Odinaxon Abdurahimova. She’rlar va nasriy bitiklar

044Одинахон «Хуршид Даврон кутубхонаси»нинг узоқ йиллик мухлиси, ҳатто  сайтга бағишлаб шеър ҳам ёзган. Илк шеърларини бир неча йил аввал жўнатганида, мен номаълум сабаб билан кўрмай қолган эканман. Ижодкор қизимдан яна бир бор узр сўраб, унинг ижодидан айрим намуналарни сизга тақдим этмоқдаман.

Одинахон АБДУРАҲИМОВА
ШЕЪРЛАР ВА НАСРИЙ БИТИКЛАР


Мен 1986 йил 14 март куни Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Шўртепа қишлоғида туғилганман. Фарғона давлат университетининг математика ва информатика факултетини тамомлаганман. Ота-онам ўқитувчи, мен ҳам муаллима бўлдим. Дастлаб Учкўприк Саноат КҲК, кейин Учкўприк Иқтисодиёт КҲКда, сўнг Бувайда тумани 1-умумтаълим мактанбида, ундан кейин ЎзМТДП Бувайда туман кенгашида ишладим. Ҳозирда фарзанд тарбиясидаман. Оилам, икки ўғлим ва бир қизим бор.


* * *

Айтсам, балки, ишонмассиз сўзимга,
Қувончлардан томчи тўлар кўзимга.
Табассум зўр расм чизар юзимга,
Уйимизга Хуршид Даврон келибди.

Дадам билан ўлтирибди гаплашиб,
Улуғбек, Бобурдан суҳбатлашиб.
Саид Аҳмадни эслашибди яйрашиб,
Уйимизга Хуршид Даврон келибди.

Уялибман ёнларига киролмай,
Қийналибман ишқимни билдиролмай,
Деразадан пойлабман жим туролмай,
Уйимизга Хуршид Даврон келибди.

Қулоқ тутиб уларнинг суҳбатига,
Самарқандга кетиб қопти хаёлим.
Шердору Улугбек мадрасасин,
Таърифларди ичкарида зўр олим.

Сезмай қопман қачон уйдан чиққанин,
Чимирилиб, менга жиддий боққанин.
Жилмайибди кўриб менинг қўрққаним,
Уйимизга Хуршид Даврон келибди.

Қўлларида бор экан бир китоби,
Китоб эмас, зиё сочар офтоби.
Тилга кўчди юрагимнинг хитоби:
— Уйимизга Хуршид Даврон келибди!

Қувончу шодлигим бир қуш экан,
Учиб кетди, кўрганларим туш экан.
Хаёл қурғур бунчаям сархуш экан,
Уйимизга Хуршид Даврон келибди…
021

* * *

Уйғон, уйғонсангчи энди, азизим,
Қара, баҳор келди, кўзларингни оч.
Уйғонақол энди, жигарим, қўзим.
Ана, сайраяпти кўкда қалдирғоч.

Офтоб нурларини сочар эркалаб,
Пешонам силайди майин шаббода.
Дуога қўл очар онам эрталаб,
Юрагим орзиқар тонги сабодан.

Уйғон дейман яна, уйғон, биродар,
Кўрмайсанми олам нақадар гўзал?
Булутлари оппоқ момик парқудек.
Осмонда табиат камалак чизар.

Ғафлат босма, етар, ғайратинг ошир,
Ҳамма қимирлаган, сен ҳам турма тек.
Баҳор ўтиб кетар, болангни шошир,
Ҳеч бўлмаса ерга битта ниҳол эк!

Лоқайд бўлма, уйғон, уйғон, ватандош,
Бу давру давроннинг қадрига етгин.
Онангнинг кўзига қўндирмагин ёш,
Отангни опичлаб Маккага элтгин.

Ватан

Аввал бола эдим, ўқувчи эдим,
Ўзимча мадҳингга сўз тўқувчи эдим.
Ялангоёк чопиб кўм-кўк майсангда,
Булутга завқ ила боқувчи эдим.

Бугун ўлтирибман қаламим чайнаб,
Чексиз осмонингни бағримга жойлаб.
Юракка сиғмаган буюк ишқимни,
Бир парча қоғозга жойлашни ўйлаб.

Бир шеър ёзсам-у, чиқсам ҳумордан,
Сўзларим сеҳрли бўлса тумордай,
Кўз тегмасин, дея асраб-авайлаб,
Шарафинг сақласам номусу ордай.

Ватан, сенга шундай ёққим келади,
Бўйнинга туморлар таққим келади.
Сувлари жилвагар анҳорларингда,
Ишқимга беланиб оққим келади.

* * *

Петербургнинг ойдин оқшоми,
Ёп-ёруғ, сутдек оқ,
Оқ эмас,
Пок — бола қалбидек.

Осмонлар уйғоғ-у,
Олам жимгина
Кузатар биргина
Безовта жонни –
Кўзларига уйқу инмас
Уйғоқ инсонни.

Осуда тун,
Тун эмас,
Гўё кун,
Кун – энг ёруғ тонгдек.

Ҳамма уйқуда-ю,
Осуда ҳаёт,
Тилида баёт,
Ёзар дардини –
Тўкар оқ қоғозга
Кўнгил гардини.

Петербургнинг ойдин оқшоми…

* * *

Бошингга келса ташвиш,
Не балою не юмуш,
Дема, Худодан бу иш —
Ўзингга ўзинг қилдинг.

Омадинг кетса қўлдан,
Тиконлар чиқса йўлдан,
Нолима ёмғир, дўлдан —
Ўзингга ўзинг қилдинг.

