Шоир укаларимдан бири ўн етти ёшли Ирода Раҳмоналиеванинг шеърларини тавсия қилибди. Улар билан танишиб, шеъриятнинг машаққатли давони олдида турган, шеърларида мукаммалдан кўра ҳаваскорона сатрлари кўпроқ, ҳали энди куртак ёзаётган ниҳолдек қуёш далдасига муҳтож, аммо, изланишларини тўхтатмаса, дунё шеъриятининг юксак намуналарини тинмай ўрганиб, улардаги тажрибаларни кўр-кўрона эмас, ижодий ўзлаштирса, (фақат шундагина) келгусида гуркираган дарахтга айланиши мумкин ёш шоира қизимга мувафақият тилагим келди.
Ирода ҳали лицей ўқувчиси, у форс филологияси йўналишида таълим олмоқда. Шунинг учун бўлса керак, шеърларида форсча сўзу иборалар кўб учрайди. Очиғини айтсам, бу сўзлар ҳамиша ҳам ўз ўрнида тушмаган. Унга келгусида иложи борича она туркчамиз бойликларидан унумли фойдаланишини маслаҳат бераман. Форсчани билишдан эса Шарқнинг гўзал бойликларидан бўлмиш Эрон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилишда фойдаланиш керак.
Иродада шоирлик нигоҳи, ўзгача сўз айтиш, янгича оҳанг излаш истаги бор. Бу ёғи энди Ироданинг иродасига боғлиқ.
Хуршид Даврон
Ирода Раҳмоналиева
ШЕЪРЛАР
***
Тун кафтида тушлар кўрар ситоралар,
Кўкнинг кемтик маликаси топди камол.
Дилинг ёрсанг, оққа сотган қалам каби
Ошиқ сўзин сотаётир қизга шамол.
Қақроқ лаб-ла сура ўқир бетин еллар
Шивирлардан таскин топар мискин қалброҳ.
Кипригида тун аллалар тўлин ойнинг
Юзларида жилмаяди гуллаган доғ.
Кўк тарҳида шундай фусун яратган ким?
Қаламида жилваланар илоҳий ранг!
Хақ дунёни сирга фузун яратганким,
Жамолини мадҳ етади ҳар бир зарра.
Само, соғинч санайвериб сабри тўлди
Сочларига лашкар тортган оқларини.
Дилимни кўр, туйғуларнинг қабрбоғли
Роҳларини, оҳларини, доғларини
Ҳануз билмам кўнгилгинам хоҳларини…
Ғафлат тўри одамларни қучоқлаган,
Атиргулнинг лабларида гуллайди ишқ
Одамларнинг қалбларида нурайди ишқ,
Бир гўзалнинг кипригидан қулайди ишқ…
***
Хаёлим томирлар каби чалкашган,
Ҳаёт оловида музлагайман мен.
Тийрақалб даҳрнинг нажот — нурини
Энди ёлғонлардан изламайман мен!
Нур — умр баҳрининг забун заврақи!
Ҳаёт нима ўзи? Лаҳзалик чақин!
Алдоқчи дунёда якка ва яқин
Раббимдан ўзгага тизламайман мен!
Ҳақиқат — ёт сўздир! Пинҳон дафина,
Адолат — саҳрога беркинган нина,
Тилим кес, кўзим ўй, хоҳ ўлдир, қийна,
Энди адолатдан сўзламайман мен.
Ҳасад ғунчалабди дўстим сасида,
Кўзимни ўйишга тайёр аслида,
Тил ҳайрон чиқолмас тиш қафасидан
Хақдан ўзгасини дўст демайман мен!
Дийдам остонасин тарк этар сиришк,
Кўнглим кўкламини яксон қилган қиш,
Саркаш баҳор янглиғ жунунваш эй, ишқ,
Энди кўзларингни кўзламайман мен,
Сенинг-чун, сен учун бўзламайман мен!
Раббимдан ўзгага тизламайман мен,
Ёлғондан ҳаётни изламайман мен,
Нажотни ўзингга элтар йўлингдан
Эй Хақ! Таҳажжуддан излагайман мен…
Баҳор
Сочларингни ўрган эдим,
Насимлардан сўрган эдим,
Ғунчаларда кўрган эдим
Лабларингни!
