Jozef Essberger. Kaliso

Ashampoo_Snap_2017.09.22_16h42m05s_003_.png     Узун оппоқ кўчалик кийимидаги Женни Нарайнга ўн тўрт-ўн беш ёш берасиз. Аслида эса, у белигача тушган тим қора сочларига оро бериб турган қирмизи атиргул каби кўнгли очиқ, бахтиёр, соддагина ўн икки яшар қизалоқ эди. Анча йиллар олдин оиласи шакар плантациялари устаси сифатида Ҳиндистондан Тринидадга кўчиб келишган эди…

Жозеф Эссбергер
КАЛИСО
Инглиз тилидан Мунира Норова таржимаси
07

   Жозеф Эссбергер (ингл: Josef Essberger) — инглиз адиби. Унинг бир неча асарлари, жумладан «Метро», «Лондон меггаполиси» китоблари, ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. У»EnglishClub» жамғармасининг ташкилотчисидир. Мазкур жамғарма жуда кўп дунё мамлакатларида инглиз тилини ўргатиш ва тарғиб этиш билан шуғулланади.
07

a106ce38432e4fcfad5170a0d5c0d0bb--trinidad-culture-trinidad-and-tobago.jpgҚизалоқ тик тушган апрел офтобининг жазирама иссиғида эриниб юриб борарди. Соябони куннинг тиғидан пана қилса-да, одамни эзиб ташлайдиган жазирама тафтидан, чўғдек ҳароратидан асрай олмас эди. Кокос пальмаси остига боғлаб қўйилган бир-иккита бўйвол қақраб ётган йўл четидаги ўт-ўландан чимдиб ётарди. Аҳён-аҳёнда қайноқ тупроқ узра денгиз қўйнидаги кема йўли каби из қолдириб машина ўтиб турарди. Шуларни айтмаса, атроф жим-жит. Қизалоқ йўлда ҳеч кимга дуч келмади.

Узун оппоқ кўчалик кийимидаги Женни Нарайнга ўн тўрт-ўн беш ёш берасиз. Аслида эса, у белигача тушган тим қора сочларига оро бериб турган қирмизи атиргул каби кўнгли очиқ, бахтиёр, соддагина ўн икки яшар қизалоқ эди. Анча йиллар олдин оиласи шакар плантациялари устаси сифатида Ҳиндистондан Тринидадга кўчиб келишган эди. Отаси Рио-Кристалино атрофидан ер сотиб олиб, уни ўзлаштириб қаҳва экиладиган майдонга айлантиргач ишлари ривожланиб кетган эди.

Йигирма метрлар олдинда бир машина чанг йўлнинг ёқасида тўхтади. Женни бир муддат аввал ўқдек учиб ўтган бу машинани пайқаган эди-ю, уни танимаган эди. Машинанинг ўзи каби тим қора ярқираган ойналаридан ҳайдовчининг ким эканлигини фарқлай олмаганди. Женни машина ёнидан ўтиб бораётганида ҳайдовчи секин кўзойнагини ечди.

— Салом, Женни, — қизнинг ортидан овоз келди.

Женни тўхтаб, ортига ўгирилди. Буғдойранг ёноқлари қизаринқиради. Рави Киржани бўйчан қотмадан келган йигит бўлиб, ҳамиша чақмоқдек кийиниб юрарди. Сўзлаганида қоп-қора кўзлари ва катта оппоқ тишлари қуёш нурида ярқираб кетарди. Равини Рио-Кристалинода ҳамма танирди. Женни турмушга чиқмаган опаларининг тез-тез у ҳақида афсус билан суҳбатлашишларини, қани энди отаси тирик бўлганида, ҳали ҳам ерлари қўлларида бўлганида эди, улардан бири Равига турмушга чиққан бўлар эди, дейишганларини эшитиб қолар эди. Сўнг ўша бахтли қиз ким бўлган бўларди дея тортишиб кетишар, Женнини эса нуқул масхара қилишар эди. Уларнинг наздида Женни ҳеч қайси эркакка маъқул келмас эди.

— Исмимни қаердан биласиз, Рави? – сўради қиз ҳаяжонланиб.
— Сен-чи? Сен меникини қаердан биласан?

— Сизнинг исмингизни ҳамма билади. Сиз жаноб Киржанининг ўғлисиз.
— Тўғри. Қаерга кетаяпсан?

Женни бироз тараддудланди, сўнг яна ерга қараб олди.
— Калисога (1), — деди у сезилар-сезилмас жилмайиб.

— Бироқ, Женни, рисоладаги ҳиндлар ибодатхонага боради-ку, — деди. Сўнг жилмайиб, йўғон чиройли овози енгилгина ҳазилга йўғрилганча қўшиб қўйди: — Ёки ибодатхона пандитлари ранги сени дидингга мос келмайдими?

Гап Оливер отага тақалганидан Женни яна ҳам қизариб кетди. У нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди. Рост, унга талаффузи аломат, мовий кўз бу ёш француз руҳоний ёқарди, аммо Женни у келмасидан олдин ҳам католиклар калисосига қатнар эди. Калисода ижро этиладиган шодиёна  диний мадҳиялар — псаломлар жаранги унга хуш ёқарди, опаларига ўхшаб бир-бири билан талашиб тортишадиган  бир талай ғамгин худоларидан фарқли ўлароқ черковда ягона тангрига эътиқод этишлари ҳам уни мафтун этарди. Аммо Равининг танбеҳи уни хижолат қилиб қўйди, чунки унинг оиласи ўз насиҳатгўйлиги билан жамиятда танилган эди. Равини ҳам отасига ўхшаб улуғвор одам бўлиб етишади деб айтишарди.

Рави тўсатдан жиддий тортди. Қорачадан келган юзи яна ҳам қорайиб кетгандек. Айтган гапига афсусланди шекилли. Эҳтимол Женнининг жигарранг кўзларидаги саросимани пайқагандир. Ҳар не бўлганида ҳам, у қиздан жавоб кутмаётган эди.

— Сени калисога олиб бориб қўйишни таклиф этсам… Йигирма биринчи таваллуд кунимга совға сифатида? – деди у кўзойнагини тақаётиб. Женни унинг гардишининг нақадар қалинлигига эътибор қаратди. Билагидаги каттагина қалин соатига ўхшаб бу ҳам соф олтиндан экан, ўйлади қиз.

— Мерседес бу, отам совға қилган. Ёқадими сенга? – қўшиб қўйди у бепарволик билан.