Қадамни ўнг босмасанг,
Имон сари шошмасанг,
Виждонингни сотмасанг,
Ўзингга ўзинг қилдинг.

Адо этмай кўз ҳақин,
Қариндош, дўст, туз ҳақин,
Дилингдаги сўз ҳақин —
Ўзингга ўзинг қилдинг.

Селлар оқсин тавбангдан,
Пушмон балқсин тавбангдан,
Титроқ ўтсин гавдангдан —
Ўзингга ўзинг қилдинг.

Дегин: “Худоё, билдим,
Не гуноҳларни қилдим.
Қайтиб ўзингга келдим —
Ўзимга ўзим қилдим”.

03.02.2018

* * *

Бу кўчанинг бир пайтлар
Уйлари бир хил эди.
Ҳатто маросим, байрам,
Тўйлари бир хил эди.

Бир хил эди эшик-ром,
Деворлар битта рангда.
Баб-баробар эди том,
Бугун-чи, бир қаранг-да…

Бурноғи йил манов уй
Туппа-тузук турувди.
Эгаси Хотам бува
Маҳаллада юрувди.

Қўшниси Комил бойга
Ҳавас қипти шекилли,
Ким билсин, балки зимдан
Ҳасад қипти шекилли.

Томин бузиб қайтадан
Ёптирибди эринмай.
Тилла рангли дарвоза
Топтирибди эринмай.

Деворлари зар сувоқ,
Саройнинг ўзгинаси.
Асл тиллага пулнинг
Етмапти озгинаси.

Хотам бува юрибди
Маҳаллада керилиб.
Кеча ўзим кўрувдим,
Қўлин орқага илиб.

Хотам бува, ҳой бува,
Сиз бой бува, биз ғариб.
Дарвозангиз олдида
Масжид турар мунғайиб.

Мирзатерак

“Мен ҳаммадан баландман!”,
Мақтанар мирзатерак.
Япроқлари шитирлаб
Чайқалар мирзатерак.

Ёнида камтар ёнғоқ,
Меваси ғужум-ғужум.
Елнинг беланчагида
Тебранади у ҳам жим.

Менсимас уни терак,
Гердаяди ҳаволаб.
Танбеҳ берган бир толга
Жавоб қайтарди боплаб:

“Вақиллама, шамол ҳам
Мени қўрқита олмас.
Илдизларим мустаҳкам,
Қўпориб ташлаёлмас…”

Эсаётган шаббода
Шамолга айланди-ку.
Теракнинг юрагига
Ғулғула жойланди-ку.

Қутурди хўп бу шамол,
Буғдойзорларни янчиб.
Тераквойнинг қурт еган
Биқини қолди санчиб.

Оҳ чекди у ғичирлаб,
Ҳеч иш келмас қўлидан.
Шамолга дош беролмай,
Синиб кетди белидан.

Қийналган десам жони,
Ерга тушмабди, бироқ
Уни суяб қолибди
Ўша пакана ёнғоқ.

2003

Библиобус

Ушбу сўзга дуч келиб илк бор,
Талаффузин айладим такрор:

“Библиобус”,
“библи-обус”,
Ўхшаши бор унинг: “глобус”.

Хўп ажойиб, қизиқ сўз экан,
Қариндоши автобусмикан?

Нимадир у, маъноси недир?
Қай соҳада қўлланур, қидир.

Корхонами ёки аптека?..
Топдим, ахир “библиотека”!

Автобус ва китоб – ўзаги,
Кутубхона автобусдаги.

Тонг

Деразам кўрина бошлади,
Тонг ёришмоқда!
Тераклар чайқалиб,
Олқишлар тонгни.
Қора кўкка айланиб,
Ранг қоришмоқда,
Туси ўзгармоқда
Осмонни.

Шамолкуйга ўйнаб,
Ноз-ла тебраниб,
Деразамда рақс этар
Қора япроқлар.
Шундай тўйни бузиб,
Вақтга эланиб,
Тун бўйнига илди
Оғир сиртмоқлар.

Кўҳи Қоф ортига
Кетди бош эгиб,
Булутлар кўрина
Бошлади маъюс.
Раққоса тераклар
Бошлари эгик,
Тунга видо айтиб,
Тонгга бурар юз.

Лаб пичирлаб ўқир
Олам Иншосин…
Тераклар қаддини
Ростлади.
Шамол кетди чопиб –
Асир ошноси,
Мусаввир рангларни
Кунга мослади.

Сен ва мен

Еттинчи осмонда яшаётирман,
Мени билмаслардан анча тепада.
Шу ҳолда ўттиздан ошаётирман,
Энди ўтадирман шу кепатада.

Пастда одамлар бор, тепада Худо,
Ўртада мен ва сен, ҳамда пок юрак.
Ва ўртада кўнгил – меҳрдан жудо,
Сенга мен кераг-у, менга сен керак.

Биласанми, қайсар юрак нима дер?
Кетайлик бош олиб осуда ёққа.
Умрингнинг охирги ўн йилини бер,
Уни тўлдирайин рангин бўёққа.

Кел, бирга чиқайлик КУН пешвосига,
Сендан айрилмоқни истамас руҳим.
Ҳақнинг назари бор дил ошносига,
Ёди, ёдинг билан тўла шукуҳим.

* * *

Сиз кузни севасиз,
Менга баҳор ёқади.
Кузга заргар табиат
Тиллақошлар тақади.
Юрагимни титратар
Ҳазонларнинг жаранги
Боғларда мағлуб кезар
Соғинчнинг турфа ранги…

Сиз кузни севасиз,
Менга баҳор ёқади.
Баҳорда кулган қуёш
Кузда ғамгин боқади.
Баҳорнинг эртаси кўк,
Яшил, қизил, бинафша.
Унда ёшлик ва шўхлик,
Умидворлик ҳамиша.

