Uilyam Saroyan. Ikki hikoya: Soatiga 60 mil & Pianino

05    Дўконга кириб ўша бурчакдаги кичик пианино тепасига бордилар. Эмма унинг чеҳрасида табассум ёйилганини кўрди ва тўсатдан кўнглини аллақандай ишончсизлик чулғаб олди: қачондир уни тушуна олармикан? Ёки ҳозиргидек у билан елкама-елка юриб, уни ҳаммадан ҳам яхши тушунаман деб дафъатан уни ҳечам билмаслигини англаб қолармикан? У кичик пианино қаршисида туриб олганча унга меҳр билан боқарди.

Уилям САРОЯН
ИККИ ҲИКОЯ
09

03   ХХ аср АҚШ адабиётининг таниқли вакили, арманинажод ёзувчи Уилям Сароян (1908-1981) кичик ҳикоялар устасидир. У 1908 йилнинг 31 августида Калифорнияда штатидаги Фресно шаҳрида армани ёзувчиси оиласида таваллуд топган. Ёзувчи саккиз ёшиданоқ оғир меҳнат қилишни бошлайди. Уилям Сароян ҳаммавақт ўз қайғу ва қувончларини ҳикояларининг қаҳрамонлари бўлган Американинг қашшоқ одамлари билан биргаликда баҳам кўрган. Унинг асарлари асосида жуда кўп филмлар суратга олинган. Уларнинг бири учун Оскар мукофотига сазовор бўлган. Машҳур ўзбек режиссёри ва рассоми Рустам Ҳамдамов 1967 йили Сарояннинг «Тоғлардадир қалбим» пьесаси асосида суратга олган филми ўша давр совет кино санъатида янги йўналиш сифатида тан олинган.