Женни соябони остидан бошлари устида ҳаракатсиз осилиб турган яккаш булут парчасига бир қараб қўйди. Қуёш аёвсиз нур сочар, ҳаво дим бўлиб, чидаб бўлмайдиган даражада қизиб ётарди. Женни дастрўмолчаси билан пешанасини артди. Рави ёқасини тортиб қўйди.

— Ҳаво дим, Женни. Бунинг устига черковга кечикмаслигинг керак, — сўзида давом этди йигит қизнинг хаёлидагини ўқиб.

Бироқ Женни бир муддат иккиланиб туриб сўнг рози бўлганида, калисо Равининг хаёлида туғилган режанинг  энг сўнгги манзили эканини  билмасди. Машина калисо томон эмас, шаҳар ташқарисидаги сокин шакар далаларига қараб йўл олди. Женни донг қотиб қолди. Жуда ёш эди у, нима бўлаётганига аранг фаҳмлаб етди.  Сочларидан юлиб олинган эзилган атиргулни чангаллаганча ширин бўй таратаётган баланд шакар қамишлар орасида узоқ ётди, қисқа тропик шом юлдузли кечага айлангунга қадар эзилиб йиғлади.

Аммо бу ҳақда ҳеч кимсага оғиз очмади, Оливер отага ҳам ҳатто.

Орадан икки ҳафталар ўтиб, кичкина савдо шаҳарча – Рио-Кристалино бир миш-миш тарқаб жонланиб қолди. Нима эмиш, Рави Киржанига Сунита Мурпаланини олиб беришар эмиш. Мурпаланилар оиласи ҳам Киржанилар каби таниқли бўлиб, Кариб оролидаги энг бой оилалардан бири эди. Киржанилар ҳукуматга мансуб оила бўлсалар, Мурпаланилар йирик тижорат одамлари эди. Улар бойликларини нефть нархининг кескин пасайиб кетиши харидорларининг чўнтагини қоқиб олганидан анча илгари чакана савдо ҳисобига орттирган эдилар. Бугунга келиб Мурпалани савдо марказлари бутун Тринидад ва баъзи ороллар бўйлаб сочилиб кетган. Банк ва суҳурта ҳам яхшигина маблағ қўйишган эди. Мурпаланилар оиласини кам-кўстсиз, ҳурматга сазовор оила санашар эди. Уларнинг Порт-оф-Спейнда, Тобаго ва Барбадос оролларида, Англия ва Ҳиндистонда уйлари бор эди. Аммо асосий тураргоҳлари Рио-Кристалинонинг шундоқ шимолида жойлашган колониал услубида қурилган, узунасига ястаниб кетган муҳташам қасрда яшар эдилар. Ўзаро келишилган бу никоҳ йилнинг энг шов-шувли ижтимоий воқеаси бўлиши кутилаётган эди.

Женни Равининг унаштирилишини эшитганида, йигитдан жирканиши тилсиз нафратга айланди. Ўша каландимоғ пасткашдан ўч олиш истаги қизни тинч қўймас эди. Уни таҳқирланиши учун, юзидаги маккорона, кеккайган табассуми сўниши учун жонини берган бўларди. Лекин сиртидан хотиржам кўринар эди. Ҳар куни мактабга борар, якшанба куни одатдагидек тушки ибодат учун Оливер отанинг ёнига йўл оларди.

— Қизим, сен шу “оқ”нинг олдига ҳаддан зиёд кўп тавба қилгани бораяпсан-да, — дерди онаси ҳар доим қизи черковдан кечикиб қайтиб келганида.

— У “оқ” эмас, ойи, у Худонинг авлиё бандаси.
— Балки шундайдир, болагинам, аммо биринчи ўринда у бир банда, буни унутма.

Ойлар ўтаверди, у Равини қайтиб кўрмади.

Ўшанда роса ёмғир ёғди. Августнинг сўнгги кунларида аранг тўхтади. Тунука томларни тинимсиз тарақлашидан сал қолса ақлдан озарди. Ёмғир тўхтаса, ҳаво ҳаддан зиёд дим бўлиб кетганидан, яна ёмғир ёғишини истаб қолардингиз.

Октябрь кунларининг бирида, намгарчилик мавсуми оёқлаётган бир пайтда Женнининг ёлғиз акасининг ўн саккиз ёшга тўлиш муносабати билан оила хурсандчилик қилаётганларида, Женни анчадан бери қўрқиб келаётган воқеа содир бўлди. Ўшанда у айвондаги тўр беланчакда узаниб, олти яшар жияни – Пинни билан ўйнаб ўтирган эди.

Бир пайт Пинни бақириб юборди:
— Женни, нега бунча семириб кетдинг?

Чоғгина синч уйда бўлаётган бутун байрам тақа-тақ тўхтади. Айвондаги қизиқувчан нигоҳларнинг бари Женнига қаратилганди. Бола нимага ажаблангани маълум эди.

— Яратганнинг ўзи раҳми келсин, Виржиния! Қорнингга нима қилди? – бақириб юборди Нарайн хоним ғазабдан тутақиб.

Сўнг қизини ҳамиша динг турадиган қулоқларидан нарироққа, ичкарига итарди. Хонимнинг овози тобора кескинлашди. Момақалдироқ олди осмон қанчалар қора тортиб кетса, унинг нигоҳларини ҳам шу қадар зулмат чулғаб олди. Кўзлари қаёқда эди унинг? У ўзини койир экан, лаблари кетма-кет аччиқ саволларни ёғдирарди:

— Қандай қилиб бундай шармандаликка йўл қўйдинг? Қайси бўлмағур ярамасга ихтиёрингни бериб қўйдинг? Ким у? Тузук одам эмаслиги аниқ! Шу ёшингда отангнинг номига доғ туширдингми? Худога минг шукрки, у бу кунларни кўрмади. Ўша Худонинг авлиё бандасига изоҳлайдиганларинг борлиги рост эканда!

Ниҳоят у сўзлашдан тўхтаб, ўриндиққа оғир чўкди. Юраги қаттиқ-қаттиқ гўрсиллаб урар, ҳаяжон зўридан кўкси кўтарилиб тушарди.

Женни Рави Киржани уни зўрлаган ўша кун ҳақида айтишга мажбур бўлди. Орага узоқ муддат жимлик чўкди, фақатгина Нарайн хонимнинг ҳарсиллаб нафас олиши эшитилиб турарди холос.

