Ahad Hasan. Ibrohim Mo’minov saboqlari.

0047 сентябрь — атоқли олим, жамоат арбоби Иброҳим Мўминов таваллуд топган кун

    Иброҳим Мўминов салоҳияти, ижод қамрови кенг олим эди. Бу мўътабар инсоннинг қуйидаги ижод мундарижасига бир эътибор қилинг: Фаробий, Ибн Сино, Беруний, Али Қушчи, Саъдий, Бедил, Навоий, Жомий, Машраб, Наршахий, Улуғбек, Бобур, Турди, Аҳмад Дониш, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар, Завқий, Ҳамза, Айний, Мужрим Обид ижодларига такрор ва такрор мурожаат этиб, бу алломалар ҳақида ажойиб рисолалар битган…

Аҳад Ҳасан
ИБРОҲИМ МЎМИНОВ САБОҚЛАРИ
022

КЕНГЛИКЛАР ХУМОРИ

Етмиш тўртинчи йилнинг баҳорида академик Иброҳим Мўминов таваллуд топган она-юрти—Тезгузарга келди. Шофиркон туман раҳбари Жўрақул Орипов (раҳматли) ҳамроҳлигида уч-тўрт киши устодни зиёрат қилгани ҳузурига чиқдик. Чамаси ярим соат фурсат ўтмай, қайта йўлга отландик. Сабабки—домла уйда диққинафас бўлиб ўтиргани эмас, кенгликларнинг хумори тутиб Тошкентдан келган эди.

— Жилвонда қолган болалагимни излаб, кўча чангитиб ўтган кунларимни қўмсаб келганман, азизларим.—Ўшанда Иброҳим Мўминов нечукдир руҳан чарчоқ, ҳорғин, синиқ бир кайфиятда сўзлаган эди.—Агар малол келмаса, болалигим кечган ўша кенгликларга мени бошлаб чиқинглар, илтимос.

Жилвонга бошлаб кетдик. Сарҳадсиз кенгликлар, беҳудуд чўлнинг покиза ҳавоси устоднинг ҳорғин руҳига ҳалимдек ёқиб, андак ҳаловат бағишлади, кайфияти кўтарилди. Дала меҳнаткашлари ҳузурида, чўпонлар гурунгида, «Мингчинор» гўшасидаги ўқувчилар оромгоҳида—қаерда улуғ меҳмон иззати учун дастурхон ёзилган бўлса, домла барида ўзини эркин тутди. Ўшанда устоднинг ақл-заковатига, қувваи ҳофизасининг бунчалар тиниқлигига, беназирлигига қойил қолганман. Ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди: ўшанда гурунг одамнинг одамга қарамлиги—инсон тобелигидан бошланган эди.

— Одамнинг чиқити бўлмайди. Ҳеч қачон уларни киракаш арава отига айлантириб қўймаслик керак. Тобеликка майли бор одамнинг қўлига туғ бердинг нима-ю бир боғ похол бердинг нима—иккисининг ҳам қиммати бир хил унга?!

Аниқ сезиб турардим: Иброҳим Мўминовни ўшанда қандайдир бир ички изтироб, кўнгил озурдалиги қийнарди. У уфқ кенгликларига, шарқираб оқаётган Жилвон каналига, кўкка бўй чўзиб, эндигина салоҳият кашф этаётган навниҳол чинорларга боқиб турди-да, сўнг ўзига-ўзи гапираётган бир тарзда шивирлади:

—Сийна лиммо-лим аламдир,малҳамдан йўқ дарак,
Янги олам, янги одам қайтадан тузмоқ керак!

—Энг муҳими, ердан узилмаслик,—такрор таъкидлади домла.—Киндик қони тўкилган жой—муқаддас. Катта бир шаҳри азимдан шу заминнинг меҳри тортиб, шу кенгликларнинг хумори тутиб келдим. Юртга муҳаббат, халққа меҳр, ерга пайвасталик туйғуси инсонда она алласидан бошланади. Билмадим, шу боисданми, тез-тез хумори тутиб туради мана шу кенгликларнинг!..

