Abdunabi Hamro. Uch hikoya. & Abdunabi Hamro «Tashrif» teledasturida

099 Отаси… бир қизиқ одам эди-да! Мактабни зўрға битирган, бир умр тракторчилик қилган одам, қарангки, ўн фарзандининг барчасига “С” ҳарфи билан бошланувчи исмларни қўйганди: Султон, Сойиб, Салима, Самиғ…

Абдунаби ҲАМРО
УЧ ҲИКОЯ


 09  Абдунаби Ҳамро 1961 йилда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтини тугатган. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бери бадиий ижод билан шуғулланиб келади. 1995 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Хиёнат” , “Оқ алвасти”, “Отам айтган қўшиқлар”, “Йиртқич”, “Унутилган қўшиқ”, “Олис манзиллар сари”, “Болаликка саёҳат”, “Қишда очилган гул”, “Вақт дарёси” ва бошқа ўнлаб шеърий ва насрий китоблар муаллифи.


ЎЗБЕКЛАР

Устоз Шукур Холмирзаев хотирасига

Жасаднинг юз-кўзларини юпқа қор пардаси ёпа бошлаган, оёқ-қўллари тарвақайлаб, бўйни ғалати, нотабиий буралганча ётарди. Юз килодан оғирроқ бўлган бу вужуднинг бўйнини синдириш учун нечоғлик улкан куч керак бўлишини ўйлаган сайин этим жунжикиб, баданимда чумоли ўрмалагандек бўларди. Қизиқ, бир неча ойдан бери сен билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаб юрган, чумолигаям озор бермайдиган, ўн оғиз гапга бир оғиз жавоб берадиган киши худди асрлар бўйи ухлаб, сўнг бирдан уйғонган вулқондай портласа… Садр ака айтгандек, қурбақаниям босаверсанг, охир «вақ» дер экан-да. Бўлмаса, Жалил полвоннинг бировга қаттиқ гапирганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Қаранг, шундай мусичаи беозор йигит бирдан…

Баракка кирдим. «Буржуйка» ланғиллаб ёнар, хонани ичимсиқ ҳид қоплаганди. Мазутми, бир балоларни ёқишяпти, менимча. Садр ака тахта ўриндиқда иягини қашлаганча, ингичка мўйловчаси ўзига ярашибгина ўтирарди. Ота-бобоси асли Хоразм томонлардан бўлгани учунми, биз уни кўпинча «ёшулли» деб чақирамиз. Мана ҳозир ёшулли эртанги кун, бизнинг тақдиримиз учун чора излаётгандек ўйга ботганди. Носир бир чеккада пахталик камзулининг йиртилган жойларини ямашга уринар, Жалил полвон печка олдида чўнқайиб ўтирганча …йиғлаётганди.

-Валенкангни қоқиб кирмайсанми, қара, салкам бир челак қор опкирдинг ичкарига, шундоғам баракнинг ботқоқликдан фарқи қолмади…- тўнғиллади Садр ака аста. Оёғимга қарадим: ростданам пиймамга ёпишган қорлар ҳарорат таъсирида қўпиб, пастга тўкилаётганди. Уларни буткул қоқиб тушириш учун оёғимни сал кўтардим, аммо оёқ ости балчиқ эди. Ортга тисланиб, остонада ётган қаттиқ супурги билан қорларни тушириб, печкага яқинлашдим. Кўп ўтмай баданимга ҳарорат ўрмалади.

Жалил полвон пиқиллашдан тўхтаб, кўзларимга мўлтираб қаради. Унинг нигоҳларида «Энди нима бўлади?» деган сассиз саволни илғаб, кўзимни олиб қочдим, сўнг Садр акага ер остидан син солдим. У ҳамон иягини онда-сонда бармоқ учлари билан қашлаб, пастки лабини тишлаганча ўй сурарди. Носир пахталикни четга ташлаб, ўрнидан турди-да, аста томоқ қирди:

-Иҳм-м…
-Ўтир, -деди Садр ака ҳорғин,- Каллани жойига қўйиб олайлик…
-Каллани? — Носир пакана ҳеч балони тушунмай, унга мўлтиради.

-Ўтир дедим! –ёшуллининг зардасидан сўнг пакана нари кетди. Афтидан у «каллани жойига қўйиш» деганда фақат самогонни тушунарди.

Печка олдидаги тўнкарилган ёғоч қутида ўтириб, нарироқдаги икковини зимдан кузата бошладим. Носир, боя айтганимдай, паканадан келган, думалоқ жуссали, кўзлари қисиқ йигит. Йигирма бешлардан ошган, хотини билан қизини қолдириб, шу совуқ ўлкаларда тўрт танга пул деб юрибди. Фарғонанинг аллақайси бир туманида суғурта агенти бўлиб ишлаган бу йигитнинг сурбетроқ феъли бор, сиртига сув юқтирмайди, баъзан сал гапга асов отдай гижинглайди, лекин, завқи баланд, улфатбозлиги учун ҳар қандай даврага сингиб кета олади. Полвон эса… Энди, унинг феъл-атвори, ранги-рўйи, қадди-бастини таърифлаш учун шоир бўлиш керак! Ҳар елкасида бир одам ўтирсаям жой ортиб қоладиган, кўкси қабариқ, сочлари силлиқ, қўй кўзлари дунёга ҳамиша ҳайрат билан боқадиган бу йигит ҳатто юзига қўнган пашшаниям ўлдирмайди, куракдай қўлини аста силкиб, ҳайдаб қўяқолади. Тоғликлардан, болалигидаёқ отаси ўлиб, онаси бу етимчани ташлаб кетган, Жалилбойни бобосию момоси тарбиялаган экан. Ўзининг айтишича, отаси ҳам унда-бунда кураш тушиб юрган, аммо ўта мулойим феълли одам бўлган экан. Баъзан ўзимча ўйлайман: полвон хотининиям сизлаб гапирса керак. Буни бугун нима жин урди экан?..

Ўзи бугун эрталабдан ҳаво ҳам, одамларнинг кайфиятиям расво эди.. Осмон ҳар кунгидан кўра қорайиброқ кўринди, негадир Садр ака ҳам бўлар-бўлмасга тўнғиллай бошлади. Чап ёни билан турган кўринади. Ўзимнинг ҳам ичимга чироқ ёқса ёримасди. Рост-да, уйга на телефон қилиб бўлади ва на тўрт танга пул жўнатишнинг иложи бор. Уйдагилар мени бедарак йўқолганлар қаторига қўшиб қўйишмаган бўлишсин-да, ишқилиб. Ота-онамку, майли, улар тушунишади, мусофирликнинг нони қаттиқ, лекин, хотиним билан икки ўғлим… Аёлим бечора, катталарга, болаларга билдирмай, яширинча кўз ёш тўкаётгандир. Москва яқинида ишлаганимизда ҳар ҳафта уйга қўнғироқ қилардим, имконим етганча пул жўнатардим. Қаерданам мана шу Носир паканага йўлиқдим-а?! Анови туллак метисни, Серикбайни топиб келган шу-да! Гапига қараганда, Серикнинг отаси ўзбек, онаси қозоқми ва ёки бунинг тескарисими, ишқилиб, бир чаламиллат-да. Занғар, нуқул қозоқча гапиради.

-Вай бўй-ўв, ширақдарим, сиздерге не бўлди? Булай хўр бўлип юрипсендер? Сиздерге жахси бир жумуш тапиб берем! –деди у бит кўзларини йилтиратиб. Айтишича, ўша «яхши бир юмуш»да бизнинг ҳар биримизга ойига бир ярим минг доллардан тўлашар экан. Ҳар ойда нари борса уч-тўрт юзни зўрға топиб юрган биз каби бандаларга бу Алибобонинг хазинаси бўлиб кўринди-да. Ўйлаб ўтирмай рози бўлдик, ўрмон хўжалиги раҳбари Виктор Петровичнинг норозилигига, маошимизни кўтариш ҳақидаги ваъдаларигаям қарамай, Серикбай билан кетишга рози бўлдик. Борган еримизда нима қилишимизни сўраган Садр акага у ялтоқлангандек тиржайди:
-Мал бақасандер! Шарвачилик-де, аға! Ақшани кўп береди.

Совуқ ўлкага борадиган самолётга ўтирганимиздаям, ҳатто Томскка келиб тушганимиздаям ҳавонинг бу қадар совуқ бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, барчанинг хаёли «ақча»да эди. Алқисса, аввал автобусда, сўнг вездеходда анча юрдик. Ниҳоят, бир тупканинг тагига келиб тушдик. Нақ тундра дейсиз! Бундай овлоқда ферма ташкил этиб бало бормиди бу Никита деган хумпарга… Мангу музлар, юз йиллаб эримаган қорлар ҳукмрон бўлган бу макон улкан уммонга яқин, ўн икки ой аччиқ изғирин эсиб туради. Мана шу худонинг ўзиям унутган хилватда биз –тўрт оғайни буғу боқамиз. Ферма эгаси Никита Бугров бизни Серикбайдан сотиб олганлигини икки гапнинг бирида пеш қилади. Тўғрироғи, Чалабой бизни алдаб чақирди ва Никитага сотиб юборди! Ўшанда, бу қарғиш теккан маконга илк келган кунлари бизни кулиб қарши олган Никита бора-бора тўнини тескари кийди: қозоқ айтганидек, ҳар қайсимизга ойига бир ярим минг эмас, минг доллар тўлашини айтди. Биз шукронали халқмиз, бунгаям кўндик: майли-да, ҳарқалай, минг дегани уч юздан кўпроқку! Лекин, Никитабой пулни қўлимизга бермай, ҳар қайсимизнинг манзилимизга ўзи юборадиган бўлди. Шукронани унутганимиз йўқ, бунисигаям рози бўлдик: нима бўлгандаям, уйга пул боряптику. Олдинига бой ойига бир бора шаҳарга бориб, келишилган пулни Ўзбекистонга юбориб турди, кейинчалик эса турли баҳоналар тўқий бошлади: бу ой даромад яхши бўлмади, келаси ойда қўшиб жўнатаман ва ҳокозо. Бунинг устига, Подмосковьеда баъзан ҳафтасига, айрим пайтлар эса кунора уй билан телефонлашиб турардик, бу ерда эса бой икки-уч ойда бир марта ўз телефонидан қўнғироқ қилиб, Ўзбекистонни улаб беради. Унинг офиси биз ишлайдиган ердан анчайин олис, гаплашиш пайти етганда ё ўзи келади вездехода (Носир пакана бу япасқи, аммо, кучли машинани «ҳарердаюрар» дейди), ё бўлмаса иш бошқарувчиси Фролни жўнатади, уйи билан гаплашадиган киши у билан офисга кетади. (Аслида бой «офис» деб улуғлайдиган биноям иккита ёғоч кулбадан бошқа нарса эмас, лекин, нима бўлгандаям иссиқ, компьютеру телефон деган матаҳлар бор).

Аслида Никитабой унча ёмон одам эмас. Фрол билан ёшуллигина уни Бугор деб чақиришади, биз, оддий гуноҳкорлар эса Никата Михайлич деймиз. Ёши элликлардан ошган, ғўлабир, айиққа ўхшаб маймоқ, соч-соқоли қизғиш бу ўриснинг хизматчи оқсочи ва ўттизлардан ўтган қизи бор. Фролнинг айтишича, қизи эридан ажралиб, ота-онасиникига қайтиб келган. Лўппи юзларида майда, кўкимтир томирчалар билиниб турган бой қизини еру кўкка ишонмайди. Алёнахон ҳам айни пишган, тирсиллама жувон, эркак зотини кўрса, кўзлари олма-кесак тера бошлайди. Фролбек, менимча, уни «айлантириб» юрибди-ёв, бўлмаса нега Алёнадан гап очилса кўзлари ёниб, тишларини қисиб, ғижина бошлайди? Ўйлашимча, бу бечора йигит аёлнинг боғидан бир шингил узум ё еган, ё йўқ, сўнг Алёна уни тупуриб ташлаб, ўзига яқин йўлатмаган. Тиш ғижирлатишлари шундан бўлса керак. Тағин ким билади дейсиз…

Бу Фрол деган гўрсўхтанинг қилиқлари шугина бўлса майлийди, лекин, у сўнгги пайтларда полвон билан ўчакишиб қолди. Ўзи Фрол ҳам қирқларни қоралаган, ҳирсдай бақувват, аммо, полвоннинг боғлаган ипиниям ечолмаслиги кўриниб турибди. Нима дейсиз энди, юрт –уларники, ҳукм –уларники, биз бир мусофир, хизматкормиз. («Қулмиз» дейишга ғурур йўл бермади). Шунинг учунми, иш бошқарувчи ҳар келганда полвонни турткилайди, бўлар-бўлмасга устидан кулади. Биз Жалилбойни «полвон» деб атаганимизни бир-икки марта эшитганди, шундан бери уни «Эй, болван!» деб чақиради. Бу сўзнинг асл маъносини билмаса ҳам, полвон унинг яхши сўз эмаслигини англайди. Биладию, лекин, индамайди. Нима қилсин, боя айтдимку, зўрники тегирмон айлантиради. Биз бир келгинди, сиғинди бўлсак. Агар Фролни бир мушт урса, барчамиз ишдан айрилишимизни у яхши тушунади, шунинг учун аламини ачига ютади.
Фролбек ҳафтада бир марта бизга озиқ-овқату яна бошқа керакли нарсаларни келтириб туради. То биз юкларни туширгунимизча буғулар қамалган қўрани кўздан кечирган бўлади, ишимиздан ўнлаб камчилик топади. Бунақада жониворлар ориқлаб кетишини, уларни яхши боқмаётганимизни, вақтида суғормаётганимизни, кўпроқ очиқ майдонда ўтлатмаётганимизни таъкидлаб тўнғиллайди, сўнг хўжайинга бу ҳақда албатта айтишини писанда қилади. Ҳайрон бўламан: ерга кўмилган улкан цистернадан ҳар куни юзлаб челак сув тортиб, буғуларни суғориш, ғарамлаб қўйилган пичандан ташлаш, уларнинг тагларини тозалаш ёки изғиринда изиллаб, бийдай далада, ҳеч вақо ўсмайдиган яйдоқ чўлда уларни айлантириб келиш қанчалик машаққат эканлигини наҳотки тушунмайди бу?
Гўштга топшириладиган буғуларни олиб кетгани ҳам Фролбекнинг ўзлари келадилар, усти очиқ катта машинада, ёнларига иккита йигит олиб. Аллақаерда бойнинг ўз кушхонаси бор, у кимларгадир гўшт ва тери ҳам топширади. Фрол –ўз номи билан иш бошқарувчи, бунақа пайтда у қўлини совуқ сувгаям урмайди, бутун ташвиш ҳалиги икки йигитнинг, қолаверса, бизнинг зиммамизда. Олиб кетиладиган молларниям унинг ўзи танлайди.

-Вот этого берите! Держи, не спи!-дея дўқ уради бизга.

Хуллас, бечоранинг вақти-соати етган, бугун уни бу ерга ажал ҳайдаб келган экан. Ўйлашимча, унинг полвонни ёқтирмаслигига яна бир сабаб бор. Икки ойча бурун уйи билан гаплашиш учун офисга борган полвон Алёнахоннинг ғамза ўқига дуч келган. Пишакка «пишт», товуққа «кишт» демайдиган полвон ўша куни ранги-рўйи бир алфозда, лекин, кўзлари оловланиб қайтиб келди.

-Нима гап, гаплашдингми уйингдагилар билан? –сўрали Садр ака.
-Э, уйдагилар тинч… -дудуқланди полвон, -лекин… анави…

-Намунча чайналдинг, полвон, тинчликми ўзи? –дея тағин тоқатсизланди Садр ака. Бу одам –орамизда ёши улуғимиз, шунинг учун учовимизниям сенсираб гапиради, менимча, бунга ҳаққиям бор. Ўрни келганда тергайди ҳам. Мана, ҳозир ҳам у полвоннинг имиллашидан бир ёмонлик аломатини сезгандай эди.

-Э, анови ўрис хотин… Бойнинг қизини айтаман-да! Нуқул зимдан қош учиради, қисталоқ… Бугун ҳам уй билан гаплашиб, даҳлизга чиқсам, турган экан. Бирдан… ёпишиб қолди, мочағар! Бўйнимга осилиб, кўкрагини кўксимга ишқаб, «О, мой богатир!» деб эшила бошлади. Шу пайт… аксига олгандай, Фрол кириб қолди…-полвон бурнини тортиб, ерга қаради.

-Шўқиллатма-ей, касофат! –деди ёшулли эркалагандай кулимсираб, -Нима бўлди экан деб, жоним чиқаёзди. Шумиди ҳали..?

-Нима, бу озми? –дедим гапга аралашиб, -Энди бу Фрол деганлари полвонга «Орбит»дай ёпишади. Ярамас хотин!

-Оббо Ғанишер-ей, шунга шунчами? –орага суқилди Носир пакана тиржайиб, -Жа ҳаддидан ошаверса, полвон бир мушт билан унинг суробини тўғрилаб қўяди, вассалом!

-Эсингни едингми?! –деди Садр ака кўзларини олайтириб, -Буни хаёлинггаям келтирма, полвон! Қўй, ғингшийверсин касал итдай, сен дамингни чиқарма. Иссиқ ўрнимиздан айрилиб, оворайи сарсон бўлмайлик.

Ҳавонинг совуқлигию ёшуллининг «иссиқ ўрнимиз» деганлари бир-бирига қанчалик зид келишини ўйлаб, кулиб қўйдим.
Полвоннинг гапи тўғри чиқди, менинг гумонларим ҳам. Фрол ростанам Алёнанинг ўша кунги қилиқларига гувоҳ бўлган экан, кейинги келишида Жалилбойга пичинг қилди:

-Ҳа, айғир, хотинсираб қолдингми?! Менга қара, чурка, агар яна Алёнага қўл тегизсанг, жонингдан умидингни узавер!

Полвон индамади, лекин, менинг ғазабим аланга олди:

-Оғзингга қараб гапир, ҳўв хохол! Агар чурка дегани ўрисдан бошқа барча миллатга тегишли бўлса, унда сенам чуркасан, тушундингми? Так что, заткнись!
-Оҳ-ҳо, тилинг узайиб қоптими, ўзбек?! Мен сенларни…

-Хватит! –деди ёшулли ниҳоят, -Фрол, иди давай, а то хозяину скажу. Болалар, сенларам ишларингга боринглар!
Садр ака чинданам Никитага айтганми, ишқилиб, Фрол анча вақтгача думини қисиб юрди, лекин, бора-бора яна эски ашуласини бошлади. Энди у нафақат полвонга, балки ҳаммамизга бўлса-бўлмаса ёпишар, тирноқ тагидан кир излаб, бизни камситишга уринарди. Сабр косамиз тўлиб борарди. «Нима бало, ўзбеклар бунинг онасини урганми дейман..!» дея тўнғилларди Носир пакана. Полвон ёшуллининг юзидан ўтолмадими, ё барчамизнинг эртамизни ўйладими, ишқилиб, хохолнинг зулмига индамай чидаб келди. Шу вақтга, аниқроғи, бугунга қадар…

Бугун эрталаб келган Фрол негадир кетишни истамас, ишимиздан икир-чикир камчиликлар топар, полвонга тинмай тирғаларди. Биз учовлон бу манзарага кўникиб ҳам қолгандик, шунинг учун бу даҳанаки жангга эътибор бермай, ишимизни қилавердик. Лекин, хохолнинг бўкириши ҳаммамизни гўё ғафлат уйқусидан уйғотди. Ёшулли баракдан, пакана икковимиз молхонадан чиқиб келганимизда Фрол билан полвон ёқа бўғишар, хохол нуқул «Убю, падла!» деб бўкирарди. Уларни ажратишга улгуролмай қолдик. Орамизда мен чаққонроқман деб ўйлаб юрардим, икки ҳатлашда улар турган ерга етдим, аммо, полвон тезкорроқ экан: у рақибини маҳкам қучди-да, уни шиддат билан айлантириб, орқага ўгирди, сўнг даҳанидан ушлаб, кескин бир силтади. Ғалати, юракка ваҳима солиб, баданни музлатадиган нохуш бир товуш чиқди. Қисирлашми, ғижирлашми… Бу ишлар бир неча сония ичида содир бўлди, лекин, секинлаштирилган фильм лавҳаларидай ҳамон кўз олдимда: хохолнинг аъзойи бадани бирдан бўшашди, у полвоннинг қучоғидан аста сирғалиб, ерга тушди-да, чўзилиб қолди. Фролнинг вазни юз килонинг нари-берисида эди, лекин, Жалил полвон уни худди балетда ўйнаётган раққосани орқага ўгиргандлай чир айлантирди! Демак, курашнинг турли усулларини билади, бундан чиқди, у давраларда кўп курашган, лекин, билгани ичида экан. Хуллас, Носир пакананинг «суробни тўғрилаш» ҳақидаги башорати тўғри чиқди…

Қилиб қўйган ишининг нечоғлик даҳшатли эканлигини ҳали англаб улгурмаган Жалил полвон менга қараб кўзлари олайганча пичирлади:
-Онамни сўкди, Ғани ака… Онам раҳматликни…

Мана энди бўлса Фролбек, бўйни ғайритабиий қийшайганча, қорда ётибди. «Ҳарердаюрар»дан ўн қадамча берида ётган жасаднинг атрофида бир томчиям қон кўринмасди. Зеро, хохолнинг аъзойи баданида биронта тирналган ёки шилинган жойи йўқ, фақат у … жонсиз эди.

…Ниҳоят, ёшулли ўрнидан турди. Атрофга аланглаб, нигоҳлари билан ниманидир излагандай бўлди. Менимча, у кечаги тинчликни, оромни қидиряпти. Энди бизнинг ҳаётимизда анчагача тинчлигу осойишталик бўлмаслигини ҳис этяпти, билишимча. Оёқ остидаги лойни пилчиллатиб босганча, оғир қадамлар билан ташқарига чиқди. Мен бўлсам ланғиллаб ёнаётган «буржуйка»га яқинроқ сурилдим: негадир этим увуша бошлаганди.

Кўп ўтмай ёшулли қўлида кичкина телефон билан қайтиб кирди. Менинг савол тўла нигоҳимни пайқаб, «Фрол… марҳумники. Никитага қўнғироқ қилдим, кечга яқин келади» дея тўнғиллади. Сўнг ҳамон ширакайфга ўхшаб гарангсираб турган полвон билан паканани молларга қараб келишга жўнатиб, мени ёнига имлади.

-Ғанишер, сен, ҳарқалай, ўқимишли йигитсан, институтни битиргансан. Энди… бирон нарса қилиш керак, бўлмаса, полвон қамалиб кетади! Бегона юртда! Бизам қуруқ қолмаймиз. Бирон нарса ўйлаб топиш керак! –деди у бўғилгандай. Ёшулли ёғоч катнинг бир четида омонатгина ўтирар, мен бўлсам унинг рўпарасида тикка турардим. Хаёлимда кечки пайт бу ерда содир бўладиган воқеалар жонлана бошлади: ана, ғазаб отига минган бой ёнида иккита қуролли милиса билан етиб келди. У Фролнинг жасадини кўриб, унинг ёнига чўкка тушди-да, унсиз ёш тўка бошлади. Сўнг Садр ака билан қисқа гаплашди, суҳбат асносида полвонга икки-уч марта ўқрайиб қараб қўйди. Бироздан сўнг милисалар полвоннинг қўлига кишан солишиб, машинага тиқишди. Биз томонга ўгирилиб, «Ҳали сенларга ҳам навбат келади, ҳеч қаёққа кетолмайсанлар!» деб ўшқирди, сўнг икки машина изма-из вағиллаб жўнади…

Этим жунжикиб, бошимни силкиб қўйганимни кўрган ёшулли аҳволимни тушунди шекилли, афсус билан пастки лабини тишлади. Нигоҳларидан «Ҳолимизга вой, ука…» деган маънони англадиму, қўл-оёғим бўшашиб, ёғоч катга бемажол ўтириб қолдим.

-Хохолнинг ўлигини машинага ортиб, бирон узоқроқ ерга ташлаб келайми-а? –дедим ёшуллига аста..

-Фойдаси йўқ, бойга айтиб қўйдим. Яширгандаям… Барибир топишади… -деди у хўрсиниб.- Яхшиси, «Юраги тўсатдан хуруж қилиб ўлди» деймиз, бошқа илож йўқ. Агар милисаю духтур келмаса, бойга тушунтириш мумкин, лекин келишса…

Никита ҳам, ҳеч кимнинг миясига жўялироқ фикр ҳам келмади ўша куни. Ярим тунгача ухламай кутдик, аммо, бойдан дарак бўлмади. Соат ўн иккидан ошгач, ёшулли «Падарига лаънат..!» дея тўнғиллаганча уйқуга ётди. Бошқалар қандай ухлашганини билмайман, лекин, менинг кўзимга уйқу келмади: турли ваҳимали хаёллар бостириб келар, ўзимга эмас, олисда қолган оиламга, қолаверса, Жалил полвонга ачиниб, тинмай тўшакда тўлғанардим.

Тонгга яқин кўзим илинган экан, Носир пакана турткилаб уйғотди. Кўзимни очсам, полвон буғулардан хабар олишга кетган, Никита билан ёшулли Фролнинг қор босган жасади тепасида туришган экан. Қўл-бетимни ювиб, уларга яқин бордим. Бой саломимга сассиз бош ирғади, сўнг ёшуллига ўгирилди:

-Саша, сенлар кўпам ташвиш чекаверманглар. Бу ит ўзи ҳаддидан ошди сўнгги пайтларда. Кассадан бир неча марта пул ўмарганини сезиб юрардим, лекин, кўзинг билан кўриб, қўлинг билан ушламагандан сўнг… Бошқа ким ҳам оларди? Алёна оладими? Ё оқсоч кампирми? Уларга пул керак бўлса, ўзимга айтишади. Бултур хотиним вафот этди. Ўзини осиб қўйди… Аввалига ҳайрон бўлдим, соппа-соғ юрган аёл… Нима камчилиги бор эди? Кейин ўйлаб кўрдим: менимча, у манави ярамаснинг қўли эгрилигини сезиб қолиб, ўзига айтган, бу эса уни… Лекин, исбот йўқ-да. Ким билади, балки номусига ҳам … Тағин ким билади дейсан, Саша, бу итдан ҳар нарса кутиш мумкин эди. Булар ҳам камдай… қизимга … кўз олайтирди. У энди, аёл киши, ёш нарса… Бир-икки марта Фролдан шикоят қилди, менам бу ифлосни сўкдим, бўйнини эгиб, тагини ҳўллаган боладай турганини кўриб, тағин раҳмим келди. Кечирдим.

-Бунинг ота-онаси…
-Ҳеч кими йўқ унинг,- деди бой асабий қўл силтаб, -Ўғрилик, зўравонлик учун икки марта қамалиб чиққач, шаҳарга сиғмай қолган, икки йил олдин шу ерга келди. Раҳмим келди, ишга олдим. Ота-онаси ўлиб кетган, ака-укаси йўқ, оила қурмаган. Одам бўлар деб ўйлагандим…Лекин, бу ярамас…

Ёшулли унга марҳумнинг полвонга тирғалишларини, беҳисоб ҳақоратлару камситишларини, бизга қилган пўписаларини эринмай сўзлаб берди. Бой изма-из тамаки тутатар, ора-сира Фролнинг жасадига жиркангандай қараб қўярди. Ниҳоят, у тамаки қолдиғини четга улоқтириб, менга ўгирилди:

-Гена, ёнингга полвонни ол-да, манави махлуқнинг жасадини вездеходга ортиб, бу ердан нарироққа элтиб ташланглар! Йиртқичлар еб кетсин ифлос мурдасини! Тфу! – У шундай деб жасад томонга нафрат билан тупурди. Полвонни чақириш учун ортимга ўгирилаётиб, ногоҳ Садр аканинг чеҳрасига кўзим тушди: у алланечук оқариб кетган, лаблари пир-пир учарди. Қирра бурни устига қалқиб чиққан реза тернии бармоғи билан сидириб, кескин бош силтади.