— Лаънатлар бўлсин бу Киржанига, — ниҳоят тилга кирди Нарайн хоним оғир нафас олиб.

Женнининг опалари донг қотиб қолган эдилар.

— Ойи, балки уни саломатлик марказига олиб боришимиз керакдир? – сўради Индра. – Бугун доя хотин келадиган кун.

— Эсингни еб қўйдингми, сен қиз? У аёлни оёғи билан эмас, оғзи билан юришини барчангизга маълум-ку. Буни менга қўйиб беринг.

Ўша оқшом Нарайн хоним қизини ишонса бўладиган инсон олдига – эрининг эски қадрдони доктор Ханнинг олдига олиб борди.

Бола ҳомиладор эди. Бунга шубҳа қолмади.
— Нима қилишимиз керак энди, доктор Хан?

— Узатиб юборинг. Иложи борича тезроқ, — деди қотмадан келган кекса доктор дағал оҳангда.

Нарайн хоним алам билан деди:
— Буни энди ким олади, доктор? Ўтинаман сиздан. Наҳот бир чораси бўлмаса? Наҳот биз учун ҳеч нарса қила олмасангиз?

Жарроҳлик хонасининг ойнасидан ёқимли шабада эсиб турарди. Ташқарида чирилдоқларнинг тинимсиз ўткир овози эшитилар, одмигина стол устидаги чироққа интилган бир тўда чивин дераза тўрига ўзини урарди. Доктор Хан чуқур хўрсинди ва кўзойнаги устидан аёлга қаради. Сўнг овозини пасайтириб, бир гапни минг марта айтаётган одам каби ҳорғин сўзлай бошлади:

— Чақалоқ туғилганида нимадир қила оламан, холос. Аммо, азизам, у туғилиши керак. Қизингиз жуда озғин. Бунинг устига, ҳали ўзи ҳам бола. Сизнинг кўзингизга ҳомиласи уч ойликка ўхшаётгандир, аммо қизча айтган сана рост бўлса, уч ойдан сўнг у анча кўзга ташланиб қолади. Ўшанда кўнгилсизликлар бўлади яна.

— У туғилди ҳам дейлик, кейин уни нима қиламиз? — сўради Нарайн хоним умидсизланиб.
— Ойи, нима бўлганида ҳам, у мен билан қолади, — деди Женни секингина.

— Аҳмоқ бўлма, бола.
— Бу менинг болам, ойи. Мен уни туғмоқчиман. У мен билан қолишини истайман.

— Унда ким сенга ғамхўрлик қилади, ким бола учун пул тўлайди? Майли, Киржани пул тўлашга рози бўлганида ҳам, кимга турмушга чиқа оламан деб ўйлаяпсан?

— Мен турмушга чиқаман, хавотир олманг.
— Турмушга чиқармиш! Аҳмоқ бўлибсан! Ким сени оларди?
— Киржани, ойи. Мен Рави Киржанига турмушга чиқаман.

Доктор Хан истеҳзо билан кулиб қўйди.

— Қизингиз сиз ўйлаганчалик аҳмоқ эмас экан, — деди у. – Айтдим-ку, уни узатиб юборинг, деб. Киржанилар ўғли ҳаракат қилиб кўришга арзийди. Қизингиз нима ҳам йўқотарди? У ниҳоятда ақллига ўхшайди!

Хуллас, Рави Киржанини оғироёқ Женни билан учраштиришди ва шакарқамишлар пишиб-етилган ўша иссиқ якшанба кунги воқеани ёдга олишди. Рави Нарайн хонимни лол-у ҳайрон қолдириб, ҳеч ҳам тортишмади. Ўша заҳотиёқ Женнининг қўлини сўради. Эҳтимол ўзаро келишувга асосланган никоҳни хушламай турган Рави учун бу бир яхши имконият бўлгандир. Сунита Мурпалани тагли-тугли насабдан бўлганлиги учунми, бирор кимса унинг ташқи кўриниши борасида сўзлашга журъат қилиша олмас эди. Балки Рави қўпол полициячиларнинг саволларига жавоб бера олмай қолишини олдиндан кўра билгандир. Нарайн хоним эсанкираб қолди. Ҳатто Женни ҳам йигитнинг у қадар қаршилик билдирмаганидан ажабланди.

— Эҳтимол, — ўйлади Женни истеҳзоли жилмайиб, — у унчалар ҳам ёмон одам эмасдир.

Нима бўлганда ҳам, тан олиш керак, Рави мардлик қилди. Алданиб қолган Мурпалани оиласи ҳам худди Равидек йўл тутди. Ўзларини қаттиқ таҳқирланган сезишсалар-да, жамоат олдида буни сездирмасликка ҳаракат қилишди. Одамлар Мурпаланилар ўз аёлларини таҳқирлаб, кўнглини синдирган оила билан ҳануз алоқаларини узмаганларидан бениҳоя ҳайратда қолишди.

Сунитанинг беш акаси ҳатто Равини Майарода денгиз бўйида жойлашган виллаларига меҳмонга чақиришди. Рави болаликдан улар билан дўст эди, шу сабабли таклифни рад қилишга сабаб кўрмади.

Ака-ука Мурпаланилар сайр учун сешанба кунини танлашди, дам олиш кунлари чиқишдан фойда йўқ, ишчилар соҳилни расвосини чиқариб ётади, дейишди улар. Хуллас, Рио-Кристалинодан соатига йигирма миль босадиган Land Rover ларидан бирида чиқишадиган бўлишди. Хизматкорлари орқа ўриндиқ остини яхна товуқ гўшти-ю газакларни, муз қутига солинган пиво ва ром бочкалари билан тўлдираётганларида ака-ука Мурпаланиларнинг кайфиятлари кўтаринки эди, Рави билан ҳазиллашиб туришганди. Сўнг улар кўкда булутлар бор-йўқми дея кўз югуртиришиб, шундай ажойиб кунни танлашганидан ўзларига таҳсин ўқидилар. Улардан энг ёши улуғи – Сураж соатига қаради-да, оёқлари безовта ҳаракатланиб деди:
— Вақт бўлди, йўлга чиқиш керак.

Ака-укалар кулиб қўйишди-да, ўриндиқларга оғир жойлашишди. Бу қандайдир кинояли, қандайдир ғалати бир кулгу эди.

