Nargiza Odinayeva. «To’rt tomon» to’plamidan she’rlar & Halima Ahmedova. «To’rt tomon»ga maktub

Ashampoo_Snap_2018.01.03_14h40m17s_001_.png    ”Тўрт томон”  тўпламида истеъдодли шоира Наргиза Одинаеванинг фақат ўзигагина хос бўлган оҳангда, тасвиру ташбеҳларда қоғоз юзини кўрган шеърлари жамланган. Бу ёзиқлар чинакам шеърият мухлисининг қалбига муҳаббату изтироб гавҳарларини тортиқ этиб, уни муборак туйғулар дийдорига чиниқтиради.

Ҳалима АҲМЕДОВА
“ТЎРТ ТОМОН”ГА МАКТУБ
07

Мен Термизни кўрмаганман, Амударёни ҳам. Уларни кўриш орзуси бот-бот қалбимда тўлқинланади. Баъзи-баъзида шоир Сирожиддин Иброҳим Термиздан қўнғироқ қилиб туради. У билан бўладиган аксарият суҳбатларимиз орасида Амударёни сўрайман ва яна «Дарёнинг нариги томони кўринаяптими?!» деб савол бераман. У таажжубланади. Мен эса тинмасдан Амударёга яқинроқ бориб телефонни тўлқинлар овозига тутишни ўтинаман. У айтганимни қилади. Аммо карлигим панд бериб, дарё овозини эшитолмайман. Кейин эса нариги томонда нималарни кўряпсан, дейман.

У : “Қўй боқиб юрган болаларни”,- дейди. Ва сўрайди:
– Нариги томондан сизга нима керак ўзи?

– Ҳазрат Навоийнинг қабрлари кўринмасмикан,- дейман ўзгача умидворлик билан. У кулади:

– Эҳ-ҳе, Ҳазратнинг қабрлари жуда олисда..
– Балки, — дейман, — жуда баланд жойга чиқиб, қарасанг, кўринар.

Сирожиддин яна болаларча беғуборлик билан кулади. Ва меҳр билан дейди:
– Термизга келсангиз, кўп жойларни кўрсатаман…

Мен биламан, Ҳазрат Навоийнинг руҳлари биз томонга ҳамиша талпиниб туради. Буни жоним ичидаги исмсиз аланга билан ҳис қиламан, Наргиз. Ва яна сенга ҳавасим келади, улуғ зотнинг қабрига яқин жойда яшайсан. Ёнгинангда буюк тарихнинг томири — Амударё мажнун бўлиб оқади.

Менга юборган шеърларингни ўқиб, маст бўлдим. Худди тўрт томоннинг ҳавосини бирдан симирган девонадай маст бўлдим, ҳузурландим. Ва сўрагим келди:

– Кўнглинг қайси фаслда яшаяпти, Наргиз?.. “От ўйнатган дунё”нинг қайси томонидасан?

Биламан, сен майин, ҳеч кимга озор бермайдиган овозда:

– Дунёнинг тўрт томонидаман, – деб жавоб берасан.. Мен эса яна дилимда шеърларинг чизган нақшинкор истакларни айтавераман: Сенинг “юрагингнинг ажинлари кўчган онангнинг қаварган, озғин қўллари”ни кўргим, “тонг ҳавосида хамирдон бошоқни сўриган, бахт таъмини билган чумчуқлар” билан сирлашгим, “тун қўйнида қариган нурни” юпатгим келяпти, сингилжон…

Сен кўнглингнинг ичида туриб ёзасан, тўлиб-тошиб келган ҳисларни одобга ўргатиб ёзасан. Балки, шуниси тузукдир. Менга қолса, ўрнашган жойингдан чиқиб, кўнглингни фалакка, уфққа, телбавор шамолларга томоша қилдириб ёзсанг, озод ёзсанг, янада зўр бўларди.

Биласанми, бу дунёнинг нигоҳида
Йиғлаб турган  ҳақиқатнинг кўз ёши – шеър.
Қаҳратонда баҳор ишқин авайлаган,
Мағрур турган дарахтларнинг бардоши – шеър.

Ва юракнинг тубидаги нодир соғинч
Бошлаб кетса руҳингни гар тўрт томонга,
Шоир бўлсанг, иккиланмай, қўрқмасдан ҳеч,
Сингилгинам, кўнглингни эк сен осмонга.

Мен бахт билан келишолмай адо бўлдим,
Ва ҳисларим қайғуларнинг чечагидай…
Жон ҳовучлаб, саҳарларга талпинаман,
Талпинганим сари тонглар кечагидай…

Сенинг эса юрагингда кўраяпман,
Шафақ ва нур жилмайиши бўлмиш пайдо.
Соғинтирар, мени жуда соғинтирар
Дилинг ичра тўлқинланган Амударё.

“Тўрт томон”ни кўргин фақат ишқ кўзида,
Қолганини билгувчидир ўшал Ёлғиз.
Амударё юрагини олиб келгин,
Биз тарафга йўлинг тушса агар, Наргиз…

Наргиза Одинаева
«ТЎРТ ТОМОН»ДАН ШЕЪРЛАР
07

ВАТАН СИЙРАТИ

“Синглимнинг ўсмаси оқмасин”,Ashampoo_Snap_2018.01.03_16h42m22s_002_.png
Юзига термулиб тураман.
“Акамга кўзим тик боқмасин»,
Юрагим эгилиб тураман.

