Xurshid Do’stmuhammad. Mojaristonlik o’zbek rassomi

Ashampoo_Snap_2018.01.03_22h21m19s_003_.png  Дарвоқе, нега Қобилнинг ижоди ўзбекистонлик рассомларникига мутлақо ўхшамайди? Мураккаб композициялар, фавқулодда сюрреалистик лавҳа-манзаралар яратишда ўзига хос йўналишларни танлаган Умарбеков, Жалолов, Охунов, Тўхтаев асарларидан ҳам мутлақо фарқли!..

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
МОЖАРИСТОНЛИК ЎЗБЕК РАССОМИ
08

Ashampoo_Snap_2018.01.03_22h04m00s_002_.pngҚобил Чиғатой(Одилов)нинг асарлари нега ғалати таассурот қолдиради кишида? Нимани чизади у, рассом сифатида ҳаётни қандай идрок этади? Тўғри, тушуниш қийин, лекин “тушунмадим” деб бефарқ қололмайсиз ҳам. Мусаввир мўйқаламининг мушоҳада тарзи бунчалик мураккаб, жумбоқларга тўла бўлмаса? Тўхтанг, дарвоқе, нега Қобилнинг ижоди ўзбекистонлик рассомларникига мутлақо ўхшамайди? Мураккаб композициялар, фавқулодда сюрреалистик лавҳа-манзаралар яратишда ўзига хос йўналишларни танлаган Умарбеков, Жалолов, Охунов, Тўхтаев асарларидан ҳам мутлақо фарқли!

Ҳаёт манзараларини мураккаб ечимларда акс эттириш борасида сўз юритилганда беихтиёр яқин ўтмиш воқеалари — ижодкор аҳлига муносабатлардаги адолатсизликлар эсга тушади. Бундай ажабтовур кулгили (аслида аянчли!) ҳодисалардан бири 1962 йилнинг декабрида Москвада юз берган. Н.С.Хрушчёв партия-ҳукумат раҳбарларини эргаштириб рассомлар кўргазмасига ташриф буюради, эртасига бир қанча асарлар партиянинг биринчи котибига ёқмагани учун… кўргазмадан олиб ташланади. Марказқўм ғоявий бўлимининг мудири Л.Ильичев изланувчан ёш рассомларнинг асарларидаги ўзгача фикрлашни тушунмай-нетмай улар устидан “санъатга дахли йўқ буларнинг!” деб ғазабнок ҳукм чиқаради.

Ўша тарихий визитдан сўнг “мавҳум” фикрловчи, “мавҳум” мавзуларни чизадиган рассомлар таъқиб остига олинди, уларнинг асарлари кўргазмаларга қўйилмади. Санъатга бундайин жоҳилона муносабатнинг қурбони бўлмиш Б.Пастернак, Э.Неизвестний, В.Сидур, А.Тарковский сингари катга санъаткорлар жаҳон миқёсига чиқдилар, бироқ улар ўз она юртларида эъзоз-эътибор топмадилар.

Анъанавий андазаларга сиғмайдиган мушоҳада юритувчи ижодкорлар яқин-яқингача таҳқиру таъқиблардан қутилмадилар…

Қобилнинг асарларини томоша қилаётиб беихтиёр мустабид фармонбардор сиёсат не-не истеъдоддар қанотини қайирмаган деб ўйга толасиз.

Йўқ, Қобил юқорида қайд этилган номдор ижодкорлар сингари таъқибга учрамади, ҳеч ким уни она ватанидан бадарға қилмади.