Академикнинг овозида қандайдир мунг, ҳазинлик сезардим. Олим юртдошлари билан шу кенгликлар бағрида жисман гурунгда эди-ю хаёлан эса тамоман ортда—олис-олисларда қолиб кетган болаликка қайтган, назаримда, босиб ўтган ҳаёт йўлини хотирлар эди…

Иброҳим Мўминов 1908 йил 7 сентябрда шу азиз юртда—Шофиркон туманига қарашли Тезгузар қишлоғида таваллуд топди. Болалигиданоқ дунё воқеаларидан хабардор бўлиб улғайди. Кўпроқ мутолаа ва мушоҳадага берилди. Бўлажак олимнинг биринчи ўқитувчиси тезгузарлик Мулла Обиднинг хотирлашича, Иброҳим ёшлигиданоқ арабчада ёзиш-чизишни эгаллаган, Ҳадиси шарифдан кўплаб намуналарни ёд билган.

«Бир сабаб бўлди-ю ўша куни дарсга кечикиброқ кирдим,—эслайди Мулла Обид,—болалар синфни бошига кўтариб, тўполон қилиб ўтиргандир, деган хавотирда синфга кирдим. Синф тинч. Иброҳим муаллим ўриндиғида, болаларга ниманидир гапиряпти. Болалар жимгина қулоқ солиб ўтиришибди. Иброҳим мени кўриб, ўриндиқдан турди, жой берди. Лекин гапидан тўхтамади:

— «Тангри фаришталарга «Одамга сажда қилинглар» деб буюрди. Улар сажда қилдилар. Шайтон бош тортди. «Мен одамдан яхшироқман. Мен оловдан, одам эса лойдан яралган. Ҳеч қачон унга сажда қилмасмен», деди. Худо уни шу қайсарлиги учун жаннатдан қувиб юборди!» Ўшанда бир синф бола шайтонни лаънатлашган эди. Ана шунақа: Иброҳим кўпинча ёшига номуносиб файласуфона фикр юритарди» (Мулла Обид. «Шофиркон ҳақиқати» газетаси.)

Иброҳим деҳқон оиласида улғайди. Отасига қарашди: ер чопди, чўпонлик қилди. Қишлоқда маълумот олди. 1922-1927 йилларда Бухоро маданий оқартув институтида ўқиди. Шаҳардаги икки йиллик курсда талабаларга сабоқ берди. 1928 йилда Иброҳим бир гуруҳ юртдошлари билан Самарқандга—олий педагогика институтига (кейинчалик педагогика академиясига айлантирилган) ўқишга жўнаб кетди. 1931 йилда Педакадемиянинг ижтимоий-иқтисодий факультетини аъло баҳоларда тугатиб, шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. 1933 йилда Педакадемия базасида Ўзбекистон давлат университети (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети) ташкил қилинди. Унинг фаолиятини йўлга қўйишда Иброҳим Мўминов ўз замонасининг забардаст алломалари Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ойдинлар сафида туриб фаол иштирок этди. У янги университетнинг филология ва тарих факультети декани сифатида катта жонбозлик кўрсатди.

1941 йилда И.Мўминов Гегель фалсафасининг рационал мағзи хусусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Устод Садриддин Айний илмий ишни ёқлаш жараёнида илмий кенгашда иштирок этиб, шофирконлик ёш олим иқтидорига юксак баҳо берган эди.

Иброҳим Мўминов 1942 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг таъсис мажлисида академия мухбир аъзоси этиб сайланди. Олим энди катта журъат ¬билан ўтмиш маънавий меросини ҳар томонлама таҳлил қилишга киришди. Мирзо Бедилнинг фалсафий қарашлари мавзуидаги рисоласи босилди. Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикр¬лар тараққиёти (XIX асрнинг охири, ХХ асрнинг боши) тарихига доир китоби чоп этилди. Бу асар олимни фалсафа фанлари доктори илмий даражасига мушарраф этди.

1955 йилда Иброҳим Мўминов Тошкентга, Ўзбекистон Фанлар академиясига ишга таклиф этилди. Пойтахт олим ҳаётида туб бурилиш ясади.

ИЛМУ ИРФОН ЗАРГАРИ

054…Иброҳим Мўминов Ўзбекистонда фалсафа соҳасида биринчи фан доктори эди. Олим замонавий фалсафа илми ривожига улкан ҳисса қўшди. Тиниб-тинчимас файласуф қўл урмаган, назари тушмаган тарих қатлари қолмади ҳисоб. Фан соҳасида жуда кўп заҳматлар чекиб, ўз даври олимлари орасида фалсафа фани пешқадами бўлиб танилди. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Музаффар Хайруллаев устози ҳақида шундай дейди:

«Фанимиз арбоби И.Мўминовнинг бевосита бошчиликларида фалсафа соҳасида юзга яқин номзодлик, ўттиздан зиёд докторлик диссертациялари ёқлади. У киши академик, вице-президент, халқ ноиби, республика «Билим» жамияти раиси, «Ижтимоий фанлар» журнали муҳаррири, ўзбек Қомусининг биринчи муҳаррири, Республика ташқи ишлар доимий комиссиясининг раиси бўлишларига қарамай, қўллари ишдан, қаламлари ижоддан толмас, ҳаммага эътиборли, эшиклари барчага очиқ эди. Бу хонадонга кирган одам иши битиб, мамнун бўлиб чиқиб кетарди».

