Bibi Robia Saidova. Tog‘ay Murodning “Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi” romanida dunyo va qalb murosasizligi

Ashampoo_Snap_2018.02.03_15h28m55s_001_.pngЎзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги

Тоғай Муроднинг ушбу романи Кафка ва Камю асарлари сингари ўқувчини охир-оқибат “ҳаёт маънисизлиги” ҳақидаги ақиданинг қора чоҳига тушириб юбормайди. Шўро тузумининг ғайриинсоний қиёфасини очиб бериш билан бирга ўқувчини ҳар қандай шароитда ўз қалбига қулоқ солиб яшашга даъват этади.

Биби Робиа Саидова
«БУ ДУНЁДА ЎЛИБ БЎЛМАЙДИ»
РОМАНИДА ДУНЁ ВА ҚАЛБ МУРОСАСИЗЛИГИ
07

Ashampoo_Snap_2018.02.03_16h02m44s_003_.pngБиз жаҳон ва рус адабиётидаги кўплаб буюк адибларнинг ўз замонаси қолипларига сиғмаган, жамият ва инсон ҳақидаги идеалларининг аслиятга тўғри келмаганидан изтироб чекккан ёки руҳан “бу дунёнинг одами бўлмаган” ижодкорлар эканлигини яхши биламиз. Шукур Холмирзаев ҳақидаги “Узун йўл боши ёки эркин сўз умри” мақоласида Қозоқбой Йўлдошев ёзади: “Алоҳида талант эгалари алоҳида руҳият ва алоҳида тақдир эгалари ҳамдир. Уларнинг бошқа алоҳидаликлари табиатларидаги алоҳидаликдан келиб чиқади. Аксарият катта истеъдод эгалари табиатан ёлғиз, атрофидаги энг яқин кишиларга ҳам бегона бўлишади. Уларни юзлаб одамлар ўраб туриши, тинимсиз олқишлаши, қарсаклар чалиши, қойил қолганликларини билдириши мумкин, лекин бу нарсаларнинг бирортаси ҳам талант эгасини ѐлғизликдан қутқара олмайди. Чунки улар ҳамма қатори одамлар эмас! Ҳамма қатори ўйлай олмайди. Ҳамма қатори бўлмайди унинг туйғулари ҳам. Дунёни бошқача кўрадиган, атрофни одамлардан бошқачароқ сезадиган қилиб яратган уни қодир Эгам.”

Биз ҳеч иккиланмасдан Тоғай Муродни ҳам ана шундай сўз санъаткорлари сирасидан деб биламиз. Т. Муроднинг ижоди, унинг шахси ҳақидаги барча адабий ҳамда хотира-мақолаларда бу фикр бот-бот такрорланади. Унинг деярли барча қаҳрамонлари ҳам ўзи каби бу дунё билан қалбини муросага келтира олмаган одамлар дейиш мумкин. Адабиётшунос Умарали Норматов “Сокин кўнгил розлари” номли хотирасида Т. Мурод билан ўз уйида бўлган суҳбатни келтиради: “Тоғай қайта қуриш, ошкоралик даври алғов-далғовлари, маънавий ҳаётдаги эврилишлар, ижодкорлар давраларидаги беҳуда даҳанаки жанглар хусусидаги ҳасратларидан чанг чиқарди. Икки-уч ёзувчи-шоирдан бошқаси – барча-барчаси унга бегона, у менга гўё ғанимлар қуршовида қолгандек туюлди ўша топда. “Қайси даврага кирсам, ижод ўрнига ғийбат, мен бунақа давралардан ўзимни четга олиб юрадиган бўлиб қолдим”, дея ҳасратларига якун ясагандек бўлди.

Бироз сукутдан кейин, яна қизишиб сўзида давом этди: “Ғанимларимнинг даъвосича, гўё мен этнограф, шунчаки бахши қаламкаш эмишман. “Деновдан нарига чиқолмайсан, нарёқда нималар бўлаётганини кўрмайсан, жаҳон адабиётидан бехабарсан, модернизм нима, абсурд, онг оқими нима – билмайсан, Нитше, Фрейд, Кафка, Жойс, Камюга тишинг ўтмайди», дея ташлансалар бўладими менга, бу “билағон” нодонлар. Ишонинг, Умарали ака, мен Нитшени, Фрейдни, Кафка, Жойс, Камюларни, модернизм адабиётини улардан кам эмас, ортиқроқ биламан. Нитше “Зардушт”ини, Кафка “Жараён”ини, Камю “Бегона”си билан «Вабо»сини бир эмас, бир неча бор ўқиб чиққанман, Жойснинг “Улисс”ини ҳам “Иностранная литература»да русча таржимаси чиқмасдан бурун қўлёзмасини топиб ўқиганман, ҳатто уни ўзбекчага таржима қилишни кўнглимга тугиб қўйганман. Бу олифталарнинг модернча машқлари тақлиддан нарига ўтмайди, ёзганлари таржимага ўхшайди. Мен уларга ҳақиқий “ўзбекона модерн”, “ўзбекона абсурд”, “ўзбекона онг оқими” қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман…” Бундан биз нафақат Т.Муроднинг руҳиятидаги ёлғизликни, балки унинг қандай чинорлар билан бўйлашгани, қандай дарёлардан “сув ичганини” ҳам билиб олишимиз мумкин.

