Abdulhamid Cho’lpon. Audioshe’rlar & Umid Bekmuhammad. Bokudagi Abdulhamid Cho’lpon tasviri

08 Икки йил аввал  тақдим этилган саҳифамизни яна  бугунга олдик

     Жадид адабиётининг етук намоёндаси Чўлпоннинг қиёфаси акс этган фотосуратлар бугун кўпчиликка маълум. Шукрки, андижонлик профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг Озарбайжон диёрида олиб борган изланишлари туфайли шу пайтгача номаълум бўлган жонли сиймоси-кинотасмадаги тасвири топилди.

БОКУДАГИ АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН ТАСВИРИ
Умид Бекмуҳаммад


Жадид адабиётининг етук намоёндаси Чўлпоннинг қиёфаси акс этган фотосуратлар бугун кўпчиликка маълум.Шукрки, Андижонлик профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг Озарбайжон диёрида олиб борган изланишлари туфайли шу пайтгача номаълум бўлган жонли сиймоси-кинотасмадаги тасвири топилди.

Рустамбек Шамсутдинов-тарих фанлари доктори, “Мерос” халқаро илмий –амалий экспедиция жамоат фонди раиси, “Водийнома” журнали бош муҳаррири, Андижон Давлат Университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори.Ўзбекистоннинг қадимги давридан ҳозирги кунгача бўлган тарихи бўйича йирик мутахассис сифатида 50дан ортиқ монографиялар, рисолалар муаллифи.Унинг олий ўқув юртлари учун “Ватан тарихи”,”Ўзбекистон тарихи” асарлари 4 марта қайта нашр қилинган.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустамбек Шамсутдинов хориждаги кўплаб архивларда ишлаш жараёнида Ватанимиз тарихига оид кўплаб ҳужжатларни тадқиқ қилиб, илмий истеъмолга киритган.Айнан Бокуда олиб борган изланишлари боис эса Чўлпоннинг кинотасмага олинган сиймоси Андижонга олиб келиниб музейга жойлаштирилди.

2017 йилнинг 9-16 октябрларида Боку шаҳрига қилган сафаримиздан кўзланган асосий мақсад.Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган материаллар-ҳужжатлар, фото ва кинохроникалар топиш ва уни илмий тадқиқ этиб, оммага етказишдан иборат эди.Чунки 22 ёшли Чўлпон 1920 йилнинг 1-8 сентябр кунлари Боку шаҳрида бўлган Шарқ халқларининг биринчи қурултойида иштирок этган.Бундан ташқари,Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, маърифий муносабатлари, дўстлик ришталари тарихига оид ҳужжат ва материаллар излаб топиш ҳам мақсад қилинган эди.

Боку шаҳрининг Гасанбек Зардобий кўчаси 593-уйда жойлашган Озарбайжон Республикаси Миллий архиви директори, тарих фанлари номзоди Эмин Мамдед ўғли Сардаров бизни жуда илиқ ва самимий кутиб олди.Эмин Сардаров 1987-90 йиллари ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети тарих факультетида таҳсил олган завқ-шавққа тўла талабалик йилларини эслаб ўтаркан бажондил ёрдам берди. Архивда 45 йилдан бери ишлаётган ,Озарбайжонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сима Бобоевани чақириб,Шарқ халқларининг биринчи қурултойи материалллари билан таништириш, улардан ксеро ва электрон нусха олишга ёрдам беришни илтимос қилди.Биз Сима Бобоева билан ҳужжатлар сақланаётган хонага кирдик. Архивдаги изланишларимизда қурултойнинг стенографик ҳисоботи йўқлиги аниқланди.Бироқ қурултой тугагач, тадбир қарори билан ташкил этилган “Народы Востока-орган Совета пропаганды и действий народов Востока” журналининг 1920 йил октябрдаги 1-сони борлиги аниқланди.ушбу журналда қурултой ҳақида батафсил маълумотлар эълон қилинган экан.Журналнинг электрон ва ксеронусхасини олдик.Шу каби архивдан қурултой жараёнини акс этдирган “Коммунист”, “Беднота” тахламларидан ҳам баъзи хабарларни олдик. Шунингдек изланишларимизни Озарбайжон Миллий кутубхонасида ҳам давом этдириб,у жойдаги энг муҳим ҳисобланган китоблардан, Бокуда нашр этилган газеталар тахламларини кўриб чиқиб мавзуга дахлдор айрим хабарлардан ҳам ксеронусха олишга эришдик.