Тошкентнинг Сағбон мавзеидаги Қилбелбоғ даҳасининг тор кўчалари қуршовида 8 йиллик мўьжаз 11-мактаб жойлашган. Қобил ушбу мактабнинг камтар-камсуқум муаллимларидан таҳсил олган, тенгқурлари қатори тўполон қилиб, дарсларга кириб-кирмай, катталарни жавратиб, улардан танбеҳлар эшитиб катга бўлган (дарвоқе, “Шум бола” фильмининг бош қаҳрамони образини яратган Абдураим Абдуваҳобов ҳам шу мактабда ўқиган). Сағбонни Чиғатой (ҳозирги Форобий) кўчаси билан боғлаган Ҳуррият кўчасида ўсиб-улғайган, ёз бўйи Кайковус анҳоридан чиқмай чўмилган. Таниқли “Муштум”чи рассом раҳматли Воҳид Одилов Қобилнинг амакиси эдилар, унинг отаси Ёдгор ака ҳам умр бўйи рассомлик нонини татидилар, ҳозир у киши қарилик ҳордиғидалар.

Мен Қобилдаги ўзбек рассомларига сира ўхшамаган тафаккур тарзи илдизларини излаётган эдим. Буни унинг ўзига ҳам айтдим. Қобил “нима ҳам дердим” дегандек елка қисди ва саволимга дахли бўлмаган мулоҳазаларини изҳор қила бошлади:

— Беньков номидаги билим юртида ўқиган пайтларим маҳалламизда яшайдиган мўйсафид отахонлар портретини чизганман. Ленинградда — Бадиий академияда таҳсил олган кезларим ўзимизнинг эски шаҳар бозори манзараларини яратишга ҳаракат қилдим. Портрет яратмоқчи бўламанми ёки бозор манзарасими, қатъи назар, мени экзотика эмас, балки ўзбек қариясининг нуроний чеҳрасидаги соф шарқона сеҳр, яхлит бир кенгликда тасаввур қилинган бозор кўринишидаги сирли руҳ қизиқтирган. Тошкентнинг қадимий тор кўчаларидаги ҳар бир муюлиш, ҳар бир эшик ё болахонанинг мўьжаз деразасига қараб туриб ифодалаб бўлмайдиган даражадаги бир турфа кечинмаларга чулғанасиз. Бу кечинма моддий эмас, балки руҳий… туйғуларда акс этади, холос.

Қобил яна бир оз гапирди, лекин мен саволимга жавоб топгандек бўлдим. Тасаввур қилинг, қулочингизни баралла чўзсангиз қўлингиз икки томон деворига тегадиган даражадаги тор кўчадан боряпсиз — “кимлар ўтмаган жойлар” деган гап эсингизга тушади, икки-уч дақиқа юрмасингиздан сизни муюлиш кутади, юраверасиз, муюлишдан сўнг яна муюлиш, сўнгра кета-кетгунча пастак пахса девор, унда-бунда пастак ва ихчам эшик — “бу эшиклардан кимлар кириб-чиқмаган” деб ўйлайсиз, туйқус тор кўчага ярашмагандек болохона деразасига кўзингиз тушади — беихтиёр юзингизга табассум югуради — эртаклар юртида сайру саёҳат қилаётганга ўхшайсиз. Қувалашиб юрган ёки хоммопиш ўйнаётган болакайлар ҳайрат тўла кўзларини сиздан узмайди, катталар эса обдон тўхтаб олиб саломлашади, уй ичингиз, ота-онангиз, бола-чақангизгача сўраб омонлашади — кўнглингиз ийиб кетади… Асфальтланган катта, сершовқин кўчага чиқасизу бояги кўнгилга яқин, дилга ором бахш этувчи сирли-сеҳрли манзаралар ортда қолади, уларни қўмсай бошлайсиз. Одатда биз кўниккан рассомлар ўша тор кўчани, ғаройиб дарвозани, қария ёки ўйинқароқ болакай суратини чизади, Қобил эса тор кўча манзаралари туғдирган кечинмаларни туширади матога. Унинг ўзига хос тафаккур тарзи ҳам шунда! Фёдор Достоевский таъбири билан айтганда, ҳақиқий бадиий асар воқеалар тафсили тугаган ва ўша воқеалар таъсирида туғилган таассуротларни иншо этилган жойда бошланади. Деярли барча ижодкорлар (ёзувчи, шоирлар ҳам шу жумладан) ушбу таърифдан келиб чиқиб икки гуруҳга бўлинади. Соддароқ қилиб айтганда, кимдир бадиий мушоҳадани воқеаларнинг ўзида кўрса, кимдир воқеалардан туғилган кечинмаларда деб билади.