Маҳтал кўзим зор кутганди,
Уч фаслни унутганди
Кавокиблар ёритганда
Шабларингни.
Кўзларимда илҳом гуллар,
Шоирона тахайюл-ла
Васфин тарҳлай тахайюр-ла
Қалбларингни.
Кўкнинг ашку аламлари,
Шамснинг заррин қаламлари,
Уфқнинг лаъли гиламлари
Табъларингми?
Гул хилъатинг махзанидир,
Ел таълатинг раҳзанидир,
Айт, шивиринг мақсадини,
Гапларингни.
Ҳар ғунчада минг хил ишва,
Ер уйғонар қўлда ниш-ла,
Улар қайдан билсин қиш-ла
Ҳарбларингни?
Саъбларингни?
…Субҳлар боғда кезар эдим,
Сенлигингни сезар эдим
Чечаклар ҳам безар эди
Сафларингни…
Кунботарда кўрган эдим лабларингни…
***
Йиллар олган навқиронлигинг,
Шу сабабдан шамшод қаддинг дол?
Мажнунтол, сен мажнун эмассан
Лайлитол!
Ашкларингни ерга сочгансан,
Андуҳларга юрак очгансан
Кўз ёшлардан йўлак очгансан,
Лайлитол.
Сувлар тунда аллалаб қолар
Ва уйғотар субҳи азонлар
Пойингда шивирлар хазонлар,
Лайлитол.
Нега қаддинг эгик, не учун?
Эгилдингми сен паришонҳол
Гуллар сирин тингламоқ учун,
Лайлитол?
Индамай ғам ютаётгандирсан,
Мажнунингни кутаётгандирсан
Ёки аза тутаётгандирсан?
Лайлитол.
Эгик бошинг кўтаргин бир дам
Сочларингга гуллар қадайман
Мажнунмас, Лайли деб атайман
Лайлитол.
Сенга сирин гуллар айтади,
Умр эртагин йиллар айтади,
Кутгил, Мажнун бир кун қайтади,
Лайлитол.
***
Зангор осмон юзи тундлашди,
Ой пардозлар доғ юзларини.
Сўнгра қаро сочлари аро
Осмон қадар юлдузларини.
Ой ийманиб ерга мўлтирар,
Термулгандек ойнинг аксига
Сув бўйида бир қиз ўлтирар
Маҳлиёдек сувнинг рақсига.
Хаёлимни ипсиз боғлади
Тенги йўқ гўзал бениҳоя.
Киприклари юзига пана,
Киприклари юзига соя.
Юзи чашми зилолдек тоза
Балки ўзар гўзал паридан.
Қошлари ҳам олган андоза,
Қалдирғочнинг қанотларидан.
Хаёллар-ла сайр этмоқда у
Фаромуш ва хотирпаришон.
Нигоҳим узилмайди гўё
Кўзларим ўқ, кўзлари нишон.
Юрагимдек йиғлаяптими?
Қалбим каби махзунмикан ё?
Муҳаббатдан маҳруммикан ё?
Махзунликка маҳкуммикан ё?
Боши эгик худди мажнунтол,
Кўзлари ҳам сўлғин, телбаҳол.
Гарч қадди камон, қадди дол,
Лек санамлар ичра бебаҳо.
Қаро туннинг тасвири ила,
Гўзаллиги бўлгандир уйғун.
Айни шу кез ларзага келар
Юрагимда бегона туйғу.
…Тун муҳлати етди. Энди кўк,
Нурла қоришар борган сари.
Қолди қизнинг киприкларида
Субҳидамнинг гўзалликлари!
Субҳидамнинг гўзалликлари…
СОҒИНЧ…
Бир яқин инсоним тилидан
Япроқларда кузнинг тасвири,
Олов каби ёнмоқда борлиқ!
Ҳар йил олтин куз келганида
Юрагимда уйғонар оғриқ.
Ёдимдадир бари, онажон,
Ёдимдан чиқмайди ҳеч бири
Олов каби ёнарди ҳар ён
Япроқларда кузнинг тасвири.
Сиз кетдингиз: «Қайтаман…» — дея
Ва қўрқинчлар жўш урди танда.
