳа, айтганча «Шашмақом»ни тушуниш рок музикани тушунишга халақит бермаслиги керак. Иккала музиканинг ҳам ўз мухлислари бўлиши керак.

— Ўрни келганда айтсангиз: умуман, укаларингиз — ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?

— Фикрим жуда яхши. Уларга кўп ҳам ақл ўргатавермаслигимиз керак. Ёшларни ҳақиқат билан тарбияласак жуда яхши бўларди.

— Кўпгина шеърларингизда мешчанликни танқид қиласиз. Бугунги мешчаннинг қиёфасини қандай тасаввур этасиз?

— Кўп фожиалар мана шу мешчанликдан ўсиб чиқади. У бюрократни, порахўрни яратади. Мешчаннинг қиёфаси — қиёфасизлик, мослашув. Ўғри қўлга тушмоқда, лекин иблис қайта қуриш йўлида куйиб-пишиб юрибди. Унинг қўли ҳамон узун — мансаби ҳам, эътибори ҳам бор. Унинг ҳар қандай гапини тасдиқлаб турадиганлар ҳам топилади.

— Гап маданиятга бориб тақалган экан, фикрингизни билмоқчи эдим. Маданиятли киши қандай бўлиши керак?

— Тўғри сўзли бўлмоғи лозим.

Алпомиш тилакларини айтаверди. Мансабга учма. Лавозимдор бўлсанг, унутма, минган мансабингдан халқингнинг, Ватанингнинг манфаатларини юқори қўй. Ким бўлишингдан қатъий назар, халқингга ҳоким кўзи билан эмас, хизматкор нигоҳи билан қара:

Бойликка бўлма де харидор,
Бойликдан баландда эл-юрт бор.
Айт, ёвни қақшатган алп бўлсин,
Айт, бўлсин юртига хизматкор.

— Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган воқеа ёдимга тушди. Бир тракторчи ўғлига насиҳат қилаётганининг устидан чиқдим: «Икки кишига бўлса-да, бошлиқ бўл, болам». Меҳнаткаш бир инсонни бундай хулосага нималар олиб келди экан, деб ўйлаб, ўйимга етолмайман. Сиз нима дейсиз, Усмон ака?

— Мен ўйлаб ўйимга етганман. Бу осмон — йироқ, ер — қаттиқлигини бошида синаб кўрган бечоранинг чораси. Шахсга сиғиниш, турғунлик шу аҳволга солиб қўйган.

— Энг катта лавозимларда ишласа-да, юртига бир умр хизматкор бўлиб қолган одамларни биласиз. Улар бунга қайси фазилатлари туфайли эришган деб ўйлайсиз?

— Бундай раҳбарлар кўп бўлган. Ҳозир ҳам кам эмас. Уларнинг «элнинг хизматкори» даражасига етишуви-да, бировнинг дардини ўзининг азобидай ҳис қила билишида омманинг кайфиятини сеза олиш фазилатлари муҳим ўрин тутган, деб ўйлайман. Оқил раҳбарнинг бош фазилати, аввал одамларнинг дардини англаб, сўнг қарор қабул қилишидадир. Нодон эса аввал қарор қабул қилиб, сўнг уни бажаришга одамларни мажбур қилади.

— Бу гаплардан кейин айтинг, саодат нима?

— Ватанни сева билиш.

Барчиним, фарзандим шер бўлсин
Юртига суянчиқ эр бўлсин.
Ватанни дилига жо айлаб,
Бахшилар тилида шеър бўлсин.

Ў, биродарлар, Барчин эсли хотин эди! Фарзанд кўрганда боласига нималар деган, билмайман. Аммо биз томонларда бахшилар Алпомишнинг ўғли Ёдгор ҳақида ҳам достон айтишади…»

Усмон Азимнинг «Бахшиёна» туркумидан ёзган шеърларидан бирининг ниҳояси ана шундай.

