Jo’ra Fozil. To’fon. Hikoya

47Бу ҳикояни синчков назар билан ўқишингизни истайман. Шахсан мени у қаттиқ ҳаяжонга солди. Бу ҳикояда айни бугунги дунёнинг фикрчан одамини чуқур ўйлантираётган туйғулар ўзбекча оҳангда акс этган. Фозил оғани чин юракдан қутлайман, деб Хуршид Даврон.

Жўра ФОЗИЛ
ТЎФОН


73Жўра Фозил 1949-йил 5-октябрда Бухоро вилояти Ромитан тумани Мусича қишлоғида муаллим оиласида туғилган. 1966-йил ўрта мактабни тамомлагач, туман босмахонасида ҳарф терувчи, адабий ходим, мусаҳҳиҳ вазифаларида ишлаган ҳамда армия хизматини ўтаган (1968—1970). Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. Ромитан туман газетасида, „Бухоронома“ газетасида, Республика „Мулкдор“ ҳафтаномасида ишлаган. 2000-йилдан „Ромитаннома“ газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритган.
Дастлабки ҳикоялар тўплами 1991-йилда „Муҳаббатнинг байрамлари“ номи остида нашр этилган. Кейинчалик „Барқут мавсуми“ (1992), „Бухоро элчиси“ (1996), „Бахт юлдузи“ (1997), „Менинг қизил гулим“ (1998), „Болаликнинг ёлғиз ёдгори“ (2000), „Бухорийнинг қайтиб келиши“ (2004), „Ибтидо ва интиҳо“ (2005), „Айрилиқ остонаси“ (2006), „Тирамоҳ армонлари“ (2008, „Биз лола термаган баҳор“ (2010) каби ҳикоя, қисса ва романларидан иборат китоблари чоп этилган.
Жўра Фозил таржимон сифатида Константин Паустовскийнинг „Севги“ романи ва ҳикояларини, Виктор Астафевнинг „Ғамгин саргузашт“ романи ва „Мунаввар юлдузлар“ қиссасини ўзбек тилига ўгирган.


Адабиёт жон куяри, профессор Ғайрат Муродовга бағишлайман

   Олис-олислардан шовқин солиб, гумбирлаб оқиб келаётган бу кўҳна дарё шўртоқ, тақир, янтоқ босган, жизғанак ерларга яқинлашганда энди водийларда оқ олтин, буғдой, мева-чева, рисқ-рўз ундирган дарё эмас, заҳкашга айланган, синчиклаб қараганда, урушда беному бенишон йўқолган ёлғиз ўғлини қирқ йил кутган онаизорнинг нурсиз кўзлари, салқи ёноқларида қотиб қолган кўз ёшларидек мискин, бенаво эди.

Уфқда тоғ харсангларидан барпо этилган маҳобатли кўприк кўзга ташланади.

Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бу кўприк остидан бир дарё сув оқар, собиқ жангчи, нақ пешонасидан ўқ еган балиқпаз шундоқ харидорлар кўз ўнгида энди тўрга тушган, типирчилаб турган лаққани сўйиб, дарҳол қовуриб берарди.

Ҳозир эса саховатли бой қурдирган бу кўприк тагидан зах сувли ночор ариқча оқади, холос.

Бир пайтлар дарёнинг лойқа тўлқинлари пишқирган ерларда ҳозир мўъжаз шаҳар барпо этилган. Шаҳар “Бахт остонаси” деб номланган. Бу маскан атроф-жавонибдаги бошқа шаҳарларга мутлақо ўхшамайди. Ўлган дарё ўрнида, тўғрироғи, унинг чап қирғоғида қад ростлаган кўп қаватли иморатлар жойлашуви ҳам фақат шу шаҳаргагина хос ва мос.

Кўприк яқинида беш қаватли ўн бешта бино. Буларнинг ҳаммаси дорихоналар. Улар доимо харидорлар билан гавжум. Дорихоналар дам олиш кунлари ҳам, байрамларда ҳам танаффуссиз, кечаю кундуз ишлашади. Ярим тунда ҳам неон чироқлари нурларига кўмилган бу жойлардан одамлар қадами узилмайди. Жуда қиммат нарх-наво ҳеч кимни қизиқтирмайди. Юз минг, бир миллион, икки миллион, ўн миллион… Сотиб олаверишади. Дард жондан ўтгач, қўлларидан бошқа нима иш келар эди?

Дорихоналардан сўнг доимо олағовур бозор жойлашган. Бозорнинг пастқам бурчагида мўъжазгина гўшт дўкони бор. Унда ниманинг гўшти сотилишини қассоб ҳам, харидорлар ҳам билишмаса керак.

Бозор яқинида янгидан барпо этилган замонавий тиббиёт масканлари савлат тўкиб туради. Бу биноларнинг энг баланд ва кўзга кўринарлиси пештоқига “Шошилинч жарроҳлик шифохонаси” деб ўқловдек ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бу ерда жуда нодир жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Хизмат ҳақи жуда қиммат. Бунга ҳеч ким парво қилмайди. Мижжозларнинг ҳаммаси пулдор, ўзларида ўша нодир амалиёт мумкин қадар тезроқ ўтказилишини хоҳлашади. Боз устига, улар унча-мунча пулни – пул ҳисоблашмайди.

Шифохона биноларининг энг охирида кўримсиз, бир қаватли иморат бор. Бу – ўликхона. Унинг оқава сувлари бусиз ҳам ифлосланиб ётган, жон узаётган дарёга ташланади.

Бой- бадавлат бу шаҳарда бирорта ҳам газета, китоб дўкони йўқ. Бундан ҳеч ким, ҳеч нарса ўқимайди деган хулоса чиқариш мумкин.

Ҳикоя қилинаётган бу манзилда аксарият иморатлар, пештоқлар, безаклар сариқ, сариқ бўлганида ҳам, “ярқ” этган эмас, кўнгилга қандайдир хавотир, ғашлик олиб кирувчи бўғиқ- сарғимтир рангда.

Сариқ ранг азал-азалдан балойи нафс – нафси аммора – оловга қиёсланади. Олов борлиқни қанчалар ғорат этса, нафс балоси инсон онг-шуури, вужудини шунчалар кунпаякун этади.

Шаҳар хўжайинлари нега бу дилгир рангни танлашганини ҳеч ким билмайди. Улар эса изоҳлаб ўтиришни ёқтиришмайди. Шунинг учун бўлса керак, некбинлар қуёш ҳам сариқ ва қизил олтин рангида-ку! – дея ўзларини- да, бошқаларни- да юпатган бўлишади. Бадбинлар эса, қуёш нури ҳаддан ташқари кўп бўлса, у куйдиради, ёндиради, дея минғирлаб қўйишади

Аммо шаҳарда ҳукмрон бўлган совуқ тус қуёш рангига мутлақо ўхшамайди. Ажабланарлиси бу манзил-макондаги барча гулзорларда сариқ рангли гул-чечаклар очилиб ётади. Унда-бунда учраб турадиган афтодаҳол дарахтларнинг барглари ҳам баҳор қариши биланоқ заъфарон тусга киради. Сариқ гуллар юрагига ишқ меҳмон бўлган ошиқлар учун айрилиқ рамзи сифатида дўқ уради, дағдаға қилади, ҳатто, ер тепинади, жазавага тушади.

Шаҳар сокинлари уззу кун кекириб, тиш кавлаб юришади, бундан сира уялишмайди, нигоҳларида бепарволик, лоқайдлик аломатлари яққол сезилади.  Сариқ ранг – эркак- аёллар чеҳраси, вужудида ҳам ҳукмронлик қилади. Қаторасига тилла тишлар, деярли барча бармоқлардаги олтин узуклар, билаклардаги катта соатлар, бўйинлардаги қалин жанжирлар – буларнинг ҳамма-ҳаммаси ўша, инсон ақлини шоширувчи, телба қилувчи, охир-оқибат, муте ва қул қилувчи қимматбаҳо сариқ маъдандан. У шўрликлар бу ташқи ялдир-юлдур сифатлар билан ўзларини ҳаётнинг, дунёнинг ҳақиқий хўжайинларидек кўрсатишга интилсаларда, аслида улар нафси аммора қуллари эдилар.

“Ҳаёт хўжайинлари” – ўнг қирғоқдаги қимматбаҳо ресторанлардан чиқмай бир неча кунлаб майхўрлик қилишади. Уларнинг тўқликка- шўхлик қабилидаги “хурмача қилиқ”лари кўп бўлади.

Ўликхонадан икки чақирим нарида Зарқишлоқ бор. Бу қишлоқ дарё тўлиб оққан йилларда боғ-роғларга бурканган, гуллаб яшнаган маскан эди. Энди бўлса, дарахтлар, гул-кўкатлар қовжираган жой. Қишлоқ чеккасида янги қабристон. Унда-бунда шўр тупроқли янги қабрлар кўзга ташланади. Ушбу манзара жуда хунук, син солиб қараган одамнинг эти жунжикиб кетади.

Ана шу қишлоқда юз ёшни қоралаган, қишин-ёзин беқасам тўн, енгилгина симоби кулоҳ кийиб юрадиган соч-соқоли, қош-киприкларича оппоқ, чеҳраси жуда нурли, кенг елкали, барваста чол ўзининг ғарибгина ҳовлисида истиқомад қилади. “Истиқомат қилади”, деганимиз анчайин шартли, чунки Ёрмуҳаммад исмли бу киши уйида кўп ўтирмайди. У уззукун вақтини ўша ҳашаматли шаҳар ва ҳалокатга юз тутган дарёнинг ўнг соҳилидаги қаторасига қурилган бешта ҳашаматли ошхона ва емакхоналар ёнида ўтказади. Чол панароқ, ёзда салқин, қишда иссиқ кўчма қўналғада ўтириб олиб, кун бўйи “Қуръон” тиловат қилади. Овози жуда ширали, ёқимли, аллаловчи. Уни узоқ тинглаб ўтирадиган мухлислари баъзан ухлаб қолганларини сезишмайди. Баъзи-баъзида тиловатдан сўнг чолнинг кўзлари ғамгин тортиб, ёшланади. Ўша олис уруш йилларини, ўзи қаттиқ яраланган сўнгги жангни эслайди.

Унинг ҳаётидаги энг сўнги жанг Сталинград остоналарида бўлганди. Катта лейтенант Ёрмуҳаммад командир бўлган  ва асосан бронтешар узун милтиқлар билан қуролланган танк қирувчи махсус бўлинма ўқчи полкнинг энг олдинги маррасида окопларда жойлашиб олиб, душман танклари яқинлашиб келишини кутиб ётишарди.

Танклар оз эмас- кўп эмас, ўттизта эди. Улар ҳали олисда, шу боисдан жангчилар оғзи карнайдай катта милтиқларини шай қилиб, жим ётишарди.

Ниҳоят, орадан жуда толиқтирувчи узун дақиқалар ўтгач, пона шаклида тизилиб келаётган танклар занжирларининг овози аниқ-тиниқ эшитила бошлади. Яна бир неча дақиқадан сўнг, Ёрмуҳаммаднинг “ўт оч!” – деган ҳайқириғи эшитилди ва жангчилар олдинда келаётган машиналарни мўлжалга олиб, ўқ ота бошладилар.

Бир соатдан ортиқроқ давом этган жангда бўлинма аскарлари йигирма еттита танкни ёндириб юбордилар. Аммо бўлинмада командирдан бўлак ҳеч ким омон қолмади. Шундоқ командирнинг ёнида ҳамюрти Мўминжон чап кўксини чангаллаганча ётар, бармоқлари қонга беланганди.

Ёрмуҳаммаднинг юраги қаттиқ санчди. У Мўминжон онасининг суратини кўкрак чўнтагида асраб юришини яхши биларди. Лекин ҳозир дўсти учун ғам чекишга ҳеч фурсат йўқ.

Ёрмуҳаммад гранаталар шодасини олиб окопдан сакраб чиқди ва бир неча қадам олдинга юргач, яқинлашиб келаётган танкка қараб шодани улоқтирди. Кучли портлаш натижасида танк тўхтаб қолди. Қаттиқ зарба тўлқини командирни озод кўтариб, узоққа улоқтириб юборди, у хушдан ажради.

Қўмондонлик қўналғасидан буларнинг ҳаммасини стерио труба орқали кўриб турган полк командири майор Хабиров гитлерчилар орқага улоқтириб ташланиб, жанг тугугач ўзи ҳалок бўлди деб ўйлаган ўзбек йигитини Қаҳрамонлик унвонига тавсия этди.

Тақдир ўйинини қарангки, Ёрмуҳаммад ҳалок бўлмаган, беҳуш ҳолда асирга тушганди.

У концлагернинг барча азоб-уқубатларини бошидан кечирди. Яраланганига қарамай қочишга муваффақ бўлди.

Уруш тугагандан сўнг, орадан беш йил ўтгач уни Москвада обдон текширишдан ўтказиб, уйга жўнашга рухсат беришди. Ёрмуҳаммад “Асрликда бўлган” деган тавқи лаънат бошига концлагерникидан баттарроқ қийноқлар солишини ҳали билмасди. Чунки у ўзига “Ўлимидан сўнг” Қаҳрамон унвони берилгани, ўлмай қолиб, асирга тушгани учун унвонидан маҳрум этилганидан ҳам хабари йўқ эди.

Ўз юртида эса, унинг шарафига аталган қишлоқ кенгаши номи аллақачон ўзгартирилгани “Қаҳрамоннинг хотини ва ўғли деган” номга ўрганиб қолган турмуш ўртоғи ва фарзанди асрга тушган одамнинг яқинлари сифатида камситилаётганини ҳам хаёлига келтирмаганди. Хорлик-зорлик ўз ишини қилди. Ота-онаси, ўғли ва хотини бирин-кетин вафот этдишди. Собиқ Қаҳрамон бу дунёи дунда якка-ю ёлғиз қолди.

У Фотимани илк йигитлик ишқи билан севганди. Шу боисдан бўлса керак, хотинининг ўлимидан олдин бот-бот такрорлаб юрган сўзларини қайта-қайта онг-шуурида жонлантирарди.

“Дадаси, – дерди у, – кун келиб ҳузурингиздан кетаман. Дарёда оқиб, қайтмас кемага айланаман. Мени Рауфжон чорлаяпти. Ишонинг, мен ўлимдан қўрқмайман. Ўлим – Ҳақ. Мен сизни бу шафқатсиз дунёда, шафқатсиз одамлар билан ёлғиз қолдиришдан қўрқаман…”.

Ёрмуҳаммад ота бу ҳақда ҳеч кимга ҳикоя қилмас, фақат ўзи билан ўзи қолганда чуқур хаёлга толарди.  Қоп-қоп пул топиб, қутуриб кетиб, на мусулмончилик одоби, на одамгарчиликни билган гумроҳлар ҳақида у кўп ўйлар, бу ожиз бандаларни Ҳақ йўлга қандай қайтариш мумкинлиги ҳақида бош қотирарди.

Собиқ дарёнинг чап ва ўнг соҳилидаги жўшқин ҳаёт эса ўзанга сиғмаётган сел сувларига монанд, тошқин-жўшқин давом этар, одамлар – ёшу қари, каттаю кичик қандай йўл билан бўлмасин кўп пул топиш, нафсларини қондириш, тинимсиз кўнгилхушлик, тўй-тантана, ўз-ўзини кўз-кўз қилишдан бошқа нарсани билишмасди. Катта пул топиш илинжи ҳаёт тарзи эмас, васвасага айланиб борарди.