Куз каби у ҳам кўхлик.
Бироқ…
Пичирлайди маъсум куз:
“Йўқлик!”

Туйғу

Сўзларингдан учқун сачради,
Сўзларимдан сачради учқун.
Лаҳзадаёқ тутай бошлади,
Осмонларни қоплади тутун.

Томоғимни куйдирди бир дуд,
Ютинолмай ҳайрона қолдим.
Тилсим эди, сир эди ёхуд,
Етинолмай ўйлона қолдим.

Ҳали эрта эди айтмоққа,
Эҳтиёткор туйғулар дилгир.
Кўнглимдаги ям-яшил боққа
Сабий нигоҳ ташлаб улгурдинг.

Боқдинг, барча зумрад япроқлар
Қароғимни тўлдирди, кўчди.
Бироқ
юрак қора ўчоқдай
Тутади-ю, ёнмасдан ўчди.
12.07.2018

Маснавийни ўқиб
Устоз Одил Икромга

“Маснавий”ни ўқиб кўзларим тинди,
Сўнггига етолмай кўнглим ўксинди.

Мунча кам бўлмаса мендаги тоқат,
Ўзидан сўрайман илоҳий қувват.

Илоҳо, толдирма бу йўлда мени,
Ҳар лаҳза кўраман ўнг-сўлда Сени.

Илоҳо, кўнглига етказмай шикаст,
Фикрим баён айлай холис ва бекўст.

Мисралар маржону сўзлари дурдек,
Дилга оқиб кирар маъноси нурдек.

Кўз нурини қанча сарфласа арзир,
Меҳнатнинг поёни, албатта, ҳузур.

Ақлим шошар қайдин бунча оҳанг, деб,
Ул айтадир, найдин бунча оҳанг, деб

Битта чўп навоси юрак қаърига
Етиб, малҳам бўлар дардлар барига.

Куй сеҳрига монанд жонбахш ва буюк
Яна бир сеҳр бор – жонларга суюк.

Сўз деб аталгайдур, қаламдан пайдо,
Ишқ аҳлию илм аҳли бўлдилар шайдо.

Сўз ила топарлар кўнгилларга йўл,
Сўз-да ғализ бўлса, доғланади дил.

Илму урфон ила сўзни юксалтмоқ —
Орифлар олдида ўзни юксалтмоқ.

Камтарин тилларни кесмайди қайчи,
Навони тиндирма, тинма, эй найчи!

Ёзгувчига дилда таҳсинларим бор,
Бўлсин анга Хақнинг яхшилари ёр!

Йўл-йўлакай
(туркум)

1.
Автобус чорраҳадаги бекатда узоқ туриб қолди. Машиналар тирбанд. Эрта тонгдан ҳамма қаёққадир шошилмоқда. Йўлнинг ўнг томонига таксилар, дамаслар тартибсиз тўхтаб туриб олган. Уларнинг ёнида бир қатор мевафуруш олибсотарлар. Пиёдалар эса чумолидек у ёқдан бу ёққа ғимирлайди.

Икки автомобил нарида турган оқ дамас ҳайдовчисига кўзим тушди. У пешонасидаги кўзгуга қараб жимитдек қайчича билан бамайлихотир соқолини қирқиб, қиртишлаб ўтирарди.

2.
Йўлнинг нариги бетида садақа сўраб юрган бир тиланчи ота ва унинг ўсмир қизи борарди. Отанинг жулдур кийими, қизнинг юпқа сариқ курткаси остида илвираган иштонидан чиқиб турган озғин оқларини кўриб: “Наҳотки, бугунги тўкин диёримизда ҳам шунчалик ғариб инсонлар учраса?” деб ўйладим.

Қизалоқ йўловчилардан бирига қўлини чўзди. Йўловчи унга қоғоз пул берди. Қизалоқ унга табассум қилди ва пулни олиб, ҳайратланди, ҳавога тутиб кўрди. Сохта эмаслигига ишонч ҳосил қилгач қувониб, гир айланди. Сўнг пулни дадасига кўз-кўзлай бошлади. У шунчалик қувонди-ки…
Йўловчи унга неча сўм берди экан-а?

3.
Автобус ҳайдовчиси билан анча чиқишиб қолдим. Ҳар кунги салом-аликдан ўртамизда илиқлик пайдо бўлди. Ўзиям қувноқ ва хушчақчақ йигит экан. Пассажирларга ҳам сертакаллуф. Ҳамма билан гўё танишдек муомала қилади. Бир куни у мендан телефон рақамимни сўради.

— Кечирасиз, беролмайман, — дедим.

У ниманидир ўйлаб кўрди-да:
— Тўғри қиласиз, — деди.

Эртаси куни яна сўради.
— Яхшиси, сиз беринг, — дедим. Берди.

-Нега қўнғироқ қилмадингиз? – сўради у индинги куни. Мен елка қисдим.

— Тўғри қиласиз, — деди яна ниманидир ўйлаб олгач.

Кейинги кун у бекатдаги мевафуруш олибсотарлардан бир дона қип-қизил олма сотиб олди. Мен ҳаяжонлана бошладим.

У олмани қўлида бир-икки отиб ўйнаганча бир оз ўйланди ва карсиллатиб тишлади.

“Тўғри қиласиз”, — дедим мен ичимда.