Манба: “Ёш ленинчи” газетаси, 1988 йил 26 апрель

045

«VATAN» DE… BOLAMNING QONIGA
Shoir Usmon Azim bilan suhbat
Suhbatdosh — Qulmon Ochil
041

021«Alpomish Qalmoqqa ketadigan bo‘ldi.

Barchinning bo‘yida uch oylik gumonasi bor edi. Barchin Alpomishning ketarin bilib qimtinib, uyalib, keragaga suyanib, bir so‘z deb turgan edi:

Seni zor kutarman dilpora.
Hijronda oshiqlar bechora.
Aytib ket, sultonim, farzanding
Qay so‘zni eshitsin ilk bora?»

— Go‘dak uchun ilk bor qanday so‘z eshitishdan ko‘ra, qanday ovqat yeyish, qanday uxlash, qanday o‘yinlar o‘ynashi muhimroq emasmi? Axir, go‘dak go‘dak-da, bari bir hali so‘zning ma’nosiga tushunmaydi.

— Bu o‘rinda qanday ovqat yeyish bilan ilk bor qanday so‘z eshitish o‘rtasida ziddiyat yo‘q. Hozir ma’lum bo‘lyaptiki, biz farzandlarimizga «qanday ovqat yeyishdan» tortib, «ilk bor qanday so‘z eshitish»gacha — ko‘p ishlarni chala o‘rgatgan yoki umuman o‘rgatmagan ekanmiz. Farzandlarimiz haqiqiy faol fuqaro, vatanparvar bo‘lib ulg‘ayishlari uchun lozim bo‘lgan ilk so‘zlarni esa yolg‘onning laganiga suzib, ularning oldiga qo‘ygan ekanmiz. Ulardan haqiqatni yashirib, yana yaxshi odam bo‘linglar, deb o‘zimiz ham ishonqiramay nasihat qilgan ekanmiz. Eng yomoni shundaki, ota-bobolarimiz muqaddas sanagan o‘sha ilk so‘zlarni unutib qo‘ygan ekanmiz yoki til uchida haqiqiy yuzimizni yashirish uchungina gurillatib aytib yuravergan ekanmiz. So‘zlar ma’nolarini yo‘qotib, va’zxonlikning bezagiga aylanib qolgan ekan. «Vatan», «xalq», «haqiqat» kabi «ilk so‘zlar» ko‘pchilik uchun ohori to‘kilgan buyumday qadrsiz bo‘lib qolganidan xabardormiz. Bu so‘zlar, hatto ba’zilarning g‘ashini keltirardi.

Ayrimlarni «haqiqatchi» deb so‘kishganlarining ham guvohi bo‘lganman.

Endi bir naql bor: Oybek domla nevarali bo‘lganlarida, chaqaloqning qulog‘iga Navoiy g‘azallaridan o‘qitgan ekanlar…

Xullas, bugungi kunda farzandlarimizga aytadigan so‘zlarimizning ma’nosini o‘zimiz chuqur anglab yetmog‘imiz zarur.

Inson dunyoga kelgach eshitishi lozim bo‘lgan o‘sha tabarruk so‘z nima, kim haqida bo‘lishi kerak? Balki «ona»dir? Balki «ota»? Yoki «non»mikin? Yo‘q, «Barchinning sochini silab, eson-omonlik tilab, tasalli berib so‘zlarini avaylab terib turgan Alpomish yoriga boshqa so‘zni aytadi:

… Olamda ko‘p erur ibora,
Bir so‘z bor og‘riqdan iborat.
U — Vatan! Barchinim, u — Vatan!
Bolamga «Vatan» de ilk bora.

So‘zlagin eng yuksak tilakdan,
Bo‘taday bo‘zlagan yurakdan.
«Vatan» de…. Bolamning qoniga
Oqiblar kirsin u ko‘krakdan.

—Usmon aka, inson dunyoga kelib eshitishi lozim bo‘lgan birinchi so‘z nega «Vatan» bo‘lishi kerak? Sizningcha, Vatan nima o‘zi? Nega u «og‘riqdan iborat»?