СОАТИГА 60 МИЛЬ

Биз унинг шаҳардан шоссе бўйлаб соатига 50 миль тезликда елдек учиб ўтишини кўп бор кузатганмиз. Акам Майк ҳар сафар унинг ортидан жаҳл ва хасад билан қараб қоларди.
Ана, яна ўша, – дерди Майк. – Жин урсин, қаерга кетяпти экан, нима деб ўйлайсан?
Ҳеч қаерга, менимча шунчаки чигилини ёзгани чиққан бўлса керак, – дердим мен.
Аммо ҳеч қаерга бормаётган, шунчаки кетаётган одам бунчалар шошмайди.
Балки у мошинага эрк бериб, кучи нимага етишини билиб олмоқчидир.
Мошина жуда тез кетяпти, – дерди Майк ғижиниб. – Жин урсин, бу ердан чиқиб қаерга бораркин? Фаулерга бўлса керак, аниқ. Ўша расво шаҳарчага!
Ёки Ханфордга, – дердим мен ҳам жим ўтирмай. – Ёки бўлмаса Бэйкерсфилдга. Бэйкерсфилдга ҳам шу катта йўл олиб боришини унутма, у шу тезликда 3 соатда шаҳарга етиб олади.
Икки соатда, – дея аниқлик киритди Майк, – ҳатто 10-15 дақиқа аввал бориши ҳам мумкин.
Майк ўн иккида, мен эса ўн ёшда эдим. Ўша пайтлар, яъни 1918 йилда икки ўринлик автомобиль-купе жуда кулгили бўлиб, худди ғилдирак ўрнатилган сабзавот қутисини эслатар, яна машинани соатига 50 миль тезлик билан юришга мажбур қилиш осон эмасди. Айниқса “форд” купени. Бу одам машинасининг моторини ўзгартиргани кўриниб турарди. У ўзининг миттигина сариқ купесини пойга автомобилига айлантирганди.
Биз ҳар куни унинг машинаси шаҳардан Фаулер томон кетаётганини, орадан бир соатлар ўтиб ортга қайтишини кузатардик. Автомобиль шаҳардан чиқар экан, ўқдек учиб ўтар, баъзида худди қутургандек гумбирлар, қалтираб, ирғишлаб борар, рул чамбарагини тутган одам эса лабига сигарет қистирганча бутун дунёни унутиб илжаярди. Ортга қайтишда эса машина тезлигини соатига 10 милдан оширмас, ҳайдовчи ҳам ҳорғин кўринар, жим қайтарди.
Ҳайдовчи ҳақида бирор нарса дейиш қийин эди. Ёшини ҳам, миллатини ҳам англаб бўлмасди. Кўринишидан, гарчи қирқдан ошмагандек кўринсада, аслида ўттизга ҳам бормаган бўлиши мумкин эди. Бундан ташқари у на итальян, на юнон, на рус, на хитой, на япон, на немис, умуман олганда, бизга маълум бирор миллатга мансуб эмасди.
Америкалик бўлса керак, – дерди Майк. – Аллақандай коммивояжёр. Шоссе бўйлаб кичкинароқ шаҳарчага бориш учун мошинани елдириб кетади, бир-икки нарса сотиб шошилмай ортига қайтади.
Бўлиши мумкин, – дердим жавобан.
Аммо аслида мен бундай деб ўйламасдим. Менимча у шоссе бўйлаб зинғиллаб учишни, олатасир юришни хуш кўрадиган оддий йигит эди, холос.
Ўша йиллар автомобил пойгалари даври эди: Дарио Реста, Жимми Мэрфи, Жимми Шевроле каби йигитлар охир-оқибат пойга трекида содир бўлган ҳалокатлар туфайли ўлиб кетдилар. Бутун Америка эс-ҳушини тезлик деб йўқотганди. Майк ҳам қаердандир пул топиб, эскироқ машина олишни, уни таъмирлагач ўқдек учириб ҳайдашни истарди. Камида соатига 60 миль тезликда. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиш керак эди. Фақат бир нарса – пул етишмасди холос.
Ўзимга мошина сотиб олай, – дерди акам, – ҳақиқий тезликни ўшанда кўрасан.
Ҳеч қанақа мошина сотиб олмайсан, – дердим мен. – Қайси пулингга ахир?
Қаердан бўлса ҳам пул топаман.
Автойўл уйимизнинг қаршиси бўйлаб Розенберглар компаниясининг қуритилган мевалар омборхонасидан ярим мил жанубдаги Темир йўл кўчаси томон ўтиб кетганди. Розенберглар – тўрт ака-ука эдилар. Улар мусалласбоп резаворлар, шафтолиқоқи, туршак, майиз кабиларни сотиб олиб, чиройли фанер қутиларга жойлашар, сўнг бутун мамлакат бўйлаб, ҳатто океан ортига, Европага ҳам жўнатар эдилар. Улар ҳар ёз шаҳарнинг биз турадиган қисмидан одам ёллар, аёллар маҳсулотни қутиларга жойласалар, эркакларга оғирроқ иш буюрилар, улар кичик вагончаларни судрашарди. Майк ҳам иш сўраб борганди, Розенберглардан бири унга келаси йил келишни тайинлабди, ўсиб кучга тўлиши керак эмиш. Ҳеч нарсадан кўра шунинг ўзи ҳам катта гап эди, аммо Майкнинг ўзи қачон катта бўлишини кутиб ўтиришни умуман истамасди. У доимо журналлардан баҳайбат Лайонел Стронгфорт ёки Эрл Лидерман каби боши узра бир қоп унни бемалол ўйната оладиган баҳодирлар ҳақидаги мақолаларни излаб топарди. Майк улар бу натижага қандай эришганларни билишни истарди. У “Коинот” спорт майдончасига қатнайдиган, турникда тортилиб оёқ мушаклари ривожланиши учун ҳар куни югурадиган бўлди. Майк пишиқ-пухта бўлиб қолди-ю, аммо ҳечам ўсгани йўқ. Жазирама кунлар бошлангач, у шуғулланишни ҳам тўхтатди. Жуда иссиқ эди.
Биз куни бўйи эшик олдидаги пиллапояларга жойлашиб олганча ўтиб-қайтаётган автомобилларни кузатиб ўтирардик. Шоссе ва бизнинг орамиздан темир йўл излари ўтган, атроф кафтдек текис бўлгани боис бизга узоқ-узоқлар ҳам кўринарди. Бизга шаҳардан чиқиб жануб томон ғизиллаб бораётган паравоз шундоққина кўриниб турар, биз зинапояда ўрнашиб олганча унинг тобора яқинлашиб келишини кузатар, унинг пишиллаб-пишқиришини эшитардик. Сўнг у йўқ бўлиб кетгунча ортидан тикилиб қолардик. Биз таътилни шундай ўтказдик.
“СП-797” паравози келяпти, – дерди Майк.
Ҳа, тўғри, – дея маъқуллардим.
Қара, анави эса “Санта-Фе-485321”, – дердим мен. – Нима деб ўйлайсан, Майк, вагонларда нима ортилган экан?
Майиз, – ҳеч бир шубҳа қилмасди Майк. – Розенберглар майизи, балки яна мусалласбоп резаворлар, шафтолиқоқи ёки туршак ҳам жойлашгандир. Қойил, кейинги йил ёз келиши билан Розенберглар қўлида иш бошлайман ва ўзимга мошина сотиб оламан!
Қойил! – дердим мен ҳам.
Розенберглар ҳақидаги биргина гап ҳам Майкни ҳаяжонга соларди. Шунақа пайтлар у дарҳол оёққа турарди-да қўлларни мушт қилиб хаёлий рақиби билан бокс тушишни бошлар, худди профессионал боксчи каби пишқирар, ҳар-ҳар замон иштонини кўтарганча пиш-пишлаб, хурхурлаб қўярди. Қойил! Розенбергларнинг қўлида у нималар қилмайди дейсиз! Майк учун унинг Розенберглар қўлида ишламаслиги, эскироқ машина сотиб олиш учун пул жамғара олмаслиги ва унинг моторини тўғрилаб тезлигини соатига 60 милга чиқара олмаслиги даҳшатга соларди. У эшик олдидаги пиллапояга ўтириб олганча ўтиб-қайтаётган автомобил ва поездларни кузатаркан, куни бўйи ўша ўзининг бўлажак шалоқ араваси ҳақида сўзларди. Катта кўча бўйлаб сариқ купе ўтиб кетаётганини кўрганда эса бирдан сўлиб қоларди: у ниҳоятда тез эди-да. У соатига 50 миль билан машинасини учириб кетаётган ўша йигитга хасад билан боқарди.
Ўз машинам бўлганида эди, – дерди Майк, – бу мишиқига ҳақиқий тезлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўярдим.
Баъзан шаҳарга тушиб турардик. Тўғрироғи, ҳар куни, ҳеч қурса бир маротаба шаҳарга қатнардик. Аммо кун ўтиши қийин кечар, бизга у ҳафтадек туюлар, шаҳарга ҳам худди бир ҳафтадан бери тушмагандек бўлардик. Аслида эса кечагина шаҳарни кўрган бўлиб чиқардик. Биз шаҳарга борар, кўчаларни чангитиб юрар, кейин эса яна ортга, уйга қайтардик. Аслини олганда-ку, борадиган жойимизнинг тайини ҳам йўқ эди, бироқ биз Бродвейдаги эски автомобиллар сақланадиган омбор ва гаражлар атрофида лақиллашни ёқтирардик. Айниқса, Майк.
Бир куни биз Бродвейдаги Бен Маллок гаражида ўша сариқ “форд” купени кўриб қолдик ва Майк қўлимни чангаллаб олди.
Бу ўша, Жо, – деди у. – Худди ўша пойгачи машина. Кел, бир кириб кўрайлик.
Биз ичкарига кирдик ва машинанинг тўғрисида тўхтадик. Атрофда ҳеч зоғ йўқ, жим-жит. Кейин тўсатдан машина остидан соҳибининг боши кўринди. Қиёфасидан дунёдаги энг бахтиёр одам у эди гўё.
Хелло! – деди Майк.
Салом, болалар, – деди сариқ купенинг эгаси.