4.
Дугоналарим билан йўл-йўлакай музқаймоқ еб кетмоқчи бўлдик. Ялтироқ қоғозли, шоколадли музқаймоқ харид қилдик. Музқаймоқнинг қоғозини қаерга ташлашни билмадим. Йўлда бирорта ҳам ахлат қутиси йўқ. Чўнтагимга сололмайман, сумкамда китобларни расво қилади. Дугонам ҳеч иккиланмай, ўзиникини елкаси оша ортига ирғитди. Яна бир дугонам одоб билан бир четга ташлади. Мен эса музқаймоқни еб бўлсам ҳам, қоғозини ҳамон қўлимда ушлаб юрибман.

Автобусга чиқдим. Ортимдан катта сумка кўтарган бир аёл чиқди. У олд ўриндиққа, мен орқага ўтирдим. Сумкасини оёқлари орасига жойлаб олгач, писта чақа бошлади. Бир зумда автобусни қовурилган кунгабоқар доналарининг димоққа урилувчи ҳиди тутиб кетди. Ҳайдовчи аёлни огоҳлантирди:
— Бу ерда чақманг, ифлос қиласиз!

Аёл ҳайдовчига ҳовучини кўрсатиб:
— Пастга ташламаяпман, мана, пўчоғи қўлимда, — деди ва лабига ёпишган писта донасини юлқиб олди.

Бир оздан сўнг автобус юра бошлади. Шунда аёл шошилиб ўрнидан турди-да, бир сиқим писта пўчоғини автобус эшигидан ерга сочиб юборди.
Қўлимдаги музқаймоқ қоғози бармоқларим орасида ғижимланиб кетди.

5.
Яна чорраҳа ёнидаги бекат. Бир неча дақиқалик тўхташ.
Автобусга ёши улуғ онахон, аниқроғи, бир кампир, янаям аниқроғи, бир ғариб қария чиқди.
— Бисмиллоҳир роҳманир роҳим!

У олд ўриндиққа жойлашиб, нафас ростлади. Сўнг ҳаммага бир-бир қараб чиқди.

— “Малҳам”га борадими бу автобус? – деди баланд овозда.

— Ўша томонга юради, лекин етиб бормайди, — деди кимдир. Кампир одамларга қараб анграйди. Кейин саволини яна такрорлади:

— Бу автобус “Малҳам”га борадими? Тўғри чиқдимми?

— “Малҳам”га етмасдан бурилади, — деди яна кимдир, — озгина пиёда юришингизга тўғри келади. Яхшиси, дамасга чиқинг, хола.

Кампир яна анграйди. Сўнг ҳайдовчидан сўрамоқчи бўлди, ҳайдовчи эса унга қарамади.

Одамлар ниманидир тушунди. Одамлар бош чайқади. Одамлар ачинди. Фарзандлари йўқмикан, деди биров. Невара-певарасини етаклаб олмабди-да, деди бошқаси. Ниҳоят, яқинороқдаги бир аёл қўли билан “Йўқ” ишорасини қилиб, баланд-баланд овозда тушунтирди:
— Бу автобус “Малҳам”га бормайди, хола! Сиз, яхшиси, пастдаги анави дамаслардан бирига чиқинг! Эшигида тўхтайди!

Кампир “А-а-а”, деганча ўсал бўлиб, автобусдан туша бошлади.
— Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм!

Мен марказий поликлиникага йўл олгандим. Навбатим келиб, врач қабулига кирганимда, ичкарида бояги кампирни кўрдим. Кўнглимни нимадир тирнаб ўтди. Йўлимиз бир экан-ку…

6.
Ишга шошиляпман. Тахминан беш дақиқада автобус келади. Ўн беш дақиқа ўтмай ишга етиб оламан. Кечикмайман. Келақолсайди…

Ана, узоқдан унинг оқи кўрина бошлади. Қўл силтадим. Аммо … Буни қарангки, автобус тўхтамай ўтиб кетди. Наҳотки?! Шунақасиям бўларкан-да?

Ноилож кейинги автобусга чиқдим. Ишга кеч қолдим.

7.
Бу гал чорраҳани пиёда кесиб ўтяпман. Автомобиллар бирам тирбандки, ҳамма ёқ тартибсиз. Таксистлар эрталабдан йўловчи кутиб зерикиб, писта чақиб ўтиришибди.

Шу пайт туфлигим учига бир дона писта пўчоғи келиб тушди. Мен таққа тўхтадим. Таксистлардан бири машинасига суяниб турарди. Қўлида бир сиқим кунгабоқар доналари.

— Фаросатингиз борми?! Бу нима қилганингиз?! Нақадар сурбетлик?! Нақадар бетамизлик?! Оёқ остини қаранг, катта холангиз супурадими бу ерни? Кўчанинг эгаси йўқми?! Марҳамат қилиб туфлигимга ёпишган пўчоқни тозалаб қўйинг! – дея мириқиб адабини берсам эди унинг.

Йўқ, бундай демадим. Унинг кўзлари ҳижолатдан ёнарди. Эҳтимол, у менинг кўзларимда еб қўяман деган важоҳатли нигоҳни кўргандир.

— Ҳеч ким назорат қилмайди-да! – дедим унга аччиқланиб. У эса миқ этмади. Қотиб қолганди. Башараси соқолсиз Иван Грознийнинг ҳудди ўзи.

Эртаси куни яна ўша машиналар орасидан ўтарканман, бирорта ҳам писта чақаётган ҳайдовчига кўзим тушмади.

Узоқдан эса соқолсиз Иван Грозний мен томонга қараб турарди.