togay_murod.jpgТоғай Муроднинг “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” асари бош қаҳрамон – Ботир Фирқада биз иккита ёлғиз инсонни кўрамиз. Бири – ҳаётдаги ишонч ва эътиқодлари охир-оқибат саробга айланганидан ёлғизланиб қолган бўлса, иккинчиси – қалби ва виждонига қарши иш қилаётганидан изтироб чекиб яшаётган ёлғиз инсон. Унинг исми ҳам – жисми ва руҳига мос – Ботир фирқа, табиатан ботир ва мавжуд тузумнинг фирқаси. Асар воқеалари давомида баъзан униси, гоҳида буниси устун келиб қолаверади. Расул Ҳамзатов энг яхши балиқ оқимга қарши суза олган балиқ, дегани каби Ботир ҳам ўз даврининг фирқаси бўлса-да, баъзида ҳаммани бирга оқишга мажбур қилаётган оқимга қарши сузишга интилади. Ўз ҳоли ва имкони даражсида исён қилади. Менинг назаримда, инсоннинг чин маънодаги инсонлиги ҳам зарур пайтда исён қила олишда, манқуртга айлантириш илинжида туя терисини ёпмоқчи бўлишганида бошни торта билишда. Ҳукумат одамлари ҳовузни мозор қилишмоқчи бўлганларида, одамларни тирик-ўлигига қарамай кўмиб ташлаётганларида, “Янги турмуш ёнида эскилик сарқити бўлиши мумкин эмас” дея хонақони бузиб, ўрнига кинотеатр қуришаётганида, тафаккури соғлом инсонлар жиннихонада эканлигини эшитганида Ботир фирқадаги исён учқунлари йилт этиб кўринади. Аммо дунёқараши мавжуд тузумда шакллангани боис бу учқун аланга ололмайди. Инсонда жамиятдаги маълум бир иллатларга нисбатан норозилик, исён бор экан ва бу исён қабул қилинмас экан у ёлғизланиб бораверади.

Асарда иккита муҳим давр акс этган: 1933 йилги очарчилик даври ҳамда 1956 йилдаги шўро тузумидаги ўзгаришлар билан боғлиқ давр. Биринчи даврда асар қаҳрамонининг ақли ва қалби ўртасидаги “келишмовчилик” туфайли руҳиятидаги содир бўлган ёлғизликка гувоҳ бўламиз. Ботир фирқа жамият билан боғлиқ, ҳукуматга алоқадор шахс. Тузумнинг халқни хўрлашга, абгор қилишга қаратилган қонун-қоидаларига, қарорларига фирқа бўлганлиги боис бўйсунишга маҳкум. Аммо у фақатгина давлат одами бўлмай, ўз халқининг ҳам фарзанди, юрагида ўзбек қони оқиб турибди. Ақл ва юракнинг абадий муҳорабаси.

“1933 йил тўлди. Нон чучук бўлди. Нон ширин бўлди. Ота ўз ўғлини бир зоғора нонга алмашди. Она ўз ўғлини бир ҳовуч кепакка алмашди. Одамзот кунжара ейишгача борди”. Ана шундай очарчиликка қарши курашиш учун юқоридан одамлар келган. Курашишнинг йўли – кунжара еб, силласи қуриб ўлган ва ўлаётган инсонларнинг жасадлари кўчада қолишига йўл қўймаслик ва уларни қаерга бўлса-да кўмиб даф қилиш. Ботир фирқа ҳовуз тубида устма-устига ташланган иккита жасадни кўриб ҳайратга тушади ва НКВДчиларга ўлаётганлар одам эканлигини, ҳар бир юртнинг ўз қабристони борлигини айтиб эътироз билдиради. Аммо ҳукумат ходимлари мурдалар ҳақида “йўқ, улар очдан ўлганлар… Совет ҳукуматига қарши очдан ўлганлар!”, қабристонни эса фақат ўз ажали билан ўлганлар учунлигини айтишади. Мана шу ўринда асар қаҳрамонининг юраги ва ақли ўртасидаги илк тўқнашувлардан бирига дуч келамиз. “Ботир фирқа беихтиёр…беихтиёр ҳовузга тушиб борди. Тахланиб ётмиш жасадларни қаради. Юзларини очиб қаради. Икковинида таниди… Ботир фирқа марҳумларга тикилиб турди-турди… беихтиёр қўлларини кўтарди. Марҳумлар ҳақига дуо ўқимоқчи бўлди. Бирдан эсини йиғиб олди. Фирқа эканини ўйлади. Шўро раиси эканини ўйлади. Энг ёмони тепасида НКВДчилар қараб туриши бўлди”. Сўнг “қабр”га яна учта жасад олиб келишади. Шунда Ботир фирқа улар орасида ҳали жони узилмаган, эшонлар авлодидан бўлган Мирзахўжабойнинг бевасини бағрига босган жажжи қизи билан таниб қолади. Унинг эшонлар авлодига бўлган ҳурмати туфайли ҳукумат одамларидан унга нон бериб туришни бўйнига олган ҳолда қутқариб қолади. Зеро Умарали Норматов “Беназир бадиий обида ёхуд асрлар ғами силсиласининг интиҳоси” мақоласида айтганидай: “Ботир фирқа бутун вужуди билан фирқа коммунистик эътиқод одами бўлса-да, қалби тубида чин инсоний, миллий, умумбашарий, қолаверса, исломий туйғулар ҳам пинҳона маскан тутган”. Ботир фирқанинг қалбидаги ана шу яширин эзгу туйғулари юқорида айтганимиз хонақони бузиш, ўрнига кинотеатр қуриш жараёнида ҳам намоён бўлади. Хонақо бузилар экан, ундаги ўзбекнинг ўтмишидан, миллийлигидан дарак берувчи нақшинкор эшик-деразаларини Ботир фирқа колхоз ўтинхонасига яшириб қўяди. Кинотеатр учун марказдан келган эшик-деразаларни эса таъмирталаб мактабга ўрнатади. Сўнг тафтишчиларга ўтинхонага яшириб қўйган хонақонинг эшик-деразаларини кинотеатр биносига қўйишдан бошқа иложлари йўқлигини айтади. Асардаги ушбу воқеалардан юрагида ўзлигини, миллийлигини сақлаб қолган Ботир билан тузум хизматкори – “фирқа” ўртасидан пинҳона, қалб жангини кўраётгандай бўласиз. Ботир фирқа шундай бир образки, уни китобхон сохта эътиқодларга эътимод қилгани учун ҳам, ўзини қалби измига юра олмагани учун ҳам айблай олмайди.

