Ulug’bek Hamdam. Ikki hikoya

hikoya

Бу орада кун ёйилиб, оламни ўз оғушига ола боради. Бир маҳал ичимга ўрмалаб кирган чанқоқни ҳис қиламан. Тадбирга бош ураман: йўлнинг икки бетига кўз югуртириб чашмами-булоқми қидираман. Лекин савил ҳадеганда топила қолмайди. “Йўл юраман, йўл юрсам ҳам мўл юраман” – ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Ҳаммасига боис чанқоғимдир, эҳтимол. Аслида, унчалик кўп йўл юрмагандирман. Э-э, нима бўлсаям майли. Ҳозир бунинг муҳокамаси эмас, сув муҳим, уни топишга қаратилган ўй муҳим. Қани энди бу қақраган чўл аро бир зилол сувли қудуққа дуч келсаму ундан қониб-қониб ичиб ташналигимни қондирсам. Ақалли бир пиёла сув бўлсаям розийдим. Бир пиёла сув…

003
Улуғбек Ҳамдам
ИККИ ҲИКОЯ

БИР ПИЁЛА СУВ

Менга вазифа юклатилган эди. Бироқ нима учун айнан менга? – билмайман. Ким ва қандай вазиятда топшириқ берди? – буни ҳам негадир эслай олмайман. Ёдимда қолгани – нимадир ортилган, иккита от қўшилган аравани шом тушгунга қадар манзилга элтишим зарур. Нега энди шомга қадар? Бу саволнинг жавоби ҳам менга қоронғи… Яна “йўлда чалғимасанг бас, юкни манзилга ўз вақтида эсон-омон элтасан”, дейилгани ҳаммасидан ошиб тушди: жумбоқмисан жумбоқ!

Тавба, ўзимга ҳам қизиқ бу иш. Шунча замонавий улов турганда, алмисоқдан қолган аравага нима бор? Унга ортилган юк-чи? Нима у ўзи? Устига аллақандай матолар ташланган, ўралган, чирмалган. Аммо бори – шу. Ортиғини истасам ҳам сизга айтолмайман.

Энди бош кўтарган бобоқуёш навқирон танимга илиқ нурларини сочади. Отлар бир маромда йўртиб бормоқда. Аҳён-аҳёнда жиловни қимирлатиб қўяман, шунинг ўзи фаросатли ҳайвонларга кифоя – имиллаш йўқ. Намунча эсли бўлмаса булар? – дейман ўзимга ўзим. – Худди вазифадан бохабардек! Тавба…

Аввалига овозимни баланд қўйиб қўшиқ айтаман. Куч-қувватни тежаш зарурлигини пайқабми, беихтиёр хиргойига ўтаман, билган-билмаган қўшиқларимдан замзама қиламан. Кейин ғинғиллашга ора бериб атрофга аланглайман, шу кўйи ёш дилимни овутишга чоғланаман. Уфқларга туташ кенгликлар ҳисларимни жунбишга келтиради. Ичим тўла ҳаёт, кучим танамга сиғмай теваракни титратиб ҳайқираман – “Ууу–лууу-уууғ!..” Сал ўтмай атрофдан акс-садо қайтади: “Ғууу-лууу-ууу-ууу!!!” Илкис чўчиб тушаман, ичим музлаб кетади. Саратоннинг иссиғида пешонамдан совуқдан-совуқ тер қуйилади. Нажот истаб кўзларимни яна атрофга оламан. Бошқа ҳайқиргим келмайди… Бирпас юргач эса жавонибдаги бир хил йўл манзарасию осудаликдан зерика бошлайман…

Бу орада кун ёйилиб, оламни ўз оғушига ола боради. Бир маҳал ичимга ўрмалаб кирган чанқоқни ҳис қиламан. Тадбирга бош ураман: йўлнинг икки бетига кўз югуртириб чашмами-булоқми қидираман. Лекин савил ҳадеганда топила қолмайди. “Йўл юраман, йўл юрсам ҳам мўл юраман” – ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Ҳаммасига боис чанқоғимдир, эҳтимол. Аслида, унчалик кўп йўл юрмагандирман. Э-э, нима бўлсаям майли. Ҳозир бунинг муҳокамаси эмас, сув муҳим, уни топишга қаратилган ўй муҳим. Қани энди бу қақраган чўл аро бир зилол сувли қудуққа дуч келсаму ундан қониб-қониб ичиб ташналигимни қондирсам. Ақалли бир пиёла сув бўлсаям розийдим. Бир пиёла сув…

Қуёшнинг қиёмга келишига ҳали анча бор – олазарак қараб-қараб қўяман. Фақат кўк юзида парча-парча булутлар сузиб юрибди. Сарсор солсам, отларнинг юришига ҳамоҳангдек. Яъни уларнинг устига соя ташлаб бораётгандек. Сал олдинда икки-уч қуш ҳам ажабтовур чуғурлашганча учиб боришяпти. Эсладим: улар сафаримизнинг ибтидосиданоқ ҳамроҳимиз бўлган чиқди. Ажабо!.. Бир пасда ийиб-жўшиб кетдим. Ахир бутун борлиқ: ерда йўл, ўркач-ўркач қумтепаликлар, кўкда эса булут ва қушлар… ҳамма-ҳаммаси менга кўмакдош экан, ҳеч шубҳа йўқки, уҳдамдаги вазифани бекаму кўст бажаргумдир! Ақлимга келган бу фикрдан оламни тўлдириб яна бир ҳайқиргим келдию қўрқдим: истагим боягидек тескарига айланиб кетмасин тағин…
Ёз эмасми, ҳалитдан қиздиргани-қиздирган. Ташналик жон-жонимдан ўтганда йўл узоғи чайқалиб-жимирлаб, ҳалқоб-ҳалқоб сувга айланади: “саро-о-о-об” дейман-у, изтироб билан тамшанаман. “Шунчалар нодон бўламанми, – койийман ўзимни ўзим, – нега биттагина кўзада сув олволмадим? Ахир йўлга чиқаётганимни билардим, боз устига жазирамада!..”