Бирор нимаси бузилганми? – дея қизиқсинди Майк.
Ҳа, айтарли ҳеч нима, – деди буниси ҳам. – Шунчаки бу қария ўзига яраша парваришни талаб қилади.
Сиз бизни билмайсиз, – деди Майк. – Биз Темир йўл кўчасида, Ёнғоқзор ёнидаги оқ уйда яшаймиз. Ҳар куни автострада бўйлаб қатнашингизни кузатамиз.
Ҳа, – деди у, – айтдим, кўзимга иссиқ кўриняпсизлар деб.
Акам Майкнинг айтишича, – дея суҳбатга қўшилдим мен ҳам, – сиз коммивояжёр экансиз.
Йўқ, у адашибди, деди у.
Агар коммивояжёр бўлмаса, демак ҳозир кимлигини айтади деб ўйловдим, аммо у оғиз очмади ҳам.
Келаси йил мошина олишни режалаштириб юрибман, – деди Майк. – Шубҳасиз, у тезюрар “шевроле” бўлади.
Майк машина хаёли билан дарров енгил бокёрча хамла қила кетди, лекин зум ўтмай қотиб қолди, янги танишимиз эса қаттиқ кулиб юборди.
Ажойиб фикр, – деди у. – Зўр фикр!
Сўнг у автомобил остидан чиқди, қўлига сигарет олиб чекишга тушиб кетди.
Менимча, машинангиз соатига эллик миль тезликда юраркан, – дея сўз қистирди Майк.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, соатига эллик икки миль, – деди пойгачи. – Шу кунларда машина тезлигини олтмишга чиқариш умидида ҳаракат қиляпман.
Майк ҳам худди мен каби бу одамни жуда ёқтириб қолганини кўриб турардим. У биз ўйлагандан анча ёш эди. Эҳтимол, нари борса йигирма бешларни қаршилаган, биз билан муносабатда эса ўн беш-ўн олти ёшлардаги йигитчадек ўзини тутарди. Ҳозир у бизга нақ авлиёдек кўринарди.
Исмингиз нима? – деб сўради Майк.
У шунга ўхшаш саволларни беришни бопларни, шу билан бирга тентак каби кўринмасди ҳам.
Билл, – деди йигит. – Билл Уоллес. Атрофдагилар Илдам Уоллес деб чақирадилар.
Менинг исмим эса Майк Флор, – деди Майк. – Сиз билан танишганимдан хурсандман. Бу эса менинг укам Жо.
Шундан сўнг Майк ва Уоллес қўл сиқишиб олишди. Майк яна бир зум ҳавода боксёрча хамла қилди.
Болалар, балки бироз айланиб келармиз? – деб таклиф қилди Илдам Уоллес.
Қойил! – дея қийқирди Майк ўзига сиғмай. Биз сариқ купега отилдик. Илдам Бродвей бўйлаб машинани олиб ўтди. У Розенберглар омбори тўғрисидан темир йўл изларини босиб ўтди-да катта йўлга чиқиб олди. Ўшанда у бизга ҳақиқий учишни кўрсатиб қўймоқ ниятида газ тепкисини охиригача босди. Бир лаҳзада ўз уйимиз олдидан соатига қирқ миль тезлик билан ўқдай учиб ўтдик, кейин спидометр қирқ бешни, элликни, эллик бир, эллик иккини, эллик учни уриб қўйди ва машина ўкириб юборди.
Тезлик соатига эллик олти милга етганда биз аллақачон Фаулерга келиб қолгандик. Уоллес тезликни пасайтириб тўхтади. Жуда исиб кетган эдик.
Балки муздек бирор нима ичармиз, – дея таклиф қилди у.
Биз машинадан тушиб аллақандай дўконга кирдик. Майк ҳам, мен ҳам бир шишадан қулупнайли сув ичдик, Илдам эса яна бир шишадан узатди. Мен рад этдим, Майк эса иккинчисини ҳам ичди.
Илдамнинг ўзи тўрт шиша қулупнайли сувни кўрдим демади. Кейин биз тағин машинага ўтирдик ва Уоллес қайтишда жуда секин ҳайдади, соатига ўн милдан оширмай борди. Бора-боргунча тўхтамай машинаси ҳақида, соатига эллик миль тезлик билан автострадада учиб ўтиш қандай мазалиги тўғрисида гапириб кетди.
Шу орқали мўмайгина пул ишлаб топсангиз керак? – деб сўради Майк.
Бир тийин ҳам, – деди Илдам. – Лекин шу кунларда бир пойга машинасини кўзлаб юрибман, ана ўшанда Округ ярмаркасида бўлиб ўтадиган пойгада қатнашаман, бироз пул ҳам ишлаб топарман.
Қойил! – деди Майк.
Уоллес бизни уйимиз олдида ташлаб кетди, биз эса Майк иккаламиз нақ уч соатлик саргузашт ҳақида суҳбатлашдик. Бу жуда ажойиб бўлди. Илдам Уоллес деганлари жуда яхши йигит экан.
Сентябрга бориб Округ ярмаркаси очилди. У ерда узунлиги бир миль атрофидаги тупроқли трек жойлашганди. Деворларда осилган афишалардан билдикки, яқин орада автомобил пойгалари бошланади.
Бир куни бизнинг эътиборимизни бир ҳафтадан бери ўша сариқ форд купенинг шоссе бўйлаб ўтмаётгани тортди. Майк гап нимада эканини бирдан фаҳмлаб ўрнидан ирғиб турди.
Ўша йигит ярмаркада, пойгада, – деди у. – Тезроқ юр.
Ва иккимиз Темир йўл кўчаси бўйлаб чопиб кетдик. Соат эрталабки тўққизлар эди, пойга эса тушки икки яримларда бўлар, шундай бўлса ҳам биз оёқни қўлга олиб югурардик. Биз ғовлардан ўтиб олиш учун ҳам эртароқ боришимиз керак эди. Баъзан лўкиллаб, баъзан қадамлаб ярим соат деганда ярмаркага етиб олдик, ичкарига кириб олиш учун эса нақ икки соат вақтимиз кетди. Икки марта бизни тутиб олишди, аммо охир-оқибат ичкарига кириб олдик.
Биз трибунага чиқиб ўрнашиб ҳам олдик. Трекда бири қора, бири яшил тезюрар машиналар турарди. Бироз ўтиб қора машина айлана бўйлаб ҳаракатланишни бошлади. У бизнинг ёнимиздан ўтиб кетаётганда эса иккимиз ҳам сакраб юборганимизни билмай қолдик. Чунки рул чамбарагини ўша сариқ купенинг эгаси – Илдам тутиб турарди. Биз унга таҳсин ўқирдик. Қойил, у ўқдек учар, машинаси ҳам даҳшатли ўкирарди. Муюлишларда бурилганда эса атрофни чанг босарди…
Пойга икки яримда эмас, учга бориб бошланди. Трибуна одамга лиқ тўла эди. Чизиқ бўйлаб эса еттита пойга машинаси тизилган. Уларнинг дастакларини айлантирган эдилар, машиналар тақир-туқир қилиб ноилож ўт олдилар. Бироз ўтиб улар жойидан қўзғалдилар, Майк эса худди телба каби ўзи билан ўзи гаплашар, ўзича ҳавода бокс тушиб ҳар ёнга сакрарди.
Бу биринчи қатнов эди, қисқа, йигирма миллик ва Илдам Уоллес бунда тўртинчи бўлиб келди. Иккинчи қатнов эса қирқ миль эди, Уоллес бунда иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи – сўнги қатнов эса етмиш беш миль – бу дегани трек бўйлаб етмиш беш марта айланиш керак. Ўттизинчи айланага келганда Илдам Уоллес салгина олға ташланди, бирозгина,. Ана шунда кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди – чап тарафдаги олдинги ғилдирак учиб кетди ва машина ҳавода шиддат билан ўмбалоқ ошди.
Тезлик машина салонидан Уоллесни сидириб олди-да, барчанинг кўз ўнгида четдаги тахта деворга итқитиб урди.
Майк яқинроқдан кўриш учун оёғини қўлига олиб трибунанинг пастига чопди. Мен ҳам унинг ортидан югурдим ва бир нималар деб сўкинаётганини эшитдим.
Пойга эса тўхтатилмади, бир неча ишчилар йўлни тўсиб қўйган пачоқ машинани олиб чиқиб кетдилар, Уоллесга эса “тез ёрдам” машинаси келди. Қолган машиналар етмишинчи айланага келишганда, аллақандай киши томошабинларга мурожаат қилиб, Илдам Уоллес ўша жойнинг ўзидаёқ жон берганининг хабарини берди.
Ё, Худо!
Ўша йигит, – деди Майк, – у тил тортмай ўлибди. Ўша, шоссе бўйлаб ўзининг сариқ купесида учиб ўтадиган йигит ўлибди, Жо! Ўша, бизни мошинасида Фаулерга олиб борган, қулупнайли сув олиб берган йигит энди йўқ.
Қоронғи тушиб қолганди, уйга қайтарканмиз, Майк йиғлади. Бирозгина. Мен унинг йиғлаётганини овозидан билиб турардим. Албатта у чинакамига йиғламади.
Ўзинг ўйлаб кўр, Жо, қандай ажойиб йигит эди-я, – деди у. – Шундай йигит ўлиб кетди.
Биз худди илгаригидек куни бўйи эшик олдидаги пиллапояларга жойлашиб олганча ўтиб-қайтаётган автомобилларни кузатиб ўтирар, аммо иккимиз ҳам маъюс тортиб қолган эдик. Энди бу йўлда сариқ купе миниб олган киши ҳеч қачон пайдо бўлмаслигини билардик. Ҳар-ҳар замон Майк ҳавода бир-икки боксёрча ҳаракатлар қилиб қўяр, аммо бу ҳам аввалгилардек эмасди. У ҳечам шод кўринмас, сезилиб турарди-ки бундан унга оғир, ва яна у шу ҳаракатлари орқали Илдам Уоллес каби йигитлар билан даҳшатли ҳодисалар содир этадиган аллақандай нарсани накаут қилишни истайдигандек туюларди.