Усти ёпиқ Land Rover Рио-Кристалино бўйлаб, шаҳар марказидаги бир-бири билан кесишган йўллар томон сузиб кетди. Савдогарлар аллақачон йўл ёқасидаги пештахталарига молларини ёя бошлаган, ёмғир-у қуёшдан сақловчи катта каноп соябонларини ўрнатишаётган эдилар. Савдо бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас, пештахталарига янги узилган манголарни терар экан, пушти ширадор мағзи шаффоф елим халталар остидан ярқираб турган, кўргазмага кесиб қўйилган катта-катта қовунларни эндигина тах қилиб қўйган бу савдогарлар харидор илинжида ўтирар эдилар.

Land Rover шарққа, Майарога томон бурилди, сал ўтмай улар шаҳар четидаги қабристон олдидан ўтиб боришарди. Қирғоққа олиб борувчи йўлнинг иккала йўналиши ҳам бозорга маҳсулотини олиб бораётган машиналар билан тирбанд эди, бурумларнинг кўплиги, йўлнинг ўнқир-чўнқир бўлиб қолганидан йигитлар ниҳоятда секин силжишар эди. Ниҳоят, Марайога чамаси олти миллар қолганидагина бир адирда йигитлар тезликни ошира олдилар. Машинанинг қиррасимон шиналари тирговучларни дўмбирадек тарақлатар, эрта тонг қуёши кокос палмалари узра нур сочиб турарди. Бир пайт даҳшатли бир иш содир бўлди. Land Roverнинг орқа эшиги ланг очилди-да, Рави пастга, лиқ тўлиб келаётган юк машинанинг ғилдираклари остига тушиб кетди, бирон кимса уни тутиб қолмади.

Коронернинг (2) терговида эътироф этилишича, табиат сабаб, Равининг жароҳатлари ниҳоятда кўплиги сабаб, у машинадан тушиб кетишидан аввал ўлдирилганми ёки юк машинаси остида сўнг ўлдими, аниқлаш қийинчилик туғдирди. Ниҳоят, терговчи Рави Land Roverдан йиқилиб тушганида ҳам барибир омон қолган бўларди, деган тўхтамга келди. Тергов бахтсиз тасодиф оқибатидаги ўлим ҳукми билан ёпилди.

Уч кун ўтиб Равининг қолдиқлари ҳинд удумига кўра ўтда ёқилди. Одатдагидек, дафн маросимига бутун Тринидаддан одамлар оқиб кела бошлади, узоқ-яқин қариндошлар, қадрдон синфдошлар, боринг-ки сал бўлсада марҳумга алоқаси бор одамнинг бари Майаро ташидаги маросимга, дарё бўйига келишди. Баъзилар Равининг ўлими яратганнинг иши эканлигига ишонтиришар, исбот сифатида қорайиб келаётган осмон ва бевақт ёғаётган ёмғирга ишора қилишар эди. Аммо гулхан ёмғирга бўш келмади, ҳавода куйган ҳид анқий бошлади. Баъзилар эса алам билан қотиллик тўғрисида сўзлашишарди. Эҳтимол Мурпаланилар аламзадалик ҳиссини енга олишмагандир? Буларнинг бари тасодиф эмасдир балки? Аммо кўпчилик буни даҳшатли ҳалокат дея ҳисобладилар. Фақат бир фарқ бор эди, Равининг бошига етган юк машинаси Мурпаланиларга қарашли эди. Аммо ҳар қадамда Мурпаланилар юк машинасини учратиш мумкин эди.

Сўнг маросимга йиғилганлар охири бориб Атлантиканинг илиқ сувларига қуйиладиган лойқа Отуа дарёсига сочилган кулни кузатиб қолишди.

— Нима бўлганида ҳам, бошқа яна кимдан ҳам сўрар эдик? – деди маросимга келган кекса азадорлардан бири елка қисиб. – Полиция боланинг танаси совумай туриб ишни ёпиб қўйди. — сўнг соябонини силтаб энг сўнгги ёмғир томчиларини туширди.

Равининг ўлими Женнининг ҳомиласига ёмон таъсир қилди деб ўйлайсизми? Аксинча. Қиз сўроқда ҳам қатнашди, азага бориб йиғлади ҳам. Кутилган сана келиб, ўтиб кетди ҳам. Олти ҳафта ошиб ҳам кетди. Ниҳоят Женни ўн уч ёшга тўлганида, Сан-Фернандодаги давлат туғруқхонасида ўғил фарзанд кўрди. Гўдакка кўзи тушган доялар ташвишланиб бир-бирларига қарадилар. Сўнг Женни кўриб улгурмай уни олиб кетишди.

Сал ўтмай бир доктор билан, Катта Креол билан қайтиб келишди. Доктор хотиржамлик билан боланинг соғлиги яхшилигини айтиб Женнини тинчлантиришга уринди.

— Тўғри, у бироз нимжонроқ, — деди доктор доя гўдакни Женнига тутқазаётганида, — бироқ, ўзинг биласан, бола кеч туғилди-да. Бунинг устига, унутма, сен ҳали ёшсан… иккалангиз ҳам хийла қийналдингиз… Бироз кут… уч-тўрт кун ўтсин… кўзи ҳам, териси ҳам соғлом одамларникидек бўлади ҳали…

Женни ўғлининг кўк кўзларига қаради-да ўпиб қўйди, сўнг ўлгудек толиққани уни енгди. Гўдакнинг кўзлари кўм-кўк эди, худди Оливер отаникидек эди. Қизалоқ истеҳзо билан енгил сўлиш олди. Доктор Креол шу қадар аҳмоқми? Женни каби у ҳам билади ахир, боланинг рангпар танаси ҳеч қачон қораймаслигини.