Олиб борган изланишларимиз жараёнида 50 йилга яқин архив ишларига бошчилик қилган,ўша вақтда 80 ёшга тўлган тарихчи олим Отахон Пошоев ,шунингдек Озарбайжон Республикаси кино,фотохроника архиви директори Бугар Мелим, унинг ўринбосари Аида Хонум,кинооператор Юрий Юрьевич Варновскийлар билан ҳам учрашдик.уларнинг берган ёрдамлари билан қурултойнинг 5 ўрам кинохроника тасмасини топдик ва кўздан кечирдик.улар ичидан ўзимиз учун кераклиларини саралаб олдик.қурултой ҳайъати, йиғилиш жараёни, нотиқлар нутқлари, қурултойдан ташқари ўтказилган тадбирлар туширилган кинотасмалардан бири “Сартянки-Узбеки” деб номланган экан.
09

Шу тасмада бир гуруҳ туркистонлик ўзбеклар қурултой йиғилиши орасидаги танаффусда ташқарига чиқиб суҳбатлашаётганини, улар орасида дўппи кийган Абдулҳамид Чўлпоннинг завқ шавққа тўла жонли сиймосини кўриб беҳад қувончга тўлдик, бамисоли отамизни кўргандек суюниб кетдик.Юртдошим Чўлпоннинг экрандаги жонли сиймосини кўриш биринчи бор менга насиб этганлигидан бениҳоя тўлқинланиб кетдим.Биргина мен эмас,бошқа кўпдан-кўп чўлпоншунос олимлар, адиблар ва уларнинг қариндош-уруғлари, дўсту биродарлари ҳам бу сиймонинг жонли тасвирини шу пайтгача кўрмаган эди.Бокуда сақланаётган ноёб бу кинотасма ҳар бир Ўзбекистонлик учун ниҳоятда бебаҳо, қадрли топилма эканини қалбан ҳис этдик.Шу сабаб биз ўша кинотасмани тўлалигича кўчириб беришни, Чўлпон акс этган кадрларни расмга олиб беришни илтимос қилдик.Бу савоб ишни Аида Хонум ходимлари билан бажариб бизни беҳад қувонтирди.

Озарбайжон диёридан қалбимиз шодлику қувончга тўлиб қайтганимизданоқ,Андижонда истиқомат қилаётган,ўша вақтда 90 яшар яккаю-ягона жияни,хаста ётган Ҳотам ҳожи Мирзахўжаев ёнига шошилдик.Ҳотам ота комьпютеримизга ёзилган кинотасмани кўрганиданоқ, “Мана,мана менинг тоғам Чўлпоннинг ўзи, ёшлик даври, юз тузилишлари, кўз ва бурунлари, бўй-бастлари айни тоғам”,-деб бениҳоя қувонди, анча қувватланди.Ҳожи ота яна беҳад хурсанд бўлиб шундай дедилар:

-Кинотасмани кўрибоқ ҳайрон қолдим.Бундай катта бир нарсани қарийиб олтмиш-етмиш йилдан кейин кўриш жуда катта бахт. Тасвирларга қараб тўрт-беш ёшимизда тоғамни кўрганларим эсимга тушди.Узун бўйли,костюм-шимда, қора галстукда извошдан тушаётгани хотирамда жонланди.Мени қаттиқ қучоқлаб,юзимдан ўпиб,битта совға берган, совғани олиб қувониб югуриб кетганларим ёдимда.Уйимиз Андижондаги ҳозирги №24 мактабнинг рўпарасида эди. Кинотасма тоғамизнинг жонли ҳолатини кўз олдимда намоён қилгани учун биз бениҳоя шодландик, руҳан тетикландик,бу ишни қилган юртошимиздан беҳад миннатдормиз, тоғамизнинг жонли ҳолати биз учун бебаҳо,ноёб маънавий мулкдир, уни асраб авайлаб келгуси авлодларимизга ҳам етказамиз.

Ҳа,  профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг Озарбайжон диёрида олиб борган илмий изланишлари туфайли Чўлпоннинг кинотасмадаги жонли сиймоси топилгани қувончли янгиликдир.Бугунги кунда ушбу кинотасма ва Бокуда ўтказилган 1-Шарқ халқлари қурултойи, унга оид фотолавҳа ,ҳамда бошқа ҳужжатлар Андижондаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейидан жой олган.

   Мақола муаллифи ҳақида: Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган. 1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факултетини тугатган. Меҳнат фаолиятини “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референтликдан бошлаган. Шундан кейин газета, журнал ва бошқа кўплаб жамоат ташкилотларида, олий ўқув юртида ишлаган.
Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 та газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публитсистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган..

Jadid adabiyotining yetuk namoyondasi Cho’lponning qiyofasi aks etgan fotosuratlar bugun ko’pchilikka ma’lum. Shukrki, andijonlik professor Rustambek Shamsutdinovning Ozarbayjon diyorida olib borgan izlanishlari tufayli shu paytgacha noma’lum bo’lgan jonli siymosi-kinotasmadagi tasviri topildi.