Ичимга беҳузурлик кириб нажотни атрофдан излай бошлашим билан негадир аравамнинг маромига ҳам путур етди: отлар сезиларли даражада секинлашди. Энди жиловни силташни бас қиламан – бош устларида булутлардан шамсия бўлса-да, иссиқда бояқиш жониворларга ҳам жабр дейман. Ўзлари хоҳлаганча тортиб боришаверсин-чи, бир гап бўларо. Аммо вақт ўтгани сайин, аравага ортилган юк залвор босаётганини, уловнинг ғичирлаб бораётган ғилдираклари тобора ювош айланаётганини ич-ичимдан сезаман. Бу ёғи неча пулга тушди деб қўяман, пешонамга тошиб чиққан реза-реза терни қўлимдаги оппоқ дурра билан сириб артарканман.

Манзил!.. Эҳ-ҳе, у ҳали жуда олисда, уфқларга ёндош сарҳадларга эш гўё. Аммо менга бир текисда ҳаракатлансанг, қош қорайгунча мазгилга дорийсан, шу йўлнинг ўзи у ерга элтади, деб уқтиришган. Мен ҳам шунга ишонганман, чанқоқни айтмаганда, ишончим ҳали-ҳамон бус-бутун. Бироқ чанқоқ ҳам борган сари забтига олар, ичимга анави ўркач-ўркач қайноқ қумликлар кўчиб ўтаётганга ўхшарди.
Бир маҳал узоқдан сардоба монанд нимадир кўзга чалинди. Бошида кўп-да умидланмадим, зеро саробдан юрак олдириб қўйгандим-да. Бироқ ёвуқлашсам ҳамки, сардобанинг қораси ўчавермади. Қайтага тобора тиниқ тортиб, кўз ўнгимда бутун маҳобати билан юксалиб, қад кўтарди. У – йўл четидаги каттакон карвонсарой бўлиб чиқди. Қувонганимдан отларни қандай тўхтатиб, аравадан қандай тушганимни-ю, кўз очиб юмгунча табақалари ланг очиқ дарвоза қаршисида қандай пайдо бўлганимни билмайман. Оҳ! Шу тобда менга ҳаёт гўё қайтиб берилгандек эди!..

Бўсағада мени сарвқомат, кўзлари оҳуникини эслатадиган жонон қиз қирмизи дудоқларида ним табассум ила кутиб олди. Оғиз очишга улгурмасимдан нарироқда шилдираб оқиб турган чашмага ишора қилди. Чопиб ўша ерга ўзимни урдим. Қулоғига – олиб кетилмаслиги учун бўлса керак, – ингичка занжир боғланган мунаққаш мис пиёлани тўлатиб ичдим. Ютоқиб-ютоқиб симирдим. Тўрт-беш пиёла сипқораман, деб ўйлагандим, янглишган эканман, бир пиёла кифоя қилди. Ажабландим. Бақувват, яғриндор йигит бўлсам, ёзнинг чилласида, қуёшнинг тиғида субҳи содиқдан бери йўл юриб обдон чанқаган эсам-у, қаёқдаги мунчоқдек бир пиёла сув билан ташналигим тамоман қонса?.. Хай майли, бу гапларни ҳам қўяйлик. Муҳими, азобларим барҳам топиб, кўзларим ярақлаб очилди. Вужудим ором олиб, йўл юришга ўзимни яна тайёр сездим. Кейин юз-қўлимни ювдим. Ва, бас!..
Энди олға интилишим керак! Бу ерда ва умуман ҳеч қаерда ҳаяллашим мумкин эмас, оғишмай манзил томон йўл юришим шарт! Менга шундай жиддий бир вазифа тайинланган, мен ҳам сидқидилдан қабул айлаган эдим. Қабул айламаганимда сафарга чиқмасдим, буниям билардим. Фурсатни бой бермай ёнимни кавлаб ақча чиқардим. Лекин мутавозеъ қиз уни олмай, қўл ишораси билан ичкарига йўллади. Яъни у ёққа бориб тўланг демоқчи бўлди. Мен беихтиёр ичкарига одимладим. Эҳ-ҳе! Қаерга келиб қолдим ўзи! Намунча серҳашам ва мўл-кўл бўлмаса биёбоннинг қоқ ўртасидаги бу гўша! Одамни айтмайсизми, қайнайди-я қайнайди! Чор томондаги қўшқаватли иморату ҳовли саҳни қалдирғочдек тизилиб ўтирган хўрандалар билан тўла. Уларнинг нашъали юзларига боқарканман, ҳавасландим. Агар… агар масъулиятли вазифам бўлмаганида мен ҳам шу ерда қолардим, улардек маишатга толардим, деб суқландим. Агар вазифам бўлмаганида…
Бир зум каловланиб қолдим: қаерга бориб, кимга тўлайман сув ҳақини?..