Қобил бизда кам учрайдиган кейинги тоифага мансуб ижодкорлардан!

Бундай ижодкорлар асарларидан баҳра олиш асарда акс этган туйғулар орқали воқеликни идрок этиш кўникмасини тақозо этади. Бадиий мушоҳада кенглиги, билим ва савия, фикр учқурлиги бўлмай туриб рассом туйғуларини тўла-тўкис идрок этиш қийин.

Қобилнинг асарларидан бири “Тўда”ни кузатайлик: унда нима акс этган? Қандайдир жониворларнинг юқоридан олинган сурати эмасми? Ёввойи тўнғизларми ёхуд каламушлармикан?.. Келинг, қандай жондорлар эканининг нима аҳамияти бор? Ҳар қандай тўда ўз ҳолича бир жамоа эканини эътиборга олсак, нега бу жамоа вакиллари бу қадар пароканда? Ҳа, ҳа, сездингизми, тўдада асабий нотинчлик ҳукмрон. Гўё тўда хотиржам бораётган бир пайтда қон ҳалқобига дуч келади (қизил доғларга эътибор беринг) ва жониворлар қаттиқ ҳурқди, талвасага тушди — оқибатда парокандалик бошланди. Умумталваса чоғида тўда жипслашди ва шунинг баробарида тирақайлаб қочиши — тўюндек тўзиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас…

Бир асар шарҳи учун шунинг  ўзи кифоядир. Бироқ фикрни яна давом эттириш мумкин: матога туширилган мазкур тўда жониворлар эмас, балки XX аср одамлари тафаккуридаги безовталик сурати бўлса-чи? Ғалваларга, жангу жадалларга, зидцдиятларга  тўлиб-тошган, эҳтирослар туғёнидан ўзлигини англаш мураккаблашиб бораётган ботиний дунёмизни эслатмаяптими? Ахир мовий сатҳ, яъни осмону фалакдан шу қадар сокин, шу қадар мусаффо кўринаётган курраи заминимизда пароканда тўда эмас, баҳамжиҳат, эмин-эркин Инсон бўлиб яшашимиз чандон афзал эмасми?!

“Ҳордиқ” учлиги, “Соя”, “Оқшом”, “Молиҳулиё” — қайси асарга қараманг, тиниқ рангларга ва рамзий унсурларга кўзингиз тушади — ўзингиз кўникмаган, мутлақо нотаниш услуб жилоларини идрок этмоқ учун фикрни фаоллаштиришга уринасиз.

Қобил билан Тошкентда суҳбат қурганимизга ҳам анча бўлди. Ниҳоят, Можаристоннинг (Венгрия) Дербецен шаҳридан хат келди. Унда Қобил Мюнхендаги кўргазмада қатнашганини, бир ой ўша ерда бўлиб ваъдалашган слайдларни (рангли фотосурат лентаси) барвақт жўната олмаганини ёзибди. (Қобил Чиғатой ижодий сафар ниятида Ер юзининг истаган диёрига бориши мутлақо эркинлигини сўзлаб берган эди). Янги жўнатган суратлардан бири—“Амир Темур” деб аталади.

Амир Темур! Жаҳонгир бобокалонимизни ким қандай тасаввур қилади? У ким, қандай шахс бўлган? Яқин-яқингача, айрим эълон қилинаётган манбаларни истисно қилганда ҳозиргача кенг омма Темур ҳақида нечоғли маълумотга эга?

