Uilyam Saroyan. Hoy, kim bor? Rauf Parfi tarjimasi. Matn & Radiospektakl

045   Чекка бир қасабанинг кичик турмаси. Камерадаги йигит қошиқ билан полни оҳиста тақиллатади. Бир муддат гўё телеграфда ненидир узатаётгандек овоз беради, ўрнидан туриб, камера бўйлаб юра бошлайди. Камера ўртасида дафъатан тўхтаб, жим қотади…

Уильям САРОЯН
ҲOЙ, КИМ БОР?
08

   ХХ аср АҚШ адабиётининг таниқли вакили, арманинажод ёзувчи Уилям Сароян (1908-1981) кичик ҳикоялар устасидир. У 1908 йилнинг 31 августида Калифорнияда штатидаги Фресно шаҳрида армани ёзувчиси оиласида таваллуд топган. Ёзувчи саккиз ёшиданоқ оғир меҳнат қилишни бошлайди. Уилям Сароян ҳаммавақт ўз қайғу ва қувончларини ҳикояларининг қаҳрамонлари бўлган Американинг қашшоқ одамлари билан биргаликда баҳам кўрган. Унинг асарлари асосида жуда кўп филмлар суратга олинган. Уларнинг бири учун Оскар мукофотига сазовор бўлган. Машҳур ўзбек режиссёри ва рассоми Рустам Ҳамдамов 1967 йили Сарояннинг «Тоғлардадир қалбим» пьесаси асосида суратга олган филми ўша давр совет кино санъатида янги йўналиш сифатида тан олинган.

  Чекка бир қасабанинг кичик турмаси. Камерадаги йигит қошиқ билан полни оҳиста тақиллатади. Бир муддат гўё телеграфда ненидир узатаётгандек овоз беради, ўрнидан туриб, камера бўйлаб юра бошлайди. Камера ўртасида дафъатан тўхтаб, жим қотади. Афтидан ярадор бошини авайлаб ушлаб кўради. Атрофга аланглайди, кейин бақиради.

Йигит. Ҳой ким бор? Ким бор?!
Сукут.
Ҳой, жавоб бер, кимдир борми?
Узоқ сукут.
Ҳой, ким бор?!

Бир қизнинг ғоят оҳангдор ва нозик овози эшитилади.

Овоз. Ҳе-ей!
Йигит. Кейти, бу сенмисан?
Овоз. Йўқ. Мен Эмилиман.
Йигит. Ким дейсан? (Сабрсиз оҳангда) Ҳей, эшитяпсанми?
Овоз. Эмили!
Йигит. Қанақа Эмили? Мен ҳеч қандай Эмилини танимайман. Бундан уч йил бурун Салинасда Сэмнинг қаҳвахонасида учратганим… ўша қиз эмасмисан?
Овоз. Йўқ, мен бу ерда ошпаз ўрнидаман. Ошпазман. Салинасда ҳеч қачон бўлмаганман. Мен унинг қаерда эканини ҳам билмайман, ҳатто.
Йигит. Ошпазман, дегин.
Овоз. Ҳа.
Йигит. Сен нима тайёрлайсан ўзи… бирор егуликми?
Овоз. Нимани буюришса, шуни тайёрлайман. (Сукут) Зерикдингми у ерда?
Йигит. Бўридай увилласам дейман. Бўкиришимни эшитяпсанми? Ҳей, ким бор?!
Овоз. Кимни чақиряпсан?
Йигит. Кимни ҳам чақирардим, умуман. Ҳаммани эслашга ҳаракат қилдим, кимга хат ёзсам экан, деб, йўқ, ҳеч кимни эслай олмадим.
Овоз. Кейти-чи?
Йигит. Ҳеч қандай Кейтини билмайман.
Овоз. “Сен Кейти эмасмисан?” деб ўзинг сўрадинг-ку.
Йигит. Чиройли исм-да Кейти. Бу исм менга жуда-жуда ёқади. Аммо бундай исмли қизни ҳеч қачон учратмадим.
Овоз. Мен биламан бундай исмли қизни.
Йигит. Наҳотки?! Ўзи қандай у қиз? Баланд бўйлими, кичкинами?
Овоз. Кичкина.
Йигит. Ҳей, эшитяпсанми? Ўзинг қанақа қизсан?
Овоз. Қайдан билай мен?
Йигит. Ҳеч ким сенга айтмаганми? Бирор кимса гапирмаганми бу хусусда?
Овоз. Нима хусусида?
Йигит. Ўзинг биласан-ку? Гапирмаганми?
Овоз. Йўқ, гапирмаган.
Йигит. Воҳ, галварслар-э, наҳот шунчалик бўлсалар-а? Овозингдан билиб турибман – сен кетворган қизсан.
Овоз. Балки шундайдир, балки унчалик эмасдир.
Йигит. Мен ҳам ҳеч қачон янглишмаганман.
Овоз. Жа, кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам турмада ўтирибсан.
Йигит. Энди, бу – янглишмовчилик.
Овоз. Айтишларича, бировни зўрлаганмишсан.
Йигит. Бўлмағур гап, уйдирма бу!
Овоз. Бўлмағур гап, аммо худди бўлгандек.
Йигит. Тентаклар.
Овоз. Ҳа, омадинг келибди… Қўрқяпсанми?
Йигит. Худо ҳаққи, жудаям (Дафъатан) Ҳей, ким бор?!…
Овоз. Нега ҳадеб бақираверасан?
Йигит. Сиқилиб кетдим. Бўридай увлагим келяпти. (Чўзиб) Ҳе-ей, жавоб бер, ким бор?..

Ён атрофдаги панжара эшик олдида қиз пайдо бўлади. Одми кўйлакда, соддагина бир қиз.

