Farhod Bobojonov. Orzuga eltuvchi yo‘l & Yulduzlar yurgan yo`l

Ashampoo_Snap_2017.12.21_18h40m02s_001_.png25 июнь — узоқ йиллик қадрдоним, таниқли ижодкор Фарҳод Бобожоновнинг туғилган куни. Чин юракдан қутлаймиз.

   “Йилларни осон ўтказмай, тиниб тинчимай, азият, заҳматлар чекиб, орзулар ичра яша… Дардкаш бўл. Катта халқона йўллардан ўтиб, кўзни каттароқ очиб, нотинч дунёнинг уфқларига тикила билиш, тириклик қуёшининг қувончи нурларини ҳам танага, ҳисларга, фикрларга кенгроқ яйратиш керак. Шундай кенглик, кичик йўлларни ҳам катта йўлга олиб чиқади”, – деб уқтирарди устозим Асқад Мухтор.

ОРЗУГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ
Фарҳод Бобожонов
07

   Фарҳод Бобожонов 1950 йили Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Дастлаб туғилган туманида,   1963 йилдан Тошкент шаҳридаги 82-мактабда таълим олади. А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтининг кино ва драма актёрлиги факультетининг кечки бўлимини тугатган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Қорақалпоғистон халқ артисти. Олий тоифали сухандон.  Эллик йилдан буён  радио ва телевидение соҳасида хизмат қилади.

07

12278575.jpg2014 йил, 19 октябрь. Чилпиқ қалъаси. Сирли, афсонавий бу азиз ерга зиёратга келар эл-элат…

Биз ҳам келдик, ижодий сафар билан бу қадамжога…

Ёнгинасида эзгулик ва саҳоват улашувчи ўйчан Амударё оқмоқда. У бугун неларни ўйлайди… Биз англаган, англаб етмаган дунё…

Одамлар кети узилмас бу гўшадан. Ҳар бир келувчининг ўз тафаккур олами бор. Гарчанд азиз – авлиё эмас, юрт ичида табаррук, муқаддас сирли олам. Қарайсан, сесканиш қўзғар юракда. Бир замонлар шу ён атрофда Амударё бўйларида, Чилпиқ теварагида бир қавм яшаган. Қадим замонларда ўлган одамлар жасади, тепаликка олиб чиқиб, маълум муддат ташлаб кетилиб, қузғунларга ем бўлган. Суяклар уйларга олиб кетиб сақланган. Бу ҳақиқат. Айтишларича¸бу табаррук жойда кейинчалик шодлик айёмлари, турли сайллар ўтказиб келинган. Чилпиқ ҳақида турли афсона, ривоятлар кезиб юради. Турли тахминлар бор. У бахс мунозарага сабаб. Биз ўтамиз. Фоний дунё талаблари беҳад сирли, мен билмайман, сен билмайсан… Бу азиз жой ер тургунча турар, у абадий, мангуликка даҳлдор…

Бир қадам нари жилолмайсан. Бағрига чорлар. Тўймаймиз, тўя олмайсан.

Олти ёшимда отам етаклаб мени дарё ёқасига олиб келган. Ўтишнинг иложи йўқ. Эртаклардагидай, афсонавий, узоқлардан элас-элас кўзга ташланаётган Чилпиққа интилиб, зор-зор йиғлаганман. Минг бир армон билан қишлоққа уйга қайтганмиз. Мен куюниб севаман. Мен учун бу азиз ер армонга айланган эди.

2001 йил муқаддас “Авесто” китобининг 2700 йиллиги байрам қилинди. Шу муносабат билан тайёрланган уч қисмли кўрсатувга муаллиф ва бошловчилик қилдим. Биз кўрсатувимизни Чилпиқнинг қалин пахса деворлар билан ўралган баланд нуқтасидан – неча миллион йиллар илгари пайдо бўлган маҳобатли тош ёнида бошладик.

Республикамизнинг фанда машҳур инсонлари, тарихчилар, археолог олимлар қатнашди. Ҳаммаси қалбдан, юракдан гапиришди. Уларнинг сўзларига тепаликда эсаётган шамол ҳамоҳанг бўлди. Гўё, тарих қайта тирилди.

Не бахтки, олти ёшимдаги армон – орзулар рўёбга чиқиб, шу мақаддас тупроқ сабаб “Авесто” кўрсатуви учун “Энг улуғ, энг азиз” танловининг бош совринини олишга мушарраф бўлдим. Бу муқаддас сирли олам – Чилпиқ менга омад, куч-қувват, мадад берди. Шу йил бир пайтнинг ўзида яна иккита мукофот – “Дўстлик” ордени, Қорақалпоғистон халқ артисти унвонларига эришдим.

“Йилларни осон ўтказмай, тиниб тинчимай, азият, заҳматлар чекиб, орзулар ичра яша… Дардкаш бўл. Катта халқона йўллардан ўтиб, кўзни каттароқ очиб, нотинч дунёнинг уфқларига тикила билиш, тириклик қуёшининг қувончи нурларини ҳам танага, ҳисларга, фикрларга кенгроқ яйратиш керак. Шундай кенглик, кичик йўлларни ҳам катта йўлга олиб чиқади”, – деб уқтирарди  устозим Асқад Мухтор.

Ҳаёт шиддат билан оқаётган дарё мисол. Завқ билан, бахтиёрлик билан ҳаракат қилгандагина оқим бўйлаб сузаётгандек бўласан. Умринг давомида бораётган йўлинг аста-секин аниқлашиб, равшанлашиб бораркан, бу ҳаётда яшаётганингга шукрона келтирасан, шукрлар қиласан.

“Ҳаёт сеҳрли ва ўта ғаройиб саёҳатнинг ўзгинаси. Ҳар бир нафасингизда қувонч ҳис қилинг”, — дейди америкалик файласуф Боб Прокт.

Чилпиқнинг энг баланд нуқтаси Айданасак – кенг, муқаддас тепалик. Унинг атрофи доира шаклда – баланд пахса девор билан ўралган. Аждодларимизнинг ақл-заковати, қалб амри ила узоқ асрлар оша, ҳозирги давргача салобатини йўқотмаган Амударёнинг сўға лойидан (узоқ йиллар мобайнида дарё чўкиндисидан пайдо бўлган маълум бир қатлам маҳаллий тилда сўға дейилади. Пишиқ-пухталиги сабаб қадимда бинолар, деворлар шу лойдан барпо қилинган) бунёд этилган девор ёқалаб юрарканман, мени фикр ва ҳиссиётлар чўлғаб олди. Бу ерда афсонавий муҳит ҳукмрон. Сирли олам… Сирли замин… Сир – номаълумлик – ғайб…

Тасвирга олиш камераси ҳаракатда. Турли қиёфалар акси. Юздаги , кўздаги қалб кечинмалари… Оёқ излари.

Тепаликдан кузатаман. Адирликлар оралаб, дарё ёқалаб, бир-бирларига туташиб кетган сўқмоқлар. Катта-кичик йўллар, кўз илғамас манзиллар…

Қишлоқнинг кичик йўллари, сўқмоқларидан юриб олти ёшимда мактаб партасига ўтирдим. Бошланғич мактаб бўлганлиги сабаб, бошқа туман марказидаги ўрта мактабнинг 5-синфига ўқишга бордим. Масофа узоқ – ўн километр бўлганлиги сабаб, ёшимга, жуссамга лойиқ, кичкинагина “Орлёнок” велосипедини марказдаги “Катта дўкон”дан отам олиб берди. Мактабга борган кунимоқ, синфдошлардан менга “қишлоқи”, (шевада “ёвонли”) деган тамға босилди. Дастлаб қишлоқдан ўқишга қатновчи болалар бешта эдик. Фурсат ўтмай, яккаланиб қолдим.

Орадан ўн кун ўтиб, 10-сентябрдан ёппасига пахта теримига олиб чиқишган. Эрталабдан ўқиш, тушдан кейин пахта теримидан қош қорайганда қайтиб, қишлоққа равона бўламан.

Уйга етгунимча дўппайиб турган иккита мозорнинг шундоқ ёнгинасидан ғира-ширада зир-зир титраб ўтардим. Биз томонда ўликлар (қазилганда сув яқинлиги сабаб) ер устига қўйилади. Бора-бора дунё таниб, қалбингда алланечук хислар уйғониб, ненидир излайсан, унга талпинасан. Ҳаётда кўрган, кечирганларинг сени улғайтириб қўяр экан. Ёз келишини биз қишлоқ болалари орзиқиб кутар эдик. Ажириқзордан ўтиб, қишлоғимиз жанубидан оқиб ўтувчи “Дарёлик” атрофидаги қамишзорлар оралаб кўл бўйида қўй боқиш биз болалар учун “катта вазифа” эди. Шунда мен, тип-тиниқ кўлдаги балиқларга кўм-кўк осмонга қараб орзулар қилар эдим. Менинг энг асосий машғулотим – табиатга – ўйчан оқаётган сувга қараб расм чизиш эди.

Ҳа демай, ўқиш, пахта терими бошланди.

Олтита ўқувчини бир ҳафтага пахта теримидан озод қилишди. Адабиёт ўқитувчимиз Пирмат Худойберганов ёд олишимиз учун ҳар биримизга тўрт қатордан шеър берди. Пахта азобидан қутулганимизга шунчалар севиндикки, тупроғи бурқсиб ётган кўчаларни чангитиб, дала четида ўтлаётган қўйларни ҳуркитиб, узоқ-узоқларга, адирлик томон югурдик. Шеър ёдлаш бошланди…

“Калинин” номли қишлоқнинг “Ленин” номли маданият уйига (атрофдаги барча қадимий қишлоқларга, хўжаликларга (колхоз) Маркс, Энгельс, Москва, Ленинград, Ильич, Крупская, Партия ХХ съезди, Киров, Жданов, Ворошилов… номлари қўйиб ташланган эди. Туман маркази ёнгинасида жойлашган қадимий қишлоқнинг номи эса “Калинин”… Халқ орасида “Нега шундай номланган” деган, қўрқув аралаш шивир-шивир гаплар қулоққа чалинарди) тумонат одам йиғилган. Адабиёт ўқитувчимиз ҳаяжонда. Апил-тапил яна бир бор текширувдан ўтдик. Шеър айтаётганда қўрқмай, дадил бўлишимизни уқтирди. Ғала-ғовурда қўрқув бошланди. Даврага қарсаклар остида Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Уйғун, Миртемирлар кириб келишди. Ҳамма жим. Бир сониялик сукунат… Ғафур Ғулом рўпарасида туриб, ҳис-ҳаяжонда дир-дир титраб, шеър бошладим.

Азиз асримизнинг, азиз онлари,
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шох сатрлар-ла,
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

0255075004.jpgЕлкамга Ғафур Ғулом қўли тегди. Айтганим тўрт қатор шеър, бутун умрим мазмунига айланиб, мендаги орзу-умидлар учқуни ўша сониядан бошланган бўлса, не ажаб.

Мени адабиёт тўгарагига қабул қилишди. Мен “қишлоқи”ни синф сардори қилиб сайлашди. Бир олам завқу-шавққа тўлиб, қишлоқ сўқмоқларидан уйга қайтаётиб, овозим борича ҳайқириб шеърлар айтар эдим.

Тумандаги турли анжуману байрамлар шеъриятсиз ўтмас эди. Одамлар маърифатга, шеъриятга чанқоқ эди. Биз болалар, саҳнада шеър айтиб, қўшиқ куйлар эдик. Синфдошим Илҳом Ёқубов шундай қўшиқ куйлардики (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин), ҳар бир авжида, томошабинлар завқланиб қарсак чалишарди.

“Шеъриятни тушуниш, шеър айта билиш ҳаққоний туйғулардан, ҳақиқий тафаккурдан келиб чиқади. У юракдан тўғри бошқа юракка ўтади”, – деган эди ҳассос шоира Зулфия.

Табиийликка интилиш, қалбдан айтилган шеърий нутқ, оддийликка эътибор, фалсафий мушоҳада, чин инсонийлик хислатлари айтаётган ҳар бир сатрингда ўз мужассамини топади. Қисқаси, айтилажак шеърнинг мазмун моҳиятини чуқур англаб, сўнгра айта билмоқ керак.

“Шеър ҳикмат дарёси, сеҳр дарёси. Жумбоқдай битталаб ечолсам дейман”, – дейди устоз шоир Миртемир. Мен турган сирли Чилпиқ ёнидаги Амударё суви каби оқиб кетаётган, олтиндан қиммат бўлган умр лаҳзалари… Айтаверса адоғи тугамас воқеаликлар…Кимлигидан қатъий назар, ҳар бир инсон ҳаёти, шодлигу қувончларга, аччиқ изтиробларга тўла… Одамда орзулар бисёр…

Оила, бола-чақа ташвишида тонг қоронғусидан оқшомгача қора терга ботиб, меҳнат қилган қишлоғимиз одамларининг орзу-армонлари, ҳузур-ҳаловати не эди…

Қишлоқда асосан қишли-қировли, совуқ кунларда кечаси гулхан ёқиб тўй қилишар эди… Доира чалиниб, бир эркак “санъаткор” торда қўшиқ айтиб, гавдаси семиз иккита “раққоса” беўхшов ўйинга тушиб, кўзларини сузиб, муқомлар қилишар эди. “Олма отдим отганга, сим кароватда ётганга… Боққа кирсанг бодом бор, астароқ юринг одам бор… Ҳай-ҳай қош-қабоғингдан жонидан, эй…”, қабилидаги енгил-елпи, тутириқсиз қўшиқлар айтилар эди. Оддий қишлоқ одамлари у томондан бу томонга бесўнақай йўрғалаб, пул тераётган “раққоса”ларни оғизларининг таноби қочиб, томоша қилишарди. Тонггача қишлоқнинг кайвонилари иштирокида уй базми бўлиб ўтар эди. Одамлар шунга ўрганиб, қишлоқларда бу одатий ҳолга айланган эди.

Қўшни қишлоқларда ўзига тўқ одамлар, кундуз кунлари қур ясаб, машҳур қўшиқчини таклиф қилиб, бахшию дорбозлар, масхарабозлар иштирокида, полвонлар кураши-ю, қўчқор уруштириш ташкил қилиб, тўй беришар эди. Тўйга тумонат одам йиғиларди. Биз болалар дорбозларга ҳавас қилиб, дарахтлар орасидан арқон тортиб, дорда юрмоқчи ҳам бўлганмиз. Келган қўшиқчи созандаларга ҳавас қилиб, ингичка симлар топиб, ўзимизча ёғочдан мусиқа асбоби ясаб қўшиқлар айтганмиз. Оддий қишлоқ фарзандлари боғча нелигини билмай, кўча чангитиб, ўйинқароқ бўлиб ўсганмиз.

Ҳар бир лаҳзамиз, кунларимиз бизни олис-олисларга етаклаб, кўнгилда кўпдан-кўп саволу мушоҳадалар, изтироблар туғилар экан. Ўша пайтларда мен неларни истамадим, орзулар қилмадим. Туман марказидаги мусиқа асбоблари сотиладиган дўконга ҳар куни келардим-у, уларни бир-бир чалиб кўришни орзулар қилардим. Сотиб олиш ҳақида отамга айтишга ботина олмаганман. Бу мен учун бир умрлик армон бўлиб қолди.

Ёзги таътил бошланиши билан уй-рўзғор ишларига шўнғиб кетардик. Эрта тонгдан то оқшомгача қишлоғимиз атрофидаги тўқайзорлар, қум-адирликларга туташ қамишлари кўп бўлган, “Қоронғу ойдин”, “Дўнгалак ойдин” кўллари ёнида биз болалар қўй ва сигирларимизни боқар эдик. Кўлда қамишларнинг шабадада тебраниши, тиниқ сувда балиқлар сузиши, ўрдак, турли қушлар парвози, тўранғил, юлғун дарахтлари оралаб қуёнларнинг жонсарак чопиши, ҳамма ҳаммасидан бир олам завқ олиб, табиат қўйнида расм чизардим. Ҳозир на бир кўлу – тўқайзор қолган… На бир ҳайвонот олами бор… Бари йўқолиб кетди… Ерлар текисланди. Ўзлаштирилди. Пахтазорга айлантирилди. Қишлоқ билан дарёлиқ оралиғидаги бир туп дарахтга тегилмади. Тегишолмади. Қўпориб ташлашга журъат қилиша олмади.

Турли рангдаги ўсимликлар: яшил, сариқ, малларанг, ғужгон оппоқ гулли; қамиш, тўранғил, юлғун, жийда, жигилдак; яна аллақандай дарахтлар зич ўсганки, ўсимликлар бир-бирларига туташиб, суяниб, чирмашиб кетган. Оралиқда юзларини ажин босган бобони эслатувчи дарахт, ўйчан – кўкка қараб интилади. Унинг тагига қадимдан қолган шамчироқ қўйилган. Кузатасан. Сесканиб, этинг жунжикади. Ўйга толасан…

Турли офату-касалликлардан фориғ бўлишни истовчиларнинг кети узилмайди, “Эштак бобо” (Эштак бува), деб аталмиш бу муқаддас, азиз жойдан. Фарзандсизлар келиб, фарзанд истайди. Орзулар қилишади.

У тунда, ой ёруғида, биз болалар кўз ўнгида турли қиёфа – шаклларда кўринади: арслон, йўлбарс, туя, аждаҳо… мисол.

Эртасига қуёш чиқар-чиқмай унинг ёнгинасидаги сўқмоқдан молларни ҳайдаб, қум барханларидан пайдо бўлган баландликка – Гултепага (Гултўба) ўрлаймиз. Чарақлаб қуёш чиқади. Кўзлар қамашади. Пастликка тикиласиз. Сув тўлқинлари ялтираб элас-элас қадимий туя карвонлари бўлиб кўзга кўринади. Булар бари жуда қисқа сонияларда бўлиб ўтади. Кўз олдингизда маълум муддат туялар акси қолади.

Қишлоғимизда “Туя аравачи” (туя орвочи) тахаллусини олган Собир бобони “Собир туя” ҳам деб, аташарди.

— Бор! Собир туяни чақир. Пахса уриш ҳашарига келсин, туя араваси билан.
— Эртага бозор. Собир туя юкларимизни тонг саҳарда олиб кетиши керак.
— Собир туянинг ўзи ҳам, туялари ҳам чарчади. Дам олишсин.

Бобо ўзи боқаётган туялар, унинг узоқ аждодлари ҳақида, оғзини тўлдириб мақтарди: “Мана шу “Дарёлиқ”ни ёқалаб кетсангиз, Қўҳна Урганчда пайдо бўласиз. Қадимда Хоразмшоҳлар пойтахти бўлган шаҳарга кун чиқишу, кун ботардан туялардан узоқ карвон йўллари орқали моллар оқиб келган. Менинг бобомнинг бобоси, унинг боболарининг боболари … э… саккиз тўққиз авлод нари аждодларимиз ўша даврларда мағрибу-машриққа, элимиз савдогарлари молларини беталофат ташиган. Улар йиллаб ўз гўшасида – оиласидан йироқда бўлишган. Мана ўша туялар насли”.

Кексаларнинг оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи сўзларига қараганда, қадимда “Эштак бобо”нинг ён-атрофидан айланиб, қумликлару кўллар ўрнида, Амударёнинг айро бўлагида ҳайқириб оқувчи катта сув оқими бўлган. Айтишларича, баҳордаги сув тошқинлари, дарёга яқин гўшаларда турган мол ва туяларни оқизиб кетган.
Афсонаю, ривоятлар тагида маълум бир ҳақиқат ётади. “Дарёлиқ” ўрнидаги катта дарёда Каспий денгизига элтувчи кема қатнови бўлган. Ҳаёт манбаи сув – олис манзилларни яқин қилган.

Аниқ маълумотларни айтиш илмий изланишларни олиб бораётган олимларимизга ҳавола.

Айтишларича, 50-йилларда Тахиатош шаҳри яқинидан Каспийга сув тортиш ҳаракатлари бўлган. Бўлғуси канал атрофидаги, қадимда ўзлаштирилган, ҳосилдор бўз тупроқдан фойдаланиш режалари ҳам тузилган. Лойиҳачи олимларга давлат мукофотлари берилган. Хуллас, ўша даврдаги “Тузум”, “Иттифоқ” раҳбари вафотидан сўнг, бу ишларга нуқта қўйилган.

… “Янги раҳбар” бутунлай бошқа томонда “янги лойиҳа”ни ишлаб чиқиш таклифини киритган. Қумликлар оралаб, узоқ масофа – 800 километрга чўзилган канал ишга тушди. Лекин у қандай наф келтирди? Қай бири афзал эди?

Сувсизлик Оролни ҳолдан тойдирди. Ер юзида табиатга нисбатан одамзотнинг бешафқатлиги – ўзига офатлар ёғдиради. Кўп нарсалар поёнига етади.
“Нимага қаттиқ қаршилик кўрсатсангиз, ўша нарсани кучайтирасиз”.

“Инсон идрок ила англашга қодир бўлган барча нарсага эриша олади”.

Инсонларга яхшиликлар истовчи донишмандлар сўзи.

***

Абу Наср Форобий фикрича, ҳар бир инсон ўз табиатига кўра, “олий даражадаги етукликка эришиш учун интилади”, бундай етукликка фақат шаҳар жамоаси орқалигина эришилади.

Отам Хива шаҳридаги мадрасаларда диний ва дунёвий илмлардан таълим олган. Ота-боболари асли Хивалик бўлиб, 1920 йилги талатўплардан кейин уруғ аймоғи билан турли жойларга тариқдай сочилиб кетган. Отамга ўз даврининг етук билимдонларидан сабоқ олиш насиб этган. Лекин охирига етмай жой-жойида қолиб кетган. Саргардонлик бошланган. Бахтига 20-йилларда Самарқандда очилган ўқитувчилар тайёрлаш илмгоҳида таҳсил олиш насиб этган.

Саводсизликни тугатиш бўйича, Хоразмнинг чекка ҳудудларига – Манғит, Гурлан, Қилич Ниёзбой, Оча, Дўрмон, Бешуй, Ҳолимбек қишлоқ овулларига юборилиб, кексаю-ёшларга сабоқ беради. Кўп ўтмай, “Авлоди диндор, Хивалик”, деган тамға босилади. Ўз туғилиб ўсган юртида яшаш ҳавфли бўлганлиги сабабли, бир кечада кўздан ғойиб бўлади. Тошкентга – хон уруғлари билан қочиб келиб яшаётган холаси Анажонбика ёнига паноҳ излаб келади.

Анажонбика Ферузхоннинг укаси Отажон тўранинг кичик рафиқаси бўлиб, фарзанд кўрмаганлиги сабаб, отамни чақалоқлигидан бағрига олиб, тарбия қилади. Отажон тўра вафотидан кейин ҳам, Анажонбика хон уруғлари билан бирга яшайди.

Хиваликлар Тошкентга келганининг дастлабки кунлариданоқ турли қийинчиликларни бошларидан кечиришади. 20-30 йилларнинг қув-қувлари; ур-йиқит, сур-сурлари; очарчилик… Ҳар қадамда учраш мумкин бўлган ҳавф-хатар…

Бир-бирларини суяшлари, меҳрибонлиги, ишбилармонликлари, хиваликларга хос бўлган ҳунармандчилиги, энг асосийси, уста-уддабуронликлари сабаб – қаҳатчилик-очарчиликдан асраб қолади. Улар жуда тежамкор бўлишган. Бирни икки, иккини тўрт қила билишган.

Тошкентни “Тошкент – нон шаҳри”, деб, бежиз айтишмайди. “Чорсу бозори” хиваликларнинг асосий рўзғори – қозонлари қайнашида асосий хизмат вазифасини ўтаган. Хиваликлар Чорсудан унча узоқ бўлмаган Самарқанд дарвоза, Ўзгариш кўчаларида, Анажонбика ўз яқинлари билан Чақар маҳалласида истиқомат қилишган. Анажонбика ёшлигидан тиришқоқ, қизиқувчан бўлганлиги боис, момоларидан каштачилик-тикувчиликни ўрганган. Ўз даврида Хоразмда ноёб бўлган “Зингер” тикув машинаси умрининг охиригача доимий ҳамроҳи бўлган. (Хивада умргузоронлик қилаётган жияним Файзулла шу “Зингер” тикув машинасини ҳозиргача кўз қорачиғидай асрайди. Бу – бизнинг авлодимиз учун жуда қадрли – мерос).

Анажонбика Тошкентда каштачилик, дўппидўзлик, айниқса, кундалик энг зарур кийим-кечакларни тикиш билан шуғулланиб, тирикчилик қилган. Отам ҳам “Зингер”да кийим тикиб, холасининг кўмакчисига айланган. Яшаш осон кечмаган. Янги кийим бошга наҳожат. Одамлар бир ушоқ нонга зор – тирикчилик илинжида бўлишган.

Ҳаддан зиёд ғам-ташвишлар. Қисматли дунё…

Абдулҳамид Чўлпоннинг

“Ҳасратим кўп, элга айтолмайман,
Армоним кўп, дилда сақлолмайман”,

деган сатрларини бот-бот эслаб қўяр эди, отам. Ўша давр изтироблари ҳақида, отам авлодлари тўғрисида гапириш алоҳида катта мавзу.

Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Саъдийнинг “Бўстон”, “Гулистон” асарларидан ҳикоя қилар эди, отам. Огаҳий, Машраб, Сўфи Оллоёр, Чўлпон, Ойбек асарлари эсимни таниганимдан бошлаб милтиллаган керосин лампа чироқлари остида қулоғимга қуйилган. Отамдаги гўзал сўзлилик, чуқур билмдонлик қадимий Хивада истиқомат қилиб, умр бўйи илм чироқларини ёқиб яшаган маҳдумзода боболаридан меросдир. Отам ўз зурриётларида боболар илми давомийлиги бўлишини орзу қилган. Шу сабабли барча фарзандлари: акам, опам, синглим, 5-синфдан бошлаб Тошкент мактабларида таълим олган.

Отамнинг қистови билан мен ҳам 1963 йил июль ойи ўрталарида Тошкент шаҳридаги 82-мактабнинг 9-синфига ҳужжатларимни топширдим. Мактаб фақат юқори синфнинг иқтидорли ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, Тошкент шаҳрининг ҳамма мактабларидан келган ўқувчиларга қўшилиб мен ҳам физика, математика, тарих фанларидан имтиҳон топширдим. 9-синфга камида 150 ўқувчи қабул қилинди. Мен 9-”Д” синфида ўқий бошладим. Мутахассисликка қараб, бизнинг синфга физика, математика фани бўйича кўпроқ соат ажратилган эди. Чанқоқлик билан ўқиш бошланди-ю, лекин 5 сентябрдан кўрпа-тўшак, ашғол-дашғол билан ёппасига шаҳарга яқин “Бўзсув” хўжалигига полиз маҳсулотлари теришга олиб кетишди. Синфдаги нотаниш ўқувчиларни бир-бирлари билан дала таништирди. Мен рус тилида сўзлашга нўноқ эдим. Рус тили ўқитувчимиз Ася Каримовна Измаилова билим даражам паст эканлигини сезиб, даладан қайтиб келганимиздан сўнг, ҳар куни кечаси алламаҳалгача сабоқ берарди.

Орадан бир ой ўтиб, 6 октябрда Мирзачўлга пахта теримига ҳайдашди. Бизнинг мактабимиз ўқувчиларини “Титов” номли (совхоз) хўжаликнинг овлоқ жойидаги ер тўлаларга жойлаштиришди. Каламуш, сичқонларга макон бўлган бу жойдан бадбўй моғор ҳиди анқиб турарди.

Дала рўпарасидаги деворлари тўкилиб, нураб кетган “дала шийпони”да қизил алвонларга ёзилган шиорлар: “Коммунизм сари олға!”, “Беш йиллик планга кўра СССР Америка Қўшма Штатларидан ўзиб кетади”, “Социалистик мусобақада ғалаба қиламиз!”, “Пахтани юз фоиз машиналарда териб оламиз!”, – деган ёзувлар бутун атрофни қамраб олган эди.

Никита Сергеевий Хрушчёв “ташаббуси” билан маккажўхори етиштиришга ружу қўйилган 1963-1964 йилларда дўконларда нон, ун, макарон маҳсулотларини олиш учун соатлаб навбатда туришлар бошланган эди.

Тонг саҳардан пахта теримига чиқиш олдидан, керосин ҳиди, яна аллақандай ҳидлар анқиб турган, юпқа оқ тунукадан ишланган, сарғайиб чиркин босиб кетган титанбак самоварда сув қайнатилар эди. Ичмасликнинг иложи йўқ. Тонг саҳардан уч бўлак қотиб, ачиб кетган қора нон, икки дона чақмоқ қанд берилар эди. Тушлик ва кечки овқатга доғланмаган пахта ёғидан тайёрланган шўлдир-шўлдир картошкали макарон шўрва…

Шўролар байрами (Улуғ Октябрь Социалистик революциясининг 46 йиллиги) арафасида 5-ноябрь куни қор бўрони изғиб турган паллада пахта териш якунланди. Мактабимизнинг етти нафар ўқувчисини тез ёрдам машинасида Тошкентга олиб келишди. Шулар орасида мен ҳам бор эдим. Совуқда минг бир азоб билан уйга келиб, ўн кун тўшакка михланиб қолдим.

Пахта терими даврида менда ошқозон яраси пайдо бўлган экан. Кечалари оғриқдан ухлай олмай, тўлғониб, тўрт йил азобландим. 1969 йил изғиринли Янги йил оқшомида ошқозон яраси ёрилиб кетиб, ҳушимни йўқотибман. Шифокорларнинг тез жарроҳлик ёрдами туфайли, омон қолганман. Тузалишим чўзилиб, узоқ муддат ўқишга боролмаганман.
Ўша давр мен учун катта синов ҳаёт мактаби бўлди.

Билим берган ўқитувчиларимдан бир умр миннатдорман. Аммо… Лекин…Синфимизда чет тили икки гуруҳга ажратилган эди. Бир пайтнинг ўзида инглиз тилидан Яворская, француз тилидан Купчинскаялар дарс беришар эди. Китобдан темаларни белгилаб беришарди-ю, шивирлашиб, кулиб гап сотиб ўтиришарди. Синфимиз ўқувчилари чет тилларидан мутлақо саводсиз бўлиб қолишган. Инглиз тилидан “сабоқ” олган мен ҳам…

Ҳаёт – тақдир мени ёшлигимдан машҳур, улуғ инсонлар билан рўбарў қилди.

Ғафур Ғулом, Қори Ниёзий, Восил Қобулов, Бўрибой Аҳмедов, Шукур Бурхонов, Раҳим Пирмуҳаммедов, Ҳикмат Латипов, Хамза Умаров…

Математика, физика соҳаси бўйича академик олимлар Қори Ниёзий, Восил Қобуловлар Эски шаҳарнинг Чорсу яқинида жойлашган, мен ўқиган 82 ўн бир йиллик мактабни оталиққа олишган эди. Биз ўқувчилар кўп бор улар суҳбатидан баҳраманд бўлганмиз. Қори Ниёзий ҳар гал келганларида, фанда буюклик яратган боболаримиз ҳақидаги суҳбатдан бошлар эди: “Хоразмий, Беруний, Фарғоий, Ибн Сино, Форобий, Замахшарий, Улуғбек…Биринчи навбатда боболарингиз – буюкларимиз ҳақида билишингиз шарт! Ҳаётда, фанда сен учун тўппа-тўғри текис йўл йўқ. Эгри-бугри, чағир тошли, тиканли, сувли… Биз ҳам қишлоғимиз сўқмоқларидан юриб, баланд-паст нотеккисликлардан, сувлардан кечганмиз. Шулардан ўтолсанггина, орзу қилган, кўзлаган мақсадларингга эришасан. Кўп ўқи, ўрган. Тарихимизни билишинг шарт”, — деб, Хўжанду Қўқонда, Самарқанду Тошкентда таълим олган даври, ёшларга берган сабоқлари ва ўз ҳаётларининг қисматли йўлларидан мисоллар келтирар эди. Қори Ниёзийнинг “Ҳаёт мактаби” китоби биз ўқувчилар учун дастурил амал бўлган.

Ғафур Ғулом билан қисқагина учрашув ҳаётимда ўчмас из қолдирган.

1965 йил. Қиш… Бешёғоч майдонидаги дорихона ёнидан ўтиб кетаётсам ёши олтмишларни қоралаб қолган бир одам “Бери кел, ўғлим. Бир инсоннинг ҳожатини чиқарсанг кам бўлмайсан”, — деб, дорихона ичкарисига олиб кирди. Қарасам рўпарамда китобларда расмини кўрганим, бошида дўппи, узун пальто кийган, оёғида этик Ғафур Ғулом. Ҳалиги одам оқ жигарранг қоғозга ўралиб, ип билан боғланган икки тўп китобни қўлимга тутқазди. Тўплам анча оғир эди. “Ғафур ака, буниси ҳисобмас. Кейинги гал кўл бўйидаги ошхонада Мақсуд Шайхзода, сизнинг хизматингизга доимо тайёр, хушчақчақ гурунгчи Юсуфжон Ҳамдам яна…Суҳбатингизни хуш кўрадиган яқинларингиз билан ошхўрликда отамлашамиз”, — деб икки қўли кўксида эгилиб, хайрлашди. Мен шундай улуғ инсон ёнида кетаётганимдан хурсандман, ҳаяжондаман… Ғафур Ғулом ҳаёлга берилиб, жуда ҳам секин, қадам ташладилар. Ариқ кўпригидан ўтиб, эллик қадамча юрганимиздан кейин Муқимий номли театр рўпарасидаги майдонинг қоқ ўртасида тўхтадилар. Чўнтакларидан кундаликни (блокнот) китоб устига қўйиб, қаламда унга алланималарни ёздилар. Китобнинг ён томонидан ўқишга ҳаракат қилдим. Қори Ниёзийнинг мен ўқиган “Ҳаёт мактаби” китоби. Ғафур Ғулом орада менга бир қараб қўйдилар ва ўйчан ҳолатда гапирдилар. Менга айтдиларми ёки ўзларига… билолмадим. “Ҳар бир одам бахтли бўлишга интилади. Яхши. Бахт ўзи нима? Бировлар “мен бахтлиман”, — деб керилади. Тўқима гапми? Олифталикми? Комил инсон деймиз. Комиллик нима? Тўкислик нима? Ҳаётдан тўйиб кетдим дейди?! Гап кўп… Ҳаётга келибсан. Яшаяпсанми? Шукрона қил… Бола-чақангни ўйла, ўқит… Инсон умри жуда қисқа… Эҳ, ҳали сен ёшсан, ҳамма нарса олдинда. Туппа-тузук болага ўхшайсан, кўп ўқи, ўрган, лекин ҳаётда қоқилма”, — деб гапириб, яна алла нималар ёзиб, секин-аста қадам ташладилар. Мен орқада келяпману, “Олтинчи синфда ўқиётганимда ёнингизда туриб, шеърингизни айтганман”, — демоқчи бўламану, салобатлари босиб, ҳаяжонланаман. Ҳовлига киришимиз билан, секин мулойимлик билан “Ҳу, онаси, Муркаррамхон биз келдик”, — деб чақирдилар. Тут дарахти ёнидаги ўтирғичга китобларни қўйиб кетаётганимда Ғафур Ғулом саволга тутди. Саксон иккинчи мактабда ўқишимни айтганимдан сўнг, “Тузик, яхши сабоқ берадиган мактаб, директори Раҳматуллаев тарихчи, ўз фанини мукаммал билади. Бизнинг миллатимиз тарихи дунёдаги энг қадимийларидан. Буни билишинг керак. Тилимиз, адабиётимиз, шеъриятимиз юксак. Кўтариб келганинг, мана булар ҳаммаси Алишер Навоий китоблари… Ўқиш керак, уқиш керак, уқиш… Гапларимни яхшилаб уқиб ол. Кўп ўқи, одам бўласан!”, — деб қўл бериб хайрлашди. Бармоқлари узун, силлиқ, тафтли эди. Шундай севиндимки, ҳаётимдаги энг қувончли онлар… Лекин қалбимда бир армон қолди. Анча йиллар илгари тўрт қатор шеърларини айтганим, елкамга қўли билан қоқиб қўйганлари… Гапиришга уялдим. Иймандим… Журъатим етмади. Айтолмадим.