Дарёнинг ўнг соҳилидаги қаторасига қурилган бешта ҳашаматли ошхонада эрта тонгдан тун ярмигача, ҳатто, саҳаргача арақхўрлик, базми жамшид сира тинмасди.

Хўрандалар – қарию ёш, хотин халач, қизлар ўзлари нима учун бунчалик нафс ботқоғига ботиб бораётганларини тушунмасдилар, аниқроғи, тушунишни сира истамасдилар. Улар шунчалар ютоқиб кўнгилхушлик қилардиларки, гўё эртага тонг отадию, кейин қиёмат — қойим содир бўлади, ҳаммасига улгурайлик деяётгандек бўлишарди. Серҳашам емакхоналар ғариб шўртоқ, чақир тикан босган соҳилга сира ярашмас, кимхоб- атласга қўйилган бўз ямоқдан ҳам хунукроқ кўринарди.

Дарёнинг қуриб қолган ўзани андак чуқурлаштирилиб, у ерда заҳ сувдан иборат кўлмак ҳосил бўлган жойда “Титаник”ка ўхшаш кема қайта жиҳозланиб, қимматбаҳо ресторанга айлантирилган, унда бир киши ўтирадиган ўриндиқ учун ҳеч овқат емасада, икки юз минг тўлаш керак бўларди.  “Титаник” йўловчилари кимларнингдир лоқайдлиги, эътиборсизлиги, охир-оқибат, улкан сув офати қурбони бўлишган.  “Титаник”ка ўхшаган ресторан — кема хўрандалари нафс ботқоғига ботиб боришаётган бўлишса, не ажаб.

Кимлардир “Хўш, дарё ҳалок бўлса, нима қипти? Ахир, халқимизда “Оққан дарё –оқаверади” – деган нақл борку!” – дейиши мумкин.
Афсуски, ушбу ҳикматли сўз эскирган бўлса кераг-ов. Дунёда оқмай қолган дарёлар, қуриган денгизлар сон мингта!..

Аслида оқмай қолган дарёлар, ҳалок бўлган табиий манбаълар – инсоният, борлиқ, Дунё фожиаси!  Ёрмуҳаммад отанинг юрагида ададсиз андуҳ уйғотадиган муаммо бу – кун сайин зайифлашиб рамақижон бўлиб қолган улкан дарё қисмати эди.

Дарё ер қаърига тобора чуқур сингиб бораётган жойда юракларга ваҳима солувчи улкан ўпқон пайдо бўлган, гирдобида сув эмас, қуюқ лойқа гир айланар, “Қўлбола “титаник” да овқатланиб, ютоқиб арақ симираётган хўрандалар бу нохуш манзарадан сира беҳузур бўлишмасди.

Жон талвасасида бўлган дарёни қийнаб, унинг сўнги нафасларидан ҳам мумкин қадар кўпроқ фойда олиш илинжида бўлган корчалонлар эса, Аллоҳ ғазабидан сира қўрқишмасди. Бу аянчли манзарани ҳар кун кўриб юрган Ёрмуҳаммад отанинг қимтилган лаблари “Ё, Худо! Аллоҳдан қўрқмайдиганлардан қўрқиш керак!” – дея пичирларди.

У урушдан олдинги дарё тўлиб-тошиб, сурон солиб оққан маъсуд дамларни кўп эсларди. Ўшанда ҳар икки қирғоқдаги яйловлар, пахта ва буғдой далалари, боғ-роғлар гуллаб яшнаган, дарёда балиқ жуда мўл эди. Унинг отаси Нурмуҳаммад қори ҳар икки соҳилдаги гўзал қишлоқларнинг энг ҳурматли одами бўлиб, “Қуръон”ни ёд олишдан ташқари “Ошиқ” – яъни, шоир, қиссагўй, мусиқачи ва қўшиқчи рутбасига эга эди.

Нурмуҳаммад қори дутор ва ғижжакни жуда яхши чалар, “Шашмақом” ижросида унга тенг келадиган киши топилмасди. Ота ўз билимларини секин-аста ёлғиз ўғлига ўргатди.  Йигирма ёшга етганда ўғил отасининг муносиб шогирдига айланиб улгурди. У шеър-ғазаллар битар, лекин ҳеч кимга кўрсатмасди. Фақатгина қўшни қишлоқлик Фотима исмли гўзал қизга ошиқ бўлгач, унга биргина шеърни ёддан айтиб берди. Кейин қиз келинчак бўлгач, қанча илтимос қилмасин бошқа шеър ўқимади. Келинчак унинг шеър дафтарларини қидириб топиб, қайта-қайта ўқир, ёд оларди.

Кунларнинг бирида у кўк муқовали, қалингина дафтар топиб олди. Дафтарнинг биринчи саҳифасида қизил қалам билан “Севишганлар фожиаси” деган сарлавҳа қўйилган, пастроғида “Достон” сўзи битилганди. Фотима юрагида чексиз ҳаяжон ва андуҳ билан достонни бир неча бор ўқиб чиқди.Унинг бўғзига аччиқ бир нарса тиқилиб келар, кўз ёшлари дафтарга “чак”-“чак” томарди.

Достон Зарингису исмли зардўз қиз ва Мустафо деган темирчи йигит ўртасидаги соф муҳаббатга бағишланганди.

Севишганлар ўз бахтларига эриша олмадилар. Қишлоқма-қишлоқ изғиб, гўзал қиз изловчилар Зарингисуни амирга тортиқ этмоқчи бўлиб, ота-онасини илондек аврадилар. Онаизор қизининг ҳукмдорга тортиқ этилишини мутлақо хохламади. Шўрлик серфарзанд ота эса, олтин тангалар жилвасига тоб бера олмади. У бечора соҳибжамол қизидан бўлак яна саккиз нафар фарзандини қандай боқишни билмай жони ҳалак эди.

Зарингису амирга тортиқ этилишдан кўра ўлимни афзал билди.

Севишганлар ойсиз қоронғу тунларнинг бирида қайиқда дарёнинг энг чуқур жойига бориб, ўзларини бир-бирларига темирчи олиб келган арқон билан маҳкам боғлаб, сувга шўнғидилар. Гирдобда ваҳшат ила шалоблаётган оч тўлқинлар уларни аввалига дарё тубига ташлаб, сўнгра олис-олисларга оқизиб кетди.

Зарингису қисқача мактуб қолдирган экан, тонг оқариши биланоқ онаизорнинг фарёди соҳилдаги қишлоқни ларзага солди.

Ҳар икки ёшнинг жасадини топиш имкони бўлмади. Бу фожиадан табиат ҳам қаттиқ норози бўлди. Воқеадан сўнг, уч кун ўтар-ўтмас дарё тошди. Бебош тўлқинлар одам бўйи келадиган харсангтошни қирғоққа чиқариб ташлашди. Мустафонинг жон дўсти сангтарош йигит ишқ қурбонларига атаб уларнинг рамзий қабри учун бир ёдгорлик бунёд этди.

Севишганлар фожиасига гувоҳ бўлган қирғоқда уларга ёдгорлик ўрнатилди. Аслида бу нафақат Зарингису ва Мустафо учун, балки, соф муҳаббат тимсоли эди.

Икки ёш фожиаси Ёрмуҳаммадни қаттиқ севган Фотимани чуқур қайғуга томдирди.У севгилисидан ушбу достон тарихини сўзлаб беришини илтимос қилди.  Ёрмуҳаммад бу гал унинг илтимосини рад этиш учун ўзида куч топа олмади. У бу ишқ фожиасини отасидан эшитганини, сўнгра бир неча ой мобайнида тунлари чироқ ёруғида яширинча қоғозга туширганини, ўзи ҳам ишни тугаллагунча кўз ёшларини тия олмаганини уялмай айтиб берди.

У ўз машқи суюклигини қанчалар ларзага солганини юрак-юракдан ҳис қилиб турарди. Улар ҳам ўша Наврўз сайлига танишиб, сўнгра аҳд- паймон қилгандилар.  Фотима кўк дафтарни узоқ вақт қўлидан қўйолмай, қайта-қайта ўқиди, кўз ёш тўкди. Охир оқибат Ёрмуҳаммад дафтарни хотинига билдирмай олиб, уни бошқатдан яшириб қўйишга мажбур бўлди. Келин куёвлар ота уйида фаровон, аҳил-иноқ яшадилар. Бир йил ўтиб ўғил фарзандлик бўлдилар. Унга яхши ният билан Рауфжон деб исм қўйдилар.

Кейин… Кейин инсоният тарихида энг қонли ҳисобланган иккинчи жаҳон уруши бошланди ва Ёрмуҳаммад ота-онасини зор қақшатиб урушга жўнади. Ўтли-шудли, зийрак йигит бўлгани сабаб, уни лейтенантлар тайёрлаш қисқа муддатли ўқишига олишди…

Юз ёшни қоралаётган Ёрмуҳаммад ота уруш хотираларини, концлагер қийноқларини ҳамон эслайди, Сталинград остоналарида қаҳрамонларча ҳалок бўлган бўлинмаси аскарларини бирма-бир ёдга олади Хотиралар қора булут галаларидек ёпирилиб келади. Жуда дилгир бўлган вақтларда қўлига дуторини олиб ғамгин куйлар чалади. Сўнгра ўзи гувоҳи бўлаётган ҳаётнинг шафқатсиз қонуниятлари ҳақида хаёлга чўмади. Катта-кичик, ёшу қарини талвасага солган, ўпқонига тортаётган нафс васвасаси тўғрисида ўйлайди.

“Чекимизга тушганда биз фашизм вавосини так-томири билан йўқотишга ҳиссамизни баҳоли қудрат қўша олдик. Инсоният халос этилди. Хўш, энди жамиятимиз балои нафсдан қандай қутулади? Уни ким халос этади?

Нажот йўли бор! Бу инсонга ҳар дақиқада унинг инсонлигини эслатиб турадиган энг адолатли ва улуғ таълимот – Исломдир. Инсон Аллоҳ иродасига бўйсуниб, ўз иродасига таяниб нафс балосидан халос бўла олади. Унинг учун яккаю ягона йўл –Ҳақ йўлидир!”.

Шуларни ўйлаган отанинг кўнгли ёришар, таскин топар, нажот йўли борлиги учун Аллоҳга шукроналар қиларди. Лекин дорихоналар, бозор расталари, дўконлар, касалхона ва янги-янги қабрлар пайдо бўлаётган қабристонни кўриб кўнгли яна хуфтон бўларди.

Чол ана шундай зиддиятли хаёллар оғушида юрар экан, кунларнинг бирида тонг маҳали шаҳар телерадиокомпанияси даҳшатли хабарни эфирга узатди:

  – Шаҳримизга кучли тўфон бостириб келяпти. Унинг тезлиги соатига 150 км. Тўфон уч кеча-кундуздан сўнг етиб келади. Офат пайтида қаттиқ сел келиши хавфи катта. Фуқаролар Фавқулотда вазиятлар бошқармаси буйруқларига амал қилиши шарт!

Шаҳарнинг “Пахтачи” газетаси ўз номига содиқ қолган ҳолда, бу ҳақда лом-мим демади. Таҳририят ночор бўлгани учун фаолият кўрсатмас, газетанинг бош муҳаррир тимсолида биргина ходими саксон ёшар чол эди. Шўрлик «Мен оғзаки газета чоп этаяпман» —  дея ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдаб юрарди.

Ёз кунидаги қордек бўлиб, одамларнинг бошига ёғилган бу дахшатли хабар ҳамманинг  кўнглида андак қўрқув уйғотган бўлсада, унчалик ваҳима туғдирмади. Бу шаҳар бошқа бирор бир манзил-маконга сира ўхшамасди. Худди шундай унинг аҳолиси ҳам, бошқа манзилларнинг одамларидан кескин фарқ қиларди. Улар унча- мунча хавф-хатар, ёки кимнингдир дўқ- пўписасига эътибор қилишмас, ўзларининг одатдаги ишларини бамайли хотир давом эттиришарди.

Тўфон ва сел ҳақидаги хабардан ҳам улар ташвишга тушмадилар, унга шубҳа билан қарадилар. Кўпчилик шундай фикрда эди: яъни, масалан, тўфон уч кеча-кундуз мобайнида кучсизланиши, секин-аста йўққа чиқиш мумкин. Боз устига, қуриб-қовжираб ётган дарёдан сел келишига ишониш қийин. Шундай экан, уч кеча-кундуз маишатимизни давом эттираверсак бўлади.

Тўғри, ваҳимага тушиб, тўрт томонга зир югуриб, егилик-ичкиликни ғамлаб, ҳашаматли уйлар, биноларнинг ертўлаларига бекиниб олганлар бўлди. Лекин бундайлар жуда кам, чексиз уммондаги бир томчидай гап эди.  Аксарият аҳоли эса, лоқайдлик уйқусидан уйғонишмади. Сон саноқсиз дорихоналарда  савдо-сотиқ бир зум ҳам тингани йўқ. Дўконлар, бозор расталари ва бошқа кўнгил очар жойларда одам сира камаймади. Жарроҳлик марказида беморлар ошқозонларини кенгайтириш бўйича амалиётлар давом этаверди.
Бошқа касалхоналар, ўликхона, қабристонда иш тўхтамади.  Ўнг соҳилдаги ошхоналар эса янада гавжумлашди. Арақхўрлик, бақир-чақир авжига чиқди. Улар совуқ хабарни эшитмаганга ўхшашарди.

Аслини олганда, хўрандалар ҳамма гапдан хабардор эдилар. Фақат, мабодо ҳаммамизни тўфон учириб кетса, ёки, ўлиб-нетиб қолсак, ҳеч бўлмаса, қорин қурмагурни охирги марта тўйғазиб олайлик деган мақсадда, лунжларини тўлдириб овқат чайнашарди. Аммо уларнинг чеҳраси аянчли, шўрликлар ўзлари қаттиқ жазоланишлари мумкинлигини ҳис этишарди чамаси. Маҳкумлигини сезган одам албатта қандайдир ҳаракат қилади, аммо бу бадбахтлар қорнимизни яхшилаб тўйғазсак, нажот манзилига етамиз деб хаёл қилишарди.

Шаҳардаги ҳаёт шаклан бироз ўзгарган эсада, унинг мазмун-моҳияти сира ўзгармаганди.  Аҳолининг аксарият қисми ваҳимага тушмаган, фақат улар пул, озиқ-овқат, сув, кийим-кечак ва бошқа керакли нимарсаларни иложи борича кўпроқ ғамлаб олиш учун елиб югуришарди. Бадбахтларнинг ҳаракатларида зоҳирий эмас, ботиний ваҳима, даҳшатга тушиш аломатлари кўриниб турарди.
Бунинг оқибатида дўкон ва бозорларда нарх-наво кескин ошиб кетди. Ошхоналарда егулик нархи ҳам ҳаминқадар кўтарилди. Бу шаҳарда фақатгина Ёрмуҳаммад отагина хотиржам, ўзининг ўша омонат қўналғасида чўкка тушганича Қуръон сураларини тиловат қилар, унинг ёнида бирорта сомеъ кўринмасди.

Ота хотиржамлигининг боиси шунда эдики, у ер юзида бирор-бир қабоҳат ёхут эзгулик Аллоҳ иродасидан ташқари содир бўлмаслигини яхши биларди. Яқинлашиб келаётган тўфондан эмас, гумроҳ бандалар кўнглини бутунлай қамраб олаётган балойи нафс васвасасидан қўрқарди.