Иброҳим Мўминов салоҳияти, ижод қамрови кенг олим эди. Бу мўътабар инсоннинг қуйидаги ижод мундарижасига бир эътибор қилинг: Фаробий, Саъдий, Ибн Сино, Беруний, Али Қушчи, Бедил, Навоий, Жомий, Машраб, Наршахий, Улуғбек, Бобур, Турди, Аҳмад Дониш, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар, Завқий, Ҳамза, Айний, Мужрим Обид ижодларига такрор ва такрор мурожаат этиб, бу алломалар ҳақида ажойиб рисолалар битган. Аслида мусулмон дунёсининг таниқли валийсифат пешволари бўлмиш Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Ат-Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Хожа Ориф Моҳитобон ар-Ревгарий, Баҳоуддин Нақшбандлар ҳақида журъатли гапни айтган ҳам Иброҳим Мўминовдир.

Академик Мўминов ажойиб нотиқ, катта билим соҳиби эди. Файласуф Венгрия, собиқ Чехославакия, Покистон, Афғонистон, Италия, Греция, Германия ва бошқа бир қанча хорижий давлатларда бўлиб, ўзбек халқининг баланд маънавият ва миллий қадриятлари, бой маданияти хусусида тўлиб-тошиб маърузалар қилган эди.

1967 йилда Иброҳим Мўминов Ўзбекистон ишчилар синфи тарихи ҳақидаги йирик тадқиқотлари учун Давлат мукофотга сазовор бўлди.

Дунё назари тушган қадимий шаҳарлар борки, уларнинг одамлар сингари ўз таржимаи ҳоли, таваллуд топган йили бўлади. Биз кечгача, мустақилликка эришган кунимизгача оқсоқол шаҳарларимизнинг таваллуд саналарини Кремль раъйига қараб нишонлар эдик. Масалан, Бухоронинг қисмати шундай бўлган эди. Баъзи қадимшунос олимларнинг қатъиятсизлиги оқибатида Бухоро шаҳрининг таваллуд санаси узоқ йилар юз мақомдаги тахминлар, сохта рақамлар билан атаб келинди. Бухоронинг ёши 2200, 2300 йилдан ошиқ эмас, дейилди. Академик Мўминов «Бухоро жамоли» тарихий мақоласи билан Бухоронинг ёшини 2500 йилдан зиёд бўлса зиёдки, кам эмас, деган хулосага келди ва буни исботлаб берди.

БАШАРИЯТ ОЛДИДАГИ ҚАРЗ

Адиб Ориф Усмоннинг тагдор бир рубоийси бор:

Русия, Русия, сенсан паҳлавон,
Аммо эсингдами, қайси бир замон,
Тўхтамишни енгиб Елец шаҳрида,
Сени халос қилган Темур Кўрагон!

Руслар Амир Темурни улкан Оврупони икки марта тутқунликдан халос этган халоскор дея тан олишади. «Тўхтамиш қўшинининг Терек дарёси бўйида тор-мор этилиши Олтин Ўрдага жуда кучли зарба бўлди. Қадимги Русга қанчадан-қанча жабр-зулм ўтказган давлат жуда заифлашди… Бу кураш натижасида Темур Ўрта Осиёни бирлаштирибгина қолмасдан, балки Рус учун жуда катта хизмат қилди!—ёзган эди академик А.Ю.Якубовский.—Анқара ёнида Темур иккинчи марта Боязид билан жанг қилди. Бу ғалаба Осиё тарихи учунгина аҳамиятли бўлиб қолмади, Темур ўзининг бу ғалабаси билан Оврупа халқларига иккинчи марта хизмат қилди».

Халоскор Амир Темурнинг покиза номини «жаллод, босқинчи» деган ҳақорат ва таҳқирлардан халос этиш, яна тўғрироғи, халоскор Темурни бало-қазолардан халос этиш масъулияти ўшанда академик Иброҳим Мўминов зиммасига тушган эди.