«Гулим, баҳорда қайтаман мен
Фақат шу дарахт гуллаганда!»
Она, нега сиз айтган дарахт
Гулламайди келса ҳам баҳор?!
Ҳар тонг туриб мен бу дарахтдан
Гуллашини сўрардим такрор.
Сиз айтгандай баҳорни кутдим
Ва ўтказдим бедор тунларни.
Мен ўзимни овутиш учун
Шоҳга илдим сунъий гулларни.
Маҳзунлик ин қурган юракда —
Чарчадим мен сизни кутишдан
Ва ҳар сафар баҳор келганда
Дарахтга сунъий гул тутишдан!
Она, мана ўн уч баҳорни
Ўтказдим мен сизни соғиниб.
Аямасдан қўпорди ахир
Умидсизлик сабрим тоғини.
Она, яна, яна келди куз!
Юрагимни эзиб, тимдалаб.
Ёнган борлиқ эслатар сизни
Ўт юракка баттар ўт қалаб!
Энди билсам, ҳаммаси бекор,
Ўтди ахир ўн уч узун вақт
Она, энди билдим, англадим,
Чинор экан сиз айтган дарахт…
Чинор экан сиз айтган дарахт!
Қабристон.Сукунат ҳукмрон
Ёшларимдан сочларим ҳам нам.
Қаердадир қабрингиз, Она?!
Қаердадир менинг волидам?!
Ана…ана турар узоқда
Нигоҳим тортди бир қабртош.
У холида ҳамда қаровсиз
Кўзларимдан отилётир ёш…
Қабр лолангиздек сўлдим мен
Ё ўз дилим ўзим ўйдимми?!
Сизни бағримга босолмасдан
Қаро ерга бериб қўйдимми?!
Жойларингиз жаннатдадир а?
Ҳурлар билан қилмоқдасиз сайр?
Бир кун…сизни кўрарман албат
Маҳшаргача ,жонажоним, Хайр!
***
Сочинг-ла бўялди самонинг ранги,
Бағрида ёқилди миллярдлаб фонус.
Келмайсан, ўйимда гумонлар жанги
Кўзларимда куз…
Зулмат туннинг қоши қорайиб борар,
Гумон — ҳаловатга отилган минг ўқ.
Тоқатим олами торайиб борар
Сендан дарак йўқ.
Руҳимга лашкарин тортмоқда қўрқинч
Халос эт, уларга келолмайман бас!
Ботиним — ғалаён, зоҳиран мен тинч
Ололмам нафас.
Ҳаловатим нураб борар, во дариғ,
Руҳим осмонида гоҳи нур, гоҳ сел.
Қўрқинчлар юракка урмасидан тиғ
Фақат тезроқ кел!
Хаёллар ғарқ бўлди севинч қаърига,
Кунчиқмас самодек бўлганди таъбим.
Хайрият, сен келдинг, оёғинг ўпди
Остона лаби…
***
Олам оразингни кўрган пайтидан
Ўраган ашкларнинг йўргакларига.
Эй, қалби бокира, кўзлари шабранг,
Нечун ғамлар чўккан кўзинг қаърига?!
Чимрилган қошингдай қораяр қалбим,
Қайси гуноҳинг-чун оладилар ўч!?
Ғаминг дарёсидан қатра сўз очсанг,
Оғзингга қулф солар ботиний бир куч.
Мунчоқдек кўзларинг марваридлари
Дунёни кўргани шошиб кетади.
Менинг кўзларимда қалққан денгизим,
Сабрим ўзанидан тошиб кетади.
Сенингсиз кечалар кўзларин очмас,
Келгин, юрагимга яшир ўзингни
Кўзингни аламлар қилса таъқиблар
Рақиблар тополмас кўксимдан сени!
Дардингдан эгикман, ишқингдан тикман,
Гар кетсанг, ўн саккиз олам — тор хона.
Ғаминг-ла шерикман, сен-ла тирикман
Қувончинг қалбимга машъала,ОНА!
***
Сенегал ёзувчиси Сембен Усмоннинг «Франциядан мактублар» ҳикоясини ўқиб
Қадрдоним, азизам, Марсел!
Яна сенга йўллаяпман хат.
