Marina Svetayeva: Qanday yaxshi, meni o’ylab chekmassiz alam (Bir she’rning besh tarjimasi)

Ashampoo_Snap_2016.09.21_17h52m35s_001_.png         8 октябрь — Марина  Цветаева туғилган кун

Жаҳон адабиётининг энг ёрқин шоираларидан бири Марина Цветаеванинг таваллуд куни муносабати билан унинг «Мне нравится, что вы больны не мной…» сатри билан бошланувчи энг машҳур шеърининг ўзбек тилидаги беш таржимасини тақдим этмоқдамиз. Уларни бир саҳифада беришдан мақсад таржимонлар мусобақасини эмас, балки бир шеър таржимасидаги изланиш ва тажрибаларни намоён этишдан иборат.

МАРИНА ЦВЕТАЕВА ШЕЪРИНИНГ
БЕШ  ТАРЖИМАСИ
009

   Марина Ивановна Цветаева (1892.8.10, Москва — 1941.31.8, Елабуга, Татаристон) рус шоираси. Москва ун-ти, Лозанна ва Фрейфургдаги мусика мактаби ва католик пансионда, Ялтадаги кизлар гимназиясида ўқиган. Октябр тўнтаришини қабул қилмай, 1922 й.да Прагага, 1925 й.да эса Парижга кўчиб борган. Муҳожирликда муҳтожлик ва ватансизлик азобини бошидан кечирган Цветаева 2-жаҳон уруши бошланиши б-н СССРга қайтиб келган (1939). Аммо кўп ўтмай, руҳий изтироблар орқасида ўз жонига қасд қилган.
Дастлабки шеърий тўпламлари — «Оқшом албоми» (1910) ва «Сеҳрли фонар» (1912). 1916 й.га келиб, Цветаева ижодининг асосий мавзуи — муҳаббат, Россия, шеърият мавзуи узил-кесил шаклланади. Шоиранинг 20-й.лар аввалига оид шеърлари оқ гвардиячиларнинг муҳожирликда нашр этилган журналларида эълон қилинади. Шу даврда унинг «Блокка аталган шеърлар», «Ҳижрон»(1922), «Психея, Романтика», «Ҳунар» (1923) шеърий китоблари ва «Баракалла» (1924) достон-эртаги нашр этилган. Цветаеванинг «Россиядан кейин. 1922— 25» сўнгги тўплами 1928 й. Парижда босилган.
Марина Цветаева шеърияти мусиқийлиги, товушнинг шеър мусиқий қурилмасидаги катта ўрни ва аҳамияти б-н ажралади. Ташки дунё б-н муроса қила олмаган ва шу дунёдаги ҳаётида рўшнолик кўрмаган шоиранинг асарлари, жумладан, «Тоғлар достони», «Интиҳо достони» (1926), «Калламуш овловчи» лирик сатираси (1925), ҳатто антик давр сюжетлари асосида ёзилган «Тезей» (1927) ва «Федра» (1928) трагедиялари узун ҳамда кескин монологлардан таркиб топган. Цветаева насрда ҳам қалам тебратиб, М. Волошин, О. Манделштам, А. Белий ва б. ҳақида фалсафий ўйлар ва хотиралардан иборат ўзига хос адабий портретларни яратган.

009

ШЕЪРНИНГ АСЛИЯТДАГИ МАТНИ
0_bd724_485c783b_XXXL.jpg
Мне нравится, что вы больны не мной,
Мне нравится, что я больна не вами,
Что никогда тяжелый шар земной
Не уплывет под нашими ногами.

Мне нравится, что можно быть смешной —
Распущенной — и не играть словами,
И не краснеть удушливой волной,
Слегка соприкоснувшись рукавами.

Мне нравится еще, что вы при мне
Спокойно обнимаете другую,
Не прочите мне в адовом огне
Гореть за то, что я не вас целую.

Что имя нежное мое, мой нежный, не
Упоминаете ни днем, ни ночью — всуе…
Что никогда в церковной тишине
Не пропоют над нами: аллилуйя!

Спасибо вам и сердцем и рукой
За то, что вы меня — не зная сами! —
Так любите: за мой ночной покой,
За редкость встреч закатными часами,

За наши не-гулянья под луной,
За солнце, не у нас над головами,-
За то, что вы больны — увы! — не мной,
За то, что я больна — увы! — не вами!

БИРИНЧИ ТАРЖИМА
Ойгул Суюндиқова таржимаси
021_AB_OK8cm_Cvetaeva.jpg
Менга ёқар, бемормассиз мен боис,
Менга ёқар, бемормасман сиз боис.
Менга ёқар, оғир заминнинг шари
Пойимизда оқиб ётмас сарсари.