1. Калисо — насронийлар ибодатхонаси, черков
2.Коронер — ўлим билан боғлиқ жиноятлар билан шуғулланадиган полиция терговчиси

Trinidad_1.jpg Uzun oppoq ko‘chalik kiyimidagi Jenni Naraynga o‘n to‘rt-o‘n besh yosh berasiz. Aslida esa, u beligacha tushgan tim qora sochlariga oro berib turgan qirmizi atirgul kabi ko‘ngli ochiq, baxtiyor, soddagina o‘n ikki yashar  qizaloq edi. Ancha yillar oldin oilasi shakar plantatsiyalari ustasi  sifatida Hindistondan Trinidadga ko‘chib kelishgan edi…

Jozef Essberger
KALISO
Ingliz tilidan Munira Norova tarjimasi
07

Jozef Essberger (ingl: Josef Essberger) — ingliz adibi. Uning bir necha asarlari, jumladan “Metro”, “London meggapolisi” kitoblari, hikoyalar to‘plamlari nashr etilgan. U“EnglishClub” jamg‘armasining tashkilotchisidir. Mazkur jamg‘arma juda ko‘p dunyo mamlakatlarida ingliz tilini o‘rgatish va targ‘ib etish bilan shug‘ullanadi.
07

maxresdefault 1.jpgQizaloq tik tushgan aprel oftobining jazirama issig‘ida erinib yurib borardi. Soyaboni kunning tig‘idan pana qilsa-da, odamni ezib tashlaydigan jazirama taftidan, cho‘g‘dek haroratidan asray olmas edi. Kokos palmasi ostiga bog‘lab qo‘yilgan bir-ikkita bo‘yvol qaqrab yotgan yo‘l chetidagi o‘t-o‘landan chimdib yotardi. Ahyon-ahyonda qaynoq tuproq uzra dengiz qo‘ynidagi kema yo‘li kabi iz qoldirib mashina o‘tib turardi. Shularni aytmasa, atrof jim-jit. Qizaloq yo‘lda hech kimga duch kelmadi.

Uzun oppoq ko‘chalik kiyimidagi Jenni Naraynga o‘n to‘rt-o‘n besh yosh berasiz. Aslida esa, u beligacha tushgan tim qora sochlariga oro berib turgan qirmizi atirgul kabi ko‘ngli ochiq, baxtiyor, soddagina o‘n ikki yashar qizaloq edi. Ancha yillar oldin oilasi shakar plantatsiyalari ustasi sifatida Hindistondan Trinidadga ko‘chib kelishgan edi. Otasi Rio-Kristalino atrofidan yer sotib olib, uni o‘zlashtirib qahva ekiladigan maydonga aylantirgach ishlari rivojlanib ketgan edi.

Yigirma metrlar oldinda bir mashina chang yo‘lning yoqasida to‘xtadi. Jenni bir muddat avval o‘qdek uchib o‘tgan bu mashinani payqagan edi-yu, uni tanimagan edi. Mashinaning o‘zi kabi tim qora yarqiragan oynalaridan haydovchining kim ekanligini farqlay olmagandi. Jenni mashina yonidan o‘tib borayotganida haydovchi sekin ko‘zoynagini yechdi.

— Salom, Jenni, — qizning ortidan ovoz keldi.

Jenni to‘xtab, ortiga o‘girildi. Bug‘doyrang yonoqlari qizarinqiradi. Ravi Kirjani bo‘ychan qotmadan kelgan yigit bo‘lib, hamisha chaqmoqdek kiyinib yurardi. So‘zlaganida qop-qora ko‘zlari va katta oppoq tishlari quyosh nurida yarqirab ketardi. Ravini Rio-Kristalinoda hamma tanirdi. Jenni turmushga chiqmagan opalarining tez-tez u haqida afsus bilan suhbatlashishlarini, qani endi otasi tirik bo‘lganida, hali ham yerlari qo‘llarida bo‘lganida edi, ulardan biri Raviga turmushga chiqqan bo‘lar edi, deyishganlarini eshitib qolar edi. So‘ng o‘sha baxtli qiz kim bo‘lgan bo‘lardi deya tortishib ketishar, Jennini esa nuqul masxara qilishar edi. Ularning nazdida Jenni hech qaysi erkakka ma’qul kelmas edi.

— Ismimni qayerdan bilasiz, Ravi? – so‘radi qiz hayajonlanib.
— Sen-chi? Sen menikini qayerdan bilasan?

— Sizning ismingizni hamma biladi. Siz janob Kirjanining o‘g‘lisiz.
— To‘g‘ri. Qayerga ketayapsan?

Jenni biroz taraddudlandi, so‘ng yana yerga qarab oldi.
— Kalisoga (1), — dedi u sezilar-sezilmas jilmayib.

— Biroq, Jenni, risoladagi hindlar ibodatxonaga boradi-ku, — dedi. So‘ng jilmayib, yo‘g‘on chiroyli ovozi yengilgina hazilga yo‘g‘rilgancha qo‘shib qo‘ydi: — Yoki ibodatxona panditlari rangi seni didingga mos kelmaydimi?

Gap Oliver otaga taqalganidan Jenni yana ham qizarib ketdi. U nima deb javob qaytarishni bilmay qoldi. Rost, unga talaffuzi alomat, moviy ko‘z bu yosh fransuz ruhoniy yoqardi, ammo Jenni u kelmasidan oldin ham katoliklar kalisosiga qatnar edi. Kalisoda ijro etiladigan shodiyona diniy madhiyalar — psalomlar jarangi unga xush yoqardi, opalariga o‘xshab bir-biri bilan talashib tortishadigan bir talay g‘amgin xudolaridan farqli o‘laroq cherkovda yagona tangriga e’tiqod etishlari ham uni maftun etardi. Ammo Ravining tanbehi uni xijolat qilib qo‘ydi, chunki uning oilasi o‘z nasihatgo‘yligi bilan jamiyatda tanilgan edi. Ravini ham otasiga o‘xshab ulug‘vor odam bo‘lib yetishadi deb aytishardi.

Ravi to‘satdan jiddiy tortdi. Qorachadan kelgan yuzi yana ham qorayib ketgandek. Aytgan gapiga afsuslandi shekilli. Ehtimol Jennining jigarrang ko‘zlaridagi sarosimani payqagandir. Har ne bo‘lganida ham, u qizdan javob kutmayotgan edi.

— Seni kalisoga olib borib qo‘yishni taklif etsam… Yigirma birinchi tavallud kunimga sovg‘a sifatida? – dedi u ko‘zoynagini taqayotib. Jenni uning gardishining naqadar qalinligiga e’tibor qaratdi. Bilagidagi kattagina qalin soatiga o‘xshab bu ham sof oltindan ekan, o‘yladi qiz.

— Mersedes bu, otam sovg‘a qilgan. Yoqadimi senga? – qo‘shib qo‘ydi u beparvolik bilan.

Jenni soyaboni ostidan boshlari ustida harakatsiz osilib turgan yakkash bulut parchasiga bir qarab qo‘ydi. Quyosh ayovsiz nur sochar, havo dim bo‘lib, chidab bo‘lmaydigan darajada qizib yotardi. Jenni dastro‘molchasi bilan peshanasini artdi. Ravi yoqasini tortib qo‘ydi.