Ботир фирқа бир пайтлар ўзи партияга аъзо қилган, лекин кейинчалик ҳақ сўзи учун жиннихонага ётқизишган Мадиев исмли шоир болани чиқариш мақсадида касалхонага боради. Бош врач танишлиги сабабли унга касалхонада ётган беморларни бирма-бир таништиради: “Йигирма хил руҳий нотавонга шифо берамиз. Масалан, мана бу палаталарда диний-руҳий беморлар даволанади. Диний-руҳий касал деганимиз шуки, жамиятимиз коммунизм қураётган бир даврда… булар шариат ишлари билан шуғулланганлар. Намоз ўқиганлар. Тоат-ибодат қилганлар… Мана булар эса – ҳуқуқни ҳимоя қилувчи беморлар ҳисобланади. Аниқроғи, тарихчи-руҳий касаллардир. Бу тарихчи-руҳий касаллар тарих дарсликларига қарши чиққанлар. Халққа тарихни қинғир-қийшиқ қилиб тарғиб қилганлар…Масалан, анави тиржайиб турган бемор акам ўзларича Россия Ўзбекистонни қўшиб олмаган, аксинча босиб олган, деб тарғибот қиладилар. Биз бу донони даволаяпмиз. Мана бу беморлар эса – ҳарбий қонун-қоида қурбонлари. Булар ўз вақтида ҳарбий хизмат қилишдан бош тортган…Совет армияси шаънига ҳақоратомуз сўзлар айтган. Совет армияси қамоқхона деган. Манавилар – ихтирочи-кашфиётчилар. Бу беморлар …ихтироларини ўз ақллари билан яратган. Ўз қўллари билан яратган. Биласиз, совет жамияти коллектвизм асосига қурилган… Бу тентак эса соавторликни рад этади! Ёлғиз ўзи кашфиёт қилиб, фан яратмоқчи бўлади… Мана булар – партия-ҳукумат раҳбарлари ҳаётига суиқасд қилмоқчи бўлганлар. Партия-совет арбобларини ҳақорат қилганлар. Коммунистик партия билетини йиртганлар. Совет органлари ишига қарши чиққан нонкўр юристлар… Мана булар эса – ҳақиқатсеварлар”. Бу манзара ХIX аср рус жамиятини ўзида акс эттирган Чеховнинг “6-палата” асарини ёдимизга туширади. Иккинчи томондан Ботир фирқанинг ўзи хизмат қилаётган тузумдан бегоналашуви сабаблари моҳиятини очиб беради.

Шифокор таништирган бу беморлар тузум рад қилган, мажбурий ёлғизликка гирифтор бўлганлардир. Буларни гувоҳи бўлган Ботир фирқа руҳиятида исмсиз изтироблар илдиз отади, жамиятга, тузумга нисбатан нафрат уйғонади. “Бу касалхона эмас, қамоқхона. Шундай, қамоқхона… Қабристон, қабристон! – деди Ботир фирқа. – бу касалхона эмас, тирик инсонлар қабристони. Асл қабристонга ўлик инсонларни кўмади, бу қаьристонга…тирик инсонларни кўмади”. Ушбу жумлалар орқали ёзувчи мазкур даврнинг ва жамиятнинг асл қиёфасини фош қилади ва асар қаҳрамони ўз даврининг ёлғиз, ортиқча одами эканлигини яна бир бор англатади.

Шундай қилиб, Ботир фирқа “ўзи қилаётган, амалга ошираётган ишларнинг кўпи бемаъни ножўя эканлигини билади, билиб туриб вазият тақозоси, ўз даври арбоби сифатида арбоблик бурчи, қолаверса, “ўрганган кўнгил” шеваси туфайли тузум сиёсатини амалга оширишда собит турган, бу йўлда ҳеч кимни, ўзини ҳам ўзгаларни ҳам аямаган”лиги боис ўзини руҳан ёлғиз ҳис қила боради. Шунда беихтиёр ёлғизлик инсонга фақатгина куч-қудрат, оловли исён эмас, балки умидсизлик, тушкунлик, ожизликни ҳам бахш этишига амин бўласиз. Ушбу фикримиз иккинчи давр XX аср охиридаги воқеликлардаги асар қаҳрамони кечинмаларида янада яққолроқ акс этади.

ХХ аср охирига келиб Ботир фирқа бир умр топиниб келган эътиқодлари сароб бўлиб чиқади, у жаннат дея топиниб келган муҳити ўрнига илкис юз берган сиёсий жараёнлар натижасида бошқа бир муҳит пайдо бўлиб, жаннатликка даъво қилади. “Эл-юртда: қайта қуриш, демократия, шариат сўзлари оралаб қолди. Замон қалтис келди. Дўппи тор келди. Ботр фирқа ўз аризаси билан… пенсияга жўнади”. Аммо асар қаҳрамони биз кутгандай тафаккурида эврилиш содир бўлган, томирларида янги қон оқаётган иккинчи бир жамиятга осонгина мослаша олмайди. Оқибатда ўзи сиғиниб келган эски ақидалари ва янги ақидалар ўртасида – аросатда қолган Ботир фирқа ёлғизлик билан ёлғиз қолади.