2001 йил апрель ойи охирларида шоирнинг туғилган куни яқинлиги боис, Ғафур Ғулом уй музейида қизи Олмос опа билан учрашиб, кўрсатув тайёрлашни режалаштирдик. Орадан маълум муддат ўтиб, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид билан биргаликда уй-музейдан кўрсатув тайёрладик. Олмос опа дадаси ҳақидаги хотиралардан сўзлади. Сирожиддин шеърлар ўқиди. Тут дарахти ёнида туриб, 36 йил илгари юрагимда армон бўлиб қолган “Азиз асримизнинг азиз онлари…”, — деб бошланувчи шеърни тўлалигича айтдим. Ҳовли ўрасидаги Ғафур Ғулом ҳайкали гўё тирилгандек, мен айтаётган шеърни тинглаётгандек бўлди, назаримда… Шоир тирик…

Кўрсатув Ғафур Ғулом таваллуд топган кун, 10 майда телевидение орқали намойиш қилинди ва мақтовлар ёғилди.

Тошкентнинг кечаю кундуз одамлар оқими тўхтамайдиган 60-йилларининг энг катта ва машҳур майдонларидан бири, Бешёғоч…

Вокзал билан аэропортни Чорсу, Эскижува орқали боғловчи асосий йўл шу ердан ўтар эди. Гавжум бозор, савдо расталари, озиқ-овқат дўконлари, истироҳат боғи – кўл, “Муқимий” номли театр, дорихона, чойхона, ошхоналар…Қоқ марказда кун бўйи одамлар қадами узилмайдиган Алишер Навоий номли кинотеатр. Машҳур ҳинд фильмлари шу ерда намойш қилинарди. Тонг саҳардан чипта олишга тирбанд одам…

Ўқиш тугади дегунча Чорсудан 3 тийинлик трамвай пулини аяб Бешёғочга чопар эдик. Кино чиптасига пул топиш илинжида бозорга кириб турли юмушлар, қовун-тарвуз, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш дейсизми, биз учун фарқи йўқ. Мақсад пул топиш, 4 тийинлик машҳур “бешёғоч гуммаси”дан ейиш ва 20 тийинга кино томоша қилиш…

Ўша даврда машҳур киноартистлар сувратларини уйдаги ётоқхона деворларига илиш урфга айланган эди. Биз мактаб ўқувчилари ҳинд кинофильмларида айтилган қўшиқларни ҳиргойи қилиб, ҳинд актёрларига тақлид қилар эдик. Ҳавасда…

Ҳавас 11 синфни тугатаётган етти нафар мактабимиз ўқувчиларини илк баҳор кунлари, А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтининг кино ва драма актёрлиги факультетига етаклади. У ерда бизни актёрлик маҳорати бўйича кириш имтиҳонига тайёрлашга масъул Михаил Фаттохов очиқ чеҳра билан кутиб олди. Тўрт ярим ой давомида ҳафтасига 3 марта келиб, дастлаб этюдлар ўрганиб, бир нечтадан шеър, монолог, масъал, ҳикоялар ёд олдик. 1966 йил 26 апрель Тошкентда қаттиқ ер силкиниши бўлганлиги сабабли, мактабни тугатишимизда учтагина фандан енгилгина имтиҳон олишди.

Мактабдошимиз киноактёрлар қиёфасидаги, баланд бўйли, хушбичим, овози жарангдор, жозибали, мактабдаги турли анжуманларда шеър, ғазал айтганда кўпчилик эътиборида бўлган Камолхон Каримов бизни ташлаб, физика ихтисослиги бўйича олий ўқув юртини танлади. Мактабимизни тугатган 10та ўқувчи санъат олийгоҳига ҳужжат топширди. Бошқа олийгоҳлардан ўн беш кун илгари, яъни 16-июль куни имтиҳонлар бошланди. Опа-сингил Иброҳимовалар ва менга, биз учун муқаддас бўлган олий ўқув юртига кириш насиб этди. Кечаю кундуз, тер тўкиб қилган меҳнатларимиз ўз натижасини кўрсатди. Орадан йиллар ўтиб, опа-сингиллар элга танилди. Дилором Иброҳимова (Каримова) Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, синглиси Малика Иброҳимова эса Ўзбекистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлишди.

Камолхон Каримов ўз ҳаётида тўғри йўлни танлаган экан. Техника фанлари доктори, профессор. Ўзбекистондай гўзал мамлакатимиз, миллатимиз довруғини бутун дунёга ёйишда хизматлари катта. Чет мамлакатда Ўзбекистон элчиси бўлиб, ўз шарафли бурчини адо этди. Учрашувларимиздан бирида “Сизга ҳавасим келади, телевизорда гапирасиз. Эл танийди”, — деди. “Сиз сиёсий арбоб, олим сифатида қанча мамлакатларда хизмат сафарида бўлдингиз, анжуманларда иштирок этдингиз, маърузалар қилдингиз. Сизни чет элларда ҳам билишади”, — дедим. Кўзларимизга ёш келди… Севинч ёшлари…

Акам Миллий Университетнинг тарих факультетида, опам физика факультетининг кечки бўлимида таҳсил олишар эди.

Уйдаги етишмовчиликлар сабаб, менинг ҳам кечки бўлимда ўқишимга тўғри келди. Кечки режиссёрлик бўлимига ўқишга кирган хоразмлик Ибодулла Матниёзов билан “Ўзбекфильм” қошидаги лабораторияда киноплёнка ташувчи бўлиб ишга кирдик. Ойлик ўттиз сўм. Лабораторияда заҳарли ҳаво бўлганлиги сабаб, ҳар куни сут ё қатиқ берилар эди. Кўпинча ўн тийинга тандирда ёпилган иссиқ нон олиб, қатиқ билан тушлик қилар эдик. Орадан йиллар ўтди… Ибодулла Матниёзов “Огаҳий” номидаги Хоразм вилоят театрида бош режиссёр бўлиб, кўплаб спектакллар саҳналаштирди. Ўзбекистон санъат арбоби унвонига сазовор бўлди. (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) Умрларининг охиригача самимийлик, дўстлик, ижодий алоқаларимиз узилмади. 1998 йил Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллик юбилейи муносабати билан мен муаллифлик қилган уч қисмли видеофильмда Муҳаммад Хоразмшоҳ тимсолини (сиймосини) гавдалантирди. 2001 йил Авесто китобининг 2700 йиллиги муносабати билан ишланган видеофильмда донишманд, буюк бир инсон қиёфасини яратди. Ибодулла ака ўта маданиятли, ўқимишли, теран фикрловчи, фалсафий мушоҳадаси кенг, тўғри сўз, ҳалол, покиза инсон эди.

Умрнинг қалбга муҳрланган энг қимматли сониялари…
Талабаликнинг биринчи куни. Бири кам эллик йил. Ярим аср…

Ўзбек санъати ривожига умрларини бахшида қилган устозлар… Ўз фанлари соҳасида, шогирдларига эзгуликлар, яхшиликлар (исташган) улашган. Сизга таъзим… Биз ҳам муқаддас ўқув даргоҳига қадам қўйдик бугун. Дастлабки насиҳатомуз дил сўзлари…

Қанча талабаларни машҳурликка етаклаган ўқув хонаси. Дастлабки машғулот… Актёрлик маҳорати бўйича устозлар билан таништирув: Абдураҳим Сайфуддинов, Арсен Исмоилов, Харламбидис (миллати грек). Улар жиддий, лекин юзларидаги табассумни яшира олишмас эди. Биринчи сўзни бошлади, устоз Абдураҳим Сайфуддинов: “Табриклаймиз! Ҳалоллик, оқиллик, покизалик бор жойда унум бўлади. Санъат қадим замонлардан шу кунга қадар инсониятни тафаккурга, нурли кунларга, бахт саодат ила гўзал чаманларда яшашга чорлаган. Сиз талабалар, майда мақсадлару манфаатлар ичида чувалашиб кетманг. Юксакликка интилинг. Санъат ўртамиёналикни ёқтирмайди. Икки фоиз талант, тўқсон саккиз фоиз меҳнат… Шошсанг ҳам шошмай сўйла, ҳаракатдан тўхтама. Актёрлик маҳорати фани ҳар бирингизни олдин фикрлаб, ўйлаб, кейин сўзлашга ўргатади. Қисқаси олдин ўйла, кейин сўйла!” – деб, ўз маърузасини якунлади. Устознинг қош-қовоғи солиқ, гапирганда ўта босиқ, бир сўзни икки марта такрорламайдиган, нутқи равон, соф адабий тилда сўзловчи, талабчан, жиддий, кези келганда мулойим ва меҳрибон, мулоҳазали инсон эди.

Харламбидис – 60 ёшдан ошган, ҳали ҳам кўринишидан бардам бақувват, озғин, оқ юзли, сочлари ҳам оқ, силлиқ қилиб орқага таралган, ўрта бўйли инсон эди. Қисқа ва лўнда, фалсафий мушоҳада билан секин, самимий гапиради, асосан кийиниш маданияти ҳақида… Устознинг ўта мадаиятли инсон эканлиги бўйинбоғини қандай ўраб таққанидан ҳам маълум эди.

Арсен Исмоилов ўша пайтда 25 ёшлардаги навқирон йигит бўлиб, ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши, жиддийлиги ёшини анча улғайтириб кўрсатар эди. Қадди қомати тик, эпчил, ҳаракатчан бу инсон тўрт йил давомида курсимизга раҳбарлик қилиб, актёрлик маҳорати ва саҳна ҳаракати фанидан сабоқ берди. Арсен Исмоилов профессионал актёрлар учун ниҳоятда зарур бўлган саҳна жанги, қиличбозлик ва саҳна ҳаракати сирларини ўргатувчи, талабчан, моҳир, ўз соҳасининг ҳақиқий устаси. Биринчи иш фаолиятини биз билан бошлаган устоз, ҳозирги дарвгача қанча ёшларга мураббийлик қилди. Институт “Саҳна ҳаракати” кафедраси мудири, профессор даражасигача етиб борди. 70дан ошиб, 80 ёшни қоралаб қолганларига қарамай, бир жойда ўтиролмайди, тиниб-тинчимайди, ҳали ҳануз ёшларга устоз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Арсен Исмоилов қўлида тарбия топганлар элда машҳур бўлди, юртга танилди, ҳукуматимизнинг қанча унвону мукофотларига сазовор бўлишди.

Ўзбекистон халқ артисти, олий тоифали сухандон Мирзоҳид Раҳимов, Ўзбекистон халқ артисти, машҳур киноактёр Мурод Ражабов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино актёри Гулчеҳра Саъдуллаевалар билан бир дарсхонада ёнма-ён ўтириб, Арсен Исмоиловдай санъатга ўз умрларини бахшида қилган устозлардан таълим олганмиз. Гулчеҳра 18 ёшида Абдулла Қодирий асари асосида яратилган “Ўтган кунлар” бадиий филмида Зайнаб тимсолини яратди. 60-йил охирларидан бошлаб кўплаб телевизион театрларда бош ролларни ижро этди. Республика “Ёш томошабинлар театри”даги ижодий фаолияти мақтовга лойиқ.

Биринчи курсда саҳна маҳоратидан этюд машқларини Мурод Ражабов билан биргаликда бажарар эдик. Кўпинча мен воқеаликни ўйлаб топардиму, шу заҳоти Мурод актёрлик маҳоратини ишга соларди. Ўқишнинг дастлабки кунлариданоқ, унинг таланти ярқ этиб кўзга ташланди. 70-90 йилларда театр ва кинода кўплаб миллий сиймоларни яратди. Эл уни олқишлади. Унинг ижросида ўзбек киносида ўзбекона янги қиёфалар пайдо бўлди. Ўзбек киноси тарихида ўчмас из қолдираётган санъаткорлардан бири… Мурод Ражабов билан ҳамкорлигимиз кейинчалик яна давом этди. 1996-97 йилларда мен муаллифлик қилган “Бир ўлкаки…” кўрсатувида режиссёрлик ва мен билан биргаликда бошловчилик қилди. Биз Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхандарё, Жиззах вилоятларида ижодий сафарларда бўлдик. Кўп қисмли кўрсатувларнинг ҳар бирига телетомошабинларнинг меҳри тушди. Ўзбек адабиётида ўлмас сиймо Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг шеъри асос қилиб олинган “Бир ўлкаки…” кўрсатувининг овозаси қиру-адирликлар, саҳрою дарёлар, тоғлар оша акс-садо берди.

1990 йилда ташкил қилиниб, мутассил икки йил намойиш қилинган “Ўзанини топар дарёлар” кўрсатуви 1996 йилдан “Бир ўлкаки” деб номланиб, дастлабки кўрсатувларнинг ўзаги ва давомийлиги ҳисобланади. Мен муаллифлик ва бошловчилик қилган “Ўзанини топар дарёлар” кўрсатувига машҳур кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов режиссёрлик қилди. Кўрсатувда Ватан, миллат ҳақида куйланиб, тарихий Афросиёб, Самарқанд ёдгорликларининг ўтмиши ва бугунги қиёфаси, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобурларнинг сиймоларини, ҳужжатли бадиий публицистик фильм даражасида тасвирга олинди. Кўрсатувда адиблар Тоҳир Малик, Хуршид Даврон, Хайриддин Султоновлар, актёрлардан Ҳожиакбар Нурматов, Сайёра Юнусова, Карим Мирҳодиев, Саид Мухторовлар иштирок этишди. Жаҳонгир Қосимов дунё режиссурасини чуқур билган, ўзбек кино режиссураси, телевизион режиссурасида ўзига хос услуб яратган, теран фикрловчи, кенг мушоҳадали ижодкор.

“Ўзанини топар дарёлар” кўрсатуви, юқорида айтиб ўтганимдек, отам такрорлаб юрадиган сатрлар — ўлмас шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг

“Ҳасратим кўп элга айтолмайман,
Армоним кўп дилга жойлолмайман”

– деган шеърий сатрлари билан бошланар эди. Кўрсатувларнинг айримлари ўша даврда таъқиқланди. Миллатимиз улуғлиги, қадимийлигимиз ҳақида гапириш, Амир Темур, Бобурдай буюк боболаримиз тўғрисида ижобий фикрлар айтиш асло мумкин эмас эди. 1918-20 йиллардаги миллий халқ озодлик ҳаракати ҳақида ҳам тўхталиб ўтган эдик. Кўрсатувлар бир йил чанг босиб ётиб, 1991 йил Мустақиллик байрамидан кейингина эфир юзини кўрди.

***

1966 йил, 31 август. Биринчи марта телекамера рўпарасидаги ҳаяжонли дақиқалар…
Умр лаҳзаларини белгиловчи тасодифий учрашув…

Менинг Ўзбекистон телевидениеси остонасига дастлабки (У пайтлар Тошкент телестудияси деб номланган) қадамни қўйишимга, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Тоҳир Муллабоев сабабчи бўлди.

Тоҳир ака узоқ йиллар болаларга бағишланган ранг-баранг кўрсатувларга муаллиф ва муҳаррирлик қилди. Доимо юз-кўзларида табассум балқиб турадиган, очиқ чеҳрали, болалардай беғубор, шоир табиат инсон.

Менинг шеър ўқишга ҳавасим ва иқтидоримни кўрган Тоҳир Муллабоев телевидениеда ўқишим учун “Устоз” номли шеърини қўлимга тутқазди. Шеър менга маъқул келди. Ёд олдим.
Не бахтки, болалар учун янги ўқув йилига бағишлаб тайёрланган ушбу кўрсатув бошловчиси, мен кўрсатувларини севиб томоша қиладиган сухандон Насиба Иброҳимова экан.
Кўрсатувда ишитрок этадиган барча болалар ичида опанинг менга қарата айтган фикрлари ҳали-ҳамон ёдимда…

“Ҳозир кўрсатув бошланади. Минглаб томошабинлар сизни кўради, гапингизни, шеърингизни тинглайди, завқ олади, хулоса қилади. Сиз камера рўпарасида туриб, минглаб одамларга қарата гапиришингиз керак. Бунинг иложи йўқ. Гапира олмайсиз. Фараз қилинг. Гўё, камера ичида энг яқин инсонларингиздан бири турибди. Сиз биргина шу одамга қарата гапиринг. Шунда юзлаб, минглаб телевизор қаршисида ўтирган томошабинларнинг ҳар бири “менга гапиряпти” деб, ўйласин. Ҳозир сиз ҳаяжонланаяпсиз. Чунки сиз масъулиятни сезяпсиз, хис қиляпсиз. Албатта, ҳаяжон бўлиши табиий ҳол. Бу яхшиликдан далолат. Ним табассум ила оддий, самимий гапиришга ҳаракат қилинг”, — деб Насиба опа менга оқ йўл тилади.

Телевидениедаги биринчи устоз… Дастлабки сабоқ…

Шу сўзлардан сўнг, телекамеранинг кичкинагина ойначаси мени сеҳрлаб қўйди. Гапириб, шеър айтаётганимда камера ичида, гўё одам қиёфаси гавдалангандай, кўрингандай бўлди.

Телевидениедаги илк қадам…

Халқ ҳурмат, эътиборидаги сухандон билан учрашув мен учун мўъжиза эди.

Телевидениеда гапирувчилар хоҳ у сухандон, бошловчи, фан ҳақидаги кўрсатувларни олиб борувчи олим, адабий кўрсатувларда бошловчилик қилувчи шоиру ёзувчилар, адабиётшунослар, ким бўлишидан қатъий назар ўз даврига яраша, ўша давр нуқтаи назаридан чиқишлар қилинарди. Кўп ҳолларда телевидениеда сўзловчилар эркин гапирмасди, гапира олмасди, сценарийда ёзилганидан чиқмаган ҳолатда (нуқта, вергулларгача эътибор бериб) ўқиб беришар эди. Бу ўша “давр” талаби эди… (…текширув-назорат – цензура кучли бўлган).

60-йилларда телевидениедаги кўплаб кўрсатувларни олиб бориш сухандонларга вазифа қилиб юклатилган. Сухандон – халқ орасида ҳар томонлама ўрнак бўладиган – шахс. Маданиятли, ўқимишли, кенг фикрловчи интизом – одоб-аҳлоқда барча ҳавас қиладиган – инсон. Қисқаси, ҳақиқий сухандон – турли миш-мишлар-у – ҳар хил майда-чуйда гап-сўзлардан йироқ – ҳалқ минбаридаги шахс. Сенга ҳамма ҳавас-ла қарасин, сендай бўлишга интилсин. Чунки сен доимо инсонлар нигоҳидасан, қалбидасан.

Насиба Иброҳимова – ўқимишли, ҳар томонлама теран фикрловчи, тафаккур олами кенг, оддий, самимий, ҳаётий гапира оладиган сухандонлардан бири эди – доимо халқ олқишида бўлган.

Насиба Иброҳимованинг адабий-бадиий кўрсатувлар, “Ахборот”ни олиб бориши, қишлоқ хўжалиги, саноатга оид кўрсатувларни, ҳар бир чиқишини томошабинлар орзиқиб кутарди. Олиб бориш услуби мени ҳам мафтун этарди. “Менинг опам ҳам шу сухандондай кўрсатувлар олиб борса”, — деб орзу қилардим.

Орзу…

Мен бир умр телевидениега боғланиб қоламан, сухандон бўламан, деб ҳеч ўйламаганман. Анча муддат турли кўрсатувларда шеърлар ўқиб, суҳбатларда қатнашиб юрдим. Кўрсатувларда қатнашиш мен учун осон кечмаган. Анча мураккаб жараёнлар, тўсиқлардан ўтиб, дастлаб болалар учун тайёрланадиган “Оталаримиз жасорати” кўрсатувини, ундан кейин “Ёшлик” студиясининг қатор кўрсатувларини, жумладан, “Истиқбол эгалари”, “Студентлик олтин даврим” кўрсатувларида Дилфуза Ғуломова билан биргаликда бошловчилик қилдим. Ўзбекистон маданият ходими, режиссёр Мираббос Мирзааҳмедовнинг шу кўрсатувларда бошловчилик қилишимда хизматлари беқиёс. Мираббос Мирзааҳмедов “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувига узоқ йиллар режиссёрлик ва маълум муддат бошловчилик (ота қиёфасида) ҳам қилган. Шу кунларда ҳам нафақада бўлишига қарамай, тиниб-тинчимай матбуотда чиқишлар қилади.

***
Талабаликнинг илк кунлари…

Саҳна нутқи ўқитувчимиз Сотимхон Иномхўжаев: “Қатор туринглар… Энгашманг”, — деб биз талабаларни битталаб текширувдан ўтказди – “Гавдангни тик тут… Қаддингни ғоз ушлашинг, ҳаётда кўп нарсаларни белгилайди… Доимо ўзбекона меҳрга, оддийлик, самимийликка интил.

Энг асосий талабларимдан бири, талаффузни тузатиш, сўз устида ишлаш, соф ўзбек тилида гапиришни ўргатиш. Мақсад аниқ.

Артикуляция, дикция, нафас ва овоз гимнастикаси устида машқлар бажарамиз. Буларнинг ҳар бирини алоҳида соатларга ажратамиз. Ҳар битта ҳарфга алоҳида-алоҳида тўхталиб, машқлар бажарамиз… п-ф, х-ҳ, қ-ғ, ч-с…

…и – а – о – у – е – ё … ўзбек тилининг гўзаллиги, нафислиги, жозибаси, жарангдорлиги ва равонлиги унли товушлар туфайли”, — деб таъкидларди ҳар бир машқ аввалида, устоз.

“Нотиқлик санъати бўйича шундай билим олгинки, келгусида у сенга йўлчи юлдуз бўлсин. Сенинг ижодинг, маҳоратинг, ҳар қандай инсоннинг юрагидан, қалбидан жой олсин!”
Биз талабалар, ўз касбининг моҳир устаси, фидойиси Сотимхон Иномхўжаевдан мутахассислигимиз бўйича тўрт йил сабоқ олдик.

Ота-боболаримиз тарихи, эски ўзбек тили ва форс тилларини мукаммал билган, одамларга яхшиликлар истовчи бу покиза инсон хасталиги сабаб, кексаликкача етиб бора олмади. (Охиратлари обод бўлсин)

Ўзбекистонда илк бор (телевизион кўрсатувлар 1956 йил 5 ноябрь) эфирга узатилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан тайёрланган кўрсатув келажагимга умид уйғотди.
Маълумот ўрнида: Улар биринчилардан эди. Ижодий ишлар бўйича директор Мирсолиҳ Мирағзамов, техника директори Марзия Абдуллаева, режиссёрлар Бобо Хўжаев, Армуғон Муҳамедов, тасвирчи (оператор) Пўлат Расулов.

Биринчи кўрсатув қалдирғочлари – сухандонлар (диктор) Иқбол Олимжонова, Юнона Столяровалар. Кейинроқ бу сухандонлар сафига Галина Мельникова Раъно Мадраҳимова (“Маҳаллада дув-дув гап” фильмида архитектор қиз ролини ижро этган) қўшилди.

60-йиллар телевидениеси ҳозирги давр телевидениесига нисбатан жуда ҳам ибтидоий бўлган – техника жиҳатидан ҳам, ижодда ҳам. Лекин ўз даврининг мўжизаси бўлган.
Телевидение аср, давр ихтироси, катта бир кашфиёт янглиғ хонадонларга кириб борди. Дастлаб, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, кўпроқ кинофильмлар, концертлар намойиш қилинди.

Бутунлай янги соҳа бўлганлиги боис, ижодий жараёнларда махсус мутахассислар кам бўлган.

Телевидение талаби: интилиш, изланувчанлик, ўз даври – жамият, миллий яшаш тарзига хос, қизғин ижодий изланишлар даври бошланди. Янги номлар кашф этилди.
Телевидение туғилганидан буён, ҳаётнинг ҳар жабҳасида, одамларга ҳамроҳ, ҳамқадам. Телевидение инсонларни маънавий-маърифий камолотга элтувчи катта куч. Телевидение имкониятлари беқиёс…

1969 йил сентябрь ойида Тошкент телевидение студиясига (диктор) сухандон бўлиб ишлаш учун, телевидение орқали махсус танлов эълон қилинди.

Муттасил бир ой давом этган эълонда “ўзбек ва рус тилларини мукаммал билиши шарт”, — деган сўзларга алоҳида урғу берилган. Таваккал. Ҳужжатларни топширдим. Ўша йилги танлов – телевидение ташкил бўлгандан 13 йил кейинги энг катта танловлардан бири бўлган. Иштирокчилар юздан зиёд. Битта ўринга… Менда қўрқув пайдо бўлди. Нега?..
Телевидениедаги ижодимда атак-чечак даврим ўтиб, унинг эшиклари мен учун кенг очилган бўлса? Нега шубҳа, иккиланиш.

1966 йилдан бошлаб, тўрт йил давомида катта-кичик кўрсатувларда иштирок этдим. Йиллар мобайнида “Ёшлик” студияси кўрсатувларида бошловчилик қилдим. Анча-мунча тажрибага эга бўлдим. Кенг халқ оммасига мўлжалланган бу кўрсатувларнинг ўз томошабини бор эди.

60-йил охирларидан бошлаб, радиода “Ёшлик” радиостанцияси эшиттиришларида Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Дилфуза Ғуломова билан биргаликда бошловчилик қилдим.

Эшиттиришларда тинмай банд бўлишимга имконият яратган радиорежиссёр Рустам Ёвқочев, мендан назарий ва амалий билимини аямади. Тилни чархлашда радио имкониятлари беқиёс.

Гарчи мен телевидение кўрсатувларида, радиоэшиттиришларда бошловчилик қилаётган бўлсамда, 1969 йилда телевизион театр режиссёрлари таклифи билан роллар ҳам ижро этдим.

Америка ёзувчиси Теадор Драйзернинг “Америка трагедияси” романи асосида яратилган икки қисмли телевизион театрда (режиссёр Ганжа Ёқубов) Франк Гариет ролини ижро этишим, телевизион театрда ҳатто кичкинагина эпизодик қиёфада чиқмаган мен учун тасаввур қилиш қийин бўлган катта воқелик эди. Устига-устак, телевизион театр иштирокчилари, театр ва кинода суяги қотган машҳур актёрлар: Ўзбекистон халқ артистлари Турғун Азизов, Ўлмас Алихўжаев, Ойдин Норбоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Светлана Муродхўжаева, Маҳмуд Дўсматовлар эди.

Орадан бироз фурсат ўтиб, Зиннат Фатхулиннинг “Ғунчалар” спектакли асосида яратилган икки қисмли телевизион театрда режиссёр Мирзакарим Бобоев, ролларда Ўзбекистон халқ артистлари Мақсум Юсупов, Суръат Пўлатов, Наима Пўлатовалар (даврасида) қуршовида бош роль – етим болани ижро этдим. Синглик ролида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нафиса Тўхтаева.

Телевидение ва радио тобора умрим мазмунига айланиб борди. Ўзимни ундан айро тасаввур эта олмайман. Бас, шундай экан, асосий мақсадим не бўлганда ҳам сухандонлар танловида ғолиб бўлиш.

Назаримда, менда нимадир етишмаётгандай… яна шубҳа, иккиланиш…

Одамнинг вояга етиб, шаклланишида муҳит, яхши одамлар таъсири катта. Мен ўша дақиқаларда ҳаёт мактабини кўрган, билимдон, олийжаноб инсонлар қуршовида бўлдим.
Ана шулардан бири, нотиқлик санъати билимдони, нутқ маданияти бўйича республикамиздаги энг етук мутахассислардан бири, Ўзбекистон халқ артисти, профессор Назира Алиева эди.

Телевидениедаги бадиий, шеърият билан боғлиқ айрим чиқишларим доимо шоир ва адиб Туроб Тўла, Назира Алиева кузатувларида эди. Уларнинг ҳар бир танқидий фикрларидан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қилардим.

Туроб Тўла 40-йилларда радиода сухандонлик қилган. Шу туфайли ҳам ўзига хос бадиий сўз айтиш санъатига эга ижодкор эди. 80-йиллар бошларида матбуотда – “Шарқ юлдузи” журнали орқали тош отилганда ўз муҳофазасига олган инсонлардан бири Туроб Тўла эди.

Тиғиз пайт келди. Устозим Назира Алиева талабалар билан машғулот, кундалик юмушларидан вақт ажратиб, гоҳида ўқув хонасида, баъзан уйида – набиралари қуршовида мени сухандонлар танловига тайёрлай бошлади. Ҳар куни бир, бир ярим, гоҳида икки соатдан машғулот.

“Нега кайфиятинг йўқ, хумпар”, — деди, бир куни опа. (Опа “хумпар” сўзини эркалаш маъносида айтар эди) “Ўзингни қўлга ол! Оптимист бўл! Дўстга ҳам, душманга ҳам ўзингни заиф, нимжон қилиб кўрсата кўрма, хумпар. Одам ўзини-ўзи тарбиялай билиши лозим. Қалбингда мақсад, ишонч, орзулар жўш уриб турса, юришу-туришинг, қадам ташлашинг ҳам ўзгариб, чеҳранг очиқ, юзинг ёришиб туради. Ишингда барака катта натижалар, ютуқлар бўлади. Доимо сени яхшиликлар кутади. Сенга атрофдагиларнинг ҳурмат, эътибори ошади”.

Устоз назарий-психологик, ҳам амалий машғулотлар услуби билан, ҳам теран фикрлари ила, мени ижодда юксакликлар сари етаклади.

Сўзларни тўғри талаффуз қилиб, жўшқин, ифодали ўқиш сирларини ўргатди. Сиёсий, қишлоқ хўжалиги мавзусидаги лавҳаларни қандай талқин қилиш керак, “Ахборот” дастури қандай ўқилади, ҳамма-ҳаммасини бирма-бир, батафсил ўрганишга ҳаракат қилдим.

Опа рус тилини ёшлигидан мукаммал билган. Шу туфайли ҳам рус тилида ўқишни, талаффуз қилишни ўрганишим анча осон кечди. Рус шоири Сергей Есенин шеърларидан ёдлатиб, ифодали ўқишнинг айрим жиҳатларига ҳам эътиборни қаратди. Ўзбек шоирлари Асқад Мухтор, Абдулла Орипов шеърларидан ёд олиб тайёргарлик кўрдим.

Бадиий ўқиш сирлари – сочма, бармоқ вазнидаги шеърлар қандай ўқилади, опадан батафсил сабоқ олган эдим. Ҳозирги кунгача ўргатганларига амал қилиб, ёшларга ҳам сабоқ бераман. Шу туфайли, 2010-2014 йиллар оралиғида “Ёшлар” телеканалида 10 мартадан кўп намойиш қилинган “13 студия” кўрсатувида “шеърни қандай ўқиш керак”лиги ҳақида маълумот бердим.

Устозим Назира Алиева “Санъат – менинг ҳаётим” китобида ёзади: “… менинг бобокалоним ьиринчи ўзбек генерали Жўрабек Қаландаров қори ўғли ғоят халқпарвар, олижаноб кишилардан бири бўлган эканлар. Бобомнинг тўнғич фарзандлари Оллоқулибек Жўрабеков ҳам юксак малакали ҳарбий қўмондон бўлган экан. Бобомерос анъаналарни давом эттирган менинг дадам Насриддинбек ҳам узоқ йиллар полковник даражасида ишлаганлар…

Жўрабекнинг эвара-чеваралари орасида йирик давлат арбоблари, ҳарбий қўмондонлар, таниқли олимлар ва ниҳоят, мен ҳам борман.

Мен онамдан жуда ёш етим қолганман. Онам европача таълим олган, юксак маданиятли ва билимдон аёл бўлган эканлар. Айтишларича, менда ҳам онамнинг кўп жиҳатлари бор эмиш.

Аям оламдан ўтгач, мен ҳолам Улфатхон (аслида исмлари Ўғилтойхон) Жўрабекованинг тарбияларида қолганман”.

Бу қалби сахий, дарёдек бағрикенг аёлнинг менга бўлган чексиз мурувватининг яна бир қимматли томони шундаки, у ўз ҳикоялари, халқимиз яратган достонлар ҳақидаги қатор нақллари билан мени нафосат дунёсига олиб кирди, адабиёт, санъат оламига улкан меҳр уйғотди.

Назира Ҳакимбекова (Алиева) 1925 йилдан Бокуда Озарбайжон Давлат Турк театр техникумида ўзбекнинг машҳурлари – Халқ артисти Ҳалима Носирова, Ўзбекистон халқ артисти Сайфи қори Олимовлар билан биргаликда таҳсил олади. Сўнг Москвада – Марказий театр санъати техникумида ўқишни давом эттиради. Техникум базасида ташкил қилинган, Давлат театр санъати институтини тугатиб, тақдир тақозоси билан яна Бокуга қайтиб келади. Опа Озарбайжон тилини мукаммал билади. М. Азизбеков номли Озарбайжон драма театрида В. Шекспирнинг “Отелло” спектаклида Дездемона ва қатор пъесаларда етакчи ролларни соф озарбайжон тилида ижро этади. Шу билан биргаликда ўқитувчилик фаолиятни давом эттириб, ўз таълим олган, театр техникумида саҳна нутқи фанидан ёшларга таълим беради.

Назира Алиева 30-йил ўрталарида Ўзбекистонга бутунлай қайтиб келади. Ўзбек театри асосчиларидан Маннон Уйғур, Етим Бобожоновлардан ўзбек театрининг ўзига хос сирларини, миллийликни қунт билан ўрганади. Театрда Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Обид Жалилов, Замира Ҳидоятова, Холида Хўжаевалар билан ёнма-ён турли роллар ижро этади.

Назира Алиева устози Маннон Уйғур (Оға) ҳақида бот-бот эсларди, ҳурмат билан тилга оларди:
“– Унлилар нутқнинг кўрки, лаззати, – дер эди Оға, шунинг учун унли товушларнинг тўлақонли, бурро талаффуз этилишига алоҳида эътибор бериш зарур. Хусусан, унли товушлар сўзнинг охирида келганда жудаям жиддий эътибор бериш, жудаям аниқ ва бурро гапириш керак. Сўзларни ёдлаб гапирманглар. Энг аввало, ўша сўзларнинг мағзини чақиб олиб, кейин гапиринглар…”, – деб ўргатган. “Мен устоз сўзларига доимо амал қилиб келдим. Ҳудди шу аснода шогирбларимга ҳам ўргатаман”.
Назира Алиеванинг “Санъат менинг ҳаётим” китобидан олинди.

1945 йил Тошкент Давлат театр санъати институти очилади. Маннон Уйғур ва Назира Алиевалар педагогика ишига таклиф қилинади. Опа ўзбек саҳна нутқи дарси ўқитилишига биринчи қадамларни қўйиш шарафига муяссар бўлганлардан бири.

Мен опа ҳақида кўпроқ тўхталдим. Опа – ҳар қандай мақтовга лойиқ. Опа – ҳаётим давомидаги энг севимли инсонларимдан бири.

Барча шогирдлари қатори мен ҳам опанинг меҳр булоғидан сув ичганман. Устоз айтганларидай: “Қалбингда, юрагингда, қулоқларинг остида “ўзбек тилининг оҳангдорлиги” доимо жаранглаб турса бас, у сени ижодда юксакликларга етаклайди”…

***

Ниҳоят, кўрик танлов куни ҳам етиб келди.

Ўзбекистон Давлат телерадиокомитети раисининг муовини, Убай Бурхон бошчилигида, режиссёр, муҳаррир, тасвирчилардан иборат нуфузли бадиий кенгаш иш олиб борди.
Сухандонликка қизиқувчи юздан ортиқ талабгорларнинг бари, бир неча кун давомида телевизион камера орқали битта-битталаб кўрикдан ўтказилди. Гўё рентгенда текширувдан ўтказилган сингари. Юз тузилиши, ҳусн-қиёфаси (айниқса қизларнинг) экранга тушадими, йўқми? Сараланди.

Анча кун оралаб, билим даражаси, эркин фикрлаши, қобилияти, нутқи, сўзларни қандай талаффуз қилади – савол-жавоб тарзида суҳбат бўлиб ўтди. Ундан кейин эса, ўзбек ва рус тилларида газетада босилган хабарлардан “Ахборот”, “Янгиликлар” қандай ўқилса, камера орқали ўқиттириб кўришди. Ифодали бадиий ўқиш ва шеър айтишимизгача текширувдан ўтдик. Мен Сергей Есенин шеърларидан айтдим.