— «Kindik qoning to‘kilgan tuproq», deyishadi. «Kindik qonim tekkan tuproqqa borib o‘lsam, armonim yo‘q», deyishadi… Bular behuda gaplar emas. Kindik qoni to‘kilgan tuproq bilan inson taqdiri hali biz anglab yetmagan qandaydir bir tabiat qonuni orqali chambarchas bog‘langan bo‘lsa kerak…

Inson dunyoga kelib eshitishi lozim bo‘lgan birinchi so‘z «Vatan» bo‘lmog‘i esa — mening orzum. Hamma narsani pulga sotib olsa bo‘ladi, deb o‘yladigan kimsalarga nisbatan bu mening yagona isyonimdir. “Vatan” so‘zi bolalarimiz beshigi boshida tez-tez jaranglab turishi lozim deb o‘ylayman. Balki bu So‘z, avvalo, ota-onalar uchun ko‘proq zarurdir… Har bir qarich ona yerimizga jonimiz og‘rishi, uni jinoyatchi, kaltabin kimsalarning mahriga topshirib qo‘ymasligimiz, o‘tmishdagi mudhish voqealar qaytib kelmasligi uchun bu So‘zni takror-takror, tushunib-tushunib, shiddatu jasorat bilan aytmog‘imiz lozim.

Vatan… Nima o‘zi?

Qanday qiyin savol!

Daraxtni tasavvur qiling. Uning ildizi — Vatan. Osmonga intilayotgan shoxi ham — Vatan. Xazonlarda uchayotgan barglari, qurt tushgan, qurigan shoxlari ham — Vatan. Hali shakllanmagan kurtaklari xayolidagi mevalari ham — Vatan…

Ildizsiz Vatan yo‘q.

Mevasiz, urug‘siz ham… Shuning uchun ham u «og‘riqdan iborat». Biz Vatanimiz O‘zbekistonni mukammal ko‘rgimiz keladi. Uning mukammalligi esa bizga — shu yurt farzandlariga bog‘liq. Ammo bizning o‘zimiz mukammallikdan hali naqadar yiroqmiz…

Alpomish tilaklarini aytaverdi. Farzandim o‘zining, elining kimligini bilsin, tug‘ilgan tuprog‘ini unutmasin, dedi:

Aqling hech bo‘lmasin faromush,
Bolamni qil yaxshi parvarish,
Barchinim, bolamga yana ayt
Otasi — Alpomish!.. Alpomish!

Yeldayin, seldayin bu hayot,
Safardan qaytmasam umrbod.
Barchinim, allaga qo‘shib ayt:
Elining otidir Qo‘ng‘irot.

Oy chiqsa bo‘ladi oydin, de,
Lochinday qanoting yoygin, de,
Barchinim, suyganda so‘yib ayt:
Tug‘ilgan tuprog‘ing Boysun de.

—Yoshlarimizni tarixni bilmaslikda ayblashadi. Buning sababi nimada? Axir biz tarixni maktabning ikkinchi sinfidan o‘rgana boshlaymiz?

— Bunda faqat yoshlarimiznigina ayblash katta xato bo‘lur edi. Rost, biz o‘z tariximizni yaxshi bilmaymiz. Buning sabablari ko‘p.