Болалик — югурган шамоллар,
Йўлини қоялар тўсмайди.
Кафтида энг гўзал аъмоллар,
Жонида тиконлар ўсмайди.

Энг гўзал изларни чизади
Тупроққа судралган этаклар.
Руҳида жаннатлар кезади,
Иситиб кўяди эртаклар.

Бобомнинг юзида кун тиғи
Колдирган йўлларни сўнг билдим.
Момомнинг заранг, тол урчуғи
Айланган изларга қоқилдим.

Айланди урчуқдек чархпалак,
Чўмичи неча бор қуйилди.
Кафтида улғайдим, эй фалак,
Момом ҳам ватандек туюлди,
Бобом ҳам ватандек туюлди.

Тупроқнинг исида не сирлар,
Қўшиқ айт, кўнглимнинг париси,
Соғинч хам, муҳаббат, меҳрлар..
Қўшилиб кетгандай бариси.

Онам сут пишириб ҳар саҳар.
Зуҳрони энг аввал кўради.
Отамнинг елкаси бир шаҳар,
Биз қурган орзулар туради.

Бугун менинг шоирлигим чин,
Ой нурлар элайди устимдан.
Дунёнинг тўнини кенг бичинг,
Мен бериб тўраман кўстимдан.

Болалик, шамолдек йўқ тинчим,
Дийдор айт синглимдан, дўстимдан
Уйғотиб юборди соғинчим,
Учди кўк каптарлар кўксимдан.

Отам, иним, кўз, қошим — Ватан,
Ҳавом, ерим, қуёшим — Ватан!
Бир умрни сўнгсиз гуллайман,
Охирларим ва бошим Ватан!

* * *

Мен соғинч ҳақида қўшиқлар айтдим,
Баҳорлар айланди теграмда такрор.
Ўзимдан кетдим, гоҳ ўзимга қайтдим,
Кузларга тутащдим, кўнглим, ёмғирзор.

Сен бўлиб кўрингай ҳануз тушимда
Бир оппоқ капалак, қанотлари ҳўл.
Дийдор берармикан битта умримда
Сенинг билан менинг ўртамдаги йўл.

Чорладим, чорладим, қайтмади қушлар,
Замин англамади, билмади осмон.
Исмингни чақирсам, йиғлади тошлар,
Қўшиққа айланди бугун тўрт томон.

Чизиқлар чизади юрак муттасил,
Сенинг чеҳранг кулса ойнинг юзида.
Мен топиб бораман бешинчи фасл,
Унинг ташрифи бор кузнинг изида…

Қушларнинг бир куни қайтиши тайин,
Мен тупроқ бўламан, кўнади осмон
Ва сўнг бу азобдан мурод топайин,
Эртаклар айтиб бер ўзинг, Ироджон.

Энди қай фурсатни тавалло зтсам,
Яна телба бўлиб жоним гуллади.
Қанийди, баридан бўшалиб кетсам,
Нега менинг таним шамол бўлмади?!

ОҚ ТУШЛАР

Устозим Бобоева Наргизага

Қоронғу кечада оқ тушлар кўрган
Сулувнинг сочида адашган, шамол.
Қўл бергин, кетамиз оҳулар юрган
Тоғларнинг бағрида топгани камол.

Тўлишиб боради нимадан доғинг,
Осмоннинг кўксида тебранган бешик.
Менинг юрагимни кечсин оёғинг,
Еттинчи қаватга очамиз эшик.

Уфққа термулиб соғиндим кимни,
Кўзимни тўлдириб расмини чизсак.
Биласанми сен ҳам эртакларимни-
Бошимда айланган безовта кузак.

Бир кечада тўлиб ёрилар анор,
Ширин оғриқларми, тақдирга атонг!
Дунё қирғоғидан бугун бошланар,
Юзимни силайди юлдуз ўпган тонг.

Тўкилган ёмғирдек аразларим бор,
Муродим, адашиб қайларга кетдинг?
Тўймаган дунё-ей, кўнглимни сипқор,
Умримни кузларга бир қўшиқ этдинг.

Жим туриб заминга куй элаяпти,
Япроқлари маҳзун сарғайган дарахт.
Изларингни бекит, қиш келаяпти,
Менинг остонамни танимаган бахт.

* * *

Шу эски чархпалак, бошда ёмғир, қор,
Яшаб ўтаяпмиз одам тарзида.
Қорачиқда тойган мингта тақдир бор,
Осмон ва заминнинг чегарасида.

Мудом тутқин этар тортишиш кучи,
Ким билсин жондаги тугунларингни.
Қуёш айвонида турган, эй йўлчи,
Худо обод этсин бугунларингни.

Баҳорлар гуллайди, сўнг кузлар кирар,
Ой бадр – юракнинг устидан юриб.
Умримни бир таниш соғинч чақирар,
Ҳали туғилмаган тонглардан туриб.

Қилган орзуларинг тушларингдай ўнг,
Бунда чангиётган менинг йилларим.
Сенинг эртакларинг тугагандан сўнг,
Бошланади менинг узун йўлларим.

ЭЪТИҚОД

Тупроқ бўлиб яшашни ўрган,
Қўшилиб ол тўрт фасл билан.
Оқ тонглардан Хизр туш кўрган
“Ватан” деган бир туйғу тилан.