Сабаби Ботир фирқа У.Норматов ибораси билан айтганда “бир думалаб осонгина янги замон кишиси – бозор даври одамига айланиб қоладиганлар хилидан эмас”. Тоғай Мурод қаҳрамоннинг бу даврдаги руҳий ҳолатини, ички изтиробларини, ёлғизлигини ва умр поёнини табиат тасвири билан рамзий ифодалайди: “Ҳаводан куз ҳиди анқиди. Ҳаводан хазон ҳиди анқиди. Қишдан…чопар келди. Дунё куз бўлди. Дунё хазон бўлди. Ботир фирқани кўнгли…куздан-да куз бўлди. Ботир фирқани кўнгли хазондан-да хазон бўлди”. Гарчи ўз лавозимидан нафақага чиққан бўлса-да, Ботир фирқа қайта қурувчи демократлар томонидан ўтказилаётган йиғилишларга, жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларга бефарқ қараб туролмади. Чунки у миллати, халқига тегишли бўлган ҳар бир масалани ўзиники деб қабул қиларди. Аммо аралашишни истаган сари жамият уни ўзидан нари итарар, чеккалаштириб қўярди. Сабаби, бу янги давр одамлари партия-совет одамларини 70 йиллик чеккан азоб-уқубатида айблади, ислом динини равнақига йўл қўймай жаҳолат сари юз буришда айбладилар ва улар партия-совет ташкилотларида фаолият юритганларни партия билетларини йиртиб ўзларига қўшилишларини талаб қилдилар. Бу Ботир фирқа учун кучли зарба бўлди. Уни жунбушга солаётган ҳолат – бу ваъзларни бир пайтлар ёмон ном қозонган Диля, партия учун хизмат қилишга жонини-да беришга тайёр бўлган Мадиев ўқирди. Жамиятнинг бирданига намойиш қилган иккинчи қиёфасини кўрган Ботир фирқада одамзодга нисбатан кучли нафрат, қилинаётган ишларга нисбатан исён ичида ғалаён кўтара бошлади. Энди у бу жамиятга ҳам, янги замонга ҳам бутунлай бегона эканлигини ҳис қилди. У ёлғизликнинг чуқур изтироблари исканжасида қолди. Ботир фирқа тафаккури шаклланган совет тузумида эришилган натижалар билан бугунги кунни кўп солиштиради, ютуқ ва камчиликларини фарқлайди, “партиявий” ёндошади, онгида чарх ураётган саволларга жавоб излайди. Аммо қайта қурувчи демократлар томонидан ўз КПСС билетларининг ёқилиши Ботир фирқанинг ғалаён кўтараётган кечинмаларига чек қўяди: “Тўйдим, энди мен кетаман!”. Энди асар қаҳрамони тириклик нуқтаси билан ўлим нуқтасини туташтирувчи масофа орасида ўзи ёлғиз сарсон кезади. Танҳоликдан чексиз азоб чекади, бутун умр йўлини тафтиш қилади, кераксиз буюмга айланиб қолгандек куйинади: “Бўлди, мен яшашдан чарчадим, – деди. – Меҳр-оқибат, ҳурмат-иззатлардан чарчадим. Мансаб-амал, шон-шуҳратлардан чарчадим. Қаҳр-ғазаб, нафрат-аламлардан чарчадим. Майли, мендан нафратлансинлар, мендан жиркансинлар. Мендан ҳазар қилсинлар. Тўйдим, мен яшашдан толдим… Бирдан бари хароб бўлди. Бари сароб бўлди. Ёмондан-ёмони – энди бу харобани тиклаб бўлмайди. Энди бу саробани тўлдириб бўлмайди”. Натижада Ботир фирқа ўлимини интизорлик билан кутувчи меҳмонга айланади. Бу борада ёлғизлик унга шериклик қилади. Достоевский, Чехов, Кафка ва Камю асарларидаги каби ёлғизликнинг сўнги манзили – ўлимга юзма-юз бўлиш, кўникиш учун қабристонга қатнайди. Ботир фирқанинг руҳу жонини забт этган ёлғизлик унинг юрагига кириб гапира бошлайди:

“Шундай, кетар вақтим бўлди. Шундай, куним тўлди.

Яшашдан мазмун қолмади. Яшашдан мақсад қолмади. Боиси, эл-юртга фойдам тегмай қолди…

Энди фанодан бақога рихлат қиламиз…

Мана, мен поклана олмадим. Боиси, қандай покланишни билмадим…

Мана, мен қалбан қаридим. Мен жисман толидим. Сафарим қариди, сафарим қариди!..

Шундай, ўлим ҳақ, шундай…Шундай экан, худо мен бечорага-да раҳм этса эди. Худо мен банданисини-да ўз раҳматига олса эди!

Олмайди, худо мени ўз раҳматига олмайди!..

Боиси, мен умримда худони отини атамай яшадим. Мен умрим мобайнида худога тош отиб яшадим!..”

Шундай бўлса-да Ботир фирқа ўз жонига қасд қилишни маъқул кўрмайди.

“У тириклар шаҳрига қараб ўйлади.У марҳумлар шаҳрига қараб ўйлади. У осмонга қараб ўйлади.

Бу дунёда ўлиб бўлмади! Бу дунёда яшаб бўлади. Шу боисдан-да, бу дунё отини ҳаёт, дейди.
Бу дунёга келдингми? Энди яша. Тишни тишга қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша! Чидаб-чидаб яша! Яшашни чидаганга чиқарган!”

Асар ҳақида гап бошлаганимизда биз “Ботир фирқада иккита ёлғиз инсонни кўрамиз”, деган эдик. Асар якунида кўриб турганимиздек бу “иккилик” йўқолди, ақли ва қалби муросага келган битта ёлғизлик қолди.

Тоғай Муроднинг ушбу романи Кафка ва Камю асарлари сингари ўқувчини охир-оқибат “ҳаёт маънисизлиги” ҳақидаги ақиданинг қора чоҳига тушириб юбормайди. Шўро тузумининг ғайриинсоний қиёфасини очиб бериш билан бирга ўқувчини ҳар қандай шароитда ўз қалбига қулоқ солиб яшашга даъват этади.

togay_murod11.jpgTog‘ay Murodning ushbu romani Kafka va Kamyu asarlari singari o‘quvchini oxir-oqibat “hayot ma’nisizligi” haqidagi aqidaning qora chohiga tushirib yubormaydi. Sho‘ro tuzumining g‘ayriinsoniy qiyofasini ochib berish bilan birga o‘quvchini har qanday sharoitda o‘z qalbiga quloq solib yashashga da’vat etadi.