O‘tgan davrda adabiyot tarixga juda kam murojaat qildi. Chunki yaqinga qadar tarixiy mavzuda yozish, beozor qilib aytganda, hech kimga rahmat keltirmadi. O‘zbekiston tarixiga Stalinning shaxsga sig‘inish davridagi qarash shu kunga qadar hukmronlik qildi desak, xato bo‘lmaydi. Tarixchilar o‘zlarining moziy oldidagi mas’uliyatlarini ko‘p o‘rinlarda unutgandek bo‘ldilar. «Tarixni qayta yozib bo‘lmaydi», degan oddiy haqiqat ham esdan chiqib ketdi. Tarixchi olimlar orasida u yoki bu masalada ochiq-oydin bahs-munozara bo‘lganini xotirlay olmaymiz. Ikkinchi sinfdan tarixni o‘rgana boshlagan bolalarimiz Spitamendan ko‘ra Yevropadagi salbchilar yurishidan yaxshiroq ma’lumot oldilar. Umuman, tarixni bir qolipga solish, oddiy arifmetika bilan hisoblash, bir tomonlama izohlash uslubidan tamoman voz kechmoq zarur. Bu o‘tmishda ayrim shaxslar o‘zini dohiy qilib ko‘rsatish yo‘lida yaratgan uslub edi.

Bu — birinchidan.

Ikkinchidan, tariximizni o‘rganish uchun maydon juda tor. Biz tarix bilan birovning «yordami»siz gaplasha olmaymiz. Bunda eski o‘zbek yozuvini bilmasligimiz xalaqit beradi. Ba’zilar bu yozuv dinga yo‘l ochib beradi deb go‘daklarcha fikrlaydilar. Ammo bu yozuvda Ibn Sino, Beruniy, Forobiy, Xorazmiy, Ulug‘bek, Navoiy kabi ko‘plab alloma va adiblarimizning asarlari ham qog‘ozga tushganini unutib qo‘yyadilar. Yuz minglab qadimiy qo‘lyozmalarimiz ham shu yozuvda bizgacha yetib kelganini hisobga oladigan bo‘lsak, eski o‘zbek yozuvini o‘rganish zarurat ekanligini his qilasiz. Tarixni, o‘tmish madaniyatini bir guruh mutaxassislar o‘rganganda emas, omma o‘zlashtirgan holdagina, u kelajakni yaratish quroliga aylanadi.

— Juda to‘g‘ri, Usmon aka. Tarixdan uzilish oqibatida ayrim yoshlarimizning «ommaviy madaniyat»ga berilayotganligi ham bor gap. Bugungi yoshlar — 80-yillarning yigit-qizlari «Shashmaqom»dan ko‘ra rok-muzikani durustroq «tushunadigan» bo‘lib qolishgan. Bugungi Barchinoylarimiz orasida kutilmagan xavfli illat — ichish, chekish odat tusiga kira boshlaganligi ham behad ayanchli. Yana shunisi alam qiladiki, bu toifaga mansub yoshlarning ko‘pi o‘zlarini «o‘ta madaniyatli», «o‘ta zamonaviy» deb biladilar.

— Bu dunyoqarashning torligi — bilim sayozligining oqibatidir. Bu milliy tarbiyani tan olmaganimiz, o‘tmish madaniyatimizga, tariximizga hadiksirab, uyalib, hatto… jirkanib qarashimiz, internatsionalizmni kulgili darajada jo‘nlashtirganimiz, uni bilib-bilmay milliylikka qarshi qo‘yganimiz, o‘zimizning kimligimizni farzandlarimizga ham tushuntirib berishga qurbimiz, bilimimiz yetmaganligining natijasidir. Siz aytayotgan «o‘ta madaniyatlilik»ka intilish o‘ttizinchi yillardayoq boshlangan jarayon edi. Hozirgi «o‘ta madaniyatlilar» «O‘tgan kunlar» kabi asarlarni yo‘q qilmoqchi bo‘lganlarning nabiralaridir. Ular «Shashmaqom»ni bir paytlar saroy muzikasi deb e’lon qilgan nigilistlar. Ular faqat ichish va chekish bilan cheklanib qolayotganlari yo‘q.

Ha, aytgancha «Shashmaqom»ni tushunish rok muzikani tushunishga xalaqit bermasligi kerak. Ikkala muzikaning ham o‘z muxlislari bo‘lishi kerak.

— O‘rni kelganda aytsangiz: umuman, ukalaringiz — yoshlar haqida fikringiz qanday?