Кўрик тўрт босқичдан иборат бўлганлиги сабабли, узоқ муддат давом этди.

Охирги якуний танловда иккита қиз, Мамажон Нурматов деган йигит ва мен қолдим. У Убай Бурхон қабулхонасида енгилгина савол-жавоб бўлиб ўтди. Қабулхонага иш юзасидан кириб чиқувчилар кўпайганлиги сабаб суҳбат охиригача давом этмади. Хонадан чиқдик. Қаторасига навбат. Раҳбар учун минг бир ташвиш, минг бир иш.

Бизни раҳбар хонасига етаклаб келган, бош сухандон Ўктам Жобиров кайфиятсиз бир ҳолатда “Сизларни хабардор қиламиз… Чақирамиз… Қўнғироқ қилиб туринглар”, — деб хайрлашди. Орадан кунлар ўтди. Жимлик…

Режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов кўрсатувларида (узоқ йиллар “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувига режиссёрлик қилган, кейинчалик шу кўрсатувларда Ота қиёфасини гавдалантирган) бошловчилик қилар эдим. Ёшларга бағишланган “Истиқбол эгалари” кўрсатуви сценарийсини олиб кетишга келаётганимда, телевидение ҳовлисида Ўктам Жобировга рўбарў келдим. “Мулла, кўринмай кетдингиз, қўнғироқ ҳам қилмайсиз, хонага киринг, ҳозир келаман”, — деб, ўтиб кетди. (Ўктам ака биз ёшларни эркалаб “Мулла” деб чақирарди). Сухандонлар хонасига кирсам, охирги кўрикда қатнашган қизлардан бири ўтирибди. Саломлашдик. “Сен ҳам келдингми?”, — дегандай, менга таъжубда, ҳайратомуз, менсимайроқ кўз остидан қараб қўйди.

Ўша даврда “Ўзбекистон хотин-қизлари” (ҳозирги “Саодат” журнали) журнали муқовасида шу қиз суврати чиққан эди. Марғилон дўпписида, қирқ ўрим сочлари оқиб турган, сувга тегай-тегай деб турган гўзал, хушсуврат қиз тимсоли. Ҳали ҳам сувратдагидай ўша гўзал қиёфа. Марғилон дўпписи. Қирқ ўрим сочлари, товонгача тушиб турибди.
Бир оздан сўнг хонага Ўктам ака табассум билан кириб келди. “Раҳбаримизга ҳар иккалангиз ҳам маъқулсиз”, “Отинча” сиз ҳам (Ўктам ака қизларни ҳурмат қилиб, “Отинча” деб чақирарди) Фарҳодга ўхшаб кўрсатувлар олиб боришингиз зарур. Ҳалигача телевидение экранида бирон марта ҳам кўринмагансиз. Қаранг Фарҳодни, Убай Бурхоннинг кўрсатмаси билан катта мусиқали кўрсатувга бошловчилик қиляпти.

1970 йил 23 январь. Ҳаяжонли, қувончли дақиқалар. Бундан олдин қанча кўрсатувларда иштирок этиб, бошловчилик қилган бўлсамда, бунчалик ҳаяжон босмаган эди. Бу галгиси мен учун катта синов, имтиҳон.

Менинг ҳаётим, келгусимни, тақдиримни белгиловчи синов…

Тамарахонимнинг шогирди, устозига ўхшаб, қўшиқларини айтаётиб, уларни рақслари орқали баён этувчи, ўзига хос нафис овозда куйловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулшан Отабоева учун ҳам унутилмас кун. Бу санъаткор жонли ижрода 40 дақиқа куйлади.

Шоир Ёнғин Мирзо кўрсатувга хос 7 варақдан иборат сценарий тайёрлади. Мен кўрсатувга бир ҳафта тайёргарлик кўрдим.

Кўрсатув муҳаррири, шоир Анвар Исроилов, кўрсатув репжиссёри Лариса Иноземцевалар сўзларнинг мағзини чақиб, ҳаётий, оддий, самимий гапириш кераклиги ҳақида сабоқ беришди.

Лариса Иноземцеванинг ўзбек миллатига бўлган ҳурмати, меҳри сабаб, ўз она тилида қандай сўзласа, ўзбек тилида ҳам шундай гапирарди. Адабиётимизга, санъатимизга қизиқиши катта бўлиб, ўзбек маданиятини жон дилидан севади.

Режиссёр Лариса опанинг кўрсатувдан олдин айтган дил сўзлари қалбимга кўчди: “Фарҳод мен сизни камера орқали кузатаяпман. Ҳаяжонланаяпсиз. Бу яхши. Шунга яраша, табассум ила юрагингизни, қалбингизни очинг. Чеҳрангиз ёрқин, сочларингиз таралиши-ю, бўйинбоғингиз боғланиши, ҳамма-ҳаммаси жойида, ярашиқли. Мен ишонаман. Бор маҳоратингизни ишга сола биласиз. Диққат. Бошлаймиз!”…

Иккинчи қаватдаги сухандонлар гапирадиган кичкина макет студиясида тасвирчи ва мен. Юрак дук-дук уриб, сониялар кетмоқда. Лариса опа айтган сўзлар менга далда бўлди. Руҳиятим тетикалашди. Ҳис-ҳаяжон ичра гапираётиб, гўё мен оппоқ булутлар аро парвоз қилмоқдаман…

Менинг камтарона суҳбатим, созандалар жўрлигидаги миллий, халқона, жозибадор қўшиқлар янграб, ўлкамиз бўйлаб, хонадонларга кириб борди.

Устозлар айтган талабу, ўгитларни қанчалик уддаладим, билмайман. Гўё, тушда кўргандай, ҳаммаси бир зумда ўтди-ю, кетди.

Тасвирчининг “Яхши олиб бордингиз”, – деган сўзи қулоғимга чалинди. Макет студиясидан чиқдим-у, кўзларим қоронғулашиб кетди. Ечимини кутаётган ниҳоятда муҳим синовдан ўтдимми, йўқми?!

Режиссёр пульти ёнида турган кўпчилик орасидан баланд бўйли, қадди қомати тик, салобатли, сочларига оқ оралаган Убай Бурхонга кўзим тушди. У жиддий тарзда кўрсатув ижодкорларига неларнидир уқтирар эди. Кўрсатув муҳаррири Анвар Исроилов, режиссёр Лариса Иноземцевалар сўзсиз бош чайқаш билан жавоб беришарди.

Мусиқали кўрсатувлар бош муҳаррири Санъат Рўзиматов ва муҳаррир Анвар Исроиловларга “Бу йигитдан кўпроқ фойдаланинглар”, – дея хонани тарк этди.

Лариса опа “Нега хомушсиз. Синовдан яхши ўтдингиз”, – деди. Анвар ака унинг сўзини давом эттирди: “Табриклайман сени. Бошланиши ёмонмас. Убай Бурхон раҳбар сифатида ўта талабчан. Ҳамма кўрсатувларни ёқтиравермайди. Айниқса, сухандон, бошловчилар масаласида… Кўринишига, талаффузига, айтаётган ҳар бир сўзига, алоҳида, ўта сеграклик билан эътибор беради. Мақташ, мақтанишни ўзига эп кўрмайди. Менимча бугунги кўрсатув Убай акага маъқул бўлди, чоғи. Раҳбар айтгандай, мусиқали кўрсатувларга сени жалб қиламиз. Янги лойиҳаларимиз бор. Жамоамиз билан келишгач, сенинг кўрсатувни олиб бориш қобилиятинга қараб, мосини танлаймиз”, – дея, қўлимни маҳкам сиқиб хайрлашди.

Негадир қор учқунлаб турган аёзли оқшомда Навоий кўчаси бўйлаб, пиёда юргим келди. Кўча бўм-бўш. Одам зоти кўринмайди.

Хурсандлик четга сурилиб, жисму жоним, қалбим маъюсланиб қолди. Бекатга келиб тўхтаган трамвайга чиқмасдан, Ҳадра майдонидан ўтиб, Чорсу томон юрдим. Чақар бекатидан ўтувчи биринчи трамвайга ҳам ўтирмадим. Изғирин шамолда юзимга келиб урилаётган қор учқунларига ҳам парво қилмай, тош ётқизилган кўчада трамвай излари бўйлаб юрарканман, қадамим янада секинлашди. Шу алфозда қанча йўл босдим билмайман.

Юрагимда, қалбимда алланечук ўзгаришлар пайдо бўлди. Танам титраб кетди. Кўзларимдан дув-дув ёш тўкилди…
Мана шундай қиш оқшомларида отам айтган афсона, ҳикоя, шеърлар қулоқларим остида жаранглаб, сас берди…

Мактабда адабиёт фанидан таълим берган устозим Пирмат Худойберганов, Тошкентдаги устозларим Назира Алиева, Сотимхон Иномхўжаев, Анвар Исроилов, Рустам Ёвқочев, Ўктам Жобиров, Насиба Иброҳимова, Мираббос Мирзааҳмедовлар кўз олдимдан ўтди. Ҳар бирларидан катта ҳарфлар билан ёзилган “НЕЛАРНИДИР” олганман.

Йўл тугамаса, трамвай излари уфқларга туташиб кетса-ю… у мени катта умид йўлларига олиб чиқса. Устозим Асқад Мухтор айтганларидай: “Чинакам шодлик лаҳзаларини гулдек узиб эмас, Данте айтганидай, абадий сўлмас гулзорга кўз тикиб яшайди. Абадий сўлмас гулзор эса – умид”.

Орадан вақт ўтиб, мендаги умид ниҳоллари барг ёза бошлади. Не бахтки, янги ташкил қилинган “Хатлардан – қўшиқларга” кўрсатувининг бошловчилигини ишонч ила менга топширишди. Кўрсатув кетиши ҳамоно камина номига мактублар ёғилди. Ўша давр телетомошабини бундай кўрсатувларни томоша қилишга чанқоқ эди.

Мухлисларнинг талаб, истаклари инобатга олиниб, бу кўрсатувнинг мунтазам эфирга узатилиши учун, ҳар якшанба куни соат 20 да, 40 дақиқадан вақт ажратилди.

Якшанба кунларининг бирида, қишлоқдаги қўшнимиздан тракторчи Қўчқор ака хонадонида, фарзандлари кўрсатув олиб бораётганимни кўриб қолишган. Ишонишмаган. “Юртимиз кенг, бир-бирига ўхшайдиган чеҳралар кўп. Наҳот, қишлоғимиз боласи телевизорда чиқиб гапирса. Ишонмайман”, – дейди Қўчқор аканинг рафиқаси Ойимжон опа. Унчалик эътибор ҳам қилишмаган.

Ҳафта ўтиб, кўрсатувни синчковлик билан кузатиб, юзимдаги холимдан танишган. Бизнинг хонадонимизда телевизор йўқлиги сабаб, Бозорбой деган ўғлини уйимиздагиларни чақириб келиш учун жўнатишади. Отам ва онам етиб келганларида, кўрсатув тугайди. Фақат хайрлашаётган дақиқаларимнигина кўришга улгуришади. Кўз ёшлари билан афсуслар ила уйга қайтишади.

***

Ўша даврда – 70-йилларда телевидениеда сухандонлар, бошловчилар кам, – саноқли бўлганлиги сабаб, сухандонликка қабул қилиш маълум даражада воқелик ҳисобланарди. Сухандонлик санъатига қизиқувчи айрим телетомошбинларни танлов натижаси қизиқтирар эди.

Телевидениенинг ўзида ҳам, ўқиш жойимда, мен ишлаётган “Ўзбекфильм” киностудиясида ҳам, таниган билган яқинларим орасида, мен ҳақимда: “Телетанловда иштирок этибсан. Сени юздан зиёд номзодлар орасида ғолиб бўлибди”, деган гап-сўзлар оралаб қолди.

Орадан уч ойдан кўпроқ вақт ўтди. Кўча-куйда учрашиб қолган таниш-билишлар ҳам, “Табрикласак бўладими?” – дея гап бошлашар эди. Баъзилар эса, пичинг аралаш “гап қистиришарди”.
Дикторлар гуруҳи раҳбари Ўктам Жобиров менинг сухандонлар тарафида бўлишим тарафдори эди. Ҳар гал учрашганимизда: “Сабр қилиб туринг. Ҳозирча олдинги ишхонангиздан бўшамай турганингиз маъқул”, – деган фикрни билдириб, кўрсатувларни олиб боришим ҳақида ўз маслаҳатларини аямас эди.

“Бошловчилик қилаётган ҳар бир кўрсатувингиз, ҳар гал сиз учун катта имтиҳон. “Болалар” таҳририятининг “Оталаримиз жасорати” кўрсатувини олиб боряпсиз. Номланиши мазмунли, чиройли. Лекин ички моҳиятига кириб борсангиз, матни саёз, юзаки, қуруқ гаплардан иборат. Иложи борича бундай кўрсатувлардан узоқроқ юринг. Улар сизга обрў олиб келмайди. “Ёшлик” студиясидан олиб бораётган кўрсатувларингиз менга маъқул. Дуруст. Таклиф қилишса, бошқа кўрсатувларда ҳам бошловчилик қилаверинг. Фақат мақтовларга учманг. Кўрсатув танлашда адашманг,” – дея, Ўктам ака йўл-йўриқ кўрсатиб, кўнглимга таскин берар эди.

Кўрсатув олиб бориш баҳонасида, дикторлар хонасига тез-тез кириб турардим. Бу гал кирганимда, дикторлар танловида қатнашиб, мен билан бирга кўрикнниг охирги кунигача етиб келган қиз ўтирибди. Орадан анча вақт ўтиб, бу қизнинг яна пайдо бўлиб қолиши мени ҳайратлантирди, таажублантирди. У саломимга жавоб ҳам қилмади. Менга “Нега келдинг?” дегандай, совуқ қараш қилиб, дераза томонга қараб ўтираверди. Қизнинг қўлида ручка, олдида теледастурлар ёзилган варақлар турарди.

Қизни кўрик танлов вақтида, машқ қилаётган пайтларимда кўп бор кузатганман. Теледастур, айниқса, “Янгиликлар” ўқишни машқ қилаётганида ҳаяжонланиб, баъзида “р” ҳарфи “ғ”га айланарди. Ора-орада нозу-карашма билан гўзаллигини намойиш қилиш ҳаракатида бўларди. Ўша дақиқаларда, гапираётганида қалин дўрдоқ, бўртиқ лаби учидан ҳарфлар сочилиб кетарди. У ҳам бошқалар сингари машҳур бўлишни ҳоҳлайди. Орзулар қилади.

Наҳот, у қиз яна сухандон бўлиш ҳаракатига тушиб қолган бўлса…

Ўктам ака дикторлар хонасига “Мусиқали кўрсатувлар муҳарририяти”дан муҳаррир Жалолиддин Нажмиддинов ва режиссёр Маҳмуд Икромовларни бошлаб келди ва илтимос оҳангида гапирди: “Юқорининг топшириғи. Бу ҳақда раҳбарингиз Санъат Рўзматов ҳам хабардор. Синглимиз мусиқали кўрсатувларда бошловчилик қилишга ҳам қизиқар экан. Ўқитиб, синаб кўрсангизлар…”

“Қизиқиш яхши” – деди Жалолиддин ака – “Мусиқали кўрсатувларда чиқишга ҳавас қилувчилар жуда кўп. Ишқ бошқа, хавас бошқа… Бугун ҳам эрталаб бошловчиликка қизиқувчи йигит-қизлар келишди”. Маҳмуд ака унинг сўзини давом эттирди, “Қизимизни ҳам шулар қаторида, жамоамиз билан биргаликда синаб кўрамиз”, – дея қиз билан биргаликда чиқиб кетишди.

“Мен бу қиз ҳақида аниқ фикр билдира олмайман. Сиз ҳақингизда эса Убай Бурхонга яна бир бор эслатаман. Қўлимда бўлганда эди, шу бугуноқ сизни ишга қабул қилардим. Кўряпсизу, сухандонлар етишмаяпти. Тез-тез хабарлашиб туринг, кутинг”, дея Ўктам ака мен билан хайрлашди.

Кўчага чиқдим-у, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Ичим ҳапқириб кетди. Кутиш…

Олиб борган кўрсатувларим яхши баҳоланиб, Убай Бурхон туфайли бошловчилик қилишимга кенг имконият эшиклари очилиб, кўрсатувлар олиб бораётган бўлсам… Кўпчилик овоз билан кўрик-танловда ғолиб бўлсаму, дикторликка қабул қилинмасам. Қандай тўсиқ бўлиши мумкин? Бошим ғовлаб, фикрларим айқаш-уйқаш, чалкашиб кетди. Турли хил ўй-ҳаёллар миямда чарх урарди. “Ҳали сен кимсан, йўлингни бировлар тўсадиган? Кимсан ўзи?! Ҳеч ким эмассан… Вассалом. Мен дардимни кимга айтаман?..” – дея, юрагим ўртанди.

Бугун ҳам кўнглим иложи борича ҳеч ким билан учрашмасликни ихтиёр этди. Ўқиш ва ишдан бўш вақтларимда Навоий кўчаси бўйлаб, Хадра ва Чорсу майдонлари атрофида юриб, ўзимни овутиш – кундалик одатий ҳолга айланган.

Чорсуда биринчи трамвай айланиб тўхтайдиган охирги бекатга яқинлашганимда, одамлар сийрак жойда оқ саллали, оппоқ соқолли, эгнида оппоқ чопон – истарали, нуроний бобо мени тўхтатди.

“Кеча ҳам ҳудди шу жойдан паришонхотир, ҳафахол бўлиб ўтиб кетдинг. Ойнаи жаҳон орқали кўриб, сени таниганим сабаб, сенга айтар сўзларим бор.

Одамлар қалбига тушиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Энди сен кўпчилик нигоҳидасан. Ўзингни асло тушкун, ғам-ташвишли кўрсатма.

Сенинг юзинг, кўзларинг сўйлаб турибди, яхши оила фарзандисан. Толейинг бор йигитсан. Мен ҳаммага ҳам насиҳат қилавермайман. Аввало, сенга бу дунёда яшаш насиб этибдими, шукрона келтир. Ҳаёт йўлинг ҳали олдинда. Омад сенга кўп бор кулиб боқади. Сен – доимо яхши, ҳалол, покиза инсонлар даврасида бўлишга интил. Энди сен борар йўлингдан – ҳаёт сўқмоқларидан, ўз севган ишингдан ортга қайтишни ҳаёлингга келтира кўрма. Йўлдан адашма. Умидсизланма. Сабр қил. Келгусида сени кўп яхшиликлар кутади. Тез орада ишларинг ўнгланиб кетади. Фақатгина сабр қил… Кут…” – дея, бобо йўлида давом этди.

Шу дақиқаларда, одамлар ишдан қайтиш онларида, бекатда чунонам одам кўпайди-ки, бобо тўпланганлар орасига сингиб кетди.

Мен Чорсуда, шу жойда оппоқ соқолли бобони неча кунлаб, соатлаб кутдим. Афсуски, бобони бошқа кўриш менга насиб этмади. Ҳозиргача кўз олдимдан нари кетмайди, бобо. Овози қулоқларим остида сас беради…

Фақатгина сабр тоқат… Кутиш… Қанча кутгин деса, майли кутаман. Чорам қанча, чидайман албатта. Орқага йўл йўқ.

Орада маълум муддат, кўпчиликка, айниқса, телевидение ижодкорларига кам кўринишни истадим. Сабаби аён.

1970 йил апрель ойи ўрталарида мен яшайдиган “Атиргул” кўчаси 50-уйга “Кастёрный” кўчаси 18-уйда яшовчи курсдошим, телевидение сухандони Мирзоҳид Раҳимов йирик кўзлари чақнаб, кириб келди.

“Дўстим, сенга хушхабар”, – деди мени бағрига босиб. – “Табриклайман. Сени дикторликка – бизнинг сафимизга қабул қиладиган бўлишибди. Тезда ҳужжатларингни Ўктам акага олиб бор.

Охирги вақтларда телевидениеда кўринмай қолдинг. Ўқишга, дарсларга ҳам бормай қўйдинг. Тинчликми? Сени “Ёшлик” студияси режиссёри Мираббос ака бир-икки марта сўроқлади. “Истиқлол эгалари” кўрсатувини олиб боришинг керак экан. Яна “Мусиқали кўрсатувлар” таҳририятидаги Анвар Исроиловга, шеърлар асосида тайёрланган мусиқали кўрсатувга бошловчилик қилишга ваъда берган экансан.

Хабарлашай деса, уйингда телефон йўқ. Ваъда бериб, учрашмаганинг учун сендан ҳафа. Алдамагинда. Анвар Исроилов ҳақиқий шоир, кўнгли ҳам шоир табиат – ўта нозик. Бу инсон ҳамма бошловчиларни, сухандонларни ёқтиравермайди. Кўрсатув олиб боришдаги қайсидир жиҳатларинг маъқул келган бўлса керак. Бу сен учун омад. Эртадан кечикмай учраш”.

Бу сўзларни эшитдим-у, баданим қақшаб-титраб, танамдан совуқ тер чиқиб кетди. Наҳот…
1970 йил 20 апрель куни мени сухандонликка эмас, режиссёр ассистентлигига қабул қилишди. Нега?

Ўктам ака менинг ишга кириш ҳақидаги аризамга қўл қўйдириш учун Убай Бурхон хонасига олиб кирганда, телевидение мутасаддиларидан бири менинг диктор бўлишимга қарши чиқади. “Кўрсатувларни олиб бориши ёмон эмас… анча дуруст. Лекин, яна бироз тўхтаб турса”… деган фикрни билдиради.

Чорсудан уйга – “Чақар” бекати томон пиёда кетяпману, трамвайнинг “тақ-туқ” овози тўхтамаса дейман. Негадир кўнглим Бешёғочга боришни истади. Ғафур Ғулом уйига яқин, йўлнинг ўнг томонидан оқиб ўтувчи сув бўйида узоқ вақт ўтириб қолдим. Ариқдаги сув тошқин, лиммо лим оқарди. Менинг кўнглимда ўксик бир ҳолат…

Ғафур Ғуломнинг “Бахт нима..? Комиллик нима..? Хали сен ёшсан. Ҳамма нарса олдинда. Лекин ҳаётда қоқилма”, – деган сўзлари, Қори Ниёзийнинг биз ўқувчиларга айтган, “Ҳаётда, фанда сен учун тўппа-тўғри, текис йўлнинг ўзи йўқ… Эгри-бугри, чағир тошли”… – деган гаплари, барча устозларимнинг ўгиту-насиҳатлари қулоқларим остида сас берди, бир-бир кўз олдимдан ўтди. Атрофимда ўйинқароқ кучуклар пайдо бўлиб қолди. Ҳаёлим бўлинди. Улар қувноқ. Бир-бирларини сакраб-сакраб қувлашарди. “Навоий” номли кинотеатр олдида ҳар доимгидек одам тирбанд. Чипта олишга узундан-узун навбат. Турганларнинг баъзилари бепарво, бировларнинг юзида кулгу, айримларининг қош-қовоғи солиқ. Ҳаётда бир хил тўкислик йўқ. Бўлмайди ҳам. Кимдир кулади. Кимнингдир қалбида ғам-ташвиш. Кимдир йиғлайди.

Орадан икки кун ўтиб, мени режиссёр ассистентликка қабул қилишди. Ижтимоий-сиёсий кўрсатувлар таҳририяти бош муҳаррири Эркин Азимов, таҳририят бош режиссёри Мақсуд Юнусов, дикторлар гуруҳи раҳбари Ўктам Жобиров Убай Бурхон қабулида бўлишди. Беш дақиқалар ўтиб, мени ҳам ичкарига таклиф қилишди.

Убай Бурхон бироз жиддий, ним табассум билан гап бошлади: “Ўктам, йигитчамиз Фарҳодга, режиссёр ассистентлиги ишидан бўш пайтларида соат 18:00 даги кечки дастурни очиши, оралиқдаги кўрсатув эълонларини олиб боришига имконият яратиш керак. Телетомошабинлар эътиборини қозониш осон эмас. Токи, телевидение яна бир янги қиёфага эга бўлгани кўринсин. Қанча ўрганиши керак бўлса, ўргансин. Насиба Иброҳимованинг дикторлик таълимини олсин. Бу ҳақда Насибага ўзим ҳам айтаман”, – дедию, менга қўлини узатди ва бошқа сўз айтмади. Бу мени табриклаши ва чиқиб кетишимга туртки эди.

70-80 йилларда навбатчи диктор соат 18:00да кўрсатувлар дастурини кадрда эълон қила туриб, телетомошабинларга кайфият бағишлар эди. Кўрсатувлар оралиғида ҳар ярим соат, бир соат ўтиб, навбатдаги кўрсатувларга қисқача изоҳ бериб ўтиларди. Гўё дастурхонда барча нозу-неъматлар бору, улардан баҳраманд бўлишини сухандон эслатиб, мақтов сўзлари ила таклиф қилиши лозим. Ҳар бир чиқиш сухандондан катта маҳорат талаб қилар эди. Бундан ташқари, сухандон шу кунги навбатчилиги давомида турли ҳажмдаги кўрсатувларни ҳам олиб боришига тўғри келар эди. Масалан, мусиқали, қишлоқ хўжалиги ва ҳаказоларни…

“Сухандон кўрсатувлар оралиғидаги ҳар бир чиқишида телетомошабинни шундай жозибадор, таъсирчан сўзлари ила таклиф этсинки, ҳатто бошқа хонада уй юмушлари билан банд бўлган уй бекаси ҳам кўпчилик оила аъзолари қатори телевизор қаршисидан кетолмай қолсин. Таъсирчан, ҳаётий овози, сўзлари телетомошабинни сеҳрлаб қўйсин. Сухандоннинг навбатдаги чиқишини сабрсизлик билан кутсин”, – деб уқтирарди устозим Насиба Иброҳимова.

Асосий вазифам режиссёр ассистенти бўлгани сабаб, унга анча вақт сарфлар эдим. Қолган вақтимни дикторлар хонасида ўтказардим.

Кўчада юрганларимда телевидениеда “янги қиёфа” пайдо бўлибди, деган сўзлар элас-элас қулоғимга чалинадиган бўлди. Мен бундан куч-қувват олардим.
1972 йил 1 декабридан тўла дикторлик фаолиятим бошланди.

Раҳбаримиз, сўз устаси, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Убай Бурхоннинг барча ёш сухандонлар каби менга берган беғараз амалий ёрдами, телевидениенинг етук ижодкорлари, муҳаррир ва режиссёрлари сабаб, миқёси кенг катта дастурларда чиқиш менга насиб этди.

Убай Бурҳон салобатли, шунга яраша маданиятли инсон эди. Ўзгача виқор ила соф адабий тилда, жарангдор овозда гапирарди. Радиодаги “ўша давр”га хос бўлган бадиий ўқишлари, шеър айтиши кўпчиликка манзур эди.

Убай Бурҳон 1921 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1946 йили Ўзбекистон Давлат университетининг филология факультетини тугатгач, Республика радиосига муҳаррирликка қабул қилинади. 1967 йилдан 1985 йилгача Давлат телерадиоқўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилади. Узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлашига асосий сабаблардан бири, радио ва телевидениеда тамал тоши қўйилиб, шу жойда униб, ўсганлиги. Шу туфайли ҳам радио ва телевидениенинг ижодий жиҳатларини миридан-сиригача билган, десам, муболаға бўлмас. Убай Бурхон моҳир ташкилотчи, қатиққўл, шу билан биргаликда одамларнинг қалбига тезда йўл топа оладиган ажойиб инсон, меҳридарё раҳбар эди. Унинг хонаси чинакам ижодий лабораторияни эслатарди.

Убай Бурҳон раҳбарлик қилган даврдаги радио ва телевидениенинг кўплаб ижодкорлари, айниқса, телевидение сухандонлари беғараз ёрдам, ўгитларидан бир умр миннатдор. Ҳар бир сухандоннинг қайси кўрсатувни олиб боришга мослиги, неларга қодир эканлиги, ҳамма-ҳаммасини синчковлик билан кузатиб, кўрсатувларни шахсан ўзи тақсимлаб, сухандонлар қалбига қулоқ тутарди. Биз Убай ака сўзларидан маънавий озуқа олиб, ҳар бир кўрсатувга яхшигина ёндашиб, қалбимизда жўшқинлик пайдо бўларди. Айрим кўрсатувларни тайёрлаш жараёнида муаллиф, режиссёр, сухандонлар билан биргаликда асосий иштирокчига айланарди. Айниқса, ўзбек адабий тилини мукаммал билганлиги сабаб, сухандон тилининг софлигига, маданий савияда гапиришига эътибор берарди. “Ҳар қандай ижодкор – журналист, муаллиф, бошловчи ўз она тилида равон гапира олмаслиги, нотўғри талаффуз, миллатга ҳурматсизлик, маданиятсизлик белгиси ҳисобланади. Сиз сухандонлар тил масаласида ҳар жиҳатдан сабоқ бўлишларингиз керак. Кўпчилик телетомошабинлар тил масаласида сизларга эргашади”, — деб, эслатиб турарди.

Убай Бурҳонни билган ҳар бир инсон – ижодкор, радио-телевидение остонасида ўсиб-улғайган, бутун умрини унинг ривожига бахшида қилган, профессионал етук раҳбар сифатида қадрлайди. Бу инсоннинг ўзбек телевидениеси тарихида, ижод йўлида ёрқин, ўчмас изи бор.

Убай Бурҳон ўзбек маданиятининг ҳақиқий фидоийларидан эди.

Ер юзида инсоният пайдо бўлибдики, одамлар ўз замонасидан, яшаш тарзидан келиб чиққан ҳолда, ўзидан олдинги ўтган одамга нисбатан танқидий ёндашиб келган. Инсон аслида шундай яралган. Токи инсоният бор экан, у замонлар оша шундай давом этаверади.

Раҳбар ишдан кетдими, бўшатилдими, ҳар хил миш-мишлар пайдо бўлади. Кимдир ҳафа бўлади, кимлардир хурсаннд, яна кимдир бепарво. Балки бу ҳаёт қонуниятидир.
Қандайдир раҳбар ҳаёт сўқмоқларида ўчмас из қолдиради. Кимлардир изсиз йўқолииб кетади. Телевидение ижодида ҳам ҳудди шундай бўлиб келган. Келиб-кетувчилар кўп. Из қолдирганлар қанча?..

“Тошкент телестудияси” ўз кўрсатувларини бошлаган 50-йиллардан 90-йилларгача, катта дастурларни олиб боришда “ўша давр” мафкураси, қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда “ўша замон”нинг энг катта раҳбарини мақтовларга ўраб, (кўрсатув бошланиши асносида) раҳбар олиб бораётган “ленинча” доно сиёсат”ни баландпарвоз сўзлар ила осмон қадар кўкларга кўтариб мақташ талаб қилинарди. Айниқса, саноат, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи раҳбарлар, ишчи-деҳқон, турли касб эгалари, қўйинчи ҳамма ҳамма “… съезд қарорларини амалга оширган ҳолда …, …. социалистик мусобақада ғолибликни қўлга киритиб…, … менинг виждоним, орим “доно сиёсат” олиб бораётган коммунистик партия учун хизмат қилиш”, деган сўзларни қоғозга қараб, ҳижжалаб ўқиб беришар эди.

Биз сухандон-у, бошловчилардан ҳам партиянинг “доно сиёсати”ни (ҳар бир жумлада айтиларди) алоҳида кўтарики руҳ билан ўқиб бериш талаб қилинарди.

Ҳар бир варақдаги сўз цензура тасдиғидан ўтиб, думалоқ “тамға” босилганидан кейингина, кўрсатувда ўқишга рухсат бериларди. Ҳайриятки, мусиқаси, бадиий, болаларга аталган кўрсатувлар бундай “ҳамду-сано”лардан мустасно эди. Бундай кўрсатувларни қўлимиздаги “қоғоз”ларсиз “ўқи”масдан, дилимиздан гапириш ҳаракатида бўлардик.

image.jpgМенинг жону дилим бадиий ўқиш, шеърият эди. 70-йил бошларида шоир Миртемир ижодига кўп бора мурожаат қилганман. Халқ тилига яқин қўйма сатрлари бир умр қалбимга муҳрланиб қолган.

Тер тўкмасдан, жиламан,
Майли аёз, майли ёз.
Чўққига интиламан.
Яратмоқ, қурмоқ учун
Келдим ахир жаҳонга.
Ҳалол, пок ошаб яшай,
Бир умр емай текин.
Меҳнаткаш юрт олдида
Юзим бўлсин доим оқ.

***

1972 йил 1 март. Баҳорнинг илк куни. Радио уйида Шоира исмли нозиккина қиз билан эшиттириш олиб бордик.
Шу кун – умримиз иплари боғланишига сабабчи бўлди.

Шоиранинг телевидение кўрсатувларида иштирокини – бошловчилигини кўп бор кузатганман.
60-йил охирларида “Юлдузча” кўрсатуви болаларнинг энг севимли дастурига айланиб улгурганди.

Шоиранинг кўримлилиги, гапириш услуби, мушоҳадаси “Юлдузча”га мос бўлганлиги боис кўрсатув қаҳрамонига айланди. Кўрсатувни қизиқарли, жозибали маромда олиб бориш – атрофидаги иштирокчиларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўзбекистон Ҳалқ артисти Карим Хонкелдиевнинг (“Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида ҳам бошловчилик қилар эди) “донишманд бобо” тимсолида чиқиши, Шоиранинг бобо билан суҳбати, жажжи болажонларнинг шеърлар, қўшиқлар айтиб, рақсга тушишлари кўрсатувга ўзича жозиба бағишлар эди.
Шоира – барча кўрсатувларда, айниқса, “Юлдузча” кўрсатувида аъло кайфиятда, доимо кулиб ггапирарди. Табассум билан чиқиши, негадир менга ортиқчадай, эриш туюларди.
Телевидениеда мен уни неча марта учратсамда, ҳеч мулоқот қилмаган эдим.

Бир кун кўрсатувни якунлаб, руҳияти баланд ҳолда чиқаётганида сал киноя аралаш гап ташладим: “Нега телевизорда гапирганингизда кўп куласиз” – дейишим ҳамоно, гапим таъсиридин юзини ўгириб кетворди… Шу –шу менга тескари қараб ўтадиган бўлди.

Ойлар ўтди. Радиодаги учрашув… Уйғониш фасли – баҳор ҳақидаги радиокомпозицияни ўқиш Шоира билан менинг зиммамга юкланди. Эшиттириш биз ҳақимизда ёзилгандай, илк учрашувимизни куйлар эди, гўё…

Эшиттириш режиссёри Тоҳира Шамсиева “Баҳор ёмғиридан ним урган майсаларда жонланиш. Оппоқ қорли тоғлар. Осмонда оқ ва қора булутлар кезиб юрибди. Ёшларнинг орзу-ўйлари, кечинмалари… Илк висол онлари… Шуларнинг барини қалбингиздан ўтказиб, ҳис-ҳаяжон ила гапиришга ҳаракат қилинглар. Ишонч билан… Юракдан…”
Булар бари менинг қалбимга кўчди. Шоира ўқиш асносида икки-уч жойда қоқилди.

“Шоира, нега бунчалик ҳаяжон?… Илгари “бошқалар” билан ўқиганингда, ҳаммаси сиппа-силлиқ кетарди-ку? Иккалангизни бекорга таклиф этмаганмиз. Гапириш услубингиз, овозингиз бир-бирларингга жуда мос. Бу гал майли. Кейинги сафар, кайфиятларингизни чоғлаб, яхши тайёргарлик билан келасизлар”.

Хайрлашдик.

Радио уйи билан, телевидение оралиғи пиёда юрсангиз 30-40 дақиқалик йўл. Негадир иккаламиз ҳам ихтиёрсиз йўлга тушдик, олдиндан келишиб олгандай. На ундан, на мендан бир оғиз садо чиқмади. Гапиришга чоғландим. Лекин, аста-секин қадам ташлашимизга ҳалақитдай туюлди. Чамаси бир соатлар йўл юрдик. Телевидение ҳовлисига кириб келдигу, сассиз хайрлашдик.