«Агар сенга тақдир буюрган бирор иш келса,—дея Мўминов ичида тез-тез такрорлаб қўярди Ибн Арабшоҳдан олган ажиб бир ҳикматни, —сен мабодо ундан қочсанг, билиб қўйки, сен ўша тарафга қараб қочасан. Тақдир менга ана шу вазмин юмушни буюрган, ундан энди чекиниб бўлмас!».

Иброҳим Мўминовнинг қўлма-қўл бўлиб кетган ўша машҳур «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласи унинг шуҳратини кўкларга кўтарди.

Яна бир ҳақиқатни айтмоқ ҳам фарз, ҳам қарз.

Юртбошимиз Ислом Каримов Соҳибқирон Темурнинг буюк шавкатини қайта тиклади. Халоскор зотнинг ҳақиқий халоскори бўлиб бобокалонимизнинг мўътабар номини тазйиқ ва ҳақоратлардан поклади. Президентимизнинг бу журъати Амир Темур жасоратидан асло кам эмас!

МАЛОМАТ ТОШЛАРИ

Дарвоқе, ҳақиқатга йўғрилган бу тарихий рисола баъзи кимсаларнинг қитиқ патига тегди. Боз устига Иброҳим Мўминов Темур ҳақидаги бор гапни ошкор этишда яна изчил давом этди. Ўшанда «Темур тузуклари»ни, Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» солномасини кетма-кет чоп эттириб, ўқувчиларга тақдим этгани олимга қарши рақиблар хуружини баттар кескинлаштириб юборди. Амир Темурни қора бўёққа чаплаб, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар битган ёзувчилар, темуршунос олимлар Иброҳим Мўминовга қарши юриш бошладилар. Бир гуруҳ олимлар эса тоза ялтоқилик йўлини тутиб, «марказ»га бош уриб бордилар. Можаронинг бир учи ўша давр назариётчиларининг сардори, КПСС Марказий Комитетининг котиби Сусловгача бориб етди. Тўрт тарафдан олим бошига маломат тошлари ёғила бошлади.

Файласуфнинг иқтидорли шогирдларидан бири профессор Ҳ. Зиёев Иброҳим Мўминовнинг муборак боши узра қора булутлар чарх урган ўша кезларни шундай хотирлайди:

«Иброҳим ака китобига қарши ҳужумлар 1968 йилдан то 1974 йилгача давом этди. Шу машаққатли йилларда Иброҳим аканинг устидан «марказ»га кўплаб имзоли ва имзосиз хатлар юборилди. Бир куни Иброҳим ака: «Ҳамидулла, ҳали сиз кўрасиз, шундай вақт келадики, Амир Темурни кўкларга кўтариб, буюк сиймо сифатида қадрлайдилар», деган эди».

Алалхусус, Иброҳим Мўминов неча йиллар олдин қилган башорат ижобат топиб, ўша нурафшон кунлар келди.

* * *

…Ўшанда—1974 йил кеч баҳорида академик Иброҳим Мўминов боши узра чарх урган ноҳақликлардан безиб, тоза дилгир бўлиб, Жилвон кенг¬ликларига кўнгил ёзгани келган экан. Биз хом сут эмган бандалар буни қаердан ҳам билибмиз, дейсиз. Аслида дунёнинг ситами шу: ёмонга—неъмат, яхшига—кулфат берур. Тоқатлига тоғ ҳам бош эгар, дейдилар. Аллома Мўминов тоғ бардошли, мард инсон эди. Умри адолат ва ҳақиқат йўлидаги курашларда ўтди. Шулар ҳақида ўйлаганимда, устод Жилвон кенгликларида туриб айтган мунг тўла байт бот-бот қулоғим остида жаранглаб кетгандай бўлади:

Сийна лиммо-лим аламдир малҳамдин йўқ дарак,
Янги олам, янги одам—қайтадан тузмоқ керак!