Бунда менинг андуҳим иси
Қайғуларим ошгандир бир қат.
Субҳидамлар нурларга эмас,
Зулматларга буткул қоришган.
Иродам, саботим етарми,
Бу ерларда буткул қолишга?!
Қайси орзу, қайси хаёллар,
Африкамдан узоқлаштирди?!
Юрт соғинчи аланга олиб
Куйдиради бу оташ дилни.
Соғиндим мен жон Африкамнинг
Тупроқ ёрар қуёшин тафтин.
Бу ерда-чи, қуёш нур аяр
Ва беркитар, боқ, хасис афтин.
Она юртни қайтадан кўрмоқ
Тушларимга кирмаган орзу.
Жонимни ҳам нисор айлайин
Фақат уни кўрай мен бир зум.
Юрагимни анордай сочиб,
Сирларимни сенга ушатдим.
Алвон ранглар қон дилим туси
Дилдан ҳиёл ғамни бўшатдим.
Ҳур йўл кутган оёқларимга
Кўринмас кишанлар урилган.
Бу тўрт девор…Зулмати сингган
Тор тобутни эслатар менга.
Қадрдоним, азизам, Марсел!
Яна сенга йўллаяпман хат.
Бунда андуҳ бироз чекиниб
Қувончларим ошгандир бир қат.
Кетмоқдаман Африкам томон
Хайр, Париж — ғамларим шаҳри!
Салом, тоза, чеки йўқ осмон —
Африкамнинг ёндиргич бағри.
Ларзаларга келар дил туби
Юрагим ҳам қувончдан сел-сел.
Йўллаяпман сўнгги мактубим,
Кўришгунча, азизам, Марсел!
***
Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб бораётган бир шам мисоли…
Амир Худойберди
«Мен сени севаман!» қайси бахтсизнинг
Лабидан ўпмаган бу сўзлар, гулим?
Мен сени севаман — ошиқлар тожи
Ошиқлар-изҳорнинг девона қули.
Мен сени севаман, хуршиди шамсдек,
Зулматнинг қўйнини пичоқлагувчи.
Мен сени севаман, телбаҳол Қайсдек
Фақат хаёлларни қучоқлагувчи!
Мен сени севаман, қаро тунга кўз,
Очунга нур берган кавокиб каби.
«Мен сени севаман!» шу уч дона сўз
Лабингдан ийманиб чиқса, матлабим!
Мен сени севаман! — сўнгги сўз балки,
Изҳорлар отилар юрак оғзидан!
Шу сўзни эшитиб ўлсам ҳам, дилдор,
Розиман,
Розиман,
Розиман!
***
Севги ёзилмаган қоғоз қолмади,
Ишқни куйламаган овоз қолмади,
Муҳаббат юракка пичоққа торттирди
Аё, ёш тўкмаган чарос қолмади!
Дарахтга ўйибсан менинг исмимни,
Бечора дарахт-а, севги эрмаги.
Юракдан севганинг ҳақиқат бўлса,
Илтимос дарахтга озор бермагин!
Очишимни кутар мактубингда жим
Даҳр зилзиласин уйғотган изҳор.
Балки юраккинанг мен каби ғижим,
Балки туйғуларинг мендан телбаҳол?
Дилинг хуруж қилиб ёзилган сўзлар
Қара, нигоҳимдан қочар беркиниб.
Яноғим қирмизга бўяган изҳор
Энди юрагимга кетар тўкилиб!
Ўқ илиб кетади ўйга саволлар
Сўзлари ёлғонми ва ё чинмикан?
Мактубин кўзимга муҳрлаб кетган
Номаълум, шоирми, билмам ким экан…
Ё кимдир ёзади атайин синаб,
Лек қалбим куйётир сўзин тафтидан
Дилнома жой олар истамайгина
Эгасиз ёзилган хатлар сафидан…
Shoir ukalarimdan biri oʻn yetti yoshli Iroda Rahmonaliyevaning sheʼrlarini tavsiya qilibdi. Ular bilan tanishib, sheʼriyatning mashaqqatli davoni oldida turgan, sheʼrlarida mukammaldan koʻra havaskorona satrlari koʻproq, hali endi kurtak yozayotgan niholdek quyosh daldasiga muhtoj, ammo, izlanishlarini toʻxtatmasa, dunyo sheʼriyatining yuksak namunalarini tinmay oʻrganib, ulardagi tajribalarni koʻr-koʻrona emas, ijodiy oʻzlashtirsa, (faqat shundagina) kelgusida gurkiragan daraxtga aylanishi mumkin yosh shoira qizimga muvafaqiyat tilagim keldi.