— Havo dim, Jenni. Buning ustiga cherkovga kechikmasliging kerak, — so‘zida davom etdi yigit qizning xayolidagini o‘qib.

Biroq Jenni bir muddat ikkilanib turib so‘ng rozi bo‘lganida, kaliso Ravining xayolida tug‘ilgan rejaning eng so‘nggi manzili ekanini bilmasdi. Mashina kaliso tomon emas, shahar tashqarisidagi sokin shakar dalalariga qarab yo‘l oldi. Jenni dong qotib qoldi. Juda yosh edi u, nima bo‘layotganiga arang fahmlab yetdi. Sochlaridan yulib olingan ezilgan atirgulni changallagancha shirin bo‘y taratayotgan baland shakar qamishlar orasida uzoq yotdi, qisqa tropik shom yulduzli kechaga aylangunga qadar ezilib yig‘ladi.

Ammo bu haqda hech kimsaga og‘iz ochmadi, Oliver otaga ham hatto.

Oradan ikki haftalar o‘tib, kichkina savdo shaharcha – Rio-Kristalino bir mish-mish tarqab jonlanib qoldi. Nima emish, Ravi Kirjaniga Sunita Murpalanini olib berishar emish. Murpalanilar oilasi ham Kirjanilar kabi taniqli bo‘lib, Karib orolidagi eng boy oilalardan biri edi. Kirjanilar hukumatga mansub oila bo‘lsalar, Murpalanilar yirik tijorat odamlari edi. Ular boyliklarini neft narxining keskin pasayib ketishi xaridorlarining cho‘ntagini qoqib olganidan ancha ilgari chakana savdo hisobiga orttirgan edilar. Bugunga kelib Murpalani savdo markazlari butun Trinidad va ba’zi orollar bo‘ylab sochilib ketgan. Bank va suhurta ham yaxshigina mablag‘ qo‘yishgan edi. Murpalanilar oilasini kam-ko‘stsiz, hurmatga sazovor oila sanashar edi. Ularning Port-of-Speynda, Tobago va Barbados orollarida, Angliya va Hindistonda uylari bor edi. Ammo asosiy turargohlari Rio-Kristalinoning shundoq shimolida joylashgan kolonial uslubida qurilgan, uzunasiga yastanib ketgan muhtasham qasrda yashar edilar. O‘zaro kelishilgan bu nikoh yilning eng shov-shuvli ijtimoiy voqeasi bo‘lishi kutilayotgan edi.

Jenni Ravining unashtirilishini eshitganida, yigitdan jirkanishi tilsiz nafratga aylandi. O‘sha kalandimog‘ pastkashdan o‘ch olish istagi qizni tinch qo‘ymas edi. Uni tahqirlanishi uchun, yuzidagi makkorona, kekkaygan tabassumi so‘nishi uchun jonini bergan bo‘lardi. Lekin sirtidan xotirjam ko‘rinar edi. Har kuni maktabga borar, yakshanba kuni odatdagidek tushki ibodat uchun Oliver otaning yoniga yo‘l olardi.

— Qizim, sen shu “oq”ning oldiga haddan ziyod ko‘p tavba qilgani borayapsan-da, — derdi onasi har doim qizi cherkovdan kechikib qaytib kelganida.

— U “oq” emas, oyi, u Xudoning avliyo bandasi.
— Balki shundaydir, bolaginam, ammo birinchi o‘rinda u bir banda, buni unutma.

Oylar o‘taverdi, u Ravini qaytib ko‘rmadi.

O‘shanda rosa yomg‘ir yog‘di. Avgustning so‘nggi kunlarida arang to‘xtadi. Tunuka tomlarni tinimsiz taraqlashidan sal qolsa aqldan ozardi. Yomg‘ir to‘xtasa, havo haddan ziyod dim bo‘lib ketganidan, yana yomg‘ir yog‘ishini istab qolardingiz.

Oktyabr kunlarining birida, namgarchilik mavsumi oyoqlayotgan bir paytda Jennining yolg‘iz akasining o‘n sakkiz yoshga to‘lish munosabati bilan oila xursandchilik qilayotganlarida, Jenni anchadan beri qo‘rqib kelayotgan voqea sodir bo‘ldi. O‘shanda u ayvondagi to‘r belanchakda uzanib, olti yashar jiyani – Pinni bilan o‘ynab o‘tirgan edi.

Bir payt Pinni baqirib yubordi:
— Jenni, nega buncha semirib ketding?

Chog‘gina sinch uyda bo‘layotgan butun bayram taqa-taq to‘xtadi. Ayvondagi qiziquvchan nigohlarning bari Jenniga qaratilgandi. Bola nimaga ajablangani ma’lum edi.

— Yaratganning o‘zi rahmi kelsin, Virjiniya! Qorningga nima qildi? – baqirib yubordi Narayn xonim g‘azabdan tutaqib.

So‘ng qizini hamisha ding turadigan quloqlaridan nariroqqa, ichkariga itardi. Xonimning ovozi tobora keskinlashdi. Momaqaldiroq oldi osmon qanchalar qora tortib ketsa, uning nigohlarini ham shu qadar zulmat chulg‘ab oldi. Ko‘zlari qayoqda edi uning? U o‘zini koyir ekan, lablari ketma-ket achchiq savollarni yog‘dirardi:

— Qanday qilib bunday sharmandalikka yo‘l qo‘yding? Qaysi bo‘lmag‘ur yaramasga ixtiyoringni berib qo‘yding? Kim u? Tuzuk odam emasligi aniq! Shu yoshingda otangning nomiga dog‘ tushirdingmi? Xudoga ming shukrki, u bu kunlarni ko‘rmadi. O‘sha Xudoning avliyo bandasiga izohlaydiganlaring borligi rost ekanda!

Nihoyat u so‘zlashdan to‘xtab, o‘rindiqqa og‘ir cho‘kdi. Yuragi qattiq-qattiq go‘rsillab urar, hayajon zo‘ridan ko‘ksi ko‘tarilib tushardi.

Jenni Ravi Kirjani uni zo‘rlagan o‘sha kun haqida aytishga majbur bo‘ldi. Oraga uzoq muddat jimlik cho‘kdi, faqatgina Narayn xonimning harsillab nafas olishi eshitilib turardi xolos.

— La’natlar bo‘lsin bu Kirjaniga, — nihoyat tilga kirdi Narayn xonim og‘ir nafas olib.

Jennining opalari dong qotib qolgan edilar.