03Odinaxon «Xurshid Davron kutubxonasi»ning uzoq yillik muxlisi, hatto  saytga bag‘ishlab she’r ham yozgan. Ilk she’rlarini bir necha yil avval jo‘natganida, men noma’lum sabab bilan ko‘rmay qolgan ekanman. Ijodkor qizimdan yana bir bor uzr so‘rab, uning ijodidan ayrim namunalarni sizga taqdim etmoqdaman.

Odinaxon ABDURAHIMOVA
SHE’RLAR VA NASRIY BITIKLAR


Men 1986 yil 14 mart kuni Farg’ona viloyati, Buvayda tumanining Sho’rtepa qishlog’ida tug’ilganman. Farg’ona davlat universitetining matematika va informatika fakultetini tamomlaganman. Ota-onam o’qituvchi, men ham muallima bo’ldim. Dastlab Uchko’prik Sanoat KHK, keyin Uchko’prik Iqtisodiyot KHKda, so’ng Buvayda tumani 1-umumta’lim maktanbida, undan keyin O’zMTDP Buvayda tuman kengashida ishladim. Hozirda farzand tarbiyasidaman. Oilam, ikki o’g’lim va bir qizim bor.


* * *

Aytsam, balki, ishonmassiz so’zimga,
Quvonchlardan tomchi to’lar ko’zimga.
Tabassum zo’r rasm chizar yuzimga,
Uyimizga Xurshid Davron kelibdi.

Dadam bilan o’ltiribdi gaplashib,
Ulug’bek, Boburdan suhbatlashib.
Said Ahmadni eslashibdi yayrashib,
Uyimizga Xurshid Davron kelibdi.

Uyalibman yonlariga kirolmay,
Qiynalibman ishqimni bildirolmay,
Derazadan poylabman jim turolmay,
Uyimizga Xurshid Davron kelibdi.

Quloq tutib ularning suhbatiga,
Samarqandga ketib qopti xayolim.
Sherdoru Ulugbek madrasasin,
Ta’riflardi ichkarida zo’r olim.

Sezmay qopman qachon uydan chiqqanin,
Chimirilib, menga jiddiy boqqanin.
Jilmayibdi ko’rib mening qo’rqqanim,
Uyimizga Xurshid Davron kelibdi.

Qo’llarida bor ekan bir kitobi,
Kitob emas, ziyo sochar oftobi.
Tilga ko’chdi yuragimning xitobi:
— Uyimizga Xurshid Davron kelibdi!

Quvonchu shodligim bir qush ekan,
Uchib ketdi, ko’rganlarim tush ekan.
Xayol qurg’ur bunchayam sarxush ekan,
Uyimizga Xurshid Davron kelibdi…

* * *

Uyg’on, uyg’onsangchi endi, azizim,
Qara, bahor keldi, ko’zlaringni och.
Uyg’onaqol endi, jigarim, qo’zim.
Ana, sayrayapti ko’kda qaldirg’och.

Oftob nurlarini sochar erkalab,
Peshonam silaydi mayin shabboda.
Duoga qo’l ochar onam ertalab,
Yuragim orziqar tongi sabodan.

Uyg’on deyman yana, uyg’on, birodar,
Ko’rmaysanmi olam naqadar go’zal?
Bulutlari oppoq momik parqudek.
Osmonda tabiat kamalak chizar.

G’aflat bosma, yetar, g’ayrating oshir,
Hamma qimirlagan, sen ham turma tek.
Bahor o’tib ketar, bolangni shoshir,
Hech bo’lmasa yerga bitta nihol ek!

Loqayd bo’lma, uyg’on, uyg’on, vatandosh,
Bu davru davronning qadriga yetgin.
Onangning ko’ziga qo’ndirmagin yosh,
Otangni opichlab Makkaga eltgin.

Vatan

Avval bola edim, o’quvchi edim,
O’zimcha madhingga so’z to’quvchi edim.
Yalangoyok chopib ko’m-ko’k maysangda,
Bulutga zavq ila boquvchi edim.

Bugun o’ltiribman qalamim chaynab,
Cheksiz osmoningni bag’rimga joylab.
Yurakka sig’magan buyuk ishqimni,
Bir parcha qog’ozga joylashni o’ylab.

Bir she’r yozsam-u, chiqsam humordan,
So’zlarim sehrli bo’lsa tumorday,
Ko’z tegmasin, deya asrab-avaylab,
Sharafing saqlasam nomusu orday.

Vatan, senga shunday yoqqim keladi,
Bo’yninga tumorlar taqqim keladi.
Suvlari jilvagar anhorlaringda,
Ishqimga belanib oqqim keladi.

* * *

Peterburgning oydin oqshomi,
Yop-yorug’, sutdek oq,
Oq emas,
Pok — bola qalbidek.

Osmonlar uyg’og’-u,
Olam jimgina
Kuzatar birgina
Bezovta jonni –
Ko’zlariga uyqu inmas
Uyg’oq insonni.

Osuda tun,
Tun emas,
Go’yo kun,
Kun – eng yorug’ tongdek.

Hamma uyquda-yu,
Osuda hayot,
Tilida bayot,
Yozar dardini –
To’kar oq qog’ozga
Ko’ngil gardini.

Peterburgning oydin oqshomi…

* * *

Boshingga kelsa tashvish,
Ne baloyu ne yumush,
Dema, Xudodan bu ish —
O’zingga o’zing qilding.

Omading ketsa qo’ldan,
Tikonlar chiqsa yo’ldan,
Nolima yomg’ir, do’ldan —
O’zingga o’zing qilding.

Qadamni o’ng bosmasang,
Imon sari shoshmasang,
Vijdoningni sotmasang,
O’zingga o’zing qilding.

Ado etmay ko’z haqin,
Qarindosh, do’st, tuz haqin,
Dilingdagi so’z haqin —
O’zingga o’zing qilding.

Sellar oqsin tavbangdan,
Pushmon balqsin tavbangdan,
Titroq o’tsin gavdangdan —
O’zingga o’zing qilding.

Degin: “Xudoyo, bildim,
Ne gunohlarni qildim.
Qaytib o’zingga keldim —
O’zimga o’zim qildim”.

03.02.2018

* * *

Bu ko’chaning bir paytlar
Uylari bir xil edi.
Hatto marosim, bayram,
To’ylari bir xil edi.

Bir xil edi eshik-rom,
Devorlar bitta rangda.
Bab-barobar edi tom,
Bugun-chi, bir qarang-da…

Burnog’i yil manov uy
Tuppa-tuzuk turuvdi.
Egasi Xotam buva
Mahallada yuruvdi.

Qo’shnisi Komil boyga
Havas qipti shekilli,
Kim bilsin, balki zimdan
Hasad qipti shekilli.

Tomin buzib qaytadan
Yoptiribdi erinmay.
Tilla rangli darvoza
Toptiribdi erinmay.

Devorlari zar suvoq,
Saroyning o’zginasi.
Asl tillaga pulning
Yetmapti ozginasi.

Xotam buva yuribdi
Mahallada kerilib.
Kecha o’zim ko’ruvdim,
Qo’lin orqaga ilib.

Xotam buva, hoy buva,
Siz boy buva, biz g’arib.
Darvozangiz oldida
Masjid turar mung’ayib.

Mirzaterak

“Men hammadan balandman!”,
Maqtanar mirzaterak.
Yaproqlari shitirlab
Chayqalar mirzaterak.

Yonida kamtar yong’oq,
Mevasi g’ujum-g’ujum.
Yelning belanchagida
Tebranadi u ham jim.

Mensimas uni terak,
Gerdayadi havolab.
Tanbeh bergan bir tolga
Javob qaytardi boplab:

“Vaqillama, shamol ham
Meni qo’rqita olmas.
Ildizlarim mustahkam,
Qo’porib tashlayolmas…”

Esayotgan shabboda
Shamolga aylandi-ku.
Terakning yuragiga
G’ulg’ula joylandi-ku.

Quturdi xo’p bu shamol,
Bug’doyzorlarni yanchib.
Terakvoyning qurt yegan
Biqini qoldi sanchib.

Oh chekdi u g’ichirlab,
Hech ish kelmas qo’lidan.
Shamolga dosh berolmay,
Sinib ketdi belidan.

Qiynalgan desam joni,
Yerga tushmabdi, biroq
Uni suyab qolibdi
O’sha pakana yong’oq.

2003

Bibliobus

Ushbu so’zga duch kelib ilk bor,
Talaffuzin ayladim takror:

“Bibliobus”,
“bibli-obus”,
O’xshashi bor uning: “globus”.

Xo’p ajoyib, qiziq so’z ekan,
Qarindoshi avtobusmikan?

Nimadir u, ma’nosi nedir?
Qay sohada qo’llanur, qidir.

Korxonami yoki apteka?..
Topdim, axir “biblioteka”!

Avtobus va kitob – o’zagi,
Kutubxona avtobusdagi.

Tong
044
Derazam ko’rina boshladi,
Tong yorishmoqda!
Teraklar chayqalib,
Olqishlar tongni.
Qora ko’kka aylanib,
Rang qorishmoqda,
Tusi o’zgarmoqda
Osmonni.

Shamolkuyga o’ynab,
Noz-la tebranib,
Derazamda raqs etar
Qora yaproqlar.
Shunday to’yni buzib,
Vaqtga elanib,
Tun bo’yniga ildi
Og’ir sirtmoqlar.

Ko’hi Qof ortiga
Ketdi bosh egib,
Bulutlar ko’rina
Boshladi ma’yus.
Raqqosa teraklar
Boshlari egik,
Tunga vido aytib,
Tongga burar yuz.

Lab pichirlab o’qir
Olam Inshosin…
Teraklar qaddini
Rostladi.
Shamol ketdi chopib –
Asir oshnosi,
Musavvir ranglarni
Kunga mosladi.

Sen va men

Yettinchi osmonda yashayotirman,
Meni bilmaslardan ancha tepada.
Shu holda o’ttizdan oshayotirman,
Endi o’tadirman shu kepatada.

Pastda odamlar bor, tepada Xudo,
O’rtada men va sen, hamda pok yurak.
Va o’rtada ko’ngil – mehrdan judo,
Senga men kerag-u, menga sen kerak.

Bilasanmi, qaysar yurak nima der?
Ketaylik bosh olib osuda yoqqa.
Umringning oxirgi o’n yilini ber,
Uni to’ldirayin rangin bo’yoqqa.

Kel, birga chiqaylik KUN peshvosiga,
Sendan ayrilmoqni istamas ruhim.
Haqning nazari bor dil oshnosiga,
Yodi, yoding bilan to’la shukuhim.

* * *

Siz kuzni sevasiz,
Menga bahor yoqadi.
Kuzga zargar tabiat
Tillaqoshlar taqadi.
Yuragimni titratar
Hazonlarning jarangi
Bog’larda mag’lub kezar
Sog’inchning turfa rangi…

Siz kuzni sevasiz,
Menga bahor yoqadi.
Bahorda kulgan quyosh
Kuzda g’amgin boqadi.
Bahorning ertasi ko’k,
Yashil, qizil, binafsha.
Unda yoshlik va sho’xlik,
Umidvorlik hamisha.

