Ravshanjon Abdullayev. O’tovda yashashni afzal bilgan malika

04   “Фарғона хонлари тарихи” асарида ҳам Ёрқинойнинг Шерали билан турмуши ҳақида маълумотлар келтирилади: “Тўхтаназар додхоҳни бир қизи бўлиб, исми Малика (Ёрқинойим исми асарда турлича келтирилган) эди. Сулувлиги Бибизулайҳодай, нозиклиги Бибисора билан Бибиёрдай, юзи очилган қизил гулдай эди. Бу қизга подшолардан тортиб, оддий одамларгача ошиқ бўлганди. Шу қизга шаҳзода Шералини муносиб кўрдилар. Катта тўй-томоша билан қизни шаҳзодага узатдилар”…

ЎТОВДА ЯШАШНИ АФЗАЛ БИЛГАН МАЛИКА
Абдуллаев Равшанжон Иномжон ўғли
Бағдод тумани 8-сонли мактабнинг тарих фани ўқитувчиси
07

Қўқон хони Шералихоннинг рафиқаси, Худоёрхоннинг онаси Ёрқинойим (Жаркынайым) 1802-йили Қирғизистоннинг Талас водийсида таваллуд топади. Бошқа бир манбада эса уни Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Уйчи туманидаги Қизил-Работ қишлоғида таваллуд топганлиги айтилади [1]. Қирғиз тарихи энсиклопедияси, Қирғизистоннинг асл қизлари (К.Бектурганова. Кыргызстандын асыл кыздары. Бишкек. 2006) номли китобларда уни Асперди додхоҳ қизи деб кўрсатадилар. Аммо, Маҳзуннинг “Фарғона хонлари тарихи” асарини ўрганилиши натижасида Ёрқинойим Асперди додхоҳнинг қизи эмас, Ахсилик Тўхтаназар додхоҳнинг қизи эканлиги маълум бўлди.

Ёрқинойимнинг болалик йиллари Талос водийсининг Карабуура дарёси этакларидаги Коентокой овулида ўтган [2]. Ёрқиной чиройли, ақлли, хушмуомала эл қадрлаган қиз бўлган. Қўқондаги ўзаро тахт талашишлар натижасида Талосга келиб қолган, бўлажак Қўқон хони Шерали билан турмуш қуради. Шунингдек “Фарғона хонлари тарихи” асарида ҳам Ёрқинойнинг Шерали билан турмуши ҳақида маълумотлар келтирилади: “Тўхтаназар додхоҳни бир қизи бўлиб, исми Малика (Ёрқинойим исми асарда турлича келтирилган) эди. Сулувлиги Бибизулайҳодай, нозиклиги Бибисора билан Бибиёрдай, юзи очилган қизил гулдай эди. Бу қизга подшолардан тортиб, оддий одамларгача ошиқ бўлганди. Шу қизга шаҳзода Шералини муносиб кўрдилар. Катта тўй-томоша билан қизни шаҳзодага узатдилар” [3]. Шералихон бундан аввал ҳам уйланган бўлиб, бу ҳақда “Анжум ат-таворих” асарида баён этилади: “Шералихон қирғизия улуғларининг қизларидан икки нафарини ўз никоҳига олиб, қирқ беш йил шу мавзеда яшади. Унинг биринчи хотини (Сонайим — қирғизларнинг багыш уруғидан бўлган) дан Маллабек, Сўфибек ва Моҳлар ойим оламга келиб, иккинчи хотини (Ёрқиной) дан Абдураҳмонбекким, ўзбеклар уни Саримсоқбек, деб атаганлар, Худоёрбек ҳамда Султон Муродбек билан Ой чучук ойим деганлар борлиқ майдонига қадам қўйган эдилар” [4]. Ушбу асарга ёзилган иловада Шералихон фарзандлари хусусида қуйидагилар ёзилади: “Шералихоннинг биринчи хотини Сўнадан тўрт фарзанд (Малла, Сўфи, Офтоб, Мохлар), иккинчиси Ёрқиндан ҳам тўрт фарзанд (Саримсоқ, Худоёр, Султонмурод ва Норчучук) кўрган. Маҳзуннинг асарида эса Шералихон ва Ёрқинойнинг жами етти фарзанд кўришганлиги ёзилади. Улар юқорида номлари келтирилган уч ўғил ва катта қизлари Анор ойим (Анар айым), иккинчиси Ойжон ойим (Айжан айым), учинчи қиз Саодат ойим (Саадат айым) ва кенжа қизи Норчучук ойимлар (Нарсучук айым) эди [3].