Bibi Robia Saidova
“BU DUNYODA O‘LIB BO‘LMAYDI”
ROMANIDA DUNYO VA QALB MUROSASIZLIGI
07

Ashampoo_Snap_2018.02.03_16h03m22s_004_.pngBiz jahon va rus adabiyotidagi ko‘plab buyuk adiblarning o‘z zamonasi qoliplariga sig‘magan, jamiyat va inson haqidagi ideallarining asliyatga to‘g‘ri kelmaganidan iztirob chekkkan yoki ruhan “bu dunyoning odami bo‘lmagan” ijodkorlar ekanligini yaxshi bilamiz. Shukur Xolmirzayev haqidagi “Uzun yo‘l boshi yoki erkin so‘z umri” maqolasida Qozoqboy Yo‘ldoshev yozadi: “Alohida talant egalari alohida ruhiyat va alohida taqdir egalari hamdir. Ularning boshqa alohidaliklari tabiatlaridagi alohidalikdan kelib chiqadi. Aksariyat katta iste’dod egalari tabiatan yolg‘iz, atrofidagi eng yaqin kishilarga ham begona bo‘lishadi. Ularni yuzlab odamlar o‘rab turishi, tinimsiz olqishlashi, qarsaklar chalishi, qoyil qolganliklarini bildirishi mumkin, lekin bu narsalarning birortasi ham talant egasini ѐlg‘izlikdan qutqara olmaydi. Chunki ular hamma qatori odamlar emas! Hamma qatori o‘ylay olmaydi. Hamma qatori bo‘lmaydi uning tuyg‘ulari ham. Dunyoni boshqacha ko‘radigan, atrofni odamlardan boshqacharoq sezadigan qilib yaratgan uni qodir Egam.”

Biz hech ikkilanmasdan Tog‘ay Murodni ham ana shunday so‘z san’atkorlari sirasidan deb bilamiz. T. Murodning ijodi, uning shaxsi haqidagi barcha adabiy hamda xotira-maqolalarda bu fikr bot-bot takrorlanadi. Uning deyarli barcha qahramonlari ham o‘zi kabi bu dunyo bilan qalbini murosaga keltira olmagan odamlar deyish mumkin. Adabiyotshunos Umarali Normatov “Sokin ko‘ngil rozlari” nomli xotirasida T. Murod bilan o‘z uyida bo‘lgan suhbatni keltiradi: “Tog‘ay qayta qurish, oshkoralik davri alg‘ov-dalg‘ovlari, ma’naviy hayotdagi evrilishlar, ijodkorlar davralaridagi behuda dahanaki janglar xususidagi hasratlaridan chang chiqardi. Ikki-uch yozuvchi-shoirdan boshqasi – barcha-barchasi unga begona, u menga go‘yo g‘animlar qurshovida qolgandek tuyuldi o‘sha topda. “Qaysi davraga kirsam, ijod o‘rniga g‘iybat, men bunaqa davralardan o‘zimni chetga olib yuradigan bo‘lib qoldim”, deya hasratlariga yakun yasagandek bo‘ldi.

Biroz sukutdan keyin, yana qizishib so‘zida davom etdi: “G‘animlarimning da’vosicha, go‘yo men etnograf, shunchaki baxshi qalamkash emishman. “Denovdan nariga chiqolmaysan, naryoqda nimalar bo‘layotganini ko‘rmaysan, jahon adabiyotidan bexabarsan, modernizm nima, absurd, ong oqimi nima – bilmaysan, Nitshe, Freyd, Kafka, Joys, Kamyuga tishing o‘tmaydi», deya tashlansalar bo‘ladimi menga, bu “bilag‘on” nodonlar. Ishoning, Umarali aka, men Nitsheni, Freydni, Kafka, Joys, Kamyularni, modernizm adabiyotini ulardan kam emas, ortiqroq bilaman. Nitshe “Zardusht”ini, Kafka “Jarayon”ini, Kamyu “Begona”si bilan “Vabo”sini bir emas, bir necha bor o‘qib chiqqanman, Joysning “Uliss”ini ham “Inostrannaya literatura»da ruscha tarjimasi chiqmasdan burun qo‘lyozmasini topib o‘qiganman, hatto uni o‘zbekchaga tarjima qilishni ko‘nglimga tugib qo‘yganman. Bu oliftalarning moderncha mashqlari taqliddan nariga o‘tmaydi, yozganlari tarjimaga o‘xshaydi. Men ularga haqiqiy “o‘zbekona modern”, “o‘zbekona absurd”, “o‘zbekona ong oqimi” qanaqa bo‘lishini ko‘rsatib qo‘yaman…” Bundan biz nafaqat T.Murodning ruhiyatidagi yolg‘izlikni, balki uning qanday chinorlar bilan bo‘ylashgani, qanday daryolardan “suv ichganini” ham bilib olishimiz mumkin.

2-9.jpgTog‘ay Murodning “Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi” asari bosh qahramon – Botir Firqada biz ikkita yolg‘iz insonni ko‘ramiz. Biri – hayotdagi ishonch va e’tiqodlari oxir-oqibat sarobga aylanganidan yolg‘izlanib qolgan bo‘lsa, ikkinchisi – qalbi va vijdoniga qarshi ish qilayotganidan iztirob chekib yashayotgan yolg‘iz inson. Uning ismi ham – jismi va ruhiga mos – Botir firqa, tabiatan botir va mavjud tuzumning firqasi. Asar voqealari davomida ba’zan unisi, gohida bunisi ustun kelib qolaveradi. Rasul Hamzatov eng yaxshi baliq oqimga qarshi suza olgan baliq, degani kabi Botir ham o‘z davrining firqasi bo‘lsa-da, ba’zida hammani birga oqishga majbur qilayotgan oqimga qarshi suzishga intiladi. O‘z holi va imkoni darajsida isyon qiladi. Mening nazarimda, insonning chin ma’nodagi insonligi ham zarur paytda isyon qila olishda, manqurtga aylantirish ilinjida tuya terisini yopmoqchi bo‘lishganida boshni torta bilishda. Hukumat odamlari hovuzni mozor qilishmoqchi bo‘lganlarida, odamlarni tirik-o‘ligiga qaramay ko‘mib tashlayotganlarida, “Yangi turmush yonida eskilik sarqiti bo‘lishi mumkin emas” deya xonaqoni buzib, o‘rniga kinoteatr qurishayotganida, tafakkuri sog‘lom insonlar jinnixonada ekanligini eshitganida Botir firqadagi isyon uchqunlari yilt etib ko‘rinadi. Ammo dunyoqarashi mavjud tuzumda shakllangani bois bu uchqun alanga ololmaydi. Insonda jamiyatdagi ma’lum bir illatlarga nisbatan norozilik, isyon bor ekan va bu isyon qabul qilinmas ekan u yolg‘izlanib boraveradi.