— Oyi, balki uni salomatlik markaziga olib borishimiz kerakdir? – so‘radi Indra. – Bugun doya xotin keladigan kun.

— Esingni yeb qo‘ydingmi, sen qiz? U ayolni oyog‘i bilan emas, og‘zi bilan yurishini barchangizga ma’lum-ku. Buni menga qo‘yib bering.

O‘sha oqshom Narayn xonim qizini ishonsa bo‘ladigan inson oldiga – erining eski qadrdoni doktor Xanning oldiga olib bordi.

Bola homilador edi. Bunga shubha qolmadi.
— Nima qilishimiz kerak endi, doktor Xan?

— Uzatib yuboring. Iloji boricha tezroq, — dedi qotmadan kelgan keksa doktor dag‘al ohangda.

Narayn xonim alam bilan dedi:
— Buni endi kim oladi, doktor? O‘tinaman sizdan. Nahot bir chorasi bo‘lmasa? Nahot biz uchun hech narsa qila olmasangiz?

Jarrohlik xonasining oynasidan yoqimli shabada esib turardi. Tashqarida chirildoqlarning tinimsiz o‘tkir ovozi eshitilar, odmigina stol ustidagi chiroqqa intilgan bir to‘da chivin deraza to‘riga o‘zini urardi. Doktor Xan chuqur xo‘rsindi va ko‘zoynagi ustidan ayolga qaradi. So‘ng ovozini pasaytirib, bir gapni ming marta aytayotgan odam kabi horg‘in so‘zlay boshladi:

— Chaqaloq tug‘ilganida nimadir qila olaman, xolos. Ammo, azizam, u tug‘ilishi kerak. Qizingiz juda ozg‘in. Buning ustiga, hali o‘zi ham bola. Sizning ko‘zingizga homilasi uch oylikka o‘xshayotgandir, ammo qizcha aytgan sana rost bo‘lsa, uch oydan so‘ng u ancha ko‘zga tashlanib qoladi. O‘shanda ko‘ngilsizliklar bo‘ladi yana.

— U tug‘ildi ham deylik, keyin uni nima qilamiz? — so‘radi Narayn xonim umidsizlanib.
— Oyi, nima bo‘lganida ham, u men bilan qoladi, — dedi Jenni sekingina.

— Ahmoq bo‘lma, bola.
— Bu mening bolam, oyi. Men uni tug‘moqchiman. U men bilan qolishini istayman.

— Unda kim senga g‘amxo‘rlik qiladi, kim bola uchun pul to‘laydi? Mayli, Kirjani pul to‘lashga rozi bo‘lganida ham, kimga turmushga chiqa olaman deb o‘ylayapsan?

— Men turmushga chiqaman, xavotir olmang.
— Turmushga chiqarmish! Ahmoq bo‘libsan! Kim seni olardi?
— Kirjani, oyi. Men Ravi Kirjaniga turmushga chiqaman.

Doktor Xan istehzo bilan kulib qo‘ydi.

— Qizingiz siz o‘ylaganchalik ahmoq emas ekan, — dedi u. – Aytdim-ku, uni uzatib yuboring, deb. Kirjanilar o‘g‘li harakat qilib ko‘rishga arziydi. Qizingiz nima ham yo‘qotardi? U nihoyatda aqlliga o‘xshaydi!

Xullas, Ravi Kirjanini og‘iroyoq Jenni bilan uchrashtirishdi va shakarqamishlar pishib-yetilgan o‘sha issiq yakshanba kungi voqeani yodga olishdi. Ravi Narayn xonimni lol-u hayron qoldirib, hech ham tortishmadi. O‘sha zahotiyoq Jennining qo‘lini so‘radi. Ehtimol o‘zaro kelishuvga asoslangan nikohni xushlamay turgan Ravi uchun bu bir yaxshi imkoniyat bo‘lgandir. Sunita Murpalani tagli-tugli nasabdan bo‘lganligi uchunmi, biror kimsa uning tashqi ko‘rinishi borasida so‘zlashga jur’at qilisha olmas edi. Balki Ravi qo‘pol politsiyachilarning savollariga javob bera olmay qolishini oldindan ko‘ra bilgandir. Narayn xonim esankirab qoldi. Hatto Jenni ham yigitning u qadar qarshilik bildirmaganidan ajablandi.

— Ehtimol, — o‘yladi Jenni istehzoli jilmayib, — u unchalar ham yomon odam emasdir.

Nima bo‘lganda ham, tan olish kerak, Ravi mardlik qildi. Aldanib qolgan Murpalani oilasi ham xuddi Ravidek yo‘l tutdi. O‘zlarini qattiq tahqirlangan sezishsalar-da, jamoat oldida buni sezdirmaslikka harakat qilishdi. Odamlar Murpalanilar o‘z ayollarini tahqirlab, ko‘nglini sindirgan oila bilan hanuz aloqalarini uzmaganlaridan benihoya hayratda qolishdi.

Sunitaning besh akasi hatto Ravini Mayaroda dengiz bo‘yida joylashgan villalariga mehmonga chaqirishdi. Ravi bolalikdan ular bilan do‘st edi, shu sababli taklifni rad qilishga sabab ko‘rmadi.

Aka-uka Murpalanilar sayr uchun seshanba kunini tanlashdi, dam olish kunlari chiqishdan foyda yo‘q, ishchilar sohilni rasvosini chiqarib yotadi, deyishdi ular. Xullas, Rio-Kristalinodan soatiga yigirma mil bosadigan Land Rover laridan birida chiqishadigan bo‘lishdi. Xizmatkorlari orqa o‘rindiq ostini yaxna tovuq go‘shti-yu gazaklarni, muz qutiga solingan pivo va rom bochkalari bilan to‘ldirayotganlarida aka-uka Murpalanilarning kayfiyatlari ko‘tarinki edi, Ravi bilan hazillashib turishgandi. So‘ng ular ko‘kda bulutlar bor-yo‘qmi deya ko‘z yugurtirishib, shunday ajoyib kunni tanlashganidan o‘zlariga tahsin o‘qidilar. Ulardan eng yoshi ulug‘i – Suraj soatiga qaradi-da, oyoqlari bezovta harakatlanib dedi:
— Vaqt bo‘ldi, yo‘lga chiqish kerak.

Aka-ukalar kulib qo‘yishdi-da, o‘rindiqlarga og‘ir joylashishdi. Bu qandaydir kinoyali, qandaydir g‘alati bir kulgu edi.