Шерали Қўқон хони бўлгач Ёрқинойим ҳам фарзандлари билан бирга Қўқонга хон ўрдасига кўчиб келади. Бу хусусида “Фарғона хонлари тарихи”да ҳикоя қилинади: “Малика-и Шахубан (Ёрқинойнинг асардаги номи)ни олиб келиш учун Али Ризо билан Али Хўжаларни янги кийимлар, совға-саломлар, 9 та эгарланган от билан Таласга юбордилар. Таласга етиб борганларидан сўнг совғаларни топшириб, Малика ва шаҳзодалар билан бирга Қўқонга томон йўл олдилар.

Али Ризо, Али Хўжа, Муҳаммадзиё бой Малика-и Шахубан билан шаҳзодаларни олиб келаётиб, Сафитбулон азизларин зиёрат қилиш учун тўхташди. У ерда жонлиқ сўйишиб, ис чиқаришди. Сафитбулондан чиқиб, йўл юриб, Марғилон шаҳрига етишди. Бу ерда Малика ва шаҳзодаларни йўлларига паёндозлар солиб, ҳурмат-иззат билан кутиб олишди. Шаҳардаги саркардаларнинг аёллари, маликанинг хизматида бўлишди. Малика ва шаҳзодаларнинг хабарини Шералихонга етказиш учун чопар юбордилар. Хон бу хуш хабарни олиб, хурсанд бўлди, нома ёзиб, Марғлонга жўнатди. Хатга Малика ва фарзандларини Қўқонга тезроқ келишлари битилган эди”. Шу тариқа Ёрқиной ва фарзандлари Қўқонга келишади. Гарчанд Ёрқиной хоннинг аёли сифатида муҳташам ўрдага жойлашган бўлсада, уни кўчманчи-чорвадорларга хос бўлган хислатлар тарк этмаган. Нақл қилишларича Ёрқиной ўрда ҳовлисида чодир тиктириб шу ерда истиқомат қилишни мақул кўрган. Ўрдадагилар Ёрқинойни “Хонойим”, “Ҳокимойим” деб ҳурмат қилишган. Бу ҳақда батафсил Шариф Юсупов шундай ёзади: “Маълумки, хоннинг волидаси қирғиз миллатининг улоқчин уруғига мансуб бўлиб, исми ҳам Жарқиной эди. У туғилганидан то Шералибекка эрга тегиб, бир неча фарзандлик бўлгунича ҳам оддий қирғиз ўтовида умргузаронлик қилган, шу хил турмуш тарси унинг вужуд-вужудига сингиб кетган эди. Замон айланиб, эри Шералихон Қўқон хонлиги тахтига чиқгач, Жарқиной ҳам ўз фарзандлари билан ўрдага кўчиб келади. Бироқ саройдаги ҳашаматли хоналар унга ўз она овули ўрнини босолмас эди. Шу важдан тез орада отаси вафотидан сўнг тахт соҳиби бўлмиш ўғли Худоёрхондан Қўқон ўрдаси ичига қирғиз ўтови қуриб беришини илтимос қилади. Онанинг ҳар бир хоҳишини фарз ўрнида кўрган хон унинг сарой аёнлари ва халойиқ орасида кўп миш-мишларга олиб келиши муқаррар бўлган бу хоҳишни ҳам тез орада, ихлос билан адо этади. Худоёрхон ҳукмфармонлигининг аксар даврида ўрданинг аёллар яшайдиган қисмидаги ана шу ўтовида яшаган хон онаси Ҳоким ойим деган эъзозли ном билан кенг шуҳрат қозонади. Худоёрхон онасининг давлат ишларига аралашувига монелик қилмас, авф этишгача бўлган хоҳишларини сўзсиз бажарар эди [5]. Ҳокимойим ислом илмидан ҳам яхшигина хабардор бўлиб, бу жиҳати билан ҳам ўрда аёлларига ўрнак бўлар даражага етган эди.

Кўплаб қирғиз тарихчилари Ёрқиной ва Қурбонжон додхоҳ муносабатларига алоҳида урғу берадилар. Тарихчилар бу қирғиз аёллари ҳақида шундай ёзишади: Янги хонни қутлаш учун Таласдан Олимбек додхоҳ аёли Қурбонжон билан бирга Қўқонга келади. Шу вақтда Қурбонжон Шералихоннинг икки қирғиз аёли Сўнойим ва Ёрқинойлар билан танишади. Ёрқиной ва Қурбонжон бундан кейин мустаҳкам алоқа боғлаб бир бирларини қўллаб қувватлаб туришга келишиб оладилар. Бу келишув Ёрқинойнинг вафотига қадар давом этади [2]. Худоёрхон томонидан Қурбонжонга додхоҳ унвонини берилишида айнан Ёрқинойнинг муҳим рўл ўйнаган.