Ўшанда устод Шофиркон баҳорининг бир чимдимини ҳамқишлоқлари билан баҳам кўрди, дилидаги ғуссани хиёл аритди. Айни ёз палласида, 1974 йил 22 июлда 66 ёшида бандаликни бажо келтирди…

Манба: «Бухоронома»  газетаси

097 sentyabr — atoqli olim, jamoat arbobi Ibrohim Mo’minov tavallud topgan kun

Ahad Hasan
IBROHIM MO’MINOV SABOQLARI
022

KENGLIKLAR XUMORI

Yetmish to’rtinchi yilning bahorida akademik Ibrohim Mo’minov tavallud topgan ona-yurti—Tezguzarga keldi. Shofirkon tuman rahbari Jo’raqul Oripov (rahmatli) hamrohligida uch-to’rt kishi ustodni ziyorat qilgani huzuriga chiqdik. Chamasi yarim soat fursat o’tmay, qayta yo’lga otlandik. Sababki—domla uyda diqqinafas bo’lib o’tirgani emas, kengliklarning xumori tutib Toshkentdan kelgan edi.

— Jilvonda qolgan bolalagimni izlab, ko’cha changitib o’tgan kunlarimni qo’msab kelganman, azizlarim.—O’shanda Ibrohim Mo’minov nechukdir ruhan charchoq, horg’in, siniq bir kayfiyatda so’zlagan edi.—Agar malol kelmasa, bolaligim kechgan o’sha kengliklarga meni boshlab chiqinglar, iltimos.

Jilvonga boshlab ketdik. Sarhadsiz kengliklar, behudud cho’lning pokiza havosi ustodning horg’in ruhiga halimdek yoqib, andak halovat bag’ishladi, kayfiyati ko’tarildi. Dala mehnatkashlari huzurida, cho’ponlar gurungida, «Mingchinor» go’shasidagi o’quvchilar oromgohida—qaerda ulug’ mehmon izzati uchun dasturxon yozilgan bo’lsa, domla barida o’zini erkin tutdi. O’shanda ustodning aql-zakovatiga, quvvai hofizasining bunchalar tiniqligiga, benazirligiga qoyil qolganman. Hali-hali esimdan chiqmaydi: o’shanda gurung odamning odamga qaramligi—inson tobeligidan boshlangan edi.

— Odamning chiqiti bo’lmaydi. Hech qachon ularni kirakash arava otiga aylantirib qo’ymaslik kerak. Tobelikka mayli bor odamning qo’liga tug’ berding nima-yu bir bog’ poxol berding nima—ikkisining ham qimmati bir xil unga?!

Aniq sezib turardim: Ibrohim Mo’minovni o’shanda qandaydir bir ichki iztirob, ko’ngil ozurdaligi qiynardi. U ufq kengliklariga, sharqirab oqayotgan Jilvon kanaliga, ko’kka bo’y cho’zib, endigina salohiyat kashf etayotgan navnihol chinorlarga boqib turdi-da, so’ng o’ziga-o’zi gapirayotgan bir tarzda shivirladi:

—Siyna limmo-lim alamdir,malhamdan yo’q darak,Yangi olam, yangi odam qaytadan tuzmoq kerak!

—Eng muhimi, yerdan uzilmaslik,—takror ta’kidladi domla.—Kindik qoni to’kilgan joy—muqaddas. Katta bir shahri azimdan shu zaminning mehri tortib, shu kengliklarning xumori tutib keldim. Yurtga muhabbat, xalqqa mehr, yerga payvastalik tuyg’usi insonda ona allasidan boshlanadi. Bilmadim, shu boisdanmi, tez-tez xumori tutib turadi mana shu kengliklarning!..

Akademikning ovozida qandaydir mung, hazinlik sezardim. Olim yurtdoshlari bilan shu kengliklar bag’rida jisman gurungda edi-yu xayolan esa tamoman ortda—olis-olislarda qolib ketgan bolalikka qaytgan, nazarimda, bosib o’tgan hayot yo’lini xotirlar edi…

Ibrohim Mo’minov 1908 yil 7 sentyabrda shu aziz yurtda—Shofirkon tumaniga qarashli Tezguzar qishlog’ida tavallud topdi. Bolaligidanoq dunyo voqealaridan xabardor bo’lib ulg’aydi. Ko’proq mutolaa va mushohadaga berildi. Bo’lajak olimning birinchi o’qituvchisi tezguzarlik Mulla Obidning xotirlashicha, Ibrohim yoshligidanoq arabchada yozish-chizishni egallagan, Hadisi sharifdan ko’plab namunalarni yod bilgan.