Кўзим этакдаги, умумий манзарадан панароқдаги одамларга тушди: улар саф тортиб туришарди. Аммо юзларида негадир шодлик аломатини кўрмадим. Тавба-а-а, дедим тонг қолиб. Чунки тунд қиёфалар бу ердаги салобатга, дабдабага, еб-ичиб, кайф-сафо қилиб ўтирган кишиларнинг ялпи кўтаринки кайфиятига уйғун келмасди-да! Беихтиёр ўша ёққа юрдим: ҳақ тўланадиган туйнук деганлари шу томонда бўлса керак – чамаладим. Хушхон ва мастон давраларни айланиб ўтарканман, оғзимнинг суви қочди…

Воқеан, менга керакли бўлган жой шу ер чиқди. Навбатга туришга турдиму ичимга ғулғула тушди: наҳотки, бир пиёла сув ҳақини тўлайман деб шунча одамни пойласам, олтиндек вақтимни кўкларга совурсам? Ахир менинг вазифам бор эди, вазифам!.. Аланглаб хизмат қилиб юрган лаганбардорларга, кўринишларидан маъмурият ходимларига ўхшаган олифта кишиларга умид билан қарадим, ҳатто, икки-учтасининг олдигаям бордим, не ёзиқки, улар дардимни эшитишниям хоҳлашмади: ҳаммаси совуқ бир тарзда туйнук тарафни, у ерда қатор турган одамларни кўрсатишди. Шундагина хўрандаларнинг ҳолини, забун кайфиятларини тушундим. Бояги англашилмовчилик тумандек тарқаб кетди. Индамай бориб, қуйруққа тиқилдим.

…агар билганимда, бир пиёла сувни деб шунча вақт оёқда тик туриб кутишимни, вақтимни сувларга оқизишимни, вазифамни ўйлаб виждон азобида қолишимни олдиндан сезганимда бу ерга кирармидим? Айтишга осон, холос. Аслида тоқатим тоқ бўлди. Қисматдошларим билан дардлашаман, дея оғиз очаману жавоб ололмайман. Ҳаммасининг оғзида талқони борми? Ё бари соқовми?..

Қоқилган қозиқдек тик туравериш жонга тегади. Оёқларга бир зум дам бериш учун чўккалайман, кўп ўтмай эса тиззаларим уюшиб чор-ночор қўзғаламан. Энди менинг ҳам гаплашишга на ҳушиму на кучим қолади… Шунда мен ҳам сафда турганларнинг биттасига айланганимни алам билан ҳис қиламан: соқов ва гунг бўлиб оламан… Шу кўйи саҳнада ўтирганлару навбатда тик турганларга азмойиш-ла қарайман: ҳайҳот! – бу ерга кираётганда ҳамманинг кўзларида умид ва қувонч чарақларди-ю, чиқаётганда эса ўкинч ва малол ёлқинланарди. Қаторда тураркан, саҳна ва қўшқаватда ястаниб олганча кўнгилхушлик қилаётганларга энди ачиниш билан боқаман. Қанийди бир пасдан кейинги ҳолларини кўра-билсайдилар дейман… ичимда…

Вақт айланди, мен атрофни кузатишдан ҳам чарчадим. Чўкка тушган кўйи кўзларимни юмдим. Лаҳза ўтмай вужудимда яна таниш ташналик ўрмалай бошлади – ярқ этиб кўзларимни очдим! Во дариғ, бу нимаси? Мен чанқоғимни босиш учун бир пиёла сув сипқордим-у, унинг ҳақини тўлаш учун сирада тураркан, тағин сувсадимми?!.. Тушиб қолган ҳолимга маймунлар йиғлайдиган эди. Лекин навбатни тарк этиб, яна ўша чашманинг бошига бориб сув ичишга ботинмасдим: ахир, сирам қўлдан кетади. Ахир, навбатда турган одамлар издиҳомининг на боши, на охири кўринади!.. Шу ерда ҳам ўз ўрнингга эга бўлишинг кераклиги мени жинни қилаёзди… Шундай экан, навбатдан чиқишга кимнинг ҳам юраги дов берарди? Тишимни тишимга босиб кутишда давом этдим…

Ғоят имиллаб олдинга ҳаракатланаётган сафда баъзан худ, баъзан бехуд эдим. Гоҳ ҳушимга келиб, олдиндаги сафдошимни туртиб юришга ундасам, гоҳ иссиқ ва ташналикдан, зўриқиш ва диққинафасликдан не кўйларга тушганимни билмай алаҳсиганимда, изимдан келаётган шўрлик мени нуқиб ҳаракатланишга ундарди… Шу тарзда қанча фурсат кечди? – билмайман. Елкамдан биров қаттиқ итарди, ўзимга келиб кўзимни очиб қарасам, туйнукнинг шундоқ рўпарасидаман! Оҳ деб юбордим беихтиёр. Азза-базза киссамдан пул чиқариб ғазначига узатдим-да, шошиб у ердан узоқлашдим…