-Йўқ! –деди у қатъий, -Жасадни дафн этамиз!
-Саша, зачем тебе такой…

-Послушай, Бугор! У нас так не принята! Ғанишер, анови икковини чақир, белкуракларни олиб, баракнинг орқа томонидан, қибла тарафдан гўр қазишсин.
-Тушунмайман сенларга! Итга –ит ўлими! Фролнинг ҳеч кими, ҳеч нарсаси, ҳатто паспортиям йўқ эди! У аллақачон ўлиб бўлганди аслида! –тўнғиллади бой.

Ёшулли унинг гапига эътибор ҳам бермади. Бироздан сўнг полвон билан пакана қабр кавлашга кетишди, ёшулли билан иккимиз жасадни барака олиб кирдик. Садр ака печда сув иситди, сўнг марҳумнинг кийимларини ечиб, уни тахта кат устида бир амаллаб ювдик. Ниҳоят, Садр ака тўшагининг остини кавлаштириб, тўрт-беш метрлик оҳорли оқ мато чиқарди. Хаёлимга ногоҳ босиб келган фикрдан баданим жимирлаб кетди: ёшулли бу сурпни ўзи учун олиб келган, ўзига асраб қўйган! «Мусофир юртларда ажалим етса, мусулмон одати бўйича кафанлаб кўмишсин» деган ниятда… Ё худойим-ей! «Ўлимини бўйнига олмаган –кофир» дейишарди боболаримиз. Буни қаранг, бир мўмин-мусулмонга аталган кафанлик кимларга насиб этди…

Бир соатча вақт ўтди, ниҳоя, йигитлар кириб келишди. Музлаган ерни кавлаш учун қанчалик қийналишгани уларнинг бўғриққан юзларидан билиниб турибди. Бу орада бизам ишни тугатдик. Худораҳмати Фрол энди оппоқ сурпга ўралиб, чиройли бўлиб (астағфирилло!) ётарди. Бизнинг ҳаракатларимизни индамай кузатиб, у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган бой ёшуллига ҳайрат билан тикилар, гўё уни тушунишга уринаётгандай эди.

Ташқарида ҳаво тағин айний бошлаганди, изғирин кучайиб, саҳардан учқунлай бошлаган қор йириклашганди. Майитни нарвонга ортиб, қабр бошига элтдик. Уни лаҳадга эҳтиётлаб қўйгач, бир сиқимдан тупроқ ташлаб, сўнг қабр оғзини беш-олтита харию тахта бўлаклари билан бекитдик. Кўмиб бўлгач, ёшулли «Ўтиринглар» дегандай ишора қилди, ҳаммамиз қабр бошида чўнқайдик. Садр аканинг мунгли тиловати қор босган чексиз кенглик узра тарала бошлади:

-Аузибиллаҳу минаш шайтону рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм…

Назаримда нафақат атрофимиздаги, балки бутун коинотдаги барча ҳаракатлар бир зумга тўхтаб қолгандек бўлди. Борлиқда фақат ҳадсиз ғуссаю ғамга йўғрилган овоз янграр, бу сас қалин қор пардасини ёриб, тўғри само тоқига санчилар, сўнг қайта пастга эниб, юракнинг, тафаккурнинг энг чуқур қатламларигача кириб борарди.

-Қул аъувзу бираббил фалақ мин шарри мо холақ…

Бу каби тиловатларни минглаб бора эшитиб, дийдаси бир қадар қотгганлар жимгина бош солиб тинглашар, умрида илк бор эшитаётган бой эса кўзларидан думалаётган ёшга ҳам эътибор бермай, сарҳадсиз оқ кенгликка киприк қоқмай жим термуларди. Эҳтимол, мана шу овлоқда ўтаётган умри, кўрган-кечирганлари, раҳматли аёли хаёлида гавдалангандир? Соғ бўлгур, кўнгли бўш одамга ўхшайди.

Дуойи фотиҳадан сўнг барча ўрнидан турди. Полвон билан пакана белкуракларни олиб, илгарилаб кетишди, мен бой билан ёшуллига эргашдим.

-Что это, Саша? Что за песня? –сўради Никита ёшуллини қўлтиқлаб олиб.
-Молитва… Стихи из Корана…
-О боже! Это… просто чудо! Научи меня, а?
-Потом поговорим, Бугор…
-Ладно… А почему никто из вас не плакал? –деди бой ўзининг бояги ҳолатидан уялгандай.
-Не знаю… Бугор, ҳарқалай, милисага билдириб…

Бой «Кераги йўқ!» дегандек бош чайқали, бироз ўтгач эса тўнғиллади:

-Да ладно..! Уверяю тебя, его, этого гада никто даже не вспомнить! Бир ит бор эди, йўқ бўлди! И всё!

Барак олдига келгач, бой менга юзланди:
-Гена, оставайся тут, остальние едут со мной.
-Нима гап? –деди ёшулли сергак тортиб.

-Ҳаммаси жойида, Саша. Мен билан юринглар, уйларингга қўнғироқ қилинглар. Маошларингизни, ўтган ойлардагиларниям қўшиб, биратўла олинглар. Менга… бировнинг ҳаққи керак эмас. Мен сизларни… билмас эканман. Умуман! Что за народ, а? Такой великодушний… Тушдан кейин, Саша, сен билан бирга шаҳарга борамиз, болаларнинг уйларига пул жўнатамиз. Бирга! Тушуняпсизларми?

-Тушунарли, -деди ёшулли ним табассум билан,- Ғанишер, молларга эҳтиёт бўл. Сенлар, қани, машинага чиқинглар. Носир, вездеходни ҳайда, полвонни ёнингга ол. Мен Бугор билан кетаман.

Улар жўнашди, машиналар ортидан узоқ тикилдим, сўнг беихтиёр осмонга қарадим: самовот оппоқ эди. Кечаги тундлик, юракни эзувчи бирхиллик қайгадир йўқолгандай, бу сарҳадсиз оқ салтанат кўз ва руҳга ором берарди. «Бечора Фролнинг қабрини аллақачон қор қоплагандир…» деган фикр хаёлимдан ўтди. Унинг сурбетларга тиржайиб турган чеҳраси кўз олдимга келди, асабни эговловчи хирилдоқ, ёқимсиз кулгуси қулоқларим остида жаранглагандек бўлди. Раҳматлик, жуда… яхши одам эди-да…

КУЗ САБОҚЛАРИ

Чол қалингина чопонининг барини тўғрилаб, тиззаларини ўради. Эти сал жунжиккандай бўлиб, бироз қунишди. Кўзларини ариқ ёқалаб келган йўлдан узиб, ўнг тарафидаги кекса зардолуга қаради. Дарахт барглари тус тиллойи рангга кирганди. Тунги енгил шабада шохдан узган, ҳозир эса бутун дарвозахонаю уй олдини қоплаб ётган, тонгги қуёшнинг ожиз нурларидан олтиндай товланаётган япроқлар чолнинг кўзларини қамаштиргандай бўлди. «Савил, ялтирашини қаранг! Худди амирий тиллолардай… Кечаси шудринг тушибди-да, шунга булар ялт-юлт қилиб ётибди… Барглар… узилмаса бўлмасмикан? Қиш бўйи туриб, баҳорда яна яшил тусга кирса… Э-э, йўқ, бунақаси бўлмаган, дарахт ҳам… қайта туғилади. Эй худой-ей, бандангга бир дарахтчалик ҳам имкон бермайсан-а! Ҳа-а, майли… Бугун ҳаво бироз очилсаям ажаб эмас. Лекин, сатанг хотиндай бу ҳавога ишониб бўлмайди, сандални қурдиришим керак…»

Унинг ўйларини сезгандай, кўнгил тубидаги иштибоҳлару ожизгина исённи бостириш учунми, шамолнинг навбатдаги эпкини сариқ бир япроқни тўғри унинг олдига келтириб ташлади. У худди заъфарон тусли капалакдай чопони енгига келиб қўнган баргни енгил титраётган, томирлари бўртиб турган қўли билан авайлаб ушлади, агар сал кескин ҳаракат қилса, капалак учиб кетадигандай, икки бармоғи билан япроқ бандидан тутиб, уни оҳиста айлантирди. «Қурғур, чинданам тиллодай товланади…-хаёлан жилмайди у,- Шошма, нимага ҳадеб «тилло-тилло» деб қолдим бугун? Умримда шу савилни бир-икки марта кўрдимми-йўқми…Ай-й, умр ўтди-кетди, на бир тузукроқ уй…» Ва шу лаҳза кўнглинингми, тафаккуринингми энг олис, қоронғи бурчагидан чиқиб келган улкан хитоб ва сўроқ белгилари кўз олдини буткул тўсгандай бўлди. «Ия, сен нимага ношукурлик қиляпсан ўзи?! –дея гумбурлади ўжар бир овоз. Бу талабчан, қайсар овоз ўша сочи елкасига тушган, мағрур йигитчанинг товушига жудаям ўхшарди. –Қайси кунингга нолийсан сен? «Барг сўлмаса, япроқ тўкилмаса…» дейсан, бу –«Одамзот ўлмаса, тўғрироғи, мен ўлмасайдим…» деганинг-да! Нима, дунёга устун бўлмоқчимисан? Тўқсонни уриб қўйдинг, тағин нима истайсан? Ким билади, балки ҳали юзгаям кирарсан, агар худо шуни ҳоҳласа. Э-э, дарвоқе, сенинг худойинг борми ўзи? Бир умр компартия деб жағ урдинг, одамларни эзиб ишлатдинг. Ўзинг ҳам тинмадинг, ўзгаларниям тиндирмадинг! Осмондаги юлдуз ўчмасдан матасекилингни тариллатиб ишга жўнардинг, қишлоқ сенинг ана шу «пат-пат»инг товушидан уйғонарди…

«Бас! –пичирлади у кўксини чангаллаб, -Тўхта! Сенга нима ёмонлик қилдим, токайгача мени бундай… Ахир, кечирим сўрадимку! Тўғри, ўзингдан эмас, ота-онангдан сўрадим. Кейинроқ, ўғилларингнинг суннат тўйларигаям…»

Буларнинг бари тушида эмас, ўнгида содир бўлаётганига ишонмоқ учун у икки-уч бор киприк қоқди, сўнг ёшланаётган кўзларини катта очиб, атрофга жовдиради: нигоҳлари олдида ҳамон ўша ҳазину маҳзун, оғриғу армонларга тўла куз ястаниб ётарди. Бироз бодироқ, андак пешгирроқ, вале фақат тўғри гапни айтгувчи бу ўжар товуш аниқ ўша йигитчага, Ботир малимга тегишлими, ё у қариб, эсдан оға бошладими –шу ҳақда фикр юритмоқчи эди, аммо исёнкор бу овоз тағин кутмаганда зарба урган чақмоқдай, қалбию руҳини забтига ола бошлади:

«Эсингдами, қишлоқ болаларидан катта бўлганда ким бўлишини сўрасанг, ўндан тўққизтаси «Қодируп бўламан!» дерди. Шунчалик юракларга чуқур ўрнашганди бу Қодиров деган фамилия! Колохозда ўнта раис алмашди, аммо сен минг йиллик кундадай жойингдан жилмадинг. Партком бова эдинг-да!»

«Сенсирама, отангданам каттаман…»
«Мен эмасман бу, сен ўзинг сенсираяпсан ўзингни».
«Нима, Ботир малим эмасмисан ҳали?»

«Ҳаҳ бечора-я, Махтумқули ҳазратлари билиб айтган эканлар-да, «Дард ёмони қариликдир, ёронлар» деб. Қарибсан, Қодируп, эс ҳам кирди-чиқди бўлиб… Қанақа Ботир, қайси малим? Мен – сенман!

Чол унга ишонмади. Ишонолмасди. Тўқсонга кирган бўлса, шундан етмиш йили компартия деган эртак билан ўтди. Бу эртакда эса руҳ, кўнгил, хотира деган нарсаларга ўрин йўқ эди. Аммо, сўнгги йилларда у худони тез-тез тилга оладиган бўлди. Балки бу шароит тақозоси билан беихтиёр тилидан отилиб чиқадиган сўздир, эҳтимол, муқаррар келадиган Кун олдидаги талвасадир. Нима бўлгандаям, Қодиров коммунист бўлиб ўлишни истамасди. Мана бу кажбаҳс эса уни ҳамон коммунистликда айблаб турибди. Иккиюзламачиликни қаранг, Ботир малим эмасмиш! Қодиров, гарчи қулоғи сал оғирлашган, кўзи бироз хира тортган, бели андак букилган бўлса-да, ҳали ақлини йўқотгани йўқ. Ўша ўжар, ёшларга хос кибр қоришиқ овоз бу. Аниқ ўша, Ботир малим! Нима бўлганди ўзи ўшанда, нега бу бола унга бунча ёпишиб олди?

Чол кўзларини юмди, минглаб кунлару ойлар оралаб, хаёлан олис йиллар қаърига шўнғимоқни, ўша куни нима воқеа бўлганини аниқ хотирламоқни истарди у. Ёдининг чанг босган бурчакларини титкиларкан, ногоҳ юзага қалқиб чиққан бир фикрдан бадани музлаб кетди: фақатгина Ботир малим эмас, балки юзлаб одамларнинг дилини оғритгансан сен! Қанчалаб бечораларни қон қақшатдинг пахта деб, пилла деб!

-Замон шундай эди… -дея сассиз пичирлади у кўксида чидаб бўлмас бир оғриқ билан,- Кимнинг аравасига тушсанг…

Тўғри, ўшанинг қўшиғини айтасан. Аммо, ўша қўшиқ, «коммунизм» деб аталган қўшиқнинг ёлғон эканлигини, бу айтим андишалию тоқатли халқни алдаш, юпатиш учун тўқиб чиқарилганлигини у билмасмиди ўшанда? Биларди, лекин… қўрқарди. Кўз олдингда не-не ариллаган, кариллаган зўрларнинг белини синдирсалар, қўрқмай кўр-чи?! Қодиров ўзининг баҳайбат машинанинг митти бир винтчаси эканлигини, сал бош кўтарса, улкан чиғириқ уни мажақлаб ташлашини яхши биларди. Шу билан бирга, кўнглининг аллақайси бир кунжида умид ҳам бор эди: у мана шу чўпчакларнинг пайти келиб ҳақиқатга айланишини, барча одамлар эмин-эркин яшайдиган даврлар келишига ишонишни истарди. Ва бу нажотни у фақат ўзи сиғинган эътиқоддангина топмоқчи бўларди. Фақат социализмнинг тўла-тўкис ғалабасидан… Ҳеч қандай мустақиллигу озодлик тўғрисида ҳаёл қилмаган у. Ё ўйлаганмиди? Ким билади, худо берган бу узун умрнинг қайси бир лаҳзасини эслайсан, қай бир дақиқасида нималарни ўйлаганингни бугун қандай хотирлайсан..?

Дарвоқе, нима бўлганди ўшанда, бу йигитга нима зулм ўтказувди у? Саноқсиз йиллар бўйи ўзи билан бирга ишлаган, унга гоҳ буйруқ берган, гоҳ амрини бажарган одамларнинг чеҳралари нигоҳлари олдидан сузиб ўтаркан, бир жиддий ва нурли сурат унинг кўнгил кўзи олдида ногоҳ таққа тўхтади!

-Э-э, ўртоқ Ҳасанов…-инграгандай пичирлади у ўлганнинг кунидан жилмайиб. Ҳа, бу Сайфулла Ҳасанов эди, ўша пайтлар райқўмнинг биринчи котиби бўлган одам. Ва шу лаҳза Қодировнинг тафаккурида чақмоқ чаққандай бўлди: у ҳаммасини эслади! Ботир малим билан илк тўқнашганида содир бўлган воқеалар худди секинлаштирилган кино лавҳаларидай кўз олдидан ўта бошлади…

…Ноябрнинг ўрталари эди ўшанда, хўжалик пахта режасини бажариш учун чираниб ётган кунлар. Икки оёғи бир этика тиқилган Қодиров кабинетида жон ҳовучлаганча ўтирар, қаршисидаги суҳбатдошининг нигоҳлари эса уни сассиз саволга тутаётганди: бу аҳволда режа нима бўлади, нимага мактабларни ёпмаяпсан, нега одамлар тўй-маърака қилишяпти бунақа пайтда, эртага бошингга не кунлар тушишини ўйлаяпсанми?

Қодиров нима қиларини билмай, ерга боқиб ўтирганда эшик очилиб, йигирма уч-йигирма тўрт ёшлардаги йигит кириб келди. Унинг хиёл жингалакроқ сочлари кўпириб, елкасига тушиб турар, эгнида ўша пайтлари урф бўлган «финка» куйлак, жинси шимининг почаси қайириб қўйилганди. Чўзинчоқроқ юзли бу йигитнинг нигоҳлари анча мағрур ва беписанд боқарди оламга. У аста томоқ қириб, салом берди:

-Саломалайкум… Тўйга айтиб келдим…
Қодировни чаён чаққандай бўлди, афти буришиб, манглайи тиришди. Беихтиёр суҳбатдошига қаради, у эса майин жилмайиб турарди.
Йигит қўлидаги икки таклифномани Қодировга узатди:

-Мана, бири сизга, биттасини раис бовага бериб қўйсангиз… -у ҳазин жилмайиб, чап қўлини кўксига қўйди-да, меҳмонга ўгирилди, -ака, сизам ўтинг тўйга.
-Албатта-албатта… уйланяпсизми? Кўп яхши…-суҳбатдош енгил қўзғалиб, ўрнидан турди, Қодиров томонга қия қараб, бош ирғади, -бўпти, кечқурун кўришамиз.

У шундай деб чиқиб кетди, устидан совуқ сув қуйилгандек бўлиб ўтирган Қодиров қимирлашгаям улгурмади. Ҳеч нарсани англамаган йигитча елка қисди-да, ортига ўгирилди. Эшикдан чиқар-чиқмас бўрондай шиддат билан қўзғалган Қодиров уни қувиб етдию ёқасидан бўғиб, деворга тақади:

-Нима қилиб қўйганингни биласанми, ахмоқ!
-Тўй… тўйга айтиб… -йигит бир амаллаб ёқасини бўшатди-да, кўйлагини тўғрилаб, унга тик қаради, -Нима бало, жин чалдими, Эрмат ака?

-Уйланмоқчимисан ҳали?! Қани, бир уйланиб кўр-чи, пахта пайтида! Ўзи план ҳиқилдоғимдан бўғиб турибдику! Мен сенга… уйланишни кўрсатиб қўяман! Ўв, келиб-келиб, райкомнинг биринчи секретарини тўйга айтасанми, хумпар! Ўртоқ Ҳасанов эдику бу! Райқўм бова эди!

-Э-э, мен қаердан билибман, унинг райқўм эканлигини?! Хўп, бўлганда-чи, нима, райкомлар тўй қилмайдими? Сиз бир духтирга кўрининг, ака. Соғлигингиз унча яхши эмасга ўхшайди, -ўзини бутунлай тутиб олган йигит энди унга кинояли назар ташлаб, ҳовлига чиқди. Фиғонидан чиққан дуд бўғзини куйдираётган Қодиров қабулхонадаги қатор усталларнинг бир четига чўкди-да, дастрўмол қидириб, чўнтагини кавлай бошлади. Кечки пайт райқўм бюросида Ҳасанов уни ямламай ютишини ўйлаб, беихтиёр тиззаларига қалтироқ кирди.

Шугина билан воқеа якунланган бўлса кошкийди..! Чапақай жаҳли чиққан Қодиров эртасига бу ёш муаллим йигитнинг отасини чақириб, унга ярим соат жағ урди. Фойдаси бўлмади.

-Элга хабар қўйганман, энди иложи йўқ, партқўм бова. Ўртага чиқиб бўлдик, орқага қайтиш йўқ… -ота ўзини босишга уринар, ичидан қалқиб кўтарилаётган ғазабини ортга қайтариш учун лаб тишлар, аммо, Қодиров партия сиёсати, пахта мавсуми, қуёшли ғанимат кунлар тўғрисида жаврайвергач, унинг тоқати тоқ бўлди.- Менга қаранг, Қодируп, ўғлим бўй етди, уйлантираман! Сиз ҳоҳлайсизми-йўқми, тўй бўлади. Борсангиз –эшигим очиқ, бормасангиз — …отамдан нарига!

Унинг бу қилиғини кўриб, Қодиров ғазаб отига эгар урди: мактаб директорига телефон қилиб, агар ўша йигитни, Ботирни ишга олса, онасини Учқўрғондан кўрсатишини писанда қилди. Буям етмагандай, йигитчанинг тўйи куни колхоз гаражидаги занжирли «Т-4» тракторини олиб бориб, тўй бўладиган ҳовлига тиратиб қўйди: қани, тўй қилиб кўрсин-чи, уй-жойини ўша тўй учун тикиладиган палаткасига қўшиб, сурдирвораман!

Аммо, Армон шўпир ўжар эди, барибир ўғлига тўй қилди. Одамлар тракторчини ичириб, сўнг уни уйига элтиб ташлашди. «Т-4»дан эса унунмли фойдаланиб, тўйхонага элтадиган йўлларни текислашди. Тўғри, колхоз раҳбарларидан бирон киши тўйга келмади, Қодиров уларга қаттиқ тайинлаганди, лекин, шўпирнинг тўйига эл-юрт, қавму қариндошлар кўчиб келишди гўё! Ботирбойнинг ашулачи жўралари кўп экан, айтишларича, тўйни роса қизитишганмиш.

Бу гапларни Қодиров кейинроқ эшитди, кўп ўтмай унутиб юборишниям умид қилди. Аммо, қиш ўтиб, баҳор келгач, пилла мавсуми бошланди. Армон шўпирнинг аёли ҳам хўжаликнинг илғор пиллачиларидан бири эди.

-Бу йил пилла боқолмайман, -деди аёл агроном йигит келтирган қурт уруғларни қайтариб бераркан, -соғлигимнинг мазаси йўқ.
Бу гапларнинг тагида ўша алам ётганлигини Қодиров билмайдими?.Билади, албатта. Шунинг учун ипак қуртини олиб, ўзи шўпирнинг уйига борди. Армонбой нефт-газ ташкилотининг мошинасини чўлда вағиллатиб юрган, қишлоқ мактабидан иш тополмаган Ботирбой эса туман марказидаги мактаблардан бирига қатнаб, дарс бераётган экан, икковининг ҳам уйда йўқлиги Қодировга қўл келди: ҳарқалай, ғалванинг камроқ бўлгани яхши-да.

-Менга қара, Ойсара, пиллани оласан! Шахсан райқўмнинг топшириғи бу, мен бошқа нарсани билмайман!

-Партқўм бова, касалман, мазам йўқ… -илтижоли термулди аёл, сўнг гўё аламзадалик билан пичирлади,-ўлсам ҳам сизларга нима, кўп қатори келиб, бир коса шўрвамни ичиб кетасизлар…

-Ўлмайсан!- Қодиров тутақа бошлади, -Ҳали кўрамиз, ким-кимнинг шўрвасини ичар экан..!

Шу тариқа у яна ўн дақиқача «партиямизнинг доно сиёсати» ҳақида гапирди, аёлнинг «сиёсий онгини юксалтирди». Сўнг эса аёл норози бўлиб бош чайқаганига қарамай, ипак қурти солинган қутичани тўрвага солиб, Армон шўпирнинг дарвозасига илиб кетди…
Кейинроқ бир-икки кўришганларида шўпирнинг тили бурро аёли «Шўрвамни ичишга қачон келасиз?» деб киноя қилган бўлса-да, кундалик ташвишлар, улкан хўжаликнинг масъулияти сабаб, Қодиров бу гапларга унча эътибор бермади. «Аёл киши-да, оғзига келганини ўтлайверади» қабилида кинояли тиржайиб, йўлига кетаверди.

… Чол ариқ ёқасидаги тупроқ йўлга яна тикилди: улар шу йўлдан келишади. Кеча невараси топиб келган гапни эшитгандан сўнг унинг ороми йўқолди: вилоят телевидениесидан уни, меҳнат фахрийси Қодировни тасвирга олиш учун одам келаётганмиш! У ҳақда махсус кўрсатув қилишармиш! Ҳазил гапми, махсус кўрсатув-а! Ўзи асли қушуйқу бўлган чол бутунлай тинчидан айрилди: кечаси билан эсқи қоғозларини, «Фахрий ёрлиқ»ларини титкилади, шўро ҳукумати берган уч-тўртта нишонни топиб, яхшилаб артди, кичик келинига айтиб, қадрдон галифе шими ва кителини дазмоллатди, неварасига эса ғарчли хиром этигини мойлатди.

Ҳар кунгидан кечроқ ётди, аммо, кўзига уйқу келмасди. Нима дейди уларга? Роса йигирма беш йил колхозда партқўм бўлганини айтиб мақтанадими? Одамларнинг тўйларига бормагани, айрим пайтларда ҳатто жанозаларниям таъқиқлагани, қабристонларни буздириб, пахта эктиргани, мачитни омборхона қилдирганини ҳикоя қиладими? Суяги қотмаган мактаб болалари декабрнинг изғиринли кунида изиллаб, поёнсиз пахтазорда бир донагина бужмайган кўсак излаганларини, ўзи эса уларнинг бошида қамчи ўйнатганини сўйлаб берадими? Бўйга етган, навраста қизларни шивалаб турган аччиқ ёмғир остида ариқ қазишга мажбур этганларини айтсинми? Таъзияхоналарга бостириб бориб, жанозага саф тортган чолларга зарбу зўр қилиб, тарқатганларини хотирласинми телекамера олдида? Нима дейди уларга, нима дея олади?!

Тонгга яқин кўзи илиндию, зум ўтмай бошини болишдан узди. Худди ухламагандай эди. Руҳияти оғир, кўнгли ғаш эди. Иримига бир бурда нон еб, ярим пиёла чой ҳўплади. Бу орада ҳар ким ишлик-ишига тарқалди, у тағин ёлғиз қолди. Катта ўғли кетиш олдидан унга маъноли қараб, таъкидлади:
-Ота, ҳамма нарсангиз тахт, кийиниб олинг. Ҳадемай келишади.

Мана, чол хазонлар сирли куйлаётган дунёда йўлга кўз тикканча ўтирибди. Кийим –кийим жойида, нишон эса нишон жойида қолди, у одатдаги либосларини кийди, сўнг қалин чопонига ўранди. Кампири раҳматлик буни атайлаб, унга атаб тиктирганди. Момиқ пахта қалин қилиб солинган, майда тикилган чопон жоннинг ҳузури эди.

У оғир дамсар урди, юраги тўлиқиб кетаётгганини ҳис этиб, ўзини овутиш учун тағин атрофга аланглади. Қуёш найза бўйи кўтарилган, борлиқ заъфарон рангга беланиб, товланарди. У беихтиёр кўзларини юмди, нигоҳлари олдида яна Ботир малимнинг қиёфаси пайдо бўлди…

…Йиллар ўтиб, малим ўғлини суннат қилдирадиган вақт етди. Бу сафар, тўйдан уч кун олдин Армон шўпирнинг ўзи келди. Раис ким эди-я у пайтлар? Ҳа, Севиндиков эди! Тешавой икки марта раис бўлдику бу хўжаликка! Иккинчи бор раҳбар бўлиб, гуриллаб юрган пайтлари эди. Хўжалик пахта режасини бажарган, бир замонлардаги таъқиблару таъқиқлар анча бўшашган, аммо, Қодировнинг муртини ҳалиям болта чопмасди. Унинг сталинча кителию генералча шими ҳамон барчанинг кўзини қўрқитар, «Иж-49» мотоцикли ҳануз тариллаб турарди.