Iroda hali litsey oʻquvchisi, u fors filologiyasi yoʻnalishida taʼlim olmoqda. Shuning uchun boʻlsa kerak, sheʼrlarida forscha soʻzu iboralar koʻb uchraydi. Ochigʻini aytsam, bu soʻzlar hamisha ham oʻz oʻrnida tushmagan. Unga kelgusida iloji boricha ona turkchamiz boyliklaridan unumli foydalanishini maslahat beraman. Forschani bilishdan esa Sharqning goʻzal boyliklaridan boʻlmish Eron adabiyoti namunalarini oʻzbek tiliga tarjima qilishda foydalanish kerak.
Irodada shoirlik nigohi, oʻzgacha soʻz aytish, yangicha ohang izlash istagi bor. Bu yogʻi endi Irodaning irodasiga bogʻliq.
Xurshid Davron
Iroda Rahmonaliyeva
SHEʼRLAR
Iroda Rahmonaliyeva 2001 yil Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tugʻilgan. Ayni paytda Toshkent Davlat Sharqshunoslik instituti qoshidagi akademik litseyning “Fors filologiyasi” boʻlimi oʻquvchisi. Sheʼrlari matbuotda nashr qilingan.
***
Tun kaftida tushlar koʻrar sitoralar,
Koʻkning kemtik malikasi topdi kamol.
Diling yorsang, oqqa sotgan qalam kabi
Oshiq soʻzin sotayotir qizga shamol.
Qaqroq lab-la sura oʻqir betin yellar
Shivirlardan taskin topar miskin qalbroh.
Kiprigida tun allalar toʻlin oyning
Yuzlarida jilmayadi gullagan dogʻ.
Koʻk tarhida shunday fusun yaratgan kim?
Qalamida jilvalanar ilohiy rang!
Xaq dunyoni sirga fuzun yaratgankim,
Jamolini madh yetadi har bir zarra.
Samo, sogʻinch sanayverib sabri toʻldi
Sochlariga lashkar tortgan oqlarini.
Dilimni koʻr, tuygʻularning qabrbogʻli
Rohlarini, ohlarini, dogʻlarini
Hanuz bilmam koʻngilginam xohlarini…
Gʻaflat toʻri odamlarni quchoqlagan,
Atirgulning lablarida gullaydi ishq
Odamlarning qalblarida nuraydi ishq,
Bir goʻzalning kiprigidan qulaydi ishq…
***
Xayolim tomirlar kabi chalkashgan,
Hayot olovida muzlagayman men.
Tiyraqalb dahrning najot — nurini
Endi yolgʻonlardan izlamayman men!
Nur — umr bahrining zabun zavraqi!
Hayot nima oʻzi? Lahzalik chaqin!
Aldoqchi dunyoda yakka va yaqin
Rabbimdan oʻzgaga tizlamayman men!
Haqiqat — yot soʻzdir! Pinhon dafina,
Adolat — sahroga berkingan nina,
Tilim kes, koʻzim oʻy, xoh oʻldir, qiyna,
Endi adolatdan soʻzlamayman men.
Hasad gʻunchalabdi doʻstim sasida,
Koʻzimni oʻyishga tayyor aslida,
Til hayron chiqolmas tish qafasidan
Xaqdan oʻzgasini doʻst demayman men!
Diydam ostonasin tark etar sirishk,
Koʻnglim koʻklamini yakson qilgan qish,
Sarkash bahor yangligʻ jununvash ey, ishq,
Endi koʻzlaringni koʻzlamayman men,
Sening-chun, sen uchun boʻzlamayman men!
Rabbimdan oʻzgaga tizlamayman men,
Yolgʻondan hayotni izlamayman men,
Najotni oʻzingga eltar yoʻlingdan
Ey Xaq! Tahajjuddan izlagayman men…
Bahor
Sochlaringni oʻrgan edim,
Nasimlardan soʻrgan edim,
Gʻunchalarda koʻrgan edim
Lablaringni!
Mahtal koʻzim zor kutgandi,
Uch faslni unutgandi
Kavokiblar yoritganda
Shablaringni.
Koʻzlarimda ilhom gullar,
Shoirona taxayyul-la
Vasfin tarhlay taxayyur-la
Qalblaringni.
Koʻkning ashku alamlari,
Shamsning zarrin qalamlari,
Ufqning laʼli gilamlari
Tabʼlaringmi?
Gul xilʼating maxzanidir,
Yel taʼlating rahzanidir,
Ayt, shiviring maqsadini,
Gaplaringni.
Har gʻunchada ming xil ishva,
Yer uygʻonar qoʻlda nish-la,
Ular qaydan bilsin qish-la
Harblaringni?
Saʼblaringni?
…Subhlar bogʻda kezar edim,
Senligingni sezar edim
Chechaklar ham bezar edi
Saflaringni…
Kunbotarda koʻrgan edim lablaringni…
***
Yillar olgan navqironliging,
Shu sababdan shamshod qadding dol?
Majnuntol, sen majnun emassan
Laylitol!
Ashklaringni yerga sochgansan,
Anduhlarga yurak ochgansan
Koʻz yoshlardan yoʻlak ochgansan,
Laylitol.
Suvlar tunda allalab qolar
Va uygʻotar subhi azonlar
Poyingda shivirlar xazonlar,
Laylitol.
Nega qadding egik, ne uchun?
Egildingmi sen parishonhol
Gullar sirin tinglamoq uchun,
Laylitol?
Indamay gʻam yutayotgandirsan,
Majnuningni kutayotgandirsan
Yoki aza tutayotgandirsan?
Laylitol.
Egik boshing koʻtargin bir dam
Sochlaringga gullar qadayman
Majnunmas, Layli deb atayman
Laylitol.
Senga sirin gullar aytadi,
Umr ertagin yillar aytadi,
Kutgil, Majnun bir kun qaytadi,
Laylitol.
***
Zangor osmon yuzi tundlashdi,
Oy pardozlar dogʻ yuzlarini.
Soʻngra qaro sochlari aro
Osmon qadar yulduzlarini.
Oy iymanib yerga moʻltirar,
Termulgandek oyning aksiga
Suv boʻyida bir qiz oʻltirar
Mahliyodek suvning raqsiga.
Xayolimni ipsiz bogʻladi
Tengi yoʻq goʻzal benihoya.
Kipriklari yuziga pana,
Kipriklari yuziga soya.
Yuzi chashmi ziloldek toza
Balki oʻzar goʻzal paridan.
Qoshlari ham olgan andoza,
Qaldirgʻochning qanotlaridan.
Xayollar-la sayr etmoqda u
Faromush va xotirparishon.
Nigohim uzilmaydi goʻyo
Koʻzlarim oʻq, koʻzlari nishon.
Yuragimdek yigʻlayaptimi?
Qalbim kabi maxzunmikan yo?
Muhabbatdan mahrummikan yo?
Maxzunlikka mahkummikan yo?
Boshi egik xuddi majnuntol,
Koʻzlari ham soʻlgʻin, telbahol.
Garch qaddi kamon, qaddi dol,
Lek sanamlar ichra bebaho.
Qaro tunning tasviri ila,
Goʻzalligi boʻlgandir uygʻun.
Ayni shu kez larzaga kelar
Yuragimda begona tuygʻu.
…Tun muhlati yetdi. Endi koʻk,
Nurla qorishar borgan sari.
Qoldi qizning kipriklarida
Subhidamning goʻzalliklari!
Subhidamning goʻzalliklari…
SOGʻINCH…
Bir yaqin insonim tilidan
Yaproqlarda kuzning tasviri,
Olov kabi yonmoqda borliq!
Har yil oltin kuz kelganida
Yuragimda uygʻonar ogʻriq.
Yodimdadir bari, onajon,
Yodimdan chiqmaydi hech biri
Olov kabi yonardi har yon
Yaproqlarda kuzning tasviri.
Siz ketdingiz: “Qaytaman…” — deya
Va qoʻrqinchlar joʻsh urdi tanda.
«Gulim, bahorda qaytaman men
Faqat shu daraxt gullaganda!»
Ona, nega siz aytgan daraxt
Gullamaydi kelsa ham bahor?!
Har tong turib men bu daraxtdan
Gullashini soʻrardim takror.
Siz aytganday bahorni kutdim
Va oʻtkazdim bedor tunlarni.
Men oʻzimni ovutish uchun
Shohga ildim sunʼiy gullarni.
Mahzunlik in qurgan yurakda —
Charchadim men sizni kutishdan
Va har safar bahor kelganda
Daraxtga sunʼiy gul tutishdan!
Ona, mana oʻn uch bahorni
Oʻtkazdim men sizni sogʻinib.
Ayamasdan qoʻpordi axir
Umidsizlik sabrim togʻini.
Ona, yana, yana keldi kuz!
Yuragimni ezib, timdalab.
Yongan borliq eslatar sizni
Oʻt yurakka battar oʻt qalab!
Endi bilsam, hammasi bekor,
Oʻtdi axir oʻn uch uzun vaqt
Ona, endi bildim, angladim,
Chinor ekan siz aytgan daraxt…
Chinor ekan siz aytgan daraxt!
Qabriston.Sukunat hukmron
Yoshlarimdan sochlarim ham nam.
Qayerdadir qabringiz, Ona?!
Qayerdadir mening volidam?!
Ana…ana turar uzoqda
Nigohim tortdi bir qabrtosh.
U xolida hamda qarovsiz
Koʻzlarimdan otilyotir yosh…
Qabr lolangizdek soʻldim men
Yo oʻz dilim oʻzim oʻydimmi?!
Sizni bagʻrimga bosolmasdan
Qaro yerga berib qoʻydimmi?!
Joylaringiz jannatdadir a?
Hurlar bilan qilmoqdasiz sayr?
Bir kun…sizni koʻrarman albat
Mahshargacha ,jonajonim, Xayr!
***
Soching-la boʻyaldi samoning rangi,
Bagʻrida yoqildi millyardlab fonus.
Kelmaysan, oʻyimda gumonlar jangi
Koʻzlarimda kuz…
Zulmat tunning qoshi qorayib borar,
Gumon — halovatga otilgan ming oʻq.
Toqatim olami torayib borar
Sendan darak yoʻq.
Ruhimga lashkarin tortmoqda qoʻrqinch
Xalos et, ularga kelolmayman bas!
Botinim — gʻalayon, zohiran men tinch
Ololmam nafas.
Halovatim nurab borar, vo darigʻ,
Ruhim osmonida gohi nur, goh sel.
Qoʻrqinchlar yurakka urmasidan tigʻ
Faqat tezroq kel!
Xayollar gʻarq boʻldi sevinch qaʼriga,
Kunchiqmas samodek boʻlgandi taʼbim.
Xayriyat, sen kelding, oyogʻing oʻpdi
Ostona labi…
***
Olam orazingni koʻrgan paytidan
Oʻragan ashklarning yoʻrgaklariga.
Ey, qalbi bokira, koʻzlari shabrang,
Nechun gʻamlar choʻkkan koʻzing qaʼriga?!
Chimrilgan qoshingday qorayar qalbim,
Qaysi gunohing-chun oladilar oʻch!?
Gʻaming daryosidan qatra soʻz ochsang,
Ogʻzingga qulf solar botiniy bir kuch.
Munchoqdek koʻzlaring marvaridlari
Dunyoni koʻrgani shoshib ketadi.
Mening koʻzlarimda qalqqan dengizim,
Sabrim oʻzanidan toshib ketadi.
Seningsiz kechalar koʻzlarin ochmas,
Kelgin, yuragimga yashir oʻzingni
Koʻzingni alamlar qilsa taʼqiblar
Raqiblar topolmas koʻksimdan seni!
Dardingdan egikman, ishqingdan tikman,
Gar ketsang, oʻn sakkiz olam — tor xona.
Gʻaming-la sherikman, sen-la tirikman
Quvonching qalbimga mashʼala,ONA!
***
Senegal yozuvchisi Semben Usmonning “Fransiyadan maktublar” hikoyasini oʻqib
Qadrdonim, azizam, Marsel!
Yana senga yoʻllayapman xat.
Bunda mening anduhim isi
Qaygʻularim oshgandir bir qat.
Subhidamlar nurlarga emas,
Zulmatlarga butkul qorishgan.
Irodam, sabotim yetarmi,
Bu yerlarda butkul qolishga?!
Qaysi orzu, qaysi xayollar,
Afrikamdan uzoqlashtirdi?!
Yurt sogʻinchi alanga olib
Kuydiradi bu otash dilni.
Sogʻindim men jon Afrikamning
Tuproq yorar quyoshin taftin.
Bu yerda-chi, quyosh nur ayar
Va berkitar, boq, xasis aftin.
Ona yurtni qaytadan koʻrmoq
Tushlarimga kirmagan orzu.
Jonimni ham nisor aylayin
Faqat uni koʻray men bir zum.
Yuragimni anorday sochib,
Sirlarimni senga ushatdim.
Alvon ranglar qon dilim tusi
Dildan hiyol gʻamni boʻshatdim.
Hur yoʻl kutgan oyoqlarimga
Koʻrinmas kishanlar urilgan.
Bu toʻrt devor…Zulmati singgan
Tor tobutni eslatar menga.
Qadrdonim, azizam, Marsel!
Yana senga yoʻllayapman xat.
Bunda anduh biroz chekinib
Quvonchlarim oshgandir bir qat.
Ketmoqdaman Afrikam tomon
Xayr, Parij — gʻamlarim shahri!
Salom, toza, cheki yoʻq osmon —
Afrikamning yondirgich bagʻri.
Larzalarga kelar dil tubi
Yuragim ham quvonchdan sel-sel.
Yoʻllayapman soʻnggi maktubim,
Koʻrishguncha, azizam, Marsel!
***
Men seni sevaman, gʻuncha labida
Oʻpichday titragan shabnam misoli.
Men seni sevaman, hijron shabida
Erib borayotgan bir sham misoli…
Amir Xudoyberdi
“Men seni sevaman!” qaysi baxtsizning
Labidan oʻpmagan bu soʻzlar, gulim?
Men seni sevaman — oshiqlar toji
Oshiqlar-izhorning devona quli.
Men seni sevaman, xurshidi shamsdek,
Zulmatning qoʻynini pichoqlaguvchi.
Men seni sevaman, telbahol Qaysdek
Faqat xayollarni quchoqlaguvchi!
Men seni sevaman, qaro tunga koʻz,
Ochunga nur bergan kavokib kabi.
“Men seni sevaman!” shu uch dona soʻz
Labingdan iymanib chiqsa, matlabim!
Men seni sevaman! — soʻnggi soʻz balki,
Izhorlar otilar yurak ogʻzidan!
Shu soʻzni eshitib oʻlsam ham, dildor,
Roziman,
Roziman,
Roziman!
***
Sevgi yozilmagan qogʻoz qolmadi,
Ishqni kuylamagan ovoz qolmadi,
Muhabbat yurakka pichoqqa torttirdi
Ayo, yosh toʻkmagan charos qolmadi!
Daraxtga oʻyibsan mening ismimni,
Bechora daraxt-a, sevgi ermagi.
Yurakdan sevganing haqiqat boʻlsa,
Iltimos daraxtga ozor bermagin!
Ochishimni kutar maktubingda jim
Dahr zilzilasin uygʻotgan izhor.
Balki yurakkinang men kabi gʻijim,
Balki tuygʻularing mendan telbahol?
Diling xuruj qilib yozilgan soʻzlar
Qara, nigohimdan qochar berkinib.
Yanogʻim qirmizga boʻyagan izhor
Endi yuragimga ketar toʻkilib!
Oʻq ilib ketadi oʻyga savollar
Soʻzlari yolgʻonmi va yo chinmikan?
Maktubin koʻzimga muhrlab ketgan
Nomaʼlum, shoirmi, bilmam kim ekan…
Yo kimdir yozadi atayin sinab,
Lek qalbim kuyyotir soʻzin taftidan
Dilnoma joy olar istamaygina
Egasiz yozilgan xatlar safidan…