«Bir sabab bo’ldi-yu o’sha kuni darsga kechikibroq kirdim,—eslaydi Mulla Obid,—bolalar sinfni boshiga ko’tarib, to’polon qilib o’tirgandir, degan xavotirda sinfga kirdim. Sinf tinch. Ibrohim muallim o’rindig’ida, bolalarga nimanidir gapiryapti. Bolalar jimgina quloq solib o’tirishibdi. Ibrohim meni ko’rib, o’rindiqdan turdi, joy berdi. Lekin gapidan to’xtamadi:

— «Tangri farishtalarga «Odamga sajda qilinglar» deb buyurdi. Ular sajda qildilar. Shayton bosh tortdi. «Men odamdan yaxshiroqman. Men olovdan, odam esa loydan yaralgan. Hech qachon unga sajda qilmasmen», dedi. Xudo uni shu qaysarligi uchun jannatdan quvib yubordi!» O’shanda bir sinf bola shaytonni la’natlashgan edi. Ana shunaqa: Ibrohim ko’pincha yoshiga nomunosib faylasufona fikr yuritardi» (Mulla Obid. «Shofirkon haqiqati» gazetasi.)

Ibrohim dehqon oilasida ulg’aydi. Otasiga qarashdi: yer chopdi, cho’ponlik qildi. Qishloqda ma’lumot oldi. 1922-1927 yillarda Buxoro madaniy oqartuv institutida o’qidi. Shahardagi ikki yillik kursda talabalarga saboq berdi. 1928 yilda Ibrohim bir guruh yurtdoshlari bilan Samarqandga—oliy pedagogika institutiga (keyinchalik pedagogika akademiyasiga aylantirilgan) o’qishga jo’nab ketdi. 1931 yilda Pedakademiyaning ijtimoiy-iqtisodiy fakul`tetini a’lo baholarda tugatib, shu yerda o’qituvchi bo’lib ishlay boshladi. 1933 yilda Pedakademiya bazasida O’zbekiston davlat universiteti (hozirgi Alisher Navoiy nomidagi Samarqand davlat universiteti) tashkil qilindi. Uning faoliyatini yo’lga qo’yishda Ibrohim Mo’minov o’z zamonasining zabardast allomalari Sadriddin Ayniy, Abdurahmon Sa’diy, Hamid Olimjon, Uyg’un, Oydinlar safida turib faol ishtirok etdi. U yangi universitetning filologiya va tarix fakul`teti dekani sifatida katta jonbozlik ko’rsatdi.

1941 yilda I.Mo’minov Gegel` falsafasining ratsional mag’zi xususida nomzodlik dissertatsiyasini yoqladi. Ustod Sadriddin Ayniy ilmiy ishni yoqlash jarayonida ilmiy kengashda ishtirok etib, shofirkonlik yosh olim iqtidoriga yuksak baho bergan edi.

Ibrohim Mo’minov 1942 yilda O’zbekiston Fanlar akademiyasining ta’sis majlisida akademiya muxbir a’zosi etib saylandi. Olim endi katta jur’at ¬bilan o’tmish ma’naviy merosini har tomonlama tahlil qilishga kirishdi. Mirzo Bedilning falsafiy qarashlari mavzuidagi risolasi bosildi. O’zbekistonda ijtimoiy-falsafiy fikr¬lar taraqqiyoti (XIX asrning oxiri, XX asrning boshi) tarixiga doir kitobi chop etildi. Bu asar olimni falsafa fanlari doktori ilmiy darajasiga musharraf etdi.

1955 yilda Ibrohim Mo’minov Toshkentga, O’zbekiston Fanlar akademiyasiga ishga taklif etildi. Poytaxt olim hayotida tub burilish yasadi.

ILMU IRFON ZARGARI

054…Ibrohim Mo’minov  O’zbekistonda falsafa sohasida birinchi fan doktori edi. Olim zamonaviy falsafa ilmi rivojiga ulkan hissa qo’shdi. Tinib-tinchimas faylasuf qo’l urmagan, nazari tushmagan tarix qatlari qolmadi hisob. Fan sohasida juda ko’p zahmatlar chekib, o’z davri olimlari orasida falsafa fani peshqadami bo’lib tanildi. O’zbekiston Fanlar akademiyasi akademigi Muzaffar Xayrullaev ustozi haqida shunday deydi:

«Fanimiz arbobi I.Mo’minovning bevosita boshchiliklarida falsafa sohasida yuzga yaqin nomzodlik, o’ttizdan ziyod doktorlik dissertatsiyalari yoqladi. U kishi akademik, vitse-prezident, xalq noibi, respublika «Bilim» jamiyati raisi, «Ijtimoiy fanlar» jurnali muharriri, o’zbek Qomusining birinchi muharriri, Respublika tashqi ishlar doimiy komissiyasining raisi bo’lishlariga qaramay, qo’llari ishdan, qalamlari ijoddan tolmas, hammaga e’tiborli, eshiklari barchaga ochiq edi. Bu xonadonga kirgan odam ishi bitib, mamnun bo’lib chiqib ketardi».

Ibrohim Mo’minov salohiyati, ijod qamrovi keng olim edi. Bu mo»tabar insonning quyidagi ijod mundarijasiga bir e’tibor qiling: Farobiy, Sa’diy, Ibn Sino, Beruniy, Ali Qushchi, Bedil, Navoiy, Jomiy, Mashrab, Narshaxiy, Ulug’bek, Bobur, Turdi, Ahmad Donish, Muqimiy, Furqat, Avaz O’tar, Zavqiy, Hamza, Ayniy, Mujrim Obid ijodlariga takror va takror murojaat etib, bu allomalar haqida ajoyib risolalar bitgan. Aslida musulmon dunyosining taniqli valiysifat peshvolari bo’lmish Imom Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy, At-Termiziy, Abdulxoliq G’ijduvoniy, Ahmad Yassaviy, Xoja Orif Mohitobon ar-Revgariy, Bahouddin Naqshbandlar haqida jur’atli gapni aytgan ham Ibrohim Mo’minovdir.

Akademik Mo’minov ajoyib notiq, katta bilim sohibi edi. Faylasuf Vengriya, sobiq Chexoslavakiya, Pokiston, Afg’oniston, Italiya, Gretsiya, Germaniya va boshqa bir qancha xorijiy davlatlarda bo’lib, o’zbek xalqining baland ma’naviyat va milliy qadriyatlari, boy madaniyati xususida to’lib-toshib ma’ruzalar qilgan edi.

1967 yilda Ibrohim Mo’minov O’zbekiston ishchilar sinfi tarixi haqidagi yirik tadqiqotlari uchun Davlat mukofotga sazovor bo’ldi.

Dunyo nazari tushgan qadimiy shaharlar borki, ularning odamlar singari o’z tarjimai holi, tavallud topgan yili bo’ladi. Biz kechgacha, mustaqillikka erishgan kunimizgacha oqsoqol shaharlarimizning tavallud sanalarini Kreml` ra’yiga qarab nishonlar edik. Masalan, Buxoroning qismati shunday bo’lgan edi. Ba’zi qadimshunos olimlarning qat’iyatsizligi oqibatida Buxoro shahrining tavallud sanasi uzoq yilar yuz maqomdagi taxminlar, soxta raqamlar bilan atab kelindi. Buxoroning yoshi 2200, 2300 yildan oshiq emas, deyildi. Akademik Mo’minov «Buxoro jamoli» tarixiy maqolasi bilan Buxoroning yoshini 2500 yildan ziyod bo’lsa ziyodki, kam emas, degan xulosaga keldi va buni isbotlab berdi.

BASHARIYAT OLDIDAGI QARZ

Adib Orif Usmonning tagdor bir ruboiysi bor:

Rusiya, Rusiya, sensan pahlavon,
Ammo esingdami, qaysi bir zamon,
To’xtamishni yengib Yelets shahrida,
Seni xalos qilgan Temur Ko’ragon!

Ruslar Amir Temurni ulkan Ovruponi ikki marta tutqunlikdan xalos etgan xaloskor deya tan olishadi. «To’xtamish qo’shinining Terek daryosi bo’yida tor-mor etilishi Oltin O’rdaga juda kuchli zarba bo’ldi. Qadimgi Rusga qanchadan-qancha jabr-zulm o’tkazgan davlat juda zaiflashdi… Bu kurash natijasida Temur O’rta Osiyoni birlashtiribgina qolmasdan, balki Rus uchun juda katta xizmat qildi!—yozgan edi akademik A.YU.Yakubovskiy.—Anqara yonida Temur ikkinchi marta Boyazid bilan jang qildi. Bu g’alaba Osiyo tarixi uchungina ahamiyatli bo’lib qolmadi, Temur o’zining bu g’alabasi bilan Ovrupa xalqlariga ikkinchi marta xizmat qildi».

Xaloskor Amir Temurning pokiza nomini «jallod, bosqinchi» degan haqorat va tahqirlardan xalos etish, yana to’g’rirog’i, xaloskor Temurni balo-qazolardan xalos etish mas’uliyati o’shanda akademik Ibrohim Mo’minov zimmasiga tushgan edi.