Орадан ойлар ўтди. Шоира билан биргаликда кўп кўрсатув ва эшиттиришларда ишитрок этдик. Бир-биримиздан маслаҳатлар оладиган бўлдик.
Шоира анча муддат телевидениега келмади. Бетоблиги сабаб кўрсатувларда иштирок этмади.

***

Орадан йиллар ўтди. Радио кундалик ҳаётимизга айланди. Эшиттиришга тайёргарлик жараёни қизғин кечарди. Бахс, мунозара – бир-биримизга бўлган самимий муносабат – маслаҳатлар, ҳар бир сўзга, жумлага алоҳида эътибор, бари-бари эшиттириш муваффақиятида ўзгача жозиба касб этарди. Йўлда кетаётганимизда ҳам эшиттириш хусусидаги гапларимиз тугамасди.

Шоиранинг овозидаги майинлик, ним табассум, қоп-қора кўзларидаги ўйчанлик, қадам ташлашига ҳамоҳанг бўлиб, менда ўзгача меҳр, ҳис-ҳаяжон уйғотарди.
Телевидениега келганимизда бир-биримиздан узоқроқ юриш ҳаракатида бўлардик. Ҳудди қалбимиздаги кечинмалар ошкор бўлаётгандай, биз ҳақимизда шивир-шивир гаплар оралагандай туюларди. Уялардик. Андиша. Тортинчоқлик…

Ишларимиз тугаганидан сўнг, Шоирани ҳар куни Анҳор кўприги ёнидаги бекатда пойлардим.

Сув ёқалаб юришдан ҳеч чарчамасдик.
Кечга томон уйига кузатардим. Гоҳида пиёда, трамвайда, автобусда…

1973 йил. 1 март. Уйғониш фаслининг биринчи куни. Умримиз лаҳзалари… Илк учрашувимизнинг бир йиллиги… Биз бу кунни Анҳор ёқалаб, сув бўйида, негадир маҳзун қарши олдик.

Шоира ва мен оқаётган сувга қараб, ҳаёллар оғушида эдик.
Охирги бекатгача кузатиб қўйишимдан уйдагилари хабар топган… Узунқулоқ гаплар…

Бир-биримизга гапирмадик, гапира олмадик. Орадан анча фурсат ўтди. Тақдирларимиз боғланишини ҳар иккаламиз ҳам қалбимиз ила ҳис қилардик.

– Бобонгиз, ота-онангизнинг ҳоҳиши…
– …
Хайрлашдик.

Орадан кунлар ўтди. Менинг ҳаёлимдан нелар кечмади, дейсиз?

Радиодаги иштирокимиздан сўнг, ихтиёрий, ихтиёрсиз сукут сақлаб, Анҳор бўйидаги биз учун азиз жойга етиб келдик.

– Ўша кунги саволим жавобсиз қолди?
– Менинг келишим саволингизга жавоб.

Фарзандлари, набираларининг инон-ихтиёри бобоси қўлида бўлиб, бир сўзли, чўрткесар, қаттиққўл инсон эканлиги хусусида Шоирадан эшитган эдим.
Умр савдоси. Бизнинг оиламиз тўғрисида суриштирувлардан яхши хулосалар қилинган. Айниқса, менинг телевидениедаги сухандонлигим – чеҳрам, гапиришларим бобосига хуш ёққан.

Анҳор ёқасида туриб аҳду-паймон, орзулар қилдик…

Худди тушдагидай – 40 йилдан ошиқ вақт ўтиб кетибди. Амударё мисол оқиб кетаётган умр…Мен ўша дамларни соғиниб-соғиниб эслайман. Умримиз лаҳзалари…

1973 йил 8 июнь. Шоира келинликнинг ҳарир оқ либосига бурканди. Тўйимизда телевидение ва радио ижодкорлари, барча сухандонлар, машҳур ҳофизу-санъаткорлар иштирок этишди. Елкамга рўзғор олахуржуни осилди.

Тақдиримизни қарангки, оталаримизнинг феъл-атвори, билими, эски ўзбек алифбосида ёзишларигача ўхшашлик бор экан.
Иккита қуда учрашганларида Навоий, Машраб ғазалларидан ўқиб, мутоала қилишарди.

Қайинотам – Ҳасанжон Низомов узоқ йиллар Миллий университетда форс тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ берган. Ўз даврида эски ўзбек ҳуснихати – араб алифбосида ёзиш бўйича республикамиздаги энг олд инсон бўлган. Бу табаррук инсонни билганлар ҳали-ҳануз яхши сўзлар илаб ҳурмат билан ёдга олишади (Охиратлари обод бўлсин).

Туташ тақдирлар… Шоира билан ҳаётимиззнинг кўп қисми ижодий ҳамкорликда кечди. У менинг телевидениедаги маслаҳатгўйим, танқидчим, десам, муболаға бўлмас. Шукрлар бўлсинки беш фврзанд – икки ўғил, уч қизни ўзбекона одоб-аҳлоқли, ўқимишли қилиб, вояга етказдик. Минг бора шукрлар қиламан. Кўз тегмасин, дейман. Невараларимизнинг орзулари беқиёс… Улардан умидимиз катта.

1973 йилнинг август ойи. Айни пишиқчилик. Шоира билан ота макон – Хива шаҳридаги аждодларимиз из қолдирган бобомнинг уйига қадам ранжида қилдик. Афсуски, биз борганимизда бульдозер наъра тортиб уйни йиқитаётган экан. қисқа бу сониялар бутун умр қалбимда ёмон хотира бўлиб муҳрланиб қолди. Шу тупроққа дув-дув кўз ёшларим тўкилди. Армонли дунё…

Шундан сўнг, мен туғилиб ўсган Она қишлоғимга соғинч ила етиб келдик. Шоира билан болалигимдаги сўқмоқ йўлардан юриб, ялангоёқ қумлар кечдик. Кечқурун менга қалби яқин қишлоқдошлар билан дийдорлашиб, суҳбатлар қилиш, тўқайзорда чиябўриларнинг увиллаши, қишлоқ итларининг уларга жўр бўлиб вовиллашлари мароқли эди.

Ўша дақиқалардан бошлаб, бутун олам гўзаллиги, юртимизнинг табиати, қадимийлигини, аждодларимизни ҳамма-ҳаммасини бўй-басти билан тасвирлаш орзуси қалбимга яширинди.
Файласуф шоир Иоганн Вольфган Гётеда шундай сўзлар бор: “Доно фикрлар аллақачон, юз марталаб ўйлаб кўрилган. Лекин у чинакам сизники бўлиб, миянгизда чуқур илдиз отиши учун уни яна ва яна мулоҳаза қилиш керак”.

Қалбимдаги яширин орзу – анча йиллар ўтиб, 1990 йилда қалбимга кўчиб, бўй кўрсата бошлади.

“Қўлимда қалам, юракда алам” билан мозийга назар ташладим. Халқимиз орасидаги шоитабиат бир одам ўзича, тушуниб-тушунмай шу сўзларни хиргойи қилиб юрарди. Қадимдан халқимизнинг манан бойлигини, миллатимиздан жаҳонда тенги йўқ илм аҳиллари етишиб чиққанлигини ойнаи жаҳон орқали айтишни ўзимга мақсад қилдим. Озми-кўпми мақсадимга эришдим. Томошабинлар эътирофи – энг олий мукофот.

_629.jpg1974 йилнинг баҳорида телевидениедаги учрашувларнинг бирида шоир Барат Байқобилов “Зулфия опа сени сўроқлади. Боргин”, — деди. Аниқ эсимда йўқ. Ишимда қандайдир тиғизлик бўлиб, орадан чамаси бир ҳафта ўтди. Навоий кўчасидаги китоб дўконида Барат ака билан тасодифан учрашиб қолдик. “Шундай инсон сени йўқласа-ю, бормасанг…”, — дея, танбеҳ берди. Шу куниёқ, Навоий кўчаси 30-уйнинг юқори қаватига кўтарилиб, тепасига “Ўзбекистон хоти-қизлари” журнали” – деб ёзилган хонага кирдим.

Ҳаяжонланиш, хадиксираш анча босилганидан сўнг, қабулхонадаги ёрдамчи қиз рухсати билан Зулфия опа билан учрашиш насиб этди. Ҳаракатлари чаққон, кўзлари доимо кулиб турувчи Зулфия опа мени очиқ чеҳра билан кутиб олди. Киришим ҳамоно атлас кўйлакли, қўҳликкина аёлга кўзим тушди. Бу аёл – Она юрти Ўзбекистондан, Тошкентда таълим олган ҳиндистонлик йигит билан тақдири боғланиб, Ҳиндистонга кетишни ихтиёр этган рассом Раъно Ҳабибий экан. ўша замон мафкураси Ватанига келишни ман қилгани боис, Зулфия опа аралашуви орқалигина ҳокисор рассом аёл ўз туғилиб ўсган гўшасига қадам ранжида қилган экан.

Зулфия опа меҳмон аёл билан илиқ хайрлашди.

Опа телевидениедаги “Шеърият кечаси”да чиқишларимни кўпдан бери кузатаётганларини гапириб, анча маслаҳатлар бердилар. Шундан сўнг, телевидениеда Ҳамид Олимжоннинг туркум шеърларидан ўқишимни тавсия қилдилар. Шундай обрўли шоиранинг биодирган ишончи мен учун шараф эди.

Бир ой ўтар-ўтмас, Ҳамид Олимжон туғилган куннинг 65 йиллигига бағишлаб, “Ўзбекистон” де аталган, 20 дақиқалик шеърий гулдаста тайёрладим. Ўта синчков, қатъиятли, нозиктаб Зулфия опага адабий-бадиий, шеърий кўрсатувларнинг ҳаммаси ҳам ёқавермас эди. Мен тайёрлаган кўрсатувга нисбатан опанинг ижобий баҳоси, раҳбаримизга қилган қўнғироғи, менга янада кенг имкониятлар эшигини очди.

photo_2017-01-09_10-52-04.jpg***

70-йиллар ўрталарида республикамизнинг энг нуфузли журналлирадан бири – “Шарқ юлдузи” журналида шоира Зулфиянинг “Камалак” номи билан туркум шеърлари эълон қилинди.
Камалак сингари товланувчи бу шеърлар инсонни гўзаллик сари, олис-олисларга, чексиз уфқлар сари етаклайди.

Уйғониш фаслида илиқ кунлар бошланиб, осмонни оқ-қора булутлар забтига олиб, чунонам жала қуядики, зум ўтмай булутлар орасидан қуёш табассум қилади. Осмон қўйнида етти рангда товланувчи камалак пайдо бўлади. Табиатнинг бу гўзаллиги, ҳусни-жамоли ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё қилади, қалбларга роҳат бағишлайди… Журналдаги шеърларни ўқидиму, телевидениеда ўқишга рухсат олиш мақсадида, Зулфия опа ҳузурига шошилдим.

— Шеър ижодкорнинг қалб кечинмалари… Шеърият ихлосмандлари ундан завқланиб, хулосалар қилади. Гўзал ҳаёт сари интилади, — деди Зулфия опа.

Опанинг доимо кулиб турувчи ёниқ кўзлари бироз жиддийлашди.

— Санъаткорнинг, шеър ўқувчининг шеърни тушуниб-тушунмай, ўзини мажбурлаб ёд олиши – кечирилмас ҳол. Омма орасида, кенг китобхонлар даврасида, айниқса, радио, телевидениедаги шеърхонлик кечаларида чиқувчилар, санъаткорлар шеърдаги ҳар битта сўзнинг маъносини қалбдан, юракдан ҳис қилиб, айта билмоғи лозим, — дея, бироз ўйлаб, сўзини давом эттирди Зулфия опа:
— Ҳозирги ҳолатингиздан, сўзларингиздан англадимки, шеърларимни телевидениеда ўқишни ихтиёр этибсиз. Ўқиётганингизда шеърлар оралиғида асло шошманг, фикрингизни жамланг. Сўзларнинг маъносига ета билинг.

Асқад Мухторнинг ёзувчи сифатида ҳам, шеър ёзиш услуби, ўқишида ҳам ўзгача оҳанг бор. Айниқса, омма орасида, кенг китобхонлар билан учрашувларда теран мушоҳада ила мулоқот қилиб, шеърларни файласуфона, жарангдор овозда ўқишлари жуда ёқимли. Тингловчининг қалбини забт эта билади. Асқад аканингизнинг дунёқараши, тафаккур олами кенг ижодкор. Овозингизда, шеър ўқишингизда, жуссангизда, бўйларингизда баъзи ўхшашликлар бор. Бу инсон сизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, ўргатади, деган умиддаман, — дея, опа мени Асқад Мухтор хонасига бошладилар.

Асқад Мухтор муҳарририлик қилаётган “Гулистон” журнали билан Зулфия опа раҳбарлик қилаётган “Ўзбекистон хотин-қизлари” журнали “Шарқ матбаа нашриёти” жойлашган бинонинг учинчи қаватига кўчиб ўтишганди. Хоналари яқинлиги сабаб, бу машҳур инсонлар бир-бирлари билан тез-тез мулоқотда бўлиб туришарди.

asqad_muxtor1.jpgАсқад Мухтор билан учрашувнинг биринчи кунидаги суҳбат ҳали-ҳануз кўз олдимдан нари кетмайди, сўзлари қулоқларим остида акс-садо беради. Бундан инсонлар суҳбатидан баҳра олиш – улуғ неъмат. Устоз кўзойнак тагидан қараб, ҳар бир гапини ўйлаб, шошмасдан, нотиқлик санъати, бадиий ўқишнинг улуғвор кучи ҳақида гапирдилар. Асқад аканинг ижодий ишларига ҳалақит бериб, ҳа деб хона эшигини тақиллатиб боришни ўзимга эп кўрмасдим. Орадан маълум муддат ўтиб борганимда, гап орасида эртакнамо гап қилдилар: “Ўзга мамлакатда бадиий сўз устаси бор эди. Сўздаги оҳанги, айтиш услуби бутунлай ўзгача бўлиб, юксак профессионал даражада эдики, шеър айтганида одамларни сеҳрлаб қўярди. Кунлардан бир куни, халқнинг энг машҳур шоирларидан бири оғир хасталаниб “Кўз юмганимдан, то ерда қўним топгунимгача шеърларим сизнинг ижроингизда янграб турса…”, — деб васият қилган экан.

Мен бадиий ўқиш санъатининг таъсир кучи нақадар улуғлиги ҳақида гапирмоқчиман. Омма орасида якка ўзи чиқишлар қилиб, бир ярим-икки соат нутқ ирод қилиш, бадиий сўзлар айтиб, шеърлар ўқиш ўта юксак маҳорат талаб қилади.

Маърузачи ҳар жиҳатдан дунёқараши кенг, билимдон, ўз ишини миридан-сиригача пухта билиб, “нотиқлик санъати”ни эгаллаганлиги сабаб одамлар қалбига йўл топа билади. Соатлаб гапирса ҳам зериктирмайди. Шундай бадиий сўз усталари борки, соатлаб шеър айтади. Эшитувчини ўзига маҳлиё қилади. Афсуски, “Бадиий ўқиш” санъати турини эгаллаганлар жуда кам… Сиз омма орасида, томошабинлар қаршисида туриб, “бадиий ўқиш” санъатини эгаллашга ҳаракат қилинг. Сизда барча имкониятлар мавжуд” – дея, куюнчаклик билан гапирди, устоз.

Негадир ўша пайтларда мен рағбат қилмадим. Афсусдаман…

Менинг маслакдошим – телевизорда кўп бора биргаликда шеърлар ўқиганмиз. Шеъриятни юксак даражада қадрлайдиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Амионов омма орасида Тошкентдаги “Билимлар уйи”да бадиий ўқишлари билан бир-икки муваффақиятли чиқишлар қилди. Қандайдир сабаблар билан унинг давомийлиги бўлмади.
Атоқли адиб, шоир, нотиқ, файласуф Асқад Мухтордан омма орасида сўзлашнинг кўп жиҳатларини ўргандим.

Мен мамлакатимизнинг барча вилоятларида, кўплаб туманларда, жамоат жойларида, ишлаб чиқариш корхоналарида, олис қишлоқларда турли касб эгалари билан учрашиб, халқимиз тарихи нақадар қадимийлиги, миллатимиз улуғлиги, аждодларимизнинг буюклиги, осмонимиз мусаффолигига шукроналик ҳақида маърузалар қиламан.
Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида маърузалар қилиш кундалик ҳаётимнинг бир бўлагига айланди.
Минг қатла шукрлар бўлсинким, устозим ўгитлари ҳозирги кунларпда мен учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

80-йил охирларида Ўзбек миллий театрида Асқад Мухторнинг 60-йиллик таваллуд кунлари бўлиб ўтди. Ижодий кеча устознинг “Йилларим” шеърини менинг ўқишим билан бошланган эди. Кечада фақат менинг шеър ўқишимга рухсат берганлар. Бу шеърни ижодий кечада ўқишим учун устоз билан чамаси бир ҳафта тайёргарлик кўрдик. Неча бор ўзлари ўқиб, ўргатдилар. Неча бор менга ўқитдилар.

— “Эртага кечада учрашамиз”, — дея чуқур нафас олдилар. Секин сўзладилар:

— “Ҳаммаси ўтди, кетди… Ковлашлар…50-йилларнинг совуқ шарпалари кетимдан қувиб юрди… Маълум муддат Боқи Раҳимзода юртини ўзимга макон қилдим… Изғирин шамоллар танани кесиб, қалбларни ялаб ўтди, доғлаб кетди. Сассиқ, алаф дудлардан нафас олдик… Ҳаммаси ўтди… кетди…

Бирингиз – боқийсиз, бирингиз – балки пуч.
Бирингиз – шодликсиз, бирингиз – ўкинч…
… О, орқада қолган менинг йилларим…”

Орадан анча йиллар ўтди…

Наҳотки, Асқад Мухтордай ўзбек миллий адабиёти равнақи учун бир умр ижод қилган, забардаст, буюк инсон – тилимизнинг софлиги учун қайғурган фидоий инсон тилдан қолиб, гапира олмаса? Шеърлар ўқиёлмаса?! Фикрларини тилида баён қилмаса… Наҳот?!

Ҳар гал Асқад Мухторнинг уйига борганимда кўпинча ўғли Темур ака кутиб олар эди. Тўғри иккинчи қаватга – шоир ижодхонасига кўтарилар эдим. Кўпинча дераза олдида узоқларга қараб турганини кузатардим. Бир гал борганимда саломимга бош чайқаб, алик олганларидан сўнг, китоб жавонига яқинлашиб, жигарранг китобларини олдилар. “Йилларим” шеърини ўқишимни имо-ишора билан тушунтирдилар. Китобдаги шеърга бир қарадиму, қалбимнинг туб-тубидан жой олган бу шеърни ўзлари ўргатганларидагидай, ўзлари ўқиганларидагидай дилдан ўқиш ҳаракатида бўлдим:

Бирингиз – боқийсиз, бирингиз – балки пуч.
Бирингиз – шодликсиз, бирингиз – ўкинч,
Бирингиз – бахтлисиз, бирингиз – бахтсиз,
Бирингиз – ярадор, ўлгансиз вақтсиз,
О, орқада қолган менинг йилларим.

Сизга насиб қилган қувонч – юрагимда,
Қалбда дардингиз олиб юраман
Сиз мени аямай ўтда тобладингиз,
Шундан замин узра ғолиб юраман.

Сиз менинг тирмашиб чиққан зинамсиз,
Ҳар бирингиз ғишти, мен иморатман.
Сиз менинг даҳлсиз, ёлғиз хазинамсиз,
Сиздан иборатман,
О, менинг орқада қолган йилларим.

Шеърни айтганимдан сўнг, кўзойнак тагидан бир томчи ёш думалади. Наҳотки ижоди осмон қадар юксак; ҳар бир гапидан нурлар таралувчи, оқил ва ҳалол, талабчан, метин иродали инсоннинг қалб торларига дарз кетса… Бу инсон ҳаётининг асл маъноси ижод этиш; хасталик ижодкор фикр-ҳаёлини сўндира олмади. Тиниб-тинчимай юксакларда парвоз қилди. Яшаш бу инсон учун ижод қилишга айланди. “Қўлида қалам, юрак алам-армон” билан ижод қилмади. Ўзлари айтганларидай:

Умр йўли оёқ изи эмас,
Уни на қор, на чанг боса олади.
У қора чизиқдай, ё нурдай муқаддас бўлиб,
Эл кўнглида мангу қолади.

Илгари борганларимда, Роза кеннойи аччиқ қора чой-ю, мураббо-ширинликлар билан меҳмон қиларди. Энди эса… Роза опанинг оёғи музда сирғаниб, лат еб, ўринларидан жилолмайдилар. Асқад ака эса пастга туша олмайдилар. Бир-бирларини узоқ кўрмаслик азоби…

Асқад ака холсиз аста юриб, тунчироқ остидаги ижод дафтарини қўлга олдилар. “Тундалик”лар ёзаётганини имо-ишора билан кўрсатдилар. Сиёҳи ҳали қуриб улгурмаган, бедор қалби, уйғоқ тафаккури ила битилган айрим сатрларни ўзларининг ҳоҳишлари билан – адибга ўқиб бердим. “Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман”, “Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак”, “Вақт ўтяпти!” – деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз”, “Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди”, “Унинг “кўтарилиши” ҳам, “йиқилиши” ҳам ақллилик балоси эди…”, “Бизнинг авлодда замондан қочганлар қутилди”…
Адиб ўқиганларимга қулоқ тутди. Узоқ ўйга толди. Сокинлик. Мен сас чиқармадим…

Ҳар гал борганимда, ижодларидан намуналар ўқиб бериш мен учун одатга айланди. Агар тез-тез бормасам, шеърларни ўқимасам, ниманидир йўқотгандай сезардим, ўзимни. Боришим билан чеҳраларидаги маҳзунлик ўрнида ўйчан-илиқлик пайдо бўларди. Кетаётганимда кўзойнак тагидан маъноли қараш қиларди. Чексиз ҳаёлот – ижод оламида сузарди.

Бир вақтлар дўстлар билан ҳасратлашардим…
Ғамгин ўтказаман ғамгин чоғларни.
Сукунат чўчитмасин дардим…

…Жонлар оромини бузмасин дардим,
Тунни уйғотмасин.

Хасталик шоирни енга бошлади. Устоз режиссёр Маҳкам Муҳамедов билан тезликда Асқад Мухтор ҳақида “Умр” деб номланувчи кўрсатувни шоир ижодхонасида тасвирга олдик. Шоир ўйчан. Китоб жавонидан китобни олиб, дераза ёнига боради. Менга китобни тутқазиб, ўтирғичга ўтиради. Умр ҳақида шоир ҳолатини беришга ҳаракат қиламиз. Табиий. Қандай бўлса, шундайлигича. Шеърларидан ўқиётганимда, кўзойнак тагидан ўткир нигоҳ ила боқиш ва кўзидаги бир томчи ёш кадрда муҳрланиб қолди.

Бу кўрсатув телевидениенинг “Олтин фонд”ида сақланади.

… Асқад Мухтор узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир, 1969 йилдан “Гулистон” журналининг бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Кўплаб роман, қиссалар, драма асарлари, поэмалар, шеърий китоблар яратган.

Адабиётшунос олим Наим Каримовнинг ёзишларича, “Асқад Мухтор асарларининг бир қисми ҳамма ёзувчиларимизда бўлганидек, ошини ошаб, ёшини яшади. Аммо қолган аксар қисми адабиётимиз хазинасида қолади… Асқад Мухтор ҳаёт маъносини ижод этиш, деб тушунган миллий адабиётимиз равнақи учун яшаган ва шу адабиётни бир-неча поғонага юксакликка кўтарган ёзувчи эди”.

Шоирнинг кўплаб шеърлари “Вақт”, “Умр” ҳақида бўлиб, 70-йилларда ёзган бир шеърида “Ўлим қанча имилласа майли, мен розиман” – деб ёзган эди. Узтоз охирги ойларда Биринчи ҳукумат шифохонаси ётоғида бутунлай михланиб қолди.

Асқад Мухторнинг шогирди Эркин Аъзам билан шифохонага бордик. Биздан сал илгарироқ шоир Эркин Воҳидов борган эканлар.

Асқад Мухтордай забардаст ижодкор – соч-соқоли ўсган – доимо тақиб юрадиган кўзойнаксиз – шифтга – бир нуқтага тикилиб ётарди. Адиб гўё, уфқларга туташ ҳаёлот оламида сузарди. Мен учун бундай вазиятни ёзиш тўғримикан? Билмадим. Саломлашганимиздан сўнг, ноқулай вазият пайдо бўлди. Биз турган томонга сал ўгирилиб, “Сизларга раҳмат” дегандай мулойим бир қараш қилдилар. Бу қарашда жуда катта маъно бор эди. Бундай вазиятда, келган ҳар қандай инсон, бир хил тарзда “Албатта соғайиб кетасиз. Тузалиб кетасиз” – деган сўзлардан нарига ўтолмайди.

Ёнларида ўтириб, ҳар дақиқада ҳолидан хабарлашиб турган келинига Асқад ака имо-ишора қилиб, ўнг қўли бутунлай ҳаракатсиз бўлганлиги сабаб, не бир машаққатларда келинининг ёрдами билан чап қўлига қалам олдилар. Келини ушлаган қалин қоғозга не бир азобларда “На чора”… сўзини ёзолди, холос. “Мен кетяпман”, — дегандай чап қўли ҳаракатга келди.

Бу ҳолатни кўриб, ич-ичимдан эзилдим. Нимадир бўғзимга келиб, туриб қолди. неча ойлар шу ҳолатда ётиб, қийналиб кетди. Бундан ортиқ азоб бўлмаса керак, инсон учун. Наҳот, наҳот… бу одам ҳаётидаги сўнгги дақиқалар… Сезгандай. Сал илгарироқ бу шеърни битади.

Энди орзулардан хотиралар кўп,
Энди ўтмишгина мен учун ҳадсиз.
Мен учун тобора оғирдир сукут,
Саволлар тобора шафқатсиз,
Ҳа ошни ошадик, ёшни яшадик,
Қошгача қаҳратон қирови энди.
Бир қарашда: беш кунингни ўйла,
Эртанинг қайғуси қолдими энди…

Адабиётшунос олим Наим Каримов айтганларидай: “… инсон кексалик фаслига сабот, матонат ва заковатнинг жонли тимсоли ўлароқ киради.

Аммо бу дунёнинг бевафолиги шундаки, у инсоннинг ақл ва заковат пиллапоясининг баланд пояларига қадам қўйганида, унинг оёғига болта уради”…

Асқад Мухторнинг сўнгги ижоди – “Уйқу қочганда” (Тундаликлар) асарида, инсонни уйғоқликка чорловчи шундай сўзлар ўз мужассамини топган: “Ваҳоланки, асар ёзувчидан униб чиқади; фарзандидай унда туғилади, улғаяди, камол топади; у фарзандини авайлайди; ҳимоя қилади. Асар – ёзувчининг тақдири; керак бўлганда ёзувчи қурбон бўлишига ҳам тайёр. Унинг бу ғайритабиий садоқати, ёзмасдан туролмаслиги, руҳиятга, фалсафага, мушоҳадага мойиллиги, шахси, феъли, услуби, қарашлари, дарди, қийналишлари… Қобилияти қанча катта бўлса, шунча катта куч сарф қилади. У – беихтиёр фидоий; ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз – бу унинг иродасига боғлиқ эмас”…

***

oltinqalam_4_05_2008_4.jpgИнсон бу дунёда яшар экан, машаққату, синовларга дуч келади.

Инсон – оддийликдаги мураккаблик томон қадам босади. Яхшиликлар сари интилади. Сенинг фикрлаш қобилиятинг, тафаккур оламингга қараб, ҳаёт йўлинг белгиланади. Дунёда сабаб ва оқибат қонуни мавжуд. Одам борки – тўкис, яхши яшаш ҳақида орзулар қилади. Лекин унга осонликча эришиш мумкинми?.. Муваффақиятларга қийинчилик, ҳалол меҳнат, покизалик орқали эришилади. Осонлик билан келган муваффақият қўлдан тез чиқиб кетади. Ҳаказо… Бунга ота-боболаримиз ҳаётидан – ўтган ва ҳозирги замондан ҳоҳлаганча мисоллар келтириш мумкин. баландпарвоз сўзлашнинг сенга не кераги бор. Ҳамма-ҳаммасини қалбингдан, юрагингдан, барча ҳиссиётларинг билан айтяпсан…айта биляпсан.

Сен учун бахт нима? Дунёга келдинг. Яшаяпсан. Шукрона келтирасан. Тинчлик. Юрагинг таскин топади. Яшаш инсон учун синов… Бахт не асли…
Ҳаётда сен тўғри йўлни топиб, танлай билсанг, яхшиликлар йўлига тушиб оласан. Юрган сари кўз олдингда келажагинг; орзу қилган ҳаёт манзаралари намоён бўлади.
Олға қараб интилиб, орқага бир-бир назар ташлайсан: “Мен неларга интилдиму, нелар мени қаноатлантирмади? Орзу қилиб, ҳаётда кўзлаган – ҳоҳлаган жойимга етиб бора олдимми? Мен нелар қилишим керагу, кегусида яна нелар кутмоқда мени; ҳаётим давомида қандай ўзгаришлар… “Нелар” деган фикр, ўй-ҳаёл бутун қалбимни қамраб, бошимни чулғаб олди”.

Йўл юриб сўқмоқдан халлослаганча, тепаликка қараб ўрлайсан. Юксакликда – муқаддас Чилпиқнинг кенг майдонида туриб, атрофга боқасан. Кўз олдингда гўзал, ажиб манзара намоён бўлади.

Тепаликка термуласан, она дарё – Амударё тўлқинланиб, олға қараб оқиб бормоқда. Тўхтамайди. Одамларга ҳаёт, ризқ-насиба улашувчи дарё қирғоғида, бир-бирлари билан кесишган сўқмоқлар кўп. Улардан бири сени катта йўлга олиб чиқади.

Донишмандларда шундай сўзлар бор: “Мақсади аниқ бўлган одам, ҳатто энг оғир йўл бўйлаб ҳам ҳаракатлана олади. Ҳеч қандай мақсади йўқ одам, энг текис йўлда ҳам олға қараб юролмайди”.

Қарайсан, ҳу, нарироқда, дарёга туташиб кетган тўқайзор. Ундан нарида эса, уфқларга туташ, элас-элас кўзга ташланувчи – ҳар хил ажиб рангларда товланувчи гўзал манзаралар. Кўм-кўк мусаффо осмон.

Қарайсан-у, улар ортида юксак орзулар, олий ҳаёллар, сенга илҳом берувчи, ҳаракат қилишга ундовчи, илгаригидан ҳам яхшироқ бўлишига чорловчи қандайдир куч мавжуд. Ҳаёт фалсафаси: чуқурроқ ўйлаб, атрофингга назар сол. Кўп нарсалар аён бўлади. Асло, мақтовларга, алдовларга уча кўрма. Енгил-елпилик ичра ғарқ бўлма. Ҳали қиладиган ишларинг, орзуларинг бисёр. Албатта сен, кўзлаган мақсадларингга эриша олсан.

Ана шулардан бири бугун сизларга ҳикоя қилганим – “Орзуга элтувчи йўл”…

2014 йил 19 октябр
Чилпиқ қалъаси

25 iyunь — uzoq yillik qadrdonim, taniqli ijodkor Farhod Bobojonovning tug’ilgan kuni. Chin yurakdan qutlaymiz.

“Yillarni oson o‘tkazmay, tinib tinchimay, aziyat, zahmatlar chekib, orzular ichra yasha… Dardkash bo‘l. Katta xalqona yo‘llardan o‘tib, ko‘zni kattaroq ochib, notinch dunyoning ufqlariga tikila bilish, tiriklik quyoshining quvonchi nurlarini ham tanaga, hislarga, fikrlarga kengroq yayratish kerak. Shunday kenglik, kichik yo‘llarni ham katta yo‘lga olib chiqadi”, – deb uqtirardi ustozim Asqad Muxtor.

ORZUGA ELTUVCHI YO‘L
Farhod Bobojonov
07

   Farhod Bobojonov 1950 yili Qoraqalpog‘iston Respublikasida tug‘ilgan. Dastlab tug‘ilgan tumanida, 1963 yildan Toshkent shahridagi 82-maktabda ta’lim oladi. A. Ostrovskiy nomidagi Toshkent teatr va rassomchilik san’ati institutining kino va drama aktyorligi fakultetining kechki bo‘limini tugatgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist. Qoraqalpog‘iston xalq artisti. Oliy toifali suxandon. Ellik yildan buyon radio va televideniye sohasida xizmat qiladi.

07

138.jpg2014 yil, 19 oktyabr. Chilpiq qal’asi. Sirli, afsonaviy bu aziz yerga ziyoratga kelar el-elat…

Biz ham keldik, ijodiy safar bilan bu qadamjoga…

Yonginasida ezgulik va sahovat ulashuvchi o‘ychan Amudaryo oqmoqda. U bugun nelarni o‘ylaydi… Biz anglagan, anglab yetmagan dunyo…

Odamlar keti uzilmas bu go‘shadan. Har bir keluvchining o‘z tafakkur olami bor. Garchand aziz – avliyo emas, yurt ichida tabarruk, muqaddas sirli olam. Qaraysan, seskanish qo‘zg‘ar yurakda. Bir zamonlar shu yon atrofda Amudaryo bo‘ylarida, Chilpiq tevaragida bir qavm yashagan. Qadim zamonlarda o‘lgan odamlar jasadi, tepalikka olib chiqib, ma’lum muddat tashlab ketilib, quzg‘unlarga yem bo‘lgan. Suyaklar uylarga olib ketib saqlangan. Bu haqiqat. Aytishlaricha¸bu tabarruk joyda keyinchalik shodlik ayyomlari, turli sayllar o‘tkazib kelingan. Chilpiq haqida turli afsona, rivoyatlar kezib yuradi. Turli taxminlar bor. U baxs munozaraga sabab. Biz o‘tamiz. Foniy dunyo talablari behad sirli, men bilmayman, sen bilmaysan… Bu aziz joy yer turguncha turar, u abadiy, mangulikka dahldor…

Bir qadam nari jilolmaysan. Bag‘riga chorlar. To‘ymaymiz, to‘ya olmaysan.

Olti yoshimda otam yetaklab meni daryo yoqasiga olib kelgan. O‘tishning iloji yo‘q. Ertaklardagiday, afsonaviy, uzoqlardan elas-elas ko‘zga tashlanayotgan Chilpiqqa intilib, zor-zor yig‘laganman. Ming bir armon bilan qishloqqa uyga qaytganmiz. Men kuyunib sevaman. Men uchun bu aziz yer armonga aylangan edi.

2001 yil muqaddas “Avesto” kitobining 2700 yilligi bayram qilindi. Shu munosabat bilan tayyorlangan uch qismli ko‘rsatuvga muallif va boshlovchilik qildim. Biz ko‘rsatuvimizni Chilpiqning qalin paxsa devorlar bilan o‘ralgan baland nuqtasidan – necha million yillar ilgari paydo bo‘lgan mahobatli tosh yonida boshladik.

Respublikamizning fanda mashhur insonlari, tarixchilar, arxeolog olimlar qatnashdi. Hammasi qalbdan, yurakdan gapirishdi. Ularning so‘zlariga tepalikda esayotgan shamol hamohang bo‘ldi. Go‘yo, tarix qayta tirildi.

Ne baxtki, olti yoshimdagi armon – orzular ro‘yobga chiqib, shu maqaddas tuproq sabab “Avesto” ko‘rsatuvi uchun “Eng ulug‘, eng aziz” tanlovining bosh sovrinini olishga musharraf bo‘ldim. Bu muqaddas sirli olam – Chilpiq menga omad, kuch-quvvat, madad berdi. Shu yil bir paytning o‘zida yana ikkita mukofot – “Do‘stlik” ordeni, Qoraqalpog‘iston xalq artisti unvonlariga erishdim.