Asarda ikkita muhim davr aks etgan: 1933 yilgi ocharchilik davri hamda 1956 yildagi sho‘ro tuzumidagi o‘zgarishlar bilan bog‘liq davr. Birinchi davrda asar qahramonining aqli va qalbi o‘rtasidagi “kelishmovchilik” tufayli ruhiyatidagi sodir bo‘lgan yolg‘izlikka guvoh bo‘lamiz. Botir firqa jamiyat bilan bog‘liq, hukumatga aloqador shaxs. Tuzumning xalqni xo‘rlashga, abgor qilishga qaratilgan qonun-qoidalariga, qarorlariga firqa bo‘lganligi bois bo‘ysunishga mahkum. Ammo u faqatgina davlat odami bo‘lmay, o‘z xalqining ham farzandi, yuragida o‘zbek qoni oqib turibdi. Aql va yurakning abadiy muhorabasi.

“1933 yil to‘ldi. Non chuchuk bo‘ldi. Non shirin bo‘ldi. Ota o‘z o‘g‘lini bir zog‘ora nonga almashdi. Ona o‘z o‘g‘lini bir hovuch kepakka almashdi. Odamzot kunjara yeyishgacha bordi”. Ana shunday ocharchilikka qarshi kurashish uchun yuqoridan odamlar kelgan. Kurashishning yo‘li – kunjara yeb, sillasi qurib o‘lgan va o‘layotgan insonlarning jasadlari ko‘chada qolishiga yo‘l qo‘ymaslik va ularni qayerga bo‘lsa-da ko‘mib daf qilish. Botir firqa hovuz tubida ustma-ustiga tashlangan ikkita jasadni ko‘rib hayratga tushadi va NKVDchilarga o‘layotganlar odam ekanligini, har bir yurtning o‘z qabristoni borligini aytib e’tiroz bildiradi. Ammo hukumat xodimlari murdalar haqida “yo‘q, ular ochdan o‘lganlar… Sovet hukumatiga qarshi ochdan o‘lganlar!”, qabristonni esa faqat o‘z ajali bilan o‘lganlar uchunligini aytishadi. Mana shu o‘rinda asar qahramonining yuragi va aqli o‘rtasidagi ilk to‘qnashuvlardan biriga duch kelamiz. “Botir firqa beixtiyor…beixtiyor hovuzga tushib bordi. Taxlanib yotmish jasadlarni qaradi. Yuzlarini ochib qaradi. Ikkovinida tanidi… Botir firqa marhumlarga tikilib turdi-turdi… beixtiyor qo‘llarini ko‘tardi. Marhumlar haqiga duo o‘qimoqchi bo‘ldi. Birdan esini yig‘ib oldi. Firqa ekanini o‘yladi. Sho‘ro raisi ekanini o‘yladi. Eng yomoni tepasida NKVDchilar qarab turishi bo‘ldi”. So‘ng “qabr”ga yana uchta jasad olib kelishadi. Shunda Botir firqa ular orasida hali joni uzilmagan, eshonlar avlodidan bo‘lgan Mirzaxo‘jaboyning bevasini bag‘riga bosgan jajji qizi bilan tanib qoladi. Uning eshonlar avlodiga bo‘lgan hurmati tufayli hukumat odamlaridan unga non berib turishni bo‘yniga olgan holda qutqarib qoladi. Zero Umarali Normatov “Benazir badiiy obida yoxud asrlar g‘ami silsilasining intihosi” maqolasida aytganiday: “Botir firqa butun vujudi bilan firqa kommunistik e’tiqod odami bo‘lsa-da, qalbi tubida chin insoniy, milliy, umumbashariy, qolaversa, islomiy tuyg‘ular ham pinhona maskan tutgan”. Botir firqaning qalbidagi ana shu yashirin ezgu tuyg‘ulari yuqorida aytganimiz xonaqoni buzish, o‘rniga kinoteatr qurish jarayonida ham namoyon bo‘ladi. Xonaqo buzilar ekan, undagi o‘zbekning o‘tmishidan, milliyligidan darak beruvchi naqshinkor eshik-derazalarini Botir firqa kolxoz o‘tinxonasiga yashirib qo‘yadi. Kinoteatr uchun markazdan kelgan eshik-derazalarni esa ta’mirtalab maktabga o‘rnatadi. So‘ng taftishchilarga o‘tinxonaga yashirib qo‘ygan xonaqoning eshik-derazalarini kinoteatr binosiga qo‘yishdan boshqa ilojlari yo‘qligini aytadi. Asardagi ushbu voqealardan yuragida o‘zligini, milliyligini saqlab qolgan Botir bilan tuzum xizmatkori – “firqa” o‘rtasidan pinhona, qalb jangini ko‘rayotganday bo‘lasiz. Botir firqa shunday bir obrazki, uni kitobxon soxta e’tiqodlarga e’timod qilgani uchun ham, o‘zini qalbi izmiga yura olmagani uchun ham ayblay olmaydi.