Одим отарканман, негадир вужудимда лоҳаслик, чарчоқ сезардим. Қадамларим ҳам негадир бу ерга илк кирганимдагидек дадил эмас, аллақандай оғир, кучсиз ва ҳафсаласиз… лекин нега? Ё шунчалар узоқ вақт қолиб кетдимми бу ерда: толиқдимми, эзилдимми?..
Аммо булар нима деган гап? Ахир навбатдан қутулдим-ку! Ташқарига эсон-омон чиқиб олганимдан севинчим ичимга сиғмасди, ҳадеб кўкка сакрагим келарди. Шу маҳал аллақандай ғайришуурий савқ ила сезиб қолдимки, вужудим бу ишга қодир эмас! Ҳайрон бўлиб қўл-оёқларимга қарадим: ё парвардигор! Бу нимаси!? Қандай жодуга учрадим мен? Кирганимда ёшлик шижоати уфуриб, тийиқсиз куч-қувватга тўлган таним тиришиб, эти устихонига ёпишиб қолган, суяклар теридан бўртиб чиқиб турар, жуда-жуда мўрт ва қувватсиз туюларди. Анграйиб, оғзим очилганча атрофга кўмак илинжида боқдим ва… ва кўзларим яна ўша эшикбон қизга тушди! Тушдию лолу ҳайронлигим минг чандон ортди: қиз мен кираётганда қандай зириллама ёш ва лобар бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандоғича турар, қирмизи лабларидаги нимтабассум билан ташналарни ичкарига тинмай чорлар, ташрифчиларнинг бўлса кети узилмасди…

Дарвоқе, назаримда биронта арава ҳам карвонсаройни четлаб ўтиб кетмаётгандек, аксинча, бари-барчаси тўхтаб, улардан сакраб тушаётган аравакашлар ўламан саттор деярчасига ўзларини ёш қиз кўрсатаётган ўша чашмага, унинг бир пиёлагина сувига ураётгандек эди…
Бошим айланиб, гандираклаб юзтубан йиқилдим. Кўзимга, оғзимга тупроқ кирди. Негадир у илиқ эди. Лабларим ёрилди, шекилли, ачиша бошлади. Ётган кўйи суриндим, пайпасландим. Иттифоқо, бармоқларим таёқни ҳис қилди: маҳкам тутиб, суяниб дол қаддимни ростлашга уриндим. Юз-кўзларимни артиб, қобоқларимни очдим: қаршимда арава турарди. Лоп этиб ҳаммаси ёдимга тушди. Ахир… ахир менинг вазифам бормасмиди, жуда муҳим топшириқ билан йўлга тушмаганмидим! Кейин… кейин тўсатдан қош қорайганини пайқаб, даҳшатдан кесакдай қотдим: ҳаммаси соб бўлдими?! Ўз зиммамга юклатилган муқаддас вазифани уддалаёлмай доғда қолдимми?! – дея бақирмоқчи бўлдим… Лекин овозим чиқмаса-да, аммо ҳайқириқ миямда портлаганини аниқ ҳис қилдим…
Ҳассага таяна-таяна, бир-бир босиб аравага яқинлашиб, ҳасрат-ла унга суяндим. Шунда ўмганим, ёнбошим жиққа ҳўл бўлганини сезиб, тисландим-да кўзларимни йириб аравага қарадим: ундан сув сизар ва тупроқ бетида кичик бир кўлмакча ҳосил қилган эди. Ажабландим, бор мадоримни тўплаб, арава устига ёпилган матони қалтироқ, рамақижон қўлларим билан тирмалаб очдим… Э воҳ, шу чоққача бошимга тушган ажабтовур воқеалар бир ёну буниси бир ён бўлди: не кўз билан кўрайки, араванинг ичида сув тўла кўзалар қатор тизилишиб турар, улардан биттаси йиқилиб синган-у, суви қуйига – асрий ташна қумликларга чак-чак томарди…

2011 йил, февраль

КЎЗИНИ ОЧИБ ЮМГАН ОДАМ

Кўзларимни очганим ҳамон ғайриихтиёрий равишда ҳис қилдимки, устозимнинг кўзлари мангуга юмилибди. Э воҳ!..
Жанозасига улгурай, дея жадал йўл тадоригини кўрдим. Уйдан ташқарига чиқарканман, кўзим негадир ҳув баланд тоғлар бошида худди оқ рўмол янглиғ солланган чиройли, маҳобатли, оппоқ булутларга тушди. Азадор бўлишимга қарамай, намунча сеҳрли бўлмаса улар, деган ўй кечди дилимдан. Шу баробари иродамни тўплаб, мени хижолатга қўяётган ўйларимни қувиб солдим-да, йўлга равона бўлдим.

Йўлда устоз билан бирга ўтказган дамларимни бир-бир хотирладим. Унинг ҳар бири икки жаҳонга бадал ўгитларини ёдга олганимда кўзларимдан аччиқ ёшлар қуюлиб келаверди. Маънолар султони ҳам ўларкан-да, дейман ёноқларимни кафтимнинг орқаси билан тез-тез артиб. Худди оддий одамлар каби, а! Ишонмайсан киши…
Ул зоти шариф мен йўл олган юртда яшаб ўтди. Мана, энди ўлим ҳақ келиб, бу дунёи бебақони ташлабгина кетди. Ҳамма қатори. Шуниси алам қилади-да, наҳот ҳамма қатори бўлса?!..