Қиз. Мен ҳам жуда зерикдим, жуда.
Йигит. (Айланиб унга боқаркан) Наҳотки? Алдамаяпсанми? Зерикарлими сенга ҳам бу ғаддор муҳит?
Қиз. Менинг ҳам бўридай увлагим келяпти.
Йигит. Кимни соғиниб зерикяпсан?
Қиз. Билмайман.
Йигит. Мен ҳам билмайман. Мана бундай кавакка тиқиб қўйганларидан кейин таниш қизларингни ҳамда танишга улгурмаган қизларингни эсласанг, яна-да зерикарли бўларкан.
Қиз. Тушунарли, нимасини айтасан.
Йигит. Оҳ, нақадар аянчли! (Сукут) Сен гўзал қизсан, билсанми ўзинг?
Қиз. Валдирама!
Йигит. Йўқ, валдираётганим йўқ. Гўзалсан, ҳатто аҳмоққа ҳам кўриниб турибди. Сен, эҳтимол, бу ёруғ дунёда энг гўзал қизсан.
Қиз. Мен мутлақо унақа эмасман, сен буни яхши билиб турибсан.
Йигит. Йўқ, сен шундайсан. Мен сендан чиройлироғини ҳали шунча дунё кезиб кўрганим йўқ. Техасда омадим юришиб кетишини билардим.
Қиз. Омад? Сен ахир турмадасан. Бу ерда сенга тишларини қайраб турганларнинг ҳисоби йўқ.
Йигит. Бўлмаган гап. Чиқиб кетаман!
Қиз. Ким билади, дейсан.
Йигит. Йўқ, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Бугундан бошлаб.
Қиз. Нега энди бугундан бошлаб?
Йигит. Яъни, сени кўргандан бошлаб. Энди мен ниманинг қадрига етишим кераклигини биламан. Шу пайтгача ҳаммасига тупурардим, унақасига ҳам, бунақасига ҳам. Чарчадим. (Сукут) Бирор ишнинг калавасини тополмасдан чарчадим, сира қўлга киритолмадим. Ҳозир эса чарчоқни ҳам унутиб қўйдим. (Кутилмаганда) Ҳей, кимдир борми, эшитмаяпсанми?
Қиз. Э-э, яна кимни чақиряпсан?
Йигит. Сени.
Қиз. Мен шу ердаман-ку.
Йигит. Биламан. (Бақирди) Ҳей, эшитяпсанми?
Қиз. Ҳей, эшитяпман!
Йигит. А-ҳа, сенмисан, малагим! (Сукут) Мен сенга уйлансам дейман. Мен сен билан кетишни хоҳлайман. Мен сени Сан-Францискога ўзим билан олиб кетаман. Мен энди тирилдим. Шундай пул ишлай-ки! Уларни эҳтиёт қилиб сарфлашни ўрганаман. Пулимиз ғарам-ғарам бўлади.
Қиз. Йўғ-э?
Йигит. Ҳа-да. Исминг нима эди?
Қиз. Эмили.
Йигит. Буни биламан. Давоми?
Қиз. Худо ҳаққи рост. Мени шундай аташади. Эмили Смит.
Йигит. Сен бу дунёдаги энг ғаройиб қизсан, биласанми?
Қиз. Нима учун?
Йигит. Нима учунлигини билмайману, лекин шундайсан, вассалом. Қаерда туғилгансан?
Қиз. Матодорда, Техасда.
Йигит. Матодоринг қаерда?
Қиз. Шу ернинг ўзида.
Йигит. Ие, бу ер Матодорми?
Қиз. Ҳа, бу ер Матодор. Сени Вилингдан олиб келишди.
Йигит. Қизиқ, мен Вилингда эдимми?
Қиз. Нима, сен қайси шаҳардалигингни билмаганмидинг?
Йигит. Ҳамма шаҳарлар бир гўр. Ҳеч фарқи йўқ бир-биридан. Вилинг бу ердан узоқми?
Қиз. Ўн олтими, ўн еттими миль нарида. Қаерга олиб кетаётганларини билмасмидинг?
Йигит. Ҳушдан кетиб, тахта бўлиб қолсам, қандай қилиб билайин. Кимдир бошимга қўрғошин қувур биланми ёки шунга ўхшаш нарса биланми туширганини илғайман. Нима учун шундай қилдийкин-а?
Қиз. Зўрлаганинг учун. Улар шунақа дейишди.
Йигит. Қип-қизил бўҳтон! (Саросималаниб, ўзига-ўзи) У мендан пул талаб қилди.
Қиз. Пул?
Йигит. Ҳа-да. Омадсизлигимни синдираман, деб бир шалақ қасабадан бошқасига сарсон-саргардон югурсанг-елсанг, бирор меҳрибон учрармикан деб қақшасанг-у, мана сенга. У аёл пул талаб қилса. Мен унга ҳам ҳаёт зерикарли экан, деб ўйлабман.
Қиз. Эҳтимол, чиндан ҳам шундайдир?
Йигит. У шунчаки, у аёл анақалардан…
Қиз. Шу воқеа бўлмасайди, мен сен билан учрашмас эдим.
Йигит. Ким билади дейсан, балки, бу тарафларга йўлим тушарди, балки, шаҳарнинг қаеридадир сени учратардим. Мен сени дарров таниб олардим!
Қиз. Йўғ-э!
Йигит. Гап тамом, вассалом, бир қарашда таниб олардим.
Қиз. Хўп, кейин-чи?
Йигит. Кейин нима бўларди, сен меники бўлардинг.
Қиз. Ростанми?
Йигит. Худо ҳаққи, ҳа, меники бўлардинг!
Қиз. Сен бу гапларни турмада ўтирганинг учунгина гапиряпсан.
Йигит. Мутлақо ундаймас. Бас, нарсаларингни йиғиштириб, мени кут. Биз бу ердан тўппа-тўғри Сан-Францискога қочамиз.
Қиз. Сен шунчаки ёлғизсан, шундан бари нарса зерикарли туюляпти сенга.
Йигит. Мен учун ҳаёт доим зерикарли, бутун умрим зерикарли ўтди, бу дардга дармон йўқ. Лекин биз бирга бўлсак, сен ва мен шундай яшаймизки, ортиғи ортиқ. Сен менга омад келтирасан. Мен биламан.
Қиз. Нима учун сен ҳамиша омадни қувиб яшашинг керак?
Йигит. Мен болаликдан қиморбозман. Меҳнат-пеҳнат деганини билмайман. Мен ё омадни кутишим керак ёки… умуман ҳеч нарсага ярамайман. Охирги йилларда омад менга кулиб боқмади. Икки йил у девордан бу деворга бошимни урдим. Бўлмади. Омадсизликни кўр, шу разил Вилингга тушиб қолибман. Омадсизлик ўзимнинг кўланкамдек доим таъқиб қилади мени. Шунинг учун ҳам бу ердаман, шунинг учун ҳам калламни ёришларига оз қолди. Аниқ, бу ўша даюс чолнинг қўли.
Қиз. Ўша хотиннинг отасими?
Йигит. Йўқ, эри. Агар шунақа қичима аёл менинг хотиним бўлганда, аллақачон жарга ирғитворган бўлардим.
Қиз. Агар мен сен билан бирга бўлсам, ишларинг юришиб кетади, деб ўйлайсанми?
Йигит. Бўлмасам-чи, албатта! Кўча-кўйларда итдай санқиб, бировларга анқайишнинг нимаси яхши? Доим ёнингда кимингдир бўлса, қиш совуғида, ҳаммаёқ гуллаб-яшнаган баҳорда, иссиқ ёзда, бемалол чўмилишинг мумкин, қандай яхши: йилнинг тўрт фаслида, ёмғирда, ҳамма вақт, то ўлгунча одамнинг ёнида юрадиган кимидир бўлиши керак. Узоқ йиллар қадрлай оладиган одаминг бўлса, ёмонлигингни билиб турса-да, сени, барибир, севадиган одаминг бўлса. Биламан, мен яхши одам эмасман, лекин нима қилай, иложим қанча, қўлимдан нимаям келарди. Агар сен мен билан бирга кетсанг, мен яхши одам бўлардим. Тентакликни йиғиштирардим. Биласан-ку, ёнингда пулинг борми, энди сен тентак бўлолмайсан, энди сен сипо бир одамсан, чунки энди сенинг номингдан пулинг гапиради. Менда жарақ-жарақ пул, сен эса дунёда энг гўзал, энг доно қиз бўласан. Биз иккимиз Сан-Франциско бўйлаб қўлтиқлашиб, мағрур сайр қилиб юрамиз. Ҳамма бизга анграйиб қарайди.
Қиз. Наҳотки анграйиб қарашса?
Йигит. Бўлмасам-чи! Мен кийиниб олишга улгурсам бўлди, қўлтиғингдан оламан-да, Кейти, кўрасан ўзинг уларнинг анграйишларини. Чиндан-да қараса қарагудек.
Қиз. Кейти?!
Йигит. Ҳа, энди бу исм сеники. Сен Кейти деб атайдиганим биринчи қиз бўлдинг. Бу исмни сен учун асраб келдим. Ёқадими?
Қиз. Ёқади.
Йигит. Мен қачондан буён бу ердаман?
Қиз. Ўтган кечадан бери. Эрталабгача ўрнингдан қимирламадинг.
Йигит. Соат неча? Тўққиз бўлгандир?
Қиз. Ўн.
Йигит. Бу сассиқ камеранинг калити сенда борми?
Қиз. Йўқ. Калитни менга ишонишмайди.
Йигит. Лекин сен топиб келишинг мумкинми уни?
Қиз. Йўқ.
Йигит. Ҳаракат қилиб кўрсанг-чи!?
Қиз. Мени калитга яқин йўлатишмайди. Агар турмага аристонлар келса, фақат пишириқ тайёрлайман, супураман, шунга ўхшаш юмушлар.
Йигит. Гап бундай, мен бу ердан чиқиб кетишим керак. Бу дўконнинг эгасини танийсанми?
Қиз. Танийман, лекин сени қўйиб юбормайди. Айтишларича, сени бошқа шаҳарга ўтказишар экан.
Йигит. Нега энди?
Қиз. Қўрқишади.
Йигит. Нега қўрқадилар, нимадан?
Қиз. Тунда бу ерга Вилингдан одамлар келиб, турмага бостириб киришларидан қўрқишади.
Йигит. Ана холос! Нима керак ўзи уларга?
Қиз. Нима кераклигини гўё билмайсан-а?
Йигит. Ҳа-а, биламан.
Қиз. Қўрқяпсанми?
Йигит. Албатта, қўрқяпман… Энг даҳшатлиси – нимадан қўрқаётганингни билмаслик! Агар одамлар тентак бўлмаса, баҳслашишинг мумкин. Тентаклар билан баҳслашиб бўлмайди, улар фақат ўзлариникини ушлаб оладилар. Бу ердан кетишимга ёрдам бер!
Қиз. Қандай қилиб?
Йигит. Калит кимда бўлса, ўшани топ, у билан суҳбатлашишни хоҳлаётганимни айт.
Қиз. У уйга кетган. Ҳаммалари кетган.
Йигит. Бундан чиқди, бу ерда бир ўзим эканман-да.
Қиз. Шундай… агар мени ҳисобга олмаса.
Йигит. Нега бундай? Нима учун? Наҳотки бу ерда ҳеч ким қолмаса?
Қиз. Кечаси ҳамма уйига кетади. Мен ҳам у ёқ-бу ёқни йиғиштириб, кетишим керак эди. Бугун тутилиб қолдим.
Йигит. Нега?
Қиз. Сен билан гаплашай дедим.
Йигит. Нима ҳақда?
Қиз. Билмадим… Оқшом сенга қараб турдим. Сен тушингда гапирдинг. Мен сенга ёқиб қолганимни англадим. Сен ўзингга келганингдан кейин ҳам мени ёқтириб қолишингни сира ўйламаган эдим.
Йигит. Наҳотки? Нега?
Қиз. Билмадим.
Йигит. Сен чиндан-да малаксан.
Қиз. Ҳеч ким мен билан гаплашмаган. Бари шаҳар йигитлари… улар… (Жим бўлади)
Йигит. Нима улар? (Сукут) Улар нима, ахир? Гапир, гапир.
Қиз. Устимдан кулишади.
Йигит. Сенинг устингдан-а?! Галварслар! Эҳ, нимани тушунарди улар! Бор, йиғиштириб ортингга қайт. Мен сени Сан-Францискога олиб кетаман. Ёшинг нечада?
Қиз. Ў, мен аллақачон катта қизман.
Йигит. Ёшинг нечада, фақат алдама.
Қиз. Ўн еттида.
Йигит. Майли, ота-онангни олиб кел. Кетиш олдидан никоҳдан ўтамиз.
Қиз. Улар мени қўйиб юбормайдилар.
Йигит. Нима учун?
Қиз. Билмайман. Лекин қўйиб юборишмайди, аниқ қўйиб юборишмайди.
Йигит. Отангга айт, ўжарлик қилмасин. Тушундингми? У фермер эмасми?
Қиз. Йўқ, ҳеч киммас. Уни қаердадир майиб қилганлари учун нафақа тўлайдилар. Унинг ёнбоши оғрийди. Билмадим, у ерда нима жойлашган.
Йигит. Муғомбир у, билдингми? Аммо сени бу ердан барибир олиб кетаман.
Қиз. Ишлаган пулимни ҳам юлиб олади.
Йигит. Ҳаққи йўқ!
Қиз. Биламан, лекин у тортиб-юлиб олади.
Йигит. (Ўзича) Шундайин қасабада туғилганингни қара, яна устига устак гўрсўхта отангдан ўргилдим!
Қиз. Баъзида унга раҳмим келади.
Йигит. Раҳминг келмай қўяқолсин. (Бармоғини маънодор кўтаради) Отанг билан бир нарса қилиб келишиб оларман. Икки-учта илмилиқ сўз топаман унинг учун.
Қиз. Кўриниб турибди.
Йигит. (Дафъатан) Ҳей, кимдир борми?!. Эҳ, агар сен анави калитли меровни олиб келиб, мени бу ердан чиқариб юборганингда эди…
Қиз. Ахир қўлимдан келмайди-ку!
Йигит. Нима учун?
Қиз. Мен билан бу ерда ҳисоблашишмайди. Ҳаммаси бўлиб оладиганим – кунига эллик цент, баъзи кунлар ўн икки соатлаб ишлайман. Мен билан ҳисоблашишмайди
Йигит. Қанча тўлашади дединг?
Қиз. Эллик цент.
Йигит. (Атрофга олазарак қараб) Эшитяпсизми?! Сенга бир боқишлари учун ҳақ тўлашлари керак. Сен нафас олаётган ҳаводан нафас олаётганлари учун тўлашлари керак. Тушунмайман! Тушунмайман, наҳотки бунинг охири бўлмаса! Бу ердан қутқар мени, Кейти. Мен қўрқяпман.
Қиз. Нима қилишимни билмайман. Дарвозани синдира оларман, балки.
Йигит. Кучинг етмайди. Тўқмоқ йўқми бу ерда? Ёки шунга ўхшаган бирор нарса борми?
Қиз. Фақат супурги бор. Супургини ҳам қулфлаб қўйишгандир.
Йигит. Бориб қара-чи, бирор нарса топилмасмикин?
Қиз. Хўп. (Кетади)
Йигит. Ҳей, кимдир борми?! Ҳей, ким бор?! (Сукут) Ҳей, эшитяпсанми? (Сукут) Турмага ўтқаздингми мени?! (Нафрат билан) А-а? Одамни зўрлашми?! Дунёда нимаики эзгулик бўлса, борини зўрлаётганлар, эзиб-топтаётганлар – улар! (Дафъатан) Ҳей, кимдир борми! Ким бор!..
Қиз. (Қайтаркан) Ҳеч ерда ҳеч нарса йўқ. Ҳаммасини қулфлаб кетишган.
Йигит. Эҳтимол, сигарет бордир?
Қиз. Ҳамма ғаладонларни, ҳамма жовонларни қулфлаб кетишган. Ҳаммасини.
Йигит. Жуда чекким келяпти!
Қиз. Бирор жойдан бирор қути топсам бўлар. Менимча, дорихона ҳали очиқ бўлса керак. Бу ердан бир миль нарида.
Йигит. Бир миль?.. Бунча узоқ қолишни истамайман.
Қиз. Югуриб бориб, югуриб қайтишим мумкин.
Йигит. Ер юзида энг ажойиб қизсан сен!
Қиз. Қанақасидан олайин?
Йигит. Қанақаси бўлса ҳам майли – “Честердоилд”, “Кэмел” ёки “Лакки Страйк”, ҳар қанақасиям бўлаверади!
Қиз. Ҳозир. (Югуришга шайланади)
Йигит. Пул-чи, пул?
Қиз. Менда бироз бор. Чорак доллар яшириб қўйгандим. Бутун йўл бўйлаб югураман. (Кетиш учун қайрилади)
Йигит. Тўхта!
Қиз. (Унга яқинлашади) Нима гап?
Йигит. Қўлингни бер. (Қизнинг қўлларини ушлаб, унга кулиб қарайди. Кейин лабларига босади.) Ўлгудек қўрқаман.
Қиз. Мен ҳам.
Йигит. Бу Худо урган қасабага ортиқ ҳеч ким келмайди ва сени тополмайди, деб қўрқаман. Атрофингдаги ҳамма нарсага кўникасан, ҳаммаси билан келишиб кетасан, деб қўрқаман. Ҳеч қачон сен Сан-Францискога боролмайсан, сенга анграйиб қарашларини кўролмайсан, деб қўрқаман.
Қиз. Ҳа, тўппончани отамдан оламан. Қаерда сақлашини биламан.
Йигит. Ол! Сигаретга тупур!.. Бор кучинг билан югур!