Botir firqa bir paytlar o‘zi partiyaga a’zo qilgan, lekin keyinchalik haq so‘zi uchun jinnixonaga yotqizishgan Madiyev ismli shoir bolani chiqarish maqsadida kasalxonaga boradi. Bosh vrach tanishligi sababli unga kasalxonada yotgan bemorlarni birma-bir tanishtiradi: “Yigirma xil ruhiy notavonga shifo beramiz. Masalan, mana bu palatalarda diniy-ruhiy bemorlar davolanadi. Diniy-ruhiy kasal deganimiz shuki, jamiyatimiz kommunizm qurayotgan bir davrda… bular shariat ishlari bilan shug‘ullanganlar. Namoz o‘qiganlar. Toat-ibodat qilganlar… Mana bular esa – huquqni himoya qiluvchi bemorlar hisoblanadi. Aniqrog‘i, tarixchi-ruhiy kasallardir. Bu tarixchi-ruhiy kasallar tarix darsliklariga qarshi chiqqanlar. Xalqqa tarixni qing‘ir-qiyshiq qilib targ‘ib qilganlar…Masalan, anavi tirjayib turgan bemor akam o‘zlaricha Rossiya O‘zbekistonni qo‘shib olmagan, aksincha bosib olgan, deb targ‘ibot qiladilar. Biz bu dononi davolayapmiz. Mana bu bemorlar esa – harbiy qonun-qoida qurbonlari. Bular o‘z vaqtida harbiy xizmat qilishdan bosh tortgan…Sovet armiyasi sha’niga haqoratomuz so‘zlar aytgan. Sovet armiyasi qamoqxona degan. Manavilar – ixtirochi-kashfiyotchilar. Bu bemorlar …ixtirolarini o‘z aqllari bilan yaratgan. O‘z qo‘llari bilan yaratgan. Bilasiz, sovet jamiyati kollektvizm asosiga qurilgan… Bu tentak esa soavtorlikni rad etadi! Yolg‘iz o‘zi kashfiyot qilib, fan yaratmoqchi bo‘ladi… Mana bular – partiya-hukumat rahbarlari hayotiga suiqasd qilmoqchi bo‘lganlar. Partiya-sovet arboblarini haqorat qilganlar. Kommunistik partiya biletini yirtganlar. Sovet organlari ishiga qarshi chiqqan nonko‘r yuristlar… Mana bular esa – haqiqatsevarlar”. Bu manzara XIX asr rus jamiyatini o‘zida aks ettirgan Chexovning “6-palata” asarini yodimizga tushiradi. Ikkinchi tomondan Botir firqaning o‘zi xizmat qilayotgan tuzumdan begonalashuvi sabablari mohiyatini ochib beradi.

Shifokor tanishtirgan bu bemorlar tuzum rad qilgan, majburiy yolg‘izlikka giriftor bo‘lganlardir. Bularni guvohi bo‘lgan Botir firqa ruhiyatida ismsiz iztiroblar ildiz otadi, jamiyatga, tuzumga nisbatan nafrat uyg‘onadi. “Bu kasalxona emas, qamoqxona. Shunday, qamoqxona… Qabriston, qabriston! – dedi Botir firqa. – bu kasalxona emas, tirik insonlar qabristoni. Asl qabristonga o‘lik insonlarni ko‘madi, bu qaristonga…tirik insonlarni ko‘madi”. Ushbu jumlalar orqali yozuvchi mazkur davrning va jamiyatning asl qiyofasini fosh qiladi va asar qahramoni o‘z davrining yolg‘iz, ortiqcha odami ekanligini yana bir bor anglatadi.

Shunday qilib, Botir firqa “o‘zi qilayotgan, amalga oshirayotgan ishlarning ko‘pi bema’ni nojo‘ya ekanligini biladi, bilib turib vaziyat taqozosi, o‘z davri arbobi sifatida arboblik burchi, qolaversa, “o‘rgangan ko‘ngil” shevasi tufayli tuzum siyosatini amalga oshirishda sobit turgan, bu yo‘lda hech kimni, o‘zini ham o‘zgalarni ham ayamagan”ligi bois o‘zini ruhan yolg‘iz his qila boradi. Shunda beixtiyor yolg‘izlik insonga faqatgina kuch-qudrat, olovli isyon emas, balki umidsizlik, tushkunlik, ojizlikni ham baxsh etishiga amin bo‘lasiz. Ushbu fikrimiz ikkinchi davr XX asr oxiridagi voqeliklardagi asar qahramoni kechinmalarida yanada yaqqolroq aks etadi.

XX asr oxiriga kelib Botir firqa bir umr topinib kelgan e’tiqodlari sarob bo‘lib chiqadi, u jannat deya topinib kelgan muhiti o‘rniga ilkis yuz bergan siyosiy jarayonlar natijasida boshqa bir muhit paydo bo‘lib, jannatlikka da’vo qiladi. “El-yurtda: qayta qurish, demokratiya, shariat so‘zlari oralab qoldi. Zamon qaltis keldi. Do‘ppi tor keldi. Botr firqa o‘z arizasi bilan… pensiyaga jo‘nadi”. Ammo asar qahramoni biz kutganday tafakkurida evrilish sodir bo‘lgan, tomirlarida yangi qon oqayotgan ikkinchi bir jamiyatga osongina moslasha olmaydi. Oqibatda o‘zi sig‘inib kelgan eski aqidalari va yangi aqidalar o‘rtasida – arosatda qolgan Botir firqa yolg‘izlik bilan yolg‘iz qoladi.