Usti yopiq Land Rover Rio-Kristalino bo‘ylab, shahar markazidagi bir-biri bilan kesishgan yo‘llar tomon suzib ketdi. Savdogarlar allaqachon yo‘l yoqasidagi peshtaxtalariga mollarini yoya boshlagan, yomg‘ir-u quyoshdan saqlovchi katta kanop soyabonlarini o‘rnatishayotgan edilar. Savdo bo‘lish-bo‘lmasligi aniq emas, peshtaxtalariga yangi uzilgan mangolarni terar ekan, pushti shirador mag‘zi shaffof yelim xaltalar ostidan yarqirab turgan, ko‘rgazmaga kesib qo‘yilgan katta-katta qovunlarni endigina tax qilib qo‘ygan bu savdogarlar xaridor ilinjida o‘tirar edilar.

Land Rover sharqqa, Mayaroga tomon burildi, sal o‘tmay ular shahar chetidagi qabriston oldidan o‘tib borishardi. Qirg‘oqqa olib boruvchi yo‘lning ikkala yo‘nalishi ham bozorga mahsulotini olib borayotgan mashinalar bilan tirband edi, burumlarning ko‘pligi, yo‘lning o‘nqir-cho‘nqir bo‘lib qolganidan yigitlar nihoyatda sekin siljishar edi. Nihoyat, Marayoga chamasi olti millar qolganidagina bir adirda yigitlar tezlikni oshira oldilar. Mashinaning qirrasimon shinalari tirgovuchlarni do‘mbiradek taraqlatar, erta tong quyoshi kokos palmalari uzra nur sochib turardi. Bir payt dahshatli bir ish sodir bo‘ldi. Land Roverning orqa eshigi lang ochildi-da, Ravi pastga, liq to‘lib kelayotgan yuk mashinaning g‘ildiraklari ostiga tushib ketdi, biron kimsa uni tutib qolmadi.

Koronerning (2) tergovida e’tirof etilishicha, tabiat sabab, Ravining jarohatlari nihoyatda ko‘pligi sabab, u mashinadan tushib ketishidan avval o‘ldirilganmi yoki yuk mashinasi ostida so‘ng o‘ldimi, aniqlash qiyinchilik tug‘dirdi. Nihoyat, tergovchi Ravi Land Roverdan yiqilib tushganida ham baribir omon qolgan bo‘lardi, degan to‘xtamga keldi. Tergov baxtsiz tasodif oqibatidagi o‘lim hukmi bilan yopildi.

Uch kun o‘tib Ravining qoldiqlari hind udumiga ko‘ra o‘tda yoqildi. Odatdagidek, dafn marosimiga butun Trinidaddan odamlar oqib kela boshladi, uzoq-yaqin qarindoshlar, qadrdon sinfdoshlar, boring-ki sal bo‘lsada marhumga aloqasi bor odamning bari Mayaro tashidagi marosimga, daryo bo‘yiga kelishdi. Ba’zilar Ravining o‘limi yaratganning ishi ekanligiga ishontirishar, isbot sifatida qorayib kelayotgan osmon va bevaqt yog‘ayotgan yomg‘irga ishora qilishar edi. Ammo gulxan yomg‘irga bo‘sh kelmadi, havoda kuygan hid anqiy boshladi. Ba’zilar esa alam bilan qotillik to‘g‘risida so‘zlashishardi. Ehtimol Murpalanilar alamzadalik hissini yenga olishmagandir? Bularning bari tasodif emasdir balki? Ammo ko‘pchilik buni dahshatli halokat deya hisobladilar. Faqat bir farq bor edi, Ravining boshiga yetgan yuk mashinasi Murpalanilarga qarashli edi. Ammo har qadamda Murpalanilar yuk mashinasini uchratish mumkin edi.

So‘ng marosimga yig‘ilganlar oxiri borib Atlantikaning iliq suvlariga quyiladigan loyqa Otua daryosiga sochilgan kulni kuzatib qolishdi.

— Nima bo‘lganida ham, boshqa yana kimdan ham so‘rar edik? – dedi marosimga kelgan keksa azadorlardan biri yelka qisib. – Politsiya bolaning tanasi sovumay turib ishni yopib qo‘ydi. — so‘ng soyabonini siltab eng so‘nggi yomg‘ir tomchilarini tushirdi.

Ravining o‘limi Jennining homilasiga yomon ta’sir qildi deb o‘ylaysizmi? Aksincha. Qiz so‘roqda ham qatnashdi, azaga borib yig‘ladi ham. Kutilgan sana kelib, o‘tib ketdi ham. Olti hafta oshib ham ketdi. Nihoyat Jenni o‘n uch yoshga to‘lganida, San-Fernandodagi davlat tug‘ruqxonasida o‘g‘il farzand ko‘rdi. Go‘dakka ko‘zi tushgan doyalar tashvishlanib bir-birlariga qaradilar. So‘ng Jenni ko‘rib ulgurmay uni olib ketishdi.

Sal o‘tmay bir doktor bilan, Katta Kreol bilan qaytib kelishdi. Doktor xotirjamlik bilan bolaning sog‘ligi yaxshiligini aytib Jennini tinchlantirishga urindi.

— To‘g‘ri, u biroz nimjonroq, — dedi doktor doya go‘dakni Jenniga tutqazayotganida, — biroq, o‘zing bilasan, bola kech tug‘ildi-da. Buning ustiga, unutma, sen hali yoshsan… ikkalangiz ham xiyla qiynaldingiz… Biroz kut… uch-to‘rt kun o‘tsin… ko‘zi ham, terisi ham sog‘lom odamlarnikidek bo‘ladi hali…

Jenni o‘g‘lining ko‘k ko‘zlariga qaradi-da o‘pib qo‘ydi, so‘ng o‘lgudek toliqqani uni yengdi. Go‘dakning ko‘zlari ko‘m-ko‘k edi, xuddi Oliver otanikidek edi. Qizaloq istehzo bilan yengil so‘lish oldi. Doktor Kreol shu qadar ahmoqmi? Jenni kabi u ham biladi axir, bolaning rangpar tanasi hech qachon qoraymasligini.

1. Kaliso — nasroniylar ibodatxonasi, cherkov
2.Koroner — o‘lim bilan bog‘liq jinoyatlar bilan shug‘ullanadigan politsiya tergovchisi

045

(Tashriflar: umumiy 149, bugungi 1)

Izoh qoldiring