Қиз қочиб кетади. Йигит камера ўртасида узоқ муддат жим қолади.

Қиз. (Ортига қайтиб, йиғламсираб.) Қўрқяпман. Ортиқ сени кўролмайман, деб қўрқяпман. Қайтиб келганимда сен бу ерда бўлмасанг, мен…
Йигит. Ҳей, эшитяпсанми!
Қиз. Шаҳар бўм-бўш. Бир тирик жон йўқ, фақат шамол ҳасратли увуллайди. Мен шу ерда қоламан. Сени олиб кетишларига йўл қўймайман.
Йигит. Эшит, Кейти. Менинг айтганимни қил. Тўппончани ол-да, орқага қайт. Эҳтимол, бу тун улар келмаслар. Эҳтимол, умуман келмаслар. Мен тўппончани яшираман, мени чиқариб юборишгач, қаердан олган бўлсанг, яна жойига қўясан. Кейин биз кетамиз, бўл энди, шошил.
Қиз. Хўп. (Сукут) Мен сенга бир нарса демоқчи эдим…
Йигит. Қани, айт…
Қиз. (Нозли) Агар келганимда сен бу ерда бўлмасанг, тўппонча бор, уларни нима қилишни ўзим биламан!
Йигит. Отишни биласанми?
Қиз. Биламан.
Йигит. Довдирама. (Бошмоғини ечади, унинг ичидан пул олади.) Тентак бўлма, эшитяпсанми? Мана бу пул. Саксон доллар. Уни олгин-да, Сан-Францискога жўна. Теваракка қараб, бироз одамбашара бирортасини топ, эшитяпсанми? Келганингда мен бу ерда бўлмасам, тўппончани ташла, тўғри Сан-Францискога бор, менга ваъда бер. Бирорта инсон топилиб қолар.
Қиз. Мен ҳеч кимни ахтармайман.
Йигит. (Тез, изтироб билан) Менинг айтганимни қил! Мен сени Сан-Францискода кутаман. Бошмоғимнинг у пойида ҳам нимадир бор. Мен сени Сан-Францискода топиб оламан.
Қиз. (Иккиланиб) Сан-Францискода?
Йигит. Ҳа, Сан-Францискода. Бу шаҳар жуда бизбоп-да.
Қиз. Мен доим катта шаҳарга кетишни хоҳлардим. Лекин қандай қилиб бир ўзим ёлғиз бора оламан?
Йигит. Лекин энди сен ёлғиз эмассан, эшитяпсанми?
Қиз. У қандай шаҳар ўзи, бироз гапириб бер.
Йигит. (Тез, аввал, ҳатто сабрсизлик билан, сўнгра оҳиста-оҳиста, кулимсираб эслай бошлайди. У сокин ҳикоя қиларкан, қиз йигит томон яқинлашиб боради.) Аввало, у Тинч океани соҳилида, қаёққа қарама – океан. Намхуш туман ва чағалайлар. Ингичка йўлаклар гоҳ баландга, гоҳ пастга шўнғиётгандек кўринади. Ҳар кеча туманлар ичидан сиреналарнинг увлаши таралади. Лекин биз уларнинг ингроғини эшитмаймиз.
Қиз. У ерда, Сан-Францискода одамлар бошқачами?
Йигит. Ҳамма ерда одамлар бир хил. Қачондир, кимнидир севиб қолсалар, ўзгача бўлиб қоладилар. Фақат севги инсонларни ўзгартира олади. Сан-Францискода эса севишганлар кўп. Бори шу.
Қиз. Ҳеч қаерда сени ҳеч ким менчалик сева олмайди.
Йигит. (Атрофга шивирлаб.) Бу сўзларни эшитаркан, инсон ўлимга ҳам тайёр бўлади. Ўлаётиб, барибир, ўзини бахтиёр ҳисоблай олади. Энди шошилишинг керак. Унутма, агар сен қайтиб келганингда, мени бу ерда тополмасанг, билгинки, мен сени Сан-Францискода излаб юрган бўламан.

Қиз йигитга термулади, сўнг тараддудланади, кейин қайрилиб чиқиб кетади. Йигит унинг ортидан таҳликали табассум билан қараб қолади. Дафъатан ўтиради ва қўллари билан юзларини тўсади. Йироқдан автомобилларнинг шовқини эшитилади. Йигит сергакланиб тинглайди, машина эшиклари тарақлаб ёпилади. Ёғоч дарвозага калит солингани эшитилади. Йўлакда қадам товушлари. Вазмин, эҳтиёткор ва бир вақтнинг ўзида ғоят сурбет эркак киради.