Sababi Botir firqa U.Normatov iborasi bilan aytganda “bir dumalab osongina yangi zamon kishisi – bozor davri odamiga aylanib qoladiganlar xilidan emas”. Tog‘ay Murod qahramonning bu davrdagi ruhiy holatini, ichki iztiroblarini, yolg‘izligini va umr poyonini tabiat tasviri bilan ramziy ifodalaydi: “Havodan kuz hidi anqidi. Havodan xazon hidi anqidi. Qishdan…chopar keldi. Dunyo kuz bo‘ldi. Dunyo xazon bo‘ldi. Botir firqani ko‘ngli…kuzdan-da kuz bo‘ldi. Botir firqani ko‘ngli xazondan-da xazon bo‘ldi”. Garchi o‘z lavozimidan nafaqaga chiqqan bo‘lsa-da, Botir firqa qayta quruvchi demokratlar tomonidan o‘tkazilayotgan yig‘ilishlarga, jamiyatda sodir bo‘layotgan o‘zgarishlarga befarq qarab turolmadi. Chunki u millati, xalqiga tegishli bo‘lgan har bir masalani o‘ziniki deb qabul qilardi. Ammo aralashishni istagan sari jamiyat uni o‘zidan nari itarar, chekkalashtirib qo‘yardi. Sababi, bu yangi davr odamlari partiya-sovet odamlarini 70 yillik chekkan azob-uqubatida aybladi, islom dinini ravnaqiga yo‘l qo‘ymay jaholat sari yuz burishda aybladilar va ular partiya-sovet tashkilotlarida faoliyat yuritganlarni partiya biletlarini yirtib o‘zlariga qo‘shilishlarini talab qildilar. Bu Botir firqa uchun kuchli zarba bo‘ldi. Uni junbushga solayotgan holat – bu va’zlarni bir paytlar yomon nom qozongan Dilya, partiya uchun xizmat qilishga jonini-da berishga tayyor bo‘lgan Madiyev o‘qirdi. Jamiyatning birdaniga namoyish qilgan ikkinchi qiyofasini ko‘rgan Botir firqada odamzodga nisbatan kuchli nafrat, qilinayotgan ishlarga nisbatan isyon ichida g‘alayon ko‘tara boshladi. Endi u bu jamiyatga ham, yangi zamonga ham butunlay begona ekanligini his qildi. U yolg‘izlikning chuqur iztiroblari iskanjasida qoldi. Botir firqa tafakkuri shakllangan sovet tuzumida erishilgan natijalar bilan bugungi kunni ko‘p solishtiradi, yutuq va kamchiliklarini farqlaydi, “partiyaviy” yondoshadi, ongida charx urayotgan savollarga javob izlaydi. Ammo qayta quruvchi demokratlar tomonidan o‘z KPSS biletlarining yoqilishi Botir firqaning g‘alayon ko‘tarayotgan kechinmalariga chek qo‘yadi: “To‘ydim, endi men ketaman!”. Endi asar qahramoni tiriklik nuqtasi bilan o‘lim nuqtasini tutashtiruvchi masofa orasida o‘zi yolg‘iz sarson kezadi. Tanholikdan cheksiz azob chekadi, butun umr yo‘lini taftish qiladi, keraksiz buyumga aylanib qolgandek kuyinadi: “Bo‘ldi, men yashashdan charchadim, – dedi. – Mehr-oqibat, hurmat-izzatlardan charchadim. Mansab-amal, shon-shuhratlardan charchadim. Qahr-g‘azab, nafrat-alamlardan charchadim. Mayli, mendan nafratlansinlar, mendan jirkansinlar. Mendan hazar qilsinlar. To‘ydim, men yashashdan toldim… Birdan bari xarob bo‘ldi. Bari sarob bo‘ldi. Yomondan-yomoni – endi bu xarobani tiklab bo‘lmaydi. Endi bu sarobani to‘ldirib bo‘lmaydi”. Natijada Botir firqa o‘limini intizorlik bilan kutuvchi mehmonga aylanadi. Bu borada yolg‘izlik unga sheriklik qiladi. Dostoyevskiy, Chexov, Kafka va Kamyu asarlaridagi kabi yolg‘izlikning so‘ngi manzili – o‘limga yuzma-yuz bo‘lish, ko‘nikish uchun qabristonga qatnaydi. Botir firqaning ruhu jonini zabt etgan yolg‘izlik uning yuragiga kirib gapira boshlaydi:

“Shunday, ketar vaqtim bo‘ldi. Shunday, kunim to‘ldi.

Yashashdan mazmun qolmadi. Yashashdan maqsad qolmadi. Boisi, el-yurtga foydam tegmay qoldi…

Endi fanodan baqoga rixlat qilamiz…

Mana, men poklana olmadim. Boisi, qanday poklanishni bilmadim…

Mana, men qalban qaridim. Men jisman tolidim. Safarim qaridi, safarim qaridi!..

Shunday, o‘lim haq, shunday…Shunday ekan, xudo men bechoraga-da rahm etsa edi. Xudo men bandanisini-da o‘z rahmatiga olsa edi!

Olmaydi, xudo meni o‘z rahmatiga olmaydi!..

Boisi, men umrimda xudoni otini atamay yashadim. Men umrim mobaynida xudoga tosh otib yashadim!..”

Shunday bo‘lsa-da Botir firqa o‘z joniga qasd qilishni ma’qul ko‘rmaydi.

“U tiriklar shahriga qarab o‘yladi.U marhumlar shahriga qarab o‘yladi. U osmonga qarab o‘yladi.

Bu dunyoda o‘lib bo‘lmadi! Bu dunyoda yashab bo‘ladi. Shu boisdan-da, bu dunyo otini hayot, deydi.
Bu dunyoga keldingmi? Endi yasha. Tishni tishga qo‘yib yasha. Mushtni tugib-tugib yasha! Chidab-chidab yasha! Yashashni chidaganga chiqargan!”

Asar haqida gap boshlaganimizda biz “Botir firqada ikkita yolg‘iz insonni ko‘ramiz”, degan edik. Asar yakunida ko‘rib turganimizdek bu “ikkilik” yo‘qoldi, aqli va qalbi murosaga kelgan bitta yolg‘izlik qoldi.

Tog‘ay Murodning ushbu romani Kafka va Kamyu asarlari singari o‘quvchini oxir-oqibat “hayot ma’nisizligi” haqidagi aqidaning qora chohiga tushirib yubormaydi. Sho‘ro tuzumining g‘ayriinsoniy qiyofasini ochib berish bilan birga o‘quvchini har qanday sharoitda o‘z qalbiga quloq solib yashashga da’vat etadi.

07

(Tashriflar: umumiy 7 990, bugungi 10)

Izoh qoldiring