Қобил мўйқаламининг қудрати Темур портретини яратишда фавқулодда ечим топади. Биринчи қарашда дабдурустдан ўнғайсиз аҳволга тушасиз, лекин хулосага шошилманг — тинимсиз жанглар даврининг тимсоли бўлмиш қип-қизил сатҳ (фон) “эгаллаб” олган нигоҳингизни зўриқтирмай ўз ҳолига қўйинг. Табиий, Ер юзини забт этишга чоғланган қудратли оёқ ва қўлларнинг толғинлигига маҳзун термуласиз. Бир зумга Темурнинг боқийлигига қиёсдек қад ростлаган дарахтга қарайсиз, шунда асарнинг марказий нуқтаси — буюк жаҳонгирнинг улкан кўкси диққатингизни тортади. Темурнинг кўкси, қалби нақадар ёруғ, нақадар кенг эди, ундан ёғилиб турган қудрат-салоҳият нечоғли битмас-туганмас бўлмасин, Темур оддий инсон сифатида раҳм-шафқатли эди (мушукни эслатаётган жониворнинг бошини силаётгани), айни чоғда жисмоний ногиронлигига қарамай у ўз тахтида метиндек — қоятошдек мустаҳкам ўтирибди, бошини эса бамисоли Ер куррасининг (ёқасининг айланаси сайёрамиз доирасини эслатяпти) ёлғиз ҳукмронидек ғоз тутиб турибди!..

Табиий, ҳар ким Қобилнинг асарларидан ўзича хулосалар чиқаради. Мухлисларни турли ўй-хаёлларга толдиряптими, улар қалбида шу чоққа қадар номаълум эҳтирослар тўлқинини туғдиряптими, демак, рассомнинг бахти ва рассом истеъдодининг қудрати ҳам шуларда намоёндир!

1990

Darvoqe, nega Qobilning ijodi o‘zbekistonlik rassomlarnikiga mutlaqo o‘xshamaydi? Murakkab kompozitsiyalar, favqulodda syurrealistik lavha-manzaralar yaratishda o‘ziga xos yo‘nalishlarni tanlagan Umarbekov, Jalolov, Oxunov, To‘xtayev asarlaridan ham mutlaqo farqli!..

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
MOJARISTONLIK O‘ZBЕK RASSOMI
08

Qobil Chig‘atoy(Odilov)ning asarlari nega g‘alati taassurot qoldiradi kishida? Nimani chizadi u, rassom sifatida hayotni qanday idrok etadi? To‘g‘ri, tushunish qiyin, lekin “tushunmadim” deb befarq qololmaysiz ham. Musavvir mo‘yqalamining mushohada tarzi bunchalik murakkab, jumboqlarga to‘la bo‘lmasa? To‘xtang, darvoqe, nega Qobilning ijodi o‘zbekistonlik rassomlarnikiga mutlaqo o‘xshamaydi? Murakkab kompozitsiyalar, favqulodda syurrealistik lavha-manzaralar yaratishda o‘ziga xos yo‘nalishlarni tanlagan Umarbekov, Jalolov, Oxunov, To‘xtayev asarlaridan ham mutlaqo farqli!

Hayot manzaralarini murakkab yechimlarda aks ettirish borasida so‘z yuritilganda beixtiyor yaqin o‘tmish voqealari — ijodkor ahliga munosabatlardagi adolatsizliklar esga tushadi. Bunday ajabtovur kulgili (aslida ayanchli!) hodisalardan biri 1962 yilning dekabrida Moskvada yuz bergan. N.S.Xrushchyov partiya-hukumat rahbarlarini ergashtirib rassomlar ko‘rgazmasiga tashrif buyuradi, ertasiga bir qancha asarlar partiyaning birinchi kotibiga yoqmagani uchun… ko‘rgazmadan olib tashlanadi. Markazqo‘m g‘oyaviy bo‘limining mudiri L.Ilichev izlanuvchan yosh rassomlarning asarlaridagi o‘zgacha fikrlashni tushunmay-netmay ular ustidan “san’atga daxli yo‘q bularning!” deb g‘azabnok hukm chiqaradi.