Шўпир худди ҳеч нарса бўлмагандай, у билан қўшқўллаб кўришди, юзига фотиҳа тортиб, қўлини кўксига қўйиб сўрашди. Қодиров дуо қилиш қандай бўлишини аллақачон унутган бўлса-да, шўпирга чеҳрасини очиб гапирди:

-Қани, тинчликми, Армонбой?
-Тўйга айтиб келдим, партқўм бова, -деди шўпир тамаки таъсиридан бироз қизарган сийрак мўйловини силаб, -неварачанинг қўлини ҳалоллатсакмикан дегандим…

-Эби, яхши бўлибди-да, қани, муборак бўлсин! –Қодировнинг кўз ўнгида бир неча йил бурунги суҳбат жонланиб, аста хўрсинди.
-Раҳмат, Эрмат оға. Энди, ўзингиз бош бўласиз-да, бир элнинг одамимиз, каттамизсиз.

-Майли, Армонбой, хизматдан қочмаймиз. Планни бўлса, мана, бажариб қўйдик, энди тўй қилсак ярашади. Лекин… Энди, Армонбой, биздан бир гуноҳ ўтиб…
-Э-э, ҳалиям ўша гапни кўтариб юрибсизми, оға! –деди шўпир самимий жилмайиб, — ўтган гап-ўтди, кечаги ўликни кеча кўмадилар, бугунга қолса сасийди. У пайтлар замон шундай эди, партқўм бова.
-Нима бўлгандаям, Армонбой… ишқилиб, одам хижолат бўлар экан-да… Ойсаранинг олдидаям уятлимиз… -Қодиров ўзини мажбурлаб тиржайди.
-Сираям хижолат бўлманг, оға. Боринг, ўзингиз бош бўласиз тўйга.

Ишқилиб, бу сафар ҳам у Ботир малимнинг ўғил тўйига боролмади. Аксига олиб, ўша куни укасиям қиз чиқарадиган бўлди, демак, бу –ўз тўйи! У ўз тўйини ташлаб, бошқа тўйга боролмасди. Шундай бўлса-да, Қодиров тўй куни укасини қаватига олиб, пешин пайти шўпирнинг уйига ўтди. Армонбойнинг бир пиёла чойини ичди, дуойи фотиҳага қўшилди, сўнг узрини айтди. Шўпир ҳам кўпни кўрган одам эмасми, элнинг удумини яхши билади, Қодировдай одам катта бошини кичик қилиб келдими, бу энди ҳазил гап эмас! У меҳмонларга хизмат қилиб юрган ўғлининг Қодировга кинояли қарашларини кўриб, ўтирганларга сездирмай «Дамингни чиқарма!» дегандай имо қилди. Малим чой баҳона, ташқарига чиқди.

Уй эгаси –тўй эгасидан рухсат олиб, келолмаслик сабабини тушунтириб, дили равшан тортган Қодиров укаси билан йўлга чиқди. Машинага ўтираётиб, нарироқда куйманиб юрган шўпирнинг аёлини кўриб қолди.
-Ойсара, бери кел!
Аёл яқинлашиб, уларга салом берди. Муборакбоддан сўнг Қодиров хокисор жилмайди:
-Ҳар кўрганда «Худойимга қачон келасиз?» деб пичинг қилардинг. Мана, неварангнинг тўйида шўрва ичиб кетяпман. Тўйга келолмайман, сабабини Армонбойга айтдим. Майли, Ойсара, ҳаммамиз ҳам тўйларга етайлик. Соғ бўл, синглим.

Эскиларнинг гапи тўғри чиқди, ҳар бир гапга фаришта омин девориши мумкин экан. Астағфирилло, ўшанда аёл нақ башорат қилган эканми, ишқилиб, Армонбой ҳам, аёли ҳам бу ёруғ оламни тарк этиб кетишди. Чархнинг ўйинларини қарангки, чол ҳар икковининг маъракаларида ҳам қатнашиб… шўрваларини ичди.

…У оғир хаёллардан қутулмоқчидай аста бош силкиди, шерози телпагини олиб, қўлидаги чорси рўмол билан манглайини, сўнг энсасини артди, шундай салқин ҳавода терлаганига ҳайрон бўлгандай атрофга жовдиради. Ва кўзи ариқ бўйидаги йўлдан келаётган оқ «Дамас»га тушди. Демак, келишди! Унинг тиззаларида енгил титроқ уйғонди.

Нарироқда тўхтаган мошиндан аввал камера кўтарган мўйловли йигитча, сўнг ўттиз ёшлар атрофидаги сулув жувон ва … Ботир малим тушиб келишди! Қодиров бугун ҳар кимни кутса ҳам, малимни кутмаганди! Қисматнинг ажиб ўйинларига ҳайрон бўлиш-бўлмасликни билмай, довдираб қолган чол ўзини ўнглагунча бўлмай, малим илдам келиб, у билан қўшқўллаб кўришди.
-Ассалому алайкум, бова. Қандай, бинойигинамисиз, невара-чеваралар соғми?

Чол унга жовдираб қаради: бу бола нима қилиб юрибди телевизорчиларга қўшилиб, ё маҳалла юбордимикан? Ҳа-а, хумпар, ўч олишнинг йўлини топибди! Ким билсин, нималар деди у йўл бўйи манавиларга?! Қодировни гўрдан олиб-гўрга тиққандир: ғирт шўронинг одами, эсқи фирқалардан, халқнинг қонини ичган…

Йўқ, малимнинг нигоҳлари самимий эди. Бу қарашда унга бироз ачиниш ҳам, андак қойил қолиш ҳам, энг муҳими, завқ бор эди! Малим Қодировнинг тўқсонга тўқнашса-да, ҳамон оёқ устида юрганига, ақлини йўқотмаганига беш кетиб турганди!
-Мана, танишинглар, Зилолахон, -деди у мухбир аёл томонга ўгирилиб, -Эрмат ота –бизнинг фахримиз! Нафақат қишлоғимиз, балки бутун туманнинг фахри! Йигирма беш йил узлуксиз бир хўжаликда раис ўринбосари бўлган инсон бу киши! Отахонни ҳатто вилоятдаям танишади, ҳурмат қилишади.

Журналист аёл ширингина қилиб «Ассалом» деди, камерали йигитчаям «Зўрмисиз, бобо?» деб қўйди. Чол аста ўрнидан турди, Ботир малим чаққонлик билан уни қўлтиқлади.

-Бова, туманимиз ҳокими шахсан тайинладилар, «Эрмат отамизга менинг саломимни, самимий тилакларимни етказинг, худо ҳоҳласа, яқинда бир бориб, суҳбатларини оламан. Бундай одамлар –бизнинг катта устозларимиз, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини албатта телевидение орқали халққа етказинглар» дедилар у киши.

Чол бошини қуйи солди. Демак, малим ҳозир ҳокимиятда ишлаяпти, буни ҳокимнинг ўзи юборган. Нимага бу тахлит муомала қиляпти бу бола, нима, қалбида умуман гина-кудурат йўқми? Шундай бўлиши мумкинми? Наҳотки Қодировни кечириб юборган бўлса у? Умуман, бунақа нарсаларни кечириш мумкинми? Кечириш, унутиш учун қанақа юрак, қандайин тантилик керак ўзи? У-чи, агар малим унга шу тахлит ёмонликлар қилса, Қодиров уни кечира олармиди? Мунча ўзгарибди бу бола: сипо, нигоҳлари самимий, қадамлари вазмин… Бир пайтлардаги боди, бурни баланд бола қани? Ё йиллар униям ипакдай эшдими? Йўқ, ўзи асли кўнгли тоза бола экан шекилли… Агар айтаётган гапларининг ақалли ярми рост бўлган тақдирдаям, демак, Қодировни унутишмабди. Бундан чиқди, умри зое кетмабди. Ҳа, чол энди камера олдида нима дейишни яхши билади!

У қаддини тиклади, камерани елкасига олган йигитчага қаради. Оператор бола аллақачон иш бошлаган, камеранинг қизил чироқчаси ёнганди.

-Раҳмат… Мени йўқлабсизлар, сизларни Аллоҳ йўқласин. Қаранглар, барглар тўкиляпти… Куз-да… Ҳозир уйга кирамиз, лекин олдин… Мана шу дарахтни, зардолуни қачон ўтқазганимни эслолмайман. Ҳарқалай, ёш эдим у пайтлар. Биз… бирга қаридик. Лекин, у ҳамон мева бераяпти. Невараларим, чевараларим ҳар баҳорни довучча билан бошлайдилар… Барглар ҳар йили тўкилади, баҳорда дарахт яна япроқ ёзади. Беминнат, бетаъма ҳосил беради дарахт. Инсон баъзан шу дарахтчалик ҳам бўлолмайди, игнадай ишини туядай қилиб кўрсатади… Ботир, ўша йиллар эсингдами?

Малим кафтини унинг титраётган елкасига аста босиб, «Қўйинг энди, бова…» деб пичирлади, ҳазин жилмайди. Чол ҳам гапни чуқурлаштиришни истамади, оғир бир надомат билан бош чайқади.

-Йўқ, айтмоқчиманки… одам боласи баъзан замона зайли, шароит тақозоси билан… қуюшқондан чиқиб кетади. Ана шундан асрасин… Қаранглар, барглар ширт-ширт узиляпти. Яратган эгам бу билан «Ҳой бандам, кўзингга қара, сенам бир кун узиласан!» демоқчидир балки… Юринглар, болаларим, уйга кирамиз, ҳаво бироз салқин бугун.Эртага сандални қурдирамиз… Юринглар, уйда айтаман ҳамма гапни….

У энг хавфли душмани –ғурурини, нафсини енгиб, узоқ йиллар таълим берган устозига таъзим ила боққан шогирддай кўнгли нурланиб, кекса дарахтга миннатдор назар ташлади, сўнг оҳиста ортига ўгирилиб, йўл бошлади. Ботир малим дийдаларига қалққан ёшни кўрсатмаслик учун ҳамишаги қора кўзойнагини тақди-да, хушрўй Зилолани олдинга ўтказди. Боягина, йўл бўйи кўнглида мавж урган ҳислар талошини эслаб, ўзидан уялгандай бўлди. Чол… сюрприз қилди! Ўзгарибди партқўм бова! Ҳаёт шу-да, не-не зўрларниям мулла минган… «Э-э, ошна, ундан кўра қойил қолмайсанми бобойга?! Қара, нақ файласуф бўлибди! Индамасанг, ҳозир ҳазрат Навоийдан ўқишиям ҳеч гап эмас, «Хазон сипоҳиға, эй боғбон…» деб! Ким билсин, балки шунча йиллик умрида…»

У фикрларини якунлашга улгурмади: шамолнинг навбатдаги эпкини бир олам тиллойи баргларни бандидан узиб, уларнинг бошлари узра сочиб юборди. Оператор йигит бу жозиб ҳолатни шиғиллатиб тасвирга туширар, ҳавода ҳам, оёқ остида ҳам ҳадсиз ўкинчу армонга қоришиқ олтинранг япроқлар рақс тушарди.

Ҳовлига кирган чолнинг қадди бутунлай тикланиб, қадамлари тетиклашди. «Баракалла, Қодируп, тантилик қилдинг! Охиригача ана шундай мард бўл!» деди ичида бир овоз. Бу таскинбахш сас Ботир малимники эмаслигини эса у энди яхши биларди. У остонада бир лаҳза тўхтаб, енгил тин олди, сўнг равшан тортган кўзларини кўкка тикди. Осмон ҳозирча тиниқ, аммо борлиқдан қиш иси келаётганди…

СУЛТОН ЎҒРИ

Жазавакор, шовқин-суронли қўшиқ орқа ўриндиқдаги кексароқ йўловчига ёқмади. У мулойим боқувчи, сал қисиқроқ қўй кўзларини юмиб, андак зардали товушда деди:

-Бунингни ўчир-да, бошқасини қўй, ука!
-Нимани қўяй, амаки? –деди ортга хиёл ўгирилган таксичи йигит.
-Бўлса, Комилжон бовадан қўй, Бўлмаса, Шер ҳам бўлаверади.
-Биздан лубойидан топилади, мана, ҳозир-да!

Бироздан сўнг машина салонини тўлдирган шиддаткор, айни пайтда дардли овоз йўловчилар кўнглига-да бостириб кирди: ҳайдовчи йигит аста бош чайқар, унинг ёнида ўтирган кампир ҳам хиёл тебранар, орқадаги икки талаба қиз пичирлашишни бас қилиб, тек қотишганди. Комилжон устознинг фалакни қучган ўктам овози эса юракларнинг энг тубига етиб бориб, у ердаги кул босган чўғларни ўт олдирарди:

…Ҳар дам кўнгил ҳалоку кўзим тийра бўлмоғин
Билгай бировким, ёри эрур шўхи холдор…

У тағин кўзларини юмди, қалбининг тут-тубларида бир оғриқ юз очгандай бўлиб, чап кўкси симиллай бошлади. Сўнг юрагини лаҳза сайин тўлдириб бораётган қайноқ тўлқин бехос чайқалди, унинг икки томчиси дийдалардан тошиб чиқди. Онгу шууридаги безовталик, унга бир умр ҳамроҳ бўлган палапартишлик қайгадир чекиниб, хаёллари бирдан сокинлашди. Шунинг баробарида юрагида бош кўтара бошлаган савол катталаша бошлади: кимсан, қайдан келиб, қайга кетаяпсан? Унинг манглайи тиришди, кимгадир, нимагадир эътирози бордек, қошлари чимирилди. Айни шу лаҳза ичидиги тўлқин пасайишни бошлади ва бояги саволларга жавоб топилишига жуда оз фурсат қолганини савқи табиий билан англади. Ҳа, у билади жавобни, жуда яхши билади. Фақат… феълидаги ўжарлик, бўйни йўғонлик, кажбаҳслик… Бўлмаса, отаси худораҳмати унга минг бора айтган: бу ишларни йиғиштир, Султонбой, бунақада бир куни расво бўласан…

Отаси… бир қизиқ одам эди-да! Мактабни зўрға битирган, бир умр тракторчилик қилган одам, қарангки, ўн фарзандининг барчасига “С” ҳарфи билан бошланувчи исмларни қўйганди: Султон, Сойиб, Салима, Самиғ…Олти ўғил, тўрт қиз –ҳаммасининг оти “С”дан бошланади. Раҳматли Субҳон тракторчи жуда босиқ, етти ўлчаб, бир кесадиган одам эди. Султоннинг ака-укаларию опа-сингиллариям қўй оғзидан чўп олмайдиган одамлар. Фақат у, Султонбой, тақдир тақозоси боисми, ё ўзининг феъл-атвори сабабми, ишқилиб, эл ичида Султон ўғри номини олиб, қишлоғидан бир кечада чиқиб кетди.. У кейинчалик, шаҳардаги икки хонали каталагида ётиб кўп ўйлади: шундай қилиш шартмиди? Эл унинг хурмача қилиқларига кўникиб кетган, ҳеч ким унинг кўксидан итаргани йўқ эдику?! Қайтанга, одамлар уни …эркалатишарди! Худди анови “Суюнчи” деган кинодаги каби, у қишлоқнинг “ўз ўғриси” эди. Лекин, кинодаги ўғри ўз қишлоғида эмас, четда қиларди ўғриликни, у эса… Ҳа, Султонбой ўз ҳамқишлоқларини қақшатарди. Аммо, ажабки, одамлар ундан хафа бўлишмасди. Кампирлар “Ҳой, ўғри ўлгур, нариги йўлдан ўт, бу уйга яқинлашма!” деб иримига қарғаб қўйишса, чоллар ним кулиб, бош чайқашарди, холос. У эса… кўнглига келганини қиларди! Ўша пайтлари урф бўлган “Весна” маркали магнитофонни елкасига қўйиб, “клёш” дейиладиган матросча шимининг почаси билан ер супуриб, тамакп бурқситиб юраверарди. Дарвоқе, ҳаётидаги ўша биринчи ва эҳтимолки, сўнгги жиддий воқеада ҳам магнитофони, Комилжон бованинг ашулалари унга ҳамроҳ эди.

… Ўшанда, айни қишнинг чарсиллаб турган тунларидан бирида кимдир Субҳон тракторчининг уйидан тўрт ҳовли нарида турадиган Аҳад полвоннинг уч бош қозоқи қўйини ўғирлаб, бозорга элтиб ими-жимида пуллаган. Арзон молдан хавфсираган харидорми, ё Сутоннинг феълини билган мол эгасими, ишқилиб, кимдир милисага хабар берган экан, уни қидириб келишаётганини эшитган йигит отасининг қўшотар милтиғини олди-да, бир пачка ўқниям чўнтакка уриб, қишлоққа туташ чўлга чиқиб кетди. “Бу ерлардан бир-икки кунга кетмасанг бўлмайди,- деди отаси унинг ўжарлик билан қаққайиб турганини кўргач хўрсиниб, -қадимгилар айтгандай, бўрининг, еса-емаса, барибир оғзи қон. Энг аввал сендан кўришади бу ишни. Номинг чиққан… Ҳеч нарсани исботлай олмайсан, милисалар бир-икки соат дўппослашса, қилмаган ишингниям қилдим деб ёзиб берасан. Бор, худонинг ўзи паноҳига олсин…”
Йигит отасини тушунди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демай, тонг қоронғусида қишлоқни тарк этди. Магнитофонининг қуввати уч кунга бемалол етади, иккита нон белига тугилган. Қолаверса, у бир учи қорақалпоқ заминига бориб туташадиган бу чўлни яхши билади. Икки йил бурун Қора денгиз флотидаги ҳарбий хизматини тугатиб келгач, мана шу чўлларда роса кезган. Нефт-газ қидирувчилар идорасига олти ойга ишга ёлланиб, нақ бир ярим йил қолиб кетганди чўлда. Ўшандан бери у бирон жойда муқим ишлашни хаёлигаям келтиргани йўқ: “қимирласам куним ўтар” дегандай, у ер-бу ердан ризқини териб юрибди. Мана, тағин чўл оралашга тўғри келди.
Милисанинг белига кўк чизиқ тортилган сариқ машинаси қишлоққа кириб келганда Султоннинг аллақачон бу атрофдан қораси ўчганди. Кечга яқин у Оймат чўпоннинг қўшига етиб борди. Унга бор гапни яширмай айтди, бир кеча тунаб, сўнг яна йўлга тушди. Ардали ҳудудига, Юлдуз канали томонларга кетмоқчи эди у. Каналнинг нарёғида оқлоқ гўшалар кўп, уни ҳеч ким тополмайди. Лекин, эртаси чошгоҳга яқин милисалар унга етиб олишди. Қарийб етиб келишди…

“Уизик”нинг зўриқиб вағиллаганини у олисдан эшитганди, шунинг учун қулайроқ қумтепалардан бирида узала тушиб ётганча милтиқни ўқлади. Бу ишларнинг ҳадисини олган у, чунки, қишлоқда ҳар тўрт хонадондан бирида милтиқ бор. Қишлоқ чўлга туташ, овга қулай. Субҳон тракторчиям онда-сонда қуёнми, тустовуқми отиб турарди. Султон болалигидан милтиқ отишни яхши ўрганган.
Милисанинг мошини навбатдаги барханга ўрлаган пайтда шундоқ олдинги ғилдирак тагида ўқ визиллади. Ёшгина сержант йигит кўзлари ола-кула бўлиб, тормозни босди. Унинг рангидан қон қочганини кўрган қирқ ёшлардаги қишлоқ нозири капитан Норбоев эшикни очиб, пастга тушди.

-Султон!-деди у атрофга аланглаб, -Ахмоқлик қилма, чиқ бу ёққа. Ташла милтиқни!

Навбатдаги ўқ ундан тўрт қадам наридаги қумни тўғитди, атроф гумбурлаб кетди.
-Норбоюп ака, менинг айбим йўқ! –деган овоз келди аллақайси қумтепа ортидан, -Полвоннинг қўйларини мен ўғирлаганим йўқ! Худо барчасини кўриб турибди!

-Валдирама, ахмоқ, худо йўқ!- капитан, ниҳоят, нигоҳлари билан йигит яшириниб ётган барханни топди, ўша тарафга қараб ҳайқирди, -Қўлингни кўтариб, чиқ! Сўз бераман, агар айбинг бўлмаса, ҳеч ким сенга индамайди.
-Агар худо йўқ бўлса, унда… бу дунёда ҳеч ким йўқ! Сизга ишонмайман, сиз қанча одамни қаматгансиз! Мен қўй ўғирлаганим йўқ, ким айтган бўлса… Онасини эмсин, бир-икки марта товуқ ё қовун ўғирлаган билан одам ўғри бўлиб қолмас, ахир! Кетинглар, бўлмаса…

Агар капитан қизишмаганида, тўппончасини суғурмай, тағин озроқ юмшоқ гапирганида, эҳтимол Султон чиқарди ҳам. Аммо, Норбоев худосиз эди, шўронинг давру даврони абадий деб ўйларди, оддий бандаларнинг унга, милисага қарши қурол кўтаришини шаккоклик деб биларди, бу ҳолни ҳазм қилолмасди. Шу сабаб у, кўзини ёғ босган капитан қаршисидаги йигит “денгиз пиёдалари” сафида хизмат қилганини, мерганликни ва жанг санъатини яхши эгаллаганини хаёлигаям келтирмай, чарм ғилофидан тўппончасини шартта суғурди. Ким билан ўйнашяпти бу мишиқи?! Шўрога қарши қурол кўтаряптими? Ҳукумат бунақаларни…

У Султоннинг таслим бўлишига юз фоиз ишонарди. Таслим бўлмай кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркан?! Ана шу ишонч билан Норбоев тўппонча тутган ўнг қўлини чўзганча дадил олинга юрди. Мана ҳозир анави тирранча милтиғини ташлаб, қўлини кўтаради, унга, шўро милисасига ўқ узиш учун отнинг калласидай юрак керак!

Афсуски, капитан Норбоев бу йигитни яхши билмасди, шунинг учун визиллаб келган ўқ унинг тўппончасини қўлидан учириб, кескин зарба панжаси, билаги ва ҳатто елкасини ҳам зирқиратиб юборгач, ўзига келгандай бўлди. Вужудидаги оғриқ зўридан у қумга чўккалаб қолди, кўзларини катта очиб, титраётган ўнг қўлига қаради: ҳеч қаерида қон кўринмас, мерганларча узилган ўқ фақат нарироққа учиб кетган тўппончагагина текканди…

Улар қайтиб кетишди, Султон милтиғини елкасига илиб, магнитофонини варанглатганча йўлида давом этди. Комилжон бованинг овози чексиз дашт қўйнида олисларга таралар, у илк ғалабасидан сармаст полвондай ўз-ўзидан илжаярди. Лекин, Султон каби чапдаст, дунё кўрган йигит ҳам шўро ҳукуматининг куч-қудратини тўлиғича тасаввур этолмасди: эртасига дашт осмонида пайдо бўлган вертолётдан тушиб келган ўн чоқли автоматли, қора кийимли йигитлар уни қуршаб олишди. У ҳарбийдаги мураббийларидан яхши таълим олганди, шунинг учун “Кўпчилик –бир кишининг марги” деган гапга амал қилиб, жимгина милтиғини бир четга қўйиб, қўлларини кўтарди. Бўлмаса, у йигитларнинг тўрт-бештасини юмалатишиям мумкин эди, ҳарқалай, “морпех” дегани ҳазилакам нарса эмас. Қора либосли давангир йигитлар уни ўраб келишаркан, собиқ командири майор Ткаченконинг овози қулоқларида жаранглагандек бўлди: “Морпех –это не только сила, а ещё ум и спокойство…”

Йигитлар оламни бузгудек ғавғо кўтаришарди: ҳайқиргани қайси, бўйруқ бергани қайси, автомат шақиллатгани қайси… “Оббо, намунча… Нима бало, биронта душман разведкачисини тутдингларми, ё уруш бошландими? Биз бор-йўғи бир…” Хаёлан уларга қилган мурожаатини тугатолмади, “Бор-йўғи бир ўғри бўлсак” деёлмади. Чунки, у ўзини нима деб, ким деб аташни билмасди. Ким бўлса-бўлсин, лекин ўғри эмас! Қишлоқ аҳли уни номигагина “ўғри” деб чақирар, аммо, у ишонардики, мободо Султонбойнинг бошига бир иш тушса, барчаси ёрдамга етиб келади. Қишлоқда бегона бўлмайди, ҳаммаси ўзимизнинг одамлар…

Ишқилиб, ҳукумат уни қамади. Дарвоқе, суд бўладиган куни қишлоқдан беш-ўн киши бўлиб боришди шаҳарга: ҳарқалай, элнинг боласи кетяпти. Ўша куни бўлган бир аломат воқеани уч кундан сўнг бир маъракада айтиб берган Холиқ биргатга кўпчилик ишонмади:

-Бу Султон деганимиз милисанинг ҳам юрагини олган экан-ей! Кўзларимга ишонмадим! Султонбойнинег икки қўли орқасига кишанланган, ёнидаги бир сержантга дўқ қилиб қолди: “Ўв қизил шапка, чой опкел бир пиёла!” Бечора милиса зипиллаб бориб бир пиёла чой топиб келди-да, унинг оғзига тутди. Султон қурғур унга яна пўписа қилди: “Энағар, нима бало, кўрмисан, секинроқ кўтар пиёлани, оғзим куйди!”

Бу гапга биров ишонди, биров эса ним кулиб қўйди. Ишқилиб, нима бўлгандаям, Султонбой турмада ўтган олти йиллик ҳаётида замоннинг равишию сиёсатнинг мақсадини пухта ўрганди. Бу ўзига хос “академия” уни бутунлай бошқа одамга айлантирди. Қамалмасдан илгари у сиёсату ҳаёт ҳақида жиддийроқ ўйламас, ўз кунини кўриб тинчгина юрарди. Дунёнинг асли бевафолиги, замона зўрники эканлиги тўғрисидаги гапларга индамай кулиб қўяқоларди. Бу ерда эса…

У қамоқдан ўз фалсафасини топиб қайтди. “Зона”нинг ўз ҳаёт мактаби бор эди, у ана шу даргоҳни аъло баҳоларга битирди. Гарчи “тож” киймаган бўлса-да, унинг чинакам ўғрига айланишига сал қолди. Рустам “пахан” кўп такрорлайдиган гап миясига қўрғошиндай қуйилди: халқнинг ғамини ема, халқ яхшиликни билмайди. Халқнинг кўзини ўйиш керак! Халқ ҳам уриб, ҳам йиғлайди, камбағалликдан ўлдим дегандаям ишонма, энг қашшоғида икки-учта моли, сандиғидаги тугунчасида бир мошиннинг пули бўлади!

… Машина хиёл силкинди, у кўзини очди:
-Ҳа-а, келдикми?
-Йўқ, амаки, йўлнинг шу ери сал мундайроқ ўзи,-дея гуноҳкорона илжайди ўттизларга кирган таксичи йигит, -бемалол ухлайверинг, райсентрга етгач ўзим уйғотаман.