Ажаб, кетиб боряпману ўйлайман: нега пиёдаман? Нима, улов йўқми ёки унга чиқиш истаги? Ҳеч қурса, қадим замонларнинг от-араваси бўлсаям майлийди. Лекин атрофимда нақлия борми-йўқми, дея қаранмайман, бунга негадир қизиқмайман ҳам. Йўқса, яланг оёқларимга тиканлар кириб, тошлар тегиб ачишиб беряпти. Шундаям, улов ҳақида негадир бош қотирмайман. Кўп ўтмай товонларим ҳам ёрилиб, қонаблар кетди. Ботинимга азмойиш-ла сарсор солсам, сафар заҳматларининг бари негадир мени тўппа-тўғри устозга томон йўллаётгандек туюлди. Ажаб, кўп ажаб…

Анча йўл босиб, ғаройиб чорраҳага дуч келиб қолдим. Чорраҳадан йўллар дунёнинг тўртта томонига улоққан экан. Энди қайси томонга юз бураман? – деган салобатли савол қаршимда пайдо бўлганди. (Саволни айланиб ўтиб бўлмасди: ҳайбати нақ Улуғ тоғча бор, ахир!) Бу йўлларнинг қайси бири мени устозим яшаган мамлакатга элтар экан, а?.. Шу ўйда турар эканман, бирдан кўксимдан нимадир мумдек эриб тушди. Қарасам, у ҳалиги ҳайбати тоғ қадар савол экан. Ҳали замон у ташқарида эди, энди бўлса ичимда эриб ётибди… Бунинг синоати не экан? – деб мушоҳада юритиб улгурмайин ҳаммаси аён бўлди-қолди. Ажаб, во ажаб, мен қаёққа кетяпман ўзи? Нега бир пайтнинг ўзида тўртта томонга қараб йўл олдим? Бу қандай рўй берди? Инсоний мантиққа кўра мумкинми ўзи бу?.. Қаранг, мен ҳам кунчиқарга, ҳам кунботарга ҳамда иссиқ, жудаям иссиқ юртга жўнаб боряпман!.. Шу асно ичимдан нидо келди: “Чунки кунчиқарда буғдойранглилар, кунботарда оқ- сариқлар ва ниҳоят, иссиқ, жудаям иссиқ юртда қоралар истиқомат қилади-и-и-иии!..” Ботиним титраб кетди, ки устозимнинг овозини эшитгандек бўлдим… “Лекин у йўқ, у ўлди ахир!..” – дея ҳайқираман ўзимга ўзим.
Яширмайман: қаттиқ чўчиб тушганимдан бирпасда лабларим четига учуқлар тошди – қичишиб ачиша бошлади. Ҳайратимдан турган ўрнимда тарашадек қотдим. Нима қилишимни билмасдим. Агар устоз ҳаёт бўлганида бу ғаройибликни бир зумда жавоблаган бўларди, дейман ичимда. Боз устига, биргина мисол билан. Оддийгина рамз воситасида ҳамма чалкашликларни бартараф айларди. Мисол қидириб узоққа ҳам кетмасди: турган ўрнида шундоқ энгашарди-ю, оёғи остидан ниманидир, масалан, бир ҳасни кўтарарди-да, ундан калит ясаб, менинг тангу мураккаб ҳолимдан бино бўлган сандиқни очиб юборарди. Қарабсизки, ҳаммаси кафтдагидек тушунарли бўларди-қоларди… Билсангиз, шундай пайтда ҳикматнинг сеҳру жодуси ҳаётнинг ўзидан-да жозибадору маънодорроқ бўлиб кетади, ҳа…

Бу не кўргуликки, энди устоз йўқ! Гўё осмон бошим узра қулагандек, мен эса ернинг заранг бағрига қапишиб кетгандек, қил устида турган озурда жоним ҳам мана, ҳозир, шу лаҳза узиладигандек ҳис қиламан ўзимни… Энди нима бўлади? Ахир, у – маънолар султони абадий кетди? Энди маъносиз қандай яшаш мумкин? Инсон зотидан маънони айирса, нима қолади ўзи?.. Қизиқ, ўша қолган нарсани инсон деб атаб бўлармикан?..
Бирдан ўзимни ёлғиз ҳис қиламан ва бу ҳис мени ернинг тубига қадар тортиб кетади… Беихтиёр яна ҳикматга эҳтиёж сезаман. Устоз йўқ, ундан қолган битиклар эса уйда қолиб кетган. Нима қилиш керак? Қайтсамми? Бориб, у қолдирган китобларни ўқисаму ўз ҳолимни англасам, сўнг йўлимда давом этсам-чи?.. Шундай дейману лоп этиб хаёлимга кўҳна бир ривоят тушади: толиби илм бўлган киши олис бир юртга илму ирфон истаб сафарга чиқибди. Кўзланган манзилга етиб келиб илм тўплабди ва эшакка ортиб уйига қайтибди. Йўлда эса қароқчига дуч келибди. Қароқчи унинг бор-будини шилиб олибди. Шунда толиби илм йиғлаб дийдиё айлабди: ақчаму эшагимни олсанг олу, лекин китобларимни қайтиб бер, ахир улар сенга нимага керак? Мен эса уларсиз ҳеч кимман, хароб бўламан, шунча умрим шамолларга соврилиб кетади…