“Yillarni oson o‘tkazmay, tinib tinchimay, aziyat, zahmatlar chekib, orzular ichra yasha… Dardkash bo‘l. Katta xalqona yo‘llardan o‘tib, ko‘zni kattaroq ochib, notinch dunyoning ufqlariga tikila bilish, tiriklik quyoshining quvonchi nurlarini ham tanaga, hislarga, fikrlarga kengroq yayratish kerak. Shunday kenglik, kichik yo‘llarni ham katta yo‘lga olib chiqadi”, – deb uqtirardi ustozim Asqad Muxtor.

Hayot shiddat bilan oqayotgan daryo misol. Zavq bilan, baxtiyorlik bilan harakat qilgandagina oqim bo‘ylab suzayotgandek bo‘lasan. Umring davomida borayotgan yo‘ling asta-sekin aniqlashib, ravshanlashib borarkan, bu hayotda yashayotganingga shukrona keltirasan, shukrlar qilasan.

“Hayot sehrli va o‘ta g‘aroyib sayohatning o‘zginasi. Har bir nafasingizda quvonch his qiling”, — deydi amerikalik faylasuf Bob Prokt.

Chilpiqning eng baland nuqtasi Aydanasak – keng, muqaddas tepalik. Uning atrofi doira shaklda – baland paxsa devor bilan o‘ralgan. Ajdodlarimizning aql-zakovati, qalb amri ila uzoq asrlar osha, hozirgi davrgacha salobatini yo‘qotmagan Amudaryoning so‘g‘a loyidan (uzoq yillar mobaynida daryo cho‘kindisidan paydo bo‘lgan ma’lum bir qatlam mahalliy tilda so‘g‘a deyiladi. Pishiq-puxtaligi sabab qadimda binolar, devorlar shu loydan barpo qilingan) bunyod etilgan devor yoqalab yurarkanman, meni fikr va hissiyotlar cho‘lg‘ab oldi. Bu yerda afsonaviy muhit hukmron. Sirli olam… Sirli zamin… Sir – noma’lumlik – g‘ayb…

Tasvirga olish kamerasi harakatda. Turli qiyofalar aksi. Yuzdagi , ko‘zdagi qalb kechinmalari… Oyoq izlari.

Tepalikdan kuzataman. Adirliklar oralab, daryo yoqalab, bir-birlariga tutashib ketgan so‘qmoqlar. Katta-kichik yo‘llar, ko‘z ilg‘amas manzillar…

Qishloqning kichik yo‘llari, so‘qmoqlaridan yurib olti yoshimda maktab partasiga o‘tirdim. Boshlang‘ich maktab bo‘lganligi sabab, boshqa tuman markazidagi o‘rta maktabning 5-sinfiga o‘qishga bordim. Masofa uzoq – o‘n kilometr bo‘lganligi sabab, yoshimga, jussamga loyiq, kichkinagina “Orlyonok” velosipedini markazdagi “Katta do‘kon”dan otam olib berdi. Maktabga borgan kunimoq, sinfdoshlardan menga “qishloqi”, (shevada “yovonli”) degan tamg‘a bosildi. Dastlab qishloqdan o‘qishga qatnovchi bolalar beshta edik. Fursat o‘tmay, yakkalanib qoldim.

Oradan o‘n kun o‘tib, 10-sentyabrdan yoppasiga paxta terimiga olib chiqishgan. Ertalabdan o‘qish, tushdan keyin paxta terimidan qosh qorayganda qaytib, qishloqqa ravona bo‘laman.

Uyga yetgunimcha do‘ppayib turgan ikkita mozorning shundoq yonginasidan g‘ira-shirada zir-zir titrab o‘tardim. Biz tomonda o‘liklar (qazilganda suv yaqinligi sabab) yer ustiga qo‘yiladi. Bora-bora dunyo tanib, qalbingda allanechuk xislar uyg‘onib, nenidir izlaysan, unga talpinasan. Hayotda ko‘rgan, kechirganlaring seni ulg‘aytirib qo‘yar ekan. Yoz kelishini biz qishloq bolalari orziqib kutar edik. Ajiriqzordan o‘tib, qishlog‘imiz janubidan oqib o‘tuvchi “Daryolik” atrofidagi qamishzorlar oralab ko‘l bo‘yida qo‘y boqish biz bolalar uchun “katta vazifa” edi. Shunda men, tip-tiniq ko‘ldagi baliqlarga ko‘m-ko‘k osmonga qarab orzular qilar edim. Mening eng asosiy mashg‘ulotim – tabiatga – o‘ychan oqayotgan suvga qarab rasm chizish edi.

Ha demay, o‘qish, paxta terimi boshlandi.

Oltita o‘quvchini bir haftaga paxta terimidan ozod qilishdi. Adabiyot o‘qituvchimiz Pirmat Xudoyberganov yod olishimiz uchun har birimizga to‘rt qatordan she’r berdi. Paxta azobidan qutulganimizga shunchalar sevindikki, tuprog‘i burqsib yotgan ko‘chalarni changitib, dala chetida o‘tlayotgan qo‘ylarni hurkitib, uzoq-uzoqlarga, adirlik tomon yugurdik. She’r yodlash boshlandi…

“Kalinin” nomli qishloqning “Lenin” nomli madaniyat uyiga (atrofdagi barcha qadimiy qishloqlarga, xo‘jaliklarga (kolxoz) Marks, Engels, Moskva, Leningrad, Ilich, Krupskaya, Partiya XX syezdi, Kirov, Jdanov, Voroshilov… nomlari qo‘yib tashlangan edi. Tuman markazi yonginasida joylashgan qadimiy qishloqning nomi esa “Kalinin”… Xalq orasida “Nega shunday nomlangan” degan, qo‘rquv aralash shivir-shivir gaplar quloqqa chalinardi) tumonat odam yig‘ilgan. Adabiyot o‘qituvchimiz hayajonda. Apil-tapil yana bir bor tekshiruvdan o‘tdik. She’r aytayotganda qo‘rqmay, dadil bo‘lishimizni uqtirdi. G‘ala-g‘ovurda qo‘rquv boshlandi. Davraga qarsaklar ostida G‘afur G‘ulom, Maqsud Shayxzoda, Uyg‘un, Mirtemirlar kirib kelishdi. Hamma jim. Bir soniyalik sukunat… G‘afur G‘ulom ro‘parasida turib, his-hayajonda dir-dir titrab, she’r boshladim.

Aziz asrimizning, aziz onlari,
Aziz odamlardan so‘raydi qadrin.
Fursat g‘animatdir, shox satrlar-la,
Bezamoq chog‘idir umr daftarin.

Yelkamga G‘afur G‘ulom qo‘li tegdi. Aytganim to‘rt qator she’r, butun umrim mazmuniga aylanib, mendagi orzu-umidlar uchquni o‘sha soniyadan boshlangan bo‘lsa, ne ajab.

Meni adabiyot to‘garagiga qabul qilishdi. Men “qishloqi”ni sinf sardori qilib saylashdi. Bir olam zavqu-shavqqa to‘lib, qishloq so‘qmoqlaridan uyga qaytayotib, ovozim boricha hayqirib she’rlar aytar edim.

Tumandagi turli anjumanu bayramlar she’riyatsiz o‘tmas edi. Odamlar ma’rifatga, she’riyatga chanqoq edi. Biz bolalar, sahnada she’r aytib, qo‘shiq kuylar edik. Sinfdoshim Ilhom Yoqubov shunday qo‘shiq kuylardiki (Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin), har bir avjida, tomoshabinlar zavqlanib qarsak chalishardi.

“She’riyatni tushunish, she’r ayta bilish haqqoniy tuyg‘ulardan, haqiqiy tafakkurdan kelib chiqadi. U yurakdan to‘g‘ri boshqa yurakka o‘tadi”, – degan edi hassos shoira Zulfiya.

Tabiiylikka intilish, qalbdan aytilgan she’riy nutq, oddiylikka e’tibor, falsafiy mushohada, chin insoniylik xislatlari aytayotgan har bir satringda o‘z mujassamini topadi. Qisqasi, aytilajak she’rning mazmun mohiyatini chuqur anglab, so‘ngra ayta bilmoq kerak.

“She’r hikmat daryosi, sehr daryosi. Jumboqday bittalab yecholsam deyman”, – deydi ustoz shoir Mirtemir. Men turgan sirli Chilpiq yonidagi Amudaryo suvi kabi oqib ketayotgan, oltindan qimmat bo‘lgan umr lahzalari… Aytaversa adog‘i tugamas voqealiklar…Kimligidan qat’iy nazar, har bir inson hayoti, shodligu quvonchlarga, achchiq iztiroblarga to‘la… Odamda orzular bisyor…

Oila, bola-chaqa tashvishida tong qorong‘usidan oqshomgacha qora terga botib, mehnat qilgan qishlog‘imiz odamlarining orzu-armonlari, huzur-halovati ne edi…

Qishloqda asosan qishli-qirovli, sovuq kunlarda kechasi gulxan yoqib to‘y qilishar edi… Doira chalinib, bir erkak “san’atkor” torda qo‘shiq aytib, gavdasi semiz ikkita “raqqosa” beo‘xshov o‘yinga tushib, ko‘zlarini suzib, muqomlar qilishar edi. “Olma otdim otganga, sim karovatda yotganga… Boqqa kirsang bodom bor, astaroq yuring odam bor… Hay-hay qosh-qabog‘ingdan jonidan, ey…”, qabilidagi yengil-yelpi, tutiriqsiz qo‘shiqlar aytilar edi. Oddiy qishloq odamlari u tomondan bu tomonga beso‘naqay yo‘rg‘alab, pul terayotgan “raqqosa”larni og‘izlarining tanobi qochib, tomosha qilishardi. Tonggacha qishloqning kayvonilari ishtirokida uy bazmi bo‘lib o‘tar edi. Odamlar shunga o‘rganib, qishloqlarda bu odatiy holga aylangan edi.

Qo‘shni qishloqlarda o‘ziga to‘q odamlar, kunduz kunlari qur yasab, mashhur qo‘shiqchini taklif qilib, baxshiyu dorbozlar, masxarabozlar ishtirokida, polvonlar kurashi-yu, qo‘chqor urushtirish tashkil qilib, to‘y berishar edi. To‘yga tumonat odam yig‘ilardi. Biz bolalar dorbozlarga havas qilib, daraxtlar orasidan arqon tortib, dorda yurmoqchi ham bo‘lganmiz. Kelgan qo‘shiqchi sozandalarga havas qilib, ingichka simlar topib, o‘zimizcha yog‘ochdan musiqa asbobi yasab qo‘shiqlar aytganmiz. Oddiy qishloq farzandlari bog‘cha neligini bilmay, ko‘cha changitib, o‘yinqaroq bo‘lib o‘sganmiz.

Har bir lahzamiz, kunlarimiz bizni olis-olislarga yetaklab, ko‘ngilda ko‘pdan-ko‘p savolu mushohadalar, iztiroblar tug‘ilar ekan. O‘sha paytlarda men nelarni istamadim, orzular qilmadim. Tuman markazidagi musiqa asboblari sotiladigan do‘konga har kuni kelardim-u, ularni bir-bir chalib ko‘rishni orzular qilardim. Sotib olish haqida otamga aytishga botina olmaganman. Bu men uchun bir umrlik armon bo‘lib qoldi.

Yozgi ta’til boshlanishi bilan uy-ro‘zg‘or ishlariga sho‘ng‘ib ketardik. Erta tongdan to oqshomgacha qishlog‘imiz atrofidagi to‘qayzorlar, qum-adirliklarga tutash qamishlari ko‘p bo‘lgan, “Qorong‘u oydin”, “Do‘ngalak oydin” ko‘llari yonida biz bolalar qo‘y va sigirlarimizni boqar edik. Ko‘lda qamishlarning shabadada tebranishi, tiniq suvda baliqlar suzishi, o‘rdak, turli qushlar parvozi, to‘rang‘il, yulg‘un daraxtlari oralab quyonlarning jonsarak chopishi, hamma hammasidan bir olam zavq olib, tabiat qo‘ynida rasm chizardim. Hozir na bir ko‘lu – to‘qayzor qolgan… Na bir hayvonot olami bor… Bari yo‘qolib ketdi… Yerlar tekislandi. O‘zlashtirildi. Paxtazorga aylantirildi. Qishloq bilan daryoliq oralig‘idagi bir tup daraxtga tegilmadi. Tegisholmadi. Qo‘porib tashlashga jur’at qilisha olmadi.

Turli rangdagi o‘simliklar: yashil, sariq, mallarang, g‘ujgon oppoq gulli; qamish, to‘rang‘il, yulg‘un, jiyda, jigildak; yana allaqanday daraxtlar zich o‘sganki, o‘simliklar bir-birlariga tutashib, suyanib, chirmashib ketgan. Oraliqda yuzlarini ajin bosgan boboni eslatuvchi daraxt, o‘ychan – ko‘kka qarab intiladi. Uning tagiga qadimdan qolgan shamchiroq qo‘yilgan. Kuzatasan. Seskanib, eting junjikadi. O‘yga tolasan…

Turli ofatu-kasalliklardan forig‘ bo‘lishni istovchilarning keti uzilmaydi, “Eshtak bobo” (Eshtak buva), deb atalmish bu muqaddas, aziz joydan. Farzandsizlar kelib, farzand istaydi. Orzular qilishadi.

U tunda, oy yorug‘ida, biz bolalar ko‘z o‘ngida turli qiyofa – shakllarda ko‘rinadi: arslon, yo‘lbars, tuya, ajdaho… misol.

Ertasiga quyosh chiqar-chiqmay uning yonginasidagi so‘qmoqdan mollarni haydab, qum barxanlaridan paydo bo‘lgan balandlikka – Gultepaga (Gulto‘ba) o‘rlaymiz. Charaqlab quyosh chiqadi. Ko‘zlar qamashadi. Pastlikka tikilasiz. Suv to‘lqinlari yaltirab elas-elas qadimiy tuya karvonlari bo‘lib ko‘zga ko‘rinadi. Bular bari juda qisqa soniyalarda bo‘lib o‘tadi. Ko‘z oldingizda ma’lum muddat tuyalar aksi qoladi.

Qishlog‘imizda “Tuya aravachi” (tuya orvochi) taxallusini olgan Sobir boboni “Sobir tuya” ham deb, atashardi.

— Bor! Sobir tuyani chaqir. Paxsa urish hashariga kelsin, tuya aravasi bilan.
— Ertaga bozor. Sobir tuya yuklarimizni tong saharda olib ketishi kerak.
— Sobir tuyaning o‘zi ham, tuyalari ham charchadi. Dam olishsin.

Bobo o‘zi boqayotgan tuyalar, uning uzoq ajdodlari haqida, og‘zini to‘ldirib maqtardi: “Mana shu “Daryoliq”ni yoqalab ketsangiz, Qo‘hna Urganchda paydo bo‘lasiz. Qadimda Xorazmshohlar poytaxti bo‘lgan shaharga kun chiqishu, kun botardan tuyalardan uzoq karvon yo‘llari orqali mollar oqib kelgan. Mening bobomning bobosi, uning bobolarining bobolari … e… sakkiz to‘qqiz avlod nari ajdodlarimiz o‘sha davrlarda mag‘ribu-mashriqqa, elimiz savdogarlari mollarini betalofat tashigan. Ular yillab o‘z go‘shasida – oilasidan yiroqda bo‘lishgan. Mana o‘sha tuyalar nasli”.

Keksalarning og‘izdan-og‘izga ko‘chib yuruvchi so‘zlariga qaraganda, qadimda “Eshtak bobo”ning yon-atrofidan aylanib, qumliklaru ko‘llar o‘rnida, Amudaryoning ayro bo‘lagida hayqirib oquvchi katta suv oqimi bo‘lgan. Aytishlaricha, bahordagi suv toshqinlari, daryoga yaqin go‘shalarda turgan mol va tuyalarni oqizib ketgan.
Afsonayu, rivoyatlar tagida ma’lum bir haqiqat yotadi. “Daryoliq” o‘rnidagi katta daryoda Kaspiy dengiziga eltuvchi kema qatnovi bo‘lgan. Hayot manbai suv – olis manzillarni yaqin qilgan.

Aniq ma’lumotlarni aytish ilmiy izlanishlarni olib borayotgan olimlarimizga havola.

Aytishlaricha, 50-yillarda Taxiatosh shahri yaqinidan Kaspiyga suv tortish harakatlari bo‘lgan. Bo‘lg‘usi kanal atrofidagi, qadimda o‘zlashtirilgan, hosildor bo‘z tuproqdan foydalanish rejalari ham tuzilgan. Loyihachi olimlarga davlat mukofotlari berilgan. Xullas, o‘sha davrdagi “Tuzum”, “Ittifoq” rahbari vafotidan so‘ng, bu ishlarga nuqta qo‘yilgan.

… “Yangi rahbar” butunlay boshqa tomonda “yangi loyiha”ni ishlab chiqish taklifini kiritgan. Qumliklar oralab, uzoq masofa – 800 kilometrga cho‘zilgan kanal ishga tushdi. Lekin u qanday naf keltirdi? Qay biri afzal edi?

Suvsizlik Orolni holdan toydirdi. Yer yuzida tabiatga nisbatan odamzotning beshafqatligi – o‘ziga ofatlar yog‘diradi. Ko‘p narsalar poyoniga yetadi.
“Nimaga qattiq qarshilik ko‘rsatsangiz, o‘sha narsani kuchaytirasiz”.

“Inson idrok ila anglashga qodir bo‘lgan barcha narsaga erisha oladi”.

Insonlarga yaxshiliklar istovchi donishmandlar so‘zi.

***

Abu Nasr Forobiy fikricha, har bir inson o‘z tabiatiga ko‘ra, “oliy darajadagi yetuklikka erishish uchun intiladi”, bunday yetuklikka faqat shahar jamoasi orqaligina erishiladi.

Otam Xiva shahridagi madrasalarda diniy va dunyoviy ilmlardan ta’lim olgan. Ota-bobolari asli Xivalik bo‘lib, 1920 yilgi talato‘plardan keyin urug‘ aymog‘i bilan turli joylarga tariqday sochilib ketgan. Otamga o‘z davrining yetuk bilimdonlaridan saboq olish nasib etgan. Lekin oxiriga yetmay joy-joyida qolib ketgan. Sargardonlik boshlangan. Baxtiga 20-yillarda Samarqandda ochilgan o‘qituvchilar tayyorlash ilmgohida tahsil olish nasib etgan.

Savodsizlikni tugatish bo‘yicha, Xorazmning chekka hududlariga – Mang‘it, Gurlan, Qilich Niyozboy, Ocha, Do‘rmon, Beshuy, Holimbek qishloq ovullariga yuborilib, keksayu-yoshlarga saboq beradi. Ko‘p o‘tmay, “Avlodi dindor, Xivalik”, degan tamg‘a bosiladi. O‘z tug‘ilib o‘sgan yurtida yashash havfli bo‘lganligi sababli, bir kechada ko‘zdan g‘oyib bo‘ladi. Toshkentga – xon urug‘lari bilan qochib kelib yashayotgan xolasi Anajonbika yoniga panoh izlab keladi.

Anajonbika Feruzxonning ukasi Otajon to‘raning kichik rafiqasi bo‘lib, farzand ko‘rmaganligi sabab, otamni chaqaloqligidan bag‘riga olib, tarbiya qiladi. Otajon to‘ra vafotidan keyin ham, Anajonbika xon urug‘lari bilan birga yashaydi.

Xivaliklar Toshkentga kelganining dastlabki kunlaridanoq turli qiyinchiliklarni boshlaridan kechirishadi. 20-30 yillarning quv-quvlari; ur-yiqit, sur-surlari; ocharchilik… Har qadamda uchrash mumkin bo‘lgan havf-xatar…

Bir-birlarini suyashlari, mehribonligi, ishbilarmonliklari, xivaliklarga xos bo‘lgan hunarmandchiligi, eng asosiysi, usta-uddaburonliklari sabab – qahatchilik-ocharchilikdan asrab qoladi. Ular juda tejamkor bo‘lishgan. Birni ikki, ikkini to‘rt qila bilishgan.

Toshkentni “Toshkent – non shahri”, deb, bejiz aytishmaydi. “Chorsu bozori” xivaliklarning asosiy ro‘zg‘ori – qozonlari qaynashida asosiy xizmat vazifasini o‘tagan. Xivaliklar Chorsudan uncha uzoq bo‘lmagan Samarqand darvoza, O‘zgarish ko‘chalarida, Anajonbika o‘z yaqinlari bilan Chaqar mahallasida istiqomat qilishgan. Anajonbika yoshligidan tirishqoq, qiziquvchan bo‘lganligi bois, momolaridan kashtachilik-tikuvchilikni o‘rgangan. O‘z davrida Xorazmda noyob bo‘lgan “Zinger” tikuv mashinasi umrining oxirigacha doimiy hamrohi bo‘lgan. (Xivada umrguzoronlik qilayotgan jiyanim Fayzulla shu “Zinger” tikuv mashinasini hozirgacha ko‘z qorachig‘iday asraydi. Bu – bizning avlodimiz uchun juda qadrli – meros).

Anajonbika Toshkentda kashtachilik, do‘ppido‘zlik, ayniqsa, kundalik eng zarur kiyim-kechaklarni tikish bilan shug‘ullanib, tirikchilik qilgan. Otam ham “Zinger”da kiyim tikib, xolasining ko‘makchisiga aylangan. Yashash oson kechmagan. Yangi kiyim boshga nahojat. Odamlar bir ushoq nonga zor – tirikchilik ilinjida bo‘lishgan.

Haddan ziyod g‘am-tashvishlar. Qismatli dunyo…

Abdulhamid Cho‘lponning

“Hasratim ko‘p, elga aytolmayman,
Armonim ko‘p, dilda saqlolmayman”,

degan satrlarini bot-bot eslab qo‘yar edi, otam. O‘sha davr iztiroblari haqida, otam avlodlari to‘g‘risida gapirish alohida katta mavzu.

Alisher Navoiyning “Xamsa”si, Sa’diyning “Bo‘ston”, “Guliston” asarlaridan hikoya qilar edi, otam. Ogahiy, Mashrab, So‘fi Olloyor, Cho‘lpon, Oybek asarlari esimni taniganimdan boshlab miltillagan kerosin lampa chiroqlari ostida qulog‘imga quyilgan. Otamdagi go‘zal so‘zlilik, chuqur bilmdonlik qadimiy Xivada istiqomat qilib, umr bo‘yi ilm chiroqlarini yoqib yashagan mahdumzoda bobolaridan merosdir. Otam o‘z zurriyotlarida bobolar ilmi davomiyligi bo‘lishini orzu qilgan. Shu sababli barcha farzandlari: akam, opam, singlim, 5-sinfdan boshlab Toshkent maktablarida ta’lim olgan.

Otamning qistovi bilan men ham 1963 yil iyul oyi o‘rtalarida Toshkent shahridagi 82-maktabning 9-sinfiga hujjatlarimni topshirdim. Maktab faqat yuqori sinfning iqtidorli o‘quvchilariga mo‘ljallangan bo‘lib, Toshkent shahrining hamma maktablaridan kelgan o‘quvchilarga qo‘shilib men ham fizika, matematika, tarix fanlaridan imtihon topshirdim. 9-sinfga kamida 150 o‘quvchi qabul qilindi. Men 9-”D” sinfida o‘qiy boshladim. Mutaxassislikka qarab, bizning sinfga fizika, matematika fani bo‘yicha ko‘proq soat ajratilgan edi. Chanqoqlik bilan o‘qish boshlandi-yu, lekin 5 sentyabrdan ko‘rpa-to‘shak, ashg‘ol-dashg‘ol bilan yoppasiga shaharga yaqin “Bo‘zsuv” xo‘jaligiga poliz mahsulotlari terishga olib ketishdi. Sinfdagi notanish o‘quvchilarni bir-birlari bilan dala tanishtirdi. Men rus tilida so‘zlashga no‘noq edim. Rus tili o‘qituvchimiz Asya Karimovna Izmailova bilim darajam past ekanligini sezib, daladan qaytib kelganimizdan so‘ng, har kuni kechasi allamahalgacha saboq berardi.

Oradan bir oy o‘tib, 6 oktyabrda Mirzacho‘lga paxta terimiga haydashdi. Bizning maktabimiz o‘quvchilarini “Titov” nomli (sovxoz) xo‘jalikning ovloq joyidagi yer to‘lalarga joylashtirishdi. Kalamush, sichqonlarga makon bo‘lgan bu joydan badbo‘y mog‘or hidi anqib turardi.

Dala ro‘parasidagi devorlari to‘kilib, nurab ketgan “dala shiyponi”da qizil alvonlarga yozilgan shiorlar: “Kommunizm sari olg‘a!”, “Besh yillik planga ko‘ra SSSR Amerika Qo‘shma Shtatlaridan o‘zib ketadi”, “Sotsialistik musobaqada g‘alaba qilamiz!”, “Paxtani yuz foiz mashinalarda terib olamiz!”, – degan yozuvlar butun atrofni qamrab olgan edi.

Nikita Sergeyeviy Xrushchyov “tashabbusi” bilan makkajo‘xori yetishtirishga ruju qo‘yilgan 1963-1964 yillarda do‘konlarda non, un, makaron mahsulotlarini olish uchun soatlab navbatda turishlar boshlangan edi.

Tong sahardan paxta terimiga chiqish oldidan, kerosin hidi, yana allaqanday hidlar anqib turgan, yupqa oq tunukadan ishlangan, sarg‘ayib chirkin bosib ketgan titanbak samovarda suv qaynatilar edi. Ichmaslikning iloji yo‘q. Tong sahardan uch bo‘lak qotib, achib ketgan qora non, ikki dona chaqmoq qand berilar edi. Tushlik va kechki ovqatga dog‘lanmagan paxta yog‘idan tayyorlangan sho‘ldir-sho‘ldir kartoshkali makaron sho‘rva…

Sho‘rolar bayrami (Ulug‘ Oktyabr Sotsialistik revolyutsiyasining 46 yilligi) arafasida 5-noyabr kuni qor bo‘roni izg‘ib turgan pallada paxta terish yakunlandi. Maktabimizning yetti nafar o‘quvchisini tez yordam mashinasida Toshkentga olib kelishdi. Shular orasida men ham bor edim. Sovuqda ming bir azob bilan uyga kelib, o‘n kun to‘shakka mixlanib qoldim.

Paxta terimi davrida menda oshqozon yarasi paydo bo‘lgan ekan. Kechalari og‘riqdan uxlay olmay, to‘lg‘onib, to‘rt yil azoblandim. 1969 yil izg‘irinli Yangi yil oqshomida oshqozon yarasi yorilib ketib, hushimni yo‘qotibman. Shifokorlarning tez jarrohlik yordami tufayli, omon qolganman. Tuzalishim cho‘zilib, uzoq muddat o‘qishga borolmaganman.
O‘sha davr men uchun katta sinov hayot maktabi bo‘ldi.

Bilim bergan o‘qituvchilarimdan bir umr minnatdorman. Ammo… Lekin…Sinfimizda chet tili ikki guruhga ajratilgan edi. Bir paytning o‘zida ingliz tilidan Yavorskaya, fransuz tilidan Kupchinskayalar dars berishar edi. Kitobdan temalarni belgilab berishardi-yu, shivirlashib, kulib gap sotib o‘tirishardi. Sinfimiz o‘quvchilari chet tillaridan mutlaqo savodsiz bo‘lib qolishgan. Ingliz tilidan “saboq” olgan men ham…

Hayot – taqdir meni yoshligimdan mashhur, ulug‘ insonlar bilan ro‘baro‘ qildi.

G‘afur G‘ulom, Qori Niyoziy, Vosil Qobulov, Bo‘riboy Ahmedov, Shukur Burxonov, Rahim Pirmuhammedov, Hikmat Latipov, Xamza Umarov…

Matematika, fizika sohasi bo‘yicha akademik olimlar Qori Niyoziy, Vosil Qobulovlar Eski shaharning Chorsu yaqinida joylashgan, men o‘qigan 82 o‘n bir yillik maktabni otaliqqa olishgan edi. Biz o‘quvchilar ko‘p bor ular suhbatidan bahramand bo‘lganmiz. Qori Niyoziy har gal kelganlarida, fanda buyuklik yaratgan bobolarimiz haqidagi suhbatdan boshlar edi: “Xorazmiy, Beruniy, Farg‘oiy, Ibn Sino, Forobiy, Zamaxshariy, Ulug‘bek…Birinchi navbatda bobolaringiz – buyuklarimiz haqida bilishingiz shart! Hayotda, fanda sen uchun to‘ppa-to‘g‘ri tekis yo‘l yo‘q. Egri-bugri, chag‘ir toshli, tikanli, suvli… Biz ham qishlog‘imiz so‘qmoqlaridan yurib, baland-past notekkisliklardan, suvlardan kechganmiz. Shulardan o‘tolsanggina, orzu qilgan, ko‘zlagan maqsadlaringga erishasan. Ko‘p o‘qi, o‘rgan. Tariximizni bilishing shart”, — deb, Xo‘jandu Qo‘qonda, Samarqandu Toshkentda ta’lim olgan davri, yoshlarga bergan saboqlari va o‘z hayotlarining qismatli yo‘llaridan misollar keltirar edi. Qori Niyoziyning “Hayot maktabi” kitobi biz o‘quvchilar uchun dasturil amal bo‘lgan.

gafur_gulom-640x400.jpgG‘afur G‘ulom bilan qisqagina uchrashuv hayotimda o‘chmas iz qoldirgan.

1965 yil. Qish… Beshyog‘och maydonidagi dorixona yonidan o‘tib ketayotsam yoshi oltmishlarni qoralab qolgan bir odam “Beri kel, o‘g‘lim. Bir insonning hojatini chiqarsang kam bo‘lmaysan”, — deb, dorixona ichkarisiga olib kirdi. Qarasam ro‘paramda kitoblarda rasmini ko‘rganim, boshida do‘ppi, uzun palto kiygan, oyog‘ida etik G‘afur G‘ulom. Haligi odam oq jigarrang qog‘ozga o‘ralib, ip bilan bog‘langan ikki to‘p kitobni qo‘limga tutqazdi. To‘plam ancha og‘ir edi. “G‘afur aka, bunisi hisobmas. Keyingi gal ko‘l bo‘yidagi oshxonada Maqsud Shayxzoda, sizning xizmatingizga doimo tayyor, xushchaqchaq gurungchi Yusufjon Hamdam yana…Suhbatingizni xush ko‘radigan yaqinlaringiz bilan oshxo‘rlikda otamlashamiz”, — deb ikki qo‘li ko‘ksida egilib, xayrlashdi. Men shunday ulug‘ inson yonida ketayotganimdan xursandman, hayajondaman… G‘afur G‘ulom hayolga berilib, juda ham sekin, qadam tashladilar. Ariq ko‘prigidan o‘tib, ellik qadamcha yurganimizdan keyin Muqimiy nomli teatr ro‘parasidagi maydoning qoq o‘rtasida to‘xtadilar. Cho‘ntaklaridan kundalikni (bloknot) kitob ustiga qo‘yib, qalamda unga allanimalarni yozdilar. Kitobning yon tomonidan o‘qishga harakat qildim. Qori Niyoziyning men o‘qigan “Hayot maktabi” kitobi. G‘afur G‘ulom orada menga bir qarab qo‘ydilar va o‘ychan holatda gapirdilar. Menga aytdilarmi yoki o‘zlariga… bilolmadim. “Har bir odam baxtli bo‘lishga intiladi. Yaxshi. Baxt o‘zi nima? Birovlar “men baxtliman”, — deb keriladi. To‘qima gapmi? Oliftalikmi? Komil inson deymiz. Komillik nima? To‘kislik nima? Hayotdan to‘yib ketdim deydi?! Gap ko‘p… Hayotga kelibsan. Yashayapsanmi? Shukrona qil… Bola-chaqangni o‘yla, o‘qit… Inson umri juda qisqa… Eh, hali sen yoshsan, hamma narsa oldinda. Tuppa-tuzuk bolaga o‘xshaysan, ko‘p o‘qi, o‘rgan, lekin hayotda qoqilma”, — deb gapirib, yana alla nimalar yozib, sekin-asta qadam tashladilar. Men orqada kelyapmanu, “Oltinchi sinfda o‘qiyotganimda yoningizda turib, she’ringizni aytganman”, — demoqchi bo‘lamanu, salobatlari bosib, hayajonlanaman. Hovliga kirishimiz bilan, sekin muloyimlik bilan “Hu, onasi, Murkarramxon biz keldik”, — deb chaqirdilar. Tut daraxti yonidagi o‘tirg‘ichga kitoblarni qo‘yib ketayotganimda G‘afur G‘ulom savolga tutdi. Sakson ikkinchi maktabda o‘qishimni aytganimdan so‘ng, “Tuzik, yaxshi saboq beradigan maktab, direktori Rahmatullayev tarixchi, o‘z fanini mukammal biladi. Bizning millatimiz tarixi dunyodagi eng qadimiylaridan. Buni bilishing kerak. Tilimiz, adabiyotimiz, she’riyatimiz yuksak. Ko‘tarib kelganing, mana bular hammasi Alisher Navoiy kitoblari… O‘qish kerak, uqish kerak, uqish… Gaplarimni yaxshilab uqib ol. Ko‘p o‘qi, odam bo‘lasan!”, — deb qo‘l berib xayrlashdi. Barmoqlari uzun, silliq, taftli edi. Shunday sevindimki, hayotimdagi eng quvonchli onlar… Lekin qalbimda bir armon qoldi. Ancha yillar ilgari to‘rt qator she’rlarini aytganim, yelkamga qo‘li bilan qoqib qo‘yganlari… Gapirishga uyaldim. Iymandim… Jur’atim yetmadi. Aytolmadim.

2001 yil aprel oyi oxirlarida shoirning tug‘ilgan kuni yaqinligi bois, G‘afur G‘ulom uy muzeyida qizi Olmos opa bilan uchrashib, ko‘rsatuv tayyorlashni rejalashtirdik. Oradan ma’lum muddat o‘tib, O‘zbekiston xalq shoiri Sirojiddin Sayyid bilan birgalikda uy-muzeydan ko‘rsatuv tayyorladik. Olmos opa dadasi haqidagi xotiralardan so‘zladi. Sirojiddin she’rlar o‘qidi. Tut daraxti yonida turib, 36 yil ilgari yuragimda armon bo‘lib qolgan “Aziz asrimizning aziz onlari…”, — deb boshlanuvchi she’rni to‘laligicha aytdim. Hovli o‘rasidagi G‘afur G‘ulom haykali go‘yo tirilgandek, men aytayotgan she’rni tinglayotgandek bo‘ldi, nazarimda… Shoir tirik…

Ko‘rsatuv G‘afur G‘ulom tavallud topgan kun, 10 mayda televideniye orqali namoyish qilindi va maqtovlar yog‘ildi.

Toshkentning kechayu kunduz odamlar oqimi to‘xtamaydigan 60-yillarining eng katta va mashhur maydonlaridan biri, Beshyog‘och…

Vokzal bilan aeroportni Chorsu, Eskijuva orqali bog‘lovchi asosiy yo‘l shu yerdan o‘tar edi. Gavjum bozor, savdo rastalari, oziq-ovqat do‘konlari, istirohat bog‘i – ko‘l, “Muqimiy” nomli teatr, dorixona, choyxona, oshxonalar…Qoq markazda kun bo‘yi odamlar qadami uzilmaydigan Alisher Navoiy nomli kinoteatr. Mashhur hind filmlari shu yerda namoysh qilinardi. Tong sahardan chipta olishga tirband odam…

O‘qish tugadi deguncha Chorsudan 3 tiyinlik tramvay pulini ayab Beshyog‘ochga chopar edik. Kino chiptasiga pul topish ilinjida bozorga kirib turli yumushlar, qovun-tarvuz, oziq-ovqat mahsulotlarini tashish deysizmi, biz uchun farqi yo‘q. Maqsad pul topish, 4 tiyinlik mashhur “beshyog‘och gummasi”dan yeyish va 20 tiyinga kino tomosha qilish…

O‘sha davrda mashhur kinoartistlar suvratlarini uydagi yotoqxona devorlariga ilish urfga aylangan edi. Biz maktab o‘quvchilari hind kinofilmlarida aytilgan qo‘shiqlarni hirgoyi qilib, hind aktyorlariga taqlid qilar edik. Havasda…

Havas 11 sinfni tugatayotgan yetti nafar maktabimiz o‘quvchilarini ilk bahor kunlari, A. Ostrovskiy nomidagi Toshkent teatr va rassomchilik san’ati institutining kino va drama aktyorligi fakultetiga yetakladi. U yerda bizni aktyorlik mahorati bo‘yicha kirish imtihoniga tayyorlashga mas’ul Mixail Fattoxov ochiq chehra bilan kutib oldi. To‘rt yarim oy davomida haftasiga 3 marta kelib, dastlab etyudlar o‘rganib, bir nechtadan she’r, monolog, mas’al, hikoyalar yod oldik. 1966 yil 26 aprel Toshkentda qattiq yer silkinishi bo‘lganligi sababli, maktabni tugatishimizda uchtagina fandan yengilgina imtihon olishdi.