Султон кинояли жилмайди: ухлайверинг эмиш! Кошки кўзга уйқу келса! Ана, Комилжон боваям шуни таъкидлаяпти:

Ғафлат уйқусинда қолдинг, уйғон энди, Муллонафас
Гоҳ сарғайиб, гоҳи сўлдинг, уйғон энди, Муллонафас…

Султонку ўша йиллариёқ уйғонувди, лекин мана бу халқ уйғонгунча нақ қирқ йил ўтди! Бир ёқдан Комилжон бова “Уйғон!” деб турди, нариги томондан Шерали ҳофиз “Ўзбегим!” деб ҳайқирди, лекин, халқ жимгина пахтасини териб, қора қозонини бирда қайнатиб, бирда тўнкариб қўйиб, бошини эгиб яшайверди.

Уйғониш жараёни осон кечмайди, буни у ўз кўзлари билан кўрган. Унга қўшни камерада ётган ўрта ёшли маҳбус(аллақандай олимми, шоирми, ишқилиб бир дардисар) икки гапнинг бирида англашилмовчилик қурбони бўлгани, эрта-индин одил Шўро суди уни озод қилишини таъкидларди. Лекин, ҳукумат унинг доду фарёдларига қулоқ ҳам солмади, Султон чиқиб келганида у ҳали ётганди ўша ёқда. Ана шу зиёли, советларга қаттиқ эътиқод қўйган вайсақи аста-секин камгап, одамовига айланди, сўнг кимдандир диний илмларни чала-ярим ўргандию бутунлай гапирмайдиган бўлди. У атрофга олазарак боқар, барчага шубҳа ва нафрат билан тикилар, юргандаям қадамининг товуши чиқмасди. Рустам “пахан” кечки пайт атрофига тўпланган шотирларига айтган гап Султоннинг ҳамон ёдида:

-Бир умр ишонган, сиғинган ғояларинг ёлғон бўлиб чиқса, ҳақиқат деб билганларинг сароб эканлигини бирдан англасанг… Одам ақлдан озиши ҳеч гап эмас.

Ана шу жараён, уйғониш азоби Султонбойда нисбатан енгилроқ кечди, чунки у болалигиданоқ отасидан бошқа ҳеч кимга ишонмасди. Қолаверса, Қора денгиз флотининг зобитлари орасидаям ароқни хуш кўрадиган, оғзига ботирлар кўп эди. “Мастлик-ростлик” пайтларида уларнинг айримлари компартияниям, қизил подшониям чапараста қилиб сўкиб ташлашарди. Аслидан “қулоғи қаттиқ” бўлган Султон буларни яхши эслаб қолган, қолаверса, у ўша ёқда рус тилини, русча китоблар ўқишни ўрганди. Мушоҳада лаҳзаларида эса… Эҳ-ҳе, бунақа пайтларда хаёл қаерларга олиб қочмайди дейсиз!

Қамоқдан сўнгги ҳаётидаям бирон арзигулик воқеа бўлмади. Ўғрилар қонунига кўра давлат ишида ишламаслиги, уйланиб, бола-чақа қилмаслиги лозим эди, лекин, у ўзини ўғри ҳисобламасди. “Тож” ҳам киймаганди. У ўзини ана шу қишлоқнинг фарзанди деб биларди. Яхшими-ёмонми, бу –унинг юрти, унинг халқи. Тўғри, у энди бир пайтлардаги каби биров “оҳ!” деса югургилаб етиб бормайди, ўзидан ўзга билан иши йўқ. Оймат чўпонга чўлиқ бўлиб чўлга кетди, кўп ўтмай унинг кенжа қизига уйланди. Ора-сира қишлоққа келади, тўй-маъракани унча хушламайди. Айримлар унга шўро ҳукумати билан отишган қаҳрамон сифатида қараса, биров тепадан, киноя билан тикилади. Элнинг муносабати бир хил бўлмагач, унга қўшилиш қийин бўларкан.

Ўрганган қилиқ ўлганда қолади, Султон ҳам эски одати бўйича баъзан у-бу нарса ўғирлаб турарди. Эгасиз ёки эгаси эсдан чиқарган нарсалар –Султонга тегишли, у ана шундай назардан четда қолган товуқми, газ баллоними, велосипедми –кўзига чалинган нарсани бировга бир нарса демай олиб кетаверарди. Нарсаси йўқолган одамлар ҳам милисага бормай, тўғри уникига келишарди.

-Норгул келин, бизнинг кетмон шу ердами?
-Ана, оғилхонани қаранг, кеча Султон укангиз бир кетмон кўтариб келганини кўргандай бўлувдим.

Оймат чўпоннинг қизи эрининг қилиқларига ўрганиб қолган, ундан ранжимас, аксинча, ич-ичидан уни “Беозорим-ей!” деб эркалаб қўярди. Султоннинг бу ҳаракатлари ўз мулкига эътиборсиз бўлган бепарво одамларга қарши исён, уларни ҳушёрликка чорлаш эканлиги борасида ўйлаб кўрмас, шундай бўлса-да, эрининг бировга чин дилдан ёмонлик соғиниши мумкинлигига ишонмасди. Ана, Султонни қаматган Норбоюп милиса ўлгандаям… Аслини олганда ўша милисаям ўзининг бепарволиги, бодилиги сабаб бевақт ўлиб кетди. Ўлганнинг ортидан гапириш гуноҳку-я, лекин Норгул келин милисанинг анчайин димоғи баланд одам бўлганини яхши билади. Қишлоқда гап ётмайди-да. Ўшанда, куз кунларининг бирида Норбоюп темир йўл вокзалида бир қидирувдаги жиноятчини ушлаган экан. Бир-икки бор қамалиб, турмадан қочиб, шу ёқларга келиб қолган бир пирсиёнми, чулчутми, ишқилиб ўша ғайридинни ушлаган Норбоюп унинг қўлига кишан ҳам урмаган ҳатто. Эҳтимол, ёнида қўлкишан бўлмагандир, балки ўзининг тоғдай гавдасига ишонгандир. Нима бўлгандаям, олдинига мўмингина бўлиб милисанинг олдига тушиб машинагача борган жиноятчи бирдан қорнини ушлаб букчайиб қолади, сўнг яшин тезлигида қўнжидан ханжар чиқариб, Норбоюпнинг нақ юрагига санчади..
.
Ўзининг зўрлигига, ўзи хизмат қилаётган тузумнинг абадийлигига ишониб, кўпларни қон қақшатган, Султонни “Давлатга қарши исён кўтарди” деб қамоққа жўнатган, бепарволигию ҳаддан ортиқ кибри боис ўлим топган ана шу кимсанинг жанозасидаям, кўпда элга қўшилиб-қорилавермайдиган эри тобут кўтарганини эшитган Норгул келин ич-ичидан фахрланиб юради..

Султоннинг икки ўғли қарийб отасиз ўсди, чунки ота деган хумпар ойда-йилда бир келади қишлоққа. Лекин, ажабки, болаларининг икковиям уқувли, зеҳни ўткир, мактабда яхшилар қаторида.

-Бовангнинг гапидан чиқма! –деб қўяди Султон қишлоққа келган кунлари ўғилларига. Субҳон чол унга қия қараб, қўл силтайди: бор, ишингни қилавер, болаларнинг ғамини ема. Тинч юрсанг, бир ғалва чиқармасанг бўлди.

Оймат чўпон ҳам кўнгли дарё одам эди, раҳматлик. Султоннинг телба-тескари қилиқларига кулиб қўяқоларди. “Нима бўлгандаям, юраги тоза бола…” деб ўйларди куёви ҳақида. Бир-икки марта отарида бегона қўй пайдо бўлганда Султонга зарда қилгандай бўлди:

-Ҳа-а, тағин бошладингми? Кимники булар?
-Итим биладими, юрган экан чўлда адашиб, отарга қўшиб олиб келавердим. Эгасига керак бўлса дараклаб келар, бўлмаса юрарерар, нима, қапталимизни қисяптими..?

Бунақа пайтларда Султонга гап уқтириш бефойда, унинг ўз қарашлари бор ҳаёт борасида. Оймат чўпон индамайди, ростданам кўп ўтмай қўйларини йўқотган бадбахт умидвор бўлиб келиб қолади:

-Чўпон бова, бизнинг қўйлар…
-Султон, қара!

Султон ҳам индамай қўй эгасини отар ёнига олиб боради, у бечора севина-севина, унга раҳмат айтиб, қўйларини айириб олиб кетади. Севинмасинми, Султон унга яхшилик қилди, ахир: қўйларни чўлда бўрими, шоқолми еб кетишиям мумкин эдику! Султонбой унга “Кўзга қараб юринг, Фалончибой, мол деганни асраш керак” қабилида насиҳат қилмайди, лекин кўзларига киноя, истеҳзо билан бир қараб қўяди. Тамом, шундан сўнг ўша одам қичийдиган жойини олдиндан қашиб қўядиган, молини кўз қорчиғидек асрайдиган бўлади.

…Машина тўхтади, у кўзини очди. Йўлкирани тўлаб, аста тушди. Қишлоққа қатнайдиган таксиларни суриштириб ҳам ўтирмай, енгил сумкасини елкасига ташлаб, яёв йўлга тушди. Ортидан Комилжон устознинг шиддакор товуши уни таъқиб қила бошлади:

Етти йилдир, ман ёримдан жудоман
Бошим қурбон, йўлинда хокипоман…

Асфальт йўлни ёқалаб бораркан, атрофга маъюс қаради. Ҳа-а, уям ёрдан жудо бўлганлардан: Норгул келин бедаво бир дардга йўлиқиб, олти ой деганда шамдай сўнди. Гарчи Султон тўйдан олдин хотини билан учрашиб юрмаган, роз айтишмаган ва бирга турмуш қилганларидаям унга айтарлик ширин гапирмаган бўлса-да, уни юрак-юрагидан яхши кўрганини энди тан олади. Ўғиллари бўй етишиб, айни уларнинг бахтини кўрадиган ёшда бечора аёл дил тўрида сўнгсиз армон билан… Йўғ-ей, хотини кулиб кетди бу дунёдан. Ўша куни, жони узилиш олдидан ҳам у эрига жилмайиб, оғир сўлиш олди:

-Мендан кейин… болаларни хор қилманг, отаси. Яхши бир аёл топиб…
-Алжирама! –деди у аёлининг тобора совуб бораётган қўлини авайлаб ушлаб.
-Гапимни бўлманг, ҳеч бўлмаса умрим сўнгида..! Уйланинг, бўлмаса гўримда тинч ётмайман. Эркакка… аёл керак. Болаларим бўй етишяпти…

Хуллас, “оққон” деганлари шунақа экан, бир умр яшириниб юриб, сўнг бир зарба билан йиқитаркан одамни. Ўшанда хотинининг маъракалари ўтгач, Султон чўлни йиғиштириб қўйишга, болаларининг ёнида бўлишга қарор берди, аммо, бобою момоси қаватида ўсган ўғиллар, амакисию янгасига боғланиб қолган ўсмирлар учун отанинг тергови шарт эмасди. Икковиям эсли-ҳушли, қўлидан ҳамма иш келади, керак бўлса сигир соғиб, кир юва олади ҳар бири. Шунинг учун чол ўғлига “Боравер” деди, уям индамай, таёғини кифтига олиб жўнади.

Ойдан-ой, йилдан-йил ўтди, Султонбой уйланадиган бўлди. Бу орада Оймат чўпон ҳам ўтиб кетди, катта мамлакатнинг гўё мустаҳкамдай туюлган иморати қулаб, юрт мустақил бўлди. Колхоз деганлариям тарқалиб, у ишсиз қолди. Лекин, у ўзига беш-ўнта қўй орттирганди, ўшаларни боқиб, чўлда юраверди. Гоҳида қишлоққа келганида асли қўшни тумандан бўлган аллақандай бир жувоннинг Аҳад полвонникига келиб яшаб юрганлигини эшитар, аммо эътибор бермасди. Иттифоқо, бир келганида отаси шу аёлдан гап очиб қолди. Султон индамай ўтирганини кўриб, кампир ҳам гапга аралашди:

-Ўзи ойдеккина жувон, турмуши бузилиб, ота уйига келган экан, янгаларию акалари сиғдирмабдилар, бечорани. Аҳад бовага узоқ қариндош бўлади, биласан, полвоннинг аёли Рўзихол момо асли ўша ёқлик. Болам, отанг билан мениям боғлаб бермагандир, бир куни кетармиз, биздан сўнг…

-Эна, уни тўйларда ўйинчи бўлган дейишадику!-ниҳоят, ёрилди Султон. Чол эса бирдан ғазаб отига эгар урди:
-Номаъқулнинг нонини ебди, ким айтган бўлсаям! Анови Жумадурди қирриқнинг ўғли, пиёниста Ҳасан тарқатган бу гапларни! Ўзи бир-икки марта… тегишмоқчи бўлган экан, Кунсулув қайириб ташлабди, сўнг бу хунаса.”Еб билмасам, тўкиб ҳам билмайманми?!” деб, алам устига тўқиган бу ёлғонни. Менга бўлмаса –ҳеч кимга бўлмасин, дегандай. Энанг аёлнинг ўзи билан икки марта гаплашди, эс-ҳуши жойида, рўзғордор аёл кўринади. Нима, қирқдан ўтгандаям шундоқ юравермоқчимисан? Энинг бечора токай сенларнинг кўйлак-иштонингни ювади?!

-Қўйинг, отаси…
-Сен жим тур!-Субҳон чол кампирига ола қараб, тағин авжланди,- Ўв бола, сен қачон одам бўласан?! Ўғилларинг бўй етди, бири институтга кирди ўз кучи билан, иккинчисиям келаси йил мактабни битиради. Нима, сўлақмондай уч эркак бирлашиб, энангшни … ўлдирмоқчимисанлар?! Давай, уйлан-да, қўшингни сайла, бола!

Султон уф тортди. Демак, бўладиган эмас, буларнинг қарори қатъий. Отаси “Қўшингни сайла” дедими, тамом! Уйланиб, рўзғорини бўлак қилиб, ўз аравасини ўзи тортиши керак.
У ўрнидан турди, “Билганларингни қилинглар…” дегандай қўл силтаб, чиқиб кетди. Кампирга шу гап керак эди, эртасигаёқ икки аёлни қаватига олиб, полвонникига совчиликка жўнади.

…Қишлоқ ғарибгина кўринарди. Кеч куз эмасми, атрофда сарғиш бир эринчоқлик ҳукм сурар, йўл бўйидаги баргларини тўккан дарахтлар маҳзун ўйларга чўмгандек бош солиб турарди. У қадамини тезлатди: кеча катта ўғли телефон қилгач, у икки кўнгилли бўлиб қолди. Чунки, энаси баъзан шундай нозланиб турарди. “Момомнинг мазалари йўқ, сизни сўраяптилар” дедию, пиқиллади бола бечора. Демак, онаси чинданам… Ҳа-а, момо саксондан ўтгая, ўйчан бўлиб қолганди ўзи. Мана, бир йилдирки, одамга қўшилмайди.

Ўшанда, Султон иккинчи бор уйланиб, кўп ўтмай Кунсулувни олиб шаҳарга кўчганда Руқия кампир бироз ғудранувди. Лекин, Султон уввало кўчаман, деб туриб олди. Пул масаласида унинг ташвиши йўқ эди. Ҳуррият бўлгач ҳам у чўлда ўз қўйларини боқди, қишлоқ аҳли унга ўз молларини ишониб беришар, уям ғинг демай боқаверарди. Лекин, ҳафта-ўн кунда бир йўқолиб қоларди у. Сўнг билсалар, Султонбой ими-жимида ҳар ҳафта бир қўйни сўйиб, гўштию терисини шаҳарга элтиб сотиб келар экан. Одамлар сурон кўтариб, чўлга югуришди, у эса қўшига бормай, кажавали матасекилини тариллатиб, Ёмонжар тарафлардаги ошналарига меҳмон бўлиб борди. Уч кундан сўнг қайтиб келса, одамлар молу қўйларини талашиб, олиб кетишибди. У ўз қўйларини аллақачон сотиб қутулганди. Бўшаган қўрага бирпас қараб турди-да, қишлоққа жўнади. Кечки пайт уйига бостириб келган одамлар олдига чиқиб, қўлини белига тиради:

-Нима демоқчисизлар? Кимнинг нима гапи бор менда?
-Менинг учта қўйим кам!
-Бизнинг қозоқи қўчқорлар қани, ака?
-Ўв ўғри, менинг бешта қўйимни нима қилдинг, ё бу сафар ҳам “Бўри еди” деб қутулмоқчимисан?!

-Гапириб бўлдингларми?-деди у хотиржам, -Унда қулоқ солинглар. Мен ҳеч кимнинг қўйини сўраб олганим йўқ, боқиб бераман деб. Ўзларинг ялиниб, ташлаб кетгансизлар. Шунча йил боққаним учун биттангдан бир тийин олмадим. Ё олдимми? Йўқ! Уч кун олдин мен Ёмонжарга кетганимда ҳамманинг қўйи жой-жойида эди. Борибсизлар, талашибсизлар, олиб қайтибсизлар. Хўш, Эшматнинг қўйини Тошмат, уникини Холмат, уникини бўлса Нормат олган бўлса, менинг айбим нима?

Агар судлашсанглар ҳам менга боқишга қўй берганларингни исботлай олмайсанлар, мен ҳеч ким билан қонуний шартнома тузганим йўқ. Биронтангда тайинли гувоҳ ҳам йўқ. Ё гапим нотўғрими?

Вағир-вуғур қилишаётганлар аста-секин тинчишди: ниҳоят, одамлар хато қилишганини, қўйларини икки оёқли бўрига топширишганини англашди. Бу орада Султон эски чопонини ечиб, енгларини шимарди:

-Норозилар, муштлашмоқчи бўлганлар олдинга чиқсин. Майли, икки киши… йўқ, тўрттанг бирдан чиқаверинглар.

Ҳеч ким қимирламади. Султоннинг бўртиб турган мушаклари, кенг елкалари, хотиржам нигоҳлари бунга йўл бермади. Қолаверса, одамлар унинг кимлигини яхши билишади. Сукутга чўмган оломон орасида бирдан қаҳқаҳа янгради:

-Э, балосан-да, ўғри! Ҳамирдан қил суғургандай… Ваҳ-ҳа-ҳа!
-Нимага хиринглайсиз, Аҳад бова?!-деди кимдир зарда билан. Чол эса тағин кулимсиради:

-Бопладику ҳаммангни!
-Полвон бова, ўзингизнинг икки совлиғингизам…

-Э,садқайи сар! Ошнамнинг ўғлига мендан падарка!-дангалчи ва танти кекса полвон кула-кула ортига бурилиб кетди. Бу можородан тайинли бир натижа чиқмаслигини тушуниб етган одамлар ҳам бироздан сўнг сўкина-сўкина тарқалиб кетишди.

Ана шу воқеадан сўнг кўп ўтмай Султонбой бирдан шаҳарга кўчадиган бўлди. Иккинчи аёли Кунсулув билан кичик ўғлини олиб, бир кечада қишлоқдан чиқиб кетди. У аллақачон шаҳардан икки хонали квартира сотиб олганди. Кейинчалик айримлар “Ҳамқишлоқларининг қўйларини ўғирлаб сотиб, уйли бўлди, илоё буюрмасин!” деб висир-висир гап қилишди, лекин Султон ҳар ҳурган итнинг оғзига уриб бўлмаслигини яхши биларди, шунинг учун индамади. Катта ўғли институтда, бўш вақтларида момосининг ёнига, туғилган уйига келади. Кичиги бу йил кирди муаллимчилик ўқишига.

Кеча ўғли телефон қилгач, Султон олдинига буни кампирнинг одатдаги хархашаси деб ўйлади. Ўзи дунё шу-да, кекса ўламан деб қўрқитади, ёш –кетаман деб. Онасиям сўнгги йилларда бинойигина инжиқ бўлиб қолди. Лекин, Кунсулув қатъий турди:

-Холамнинг аҳволлари яхши эмас, менимча. Отланинг, бормасангиз бўлмайди!
-Э, момой ўзи шунақа…-Султон қўл силтади.
-Момой деманг, онам денг! Сизни туққан аёл у! Одам ўз волидасиниям… Эй тавба-ей, намунча орқайинсиз-а, бўлинг тез! Бўлмаса ўзим кетаман!

-Ўтир жойингда,-деди Султон руҳсиз, -шу қорнинг билан қаерга… Майли, бориб келаман. Лекин, ёмон ёпишқоқсан-да!
Хотини йиғлаб қолди, Султоннинг энсаси қотди: хотин зоти шу-да ўзи, бўлсаям йиғлайди, бўлмасаям. Лекин, тан олмасдан иложи йўқ: Кунсулув энаси мақтаганича бор экан.

…У бошини баландроқ кўтарди, атрофга синчиклаб қаради. Қишлоққа яқинлашибди. Ўзи минг йилдан бери кўравериб, кўзлари ўрганган, алланечук кўнглига яқин, шунинг баробарида жиндай бадига ҳам урган таниш манзаралар… Шаҳарга кўчган куни ҳам шу йўллардан ўтганди, мана, ўшандан бери энди келяпти. Орадан… Қачон эди? Э-э, уч йилдан ошибди! Бир келмади-я! Бўлмаса, шаҳар ана, кесакнинг сал куч билан отсанг, бориб тушади. Нима, шунчалик кўнгли қолувдими бу ерлардан, бу одамлардан? Ўша кетган куниям Комилжон бованинг қўшиғини ич-ичидан хиригойи қилиб кетувди, ҳозир ўша сатрлар бирдан қулоқлари остида жаранглади:

Мен бугун кетарман ишқнинг йўлина
Қаро кўзли зулфи торим, хўш энди,
Бошимни қўймишам меҳнат тошина
Кулар юзди Моҳижоним, хўш энди…

Ҳа-а, у ҳам бошини меҳнат тошига қўйиб, кулар юзли ёрининг аллақачон чўкиб қолган қабрига хаёлан хайр-хўш айтиб кетганди… Ў-ў, Норгул келин… бир бошқача хотин эди-да…

Қўшиқ ҳамон юрагининг энг чуқур жойларида жаранглар, лекин… У ногоҳ бу дардчил нолага бошқа бир сас, ундан-да ҳазинроқ, оламга сиғмас бир армону ғуссага қоришган товуш қўшилганини ҳис этиб, таққа тўхтади. Бир лаҳза тек қотиб, бутун вужудини қулоққа айлантирди. Шуурига машаққат билан етиб келган ҳақиқат бирдан юрагига шафқатсиз зарба урди: бу ўғлининг товуши эди! “Моможоним-ей-й..!” деб фарёд қилаётган йигитнинг овози эди бу! Яшин тезлигида, балки ундан-да тезроқ учиб келган бошқа бир товуш, Шерали ҳофизнинг ўктам овози бутун жону жаҳонини ларзага солиб, титратиб юборди:

…Умримиз алдоқ жаҳонда алданиб ўтгай, ва лек-
Сўнгги қийналғон ёмондур, сўнгги қийналғон ёмон…

Сумкаси қўлидан сирғалиб тушган, юраги алғов-далғов бўлган, бир умр на ота-онага, на фарзанду аёлга тузукроқ, ошкора меҳр беролмаган, туғишгану жигарларига, умуман, бутун дунёга беэътибор бўлган, ФАҚАТ ЎЗИ УЧУН яшаган фарзанд кўз ёшлари юзларини ювганча, лаблари пир-пир титраб, чап кўксидага бепоён бўшлиқ қаъридан кўтарилиб келаётган чидаб бўлмас оғриқ забтидан оёқлари чалишиб телбавор чопар, олдинда уни қаршилаётган УЛКАН ЙИҒИ эса тоборо авжланиб, осмон тоқига чирмашиб борарди…

 

Otasi… bir qiziq odam edi-da! Maktabni zo‘rg‘a bitirgan, bir umr traktorchilik qilgan odam, qarangki, o‘n farzandining barchasiga “S” harfi bilan boshlanuvchi ismlarni qo‘ygandi: Sulton, Soyib, Salima, Samig‘…

Abdunabi HAMRO
UCH HIKOYA


Abdunabi Hamro 1961 yilda Buxoro viloyati Olot tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat madaniyat institutini tugatgan. O‘tgan asrning 80-yillaridan beri badiiy ijod bilan shug‘ullanib keladi. 1995 yildan beri O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. “Xiyonat” , “Oq alvasti”, “Otam aytgan qo‘shiqlar”, “Yirtqich”, “Unutilgan qo‘shiq”, “Olis manzillar sari”, “Bolalikka sayohat”, “Qishda ochilgan gul”, “Vaqt daryosi” va boshqa o‘nlab she’riy va nasriy kitoblar muallifi.


O‘ZBЕKLAR

Ustoz Shukur Xolmirzayev xotirasiga

Jasadning yuz-ko‘zlarini yupqa qor pardasi yopa boshlagan, oyoq-qo‘llari tarvaqaylab, bo‘yni g‘alati, notabiiy buralgancha yotardi. Yuz kilodan og‘irroq bo‘lgan bu vujudning bo‘ynini sindirish uchun nechog‘lik ulkan kuch kerak bo‘lishini o‘ylagan sayin etim junjikib, badanimda chumoli o‘rmalagandek bo‘lardi. Qiziq, bir necha oydan beri sen bilan yonma-yon, yelkama-yelka ishlab yurgan, chumoligayam ozor bermaydigan, o‘n og‘iz gapga bir og‘iz javob beradigan kishi xuddi asrlar bo‘yi uxlab, so‘ng birdan uyg‘ongan vulqonday portlasa… Sadr aka aytgandek, qurbaqaniyam bosaversang, oxir «vaq» der ekan-da. Bo‘lmasa, Jalil polvonning birovga qattiq gapirganini hali hech kim ko‘rmagan. Qarang, shunday musichai beozor yigit birdan…

Barakka kirdim. «Burjuyka» lang‘illab yonar, xonani ichimsiq hid qoplagandi. Mazutmi, bir balolarni yoqishyapti, menimcha. Sadr aka taxta o‘rindiqda iyagini qashlagancha, ingichka mo‘ylovchasi o‘ziga yarashibgina o‘tirardi. Ota-bobosi asli Xorazm tomonlardan bo‘lgani uchunmi, biz uni ko‘pincha «yoshulli» deb chaqiramiz. Mana hozir yoshulli ertangi kun, bizning taqdirimiz uchun chora izlayotgandek o‘yga botgandi. Nosir bir chekkada paxtalik kamzulining yirtilgan joylarini yamashga urinar, Jalil polvon pechka oldida cho‘nqayib o‘tirgancha …yig‘layotgandi.

-Valenkangni qoqib kirmaysanmi, qara, salkam bir chelak qor opkirding ichkariga, shundog‘am barakning botqoqlikdan farqi qolmadi…- to‘ng‘illadi Sadr aka asta. Oyog‘imga qaradim: rostdanam piymamga yopishgan qorlar harorat ta’sirida qo‘pib, pastga to‘kilayotgandi. Ularni butkul qoqib tushirish uchun oyog‘imni sal ko‘tardim, ammo oyoq osti balchiq edi. Ortga tislanib, ostonada yotgan qattiq supurgi bilan qorlarni tushirib, pechkaga yaqinlashdim. Ko‘p o‘tmay badanimga harorat o‘rmaladi.

Jalil polvon piqillashdan to‘xtab, ko‘zlarimga mo‘ltirab qaradi. Uning nigohlarida «Endi nima bo‘ladi?» degan sassiz savolni ilg‘ab, ko‘zimni olib qochdim, so‘ng Sadr akaga yer ostidan sin soldim. U hamon iyagini onda-sonda barmoq uchlari bilan qashlab, pastki labini tishlagancha o‘y surardi. Nosir paxtalikni chetga tashlab, o‘rnidan turdi-da, asta tomoq qirdi:

-Ihm-m…
-O‘tir, -dedi Sadr aka horg‘in,- Kallani joyiga qo‘yib olaylik…
-Kallani? — Nosir pakana hech baloni tushunmay, unga mo‘ltiradi.

-O‘tir dedim! –yoshullining zardasidan so‘ng pakana nari ketdi. Aftidan u «kallani joyiga qo‘yish» deganda faqat samogonni tushunardi.

Pechka oldidagi to‘nkarilgan yog‘och qutida o‘tirib, nariroqdagi ikkovini zimdan kuzata boshladim. Nosir, boya aytganimday, pakanadan kelgan, dumaloq jussali, ko‘zlari qisiq yigit. Yigirma beshlardan oshgan, xotini bilan qizini qoldirib, shu sovuq o‘lkalarda to‘rt tanga pul deb yuribdi. Farg‘onaning allaqaysi bir tumanida sug‘urta agenti bo‘lib ishlagan bu yigitning surbetroq fe’li bor, sirtiga suv yuqtirmaydi, ba’zan sal gapga asov otday gijinglaydi, lekin, zavqi baland, ulfatbozligi uchun har qanday davraga singib keta oladi. Polvon esa… Endi, uning fe’l-atvori, rangi-ro‘yi, qaddi-bastini ta’riflash uchun shoir bo‘lish kerak! Har yelkasida bir odam o‘tirsayam joy ortib qoladigan, ko‘ksi qabariq, sochlari silliq, qo‘y ko‘zlari dunyoga hamisha hayrat bilan boqadigan bu yigit hatto yuziga qo‘ngan pashshaniyam o‘ldirmaydi, kurakday qo‘lini asta silkib, haydab qo‘yaqoladi. Tog‘liklardan, bolaligidayoq otasi o‘lib, onasi bu yetimchani tashlab ketgan, Jalilboyni bobosiyu momosi tarbiyalagan ekan. O‘zining aytishicha, otasi ham unda-bunda kurash tushib yurgan, ammo o‘ta muloyim fe’lli odam bo‘lgan ekan. Ba’zan o‘zimcha o‘ylayman: polvon xotininiyam sizlab gapirsa kerak. Buni bugun nima jin urdi ekan?..

O‘zi bugun ertalabdan havo ham, odamlarning kayfiyatiyam rasvo edi.. Osmon har kungidan ko‘ra qorayibroq ko‘rindi, negadir Sadr aka ham bo‘lar-bo‘lmasga to‘ng‘illay boshladi. Chap yoni bilan turgan ko‘rinadi. O‘zimning ham ichimga chiroq yoqsa yorimasdi. Rost-da, uyga na telefon qilib bo‘ladi va na to‘rt tanga pul jo‘natishning iloji bor. Uydagilar meni bedarak yo‘qolganlar qatoriga qo‘shib qo‘yishmagan bo‘lishsin-da, ishqilib. Ota-onamku, mayli, ular tushunishadi, musofirlikning noni qattiq, lekin, xotinim bilan ikki o‘g‘lim… Ayolim bechora, kattalarga, bolalarga bildirmay, yashirincha ko‘z yosh to‘kayotgandir. Moskva yaqinida ishlaganimizda har hafta uyga qo‘ng‘iroq qilardim, imkonim yetgancha pul jo‘natardim. Qayerdanam mana shu Nosir pakanaga yo‘liqdim-a?! Anovi tullak metisni, Serikbayni topib kelgan shu-da! Gapiga qaraganda, Serikning otasi o‘zbek, onasi qozoqmi va yoki buning teskarisimi, ishqilib, bir chalamillat-da. Zang‘ar, nuqul qozoqcha gapiradi.

-Vay bo‘y-o‘v, shiraqdarim, sizderge ne bo‘ldi? Bulay xo‘r bo‘lip yuripsender? Sizderge jaxsi bir jumush tapib berem! –dedi u bit ko‘zlarini yiltiratib. Aytishicha, o‘sha «yaxshi bir yumush»da bizning har birimizga oyiga bir yarim ming dollardan to‘lashar ekan. Har oyda nari borsa uch-to‘rt yuzni zo‘rg‘a topib yurgan biz kabi bandalarga bu Aliboboning xazinasi bo‘lib ko‘rindi-da. O‘ylab o‘tirmay rozi bo‘ldik, o‘rmon xo‘jaligi rahbari Viktor Petrovichning noroziligiga, maoshimizni ko‘tarish haqidagi va’dalarigayam qaramay, Serikbay bilan ketishga rozi bo‘ldik. Borgan yerimizda nima qilishimizni so‘ragan Sadr akaga u yaltoqlangandek tirjaydi:
-Mal baqasander! Sharvachilik-de, ag‘a! Aqshani ko‘p beredi.

Sovuq o‘lkaga boradigan samolyotga o‘tirganimizdayam, hatto Tomskka kelib tushganimizdayam havoning bu qadar sovuq bo‘lishi hech kimning xayoliga kelmagan, barchaning xayoli «aqcha»da edi. Alqissa, avval avtobusda, so‘ng vezdexodda ancha yurdik. Nihoyat, bir tupkaning tagiga kelib tushdik. Naq tundra deysiz! Bunday ovloqda ferma tashkil etib balo bormidi bu Nikita degan xumparga… Mangu muzlar, yuz yillab erimagan qorlar hukmron bo‘lgan bu makon ulkan ummonga yaqin, o‘n ikki oy achchiq izg‘irin esib turadi. Mana shu xudoning o‘ziyam unutgan xilvatda biz –to‘rt og‘ayni bug‘u boqamiz. Ferma egasi Nikita Bugrov bizni Serikbaydan sotib olganligini ikki gapning birida pesh qiladi. To‘g‘rirog‘i, Chalaboy bizni aldab chaqirdi va Nikitaga sotib yubordi! O‘shanda, bu qarg‘ish tekkan makonga ilk kelgan kunlari bizni kulib qarshi olgan Nikita bora-bora to‘nini teskari kiydi: qozoq aytganidek, har qaysimizga oyiga bir yarim ming emas, ming dollar to‘lashini aytdi. Biz shukronali xalqmiz, bungayam ko‘ndik: mayli-da, harqalay, ming degani uch yuzdan ko‘proqku! Lekin, Nikitaboy pulni qo‘limizga bermay, har qaysimizning manzilimizga o‘zi yuboradigan bo‘ldi. Shukronani unutganimiz yo‘q, bunisigayam rozi bo‘ldik: nima bo‘lgandayam, uyga pul boryaptiku. Oldiniga boy oyiga bir bora shaharga borib, kelishilgan pulni O‘zbekistonga yuborib turdi, keyinchalik esa turli bahonalar to‘qiy boshladi: bu oy daromad yaxshi bo‘lmadi, kelasi oyda qo‘shib jo‘nataman va hokozo. Buning ustiga, Podmoskoveda ba’zan haftasiga, ayrim paytlar esa kunora uy bilan telefonlashib turardik, bu yerda esa boy ikki-uch oyda bir marta o‘z telefonidan qo‘ng‘iroq qilib, O‘zbekistonni ulab beradi. Uning ofisi biz ishlaydigan yerdan anchayin olis, gaplashish payti yetganda yo o‘zi keladi vezdexoda (Nosir pakana bu yapasqi, ammo, kuchli mashinani «harerdayurar» deydi), yo bo‘lmasa ish boshqaruvchisi Frolni jo‘natadi, uyi bilan gaplashadigan kishi u bilan ofisga ketadi. (Aslida boy «ofis» deb ulug‘laydigan binoyam ikkita yog‘och kulbadan boshqa narsa emas, lekin, nima bo‘lgandayam issiq, kompyuteru telefon degan matahlar bor).

Aslida Nikitaboy uncha yomon odam emas. Frol bilan yoshulligina uni Bugor deb chaqirishadi, biz, oddiy gunohkorlar esa Nikata Mixaylich deymiz. Yoshi elliklardan oshgan, g‘o‘labir, ayiqqa o‘xshab maymoq, soch-soqoli qizg‘ish bu o‘risning xizmatchi oqsochi va o‘ttizlardan o‘tgan qizi bor. Frolning aytishicha, qizi eridan ajralib, ota-onasinikiga qaytib kelgan. Lo‘ppi yuzlarida mayda, ko‘kimtir tomirchalar bilinib turgan boy qizini yeru ko‘kka ishonmaydi. Alyonaxon ham ayni pishgan, tirsillama juvon, erkak zotini ko‘rsa, ko‘zlari olma-kesak tera boshlaydi. Frolbek, menimcha, uni «aylantirib» yuribdi-yov, bo‘lmasa nega Alyonadan gap ochilsa ko‘zlari yonib, tishlarini qisib, g‘ijina boshlaydi? O‘ylashimcha, bu bechora yigit ayolning bog‘idan bir shingil uzum yo yegan, yo yo‘q, so‘ng Alyona uni tupurib tashlab, o‘ziga yaqin yo‘latmagan. Tish g‘ijirlatishlari shundan bo‘lsa kerak. Tag‘in kim biladi deysiz…

Bu Frol degan go‘rso‘xtaning qiliqlari shugina bo‘lsa mayliydi, lekin, u so‘nggi paytlarda polvon bilan o‘chakishib qoldi. O‘zi Frol ham qirqlarni qoralagan, hirsday baquvvat, ammo, polvonning bog‘lagan ipiniyam yecholmasligi ko‘rinib turibdi. Nima deysiz endi, yurt –ularniki, hukm –ularniki, biz bir musofir, xizmatkormiz. («Qulmiz» deyishga g‘urur yo‘l bermadi). Shuning uchunmi, ish boshqaruvchi har kelganda polvonni turtkilaydi, bo‘lar-bo‘lmasga ustidan kuladi. Biz Jalilboyni «polvon» deb ataganimizni bir-ikki marta eshitgandi, shundan beri uni «Ey, bolvan!» deb chaqiradi. Bu so‘zning asl ma’nosini bilmasa ham, polvon uning yaxshi so‘z emasligini anglaydi. Biladiyu, lekin, indamaydi. Nima qilsin, boya aytdimku, zo‘rniki tegirmon aylantiradi. Biz bir kelgindi, sig‘indi bo‘lsak. Agar Frolni bir musht ursa, barchamiz ishdan ayrilishimizni u yaxshi tushunadi, shuning uchun alamini achiga yutadi.
Frolbek haftada bir marta bizga oziq-ovqatu yana boshqa kerakli narsalarni keltirib turadi. To biz yuklarni tushirgunimizcha bug‘ular qamalgan qo‘rani ko‘zdan kechirgan bo‘ladi, ishimizdan o‘nlab kamchilik topadi. Bunaqada jonivorlar oriqlab ketishini, ularni yaxshi boqmayotganimizni, vaqtida sug‘ormayotganimizni, ko‘proq ochiq maydonda o‘tlatmayotganimizni ta’kidlab to‘ng‘illaydi, so‘ng xo‘jayinga bu haqda albatta aytishini pisanda qiladi. Hayron bo‘laman: yerga ko‘milgan ulkan sisternadan har kuni yuzlab chelak suv tortib, bug‘ularni sug‘orish, g‘aramlab qo‘yilgan pichandan tashlash, ularning taglarini tozalash yoki izg‘irinda izillab, biyday dalada, hech vaqo o‘smaydigan yaydoq cho‘lda ularni aylantirib kelish qanchalik mashaqqat ekanligini nahotki tushunmaydi bu?
Go‘shtga topshiriladigan bug‘ularni olib ketgani ham Frolbekning o‘zlari keladilar, usti ochiq katta mashinada, yonlariga ikkita yigit olib. Allaqayerda boyning o‘z kushxonasi bor, u kimlargadir go‘sht va teri ham topshiradi. Frol –o‘z nomi bilan ish boshqaruvchi, bunaqa paytda u qo‘lini sovuq suvgayam urmaydi, butun tashvish haligi ikki yigitning, qolaversa, bizning zimmamizda. Olib ketiladigan mollarniyam uning o‘zi tanlaydi.

-Vot etogo berite! Derji, ne spi!-deya do‘q uradi bizga.

Xullas, bechoraning vaqti-soati yetgan, bugun uni bu yerga ajal haydab kelgan ekan. O‘ylashimcha, uning polvonni yoqtirmasligiga yana bir sabab bor. Ikki oycha burun uyi bilan gaplashish uchun ofisga borgan polvon Alyonaxonning g‘amza o‘qiga duch kelgan. Pishakka «pisht», tovuqqa «kisht» demaydigan polvon o‘sha kuni rangi-ro‘yi bir alfozda, lekin, ko‘zlari olovlanib qaytib keldi.

-Nima gap, gaplashdingmi uyingdagilar bilan? –so‘rali Sadr aka.
-E, uydagilar tinch… -duduqlandi polvon, -lekin… anavi…

-Namuncha chaynalding, polvon, tinchlikmi o‘zi? –deya tag‘in toqatsizlandi Sadr aka. Bu odam –oramizda yoshi ulug‘imiz, shuning uchun uchovimizniyam sensirab gapiradi, menimcha, bunga haqqiyam bor. O‘rni kelganda tergaydi ham. Mana, hozir ham u polvonning imillashidan bir yomonlik alomatini sezganday edi.

-E, anovi o‘ris xotin… Boyning qizini aytaman-da! Nuqul zimdan qosh uchiradi, qistaloq… Bugun ham uy bilan gaplashib, dahlizga chiqsam, turgan ekan. Birdan… yopishib qoldi, mochag‘ar! Bo‘ynimga osilib, ko‘kragini ko‘ksimga ishqab, «O, moy bogatir!» deb eshila boshladi. Shu payt… aksiga olganday, Frol kirib qoldi…-polvon burnini tortib, yerga qaradi.

-Sho‘qillatma-yey, kasofat! –dedi yoshulli erkalaganday kulimsirab, -Nima bo‘ldi ekan deb, jonim chiqayozdi. Shumidi hali..?

-Nima, bu ozmi? –dedim gapga aralashib, -Endi bu Frol deganlari polvonga «Orbit»day yopishadi. Yaramas xotin!

-Obbo G‘anisher-yey, shunga shunchami? –oraga suqildi Nosir pakana tirjayib, -Ja haddidan oshaversa, polvon bir musht bilan uning surobini to‘g‘rilab qo‘yadi, vassalom!

-Esingni yedingmi?! –dedi Sadr aka ko‘zlarini olaytirib, -Buni xayolinggayam keltirma, polvon! Qo‘y, g‘ingshiyversin kasal itday, sen damingni chiqarma. Issiq o‘rnimizdan ayrilib, ovorayi sarson bo‘lmaylik.

Havoning sovuqligiyu yoshullining «issiq o‘rnimiz» deganlari bir-biriga qanchalik zid kelishini o‘ylab, kulib qo‘ydim.
Polvonning gapi to‘g‘ri chiqdi, mening gumonlarim ham. Frol rostanam Alyonaning o‘sha kungi qiliqlariga guvoh bo‘lgan ekan, keyingi kelishida Jalilboyga piching qildi:

-Ha, ayg‘ir, xotinsirab qoldingmi?! Menga qara, churka, agar yana Alyonaga qo‘l tegizsang, joningdan umidingni uzaver!

Polvon indamadi, lekin, mening g‘azabim alanga oldi:

-Og‘zingga qarab gapir, ho‘v xoxol! Agar churka degani o‘risdan boshqa barcha millatga tegishli bo‘lsa, unda senam churkasan, tushundingmi? Tak chto, zatknis!
-Oh-ho, tiling uzayib qoptimi, o‘zbek?! Men senlarni…

-Xvatit! –dedi yoshulli nihoyat, -Frol, idi davay, a to xozyainu skaju. Bolalar, senlaram ishlaringga boringlar!
Sadr aka chindanam Nikitaga aytganmi, ishqilib, Frol ancha vaqtgacha dumini qisib yurdi, lekin, bora-bora yana eski ashulasini boshladi. Endi u nafaqat polvonga, balki hammamizga bo‘lsa-bo‘lmasa yopishar, tirnoq tagidan kir izlab, bizni kamsitishga urinardi. Sabr kosamiz to‘lib borardi. «Nima balo, o‘zbeklar buning onasini urganmi deyman..!» deya to‘ng‘illardi Nosir pakana. Polvon yoshullining yuzidan o‘tolmadimi, yo barchamizning ertamizni o‘yladimi, ishqilib, xoxolning zulmiga indamay chidab keldi. Shu vaqtga, aniqrog‘i, bugunga qadar…

Bugun ertalab kelgan Frol negadir ketishni istamas, ishimizdan ikir-chikir kamchiliklar topar, polvonga tinmay tirg‘alardi. Biz uchovlon bu manzaraga ko‘nikib ham qolgandik, shuning uchun bu dahanaki jangga e’tibor bermay, ishimizni qilaverdik. Lekin, xoxolning bo‘kirishi hammamizni go‘yo g‘aflat uyqusidan uyg‘otdi. Yoshulli barakdan, pakana ikkovimiz molxonadan chiqib kelganimizda Frol bilan polvon yoqa bo‘g‘ishar, xoxol nuqul «Ubyu, padla!» deb bo‘kirardi. Ularni ajratishga ulgurolmay qoldik. Oramizda men chaqqonroqman deb o‘ylab yurardim, ikki hatlashda ular turgan yerga yetdim, ammo, polvon tezkorroq ekan: u raqibini mahkam quchdi-da, uni shiddat bilan aylantirib, orqaga o‘girdi, so‘ng dahanidan ushlab, keskin bir siltadi. G‘alati, yurakka vahima solib, badanni muzlatadigan noxush bir tovush chiqdi. Qisirlashmi, g‘ijirlashmi… Bu ishlar bir necha soniya ichida sodir bo‘ldi, lekin, sekinlashtirilgan film lavhalariday hamon ko‘z oldimda: xoxolning a’zoyi badani birdan bo‘shashdi, u polvonning quchog‘idan asta sirg‘alib, yerga tushdi-da, cho‘zilib qoldi. Frolning vazni yuz kiloning nari-berisida edi, lekin, Jalil polvon uni xuddi baletda o‘ynayotgan raqqosani orqaga o‘girgandlay chir aylantirdi! Demak, kurashning turli usullarini biladi, bundan chiqdi, u davralarda ko‘p kurashgan, lekin, bilgani ichida ekan. Xullas, Nosir pakananing «surobni to‘g‘rilash» haqidagi bashorati to‘g‘ri chiqdi…

Qilib qo‘ygan ishining nechog‘lik dahshatli ekanligini hali anglab ulgurmagan Jalil polvon menga qarab ko‘zlari olaygancha pichirladi:
-Onamni so‘kdi, G‘ani aka… Onam rahmatlikni…

Mana endi bo‘lsa Frolbek, bo‘yni g‘ayritabiiy qiyshaygancha, qorda yotibdi. «Harerdayurar»dan o‘n qadamcha berida yotgan jasadning atrofida bir tomchiyam qon ko‘rinmasdi. Zero, xoxolning a’zoyi badanida bironta tirnalgan yoki shilingan joyi yo‘q, faqat u … jonsiz edi.

…Nihoyat, yoshulli o‘rnidan turdi. Atrofga alanglab, nigohlari bilan nimanidir izlaganday bo‘ldi. Menimcha, u kechagi tinchlikni, oromni qidiryapti. Endi bizning hayotimizda anchagacha tinchligu osoyishtalik bo‘lmasligini his etyapti, bilishimcha. Oyoq ostidagi loyni pilchillatib bosgancha, og‘ir qadamlar bilan tashqariga chiqdi. Men bo‘lsam lang‘illab yonayotgan «burjuyka»ga yaqinroq surildim: negadir etim uvusha boshlagandi.

Ko‘p o‘tmay yoshulli qo‘lida kichkina telefon bilan qaytib kirdi. Mening savol to‘la nigohimni payqab, «Frol… marhumniki. Nikitaga qo‘ng‘iroq qildim, kechga yaqin keladi» deya to‘ng‘illadi. So‘ng hamon shirakayfga o‘xshab garangsirab turgan polvon bilan pakanani mollarga qarab kelishga jo‘natib, meni yoniga imladi.

-G‘anisher, sen, harqalay, o‘qimishli yigitsan, institutni bitirgansan. Endi… biron narsa qilish kerak, bo‘lmasa, polvon qamalib ketadi! Begona yurtda! Bizam quruq qolmaymiz. Biron narsa o‘ylab topish kerak! –dedi u bo‘g‘ilganday. Yoshulli yog‘och katning bir chetida omonatgina o‘tirar, men bo‘lsam uning ro‘parasida tikka turardim. Xayolimda kechki payt bu yerda sodir bo‘ladigan voqealar jonlana boshladi: ana, g‘azab otiga mingan boy yonida ikkita qurolli milisa bilan yetib keldi. U Frolning jasadini ko‘rib, uning yoniga cho‘kka tushdi-da, unsiz yosh to‘ka boshladi. So‘ng Sadr aka bilan qisqa gaplashdi, suhbat asnosida polvonga ikki-uch marta o‘qrayib qarab qo‘ydi. Birozdan so‘ng milisalar polvonning qo‘liga kishan solishib, mashinaga tiqishdi. Biz tomonga o‘girilib, «Hali senlarga ham navbat keladi, hech qayoqqa ketolmaysanlar!» deb o‘shqirdi, so‘ng ikki mashina izma-iz vag‘illab jo‘nadi…

Etim junjikib, boshimni silkib qo‘yganimni ko‘rgan yoshulli ahvolimni tushundi shekilli, afsus bilan pastki labini tishladi. Nigohlaridan «Holimizga voy, uka…» degan ma’noni angladimu, qo‘l-oyog‘im bo‘shashib, yog‘och katga bemajol o‘tirib qoldim.

-Xoxolning o‘ligini mashinaga ortib, biron uzoqroq yerga tashlab kelaymi-a? –dedim yoshulliga asta..

-Foydasi yo‘q, boyga aytib qo‘ydim. Yashirgandayam… Baribir topishadi… -dedi u xo‘rsinib.- Yaxshisi, «Yuragi to‘satdan xuruj qilib o‘ldi» deymiz, boshqa iloj yo‘q. Agar milisayu duxtur kelmasa, boyga tushuntirish mumkin, lekin kelishsa…

Nikita ham, hech kimning miyasiga jo‘yaliroq fikr ham kelmadi o‘sha kuni. Yarim tungacha uxlamay kutdik, ammo, boydan darak bo‘lmadi. Soat o‘n ikkidan oshgach, yoshulli «Padariga la’nat..!» deya to‘ng‘illagancha uyquga yotdi. Boshqalar qanday uxlashganini bilmayman, lekin, mening ko‘zimga uyqu kelmadi: turli vahimali xayollar bostirib kelar, o‘zimga emas, olisda qolgan oilamga, qolaversa, Jalil polvonga achinib, tinmay to‘shakda to‘lg‘anardim.

Tongga yaqin ko‘zim ilingan ekan, Nosir pakana turtkilab uyg‘otdi. Ko‘zimni ochsam, polvon bug‘ulardan xabar olishga ketgan, Nikita bilan yoshulli Frolning qor bosgan jasadi tepasida turishgan ekan. Qo‘l-betimni yuvib, ularga yaqin bordim. Boy salomimga sassiz bosh irg‘adi, so‘ng yoshulliga o‘girildi:

-Sasha, senlar ko‘pam tashvish chekavermanglar. Bu it o‘zi haddidan oshdi so‘nggi paytlarda. Kassadan bir necha marta pul o‘marganini sezib yurardim, lekin, ko‘zing bilan ko‘rib, qo‘ling bilan ushlamagandan so‘ng… Boshqa kim ham olardi? Alyona oladimi? Yo oqsoch kampirmi? Ularga pul kerak bo‘lsa, o‘zimga aytishadi. Bultur xotinim vafot etdi. O‘zini osib qo‘ydi… Avvaliga hayron bo‘ldim, soppa-sog‘ yurgan ayol… Nima kamchiligi bor edi? Keyin o‘ylab ko‘rdim: menimcha, u manavi yaramasning qo‘li egriligini sezib qolib, o‘ziga aytgan, bu esa uni… Lekin, isbot yo‘q-da. Kim biladi, balki nomusiga ham … Tag‘in kim biladi deysan, Sasha, bu itdan har narsa kutish mumkin edi. Bular ham kamday… qizimga … ko‘z olaytirdi. U endi, ayol kishi, yosh narsa… Bir-ikki marta Froldan shikoyat qildi, menam bu iflosni so‘kdim, bo‘ynini egib, tagini ho‘llagan boladay turganini ko‘rib, tag‘in rahmim keldi. Kechirdim.

-Buning ota-onasi…
-Hech kimi yo‘q uning,- dedi boy asabiy qo‘l siltab, -O‘g‘rilik, zo‘ravonlik uchun ikki marta qamalib chiqqach, shaharga sig‘may qolgan, ikki yil oldin shu yerga keldi. Rahmim keldi, ishga oldim. Ota-onasi o‘lib ketgan, aka-ukasi yo‘q, oila qurmagan. Odam bo‘lar deb o‘ylagandim…Lekin, bu yaramas…

Yoshulli unga marhumning polvonga tirg‘alishlarini, behisob haqoratlaru kamsitishlarini, bizga qilgan po‘pisalarini erinmay so‘zlab berdi. Boy izma-iz tamaki tutatar, ora-sira Frolning jasadiga jirkanganday qarab qo‘yardi. Nihoyat, u tamaki qoldig‘ini chetga uloqtirib, menga o‘girildi:

-Gena, yoningga polvonni ol-da, manavi maxluqning jasadini vezdexodga ortib, bu yerdan nariroqqa eltib tashlanglar! Yirtqichlar yeb ketsin iflos murdasini! Tfu! – U shunday deb jasad tomonga nafrat bilan tupurdi. Polvonni chaqirish uchun ortimga o‘girilayotib, nogoh Sadr akaning chehrasiga ko‘zim tushdi: u allanechuk oqarib ketgan, lablari pir-pir uchardi. Qirra burni ustiga qalqib chiqqan reza ternii barmog‘i bilan sidirib, keskin bosh siltadi.

-Yo‘q! –dedi u qat’iy, -Jasadni dafn etamiz!
-Sasha, zachem tebe takoy…

-Poslushay, Bugor! U nas tak ne prinyata! G‘anisher, anovi ikkovini chaqir, belkuraklarni olib, barakning orqa tomonidan, qibla tarafdan go‘r qazishsin.
-Tushunmayman senlarga! Itga –it o‘limi! Frolning hech kimi, hech narsasi, hatto pasportiyam yo‘q edi! U allaqachon o‘lib bo‘lgandi aslida! –to‘ng‘illadi boy.

Yoshulli uning gapiga e’tibor ham bermadi. Birozdan so‘ng polvon bilan pakana qabr kavlashga ketishdi, yoshulli bilan ikkimiz jasadni baraka olib kirdik. Sadr aka pechda suv isitdi, so‘ng marhumning kiyimlarini yechib, uni taxta kat ustida bir amallab yuvdik. Nihoyat, Sadr aka to‘shagining ostini kavlashtirib, to‘rt-besh metrlik ohorli oq mato chiqardi. Xayolimga nogoh bosib kelgan fikrdan badanim jimirlab ketdi: yoshulli bu surpni o‘zi uchun olib kelgan, o‘ziga asrab qo‘ygan! «Musofir yurtlarda ajalim yetsa, musulmon odati bo‘yicha kafanlab ko‘mishsin» degan niyatda… Yo xudoyim-yey! «O‘limini bo‘yniga olmagan –kofir» deyishardi bobolarimiz. Buni qarang, bir mo‘min-musulmonga atalgan kafanlik kimlarga nasib etdi…

Bir soatcha vaqt o‘tdi, nihoya, yigitlar kirib kelishdi. Muzlagan yerni kavlash uchun qanchalik qiynalishgani ularning bo‘g‘riqqan yuzlaridan bilinib turibdi. Bu orada bizam ishni tugatdik. Xudorahmati Frol endi oppoq surpga o‘ralib, chiroyli bo‘lib (astag‘firillo!) yotardi. Bizning harakatlarimizni indamay kuzatib, u yoqdan-bu yoqqa borib kelayotgan boy yoshulliga hayrat bilan tikilar, go‘yo uni tushunishga urinayotganday edi.

Tashqarida havo tag‘in ayniy boshlagandi, izg‘irin kuchayib, sahardan uchqunlay boshlagan qor yiriklashgandi. Mayitni narvonga ortib, qabr boshiga eltdik. Uni lahadga ehtiyotlab qo‘ygach, bir siqimdan tuproq tashlab, so‘ng qabr og‘zini besh-oltita xariyu taxta bo‘laklari bilan bekitdik. Ko‘mib bo‘lgach, yoshulli «O‘tiringlar» deganday ishora qildi, hammamiz qabr boshida cho‘nqaydik. Sadr akaning mungli tilovati qor bosgan cheksiz kenglik uzra tarala boshladi:

-Auzibillahu minash shaytonu rojiym, bismillahir rohmanir rohiym…

Nazarimda nafaqat atrofimizdagi, balki butun koinotdagi barcha harakatlar bir zumga to‘xtab qolgandek bo‘ldi. Borliqda faqat hadsiz g‘ussayu g‘amga yo‘g‘rilgan ovoz yangrar, bu sas qalin qor pardasini yorib, to‘g‘ri samo toqiga sanchilar, so‘ng qayta pastga enib, yurakning, tafakkurning eng chuqur qatlamlarigacha kirib borardi.

-Qul a’uvzu birabbil falaq min sharri mo xolaq…

Bu kabi tilovatlarni minglab bora eshitib, diydasi bir qadar qotgganlar jimgina bosh solib tinglashar, umrida ilk bor eshitayotgan boy esa ko‘zlaridan dumalayotgan yoshga ham e’tibor bermay, sarhadsiz oq kenglikka kiprik qoqmay jim termulardi. Ehtimol, mana shu ovloqda o‘tayotgan umri, ko‘rgan-kechirganlari, rahmatli ayoli xayolida gavdalangandir? Sog‘ bo‘lgur, ko‘ngli bo‘sh odamga o‘xshaydi.

Duoyi fotihadan so‘ng barcha o‘rnidan turdi. Polvon bilan pakana belkuraklarni olib, ilgarilab ketishdi, men boy bilan yoshulliga ergashdim.

-Chto eto, Sasha? Chto za pesnya? –so‘radi Nikita yoshullini qo‘ltiqlab olib.
-Molitva… Stixi iz Korana…
-O boje! Eto… prosto chudo! Nauchi menya, a?
-Potom pogovorim, Bugor…
-Ladno… A pochemu nikto iz vas ne plakal? –dedi boy o‘zining boyagi holatidan uyalganday.
-Ne znayu… Bugor, harqalay, milisaga bildirib…

Boy «Keragi yo‘q!» degandek bosh chayqali, biroz o‘tgach esa to‘ng‘illadi:

-Da ladno..! Uveryayu tebya, yego, etogo gada nikto daje ne vspomnit! Bir it bor edi, yo‘q bo‘ldi! I vsyo!

Barak oldiga kelgach, boy menga yuzlandi:
-Gena, ostavaysya tut, ostalniye yedut so mnoy.
-Nima gap? –dedi yoshulli sergak tortib.

-Hammasi joyida, Sasha. Men bilan yuringlar, uylaringga qo‘ng‘iroq qilinglar. Maoshlaringizni, o‘tgan oylardagilarniyam qo‘shib, birato‘la olinglar. Menga… birovning haqqi kerak emas. Men sizlarni… bilmas ekanman. Umuman! Chto za narod, a? Takoy velikodushniy… Tushdan keyin, Sasha, sen bilan birga shaharga boramiz, bolalarning uylariga pul jo‘natamiz. Birga! Tushunyapsizlarmi?

-Tushunarli, -dedi yoshulli nim tabassum bilan,- G‘anisher, mollarga ehtiyot bo‘l. Senlar, qani, mashinaga chiqinglar. Nosir, vezdexodni hayda, polvonni yoningga ol. Men Bugor bilan ketaman.

Ular jo‘nashdi, mashinalar ortidan uzoq tikildim, so‘ng beixtiyor osmonga qaradim: samovot oppoq edi. Kechagi tundlik, yurakni ezuvchi birxillik qaygadir yo‘qolganday, bu sarhadsiz oq saltanat ko‘z va ruhga orom berardi. «Bechora Frolning qabrini allaqachon qor qoplagandir…» degan fikr xayolimdan o‘tdi. Uning surbetlarga tirjayib turgan chehrasi ko‘z oldimga keldi, asabni egovlovchi xirildoq, yoqimsiz kulgusi quloqlarim ostida jaranglagandek bo‘ldi. Rahmatlik, juda… yaxshi odam edi-da…

KUZ SABOQLARI

Chol qalingina choponining barini to‘g‘rilab, tizzalarini o‘radi. Eti sal junjikkanday bo‘lib, biroz qunishdi. Ko‘zlarini ariq yoqalab kelgan yo‘ldan uzib, o‘ng tarafidagi keksa zardoluga qaradi. Daraxt barglari tus tilloyi rangga kirgandi. Tungi yengil shabada shoxdan uzgan, hozir esa butun darvozaxonayu uy oldini qoplab yotgan, tonggi quyoshning ojiz nurlaridan oltinday tovlanayotgan yaproqlar cholning ko‘zlarini qamashtirganday bo‘ldi. «Savil, yaltirashini qarang! Xuddi amiriy tillolarday… Kechasi shudring tushibdi-da, shunga bular yalt-yult qilib yotibdi… Barglar… uzilmasa bo‘lmasmikan? Qish bo‘yi turib, bahorda yana yashil tusga kirsa… E-e, yo‘q, bunaqasi bo‘lmagan, daraxt ham… qayta tug‘iladi. Ey xudoy-yey, bandangga bir daraxtchalik ham imkon bermaysan-a! Ha-a, mayli… Bugun havo biroz ochilsayam ajab emas. Lekin, satang xotinday bu havoga ishonib bo‘lmaydi, sandalni qurdirishim kerak…»

Uning o‘ylarini sezganday, ko‘ngil tubidagi ishtibohlaru ojizgina isyonni bostirish uchunmi, shamolning navbatdagi epkini sariq bir yaproqni to‘g‘ri uning oldiga keltirib tashladi. U xuddi za’faron tusli kapalakday choponi yengiga kelib qo‘ngan bargni yengil titrayotgan, tomirlari bo‘rtib turgan qo‘li bilan avaylab ushladi, agar sal keskin harakat qilsa, kapalak uchib ketadiganday, ikki barmog‘i bilan yaproq bandidan tutib, uni ohista aylantirdi. «Qurg‘ur, chindanam tilloday tovlanadi…-xayolan jilmaydi u,- Shoshma, nimaga hadeb «tillo-tillo» deb qoldim bugun? Umrimda shu savilni bir-ikki marta ko‘rdimmi-yo‘qmi…Ay-y, umr o‘tdi-ketdi, na bir tuzukroq uy…» Va shu lahza ko‘ngliningmi, tafakkuriningmi eng olis, qorong‘i burchagidan chiqib kelgan ulkan xitob va so‘roq belgilari ko‘z oldini butkul to‘sganday bo‘ldi. «Iya, sen nimaga noshukurlik qilyapsan o‘zi?! –deya gumburladi o‘jar bir ovoz. Bu talabchan, qaysar ovoz o‘sha sochi yelkasiga tushgan, mag‘rur yigitchaning tovushiga judayam o‘xshardi. –Qaysi kuningga noliysan sen? «Barg so‘lmasa, yaproq to‘kilmasa…» deysan, bu –«Odamzot o‘lmasa, to‘g‘rirog‘i, men o‘lmasaydim…» deganing-da! Nima, dunyoga ustun bo‘lmoqchimisan? To‘qsonni urib qo‘yding, tag‘in nima istaysan? Kim biladi, balki hali yuzgayam kirarsan, agar xudo shuni hohlasa. E-e, darvoqe, sening xudoying bormi o‘zi? Bir umr kompartiya deb jag‘ urding, odamlarni ezib ishlatding. O‘zing ham tinmading, o‘zgalarniyam tindirmading! Osmondagi yulduz o‘chmasdan matasekilingni tarillatib ishga jo‘narding, qishloq sening ana shu «pat-pat»ing tovushidan uyg‘onardi…

«Bas! –pichirladi u ko‘ksini changallab, -To‘xta! Senga nima yomonlik qildim, tokaygacha meni bunday… Axir, kechirim so‘radimku! To‘g‘ri, o‘zingdan emas, ota-onangdan so‘radim. Keyinroq, o‘g‘illaringning sunnat to‘ylarigayam…»

Bularning bari tushida emas, o‘ngida sodir bo‘layotganiga ishonmoq uchun u ikki-uch bor kiprik qoqdi, so‘ng yoshlanayotgan ko‘zlarini katta ochib, atrofga jovdiradi: nigohlari oldida hamon o‘sha hazinu mahzun, og‘rig‘u armonlarga to‘la kuz yastanib yotardi. Biroz bodiroq, andak peshgirroq, vale faqat to‘g‘ri gapni aytguvchi bu o‘jar tovush aniq o‘sha yigitchaga, Botir malimga tegishlimi, yo u qarib, esdan og‘a boshladimi –shu haqda fikr yuritmoqchi edi, ammo isyonkor bu ovoz tag‘in kutmaganda zarba urgan chaqmoqday, qalbiyu ruhini zabtiga ola boshladi:

«Esingdami, qishloq bolalaridan katta bo‘lganda kim bo‘lishini so‘rasang, o‘ndan to‘qqiztasi «Qodirup bo‘laman!» derdi. Shunchalik yuraklarga chuqur o‘rnashgandi bu Qodirov degan familiya! Koloxozda o‘nta rais almashdi, ammo sen ming yillik kundaday joyingdan jilmading. Partkom bova eding-da!»

«Sensirama, otangdanam kattaman…»
«Men emasman bu, sen o‘zing sensirayapsan o‘zingni».
«Nima, Botir malim emasmisan hali?»

«Hah bechora-ya, Maxtumquli hazratlari bilib aytgan ekanlar-da, «Dard yomoni qarilikdir, yoronlar» deb. Qaribsan, Qodirup, es ham kirdi-chiqdi bo‘lib… Qanaqa Botir, qaysi malim? Men – senman!

Chol unga ishonmadi. Ishonolmasdi. To‘qsonga kirgan bo‘lsa, shundan yetmish yili kompartiya degan ertak bilan o‘tdi. Bu ertakda esa ruh, ko‘ngil, xotira degan narsalarga o‘rin yo‘q edi. Ammo, so‘nggi yillarda u xudoni tez-tez tilga oladigan bo‘ldi. Balki bu sharoit taqozosi bilan beixtiyor tilidan otilib chiqadigan so‘zdir, ehtimol, muqarrar keladigan Kun oldidagi talvasadir. Nima bo‘lgandayam, Qodirov kommunist bo‘lib o‘lishni istamasdi. Mana bu kajbahs esa uni hamon kommunistlikda ayblab turibdi. Ikkiyuzlamachilikni qarang, Botir malim emasmish! Qodirov, garchi qulog‘i sal og‘irlashgan, ko‘zi biroz xira tortgan, beli andak bukilgan bo‘lsa-da, hali aqlini yo‘qotgani yo‘q. O‘sha o‘jar, yoshlarga xos kibr qorishiq ovoz bu. Aniq o‘sha, Botir malim! Nima bo‘lgandi o‘zi o‘shanda, nega bu bola unga buncha yopishib oldi?

Chol ko‘zlarini yumdi, minglab kunlaru oylar oralab, xayolan olis yillar qa’riga sho‘ng‘imoqni, o‘sha kuni nima voqea bo‘lganini aniq xotirlamoqni istardi u. Yodining chang bosgan burchaklarini titkilarkan, nogoh yuzaga qalqib chiqqan bir fikrdan badani muzlab ketdi: faqatgina Botir malim emas, balki yuzlab odamlarning dilini og‘ritgansan sen! Qanchalab bechoralarni qon qaqshatding paxta deb, pilla deb!

-Zamon shunday edi… -deya sassiz pichirladi u ko‘ksida chidab bo‘lmas bir og‘riq bilan,- Kimning aravasiga tushsang…

To‘g‘ri, o‘shaning qo‘shig‘ini aytasan. Ammo, o‘sha qo‘shiq, «kommunizm» deb atalgan qo‘shiqning yolg‘on ekanligini, bu aytim andishaliyu toqatli xalqni aldash, yupatish uchun to‘qib chiqarilganligini u bilmasmidi o‘shanda? Bilardi, lekin… qo‘rqardi. Ko‘z oldingda ne-ne arillagan, karillagan zo‘rlarning belini sindirsalar, qo‘rqmay ko‘r-chi?! Qodirov o‘zining bahaybat mashinaning mitti bir vintchasi ekanligini, sal bosh ko‘tarsa, ulkan chig‘iriq uni majaqlab tashlashini yaxshi bilardi. Shu bilan birga, ko‘nglining allaqaysi bir kunjida umid ham bor edi: u mana shu cho‘pchaklarning payti kelib haqiqatga aylanishini, barcha odamlar emin-erkin yashaydigan davrlar kelishiga ishonishni istardi. Va bu najotni u faqat o‘zi sig‘ingan e’tiqoddangina topmoqchi bo‘lardi. Faqat sotsializmning to‘la-to‘kis g‘alabasidan… Hech qanday mustaqilligu ozodlik to‘g‘risida hayol qilmagan u. Yo o‘ylaganmidi? Kim biladi, xudo bergan bu uzun umrning qaysi bir lahzasini eslaysan, qay bir daqiqasida nimalarni o‘ylaganingni bugun qanday xotirlaysan..?

Darvoqe, nima bo‘lgandi o‘shanda, bu yigitga nima zulm o‘tkazuvdi u? Sanoqsiz yillar bo‘yi o‘zi bilan birga ishlagan, unga goh buyruq bergan, goh amrini bajargan odamlarning chehralari nigohlari oldidan suzib o‘tarkan, bir jiddiy va nurli surat uning ko‘ngil ko‘zi oldida nogoh taqqa to‘xtadi!

-E-e, o‘rtoq Hasanov…-ingraganday pichirladi u o‘lganning kunidan jilmayib. Ha, bu Sayfulla Hasanov edi, o‘sha paytlar rayqo‘mning birinchi kotibi bo‘lgan odam. Va shu lahza Qodirovning tafakkurida chaqmoq chaqqanday bo‘ldi: u hammasini esladi! Botir malim bilan ilk to‘qnashganida sodir bo‘lgan voqealar xuddi sekinlashtirilgan kino lavhalariday ko‘z oldidan o‘ta boshladi…

…Noyabrning o‘rtalari edi o‘shanda, xo‘jalik paxta rejasini bajarish uchun chiranib yotgan kunlar. Ikki oyog‘i bir etika tiqilgan Qodirov kabinetida jon hovuchlagancha o‘tirar, qarshisidagi suhbatdoshining nigohlari esa uni sassiz savolga tutayotgandi: bu ahvolda reja nima bo‘ladi, nimaga maktablarni yopmayapsan, nega odamlar to‘y-ma’raka qilishyapti bunaqa paytda, ertaga boshingga ne kunlar tushishini o‘ylayapsanmi?

Qodirov nima qilarini bilmay, yerga boqib o‘tirganda eshik ochilib, yigirma uch-yigirma to‘rt yoshlardagi yigit kirib keldi. Uning xiyol jingalakroq sochlari ko‘pirib, yelkasiga tushib turar, egnida o‘sha paytlari urf bo‘lgan «finka» kuylak, jinsi shimining pochasi qayirib qo‘yilgandi. Cho‘zinchoqroq yuzli bu yigitning nigohlari ancha mag‘rur va bepisand boqardi olamga. U asta tomoq qirib, salom berdi:

-Salomalaykum… To‘yga aytib keldim…
Qodirovni chayon chaqqanday bo‘ldi, afti burishib, manglayi tirishdi. Beixtiyor suhbatdoshiga qaradi, u esa mayin jilmayib turardi.
Yigit qo‘lidagi ikki taklifnomani Qodirovga uzatdi:

-Mana, biri sizga, bittasini rais bovaga berib qo‘ysangiz… -u hazin jilmayib, chap qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi-da, mehmonga o‘girildi, -aka, sizam o‘ting to‘yga.
-Albatta-albatta… uylanyapsizmi? Ko‘p yaxshi…-suhbatdosh yengil qo‘zg‘alib, o‘rnidan turdi, Qodirov tomonga qiya qarab, bosh irg‘adi, -bo‘pti, kechqurun ko‘rishamiz.

U shunday deb chiqib ketdi, ustidan sovuq suv quyilgandek bo‘lib o‘tirgan Qodirov qimirlashgayam ulgurmadi. Hech narsani anglamagan yigitcha yelka qisdi-da, ortiga o‘girildi. Eshikdan chiqar-chiqmas bo‘ronday shiddat bilan qo‘zg‘algan Qodirov uni quvib yetdiyu yoqasidan bo‘g‘ib, devorga taqadi:

-Nima qilib qo‘yganingni bilasanmi, axmoq!
-To‘y… to‘yga aytib… -yigit bir amallab yoqasini bo‘shatdi-da, ko‘ylagini to‘g‘rilab, unga tik qaradi, -Nima balo, jin chaldimi, Ermat aka?

-Uylanmoqchimisan hali?! Qani, bir uylanib ko‘r-chi, paxta paytida! O‘zi plan hiqildog‘imdan bo‘g‘ib turibdiku! Men senga… uylanishni ko‘rsatib qo‘yaman! O‘v, kelib-kelib, raykomning birinchi sekretarini to‘yga aytasanmi, xumpar! O‘rtoq Hasanov ediku bu! Rayqo‘m bova edi!

-E-e, men qayerdan bilibman, uning rayqo‘m ekanligini?! Xo‘p, bo‘lganda-chi, nima, raykomlar to‘y qilmaydimi? Siz bir duxtirga ko‘rining, aka. Sog‘ligingiz uncha yaxshi emasga o‘xshaydi, -o‘zini butunlay tutib olgan yigit endi unga kinoyali nazar tashlab, hovliga chiqdi. Fig‘onidan chiqqan dud bo‘g‘zini kuydirayotgan Qodirov qabulxonadagi qator ustallarning bir chetiga cho‘kdi-da, dastro‘mol qidirib, cho‘ntagini kavlay boshladi. Kechki payt rayqo‘m byurosida Hasanov uni yamlamay yutishini o‘ylab, beixtiyor tizzalariga qaltiroq kirdi.

Shugina bilan voqea yakunlangan bo‘lsa koshkiydi..! Chapaqay jahli chiqqan Qodirov ertasiga bu yosh muallim yigitning otasini chaqirib, unga yarim soat jag‘ urdi. Foydasi bo‘lmadi.

-Elga xabar qo‘yganman, endi iloji yo‘q, partqo‘m bova. O‘rtaga chiqib bo‘ldik, orqaga qaytish yo‘q… -ota o‘zini bosishga urinar, ichidan qalqib ko‘tarilayotgan g‘azabini ortga qaytarish uchun lab tishlar, ammo, Qodirov partiya siyosati, paxta mavsumi, quyoshli g‘animat kunlar to‘g‘risida javrayvergach, uning toqati toq bo‘ldi.- Menga qarang, Qodirup, o‘g‘lim bo‘y yetdi, uylantiraman! Siz hohlaysizmi-yo‘qmi, to‘y bo‘ladi. Borsangiz –eshigim ochiq, bormasangiz — …otamdan nariga!

Uning bu qilig‘ini ko‘rib, Qodirov g‘azab otiga egar urdi: maktab direktoriga telefon qilib, agar o‘sha yigitni, Botirni ishga olsa, onasini Uchqo‘rg‘ondan ko‘rsatishini pisanda qildi. Buyam yetmaganday, yigitchaning to‘yi kuni kolxoz garajidagi zanjirli «T-4» traktorini olib borib, to‘y bo‘ladigan hovliga tiratib qo‘ydi: qani, to‘y qilib ko‘rsin-chi, uy-joyini o‘sha to‘y uchun tikiladigan palatkasiga qo‘shib, surdirvoraman!

Ammo, Armon sho‘pir o‘jar edi, baribir o‘g‘liga to‘y qildi. Odamlar traktorchini ichirib, so‘ng uni uyiga eltib tashlashdi. «T-4»dan esa ununmli foydalanib, to‘yxonaga eltadigan yo‘llarni tekislashdi. To‘g‘ri, kolxoz rahbarlaridan biron kishi to‘yga kelmadi, Qodirov ularga qattiq tayinlagandi, lekin, sho‘pirning to‘yiga el-yurt, qavmu qarindoshlar ko‘chib kelishdi go‘yo! Botirboyning ashulachi jo‘ralari ko‘p ekan, aytishlaricha, to‘yni rosa qizitishganmish.

Bu gaplarni Qodirov keyinroq eshitdi, ko‘p o‘tmay unutib yuborishniyam umid qildi. Ammo, qish o‘tib, bahor kelgach, pilla mavsumi boshlandi. Armon sho‘pirning ayoli ham xo‘jalikning ilg‘or pillachilaridan biri edi.

-Bu yil pilla boqolmayman, -dedi ayol agronom yigit keltirgan qurt urug‘larni qaytarib berarkan, -sog‘ligimning mazasi yo‘q.
Bu gaplarning tagida o‘sha alam yotganligini Qodirov bilmaydimi?.Biladi, albatta. Shuning uchun ipak qurtini olib, o‘zi sho‘pirning uyiga bordi. Armonboy neft-gaz tashkilotining moshinasini cho‘lda vag‘illatib yurgan, qishloq maktabidan ish topolmagan Botirboy esa tuman markazidagi maktablardan biriga qatnab, dars berayotgan ekan, ikkovining ham uyda yo‘qligi Qodirovga qo‘l keldi: harqalay, g‘alvaning kamroq bo‘lgani yaxshi-da.

-Menga qara, Oysara, pillani olasan! Shaxsan rayqo‘mning topshirig‘i bu, men boshqa narsani bilmayman!

-Partqo‘m bova, kasalman, mazam yo‘q… -iltijoli termuldi ayol, so‘ng go‘yo alamzadalik bilan pichirladi,-o‘lsam ham sizlarga nima, ko‘p qatori kelib, bir kosa sho‘rvamni ichib ketasizlar…

-O‘lmaysan!- Qodirov tutaqa boshladi, -Hali ko‘ramiz, kim-kimning sho‘rvasini ichar ekan..!

Shu tariqa u yana o‘n daqiqacha «partiyamizning dono siyosati» haqida gapirdi, ayolning «siyosiy ongini yuksaltirdi». So‘ng esa ayol norozi bo‘lib bosh chayqaganiga qaramay, ipak qurti solingan qutichani to‘rvaga solib, Armon sho‘pirning darvozasiga ilib ketdi…
Keyinroq bir-ikki ko‘rishganlarida sho‘pirning tili burro ayoli «Sho‘rvamni ichishga qachon kelasiz?» deb kinoya qilgan bo‘lsa-da, kundalik tashvishlar, ulkan xo‘jalikning mas’uliyati sabab, Qodirov bu gaplarga uncha e’tibor bermadi. «Ayol kishi-da, og‘ziga kelganini o‘tlayveradi» qabilida kinoyali tirjayib, yo‘liga ketaverdi.

… Chol ariq yoqasidagi tuproq yo‘lga yana tikildi: ular shu yo‘ldan kelishadi. Kecha nevarasi topib kelgan gapni eshitgandan so‘ng uning oromi yo‘qoldi: viloyat televideniyesidan uni, mehnat faxriysi Qodirovni tasvirga olish uchun odam kelayotganmish! U haqda maxsus ko‘rsatuv qilisharmish! Hazil gapmi, maxsus ko‘rsatuv-a! O‘zi asli qushuyqu bo‘lgan chol butunlay tinchidan ayrildi: kechasi bilan esqi qog‘ozlarini, «Faxriy yorliq»larini titkiladi, sho‘ro hukumati bergan uch-to‘rtta nishonni topib, yaxshilab artdi, kichik keliniga aytib, qadrdon galife shimi va kitelini dazmollatdi, nevarasiga esa g‘archli xirom etigini moylatdi.

Har kungidan kechroq yotdi, ammo, ko‘ziga uyqu kelmasdi. Nima deydi ularga? Rosa yigirma besh yil kolxozda partqo‘m bo‘lganini aytib maqtanadimi? Odamlarning to‘ylariga bormagani, ayrim paytlarda hatto janozalarniyam ta’qiqlagani, qabristonlarni buzdirib, paxta ektirgani, machitni omborxona qildirganini hikoya qiladimi? Suyagi qotmagan maktab bolalari dekabrning izg‘irinli kunida izillab, poyonsiz paxtazorda bir donagina bujmaygan ko‘sak izlaganlarini, o‘zi esa ularning boshida qamchi o‘ynatganini so‘ylab beradimi? Bo‘yga yetgan, navrasta qizlarni shivalab turgan achchiq yomg‘ir ostida ariq qazishga majbur etganlarini aytsinmi? Ta’ziyaxonalarga bostirib borib, janozaga saf tortgan chollarga zarbu zo‘r qilib, tarqatganlarini xotirlasinmi telekamera oldida? Nima deydi ularga, nima deya oladi?!

Tongga yaqin ko‘zi ilindiyu, zum o‘tmay boshini bolishdan uzdi. Xuddi uxlamaganday edi. Ruhiyati og‘ir, ko‘ngli g‘ash edi. Irimiga bir burda non yeb, yarim piyola choy ho‘pladi. Bu orada har kim ishlik-ishiga tarqaldi, u tag‘in yolg‘iz qoldi. Katta o‘g‘li ketish oldidan unga ma’noli qarab, ta’kidladi:
-Ota, hamma narsangiz taxt, kiyinib oling. Hademay kelishadi.

Mana, chol xazonlar sirli kuylayotgan dunyoda yo‘lga ko‘z tikkancha o‘tiribdi. Kiyim –kiyim joyida, nishon esa nishon joyida qoldi, u odatdagi liboslarini kiydi, so‘ng qalin choponiga o‘randi. Kampiri rahmatlik buni ataylab, unga atab tiktirgandi. Momiq paxta qalin qilib solingan, mayda tikilgan chopon jonning huzuri edi.

U og‘ir damsar urdi, yuragi to‘liqib ketayotgganini his etib, o‘zini ovutish uchun tag‘in atrofga alangladi. Quyosh nayza bo‘yi ko‘tarilgan, borliq za’faron rangga belanib, tovlanardi. U beixtiyor ko‘zlarini yumdi, nigohlari oldida yana Botir malimning qiyofasi paydo bo‘ldi…

…Yillar o‘tib, malim o‘g‘lini sunnat qildiradigan vaqt yetdi. Bu safar, to‘ydan uch kun oldin Armon sho‘pirning o‘zi keldi. Rais kim edi-ya u paytlar? Ha, Sevindikov edi! Teshavoy ikki marta rais bo‘ldiku bu xo‘jalikka! Ikkinchi bor rahbar bo‘lib, gurillab yurgan paytlari edi. Xo‘jalik paxta rejasini bajargan, bir zamonlardagi ta’qiblaru ta’qiqlar ancha bo‘shashgan, ammo, Qodirovning murtini haliyam bolta chopmasdi. Uning stalincha kiteliyu generalcha shimi hamon barchaning ko‘zini qo‘rqitar, «Ij-49» mototsikli hanuz tarillab turardi.

Sho‘pir xuddi hech narsa bo‘lmaganday, u bilan qo‘shqo‘llab ko‘rishdi, yuziga fotiha tortib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib so‘rashdi. Qodirov duo qilish qanday bo‘lishini allaqachon unutgan bo‘lsa-da, sho‘pirga chehrasini ochib gapirdi:

-Qani, tinchlikmi, Armonboy?
-To‘yga aytib keldim, partqo‘m bova, -dedi sho‘pir tamaki ta’siridan biroz qizargan siyrak mo‘ylovini silab, -nevarachaning qo‘lini halollatsakmikan degandim…

-Ebi, yaxshi bo‘libdi-da, qani, muborak bo‘lsin! –Qodirovning ko‘z o‘ngida bir necha yil burungi suhbat jonlanib, asta xo‘rsindi.
-Rahmat, Ermat og‘a. Endi, o‘zingiz bosh bo‘lasiz-da, bir elning odamimiz, kattamizsiz.

-Mayli, Armonboy, xizmatdan qochmaymiz. Planni bo‘lsa, mana, bajarib qo‘ydik, endi to‘y qilsak yarashadi. Lekin… Endi, Armonboy, bizdan bir gunoh o‘tib…
-E-e, haliyam o‘sha gapni ko‘tarib yuribsizmi, og‘a! –dedi sho‘pir samimiy jilmayib, — o‘tgan gap-o‘tdi, kechagi o‘likni kecha ko‘madilar, bugunga qolsa sasiydi. U paytlar zamon shunday edi, partqo‘m bova.
-Nima bo‘lgandayam, Armonboy… ishqilib, odam xijolat bo‘lar ekan-da… Oysaraning oldidayam uyatlimiz… -Qodirov o‘zini majburlab tirjaydi.
-Sirayam xijolat bo‘lmang, og‘a. Boring, o‘zingiz bosh bo‘lasiz to‘yga.

Ishqilib, bu safar ham u Botir malimning o‘g‘il to‘yiga borolmadi. Aksiga olib, o‘sha kuni ukasiyam qiz chiqaradigan bo‘ldi, demak, bu –o‘z to‘yi! U o‘z to‘yini tashlab, boshqa to‘yga borolmasdi. Shunday bo‘lsa-da, Qodirov to‘y kuni ukasini qavatiga olib, peshin payti sho‘pirning uyiga o‘tdi. Armonboyning bir piyola choyini ichdi, duoyi fotihaga qo‘shildi, so‘ng uzrini aytdi. Sho‘pir ham ko‘pni ko‘rgan odam emasmi, elning udumini yaxshi biladi, Qodirovday odam katta boshini kichik qilib keldimi, bu endi hazil gap emas! U mehmonlarga xizmat qilib yurgan o‘g‘lining Qodirovga kinoyali qarashlarini ko‘rib, o‘tirganlarga sezdirmay «Damingni chiqarma!» deganday imo qildi. Malim choy bahona, tashqariga chiqdi.

Uy egasi –to‘y egasidan ruxsat olib, kelolmaslik sababini tushuntirib, dili ravshan tortgan Qodirov ukasi bilan yo‘lga chiqdi. Mashinaga o‘tirayotib, nariroqda kuymanib yurgan sho‘pirning ayolini ko‘rib qoldi.
-Oysara, beri kel!
Ayol yaqinlashib, ularga salom berdi. Muborakboddan so‘ng Qodirov xokisor jilmaydi:
-Har ko‘rganda «Xudoyimga qachon kelasiz?» deb piching qilarding. Mana, nevarangning to‘yida sho‘rva ichib ketyapman. To‘yga kelolmayman, sababini Armonboyga aytdim. Mayli, Oysara, hammamiz ham to‘ylarga yetaylik. Sog‘ bo‘l, singlim.

Eskilarning gapi to‘g‘ri chiqdi, har bir gapga farishta omin devorishi mumkin ekan. Astag‘firillo, o‘shanda ayol naq bashorat qilgan ekanmi, ishqilib, Armonboy ham, ayoli ham bu yorug‘ olamni tark etib ketishdi. Charxning o‘yinlarini qarangki, chol har ikkovining ma’rakalarida ham qatnashib… sho‘rvalarini ichdi.

…U og‘ir xayollardan qutulmoqchiday asta bosh silkidi, sherozi telpagini olib, qo‘lidagi chorsi ro‘mol bilan manglayini, so‘ng ensasini artdi, shunday salqin havoda terlaganiga hayron bo‘lganday atrofga jovdiradi. Va ko‘zi ariq bo‘yidagi yo‘ldan kelayotgan oq «Damas»ga tushdi. Demak, kelishdi! Uning tizzalarida yengil titroq uyg‘ondi.

Nariroqda to‘xtagan moshindan avval kamera ko‘targan mo‘ylovli yigitcha, so‘ng o‘ttiz yoshlar atrofidagi suluv juvon va … Botir malim tushib kelishdi! Qodirov bugun har kimni kutsa ham, malimni kutmagandi! Qismatning ajib o‘yinlariga hayron bo‘lish-bo‘lmaslikni bilmay, dovdirab qolgan chol o‘zini o‘nglaguncha bo‘lmay, malim ildam kelib, u bilan qo‘shqo‘llab ko‘rishdi.
-Assalomu alaykum, bova. Qanday, binoyiginamisiz, nevara-chevaralar sog‘mi?

Chol unga jovdirab qaradi: bu bola nima qilib yuribdi televizorchilarga qo‘shilib, yo mahalla yubordimikan? Ha-a, xumpar, o‘ch olishning yo‘lini topibdi! Kim bilsin, nimalar dedi u yo‘l bo‘yi manavilarga?! Qodirovni go‘rdan olib-go‘rga tiqqandir: g‘irt sho‘roning odami, esqi firqalardan, xalqning qonini ichgan…

Yo‘q, malimning nigohlari samimiy edi. Bu qarashda unga biroz achinish ham, andak qoyil qolish ham, eng muhimi, zavq bor edi! Malim Qodirovning to‘qsonga to‘qnashsa-da, hamon oyoq ustida yurganiga, aqlini yo‘qotmaganiga besh ketib turgandi!
-Mana, tanishinglar, Zilolaxon, -dedi u muxbir ayol tomonga o‘girilib, -Ermat ota –bizning faxrimiz! Nafaqat qishlog‘imiz, balki butun tumanning faxri! Yigirma besh yil uzluksiz bir xo‘jalikda rais o‘rinbosari bo‘lgan inson bu kishi! Otaxonni hatto viloyatdayam tanishadi, hurmat qilishadi.

Jurnalist ayol shiringina qilib «Assalom» dedi, kamerali yigitchayam «Zo‘rmisiz, bobo?» deb qo‘ydi. Chol asta o‘rnidan turdi, Botir malim chaqqonlik bilan uni qo‘ltiqladi.

-Bova, tumanimiz hokimi shaxsan tayinladilar, «Ermat otamizga mening salomimni, samimiy tilaklarimni yetkazing, xudo hohlasa, yaqinda bir borib, suhbatlarini olaman. Bunday odamlar –bizning katta ustozlarimiz, ularning boy hayotiy tajribalarini albatta televideniye orqali xalqqa yetkazinglar» dedilar u kishi.

Chol boshini quyi soldi. Demak, malim hozir hokimiyatda ishlayapti, buni hokimning o‘zi yuborgan. Nimaga bu taxlit muomala qilyapti bu bola, nima, qalbida umuman gina-kudurat yo‘qmi? Shunday bo‘lishi mumkinmi? Nahotki Qodirovni kechirib yuborgan bo‘lsa u? Umuman, bunaqa narsalarni kechirish mumkinmi? Kechirish, unutish uchun qanaqa yurak, qandayin tantilik kerak o‘zi? U-chi, agar malim unga shu taxlit yomonliklar qilsa, Qodirov uni kechira olarmidi? Muncha o‘zgaribdi bu bola: sipo, nigohlari samimiy, qadamlari vazmin… Bir paytlardagi bodi, burni baland bola qani? Yo yillar uniyam ipakday eshdimi? Yo‘q, o‘zi asli ko‘ngli toza bola ekan shekilli… Agar aytayotgan gaplarining aqalli yarmi rost bo‘lgan taqdirdayam, demak, Qodirovni unutishmabdi. Bundan chiqdi, umri zoye ketmabdi. Ha, chol endi kamera oldida nima deyishni yaxshi biladi!

U qaddini tikladi, kamerani yelkasiga olgan yigitchaga qaradi. Operator bola allaqachon ish boshlagan, kameraning qizil chiroqchasi yongandi.

-Rahmat… Meni yo‘qlabsizlar, sizlarni Alloh yo‘qlasin. Qaranglar, barglar to‘kilyapti… Kuz-da… Hozir uyga kiramiz, lekin oldin… Mana shu daraxtni, zardoluni qachon o‘tqazganimni eslolmayman. Harqalay, yosh edim u paytlar. Biz… birga qaridik. Lekin, u hamon meva berayapti. Nevaralarim, chevaralarim har bahorni dovuchcha bilan boshlaydilar… Barglar har yili to‘kiladi, bahorda daraxt yana yaproq yozadi. Beminnat, beta’ma hosil beradi daraxt. Inson ba’zan shu daraxtchalik ham bo‘lolmaydi, ignaday ishini tuyaday qilib ko‘rsatadi… Botir, o‘sha yillar esingdami?

Malim kaftini uning titrayotgan yelkasiga asta bosib, «Qo‘ying endi, bova…» deb pichirladi, hazin jilmaydi. Chol ham gapni chuqurlashtirishni istamadi, og‘ir bir nadomat bilan bosh chayqadi.

-Yo‘q, aytmoqchimanki… odam bolasi ba’zan zamona zayli, sharoit taqozosi bilan… quyushqondan chiqib ketadi. Ana shundan asrasin… Qaranglar, barglar shirt-shirt uzilyapti. Yaratgan egam bu bilan «Hoy bandam, ko‘zingga qara, senam bir kun uzilasan!» demoqchidir balki… Yuringlar, bolalarim, uyga kiramiz, havo biroz salqin bugun.Ertaga sandalni qurdiramiz… Yuringlar, uyda aytaman hamma gapni….

U eng xavfli dushmani –g‘ururini, nafsini yengib, uzoq yillar ta’lim bergan ustoziga ta’zim ila boqqan shogirdday ko‘ngli nurlanib, keksa daraxtga minnatdor nazar tashladi, so‘ng ohista ortiga o‘girilib, yo‘l boshladi. Botir malim diydalariga qalqqan yoshni ko‘rsatmaslik uchun hamishagi qora ko‘zoynagini taqdi-da, xushro‘y Zilolani oldinga o‘tkazdi. Boyagina, yo‘l bo‘yi ko‘nglida mavj urgan hislar taloshini eslab, o‘zidan uyalganday bo‘ldi. Chol… syurpriz qildi! O‘zgaribdi partqo‘m bova! Hayot shu-da, ne-ne zo‘rlarniyam mulla mingan… «E-e, oshna, undan ko‘ra qoyil qolmaysanmi boboyga?! Qara, naq faylasuf bo‘libdi! Indamasang, hozir hazrat Navoiydan o‘qishiyam hech gap emas, «Xazon sipohig‘a, ey bog‘bon…» deb! Kim bilsin, balki shuncha yillik umrida…»

U fikrlarini yakunlashga ulgurmadi: shamolning navbatdagi epkini bir olam tilloyi barglarni bandidan uzib, ularning boshlari uzra sochib yubordi. Operator yigit bu jozib holatni shig‘illatib tasvirga tushirar, havoda ham, oyoq ostida ham hadsiz o‘kinchu armonga qorishiq oltinrang yaproqlar raqs tushardi.

Hovliga kirgan cholning qaddi butunlay tiklanib, qadamlari tetiklashdi. «Barakalla, Qodirup, tantilik qilding! Oxirigacha ana shunday mard bo‘l!» dedi ichida bir ovoz. Bu taskinbaxsh sas Botir malimniki emasligini esa u endi yaxshi bilardi. U ostonada bir lahza to‘xtab, yengil tin oldi, so‘ng ravshan tortgan ko‘zlarini ko‘kka tikdi. Osmon hozircha tiniq, ammo borliqdan qish isi kelayotgandi…

SULTON O‘G‘RI

Jazavakor, shovqin-suronli qo‘shiq orqa o‘rindiqdagi keksaroq yo‘lovchiga yoqmadi. U muloyim boquvchi, sal qisiqroq qo‘y ko‘zlarini yumib, andak zardali tovushda dedi:

-Buningni o‘chir-da, boshqasini qo‘y, uka!
-Nimani qo‘yay, amaki? –dedi ortga xiyol o‘girilgan taksichi yigit.
-Bo‘lsa, Komiljon bovadan qo‘y, Bo‘lmasa, Sher ham bo‘laveradi.
-Bizdan luboyidan topiladi, mana, hozir-da!

Birozdan so‘ng mashina salonini to‘ldirgan shiddatkor, ayni paytda dardli ovoz yo‘lovchilar ko‘ngliga-da bostirib kirdi: haydovchi yigit asta bosh chayqar, uning yonida o‘tirgan kampir ham xiyol tebranar, orqadagi ikki talaba qiz pichirlashishni bas qilib, tek qotishgandi. Komiljon ustozning falakni quchgan o‘ktam ovozi esa yuraklarning eng tubiga yetib borib, u yerdagi kul bosgan cho‘g‘larni o‘t oldirardi:

…Har dam ko‘ngil haloku ko‘zim tiyra bo‘lmog‘in
Bilgay birovkim, yori erur sho‘xi xoldor…

U tag‘in ko‘zlarini yumdi, qalbining tut-tublarida bir og‘riq yuz ochganday bo‘lib, chap ko‘ksi simillay boshladi. So‘ng yuragini lahza sayin to‘ldirib borayotgan qaynoq to‘lqin bexos chayqaldi, uning ikki tomchisi diydalardan toshib chiqdi. Ongu shuuridagi bezovtalik, unga bir umr hamroh bo‘lgan palapartishlik qaygadir chekinib, xayollari birdan sokinlashdi. Shuning barobarida yuragida bosh ko‘tara boshlagan savol kattalasha boshladi: kimsan, qaydan kelib, qayga ketayapsan? Uning manglayi tirishdi, kimgadir, nimagadir e’tirozi bordek, qoshlari chimirildi. Ayni shu lahza ichidigi to‘lqin pasayishni boshladi va boyagi savollarga javob topilishiga juda oz fursat qolganini savqi tabiiy bilan angladi. Ha, u biladi javobni, juda yaxshi biladi. Faqat… fe’lidagi o‘jarlik, bo‘yni yo‘g‘onlik, kajbahslik… Bo‘lmasa, otasi xudorahmati unga ming bora aytgan: bu ishlarni yig‘ishtir, Sultonboy, bunaqada bir kuni rasvo bo‘lasan…

Otasi… bir qiziq odam edi-da! Maktabni zo‘rg‘a bitirgan, bir umr traktorchilik qilgan odam, qarangki, o‘n farzandining barchasiga “S” harfi bilan boshlanuvchi ismlarni qo‘ygandi: Sulton, Soyib, Salima, Samig‘…Olti o‘g‘il, to‘rt qiz –hammasining oti “S”dan boshlanadi. Rahmatli Subhon traktorchi juda bosiq, yetti o‘lchab, bir kesadigan odam edi. Sultonning aka-ukalariyu opa-singillariyam qo‘y og‘zidan cho‘p olmaydigan odamlar. Faqat u, Sultonboy, taqdir taqozosi boismi, yo o‘zining fe’l-atvori sababmi, ishqilib, el ichida Sulton o‘g‘ri nomini olib, qishlog‘idan bir kechada chiqib ketdi.. U keyinchalik, shahardagi ikki xonali katalagida yotib ko‘p o‘yladi: shunday qilish shartmidi? El uning xurmacha qiliqlariga ko‘nikib ketgan, hech kim uning ko‘ksidan itargani yo‘q ediku?! Qaytanga, odamlar uni …erkalatishardi! Xuddi anovi “Suyunchi” degan kinodagi kabi, u qishloqning “o‘z o‘g‘risi” edi. Lekin, kinodagi o‘g‘ri o‘z qishlog‘ida emas, chetda qilardi o‘g‘rilikni, u esa… Ha, Sultonboy o‘z hamqishloqlarini qaqshatardi. Ammo, ajabki, odamlar undan xafa bo‘lishmasdi. Kampirlar “Hoy, o‘g‘ri o‘lgur, narigi yo‘ldan o‘t, bu uyga yaqinlashma!” deb irimiga qarg‘ab qo‘yishsa, chollar nim kulib, bosh chayqashardi, xolos. U esa… ko‘ngliga kelganini qilardi! O‘sha paytlari urf bo‘lgan “Vesna” markali magnitofonni yelkasiga qo‘yib, “klyosh” deyiladigan matroscha shimining pochasi bilan yer supurib, tamakp burqsitib yuraverardi. Darvoqe, hayotidagi o‘sha birinchi va ehtimolki, so‘nggi jiddiy voqeada ham magnitofoni, Komiljon bovaning ashulalari unga hamroh edi.

… O‘shanda, ayni qishning charsillab turgan tunlaridan birida kimdir Subhon traktorchining uyidan to‘rt hovli narida turadigan Ahad polvonning uch bosh qozoqi qo‘yini o‘g‘irlab, bozorga eltib imi-jimida pullagan. Arzon moldan xavfsiragan xaridormi, yo Sutonning fe’lini bilgan mol egasimi, ishqilib, kimdir milisaga xabar bergan ekan, uni qidirib kelishayotganini eshitgan yigit otasining qo‘shotar miltig‘ini oldi-da, bir pachka o‘qniyam cho‘ntakka urib, qishloqqa tutash cho‘lga chiqib ketdi. “Bu yerlardan bir-ikki kunga ketmasang bo‘lmaydi,- dedi otasi uning o‘jarlik bilan qaqqayib turganini ko‘rgach xo‘rsinib, -qadimgilar aytganday, bo‘rining, yesa-yemasa, baribir og‘zi qon. Eng avval sendan ko‘rishadi bu ishni. Noming chiqqan… Hech narsani isbotlay olmaysan, milisalar bir-ikki soat do‘pposlashsa, qilmagan ishingniyam qildim deb yozib berasan. Bor, xudoning o‘zi panohiga olsin…”
Yigit otasini tushundi. Hech kimga hech narsa demay, tong qorong‘usida qishloqni tark etdi. Magnitofonining quvvati uch kunga bemalol yetadi, ikkita non beliga tugilgan. Qolaversa, u bir uchi qoraqalpoq zaminiga borib tutashadigan bu cho‘lni yaxshi biladi. Ikki yil burun Qora dengiz flotidagi harbiy xizmatini tugatib kelgach, mana shu cho‘llarda rosa kezgan. Neft-gaz qidiruvchilar idorasiga olti oyga ishga yollanib, naq bir yarim yil qolib ketgandi cho‘lda. O‘shandan beri u biron joyda muqim ishlashni xayoligayam keltirgani yo‘q: “qimirlasam kunim o‘tar” deganday, u yer-bu yerdan rizqini terib yuribdi. Mana, tag‘in cho‘l oralashga to‘g‘ri keldi.
Milisaning beliga ko‘k chiziq tortilgan sariq mashinasi qishloqqa kirib kelganda Sultonning allaqachon bu atrofdan qorasi o‘chgandi. Kechga yaqin u Oymat cho‘ponning qo‘shiga yetib bordi. Unga bor gapni yashirmay aytdi, bir kecha tunab, so‘ng yana yo‘lga tushdi. Ardali hududiga, Yulduz kanali tomonlarga ketmoqchi edi u. Kanalning naryog‘ida oqloq go‘shalar ko‘p, uni hech kim topolmaydi. Lekin, ertasi choshgohga yaqin milisalar unga yetib olishdi. Qariyb yetib kelishdi…

“Uizik”ning zo‘riqib vag‘illaganini u olisdan eshitgandi, shuning uchun qulayroq qumtepalardan birida uzala tushib yotgancha miltiqni o‘qladi. Bu ishlarning hadisini olgan u, chunki, qishloqda har to‘rt xonadondan birida miltiq bor. Qishloq cho‘lga tutash, ovga qulay. Subhon traktorchiyam onda-sonda quyonmi, tustovuqmi otib turardi. Sulton bolaligidan miltiq otishni yaxshi o‘rgangan.
Milisaning moshini navbatdagi barxanga o‘rlagan paytda shundoq oldingi g‘ildirak tagida o‘q vizilladi. Yoshgina serjant yigit ko‘zlari ola-kula bo‘lib, tormozni bosdi. Uning rangidan qon qochganini ko‘rgan qirq yoshlardagi qishloq noziri kapitan Norboyev eshikni ochib, pastga tushdi.

-Sulton!-dedi u atrofga alanglab, -Axmoqlik qilma, chiq bu yoqqa. Tashla miltiqni!

Navbatdagi o‘q undan to‘rt qadam naridagi qumni to‘g‘itdi, atrof gumburlab ketdi.
-Norboyup aka, mening aybim yo‘q! –degan ovoz keldi allaqaysi qumtepa ortidan, -Polvonning qo‘ylarini men o‘g‘irlaganim yo‘q! Xudo barchasini ko‘rib turibdi!

-Valdirama, axmoq, xudo yo‘q!- kapitan, nihoyat, nigohlari bilan yigit yashirinib yotgan barxanni topdi, o‘sha tarafga qarab hayqirdi, -Qo‘lingni ko‘tarib, chiq! So‘z beraman, agar aybing bo‘lmasa, hech kim senga indamaydi.
-Agar xudo yo‘q bo‘lsa, unda… bu dunyoda hech kim yo‘q! Sizga ishonmayman, siz qancha odamni qamatgansiz! Men qo‘y o‘g‘irlaganim yo‘q, kim aytgan bo‘lsa… Onasini emsin, bir-ikki marta tovuq yo qovun o‘g‘irlagan bilan odam o‘g‘ri bo‘lib qolmas, axir! Ketinglar, bo‘lmasa…

Agar kapitan qizishmaganida, to‘pponchasini sug‘urmay, tag‘in ozroq yumshoq gapirganida, ehtimol Sulton chiqardi ham. Ammo, Norboyev xudosiz edi, sho‘roning davru davroni abadiy deb o‘ylardi, oddiy bandalarning unga, milisaga qarshi qurol ko‘tarishini shakkoklik deb bilardi, bu holni hazm qilolmasdi. Shu sabab u, ko‘zini yog‘ bosgan kapitan qarshisidagi yigit “dengiz piyodalari” safida xizmat qilganini, merganlikni va jang san’atini yaxshi egallaganini xayoligayam keltirmay, charm g‘ilofidan to‘pponchasini shartta sug‘urdi. Kim bilan o‘ynashyapti bu mishiqi?! Sho‘roga qarshi qurol ko‘taryaptimi? Hukumat bunaqalarni…

U Sultonning taslim bo‘lishiga yuz foiz ishonardi. Taslim bo‘lmay ko‘rsin-chi, holi nima kecharkan?! Ana shu ishonch bilan Norboyev to‘pponcha tutgan o‘ng qo‘lini cho‘zgancha dadil olinga yurdi. Mana hozir anavi tirrancha miltig‘ini tashlab, qo‘lini ko‘taradi, unga, sho‘ro milisasiga o‘q uzish uchun otning kallasiday yurak kerak!

Afsuski, kapitan Norboyev bu yigitni yaxshi bilmasdi, shuning uchun vizillab kelgan o‘q uning to‘pponchasini qo‘lidan uchirib, keskin zarba panjasi, bilagi va hatto yelkasini ham zirqiratib yuborgach, o‘ziga kelganday bo‘ldi. Vujudidagi og‘riq zo‘ridan u qumga cho‘kkalab qoldi, ko‘zlarini katta ochib, titrayotgan o‘ng qo‘liga qaradi: hech qayerida qon ko‘rinmas, merganlarcha uzilgan o‘q faqat nariroqqa uchib ketgan to‘pponchagagina tekkandi…

Ular qaytib ketishdi, Sulton miltig‘ini yelkasiga ilib, magnitofonini varanglatgancha yo‘lida davom etdi. Komiljon bovaning ovozi cheksiz dasht qo‘ynida olislarga taralar, u ilk g‘alabasidan sarmast polvonday o‘z-o‘zidan iljayardi. Lekin, Sulton kabi chapdast, dunyo ko‘rgan yigit ham sho‘ro hukumatining kuch-qudratini to‘lig‘icha tasavvur etolmasdi: ertasiga dasht osmonida paydo bo‘lgan vertolyotdan tushib kelgan o‘n choqli avtomatli, qora kiyimli yigitlar uni qurshab olishdi. U harbiydagi murabbiylaridan yaxshi ta’lim olgandi, shuning uchun “Ko‘pchilik –bir kishining margi” degan gapga amal qilib, jimgina miltig‘ini bir chetga qo‘yib, qo‘llarini ko‘tardi. Bo‘lmasa, u yigitlarning to‘rt-beshtasini yumalatishiyam mumkin edi, harqalay, “morpex” degani hazilakam narsa emas. Qora libosli davangir yigitlar uni o‘rab kelisharkan, sobiq komandiri mayor Tkachenkoning ovozi quloqlarida jaranglagandek bo‘ldi: “Morpex –eto ne tolko sila, a yeshyo um i spokoystvo…”

Yigitlar olamni buzgudek g‘avg‘o ko‘tarishardi: hayqirgani qaysi, bo‘yruq bergani qaysi, avtomat shaqillatgani qaysi… “Obbo, namuncha… Nima balo, bironta dushman razvedkachisini tutdinglarmi, yo urush boshlandimi? Biz bor-yo‘g‘i bir…” Xayolan ularga qilgan murojaatini tugatolmadi, “Bor-yo‘g‘i bir o‘g‘ri bo‘lsak” deyolmadi. Chunki, u o‘zini nima deb, kim deb atashni bilmasdi. Kim bo‘lsa-bo‘lsin, lekin o‘g‘ri emas! Qishloq ahli uni nomigagina “o‘g‘ri” deb chaqirar, ammo, u ishonardiki, mobodo Sultonboyning boshiga bir ish tushsa, barchasi yordamga yetib keladi. Qishloqda begona bo‘lmaydi, hammasi o‘zimizning odamlar…

Ishqilib, hukumat uni qamadi. Darvoqe, sud bo‘ladigan kuni qishloqdan besh-o‘n kishi bo‘lib borishdi shaharga: harqalay, elning bolasi ketyapti. O‘sha kuni bo‘lgan bir alomat voqeani uch kundan so‘ng bir ma’rakada aytib bergan Xoliq birgatga ko‘pchilik ishonmadi:

-Bu Sulton deganimiz milisaning ham yuragini olgan ekan-yey! Ko‘zlarimga ishonmadim! Sultonboynineg ikki qo‘li orqasiga kishanlangan, yonidagi bir serjantga do‘q qilib qoldi: “O‘v qizil shapka, choy opkel bir piyola!” Bechora milisa zipillab borib bir piyola choy topib keldi-da, uning og‘ziga tutdi. Sulton qurg‘ur unga yana po‘pisa qildi: “Enag‘ar, nima balo, ko‘rmisan, sekinroq ko‘tar piyolani, og‘zim kuydi!”

Bu gapga birov ishondi, birov esa nim kulib qo‘ydi. Ishqilib, nima bo‘lgandayam, Sultonboy turmada o‘tgan olti yillik hayotida zamonning ravishiyu siyosatning maqsadini puxta o‘rgandi. Bu o‘ziga xos “akademiya” uni butunlay boshqa odamga aylantirdi. Qamalmasdan ilgari u siyosatu hayot haqida jiddiyroq o‘ylamas, o‘z kunini ko‘rib tinchgina yurardi. Dunyoning asli bevafoligi, zamona zo‘rniki ekanligi to‘g‘risidagi gaplarga indamay kulib qo‘yaqolardi. Bu yerda esa…

U qamoqdan o‘z falsafasini topib qaytdi. “Zona”ning o‘z hayot maktabi bor edi, u ana shu dargohni a’lo baholarga bitirdi. Garchi “toj” kiymagan bo‘lsa-da, uning chinakam o‘g‘riga aylanishiga sal qoldi. Rustam “paxan” ko‘p takrorlaydigan gap miyasiga qo‘rg‘oshinday quyildi: xalqning g‘amini yema, xalq yaxshilikni bilmaydi. Xalqning ko‘zini o‘yish kerak! Xalq ham urib, ham yig‘laydi, kambag‘allikdan o‘ldim degandayam ishonma, eng qashshog‘ida ikki-uchta moli, sandig‘idagi tugunchasida bir moshinning puli bo‘ladi!

… Mashina xiyol silkindi, u ko‘zini ochdi:
-Ha-a, keldikmi?
-Yo‘q, amaki, yo‘lning shu yeri sal mundayroq o‘zi,-deya gunohkorona iljaydi o‘ttizlarga kirgan taksichi yigit, -bemalol uxlayvering, raysentrga yetgach o‘zim uyg‘otaman.

Sulton kinoyali jilmaydi: uxlayvering emish! Koshki ko‘zga uyqu kelsa! Ana, Komiljon bovayam shuni ta’kidlayapti:

G‘aflat uyqusinda qolding, uyg‘on endi, Mullonafas
Goh sarg‘ayib, gohi so‘lding, uyg‘on endi, Mullonafas…

Sultonku o‘sha yillariyoq uyg‘onuvdi, lekin mana bu xalq uyg‘onguncha naq qirq yil o‘tdi! Bir yoqdan Komiljon bova “Uyg‘on!” deb turdi, narigi tomondan Sherali hofiz “O‘zbegim!” deb hayqirdi, lekin, xalq jimgina paxtasini terib, qora qozonini birda qaynatib, birda to‘nkarib qo‘yib, boshini egib yashayverdi.

Uyg‘onish jarayoni oson kechmaydi, buni u o‘z ko‘zlari bilan ko‘rgan. Unga qo‘shni kamerada yotgan o‘rta yoshli mahbus(allaqanday olimmi, shoirmi, ishqilib bir dardisar) ikki gapning birida anglashilmovchilik qurboni bo‘lgani, erta-indin odil Sho‘ro sudi uni ozod qilishini ta’kidlardi. Lekin, hukumat uning dodu faryodlariga quloq ham solmadi, Sulton chiqib kelganida u hali yotgandi o‘sha yoqda. Ana shu ziyoli, sovetlarga qattiq e’tiqod qo‘ygan vaysaqi asta-sekin kamgap, odamoviga aylandi, so‘ng kimdandir diniy ilmlarni chala-yarim o‘rgandiyu butunlay gapirmaydigan bo‘ldi. U atrofga olazarak boqar, barchaga shubha va nafrat bilan tikilar, yurgandayam qadamining tovushi chiqmasdi. Rustam “paxan” kechki payt atrofiga to‘plangan shotirlariga aytgan gap Sultonning hamon yodida:

-Bir umr ishongan, sig‘ingan g‘oyalaring yolg‘on bo‘lib chiqsa, haqiqat deb bilganlaring sarob ekanligini birdan anglasang… Odam aqldan ozishi hech gap emas.

Ana shu jarayon, uyg‘onish azobi Sultonboyda nisbatan yengilroq kechdi, chunki u bolaligidanoq otasidan boshqa hech kimga ishonmasdi. Qolaversa, Qora dengiz flotining zobitlari orasidayam aroqni xush ko‘radigan, og‘ziga botirlar ko‘p edi. “Mastlik-rostlik” paytlarida ularning ayrimlari kompartiyaniyam, qizil podshoniyam chaparasta qilib so‘kib tashlashardi. Aslidan “qulog‘i qattiq” bo‘lgan Sulton bularni yaxshi eslab qolgan, qolaversa, u o‘sha yoqda rus tilini, ruscha kitoblar o‘qishni o‘rgandi. Mushohada lahzalarida esa… Eh-he, bunaqa paytlarda xayol qayerlarga olib qochmaydi deysiz!

Qamoqdan so‘nggi hayotidayam biron arzigulik voqea bo‘lmadi. O‘g‘rilar qonuniga ko‘ra davlat ishida ishlamasligi, uylanib, bola-chaqa qilmasligi lozim edi, lekin, u o‘zini o‘g‘ri hisoblamasdi. “Toj” ham kiymagandi. U o‘zini ana shu qishloqning farzandi deb bilardi. Yaxshimi-yomonmi, bu –uning yurti, uning xalqi. To‘g‘ri, u endi bir paytlardagi kabi birov “oh!” desa yugurgilab yetib bormaydi, o‘zidan o‘zga bilan ishi yo‘q. Oymat cho‘ponga cho‘liq bo‘lib cho‘lga ketdi, ko‘p o‘tmay uning kenja qiziga uylandi. Ora-sira qishloqqa keladi, to‘y-ma’rakani uncha xushlamaydi. Ayrimlar unga sho‘ro hukumati bilan otishgan qahramon sifatida qarasa, birov tepadan, kinoya bilan tikiladi. Elning munosabati bir xil bo‘lmagach, unga qo‘shilish qiyin bo‘larkan.

O‘rgangan qiliq o‘lganda qoladi, Sulton ham eski odati bo‘yicha ba’zan u-bu narsa o‘g‘irlab turardi. Egasiz yoki egasi esdan chiqargan narsalar –Sultonga tegishli, u ana shunday nazardan chetda qolgan tovuqmi, gaz ballonimi, velosipedmi –ko‘ziga chalingan narsani birovga bir narsa demay olib ketaverardi. Narsasi yo‘qolgan odamlar ham milisaga bormay, to‘g‘ri unikiga kelishardi.

-Norgul kelin, bizning ketmon shu yerdami?
-Ana, og‘ilxonani qarang, kecha Sulton ukangiz bir ketmon ko‘tarib kelganini ko‘rganday bo‘luvdim.

Oymat cho‘ponning qizi erining qiliqlariga o‘rganib qolgan, undan ranjimas, aksincha, ich-ichidan uni “Beozorim-yey!” deb erkalab qo‘yardi. Sultonning bu harakatlari o‘z mulkiga e’tiborsiz bo‘lgan beparvo odamlarga qarshi isyon, ularni hushyorlikka chorlash ekanligi borasida o‘ylab ko‘rmas, shunday bo‘lsa-da, erining birovga chin dildan yomonlik sog‘inishi mumkinligiga ishonmasdi. Ana, Sultonni qamatgan Norboyup milisa o‘lgandayam… Aslini olganda o‘sha milisayam o‘zining beparvoligi, bodiligi sabab bevaqt o‘lib ketdi. O‘lganning ortidan gapirish gunohku-ya, lekin Norgul kelin milisaning anchayin dimog‘i baland odam bo‘lganini yaxshi biladi. Qishloqda gap yotmaydi-da. O‘shanda, kuz kunlarining birida Norboyup temir yo‘l vokzalida bir qidiruvdagi jinoyatchini ushlagan ekan. Bir-ikki bor qamalib, turmadan qochib, shu yoqlarga kelib qolgan bir pirsiyonmi, chulchutmi, ishqilib o‘sha g‘ayridinni ushlagan Norboyup uning qo‘liga kishan ham urmagan hatto. Ehtimol, yonida qo‘lkishan bo‘lmagandir, balki o‘zining tog‘day gavdasiga ishongandir. Nima bo‘lgandayam, oldiniga mo‘mingina bo‘lib milisaning oldiga tushib mashinagacha borgan jinoyatchi birdan qornini ushlab bukchayib qoladi, so‘ng yashin tezligida qo‘njidan xanjar chiqarib, Norboyupning naq yuragiga sanchadi..
.
O‘zining zo‘rligiga, o‘zi xizmat qilayotgan tuzumning abadiyligiga ishonib, ko‘plarni qon qaqshatgan, Sultonni “Davlatga qarshi isyon ko‘tardi” deb qamoqqa jo‘natgan, beparvoligiyu haddan ortiq kibri bois o‘lim topgan ana shu kimsaning janozasidayam, ko‘pda elga qo‘shilib-qorilavermaydigan eri tobut ko‘targanini eshitgan Norgul kelin ich-ichidan faxrlanib yuradi..

Sultonning ikki o‘g‘li qariyb otasiz o‘sdi, chunki ota degan xumpar oyda-yilda bir keladi qishloqqa. Lekin, ajabki, bolalarining ikkoviyam uquvli, zehni o‘tkir, maktabda yaxshilar qatorida.

-Bovangning gapidan chiqma! –deb qo‘yadi Sulton qishloqqa kelgan kunlari o‘g‘illariga. Subhon chol unga qiya qarab, qo‘l siltaydi: bor, ishingni qilaver, bolalarning g‘amini yema. Tinch yursang, bir g‘alva chiqarmasang bo‘ldi.

Oymat cho‘pon ham ko‘ngli daryo odam edi, rahmatlik. Sultonning telba-teskari qiliqlariga kulib qo‘yaqolardi. “Nima bo‘lgandayam, yuragi toza bola…” deb o‘ylardi kuyovi haqida. Bir-ikki marta otarida begona qo‘y paydo bo‘lganda Sultonga zarda qilganday bo‘ldi:

-Ha-a, tag‘in boshladingmi? Kimniki bular?
-Itim biladimi, yurgan ekan cho‘lda adashib, otarga qo‘shib olib kelaverdim. Egasiga kerak bo‘lsa daraklab kelar, bo‘lmasa yurarerar, nima, qaptalimizni qisyaptimi..?

Bunaqa paytlarda Sultonga gap uqtirish befoyda, uning o‘z qarashlari bor hayot borasida. Oymat cho‘pon indamaydi, rostdanam ko‘p o‘tmay qo‘ylarini yo‘qotgan badbaxt umidvor bo‘lib kelib qoladi:

-Cho‘pon bova, bizning qo‘ylar…
-Sulton, qara!

Sulton ham indamay qo‘y egasini otar yoniga olib boradi, u bechora sevina-sevina, unga rahmat aytib, qo‘ylarini ayirib olib ketadi. Sevinmasinmi, Sulton unga yaxshilik qildi, axir: qo‘ylarni cho‘lda bo‘rimi, shoqolmi yeb ketishiyam mumkin ediku! Sultonboy unga “Ko‘zga qarab yuring, Falonchiboy, mol deganni asrash kerak” qabilida nasihat qilmaydi, lekin ko‘zlariga kinoya, istehzo bilan bir qarab qo‘yadi. Tamom, shundan so‘ng o‘sha odam qichiydigan joyini oldindan qashib qo‘yadigan, molini ko‘z qorchig‘idek asraydigan bo‘ladi.

…Mashina to‘xtadi, u ko‘zini ochdi. Yo‘lkirani to‘lab, asta tushdi. Qishloqqa qatnaydigan taksilarni surishtirib ham o‘tirmay, yengil sumkasini yelkasiga tashlab, yayov yo‘lga tushdi. Ortidan Komiljon ustozning shiddakor tovushi uni ta’qib qila boshladi:

Yetti yildir, man yorimdan judoman
Boshim qurbon, yo‘linda xokipoman…

Asfalt yo‘lni yoqalab borarkan, atrofga ma’yus qaradi. Ha-a, uyam yordan judo bo‘lganlardan: Norgul kelin bedavo bir dardga yo‘liqib, olti oy deganda shamday so‘ndi. Garchi Sulton to‘ydan oldin xotini bilan uchrashib yurmagan, roz aytishmagan va birga turmush qilganlaridayam unga aytarlik shirin gapirmagan bo‘lsa-da, uni yurak-yuragidan yaxshi ko‘rganini endi tan oladi. O‘g‘illari bo‘y yetishib, ayni ularning baxtini ko‘radigan yoshda bechora ayol dil to‘rida so‘ngsiz armon bilan… Yo‘g‘-yey, xotini kulib ketdi bu dunyodan. O‘sha kuni, joni uzilish oldidan ham u eriga jilmayib, og‘ir so‘lish oldi:

-Mendan keyin… bolalarni xor qilmang, otasi. Yaxshi bir ayol topib…
-Aljirama! –dedi u ayolining tobora sovub borayotgan qo‘lini avaylab ushlab.
-Gapimni bo‘lmang, hech bo‘lmasa umrim so‘ngida..! Uylaning, bo‘lmasa go‘rimda tinch yotmayman. Erkakka… ayol kerak. Bolalarim bo‘y yetishyapti…

Xullas, “oqqon” deganlari shunaqa ekan, bir umr yashirinib yurib, so‘ng bir zarba bilan yiqitarkan odamni. O‘shanda xotinining ma’rakalari o‘tgach, Sulton cho‘lni yig‘ishtirib qo‘yishga, bolalarining yonida bo‘lishga qaror berdi, ammo, boboyu momosi qavatida o‘sgan o‘g‘illar, amakisiyu yangasiga bog‘lanib qolgan o‘smirlar uchun otaning tergovi shart emasdi. Ikkoviyam esli-hushli, qo‘lidan hamma ish keladi, kerak bo‘lsa sigir sog‘ib, kir yuva oladi har biri. Shuning uchun chol o‘g‘liga “Boraver” dedi, uyam indamay, tayog‘ini kiftiga olib jo‘nadi.

Oydan-oy, yildan-yil o‘tdi, Sultonboy uylanadigan bo‘ldi. Bu orada Oymat cho‘pon ham o‘tib ketdi, katta mamlakatning go‘yo mustahkamday tuyulgan imorati qulab, yurt mustaqil bo‘ldi. Kolxoz deganlariyam tarqalib, u ishsiz qoldi. Lekin, u o‘ziga besh-o‘nta qo‘y orttirgandi, o‘shalarni boqib, cho‘lda yuraverdi. Gohida qishloqqa kelganida asli qo‘shni tumandan bo‘lgan allaqanday bir juvonning Ahad polvonnikiga kelib yashab yurganligini eshitar, ammo e’tibor bermasdi. Ittifoqo, bir kelganida otasi shu ayoldan gap ochib qoldi. Sulton indamay o‘tirganini ko‘rib, kampir ham gapga aralashdi:

-O‘zi oydekkina juvon, turmushi buzilib, ota uyiga kelgan ekan, yangalariyu akalari sig‘dirmabdilar, bechorani. Ahad bovaga uzoq qarindosh bo‘ladi, bilasan, polvonning ayoli Ro‘zixol momo asli o‘sha yoqlik. Bolam, otang bilan meniyam bog‘lab bermagandir, bir kuni ketarmiz, bizdan so‘ng…

-Ena, uni to‘ylarda o‘yinchi bo‘lgan deyishadiku!-nihoyat, yorildi Sulton. Chol esa birdan g‘azab otiga egar urdi:
-Noma’qulning nonini yebdi, kim aytgan bo‘lsayam! Anovi Jumadurdi qirriqning o‘g‘li, piyonista Hasan tarqatgan bu gaplarni! O‘zi bir-ikki marta… tegishmoqchi bo‘lgan ekan, Kunsuluv qayirib tashlabdi, so‘ng bu xunasa.”Yeb bilmasam, to‘kib ham bilmaymanmi?!” deb, alam ustiga to‘qigan bu yolg‘onni. Menga bo‘lmasa –hech kimga bo‘lmasin, deganday. Enang ayolning o‘zi bilan ikki marta gaplashdi, es-hushi joyida, ro‘zg‘ordor ayol ko‘rinadi. Nima, qirqdan o‘tgandayam shundoq yuravermoqchimisan? Ening bechora tokay senlarning ko‘ylak-ishtoningni yuvadi?!

-Qo‘ying, otasi…
-Sen jim tur!-Subhon chol kampiriga ola qarab, tag‘in avjlandi,- O‘v bola, sen qachon odam bo‘lasan?! O‘g‘illaring bo‘y yetdi, biri institutga kirdi o‘z kuchi bilan, ikkinchisiyam kelasi yil maktabni bitiradi. Nima, so‘laqmonday uch erkak birlashib, enangshni … o‘ldirmoqchimisanlar?! Davay, uylan-da, qo‘shingni sayla, bola!

Sulton uf tortdi. Demak, bo‘ladigan emas, bularning qarori qat’iy. Otasi “Qo‘shingni sayla” dedimi, tamom! Uylanib, ro‘zg‘orini bo‘lak qilib, o‘z aravasini o‘zi tortishi kerak.
U o‘rnidan turdi, “Bilganlaringni qilinglar…” deganday qo‘l siltab, chiqib ketdi. Kampirga shu gap kerak edi, ertasigayoq ikki ayolni qavatiga olib, polvonnikiga sovchilikka jo‘nadi.

…Qishloq g‘aribgina ko‘rinardi. Kech kuz emasmi, atrofda sarg‘ish bir erinchoqlik hukm surar, yo‘l bo‘yidagi barglarini to‘kkan daraxtlar mahzun o‘ylarga cho‘mgandek bosh solib turardi. U qadamini tezlatdi: kecha katta o‘g‘li telefon qilgach, u ikki ko‘ngilli bo‘lib qoldi. Chunki, enasi ba’zan shunday nozlanib turardi. “Momomning mazalari yo‘q, sizni so‘rayaptilar” dediyu, piqilladi bola bechora. Demak, onasi chindanam… Ha-a, momo saksondan o‘tgaya, o‘ychan bo‘lib qolgandi o‘zi. Mana, bir yildirki, odamga qo‘shilmaydi.

O‘shanda, Sulton ikkinchi bor uylanib, ko‘p o‘tmay Kunsuluvni olib shaharga ko‘chganda Ruqiya kampir biroz g‘udranuvdi. Lekin, Sulton uvvalo ko‘chaman, deb turib oldi. Pul masalasida uning tashvishi yo‘q edi. Hurriyat bo‘lgach ham u cho‘lda o‘z qo‘ylarini boqdi, qishloq ahli unga o‘z mollarini ishonib berishar, uyam g‘ing demay boqaverardi. Lekin, hafta-o‘n kunda bir yo‘qolib qolardi u. So‘ng bilsalar, Sultonboy imi-jimida har hafta bir qo‘yni so‘yib, go‘shtiyu terisini shaharga eltib sotib kelar ekan. Odamlar suron ko‘tarib, cho‘lga yugurishdi, u esa qo‘shiga bormay, kajavali matasekilini tarillatib, Yomonjar taraflardagi oshnalariga mehmon bo‘lib bordi. Uch kundan so‘ng qaytib kelsa, odamlar molu qo‘ylarini talashib, olib ketishibdi. U o‘z qo‘ylarini allaqachon sotib qutulgandi. Bo‘shagan qo‘raga birpas qarab turdi-da, qishloqqa jo‘nadi. Kechki payt uyiga bostirib kelgan odamlar oldiga chiqib, qo‘lini beliga tiradi:

-Nima demoqchisizlar? Kimning nima gapi bor menda?
-Mening uchta qo‘yim kam!
-Bizning qozoqi qo‘chqorlar qani, aka?
-O‘v o‘g‘ri, mening beshta qo‘yimni nima qilding, yo bu safar ham “Bo‘ri yedi” deb qutulmoqchimisan?!

-Gapirib bo‘ldinglarmi?-dedi u xotirjam, -Unda quloq solinglar. Men hech kimning qo‘yini so‘rab olganim yo‘q, boqib beraman deb. O‘zlaring yalinib, tashlab ketgansizlar. Shuncha yil boqqanim uchun bittangdan bir tiyin olmadim. Yo oldimmi? Yo‘q! Uch kun oldin men Yomonjarga ketganimda hammaning qo‘yi joy-joyida edi. Boribsizlar, talashibsizlar, olib qaytibsizlar. Xo‘sh, Eshmatning qo‘yini Toshmat, unikini Xolmat, unikini bo‘lsa Normat olgan bo‘lsa, mening aybim nima?

Agar sudlashsanglar ham menga boqishga qo‘y berganlaringni isbotlay olmaysanlar, men hech kim bilan qonuniy shartnoma tuzganim yo‘q. Birontangda tayinli guvoh ham yo‘q. Yo gapim noto‘g‘rimi?

Vag‘ir-vug‘ur qilishayotganlar asta-sekin tinchishdi: nihoyat, odamlar xato qilishganini, qo‘ylarini ikki oyoqli bo‘riga topshirishganini anglashdi. Bu orada Sulton eski choponini yechib, yenglarini shimardi:

-Norozilar, mushtlashmoqchi bo‘lganlar oldinga chiqsin. Mayli, ikki kishi… yo‘q, to‘rttang birdan chiqaveringlar.

Hech kim qimirlamadi. Sultonning bo‘rtib turgan mushaklari, keng yelkalari, xotirjam nigohlari bunga yo‘l bermadi. Qolaversa, odamlar uning kimligini yaxshi bilishadi. Sukutga cho‘mgan olomon orasida birdan qahqaha yangradi:

-E, balosan-da, o‘g‘ri! Hamirdan qil sug‘urganday… Vah-ha-ha!
-Nimaga xiringlaysiz, Ahad bova?!-dedi kimdir zarda bilan. Chol esa tag‘in kulimsiradi:

-Bopladiku hammangni!
-Polvon bova, o‘zingizning ikki sovlig‘ingizam…

-E,sadqayi sar! Oshnamning o‘g‘liga mendan padarka!-dangalchi va tanti keksa polvon kula-kula ortiga burilib ketdi. Bu mojorodan tayinli bir natija chiqmasligini tushunib yetgan odamlar ham birozdan so‘ng so‘kina-so‘kina tarqalib ketishdi.
Ana shu voqeadan so‘ng ko‘p o‘tmay Sultonboy birdan shaharga ko‘chadigan bo‘ldi. Ikkinchi ayoli Kunsuluv bilan kichik o‘g‘lini olib, bir kechada qishloqdan chiqib ketdi. U allaqachon shahardan ikki xonali kvartira sotib olgandi. Keyinchalik ayrimlar “Hamqishloqlarining qo‘ylarini o‘g‘irlab sotib, uyli bo‘ldi, iloyo buyurmasin!” deb visir-visir gap qilishdi, lekin Sulton har hurgan itning og‘ziga urib bo‘lmasligini yaxshi bilardi, shuning uchun indamadi. Katta o‘g‘li institutda, bo‘sh vaqtlarida momosining yoniga, tug‘ilgan uyiga keladi. Kichigi bu yil kirdi muallimchilik o‘qishiga.

Kecha o‘g‘li telefon qilgach, Sulton oldiniga buni kampirning odatdagi xarxashasi deb o‘yladi. O‘zi dunyo shu-da, keksa o‘laman deb qo‘rqitadi, yosh –ketaman deb. Onasiyam so‘nggi yillarda binoyigina injiq bo‘lib qoldi. Lekin, Kunsuluv qat’iy turdi:

-Xolamning ahvollari yaxshi emas, menimcha. Otlaning, bormasangiz bo‘lmaydi!
-E, momoy o‘zi shunaqa…-Sulton qo‘l siltadi.
-Momoy demang, onam deng! Sizni tuqqan ayol u! Odam o‘z volidasiniyam… Ey tavba-yey, namuncha orqayinsiz-a, bo‘ling tez! Bo‘lmasa o‘zim ketaman!

-O‘tir joyingda,-dedi Sulton ruhsiz, -shu qorning bilan qayerga… Mayli, borib kelaman. Lekin, yomon yopishqoqsan-da!
Xotini yig‘lab qoldi, Sultonning ensasi qotdi: xotin zoti shu-da o‘zi, bo‘lsayam yig‘laydi, bo‘lmasayam. Lekin, tan olmasdan iloji yo‘q: Kunsuluv enasi maqtaganicha bor ekan.

…U boshini balandroq ko‘tardi, atrofga sinchiklab qaradi. Qishloqqa yaqinlashibdi. O‘zi ming yildan beri ko‘raverib, ko‘zlari o‘rgangan, allanechuk ko‘ngliga yaqin, shuning barobarida jinday badiga ham urgan tanish manzaralar… Shaharga ko‘chgan kuni ham shu yo‘llardan o‘tgandi, mana, o‘shandan beri endi kelyapti. Oradan… Qachon edi? E-e, uch yildan oshibdi! Bir kelmadi-ya! Bo‘lmasa, shahar ana, kesakning sal kuch bilan otsang, borib tushadi. Nima, shunchalik ko‘ngli qoluvdimi bu yerlardan, bu odamlardan? O‘sha ketgan kuniyam Komiljon bovaning qo‘shig‘ini ich-ichidan xirigoyi qilib ketuvdi, hozir o‘sha satrlar birdan quloqlari ostida jarangladi:

Men bugun ketarman ishqning yo‘lina
Qaro ko‘zli zulfi torim, xo‘sh endi,
Boshimni qo‘ymisham mehnat toshina
Kular yuzdi Mohijonim, xo‘sh endi…

Ha-a, u ham boshini mehnat toshiga qo‘yib, kular yuzli yorining allaqachon cho‘kib qolgan qabriga xayolan xayr-xo‘sh aytib ketgandi… O‘-o‘, Norgul kelin… bir boshqacha xotin edi-da…

Qo‘shiq hamon yuragining eng chuqur joylarida jaranglar, lekin… U nogoh bu dardchil nolaga boshqa bir sas, undan-da hazinroq, olamga sig‘mas bir armonu g‘ussaga qorishgan tovush qo‘shilganini his etib, taqqa to‘xtadi. Bir lahza tek qotib, butun vujudini quloqqa aylantirdi. Shuuriga mashaqqat bilan yetib kelgan haqiqat birdan yuragiga shafqatsiz zarba urdi: bu o‘g‘lining tovushi edi! “Momojonim-yey-y..!” deb faryod qilayotgan yigitning ovozi edi bu! Yashin tezligida, balki undan-da tezroq uchib kelgan boshqa bir tovush, Sherali hofizning o‘ktam ovozi butun jonu jahonini larzaga solib, titratib yubordi:

…Umrimiz aldoq jahonda aldanib o‘tgay, va lek-
So‘nggi qiynalg‘on yomondur, so‘nggi qiynalg‘on yomon…

Sumkasi qo‘lidan sirg‘alib tushgan, yuragi alg‘ov-dalg‘ov bo‘lgan, bir umr na ota-onaga, na farzandu ayolga tuzukroq, oshkora mehr berolmagan, tug‘ishganu jigarlariga, umuman, butun dunyoga bee’tibor bo‘lgan, FAQAT O‘ZI UCHUN yashagan farzand ko‘z yoshlari yuzlarini yuvgancha, lablari pir-pir titrab, chap ko‘ksidaga bepoyon bo‘shliq qa’ridan ko‘tarilib kelayotgan chidab bo‘lmas og‘riq zabtidan oyoqlari chalishib telbavor chopar, oldinda uni qarshilayotgan ULKAN YIG‘I esa toboro avjlanib, osmon toqiga chirmashib borardi…

23

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

2 izoh

  1. Assalom-u aleykum, ustoz. Men Namangan viloyati Chortoq tumanida istiqomat qiluvchi Joʻraboyev Ilhomjon man. Ijodingizni anchadan beri kuzatib boraman. Oʻzbek va jahon shoirlari va yozuvchilarining ijodini yoritib, xalq madaniyati va tafakkurining rivojiga katta hissa qoʻshmoqdasiz.Oʻzim ham sheʼriy tarjimalar qilib turaman. Bir necha yil avval Edgar Allan Poeninh «Qargʻa (Raven)» sheʼriy dramasini oʻzbek tilida tarjima qilgandim. Agar manzur topsangiz, shu sheʼrni siz yuritayongan saytga joylash imkoni bormi? Albatta, manzur topsangiz.

Izoh qoldiring