Шунда қароқчи унинг кўзини мошдек очиб қўйгич гапни айтибди: қандай нодонсанки, илмни ақл ва юрагингга жойламай, қаёқдаги эшакка ортибсан? Ҳозир-ку, мен китобларни сенга иода этарман, лекин йўлда тағин бир зўравонга йўлиқсанг, ҳолинг нима кечади? У ҳам мендек раҳмдил чиқармикан?..
Толиби илм ўз фожиасини тушуниб етиб, мулзам бир аҳволда келган жойига қайтиб борибди-да, зўр ғайрат ила илмни қалбию онгига сингдира бошлабди…

Э воҳ, шу тобда менинг ҳолим ҳам ана шу ношуд талабаникига ўхшаб қопти! Устоз йўқ – мен йўқ, унинг битиклари йўқ – яна мен йўқ! Хўрлигим келиб кетди. Одам ҳам шунақа пандавоқи бўладими?.. Шундай деб ортимга бурилдим, қарасам, у ер ҳам олдимдаги йўлга ўхшаб турибди. Тавба дедим ва тушундим: ахир мен бир пайтнинг ўзида ҳам мағрибга, ҳам машриққа ҳаракатланаётган эдим-да. Шундай экан, ортимга қайтишнинг нима маъниси бор?.. Туйқус хаёлимга устознинг ўгитлари келади: бирон нимасини йўқотган киши ҳам чап ёнини, ҳам ўнг ёнини, ҳам тепасию ҳам оёқ остини – ҳамма-ҳамма ерни қидира бошлайди. Агар қидирганини топса, у ҳеч қаерни изламайди, чунки муроди ҳосил бўлган ҳисобланади-да…

Йўл юрдим. Узоқ юрдим… Ниҳоят, каттакон элнинг чўнг бир шаҳрига келиб қолдим. Марказ. Одам гавжум. Лекин менга эътибор берадиган, илтифот кўрсатадиган аҳволда эмас эди издиҳом. Ҳар ким зўр бир ташвиш чангалида қолганга ўхшар, мусибатдан нес ва гаранг бўлиб бир-бирларига етим қўзилардек боқиб сасланишарди. Назаримда, уларни йиғлаяпти деб бўлмасди. Ҳатто айтиш мумкинки, ичларидан тошиб келаётган фарёду додни тўхтатиб, мажбуран кулишга, атрофга табассум айлашга уринишаётганга ўхшарди улар. Тавба, қизиқ, жуда қизиқ. Ёки шундай амр бўлганмикан? Ва бу ложарам, кучсиз жамоа амру истакни қўлидан келганча адо этишаётганмикан?.. Азани тўй деб эълон қилишга кимнинг журъати етди экан?!..

Ўзимни издиҳомнинг ичига ураман. Олисданоқ кўрдимки, ўртада нимадир бор, бу нимадир баҳайбат тобут бўлиб, ҳамма унга интилар, майит билан видолашар, уни сўнгги бор тавоб этиб қолишга ошиқар эди. Ботинимдаги недир бир туйғу айтардики, бул зот менинг устозим эди!.. Ҳайҳот, муборак пойингга етиб келибман, ҳазратим!..

Ҳеч ким менга эътибор қилмаётган бўлса ҳам, одамлар орасидан ёриб бориш ўйлаганимчалик мушкул кечмади. Ҳамма ён бериб мени олдинга, устозимнинг қошига тезроқ боришимга кўмаклашаётгандек кўринди. Ҳайрону лол бўламан, лекин илгари юриб, одамлар гуруҳини оралаб одимлашимдан қолмайман. Чунки бундай қилмасам, издиҳомнинг ўртасидаги тобутга етмоғим душворлигини биламан. Узоқ юрдим. Шу даражадаки, гўё уйимдан чиқиб бу ерга келганим бир бўлди-ю, майитни сўнгги йўлга кузатишга чиққанларнинг орасидан тобутга етиб боришим бир бўлди. Билмасам, бу гапда андак муболаға бордир. Эҳтимол, макон масофасига кўра иккаласи бир эмасдир. Аммо замон, чекилган заҳматлар масофаси ҳам бор-ку! Шуларга кўра иккаласи бир бўлди, ҳатто, кейингиси ортиқроқдек туюлди.

Бир маҳал устига кўк мато ташланган улкан тобутнинг ёнига келдим. Кўз очиб юмгунимча эса майитнинг бош томонида кўрдим ўзимни. Худди тушдагидек эди ҳолу руҳиям. Ёки эртакка ўхшарди буларнинг бари. Аммо бу на туш ва на афсона, балки орий ҳақиқат эди!
Бир қарашда менга мулозамат кўрсатмаётган, аслида эса мақсадимга эришмоғимда ёрдамчи бўлаётган халойиққа миннатдор боқдим: ажаб, улар шу даражада турфа эдики, анчагача оғзим очилганча анграйдим. Кийимларига қарасанг, бойу камбағал, баққолу қассоб, деҳқону чорвадор… ҳаммаси аралаш-қуралаш, рангларига қарасанг, кими оқ, кими қора, кими буғдойранг… Тавба дейман яна. Лекин нимага келганим ёдимга тушади ва тездагина паришон хаёлларимни йиғиштириб, маросимга уйғун йўл тутаман: энгашиб, майит устига ёпилган оқ матони аста очаман! Очаману шошиб уни қайта ёпаман: ҳайҳот, бу ким?! Нега у устозга ўхшамайди? Йўқ, сурати ўхшайди… лекин ранги… Нега унинг ранги қоп-қора, турқи нақ занжининг ўзгинаси? Қаерга келиб қолдим мен? Адашдимми ё?..