ПИАНИНО

Қачон пианинога кўзим тушса, бутун баданимни ҳаяжон қамраб олади.
Ростан? – Эмма унга ҳайрон боқди. – Нега?
Билмадим, – деди Бен. – Қарши бўлмасанг, дўконга кириб бурчакдаги ҳув анави кичик пианинони кўрсак.
Чалишни биласанми? – дея сўради Эмма.
Мени чалишни билади деб бўлмаса керак, – деди Бен.
Унда нима қиласан?
Ҳозир кўрасан.
Дўконга кириб ўша бурчакдаги кичик пианино тепасига бордилар. Эмма унинг чеҳрасида табассум ёйилганини кўрди ва тўсатдан кўнглини аллақандай ишончсизлик чулғаб олди: қачондир уни тушуна олармикан? Ёки ҳозиргидек у билан елкама-елка юриб, уни ҳаммадан ҳам яхши тушунаман деб дафъатан уни ҳечам билмаслигини англаб қолармикан? У кичик пианино қаршисида туриб олганча унга меҳр билан боқарди. “Балки у пианинода яхши ижро эшитган, – деб ўйлади Эмма, – мусиқани севади ва доимо клавишларга кўзи тушганда мусиқа ҳақида хотирлайди ҳамда ўзини ҳам унга аллақандай боғлиқлиги бор деб хаёл қилади”.
Уни чалишни билсанг керак? – дея қайта сўради Эмма.
Бен унга қайрилиб қаради. Афтидан, сотувчи банд эди.
Чалишни билмайман, – деди Бен.
Эмма ҳудди моҳир пианиночиники каби унинг қўллари оқ-қора клавишлар устига узанганини кўрди, бу ҳолат аллақандай ғалати ҳам туюлди, ҳайрон қолди ҳам. Тўсатдан ёнидаги одам ичига яширилганларни секин-секин очиб боришини тушуниб қолди. Унга ўхшаган киши пианино чалиши керак эди.
Бен бир неча сокин аккорд чалди. Унинг олдига биров келмади, бирор нима сотиб олишга ҳам ундашмади. У тик оёқда аранг клавишларга қўл теккизар ва шунинг ўзида мусиқа оқиб тушар, буни, унинг сўзлари билан айтганда, пианино чалиш деб атаб бўлмасди.
Эмма бунинг ажойиблигини англаб етди.
У атига ярим дақиқалар чалди. Сўнг унга қараб:
Овози яхши экан, – деди.
Менга эса у сенинг қўлларингдан яхши овоз чиқараётгандек туюлди, – деди Эмма унга жавобан.
Ҳа йўқ, бунда менинг нима алоқам бор эди? – деди Бен ҳайратланиб. – Пианино ҳақида айтяпман, унинг овози ажойиб, айниқса шундай кичкина асбоб учун.
Уларнинг олдига кекса сотувчи келди:
Салом.
Яхшимисиз, – деди Бен. – Ажойиб пианино экан.
Шундай, бу асбобга талаб катта. Айниқса уй шароити учун жуда мос. Биз бунақалардан жуда кўп сотамиз.
Қанча туради? – дея сўради Бен.
Икки юз қирқ тўққиз доллар, янаям тўғрироғи эллик, – деди сотувчи. – Албатта, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳам сотиб олиш мумкин.
Уларни қаерда ишлаб чиқаришган? – сўради Бен.
Аниқ айтолмайман. Адашмасам, Филадельфияда. Билиб беришим мумкин.
Овора бўлманг, – деди Бен уни тўхтатаркан. – Сиз чалишни биласизми?
Минг афсуски, йўқ, – деди сотувчи.
Бен яна бир чалиб кўриш истагидалигини у дарров фаҳмлади.
Марҳамат, – деди қария. – Яна чалиб кўринг.
Мен чалишни билмайман, – деди Бен.
Аммо мен сизнинг қандай чалганингизни эшитдим, – деди сотувчи ҳайратини яширмай.
Шуни чалиш деяпсизми? Мен бирорта ҳам нота ўқишни билмайман.
Менга эса сиз жуда яхши чаладигандек туюлдингиз, – деди сотувчи.
Менга ҳам, – деди Эмма. – Унинг учун қанча олиб келишимиз керак?
Ҳа, шундай денг, – дея ҳовлиқиб гапирди сотувчи. – Қирқ–эллик долларлар атрофида. Бирор нима чалинг, илтимос. Яна эшитгим келяпти.
Агар ўзимнинг пианинойим бўлганида эди, – деди Бен, – унинг ёнида соатлаб ўлтирар эдим.
Яна бир марта чалиб кўринг, – деди сотувчи табассум билан. – Биров сизга қаршилик қилмайди.
Сотувчи стулни унга яқинроқ қилиб суриб қўйди. Бен ўтирди ва клавишларга қўлини теккизди. Унинг ҳозирги ҳолатини пианино чалиш деб бўлмасди.
Унинг қўллари ўн беш-йигирма сония клавишлар устида сайр қилди, ниҳоят у аллақандай куйни тутиб олди ва икки дақиқача уни қўйиб юбормади. Мусиқа охири сокин, аллақандай ғамгин якунланди. Сўнг у оҳангдорликни кучайтирди, Бен чалар ва айни пайтда сотувчи билан кўнглига жуда ўтиришган пианино борасида суҳбатлашарди. Кейин у чалишни тўхтатди ва ўрнидан турди.
Катта раҳмат, – деди. – Иложи бўлганида албатта сотиб олардим.
Арзимайди, – деди сотувчи унга жавобан.
Бен ва Эмма дўкондан чиқишди. Кўчада кетиб боришаркан, Эмма гап бошлади:
Мен ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.
Нимани айтяпсан? – деди Бен.
Сени айтаман-да.
Менга нима қипти?
Ажойибсан, – деб шивирлади Эмма.
Ҳозир айни тушлик пайти, – дея табассум қилди Бен. – Мен эса пианинолик бўлиш ҳақидаги орзуларимни оқшомга қолдиришни маъқул биламан.
Улар кичик емакхонага кирдилар, баланд стол олдида туриб бутерброд ва қаҳва буюрдилар.
Чалишни қаерда ўргангансан? – дея сўради Эмма.
Бирор жойда ўқиб-ўрганмаганман, – деди Бен. – Қаерда пианинога кўзим тушса, қўлимни югиртирмасам туролмайман. Болалигимдан шундай. Эҳтимол, бу менинг қашшоқлигимдандир.
У Эммага қараб жилмайди. У худди ўшанда пианино тепасида клавишларга қарагандай табассум қилди. Эмма ўзини ғоятда бахтиёр ҳис этди.
Агар киши фақир бўлса, – деди Бен, – унинг назарида ўзигагина тегишли, унинг ҳаққи бўлган кўпгина нарсаларни бой бераркан.
Балки, шундай бўлиши ҳам мумкин, – дея унинг гапига қўшилган бўлди Эмма.
Бир тарафдан, – деди Бен гапини давом этаркан, – бу – яхши. Бошқа тарафдан олиб қаралса бу унчалик ҳам яхшимас. Сирасини айтганда, даҳшатнинг ўзгинаси.
У яна Эммага боқди, қиз эса боя ўзи жилмайган каби табассум қилди.
Қиз тушуниб турарди. Бу худди пианинодаги қаби. Йигит унинг олдида соатлаб ўлтириши мумкин ва қиз ўзини бундан бағоятда бахтиёр сезарди.
Улар емакхонадан чиқиб қиз ишлайдиган универмаггача икки квартал пиёда йўл босдилар.
Хўп, хайр, – деди йигит.
Хайр, Бен, – деди Эмма.
Йигит кўча бўйлаб пастга тушиб кетди, қиз эса универмагга кирди. Нима бўлганда ҳам, Эмма ишонардики, ажойиб кунларнинг бирида йигит ўзи истаган пианинога ҳам, қолган барча орзу-истакларига ҳам эришади.

Рус тилидан Алишер Файзуллаев таржимаси

02Doʻkonga kirib oʻsha burchakdagi kichik pianino tepasiga bordilar. Emma uning chehrasida tabassum yoyilganini koʻrdi va toʻsatdan koʻnglini allaqanday ishonchsizlik chulgʻab oldi: qachondir uni tushuna olarmikan? Yoki hozirgidek u bilan yelkama-yelka yurib, uni hammadan ham yaxshi tushunaman deb dafʼatan uni hecham bilmasligini anglab qolarmikan? U kichik pianino qarshisida turib olgancha unga mehr bilan boqardi.