1843-йилда Шералихон Ёрқинойимга маҳр сифатида ер-мулк инъом этади. Бу ер-мулклар “Чек Ҳоким Ойим” деб аталган. Ёрқиной бу мулкларни “Чалпак” мадрасасига вақф қилиб беради [6]. Чалпак мадрасаси Жарқин Ойим томонидан Катта Қабристони ҳудудида ҳижрий 1260 (милодий 1844) йилда қурдирилган. Мадраса иншооти 29 ҳужра, бир неча дарсхона, масжид, таҳоратхона ва ёрдамчи бинолардан иборат бўлган. Масжид, дарвозахона каби қисмлари сақланган. Иншоот Уста Бозор Мухандис номли меъмор бошчилигидаги усталар томонидан қурилган. Бино ўтган асрнинг 20 йилларида коммунал хўжалик ихтиёрига берилган ва у ерда бир неча хўжалик истиқомат қилган. Ўша даврдан бери таъмирланмаган. Мадрасанинг «Чалпак» деб номланишига сабаб шуки, бу ерда дастлаб Хоким Ойим, кейинчалик шаҳар бойлари ҳисобидан кўп миқдорда чалпак пиширилиб, муҳтожларга улашиб турилган [7].

11
Шералихон ҳукмронлиги йилларида Ёрқинойнинг мамлакат ҳаётидаги роли сезиларли даражада билинмаса-да, ўғлининг Қўқон тахтига ўтирганидан кейинги жараёнларда унинг фаоллиги ошади. 14 ёшли Худоёрхоннинг ёшлиги сабабли давлатни бошқаришда унга кўмаклашади. Тарихчи Р.Н.Набиевнинг “Қўқон хонлиги тарихидан” китобида Худоёрхоннинг онаси Ёрқинойимнинг обрўси аёллар орасидагина эмас бутун мамлакатда ҳам юқорилигини, у давлат ишларига ақл билан ёндашганини ёзади.

Худоёрхон кунда эрта билан онасининг дуосини олиб, кейин давлат ишларини бошқаришга киришган, Ҳокимойимнинг насиҳатларига ҳамиша амал қилган. Ҳокимойимни гарчанд ўз онаси бўлмасада Маллахон хам жуда ҳурмат қилар эди.

Ҳокимойим 1868-йилда вафот этади. Бу ҳақда Мирзоолим Мушриф “Ансоб ус-салотин ва Таворих ул- хавоқин” асарида шундай ёзади: “Ва яна шул тарихда (1868-йил назарда тутиляпти) Худоёрхонни волидаи шарифалари рамазони шарифда олами фонийдан олами боқийға рихлат қилди. Жанозасиға жаноб ҳазрат соҳиби Калон ўтуб эрдилар. Андин сўнгра даҳаға ўлтурдилар. Баҳузур тамом даҳани тамом айлаб, аҳли муътакифларға руҳсат бериб ҳарамлариға кирдилар. Якшанба куни шавволни учинчисида сақли ориз бўлиб, сешанба куни шаввол ойини олтинчи кунида риҳлат қилдилар” [8].

Дафн маросимига Қўқондангина эмас бошқа ерлардан ҳам одамлар келиб, тўлиб тошдики тобутни қабргачагача қўлма-қўл узатишади. Таласдан хонойимнинг қариндошлари ва Қурбонжон додхоҳ ўғиллари билан етиб келади. Жанозадан қайтган хон узлатда ўн кеча-кундуз сурункасига тоат-ибодат қилиб, шундан кейингина давлат ишларига аралашиб, ҳарамга киради.

044
Ҳокимойим доно маслаҳатчи, қанчадан-қанча савоб ишларнинг ташаббускори бўлган, ўзининг вафотидан сўнг қилиниши лозим бўлган хайрли амалларни ўғли Худоёрхонга васият қилиб қолдирган. Ҳокимойимнинг васиятларидан воқиф бўлган Масъудахон (Оғача)ойим хонга, оналарининг васиятига кўра, уларнинг номига мадраса солишни маслаҳат беради.