Васваса аралаш хотиржамлик икки кеча-кундуз давом этди. Учинчи кун тонг отганда шаҳар кўчалари, дўконлар, бозор, ошхоналар ҳувиллаб қолгани аён бўлди. Атроф жавонибда қабристон сукунати ҳукмрон, жимжитлик юракка қўрқув солар, самода қушлар чуғури эшитилмасди. Ахлатхоналар томонда лорсилаган семиз, дайди ит-мушуклар қабристон ёнида изғиб юришар, уларданда бир садо чиқмасди.

Қуёш андак баландлаганда бозор расталарини кезиб юрган Ёрмуҳаммад ота кўзга ташланди. У ўзининг азалий кийимида, чеҳраси ҳорғин- хотиржам, юраги қарама-қарши ҳислар тўфонидан ларзада эди. Қўлтиғида “Қуръони Карим”, бир қўлида каҳрабо тасбеҳ. У ниманингдир ноёб гўшти сотиладиган пештахталар томон йўналди.

Ёрмуҳаммад ота авомдан фарқли ўлароқ бу ерда ниманинг гўшти сотилишини биларди.  Эмишки, қассоб фақат Қорақирда учрайдиган, номини ҳеч ким билмайдиган жуда камёб қуш гўшти сотармиш. Нархи жуда қиммат бўлганидан катта пулдорлар, мансабдорларгина бу камёб гўштдан озгина сотиб олишаркан.

Айтишларида бу гўштни еган одамнинг умри жуда узоқ бўлармиш. Ота пештахталар остини қараб бир оз тимирскилангач, ҳеч вақо топа олмагач, афсус билан бош чайқаб, мийиғида кулганича ўнг соҳилга ўтиб олиш учун тошкўприк томонга равона бўлди. Унинг хаёлида ҳамон қарама-қарши ҳислар туғёни тинмаганди. “Ё, Худо! Шу ноёб қуш гўштини еган одам умри узоқ бўлармишми? Астахфириллоҳ, ахир, инсон қанча умр кўриши Аллоҳ иродасига боғлиқ-ку!

Бирдан отанинг миясида фикр чақмоғи “Ялт”этди. У кўп йиллар бурун шу ноёб қуш ҳақида эшитган афсонани эслади. Афсонада зикр этилича шу қуш гўштини истеъмол қилган кишининг умри ҳақиқатдан узайиши мумкин экан. Бунинг фақатгина бир шарти бор. Ўша гўштни еган киши ҳеч қачон виждон овозига қулоқ тутмаслиги, виждонсизларча умр кўриши лозим. Ўшандагина у гумроҳ бошқалардан кўп умр кўриши мумкин.

  «Э воҳ!..» — оҳ чекди Ёрмуҳаммад ота. Бундай субутсиз ҳаётнинг нима кераги бор? Бу – ахир, инсонлик номидан воз кечиш деганику!

Одамлар озиқ-овқат ғамлаб олгач, ертўлаларга бекинганларидан сўнг, орадан яна бир кун ўтди. Шу вақт мобайнида шаҳар, унинг атрофи, осмони қаттиқ хавотир ва вахимага тўлди.

Ниҳоят, тўфоннинг етиб келишига бир неча соат қолганда, қуёш юзини қоп-қора кўланкадек булутлар тўсди, чор атрофни зулмат қоплади. Шаҳар юракка ваҳима солувчи сукунат уммонига ғарқ бўлди.  Жим-житлик шу қадар қўрқинчли эдики, сичқон инини минг танга қилган гумроҳлар бу сукунат офатдан дарак берувчи сокинлик эканлигига ақллари етиб жазавага тушдилар, асаби бўшлар обидийда қилдилар.  Оналар, ёш болалар фарёдига чидаш қийин эди.

Тўфон эса узоқ куттирди ва одамлар тахликали уйқу оғушида эканлар, ғира-шира тонг пайтида бирданига содир бўлди.

Ожиз бандаларни шамолнинг даҳшатли увиллаши, тунука томларни дўмбира қилиб чалаётган кучли жала товуши уйғотгандек бўлди. Шунда ҳам андак ҳушёр кишиларгина уйғонишди, аксарият ертўлаларда хуррак овози баралла эшитилар, кўпчилик ғафлат уйқусидан кўз очмаганди.

Аммо табиат ҳодисаси айрим субутсиз кишилардек сўзидан қайтмайди. У албатта содир бўлади. Жала кўп этмай дўлга айланди. Дўл томлардан худди шиддатли йилқи уюри ўтаётгандек қўрқинчли товуш чиқара бошлади.  Энди уйқудан уйғонмасликнинг ҳеч иложи йўқ эди. Бирин-кетин уйғонганлар яна ваҳимага тушдилар.

Янада даҳшатлироқ товуш чиқариб эсаётган шамол яккам-дуккам дарахтларни “қарс”-“қурс” синдириб, оқ, қизил тунука томлар, қаровсиз қолган машиналарни учириб кетар, ағдар-тўнтар қилиб пачақларди.  Одамларни бир-биридан ажратиб турган темир панжаралар, оғир, қуббали дарвозалар, қалин ва баланд деворлар вайрон бўлди.  Албатта, ертўлаларда бекиниб олганларнинг ҳаммасини ғафлат босган, ёки қўрқоқлар деб бўлмасди. Кўчага чиқишга уринганлар ҳам бўлди. У шўрликларни тўфон чирпиррак қилиб учирди, бошлари, юз-кўзлари дўлдан ғурра бўлди.

Момоқалдироқ ваҳшат билан гумбирлар, чақмоқ тонг қоронғусининг бағрини тилка-пора этиб, тўфон оқибатида содир бўлаётган вайронгарчиликни аниқ-равшан кўрсатарди.

Она табиат тўфон тимсолида инсон онгидаги нуқсонлар, иллатлар билан курашгиси келаётгандай бўрондан кучлироқ шамол, жала, дўлдан ҳам хавфлироқ синовларни ўйлаб топмоқчи бўлаётганга ўхшарди.

Одамлар дўлдан кейин бошимизга яна қандай офат ёғилар экан, деган хавотирда жон ховучлаб туришарди. Аммо бундай бўлмади. Бирдан дапир-дупур овозлар сўниб, жарангдор товушлар қулоққа чалина бошлади.  Осмондан катта-катта тангалар ёғилди. Сиртдан қараганда бу офат эмас, марҳамат эди.

Тонг ҳали ёришмаган, тун пардаси кўтарилмаган лекин чор атроф худди қуёш чарақлаб тургандай ёришиб кетди. Тангалар кўчалар, майдонлару  ҳар иккала қирғоқни қоплай бошлади.

Бир томонида ўн червон деб ёзилган, иккинчи томонида икки бошли бургут тасвири туширилган тангаларнинг маккорона жилоси кўзни қамаштирарди. Улар ХVII -асрда хорижий мамлакатларнинг бирида зарб этилган бўлиб, жуда ноёб, қимматбаҳо саналарди.
Ҳирсу ҳавас бандаларининг қулоқлари динг бўлди, бутун вужудлари кўзга айланди, олтин жаранги ва жилосини дарҳол англашди.

Каламушлардек тагхоналарда бекиниб, тўфон тугашини кутиб ётган кимсалар ташқарига отилдилар ва шу заҳоти бирин-кетин юз тубан йиқилиб, дод-вой қила бошладилар. Дўлдек ёғаётган тангалар зарби уларни ер тишлатди. Шўрликлар бошлари, юз-кўзларидаги  ғурраларни сийпалаб, эмаклаганларича яна ўз уяларига қайтдилар. Олтин тангалар жаранги еру осмонни қоплаган, очкўзлар эс-хушини ҳам ўғирлаганди.

Олтин ёмғири табиатнинг яна бир зарбаси бўлиб, тўфон аллақайси мамлакатдаги яширин ганжина кўзини куч билан очиб, тилла тангаларни нафс бандалари бошидан сочиб, чалғитиб, шаҳарнинг ҳамма фойда келтирадиган бозор расталари, дорихоналар, шифохоналар ва ошхоналардан аввалги эгаларини баргдек супуриб ташлаб, уларнинг ўрнига ўз одамларини қўйиш билан банд, бу —   кимсалар сунъий интеллектли темир танлар эди. Улар ҳамма керакли жойларни эгаллашганидан сўнг, олтин ёмғири яна авжига чиқди.

Энди унинг жаранг-журунги пулпараст-худпарастлар ақлини шоширадиган даражага етганди. Уфқ андак оқарган, одам-одамни таниши мумкин бўлиб қолганида олтин жарангидан васвасага тушган кишилар тагхоналарни жон ҳолатда тарк этиб, яна ўзларини ғалати ёмғир остига урдилар. Бир-бирларини туртиб, босиб, янчиб, тангалар устига ташладилар. Ер юзини қалин қоплаган тангалар устига юз тубан ётиб, қўйин — қўнжларини бойликка тўлдира бошладилар. Айримлари оғизлари йиртилгудек бўлиб, унга танга жойлашар, кейин ғўрдираб, гапиролмай қолишарди. Баъзилар олтин жилосидан кўр бўлаёзишди.

   Оғир касаллар, майиб-мажруҳлар, ақли ноқислар тагхоналарда қолишган, у бечоралар ҳали осмондан нима ёғаётганини билишмаганди. Ташқарида жаранг-журунгли ёмғир кучаявергач, баъзи ўзини сал эплай оладиганлар туйнуклардан эшитилаётган ғалати овозлардан гап нимадалигини тушуниб етдилар ва улар ҳам ўзларини ташқарига урдилар. Кўчаларда қимматбаҳо ёмғир таъсирида юзага келган тўс-тўполон, васваса авжига чиқди. Майиб-мажруҳлар ҳам одам подаларига қўшилиб, жон ҳолатда олтин йиғишга тушдилар.

Шовқин-сурон шунчалар кучайиб кетгандики, энди тангалар жаранги эшитилмасди. Шаҳарнинг сон-саноқсиз тагхоналарида қолиб кетган майиб-мажруҳлар, юришга имкони бўлмаган жуда кекса қариялар ва ҳатто болалар ҳам ташқарида нима содир бўлаётганини англаб етишган, иложсизликдан бўри галаларидай увиллаб, нола чекардилар. Ер усти ва остидаги шовқин-сурон қўшилиб жуда аянчли овозлар кўкка ўрларди. Бечора одамлар ҳақиқатдан ҳам табиат улар учун қандай “инъом”лар ҳозирлаётганини билишмасди.

“Янги инъом” узоқ куттирмади. Қимматбаҳо ёмғир секин-аста тинди. Лекин жаранг-журунг товушлар анчагача давом этди. Гумроҳ бандалар кўпроқ бойлик тўплаб олиш учун тангаларни битта қўймай йиғиб олишда давом этдилар. Тангалар эса ҳали тугайдиганга ўхшамасди. Ёмғир тўхтаган эсада, тилла тангаларнинг қулоққа ёқадиган жаранги давом этаётгани шундан эди.

Кейин худди ўша тўфон олдидагидек ваҳимали жимжитлик, сукунат ҳукм сура бошлади. Одамлар эса ҳамон танга излаб, ўзларини тўрт томонга уришарди.  Энди тун қоронғусини ёритган шуъла ўрнига ҳамма ёққа сариқ, заъфарон япроқлар тўшалганди. Олтин излаётган, телбага ўхшаб қолган очкўзларни бу ҳодиса бирор нимарса ҳақида огоҳлантира олмади.

“Янги инъом” бир неча сонияда содир бўлди. Яна қуёш юзини қора, оғироёқ булутлар тўсди. Кейин самодан ҳар хил хуштак, вишиллаш товушлари эшитила бошлади. Ва кўчаларни тўлдирган бойлик устида турли-туман қурт-қумурсқа, илон-чаён, қурбақа, балиқ деса-балиққа, илон деса-илонга ўхшамайдиган хунук мавжудодлар, ҳали одамзод исмини билмайдиган жонзодлар ёғила бошлади.

Одамлар тўфон пайтидагидан баттарроқ қўрқиб, жазавага тушдилар, аюханнос солдилар ва қўйин қўнжларини тўлдирган олтинлар тўрт томонга сочилаётганига қарамай, ўз ертўлалари томон қочдилар. Кўчаларни тўлдирган бойлик васвасига тушган бадбахтлар ортларидан ажал қувлаётганини англаб етишди.

Дарёдек сурон солган шаҳар кўчалари яна ҳувиллаб қолди. Халойиқ қайтиб кўчага чиқмасликка онт ичиб, яна ертўлаларнинг бурчак-бурчакларига бекиниб олганди. Тагхоналар ҳансираш, оҳ-воҳ, ваҳимали чинқириқларга тўлиб кетди.

Одамларни олтин васвасасидан мажбуран халос этган ёмғир тезда тинди. Кўчалар сариқ япроқлар билан қопланди. Баҳор қариётган эса-да, шаҳар заъфарон ранг олди.

Чошгоҳ маҳали ҳаммаёқни тўлдирган сариқ япроқлар негадир қизғиш-қорамтир тусга кирди. Син солиб қараган киши бу ҳали тонг ғира-ширасида ёғиб, ҳамма ёқни ярқиратиб, қоронғуликни ҳайдаган тилла тангалар шуъласига ўхшаб кетишини сезарди. Тўфондан омон қолган абгор, афтодаҳол дарахтлардаги яккам-дуккам ночор япроқлар ҳам, худди шу рангда товланарди.

Қуёш янада баландроқ кўтарилди. Бу тўфон босилганидан дарак эдими, йўқми, буниси  номаълум. Ҳар қалай еру само чуқур тин олгани рост эди.  Ер тагига бекиниб олган шаҳар аҳли эса, офатдан қутилганига ишонгиси келмасди. Лекин албатта, ҳар бир жамоада довюраклар топилади.

Эҳтиёткорлик билан кўчага чиққанлар қизиқ манзаранинг гувоҳи бўлишди. Энди фақат йўл-йўлкалар, майдонларни тўлдирган япроқларгина эмас, балки, бутун шаҳар қизғиш-қора тус олган эди. Нима бўлганида ҳам бир кеча-кундуз мобайнида юз берган бир-биридан қўрқинчли, сирли ва даҳшатли воқеалардан оломон юрак олдириб қўйганди.

Ҳеч ким соат неча бўлган, ҳафтанинг қайси куни эканини билмас, умумий карахтлик сақланиб қолганди. Карахтлик, онг-шуурнинг фалажланиши қоқ туш пайтигача ҳам сақланиб қолди. Ҳеч ким тириклик, тирикчилик ташвишлари ҳақида ўйламасди.

Бу ўз навбатида шаҳарнинг янги хўжайинларини ташвишга солди. Улар “Пахтачи” газетаси хизматидан фойдаланмай, (темир танларга пахта қўйишнинг ҳожати йўқ) радио-телевидение орқали аҳолига мурожаат этиб, ҳаёт ўз изига тушганини билдирдилар.
Мурожаат этувчининг овози шаҳарнинг аввалги раҳбари товушига айнан ўхшарди.

Тушдан сўнг одамлар андак ўзларига келиб кўчаларга чиқа бошлашди. Фақат ҳаёт учун биринчи навбатда зарур бўлган дорихона, бозор, дўкон, ошхоналар, шифо масканларига борганлар куни кеча жуда маҳобатли кўринган бу иморатлар ярим вайронага айлангани, бош кийими юлиб олинган, ёқа вайрон, ялангоёқ одамларга ўхшаб қолганидан даҳшатга тушдилар. Шўрликлар у ерда хўжайинлик қилаётган темиртанларни кўришганда қўрқув янада кучайди.

Янги хўжайинлар вазиятни тўғри баҳолаб, яна радио-телевидение орқали тушунтириш бердилар, варақалар тарқатдилар. Охир-оқибат, аҳоли янги тартиб-қоидаларни қабул қилишга мажбур бўлди. Қизиғи шундаки, айрим кичик ўзгаришларни ҳтсобга олмаганда, қонун-қоидалар аввалгилардан унча фарқ қилмасди. Яъни, барча дорихоналардан хохлаганча харид қилиш, ошхоналарда бўкиб қолгунча овқатланиш, май-шароб ичиш мумкин. Дўконларда нарх-наво янада қимматлашган. Жарроҳлик марказида ошқозонни катталаштириш бўйича амалиётлар давом этаётир. Ўликхона, қабристон аввалги тартибда ишлаб турибди. Фақат “Пахтачи” газетаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Унинг яккаю-ягона ходими ва бош муҳаррирри тўфон вақтида бедарак йўқолган. Юқорида темиртанларга “пахта қўйиш”нинг ҳожати йўқ дея айтилганди. Аммо қиёфасини ва ўз -ўзини тез ўзгартириб, янги шароитга мослаша олган буқаламунлар тарқатган узун қулоқ гапларга қараганда, у шўрликлар ҳам инсониятнинг бу қусуридан холи эмас эканлар.

Буқаламунлар ўз фикрларини ривожлантириб, дарҳол шов-шув хабар тарқатдилар. Эмишки, мабодо, сунъий интелект дастурига нафси аммора вируси киритилса, Худо урди деяверинг.

Инсоният тараққиётида олға ташланган инқилобий қадам ҳисобланган сунъий онг ҳам, кишилик жамиятига хос бўлган бирор бир катта-кичик иллатдан фориғ бўла олмайди.

Бу – ўша мослашувчан корчалонлар хом хаёли махсулими, ёинки, ҳақиқатдан шундай бўлиши мумкинми, буниси номаълум.
Некбинлар сунъий онгли темиртанларга ишонишлари мумкин. Улар темиртан пора олмайди, олтинга сажда қилмайди, ёлғон гапирмайди, пахта қўймайди, ўзига ҳам юмшоқ пахтанинг ҳожати йўқ деб ўйлашади.

Бадбинлар бутунлай тескари фикрда. Улар таъкидлашича, темиртан онгига вирус қанчалик чуқур сингдирилса, у нафс ва иллатлар бобида инсондан баттарроқ кўйга тушиб, ўз хожасини инкор этиши, Ер юзидаги тириклик, ҳаётни ямлаб ютиши мумкин.

Дарвоқе, кичик бир эслатма. Некбинлар темиртан хотинбозлик қилмайди деган фикрда.

Бадбинлар бошқача ўйлашади. Сунъий интелект инсон кўзига қараб уни авраши, ўз ҳукмига бўйсундириши мумкин экан, у аёлларни йўлдан урмайди, деб ким кафолат бера олади? Шундай экан, алданган миллат оналари не кўйга тушишларини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шундай одамлар борки, уларни некбин ёинки бадбин деб бўлмайди. Бундайлар танқидий фикр юрита оладиган, илмли, инсоф-диёнатли, ҳис туйғуларга эрк берадиган кишилар.  Ана шундайларнинг фикрича темиртанларда мурват, эҳтиёт қисм бўлади, аммо инсонникига ўхшаган юрак бўлмайди. Ақли бўлиб, қалби бўлмаган сунъий интелект баҳор латофатини, ғунча атрини, бокира қиз гўзаллигини, барно йигит куч-қувватини ҳис эта олмайди.  Демак, унда меҳр-оқибат, шафқат йўқ. Хулосайи калон темиртанга ишониш мумкин эмас.

Аммо энди зўрға ўзига келаётган аҳоли ҳали бунақа миш-мишларга эътибор қила олмасди. Улар ўзлари илгари қилиб юрган маъқул-номаъқул ишларига ҳозирча рухсат берилганидан хурсанд эдилар.

Шу тахлид тўфондан кейинги ҳаёт секин-аста, амал-тақал билан изга туша бошлади.  Энди аҳоли ҳаёт учун биринчи даражали керак бўлган жойларни эгаллаб олган, турқи, айниқса, кўзлари жуда совуқ темиртанлардан чўчимайдиган бўлди. Чунки дорихона ва бошқа барча керакли жойларга бормасликнинг сира иложи йўқ.

Ҳаёт сиртдан қараганда худди аввалгидек, ҳатто ундан ҳам яхшироқ давом этаётгандек кўринарди.  Лекин оломон, некбинлар ва бадбинлар ҳам эндигина тўхтаган тўфон имонли, виждонли одамлар кўнглига кўчганини хаёлларига ҳам келтирмасди. Бу ўзгариш тўфон тугамаёқ содир бўлганди. Янгидан бошланган бўронни тўхтатадиган куч йўқ эди бу ёруғ дунёда.

Шаҳар вайроналари ёппасига қизил-қорамтир тусда, бу ранг кўзни жуда толиқтирар, одамлар кўзлари йиртилгудек бўлиб қуёшнинг табиий рангини излашар, тополмай, ваҳимага тушишарди.  Аслида қуёш тобора баландлар, чарақлаб мўл нур сочар, унинг ҳаётбахш тафтини ҳамма ҳам сеза олмасди.

Ёрмуҳаммад ота тўфонни ўз қишлоғида бошидан ўтказди. Қадимий Зарқишлоқ юпун эсада, омон қолганди. Унда ям-яшил баҳорга ярашган тус ҳукмронлик қиларди.  Ота чор атрофдаги тусларнинг ўзгаришини дарҳол ҳис этди, кўнгли таскин топди. Демак, ҳали зулмат тўла ҳукмрон эмас, у чекиниши мумкин. Олдинда Нур бор!

Олисда элас-элас кўзга ташланаётган тошкўприк ўзининг ўша-ўша азалий харсангтош рангида. Унинг ранги ҳеч қачон сариқ ҳам, қизил-қора ҳам бўлмаган. Зора, бу кўприк одамларни бирлаштира олса, кошки эди, шундай бўлса!  Аслида юрак бўронлари табиат ҳосиласи бўлмиш тўфонлардан минг чандон кучлироқ. Боз устига, улар ғорат этмайди, аксинча, эзгулик яратади.

Ёрмуҳаммад ота секин-аста одимлаб, соҳил бўйлаб юра бошлади. Кўп ўтмай у Зарингису ва Мустафо хотирасига ўрнатилган ёдгорлик ёнига келиб қолди.  Силлиқ харсангтош баҳорнинг сар-сари елларига мағрурона кўкрак кериб турар, тўфон унга ҳеч қандай зиён етказмаганди. Шундоқ ёдгорлик пойида бир жуфт лолақизғалдоқ ял-ял ёниб, бир-бирларини суяб туришар, гулларнинг бирор япроғи ҳам шикаст емаган, тубида қора доғли алвон жомлари биллур томчиларга тўла, улар бахтиқаро ошиқларнинг армонли кўз ёшларига ўхшаб кетарди.

Отанинг юрагига оғриқ киргандай бўлди. Қаранг, бир кеча-кундузда ҳаммаёқни остин-устин қилган тўфон шу мўъжаз чечакларни аябти, омон қолдирибди. Бу чин муҳаббат мангулигига ишора эмасми?  Ҳа, жуда катта ғорат этувчи кучга эга бўлган табиат ҳодисаси нафақат нафис чечакларни, балки, ошиқлар хотирасини, уларнинг рамзий қабрини асраб қолганди!  Ҳолбуки, жоҳил шаҳватпарастлар, танфурушлар икки ёшнинг пок севгисини топтамоқчи бўлдилар, уларни худкушликка мажбур этдилар.

Ота йўлида давом этди. Севишганлар ёдгорлиги пойидаги бир жуфт нафис лолақизғалдоқ тўфондан омон қолгани чолнинг кўнглини кўтарди, ҳис туйғуларини жунбушга келтирди.

Ёрмуҳаммад ота соҳил бўйлаб шаҳар томонга кетмоқда эди. Шу аснода, унинг шундоқ боши устидан бир оқ кабутар учиб ўтди. Ота унга диққат билан тикилганди, қушнинг тумшуғи да донга тўла олтин бошоқни кўриб юраги хаприқиб кетди. Кўнглига келган хаёлдан онг-шуури янада равшанлашди.  У чап қирғоққа ўтиб олиш учун тош кўприкка қараб кетди.

Ота тонгда қўшниларидан эшитган яна бир хунук хабарнинг рост ёки ёлғонлигини аниқламоқчи бўлди.  Эмишки, тўфон шаҳарга мағриб томондан ёпирилган эди. Кеча тонгда машриқ томондан бир жуда хунук мавжудод Бахт остонасига кириб келибди. У қум рангидаги чакмон, олтин қуббали кулоҳ кийган оқ юзли, елкалари букчайган чол бўлиб, бир кўзи ғилай экан. Бадбашара сувори гулдор тўқим ва хуржун билан ясантирилган, думсиз хачир минган, жониворнинг қулоқлари жуда катта, қадами илдам эмиш.

Бадбашара сувори бир кеча-кундуз мобайнида шаҳарнинг ҳамма кўчалари, бозор расталари, чап ва ўнг қирғоқни бир неча марта кезиб чиқишга улгурибди. У ҳеч ким тушунмайдиган тилда аюҳаннос солиб, одамлар диққатини ўзига қаратмоқчи бўлар, турли беўхшов қилиқлар қилиб, қўлидаги шақилдоғини тинимсиз шақиллатар, сўнг яна кўча кезишда давом этаркан.  Даҳшатли офатдан омон қолган аҳоли бу беўхшов чолга унчалик эътибор қилмаган, шундоқ, эси оғиб қолган бирор кимсадир-да деган хаёлга борган.

Ёрмуҳаммад ота кўприкка энди қадам босган ҳам эдики, ўша ғалати суворига рўбарў келди. Таққа тўхтади. Сувори ҳам хачири нўхтасини қаттиқ тортди. Ҳар икки чолнинг кўзлари тўқнашди. Тўқнашган заҳоти Ёрмуҳаммад ота бир сесканиб, нигоҳини четга олди. Ғилай ҳам нуқсонини яшириш учун ерга боқди.

Бир зумдан сўнг икковлари ҳам ўз йўлларига қараб кетдилар. Хачир кўприкдан узоқлашар экан, беўхшов сувори бир неча бор ортига ўгирилиб қаради.

Ёрмуҳаммад ота эса ортига қайрилмади. У оқ кабутарни кўрганида қанчалар шодланган бўлса, ҳозир кўнгли шунчалар хуфтон бўлганди.

Отанинг кўнгли хуфтон бўлган эса-да, машриқдан келган ғалати киши ҳақидаги миш-миш уйдирма эмаслигига амин бўлди.
Чол шаҳарни бир оз айланиб, сўнг ўз қишлоғига қайтмоқчи бўлди. У кўчаларни бирма-бир айланар экан, нигоҳларини ўтиб-қайтиб турган одамлар чеҳрасидан узмасди. Биров хурсанд, биров хафа, яна бошқаси юзида ташвиш аломатлари, кимлардир ўша аввалгидай кекириб, тиш кавлаб юришибди. Шундан билиндики, одамлар машриқдан келган йўловчига унчалик эътибор қилишмаган. Тўғрида, қайсидир мусофир шаҳарга думсиз хачир миниб келган бўлса, нима қипти?

Ота ўз қишлоғига қайтди. Қўшнилари уни кўришлари билан қуршаб олиб, миш-мишларга сабаб бўлган ғалати мусофир қишлоқларидан ўтиб, соҳил бўйлаб Ғарб томонга жўнаб кетганини ҳаяжон билан ҳикоя қилиб бердилар. Ғилай чолнинг олтин қуббали кулоҳи, думсиз хачирининг гулдор тўқими-ю хуржини ҳақида алоҳида тўхталдилар, «Жўнаб кетгани рост бўлсин! ” – дедилар.

Ота бу кечани ҳам худди тўфон тунидагидек тоат-ибодатда ўтказмоқчи, рўй берган воқеаларни чуқур мушоҳада этишни кўнглида тукганди.

Олдинги икки куну тун воқеалари жуда даҳшатли эсада, уни саросимага туширмади. У таҳликали кундуз-кечаларни Қуръон тиловати билан ўтказди. У талотумлар тингач, ҳовлига чиқганида замину осмонда аллақандай осойишталик ҳукмронлик қилар, заъфарон япроқлар саҳнга Эрон гиламларидек тўшалганди.

Чол супада туриб, атрофга қулоқ тутди. Шундан кейингина содир бўлган воқеалар даҳшатини дарҳол англади.

Учинчи оқшом ва тун ана шу ғайри оддий, нотабиий ҳодисаларни юрак ва онг-шуурдан ўтказиш, офат авом кўнглида қандай из қолдирганини мушоҳада қилиш билан кечди.

Субҳи содиқда бомдод намозини ўқиган Ёрмуҳаммад ота енгил нонуштадан сўнг, яна мутолаа билан машғул бўлди. Тонг оқара бошлагач у кўчага чиқиб, соҳил ёқалаб кетган ёлғизоёқ йўлдан машриқ томонга равона бўлди.

Уфқ секин-аста бўзариб, алвон тус олди. Каттакон қирмизи олмадек бўлиб Қуёш чиқа бошлади.

Ёрмуҳаммад ота қўлини пешонасига соябон қилиб, Хуршиди оламга тикилди. Кўнглида жонланиш, янгиланиш сезгандек бўлди. Кўзлари намланди. Кўз ёшлари мўл нур сабабли эдими,  ёинки, шукроналикдан дийдалар намланганмиди, буниси номаълум. Ҳар қалай унинг қалбида бир инқилоб содир бўлаётганди.

Ота жануб томонга юра бошлади. Бироз юрганидан сўнг тўхтаб, олис-олисларга тикилди. Шу аснода уфқда дуркун тоғ лоласига монанд Минорайи Калон кўзга ташланди. Бу буюк обида мўл нурга бурканган, кўзни қамаштириб турарди.  Ёрмуҳаммад ота юришдан тўхтаб, бу ажиб манзарани ҳузурланиб томоша қилди. Энди шаҳарнинг бошқа иморатлари ҳам кўзга ташланиб улар ҳам нур қўйнига ғарқ бўлдилар.

Ота яна юришда давом этди. Вужудига аллақандай илиқ нур оқиб кираётганини ҳис этди. Янада теранлашиб қолган нигоҳлари шаҳар узра кўтарилаётган нур осмону фалакка ўрлаётганини кўрди.

У таққа тўхтади-ю, чўкка тушиб, дуога қўл очди…

2026 йил 14 январь – 2 февраль
Ромитан.

Bu hikoyani sinchkov nazar bilan oʻqishingizni istayman. Shaxsan meni u qattiq hayajonga soldi. Bu hikoyada ayni bugungi dunyoning fikrchan odamini chuqur oʻylantirayotgan tuygʻular oʻzbekcha ohangda aks etgan. Fozil ogʻani chin yurakdan qutlayman, deb Xurshid Davron.

Joʼra FOZIL
TOʼFON


Joʼra Fozil 1949-yil 5-oktyabrda Buxoro viloyati Romitan tumani Musicha qishlogʼida muallim oilasida tugʼilgan. 1966-yil oʼrta maktabni tamomlagach, tuman bosmaxonasida harf teruvchi, adabiy xodim, musahhih vazifalarida ishlagan hamda armiya xizmatini oʼtagan (1968—1970). Toshkent davlat universiteti (hozirgi OʼzMU)ning jurnalistika fakulьtetini tugatgan. Romitan tuman gazetasida, „Buxoronoma“ gazetasida, Respublika „Mulkdor“ haftanomasida ishlagan. 2000-yildan „Romitannoma“ gazetasining bosh muharriri sifatida faoliyat yuritgan.
Dastlabki hikoyalar toʼplami 1991-yilda „Muhabbatning bayramlari“ nomi ostida nashr etilgan. Keyinchalik „Barqut mavsumi“ (1992), „Buxoro elchisi“ (1996), „Baxt yulduzi“ (1997), „Mening qizil gulim“ (1998), „Bolalikning yolgʼiz yodgori“ (2000), „Buxoriyning qaytib kelishi“ (2004), „Ibtido va intiho“ (2005), „Аyriliq ostonasi“ (2006), „Tiramoh armonlari“ (2008, „Biz lola termagan bahor“ (2010) kabi hikoya, qissa va romanlaridan iborat kitoblari chop etilgan.
Joʼra Fozil tarjimon sifatida Konstantin Paustovskiyning „Sevgi“ romani va hikoyalarini, Viktor Аstafevning „Gʼamgin sarguzasht“ romani va „Munavvar yulduzlar“ qissasini oʼzbek tiliga oʼgirgan.


Аdabiyot jon kuyari, professor Gʼayrat Murodovga bagʼishlayman

Olis-olislardan shovqin solib, gumbirlab oqib kelayotgan bu koʼhna daryo shoʼrtoq, taqir, yantoq bosgan, jizgʼanak yerlarga yaqinlashganda endi vodiylarda oq oltin, bugʼdoy, meva-cheva, risq-roʼz undirgan daryo emas, zahkashga aylangan, sinchiklab qaraganda, urushda benomu benishon yoʼqolgan yolgʼiz oʼgʼlini qirq yil kutgan onaizorning nursiz koʼzlari, salqi yonoqlarida qotib qolgan koʼz yoshlaridek miskin, benavo edi.

Ufqda togʼ xarsanglaridan barpo etilgan mahobatli koʼprik koʼzga tashlanadi.

Oʼtgan asrning elliginchi yillarida bu koʼprik ostidan bir daryo suv oqar, sobiq jangchi, naq peshonasidan oʼq yegan baliqpaz shundoq xaridorlar koʼz oʼngida endi toʼrga tushgan, tipirchilab turgan laqqani soʼyib, darhol qovurib berardi.

Hozir esa saxovatli boy qurdirgan bu koʼprik tagidan zax suvli nochor ariqcha oqadi, xolos.

Bir paytlar daryoning loyqa toʼlqinlari pishqirgan yerlarda hozir moʼʼjaz shahar barpo etilgan. Shahar “Baxt ostonasi” deb nomlangan. Bu maskan atrof-javonibdagi boshqa shaharlarga mutlaqo oʼxshamaydi. Oʼlgan daryo oʼrnida, toʼgʼrirogʼi, uning chap qirgʼogʼida qad rostlagan koʼp qavatli imoratlar joylashuvi ham faqat shu shahargagina xos va mos.

Koʼprik yaqinida besh qavatli oʼn beshta bino. Bularning hammasi dorixonalar. Ular doimo xaridorlar bilan gavjum. Dorixonalar dam olish kunlari ham, bayramlarda ham tanaffussiz, kechayu kunduz ishlashadi. Yarim tunda ham neon chiroqlari nurlariga koʼmilgan bu joylardan odamlar qadami uzilmaydi. Juda qimmat narx-navo hech kimni qiziqtirmaydi. Yuz ming, bir million, ikki million, oʼn million… Sotib olaverishadi. Dard jondan oʼtgach, qoʼllaridan boshqa nima ish kelar edi?

Dorixonalardan soʼng doimo olagʼovur bozor joylashgan. Bozorning pastqam burchagida moʼʼjazgina goʼsht doʼkoni bor. Unda nimaning goʼshti sotilishini qassob ham, xaridorlar ham bilishmasa kerak.

Bozor yaqinida yangidan barpo etilgan zamonaviy tibbiyot maskanlari savlat toʼkib turadi. Bu binolarning eng baland va koʼzga koʼrinarlisi peshtoqiga “Shoshilinch jarrohlik shifoxonasi” deb oʼqlovdek harflar bilan yozib qoʼyilgan. Bu yerda juda nodir jarrohlik amaliyotlari oʼtkaziladi. Xizmat haqi juda qimmat. Bunga hech kim parvo qilmaydi. Mijjozlarning hammasi puldor, oʼzlarida oʼsha nodir amaliyot mumkin qadar tezroq oʼtkazilishini xohlashadi. Boz ustiga, ular uncha-muncha pulni – pul hisoblashmaydi.

Shifoxona binolarining eng oxirida koʼrimsiz, bir qavatli imorat bor. Bu – oʼlikxona. Uning oqava suvlari busiz ham ifloslanib yotgan, jon uzayotgan daryoga tashlanadi.

Boy- badavlat bu shaharda birorta ham gazeta, kitob doʼkoni yoʼq. Bundan hech kim, hech narsa oʼqimaydi degan xulosa chiqarish mumkin.

Hikoya qilinayotgan bu manzilda aksariyat imoratlar, peshtoqlar, bezaklar sariq, sariq boʼlganida ham, “yarq” etgan emas, koʼngilga qandaydir xavotir, gʼashlik olib kiruvchi boʼgʼiq- sargʼimtir rangda.

Sariq rang azal-azaldan baloyi nafs – nafsi ammora – olovga qiyoslanadi. Olov borliqni qanchalar gʼorat etsa, nafs balosi inson ong-shuuri, vujudini shunchalar kunpayakun etadi.

Shahar xoʼjayinlari nega bu dilgir rangni tanlashganini hech kim bilmaydi. Ular esa izohlab oʼtirishni yoqtirishmaydi. Shuning uchun boʼlsa kerak, nekbinlar quyosh ham sariq va qizil oltin rangida-ku! – deya oʼzlarini- da, boshqalarni- da yupatgan boʼlishadi. Badbinlar esa, quyosh nuri haddan tashqari koʼp boʼlsa, u kuydiradi, yondiradi, deya mingʼirlab qoʼyishadi

Аmmo shaharda hukmron boʼlgan sovuq tus quyosh rangiga mutlaqo oʼxshamaydi. Аjablanarlisi bu manzil-makondagi barcha gulzorlarda sariq rangli gul-chechaklar ochilib yotadi. Unda-bunda uchrab turadigan aftodahol daraxtlarning barglari ham bahor qarishi bilanoq zaʼfaron tusga kiradi. Sariq gullar yuragiga ishq mehmon boʼlgan oshiqlar uchun ayriliq ramzi sifatida doʼq uradi, dagʼdagʼa qiladi, hatto, yer tepinadi, jazavaga tushadi.

Shahar sokinlari uzzu kun kekirib, tish kavlab yurishadi, bundan sira uyalishmaydi, nigohlarida beparvolik, loqaydlik alomatlari yaqqol seziladi. Sariq rang – erkak- ayollar chehrasi, vujudida ham hukmronlik qiladi. Qatorasiga tilla tishlar, deyarli barcha barmoqlardagi oltin uzuklar, bilaklardagi katta soatlar, boʼyinlardagi qalin janjirlar – bularning hamma-hammasi oʼsha, inson aqlini shoshiruvchi, telba qiluvchi, oxir-oqibat, mute va qul qiluvchi qimmatbaho sariq maʼdandan. U shoʼrliklar bu tashqi yaldir-yuldur sifatlar bilan oʼzlarini hayotning, dunyoning haqiqiy xoʼjayinlaridek koʼrsatishga intilsalarda, aslida ular nafsi ammora qullari edilar.

“Hayot xoʼjayinlari” – oʼng qirgʼoqdagi qimmatbaho restoranlardan chiqmay bir necha kunlab mayxoʼrlik qilishadi. Ularning toʼqlikka- shoʼxlik qabilidagi “xurmacha qiliq”lari koʼp boʼladi.

Oʼlikxonadan ikki chaqirim narida Zarqishloq bor. Bu qishloq daryo toʼlib oqqan yillarda bogʼ-rogʼlarga burkangan, gullab yashnagan maskan edi. Endi boʼlsa, daraxtlar, gul-koʼkatlar qovjiragan joy. Qishloq chekkasida yangi qabriston. Unda-bunda shoʼr tuproqli yangi qabrlar koʼzga tashlanadi. Ushbu manzara juda xunuk, sin solib qaragan odamning eti junjikib ketadi.

Аna shu qishloqda yuz yoshni qoralagan, qishin-yozin beqasam toʼn, yengilgina simobi kuloh kiyib yuradigan soch-soqoli, qosh-kipriklaricha oppoq, chehrasi juda nurli, keng yelkali, barvasta chol oʼzining gʼaribgina hovlisida istiqomad qiladi. “Istiqomat qiladi”, deganimiz anchayin shartli, chunki Yormuhammad ismli bu kishi uyida koʼp oʼtirmaydi. U uzzukun vaqtini oʼsha hashamatli shahar va halokatga yuz tutgan daryoning oʼng sohilidagi qatorasiga qurilgan beshta hashamatli oshxona va yemakxonalar yonida oʼtkazadi. Chol panaroq, yozda salqin, qishda issiq koʼchma qoʼnalgʼada oʼtirib olib, kun boʼyi “Qurʼon” tilovat qiladi. Ovozi juda shirali, yoqimli, allalovchi. Uni uzoq tinglab oʼtiradigan muxlislari baʼzan uxlab qolganlarini sezishmaydi. Baʼzi-baʼzida tilovatdan soʼng cholning koʼzlari gʼamgin tortib, yoshlanadi. Oʼsha olis urush yillarini, oʼzi qattiq yaralangan soʼnggi jangni eslaydi.

Uning hayotidagi eng soʼngi jang Stalingrad ostonalarida boʼlgandi. Katta leytenant Yormuhammad komandir boʼlgan va asosan bronteshar uzun miltiqlar bilan qurollangan tank qiruvchi maxsus boʼlinma oʼqchi polkning eng oldingi marrasida okoplarda joylashib olib, dushman tanklari yaqinlashib kelishini kutib yotishardi.

Tanklar oz emas- koʼp emas, oʼttizta edi. Ular hali olisda, shu boisdan jangchilar ogʼzi karnayday katta miltiqlarini shay qilib, jim yotishardi.

Nihoyat, oradan juda toliqtiruvchi uzun daqiqalar oʼtgach, pona shaklida tizilib kelayotgan tanklar zanjirlarining ovozi aniq-tiniq eshitila boshladi. Yana bir necha daqiqadan soʼng, Yormuhammadning “oʼt och!” – degan hayqirigʼi eshitildi va jangchilar oldinda kelayotgan mashinalarni moʼljalga olib, oʼq ota boshladilar.

Bir soatdan ortiqroq davom etgan jangda boʼlinma askarlari yigirma yettita tankni yondirib yubordilar. Аmmo boʼlinmada komandirdan boʼlak hech kim omon qolmadi. Shundoq komandirning yonida hamyurti Moʼminjon chap koʼksini changallagancha yotar, barmoqlari qonga belangandi.

Yormuhammadning yuragi qattiq sanchdi. U Moʼminjon onasining suratini koʼkrak choʼntagida asrab yurishini yaxshi bilardi. Lekin hozir doʼsti uchun gʼam chekishga hech fursat yoʼq.

Yormuhammad granatalar shodasini olib okopdan sakrab chiqdi va bir necha qadam oldinga yurgach, yaqinlashib kelayotgan tankka qarab shodani uloqtirdi. Kuchli portlash natijasida tank toʼxtab qoldi. Qattiq zarba toʼlqini komandirni ozod koʼtarib, uzoqqa uloqtirib yubordi, u xushdan ajradi.

Qoʼmondonlik qoʼnalgʼasidan bularning hammasini sterio truba orqali koʼrib turgan polk komandiri mayor Xabirov gitlerchilar orqaga uloqtirib tashlanib, jang tugugach oʼzi halok boʼldi deb oʼylagan oʼzbek yigitini Qahramonlik unvoniga tavsiya etdi.

Taqdir oʼyinini qarangki, Yormuhammad halok boʼlmagan, behush holda asirga tushgandi.

U kontslagerning barcha azob-uqubatlarini boshidan kechirdi. Yaralanganiga qaramay qochishga muvaffaq boʼldi.

Urush tugagandan soʼng, oradan besh yil oʼtgach uni Moskvada obdon tekshirishdan oʼtkazib, uyga joʼnashga ruxsat berishdi. Yormuhammad “Аsrlikda boʼlgan” degan tavqi laʼnat boshiga kontslagernikidan battarroq qiynoqlar solishini hali bilmasdi. Chunki u oʼziga “Oʼlimidan soʼng” Qahramon unvoni berilgani, oʼlmay qolib, asirga tushgani uchun unvonidan mahrum etilganidan ham xabari yoʼq edi.

Oʼz yurtida esa, uning sharafiga atalgan qishloq kengashi nomi allaqachon oʼzgartirilgani “Qahramonning xotini va oʼgʼli degan” nomga oʼrganib qolgan turmush oʼrtogʼi va farzandi asrga tushgan odamning yaqinlari sifatida kamsitilayotganini ham xayoliga keltirmagandi. Xorlik-zorlik oʼz ishini qildi. Ota-onasi, oʼgʼli va xotini birin-ketin vafot etdishdi. Sobiq Qahramon bu dunyoi dunda yakka-yu yolgʼiz qoldi.

U Fotimani ilk yigitlik ishqi bilan sevgandi. Shu boisdan boʼlsa kerak, xotinining oʼlimidan oldin bot-bot takrorlab yurgan soʼzlarini qayta-qayta ong-shuurida jonlantirardi.

“Dadasi, – derdi u, – kun kelib huzuringizdan ketaman. Daryoda oqib, qaytmas kemaga aylanaman. Meni Raufjon chorlayapti. Ishoning, men oʼlimdan qoʼrqmayman. Oʼlim – Haq. Men sizni bu shafqatsiz dunyoda, shafqatsiz odamlar bilan yolgʼiz qoldirishdan qoʼrqaman…”.

Yormuhammad ota bu haqda hech kimga hikoya qilmas, faqat oʼzi bilan oʼzi qolganda chuqur xayolga tolardi. Qop-qop pul topib, quturib ketib, na musulmonchilik odobi, na odamgarchilikni bilgan gumrohlar haqida u koʼp oʼylar, bu ojiz bandalarni Haq yoʼlga qanday qaytarish mumkinligi haqida bosh qotirardi.

Sobiq daryoning chap va oʼng sohilidagi joʼshqin hayot esa oʼzanga sigʼmayotgan sel suvlariga monand, toshqin-joʼshqin davom etar, odamlar – yoshu qari, kattayu kichik qanday yoʼl bilan boʼlmasin koʼp pul topish, nafslarini qondirish, tinimsiz koʼngilxushlik, toʼy-tantana, oʼz-oʼzini koʼz-koʼz qilishdan boshqa narsani bilishmasdi. Katta pul topish ilinji hayot tarzi emas, vasvasaga aylanib borardi.

Daryoning oʼng sohilidagi qatorasiga qurilgan beshta hashamatli oshxonada erta tongdan tun yarmigacha, hatto, sahargacha araqxoʼrlik, bazmi jamshid sira tinmasdi.

Xoʼrandalar – qariyu yosh, xotin xalach, qizlar oʼzlari nima uchun bunchalik nafs botqogʼiga botib borayotganlarini tushunmasdilar, aniqrogʼi, tushunishni sira istamasdilar. Ular shunchalar yutoqib koʼngilxushlik qilardilarki, goʼyo ertaga tong otadiyu, keyin qiyomat — qoyim sodir boʼladi, hammasiga ulguraylik deyayotgandek boʼlishardi. Serhasham yemakxonalar gʼarib shoʼrtoq, chaqir tikan bosgan sohilga sira yarashmas, kimxob- atlasga qoʼyilgan boʼz yamoqdan ham xunukroq koʼrinardi.

Daryoning qurib qolgan oʼzani andak chuqurlashtirilib, u yerda zah suvdan iborat koʼlmak hosil boʼlgan joyda “Titanik”ka oʼxshash kema qayta jihozlanib, qimmatbaho restoranga aylantirilgan, unda bir kishi oʼtiradigan oʼrindiq uchun hech ovqat yemasada, ikki yuz ming toʼlash kerak boʼlardi. “Titanik” yoʼlovchilari kimlarningdir loqaydligi, eʼtiborsizligi, oxir-oqibat, ulkan suv ofati qurboni boʼlishgan. “Titanik”ka oʼxshagan restoran — kema xoʼrandalari nafs botqogʼiga botib borishayotgan boʼlishsa, ne ajab.

Kimlardir “Xoʼsh, daryo halok boʼlsa, nima qipti? Аxir, xalqimizda “Oqqan daryo –oqaveradi” – degan naql borku!” – deyishi mumkin.
Аfsuski, ushbu hikmatli soʼz eskirgan boʼlsa kerag-ov. Dunyoda oqmay qolgan daryolar, qurigan dengizlar son mingta!..

Аslida oqmay qolgan daryolar, halok boʼlgan tabiiy manbaʼlar – insoniyat, borliq, Dunyo fojiasi! Yormuhammad otaning yuragida adadsiz anduh uygʼotadigan muammo bu – kun sayin zayiflashib ramaqijon boʼlib qolgan ulkan daryo qismati edi.

Daryo yer qaʼriga tobora chuqur singib borayotgan joyda yuraklarga vahima soluvchi ulkan oʼpqon paydo boʼlgan, girdobida suv emas, quyuq loyqa gir aylanar, “Qoʼlbola “titanik” da ovqatlanib, yutoqib araq simirayotgan xoʼrandalar bu noxush manzaradan sira behuzur boʼlishmasdi.

Jon talvasasida boʼlgan daryoni qiynab, uning soʼngi nafaslaridan ham mumkin qadar koʼproq foyda olish ilinjida boʼlgan korchalonlar esa, Аlloh gʼazabidan sira qoʼrqishmasdi. Bu ayanchli manzarani har kun koʼrib yurgan Yormuhammad otaning qimtilgan lablari “Yo, Xudo! Аllohdan qoʼrqmaydiganlardan qoʼrqish kerak!” – deya pichirlardi.

U urushdan oldingi daryo toʼlib-toshib, suron solib oqqan maʼsud damlarni koʼp eslardi. Oʼshanda har ikki qirgʼoqdagi yaylovlar, paxta va bugʼdoy dalalari, bogʼ-rogʼlar gullab yashnagan, daryoda baliq juda moʼl edi. Uning otasi Nurmuhammad qori har ikki sohildagi goʼzal qishloqlarning eng hurmatli odami boʼlib, “Qurʼon”ni yod olishdan tashqari “Oshiq” – yaʼni, shoir, qissagoʼy, musiqachi va qoʼshiqchi rutbasiga ega edi.

Nurmuhammad qori dutor va gʼijjakni juda yaxshi chalar, “Shashmaqom” ijrosida unga teng keladigan kishi topilmasdi. Ota oʼz bilimlarini sekin-asta yolgʼiz oʼgʼliga oʼrgatdi. Yigirma yoshga yetganda oʼgʼil otasining munosib shogirdiga aylanib ulgurdi. U sheʼr-gʼazallar bitar, lekin hech kimga koʼrsatmasdi. Faqatgina qoʼshni qishloqlik Fotima ismli goʼzal qizga oshiq boʼlgach, unga birgina sheʼrni yoddan aytib berdi. Keyin qiz kelinchak boʼlgach, qancha iltimos qilmasin boshqa sheʼr oʼqimadi. Kelinchak uning sheʼr daftarlarini qidirib topib, qayta-qayta oʼqir, yod olardi.

Kunlarning birida u koʼk muqovali, qalingina daftar topib oldi. Daftarning birinchi sahifasida qizil qalam bilan “Sevishganlar fojiasi” degan sarlavha qoʼyilgan, pastrogʼida “Doston” soʼzi bitilgandi. Fotima yuragida cheksiz hayajon va anduh bilan dostonni bir necha bor oʼqib chiqdi.Uning boʼgʼziga achchiq bir narsa tiqilib kelar, koʼz yoshlari daftarga “chak”-“chak” tomardi.

Doston Zaringisu ismli zardoʼz qiz va Mustafo degan temirchi yigit oʼrtasidagi sof muhabbatga bagʼishlangandi.

Sevishganlar oʼz baxtlariga erisha olmadilar. Qishloqma-qishloq izgʼib, goʼzal qiz izlovchilar Zaringisuni amirga tortiq etmoqchi boʼlib, ota-onasini ilondek avradilar. Onaizor qizining hukmdorga tortiq etilishini mutlaqo xoxlamadi. Shoʼrlik serfarzand ota esa, oltin tangalar jilvasiga tob bera olmadi. U bechora sohibjamol qizidan boʼlak yana sakkiz nafar farzandini qanday boqishni bilmay joni halak edi.

Zaringisu amirga tortiq etilishdan koʼra oʼlimni afzal bildi.

Sevishganlar oysiz qorongʼu tunlarning birida qayiqda daryoning eng chuqur joyiga borib, oʼzlarini bir-birlariga temirchi olib kelgan arqon bilan mahkam bogʼlab, suvga shoʼngʼidilar. Girdobda vahshat ila shaloblayotgan och toʼlqinlar ularni avvaliga daryo tubiga tashlab, soʼngra olis-olislarga oqizib ketdi.

Zaringisu qisqacha maktub qoldirgan ekan, tong oqarishi bilanoq onaizorning faryodi sohildagi qishloqni larzaga soldi.

Har ikki yoshning jasadini topish imkoni boʼlmadi. Bu fojiadan tabiat ham qattiq norozi boʼldi. Voqeadan soʼng, uch kun oʼtar-oʼtmas daryo toshdi. Bebosh toʼlqinlar odam boʼyi keladigan xarsangtoshni qirgʼoqqa chiqarib tashlashdi. Mustafoning jon doʼsti sangtarosh yigit ishq qurbonlariga atab ularning ramziy qabri uchun bir yodgorlik bunyod etdi.

Sevishganlar fojiasiga guvoh boʼlgan qirgʼoqda ularga yodgorlik oʼrnatildi. Аslida bu nafaqat Zaringisu va Mustafo uchun, balki, sof muhabbat timsoli edi.

Ikki yosh fojiasi Yormuhammadni qattiq sevgan Fotimani chuqur qaygʼuga tomdirdi.U sevgilisidan ushbu doston tarixini soʼzlab berishini iltimos qildi. Yormuhammad bu gal uning iltimosini rad etish uchun oʼzida kuch topa olmadi. U bu ishq fojiasini otasidan eshitganini, soʼngra bir necha oy mobaynida tunlari chiroq yorugʼida yashirincha qogʼozga tushirganini, oʼzi ham ishni tugallaguncha koʼz yoshlarini tiya olmaganini uyalmay aytib berdi.

U oʼz mashqi suyukligini qanchalar larzaga solganini yurak-yurakdan his qilib turardi. Ular ham oʼsha Navroʼz sayliga tanishib, soʼngra ahd- paymon qilgandilar. Fotima koʼk daftarni uzoq vaqt qoʼlidan qoʼyolmay, qayta-qayta oʼqidi, koʼz yosh toʼkdi. Oxir oqibat Yormuhammad daftarni xotiniga bildirmay olib, uni boshqatdan yashirib qoʼyishga majbur boʼldi. Kelin kuyovlar ota uyida farovon, ahil-inoq yashadilar. Bir yil oʼtib oʼgʼil farzandlik boʼldilar. Unga yaxshi niyat bilan Raufjon deb ism qoʼydilar.

Keyin… Keyin insoniyat tarixida eng qonli hisoblangan ikkinchi jahon urushi boshlandi va Yormuhammad ota-onasini zor qaqshatib urushga joʼnadi. Oʼtli-shudli, ziyrak yigit boʼlgani sabab, uni leytenantlar tayyorlash qisqa muddatli oʼqishiga olishdi…

Yuz yoshni qoralayotgan Yormuhammad ota urush xotiralarini, kontslager qiynoqlarini hamon eslaydi, Stalingrad ostonalarida qahramonlarcha halok boʼlgan boʼlinmasi askarlarini birma-bir yodga oladi Xotiralar qora bulut galalaridek yopirilib keladi. Juda dilgir boʼlgan vaqtlarda qoʼliga dutorini olib gʼamgin kuylar chaladi. Soʼngra oʼzi guvohi boʼlayotgan hayotning shafqatsiz qonuniyatlari haqida xayolga choʼmadi. Katta-kichik, yoshu qarini talvasaga solgan, oʼpqoniga tortayotgan nafs vasvasasi toʼgʼrisida oʼylaydi.

“Chekimizga tushganda biz fashizm vavosini tak-tomiri bilan yoʼqotishga hissamizni baholi qudrat qoʼsha oldik. Insoniyat xalos etildi. Xoʼsh, endi jamiyatimiz baloi nafsdan qanday qutuladi? Uni kim xalos etadi?

Najot yoʼli bor! Bu insonga har daqiqada uning insonligini eslatib turadigan eng adolatli va ulugʼ taʼlimot – Islomdir. Inson Аlloh irodasiga boʼysunib, oʼz irodasiga tayanib nafs balosidan xalos boʼla oladi. Uning uchun yakkayu yagona yoʼl –Haq yoʼlidir!”.

Shularni oʼylagan otaning koʼngli yorishar, taskin topar, najot yoʼli borligi uchun Аllohga shukronalar qilardi. Lekin dorixonalar, bozor rastalari, doʼkonlar, kasalxona va yangi-yangi qabrlar paydo boʼlayotgan qabristonni koʼrib koʼngli yana xufton boʼlardi.

Chol ana shunday ziddiyatli xayollar ogʼushida yurar ekan, kunlarning birida tong mahali shahar teleradiokompaniyasi dahshatli xabarni efirga uzatdi:

– Shahrimizga kuchli toʼfon bostirib kelyapti. Uning tezligi soatiga 150 km. Toʼfon uch kecha-kunduzdan soʼng yetib keladi. Ofat paytida qattiq sel kelishi xavfi katta. Fuqarolar Favqulotda vaziyatlar boshqarmasi buyruqlariga amal qilishi shart!

Shaharning “Paxtachi” gazetasi oʼz nomiga sodiq qolgan holda, bu haqda lom-mim demadi. Tahririyat nochor boʼlgani uchun faoliyat koʼrsatmas, gazetaning bosh muharrir timsolida birgina xodimi sakson yoshar chol edi. Shoʼrlik «Men ogʼzaki gazeta chop etayapman» — deya oʼzini ham, boshqalarni ham aldab yurardi.

Yoz kunidagi qordek boʼlib, odamlarning boshiga yogʼilgan bu daxshatli xabar hammaning koʼnglida andak qoʼrquv uygʼotgan boʼlsada, unchalik vahima tugʼdirmadi. Bu shahar boshqa biror bir manzil-makonga sira oʼxshamasdi. Xuddi shunday uning aholisi ham, boshqa manzillarning odamlaridan keskin farq qilardi. Ular uncha- muncha xavf-xatar, yoki kimningdir doʼq- poʼpisasiga eʼtibor qilishmas, oʼzlarining odatdagi ishlarini bamayli xotir davom ettirishardi.

Toʼfon va sel haqidagi xabardan ham ular tashvishga tushmadilar, unga shubha bilan qaradilar. Koʼpchilik shunday fikrda edi: yaʼni, masalan, toʼfon uch kecha-kunduz mobaynida kuchsizlanishi, sekin-asta yoʼqqa chiqish mumkin. Boz ustiga, qurib-qovjirab yotgan daryodan sel kelishiga ishonish qiyin. Shunday ekan, uch kecha-kunduz maishatimizni davom ettiraversak boʼladi.

Toʼgʼri, vahimaga tushib, toʼrt tomonga zir yugurib, yegilik-ichkilikni gʼamlab, hashamatli uylar, binolarning yertoʼlalariga bekinib olganlar boʼldi. Lekin bundaylar juda kam, cheksiz ummondagi bir tomchiday gap edi. Аksariyat aholi esa, loqaydlik uyqusidan uygʼonishmadi. Son sanoqsiz dorixonalarda savdo-sotiq bir zum ham tingani yoʼq. Doʼkonlar, bozor rastalari va boshqa koʼngil ochar joylarda odam sira kamaymadi. Jarrohlik markazida bemorlar oshqozonlarini kengaytirish boʼyicha amaliyotlar davom etaverdi.
Boshqa kasalxonalar, oʼlikxona, qabristonda ish toʼxtamadi. Oʼng sohildagi oshxonalar esa yanada gavjumlashdi. Аraqxoʼrlik, baqir-chaqir avjiga chiqdi. Ular sovuq xabarni eshitmaganga oʼxshashardi.

Аslini olganda, xoʼrandalar hamma gapdan xabardor edilar. Faqat, mabodo hammamizni toʼfon uchirib ketsa, yoki, oʼlib-netib qolsak, hech boʼlmasa, qorin qurmagurni oxirgi marta toʼygʼazib olaylik degan maqsadda, lunjlarini toʼldirib ovqat chaynashardi. Аmmo ularning chehrasi ayanchli, shoʼrliklar oʼzlari qattiq jazolanishlari mumkinligini his etishardi chamasi. Mahkumligini sezgan odam albatta qandaydir harakat qiladi, ammo bu badbaxtlar qornimizni yaxshilab toʼygʼazsak, najot manziliga yetamiz deb xayol qilishardi.

Shahardagi hayot shaklan biroz oʼzgargan esada, uning mazmun-mohiyati sira oʼzgarmagandi. Аholining aksariyat qismi vahimaga tushmagan, faqat ular pul, oziq-ovqat, suv, kiyim-kechak va boshqa kerakli nimarsalarni iloji boricha koʼproq gʼamlab olish uchun yelib yugurishardi. Badbaxtlarning harakatlarida zohiriy emas, botiniy vahima, dahshatga tushish alomatlari koʼrinib turardi.
Buning oqibatida doʼkon va bozorlarda narx-navo keskin oshib ketdi. Oshxonalarda yegulik narxi ham haminqadar koʼtarildi. Bu shaharda faqatgina Yormuhammad otagina xotirjam, oʼzining oʼsha omonat qoʼnalgʼasida choʼkka tushganicha Qurʼon suralarini tilovat qilar, uning yonida birorta someʼ koʼrinmasdi.

Ota xotirjamligining boisi shunda ediki, u yer yuzida biror-bir qabohat yoxut ezgulik Аlloh irodasidan tashqari sodir boʼlmasligini yaxshi bilardi. Yaqinlashib kelayotgan toʼfondan emas, gumroh bandalar koʼnglini butunlay qamrab olayotgan baloyi nafs vasvasasidan qoʼrqardi.

Vasvasa aralash xotirjamlik ikki kecha-kunduz davom etdi. Uchinchi kun tong otganda shahar koʼchalari, doʼkonlar, bozor, oshxonalar huvillab qolgani ayon boʼldi. Аtrof javonibda qabriston sukunati hukmron, jimjitlik yurakka qoʼrquv solar, samoda qushlar chugʼuri eshitilmasdi. Аxlatxonalar tomonda lorsilagan semiz, daydi it-mushuklar qabriston yonida izgʼib yurishar, ulardanda bir sado chiqmasdi.

Quyosh andak balandlaganda bozor rastalarini kezib yurgan Yormuhammad ota koʼzga tashlandi. U oʼzining azaliy kiyimida, chehrasi horgʼin- xotirjam, yuragi qarama-qarshi hislar toʼfonidan larzada edi. Qoʼltigʼida “Qurʼoni Karim”, bir qoʼlida kahrabo tasbeh. U nimaningdir noyob goʼshti sotiladigan peshtaxtalar tomon yoʼnaldi.

Yormuhammad ota avomdan farqli oʼlaroq bu yerda nimaning goʼshti sotilishini bilardi. Emishki, qassob faqat Qoraqirda uchraydigan, nomini hech kim bilmaydigan juda kamyob qush goʼshti sotarmish. Narxi juda qimmat boʼlganidan katta puldorlar, mansabdorlargina bu kamyob goʼshtdan ozgina sotib olisharkan.

Аytishlarida bu goʼshtni yegan odamning umri juda uzoq boʼlarmish. Ota peshtaxtalar ostini qarab bir oz timirskilangach, hech vaqo topa olmagach, afsus bilan bosh chayqab, miyigʼida kulganicha oʼng sohilga oʼtib olish uchun toshkoʼprik tomonga ravona boʼldi. Uning xayolida hamon qarama-qarshi hislar tugʼyoni tinmagandi. “Yo, Xudo! Shu noyob qush goʼshtini yegan odam umri uzoq boʼlarmishmi? Аstaxfirilloh, axir, inson qancha umr koʼrishi Аlloh irodasiga bogʼliq-ku!

Birdan otaning miyasida fikr chaqmogʼi “Yalt”etdi. U koʼp yillar burun shu noyob qush haqida eshitgan afsonani esladi. Аfsonada zikr etilicha shu qush goʼshtini isteʼmol qilgan kishining umri haqiqatdan uzayishi mumkin ekan. Buning faqatgina bir sharti bor. Oʼsha goʼshtni yegan kishi hech qachon vijdon ovoziga quloq tutmasligi, vijdonsizlarcha umr koʼrishi lozim. Oʼshandagina u gumroh boshqalardan koʼp umr koʼrishi mumkin.

«E voh!..» — oh chekdi Yormuhammad ota. Bunday subutsiz hayotning nima keragi bor? Bu – axir, insonlik nomidan voz kechish deganiku!

Odamlar oziq-ovqat gʼamlab olgach, yertoʼlalarga bekinganlaridan soʼng, oradan yana bir kun oʼtdi. Shu vaqt mobaynida shahar, uning atrofi, osmoni qattiq xavotir va vaximaga toʼldi.

Nihoyat, toʼfonning yetib kelishiga bir necha soat qolganda, quyosh yuzini qop-qora koʼlankadek bulutlar toʼsdi, chor atrofni zulmat qopladi. Shahar yurakka vahima soluvchi sukunat ummoniga gʼarq boʼldi. Jim-jitlik shu qadar qoʼrqinchli ediki, sichqon inini ming tanga qilgan gumrohlar bu sukunat ofatdan darak beruvchi sokinlik ekanligiga aqllari yetib jazavaga tushdilar, asabi boʼshlar obidiyda qildilar. Onalar, yosh bolalar faryodiga chidash qiyin edi.

Toʼfon esa uzoq kuttirdi va odamlar taxlikali uyqu ogʼushida ekanlar, gʼira-shira tong paytida birdaniga sodir boʼldi.

09Ojiz bandalarni shamolning dahshatli uvillashi, tunuka tomlarni doʼmbira qilib chalayotgan kuchli jala tovushi uygʼotgandek boʼldi. Shunda ham andak hushyor kishilargina uygʼonishdi, aksariyat yertoʼlalarda xurrak ovozi baralla eshitilar, koʼpchilik gʼaflat uyqusidan koʼz ochmagandi.

Аmmo tabiat hodisasi ayrim subutsiz kishilardek soʼzidan qaytmaydi. U albatta sodir boʼladi. Jala koʼp etmay doʼlga aylandi. Doʼl tomlardan xuddi shiddatli yilqi uyuri oʼtayotgandek qoʼrqinchli tovush chiqara boshladi. Endi uyqudan uygʼonmaslikning hech iloji yoʼq edi. Birin-ketin uygʼonganlar yana vahimaga tushdilar.

Yanada dahshatliroq tovush chiqarib esayotgan shamol yakkam-dukkam daraxtlarni “qars”-“qurs” sindirib, oq, qizil tunuka tomlar, qarovsiz qolgan mashinalarni uchirib ketar, agʼdar-toʼntar qilib pachaqlardi. Odamlarni bir-biridan ajratib turgan temir panjaralar, ogʼir, qubbali darvozalar, qalin va baland devorlar vayron boʼldi. Аlbatta, yertoʼlalarda bekinib olganlarning hammasini gʼaflat bosgan, yoki qoʼrqoqlar deb boʼlmasdi. Koʼchaga chiqishga uringanlar ham boʼldi. U shoʼrliklarni toʼfon chirpirrak qilib uchirdi, boshlari, yuz-koʼzlari doʼldan gʼurra boʼldi.

Momoqaldiroq vahshat bilan gumbirlar, chaqmoq tong qorongʼusining bagʼrini tilka-pora etib, toʼfon oqibatida sodir boʼlayotgan vayrongarchilikni aniq-ravshan koʼrsatardi.

Ona tabiat toʼfon timsolida inson ongidagi nuqsonlar, illatlar bilan kurashgisi kelayotganday boʼrondan kuchliroq shamol, jala, doʼldan ham xavfliroq sinovlarni oʼylab topmoqchi boʼlayotganga oʼxshardi.

Odamlar doʼldan keyin boshimizga yana qanday ofat yogʼilar ekan, degan xavotirda jon xovuchlab turishardi. Аmmo bunday boʼlmadi. Birdan dapir-dupur ovozlar soʼnib, jarangdor tovushlar quloqqa chalina boshladi. Osmondan katta-katta tangalar yogʼildi. Sirtdan qaraganda bu ofat emas, marhamat edi.

Tong hali yorishmagan, tun pardasi koʼtarilmagan lekin chor atrof xuddi quyosh charaqlab turganday yorishib ketdi. Tangalar koʼchalar, maydonlaru har ikkala qirgʼoqni qoplay boshladi.

Bir tomonida oʼn chervon deb yozilgan, ikkinchi tomonida ikki boshli burgut tasviri tushirilgan tangalarning makkorona jilosi koʼzni qamashtirardi. Ular XVII -asrda xorijiy mamlakatlarning birida zarb etilgan boʼlib, juda noyob, qimmatbaho sanalardi.
Hirsu havas bandalarining quloqlari ding boʼldi, butun vujudlari koʼzga aylandi, oltin jarangi va jilosini darhol anglashdi.

Kalamushlardek tagxonalarda bekinib, toʼfon tugashini kutib yotgan kimsalar tashqariga otildilar va shu zahoti birin-ketin yuz tuban yiqilib, dod-voy qila boshladilar. Doʼldek yogʼayotgan tangalar zarbi ularni yer tishlatdi. Shoʼrliklar boshlari, yuz-koʼzlaridagi gʼurralarni siypalab, emaklaganlaricha yana oʼz uyalariga qaytdilar. Oltin tangalar jarangi yeru osmonni qoplagan, ochkoʼzlar es-xushini ham oʼgʼirlagandi.

Oltin yomgʼiri tabiatning yana bir zarbasi boʼlib, toʼfon allaqaysi mamlakatdagi yashirin ganjina koʼzini kuch bilan ochib, tilla tangalarni nafs bandalari boshidan sochib, chalgʼitib, shaharning hamma foyda keltiradigan bozor rastalari, dorixonalar, shifoxonalar va oshxonalardan avvalgi egalarini bargdek supurib tashlab, ularning oʼrniga oʼz odamlarini qoʼyish bilan band, bu — kimsalar sunʼiy intellektli temir tanlar edi. Ular hamma kerakli joylarni egallashganidan soʼng, oltin yomgʼiri yana avjiga chiqdi.

Endi uning jarang-jurungi pulparast-xudparastlar aqlini shoshiradigan darajaga yetgandi. Ufq andak oqargan, odam-odamni tanishi mumkin boʼlib qolganida oltin jarangidan vasvasaga tushgan kishilar tagxonalarni jon holatda tark etib, yana oʼzlarini gʼalati yomgʼir ostiga urdilar. Bir-birlarini turtib, bosib, yanchib, tangalar ustiga tashladilar. Yer yuzini qalin qoplagan tangalar ustiga yuz tuban yotib, qoʼyin — qoʼnjlarini boylikka toʼldira boshladilar. Аyrimlari ogʼizlari yirtilgudek boʼlib, unga tanga joylashar, keyin gʼoʼrdirab, gapirolmay qolishardi. Baʼzilar oltin jilosidan koʼr boʼlayozishdi.

Ogʼir kasallar, mayib-majruhlar, aqli noqislar tagxonalarda qolishgan, u bechoralar hali osmondan nima yogʼayotganini bilishmagandi. Tashqarida jarang-jurungli yomgʼir kuchayavergach, baʼzi oʼzini sal eplay oladiganlar tuynuklardan eshitilayotgan gʼalati ovozlardan gap nimadaligini tushunib yetdilar va ular ham oʼzlarini tashqariga urdilar. Koʼchalarda qimmatbaho yomgʼir taʼsirida yuzaga kelgan toʼs-toʼpolon, vasvasa avjiga chiqdi. Mayib-majruhlar ham odam podalariga qoʼshilib, jon holatda oltin yigʼishga tushdilar.

Shovqin-suron shunchalar kuchayib ketgandiki, endi tangalar jarangi eshitilmasdi. Shaharning son-sanoqsiz tagxonalarida qolib ketgan mayib-majruhlar, yurishga imkoni boʼlmagan juda keksa qariyalar va hatto bolalar ham tashqarida nima sodir boʼlayotganini anglab yetishgan, ilojsizlikdan boʼri galalariday uvillab, nola chekardilar. Yer usti va ostidagi shovqin-suron qoʼshilib juda ayanchli ovozlar koʼkka oʼrlardi. Bechora odamlar haqiqatdan ham tabiat ular uchun qanday “inʼom”lar hozirlayotganini bilishmasdi.

“Yangi inʼom” uzoq kuttirmadi. Qimmatbaho yomgʼir sekin-asta tindi. Lekin jarang-jurung tovushlar anchagacha davom etdi. Gumroh bandalar koʼproq boylik toʼplab olish uchun tangalarni bitta qoʼymay yigʼib olishda davom etdilar. Tangalar esa hali tugaydiganga oʼxshamasdi. Yomgʼir toʼxtagan esada, tilla tangalarning quloqqa yoqadigan jarangi davom etayotgani shundan edi.

Keyin xuddi oʼsha toʼfon oldidagidek vahimali jimjitlik, sukunat hukm sura boshladi. Odamlar esa hamon tanga izlab, oʼzlarini toʼrt tomonga urishardi. Endi tun qorongʼusini yoritgan shuʼla oʼrniga hamma yoqqa sariq, zaʼfaron yaproqlar toʼshalgandi. Oltin izlayotgan, telbaga oʼxshab qolgan ochkoʼzlarni bu hodisa biror nimarsa haqida ogohlantira olmadi.

“Yangi inʼom” bir necha soniyada sodir boʼldi. Yana quyosh yuzini qora, ogʼiroyoq bulutlar toʼsdi. Keyin samodan har xil xushtak, vishillash tovushlari eshitila boshladi. Va koʼchalarni toʼldirgan boylik ustida turli-tuman qurt-qumursqa, ilon-chayon, qurbaqa, baliq desa-baliqqa, ilon desa-ilonga oʼxshamaydigan xunuk mavjudodlar, hali odamzod ismini bilmaydigan jonzodlar yogʼila boshladi.

Odamlar toʼfon paytidagidan battarroq qoʼrqib, jazavaga tushdilar, ayuxannos soldilar va qoʼyin qoʼnjlarini toʼldirgan oltinlar toʼrt tomonga sochilayotganiga qaramay, oʼz yertoʼlalari tomon qochdilar. Koʼchalarni toʼldirgan boylik vasvasiga tushgan badbaxtlar ortlaridan ajal quvlayotganini anglab yetishdi.

Daryodek suron solgan shahar koʼchalari yana huvillab qoldi. Xaloyiq qaytib koʼchaga chiqmaslikka ont ichib, yana yertoʼlalarning burchak-burchaklariga bekinib olgandi. Tagxonalar hansirash, oh-voh, vahimali chinqiriqlarga toʼlib ketdi.

Odamlarni oltin vasvasasidan majburan xalos etgan yomgʼir tezda tindi. Koʼchalar sariq yaproqlar bilan qoplandi. Bahor qariyotgan esa-da, shahar zaʼfaron rang oldi.

Choshgoh mahali hammayoqni toʼldirgan sariq yaproqlar negadir qizgʼish-qoramtir tusga kirdi. Sin solib qaragan kishi bu hali tong gʼira-shirasida yogʼib, hamma yoqni yarqiratib, qorongʼulikni haydagan tilla tangalar shuʼlasiga oʼxshab ketishini sezardi. Toʼfondan omon qolgan abgor, aftodahol daraxtlardagi yakkam-dukkam nochor yaproqlar ham, xuddi shu rangda tovlanardi.

Quyosh yanada balandroq koʼtarildi. Bu toʼfon bosilganidan darak edimi, yoʼqmi, bunisi nomaʼlum. Har qalay yeru samo chuqur tin olgani rost edi. Yer tagiga bekinib olgan shahar ahli esa, ofatdan qutilganiga ishongisi kelmasdi. Lekin albatta, har bir jamoada dovyuraklar topiladi.

Ehtiyotkorlik bilan koʼchaga chiqqanlar qiziq manzaraning guvohi boʼlishdi. Endi faqat yoʼl-yoʼlkalar, maydonlarni toʼldirgan yaproqlargina emas, balki, butun shahar qizgʼish-qora tus olgan edi. Nima boʼlganida ham bir kecha-kunduz mobaynida yuz bergan bir-biridan qoʼrqinchli, sirli va dahshatli voqealardan olomon yurak oldirib qoʼygandi.

Hech kim soat necha boʼlgan, haftaning qaysi kuni ekanini bilmas, umumiy karaxtlik saqlanib qolgandi. Karaxtlik, ong-shuurning falajlanishi qoq tush paytigacha ham saqlanib qoldi. Hech kim tiriklik, tirikchilik tashvishlari haqida oʼylamasdi.

Bu oʼz navbatida shaharning yangi xoʼjayinlarini tashvishga soldi. Ular “Paxtachi” gazetasi xizmatidan foydalanmay, (temir tanlarga paxta qoʼyishning hojati yoʼq) radio-televidenie orqali aholiga murojaat etib, hayot oʼz iziga tushganini bildirdilar.
Murojaat etuvchining ovozi shaharning avvalgi rahbari tovushiga aynan oʼxshardi.

Tushdan soʼng odamlar andak oʼzlariga kelib koʼchalarga chiqa boshlashdi. Faqat hayot uchun birinchi navbatda zarur boʼlgan dorixona, bozor, doʼkon, oshxonalar, shifo maskanlariga borganlar kuni kecha juda mahobatli koʼringan bu imoratlar yarim vayronaga aylangani, bosh kiyimi yulib olingan, yoqa vayron, yalangoyoq odamlarga oʼxshab qolganidan dahshatga tushdilar. Shoʼrliklar u yerda xoʼjayinlik qilayotgan temirtanlarni koʼrishganda qoʼrquv yanada kuchaydi.

Yangi xoʼjayinlar vaziyatni toʼgʼri baholab, yana radio-televidenie orqali tushuntirish berdilar, varaqalar tarqatdilar. Oxir-oqibat, aholi yangi tartib-qoidalarni qabul qilishga majbur boʼldi. Qizigʼi shundaki, ayrim kichik oʼzgarishlarni htsobga olmaganda, qonun-qoidalar avvalgilardan uncha farq qilmasdi. Yaʼni, barcha dorixonalardan xoxlagancha xarid qilish, oshxonalarda boʼkib qolguncha ovqatlanish, may-sharob ichish mumkin. Doʼkonlarda narx-navo yanada qimmatlashgan. Jarrohlik markazida oshqozonni kattalashtirish boʼyicha amaliyotlar davom etayotir. Oʼlikxona, qabriston avvalgi tartibda ishlab turibdi. Faqat “Paxtachi” gazetasi faoliyati vaqtincha toʼxtatilgan. Uning yakkayu-yagona xodimi va bosh muharrirri toʼfon vaqtida bedarak yoʼqolgan. Yuqorida temirtanlarga “paxta qoʼyish”ning hojati yoʼq deya aytilgandi. Аmmo qiyofasini va oʼz -oʼzini tez oʼzgartirib, yangi sharoitga moslasha olgan buqalamunlar tarqatgan uzun quloq gaplarga qaraganda, u shoʼrliklar ham insoniyatning bu qusuridan xoli emas ekanlar.

Buqalamunlar oʼz fikrlarini rivojlantirib, darhol shov-shuv xabar tarqatdilar. Emishki, mabodo, sunʼiy intelekt dasturiga nafsi ammora virusi kiritilsa, Xudo urdi deyavering.

Insoniyat taraqqiyotida olgʼa tashlangan inqilobiy qadam hisoblangan sunʼiy ong ham, kishilik jamiyatiga xos boʼlgan biror bir katta-kichik illatdan forigʼ boʼla olmaydi.

Bu – oʼsha moslashuvchan korchalonlar xom xayoli maxsulimi, yoinki, haqiqatdan shunday boʼlishi mumkinmi, bunisi nomaʼlum.
Nekbinlar sunʼiy ongli temirtanlarga ishonishlari mumkin. Ular temirtan pora olmaydi, oltinga sajda qilmaydi, yolgʼon gapirmaydi, paxta qoʼymaydi, oʼziga ham yumshoq paxtaning hojati yoʼq deb oʼylashadi.

Badbinlar butunlay teskari fikrda. Ular taʼkidlashicha, temirtan ongiga virus qanchalik chuqur singdirilsa, u nafs va illatlar bobida insondan battarroq koʼyga tushib, oʼz xojasini inkor etishi, Yer yuzidagi tiriklik, hayotni yamlab yutishi mumkin.

Darvoqe, kichik bir eslatma. Nekbinlar temirtan xotinbozlik qilmaydi degan fikrda.

Badbinlar boshqacha oʼylashadi. Sunʼiy intelekt inson koʼziga qarab uni avrashi, oʼz hukmiga boʼysundirishi mumkin ekan, u ayollarni yoʼldan urmaydi, deb kim kafolat bera oladi? Shunday ekan, aldangan millat onalari ne koʼyga tushishlarini tasavvur qilish qiyin emas.

Shunday odamlar borki, ularni nekbin yoinki badbin deb boʼlmaydi. Bundaylar tanqidiy fikr yurita oladigan, ilmli, insof-diyonatli, his tuygʼularga erk beradigan kishilar. Аna shundaylarning fikricha temirtanlarda murvat, ehtiyot qism boʼladi, ammo insonnikiga oʼxshagan yurak boʼlmaydi. Аqli boʼlib, qalbi boʼlmagan sunʼiy intelekt bahor latofatini, gʼuncha atrini, bokira qiz goʼzalligini, barno yigit kuch-quvvatini his eta olmaydi. Demak, unda mehr-oqibat, shafqat yoʼq. Xulosayi kalon temirtanga ishonish mumkin emas.

Аmmo endi zoʼrgʼa oʼziga kelayotgan aholi hali bunaqa mish-mishlarga eʼtibor qila olmasdi. Ular oʼzlari ilgari qilib yurgan maʼqul-nomaʼqul ishlariga hozircha ruxsat berilganidan xursand edilar.

Shu taxlid toʼfondan keyingi hayot sekin-asta, amal-taqal bilan izga tusha boshladi. Endi aholi hayot uchun birinchi darajali kerak boʼlgan joylarni egallab olgan, turqi, ayniqsa, koʼzlari juda sovuq temirtanlardan choʼchimaydigan boʼldi. Chunki dorixona va boshqa barcha kerakli joylarga bormaslikning sira iloji yoʼq.

Hayot sirtdan qaraganda xuddi avvalgidek, hatto undan ham yaxshiroq davom etayotgandek koʼrinardi. Lekin olomon, nekbinlar va badbinlar ham endigina toʼxtagan toʼfon imonli, vijdonli odamlar koʼngliga koʼchganini xayollariga ham keltirmasdi. Bu oʼzgarish toʼfon tugamayoq sodir boʼlgandi. Yangidan boshlangan boʼronni toʼxtatadigan kuch yoʼq edi bu yorugʼ dunyoda.

Shahar vayronalari yoppasiga qizil-qoramtir tusda, bu rang koʼzni juda toliqtirar, odamlar koʼzlari yirtilgudek boʼlib quyoshning tabiiy rangini izlashar, topolmay, vahimaga tushishardi. Аslida quyosh tobora balandlar, charaqlab moʼl nur sochar, uning hayotbaxsh taftini hamma ham seza olmasdi.

Yormuhammad ota toʼfonni oʼz qishlogʼida boshidan oʼtkazdi. Qadimiy Zarqishloq yupun esada, omon qolgandi. Unda yam-yashil bahorga yarashgan tus hukmronlik qilardi. Ota chor atrofdagi tuslarning oʼzgarishini darhol his etdi, koʼngli taskin topdi. Demak, hali zulmat toʼla hukmron emas, u chekinishi mumkin. Oldinda Nur bor!

Olisda elas-elas koʼzga tashlanayotgan toshkoʼprik oʼzining oʼsha-oʼsha azaliy xarsangtosh rangida. Uning rangi hech qachon sariq ham, qizil-qora ham boʼlmagan. Zora, bu koʼprik odamlarni birlashtira olsa, koshki edi, shunday boʼlsa! Аslida yurak boʼronlari tabiat hosilasi boʼlmish toʼfonlardan ming chandon kuchliroq. Boz ustiga, ular gʼorat etmaydi, aksincha, ezgulik yaratadi.

Yormuhammad ota sekin-asta odimlab, sohil boʼylab yura boshladi. Koʼp oʼtmay u Zaringisu va Mustafo xotirasiga oʼrnatilgan yodgorlik yoniga kelib qoldi. Silliq xarsangtosh bahorning sar-sari yellariga magʼrurona koʼkrak kerib turar, toʼfon unga hech qanday ziyon yetkazmagandi. Shundoq yodgorlik poyida bir juft lolaqizgʼaldoq yal-yal yonib, bir-birlarini suyab turishar, gullarning biror yaprogʼi ham shikast yemagan, tubida qora dogʼli alvon jomlari billur tomchilarga toʼla, ular baxtiqaro oshiqlarning armonli koʼz yoshlariga oʼxshab ketardi.

Otaning yuragiga ogʼriq kirganday boʼldi. Qarang, bir kecha-kunduzda hammayoqni ostin-ustin qilgan toʼfon shu moʼʼjaz chechaklarni ayabti, omon qoldiribdi. Bu chin muhabbat manguligiga ishora emasmi? Ha, juda katta gʼorat etuvchi kuchga ega boʼlgan tabiat hodisasi nafaqat nafis chechaklarni, balki, oshiqlar xotirasini, ularning ramziy qabrini asrab qolgandi! Holbuki, johil shahvatparastlar, tanfurushlar ikki yoshning pok sevgisini toptamoqchi boʼldilar, ularni xudkushlikka majbur etdilar.

Ota yoʼlida davom etdi. Sevishganlar yodgorligi poyidagi bir juft nafis lolaqizgʼaldoq toʼfondan omon qolgani cholning koʼnglini koʼtardi, his tuygʼularini junbushga keltirdi.

Yormuhammad ota sohil boʼylab shahar tomonga ketmoqda edi. Shu asnoda, uning shundoq boshi ustidan bir oq kabutar uchib oʼtdi. Ota unga diqqat bilan tikilgandi, qushning tumshugʼi da donga toʼla oltin boshoqni koʼrib yuragi xapriqib ketdi. Koʼngliga kelgan xayoldan ong-shuuri yanada ravshanlashdi. U chap qirgʼoqqa oʼtib olish uchun tosh koʼprikka qarab ketdi.

Ota tongda qoʼshnilaridan eshitgan yana bir xunuk xabarning rost yoki yolgʼonligini aniqlamoqchi boʼldi. Emishki, toʼfon shaharga magʼrib tomondan yopirilgan edi. Kecha tongda mashriq tomondan bir juda xunuk mavjudod Baxt ostonasiga kirib kelibdi. U qum rangidagi chakmon, oltin qubbali kuloh kiygan oq yuzli, yelkalari bukchaygan chol boʼlib, bir koʼzi gʼilay ekan. Badbashara suvori guldor toʼqim va xurjun bilan yasantirilgan, dumsiz xachir mingan, jonivorning quloqlari juda katta, qadami ildam emish.

Badbashara suvori bir kecha-kunduz mobaynida shaharning hamma koʼchalari, bozor rastalari, chap va oʼng qirgʼoqni bir necha marta kezib chiqishga ulguribdi. U hech kim tushunmaydigan tilda ayuhannos solib, odamlar diqqatini oʼziga qaratmoqchi boʼlar, turli beoʼxshov qiliqlar qilib, qoʼlidagi shaqildogʼini tinimsiz shaqillatar, soʼng yana koʼcha kezishda davom etarkan. Dahshatli ofatdan omon qolgan aholi bu beoʼxshov cholga unchalik eʼtibor qilmagan, shundoq, esi ogʼib qolgan biror kimsadir-da degan xayolga borgan.

Yormuhammad ota koʼprikka endi qadam bosgan ham ediki, oʼsha gʼalati suvoriga roʼbaroʼ keldi. Taqqa toʼxtadi. Suvori ham xachiri noʼxtasini qattiq tortdi. Har ikki cholning koʼzlari toʼqnashdi. Toʼqnashgan zahoti Yormuhammad ota bir seskanib, nigohini chetga oldi. Gʼilay ham nuqsonini yashirish uchun yerga boqdi.

Bir zumdan soʼng ikkovlari ham oʼz yoʼllariga qarab ketdilar. Xachir koʼprikdan uzoqlashar ekan, beoʼxshov suvori bir necha bor ortiga oʼgirilib qaradi.

Yormuhammad ota esa ortiga qayrilmadi. U oq kabutarni koʼrganida qanchalar shodlangan boʼlsa, hozir koʼngli shunchalar xufton boʼlgandi.

Otaning koʼngli xufton boʼlgan esa-da, mashriqdan kelgan gʼalati kishi haqidagi mish-mish uydirma emasligiga amin boʼldi.
Chol shaharni bir oz aylanib, soʼng oʼz qishlogʼiga qaytmoqchi boʼldi. U koʼchalarni birma-bir aylanar ekan, nigohlarini oʼtib-qaytib turgan odamlar chehrasidan uzmasdi. Birov xursand, birov xafa, yana boshqasi yuzida tashvish alomatlari, kimlardir oʼsha avvalgiday kekirib, tish kavlab yurishibdi. Shundan bilindiki, odamlar mashriqdan kelgan yoʼlovchiga unchalik eʼtibor qilishmagan. Toʼgʼrida, qaysidir musofir shaharga dumsiz xachir minib kelgan boʼlsa, nima qipti?

Ota oʼz qishlogʼiga qaytdi. Qoʼshnilari uni koʼrishlari bilan qurshab olib, mish-mishlarga sabab boʼlgan gʼalati musofir qishloqlaridan oʼtib, sohil boʼylab Gʼarb tomonga joʼnab ketganini hayajon bilan hikoya qilib berdilar. Gʼilay cholning oltin qubbali kulohi, dumsiz xachirining guldor toʼqimi-yu xurjini haqida alohida toʼxtaldilar, «Joʼnab ketgani rost boʼlsin! ” – dedilar.

Ota bu kechani ham xuddi toʼfon tunidagidek toat-ibodatda oʼtkazmoqchi, roʼy bergan voqealarni chuqur mushohada etishni koʼnglida tukgandi.

Oldingi ikki kunu tun voqealari juda dahshatli esada, uni sarosimaga tushirmadi. U tahlikali kunduz-kechalarni Qurʼon tilovati bilan oʼtkazdi. U talotumlar tingach, hovliga chiqganida zaminu osmonda allaqanday osoyishtalik hukmronlik qilar, zaʼfaron yaproqlar sahnga Eron gilamlaridek toʼshalgandi.

Chol supada turib, atrofga quloq tutdi. Shundan keyingina sodir boʼlgan voqealar dahshatini darhol angladi.

Uchinchi oqshom va tun ana shu gʼayri oddiy, notabiiy hodisalarni yurak va ong-shuurdan oʼtkazish, ofat avom koʼnglida qanday iz qoldirganini mushohada qilish bilan kechdi.

Subhi sodiqda bomdod namozini oʼqigan Yormuhammad ota yengil nonushtadan soʼng, yana mutolaa bilan mashgʼul boʼldi. Tong oqara boshlagach u koʼchaga chiqib, sohil yoqalab ketgan yolgʼizoyoq yoʼldan mashriq tomonga ravona boʼldi.

Ufq sekin-asta boʼzarib, alvon tus oldi. Kattakon qirmizi olmadek boʼlib Quyosh chiqa boshladi.

Yormuhammad ota qoʼlini peshonasiga soyabon qilib, Xurshidi olamga tikildi. Koʼnglida jonlanish, yangilanish sezgandek boʼldi. Koʼzlari namlandi. Koʼz yoshlari moʼl nur sababli edimi, yoinki, shukronalikdan diydalar namlanganmidi, bunisi nomaʼlum. Har qalay uning qalbida bir inqilob sodir boʼlayotgandi.

Ota janub tomonga yura boshladi. Biroz yurganidan soʼng toʼxtab, olis-olislarga tikildi. Shu asnoda ufqda durkun togʼ lolasiga monand Minorayi Kalon koʼzga tashlandi. Bu buyuk obida moʼl nurga burkangan, koʼzni qamashtirib turardi. Yormuhammad ota yurishdan toʼxtab, bu ajib manzarani huzurlanib tomosha qildi. Endi shaharning boshqa imoratlari ham koʼzga tashlanib ular ham nur qoʼyniga gʼarq boʼldilar.

Ota yana yurishda davom etdi. Vujudiga allaqanday iliq nur oqib kirayotganini his etdi. Yanada teranlashib qolgan nigohlari shahar uzra koʼtarilayotgan nur osmonu falakka oʼrlayotganini koʼrdi.

U taqqa toʼxtadi-yu, choʼkka tushib, duoga qoʼl ochdi…

2026 yil 14 yanvar – 2 fevral
Romitan.

81

(Tashriflar: umumiy 20, bugungi 32)

Izoh qoldiring