— Fikrim juda yaxshi. Ularga ko‘p ham aql o‘rgatavermasligimiz kerak. Yoshlarni haqiqat bilan tarbiyalasak juda yaxshi bo‘lardi.

— Ko‘pgina she’rlaringizda meshchanlikni tanqid qilasiz. Bugungi meshchanning qiyofasini qanday tasavvur etasiz?

— Ko‘p fojialar mana shu meshchanlikdan o‘sib chiqadi. U byurokratni, poraxo‘rni yaratadi. Meshchanning qiyofasi — qiyofasizlik, moslashuv. O‘g‘ri qo‘lga tushmoqda, lekin iblis qayta qurish yo‘lida kuyib-pishib yuribdi. Uning qo‘li hamon uzun — mansabi ham, e’tibori ham bor. Uning har qanday gapini tasdiqlab turadiganlar ham topiladi.

— Gap madaniyatga borib taqalgan ekan, fikringizni bilmoqchi edim. Madaniyatli kishi qanday bo‘lishi kerak?

— To‘g‘ri so‘zli bo‘lmog‘i lozim.

Alpomish tilaklarini aytaverdi. Mansabga uchma. Lavozimdor bo‘lsang, unutma, mingan mansabingdan xalqingning, Vataningning manfaatlarini yuqori qo‘y. Kim bo‘lishingdan qat’iy nazar, xalqingga hokim ko‘zi bilan emas, xizmatkor nigohi bilan qara:

Boylikka bo‘lma de xaridor,
Boylikdan balandda el-yurt bor.
Ayt, yovni qaqshatgan alp bo‘lsin,
Ayt, bo‘lsin yurtiga xizmatkor.

— Shu o‘rinda o‘zim guvoh bo‘lgan voqea yodimga tushdi. Bir traktorchi o‘g‘liga nasihat qilayotganining ustidan chiqdim: «Ikki kishiga bo‘lsa-da, boshliq bo‘l, bolam». Mehnatkash bir insonni bunday xulosaga nimalar olib keldi ekan, deb o‘ylab, o‘yimga yetolmayman. Siz nima deysiz, Usmon aka?

— Men o‘ylab o‘yimga yetganman. Bu osmon — yiroq, yer — qattiqligini boshida sinab ko‘rgan bechoraning chorasi. Shaxsga sig‘inish, turg‘unlik shu ahvolga solib qo‘ygan.

— Eng katta lavozimlarda ishlasa-da, yurtiga bir umr xizmatkor bo‘lib qolgan odamlarni bilasiz. Ular bunga qaysi fazilatlari tufayli erishgan deb o‘ylaysiz?

— Bunday rahbarlar ko‘p bo‘lgan. Hozir ham kam emas. Ularning «elning xizmatkori» darajasiga yetishuvi-da, birovning dardini o‘zining azobiday his qila bilishida ommaning kayfiyatini seza olish fazilatlari muhim o‘rin tutgan, deb o‘ylayman. Oqil rahbarning bosh fazilati, avval odamlarning dardini anglab, so‘ng qaror qabul qilishidadir. Nodon esa avval qaror qabul qilib, so‘ng uni bajarishga odamlarni majbur qiladi.

— Bu gaplardan keyin ayting, saodat nima?

— Vatanni seva bilish.

Barchinim, farzandim sher bo‘lsin
Yurtiga suyanchiq er bo‘lsin.
Vatanni diliga jo aylab,
Baxshilar tilida she’r bo‘lsin.

O‘, birodarlar, Barchin esli xotin edi! Farzand ko‘rganda bolasiga nimalar degan, bilmayman. Ammo biz tomonlarda baxshilar Alpomishning o‘g‘li Yodgor haqida ham doston aytishadi…»

Usmon Azimning «Baxshiyona» turkumidan yozgan she’rlaridan birining nihoyasi ana shunday.

Manba: “Yosh leninchi” gazetasi, 1988 yil 26 aprel

033

(Tashriflar: umumiy 979, bugungi 1)

Izoh qoldiring