Maktabdoshimiz kinoaktyorlar qiyofasidagi, baland bo‘yli, xushbichim, ovozi jarangdor, jozibali, maktabdagi turli anjumanlarda she’r, g‘azal aytganda ko‘pchilik e’tiborida bo‘lgan Kamolxon Karimov bizni tashlab, fizika ixtisosligi bo‘yicha oliy o‘quv yurtini tanladi. Maktabimizni tugatgan 10ta o‘quvchi san’at oliygohiga hujjat topshirdi. Boshqa oliygohlardan o‘n besh kun ilgari, ya’ni 16-iyul kuni imtihonlar boshlandi. Opa-singil Ibrohimovalar va menga, biz uchun muqaddas bo‘lgan oliy o‘quv yurtiga kirish nasib etdi. Kechayu kunduz, ter to‘kib qilgan mehnatlarimiz o‘z natijasini ko‘rsatdi. Oradan yillar o‘tib, opa-singillar elga tanildi. Dilorom Ibrohimova (Karimova) O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist, singlisi Malika Ibrohimova esa O‘zbekiston xalq artisti unvonlariga sazovor bo‘lishdi.

Kamolxon Karimov o‘z hayotida to‘g‘ri yo‘lni tanlagan ekan. Texnika fanlari doktori, professor. O‘zbekistonday go‘zal mamlakatimiz, millatimiz dovrug‘ini butun dunyoga yoyishda xizmatlari katta. Chet mamlakatda O‘zbekiston elchisi bo‘lib, o‘z sharafli burchini ado etdi. Uchrashuvlarimizdan birida “Sizga havasim keladi, televizorda gapirasiz. El taniydi”, — dedi. “Siz siyosiy arbob, olim sifatida qancha mamlakatlarda xizmat safarida bo‘ldingiz, anjumanlarda ishtirok etdingiz, ma’ruzalar qildingiz. Sizni chet ellarda ham bilishadi”, — dedim. Ko‘zlarimizga yosh keldi… Sevinch yoshlari…

Akam Milliy Universitetning tarix fakultetida, opam fizika fakultetining kechki bo‘limida tahsil olishar edi.

Uydagi yetishmovchiliklar sabab, mening ham kechki bo‘limda o‘qishimga to‘g‘ri keldi. Kechki rejissyorlik bo‘limiga o‘qishga kirgan xorazmlik Ibodulla Matniyozov bilan “O‘zbekfilm” qoshidagi laboratoriyada kinoplyonka tashuvchi bo‘lib ishga kirdik. Oylik o‘ttiz so‘m. Laboratoriyada zaharli havo bo‘lganligi sabab, har kuni sut yo qatiq berilar edi. Ko‘pincha o‘n tiyinga tandirda yopilgan issiq non olib, qatiq bilan tushlik qilar edik. Oradan yillar o‘tdi… Ibodulla Matniyozov “Ogahiy” nomidagi Xorazm viloyat teatrida bosh rejissyor bo‘lib, ko‘plab spektakllar sahnalashtirdi. O‘zbekiston san’at arbobi unvoniga sazovor bo‘ldi. (Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin) Umrlarining oxirigacha samimiylik, do‘stlik, ijodiy aloqalarimiz uzilmadi. 1998 yil Jaloliddin Manguberdining 800 yillik yubileyi munosabati bilan men mualliflik qilgan uch qismli videofilmda Muhammad Xorazmshoh timsolini (siymosini) gavdalantirdi. 2001 yil Avesto kitobining 2700 yilligi munosabati bilan ishlangan videofilmda donishmand, buyuk bir inson qiyofasini yaratdi. Ibodulla aka o‘ta madaniyatli, o‘qimishli, teran fikrlovchi, falsafiy mushohadasi keng, to‘g‘ri so‘z, halol, pokiza inson edi.

Umrning qalbga muhrlangan eng qimmatli soniyalari…
Talabalikning birinchi kuni. Biri kam ellik yil. Yarim asr…

O‘zbek san’ati rivojiga umrlarini baxshida qilgan ustozlar… O‘z fanlari sohasida, shogirdlariga ezguliklar, yaxshiliklar (istashgan) ulashgan. Sizga ta’zim… Biz ham muqaddas o‘quv dargohiga qadam qo‘ydik bugun. Dastlabki nasihatomuz dil so‘zlari…

Qancha talabalarni mashhurlikka yetaklagan o‘quv xonasi. Dastlabki mashg‘ulot… Aktyorlik mahorati bo‘yicha ustozlar bilan tanishtiruv: Abdurahim Sayfuddinov, Arsen Ismoilov, Xarlambidis (millati grek). Ular jiddiy, lekin yuzlaridagi tabassumni yashira olishmas edi. Birinchi so‘zni boshladi, ustoz Abdurahim Sayfuddinov: “Tabriklaymiz! Halollik, oqillik, pokizalik bor joyda unum bo‘ladi. San’at qadim zamonlardan shu kunga qadar insoniyatni tafakkurga, nurli kunlarga, baxt saodat ila go‘zal chamanlarda yashashga chorlagan. Siz talabalar, mayda maqsadlaru manfaatlar ichida chuvalashib ketmang. Yuksaklikka intiling. San’at o‘rtamiyonalikni yoqtirmaydi. Ikki foiz talant, to‘qson sakkiz foiz mehnat… Shoshsang ham shoshmay so‘yla, harakatdan to‘xtama. Aktyorlik mahorati fani har biringizni oldin fikrlab, o‘ylab, keyin so‘zlashga o‘rgatadi. Qisqasi oldin o‘yla, keyin so‘yla!” – deb, o‘z ma’ruzasini yakunladi. Ustozning qosh-qovog‘i soliq, gapirganda o‘ta bosiq, bir so‘zni ikki marta takrorlamaydigan, nutqi ravon, sof adabiy tilda so‘zlovchi, talabchan, jiddiy, kezi kelganda muloyim va mehribon, mulohazali inson edi.

Xarlambidis – 60 yoshdan oshgan, hali ham ko‘rinishidan bardam baquvvat, ozg‘in, oq yuzli, sochlari ham oq, silliq qilib orqaga taralgan, o‘rta bo‘yli inson edi. Qisqa va lo‘nda, falsafiy mushohada bilan sekin, samimiy gapiradi, asosan kiyinish madaniyati haqida… Ustozning o‘ta madaiyatli inson ekanligi bo‘yinbog‘ini qanday o‘rab taqqanidan ham ma’lum edi.

Arsen Ismoilov o‘sha paytda 25 yoshlardagi navqiron yigit bo‘lib, o‘z ishiga o‘ta mas’uliyat bilan yondashishi, jiddiyligi yoshini ancha ulg‘aytirib ko‘rsatar edi. Qaddi qomati tik, epchil, harakatchan bu inson to‘rt yil davomida kursimizga rahbarlik qilib, aktyorlik mahorati va sahna harakati fanidan saboq berdi. Arsen Ismoilov professional aktyorlar uchun nihoyatda zarur bo‘lgan sahna jangi, qilichbozlik va sahna harakati sirlarini o‘rgatuvchi, talabchan, mohir, o‘z sohasining haqiqiy ustasi. Birinchi ish faoliyatini biz bilan boshlagan ustoz, hozirgi darvgacha qancha yoshlarga murabbiylik qildi. Institut “Sahna harakati” kafedrasi mudiri, professor darajasigacha yetib bordi. 70dan oshib, 80 yoshni qoralab qolganlariga qaramay, bir joyda o‘tirolmaydi, tinib-tinchimaydi, hali hanuz yoshlarga ustoz. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi, Qoraqalpog‘istonda xizmat ko‘rsatgan artist Arsen Ismoilov qo‘lida tarbiya topganlar elda mashhur bo‘ldi, yurtga tanildi, hukumatimizning qancha unvonu mukofotlariga sazovor bo‘lishdi.

O‘zbekiston xalq artisti, oliy toifali suxandon Mirzohid Rahimov, O‘zbekiston xalq artisti, mashhur kinoaktyor Murod Rajabov O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist, teatr va kino aktyori Gulchehra Sa’dullayevalar bilan bir darsxonada yonma-yon o‘tirib, Arsen Ismoilovday san’atga o‘z umrlarini baxshida qilgan ustozlardan ta’lim olganmiz. Gulchehra 18 yoshida Abdulla Qodiriy asari asosida yaratilgan “O‘tgan kunlar” badiiy filmida Zaynab timsolini yaratdi. 60-yil oxirlaridan boshlab ko‘plab televizion teatrlarda bosh rollarni ijro etdi. Respublika “Yosh tomoshabinlar teatri”dagi ijodiy faoliyati maqtovga loyiq.

Birinchi kursda sahna mahoratidan etyud mashqlarini Murod Rajabov bilan birgalikda bajarar edik. Ko‘pincha men voqealikni o‘ylab topardimu, shu zahoti Murod aktyorlik mahoratini ishga solardi. O‘qishning dastlabki kunlaridanoq, uning talanti yarq etib ko‘zga tashlandi. 70-90 yillarda teatr va kinoda ko‘plab milliy siymolarni yaratdi. El uni olqishladi. Uning ijrosida o‘zbek kinosida o‘zbekona yangi qiyofalar paydo bo‘ldi. O‘zbek kinosi tarixida o‘chmas iz qoldirayotgan san’atkorlardan biri… Murod Rajabov bilan hamkorligimiz keyinchalik yana davom etdi. 1996-97 yillarda men mualliflik qilgan “Bir o‘lkaki…” ko‘rsatuvida rejissyorlik va men bilan birgalikda boshlovchilik qildi. Biz Xorazm, Buxoro, Samarqand, Surxandaryo, Jizzax viloyatlarida ijodiy safarlarda bo‘ldik. Ko‘p qismli ko‘rsatuvlarning har biriga teletomoshabinlarning mehri tushdi. O‘zbek adabiyotida o‘lmas siymo Muso Toshmuhammad o‘g‘li Oybekning she’ri asos qilib olingan “Bir o‘lkaki…” ko‘rsatuvining ovozasi qiru-adirliklar, sahroyu daryolar, tog‘lar osha aks-sado berdi.

1990 yilda tashkil qilinib, mutassil ikki yil namoyish qilingan “O‘zanini topar daryolar” ko‘rsatuvi 1996 yildan “Bir o‘lkaki” deb nomlanib, dastlabki ko‘rsatuvlarning o‘zagi va davomiyligi hisoblanadi. Men mualliflik va boshlovchilik qilgan “O‘zanini topar daryolar” ko‘rsatuviga mashhur kinorejissyor Jahongir Qosimov rejissyorlik qildi. Ko‘rsatuvda Vatan, millat haqida kuylanib, tarixiy Afrosiyob, Samarqand yodgorliklarining o‘tmishi va bugungi qiyofasi, Amir Temur, Mirzo Ulug‘bek, Mirzo Boburlarning siymolarini, hujjatli badiiy publitsistik film darajasida tasvirga olindi. Ko‘rsatuvda adiblar Tohir Malik, Xurshid Davron, Hayriddin Sultonovlar, aktyorlardan Hojiakbar Nurmatov, Sayyora Yunusova, Karim Mirhodiyev, Said Muxtorovlar ishtirok etishdi. Jahongir Qosimov dunyo rejissurasini chuqur bilgan, o‘zbek kino rejissurasi, televizion rejissurasida o‘ziga xos uslub yaratgan, teran fikrlovchi, keng mushohadali ijodkor.

“O‘zanini topar daryolar” ko‘rsatuvi, yuqorida aytib o‘tganimdek, otam takrorlab yuradigan satrlar — o‘lmas shoir Abdulhamid Cho‘lponning

“Hasratim ko‘p elga aytolmayman,
Armonim ko‘p dilga joylolmayman”

– degan she’riy satrlari bilan boshlanar edi. Ko‘rsatuvlarning ayrimlari o‘sha davrda ta’qiqlandi. Millatimiz ulug‘ligi, qadimiyligimiz haqida gapirish, Amir Temur, Boburday buyuk bobolarimiz to‘g‘risida ijobiy fikrlar aytish aslo mumkin emas edi. 1918-20 yillardagi milliy xalq ozodlik harakati haqida ham to‘xtalib o‘tgan edik. Ko‘rsatuvlar bir yil chang bosib yotib, 1991 yil Mustaqillik bayramidan keyingina efir yuzini ko‘rdi.

***

1966 yil, 31 avgust. Birinchi marta telekamera ro‘parasidagi hayajonli daqiqalar…
Umr lahzalarini belgilovchi tasodifiy uchrashuv…

Mening O‘zbekiston televideniyesi ostonasiga dastlabki (U paytlar Toshkent telestudiyasi deb nomlangan) qadamni qo‘yishimga, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan jurnalist Tohir Mullaboyev sababchi bo‘ldi.

Tohir aka uzoq yillar bolalarga bag‘ishlangan rang-barang ko‘rsatuvlarga muallif va muharrirlik qildi. Doimo yuz-ko‘zlarida tabassum balqib turadigan, ochiq chehrali, bolalarday beg‘ubor, shoir tabiat inson.

Mening she’r o‘qishga havasim va iqtidorimni ko‘rgan Tohir Mullaboyev televideniyeda o‘qishim uchun “Ustoz” nomli she’rini qo‘limga tutqazdi. She’r menga ma’qul keldi. Yod oldim.
Ne baxtki, bolalar uchun yangi o‘quv yiliga bag‘ishlab tayyorlangan ushbu ko‘rsatuv boshlovchisi, men ko‘rsatuvlarini sevib tomosha qiladigan suxandon Nasiba Ibrohimova ekan.
Ko‘rsatuvda ishitrok etadigan barcha bolalar ichida opaning menga qarata aytgan fikrlari hali-hamon yodimda…

“Hozir ko‘rsatuv boshlanadi. Minglab tomoshabinlar sizni ko‘radi, gapingizni, she’ringizni tinglaydi, zavq oladi, xulosa qiladi. Siz kamera ro‘parasida turib, minglab odamlarga qarata gapirishingiz kerak. Buning iloji yo‘q. Gapira olmaysiz. Faraz qiling. Go‘yo, kamera ichida eng yaqin insonlaringizdan biri turibdi. Siz birgina shu odamga qarata gapiring. Shunda yuzlab, minglab televizor qarshisida o‘tirgan tomoshabinlarning har biri “menga gapiryapti” deb, o‘ylasin. Hozir siz hayajonlanayapsiz. Chunki siz mas’uliyatni sezyapsiz, xis qilyapsiz. Albatta, hayajon bo‘lishi tabiiy hol. Bu yaxshilikdan dalolat. Nim tabassum ila oddiy, samimiy gapirishga harakat qiling”, — deb Nasiba opa menga oq yo‘l tiladi.

Televideniyedagi birinchi ustoz… Dastlabki saboq…

Shu so‘zlardan so‘ng, telekameraning kichkinagina oynachasi meni sehrlab qo‘ydi. Gapirib, she’r aytayotganimda kamera ichida, go‘yo odam qiyofasi gavdalanganday, ko‘ringanday bo‘ldi.

Televideniyedagi ilk qadam…

Xalq hurmat, e’tiboridagi suxandon bilan uchrashuv men uchun mo‘jiza edi.

Televideniyeda gapiruvchilar xoh u suxandon, boshlovchi, fan haqidagi ko‘rsatuvlarni olib boruvchi olim, adabiy ko‘rsatuvlarda boshlovchilik qiluvchi shoiru yozuvchilar, adabiyotshunoslar, kim bo‘lishidan qat’iy nazar o‘z davriga yarasha, o‘sha davr nuqtai nazaridan chiqishlar qilinardi. Ko‘p hollarda televideniyeda so‘zlovchilar erkin gapirmasdi, gapira olmasdi, ssenariyda yozilganidan chiqmagan holatda (nuqta, vergullargacha e’tibor berib) o‘qib berishar edi. Bu o‘sha “davr” talabi edi… (…tekshiruv-nazorat – senzura kuchli bo‘lgan).

60-yillarda televideniyedagi ko‘plab ko‘rsatuvlarni olib borish suxandonlarga vazifa qilib yuklatilgan. Suxandon – xalq orasida har tomonlama o‘rnak bo‘ladigan – shaxs. Madaniyatli, o‘qimishli, keng fikrlovchi intizom – odob-ahloqda barcha havas qiladigan – inson. Qisqasi, haqiqiy suxandon – turli mish-mishlar-u – har xil mayda-chuyda gap-so‘zlardan yiroq – halq minbaridagi shaxs. Senga hamma havas-la qarasin, senday bo‘lishga intilsin. Chunki sen doimo insonlar nigohidasan, qalbidasan.

Nasiba Ibrohimova – o‘qimishli, har tomonlama teran fikrlovchi, tafakkur olami keng, oddiy, samimiy, hayotiy gapira oladigan suxandonlardan biri edi – doimo xalq olqishida bo‘lgan.

Nasiba Ibrohimovaning adabiy-badiiy ko‘rsatuvlar, “Axborot”ni olib borishi, qishloq xo‘jaligi, sanoatga oid ko‘rsatuvlarni, har bir chiqishini tomoshabinlar orziqib kutardi. Olib borish uslubi meni ham maftun etardi. “Mening opam ham shu suxandonday ko‘rsatuvlar olib borsa”, — deb orzu qilardim.

Orzu…

Men bir umr televideniyega bog‘lanib qolaman, suxandon bo‘laman, deb hech o‘ylamaganman. Ancha muddat turli ko‘rsatuvlarda she’rlar o‘qib, suhbatlarda qatnashib yurdim. Ko‘rsatuvlarda qatnashish men uchun oson kechmagan. Ancha murakkab jarayonlar, to‘siqlardan o‘tib, dastlab bolalar uchun tayyorlanadigan “Otalarimiz jasorati” ko‘rsatuvini, undan keyin “Yoshlik” studiyasining qator ko‘rsatuvlarini, jumladan, “Istiqbol egalari”, “Studentlik oltin davrim” ko‘rsatuvlarida Dilfuza G‘ulomova bilan birgalikda boshlovchilik qildim. O‘zbekiston madaniyat xodimi, rejissyor Mirabbos Mirzaahmedovning shu ko‘rsatuvlarda boshlovchilik qilishimda xizmatlari beqiyos. Mirabbos Mirzaahmedov “Otalar so‘zi, aqlning ko‘zi” ko‘rsatuviga uzoq yillar rejissyorlik va ma’lum muddat boshlovchilik (ota qiyofasida) ham qilgan. Shu kunlarda ham nafaqada bo‘lishiga qaramay, tinib-tinchimay matbuotda chiqishlar qiladi.

***
Talabalikning ilk kunlari…

Sahna nutqi o‘qituvchimiz Sotimxon Inomxo‘jayev: “Qator turinglar… Engashmang”, — deb biz talabalarni bittalab tekshiruvdan o‘tkazdi – “Gavdangni tik tut… Qaddingni g‘oz ushlashing, hayotda ko‘p narsalarni belgilaydi… Doimo o‘zbekona mehrga, oddiylik, samimiylikka intil.

Eng asosiy talablarimdan biri, talaffuzni tuzatish, so‘z ustida ishlash, sof o‘zbek tilida gapirishni o‘rgatish. Maqsad aniq.

Artikulyatsiya, diksiya, nafas va ovoz gimnastikasi ustida mashqlar bajaramiz. Bularning har birini alohida soatlarga ajratamiz. Har bitta harfga alohida-alohida to‘xtalib, mashqlar bajaramiz… p-f, x-h, q-g‘, ch-s…

…i – a – o – u – ye – yo … o‘zbek tilining go‘zalligi, nafisligi, jozibasi, jarangdorligi va ravonligi unli tovushlar tufayli”, — deb ta’kidlardi har bir mashq avvalida, ustoz.

“Notiqlik san’ati bo‘yicha shunday bilim olginki, kelgusida u senga yo‘lchi yulduz bo‘lsin. Sening ijoding, mahorating, har qanday insonning yuragidan, qalbidan joy olsin!”
Biz talabalar, o‘z kasbining mohir ustasi, fidoyisi Sotimxon Inomxo‘jayevdan mutaxassisligimiz bo‘yicha to‘rt yil saboq oldik.

Ota-bobolarimiz tarixi, eski o‘zbek tili va fors tillarini mukammal bilgan, odamlarga yaxshiliklar istovchi bu pokiza inson xastaligi sabab, keksalikkacha yetib bora olmadi. (Oxiratlari obod bo‘lsin)

O‘zbekistonda ilk bor (televizion ko‘rsatuvlar 1956 yil 5 noyabr) efirga uzatilganligining 10 yilligi munosabati bilan tayyorlangan ko‘rsatuv kelajagimga umid uyg‘otdi.
Ma’lumot o‘rnida: Ular birinchilardan edi. Ijodiy ishlar bo‘yicha direktor Mirsolih Mirag‘zamov, texnika direktori Marziya Abdullayeva, rejissyorlar Bobo Xo‘jayev, Armug‘on Muhamedov, tasvirchi (operator) Po‘lat Rasulov.

Birinchi ko‘rsatuv qaldirg‘ochlari – suxandonlar (diktor) Iqbol Olimjonova, Yunona Stolyarovalar. Keyinroq bu suxandonlar safiga Galina Melnikova Ra’no Madrahimova (“Mahallada duv-duv gap” filmida arxitektor qiz rolini ijro etgan) qo‘shildi.

60-yillar televideniyesi hozirgi davr televideniyesiga nisbatan juda ham ibtidoiy bo‘lgan – texnika jihatidan ham, ijodda ham. Lekin o‘z davrining mo‘jizasi bo‘lgan.
Televideniye asr, davr ixtirosi, katta bir kashfiyot yanglig‘ xonadonlarga kirib bordi. Dastlab, o‘z imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, ko‘proq kinofilmlar, konsertlar namoyish qilindi.

Butunlay yangi soha bo‘lganligi bois, ijodiy jarayonlarda maxsus mutaxassislar kam bo‘lgan.

Televideniye talabi: intilish, izlanuvchanlik, o‘z davri – jamiyat, milliy yashash tarziga xos, qizg‘in ijodiy izlanishlar davri boshlandi. Yangi nomlar kashf etildi.
Televideniye tug‘ilganidan buyon, hayotning har jabhasida, odamlarga hamroh, hamqadam. Televideniye insonlarni ma’naviy-ma’rifiy kamolotga eltuvchi katta kuch. Televideniye imkoniyatlari beqiyos…

1969 yil sentyabr oyida Toshkent televideniye studiyasiga (diktor) suxandon bo‘lib ishlash uchun, televideniye orqali maxsus tanlov e’lon qilindi.

Muttasil bir oy davom etgan e’londa “o‘zbek va rus tillarini mukammal bilishi shart”, — degan so‘zlarga alohida urg‘u berilgan. Tavakkal. Hujjatlarni topshirdim. O‘sha yilgi tanlov – televideniye tashkil bo‘lgandan 13 yil keyingi eng katta tanlovlardan biri bo‘lgan. Ishtirokchilar yuzdan ziyod. Bitta o‘ringa… Menda qo‘rquv paydo bo‘ldi. Nega?..
Televideniyedagi ijodimda atak-chechak davrim o‘tib, uning eshiklari men uchun keng ochilgan bo‘lsa? Nega shubha, ikkilanish.

1966 yildan boshlab, to‘rt yil davomida katta-kichik ko‘rsatuvlarda ishtirok etdim. Yillar mobaynida “Yoshlik” studiyasi ko‘rsatuvlarida boshlovchilik qildim. Ancha-muncha tajribaga ega bo‘ldim. Keng xalq ommasiga mo‘ljallangan bu ko‘rsatuvlarning o‘z tomoshabini bor edi.

60-yil oxirlaridan boshlab, radioda “Yoshlik” radiostansiyasi eshittirishlarida O‘zbekiston xalq artisti Rixsi Ibrohimova, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan tibbiyot xodimi Dilfuza G‘ulomova bilan birgalikda boshlovchilik qildim.

Eshittirishlarda tinmay band bo‘lishimga imkoniyat yaratgan radiorejissyor Rustam Yovqochev, mendan nazariy va amaliy bilimini ayamadi. Tilni charxlashda radio imkoniyatlari beqiyos.

Garchi men televideniye ko‘rsatuvlarida, radioeshittirishlarda boshlovchilik qilayotgan bo‘lsamda, 1969 yilda televizion teatr rejissyorlari taklifi bilan rollar ham ijro etdim.

Amerika yozuvchisi Teador Drayzerning “Amerika tragediyasi” romani asosida yaratilgan ikki qismli televizion teatrda (rejissyor Ganja Yoqubov) Frank Gariyet rolini ijro etishim, televizion teatrda hatto kichkinagina epizodik qiyofada chiqmagan men uchun tasavvur qilish qiyin bo‘lgan katta voqelik edi. Ustiga-ustak, televizion teatr ishtirokchilari, teatr va kinoda suyagi qotgan mashhur aktyorlar: O‘zbekiston xalq artistlari Turg‘un Azizov, O‘lmas Alixo‘jayev, Oydin Norboyeva, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artistlar Svetlana Murodxo‘jayeva, Mahmud Do‘smatovlar edi.

Oradan biroz fursat o‘tib, Zinnat Fatxulinning “G‘unchalar” spektakli asosida yaratilgan ikki qismli televizion teatrda rejissyor Mirzakarim Boboyev, rollarda O‘zbekiston xalq artistlari Maqsum Yusupov, Sur’at Po‘latov, Naima Po‘latovalar (davrasida) qurshovida bosh rol – yetim bolani ijro etdim. Singlik rolida O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Nafisa To‘xtayeva.

Televideniye va radio tobora umrim mazmuniga aylanib bordi. O‘zimni undan ayro tasavvur eta olmayman. Bas, shunday ekan, asosiy maqsadim ne bo‘lganda ham suxandonlar tanlovida g‘olib bo‘lish.

Nazarimda, menda nimadir yetishmayotganday… yana shubha, ikkilanish…

Odamning voyaga yetib, shakllanishida muhit, yaxshi odamlar ta’siri katta. Men o‘sha daqiqalarda hayot maktabini ko‘rgan, bilimdon, oliyjanob insonlar qurshovida bo‘ldim.
Ana shulardan biri, notiqlik san’ati bilimdoni, nutq madaniyati bo‘yicha respublikamizdagi eng yetuk mutaxassislardan biri, O‘zbekiston xalq artisti, professor Nazira Aliyeva edi.

Televideniyedagi badiiy, she’riyat bilan bog‘liq ayrim chiqishlarim doimo shoir va adib Turob To‘la, Nazira Aliyeva kuzatuvlarida edi. Ularning har bir tanqidiy fikrlaridan to‘g‘ri xulosa chiqarishga harakat qilardim.

Turob To‘la 40-yillarda radioda suxandonlik qilgan. Shu tufayli ham o‘ziga xos badiiy so‘z aytish san’atiga ega ijodkor edi. 80-yillar boshlarida matbuotda – “Sharq yulduzi” jurnali orqali tosh otilganda o‘z muhofazasiga olgan insonlardan biri Turob To‘la edi.

Tig‘iz payt keldi. Ustozim Nazira Aliyeva talabalar bilan mashg‘ulot, kundalik yumushlaridan vaqt ajratib, gohida o‘quv xonasida, ba’zan uyida – nabiralari qurshovida meni suxandonlar tanloviga tayyorlay boshladi. Har kuni bir, bir yarim, gohida ikki soatdan mashg‘ulot.

“Nega kayfiyating yo‘q, xumpar”, — dedi, bir kuni opa. (Opa “xumpar” so‘zini erkalash ma’nosida aytar edi) “O‘zingni qo‘lga ol! Optimist bo‘l! Do‘stga ham, dushmanga ham o‘zingni zaif, nimjon qilib ko‘rsata ko‘rma, xumpar. Odam o‘zini-o‘zi tarbiyalay bilishi lozim. Qalbingda maqsad, ishonch, orzular jo‘sh urib tursa, yurishu-turishing, qadam tashlashing ham o‘zgarib, chehrang ochiq, yuzing yorishib turadi. Ishingda baraka katta natijalar, yutuqlar bo‘ladi. Doimo seni yaxshiliklar kutadi. Senga atrofdagilarning hurmat, e’tibori oshadi”.

Ustoz nazariy-psixologik, ham amaliy mashg‘ulotlar uslubi bilan, ham teran fikrlari ila, meni ijodda yuksakliklar sari yetakladi.

So‘zlarni to‘g‘ri talaffuz qilib, jo‘shqin, ifodali o‘qish sirlarini o‘rgatdi. Siyosiy, qishloq xo‘jaligi mavzusidagi lavhalarni qanday talqin qilish kerak, “Axborot” dasturi qanday o‘qiladi, hamma-hammasini birma-bir, batafsil o‘rganishga harakat qildim.

Opa rus tilini yoshligidan mukammal bilgan. Shu tufayli ham rus tilida o‘qishni, talaffuz qilishni o‘rganishim ancha oson kechdi. Rus shoiri Sergey Yesenin she’rlaridan yodlatib, ifodali o‘qishning ayrim jihatlariga ham e’tiborni qaratdi. O‘zbek shoirlari Asqad Muxtor, Abdulla Oripov she’rlaridan yod olib tayyorgarlik ko‘rdim.

Badiiy o‘qish sirlari – sochma, barmoq vaznidagi she’rlar qanday o‘qiladi, opadan batafsil saboq olgan edim. Hozirgi kungacha o‘rgatganlariga amal qilib, yoshlarga ham saboq beraman. Shu tufayli, 2010-2014 yillar oralig‘ida “Yoshlar” telekanalida 10 martadan ko‘p namoyish qilingan “13 studiya” ko‘rsatuvida “she’rni qanday o‘qish kerak”ligi haqida ma’lumot berdim.

Ustozim Nazira Aliyeva “San’at – mening hayotim” kitobida yozadi: “… mening bobokalonim irinchi o‘zbek generali Jo‘rabek Qalandarov qori o‘g‘li g‘oyat xalqparvar, olijanob kishilardan biri bo‘lgan ekanlar. Bobomning to‘ng‘ich farzandlari Olloqulibek Jo‘rabekov ham yuksak malakali harbiy qo‘mondon bo‘lgan ekan. Bobomeros an’analarni davom ettirgan mening dadam Nasriddinbek ham uzoq yillar polkovnik darajasida ishlaganlar…

Jo‘rabekning evara-chevaralari orasida yirik davlat arboblari, harbiy qo‘mondonlar, taniqli olimlar va nihoyat, men ham borman.

Men onamdan juda yosh yetim qolganman. Onam yevropacha ta’lim olgan, yuksak madaniyatli va bilimdon ayol bo‘lgan ekanlar. Aytishlaricha, menda ham onamning ko‘p jihatlari bor emish.

Ayam olamdan o‘tgach, men holam Ulfatxon (aslida ismlari O‘g‘iltoyxon) Jo‘rabekovaning tarbiyalarida qolganman”.

Bu qalbi saxiy, daryodek bag‘rikeng ayolning menga bo‘lgan cheksiz muruvvatining yana bir qimmatli tomoni shundaki, u o‘z hikoyalari, xalqimiz yaratgan dostonlar haqidagi qator naqllari bilan meni nafosat dunyosiga olib kirdi, adabiyot, san’at olamiga ulkan mehr uyg‘otdi.

Nazira Hakimbekova (Aliyeva) 1925 yildan Bokuda Ozarbayjon Davlat Turk teatr texnikumida o‘zbekning mashhurlari – Xalq artisti Halima Nosirova, O‘zbekiston xalq artisti Sayfi qori Olimovlar bilan birgalikda tahsil oladi. So‘ng Moskvada – Markaziy teatr san’ati texnikumida o‘qishni davom ettiradi. Texnikum bazasida tashkil qilingan, Davlat teatr san’ati institutini tugatib, taqdir taqozosi bilan yana Bokuga qaytib keladi. Opa Ozarbayjon tilini mukammal biladi. M. Azizbekov nomli Ozarbayjon drama teatrida V. Shekspirning “Otello” spektaklida Dezdemona va qator pyesalarda yetakchi rollarni sof ozarbayjon tilida ijro etadi. Shu bilan birgalikda o‘qituvchilik faoliyatni davom ettirib, o‘z ta’lim olgan, teatr texnikumida sahna nutqi fanidan yoshlarga ta’lim beradi.

Nazira Aliyeva 30-yil o‘rtalarida O‘zbekistonga butunlay qaytib keladi. O‘zbek teatri asoschilaridan Mannon Uyg‘ur, Yetim Bobojonovlardan o‘zbek teatrining o‘ziga xos sirlarini, milliylikni qunt bilan o‘rganadi. Teatrda Abror Hidoyatov, Shukur Burxonov, Olim Xo‘jayev, Sora Eshonto‘rayeva, Obid Jalilov, Zamira Hidoyatova, Xolida Xo‘jayevalar bilan yonma-yon turli rollar ijro etadi.

Nazira Aliyeva ustozi Mannon Uyg‘ur (Og‘a) haqida bot-bot eslardi, hurmat bilan tilga olardi:
“– Unlilar nutqning ko‘rki, lazzati, – der edi Og‘a, shuning uchun unli tovushlarning to‘laqonli, burro talaffuz etilishiga alohida e’tibor berish zarur. Xususan, unli tovushlar so‘zning oxirida kelganda judayam jiddiy e’tibor berish, judayam aniq va burro gapirish kerak. So‘zlarni yodlab gapirmanglar. Eng avvalo, o‘sha so‘zlarning mag‘zini chaqib olib, keyin gapiringlar…”, – deb o‘rgatgan. “Men ustoz so‘zlariga doimo amal qilib keldim. Huddi shu asnoda shogirblarimga ham o‘rgataman”.
Nazira Aliyevaning “San’at mening hayotim” kitobidan olindi.

1945 yil Toshkent Davlat teatr san’ati instituti ochiladi. Mannon Uyg‘ur va Nazira Aliyevalar pedagogika ishiga taklif qilinadi. Opa o‘zbek sahna nutqi darsi o‘qitilishiga birinchi qadamlarni qo‘yish sharafiga muyassar bo‘lganlardan biri.

Men opa haqida ko‘proq to‘xtaldim. Opa – har qanday maqtovga loyiq. Opa – hayotim davomidagi eng sevimli insonlarimdan biri.

Barcha shogirdlari qatori men ham opaning mehr bulog‘idan suv ichganman. Ustoz aytganlariday: “Qalbingda, yuragingda, quloqlaring ostida “o‘zbek tilining ohangdorligi” doimo jaranglab tursa bas, u seni ijodda yuksakliklarga yetaklaydi”…

***

Nihoyat, ko‘rik tanlov kuni ham yetib keldi.

O‘zbekiston Davlat teleradiokomiteti raisining muovini, Ubay Burxon boshchiligida, rejissyor, muharrir, tasvirchilardan iborat nufuzli badiiy kengash ish olib bordi.
Suxandonlikka qiziquvchi yuzdan ortiq talabgorlarning bari, bir necha kun davomida televizion kamera orqali bitta-bittalab ko‘rikdan o‘tkazildi. Go‘yo rentgenda tekshiruvdan o‘tkazilgan singari. Yuz tuzilishi, husn-qiyofasi (ayniqsa qizlarning) ekranga tushadimi, yo‘qmi? Saralandi.