Uilyam SAROYAN
IKKI HIKOYA
09

05XX asr AQSH adabiyotining taniqli vakili, armaninajod yozuvchi Uilyam Saroyan (1908-1981) kichik hikoyalar ustasidir. U 1908 yilning 31 avgustida Kaliforniyada shtatidagi Fresno shahrida armani yozuvchisi oilasida tavallud topgan. Yozuvchi sakkiz yoshidanoq ogʻir mehnat qilishni boshlaydi. Uilyam Saroyan hammavaqt oʻz qaygʻu va quvonchlarini hikoyalarining qahramonlari boʻlgan Amerikaning qashshoq odamlari bilan birgalikda baham koʻrgan. Uning asarlari asosida juda koʻp filmlar suratga olingan. Ularning biri uchun Oskar mukofotiga sazovor boʻlgan. Mashhur oʻzbek rejissyori va rassomi Rustam Hamdamov 1967 yili Saroyanning “Togʻlardadir qalbim” pyesasi asosida suratga olgan filmi oʻsha davr sovet kino sanʼatida yangi yoʻnalish sifatida tan olingan

SOATIGA 60 MIL

Biz uning shahardan shosse boʻylab soatiga 50 mil tezlikda yeldek uchib oʻtishini koʻp bor kuzatganmiz. Akam Mayk har safar uning ortidan jahl va xasad bilan qarab qolardi.
Ana, yana oʻsha, – derdi Mayk. – Jin ursin, qayerga ketyapti ekan, nima deb oʻylaysan?
Hech qayerga, menimcha shunchaki chigilini yozgani chiqqan boʻlsa kerak, – derdim men.
Ammo hech qayerga bormayotgan, shunchaki ketayotgan odam bunchalar shoshmaydi.
Balki u moshinaga erk berib, kuchi nimaga yetishini bilib olmoqchidir.
Moshina juda tez ketyapti, – derdi Mayk gʻijinib. – Jin ursin, bu yerdan chiqib qayerga borarkin? Faulerga boʻlsa kerak, aniq. Oʻsha rasvo shaharchaga!
Yoki Xanfordga, – derdim men ham jim oʻtirmay. – Yoki boʻlmasa Beykersfildga. Beykersfildga ham shu katta yoʻl olib borishini unutma, u shu tezlikda 3 soatda shaharga yetib oladi.
Ikki soatda, – deya aniqlik kiritdi Mayk, – hatto 10-15 daqiqa avval borishi ham mumkin.
Mayk oʻn ikkida, men esa oʻn yoshda edim. Oʻsha paytlar, yaʼni 1918 yilda ikki oʻrinlik avtomobil-kupe juda kulgili boʻlib, xuddi gʻildirak oʻrnatilgan sabzavot qutisini eslatar, yana mashinani soatiga 50 mil tezlik bilan yurishga majbur qilish oson emasdi. Ayniqsa “ford” kupeni. Bu odam mashinasining motorini oʻzgartirgani koʻrinib turardi. U oʻzining mittigina sariq kupesini poyga avtomobiliga aylantirgandi.
Biz har kuni uning mashinasi shahardan Fauler tomon ketayotganini, oradan bir soatlar oʻtib ortga qaytishini kuzatardik. Avtomobil shahardan chiqar ekan, oʻqdek uchib oʻtar, baʼzida xuddi quturgandek gumbirlar, qaltirab, irgʻishlab borar, rul chambaragini tutgan odam esa labiga sigaret qistirgancha butun dunyoni unutib iljayardi. Ortga qaytishda esa mashina tezligini soatiga 10 mildan oshirmas, haydovchi ham horgʻin koʻrinar, jim qaytardi.
Haydovchi haqida biror narsa deyish qiyin edi. Yoshini ham, millatini ham anglab boʻlmasdi. Koʻrinishidan, garchi qirqdan oshmagandek koʻrinsada, aslida oʻttizga ham bormagan boʻlishi mumkin edi. Bundan tashqari u na italyan, na yunon, na rus, na xitoy, na yapon, na nemis, umuman olganda, bizga maʼlum biror millatga mansub emasdi.
Amerikalik boʻlsa kerak, – derdi Mayk. – Allaqanday kommivoyajyor. Shosse boʻylab kichkinaroq shaharchaga borish uchun moshinani yeldirib ketadi, bir-ikki narsa sotib shoshilmay ortiga qaytadi.
Boʻlishi mumkin, – derdim javoban.
Ammo aslida men bunday deb oʻylamasdim. Menimcha u shosse boʻylab zingʻillab uchishni, olatasir yurishni xush koʻradigan oddiy yigit edi, xolos.
Oʻsha yillar avtomobil poygalari davri edi: Dario Resta, Jimmi Merfi, Jimmi Shevrole kabi yigitlar oxir-oqibat poyga trekida sodir boʻlgan halokatlar tufayli oʻlib ketdilar. Butun Amerika es-hushini tezlik deb yoʻqotgandi. Mayk ham qayerdandir pul topib, eskiroq mashina olishni, uni taʼmirlagach oʻqdek uchirib haydashni istardi. Kamida soatiga 60 mil tezlikda. Buning uchun qattiq mehnat qilish kerak edi. Faqat bir narsa – pul yetishmasdi xolos.
Oʻzimga moshina sotib olay, – derdi akam, – haqiqiy tezlikni oʻshanda koʻrasan.
Hech qanaqa moshina sotib olmaysan, – derdim men. – Qaysi pulingga axir?
Qayerdan boʻlsa ham pul topaman.
Avtoyoʻl uyimizning qarshisi boʻylab Rozenberglar kompaniyasining quritilgan mevalar omborxonasidan yarim mil janubdagi Temir yoʻl koʻchasi tomon oʻtib ketgandi. Rozenberglar – toʻrt aka-uka edilar. Ular musallasbop rezavorlar, shaftoliqoqi, turshak, mayiz kabilarni sotib olib, chiroyli faner qutilarga joylashar, soʻng butun mamlakat boʻylab, hatto okean ortiga, Yevropaga ham joʻnatar edilar. Ular har yoz shaharning biz turadigan qismidan odam yollar, ayollar mahsulotni qutilarga joylasalar, erkaklarga ogʻirroq ish buyurilar, ular kichik vagonchalarni sudrashardi. Mayk ham ish soʻrab borgandi, Rozenberglardan biri unga kelasi yil kelishni tayinlabdi, oʻsib kuchga toʻlishi kerak emish. Hech narsadan koʻra shuning oʻzi ham katta gap edi, ammo Maykning oʻzi qachon katta boʻlishini kutib oʻtirishni umuman istamasdi. U doimo jurnallardan bahaybat Layonel Strongfort yoki Erl Liderman kabi boshi uzra bir qop unni bemalol oʻynata oladigan bahodirlar haqidagi maqolalarni izlab topardi. Mayk ular bu natijaga qanday erishganlarni bilishni istardi. U “Koinot” sport maydonchasiga qatnaydigan, turnikda tortilib oyoq mushaklari rivojlanishi uchun har kuni yuguradigan boʻldi. Mayk pishiq-puxta boʻlib qoldi-yu, ammo hecham oʻsgani yoʻq. Jazirama kunlar boshlangach, u shugʻullanishni ham toʻxtatdi. Juda issiq edi.