Менга ёқар, бўлмоқ мумкин кулгили,
Сўзлар ўйинисиз яшамоқ мумкин.
Қўллар қўлга ногоҳ теккан маҳали
Қизартира олмас димиққан тўлқин.

Менга ёқар, кўзим олди — қаршимда
Ўзгаларни қуча оласиз сокин.
Сизсиз яшаганим ҳаққи, аршимда
Менга мўлжалламанг жаҳаннам ўтин.

Азизим, исмимни ёдлаш ёдида
Яшаманг на кундуз, на тун — бефойда…
Черковнинг улуғвор сукунатида
Куйланмас биз учун — аллилуйя!

Мени севганингиз учун билмасдан,
Сиздан миннатдорман юрак, қўл билан.
Майли, севиб яшанг, — тун, ором ҳаққи,
Қуёш кулмаган кун, олис шом ҳаққи;

Кунботарги гўё ногоҳ васлимиз,
Сайримизга зор ойдаги ғам ҳаққи…
Бемормасман фақат сиз боис — ҳайҳот!
Бемормасман фақат сиз боис — ҳайҳот!

ИККИНЧИ ТАРЖИМА
Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси
6678218510933220.jpg
Яхшики, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Яхшики, сиз сабаб эмасман ғамнок.
Хайрият, ҳеч қачон шу ер курраси
Бахтдан гир айланиб учмади бебок.

Хурсандман, кулгуга қолсам-да ўзим –
Бебошман – сўзлар-ла ўйнамам енгил,
Ҳислар тўлқинидан қизармас юзим
Енгингизга тегиб кетаркан енгим.

Менга хуш ёқади: кўзим ўнгида
Ўзгани қучасиз, бемалол, хурсанд.
Ёнгин деб дўзахда, қилмассиз гина
Мен ҳам бировга-да бўсалар берсам.

Ва нозик исмимни на кундуз, кеча
Ёдга олмагайсиз еру самода,
Ибодатгоҳдаги сокинлик ичра
Янграмас бош узра ҳамду санолар.

Аҳён тўқнашардик шом тушар пайти,
Шодман, сизсиз кечар тунларим узун.
Яшайман бахтимга шукрона айтиб
Мендек “бегона”га севгингиз учун.

Ойдинда яшадик сокин, висолсиз,
Бошимизда кулмас на қуёш, афлок,
Афсуски, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Афсуски, сиз сабаб эмасман ғамнок!..

УЧИНЧИ ТАРЖИМА
Гулноз Мўминова таржимаси
78857780_large_c.jpg
Шукр, мени дея бемор эмассиз,
Шукр, сизни дея эмасман бемор.
Кўнглим тинч, негаки оғир Ер шари
Пойимиздан сузиб ўтмагай зинҳор.

Менга ёқар, балки, мазах бўлмоқ, лек
Юрак кўтаролмас сўзлар заволин.
Нафасим бўғилмас кўрганим чоғи
Кўп осон топишган қўллар висолин.

Кўнглим тинч, сиз энди ўзга дилбарни
Хотиржам қучасиз қаршимда ҳатто.
Ўзгага бахш этган бўсаларим-чун
Сиз менга дўзахни кўрмангиз раво.

Ёқимлигим, маним ёруғ исмимни
Эсламайсиз, юрак бесамар бўзлар,
Биз учун черковда, сукунат аро
Сира куйланмагай илоҳий сўзлар.

Ҳатто ўзингиз ҳам сезмасдан мени
Севасиз, ташаккур айтай дилимдан.
Оромбахш тунлар ва оқшом кезлари
Чиқиб қолганингиз учун йўлимдан.

Бизга нур сочмаган Қуёш ҳурмати,
Ой учун — бизларга бўлмаган фонус,
Ташаккур, мени деб бемор эмассиз,
Сиз деб мен ҳам бемор эмасман,
Афсус…

ТЎРТИНЧИ ТАРЖИМА
Хуршид Даврон таржимаси
images.jpg
Қандай яхши, мени ўйлаб чекмассиз алам,
Қандай яхши, сизни дея чекмасман озор
Ва ҳеч қачон бу муаззам курраи олам
Учиб кетмас оёғимиз остидан безор.

Қандай яхши, қўрқмай яшаш кулгу бўлмоқдан,
Беорларча ошкор қилмоқ пинҳона сўзим.
Енгларимиз бир-бирига тегиб кетган дам
Нафасларим тиқилса-да қизармас юзим.