Ancha kun oralab, bilim darajasi, erkin fikrlashi, qobiliyati, nutqi, so‘zlarni qanday talaffuz qiladi – savol-javob tarzida suhbat bo‘lib o‘tdi. Undan keyin esa, o‘zbek va rus tillarida gazetada bosilgan xabarlardan “Axborot”, “Yangiliklar” qanday o‘qilsa, kamera orqali o‘qittirib ko‘rishdi. Ifodali badiiy o‘qish va she’r aytishimizgacha tekshiruvdan o‘tdik. Men Sergey Yesenin she’rlaridan aytdim.

Ko‘rik to‘rt bosqichdan iborat bo‘lganligi sababli, uzoq muddat davom etdi.

Oxirgi yakuniy tanlovda ikkita qiz, Mamajon Nurmatov degan yigit va men qoldim. U Ubay Burxon qabulxonasida yengilgina savol-javob bo‘lib o‘tdi. Qabulxonaga ish yuzasidan kirib chiquvchilar ko‘payganligi sabab suhbat oxirigacha davom etmadi. Xonadan chiqdik. Qatorasiga navbat. Rahbar uchun ming bir tashvish, ming bir ish.

Bizni rahbar xonasiga yetaklab kelgan, bosh suxandon O‘ktam Jobirov kayfiyatsiz bir holatda “Sizlarni xabardor qilamiz… Chaqiramiz… Qo‘ng‘iroq qilib turinglar”, — deb xayrlashdi. Oradan kunlar o‘tdi. Jimlik…

Rejissyor Mirabbos Mirzaahmedov ko‘rsatuvlarida (uzoq yillar “Otalar so‘zi, aqlning ko‘zi” ko‘rsatuviga rejissyorlik qilgan, keyinchalik shu ko‘rsatuvlarda Ota qiyofasini gavdalantirgan) boshlovchilik qilar edim. Yoshlarga bag‘ishlangan “Istiqbol egalari” ko‘rsatuvi ssenariysini olib ketishga kelayotganimda, televideniye hovlisida O‘ktam Jobirovga ro‘baro‘ keldim. “Mulla, ko‘rinmay ketdingiz, qo‘ng‘iroq ham qilmaysiz, xonaga kiring, hozir kelaman”, — deb, o‘tib ketdi. (O‘ktam aka biz yoshlarni erkalab “Mulla” deb chaqirardi). Suxandonlar xonasiga kirsam, oxirgi ko‘rikda qatnashgan qizlardan biri o‘tiribdi. Salomlashdik. “Sen ham keldingmi?”, — deganday, menga ta’jubda, hayratomuz, mensimayroq ko‘z ostidan qarab qo‘ydi.

O‘sha davrda “O‘zbekiston xotin-qizlari” (hozirgi “Saodat” jurnali) jurnali muqovasida shu qiz suvrati chiqqan edi. Marg‘ilon do‘ppisida, qirq o‘rim sochlari oqib turgan, suvga tegay-tegay deb turgan go‘zal, xushsuvrat qiz timsoli. Hali ham suvratdagiday o‘sha go‘zal qiyofa. Marg‘ilon do‘ppisi. Qirq o‘rim sochlari, tovongacha tushib turibdi.
Bir ozdan so‘ng xonaga O‘ktam aka tabassum bilan kirib keldi. “Rahbarimizga har ikkalangiz ham ma’qulsiz”, “Otincha” siz ham (O‘ktam aka qizlarni hurmat qilib, “Otincha” deb chaqirardi) Farhodga o‘xshab ko‘rsatuvlar olib borishingiz zarur. Haligacha televideniye ekranida biron marta ham ko‘rinmagansiz. Qarang Farhodni, Ubay Burxonning ko‘rsatmasi bilan katta musiqali ko‘rsatuvga boshlovchilik qilyapti.

1970 yil 23 yanvar. Hayajonli, quvonchli daqiqalar. Bundan oldin qancha ko‘rsatuvlarda ishtirok etib, boshlovchilik qilgan bo‘lsamda, bunchalik hayajon bosmagan edi. Bu galgisi men uchun katta sinov, imtihon.

Mening hayotim, kelgusimni, taqdirimni belgilovchi sinov…

Tamaraxonimning shogirdi, ustoziga o‘xshab, qo‘shiqlarini aytayotib, ularni raqslari orqali bayon etuvchi, o‘ziga xos nafis ovozda kuylovchi, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Gulshan Otaboyeva uchun ham unutilmas kun. Bu san’atkor jonli ijroda 40 daqiqa kuyladi.

Shoir Yong‘in Mirzo ko‘rsatuvga xos 7 varaqdan iborat ssenariy tayyorladi. Men ko‘rsatuvga bir hafta tayyorgarlik ko‘rdim.

Ko‘rsatuv muharriri, shoir Anvar Isroilov, ko‘rsatuv repjissyori Larisa Inozemsevalar so‘zlarning mag‘zini chaqib, hayotiy, oddiy, samimiy gapirish kerakligi haqida saboq berishdi.

Larisa Inozemsevaning o‘zbek millatiga bo‘lgan hurmati, mehri sabab, o‘z ona tilida qanday so‘zlasa, o‘zbek tilida ham shunday gapirardi. Adabiyotimizga, san’atimizga qiziqishi katta bo‘lib, o‘zbek madaniyatini jon dilidan sevadi.

Rejissyor Larisa opaning ko‘rsatuvdan oldin aytgan dil so‘zlari qalbimga ko‘chdi: “Farhod men sizni kamera orqali kuzatayapman. Hayajonlanayapsiz. Bu yaxshi. Shunga yarasha, tabassum ila yuragingizni, qalbingizni oching. Chehrangiz yorqin, sochlaringiz taralishi-yu, bo‘yinbog‘ingiz bog‘lanishi, hamma-hammasi joyida, yarashiqli. Men ishonaman. Bor mahoratingizni ishga sola bilasiz. Diqqat. Boshlaymiz!”…

Ikkinchi qavatdagi suxandonlar gapiradigan kichkina maket studiyasida tasvirchi va men. Yurak duk-duk urib, soniyalar ketmoqda. Larisa opa aytgan so‘zlar menga dalda bo‘ldi. Ruhiyatim tetikalashdi. His-hayajon ichra gapirayotib, go‘yo men oppoq bulutlar aro parvoz qilmoqdaman…

Mening kamtarona suhbatim, sozandalar jo‘rligidagi milliy, xalqona, jozibador qo‘shiqlar yangrab, o‘lkamiz bo‘ylab, xonadonlarga kirib bordi.

Ustozlar aytgan talabu, o‘gitlarni qanchalik uddaladim, bilmayman. Go‘yo, tushda ko‘rganday, hammasi bir zumda o‘tdi-yu, ketdi.

Tasvirchining “Yaxshi olib bordingiz”, – degan so‘zi qulog‘imga chalindi. Maket studiyasidan chiqdim-u, ko‘zlarim qorong‘ulashib ketdi. Yechimini kutayotgan nihoyatda muhim sinovdan o‘tdimmi, yo‘qmi?!

Rejissyor pulti yonida turgan ko‘pchilik orasidan baland bo‘yli, qaddi qomati tik, salobatli, sochlariga oq oralagan Ubay Burxonga ko‘zim tushdi. U jiddiy tarzda ko‘rsatuv ijodkorlariga nelarnidir uqtirar edi. Ko‘rsatuv muharriri Anvar Isroilov, rejissyor Larisa Inozemsevalar so‘zsiz bosh chayqash bilan javob berishardi.

Musiqali ko‘rsatuvlar bosh muharriri San’at Ro‘zimatov va muharrir Anvar Isroilovlarga “Bu yigitdan ko‘proq foydalaninglar”, – deya xonani tark etdi.

Larisa opa “Nega xomushsiz. Sinovdan yaxshi o‘tdingiz”, – dedi. Anvar aka uning so‘zini davom ettirdi: “Tabriklayman seni. Boshlanishi yomonmas. Ubay Burxon rahbar sifatida o‘ta talabchan. Hamma ko‘rsatuvlarni yoqtiravermaydi. Ayniqsa, suxandon, boshlovchilar masalasida… Ko‘rinishiga, talaffuziga, aytayotgan har bir so‘ziga, alohida, o‘ta segraklik bilan e’tibor beradi. Maqtash, maqtanishni o‘ziga ep ko‘rmaydi. Menimcha bugungi ko‘rsatuv Ubay akaga ma’qul bo‘ldi, chog‘i. Rahbar aytganday, musiqali ko‘rsatuvlarga seni jalb qilamiz. Yangi loyihalarimiz bor. Jamoamiz bilan kelishgach, sening ko‘rsatuvni olib borish qobiliyatinga qarab, mosini tanlaymiz”, – deya, qo‘limni mahkam siqib xayrlashdi.

Negadir qor uchqunlab turgan ayozli oqshomda Navoiy ko‘chasi bo‘ylab, piyoda yurgim keldi. Ko‘cha bo‘m-bo‘sh. Odam zoti ko‘rinmaydi.

Xursandlik chetga surilib, jismu jonim, qalbim ma’yuslanib qoldi. Bekatga kelib to‘xtagan tramvayga chiqmasdan, Hadra maydonidan o‘tib, Chorsu tomon yurdim. Chaqar bekatidan o‘tuvchi birinchi tramvayga ham o‘tirmadim. Izg‘irin shamolda yuzimga kelib urilayotgan qor uchqunlariga ham parvo qilmay, tosh yotqizilgan ko‘chada tramvay izlari bo‘ylab yurarkanman, qadamim yanada sekinlashdi. Shu alfozda qancha yo‘l bosdim bilmayman.

Yuragimda, qalbimda allanechuk o‘zgarishlar paydo bo‘ldi. Tanam titrab ketdi. Ko‘zlarimdan duv-duv yosh to‘kildi…
Mana shunday qish oqshomlarida otam aytgan afsona, hikoya, she’rlar quloqlarim ostida jaranglab, sas berdi…

Maktabda adabiyot fanidan ta’lim bergan ustozim Pirmat Xudoyberganov, Toshkentdagi ustozlarim Nazira Aliyeva, Sotimxon Inomxo‘jayev, Anvar Isroilov, Rustam Yovqochev, O‘ktam Jobirov, Nasiba Ibrohimova, Mirabbos Mirzaahmedovlar ko‘z oldimdan o‘tdi. Har birlaridan katta harflar bilan yozilgan “NЕLARNIDIR” olganman.

Yo‘l tugamasa, tramvay izlari ufqlarga tutashib ketsa-yu… u meni katta umid yo‘llariga olib chiqsa. Ustozim Asqad Muxtor aytganlariday: “Chinakam shodlik lahzalarini guldek uzib emas, Dante aytganiday, abadiy so‘lmas gulzorga ko‘z tikib yashaydi. Abadiy so‘lmas gulzor esa – umid”.

Oradan vaqt o‘tib, mendagi umid nihollari barg yoza boshladi. Ne baxtki, yangi tashkil qilingan “Xatlardan – qo‘shiqlarga” ko‘rsatuvining boshlovchiligini ishonch ila menga topshirishdi. Ko‘rsatuv ketishi hamono kamina nomiga maktublar yog‘ildi. O‘sha davr teletomoshabini bunday ko‘rsatuvlarni tomosha qilishga chanqoq edi.

Muxlislarning talab, istaklari inobatga olinib, bu ko‘rsatuvning muntazam efirga uzatilishi uchun, har yakshanba kuni soat 20 da, 40 daqiqadan vaqt ajratildi.

Yakshanba kunlarining birida, qishloqdagi qo‘shnimizdan traktorchi Qo‘chqor aka xonadonida, farzandlari ko‘rsatuv olib borayotganimni ko‘rib qolishgan. Ishonishmagan. “Yurtimiz keng, bir-biriga o‘xshaydigan chehralar ko‘p. Nahot, qishlog‘imiz bolasi televizorda chiqib gapirsa. Ishonmayman”, – deydi Qo‘chqor akaning rafiqasi Oyimjon opa. Unchalik e’tibor ham qilishmagan.

Hafta o‘tib, ko‘rsatuvni sinchkovlik bilan kuzatib, yuzimdagi xolimdan tanishgan. Bizning xonadonimizda televizor yo‘qligi sabab, Bozorboy degan o‘g‘lini uyimizdagilarni chaqirib kelish uchun jo‘natishadi. Otam va onam yetib kelganlarida, ko‘rsatuv tugaydi. Faqat xayrlashayotgan daqiqalarimnigina ko‘rishga ulgurishadi. Ko‘z yoshlari bilan afsuslar ila uyga qaytishadi.

***

O‘sha davrda – 70-yillarda televideniyeda suxandonlar, boshlovchilar kam, – sanoqli bo‘lganligi sabab, suxandonlikka qabul qilish ma’lum darajada voqelik hisoblanardi. Suxandonlik san’atiga qiziquvchi ayrim teletomoshbinlarni tanlov natijasi qiziqtirar edi.

Televideniyening o‘zida ham, o‘qish joyimda, men ishlayotgan “O‘zbekfilm” kinostudiyasida ham, tanigan bilgan yaqinlarim orasida, men haqimda: “Teletanlovda ishtirok etibsan. Seni yuzdan ziyod nomzodlar orasida g‘olib bo‘libdi”, degan gap-so‘zlar oralab qoldi.

Oradan uch oydan ko‘proq vaqt o‘tdi. Ko‘cha-kuyda uchrashib qolgan tanish-bilishlar ham, “Tabriklasak bo‘ladimi?” – deya gap boshlashar edi. Ba’zilar esa, piching aralash “gap qistirishardi”.
Diktorlar guruhi rahbari O‘ktam Jobirov mening suxandonlar tarafida bo‘lishim tarafdori edi. Har gal uchrashganimizda: “Sabr qilib turing. Hozircha oldingi ishxonangizdan bo‘shamay turganingiz ma’qul”, – degan fikrni bildirib, ko‘rsatuvlarni olib borishim haqida o‘z maslahatlarini ayamas edi.

“Boshlovchilik qilayotgan har bir ko‘rsatuvingiz, har gal siz uchun katta imtihon. “Bolalar” tahririyatining “Otalarimiz jasorati” ko‘rsatuvini olib boryapsiz. Nomlanishi mazmunli, chiroyli. Lekin ichki mohiyatiga kirib borsangiz, matni sayoz, yuzaki, quruq gaplardan iborat. Iloji boricha bunday ko‘rsatuvlardan uzoqroq yuring. Ular sizga obro‘ olib kelmaydi. “Yoshlik” studiyasidan olib borayotgan ko‘rsatuvlaringiz menga ma’qul. Durust. Taklif qilishsa, boshqa ko‘rsatuvlarda ham boshlovchilik qilavering. Faqat maqtovlarga uchmang. Ko‘rsatuv tanlashda adashmang,” – deya, O‘ktam aka yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib, ko‘nglimga taskin berar edi.

Ko‘rsatuv olib borish bahonasida, diktorlar xonasiga tez-tez kirib turardim. Bu gal kirganimda, diktorlar tanlovida qatnashib, men bilan birga ko‘riknnig oxirgi kunigacha yetib kelgan qiz o‘tiribdi. Oradan ancha vaqt o‘tib, bu qizning yana paydo bo‘lib qolishi meni hayratlantirdi, taajublantirdi. U salomimga javob ham qilmadi. Menga “Nega kelding?” deganday, sovuq qarash qilib, deraza tomonga qarab o‘tiraverdi. Qizning qo‘lida ruchka, oldida teledasturlar yozilgan varaqlar turardi.

Qizni ko‘rik tanlov vaqtida, mashq qilayotgan paytlarimda ko‘p bor kuzatganman. Teledastur, ayniqsa, “Yangiliklar” o‘qishni mashq qilayotganida hayajonlanib, ba’zida “r” harfi “g‘”ga aylanardi. Ora-orada nozu-karashma bilan go‘zalligini namoyish qilish harakatida bo‘lardi. O‘sha daqiqalarda, gapirayotganida qalin do‘rdoq, bo‘rtiq labi uchidan harflar sochilib ketardi. U ham boshqalar singari mashhur bo‘lishni hohlaydi. Orzular qiladi.

Nahot, u qiz yana suxandon bo‘lish harakatiga tushib qolgan bo‘lsa…

O‘ktam aka diktorlar xonasiga “Musiqali ko‘rsatuvlar muharririyati”dan muharrir Jaloliddin Najmiddinov va rejissyor Mahmud Ikromovlarni boshlab keldi va iltimos ohangida gapirdi: “Yuqorining topshirig‘i. Bu haqda rahbaringiz San’at Ro‘zmatov ham xabardor. Singlimiz musiqali ko‘rsatuvlarda boshlovchilik qilishga ham qiziqar ekan. O‘qitib, sinab ko‘rsangizlar…”

“Qiziqish yaxshi” – dedi Jaloliddin aka – “Musiqali ko‘rsatuvlarda chiqishga havas qiluvchilar juda ko‘p. Ishq boshqa, xavas boshqa… Bugun ham ertalab boshlovchilikka qiziquvchi yigit-qizlar kelishdi”. Mahmud aka uning so‘zini davom ettirdi, “Qizimizni ham shular qatorida, jamoamiz bilan birgalikda sinab ko‘ramiz”, – deya qiz bilan birgalikda chiqib ketishdi.

“Men bu qiz haqida aniq fikr bildira olmayman. Siz haqingizda esa Ubay Burxonga yana bir bor eslataman. Qo‘limda bo‘lganda edi, shu bugunoq sizni ishga qabul qilardim. Ko‘ryapsizu, suxandonlar yetishmayapti. Tez-tez xabarlashib turing, kuting”, deya O‘ktam aka men bilan xayrlashdi.

Ko‘chaga chiqdim-u, o‘zimni qo‘yarga joy topolmay qoldim. Ichim hapqirib ketdi. Kutish…

Olib borgan ko‘rsatuvlarim yaxshi baholanib, Ubay Burxon tufayli boshlovchilik qilishimga keng imkoniyat eshiklari ochilib, ko‘rsatuvlar olib borayotgan bo‘lsam… Ko‘pchilik ovoz bilan ko‘rik-tanlovda g‘olib bo‘lsamu, diktorlikka qabul qilinmasam. Qanday to‘siq bo‘lishi mumkin? Boshim g‘ovlab, fikrlarim ayqash-uyqash, chalkashib ketdi. Turli xil o‘y-hayollar miyamda charx urardi. “Hali sen kimsan, yo‘lingni birovlar to‘sadigan? Kimsan o‘zi?! Hech kim emassan… Vassalom. Men dardimni kimga aytaman?..” – deya, yuragim o‘rtandi.

Bugun ham ko‘nglim iloji boricha hech kim bilan uchrashmaslikni ixtiyor etdi. O‘qish va ishdan bo‘sh vaqtlarimda Navoiy ko‘chasi bo‘ylab, Xadra va Chorsu maydonlari atrofida yurib, o‘zimni ovutish – kundalik odatiy holga aylangan.

Chorsuda birinchi tramvay aylanib to‘xtaydigan oxirgi bekatga yaqinlashganimda, odamlar siyrak joyda oq sallali, oppoq soqolli, egnida oppoq chopon – istarali, nuroniy bobo meni to‘xtatdi.

“Kecha ham huddi shu joydan parishonxotir, hafaxol bo‘lib o‘tib ketding. Oynai jahon orqali ko‘rib, seni taniganim sabab, senga aytar so‘zlarim bor.

Odamlar qalbiga tushish hammaga ham nasib etavermaydi. Endi sen ko‘pchilik nigohidasan. O‘zingni aslo tushkun, g‘am-tashvishli ko‘rsatma.

Sening yuzing, ko‘zlaring so‘ylab turibdi, yaxshi oila farzandisan. Toleying bor yigitsan. Men hammaga ham nasihat qilavermayman. Avvalo, senga bu dunyoda yashash nasib etibdimi, shukrona keltir. Hayot yo‘ling hali oldinda. Omad senga ko‘p bor kulib boqadi. Sen – doimo yaxshi, halol, pokiza insonlar davrasida bo‘lishga intil. Endi sen borar yo‘lingdan – hayot so‘qmoqlaridan, o‘z sevgan ishingdan ortga qaytishni hayolingga keltira ko‘rma. Yo‘ldan adashma. Umidsizlanma. Sabr qil. Kelgusida seni ko‘p yaxshiliklar kutadi. Tez orada ishlaring o‘nglanib ketadi. Faqatgina sabr qil… Kut…” – deya, bobo yo‘lida davom etdi.

Shu daqiqalarda, odamlar ishdan qaytish onlarida, bekatda chunonam odam ko‘paydi-ki, bobo to‘planganlar orasiga singib ketdi.

Men Chorsuda, shu joyda oppoq soqolli boboni necha kunlab, soatlab kutdim. Afsuski, boboni boshqa ko‘rish menga nasib etmadi. Hozirgacha ko‘z oldimdan nari ketmaydi, bobo. Ovozi quloqlarim ostida sas beradi…

Faqatgina sabr toqat… Kutish… Qancha kutgin desa, mayli kutaman. Choram qancha, chidayman albatta. Orqaga yo‘l yo‘q.

Orada ma’lum muddat, ko‘pchilikka, ayniqsa, televideniye ijodkorlariga kam ko‘rinishni istadim. Sababi ayon.

1970 yil aprel oyi o‘rtalarida men yashaydigan “Atirgul” ko‘chasi 50-uyga “Kastyornыy” ko‘chasi 18-uyda yashovchi kursdoshim, televideniye suxandoni Mirzohid Rahimov yirik ko‘zlari chaqnab, kirib keldi.

“Do‘stim, senga xushxabar”, – dedi meni bag‘riga bosib. – “Tabriklayman. Seni diktorlikka – bizning safimizga qabul qiladigan bo‘lishibdi. Tezda hujjatlaringni O‘ktam akaga olib bor.

Oxirgi vaqtlarda televideniyeda ko‘rinmay qolding. O‘qishga, darslarga ham bormay qo‘yding. Tinchlikmi? Seni “Yoshlik” studiyasi rejissyori Mirabbos aka bir-ikki marta so‘roqladi. “Istiqlol egalari” ko‘rsatuvini olib borishing kerak ekan. Yana “Musiqali ko‘rsatuvlar” tahririyatidagi Anvar Isroilovga, she’rlar asosida tayyorlangan musiqali ko‘rsatuvga boshlovchilik qilishga va’da bergan ekansan.

Xabarlashay desa, uyingda telefon yo‘q. Va’da berib, uchrashmaganing uchun sendan hafa. Aldamaginda. Anvar Isroilov haqiqiy shoir, ko‘ngli ham shoir tabiat – o‘ta nozik. Bu inson hamma boshlovchilarni, suxandonlarni yoqtiravermaydi. Ko‘rsatuv olib borishdagi qaysidir jihatlaring ma’qul kelgan bo‘lsa kerak. Bu sen uchun omad. Ertadan kechikmay uchrash”.

Bu so‘zlarni eshitdim-u, badanim qaqshab-titrab, tanamdan sovuq ter chiqib ketdi. Nahot…
1970 yil 20 aprel kuni meni suxandonlikka emas, rejissyor assistentligiga qabul qilishdi. Nega?

O‘ktam aka mening ishga kirish haqidagi arizamga qo‘l qo‘ydirish uchun Ubay Burxon xonasiga olib kirganda, televideniye mutasaddilaridan biri mening diktor bo‘lishimga qarshi chiqadi. “Ko‘rsatuvlarni olib borishi yomon emas… ancha durust. Lekin, yana biroz to‘xtab tursa”… degan fikrni bildiradi.

Chorsudan uyga – “Chaqar” bekati tomon piyoda ketyapmanu, tramvayning “taq-tuq” ovozi to‘xtamasa deyman. Negadir ko‘nglim Beshyog‘ochga borishni istadi. G‘afur G‘ulom uyiga yaqin, yo‘lning o‘ng tomonidan oqib o‘tuvchi suv bo‘yida uzoq vaqt o‘tirib qoldim. Ariqdagi suv toshqin, limmo lim oqardi. Mening ko‘nglimda o‘ksik bir holat…

G‘afur G‘ulomning “Baxt nima..? Komillik nima..? Xali sen yoshsan. Hamma narsa oldinda. Lekin hayotda qoqilma”, – degan so‘zlari, Qori Niyoziyning biz o‘quvchilarga aytgan, “Hayotda, fanda sen uchun to‘ppa-to‘g‘ri, tekis yo‘lning o‘zi yo‘q… Egri-bugri, chag‘ir toshli”… – degan gaplari, barcha ustozlarimning o‘gitu-nasihatlari quloqlarim ostida sas berdi, bir-bir ko‘z oldimdan o‘tdi. Atrofimda o‘yinqaroq kuchuklar paydo bo‘lib qoldi. Hayolim bo‘lindi. Ular quvnoq. Bir-birlarini sakrab-sakrab quvlashardi. “Navoiy” nomli kinoteatr oldida har doimgidek odam tirband. Chipta olishga uzundan-uzun navbat. Turganlarning ba’zilari beparvo, birovlarning yuzida kulgu, ayrimlarining qosh-qovog‘i soliq. Hayotda bir xil to‘kislik yo‘q. Bo‘lmaydi ham. Kimdir kuladi. Kimningdir qalbida g‘am-tashvish. Kimdir yig‘laydi.

Oradan ikki kun o‘tib, meni rejissyor assistentlikka qabul qilishdi. Ijtimoiy-siyosiy ko‘rsatuvlar tahririyati bosh muharriri Erkin Azimov, tahririyat bosh rejissyori Maqsud Yunusov, diktorlar guruhi rahbari O‘ktam Jobirov Ubay Burxon qabulida bo‘lishdi. Besh daqiqalar o‘tib, meni ham ichkariga taklif qilishdi.

Ubay Burxon biroz jiddiy, nim tabassum bilan gap boshladi: “O‘ktam, yigitchamiz Farhodga, rejissyor assistentligi ishidan bo‘sh paytlarida soat 18:00 dagi kechki dasturni ochishi, oraliqdagi ko‘rsatuv e’lonlarini olib borishiga imkoniyat yaratish kerak. Teletomoshabinlar e’tiborini qozonish oson emas. Toki, televideniye yana bir yangi qiyofaga ega bo‘lgani ko‘rinsin. Qancha o‘rganishi kerak bo‘lsa, o‘rgansin. Nasiba Ibrohimovaning diktorlik ta’limini olsin. Bu haqda Nasibaga o‘zim ham aytaman”, – dediyu, menga qo‘lini uzatdi va boshqa so‘z aytmadi. Bu meni tabriklashi va chiqib ketishimga turtki edi.

70-80 yillarda navbatchi diktor soat 18:00da ko‘rsatuvlar dasturini kadrda e’lon qila turib, teletomoshabinlarga kayfiyat bag‘ishlar edi. Ko‘rsatuvlar oralig‘ida har yarim soat, bir soat o‘tib, navbatdagi ko‘rsatuvlarga qisqacha izoh berib o‘tilardi. Go‘yo dasturxonda barcha nozu-ne’matlar boru, ulardan bahramand bo‘lishini suxandon eslatib, maqtov so‘zlari ila taklif qilishi lozim. Har bir chiqish suxandondan katta mahorat talab qilar edi. Bundan tashqari, suxandon shu kungi navbatchiligi davomida turli hajmdagi ko‘rsatuvlarni ham olib borishiga to‘g‘ri kelar edi. Masalan, musiqali, qishloq xo‘jaligi va hakazolarni…

“Suxandon ko‘rsatuvlar oralig‘idagi har bir chiqishida teletomoshabinni shunday jozibador, ta’sirchan so‘zlari ila taklif etsinki, hatto boshqa xonada uy yumushlari bilan band bo‘lgan uy bekasi ham ko‘pchilik oila a’zolari qatori televizor qarshisidan ketolmay qolsin. Ta’sirchan, hayotiy ovozi, so‘zlari teletomoshabinni sehrlab qo‘ysin. Suxandonning navbatdagi chiqishini sabrsizlik bilan kutsin”, – deb uqtirardi ustozim Nasiba Ibrohimova.

Asosiy vazifam rejissyor assistenti bo‘lgani sabab, unga ancha vaqt sarflar edim. Qolgan vaqtimni diktorlar xonasida o‘tkazardim.

Ko‘chada yurganlarimda televideniyeda “yangi qiyofa” paydo bo‘libdi, degan so‘zlar elas-elas qulog‘imga chalinadigan bo‘ldi. Men bundan kuch-quvvat olardim.
1972 yil 1 dekabridan to‘la diktorlik faoliyatim boshlandi.

Rahbarimiz, so‘z ustasi, O‘zbekiston Respublikasi san’at arbobi Ubay Burxonning barcha yosh suxandonlar kabi menga bergan beg‘araz amaliy yordami, televideniyening yetuk ijodkorlari, muharrir va rejissyorlari sabab, miqyosi keng katta dasturlarda chiqish menga nasib etdi.

Ubay Burxon salobatli, shunga yarasha madaniyatli inson edi. O‘zgacha viqor ila sof adabiy tilda, jarangdor ovozda gapirardi. Radiodagi “o‘sha davr”ga xos bo‘lgan badiiy o‘qishlari, she’r aytishi ko‘pchilikka manzur edi.

Ubay Burxon 1921 yili Toshkent shahrida tug‘ilgan. 1946 yili O‘zbekiston Davlat universitetining filologiya fakultetini tugatgach, Respublika radiosiga muharrirlikka qabul qilinadi. 1967 yildan 1985 yilgacha Davlat teleradioqo‘mitasi raisining o‘rinbosari lavozimida mehnat qiladi. Uzoq yillar rahbar bo‘lib ishlashiga asosiy sabablardan biri, radio va televideniyeda tamal toshi qo‘yilib, shu joyda unib, o‘sganligi. Shu tufayli ham radio va televideniyening ijodiy jihatlarini miridan-sirigacha bilgan, desam, mubolag‘a bo‘lmas. Ubay Burxon mohir tashkilotchi, qatiqqo‘l, shu bilan birgalikda odamlarning qalbiga tezda yo‘l topa oladigan ajoyib inson, mehridaryo rahbar edi. Uning xonasi chinakam ijodiy laboratoriyani eslatardi.

Ubay Burxon rahbarlik qilgan davrdagi radio va televideniyening ko‘plab ijodkorlari, ayniqsa, televideniye suxandonlari beg‘araz yordam, o‘gitlaridan bir umr minnatdor. Har bir suxandonning qaysi ko‘rsatuvni olib borishga mosligi, nelarga qodir ekanligi, hamma-hammasini sinchkovlik bilan kuzatib, ko‘rsatuvlarni shaxsan o‘zi taqsimlab, suxandonlar qalbiga quloq tutardi. Biz Ubay aka so‘zlaridan ma’naviy ozuqa olib, har bir ko‘rsatuvga yaxshigina yondashib, qalbimizda jo‘shqinlik paydo bo‘lardi. Ayrim ko‘rsatuvlarni tayyorlash jarayonida muallif, rejissyor, suxandonlar bilan birgalikda asosiy ishtirokchiga aylanardi. Ayniqsa, o‘zbek adabiy tilini mukammal bilganligi sabab, suxandon tilining sofligiga, madaniy saviyada gapirishiga e’tibor berardi. “Har qanday ijodkor – jurnalist, muallif, boshlovchi o‘z ona tilida ravon gapira olmasligi, noto‘g‘ri talaffuz, millatga hurmatsizlik, madaniyatsizlik belgisi hisoblanadi. Siz suxandonlar til masalasida har jihatdan saboq bo‘lishlaringiz kerak. Ko‘pchilik teletomoshabinlar til masalasida sizlarga ergashadi”, — deb, eslatib turardi.

Ubay Burxonni bilgan har bir inson – ijodkor, radio-televideniye ostonasida o‘sib-ulg‘aygan, butun umrini uning rivojiga baxshida qilgan, professional yetuk rahbar sifatida qadrlaydi. Bu insonning o‘zbek televideniyesi tarixida, ijod yo‘lida yorqin, o‘chmas izi bor.

Ubay Burxon o‘zbek madaniyatining haqiqiy fidoiylaridan edi.

Yer yuzida insoniyat paydo bo‘libdiki, odamlar o‘z zamonasidan, yashash tarzidan kelib chiqqan holda, o‘zidan oldingi o‘tgan odamga nisbatan tanqidiy yondashib kelgan. Inson aslida shunday yaralgan. Toki insoniyat bor ekan, u zamonlar osha shunday davom etaveradi.

Rahbar ishdan ketdimi, bo‘shatildimi, har xil mish-mishlar paydo bo‘ladi. Kimdir hafa bo‘ladi, kimlardir xursannd, yana kimdir beparvo. Balki bu hayot qonuniyatidir.
Qandaydir rahbar hayot so‘qmoqlarida o‘chmas iz qoldiradi. Kimlardir izsiz yo‘qoliib ketadi. Televideniye ijodida ham huddi shunday bo‘lib kelgan. Kelib-ketuvchilar ko‘p. Iz qoldirganlar qancha?..

“Toshkent telestudiyasi” o‘z ko‘rsatuvlarini boshlagan 50-yillardan 90-yillargacha, katta dasturlarni olib borishda “o‘sha davr” mafkurasi, qonun-qoidalariga amal qilgan holda “o‘sha zamon”ning eng katta rahbarini maqtovlarga o‘rab, (ko‘rsatuv boshlanishi asnosida) rahbar olib borayotgan “lenincha” dono siyosat”ni balandparvoz so‘zlar ila osmon qadar ko‘klarga ko‘tarib maqtash talab qilinardi. Ayniqsa, sanoat, qishloq xo‘jaligi bilan shug‘ullanuvchi rahbarlar, ishchi-dehqon, turli kasb egalari, qo‘yinchi hamma hamma “… syezd qarorlarini amalga oshirgan holda …, …. sotsialistik musobaqada g‘oliblikni qo‘lga kiritib…, … mening vijdonim, orim “dono siyosat” olib borayotgan kommunistik partiya uchun xizmat qilish”, degan so‘zlarni qog‘ozga qarab, hijjalab o‘qib berishar edi.

Biz suxandon-u, boshlovchilardan ham partiyaning “dono siyosati”ni (har bir jumlada aytilardi) alohida ko‘tariki ruh bilan o‘qib berish talab qilinardi.

Har bir varaqdagi so‘z senzura tasdig‘idan o‘tib, dumaloq “tamg‘a” bosilganidan keyingina, ko‘rsatuvda o‘qishga ruxsat berilardi. Hayriyatki, musiqasi, badiiy, bolalarga atalgan ko‘rsatuvlar bunday “hamdu-sano”lardan mustasno edi. Bunday ko‘rsatuvlarni qo‘limizdagi “qog‘oz”larsiz “o‘qi”masdan, dilimizdan gapirish harakatida bo‘lardik.

index.jpgMening jonu dilim badiiy o‘qish, she’riyat edi. 70-yil boshlarida shoir Mirtemir ijodiga ko‘p bora murojaat qilganman. Xalq tiliga yaqin qo‘yma satrlari bir umr qalbimga muhrlanib qolgan.

Ter to‘kmasdan, jilaman,
Mayli ayoz, mayli yoz.
Cho‘qqiga intilaman.
Yaratmoq, qurmoq uchun
Keldim axir jahonga.
Halol, pok oshab yashay,
Bir umr yemay tekin.
Mehnatkash yurt oldida
Yuzim bo‘lsin doim oq.

***

1972 yil 1 mart. Bahorning ilk kuni. Radio uyida Shoira ismli nozikkina qiz bilan eshittirish olib bordik.
Shu kun – umrimiz iplari bog‘lanishiga sababchi bo‘ldi.

Shoiraning televideniye ko‘rsatuvlarida ishtirokini – boshlovchiligini ko‘p bor kuzatganman.
60-yil oxirlarida “Yulduzcha” ko‘rsatuvi bolalarning eng sevimli dasturiga aylanib ulgurgandi.