Biz kuni boʻyi eshik oldidagi pillapoyalarga joylashib olgancha oʻtib-qaytayotgan avtomobillarni kuzatib oʻtirardik. Shosse va bizning oramizdan temir yoʻl izlari oʻtgan, atrof kaftdek tekis boʻlgani bois bizga uzoq-uzoqlar ham koʻrinardi. Bizga shahardan chiqib janub tomon gʻizillab borayotgan paravoz shundoqqina koʻrinib turar, biz zinapoyada oʻrnashib olgancha uning tobora yaqinlashib kelishini kuzatar, uning pishillab-pishqirishini eshitardik. Soʻng u yoʻq boʻlib ketguncha ortidan tikilib qolardik. Biz taʼtilni shunday oʻtkazdik.
“SP-797” paravozi kelyapti, – derdi Mayk.
Ha, toʻgʻri, – deya maʼqullardim.
Qara, anavi esa “Santa-Fe-485321”, – derdim men. – Nima deb oʻylaysan, Mayk, vagonlarda nima ortilgan ekan?
Mayiz, – hech bir shubha qilmasdi Mayk. – Rozenberglar mayizi, balki yana musallasbop rezavorlar, shaftoliqoqi yoki turshak ham joylashgandir. Qoyil, keyingi yil yoz kelishi bilan Rozenberglar qoʻlida ish boshlayman va oʻzimga moshina sotib olaman!
Qoyil! – derdim men ham.
Rozenberglar haqidagi birgina gap ham Maykni hayajonga solardi. Shunaqa paytlar u darhol oyoqqa turardi-da qoʻllarni musht qilib xayoliy raqibi bilan boks tushishni boshlar, xuddi professional bokschi kabi pishqirar, har-har zamon ishtonini koʻtargancha pish-pishlab, xurxurlab qoʻyardi. Qoyil! Rozenberglarning qoʻlida u nimalar qilmaydi deysiz! Mayk uchun uning Rozenberglar qoʻlida ishlamasligi, eskiroq mashina sotib olish uchun pul jamgʻara olmasligi va uning motorini toʻgʻrilab tezligini soatiga 60 milga chiqara olmasligi dahshatga solardi. U eshik oldidagi pillapoyaga oʻtirib olgancha oʻtib-qaytayotgan avtomobil va poyezdlarni kuzatarkan, kuni boʻyi oʻsha oʻzining boʻlajak shaloq aravasi haqida soʻzlardi. Katta koʻcha boʻylab sariq kupe oʻtib ketayotganini koʻrganda esa birdan soʻlib qolardi: u nihoyatda tez edi-da. U soatiga 50 mil bilan mashinasini uchirib ketayotgan oʻsha yigitga xasad bilan boqardi.
Oʻz mashinam boʻlganida edi, – derdi Mayk, – bu mishiqiga haqiqiy tezlik qanaqa boʻlishini koʻrsatib qoʻyardim.
Baʼzan shaharga tushib turardik. Toʻgʻrirogʻi, har kuni, hech qursa bir marotaba shaharga qatnardik. Ammo kun oʻtishi qiyin kechar, bizga u haftadek tuyular, shaharga ham xuddi bir haftadan beri tushmagandek boʻlardik. Aslida esa kechagina shaharni koʻrgan boʻlib chiqardik. Biz shaharga borar, koʻchalarni changitib yurar, keyin esa yana ortga, uyga qaytardik. Aslini olganda-ku, boradigan joyimizning tayini ham yoʻq edi, biroq biz Brodveydagi eski avtomobillar saqlanadigan ombor va garajlar atrofida laqillashni yoqtirardik. Ayniqsa, Mayk.
Bir kuni biz Brodveydagi Ben Mallok garajida oʻsha sariq “ford” kupeni koʻrib qoldik va Mayk qoʻlimni changallab oldi.
Bu oʻsha, Jo, – dedi u. – Xuddi oʻsha poygachi mashina. Kel, bir kirib koʻraylik.
Biz ichkariga kirdik va mashinaning toʻgʻrisida toʻxtadik. Atrofda hech zogʻ yoʻq, jim-jit. Keyin toʻsatdan mashina ostidan sohibining boshi koʻrindi. Qiyofasidan dunyodagi eng baxtiyor odam u edi goʻyo.
Xello! – dedi Mayk.
Salom, bolalar, – dedi sariq kupening egasi.
Biror nimasi buzilganmi? – deya qiziqsindi Mayk.
Ha, aytarli hech nima, – dedi bunisi ham. – Shunchaki bu qariya oʻziga yarasha parvarishni talab qiladi.
Siz bizni bilmaysiz, – dedi Mayk. – Biz Temir yoʻl koʻchasida, Yongʻoqzor yonidagi oq uyda yashaymiz. Har kuni avtostrada boʻylab qatnashingizni kuzatamiz.
Ha, – dedi u, – aytdim, koʻzimga issiq koʻrinyapsizlar deb.
Akam Maykning aytishicha, – deya suhbatga qoʻshildim men ham, – siz kommivoyajyor ekansiz.
Yoʻq, u adashibdi, dedi u.
Agar kommivoyajyor boʻlmasa, demak hozir kimligini aytadi deb oʻylovdim, ammo u ogʻiz ochmadi ham.
Kelasi yil moshina olishni rejalashtirib yuribman, – dedi Mayk. – Shubhasiz, u tezyurar “shevrole” boʻladi.
Mayk mashina xayoli bilan darrov yengil bokyorcha xamla qila ketdi, lekin zum oʻtmay qotib qoldi, yangi tanishimiz esa qattiq kulib yubordi.
Ajoyib fikr, – dedi u. – Zoʻr fikr!
Soʻng u avtomobil ostidan chiqdi, qoʻliga sigaret olib chekishga tushib ketdi.
Menimcha, mashinangiz soatiga ellik mil tezlikda yurarkan, – deya soʻz qistirdi Mayk.
Aniqroq aytadigan boʻlsak, soatiga ellik ikki mil, – dedi poygachi. – Shu kunlarda mashina tezligini oltmishga chiqarish umidida harakat qilyapman.
Mayk ham xuddi men kabi bu odamni juda yoqtirib qolganini koʻrib turardim. U biz oʻylagandan ancha yosh edi. Ehtimol, nari borsa yigirma beshlarni qarshilagan, biz bilan munosabatda esa oʻn besh-oʻn olti yoshlardagi yigitchadek oʻzini tutardi. Hozir u bizga naq avliyodek koʻrinardi.
Ismingiz nima? – deb soʻradi Mayk.
U shunga oʻxshash savollarni berishni boplarni, shu bilan birga tentak kabi koʻrinmasdi ham.
Bill, – dedi yigit. – Bill Uolles. Atrofdagilar Ildam Uolles deb chaqiradilar.
Mening ismim esa Mayk Flor, – dedi Mayk. – Siz bilan tanishganimdan xursandman. Bu esa mening ukam Jo.
Shundan soʻng Mayk va Uolles qoʻl siqishib olishdi. Mayk yana bir zum havoda boksyorcha xamla qildi.
Bolalar, balki biroz aylanib kelarmiz? – deb taklif qildi Ildam Uolles.
Qoyil! – deya qiyqirdi Mayk oʻziga sigʻmay. Biz sariq kupega otildik. Ildam Brodvey boʻylab mashinani olib oʻtdi. U Rozenberglar ombori toʻgʻrisidan temir yoʻl izlarini bosib oʻtdi-da katta yoʻlga chiqib oldi. Oʻshanda u bizga haqiqiy uchishni koʻrsatib qoʻymoq niyatida gaz tepkisini oxirigacha bosdi. Bir lahzada oʻz uyimiz oldidan soatiga qirq mil tezlik bilan oʻqday uchib oʻtdik, keyin spidometr qirq beshni, ellikni, ellik bir, ellik ikkini, ellik uchni urib qoʻydi va mashina oʻkirib yubordi.
Tezlik soatiga ellik olti milga yetganda biz allaqachon Faulerga kelib qolgandik. Uolles tezlikni pasaytirib toʻxtadi. Juda isib ketgan edik.
Balki muzdek biror nima icharmiz, – deya taklif qildi u.
Biz mashinadan tushib allaqanday doʻkonga kirdik. Mayk ham, men ham bir shishadan qulupnayli suv ichdik, Ildam esa yana bir shishadan uzatdi. Men rad etdim, Mayk esa ikkinchisini ham ichdi.
Ildamning oʻzi toʻrt shisha qulupnayli suvni koʻrdim demadi. Keyin biz tagʻin mashinaga oʻtirdik va Uolles qaytishda juda sekin haydadi, soatiga oʻn mildan oshirmay bordi. Bora-borguncha toʻxtamay mashinasi haqida, soatiga ellik mil tezlik bilan avtostradada uchib oʻtish qanday mazaligi toʻgʻrisida gapirib ketdi.
Shu orqali moʻmaygina pul ishlab topsangiz kerak? – deb soʻradi Mayk.
Bir tiyin ham, – dedi Ildam. – Lekin shu kunlarda bir poyga mashinasini koʻzlab yuribman, ana oʻshanda Okrug yarmarkasida boʻlib oʻtadigan poygada qatnashaman, biroz pul ham ishlab toparman.
Qoyil! – dedi Mayk.
Uolles bizni uyimiz oldida tashlab ketdi, biz esa Mayk ikkalamiz naq uch soatlik sarguzasht haqida suhbatlashdik. Bu juda ajoyib boʻldi. Ildam Uolles deganlari juda yaxshi yigit ekan.
Sentyabrga borib Okrug yarmarkasi ochildi. U yerda uzunligi bir mil atrofidagi tuproqli trek joylashgandi. Devorlarda osilgan afishalardan bildikki, yaqin orada avtomobil poygalari boshlanadi.
Bir kuni bizning eʼtiborimizni bir haftadan beri oʻsha sariq ford kupening shosse boʻylab oʻtmayotgani tortdi. Mayk gap nimada ekanini birdan fahmlab oʻrnidan irgʻib turdi.
Oʻsha yigit yarmarkada, poygada, – dedi u. – Tezroq yur.
Va ikkimiz Temir yoʻl koʻchasi boʻylab chopib ketdik. Soat ertalabki toʻqqizlar edi, poyga esa tushki ikki yarimlarda boʻlar, shunday boʻlsa ham biz oyoqni qoʻlga olib yugurardik. Biz gʻovlardan oʻtib olish uchun ham ertaroq borishimiz kerak edi. Baʼzan loʻkillab, baʼzan qadamlab yarim soat deganda yarmarkaga yetib oldik, ichkariga kirib olish uchun esa naq ikki soat vaqtimiz ketdi. Ikki marta bizni tutib olishdi, ammo oxir-oqibat ichkariga kirib oldik.
Biz tribunaga chiqib oʻrnashib ham oldik. Trekda biri qora, biri yashil tezyurar mashinalar turardi. Biroz oʻtib qora mashina aylana boʻylab harakatlanishni boshladi. U bizning yonimizdan oʻtib ketayotganda esa ikkimiz ham sakrab yuborganimizni bilmay qoldik. Chunki rul chambaragini oʻsha sariq kupening egasi – Ildam tutib turardi. Biz unga tahsin oʻqirdik. Qoyil, u oʻqdek uchar, mashinasi ham dahshatli oʻkirardi. Muyulishlarda burilganda esa atrofni chang bosardi…
Poyga ikki yarimda emas, uchga borib boshlandi. Tribuna odamga liq toʻla edi. Chiziq boʻylab esa yettita poyga mashinasi tizilgan. Ularning dastaklarini aylantirgan edilar, mashinalar taqir-tuqir qilib noiloj oʻt oldilar. Biroz oʻtib ular joyidan qoʻzgʻaldilar, Mayk esa xuddi telba kabi oʻzi bilan oʻzi gaplashar, oʻzicha havoda boks tushib har yonga sakrardi.
Bu birinchi qatnov edi, qisqa, yigirma millik va Ildam Uolles bunda toʻrtinchi boʻlib keldi. Ikkinchi qatnov esa qirq mil edi, Uolles bunda ikkinchi oʻrinni egalladi. Uchinchi – soʻngi qatnov esa yetmish besh mil – bu degani trek boʻylab yetmish besh marta aylanish kerak. Oʻttizinchi aylanaga kelganda Ildam Uolles salgina olgʻa tashlandi, birozgina,. Ana shunda koʻngilsiz hodisa sodir boʻldi – chap tarafdagi oldingi gʻildirak uchib ketdi va mashina havoda shiddat bilan oʻmbaloq oshdi.
Tezlik mashina salonidan Uollesni sidirib oldi-da, barchaning koʻz oʻngida chetdagi taxta devorga itqitib urdi.
Mayk yaqinroqdan koʻrish uchun oyogʻini qoʻliga olib tribunaning pastiga chopdi. Men ham uning ortidan yugurdim va bir nimalar deb soʻkinayotganini eshitdim.
Poyga esa toʻxtatilmadi, bir necha ishchilar yoʻlni toʻsib qoʻygan pachoq mashinani olib chiqib ketdilar, Uollesga esa “tez yordam” mashinasi keldi. Qolgan mashinalar yetmishinchi aylanaga kelishganda, allaqanday kishi tomoshabinlarga murojaat qilib, Ildam Uolles oʻsha joyning oʻzidayoq jon berganining xabarini berdi.
Yo, Xudo!
Oʻsha yigit, – dedi Mayk, – u til tortmay oʻlibdi. Oʻsha, shosse boʻylab oʻzining sariq kupesida uchib oʻtadigan yigit oʻlibdi, Jo! Oʻsha, bizni moshinasida Faulerga olib borgan, qulupnayli suv olib bergan yigit endi yoʻq.
Qorongʻi tushib qolgandi, uyga qaytarkanmiz, Mayk yigʻladi. Birozgina. Men uning yigʻlayotganini ovozidan bilib turardim. Albatta u chinakamiga yigʻlamadi.
Oʻzing oʻylab koʻr, Jo, qanday ajoyib yigit edi-ya, – dedi u. – Shunday yigit oʻlib ketdi.
Biz xuddi ilgarigidek kuni boʻyi eshik oldidagi pillapoyalarga joylashib olgancha oʻtib-qaytayotgan avtomobillarni kuzatib oʻtirar, ammo ikkimiz ham maʼyus tortib qolgan edik. Endi bu yoʻlda sariq kupe minib olgan kishi hech qachon paydo boʻlmasligini bilardik. Har-har zamon Mayk havoda bir-ikki boksyorcha harakatlar qilib qoʻyar, ammo bu ham avvalgilardek emasdi. U hecham shod koʻrinmas, sezilib turardi-ki bundan unga ogʻir, va yana u shu harakatlari orqali Ildam Uolles kabi yigitlar bilan dahshatli hodisalar sodir etadigan allaqanday narsani nakaut qilishni istaydigandek tuyulardi.