Эркак. Мен турма бошлиғи эмасман.
Йигит. Хўш, хўш? У ҳолда кимсиз?
Эркак. Мен эрман.
Йигит. Кимнинг эрисиз?
Эркак. Кимнинг эри эканимни ўзинг биласан.
Йигит. Буни қаранг-а! (Эркакка синчковлик билан тикилади.) Ўтган кеча менинг бошимга урган сиз эмасмисиз?
Эркак. Худди ўзиман.
Йигит. (Росмана алам билан) Одамларнинг бошига уришга қайси шайтон сизга изн берди?
Эркак. Хўш, сенга-чи? Қайси шайтоннинг ишини қилдинг, ит!
Йигит. (Бошини ушларкан.) Сиз бошимни яраладингиз. Одамларнинг бошига уришга ҳаққингиз йўқ.
Эркак. (Қаттиқ ғазаб билан) Жавоб бер. Қайси шайтоннинг ишини қилдинг?
Йигит. Ҳей, қулоқ солинг, панжара ортида бўлганим учунгина бақираверасизми менга? Эрман, дейсиз, кимнинг эри эканингизни биласизми?
Эркак. (Тўппончасини олади) Қани, ўчир овозингни!..
Йигит. Ҳай, майли отаверинг… (Хотиржам) Бутун бир маросимни бузасиз… Ошноларингиз нима дейди? Уларнинг феълига унча ҳам тўғри келмас, дейман. Ўлган одамни тепгандан не роҳат? (Эркак тўппончасини яширади.) Нима қилишингизни менга айтгани келгансиз. Мен гапирмасам ҳам бўлади. Нима қилмоқчилигингизни биламан. Газеталарни ўқиб тураман. Бунақа фитнали ишлар қандай уюштирилишидан хабардорман. Бутун бир оломон бир кишига ташланади ва ур-сур қилади. Ёки шундай эмасми? Кийимларини йиртиб-юлқиб, сўнг тепа бошлайдилар. Ёки шундай эмасми? Аёллар ва болалар атрофда тўпланиб, мўлтираб томоша қиладилар. Хўш, ундай эмасми? Менга қаранг, сиз бу маросимни бошлашдан аввал ичимдаги баъзи гапларни бир тўкиб солай. Сиз даҳшатли равишда ҳақоратлангансиз. Қандайдир бир бегона сизнинг покиза, бегуноҳ, оқила хотинингизни масхара қилиш учун шаҳрингизга келибди. Сиз унинг адабини бериб қўйишингиз керак, албатта. Сиз оиланинг муқаддас ўчоғини муҳофаза қиласиз, ахир. (Дафъатан) Ҳей, сиз, эшитинг! Мен уни сизнинг хотинингиз эканини мутлақо билмаганман, мен у аёл кимнингдир хотини эканини билмаганман…
Эркак. Ёлғон!
Йигит. Ёлғон гапирган пайтларим бўлган, лекин ҳозир эмас. Эшитасизми, нима иш ўтганини айтиб берсам?
(Эркак жавоб бермайди.)
Майли, бутун ҳақиқатни сизга айтиб бераман, менга Худонинг ўзи гувоҳ. Мен у билан барда танишдим. У менинг ёнимга келиб ўтирди. Бўш жойлар оғзини очиб ётса-да, у барибир, менинг ёнимга келиб ўтирди. Кимдир радиолага танга ташлади. “Нью-Сан-Антонио” – бир эркакнинг товушини тинглаяпман. Аёл бу қўшиқ ҳақида ҳикоя қиларди, мен бўлсам буфетчи билан гаплашяпти, деб ўйлабман. Йўқ, қарасам, буфетчи унга жавоб бермаяпти. Шундай қилиб мен жавоб бердим, мана шундай танишдик. Мутлақо унақа нарса хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бирга очиқ ҳавога чиқдик. Эшитган биринчи сўзим “Мен шу ерда яшайман”, дегани бўлди.
Эркак. Ёлғон гапиряпсан, ит.
Йигит. Ахир ҳақиқатни билишни истайсиз-ку.
(Эркак жавоб бермайди.)
Ҳай майли. Шундай, у мени уйга таклиф қилди. Балки, унинг хаёли бошқа бўлган. Балки, бўлмаган. Менга нима! Менга барибир. Балки, унинг кўнгли бир нарса тусар, балки, бошқа нарсадир. Кирсам кирибман-да, деб ўйладим.
Эркак. Ёлғон! Итнинг ёлғон гапиришини қара!
Йигит. Мен ҳақиқатни айтяпман. Эҳтимол, хотинингиз дўстлари билан шу ердадир? Чақиринг. Менинг унга ҳам, сизга ҳам адоватим йўқ. Чақиринг, ўзингиз сўроқланг. (Сукут) Сиз уни севасизми?
(Эркак жавоб бермайди.)
Ҳа-а, ишлар чатоқ…
Эркак. Нима деяпсан?
Йигит. Фаҳмимча, бу ҳолат биринчи марта бўлганга ўхшамайди.
Эркак. (Шошилиб.) Э-э, ўчир овозингни!
Йигит. Ҳей, сиз номусли эр, ўзингиз ҳам биласиз. Доим билгансиз, фақат ошноларингиздан қўрқасиз. Бўлган гап шу. У мендан пул талаб қилди. Мана унга нима керак эди. Агар унга пул берганимда, бу ерда ўтирмаган бўлардим.
Эркак. (Оғир) Қанча талаб қилди?
Йигит. Қанча, деб сўрамадим ҳам. Мен, шунчаки бу аёл билан танишиб янглишганимни билдирмадим. У, агар пул бермасам, жанжал кўтаришини айтди. Пачакилашиб ўтиришни ёмон кўраман, унинг устига дўқ-пўписаниям ёқтирмайман. Чаппараста қилиб сўкдим. Бир вақт қарасам, худди сўйилган чўчқадай бўкириб, уйдан ташқарига отилди. (Сукут) Энди бориб айтинг, бошқа турмага ўтказсинлар, сиз эса уйингизга бориб керакли нарсаларингизни олинг-да, ташланг бу хотинни. Сиз яхши одамсиз. Фақат ошноларингиздан қўрқасиз, холос.

Эркак яна тўппончасини олади. Даҳшат талвасасида. Йигит томон бир қадам ташлайди ва уч бора ўқ узиб, ташқарига отилади.

Йигит. Ҳей, ким бор? (Чўккалаб қолади.)
Қиз югуриб келади, унга қараб ҳайратдан талмовсирайди.
Қиз. Кўча томон тўла оломон – эркаклар, аёллар болалари билан. Айланиб ўтишга тўғри келди, деразадан тушдим. Тўппончани тополмадим. Ҳамма ёқни титиб чиқдим, барибир топилмади. Сенга нима бўлди?!
Йигит. Ҳеч нарса… ҳеч нарса… ҳаммаси жойида… менга қара, Кейти! Бу ердан тез кет. Қандай келган бўлсанг, шундай тез кет – югур! Бор кучинг билан югур, бутун кеча югур. Бошқа шаҳарга қоч, у ердан поездга ўтир. Эшитяпсанми?
Қиз. Нима бўлди сенга?
Йигит. Кет, бу ердан кет! Қайси поезд бўлса-да, ўтириб кет. Сан-Францискога кейин борасан!
Қиз. (Фарёдини ютиб) Мен сенсиз ҳеч қаерга бормайман.
Йигит. Менинг иложим йўқ. Бу ерда нимадир бўлди… (Қизга қарайди.) Мен сени Сан-Францискода топиб оламан, Кейти, чунки мен сени севаман. Бошмоғимнинг наригисида сен учун пул бор. Агар пулинг бўлса, ҳар нарсага қодир бўласан. (Юзтубан йиқилади.)

Қиз унинг ёнида туриб унсиз йиғлайди, кейин чеккага ўтади. Дафъатан йиғидан тўхтайди. Тинглай бошлайди. Оломон шовқини. Икки ўртоғи билан эркак кириб келади. Улар қизни пайқамайдилар.

Эркак. Мана у, итнинг боласи!
Иккинчиси. (Кескин) Бас! Эшикни оч, Гарри!

Учинчи эркак камеранинг панжара эшигини ланг очиб юборади.

Аёл. (Шошиб киради.) Қани у? Мен кўрмоқчиман. У ўлдими? (Жасадга қарайди, шу вақт эркаклар майитни ағдарадилар.) Бу ўша. (Сукут) Ҳа, бу худди ўша.
Эркак. (Аёлга нафрат билан қарайди, кейин секин жасадга назар ташлайди.) Бас энди. Тугатиш керак.
У ч и н ч и с и. Тўғри айтасан, Жорж. Ёрдам бервор, Гарри.

Жасадни кўтарадилар.

Қиз. (Шиддатли ҳайқириқ билан.) Шу ерда қолдиринг уни!
Эркак. Буниси нима бало?
Иккинчиси. Сен нима қиляпсан бу ерда? Нега ҳамма билан кўчада эмассан?
Қиз. Уни шу ерда қолдиринг! Йўқол! (Уларга ташланади.)
Аёл. Қаранг-а!.. Сен ўзи нима бало қилмоқчисан?
Қиз. Қўйворинг! Уни олиб кетишга ҳаққингиз йўқ.
Аёл. Тавба! Нима деяпти бу шарманда?! (Қизнинг юзларига уради, ерга отади.) Бу шаллақини қаранг-а.
Жасадни олиб чиқадилар.
Қиз. (Энди йиғламасдан, секин ўрнидан туради, атрофга аланглайди ва тўғрига қараб шивирлайди.) Ҳей, ким бор?! Ким бор???

Рус тилидан Рауф ПАРФИ таржимаси

Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–9

   Chekka bir qasabaning kichik turmasi. Kameradagi yigit qoshiq bilan polni ohista taqillatadi. Bir muddat goʻyo telegrafda nenidir uzatayotgandek ovoz beradi, oʻrnidan turib, kamera boʻylab yura boshlaydi. Kamera oʻrtasida dafʼatan toʻxtab, jim qotadi.