Бир зум мен ҳам несу гарангга айланаман. Кейин кўрганимга яна бир бор шоҳид бўлмоқ учун матони қайта очиб, диққат билан тикиламан: “Йўқ, бу устоз эмас. Майит шу ерда яшаётган юртнинг бир улуғи, занжи бир киши экан”, деган қарорга келаман.

Менинг қаноатим шундай бўлди ва тез бурилиб издиҳомдан чиқдим. Чиқа солиб яна ўнг келган тарафга равона бўлдим. Зеро, қайси тарафга боришимнинг аҳамияти йўқ эди. Буни мен сизга бошда айтгандим. Қай сори йўналмай, томонларнинг бари мени манзилимга элтар эди… Ҳар ҳолда менга шундай туюлар эди…
Шундаймикан? Балки янглишаётгандирман… Адашганимнинг далили, мана, бошқа жанозага келиб қолдим-ку!..
Бироқ ичимдаги аввалги қаноат кучлироқ чиқди. Мен йўлимда давом этдим. Хато қиляпман деган фикрни хаёлимдан бутунлай ҳайдаб юбордим…
Яна йўл… яна хаёллар… яна хотира… Ҳаммаси устозга элтади!..

Тағин ғаройиб бир эл… чайқалаётган уммон янглиғ издиҳом ва унинг ўртасида кўм-кўк бир кема… қўлма-қўл ўтаётгани учун худди сузиб бораётгандек таассурот қолдиради узоқдан. Издиҳом эса кеманинг ортидан эргашади…
Мен уларнинг сафига келиб қўшилдим. Бир аҳволда эдим. “Наҳотки, дийдор охиратга қолди, устоз!?..” Мусибатнинг зўридан оёқларим чалкашиб кетади. Оқим шиддати мени олдинга олиб чиқди ва мен беихтиёр гандираклаб бориб елкамни тобутга бердим. Шунда мен тобутни эмас, тобут мени тутиб қолди. Йўқса, минглаб оёқлар остига юзтубан йиқилардим. Валлоҳи! Кейин нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўз дарди баҳрига ғарқ бўлган тумонат халойиқнинг пойидан омон чиқмоқ осонми?..
Ниҳоят, қабристонга келиниб, тобут ерга қўйилди. Шунда мен оҳиста юриб тобутга яқинлашдим ва худди ўтган галдагидек, майит юзидаги матони кўтариб боқдим: ё тангрим, ўзи нималар бўляпти? Ким – бу ётган? Нега унинг танаси, қошу кўзи, соч-соқоли сап-сариқ? Устозим эмас-ку! Қайси юртга келиб қолдим мен бу сафар?..

Мозорни тарк этиб, яна бошим оққан ёққа йўналдим…
Бир маҳал қарасам, навбатдаги юртга қадам қўйибман. Тавба дейман ўзимча, ахир устозим битта, тайинли юртда вафот этмаганмиди? Нега мен турфа-турфа мамлакатларга келиб қоляпман?..
Энди шаҳар ҳам, унинг марказида тўпланган издиҳом ҳам мени ажаблантирмай қўйганди. Бу ерда ҳам ўша манзара менга мунтазир турарди. Бошқа нимаям қилардим, келиб ўзимни даврага бердим. Бора солиб ҳамма тавоб қилаётган майитнинг юзини шоша-пиша очдим: ётган киши ниҳоятда таниш чеҳрали, буғдойранг, хуллас, ўзимизга ўхшаган бир одам!..

Ажабланмадим, матони эран-қаран ёпдиму орадан сирғалиб чиқдим. Э воҳ, энди қайга бораман? Қани менинг устозим? Тушиб қолган ҳолимга қаранг: қани аввалги қаноатим, ғурурим, собитлигим?.. Оғзи куйган одам мен эдим бу гал… Оғзи деймиз, балки муроди соб бўлган, афсурда, абгор кишига айлангандим… На илож, қўлдан келганини қилдим. Лекин натижа ҳеч бўлди. Ўзингиз кўрдингиз-ку ҳаммасини. Қай ерга борсам ҳам устозим қолиб, ўзгаларга рўбарў қилаверди қисмат. Тўғри, тобутда ётганларнинг қиёфаларидаги қай бир чизиқлар устозникига ўхшар эди… Ўхшар эди-ю, аммо айнан унинг ўзи эмасди-да. Бунинг сирига етолмадим мен ва қаттиқ чарчаганимни ҳис қилдим…