Shoiraning ko‘rimliligi, gapirish uslubi, mushohadasi “Yulduzcha”ga mos bo‘lganligi bois ko‘rsatuv qahramoniga aylandi. Ko‘rsatuvni qiziqarli, jozibali maromda olib borish – atrofidagi ishtirokchilarga ko‘p jihatdan bog‘liq. O‘zbekiston Halq artisti Karim Xonkeldiyevning (“Otalar so‘zi – aqlning ko‘zi” ko‘rsatuvida ham boshlovchilik qilar edi) “donishmand bobo” timsolida chiqishi, Shoiraning bobo bilan suhbati, jajji bolajonlarning she’rlar, qo‘shiqlar aytib, raqsga tushishlari ko‘rsatuvga o‘zicha joziba bag‘ishlar edi.
Shoira – barcha ko‘rsatuvlarda, ayniqsa, “Yulduzcha” ko‘rsatuvida a’lo kayfiyatda, doimo kulib ggapirardi. Tabassum bilan chiqishi, negadir menga ortiqchaday, erish tuyulardi.
Televideniyeda men uni necha marta uchratsamda, hech muloqot qilmagan edim.

Bir kun ko‘rsatuvni yakunlab, ruhiyati baland holda chiqayotganida sal kinoya aralash gap tashladim: “Nega televizorda gapirganingizda ko‘p kulasiz” – deyishim hamono, gapim ta’siridin yuzini o‘girib ketvordi… Shu –shu menga teskari qarab o‘tadigan bo‘ldi.

Oylar o‘tdi. Radiodagi uchrashuv… Uyg‘onish fasli – bahor haqidagi radiokompozitsiyani o‘qish Shoira bilan mening zimmamga yuklandi. Eshittirish biz haqimizda yozilganday, ilk uchrashuvimizni kuylar edi, go‘yo…

Eshittirish rejissyori Tohira Shamsiyeva “Bahor yomg‘iridan nim urgan maysalarda jonlanish. Oppoq qorli tog‘lar. Osmonda oq va qora bulutlar kezib yuribdi. Yoshlarning orzu-o‘ylari, kechinmalari… Ilk visol onlari… Shularning barini qalbingizdan o‘tkazib, his-hayajon ila gapirishga harakat qilinglar. Ishonch bilan… Yurakdan…”
Bular bari mening qalbimga ko‘chdi. Shoira o‘qish asnosida ikki-uch joyda qoqildi.

“Shoira, nega bunchalik hayajon?… Ilgari “boshqalar” bilan o‘qiganingda, hammasi sippa-silliq ketardi-ku? Ikkalangizni bekorga taklif etmaganmiz. Gapirish uslubingiz, ovozingiz bir-birlaringga juda mos. Bu gal mayli. Keyingi safar, kayfiyatlaringizni chog‘lab, yaxshi tayyorgarlik bilan kelasizlar”.

Xayrlashdik.

Radio uyi bilan, televideniye oralig‘i piyoda yursangiz 30-40 daqiqalik yo‘l. Negadir ikkalamiz ham ixtiyorsiz yo‘lga tushdik, oldindan kelishib olganday. Na undan, na mendan bir og‘iz sado chiqmadi. Gapirishga chog‘landim. Lekin, asta-sekin qadam tashlashimizga halaqitday tuyuldi. Chamasi bir soatlar yo‘l yurdik. Televideniye hovlisiga kirib keldigu, sassiz xayrlashdik.

Oradan oylar o‘tdi. Shoira bilan birgalikda ko‘p ko‘rsatuv va eshittirishlarda ishitrok etdik. Bir-birimizdan maslahatlar oladigan bo‘ldik.
Shoira ancha muddat televideniyega kelmadi. Betobligi sabab ko‘rsatuvlarda ishtirok etmadi.

***

Oradan yillar o‘tdi. Radio kundalik hayotimizga aylandi. Eshittirishga tayyorgarlik jarayoni qizg‘in kechardi. Baxs, munozara – bir-birimizga bo‘lgan samimiy munosabat – maslahatlar, har bir so‘zga, jumlaga alohida e’tibor, bari-bari eshittirish muvaffaqiyatida o‘zgacha joziba kasb etardi. Yo‘lda ketayotganimizda ham eshittirish xususidagi gaplarimiz tugamasdi.

Shoiraning ovozidagi mayinlik, nim tabassum, qop-qora ko‘zlaridagi o‘ychanlik, qadam tashlashiga hamohang bo‘lib, menda o‘zgacha mehr, his-hayajon uyg‘otardi.
Televideniyega kelganimizda bir-birimizdan uzoqroq yurish harakatida bo‘lardik. Huddi qalbimizdagi kechinmalar oshkor bo‘layotganday, biz haqimizda shivir-shivir gaplar oralaganday tuyulardi. Uyalardik. Andisha. Tortinchoqlik…

Ishlarimiz tugaganidan so‘ng, Shoirani har kuni Anhor ko‘prigi yonidagi bekatda poylardim.

Suv yoqalab yurishdan hech charchamasdik.
Kechga tomon uyiga kuzatardim. Gohida piyoda, tramvayda, avtobusda…

1973 yil. 1 mart. Uyg‘onish faslining birinchi kuni. Umrimiz lahzalari… Ilk uchrashuvimizning bir yilligi… Biz bu kunni Anhor yoqalab, suv bo‘yida, negadir mahzun qarshi oldik.

Shoira va men oqayotgan suvga qarab, hayollar og‘ushida edik.
Oxirgi bekatgacha kuzatib qo‘yishimdan uydagilari xabar topgan… Uzunquloq gaplar…

Bir-birimizga gapirmadik, gapira olmadik. Oradan ancha fursat o‘tdi. Taqdirlarimiz bog‘lanishini har ikkalamiz ham qalbimiz ila his qilardik.

– Bobongiz, ota-onangizning hohishi…
– …
Xayrlashdik.

Oradan kunlar o‘tdi. Mening hayolimdan nelar kechmadi, deysiz?

Radiodagi ishtirokimizdan so‘ng, ixtiyoriy, ixtiyorsiz sukut saqlab, Anhor bo‘yidagi biz uchun aziz joyga yetib keldik.

– O‘sha kungi savolim javobsiz qoldi?
– Mening kelishim savolingizga javob.

Farzandlari, nabiralarining inon-ixtiyori bobosi qo‘lida bo‘lib, bir so‘zli, cho‘rtkesar, qattiqqo‘l inson ekanligi xususida Shoiradan eshitgan edim.
Umr savdosi. Bizning oilamiz to‘g‘risida surishtiruvlardan yaxshi xulosalar qilingan. Ayniqsa, mening televideniyedagi suxandonligim – chehram, gapirishlarim bobosiga xush yoqqan.

Anhor yoqasida turib ahdu-paymon, orzular qildik…

Xuddi tushdagiday – 40 yildan oshiq vaqt o‘tib ketibdi. Amudaryo misol oqib ketayotgan umr…Men o‘sha damlarni sog‘inib-sog‘inib eslayman. Umrimiz lahzalari…

1973 yil 8 iyun. Shoira kelinlikning harir oq libosiga burkandi. To‘yimizda televideniye va radio ijodkorlari, barcha suxandonlar, mashhur hofizu-san’atkorlar ishtirok etishdi. Yelkamga ro‘zg‘or olaxurjuni osildi.

Taqdirimizni qarangki, otalarimizning fe’l-atvori, bilimi, eski o‘zbek alifbosida yozishlarigacha o‘xshashlik bor ekan.
Ikkita quda uchrashganlarida Navoiy, Mashrab g‘azallaridan o‘qib, mutoala qilishardi.

Qayinotam – Hasanjon Nizomov uzoq yillar Milliy universitetda fors tili va adabiyotidan yoshlarga saboq bergan. O‘z davrida eski o‘zbek husnixati – arab alifbosida yozish bo‘yicha respublikamizdagi eng old inson bo‘lgan. Bu tabarruk insonni bilganlar hali-hanuz yaxshi so‘zlar ilab hurmat bilan yodga olishadi (Oxiratlari obod bo‘lsin).
Tutash taqdirlar… Shoira bilan hayotimizzning ko‘p qismi ijodiy hamkorlikda kechdi. U mening televideniyedagi maslahatgo‘yim, tanqidchim, desam, mubolag‘a bo‘lmas. Shukrlar bo‘lsinki besh fvrzand – ikki o‘g‘il, uch qizni o‘zbekona odob-ahloqli, o‘qimishli qilib, voyaga yetkazdik. Ming bora shukrlar qilaman. Ko‘z tegmasin, deyman. Nevaralarimizning orzulari beqiyos… Ulardan umidimiz katta.

1973 yilning avgust oyi. Ayni pishiqchilik. Shoira bilan ota makon – Xiva shahridagi ajdodlarimiz iz qoldirgan bobomning uyiga qadam ranjida qildik. Afsuski, biz borganimizda buldozer na’ra tortib uyni yiqitayotgan ekan. qisqa bu soniyalar butun umr qalbimda yomon xotira bo‘lib muhrlanib qoldi. Shu tuproqqa duv-duv ko‘z yoshlarim to‘kildi. Armonli dunyo…

Shundan so‘ng, men tug‘ilib o‘sgan Ona qishlog‘imga sog‘inch ila yetib keldik. Shoira bilan bolaligimdagi so‘qmoq yo‘lardan yurib, yalangoyoq qumlar kechdik. Kechqurun menga qalbi yaqin qishloqdoshlar bilan diydorlashib, suhbatlar qilish, to‘qayzorda chiyabo‘rilarning uvillashi, qishloq itlarining ularga jo‘r bo‘lib vovillashlari maroqli edi.

O‘sha daqiqalardan boshlab, butun olam go‘zalligi, yurtimizning tabiati, qadimiyligini, ajdodlarimizni hamma-hammasini bo‘y-basti bilan tasvirlash orzusi qalbimga yashirindi.
Faylasuf shoir Iogann Volfgan Gyoteda shunday so‘zlar bor: “Dono fikrlar allaqachon, yuz martalab o‘ylab ko‘rilgan. Lekin u chinakam sizniki bo‘lib, miyangizda chuqur ildiz otishi uchun uni yana va yana mulohaza qilish kerak”.

Qalbimdagi yashirin orzu – ancha yillar o‘tib, 1990 yilda qalbimga ko‘chib, bo‘y ko‘rsata boshladi.

“Qo‘limda qalam, yurakda alam” bilan moziyga nazar tashladim. Xalqimiz orasidagi shoitabiat bir odam o‘zicha, tushunib-tushunmay shu so‘zlarni xirgoyi qilib yurardi. Qadimdan xalqimizning manan boyligini, millatimizdan jahonda tengi yo‘q ilm ahillari yetishib chiqqanligini oynai jahon orqali aytishni o‘zimga maqsad qildim. Ozmi-ko‘pmi maqsadimga erishdim. Tomoshabinlar e’tirofi – eng oliy mukofot.

1417777425_zulfiya.jpg1974 yilning bahorida televideniyedagi uchrashuvlarning birida shoir Barat Bayqobilov “Zulfiya opa seni so‘roqladi. Borgin”, — dedi. Aniq esimda yo‘q. Ishimda qandaydir tig‘izlik bo‘lib, oradan chamasi bir hafta o‘tdi. Navoiy ko‘chasidagi kitob do‘konida Barat aka bilan tasodifan uchrashib qoldik. “Shunday inson seni yo‘qlasa-yu, bormasang…”, — deya, tanbeh berdi. Shu kuniyoq, Navoiy ko‘chasi 30-uyning yuqori qavatiga ko‘tarilib, tepasiga “O‘zbekiston xoti-qizlari” jurnali” – deb yozilgan xonaga kirdim.

Hayajonlanish, xadiksirash ancha bosilganidan so‘ng, qabulxonadagi yordamchi qiz ruxsati bilan Zulfiya opa bilan uchrashish nasib etdi. Harakatlari chaqqon, ko‘zlari doimo kulib turuvchi Zulfiya opa meni ochiq chehra bilan kutib oldi. Kirishim hamono atlas ko‘ylakli, qo‘hlikkina ayolga ko‘zim tushdi. Bu ayol – Ona yurti O‘zbekistondan, Toshkentda ta’lim olgan hindistonlik yigit bilan taqdiri bog‘lanib, Hindistonga ketishni ixtiyor etgan rassom Ra’no Habibiy ekan. o‘sha zamon mafkurasi Vataniga kelishni man qilgani bois, Zulfiya opa aralashuvi orqaligina hokisor rassom ayol o‘z tug‘ilib o‘sgan go‘shasiga qadam ranjida qilgan ekan.

Zulfiya opa mehmon ayol bilan iliq xayrlashdi.

Opa televideniyedagi “She’riyat kechasi”da chiqishlarimni ko‘pdan beri kuzatayotganlarini gapirib, ancha maslahatlar berdilar. Shundan so‘ng, televideniyeda Hamid Olimjonning turkum she’rlaridan o‘qishimni tavsiya qildilar. Shunday obro‘li shoiraning biodirgan ishonchi men uchun sharaf edi.

Bir oy o‘tar-o‘tmas, Hamid Olimjon tug‘ilgan kunning 65 yilligiga bag‘ishlab, “O‘zbekiston” de atalgan, 20 daqiqalik she’riy guldasta tayyorladim. O‘ta sinchkov, qat’iyatli, noziktab Zulfiya opaga adabiy-badiiy, she’riy ko‘rsatuvlarning hammasi ham yoqavermas edi. Men tayyorlagan ko‘rsatuvga nisbatan opaning ijobiy bahosi, rahbarimizga qilgan qo‘ng‘irog‘i, menga yanada keng imkoniyatlar eshigini ochdi.

***

70-yillar o‘rtalarida respublikamizning eng nufuzli jurnalliradan biri – “Sharq yulduzi” jurnalida shoira Zulfiyaning “Kamalak” nomi bilan turkum she’rlari e’lon qilindi.
Kamalak singari tovlanuvchi bu she’rlar insonni go‘zallik sari, olis-olislarga, cheksiz ufqlar sari yetaklaydi.

Uyg‘onish faslida iliq kunlar boshlanib, osmonni oq-qora bulutlar zabtiga olib, chunonam jala quyadiki, zum o‘tmay bulutlar orasidan quyosh tabassum qiladi. Osmon qo‘ynida yetti rangda tovlanuvchi kamalak paydo bo‘ladi. Tabiatning bu go‘zalligi, husni-jamoli har qanday odamni o‘ziga mahliyo qiladi, qalblarga rohat bag‘ishlaydi… Jurnaldagi she’rlarni o‘qidimu, televideniyeda o‘qishga ruxsat olish maqsadida, Zulfiya opa huzuriga shoshildim.

— She’r ijodkorning qalb kechinmalari… She’riyat ixlosmandlari undan zavqlanib, xulosalar qiladi. Go‘zal hayot sari intiladi, — dedi Zulfiya opa.

Opaning doimo kulib turuvchi yoniq ko‘zlari biroz jiddiylashdi.

— San’atkorning, she’r o‘quvchining she’rni tushunib-tushunmay, o‘zini majburlab yod olishi – kechirilmas hol. Omma orasida, keng kitobxonlar davrasida, ayniqsa, radio, televideniyedagi she’rxonlik kechalarida chiquvchilar, san’atkorlar she’rdagi har bitta so‘zning ma’nosini qalbdan, yurakdan his qilib, ayta bilmog‘i lozim, — deya, biroz o‘ylab, so‘zini davom ettirdi Zulfiya opa:
— Hozirgi holatingizdan, so‘zlaringizdan angladimki, she’rlarimni televideniyeda o‘qishni ixtiyor etibsiz. O‘qiyotganingizda she’rlar oralig‘ida aslo shoshmang, fikringizni jamlang. So‘zlarning ma’nosiga yeta biling.

Asqad_Muxtor.jpgAsqad Muxtorning yozuvchi sifatida ham, she’r yozish uslubi, o‘qishida ham o‘zgacha ohang bor. Ayniqsa, omma orasida, keng kitobxonlar bilan uchrashuvlarda teran mushohada ila muloqot qilib, she’rlarni faylasufona, jarangdor ovozda o‘qishlari juda yoqimli. Tinglovchining qalbini zabt eta biladi. Asqad akaningizning dunyoqarashi, tafakkur olami keng ijodkor. Ovozingizda, she’r o‘qishingizda, jussangizda, bo‘ylaringizda ba’zi o‘xshashliklar bor. Bu inson sizni har jihatdan qo‘llab-quvvatlaydi, o‘rgatadi, degan umiddaman, — deya, opa meni Asqad Muxtor xonasiga boshladilar.

Asqad Muxtor muharririlik qilayotgan “Guliston” jurnali bilan Zulfiya opa rahbarlik qilayotgan “O‘zbekiston xotin-qizlari” jurnali “Sharq matbaa nashriyoti” joylashgan binoning uchinchi qavatiga ko‘chib o‘tishgandi. Xonalari yaqinligi sabab, bu mashhur insonlar bir-birlari bilan tez-tez muloqotda bo‘lib turishardi.

Asqad Muxtor bilan uchrashuvning birinchi kunidagi suhbat hali-hanuz ko‘z oldimdan nari ketmaydi, so‘zlari quloqlarim ostida aks-sado beradi. Bundan insonlar suhbatidan bahra olish – ulug‘ ne’mat. Ustoz ko‘zoynak tagidan qarab, har bir gapini o‘ylab, shoshmasdan, notiqlik san’ati, badiiy o‘qishning ulug‘vor kuchi haqida gapirdilar. Asqad akaning ijodiy ishlariga halaqit berib, ha deb xona eshigini taqillatib borishni o‘zimga ep ko‘rmasdim. Oradan ma’lum muddat o‘tib borganimda, gap orasida ertaknamo gap qildilar: “O‘zga mamlakatda badiiy so‘z ustasi bor edi. So‘zdagi ohangi, aytish uslubi butunlay o‘zgacha bo‘lib, yuksak professional darajada ediki, she’r aytganida odamlarni sehrlab qo‘yardi. Kunlardan bir kuni, xalqning eng mashhur shoirlaridan biri og‘ir xastalanib “Ko‘z yumganimdan, to yerda qo‘nim topgunimgacha she’rlarim sizning ijroingizda yangrab tursa…”, — deb vasiyat qilgan ekan.

Men badiiy o‘qish san’atining ta’sir kuchi naqadar ulug‘ligi haqida gapirmoqchiman. Omma orasida yakka o‘zi chiqishlar qilib, bir yarim-ikki soat nutq irod qilish, badiiy so‘zlar aytib, she’rlar o‘qish o‘ta yuksak mahorat talab qiladi.

Ma’ruzachi har jihatdan dunyoqarashi keng, bilimdon, o‘z ishini miridan-sirigacha puxta bilib, “notiqlik san’ati”ni egallaganligi sabab odamlar qalbiga yo‘l topa biladi. Soatlab gapirsa ham zeriktirmaydi. Shunday badiiy so‘z ustalari borki, soatlab she’r aytadi. Eshituvchini o‘ziga mahliyo qiladi. Afsuski, “Badiiy o‘qish” san’ati turini egallaganlar juda kam… Siz omma orasida, tomoshabinlar qarshisida turib, “badiiy o‘qish” san’atini egallashga harakat qiling. Sizda barcha imkoniyatlar mavjud” – deya, kuyunchaklik bilan gapirdi, ustoz.

Negadir o‘sha paytlarda men rag‘bat qilmadim. Afsusdaman…

Mening maslakdoshim – televizorda ko‘p bora birgalikda she’rlar o‘qiganmiz. She’riyatni yuksak darajada qadrlaydigan O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Farhod Amionov omma orasida Toshkentdagi “Bilimlar uyi”da badiiy o‘qishlari bilan bir-ikki muvaffaqiyatli chiqishlar qildi. Qandaydir sabablar bilan uning davomiyligi bo‘lmadi.
Atoqli adib, shoir, notiq, faylasuf Asqad Muxtordan omma orasida so‘zlashning ko‘p jihatlarini o‘rgandim.

Men mamlakatimizning barcha viloyatlarida, ko‘plab tumanlarda, jamoat joylarida, ishlab chiqarish korxonalarida, olis qishloqlarda turli kasb egalari bilan uchrashib, xalqimiz tarixi naqadar qadimiyligi, millatimiz ulug‘ligi, ajdodlarimizning buyukligi, osmonimiz musaffoligiga shukronalik haqida ma’ruzalar qilaman.
Respublika Ma’naviyat targ‘ibot markazi huzuridagi “Ma’naviyat targ‘ibotchisi” ta’lim muassasasida ma’ruzalar qilish kundalik hayotimning bir bo‘lagiga aylandi.
Ming qatla shukrlar bo‘lsinkim, ustozim o‘gitlari hozirgi kunlarpda men uchun dasturilamal bo‘lib xizmat qilmoqda.

80-yil oxirlarida O‘zbek milliy teatrida Asqad Muxtorning 60-yillik tavallud kunlari bo‘lib o‘tdi. Ijodiy kecha ustozning “Yillarim” she’rini mening o‘qishim bilan boshlangan edi. Kechada faqat mening she’r o‘qishimga ruxsat berganlar. Bu she’rni ijodiy kechada o‘qishim uchun ustoz bilan chamasi bir hafta tayyorgarlik ko‘rdik. Necha bor o‘zlari o‘qib, o‘rgatdilar. Necha bor menga o‘qitdilar.

— “Ertaga kechada uchrashamiz”, — deya chuqur nafas oldilar. Sekin so‘zladilar:

— “Hammasi o‘tdi, ketdi… Kovlashlar…50-yillarning sovuq sharpalari ketimdan quvib yurdi… Ma’lum muddat Boqi Rahimzoda yurtini o‘zimga makon qildim… Izg‘irin shamollar tanani kesib, qalblarni yalab o‘tdi, dog‘lab ketdi. Sassiq, alaf dudlardan nafas oldik… Hammasi o‘tdi… ketdi…

Biringiz – boqiysiz, biringiz – balki puch.
Biringiz – shodliksiz, biringiz – o‘kinch…
… O, orqada qolgan mening yillarim…”

Oradan ancha yillar o‘tdi…

Nahotki, Asqad Muxtorday o‘zbek milliy adabiyoti ravnaqi uchun bir umr ijod qilgan, zabardast, buyuk inson – tilimizning sofligi uchun qayg‘urgan fidoiy inson tildan qolib, gapira olmasa? She’rlar o‘qiyolmasa?! Fikrlarini tilida bayon qilmasa… Nahot?!

Har gal Asqad Muxtorning uyiga borganimda ko‘pincha o‘g‘li Temur aka kutib olar edi. To‘g‘ri ikkinchi qavatga – shoir ijodxonasiga ko‘tarilar edim. Ko‘pincha deraza oldida uzoqlarga qarab turganini kuzatardim. Bir gal borganimda salomimga bosh chayqab, alik olganlaridan so‘ng, kitob javoniga yaqinlashib, jigarrang kitoblarini oldilar. “Yillarim” she’rini o‘qishimni imo-ishora bilan tushuntirdilar. Kitobdagi she’rga bir qaradimu, qalbimning tub-tubidan joy olgan bu she’rni o‘zlari o‘rgatganlaridagiday, o‘zlari o‘qiganlaridagiday dildan o‘qish harakatida bo‘ldim:

Biringiz – boqiysiz, biringiz – balki puch.
Biringiz – shodliksiz, biringiz – o‘kinch,
Biringiz – baxtlisiz, biringiz – baxtsiz,
Biringiz – yarador, o‘lgansiz vaqtsiz,
O, orqada qolgan mening yillarim.

Sizga nasib qilgan quvonch – yuragimda,
Qalbda dardingiz olib yuraman
Siz meni ayamay o‘tda tobladingiz,
Shundan zamin uzra g‘olib yuraman.

Siz mening tirmashib chiqqan zinamsiz,
Har biringiz g‘ishti, men imoratman.
Siz mening dahlsiz, yolg‘iz xazinamsiz,
Sizdan iboratman,
O, mening orqada qolgan yillarim.

She’rni aytganimdan so‘ng, ko‘zoynak tagidan bir tomchi yosh dumaladi. Nahotki ijodi osmon qadar yuksak; har bir gapidan nurlar taraluvchi, oqil va halol, talabchan, metin irodali insonning qalb torlariga darz ketsa… Bu inson hayotining asl ma’nosi ijod etish; xastalik ijodkor fikr-hayolini so‘ndira olmadi. Tinib-tinchimay yuksaklarda parvoz qildi. Yashash bu inson uchun ijod qilishga aylandi. “Qo‘lida qalam, yurak alam-armon” bilan ijod qilmadi. O‘zlari aytganlariday:

Umr yo‘li oyoq izi emas,
Uni na qor, na chang bosa oladi.
U qora chiziqday, yo nurday muqaddas bo‘lib,
El ko‘nglida mangu qoladi.

Ilgari borganlarimda, Roza kennoyi achchiq qora choy-yu, murabbo-shirinliklar bilan mehmon qilardi. Endi esa… Roza opaning oyog‘i muzda sirg‘anib, lat yeb, o‘rinlaridan jilolmaydilar. Asqad aka esa pastga tusha olmaydilar. Bir-birlarini uzoq ko‘rmaslik azobi…

Asqad aka xolsiz asta yurib, tunchiroq ostidagi ijod daftarini qo‘lga oldilar. “Tundalik”lar yozayotganini imo-ishora bilan ko‘rsatdilar. Siyohi hali qurib ulgurmagan, bedor qalbi, uyg‘oq tafakkuri ila bitilgan ayrim satrlarni o‘zlarining hohishlari bilan – adibga o‘qib berdim. “Avvallari yashash uchun yozdim, endi yozish uchun yashamoqdaman”, “Qarilikdan qo‘rqma, unga hali yetish kerak”, “Vaqt o‘tyapti!” – deymiz sal hazinlik bilan. Bu gapni inson o‘zini ovutish uchun o‘ylab topgan. Aslida biz o‘zimiz o‘tyapmiz”, “Shunday yillarni ko‘rdikki, baxtli bo‘lish uyat edi”, “Uning “ko‘tarilishi” ham, “yiqilishi” ham aqllilik balosi edi…”, “Bizning avlodda zamondan qochganlar qutildi”…
Adib o‘qiganlarimga quloq tutdi. Uzoq o‘yga toldi. Sokinlik. Men sas chiqarmadim…

Har gal borganimda, ijodlaridan namunalar o‘qib berish men uchun odatga aylandi. Agar tez-tez bormasam, she’rlarni o‘qimasam, nimanidir yo‘qotganday sezardim, o‘zimni. Borishim bilan chehralaridagi mahzunlik o‘rnida o‘ychan-iliqlik paydo bo‘lardi. Ketayotganimda ko‘zoynak tagidan ma’noli qarash qilardi. Cheksiz hayolot – ijod olamida suzardi.

Bir vaqtlar do‘stlar bilan hasratlashardim…
G‘amgin o‘tkazaman g‘amgin chog‘larni.
Sukunat cho‘chitmasin dardim…

…Jonlar oromini buzmasin dardim,
Tunni uyg‘otmasin.

Xastalik shoirni yenga boshladi. Ustoz rejissyor Mahkam Muhamedov bilan tezlikda Asqad Muxtor haqida “Umr” deb nomlanuvchi ko‘rsatuvni shoir ijodxonasida tasvirga oldik. Shoir o‘ychan. Kitob javonidan kitobni olib, deraza yoniga boradi. Menga kitobni tutqazib, o‘tirg‘ichga o‘tiradi. Umr haqida shoir holatini berishga harakat qilamiz. Tabiiy. Qanday bo‘lsa, shundayligicha. She’rlaridan o‘qiyotganimda, ko‘zoynak tagidan o‘tkir nigoh ila boqish va ko‘zidagi bir tomchi yosh kadrda muhrlanib qoldi.

Bu ko‘rsatuv televideniyening “Oltin fond”ida saqlanadi.

… Asqad Muxtor uzoq yillar O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisining o‘rinbosari, “Sharq yulduzi” jurnalida bosh muharrir, 1969 yildan “Guliston” jurnalining bosh muharriri lavozimlarida ishlagan. Ko‘plab roman, qissalar, drama asarlari, poemalar, she’riy kitoblar yaratgan.

Adabiyotshunos olim Naim Karimovning yozishlaricha, “Asqad Muxtor asarlarining bir qismi hamma yozuvchilarimizda bo‘lganidek, oshini oshab, yoshini yashadi. Ammo qolgan aksar qismi adabiyotimiz xazinasida qoladi… Asqad Muxtor hayot ma’nosini ijod etish, deb tushungan milliy adabiyotimiz ravnaqi uchun yashagan va shu adabiyotni bir-necha pog‘onaga yuksaklikka ko‘targan yozuvchi edi”.

Shoirning ko‘plab she’rlari “Vaqt”, “Umr” haqida bo‘lib, 70-yillarda yozgan bir she’rida “O‘lim qancha imillasa mayli, men roziman” – deb yozgan edi. Uztoz oxirgi oylarda Birinchi hukumat shifoxonasi yotog‘ida butunlay mixlanib qoldi.

Asqad Muxtorning shogirdi Erkin A’zam bilan shifoxonaga bordik. Bizdan sal ilgariroq shoir Erkin Vohidov borgan ekanlar.

Asqad Muxtorday zabardast ijodkor – soch-soqoli o‘sgan – doimo taqib yuradigan ko‘zoynaksiz – shiftga – bir nuqtaga tikilib yotardi. Adib go‘yo, ufqlarga tutash hayolot olamida suzardi. Men uchun bunday vaziyatni yozish to‘g‘rimikan? Bilmadim. Salomlashganimizdan so‘ng, noqulay vaziyat paydo bo‘ldi. Biz turgan tomonga sal o‘girilib, “Sizlarga rahmat” deganday muloyim bir qarash qildilar. Bu qarashda juda katta ma’no bor edi. Bunday vaziyatda, kelgan har qanday inson, bir xil tarzda “Albatta sog‘ayib ketasiz. Tuzalib ketasiz” – degan so‘zlardan nariga o‘tolmaydi.

Yonlarida o‘tirib, har daqiqada holidan xabarlashib turgan keliniga Asqad aka imo-ishora qilib, o‘ng qo‘li butunlay harakatsiz bo‘lganligi sabab, ne bir mashaqqatlarda kelinining yordami bilan chap qo‘liga qalam oldilar. Kelini ushlagan qalin qog‘ozga ne bir azoblarda “Na chora”… so‘zini yozoldi, xolos. “Men ketyapman”, — deganday chap qo‘li harakatga keldi.

Bu holatni ko‘rib, ich-ichimdan ezildim. Nimadir bo‘g‘zimga kelib, turib qoldi. necha oylar shu holatda yotib, qiynalib ketdi. Bundan ortiq azob bo‘lmasa kerak, inson uchun. Nahot, nahot… bu odam hayotidagi so‘nggi daqiqalar… Sezganday. Sal ilgariroq bu she’rni bitadi.

Endi orzulardan xotiralar ko‘p,
Endi o‘tmishgina men uchun hadsiz.
Men uchun tobora og‘irdir sukut,
Savollar tobora shafqatsiz,
Ha oshni oshadik, yoshni yashadik,
Qoshgacha qahraton qirovi endi.
Bir qarashda: besh kuningni o‘yla,
Ertaning qayg‘usi qoldimi endi…

Adabiyotshunos olim Naim Karimov aytganlariday: “… inson keksalik fasliga sabot, matonat va zakovatning jonli timsoli o‘laroq kiradi.

Ammo bu dunyoning bevafoligi shundaki, u insonning aql va zakovat pillapoyasining baland poyalariga qadam qo‘yganida, uning oyog‘iga bolta uradi”…

Asqad Muxtorning so‘nggi ijodi – “Uyqu qochganda” (Tundaliklar) asarida, insonni uyg‘oqlikka chorlovchi shunday so‘zlar o‘z mujassamini topgan: “Vaholanki, asar yozuvchidan unib chiqadi; farzandiday unda tug‘iladi, ulg‘ayadi, kamol topadi; u farzandini avaylaydi; himoya qiladi. Asar – yozuvchining taqdiri; kerak bo‘lganda yozuvchi qurbon bo‘lishiga ham tayyor. Uning bu g‘ayritabiiy sadoqati, yozmasdan turolmasligi, ruhiyatga, falsafaga, mushohadaga moyilligi, shaxsi, fe’li, uslubi, qarashlari, dardi, qiynalishlari… Qobiliyati qancha katta bo‘lsa, shuncha katta kuch sarf qiladi. U – beixtiyor fidoiy; ham baxtiyor, ham baxtsiz – bu uning irodasiga bog‘liq emas”…

***

FB.jpgInson bu dunyoda yashar ekan, mashaqqatu, sinovlarga duch keladi.

Inson – oddiylikdagi murakkablik tomon qadam bosadi. Yaxshiliklar sari intiladi. Sening fikrlash qobiliyating, tafakkur olamingga qarab, hayot yo‘ling belgilanadi. Dunyoda sabab va oqibat qonuni mavjud. Odam borki – to‘kis, yaxshi yashash haqida orzular qiladi. Lekin unga osonlikcha erishish mumkinmi?.. Muvaffaqiyatlarga qiyinchilik, halol mehnat, pokizalik orqali erishiladi. Osonlik bilan kelgan muvaffaqiyat qo‘ldan tez chiqib ketadi. Hakazo… Bunga ota-bobolarimiz hayotidan – o‘tgan va hozirgi zamondan hohlagancha misollar keltirish mumkin. balandparvoz so‘zlashning senga ne keragi bor. Hamma-hammasini qalbingdan, yuragingdan, barcha hissiyotlaring bilan aytyapsan…ayta bilyapsan.

Sen uchun baxt nima? Dunyoga kelding. Yashayapsan. Shukrona keltirasan. Tinchlik. Yuraging taskin topadi. Yashash inson uchun sinov… Baxt ne asli…
Hayotda sen to‘g‘ri yo‘lni topib, tanlay bilsang, yaxshiliklar yo‘liga tushib olasan. Yurgan sari ko‘z oldingda kelajaging; orzu qilgan hayot manzaralari namoyon bo‘ladi.
Olg‘a qarab intilib, orqaga bir-bir nazar tashlaysan: “Men nelarga intildimu, nelar meni qanoatlantirmadi? Orzu qilib, hayotda ko‘zlagan – hohlagan joyimga yetib bora oldimmi? Men nelar qilishim keragu, kegusida yana nelar kutmoqda meni; hayotim davomida qanday o‘zgarishlar… “Nelar” degan fikr, o‘y-hayol butun qalbimni qamrab, boshimni chulg‘ab oldi”.

Yo‘l yurib so‘qmoqdan xalloslagancha, tepalikka qarab o‘rlaysan. Yuksaklikda – muqaddas Chilpiqning keng maydonida turib, atrofga boqasan. Ko‘z oldingda go‘zal, ajib manzara namoyon bo‘ladi.

Tepalikka termulasan, ona daryo – Amudaryo to‘lqinlanib, olg‘a qarab oqib bormoqda. To‘xtamaydi. Odamlarga hayot, rizq-nasiba ulashuvchi daryo qirg‘og‘ida, bir-birlari bilan kesishgan so‘qmoqlar ko‘p. Ulardan biri seni katta yo‘lga olib chiqadi.

Donishmandlarda shunday so‘zlar bor: “Maqsadi aniq bo‘lgan odam, hatto eng og‘ir yo‘l bo‘ylab ham harakatlana oladi. Hech qanday maqsadi yo‘q odam, eng tekis yo‘lda ham olg‘a qarab yurolmaydi”.

Qaraysan, hu, nariroqda, daryoga tutashib ketgan to‘qayzor. Undan narida esa, ufqlarga tutash, elas-elas ko‘zga tashlanuvchi – har xil ajib ranglarda tovlanuvchi go‘zal manzaralar. Ko‘m-ko‘k musaffo osmon.

Qaraysan-u, ular ortida yuksak orzular, oliy hayollar, senga ilhom beruvchi, harakat qilishga undovchi, ilgarigidan ham yaxshiroq bo‘lishiga chorlovchi qandaydir kuch mavjud. Hayot falsafasi: chuqurroq o‘ylab, atrofingga nazar sol. Ko‘p narsalar ayon bo‘ladi. Aslo, maqtovlarga, aldovlarga ucha ko‘rma. Yengil-yelpilik ichra g‘arq bo‘lma. Hali qiladigan ishlaring, orzularing bisyor. Albatta sen, ko‘zlagan maqsadlaringga erisha olsan.

Ana shulardan biri bugun sizlarga hikoya qilganim – “Orzuga eltuvchi yo‘l”…

2014 yil 19 oktyabr
Chilpiq qal’asi

08

(Tashriflar: umumiy 7 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring