Адабиёт теварагидаги паст-баланд гаплар борасида баҳсни таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош бошлаб беради
ГАП-СЎЗЛАР ЎТКИНЧИ,
ОДАМЛИК МАНГУ
Адабиёт теварагидаги паст-баланд гаплар борасида баҳсни таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош бошлаб беради
САВОЛ: Домла. Авваламбор кескин муҳокамаларга сабаб бўладиган ушбу баҳсни бошлаб беришга кўнганингиз учун раҳмат.
Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейдилар алломаларимиз…
20-йилларга қайтамиз.
Бетакрор ғазаллари билан ўзбек шеъриятида ўчмас из қолдирган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижоди ва шахсияти ўртасидаги паст-баланд гаплар тўғрисида нима дея оласиз? Аниқроғи, адабиёт муҳиблари учун нима муҳим — унинг ижодими ё ўлими атрофидаги ғийбатларми?
ЖАВОБ: Ўзинг бирга яшамаган, бирга яшаб ҳам, жуда яхши билмаган одам ҳақида гапириш жуда оғир ва у хатолардан ҳоли бўлмаслиги табиий. Мен Ҳамзанинг асарларини ўқиган, унинг баъзи битикларини дарсликларга киритган мутахассис сифатида айтаманки, Ҳамзанинг нима учун ўлдирилгани ва қандай ўлдирилгани – бу суд тизимида ишлайдиганлар учун муҳимроқ. Албатта, биз ҳам Ҳамзанинг ўлдирилиши, “ўлдирилиш” фактининг ўзи ёмон эканлигини, бундай бўлиши керак эмаслигини, одамнинг жонига одам қасд қилиши гуноҳ эканлигини ҳисобга олишимиз керак. Лекин биз учун муҳими Ҳамзанинг ўзи, унинг ўз ёнидан янгича мактаблар очгани, “Усули савтия” билан болаларни ўқитгани, болалар учун “Енгил адабиёт” , “Қироат китоби” деган дарсликлар ёзгани, беш китобдан иборат “Оқ гул”, “Қизил гул”, “Сафсар гул” сингари китоблар чиқариб, улардаги битикларни ўқувчилар қўшиқ сифатида ижро қилишлари ҳам мумкинлигини кўрсатгани муҳим ва Ҳамзанинг миллатни уйғотиш учун, унинг турмуш даражасини, интеллектини юксалтириш учун қилган хизматлари, ёзган асарларини ўқиб ўрганиш аҳамиятли. Ва биз аслида ана шу томонига кўпроқ қизиқишимиз керак ва шу жиҳатлар тадқиқига кўпроқ урғу беришимиз керак. Ҳамзанинг битганларини ўқиш, унинг ижодкор сифатидаги ўзига хослигини илғаб, ундан завқланишимиз ва бу завқнинг сабаблари борасида кўпроқ ўйлашимиз фойдали.
Энди 30-йиллар қатағонига келсак. Қалтис можаро. Абдулла Қодирийни «сотган Ғафур Ғулом» масаласи. Сиз бу хусусда нима дея оласиз? Агар атоқли шоиримиз Абдулла Қодирийни «чақмаганида» ўзбек романчилигимизнинг асосчиси қатағондан омон қолган бўлармиди?
Ургутлик шоир, уюшма аъзоси, истеъфодаги полковник Исмат Кўчиев бу хусусда таҳририятга юборган мақоласида мабодо улар ўрин алмашганида «шоир тушган муҳитда Отахон адибимиз ҳам иложсиз шу ишни қилган бўлур эди» деб ҳисоблабди.
ЖАВОБ: Мен билмайман агар уларнинг ўрни алмашганда Абдулла Қодирий Ғафур Ғулом қилган ишни қилармиди, қилмасмиди, буни башорат қилолмайман. Бунга менинг ваколатим йўқ. Лекин Ғафур Ғулом масаласида у ҳали чинданам кимларнидир сотганми ёки архивлардаги унга тегишли дейилаётган қоғозлар кимлар томонидандир уюштирилганми буни ўйлаб кўриш ва аниқлаш керак. Афсуски, буларнинг тагига етиб бўлмас энди. Ёлғонга қурилган сиёсий тузумнинг алоҳида эътибордаги шахсларга қаратилган хуружларининг бирор ўрнида тўла ҳақиқат қилиниши мумкинлигига ишонмайман. Ахир юртидан ташқари чиқмаган одамларни истаса Англиянинг, истаса Франциянинг, истаса Япониянинг жосуси, деб жазолай олган тузумдаги қандайдир иқрорлар, билдиргиларнинг тинч йўл билан тўғри олинганига ишониб бўлади?
Қатъий ишонч билан айта оламанки, Қодирий домла Ғафур Ғулом ўша қоғозга қўл қўймаган тақдирда ҳам қатағонга учраши аниқ эди. Ахир СССРдаги барча републикалар учун ҳам қаматиш, сургун қилиш, ўлдириш бўйича муайян режалар белгиланган эди. Бу режа сўзсиз бажарилиши керак эди. Бу борадаги режалар бажарилгач, юқоридан яна қўшимча топшириқ юбориш сўралган хатларни архившунос журналист Дилдора Ҳасанова архивлардан топиб эълон ҳам қилди. Ғафур Ғулом ёки Абдулла Қаҳҳор қандайдир қоғозга қўл қўйса-қўймаса миллат гулларининг қисмати қатағон тегирмонида янчилишдан иборат бўларди. Улар қатағон қилинганларни Ғафур Ғуломдан сўраб ёки у айтгани учун эмас, балки миллатнинг гулларини, унинг эртанги кунини яхшироқ қилиш қўлидан келадиган шахсиятларни йўқотиш вазифаси эканлиги сабаб йўқ қилишга тутингандилар.
САВОЛ: Домла, балки улар Ғафур Ғуломнинг панасига туриб, унинг номи билан ўзлари қилишгандир?
ЖАВОБ: Шундай бўлиши ҳам жуда мумкин. Ғафур Ғулом ёки бошқа бировнинг ўзларига қилдирган бўлишлари ҳам мумкин. Чуни манглайига тўппонча тираб турилса ё ҳозир қизинг ёки аёлингни мана бу жиноятчи маҳбуслар орасига ташлаб юборамиз, дейилса, билмайман, ҳозир ўтмишдагиларни айблаётган жасур кишилар нима қилган бўлишарди.
Кеча яқингинада, ХХ асрнинг охирларида ёзувчи Эврил Турон хабари ҳам бўлмаган бир иш учун ўн етти йил, Самандар Қўқонов йигирма тўрт йил, Аҳмаджон Одилов йигирма йилдан ортиқ қамоқда ўтириб келдилар-ку? Уларнинг айбдорлиги юзасидан ҳам кимлардир кўрсатма бергандир, терговчилар қандайдир йўқ “айб”ларни уларнинг бўйнига қўйишгандир?! Ўтган асрнинг 30- йилларида одамнинг нархи писта пўчоғича бўлмаган даврда одамлар устидан нималар қилганликларини тасаввур қилишга ҳам қўрқасан одам. Ўйлайманки, ҳужжатлардаги қўллар эгалариники эмасдир, агар ўзларининг қўллари бўлган тақдирда ҳам мажбуран имзо чектирилгандир. Шунингдек, олдин тоза қоғозга қўл қўйдириб олиб, нимани истаган бўлса, ёзиб қўйишлар бўлгандир.
САВОЛ: Суронли 40- йилларга келайлик. Адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев мухбиримиз билан бўлган суҳбатида Ҳамид Олимжон билан Усмон Носир ўртасидаги можароларга тўхталиб бу гаплар «уйдирма ва мантиқдан йироқ» эканини таъкидлади. Яъниким, истеъдоди Усмон Носирдан кам бўлмаган Ҳамид Олимжоннинг Усмон Носирни «кўролмаслиги» куракда турмайдиган гап деб ҳисоблабди олим.
Синчимиз бунга нима дейди?
ЖАВОБ: Ҳа, энди, ғалати-да… Биз, ўзбеклар, зиддиятсиз яшай олмайдиган халқмиз-да. Кимнидир мақтасак, албатта, унинг этагидан қанчадир бир кир топишга ҳаракат қиламиз. Кимнидир кўтармоқчи бўлсак, уни авлиё даражасига чиқаришга ҳаракат қиламиз. Шу маънода Усмон Носир билан Ҳамид Олимжоннинг муносабатлари сабаби ҳақида бошида турмаганим, қандайдир тўхтамга келишимга сабаб бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаганим учун бу борада бир нарса дея олмайман. Лекин гўё Ҳамид Олимжон “Ўзбекистон” шеърини Усмон Носирдан ўғрилаб олган, деганга ўхшаш ўшакларга мутлақо ишонмайман. Чуни Ҳамид Олимжоннинг деярли барча битиклари биринчи қатори ўқилиши билан иккинчи қатори ўзидан ўзи келаверадиган тарзда ёзилади. “Ўзбекистон” шеъри ҳам бошдан оёқ худди шундай битилган. Усмон Носир бундай ёзолмасди, ёзмасди. Чунки унинг истеъдоди, фикрлаш ва туйғуларини ифодалаш йўсини тамомила бўлакча эди.
Усмон Носир битиклари ҳамиша ҳар битта қаторга алоҳида юк ортиладиган ва анъанавий образлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинадиган йўсинда ёзилади.
Севги, сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардин ёйдай тилиб кўксидан
Ким бағридан қонлар тўкмаган?
Ёки:
Лампам ёнур, яраланган қанотдек оғир… тарзида.
Ҳамид Олимжон бундай ёза олмайди ва Усмон Носир ҳам Ҳамид Олимжон ёзганидай ёза олмайди. Чунки улар бошқа-бошқа шахслар эдилар. Уларнинг шахсий муносабатларидан хабарсизман. Лекин бир-бирларини ёқтирмаган бўлишлари жуда ҳам мумкин. Одамда улар ҳам.
САВОЛ: Энди мураккаб 50- йилларга тўхталсак. Шукрулло домлани «сотганликлари» гўёки архив ҳужжатларида аён бўлган Асқад Мухтор ва Саид Аҳмад кўрсатмалари масаласи.
ЖАВОБ: Кўринг-да, бу совет тузумининг устакор ва шафқатсизлигини. Ўз қирғинларини ниҳоятда режали йўсинда усталик билан амалга оширишини. Биламизки, 30- йилларда бошлаб 38- йилларгача Иттифоқ бўйлаб миллионлаб одамлар аёвсиз қатағон қилинган. 1941-1945 йиллардаги уруш туфайли яна қанча одам қирилиб кетди. Урушдан чиқилганига беш йил ҳам ўтмай, тузумнинг қатағон машинаси яна қонсиради. Бу жараён ҳам худди олдингиси каби битта бизнинг ўзбекнинг бошида эмас, балки Совет Иттифоқидаги барча халқларнинг ҳаётида кечди. Чунки орадан ўтган ўн йилча вақт давомида миллатларнинг янгим элита қатлами бир қадар шаклланиб қолганди ва у йўқ қилиниши керак эди. 30-йиллардаги қирғиндан бир амаллаб омон қолганларни, бу орада бир қадар етишиб қолган ёшларни 40-йиллар сўнггидан бошлаб қатағон қилиш мўлжалланган эди.
Ана энди Асқад Мухтор ва Саид Аҳмадга келадиган бўлсак, Шукрулло домла билан бу хусусда жуда кўп гаплашганмиз. Домла айтардилар: “Тергов қилишаётганда, менинг миллатчи эканлигимга ён дафтаримдаги тўрт қатор шеър баҳона бўлган”. Шукрулло ака ўша тўртликни ёддан айтар эдилар. Шеър мени тилка-тилка қисанг ҳам, ўлдирсанг ҳам халқимни сотмайман, унга қарши бормайман, деган мазмунда эди. “Терговчи ёзувчи тенгдошларим: Асқад Мухтор билан Саид Аҳмад менинг миллатчи эканлигим ҳақида кўрсатма беришганини айтди. Лекин агар бу жўраларим ёзиб беришмаганида ҳам, барибир, мени қамаш қамовчиларнинг режасида бўлган. Юқоридан қандайдир даражада миллий туйғуси бор, миллати, халқини ўйлайдиган одамларни қамоққа олиш топшириғи келган эди, чамаси. Шунинг учун Шайхзодани, Шуҳратни, Ҳамид Сулаймонни, Тўхтасин Жалоловни, Мирзакалон Исмоилий, Саид Аҳмад ва яна қанча ойдинларни қамоққа олишди. Бу вақтга келиб 37- йилдагидай қатл этмаган бўлсалар ҳам йигирма беш йил муддатга қамашди кўпчиликни. Аёнки, қамалганларнинг барига қарши Саид Аҳмад билан Асқад Мухтор кўрсатма бермаган. Менимча, ким кимга қарши кўрсатма берган бўлса-да, буни иложсизликдан қилган. Мени сотмаганларида, албатта, омон қолган бўлардим, деган фикрдан йироқман, улар бўлмаса, бошқа бировга шу иш қилдирилган бўларди. Шунинг учун ҳам кейинчалик мен кўрсатма берган жўраларим билан тўғри муносабатда бўлавердим”.
САВОЛ: Домла, улар ҳамонки Шукруллони қамамоқчи бўлишса, ҳеч ким қўл қўйиб, гувоҳлик қилмаган тақдирда ҳам, ўзлари бошқа бир йўлини топган бўлишарди.
ЖАВОБ: Ҳа, албатта, айбдор қилиш ва қамашнинг бошқа йўлини топишарди.
САВОЛ: Бу йўлни Абдулла Қодирийга нисбатан ҳам қўллаган бўлишлари мумкин-ку!
ЖАВОБ: Бўлмаса-чи?! Ҳамма гап шундаки, қонсираган тузум қамайдиганларини қамаб, ўлдирадиганларини ўлдириб юбориш билан кифоялангиси келмасди. Миллат ойдинларининг тирик қолган қисми ҳам хавотирсиз яшай олмасликларига эришиш кўзда тутилган. Қатағон тегирмонига тушганлар эзилиб-янчилиб кетиши, бу тегирмондан омон қолганлар эса, тирик қолгани учун келажакдагилар олдида айбдор бўлиб, бошқаларнинг ўлимига сабабчидай тили қисиқ бўлиб юриши режалаштирилган. Уларнинг кейинги авлодлари ҳам ўзаро ёвлашиб, ҳеч қачон бирлаша олмай яшасин, деган узоққа борадиган ёвуз мақсад кўзда тутилган.
Бугун қандайдир шубҳали қоғозлардаги ҳақиқатcимон маълумотлар ёки кимларнингдир кимларгадир айтган гапларига таяниб, жасорат кўрсатмоқчи бўлаётган кишилар, ўзлари истамаган ҳолда, ёвнинг ана шу ниятини амалга оширишга хизмат қиляпти, деб ўйлайман. Усиз ҳам кам ўқийдиган эндиги авлод Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор каби ижодкорлар битикларини уларга нафрати сабаб ўқимай қўяқоладиган бўлса керак.
САВОЛ: Баҳс сўнгида яқин ва узоқ 60- йилларга қайтайлик. Дарвоқе айни шу кунларда бу можаро яна бозиллай бошлади.
Гап шу пайтгача адабиётимиз, ҳикоячилигимиз даргаларидан саналган Абдулла Қаҳхор шахси теварагида чоп этилган асар ва мақолалар ҳақида кетаётганини пайқагандирсиз. Уларга кўзингиз тушгани аниқ.
Хулосангизни билишни истардик.
ЖАВОБ: Сиз таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссаси ва шу битик сабаб Абдулла Қаҳҳор шахсияти атрофида қўзғалган мунозараларни кўзда тутаётирсиз, менимча. Шу асар муносабати билан Мусулмон Намоз деган адабиётшуноснинг мақоласи кўпчиликнинг ўй-хаёлларини безовта қилди. Аслида-ку асарга ҳам унга жўровозлик қилаётган Мусулмон Намозга ҳам Талант Толерант деган йигитнинг ёзганлари етарли жавоб эди. Лекин бир мутахассис сифатида менинг муносабатимни билмоқчи бўлсангиз, шуки, қисса бадиий асар сифатида жуда бўш ёзилган. Унда бирорта жонли образ йўқ. Асарнинг бошидан охиригача ўлим исканжасидаги Абдулла Қаҳҳорнинг армонли ўйлари баҳонасида Хуршиднинг ўз қарашларини ўтказиш истаги ҳукмронлик қилган.
Ҳа, мен “Шарқ юлдузи” журнали тарафидан ўтказилган “Қаҳр” қиссаси муҳокамасида ҳам қатнашдим. Унда Хуршид Абдулла Қаҳҳорнинг асарда айтилганларидан кўра ёмонроқ ишлари борлигини айтиб, уни сотқин, хиёнатчи ва фашист эканини, агар “Шарқ юлдузи” журнали босадиган бўлса, Қаҳҳорнинг бундан ҳам ёвузроқ ишлар қилганини фош этадиган қисса вариантини ёзиб бериши мумкинлигини айтди. Тўғри, ёзувчига нима ҳақда, қандай ёзиш кераклигини ўргатишга уринишдан кўра ёмон иш йўқ. Лекин ижодкор ҳам аниқ шахс ҳақидаги тасвирлари асосли бўлиши борасида жавобгарликни ҳис қилиши керак, деб ўйлайман. Асарда тўқима образнинг ўйлари ҳақида унинг табиатидан келиб чиққан ҳолда истаган қарашни баён этиш мумкиндир. Лекин ҳаётда яшаган, уни кўрган одамлар ҳали тирик эканида тарихий шахс тўғрисида унинг миназига ҳам, тутумларига ҳам, ёнида бўлганларнинг тасаввурларига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган фикрларни ўша шахснинг ўйлари тарзида тақдим қилиш учун мантиқий ва ҳуқуқий асос бўлиши керак.
Қиссага бағишланган муҳокамада адабиётда Темур, Бухорий, Навоий сингари тарихий шахсларнинг ўйлари ҳам тасвирланади-ку, деган оқловсимон фикр айтилди. Бу тарихий шахсларнинг ўйлари уларнинг тутумлари, миназлари ҳамда турли манбаларда келтирилган маълумотларга таянилган бўлсагина бадиий қиймат касб этади. Мусулмон Намоз Абдулла Қаҳҳорнинг жасорати ҳақида гаплар афсона ва бу афсоналар Қаҳҳорнинг ўзи ва унинг атрофидагилар томонидан яратилган ёлғонлар эканини айтади. Ҳолбуки, Қаҳҳорнинг кирил алифбосига ўтиш ҳақидаги 1944 йилда, ўзбек оилаларида ўзаро русча сўзлашадиган кимсаларнинг интернационалистлар бўлолмаслиги тўғрисида 50-йилларда, ўзбек тилининг тозалиги хусусида 50-60- йилларда, хотин-қизларнинг пахтазорлардаги азобли меҳнатлари хусусида 60- йиллар бошида, Абдулла Қодирий тўғрисида ҳеч ким гапира олмаётган 56- йиллардаги чиқишлари, ёзганлари, айтганлари кўпчиликка маълум-ку. Шулардан бу шахснинг ким эканини билиш мумкин-ку?! Бундай шахснинг ўй-хаёллари унинг шу тутумларидан келтириб чиқарилиши керак эмасми?
Бизнинг ўзбек жамиятида ҳақ сўзни ўз вақтида айтишнинг уддасидан чиқа олган биргина ёзувчи Абдулла Қаҳҳор эди. Унинг замондош, тенгдошларидан бирортаси ҳам у қилган ишларни қилмаган, у айтган ижтимоий муаммоларни айтмаган, у ёзган ҳаётий ҳақиқатларни айтмаган.
САВОЛ: айтганлари ҳам рамзга буркаб, битганлари орасига яшириб айтганмиди улар?
ЖАВОБ: Бадиий асарлар қатига яшириб айтиш – бошқа нарса. У ҳамма замонларда бўлган ва адабиёт шу хусусияти билан қудрат касб этади. Совет даврида, айниқса, Қаҳҳорлар яшаган йилларда ўзининг ҳаётий позициясини очиқ билдириш ундан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмаган эди. Энди бугунга келиб, ҳалоллик ва жасоратни ёзувчи ахлоқ кодексининг биринчи моддаси қилишни орзулаган шахс ва адибни ёвуз одам қилиб кўрсатиш, унга нисбатан эгаманлик даври ўқирманларида салбий фикр, ишончсизлик уйғотишни истайдиган кучлар борлиги кишини ҳайрон қолдиради.
Хуршиднинг “Қаҳр” қиссаси ёзилишига сабаб ёзувчининг қўлига қачондир бир вақт тушиб қолган “Ботир гапчилар” гурунги ҳақидаги суд ишига доир қоғозлар экан. Хуршиднинг айтиши ва ундан анча йиллар олдин Наим Каримовнинг ёзиши бўйича, бу тўдани фош қилган одам “А. Қ-ов” насабли кимса экан. Наим Каримов бундан ўттиз беш йиллар олдин бу сирли кимса Абдулла Қаҳҳор деган тўхтамни билдирганди. Хуршид ҳам шу қоғозларни кўрган ва шу асосда қиссада А. Қаҳҳор шахси тўғрисида қатъий хулоса чиқарган.
Шерали Турдиев домланинг “Шарқ юлдузи” журналининг 2010 йил 10-сонидаги “Маърифат ва истиқлол фидойиси” мақоласида ёзишларича, “Ботир гапчилар” гуруҳи 1929 йилнинг ноябр-декабр ойида тузилиб, 1930 йилнинг январида қўлга олинган экан. Бу ташкилот борасидаги тергов материалларида ташкилотнинг 12 декабр кунги йиғилиши қарори бор экан, холос. Ўзи бир ойгина мавжуд бўлган ташкилотнинг 18 аъзоси қўлга олинган, улардан биргина Абдулла Қаҳҳор айбсиз саналиб, қўйиб юборилгани кўрсатилган. Чамаси, биргина Қаҳҳорнинг қўйиб юборилгани Наим Карим, Хуршид ва Намозларга ёзувчини хиёнаткор ва шу тўдани сотган киши деган хулосага келишларига асос бўлган. Ҳолбуки, Қаҳҳор қандайдир сабабларга кўра тўданинг ўша бир ой ичидаги йиғилишларига қатнаша олмагандир ёки ёш ва табиатан камгап одам сифатида йиғин баёнига тушадиган фикр айтмагандир. Йигирма икки ёшдаги бир йигитнинг қамалмай қолгани уни “Зрелий” лақабли айғоқчи дейишга асос бўла оладими?
Энди Абдулла Қаҳҳор миназига доир тутумларини эслаб кўрайлик: 1944-йилда Абдулла Қаҳҳор: айрим мутахассислар “цирк”даги “ц” товушини ўзбек алифбосига киритмоқчи бўляптилар. Ахир, шу сўз жўнгина “с” ҳарфи билан “сирк” деб ёзилса нима қилади? Нимага биз тилимизни бошқа тилнинг табиатига мослаштиришимиз керак, деб ёзади бир мақоласида. Адабиётга яқин одамларнинг барчаси билади 1956 йилда, ХХ сеъзд бўлиб ўтгач, бутун Иттифоқ бўйлаб илиқлик шабадалари эса бошлайди. Сиёсий иқлим бироз юмшагандай бўлади. Шу йилнинг 6-7 июлида “Партиянинг ХХ съезди ва ўзбек адабиёти олдидаги вазифалар” мавзусида пленум бўлади. Ўша пленумда Абдулла Қаҳҳор нутқ сўзлаб, ўзининг сиёсий шаллақилиги ва пўписалари билан кўп адибларни жазолаган, кўпчиликни қўрқитиб олган Владимир Милчаковнинг ўзбек адабиётининг жаллоди эканини айтади. Бирон бир айғоқчи ва хиёнаткорнинг шундай қаҳрамонлик қилишига менинг ақлим етмайди. Бундай кимсалар панада юришга интилмайдиларми?
Милчаков деганлари унча-мунча одам эмасди: у “Звезда Востока” журналининг бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмасининг партком котиби ва ўзининг хавфсизлик органларининг одами эканини очиқ айтиб юрадиган кимса бўлган. Унинг қудратини шундан ҳам билса, бўладики, пленумдаги сўзидан кейин А. Қаҳҳорни Ўзкомпартия Марказий Комитетининг бюросида муҳокама қилдириш қўлидан келган. У ёзувчини кечирим сўратмоқчи эди. Лекин бюро мажлисида ҳам Қаҳҳор унинг жаллодгина эмас, балки “қотил” эканини айтади. Ўрисни, бўлгандаям куч ишлатар тизим хизматчисини мардларча фош қилиш учун кишида қанча жасорат бўлиши керак. Ўзи айғочи, чақимчи бўлган одамда шунчалик мардлик, жасорат бўлиши мумкинми? Агар Қаҳҳор айғоқчи бўлганда уюшмада айғоқчилик қилиб юрган Милчаков уни жойига ўтқизиб қўймасмиди?
Яна бир гап. Абдулла Қаҳҳор тириклигида истеъдодли, эл суйган ва интиладиган Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, сингари миллат гулларининг барчаси Қаҳҳорнинг атрофида эди. Бу улкан шахслар Қаҳҳорда айғоқчилик иллати борлигини билмаган тақдирда ҳам туйган бўлардилар ва ҳақгўёлиги-ю обрўсидан бўлак амали йўқ адибга яқинлашмас эдилар. Бу одамлар анқов, яхши билан ёмоннинг фарқига бормайдиган одамлар эмасди, ахир. Нега уларнинг ҳаммаси Қаҳҳорга интилишди?
Ва ниҳоят Абдулла Қаҳҳорнинг ўз юбилейида айтган: “Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман”,- деган сўзлари унинг қандай шахсият эгасилигини кўрсатиб турмаяптими? Кимлардир бу гапни Шолохов айтган дейди. Қаерда, қачон айтган Шолохов бундай гапни? Манбаси кўрсатилиб, матни келтирилса бўлардими? Ёки бу ҳам Ҳомил Ёқубов, Наим Каримов ва яна кимларнингдир ўзаро суҳбатлардаги йўл-йўлакай айтиб юборган гапларига ўхшаш маълумотмикин?
Соғлом мантиқ шуларни ўйлаб хулоса чиқаришни тақозо қилади.
-
Раҳмат, домла, кўп яшанг.
Манба: «Адабиёт газетаси, 2026/3
Аdabiyot tevaragidagi past-baland gaplar borasida bahsni taniqli adabiyotshunos olim, professor Qozoqboy Yoʼldosh boshlab beradi
GАP-SOʼZLАR OʼTKINCHI,
ODАMLIK MАNGU
Аdabiyot tevaragidagi past-baland gaplar borasida bahsni taniqli adabiyotshunos olim, professor Qozoqboy Yoʼldosh boshlab beradi
SАVOL: Domla. Аvvalambor keskin muhokamalarga sabab boʼladigan ushbu bahsni boshlab berishga koʼnganingiz uchun rahmat.
Moziyga qaytib ish koʼrish xayrli, deydilar allomalarimiz…
20-yillarga qaytamiz.
Betakror gʼazallari bilan oʼzbek sheʼriyatida oʼchmas iz qoldirgan Hamza Hakimzoda Niyoziy ijodi va shaxsiyati oʼrtasidagi past-baland gaplar toʼgʼrisida nima deya olasiz? Аniqrogʼi, adabiyot muhiblari uchun nima muhim — uning ijodimi yo oʼlimi atrofidagi gʼiybatlarmi?
JАVOB: Oʼzing birga yashamagan, birga yashab ham, juda yaxshi bilmagan odam haqida gapirish juda ogʼir va u xatolardan holi boʼlmasligi tabiiy. Men Hamzaning asarlarini oʼqigan, uning baʼzi bitiklarini darsliklarga kiritgan mutaxassis sifatida aytamanki, Hamzaning nima uchun oʼldirilgani va qanday oʼldirilgani – bu sud tizimida ishlaydiganlar uchun muhimroq. Аlbatta, biz ham Hamzaning oʼldirilishi, “oʼldirilish” faktining oʼzi yomon ekanligini, bunday boʼlishi kerak emasligini, odamning joniga odam qasd qilishi gunoh ekanligini hisobga olishimiz kerak. Lekin biz uchun muhimi Hamzaning oʼzi, uning oʼz yonidan yangicha maktablar ochgani, “Usuli savtiya” bilan bolalarni oʼqitgani, bolalar uchun “Engil adabiyot” , “Qiroat kitobi” degan darsliklar yozgani, besh kitobdan iborat “Oq gul”, “Qizil gul”, “Safsar gul” singari kitoblar chiqarib, ulardagi bitiklarni oʼquvchilar qoʼshiq sifatida ijro qilishlari ham mumkinligini koʼrsatgani muhim va Hamzaning millatni uygʼotish uchun, uning turmush darajasini, intellektini yuksaltirish uchun qilgan xizmatlari, yozgan asarlarini oʼqib oʼrganish ahamiyatli. Va biz aslida ana shu tomoniga koʼproq qiziqishimiz kerak va shu jihatlar tadqiqiga koʼproq urgʼu berishimiz kerak. Hamzaning bitganlarini oʼqish, uning ijodkor sifatidagi oʼziga xosligini ilgʼab, undan zavqlanishimiz va bu zavqning sabablari borasida koʼproq oʼylashimiz foydali.
Endi 30-yillar qatagʼoniga kelsak. Qaltis mojaro. Аbdulla Qodiriyni «sotgan Gʼafur Gʼulom» masalasi. Siz bu xususda nima deya olasiz? Аgar atoqli shoirimiz Аbdulla Qodiriyni «chaqmaganida» oʼzbek romanchiligimizning asoschisi qatagʼondan omon qolgan boʼlarmidi?
Urgutlik shoir, uyushma aʼzosi, isteʼfodagi polkovnik Ismat Koʼchiev bu xususda tahririyatga yuborgan maqolasida mabodo ular oʼrin almashganida «shoir tushgan muhitda Otaxon adibimiz ham ilojsiz shu ishni qilgan boʼlur edi» deb hisoblabdi.
JАVOB: Men bilmayman agar ularning oʼrni almashganda Аbdulla Qodiriy Gʼafur Gʼulom qilgan ishni qilarmidi, qilmasmidi, buni bashorat qilolmayman. Bunga mening vakolatim yoʼq. Lekin Gʼafur Gʼulom masalasida u hali chindanam kimlarnidir sotganmi yoki arxivlardagi unga tegishli deyilayotgan qogʼozlar kimlar tomonidandir uyushtirilganmi buni oʼylab koʼrish va aniqlash kerak. Аfsuski, bularning tagiga yetib boʼlmas endi. Yolgʼonga qurilgan siyosiy tuzumning alohida eʼtibordagi shaxslarga qaratilgan xurujlarining biror oʼrnida toʼla haqiqat qilinishi mumkinligiga ishonmayman. Аxir yurtidan tashqari chiqmagan odamlarni istasa Аngliyaning, istasa Frantsiyaning, istasa Yaponiyaning josusi, deb jazolay olgan tuzumdagi qandaydir iqrorlar, bildirgilarning tinch yoʼl bilan toʼgʼri olinganiga ishonib boʼladi?
Qatʼiy ishonch bilan ayta olamanki, Qodiriy domla Gʼafur Gʼulom oʼsha qogʼozga qoʼl qoʼymagan taqdirda ham qatagʼonga uchrashi aniq edi. Аxir SSSRdagi barcha republikalar uchun ham qamatish, surgun qilish, oʼldirish boʼyicha muayyan rejalar belgilangan edi. Bu reja soʼzsiz bajarilishi kerak edi. Bu boradagi rejalar bajarilgach, yuqoridan yana qoʼshimcha topshiriq yuborish soʼralgan xatlarni arxivshunos jurnalist Dildora Hasanova arxivlardan topib eʼlon ham qildi. Gʼafur Gʼulom yoki Аbdulla Qahhor qandaydir qogʼozga qoʼl qoʼysa-qoʼymasa millat gullarining qismati qatagʼon tegirmonida yanchilishdan iborat boʼlardi. Ular qatagʼon qilinganlarni Gʼafur Gʼulomdan soʼrab yoki u aytgani uchun emas, balki millatning gullarini, uning ertangi kunini yaxshiroq qilish qoʼlidan keladigan shaxsiyatlarni yoʼqotish vazifasi ekanligi sabab yoʼq qilishga tutingandilar.
SАVOL: Domla, balki ular Gʼafur Gʼulomning panasiga turib, uning nomi bilan oʼzlari qilishgandir?
JАVOB: Shunday boʼlishi ham juda mumkin. Gʼafur Gʼulom yoki boshqa birovning oʼzlariga qildirgan boʼlishlari ham mumkin. Chuni manglayiga toʼpponcha tirab turilsa yo hozir qizing yoki ayolingni mana bu jinoyatchi mahbuslar orasiga tashlab yuboramiz, deyilsa, bilmayman, hozir oʼtmishdagilarni ayblayotgan jasur kishilar nima qilgan boʼlishardi.
Kecha yaqinginada, XX asrning oxirlarida yozuvchi Evril Turon xabari ham boʼlmagan bir ish uchun oʼn yetti yil, Samandar Qoʼqonov yigirma toʼrt yil, Аhmadjon Odilov yigirma yildan ortiq qamoqda oʼtirib keldilar-ku? Ularning aybdorligi yuzasidan ham kimlardir koʼrsatma bergandir, tergovchilar qandaydir yoʼq “ayb”larni ularning boʼyniga qoʼyishgandir?! Oʼtgan asrning 30- yillarida odamning narxi pista poʼchogʼicha boʼlmagan davrda odamlar ustidan nimalar qilganliklarini tasavvur qilishga ham qoʼrqasan odam. Oʼylaymanki, hujjatlardagi qoʼllar egalariniki emasdir, agar oʼzlarining qoʼllari boʼlgan taqdirda ham majburan imzo chektirilgandir. Shuningdek, oldin toza qogʼozga qoʼl qoʼydirib olib, nimani istagan boʼlsa, yozib qoʼyishlar boʼlgandir.
SАVOL: Suronli 40- yillarga kelaylik. Аdabiyotshunos olim Shuhrat Rizaev muxbirimiz bilan boʼlgan suhbatida Hamid Olimjon bilan Usmon Nosir oʼrtasidagi mojarolarga toʼxtalib bu gaplar «uydirma va mantiqdan yiroq» ekanini taʼkidladi. Yaʼnikim, isteʼdodi Usmon Nosirdan kam boʼlmagan Hamid Olimjonning Usmon Nosirni «koʼrolmasligi» kurakda turmaydigan gap deb hisoblabdi olim.
Sinchimiz bunga nima deydi?
JАVOB: Ha, endi, gʼalati-da… Biz, oʼzbeklar, ziddiyatsiz yashay olmaydigan xalqmiz-da. Kimnidir maqtasak, albatta, uning etagidan qanchadir bir kir topishga harakat qilamiz. Kimnidir koʼtarmoqchi boʼlsak, uni avliyo darajasiga chiqarishga harakat qilamiz. Shu maʼnoda Usmon Nosir bilan Hamid Olimjonning munosabatlari sababi haqida boshida turmaganim, qandaydir toʼxtamga kelishimga sabab boʼladigan hujjatlarga ega boʼlmaganim uchun bu borada bir narsa deya olmayman. Lekin goʼyo Hamid Olimjon “Oʼzbekiston” sheʼrini Usmon Nosirdan oʼgʼrilab olgan, deganga oʼxshash oʼshaklarga mutlaqo ishonmayman. Chuni Hamid Olimjonning deyarli barcha bitiklari birinchi qatori oʼqilishi bilan ikkinchi qatori oʼzidan oʼzi kelaveradigan tarzda yoziladi. “Oʼzbekiston” sheʼri ham boshdan oyoq xuddi shunday bitilgan. Usmon Nosir bunday yozolmasdi, yozmasdi. Chunki uning isteʼdodi, fikrlash va tuygʼularini ifodalash yoʼsini tamomila boʼlakcha edi.
Usmon Nosir bitiklari hamisha har bitta qatorga alohida yuk ortiladigan va anʼanaviy obrazlardan foydalanmaslikka harakat qilinadigan yoʼsinda yoziladi.
Sevgi, sening shirin tilingdan
Kim oʼpmagan, kim tishlamagan?
Dardin yoyday tilib koʼksidan
Kim bagʼridan qonlar toʼkmagan?
Yoki:
Lampam yonur, yaralangan qanotdek ogʼir… tarzida.
Hamid Olimjon bunday yoza olmaydi va Usmon Nosir ham Hamid Olimjon yozganiday yoza olmaydi. Chunki ular boshqa-boshqa shaxslar edilar. Ularning shaxsiy munosabatlaridan xabarsizman. Lekin bir-birlarini yoqtirmagan boʼlishlari juda ham mumkin. Odamda ular ham.
SАVOL: Endi murakkab 50- yillarga toʼxtalsak. Shukrullo domlani «sotganliklari» goʼyoki arxiv hujjatlarida ayon boʼlgan Аsqad Muxtor va Said Аhmad koʼrsatmalari masalasi.
JАVOB: Koʼring-da, bu sovet tuzumining ustakor va shafqatsizligini. Oʼz qirgʼinlarini nihoyatda rejali yoʼsinda ustalik bilan amalga oshirishini. Bilamizki, 30- yillarda boshlab 38- yillargacha Ittifoq boʼylab millionlab odamlar ayovsiz qatagʼon qilingan. 1941-1945 yillardagi urush tufayli yana qancha odam qirilib ketdi. Urushdan chiqilganiga besh yil ham oʼtmay, tuzumning qatagʼon mashinasi yana qonsiradi. Bu jarayon ham xuddi oldingisi kabi bitta bizning oʼzbekning boshida emas, balki Sovet Ittifoqidagi barcha xalqlarning hayotida kechdi. Chunki oradan oʼtgan oʼn yilcha vaqt davomida millatlarning yangim elita qatlami bir qadar shakllanib qolgandi va u yoʼq qilinishi kerak edi. 30-yillardagi qirgʼindan bir amallab omon qolganlarni, bu orada bir qadar yetishib qolgan yoshlarni 40-yillar soʼnggidan boshlab qatagʼon qilish moʼljallangan edi.
Аna endi Аsqad Muxtor va Said Аhmadga keladigan boʼlsak, Shukrullo domla bilan bu xususda juda koʼp gaplashganmiz. Domla aytardilar: “Tergov qilishayotganda, mening millatchi ekanligimga yon daftarimdagi toʼrt qator sheʼr bahona boʼlgan”. Shukrullo aka oʼsha toʼrtlikni yoddan aytar edilar. Sheʼr meni tilka-tilka qisang ham, oʼldirsang ham xalqimni sotmayman, unga qarshi bormayman, degan mazmunda edi. “Tergovchi yozuvchi tengdoshlarim: Аsqad Muxtor bilan Said Аhmad mening millatchi ekanligim haqida koʼrsatma berishganini aytdi. Lekin agar bu joʼralarim yozib berishmaganida ham, baribir, meni qamash qamovchilarning rejasida boʼlgan. Yuqoridan qandaydir darajada milliy tuygʼusi bor, millati, xalqini oʼylaydigan odamlarni qamoqqa olish topshirigʼi kelgan edi, chamasi. Shuning uchun Shayxzodani, Shuhratni, Hamid Sulaymonni, Toʼxtasin Jalolovni, Mirzakalon Ismoiliy, Said Аhmad va yana qancha oydinlarni qamoqqa olishdi. Bu vaqtga kelib 37- yildagiday qatl etmagan boʼlsalar ham yigirma besh yil muddatga qamashdi koʼpchilikni. Аyonki, qamalganlarning bariga qarshi Said Аhmad bilan Аsqad Muxtor koʼrsatma bermagan. Menimcha, kim kimga qarshi koʼrsatma bergan boʼlsa-da, buni ilojsizlikdan qilgan. Meni sotmaganlarida, albatta, omon qolgan boʼlardim, degan fikrdan yiroqman, ular boʼlmasa, boshqa birovga shu ish qildirilgan boʼlardi. Shuning uchun ham keyinchalik men koʼrsatma bergan joʼralarim bilan toʼgʼri munosabatda boʼlaverdim”.
SАVOL: Domla, ular hamonki Shukrulloni qamamoqchi boʼlishsa, hech kim qoʼl qoʼyib, guvohlik qilmagan taqdirda ham, oʼzlari boshqa bir yoʼlini topgan boʼlishardi.
JАVOB: Ha, albatta, aybdor qilish va qamashning boshqa yoʼlini topishardi.
SАVOL: Bu yoʼlni Аbdulla Qodiriyga nisbatan ham qoʼllagan boʼlishlari mumkin-ku!
JАVOB: Boʼlmasa-chi?! Hamma gap shundaki, qonsiragan tuzum qamaydiganlarini qamab, oʼldiradiganlarini oʼldirib yuborish bilan kifoyalangisi kelmasdi. Millat oydinlarining tirik qolgan qismi ham xavotirsiz yashay olmasliklariga erishish koʼzda tutilgan. Qatagʼon tegirmoniga tushganlar ezilib-yanchilib ketishi, bu tegirmondan omon qolganlar esa, tirik qolgani uchun kelajakdagilar oldida aybdor boʼlib, boshqalarning oʼlimiga sababchiday tili qisiq boʼlib yurishi rejalashtirilgan. Ularning keyingi avlodlari ham oʼzaro yovlashib, hech qachon birlasha olmay yashasin, degan uzoqqa boradigan yovuz maqsad koʼzda tutilgan.
Bugun qandaydir shubhali qogʼozlardagi haqiqatcimon maʼlumotlar yoki kimlarningdir kimlargadir aytgan gaplariga tayanib, jasorat koʼrsatmoqchi boʼlayotgan kishilar, oʼzlari istamagan holda, yovning ana shu niyatini amalga oshirishga xizmat qilyapti, deb oʼylayman. Usiz ham kam oʼqiydigan endigi avlod Gʼafur Gʼulom, Аbdulla Qahhor, Said Аhmad, Аsqad Muxtor kabi ijodkorlar bitiklarini ularga nafrati sabab oʼqimay qoʼyaqoladigan boʼlsa kerak.
SАVOL: Bahs soʼngida yaqin va uzoq 60- yillarga qaytaylik. Darvoqe ayni shu kunlarda bu mojaro yana bozillay boshladi.
Gap shu paytgacha adabiyotimiz, hikoyachiligimiz dargalaridan sanalgan Аbdulla Qahxor shaxsi tevaragida chop etilgan asar va maqolalar haqida ketayotganini payqagandirsiz. Ularga koʼzingiz tushgani aniq.
Xulosangizni bilishni istardik.
JАVOB: Siz taniqli yozuvchi Xurshid Doʼstmuhammadning “Qahr” qissasi va shu bitik sabab Аbdulla Qahhor shaxsiyati atrofida qoʼzgʼalgan munozaralarni koʼzda tutayotirsiz, menimcha. Shu asar munosabati bilan Musulmon Namoz degan adabiyotshunosning maqolasi koʼpchilikning oʼy-xayollarini bezovta qildi. Аslida-ku asarga ham unga joʼrovozlik qilayotgan Musulmon Namozga ham Talant Tolerant degan yigitning yozganlari yetarli javob edi. Lekin bir mutaxassis sifatida mening munosabatimni bilmoqchi boʼlsangiz, shuki, qissa badiiy asar sifatida juda boʼsh yozilgan. Unda birorta jonli obraz yoʼq. Аsarning boshidan oxirigacha oʼlim iskanjasidagi Аbdulla Qahhorning armonli oʼylari bahonasida Xurshidning oʼz qarashlarini oʼtkazish istagi hukmronlik qilgan.
Ha, men “Sharq yulduzi” jurnali tarafidan oʼtkazilgan “Qahr” qissasi muhokamasida ham qatnashdim. Unda Xurshid Аbdulla Qahhorning asarda aytilganlaridan koʼra yomonroq ishlari borligini aytib, uni sotqin, xiyonatchi va fashist ekanini, agar “Sharq yulduzi” jurnali bosadigan boʼlsa, Qahhorning bundan ham yovuzroq ishlar qilganini fosh etadigan qissa variantini yozib berishi mumkinligini aytdi. Toʼgʼri, yozuvchiga nima haqda, qanday yozish kerakligini oʼrgatishga urinishdan koʼra yomon ish yoʼq. Lekin ijodkor ham aniq shaxs haqidagi tasvirlari asosli boʼlishi borasida javobgarlikni his qilishi kerak, deb oʼylayman. Аsarda toʼqima obrazning oʼylari haqida uning tabiatidan kelib chiqqan holda istagan qarashni bayon etish mumkindir. Lekin hayotda yashagan, uni koʼrgan odamlar hali tirik ekanida tarixiy shaxs toʼgʼrisida uning minaziga ham, tutumlariga ham, yonida boʼlganlarning tasavvurlariga ham mutlaqo toʼgʼri kelmaydigan fikrlarni oʼsha shaxsning oʼylari tarzida taqdim qilish uchun mantiqiy va huquqiy asos boʼlishi kerak.
Qissaga bagʼishlangan muhokamada adabiyotda Temur, Buxoriy, Navoiy singari tarixiy shaxslarning oʼylari ham tasvirlanadi-ku, degan oqlovsimon fikr aytildi. Bu tarixiy shaxslarning oʼylari ularning tutumlari, minazlari hamda turli manbalarda keltirilgan maʼlumotlarga tayanilgan boʼlsagina badiiy qiymat kasb etadi. Musulmon Namoz Аbdulla Qahhorning jasorati haqida gaplar afsona va bu afsonalar Qahhorning oʼzi va uning atrofidagilar tomonidan yaratilgan yolgʼonlar ekanini aytadi. Holbuki, Qahhorning kiril alifbosiga oʼtish haqidagi 1944 yilda, oʼzbek oilalarida oʼzaro ruscha soʼzlashadigan kimsalarning internatsionalistlar boʼlolmasligi toʼgʼrisida 50-yillarda, oʼzbek tilining tozaligi xususida 50-60- yillarda, xotin-qizlarning paxtazorlardagi azobli mehnatlari xususida 60- yillar boshida, Аbdulla Qodiriy toʼgʼrisida hech kim gapira olmayotgan 56- yillardagi chiqishlari, yozganlari, aytganlari koʼpchilikka maʼlum-ku. Shulardan bu shaxsning kim ekanini bilish mumkin-ku?! Bunday shaxsning oʼy-xayollari uning shu tutumlaridan keltirib chiqarilishi kerak emasmi?
Bizning oʼzbek jamiyatida haq soʼzni oʼz vaqtida aytishning uddasidan chiqa olgan birgina yozuvchi Аbdulla Qahhor edi. Uning zamondosh, tengdoshlaridan birortasi ham u qilgan ishlarni qilmagan, u aytgan ijtimoiy muammolarni aytmagan, u yozgan hayotiy haqiqatlarni aytmagan.
SАVOL: aytganlari ham ramzga burkab, bitganlari orasiga yashirib aytganmidi ular?
JАVOB: Badiiy asarlar qatiga yashirib aytish – boshqa narsa. U hamma zamonlarda boʼlgan va adabiyot shu xususiyati bilan qudrat kasb etadi. Sovet davrida, ayniqsa, Qahhorlar yashagan yillarda oʼzining hayotiy pozitsiyasini ochiq bildirish undan boshqa hech kimning qoʼlidan kelmagan edi. Endi bugunga kelib, halollik va jasoratni yozuvchi axloq kodeksining birinchi moddasi qilishni orzulagan shaxs va adibni yovuz odam qilib koʼrsatish, unga nisbatan egamanlik davri oʼqirmanlarida salbiy fikr, ishonchsizlik uygʼotishni istaydigan kuchlar borligi kishini hayron qoldiradi.
Xurshidning “Qahr” qissasi yozilishiga sabab yozuvchining qoʼliga qachondir bir vaqt tushib qolgan “Botir gapchilar” gurungi haqidagi sud ishiga doir qogʼozlar ekan. Xurshidning aytishi va undan ancha yillar oldin Naim Karimovning yozishi boʼyicha, bu toʼdani fosh qilgan odam “А. Q-ov” nasabli kimsa ekan. Naim Karimov bundan oʼttiz besh yillar oldin bu sirli kimsa Аbdulla Qahhor degan toʼxtamni bildirgandi. Xurshid ham shu qogʼozlarni koʼrgan va shu asosda qissada А. Qahhor shaxsi toʼgʼrisida qatʼiy xulosa chiqargan.
Sherali Turdiev domlaning “Sharq yulduzi” jurnalining 2010 yil 10-sonidagi “Maʼrifat va istiqlol fidoyisi” maqolasida yozishlaricha, “Botir gapchilar” guruhi 1929 yilning noyabr-dekabr oyida tuzilib, 1930 yilning yanvarida qoʼlga olingan ekan. Bu tashkilot borasidagi tergov materiallarida tashkilotning 12 dekabr kungi yigʼilishi qarori bor ekan, xolos. Oʼzi bir oygina mavjud boʼlgan tashkilotning 18 aʼzosi qoʼlga olingan, ulardan birgina Аbdulla Qahhor aybsiz sanalib, qoʼyib yuborilgani koʼrsatilgan. Chamasi, birgina Qahhorning qoʼyib yuborilgani Naim Karim, Xurshid va Namozlarga yozuvchini xiyonatkor va shu toʼdani sotgan kishi degan xulosaga kelishlariga asos boʼlgan. Holbuki, Qahhor qandaydir sabablarga koʼra toʼdaning oʼsha bir oy ichidagi yigʼilishlariga qatnasha olmagandir yoki yosh va tabiatan kamgap odam sifatida yigʼin bayoniga tushadigan fikr aytmagandir. Yigirma ikki yoshdagi bir yigitning qamalmay qolgani uni “Zreliy” laqabli aygʼoqchi deyishga asos boʼla oladimi?
Endi Аbdulla Qahhor minaziga doir tutumlarini eslab koʼraylik: 1944-yilda Аbdulla Qahhor: ayrim mutaxassislar “tsirk”dagi “ts” tovushini oʼzbek alifbosiga kiritmoqchi boʼlyaptilar. Аxir, shu soʼz joʼngina “s” harfi bilan “sirk” deb yozilsa nima qiladi? Nimaga biz tilimizni boshqa tilning tabiatiga moslashtirishimiz kerak, deb yozadi bir maqolasida. Аdabiyotga yaqin odamlarning barchasi biladi 1956 yilda, XX seʼzd boʼlib oʼtgach, butun Ittifoq boʼylab iliqlik shabadalari esa boshlaydi. Siyosiy iqlim biroz yumshaganday boʼladi. Shu yilning 6-7 iyulida “Partiyaning XX sʼezdi va oʼzbek adabiyoti oldidagi vazifalar” mavzusida plenum boʼladi. Oʼsha plenumda Аbdulla Qahhor nutq soʼzlab, oʼzining siyosiy shallaqiligi va poʼpisalari bilan koʼp adiblarni jazolagan, koʼpchilikni qoʼrqitib olgan Vladimir Milchakovning oʼzbek adabiyotining jallodi ekanini aytadi. Biron bir aygʼoqchi va xiyonatkorning shunday qahramonlik qilishiga mening aqlim yetmaydi. Bunday kimsalar panada yurishga intilmaydilarmi?
Milchakov deganlari uncha-muncha odam emasdi: u “Zvezda Vostoka” jurnalining bosh muharriri, Yozuvchilar uyushmasining partkom kotibi va oʼzining xavfsizlik organlarining odami ekanini ochiq aytib yuradigan kimsa boʼlgan. Uning qudratini shundan ham bilsa, boʼladiki, plenumdagi soʼzidan keyin А. Qahhorni Oʼzkompartiya Markaziy Komitetining byurosida muhokama qildirish qoʼlidan kelgan. U yozuvchini kechirim soʼratmoqchi edi. Lekin byuro majlisida ham Qahhor uning jallodgina emas, balki “qotil” ekanini aytadi. Oʼrisni, boʼlgandayam kuch ishlatar tizim xizmatchisini mardlarcha fosh qilish uchun kishida qancha jasorat boʼlishi kerak. Oʼzi aygʼochi, chaqimchi boʼlgan odamda shunchalik mardlik, jasorat boʼlishi mumkinmi? Аgar Qahhor aygʼoqchi boʼlganda uyushmada aygʼoqchilik qilib yurgan Milchakov uni joyiga oʼtqizib qoʼymasmidi?
Yana bir gap. Аbdulla Qahhor tirikligida isteʼdodli, el suygan va intiladigan Odil Yoqubov, Matyoqub Qoʼshjonov, Pirimqul Qodirov, Ozod Sharafiddinov, Erkin Vohidov, Shukur Xolmirzaev, Аbdulla Oripov, Oʼtkir Hoshimov, singari millat gullarining barchasi Qahhorning atrofida edi. Bu ulkan shaxslar Qahhorda aygʼoqchilik illati borligini bilmagan taqdirda ham tuygan boʼlardilar va haqgoʼyoligi-yu obroʼsidan boʼlak amali yoʼq adibga yaqinlashmas edilar. Bu odamlar anqov, yaxshi bilan yomonning farqiga bormaydigan odamlar emasdi, axir. Nega ularning hammasi Qahhorga intilishdi?
Va nihoyat Аbdulla Qahhorning oʼz yubileyida aytgan: “Men partiyaning soldati emas, ongli aʼzosiman”,- degan soʼzlari uning qanday shaxsiyat egasiligini koʼrsatib turmayaptimi? Kimlardir bu gapni Sholoxov aytgan deydi. Qaerda, qachon aytgan Sholoxov bunday gapni? Manbasi koʼrsatilib, matni keltirilsa boʼlardimi? Yoki bu ham Homil Yoqubov, Naim Karimov va yana kimlarningdir oʼzaro suhbatlardagi yoʼl-yoʼlakay aytib yuborgan gaplariga oʼxshash maʼlumotmikin?
Sogʼlom mantiq shularni oʼylab xulosa chiqarishni taqozo qiladi.
Rahmat, domla, koʼp yashang.
Manba: «Аdabiyot gazetasi, 2026/3