PIANINO

Qachon pianinoga koʻzim tushsa, butun badanimni hayajon qamrab oladi.
Rostan? – Emma unga hayron boqdi. – Nega?
Bilmadim, – dedi Ben. – Qarshi boʻlmasang, doʻkonga kirib burchakdagi huv anavi kichik pianinoni koʻrsak.
Chalishni bilasanmi? – deya soʻradi Emma.
Meni chalishni biladi deb boʻlmasa kerak, – dedi Ben.
Unda nima qilasan?
Hozir koʻrasan.
Doʻkonga kirib oʻsha burchakdagi kichik pianino tepasiga bordilar. Emma uning chehrasida tabassum yoyilganini koʻrdi va toʻsatdan koʻnglini allaqanday ishonchsizlik chulgʻab oldi: qachondir uni tushuna olarmikan? Yoki hozirgidek u bilan yelkama-yelka yurib, uni hammadan ham yaxshi tushunaman deb dafʼatan uni hecham bilmasligini anglab qolarmikan? U kichik pianino qarshisida turib olgancha unga mehr bilan boqardi. “Balki u pianinoda yaxshi ijro eshitgan, – deb oʻyladi Emma, – musiqani sevadi va doimo klavishlarga koʻzi tushganda musiqa haqida xotirlaydi hamda oʻzini ham unga allaqanday bogʻliqligi bor deb xayol qiladi”.
Uni chalishni bilsang kerak? – deya qayta soʻradi Emma.
Ben unga qayrilib qaradi. Aftidan, sotuvchi band edi.
Chalishni bilmayman, – dedi Ben.
Emma huddi mohir pianinochiniki kabi uning qoʻllari oq-qora klavishlar ustiga uzanganini koʻrdi, bu holat allaqanday gʻalati ham tuyuldi, hayron qoldi ham. Toʻsatdan yonidagi odam ichiga yashirilganlarni sekin-sekin ochib borishini tushunib qoldi. Unga oʻxshagan kishi pianino chalishi kerak edi.
Ben bir necha sokin akkord chaldi. Uning oldiga birov kelmadi, biror nima sotib olishga ham undashmadi. U tik oyoqda arang klavishlarga qoʻl tekkizar va shuning oʻzida musiqa oqib tushar, buni, uning soʻzlari bilan aytganda, pianino chalish deb atab boʻlmasdi.
Emma buning ajoyibligini anglab yetdi.
U atiga yarim daqiqalar chaldi. Soʻng unga qarab:
Ovozi yaxshi ekan, – dedi.
Menga esa u sening qoʻllaringdan yaxshi ovoz chiqarayotgandek tuyuldi, – dedi Emma unga javoban.
Ha yoʻq, bunda mening nima aloqam bor edi? – dedi Ben hayratlanib. – Pianino haqida aytyapman, uning ovozi ajoyib, ayniqsa shunday kichkina asbob uchun.
Ularning oldiga keksa sotuvchi keldi:
Salom.
Yaxshimisiz, – dedi Ben. – Ajoyib pianino ekan.
Shunday, bu asbobga talab katta. Ayniqsa uy sharoiti uchun juda mos. Biz bunaqalardan juda koʻp sotamiz.
Qancha turadi? – deya soʻradi Ben.
Ikki yuz qirq toʻqqiz dollar, yanayam toʻgʻrirogʻi ellik, – dedi sotuvchi. – Albatta, boʻlib-boʻlib toʻlash sharti bilan ham sotib olish mumkin.
Ularni qayerda ishlab chiqarishgan? – soʻradi Ben.
Aniq aytolmayman. Adashmasam, Filadelfiyada. Bilib berishim mumkin.
Ovora boʻlmang, – dedi Ben uni toʻxtatarkan. – Siz chalishni bilasizmi?
Ming afsuski, yoʻq, – dedi sotuvchi.
Ben yana bir chalib koʻrish istagidaligini u darrov fahmladi.
Marhamat, – dedi qariya. – Yana chalib koʻring.
Men chalishni bilmayman, – dedi Ben.
Ammo men sizning qanday chalganingizni eshitdim, – dedi sotuvchi hayratini yashirmay.
Shuni chalish deyapsizmi? Men birorta ham nota oʻqishni bilmayman.
Menga esa siz juda yaxshi chaladigandek tuyuldingiz, – dedi sotuvchi.
Menga ham, – dedi Emma. – Uning uchun qancha olib kelishimiz kerak?
Ha, shunday deng, – deya hovliqib gapirdi sotuvchi. – Qirq–ellik dollarlar atrofida. Biror nima chaling, iltimos. Yana eshitgim kelyapti.
Agar oʻzimning pianinoyim boʻlganida edi, – dedi Ben, – uning yonida soatlab oʻltirar edim.
Yana bir marta chalib koʻring, – dedi sotuvchi tabassum bilan. – Birov sizga qarshilik qilmaydi.
Sotuvchi stulni unga yaqinroq qilib surib qoʻydi. Ben oʻtirdi va klavishlarga qoʻlini tekkizdi. Uning hozirgi holatini pianino chalish deb boʻlmasdi.
Uning qoʻllari oʻn besh-yigirma soniya klavishlar ustida sayr qildi, nihoyat u allaqanday kuyni tutib oldi va ikki daqiqacha uni qoʻyib yubormadi. Musiqa oxiri sokin, allaqanday gʻamgin yakunlandi. Soʻng u ohangdorlikni kuchaytirdi, Ben chalar va ayni paytda sotuvchi bilan koʻngliga juda oʻtirishgan pianino borasida suhbatlashardi. Keyin u chalishni toʻxtatdi va oʻrnidan turdi.
Katta rahmat, – dedi. – Iloji boʻlganida albatta sotib olardim.
Arzimaydi, – dedi sotuvchi unga javoban.
Ben va Emma doʻkondan chiqishdi. Koʻchada ketib borisharkan, Emma gap boshladi:
Men hatto xayolimga ham keltirmagan ekanman.
Nimani aytyapsan? – dedi Ben.
Seni aytaman-da.
Menga nima qipti?
Ajoyibsan, – deb shivirladi Emma.
Hozir ayni tushlik payti, – deya tabassum qildi Ben. – Men esa pianinolik boʻlish haqidagi orzularimni oqshomga qoldirishni maʼqul bilaman.
Ular kichik yemakxonaga kirdilar, baland stol oldida turib buterbrod va qahva buyurdilar.
Chalishni qayerda oʻrgangansan? – deya soʻradi Emma.
Biror joyda oʻqib-oʻrganmaganman, – dedi Ben. – Qayerda pianinoga koʻzim tushsa, qoʻlimni yugirtirmasam turolmayman. Bolaligimdan shunday. Ehtimol, bu mening qashshoqligimdandir.
U Emmaga qarab jilmaydi. U xuddi oʻshanda pianino tepasida klavishlarga qaraganday tabassum qildi. Emma oʻzini gʻoyatda baxtiyor his etdi.
Agar kishi faqir boʻlsa, – dedi Ben, – uning nazarida oʻzigagina tegishli, uning haqqi boʻlgan koʻpgina narsalarni boy berarkan.
Balki, shunday boʻlishi ham mumkin, – deya uning gapiga qoʻshilgan boʻldi Emma.
Bir tarafdan, – dedi Ben gapini davom etarkan, – bu – yaxshi. Boshqa tarafdan olib qaralsa bu unchalik ham yaxshimas. Sirasini aytganda, dahshatning oʻzginasi.
U yana Emmaga boqdi, qiz esa boya oʻzi jilmaygan kabi tabassum qildi.
Qiz tushunib turardi. Bu xuddi pianinodagi qabi. Yigit uning oldida soatlab oʻltirishi mumkin va qiz oʻzini bundan bagʻoyatda baxtiyor sezardi.
Ular yemakxonadan chiqib qiz ishlaydigan univermaggacha ikki kvartal piyoda yoʻl bosdilar.
Xoʻp, xayr, – dedi yigit.
Xayr, Ben, – dedi Emma.
Yigit koʻcha boʻylab pastga tushib ketdi, qiz esa univermagga kirdi. Nima boʻlganda ham, Emma ishonardiki, ajoyib kunlarning birida yigit oʻzi istagan pianinoga ham, qolgan barcha orzu-istaklariga ham erishadi.

Rus tilidan Alisher Fayzullayev tarjimasi

021

(Tashriflar: umumiy 181, bugungi 1)

Izoh qoldiring