O‘sha tarixiy vizitdan so‘ng “mavhum” fikrlovchi, “mavhum” mavzularni chizadigan rassomlar ta’qib ostiga olindi, ularning asarlari ko‘rgazmalarga qo‘yilmadi. San’atga bundayin johilona munosabatning qurboni bo‘lmish B.Pasternak, E.Neizvestniy, V.Sidur, A.Tarkovskiy singari katga san’atkorlar jahon miqyosiga chiqdilar, biroq ular o‘z ona yurtlarida e’zoz-e’tibor topmadilar.

An’anaviy andazalarga sig‘maydigan mushohada yurituvchi ijodkorlar yaqin-yaqingacha tahqiru ta’qiblardan qutilmadilar…

Qobilning asarlarini tomosha qilayotib beixtiyor mustabid farmonbardor siyosat ne-ne iste’doddar qanotini qayirmagan deb o‘yga tolasiz.

Yo‘q, Qobil yuqorida qayd etilgan nomdor ijodkorlar singari ta’qibga uchramadi, hech kim uni ona vatanidan badarg‘a qilmadi.

Toshkentning Sag‘bon mavzeidagi Qilbelbog‘ dahasining tor ko‘chalari qurshovida 8 yillik mo‘jaz 11-maktab joylashgan. Qobil ushbu maktabning kamtar-kamsuqum muallimlaridan tahsil olgan, tengqurlari qatori to‘polon qilib, darslarga kirib-kirmay, kattalarni javratib, ulardan tanbehlar eshitib katga bo‘lgan (darvoqe, “Shum bola” filmining bosh qahramoni obrazini yaratgan Abduraim Abduvahobov ham shu maktabda o‘qigan). Sag‘bonni Chig‘atoy (hozirgi Forobiy) ko‘chasi bilan bog‘lagan Hurriyat ko‘chasida o‘sib-ulg‘aygan, yoz bo‘yi Kaykovus anhoridan chiqmay cho‘milgan. Taniqli “Mushtum”chi rassom rahmatli Vohid Odilov Qobilning amakisi edilar, uning otasi Yodgor aka ham umr bo‘yi rassomlik nonini tatidilar, hozir u kishi qarilik hordig‘idalar.

Men Qobildagi o‘zbek rassomlariga sira o‘xshamagan tafakkur tarzi ildizlarini izlayotgan edim. Buni uning o‘ziga ham aytdim. Qobil “nima ham derdim” degandek yelka qisdi va savolimga daxli bo‘lmagan mulohazalarini izhor qila boshladi:

— Benkov nomidagi bilim yurtida o‘qigan paytlarim mahallamizda yashaydigan mo‘ysafid otaxonlar portretini chizganman. Leningradda — Badiiy akademiyada tahsil olgan kezlarim o‘zimizning eski shahar bozori manzaralarini yaratishga harakat qildim. Portret yaratmoqchi bo‘lamanmi yoki bozor manzarasimi, qat’i nazar, meni ekzotika emas, balki o‘zbek qariyasining nuroniy chehrasidagi sof sharqona sehr, yaxlit bir kenglikda tasavvur qilingan bozor ko‘rinishidagi sirli ruh qiziqtirgan. Toshkentning qadimiy tor ko‘chalaridagi har bir muyulish, har bir eshik yo bolaxonaning mo‘jaz derazasiga qarab turib ifodalab bo‘lmaydigan darajadagi bir turfa kechinmalarga chulg‘anasiz. Bu kechinma moddiy emas, balki ruhiy… tuyg‘ularda aks etadi, xolos.