Шу дарахтлар тафтинг олади,
Юраги бор ҳар тўрт томоннинг.
Гар қоқилсанг, суяб қолади,
Елкалари зангор осмоннинг.

Шу заминда тоғлар виқорли,
Шу заминда шамол майиндир.
Шу заминда шомлар ифорли,
Шукрларинг умр сайиндир.

Қўл ташлаган қуёш елкамга,
Кўзларимдан меҳр унади.
“Ватан” десам, шу бир каломга
Хўрликларнинг бари кўнади.

Эй ватандош, иниб гулларга,
Эгачингга ўхшаб қўяман.
Ўғил-қизинг юрган йўлларга
Бор жонимни тўшаб қўяман.

Ой тунларни ёритар атай,
Йўл бошига сўзсиздек борма.
Қулоғига исмингни айтмай,
Кунларингни қўйиб юборма.

Айланади кўҳна чархпалак,
Бу умрнинг ёмғирлари бор.
Бошқасининг саждаси бўлак,
Ўзинг томон ўзингни юбор.

Ҳовучимга оламан жойлаб,
Бир қаричмас дунёнинг эни.
Ҳад билмаган кенгликлар бўйлаб
Ҳар тонг ватан уйғотар мени.

ТАНИШ АЗОБ

Битта кўйлагимни уч йил кияман,
Қилган ибодатим минг йил бир ишққа.
Бир таниш азобни минг йил суяман,
Аммо, йиғиларим ҳар куни бошқа.

Кўзимга ботгани эскирган савдо,
Туш кўриб бўлганман, эмас тасодиф.
Қўлимда ўйнайман дунёни, аммо,
Чалкаш бир чизиқда куйиб борар кифт.

…Она соғинчидан шошиб чой дамлар –
Тонгги ҳисларингдан бир пиёла бер!
Тун бўйи мудраган ҳиссиз одамлар
Менинг юрагимга нон ботириб ер.

* * *

Йўлларда кечади бесиёҳ умрим,
Айланиб қолади ёлғонлар чинга.
Йиллардан йилларга ўтади қўрим,
Ким бўлиб бораман сенинг қошингга.

Мен турган замоннинг боши қаёқда?
Осмоннинг белидан ўтар кўприклар.
Бобом чой хўплаган юз йиллик боғда
Кузни ҳам ловуллаб гуллар ўриклар.

Бир сават олмадек юрак сочилди,
Қаршимда турибди таваккул дунё.
Ранглар атрофимга рўдапо илди
У айтган ўйинни бошла, сўфиё.

* * *

Тўлқинлаб ўйнайди шамоллар – бебош,
Нафаси энтикиб қўяр дарчанинг.
Бошини куйдириб ўтади қуёш,
Ислари эскириб кетган арчанинг.

Туш кўрган тоғларнинг кўйлаги ғижим,
Замин чайқалади – қўлнинг ояси.
Йўллар этагидан узоқлашар жим,
Одамга ўхшаган дарахт сояси.

Бахт таъмини билар тонг ҳавосида
Хамирдон бошоқни сўриган чумчуқ.
Ёшини беркитиб кун орқасида
Умримнинг лабига тошади учуқ.

Яшашга куч қидир… йиғлашга улгир…
Майда ташвишларим ёпишди қўлга.
Бугун бекатидан кетиб қолмай тур,
Бироз кечикиброқ чиққанман йўлга.

ЙИГИРМА ВА ЎТТИЗИМНИНГ ОРАСИДА

Қўшиғига тўлдиролмай бир фалакни,
Қиём ўтди, кун кўксимга оғаётир.
Юрагимдан бошлаб бердим камалакни,
Дил шаҳрига ёмғирлари ёғаётир.

Сўзга сиғмас Ўзи билган тавбаларим,
Исмин айтсам – файзи кетгай, файзи кетгай.
Қош қорайса – имлайверар қиблаларим
Ишқлар менсиз гуноҳ этгай, гуноҳ этгай.

Юким ортди этагимга юлдуз териб,
Юпун жоннинг савдосига хато келдим.
От ўйнатган дунёсига салом бериб,
Қиш тўкилдим, ёз тўкилдим, куз тўкилдим…

Шабнам борар тонг юзида булоқ бўлиб,
Харитага айланади карвон йўли.
Дил эланди кўпкарида улоқ бўлиб,
Чап елкамга ботиб кетган кимнинг қўли.

Тушлар, сизга кечагидек йиғлолмайман,
Кўзларимга қараб беринг, тинчликмикан.
Соқов айтган нолаларсиз яшолмайман,
Ичимдаги аразкашим тирикмикан.

Энг сўнгида тўкилади жон оҳори,
Даври-даврон, чўмичингда борманми, айт.
Товонимдан чўкаяпман жимлик сари
Тупроқларим айтган садо, мен бўлиб қайт.

Йўл тополмай оёғимга йўл суринар,
Жим турибман қиёматнинг қорасида.
Қай томонга борай десам ўт кўринар,
Йигирма ва ўттизимнинг орасида.

Мен англаган саховатни билмас олам,
Минг ўхшайман озиб-тўлган ойларига.
Қисматига кўнмай юрган, соқов одам,
Тош отиб тур юрагимнинг сойларига.