Қандай яхши, менга асло қилмасдан парво,
Сиз бемалол бегонани тургайсиз қучиб.
Менга Жаҳаннам селини кўрмайсиз раво
Сизни қучиб бўса олмай турганим учун.

Сиз, азизим, лазиз исмим энди ҳеч қачон
На кун, на тун,  ҳеч қаерда айтмайсиз, тамом.
Ва калисо тинчин бузиб энди бир замон
Бошимизда янграмагай илоҳий калом.

Миннатдорман,  аммо, дилим, қўлим ҳақи, Сиз
Ўзингиз ҳам сабабини билмасдан нечун
Мени севиб, тунлар ором бахш этганингиз,
Шомлар туҳфа қилган қисқа висоллар учун.

Ой остида юз бермаган сайрлар ҳақи,
Бошимиздан шамс сочмаган нуқра-зар ҳақи,
Мен розиман, гарчи, афсус,  сиз ўзгага ёр,
Сиз  деб, афсус,   энди қалбим чекмагай озор.

БЕШИНЧИ ТАРЖИМА
Нодира Афоқова таржимаси

007
Хайрият, мубтало эмассиз менга,
Хайрият, мен Сизга мубтало эмас.
Ва зилдай Заминдан учиб кетгудек
Эҳтирослар бизни ҳаргиз чулғамас.

Хайрият, бебошлик қилармиз сарбаст,
Сўзлашсак, шарт эмас сўзга зеб бермоқ.
Абасдир енгимиз сал тегар-тегмас
Ҳислар тўлқинидан қалқиб-қизармоқ.

Хайрият, бепарво қарайман минбаъд
Ўзга бир дилдорни қучсангиз тамом.
Жаҳаннам оташин соғинманг менга,
Гар Сизга бўсалар этмасам инъом.

Маним марғуб исмим, анисим, асло
Тилга олмагайсиз, хайрият, бенаф.
Улуғвор сукутда ва черков аро
Исмимиз ёнма-ён янграмас абад.

Бошим ерга тегиб қилурман таъзим
Шул-чунки, севарсиз англамай беун.
Тунлар осойишим бузмассиз маним,
Шомларда аҳён дуч келарсиз – шул-чун.

Бирга сайр этмасмиз на кун, на кеча,
Ташаккур деюрман барига, ҳайҳот! –
Шул-чун, ки мубтало эмассиз менга,
Шул-чун, ки эмасман Сизга мубтало.

8 oktyabr  Marina  Svetayeva tug‘ilgan kun

Jahon adabiyotining eng yorqin shoiralaridan biri Marina Svetaevaning tavallud kuni munosabati bilan uning «Mne nravitsya, chto vi bol`ni ne mnoy…» satri bilan boshlanuvchi eng mashhur she’rining o’zbek tilidagi besh tarjimasini taqdim etmoqdamiz. Ularni bir sahifada berishdan maqsad tarjimonlar musobaqasini emas, balki bir she’r tarjimasidagi izlanish va tajribalarni namoyon etishdan iborat.

MARINA SVETAEVA SHE’RINING
BESH TARJIMASI
009

Marina Ivanovna Svetaeva (1892.8.10, Moskva — 1941.31.8, Yelabuga, Tatariston) rus shoirasi. Moskva un-ti, Lozanna va Freyfurgdagi musika maktabi va katolik pansionda, Yaltadagi kizlar gimnaziyasida o’qigan. Oktyabr to’ntarishini qabul qilmay, 1922 y.da Pragaga, 1925 y.da esa Parijga ko’chib borgan. Muhojirlikda muhtojlik va vatansizlik azobini boshidan kechirgan Svetaeva 2-jahon urushi boshlanishi b-n SSSRga qaytib kelgan (1939). Ammo ko’p o’tmay, ruhiy iztiroblar orqasida o’z joniga qasd qilgan.
Dastlabki she’riy to’plamlari — «Oqshom albomi» (1910) va «Sehrli fonar» (1912). 1916 y.ga kelib, Svetaeva ijodining asosiy mavzui — muhabbat, Rossiya, she’riyat mavzui uzil-kesil shakllanadi. Shoiraning 20-y.lar avvaliga oid she’rlari oq gvardiyachilarning muhojirlikda nashr etilgan jurnallarida e’lon qilinadi. Shu davrda uning «Blokka atalgan she’rlar», «Hijron»(1922), «Psixeya, Romantika», «Hunar» (1923) she’riy kitoblari va «Barakalla» (1924) doston-ertagi nashr etilgan. Svetaevaning «Rossiyadan keyin. 1922— 25» so’nggi to’plami 1928 y. Parijda bosilgan.
Marina Svetaeva she’riyati musiqiyligi, tovushning she’r musiqiy qurilmasidagi katta o’rni va ahamiyati b-n ajraladi. Tashki dunyo b-n murosa qila olmagan va shu dunyodagi hayotida ro’shnolik ko’rmagan shoiraning asarlari, jumladan, «Tog’lar dostoni», «Intiho dostoni» (1926), «Kallamush ovlovchi» lirik satirasi (1925), hatto antik davr syujetlari asosida yozilgan «Tezey» (1927) va «Fedra» (1928) tragediyalari uzun hamda keskin monologlardan tarkib topgan. Svetaeva nasrda ham qalam tebratib, M. Voloshin, O. Mandelshtam, A. Beliy va b. haqida falsafiy o’ylar va xotiralardan iborat o’ziga xos adabiy portretlarni yaratgan.