Uilyam SAROYAN
HOY, KIM BOR?
02

 067  XX asr AQSH adabiyotining taniqli vakili, armaninajod yozuvchi Uilyam Saroyan (1908-1981) kichik hikoyalar ustasidir. U 1908 yilning 31 avgustida Kaliforniyada shtatidagi Fresno shahrida armani yozuvchisi oilasida tavallud topgan. Yozuvchi sakkiz yoshidanoq ogʻir mehnat qilishni boshlaydi. Uilyam Saroyan hammavaqt oʻz qaygʻu va quvonchlarini hikoyalarining qahramonlari boʻlgan Amerikaning qashshoq odamlari bilan birgalikda baham koʻrgan. Uning asarlari asosida juda koʻp filmlar suratga olingan. Ularning biri uchun Oskar mukofotiga sazovor boʻlgan. Mashhur oʻzbek rejissyori va rassomi Rustam Hamdamov 1967 yili Saroyanning “Togʻlardadir qalbim” pyesasi asosida suratga olgan filmi oʻsha davr sovet kino sanʼatida yangi yoʻnalish sifatida tan olingan

Chekka bir qasabaning kichik turmasi. Kameradagi yigit qoshiq bilan polni ohista taqillatadi. Bir muddat goʻyo telegrafda nenidir uzatayotgandek ovoz beradi, oʻrnidan turib, kamera boʻylab yura boshlaydi. Kamera oʻrtasida dafʼatan toʻxtab, jim qotadi. Aftidan yarador boshini avaylab ushlab koʻradi. Atrofga alanglaydi, keyin baqiradi.

Yigit. Hoy kim bor? Kim bor?!
Sukut.
Hoey, javob ber, kimdir bormi?
Uzoq sukut.
Hoy, kim bor?!

Bir qizning gʻoyat ohangdor va nozik ovozi eshitiladi.

Ovoz. He-yey!
Yigit. Keyti, bu senmisan?
Ovoz. Yoʻq. Men Emiliman.
Yigit. Kim deysan? (Sabrsiz ohangda) Hey, eshityapsanmi?
Ovoz. Emili!
Yigit. Qanaqa Emili? Men hech qanday Emilini tanimayman. Bundan uch yil burun Salinasda Semning qahvaxonasida uchratganim… oʻsha qiz emasmisan?
Ovoz. Yoʻq, men bu yerda oshpaz oʻrnidaman. Oshpazman. Salinasda hech qachon boʻlmaganman. Men uning qayerda ekanini ham bilmayman, hatto.
Yigit. Oshpazman, degin.
Ovoz. Ha.
Yigit. Sen nima tayyorlaysan oʻzi… biror yegulikmi?
Ovoz. Nimani buyurishsa, shuni tayyorlayman. (Sukut) Zerikdingmi u yerda?
Yigit. Boʻriday uvillasam deyman. Boʻkirishimni eshityapsanmi? Hey, kim bor?!
Ovoz. Kimni chaqiryapsan?
Yigit. Kimni ham chaqirardim, umuman. Hammani eslashga harakat qildim, kimga xat yozsam ekan, deb, yoʻq, hech kimni eslay olmadim.
Ovoz. Keyti-chi?
Yigit. Hech qanday Keytini bilmayman.
Ovoz. “Sen Keyti emasmisan?” deb oʻzing soʻrading-ku.
Yigit. Chiroyli ism-da Keyti. Bu ism menga juda-juda yoqadi. Ammo bunday ismli qizni hech qachon uchratmadim.
Ovoz. Men bilaman bunday ismli qizni.
Yigit. Nahotki?! Oʻzi qanday u qiz? Baland boʻylimi, kichkinami?
Ovoz. Kichkina.
Yigit. Hey, eshityapsanmi? Oʻzing qanaqa qizsan?
Ovoz. Qaydan bilay men?
Yigit. Hech kim senga aytmaganmi? Biror kimsa gapirmaganmi bu xususda?
Ovoz. Nima xususida?
Yigit. Oʻzing bilasan-ku? Gapirmaganmi?
Ovoz. Yoʻq, gapirmagan.
Yigit. Voh, galvarslar-e, nahot shunchalik boʻlsalar-a? Ovozingdan bilib turibman – sen ketvorgan qizsan.
Ovoz. Balki shundaydir, balki unchalik emasdir.
Yigit. Men ham hech qachon yanglishmaganman.
Ovoz. Ja, koʻrinib turibdi. Shuning uchun ham turmada oʻtiribsan.
Yigit. Endi, bu – yanglishmovchilik.
Ovoz. Aytishlaricha, birovni zoʻrlaganmishsan.
Yigit. Boʻlmagʻur gap, uydirma bu!
Ovoz. Boʻlmagʻur gap, ammo xuddi boʻlgandek.
Yigit. Tentaklar.
Ovoz. Ha, omading kelibdi… Qoʻrqyapsanmi?
Yigit. Xudo haqqi, judayam (Dafʼatan) Hey, kim bor?!…
Ovoz. Nega hadeb baqiraverasan?
Yigit. Siqilib ketdim. Boʻriday uvlagim kelyapti. (Choʻzib) He-yey, javob ber, kim bor?..

Yon atrofdagi panjara eshik oldida qiz paydo boʻladi. Odmi koʻylakda, soddagina bir qiz.

Qiz. Men ham juda zerikdim, juda.
Yigit. (Aylanib unga boqarkan) Nahotki? Aldamayapsanmi? Zerikarlimi senga ham bu gʻaddor muhit?
Qiz. Mening ham boʻriday uvlagim kelyapti.
Yigit. Kimni sogʻinib zerikyapsan?
Qiz. Bilmayman.
Yigit. Men ham bilmayman. Mana bunday kavakka tiqib qoʻyganlaridan keyin tanish qizlaringni hamda tanishga ulgurmagan qizlaringni eslasang, yana-da zerikarli boʻlarkan.
Qiz. Tushunarli, nimasini aytasan.
Yigit. Oh, naqadar ayanchli! (Sukut) Sen goʻzal qizsan, bilsanmi oʻzing?
Qiz. Valdirama!
Yigit. Yoʻq, valdirayotganim yoʻq. Goʻzalsan, hatto ahmoqqa ham koʻrinib turibdi. Sen, ehtimol, bu yorugʻ dunyoda eng goʻzal qizsan.
Qiz. Men mutlaqo unaqa emasman, sen buni yaxshi bilib turibsan.
Yigit. Yoʻq, sen shundaysan. Men sendan chiroylirogʻini hali shuncha dunyo kezib koʻrganim yoʻq. Texasda omadim yurishib ketishini bilardim.
Qiz. Omad? Sen axir turmadasan. Bu yerda senga tishlarini qayrab turganlarning hisobi yoʻq.
Yigit. Boʻlmagan gap. Chiqib ketaman!
Qiz. Kim biladi, deysan.
Yigit. Yoʻq, hammasi yaxshi boʻlib ketadi. Bugundan boshlab.
Qiz. Nega endi bugundan boshlab?
Yigit. Yaʼni, seni koʻrgandan boshlab. Endi men nimaning qadriga yetishim kerakligini bilaman. Shu paytgacha hammasiga tupurardim, unaqasiga ham, bunaqasiga ham. Charchadim. (Sukut) Biror ishning kalavasini topolmasdan charchadim, sira qoʻlga kiritolmadim. Hozir esa charchoqni ham unutib qoʻydim. (Kutilmaganda) Hey, kimdir bormi, eshitmayapsanmi?
Qiz. E-e, yana kimni chaqiryapsan?
Yigit. Seni.
Qiz. Men shu yerdaman-ku.
Yigit. Bilaman. (Baqirdi) Hey, eshityapsanmi?
Qiz. Hey, eshityapman!
Yigit. A-ha, senmisan, malagim! (Sukut) Men senga uylansam deyman. Men sen bilan ketishni xohlayman. Men seni San-Fransiskoga oʻzim bilan olib ketaman. Men endi tirildim. Shunday pul ishlay-ki! Ularni ehtiyot qilib sarflashni oʻrganaman. Pulimiz gʻaram-gʻaram boʻladi.
Qiz. Yoʻgʻ-e?
Yigit. Ha-da. Isming nima edi?
Qiz. Emili.
Yigit. Buni bilaman. Davomi?
Qiz. Xudo haqqi rost. Meni shunday atashadi. Emili Smit.
Yigit. Sen bu dunyodagi eng gʻaroyib qizsan, bilasanmi?
Qiz. Nima uchun?
Yigit. Nima uchunligini bilmaymanu, lekin shundaysan, vassalom. Qayerda tugʻilgansan?
Qiz. Matodorda, Texasda.
Yigit. Matodoring qayerda?
Qiz. Shu yerning oʻzida.
Yigit. Ie, bu yer Matodormi?
Qiz. Ha, bu yer Matodor. Seni Vilingdan olib kelishdi.
Yigit. Qiziq, men Vilingda edimmi?
Qiz. Nima, sen qaysi shahardaligingni bilmaganmiding?
Yigit. Hamma shaharlar bir goʻr. Hech farqi yoʻq bir-biridan. Viling bu yerdan uzoqmi?
Qiz. Oʻn oltimi, oʻn yettimi mil narida. Qayerga olib ketayotganlarini bilmasmiding?
Yigit. Hushdan ketib, taxta boʻlib qolsam, qanday qilib bilayin. Kimdir boshimga qoʻrgʻoshin quvur bilanmi yoki shunga oʻxshash narsa bilanmi tushirganini ilgʻayman. Nima uchun shunday qildiykin-a?
Qiz. Zoʻrlaganing uchun. Ular shunaqa deyishdi.
Yigit. Qip-qizil boʻhton! (Sarosimalanib, oʻziga-oʻzi) U mendan pul talab qildi.
Qiz. Pul?
Yigit. Ha-da. Omadsizligimni sindiraman, deb bir shalaq qasabadan boshqasiga sarson-sargardon yugursang-yelsang, biror mehribon uchrarmikan deb qaqshasang-u, mana senga. U ayol pul talab qilsa. Men unga ham hayot zerikarli ekan, deb oʻylabman.
Qiz. Ehtimol, chindan ham shundaydir?
Yigit. U shunchaki, u ayol anaqalardan…
Qiz. Shu voqea boʻlmasaydi, men sen bilan uchrashmas edim.
Yigit. Kim biladi deysan, balki, bu taraflarga yoʻlim tushardi, balki, shaharning qayeridadir seni uchratardim. Men seni darrov tanib olardim!
Qiz. Yoʻgʻ-e!
Yigit. Gap tamom, vassalom, bir qarashda tanib olardim.
Qiz. Xoʻp, keyin-chi?
Yigit. Keyin nima boʻlardi, sen meniki boʻlarding.
Qiz. Rostanmi?
Yigit. Xudo haqqi, ha, meniki boʻlarding!
Qiz. Sen bu gaplarni turmada oʻtirganing uchungina gapiryapsan.
Yigit. Mutlaqo undaymas. Bas, narsalaringni yigʻishtirib, meni kut. Biz bu yerdan toʻppa-toʻgʻri San-Fransiskoga qochamiz.
Qiz. Sen shunchaki yolgʻizsan, shundan bari narsa zerikarli tuyulyapti senga.
Yigit. Men uchun hayot doim zerikarli, butun umrim zerikarli oʻtdi, bu dardga darmon yoʻq. Lekin biz birga boʻlsak, sen va men shunday yashaymizki, ortigʻi ortiq. Sen menga omad keltirasan. Men bilaman.
Qiz. Nima uchun sen hamisha omadni quvib yashashing kerak?
Yigit. Men bolalikdan qimorbozman. Mehnat-pehnat deganini bilmayman. Men yo omadni kutishim kerak yoki… umuman hech narsaga yaramayman. Oxirgi yillarda omad menga kulib boqmadi. Ikki yil u devordan bu devorga boshimni urdim. Boʻlmadi. Omadsizlikni koʻr, shu razil Vilingga tushib qolibman. Omadsizlik oʻzimning koʻlankamdek doim taʼqib qiladi meni. Shuning uchun ham bu yerdaman, shuning uchun ham kallamni yorishlariga oz qoldi. Aniq, bu oʻsha dayus cholning qoʻli.
Qiz. Oʻsha xotinning otasimi?
Yigit. Yoʻq, eri. Agar shunaqa qichima ayol mening xotinim boʻlganda, allaqachon jarga irgʻitvorgan boʻlardim.
Qiz. Agar men sen bilan birga boʻlsam, ishlaring yurishib ketadi, deb oʻylaysanmi?
Yigit. Boʻlmasam-chi, albatta! Koʻcha-koʻylarda itday sanqib, birovlarga anqayishning nimasi yaxshi? Doim yoningda kimingdir boʻlsa, qish sovugʻida, hammayoq gullab-yashnagan bahorda, issiq yozda, bemalol choʻmilishing mumkin, qanday yaxshi: yilning toʻrt faslida, yomgʻirda, hamma vaqt, to oʻlguncha odamning yonida yuradigan kimidir boʻlishi kerak. Uzoq yillar qadrlay oladigan odaming boʻlsa, yomonligingni bilib tursa-da, seni, baribir, sevadigan odaming boʻlsa. Bilaman, men yaxshi odam emasman, lekin nima qilay, ilojim qancha, qoʻlimdan nimayam kelardi. Agar sen men bilan birga ketsang, men yaxshi odam boʻlardim. Tentaklikni yigʻishtirardim. Bilasan-ku, yoningda puling bormi, endi sen tentak boʻlolmaysan, endi sen sipo bir odamsan, chunki endi sening nomingdan puling gapiradi. Menda jaraq-jaraq pul, sen esa dunyoda eng goʻzal, eng dono qiz boʻlasan. Biz ikkimiz San-Fransisko boʻylab qoʻltiqlashib, magʻrur sayr qilib yuramiz. Hamma bizga angrayib qaraydi.
Qiz. Nahotki angrayib qarashsa?
Yigit. Boʻlmasam-chi! Men kiyinib olishga ulgursam boʻldi, qoʻltigʻingdan olaman-da, Keyti, koʻrasan oʻzing ularning angrayishlarini. Chindan-da qarasa qaragudek.
Qiz. Keyti?!
Yigit. Ha, endi bu ism seniki. Sen Keyti deb ataydiganim birinchi qiz boʻlding. Bu ismni sen uchun asrab keldim. Yoqadimi?
Qiz. Yoqadi.
Yigit. Men qachondan buyon bu yerdaman?
Qiz. Oʻtgan kechadan beri. Ertalabgacha oʻrningdan qimirlamading.
Yigit. Soat necha? Toʻqqiz boʻlgandir?
Qiz. Oʻn.
Yigit. Bu sassiq kameraning kaliti senda bormi?
Qiz. Yoʻq. Kalitni menga ishonishmaydi.
Yigit. Lekin sen topib kelishing mumkinmi uni?
Qiz. Yoʻq.
Yigit. Harakat qilib koʻrsang-chi!?
Qiz. Meni kalitga yaqin yoʻlatishmaydi. Agar turmaga aristonlar kelsa, faqat pishiriq tayyorlayman, supuraman, shunga oʻxshash yumushlar.
Yigit. Gap bunday, men bu yerdan chiqib ketishim kerak. Bu doʻkonning egasini taniysanmi?
Qiz. Taniyman, lekin seni qoʻyib yubormaydi. Aytishlaricha, seni boshqa shaharga oʻtkazishar ekan.
Yigit. Nega endi?
Qiz. Qoʻrqishadi.
Yigit. Nega qoʻrqadilar, nimadan?
Qiz. Tunda bu yerga Vilingdan odamlar kelib, turmaga bostirib kirishlaridan qoʻrqishadi.
Yigit. Ana xolos! Nima kerak oʻzi ularga?
Qiz. Nima kerakligini goʻyo bilmaysan-a?
Yigit. Ha-a, bilaman.
Qiz. Qoʻrqyapsanmi?
Yigit. Albatta, qoʻrqyapman… Eng dahshatlisi – nimadan qoʻrqayotganingni bilmaslik! Agar odamlar tentak boʻlmasa, bahslashishing mumkin. Tentaklar bilan bahslashib boʻlmaydi, ular faqat oʻzlarinikini ushlab oladilar. Bu yerdan ketishimga yordam ber!
Qiz. Qanday qilib?
Yigit. Kalit kimda boʻlsa, oʻshani top, u bilan suhbatlashishni xohlayotganimni ayt.
Qiz. U uyga ketgan. Hammalari ketgan.
Yigit. Bundan chiqdi, bu yerda bir oʻzim ekanman-da.
Qiz. Shunday… agar meni hisobga olmasa.
Yigit. Nega bunday? Nima uchun? Nahotki bu yerda hech kim qolmasa?
Qiz. Kechasi hamma uyiga ketadi. Men ham u yoq-bu yoqni yigʻishtirib, ketishim kerak edi. Bugun tutilib qoldim.
Yigit. Nega?
Qiz. Sen bilan gaplashay dedim.
Yigit. Nima haqda?
Qiz. Bilmadim… Oqshom senga qarab turdim. Sen tushingda gapirding. Men senga yoqib qolganimni angladim. Sen oʻzingga kelganingdan keyin ham meni yoqtirib qolishingni sira oʻylamagan edim.
Yigit. Nahotki? Nega?
Qiz. Bilmadim.
Yigit. Sen chindan-da malaksan.
Qiz. Hech kim men bilan gaplashmagan. Bari shahar yigitlari… ular… (Jim boʻladi)
Yigit. Nima ular? (Sukut) Ular nima, axir? Gapir, gapir.
Qiz. Ustimdan kulishadi.
Yigit. Sening ustingdan-a?! Galvarslar! Eh, nimani tushunardi ular! Bor, yigʻishtirib ortingga qayt. Men seni San-Fransiskoga olib ketaman. Yoshing nechada?
Qiz. Oʻ, men allaqachon katta qizman.
Yigit. Yoshing nechada, faqat aldama.
Qiz. Oʻn yettida.
Yigit. Mayli, ota-onangni olib kel. Ketish oldidan nikohdan oʻtamiz.
Qiz. Ular meni qoʻyib yubormaydilar.
Yigit. Nima uchun?
Qiz. Bilmayman. Lekin qoʻyib yuborishmaydi, aniq qoʻyib yuborishmaydi.
Yigit. Otangga ayt, oʻjarlik qilmasin. Tushundingmi? U fermer emasmi?
Qiz. Yoʻq, hech kimmas. Uni qayerdadir mayib qilganlari uchun nafaqa toʻlaydilar. Uning yonboshi ogʻriydi. Bilmadim, u yerda nima joylashgan.
Yigit. Mugʻombir u, bildingmi? Ammo seni bu yerdan baribir olib ketaman.
Qiz. Ishlagan pulimni ham yulib oladi.
Yigit. Haqqi yoʻq!
Qiz. Bilaman, lekin u tortib-yulib oladi.
Yigit. (Oʻzicha) Shundayin qasabada tugʻilganingni qara, yana ustiga ustak goʻrsoʻxta otangdan oʻrgildim!
Qiz. Baʼzida unga rahmim keladi.
Yigit. Rahming kelmay qoʻyaqolsin. (Barmogʻini maʼnodor koʻtaradi) Otang bilan bir narsa qilib kelishib olarman. Ikki-uchta ilmiliq soʻz topaman uning uchun.
Qiz. Koʻrinib turibdi.
Yigit. (Dafʼatan) Hey, kimdir bormi?!. Eh, agar sen anavi kalitli merovni olib kelib, meni bu yerdan chiqarib yuborganingda edi…
Qiz. Axir qoʻlimdan kelmaydi-ku!
Yigit. Nima uchun?
Qiz. Men bilan bu yerda hisoblashishmaydi. Hammasi boʻlib oladiganim – kuniga ellik sent, baʼzi kunlar oʻn ikki soatlab ishlayman. Men bilan hisoblashishmaydi
Yigit. Qancha toʻlashadi deding?
Qiz. Ellik sent.
Yigit. (Atrofga olazarak qarab) Eshityapsizmi?! Senga bir boqishlari uchun haq toʻlashlari kerak. Sen nafas olayotgan havodan nafas olayotganlari uchun toʻlashlari kerak. Tushunmayman! Tushunmayman, nahotki buning oxiri boʻlmasa! Bu yerdan qutqar meni, Keyti. Men qoʻrqyapman.
Qiz. Nima qilishimni bilmayman. Darvozani sindira olarman, balki.
Yigit. Kuching yetmaydi. Toʻqmoq yoʻqmi bu yerda? Yoki shunga oʻxshagan biror narsa bormi?
Qiz. Faqat supurgi bor. Supurgini ham qulflab qoʻyishgandir.
Yigit. Borib qara-chi, biror narsa topilmasmikin?
Qiz. Xoʻp. (Ketadi)
Yigit. Hey, kimdir bormi?! Hey, kim bor?! (Sukut) Hey, eshityapsanmi? (Sukut) Turmaga oʻtqazdingmi meni?! (Nafrat bilan) A-a? Odamni zoʻrlashmi?! Dunyoda nimaiki ezgulik boʻlsa, borini zoʻrlayotganlar, ezib-toptayotganlar – ular! (Dafʼatan) Hey, kimdir bormi! Kim bor!..
Qiz. (Qaytarkan) Hech yerda hech narsa yoʻq. Hammasini qulflab ketishgan.
Yigit. Ehtimol, sigaret bordir?
Qiz. Hamma gʻaladonlarni, hamma jovonlarni qulflab ketishgan. Hammasini.
Yigit. Juda chekkim kelyapti!
Qiz. Biror joydan biror quti topsam boʻlar. Menimcha, dorixona hali ochiq boʻlsa kerak. Bu yerdan bir mil narida.
Yigit. Bir mil?.. Buncha uzoq qolishni istamayman.
Qiz. Yugurib borib, yugurib qaytishim mumkin.
Yigit. Yer yuzida eng ajoyib qizsan sen!
Qiz. Qanaqasidan olayin?
Yigit. Qanaqasi boʻlsa ham mayli – “Chesterdoild”, “Kemel” yoki “Lakki Strayk”, har qanaqasiyam boʻlaveradi!
Qiz. Hozir. (Yugurishga shaylanadi)
Yigit. Pul-chi, pul?
Qiz. Menda biroz bor. Chorak dollar yashirib qoʻygandim. Butun yoʻl boʻylab yuguraman. (Ketish uchun qayriladi)
Yigit. Toʻxta!
Qiz. (Unga yaqinlashadi) Nima gap?
Yigit. Qoʻlingni ber. (Qizning qoʻllarini ushlab, unga kulib qaraydi. Keyin lablariga bosadi.) Oʻlgudek qoʻrqaman.
Qiz. Men ham.
Yigit. Bu Xudo urgan qasabaga ortiq hech kim kelmaydi va seni topolmaydi, deb qoʻrqaman. Atrofingdagi hamma narsaga koʻnikasan, hammasi bilan kelishib ketasan, deb qoʻrqaman. Hech qachon sen San-Fransiskoga borolmaysan, senga angrayib qarashlarini koʻrolmaysan, deb qoʻrqaman.
Qiz. Ha, toʻpponchani otamdan olaman. Qayerda saqlashini bilaman.
Yigit. Ol! Sigaretga tupur!.. Bor kuching bilan yugur!

Qiz qochib ketadi. Yigit kamera oʻrtasida uzoq muddat jim qoladi.

Qiz. (Ortiga qaytib, yigʻlamsirab.) Qoʻrqyapman. Ortiq seni koʻrolmayman, deb qoʻrqyapman. Qaytib kelganimda sen bu yerda boʻlmasang, men…
Yigit. Hey, eshityapsanmi!
Qiz. Shahar boʻm-boʻsh. Bir tirik jon yoʻq, faqat shamol hasratli uvullaydi. Men shu yerda qolaman. Seni olib ketishlariga yoʻl qoʻymayman.
Yigit. Eshit, Keyti. Mening aytganimni qil. Toʻpponchani ol-da, orqaga qayt. Ehtimol, bu tun ular kelmaslar. Ehtimol, umuman kelmaslar. Men toʻpponchani yashiraman, meni chiqarib yuborishgach, qayerdan olgan boʻlsang, yana joyiga qoʻyasan. Keyin biz ketamiz, boʻl endi, shoshil.
Qiz. Xoʻp. (Sukut) Men senga bir narsa demoqchi edim…
Yigit. Qani, ayt…
Qiz. (Nozli) Agar kelganimda sen bu yerda boʻlmasang, toʻpponcha bor, ularni nima qilishni oʻzim bilaman!
Yigit. Otishni bilasanmi?
Qiz. Bilaman.
Yigit. Dovdirama. (Boshmogʻini yechadi, uning ichidan pul oladi.) Tentak boʻlma, eshityapsanmi? Mana bu pul. Sakson dollar. Uni olgin-da, San-Fransiskoga joʻna. Tevarakka qarab, biroz odambashara birortasini top, eshityapsanmi? Kelganingda men bu yerda boʻlmasam, toʻpponchani tashla, toʻgʻri San-Fransiskoga bor, menga vaʼda ber. Birorta inson topilib qolar.
Qiz. Men hech kimni axtarmayman.
Yigit. (Tez, iztirob bilan) Mening aytganimni qil! Men seni San-Fransiskoda kutaman. Boshmogʻimning u poyida ham nimadir bor. Men seni San-Fransiskoda topib olaman.
Qiz. (Ikkilanib) San-Fransiskoda?
Yigit. Ha, San-Fransiskoda. Bu shahar juda bizbop-da.
Qiz. Men doim katta shaharga ketishni xohlardim. Lekin qanday qilib bir oʻzim yolgʻiz bora olaman?
Yigit. Lekin endi sen yolgʻiz emassan, eshityapsanmi?
Qiz. U qanday shahar oʻzi, biroz gapirib ber.
Yigit. (Tez, avval, hatto sabrsizlik bilan, soʻngra ohista-ohista, kulimsirab eslay boshlaydi. U sokin hikoya qilarkan, qiz yigit tomon yaqinlashib boradi.) Avvalo, u Tinch okeani sohilida, qayoqqa qarama – okean. Namxush tuman va chagʻalaylar. Ingichka yoʻlaklar goh balandga, goh pastga shoʻngʻiyotgandek koʻrinadi. Har kecha tumanlar ichidan sirenalarning uvlashi taraladi. Lekin biz ularning ingrogʻini eshitmaymiz.
Qiz. U yerda, San-Fransiskoda odamlar boshqachami?
Yigit. Hamma yerda odamlar bir xil. Qachondir, kimnidir sevib qolsalar, oʻzgacha boʻlib qoladilar. Faqat sevgi insonlarni oʻzgartira oladi. San-Fransiskoda esa sevishganlar koʻp. Bori shu.
Qiz. Hech qayerda seni hech kim menchalik seva olmaydi.
Yigit. (Atrofga shivirlab.) Bu soʻzlarni eshitarkan, inson oʻlimga ham tayyor boʻladi. Oʻlayotib, baribir, oʻzini baxtiyor hisoblay oladi. Endi shoshilishing kerak. Unutma, agar sen qaytib kelganingda, meni bu yerda topolmasang, bilginki, men seni San-Fransiskoda izlab yurgan boʻlaman.

Qiz yigitga termuladi, soʻng taraddudlanadi, keyin qayrilib chiqib ketadi. Yigit uning ortidan tahlikali tabassum bilan qarab qoladi. Dafʼatan oʻtiradi va qoʻllari bilan yuzlarini toʻsadi. Yiroqdan avtomobillarning shovqini eshitiladi. Yigit sergaklanib tinglaydi, mashina eshiklari taraqlab yopiladi. Yogʻoch darvozaga kalit solingani eshitiladi. Yoʻlakda qadam tovushlari. Vazmin, ehtiyotkor va bir vaqtning oʻzida gʻoyat surbet erkak kiradi.

Erkak. Men turma boshligʻi emasman.
Yigit. Xoʻsh, xoʻsh? U holda kimsiz?
Erkak. Men erman.
Yigit. Kimning erisiz?
Erkak. Kimning eri ekanimni oʻzing bilasan.
Yigit. Buni qarang-a! (Erkakka sinchkovlik bilan tikiladi.) Oʻtgan kecha mening boshimga urgan siz emasmisiz?
Erkak. Xuddi oʻziman.
Yigit. (Rosmana alam bilan) Odamlarning boshiga urishga qaysi shayton sizga izn berdi?
Erkak. Xoʻsh, senga-chi? Qaysi shaytonning ishini qilding, it!
Yigit. (Boshini ushlarkan.) Siz boshimni yaraladingiz. Odamlarning boshiga urishga haqqingiz yoʻq.
Erkak. (Qattiq gʻazab bilan) Javob ber. Qaysi shaytonning ishini qilding?
Yigit. Hey, quloq soling, panjara ortida boʻlganim uchungina baqiraverasizmi menga? Erman, deysiz, kimning eri ekaningizni bilasizmi?
Erkak. (Toʻpponchasini oladi) Qani, oʻchir ovozingni!..
Yigit. Hay, mayli otavering… (Xotirjam) Butun bir marosimni buzasiz… Oshnolaringiz nima deydi? Ularning feʼliga uncha ham toʻgʻri kelmas, deyman. Oʻlgan odamni tepgandan ne rohat? (Erkak toʻpponchasini yashiradi.) Nima qilishingizni menga aytgani kelgansiz. Men gapirmasam ham boʻladi. Nima qilmoqchiligingizni bilaman. Gazetalarni oʻqib turaman. Bunaqa fitnali ishlar qanday uyushtirilishidan xabardorman. Butun bir olomon bir kishiga tashlanadi va ur-sur qiladi. Yoki shunday emasmi? Kiyimlarini yirtib-yulqib, soʻng tepa boshlaydilar. Yoki shunday emasmi? Ayollar va bolalar atrofda toʻplanib, moʻltirab tomosha qiladilar. Xoʻsh, unday emasmi? Menga qarang, siz bu marosimni boshlashdan avval ichimdagi baʼzi gaplarni bir toʻkib solay. Siz dahshatli ravishda haqoratlangansiz. Qandaydir bir begona sizning pokiza, begunoh, oqila xotiningizni masxara qilish uchun shahringizga kelibdi. Siz uning adabini berib qoʻyishingiz kerak, albatta. Siz oilaning muqaddas oʻchogʻini muhofaza qilasiz, axir. (Dafʼatan) Hey, siz, eshiting! Men uni sizning xotiningiz ekanini mutlaqo bilmaganman, men u ayol kimningdir xotini ekanini bilmaganman…
Erkak. Yolgʻon!
Yigit. Yolgʻon gapirgan paytlarim boʻlgan, lekin hozir emas. Eshitasizmi, nima ish oʻtganini aytib bersam?
(Erkak javob bermaydi.)
Mayli, butun haqiqatni sizga aytib beraman, menga Xudoning oʻzi guvoh. Men u bilan barda tanishdim. U mening yonimga kelib oʻtirdi. Boʻsh joylar ogʻzini ochib yotsa-da, u baribir, mening yonimga kelib oʻtirdi. Kimdir radiolaga tanga tashladi. “Nyu-San-Antonio” – bir erkakning tovushini tinglayapman. Ayol bu qoʻshiq haqida hikoya qilardi, men boʻlsam bufetchi bilan gaplashyapti, deb oʻylabman. Yoʻq, qarasam, bufetchi unga javob bermayapti. Shunday qilib men javob berdim, mana shunday tanishdik. Mutlaqo unaqa narsa xayolimga ham kelgani yoʻq. Birga ochiq havoga chiqdik. Eshitgan birinchi soʻzim “Men shu yerda yashayman”, degani boʻldi.
Erkak. Yolgʻon gapiryapsan, it.
Yigit. Axir haqiqatni bilishni istaysiz-ku.
(Erkak javob bermaydi.)
Hay mayli. Shunday, u meni uyga taklif qildi. Balki, uning xayoli boshqa boʻlgan. Balki, boʻlmagan. Menga nima! Menga baribir. Balki, uning koʻngli bir narsa tusar, balki, boshqa narsadir. Kirsam kiribman-da, deb oʻyladim.
Erkak. Yolgʻon! Itning yolgʻon gapirishini qara!
Yigit. Men haqiqatni aytyapman. Ehtimol, xotiningiz doʻstlari bilan shu yerdadir? Chaqiring. Mening unga ham, sizga ham adovatim yoʻq. Chaqiring, oʻzingiz soʻroqlang. (Sukut) Siz uni sevasizmi?
(Erkak javob bermaydi.)
Ha-a, ishlar chatoq…
Erkak. Nima deyapsan?
Yigit. Fahmimcha, bu holat birinchi marta boʻlganga oʻxshamaydi.
Erkak. (Shoshilib.) E-e, oʻchir ovozingni!
Yigit. Hey, siz nomusli er, oʻzingiz ham bilasiz. Doim bilgansiz, faqat oshnolaringizdan qoʻrqasiz. Boʻlgan gap shu. U mendan pul talab qildi. Mana unga nima kerak edi. Agar unga pul berganimda, bu yerda oʻtirmagan boʻlardim.
Erkak. (Ogʻir) Qancha talab qildi?
Yigit. Qancha, deb soʻramadim ham. Men, shunchaki bu ayol bilan tanishib yanglishganimni bildirmadim. U, agar pul bermasam, janjal koʻtarishini aytdi. Pachakilashib oʻtirishni yomon koʻraman, uning ustiga doʻq-poʻpisaniyam yoqtirmayman. Chapparasta qilib soʻkdim. Bir vaqt qarasam, xuddi soʻyilgan choʻchqaday boʻkirib, uydan tashqariga otildi. (Sukut) Endi borib ayting, boshqa turmaga oʻtkazsinlar, siz esa uyingizga borib kerakli narsalaringizni oling-da, tashlang bu xotinni. Siz yaxshi odamsiz. Faqat oshnolaringizdan qoʻrqasiz, xolos.

Erkak yana toʻpponchasini oladi. Dahshat talvasasida. Yigit tomon bir qadam tashlaydi va uch bora oʻq uzib, tashqariga otiladi.

Yigit. Hey, kim bor? (Choʻkkalab qoladi.)
Qiz yugurib keladi, unga qarab hayratdan talmovsiraydi.
Qiz. Koʻcha tomon toʻla olomon – erkaklar, ayollar bolalari bilan. Aylanib oʻtishga toʻgʻri keldi, derazadan tushdim. Toʻpponchani topolmadim. Hamma yoqni titib chiqdim, baribir topilmadi. Senga nima boʻldi?!
Yigit. Hech narsa… hech narsa… hammasi joyida… menga qara, Keyti! Bu yerdan tez ket. Qanday kelgan boʻlsang, shunday tez ket – yugur! Bor kuching bilan yugur, butun kecha yugur. Boshqa shaharga qoch, u yerdan poyezdga oʻtir. Eshityapsanmi?
Qiz. Nima boʻldi senga?
Yigit. Ket, bu yerdan ket! Qaysi poyezd boʻlsa-da, oʻtirib ket. San-Fransiskoga keyin borasan!
Qiz. (Faryodini yutib) Men sensiz hech qayerga bormayman.
Yigit. Mening ilojim yoʻq. Bu yerda nimadir boʻldi… (Qizga qaraydi.) Men seni San-Fransiskoda topib olaman, Keyti, chunki men seni sevaman. Boshmogʻimning narigisida sen uchun pul bor. Agar puling boʻlsa, har narsaga qodir boʻlasan. (Yuztuban yiqiladi.)

Qiz uning yonida turib unsiz yigʻlaydi, keyin chekkaga oʻtadi. Dafʼatan yigʻidan toʻxtaydi. Tinglay boshlaydi. Olomon shovqini. Ikki oʻrtogʻi bilan erkak kirib keladi. Ular qizni payqamaydilar.

Erkak. Mana u, itning bolasi!
Ikkinchisi. (Keskin) Bas! Eshikni och, Garri!

Uchinchi erkak kameraning panjara eshigini lang ochib yuboradi.

Ayol. (Shoshib kiradi.) Qani u? Men koʻrmoqchiman. U oʻldimi? (Jasadga qaraydi, shu vaqt erkaklar mayitni agʻdaradilar.) Bu oʻsha. (Sukut) Ha, bu xuddi oʻsha.
Erkak. (Ayolga nafrat bilan qaraydi, keyin sekin jasadga nazar tashlaydi.) Bas endi. Tugatish kerak.
U ch i n ch i s i. Toʻgʻri aytasan, Jorj. Yordam bervor, Garri.

Jasadni koʻtaradilar.

Qiz. (Shiddatli hayqiriq bilan.) Shu yerda qoldiring uni!
Erkak. Bunisi nima balo?
Ikkinchisi. Sen nima qilyapsan bu yerda? Nega hamma bilan koʻchada emassan?
Qiz. Uni shu yerda qoldiring! Yoʻqol! (Ularga tashlanadi.)
Ayol. Qarang-a!.. Sen oʻzi nima balo qilmoqchisan?
Qiz. Qoʻyvoring! Uni olib ketishga haqqingiz yoʻq.
Ayol. Tavba! Nima deyapti bu sharmanda?! (Qizning yuzlariga uradi, yerga otadi.) Bu shallaqini qarang-a.
Jasadni olib chiqadilar.
Qiz. (Endi yigʻlamasdan, sekin oʻrnidan turadi, atrofga alanglaydi va toʻgʻriga qarab shivirlaydi.) Hey, kim bor?! Kim bor???

Rus tilidan Rauf PARFI tarjimasi

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2013–9

043

(Tashriflar: umumiy 1 716, bugungi 1)

Izoh qoldiring