* * *

Йўллар қичқиради шом қучоғида,
Молини ёяди кеча-савдогар.
Қартайган тоғларнинг олис ёғида,
Қўшиғин бошлайди уйсиз, дарбадар.

Тун оёқ қоқмайди.
Ўзидан чўчиб,
Уйғонган осмонга тикилади сой.
Кўзимда чайқалган дарёни кечиб,
Олтин бешигини ахтаради ой.

Ким тиккан кашта бу рангларни сириб,
Нимани фарқлайди қизил, қора, оқ.
Келиб-кетаргача масофа юриб,
Мен ҳам тиланганим бир ҳовуч тупроқ.

Заминни куйдирса, юлдуз тўкилиб,
Биламан, сукутда тилни сўз тилар.
Жонимни бўйнига қўнғироқ қилиб,
Қайга кетаяпти бу карвон йиллар.

Соғинчдай бир баҳор юракда қишлар,
Дунёнинг кузлари билмайди нега?
Менга ўхшайдими сен кўрган тушлар,
Умрим ўхшаб кетди жуда ҳам сенга.

ТЎРТ ТОМОН

Мен айтиб бераман кўзингга қараб,
Нималар йўқлигин кафтинг ичида.
Кунларни ёндирган соғинч оралаб,
Умримни ўлчадим бахт қаричида.

На менга, на сенга эшдир бу дунё,
Жонимни самандар ўтларга солдим.
Дунёга тўзимлар берсин Худоё,
Энг катта телбага айланиб қолдим.

Энди бир лаҳзамда тўртта фасл бор,
Энди елкамдадир еттита осмон.
Энди қўшиғимга бор оҳанглар тор,
Энди кўзларимда гулласин армон.

Борлиқнинг кулгуси етмиш хил рангда,
Дилдаги ҳаловат қушлардай дайди.
Ҳеч ким ютолмайди туйғусиз жангда,
Гарчи гуноҳ пайти, гарчи ранж пайти.

Жисмдан соялар тушмаган ерман,
Тўрт томон ҳам бир хил, айтилган йўлдир.
Фақат сукунатдан туғилган шеърман,
Руҳим, вужудимга ўзимни тўлдир.

Баҳор, остонангга “кузсан” деб ёздим,
Тақдир бу – сўнгига етмаган фармон.
Гарчи бор жанглардан ақлдан оздим,
Ўзимга айлансин тўрт томон.

* * *

Тўртта эшик берган дунё шамолга,
Мангу ҳаланчак у, ҳаловат учун.
Мангу сўроқлар бор мангу саволга
Мени қаёқларга ҳайдайди бугун

Эртакчи тағин ҳам этолмади ман,
Қоработир яна ўйинни бузди.
Шамол бораётган йўлдай бесўзман
Қоним юрагимга нималар чизди.

Гарчи танимайди қуёш ҳеч кимни,
Пешонам ёрилса кўзимда чорам.
Ахир озордаман, ая кўнглимни,
Кафтларимга ботиб йиғлаган ярам.

Бир четида куз бор эди баҳорнинг,
Бир четида қор бор эди саратон.
Пойида турибман энг катта дорнинг
Ўзимни ўзимдан қутқар, эй Осмон!

* * *

Чўчимайман “яшил”, “қизил”дан,
Кимлигимни “ранг”лар айтади.
Сени топмай олис манзилдан
Намозшомда йўллар қайтади…

Келар изнинг кетар эшиги,
Бу йўқликлар жонимга тузоқ.
Жимликларим кўкка билдирги,
Энди тўхтаб тураман узоқ.

Тўкилади соғинчнинг ранги,
Уни ҳали битта мен туйган.
Эртак дема учар гиламни,
Йўл юришдан оёғим куйган.

Етиб келди ёмғирлар яна,
Қўшиғига қандай чидайман.
Тўрт томонда ўт ёнар, ана,
Сен қайсиси, нега билмайман?..

ЙЎЛЛАР

Йўллар мени кутиб из тахлайверар,
Шамол юрагимни варақлайверар.
Кўнглим эшиклари тарақлайверар
Кўникиб қолганман барии-барига.

Кушбўлсанг,бургутбўлваёкиғажир,
Йўқса,бошинг томон илонлар сапчир.
Нега тўрт фаслда гулламас анжир
Кўникиб колганман барии-барига.

Тўхтамай югуриб ўтавер анҳор,
Куздан кейинга бош қоронғу баҳор.
Кўнглим нима экан, дунё –ўзинг тор,
Кўникиб қолганман барии-барига.

… Борманми, йўқманми хоксор итингча,
Мени ранжитавер истаганингча,
Борар ерим холос калдирғоч инча…
Кўникиб қолганман барии-барига.

”To‘rt tomon”   to‘plamida iste’dodli shoira Nargiza Odinayevaning faqat o‘zigagina xos bo‘lgan ohangda, tasviru tashbehlarda qog‘oz yuzini ko‘rgan she’rlari jamlangan. Bu yoziqlar chinakam she’riyat muxlisining qalbiga muhabbatu iztirob gavharlarini tortiq etib, uni muborak tuyg‘ular diydoriga chiniqtiradi.