Kuz kabi u ham ko’xlik.
Biroq…
Pichirlaydi ma’sum kuz:
“Yo’qlik!”

Tuyg’u

So’zlaringdan uchqun sachradi,
So’zlarimdan sachradi uchqun.
Lahzadayoq tutay boshladi,
Osmonlarni qopladi tutun.

Tomog’imni kuydirdi bir dud,
Yutinolmay hayrona qoldim.
Tilsim edi, sir edi yoxud,
Yetinolmay o’ylona qoldim.

Hali erta edi aytmoqqa,
Ehtiyotkor tuyg’ular dilgir.
Ko’nglimdagi yam-yashil boqqa
Sabiy nigoh tashlab ulgurding.

Boqding, barcha zumrad yaproqlar
Qarog’imni to’ldirdi, ko’chdi.
Biroq
yurak qora o’choqday
Tutadi-yu, yonmasdan o’chdi.
12.07.2018

Masnaviyni o’qib
Ustoz Odil Ikromga

“Masnaviy”ni o’qib ko’zlarim tindi,
So’nggiga yetolmay ko’nglim o’ksindi.

Muncha kam bo’lmasa mendagi toqat,
O’zidan so’rayman ilohiy quvvat.

Iloho, toldirma bu yo’lda meni,
Har lahza ko’raman o’ng-so’lda Seni.

Iloho, ko’ngliga yetkazmay shikast,
Fikrim bayon aylay xolis va beko’st.

Misralar marjonu so’zlari durdek,
Dilga oqib kirar ma’nosi nurdek.

Ko’z nurini qancha sarflasa arzir,
Mehnatning poyoni, albatta, huzur.

Aqlim shoshar qaydin buncha ohang, deb,
Ul aytadir, naydin buncha ohang, deb

Bitta cho’p navosi yurak qa’riga
Yetib, malham bo’lar dardlar bariga.

Kuy sehriga monand jonbaxsh va buyuk
Yana bir sehr bor – jonlarga suyuk.

So’z deb atalgaydur, qalamdan paydo,
Ishq ahliyu ilm ahli bo’ldilar shaydo.

So’z ila toparlar ko’ngillarga yo’l,
So’z-da g’aliz bo’lsa, dog’lanadi dil.

Ilmu urfon ila so’zni yuksaltmoq —
Oriflar oldida o’zni yuksaltmoq.

Kamtarin tillarni kesmaydi qaychi,
Navoni tindirma, tinma, ey naychi!

Yozguvchiga dilda tahsinlarim bor,
Bo’lsin anga Xaqning yaxshilari yor!

Yo’l-yo’lakay
(turkum)

1.
Avtobus chorrahadagi bekatda uzoq turib qoldi. Mashinalar tirband. Erta tongdan hamma qayoqqadir shoshilmoqda. Yo’lning o’ng tomoniga taksilar, damaslar tartibsiz to’xtab turib olgan. Ularning yonida bir qator mevafurush olibsotarlar. Piyodalar esa chumolidek u yoqdan bu yoqqa g’imirlaydi.

Ikki avtomobil narida turgan oq damas haydovchisiga ko’zim tushdi. U peshonasidagi ko’zguga qarab jimitdek qaychicha bilan bamaylixotir soqolini qirqib, qirtishlab o’tirardi.

2.
Yo’lning narigi betida sadaqa so’rab yurgan bir tilanchi ota va uning o’smir qizi borardi. Otaning juldur kiyimi, qizning yupqa sariq kurtkasi ostida ilviragan ishtonidan chiqib turgan ozg’in oqlarini ko’rib: “Nahotki, bugungi to’kin diyorimizda ham shunchalik g’arib insonlar uchrasa?” deb o’yladim.

Qizaloq yo’lovchilardan biriga qo’lini cho’zdi. Yo’lovchi unga qog’oz pul berdi. Qizaloq unga tabassum qildi va pulni olib, hayratlandi, havoga tutib ko’rdi. Soxta emasligiga ishonch hosil qilgach quvonib, gir aylandi. So’ng pulni dadasiga ko’z-ko’zlay boshladi. U shunchalik quvondi-ki…
Yo’lovchi unga necha so’m berdi ekan-a?

3.
Avtobus haydovchisi bilan ancha chiqishib qoldim. Har kungi salom-alikdan o’rtamizda iliqlik paydo bo’ldi. O’ziyam quvnoq va xushchaqchaq yigit ekan. Passajirlarga ham sertakalluf. Hamma bilan go’yo tanishdek muomala qiladi. Bir kuni u mendan telefon raqamimni so’radi.

— Kechirasiz, berolmayman, — dedim.

U nimanidir o’ylab ko’rdi-da:
— To’g’ri qilasiz, — dedi.

Ertasi kuni yana so’radi.
— Yaxshisi, siz bering, — dedim. Berdi.

-Nega qo’ng’iroq qilmadingiz? – so’radi u indingi kuni. Men yelka qisdim.

— To’g’ri qilasiz, — dedi yana nimanidir o’ylab olgach.

Keyingi kun u bekatdagi mevafurush olibsotarlardan bir dona qip-qizil olma sotib oldi. Men hayajonlana boshladim.

U olmani qo’lida bir-ikki otib o’ynagancha bir oz o’ylandi va karsillatib tishladi.

“To’g’ri qilasiz”, — dedim men ichimda.

4.
Dugonalarim bilan yo’l-yo’lakay muzqaymoq yeb ketmoqchi bo’ldik. Yaltiroq qog’ozli, shokoladli muzqaymoq xarid qildik. Muzqaymoqning qog’ozini qayerga tashlashni bilmadim. Yo’lda birorta ham axlat qutisi yo’q. Cho’ntagimga sololmayman, sumkamda kitoblarni rasvo qiladi. Dugonam hech ikkilanmay, o’zinikini yelkasi osha ortiga irg’itdi. Yana bir dugonam odob bilan bir chetga tashladi. Men esa muzqaymoqni yeb bo’lsam ham, qog’ozini hamon qo’limda ushlab yuribman.

Avtobusga chiqdim. Ortimdan katta sumka ko’targan bir ayol chiqdi. U old o’rindiqqa, men orqaga o’tirdim. Sumkasini oyoqlari orasiga joylab olgach, pista chaqa boshladi. Bir zumda avtobusni qovurilgan kungaboqar donalarining dimoqqa uriluvchi hidi tutib ketdi. Haydovchi ayolni ogohlantirdi:
— Bu yerda chaqmang, iflos qilasiz!

Ayol haydovchiga hovuchini ko’rsatib:
— Pastga tashlamayapman, mana, po’chog’i qo’limda, — dedi va labiga yopishgan pista donasini yulqib oldi.

Bir ozdan so’ng avtobus yura boshladi. Shunda ayol shoshilib o’rnidan turdi-da, bir siqim pista po’chog’ini avtobus eshigidan yerga sochib yubordi.
Qo’limdagi muzqaymoq qog’ozi barmoqlarim orasida g’ijimlanib ketdi.

5.
Yana chorraha yonidagi bekat. Bir necha daqiqalik to’xtash.
Avtobusga yoshi ulug’ onaxon, aniqrog’i, bir kampir, yanayam aniqrog’i, bir g’arib qariya chiqdi.
— Bismillohir rohmanir rohim!

U old o’rindiqqa joylashib, nafas rostladi. So’ng hammaga bir-bir qarab chiqdi.

— “Malham”ga boradimi bu avtobus? – dedi baland ovozda.

— O’sha tomonga yuradi, lekin yetib bormaydi, — dedi kimdir. Kampir odamlarga qarab angraydi. Keyin savolini yana takrorladi:

— Bu avtobus “Malham”ga boradimi? To’g’ri chiqdimmi?

— “Malham”ga yetmasdan buriladi, — dedi yana kimdir, — ozgina piyoda yurishingizga to’g’ri keladi. Yaxshisi, damasga chiqing, xola.

Kampir yana angraydi. So’ng haydovchidan so’ramoqchi bo’ldi, haydovchi esa unga qaramadi.

Odamlar nimanidir tushundi. Odamlar bosh chayqadi. Odamlar achindi. Farzandlari yo’qmikan, dedi birov. Nevara-pevarasini yetaklab olmabdi-da, dedi boshqasi. Nihoyat, yaqinoroqdagi bir ayol qo’li bilan “Yo’q” ishorasini qilib, baland-baland ovozda tushuntirdi:
— Bu avtobus “Malham”ga bormaydi, xola! Siz, yaxshisi, pastdagi anavi damaslardan biriga chiqing! Eshigida to’xtaydi!

Kampir “A-a-a”, degancha o’sal bo’lib, avtobusdan tusha boshladi.
— Bismillohir rohmanir rohiym!

Men markaziy poliklinikaga yo’l olgandim. Navbatim kelib, vrach qabuliga kirganimda, ichkarida boyagi kampirni ko’rdim. Ko’nglimni nimadir tirnab o’tdi. Yo’limiz bir ekan-ku…

6.
Ishga shoshilyapman. Taxminan besh daqiqada avtobus keladi. O’n besh daqiqa o’tmay ishga yetib olaman. Kechikmayman. Kelaqolsaydi…

Ana, uzoqdan uning oqi ko’rina boshladi. Qo’l siltadim. Ammo … Buni qarangki, avtobus to’xtamay o’tib ketdi. Nahotki?! Shunaqasiyam bo’larkan-da?

Noiloj keyingi avtobusga chiqdim. Ishga kech qoldim.

7.
Bu gal chorrahani piyoda kesib o’tyapman. Avtomobillar biram tirbandki, hamma yoq tartibsiz. Taksistlar ertalabdan yo’lovchi kutib zerikib, pista chaqib o’tirishibdi.

Shu payt tufligim uchiga bir dona pista po’chog’i kelib tushdi. Men taqqa to’xtadim. Taksistlardan biri mashinasiga suyanib turardi. Qo’lida bir siqim kungaboqar donalari.

— Farosatingiz bormi?! Bu nima qilganingiz?! Naqadar surbetlik?! Naqadar betamizlik?! Oyoq ostini qarang, katta xolangiz supuradimi bu yerni? Ko’chaning egasi yo’qmi?! Marhamat qilib tufligimga yopishgan po’choqni tozalab qo’ying! – deya miriqib adabini bersam edi uning.

Yo’q, bunday demadim. Uning ko’zlari hijolatdan yonardi. Ehtimol, u mening ko’zlarimda yeb qo’yaman degan vajohatli nigohni ko’rgandir.

— Hech kim nazorat qilmaydi-da! – dedim unga achchiqlanib. U esa miq etmadi. Qotib qolgandi. Basharasi soqolsiz Ivan Grozniyning huddi o’zi.

Ertasi kuni yana o’sha mashinalar orasidan o’tarkanman, birorta ham pista chaqayotgan haydovchiga ko’zim tushmadi.

Uzoqdan esa soqolsiz Ivan Grozniy men tomonga qarab turardi.

07

(Tashriflar: umumiy 883, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум, устоз Хуршид Даврон! Бу менинг илк чиқишим, ғоят қувондим. Эътибор учун ташаккур!

Izoh qoldiring