Qobil yana bir oz gapirdi, lekin men savolimga javob topgandek bo‘ldim. Tasavvur qiling, qulochingizni baralla cho‘zsangiz qo‘lingiz ikki tomon devoriga tegadigan darajadagi tor ko‘chadan boryapsiz — “kimlar o‘tmagan joylar” degan gap esingizga tushadi, ikki-uch daqiqa yurmasingizdan sizni muyulish kutadi, yuraverasiz, muyulishdan so‘ng yana muyulish, so‘ngra keta-ketguncha pastak paxsa devor, unda-bunda pastak va ixcham eshik — “bu eshiklardan kimlar kirib-chiqmagan” deb o‘ylaysiz, tuyqus tor ko‘chaga yarashmagandek boloxona derazasiga ko‘zingiz tushadi — beixtiyor yuzingizga tabassum yuguradi — ertaklar yurtida sayru sayohat qilayotganga o‘xshaysiz. Quvalashib yurgan yoki xommopish o‘ynayotgan bolakaylar hayrat to‘la ko‘zlarini sizdan uzmaydi, kattalar esa obdon to‘xtab olib salomlashadi, uy ichingiz, ota-onangiz, bola-chaqangizgacha so‘rab omonlashadi — ko‘nglingiz iyib ketadi… Asfaltlangan katta, sershovqin ko‘chaga chiqasizu boyagi ko‘ngilga yaqin, dilga orom baxsh etuvchi sirli-sehrli manzaralar ortda qoladi, ularni qo‘msay boshlaysiz. Odatda biz ko‘nikkan rassomlar o‘sha tor ko‘chani, g‘aroyib darvozani, qariya yoki o‘yinqaroq bolakay suratini chizadi, Qobil esa tor ko‘cha manzaralari tug‘dirgan kechinmalarni tushiradi matoga. Uning o‘ziga xos tafakkur tarzi ham shunda! Fyodor Dostoyevskiy ta’biri bilan aytganda, haqiqiy badiiy asar voqealar tafsili tugagan va o‘sha voqealar ta’sirida tug‘ilgan taassurotlarni insho etilgan joyda boshlanadi. Deyarli barcha ijodkorlar (yozuvchi, shoirlar ham shu jumladan) ushbu ta’rifdan kelib chiqib ikki guruhga bo‘linadi. Soddaroq qilib aytganda, kimdir badiiy mushohadani voqealarning o‘zida ko‘rsa, kimdir voqealardan tug‘ilgan kechinmalarda deb biladi.

Qobil bizda kam uchraydigan keyingi toifaga mansub ijodkorlardan!

Bunday ijodkorlar asarlaridan bahra olish asarda aks etgan tuyg‘ular orqali voqelikni idrok etish ko‘nikmasini taqozo etadi. Badiiy mushohada kengligi, bilim va saviya, fikr uchqurligi bo‘lmay turib rassom tuyg‘ularini to‘la-to‘kis idrok etish qiyin.

Qobilning asarlaridan biri “To‘da”ni kuzataylik: unda nima aks etgan? Qandaydir jonivorlarning yuqoridan olingan surati emasmi? Yovvoyi to‘ng‘izlarmi yoxud kalamushlarmikan?.. Keling, qanday jondorlar ekanining nima ahamiyati bor? Har qanday to‘da o‘z holicha bir jamoa ekanini e’tiborga olsak, nega bu jamoa vakillari bu qadar parokanda? Ha, ha, sezdingizmi, to‘dada asabiy notinchlik hukmron. Go‘yo to‘da xotirjam borayotgan bir paytda qon halqobiga duch keladi (qizil dog‘larga e’tibor bering) va jonivorlar qattiq hurqdi, talvasaga tushdi — oqibatda parokandalik boshlandi. Umumtalvasa chog‘ida to‘da jipslashdi va shuning barobarida tiraqaylab qochishi — to‘yundek to‘zib ketishi ham hech gap emas…