Halima AHMЕDOVA
“TO‘RT TOMON”GA MAKTUB
07

Men Termizni ko‘rmaganman, Amudaryoni ham. Ularni ko‘rish orzusi bot-bot qalbimda to‘lqinlanadi. Ba’zi-ba’zida shoir Sirojiddin Ibrohim Termizdan qo‘ng‘iroq qilib turadi. U bilan bo‘ladigan aksariyat suhbatlarimiz orasida Amudaryoni so‘rayman va yana «Daryoning narigi tomoni ko‘rinayaptimi?!» deb savol beraman. U taajjublanadi. Men esa tinmasdan Amudaryoga yaqinroq borib telefonni to‘lqinlar ovoziga tutishni o‘tinaman. U aytganimni qiladi. Ammo karligim pand berib, daryo ovozini eshitolmayman. Keyin esa narigi tomonda nimalarni ko‘ryapsan, deyman.

U : “Qo‘y boqib yurgan bolalarni”,- deydi. Va so‘raydi:
– Narigi tomondan sizga nima kerak o‘zi?

– Hazrat Navoiyning qabrlari ko‘rinmasmikan,- deyman o‘zgacha umidvorlik bilan. U kuladi:

– Eh-he, Hazratning qabrlari juda olisda..
– Balki, — deyman, — juda baland joyga chiqib, qarasang, ko‘rinar.

Sirojiddin yana bolalarcha beg‘uborlik bilan kuladi. Va mehr bilan deydi:
– Termizga kelsangiz, ko‘p joylarni ko‘rsataman…

Men bilaman, Hazrat Navoiyning ruhlari biz tomonga hamisha talpinib turadi. Buni jonim ichidagi ismsiz alanga bilan his qilaman, Nargiz. Va yana senga havasim keladi, ulug‘ zotning qabriga yaqin joyda yashaysan. Yonginangda buyuk tarixning tomiri — Amudaryo majnun bo‘lib oqadi.

Ashampoo_Snap_2018.01.03_16h47m00s_003_.pngMenga yuborgan she’rlaringni o‘qib, mast bo‘ldim. Xuddi to‘rt tomonning havosini birdan simirgan devonaday mast bo‘ldim, huzurlandim. Va so‘ragim keldi:

– Ko‘ngling qaysi faslda yashayapti, Nargiz?.. “Ot o‘ynatgan dunyo”ning qaysi tomonidasan?

Bilaman, sen mayin, hech kimga ozor bermaydigan ovozda:

– Dunyoning to‘rt tomonidaman, – deb javob berasan.. Men esa yana dilimda she’rlaring chizgan naqshinkor istaklarni aytaveraman: Sening “yuragingning ajinlari ko‘chgan onangning qavargan, ozg‘in qo‘llari”ni ko‘rgim, “tong havosida xamirdon boshoqni so‘rigan, baxt ta’mini bilgan chumchuqlar” bilan sirlashgim, “tun qo‘ynida qarigan nurni” yupatgim kelyapti, singiljon…

Sen ko‘nglingning ichida turib yozasan, to‘lib-toshib kelgan hislarni odobga o‘rgatib yozasan. Balki, shunisi tuzukdir. Menga qolsa, o‘rnashgan joyingdan chiqib, ko‘nglingni falakka, ufqqa, telbavor shamollarga tomosha qildirib yozsang, ozod yozsang, yanada zo‘r bo‘lardi.

Bilasanmi, bu dunyoning nigohida
Yig‘lab turgan haqiqatning ko‘z yoshi – she’r.
Qahratonda bahor ishqin avaylagan,
Mag‘rur turgan daraxtlarning bardoshi – she’r.

Va yurakning tubidagi nodir sog‘inch
Boshlab ketsa ruhingni gar to‘rt tomonga,
Shoir bo‘lsang, ikkilanmay, qo‘rqmasdan hech,
Singilginam, ko‘nglingni ek sen osmonga.

Men baxt bilan kelisholmay ado bo‘ldim,
Va hislarim qayg‘ularning chechagiday…
Jon hovuchlab, saharlarga talpinaman,
Talpinganim sari tonglar kechagiday…

Sening esa yuragingda ko‘rayapman,
Shafaq va nur jilmayishi bo‘lmish paydo.
Sog‘intirar, meni juda sog‘intirar
Diling ichra to‘lqinlangan Amudaryo.

“To‘rt tomon”ni ko‘rgin faqat ishq ko‘zida,
Qolganini bilguvchidir o‘shal Yolg‘iz.
Amudaryo yuragini olib kelgin,
Biz tarafga yo‘ling tushsa agar, Nargiz…

Nargiza Odinayeva
“TO‘RT TOMON”DAN SHE’RLAR
07

Nargiza Odinayeva 1988 yilda Surxondaryo viloyati, Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Uning “Yo‘ldagi maktublar”, “To‘rt tomon” nomli she’riy kitoblari chop etilgan. Hozirda Termiz davlat universitetida tahsil olmoqda.

07

VATAN SIYRATI

“Singlimning o‘smasi oqmasin”,
Yuziga termulib turaman.
“Akamga ko‘zim tik boqmasin»,
Yuragim egilib turaman.

Bolalik — yugurgan shamollar,
Yo‘lini qoyalar to‘smaydi.
Kaftida eng go‘zal a’mollar,
Jonida tikonlar o‘smaydi.

Eng go‘zal izlarni chizadi
Tuproqqa sudralgan etaklar.
Ruhida jannatlar kezadi,
Isitib ko‘yadi ertaklar.

Bobomning yuzida kun tig‘i
Koldirgan yo‘llarni so‘ng bildim.
Momomning zarang, tol urchug‘i
Aylangan izlarga qoqildim.

Aylandi urchuqdek charxpalak,
Cho‘michi necha bor quyildi.
Kaftida ulg‘aydim, ey falak,
Momom ham vatandek tuyuldi,
Bobom ham vatandek tuyuldi.

Tuproqning isida ne sirlar,
Qo‘shiq ayt, ko‘nglimning parisi,
Sog‘inch xam, muhabbat, mehrlar..
Qo‘shilib ketganday barisi.

Onam sut pishirib har sahar.
Zuhroni eng avval ko‘radi.
Otamning yelkasi bir shahar,
Biz qurgan orzular turadi.

Bugun mening shoirligim chin,
Oy nurlar elaydi ustimdan.
Dunyoning to‘nini keng biching,
Men berib to‘raman ko‘stimdan.

Bolalik, shamoldek yo‘q tinchim,
Diydor ayt singlimdan, do‘stimdan
Uyg‘otib yubordi sog‘inchim,
Uchdi ko‘k kaptarlar ko‘ksimdan.

Otam, inim, ko‘z, qoshim — Vatan,
Havom, yerim, quyoshim — Vatan!
Bir umrni so‘ngsiz gullayman,
Oxirlarim va boshim Vatan!

* * *

Men sog‘inch haqida qo‘shiqlar aytdim,
Bahorlar aylandi tegramda takror.
O‘zimdan ketdim, goh o‘zimga qaytdim,
Kuzlarga tutaщdim, ko‘nglim, yomg‘irzor.

Sen bo‘lib ko‘ringay hanuz tushimda
Bir oppoq kapalak, qanotlari ho‘l.
Diydor berarmikan bitta umrimda
Sening bilan mening o‘rtamdagi yo‘l.

Chorladim, chorladim, qaytmadi qushlar,
Zamin anglamadi, bilmadi osmon.
Ismingni chaqirsam, yig‘ladi toshlar,
Qo‘shiqqa aylandi bugun to‘rt tomon.

Chiziqlar chizadi yurak muttasil,
Sening chehrang kulsa oyning yuzida.
Men topib boraman beshinchi fasl,
Uning tashrifi bor kuzning izida…

Qushlarning bir kuni qaytishi tayin,
Men tuproq bo‘laman, ko‘nadi osmon
Va so‘ng bu azobdan murod topayin,
Ertaklar aytib ber o‘zing, Irodjon.

Endi qay fursatni tavallo ztsam,
Yana telba bo‘lib jonim gulladi.
Qaniydi, baridan bo‘shalib ketsam,
Nega mening tanim shamol bo‘lmadi?!

OQ TUSHLAR

Ustozim Boboyeva Nargizaga

Qorong‘u kechada oq tushlar ko‘rgan
Suluvning sochida adashgan, shamol.
Qo‘l bergin, ketamiz ohular yurgan
Tog‘larning bag‘rida topgani kamol.

To‘lishib boradi nimadan dog‘ing,
Osmonning ko‘ksida tebrangan beshik.
Mening yuragimni kechsin oyog‘ing,
Yettinchi qavatga ochamiz eshik.

Ufqqa termulib sog‘indim kimni,
Ko‘zimni to‘ldirib rasmini chizsak.
Bilasanmi sen ham ertaklarimni-
Boshimda aylangan bezovta kuzak.

Bir kechada to‘lib yorilar anor,
Shirin og‘riqlarmi, taqdirga atong!
Dunyo qirg‘og‘idan bugun boshlanar,
Yuzimni silaydi yulduz o‘pgan tong.

To‘kilgan yomg‘irdek arazlarim bor,
Murodim, adashib qaylarga ketding?
To‘ymagan dunyo-yey, ko‘nglimni sipqor,
Umrimni kuzlarga bir qo‘shiq etding.

Jim turib zaminga kuy elayapti,
Yaproqlari mahzun sarg‘aygan daraxt.
Izlaringni bekit, qish kelayapti,
Mening ostonamni tanimagan baxt.

* * *

Shu eski charxpalak, boshda yomg‘ir, qor,1507796335_23423423a.jpg
Yashab o‘tayapmiz odam tarzida.
Qorachiqda toygan mingta taqdir bor,
Osmon va zaminning chegarasida.

Mudom tutqin etar tortishish kuchi,
Kim bilsin jondagi tugunlaringni.
Quyosh ayvonida turgan, ey yo‘lchi,
Xudo obod etsin bugunlaringni.

Bahorlar gullaydi, so‘ng kuzlar kirar,
Oy badr – yurakning ustidan yurib.
Umrimni bir tanish sog‘inch chaqirar,
Hali tug‘ilmagan tonglardan turib.

Qilgan orzularing tushlaringday o‘ng,
Bunda changiyotgan mening yillarim.
Sening ertaklaring tugagandan so‘ng,
Boshlanadi mening uzun yo‘llarim.

E’TIQOD

Tuproq bo‘lib yashashni o‘rgan,
Qo‘shilib ol to‘rt fasl bilan.
Oq tonglardan Xizr tush ko‘rgan
“Vatan” degan bir tuyg‘u tilan.

Shu daraxtlar tafting oladi,
Yuragi bor har to‘rt tomonning.
Gar qoqilsang, suyab qoladi,
Yelkalari zangor osmonning.

Shu zaminda tog‘lar viqorli,
Shu zaminda shamol mayindir.
Shu zaminda shomlar iforli,
Shukrlaring umr sayindir.

Qo‘l tashlagan quyosh yelkamga,
Ko‘zlarimdan mehr unadi.
“Vatan” desam, shu bir kalomga
Xo‘rliklarning bari ko‘nadi.

Ey vatandosh, inib gullarga,
Egachingga o‘xshab qo‘yaman.
O‘g‘il-qizing yurgan yo‘llarga
Bor jonimni to‘shab qo‘yaman.

Oy tunlarni yoritar atay,
Yo‘l boshiga so‘zsizdek borma.
Qulog‘iga ismingni aytmay,
Kunlaringni qo‘yib yuborma.

Aylanadi ko‘hna charxpalak,
Bu umrning yomg‘irlari bor.
Boshqasining sajdasi bo‘lak,
O‘zing tomon o‘zingni yubor.

Hovuchimga olaman joylab,
Bir qarichmas dunyoning eni.
Had bilmagan kengliklar bo‘ylab
Har tong vatan uyg‘otar meni.

TANISH AZOB

Bitta ko‘ylagimni uch yil kiyaman,
Qilgan ibodatim ming yil bir ishqqa.
Bir tanish azobni ming yil suyaman,
Ammo, yig‘ilarim har kuni boshqa.

Ko‘zimga botgani eskirgan savdo,
Tush ko‘rib bo‘lganman, emas tasodif.
Qo‘limda o‘ynayman dunyoni, ammo,
Chalkash bir chiziqda kuyib borar kift.

…Ona sog‘inchidan shoshib choy damlar –
Tonggi hislaringdan bir piyola ber!
Tun bo‘yi mudragan hissiz odamlar
Mening yuragimga non botirib yer.

* * *

Yo‘llarda kechadi besiyoh umrim,
Aylanib qoladi yolg‘onlar chinga.
Yillardan yillarga o‘tadi qo‘rim,
Kim bo‘lib boraman sening qoshingga.

Men turgan zamonning boshi qayoqda?
Osmonning belidan o‘tar ko‘priklar.
Bobom choy xo‘plagan yuz yillik bog‘da
Kuzni ham lovullab gullar o‘riklar.

Bir savat olmadek yurak sochildi,
Qarshimda turibdi tavakkul dunyo.
Ranglar atrofimga ro‘dapo ildi
U aytgan o‘yinni boshla, so‘fiyo.

* * *

To‘lqinlab o‘ynaydi shamollar – bebosh,
Nafasi entikib qo‘yar darchaning.
Boshini kuydirib o‘tadi quyosh,
Islari eskirib ketgan archaning.

Tush ko‘rgan tog‘larning ko‘ylagi g‘ijim,
Zamin chayqaladi – qo‘lning oyasi.
Yo‘llar etagidan uzoqlashar jim,
Odamga o‘xshagan daraxt soyasi.

Baxt ta’mini bilar tong havosida
Xamirdon boshoqni so‘rigan chumchuq.
Yoshini berkitib kun orqasida
Umrimning labiga toshadi uchuq.

Yashashga kuch qidir… yig‘lashga ulgir…
Mayda tashvishlarim yopishdi qo‘lga.
Bugun bekatidan ketib qolmay tur,
Biroz kechikibroq chiqqanman yo‘lga.

YIGIRMA VA O‘TTIZIMNING ORASIDA

Qo‘shig‘iga to‘ldirolmay bir falakni,
Qiyom o‘tdi, kun ko‘ksimga og‘ayotir.
Yuragimdan boshlab berdim kamalakni,
Dil shahriga yomg‘irlari yog‘ayotir.

So‘zga sig‘mas O‘zi bilgan tavbalarim,
Ismin aytsam – fayzi ketgay, fayzi ketgay.
Qosh qoraysa – imlayverar qiblalarim
Ishqlar mensiz gunoh etgay, gunoh etgay.

Yukim ortdi etagimga yulduz terib,
Yupun jonning savdosiga xato keldim.
Ot o‘ynatgan dunyosiga salom berib,
Qish to‘kildim, yoz to‘kildim, kuz to‘kildim…

Shabnam borar tong yuzida buloq bo‘lib,
Xaritaga aylanadi karvon yo‘li.
Dil elandi ko‘pkarida uloq bo‘lib,
Chap yelkamga botib ketgan kimning qo‘li.

Tushlar, sizga kechagidek yig‘lolmayman,
Ko‘zlarimga qarab bering, tinchlikmikan.
Soqov aytgan nolalarsiz yasholmayman,
Ichimdagi arazkashim tirikmikan.

Eng so‘ngida to‘kiladi jon ohori,
Davri-davron, cho‘michingda bormanmi, ayt.
Tovonimdan cho‘kayapman jimlik sari
Tuproqlarim aytgan sado, men bo‘lib qayt.

Yo‘l topolmay oyog‘imga yo‘l surinar,
Jim turibman qiyomatning qorasida.
Qay tomonga boray desam o‘t ko‘rinar,
Yigirma va o‘ttizimning orasida.