009

SHE’RNING ASLIYATDAGI MATNI

Tsvetaeva.jpg

Мне нравится, что вы больны не мной,
Мне нравится, что я больна не вами,
Что никогда тяжелый шар земной
Не уплывет под нашими ногами.

Мне нравится, что можно быть смешной —
Распущенной — и не играть словами,
И не краснеть удушливой волной,
Слегка соприкоснувшись рукавами.

Мне нравится еще, что вы при мне
Спокойно обнимаете другую,
Не прочите мне в адовом огне
Гореть за то, что я не вас целую.

Что имя нежное мое, мой нежный, не
Упоминаете ни днем, ни ночью — всуе…
Что никогда в церковной тишине
Не пропоют над нами: аллилуйя!

Спасибо вам и сердцем и рукой
За то, что вы меня — не зная сами! —
Так любите: за мой ночной покой,
За редкость встреч закатными часами,

За наши не-гулянья под луной,
За солнце, не у нас над головами,-
За то, что вы больны — увы! — не мной,
За то, что я больна — увы! — не вами!

BIRINCHI TARJIMA
Oygul Suyundiqova tarjimasi
Cvetaeva-23_Md.jpg
Menga yoqar, bemormassiz men bois,
Menga yoqar, bemormasman siz bois.
Menga yoqar, og’ir zaminning shari
Poyimizda oqib yotmas sarsari.

Menga yoqar, bo’lmoq mumkin kulgili,
So’zlar o’yinisiz yashamoq mumkin.
Qo’llar qo’lga nogoh tekkan mahali
Qizartira olmas dimiqqan to’lqin.

Menga yoqar, ko’zim oldi — qarshimda
O’zgalarni qucha olasiz sokin.
Sizsiz yashaganim haqqi, arshimda
Menga mo’ljallamang jahannam o’tin.

Azizim, ismimni yodlash yodida
Yashamang na kunduz, na tun — befoyda…
Cherkovning ulug’vor sukunatida
Kuylanmas biz uchun — alliluyya!

Meni sevganingiz uchun bilmasdan,
Sizdan minnatdorman yurak, qo’l bilan.
Mayli, sevib yashang, — tun, orom haqqi,
Quyosh kulmagan kun, olis shom haqqi;

Kunbotargi go’yo nogoh vaslimiz,
Sayrimizga zor oydagi g’am haqqi…
Bemormasman faqat siz bois — hayhot!
Bemormasman faqat siz bois — hayhot!

IKKINCHI TARJIMA
Gulbahor Said G’ani tarjimasi
0_b3234_2267ad96_L.jpg
Yaxshiki, men sabab g’amnok emassiz,
Yaxshiki, siz sabab emasman g’amnok.
Xayriyat, hech qachon shu yer kurrasi
Baxtdan gir aylanib uchmadi bebok.

Xursandman, kulguga qolsam-da o’zim –
Beboshman – so’zlar-la o’ynamam yengil,
Hislar to’lqinidan qizarmas yuzim
Yengingizga tegib ketarkan yengim.

Menga xush yoqadi: ko’zim o’ngida
O’zgani quchasiz, bemalol, xursand.
Yongin deb do’zaxda, qilmassiz gina
Men ham birovga-da bo’salar bersam.

Va nozik ismimni na kunduz, kecha
Yodga olmagaysiz yeru samoda,
Ibodatgohdagi sokinlik ichra
Yangramas bosh uzra hamdu sanolar.

Ahyon to’qnashardik shom tushar payti,
Shodman, sizsiz kechar tunlarim uzun.
Yashayman baxtimga shukrona aytib
Mendek “begona”ga sevgingiz uchun.

Oydinda yashadik sokin, visolsiz,
Boshimizda kulmas na quyosh, aflok,
Afsuski, men sabab g’amnok emassiz,
Afsuski, siz sabab emasman g’amnok!..