1869 йил бошида “Мадрасаи Ҳокимойим” номи билан мадраса қурилиши бошланиб, унга мулла Турдиали Мирзони ишбоши қилиб тайин қилинади, Масъудахонойим ўз жамғармаси ҳисобига қурилишда иштирок этишга хондан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач мадрасанинг қурилиш жараёнида, у ўз канизлари билан тез-тез қурилиш майдонига келиб, устабоши ва иш бошқарувчиларга маслаҳатлар бериб турган. Уларга бинонинг кам-кўстлари ҳақида кўрсатма ва эътирозлар билдирган [9].

Манбаларга кўра мадраса 1869-1870-йилларда қуриб битказилган. Мадраса бунёд этилган жой ва унинг меъмори ҳақида Мирзоолим Мушриф юқоридаги асарида айтади: “Худоёрхон волидаи шарафларини васиятлари бирла оналарини номиға мадраса солмоқ бўлуб, мулла Турдиали мирзона ишбоши қилиб, масжиди жоменинг шарқида мадарсайи олий биносиға машғул бўлиб, саҳл вақтида итмомиға етиб, Мадрасаи “Ҳоким ойим” номзод қилди.

Ва яна мадрасаи “Ҳоким ойим”ға Шахрихон устида дарёдан ариқ чиқариб, ҳирожи вақф айлади”.

Ушбу мадраса ҳақида яна шундай маълумот учрайди: ”Худоёрхон Ҳўқандда бир мадраса бино қилдириб, сўнгра ўз онаси [Ҳаким ойим]нинг номига мусаммий қилдирди (номлади). Яхши хазина сарф қилмагани учун ҳозир мадраса иморати ёрилган” [10]. Худоёрхоннинг укаси Марғилон ҳокими Султон Муродбек ушбу мадрасани қайта қурдирган ва унга Марғилон бозори – Читфуришлик тўғрисида бир яхши сарой бино қилиб, шу мадрасага вақф қилди [11].

Шунингдек мадрасага Хонобод, Янги қишлоқ, Тожик қишлоқ, Қанғли, Тилиминг, Оққўрғон, Иса авлиё қишлоқлари ва яна Қўқондаги 32 та дўкон ҳам вақф мулки қилиб берилганди [12] .

Ҳозирга қадар ушбу мадрасанинг дарвозаси Қўқон тарихи ва маданияти давлат музейида сақланмоқда. Қўқонлик шоир Муқимий ушбу Ҳокимойим мадрасасида тахсил олган эди.

Ҳокимойимнинг ҳаёти ва унинг хонликдаги фаолияти бир қанча қирғиз олимлари Турк-Манас университетининг профессори, тарих фанлари доктори Ж.Алымбаев, тарихчи олимлар К. Молдокасимов Т. Омурзаковалар томонидан ўрганилиб келинмоқда.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

1.Дуйшонбаев П. Тўрт хан ардактаган Жаркынайым // Мамлекеттик жана муниципалдык кызмат. 2017. -№ 50. – Б. 7.
2. Бектурганова К. Кыргызстандын асыл кыздары. Бишкек, 2006. – Б. 47.
3. Зиябидин Максым. Фаргана хаандарынын тарыхы. Б.: Турар, 2007. – Б. 70.
4.Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих. Т.: Фан ва технология, 2014. – Б. 302.
5. Юсупов Ш. Хуфия қатламлар. Т.: Маънавият, 1999. – Б. 54.
6. Эсонов З, Тошматов Ш, Исомиддинов З. Қўқон хонлари ўрдалари тарихи. Т.: Адабиёт учқунлари, 2016. – Б. 52.
7. Дала ёзувлари. Қўқон тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ҳодими Яҳёхон Дадабоев билан бўлган шахсий суҳбатдан. Суҳбат 2019- йил 28 – июнь куни бўлиб ўтган.
8. Мирзоолим Мушриф. Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин. Т.: Адабиёт ва санъат, 1995. – Б. 79.
9. Умаров Ш. Худоёрхон авлодлари тарихи. Т.: Турон замин зиё, 2014. – Б. 635.
10. Муҳаммад Азиз Марғилоний. Тарихи Азизий / Нашрга тайёрловчилар Ш. Воҳидов, Д. Сангирова – Т.: Маънавият, 1999. – Б. 15.
11.Абдулаҳатов Н. Марғилон ҳокими Султон Муродбек. Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда. – Фарғона, 2019. – Б. 189.
12. Алихожиев М. Қўқон хонлигининг маданий хаётида мактаб ва мадрасаларнинг тутган ўрни. Тарих фан. номз…дисс. – Т: 2012. – Б. 122.