Men anglagan saxovatni bilmas olam,
Ming o‘xshayman ozib-to‘lgan oylariga.
Qismatiga ko‘nmay yurgan, soqov odam,
Tosh otib tur yuragimning soylariga.

* * *

Yo‘llar qichqiradi shom quchog‘ida,
Molini yoyadi kecha-savdogar.
Qartaygan tog‘larning olis yog‘ida,
Qo‘shig‘in boshlaydi uysiz, darbadar.

Tun oyoq qoqmaydi.
O‘zidan cho‘chib,
Uyg‘ongan osmonga tikiladi soy.
Ko‘zimda chayqalgan daryoni kechib,
Oltin beshigini axtaradi oy.

Kim tikkan kashta bu ranglarni sirib,
Nimani farqlaydi qizil, qora, oq.
Kelib-ketargacha masofa yurib,
Men ham tilanganim bir hovuch tuproq.

Zaminni kuydirsa, yulduz to‘kilib,
Bilaman, sukutda tilni so‘z tilar.
Jonimni bo‘yniga qo‘ng‘iroq qilib,
Qayga ketayapti bu karvon yillar.

Sog‘inchday bir bahor yurakda qishlar,
Dunyoning kuzlari bilmaydi nega?
Menga o‘xshaydimi sen ko‘rgan tushlar,
Umrim o‘xshab ketdi juda ham senga.

TO‘RT TOMON

Men aytib beraman ko‘zingga qarab,
Nimalar yo‘qligin kafting ichida.
Kunlarni yondirgan sog‘inch oralab,
Umrimni o‘lchadim baxt qarichida.

Na menga, na senga eshdir bu dunyo,
Jonimni samandar o‘tlarga soldim.
Dunyoga to‘zimlar bersin Xudoyo,
Eng katta telbaga aylanib qoldim.

Endi bir lahzamda to‘rtta fasl bor,
Endi yelkamdadir yettita osmon.
Endi qo‘shig‘imga bor ohanglar tor,
Endi ko‘zlarimda gullasin armon.

Borliqning kulgusi yetmish xil rangda,
Dildagi halovat qushlarday daydi.
Hech kim yutolmaydi tuyg‘usiz jangda,
Garchi gunoh payti, garchi ranj payti.

Jismdan soyalar tushmagan yerman,
To‘rt tomon ham bir xil, aytilgan yo‘ldir.
Faqat sukunatdan tug‘ilgan she’rman,
Ruhim, vujudimga o‘zimni to‘ldir.

Bahor, ostonangga “kuzsan” deb yozdim,
Taqdir bu – so‘ngiga yetmagan farmon.
Garchi bor janglardan aqldan ozdim,
O‘zimga aylansin to‘rt tomon.

* * *

To‘rtta eshik bergan dunyo shamolga,
Mangu halanchak u, halovat uchun.
Mangu so‘roqlar bor mangu savolga
Meni qayoqlarga haydaydi bugun

Ertakchi tag‘in ham etolmadi man,
Qorabotir yana o‘yinni buzdi.
Shamol borayotgan yo‘lday beso‘zman
Qonim yuragimga nimalar chizdi.

Garchi tanimaydi quyosh hech kimni,
Peshonam yorilsa ko‘zimda choram.
Axir ozordaman, aya ko‘nglimni,
Kaftlarimga botib yig‘lagan yaram.

Bir chetida kuz bor edi bahorning,
Bir chetida qor bor edi saraton.
Poyida turibman eng katta dorning
O‘zimni o‘zimdan qutqar, ey Osmon!

* * *

Cho‘chimayman “yashil”, “qizil”dan,
Kimligimni “rang”lar aytadi.
Seni topmay olis manzildan
Namozshomda yo‘llar qaytadi…

Kelar izning ketar eshigi,
Bu yo‘qliklar jonimga tuzoq.
Jimliklarim ko‘kka bildirgi,
Endi to‘xtab turaman uzoq.

To‘kiladi sog‘inchning rangi,
Uni hali bitta men tuygan.
Ertak dema uchar gilamni,
Yo‘l yurishdan oyog‘im kuygan.

Yetib keldi yomg‘irlar yana,
Qo‘shig‘iga qanday chidayman.
To‘rt tomonda o‘t yonar, ana,
Sen qaysisi, nega bilmayman?..

YO‘LLAR

Yo‘llar meni kutib iz taxlayverar,
Shamol yuragimni varaqlayverar.
Ko‘nglim eshiklari taraqlayverar
Ko‘nikib qolganman barii-bariga.

Kushbo‘lsang,burgutbo‘lvayokig‘ajir,
Yo‘qsa,boshing tomon ilonlar sapchir.
Nega to‘rt faslda gullamas anjir
Ko‘nikib kolganman barii-bariga.

To‘xtamay yugurib o‘taver anhor,
Kuzdan keyinga bosh qorong‘u bahor.
Ko‘nglim nima ekan, dunyo –o‘zing tor,
Ko‘nikib qolganman barii-bariga.

… Bormanmi, yo‘qmanmi xoksor itingcha,
Meni ranjitaver istaganingcha,
Borar yerim xolos kaldirg‘och incha…
Ko‘nikib qolganman barii-bariga.

02

(Tashriflar: umumiy 682, bugungi 1)

Izoh qoldiring