Энди ботинимга шубҳа ўрлаганди. Ахир, қайдадир мени манзилга элтадиган битта йўл бўлса-чи?!.. Мен бўлсам, дуч келган томонга тўшимни уриб, мазгилга дорийман деб беҳуда чирандим, чоғи…
Юра-юра, кеза-кеза, турли-туман йўллар кесишган ҳув анави чорраҳадан чиқиб қолдим. Аланглаб, чор томонга боқдим: энди қайси йўлдан борсам экан? Дунёнинг тўрт томонига улоққан йўлларнинг қай бири мени устозимнинг қошига хатосиз олиб борар экан?.. Ҳа, энди мен битта йўлни, ўзимнинг йўлимни қидира бошлагандим…
Шу турганча анча вақт қолиб кетдим. Кутар эканман, аввал кунлар, ойлар, кейин йиллар ва асрлар ўтганини ҳис қилдим. Буни мен чорраҳа марказида туриб олганча, тўртта кўчадан чор томонга тинимсиз равишда ўтиб турган одамлардан, уларнинг қиёфаларидан, минган турфа уловларидан, қулоғимга чалиниб турган турли лаҳжалардаги гап-сўзларидан билар эдим. Даврлар ҳам кетма-кет алмаша бошлади, тавба!..
Лекин нега мен қаримаяпман? Нега анави туғилиб-ўлаётган миллионлаб одамлар каби бу дунё билан видолашиб кетмаяпман? – деган саволлар хаёлимни сира тарк этмасди. Айни дамда “ўлишим мумкин эмас, ўлсам, бу саргузаштнинг тақдири, охир-оқибати нима бўлади, ахир ҳаммасининг негизида мен борман-ку?” – деган тасалли ҳам ғимирларди қайдадир. Яна шуни билардимки, устозни албатта топишим, у билан сўнгги бор кўришишим, юзига боқишим ва уни тоабад ёдлаб олишим шарт эди. Хўш, нима учун дейсизми? Тан олай: бунинг жавобини билмасдим…

Оламнинг ҳамма тарафига элтувчи йўлларга тикилавериб кўзларим оғриб, шафақланиб кетди. Дамо-дам артаман, тупигим билан силаб-сийпайман, қаёқда? Аллабир замонда англаб қолдимки, бу тарзда мен ўлақолсам мақсад- муддаойимга етолмайман. Шунда… шунда ички бир ҳиссиётга бўйсуниб, касалланган кўзларимни юмдим, яъни уларнинг хизматидан воз кечдим, бутунлай, тамомила! Шу кўйи, қобоқларимни чирт юмган ҳолда чорраҳанинг ўртасида турган кўйи кўкка юзландим ва беихтиёр тарзда иккала қўлимни парвозга шайланаётган қуш мисол ҳавога кўтардим, сўнг уларнинг бири ўз- ўзидан осмону фалакка, бошқаси эса заминга боқди, бошим ҳам ўнг томонга хиёл эгилди-да, туйқус айлана бошладим. Аввалига гавдам айланди, кейин бошим… ундан кейин эса ҳис қилдимки, менинг атрофимда олам айланди, эшитяпсизми, олам!.. Оламнинг барча йўллари менга келиб боғланаётган ва мендан бошланаётган эди!.. Кўп ўтмай, бу ҳис мени олам билан бир бутун айлади, мен оламга дўндим, олам бўлдим ва англадимки, қидирганим оламда бор бўлса, демакки, у менда ҳам мавжуд…

Гир айланиб турарканман, юмилган қобоқларим ичра нур пайдо бўлди ва мен яна кўра бошладим. Дастлаб, ҳув анави булутларни кўриб қолдим. Тоғнинг бошига рўмол янглиғ ташланган оппоқ булутлар бор-ку, ўшаларни. Фақат энди улар бошқа қиёфада кўринишди. Айланиб турганим боис, қандай қиёфа эканлигини бирданига фарқлаёлмадим. Лекин секин-аста булутлар пастроқ эниб, менга яқин келишганда, билдимки, улар кўзгуни ёдга соларкан. Мен эса ҳамон чир айланиб турардим. Шу пайт ҳууув ўша тоғнинг рўмоли ечилган бошида қуёш балқди. Унинг заррин нурлари булутлар кўзгуси юзини ёритиб юборди ва унда менинг айланиб турган аксим намоён бўлди. Бир айландим, икки айландим, уч, тўрт… Билмадим, нечанчиси эди, бирдан кўзгудаги менинг юзим оқ, қора ва буғдойранг тусларга кириб чиқа бошлади. Ҳайҳот! Бу қандай сеҳр? Бир айланганимда ўша… тобутда ётган қора одам – занжининг қиёфасида намоён бўлдим, кейингисида эса оқ-сариқ одам сувратига кирдим, навбатдагисида эса иссиқ юзли, буғдойранг инсон кўз олдимда гавдаланди. Ниҳоят, уларнинг бари қўшилиб-чатишиб, рўбарўмда устоз қад ростлади!
Устоз!!!
Эшитяпсизми?!
У тирик экан!!
Ва у менга қараб майин жилмайганча шивирлади:

Нарса йўқки, хорижи олам эрур,
Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур.

2011 йил, февраль

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА

ulug'bek hamdam

Улуғбек Ҳамдам  1968 йил, 24 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Юқори Роввот маҳалласида дурадгор оиласида туғилди.

1985 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тамомлади. 1986 ва 1988 йиллар орасида Украинада аскарлик хизматини ўтаган. 1988-1993 йилларда ТошДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда эса давлатимиз ташаббуси билан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркиянинг Кўнё шаҳрида тахсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.

1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертатсиясини ёқлаган. 2009- йилдан бери «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.

Ҳикоялар матни «Шарқ юлдузи» журналининг 2011 йил 2-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 673, bugungi 1)

Izoh qoldiring