UCHINCHI TARJIMA
Gulnoz Mo’minova tarjimasi
i_548.jpg
Shukr, meni deya bemor emassiz,
Shukr, sizni deya emasman bemor.
Ko’nglim tinch, negaki og’ir Yer shari
Poyimizdan suzib o’tmagay zinhor.

Menga yoqar, balki, mazax bo’lmoq, lek
Yurak ko’tarolmas so’zlar zavolin.
Nafasim bo’g’ilmas ko’rganim chog’i
Ko’p oson topishgan qo’llar visolin.

Ko’nglim tinch, siz endi o’zga dilbarni
Xotirjam quchasiz qarshimda hatto.
O’zgaga baxsh etgan bo’salarim-chun
Siz menga do’zaxni ko’rmangiz ravo.

Yoqimligim, manim yorug’ ismimni
Eslamaysiz, yurak besamar bo’zlar,
Biz uchun cherkovda, sukunat aro
Sira kuylanmagay ilohiy so’zlar.

Hatto o’zingiz ham sezmasdan meni
Sevasiz, tashakkur aytay dilimdan.
Orombaxsh tunlar va oqshom kezlari
Chiqib qolganingiz uchun yo’limdan.

Bizga nur sochmagan Quyosh hurmati,
Oy uchun — bizlarga bo’lmagan fonus,
Tashakkur, meni deb bemor emassiz,
Siz deb men ham bemor emasman,
Afsus…

TO’RTINCHI TARJIMA
Xurshid Davron tarjimasi
prs3_anons_01.jpg
Qanday yaxshi, meni o’ylab chekmassiz alam,
Qanday yaxshi, sizni deya chekmasman ozor
Va hech qachon bu muazzam kurrai olam
Uchib ketmas oyog’imiz ostidan bezor.

Qanday yaxshi, qo’rqmay yashash kulgu bo’lmoqdan,
Beorlarcha oshkor qilmoq pinhona so’zim.
Yenglarimiz bir-biriga tegib ketgan dam
Nafaslarim tiqilsa-da qizarmas yuzim.

Qanday yaxshi, menga aslo qilmasdan parvo,
Siz bemalol begonani turgaysiz quchib.
Menga Jahannam selini ko’rmaysiz ravo
Sizni quchib bo’sa olmay turganim uchun.

Siz, azizim, laziz ismim endi hech qachon
Na kun, na tun, hech qaerda aytmaysiz, tamom.
Va kaliso tinchin buzib endi bir zamon
Boshimizda yangramagay ilohiy kalom.

Minnatdorman, ammo, dilim, qo’lim haqi, Siz
O’zingiz ham sababini bilmasdan nechun
Meni sevib, tunlar orom baxsh etganingiz,
Shomlar tuhfa qilgan qisqa visollar uchun.

Oy ostida yuz bermagan sayrlar haqi,
Boshimizdan shams sochmagan nuqra-zar haqi,
Men roziman, garchi, afsus,  siz o’zgaga yor,
Siz  deb, afsus,   endi qalbim chekmagay ozor.

BESHINCHI TARJIMA
Nodira Afoqova tarjimasi
0054
Xayriyat, mubtalo emassiz menga,
Xayriyat, men Sizga mubtalo emas.
Va zilday Zamindan uchib ketgudek
Ehtiroslar bizni hargiz chulg’amas.

Xayriyat, beboshlik qilarmiz sarbast,
So’zlashsak, shart emas so’zga zeb bermoq.
Abasdir yengimiz sal tegar-tegmas
Hislar to’lqinidan qalqib-qizarmoq.

Xayriyat, beparvo qarayman minba’d
O’zga bir dildorni quchsangiz tamom.
Jahannam otashin sog’inmang menga,
Gar Sizga bo’salar etmasam in’om.

Manim marg’ub ismim, anisim, aslo
Tilga olmagaysiz, xayriyat, benaf.
Ulug’vor sukutda va cherkov aro
Ismimiz yonma-yon yangramas abad.

Boshim yerga tegib qilurman ta’zim
Shul-chunki, sevarsiz anglamay beun.
Tunlar osoyishim buzmassiz manim,
Shomlarda ahyon duch kelarsiz – shul-chun.

Birga sayr etmasmiz na kun, na kecha,
Tashakkur deyurman bariga, hayhot! –
Shul-chun, ki mubtalo emassiz menga,
Shul-chun, ki emasman Sizga mubtalo.

009

(Tashriflar: umumiy 1 932, bugungi 1)

3 izoh

  1. Гулноза Муминова таржимаси тезда англашилади ва дилга якин

Izoh qoldiring