Bir asar sharhi uchun shuning o‘zi kifoyadir. Biroq fikrni yana davom ettirish mumkin: matoga tushirilgan mazkur to‘da jonivorlar emas, balki XX asr odamlari tafakkuridagi bezovtalik surati bo‘lsa-chi? G‘alvalarga, jangu jadallarga, zidsdiyatlarga to‘lib-toshgan, ehtiroslar tug‘yonidan o‘zligini anglash murakkablashib borayotgan botiniy dunyomizni eslatmayaptimi? Axir moviy sath, ya’ni osmonu falakdan shu qadar sokin, shu qadar musaffo ko‘rinayotgan kurrai zaminimizda parokanda to‘da emas, bahamjihat, emin-erkin Inson bo‘lib yashashimiz chandon afzal emasmi?!

“Hordiq” uchligi, “Soya”, “Oqshom”, “Molihuliyo” — qaysi asarga qaramang, tiniq ranglarga va ramziy unsurlarga ko‘zingiz tushadi — o‘zingiz ko‘nikmagan, mutlaqo notanish uslub jilolarini idrok etmoq uchun fikrni faollashtirishga urinasiz.

Qobil bilan Toshkentda suhbat qurganimizga ham ancha bo‘ldi. Nihoyat, Mojaristonning (Vengriya) Derbetsen shahridan xat keldi. Unda Qobil Myunxendagi ko‘rgazmada qatnashganini, bir oy o‘sha yerda bo‘lib va’dalashgan slaydlarni (rangli fotosurat lentasi) barvaqt jo‘nata olmaganini yozibdi. (Qobil Chig‘atoy ijodiy safar niyatida Yer yuzining istagan diyoriga borishi mutlaqo erkinligini so‘zlab bergan edi). Yangi jo‘natgan suratlardan biri—“Amir Temur” deb ataladi.

Amir Temur! Jahongir bobokalonimizni kim qanday tasavvur qiladi? U kim, qanday shaxs bo‘lgan? Yaqin-yaqingacha, ayrim e’lon qilinayotgan manbalarni istisno qilganda hozirgacha keng omma Temur haqida nechog‘li ma’lumotga ega?

Qobil mo‘yqalamining qudrati Temur portretini yaratishda favqulodda yechim topadi. Birinchi qarashda dabdurustdan o‘ng‘aysiz ahvolga tushasiz, lekin xulosaga shoshilmang — tinimsiz janglar davrining timsoli bo‘lmish qip-qizil sath (fon) “egallab” olgan nigohingizni zo‘riqtirmay o‘z holiga qo‘ying. Tabiiy, Yer yuzini zabt etishga chog‘langan qudratli oyoq va qo‘llarning tolg‘inligiga mahzun termulasiz. Bir zumga Temurning boqiyligiga qiyosdek qad rostlagan daraxtga qaraysiz, shunda asarning markaziy nuqtasi — buyuk jahongirning ulkan ko‘ksi diqqatingizni tortadi. Temurning ko‘ksi, qalbi naqadar yorug‘, naqadar keng edi, undan yog‘ilib turgan qudrat-salohiyat nechog‘li bitmas-tuganmas bo‘lmasin, Temur oddiy inson sifatida rahm-shafqatli edi (mushukni eslatayotgan jonivorning boshini silayotgani), ayni chog‘da jismoniy nogironligiga qaramay u o‘z taxtida metindek — qoyatoshdek mustahkam o‘tiribdi, boshini esa bamisoli Yer kurrasining (yoqasining aylanasi sayyoramiz doirasini eslatyapti) yolg‘iz hukmronidek g‘oz tutib turibdi!..

Tabiiy, har kim Qobilning asarlaridan o‘zicha xulosalar chiqaradi. Muxlislarni turli o‘y-xayollarga toldiryaptimi, ular qalbida shu choqqa qadar noma’lum ehtiroslar to‘lqinini tug‘diryaptimi, demak, rassomning baxti va rassom iste’dodining qudrati ham shularda namoyondir!

1990

044

(Tashriflar: umumiy 929, bugungi 1)

Izoh qoldiring