«Agar senga taqdir buyurgan biror ish kelsa,—deya Mo’minov ichida tez-tez takrorlab qo’yardi Ibn Arabshohdan olgan ajib bir hikmatni, —sen mabodo undan qochsang, bilib qo’yki, sen o’sha tarafga qarab qochasan. Taqdir menga ana shu vazmin yumushni buyurgan, undan endi chekinib bo’lmas!».

Ibrohim Mo’minovning qo’lma-qo’l bo’lib ketgan o’sha mashhur «Amir Temurning O’rta Osiyo tarixida tutgan o’rni va roli» risolasi uning shuhratini ko’klarga ko’tardi.

Yana bir haqiqatni aytmoq ham farz, ham qarz.

Yurtboshimiz Islom Karimov Sohibqiron Temurning buyuk shavkatini qayta tikladi. Xaloskor zotning haqiqiy xaloskori bo’lib bobokalonimizning mo»tabar nomini tazyiq va haqoratlardan pokladi. Prezidentimizning bu jur’ati Amir Temur jasoratidan aslo kam emas!

MALOMAT TOSHLARI

Darvoqe, haqiqatga yo’g’rilgan bu tarixiy risola ba’zi kimsalarning qitiq patiga tegdi. Boz ustiga Ibrohim Mo’minov Temur haqidagi bor gapni oshkor etishda yana izchil davom etdi. O’shanda «Temur tuzuklari»ni, Sharafuddin Ali Yazdiyning «Zafarnoma» solnomasini ketma-ket chop ettirib, o’quvchilarga taqdim etgani olimga qarshi raqiblar xurujini battar keskinlashtirib yubordi. Amir Temurni qora bo’yoqqa chaplab, yostiqday-yostiqday kitoblar bitgan yozuvchilar, temurshunos olimlar Ibrohim Mo’minovga qarshi yurish boshladilar. Bir guruh olimlar esa toza yaltoqilik yo’lini tutib, «markaz»ga bosh urib bordilar. Mojaroning bir uchi o’sha davr nazariyotchilarining sardori, KPSS Markaziy Komitetining kotibi Suslovgacha borib yetdi. To’rt tarafdan olim boshiga malomat toshlari yog’ila boshladi.

Faylasufning iqtidorli shogirdlaridan biri professor H. Ziyoev Ibrohim Mo’minovning muborak boshi uzra qora bulutlar charx urgan o’sha kezlarni shunday xotirlaydi:

«Ibrohim aka kitobiga qarshi hujumlar 1968 yildan to 1974 yilgacha davom etdi. Shu mashaqqatli yillarda Ibrohim akaning ustidan «markaz»ga ko’plab imzoli va imzosiz xatlar yuborildi. Bir kuni Ibrohim aka: «Hamidulla, hali siz ko’rasiz, shunday vaqt keladiki, Amir Temurni ko’klarga ko’tarib, buyuk siymo sifatida qadrlaydilar», degan edi».

Alalxusus, Ibrohim Mo’minov necha yillar oldin qilgan bashorat ijobat topib, o’sha nurafshon kunlar keldi.

* * *

…O’shanda—1974 yil kech bahorida akademik Ibrohim Mo’minov boshi uzra charx urgan nohaqliklardan bezib, toza dilgir bo’lib, Jilvon keng¬liklariga ko’ngil yozgani kelgan ekan. Biz xom sut emgan bandalar buni qaerdan ham bilibmiz, deysiz. Aslida dunyoning sitami shu: yomonga—ne’mat, yaxshiga—kulfat berur. Toqatliga tog’ ham bosh egar, deydilar. Alloma Mo’minov tog’ bardoshli, mard inson edi. Umri adolat va haqiqat yo’lidagi kurashlarda o’tdi. Shular haqida o’ylaganimda, ustod Jilvon kengliklarida turib aytgan mung to’la bayt bot-bot qulog’im ostida jaranglab ketganday bo’ladi:

Siyna limmo-lim alamdir malhamdin yo’q darak,
Yangi olam, yangi odam—qaytadan tuzmoq kerak!

O’shanda ustod Shofirkon bahorining bir chimdimini hamqishloqlari bilan baham ko’rdi, dilidagi g’ussani xiyol aritdi. Ayni yoz pallasida, 1974 yil 22 iyulda 66 yoshida bandalikni bajo keltirdi…

Manba: «Buxoronoma» gazetasi

xdk

(Tashriflar: umumiy 1 040, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring