Эссе мен севган адабий жанрлардан биридир. Шу сабабдан мамнуният билан Наврўза Маҳамадхўжаеванинг икки эссесини тақдим этаман.
Наврўза Маҳаммадхўжаева
ИККИ ЭССЕ
“Токи сўнгги нафасдай ўлгин…»
(эпистоляр эссе)
Марина Цветаевага
Қай бир кун Айвазовскийнинг картинасига тикилиб турибман-у, бирдан ўлжа исини туйқус сезиб қолган овчи итининг ҳолатига тушгандек бўлдим. Мен ўзимни мафтун этувчи Айвазовский билан сени бир чизиқда туташтира олгандим. Қизиқ-а? Гоҳ измини аллақачон денгизга қўш қўллаб тутқазиб қўйган қайиқларнинг, картинадан сенга иложсиз тикилиб турган одамларнинг унсиз фарёдига қўшилиб тўлқинларнинг, бўронларнинг овози қулоғингга қуйилади, гоҳ исёнини сукутга ўраган денгизнинг сокинлиги олдида юрагинг дупурини эшитмайдиган даражада карахтликка тушасан. Сен ҳам шундайсан, биласанми? Ёнимда анча вақт муҳаббатга қондира олмаётган қалбинг билан ададсиз исён қилишга уринасан ва бирданига, ҳа, бирданига сукутга чўмасан. Туриб-туриб, масрурлигингни, бахтдан масрурлигингни мақтанганча яна олдимдан узоқлашасан. Иккингизни сукутингизда ҳам басма-басига ёпирилиб келаётган шиддатни сезаман. Шитоб учун тузоқ эканлигини сезиб қоламан. Боз устига, сен – Маринасан. У маринист бўлганидек. Ўзинг айтгандинг-а?
“…Ажиб исм танламиш Худо
У – денгиздан менга хотира.”
“…Менинг учун Тангрим этмиш ҳал
Денгизга хос қалбим бисоти!”
(Гулноз Мўминова таржимаси)
Билмадим, тушунтира олдимми сенга ё йўқми. Сиз иккингиз менинг денгизга, денгиз шиддати яширин руҳиятга бўлган эҳтиёжим остида бирлашиб кетасизлар, хуллас. Майли, мени қўя турайлик.
Мен сени таниганимдан бери бир нарсани кўп ўйлайман: сен, назаримда, бахт ва бахтсизлик билан эгиз туғилдинг. Ва мана шу иккиси омихта бўлишни бошлаган нуқтада сендаги фожиа бошланди. Ҳаттоки, жудаям эрта бошланди. Татяна ва Онегинни севинчини жуссангга сиғдира олмайдиган даражада севиб қолганинг ва ёвнигоҳ қарашлар билан сийланганингда, ичингда тинчлик бермас даражада Сўзга муҳаббат бодраётган бир вақтда онанг тинимсиз, қаттиққўллик билан этюд-у гаммалар билан руҳингни чалғитганида, Ася, Валерия, Андрейга етаётган меҳр ва эътиборнинг сенга етмаётган — қониқтиролмаётганида бошланган. Ва бу табиий ҳам эди, менимча. Хоҳ оғриқли, хоҳ ҳузурбахш бўлсин, умуман, ҳамма ҳисларни, шунчаки, меъёрий даражада эмас, ҳаддидан ортиқ даражада талаб қилишингнинг дебочаси эди бу. Онанг ёки отанг керагидан ортиқ эътибор берганда ҳам, бу сенга етмасди. Демак, уларга айб тиркаш ҳам ноўрин. Бироқ, сен бор-йўғи 6 ёш эдинг ўша пайт, тушуняпсанми? Мана шу мени даҳшатга соларди. Болалигингни ўзиёқ шу қадар қуйма бўёқлар билан бўялдики, мен кўчани тўлдириб ҳайқирганча у ёқдан бу ёққа югураётган, ўзларини ҳаддидан аъло бахтли қилоладиган, беғубор болакайларга қараганимдек тикилолмасдим сенга. Онанг айтган экан: хаёлингда қандайдир қаҳрамонлар, оддий ва оддий бўлмаган одамларни яратиб, уларни қаттиқ яхши кўришга ружу қўйган экансан. Улар билан сўзлашишга, ўзингни мамлакатингнинг фуқаролари қилишга уринавераркансан. Сен чиндан “…қоронғу ой ичра ҳасос, мағрур хаёлпараст…” эдинг. Ўша вақтданоқ. Билмадим,15 ёшингда сени ваҳимага солмаган дўнг қабрлар ичида – қабристонда тунаб қолишларингга нималар сабаб бўлди. Эҳтимол, вафот этган онангни туйқус хаёлингдаги қаҳрамонлар каби қаттиқ яхши кўриб қолгандирсан. Эҳтимол, жамиятга, умуман, ҳаётга нисбатан муросасизлигинг каттариб боришни бошлагандир. Эҳтимол, ўртанишга, фожиага тобора эҳтиёжинг ортиб борди. Эҳтимол…билмадим. Барибир, ўсмирликдаги умидларингда ажиб бир соддалик бор эди. Ҳар гал жингалак соч ўсиб чиқиши умидида қайта-қайта сочингни таг-тагидан олдираверганингда, вақт истакларингга соя солаверсаям, сени кўзинг барибир чўғланаверди. Умрингни худди ўсмирдек яшаб ўтдинг, наздимда: бетизгин, нима истаётганингни баъзан илғай олмай, муҳаббатга шу қадар ўч, гоҳ таскинсевар, гоҳ ишқпараст.
“Диққат билан тингланг: мен сизга худди ўлим олдида тургандек сўзлаяпман. Шеър ёзишнинг ўзи менга камлик қилади. Пьесалар ёзиш ҳам мени қаноатлантирмайди. Тушуняпсизми, менга эрта-ю кеч ҳар соатда севмоқ учун яна нимадир ёки кимдир керак (яхшиси, НИМАДИР). Бари бир нуқтада уйқашсинки, мен уйғонишга улгурмай қолай, худди ўлим каби. Менинг бутун умрим оғир меҳнат кунимдан кейин донг қотиб ухлаган тунимдек бўлсин.”(кундалигидан)
Марина, сени дунё барибир тўйдиролмасди. Эҳтиёжингни қондиришга қурби етувчи захираси бўлмаган бу дунёнинг. Овунчларинг Пастернак берган ўша арқонда тугаб битганди. Ортиқ овунчларга ҳам дош беролмас даражага етиб бўлгандинг. Сен Шоир бўлибгина туғилдинг. Тамом. Она бўлолмадинг, тайин рафиқа бўлишни ҳам уддасидан чиқмадинг, фарзандликни ҳам эпини қилолмадинг. Шоир эдинг. Бор-йўғи шоир.
Тонгда уйғонгач сурган хаёлларимни тушларимдан фарқлолмай қоламан баъзан. Қайсидир кун шундай бўлди. Тушми, хаёлми бу, билмайман. Сен Иринани кўтарганча, қабристон ичида юрибсан. Унга шеър ўқиб беряпсан. Ҳа, бу ростдан Ирина эди. Аля эмас! Ўша сен хушламаган, ҳеч қачон сени ёнингда болаларча эркалана олмаган, етимхонада оч қолганча қазосини топширган қизинг. Эсимда, қанчадир вақт сени ўқимай қўйдим шуни билгандан кейин. Рост. Кўз олдимга ташқарига чиқиб кетаётганингда оёқчаларини кресло оёқларига боғлаб кетадиган 2-3 яшар қизинг қайта-қайта келаверди. Мендан нажот умид қилиб, овоз чиқаришга-да қўрқиб йиғлаётгандек туюлаверди. Ўқиёлмадим. Биласанми, Ирина шеърларинг ҳалқасига яна ҳалқалар қўшиб бориши мумкин эди. Анна (Ахматова шарафига) деб исм қўймоқчи бўлган вақтинг фикрингдан қайтганинг учун умидларнинг — адабиёт қилаётган умиднинг— интиқоми бўлгандир бу қисмат. Айтганимдек, сен Шоир эдинг. Она эмас. Лекин, Иринани ҳам ўлгудек яхши кўргансан деб ўйлаб қоламан. Унга ҳам, ўзингга ҳам азоб бериб севгандексан. Билмайман, у вақт руҳинг қандай инқирозлар исканжасида бўлган. Балки, дафн қилишга-да боролмаган қизингни ўйлаб, ўша тор ва тартибли хонангда ёстиқ қучиб хўнграгандирсан ҳам. Ўзи сени доим шу каби фожиаларнинг хумори тутиб келмаганмиди?
Барибир қайтдим. Кундалигингга, хатларингга, шеърларингга. Севинч билан азоб, эҳтирос билан ишқсизлик, оғриқ билан ҳузур уйқашиб кетган шеърларингга. Туйғулари зич ва таранг, таскин бериб турган бир вақтда яна шу таскинни юлқиб оладиган шеърларингга.
“Мен қанчалик яшаш истамай,
Оҳ, шунчалик ўлгим ҳам келди!”.
17 ёшингда ўлишинг учун бир боғдан ўзингга қабр учун жой ҳозирлатганинг ёдингдами? Ҳар нафасда ўлимнинг жилваси сени ўзига тортиб турди. Йўқ, бу ўз-ўзини барбод қилиш, яшашга бўлган умидсизликнинг кўриниши эмас эди. Асло! Сенинг ҳар нафасингдан умид чакиллаб томиб турган.
“Сиз шеърлар, шунчаки шеър эканлигига ҳаддан ортиқ ишонасиз. Ундай эмас. Айнан менда, ундай эмас. Мен ёзаётган вақтда ўлишга тайёр тураман.“(кундалигидан)
Бу бор-йўғи оқибати ўлимдек фожиаларга, баланд ва ёниқ ҳисларга ўч эканлигингдан эди.
“Шаробингга аралаштирдим
Куйдирилган соч толаларин,
Токи ичинг куйдирсин ғамим,
Токи жўшсин дил нолаларинг.
…Токи кўр бўл — зулматга тўлгин,
Токи ўтдек қуригин, сўлгин,
Токи сўнгги нафасдай ўлгин.”
(Хуршид Даврон таржимаси)
Шеърларингга кўчиб тушаётган ҳисларинг ҳам шуни жар солди, оқибатда. “Кўзингга кафтингдек, лабингга боланг исмидек таниш” ишқингни охират китобида гуноҳ эканлигидан азобланиб турдинг.
“…Юрак — ишқнинг шароби,
Яхшидан — яхши шароб.
Аёллар йўргакданоқ
Бировга гуноҳ, азоб.”
Ва, бирдан яна исёнга ўтдинг:
“…Қўй осмонни, узоқ у,
Ердаги лаблар яқин.
Аёлмассан, билмайсан,
Бизни қарғама, тангрим.”
(Қутлибека Раҳимбоева таржимаси)
Чехияда, дарбадарликда яшаб юрган вақтинг ёзаётган шеърларингни тинглайдиган ҳаттоки битта инсон йўғида ҳам унга қўядиган ўта қаттиқ бадиий талабларингни кўриб уялдим, рости. Ўзимдан уялдим.
Бир саҳнада шеър ўқиётгандинг. Нафасларинг бўғзингни ёрадигандек ёқимли оғриқ билан, худди “томирингни кесиб атрофга шарқиратиб ҳаёт ва шеър оқизаётгандек” берилиб ўқирдинг. Тингловчилар ичида бир олтинсоч болакай қўлларингнинг нимага бу қадар қорайиб кетганини сабабини сўради. Сен уни содда кўзларига қараб бутун умр картошка арчиб ўтганингни айтолмадинг. Гапиролмадинг. Бўғзинг эса бадтар оғирлашиб, йиғлолмай, пиёда қадамларинг сени уйингга олиб кетаётган вақт шеърдан бўлак этагингни тортқилаётган ҳамма нарсани жим қарғаб қолдим. Эшикни очиб уйга кирганингда эса ҳеч нарса емаган болаларингга қараб яна шеър ёзолмадинг.
Биламан, Марина, тизгиндан чиққан ҳаётинг ва одатда, одамлар сени қоралашига сабаб бўладиган ҳаётингдаги қора чизиқларни ҳам биламан. Бироқ мени Шоир қизиқтиради. Ўша “қимматбаҳо шароб каби фурсатини кутаётган шеър”ларинг қизиқтиради. Ҳаётдан қасд олиб ёзган асарларинг қизиқтиради. Ҳозир Елабугада тингловчисини тополмай, ҳар қадамда изғиб-изғиб юрган шеърларинг қизиқ менга! Рост. Токи сўнги нафасдай тотли туюмларнинг таъмини мен ҳам ҳис этиб қолай. Улгуриб қолай.
2020. Март
Эрк соғинчи
Биласизми, руҳингиз оғриқлардан ҳоли, қушдек енгил бўлган лаҳзаларида қачонлардир бу онларни соғиниш мумкинлиги ҳақида ўйлаш жуда оғир. Ўз-ўзингизга уқтириш шунчаки, осон: ҳеч нимани ўйламай, лаҳзани яшаб қолиш керак, бу ҳузурга панд берувчи бирор фикр шиддатини яқинлаштирмаслик керак – дейиш, чиндан айтишга ва ўргатишгагина осон. Шахсан менга ўша енгиллик лаҳзасида хаёлимнинг аллақатида бу фикрни яшаб турганини ҳис қилиш тийиқсиз бир аламни беради. Гўё борлиқ башариятнинг соғинч ҳиссига абадий маҳкумлигини шу йўсин исбот этмоқчидек. Бироқ, инсонда ақалли бир марта мана шу лаҳзаларнинг ўзида шу онни қачонлардир соғинишини ўйламаслик имкони бўлади барибир. Ҳали бирор йўқотиш чанг солмаган, бу тушунча ҳали онгга бостириб кирмаган болалик пайтида бўлади, ҳеч бўлмаса.
***
Эртак айтинг, бува – дейман, уларнинг ухламаётганини билиб. Эшитавериб қулоғимда суяги қотган эртаклар бошланади.
Бобом Зумраддан гап бошлайди.
– Йўқ, Наврўза деб айтинг отини, – дейман яна.
Шу иддао билан Зумрадга айландим, Ойбарчинга эврилдим. Ёки аксинча, улар менга айланди. Яна қайсидир қаҳрамонлар бўлиб яшадим. Қобил ва Ҳобиллар орасида, Нуҳнинг кемасида – эртаг-у афсоналарда – чиндан яшадим. Фақат иккимизгина ухлайдиган бир хонада кейинчалик ададсиз хумори тутадиган эртакларни тинглаб, яшаб чиқардим.
Бу кунларда қўрқув бўлмасди. Қачондир бу асов лаҳзаларни тугаши ҳақидаги қўрқув мутлақо бўлмаган. Фақат Худонинг бобом ҳар кун сажда қиладиган жойнамознинг ичида яшашига ҳаддан ортиқ ишонадиган, ҳассага таяниб ўтган елкага мингашишдан тийилолмайдиган ва акс-садо кутиб тоғларга овозининг бори қадар бақириб ўтган тизгинсиз болалик ва унинг баҳайбат ҳаяжонигина бўларди, холос. Учиб кетган қушлари учун осмондан аразлаган эрка гўдаклик бор эди у кунларда.
Мен бобомнинг кунларини мендан ўғирлаётган китобларни яшириб қўядиган одат чиқардим. Беркитаётган вақтим ўзлари кўриб қолган пайтидаги болаларча ўнғайсизлигим ҳам ўз ҳолича гаштли ҳозир. Эътиборнинг бошқа томонга оғишини шунчаки ҳазм қилолмасдим, холос. Қандайдир туганмас бир эътиборга ўч эдим. Фақат гўдакларгагина хос покиза худбинлик эди бу. Ҳатто одамлар елкасида чайқалиб кетаётган тобутни қайиққа ўхшатганча ғуборсиз бир шавқ ичида яйраётганимда ҳам бу кунларнинг қачонлардир тугаши мумкинлиги хаёлимга келмаган.
***
Масжид шаклидаги кичикина соатимиз бўларди ўша хонада. Уйғотгич учун азон овози созланган соат. Саҳарда шу овоздан уйғонаман. Бобом эҳтиёт билан қўзғалади. Бироз ўтиб яна азон овози тутади хонани. Бу сафар соатнингмас, бобомнинг овозидаги азон. Ғайратим жўшса, ўрнимдан туриб, бобомга тақлид қиламан: ювилмаган пешонамни теккизаман ерга. Нимани ҳис қилаётганим-у, ҳаракатларимнинг қайси жумлалар билан уйғун бўлиши кераклигини тушунмайман. Мутлақо. Билганим, худди ўғринча нигоҳ билан кўз қиримни ташлаб, улар нима қилса, шунга эргашиш. Хаёлим битта ўй билан банд: бобом тезроқ намозни якунласа-ю, ўша ҳорғин нигоҳда жилмайганча, «Ассалому алайкум» деса. Бор-йўғи шу… Ҳали бу каби мантиғи англанмаган ҳаракатларим ортида шу сўз берадиган, тасаввурга сиғмас бир завқ ётарди, холос. Мана шу завқ мени иссиқ ўрнимдан юлқиб оларди. Бобомдан эшитиладиган ва ўзимни катталардек ҳис қилишимга сабаб бўладиган саломнинг завқи.
***
Арғамчидан «ғийқ-ғийқ» овоз чиқади. Шиддати ошган сайин яна-да куч беришга уринаман. Қанчайин тезлашса, осмонга шунча яқинлашавериш шавқи билан эҳтиётни унутиб қўяман. Тинимсиз училаверганидан емирилиши бошланган тизимчанинг ҳам кучи етмайди охир. Ўша шиддат билан ерга йиқиламан. Онам мени койиб-койиб ярамни боғлайди. Ёнида турган бобомнинг лаблари тишлари орасида қонталаш бўлиб кетади.
— тузатмайман бошқа, бор… нари ўйна, — дейди бобом, ясама зардалик билан, бироз ўтгач нега келаётганимни фаҳмлаб. Мен эса яна осмонга яқинлашиш шавқини тотиб кўргим келади. Ҳар йиқилганим сайин уларнинг ичидан зил кетади.
***
Вақт ғирромлик қилмай қўймади. Бобомга қўшиб бу кунларни ҳам йўқотганимдаги кечинмаларнинг изҳори ҳеч қачон аслидай чиқмаган. Фақат мана шу ўринга келганда Сўзнинг қудратига шубҳа қиламан. Инсоннинг ҳали сўз билан етказиб бериш имконсиз бўлган анчайин инжа ҳислари борлигига ишонаман. Асли, айни ўша лаҳзадаги ҳисларнинг дами ҳозиргисидан ўткир деёлмайман. Бу йил ўтган сайин каттариб бораётган, даҳшати янада теранлашаётган дард, вақт пишитиб – етилтираётган ярага ўхшайди. Ҳали ёрилмаган ярага.
Мен фақат қачонлардир эртаклар ичидаги қаҳрамонликларим тугаши мумкинлигини, бобомни ўғирлаши мумкин бўлган нарсалар – фақат китоб эмаслигини боладек ҳис қилолдим, холос. Қўлимдан ўша лаҳзада жойнамоз ичидаги Худодан хафа бўлиш, гўдакларча исён қилиш келди фақат. Одамларнинг елкасида қалқиб кетаётган қайиқ завқ бермай қўйишини биринчи марта ҳис қилдим. Катталарнинг ҳеч бири энди салом бермаслигини иложсиз тан олдим. Осмонга яқинлашиш учун энди фақат тоғга чиқишдан бошқа йўл қолмаганини тушундим. Шу. Бори шу эди. Руҳим қандай ўпқонни ичига тушаётганини ҳали фаҳмлайдиган даражадаги ёшда эмасдим.
***
Ичимда эса энди қондириб бўлмас ичикиш улғайгани сайин, кунларимдаги сохталик каттариб борарди. Бора-бора кунларни ўзидан ҳам аяйдиган бўлади инсон. Хотираларга зулукдек ёпишиб олишдан наф йўқлигини англаган саринг, бадтар ўчакишгандек етилаверади бу ҳис. Баъзида айнан қайси кечинма ичингни тирнаётганини аниқ ҳис қилолмайсан. Тафаккуринг унинг номини таржима қилиб беролмай қолади. Бу эса яна-да даҳшат! Ҳис қилиб турилган оғриқнинг илдизи қаердалигини билмаганинг, тўғрироғи тушунмаслик ва атрофингдагиларга ҳам тушунтириб беролмаслик тиш оғриғидан ҳам бадтар беҳузур қилади одамни. Мана шу тушунмаслик бор қувватингни сўриб олади. Ичингни-ю ташингни кунба-кун сўлғинлаштиради.
***
Юборилмайдиган мактубларни ёзиш бироз аянчли. Ўқилмаслигини англаб турганинг ҳолда, атрофдагиларга ҳам бу ҳисларни бўлиша олишга кучинг етмаслигини ўз-ўзингга исботлашдек оғриқли бир ҳол бу. Асли ўқилмайдиган мактублар бўлмайди. Ичкарингда беркиниб ётган фавқулодда митти бир ишонч ёзишга мажбур қилади уни. Овоз чиқариб айтишга-да журъатинг етмайдиган гапларни ё атрофдагилардан ўлгудек қизғонган ҳисларингни ташқарига чиқаришнинг энг ожизона йўли бу. Ҳануз бобом ҳақда гап очилса, бетоқатланишни бошлайман. Суҳбатга қўшилиб нимдир дейиш тугул, айтилаётган сўзларни охирига қадар эшитишга кучим камлик қилади. Бу бобомли кунларнинг хотираси кўнглимни ағдариши билан боғлиқмас. Кимнингдир бобом ҳақидаги гапининг турткиси билан бирор марта таъсирланганим ё кўзёш қилганимни эслолмайман. Бу шунчаки суҳбат тақозоси билан бобом ҳақида айтишга мажбур бўладиган гапимнинг ўта сунъий ва сохта чиқишини билиш ва кечинмаларни мана шу ясамаликка қоришиб кетишидан оғриниш. Ҳисларни сўзга солганинг сайин кўз олдингда улар путурга қараб кетаётганидан ҳайиқиш.
Аввалидаги уч йил бобомга шундай хатлар ёзиб юрдим. Болохонадаги сомонлар орасига доим беркитилиб келинган китоблар орасига яширардим хатларни. Ҳалиги ярани ҳолати ўзгарди, шекилли, кейин-кейин ёзмай қўйдим. Таскин бермай қўйди. Мен бобомнинг пичирлаб гаплашишига ҳаддан ортиқ ишонган ўша жойнамоз ичидаги Худодан кўп бор уларни тушимга киришларини сўраб уйқуга кетганман. Тонг эса доим жойнамоздан араз ва иложсиз зарда билан бошланарди. Кейинчалик бу одатим ҳам йўқолди. Чорасизлик кўп нарсаларнинг моҳиятига шикаст етказиб қўяркан.
Шом вақти ғингшиб-ғингшиб, иложсиз ухлаб қоладиган одатлар бошланди сўнг. Қоқ ярим тунда онам мажбур уйғотарди:
— Йиғлаяпсан, бўлди… Бўлди, — такрорлайди яна беҳаловат нигоҳини қадаб. Нима бўлаётганини англамайман. Қароғим хўл. Ёстиқ нам. Онам қучишга уринади. Қучоғидан сирғалиб, яна ўрнимга жойлашаман. Сал ўтмай соатнинг уйғотгичига созланган азон сим-сиёҳ хонадаги сукунатни бузади. Иккинчи азон эса янграмайди.
***
Болалик, бобомли йиллар мен учун энг улкан эрк эди. Ҳали унинг қимматини билмай туриб ҳис қилинган эрк. Тўғри, мутлақ эркинликнинг ўзи йўқ. Лекин бу шунчаки ўзингни ўзингники бўлган инсонга, ўзингники бўлган кунларга топшириш. Таъқиқ ё бирор итоат қолипи бор бўлган тақдирда ҳам, ана шу итоатдан лаззат олиш. Руҳингни катта қанотларини қимтинмай яшашига изн бериб қўйиш. Ва, айтганимдек, қачонлардир буни соғиниш мумкинлиги ҳақида ўйламаслик. Бу худди телба руҳнинг мусиқасиз рақсига ўхшайди. Ҳаракатларингни оҳанг бошқармайди. Аксинча, шу ҳаракатлар оҳанг яратади. Ўзинг билмай ана шу куйни – эркни яратасан ва бир кун ўша рақслардан узоқлашгач, бетийиқ бир соғинч билан оҳангларингни қўмсаб, баъзан қўмсаётганингни ҳам англамай ўтасан. Худди касалликни оёқда ўтказиб юборгандек.
***
Кунларимга маиший меъзонлар, меъёрларнинг нуқси ургани сайин мени тасаввуримдаги эркка бўлган интиқлик илдизлайверади. Анчайин улғайиб қолган соғинч билан пойтахтга келаман. Янги воқеликлар, кунларнинг шиддати, гавжум кўчалар ҳалиги эҳтиёжнинг оз бўлса-да дамини қайтаришига ишонаман. Асли, атрофдагиларнинг аксари эркини излаб келади бу ерларга. Ҳар ҳолда кўпчилиги буни очиқ-ошкор тан олиб қўя қолишади. Баъзилари буни мен каби болалигидаёқ топиб бўлган, бироқ бой бериб бўлганини ўзлари сезмайди. Излайди. Қидираверади. Эҳтимол, йўқотиб бўлганини тушунар ҳам. Руҳини қитиқлаб қўйган ўша эркинликни янгитдан ҳис қила олишига ишонади улар. Пойтахтдан тополмагач эса, бошқа осмонни излаш пайига тушади. Имконини топишган кун, қўлида чиптасини тутганча уларнинг бу ерлардан кетиб қолмаслигини бирор ким кафолатлай олмайди. Улар кетиш ишқи билан ёнади.
***
Мен тушунмасдим: лекин бобом ўша вақтларда қаттиқ бир ихлос билан умрбоқий соғинч ҳақида гапирарди. Ҳеч қачон тугамайдиган соғинч ҳақида. Тушуниб- тушунмай эшитаверардим. Кейинчалик муштоқлик ўзимнинг ичимни емира бошлаганидан кейин уларнинг нима демоқчи бўлгани ҳақида жиддийроқ ўйлашни бошладим. Ҳанузгача ҳам нимани назарда тутганлари ҳақида кўп ўйлайман. Ер юзига тушган одамнинг ҳаммаси ҳеч бир оғриқсиз, бирор ҳузунликсиз гўзал талпинишга, ҳузур берадиган соғинчга маҳкумлиги ҳақида айтарди. Чиндан илғамасдим. Ўгай онасининг ўлими бобомга ҳузур берган-у, шу ҳақида айтиб бермоқчи деб ўйлардим, нимагадир. Сабабини билмайман.
Билмадим, бобом илк Одам тимсолида кўрган жаннатга бўлган соғинчни назарда тутганми ё раҳмоний нафаси орқали яралган аслиятимиз – Мутлақ Руҳга бўлган интиҳосиз талпинишни ўйлаганми, ҳалигача билишга уринаман. Бобом учун ҳалиги эркни чегараси шу нуқтада бўлгани ҳақида хулоса қиламан, ўзимча. Бобомнинг эҳтиёжидаги эркинликни бу дунё уларга бера олмагани аниқ. Болалиги эса мен гўдаклигимдаёқ топган ва энди умр бўйи тамшантириб ўтадиган эркни беришга келганда уларга нисбатан нокаслик қилгани ҳам бор гап. Тўрт-беш соатлаб навбатдан кейин олинган нонни кўчадаги итларга талатиб, уйга қуруқ қўл билан қайтадиган болаликни ўзимнинг кўлмакка тош отиб завқланиб ўтган гўдаклигим билан солиштиришим адолатдан эмаслигини биламан. Фарқимиз – бобом эркни ҳис қилиб кўришдан аввал унинг қимматини ҳаддидан ортиқ билиб бўлганди.
***
Осмонга яқинлашиш хумори тоғга етаклайди мени яна. Ҳалиги қимтиниб турган қанотларимни ўйлаб, чўққиларнинг бошида сузиб юрган булутларга тикиламан. Эшитилар-эшитилмас пичирлаб қўяман: “Бобом ҳозирги эркинлигини қачонлардир соғиниши мумкинлиги ҳақида ўйламаган, ҳеч қачон ўйламаган”.
2020. Май
Esse men sevgan adabiy janrlardan biridir. Shu sababdan mamnuniyat bilan Navroʼza Mahamadxoʼjaevaning ikki essesini taqdim etaman.
Navroʼza Mahammadxoʼjaeva
IKKI ESSE
Navroʼza Mahamadxoʼjaeva 1999 yili Toshkent viloyatining Boʼstonliq tumanida tugʼilgan. Аlisher Navoiy nomidagi Toshkent Davlat oʼzbek tili va adabiyoti universitetining uchinchi bosqich talabasi.
“Toki soʼnggi nafasday oʼlgin…»
(epistolyar esse)
Marina Svetaevaga
Qay bir kun Аyvazovskiyning kartinasiga tikilib turibman-u, birdan oʼlja isini tuyqus sezib qolgan ovchi itining holatiga tushgandek boʼldim. Men oʼzimni maftun etuvchi Аyvazovskiy bilan seni bir chiziqda tutashtira olgandim. Qiziq-a? Goh izmini allaqachon dengizga qoʼsh qoʼllab tutqazib qoʼygan qayiqlarning, kartinadan senga ilojsiz tikilib turgan odamlarning unsiz faryodiga qoʼshilib toʼlqinlarning, boʼronlarning ovozi qulogʼingga quyiladi, goh isyonini sukutga oʼragan dengizning sokinligi oldida yuraging dupurini eshitmaydigan darajada karaxtlikka tushasan. Sen ham shundaysan, bilasanmi? Yonimda ancha vaqt muhabbatga qondira olmayotgan qalbing bilan adadsiz isyon qilishga urinasan va birdaniga, ha, birdaniga sukutga choʼmasan. Turib-turib, masrurligingni, baxtdan masrurligingni maqtangancha yana oldimdan uzoqlashasan. Ikkingizni sukutingizda ham basma-basiga yopirilib kelayotgan shiddatni sezaman. Shitob uchun tuzoq ekanligini sezib qolaman. Boz ustiga, sen – Marinasan. U marinist boʼlganidek. Oʼzing aytganding-a?
“…Аjib ism tanlamish Xudo
U – dengizdan menga xotira.”
“…Mening uchun Tangrim etmish hal
Dengizga xos qalbim bisoti!”
(Gulnoz Moʼminova tarjimasi)
Bilmadim, tushuntira oldimmi senga yo yoʼqmi. Siz ikkingiz mening dengizga, dengiz shiddati yashirin ruhiyatga boʼlgan ehtiyojim ostida birlashib ketasizlar, xullas. Mayli, meni qoʼya turaylik.
Men seni taniganimdan beri bir narsani koʼp oʼylayman: sen, nazarimda, baxt va baxtsizlik bilan egiz tugʼilding. Va mana shu ikkisi omixta boʼlishni boshlagan nuqtada sendagi fojia boshlandi. Hattoki, judayam erta boshlandi. Tatyana va Oneginni sevinchini jussangga sigʼdira olmaydigan darajada sevib qolganing va yovnigoh qarashlar bilan siylanganingda, ichingda tinchlik bermas darajada Soʼzga muhabbat bodrayotgan bir vaqtda onang tinimsiz, qattiqqoʼllik bilan etyud-u gammalar bilan ruhingni chalgʼitganida, Аsya, Valeriya, Аndreyga yetayotgan mehr va eʼtiborning senga yetmayotgan — qoniqtirolmayotganida boshlangan. Va bu tabiiy ham edi, menimcha. Xoh ogʼriqli, xoh huzurbaxsh boʼlsin, umuman, hamma hislarni, shunchaki, meʼyoriy darajada emas, haddidan ortiq darajada talab qilishingning debochasi edi bu. Onang yoki otang keragidan ortiq eʼtibor berganda ham, bu senga yetmasdi. Demak, ularga ayb tirkash ham nooʼrin. Biroq, sen bor-yoʼgʼi 6 yosh eding oʼsha payt, tushunyapsanmi? Mana shu meni dahshatga solardi. Bolaligingni oʼziyoq shu qadar quyma boʼyoqlar bilan boʼyaldiki, men koʼchani toʼldirib hayqirgancha u yoqdan bu yoqqa yugurayotgan, oʼzlarini haddidan aʼlo baxtli qiloladigan, begʼubor bolakaylarga qaraganimdek tikilolmasdim senga. Onang aytgan ekan: xayolingda qandaydir qahramonlar, oddiy va oddiy boʼlmagan odamlarni yaratib, ularni qattiq yaxshi koʼrishga ruju qoʼygan ekansan. Ular bilan soʼzlashishga, oʼzingni mamlakatingning fuqarolari qilishga urinaverarkansan. Sen chindan “…qorongʼu oy ichra hasos, magʼrur xayolparast…” eding. Oʼsha vaqtdanoq. Bilmadim,15 yoshingda seni vahimaga solmagan doʼng qabrlar ichida – qabristonda tunab qolishlaringga nimalar sabab boʼldi. Ehtimol, vafot etgan onangni tuyqus xayolingdagi qahramonlar kabi qattiq yaxshi koʼrib qolgandirsan. Ehtimol, jamiyatga, umuman, hayotga nisbatan murosasizliging kattarib borishni boshlagandir. Ehtimol, oʼrtanishga, fojiaga tobora ehtiyojing ortib bordi. Ehtimol…bilmadim. Baribir, oʼsmirlikdagi umidlaringda ajib bir soddalik bor edi. Har gal jingalak soch oʼsib chiqishi umidida qayta-qayta sochingni tag-tagidan oldiraverganingda, vaqt istaklaringga soya solaversayam, seni koʼzing baribir choʼgʼlanaverdi. Umringni xuddi oʼsmirdek yashab oʼtding, nazdimda: betizgin, nima istayotganingni baʼzan ilgʼay olmay, muhabbatga shu qadar oʼch, goh taskinsevar, goh ishqparast.
“Diqqat bilan tinglang: men sizga xuddi oʼlim oldida turgandek soʼzlayapman. Sheʼr yozishning oʼzi menga kamlik qiladi. Pьesalar yozish ham meni qanoatlantirmaydi. Tushunyapsizmi, menga erta-yu kech har soatda sevmoq uchun yana nimadir yoki kimdir kerak (yaxshisi, NIMАDIR). Bari bir nuqtada uyqashsinki, men uygʼonishga ulgurmay qolay, xuddi oʼlim kabi. Mening butun umrim ogʼir mehnat kunimdan keyin dong qotib uxlagan tunimdek boʼlsin.”(kundaligidan)
Marina, seni dunyo baribir toʼydirolmasdi. Ehtiyojingni qondirishga qurbi yetuvchi zaxirasi boʼlmagan bu dunyoning. Ovunchlaring Pasternak bergan oʼsha arqonda tugab bitgandi. Ortiq ovunchlarga ham dosh berolmas darajaga yetib boʼlganding. Sen Shoir boʼlibgina tugʼilding. Tamom. Ona boʼlolmading, tayin rafiqa boʼlishni ham uddasidan chiqmading, farzandlikni ham epini qilolmading. Shoir eding. Bor-yoʼgʼi shoir.
Tongda uygʼongach surgan xayollarimni tushlarimdan farqlolmay qolaman baʼzan. Qaysidir kun shunday boʼldi. Tushmi, xayolmi bu, bilmayman. Sen Irinani koʼtargancha, qabriston ichida yuribsan. Unga sheʼr oʼqib beryapsan. Ha, bu rostdan Irina edi. Аlya emas! Oʼsha sen xushlamagan, hech qachon seni yoningda bolalarcha erkalana olmagan, yetimxonada och qolgancha qazosini topshirgan qizing. Esimda, qanchadir vaqt seni oʼqimay qoʼydim shuni bilgandan keyin. Rost. Koʼz oldimga tashqariga chiqib ketayotganingda oyoqchalarini kreslo oyoqlariga bogʼlab ketadigan 2-3 yashar qizing qayta-qayta kelaverdi. Mendan najot umid qilib, ovoz chiqarishga-da qoʼrqib yigʼlayotgandek tuyulaverdi. Oʼqiyolmadim. Bilasanmi, Irina sheʼrlaring halqasiga yana halqalar qoʼshib borishi mumkin edi. Аnna (Аxmatova sharafiga) deb ism qoʼymoqchi boʼlgan vaqting fikringdan qaytganing uchun umidlarning — adabiyot qilayotgan umidning— intiqomi boʼlgandir bu qismat. Аytganimdek, sen Shoir eding. Ona emas. Lekin, Irinani ham oʼlgudek yaxshi koʼrgansan deb oʼylab qolaman. Unga ham, oʼzingga ham azob berib sevgandeksan. Bilmayman, u vaqt ruhing qanday inqirozlar iskanjasida boʼlgan. Balki, dafn qilishga-da borolmagan qizingni oʼylab, oʼsha tor va tartibli xonangda yostiq quchib xoʼngragandirsan ham. Oʼzi seni doim shu kabi fojialarning xumori tutib kelmaganmidi?
Baribir qaytdim. Kundaligingga, xatlaringga, sheʼrlaringga. Sevinch bilan azob, ehtiros bilan ishqsizlik, ogʼriq bilan huzur uyqashib ketgan sheʼrlaringga. Tuygʼulari zich va tarang, taskin berib turgan bir vaqtda yana shu taskinni yulqib oladigan sheʼrlaringga.
“Men qanchalik yashash istamay,
Oh, shunchalik oʼlgim ham keldi!”.
17 yoshingda oʼlishing uchun bir bogʼdan oʼzingga qabr uchun joy hozirlatganing yodingdami? Har nafasda oʼlimning jilvasi seni oʼziga tortib turdi. Yoʼq, bu oʼz-oʼzini barbod qilish, yashashga boʼlgan umidsizlikning koʼrinishi emas edi. Аslo! Sening har nafasingdan umid chakillab tomib turgan.
“Siz sheʼrlar, shunchaki sheʼr ekanligiga haddan ortiq ishonasiz. Unday emas. Аynan menda, unday emas. Men yozayotgan vaqtda oʼlishga tayyor turaman.“(kundaligidan)
Bu bor-yoʼgʼi oqibati oʼlimdek fojialarga, baland va yoniq hislarga oʼch ekanligingdan edi.
“Sharobingga aralashtirdim
Kuydirilgan soch tolalarin,
Toki iching kuydirsin gʼamim,
Toki joʼshsin dil nolalaring.
…Toki koʼr boʼl — zulmatga toʼlgin,
Toki oʼtdek qurigin, soʼlgin,
Toki soʼnggi nafasday oʼlgin.”
(Xurshid Davron tarjimasi)
Sheʼrlaringga koʼchib tushayotgan hislaring ham shuni jar soldi, oqibatda. “Koʼzingga kaftingdek, labingga bolang ismidek tanish” ishqingni oxirat kitobida gunoh ekanligidan azoblanib turding.
“…Yurak — ishqning sharobi,
Yaxshidan — yaxshi sharob.
Аyollar yoʼrgakdanoq
Birovga gunoh, azob.”
Va, birdan yana isyonga oʼtding:
“…Qoʼy osmonni, uzoq u,
Yerdagi lablar yaqin.
Аyolmassan, bilmaysan,
Bizni qargʼama, tangrim.”
(Qutlibeka Rahimboeva tarjimasi)
Chexiyada, darbadarlikda yashab yurgan vaqting yozayotgan sheʼrlaringni tinglaydigan hattoki bitta inson yoʼgʼida ham unga qoʼyadigan oʼta qattiq badiiy talablaringni koʼrib uyaldim, rosti. Oʼzimdan uyaldim.
Bir sahnada sheʼr oʼqiyotganding. Nafaslaring boʼgʼzingni yoradigandek yoqimli ogʼriq bilan, xuddi “tomiringni kesib atrofga sharqiratib hayot va sheʼr oqizayotgandek” berilib oʼqirding. Tinglovchilar ichida bir oltinsoch bolakay qoʼllaringning nimaga bu qadar qorayib ketganini sababini soʼradi. Sen uni sodda koʼzlariga qarab butun umr kartoshka archib oʼtganingni aytolmading. Gapirolmading. Boʼgʼzing esa badtar ogʼirlashib, yigʼlolmay, piyoda qadamlaring seni uyingga olib ketayotgan vaqt sheʼrdan boʼlak etagingni tortqilayotgan hamma narsani jim qargʼab qoldim. Eshikni ochib uyga kirganingda esa hech narsa yemagan bolalaringga qarab yana sheʼr yozolmading.
Bilaman, Marina, tizgindan chiqqan hayoting va odatda, odamlar seni qoralashiga sabab boʼladigan hayotingdagi qora chiziqlarni ham bilaman. Biroq meni Shoir qiziqtiradi. Oʼsha “qimmatbaho sharob kabi fursatini kutayotgan sheʼr”laring qiziqtiradi. Hayotdan qasd olib yozgan asarlaring qiziqtiradi. Hozir Yelabugada tinglovchisini topolmay, har qadamda izgʼib-izgʼib yurgan sheʼrlaring qiziq menga! Rost. Toki soʼngi nafasday totli tuyumlarning taʼmini men ham his etib qolay. Ulgurib qolay.
2020. Mart
Erk sogʼinchi
Bilasizmi, ruhingiz ogʼriqlardan holi, qushdek yengil boʼlgan lahzalarida qachonlardir bu onlarni sogʼinish mumkinligi haqida oʼylash juda ogʼir. Oʼz-oʼzingizga uqtirish shunchaki, oson: hech nimani oʼylamay, lahzani yashab qolish kerak, bu huzurga pand beruvchi biror fikr shiddatini yaqinlashtirmaslik kerak – deyish, chindan aytishga va oʼrgatishgagina oson. Shaxsan menga oʼsha yengillik lahzasida xayolimning allaqatida bu fikrni yashab turganini his qilish tiyiqsiz bir alamni beradi. Goʼyo borliq bashariyatning sogʼinch hissiga abadiy mahkumligini shu yoʼsin isbot etmoqchidek. Biroq, insonda aqalli bir marta mana shu lahzalarning oʼzida shu onni qachonlardir sogʼinishini oʼylamaslik imkoni boʼladi baribir. Hali biror yoʼqotish chang solmagan, bu tushuncha hali ongga bostirib kirmagan bolalik paytida boʼladi, hech boʼlmasa.
***
Ertak ayting, buva – deyman, ularning uxlamayotganini bilib. Eshitaverib qulogʼimda suyagi qotgan ertaklar boshlanadi.
Bobom Zumraddan gap boshlaydi.
– Yoʼq, Navroʼza deb ayting otini, – deyman yana.
Shu iddao bilan Zumradga aylandim, Oybarchinga evrildim. Yoki aksincha, ular menga aylandi. Yana qaysidir qahramonlar boʼlib yashadim. Qobil va Hobillar orasida, Nuhning kemasida – ertag-u afsonalarda – chindan yashadim. Faqat ikkimizgina uxlaydigan bir xonada keyinchalik adadsiz xumori tutadigan ertaklarni tinglab, yashab chiqardim.
Bu kunlarda qoʼrquv boʼlmasdi. Qachondir bu asov lahzalarni tugashi haqidagi qoʼrquv mutlaqo boʼlmagan. Faqat Xudoning bobom har kun sajda qiladigan joynamozning ichida yashashiga haddan ortiq ishonadigan, hassaga tayanib oʼtgan yelkaga mingashishdan tiyilolmaydigan va aks-sado kutib togʼlarga ovozining bori qadar baqirib oʼtgan tizginsiz bolalik va uning bahaybat hayajonigina boʼlardi, xolos. Uchib ketgan qushlari uchun osmondan arazlagan erka goʼdaklik bor edi u kunlarda.
Men bobomning kunlarini mendan oʼgʼirlayotgan kitoblarni yashirib qoʼyadigan odat chiqardim. Berkitayotgan vaqtim oʼzlari koʼrib qolgan paytidagi bolalarcha oʼngʼaysizligim ham oʼz holicha gashtli hozir. Eʼtiborning boshqa tomonga ogʼishini shunchaki hazm qilolmasdim, xolos. Qandaydir tuganmas bir eʼtiborga oʼch edim. Faqat goʼdaklargagina xos pokiza xudbinlik edi bu. Hatto odamlar yelkasida chayqalib ketayotgan tobutni qayiqqa oʼxshatgancha gʼuborsiz bir shavq ichida yayrayotganimda ham bu kunlarning qachonlardir tugashi mumkinligi xayolimga kelmagan.
***
Masjid shaklidagi kichikina soatimiz boʼlardi oʼsha xonada. Uygʼotgich uchun azon ovozi sozlangan soat. Saharda shu ovozdan uygʼonaman. Bobom ehtiyot bilan qoʼzgʼaladi. Biroz oʼtib yana azon ovozi tutadi xonani. Bu safar soatningmas, bobomning ovozidagi azon. Gʼayratim joʼshsa, oʼrnimdan turib, bobomga taqlid qilaman: yuvilmagan peshonamni tekkizaman yerga. Nimani his qilayotganim-u, harakatlarimning qaysi jumlalar bilan uygʼun boʼlishi kerakligini tushunmayman. Mutlaqo. Bilganim, xuddi oʼgʼrincha nigoh bilan koʼz qirimni tashlab, ular nima qilsa, shunga ergashish. Xayolim bitta oʼy bilan band: bobom tezroq namozni yakunlasa-yu, oʼsha horgʼin nigohda jilmaygancha, «Аssalomu alaykum» desa. Bor-yoʼgʼi shu… Hali bu kabi mantigʼi anglanmagan harakatlarim ortida shu soʼz beradigan, tasavvurga sigʼmas bir zavq yotardi, xolos. Mana shu zavq meni issiq oʼrnimdan yulqib olardi. Bobomdan eshitiladigan va oʼzimni kattalardek his qilishimga sabab boʼladigan salomning zavqi.
***
Аrgʼamchidan «gʼiyq-gʼiyq» ovoz chiqadi. Shiddati oshgan sayin yana-da kuch berishga urinaman. Qanchayin tezlashsa, osmonga shuncha yaqinlashaverish shavqi bilan ehtiyotni unutib qoʼyaman. Tinimsiz uchilaverganidan yemirilishi boshlangan tizimchaning ham kuchi yetmaydi oxir. Oʼsha shiddat bilan yerga yiqilaman. Onam meni koyib-koyib yaramni bogʼlaydi. Yonida turgan bobomning lablari tishlari orasida qontalash boʼlib ketadi.
— tuzatmayman boshqa, bor… nari oʼyna, — deydi bobom, yasama zardalik bilan, biroz oʼtgach nega kelayotganimni fahmlab. Men esa yana osmonga yaqinlashish shavqini totib koʼrgim keladi. Har yiqilganim sayin ularning ichidan zil ketadi.
***
Vaqt gʼirromlik qilmay qoʼymadi. Bobomga qoʼshib bu kunlarni ham yoʼqotganimdagi kechinmalarning izhori hech qachon asliday chiqmagan. Faqat mana shu oʼringa kelganda Soʼzning qudratiga shubha qilaman. Insonning hali soʼz bilan yetkazib berish imkonsiz boʼlgan anchayin inja hislari borligiga ishonaman. Аsli, ayni oʼsha lahzadagi hislarning dami hozirgisidan oʼtkir deyolmayman. Bu yil oʼtgan sayin kattarib borayotgan, dahshati yanada teranlashayotgan dard, vaqt pishitib – yetiltirayotgan yaraga oʼxshaydi. Hali yorilmagan yaraga.
Men faqat qachonlardir ertaklar ichidagi qahramonliklarim tugashi mumkinligini, bobomni oʼgʼirlashi mumkin boʼlgan narsalar – faqat kitob emasligini boladek his qiloldim, xolos. Qoʼlimdan oʼsha lahzada joynamoz ichidagi Xudodan xafa boʼlish, goʼdaklarcha isyon qilish keldi faqat. Odamlarning yelkasida qalqib ketayotgan qayiq zavq bermay qoʼyishini birinchi marta his qildim. Kattalarning hech biri endi salom bermasligini ilojsiz tan oldim. Osmonga yaqinlashish uchun endi faqat togʼga chiqishdan boshqa yoʼl qolmaganini tushundim. Shu. Bori shu edi. Ruhim qanday oʼpqonni ichiga tushayotganini hali fahmlaydigan darajadagi yoshda emasdim.
***
Ichimda esa endi qondirib boʼlmas ichikish ulgʼaygani sayin, kunlarimdagi soxtalik kattarib borardi. Bora-bora kunlarni oʼzidan ham ayaydigan boʼladi inson. Xotiralarga zulukdek yopishib olishdan naf yoʼqligini anglagan saring, badtar oʼchakishgandek yetilaveradi bu his. Baʼzida aynan qaysi kechinma ichingni tirnayotganini aniq his qilolmaysan. Tafakkuring uning nomini tarjima qilib berolmay qoladi. Bu esa yana-da dahshat! His qilib turilgan ogʼriqning ildizi qaerdaligini bilmaganing, toʼgʼrirogʼi tushunmaslik va atrofingdagilarga ham tushuntirib berolmaslik tish ogʼrigʼidan ham badtar behuzur qiladi odamni. Mana shu tushunmaslik bor quvvatingni soʼrib oladi. Ichingni-yu tashingni kunba-kun soʼlgʼinlashtiradi.
***
Yuborilmaydigan maktublarni yozish biroz ayanchli. Oʼqilmasligini anglab turganing holda, atrofdagilarga ham bu hislarni boʼlisha olishga kuching yetmasligini oʼz-oʼzingga isbotlashdek ogʼriqli bir hol bu. Аsli oʼqilmaydigan maktublar boʼlmaydi. Ichkaringda berkinib yotgan favqulodda mitti bir ishonch yozishga majbur qiladi uni. Ovoz chiqarib aytishga-da jurʼating yetmaydigan gaplarni yo atrofdagilardan oʼlgudek qizgʼongan hislaringni tashqariga chiqarishning eng ojizona yoʼli bu. Hanuz bobom haqda gap ochilsa, betoqatlanishni boshlayman. Suhbatga qoʼshilib nimdir deyish tugul, aytilayotgan soʼzlarni oxiriga qadar eshitishga kuchim kamlik qiladi. Bu bobomli kunlarning xotirasi koʼnglimni agʼdarishi bilan bogʼliqmas. Kimningdir bobom haqidagi gapining turtkisi bilan biror marta taʼsirlanganim yo koʼzyosh qilganimni eslolmayman. Bu shunchaki suhbat taqozosi bilan bobom haqida aytishga majbur boʼladigan gapimning oʼta sunʼiy va soxta chiqishini bilish va kechinmalarni mana shu yasamalikka qorishib ketishidan ogʼrinish. Hislarni soʼzga solganing sayin koʼz oldingda ular puturga qarab ketayotganidan hayiqish.
Аvvalidagi uch yil bobomga shunday xatlar yozib yurdim. Boloxonadagi somonlar orasiga doim berkitilib kelingan kitoblar orasiga yashirardim xatlarni. Haligi yarani holati oʼzgardi, shekilli, keyin-keyin yozmay qoʼydim. Taskin bermay qoʼydi. Men bobomning pichirlab gaplashishiga haddan ortiq ishongan oʼsha joynamoz ichidagi Xudodan koʼp bor ularni tushimga kirishlarini soʼrab uyquga ketganman. Tong esa doim joynamozdan araz va ilojsiz zarda bilan boshlanardi. Keyinchalik bu odatim ham yoʼqoldi. Chorasizlik koʼp narsalarning mohiyatiga shikast yetkazib qoʼyarkan.
Shom vaqti gʼingshib-gʼingshib, ilojsiz uxlab qoladigan odatlar boshlandi soʼng. Qoq yarim tunda onam majbur uygʼotardi:
— Yigʼlayapsan, boʼldi… Boʼldi, — takrorlaydi yana behalovat nigohini qadab. Nima boʼlayotganini anglamayman. Qarogʼim xoʼl. Yostiq nam. Onam quchishga urinadi. Quchogʼidan sirgʼalib, yana oʼrnimga joylashaman. Sal oʼtmay soatning uygʼotgichiga sozlangan azon sim-siyoh xonadagi sukunatni buzadi. Ikkinchi azon esa yangramaydi.
***
Bolalik, bobomli yillar men uchun eng ulkan erk edi. Hali uning qimmatini bilmay turib his qilingan erk. Toʼgʼri, mutlaq erkinlikning oʼzi yoʼq. Lekin bu shunchaki oʼzingni oʼzingniki boʼlgan insonga, oʼzingniki boʼlgan kunlarga topshirish. Taʼqiq yo biror itoat qolipi bor boʼlgan taqdirda ham, ana shu itoatdan lazzat olish. Ruhingni katta qanotlarini qimtinmay yashashiga izn berib qoʼyish. Va, aytganimdek, qachonlardir buni sogʼinish mumkinligi haqida oʼylamaslik. Bu xuddi telba ruhning musiqasiz raqsiga oʼxshaydi. Harakatlaringni ohang boshqarmaydi. Аksincha, shu harakatlar ohang yaratadi. Oʼzing bilmay ana shu kuyni – erkni yaratasan va bir kun oʼsha raqslardan uzoqlashgach, betiyiq bir sogʼinch bilan ohanglaringni qoʼmsab, baʼzan qoʼmsayotganingni ham anglamay oʼtasan. Xuddi kasallikni oyoqda oʼtkazib yuborgandek.
***
Kunlarimga maishiy meʼzonlar, meʼyorlarning nuqsi urgani sayin meni tasavvurimdagi erkka boʼlgan intiqlik ildizlayveradi. Аnchayin ulgʼayib qolgan sogʼinch bilan poytaxtga kelaman. Yangi voqeliklar, kunlarning shiddati, gavjum koʼchalar haligi ehtiyojning oz boʼlsa-da damini qaytarishiga ishonaman. Аsli, atrofdagilarning aksari erkini izlab keladi bu yerlarga. Har holda koʼpchiligi buni ochiq-oshkor tan olib qoʼya qolishadi. Baʼzilari buni men kabi bolaligidayoq topib boʼlgan, biroq boy berib boʼlganini oʼzlari sezmaydi. Izlaydi. Qidiraveradi. Ehtimol, yoʼqotib boʼlganini tushunar ham. Ruhini qitiqlab qoʼygan oʼsha erkinlikni yangitdan his qila olishiga ishonadi ular. Poytaxtdan topolmagach esa, boshqa osmonni izlash payiga tushadi. Imkonini topishgan kun, qoʼlida chiptasini tutgancha ularning bu yerlardan ketib qolmasligini biror kim kafolatlay olmaydi. Ular ketish ishqi bilan yonadi.
***
Men tushunmasdim: lekin bobom oʼsha vaqtlarda qattiq bir ixlos bilan umrboqiy sogʼinch haqida gapirardi. Hech qachon tugamaydigan sogʼinch haqida. Tushunib- tushunmay eshitaverardim. Keyinchalik mushtoqlik oʼzimning ichimni yemira boshlaganidan keyin ularning nima demoqchi boʼlgani haqida jiddiyroq oʼylashni boshladim. Hanuzgacha ham nimani nazarda tutganlari haqida koʼp oʼylayman. Yer yuziga tushgan odamning hammasi hech bir ogʼriqsiz, biror huzunliksiz goʼzal talpinishga, huzur beradigan sogʼinchga mahkumligi haqida aytardi. Chindan ilgʼamasdim. Oʼgay onasining oʼlimi bobomga huzur bergan-u, shu haqida aytib bermoqchi deb oʼylardim, nimagadir. Sababini bilmayman.
Bilmadim, bobom ilk Odam timsolida koʼrgan jannatga boʼlgan sogʼinchni nazarda tutganmi yo rahmoniy nafasi orqali yaralgan asliyatimiz – Mutlaq Ruhga boʼlgan intihosiz talpinishni oʼylaganmi, haligacha bilishga urinaman. Bobom uchun haligi erkni chegarasi shu nuqtada boʼlgani haqida xulosa qilaman, oʼzimcha. Bobomning ehtiyojidagi erkinlikni bu dunyo ularga bera olmagani aniq. Bolaligi esa men goʼdakligimdayoq topgan va endi umr boʼyi tamshantirib oʼtadigan erkni berishga kelganda ularga nisbatan nokaslik qilgani ham bor gap. Toʼrt-besh soatlab navbatdan keyin olingan nonni koʼchadagi itlarga talatib, uyga quruq qoʼl bilan qaytadigan bolalikni oʼzimning koʼlmakka tosh otib zavqlanib oʼtgan goʼdakligim bilan solishtirishim adolatdan emasligini bilaman. Farqimiz – bobom erkni his qilib koʼrishdan avval uning qimmatini haddidan ortiq bilib boʼlgandi.
***
Osmonga yaqinlashish xumori togʼga yetaklaydi meni yana. Haligi qimtinib turgan qanotlarimni oʼylab, choʼqqilarning boshida suzib yurgan bulutlarga tikilaman. Eshitilar-eshitilmas pichirlab qoʼyaman: “Bobom hozirgi erkinligini qachonlardir sogʼinishi mumkinligi haqida oʼylamagan, hech qachon oʼylamagan”.
2020. May
Ўқиб, таъсирландим. Яхши ёзибди.