BOKUDAGI ABDULHAMID CHO’LPON TASVIRI
Umid Bekmuhammad


Jadid adabiyotining yetuk namoyondasi Cho’lponning qiyofasi aks etgan fotosuratlar bugun ko’pchilikka ma’lum.Shukrki, Andijonlik professor Rustambek Shamsutdinovning Ozarbayjon diyorida olib borgan izlanishlari tufayli shu paytgacha noma’lum bo’lgan jonli siymosi-kinotasmadagi tasviri topildi.

Rustambek Shamsutdinov-tarix fanlari doktori, “Meros” xalqaro ilmiy –amaliy ekspeditsiya jamoat fondi raisi, “Vodiynoma” jurnali bosh muharriri, Andijon Davlat Universiteti tuzilmasidagi “Qatag’on qurbonlari xotirasi” muzeyi direktori.O’zbekistonning qadimgi davridan hozirgi kungacha bo’lgan tarixi bo’yicha yirik mutaxassis sifatida 50dan ortiq monografiyalar, risolalar muallifi.Uning oliy o’quv yurtlari uchun “Vatan tarixi”,”O’zbekiston tarixi” asarlari 4 marta qayta nashr qilingan.O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi Rustambek Shamsutdinov xorijdagi ko’plab arxivlarda ishlash jarayonida Vatanimiz tarixiga oid ko’plab hujjatlarni tadqiq qilib, ilmiy iste’molga kiritgan.Aynan Bokuda olib borgan izlanishlari bois esa Cho’lponning kinotasmaga olingan siymosi Andijonga olib kelinib muzeyga joylashtirildi.

2017 yilning 9-16 oktyabrlarida Boku shahriga qilgan safarimizdan ko’zlangan asosiy maqsad.Cho’lpon hayoti va ijodiga bag’ishlangan materiallar-hujjatlar, foto va kinoxronikalar topish va uni ilmiy tadqiq etib, ommaga yetkazishdan iborat edi.Chunki 22 yoshli Cho’lpon 1920 yilning 1-8 sentyabr kunlari Boku shahrida bo’lgan Sharq xalqlarining birinchi qurultoyida ishtirok etgan.Bundan tashqari,Ozarbayjon va O’zbekistonning ijtimoiy, iqtisodiy, madaniy, ma’rifiy munosabatlari, do’stlik rishtalari tarixiga oid hujjat va materiallar izlab topish ham maqsad qilingan edi.

Boku shahrining Gasanbek Zardobiy ko’chasi 593-uyda joylashgan Ozarbayjon Respublikasi Milliy arxivi direktori, tarix fanlari nomzodi Emin Mamded o’g’li Sardarov bizni juda iliq va samimiy kutib oldi.Emin Sardarov 1987-90 yillari hozirgi O’zbekiston Milliy Universiteti tarix fakulьtetida tahsil olgan zavq-shavqqa to’la talabalik yillarini eslab o’tarkan bajondil yordam berdi. Arxivda 45 yildan beri ishlayotgan ,Ozarbayjonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi Sima Boboyevani chaqirib,Sharq xalqlarining birinchi qurultoyi materialllari bilan tanishtirish, ulardan ksero va elektron nusxa olishga yordam berishni iltimos qildi.Biz Sima Boboyeva bilan hujjatlar saqlanayotgan xonaga kirdik. Arxivdagi izlanishlarimizda qurultoyning stenografik hisoboti yo’qligi aniqlandi.Biroq qurultoy tugagach, tadbir qarori bilan tashkil etilgan “Narodы Vostoka-organ Soveta propagandы i deystviy narodov Vostoka” jurnalining 1920 yil oktyabrdagi 1-soni borligi aniqlandi.ushbu jurnalda qurultoy haqida batafsil ma’lumotlar e’lon qilingan ekan.Jurnalning elektron va kseronusxasini oldik.Shu kabi arxivdan qurultoy jarayonini aks etdirgan “Kommunist”, “Bednota” taxlamlaridan ham ba’zi xabarlarni oldik. Shuningdek izlanishlarimizni Ozarbayjon Milliy kutubxonasida ham davom etdirib,u joydagi eng muhim hisoblangan kitoblardan, Bokuda nashr etilgan gazetalar taxlamlarini ko’rib chiqib mavzuga daxldor ayrim xabarlardan ham kseronusxa olishga erishdik.

Olib borgan izlanishlarimiz jarayonida 50 yilga yaqin arxiv ishlariga boshchilik qilgan,o’sha vaqtda 80 yoshga to’lgan tarixchi olim Otaxon Poshoyev ,shuningdek Ozarbayjon Respublikasi kino,fotoxronika arxivi direktori Bugar Melim, uning o’rinbosari Aida Xonum,kinooperator Yuriy Yurьevich Varnovskiylar bilan ham uchrashdik.ularning bergan yordamlari bilan qurultoyning 5 o’ram kinoxronika tasmasini topdik va ko’zdan kechirdik.ular ichidan o’zimiz uchun keraklilarini saralab oldik.qurultoy hay’ati, yig’ilish jarayoni, notiqlar nutqlari, qurultoydan tashqari o’tkazilgan tadbirlar tushirilgan kinotasmalardan biri “Sartyanki-Uzbeki” deb nomlangan ekan.

Shu tasmada bir guruh turkistonlik o’zbeklar qurultoy yig’ilishi orasidagi tanaffusda tashqariga chiqib suhbatlashayotganini, ular orasida do’ppi kiygan Abdulhamid Cho’lponning zavq shavqqa to’la jonli siymosini ko’rib behad quvonchga to’ldik, bamisoli otamizni ko’rgandek suyunib ketdik.Yurtdoshim Cho’lponning ekrandagi jonli siymosini ko’rish birinchi bor menga nasib etganligidan benihoya to’lqinlanib ketdim.Birgina men emas,boshqa ko’pdan-ko’p cho’lponshunos olimlar, adiblar va ularning qarindosh-urug’lari, do’stu birodarlari ham bu siymoning jonli tasvirini shu paytgacha ko’rmagan edi.Bokuda saqlanayotgan noyob bu kinotasma har bir O’zbekistonlik uchun nihoyatda bebaho, qadrli topilma ekanini qalban his etdik.Shu sabab biz o’sha kinotasmani to’laligicha ko’chirib berishni, Cho’lpon aks etgan kadrlarni rasmga olib berishni iltimos qildik.Bu savob ishni Aida Xonum xodimlari bilan bajarib bizni behad quvontirdi.

Ozarbayjon diyoridan qalbimiz shodliku quvonchga to’lib qaytganimizdanoq,Andijonda istiqomat qilayotgan,o’sha vaqtda 90 yashar yakkayu-yagona jiyani,xasta yotgan Hotam hoji Mirzaxo’jayev yoniga shoshildik.Hotam ota komьpyuterimizga yozilgan kinotasmani ko’rganidanoq, “Mana,mana mening tog’am Cho’lponning o’zi, yoshlik davri, yuz tuzilishlari, ko’z va burunlari, bo’y-bastlari ayni tog’am”,-deb benihoya quvondi, ancha quvvatlandi.Hoji ota yana behad xursand bo’lib shunday dedilar:

-Kinotasmani ko’riboq hayron qoldim.Bunday katta bir narsani qariyib oltmish-etmish yildan keyin ko’rish juda katta baxt. Tasvirlarga qarab to’rt-besh yoshimizda tog’amni ko’rganlarim esimga tushdi.Uzun bo’yli,kostyum-shimda, qora galstukda izvoshdan tushayotgani xotiramda jonlandi.Meni qattiq quchoqlab,yuzimdan o’pib,bitta sovg’a bergan, sovg’ani olib quvonib yugurib ketganlarim yodimda.Uyimiz Andijondagi hozirgi №24 maktabning ro’parasida edi. Kinotasma tog’amizning jonli holatini ko’z oldimda namoyon qilgani uchun biz benihoya shodlandik, ruhan tetiklandik,bu ishni qilgan yurtoshimizdan behad minnatdormiz, tog’amizning jonli holati biz uchun bebaho,noyob ma’naviy mulkdir, uni asrab avaylab kelgusi avlodlarimizga ham yetkazamiz.

Ha, professor Rustambek Shamsutdinovning Ozarbayjon diyorida olib borgan ilmiy izlanishlari tufayli Cho’lponning kinotasmadagi jonli siymosi topilgani quvonchli yangilikdir.Bugungi kunda ushbu kinotasma va Bokuda o’tkazilgan 1-Sharq xalqlari qurultoyi, unga oid fotolavha ,hamda boshqa hujjatlar Andijondagi “Qatag’on qurbonlari xotirasi” muzeyidan joy olgan.

   Maqola muallifi haqida: Umid Bekmuhammad (Bekimmetov) 1975 yilda Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlog’ida tug’ilgan. 1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakultetini tugatgan. Mehnat faoliyatini “Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida referentlikdan boshlagan. Shundan keyin gazeta, jurnal va boshqa ko’plab jamoat tashkilotlarida, oliy o’quv yurtida ishlagan.
Umid Bekmuhammadning O’zbekiston va xorijdagi 60 ta gazeta-jurnallarda 700 dan ko’p tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli o’limlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatag’on qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatag’on qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta ko’ngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan..

33

(Tashriflar: umumiy 1 270, bugungi 1)

Izoh qoldiring