055 “Farg’ona xonlari tarixi” asarida ham Yorqinoyning Sherali bilan turmushi haqida ma’lumotlar keltiriladi: “To’xtanazar dodxohni bir qizi bo’lib, ismi Malika (Yorqinoyim ismi asarda turlicha keltirilgan) edi. Suluvligi Bibizulayhoday, nozikligi Bibisora bilan Bibiyorday, yuzi ochilgan qizil gulday edi. Bu qizga podsholardan tortib, oddiy odamlargacha oshiq bo’lgandi. Shu qizga shahzoda Sheralini munosib ko’rdilar. Katta to’y-tomosha bilan qizni shahzodaga uzatdilar”

O’TOVDA YASHASHNI AFZAL BILGAN MALIKA
Abdullaev Ravshanjon Inomjon o’g’li
Bag’dod tumani 8-sonli maktabning tarix fani o’qituvchisi
07

Qo’qon xoni Sheralixonning rafiqasi, Xudoyorxonning onasi Yorqinoyim (Jarkinayim) 1802-yili Qirg’izistonning Talas vodiysida tavallud topadi. Boshqa bir manbada esa uni O’zbekistonning Namangan viloyati Uychi tumanidagi Qizil-Rabot qishlog’ida tavallud topganligi aytiladi [1]. Qirg’iz tarixi ensiklopediyasi, Qirg’izistonning asl qizlari (K.Bekturganova. Kirgizstandin asil kizdari. Bishkek. 2006) nomli kitoblarda uni Asperdi dodxoh qizi deb ko’rsatadilar. Ammo, Mahzunning “Farg’ona xonlari tarixi” asarini o’rganilishi natijasida Yorqinoyim Asperdi dodxohning qizi emas, Axsilik To’xtanazar dodxohning qizi ekanligi ma’lum bo’ldi.

Yorqinoyimning bolalik yillari Talos vodiysining Karabuura daryosi etaklaridagi Koentokoy ovulida o’tgan [2]. Yorqinoy chiroyli, aqlli, xushmuomala el qadrlagan qiz bo’lgan. Qo’qondagi o’zaro taxt talashishlar natijasida Talosga kelib qolgan, bo’lajak Qo’qon xoni Sherali bilan turmush quradi. Shuningdek “Farg’ona xonlari tarixi” asarida ham Yorqinoyning Sherali bilan turmushi haqida ma’lumotlar keltiriladi: “To’xtanazar dodxohni bir qizi bo’lib, ismi Malika (Yorqinoyim ismi asarda turlicha keltirilgan) edi. Suluvligi Bibizulayhoday, nozikligi Bibisora bilan Bibiyorday, yuzi ochilgan qizil gulday edi. Bu qizga podsholardan tortib, oddiy odamlargacha oshiq bo’lgandi. Shu qizga shahzoda Sheralini munosib ko’rdilar. Katta to’y-tomosha bilan qizni shahzodaga uzatdilar” [3]. Sheralixon bundan avval ham uylangan bo’lib, bu haqda “Anjum at-tavorix” asarida bayon etiladi: “Sheralixon qirg’iziya ulug’larining qizlaridan ikki nafarini o’z nikohiga olib, qirq besh yil shu mavzeda yashadi. Uning birinchi xotini (Sonayim — qirg’izlarning bagish urug’idan bo’lgan) dan Mallabek, So’fibek va Mohlar oyim olamga kelib, ikkinchi xotini (Yorqinoy) dan Abdurahmonbekkim, o’zbeklar uni Sarimsoqbek, deb ataganlar, Xudoyorbek hamda Sulton Murodbek bilan Oy chuchuk oyim deganlar borliq maydoniga qadam qo’ygan edilar” [4]. Ushbu asarga yozilgan ilovada Sheralixon farzandlari xususida quyidagilar yoziladi: “Sheralixonning birinchi xotini So’nadan to’rt farzand (Malla, So’fi, Oftob, Moxlar), ikkinchisi Yorqindan ham to’rt farzand (Sarimsoq, Xudoyor, Sultonmurod va Norchuchuk) ko’rgan. Mahzunning asarida esa Sheralixon va Yorqinoyning jami yetti farzand ko’rishganligi yoziladi. Ular yuqorida nomlari keltirilgan uch o’g’il va katta qizlari Anor oyim (Anar ayim), ikkinchisi Oyjon oyim (Ayjan ayim), uchinchi qiz Saodat oyim (Saadat ayim) va kenja qizi Norchuchuk oyimlar (Narsuchuk ayim) edi [3].

Sherali Qo’qon xoni bo’lgach Yorqinoyim ham farzandlari bilan birga Qo’qonga xon o’rdasiga ko’chib keladi. Bu xususida “Farg’ona xonlari tarixi”da hikoya qilinadi: “Malika-i Shaxuban (Yorqinoyning asardagi nomi)ni olib kelish uchun Ali Rizo bilan Ali Xo’jalarni yangi kiyimlar, sovg’a-salomlar, 9 ta egarlangan ot bilan Talasga yubordilar. Talasga yetib borganlaridan so’ng sovg’alarni topshirib, Malika va shahzodalar bilan birga Qo’qonga tomon yo’l oldilar.
09
Ali Rizo, Ali Xo’ja, Muhammadziyo boy Malika-i Shaxuban bilan shahzodalarni olib kelayotib, Safitbulon azizlarin ziyorat qilish uchun to’xtashdi. U yerda jonliq so’yishib, is chiqarishdi. Safitbulondan chiqib, yo’l yurib, Marg’ilon shahriga yetishdi. Bu yerda Malika va shahzodalarni yo’llariga payondozlar solib, hurmat-izzat bilan kutib olishdi. Shahardagi sarkardalarning ayollari, malikaning xizmatida bo’lishdi. Malika va shahzodalarning xabarini Sheralixonga yetkazish uchun chopar yubordilar. Xon bu xush xabarni olib, xursand bo’ldi, noma yozib, Marg’longa jo’natdi. Xatga Malika va farzandlarini Qo’qonga tezroq kelishlari bitilgan edi”. Shu tariqa Yorqinoy va farzandlari Qo’qonga kelishadi. Garchand Yorqinoy xonning ayoli sifatida muhtasham o’rdaga joylashgan bo’lsada, uni ko’chmanchi-chorvadorlarga xos bo’lgan xislatlar tark etmagan. Naql qilishlaricha Yorqinoy o’rda hovlisida chodir tiktirib shu yerda istiqomat qilishni maqul ko’rgan. O’rdadagilar Yorqinoyni “Xonoyim”, “Hokimoyim” deb hurmat qilishgan. Bu haqda batafsil Sharif Yusupov shunday yozadi: “Ma’lumki, xonning volidasi qirg’iz millatining uloqchin urug’iga mansub bo’lib, ismi ham Jarqinoy edi. U tug’ilganidan to Sheralibekka erga tegib, bir necha farzandlik bo’lgunicha ham oddiy qirg’iz o’tovida umrguzaronlik qilgan, shu xil turmush tarsi uning vujud-vujudiga singib ketgan edi. Zamon aylanib, eri Sheralixon Qo’qon xonligi taxtiga chiqgach, Jarqinoy ham o’z farzandlari bilan o’rdaga ko’chib keladi. Biroq saroydagi hashamatli xonalar unga o’z ona ovuli o’rnini bosolmas edi. Shu vajdan tez orada otasi vafotidan so’ng taxt sohibi bo’lmish o’g’li Xudoyorxondan Qo’qon o’rdasi ichiga qirg’iz o’tovi qurib berishini iltimos qiladi. Onaning har bir xohishini farz o’rnida ko’rgan xon uning saroy ayonlari va xaloyiq orasida ko’p mish-mishlarga olib kelishi muqarrar bo’lgan bu xohishni ham tez orada, ixlos bilan ado etadi. Xudoyorxon hukmfarmonligining aksar davrida o’rdaning ayollar yashaydigan qismidagi ana shu o’tovida yashagan xon onasi Hokim oyim degan e’zozli nom bilan keng shuhrat qozonadi. Xudoyorxon onasining davlat ishlariga aralashuviga monelik qilmas, avf etishgacha bo’lgan xohishlarini so’zsiz bajarar edi [5]. Hokimoyim islom ilmidan ham yaxshigina xabardor bo’lib, bu jihati bilan ham o’rda ayollariga o’rnak bo’lar darajaga yetgan edi.

Ko’plab qirg’iz tarixchilari Yorqinoy va Qurbonjon dodxoh munosabatlariga alohida urg’u beradilar. Tarixchilar bu qirg’iz ayollari haqida shunday yozishadi: Yangi xonni qutlash uchun Talasdan Olimbek dodxoh ayoli Qurbonjon bilan birga Qo’qonga keladi. Shu vaqtda Qurbonjon Sheralixonning ikki qirg’iz ayoli So’noyim va Yorqinoylar bilan tanishadi. Yorqinoy va Qurbonjon bundan keyin mustahkam aloqa bog’lab bir birlarini qo’llab quvvatlab turishga kelishib oladilar. Bu kelishuv Yorqinoyning vafotiga qadar davom etadi [2]. Xudoyorxon tomonidan Qurbonjonga dodxoh unvonini berilishida aynan Yorqinoyning muhim ro’l o’ynagan.

1843-yilda Sheralixon Yorqinoyimga mahr sifatida yer-mulk in’om etadi. Bu yer-mulklar “Chek Hokim Oyim” deb atalgan. Yorqinoy bu mulklarni “Chalpak” madrasasiga vaqf qilib beradi [6]. Chalpak madrasasi Jarqin Oyim tomonidan Katta Qabristoni hududida hijriy 1260 (milodiy 1844) yilda qurdirilgan. Madrasa inshooti 29 hujra, bir necha darsxona, masjid, tahoratxona va yordamchi binolardan iborat bo’lgan. Masjid, darvozaxona kabi qismlari saqlangan. Inshoot Usta Bozor Muxandis nomli me’mor boshchiligidagi ustalar tomonidan qurilgan. Bino o’tgan asrning 20 yillarida kommunal xo’jalik ixtiyoriga berilgan va u yerda bir necha xo’jalik istiqomat qilgan. O’sha davrdan beri ta’mirlanmagan. Madrasaning «Chalpak» deb nomlanishiga sabab shuki, bu yerda dastlab Xokim Oyim, keyinchalik shahar boylari hisobidan ko’p miqdorda chalpak pishirilib, muhtojlarga ulashib turilgan [7].

Sheralixon hukmronligi yillarida Yorqinoyning mamlakat hayotidagi roli sezilarli darajada bilinmasa-da, o’g’lining Qo’qon taxtiga o’tirganidan keyingi jarayonlarda uning faolligi oshadi. 14 yoshli Xudoyorxonning yoshligi sababli davlatni boshqarishda unga ko’maklashadi. Tarixchi R.N.Nabievning “Qo’qon xonligi tarixidan” kitobida Xudoyorxonning onasi Yorqinoyimning obro’si ayollar orasidagina emas butun mamlakatda ham yuqoriligini, u davlat ishlariga aql bilan yondashganini yozadi.

Xudoyorxon kunda erta bilan onasining duosini olib, keyin davlat ishlarini boshqarishga kirishgan, Hokimoyimning nasihatlariga hamisha amal qilgan. Hokimoyimni garchand o’z onasi bo’lmasada Mallaxon xam juda hurmat qilar edi.

Hokimoyim 1868-yilda vafot etadi. Bu haqda Mirzoolim Mushrif “Ansob us-salotin va Tavorix ul- xavoqin” asarida shunday yozadi: “Va yana shul tarixda (1868-yil nazarda tutilyapti) Xudoyorxonni volidai sharifalari ramazoni sharifda olami foniydan olami boqiyg’a rixlat qildi. Janozasig’a janob hazrat sohibi Kalon o’tub erdilar. Andin so’ngra dahag’a o’lturdilar. Bahuzur tamom dahani tamom aylab, ahli mu’takiflarg’a ruhsat berib haramlarig’a kirdilar. Yakshanba kuni shavvolni uchinchisida saqli oriz bo’lib, seshanba kuni shavvol oyini oltinchi kunida rihlat qildilar” [8].

Dafn marosimiga Qo’qondangina emas boshqa yerlardan ham odamlar kelib, to’lib toshdiki tobutni qabrgachagacha qo’lma-qo’l uzatishadi. Talasdan xonoyimning qarindoshlari va Qurbonjon dodxoh o’g’illari bilan yetib keladi. Janozadan qaytgan xon uzlatda o’n kecha-kunduz surunkasiga toat-ibodat qilib, shundan keyingina davlat ishlariga aralashib, haramga kiradi.

21

Hokimoyim dono maslahatchi, qanchadan-qancha savob ishlarning tashabbuskori bo’lgan, o’zining vafotidan so’ng qilinishi lozim bo’lgan xayrli amallarni o’g’li Xudoyorxonga vasiyat qilib qoldirgan. Hokimoyimning vasiyatlaridan voqif bo’lgan Mas’udaxon (Og’acha)oyim xonga, onalarining vasiyatiga ko’ra, ularning nomiga madrasa solishni maslahat beradi.1869 yil boshida “Madrasai Hokimoyim” nomi bilan madrasa qurilishi boshlanib, unga mulla Turdiali Mirzoni ishboshi qilib tayin qilinadi, Mas’udaxonoyim o’z jamg’armasi hisobiga qurilishda ishtirok etishga xondan ijozat so’raydi. Hukmdordan ruxsat bo’lgach madrasaning qurilish jarayonida, u o’z kanizlari bilan tez-tez qurilish maydoniga kelib, ustaboshi va ish boshqaruvchilarga maslahatlar berib turgan. Ularga binoning kam-ko’stlari haqida ko’rsatma va e’tirozlar bildirgan [9].

Manbalarga ko’ra madrasa 1869-1870-yillarda qurib bitkazilgan. Madrasa bunyod etilgan joy va uning me’mori haqida Mirzoolim Mushrif yuqoridagi asarida aytadi: “Xudoyorxon volidai sharaflarini vasiyatlari birla onalarini nomig’a madrasa solmoq bo’lub, mulla Turdiali mirzona ishboshi qilib, masjidi jomening sharqida madarsayi oliy binosig’a mashg’ul bo’lib, sahl vaqtida itmomig’a yetib, Madrasai “Hokim oyim” nomzod qildi.

Va yana madrasai “Hokim oyim”g’a Shaxrixon ustida daryodan ariq chiqarib, hiroji vaqf ayladi”.

Ushbu madrasa haqida yana shunday ma’lumot uchraydi: ”Xudoyorxon Ho’qandda bir madrasa bino qildirib, so’ngra o’z onasi [Hakim oyim]ning nomiga musammiy qildirdi (nomladi). Yaxshi xazina sarf qilmagani uchun hozir madrasa imorati yorilgan” [10]. Xudoyorxonning ukasi Marg’ilon hokimi Sulton Murodbek ushbu madrasani qayta qurdirgan va unga Marg’ilon bozori – Chitfurishlik to’g’risida bir yaxshi saroy bino qilib, shu madrasaga vaqf qildi [11].

Shuningdek madrasaga Xonobod, Yangi qishloq, Tojik qishloq, Qang’li, Tiliming, Oqqo’rg’on, Isa avliyo qishloqlari va yana Qo’qondagi 32 ta do’kon ham vaqf mulki qilib berilgandi [12] .Hozirga qadar ushbu madrasaning darvozasi Qo’qon tarixi va madaniyati davlat muzeyida saqlanmoqda. Qo’qonlik shoir Muqimiy ushbu Hokimoyim madrasasida taxsil olgan edi.

Hokimoyimning hayoti va uning xonlikdagi faoliyati bir qancha qirg’iz olimlari Turk-Manas universitetining professori, tarix fanlari doktori J.Alimbaev, tarixchi olimlar K. Moldokasimov T. Omurzakovalar tomonidan o’rganilib kelinmoqda.

Foydalanilgan manba va adabiyotlar

1.Duyshonbaev P. To’rt xan ardaktagan Jarkinayim // Mamlekettik jana munitsipaldik kizmat. 2017. -№ 50. – B. 7.
2. Bekturganova K. Kirgizstandin asil kizdari. Bishkek, 2006. – B. 47.
3. Ziyabidin Maksim. Fargana xaandarinin tarixi. B.: Turar, 2007. – B. 70.
4.Xudoyorxonzoda. Anjum at-tavorix. T.: Fan va texnologiya, 2014. – B. 302.
5. Yusupov SH. Xufiya qatlamlar. T.: Ma’naviyat, 1999. – B. 54.
6. Esonov Z, Toshmatov SH, Isomiddinov Z. Qo’qon xonlari o’rdalari tarixi. T.: Adabiyot uchqunlari, 2016. – B. 52.
7. Dala yozuvlari. Qo’qon tarixi va madaniyati davlat muzeyi katta ilmiy hodimi Yahyoxon Dadaboev bilan bo’lgan shaxsiy suhbatdan. Suhbat 2019- yil 28 – iyun` kuni bo’lib o’tgan.
8. Mirzoolim Mushrif. Ansob us-salotin va tavorix ul-xavoqin. T.: Adabiyot va san’at, 1995. – B. 79.
9. Umarov SH. Xudoyorxon avlodlari tarixi. T.: Turon zamin ziyo, 2014. – B. 635.
10. Muhammad Aziz Marg’iloniy. Tarixi Aziziy / Nashrga tayyorlovchilar SH. Vohidov, D. Sangirova – T.: Ma’naviyat, 1999. – B. 15.
11.Abdulahatov N. Marg’ilon hokimi Sulton Murodbek. Farg’ona vodiysi tarixi yangi tadqiqotlarda. – Farg’ona, 2019. – B. 189.
12. Alixojiev M. Qo’qon xonligining madaniy xayotida maktab va madrasalarning tutgan o’rni. Tarix fan. nomz…diss. – T: 2012. – B. 122.

05

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

Izoh qoldiring